“Мовароуннаҳр” нашриёти халқимизнинг севимли адиби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Ярим аср дафтари” китобини чоп этди. Адибнинг ушбу китоби қарийб эллик йиллик кузатувлар маҳсулидир. Ундан адибнинг яқинлари – ота-она, оила аъзолари ҳақидаги мақолалари, сафдошлар, устозлар, замондош ижодкорлар билан боғлиқ хотира ва ўйлари, ҳаёт, адабиёт тўғрисидаги мулоҳазалари ўрин олган. Саҳифаларни варақлар экансиз, адиб атрофдагиларга чексиз меҳр, самимият, эътибор билан ёндашганининг гувоҳи бўласиз. Ҳар бир сатрда ёзувчига хос бағрикенглик, одамлар қалбидаги эзгуликни ҳис этиш, атрофдагиларнинг қувончига шерик, дардига малҳам бўла олиш каби хислатларни кўрасиз…
“Ярим аср дафтари” китобини “Мовароуннаҳр” нашриётидан ёки “Шарқ зиёкори” дўконларидан сотиб олишингиз мумкин.
Ҳаётда нималар бўлмайди! Инсон умри олис ва паст-баланд йўлга ўхшайди. Бу йўлнинг бир улуши нурга тўлиб ётса, бир улуши зулмат қўйнидан ўтади. Дунёда бир умр бахтли яшайдиган одам йўқ. Бироқ ҳар қандай вазиятда ҳам инсон инсонлигини унутмаса, дуруст бўлармиди… Шундай қилсак, биз бошқаларга ҳам жиндай нур берган бўлармидик… Ахир чироқ кўтариб кетаётган одам фақат ўзининг йўлини ёритмайди-ку, ўзгаларга ҳам озми-кўпми ёруғлик улашади…
Ўткир ҲОШИМОВ
ВАСИЯТ КИТОБ
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
Адабиётимизнинг азиз мухлиси! Навбатдаги янги китобни ўқишга киришганингиз қутлуғ бўлсин! Фақат уни ўқиш чоғида мени чулғаб олган ва бирор лаҳза диққат-эътиборимни тарк этмаган ажиб бир ҳайратни сизга баён этишга бурчлиман: китобни ўқияпману, назаримда, унинг ҳар бир саҳифасида муаллиф − Ўткир Ҳошимов бир чеккада мени кузатиб тургандек бўлаверди! Тафаккурга эмас, тасаввурга ишонгим келади шундай дамларда ва илкис бош кўтариб ён-веримга ўгириламан, қарайман, излайман.
Ўткир ака эса йўқ…
Алоҳида таъкидламоқ керак, “Ярим аср дафтари” атоқли ўзбек адиби Ўткир Ҳошимов ўз қўли билан тартиб берган сўнгги китобдир. Уни қайта-қайта варақлар эканман, беихтиёр дайди ўй олиб қочди: Ўткир ака не мақсад-муддаода айнан шу мазмун-шу тартибда китоб яратишга чоғланган? Энг яқин инсонлар − ота, она, опа, ака-укалар… Умр йўлдоши, фарзандлар… Устозлар… Сафдошлар… Ҳамкасблар… Атрофдаги одамлар… Ҳаёт қувончлари, изтироблари ва ҳангомалари…
Китобнинг ҳар саҳифасини эмас − муаллифнинг ўзигагина хос руҳи ва услуби сингиб кетган ҳар ибора, ҳар жумласини ўқиётиб кўз ўнгимиздан Ўткир аканинг таниш ва қадрдон нигоҳи-сиймоси бир-бир ўтар экан, яратган Эгамиздан ардоқли адибимиз қўйилган маконни ўз нурлари билан чароғон қилишини сўраб, илтижо қилиб қоламиз.
Ўткир Ҳошимов
«ЯРИМ АСР ДАФТАРИ» КИТОБИДАН
ШУКР ҚИЛГАН...
Бир синфдошим бор эди. Отаси “катта жой”да ишлар, бадавлат яшашар эди. Маҳаллада биринчи бўлиб телевизор олишган эди. Синфдошим яхши ўқирди. Еттинчи синфни битирган куни мототсиклли бўлди. Мактабни олтин медал билан тугатди.
Йиллар ўтди. Бир куни кўришиб қолдик.
– Ишлар қалай? – десам, зарда билан қўл силтади:
– Расво! Домлам ўлгудек мараз! Номзодлик ишимни чўзиб ётибди.
Йиллар ўтди. Тағин кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Расво! Ўғлим кўп ичади. Кеча яп-янги машинанинг пачағини чиқариб келди!
