Shoyim Bo’tayev. Eski arava & Hamxonalar. Shoyim Boʼtaev asari asosida radiospektakl

044Павел Иванович Чичиков гоҳ губернаторнинг дилтортар қизини, гоҳ божхонадаги сердаромад хизматини эслаб, энтикиб хўрсинганича, қандайдир ўй хаёллар оғушида эди. Унинг нималарни ўйлаб, қандай режалар тузаётганини шайтони лаиннинг ўзи билмаса, ўз тоат ибодатлари билан машғул художўй кимсаларнинг билишлари душвор эди…

Шойим БЎТАЕВ
ЭСКИ АРАВА


  03 Шойим Бўтаев 1959 йил 20 июнда Тожикистоннинг Ўратепа туманига қарашли Майдонча кишлоғида туғилган. Хўжанд Давлат педагогика институтининг тарих-филология факултетини тугатган (1982). Илк қиссаси — «Сирли юлдузлар» (1984). Шундан сўнг ёзувчининг «Дунёнинг сарҳисоби бор» (1988), «Энди бари бошқача» (1990), «Шамол ўйини» (1995), «Кунботардаги боғ» (1997), «Ҳаёт» (2000), «Кўчада қолган овоз» (2005) каби қисса ва ҳикоялардан иборат тўпламлари нашр этилган. «Қўрғонланган ой» (1996), «Шох» (2007) каби романлар муаллифи. «Дўстлик» ордени билан тақдирланган (2001).


«Ўлик жонлар» поэмасининг муаллиф
томонидан ёқиб юборилган дея гумон қилинган охири ёхуд ёзилмай
қолган чала қисми борасиндаги саргузашт қисса

«Руҳнинг яратувчилик қобилияти билан тўла куч қувватга, порлоқ хусусиятларга ва худо берган бошқа фазилатларга эга бўлган ҳар бир халқ ўз сўзи билан бошқа халқлардан ажралиб туради, бу сўз билан у бирон нарсани ифода қилар экан, бу ифодада ўз феъл атворининг бир қисмини акс эттиради».
Н. В. Гоголь.»Ўлик жонлар».

