Менинг исмим Абдулқаюм. Ёшим ўн учда, агар онам қорнида ўтказган кунларимни ҳам қўшиб ҳисобласам, салкам ўн тўрт ёшни уриб қўйган бўламан. Ўрта мактабнинг 7-синфида ўқийман. Бу деганим, мана етти йилдирки, бешми-олти чақирим наридаги мактабга бўзчининг мокисидай қатнайман.
Шарифжон АҲМАД
МИНГ БИР КИТОБ
(Кўкка сапчир бир бола қиссасидан бир ҳисса)
Шарифжон Аҳмад (Аҳмедов) 1969 йилда Андижоннинг Асакасида туғилган. 1992 йили ТошДУ журналистика факултетини тамомлаган. Дастлабки ҳикоялари ўтган асрнинг 9-йилларида «Ёш куч» журналида эълон қилинган.Лотин Америкаси адабиёти тадқиқи билан шуғулланади. Узоқ йиллар давомида Хорхе Луис Борхес ижодий дунёсини чуқур ўрганиб, машҳур адиб яшаган ўлкаларга бориб илҳомланган ва ҳикоялари билан бизни таништириб келмоқда. «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида унинг Хорхе Луис Борхес, Хулио Кортасар, Жуброн Халил Жуброн асарларидан қилган таржималари мунтазам эълон қилиб борилмоқда.
КЕЛИНГ, БИР ТАНИШИБ ҚЎЯЙЛИК!
Менинг исмим Абдулқаюм. Ёшим ўн учда, агар онам қорнида ўтказган кунларимни ҳам қўшиб ҳисобласам, салкам ўн тўрт ёшни уриб қўйган бўламан. Ўрта мактабнинг 7-синфида ўқийман. Бу деганим, мана етти йилдирки, бешми-олти чақирим наридаги мактабга бўзчининг мокисидай қатнайман.
Мундоқ ҳисоблаб кўрсам, ҳар йилнинг ёзгисию қишки таътилларидан ташқари, ғўза яганасию пахта мавсумини ҳам айириб ташласак, ҳар бир синфда нақ олти-етти ой партага қапишиб ўтирган бўламан, етти ойни еттига кўпайтирсам, 49ми ё 50 ой илму билимнинг заранг тошини тинмай кемириб ётибман экан. Астойдил кемираверганимдан қайсидир йили бирма-бир тишларим тушиб, анча пайтгача камшик бўлиб юрдим. Лекин атрофимга мундай қарасам, бошқа ўртоқларимда ҳам шу ҳол – ҳали уники, ҳали буники тушади денг, кўп ўтмай тиши бутуннинг ўзи қолмади синфимизда. Шундан билдимки, билим тошини кемирсанг ҳам, кемирмасанг ҳам кўпга келган тўй – олишнинг беришию топишнинг йўқотиши ҳам бор экан.
Ростини айтсам, тиш тушадиган даражада дарсларни қойиллатиб қўяётганим ҳам йўқ ўзи – бурнидан ип ўтказилган бузоқдай, ўлганимнинг кунидан мактабга қатнаб, ўлмагудай хат-саводимни чиқариб олдим холос, дарсларни ўзлаштиришим уззу-кун қўрада қамалиб ётадиган қари қўйимга ўхшаб тобора оқсаётганидан фиғони фалакка ўрлайвериб, охири ҳафсаласи пир бўлган синф раҳбаримиз айтганидай, қолганига эса худо пошшо – кунимни кўриб қолмасам, кунимни бир амаллаб кўриб оларман, топармон-тутармон бўз йигит бўлмасам, лоақал белбоққа ёлчиган бўзчи бўларман. Билиб турибман, раҳбаримиз эртанги кунимга куйиняпти, лекин устма-уст қалаштираётган бу мақолларини ҳозирча кўп ҳам тушунавермайман.
Яхшироқ қулоқ солиб кўрсам, бошқа катталар ҳам шунақа – икки гапининг бирида мақол қўшиб гапирар экан, шундай қилишмаса, худди гапи гапига қовушмагандай, айтадиган гапининг мазасини сезолмай гапи оғзида қоладигандай. Мана, шулардан бир шингил: “Ишонган тоғда кийик ётмас”, “Ерга урсанг кўкка сапчир”, “Ўтганнинг ўроғини – кетганнинг кетмонини олар”, “Ёмон сигир ёзда туғар”, “Ёмон ҳўкизга шох битса сузиб ўлдирар”, “Бир тулки етти бўрини етаклар”.
Қандайдир ички сезгим билан сезиб турибман – бу мақолларнинг бариси атайлабдан айнан менга атаб тўқилганга ўхшайди. Навбатдаги безори қилиқлариму хурмача ҳунарларимдан хуноб бўлган раҳбаримиз дарсдан кейин атай мени олиб қолиб, тарбия суҳбати ўтказади, шу ва шунга ўхшаш яна бир қатор мақолларни дам-бадам такрорлайвериб бошимни қотириб ташлайди:
— Бу гапларимнинг мағзини яхшилаб чақиб, қулоғингга қуйиб ол!
Ие, гапнинг ҳам мағзини чақиб бўларканми? Гап деган бу жонивор кўздан қолган Тўйчи-буванинг шиғил пишиб ётган ёнғоқ дарахти бўлса-ку бошқа гап – қилиқларимиздан безор бўлган буванинг ҳай-ҳайлашию чаппараста палахмон отишига қарамай ҳосилига қирон келтириб, кейин ер билан битта бўлган буларни киссаю липпаларимизга апил-тапил тўлдириб, кейин канал бўйида тош билан мажақлаб, кейин маза қилиб қорнимизни қаппайтирадиганимиз – Тўйчи-буванинг ёнғоқлари бўлса ҳам майли эди! Бунинг устига, қулоққа қандай қуйиш мумкин? Турган-битгани соғликка зиён-ку! Шундоғам худонинг берган куни лойқа ариқларда чўмилавериб, қулоқларимга сув тўлдириб қайтсам – ҳов бирда қулоғим шунақаям чингиллаб оғриб, нақ уч кеча додлаб чиқдим, ахир! Катталар ҳам гап деб ҳар балони гапираверишади-да.
ЎТГАННИНГ ЎРОҒИ-Ю КЕТГАННИНГ КЕТМОНИ
Келинг, менга аталган ўша мақолларнинг баъзиларини бирма-бир элакдан ўтказиб, майли, мағзини ҳам чақиб, таҳлил қилиб кўрайлик энди.
