Yapon she’riyatidan. Xoldor Vulqon tarjimalari & Xoldor Vulqon. Tungi laylakqor

03 Ассалому алайкум, Хуршиджон! Саломатмисиз?
Япон адабиётини севишингизни яхши биламиз. Япон халқи маданиятига ҳам жуда катта эҳтиром билан қарашингизга шубҳа қилмаймиз.

   Бу гапларни ёзаётганимнинг боиси, яқинда жавон титкилаётиб, Холдор Вулқоннинг “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилган (2004 й.) “Тунги лайлакқор” номли шеърий тўпламини топиб олдим. Мен жуда хурмат қиладиган, ўз навбатида каминани ҳам беҳад ардоқлайдиган бир азиз укам Муроджоннинг номига ёзилган дастхати ҳам бор эди. Ажабо, кимгадир аталган рисолача менинг кутубхонамга қачон, қандай тушиб қолдийкин? Мен уни нега ўқимаган эканман? Китобчани мутолаа қилгач, шундай шоир билан таниш эмаслигимдан, шеърларини илгарироқ ўқимаганимдан афсус чекдим. Ундан-бундан сўраб-суриштирсам (билмадим бу қанчалик ҳақиқат), уни … ҳазир чет элда яшайди, дейишди.

   Китобча муқовасида, муаллифнинг 1959 йили туғилгани, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси эканлиги таъкидланган. Китобга сўзбоши ёзган Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев шоир шеърияти ҳақида жуда илиқ фикрлар билдирган экан…

   Тўплам ниҳоясида шоирнинг Япон шеъриятидан 1983 йилда қилган таржима (хокку)лари жой олибди. Японлардан ўгирмаларни истаб-сўраб юриб чоп этиб боришингизни яхши билганим учун архивингизни бир қур кўздан кечирдим. Аммо шоир китобидаги намуналарни учратмадим. Эҳтимол, бўлса ҳам кўзим тушмадими. Таваккал дедим, уларни қўлёзма қилиб кўчириб олиб, сизга юборишга қарор қилдим. Ҳар ҳолда, таржиманинг бу шоир ижросидаги вариантларини “Кутубхона” ўқувчилари кўриб, билиб қўйганлари маъқул. Таҳлил ёки солиштиришларга асқотиб қолар, деб ҳисобладим. Мабодо, олдин чоп этилган бўлса ҳам меҳнатимга ачинмайман.

   Матн кўчириш жараёнида (қандай бўлса шундайлигича олдик) айрим ҳатоликлар ўтган бўлса, китоб муаллифи ва ўқувчиларимиздан узр сўраймиз.

Сизга катта ҳурмат билан,
Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ
22.12.2019

ЯПОН ШЕЪРИЯТИДАН
01

***
Мана, яна ўша Ажинагулга
Илиниб қолибди
Менинг варрагим…

Кобаяси ИССА

***
Ажойиб варрак кўтарилди
Камбағалнинг томи устидан
Кўм-кўк осмонга…

Кобаяси ИССА

***
Ойнинг биринчи куни, менинг ушоқдек
Варрагим бошқа варраклар билан
Қўшилиб ликкиллар ЭДО* устида…

(ЭДО – Токио шаҳрининг эски номи)