Йиллар ўтди. Яна кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Расво! Қизимнинг турмуши нотинч. Қайнонаси ёмон. Судлашмоқчиман.
Йиллар ўтди. Синфдошим бетоб деб эшитдим. Шифохонага борсам, ранги бир ҳолатда ётибди.
– Соғлиқ қалай?
– Расво! Қанд касали деган палакат адойи-тамом қилди. Ўлиб-ўлмайман, тузалиб-тузалмайман!
Тавба, деб гапирай-ку, фаришталар омин деган эканми, узоққа бормади, бечора…
Яна бир синфдошим бор эди. Отаси урушдан яримжон бўлиб қайтган, тўкилиб кетай деб турган кулбада туришарди. Яхши ўқирди. Лекин медалга “илинмади”.
Йиллар ўтди. Бир куни кўришиб қолдик.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши! Мебел фабрикасида ишлаяпман. Кундузи дурадгорлик қиламан. Кечаси уч кунда бир қоровулман. Яқинда велосипед олдим.
Йиллар ўтди. Тағин кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши! Ўғлим ўқишни битириб, чет элга ишга кетди.
Йиллар ўтди. Яна кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши! Қизим фарзанд кўрди. Неварамга бешик олишга кетяпман!
Йиллар ўтди. Синфдошим бетоб деб эшитдим. Худди ўша, бошқа синфдошим ётган шифохонада экан. Ранги бир ҳолатда.
– Соғлиқ қалай?
– Худога шукр, яхши! Буйрак жиндай шамоллабди. Берган дардига шукр!
Яқинда уни тағин кўрдим.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши! Тўнғич неварамнинг бўйи чўзилиб қолди. Худо хоҳласа, беш-олти йилда невара куёв кўраман. Тўйга келасан-а?!
МЕНИНГ “САМАРСКА” БИРОДАРИМ
Бундан бир неча йил аввал денгиз бўйига дам олишга борган эдим. Бир куни тушлик пайтида нариги столда ўтирган ёши улуғроқ киши менга қараб-қараб қўяётганини кўриб, ҳайрон бўлдим.
Тушликдан чиқсам, бояги одам ошхона рўпарасидаги харракда ўтирибди.
– Кечирасиз, сизни бир минутга мумкинми? – деди.
Ёнига бордим. Қўл олишиб сўрашгач, қаердан келганимни сўради.
– Тошкентдан, – деган эдим, қайтадан кўришди.
– Бешёғоч жойидами? – деб сўради.
– Жойида.
– Мачит-чи? Мачит ҳам борми?
Аввалига бу одам қайси мачитни сўраётганини тушунмай турдим-да, сўнг англадим: Абулқосим мадрасасини гапиряпти. Мадраса ҳам жойида эканини айтдим.
– Хайрият! – деди суҳбатдошим енгил тортиб.
– Сиз мадрасани қаердан биласиз?
– Мен “самарскаман”. Исмим Виктор Алексеевич, – деб таништирди ўзини. – Ҳозир Ставрополда яшайман. Ўттизинчи йиллари Самара губерниясида авж олган очарчилик туфайли минглаб одам Тошкентга ёпирилиб борган. Неверовнинг “Тошкент – нон шаҳри” китобида тўғри ёзилган.
– Кейинчалик ўзбек режиссёри Шуҳрат Аббосов шу китоб асосида филм ҳам яратган, – дедим эслатиб
– Кўрганман. Ажойиб филм, – деди ҳамсуҳбатим.
Ёш болалик пайтимда одамларни кўп безор қилган “шпаналар” ҳақидаги ваҳимали гаплар қулоғимга чалинган эди. Шу эсимга тушиб, юмшоқроқ қилиб сўрадим:
– “Самарскалар” Тошкент бозорларини бирпасда “шмон” қилиб ташлаган, дейишади. Шу гап ростми?
– Рост! – деди ҳамсуҳбатим. – Русларда бир мақол бор. “Голод – тебе не тётя” (Очлик – катта холанг эмас!) Кўз олдингда онанг ёки отанг очликдан шишиб ўлганини кўргач, ҳеч нимадан тап тортмайдиган бўлиб қоларкансан. – Виктор Алексеевич ўйга толди. – Тошкент чиндан ҳам нон шаҳри экан. Ҳаммамизнинг жонимизга ора кирди, меҳмондўст, бағрикенг ўзбек халқи олдида қарздормиз.
