Samariddin Sayyidzod. Yangi she’rlar

81Бундан етти йил аввал шоир шеърларини илк бор тақдим этганда шундай ёзган эканман: «Қашқадарё воҳасида ижод қилаётган ёш шоирлар даврасида Самариддиннинг ўзига хос ва муносиб ўрни бор…» Бугун унинг эски ва янги дафтарларидан саралаб олинган шеърларини тақдим этамиз.

Самариддин САЙЙИДЗОД
ШЕЪРЛАР

   Самариддин Саййидзод (Шукруллаев) 1986-йил, 20-июлда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида туғилган. Шеърлари турк, озарбайжон, қозоқ тилларига таржима қилиниб, мазкур давлатлардаги нуфузли адабий журналларда нашр этилган. 2009-йилда ўтказилган «Келажак овози» Республика истеъдодли ёшлар танловининг ғолиби. «Ой камалаги» номли шеърий тўпламининг муаллифи. Қарши Давлат Университетини тамомлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. Ҳозирда таълим ва маданият соҳасида фаолият олиб боради.

* * *

Жуда хурсанд эдим,22
У кун шод эдим,
Йилдирим елкамда иккита қанот.
Олдинда бир ёруғ манзил бор эди,
Мен ёзган шеърларга ўхшарди ҳаёт…
Мен кўрган кунлардан яхшироқ эди.

Еттинчи осмонда учардим гўё,
Олам гўзал эди, олам оқ эди.
Биринчи шеъримни ўқирди дунё,
Босганим тупроқдан баландроқ эди.

Ҳамма шеър ўқирди, мен шоир эдим,
Бу ҳис чин бўлганда минг йил ўлмасдим.
Унда илк шеърларим чиққан газетга,
Писта ўрашлари ҳақда билмасдим.

* * *

Кун масрур…
Боғларда қушлар сайрайди,
Ташқарида озод шамоллар хуррам.
Йил мудом тўрт фасл…
Баҳор- яйрайди,
Шабнамга юз чайган чечакларни ҳам.

Бургут қанот қоқар юксак қояда,
Минг йиллик бардошга тимсол бўлар тош.
Капалак кўз очган бедапояда,
Бир кунлик умрини ортмоқлар қуёш.

Кезар куртакларда илоҳий бир сас,
Панжаларин ёзиб юборар япроқ.
Қалдирғоч кўз очган ҳувв ялангликда,
Осмонга термулиб ётадиган чоғ…

Чумоли инининг рўпарасидан,
Майсазор сўқмоққа оча бошлар йўл.
Дунёнинг беркилган деразасидан
Орзиқиб қарайди тувакдаги гул.
Термулиб қарайди тувакдаги гул…

* * *

Жуда хурсанд эдим,
У кун шод эдим,
Йилдирим елкамда иккита қанот.
Олдинда бир ёруғ манзил бор эди,
Мен ёзган шеърларга ўхшарди ҳаёт…
Мен кўрган кунлардан яхшироқ эди.

Еттинчи осмонда учардим гўё,
Олам гўзал эди, олам оқ эди.
Биринчи шеъримни ўқирди дунё,
Босганим тупроқдан баландроқ эди.

Ҳамма шеър ўқирди, мен шоир эдим,
Бу ҳис чин бўлганда минг йил ўлмасдим.
Унда илк шеърларим чиққан газетга,
Писта ўрашлари ҳақда билмасдим.

Пойтахтдаги дўстга

Оралиқдан ўтар Дунё йўллари,
Рост- ёлғон,
Ҳақ- шайтон,
Оқ билан қора…
Менинг ўтиб кетган умрим сингари,
Тирикликнинг қадри ортар тобора.

Телевизордан сўйлар шоир дўстларим,
Ватан ҳақда сўйлар,  сўйлар Эрк ҳақда.
Уфққа ботиб борар ғамгин  кўзларим,
Ватанпарварларнинг бари пойтахтда.

Гоҳо ёстиқ бўлди, бошимга кетмон,
Бугун кун узоғи йўнғичқа ўрдим.
Гоҳо лойга ботган оёғим билан,
Капалак ошёнин ахтариб юрдим.

Тунда сим қоқаман Тошкентга томон,
Ҳайратлар қанақа,
Кўнгиллар тўқми?
Қандай шеър ёзилди, ёзилди достон,
Абдулла Орипов ўтгани йўқми?

Сўздан сўниш олар, Тошкентлик дўстлар,
Ҳайратлар сўлғиндир, Устозлар омон.
Бунда кўринмайди сомон йўллари,
Бунда кенгликларни соғиндик чунон.

Сомон йўлларига термулиб ётдим,
Тоғлар туғишганим қадрдан гўша.
Бу тун ухлолмадим тонгни уйғотдим,
Ватан ўша эди,
Мен- ўша, ўша..

2016

 ТАСКИН

Бахтинисога

Сенсиз яна…
Боғларинга баҳор қайтар,
Наҳор қайтар машҳаргача қайта туғруқ.
Кеча кундуз такрор қайтар, такрор қайтар,
Кетган қайтар, кетмонланган қайтгани йўқ.

Остонангда етим қолган бардош дайдир,
Бирда тобут музлаб кетар мозорига.
Шарқу- ғарбнинг елеасида қуёш дайдир,
Ҳаёт бешик излаб борар бозорига.

Бошларингдан азиз айлар тошларини,
Нолиш қайда, чимдан бўлак болиш қайда?!
Ердан олиб, ерга сочар лошларини,
Бу дунёда мангу яшаб қолиш қайда.

Ҳабибларнинг уфққа ботар пешонаси,
Ҳақнинг Ишқи ширин жонга човут солар.
Асли умринг- Худованднинг остонаси,
Бу дунёга келмаган зот ўлмай қолар.
Бу дунёга келмаган зот ўлмай қолар…

***

Октябрь ҳақидаги энг гўзал шеърни…
Табиат ёзди…
Олов рангда боғ- роғларга кириб келди Куз.
Энди бунда яшилланган япроқлар оздир,
Ҳар дарахтдан тўкилмоқда алвонранг бир Сўз.

Вақт дегани уст- бошимиз бўяди  оққа,
Йиллар аро кимдир манзил,  муродга етди.
Қанча латиф туйғуларни қўйдим тупроққа,
Қалбим шеърсиз томонларни ахтариб кетди.

Эй умримнинг руҳи синиқ бир кенжа ойи,
Эй тонглари тўйга туташ гўзал бир фурсат.
Бу дунёнинг борми ҳазон етмаган жойи,
Сўлганда ҳам минг бор гуллаб яшашни ўргат!

* *

Август сув тарайди яйдоқ далага,
Ҳориб қайтган чупон сурувин қамар.
Осмон чодир ёяр ой машъалага,
Соялар оқ туннинг чопонин ямар.

Олислардан кела бошлар тўй хатлар,
Ишкомларга ўзин осади самар.
Дил розига тўлар кентлар, пойтахтлар,
Умид улғаяди қабрингга қадар.

Ишққа сирдош ёлғиз оёқ сўқмоқлар,
Чирилдоқлар туннинг жонини ёқар.
Теракзорда чапак чалар япроқлар,
Ариқларда қирмиз олмалар оқар.

Еру- осмон гувоҳ, ҳар зарра уйғоқ,
Полизларда шўх ел қовун ёради.
Август…
Топ- тоза тун…
Ва тоза гуноҳ,
Сени Худовандга олиб боради.

02.08.2020

* *

Сумбула-
Сокин тун намхуш ҳавода,
Ётибман кўзимда осмон парчаси.
Айни дам мен шоҳман, ғолиб фуқоро,
Меники музаффар ҳислар барчаси…

Умримда Ҳақ тараф оқди дарёлар,
Умримда дарахтлар тўрт томон чопди.
Мен қўйиб юбордим, банди тоғларни,
Ўзимдан девона Дунёни топдим.

Бу дунё ҳам зоҳир,
бу дунё тилсим…
Пўрим либосларда яйради таним.
Дўсту- ёр дилимни қайданам билсин,
Ёлғизликлар ичра ёлғиз юрганим.

Менга қалбим каъба,
юзим бурганим…
Жисмимнинг топгани икки энлик бўз.
Икки қароғимда асраб турганим,
Ҳақ бу лабимдамас, ичимдаги Сўз.

