Rajab Xolbek. Qora yo‘rg‘a. Qissa (21-48)

08     Саттор човоғон яқинлашган сайин, қора йўрғанинг тезлиги ортаверди.Бу йўл билан бирор иш битмаслигига Саттор човоғоннинг кўзи етиб турса-да,лекин отни топган жойда, қўл силтаб, ортига қайтиб кетишни-да, ўзига лозим топмасди. Шу зайлда Саттор човоғон кечга қадар қора йўрғанинг ортидан от ўйнатиб юрди.

Ражаб Холбек
ҚОРА ЙЎРҒА
07

09821

Ёз ўтди.
Куз ўтди.
Эл яна чорбоғлардан, боғотлардан қишлоқдаги қишки уйларига кўчиб келиб, қишлоқ кўчалари одамлар билан гавжум бўлиб қолди.Ёз бўйи у ер-бу ердаги эл сочилмаси кеч кузга келиб тингандек бўлди.Эл йўқлаган кишисини қишлоқдан топадиган бўлди.Даромад топиб, йиғинганлар-тўй тараддусида бўлди.
Элнинг топгани тўйга.
Тўйнинг бўлгани элга.
Бекор қолган одамлар қишлоқ тўйларини санади.
Полвонлар машқ қилди.
Човоғонлар от қаради.

22

Саттор човоғон тилагига етгандек бўлди.
Бурноч бия қулунлади.
Бу қулун бурноч бия билан қора йўрғанинг боласи бўлди.
Жанубликларда:-Онасини кўриб, қизини ол, -деган гап юрди.
Бу гап бежиз бўлмади.
Бу гаплар синалмиш бўлди.
Бу гаплар элдан-элга ўтмиш бўлди.
Туғилган қулуннинг ранги отасига тортган бўлса-да, пешонасида ва орқа оёғида бир тутам оқ рангли қашқаси бўлди.
Қулуннинг пешонасидаги ана шу оқ қашқа, унга чирой бериб турди.
Қулунга зеб бериб турди.
Саттор човоғон қулунга тикилиб тураркан, мийиғида кулиб қўйди.
Шу дамда, Саттор човоғоннинг хаёлидан нималар ўтди бизга қоронғу, лекин унинг жимрайишидан,-Ахир, зотингга тортибсан-да,-деган гапни уқиш мумкин бўлди.

23

Қора йўрға қариди деганлар адашди.
Қора йўрға қариликка бўй бермади.
Аксинча, ўзидан ёшроқ бўлган отларга ҳали-бери йўл бермайдиган бўлди.
Отнинг ҳолати-Саттор човоғоннинг омади эдими ёки унинг иккинчи умри эдими, буни-да, ҳеч ким билолмади.
Қора йўрға довруғлангандан –довруғланди.
Тагобдаги кўпкариларни тамом ўзига бўйсундирди.
Бошқа отларга улоқ бермайин қўйди.
Чавандозларни мард дердик.
Чавандозларни танти дердик.
Лекин улар орасида ҳам нотантилар чиқиб қоларкан.
Улар орасида ҳам ғирромлар, ғаламислар чиқиб қоларкан.
Кўролмаслик кўп бўлди.
Қора йўрғанинг ғаними кўп бўлди.
Ғаламислар қора йўрғанинг жонига не азобли кунларни солмадилар.
Ғаламислар қора йўрғадан қутилиш учун не бир пасткашликларга бормадилар.Лекин от кўпларини ўзига яқинлаштирмади.
Саттор човоғон-да, ҳушёр эди.Лекин отнинг ўзи Саттор човоғондан-да, ҳушёрроқ бўлди.Бегона кимсани ёнига яқинлаштирмади.
Ғаламислик қайда бўлди?
Ғаламисликлар қўшхоналарда бўлди.
Ғаламисликлар от бойлоғлик турган барча жойларда бўлди.
Бирда от тўрвага арпа билан қўшиб банги девона солиб кетдилар.
От телбаланди, от заҳарланди.Тўрвани бошдан чиқариб отди.
Бирда эгарнинг остига бигиз тиқиб кетдилар.
От телбаланди.Саттор човоғонни-да, устидан олиб отди.
Бундай ғаламисликларнинг сон-саноғи бўлмади.
Саттор човоғон билганда, ҳазилга йўйишди.
Билмаганда, отга зил кетди.
Гадонинг душмани гадо бўлди.
Барча ғаламисликлар Саттор човоғоннинг узанги йўлдошлари-човоғонлардан бўлди.
Лекин қора йўрғанинг жони қаттиқ бўлди.
Минг бор ўлиб, минг бор тирилди.
От-да, ақлли бўлди.От-да, зийрак бўлди.
Саттор човоғоннинг қўлидан бошқа қўлдан ем емади.
Оқар сувдан бошқа идишдан сув ичмади.
От ўз жонини ўзи асради.
Бойлиқ турган жойида Саттор човоғондан бошқани ёнига яқинлаштирмади.
Ўнг келса, тишлади, чап келса, тепди.
Қора йўрғанинг феълини яхши билганлар унинг ёнига яқинлашмади.
Унинг феълини билмаганлар ўзлари бир шикаст топиб кетавердилар.

24
Сайрак қишлоғида катта кўпкари бўлди.
Яқин орада бундай катта йиғин бўлмаганди.
Тўй эгаси ҳам жуда йиғинган экан, зот деганни аямай берди.
Ўзбекистон,Тожикистон, Туркманистондан келган ман-ман деган човоғонлар куч синашди.
Кўпкарида- омад ҳар доимгидек Саттор човоғонга кулиб боқди.
Ўшанда катта зотдан бир ҳўкиз қўйилганди.
Саттор човоғон ердан улоқни кўтарди.
Бир амаллаб йиғиндан ажралиб чиқди.
Ҳали отга “ҳайт” демасдан, улоққа икки човоғон ёпишди.
Биттаси бироз тортишиб бориб, улоқни қўйиб юборди.
Иккинчи човоғоннинг шашти баланд бўлди.
Оти ҳам қора йўрғадан ортда қолмасди.
Отлар кўпкарижойни икки марта айланиб чопди.
-Оввора бўлаяпсан.Сарсон бўлмайин десанг қўйиб юбор,- деб,
Саттор човоғон икки марта нотаниш човоғонга айтди.
Нотаниш човоғон Саттор човоғонга қулоқ солмади.
Шу тортишишда отлар кўпкарижойни яна икки марта айланди.
Кейинги марта чопишда,Саттор човоғон қора йўрғага “ҳайт” деб қичқириб, отнинг биқинига тепинган бўлди.
Қора йўрғага бундай муомила маъқул келмади.
Қора йўрғанинг қулоқлари дикрайди.
Қора йўрғанинг шашти ўзгарди.
Қора йўрға шашт билан олдинга интилди.
Нотаниш човоғон-да,улоқни қўйиб юбормади.
Олдинда нима борлигини билиб бўлмасди.
Чопиб бораётган отлар олдидан катта жарлик чиқиб қолди.
Жарликка яқин қолганда, қора йўрғанинг қадамлари яна-да,тезлашди.
Жилов тортган билан ортга қайтариб бўлмасди.
Отларни секинлаштиришнинг ҳам иложи йўқ эди.
Човоғонлар улоқни ҳам қўйиб юборгиси келмасди.
-Энди, ўлдим,-деб ўйлаган Саттор човоғон кўзларини чирт юмди.
У ёғини нима бўлганини Саттор човоғон ўзи-да, билмади.
Кўзларини очган Саттор човоғон ўзини қора йўрғанинг устида, жарликнинг нариги томонида кўрди.Тирик қолишдан ҳам ажабланарлиси,улоқ Саттор човоғоннинг қўлида турарди.
Саттор човоғон бир улоққа қаради, бир қора йўрғага қаради.
Ортига бурилиб жарлик қаради.
Қора йўрғанинг шу жарликдан сакраб ўтганини англагандек бўлди.
Бундай катта жарликдан от қандай сакраб ўтди?
Саттор човоғон ҳайратда бўлди.
Саттор човоғон ғафлатда бўлди.
Бир ишонгиси келди.
Бир кўзларига ишонмади.
Бошқа отлиқларнинг ҳам шу томонга ёпирилиб келаётганини кўриб, фалокат юз берганини сезди.Отнинг бошини буриб, жарлик ёқасига келди.Жарликнинг ўртасида нотаниш човоғон билан оти чўзилиб ётарди.
Саттор човоғон тизза шапатилади.
Саттор човоғон кўз уқалади.
Саттор човоғон қамчи тишлади.
Саттор човоғон улоқни олдига ўнгариб,жарликка тушиб келди.
Нотаниш човоғон минган отининг тўртала оёғи ҳам синган.Човоғоннинг-да,бир қўл, бир оёғи синганди.
Одамлар човоғоннинг тирик қолганига шукрона айтишди
Отни қийналмасин деб, шу ернинг ўзида сўйишди.
Нотаниш човоғон ўз дарди қолиб,от сўйилганда ҳўнграб йиғлади.
Нотаниш човоғон шериклари човоғон билан от эгарини гиламга солиб, кўтариб кетишди.
Саттор човоғон афсусда бўлди.
Саттор човоғон надоматда бўлди.
Бўлиб ўтган воқеада Саттор човоғон ўзини айбдор санади.
Баковулга яқин бориб, зотни нотаниш човоғонга беришлари сўради.
Баковул Саттор човоғонга бошдан-оёқ қаради.
Саттор човоғонга қизиқсиниб-қизиқсиниб қаради.Сўнг жиғибийрони чиқиб:-Менга ўргатма.Ўргатишга уриниб ҳам ётма.Нима қилиш кеаклигини ўзим яхши биламан.Буни кўпкари дейдилар.Нима, мардлик қилмоқчимисан,- деб, Саттор човоғонга шердайин ўқрайди. Бироздан кейин,-майли, гаплашиб кўраман деб, нотаниш човоғон шериклари томон юрди.
От йўрттириб кетган баковул анча ҳаяллаб қолди.
Нима деди, нима қўйди Саттор човоғонга номаълум бўлди.
Бироздан кейин қайтиб келган баковул:
Човоғон рози бўлмади.
Човоғон-да, мард келди.
Зотни ҳалоллаган човоғонга беринглар,- деганини Саттор човоғонга етказди.
Саттор човоғон ҳавода қўлларини икки ёнга очди.
-Баковул бува, ё ўзим бир гаплашиб кўрайинми?-деди Саттор човоғон.
Баковул тутаб кетди.
Жаҳли чиқиб Саттор човоғонга бақириб кетди.
-Бу тўйда баковул менман.Ҳар қандай масалага ечим топаман деб, баковулликни бўйин олганман.
Ё сен ўзингни мендан ақллироқ санайсанми?
Бўлмайди дедимми, бўлмайди-да.
Човоғон деганлари мижғов бўлмаслиги керак-да.
Менинг айтганим айтган, деганим деган.
25
Қора йўрға айни донг таратган кезлар, кўпкари билан бир қаторда от пойгаларда ҳам иштирок этиб келди.
Одатда, кўпкари чопадиган отларни ҳеч ким от пойгага солмасди. Лекин пойгаларга Саттор човоғоннинг ўзи эмас,ўғли Абдумалик борарди.
Сина қишлоғида бир тўйда от пойга бўлди.
От пойгага элликдан ортиқроқ от йиғилган.
Пойга бошланиши тоққа яқин Қизқўрғон тепалиги ёнидан қўйиладиган бўлди.Қиш фасли бўлгани учун, икки кун олдин ёққан қор ҳали йўллардан кетмаганди.Сағноқ оралаб кетган йўл музлаган ёки музламагани ҳам сезилмасди.
Тўйхона қишлоқнинг адоғида бўлгани билан пойга йўлини узоқ деб ҳам бўлмасди.
Пойга бошланди.
Қора йўрға ҳар доимгидек бошқа отлардан ўзиб, тўйхонага биринчи бўлиб кириб келди.
Қора йўрға биринчи келганини катта ҳам, кичик ҳам кўрди.
Лекин Синалик бир отлиқ,-Мени қора йўрға атайин туртиб юборди.
Пойга ҳақини менга берасизлар деб туриб олди.
Тўй баковуллари тожикчалашиб узоқ тортишишди.
Саттор човоғон ўғли Абдумаликни чақириб, нима бўлганини сўради.Абдумалик ҳеч нарса бўлган йўқ эди деб елка қисди.
Узоқ тортишув кетди.
Саттор човоғон тўй баковулини чақириб,-майли, пойга ҳақини шу одамга беринглар,-деб айтди.
Баковул ҳам айтганидан қайтмайдиган одам бўлиб чиқди.
Эл ҳақни-ҳақ дейдиган одамни баковул қилиб тайинлади
Адолатни маҳкам тутган одамни баковул қилиб тайинлади.
Узоқ тортишувлардан кейин,баковул- қора йўрғанинг ҳақи деб, бир қўй етаклаб келди.
… Шу куни қора йўрға кўпкаридан-да, учта катта зот айириб чиқди.

26

Кузнинг ёмғирли кунлари бошланди.
Кунлар айланди.
Тунлар айланди.
Керага тоғлари бошида айланган булутлар ҳали сарғайиб улгурмаган боғлар бошигача етиб келди.
Шивалаб-шивалаб ёмғирлар ёғди.
Ҳали кунлар унчалик совиб улгурмаган бўлса-да, боғотлардан кўчиб улгурмаганлар ташвишига ташвишлар қўшди.
Қишлоқ билан боғотлар орасида чўзилган йўл, бўзчининг мокисидек бўлиб қолди.
Кимдир кўч-кўронини ортиб қишлоқ томон кетаётган бўлса, кимдир, гоҳ уловли, гоҳ пиёда боғот томон ошиқаётганлигини кўриш мумкин бўлди.
Саттор човоғоннинг мўлжали-да, иш бермайдиганга ўхшаб қолди.
Дейлик, Худога бас келиб бўлмайди.
Табиатнинг ишига-да, бас келиб бўлмайди.
Одамзод нималарни мўлжаламайди.
Ҳаммаси амалга ошаверса,олам гулистон бўлиб кетарди.
Минг афсус, бундай эмас…
Саттор човоғон-да, боғотдагилар қишлоққа кўчиб ўтгандан сўнг, бурноч бия билан қулунни, уларнинг ёнида қора йўрғани ҳам боғотлар четига бойлаб, сабза майсадан тўйдиришни мўлжаллаганди.
Эрта келган ёмғир мўлжалнинг белига тепгандек бўлди.
Ёғаётган ёмғир қачон очилади-ю, сабза майсалар қачон жилваланади.Қуёш чарақлаб турганда, бошқа гап эди.
Шундай бўлса-да, Саттор човоғон отларни қишлоққа олиб келишга шошилмади.Кунлар булутланиб турган бўлса-да, эрта-кеч отлардан хабарлашиб турди, холос.

27
Ёғаётган ёмғирнинг охири кўринмасди.
Орадан саккиз кун ўтиб кетган бўлса-да, кун ёришай демасди.
Ўтган саккиз кун ичида эрта-кеч, боғотга қатнайвериб, Саттор човоғоннинг-да, бўлари бўлди.
Баъзида, бир қадам босишга ҳоли қолмагандек сезди ўзини.
Бир қадам босиш малол бўлди.
Ўтириб дам олиш малол бўлди.
Лекин бурноч бия атрофида сабза майсалардан чимдилаб еяётган
қулуннинг дикир-дикир қилпиллашини кўриб, кўзлари қувнади.
Кўнгли яйради. Чарчоқлари ўтирган жойида қолиб кетгандек бўлди.Тусаб олинган қулун, болайи жон эмас, балойи жон бўлди.
Саттор човоғон учун: Бурноч бия билан қора йўрға тарозунинг бир палласи бўлса,шу дикирлаб ўйнаётган қулун тарозунинг иккинчи палласи бўлди.Шу ёмғирли кунларда Саттор човоғоннинг хаёлидан нималар ўтаётганлиги бизга қоронғу бўлса-да,лекин буюк орзулар кўнгилан кечаётганлиги ҳеч кимга сир эмасди.
Қуюқроқ дарахтнинг тагини ёмғирпўш айлаган Саттор човоғонни хаёл узоқ-узоқларга етаклаб кетаётганлигини баъзида ўзи ҳам сезмайин қоларди.Ҳолбуки, Саттор човоғон қора йўрға билан тагоб кўпкариларини забт этди.Бошқа човоғонларнинг қўлига каттароқ зот тегмайин ҳам қолди.
Барибир, одамзод хом сут эмган банда экан-да.
Ҳамиша орзулар қанотида учаверади.
Ҳамиша орзулар ортидан қуваверади.
Бу ҳол яхшимиди ё ёмонмиди?
Фол кўришга иштиқёманд эмасмиз.
Лекин интилиш яхши.Балки қандайдир маънода фазилат ҳам.
Ҳаракат-ҳаракатда баракат деган гап ҳам бор.
Шу маънода, Саттор човоғонни қутлаб қўйса ҳам бўлади.
Боиси, Саттор човоғон қарийб олтмиш ёшни қоралаб қолди.
Лекин бизники бўлди деган йўқ.
Келаётган ёшларга қўл кўтарган йўқ.
Ҳар бир кунини умид билан яшаяпти.
Ҳар бир кунида довон ошаяпти.
Кунларини орзуларга бераяпти.
Тунларини орзуларга бераяпти.

28

Ёмғирда йўл юравериб, Саттор човоғон шамоллаб қолди.
Тунда иситмаси кўтарилгандан кўтарилиб кетди.
Духтир чақиртириб, укол-пукол олса-да, кўп нарсага ҳафсаласи бўлмай қолди. Уч кеча-кундуз жойидан туролмай ётди. Отлардан хабарлашиб туриш ҳам, ўғилларининг зиммасида бўлиб қолди.
Тўртинчи куни бироз енгиллашгандай бўлса-да, лекин туриб юришга мажоли бўлмагандек бўлди. Хотинига аччиқроқ шавла қилдириб, бир коса шавлани бир амаллаб ичган бўлди.Сўнг яна ўраниб ётди.Юзларида тетиклик бўлса-да, боши ғувиллаб турарди.
Отлардан хабар олиш учун кетган катта ўғли Абдумалик, кечда бир ваҳимани бошлаб келди. Бурноч бия билан қулун жойида ўтлаб юрганмиш-у, қора йўрға арқон узиб кетганмиш.Абдумаликнинг изламаган жойи қолмабди. Яқин атрофдаги боғотлардан от изини олибди.От изи бориб-бориб, тўхтамиш қишлоғига ўтиб кетмиш йўлда йўқолибди.Тўхтамиш қишлоғида биров-яримдан суриштирса, арқон узиб юрган отни кўрмадик деб айтишибди.Абдумалик кечгача отни излаб, дарагини ҳам тополмабди.Ўғли Абдумаликнинг гапларини Саттор човоғон хотиржам туриб эшитган бўлса-да, барибир кўнглига ғулғула тушди. Саттор човоғон Абдумаликдан кўнглида кечган ҳар бир ҳолатни эзғилаб-эзғилаб сўраб-суриштирди. Суриштирувларидан ўзига қандайдир хулосалар ясади.Лекин уйдагиларга ҳеч нарса демади. Бу билан уйдагиларни бироз бўлса-да, хотиржамлантиргандек бўлди.Лекин ичидан нималар ўтганини ўзи билди, Худойим билди. Ўзига куч йиғиш учунми,қўшниларнинг уйидан бир коса узум шиннисидан келтиртириб ичди.
Иссириқ тутаттириб, сўнг тоғорада иссиқ сувда иссириқни ивитиб, оёқ солиб ўтириб, бироз терлади.Кейин қалин ўраниб, ухлагани ётди.

29

Шу ётишда Саттор човоғон эрталаб бомдод намозида ўрнидан турди.Жиққа терга ботиб ётгани боис, ўрнидан туриб, баданидаги тери қотганча елкасига тўнини олиб, жойидан қўзғалмасдан ўтирди. Ўтирган жойида ўйга толди. Тавба, қора йўрғанинг қанчалик кучли бўлмасин арқон узиш одати йўқ эди.Бирор ёввойи жонзот даҳл қилдимикин деса, бурноч бия билан қулун жойида қолибди-ку.Демак, унга икки оёқли инсон зоти бирор ҳунар кўрсатган.Ёки арқонни узиб уни қочиртириб юборган бўлиши мумкин.Қандай бир ярамас бу ишга қўл урган экан?
Чин, қора йўрғанинг ғанимлари кўп.Бу ғанимлар асосан чавандозлар.Лекин боғотда бирорта чавандоз кўринмовди.
Бирор кимсанинг атайин келишини Саттор човоғон ақлга сиғдиролмасди.
Ҳали Саттор човоғон хонадонидагилар уйқудан турмаган эди.
Саттор човоғон ташқарилаб, таҳорат олиб, бомдод намозини ўқиди.
Сўнг, иссиқроқ кийиниб, уйдаги отни эгарлади.
Бир рўмолчага яримта нон тугиб, хуржунининг кўзига солди.
Саттор човоғон отланиб уйдан чиққанда, кун булутли бўлгани боис, йўллар ғира-шира кўзга ташланарди.