– Мачитни нега сўраяпсиз? – десам, суҳбатдошим бир зум сукут сақлади.
– Отам йўлда кетаётиб ўлган эди. Тошкентга борганимизда етмишга яқин оилани мачитга жойладилар. Онам иккаламиз ўн йилдан ортиқ ўша ерда яшадик. Қизиғи шундаки, мачитдаги хоналар ёзда салқин, қишда иссиқ бўлар, печка ёқишнинг ҳам кераги йўқ эди. Шундай иншоотни бунёд этган ота-боболарингизга таъзим қилиш керак. Тошкент бизнинг иккинчи ватанимиз бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам сиз билан “земляк”миз десам, хато бўлмайди.
Хуллас, “самарска” биродарим билан таътил тугагунча кўп бор ҳамсуҳбат бўлдик.
Чор Россияси Тошкентни босиб олмасидан олдин бунёд этилган Абулқосимхон мадрасасида ўз вақтида минглаб толиби илмлар таҳсил олган. Мўътабар зоти шариф Абулқосимхон эшон 1892 йили Тошкентда “вабо қўзғолони” бошланганида, мустамлакачилар армияси эски шаҳарга бостириб кириб, қирғин бошламоқчи бўлиб турганида, ўша пайтдаги генерал-губернатор ҳузурига кириб, бу хунрезликни тўхтатишга кўндирган эканлар.
Ўтган асрда ҳам бу даргоҳда Абдулла Қодирий, Фитрат, Мунаввар қори Абдурашидхонов каби улуғ сиймолар таълим олган. Мадраса очлик-муҳтожлик важидан олисдан юртимизга келиб қолган ўнлаб оилаларга узоқ йиллар беминнат бошпана бўлган.
Шуларни ўйлаганимда денгиз бўйида танишганимиз “самарска” биродаримнинг “Шундай бинони бунёд этган ота-боболарингизга раҳмат”, дегани эсимга тушаверади…
Буюк аждодларимизнинг охирати обод бўлсин!
“Movarounnahr” nashriyoti xalqimizning sevimli adibi, O’zbekiston xalq yozuvchisi O’tkir Hoshimovning “Yarim asr daftari” kitobini chop etdi. Adibning ushbu kitobi qariyb ellik yillik kuzatuvlar mahsulidir. Undan adibning yaqinlari – ota-ona, oila a’zolari haqidagi maqolalari, safdoshlar, ustozlar, zamondosh ijodkorlar bilan bog’liq xotira va o’ylari, hayot, adabiyot to’g’risidagi mulohazalari o’rin olgan. Sahifalarni varaqlar ekansiz, adib atrofdagilarga cheksiz mehr, samimiyat, e’tibor bilan yondashganining guvohi bo’lasiz. Har bir satrda yozuvchiga xos bag’rikenglik, odamlar qalbidagi ezgulikni his etish, atrofdagilarning quvonchiga sherik, dardiga malham bo’la olish kabi xislatlarni ko’rasiz…
“Yarim asr daftari” kitobini “Movarounnahr” nashriyotidan yoki “Sharq ziyokori” do’konlaridan sotib olishingiz mumkin.
Hayotda nimalar bo’lmaydi! Inson umri olis va past-baland yo’lga o’xshaydi. Bu yo’lning bir ulushi nurga to’lib yotsa, bir ulushi zulmat qo’ynidan o’tadi. Dunyoda bir umr baxtli yashaydigan odam yo’q. Biroq har qanday vaziyatda ham inson insonligini unutmasa, durust bo’larmidi… Shunday qilsak, biz boshqalarga ham jinday nur bergan bo’larmidik… Axir chiroq ko’tarib ketayotgan odam faqat o’zining yo’lini yoritmaydi-ku, o’zgalarga ham ozmi-ko’pmi yorug’lik ulashadi…
O’tkir HOSHIMOV
VASIYAT KITOB
Xurshid DO’STMUHAMMAD
Adabiyotimizning aziz muxlisi! Navbatdagi yangi kitobni o’qishga kirishganingiz qutlug’ bo’lsin! Faqat uni o’qish chog’ida meni chulg’ab olgan va biror lahza diqqat-e’tiborimni tark etmagan ajib bir hayratni sizga bayon etishga burchliman: kitobni o’qiyapmanu, nazarimda, uning har bir sahifasida muallif ? O’tkir Hoshimov bir chekkada meni kuzatib turgandek bo’laverdi! Tafakkurga emas, tasavvurga ishongim keladi shunday damlarda va ilkis bosh ko’tarib yon-verimga o’girilaman, qarayman, izlayman.