Кел! Сени бағримга қаттиқроқ босай!
Ҳам сенга Ёғийман,
ҳам сенга Нажот.
Қўрқма, сониянга умримни тўлаб,
Сенда ижарада турибман Ҳаёт…

* *

Севги айтилмагай, севги ютилгай…
Тилларга тушмагай севгининг оти.
Бир умр ва ё ўн чандон кутилгай,
Ҳижронла тирикдир Ишқнинг ҳаёти.

Севганинг ким эди… Ширин ё Лайло,
Ишқмас кўз ёшларга танинг қормаса.
Ишқ ҳам ишқ эмасдир, муслим ҳам тарсо,
Сени Яратганга олиб бормаса…

16.12.2021.

* *

Кутмоқ — кузатмоқнинг ораси Ҳаёт…
Умр сув ичмоқдек бир оний фурсат.
Бир фурсатким — Ўлим соя, кўнгил доя,
Ҳар онингга бўлмиш гўзал Ишқ ниҳоя.
Гоҳ бургутдай пойинг дўнар юксак тоққа,
Умринг ўхшар саҳродаги қизғалдоққа.
Гоҳ елкангда чайқалади ўксик тобут,
Гоҳ бирида жилмаяди гўдак ҳушнуд.
Гоҳо кўклам гуллар сочар кўкка шодон,
Гоҳо кузак эврилади ерга нолон.
Гоҳо жонга кетмоқ абад, тошлар тирик,
Гоҳ заминда неча азиз бошлар чирик.
Юборганинг хатлар манзил ҳам маконсиз,
Кунлар келар номинг яшар ҳатто жонсиз.
Деразангдан тонглар элар кумуш ғубор,
Кунлар сендан ўтиб борар такрор — такрор.
Бир кунларки — қувонч, шодлик ҳадя этар,
Бир кунларки — ғамдан юрак томиб кетар.
Бир кунларки — боқиб ҳайрон жилмаясан,
Улғайсанг ҳам кўнгил қадар улғаясан…

01.01.2022

Ҳайиткўл қаерда?!
(Ижтимоий тармоққа жойланган Ҳайиткўл кенгликларининг тасвиридан сўнг…)

Устоз Ўроз Ҳайдарга

Ҳайиткўл, уйғоқ турғайзорлар туғилган юртда!
Ҳайиткўл тепалари тоғларга ўхшаш,
Тоғлари ҳуув осмонга туташ юртда!

Ҳайиткўл бу- уч боласидан бири шоир,
иккинчиси полвон,
учинчи чавондоз юртда!

Ҳайиткўл, чўпон бўлсангиз ҳам,
султон бўлсангиз ҳам,
борингизни юзингизга айтгувчи,
ҳали ёлғонлар туғилмаган юртда!

Ҳайиткўл,(эркак йиқилмас)
эркак йиқилгудек бўлса,
элнинг ори учун аёллари ҳам кураш тушиб кетаверадиган юртда!

Ҳайиткўл ошиқ болаларини жаҳонга қўйиб юбориб,
соғинчини қучоқлаган
ҳофизларнинг,
олимларнинг,
шоирларнинг оналари ётган юртда!

Ҳайиткўл, дастурхонни белбоғ қилибмас,
белбоғини дастурхон этган, оталарнинг болалари яшаган юртда!!!
Тулпорлари кишнаган юртда!!!

***

Таним Дунёлиқдир,
Руҳим Худолиқ…
Бу лабларим
нада гўзал шивирламоқ,
Бир малакнинг лабларига
дастхат битмоқ ҳадисин олган.
Нигоҳларим тиламчидек
Ёлворгувчи…
Ёлворгувчи…
Ёлворгувчи…
Нетай бу чоғ
Бахт алдамчи, вақт алдамчи,
нақд алдамчи.
Товонимдан
Йўллар ўтмиш, чўллар ўтмиш мен- пиёда.
Пиёдалар омонатдир бу дунёда.
Қўлларимда қўллар ўлмиш,
гуллар ўлмиш,
ҳазон бўлмиш,
ҳазон бўлмиш,
ҳазон бўлмиш…
Бу дунёнинг бор кечмиши пешонамда,
Отилмаган оппоқ тонглар остонамда…
Ташлаб кетгум бу Дунёларни
Илон пўстин ташлагандек,
ташлагандек кўз қороқни,
эл- гуноҳни,
сўз- гувоҳни.
Умрим сўқмоқ
Таним тупроқ
Қалбим- Аллоҳ…
Чекимда не, Дунёларим Ишққа ташна.
Ўлим ташлаб кетмайдиган битта ошна.
Битта ошна…
Битта ошна!!!
У кун маним бор кечмишим
бир ўтмишдир.
бир ўтмишдир!
Бир ўтмишдир…
Ҳам келажак кунларимни унутмишдир.
Мен ҳаётни севдим сабру- саботим бор.
Чунки унда икки гўзал ҳаётим бор.
Бири қизим, бири ўғлим қанотим бор.
Кетсам ҳамки қайтажакман такрор- такрор.
Қайтган каби бу қирларга яна баҳор…
Умрим узоқ бўлсин!!!

***

Гўзал яралмишлар…
Бари- Раббано…
Ўттиз уч ёшимда тонгларга боқдим.
Ўттиз уч кўкламни кул қилдим мано,
Ой билан ўттиз уч дарёда оқдим.

Ўттиз уч умримни айлади ҳароб,
Танимла тикланган бу қадим гуноҳ.
Гарчи ошиқларнинг ошёни меҳроб,
Ўттиз уч бор сажда қилдимми Аллоҳ.

Ўттиз уч оламга манам ёр ўлдим,
Бир ишқла тўлмади, кўнгилнинг кўсти.
Ўттиз уч малакка ҳаридор бўлдим,
Ёлғиз ташлаб кетди, ўттиз уч дўстим.

Дерлар; уйғонгуси Машҳар тонгида,
Муслим бандалари ўттиз уч ёшда.
Бугун бутун борлиқ сур оҳангида,
Бу қиёмат бошқа, қиёмат бошқа…

Тақвосини тўлдир, ҳаёсин тўлдир!
Ўттиз уч минг туман, фақир авбошнинг.
Ёки имонимла маним бўт ўлдир,
Ёҳуд, ўлмасимдан уйғот Қуёшни!

***

Кўзим қалбга бир чоҳ этмиш,
Гумроҳлара гувоҳ этмиш,
Не этса ҳам Аллоҳ этмиш,
Найлайин ишқ…
Найлайин ишқ…
Умрим ғамга ҳамроҳ этмиш.

Қаён боргум, қайланурман?!
Ҳақдин Ҳаққа шайланурман.
Илдизим Ишқ айланурман,
Дарахтлардин дарахтлара.

Не шам эрур, кўзим куймиш,
Бу ишқсиз илдизим куймиш,
Боқар бўлсам, юзим куймиш,
Малаклардин малаклара…

Дунё баланд бир тоғ ўлсун,
Меҳрим тоғдан кўпроғ ўлсун,
Таним нураб туфроғ ўлсун,
Йўлаклардин йўлаклара.

Ой тукилғач ҳилол бўлғай,
Ишқдин тотқан бир бол бўлғай,
Умрим эсган шамол бўлғай,
Фалаклардин фалаклара…

Умрим ишққа ҳамроҳ ўтсун,
Икки олам гувоҳ ўтсун,
Ишқни ичгил Аллоҳ ўтсун,
Юраклардин юраклара,
Юраклардин юраклара…

31.03.2021.

***

Бир чечак бор- бехазонлиқ,
Яна жон бор,  дема жонлиқ.
Макон бор…
У бемаконлиқ,
Еру- осмон ўртасинда…

Минг ситам- бир бахтиёрлиқ,
Бир ҳакам минг беқарорлиқ.
Бир васл минг интизорлиқ,
Жисм ила жон ўртасинда…

Ҳама ошкор эмас  бу сир,
Гунг кўзидин изҳор ўқир.
Минг кўзлининг қалби сўқир,
Висол ҳижрон ўртасинда…

Зар ила хор,  оқ қорадир,
То қиёмат кўз ёрадир.
Бечоралиқ ҳам чорадир,
Шоду нолон ўртасинда…

Яна бордир гуллаш фасли,
Жонни жонга улаш фасли.
Ишқ- туфроққа қулаш фасли,
Кўклам хазон ўртасинда…

Кел эй,  кўнглимни наққоши,
Мани мандин ол,  талошиб.
Сани санга кетай тошиб,
Икки жаҳон ўртасинда…

18.12.2022.