“Ишонган тоғда кийик ётмас”. Қанақа тоғ тўғрисида гап кетяпти ўзи? Қишлоғимиз теп-текис ерда жойлашган бўлса, бунинг устига бутун атроф-депараси нуқул пахтазорлар билан ўралган — бу ерларда кийик тугул қуённи ҳам учратмайсиз ахир? (Ҳар эрта тонг билан кечки тиниқлик пайтлари ҳов узоқларда учлари оқариб кўринадиган Олатовда бирорта кийик ётганини биров кўрган бўлмаса, биз тарафларда бунақа жонзотнинг уруғи ҳам йўқ.) Қолаверса, кийик деб кимни назарда тутаётган бўлса? Ҳарқалай, мени бўлмаса кераг-ов. Нега десангиз, бирорта муаллим ҳали кийик деб атаганича йўқ мени, бунинг ўрнига нуқул бошқа ҳайвонлар отини айтиб тергашади, масалан… яхшиси, айтмай қўя қолай, ўзингиз фаҳмлаб олгандирсиз.
“Ерга урсанг, кўкка сапчир”. Бу мақолни жисмоний тарбия домламиз ўйлаб топган бўлса керак, ҳойнаҳой. Нима, мен баскетбол коптогиманми, ерга уриши билан осмонга сакрайдиган? Ҳов анави кунги қайсарлигимдан аламини олмоқчи, менимча. Бу домламиз мактабимизда етук баскетбол жамоаси тузишни хаёл қилиб, кейинги пайтларда ҳаммани фақат шу спорт тури билан шуғулланишга мажбур қилишни бошлади. Биз эса, табиийки, биринчи кунданоқ ушбу режага кескин қаршилик билдирдик. Синфнинг ҳамма болалари бир ёқадан бош чиқариб (яна бир мақол), фақат ва фақат футболни эътироф этишимизни, майдонда тўп суриб, Пелею Марадона, Мессию Рональдо каби юлдузлар бўлиб етишиш орзуимиз эканини баралла айтдик. Албаттаки, мазкур исённинг бош ташкилотчиси ва руҳлантирувчиси каминаи камтарин қулингиз эди. Жисмоний тарбия муаллимининг ҳар қанча пўписаларини писанд қилмасдан, қароримизда қатъий қолиб, оёқ тираб туравердик. Оқибатда эса директор қаршисида ҳозир бўлиб, боя айтганимдек, сурув-сурув жониворлар номи аралашган узундан-узоқ танбеҳлар билан обдон сийланишимга тўғри келди.
— Ерга урсанг, кўкка сапчийдиган бунақа болани энди кўриб туришим, — деганди ўшанда жиғибийрони чиққан жисмоний тарбия домламиз.
“Ёмон сигир ёзда туғар” – буниси ҳам ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Ёмон сигир деб кимни назарда тутишаётганини билмадиму, лекин, мана, ўзимизнинг Олачипорни олиб кўрайлик. Эсимни танибманки, ҳар йили айнан ёзнинг қоқ чилласида туғиб беради. Шу билан қарабсизки, бутун оиламиз оғзи оққа тегиб, рўзғоримизнинг бир бўлаги бут бўлади. Олачипордан фақат шунақа яхшилик, шунақа барака кўрамиз, бунинг нимаси ёмон ахир? Бундан ташқари, агар ой-куни етган бўлса, йил фаслига қараб ўтирадими – шартта туғиб ташлайверади-да!
“Бир тулки етти бўрини етаклар”. Ёлғон, еттитамас – тўртта, холос. Ўзимни ҳам қўшиб ҳисобласам, бешта маҳалладош битта синфга қатнаймиз. Маҳалламиз номи ҳам худди бизга атаб қўйилгандай – Бешбола. Тўғри, ўртоқларим унча-мунча уришқоқ, лекин жа унчалик бўри ҳам эмас. Кейин, уларни қўлларидан ушлаб етакламайман, кўпинча олдимга солиб ҳайдаб келаман. Айниқса, ўша баскетбол машмашасидан кейин мактаб директори жисмоний тарбия домламиз билан маслаҳатлашиб, аксил-баскетбол исёнимизни бостириш учун футбол соатларини кўпайтиришдан бошқа чора йўқлигини тушуниб етганидан буён шу аҳвол – бунинг учун эса синфда давомат ва ўзлаштириш ўнгланиши олдимизга қатъий шарт қилиб қўйилди. Табиийки, бунга шахсан менинг ўзимни масъул қилиб тайинлашди. “Кетмоннинг сопини ўзидан чиқардик!” дея директор ўшанда айёрона кулиб қўйгани эсимда. Хуллас, шундан буён синфдошларимни ўзим олдимга солиб, дарсларга кечиктирмай олиб келадиган бўлганман.