Павел Иванович Чичиков гоҳ губернаторнинг дилтортар қизини, гоҳ божхонадаги сердаромад хизматини эслаб, энтикиб хўрсинганича, қандайдир ўй хаёллар оғушида эди. Унинг нималарни ўйлаб, қандай режалар тузаётганини шайтони лаиннинг ўзи билмаса, ўз тоат ибодатлари билан машғул художўй кимсаларнинг билишлари душвор эди. Барчага беш қўлдек аёнки, аввал азалдан ярамас иблиснинг кириб чиқмаган тешик телиги, бурун суқмаган пучмоғи, аралашмаган иши қолмаган. Қолаверса, у Павел Иванович билан ошно тутиниб, унинг кўз кўриб-қулоқ эшитмаган ишларида раҳнамолик қилган эди. Эгнидан тутун аралаш алангаланиб турувчи наварин мовутидан тикилган фраки ҳамон тушмаган Павел Иванович ўша-ўша бўйдоқ эди. Ватани ва ватандошларини ўйлаганда ўзидан зурёд қолмагани алам қиларди.
Бахт кулиб боқаман деса фалончи пистончи, ундоқ мундоқ, уруғ қаёш, қон томир деб ҳам ўтирмас экан. Йўқса, ўша эски тарих саналарининг бирида Коробочканинг моликонасини тарк этишларида Селифанга катта йўлни кўрсатиб юборган қора оёқ югурдак қизчанинг Петрбургнинг олди санамларидан бири бўлиб кетиши мумкинлигини ким ҳам ўйлаб кўрибди эди? Ўшанда Коробочко катта йўлга чиққанларидан кейин қизчани олиб кетиб қолмай қайтариб юборишини Чичиковга тайинлаганида у соф виждонли киши бўлгани учун унинг айтганини қилган эди. Чичиковдан аввал бу моликонага қадам босган жун савдогари ҳам шундай қилган эди. Отасига балли, унинг ҳам виждон масаласида Чичиковдан қолғулик жойи бўлмаган, йўқса, чивиндек бир қизчани боқиб олиш мушкуллигини Павел Иванович ўйласа ҳам пулнинг сассиғига ёта олмай тўлғониб чиқувчи жун савдогари ўйламас эди. Замонасига тасанноки, ўша тарих саналарида Павел Иванович ва Павел Ивановичга ўхшаганларнинг ҳам, жун савдогари ва жун савдогарига ўхшаганларнинг ҳам бировга, айниқса, Коробочка ва Коробочкага ўхшаганларга хиёнати бўлмаган, хиёнат нари турсин, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмаган. Ўша қора оёқ югурдак қизча Павел Ивановичдан сўнг гарчи бекасидан асал харид қилмаган бўлса да, асал савдогарига ҳам, ундан сўнг маккажўхори ва сулини баҳона қилиб келиб кейин кўкнори истаб юргани маълум бўлиб қолган кўкнорифурушга ҳам катта йўлни кўрсатиб юбориб, эвазига бир қора чақадан бўлак ҳеч вақо олмаган, бричка козласига ўтирганидан хурсанд бўлиб қайтаверган эди.
Кўз кўриб қулоқ эшитмаган барча расволигу разолатлар кейин кейин юзага қалқиб чиқа бошлайдики, охирзамон деганлари ҳам ҳар гал ана кўриниб қолди, мана кўриниб қолди бўлиб туради ю, кейин негадир ортга чекиниб, дунёга ясов тортиб келаётган янги янги қавмлар янги янги қилиқлар ўйлаб чиқаришаверади, аввал ўтиб кетганлар мободо қайта тирилиб бу дунёга келиб қолгудек бўлсалар, ўз кўзларига ишонмай ёқа тутамлаб қолишади. Павел Иванович Чичиковда яқинда шундай ҳол юз берди, дарвоқе, қиссамизнинг мазмуни ҳам унинг у дунёдан бу дунёга келиб қолганида ва шу тариқа бироз кўнгилёзар сайру саёҳатни ихтиёр этганида. Бу саёҳатга уни аввал кучер Селифан даъват этиб кейин хизматкори Петрушка ҳам қўшилганми ёинки аввал хизматкор даъват этиб кейин кучер қўшилганми, бу мураккаб масалалар ҳам ўз ўрни билан ечилиб боради. Шундай қилиб, виждон сўзи эскириб истеъмолдан чиқиб кетаёзган бир даврда Коробочканинг моликонасига петрбурглик бир офицер адашибми атайинми келиб қолди ю, у ёқ бу ёққа назар ташлаб, шу қора оёқ югурдак қизчадан дурустроқ бошқа махлуқ кўзига илинмаганидан сўнг катта йўлни кўрсатишини баҳона қилиб уни бекасининг кўз ўнгида олиб чиқиб кетиб, шу шу қайтариб юбормади, нима қилди, нима қўйди анча вақтгача ҳеч кимнинг хабари бўлмади. Бу қилиғи учун адашибми атайинми келиб қолган ўша петрбурглик офицерни Коробочка роса қарғаган бўлса керак дерсиз. Бэ, қаёқда, уч кун ўтмай қизчани эсидан чиқариб юборди, кейинчалик унга бу ҳақда сўз очишса, ҳеч унақа хизматкорим йўқ эди, деб баҳс бойлашадиган ва ҳатто ютиб чиқадиган бўлди.
Кейин кейин зарпечакдек тарқаган юримсак миш мишларга қараганда, қора оёқ қизча Петрбургга борганидан сўнг бирров ҳаммомга кириб чиққач анча мунча бошқача бўлиб қолипти, юзига шаҳарнинг нуқси уриб, сочлари ҳам бинойидек эканлиги маълум бўлипти, қошларини тердириб тирноқларини бўяган экан мутлақо бошқа ҳурлиқога айланиб, жуда нозик фаҳм фаросати борлиги ҳам маълум бўлипти. Офицер унчалик художўй бўлмаса да, бундай ҳурни ато этган худога шукроналар келтириб, унга уйланишга қарор қилипти. Сирасини айтганда, шундан бошқа иложиям йўқ экан, бўлар иш бўлиб буёғи синган экан. Аммо офицерни овлоқ ва кимсасиз бир пучмоқда Каробочка деган бекасидан бўлак зотни танимаган бу қизча шунчалик ноз карашма ю истиғноларни қандай ўрганиб олгани ҳайратда қолдирган экан. Елкасига шоп шалопини осиб, чучваранусха қалпоқ қўндирган аскарларга буйруқ бериб юргани билан табиат аталмиш буюк яратувчи ҳамма нарсани жо бажо ва расаммади билан яратганини хоби хотирига келтира олмаган экан. Қора оёқ қизча энди қора оёқ қизча эмас, петрбурглик хоним бўлиб олибди. Шу важдан бир икки йил ўтгандан сўнг ўша қизча офицернинг бурнидан ип ўтказиб олиб, истаса у ёққа, истаса бу ёққа тортармиш, хоҳлаган пайти от қилиб йўрғалатармиш, хоҳлаган пайти эшак қилиб лўкиллатармиш, аммо нима қилса қилгани билан унга ватан учун ўғлонлар туғиб бергани боис тили узун эмиш.
Павел Иванович шу воқеани эшитганида ўша пайтда қизчани ўзим олиб кетсам бўлар экан, деб ўйлади ю, дарҳол бу бемавруд ўйни ўзидан қувди, нега деганда, вақт ўтган, қолаверса, ўша тарих санасида унинг хаёли коляскани гумбирлатиб ўтиб кетган, кейинчалик кимлиги маълум бўлган ўн олти яшарлик ўша ҳурлиқо, яъни губернаторнинг қизида эди. Қора осмондан узилган юлдуз мисол ногоҳон кўзга ташланиб ўтиб кетган ўша санам қайдайкин?
Буям майли, лойхандақдан чиқариб олинган бўладими, балчиқнинг ичида бўладими, қиз бола барибир қиз бола, ювинтириб тарантириб олса бир нарса чиқар, аммо анави Манилов жаноблари ва Манилова хонимнинг ғалати исмдаги Фомистоклюс ва Алкид деган ўғиллари чи? Шулардан одам чиқади, деб биров ўйлабмиди? Муаллими чи, муаллими?! Билгани хўжайини ва унинг хотинини оғзига жиддий қиёфада қараб туриш, бировининг лаби сал жийрилиб нимтабуссум қилса ҳам ўзини кулгига мойил кўрсатиш, акс ҳолда, иши қовоғини уюб олиш эди, холос. Мана шу сўтак сабоқ берган қулоқтишлар бу ака укалар энди юрт сўраб, пошшолик хизматида эмиш. Шуни ўйласа, Чичиковнинг тепа сочи тик бўлиб кетарди. Павел Ивановичнинг эшитишига қараганда, улар бир қўлларида қаламу бир қўлларида дафтар тутволиб валинеъматларидан уч қадам ортда нафас олмай у нима деса шуни тарих санасига қолдириш учун ёзиб боришармиш, тағин иккаласиям шиғиллатиб ёзаверармиш, шуни биттаси ёзиб, иккинчиси тин олиб турса бўлмайдими? Йўқ, иккаласи ҳам ёзиши керак эмиш, негалигига ҳеч кимнинг ақли етмасмиш, агар ҳамманинг ақли етаверса бу ишнинг хашаки мирзачиликдан фарқи қолмасмиш. Манилов эса ўз пуштикамаридан тўралган бу икки шаввоздан фахрланганча дераза олдида ўтирволиб хаёл суришда давом этармиш, менинг ушалмаган орзуларимни фарзандларим амалга оширишяпти, буюк тарих китобини ёзяпти деб ўйлармиш, ўзининг абадий ўқиётган китобининг йигирма тўртинчи бетида ҳамон ўша хатчўп турганмиш.
Павел Иванович эски танишларидан Ноздревни кўп ҳам эслагиси келмаса да, аммо фарзандлар борасида ҳамда ватани шон шарафини ўйлагудек бўлса уни эсламасликнинг иложи йўқ эди. Гарчи Ноздрев болаларининг бор йўқлигини эсидан чиқариб юборган бўлса да, улар ҳам қўйиб қўйгандек оталарининг ўзи бўлиб вояга етишди – яъники, ўша ўша бакенбардлар, ўша ўша кўкрак яланғочлаб юришлар, ўша ўша қуюқ жингалак сочлар, фақат кичкинасининг бироз тортинчоқлиги бор эди, уям аста секин йўқолиб кетиб, фазилатлар борасида акаси нари турсин, отасидан ҳам ўтадиган бўлиб қолди. Лекин бир нарсани айтиб қўйиш керакки, бу чоққа келиб гилос чубуғ кўтарадими, олча чубуғ кўтарадими, Ноздревга бир оғиз гапириб қўйишга бировнинг ҳади сиғмас, капитан исправник нари турсин, ундан каттаси ҳам қўлини кўксига қўйганча ёнидан жилмайиб ўтарди. Бунинг сабаби шундаки, рус халқининг нимаси кўп, душмани кўп, у узоқда ҳақиқатан ҳам тиш қайраб турган ҳақиқий душманлар қолиб теварак атрофдаги қўни қўшнилардан ҳам бир нимасини юлиб кетадигандек гумонсирайверади. Эмишки, мана шу славян ерларида унга етадигани йўқ эмиш, уни кўролмайдиганлар тўлиб тошиб ётганмиш. Аммо ўша унутилмас тарих санасида баъзи бир катта доно бўлмаса да, доноликка мойил одамларнинг айтишича, бу гапларнинг бари бўлмағур сафсата эмиш, омманинг фикрини чалғитиш учун ўйлаб топилган ҳийла эмиш, душман бўлса бўлмаса кимнидир душман хаёл қилиш кураш майдонини яратармиш, одамларни душманлар хаёли билан банд қилиб қўярмиш, бошқача хаёллар суришга жой қолдирмасмиш, кейин ҳар ким ўзининг билганидан қолмасмиш, бу азалдан синалган усулми услубми шунақа эмиш, ҳаттоки атай қора кийим кийиб юрадиган айғоқчилар бир куни чин мочиндан келтирилган порохни бўчкага солиб ёқиб юборишиб ғавғо қўзғаган эмиш, шунда Ноздревнинг ўғлига ўхшаган ҳукумат хизматидагиларга худо бериб қолганмиш, ана а кўрдиларингми, душманлар бизга ҳужум уюштиришди, деб бонг уришган эмиш, шунда Ноздревнинг тантилиги тутиб кўкрагини яланғочлаб ўртага чиқибди да, душманлар яшириниб бўчка ёқмасдан мана марди майдон бўлиб ўртага чиқсин, мен билан бир куч синашиб кўрсин чи ким ютаркин дебди, бу олий ҳазратларининг ҳам қулоғига етиб бориб, қора кийимдаги айғоқчилар билан Ноздревнинг олишиб турганини тасаввур қилиб кулиб юборибди ва марҳамат кўрсатиб унга дахлсиз бир ҳужжат қилиб берибдики, бу ишонч қоғозими, дахлсиздик қоғозими, ишқилиб шунақа бир қоғоз экан. Ноздрев энди ўзи яхши кўрадиган ярмаркаларга бориб текинга еб ичиб юрадими, қартавозлик қилиб қайишни отга алмаштирадими, отни итга алмаштирадими — ҳеч ким ҳеч нарса демасмиш. Худо бераман деса шу да?! Чичиковнинг қулоғига етиб келган узунқулоқ гап сўзларга қараганда, унинг обрў эътибори ошиб кетганидан кейин эски одатларини ҳам унутибди, мўмин қобил бўлиб қолибди, илгари бирортаям рост гапирмаган бўлса, энди бирортаям ёлғон гапирмайдиган бўлибди (аммо мана шунисига Павел Иванович ўлақолсаям ишонмайди!), қартавозлик одатини ташлаб, ҳатто бу ўйинни ўйнамаслик ҳақида аллақандай панд насиҳатлар ўқийдиган бўлибди (панд насиҳатлар ўқиши ку майли, аммо қартавозликни ташлаб юборгани ҳақидаги гаплар шубҳали!), сўкиш, муштлашиш каби ярамас одатлар бўлиб кўрингани билан ўзига завқ берадиган машғулотларни ҳам бировларнинг манфаатларини кўзлаб ташлаб юборибди.
Бунақа гап сўзларни эшитгандан кейин наинки Павел Иванович, бошқалар ҳам ёқа тутамлаб қолишган, Собакевич бўлса бус бутун пиширилган қуй биқинини паққос тушириб бўлгач ҳам кекиришни хаёлига келтирмай дастурхонда тишга илингулик яна бирор нарса бормикан дегандек теварак атрофга алангларкан, қатъий тарзда:
— Бўлмаган гап, — деган ичига қуймоқ солиб пиширилган бир бўлак балишни оғзига тиқаркан, — у ярамас одам эди, ярамаслигича қолади!..
Собакевич фикрининг давомини оғзидаги луқмага қўшиб лўқ этиб ютиб юборгач, иштаҳасини йўқотиб қўймаслик учун бошқа сўзга оғиз очмаган эди.
Афсус ва надоматлар бўлғайким, ўша эски тарих санасидаги ҳамма таниш билишлари, ошна оғайнилари орасида Павел Ивановичгина, шу боёқишгина йўл-чўлларда, сарсон саргардонликда умрини ҳуда-беҳуда ўтказиб юборди. На рафиқи содиқ, на фарзанди солиҳ унга насиб этди.
У ана шундай андуҳли хаёллар оғушида эканида ортидаги эшикнинг ғийқиллаб очилаётгани товушини сергак қулоқлари ногаҳон илғаб қолди. Шу ўринда айтиш жоизки, юмалоқ бош айри оёқ инсон зотининг барчасида мавжуд бўлмиш беш сезги ҳаммада ҳам баробар бўлмай, бировда ундоқ, бировда бундоқ шаклланган — шунинг учун эл орасида, кўр тутганини, кар эшитганини қўймайди, деган гаплар юради. Павел Ивановичга она сутиданми, ота қониданми ўтган фазилатлар қаторида мана шу беш сезгининг бекаму кўст, муруввати бураб қўйилган соат милидек ишлаб туриши жуда асқотар эди — у ана шу сезгиларига бирров қулоқ солиб қўйгач, баъзи давралардан омоч тортадиган от билан тортсангиз ҳам қўзғалмас, бошқаларида бир дақиқа ҳам ортиқча қолмас эди. Уни таниб билганлар бу ҳолдан ажабланиб, Чичиков шундоқ шундоқ ҳодисалар бўлишини қандоқ, қанақа қилиб билди я, дебон ёқа тутамлашар; бир бирларига, хуфиялари унга бўлажак хавф хатарлар ҳақида шипшиб туришармикан, дегандек қарашарди. Бу жуда бўлмағур гумон эди. Нега деганда, боёқиш Павел Ивановичнинг Петрушка ҳамда Селифандан, аравасига қўшиладиган отлардан харажати ортмас, жуда ортиб қолганини ўзининг усти боши башанг бўлишига ю, соқол олганидан сўнг сепиладиган ҳар хил атир упаларга сарфлар эди. Эҳтимол, ўйлаган режаси амалга ошиб, келгусида ўлик жонлар туфайли бойиб кетса хуфиялари тугул ортидан оёғини артиб, сюртугини тозалайдиганлар ҳам югуриб юришар, аммо ҳозирча бунақа ишларни унинг ўзи бажармоқдан ўзга иложи йўқ эди. Унинг найрангларига чув тушганлар узоқ узоқларда, минг қувган билан етиб бўлмас жойларда кетиб бораётганининг шарпасини кўриб қолишганда; бу шарпа ҳам одам шарпасига ўхшамай сароб янглиғ минг муқомда товланиб, гоҳ йўқолиб, гоҳ кўзга ташланиб кетиб бораётганини илғашганда шапкаларини қўлга олганча бош чайқашар, ана найрангу мана найранг, дея ҳафсаласиз қўл силтаб қўйишар эди. Аслида, бу ҳолнинг ҳеч қанақа найранг пайрангга алоқаси йўқ, Павел Иванович ўзи сезгиларига ишониб ҳаракат қилар эди, холос.
Ҳозир ҳам шундай бўлди. У эшикнинг ғийқиллаб очилган товушига парво қилмай хаёл суришда давом этаверса ҳам бўларди, аммо бир таёқнинг икки учи борлиги ёдига тушиб қолди. Шу сабабли, бир томони хаёли бўлингани ҳам айни муддао бўлиб туюлди — ахир, қачонгача фалончининг фарзанди ундай, пистончининг зурёди бундай деб сиқилиб ўтириш мумкин? Бўлса бўлар, бугун бўлса эртага йўқ — пошшолик хизмати шунақа иш.
Павел Иванович ортига ўгирилмоқчи эди, нимадир уни тўхтатиб қолди. Қандайдир сирли нарсадан умидвор бўлгандек:
— Ким?— дея хайрихоҳона, айни чоқда катта қизиқиш билан сўради.
Жавоб ўрнида аллақандай пишиллаган овоз эшитилди. Ие, бу нимаси? Инсми, жинсми?! Павел Иванович энди ортига ўгирилишга ҳайиқиб қолди. Дарҳол дафи бало учун бирон чора ю тадбир излаш хаёлида бўлиб, энди синаётгандай:
— Кимди у? — деди ўзига ҳам эшитилар эшитилмас паст товушда.
Пишиллаган овоз кучайди ва улкан кобра ўзини танитишга чоғлангандай:
— Мен, — деган панқаланган оҳиста овоз чиқди.
Павел Иванович ҳамон ички қалтироғини босолмай:
— Кимсан? — деб сўради.
Овоз бир парда кўтарилиб, яна бир карра:
— Мен, — деганидан сўнг Павел Иванович хавф хатар ўзидан йироқ эканини пайқаб қолди ва:
— Селифанмисан? — деб сўради.
— Ҳа.
Павел Иванович кескин ортига бурилиб:
— Сен бўлмай ўл, шуни айтсанг бўлмайдими? — деган савол билан кучерини яниди.
— Айтдим ку, хўжайин, — Селифаннинг чанг юқи қовоғи осилиб кетди.
— Нуқул илондек пишиллайсан холос, овозинг ҳам ўзингникига ўхшамайди, гапирсанг ўзингга ўхшаб гапир да, баччағар?!
— Сўкинманг, хўжайин.
— Бу сени сийлаганим.
— Шунча вақт ер остида ётгандан сўнг овоз ҳам ўзгариб қоларкан да, айб мендами?
— Сенга ер остида бало бормиди?
— Ўзингизга ўзингиз қулоқ солиб кўринг да, кейин мендан домангир бўлинг, — Селифан четга қараб, Павел Иванович эшитмайдиган қилиб: — Аввал ўзингга боқ, сўнгра ноғора қоқ, — деб қўшиб қўйди.
Дарвоқе, Селифан айтса айтмаса, Павел Иванович ўзининг ҳам овози ўзгариб қолганини пайқаган эди. Боз устига, димоғида қандайдир ғалати ҳид абадул абад ўрнашиб қолгандек эди. У бунинг сабаби нимада эканини ўйлаб, ўйлаган ўйининг тубига етмоқчи бўлиб турганида Селифан худди унинг ичига кириб чиққандек:
— Хок ҳидиям бежизмас, — деб қўйди.
Шундагина Павел Иванович димоғига ўрнашиб қолган тупроқ ҳиди эканини фаҳмлади ва Селифанга ажабланаётгандек, шу асно савол билан унинг кўксини ёриб юборгиси келгандек шубҳали тарзда ўткир нигоҳ ташлаб ўшқирди:
— Нима?!
— Хок ҳиди, — парвосиз минғирлади Селифан.
— Селифан!
— Лаббай, хўжайин?!
— Каллаи саҳарлаб қаёқдан уриб олдинг, чўчқа тумшуқ?!.
— Меҳмонлар келишган экан.
— Қанақа меҳмонлар?!
— Кўчада қолишган экан, отхонадан жой қилиб бердим.
— Шундоқ кенг ўлкада ким кўчада қоларкан, ҳароми? — Павел Ивановичнинг ватанпарварлик ҳис-туйғулари бениҳоя озор еб, ғазабланди.
— Ўшалар билан қиттак-қиттак отдик, — хизматкор ўз хаёли билан банд эди.
— Отмай ҳар нарса бўл, газанда, сенга ароқ қаёқдан топила қолди?
— Ўзлари опкелишган экан.
— Шунақа меҳмон ҳам бўлар эканми, ифлос?!
— Бўлар экан да.
— Бунақа валломатлар қаёқдан кела қолишдийкин?!
Селифаннинг ҳуши энди ўзига келгандай бўлди.
— Билмадим-а, — деди хуштак чалаётгандай чўзиб.
— Ароғини ичасан-у, кимлигини суриштирмайсанми?! — Чичиков Селифанни оғзини тўлдириб, ҳеч айтгулиги йўқ сўкишлар билан сийлади.
— Билиб келайми?
— Йўқо-ол!.. — беихтиёр бақириб юборди Чичиков.
Авваллари у бунақа бақирмасди, шу эсига тушиб, ўзига ўзи, асабни асраш керак, деб қўйди.
Селифан йўқолишга чоғланаётувди, хўжайиннинг ёдига қандайдир муҳим иш тушиб, уни тўхтатиб қолди. Хизматкор дарҳол соме қиёфада унинг қаршисида бош эгиб турди.
— Отларни тақалатдингми?
— Отларни тақалатганим йўқ, Павел Иванович, – деди Селифан осон савол тушганидан суюниб жавоб берган ўқувчидай шариллатиб.
— Энди яна қанақа важ корсон кўрсатмоқчисан, чўчқатумшуқ?
— Важ корсон эмас, аниқ факт келтирмоқчиман.
— Аниқ факт?!
— Бу лаънати шаҳарда бирортаям темирчи йўқ экан.
— Ие, бу қанақаси, темирчилик устахонасиз шаҳар ҳам бўларканми, ҳатто Маниловнинг хуторидаям тўртта темирчи, иккита устахона бор эди.
— Ҳа а, энди и у замонлар шунақа эди да, — деди Селифан нималарнидир хотирламоқчи бўлгандек кўзларини хиёл қисганча. — Бу ерда иккита эмас, биттагина устахона борми деб сўрасам ҳам устимдан кулишади.
— Жўна! — деди энди Чичиков у билан пачакилашиб ўтиришни ўзига эп билмай. — Ернинг остида бўлсаям устахона топиб, буйруқни бажар.
— Буйруқни бажаришга бажараман, аммо устахона топишга ваъда беролмайман.
— Устахона тополмасан сени нима қилишимни биласанми?
— Биламан, — дарҳол тумшуғини кўксига теккизгудек бўлиб кескин ҳаракат қилди Селифан.
— Билсанг, марш!
Селифан чиқиб кетаркан, ўзича буйруқни бажармаса Павел Иванович уни нима қилишини, тўғрироғи, нима қила олиши мумкинлигини мулоҳаза қилиб кўрмоқчи бўлди. Шунда хўжайинининг қўлидан ҳемириям иш келмаслиги унга аён бўлиб, ажабланганча кифт қисиб қўйди.
Павел Иванович яна ўз ўй-хаёлларига ғарқ бўлди.
Орадан бирмунча вақт ўтди.
Эшикнинг туйқусдан шитоб очилиши унинг хаёлларини пардай тўзғитиб юборди.
Павел Иванович Чичиков бу гал ўрнидан сапчиб туриб кетди ва эшик томон кўзлари жайноқланганча саросар назар ташлади.
Селифан остонада бўйнини ғоздай чўзганича турарди. Шунчаки турмай, дор устидаги дорбоздай гоҳ олдинга, гоҳ орқага қалқиб кетар, чуччайган лаблари Чичиковга аллақандай шоён қизиқ воқеа ҳодисалар ҳақида ривоят қилмоққа чоғлангандай бўлар, аммо ривоят ўрнига оғзидан сўлайкайи оқиб тумшуғида шовушдай осилиб қолмоқда эди. Павел Иванович нозиктаъб киши бўлгани учун ғазаби чунонам ошиб кетдики, қанчалик ўзини тутишга ҳаракат қилмасин, тута олмай:
— Ҳа-а, мараз, нима гап? — деб сўради шовуштумшуққа мушти тушса қўлини икки ҳафта ювгани билан тоза бўлмаслигини ўйлаганича.
Селифан буни сезгандай, тумшуғини енги билан артиб оларкан:
— Мени сўкманг, хўжайин, — деди тили базўр айланиб.
Чичиков ҳайрон қолди:
— Ие?!
— Ҳа, сўкманг…
— Ие?!
— Майли, ит дея қолинг, — негадир бирдан паст тушди Селифан.
— Яна ичдингми?
Селифан кўксини ғоздай керганча:
— Кечагидан қолганиниям грамм қолдирмай урдик! — деди мақтаниб.
Нафсиламрини айтганда, унинг бу тарзда мақтаниши ҳам янгилик эди. Одатда ичиб олган пайтлари мусичаи бегуноҳ бўлволиб, билдирмай юрарди.
— Сахий меҳмонларинг қаёқдан эканлини билдингми?
— Билдим! — Селифан яна керилди.
— Хў ўш?!
— Ўзбекистондан экан, хўжайин.
Чичиков янглиш эшитдим-ов, деган хаёлда оғзини очиб қолди. Чунки, у божхонада ишлаганида дунёнинг кун тегмаган пучмоқ жойларигача билиб олган, аммо бунақа ғалати номни эшитмаганди.
— Қаёқдан дединг?
— Ўзбекистондан дедим ку, хўжайин.
Селифаннинг гап оҳанги, намунча ғалча бўлмасангиз а, дегандек туюлди ю, Павел Иванович нималарнидир хаёл қилганча ўйланиб қолди. Кейин яна қизиқиши устун келиб, беихтиёр:
— У қанақа жой экан а? – деди ўзига ўзи савол бериб, жавоб топишга уринаётгандек паст товушда.
Аммо қулоқ сезгиси борасида дингониям ортда қолдирадиган Селифан буни эшитиб, дарҳол аввалдан тайёрлаб қўйган жавобини дўндирди:
— Жаннатмакон!
Павел Иванович сесканиб тушди.
Нариги дунё маъволарини эслатадиган сўзлар, гарчи жаннат тўғрисида бўлса да, уни чўчитар эди.
— Нега унақа деяпсан, ҳароми?
— Айтдим ку, хўжайин, майли ит дея қолинг, аммо ҳар хил сўкишларингизни қилманг деб.
— Нега унақа деяпсан, ҳароми ит?
Селифан турфа бемаъни сўзлар қатори ўзига маъқули ҳам жаранглагани учун индамай қўя қолди.
— Ҳаммаёқ обод, ариқларда сув ўрнида сут оқади.
Павел Иванович Селифанга пешонасини тириштириб тикилди ва ўсмоқчилаётгандек:
— У ёқда сигир кўпмикан? — деб сўради.
Селифан хўжайиннинг хаёлига туйқусдан нега сигир келиб қолганини фаҳмламади. Бу борада ўзининг ҳам маълумотлари етарли эмас шекилли, мажҳул оҳангда:
— Йў ўқ… — деди.
Павел Иванович ажабсинганча кифт қисиб қўйди.
Селифан хўжайиннинг саволига дарҳол аниқ далил билан жавоб қайтармаслигини пайқаб:
— Зато қўй кўп экан, — деди катта кичик сурувларни кўз ўнгига келтирганча.
— Қанақа қўй? — Павел Иванович нимагадир қизиқиб қолгандек бўлди.
— Қўйдақа қўй да.
— Думбаси катта эканми?
— Думбаси катта экан.
— Қорни чиққан эканми?
— Қорни чиққан экан.
— Олдига ем ташласа индамай ётаверар эканми?
— Шунақа экан.
— Катта сурувниям кичкина бир ит эплаб кетаверарканми?
Энди Селифаннинг кўзлари чақнаганча:
— Ҳа, шунақа экан, хўжайин, — деди.
— Унақада сен ҳам эплайсан, ит.
— Албатта эплайман, хўжайин.
— Шунақа дегин а.
— Шунақа.
— Шунақа бўладиган бўлса, гапларинг бир бирига мос эмас.
