Rauf Parfi. Uchliklar & Rauf Parfi. Ko’zlar

067 27 сентябрь — Устоз Рауф Парфи туғилган кун

 Устоз Рауф Парфи мумтоз япон шеърияти намуналарини ўзбек китобхонига таништирган илк ўзбек таржимони ва бу таржималар туфайли ўзбек шеъриятида учлик ёзиш анъанасини бошлаб берган шоирдир. Унинг иш дафтарларидан маълум бўлишича, шоир 1961 йилда япон хоккулари таржимасига қўл урган.

Мана шу иш дафтарларининг бирида “Учлик” сарлавҳаси остида келган бир бетлик маълумот ҳам шунга гувоҳлик беради:

Япон поэзиясида хокку деб аталувчи шеърнинг бир тури бўлиб, қисқалиги ва гўзаллиги билан ўзига хосдир. Хоккуда табиат ва табиат орқали инсон кайфияти акс эттирилади. Хокку уч мисрадан ташкил топган қофиясиз шеърдир. Биринчи мисра беш бўғин, иккинчи мисра етти бўғин, учинчи мисра беш бўғин – ҳаммаси ўн етти бўғин бўлиб, бу шакл қатъий эмас.

Хокку ёзиш катта мазмунни оз сўз билан ифода этиш санъатидир.

Хокку тасвирий санъатга яқиндир. Рассомлар хоккуда тасвирланган ифодани расмда акс эттириши ёки шоир рассом чизган суратга қараб хокку ёзиши мумкин. Шамол, булбул навоси, какку овози, умуман, ҳар бир товушнинг ўз маъноси бор ва бу ҳар хил кайфият ва ҳиссиёт уйғотади. Эътиборсиз ўқилган учлик ўзининг асл маъносидан маҳрумдир.»

Рауф Парфи ижодини тадқиқотчиси Олим Олтинбек таъкидлаганидек, «Рауф Парфи – миллий адабиётимиздаги мана шундай шеърият билан биринчилардан ошно бўлган ва бошқаларни ҳам ошно этган шоир. Унинг: “Хокку ёзиш катта мазмунни оз сўз билан ифода этиш санъатидир”, дейиши ҳам хокку қонуниятини яхшигина ўзлаштирганидан далолат беради… (Олим Олтинбекнинг мақоласини мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин

Рауф аканинг 1994 йилги иш дафтаридан олинган ва бугун сизга тақдим этилаётган учликлар ўзига хос тарздаги туркумлардан иборат.

Хуршид Даврон

Рауф ПАРФИ
УЧЛИКЛАР
003

* * *

1. Чағалайим, меҳмон, чағалай,034
Бу юртга қайдан келдинг.
Нечун келдинг – иймон чағалай.

2. Сен ўйлаган омад йўқ,
Сен сўйлаган қомат йўқ,
Сен бўйлаган бир мард йўқ.

3. Чағалайим, сени суйганлар ёлғон,
Сени деб куйганлар ёлғон,
Сенга тўйганлар ёлғон, Чағалай.

4. Тошингни тайирдилар
Қошингни қайирдилар,
Сени мендан айирдилар.

5. Унутилган чағалайим,
Унутилган қонли дунё бу,
Дунё нажот излайдир.

6. Чағалайим, у дунёда,
Сен ёлғиз, мен ҳам ёлғиз.
Ёлғиз аллоҳим, ёлғиз.

1994

* * *

1. Мана заҳар, ҳозир ичаман,
Кетаман мен сизнинг ҳаётингиздан,
Севаман, деб сизни алдадим.

2. Одил Икром, бир томчи қуйинг,
Дўстим, бунча қийин ҳаёт дегани.
Бир томчига арзимайди бу бало.

3. Мен йиғладим тушимда,
Тўйиб-тўйиб йиғладим,
Ёнингизга энди бормайман.

4. Мен ғолибмун буюк лашкарман,
Босиб олдим севги юртини,
Ўзимнинг қалбимни ўчирдим.

5. Май бер менга, аччиқ шароб бер.
Дўсти ғариб, хуш қол бу кеча.
Юлдузларга сени топширдим.

1994

* * *

1. Юлдузларнинг раҳми келади,
Ой мўлтираб қарайди менга,
Юларимни силайди ёғоч.

2. Сочимни юлади изғирин,
Қорлар пичирлайди бошимда,
Кўзимга санчилур исмингиз.