“Ўтганнинг ўроғини – кетганнинг кетмонини”. Шарафимга айтилган ушбу мақол кўпмасу, шу жиччагина тўғрилигини тан оламан лекин. Нега дейсизми? Қайсидир бир куни ўртоқларим билан молларимизни боқиб юрганимизда колхоз ерларида дуркун ўсиб ётган ўтларни кўриб, кўзим роса куйиб кетди. Лекин аксига олиб, ўришга ўроқ олмаган эканман. Қарасам, уч-тўрт уй наридаги Адолат холанинг ўғли – Темир-тирмизак бир этак ўт орқалаб кетяпти. Ўроғи ҳам бор. Шартта йўлини тўсдим-да, бирпас-яримпасга ўроғини бериб туришини сўрадим, зиғирча ҳам пўписа қилиб қўрқитганим йўқ. Яхшиликча бериб турса, бирор ери камайиб қолармиди? Йўқ, бермайман, деб туриб олди. Нима қилишим керак эди? Ўзимдан уч ёш кичик зумраша бўлса, катталарни ҳурмат қилиш керак, деган гаплар қаёқда қолди?! Шунда бирданига жаҳлим чиқиб кетди – қўлидан ўроғини тортиб олдим-да, сенгаям, менгаям йўқ деб каналга улоқтирдим. Ана томошани кўринг энди – этагидаги ўтларни ҳар тарафга сочиб, ерга думалаб, дод солиб шайтонлаб қолса! Битта ўроққа шунчами? Шошиб қолдим – Олачипорни олдимга солдим-да, уйга чоптириб кетдим. Кейин билсам, қўшиб-чатиб онасига чақиб берибди. Эмишки, ўлай деб терган ўтларини ҳам битта қўймай молимга едириб, қўшимчасига яна ўт ўрдирибманмиш. Охирида эса ҳе йўқ-бе йўқ ўроғини синдириб, каналга ташлаб юборибман. Тўғри, ер билан битта сочилиб ётган ўтларини, увол бўлмасин дедими, Олачипорим ўзи битта қўймай ямламай ютди. Ўзига яна ўт ўрдирганим ҳам тўғри, лекин уйига қуруқ қайтиб, онасидан гап эшитмасин бола-бечара, деб куйинганимдан шундай қилдим, холос. Ўроғини сувга отворганимга келсак, боя айтганимдай, ҳадеб хархаша қилаверганидан кейин, тошга бир ургандим, шундоқ ҳам чириб кетган сопи айрилиб кетдию яроқли ҳеч вақоси қолмади, шунда “бор-э” деб каналга ташлаб юбордим. Бор гап шу. Хуллас, бу Темир-тирмизак-чақимчи онасига ҳаммасини оқизмай-томизмай, яна устамасига қўшиб-чатиб дийдиё қилибди. Адолат-хола ҳам ўзича адолат излаб, темирни қизиғида босибди – бизникига чопиб кирибди-да, онамга устимдан арзу шикоят қилибди. “Ўтганнинг ўроғинию кетганнинг кетмонини олавераркан-да ўғлингиз”, деб онамнинг дилини анча хира қилибди. Оқибатда эса орқамга яхшигина шапати еганим қолди. Хўп, ўтган Темирнинг ўтмас ўроғини олган бўлсам ҳам, лекин кетган бирорта бировнинг кетмонини олганимча йўқ ҳали.
Мана сизга катталар ҳеч оғзидан туширмайдиган мақолларнинг рўй-рост таҳлили. Кўриб турганингиздек, уларнинг турган-битгани кўпиртиришу муболаға. Ҳай майли, ёнғоғини тошбўрон қилавериб, безорилигимдан безор бўлган Тўйчи-бува айтганидек, “мен ҳам эдим сендек, сен ҳам бўларсан мендек” – ҳали катта бўлиб олай, муболаға қилиш қанақалигини яхшилаб кўрсатиб қўяман ҳаммага! Ҳозирча эса, тепароқда айтганимдай, синфдошларимни олдимга солиб, бурнидан ип ўтказилган бузоқдай дарсларга қатнаб турибман, холос.
МАГНУС ЭФФЕКТИ
Бурнидан ип ўтказилган бузоқдай дарсларга қатнайвериб, ўлар бўлсам ўлиб бўлдим. Уззу-кун партага қапишиб ўтирганча, масалан, алгебра дарсларида сонли ифодалару алгебраик тенгликлар билан формулалар, арифметик амалларнинг хоссаларию маълумли ва номаълумли ҳар хил тенгламалару натурал кўрсаткичли даража хоссаларидан тортиб, бирҳад ва кўпҳадлар, йиғинди билан айирманинг квадратию шу квадратлар айирмаси ҳамда алгебраик касрлар ва шу касрларни қисқартириш каби бошқотирма масалалар устида бош қотириб ўтиришларимизни тасаввур қилиб олаверинг. Кимё дарслари ҳам икир-чикир топишмоқлар билан ғиж-ғиж. Модда ва унинг хоссалари, атом ва молекулалар, ҳар турли кимёвий элементлар, атомларнинг ўлчами ва уларнинг нисбию мутлақ вазни, соф моддалар ва уларнинг аралашмалари каби бир-биридан қийин ва тушунарсиз мавзулар ичида адашиб қолиш ҳеч гапмас. Мана шунақа бошоғриқ дарслардан бир амаллаб қутулиб, қақшаган мияларимиз физика дарсида салгина ором олар деймизу, қайда, бунинг ҳам бошқотирмалари бояги иккисиникидан ортиқ бўлса борки, ҳеч кам эмаслигидан дод деб қочиб кетгимиз келади. Лекин қочиб қаёққа ҳам борардик – миқ этмасдан бу илмнинг ҳам заранг тошини кемиришга мажбурмиз. Чунки футбол дарслари эвазига бошга бош қилиб, директорга ваъда бериб қўйган жойимиз бор. Жисмлар ҳаракати, фазо ва вақт тушунчалари, ҳаракатнинг нисбийлигию моддий нуқта, жисмларнинг эркин тушишию айланма ҳаракат, Ньютон қонунларию табиатдаги кучлар ва бу кучлар таъсирида жисмлар ҳаракати каби физикавий мавзулар ичида адашиб, инерциянинг йўналтирилган қуввати воситасида ёруғ вақтларимиз келишини орзиқиб кутамиз-кутаверамиз.
Ёруғ вақтлар деганим, ҳеч шак-шубҳасиз, жисмоний тарбия дарси эканини сезиб турган бўлсангиз керак. Аммо унгача эса яна эга-кесим билан соддаю мураккаб гапларни, дарак-сўроқ-буйруқ гаплару олмошу сифат ва равишларни ўз ичига олган она тили дарсида матонат кўрсатиб, туриб беришимиз лозим бўлади. Аммо бугунги – бу кунги синовлар бари ортда қолгач, ниҳоят орзиқиб кутганимиз олтинчи соат – жисмоний тарбия дарси бошланади. Тўп орқасидан шаталоқ отиб югуришимизни ана энди кўринг – ҳар турли формулаю тенгламалар, элементлару атом-молекулалар истибдодидан эсон-омон қутулиб чиққанимиз эвазига тилимиз осилиб қолгунича тўп суришимиз биз учун муносиб мукофот эди чиндан ҳам.