Кобаяси ИССА

***
Сел тошқини.
Оҳ, қанчалар тўлиб оқмоқда
Қалъа атрофидаги зовурлар!

Масаока СИКИ

***
Баҳор сели
Океанга қуйилмоқда
Бўтана сувлар…

Йўса БУСОН

***
Сув тошқини
Мушук тушиб кетди оқимга,
Сакраб ўтолмади бечора.

ХОРО

***
Баҳор шамоли
Ютоқиб-ютоқиб сув ичар сичқон
Сумида дарёсидан…

Кобаяси ИССА

***
Қайиқ стида варақлари
Тош билан бостирилган китоб.
Баҳор шамоллари эсар…

КИТО

***
Баҳор шамоллари.
Турналар оқариб хурпаяр
Қарағайлар орасидан.

Райдзон

***
Худди одамлардай дайдиб юрибди,
Каптарлар, чумчуқлар
Балиқ ови мавсумида.

Кобаяси ИССА

***
Балиқ ови мавсумида
Қисқичбақа ишонқирамай
Ўлчаб юрар қумда оёқ изларин…

РОФУ

***
Нима ушласанг
Бари қимирлайди, ҳаммаси тирик
Балиқ ови мавсуми қирғоқда…

ТЁНИ

***
Гуллаган сакуралар ичра
Фудзияма юксалмиш кўкка –
Японияда баҳор!

СЁУ

***
Узоқдаги Фудзи тоғларин
Тўсиб қўйди яшил тўнила
Ёшгина япроқ.

Йўса БУСОН

***
Шоли экиш мавсуми,
Оҳ, қанча қайғу, қанча ташвишлар
Қуйилган-а бу қўшиқларга!

Кобаяси ИССА

***
Деҳқон ухлар тоғ этагида
Кетмончага бошини қўйиб.
Тўрғай сайрамоқда ҳавода.

Кобаяси ИССА

***
Шолипоя чопгани чиқдим
Қуш ҳам сайраб қўймас ақалли
Тоғ ёнбағрида…

Йўса БУСОН

***
Мен бу ерни ағдаргунимча
Кетиб қопти дала осмонида
Сузиб юрган бир парча булут…

Йўса БУСОН

***
Оқшом тутунлари
Ноғоралар зириллар гулхан томонда
Чалинади қулоққа қўшиқ…

РЁТА

***
Кўп узоқ чўзилар,
Кўприкка қўнганча турар тустовуқ
Кетмайди учиб…

Йўса БУСОН

***
Кун узундан-узоқ
Олисдан элас-элас эшитилади
Обжувознинг ҳорғин ғижири…

ЯХА

***
Узоқда учмоқда бир гала ўрдак,
Мен кетмончамни чайқайман.
“Ғақ” этади нимадир сувда…

Йўса БУСОН

***
Ўтлоқ узра тутун чўзилган,
Вайсашмоқда бир нарсалар деб
Иккита бия…

Кобаяси ИССА

***
Эҳ, сен булбул!
Лой оёғингни артаяпсанми,
Олхўри гулларига…

Кобаяси ИССА

***
Булбул сайраяпти,
Ҳар замонда ташлаб қаҳрли назар
Менинг кулбамга…

Кобаяси ИССА

***
Булбул сайрамоқда
Гоҳи у ёнга, гоҳ буёнга ўгирилиб
Гуллаган новдада…

Йўса БУСОН

***
Булутларга шўнғиб
Ва уларла учиб шамолга
Қалдирғочлар келар баҳорда.

ДОКАЦУ

***
Деҳқон ишлаётган
Орол устида ҳам
Тўрғай қўшиғи…

Кобаяси ИССА

***
Яшил жавдаризор.
Тўрғай кўтарилди дала устига
Сўнг яна пастлади…

ОНИЦУРА

***
Нарсаларни ёруққа қўйиб,
Кузатаман соялар туғилишини
Кузги чошгоҳда…

КЁСИ

***
Тонг ёришар,
Қўнғироқлар овози
Туманларга беланар.
Матсуа БАСЁ

***
Фудзи тоғи
Кузги осмонни тешиб
Кўтарилар юксакка.

ОНИЦУРА

***
Куз кечаси
Ўралади нўноқ йўловчи
Юпқа кўйлакка…

Кобаяси ИССА

***
Таралмоқда “о – о – о – оу!”
Мунгли чорлов акс садоси
Тун қўйнида дайдийди буғу…

Матсуа БАСЁ

***
Кузги тоғда ибодатхона.
Айвонда турганча тингладим маъюс
Буғу чорловин…

Кобаяси ИССА

***
Буғу овози
Олисга жаранглаб сингади