ШОИР УКАЛАРИМГА

Сўз яралмиш энг аввали,
Тоғлар ҳам Сўзла чўккан тиз.
Яратган Сўзга зор қилма,
Сўз излаб йўлга чиққанмиз!

Бир Сўзларки Ҳаққа етгай,
Сўзсиз дунё куйиб кетгай,
Ҳама кўклам томон кетгай,
Куз излаб йўлга чиққанмиз!

Яшарга юрт, ҳонумони,
Сўз ичинда ширин жони,
Еярга Сўз ошу- нони,
Туз излаб йўлга чиққанмиз!

Дунё-ю дун ухлар ҳали,
Дори уйғоқ Сўз осгали,
Дил доғига лаб босгали,
Муз излаб йўлга чиққанмиз!

Бизни қўлла илоҳий зот,
Сўзки йўқдан қилди бунёд,
Бизам бормиз, бизам барбод,
Ўз излаб йўлга чиққанмиз!

17.07.2022

* *

Сендан кетаяпман…
Ҳуш қол, эй қишлоқ…
Қучоғингга бардам қайтоламанми.
Кун келиб ҳокисор, ўзингдай тикроқ,
Элга керак Сўзни айтоламанми.

Мен кетсам…
Умримни банди этмасми,
Онамнинг соғинчин кўтарган жисмим.
Қўшни қиз ёдидай ўчиб кетмасми,
Тераклар кўксига ёзилган исмим.

Ойдин оқшом сойга элтувчи сўқмоқ,
Тўзмасми оёғим узилга они.
Бир нафас бандидан узилгач япроқ,
Муаллақ қолмасми Отам кетмони.

Ёз елка тутарми, ошмоққа девор,
Қирмизи олмалар тўп- тўп тушган пайт.
Синглимдек сўроқлаб келганда баҳор,
Кимга довуччалар териб бергум айт?!

Айт қандай шеър ёзгум, айт шоир бўлгум,
Тоғларинг теграмда қаддин эгмаса.
Онамдай беозор, отамдай бемор,
Элга асочалик нафим тегмаса.

Шеър бу- ўнг бўлиб ўнг, туш бўлиб тушмас,
Мен жон қадар севдим бу телба Дардни.
Ўзга боғ баҳори бағрига қўшмас,
Илдизларин ташлаб кетган, Дарахтни.

Сендан кетаяпман…

ҲАЗИЛ ШЕЪР

Олтин балиқ тушди бугун қармоғимга,
Мендан тилак сўрай кетди бечораҳол.
Уй беэшик…
Тоғорам ҳам тешик эди,
Шошиб қолдим эртакдаги мен ўша чол.

Нима қилсам ёшроқ ҳотин сўрасамми?
Капалакдай потирлайди қурғур юрак.
Дўсти содиқ бағри бутун сўрасамми?
Менга оташ туйғуларни тоти керак!

Ўнгиримда дейман ўнта ўғлим бўлса,
Шоирману тилим келмас калимага.
Майли чўнтак тўлмаса ҳам, кўнгил тўлса,
Уйлансамми илк севганим Ҳалимага…

Ўқимаган,
эсинг қурғур
мўлдир сўзи,
Барбод қилди шундай ёрқин келажакни.
Ҳали эртак тугамасдан уқлоғ билан,
Тонгда хотин уйғотворди мен тентакни.

Лек барибир отар эдим ботқоғига,
Ўзим юпун қолсам ҳамки дала- тузда.
Олтин бўлса тушиб ҳар кас қармоғига,
Яшамаган бўлар эди тор ҳовузда.

***

Сенингсиз мен-
нигоҳлари билан сўйлар
бир забунман,
Ҳам басирман,
туну- кундан айро
қароқсиз.
Бандидурман- саслар етиб бормас қулоқсиз.
Тўрт томонсиз кимсадирман-
қўлсиз, оёқсиз…

Бу дунёнинг
барча латиф сўзлари бор
сен ҳақингда сўйлаяжак…
Кўзлари бор икки дунё
сени кўрар.
Учаётган қушлар,
Елаётган сабо,
Куртак отган барглар
Сени дея сасланажак…
Бу дунёнинг
гулу- гиёҳлари
чўлу- ирмоқлари
суву- тупроқлари
яқин- йироқлари
бир ўзингга элтажакдир…

Сен менинг
энг гўзал ва покиза
Дунёларимдасан.
Дуоларимдасан…
Дуоларимдасан…
Дуоларимдасан…

* * ***

Қушлар чуғурлашиб, сўнганда офтоб,
Тун тоғлар бошига ёйганда кимҳоб,
Ой олтин косада сузганда шароб,
Мени эсларсан…

Кумушранг шабнамлар тонгдек беғубор,
Қизғалдоқ қирлардан тикланса минор,
Боғларга кечикиб келганда баҳор,
Мени эсларсан…

Умрингни автолар шовқини ютса,
Бахт тилаб қўлингдан гадолар тутса,
Пойингдан минг йиллик Дунёлар ўтса…
Мени эсларсан…

Боқсанг ойналарга босганча юзинг,
Сен йўқ осмонларда менинг юлдузим,
Кўнглинг осмонида юлдуз мен ўзим,
Мени эсларсан…

Висолсиз тонгларни туғмиш остона,
Ишққа келгандикку дунё баҳона,
Бир Умид ўлмаса Икки жаҳона…
Мени эсларсан…

* *

Узоооқ яшаб қўйдим…
Мудроқ,
Чинордек…
Ҳар баҳор умримга куз харидордек,
Кутдим, табибимга муштоқ бемордек-
Мен сенинг ёнингга қайтаман…

Эй маним топганим, эй топинганим,
Умрим узанган жой остонанг, маним,
Кўнглимга нур бериб тур соғинганим
Мен сенинг ёнингга қайтаман…

Дарахтлар ҳазондир
гуллар пинҳона,
Сўз узун йўл бўлмиш бир Ишқ баҳона,
Кўнгил иншосида ғамгин таронам
Мен сенинг ёнингга қайтаман…

Топсам, ўздан Одам Атони топгум,
Ҳар бошдан минг турфа савдони топгум,
Минг йиллик дардга зўр кимёни топгум-
Мен сенинг, ёнингга қайтаман…

Умид кўзларимда ёнган чироқдек,
Ҳам ошиқ аҳлига ҳамроҳ фироқдек,
Муслим макон тутган қадим тупроқдек,
Мен сенинг ёнингга қайтаман…

Бевақт хазон қилма, имонга жон қил,
Бандангга ҳор қилма банди Султон қил,
Аё Ҳақ умримни Ишққа эҳсон қил!!!
Мен сенинг ёнингга қайтаман…

Эски_дафтардан…

Энди ой чиқмайди осмонингизда,
Юлдузсиз бўзарар кечаларингиз.
Тунлар ғам ухлайди айвонингизда,
Ҳувиллаб қолади кўчаларингиз…

Кўзлари тўрт бўлар озорингизнинг,
Сизга интиқ чеҳра боқиб турмайди.
Чимлари кўчмайди деворингизнинг,
Изим йўлингизни пойлаб юрмайди.

Шомлар боғ оралаб таниш теракка,
Исмим ёзолмайди пичоқларингиз,
Оташ беролмаган битта юракка,
Музлаб қолмасмикан қучоқларингиз.

Сўнгсиз сўроқларнинг жароҳатида,
Сиз-ла сирлашолмай гўнгланар армон,
Бу икки дунёнинг аросатида,
Ишқ деб телбаланган умрингиз сарсон.

Энди сингил тушиб ҳажру- фироққа,
Ширин хаёлларга чўма олмайсиз.
Бечора жонимни бериб тупроққа,
Ўлсам, кўксингизга кўма олмайсиз.