Ай фиғонким, гардиши даврон, бу ерда ҳам чучварани хом санаб, бекорларнинг беш-олтитасини еган эканмиз. Навбатдаги жисмоний тарбия дарсида бу ҳавотиримиз алайна-ошкор билинди-қўйди. Боя айтганимдек, қақшаган мияларимизу оёқлар чигилини мана энди беармон ёзамиз деб, қий-чув солиб, стадионга гуррос чопиб борганимизни биламиз, мундоқ қарасак, югуриш йўлагига парталар қатор терилиб, доска ҳам ўрнатиб қўйилибди. Бу яна нимаси бўлди, деб ажабланиб турсак, бир маҳал узун-қисқа бўлишиб, турли фан муаллимларимиз кириб келишса бўладими – тамом, деб ўйладик, футбол ҳам қулоғини ушлаб кетди, бунинг ўрнига макулатурами ёки темир-терсак йиғиш зарбдор ойлиги деган бирор тадбирни тиқиштиришса керак энди.
Жисмоний тарбия муаллими ишорасига кўра ҳаммамиз сафга тизилдик. Сафда турибману энди қаердан макулатура излашни хаёлимда хомчўт қила бошладим. Ўтган сафар килосига етмай қолганида уйдаги эски китоблардан бир-иккитасини топшириб юбориб, дадамдан балога қолгандим. Ҳеч иложини тополмасам, яна дадамнинг газета-журналларига қирон келтиришимга тўғри келади-ёв…
— Бу ерда бошқа муаллимларингизни кўриб ҳайрон бўлаётгандирсизлар, — сўз бошлаб қолди шунда Жтар (жисмоний тарбия дарсини шундай қисқартириб олганмиз) муаллими. – Ҳайрон бўлманглар, чунки бир тўпнинг орқасидан чопиб юравериш билан иш битмаслиги, футбол ҳам аслида ўзига хос илм эканини баҳамжиҳат сизларга ўргатишга қарор қилдик.
Биринчи бўлиб математика муаллимига сўз берилди.
— Математикани ҳисоб-китоб илми дейдиган бўлсак, футбол ҳам аслида ҳисоб-китобларга асослангандир. Ҳар бир футболчи яхши натижаларга эришиши учун кунлик режими ипидан-игнасигача ҳисоблаб чиқилиши зарурлигидан ташқари, майдонда қай тартибда жамоавий ўйин кўрсатиш энг самарали эканигача математикасиз ҳал қилиб бўлмайди.
Шундан сўнг муаллим футбол оламида машҳур бўлган турли схемалардан мисоллар келтирди. Футбол асосчилари бўлган Англия билан Шотландиянинг дастлабки 1-2-7 ва 2-2-6 схемаларидан тортиб, итальянларнинг “Методо” (2-3-2-3) ва “Пирамида” (2-3-5) шаклигача, W-M (3-2-5) ва бразилча 4-2-4 дан бошлаб, ҳозирги 4-3-3 ва 4-4-1-1, 4-2-3-1 каби ўйинчилар жойлашувига қадар ҳикоя қилиб, барчасининг афзаллик ва нуқсонларини тушунтириб берди.
Кейин жисмлар ҳаракатию фазо ва вақт тушунчалари каби бошқотирмалари билан бизни кўп қийнаган физика домламиз ўртага чиқди.
— Мен сизларга айтсам, — кўзойнагини тўғрилаб тантанавор сўзини бошлади бу домла ҳам, — футбол сизлар ўйлаётган ва ўйнаётган каби тўпнинг орқасидан тилни осилтириб югуриш эмас. Футбол, оламдаги барча нарса ва ҳодисалар сингари, биринчи галда физик қонунларга бўйсунади. Ўтган чоракда гаплашганимиз Магнус эффекти кимнинг ёдида?
Математика домламизнинг биз хаёлимизга ҳам келтирмаган ўйин схемаларидан бу қадар хабардорлигидан ҳамон ўзимизга келолмай турган пайтимизда энди физика ўқитувчимизнинг бу саволига жавоб топа олмай гарангсиб туравердик.
— Э ўргулдим, — аччиққина кесатди домла, — физикани тушунмай туриб, яна футболчи бўлармиш булар!
Муаллим доска ёнига келиб, шакл чиза бошлади:
— Ҳурматли қовоқ-каллалар, энди эслагандирсизлар?
Жўрттага бўлса ҳам қовоқ-каллаларимизни лиққиллатиб қўйдик.
— Энди шуни амалда кўрасизлар. Диққат билан томоша қилинглар.
Физика домламиз қўлига тўпни олди-да, бурчакка бориб, чизиқ устига яхшилаб ўрнатди. Кўзойнагини яна бир тўғрилаб, ўзича мўлжалини хаёлида пишитиб олди шекилли, кейин зарб билан тўпни тепди. Ҳаммаси кўз очиб юмгунимизча рўй берди – қиялаб учаётган тўп дарвозанинг сўл устуни ички қисмига зарб билан урилдию, тўрга келиб тушди. Нима воқеа рўй берганини англамай қолдик – муаллим бурчакдан туриб гол урган эди!
— Айнан мана шу гол Магнус эффектига яққол мисол бўлади, — худди ҳеч нарса бўламагандай тушунтиришида давом этди домла. – Тўпнинг ҳавода қиялаб учишига, оқибатда эса гол содир бўлишига нима сабабчи? Бунинг сабаби шуки, тўпнинг ўртасига эмас, балки бироз четроғига тепиб, тўғри ҳаракати давомида уни айланишга мажбур қилдим. Натижада тўпнинг чап ва ўнг томонидаги ҳаво оқимининг тезлиги ўзгарди ва босимлар фарқи ҳосил бўлиб, тўпни нақ дарвоза томонга буриб юборди.
Ҳалитдан ўзимиздан Пелею Марадона ясаб олган бизларнинг қулоғимизга бу тушунтиришлар кирармиди? Қайда, бурни устига тошойнадай кўзойнагини қўндириб олганича синфхонада дарс ўтишдан бошқасини билмайдиган бу муаллимларимизнинг футбол тактикасини ҳам сув қилиб ичиб юборганию зўр тўпурарлигидан ҳамон оғзимиз ланг очилиб туравердик.
— Хуллас, шунақа, шалпангқулоқлар, — деб кўргазмали футбол дарсига якун ясади жисмоний тарбия ўқитувчимиз, — илм билан спорт ҳамиша ёнма-ён юради. Бошқа дарсларни пухта ўзлаштирмай туриб яхши футболчи бўлишни хаёлингизга ҳам келтирманг. Бугунга етарли — ҳамма уй-уйига марш энди!
«Хуршид Даврон кутубхонаси»да Шарифжон Аҳмедов билан боғлиқ саҳифалар.