30

Саттор човоғон боғотга келиб, из олди.
Излаб-излаб қора йўрғанинг изини топгандек бўлди.
Отнинг боғотда қолдирган изидан,от анча масофага чопиб кетганлиги кўриниб турарди.
От изидан бир-икки жойда резина этик изини-да пайқади.
Лекин этик изи боғ ораламаганлиги, балки майса ва хазонлар устидан юриб ўтганлиги сезилиб турарди.
Саттор човоғон отга нима дакки берганлигини ғира-шира пайқагандек бўлди.
Қандайир лаҳзаларда қўллари мушт бўлиб тугилса-да, ўзини босган бўлиб, ҳавога қўл сермаб, қўл сермаб қўйди.
Ғанимларини Худога солди.
Ғанимларига яратгандан инсоф тилади.
Сўнг изига қайтиб, боғлиқ турган отининг қозиғини ердан суғурди.
Саттор човоғон бурноч бия билан қулунга бир қараб қўйди-да,от изини қоралаб кетди.
Саттор човоғон боғотдан-боғотга ўтди.
Қирдан қирга ўтди.
Минган оти бир маромда йўл тортди.
Қора йўрғанинг изи гоҳ шаталоқ отгани, гоҳ бир маромда йўл тортгани сезилиб турарди.
Саттор човоғон ҳар бир ҳолатни кўздан қочирмасликка ҳаракат қиларди.Шу кетишда боғотлар, кичик қирлар ортда қолиб, Тўхтамиш қишлоғининг бошланишига келиб қолди.Тўхтамиш қишлоғига кириб бораётган йўлда от изини йўқотгандек бўлди.
Саттор човоғоннинг назарида от катта йўл билан кетгандек туйилди.Лекин тупроқ гуртинглаган депсан жойдан катта йўлга тушишда минган оти тайрилиб, Саттор човоғоннинг кўзлари шу ердан ортга қайтган отнинг изларига тушди.
Саттор човоғон яна из олди.
Қора йўрғанинг изи шудгор оралаб кетди.
Саттор човоғоннинг минган оти Қора йўрғанинг изи билан бир маромда йўл тортди.
Тоққа яқин бўлган Вахшивор қишлоғини туман босиб турган бўлса ҳам бу томонларда тумандан дарак ҳам йўқ эди.Бу ҳолат Саттор човоғоннинг ишини анча енгиллаштирди. Саттор човоғон ўнгу-сўлни кузатиб, қора йўрғанинг изидан кетаверди.
Қора йўрғанинг изи Зардақул қишлоғига борадиган катта йўлга келиб яна йўқолди. Қора йўрға катта йўл билан кетган кўринади.Бўлмаса юмшоқ ерда у ер-бу ерда из қолирган бўларди.
Саттор човоғон Зардақул қишлоғи оралаб,чеккароқдаги уй дарвозасидан товуш берди:
Ким бор? Уйда бирор киши борми?
Уйдан ҳа деганда бирор кишининг чиқаётган шовури сезилмади.
Саттор човоғон бироз кутиб яна овоз берди.
Шунда уйдан эгнига чопон илган бир киши чиқиб, дарвозада турган йўловчи томон келди.
Яқинроқ келган уй эгаси Саттор човоғонни таниб, келиб човоғон билан қўшқўллаб кўришиб, саломлашди.
Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач, човоғонни уйга таклиф қилди.
Саттор човоғон узрини айтиб, от излаб юрганини айтди.
-Бўлди, бўлди,-деди уй эгаси.Тунов кун, кечроқ бир от арқон судраб ўтди.Молларга хашак бераётгандим. Унчалик эътибор қилмадим.Лекин ранги қора эканлигига кўзим бир илашувди.
Магарким, бирор нарса ёки кимса доҳил қилмаган бўлса, қишлоқнинг боғот қисмда хас-хашак еб юргандир.Агар бирор жойдан дакки олган бўлса, Ўпкатош томонларга йўл солиб кетган бўлса ҳам ажабмас.Сиз аввало, боғотларни изланг, балки бирор кўрган одам чиқиб қолар. Нима бўлса ҳам, яхши иш бўлмабди.Лекин начора.
Саттор човоғон отнинг бошини буриб, Зардоқул қишлоғи боғотлари томон кетди.

31

Саттор човоғон шу куни кечга қадар от излади.
Қанча одамлар билан суҳбатлашди.Суҳбатлашган одамлари орасида отни кўрганлар бўлди.Отни кўрган одамлар, от ҳеч тутқич бермагани ҳақида гапиришди.
Лекин ҳеч ким отни қайси томондан излаш тўғрисида айтолмади.
Саттор човоғоннинг ҳафсаласи пир бўлди.
Сатто човоғоннинг боши қотди.
Қора йўрғанинг излари йўқолганди.Саттор човоғон от устидан юравериб, ҳориб-чарчаб, шомдан ўтавериб-шомдан ўтавериб уйга қайтиб келди.

32
Саттор човоғоннинг кайфияти бўлмади.
Хотини олиб келган овқатдан еган бўлса-да, овқат еган-емаганини сезмади.Овқатдан кейин,шопириб-шопириб кўк чой ичди.
Бу кеч кўк чойни-да, одатдагидан кўпроқ ичди.
Лекин ёнбош уриб ётган бўлса-да, кўзлари илинмасди.
Минг бир хаёл кўчасига кириб чиқаётганлиги сезилиб турарди.
Бошида у-бу нарса сўраган хотини ҳам, Саттор човоғоннинг кайфиятини бузгиси келмадими, ҳеч нарса сўрамайин ҳам қўйди.
Шовқин солиб турган болаларини ҳам алдаб-сулдаб, иккинчи уйга чиқариб юборди.Болалар чиқиб кетгандан сўнг, уйни жимлик эгаллади. Хотини ҳам Саттор човоғонга ўрин ташлаб бериб, ўзи болаларнинг ортидан чиқиб кетди.
Саттор Човоғон ўрнига ўтиб, қўлларини бошига харпанжа қилганча чўзилди. Саттор човоғонинг узоқ вақт кўзларига уйқу келмади.
Боягина ўз-ўзидан юмилиб кетаётган кўзлари бирдан уйқуни тарк этгандек бўлди.
Саттор човоғон ўнг ағдарилди.
Саттор човоғон сўл ағдарилди.
Ётиб-ётолмади.Ухлаб-ухлолмади.
Хаёлида-қора йўрға унга таънали-таънали боқаётгандек кўринди.
Қай маҳалда келиб, қашқа қулунни искаётгандек бўлди.
Боғотларда шаталоқ отиб,бирор бир қирнинг устида бурунларини каррак-каррак очиб, буғ пуфлаётгандек бўлди.
Қора йўрға силкинди.
Баданидан жувва-жувва тер оқди.
Қулоқларини дикрайтириб, чопмоқ талабида бўлди.
Саттор човоғон беихтиёр так-таклади.
Қора йўрға юлдуз кўзлади.
Қора йўрға юлдуздан ўзиб кетди.
Саттор човоғоннинг ўнги туш бўлди.
Саттор човоғоннинг туши ўнг бўлди.
Хаёллар гирдобида сузаётган Саттор човоғон ётиб-ётиб ухлаб қолди.

33

Саттор човоғон уйқудан кўз очганда ҳали тонг ёришиб улгурмади.Юлдузлар кўкда милтир –милтир ўйнади.
Ой ўроғида осилиб турди.
Кечаги сассиқ тумандан дарак бўлмаса-да, кун бироз совуқроқ бўлди. Саттор човоғон таҳорат олиб, бомдод намозини ўқиди-да, яна йўлга отланди.
Саттор човоғон боғотга етиб келганда тонг анча ёришиб қолганди.
У бурноч биядан хабарлашиб, уни жойидан жилдириб, ўтлироғ ерга бойлади.Бурноч биянинг қулуни онасидан йироқ кетмасди.
Саттор човоғон бия билан қулунга бироз қараб турди-да, сўнг отига миниб, яна қора йўрғани излаб йўлга тушди.
Бу атрофларни кеча излаб кўргани боис, Зардақул қишлоғига элтмиш катта йўл билан йўл тортди.
Кўнгил-да, икки томон олазарак-олазарак қараб кетди.
Шу кетишда Зардақул қишлоғидан ўтиб, Зардақул сағноғи билан Ўпка тош аталмиш жойгача борди.
Зардақул сағноғи ғичир-ғичир тош бўлгани боис, сағноқда из билиб бўлмади.Саттор човоғон ўнг-сўл тепаликлага қараб кетаверди.
Ниҳоят, сағноқ тугади.
Саттор човоғоннинг қаршисида икки йўл турарди.
Бир йўл ўнгга кетса, бир йўл чапга кетарди.
Ўнгга қараб юрса,Хўжаипок дарёси бўйлаб кетади.Бу томонда қишлоқлар йўқ, аксинча овул ўтиришлар, чўпон-чўлиқларни учратиш мумкин.
Сўл томонга кетса, катта-кичик қишлоқлар бўлиб, ўтган –қайтгандан от тўғрисида суриштириш мумкин.
Саттор човоғон иккинчи йўлни танлаб, адирар устидан юришни маъқул топди.
Саттор човоғон адир оралади.
Сойга тушди, тепага чиқди.
Тўрт томонни кўз билан чамалаб кетаверди.
Лекин қора йўрғадан дарак бўлмади.
Бир қишлоқдан ўтаётиб, одамлардан арқон судраб юрган отга кўзлари тушган ё тушмаганлигини суриштирган бўлди. Одамлар елка қисишиб кўрмаганликларини айтишди.
Саттор човоғоннинг ҳафсаласи пир бўлиб, қишлоқ чеккасига чиқиб кетди. Бориб-бориб, қишлоқнинг энг чеккасидаги уйдан, қочган от кўрган ёки кўрмаганларини суриштирмоқчи бўлди.
Аксига олиб уйда катталар бўлмади.Иккита ўсмир қиз арғимчоқ учиб ўтирган бўлди.
Саттор човоғон бу қизлардан қониқарли бирор жавоб ололмаслигини билгандек бўлса-да,қизлардан ҳам бир сўраб кўришни унутмади.
Қизлар бир майдон Саттор човоғонга анграйиб туришди-да, сўнг бўйчанроғи:-Ранги қора отмиди?-деб сўради.
Саттор човоғон шошилиб,-Ҳа-ҳа, ранги қора от, қора от,-деб такрорлади.
-Ўша от кечадан бермағон шу ерларда юрибди.Гоҳ кўриниб қолади,гоҳ қаергадир чопиб кетади,-деди қиз.
-Ҳозир қайси томонда бўлсайкин?-сўради Саттор човоғон.
Қиз елка қисиб қўйди-ю, сўнг ҳар эҳтимолга қарши шу томонда бўлса керак деб кунчиқиш томонни кўрсатиб юборди.

Саттор човоғон умидлангандек бўлди.
Қизларнинг гапига ишонгандек бўлди.
Саттор човоғон қизларга миннатдорчилик билдириб, от бошини кунчиқиш тарафга бурди.

34

Саттор човоғон қир ўтди.
Саттор човоғон сой ўтди.
Кўзлари тўрт томон олазарак боқди.
Адирлар устидан юргани боис, тўрт томон кўзга кафтдек ташланарди.Саттор човоғон адир оралаб-адир оралаб, адирнинг бир чеккасида қўним топган, бир қора уйга яқин келиб товуш берди:
-Ҳов-в, оғайни… Бу ерда бирор киши борми?
Орадан қандайдир фурсат ўтиб, қора уйдан бир эркак чиқиб келди.
Саттор човоғон от устидан туриб, қора уйдан чиқмиш киши билан ҳол-аҳвол сўрашган бўлди.Муддаога тўғри кўчмасдан, -Бирор пиёла чой қилиб беришнинг иложи борми?-деб сўради.
Уй эгаси: -Акахон, чойдан бошқа нима бўларди-деб,
Саттор човоғонни қора уйга таклиф қилди.Саттор човоғон отдан тушди-да, от қозиғини ерга қоқиб,хуржунидан нонини олиб қора уй томон юрди.

35
Саттор човоғон этик ечмади.
Ўтов эгаси, Этик ечмасдан кираверинг,- деди.
Ўтов эгаси-да, ёлғиз ўзи бўлди.
Чамаси, ўтов эгаси-да, ҳозиргина овқатланишга ўтирган бўлди.
Ўтов эгаси лутф кўрсатиб турган бўлса-да,Саттор човоғон иштаҳасиз бўлди.Бир пиёла чойни қўлига олиб,овқатланишга шошилмади.Хуриллатиб-хуриллатиб чой ичди.
Ўтов эгаси илтифот кўрсатгандек,қатиқли косани Саттор човоғоннинг олдига суриб қўйган бўлди.
Саттор човоғон ўтов эгаси билан майда-майда гурунглашиб, тушлик қилди.Гап орасида Саттор човоғон бўшалиб кетган отини излаб юрганлигини, мана иккинчи кундирки, тополмаётганлиги ҳам айтиб ўтди.Ўтов эгаси бир қора отни шу атрофда ўтлаб юрганлигини, лекин ҳозир қайси томонда эканлигини аниқ айтолмаслигини айтди.
Саттор човоғонда илинж уйғонди.
Демак, қора йўрға шу атрофда.Излаверса, балки кечга қадар топилиб ҳам қолса, ажабмас..
Тушлик одатдагидан бироз чўзилгандек бўлди.
Саттор човоғон тушлик баҳона бироз ҳордиқ чиқаргандек ҳам бўлди.Дастурхонга фотиҳа тортилди.
Кўзлари юмилиб кетаётган бўлса-да, Саттор човоғон ўрнидан қўзғалди.
Саттор човоғон ўтов эгасига миннатдорчилик билдириб, хўшлашиб, яна от излашга тушди.
Адирлар оралаб, тўрт томон кўз-кўзлаб кетаверди.

36
Қуёш уфқ томон энкайиб боқди.
Саттор човоғон йўл юрса ҳам мўл юрди.
Лекин қора йўрғадан дарак бўлмади.
Уфқ куйди.Қуёш қизариб ботди.
Қуёш нурлари Саттор човоғон от миниб айланиб юрган ерлардан анча олисларда Бойсун-Ҳисор тоғ тизмалари чўққилари ортига бекинди.
Беҳаловат эсган шамоллар этни жунжиктирар бўлди.
Саттор човоғон ўзини бироз совуққотгандек сезди.
Саттор човоғон қоронғу тушиб кетгунча от излади.
Бугунги куни ҳам бебарака ўтганини ҳис этган Саттор човоғон миниб юрган от бошини қишлоқ томон бурди.
Қишлоққача йўл олислаб кетмаслиги учун, отни боғот оралаб йўртириб кетди. Қишлоқдан қарийб ўн километрлар олислаб кетган Саттор човоғон қишлоққа кириб келганда,элнинг олди аллақачон уйқуга кетган бўлди.
Минган оти терлаб келгани боис, Саттор човоғон от эгарини узмади. От белини бўшатиб, ўзи уйга кирди.
Уйда –болалар аллақачон ухлаб қолган, ёлғиз хотини йўл пойлаб ўтирарди.
Хотини, Саттор човоғоннинг юз ифодасидан иши ўнг келмаганлигини сезгандек, у овқатланиб бўлгунча ҳеч нарса сўрамади.Хотини Саттор човоғонга майда-майда чой сузиб бериб ўтирди.Ниҳоят, Саттор човоғоннинг ўзи хотинига ёрилгандек бўлди: -Кампир, қора йўрғадан дарак йўқ. Биров-ярим кўрганлар бор.Лекин қора йўрға йўқ.Ерга кирганми, осмонга чиққанми, ҳеч қаерда йўқ.Куни бўйи отда юравериб бўлганимча бўлдим.Шундай бўлса-да, мол экан-да, кўнгил узиб ҳам кетолмаяпман.
Энди… Топилишга-ку, топилиб қолар,лекин сарсон қилаяпти-да.
Шу бугун Ўпкатошдан Ходжасоатнинг боғотигача кезиб чиқдим.
Қайдам, ном-нишон йўқ.Ё бирор бир бияга айланишдимикин?
Бўлмаса, бундай ном-нишонсиз кетмаслиги керак эди.
Бирор номарднинг қўлига тушиб қолдими десам,бегона бирор кимсани ёнига йўллаттирмайди.
Бунга ишончим комил.
Ҳа, майли излаб кўрверайин-чи.Насиб қилган бўлса, топармиз.
Саттор човоғон чой ичиб-чой ичиб хотинига гурунг берди.
Саттор човоғон ҳорғин-ҳорғин гурунг берди.
Алламаҳалда,Саттор човоғон отдан эгарни узмоқчи бўлиб ўрнидан қўзғалди.

37

Саттор човоғон хуфтон намозига таҳорат олиб, хуфтон ўқиди.
Хуфтон намозидан кейин келиб ўрнига чўзилган бўлса-да, алламаҳалгача кўзлари илинмади.
Солинган тўшакка елкалари ботиб кетаётгандек бўлаверди.
У ён ағдарилди.
Бу ён ағдарилди.
Дераза ойнасидан кўкда сузилиб турган ярим ой кўринди.
Саттор човоғон ойга тикилиб ётди.
Ярим ойга тикилиб ётган Саттор човоғон ўтган йилларни сарҳисоб қилган бўлди.
Йиллар йилдирим бўлди.
Йиллар тўполон бўлди.
Йиллар шодумон кулди.
Йиллар олислаб-олислаб кетди.
Йиллар яқинлаб келди.
Қора йўрға пойга олдидан нафас ростлади.
Отнинг бурун катаклари катта-катта очилиб, ўзидан ҳовур чиқарди.
Лекин бундай пайтлар Саттор човоғоннинг кўзи ҳеч қачон қора йўрғанинг кўзларига тушмаган бўлди.
Қора йўрғанинг кўзлари ёнишини Саттор човоғон кўпкари ёки пойга олдидан ҳеч қачон кўрмаган бўлди.
Қора йўрғанинг кўзлари қандай ёнишини Саттор човоғон фақат бир марта, у ҳам бўлса, қора йўрға бурноч бияга талабгор бўлганда кўрган бўлди.
Ўшанда бу кўзлар ёнгандан ёнганди.
Ўшанда бу кўзлар тонгандан тонганди.
Ўшанда бу кўзларда олов тилларни кўрганди.
Ўшанда бу кўзларда буюк бир телбаликни кўрган эди.
Саттор човоғоннинг ҳушлари туш бўлди.
Саттор човоғоннинг тушлари ҳуш бўли.
Саттор човоғон ўйлай-ўйлай ухлаб қолди.

38
Саттор човоғон шу ётишда хўрозлар қичқириғидан уйғонди.
Деразадан қаради. Ҳали тонг ёришмаган кўринди.
Шундай бўлса-да, елкасига тўнини ташлаб ташқарилади.
Отхона олдидан ўтди.Миниб юрган оти хашак кумирлатиб турди.
Саттор човоғон бироз отга разм солиб турди.
Сўнг отнинг охурига бироз хашак солиб қўйди.
Уйга қайтиб кириб, таҳорат учун сув ҳозирлади.
Ташқарилаб, бомдод намози учун таҳорат олди.
Бомдод намозига қўшимча оятлар қўшмаган бўлса-да, Саттор човоғоннинг назарида бугунги бомдод намози хийла чўзилиб кетгандек бўлди.
Унга нима бўлаяпти, ўзи ҳам билмади.
Ё қарияптимикин?
Қарилик ҳам сустлик келтиради.
Ҳаракатлар ўз-ўзидан сусайиб боради.
Инчунун, оятларни ўқишда ҳам сусткашлик юз берса, не ажаб?
Саттор човоғон бомдод намозини ўқиб олиб, яна отини эгарлай бошлади.От ҳам,худи эгасини кутиб тургандек, Саттор човоғоннинг раъйига бўйсунди.Саттор човоғон отни эгарлаб олгунча, от безовталанмай бир жойда тик турди.
Саттор човоғон уйга қайтиб кириб, туя жунидан тайёрланган чакмонини ҳам кийиб чиқди. Отни ипдан бўшатиб, дарвозахонагача етаклаб чиқди-да, дарвозани ёпиб,ўзини от эгари устига олди.
Саттор човоғон қишлоқнинг ҳали шовқинларга тўлмаган кўчаларидан отда ўтиб бораркан, бугун ҳавонинг бироз булутлиги, шунга хос тоғ томондан совуқ шамол эсиб турганлигини сезди.
От устида жун чекмонига яхшироқ ўраниб олиб, йўлида давом этди.

39
Саттор човоғон бурноч бия билан қулун бойловли турган жойга етиб келганда, аллақачон кун ёришиб, теварак атроф яхшигина кўзга ташланадиган бўлиб қолганди.
Саттор човоғон отдан тушиб бурноч бияни жойидан жилдирди.
Бия билан қулунни соғ-саломат кўрганидан кейин, уларнинг ҳолатини бироз кузатиб турган бўлди.Бия ва қулуннинг туришидан кўнгли хотиржамлангач,яна йўлга отланди.
Саттор човоғон шу кетишда Ўпка тошга етгунча, ўнг ва сўл томонга назар ташлаб борди.
Кўз нури етган жойларда отдан дарак топмади, бирор шовур-да, илғамади.Саттор човоғоннинг хотиржамлиги енгилиб бораётган бўлса-да, бошқа иложи йўқ эди.У Ўпкатошга келиб, от жиловини
Ходжасоат адирларига туташиб кетган адирларга бурди.
Адирлар ўркач-ўркач бўлди.Жилғалар яйдоқ бўлди.
Саттор човоғон майда-майда жилғалардан минган отини йўрттириб, адирлар тепасига чиқиб олди.
Адирлар тепасидан тўрт томон кафтдек кўринар бўлди.
Саттор човоғон от йўрттириб кетаётган бўлса-да,кўзлари тўрт тарафда бўлди.
… Ниҳоят, адирлар тугаб, боғотлар бошланмиш жойда, бир от ўтлаб юргандек кўринди.Оралиқ масофа узоқ бўлгани боис, Саттор човоғон отнинг рангини яхши илғай олмади.Шундай бўлса-да, ноумид шайтон деганларидек, Саттор човоғон боғот сари от йўрттириб кетди.Кўринган кўзга яқингина кўринган билан Саттор човоғон турмиш ердан боғотгача анча олислик бўлди.
Саттор човоғон неча адир ўтди.
Саттор човоғон неча жилғаларни кесиб ўтди.
Ниҳоят, жуда яқин бўлмаса-да,орадаги масофа анча қисқариб қолди.Яйдоқ юрган отни кўриб, миниб юрган от ҳам кишнаб юборди.
Шунда,ўтлаб юрган от бош кўтариб, ёлларини сарак-сарак қилди.
От ғамзали-ғамзали кишнади.
Саттор човоғоннинг юзига қон югурди.
Саттор човоғон отнинг кишнашидан таниди.
Қора йўрғадан бошқа от бундай кишнамас бўлди.
Саттор човоғон от томон яқинлаб бораверди.
Отга қанчалик яқинлашган сайин, қора йўрғани топганига ишончи ортаверди.
Орадаги масофа жуда яқин бўлиб қолди.
Ниҳоят, Саттор човоғон кўзларига ишонди.
Саттор човоғон қора йўрғани Ходжасоат боғотидан топди.