Ўзгача яшайман, бу кундан бошлаб,
Жисмим тополмайсиз еру- самодан.
Келманг! Изларимни супуриб ташлаб,
Ўзимни ўғирлаб кетдим, Худодан…

2006

* * ***

Ҳув олис қишлоқда,
Йўл қараб овлоқда,
Менга кўз тикмоқда
Онам бор.

Эҳ асо кетмони,
Кўксида осмони,
Минг қуроқ чопоним-
Отам бор.

Ёз яланг оёқда,
Ўт кечиб тупроқда,
Қирда қўй боқмоқда
Акам бор.

Сир айтиб райҳонга,
Турт кунлик меҳмонда,
Кўзлари жайрондай
Синглим бор.

Байт битиб теракка,
Униққан кўйлакда.
Ҳислар кўз юммакда…
Севгим бор.

Хаёлга қўл бўлган,
Умри бир пул бўлган,
Бағри тош шаҳарда
Мен борман.

Гул синглим райҳонни,
Минг қуроқ чопонни,
Лойсувоқ айвонни
СОҒИНДИМ…

Йўқ, равон йўлнимас,
Ҳамёнмас, пулнимас,
Уфф, атиргулнимас…

Қирда қўй боқмоқни,
Ҳокисор тупроқни,
Ҳувв олис қишлоқни
СОҒИНДИМ…

2007

* *

Менинг ётар юртим- осойиш тепа,
Қадим дарёларнинг туташган жойи.
Тун тоғлар бошига тикканда капа,
Шом қўйиб юборар, баркашдек ойин.

Кўкгумбаз масжидлар тоқида аъзон,
Кешнинг кенгликлари бир беҳишт каби.
Тоғларнинг, боғларнинг аксида осмон,
Кезинар жаннатга етгандек Набий.

Ёдларда ёз ёрқин, ҳандалак бўйли,
Шамолларнинг олма узиб қочгани.
Ўн саккиз баҳор бор ҳижронли, тўйли,
Бир тотли сирим бор, сенга очгали.

Менинг ётар жойим, осойиш тепа,
Шабнамзор тонгларни сарпойчан кездим.
Туманли тоғларга боқиб ҳар сафар,
Ўзимни бахтиёр ҳоқондек сездим.

Балки йўқлаб турар бир шеърий нафас,
Дарвозамни қоқиб келар дўстларим.
Менинг жон азамга капалак нусха,
Бўйинбоғин тақиб келар дўстларим.

Олисларда кимдир умримни элар,
Элин ортга ташлаб кетмаган шоир.
Минг йилда бир марта дунёга келар,
Тошкентга оёғи етмаган Шоир…

Жигарларга мактуб.
туркум

1
Отам бу куз саксондан ошди,
Оқ соқоли кўксига тушди,
Маним бундан кўнглим увишди…
Энди тоғим омонат қушми?

Бизни ҳалол ризқ ила боққан,
Узун умрин этиб дастурхон.
Дарё бўлиб Ҳақ томон оққан,
Ҳар сония бўлолган Инсон…

Онам яшар умрин илиниб,
Ҳар чоғига жонин тушайди.
Бахт кетмаган кузги боғларда,
Жуфт бахтиёр қушга ўхшайди.

2

Онам яшар умрин илиниб,
Чумолига бермаган озор.
Елкасида бир элнинг ғами,
Жуссасида қирқта жони бор,
Яхшиларнинг яхши Одами..
Элга қўшган саккизта жонни,
У на фақат менинг Онамдир,
У на фақат сизнинг Онанггиз,
Онасидир Ўзбекистонни,
Онасидир Ўзбекистонни…

3

Ака, сенинг қаддинг букилди,
Сенга қараб мен ҳам тўкилдим…
Сен елкангда олиб юрардинг,
Тепа эди, ман- ман деган тоғ,
Осмонларни тутиб турардинг,
Уст- бошимга қўнмасди тупроқ.
Ака, сенинг қаддинг букилди,
Сенга қараб мен ҳам тўкилдим.

4

Опа…
Мудом меҳринг пойдорми,
Ариқлардан опичлаб ўтдинг.
Мен бормадим, минг йиллаб кутдинг,
Мен бормадим минг йиллаб кутдинг…
Йиқилган чоғ қўлларинг узат!
Адашганда тўғри йўл кўрсат!
Опа мудом меҳринг пойдорми?

5

Синглим,
Жоним сенинг ичингда…
Умрим менинг иш билан банддир,
Умринг сенинг иш билан банддир.
Тирикчилик сендан баланддир,
Тирикчилик мендан баланддир.
Келмадинг сен минг баҳор ўлди,
Мен бормадим ўлди минг баҳор.
Ўлмаган бир Соғинчларим бор,
Ўлмаган бир Соғинчларинг бор…
Синглим,
Жоним сенинг ичингда…

6

Отам яқин келмиш тупроққа,
Онам яқин келмиш тупроққа,
Йиллар бошим оқларга белар.
Ота уйни тез йўқлаб туринг!
Айланмасдан соғинч фироққа,
Дийдорини кўзларга суринг!
Дийдорини кўзларга суринг!
Балки, умри етмас кутмоққа…

***

Қалдирғочла хайр-
хушлашар Онам,
«Омон қайтиб келгин,
Омонат қушим!!!»
Билсам Онам ҳам бир
қалдирғоч экан,

Омонат қушим…

* * *

Мен сизни ҳеч қачон сева олмадим,
Кўкни кўк атадим, оқ дедим оқни.
У нурдек пок эди, турокдан қадим,
Тўрт томон ўргатди кандай севмоқни.

Мен узоқ яшардим,
Икки ёнимдан,
Тарқаб кетар эди икки минг дарахт.
Шайтон сизиб турса ҳамки ёнимда,
Жонни асраб қолган куним улуғ бахт.

Лек сизла бир умр яшай олмадим,
Бутунлай айро ҳам тушмадим бироқ.
Сизга ўкиб берган чин шеърларимдан,
Унга айтиб берган сўзларим кўпроқ.

… Жон томирим туташ эди, Сабрга,
Умидим қаритар эди, Қуёшни.
Сиз элтиб қўйдингиз мени қабрга,
Қабримгача олиб кнтдим у Тошни.

* * *

Оқ ойдин кечалар…
Ой тўлган шомлар…
Ишққа эҳсон бўлган кузим куртаклар.
Исмимиз опичлар кун сайин кўкка,
Осмонни кўтариб турган тераклар.

У чоғ мен соатсиз қишлоқи бола,
Муҳаббатла кирдим ўн саккиз ёшга.
Бахтимми елкамга қўнган соч толанг,
Иккимиз яқинроқ эдик Қуёшга.

Мен шошиб яшадим,
Сен шошмай кутдинг,
Орзум олис эди кутавердинг жим.
Кутдинг. Бу дунёдан дунёлар ўтди,
Сени кутдиришга етмасди Умрим.

Кечиргил… Бу ёруғ умрни кечир!
Умринг йўлдош бўлсин бека бўл бахтга.
Бебаҳор ўлмасин, беадоғ бўлсин!
Исмимиз ёзганим ҳар бир Дарахтга.

Нада қўлинг тутдим,
Ва на унутдим,
Ҳаққа элтсин майли бу тоза гуноҳ.
Аҳир топинган чоғ қибламиз Каъба,
Аҳир иккимизнинг раббимиз Аллоҳ.

Ёзганлар адашур «севги бир айтим»,
Минг латиф ҳисларни ичимга ютдим.
Минг ошиқ сўз айтдим,
Минг ишқ сўз айтдим,
Севаман сўзини айтолмай ўтдим…

 ***

Ўн йил сенсизликда нур ёғди само,
Ўн йилдан нарида баҳорлар, бахтлар.
Ўн йил бу- кузакнинг боғлари аро,
Тириклайин ёниб кетган Дарахтлар…

Ўзимнинг
ўзимники бўлмаган дунём,
Бир сабр…
бир ситам…
бир Ишқлик лошим.
Сен кетган боғларда, чоғларда мудом,
Ўттиз саккиз эмас, ўн саккиз ёшим.

Муҳаббат биз тотган минг йиллик армон,
Худо иккимизга тенг бўлган Сирдир.
Иккимиз одаммас иккита ҳижрон-
Бизнинг фарзандимиз ўн бирга кирди.