Маъюс ва маъюс.

Матсуа БАСЁ

***
Тунги совуқ
Менга жулдур тўнин қарзга беради
Даладаги қўриқчи…

Матсуа БАСЁ

***
Шамол қалпоғини учириб
Савалайди селлар беаёв
Қўриқчи далада…

ХАГИ ДЗЁ

***
Ойдин кеча –
Нақадар аянчли, нақадар бахтсиз
Даладаги қўриқчи…

Масоака СИКИ

***
Даладаги қўриқчи
Хатто Хизр бўлиб келганингда ҳам
Бошдан олмас евроқалпоғин.

ДАНСУЙ

***
Ҳой, ҳовлида яна не шовқин?
Бу қўриқчи кучли шамолда
Ерга қулаб тушди гурсиллаб.

БОТНЁ

***
Ғоз, ёввойи ғоз,
Айт, неча йил учдинг саросар
Ўрмон ортига, денгиз ортига?…

Кобаяси ИССА

***
Ёввойи ғозларнинг галаси
Ғоғолаб пастлайди яйдоқ далага.
Кучаймоқда тунги совуқлар…

КЁРОКУ

***
Кўксин тираб ёввойи каптар
Ерга ўрнашаркан, титиб юборди
Тўкилган баргларни қоя устида…

КЁСИ

***
Қизилиштон тақиллатмоқда –
Кун ботса ҳам ҳамон тинмайди,
Ҳамон ўша эски жойида…

Кобаяси ИССА

***
Изғирин
Узоқларда касал турнани
Кўраяпман мен…

Йўса БУСОН

***
Пўшт-пўшт, чирилдоқ
Ҳозир ёнбошимга ағдариламан –
Қани жўнаб қол-чи, бу ердан!

Кобаяси ИССА

***
Ўчоқ бошидаги ковакка
Чирилдоқ кириб олган
Тунги совуқ…
Йўса БУСОН

***
Куз келмоқда.
Бу ҳақда хабар олиб,
Учиб келди қизил ниначи.

СИРАО

***
Зоғча тутиб олдим
Унинг кўзларига қараб билдимки,
Куз келаётир.

ДАКОЦУ

***
Илгакланган эшик –
Ҳовли саҳнасида
Ўйнар хазонрез…

ТЕЙГА

***
Ит ҳурмоқда
Ажратиб қуриган хазон шитирин
Ҳовлида бўрон…

Сано ДЗЁ

***
Оёқ остидан чиққач,
Чиройлироқ бўлиб қолди у –
Бужмайган япроқ.

КЁСИ

***
Нок арчаяпман, оқмоқда,
Хушбўй ширин томчилар
Пичоқ бўйлаб югуриб…

Масаока СИКИ

***
Оппоқ хризантема –
Мана, қаршисида тўхтаб қайчи ҳам
Қотиб қолди бир дақиқага.

Йўса БУСОН

***
Янги боғ яратдим.
Ниҳоят ундаги тошлар намланди
Биринчи қиш ёмғири…

СЯДО

***
Биринчи қиш ёмғири
Маймун ҳам қаршилик қилмайди
Куйдирсанг чопон.

Матсуа БАСЁ

***
Қандай қайсар одам!
Балиқ тутар қиш ёмғирида
Қош қорайган чоғ…

Йўса БУСОН

***
Мен шамолга қарши юрибман
Соябоним ортга тортади
Қишки ёмғирлар вақти…

Сисей – ДЗЁ

***
Деҳқон кенг далада
Менга йўл кўрсатди
Юлинган шолғом билан…

Кобаяси ИССА

***
Ташландиқ ҳовузда
Бир пой қамиш шиппак
Ҳўл қор ёғмоқда…

Йўса БУСОН

***
Товуқлар катакда ухлашаётир.
Бу вақт қор яна қалинроқ
Қоплаётир далалар устин.

Кобаяси ИССА

***
Ўчоқ бошидаги ковакда
Куйлар тамом ўзин унутиб
Таниш чирилдоқ…

Матсуа БАСЁ

***
Тешик соябон
Қишлов учун қўл келди жуда
Кўршапалакларга!…

Йўса БУСОН

***
Совуқ тун
Жиғимга тегишчун қўшнилар атай
Қозон тақирлатаётирми?

Йўса БУСОН

***
Сичқон чиқиб борар
Кўрпам ёнидаги жинчироқ сари
Ёғ ҳам музлабди…

Йўса БУСОН

06Assalomu alaykum, Xurshidjon! Salomatmisiz?
Yapon adabiyotini sevishingizni yaxshi bilamiz. Yapon xalqi madaniyatiga ham juda katta ehtirom bilan qarashingizga shubha qilmaymiz.