3. Ичимдан дунёлар кечди,
Ичимда титрайди заминлар.
Ойлар куйди Порлади Қуёш.

4. Бахтсиз шаҳар юпун ухлайди,
Чанглар ютиб ухлар бояқиш,
Кир-чир, сочлари тўзғиган бола.

5. Сўз мени таьқиб қилар,
Чирқиратар ўйиб кўксимни,
Ашаддий Сўз, шафқатсиз Сўз.

1994

* * *

1. Хайр, қўлларини силкитар булут,
Мийиғида кулиб қўяр ой,
Шивирлар Илаш Тўйчи деган шоир.

2. Мен сизни севаман аллоҳ кечирсин,
Мен сизни севиб ўлганман.
Кечирингиз ўлган одамни.

3. Мен сувман, ҳали ҳеч ким ичмаган,
Куйган китобман мен,
Ҳали ҳеч ким ўқимаган.

4. Ишонч йўқ ҳеч кимга. Бу қандай Дунё,
Яшаб яшолмайсан, бу қизиқ,
Ташлаб ташламайсан, ундан қизиқроқ.

5. Уйқунинг дарёсида чўмилдим,
Ётаман уйқунинг саҳросида,
Мен қандай боламан, баломан.

1994

* * *

1. Йиллар кўзимга сачради,
Жигримга ўт қўйди отлар,
Кунларимни санадим сенсиз.

2. Шамолга осилиб яшадим,
Мингга кирдим, чириди жисмим,
Сўнгакларим оқарди қақшаб.

3. Дунёсига қўйдим қўлимни,
Оёғимни босдим юзига.
Кўзларимни юмди бу дунё.

4. Бир пиёла май бер азизим,
Бағрим ёниб битди, кул бўлдим,
Чивғинларга тутдим ўзимни.

5. Қорларга кўмилди боғларим,
Тоғларга чўкди осмон,
Сен йўқсан. Сен йўқсан. Сен йўқсан.

1994

* * *

1. Балки мен Мажнунман,
Балки Сен – Лайло,
Балки мен маҳкумман, балки сен жаллод.

2. Айтинг нима қилай,
Қандай яшайин.
Нима қилиб қўйдим ўзимни?

3. Кўчаларда итдек санғидим,
Ғиншидим ўткан-кетганга,
Боғлаб олинг итингизни.

4. Одил Икром, эҳ, Ҳалима Сув,
Яхши инсонларсиз нақадар,
Қўрқинчли яхшисиз, найлайин.

5. Кўзимга бир юлдуз йиқилди,
Эриди, айланди бир тошга,
Тешиб ўтди кафтимни.

1994

* * *

1. Эҳ, қандайин кун эди, билмам,
Тошойнага урилиб синди
учиб-учиб юрган мусича.

2. Саҳроларнинг подшоси қани?
Қани вишиллаган ёвуз илонлар?
Наҳотки бир ўзим қолдим саҳрода.

3. Соат синди, соатлар синди,
Вақтнинг исканжасида.
Ўлиб кетди соатсиз бевақт.

4. Бу ким? Пешонаси шўр бола,
Жавоб беринг унга, ўйнасин,
Бахтли бўлсин, марҳамат қилинг.

5. Сиз менинг номусимсиз,
Пичоғингиз бўғзимда қотган
Ичилмаган қонимсиз, ёлғиз.

1994

* * *

1. Бир нарса дедимми сизга,
Севаман, деб айтдимми?
Лаьнатлайман ўзимни ўзим.

2. Сени оқ қилдим, деди Дунё,
Оқардим, оқардим кетдим,
Оқиб келдим ёнингизга.

3. Ҳеч кимга ишонманг ҳаммаси ёлғон,
Ҳеч қачон ишонманг Сиз менга,
Мен сизни севаман ахир.

4. Душманимдир сиз билган каслар,
Ялтоқланар ҳузурингизда,
Майин, мойил сўзингиз учун.

5. Ўзимни кечирмайман, ё худо,
Сизни кечираман ер ўпиб,
Мен бермасман ҳеч кимга.

1994

* * *

1. Ғамлар чўкди менинг қалбимга,
Ғамлар менинг дўсту ёримдир.
Бу ғам ичра сиз йўқсиз холос.

2. Исфандиёр дўстим, бас энди,
Мен сизларни ташлаб кетаман,
Мен сиғмайман энди дунёга.