Ўн йил ғуруримнинг мевасин тердим,
Тўлдирдим соғинчнинг бир камларини.
Сен менга телефон рақаминг бердинг,
Айтмадинг қалбингнинг рақамларини.
Айтмадим қалбимнинг рақамларини…

01.11.2023

Bundan yetti yil avval shoir she’rlarini ilk bor taqdim etganda shunday yozgan ekanman: «Qashqadaryo vohasida ijod qilayotgan yosh shoirlar davrasida Samariddinning o’ziga xos va munosib o’rni bor…» Bugun uning yangi she’rlarini taqdim etamiz.

Samariddin SAYYIDZOD
SHE’RLAR


56 Samariddin Sayyidzod (Shukrullayev) 1986-yil, 20-iyulda Qashqadaryo viloyati Chiroqchi tumanida tug’ilgan. She’rlari turk, ozarbayjon, qozoq tillariga tarjima qilinib, mazkur davlatlardagi nufuzli adabiy jurnallarda nashr etilgan. 2009-yilda o’tkazilgan «Kelajak ovozi» Respublika iste’dodli yoshlar tanlovining g’olibi. «Oy kamalagi» nomli she’riy to’plamining muallifi. Qarshi Davlat Universitetini tamomlagan. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining a’zosi. Hozirda ta’lim va madaniyat sohasida faoliyat olib boradi.


* * *

Juda xursand edim,
U kun shod edim,
Yildirim yelkamda ikkita qanot.
Oldinda bir yorug’ manzil bor edi,
Men yozgan she’rlarga o’xshardi hayot…
Men ko’rgan kunlardan yaxshiroq edi.

Yettinchi osmonda uchardim go’yo,
Olam go’zal edi, olam oq edi.
Birinchi she’rimni o’qirdi dunyo,
Bosganim tuproqdan balandroq edi.

Hamma she’r o’qirdi, men shoir edim,
Bu his chin bo’lganda ming yil o’lmasdim.
Unda ilk she’rlarim chiqqan gazetga,
Pista o’rashlari haqda bilmasdim.

* * *

Kun masrur…
Bog’larda qushlar sayraydi,
Tashqarida ozod shamollar xurram.
Yil mudom to’rt fasl…
Bahor- yayraydi,
Shabnamga yuz chaygan chechaklarni ham.

Burgut qanot qoqar yuksak qoyada,
Ming yillik bardoshga timsol bo’lar tosh.
Kapalak ko’z ochgan bedapoyada,
Bir kunlik umrini ortmoqlar quyosh.

Kezar kurtaklarda ilohiy bir sas,
Panjalarin yozib yuborar yaproq.
Qaldirg’och ko’z ochgan huvv yalanglikda,
Osmonga termulib yotadigan chog’…

Chumoli inining ro’parasidan,
Maysazor so’qmoqqa ocha boshlar yo’l.
Dunyoning berkilgan derazasidan
Orziqib qaraydi tuvakdagi gul.
Termulib qaraydi tuvakdagi gul…

* * *

Juda xursand edim,
U kun shod edim,
Yildirim yelkamda ikkita qanot.
Oldinda bir yorug’ manzil bor edi,
Men yozgan she’rlarga o’xshardi hayot…
Men ko’rgan kunlardan yaxshiroq edi.

Yettinchi osmonda uchardim go’yo,
Olam go’zal edi, olam oq edi.
Birinchi she’rimni o’qirdi dunyo,
Bosganim tuproqdan balandroq edi.

Hamma she’r o’qirdi, men shoir edim,
Bu his chin bo’lganda ming yil o’lmasdim.
Unda ilk she’rlarim chiqqan gazetga,
Pista o’rashlari haqda bilmasdim.

Poytaxtdagi do’stga

Oraliqdan o’tar Dunyo yo’llari,
Rost- yolg’on,
Haq- shayton,
Oq bilan qora…
Mening o’tib ketgan umrim singari,
Tiriklikning qadri ortar tobora.

Televizordan so’ylar shoir do’stlarim,
Vatan haqda so’ylar, so’ylar Erk haqda.
Ufqqa botib borar g’amgin ko’zlarim,
Vatanparvarlarning bari poytaxtda.

Goho yostiq bo’ldi, boshimga ketmon,
Bugun kun uzog’i yo’ng’ichqa o’rdim.
Goho loyga botgan oyog’im bilan,
Kapalak oshyonin axtarib yurdim.

Tunda sim qoqaman Toshkentga tomon,
Hayratlar qanaqa,
Ko’ngillar to’qmi?
Qanday she’r yozildi, yozildi doston,
Abdulla Oripov o’tgani yo’qmi?

So’zdan so’nish olar, Toshkentlik do’stlar,
Hayratlar so’lg’indir, Ustozlar omon.
Bunda ko’rinmaydi somon yo’llari,
Bunda kengliklarni sog’indik chunon.

Somon yo’llariga termulib yotdim,
Tog’lar tug’ishganim qadrdan go’sha.
Bu tun uxlolmadim tongni uyg’otdim,
Vatan o’sha edi,
Men- o’sha, o’sha..

2016
TASKIN

Baxtinisoga

Sensiz yana…
Bog’laringa bahor qaytar,
Nahor qaytar mashhargacha qayta tug’ruq.
Kecha kunduz takror qaytar, takror qaytar,
Ketgan qaytar, ketmonlangan qaytgani yo’q.

Ostonangda yetim qolgan bardosh daydir,
Birda tobut muzlab ketar mozoriga.
Sharqu- g’arbning yeleasida quyosh daydir,
Hayot beshik izlab borar bozoriga.

Boshlaringdan aziz aylar toshlarini,
Nolish qayda, chimdan bo’lak bolish qayda?!
Yerdan olib, yerga sochar loshlarini,
Bu dunyoda mangu yashab qolish qayda.

Habiblarning ufqqa botar peshonasi,
Haqning Ishqi shirin jonga chovut solar.
Asli umring- Xudovandning ostonasi,
Bu dunyoga kelmagan zot o’lmay qolar.
Bu dunyoga kelmagan zot o’lmay qolar…

***

Oktyabrь haqidagi eng go’zal she’rni…
Tabiat yozdi…
Olov rangda bog’- rog’larga kirib keldi Kuz.
Endi bunda yashillangan yaproqlar ozdir,
Har daraxtdan to’kilmoqda alvonrang bir So’z.

Vaqt degani ust- boshimiz bo’yadi oqqa,
Yillar aro kimdir manzil, murodga yetdi.
Qancha latif tuyg’ularni qo’ydim tuproqqa,
Qalbim she’rsiz tomonlarni axtarib ketdi.

Ey umrimning ruhi siniq bir kenja oyi,
Ey tonglari to’yga tutash go’zal bir fursat.
Bu dunyoning bormi hazon yetmagan joyi,
So’lganda ham ming bor gullab yashashni o’rgat!

* *

Avgust suv taraydi yaydoq dalaga,
Horib qaytgan chupon suruvin qamar.
Osmon chodir yoyar oy mash’alaga,
Soyalar oq tunning choponin yamar.

Olislardan kela boshlar to’y xatlar,
Ishkomlarga o’zin osadi samar.
Dil roziga to’lar kentlar, poytaxtlar,
Umid ulg’ayadi qabringga qadar.

Ishqqa sirdosh yolg’iz oyoq so’qmoqlar,
Chirildoqlar tunning jonini yoqar.
Terakzorda chapak chalar yaproqlar,
Ariqlarda qirmiz olmalar oqar.

Yeru- osmon guvoh, har zarra uyg’oq,
Polizlarda sho’x yel qovun yoradi.
Avgust…
Top- toza tun…
Va toza gunoh,
Seni Xudovandga olib boradi.

02.08.2020

* *

Sumbula-
Sokin tun namxush havoda,
Yotibman ko’zimda osmon parchasi.
Ayni dam men shohman, g’olib fuqoro,
Meniki muzaffar hislar barchasi…

Umrimda Haq taraf oqdi daryolar,
Umrimda daraxtlar to’rt tomon chopdi.
Men qo’yib yubordim, bandi tog’larni,
O’zimdan devona Dunyoni topdim.

Bu dunyo ham zohir,
bu dunyo tilsim…
Po’rim liboslarda yayradi tanim.
Do’stu- yor dilimni qaydanam bilsin,
Yolg’izliklar ichra yolg’iz yurganim.