Bu gaplarni yozayotganimning boisi, yaqinda javon titkilayotib, Xoldor Vulqonning “Yangi asr avlodi” nashriyotida chop etilgan (2004 y.) “Tungi laylakqor” nomli she’riy to’plamini topib oldim. Men juda xurmat qiladigan, o’z navbatida kaminani ham behad ardoqlaydigan bir aziz ukam Murodjonning nomiga yozilgan dastxati ham bor edi. Ajabo, kimgadir atalgan risolacha mening kutubxonamga qachon, qanday tushib qoldiykin? Men uni nega o’qimagan ekanman? Kitobchani mutolaa qilgach, shunday shoir bilan tanish emasligimdan, she’rlarini ilgariroq o’qimaganimdan afsus chekdim. Undan-bundan so’rab-surishtirsam (bilmadim bu qanchalik haqiqat), uni … hazir chet elda yashaydi, deyishdi.

Kitobcha muqovasida, muallifning 1959 yili tug’ilgani, O’zbekiston Yozuvchilari uyushmasining a’zosi ekanligi ta’kidlangan. Kitobga so’zboshi yozgan O’zbekiston xalq shoiri Normurod Narzullayev shoir she’riyati haqida juda iliq fikrlar bildirgan ekan…

To’plam nihoyasida shoirning Yapon she’riyatidan 1983 yilda qilgan tarjima (xokku)lari joy olibdi. Yaponlardan o’girmalarni istab-so’rab yurib chop etib borishingizni yaxshi bilganim uchun arxivingizni bir qur ko’zdan kechirdim. Ammo shoir kitobidagi namunalarni uchratmadim. Ehtimol, bo’lsa ham ko’zim tushmadimi. Tavakkal dedim, ularni qo’lyozma qilib ko’chirib olib, sizga yuborishga qaror qildim. Har holda, tarjimaning bu shoir ijrosidagi variantlarini “Kutubxona” o’quvchilari ko’rib, bilib qo’yganlari ma’qul. Tahlil yoki solishtirishlarga asqotib qolar, deb hisobladim. Mabodo, oldin chop etilgan bo’lsa ham mehnatimga achinmayman.

Matn ko’chirish jarayonida (qanday bo’lsa shundayligicha oldik) ayrim hatoliklar o’tgan bo’lsa, kitob muallifi va o’quvchilarimizdan uzr so’raymiz.

Sizga katta hurmat bilan,
Abdunabi BOYQO’ZIEV
22.12.2019

YAPON SHE’RIYATIDAN
045

***
Mana, yana o’sha Ajinagulga
Ilinib qolibdi
Mening varragim…

Kobayasi ISSA

***
Ajoyib varrak ko’tarildi
Kambag’alning tomi ustidan
Ko’m-ko’k osmonga…

Kobayasi ISSA

***
Oyning birinchi kuni, mening ushoqdek
Varragim boshqa varraklar bilan
Qo’shilib likkillar EDO* ustida…
(EDO – Tokio shahrining eski nomi)