40
Саттор човоғоннинг елкасидан юк кетгандек бўлди.
Миниб юрган отидан тушиб,қозиқ қоқди-да, қора йўрға томон пиёдалаб келаберди.
Қора йўрға гоҳ ердаги майсага ўнгилар, гоҳ Сатторга човоғонга қараб ёлларини силкитиб қўярди.
Саттор човоғон эса, қора йўрғани топганидан севинчи ичига сиғмасди.Шу боис, бамайлихотир,қамчининг учи билан кирза этикнинг бўрбайига секин-секин уриб келаберди.
Чин, шу дамда Саттор човоғоннинг қора йўрғани излаб, сарсон кезгани ҳам эсидан чиққан эди.У қора йўрғанинг ўзига хос хислатларини ўйлаб келарди.
Шунда, қора йўрға ҳунар кўрсатди.
Қора йўрғанинг феъли айниди.
Орадаги масофа беш-ўн қадам қолганда,қора йўрға оёқларини кўтариб, бир тепағонлик қилди, бир тепағонлик қилди.
Саттор човоғон ҳайрат билан отга тикилди.
Саттор човоғон кўзларига ишонмай қолди.
Шундай бўлса-да,- Қора йўрға эркалик қилаётган бўлса керак,- деган фикрда олдинга бир қадам ташлади.
Қора йўрға яна ҳунар кўрсатди.
От ҳавони тепишдан тўхтаб, ҳавони бир искади-ю,шаталоқ отиб
чопиб кетди.Бу ҳолат шундай тез юз бердики, Саттор човоғон ўзига келиб олгунча, қора йўрғанинг қораси ҳам кўринмай кетди.
Чорасиз қолган Саттор човоғон от кетидан қараб қолганча,оёғига шапатилади.Бироздан кейин отига миниб, қора йўрғанинг ортидан тушишга мажбур бўлди.Саттор човоғоннинг бошқа иложи қолмаганди.

41
Саттор човоғон ҳайрон эди.
Саттор човоғон ўйлаб –ўйига етмасди
Қора йўрғанинг шаталоқ отиб, ўз эгасидан қочиб кетишини ҳеч ақлига сиғдиролмасди.
Саттор човоғонга қора йўрғанинг кўзларига қаролмагани алам қилди.Агар отнинг кўзларига қаролганида, нима бўлаётганини ҳар ҳолда тусмоллаган бўларди.
Қора йўрғанинг кўзлари кўрмай қолиши мумкин эмас.
Бундай бўлганда ҳар ҳолда ниманидир сезган бўларди.
Ё телбалиги тутдимикин?
Ё бирор бир бияга илакишдимикин?
Нима бўлган бўлса ҳам,шу икки тусмолдан бири бўлган.
Йўқса, бунчаликка бормасди.
Саттор човоғон ўз хаёллари билан бўлиб бораркан, ўрикзор оралаб ўтлаб юрган қора йўрғага кўзи тушди.
Саттор човоғон ўзини бу гал сал ҳушёрроқ тутди.
Қора йўрғага жуда яқин бормагунча, миниб юрган отидан тушмади.
Бу иши билан гўё қора йўрғани алдамоқчидек бўлди.
Қора йўрғага айёрлик қилмоқчидек бўлди.
Лекин қора йўрға анойи эмасди.
Қора йўрға жуда сезгир эди.
Қора йўрға ҳар қандай тузоққа чап бериб кетишда устомон эди.
Қора йўрға яна ҳунар кўрсатди.
Қора йўрғага жуда яқин бориб қолган Саттор човоғон энди отдан тушаман деганда, қора йўрға яна шаталоқ отиб қочди.
Саттор човоғоннинг кўзлари олайди.
Саттор човоғоннинг жаҳли чиқди.
Қора йўрғанинг кетидан от солди.
Қайда, Саттор човоғон яқинлашган сайин, қора йўрғанинг тезлиги ортаверди.Бу йўл билан бирор иш битмаслигига Саттор човоғоннинг кўзи етиб турса-да,лекин отни топган жойда, қўл силтаб, ортига қайтиб кетишни-да, ўзига лозим топмасди.
Шу зайлда Саттор човоғон кечга қадар қора йўрғанинг ортидан от ўйнатиб юрди.
Қора йўрға шаталоқ отгунча гоҳ Ходжасоат сағноғига тушар, гоҳ Сайрак адирларига чиқиб кетарди.
Ниҳоят, кеч тушди.
Атрофни шом кўкариши эгаллади.
Саттор човоғон қайтиб кетишни-да,қора йўрғага қоровуллик қилишни-да, билолмай аросатда қолди.
Қишлоққа қайтиб кетайин деса,отнинг изини йўқотиб қўйиш мумкин.Кетмайин деса, ҳали замон қоронғу тушиб қолгандан сўнг,
От изидан юргани фойдасиз бўлиб қолади.
Кундузи тутқич бермаган қора йўрға,тунда ёнига ҳам яқинлаштирмаслиги аниқ.
Ўйлай-ўйлай отдан узоқлашиб кетмасликни маъқул топди.

42
Саттор човоғон Сайрак адирида отдан тушди.
Миниб юрган отини қозиқлаб,қора йўрғага яқинроқ жойда елка босиб,отни кузатиб ётди.
Саттор човоғон қора йўрғани кузатиб ётаркан, хаёлида минг бир фикр туғилди.
Саттор човоғон ўзича гоҳ отга арқон ташлади.
Гоҳ отга яқин бориб, ёлларини силаган бўлди.
Қора йўрға эса, ҳеч нарса бўлмагандай, кумир-кумир ўтми, хасми ковшанарди.
Лекин қора йўрғани юввош тортиб қолди деб бўлмасди
Саттор човоғон қора йўрғанинг феълини яхши биларди.
Қора йўрға ҳеч кутилмаганда зарб олиши, боши оққан томонга қараб йўл тортиб кетиши ҳам мумкин.
Шу сабаб, Саттор човоғон қора йўрғага яқин бормади.
Узоқроқдан кузатиб ётаберди.Саттор човоғон феълидан тушса, миниб юрган оти олдига келиб искашади.Шунда, қора йўрғани ушлаш осонроқ бўлади деб ўйлади.Шу боис, қора йўрғани ўз ҳолига қўйиб, кутиб ётди.Аксига олиб, қора йўрға ҳам Саттор човоғоннинг отига яқин келмасди.
Атрофни қоронғулик эгаллади.
Қоронғуликда отлар элас-элас кўриниб турса-да,уларнинг пишқириғи аниқ эшитилиб турарди.
Тунни илиқ деб бўлмасди.
Вахшивор тоғларида эсаётган шамоллар қандайдир совуқ оқимни олиб келаётгандек бўларди.
Саттор човоғоннинг эти жунжикиб, кийиб олган чакмонига яхшироқ ўралиб олди.
Саттор човоғоннинг этикнинг ичида оёқлари увишди.
Кун узоғи отда юравериб, ўзида бир толғинлик сезди.
Кўзлари бир ҳорғинлик сезгандек бўлди.
Лекин ухлаш учун кўз юмолмасди.
Кўзни юмса, ухлаб қолиши ҳам ҳеч гап эмасди.
Кўз юмилдими, у ёғи ғафлат деяверинг.
Ким билсин, қора йўрға қаёққа йўл солиб кетади.
Қора йўрға ҳам, Саттор човоғон билган қора йўрға бўлмай қолибди.
Қора йўрға телбаликка юз тутибди.
Қора йўрға эгасини танимай қолибди.
Шу боис, Саттор човоғон кўз юмишга ҳам ботинмади.

43
Ётиб-ётиб, Саттор човоғоннинг кўзи илинди.
Адирлар оралаб эсаётган шабада бутун вужудини аллалагандек бўлди.
Бир пайт отларнинг ҳиринг-ҳирингидан уйғониб кетди.
Ой аллақачон тиккага келиб қолган, кўкда юлдузлар чарақлаб турарди.Қора йўрға аллақачон Саттор човоғон миниб юрган отнинг ёнига келиб, тишлашмоқчи бўлгандай ҳаракатлар қиларди.
Саттор човоғон секин ўрнидан қўзғалди.
Елкаларини у ён-бу ён қимирлатиб,бадан увишиғини ёзган бўлди.
Бироз отлар томон қараб турди-да, кейин бир-бир босиб, отлар томон юрди.
Отлар тишлашар, бир-бирига куч бермасликка интиларди.
Саттор човоғон оралиқ масофани ярмини босиб ўтди.
Бирор бир ҳадик сезмади.
Ой ёруғида отлар ҳиринглашиб тураверди.
Саттор човоғон бир-бир босиб, отларга яқинлашиб борди.
Оралиқ масофа чамаси ўн-ўн беш қадам қолганда, қора йўрға ҳушёр тортди.Бошини отдан буриб, Саттор човоғонга қаради.
Қаради-ю,уни ўйнатгандек, бир ҳиринглаб,Ходжасоат сағноғига томон шаталоқ отиб, кўздан ғойиб бўлди.
Саттор човоғон аламдан буралаб сўкди.
Саттор човоғон ҳовури босилгунча сўкди.
Қора йўрғанинг ортидан бориш- бормасликни билолмай, боши гангиди.Бош қашлаб, турган жойида ўтириб қолди.
Бир кўнгил,отнинг ортидан қолма,-деди.
Бир кўнгил,аламдан оғриниб, қўл силтади.
Ўйлаб-ўйлаб, отни кўздан қочирмасликни маъқул топди.
Отини миниб, сағноқ томон йўл олди.
Қора йўрғани сағноқ оралаб кетмаганини сезиш мумкин эди.
Боиси, сағноқ оралаган от туёғидан сағноқдаги тошлар чарсилаб товуш чиқарарди.
Саттор човоғон қулоқ солди, бирор бир товуш эшитмади.
Қора йўрға йўл бурган бўлди.Қора йўрға Ходжасоат сағноғига эмас, Ҳайрондара кенгликлари томон бурилган бўлди.
Лекин ой ёруғлигида қора йўрғани кўриб бўлмасди.
Саттор човоғон диққат билан атрофга қараб борарди.
Унинг кўзлари бирор қора илғамади.
Қора йўрға дом-дараксиз эди.

44
Саттор човоғон адирликдан тушиб, кенглик оралади.
Тунни жуда ҳам ойдин деб бўлмасди.
Саттор човоғон тун қўйнига қанчалар тикилмасин,
қора йўрғанинг қораси ҳам кўринмади.
Шундай бўлса-да,Саттор човоғон Ҳайрондарадаги ягона ҳовуз томон йўл тортди.
Тун сархуш эди…
Димоққа шувоқ иси урарди.
Димоққа ковул иси урарди.
Саттор човоғон отда йўл тортаётган бўлса-да, икки кўзи кенглик изларди.Қайдам, қора йўрға кўринмади.
Ерга кирдими, осмонга чиқдими, билиб бўлмади.
Саттор човоғоннинг боши гангиди.
Ҳайрондара кенгликларига ўйчан-ўйчан боқди.
Саттор човоғон секин-секин келиб отдан тушди.Ҳовуздан сал нарироқ отини қозиқлади.От устидаги хуржунини олиб, ҳовуз бўйига келди.Ҳовуз бўйидаги толлардан бирига елка босиб ўтирди.
Ҳовузга ҳам, яқин орада сув тушмагани сабаб,ичидаги балчиқни ҳисобга олмаса, сув йўқ ҳисоби эди.
Саттор човоғон ер қаради.
Саттор човоғон осмон қаради.
Кўнгил етар бирор маъни кўрмади.
Саттор човоғон ҳовуз супасининг ўртароғига сурилиб, чўзилди.
Кўкда юлдузлар ғужғон бўлди.
Саттор човоғон юлдуз санади.
У ер-бу ердан тулкиларнинг овози келиб турарди.
Саттор човоғон кўз юмди.
Саттор човоғон кўз очди.
Тонгга ҳали анча бор эди.
Ниҳоят, Саттор човоғоннинг кўзи илинди.
Саттор човоғон дунёни унутди.
Саттор човоғон қора йўрғани унутди.
Шу ётишда Саттор човоғон тонгга бориб кўз очди.
Бироз совуқсираганини айтмаса, руҳи тетик эди.
Оти ҳамон қозиқ айланиб, хас-хашак ковшанарди.
Саттор човоғон чўнтак ковлади.
Саттор човоғон нос излади.
Излаб-излаб, қайси бир чўнтагидан носкади топиб, тил остига нос ташлади. Шу билан ўзини овутгандек бўлди.
Кўзлари каттароқ очилиб, фикрлай бошлади.
Оғирлашиб турган боши ҳам, енгил тортгандек бўлди.
Шу пайт, ўнгданми, сўлданми от кишнагандек бўлди.
Саттор човоғоннинг қулоқлари динг бўлди.
Бутун эътиборини қулоқларига жамлади.
Қозиқланиб турган отнинг ҳам қулоқлари ўнгга қараб тиккайгандек кўринди.
Лекин от товуши қора йўрғаникими ё бошқа отникими ажратолмади.
Саттор човоғон от излаб, отланишга шошилмади.
Аксинча, шу ерда бироз кутиб турмоқни афзал билди.
Ҳовуз бўйида атрофни кузатиб ётди.

45
Сайрак адирларига эчки отари оралади.
Булутли намхуш ҳавони писанд қилмагандек, отар тобора ёйилиб борарди.Чўпон итларидан ҳуркибми ё бошқа бирор таъсирми, узоқроқдан қора йўрға кўрингандек бўлди.Қора йўрға кенглик тугаши ва адирлар бошланишида эди.
Саттор човоғон ўрнидан қўзғалмасдан отни кузатиб ётди.
Чамаси от хотиржам ўтлаб юрарди.
Саттор човоғон ётиб-ётиб қорни очиққанини сезди.
Хуржунидан нон ва термосдаги сувни олиб, енгилроқ тамадди қилган бўлди.
Қора йўрға бамайлихотир ўтлаб юрарди.
Кўринишдан отнинг кенгликка ўнгилиш чамаси сезилмасди.
Саттор човоғон ўрнидан туриб,боғлиқ турган отга яқин борди.
Отнинг бўйинларини уқалаб, бироз эркалаган бўлди.
Сўнг от белини тортиб, устига хуржунни ташлади.
Саттор човоғон қора йўрға томон от йўрттириб бораркан,отни қандай ушлашни ўйлаб боши қотарди.

46
Саттор човоғон қора йўрғага яқинлашиб бораверди.
Қора йўрға ердан хас-хашак ковшаркан,аҳён-аҳёнда бош кўтариб атрофга қараб қўярди.
Қора йўрға эркин эди.
Ҳайрондара кенгликлари ва Шўроб адирлари унинг оёқлари остида эди.Саттор човоғон от ушлаш учун, арқон тайёрлаб борди.
Лекин бунга вазият тўғри келадими, йўқми билмасди.
Ўзига яқинлашиб келаётган отни кўриб, қора йўрға бир кишнамоқлик қилди.
Орқа оёқларини кўтариб, ҳавони бир неча бор тепди.
Қора йўрғанинг кишнаганини кўриб, Саттор човоғон миниб юрган от ҳам кишнаб, қадамини тезлатгандай бўлди.
Оралиқ масофа жуда қисқариб борарди.
Масофа қисқариб борган сайин,Саттор човоғон қора йўрғани, қора йўрға Саттор човоғонни пойлагандек бўларди.
Ниҳоят, Саттор човоғон от эгаридан бироз кўтарилиб, қора йўрғанинг бўйнига арқон отди.
Ҳавода зувиллаб келаётган арқонни кўриб, қора йўрға абжирлик қилди.Қора йўрғага ташланган арқон отдан икки-уч қадамлар орқада қолиб кетди.Саттор човоғон арқонни йиғиштириб олгунча, қора йўрға шаталоқ отиб, Синанинг сағноғини мўлжал олди.
Саттор човоғон тизасига шапатилаб қолаверди.
Саттор човоғон отнинг кетишини кузатиб турди.
Орадаги масофа жуда узоқлашиб кетди.
Қора йўрға худди пойгага тушгандек бир текис чопиб кетарди.
Ноилож қолган Саттор човоғон миниб юрган отининг бошини Синанинг сағноғига бурди.Лекин отни тезроқ юришга зўрлаб қамчи босмади.От ўз ройишида йўл тортди.

47
Саттор човоғон Синанинг сағноғини кесиб ўтганда, кун аллақачон толтушга яқинлашиб қолганди.
Саттор човоғон излаб-излаб, қора йўрғани топди.Қора йўрға сағноқдан ўтиб, адирлар оралаб ўтлаб юрарди.
Саттор човоғон яқинлашиб борган сайин, қора йўрға тобора юқорилаб, Сина қишлоғи томон бораверди.
Саттор човоғон қора йўрға кўрсатаётган ҳунарларга жаҳли чиқаётган бўлса-да, Сина қишлоғида балки бир жойга қамаб ушлаб оларман деган умиди ҳам йўқ эмасди.
Шу боис, Саттор човоғон қора йўрғанинг ортидан изма-из бораверди.
Ниҳоят, қора йўрға бориб-бориб, Сина қишлоғи оралади.
Сой ёқалаб кетган қишлоқ кўчасидан тикка тоғ томонни мўлжал олиб кетаверди.Яна ортга қайтиб кетмасин деб, Саттор човоғон миниб юрган отини қора йўрғадан олдинги солмасди.
Қишлоқ ўртасига бориб қолган Саттор човоғон йўл четида ўтирган одамларга:-Отни ушланглар,отни ушланглар,-деб товуш берган бўлди.
Саттор човоғоннинг овозини эшитган биров-ярим отнинг йўлига чиқди.Қайдам, қора йўрға йўлга чиққан одамларнинг бировига ҳам тутқич бермади.Отни тутмоқчи бўлиб йўлга чиққанлар овора бўлиб қолаверди.Урҳо-ур кўпкариларда юзлаб отларга тутқич бермаган қора йўрғанинг олдида пиёда одамларнинг ҳаракати қайга ҳам борарди.Қора йўрға Сина қишлоғи катта кўчасидан виқор билан ўтиб кетди.
Саттор човоғон қора йўрғани ушлашдан тобора умиди сўниб борарди.Шундай бўлса-да,чиқмаган жондан умид қабилида ҳаракат қиларди.Саттор човоғон ҳали-бери қора йўрғани тутолмаслигига кўзи етдими, отдан тушиб, Сина қишлоғи чойхонасидан тамаддиланган бўлди.Аччиқ-аччиқ кўк чой дамлатиб, шопириб-шопириб ичди.Иссиқина кўк чой чарчоқларини олгандек бўлди.Бу орада қора йўрға қишлоқдан чиқиб кетди.