— Нега унақа дейсиз? — деди Селифан нодонлигини хўжайин ҳозироқ бўйнига қўйиши мумкинлигидан ҳайиққандек.
— Сен ариқларда сув ўрнига сут оқади дединг а?
— Ҳа.
— Сигир кўпмикан десам, қўй кўп экан дединг а?
— Ҳа.
— Қўй кўп бўлса, ариқларда сут оқмайди нодон, гўшт мой сероб бўлади.
Селифан хўжайиннинг бундай чуқур билимга эгалигини авваллари билмагандек унга ағрайганча қараб қолди.
— Энди уқдингми? — Павел Иванович эркалаб Селифаннинг бурнига чертмоқчи эди, унинг бурни тумшуғидан ҳам баттар ифлослигини кўриб, ҳавони чертиб қўяқолди.
Селифан энди индамай бош ирғаб турарди.
— Аммо лекин бунақа номни энди эшитишим, — деди Чичиков ўзича мулоҳаза қилмоқчи бўлиб.
Бингоқулоқ Селифан унинг ўзича мулоҳаза юритишига изн бермай:
— Қанақа номни? — деди боши қотгандай бўлиб.
— Сен айтганингни.
— Ҳа, шундай демайсизми, бизнинг замонамизда уларни бошқача ном билан аташган экан.
Павел Иванович яна Селифанга қаради. Гўрдан чиққандек бўлиб турган бу содиқ хизматкорнинг аллақайси жиҳатлари ўзига ўхшаётгандеку аллақайси жиҳатлари ўзига ўхшамаётгандек, гап сўзлари ҳам ғалатироқ туюлди. Худдики, бу ўша Павел Ивановичнинг содиқ хизматкори Селифану аммо Селифан эмасдек эди; унинг айтаётган сўзлари ҳам Селифанникидек эди ю, айни чоқда Селифанники эмасдек ҳам эди.
Жуда ғалати ҳол, бунақаси Павел Ивановичда авваллари бўлмаган эди. У шу ҳақда чуқурроқ мулоҳазага берилган эди, энди унинг ўзига ўзи ҳам Павел Ивановичу аммо Павел Иванович эмасдек; юритаётган мулоҳазалари ҳам ўзиники ю айни чоқда ўзиники эмасдек туюла бошлади. Чичиков, ишқилиб, жинни пинни бўлиб қолмаяпманми, дегандек бошини ушлаб кўрди. Унинг боши жойида тургандек, аммо айни чоқда жойида эмасдек эди. Йўқ, бироз дам олмасам, ҳаммаёқни алкаш чалкаш қилиб юборишим ҳеч гапмас, деб ўйлаган Чичиков димоғига урилган қандайдир кўланса ҳиддан боши айланиб кетаёзди. “Селифан айтган жойнинг ароғи сассиқ бўларкан-да, дея хаёл қилди соддадиллик билан, ўткир ҳам шекилли, бу лаънати анча-мунча ароқ ичса бундай жаврамасди, тилини ешиб юборганини…”
Чичиков Селифан айтган юртнинг ароғига қойил қолиб, унинг нимадан тайёрланишини ўйлаб кетди.
Шу асно бошқа гаплар ёдидан кўтарилди.
Бош бармоғининг учини сўриб, қошлари орасини тугун қилди — фойда бермади. Ҳеч нарса хаёлига келмади. Калласининг ичида елвизак эсаётгандек гувилларди.
— Майли, бор, — деди паришонҳол.
Селифан қаққайиб тураверди.
— Ҳа-а, сўррайиб қолдинг?
Селифанга забон битди:
— Павел Иванович, мен сиздан кетаман, — деди дабдурустдан.
Чичиков сиртига чиқармаса-да, қўрқиб кетди.
Селифансиз аҳволи нима кечади — худога аён!
Усиз Павел Иванович Павел Иванович эмас.
Эй, тавба, бу ярамас қаёққа кетаркин? Ёинки битта яримтаси уни Павел Ивановичдан айнитиб, ўзига оғдириб олмоқчи бўлдимикин? Ундай дейдиган бўлса, на киборлардан, на помешчиклардан бирортасиям Селифан билан тузук-қуруқ гаплашганини Чичиков эслолмайди. Қаёққа боришмасин, Селифан хизматкорлар хонасида бўлади, ўшалар билан суҳбатлашади. Бир хизматкор иккинчи хизматкорни айнитиб олиб кетиши амримаҳол. Шундай экан, кимнинг кўзи учиб турибдийкин унга?
— Тушунмади-им, — деди Чичиков лабини чўччайтириб.
— Сиздан кетаман, Павел Иванович, — деди Селифан. — Ҳў-ўв бир кечада бричкани ағдарворганим учун кечиринг, айб менда эди.
— Албатта, айб сенда эди. Негадир бошқа гуноҳларинг эсингга келмаётгани мени ҳайрон қолдирмоқда.
Селифан ғовлаб турган боши билан нималарнидир ўйлаб кетди.
Кейин, нимаики бўлса бўлар, дегандек қўл силтаб қўйиб:
— Бошқа гуноҳларим бўлган бўлса ҳам…энди ўзингиз биласиз, беайб парвардигор, кечириб қўя қоласиз да.
— Бас қил, Селифан! — деди Чичиков эснай туриб. — Худди нариги дунёга кетаётгандай, кечиринг, кечиринг, дейсан а, айб бўлади.
Энди Селифан Павел Ивановични биринчи марта кўраётгандек ғалати тарзда, кўзларини ола кула қилганча тикилиб қолди.
— Ҳа а, — деди Павел Иванович ўзидан хавотир олаётгандек у ёқ бу ёғига қараб қўйиб. — Намунча, Остап ғўлага ўхшаб тикилиб қолдинг?
Селифан базўр ўзига келгандек бўлиб, тилга кирди.
— Гапларингиз мени ҳайрон қолдирмоқда, хўжайин, — деди ғўлдираганча.
— Мободо сен рус тилини унутиб қўймадингми, галварс?
— Нега унақа дейсиз, ўз она тилимни унутсам, Остап ғўланинг тожи юлинган тўтисидан нима фарқим қолади, хўжайин?!
— Унда нега гоҳ карахт бўлиб қоласан, гоҳ гапларингизга ҳайрон қоляпман дейсан. Айт, нима бўлди, ҳақиқатни мен ҳам билиб олай.
— Ҳақиқат шуки хўжайин… — Селифанни дабдурустдан ҳиқичоқ тутиб қолиб, анча маҳал ҳиққилаб, бутун сабзи ютиб юборгандай қип қизариб, бўғриқиб кетди. Кейин базўр ўзига келиб, ҳарсиллаб нафас оларкан:
— Ер ости зулмати асорати, — деб қўйди Дантенинг мисрасини ёдга олаётгандек.
— Суйла, нега мени гапларим сени ҳайрон қолдирди? — деди Павел Иванович Селифаннинг ҳозирги хитобидан ажабланган бўлса да, чалғиб кетмаслик учун аввалги гапга қайтди.
— Чунки сиз қизиқ гапларни гапирасиз, хўжайин.
Павел Иванович ўзининг нима деганларини ёдига келтирмоқчи бўлгандек пастки лабини олдинга чиқариб, кўзларини бироз қисганча хаёл оғушига чўмиб турди да, кейин бу масалага ўзи аниқлик киритолмаслигини фаҳмлаб етиб:
— Хў ўш?! – деди.
— Менга худди нариги дунёга кетаётгандек гапирма, дедингиз а?
— Хў ўш?!
— Ўзи нариги дунёга кетганимизга кўп вақтлар бўлди-ку!
Селифаннинг дабдурустдан айтган гапи Павел Ивановичнинг ҳушини бошидан учириб юборгандек бўлди. У ўрнидан сапчиб тураркан, тишлари орасидан уваланиб тушаётгандай сўзлар тўкилди:
— Ҳали би из…
— Ҳа а, — деди Селифан унинг бу мажҳул сўзларини бош ирғаганча бажонидил тасдиқлаб.
— Демак би из…
— Ҳа а, ҳа а!
— Наҳотки?!
Павел Иванович Чичиков ҳушдан оғиб, бир томонга ағдарилаётувди, Селифан югуриб келиб унинг қўлтиғидан олди ва:
— Ўзингизни қўлга олинг, хўжайин, — деб бақирди.
Шундагина Павел Иванович ўзининг ғалати ҳолати, нотайин ўй-хаёллари боисини англагандай бўлди.
— Шошма-шошма, сен қандайдир етти қаватли бир манзилнинг энг пастки қаватида қийналиб анча вақт ётдингми?
— Мен сиздан баландроқда, учинчи қаватда эдим, — деди Селифан тиржайиб.
— Бу нима деганинг?
— Оз-моз ичиб турганимизни ҳисобга олишмаганда-ку, нақ беҳиштнинг ўзидан жой тегаркан куя.
— Жаннатий эдим демоқчимисан?
— Шунақага ўхшайди, — Селифан хижолатпазлик билан бошини қашиб қўйди.
Павел Иванович ўйга толди.
— Аммо-лекин, сизнинг гуноҳларингиз кўп экан.
— Ярамас, бундай дейишга қандай ҳаддинг сиғди?
— Мен ҳам шуни айтаман да, яхши одам эдингиз-ку, хўжайин, — деди Селифан Павел Ивановичга унинг нуқсонларини кўрмоқчи бўлгандай қўрқа писа қараб.
— Ҳаммаёқдаям англашилмовчиликлар бўлиб туради, — деди Павел Иванович, бу гапи билан яна бир гуноҳ орттираётганини ичида ҳис қилганча.
— Аммо мен у ёқда англашилмовчилик бўлганини пайқамовдим.
— Унда тарозиси чатоқ бўлгандир.
— Шунча гуноҳ орттирганингизни пайқамай ҳам қолганимни қаранг а.
Павел Иванович шундагина дунёга қайта келганига ишонди.
— Ё, товба?! — деб юборди беихтиёр истиғфор айлаганча, унинг бунақа кўз кўриб қулоқ эшитмаган ҳодисага ҳамон ишонгиси келмай турарди.
— Аммо лекин одам ўз хўжайинидан юқорироқ турса, ўз хўжайинидан фароғатлироқ яшаса, сал-пал хижолат ҳам чекаркан, — валдирашда давом этарди Селифан.
— Ана шундай бўлиш керак, — деди Павел Иванович Селифаннинг жўяли андишасини маъқуллаб.
— Аммо кейин-кейин хижолат ҳам чекмай қўяркан.
— Вой ярамас, бирпасда яна нима жин урди сени?
— Мен сизга айтсам, беҳиштда хўжайинлардан бирортасигаям жой тегмай, ҳаммаси сиз тушган жой — дўзахга юбориларкан. Шунисига ҳайрон қолдим. Бу дунёда кўпам қўй оғзидан чўп олмагандай бўлиб, ўзларини ақлли доно кўрсатиб юришаркан да. Биз овсарлар бўлсак, уларнинг макр ҳийлаларидан бехабар қолиб, хўжайин экан, дуруст одам бўлса керак деб юраверканмиз да,а?!
— Ўчир овозингни, ярамас!
— Омади гап-да, хўжайин! Кейин қолаверса бу гапларнинг кўпи сизга тегишли эмас. Сиз, ҳарқалай, ғалати ғалати қилиқлар кўрсатиб, ҳаммани ҳайрон қодирадиган ишлар қилиб юрсангиз да, ўлганингизда улардан ўлигингиз ортиқ эканига амин бўлдим. Айниқса, хўжайинларнинг хўжайинчилиги қанча катталашиб, кенгайиб бораверса, разиллиги ю ёмонлиги ҳам шунчалик ошавераркан да, ё товба ей?!
— Шуни айтгин да.
— Шуни айтаман да.
— Ўша ерда, жаҳаннамнинг тубида биттаси оҳ воҳ қилиб ётганида, тепасига мункарнакир келиб, сен мутаҳҳам бандаларига жабру жафо ўтказиб худога шак келтирдинг, шунинг учун ҳозир кунингни кўрсатаман, деб гурзисини кўтарган эди, қўрқиб тавба тазарру қилиш нари турсин, у пинагини ҳам бузмади.
— Йўғ э?! — деб юборди Павел Иванович Селифаннинг ҳикоясига беихтиёр қизиқиб қолиб.
— Ҳа да! — ўзидан ҳам қўшиб чатиганича давом этди Селифан. — Рости гап пинагини бузмади. Сенинг худонг мана бу ерда, ўликлар салтанатида ҳукмронлик қилса, мен ер юзида тириклар устида пошшо эдим, деди. Оғзи очилиб қолган мункарнакирга дўқ ҳам урди.
— Нима деб дўқ урди? — Павел Ивановичнинг беихтиёр эти жимирлаб кетди.
— Афсуски, мени чалғитиб бўйнимга тиғ тортиб юборишмаганида бу ерда сен зоти паст билан пачакилашиб ўтирмасдим, деди. Ўзимни бунақа аҳволга солишгани билан ҳали менинг ҳайбатим ер юзидан буткул ўчиб кетгани йўқ, ўчиб кетмайди ҳам, минглаб аёлларнинг андомига зулмкор уруғимни сочиб ташлаганман, деди. Ҳали улар униб ўсишса кейин кўрасан, ер устидан пастга тушиб сенларни ҳам кулларингни кўкка совуришади, деди.
— Вой, ярамас ей?!
— Ҳа, хўжайин, чатоқ экан. Аммо лекин, мункарнакир ҳам бўш келмади, уни бурчакка сиқиб, сўроқ жавоб қилганидан сўнг, бутун қавмдошларини қириб юборганини тан олдирди. Ер юзида дарё дарё қонлар оқизганини бирма бир эслатиб, гурзисини кўтарганича бошига чунонам қаттиқ зарб билан…
Селифан шу жойга келганда, Павел Иванович шартта уни тўхтатиб:
— Бўлди! — деди. — Ҳаммаси тушунарли!
Селифан ёлғони фош бўлган болакайдек кўзларини пакиллатиб қолаверди.
Ўртада ноқулай жимлик чўкди.
Селифан ташқарига чиқиб келишга рухсат сўраётгандек:
— Энди мен кетсам майлими? — деб сўради.
Павел Иванович Чичиков бош ирғаб унга рухсат берган эди, Селифан унинг кенг пешонасидан «чўлп» этказиб ўпиб олди да:
— Алвидо, хўжайин! — деди кўзига ёш олгудек бўлиб.
— Ҳа, сени нима жин урди, ҳэ йўқ бэ йўқ, видолашиб қолдинг?
— Энди дийдор қиёматга қолди, хўжайин, — Селифан туйқусдан ҳўнграганича йиғлаб юборди.
— Шошма, сен қаёққадир бориб келмоқчийдинг…
— Бориб келмоқчи эмас, абадий мангу кетмоқчийдим.
— Шунинг учун рухсат сўрадингми?
— Ҳа, хўжайин, сиз ҳамиша менинг гапимга эътиборсиз қарагансиз.
— Қаёққа бормоқчи эдинг? — деб сўради Павел Иванович ўзини зўрға босганча сохта мулойимлик билан, у Селифаннинг рагисакта ақлига кутилмаганда бўлар бўлмас ишлар қилиб юбориш хаёли келиб қолишини яхши биларди.
— Ўзбекистонга.
— Уф-ф…
— Нега уф тортасиз, хўжайин?
— Яна-а Ўзбекистон. Жонгаям тегдинг.
— Энди бир ўлиб қайтиб келгандан кейин, кўнгил майлига қулоқ солиш ҳам керак да, хўжайин.
— Сен жудаям ақлли бўлиб кетмадингми, пўстак?!
— Ит денг.
— Ит пўстаги.
— Майли, оғзингизга келганини айтаверинг чи, қадрим ўтгач бу сўзларингизга пушаймон бўласиз ҳали.
— Бир ўзинг кетяпсанми?
— Қаёққа?
— Айтдинг ку!
— Ҳа я. Йўқ, бир ўзим эмас.
— Яна ким?
— Петрушка ҳам боради, — хўжайинининг кўксига ўзи билмаган ҳолда бехосдан ханжар уриб юбораётган Селифаннинг оғзини бир четидан бу гап бамайлихотир чиқиб кетди.
— Йўғ-э?! — Чичиков беихтиёр ихраб юборди, кейин жазаваси қўзиди. – Сенларга у ёқда пишириб қўйибдими? Едирдим, ичирдим, кийдирдим — энди бўлса, сираям тап тортмасдан кетаман, дейди-я!
— Илож қанча, Павел Иванович?! — хода ютгандай тик тургани сайин Селифаннинг кайфи бошига ўрмалаб чиқиб бораверди, ахийри дош беролмади, кўзлари сузилиб, “шилқ” этиб тушди, шундаям айтаётган сўзини йўқотмади. — Чақиришяпти.
Чичиков унинг ўтириб қолганига эътибор бермади.
— Вой ифлослар-эй, во-ой, лаънатилар-эй! — деди бўғриққанча. — Сенлар кимга керак бўлиб қолибсанлар?
— Ҳа а энди, гавҳар ерда қолмас, деганлар.
Селифаннинг бу гапига Павел Иванович Чичиков эътибор бермади. Аслида, у кутилмаган ташбеҳларнинг қадрига етадиган нозиктаъб киши эди. Лекин ғазаб ўти мияга урганда энг аввало нозик нарсаларни супириб ташлагани боис ҳозир ўзининг дийдиёсидан қолмади.
— Сен ароқхўрларга, сен маймунларга, сен дангаса-ишёқмасларга жа-а бировнинг кўзи учиб турибди экан да?!
Бу гаплар Селифанга пашша чаққанчалик ҳам таъсир қилмади шекилли:
— Гап битта! — деганича ғудраниб қўйди.
— А-а?
— Шу нарса зарур бўптими, боришимиз керак да.
— Вой, лаънати ей?!
— Кўр тақдирнинг ҳукмидан сизники зўр бўптими?!
Унинг қўққисдан ғалати хитоб аралаш ташлаган бу саволи Павел Ивановични бирмунча эсанкиратиб ҳам қўйди.
— Сен лаънати қулваччаларнинг бошида биров турмаса, пешоб қилгани ҳам эринасизлар-ку, — деди ўзини қандайдир оқлаётгандек бўлиб.
Селифан кўзларини хиёл юмиб:
— Сизнингча, албатта! — деганича кифт қисиб қўйди.
— Аҳмоқ, аҳмоқ, аҳмоқ! — Чичиков бу сўзни роппа-роса уч марта такрорлаган бўлса да, аммо минг марта такрорлашга ҳам тайёр эканлигини билдирадиган қувват билан айтди.
—Уй-жойлардан ғам чекмасак ҳам бўлавераркан, — Чичиковнинг хитобига ичида ғижиниб турган бўлсаям ўзини эътибор бермаганга олиб асосий масала ҳақида сўз очди Селифан.
— Пуч, пуч, пуч! — уч марта таъкидлаб айтишга ёмон ўрганиб қолаётган Чичиков бўғриққанича қизариб кетди. Кўзлари ола кула бўлиб кетди. Кейин қўққисдан, менга нима дегандай жимиб, ўйланиб қолди. Гоголь ҳазратлари, ўрис кишиси бир ўйланиб қолмасин, дейдилар. У хаёл арғумоғига суворий бўлганча бутун дунёни кезиб чиқади, дейдилар; гарчанд хаёлчан ўтирган чоғида катта донишманддек кўринса-да, жуда-жуда бўлмағур нарсаларни ҳам ўйлайвериши мумкин, дейдилар.
Павел Ивановичнинг ўйга чўмганини кўриб Селифан эшик кесакисига бош қўйди. Лаҳза ўтмай узун қисқа хуррак торта бошлади. Павел Иваноич Чичиков ўзига келиб қарасаки, аҳвол танг. Павел Иванович нима қиларини билмай, бир зум боши қотди. Кейин бошқа биров ёдига тушиб қолгандек, яйдоқ пешонасига кафти билан қарс этиб урди да, овозига эрк берганча:
— Петрушка, — деб қичқирди.
Унинг чақириғи ҳавода муааллақ қолди — Петрушканинг қораси кўринмади.
— Петрушка дейман!
Фойдаси бўлмади.
Павел Иванович жон жаҳди билан учинчи марта қичқирганда ҳам Петрушка кўринмади. Яна ким — ўз хизматкоринг а! Бу ҳол Павел Ивановичнинг қонини қайнатиб, ҳаром тукларигача тиккайтириб юборди. Қанчалик оғир босиқ, мулоҳазали, бошлиқлар ҳузурида хушхулқ одобли бўлиб кўринадиган Павел Ивановичдай одам ҳам энди портлади. Портлагандай ёмон портлади, чинмочин порохи тўлдирилган ёғоч бочкадай ҳар ёнга сочилиб кетди.
— Лаънати пиёниста! — деб бўкирди.
Шу заҳотиёқ остонада Петрушканинг қораси кўринди. Вақти хуш, оғзи қулоғида, лабларини йиғиштиролмай, илжайгани илжайган эди.
У тантанавор оҳангда қаддини ғоз керганча аскарчасига:
— Лаббай, хўжайин! — дея хитоб қилди бурролик билан.
— Қаёқларда кимларнинг жунига ёпишиб юрувдинг, қўйтикан?
— Этигингизни тозалаётувдим.
— Яна алдаяпсанми?
— Ёлғони йўқ.
— Вой, какра ей, этигим ана а, каравот остида ётибди ку?!
Петрушка, бўлиши мумкин эмас, деяётгандек энайганча каравот остига мўралаганди, пойма пой ётган бир жуфт хром этикка кўзи тушди. Этик соқисидан чиқиб турган пайтаваларнинг билинар билинмас қўланса ҳиди димоққа уриларди.
Петрушка кифт қисиб:
— Бу қанақаси? — деди.
— Нима дейсан, саҳро саксовули?
— Ҳозиргина тозалаган этигим қандай қилиб…
— Яна ёлғони йўқ дейсан а?!
— Йўқ эди, ҳайронман, — Петрушка этикнинг бу ерга қандай келиб қолганини мулоҳаза қилиб кўрмоқчи бўлаётгандай хаёлга берилган эди, Павел Иванович ўзини тутиб туролмай, ўсмоқчилаётгандек:
— Ҳамманг ўзбошимча бўлиб кетгансанлар, — деди Петрушкага эмас, бошқа бировга айтаётгандек бўлиб.
Петрушка теварак атрофга аланглаб қараб олди.
— Аслида ҳаммангни оёқ қўлингин занжирлаб, боғлаб ташлаганим яхши эди.
— Ие, хўжайин, сизга нима бўлди, феълингиз айниб қолибди, бунақа эмасдингиз ку?!
Павел Ивановичга гўрдан чиққандек бўлиб турган бу содиқ малайининг ҳам аллақайси жиҳатлари ўзига ўхшаётгандеку аллақайси жиҳатлари ўзига ўхшамаётгандек, гап сўзлари ғалатироқ туюлди. Бу ўша Петрушка ю Петрушка эмасдек эди; унинг айтаётган сўзлари ҳам Петрушканикидек эди ю, айни чоқда Петрушканики эмасдек ҳам эди.
Жуда ғалати, аввал Селифан шунақа кўринди, энди Петрушка! Ўзидаги ҳолат ҳам яна такрорлангандек бўлди: ўзи ҳам Павел Ивановичу аммо Павел Иванович эмасдек; юритаётган мулоҳазалари ҳам ўзиники ю айни чоқда ўзиники эмасдек туюла бошлади. Чичиков, яна боягидек, ишқилиб, жинни пинни бўлиб қолмаяпманми, дегандек бошини ушлаб кўрди. Унинг боши ҳам боягидек жойида тургандеку, аммо айни чоқда жойида эмасдек эди.
Чичиков энди қорахаёлликнинг олдини олмасам бўлмайди, деган мақсадда ўзига ўзи андармон бўлганича, рўзадор сўфидек насиҳат оҳангида:
— Энди у ёққа бораман, бу ёққа кетаман деб бошни қотирманглар, — деди паст товушда.
Бу гап Петрушкага пашша чаққанчалик ҳам таъсир этмади.
— Чақирилган жойга бориш керак да, хўжайин, — деди даққилик ва сурбетлик билан. — Ўзингиз ҳам ҳар гал губернаторникига бораётганингизда, айтилмаган жойга борма, айтилган жойдан қолма, дердингиз ку?!
Петрушканинг бу сурбетлиги Павел Ивановичнинг қалбида уйғона бошлаган ҳалимликнинг кулини бир зумда кўкка совурди. У яна авваллари ўз қўл остидагилар билан қандай муомала қилган бўлса, шундай муомалага ўтди.
— Ишқаласа ҳиди чиқадиган бу гапларингга қараганда, сен ҳам қаёққадир отланмоқчисан, шекилли?
Павел Иванович Чичиков кутганидек, Петрушка талмовсирамади, ўзини йўқотиб ҳам қўйгани йўқ. Бунақа савол бўлиши табиийлигини аввалдан билгандек, буни ҳеч ҳеч ажабланадиган жойи йўқдек кифт қисиб қўйди да:
— Биласиз ку, хўжайин, — дея минғирлади.
— Нимани?
Петрушка Павел Ивановичга қўққис чўчиб қаради.
— Селифан айтмадими? — деди сўнгра эшик кесакисига беозор бош қўйган биродарига хайрихоҳона, айни чоқда қандайдир ишончсизлик билан қараб қўйганча.
— Икковларинг бир тешикка сийиб юрганларингиздан сўнг, у нимани айтиши кераклигини сен биласанми, мен биламанми сассиқкаварак.
Чичиковнинг сўкиш борасида бошқалардан фарқ қиладиган мақтовга лойиқ фазилатларидан бири шунда эдики, у ҳеч қачон бировларнинг оғзидан эшитиб қулоғига қўйиб олган қандайдир ягона қирчанғи сўзни ийиғи чиққунича ҳаммабоп қилиб ишлатиб юрмас эди. Унинг илҳом булоғи айнан мана шунақа лаҳзаларда тўлиб тошиб кетарди, шайтони лаиннинг ҳам етти ухлаб тушига кирмаган сўкишларни ғиштдай қалаб ташларди. У кучер Селифанни ҳайвонот оламидаги жонзотларга қўйилган исмлар билан сийласа, Петрушка ўсимликлар дунёси орқали ўз тегишини оларди. Чичиковнинг тилидан учган ўсимликларни Петрушка кўрмаган бўлса да, уларнинг қаерлардадир ўсишини ғира шира тасаввур этар, лекин кўпини билмасди. Шу сабабли, бундай сўкишлардан у ўзини ҳақоратланган ҳис этмасди, ҳаттоки кўм кўк ўтлоқда юргандай роҳатланарди. Қаерда бўлмасин, хўжайин мени шаънимга нима демоқчи бўлди экан, деган андиша ўйда ўсимликлар ҳақида сўраб суриштириб юрарди. Ҳаттоки, бир маҳаллар китобга муккасидан кетган бўлса да, бирортаям китобни охиригача ўқиб чиқмаган Маниловнинг ис босиб кетган шкафидан қоратупроқли минтақаларда, серсув жойларда, қор тагида ўсадиган ўсимликлар ҳақидаги қомусий бир китобни қиялатиб чиқишга ҳам эришгану, аммо ўқиш нари турсин, варақлаб кўришга ҳам фурсат топмаган эди. Мободо, борди ю фурсат топгудек бўлса ҳам беҳуда вақт ўтказган, хўжайини уни вақт вақти билан сийлаб турадиган ўсимликлар номини у минг қидиргани билан бунақа қомусий китоблар саҳифаларида учратмаган бўларди. Негаки, аллақандай ўлик тилда, лотинчада китобдан китобга кўчиб юрадиган сўзларнинг Чичиковнинг жонли тилига асло алоқаси йўқ эди. Қувваи ҳофизаси бағоят кучли бўлган Павел Иванович божхонада ишлаб юрганида, турли туман одамларни тинтув қилганида, бурнининг катагидан қулоғининг тешигигача текшириб чиққанда бунақа сўзларни кўпроқ ўрганган эди. Шу сабабли, Тиёншон тоғларида ўсадиган гиёҳлару қозоқ даштларида тиккайган буталарнинг номларигача унинг лексиконидан мустаҳкам ўрин олган эди.
«Сассиқкаварак Петрушка» ўз хўжайинининг шоён диққатга сазовор бундай фазилатларини билганидан, оғзини бирпас очиб турди да, кейин яна Селифан томонга қараб қўйиб, ундан домангир бўлаётгандек бош чайқаб қўйди да, томоқ қириб:
— Ўзбекистонга-да, хўжайин, — дея бамайлихотирлик билан эълон қилди.
— Нима?!
— Айтдим ку!
— Сенларга у ерда пишириб қўйибди эканми?
— Сизга нима қилиб қўйишган бўлса, бизга ҳам ўша да! — дея тагдор гап қилди Петрушка.
— Менинг нима алоқам бор сен ялангоёқлар ўйлаб топган қандайдир истонларинг билан?
— Биз Селифан билан келишиб қўйганмиз хўжайин, ўз оғзи билан айтсин деб индамагандим, билла-билла жўнаймиз.
— Билла-билла жўнаймиз деганинг нимаси?
— Билла-билла жўнаймиз деганим, билла-билла жўнаймиз, деганим-да!
Петрушканинг сўнгги сўзи Чичиковни ўйлантириб қўйди.
— У ерда қучоқ очиб кутиб олишяпти эмишми? — дея ўсмоқчилади.
— Қучоқларини катта-катта очиб, — бошини тебратиб, қўлларини ёйиб кўрсатди Петрушка.
— Дуруст жой эканми, ишқилиб?
— О, айтманг, хўжайин.
— Ерлари, очиқ майдонлари бормикан?
— Бўлганда қандоқ.
— Қабристонлар чи?
— Энг қадимий қабристонлар ҳам ўша ерда.
— Йўғ э?!
— Ҳа да. Одамзоднинг дастлабки аждоди ўша ердан топилган дейишади.
Бу гапни эшитиб Чичиков ҳаяжонланиб қолди.
— Ўшани сотишмасмикан? — деб сўради энди Петрушкани ўзига анча яқин олганча.
— Шақиллаган қуруқ суякни нима қиласиз?
— Ахир ер юзининг ҳаммаси ўша — дастлабки аждодимизга тегишли бўлган ку?!
— Тўғри аммо лекин.
— Шу ерни деб у жаннатдан қувилган.
— Шунақа дейишади.
— Агар ўша дастлабки аждодимизнинг жонини сотиб олсак…
— Ахир унинг ўлиб кетганига милён йиллар бўлган ку?!
— Фарқи йўқ…
— Ўлик жон эмас, ўлик жоннинг ўлик жонининг ўлик жонини ўлик жони… — Петрушка қандайдир ақл бовар этмас маҳобатли рақамларни айтмоқчи бўлиб, айтолмай нафаси тиқилиб қолди.