O’tkir aka esa yo’q…
Alohida ta’kidlamoq kerak, “Yarim asr daftari” atoqli o’zbek adibi O’tkir Hoshimov o’z qo’li bilan tartib bergan so’nggi kitobdir. Uni qayta-qayta varaqlar ekanman, beixtiyor daydi o’y olib qochdi: O’tkir aka ne maqsad-muddaoda aynan shu mazmun-shu tartibda kitob yaratishga chog’langan? Eng yaqin insonlar ? ota, ona, opa, aka-ukalar… Umr yo’ldoshi, farzandlar… Ustozlar… Safdoshlar… Hamkasblar… Atrofdagi odamlar… Hayot quvonchlari, iztiroblari va hangomalari…
Kitobning har sahifasini emas ? muallifning o’zigagina xos ruhi va uslubi singib ketgan har ibora, har jumlasini o’qiyotib ko’z o’ngimizdan O’tkir akaning tanish va qadrdon nigohi-siymosi bir-bir o’tar ekan, yaratgan Egamizdan ardoqli adibimiz qo’yilgan makonni o’z nurlari bilan charog’on qilishini so’rab, iltijo qilib qolamiz.
O’tkir Hoshimov
«YARIM ASR DAFTARI» KITOBIDAN
SHUKR QILGAN...
Bir sinfdoshim bor edi. Otasi “katta joy”da ishlar, badavlat yashashar edi. Mahallada birinchi bo’lib televizor olishgan edi. Sinfdoshim yaxshi o’qirdi. Yettinchi sinfni bitirgan kuni mototsiklli bo’ldi. Maktabni oltin medal bilan tugatdi.
Yillar o’tdi. Bir kuni ko’rishib qoldik.
– Ishlar qalay? – desam, zarda bilan qo’l siltadi:
– Rasvo! Domlam o’lgudek maraz! Nomzodlik ishimni cho’zib yotibdi.
Yillar o’tdi. Tag’in ko’rishdik.
– Ishlar qalay?
– Rasvo! O’g’lim ko’p ichadi. Kecha yap-yangi mashinaning pachag’ini chiqarib keldi!
Yillar o’tdi. Yana ko’rishdik.
– Ishlar qalay?
– Rasvo! Qizimning turmushi notinch. Qaynonasi yomon. Sudlashmoqchiman.
Yillar o’tdi. Sinfdoshim betob deb eshitdim. Shifoxonaga borsam, rangi bir holatda yotibdi.
– Sog’liq qalay?
– Rasvo! Qand kasali degan palakat adoyi-tamom qildi. O’lib-o’lmayman, tuzalib-tuzalmayman!
Tavba, deb gapiray-ku, farishtalar omin degan ekanmi, uzoqqa bormadi, bechora…
Yana bir sinfdoshim bor edi. Otasi urushdan yarimjon bo’lib qaytgan, to’kilib ketay deb turgan kulbada turishardi. Yaxshi o’qirdi. Lekin medalga “ilinmadi”.
Yillar o’tdi. Bir kuni ko’rishib qoldik.
– Ishlar qalay?
– Xudoga shukr, yaxshi! Mebel fabrikasida ishlayapman. Kunduzi duradgorlik qilaman. Kechasi uch kunda bir qorovulman. Yaqinda velosiped oldim.
Yillar o’tdi. Tag’in ko’rishdik.
– Ishlar qalay?
– Xudoga shukr, yaxshi! O’g’lim o’qishni bitirib, chet elga ishga ketdi.
Yillar o’tdi. Yana ko’rishdik.
– Ishlar qalay?
– Xudoga shukr, yaxshi! Qizim farzand ko’rdi. Nevaramga beshik olishga ketyapman!
Yillar o’tdi. Sinfdoshim betob deb eshitdim. Xuddi o’sha, boshqa sinfdoshim yotgan shifoxonada ekan. Rangi bir holatda.
– Sog’liq qalay?
– Xudoga shukr, yaxshi! Buyrak jinday shamollabdi. Bergan dardiga shukr!
Yaqinda uni tag’in ko’rdim.
– Ishlar qalay?
– Xudoga shukr, yaxshi! To’ng’ich nevaramning bo’yi cho’zilib qoldi. Xudo xohlasa, besh-olti yilda nevara kuyov ko’raman. To’yga kelasan-a?!
MENING “SAMARSKA” BIRODARIM
Bundan bir necha yil avval dengiz bo’yiga dam olishga borgan edim. Bir kuni tushlik paytida narigi stolda o’tirgan yoshi ulug’roq kishi menga qarab-qarab qo’yayotganini ko’rib, hayron bo’ldim.