3. Мен ҳеч ким эмасман – Амирман,
Жиннистоннинг соҳибқирони,
Ҳукмимни тинглашур кишнашиб.

4. Мени ҳайданг, мени йўлатманг,
Ойга қараб увлаган,
Қутурган итман ахир.

5. Айтинг энди нима қиламиз,
Бу йўлнинг боши йўқ, охири ҳам йўқ,
Кўчаларда қолдик дилдираб.

1994

* * *

1. Минг йил кимни изладингиз,
Минг йил сизни изладимми мен?
Бир зумда йўқотмак учунми?

2. Ҳеч бир инсон англамас бизни,
Итдек тепиб ўтар киборлар,
Эҳ, улар, нақадар бахтсиздир улар.

3. Сизни танимайман, сизни билмайман,
Сиз менинг йўқотган олтиним,
Гўзал бахтсизлигимсиз менинг.

4. Алдадилар мени беомон,
Севиб алдадилар севганларим,
Ўлдирдилар севиб-севиб.

5. Сиз қачон келдингиз дунёга,
Дунё қачон сизни яратди.
Ҳеч нарса йўқ. Сиз бор ва мен бор.

1994

* * *

1. Тушларим бузилди, бағрим чайнади,
Сиз жуда узоқда – менинг ёнимда,
Сиз менинг ёнимда – дўзахимдасиз.

2. Мен билмайман ёшим нечадир?
Ҳозир сўнгги нафасдир балким.
Хайрлашиб олайлик. Мен – йўқ.

3. Мен қақшаб йиғладим, чирпандим,
Учиб тушдим ерга фалакдан,
Хайрлашмак учун сиз билан. Кетдим.

4. Хайр энди, хайр меҳрибон,
Сизни топган оним йўқотдим.
Бир сўз қолди менда. Хайр бир Сўзим.

5. Ҳей, кўзингизни очинг,
Нега жим турибсиз остоналарда
Ғариблар дунёси, қуллар дунёси

1994

ХИЁНАТ

1. Тонг қачон отади. Йилдан узун тун.
Наҳсга ботиб шаҳар ухлайди.
Булғанган дарахтлар, кўкарган сувлар.

2. Бунча уятсизсан, эй, Шаҳар?
…ёлғоннинг хотини…
…ёлғоннинг эри…

3. Мен синовдан ўтдим,
Синдирдим бардошимни,
Раҳмат сенга, бевафо.

4. Ай бечора, ай бузуқ аёл,
Ўзингни алдайсан бунчалар,
Бунча тоза, бунчалар ҳақсан.

5. Қариган гул, беланги хоним,
Теваракка писта улашар,
Тирсагимни чимдир жилмайиб.

6. Сен кимсан менга, билмам бевафо,
Энди онам бўлдингми менинг,
Синглим бўлдингми энди?!

7. Ғичирлар эшикнинг занжири,
Пичирлар дарчанинг қафаси,
Совуқ қимирлади ўз кўрпам.

8. Бунча ғариб бўлмаса бу кошона,
Бунча хунук бу гўзал хоним,
Нечун ҳеч ким ахлатга отмас.

9. Мен итдек соғиндим бировни,
Занжирини узган итман мен,
Бировнинг хотинин нега соғиндим?

10. Ерга ботиб кетдим осмон,
Бир жонзот қолмади гуноҳдан.
Уятдан чинқириб юборди Қуёш.

11. Мен сенинг терингга кирдим,
Тупроқ тортдим ўзимга ўзим.
Қайдан келдим? Не учун келдим?

12. Лахта-лахта
ичига отдим
Хиёнатнинг ирганч шарбатин.

13. Юзимга лой суртди мегажин,
Бир ит ириллади танамда,
Кўрпамга эгилди бегона аёл.

14. Нима қилдим сенга, бевафо,
Нима учун типирчилайсан
Жасадимнинг устида. Бас қил.

15. Тонг оқарди. Шаҳар уйғонди.
Тобутлари ўтди лопиллаб.
Марсиялар айтди деворлар.

1994

Ustoz Rauf Parfi mumtoz yapon sheʼriyati namunalarini oʻzbek kitobxoniga tanishtirgan ilk oʻzbek tarjimoni va bu tarjimalar tufayli oʻzbek sheʼriyatida uchlik yozish anʼanasini boshlab bergan shoirdir. Uning ish daftarlaridan maʼlum boʻlishicha, shoir 1961 yilda yapon xokkulari tarjimasiga qoʻl urgan.