— Шунақа, шунақа, — деди Чичиков унинг нима демоқчи бўлганини дарҳол фаҳмлаб. — Билсанг, бизнингг ер устидагидан кўра ер остидаги дўстларимиз оқибатлироқ…
Петрушка унинг бу гапига ҳайрон бўлиб, оғзини очганча қараб қолганди.
— Уларнинг садоқатига гап йўқ, — илҳомланганча мулоҳаза юритишга киришиб кетди Чичиков. — Чунки, улар хиёнат нима, бевафолик нима билишмайди, билган тақдирда ҳам бу ярамас иллатларни юзага чиқаришга қурблари етмайди.
— Тўппа тўғри! — деб юборди Петрушка, беихтиёр бу рад этиб бўлмас ҳақиқат қаршисида лол қолганча.
— Шунинг учун биз одамзоднинг дастлабки аждодининг ўлик жонини сотиб олсак унинг ўлмас руҳини қайта тиклаган бўламиз, — деди Павел Иванович Чичиков калласига тўсатдан келиб қолган қандайдир ғоя таъсирида кўзлари чақнаганича. — Кейин эса бутун дунё ўша ўлмас руҳнинг пойига тиз чўкиши лозимлиги ўз ўзидан кўриниб қолади. Чунки, қуруқлик ва уммонлару денгизлар ҳам унинг учун яратилиб, унинг мулки моликонаси бўлгани ҳақида шаҳодат берувчи ишончли ҳужжатлар бор.
Петрушка Павел Ивановичнинг баландпарвоз сўзларини ғижинганича тингларкан, «бу мутаҳҳамнинг қўлига шундай муҳим ҳужжат қачон тушиб қолдийкин?», дея боши қотарди. Павел Иванович эса, ўша ҳужжатнинг дунёдаги барча далолатнома ю кафолатномалардан, шаҳодатнома ю гувоҳномалардан чандон ишончли ва қонуний эканлигини ҳақида лоф қоф урардики, ахийри ичи ёниб кетаётган Петрушка чидолмай:
— Ўша ҳужжатнинг асл нусхаси сиздами? — деб сўраб юборди.
Павел Иванович Чичиков Петрушкани биринчи марта кўраётгандек, унинг катта бурни ю қалин лабларига бир зум тикилиб, чуқур нафас олган эди, малайининг туғилганидан бери аримаган қандайдир ўзига хос ҳидини туйиб, чучкириб юборди. Шу биринчи чучкириш ортидан кейингисини, кейингиси ундан кейингисини эргаштириб чиқиб, олти еттитаси қаторлашиб, Селифанни ҳам чўчитиб юборди — аммо у уйғонмади. Сал пал қимирлаб қўйди-ю, мастлик ғолиб келиб уйқуга янаям қаттиқроқ шўнғиди.
Петрушка ҳамон қалин лабларини кувадай қилганича саволига жавоб кутиб турганини кўриб, Павел Иванович бош бармоғини кўтарди.
— У ҳужжатнинг асл нусхаси кўкда! — деди болохонадор қилиб.
Шундагина Петрушка енгил нафас олди. Чичиковнинг қўлида асл нусха йўқ экан, у ҳеч нарсага эришолмайди.
— Кўкдан тушган китоблар, кўкдан инган ваҳийлар ишончли ҳужжатлар бўлиб, одамзоднинг илк аждоди жаннатда ман қилинган бўғдойни еб қўйиб ерга бадарға этилганидан гувоҳлик беради, — дерди Чичиков айтаётган китоблари ю ваҳийларни шахсан ўзига муҳр босиб берилган ҳужжат ўрнида қабул қилиб. — Уларни кофиру мушрикларлардан бўлак барча эътиқодли, имон инсофли кишилар тан олишга мажбур.
Петрушка, қойил, дегандек бош чайқаб қўйди.
Кейин эса:
— Кўрдингизми, олижаноб ниятларингизни амалга ошириш учун биз сизга қанақа ажойиб жой топиб қўйдик, — деди гердаяётгандек, айни чоқда хўжайинига мангу содиқлик туйғуларини ифода этаркан.
— Шунақага ўхшайди, — деди Павел Иванович Чичиков энди норозиликларини эслагиси келмай. — Абадий уйқудаги ўлик жонларни қайта тирилтирамиз! Уларнинг ҳаёт неъматларидан мангу мосуво, қуриб қовжираган умрлари абри найсонлардан баҳраманд бўлган гиёҳлар каби кўклаб, бош кўтаришади. Шунда ворислигимизни пеш қилиб, ўлпон рўйхатидан ўчиб кетмаган аҳолимизни ўша ерларга жойлаштирамиз.
Чичиков шу чоққача ўлик жонларни «аҳоли» деб атамаган эди. Ҳозир унинг хаёлида аллақчонлар дунёи боқийга рихлат этиб кетган бўлишса да, дурадгорликларини, устачиликларини, ҳунармандликларини, чеварликларини ва яна ким билсин, аллақанақа касбу ҳунарларини эслатиб саф тортиб келишаётган одамлар жонланди. Нақадар ажойиб одамлар. Ҳэ йўқ, бэ йўқ улар изсиз йўқолиб кетаверишадими? Шунақа бўлишини билишганида жонларини қийнаб ҳар ёнга ҳаложак урганча югуриб юришмасди ку? Чичиков ўликлар ва тириклар ўртасида мангу чоҳни, мангу симтўсиқни, мангу чегарани олиб ташлайди! Йўқолсин, ҳар қандай чегаралару симтўсиқлар! У ўзидаги истак хоҳишнинг бетийиқ етовида ердан куч, кўкдан нафас олиб туриш имкониятига эга бўлган тирикларга нисбатан ишлатиладиган сўз оғзидан чиқиб кетганини ўзи ҳам пайқамай қолганди.
Аммо Петрушка бунга эътибор бермади. Эҳтимол бошқа одам бу гапни эшитганида ҳеч бўлмаганида ажабланганини билдириб кифт қисиб қўярди. Петрушканинг бир туки ҳам ўзгармади. Ўзгармасди ҳам. Негаки, унинг учун одамзоднинг ўлик тириги фарқсиз эди. Пули борлар осмонга қараб оёғини қайчи қилганча истаганини еб ичиб ётади ётади да, кунлардан бир куни ётган жойини сал пал шамоллатиш учун ўрнидан қўзғалаётганида, «ҳиҳқ» этиб жонини капалакни учиргандай учириб юборганини ўзлари ҳам пайқамай қолишади. Камбағал қашшоқлар эса бурда нон илинжида у эшикдан бу эшикка, бу эшикдан у эшикка ҳатлай ҳатлай ахийри бурунларига хуш бўй урилиб, чўчиб тўхташади, қарашсаки, жаннат боғларининг гуркираган дарахтларидан таралаётган анбар ҳидлардан сархушланиб туришибди да! Тирик ўлади — ўликнинг нима бўлишини худо билади, дейишади. Оддий бир малай эса да, Петрушканинг пешонаси ярақлаб, бир ўлиб тирилди. Нариги дунёга ҳам кўз очиб кўрган хўжайини Павел Иванович, дўсти қадрдони Селифан билан билла билла бориб, билла билла қайтиб келишди — бунда ҳам бир ҳикмат бордир да, йўқса, ер остида ётган сон саноқсиз жонзодларнинг қайсисига жон битибдики, уларга битсин?! Шу сабабли, Петрушка ҳамон ўзига ишонмай, қалин лабларини дўрдоқ қилганча, бу тушим бўлсамикан, деб ўзига-ўзи ишонмай турарди.
Ўзича нималарнингдир хаёлини суриб қолган Павел Иванович Чичиков:
— Ўша ерда жойлаштирамиз! — дея ҳозиргина дадиллик билан айтган гапини ўзига ўзи ишонқирамаётгандек минғирлаб қўйди.
Бу фикрга қандай муносабатда бўлишини билмай турган Петрушканинг кўз ўнгида шарқ томонга чўзилган ҳисобсиз аравалар карвони жонланди ю, бирданига чўчиб тушиб:
— Иссиғлаб кетишмасмикин? — деб сўради, ортиқча дардисарларнинг нима кераги бор эди, деган оҳангда.
— Кимни айтяпсан? — саволга савол билан жавоб қайтарган Чичиков Петрушканинг гўштдор бурни устига қўнган аллақандай номаълум ҳашоротдан кўзларини узолмай қолди.
— Сизнинг аҳолингизни да.
— Иссиқми-совуқми, уларга фарқи йўқ, — деди Чичиков ҳашорот учиб кетган бўлса да, Петрушканинг бурнидан ҳамон нигоҳини узолмай.
— Унда бўлади, — деб қўйди Петрушка.
Сиз Петрушканинг Чичиков билан ўлик жонлар хусусида бемалол, эмин-эркин сўзлашаётганидан ажабланманг. Бу вақтга келиб, Павел Ивановичнинг барча саргузаштлари ҳаммаёққа овоза бўлиб кетган, кўп ишбилармон кишилар Гоголнинг китобини варақлаб ҳам ўтирмай, унинг нима ҳақда, ким ҳақда ёзишини аллақачон билиб олишган, бундан Чичиковнинг ўзиниям хабари йўқ эди. У Гоголни қандайдир жинлар ҳақида ёзадиган қаламкаш деб элас-элас эшитганди. Ўзи ҳақидаги китобни ўқиганида икки мужикнинг араваси ҳақидаги сухбатларидан огоҳ бўлиб, буни ёзувчи қаёқдан билдийкин, деб ёқа тутамлаб қоларди.
“Вой-бўй, — деди мужиклардан бири иккинчисига, — ғилдирагига бир қара-я! Сенингча, қалай, шу арава Масковгача борса, ғилдираги чидайдими?” — “Чидайди, — деди иккинчи мужик. — менингча, Қозонгача боришга чидамас-а?” — “Қозонгача боришга чидамас”, — деди биринчи мужик. Уларнинг гапи шу билан тамом бўлди.»
Мужик деганлари содда халқ-да! Овсар десаям бўлаверади! Сал-пал узоқни кўра оладиган бўлишганида, бу араванинг мусти-мустаҳкамлигини, анча-мунча замону маконларни назар-писанд қилмаслигини билиб олишарди. Бу аравани энг зўр усталар неча йиллар жонларини жабборга бериб ишлашган. Негаки, у билан ҳаммаёққа борсаям бўлаверишини билишган; аммо, унинг турли туман жамиятлардан бебилиски ғилдираб ўтишини хаёлларигаям келтира олмаган бўлишса керак.
Маскову Қозон нима бўпти?!
Кўп жойларга етди бу арава!
Не не замонлардан ўтди бу арава!
Ажабтовур замонларга — яхши ёмонни, ориқ семизни, аҳмоқ донони тенглаган социализм даврига ҳам етиб келди бу арава!
Мана, ахийри Ўзбекистонга йўл олди.
Аммо бу ўз ўзича бўлгани йўқ. Авваллари эди, аравага минардингу хоҳлаган ўлканг томон кетаверардинг! Энди ишлар бошқача. Қилмиш қидирмишлари, саргузаштлари билан Чичиков ва Чичиковга ўхшаганларни ярим йўлда қолдириб кетадиганлар ҳар ёқларда тўлиб тошиб ётибди. Шунинг учун замонга қараб иш тутмаса бўлмайди. Павел Иванович Чичиков полиция маҳкамасида фуқароларнинг четга кириб чиқишини расмийлаштирадиган идора мавжудлигидан хабар топгач, бу ишларни билиб келиш учун Селифанни у ёққа юборган эди, фаросатсиз кучер шу қадар узоқ вақт қолиб кетдики, Чичиков ҳатто хавотирлана бошлади. Ахийри, Селифаннинг қораси кўринди. У тинмай шапкаси билан юзи ю бўйнидаги терни артар, бош чайқар, ҳадеб, оворагарчилиги жуда кўп экан ку бу қисталоқни, деб такрорлар эди. Чичиков нима гаплигини сўраганида Селифан анча фурсатгача жавоб бера олмай, чуқур чуқур нафас олиб турди. Ахийри нафасини ростлаб бўлди, шекилли, у Чичиков буюрганидай полиция маҳкамасини топиб борганини, бу полиция маҳкамаси илгариги полиция маҳкамасининг ўрнида, полиция ходимлари ҳам илгариги полиция ходимларининг пуштикамаридан тўралган зурриёдлари эканини, ўз дарди билан келган одамлар ҳам илгаригидек ачиб бижғиб ётганини, ит эгасини танимаслигини, киргандаям чиққандаям пул сўрашларини, пулсиз одам бу ерга қадам босиши керакмаслигини паёпай сўзлаб берди. Кейин қўйнидан аллақандай қоғоз чиқазиб, бунинг анкета ариза деб номланишини, уни қўлга киритиш учун ит азобини тортганини, бу анкета ариза негадир полиция маҳкамасининг ўзида эмас, унинг темир панжаралар билан ўралган ҳовлисидан ташқарига чиққач, ҳў ўв чап томондаги газ идорасининг биринчи қаватидаги қоровулхонада ёки ундан нарироқдаги озиқ овқат дўконида сотилишини айтиб берди. Бу жойларни топиш қийин бўлгани билан полиция ходимлари йўл кўрсатиб туришгани учун унчалик қийинмаслигини, айтмоқчи, ҳаммадан ҳам йўл сўрайвериш нодурустлигини, йўл кўрсатганлари учун ҳам пул талаб қилишларини, қора таёқларини ишга солиб дўқ пўписа билан бўлса да, бирон нима ундиришларини ҳам қистириб ўтди. Чичиков Селифаннинг бу қадар мукаммал ва муфассал маълумот келтирганидан мамнундек кўринса да, унинг одатдаги мужмаллигидан ғаши келди. Унинг айтаётганларига ичида қизиқсиниб қулоқ солаётган бўлса да, ўзини қулоқ солмаётгандек кўрсатиб Селифаннинг қўлидан тўлдирилиши лозим бўлган ғалати ҳужжат — анкета аризани шу сабабли деярли юлқиб олди. Қоғознинг бир чети намланиб кирланиб қолгани туфайли Чичиков Селифанга бир ола қараб қўйди да, кейин енги билан ўша жойни артиб ташлаб, ўқишга тутинди.
АНКЕТА АРИЗА
(хорижга чиқиш борасинда)
Бобоси, бобосининг бобоси, бобосининг бобосини бобоси, бобосининг бобосини бобосининг бобоси, бобосини бобосининг бобосини бобосининг бобосини бобоси(ўлган бўлса қабристон манзили, қабр жойи, қабр рақами кўрсатилсин)
Отаси, отасининг отаси, отасининг отасини отаси, отасининг отасини отасининг отаси, отасини отасининг отасини отасининг отасини отаси(тирик бўлса яшаш манзили, кўча, хонадон рақами кўрсатилсин)
Исми, аввалги исми, аввалги исмининг аввалгиси, аввалги исмининг аввалгисини аввалгиси, аввалги исмининг аввалгисининг аввалгисини аввалгиси(Одам Ато билан Момо Ҳавога алоқаси бўлса маълумотнома асосида кўрсатилсин)
Миллати(тоза, дурагай, аралаш, миллати йўқ – тагига чизилсин)
Таваллад куни, ойи, йили
Инчунин таваллуд топган жойи
Инчунин доимий яшаш жойи(шаҳар,кўча, уй,қишлоқ – тагига чизилсин ва бу нимарсаларга эга бўлмаганлар карвонсарой, чиқиндихона, ертўла, ўрмон, чангалзор, ғор каби нимарсалардан бирининг остига қора қалам билан чизиб ўзининг аниқ манзилини аён қилсин)
Фуқаролиги(агар бир пайтнинг ўзида бошқа давлат фуқароси бўлса бу ҳақда кўрсатилсин)
Хорижга чиқишдан мақсади(бораётган давлати кўрсатилади, вақтинчалик, доимий яшашга, сайёҳ сифатида, хизмат ишлари бўйича)
Сўнгги икки йил мобайнида қачон ва қайси хорижий давлатларда бўлганлиги ёзилсин
Қайси хорижий давлатларнинг қонунларига риоя қилмай ўша давлатларда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилгани яширилмасдан очиқ ёзилсин
Давлат сирига тааллуқли маълумотлар билан танишгани учун махсус рухсатномага эга эгамаслиги, эга бўлса нима учун эга ю, эгамас бўлса нима учун эгамаслиги кўрсатилсин. Бу ҳақда ҳужжатлар расмийлаштирилганми? Хорижга чиқишга тўсқинлик қилувчи шартномавий, контракт мажбуриятларга эга эгамаслиги яширилмасдан аниқ кўрсатилсин
Суд томонидан қўйилган, ижро этилмаган мажбуриятлар яширилмасдан аниқ кўрсатилсин. Инчунин судда фуқаролик даъвоси қўзғатилгани аниқ кўрсатилсин.
Жиноий иш қўзғатилган бўлса, бу жиноий ишга тааллуқли барча ҳужжатлар тақдим этилсин
Ҳақиқий мажбурий хизматга чақирилишга мажбур мажбурмаслиги аниқ кўрсатилсин
Боласини олиб кетадиган бўлса:
Бир вақтнинг ўзида ўн саккиз ёшгача бўлган боласини ҳам ўзи билан олиб кетмоқчи бўлган бўлса, бунга рухсат сўраб ариза берсин(аризага боласининг ўзидан бўлгани ҳақида яшаш жойидан, иш жойидан ва фуқароларнинг никоҳини қайд этиш идорасидан маълумотномалар, шунингдек тиббий текширулар натижалари қайд қилинган далолатнома тақдим этсин)
Сўнгги ўн йилдаги меҳнат фаолияти ҳақида батафсил маълумот берсин(ҳеч қаерда ишламай четга пул топиш мақсадида мардикорчилик учун чиқаётган бўлса ҳеч қаерда ишламаслиги ҳақида маълумотнома тақдим этсин ва мардикорчиликдан ишлаб топган пулининг маълум фозини давлат ғазнасига ўтказишни кечиктирмаслик, мободо кечиктиргудек бўлса қўшимча бадал тўлаши ҳақида билиб қўйсин)
Ариза анкетада кўрсатилган маълумотлар шахсий ҳужжатлар таққослансин.
Муҳр.
Муҳр ёнида корхона, ташкилот, муассаса раҳбарининг имзоси, исми, фамилияси, отасининг исми
Орқада:
Яқин қариндошлар ҳақида( хотин, эр, ота она, болалар – қора қалам билан остига чизилсин, агар болалари аввалги никоҳдан бўлган бўлса собиқ эр ёки собиқ хотиндан рухсатнома, уларнинг яшаш, иш жойи ва ҳозирги турмуш шароити тўғрисинда тўлиқ маълумотнома тақдим этилсин)
Анкета аризада ёлғон маълумотларни мавжудлиги хорижга чиқишга рухсатнома беришда рад этилишига сабаб бўлишидан хабардорман.
Имзо.
Буни ўқиб чиқиб, Чичиковнинг бошидаги ҳар бир тук сувли тикандай диккайди.
— Селифан! — деб бақирди.
— Лаббай, хўжайин?
— Бу қоғозинг ғирт даҳмазанинг ўзи экан ку?
— Мен ҳам шуни айтаман да.
— Буни то тўлғазиб то исботлаб тасдиқлатгунингча умринг ўтиб кетади ку?
— Мен ҳам шуни айтаман да.
— Бу ишни қўй.
— Нима қил дейсиз, хўжайин?
— Шундоқ кетаверамиз.
— Хўп, хўжайин.
— Йўл пўлда, ўша ўтиш жойларида инсофли одамлар ҳам учраб қолар.
— Мен ҳам шуни айтаман да.
— Ҳаммаёқни ўғри қароқчи босиб кетмагандир ахир?
— Мен ҳам шуни айтаман да.
— Қайси хорижий давлатда бўлгансиз, деб ёзишипти.
— Бу осон ку, хўжайин.
— Нимаси осон?
— У дунёда, деб ёзиб қўяверинг да.
— У дунё давлат эмас овсар.
— Нима бўлмаса? Бордик ку!
— Борган бўлсанг нима бўпти?
— Кучли экан, демоқчиман да, одамларнинг оёқлари қалтираб турарди.
— У ер дўзах эди.
— Энди дўзах экан деб шунчалик қўрқишадими?
— Қўрқинчли жойдан қўрқади да одам.
— Аммо лекин жаннат маза экан.
— Ҳа.
— Ҳеч кимнинг ҳеч ким билан иши йўқ.
— Мен жаннатда бўлдим, деди Чичиков Селифанга синовчан назар ташлаб.
— Йўғ э, сиз жаҳаннамда эдингиз, шекилли.
— Бирон жойда кўрсатиш керак бўлса жаҳаннам демайман ку, овсар.
— Жаҳаннамни жаннат демоқчимисиз?
— Ҳа, шунда кўп нарсага эришасан.
Селифан, менга барибир, дегандек елкасини учириб қўйди.
Уларнинг суҳбати шу билан тамом бўлди.
Эртаси куни Чичиков ҳар эҳтимолга қарши полиция маҳкамасига бориб, вазиятни ўз кўзи билан кўриб, ўз қулоғи билан эшитишга қарор қилди. Ҳар бир ишни аввалдан пишиқ пухта қилиш табиатига сингиб кетгани боис Селифаннинг ҳай ҳайлашига қарамай, йўлга тушишдан эринмади. Қолаверса, Селифаннинг товуқдай қақиллашида қандайдир шубҳали нарса борга ўхшаб кўринарди. Худо билади, у полиция маҳкамасига бориб кимга учрагану бу қоғозни кимдан олган — йўқса, оғзидан аллақандай газ идорасининг қоровулхонаси ю қандайдир озиқ овқат дўкони ҳақидаги бемаъни гаплар чиқармиди? Ахир, давлатнинг шундай муҳим ва жиддий ҳужжатларини савдо сотиққа қўйиб юбориш қоровуллару дўкончиларга қолибдими? Бу тентак шу гапларимга хўжайин ишонди деб ўйлаган бўлса жуда жуда янглишади.
Шундай қилиб, Чичиков йўлга тушди. Аммо у шаҳарнинг бу қадар ўзгариб кетганини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Асфальтланган кўчалардан ғиз ғиз от қўшилмаган аравалар — автомобиллар ўтиб турарди. Икки томонда пиёдалар учун майда йўлаклар. Чичиков ана шу йўлакларнинг биридан полиция маҳкамаси томон бораркан, ҳар икки томондаги баланд баланд кўпқаватли иморатларга суқланиб боқар, ичида, шаҳар беш кунлик қайлиқдай жа а чирой очиб кетибди ку, деб ўйларди. Пича юргач, катта йўл ўртасида бир гулзор кўрди. Гулзор ўртасида баҳайбат ҳайкал кўрди. Кўкка шаъшаа ташлаб турган фаввора ҳайкал олдини ҳарир пардадай тўсиб тургани учун унинг қанақа ҳайкал эканини кўриш қийин эди. Фаввора атрофида одам гавжум, икки жинс вакиллари қўлтиқлашиб жуфт жуфт бўлиб юришарди. Увоқ болакайлар оқ куйлак кийиб, бўйинларига қизил бўйинбоғ боғлаб олишганди. Бу кўринишлар, албатта, Чичиковни беҳад ҳайратга солди. Салдан кейин фаввора ён томонда қолиб, у ҳайкални кўра олиш бахтига муяссар бўлди. Ҳайкалда костюмининг олд чўнтагидан қизил рўмолчасининг учи чиқиб турган шапкали хушмўйлов бир киши чўккалаганча фаввора атрофида уймалашишган болакайларга ўхшаб бўйнига қизил бўйинбоғ боғлаб, олдига оппоқ фартук тутган, соч турмагининг тепасига қизил бантик таққан қизалоққа қўлидаги ниманидир тутқазмоқда эди. Чичиковни ҳайкалда мужассам бўлган санъат лол қолдирди, буни ишлаган ҳайкалтарошга ичида тасаннолар айтди. Шу чоқ унинг ёнидан ҳам фаввора атрофида юришган қизалоқлар ва ҳайкалдаги қизалоққа икки томчи сувдек ўхшаб кетадиган бир қизча ўтиб кетаётиб эди, Чичиков дарҳол уни тўхтатди. Қизча ажабтовур кийинган, ўтмиш замондан келаётгандек кўринган амакига ажабсинганча сартапо назар ташлади, уни айниқса, Чичиковнинг эгнидаги тутун аралаш алангаланиб турувчи наварин мовутидан тикилган фраки, тухумдек силлиқ ёноғи ҳамда сирти никелланган носқовоқнинг попугидек осилиб турган бакенбардлари ҳайратга солмоқда эди. Қизча нимадир демоққа чоғланиб, оғиз жуфтлаётувди, Чичиков чаққонлик қилиб:
— Анави қизалоқ сенмисан? — деб сўради қўли билан ҳайкал томон ишора қилиб.
Қизча ўгирилиб, у кўрсатган томонга қаради.
— Уми? — деб ўзи ҳам ҳайкал томонни кўрсатди.
— Ҳа.
— Йўқ.
— Унда у ким?
— Мен каби пионер.
Чичиков қизчанинг гапидан ҳеч вақони фаҳмламаган бўлса да, ўзини билағон кўрсатиш учун «иҳм» деб қўйди ва:
— Ёнидаги чол ҳам пионерми? — деди янги ўрганган сўзининг маъносини шу тариқа билиб олишни дилига тукканича.
Қизча унга тентакка қарагандек қараб:
— У Ленин бобо ку?! – деди, шуниям билмайсизми, деган оҳангда.
Чичиков бош ирғаб қўяркан:
— Ленин бобо де… — деди ўсмоқчилаб.
— Ҳа.
— Шунақа де…
— Шунақа.
— Нима қиляпти? — Чичиков энди қизчани имтиҳон йўсинида сўроққа тутди.
— У ўз қандини пионерга беряпти ку, ўқимаганмисиз?
Қизчанинг, ўқимаганмисиз, дейишидан ҳайкалдаги чол ҳайкалдаги қизчага тутқазиб турган нарса бир чақмоқ оқ қанд эканини англаган Чичиков нариги дунёга бориб қайтиб келгунича орадан юз йиллар, балки ундан ҳам кўпроқ вақт ўтиб кетганини туйқусдан фаҳмлаб қолиб, сесканиб тушди. Энди уни тили татти бўлаётган гўдак ҳам мот қилиб қўйиши мумкинлигини ўйлаб, жуфтакни ростлаётганида қизчанинг:
— Амаки, хафа бўлмангу Чичиковга жуда ўхшар экансиз, — дегани уни ниҳоятда чўчитиб юборди.
«Мени қаёқдан биласан» деб юборишига бир баҳя қолганча:
— Чичиковни қаёқдан танийсан? — деди, ёқаси ичига туф туфлаганича.
— Ўқиш китобида расми бор, — деди қизча.
— Яхши одамми? — ўсмоқчилади Чичиков.
— Жуда расво, — деди қизча бамайлихотир. — Бобом бировни «мутаҳҳамсан» дейиш ўрнига «чичиковсан» деб сўкадилар.
Павел Ивановични қизчанинг гапи ниҳоятда хафа қилиб юборганидан бош эгиб қолди. У оддий одам сифатида яшаб, ҳамма қатори бўлмаса да, сал ундайроқ тирикчилик қилиб юргани билан ўз исмининг тарихда қолиши ҳақида аҳён аҳёнда ўйлаб қолар, унингча буни қизиқ жойи ўлиб кетганидан кейин ҳам одамларнинг эслаб юришларида эди. Мана Пётрнинг қилган ишларини тарихчилар ўз китобларига ёзиб қўйишгани учун одамлар эслаб юришади, ундан аввалги ва кейинги пошшоларнинг аҳволи ҳам шу — ўлиб кетишганидан сўнг пошшолигу салтанат чикора, тарихдаги номи ҳисоб да! Павел Иванович салтанат эгаси бўлмаган, бирон бир каттароқ қўшинни ўз ортидан эргаштириб каттароқ муҳорабага бошчилик қилмаган эса да, ўзига яраша ишларини асло уларникидан кам кўрмасди. Ҳар кимнинг пешонасига ёзилгани бўлади — фақат пошшолару қўмондонларнинг қилган ишлари ёзилаверса, тарихнинг тарихлиги қаёқда қолади? Тарихчилар мундоқ Чичиковга ўхшаган фуқароларга, раиятнинг аҳволига ҳам назар солиб қўйишса, ана иннайкейин уларнинг ёзган китобларини ўқиган одам баҳра топсин да! Бир маҳаллар турли славян қабилалари орасидаги ўзаро адабий алоқаларга қизиқиб, тусноғаро ю чилторлар билан ўралашиб юрган чаламулла бир адабиётчи тақдирнинг тоқозаси биланми ёинки ҳалиги ўйнаш бўлиб юра юра уйланиб олган хотинининг амакиси ҳийла найранглари туфайлими саройга яқинлашиб олди ю, тусноғора ю чилторлардан ҳам, славян қабилалари минг йиллардан буён куйлаб келган қўшиқлардан ҳам, хоҳ оғзаки хоҳ ўзаро адабий алоқаларидан ҳам ҳеч қандай наф чиқмаслигини туйқусдан фаҳмлаб қолди. Аввал дашту далаларда турли тоифадаги одамлар орасида ўралашиб юрган ҳалиги адабиётчи саройга киргач бир юмалаб тарихчи бўлди-қўйди. Ана ундан кейин унинг тарихчилик шиддати олдида қария Геродоту навқирон Карамзинлар ҳам ип эшолмай қолишди. У шу қадар гуркираб ўсиб кетдики, оқибатда буюк тарихий ҳодисаларнинг барчасини ўз йўл йўриғига солиб олди: нима эмиш, одамзоднинг илк насли Одам Ато ва Момо Ҳаводан эмас, нақ ҳазрати олийларининг ўзларидан бошланар эмиш; нима эмиш, дунёни аллақандай Нуҳ эмас, ҳазрати олийларининг ўзлари қутқариб қолганмишлар; оловни ҳам аллақандай Промтей деганлари эмас, ҳазрати олийлари инсониятга тақдим этганмишлар; ёмғирларни ёғдирган эмишлар; экинларни кўкартирган эмишлар; булар ку майли, осмонни яратган эмишлар — энди етти қават осмон устида ҳазрати олийларининг тахтиравонлари туриши керакмиш. Мана шунақа яратган замонавий тарихи билан шон шуҳрати ниҳоятда ўсиб кетган алломани ўшанда Павел Иванович Чичиков қидириб топиб, ўзи ҳақида ҳам китоб ёздирмоқчи бўлган эди. Қалин кўзойнак остидан унга бирпас син солиб тикилиб турган аллома дабдурустдан:
— Хўш, қанча тўланади? — дея сўраб қолган эди.
Албатта, бундай савол берилиши табиий эса-да, бундай саволнинг бундай тарзда берилишини сира кутмаган Павел Иванович Чичиков нима деярини билолмай, мулку моликонасининг энди ривож топтириш ҳаракатида эканини, шу мақсадда ўзлари дунёи боқийга рихлат этишган эса да, ҳали ўлпон рўйхатидан ўчмаган жонларни йиғаётганини; Собакевичу Плюшкин, Коробочко ю Манилов сингари тарихий шахслар билан шу мақсадда маълум шартномалар тузишга эришганини айта бошлаганди, тарихчининг каламушнинг думидай қоши юқори кўтарилиб, пешонаси тиришганча:
— Нақдидан гапиринг, нақдидан! — деганди дўқ ураётгандек.
Унинг бу дағдағасига Чичиков ҳайрон қолиб, нақдидан бричкаси борлигини, шуни қўш оти билан қалам ҳақига бериши мумкинлигини оҳанжомали тарзда узоқдан келиб тушунтираётувди, тарихчи бурни билан ҳавони пудаб:
— Ҳэҳ! — деганди. — Шалоғи чиққан эски аравани бошимга ураманми?!
Чичиков ундан қўлини ювиб қўлтиғига артиб, хайр маъзурни ҳам насия қилганча жўнаворганди. Ҳозир унинг эсига ўша тарихчи тушди. Лаънати, ўшанда оғринган бўлса, Чичиковнинг номини ёмонотлиқ қилиб ёзиб юбордимикан?!
У ортига ўгирилиб, узоқлашиб бораётган қизчани чақириб, тўхтатди ва:
— Ўша Чичиков ҳақидаги китобни Никита Журавлёв ёзмаганми? — деб сўради.
— Шуниям билмайсизми, амаки? — деди қизча ундан ёзғираётгандек. — Уни Николой Гоголь ёзган.
— Никита Журавлёв чи?!
— Биз унақа ёзувчи борлигини билмаймиз.
— Тарихчи эди.
— Унақа тарихчиниям билмаймиз. Кўчамизнинг бошида бир итбоқар бор, ҳамма уни Журавлёв дейишади, аммо номи нима эканини билмаймиз.
Шундай деб, қизча боягидан ҳам тезоблик билан юриб кетди.
Чичиков билдики, Никита Журавлёв олий ҳазратлари-пазратлари билан ўша замонлардаёқ қўшмозор бўлиб, унутилиб кетган. Аммо бу қисталоқ Николой Гоголь деганлари ким бўлсайкин? Чичиков ҳарчанд пешонасини тириштириб ўйламасин, бунақа таниши борлигини хаёлига келтира олмади.
У қўл силтаб, қайдасан полиция маҳкамаси, деганича яна йўлга тушди.
Полиция маҳкамаси ўша эски манзилида экан. Чичиков уни топишга кўп қийналмай топди ю, лекин шумикан бошқамикан, деганича бироз тараддудланиб туриб қолди. Кўзи ўргангач билдики, дарҳақиқат бу ўша ўзи билган полиция маҳкамаси эди. Аммо дарвоза тепасига «полиция» ўрнига «милиция» деб ёзиб қўйилганини хатм қилгач, бош чайқаб ичида, булар ҳечқачон тўғри ёзишни ўргана олишмайди, деб қўйди. Шу сабабли, ҳарфларнинг бироз ўзгачалигига ҳам эътибор бериб ўтирмади. Фақат, ўша ўзи билган полиция маҳкамасининг жуда баланд темир панжаралар билан ўраб қўйилганини кўриб ҳайрон қолди. Бу тўсиқ нега керак бўлдийкин, дея боши қотиб турувди дарвозадан Чичиков таниган полиция бошлиғининг ўзи чиқиб қолди. Фақат унинг устидаги кийим боши бошқачароқ, ўзиям ёшариб қолгандек эди. Чичиков аввалига у томон бир талпинди ю, кейин дарҳол тўхтаб, унга узоқдан син сола бошлади. Чичиков таниган полиция бошлиғига қўйиб қўйгандек ўхшаб кетадиган, аммо негадир унчалик ўхшавермайдигандек ҳам кўринган ҳалиги киши товуқнинг катагидек торгина қоровулхонада сиқилиб қолганидан чиқолмайдигандек кўринган қоровулга нимадир деди да, темир эшикдан ташқарига чиқди. Шунда Чичиков фурсатни бой бермай, ўзини танитмоқ ниятида унга пешвоз юрди. Лекин ҳалиги киши Чичиков томонга бир қараб қўйди ю, индамай кетаверди. Бу Чичиковга ниҳоятда алам қилди. Бошқа мулоҳазага бориб ўтирмай, қадамини тезлатди ва унга етиб олиб:
— Кечирасиз, — деганича йўлига кўндаланг бўлди.
Шахдам қадам ташлаб кетаётган ҳалиги киши тўхтаб, Чичиковга бошдан оёқ ажабланганича қараб қолди.
— Хўш, хизмат?! — деди сўнгра тишининг орасидан қандайдир нафрат билан.
Чичиков шундагина адашганини, бу асло ўзи билган полиция бошлиғи эмаслигини билиб қолди ва шоша пиша қўлидаги ариза анкета қоғозини кўрсатиб, Ўзбекистонга бориш учун буни қандай тўлғазиш кераклигини баҳона қилиб сўради.
Чичиков таниган полиция бошлиғига жуда жуда ўхшаб кетадиган, аммо, афсуски, асло Чичиков таниган полиция бошлиғи бўлмаган, тўғрисини айтганда, унинг ҳаром тукигаям арзимайдиган бу одам номаълум кишининг мактубини ўқиётгандек анкета аризага бирпас тикилиб турди да:
— Бу сизга нима керак? — деди ижирғанаётгандек.
— Ўзбекистонга бормоқчийдим, шунга… — чайналди Чичиков.
— Кўрга ҳасса қилиб ёзиб қўйибди ку, — деди полициячи қўлидаги қоғозни силкитиб. — Хорижга чиқиш учун деб.
Чичиков ҳеч вақони англамай унга ағрайиб қараб турарди.
—Ўзбекистонга бориш учун буни тўлғазишнинг ҳеч ҳожати йўқ, — деди полиция бошлиғи. — Бу хорижга чиқиш учун, ўзимизникиларга асло қоғознинг кераги йўқ.
Чичиков овсар Селифаннинг янглишганини фаҳмлади. Бу нарсани тушунтириб қўйгани учун қаршисидаги полициячи кўзига ўзи таниб билган полиция бошлиғидан ҳам чандон яхшироқ кўриниб кетди. Ҳаяжондан ўзини босолмай қолиб:
— Мен сизни ўзимнинг эски танишимга ўхшатганим учун… — дея гап бошламоқчийди, қаршисидаги негадир кескин қўл силтаганича:
— Мени кўпчилик ўзининг эски танишига ўхшатади, — деди очиқ нафрат билан. — Хўш, нима бўпти? Ўхшатгани учун оғиз бурун ўпишиб, ош қатиқ бўлиб кетаверишим керакми?
Авваллари Чичиковнинг иродасига қойил қолишганидан, Павел Иванович, сиз ўзингизни ҳар қандай шароитда ҳам муносиб тутасиз а, дейдиганлар унинг ҳозирги ҳолатини кўришганида эди… бунақа муомалага энди дуч келиб турганидан у ўзини шу қадар йўқотиб қўйдики, ҳатто, ўзи таниган полиция бошлиғига жуда жуда ўхшаб кетадиган, аммо, асло ўзи таниган полиция бошлиғи бўлмаган, унинг ҳаром тукигаям арзимайдиган одамнинг қачон кетганини пайқамай ҳам қолди.
У бироз ўзига келгач, оғир сўлиш олиб, ён атрофига қараб қўйди да, изига қайтди.
Қайтишида ҳайкал олдида барабанчилар барабанларини тақирлатганча аллақандай концерт ўтказишаётганига гувоҳ бўлди. «Биз борадиган жойда ҳам аҳвол шумикан ёки дурустроқмикан? — дея ўйлади юраги сиқилганича. — Анави густоҳ ўзимизники деганига қараганда баттар бўлса баттарки, беҳтар эмасдир?!»
Чичиковнинг сафарга чиқиш иштиёқи бирданига сўниб қолди. У йўл йўлакай энди бир қадам ҳам уйдан чиқмаслик ҳақида ўзига қасам бериб борган бўлса да, Селифан ва Петрушканинг сафарга қизғин тайёргарлик кўриб қўйишганини кўриб, яна ичи қизиди, қасами бир зумда эсидан чиқиб кетди. Ҳаттоки, учига чиққан қасамхўрларникининг олдида бизники нима бўпти, дея ўзига тасалли ҳам бериб қўйди.
Эртаси куни саҳармардондан ўтмиш замонларда қолиб кетган ғалати эски арава — бричка йўлга тушди. Самолётлару учқур поездлар, автомобиллар турли туман манзил мароҳилларни ҳеч бир мушкулотсиз забт этиб турган бир замонда, социализмнинг гуллаб яшнаб турган чоғида эски аравага бало борми, деб сўрайдиган бир мард топилмади. Йўлнинг узоқ яқинлиги унинг босиб ўтилган вақти билан белгиланиши ҳисобга олинадиган бўлса, эски замонннинг нураган гўрларидан чиқиб келган гўрўғлилар жуда олис сафарга чиқишгани ўз ўзидан аён бўларди.
Шундай қилиб, тонг ғира ширасида йўлга тушган эски арава — жаноб Чичиковнинг бричкаси туманли масканларни ортда қолдирганча елиб кетди.
«Эй, узоқ, олис йўл!..”
Сенда кишини теран ўй-хаёлларга толдирувчи нимарсалар бордир; олис-олис манзил мароҳилларга етакларкансан, йўловчи ўзининг юраги қатламларига ҳам бир қур назар ташлайди ва чуқур-чуқур хўрсинади. Бунинг сабаби нимада эканлигини билармисан, эй, узоқ, олис йўл!.. Бунинг сабаби шундаки, йўлда кетаётган кимарса умр ҳам худди шундай шитобу шаҳд-ла босиб ўтилгач, ҳаммаси абадият қаърига чўкиб кетишини яхши англайди.
Чичиков йўлда бораркан, бунчалик чуқур хаёлларга ботишнинг сабаби нимадайкин?
У ҳали гумбур бричкаси билан Ўрунбуруннинг нари-берисида эканлигида ҳам ҳардамхаёл эди. Келаётган жойининг шарт-шароитини, боду ҳавосини тасаввур этолмасди: қандайдир Африқо ўрмонларига ўхшаш бир жойларни кўз ўнгига келтирарди. У ерда бадбашара занжилар белларига этак боғлаб юришади. Назокату нафосатдан, санъатдан минглаб чақирим йироқда — аёлларини уриб ишлатишади. Улар бегона одамларга озор беришмайди, лекин туйқусдан тўқайларда ёввойи ҳайвонлар чиқиб, кишига ҳамла қилиши мумкин.
Баъзан шундай, кўриб-билмаган жойлар кишини кўп ташвиш-таҳликага солади; кўриб-билгач бу ташвиш-таҳликалар беҳуда бўлиб чиқади. Қолаверса, Павел Иванович Чичиковнинг бораётгани у ёққа маълум бўлган, улар ўз урфу одатларига кўра, тузукроқ кутиб олиш тадоригини кўришарди. У ерда тарқаган миш мишларга қараганда, келаётган киши бўлган бўлаётган бўлмоқчи ишларни ипидан игнасигача текшириб, ҳаммаёқни ағдар тўнтар қилар эмиш. Энди пахтани қўшиб ёзиб кариллаб юрганларга сичқоннинг ини минг танга бўлиб қолармиш, ўзи аслида тўғри ишлаб тўғри юрганларида бунақа кўргиликларни кўрмаган бўлишармиш; аммо лекин бунақа вақтларда кўпинча ҳолвани ҳоким, калтакни етим ермиш, ўша тўғри ишлаб тўғри юрганларнинг бошига қора калтак синиб қолармиш. Бунақа воқеалар илгари, илгаридан ҳам илгари, илгарининг илгарисини илгариси замонларида ҳам жуда кўп содир бўлганмиш. Бир содир бўлган ишнинг йўқолиши қийин бўлармиш, яна яна содир бўлаверармиш, содир бўлмаётгандек кўринармишу янаям содир бўлаверармиш, дарахтнинг қандай ўсиши қандай экилганига боғлиқ бўлгани сингари, одамзоднинг аҳволи ҳам шу эмиш, бошидан кўп ишлар қийшиқ кетганмиш.
Чичиковнинг гумбир бричкаси гоҳо бир қулоч ярим қулоч сакраб, гоҳо сувда сузган кемадай сокин юриб, ниҳоят, кўзланган манзилга етиб келди. Бу кўзланган манзилнинг қандай кўзланганини ҳам ҳеч ақл бовар қилмас, Селифану Петрушканинг ноқис ақлига бу ерлар қандай келиб қолгани ғоятда ажабланарли эди. Қолаверса, уларни тушларида кўргани каби бу ерда анов манов одамлар эмас, казо казолар, нафасидан ўт пуркаб, соясидан ит ҳуркадиганлар иззат икром билан кутиб олишга чиқишганини, уларнинг камарбаста ҳолда туришганини, қадим туйғуларнинг сир асрорлари ю тўфонлари ҳамда жилванишлари ботинида тошқотган турфа қиёфаларнинг якдил сомеёна ифодаларини кўз куриб қулоқ эшитмаган ҳодисалар сирасига киритиш мумкин бўларди.
Бричка кутиб олишга чиққанлар даврасига яқинлашайверди.
— Ие! — дея беихтиёр хитоб қилиб юборди кимдир ва дарҳол тилини тишлаб теварак атрофга хавфсираётгандек қараб қўйди.
У ҳамманинг диққат эътибори Чичиковнинг яқинлашаётган аравасида эканини, хитоби ҳеч кимнинг қулоғига кирмаганини кўриб, хотиржамлик ҳис этганича бошқалар каби икки қўлини киндиги устига қовуштирганча тураверди. Албатта, ҳозир у ҳам ҳамма қатори оқ куйлакда, қизил бўйинбоғда, қора шим костюмда бўлгани учун қовуштирилган қўлининг ўз киндиги устида эканини хаёлига келтирмай, бундан заррача ноқулайлик ҳис этмади. Борди ю, ширяланғоч бўлгандаям бу ҳолати зарра ўзгармаган, фақат қовуштирилган қўл пастроққа тушиб бурмаланиб ётган отамерос ғўддасини ноёб хазинани яширгандек ғайриихтиёрий равишда тўсиб олган бўларди. Оталару боболар боболарнинг боболари ва оталари ва ундан нари боболару оталар шу зарурий матоҳни қандайдир йўсинда ўзларининг зурриёдларини қиёматда мушкулсиз таниб олиш учун сақлаш ва сақланишини мерос қилиб қолдиришгани ажабтовур бир тилсимотдай туюлар эдики, бунда илоҳий сир асрорлар мужассамлиги ҳам мавжуд бўлган бўлса ажабмас.
Хитоб этмиш зурриёд мангу ҳолатини қилт этиб ўзгартирмаган ҳолда турганида, ёнгинасида бошқа бировнинг:
— Меҳмонимиз шу аравалари билан нақ Масковнинг ўзидан келяптиларми? — дея шипшиётгандек сўраётганини эшитиб, қулоғини динг қилди. Пўстак жўн орасида кўриниб кўринмай, билиниб билинмай келган бу қулоқ эволюция жараёнларида биттама битта тук тўкиб, яланғочлагани билан динг бўлган маҳали аждодларининг момонт овидаги ҳушёрлик огоҳликларини эслаб қоларди.
— Ҳа-а, нақ Масковдан келмай, Попдан келишсинми? — илғади қулоқ нариги томондаги аллакимнинг шипшишини.
А ҳа, гап қаёқда экан. Шунинг учун экан да, ҳаммаёқни ёғ тушса ялагудек қилиб тайёргарлик кўришгани. Аммо лекин осмонларни тўлдирган пўлат қушлар товушдан тезроқ ела олиш қудратига эга бўлган дориломон замонларда, тезюрар поездлар мағрибу машриқ манзил мароҳилларини вақт тезлигидан ҳам шитоброқ тай қилиб юрган чоғида манави шалоқ аравани кутиб олишга чиқишга бало борми?
Қулоқ эгаси бу шаккок фикрни миясидан чиқариб ташлаш учун қўтоснинг бошидай бошини билинар билинмас силкиб қўйиб, яна теварак атрофдан бирор сас сабар илғаб қолиш илинжида ҳушёр ва жим турди. Худди ўша момонт овидаги каби. Шўрлик момонт. Яқинлашиб келмоқда ҳамон.
— Ғилдирагига қара, қилдирагига, — аввал шипшиган овоз эгаси ўзини тутолмай ҳамон шипширди.
— Самолётда юришмаскан-да, — минғирлади бошқаси бу шипшишларнинг давомини яна эшитиш иштиёқида.
— Катта одам, аравада юриб, баҳонада раиятнинг ҳолу аҳволидан ҳам ҳабардор бўлай деган.
А ҳа, мана гап қаёқда. Ҳалиям жиловни маҳкам тутиб, тилини тишлаб қолди. Жимлик. Сукунат. Аммо момонт қайда қолди? Уни кўздан қочириб юбормасайди ҳали. Шу чоқ яна унинг қораси лип этиб ўтди. Милён йиллик асбобини шайлаб қулоғини дурбин қилди қулоқ эгаси.
— Ана камтарлигу мана камтарлик.
— Шунақаям хокисорлик бўларканми?
А ҳа. Яхшиям ҳайдовчимнинг фаросати жойида.
У ўз позасида яна да собитроқ туриб олди. Орқа томонда олатасир бўлаётганини, барча машиналар гаражга қамалаётганини елкаси оша ҳис этиб турди.
Чичиков ўзича, дунёнинг нариги бурчаги, деб ўйлаган эса да, ўзларининг тасарруфидаги жойга келганини фаҳмлади.
Шаҳар четига мошинлари билан кутиб олгани чиққан бошлиқлар, унинг аравада келаётганини кўриб, ҳайдовчиларга шоша-пиша жавоб бериб юборишди: нега деганда, шундай улуғ жойдан шундай улуғ одам аравада келса-ю, булар мошина миниб юришса, одоб-ахлоқ қонун-қоидаларига ҳам тўғри келмайди-да! Бундай бўлишини барвақтроқ билишганида-ку, ернинг остидан бўлсаям арава топтириб, ўшанга миниб келишарди-я! Эҳ, аттанг, доғда қолишди. Жуда катта сиёсий хатолик ўтди — фурсатни бой бермай, текислаб юбориш керак!
Павел Иванович аравадан тушиши биланоқ ғалати овозлардан эс ҳушини йўқотиб қўйишига бир баҳя қолди. У қўрққанидан довдираганича яна бричкасига чиқиб олмоқчи эди, ўзи томон келаётган атлас куйлакли қизни кўриб қотиб қолди. Ўшанда, Собакевичнинг қишлоғига йўл олган кезларида йўлда тасодифан тўқнаш келиб бричка билан қўшилиб кетган коляскада ўтирган қиз хаёлидан кечиб, қаршисидагининг нимасинидир унга ўхшатди. Лекин вағур вуғур овозлар ҳали ҳануз тинай демасди.
— Бу овозлардан асти хавотир олманг, — дея унинг қулоғи остига шипшиди шу балоларнинг барчасини бошлаган ит эмгур Селифан. — Булар пуфлама мусиқа асбоблари, энг иззатли меҳмонларни кутиб олиш учун чалинади.
— Энг иззатли меҳмонлар ким экан? — ўсмоқчилаб миридан сиригача билиб олмоқчи бўлди Павел Иванович.
— Сизу биз да, хўжайин.
— Мен ку мен, биз деганинг ким?
— Камтарин қулингиз Петрушка билан камтарин қулингиз Селифан да!
Атлас кўйлакли қиз яқинлашиб, унга нон ва туз тутди. Чичиков бениҳоя хурсанд бўлди. Нон ва туздан тотинаркан, буларниям урф удумлари бизникига ўхшаркан да, дея ўзича ғўдранганича ажабланиб қўйди.
Аммо у ажабланмаса ҳам бўларди. Негаки, олдинда ҳали ажабланадиган нарсалар кўп эди. Айниқса, калтабақай бир кишининг қучоғини очганича у томонга лапанглаганча келаётганини, орқа томонда қолган одамларнинг калтабақайни фақат кўз қирлари билан кузатиб туришларини таажжубланарли деса бўларди. Павел Иванович кўпни кўрган, инсон феъл атворининг ўру қирларини пухта эгаллаб олгани туфайли мана шу хатти ҳаракатлардан калтабақайнинг бу йиғилганларнинг каттакон бошлиғи эканини дарҳол пайқаб олди. Шу туфайли уям қучоғини очаверди. Ичида эса назари илмай, мен хизмат қилган божхонага ўхшаш жойларга бориб қолса, бунга энг паст чиновниклик ҳам тегмасди-ю… бу ерларда бўлавераркан-да, деб қўйди. Аммо лекин, у бу масалада ошиқмасдан фикрласа бўларди, чунки ҳар жойнинг тошу тарозиси ўзига яраша бўлгани каби, ҳозир содда дўлвор кўрингани билан қучоқ очаётган калтабақай ҳам, унинг ортида саф тортиб соме қиёфада туришганлар ҳам ўрни келса, ҳар қандай юлдузни бенарвон ура оладиганларни бир чўқишда қочиришар, уларнинг жиддий кўринган қиёфалари ортида нималар яширинганини шайтони лаиннинг минг урингани билан билиб ололмасди. Павел Иванович Чичиков Манилов сингари, Ноздрев сингари, Собакевич сингари, Плюшкин сингари, борингки Коробочка сингариларни кўравериб кўравериб кўзи пишиб кетгани билан қаршисида турганларнинг нечоғли ўзига хос мураккаб характерлар эканини хаёлига келтира олмасди. Боёқиш қаёқдан ҳам хаёлига келтира олсин эди?! Ахир, у буларнинг орасида туғилмаган бўлса; ахир, у булар билан билла билла ланка тепиб, чиллак ўйнаб, ошиқ ташлаб улғаймаган бўлса; ахир, у буларнинг мансаду мансаб учун ота ўғилни бадарға этганини, ўғил отага тиғ кўтарганини, миллат миллат деб миллатни бошида турганлар миллатни пароканда этганини кўриб эшитмаган бўлса; ўзгадан кўра ўзларидан чиққани танга ёпишган бит каби раиятнинг қонини ичиб адо қилганини ўқиб ўрганмаган бўлса?!
Павел Иванович Чичиков ўзи ҳақида ҳар каллада ҳар хил хаёл ғужғон ўйнаётганини тасаввур ҳам этолмасдан, ўзига яқинлашган калтабақай билан қучоқлашиб, ўпишиб кўришди. Уф ф, кўришмай ўлсин! Калтабақайнинг оғзидан саримсоқпиёзнинг ҳиди анқирди. Павел Иванович нозиктаъб киши бўлгани учун кўнгли айниди. Нишонбой Ҳурзамонович номи билан эл орасида машҳур бўлган калтабақайнинг ҳам, сирасини айтганда, саримсоқпиёзга унчалик ҳуши йўқ эди. Лекин у аксарият оға-биродарларининг бу сассиқ пиёзни ҳуш кўриб ейишларини билар, ўзининг уларга ҳамтовоқ эканини англатиб қўйиш учуноқ кўзини чирт юмганча аталган жойига жўнатарди.
Унинг Чичиков томон қучоғини кенг очиб келишиям шундан эди. Қўл бериб кўришса саримсоқнинг ҳидини азиз меҳмоннинг бурнига етказолмай ҳалак бўлар, мана, мен саримсоқпиёз еганман, деса, бу табиий ҳол саналмас, хуллас, унинг ҳамфикрлилиги англашилмай қолиши турган гап эди. Юқори даражадаги бундай нозик масалаларга тушунмайдиган галварслар, қўйчивону молбоқарлар саримсоқпиёзнинг ҳиди етказилиши учун қилинаётган ҳаракатларни узоқдан кузатсалар, дарров анов-мановга тушишар, бундан кейинги ҳаёт ҳақидаги тахмину тусмолларни қалаштириб ташлашарди.
“Қалай, кўряпсизми ўпишишларини! — дерди улардан бири. — Айтганимдай, бу йил ун арзон бўлади-ёв!”
“Ҳа-а, ун арзон бўлади-ёв! — тасдиқларди уни иккинчиси. — Ие, қара, унисиям ўпишяпти-ку?! Пахта арзонлашадиганга ўхшаб қолди-ёв?!”.
Павел Иванович бошқа казо-казоларнинг саримсоқхўр ёки саримсоқхўр эмасликларини билолмай қолди. Чунки, улар билан қўл бериб кўришиб чиққач, Нишонбой Ҳурзамонович иккаласи фахрий қоровуллар олдидан ўтиб боришди.
Обрўли хўжайинларини бу ерларга келишга кўндирган Селифаннинг оғзи қулоғида, қўшиқ айтиб юборгиси келар; Петрушка эса, аксинча, ичидан қувонса-да, сиртига чиқармасди. Фахрий қоровуллар шахдам қадамлар билан олдинда юриб, шу баҳонада уларнинг эски аравасига йўл кўрсатиб борар, қолганлар орқада яёв келишарди. Кўчалар шу қадар жимжит сукунат оғушида эдики, гуёки қандайдир мўъжиза юз бериб, бу ерда истиқомат қилаётганлар ҳамма нарсани жой жойида қолдириб ё осмонга учиб ёинки ерга кириб кетгандек таассурот уйғотарди. Аммо Чичиков ҳозир бу ҳақда ўйламасди. Ўзининг ташрифи муносабати билан кўчаларда ҳаракат тўхтаганини, пана-пасқамларда миршаблар, жамоатчи назоратчилар ҳаракатни зўр-базўр тўхтатиб туришганини ҳам хаёлига келтирмасди. Чунки, у ўзи билан ўзи андармон, ўзига ўзи бино қўйганича ўз ҳолидан масту мустағриқ, ким бор эди ю ким юрарди бу кўчаларда заррача ҳам иши йўқ эди. Кўчаларнинг кимсасизлигини ҳисобга олмаганда ҳам, бу шаҳар Чичиков кўниккан шаҳарлардан ҳавосининг иссиқлиги, бир хил кўринишдаги иморатларнинг кўплиги билан ажралиб турарди. Кўчанинг икки четидаги бир хил йўғонликдаги дарахтлар текис ўсганди. Чичиковни, айниқса, турли-туман ёзувлар ҳайратга солди. Баъзи ёзувларни базўр ҳижжалаб ўқиб олгани билан шу заҳотиёқ эсидан чиқиб кетди, негаки, бу сўзлар рус тилида бўлгани билан маъноси ғалати, Павел Ивановичнинг етти ухлаб тушига кирмаган гаплар эди. Ҳар замон-ҳар замонда биноларнинг пештоқларидаги ёзувларга ҳам кўзи тушар, аммо кейин ўқиб оларман, деган хаёлда уларга эътиборини жалб этиб ўтирмасди. Бир жойда у қўлларига байроқчалар тутган бир тўп одамларга дуч келганини, улар Чичиковгами, бричкагами ёки Селифангами — номаълум, ишқилиб, таъзим бажо этишганини эътиборга олмаганда, бошқа одам учрамади. У ортидан кутиб олувчиларнинг судралиб келаётганини, олдиндаги фахрий қоровулларни яна бир қур назардан ўтказаркан, булар мени қандайдир шаҳзодага менгзаб, янглишганга ўхшайдилар, деган фикр бирров хаёлидан «ғувв» этиб ўтди ю, шу заҳотиёқ маҳв бўлди.
Чичиков ўз ўйлари билан банд бўлиб, йўл-йўлакай бебилиски ичиб юборган “тройной” атиридан кайфи тарақ бўлиб бораётган Селифаннинг ўз-ўзича отларга қилаётган танбеҳига эътибор бермади.