48
Чойхонадан чиққан Саттор човоғон яна қора йўрғанинг ортидан кетди.Атрофни кўздан кечириб, юқорилаб бораверди.
Қора йўрға Қизқўрғон деб аталмиш баланд тепалик ёнбағрида ўтлаб юрарди.Қизқўрғондан шундоқ ошиб ўтса, Ўшор, Пожур қишлоқлари.
Саттор човоғон кўпкари баҳона бу томонларга кўп келиб кетган.
Бу томонларни беш бармоқдек билади ҳисоб.Лекин қора йўрғанинг жазаваси қаергача боради буни билмайди.
Саттор човоғон отдан тушмасдан қора йўрғага яқинлашиб бораверди.Худди қасдма-қасд қилгандек, қора йўрға ҳам, Қизқўрғоннинг юқори тоққа туташ қисмига томон ўтлаб кетаверди.Саттор човоғон Қизқўрғон буримига борганда, қора йўрға Қизқўрғоннинг тепасига қараб йўл солди.
Ҳайвон-ҳайвонлигини қилар экан-да.
Қизқўрғоннинг тепасида бало борми?
Шу тепаликда сенга пишириб қўйибдими?
Қора йўрғанинг ҳаракатини кўриб, Саттор човоғон шундай хулосага келди.Қора йўрғанинг ортидан бораётган Саттор човоғон Қизқўрғоннинг ярмида минган отини оёқлантирди.Тепаликка чиқишда отни қийнаб қўймайин деб, отдан тушди.Арғамчисини узунлатиб отини қозиқлади.
Эгарнинг қошида ўралиб турган арғамчисини елкадан ошириб олди.
Пастдан туриб, отнинг ҳаракатини бироз кузатиб турди.
Қора йўрға тобора юқорилаб борарди.
Қуёшнинг нурларида қора йўрғанинг сағринлари ялтираб кўринарди.
Саттор човоғон:- Вой, касофат-ей, вой, ҳайвондан тарқаган-ей. Бунинг қайтиш машқи йўққа ўхшайди.Бўлмаса, текис жойлар қолиб,Қизқўрғоннинг тепасида бало борми,-дея ғурпишланарди.
Саттор човоғон қаради-қаради бўлмади.
Қора йўрғанинг тепаликдан қайтиб тушишини кутиб ўтиришга тоқати бўлмади.
Ичида қора йўрғани гўрдан олиб, гўрга солди.
Аламданми, нафратданми тилига энг нозик сўкинишлар келиб турди.
Саттор човоғон қора йўрғанинг ортидан пиёдалаб жўнади.
Кўнгил-кўнгил экан.
Ҳар нарсанинг ўз вақти бор экан.
Саттор човоғоннинг ҳам ёшлиги қолмаганди.
Тепаликка ўрлаш осон кечмади.
Саттор човоғон кўп юрмасдан, нафаси қайтиб бўлди.
Баданидан тер ёғилди.
Дамба-дам пешонасидан тер артди.
Ўтириб, нафас ростлаган бўлди.
Сўнг яна ўрнидан туриб, қора йўрғанинг ортидан юрди.
Қора йўрға хотиржам ўтлаб юрарди.
Қизқўрғоннинг тепасига чиқиш жуда тик бўлмаса-да,ўрлиги бор эди.Саттор човоғон бир-бир босиб, қора йўрғанинг ортидан тепаликка кўтарилиб борди.
Ростини айтганда, Саттор човоғоннинг ёшлигидан бу ерларга йўли кўп тушган бўлса-да,Қизқўрғоннинг устига биринчи бор чиқиши эди.
Саттор човоғон Қизқўрғон тепалигини кўп бор айланиб ўтган.
Лекин бирор марта ҳафсала қилиб, унинг устига чиқмаган экан.
Балки Қизқўрғоннинг шундоқ биқинида жойлашган Ўшор, Пожур қишлоқларида яшаётганлар орасида ҳам Қизқўрғоннинг тепасига чиқмаган одамлар топилиб қолар.
Элчилик-да.Кимдадир ҳафсала, қизиқиш катта бўлади.
Кимдадир бепарволик кучли бўлади.
Мана, ёши эллик билан олтмиш ўртасида кетаётганда, қора йўрға сабабли,Қизқўрғоннинг тепасига ҳам чиқишга тўғри келди.
Шунчалар, сарсон қилган қора йўрға ушлатса-ку, бахайр.
Агар тепадан пастга қараб шаталоқ отадиган бўлса,у томонидан худонинг ўзи асрасин.Саттор човоғон елкасига ўраб олган арғамчисини тўғрилаб олиб, яна тепаликка кўтарилишда давом этди.
Қора йўрға бепарво ҳар-ҳар ердан ўт узиб ковшаниб юрарди.
Қора йўрға Саттор човоғон билан ўйнашаётганини-да, билиб бўлмасди.Саттор човоғон отга яқинлашавергач,қора йўрға бир пишқириб, ўзини узоқлаштирар, бўлмаса хотиржам ўтлаб юраверарди.
Саттор човоғон от ортидан пастга тушди, баландга чиқди.
Қора йўрға уни ўпкасини оғизга келтирди.
Саттор човоғон тез-тез дам олишга ўтирадиган бўлди.
Лекин қора йўрға уни ёнига яқинлаштирмасди.
Саттор човоғон киссасидан арпа олиб, телпакда отга тутди.
Қора йўрға арпага қайрилиб ҳам қарамади.
Саттор човоғон боши қотди.
Қора йўрғага яқинлашганда, беш олти марта арқон ташлади.
Қора йўрға ҳушёрлик билан арқонга чап бериб кетди.
Қора йўрғанинг ройишини кутай деса, от кечга қадар ҳам ройиш бермаслиги мумкин.
Қора йўрға фақат кучли билакларга бўйсуниши мумкин.
От зотининг табиати шундай.
Лекин Саттор човоғон куч ишлатишнинг ҳам йўлларини тополмаяпти.Саттор човоғон ўйлаб, ўйига етмаяпти.
Кун эса кетиб бораяпти.
Саттор човоғоннинг ҳафсаласи кетиб, бир жойда анча вақт ағанаб ётди.Отнинг ройишига қўйиб берди.
Қора йўрғанинг ҳали-бери тепаликдан пастга тушиш иштиёқи сезилмасди..
Саттор човоғон ўрнидан туриб, яна қора йўрғани таъқиб эта бошлади.У яқинлашиб борганда, қора йўрға олдингидек шаталоқ отиб қочмаса-да, ушлашига имконият ҳам бермасди.
Саттор човоғон бир неча марта арқон ташлади.
Қора йўрға чап бериб ўтаверди.
Саттор човоғон таъқибни давом эттирди.
Қора йўрға ҳам, Саттор човоғон ҳам тобора юқорилаб бораверишди.Қизқўрғон дегани ҳам пастдан эътиборсиз кўринар экан.Унинг тепасидан тўрт томон баркашдек кўриниб тураркан.
Саттор човоғон Қизқўрғон таърифида эшитган ривоятларига энди бир қадар ишонгандек бўлди.
Қизқўрғон тўғрисида айтилган ривоятларда бир қадар жон бордек туйилди.Гарчи эшитган ривоятларининг ярмида маҳобат бўлса-да,
ҳар ҳолда кишини бироз бўлса-да, ўйга толдирадиган бўлди.
Саттор човоғон қора йўрғани таъқиб этиб бораверди.
Ҳолбуки, қора йўрға иссталган пайтда Саттор човоғонга панд бериб, бурилиб кетишини ҳам Саттор човоғон сезиб турарди.
Шундай бўлса-да, таъқибни давом эттирди.
Қора йўрға худди Саттор човоғонни ўйнатгандек, унинг ҳар арқон ташлашларига панд бериб кетаверди.
Саттор човоғоннинг хуноби ошгандан ошди.
Саттор човоғон жаҳлини кимдан олишни билмасди.
Саттор човоғон дардини кимга айтишни билмасди.
Аламидан қора йўрғани буралаб сўкар, лекин бу тилсиз жонивор Саттор човоғоннинг буралаб сўкишларига буткул бепарво кезарди.
Қора йўрға бўлса, худди қасдлашгандек уни ўйнатиб юрарди.
Ниҳоят, улар Қизқўрғоннинг энг тепа қисмига кўтарилиб келдилар.
Тепадан қараган кишининг боши айланади.
Тўрт томони ўн терак бўйидан ҳам баландроқ зов бўлган Қизқўрғоннинг маҳобати шунда эди.
Атрофда энг баланд тепаликка айланган Қизқўрғоннинг салобати шунда эди.
Тепаликка чиқиб келишга келган Саттор човоғон бу салобатли тепаликдан қандай тушиш тўғрисида ҳам ўйлаб қоларди.
Қора йўрға эса, хотиржам кўм-кўк ўтларни териб еб юрарди.
Саттор човоғон қора йўрғага яна арқон ташлади.
Яна мўлжали хато кетди.
Йўқ, Саттор човоғон мўлжални хато олмади.
Лекин Саттор човоғон мўлжалидан қора йўрға абжирроқ бўлди.
Боиси, қора йўрға қилт этган шабрни сезиб турарди.
Ҳавода ўйнаб келаётган арқоннинг зувиллаши эса, ўзидан олдин юрди.
Саттор човоғон отни ушлаш учун арқон ташлайверди
Қора йўрға ташланган арқонга чап бериб юраверди.
Саттор човоғоннинг бўлари бўлди.
Арқон отавериб,елкалари оғриб кетди.
Кун уфққа оғиб, қуёш Вахшивор тоғлари ортига ўтиб кетди.
Саттор човоғон яна арқон ташлади.
Арқон қора йўрғанинг бўйнига тушди.
Саттор човоғон арқонни куч билан ўзига тортди.
Қора йўрға оёқ тираб туриб олди.
Аксинча, ўзини қутқармоқчи бўлгандай, орқага тисарилиб бораверди.Чин, Саттор човоғон арқонни куч билан тортиб турган бўлса-да,баъзида кучи етмай қолаётганини сезиб турарди.
Қадамлар силжирди.
Қадамлар ҳисобли эди.
Арқонни сал бўшатса, қора йўрға ҳолатдан чиқиб кетишини Саттор човоғон ҳис қилиб турарди.
Қора йўрға Саттор човоғонни тортиб кетаверди.
Силжиш… Бир-икки қадам, баъзида уч-тўрт қадам қора йўрғанинг ҳисобига ҳал бўлаверди.
Шу пайт Саттор човоғон миниб юрган от пастдан кишнаб юборди.
Шунда, ортига бир қараб олган Саттор човоғон қаттиқ хатога йўл қўйди.Саттор човоғон бир қалқиб кетди.Қора йўрға пайт пойлагандек, шу дамда арқон силтаб тортмоқлик қилди.Саттор човоғоннинг қўлидан арқон бирдан бўшашиб кетди.
Қизқўрғоннинг чеккасига келиб қолган от ҳамон арқондан бўшалиш учун оёқ тираб турарди.
Саттор човоғон орқа зовлигини билиб юраги шувиллаб кетди.
Қора йўрға эса, борган сайин ортга тисарилиб борарди.
Энди арқонни қўйиб юборишнинг-да, ҳеч иложи йўқ.
Арқонни тортиб тураверай деса, қора йўрға тобора куч бермай келаяпти.Саттор човоғон орқа зовлигини билиб, қора йўрға қайтар деб ўйлаганди.Лекин бундай бўлмади.Қора йўрға арқонни тобора силтаб тортаверди.Қора йўрғанинг орқа оёқлари аллақачон Қизқўрғон тепалигидан пастга тушиб, муаллақ турарди.Саттор човоғон қараса,от унинг ўзини ҳам тортиб кетаяпти.
Саттор човоғон кўзларини чирт юмди.
Тортиб турган арқонини қўйиб юборди.
Саттор човоғон қора йўрға ўзини ўнглаб олади деб ўйлаганди
Лекин бундай бўлмади.
Қора йўрға ўзини ўнглаб ололмади.
Қора йўрға бутун салобати билан, тўрт оёғи осмонда бўлиб,Қизқўрғон тепасидан пастга қулади.
Зовнинг қандайдир қисмида от това тошларга урилиб-урилиб,думалаб кетди.
Саттор човоғон таёқдек қотди.
Саттор човоғон гарангсиб қолди.
Саттор човоғон ҳуш йўқотди.
Саттор човоғон ақл йўқотди.
Саттор човоғон нима қилишини билмай, фақат тиззаларига шапатилар, тилига бирор сўз келмасди.
Саттор човоғон шу туришда қанча вақт туриб қолганини сезмади.
Бир пайт, ўзига келиб қаради, атрофга қоронғулик чўкаяпти.
Шунча баландликдан тушган от соғ қоладими?
От қуш эмаски, маълум масофага бориб, учиб кетса…
Буни билиб турса-да,барибир, кўнгил экан,Саттор човоғон умид билан,пастликка, зов тубига тикилиб қаради.Бироқ бирор бир ҳаракатни сезмади.
Саттор човоғон кўзида ёш билан ортига қайтди.
Тепаликдан тушиб келар экан, худди телбалардек, икки қўлини икки ёнга чўзиб, ўзича нималардир деб келарди.
Саттор човоғон нималар тўғрисида гапираётгани ўзи ҳим билмасди.
У хаёлланиб қолганди.
Саттор човоғон Қизқўрғон тепасидан пастга қандай тушиб келди, билолмади.Миниб юрган отининг олдига келганда, худди кимгадир гапираётгандек, уввос солиб йиғлаб юборди.
-Қора йўрғадан айрилдим!…
От худди унинг гапларини тушунгандек, бир кишнаб қўйди.
От унинг елкаларига тумшуғи билан туртиб қўйди.
От оёқлари билан ерни депсиниб қўйди.
Лекин Саттор човоғон буни англамади.
Саттор човоғон бирор нарсани англайдиган ҳолатда эмасди.
Саттор човоғоннинг хону-мони куйиб борарди.
Саттор човоғоннинг юраги сиқилиб,худди ёрдами тегадигандай бир қўли билан юрагини сиқимлаб олди.
У отга миниш ё минмаслигини ҳам билмасди.
Саттор човоғон миниб юрган отини етаклаб йўлга чиқиб келди.
Атрофни аллақачон тун зулмати қоплаганди.
Саттор човоғон ариқ бўйига келиб оёқ илди. Отини қозиқлаб,худди маст одамдек алпанг-жалпанг қадам ташлаб, каттакон ўрик дарахти тагига келиб ўтирди.
Саттор човоғоннинг ҳуши ўзида эдими, йўқми, билиб бўлмасди.
Ўзича гапириниб-гапириниб, жим бўлиб қолар, сўнг тиззасига шапатилаб қўярди.
Саттор човоғон ўрик тагида қанча ўтирганини билмади.
Ухлаган ё ухламаганини-да, билолмади.
Вақт алламаҳал бўлиб қолганди.
Бироз ўзига келган Саттор човоғон фикрлай бошлади.
Қора йўрға Қизқўрғон тепасидан учиб кетди…
Саттор човоғоннинг шўри қуриди…
Шўри қуриди эмас, уйи куйди.
Энди қора йўрға йўқ…
Саттор човоғоннинг йиллаб йиққан шавкати бир зарб билан тамом бўлди.
Энди қора йўрға йўқ…
Саттор човоғон ҳам йўқ… Саттор човоғоннинг номини давраларга олиб чиққан, эл орасида Саттор човоғонни “Саттор човоғон” қилган ҳам шу қора йўрға эди.
Тоғ томондан совуқ шамол эсиб турарди.
Лекин Саттор човоғон куннинг совуқлигини сезмасди.
Саттор човоғон туни билан ётиб-ётолмади, ухлаб-ухлолмади.
Шу боис, тонгнинг таги оқармасдан, қора йўрға учиб тушган томонга йўл олди.Саттор човоғон Қизқўрғонни айланиб ўтганча,
тонгнинг таги ҳам оқариб қолди.Кўзга ташланган нарсалар таниб оладиган даржада бўлиб қолди.
Эрталаблари тоққа яқин бу ерлар анча совиб қолганини Саттор човоғон сезиб борарди.
Ниҳоят, Саттор човоғон товали буримдан ўтиб, отдан тушди.
Бу ёғига отда тушиш бироз ўнғайсиз кўринди.
Саттор човоғон миниб юрган отини етаклаб, пастлаб борди.
Қизқўрғоннинг тепасидан учиб тушган қора йўрға, товадан-товага урилиб,зовнинг энг пастки нуқтасигача думалаб борганди.
Отнинг ўлимидан аллақачон калхатлар хабар топиб улгурибди.
Калхатлар одам қорасини кўриб, ерга қўнолмай тепада айланиб учарди.
Саттор човоғон бир-бир босиб пастлаб борди.
Қора йўрғанинг тўрт оёғи осмон бўлиб ётарди.
Хайрият, тунда жови-жондор хабар топмабди.
Жондорлар хабар топганда қора йўрғанинг суяклари қоларди холос.
Қора йўрғанинг ҳолатини кўриб, Саттор човоғон йиғлаб юборди.
Саттор човоғон уввос тортиб йиғлади.
Саттор човоғон юрак бериб йиғлади.
Ўзини тўхтатиб олишга шунча уринса ҳам, ичидан нимадир отилиқиб, кўзларига ёш қуйилиб келаверди.
Саттор човоғон шу тобда нима қилишини билмасди.
Қора йўрғани шу ҳолатда ташлаб кетгиси-да, келмасди.
Ўйлаб-ўйлаб, қора йўрғанинг атрофига това тошларни йиғиб бошлади.Мақсади,қора йўрғага эҳтиром кўрсатиб, това тошлар билан кўмиб ташламоқчи бўлди.
Тепада калхатлар чарх уриб айланарди.
Саттор човоғон отнинг ўлигини калхатларга раво кўрмади.
Отнинг ўлигини калхатларга ташлаб кетишни, оқибатсизлик деб билди.
Шу боис, чарчаб, терга ботиб кетса-да, атрофдан това тошларни йиғиб келаверди.
От жасади майда нарса эмас.Уни кўмадиган даражада това тошларни йиғиб келиш, Саттор човоғонга осон кўчмади.
Шундай бўлса-да, Саттор човоғон бошлаган ишини охирига етказмагунча тинмади.
Саттор човоғон ҳар бир това тошни келтириб от жасади устига қўйганда, кўзларидан тирқираб ёш оқаверди.
Саттор човоғон от жасадини йиғлаб-йиғлаб кўмди.
Саттор човоғон това тошларга юрагини бергандек бўлди.
Саттор човоғон энг яқин қадрдонини това тошлар орасига берди.
Това тошлар орасига кўмилган от жасадига қараб Саттор човоғон
марсиялар айтгандек бўлди.Дийдиёлар айтгандек бўлди.
Қора йўрға биродарим-Сенинг ўлганинг менинг ўлганим.
Қора йўрға қадрдоним-Энди менга кунлар қандай татийди?
Қора йўрға шоҳсуворим-Энди биз ҳеч ким эмасмиз, ҳеч ким эмасмиз.
Энди бизни ҳеч ким танимайди, ҳеч ким билмайди.
Биз бор эдик, биз йўқ бўлдик.
Қора йўрға бор эди… Саттор човоғон бор эди…
Энди иккимиз ҳам йўқмиз.
Энди эл бизни билмайди.
Энди эл бизни танимайди.
Кўпкариларда “қора йўрға” деб ҳеч ким тилга олмайди.
Қора йўрға “Ҳайт” деб ҳеч ким бақирмайди.
Саттор човоғоннинг лаблари пир-пир учиб, кўзларига ёш келди.
Саттор човоғон ўкраб йиғлаб юборди.
Саттор човоғоннинг товушидан, биров-ярим ерга қўнган калхатлар чўчиб, кўкка қараб қанот силкитди.

13   Sattor chovog‘on yaqinlashgan sayin, qora yo‘rg‘aning tezligi ortaverdi.Bu yo‘l bilan biror ish bitmasligiga Sattor chovog‘onning ko‘zi yetib tursa-da,lekin otni topgan joyda, qo‘l siltab, ortiga qaytib ketishni-da, o‘ziga lozim topmasdi. Shu zaylda Sattor chovog‘on kechga qadar qora yo‘rg‘aning ortidan ot o‘ynatib yurdi.

Rajab Xolbek
QORA YO‘RG‘A
07

1221

Yoz o‘tdi.
Kuz o‘tdi.
El yana chorbog‘lardan, bog‘otlardan qishloqdagi qishki uylariga ko‘chib kelib, qishloq ko‘chalari odamlar bilan gavjum bo‘lib qoldi.Yoz bo‘yi u yer-bu yerdagi el sochilmasi kech kuzga kelib tingandek bo‘ldi.El yo‘qlagan kishisini qishloqdan topadigan bo‘ldi.Daromad topib, yig‘inganlar-to‘y taraddusida bo‘ldi.
Elning topgani to‘yga.
To‘yning bo‘lgani elga.
Bekor qolgan odamlar qishloq to‘ylarini sanadi.
Polvonlar mashq qildi.
Chovog‘onlar ot qaradi.

22

Sattor chovog‘on tilagiga yetgandek bo‘ldi.
Burnoch biya qulunladi.
Bu qulun burnoch biya bilan qora yo‘rg‘aning bolasi bo‘ldi.
Janubliklarda:-Onasini ko‘rib, qizini ol, -degan gap yurdi.
Bu gap bejiz bo‘lmadi.
Bu gaplar sinalmish bo‘ldi.
Bu gaplar eldan-elga o‘tmish bo‘ldi.
Tug‘ilgan qulunning rangi otasiga tortgan bo‘lsa-da, peshonasida va orqa oyog‘ida bir tutam oq rangli qashqasi bo‘ldi.
Qulunning peshonasidagi ana shu oq qashqa, unga chiroy berib turdi.
Qulunga zeb berib turdi.
Sattor chovog‘on qulunga tikilib turarkan, miyig‘ida kulib qo‘ydi.
Shu damda, Sattor chovog‘onning xayolidan nimalar o‘tdi bizga qorong‘u, lekin uning jimrayishidan,-Axir, zotingga tortibsan-da,-degan gapni uqish mumkin bo‘ldi.

23

Qora yo‘rg‘a qaridi deganlar adashdi.
Qora yo‘rg‘a qarilikka bo‘y bermadi.
Aksincha, o‘zidan yoshroq bo‘lgan otlarga hali-beri yo‘l bermaydigan bo‘ldi.
Otning holati-Sattor chovog‘onning omadi edimi yoki uning ikkinchi umri edimi, buni-da, hech kim bilolmadi.
Qora yo‘rg‘a dovrug‘langandan –dovrug‘landi.
Tagobdagi ko‘pkarilarni tamom o‘ziga bo‘ysundirdi.
Boshqa otlarga uloq bermayin qo‘ydi.
Chavandozlarni mard derdik.
Chavandozlarni tanti derdik.
Lekin ular orasida ham notantilar chiqib qolarkan.
Ular orasida ham g‘irromlar, g‘alamislar chiqib qolarkan.
Ko‘rolmaslik ko‘p bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘aning g‘animi ko‘p bo‘ldi.
G‘alamislar qora yo‘rg‘aning joniga ne azobli kunlarni solmadilar.
G‘alamislar qora yo‘rg‘adan qutilish uchun ne bir pastkashliklarga bormadilar.Lekin ot ko‘plarini o‘ziga yaqinlashtirmadi.
Sattor chovog‘on-da, hushyor edi.Lekin otning o‘zi Sattor chovog‘ondan-da, hushyorroq bo‘ldi.Begona kimsani yoniga yaqinlashtirmadi.
G‘alamislik qayda bo‘ldi?
G‘alamisliklar qo‘shxonalarda bo‘ldi.
G‘alamisliklar ot boylog‘lik turgan barcha joylarda bo‘ldi.
Birda ot to‘rvaga arpa bilan qo‘shib bangi devona solib ketdilar.
Ot telbalandi, ot zaharlandi.To‘rvani boshdan chiqarib otdi.
Birda egarning ostiga bigiz tiqib ketdilar.
Ot telbalandi.Sattor chovog‘onni-da, ustidan olib otdi.
Bunday g‘alamisliklarning son-sanog‘i bo‘lmadi.
Sattor chovog‘on bilganda, hazilga yo‘yishdi.
Bilmaganda, otga zil ketdi.
Gadoning dushmani gado bo‘ldi.
Barcha g‘alamisliklar Sattor chovog‘onning uzangi yo‘ldoshlari-chovog‘onlardan bo‘ldi.
Lekin qora yo‘rg‘aning joni qattiq bo‘ldi.
Ming bor o‘lib, ming bor tirildi.
Ot-da, aqlli bo‘ldi.Ot-da, ziyrak bo‘ldi.
Sattor chovog‘onning qo‘lidan boshqa qo‘ldan yem yemadi.
Oqar suvdan boshqa idishdan suv ichmadi.
Ot o‘z jonini o‘zi asradi.
Boyliq turgan joyida Sattor chovog‘ondan boshqani yoniga yaqinlashtirmadi.
O‘ng kelsa, tishladi, chap kelsa, tepdi.
Qora yo‘rg‘aning fe’lini yaxshi bilganlar uning yoniga yaqinlashmadi.
Uning fe’lini bilmaganlar o‘zlari bir shikast topib ketaverdilar.