Mening ismim Abdulqayum. Yoshim o’n uchda, agar onam qornida o’tkazgan kunlarimni ham qo’shib hisoblasam, salkam o’n to’rt yoshni urib qo’ygan bo’laman. O’rta maktabning 7-sinfida o’qiyman. Bu deganim, mana yetti yildirki, beshmi-olti chaqirim naridagi maktabga bo’zchining mokisiday qatnayman.
Sharifjon AHMAD
MING BIR KITOB
(Ko’kka sapchir bir bola qissasidan bir hissa)
Sharifjon Ahmad (Ahmedov) 1969 yilda Andijonning Asakasida tug’ilgan. 1992 yili ToshDU jurnalistika fakultetini tamomlagan. Dastlabki hikoyalari o’tgan asrning 9-yillarida «Yosh kuch» jurnalida e’lon qilingan.Lotin Amerikasi adabiyoti tadqiqi bilan shug’ullanadi. Uzoq yillar davomida Xorxe Luis Borxes ijodiy dunyosini chuqur o’rganib, mashhur adib yashagan o’lkalarga borib ilhomlangan va hikoyalari bilan bizni tanishtirib kelmoqda. «Xurshid Davron kutubxonasi» sahifalarida uning Xorxe Luis Borxes, Xulio Kortasar, Jubron Xalil Jubron asarlaridan qilgan tarjimalari muntazam e’lon qilib borilmoqda.
KELING, BIR TANISHIB QO’YAYLIK!
Mening ismim Abdulqayum. Yoshim o’n uchda, agar onam qornida o’tkazgan kunlarimni ham qo’shib hisoblasam, salkam o’n to’rt yoshni urib qo’ygan bo’laman. O’rta maktabning 7-sinfida o’qiyman. Bu deganim, mana yetti yildirki, beshmi-olti chaqirim naridagi maktabga bo’zchining mokisiday qatnayman.
Mundoq hisoblab ko’rsam, har yilning yozgisiyu qishki ta’tillaridan tashqari, g’o’za yaganasiyu paxta mavsumini ham ayirib tashlasak, har bir sinfda naq olti-etti oy partaga qapishib o’tirgan bo’laman, yetti oyni yettiga ko’paytirsam, 49mi yo 50 oy ilmu bilimning zarang toshini tinmay kemirib yotibman ekan. Astoydil kemiraverganimdan qaysidir yili birma-bir tishlarim tushib, ancha paytgacha kamshik bo’lib yurdim. Lekin atrofimga munday qarasam, boshqa o’rtoqlarimda ham shu hol – hali uniki, hali buniki tushadi deng, ko’p o’tmay tishi butunning o’zi qolmadi sinfimizda. Shundan bildimki, bilim toshini kemirsang ham, kemirmasang ham ko’pga kelgan to’y – olishning berishiyu topishning yo’qotishi ham bor ekan.
Rostini aytsam, tish tushadigan darajada darslarni qoyillatib qo’yayotganim ham yo’q o’zi – burnidan ip o’tkazilgan buzoqday, o’lganimning kunidan maktabga qatnab, o’lmaguday xat-savodimni chiqarib oldim xolos, darslarni o’zlashtirishim uzzu-kun qo’rada qamalib yotadigan qari qo’yimga o’xshab tobora oqsayotganidan fig’oni falakka o’rlayverib, oxiri hafsalasi pir bo’lgan sinf rahbarimiz aytganiday, qolganiga esa xudo poshsho – kunimni ko’rib qolmasam, kunimni bir amallab ko’rib olarman, toparmon-tutarmon bo’z yigit bo’lmasam, loaqal belboqqa yolchigan bo’zchi bo’larman. Bilib turibman, rahbarimiz ertangi kunimga kuyinyapti, lekin ustma-ust qalashtirayotgan bu maqollarini hozircha ko’p ham tushunavermayman.
Yaxshiroq quloq solib ko’rsam, boshqa kattalar ham shunaqa – ikki gapining birida maqol qo’shib gapirar ekan, shunday qilishmasa, xuddi gapi gapiga qovushmaganday, aytadigan gapining mazasini sezolmay gapi og’zida qoladiganday. Mana, shulardan bir shingil: “Ishongan tog’da kiyik yotmas”, “Erga ursang ko’kka sapchir”, “O’tganning o’rog’ini – ketganning ketmonini olar”, “Yomon sigir yozda tug’ar”, “Yomon ho’kizga shox bitsa suzib o’ldirar”, “Bir tulki yetti bo’rini yetaklar”.
Qandaydir ichki sezgim bilan sezib turibman – bu maqollarning barisi ataylabdan aynan menga atab to’qilganga o’xshaydi. Navbatdagi bezori qiliqlarimu xurmacha hunarlarimdan xunob bo’lgan rahbarimiz darsdan keyin atay meni olib qolib, tarbiya suhbati o’tkazadi, shu va shunga o’xshash yana bir qator maqollarni dam-badam takrorlayverib boshimni qotirib tashlaydi:
— Bu gaplarimning mag’zini yaxshilab chaqib, qulog’ingga quyib ol!
Ie, gapning ham mag’zini chaqib bo’larkanmi? Gap degan bu jonivor ko’zdan qolgan To’ychi-buvaning shig’il pishib yotgan yong’oq daraxti bo’lsa-ku boshqa gap – qiliqlarimizdan bezor bo’lgan buvaning hay-haylashiyu chapparasta palaxmon otishiga qaramay hosiliga qiron keltirib, keyin yer bilan bitta bo’lgan bularni kissayu lippalarimizga apil-tapil to’ldirib, keyin kanal bo’yida tosh bilan majaqlab, keyin maza qilib qornimizni qappaytiradiganimiz – To’ychi-buvaning yong’oqlari bo’lsa ham mayli edi! Buning ustiga, quloqqa qanday quyish mumkin? Turgan-bitgani sog’likka ziyon-ku! Shundog’am xudoning bergan kuni loyqa ariqlarda cho’milaverib, quloqlarimga suv to’ldirib qaytsam – hov birda qulog’im shunaqayam chingillab og’rib, naq uch kecha dodlab chiqdim, axir! Kattalar ham gap deb har baloni gapiraverishadi-da.
O’TGANNING O’ROG’I-YU KETGANNING KETMONI
Keling, menga atalgan o’sha maqollarning ba’zilarini birma-bir elakdan o’tkazib, mayli, mag’zini ham chaqib, tahlil qilib ko’raylik endi.