Tushlikdan chiqsam, boyagi odam oshxona ro’parasidagi xarrakda o’tiribdi.
– Kechirasiz, sizni bir minutga mumkinmi? – dedi.
Yoniga bordim. Qo’l olishib so’rashgach, qaerdan kelganimni so’radi.
– Toshkentdan, – degan edim, qaytadan ko’rishdi.
– Beshyog’och joyidami? – deb so’radi.
– Joyida.
– Machit-chi? Machit ham bormi?
Avvaliga bu odam qaysi machitni so’rayotganini tushunmay turdim-da, so’ng angladim: Abulqosim madrasasini gapiryapti. Madrasa ham joyida ekanini aytdim.
– Xayriyat! – dedi suhbatdoshim yengil tortib.
– Siz madrasani qaerdan bilasiz?
– Men “samarskaman”. Ismim Viktor Alekseevich, – deb tanishtirdi o’zini. – Hozir Stavropolda yashayman. O’ttizinchi yillari Samara guberniyasida avj olgan ocharchilik tufayli minglab odam Toshkentga yopirilib borgan. Neverovning “Toshkent – non shahri” kitobida to’g’ri yozilgan.
– Keyinchalik o’zbek rejissyori Shuhrat Abbosov shu kitob asosida film ham yaratgan, – dedim eslatib
– Ko’rganman. Ajoyib film, – dedi hamsuhbatim.
Yosh bolalik paytimda odamlarni ko’p bezor qilgan “shpanalar” haqidagi vahimali gaplar qulog’imga chalingan edi. Shu esimga tushib, yumshoqroq qilib so’radim:
– “Samarskalar” Toshkent bozorlarini birpasda “shmon” qilib tashlagan, deyishadi. Shu gap rostmi?
– Rost! – dedi hamsuhbatim. – Ruslarda bir maqol bor. “Golod – tebe ne tyotya” (Ochlik – katta xolang emas!) Ko’z oldingda onang yoki otang ochlikdan shishib o’lganini ko’rgach, hech nimadan tap tortmaydigan bo’lib qolarkansan. – Viktor Alekseevich o’yga toldi. – Toshkent chindan ham non shahri ekan. Hammamizning jonimizga ora kirdi, mehmondo’st, bag’rikeng o’zbek xalqi oldida qarzdormiz.
– Machitni nega so’rayapsiz? – desam, suhbatdoshim bir zum sukut saqladi.
– Otam yo’lda ketayotib o’lgan edi. Toshkentga borganimizda yetmishga yaqin oilani machitga joyladilar. Onam ikkalamiz o’n yildan ortiq o’sha yerda yashadik. Qizig’i shundaki, machitdagi xonalar yozda salqin, qishda issiq bo’lar, pechka yoqishning ham keragi yo’q edi. Shunday inshootni bunyod etgan ota-bobolaringizga ta’zim qilish
kerak. Toshkent bizning ikkinchi vatanimiz bo’lib qoldi. Shuning uchun ham siz bilan “zemlyak”miz desam, xato bo’lmaydi.
Xullas, “samarska” birodarim bilan ta’til tugaguncha ko’p bor hamsuhbat bo’ldik.
Chor Rossiyasi Toshkentni bosib olmasidan oldin bunyod etilgan Abulqosimxon madrasasida o’z vaqtida minglab tolibi ilmlar tahsil olgan. Mo»tabar zoti sharif Abulqosimxon eshon 1892 yili Toshkentda “vabo qo’zg’oloni” boshlanganida, mustamlakachilar armiyasi eski shaharga bostirib kirib, qirg’in boshlamoqchi bo’lib turganida, o’sha paytdagi general-gubernator huzuriga kirib, bu xunrezlikni to’xtatishga ko’ndirgan ekanlar.
O’tgan asrda ham bu dargohda Abdulla Qodiriy, Fitrat, Munavvar qori Abdurashidxonov kabi ulug’ siymolar ta’lim olgan. Madrasa ochlik-muhtojlik vajidan olisdan yurtimizga kelib qolgan o’nlab oilalarga uzoq yillar beminnat boshpana bo’lgan.
Shularni o’ylaganimda dengiz bo’yida tanishganimiz “samarska” birodarimning “Shunday binoni bunyod etgan ota-bobolaringizga rahmat”, degani esimga tushaveradi…
Buyuk ajdodlarimizning oxirati obod bo’lsin!
1 izoh