24
Sayrak qishlog‘ida katta ko‘pkari bo‘ldi.
Yaqin orada bunday katta yig‘in bo‘lmagandi.
To‘y egasi ham juda yig‘ingan ekan, zot deganni ayamay berdi.
O‘zbekiston,Tojikiston, Turkmanistondan kelgan man-man degan chovog‘onlar kuch sinashdi.
Ko‘pkarida- omad har doimgidek Sattor chovog‘onga kulib boqdi.
O‘shanda katta zotdan bir ho‘kiz qo‘yilgandi.
Sattor chovog‘on yerdan uloqni ko‘tardi.
Bir amallab yig‘indan ajralib chiqdi.
Hali otga “hayt” demasdan, uloqqa ikki chovog‘on yopishdi.
Bittasi biroz tortishib borib, uloqni qo‘yib yubordi.
Ikkinchi chovog‘onning shashti baland bo‘ldi.
Oti ham qora yo‘rg‘adan ortda qolmasdi.
Otlar ko‘pkarijoyni ikki marta aylanib chopdi.
-Ovvora bo‘layapsan.Sarson bo‘lmayin desang qo‘yib yubor,- deb,
Sattor chovog‘on ikki marta notanish chovog‘onga aytdi.
Notanish chovog‘on Sattor chovog‘onga quloq solmadi.
Shu tortishishda otlar ko‘pkarijoyni yana ikki marta aylandi.
Keyingi marta chopishda,Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘aga “hayt” deb qichqirib, otning biqiniga tepingan bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘aga bunday muomila ma’qul kelmadi.
Qora yo‘rg‘aning quloqlari dikraydi.
Qora yo‘rg‘aning shashti o‘zgardi.
Qora yo‘rg‘a shasht bilan oldinga intildi.
Notanish chovog‘on-da,uloqni qo‘yib yubormadi.
Oldinda nima borligini bilib bo‘lmasdi.
Chopib borayotgan otlar oldidan katta jarlik chiqib qoldi.
Jarlikka yaqin qolganda, qora yo‘rg‘aning qadamlari yana-da,tezlashdi.
Jilov tortgan bilan ortga qaytarib bo‘lmasdi.
Otlarni sekinlashtirishning ham iloji yo‘q edi.
Chovog‘onlar uloqni ham qo‘yib yuborgisi kelmasdi.
-Endi, o‘ldim,-deb o‘ylagan Sattor chovog‘on ko‘zlarini chirt yumdi.
U yog‘ini nima bo‘lganini Sattor chovog‘on o‘zi-da, bilmadi.
Ko‘zlarini ochgan Sattor chovog‘on o‘zini qora yo‘rg‘aning ustida, jarlikning narigi tomonida ko‘rdi.Tirik qolishdan ham ajablanarlisi,uloq Sattor chovog‘onning qo‘lida turardi.
Sattor chovog‘on bir uloqqa qaradi, bir qora yo‘rg‘aga qaradi.
Ortiga burilib jarlik qaradi.
Qora yo‘rg‘aning shu jarlikdan sakrab o‘tganini anglagandek bo‘ldi.
Bunday katta jarlikdan ot qanday sakrab o‘tdi?
Sattor chovog‘on hayratda bo‘ldi.
Sattor chovog‘on g‘aflatda bo‘ldi.
Bir ishongisi keldi.
Bir ko‘zlariga ishonmadi.
Boshqa otliqlarning ham shu tomonga yopirilib kelayotganini ko‘rib, falokat yuz berganini sezdi.Otning boshini burib, jarlik yoqasiga keldi.Jarlikning o‘rtasida notanish chovog‘on bilan oti cho‘zilib yotardi.
Sattor chovog‘on tizza shapatiladi.
Sattor chovog‘on ko‘z uqaladi.
Sattor chovog‘on qamchi tishladi.
Sattor chovog‘on uloqni oldiga o‘ngarib,jarlikka tushib keldi.
Notanish chovog‘on mingan otining to‘rtala oyog‘i ham singan.Chovog‘onning-da,bir qo‘l, bir oyog‘i singandi.
Odamlar chovog‘onning tirik qolganiga shukrona aytishdi
Otni qiynalmasin deb, shu yerning o‘zida so‘yishdi.
Notanish chovog‘on o‘z dardi qolib,ot so‘yilganda ho‘ngrab yig‘ladi.
Notanish chovog‘on sheriklari chovog‘on bilan ot egarini gilamga solib, ko‘tarib ketishdi.
Sattor chovog‘on afsusda bo‘ldi.
Sattor chovog‘on nadomatda bo‘ldi.
Bo‘lib o‘tgan voqeada Sattor chovog‘on o‘zini aybdor sanadi.
Bakovulga yaqin borib, zotni notanish chovog‘onga berishlari so‘radi.
Bakovul Sattor chovog‘onga boshdan-oyoq qaradi.
Sattor chovog‘onga qiziqsinib-qiziqsinib qaradi.So‘ng jig‘ibiyroni chiqib:-Menga o‘rgatma.O‘rgatishga urinib ham yotma.Nima qilish keakligini o‘zim yaxshi bilaman.Buni ko‘pkari deydilar.Nima, mardlik qilmoqchimisan,- deb, Sattor chovog‘onga sherdayin o‘qraydi. Birozdan keyin,-mayli, gaplashib ko‘raman deb, notanish chovog‘on sheriklari tomon yurdi.
Ot yo‘rttirib ketgan bakovul ancha hayallab qoldi.
Nima dedi, nima qo‘ydi Sattor chovog‘onga noma’lum bo‘ldi.
Birozdan keyin qaytib kelgan bakovul:
Chovog‘on rozi bo‘lmadi.
Chovog‘on-da, mard keldi.
Zotni halollagan chovog‘onga beringlar,- deganini Sattor chovog‘onga yetkazdi.
Sattor chovog‘on havoda qo‘llarini ikki yonga ochdi.
-Bakovul buva, yo o‘zim bir gaplashib ko‘rayinmi?-dedi Sattor chovog‘on.
Bakovul tutab ketdi.
Jahli chiqib Sattor chovog‘onga baqirib ketdi.
-Bu to‘yda bakovul menman.Har qanday masalaga yechim topaman deb, bakovullikni bo‘yin olganman.
Yo sen o‘zingni mendan aqlliroq sanaysanmi?
Bo‘lmaydi dedimmi, bo‘lmaydi-da.
Chovog‘on deganlari mijg‘ov bo‘lmasligi kerak-da.
Mening aytganim aytgan, deganim degan.
25
Qora yo‘rg‘a ayni dong taratgan kezlar, ko‘pkari bilan bir qatorda ot poygalarda ham ishtirok etib keldi.
Odatda, ko‘pkari chopadigan otlarni hech kim ot poygaga solmasdi. Lekin poygalarga Sattor chovog‘onning o‘zi emas,o‘g‘li Abdumalik borardi.
Sina qishlog‘ida bir to‘yda ot poyga bo‘ldi.
Ot poygaga ellikdan ortiqroq ot yig‘ilgan.
Poyga boshlanishi toqqa yaqin Qizqo‘rg‘on tepaligi yonidan qo‘yiladigan bo‘ldi.Qish fasli bo‘lgani uchun, ikki kun oldin yoqqan qor hali yo‘llardan ketmagandi.Sag‘noq oralab ketgan yo‘l muzlagan yoki muzlamagani ham sezilmasdi.
To‘yxona qishloqning adog‘ida bo‘lgani bilan poyga yo‘lini uzoq deb ham bo‘lmasdi.
Poyga boshlandi.
Qora yo‘rg‘a har doimgidek boshqa otlardan o‘zib, to‘yxonaga birinchi bo‘lib kirib keldi.
Qora yo‘rg‘a birinchi kelganini katta ham, kichik ham ko‘rdi.
Lekin Sinalik bir otliq,-Meni qora yo‘rg‘a atayin turtib yubordi.
Poyga haqini menga berasizlar deb turib oldi.
To‘y bakovullari tojikchalashib uzoq tortishishdi.
Sattor chovog‘on o‘g‘li Abdumalikni chaqirib, nima bo‘lganini so‘radi.Abdumalik hech narsa bo‘lgan yo‘q edi deb yelka qisdi.
Uzoq tortishuv ketdi.
Sattor chovog‘on to‘y bakovulini chaqirib,-mayli, poyga haqini shu odamga beringlar,-deb aytdi.
Bakovul ham aytganidan qaytmaydigan odam bo‘lib chiqdi.
El haqni-haq deydigan odamni bakovul qilib tayinladi
Adolatni mahkam tutgan odamni bakovul qilib tayinladi.
Uzoq tortishuvlardan keyin,bakovul- qora yo‘rg‘aning haqi deb, bir qo‘y yetaklab keldi.
… Shu kuni qora yo‘rg‘a ko‘pkaridan-da, uchta katta zot ayirib chiqdi.

26

Kuzning yomg‘irli kunlari boshlandi.
Kunlar aylandi.
Tunlar aylandi.
Keraga tog‘lari boshida aylangan bulutlar hali sarg‘ayib ulgurmagan bog‘lar boshigacha yetib keldi.
Shivalab-shivalab yomg‘irlar yog‘di.
Hali kunlar unchalik sovib ulgurmagan bo‘lsa-da, bog‘otlardan ko‘chib ulgurmaganlar tashvishiga tashvishlar qo‘shdi.
Qishloq bilan bog‘otlar orasida cho‘zilgan yo‘l, bo‘zchining mokisidek bo‘lib qoldi.
Kimdir ko‘ch-ko‘ronini ortib qishloq tomon ketayotgan bo‘lsa, kimdir, goh ulovli, goh piyoda bog‘ot tomon oshiqayotganligini ko‘rish mumkin bo‘ldi.
Sattor chovog‘onning mo‘ljali-da, ish bermaydiganga o‘xshab qoldi.
Deylik, Xudoga bas kelib bo‘lmaydi.
Tabiatning ishiga-da, bas kelib bo‘lmaydi.
Odamzod nimalarni mo‘ljalamaydi.
Hammasi amalga oshaversa,olam guliston bo‘lib ketardi.
Ming afsus, bunday emas…
Sattor chovog‘on-da, bog‘otdagilar qishloqqa ko‘chib o‘tgandan so‘ng, burnoch biya bilan qulunni, ularning yonida qora yo‘rg‘ani ham bog‘otlar chetiga boylab, sabza maysadan to‘ydirishni mo‘ljallagandi.
Erta kelgan yomg‘ir mo‘ljalning beliga tepgandek bo‘ldi.
Yog‘ayotgan yomg‘ir qachon ochiladi-yu, sabza maysalar qachon jilvalanadi.Quyosh charaqlab turganda, boshqa gap edi.
Shunday bo‘lsa-da, Sattor chovog‘on otlarni qishloqqa olib kelishga shoshilmadi.Kunlar bulutlanib turgan bo‘lsa-da, erta-kech otlardan xabarlashib turdi, xolos.

27
Yog‘ayotgan yomg‘irning oxiri ko‘rinmasdi.
Oradan sakkiz kun o‘tib ketgan bo‘lsa-da, kun yorishay demasdi.
O‘tgan sakkiz kun ichida erta-kech, bog‘otga qatnayverib, Sattor chovog‘onning-da, bo‘lari bo‘ldi.
Ba’zida, bir qadam bosishga holi qolmagandek sezdi o‘zini.
Bir qadam bosish malol bo‘ldi.
O‘tirib dam olish malol bo‘ldi.
Lekin burnoch biya atrofida sabza maysalardan chimdilab yeyayotgan
qulunning dikir-dikir qilpillashini ko‘rib, ko‘zlari quvnadi.
Ko‘ngli yayradi. Charchoqlari o‘tirgan joyida qolib ketgandek bo‘ldi.Tusab olingan qulun, bolayi jon emas, baloyi jon bo‘ldi.
Sattor chovog‘on uchun: Burnoch biya bilan qora yo‘rg‘a tarozuning bir pallasi bo‘lsa,shu dikirlab o‘ynayotgan qulun tarozuning ikkinchi pallasi bo‘ldi.Shu yomg‘irli kunlarda Sattor chovog‘onning xayolidan nimalar o‘tayotganligi bizga qorong‘u bo‘lsa-da,lekin buyuk orzular ko‘ngilan kechayotganligi hech kimga sir emasdi.
Quyuqroq daraxtning tagini yomg‘irpo‘sh aylagan Sattor chovog‘onni xayol uzoq-uzoqlarga yetaklab ketayotganligini ba’zida o‘zi ham sezmayin qolardi.Holbuki, Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘a bilan tagob ko‘pkarilarini zabt etdi.Boshqa chovog‘onlarning qo‘liga kattaroq zot tegmayin ham qoldi.
Baribir, odamzod xom sut emgan banda ekan-da.
Hamisha orzular qanotida uchaveradi.
Hamisha orzular ortidan quvaveradi.
Bu hol yaxshimidi yo yomonmidi?
Fol ko‘rishga ishtiqyomand emasmiz.
Lekin intilish yaxshi.Balki qandaydir ma’noda fazilat ham.
Harakat-harakatda barakat degan gap ham bor.
Shu ma’noda, Sattor chovog‘onni qutlab qo‘ysa ham bo‘ladi.
Boisi, Sattor chovog‘on qariyb oltmish yoshni qoralab qoldi.
Lekin bizniki bo‘ldi degan yo‘q.
Kelayotgan yoshlarga qo‘l ko‘targan yo‘q.
Har bir kunini umid bilan yashayapti.
Har bir kunida dovon oshayapti.
Kunlarini orzularga berayapti.
Tunlarini orzularga berayapti.

28

Yomg‘irda yo‘l yuraverib, Sattor chovog‘on shamollab qoldi.
Tunda isitmasi ko‘tarilgandan ko‘tarilib ketdi.
Duxtir chaqirtirib, ukol-pukol olsa-da, ko‘p narsaga hafsalasi bo‘lmay qoldi. Uch kecha-kunduz joyidan turolmay yotdi. Otlardan xabarlashib turish ham, o‘g‘illarining zimmasida bo‘lib qoldi.
To‘rtinchi kuni biroz yengillashganday bo‘lsa-da, lekin turib yurishga majoli bo‘lmagandek bo‘ldi. Xotiniga achchiqroq shavla qildirib, bir kosa shavlani bir amallab ichgan bo‘ldi.So‘ng yana o‘ranib yotdi.Yuzlarida tetiklik bo‘lsa-da, boshi g‘uvillab turardi.
Otlardan xabar olish uchun ketgan katta o‘g‘li Abdumalik, kechda bir vahimani boshlab keldi. Burnoch biya bilan qulun joyida o‘tlab yurganmish-u, qora yo‘rg‘a arqon uzib ketganmish.Abdumalikning izlamagan joyi qolmabdi. Yaqin atrofdagi bog‘otlardan ot izini olibdi.Ot izi borib-borib, to‘xtamish qishlog‘iga o‘tib ketmish yo‘lda yo‘qolibdi.To‘xtamish qishlog‘ida birov-yarimdan surishtirsa, arqon uzib yurgan otni ko‘rmadik deb aytishibdi.Abdumalik kechgacha otni izlab, daragini ham topolmabdi.O‘g‘li Abdumalikning gaplarini Sattor chovog‘on xotirjam turib eshitgan bo‘lsa-da, baribir ko‘ngliga g‘ulg‘ula tushdi. Sattor chovog‘on Abdumalikdan ko‘nglida kechgan har bir holatni ezg‘ilab-ezg‘ilab so‘rab-surishtirdi. Surishtiruvlaridan o‘ziga qandaydir xulosalar yasadi.Lekin uydagilarga hech narsa demadi. Bu bilan uydagilarni biroz bo‘lsa-da, xotirjamlantirgandek bo‘ldi.Lekin ichidan nimalar o‘tganini o‘zi bildi, Xudoyim bildi. O‘ziga kuch yig‘ish uchunmi,qo‘shnilarning uyidan bir kosa uzum shinnisidan keltirtirib ichdi.
Issiriq tutattirib, so‘ng tog‘orada issiq suvda issiriqni ivitib, oyoq solib o‘tirib, biroz terladi.Keyin qalin o‘ranib, uxlagani yotdi.

29

Shu yotishda Sattor chovog‘on ertalab bomdod namozida o‘rnidan turdi.Jiqqa terga botib yotgani bois, o‘rnidan turib, badanidagi teri qotgancha yelkasiga to‘nini olib, joyidan qo‘zg‘almasdan o‘tirdi. O‘tirgan joyida o‘yga toldi. Tavba, qora yo‘rg‘aning qanchalik kuchli bo‘lmasin arqon uzish odati yo‘q edi.Biror yovvoyi jonzot dahl qildimikin desa, burnoch biya bilan qulun joyida qolibdi-ku.Demak, unga ikki oyoqli inson zoti biror hunar ko‘rsatgan.Yoki arqonni uzib uni qochirtirib yuborgan bo‘lishi mumkin.Qanday bir yaramas bu ishga qo‘l urgan ekan?
Chin, qora yo‘rg‘aning g‘animlari ko‘p.Bu g‘animlar asosan chavandozlar.Lekin bog‘otda birorta chavandoz ko‘rinmovdi.
Biror kimsaning atayin kelishini Sattor chovog‘on aqlga sig‘dirolmasdi.
Hali Sattor chovog‘on xonadonidagilar uyqudan turmagan edi.
Sattor chovog‘on tashqarilab, tahorat olib, bomdod namozini o‘qidi.
So‘ng, issiqroq kiyinib, uydagi otni egarladi.
Bir ro‘molchaga yarimta non tugib, xurjunining ko‘ziga soldi.
Sattor chovog‘on otlanib uydan chiqqanda, kun bulutli bo‘lgani bois, yo‘llar g‘ira-shira ko‘zga tashlanardi.

30

Sattor chovog‘on bog‘otga kelib, iz oldi.
Izlab-izlab qora yo‘rg‘aning izini topgandek bo‘ldi.
Otning bog‘otda qoldirgan izidan,ot ancha masofaga chopib ketganligi ko‘rinib turardi.
Ot izidan bir-ikki joyda rezina etik izini-da payqadi.
Lekin etik izi bog‘ oralamaganligi, balki maysa va xazonlar ustidan yurib o‘tganligi sezilib turardi.
Sattor chovog‘on otga nima dakki berganligini g‘ira-shira payqagandek bo‘ldi.
Qandayir lahzalarda qo‘llari musht bo‘lib tugilsa-da, o‘zini bosgan bo‘lib, havoga qo‘l sermab, qo‘l sermab qo‘ydi.
G‘animlarini Xudoga soldi.
G‘animlariga yaratgandan insof tiladi.
So‘ng iziga qaytib, bog‘liq turgan otining qozig‘ini yerdan sug‘urdi.
Sattor chovog‘on burnoch biya bilan qulunga bir qarab qo‘ydi-da,ot izini qoralab ketdi.
Sattor chovog‘on bog‘otdan-bog‘otga o‘tdi.
Qirdan qirga o‘tdi.
Mingan oti bir maromda yo‘l tortdi.
Qora yo‘rg‘aning izi goh shataloq otgani, goh bir maromda yo‘l tortgani sezilib turardi.
Sattor chovog‘on har bir holatni ko‘zdan qochirmaslikka harakat qilardi.Shu ketishda bog‘otlar, kichik qirlar ortda qolib, To‘xtamish qishlog‘ining boshlanishiga kelib qoldi.To‘xtamish qishlog‘iga kirib borayotgan yo‘lda ot izini yo‘qotgandek bo‘ldi.
Sattor chovog‘onning nazarida ot katta yo‘l bilan ketgandek tuyildi.Lekin tuproq gurtinglagan depsan joydan katta yo‘lga tushishda mingan oti tayrilib, Sattor chovog‘onning ko‘zlari shu yerdan ortga qaytgan otning izlariga tushdi.
Sattor chovog‘on yana iz oldi.
Qora yo‘rg‘aning izi shudgor oralab ketdi.
Sattor chovog‘onning mingan oti Qora yo‘rg‘aning izi bilan bir maromda yo‘l tortdi.
Toqqa yaqin bo‘lgan Vaxshivor qishlog‘ini tuman bosib turgan bo‘lsa ham bu tomonlarda tumandan darak ham yo‘q edi.Bu holat Sattor chovog‘onning ishini ancha yengillashtirdi. Sattor chovog‘on o‘ngu-so‘lni kuzatib, qora yo‘rg‘aning izidan ketaverdi.
Qora yo‘rg‘aning izi Zardaqul qishlog‘iga boradigan katta yo‘lga kelib yana yo‘qoldi. Qora yo‘rg‘a katta yo‘l bilan ketgan ko‘rinadi.Bo‘lmasa yumshoq yerda u yer-bu yerda iz qolirgan bo‘lardi.
Sattor chovog‘on Zardaqul qishlog‘i oralab,chekkaroqdagi uy darvozasidan tovush berdi:
Kim bor? Uyda biror kishi bormi?
Uydan ha deganda biror kishining chiqayotgan shovuri sezilmadi.
Sattor chovog‘on biroz kutib yana ovoz berdi.
Shunda uydan egniga chopon ilgan bir kishi chiqib, darvozada turgan yo‘lovchi tomon keldi.
Yaqinroq kelgan uy egasi Sattor chovog‘onni tanib, kelib chovog‘on bilan qo‘shqo‘llab ko‘rishib, salomlashdi.
Hol-ahvol so‘rashib bo‘lgach, chovog‘onni uyga taklif qildi.
Sattor chovog‘on uzrini aytib, ot izlab yurganini aytdi.
-Bo‘ldi, bo‘ldi,-dedi uy egasi.Tunov kun, kechroq bir ot arqon sudrab o‘tdi.Mollarga xashak berayotgandim. Unchalik e’tibor qilmadim.Lekin rangi qora ekanligiga ko‘zim bir ilashuvdi.
Magarkim, biror narsa yoki kimsa dohil qilmagan bo‘lsa, qishloqning bog‘ot qismda xas-xashak yeb yurgandir.Agar biror joydan dakki olgan bo‘lsa, O‘pkatosh tomonlarga yo‘l solib ketgan bo‘lsa ham ajabmas.Siz avvalo, bog‘otlarni izlang, balki biror ko‘rgan odam chiqib qolar. Nima bo‘lsa ham, yaxshi ish bo‘lmabdi.Lekin nachora.
Sattor chovog‘on otning boshini burib, Zardoqul qishlog‘i bog‘otlari tomon ketdi.