“Ishongan tog’da kiyik yotmas”. Qanaqa tog’ to’g’risida gap ketyapti o’zi? Qishlog’imiz tep-tekis yerda joylashgan bo’lsa, buning ustiga butun atrof-deparasi nuqul paxtazorlar bilan o’ralgan — bu yerlarda kiyik tugul quyonni ham uchratmaysiz axir? (Har erta tong bilan kechki tiniqlik paytlari hov uzoqlarda uchlari oqarib ko’rinadigan Olatovda birorta kiyik yotganini birov ko’rgan bo’lmasa, biz taraflarda bunaqa jonzotning urug’i ham yo’q.) Qolaversa, kiyik deb kimni nazarda tutayotgan bo’lsa? Harqalay, meni bo’lmasa kerag-ov. Nega desangiz, birorta muallim hali kiyik deb ataganicha yo’q meni, buning o’rniga nuqul boshqa hayvonlar otini aytib tergashadi, masalan… yaxshisi, aytmay qo’ya qolay, o’zingiz fahmlab olgandirsiz.
“Erga ursang, ko’kka sapchir”. Bu maqolni jismoniy tarbiya domlamiz o’ylab topgan bo’lsa kerak, hoynahoy. Nima, men basketbol koptogimanmi, yerga urishi bilan osmonga sakraydigan? Hov anavi kungi qaysarligimdan alamini olmoqchi, menimcha. Bu domlamiz maktabimizda yetuk basketbol jamoasi tuzishni xayol qilib, keyingi paytlarda hammani faqat shu sport turi bilan shug’ullanishga majbur qilishni boshladi. Biz esa, tabiiyki, birinchi kundanoq ushbu rejaga keskin qarshilik bildirdik. Sinfning hamma bolalari bir yoqadan bosh chiqarib (yana bir maqol), faqat va faqat futbolni e’tirof etishimizni, maydonda to’p surib, Peleyu Maradona, Messiyu Ronalьdo kabi yulduzlar bo’lib yetishish orzuimiz ekanini baralla aytdik. Albattaki, mazkur isyonning bosh tashkilotchisi va ruhlantiruvchisi kaminai kamtarin qulingiz edi. Jismoniy tarbiya muallimining har qancha po’pisalarini pisand qilmasdan, qarorimizda qat’iy qolib, oyoq tirab turaverdik. Oqibatda esa direktor qarshisida hozir bo’lib, boya aytganimdek, suruv-suruv jonivorlar nomi aralashgan uzundan-uzoq tanbehlar bilan obdon siylanishimga to’g’ri keldi.
— Yerga ursang, ko’kka sapchiydigan bunaqa bolani endi ko’rib turishim, — degandi o’shanda jig’ibiyroni chiqqan jismoniy tarbiya domlamiz.
“Yomon sigir yozda tug’ar” – bunisi ham haqiqatga mutlaqo to’g’ri kelmaydi. Yomon sigir deb kimni nazarda tutishayotganini bilmadimu, lekin, mana, o’zimizning Olachiporni olib ko’raylik. Esimni tanibmanki, har yili aynan yozning qoq chillasida tug’ib beradi. Shu bilan qarabsizki, butun oilamiz og’zi oqqa tegib, ro’zg’orimizning bir bo’lagi but bo’ladi. Olachipordan faqat shunaqa yaxshilik, shunaqa baraka ko’ramiz, buning nimasi yomon axir? Bundan tashqari, agar oy-kuni yetgan bo’lsa, yil fasliga qarab o’tiradimi – shartta tug’ib tashlayveradi-da!
“Bir tulki yetti bo’rini yetaklar”. Yolg’on, yettitamas – to’rtta, xolos. O’zimni ham qo’shib hisoblasam, beshta mahalladosh bitta sinfga qatnaymiz. Mahallamiz nomi ham xuddi bizga atab qo’yilganday – Beshbola. To’g’ri, o’rtoqlarim uncha-muncha urishqoq, lekin ja unchalik bo’ri ham emas. Keyin, ularni qo’llaridan ushlab yetaklamayman, ko’pincha oldimga solib haydab kelaman. Ayniqsa, o’sha basketbol mashmashasidan keyin maktab direktori jismoniy tarbiya domlamiz bilan maslahatlashib, aksil-basketbol isyonimizni bostirish uchun futbol soatlarini ko’paytirishdan boshqa chora yo’qligini tushunib yetganidan buyon shu ahvol – buning uchun esa sinfda davomat va o’zlashtirish o’nglanishi oldimizga qat’iy shart qilib qo’yildi. Tabiiyki, bunga shaxsan mening o’zimni mas’ul qilib tayinlashdi. “Ketmonning sopini o’zidan chiqardik!” deya direktor o’shanda ayyorona kulib qo’ygani esimda. Xullas, shundan buyon sinfdoshlarimni o’zim oldimga solib, darslarga kechiktirmay olib keladigan bo’lganman.