Menga qalbim ka’ba,
yuzim burganim…
Jismimning topgani ikki enlik bo’z.
Ikki qarog’imda asrab turganim,
Haq bu labimdamas, ichimdagi So’z.

Kel! Seni bag’rimga qattiqroq bosay!
Ham senga Yog’iyman,
ham senga Najot.
Qo’rqma, soniyanga umrimni to’lab,
Senda ijarada turibman Hayot…

* *

Sevgi aytilmagay, sevgi yutilgay…
Tillarga tushmagay sevgining oti.
Bir umr va yo o’n chandon kutilgay,
Hijronla tirikdir Ishqning hayoti.

Sevganing kim edi… Shirin yo Laylo,
Ishqmas ko’z yoshlarga taning qormasa.
Ishq ham ishq emasdir, muslim ham tarso,
Seni Yaratganga olib bormasa…

16.12.2021.

* * *

Kutmoq — kuzatmoqning orasi Hayot…
Umr suv ichmoqdek bir oniy fursat.
Bir fursatkim — O’lim soya, ko’ngil doya,
Har oningga bo’lmish go’zal Ishq nihoya.
Goh burgutday poying do’nar yuksak toqqa,
Umring o’xshar sahrodagi qizg’aldoqqa.
Goh yelkangda chayqaladi o’ksik tobut,
Goh birida jilmayadi go’dak hushnud.
Goho ko’klam gullar sochar ko’kka shodon,
Goho kuzak evriladi yerga nolon.
Goho jonga ketmoq abad, toshlar tirik,
Goh zaminda necha aziz boshlar chirik.
Yuborganing xatlar manzil ham makonsiz,
Kunlar kelar noming yashar hatto jonsiz.
Derazangdan tonglar elar kumush g’ubor,
Kunlar sendan o’tib borar takror — takror.
Bir kunlarki — quvonch, shodlik hadya etar,
Bir kunlarki — g’amdan yurak tomib ketar.
Bir kunlarki — boqib hayron jilmayasan,
Ulg’aysang ham ko’ngil qadar ulg’ayasan…

01.01.2022

Hayitko’l qayerda?!
(Ijtimoiy tarmoqqa joylangan Hayitko’l kengliklarining tasviridan so’ng…)

Ustoz O’roz Haydarga

Hayitko’l, uyg’oq turg’ayzorlar tug’ilgan yurtda!
Hayitko’l tepalari tog’larga o’xshash,
Tog’lari huuv osmonga tutash yurtda!

Hayitko’l bu- uch bolasidan biri shoir,
ikkinchisi polvon,
uchinchi chavondoz yurtda!

Hayitko’l, cho’pon bo’lsangiz ham,
sulton bo’lsangiz ham,
boringizni yuzingizga aytguvchi,
hali yolg’onlar tug’ilmagan yurtda!

Hayitko’l,(erkak yiqilmas)
erkak yiqilgudek bo’lsa,
elning ori uchun ayollari ham kurash tushib ketaveradigan yurtda!

Hayitko’l oshiq bolalarini jahonga qo’yib yuborib,
sog’inchini quchoqlagan
hofizlarning,
olimlarning,
shoirlarning onalari yotgan yurtda!

Hayitko’l, dasturxonni belbog’ qilibmas,
belbog’ini dasturxon etgan, otalarning bolalari yashagan yurtda!!!
Tulporlari kishnagan yurtda!!!

***

Tanim Dunyoliqdir,
Ruhim Xudoliq…
Bu lablarim
nada go’zal shivirlamoq,
Bir malakning lablariga
dastxat bitmoq hadisin olgan.
Nigohlarim tilamchidek
Yolvorguvchi…
Yolvorguvchi…
Yolvorguvchi…
Netay bu chog’
Baxt aldamchi, vaqt aldamchi,
naqd aldamchi.
Tovonimdan
Yo’llar o’tmish, cho’llar o’tmish men- piyoda.
Piyodalar omonatdir bu dunyoda.
Qo’llarimda qo’llar o’lmish,
gullar o’lmish,
hazon bo’lmish,
hazon bo’lmish,
hazon bo’lmish…
Bu dunyoning bor kechmishi peshonamda,
Otilmagan oppoq tonglar ostonamda…
Tashlab ketgum bu Dunyolarni
Ilon po’stin tashlagandek,
tashlagandek ko’z qoroqni,
el- gunohni,
so’z- guvohni.
Umrim so’qmoq
Tanim tuproq
Qalbim- Alloh…
Chekimda ne, Dunyolarim Ishqqa tashna.
O’lim tashlab ketmaydigan bitta oshna.
Bitta oshna…
Bitta oshna!!!
U kun manim bor kechmishim
bir o’tmishdir.
bir o’tmishdir!
Bir o’tmishdir…
Ham kelajak kunlarimni unutmishdir.
Men hayotni sevdim sabru- sabotim bor.
Chunki unda ikki go’zal hayotim bor.
Biri qizim, biri o’g’lim qanotim bor.
Ketsam hamki qaytajakman takror- takror.
Qaytgan kabi bu qirlarga yana bahor…
Umrim uzoq bo’lsin!!!

***

Go’zal yaralmishlar…
Bari- Rabbano…
O’ttiz uch yoshimda tonglarga boqdim.
O’ttiz uch ko’klamni kul qildim mano,
Oy bilan o’ttiz uch daryoda oqdim.

O’ttiz uch umrimni ayladi harob,
Tanimla tiklangan bu qadim gunoh.
Garchi oshiqlarning oshyoni mehrob,
O’ttiz uch bor sajda qildimmi Alloh.

O’ttiz uch olamga manam yor o’ldim,
Bir ishqla to’lmadi, ko’ngilning ko’sti.
O’ttiz uch malakka haridor bo’ldim,
Yolg’iz tashlab ketdi, o’ttiz uch do’stim.

Derlar; uyg’ongusi Mashhar tongida,
Muslim bandalari o’ttiz uch yoshda.
Bugun butun borliq sur ohangida,
Bu qiyomat boshqa, qiyomat boshqa…

Taqvosini to’ldir, hayosin to’ldir!
O’ttiz uch ming tuman, faqir avboshning.
Yoki imonimla manim bo’t o’ldir,
Yohud, o’lmasimdan uyg’ot Quyoshni!

***

Ko’zim qalbga bir choh etmish,
Gumrohlara guvoh etmish,
Ne etsa ham Alloh etmish,
Naylayin ishq…
Naylayin ishq…
Umrim g’amga hamroh etmish.

Qayon borgum, qaylanurman?!
Haqdin Haqqa shaylanurman.
Ildizim Ishq aylanurman,
Daraxtlardin daraxtlara.

Ne sham erur, ko’zim kuymish,
Bu ishqsiz ildizim kuymish,
Boqar bo’lsam, yuzim kuymish,
Malaklardin malaklara…

Dunyo baland bir tog’ o’lsun,
Mehrim tog’dan ko’prog’ o’lsun,
Tanim nurab tufrog’ o’lsun,
Yo’laklardin yo’laklara.

Oy tukilg’ach hilol bo’lg’ay,
Ishqdin totqan bir bol bo’lg’ay,
Umrim esgan shamol bo’lg’ay,
Falaklardin falaklara…

Umrim ishqqa hamroh o’tsun,
Ikki olam guvoh o’tsun,
Ishqni ichgil Alloh o’tsun,
Yuraklardin yuraklara,
Yuraklardin yuraklara…

31.03.2021.

***

Bir chechak bor- bexazonliq,
Yana jon bor, dema jonliq.
Makon bor…
U bemakonliq,
Yeru- osmon o’rtasinda…

Ming sitam- bir baxtiyorliq,
Bir hakam ming beqarorliq.
Bir vasl ming intizorliq,
Jism ila jon o’rtasinda…

Hama oshkor emas bu sir,
Gung ko’zidin izhor o’qir.
Ming ko’zlining qalbi so’qir,
Visol hijron o’rtasinda…

Zar ila xor, oq qoradir,
To qiyomat ko’z yoradir.
Bechoraliq ham choradir,
Shodu nolon o’rtasinda…

Yana bordir gullash fasli,
Jonni jonga ulash fasli.
Ishq- tufroqqa qulash fasli,
Ko’klam xazon o’rtasinda…

Kel ey, ko’nglimni naqqoshi,
Mani mandin ol, taloshib.
Sani sanga ketay toshib,
Ikki jahon o’rtasinda…

18.12.2022.