31

Sattor chovog‘on shu kuni kechga qadar ot izladi.
Qancha odamlar bilan suhbatlashdi.Suhbatlashgan odamlari orasida otni ko‘rganlar bo‘ldi.Otni ko‘rgan odamlar, ot hech tutqich bermagani haqida gapirishdi.
Lekin hech kim otni qaysi tomondan izlash to‘g‘risida aytolmadi.
Sattor chovog‘onning hafsalasi pir bo‘ldi.
Satto chovog‘onning boshi qotdi.
Qora yo‘rg‘aning izlari yo‘qolgandi.Sattor chovog‘on ot ustidan yuraverib, horib-charchab, shomdan o‘taverib-shomdan o‘taverib uyga qaytib keldi.

32
Sattor chovog‘onning kayfiyati bo‘lmadi.
Xotini olib kelgan ovqatdan yegan bo‘lsa-da, ovqat yegan-yemaganini sezmadi.Ovqatdan keyin,shopirib-shopirib ko‘k choy ichdi.
Bu kech ko‘k choyni-da, odatdagidan ko‘proq ichdi.
Lekin yonbosh urib yotgan bo‘lsa-da, ko‘zlari ilinmasdi.
Ming bir xayol ko‘chasiga kirib chiqayotganligi sezilib turardi.
Boshida u-bu narsa so‘ragan xotini ham, Sattor chovog‘onning kayfiyatini buzgisi kelmadimi, hech narsa so‘ramayin ham qo‘ydi.
Shovqin solib turgan bolalarini ham aldab-suldab, ikkinchi uyga chiqarib yubordi.Bolalar chiqib ketgandan so‘ng, uyni jimlik egalladi. Xotini ham Sattor chovog‘onga o‘rin tashlab berib, o‘zi bolalarning ortidan chiqib ketdi.
Sattor Chovog‘on o‘rniga o‘tib, qo‘llarini boshiga xarpanja qilgancha cho‘zildi. Sattor chovog‘oning uzoq vaqt ko‘zlariga uyqu kelmadi.
Boyagina o‘z-o‘zidan yumilib ketayotgan ko‘zlari birdan uyquni tark etgandek bo‘ldi.
Sattor chovog‘on o‘ng ag‘darildi.
Sattor chovog‘on so‘l ag‘darildi.
Yotib-yotolmadi.Uxlab-uxlolmadi.
Xayolida-qora yo‘rg‘a unga ta’nali-ta’nali boqayotgandek ko‘rindi.
Qay mahalda kelib, qashqa qulunni iskayotgandek bo‘ldi.
Bog‘otlarda shataloq otib,biror bir qirning ustida burunlarini karrak-karrak ochib, bug‘ puflayotgandek bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a silkindi.
Badanidan juvva-juvva ter oqdi.
Quloqlarini dikraytirib, chopmoq talabida bo‘ldi.
Sattor chovog‘on beixtiyor tak-takladi.
Qora yo‘rg‘a yulduz ko‘zladi.
Qora yo‘rg‘a yulduzdan o‘zib ketdi.
Sattor chovog‘onning o‘ngi tush bo‘ldi.
Sattor chovog‘onning tushi o‘ng bo‘ldi.
Xayollar girdobida suzayotgan Sattor chovog‘on yotib-yotib uxlab qoldi.

33

Sattor chovog‘on uyqudan ko‘z ochganda hali tong yorishib ulgurmadi.Yulduzlar ko‘kda miltir –miltir o‘ynadi.
Oy o‘rog‘ida osilib turdi.
Kechagi sassiq tumandan darak bo‘lmasa-da, kun biroz sovuqroq bo‘ldi. Sattor chovog‘on tahorat olib, bomdod namozini o‘qidi-da, yana yo‘lga otlandi.
Sattor chovog‘on bog‘otga yetib kelganda tong ancha yorishib qolgandi.
U burnoch biyadan xabarlashib, uni joyidan jildirib, o‘tlirog‘ yerga boyladi.Burnoch biyaning quluni onasidan yiroq ketmasdi.
Sattor chovog‘on biya bilan qulunga biroz qarab turdi-da, so‘ng otiga minib, yana qora yo‘rg‘ani izlab yo‘lga tushdi.
Bu atroflarni kecha izlab ko‘rgani bois, Zardaqul qishlog‘iga eltmish katta yo‘l bilan yo‘l tortdi.
Ko‘ngil-da, ikki tomon olazarak-olazarak qarab ketdi.
Shu ketishda Zardaqul qishlog‘idan o‘tib, Zardaqul sag‘nog‘i bilan O‘pka tosh atalmish joygacha bordi.
Zardaqul sag‘nog‘i g‘ichir-g‘ichir tosh bo‘lgani bois, sag‘noqda iz bilib bo‘lmadi.Sattor chovog‘on o‘ng-so‘l tepaliklaga qarab ketaverdi.
Nihoyat, sag‘noq tugadi.
Sattor chovog‘onning qarshisida ikki yo‘l turardi.
Bir yo‘l o‘ngga ketsa, bir yo‘l chapga ketardi.
O‘ngga qarab yursa,Xo‘jaipok daryosi bo‘ylab ketadi.Bu tomonda qishloqlar yo‘q, aksincha ovul o‘tirishlar, cho‘pon-cho‘liqlarni uchratish mumkin.
So‘l tomonga ketsa, katta-kichik qishloqlar bo‘lib, o‘tgan –qaytgandan ot to‘g‘risida surishtirish mumkin.
Sattor chovog‘on ikkinchi yo‘lni tanlab, adirar ustidan yurishni ma’qul topdi.
Sattor chovog‘on adir oraladi.
Soyga tushdi, tepaga chiqdi.
To‘rt tomonni ko‘z bilan chamalab ketaverdi.
Lekin qora yo‘rg‘adan darak bo‘lmadi.
Bir qishloqdan o‘tayotib, odamlardan arqon sudrab yurgan otga ko‘zlari tushgan yo tushmaganligini surishtirgan bo‘ldi. Odamlar yelka qisishib ko‘rmaganliklarini aytishdi.
Sattor chovog‘onning hafsalasi pir bo‘lib, qishloq chekkasiga chiqib ketdi. Borib-borib, qishloqning eng chekkasidagi uydan, qochgan ot ko‘rgan yoki ko‘rmaganlarini surishtirmoqchi bo‘ldi.
Aksiga olib uyda kattalar bo‘lmadi.Ikkita o‘smir qiz arg‘imchoq uchib o‘tirgan bo‘ldi.
Sattor chovog‘on bu qizlardan qoniqarli biror javob ololmasligini bilgandek bo‘lsa-da,qizlardan ham bir so‘rab ko‘rishni unutmadi.
Qizlar bir maydon Sattor chovog‘onga angrayib turishdi-da, so‘ng bo‘ychanrog‘i:-Rangi qora otmidi?-deb so‘radi.
Sattor chovog‘on shoshilib,-Ha-ha, rangi qora ot, qora ot,-deb takrorladi.
-O‘sha ot kechadan bermag‘on shu yerlarda yuribdi.Goh ko‘rinib qoladi,goh qayergadir chopib ketadi,-dedi qiz.
-Hozir qaysi tomonda bo‘lsaykin?-so‘radi Sattor chovog‘on.
Qiz yelka qisib qo‘ydi-yu, so‘ng har ehtimolga qarshi shu tomonda bo‘lsa kerak deb kunchiqish tomonni ko‘rsatib yubordi.

Sattor chovog‘on umidlangandek bo‘ldi.
Qizlarning gapiga ishongandek bo‘ldi.
Sattor chovog‘on qizlarga minnatdorchilik bildirib, ot boshini kunchiqish tarafga burdi.

34

Sattor chovog‘on qir o‘tdi.
Sattor chovog‘on soy o‘tdi.
Ko‘zlari to‘rt tomon olazarak boqdi.
Adirlar ustidan yurgani bois, to‘rt tomon ko‘zga kaftdek tashlanardi.Sattor chovog‘on adir oralab-adir oralab, adirning bir chekkasida qo‘nim topgan, bir qora uyga yaqin kelib tovush berdi:
-Hov-v, og‘ayni… Bu yerda biror kishi bormi?
Oradan qandaydir fursat o‘tib, qora uydan bir erkak chiqib keldi.
Sattor chovog‘on ot ustidan turib, qora uydan chiqmish kishi bilan hol-ahvol so‘rashgan bo‘ldi.Muddaoga to‘g‘ri ko‘chmasdan, -Biror piyola choy qilib berishning iloji bormi?-deb so‘radi.
Uy egasi: -Akaxon, choydan boshqa nima bo‘lardi-deb,
Sattor chovog‘onni qora uyga taklif qildi.Sattor chovog‘on otdan tushdi-da, ot qozig‘ini yerga qoqib,xurjunidan nonini olib qora uy tomon yurdi.

35
Sattor chovog‘on etik yechmadi.
O‘tov egasi, Etik yechmasdan kiravering,- dedi.
O‘tov egasi-da, yolg‘iz o‘zi bo‘ldi.
Chamasi, o‘tov egasi-da, hozirgina ovqatlanishga o‘tirgan bo‘ldi.
O‘tov egasi lutf ko‘rsatib turgan bo‘lsa-da,Sattor chovog‘on ishtahasiz bo‘ldi.Bir piyola choyni qo‘liga olib,ovqatlanishga shoshilmadi.Xurillatib-xurillatib choy ichdi.
O‘tov egasi iltifot ko‘rsatgandek,qatiqli kosani Sattor chovog‘onning oldiga surib qo‘ygan bo‘ldi.
Sattor chovog‘on o‘tov egasi bilan mayda-mayda gurunglashib, tushlik qildi.Gap orasida Sattor chovog‘on bo‘shalib ketgan otini izlab yurganligini, mana ikkinchi kundirki, topolmayotganligi ham aytib o‘tdi.O‘tov egasi bir qora otni shu atrofda o‘tlab yurganligini, lekin hozir qaysi tomonda ekanligini aniq aytolmasligini aytdi.
Sattor chovog‘onda ilinj uyg‘ondi.
Demak, qora yo‘rg‘a shu atrofda.Izlaversa, balki kechga qadar topilib ham qolsa, ajabmas..
Tushlik odatdagidan biroz cho‘zilgandek bo‘ldi.
Sattor chovog‘on tushlik bahona biroz hordiq chiqargandek ham bo‘ldi.Dasturxonga fotiha tortildi.
Ko‘zlari yumilib ketayotgan bo‘lsa-da, Sattor chovog‘on o‘rnidan qo‘zg‘aldi.
Sattor chovog‘on o‘tov egasiga minnatdorchilik bildirib, xo‘shlashib, yana ot izlashga tushdi.
Adirlar oralab, to‘rt tomon ko‘z-ko‘zlab ketaverdi.

36
Quyosh ufq tomon enkayib boqdi.
Sattor chovog‘on yo‘l yursa ham mo‘l yurdi.
Lekin qora yo‘rg‘adan darak bo‘lmadi.
Ufq kuydi.Quyosh qizarib botdi.
Quyosh nurlari Sattor chovog‘on ot minib aylanib yurgan yerlardan ancha olislarda Boysun-Hisor tog‘ tizmalari cho‘qqilari ortiga bekindi.
Behalovat esgan shamollar etni junjiktirar bo‘ldi.
Sattor chovog‘on o‘zini biroz sovuqqotgandek sezdi.
Sattor chovog‘on qorong‘u tushib ketguncha ot izladi.
Bugungi kuni ham bebaraka o‘tganini his etgan Sattor chovog‘on minib yurgan ot boshini qishloq tomon burdi.
Qishloqqacha yo‘l olislab ketmasligi uchun, otni bog‘ot oralab yo‘rtirib ketdi. Qishloqdan qariyb o‘n kilometrlar olislab ketgan Sattor chovog‘on qishloqqa kirib kelganda,elning oldi allaqachon uyquga ketgan bo‘ldi.
Mingan oti terlab kelgani bois, Sattor chovog‘on ot egarini uzmadi. Ot belini bo‘shatib, o‘zi uyga kirdi.
Uyda –bolalar allaqachon uxlab qolgan, yolg‘iz xotini yo‘l poylab o‘tirardi.
Xotini, Sattor chovog‘onning yuz ifodasidan ishi o‘ng kelmaganligini sezgandek, u ovqatlanib bo‘lguncha hech narsa so‘ramadi.Xotini Sattor chovog‘onga mayda-mayda choy suzib berib o‘tirdi.Nihoyat, Sattor chovog‘onning o‘zi xotiniga yorilgandek bo‘ldi: -Kampir, qora yo‘rg‘adan darak yo‘q. Birov-yarim ko‘rganlar bor.Lekin qora yo‘rg‘a yo‘q.Yerga kirganmi, osmonga chiqqanmi, hech qayerda yo‘q.Kuni bo‘yi otda yuraverib bo‘lganimcha bo‘ldim.Shunday bo‘lsa-da, mol ekan-da, ko‘ngil uzib ham ketolmayapman.
Endi… Topilishga-ku, topilib qolar,lekin sarson qilayapti-da.
Shu bugun O‘pkatoshdan Xodjasoatning bog‘otigacha kezib chiqdim.
Qaydam, nom-nishon yo‘q.Yo biror bir biyaga aylanishdimikin?
Bo‘lmasa, bunday nom-nishonsiz ketmasligi kerak edi.
Biror nomardning qo‘liga tushib qoldimi desam,begona biror kimsani yoniga yo‘llattirmaydi.
Bunga ishonchim komil.
Ha, mayli izlab ko‘rverayin-chi.Nasib qilgan bo‘lsa, toparmiz.
Sattor chovog‘on choy ichib-choy ichib xotiniga gurung berdi.
Sattor chovog‘on horg‘in-horg‘in gurung berdi.
Allamahalda,Sattor chovog‘on otdan egarni uzmoqchi bo‘lib o‘rnidan qo‘zg‘aldi.

37

Sattor chovog‘on xufton namoziga tahorat olib, xufton o‘qidi.
Xufton namozidan keyin kelib o‘rniga cho‘zilgan bo‘lsa-da, allamahalgacha ko‘zlari ilinmadi.
Solingan to‘shakka yelkalari botib ketayotgandek bo‘laverdi.
U yon ag‘darildi.
Bu yon ag‘darildi.
Deraza oynasidan ko‘kda suzilib turgan yarim oy ko‘rindi.
Sattor chovog‘on oyga tikilib yotdi.
Yarim oyga tikilib yotgan Sattor chovog‘on o‘tgan yillarni sarhisob qilgan bo‘ldi.
Yillar yildirim bo‘ldi.
Yillar to‘polon bo‘ldi.
Yillar shodumon kuldi.
Yillar olislab-olislab ketdi.
Yillar yaqinlab keldi.
Qora yo‘rg‘a poyga oldidan nafas rostladi.
Otning burun kataklari katta-katta ochilib, o‘zidan hovur chiqardi.
Lekin bunday paytlar Sattor chovog‘onning ko‘zi hech qachon qora yo‘rg‘aning ko‘zlariga tushmagan bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘aning ko‘zlari yonishini Sattor chovog‘on ko‘pkari yoki poyga oldidan hech qachon ko‘rmagan bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘aning ko‘zlari qanday yonishini Sattor chovog‘on faqat bir marta, u ham bo‘lsa, qora yo‘rg‘a burnoch biyaga talabgor bo‘lganda ko‘rgan bo‘ldi.
O‘shanda bu ko‘zlar yongandan yongandi.
O‘shanda bu ko‘zlar tongandan tongandi.
O‘shanda bu ko‘zlarda olov tillarni ko‘rgandi.
O‘shanda bu ko‘zlarda buyuk bir telbalikni ko‘rgan edi.
Sattor chovog‘onning hushlari tush bo‘ldi.
Sattor chovog‘onning tushlari hush bo‘li.
Sattor chovog‘on o‘ylay-o‘ylay uxlab qoldi.

38
Sattor chovog‘on shu yotishda xo‘rozlar qichqirig‘idan uyg‘ondi.
Derazadan qaradi. Hali tong yorishmagan ko‘rindi.
Shunday bo‘lsa-da, yelkasiga to‘nini tashlab tashqariladi.
Otxona oldidan o‘tdi.Minib yurgan oti xashak kumirlatib turdi.
Sattor chovog‘on biroz otga razm solib turdi.
So‘ng otning oxuriga biroz xashak solib qo‘ydi.
Uyga qaytib kirib, tahorat uchun suv hozirladi.
Tashqarilab, bomdod namozi uchun tahorat oldi.
Bomdod namoziga qo‘shimcha oyatlar qo‘shmagan bo‘lsa-da, Sattor chovog‘onning nazarida bugungi bomdod namozi xiyla cho‘zilib ketgandek bo‘ldi.
Unga nima bo‘layapti, o‘zi ham bilmadi.
Yo qariyaptimikin?
Qarilik ham sustlik keltiradi.
Harakatlar o‘z-o‘zidan susayib boradi.
Inchunun, oyatlarni o‘qishda ham sustkashlik yuz bersa, ne ajab?
Sattor chovog‘on bomdod namozini o‘qib olib, yana otini egarlay boshladi.Ot ham,xudi egasini kutib turgandek, Sattor chovog‘onning ra’yiga bo‘ysundi.Sattor chovog‘on otni egarlab olguncha, ot bezovtalanmay bir joyda tik turdi.
Sattor chovog‘on uyga qaytib kirib, tuya junidan tayyorlangan chakmonini ham kiyib chiqdi. Otni ipdan bo‘shatib, darvozaxonagacha yetaklab chiqdi-da, darvozani yopib,o‘zini ot egari ustiga oldi.
Sattor chovog‘on qishloqning hali shovqinlarga to‘lmagan ko‘chalaridan otda o‘tib borarkan, bugun havoning biroz bulutligi, shunga xos tog‘ tomondan sovuq shamol esib turganligini sezdi.
Ot ustida jun chekmoniga yaxshiroq o‘ranib olib, yo‘lida davom etdi.

39
Sattor chovog‘on burnoch biya bilan qulun boylovli turgan joyga yetib kelganda, allaqachon kun yorishib, tevarak atrof yaxshigina ko‘zga tashlanadigan bo‘lib qolgandi.
Sattor chovog‘on otdan tushib burnoch biyani joyidan jildirdi.
Biya bilan qulunni sog‘-salomat ko‘rganidan keyin, ularning holatini biroz kuzatib turgan bo‘ldi.Biya va qulunning turishidan ko‘ngli xotirjamlangach,yana yo‘lga otlandi.
Sattor chovog‘on shu ketishda O‘pka toshga yetguncha, o‘ng va so‘l tomonga nazar tashlab bordi.
Ko‘z nuri yetgan joylarda otdan darak topmadi, biror shovur-da, ilg‘amadi.Sattor chovog‘onning xotirjamligi yengilib borayotgan bo‘lsa-da, boshqa iloji yo‘q edi.U O‘pkatoshga kelib, ot jilovini
Xodjasoat adirlariga tutashib ketgan adirlarga burdi.
Adirlar o‘rkach-o‘rkach bo‘ldi.Jilg‘alar yaydoq bo‘ldi.
Sattor chovog‘on mayda-mayda jilg‘alardan mingan otini yo‘rttirib, adirlar tepasiga chiqib oldi.
Adirlar tepasidan to‘rt tomon kaftdek ko‘rinar bo‘ldi.
Sattor chovog‘on ot yo‘rttirib ketayotgan bo‘lsa-da,ko‘zlari to‘rt tarafda bo‘ldi.
… Nihoyat, adirlar tugab, bog‘otlar boshlanmish joyda, bir ot o‘tlab yurgandek ko‘rindi.Oraliq masofa uzoq bo‘lgani bois, Sattor chovog‘on otning rangini yaxshi ilg‘ay olmadi.Shunday bo‘lsa-da, noumid shayton deganlaridek, Sattor chovog‘on bog‘ot sari ot yo‘rttirib ketdi.Ko‘ringan ko‘zga yaqingina ko‘ringan bilan Sattor chovog‘on turmish yerdan bog‘otgacha ancha olislik bo‘ldi.
Sattor chovog‘on necha adir o‘tdi.
Sattor chovog‘on necha jilg‘alarni kesib o‘tdi.
Nihoyat, juda yaqin bo‘lmasa-da,oradagi masofa ancha qisqarib qoldi.Yaydoq yurgan otni ko‘rib, minib yurgan ot ham kishnab yubordi.
Shunda,o‘tlab yurgan ot bosh ko‘tarib, yollarini sarak-sarak qildi.
Ot g‘amzali-g‘amzali kishnadi.
Sattor chovog‘onning yuziga qon yugurdi.
Sattor chovog‘on otning kishnashidan tanidi.
Qora yo‘rg‘adan boshqa ot bunday kishnamas bo‘ldi.
Sattor chovog‘on ot tomon yaqinlab boraverdi.
Otga qanchalik yaqinlashgan sayin, qora yo‘rg‘ani topganiga ishonchi ortaverdi.
Oradagi masofa juda yaqin bo‘lib qoldi.
Nihoyat, Sattor chovog‘on ko‘zlariga ishondi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘ani Xodjasoat bog‘otidan topdi.