“O’tganning o’rog’ini – ketganning ketmonini”. Sharafimga aytilgan ushbu maqol ko’pmasu, shu jichchagina to’g’riligini tan olaman lekin. Nega deysizmi? Qaysidir bir kuni o’rtoqlarim bilan mollarimizni boqib yurganimizda kolxoz yerlarida durkun o’sib yotgan o’tlarni ko’rib, ko’zim rosa kuyib ketdi. Lekin aksiga olib, o’rishga o’roq olmagan ekanman. Qarasam, uch-to’rt uy naridagi Adolat xolaning o’g’li – Temir-tirmizak bir etak o’t orqalab ketyapti. O’rog’i ham bor. Shartta yo’lini to’sdim-da, birpas-yarimpasga o’rog’ini berib turishini so’radim, zig’ircha ham po’pisa qilib qo’rqitganim yo’q. Yaxshilikcha berib tursa, biror yeri kamayib qolarmidi? Yo’q, bermayman, deb turib oldi. Nima qilishim kerak edi? O’zimdan uch yosh kichik zumrasha bo’lsa, kattalarni hurmat qilish kerak, degan gaplar qayoqda qoldi?! Shunda birdaniga jahlim chiqib ketdi – qo’lidan o’rog’ini tortib oldim-da, sengayam, mengayam yo’q deb kanalga uloqtirdim. Ana tomoshani ko’ring endi – etagidagi o’tlarni har tarafga sochib, yerga dumalab, dod solib shaytonlab qolsa! Bitta o’roqqa shunchami? Shoshib qoldim – Olachiporni oldimga soldim-da, uyga choptirib ketdim. Keyin bilsam, qo’shib-chatib onasiga chaqib beribdi. Emishki, o’lay deb tergan o’tlarini ham bitta qo’ymay molimga yedirib, qo’shimchasiga yana o’t o’rdiribmanmish. Oxirida esa he yo’q-be yo’q o’rog’ini sindirib, kanalga tashlab yuboribman. To’g’ri, yer bilan bitta sochilib yotgan o’tlarini, uvol bo’lmasin dedimi, Olachiporim o’zi bitta qo’ymay yamlamay yutdi. O’ziga yana o’t o’rdirganim ham to’g’ri, lekin uyiga quruq qaytib, onasidan gap eshitmasin bola-bechara, deb kuyinganimdan shunday qildim, xolos. O’rog’ini suvga otvorganimga kelsak, boya aytganimday, hadeb xarxasha qilaverganidan keyin, toshga bir urgandim, shundoq ham chirib ketgan sopi ayrilib ketdiyu yaroqli hech vaqosi qolmadi, shunda “bor-e” deb kanalga tashlab yubordim. Bor gap shu. Xullas, bu Temir-tirmizak-chaqimchi onasiga hammasini oqizmay-tomizmay, yana ustamasiga qo’shib-chatib diydiyo qilibdi. Adolat-xola ham o’zicha adolat izlab, temirni qizig’ida bosibdi – biznikiga chopib kiribdi-da, onamga ustimdan arzu shikoyat qilibdi. “O’tganning o’rog’iniyu ketganning ketmonini olaverarkan-da o’g’lingiz”, deb onamning dilini ancha xira qilibdi. Oqibatda esa orqamga yaxshigina shapati yeganim qoldi. Xo’p, o’tgan Temirning o’tmas o’rog’ini olgan bo’lsam ham, lekin ketgan birorta birovning ketmonini olganimcha yo’q hali.
Mana sizga kattalar hech og’zidan tushirmaydigan maqollarning ro’y-rost tahlili. Ko’rib turganingizdek, ularning turgan-bitgani ko’pirtirishu mubolag’a. Hay mayli, yong’og’ini toshbo’ron qilaverib, bezoriligimdan bezor bo’lgan To’ychi-buva aytganidek, “men ham edim sendek, sen ham bo’larsan mendek” – hali katta bo’lib olay, mubolag’a qilish qanaqaligini yaxshilab ko’rsatib qo’yaman hammaga! Hozircha esa, teparoqda aytganimday, sinfdoshlarimni oldimga solib, burnidan ip o’tkazilgan buzoqday darslarga qatnab turibman, xolos.
MAGNUS EFFEKTI
Burnidan ip o’tkazilgan buzoqday darslarga qatnayverib, o’lar bo’lsam o’lib bo’ldim. Uzzu-kun partaga qapishib o’tirgancha, masalan, algebra darslarida sonli ifodalaru algebraik tengliklar bilan formulalar, arifmetik amallarning xossalariyu ma’lumli va noma’lumli har xil tenglamalaru natural ko’rsatkichli daraja xossalaridan tortib, birhad va ko’phadlar, yig’indi bilan ayirmaning kvadratiyu shu kvadratlar ayirmasi hamda algebraik kasrlar va shu kasrlarni qisqartirish kabi boshqotirma masalalar ustida bosh qotirib o’tirishlarimizni tasavvur qilib olavering. Kimyo darslari ham ikir-chikir topishmoqlar bilan g’ij-g’ij. Modda va uning xossalari, atom va molekulalar, har turli kimyoviy elementlar, atomlarning o’lchami va ularning nisbiyu mutlaq vazni, sof moddalar va ularning aralashmalari kabi bir-biridan qiyin va tushunarsiz mavzular ichida adashib qolish hech gapmas. Mana shunaqa boshog’riq darslardan bir amallab qutulib, qaqshagan miyalarimiz fizika darsida salgina orom olar deymizu, qayda, buning ham boshqotirmalari boyagi ikkisinikidan ortiq bo’lsa borki, hech kam emasligidan dod deb qochib ketgimiz keladi. Lekin qochib qayoqqa ham borardik – miq etmasdan bu ilmning ham zarang toshini kemirishga majburmiz. Chunki futbol darslari evaziga boshga bosh qilib, direktorga va’da berib qo’ygan joyimiz bor. Jismlar harakati, fazo va vaqt tushunchalari, harakatning nisbiyligiyu moddiy nuqta, jismlarning erkin tushishiyu aylanma harakat, Nьyuton qonunlariyu tabiatdagi kuchlar va bu kuchlar ta’sirida jismlar harakati kabi fizikaviy mavzular ichida adashib, inertsiyaning yo’naltirilgan quvvati vositasida yorug’ vaqtlarimiz kelishini orziqib kutamiz-kutaveramiz.
Yorug’ vaqtlar deganim, hech shak-shubhasiz, jismoniy tarbiya darsi ekanini sezib turgan bo’lsangiz kerak. Ammo ungacha esa yana ega-kesim bilan soddayu murakkab gaplarni, darak-so’roq-buyruq gaplaru olmoshu sifat va ravishlarni o’z ichiga olgan ona tili darsida matonat ko’rsatib, turib berishimiz lozim bo’ladi. Ammo bugungi – bu kungi sinovlar bari ortda qolgach, nihoyat orziqib kutganimiz oltinchi soat – jismoniy tarbiya darsi boshlanadi. To’p orqasidan shataloq otib yugurishimizni ana endi ko’ring – har turli formulayu tenglamalar, elementlaru atom-molekulalar istibdodidan eson-omon qutulib chiqqanimiz evaziga tilimiz osilib qolgunicha to’p surishimiz biz uchun munosib mukofot edi chindan ham.