Ўнг ёқдан қўшилган чавкар от ҳамон муғамбирлигини ташламаганди. У хўжакўрсинга юрар, зўр бериб аравани тортаётгандек кўринса-да, аслида ундай эмасди. Чеккадан қараган одамга жуда заҳматкаш от бўлиб кўринарди. “Сенинг каттачалигинг қолмади-қолмади-да! — ғўлдирарди Селифан унга аччиқ қамчи босаркан. — Ишингни билиб қил-да, ҳадеб ўзингни кўрсатмай юравер-да, ҳароми! Аравани Жийрон билан Маслаҳатчи тортсин-да, мақтовни сен эшит, шундайми? Мен сенга кўрсатиб қўймасам, Селифан номимни… — шу сўзларини айтганича Селифан пича сукутга кетди, у ўйлай-ўйлай ўзига бошқа муносиб исм топа олмади шекилли, қасамнинг ярмидан кечиб юборди. Шундан сўнг одатдагидек учала отгаям бирдек қамчи босди-да: — Чу, жониворлар! — деб қўйди. У ҳозир бу хитобни жуда-жуда бақириб айтгиси келди-ю, бақириб айтолмасди, атирнинг кучи бошига уриб турган бўлсаям, нозик даврада эканлигини ҳиc қиларди. У атир миясига уриб, миясини ёриб юбормаслиги учун яна чавкарга қараб гапира кетди: — Сен иззат-ҳурмат кўраман десанг, хўжайинларингга тўғри бўл. Ёт деса — ёт, тур деса — тур. Улар сенга ҳеч қачон ёмонликни раво кўришмайди. Чунки сен хўжайинларингнинг аравасини тортиб бораётган отсан. Сен бўлсангу Жийрон ва Маслаҳатчи бўлмаса, арава бир қадам ҳам олға силжийдими? Силжимайди. Нега деганда, уни ҳеч ким тортмайди. Павел Иванович нуқул ўтиришни билади, биз Петрушка иккаламиз ҳам тортишни билмаймиз, тортмаймиз ҳам. Нега деганда, биз от эмасмиз. Сизлар эса отсизлар. Худо сизларни аравани тортишга чиқарган… Борди-ю, сен одам, мен от бўлиб туғилганимизда, сен ҳам мени қамчилаб ишлатардинг. Фақат бахтимга мен одам бўлиб туғилганман, омад чопмай сен от бўлиб туғилгансан…”
Селифан фалсафий жиҳатдан тобора чуқурроқ фикр юритиб, айтаётган гапларининг бош-кетини йўқотиб, мавҳумлашиб бораверди; агар бирон-бир замонавий файласуф унинг гапларига қулоқ солиб турганида, шубҳасиз, этагига бош урган, шу кундан эътиборан менга устозликка ўтинг, тан бердим, дея тавалло қилган бўлар эди.
Чичиковни бричкадан тушириб, шинам бир боққа олиб киришди. У, шу ондаёқ, ана энди ҳақиқий жаннатга келган бўлсам керак, деб ўйлади. Дарахт шохларида сархил мевалар пишиб ётар, боғнинг ўртасида каттакон ҳовуз бўлиб, унинг бўйидаги шарқона супачаларга эроний гиламлар тўшалганди. Чичиковни бу ерларга ўтқазмай, шунчаки кўрсатиб олиб ўтиб кетишди. Уни бир қаватли, аммо жуда баланд, мармардан ишланган бинога олиб киришди. Унинг учун алоҳида хона ажратиб қўйилган эканки, бунақа катта хонани Чичиков на губернаторнинг, на прокурорнинг ва на бошқа казо казоларникида кўрган эди. Хона деворларининг ҳар ер-ҳар ерига катта-катта суратлар осилган, улар чамаси, дам олувчининг кайфиятини яхшилаш мақсадида қўйилганди. Ҳамма суратларда ҳам қор бор эди, қайинлар бор эди, ҳатто ўрмонда қўзиқорин тераётган қизчаям бор эди — шунга қарамай, Чичиковнинг назарида, булар жуда бемаъни, дидсизларча чизилган суратлар эди. Худди рассомни ўзи истамаган мавзуда зўрлаб расм чиздирганга ўхшаб кўринарди.
— Қалай? — деб қолди бир маҳал Нишонбой Ҳурзамонович ундан аллақандай мурувват кутаётгандек, Столипин бузоғига ўхшаб мўлтайиб қараганча.
Павел Иванович билан бу хонага фақат унинг ўзи кирган, қолганлар ташқарида саф тортишиб, бир-бирлари билан ҳар замон-ҳар замонда пичирлашиб туришарди. Шундаям ҳаммалари бирданига пичирлашмасдан битта-битта пичирлашишарди. Уларнинг бу суҳбатлари ўлда-жўлдадек кўринса-да, ҳаммасининг ҳам кўнглида келган кишининг кимлигига қизиқиш, ўз ватанлари учун унинг нималар қилиб бера олишини билишга кучли иштиёқ ётарди. Уларнинг ватанпарварликлари шу даражада эдики, хориждан ёки бирор бошқа жойдан келган кимарсаларнинг оёқлари остида ўзларини қурбон қилишга доимо шайдек кўринишарди. Бунинг ўз сабаблари бор эди — уларнинг назарида пахса деворлар остида, гувала кулбалар ичида, қамиш томлар остида қолиб кетган ўз ватандошлари негадир ур калтак-сур калтак билан ҳам одам бўлмасди, дунёқарашлари ҳам ниҳоятда тор эди — носвой капалашу товуқ ахлатидек лўмбозгина тупуришдан бўлагини билишмасди. Бундай дунёқараш на уммонга ва на саҳрога чиқишга ярарди уларнинг назарида. Овқат ейишни ҳам ёлчитишмасди, нуқул чой ичишардики, бу уларнинг қитмирликларидан далолат берарди. Бир сўз билан айтганда, улар тамоман одамгарчиликдан чиқиб кетишган, шу боис, Нишонбой Ҳурзамонович раҳбарлигидаги олиймақом давралар улардан қўлни ювиб қўлтиққа артишганди.
— Дуруст, — деб қўйди Чичиков меҳмоннавозлик ҳурмату иззати юзасидан. — Рассоми ким экан?
— Ўзимиздан, ўзимиздан! — деди шоша-пиша Нишонбой Ҳурзамонович. — Симхобоев. Нуқул “акун” деб гапиради.
— “А нука?..” — ҳеч балога тушунмай Нишонбой Ҳурзамоновичга қаради Чичиков.
— А нука, а нука! — дарров сўзидан тонди Нишонбой Ҳурзамонович. — Тўғри-и, “а нука” деб гапиради. Биз унга халқ рассоми унвонини бердик…
Чичиковнинг бундай унвон ҳақида тушунчаси йўқ эди. Унга, масалан, Владимир нишони, Григорий нишони дейилса яхшироқ тушунарди. Лекин, Нишонбой Ҳурзамонович унинг аравасини кўрган бўлса-да, кўра-била туриб бу араванинг ўтмишдан келаётганига фаҳми етмаганди. Шунинг учун Чичиковнинг ағрайганига, эшитмади деб ўйлаб, сўзини такрорлади.
— Нима у — халқ рассоми? — беихтиёр оғзидан чиқиб кетди Павел Ивановичнинг.
Нишонбой Ҳурзамонович ишшайди. У Чичиковни, ҳазиллашяпти, деб ўйлаганди. Шу боис, ўзини меҳмон билан биргаликда, жўравозликда қўққисдан қаҳқаҳа отиб юборишга чоғлаб турди. Жойида турган-турмаганини билиш учун чўнтагига билдирмайгина қўл солиб, дастрўмолини ушлаб ҳам кўрди: жойида экан. Энди кўзлари ёшланиб кулаверсаям бўлаверади, дам-бадам кўзёшларини рўмолчаси билан артиб турса чиройли чиқади. Йўқ, қаттиқ қаҳқаҳа отиб юбормаслик керак. Меҳмон қаттиқ кулганда у жилмайиб қўя қолса, обрў-эътибориям, сиёсатиям яхши сақланади. Мабодо, меҳмон жилмайса-чи? У чоқда… Кулган-кулмаганлиги билинмайдигандек бир ҳолатда турган маъқул.
Лекин бахтга қарши… Чичиков қаҳқаҳа ҳам урмади, жилмаймади ҳам. Бурилиб, бошқа ёққа кетди. Узоққа кетмади. Тўғри тўрдаги саҳнада турган пианинони бориб кўрди. Кўргандаям унчалик ҳафсала қилмай, хаёли бошқа ёқда эканлиги яққол билиниб турган ҳолатда кўрди. Ахийри, у ўзини йиғиштириб, бошқа майда-чуйда нарсаларни кўриб ўтиришга ҳафсала қилмади. Шуниси дуруст бўлди, чунки Павел Ивановичнинг санъатга унча-мунча иштиёқи бўлса-да, шеъриятни кўргани кўзи йўқ эди. Шеъриятни кўролмаслигининг энг биринчи сабаби шоирларни дунёдаги энг бемаза одамлар, деб биларди. Улар гапни тўғри гапиришмайди, алмойи-алжойи, орқасини олдига, олдини орқасига қилиб, бошқаларнинг энсасини қотирадиган тилда гапиришади. Шоирларда тайин бўлмайди. Масалан, Пушкин деган аллақандай бир араб император ҳазратларининг ўзлари билан олишишдан ҳам ҳеч-ҳеч ҳайиқмайди. Чичиков ҳақида ҳам у Гоголми, Моголми деганларига аллақандай бўлмағур гапларни гапириб юрганмиш. Гапирса гапираверсин, Чичиковнинг совунига ҳали кир ювмабди. Гарчи у эски аравада юрса-да, узоққа кетади. Ҳали уларнинг йўғон-юпқа китобларига ҳеч ким қиё боқиб қарамайди, аммо Чичиковнинг бу эски аравасининг ғилдираги қайси пучмоққа етмасин, уни ҳурмату эҳтиром билан қарши олаверишади, ҳа а шунақа бўлиб келган, шунақа бўлади.
Шеъриятга ана шундай муносабатда бўлган Павел Иванович ҳозир жиндаккина ҳафсала қилганида шеърият билан учрашиши ҳеч гапмасди. Ҳашаматли хона деворининг ўнг томонидаги каттагина жойни бир гуруҳ шоирларнинг биргалашиб ёзишган баланд руҳдаги бир шеъри ишғол қилганди. Бу шеърнинг ҳар сатри ўқловдай-ўқловдай ҳарфлар билан, ён-атрофига оройиш бериб ёзилганди. Умуман, Шарқда ҳарфларга зеб бериш олий даражага етган. Имлоси ўзга бўлсаям зеб бераман дейилса бўлавераркан. Павел Иванович ана шу шеърни ўқиб, ёзилиш санъатини кўриб завқланармиди? Мавҳумликни иқи суймайдиган Павел Иванович ҳар бир нарсада аниқлик бўлишини истарди. Айниқса, шеър деганларида аниқлик манаман, деб кўксини кериб турсин. “Ассалом, Павел Иванович… Ассалом, Петрушка… Ассалом, Селифан…” Қандай аниқ мисралар!
Аммо Павел Ивановичнинг калласидан бундай ўй-хаёллар кечмади. Чунки Нишонбой Ҳурзамонович уни ўша “шеър” томонга судрашга ҳарчанд уринмасин, Павел Иванович толиққани боис хоҳиш билдирмади. Қолаверса, унинг хаёли мутлақо бошқа ёқда эди.
— Юртингизда офатлар бўлиб турадими? — деб сўраб қолди у кутилмаганда Нишонбой Ҳурзамоновичга қараб.
Қўққисдан берилган бу савол Нишонбой Ҳурзамоновични шошилтириб қўйди, у ҳушини йўқотганча:
— Ташкил қиламиз! — деб юборди.
Павел Иванович кулди.
— О, йўқ! – деди у. — Офатлар дегани табиий ҳодиса. Ахир, сизнинг қўлингиздан кучли қор ёки ёмғир ёғдириш келмайди-ку? Тўғрими?
— Сиз учун келади, Павел Иванович.
— О, йўқ!
— Чин сўзим!
— Раҳмат, илтифотингиз учун ташаккур!
— Тортинмай айтаверинг.
— Шундай гапларни гапирасизки, худди худо юборадиган вабо-балоларни ҳам ўзингиз тарқата оладигандек-а…
— Сиз учун тарқатамиз, Павел Иванович.
Чичиков Нишонбой Ҳурзамоновичга ҳуши жойидами жойида эмасми дегандай бир зум қараб қолди. Аммо ҳамсуҳбатининг чеҳрасида ҳазилга мойиллик кўринмаётганини, қиёфаси зобит буйруғини эшитаётган аскарникидек жиддийлигини пайқаб, бу ҳолни нимага йўйишни ҳам билолмай қолди. Павел Иванович шу гаплардан сўнг Нишонбой Ҳурзамоновични илгарироқ учратмаганига афсусланди, холос.
— Сизларда меҳнатга лаёқатли, бизнинг мужикларга ўхшаган кучли ва эпчил деҳқонлар, албатта, кам бўлса кераг-а?
Нишонбой Ҳурзамонович туйқусдан ўзининг одоб-ахлоқига ярашмаган қилиқ қилди: сал энгашиб тиззасининг кўзига бир-икки шапатилади-да:
— Эҳ, Павел Иванович… – деб қўйди.
Унинг бу хатти-ҳаракатидан ўзларида деҳқонлар тўлиб-тошиб ётибди экан, деган хаёлга борган Чичиков:
— Кечирасиз… Кечирасиз… Агар мен… — дея ғулдиради.
— Йўқ, кечирмаймиз! — деди Нишонбой Ҳурзамонович.
Чичиков бир чўчиб тушди: ўйин тугади, деб ўйлади.
— Сизни кечириш лозим эмас! — такрорлади Нишонбой Ҳурзамонович. — Сизга раҳмат айтмоқ, сизга ташаккур билдирмоқ керак. Сиз аллақачон… аллақачонлар… бизнинг ҳаётимизнинг ипидан-игнасигача билиб олибсиз. Биз учун оталарча ғамхўрлик…
Нишонбой Ҳурзамонович у ёғини гапиролмади. У аввал-бошдаёқ дастрўмолини чўнтагидан чиқаришни ўйлаб қўйганди. Муддаосига эришди. Дастрўмолини чиқариб, у билан кўз ёшларини артди. Ва ҳеч кутилмаган чаққонлик билан Чичиковнинг белидан қучоқлаб, унинг лабларидан ўпди.
Чичиковнинг кўнгли баттар айниди. Қайт қилиб юбормай деб тепага қараган эди, шифтдаги олтин қандиллар ҳам қандайдир саримсоқпиёз шаклида эканини кўриб, ҳафсаласи пир бўлди.
Нишонбой Ҳурзамонович эса, саримсоқпиёз еганимни ҳали билмаган бўлса, энди билди, ўзларининг одами эканлигимга амин бўлди, дея ўйлаб, ичида кулгуга мойиллик сезди. Буни ташида билдириб қўймаслик ҳаракатини қилди. Нишонбой Ҳурзамоновичнинг бир томонига қойил қолмай бўлмасди: у шундай хатти-ҳаракатларни жудаям қойилмақом, ўрнида бажарарди. Қонун-қоидалардан четга чиқмасди. Айтиш ноқулай-ку, аммо баъзи тунларда хотинининг жазаваси қўзиб кетганда ҳам, хоним, қонун-қоидалар ҳаммамиз учун бир хил эканлигини унутманг, дея беозоргина, аммо қамчилагандан ҳам баттарроқ танбеҳ бериб қўярди.
Павел Ивановични эса асосий нарса — ўйиннинг тугамаганлиги қувонтирди.
У, чарчоқ калласи билан мунозара юритиб, ҳамма ишни бузиб қўйишдан қўрққанидан, бошқа бир оғиз ҳам сўз айтмади. Нишонбой Ҳурзамоновичдан дам олиш хонасини сўради. Нишонбой Ҳурзамонович ўзлари турган хонанинг орқа деворидаги бир эшикни очиб, Чичиковни парқу тўшаклар тўшалган оромхонасига олиб кирди ва уни холи қолдираркан:
— Сўраганнинг айби йўқ, мабодо ухлашингиздан олдин у ёқ бу ёғингизни уқалатишга эҳтиёж сезсангиз, бемалол айтаверинг, — деди ўзи ҳозироқ енг шимариб уқалашга киришиб кетадигандек бир алпозда.
— О, йўқ, шусиз ҳам ҳаммаёғим эзилиб турибди, — деди Чичиков парқу тўшакларга кўзи тушган заҳотиёқ босиб келаётган уйқу истагини ҳеч нарса билан босиб бўлмаслигини пайқаб.
Нишонбой Ҳурзамонович хиёл таъзим қилди ва чиқиб кетди.
Орадан беш-олти дақиқа ўтар-ўтмас, хонани Чичиковнинг узун-калта, ингичка-йўғон ҳар хил товушдаги хурраги босиб кетди. Бу ҳол унинг жуда бемалол, эмин-эркин ухлаётганидан далолат берарди. Ҳар замон-ҳар замонда уёндан-буёнга, буёндан уёнга ағдарилиб қўяр, шу чоғ бурун парраклари керкиб, оғзи хиёл очилиб, роҳатланаётганлигининг аломатини билдирарди. Ҳа, дарвоқе, шунақа жаҳонгашта одамлар бўладики, қаерда қачон қай ҳолатда бўлмасин, ўз табиий эҳтиёжларини қондириб кетаверадилар. Кўзига уй остонаси тепа бўлиб кўринадиган, шоҳ қасрида бўлсаям бошқа бирон жойда ёта олмай ўз катак кулбалари томон интиладиган хонанишинлардан уларнинг афзалликлари ана шунда яққол кўзга ташланди ва э, бормисиз биродар, деб юбормоқдан одам ўзини тиёлмай қолади, ахир шундай бўлиш керак да, нима ҳожати бор ўзига ярашмаган нозу фироқларнинг ва ҳакозо андиша тортинишларнинг. Қани, Павел Иванович, жонингиз борича тортаверинг хуррагингизни, эртани парвойингизга келтирманг, мободо борди ю зулмат аро бир тутам нур қуюқлашиб жонингизни олгани келгандаям эски аравангизга заррача путур етказолмайди, унинг қанчадан қанча манзил мароҳилларни тай этишининг олдини ололмайди, шаклан алмисоқдан қолиб кетган кўҳна матоҳ бўлсаям ўша ўша феъл атворлару характерлар туфайли моҳиятан у ҳамиша янги, эскирмаган, эскирмайдиган — янги замонлардаги янгича чичикову плюшкинлар, ноздреву маниловлар, собакевичу…ва ҳакозо зотлар каби у ҳам мавжуд, ҳар ёқда у муҳтарам зотлар ҳозиру нозир бўлгани каби у ҳам ҳамон йўлда, намхуш ўтлоқлару туман босган тепаликлар аро ўтиб бораркан қўлини пешонасига равоқ қилганча олисдан кузатиб турган деҳқонларнинг кўзини ўйнатганча замону маконларни писанд айламай ҳамон шитоб илгарилайди.
Эй, эски арава!
Қани, югур!
Замонлар сеники, қани югур!
Эй, эски арава!
Қани, югур!
Маконлар сеники, қани югур!
Барча ўткинчи ҳодисалар орасида нақадар буюк қудратга эга экан бу пасткашлик, қани шитоб айлаб ўзингни ўзинг исботлаганча олға интилавер!
Нишонбой Ҳурзамонович шошилинч мажлис чақириб, қўл остидагиларга меҳмоннинг кўнглини қандай хушнуд этиш, уни қаерларга олиб бориш кераклиги ҳақида қисқача маъруза қилди. Шундан сўнг музокаралар бошланиб кетди.
— Олийқадр меҳмонимиз юртимизда неча кун юрадилар? — деб савол ташлади Нишонбой Ҳурзамоновичнинг эркатойи саналган, елкаси ва боши ўртасида бўйин деган нарсадан ном-нишон бўлмаган, кўзлари бир оз қисиқ оқсоч киши.
Нишонбой Ҳурзамонович эркатойига сал хўмрайиб қараган эди, унинг бошиям салкам елкаси ўртасига кетаёзди, дами ичига тушганча кўзларини мўлтиратиб қолди.
Улар Чичиковга дахли бўлган-бўлмаган турли-туман олди-қочдиларни гапиришди: аммо бир нарса қолди — Павел Ивановичнинг ўзи ким эканлигини ҳеч қайсиси билмади. Сўрашга эса бир-бирларидан истиҳола қилишарди: ахир, қандай гапки, шундай олиймақом зотнинг кимлигини билмайсиз? Ўзи бу ерда баланд-баланд курсиларни банд қилиб ўтирганингиз бекор экан-да! Бу киши фалончи-фалончиевич-ку, бизнинг бевосита раҳбарларимиздан бўлмасаям, барибир ўшалар сирасига киради. Ҳа-а, билмасангиз, билиб қўйинг!
Бир-бирларидан сўрашса, шундай таъналар ёғилишидан қўрқишарди.
Нишонбой Ҳурзамонович шошилинч мажлисни аслида меҳмоннинг кимлигини билиб оламан, деган ниятда чақиртирган эди, қолганлар ҳам шу ниятда йиғилишган эди, бу мавзуда сўз очишга ҳеч ким журъат этмади.
— Павел Ивановичнинг юртимизга ташриф буюришлари бизнинг ҳал бўлмаётган кўпдан-кўп муаммоларимизни ечиб юборишга хизмат қилади, — деди Нишонбой Ҳурзамонович.
Қарсаклар бўлди.
— Дўстлик ришталарини янада мустаҳкам боғлайверамиз, — деди Нишонбой Ҳурзамонович.
Кучли қарсаклар бўлди.
Нишонбой Ҳурзамонович тани-жонида ажиб бир қаноатбахшлик туйди.
Айни замонда у Чичиковнинг тушига кираётганди. Тушга нималар кирмайди ахир. Павел Ивановичнинг тушида Нишонбой Ҳурзамоновичнинг боши ўрнида каттакон саримсоқпиёз бор эмишу, у аллақайдан йиғилган ўликларни тахлашга бош қош бўлиб турганмиш, унинг ортида саф тортганларнинг барчаси ўликфуруш эмиш, Нишонбой Ҳурзамоновични ўртага қўйиб ўзлари қаёқлардандир арзонгаровга келтиришган ўликларни Чичиковга қимматга пуллаб юборишни мўлжаллашаётган эмиш.
Чичиков қаттиқ чучкириб, ирғиб ўрнидан тураркан, бир зум қаёқда ётганини ҳам англолмай гарангсиб турди. Оппоқ яктак-иштондаги икки хизматкор ергача таъзим қиларкан, ўз тилларида неларнидир деб чуғурлашди, чамаси, Чичиковга соғ-омонлик тилашди-ёв! Сўнгра тосқумғон келтирдилар. Бири тос тутиб турди, иккинчиси Чичиковнинг сертук қўлларига илиқ сув қуйди.
Павел Иванович бет-қўлларини ювиб, дунёнинг ҳеч қайси бурчагидан топиб бўлмайдиган роҳат туйди. Шу топда Нишонбой Ҳурзамонович келиб қолди ва Чичиковдан ҳол-аҳвол сўраб бўлгач, уни ошхонага таклиф қилди.
Павел Иванович ошхона остонасидан ичкарига қадам қўяркан, оғзи ланг очилиб қолди. У бунақа катта ошхонани ҳеч қаерда кўрмаганди. Бундай катта ошхонани бирон жойда учратиб қолгудай бўлса ҳам ўртадаги эллик-олтмиш киши бемалол сиғишадиган баҳайбат эман столни учратиш душвор эди. Борингки, бу столни учратгудек бўлсаям, тўрда савлат тўкиб ўтирган Собакевичга дуч келиши кутилмаган ҳодиса эди. Борингки, овқат деса ўзини томдан ташлайдиган Собакевич бу ерга ис олиб келди, дея фараз қилинган тақдирда ҳам унинг ёнида бош тебратиб ўтирган Манилов кишини ҳайратга солмай иложи йўқ эди.
Бир сўз билан айтганда, бу ерда жамоат жам эди.Ёлғиз Павел Ивановичгина етишмай турган экан. Уни кўришлари биланоқ ҳар томондан хитоблар эшитилди:
— О-о-о!
— Ўзингмисан, биродар?!
— Қаёқларда улоқиб юрибсан, жонажон дўст!
Бундай хитоблар Нишонбой Ҳурзамоновичнинг олдида Павел Ивановични анча-мунча хижолатга солар, ташвишлантирар, обрў-эътиборига путур етказишга қодир бу кимарсаларни йўлиқтирганнинг гўрига ғишт қаларди. Алоҳа, у Нишонбой Ҳурзамоновичга зимдан назар ташлаб, унинг ҳам шоён қиёфада эканини кўргач, кўнгли бирмунча тинчигандай бўлди.
Уни тўрга ўтказишди.
— Мана бу бошқа гап, — деди миршаб бошлиғи кафтларини бир-бирирга ишқаркан, қувониб. — Мана энди сафимиз тугал бўлган кўринади.
Бошқалар бош ирғаб, бу гапни маъқуллашди.
Ёлғиз Собакевичгина жим эди. У кўз қири билан дастурхон ўртасида турган, турли зираворлар солиб пиширилган қўй сонига қараб-қараб қўяр, бу мазали таом тақсимчаларга бўлинмасдан ўзиники қилиб олишни мўлжалларди. Одатдагидек, бошқа майда-чуйда таомларга назар ҳам солмас, уларга ўзини овора қилиб ўтиришни истамасди.
Меҳмонлар аввалига икки қадаҳдан ароқни уриштириб ичиб олганларидан сўнг, овқат ейишга тутинишди. Собакевич ҳеч нарса емай, тўйган қўзидай пича мўлтираб ўтирди-да, ҳеч ким ҳеч кимга эътибор бермаётганини кўргач, қўй сонини товоқ-повоғи билан аста олдига сурди. Қўй сони жуда ҳилвираб пишган экан, санчқини санчиши биланоқ катта-катта бўлаклар ажралиб чиқаверди. Меҳмонлар яна бир қадаҳдан ароқ ичиб, сўзлашиб турган пайтлари, айниқса, Собакевичга қўл келди. У ўзининг ароғини шоша-пиша ютиб юбориб, яна машғулотда давом этди. Қўй сонини тинчитгач, аста лаганни жойига суриб қўйди. Анчадан кейин гоҳ ўрнидан туриб, гоҳ ўтириб меҳмонларнинг кўнглини овлаётган Нишонбой Ҳурзамонович: “Қани, миллий таомларга ҳам марҳамат”, дея товоқ томон қўлини чўзиб, манзират қилган эди, у ерда “миллий таом”дан ном-нишон кўринмади. Собакевич ҳеч қандай миллий таом-паомдан хабари йўқдек, Чичиковга кекира-кекира гап сотиб ўтирарди.
— Павел Иванович, Воробейни ўзимга қайтариб берсангиз ҳам майли, — дерди у пичирлаб.
Чичиков туйқус сергак тортди.
Шу ерда ҳам эски савдоларни эслаб Собакевичнинг тинч қўймаслиги унинг кўнглини хижил қилди. Рости гап, эски таниш билишларининг бу ерда йиғилиб олишгани унга ёқмаётганди. Лекин муроса ю модаро қилмаса бўлмаслигини ҳам пайқаб турарди. Шу сабабли, ўзини гўлликка солиб:
— Қайси Воробейни? — деб сўради эслолмагандек.
— Елизавета Воробей-чи?
— Эслолмаяпман.
— Эслайсиз, эслайсиз, нега эсламас экансиз?
Чичиков кифт қисди.
— Унақа қилманг, — деди Собакевич бош чайқаб. — Ахир шундай барно аёлни я! Унинг ортидан югуриб юрганингиз наҳотки ёдингиздан кўтарилган бўлса?!
Собакевич шўхчан кўз қисиб қўйди.
Унинг бу қилиғидан Чичиковнинг жаҳли чиққан бўлса да, ўзини аммаллаб босди. Тўймас бу бало, ҳаммавақт очиққан бу юҳо ўзининг ўлик жонларини тириклар билан алмаштириб юборяптими, нимабало?!
Чичиков ғазабини қилт этиб ичига ютаркан, тишининг орасидан:
— Сиз адашяпсиз, — деди, нақадар ифлоссан, деган оҳангда.
Собакевич парво қилмади.
— Ўшанда норози бўлгандай эдингиз, — деди ўзини билмасликка олиб.
— Хўш, келиб келиб шу маҳалда у сизга нега зарур бўлиб қолди? — деб сўради Чичиков у билан ўлик жонлар хусусида олди берди қилганига энди пушмон еб.
— Унақаларнинг бозори бу ерда ҳам чаққон экан, — деди Собакевич кўз қири билан дастурхон устидан ўзига муносиброқ луқма излаганича.
— Қанақасига?
— Қанақасига бўларди, шунақасига да, — деди Собакевич табассум ярашмайдиган лабига табассум индиришга уриниб. — Битта-яримта жойга учинчи котибаликка қўйиб юборардик, ҳарқалай бизнинг Лизахонимимиз ориятли иффатли эди, қайсидир сомонхона ўтинхоналарда қизлигини бериб қўймаганди…
Шундай дея, Собакевич туйқусдан дастурхон устига булутдай ёприлди да, столнинг нариги бурчагида турган тандиркабобони санчқисига илиб олиб, олдидаги тарелкага қўйди ва шу билан хаёли фаромуш бўлиб, Воробейни унутди ҳамда ичидаги абадул абад тўймас балони тинчитишга тутинди.
Нишонбой Ҳурзамоновичга эман стол атрофидан жой тегмай қолгач, бўлманинг нимқоронғи бурчагига қатор қўйилган оромкурсиларнинг бирига бориб ўтирганди. У ўзига жой тегмай қолганидан асло хафа бўлмаган, қайтага меҳмонларнинг хушнудликлари бошини осмонга етказган эди. Чичиков унинг холи жойда эканидан негадир суюниб кетди. Лекин Нишонбой Ҳурзамонович ёлғиз ўтиргани йўқ эди. Унинг қаршисида баҳайбат саллали, қўлида тасбеҳ — қоп-қора лўмбоз бир киши соме қиёфада ўтирарди.
У шариату диний йўриқларни шунчалик ўзлаштиргандики, ҳар қандай воқеа-ҳодисани истаса у томонга, истаса бу томонга буриб юбора оларди. Шунданмикан, Нишонбой Ҳурзамонович уни ҳамиша ўзи билан олиб юрар, эркалаб ардоқлабми ёинки киноя қилибми, ёнқозиғим, дерди. Сал-пал мушкул вазиятларда кўз қирини ташлаб қўйдими, тамом, «ёнқозиғи” худониям, пайғамбарларниям ўртага солиб юбориб, Нишонбой Ҳурзамонович учун хизмат қилдираверар эди. Унинг асл номи нима, миллати нима, дини қандай — ҳеч ким билмасди. Замзам тўра номи билан белгилик эди.
Айтишларича, Машраб деган бир далли-девона шоир бўлган экан. Юриб-юриб бир шаҳарга келиб қолганида ҳам Замзам тўра бор экан. Ўшанда ҳам шу-шу туриши экан. Ўшанда ҳам хоннинг қаватида экан. Машраб деган далли-девона унга бир зум анқайганча қараб қолибди. Кимлигини билолмасдан, шундай дебди:

Билмадим бу шаҳарнинг шайхию мулласи ким,
Бул киши ким, бул киши ким, буси ким!

Бу муҳтамил сўз шаҳар аҳлига андак малол келиб, бир-бирларига қараб дедиларки:
— Бу қаландар бизни ҳақорат қилди!
Анда халойиқ ўртасида кимдир:
— Бу киши Замзам тўра, — деганидан сўнг, Машрабнинг сўзи беихтиёр муҳтамил тушганлиги аён бўлди.
Павел Иванович, шубҳасиз, бу гапларни эшитмагандиям, Замзам тўрани танимасдиям, шу боис, пича ўйланиб турди-да, ахийри нимаики бўлса бўлар, деб уларнинг олдига боришга қарор қилди.
Нишонбой Ҳурзамонович Чичиковни ўз томонига келаётганини кўриб, чаққон ўрнидан турди. Унга пешвоз юрди. Замзам тўра ҳам чапдаст бир ҳаракат-ла жойидан қўзғалиб, Нишонбой Ҳурзамоновичга одатдагидек ёнқозиқ бўлволди.
— Марҳамат, Павел Иванович, марҳамат, — деди Нишонбой Ҳурзамонович уни оромкурсига ўтиришга таклиф қиларкан.
— Марҳабо, марҳабо! — қўлларини кўксига қўйганча паст товушда сас чиқарди Замзам тўра. — Акун, бизнинг диёрга хуш келибсиз!
Чичиков Замзам тўранинг совундай йилтираб турган башарасига, битта-битта санчиб қўйгандек сийрак соқолигаю усти бошларига бир қур ажабланиб қараб қўйди. Сўнгра ундан нигоҳини узиб Нишонбой Ҳурзамоновичга қаради.
— Энди мен қайтсам… — деди Чичиков гапни нимадан бошлашини билмаганидан Нишонбой Ҳурзамоновичга синовчан тикилиб.
— Эй-й, йўқ! — беихтиёр хитоб қилди Нишонбой Ҳурзамонович. — Қайтиш деган нарсани хаёлингизга асти келтирманг. Ҳали сизга юртимизни кўрсатамиз. Эҳтимол, деҳқонларингиздан ҳам чақирарсиз.
Бу гап-сўзлардан сўнг Чичиков ҳаяжонланиб кетди. У ёқ-бу ёғини ўйлаб ўтирмай мақсадга кўча қолди:
— Наҳотки, менинг деҳқонларимни сизларда жойлаштириш мумкин бўлса?!
— Келаверишсин!
— Келишолмайди-да! — Чичиков жуда ноқулай аҳволда қолганига қарамай, айтмаса ҳам бўлмаслигини сезди. — Улар аллақачонлар ўлиб кетишган.
— Ўлиб кетишган?
— Ҳа-а.
Замзам тўрага забон битди:
— Олло таоло аларнинг жойларини жаннатдан қилиб, руҳларини шод қилсин. Илло билло бу дунёда кечирмиш ҳаётлари мобайнида ўз хўжаларининг кўнглини оғритмай, аларга сидқидилдан ва ишонч билан камарбаста бел боғлаб хизмат қилганларни яратган эгам ҳам ўз паноҳига олгай…
Ичида, «буни гапига қараганда худо ҳам хўжайинлар билан тил бириктириб олган экан да», деган куфрона бир фикрни кечирган Чичиков дарҳол хокисор қиёфага кириб тилида бошқа гапни айтди:
— Тириклар-ку, бир амаллаб ўз кунларини ўзлари кўриб кетишар, — деди у Замзам тўрага ер остидан бебилиски нигоҳ ташлаб қўяркан. — Аммо ўликларга қийин эканини ҳамма ҳам тушунавермайди.
Замзам тўранинг чеҳраси ёришди:
— Офарин! — деб хитоб қилди у. — Марҳумларнинг ғамини еганлар кам бўлмайдилар.
— Мен уларнинг ғамини ейман.
— Иншоолло, Сиз ҳам жаннатийлардансиз.
Чичиковнинг аллақачонлар дўзахдан ўз ўрнини эгаллаб келганини билганида нима дерди?! Ким дўзахий, ким жаннатий эканлиги ҳақида ҳукм чиқаришни бу қовоқсалла қовоқкаллага ким қўйибди?
— Раз шундай экан, — суҳбатга қўшилди Нишонбой Ҳурзамонович. — Сиз марҳум деҳқонларингизнинг рўйхатини бераверинг.
— Нега? — сўради Чичиков ҳайрон қолиб.
— Уларнинг номларини абадийлаштирамиз, — деди Нишонбой Ҳурзамонович катта ишни бўйнига олаётгандек.
— Улуғ савоб, — бош ирғади Замзам тўра. — Савоб ишни ҳар куни ҳар ким қилиш керак!
Чичиков уларнинг бу гап сўзларидан ҳеч вақони тушунмай, гоҳ унисига, гоҳ бунисига боши қотганча қарарди.
— Кўчаларни ўша рўйхат бўйича номлаймиз, — саховат кўрсатди Нишонбой Ҳурзамонович.
— Мактаблар чи мактаблар, — деди Замзам тўра ғоятда муҳим масала устида фикр юритаётгандек жиддийлик билан. — Қачонгача анави мутаҳҳамнинг йўриғи бузмай, уларни рақамлаб юрамиз.
— Тўғри, — қўшилди Нишонбой Ҳурзамонович. — Янги очилган колхоз-совхозлар ҳам бор.
— Эскиларининг номлари ўзгартирилса зарари йўқ, — фатво беришга чоғланаётгандек деди Замзам тўра.
— Эскича номи унақа эди, янгича номи бунақа деб халқимизнинг боши қотмасмикан? — ғамхўрона фикр юритди Нишонбой Ҳурзамонович.
— Халқимиз сабрли, илло янги номларни ҳам дарҳол ўзлаштириб олишади, — деди Замзам тўра.
— Менинг деҳқонларимнинг номини кўтариш шарт эмасдир, — деди Чичиков икковлоннинг бир бирига зўр бериб тасдиқлашган фикрларини бир лаҳзада йўққа чиқариб. — Фақат…
— Қани… — қулоғини динг қилди Нишонбой Ҳурзамонович.
— Оллоҳ рози бўлсин! — юзига фотиҳа тортди Замзам тўра.
— Менинг мужикларимга рўйхат асосида ўзларига яраша ер берилса.
— Ие?! — хитоб қилди Нишонбой Ҳурзамонович.
— Тирикларга ер йўғу ўликларга қайда бўлсин?! — деб юборди Замзам тўра.
Нишонбой Ҳурзамонович билан Замзам тўранинг ер ҳақидаги гапни эшитиб туйқусдан чўчиб тушишганига қарамай, Павел Иванович ўз фикр мулоҳазаларини охирига етказиш қасдига тушгандек кўринар эди.
— Ўлпон рўйхати асосида жон бошига тарқатилган ана шу ер Павел Иванович Чичиковники дейилса, фалонча пистонча деҳқони бор дейилса, бўлди.
Нишонбой Ҳурзамонович анграйиб қолди.
Замзам тўра нима гаплигини билолмагандек жаннату дўзах сарҳадлари ҳақида ўй суриб кетди.
Анчадан сўнг Нишонбой Ҳурзамонович зўр-базўр тилга кириб:
— Павел Иванович, — деди.
Чичиков унинг оғзига тикилди.
— Тушунаман, хусусий мулк бизнинг жамиятимизда йўқ қилинган бўлса да, ҳамманинг ҳам деҳқонлари, ҳамманинг ҳам ишчилари, ҳамманинг ҳам хизматкорлари хуфёна тарзда сақланиб қолган бўлиши мумкин.
Чичиков, албатта, крепостнойлик ҳуқуқи аллақачонлар бекор қилингани ю ҳамма нарса давлатники бўлиб турган замонда эканидан хабарсиз эди. Шу сабабли, у ҳамсуҳбатига ағрайганича, ҳеч нарсани фаҳмлай олмаётганини яшириб ўтирмай, паришонҳол қарайверди.
Шу маҳал уларнинг рўпарасида полковник Кошкарёв пайдо бўлди. У кўринишидан ўша-ўша хушфеъл, хушмуомалалигини сақлаб қолгандай эди. Уни кўриб Чичиковнинг капалаги учиб кетди.
— Бу киши менинг деҳқончилик ва ер ишлари бўйича маслаҳатчим полковник Кошкарёв бўладилар, — тантанали вазиятда уни Чичиковга таништирди Нишонбой Ҳурзамонович. — Ғоятда закий, пухта назарий билимларга эга, бутун дунё илм аҳли томонидан эътироф этилган улкан олим…
Жиннига кўрсатилаётган бунчалик ишонч эътимоддан Чичиковнинг боши гангиб қолганди.
— Ташаккур! — деб қўйди Кошкарёв бир силтов ташлагандек.
Нишонбой Ҳурзамонович шундан сўнг Чичиковни Кошкарёвга замонанинг энг камтарин амалдорларидан эканлигини таърифлаб таништирди. Улар бир-бирларига бош ирғаб қўйишди. Аммо, илгари танишликлари ҳақида чурқ этиб оғиз очишмади. Кошкарёв Нишонбой Ҳурзамоновичга қараганича пахтакорларнинг ишлари кўнгилдагидек эмаслигини, аёллар назокату нафосатни билмаслигини, далага лозим билан чиқаётганини, эркаклар тасвирий санъат ҳақида китобларни ўқимаётганини куюниб гапира бошлади. У шунча йиллардан буён ҳамон ўз фикрларидан қайтмаган экан. Чунончи, ҳосилдорликнинг камлигини деҳқонлар далага олмонча шолвору амриқоча пойабзал кийиб чиқмаётганига йўйди.
Нишонбой Ҳурзамоновичнинг қиёфасидан куюнчак маслаҳатчиси борлигидан фахрланаётгани очиқ-ойдин кўриниб турарди.
— Ўртоқ Кошкарёв, ўртоқ Чичиковга янги режаларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз-чи? — деб қолди у хайрихоҳона.
— Қандай режа экан у? — Кошкарёвдан қочиб қутулиш ажал билан баробарлигини яхши билган Чичиков беихтиёр “уф” тортиб юборди.
Кошкарёв илгаригидек бунақа ҳолатларга парво қилмасди, эътибор ҳам бермасди. У бир муддат жим қолди. Сўнгра завқ-шавққа тўлганча сайрай кетди.
— Қадрли Нишонбой Ҳурзамонович, ҳурматли Павел Иванович, азиз ҳазрат! Авваламбор менинг камтарона фикрларимни эътиборга олиб, бу ерга нутқимни эшитиш учун йиғилган экансизлар, ҳаммаларингизга миннатдорчилигимни билдираман.
Нишонбой Ҳурзамонович негадир енгилгина чапак чалиб қўйди. Бу қилиқни Замзам тўра ҳам такрорлагач, Чичиковниям қўшилишдан бўлак иложи қолмади. Кошкарёвнинг ўзи эса… анча вақтгача тўхтамай чапак чалди. Чичиков бунинг маъносига тушунмади.
— Оврупо ва Осиё тупроқларини аралаштириб, янги серунум замин ҳосил қилиш режаси кечаю кундуз мени бирдай безовта қилади. Майли, бу бўладиган иш ҳам дейлик, чунки Оврупо кечаги Оврупо эмас, тайёрагоҳлар, темир излар унинг ихтиёрида. Унинг шарофатидан Осиё гуллаб-яшнади, етти ухлаб тушига кирмаган техникавий инқилобга осонликча эришди. Энди деҳқонлар балет ва операдан хабардор бўлишлари шарт.
— Ба-ле-ет! — калласини қимирлатди негадир кавшаниб Нишонбой Ҳурзамонович. — Опе-ера-а!..
Замзам тўра қанчалик синчковлик билан назар солиб турган бўлмасин, Нишонбой Ҳурзамоновичнинг нима учун бош силкиб, нима сабабдан тамшанганини билолмади. Шу сабабли ҳеч қандай имо-ишорасиз, тамшанишсиз, унинг сўзларини такрорлади:
— Ҳа-а, балет, опера-а…
Аммо Нишонбой Ҳурзамоновичга кўпинча ўзи айтган сўзни бировнинг ҳам айтиши, ўзи қилган қилиқни бировнинг ҳам қилиши унчалик хуш келмасди.
— Бир нима дедингизми, тақсир?
Замзам тўранинг тилига калима келмай қолди.
— “Оврупо ва Осиё тупроқларининг умумий хусусиятлари, уларнинг қўшилиши, – давом этарди Кошкарёв, — кимёвий жараёнлар ва физикавий ҳодисалар, уларнинг риёзий ҳисоб-китоблари, шунингдек, ҳандасавий шаклу шамойиллари ва натижада киритиладиган ўзгаришлар”, деган, мен белгилаб берган йўнали бўйича Фанлар академияси иш бошлаб юборганини мамнуният билан сизга етказмоқчиман.
— Офарин! — хитоб қилди Нишонбой Ҳурзамонович шу номда Будур билан келишиб бирон мукофот ташкил этишни хаёлидан ўтказганча.
— Илмларини худо зиёда қилсин! — Замзам тўра ҳам бош ирғаб қўйди.
— Хўжаликни тўғри ташкил қилмоқ учун, — қайнаб-тошди бу мақтовлардан ийиб кетган Кошкарёв, — умумий руҳият назариясини сиёсий иқтисод билан омухта тарзда олиб бориш шарт. Бунинг учун энг аввало қиймат ва қўшимча қиймат нима эканини, унинг моҳиятини деҳқонларга тушунтириш керак. Менинг хизмати шундаки, мен қўшимча қийматни Маркснинг қўшимча қийматига қараганда ўзгача тарзда ярата олиш бахтига муяссар бўлдим…
Нишонбой Ҳурзамонович эснай бошлади.
Замзам тўра пинака кетганди.
Чичиков ўрнидан турди. Билдирмай ташқари чиқа бошлаган эди, Кошкарёв унинг йўлини тўсиб чиқди.
— Сиз, Павел Иванович, руҳнинг абадийлигини, албатта, тан олиб қўйишингиз керак, — деди бош бармоғинин унинг пешонасига нуқиб, пармалаётгандек. — Бу, сиз учун албатта зарур. Чунки сизнинг деҳқонларингизнинг жони танидан мосуво бўлган. Модомики, руҳ боқийлигини инкор этмас экансиз, улар тириклар қаторидан ўчиб кетмасликлари шубҳасиздир. Руҳ ва тан, йўқ, тўғрироғи, тан ва руҳ… Йўқ-йўқ, бу ифода ҳам унчалик тўғри эмас. Биз, албатта танамиз, деб яшаймиз, аммо руҳимиз…
Кошкарёв чалкашиб кетди. У ўзи билан ўзи овора бўлиб қолган фурсатдан фойдаланиб, Чичиков секин сирғалиб чиқди-да, жуфтакни ростлади.
Кўп ўтмай у ўзини дарахтлар шовуллаб турган тунги боғ бағрида кўрди. Чичиков негадир ҳадемай тонг отиб қолишидан чўчиди. Ҳаммаёққа аланг-жаланг назар ташлаб хизматкорларини излади. Хайрият, икки уч одим наридаги каттакон дарахт остида Петрушка ўзича нималарнидир ғўлдириб ўтирарди. Чичиков унга яқинлашиб кўрдики, Петрушка қўлида қандайдир китобни қиялаб тушрган ёруққа тутганча ҳижжалаб ўқимоқда экан. Бу, албатта, Чичиковни ниҳоятда ажаблантирди. Ўзи билан ўзи бўлиб ўтирган Петрушканинг бошига бориб, томдан тараша тушгандек:
— Сен ярамас қачондан бери китобхон бўлиб қолдинг? — деб сўради.
Петрушка илкис чўчиб тушди. Бошини кўтариб қараб Чичиковга кўзи тушди ю:
— Китоб яхши-да, хўжайин, — деди ўзини оқлаётгандек. — Одамнинг савиясини оширади.
— Эингни ебсан, — Чичиков жаҳли бошига урди.
— Шуларни ёзадиганлар шайтоннинг сутини эмган-ов, хўжайин, — Петрушка унинг гапига парвоям қилмай, шайтоннинг қизил елинини тортқилаётган зотларга хаёли кетганича, ҳатто тиззаси устидаги китоб ерга сирғалиб тушиб, муқоваси очилиб қолганини ҳам пайқамади.
Павел Иванович Чичиков тепадан қараганча муқованинг ўртасидаги ўқловдай ўқловдай ёзувга кўзи тушди: “Ўлик жонлар”.
Чичиков чаён чаққандек чўчиб тушди. Петрушканинг елкасидан ярим қоп карамни кўтараётгандек тортиб турғазди:
— Сен ҳароми чўчқатумшуқ бу китобни қаёқдан олдинг?!
— Ўзимиз ҳақимизда экан, хўжайин, — деди Петрушка хириллаганича. — Қўйворинг, ҳозир ўлиб қоламан.
— Қаёдан олдинг деяпман?!
— Ўшанда ортингиздан кузатиб юришган экан да, хўжайин, ҳамма ишларингизни миридан сиригача битта қолдирмай ёзиб чиқишибди.
Чичиков уни нари итариб юборди.
Петрушканинг юзтубан қулаб тушишига оз қолди. Беш олти қадам югуриб бориб бир дарахтни ушлаб қолмаганида аҳволи вой эди. Аммо унинг бу ҳолатига Чичиков парво қилмади.
— Югур, Селифанга айт, аравани қўшиб чиқсин! — деб ўшқирди.
Петрушка икки букилди:
— Хўп, хўжайин!
Петрушка ортга тисарила тисарила, қоронғилик қўйнига сингиб кетди.
Қаердандир қўзғалган шамол хазонларни чирпирак қилиб, тўзғитиб юрарди. У ерда ётмиш китоб варақларини бирма бир очиб ёпар, қайта ўқимоқчи бўлгандай баъзида тескари варақлай кетар, чийиллаганча увлаб, ўзини ҳар томонга урарди.
Павел Иванович Чичиков бир амаллаб этагини тортқилаётган шамолнинг қаршилигини енгиб, етиб келган аравага чиқди-да, Селифаннинг елкасига бир урди ва бор овоз билан қичқирди:
— Ҳайда!
Отларнинг, айниқса, Маслаҳатчининг ёллари шамолда ҳилпиради, улар бир юлқиниб, олға интилишди.
Селифаннинг ортга бурилиб:
— Қаёққа? — деган сўроғини ҳам шамол теварак атрофга сочиб юборгандек бўлган бўлса да, Чичиков уни аниқ эшитиб:
— Ишинг бўлмасин, ит! — деганидан сўнггина Селифан йўл ихтиёрини Маслаҳатчи ю Жийроннинг ўзига қўйиб бериш кераклигини фаҳмлаб, зулмат бағрига шувиллатиб қамчи сермади.