Mana shu ish daftarlarining birida “Uchlik” sarlavhasi ostida kelgan bir betlik maʼlumot ham shunga guvohlik beradi:

Yapon poeziyasida xokku deb ataluvchi sheʼrning bir turi boʻlib, qisqaligi va goʻzalligi bilan oʻziga xosdir. Xokkuda tabiat va tabiat orqali inson kayfiyati aks ettiriladi. Xokku uch misradan tashkil topgan qofiyasiz sheʼrdir. Birinchi misra besh boʻgʻin, ikkinchi misra yetti boʻgʻin, uchinchi misra besh boʻgʻin – hammasi oʻn yetti boʻgʻin boʻlib, bu shakl qatʼiy emas.

Xokku yozish katta mazmunni oz soʻz bilan ifoda etish sanʼatidir.

Xokku tasviriy sanʼatga yaqindir. Rassomlar xokkuda tasvirlangan ifodani rasmda aks ettirishi yoki shoir rassom chizgan suratga qarab xokku yozishi mumkin. Shamol, bulbul navosi, kakku ovozi, umuman, har bir tovushning oʻz maʼnosi bor va bu har xil kayfiyat va hissiyot uygʻotadi. Eʼtiborsiz oʻqilgan uchlik oʻzining asl maʼnosidan mahrumdir.»

Rauf Parfi ijodini tadqiqotchisi Olim Oltinbek taʼkidlaganidek, «Rauf Parfi – milliy adabiyotimizdagi mana shunday sheʼriyat bilan birinchilardan oshno boʻlgan va boshqalarni ham oshno etgan shoir. Uning: “Xokku yozish katta mazmunni oz soʻz bilan ifoda etish sanʼatidir”, deyishi ham xokku qonuniyatini yaxshigina oʻzlashtirganidan dalolat beradi… (Olim Oltinbekning maqolasini mana bu sahifada oʻqishingiz mumkin)«

Rauf akaning 1994 yilgi ish daftaridan olingan va bugun sizga taqdim etilayotgan uchliklar oʻziga xos tarzdagi turkumlardan iborat.