Kobayasi ISSA

***
Sel toshqini.
Oh, qanchalar to’lib oqmoqda
Qal’a atrofidagi zovurlar!

Masaoka SIKI

***
Bahor seli
Okeanga quyilmoqda
Bo’tana suvlar…

Yo’sa BUSON

***
Suv toshqini
Mushuk tushib ketdi oqimga,
Sakrab o’tolmadi bechora.

XORO

***
Bahor shamoli
Yutoqib-yutoqib suv ichar sichqon
Sumida daryosidan…

Kobayasi ISSA

***
Qayiq stida varaqlari
Tosh bilan bostirilgan kitob.
Bahor shamollari esar…

KITO

***
Bahor shamollari.
Turnalar oqarib xurpayar
Qarag’aylar orasidan.

Raydzon

***
Xuddi odamlarday daydib yuribdi,
Kaptarlar, chumchuqlar
Baliq ovi mavsumida.

Kobayasi ISSA

***
Baliq ovi mavsumida
Qisqichbaqa ishonqiramay
O’lchab yurar qumda oyoq izlarin…

ROFU

***
Nima ushlasang
Bari qimirlaydi, hammasi tirik
Baliq ovi mavsumi qirg’oqda…

TYoNI

***
Gullagan sakuralar ichra
Fudziyama yuksalmish ko’kka –
Yaponiyada bahor!

SYoU

***
Uzoqdagi Fudzi tog’larin
To’sib qo’ydi yashil to’nila
Yoshgina yaproq.

Yo’sa BUSON

***
Sholi ekish mavsumi,
Oh, qancha qayg’u, qancha tashvishlar
Quyilgan-a bu qo’shiqlarga!

Kobayasi ISSA

***
Dehqon uxlar tog’ etagida
Ketmonchaga boshini qo’yib.
To’rg’ay sayramoqda havoda.

Kobayasi ISSA

***
Sholipoya chopgani chiqdim
Qush ham sayrab qo’ymas aqalli
Tog’ yonbag’rida…

Yo’sa BUSON

***
Men bu yerni ag’dargunimcha
Ketib qopti dala osmonida
Suzib yurgan bir parcha bulut…

Yo’sa BUSON

***
Oqshom tutunlari
Nog’oralar zirillar gulxan tomonda
Chalinadi quloqqa qo’shiq…

RYoTA

***
Ko’p uzoq cho’zilar,
Ko’prikka qo’ngancha turar tustovuq
Ketmaydi uchib…

Yo’sa BUSON

***
Kun uzundan-uzoq
Olisdan elas-elas eshitiladi
Objuvozning horg’in g’ijiri…

YaXA

***
Uzoqda uchmoqda bir gala o’rdak,
Men ketmonchamni chayqayman.
“G’aq” etadi nimadir suvda…

Yo’sa BUSON

***
O’tloq uzra tutun cho’zilgan,
Vaysashmoqda bir narsalar deb
Ikkita biya…

Kobayasi ISSA

***
Eh, sen bulbul!
Loy oyog’ingni artayapsanmi,
Olxo’ri gullariga…

Kobayasi ISSA

***
Bulbul sayrayapti,
Har zamonda tashlab qahrli nazar
Mening kulbamga…

Kobayasi ISSA

***
Bulbul sayramoqda
Gohi u yonga, goh buyonga o’girilib
Gullagan novdada…

Yo’sa BUSON

***
Bulutlarga sho’ng’ib
Va ularla uchib shamolga
Qaldirg’ochlar kelar bahorda.

DOKATSU

***
Dehqon ishlayotgan
Orol ustida ham
To’rg’ay qo’shig’i…

Kobayasi ISSA

***
Yashil javdarizor.
To’rg’ay ko’tarildi dala ustiga
So’ng yana pastladi…

ONITSURA

***
Narsalarni yoruqqa qo’yib,
Kuzataman soyalar tug’ilishini
Kuzgi choshgohda…

KYoSI

***
Tong yorishar,
Qo’ng’iroqlar ovozi
Tumanlarga belanar.
Matsua BASYo

***
Fudzi tog’i
Kuzgi osmonni teshib
Ko’tarilar yuksakka.

ONITSURA

***
Kuz kechasi
O’raladi no’noq yo’lovchi
Yupqa ko’ylakka…

Kobayasi ISSA

***
Taralmoqda “o – o – o – ou!”
Mungli chorlov aks sadosi
Tun qo’ynida daydiydi bug’u…

Matsua BASYo

***
Kuzgi tog’da ibodatxona.
Ayvonda turgancha tingladim ma’yus
Bug’u chorlovin…

Kobayasi ISSA

***
Bug’u ovozi
Olisga jaranglab singadi