40
Sattor chovog‘onning yelkasidan yuk ketgandek bo‘ldi.
Minib yurgan otidan tushib,qoziq qoqdi-da, qora yo‘rg‘a tomon piyodalab kelaberdi.
Qora yo‘rg‘a goh yerdagi maysaga o‘ngilar, goh Sattorga chovog‘onga qarab yollarini silkitib qo‘yardi.
Sattor chovog‘on esa, qora yo‘rg‘ani topganidan sevinchi ichiga sig‘masdi.Shu bois, bamaylixotir,qamchining uchi bilan kirza etikning bo‘rbayiga sekin-sekin urib kelaberdi.
Chin, shu damda Sattor chovog‘onning qora yo‘rg‘ani izlab, sarson kezgani ham esidan chiqqan edi.U qora yo‘rg‘aning o‘ziga xos xislatlarini o‘ylab kelardi.
Shunda, qora yo‘rg‘a hunar ko‘rsatdi.
Qora yo‘rg‘aning fe’li aynidi.
Oradagi masofa besh-o‘n qadam qolganda,qora yo‘rg‘a oyoqlarini ko‘tarib, bir tepag‘onlik qildi, bir tepag‘onlik qildi.
Sattor chovog‘on hayrat bilan otga tikildi.
Sattor chovog‘on ko‘zlariga ishonmay qoldi.
Shunday bo‘lsa-da,- Qora yo‘rg‘a erkalik qilayotgan bo‘lsa kerak,- degan fikrda oldinga bir qadam tashladi.
Qora yo‘rg‘a yana hunar ko‘rsatdi.
Ot havoni tepishdan to‘xtab, havoni bir iskadi-yu,shataloq otib
chopib ketdi.Bu holat shunday tez yuz berdiki, Sattor chovog‘on o‘ziga kelib olguncha, qora yo‘rg‘aning qorasi ham ko‘rinmay ketdi.
Chorasiz qolgan Sattor chovog‘on ot ketidan qarab qolgancha,oyog‘iga shapatiladi.Birozdan keyin otiga minib, qora yo‘rg‘aning ortidan tushishga majbur bo‘ldi.Sattor chovog‘onning boshqa iloji qolmagandi.

41
Sattor chovog‘on hayron edi.
Sattor chovog‘on o‘ylab –o‘yiga yetmasdi
Qora yo‘rg‘aning shataloq otib, o‘z egasidan qochib ketishini hech aqliga sig‘dirolmasdi.
Sattor chovog‘onga qora yo‘rg‘aning ko‘zlariga qarolmagani alam qildi.Agar otning ko‘zlariga qarolganida, nima bo‘layotganini har holda tusmollagan bo‘lardi.
Qora yo‘rg‘aning ko‘zlari ko‘rmay qolishi mumkin emas.
Bunday bo‘lganda har holda nimanidir sezgan bo‘lardi.
Yo telbaligi tutdimikin?
Yo biror bir biyaga ilakishdimikin?
Nima bo‘lgan bo‘lsa ham,shu ikki tusmoldan biri bo‘lgan.
Yo‘qsa, bunchalikka bormasdi.
Sattor chovog‘on o‘z xayollari bilan bo‘lib borarkan, o‘rikzor oralab o‘tlab yurgan qora yo‘rg‘aga ko‘zi tushdi.
Sattor chovog‘on o‘zini bu gal sal hushyorroq tutdi.
Qora yo‘rg‘aga juda yaqin bormaguncha, minib yurgan otidan tushmadi.
Bu ishi bilan go‘yo qora yo‘rg‘ani aldamoqchidek bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘aga ayyorlik qilmoqchidek bo‘ldi.
Lekin qora yo‘rg‘a anoyi emasdi.
Qora yo‘rg‘a juda sezgir edi.
Qora yo‘rg‘a har qanday tuzoqqa chap berib ketishda ustomon edi.
Qora yo‘rg‘a yana hunar ko‘rsatdi.
Qora yo‘rg‘aga juda yaqin borib qolgan Sattor chovog‘on endi otdan tushaman deganda, qora yo‘rg‘a yana shataloq otib qochdi.
Sattor chovog‘onning ko‘zlari olaydi.
Sattor chovog‘onning jahli chiqdi.
Qora yo‘rg‘aning ketidan ot soldi.
Qayda, Sattor chovog‘on yaqinlashgan sayin, qora yo‘rg‘aning tezligi ortaverdi.Bu yo‘l bilan biror ish bitmasligiga Sattor chovog‘onning ko‘zi yetib tursa-da,lekin otni topgan joyda, qo‘l siltab, ortiga qaytib ketishni-da, o‘ziga lozim topmasdi.
Shu zaylda Sattor chovog‘on kechga qadar qora yo‘rg‘aning ortidan ot o‘ynatib yurdi.
Qora yo‘rg‘a shataloq otguncha goh Xodjasoat sag‘nog‘iga tushar, goh Sayrak adirlariga chiqib ketardi.
Nihoyat, kech tushdi.
Atrofni shom ko‘karishi egalladi.
Sattor chovog‘on qaytib ketishni-da,qora yo‘rg‘aga qorovullik qilishni-da, bilolmay arosatda qoldi.
Qishloqqa qaytib ketayin desa,otning izini yo‘qotib qo‘yish mumkin.Ketmayin desa, hali zamon qorong‘u tushib qolgandan so‘ng,
Ot izidan yurgani foydasiz bo‘lib qoladi.
Kunduzi tutqich bermagan qora yo‘rg‘a,tunda yoniga ham yaqinlashtirmasligi aniq.
O‘ylay-o‘ylay otdan uzoqlashib ketmaslikni ma’qul topdi.

42
Sattor chovog‘on Sayrak adirida otdan tushdi.
Minib yurgan otini qoziqlab,qora yo‘rg‘aga yaqinroq joyda yelka bosib,otni kuzatib yotdi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘ani kuzatib yotarkan, xayolida ming bir fikr tug‘ildi.
Sattor chovog‘on o‘zicha goh otga arqon tashladi.
Goh otga yaqin borib, yollarini silagan bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a esa, hech narsa bo‘lmaganday, kumir-kumir o‘tmi, xasmi kovshanardi.
Lekin qora yo‘rg‘ani yuvvosh tortib qoldi deb bo‘lmasdi
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘aning fe’lini yaxshi bilardi.
Qora yo‘rg‘a hech kutilmaganda zarb olishi, boshi oqqan tomonga qarab yo‘l tortib ketishi ham mumkin.
Shu sabab, Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘aga yaqin bormadi.
Uzoqroqdan kuzatib yotaberdi.Sattor chovog‘on fe’lidan tushsa, minib yurgan oti oldiga kelib iskashadi.Shunda, qora yo‘rg‘ani ushlash osonroq bo‘ladi deb o‘yladi.Shu bois, qora yo‘rg‘ani o‘z holiga qo‘yib, kutib yotdi.Aksiga olib, qora yo‘rg‘a ham Sattor chovog‘onning otiga yaqin kelmasdi.
Atrofni qorong‘ulik egalladi.
Qorong‘ulikda otlar elas-elas ko‘rinib tursa-da,ularning pishqirig‘i aniq eshitilib turardi.
Tunni iliq deb bo‘lmasdi.
Vaxshivor tog‘larida esayotgan shamollar qandaydir sovuq oqimni olib kelayotgandek bo‘lardi.
Sattor chovog‘onning eti junjikib, kiyib olgan chakmoniga yaxshiroq o‘ralib oldi.
Sattor chovog‘onning etikning ichida oyoqlari uvishdi.
Kun uzog‘i otda yuraverib, o‘zida bir tolg‘inlik sezdi.
Ko‘zlari bir horg‘inlik sezgandek bo‘ldi.
Lekin uxlash uchun ko‘z yumolmasdi.
Ko‘zni yumsa, uxlab qolishi ham hech gap emasdi.
Ko‘z yumildimi, u yog‘i g‘aflat deyavering.
Kim bilsin, qora yo‘rg‘a qayoqqa yo‘l solib ketadi.
Qora yo‘rg‘a ham, Sattor chovog‘on bilgan qora yo‘rg‘a bo‘lmay qolibdi.
Qora yo‘rg‘a telbalikka yuz tutibdi.
Qora yo‘rg‘a egasini tanimay qolibdi.
Shu bois, Sattor chovog‘on ko‘z yumishga ham botinmadi.

43
Yotib-yotib, Sattor chovog‘onning ko‘zi ilindi.
Adirlar oralab esayotgan shabada butun vujudini allalagandek bo‘ldi.
Bir payt otlarning hiring-hiringidan uyg‘onib ketdi.
Oy allaqachon tikkaga kelib qolgan, ko‘kda yulduzlar charaqlab turardi.Qora yo‘rg‘a allaqachon Sattor chovog‘on minib yurgan otning yoniga kelib, tishlashmoqchi bo‘lganday harakatlar qilardi.
Sattor chovog‘on sekin o‘rnidan qo‘zg‘aldi.
Yelkalarini u yon-bu yon qimirlatib,badan uvishig‘ini yozgan bo‘ldi.
Biroz otlar tomon qarab turdi-da, keyin bir-bir bosib, otlar tomon yurdi.
Otlar tishlashar, bir-biriga kuch bermaslikka intilardi.
Sattor chovog‘on oraliq masofani yarmini bosib o‘tdi.
Biror bir hadik sezmadi.
Oy yorug‘ida otlar hiringlashib turaverdi.
Sattor chovog‘on bir-bir bosib, otlarga yaqinlashib bordi.
Oraliq masofa chamasi o‘n-o‘n besh qadam qolganda, qora yo‘rg‘a hushyor tortdi.Boshini otdan burib, Sattor chovog‘onga qaradi.
Qaradi-yu,uni o‘ynatgandek, bir hiringlab,Xodjasoat sag‘nog‘iga tomon shataloq otib, ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi.
Sattor chovog‘on alamdan buralab so‘kdi.
Sattor chovog‘on hovuri bosilguncha so‘kdi.
Qora yo‘rg‘aning ortidan borish- bormaslikni bilolmay, boshi gangidi.Bosh qashlab, turgan joyida o‘tirib qoldi.
Bir ko‘ngil,otning ortidan qolma,-dedi.
Bir ko‘ngil,alamdan og‘rinib, qo‘l siltadi.
O‘ylab-o‘ylab, otni ko‘zdan qochirmaslikni ma’qul topdi.
Otini minib, sag‘noq tomon yo‘l oldi.
Qora yo‘rg‘ani sag‘noq oralab ketmaganini sezish mumkin edi.
Boisi, sag‘noq oralagan ot tuyog‘idan sag‘noqdagi toshlar charsilab tovush chiqarardi.
Sattor chovog‘on quloq soldi, biror bir tovush eshitmadi.
Qora yo‘rg‘a yo‘l burgan bo‘ldi.Qora yo‘rg‘a Xodjasoat sag‘nog‘iga emas, Hayrondara kengliklari tomon burilgan bo‘ldi.
Lekin oy yorug‘ligida qora yo‘rg‘ani ko‘rib bo‘lmasdi.
Sattor chovog‘on diqqat bilan atrofga qarab borardi.
Uning ko‘zlari biror qora ilg‘amadi.
Qora yo‘rg‘a dom-daraksiz edi.

44
Sattor chovog‘on adirlikdan tushib, kenglik oraladi.
Tunni juda ham oydin deb bo‘lmasdi.
Sattor chovog‘on tun qo‘yniga qanchalar tikilmasin,
qora yo‘rg‘aning qorasi ham ko‘rinmadi.
Shunday bo‘lsa-da,Sattor chovog‘on Hayrondaradagi yagona hovuz tomon yo‘l tortdi.
Tun sarxush edi…
Dimoqqa shuvoq isi urardi.
Dimoqqa kovul isi urardi.
Sattor chovog‘on otda yo‘l tortayotgan bo‘lsa-da, ikki ko‘zi kenglik izlardi.Qaydam, qora yo‘rg‘a ko‘rinmadi.
Yerga kirdimi, osmonga chiqdimi, bilib bo‘lmadi.
Sattor chovog‘onning boshi gangidi.
Hayrondara kengliklariga o‘ychan-o‘ychan boqdi.
Sattor chovog‘on sekin-sekin kelib otdan tushdi.Hovuzdan sal nariroq otini qoziqladi.Ot ustidagi xurjunini olib, hovuz bo‘yiga keldi.Hovuz bo‘yidagi tollardan biriga yelka bosib o‘tirdi.
Hovuzga ham, yaqin orada suv tushmagani sabab,ichidagi balchiqni hisobga olmasa, suv yo‘q hisobi edi.
Sattor chovog‘on yer qaradi.
Sattor chovog‘on osmon qaradi.
Ko‘ngil yetar biror ma’ni ko‘rmadi.
Sattor chovog‘on hovuz supasining o‘rtarog‘iga surilib, cho‘zildi.
Ko‘kda yulduzlar g‘ujg‘on bo‘ldi.
Sattor chovog‘on yulduz sanadi.
U yer-bu yerdan tulkilarning ovozi kelib turardi.
Sattor chovog‘on ko‘z yumdi.
Sattor chovog‘on ko‘z ochdi.
Tongga hali ancha bor edi.
Nihoyat, Sattor chovog‘onning ko‘zi ilindi.
Sattor chovog‘on dunyoni unutdi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘ani unutdi.
Shu yotishda Sattor chovog‘on tongga borib ko‘z ochdi.
Biroz sovuqsiraganini aytmasa, ruhi tetik edi.
Oti hamon qoziq aylanib, xas-xashak kovshanardi.
Sattor chovog‘on cho‘ntak kovladi.
Sattor chovog‘on nos izladi.
Izlab-izlab, qaysi bir cho‘ntagidan noskadi topib, til ostiga nos tashladi. Shu bilan o‘zini ovutgandek bo‘ldi.
Ko‘zlari kattaroq ochilib, fikrlay boshladi.
Og‘irlashib turgan boshi ham, yengil tortgandek bo‘ldi.
Shu payt, o‘ngdanmi, so‘ldanmi ot kishnagandek bo‘ldi.
Sattor chovog‘onning quloqlari ding bo‘ldi.
Butun e’tiborini quloqlariga jamladi.
Qoziqlanib turgan otning ham quloqlari o‘ngga qarab tikkaygandek ko‘rindi.
Lekin ot tovushi qora yo‘rg‘anikimi yo boshqa otnikimi ajratolmadi.
Sattor chovog‘on ot izlab, otlanishga shoshilmadi.
Aksincha, shu yerda biroz kutib turmoqni afzal bildi.
Hovuz bo‘yida atrofni kuzatib yotdi.

45
Sayrak adirlariga echki otari oraladi.
Bulutli namxush havoni pisand qilmagandek, otar tobora yoyilib borardi.Cho‘pon itlaridan hurkibmi yo boshqa biror ta’sirmi, uzoqroqdan qora yo‘rg‘a ko‘ringandek bo‘ldi.Qora yo‘rg‘a kenglik tugashi va adirlar boshlanishida edi.
Sattor chovog‘on o‘rnidan qo‘zg‘almasdan otni kuzatib yotdi.
Chamasi ot xotirjam o‘tlab yurardi.
Sattor chovog‘on yotib-yotib qorni ochiqqanini sezdi.
Xurjunidan non va termosdagi suvni olib, yengilroq tamaddi qilgan bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a bamaylixotir o‘tlab yurardi.
Ko‘rinishdan otning kenglikka o‘ngilish chamasi sezilmasdi.
Sattor chovog‘on o‘rnidan turib,bog‘liq turgan otga yaqin bordi.
Otning bo‘yinlarini uqalab, biroz erkalagan bo‘ldi.
So‘ng ot belini tortib, ustiga xurjunni tashladi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘a tomon ot yo‘rttirib borarkan,otni qanday ushlashni o‘ylab boshi qotardi.

46
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘aga yaqinlashib boraverdi.
Qora yo‘rg‘a yerdan xas-xashak kovsharkan,ahyon-ahyonda bosh ko‘tarib atrofga qarab qo‘yardi.
Qora yo‘rg‘a erkin edi.
Hayrondara kengliklari va Sho‘rob adirlari uning oyoqlari ostida edi.Sattor chovog‘on ot ushlash uchun, arqon tayyorlab bordi.
Lekin bunga vaziyat to‘g‘ri keladimi, yo‘qmi bilmasdi.
O‘ziga yaqinlashib kelayotgan otni ko‘rib, qora yo‘rg‘a bir kishnamoqlik qildi.
Orqa oyoqlarini ko‘tarib, havoni bir necha bor tepdi.
Qora yo‘rg‘aning kishnaganini ko‘rib, Sattor chovog‘on minib yurgan ot ham kishnab, qadamini tezlatganday bo‘ldi.
Oraliq masofa juda qisqarib borardi.
Masofa qisqarib borgan sayin,Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘ani, qora yo‘rg‘a Sattor chovog‘onni poylagandek bo‘lardi.
Nihoyat, Sattor chovog‘on ot egaridan biroz ko‘tarilib, qora yo‘rg‘aning bo‘yniga arqon otdi.
Havoda zuvillab kelayotgan arqonni ko‘rib, qora yo‘rg‘a abjirlik qildi.Qora yo‘rg‘aga tashlangan arqon otdan ikki-uch qadamlar orqada qolib ketdi.Sattor chovog‘on arqonni yig‘ishtirib olguncha, qora yo‘rg‘a shataloq otib, Sinaning sag‘nog‘ini mo‘ljal oldi.
Sattor chovog‘on tizasiga shapatilab qolaverdi.
Sattor chovog‘on otning ketishini kuzatib turdi.
Oradagi masofa juda uzoqlashib ketdi.
Qora yo‘rg‘a xuddi poygaga tushgandek bir tekis chopib ketardi.
Noiloj qolgan Sattor chovog‘on minib yurgan otining boshini Sinaning sag‘nog‘iga burdi.Lekin otni tezroq yurishga zo‘rlab qamchi bosmadi.Ot o‘z royishida yo‘l tortdi.

47
Sattor chovog‘on Sinaning sag‘nog‘ini kesib o‘tganda, kun allaqachon toltushga yaqinlashib qolgandi.
Sattor chovog‘on izlab-izlab, qora yo‘rg‘ani topdi.Qora yo‘rg‘a sag‘noqdan o‘tib, adirlar oralab o‘tlab yurardi.
Sattor chovog‘on yaqinlashib borgan sayin, qora yo‘rg‘a tobora yuqorilab, Sina qishlog‘i tomon boraverdi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘a ko‘rsatayotgan hunarlarga jahli chiqayotgan bo‘lsa-da, Sina qishlog‘ida balki bir joyga qamab ushlab olarman degan umidi ham yo‘q emasdi.
Shu bois, Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘aning ortidan izma-iz boraverdi.
Nihoyat, qora yo‘rg‘a borib-borib, Sina qishlog‘i oraladi.
Soy yoqalab ketgan qishloq ko‘chasidan tikka tog‘ tomonni mo‘ljal olib ketaverdi.Yana ortga qaytib ketmasin deb, Sattor chovog‘on minib yurgan otini qora yo‘rg‘adan oldingi solmasdi.
Qishloq o‘rtasiga borib qolgan Sattor chovog‘on yo‘l chetida o‘tirgan odamlarga:-Otni ushlanglar,otni ushlanglar,-deb tovush bergan bo‘ldi.
Sattor chovog‘onning ovozini eshitgan birov-yarim otning yo‘liga chiqdi.Qaydam, qora yo‘rg‘a yo‘lga chiqqan odamlarning biroviga ham tutqich bermadi.Otni tutmoqchi bo‘lib yo‘lga chiqqanlar ovora bo‘lib qolaverdi.Urho-ur ko‘pkarilarda yuzlab otlarga tutqich bermagan qora yo‘rg‘aning oldida piyoda odamlarning harakati qayga ham borardi.Qora yo‘rg‘a Sina qishlog‘i katta ko‘chasidan viqor bilan o‘tib ketdi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘ani ushlashdan tobora umidi so‘nib borardi.Shunday bo‘lsa-da,chiqmagan jondan umid qabilida harakat qilardi.Sattor chovog‘on hali-beri qora yo‘rg‘ani tutolmasligiga ko‘zi yetdimi, otdan tushib, Sina qishlog‘i choyxonasidan tamaddilangan bo‘ldi.Achchiq-achchiq ko‘k choy damlatib, shopirib-shopirib ichdi.Issiqina ko‘k choy charchoqlarini olgandek bo‘ldi.Bu orada qora yo‘rg‘a qishloqdan chiqib ketdi.