Xurshid Davron

Rauf PARFI
UCHLIKLAR
003

* * *

1. Chagʻalayim, mehmon, chagʻalay,055
Bu yurtga qaydan kelding.
Nechun kelding – iymon chagʻalay.

2. Sen oʻylagan omad yoʻq,
Sen soʻylagan qomat yoʻq,
Sen boʻylagan bir mard yoʻq.

3. Chagʻalayim, seni suyganlar yolgʻon,
Seni deb kuyganlar yolgʻon,
Senga toʻyganlar yolgʻon, Chagʻalay.

4. Toshingni tayirdilar
Qoshingni qayirdilar,
Seni mendan ayirdilar.

5. Unutilgan chagʻalayim,
Unutilgan qonli dunyo bu,
Dunyo najot izlaydir.

6. Chagʻalayim, u dunyoda,
Sen yolgʻiz, men ham yolgʻiz.
Yolgʻiz allohim, yolgʻiz.

1994

* * *

1. Mana zahar, hozir ichaman,
Ketaman men sizning hayotingizdan,
Sevaman, deb sizni aldadim.

2. Odil Ikrom, bir tomchi quying,
Doʻstim, buncha qiyin hayot degani.
Bir tomchiga arzimaydi bu balo.

3. Men yigʻladim tushimda,
Toʻyib-toʻyib yigʻladim,
Yoningizga endi bormayman.

4. Men gʻolibmun buyuk lashkarman,
Bosib oldim sevgi yurtini,
Oʻzimning qalbimni oʻchirdim.

5. May ber menga, achchiq sharob ber.
Doʻsti gʻarib, xush qol bu kecha.
Yulduzlarga seni topshirdim.

1994

* * *

1. Yulduzlarning rahmi keladi,
Oy moʻltirab qaraydi menga,
Yularimni silaydi yogʻoch.

2. Sochimni yuladi izgʻirin,
Qorlar pichirlaydi boshimda,
Koʻzimga sanchilur ismingiz.

3. Ichimdan dunyolar kechdi,
Ichimda titraydi zaminlar.
Oylar kuydi Porladi Quyosh.

4. Baxtsiz shahar yupun uxlaydi,
Changlar yutib uxlar boyaqish,
Kir-chir, sochlari toʻzgʻigan bola.

5. Soʻz meni taqib qilar,
Chirqiratar oʻyib koʻksimni,
Ashaddiy Soʻz, shafqatsiz Soʻz.

1994

* * *

1. Xayr, qoʻllarini silkitar bulut,
Miyigʻida kulib qoʻyar oy,
Shivirlar Ilash Toʻychi degan shoir.

2. Men sizni sevaman alloh kechirsin,
Men sizni sevib oʻlganman.
Kechiringiz oʻlgan odamni.

3. Men suvman, hali hech kim ichmagan,
Kuygan kitobman men,
Hali hech kim oʻqimagan.

4. Ishonch yoʻq hech kimga. Bu qanday Dunyo,
Yashab yasholmaysan, bu qiziq,
Tashlab tashlamaysan, undan qiziqroq.

5. Uyquning daryosida choʻmildim,
Yotaman uyquning sahrosida,
Men qanday bolaman, baloman.

1994

* * *

1. Yillar koʻzimga sachradi,
Jigrimga oʻt qoʻydi otlar,
Kunlarimni sanadim sensiz.

2. Shamolga osilib yashadim,
Mingga kirdim, chiridi jismim,
Soʻngaklarim oqardi qaqshab.

3. Dunyosiga qoʻydim qoʻlimni,
Oyogʻimni bosdim yuziga.
Koʻzlarimni yumdi bu dunyo.

4. Bir piyola may ber azizim,
Bagʻrim yonib bitdi, kul boʻldim,
Chivgʻinlarga tutdim oʻzimni.

5. Qorlarga koʻmildi bogʻlarim,
Togʻlarga choʻkdi osmon,
Sen yoʻqsan. Sen yoʻqsan. Sen yoʻqsan.

1994

* * *

1. Balki men Majnunman,
Balki Sen – Laylo,
Balki men mahkumman, balki sen jallod.

2. Ayting nima qilay,
Qanday yashayin.
Nima qilib qoʻydim oʻzimni?

3. Koʻchalarda itdek sangʻidim,
Gʻinshidim oʻtkan-ketganga,
Bogʻlab oling itingizni.

4. Odil Ikrom, eh, Halima Suv,
Yaxshi insonlarsiz naqadar,
Qoʻrqinchli yaxshisiz, naylayin.

5. Koʻzimga bir yulduz yiqildi,
Eridi, aylandi bir toshga,
Teshib oʻtdi kaftimni.

1994

* * *

1. Eh, qandayin kun edi, bilmam,
Toshoynaga urilib sindi
uchib-uchib yurgan musicha.

2. Sahrolarning podshosi qani?
Qani vishillagan yovuz ilonlar?
Nahotki bir oʻzim qoldim sahroda.

3. Soat sindi, soatlar sindi,
Vaqtning iskanjasida.
Oʻlib ketdi soatsiz bevaqt.

4. Bu kim? Peshonasi shoʻr bola,
Javob bering unga, oʻynasin,
Baxtli boʻlsin, marhamat qiling.

5. Siz mening nomusimsiz,
Pichogʻingiz boʻgʻzimda qotgan
Ichilmagan qonimsiz, yolgʻiz.

1994

* * *

1. Bir narsa dedimmi sizga,
Sevaman, deb aytdimmi?
Lanatlayman oʻzimni oʻzim.

2. Seni oq qildim, dedi Dunyo,