Ma’yus va ma’yus.

Matsua BASYo

***
Tungi sovuq
Menga juldur to’nin qarzga beradi
Daladagi qo’riqchi…

Matsua BASYo

***
Shamol qalpog’ini uchirib
Savalaydi sellar beayov
Qo’riqchi dalada…

XAGI DZYo

***
Oydin kecha –
Naqadar ayanchli, naqadar baxtsiz
Daladagi qo’riqchi…

Masoaka SIKI

***
Daladagi qo’riqchi
Xatto Xizr bo’lib kelganingda ham
Boshdan olmas yevroqalpog’in.

DANSUY

***
Hoy, hovlida yana ne shovqin?
Bu qo’riqchi kuchli shamolda
Yerga qulab tushdi gursillab.

BOTNYo

***
G’oz, yovvoyi g’oz,
Ayt, necha yil uchding sarosar
O’rmon ortiga, dengiz ortiga?…

Kobayasi ISSA

***
Yovvoyi g’ozlarning galasi
G’og’olab pastlaydi yaydoq dalaga.
Kuchaymoqda tungi sovuqlar…

KYoROKU

***
Ko’ksin tirab yovvoyi kaptar
Yerga o’rnasharkan, titib yubordi
To’kilgan barglarni qoya ustida…

KYoSI

***
Qizilishton taqillatmoqda –
Kun botsa ham hamon tinmaydi,
Hamon o’sha eski joyida…

Kobayasi ISSA

***
Izg’irin
Uzoqlarda kasal turnani
Ko’rayapman men…

Yo’sa BUSON

***
Po’sht-po’sht, chirildoq
Hozir yonboshimga ag’darilaman –
Qani jo’nab qol-chi, bu yerdan!

Kobayasi ISSA

***
O’choq boshidagi kovakka
Chirildoq kirib olgan
Tungi sovuq…
Yo’sa BUSON

***
Kuz kelmoqda.
Bu haqda xabar olib,
Uchib keldi qizil ninachi.

SIRAO

***
Zog’cha tutib oldim
Uning ko’zlariga qarab bildimki,
Kuz kelayotir.

DAKOTSU

***
Ilgaklangan eshik –
Hovli sahnasida
O’ynar xazonrez…

TEYGA

***
It hurmoqda
Ajratib qurigan xazon shitirin
Hovlida bo’ron…

Sano DZYo

***
Oyoq ostidan chiqqach,
Chiroyliroq bo’lib qoldi u –
Bujmaygan yaproq.

KYoSI

***
Nok archayapman, oqmoqda,
Xushbo’y shirin tomchilar
Pichoq bo’ylab yugurib…

Masaoka SIKI

***
Oppoq xrizantema –
Mana, qarshisida to’xtab qaychi ham
Qotib qoldi bir daqiqaga.

Yo’sa BUSON

***
Yangi bog’ yaratdim.
Nihoyat undagi toshlar namlandi
Birinchi qish yomg’iri…

SYaDO

***
Birinchi qish yomg’iri
Maymun ham qarshilik qilmaydi
Kuydirsang chopon.

Matsua BASYo

***
Qanday qaysar odam!
Baliq tutar qish yomg’irida
Qosh qoraygan chog’…

Yo’sa BUSON

***
Men shamolga qarshi yuribman
Soyabonim ortga tortadi
Qishki yomg’irlar vaqti…

Sisey – DZYo

***
Dehqon keng dalada
Menga yo’l ko’rsatdi
Yulingan sholg’om bilan…

Kobayasi ISSA

***
Tashlandiq hovuzda
Bir poy qamish shippak
Ho’l qor yog’moqda…

Yo’sa BUSON

***
Tovuqlar katakda uxlashayotir.
Bu vaqt qor yana qalinroq
Qoplayotir dalalar ustin.

Kobayasi ISSA

***
O’choq boshidagi kovakda
Kuylar tamom o’zin unutib
Tanish chirildoq…

Matsua BASYo

***
Teshik soyabon
Qishlov uchun qo’l keldi juda
Ko’rshapalaklarga!…

Yo’sa BUSON

***
Sovuq tun
Jig’imga tegishchun qo’shnilar atay
Qozon taqirlatayotirmi?

Yo’sa BUSON

***
Sichqon chiqib borar
Ko’rpam yonidagi jinchiroq sari
Yog’ ham muzlabdi…

Yo’sa BUSON

03

(Tashriflar: umumiy 434, bugungi 1)

1 izoh

  1. Эътибор ва эътироф учун катта раҳмат, қадрли устоз Абдунаби ака!Мен ҳам сизнинг шеърларингизни севиб ўқийман.

Izoh qoldiring