48
Choyxonadan chiqqan Sattor chovog‘on yana qora yo‘rg‘aning ortidan ketdi.Atrofni ko‘zdan kechirib, yuqorilab boraverdi.
Qora yo‘rg‘a Qizqo‘rg‘on deb atalmish baland tepalik yonbag‘rida o‘tlab yurardi.Qizqo‘rg‘ondan shundoq oshib o‘tsa, O‘shor, Pojur qishloqlari.
Sattor chovog‘on ko‘pkari bahona bu tomonlarga ko‘p kelib ketgan.
Bu tomonlarni besh barmoqdek biladi hisob.Lekin qora yo‘rg‘aning jazavasi qayergacha boradi buni bilmaydi.
Sattor chovog‘on otdan tushmasdan qora yo‘rg‘aga yaqinlashib boraverdi.Xuddi qasdma-qasd qilgandek, qora yo‘rg‘a ham, Qizqo‘rg‘onning yuqori toqqa tutash qismiga tomon o‘tlab ketaverdi.Sattor chovog‘on Qizqo‘rg‘on burimiga borganda, qora yo‘rg‘a Qizqo‘rg‘onning tepasiga qarab yo‘l soldi.
Hayvon-hayvonligini qilar ekan-da.
Qizqo‘rg‘onning tepasida balo bormi?
Shu tepalikda senga pishirib qo‘yibdimi?
Qora yo‘rg‘aning harakatini ko‘rib, Sattor chovog‘on shunday xulosaga keldi.Qora yo‘rg‘aning ortidan borayotgan Sattor chovog‘on Qizqo‘rg‘onning yarmida mingan otini oyoqlantirdi.Tepalikka chiqishda otni qiynab qo‘ymayin deb, otdan tushdi.Arg‘amchisini uzunlatib otini qoziqladi.
Egarning qoshida o‘ralib turgan arg‘amchisini yelkadan oshirib oldi.
Pastdan turib, otning harakatini biroz kuzatib turdi.
Qora yo‘rg‘a tobora yuqorilab borardi.
Quyoshning nurlarida qora yo‘rg‘aning sag‘rinlari yaltirab ko‘rinardi.
Sattor chovog‘on:- Voy, kasofat-yey, voy, hayvondan tarqagan-yey. Buning qaytish mashqi yo‘qqa o‘xshaydi.Bo‘lmasa, tekis joylar qolib,Qizqo‘rg‘onning tepasida balo bormi,-deya g‘urpishlanardi.
Sattor chovog‘on qaradi-qaradi bo‘lmadi.
Qora yo‘rg‘aning tepalikdan qaytib tushishini kutib o‘tirishga toqati bo‘lmadi.
Ichida qora yo‘rg‘ani go‘rdan olib, go‘rga soldi.
Alamdanmi, nafratdanmi tiliga eng nozik so‘kinishlar kelib turdi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘aning ortidan piyodalab jo‘nadi.
Ko‘ngil-ko‘ngil ekan.
Har narsaning o‘z vaqti bor ekan.
Sattor chovog‘onning ham yoshligi qolmagandi.
Tepalikka o‘rlash oson kechmadi.
Sattor chovog‘on ko‘p yurmasdan, nafasi qaytib bo‘ldi.
Badanidan ter yog‘ildi.
Damba-dam peshonasidan ter artdi.
O‘tirib, nafas rostlagan bo‘ldi.
So‘ng yana o‘rnidan turib, qora yo‘rg‘aning ortidan yurdi.
Qora yo‘rg‘a xotirjam o‘tlab yurardi.
Qizqo‘rg‘onning tepasiga chiqish juda tik bo‘lmasa-da,o‘rligi bor edi.Sattor chovog‘on bir-bir bosib, qora yo‘rg‘aning ortidan tepalikka ko‘tarilib bordi.
Rostini aytganda, Sattor chovog‘onning yoshligidan bu yerlarga yo‘li ko‘p tushgan bo‘lsa-da,Qizqo‘rg‘onning ustiga birinchi bor chiqishi edi.
Sattor chovog‘on Qizqo‘rg‘on tepaligini ko‘p bor aylanib o‘tgan.
Lekin biror marta hafsala qilib, uning ustiga chiqmagan ekan.
Balki Qizqo‘rg‘onning shundoq biqinida joylashgan O‘shor, Pojur qishloqlarida yashayotganlar orasida ham Qizqo‘rg‘onning tepasiga chiqmagan odamlar topilib qolar.
Elchilik-da.Kimdadir hafsala, qiziqish katta bo‘ladi.
Kimdadir beparvolik kuchli bo‘ladi.
Mana, yoshi ellik bilan oltmish o‘rtasida ketayotganda, qora yo‘rg‘a sababli,Qizqo‘rg‘onning tepasiga ham chiqishga to‘g‘ri keldi.
Shunchalar, sarson qilgan qora yo‘rg‘a ushlatsa-ku, baxayr.
Agar tepadan pastga qarab shataloq otadigan bo‘lsa,u tomonidan xudoning o‘zi asrasin.Sattor chovog‘on yelkasiga o‘rab olgan arg‘amchisini to‘g‘rilab olib, yana tepalikka ko‘tarilishda davom etdi.
Qora yo‘rg‘a beparvo har-har yerdan o‘t uzib kovshanib yurardi.
Qora yo‘rg‘a Sattor chovog‘on bilan o‘ynashayotganini-da, bilib bo‘lmasdi.Sattor chovog‘on otga yaqinlashavergach,qora yo‘rg‘a bir pishqirib, o‘zini uzoqlashtirar, bo‘lmasa xotirjam o‘tlab yuraverardi.
Sattor chovog‘on ot ortidan pastga tushdi, balandga chiqdi.
Qora yo‘rg‘a uni o‘pkasini og‘izga keltirdi.
Sattor chovog‘on tez-tez dam olishga o‘tiradigan bo‘ldi.
Lekin qora yo‘rg‘a uni yoniga yaqinlashtirmasdi.
Sattor chovog‘on kissasidan arpa olib, telpakda otga tutdi.
Qora yo‘rg‘a arpaga qayrilib ham qaramadi.
Sattor chovog‘on boshi qotdi.
Qora yo‘rg‘aga yaqinlashganda, besh olti marta arqon tashladi.
Qora yo‘rg‘a hushyorlik bilan arqonga chap berib ketdi.
Qora yo‘rg‘aning royishini kutay desa, ot kechga qadar ham royish bermasligi mumkin.
Qora yo‘rg‘a faqat kuchli bilaklarga bo‘ysunishi mumkin.
Ot zotining tabiati shunday.
Lekin Sattor chovog‘on kuch ishlatishning ham yo‘llarini topolmayapti.Sattor chovog‘on o‘ylab, o‘yiga yetmayapti.
Kun esa ketib borayapti.
Sattor chovog‘onning hafsalasi ketib, bir joyda ancha vaqt ag‘anab yotdi.Otning royishiga qo‘yib berdi.
Qora yo‘rg‘aning hali-beri tepalikdan pastga tushish ishtiyoqi sezilmasdi..
Sattor chovog‘on o‘rnidan turib, yana qora yo‘rg‘ani ta’qib eta boshladi.U yaqinlashib borganda, qora yo‘rg‘a oldingidek shataloq otib qochmasa-da, ushlashiga imkoniyat ham bermasdi.
Sattor chovog‘on bir necha marta arqon tashladi.
Qora yo‘rg‘a chap berib o‘taverdi.
Sattor chovog‘on ta’qibni davom ettirdi.
Qora yo‘rg‘a ham, Sattor chovog‘on ham tobora yuqorilab boraverishdi.Qizqo‘rg‘on degani ham pastdan e’tiborsiz ko‘rinar ekan.Uning tepasidan to‘rt tomon barkashdek ko‘rinib turarkan.
Sattor chovog‘on Qizqo‘rg‘on ta’rifida eshitgan rivoyatlariga endi bir qadar ishongandek bo‘ldi.
Qizqo‘rg‘on to‘g‘risida aytilgan rivoyatlarda bir qadar jon bordek tuyildi.Garchi eshitgan rivoyatlarining yarmida mahobat bo‘lsa-da,
har holda kishini biroz bo‘lsa-da, o‘yga toldiradigan bo‘ldi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘ani ta’qib etib boraverdi.
Holbuki, qora yo‘rg‘a isstalgan paytda Sattor chovog‘onga pand berib, burilib ketishini ham Sattor chovog‘on sezib turardi.
Shunday bo‘lsa-da, ta’qibni davom ettirdi.
Qora yo‘rg‘a xuddi Sattor chovog‘onni o‘ynatgandek, uning har arqon tashlashlariga pand berib ketaverdi.
Sattor chovog‘onning xunobi oshgandan oshdi.
Sattor chovog‘on jahlini kimdan olishni bilmasdi.
Sattor chovog‘on dardini kimga aytishni bilmasdi.
Alamidan qora yo‘rg‘ani buralab so‘kar, lekin bu tilsiz jonivor Sattor chovog‘onning buralab so‘kishlariga butkul beparvo kezardi.
Qora yo‘rg‘a bo‘lsa, xuddi qasdlashgandek uni o‘ynatib yurardi.
Nihoyat, ular Qizqo‘rg‘onning eng tepa qismiga ko‘tarilib keldilar.
Tepadan qaragan kishining boshi aylanadi.
To‘rt tomoni o‘n terak bo‘yidan ham balandroq zov bo‘lgan Qizqo‘rg‘onning mahobati shunda edi.
Atrofda eng baland tepalikka aylangan Qizqo‘rg‘onning salobati shunda edi.
Tepalikka chiqib kelishga kelgan Sattor chovog‘on bu salobatli tepalikdan qanday tushish to‘g‘risida ham o‘ylab qolardi.
Qora yo‘rg‘a esa, xotirjam ko‘m-ko‘k o‘tlarni terib yeb yurardi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘aga yana arqon tashladi.
Yana mo‘ljali xato ketdi.
Yo‘q, Sattor chovog‘on mo‘ljalni xato olmadi.
Lekin Sattor chovog‘on mo‘ljalidan qora yo‘rg‘a abjirroq bo‘ldi.
Boisi, qora yo‘rg‘a qilt etgan shabrni sezib turardi.
Havoda o‘ynab kelayotgan arqonning zuvillashi esa, o‘zidan oldin yurdi.
Sattor chovog‘on otni ushlash uchun arqon tashlayverdi
Qora yo‘rg‘a tashlangan arqonga chap berib yuraverdi.
Sattor chovog‘onning bo‘lari bo‘ldi.
Arqon otaverib,yelkalari og‘rib ketdi.
Kun ufqqa og‘ib, quyosh Vaxshivor tog‘lari ortiga o‘tib ketdi.
Sattor chovog‘on yana arqon tashladi.
Arqon qora yo‘rg‘aning bo‘yniga tushdi.
Sattor chovog‘on arqonni kuch bilan o‘ziga tortdi.
Qora yo‘rg‘a oyoq tirab turib oldi.
Aksincha, o‘zini qutqarmoqchi bo‘lganday, orqaga tisarilib boraverdi.Chin, Sattor chovog‘on arqonni kuch bilan tortib turgan bo‘lsa-da,ba’zida kuchi yetmay qolayotganini sezib turardi.
Qadamlar siljirdi.
Qadamlar hisobli edi.
Arqonni sal bo‘shatsa, qora yo‘rg‘a holatdan chiqib ketishini Sattor chovog‘on his qilib turardi.
Qora yo‘rg‘a Sattor chovog‘onni tortib ketaverdi.
Siljish… Bir-ikki qadam, ba’zida uch-to‘rt qadam qora yo‘rg‘aning hisobiga hal bo‘laverdi.
Shu payt Sattor chovog‘on minib yurgan ot pastdan kishnab yubordi.
Shunda, ortiga bir qarab olgan Sattor chovog‘on qattiq xatoga yo‘l qo‘ydi.Sattor chovog‘on bir qalqib ketdi.Qora yo‘rg‘a payt poylagandek, shu damda arqon siltab tortmoqlik qildi.Sattor chovog‘onning qo‘lidan arqon birdan bo‘shashib ketdi.
Qizqo‘rg‘onning chekkasiga kelib qolgan ot hamon arqondan bo‘shalish uchun oyoq tirab turardi.
Sattor chovog‘on orqa zovligini bilib yuragi shuvillab ketdi.
Qora yo‘rg‘a esa, borgan sayin ortga tisarilib borardi.
Endi arqonni qo‘yib yuborishning-da, hech iloji yo‘q.
Arqonni tortib turaveray desa, qora yo‘rg‘a tobora kuch bermay kelayapti.Sattor chovog‘on orqa zovligini bilib, qora yo‘rg‘a qaytar deb o‘ylagandi.Lekin bunday bo‘lmadi.Qora yo‘rg‘a arqonni tobora siltab tortaverdi.Qora yo‘rg‘aning orqa oyoqlari allaqachon Qizqo‘rg‘on tepaligidan pastga tushib, muallaq turardi.Sattor chovog‘on qarasa,ot uning o‘zini ham tortib ketayapti.
Sattor chovog‘on ko‘zlarini chirt yumdi.
Tortib turgan arqonini qo‘yib yubordi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘a o‘zini o‘nglab oladi deb o‘ylagandi
Lekin bunday bo‘lmadi.
Qora yo‘rg‘a o‘zini o‘nglab ololmadi.
Qora yo‘rg‘a butun salobati bilan, to‘rt oyog‘i osmonda bo‘lib,Qizqo‘rg‘on tepasidan pastga quladi.
Zovning qandaydir qismida ot tova toshlarga urilib-urilib,dumalab ketdi.
Sattor chovog‘on tayoqdek qotdi.
Sattor chovog‘on garangsib qoldi.
Sattor chovog‘on hush yo‘qotdi.
Sattor chovog‘on aql yo‘qotdi.
Sattor chovog‘on nima qilishini bilmay, faqat tizzalariga shapatilar, tiliga biror so‘z kelmasdi.
Sattor chovog‘on shu turishda qancha vaqt turib qolganini sezmadi.
Bir payt, o‘ziga kelib qaradi, atrofga qorong‘ulik cho‘kayapti.
Shuncha balandlikdan tushgan ot sog‘ qoladimi?
Ot qush emaski, ma’lum masofaga borib, uchib ketsa…
Buni bilib tursa-da,baribir, ko‘ngil ekan,Sattor chovog‘on umid bilan,pastlikka, zov tubiga tikilib qaradi.Biroq biror bir harakatni sezmadi.
Sattor chovog‘on ko‘zida yosh bilan ortiga qaytdi.
Tepalikdan tushib kelar ekan, xuddi telbalardek, ikki qo‘lini ikki yonga cho‘zib, o‘zicha nimalardir deb kelardi.
Sattor chovog‘on nimalar to‘g‘risida gapirayotgani o‘zi him bilmasdi.
U xayollanib qolgandi.
Sattor chovog‘on Qizqo‘rg‘on tepasidan pastga qanday tushib keldi, bilolmadi.Minib yurgan otining oldiga kelganda, xuddi kimgadir gapirayotgandek, uvvos solib yig‘lab yubordi.
-Qora yo‘rg‘adan ayrildim!…
Ot xuddi uning gaplarini tushungandek, bir kishnab qo‘ydi.
Ot uning yelkalariga tumshug‘i bilan turtib qo‘ydi.
Ot oyoqlari bilan yerni depsinib qo‘ydi.
Lekin Sattor chovog‘on buni anglamadi.
Sattor chovog‘on biror narsani anglaydigan holatda emasdi.
Sattor chovog‘onning xonu-moni kuyib borardi.
Sattor chovog‘onning yuragi siqilib,xuddi yordami tegadiganday bir qo‘li bilan yuragini siqimlab oldi.
U otga minish yo minmasligini ham bilmasdi.
Sattor chovog‘on minib yurgan otini yetaklab yo‘lga chiqib keldi.
Atrofni allaqachon tun zulmati qoplagandi.
Sattor chovog‘on ariq bo‘yiga kelib oyoq ildi. Otini qoziqlab,xuddi mast odamdek alpang-jalpang qadam tashlab, kattakon o‘rik daraxti tagiga kelib o‘tirdi.
Sattor chovog‘onning hushi o‘zida edimi, yo‘qmi, bilib bo‘lmasdi.
O‘zicha gapirinib-gapirinib, jim bo‘lib qolar, so‘ng tizzasiga shapatilab qo‘yardi.
Sattor chovog‘on o‘rik tagida qancha o‘tirganini bilmadi.
Uxlagan yo uxlamaganini-da, bilolmadi.
Vaqt allamahal bo‘lib qolgandi.
Biroz o‘ziga kelgan Sattor chovog‘on fikrlay boshladi.
Qora yo‘rg‘a Qizqo‘rg‘on tepasidan uchib ketdi…
Sattor chovog‘onning sho‘ri quridi…
Sho‘ri quridi emas, uyi kuydi.
Endi qora yo‘rg‘a yo‘q…
Sattor chovog‘onning yillab yiqqan shavkati bir zarb bilan tamom bo‘ldi.
Endi qora yo‘rg‘a yo‘q…
Sattor chovog‘on ham yo‘q… Sattor chovog‘onning nomini davralarga olib chiqqan, el orasida Sattor chovog‘onni “Sattor chovog‘on” qilgan ham shu qora yo‘rg‘a edi.
Tog‘ tomondan sovuq shamol esib turardi.
Lekin Sattor chovog‘on kunning sovuqligini sezmasdi.
Sattor chovog‘on tuni bilan yotib-yotolmadi, uxlab-uxlolmadi.
Shu bois, tongning tagi oqarmasdan, qora yo‘rg‘a uchib tushgan tomonga yo‘l oldi.Sattor chovog‘on Qizqo‘rg‘onni aylanib o‘tgancha,
tongning tagi ham oqarib qoldi.Ko‘zga tashlangan narsalar tanib oladigan darjada bo‘lib qoldi.
Ertalablari toqqa yaqin bu yerlar ancha sovib qolganini Sattor chovog‘on sezib borardi.
Nihoyat, Sattor chovog‘on tovali burimdan o‘tib, otdan tushdi.
Bu yog‘iga otda tushish biroz o‘ng‘aysiz ko‘rindi.
Sattor chovog‘on minib yurgan otini yetaklab, pastlab bordi.
Qizqo‘rg‘onning tepasidan uchib tushgan qora yo‘rg‘a, tovadan-tovaga urilib,zovning eng pastki nuqtasigacha dumalab borgandi.
Otning o‘limidan allaqachon kalxatlar xabar topib ulguribdi.
Kalxatlar odam qorasini ko‘rib, yerga qo‘nolmay tepada aylanib uchardi.
Sattor chovog‘on bir-bir bosib pastlab bordi.
Qora yo‘rg‘aning to‘rt oyog‘i osmon bo‘lib yotardi.
Xayriyat, tunda jovi-jondor xabar topmabdi.
Jondorlar xabar topganda qora yo‘rg‘aning suyaklari qolardi xolos.
Qora yo‘rg‘aning holatini ko‘rib, Sattor chovog‘on yig‘lab yubordi.
Sattor chovog‘on uvvos tortib yig‘ladi.
Sattor chovog‘on yurak berib yig‘ladi.
O‘zini to‘xtatib olishga shuncha urinsa ham, ichidan nimadir otiliqib, ko‘zlariga yosh quyilib kelaverdi.
Sattor chovog‘on shu tobda nima qilishini bilmasdi.
Qora yo‘rg‘ani shu holatda tashlab ketgisi-da, kelmasdi.
O‘ylab-o‘ylab, qora yo‘rg‘aning atrofiga tova toshlarni yig‘ib boshladi.Maqsadi,qora yo‘rg‘aga ehtirom ko‘rsatib, tova toshlar bilan ko‘mib tashlamoqchi bo‘ldi.
Tepada kalxatlar charx urib aylanardi.
Sattor chovog‘on otning o‘ligini kalxatlarga ravo ko‘rmadi.
Otning o‘ligini kalxatlarga tashlab ketishni, oqibatsizlik deb bildi.
Shu bois, charchab, terga botib ketsa-da, atrofdan tova toshlarni yig‘ib kelaverdi.
Ot jasadi mayda narsa emas.Uni ko‘madigan darajada tova toshlarni yig‘ib kelish, Sattor chovog‘onga oson ko‘chmadi.
Shunday bo‘lsa-da, Sattor chovog‘on boshlagan ishini oxiriga yetkazmaguncha tinmadi.
Sattor chovog‘on har bir tova toshni keltirib ot jasadi ustiga qo‘yganda, ko‘zlaridan tirqirab yosh oqaverdi.
Sattor chovog‘on ot jasadini yig‘lab-yig‘lab ko‘mdi.
Sattor chovog‘on tova toshlarga yuragini bergandek bo‘ldi.
Sattor chovog‘on eng yaqin qadrdonini tova toshlar orasiga berdi.
Tova toshlar orasiga ko‘milgan ot jasadiga qarab Sattor chovog‘on
marsiyalar aytgandek bo‘ldi.Diydiyolar aytgandek bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a birodarim-Sening o‘lganing mening o‘lganim.
Qora yo‘rg‘a qadrdonim-Endi menga kunlar qanday tatiydi?
Qora yo‘rg‘a shohsuvorim-Endi biz hech kim emasmiz, hech kim emasmiz.
Endi bizni hech kim tanimaydi, hech kim bilmaydi.
Biz bor edik, biz yo‘q bo‘ldik.
Qora yo‘rg‘a bor edi… Sattor chovog‘on bor edi…
Endi ikkimiz ham yo‘qmiz.
Endi el bizni bilmaydi.
Endi el bizni tanimaydi.
Ko‘pkarilarda “qora yo‘rg‘a” deb hech kim tilga olmaydi.
Qora yo‘rg‘a “Hayt” deb hech kim baqirmaydi.
Sattor chovog‘onning lablari pir-pir uchib, ko‘zlariga yosh keldi.
Sattor chovog‘on o‘krab yig‘lab yubordi.
Sattor chovog‘onning tovushidan, birov-yarim yerga qo‘ngan kalxatlar cho‘chib, ko‘kka qarab qanot silkitdi.

07

(Tashriflar: umumiy 144, bugungi 1)

Izoh qoldiring