Oqardim, oqardim ketdim,
Oqib keldim yoningizga.

3. Hech kimga ishonmang hammasi yolgʻon,
Hech qachon ishonmang Siz menga,
Men sizni sevaman axir.

4. Dushmanimdir siz bilgan kaslar,
Yaltoqlanar huzuringizda,
Mayin, moyil soʻzingiz uchun.

5. Oʻzimni kechirmayman, yo xudo,
Sizni kechiraman yer oʻpib,
Men bermasman hech kimga.

1994

* * *

1. Gʻamlar choʻkdi mening qalbimga,
Gʻamlar mening doʻstu yorimdir.
Bu gʻam ichra siz yoʻqsiz xolos.

2. Isfandiyor doʻstim, bas endi,
Men sizlarni tashlab ketaman,
Men sigʻmayman endi dunyoga.

3. Men hech kim emasman – Amirman,
Jinnistonning sohibqironi,
Hukmimni tinglashur kishnashib.

4. Meni haydang, meni yoʻlatmang,
Oyga qarab uvlagan,
Quturgan itman axir.

5. Ayting endi nima qilamiz,
Bu yoʻlning boshi yoʻq, oxiri ham yoʻq,
Koʻchalarda qoldik dildirab.

1994

* * *

1. Ming yil kimni izladingiz,
Ming yil sizni izladimmi men?
Bir zumda yoʻqotmak uchunmi?

2. Hech bir inson anglamas bizni,
Itdek tepib oʻtar kiborlar,
Eh, ular, naqadar baxtsizdir ular.

3. Sizni tanimayman, sizni bilmayman,
Siz mening yoʻqotgan oltinim,
Goʻzal baxtsizligimsiz mening.

4. Aldadilar meni beomon,
Sevib aldadilar sevganlarim,
Oʻldirdilar sevib-sevib.

5. Siz qachon keldingiz dunyoga,
Dunyo qachon sizni yaratdi.
Hech narsa yoʻq. Siz bor va men bor.

1994

* * *

1. Tushlarim buzildi, bagʻrim chaynadi,
Siz juda uzoqda – mening yonimda,
Siz mening yonimda – doʻzaximdasiz.

2. Men bilmayman yoshim nechadir?
Hozir soʻnggi nafasdir balkim.
Xayrlashib olaylik. Men – yoʻq.

3. Men qaqshab yigʻladim, chirpandim,
Uchib tushdim yerga falakdan,
Xayrlashmak uchun siz bilan. Ketdim.

4. Xayr endi, xayr mehribon,
Sizni topgan onim yoʻqotdim.
Bir soʻz qoldi menda. Xayr bir Soʻzim.

5. Hey, koʻzingizni oching,
Nega jim turibsiz ostonalarda
Gʻariblar dunyosi, qullar dunyosi

1994

XIYONAT

1. Tong qachon otadi. Yildan uzun tun.
Nahsga botib shahar uxlaydi.
Bulgʻangan daraxtlar, koʻkargan suvlar.

2. Buncha uyatsizsan, ey, Shahar?
…yolgʻonning xotini…
…yolgʻonning eri…

3. Men sinovdan oʻtdim,
Sindirdim bardoshimni,
Rahmat senga, bevafo.

4. Ay bechora, ay buzuq ayol,
Oʻzingni aldaysan bunchalar,
Buncha toza, bunchalar haqsan.

5. Qarigan gul, belangi xonim,
Tevarakka pista ulashar,
Tirsagimni chimdir jilmayib.

6. Sen kimsan menga, bilmam bevafo,
Endi onam boʻldingmi mening,
Singlim boʻldingmi endi?!

7. Gʻichirlar eshikning zanjiri,
Pichirlar darchaning qafasi,
Sovuq qimirladi oʻz koʻrpam.

8. Buncha gʻarib boʻlmasa bu koshona,
Buncha xunuk bu goʻzal xonim,
Nechun hech kim axlatga otmas.

9. Men itdek sogʻindim birovni,
Zanjirini uzgan itman men,
Birovning xotinin nega sogʻindim?

10. Yerga botib ketdim osmon,
Bir jonzot qolmadi gunohdan.
Uyatdan chinqirib yubordi Quyosh.

11. Men sening teringga kirdim,
Tuproq tortdim oʻzimga oʻzim.
Qaydan keldim? Ne uchun keldim?

12. Laxta-laxta
ichiga otdim
Xiyonatning irganch sharbatin.

13. Yuzimga loy surtdi megajin,
Bir it irilladi tanamda,
Koʻrpamga egildi begona ayol.

14. Nima qildim senga, bevafo,
Nima uchun tipirchilaysan
Jasadimning ustida. Bas qil.

15. Tong oqardi. Shahar uygʻondi.
Tobutlari oʻtdi lopillab.
Marsiyalar aytdi devorlar.

1994

08

(Tashriflar: umumiy 2 093, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ҳурматли муаллиф! Адиб ижодидан берилаётган навбатдаги таржималар ўзига хос ва таъсирли.Кейинги чиқишларда бунданда сермазмун намуналардан умидворман. Шоир Рауф Парфининг ўзи айтганидек,у бошқалар учун ёзмаган, барибир ўз халқининг шоири эди… Катта раҳмат!

Izoh qoldiring