ShOIR UKALARIMGA…

So’z yaralmish eng avvali,
Tog’lar ham So’zla cho’kkan tiz.
Yaratgan So’zga zor qilma,
So’z izlab yo’lga chiqqanmiz!

Bir So’zlarki Haqqa yetgay,
So’zsiz dunyo kuyib ketgay,
Hama ko’klam tomon ketgay,
Kuz izlab yo’lga chiqqanmiz!

Yasharga yurt, honumoni,
So’z ichinda shirin joni,
Yeyarga So’z oshu- noni,
Tuz izlab yo’lga chiqqanmiz!

Dunyo-yu dun uxlar hali,
Dori uyg’oq So’z osgali,
Dil dog’iga lab bosgali,
Muz izlab yo’lga chiqqanmiz!

Bizni qo’lla ilohiy zot,
So’zki yo’qdan qildi bunyod,
Bizam bormiz, bizam barbod,
O’z izlab yo’lga chiqqanmiz!

17.07.2022

* *

Sendan ketayapman…
Hush qol, ey qishloq…
Quchog’ingga bardam qaytolamanmi.
Kun kelib hokisor, o’zingday tikroq,
Elga kerak So’zni aytolamanmi.

Men ketsam…
Umrimni bandi etmasmi,
Onamning sog’inchin ko’targan jismim.
Qo’shni qiz yodiday o’chib ketmasmi,
Teraklar ko’ksiga yozilgan ismim.

Oydin oqshom soyga eltuvchi so’qmoq,
To’zmasmi oyog’im uzilga oni.
Bir nafas bandidan uzilgach yaproq,
Muallaq qolmasmi Otam ketmoni.

Yoz yelka tutarmi, oshmoqqa devor,
Qirmizi olmalar to’p- to’p tushgan payt.
Singlimdek so’roqlab kelganda bahor,
Kimga dovuchchalar terib bergum ayt?!

Ayt qanday she’r yozgum, ayt shoir bo’lgum,
Tog’laring tegramda qaddin egmasa.
Onamday beozor, otamday bemor,
Elga asochalik nafim tegmasa.

She’r bu- o’ng bo’lib o’ng, tush bo’lib tushmas,
Men jon qadar sevdim bu telba Dardni.
O’zga bog’ bahori bag’riga qo’shmas,
Ildizlarin tashlab ketgan, Daraxtni.

Sendan ketayapman…

HAZIL SHE’R

Oltin baliq tushdi bugun qarmog’imga,
Mendan tilak so’ray ketdi bechorahol.
Uy beeshik…
Tog’oram ham teshik edi,
Shoshib qoldim ertakdagi men o’sha chol.

Nima qilsam yoshroq hotin so’rasammi?
Kapalakday potirlaydi qurg’ur yurak.
Do’sti sodiq bag’ri butun so’rasammi?
Menga otash tuyg’ularni toti kerak!

O’ngirimda deyman o’nta o’g’lim bo’lsa,
Shoirmanu tilim kelmas kalimaga.
Mayli cho’ntak to’lmasa ham, ko’ngil to’lsa,
Uylansammi ilk sevganim Halimaga…

O’qimagan,
esing qurg’ur
mo’ldir so’zi,
Barbod qildi shunday yorqin kelajakni.
Hali ertak tugamasdan uqlog’ bilan,
Tongda xotin uyg’otvordi men tentakni.

Lek baribir otar edim botqog’iga,
O’zim yupun qolsam hamki dala- tuzda.
Oltin bo’lsa tushib har kas qarmog’iga,
Yashamagan bo’lar edi tor hovuzda.

***

Seningsiz men-
nigohlari bilan so’ylar
bir zabunman,
Ham basirman,
tunu- kundan ayro
qaroqsiz.
Bandidurman- saslar yetib bormas quloqsiz.
To’rt tomonsiz kimsadirman-
qo’lsiz, oyoqsiz…

Bu dunyoning
barcha latif so’zlari bor
sen haqingda so’ylayajak…
Ko’zlari bor ikki dunyo
seni ko’rar.
Uchayotgan qushlar,
Yelayotgan sabo,
Kurtak otgan barglar
Seni deya saslanajak…
Bu dunyoning
gulu- giyohlari
cho’lu- irmoqlari
suvu- tuproqlari
yaqin- yiroqlari
bir o’zingga eltajakdir…

Sen mening
eng go’zal va pokiza
Dunyolarimdasan.
Duolarimdasan…
Duolarimdasan…
Duolarimdasan…

* * *

Qushlar chug’urlashib, so’nganda oftob,
Tun tog’lar boshiga yoyganda kimhob,
Oy oltin kosada suzganda sharob,
Meni eslarsan…

Kumushrang shabnamlar tongdek beg’ubor,
Qizg’aldoq qirlardan tiklansa minor,
Bog’larga kechikib kelganda bahor,
Meni eslarsan…

Umringni avtolar shovqini yutsa,
Baxt tilab qo’lingdan gadolar tutsa,
Poyingdan ming yillik Dunyolar o’tsa…
Meni eslarsan…

Boqsang oynalarga bosgancha yuzing,
Sen yo’q osmonlarda mening yulduzim,
Ko’ngling osmonida yulduz men o’zim,
Meni eslarsan…

Visolsiz tonglarni tug’mish ostona,
Ishqqa kelgandikku dunyo bahona,
Bir Umid o’lmasa Ikki jahona…
Meni eslarsan…

* * *

Uzoooq yashab qo’ydim…
Mudroq,
Chinordek…
Har bahor umrimga kuz xaridordek,
Kutdim, tabibimga mushtoq bemordek-
Men sening yoningga qaytaman…

Ey manim topganim, ey topinganim,
Umrim uzangan joy ostonang, manim,
Ko’nglimga nur berib tur sog’inganim
Men sening yoningga qaytaman…

Daraxtlar hazondir
gullar pinhona,
So’z uzun yo’l bo’lmish bir Ishq bahona,
Ko’ngil inshosida g’amgin taronam
Men sening yoningga qaytaman…

Topsam, o’zdan Odam Atoni topgum,
Har boshdan ming turfa savdoni topgum,
Ming yillik dardga zo’r kimyoni topgum-
Men sening, yoningga qaytaman…

Umid ko’zlarimda yongan chiroqdek,
Ham oshiq ahliga hamroh firoqdek,
Muslim makon tutgan qadim tuproqdek,
Men sening yoningga qaytaman…

Bevaqt xazon qilma, imonga jon qil,
Bandangga hor qilma bandi Sulton qil,
Ayo Haq umrimni Ishqqa ehson qil!!!
Men sening yoningga qaytaman…

Eski_daftardan…

Endi oy chiqmaydi osmoningizda,
Yulduzsiz bo’zarar kechalaringiz.
Tunlar g’am uxlaydi ayvoningizda,
Huvillab qoladi ko’chalaringiz…

Ko’zlari to’rt bo’lar ozoringizning,
Sizga intiq chehra boqib turmaydi.
Chimlari ko’chmaydi devoringizning,
Izim yo’lingizni poylab yurmaydi.

Shomlar bog’ oralab tanish terakka,
Ismim yozolmaydi pichoqlaringiz,
Otash berolmagan bitta yurakka,
Muzlab qolmasmikan quchoqlaringiz.

So’ngsiz so’roqlarning jarohatida,
Siz-la sirlasholmay go’nglanar armon,
Bu ikki dunyoning arosatida,
Ishq deb telbalangan umringiz sarson.

Endi singil tushib hajru- firoqqa,
Shirin xayollarga cho’ma olmaysiz.
Bechora jonimni berib tuproqqa,
O’lsam, ko’ksingizga ko’ma olmaysiz.

O’zgacha yashayman, bu kundan boshlab,
Jismim topolmaysiz yeru- samodan.
Kelmang! Izlarimni supurib tashlab,
O’zimni o’g’irlab ketdim, Xudodan…

2006

 ***

Huv olis qishloqda,
Yo’l qarab ovloqda,
Menga ko’z tikmoqda
Onam bor.