Ay fig’onkim, gardishi davron, bu yerda ham chuchvarani xom sanab, bekorlarning besh-oltitasini yegan ekanmiz. Navbatdagi jismoniy tarbiya darsida bu havotirimiz alayna-oshkor bilindi-qo’ydi. Boya aytganimdek, qaqshagan miyalarimizu oyoqlar chigilini mana endi bearmon yozamiz deb, qiy-chuv solib, stadionga gurros chopib borganimizni bilamiz, mundoq qarasak, yugurish yo’lagiga partalar qator terilib, doska ham o’rnatib qo’yilibdi. Bu yana nimasi bo’ldi, deb ajablanib tursak, bir mahal uzun-qisqa bo’lishib, turli fan muallimlarimiz kirib kelishsa bo’ladimi – tamom, deb o’yladik, futbol ham qulog’ini ushlab ketdi, buning o’rniga makulaturami yoki temir-tersak yig’ish zarbdor oyligi degan biror tadbirni tiqishtirishsa kerak endi.
Jismoniy tarbiya muallimi ishorasiga ko’ra hammamiz safga tizildik. Safda turibmanu endi qayerdan makulatura izlashni xayolimda xomcho’t qila boshladim. O’tgan safar kilosiga yetmay qolganida uydagi eski kitoblardan bir-ikkitasini topshirib yuborib, dadamdan baloga qolgandim. Hech ilojini topolmasam, yana dadamning gazeta-jurnallariga qiron keltirishimga to’g’ri keladi-yov…
— Bu yerda boshqa muallimlaringizni ko’rib hayron bo’layotgandirsizlar, — so’z boshlab qoldi shunda Jtar (jismoniy tarbiya darsini shunday qisqartirib olganmiz) muallimi. – Hayron bo’lmanglar, chunki bir to’pning orqasidan chopib yuraverish bilan ish bitmasligi, futbol ham aslida o’ziga xos ilm ekanini bahamjihat sizlarga o’rgatishga qaror qildik.
Birinchi bo’lib matematika muallimiga so’z berildi.
— Matematikani hisob-kitob ilmi deydigan bo’lsak, futbol ham aslida hisob-kitoblarga asoslangandir. Har bir futbolchi yaxshi natijalarga erishishi uchun kunlik rejimi ipidan-ignasigacha hisoblab chiqilishi zarurligidan tashqari, maydonda qay tartibda jamoaviy o’yin ko’rsatish eng samarali ekanigacha matematikasiz hal qilib bo’lmaydi.
Shundan so’ng muallim futbol olamida mashhur bo’lgan turli sxemalardan misollar keltirdi. Futbol asoschilari bo’lgan Angliya bilan Shotlandiyaning dastlabki 1-2-7 va 2-2-6 sxemalaridan tortib, italьyanlarning “Metodo” (2-3-2-3) va “Piramida” (2-3-5) shakligacha, W-M (3-2-5) va brazilcha 4-2-4 dan boshlab, hozirgi 4-3-3 va 4-4-1-1, 4-2-3-1 kabi o’yinchilar joylashuviga qadar hikoya qilib, barchasining afzallik va nuqsonlarini tushuntirib berdi.
Keyin jismlar harakatiyu fazo va vaqt tushunchalari kabi boshqotirmalari bilan bizni ko’p qiynagan fizika domlamiz o’rtaga chiqdi.
— Men sizlarga aytsam, — ko’zoynagini to’g’rilab tantanavor so’zini boshladi bu domla ham, — futbol sizlar o’ylayotgan va o’ynayotgan kabi to’pning orqasidan tilni osiltirib yugurish emas. Futbol, olamdagi barcha narsa va hodisalar singari, birinchi galda fizik qonunlarga bo’ysunadi. O’tgan chorakda gaplashganimiz Magnus effekti kimning yodida?
Matematika domlamizning biz xayolimizga ham keltirmagan o’yin sxemalaridan bu qadar xabardorligidan hamon o’zimizga kelolmay turgan paytimizda endi fizika o’qituvchimizning bu savoliga javob topa olmay garangsib turaverdik.
— E o’rguldim, — achchiqqina kesatdi domla, — fizikani tushunmay turib, yana futbolchi bo’larmish bular!
Muallim doska yoniga kelib, shakl chiza boshladi:
— Hurmatli qovoq-kallalar, endi eslagandirsizlar?
Jo’rttaga bo’lsa ham qovoq-kallalarimizni liqqillatib qo’ydik.
— Endi shuni amalda ko’rasizlar. Diqqat bilan tomosha qilinglar.
Fizika domlamiz qo’liga to’pni oldi-da, burchakka borib, chiziq ustiga yaxshilab o’rnatdi. Ko’zoynagini yana bir to’g’rilab, o’zicha mo’ljalini xayolida pishitib oldi shekilli, keyin zarb bilan to’pni tepdi. Hammasi ko’z ochib yumgunimizcha ro’y berdi – qiyalab uchayotgan to’p darvozaning so’l ustuni ichki qismiga zarb bilan urildiyu, to’rga kelib tushdi. Nima voqea ro’y berganini anglamay qoldik – muallim burchakdan turib gol urgan edi!
— Aynan mana shu gol Magnus effektiga yaqqol misol bo’ladi, — xuddi hech narsa bo’lamaganday tushuntirishida davom etdi domla. – To’pning havoda qiyalab uchishiga, oqibatda esa gol sodir bo’lishiga nima sababchi? Buning sababi shuki, to’pning o’rtasiga emas, balki biroz chetrog’iga tepib, to’g’ri harakati davomida uni aylanishga majbur qildim. Natijada to’pning chap va o’ng tomonidagi havo oqimining tezligi o’zgardi va bosimlar farqi hosil bo’lib, to’pni naq darvoza tomonga burib yubordi.
Halitdan o’zimizdan Peleyu Maradona yasab olgan bizlarning qulog’imizga bu tushuntirishlar kirarmidi? Qayda, burni ustiga toshoynaday ko’zoynagini qo’ndirib olganicha sinfxonada dars o’tishdan boshqasini bilmaydigan bu muallimlarimizning futbol taktikasini ham suv qilib ichib yuborganiyu zo’r to’purarligidan hamon og’zimiz lang ochilib turaverdik.
— Xullas, shunaqa, shalpangquloqlar, — deb ko’rgazmali futbol darsiga yakun yasadi jismoniy tarbiya o’qituvchimiz, — ilm bilan sport hamisha yonma-yon yuradi. Boshqa darslarni puxta o’zlashtirmay turib yaxshi futbolchi bo’lishni xayolingizga ham keltirmang. Bugunga yetarli — hamma uy-uyiga marsh endi!
«Xurshid Davron kutubxonasi»da Sharifjon Ahmedov bilan bog’liq sahifalar.