Eh aso ketmoni,
Ko’ksida osmoni,
Ming quroq choponim-
Otam bor.

Yoz yalang oyoqda,
O’t kechib tuproqda,
Qirda qo’y boqmoqda
Akam bor.

Sir aytib rayhonga,
Turt kunlik mehmonda,
Ko’zlari jayronday
Singlim bor.

Bayt bitib terakka,
Uniqqan ko’ylakda.
Hislar ko’z yummakda…
Sevgim bor.

Xayolga qo’l bo’lgan,
Umri bir pul bo’lgan,
Bag’ri tosh shaharda
Men borman.

Gul singlim rayhonni,
Ming quroq choponni,
Loysuvoq ayvonni
SOG’INDIM…

Yo’q, ravon yo’lnimas,
Hamyonmas, pulnimas,
Uff, atirgulnimas…

Qirda qo’y boqmoqni,
Hokisor tuproqni,
Huvv olis qishloqni
SOG’INDIM…

2007

* *

Mening yotar yurtim- osoyish tepa,
Qadim daryolarning tutashgan joyi.
Tun tog’lar boshiga tikkanda kapa,
Shom qo’yib yuborar, barkashdek oyin.

Ko’kgumbaz masjidlar toqida a’zon,
Keshning kengliklari bir behisht kabi.
Tog’larning, bog’larning aksida osmon,
Kezinar jannatga yetgandek Nabiy.

Yodlarda yoz yorqin, handalak bo’yli,
Shamollarning olma uzib qochgani.
O’n sakkiz bahor bor hijronli, to’yli,
Bir totli sirim bor, senga ochgali.

Mening yotar joyim, osoyish tepa,
Shabnamzor tonglarni sarpoychan kezdim.
Tumanli tog’larga boqib har safar,
O’zimni baxtiyor hoqondek sezdim.

Balki yo’qlab turar bir she’riy nafas,
Darvozamni qoqib kelar do’stlarim.
Mening jon azamga kapalak nusxa,
Bo’yinbog’in taqib kelar do’stlarim.

Olislarda kimdir umrimni elar,
Elin ortga tashlab ketmagan shoir.
Ming yilda bir marta dunyoga kelar,
Toshkentga oyog’i yetmagan Shoir…

Jigarlarga maktub
turkum

1
Otam bu kuz saksondan oshdi,
Oq soqoli ko’ksiga tushdi,
Manim bundan ko’nglim uvishdi…
Endi tog’im omonat qushmi?

Bizni halol rizq ila boqqan,
Uzun umrin etib dasturxon.
Daryo bo’lib Haq tomon oqqan,
Har soniya bo’lolgan Inson…

Onam yashar umrin ilinib,
Har chog’iga jonin tushaydi.
Baxt ketmagan kuzgi bog’larda,
Juft baxtiyor qushga o’xshaydi.

2

Onam yashar umrin ilinib,
Chumoliga bermagan ozor.
Yelkasida bir elning g’ami,
Jussasida qirqta joni bor,
Yaxshilarning yaxshi Odami..
Elga qo’shgan sakkizta jonni,
U na faqat mening Onamdir,
U na faqat sizning Onanggiz,
Onasidir O’zbekistonni,
Onasidir O’zbekistonni…

3

Aka, sening qadding bukildi,
Senga qarab men ham to’kildim…
Sen yelkangda olib yurarding,
Tepa edi, man- man degan tog’,
Osmonlarni tutib turarding,
Ust- boshimga qo’nmasdi tuproq.
Aka, sening qadding bukildi,
Senga qarab men ham to’kildim.

4

Opa…
Mudom mehring poydormi,
Ariqlardan opichlab o’tding.
Men bormadim, ming yillab kutding,
Men bormadim ming yillab kutding…
Yiqilgan chog’ qo’llaring uzat!
Adashganda to’g’ri yo’l ko’rsat!
Opa mudom mehring poydormi?

5

Singlim,
Jonim sening ichingda…
Umrim mening ish bilan banddir,
Umring sening ish bilan banddir.
Tirikchilik sendan balanddir,
Tirikchilik mendan balanddir.
Kelmading sen ming bahor o’ldi,
Men bormadim o’ldi ming bahor.
O’lmagan bir Sog’inchlarim bor,
O’lmagan bir Sog’inchlaring bor…
Singlim,
Jonim sening ichingda…

6

Otam yaqin kelmish tuproqqa,
Onam yaqin kelmish tuproqqa,
Yillar boshim oqlarga belar.
Ota uyni tez yo’qlab turing!
Aylanmasdan sog’inch firoqqa,
Diydorini ko’zlarga suring!
Diydorini ko’zlarga suring!
Balki, umri yetmas kutmoqqa…

***

Qaldirg’ochla xayr-
xushlashar Onam,
«Omon qaytib kelgin,
Omonat qushim!!!»
Bilsam Onam ham bir
qaldirg’och ekan,

Omonat qushim…

* * *

Men sizni hech qachon seva olmadim,
Ko’kni ko’k atadim, oq dedim oqni.
U nurdek pok edi, turokdan qadim,
To’rt tomon o’rgatdi kanday sevmoqni.

Men uzoq yashardim,
Ikki yonimdan,
Tarqab ketar edi ikki ming daraxt.
Shayton sizib tursa hamki yonimda,
Jonni asrab qolgan kunim ulug’ baxt.

Lek sizla bir umr yashay olmadim,
Butunlay ayro ham tushmadim biroq.
Sizga o’kib bergan chin she’rlarimdan,
Unga aytib bergan so’zlarim ko’proq.

… Jon tomirim tutash edi, Sabrga,
Umidim qaritar edi, Quyoshni.
Siz eltib qo’ydingiz meni qabrga,
Qabrimgacha olib kntdim u Toshni.

* * *

Oq oydin kechalar…
Oy to’lgan shomlar…
Ishqqa ehson bo’lgan kuzim kurtaklar.
Ismimiz opichlar kun sayin ko’kka,
Osmonni ko’tarib turgan teraklar.

U chog’ men soatsiz qishloqi bola,
Muhabbatla kirdim o’n sakkiz yoshga.
Baxtimmi yelkamga qo’ngan soch tolang,
Ikkimiz yaqinroq edik Quyoshga.

Men shoshib yashadim,
Sen shoshmay kutding,
Orzum olis edi kutaverding jim.
Kutding. Bu dunyodan dunyolar o’tdi,
Seni kutdirishga yetmasdi Umrim.

Kechirgil… Bu yorug’ umrni kechir!
Umring yo’ldosh bo’lsin beka bo’l baxtga.
Bebahor o’lmasin, beadog’ bo’lsin!
Ismimiz yozganim har bir Daraxtga.

Nada qo’ling tutdim,
Va na unutdim,
Haqqa eltsin mayli bu toza gunoh.
Ahir topingan chog’ qiblamiz Ka’ba,
Ahir ikkimizning rabbimiz Alloh.

Yozganlar adashur «sevgi bir aytim»,
Ming latif hislarni ichimga yutdim.
Ming oshiq so’z aytdim,
Ming ishq so’z aytdim,
Sevaman so’zini aytolmay o’tdim…

 ***

O’n yil sensizlikda nur yog’di samo,
O’n yildan narida bahorlar, baxtlar.
O’n yil bu- kuzakning bog’lari aro,
Tiriklayin yonib ketgan Daraxtlar…

O’zimning
o’zimniki bo’lmagan dunyom,
Bir sabr…
bir sitam…
bir Ishqlik loshim.
Sen ketgan bog’larda, chog’larda mudom,
O’ttiz sakkiz emas, o’n sakkiz yoshim.

Muhabbat biz totgan ming yillik armon,
Xudo ikkimizga teng bo’lgan Sirdir.
Ikkimiz odammas ikkita hijron-
Bizning farzandimiz o’n birga kirdi.

O’n yil g’ururimning mevasin terdim,
To’ldirdim sog’inchning bir kamlarini.
Sen menga telefon raqaming berding,
Aytmading qalbingning raqamlarini.
Aytmadim qalbimning raqamlarini…

01.11.2023

20

(Tashriflar: umumiy 225, bugungi 1)

1 izoh

  1. Раҳмат Устоз!!! Кўриб хурсанд бўлдим, Аллоҳ сиздан рози бўлсин!!!

Izoh qoldiring