1988

Pavel Ivanovich Chichikov goh gubernatorning diltortar qizini, goh bojxonadagi serdaromad xizmatini eslab, entikib xoʼrsinganicha, qandaydir oʼy xayollar ogʼushida edi. Uning nimalarni oʼylab, qanday rejalar tuzayotganini shaytoni lainning oʼzi bilmasa, oʼz toat ibodatlari bilan mashgʼul xudojoʼy kimsalarning bilishlari dushvor edi…

Shoyim BOʼTАEV
ESKI АRАVА


    Shoyim Boʼtaev 1959 yil 20 iyunda Tojikistonning Oʼratepa tumaniga qarashli Maydoncha kishlogʼida tugʼilgan. Xoʼjand Davlat pedagogika institutining tarix-filologiya fakultetini tugatgan (1982). Ilk qissasi — «Sirli yulduzlar» (1984). Shundan soʼng yozuvchining «Dunyoning sarhisobi bor» (1988), «Endi bari boshqacha» (1990), «Shamol oʼyini» (1995), «Kunbotardagi bogʼ» (1997), «Hayot» (2000), «Koʼchada qolgan ovoz» (2005) kabi qissa va hikoyalardan iborat toʼplamlari nashr etilgan. «Qoʼrgʼonlangan oy» (1996), «Shox» (2007) kabi romanlar muallifi. «Doʼstlik» ordeni bilan taqdirlangan (2001).


«Oʼlik jonlar» poemasining muallif
tomonidan yoqib yuborilgan deya gumon qilingan oxiri yoxud yozilmay
qolgan chala qismi borasindagi sarguzasht qissa

«Ruhning yaratuvchilik qobiliyati bilan toʼla kuch quvvatga, porloq xususiyatlarga va xudo bergan boshqa fazilatlarga ega boʼlgan har bir xalq oʼz soʼzi bilan boshqa xalqlardan ajralib turadi, bu soʼz bilan u biron narsani ifoda qilar ekan, bu ifodada oʼz feʼl atvorining bir qismini aks ettiradi».
N. V. Gogolь.»Oʼlik jonlar».

Pavel Ivanovich Chichikov goh gubernatorning diltortar qizini, goh bojxonadagi serdaromad xizmatini eslab, entikib xoʼrsinganicha, qandaydir oʼy xayollar ogʼushida edi. Uning nimalarni oʼylab, qanday rejalar tuzayotganini shaytoni lainning oʼzi bilmasa, oʼz toat ibodatlari bilan mashgʼul xudojoʼy kimsalarning bilishlari dushvor edi. Barchaga besh qoʼldek ayonki, avval azaldan yaramas iblisning kirib chiqmagan teshik teligi, burun suqmagan puchmogʼi, aralashmagan ishi qolmagan. Qolaversa, u Pavel Ivanovich bilan oshno tutinib, uning koʼz koʼrib-quloq eshitmagan ishlarida rahnamolik qilgan edi. Egnidan tutun aralash alangalanib turuvchi navarin movutidan tikilgan fraki hamon tushmagan Pavel Ivanovich oʼsha-oʼsha boʼydoq edi. Vatani va vatandoshlarini oʼylaganda oʼzidan zuryod qolmagani alam qilardi.
Baxt kulib boqaman desa falonchi pistonchi, undoq mundoq, urugʼ qayosh, qon tomir deb ham oʼtirmas ekan. Yoʼqsa, oʼsha eski tarix sanalarining birida Korobochkaning molikonasini tark etishlarida Selifanga katta yoʼlni koʼrsatib yuborgan qora oyoq yugurdak qizchaning Petrburgning oldi sanamlaridan biri boʼlib ketishi mumkinligini kim ham oʼylab koʼribdi edi? Oʼshanda Korobochko katta yoʼlga chiqqanlaridan keyin qizchani olib ketib qolmay qaytarib yuborishini Chichikovga tayinlaganida u sof vijdonli kishi boʼlgani uchun uning aytganini qilgan edi. Chichikovdan avval bu molikonaga qadam bosgan jun savdogari ham shunday qilgan edi. Otasiga balli, uning ham vijdon masalasida Chichikovdan qolgʼulik joyi boʼlmagan, yoʼqsa, chivindek bir qizchani boqib olish mushkulligini Pavel Ivanovich oʼylasa ham pulning sassigʼiga yota olmay toʼlgʼonib chiquvchi jun savdogari oʼylamas edi. Zamonasiga tasannoki, oʼsha tarix sanalarida Pavel Ivanovich va Pavel Ivanovichga oʼxshaganlarning ham, jun savdogari va jun savdogariga oʼxshaganlarning ham birovga, ayniqsa, Korobochka va Korobochkaga oʼxshaganlarga xiyonati boʼlmagan, xiyonat nari tursin, bu haqda oʼylab ham koʼrishmagan. Oʼsha qora oyoq yugurdak qizcha Pavel Ivanovichdan soʼng garchi bekasidan asal xarid qilmagan boʼlsa da, asal savdogariga ham, undan soʼng makkajoʼxori va sulini bahona qilib kelib keyin koʼknori istab yurgani maʼlum boʼlib qolgan koʼknorifurushga ham katta yoʼlni koʼrsatib yuborib, evaziga bir qora chaqadan boʼlak hech vaqo olmagan, brichka kozlasiga oʼtirganidan xursand boʼlib qaytavergan edi.
Koʼz koʼrib quloq eshitmagan barcha rasvoligu razolatlar keyin keyin yuzaga qalqib chiqa boshlaydiki, oxirzamon deganlari ham har gal ana koʼrinib qoldi, mana koʼrinib qoldi boʼlib turadi yu, keyin negadir ortga chekinib, dunyoga yasov tortib kelayotgan yangi yangi qavmlar yangi yangi qiliqlar oʼylab chiqarishaveradi, avval oʼtib ketganlar mobodo qayta tirilib bu dunyoga kelib qolgudek boʼlsalar, oʼz koʼzlariga ishonmay yoqa tutamlab qolishadi. Pavel Ivanovich Chichikovda yaqinda shunday hol yuz berdi, darvoqe, qissamizning mazmuni ham uning u dunyodan bu dunyoga kelib qolganida va shu tariqa biroz koʼngilyozar sayru sayohatni ixtiyor etganida. Bu sayohatga uni avval kucher Selifan daʼvat etib keyin xizmatkori Petrushka ham qoʼshilganmi yoinki avval xizmatkor daʼvat etib keyin kucher qoʼshilganmi, bu murakkab masalalar ham oʼz oʼrni bilan yechilib boradi. Shunday qilib, vijdon soʼzi eskirib isteʼmoldan chiqib ketayozgan bir davrda Korobochkaning molikonasiga petrburglik bir ofitser adashibmi atayinmi kelib qoldi yu, u yoq bu yoqqa nazar tashlab, shu qora oyoq yugurdak qizchadan durustroq boshqa maxluq koʼziga ilinmaganidan soʼng katta yoʼlni koʼrsatishini bahona qilib uni bekasining koʼz oʼngida olib chiqib ketib, shu shu qaytarib yubormadi, nima qildi, nima qoʼydi ancha vaqtgacha hech kimning xabari boʼlmadi. Bu qiligʼi uchun adashibmi atayinmi kelib qolgan oʼsha petrburglik ofitserni Korobochka rosa qargʼagan boʼlsa kerak dersiz. Be, qayoqda, uch kun oʼtmay qizchani esidan chiqarib yubordi, keyinchalik unga bu haqda soʼz ochishsa, hech unaqa xizmatkorim yoʼq edi, deb bahs boylashadigan va hatto yutib chiqadigan boʼldi.
Keyin keyin zarpechakdek tarqagan yurimsak mish mishlarga qaraganda, qora oyoq qizcha Petrburgga borganidan soʼng birrov hammomga kirib chiqqach ancha muncha boshqacha boʼlib qolipti, yuziga shaharning nuqsi urib, sochlari ham binoyidek ekanligi maʼlum boʼlipti, qoshlarini terdirib tirnoqlarini boʼyagan ekan mutlaqo boshqa hurliqoga aylanib, juda nozik fahm farosati borligi ham maʼlum boʼlipti. Ofitser unchalik xudojoʼy boʼlmasa da, bunday hurni ato etgan xudoga shukronalar keltirib, unga uylanishga qaror qilipti. Sirasini aytganda, shundan boshqa ilojiyam yoʼq ekan, boʼlar ish boʼlib buyogʼi singan ekan. Аmmo ofitserni ovloq va kimsasiz bir puchmoqda Karobochka degan bekasidan boʼlak zotni tanimagan bu qizcha shunchalik noz karashma yu istigʼnolarni qanday oʼrganib olgani hayratda qoldirgan ekan. Yelkasiga shop shalopini osib, chuchvaranusxa qalpoq qoʼndirgan askarlarga buyruq berib yurgani bilan tabiat atalmish buyuk yaratuvchi hamma narsani jo bajo va rasammadi bilan yaratganini xobi xotiriga keltira olmagan ekan. Qora oyoq qizcha endi qora oyoq qizcha emas, petrburglik xonim boʼlib olibdi. Shu vajdan bir ikki yil oʼtgandan soʼng oʼsha qizcha ofitserning burnidan ip oʼtkazib olib, istasa u yoqqa, istasa bu yoqqa tortarmish, xohlagan payti ot qilib yoʼrgʼalatarmish, xohlagan payti eshak qilib loʼkillatarmish, ammo nima qilsa qilgani bilan unga vatan uchun oʼgʼlonlar tugʼib bergani bois tili uzun emish.
Pavel Ivanovich shu voqeani eshitganida oʼsha paytda qizchani oʼzim olib ketsam boʼlar ekan, deb oʼyladi yu, darhol bu bemavrud oʼyni oʼzidan quvdi, nega deganda, vaqt oʼtgan, qolaversa, oʼsha tarix sanasida uning xayoli kolyaskani gumbirlatib oʼtib ketgan, keyinchalik kimligi maʼlum boʼlgan oʼn olti yasharlik oʼsha hurliqo, yaʼni gubernatorning qizida edi. Qora osmondan uzilgan yulduz misol nogohon koʼzga tashlanib oʼtib ketgan oʼsha sanam qaydaykin?
Buyam mayli, loyxandaqdan chiqarib olingan boʼladimi, balchiqning ichida boʼladimi, qiz bola baribir qiz bola, yuvintirib tarantirib olsa bir narsa chiqar, ammo anavi Manilov janoblari va Manilova xonimning gʼalati ismdagi Fomistoklyus va Аlkid degan oʼgʼillari chi? Shulardan odam chiqadi, deb birov oʼylabmidi? Muallimi chi, muallimi?! Bilgani xoʼjayini va uning xotinini ogʼziga jiddiy qiyofada qarab turish, birovining labi sal jiyrilib nimtabussum qilsa ham oʼzini kulgiga moyil koʼrsatish, aks holda, ishi qovogʼini uyub olish edi, xolos. Mana shu soʼtak saboq bergan quloqtishlar bu aka ukalar endi yurt soʼrab, poshsholik xizmatida emish. Shuni oʼylasa, Chichikovning tepa sochi tik boʼlib ketardi. Pavel Ivanovichning eshitishiga qaraganda, ular bir qoʼllarida qalamu bir qoʼllarida daftar tutvolib valineʼmatlaridan uch qadam ortda nafas olmay u nima desa shuni tarix sanasiga qoldirish uchun yozib borisharmish, tagʼin ikkalasiyam shigʼillatib yozaverarmish, shuni bittasi yozib, ikkinchisi tin olib tursa boʼlmaydimi? Yoʼq, ikkalasi ham yozishi kerak emish, negaligiga hech kimning aqli yetmasmish, agar hammaning aqli yetaversa bu ishning xashaki mirzachilikdan farqi qolmasmish. Manilov esa oʼz pushtikamaridan toʼralgan bu ikki shavvozdan faxrlangancha deraza oldida oʼtirvolib xayol surishda davom etarmish, mening ushalmagan orzularimni farzandlarim amalga oshirishyapti, buyuk tarix kitobini yozyapti deb oʼylarmish, oʼzining abadiy oʼqiyotgan kitobining yigirma toʼrtinchi betida hamon oʼsha xatchoʼp turganmish.
Pavel Ivanovich eski tanishlaridan Nozdrevni koʼp ham eslagisi kelmasa da, ammo farzandlar borasida hamda vatani shon sharafini oʼylagudek boʼlsa uni eslamaslikning iloji yoʼq edi. Garchi Nozdrev bolalarining bor yoʼqligini esidan chiqarib yuborgan boʼlsa da, ular ham qoʼyib qoʼygandek otalarining oʼzi boʼlib voyaga yetishdi – yaʼniki, oʼsha oʼsha bakenbardlar, oʼsha oʼsha koʼkrak yalangʼochlab yurishlar, oʼsha oʼsha quyuq jingalak sochlar, faqat kichkinasining biroz tortinchoqligi bor edi, uyam asta sekin yoʼqolib ketib, fazilatlar borasida akasi nari tursin, otasidan ham oʼtadigan boʼlib qoldi. Lekin bir narsani aytib qoʼyish kerakki, bu choqqa kelib gilos chubugʼ koʼtaradimi, olcha chubugʼ koʼtaradimi, Nozdrevga bir ogʼiz gapirib qoʼyishga birovning hadi sigʼmas, kapitan ispravnik nari tursin, undan kattasi ham qoʼlini koʼksiga qoʼygancha yonidan jilmayib oʼtardi. Buning sababi shundaki, rus xalqining nimasi koʼp, dushmani koʼp, u uzoqda haqiqatan ham tish qayrab turgan haqiqiy dushmanlar qolib tevarak atrofdagi qoʼni qoʼshnilardan ham bir nimasini yulib ketadigandek gumonsirayveradi. Emishki, mana shu slavyan yerlarida unga yetadigani yoʼq emish, uni koʼrolmaydiganlar toʼlib toshib yotganmish. Аmmo oʼsha unutilmas tarix sanasida baʼzi bir katta dono boʼlmasa da, donolikka moyil odamlarning aytishicha, bu gaplarning bari boʼlmagʼur safsata emish, ommaning fikrini chalgʼitish uchun oʼylab topilgan hiyla emish, dushman boʼlsa boʼlmasa kimnidir dushman xayol qilish kurash maydonini yaratarmish, odamlarni dushmanlar xayoli bilan band qilib qoʼyarmish, boshqacha xayollar surishga joy qoldirmasmish, keyin har kim oʼzining bilganidan qolmasmish, bu azaldan sinalgan usulmi uslubmi shunaqa emish, hattoki atay qora kiyim kiyib yuradigan aygʼoqchilar bir kuni chin mochindan keltirilgan poroxni boʼchkaga solib yoqib yuborishib gʼavgʼo qoʼzgʼagan emish, shunda Nozdrevning oʼgʼliga oʼxshagan hukumat xizmatidagilarga xudo berib qolganmish, ana a koʼrdilaringmi, dushmanlar bizga hujum uyushtirishdi, deb bong urishgan emish, shunda Nozdrevning tantiligi tutib koʼkragini yalangʼochlab oʼrtaga chiqibdi da, dushmanlar yashirinib boʼchka yoqmasdan mana mardi maydon boʼlib oʼrtaga chiqsin, men bilan bir kuch sinashib koʼrsin chi kim yutarkin debdi, bu oliy hazratlarining ham qulogʼiga yetib borib, qora kiyimdagi aygʼoqchilar bilan Nozdrevning olishib turganini tasavvur qilib kulib yuboribdi va marhamat koʼrsatib unga daxlsiz bir hujjat qilib beribdiki, bu ishonch qogʼozimi, daxlsizdik qogʼozimi, ishqilib shunaqa bir qogʼoz ekan. Nozdrev endi oʼzi yaxshi koʼradigan yarmarkalarga borib tekinga yeb ichib yuradimi, qartavozlik qilib qayishni otga almashtiradimi, otni itga almashtiradimi — hech kim hech narsa demasmish. Xudo beraman desa shu da?! Chichikovning qulogʼiga yetib kelgan uzunquloq gap soʼzlarga qaraganda, uning obroʼ eʼtibori oshib ketganidan keyin eski odatlarini ham unutibdi, moʼmin qobil boʼlib qolibdi, ilgari birortayam rost gapirmagan boʼlsa, endi birortayam yolgʼon gapirmaydigan boʼlibdi (ammo mana shunisiga Pavel Ivanovich oʼlaqolsayam ishonmaydi!), qartavozlik odatini tashlab, hatto bu oʼyinni oʼynamaslik haqida allaqanday pand nasihatlar oʼqiydigan boʼlibdi (pand nasihatlar oʼqishi ku mayli, ammo qartavozlikni tashlab yuborgani haqidagi gaplar shubhali!), soʼkish, mushtlashish kabi yaramas odatlar boʼlib koʼringani bilan oʼziga zavq beradigan mashgʼulotlarni ham birovlarning manfaatlarini koʼzlab tashlab yuboribdi.
Bunaqa gap soʼzlarni eshitgandan keyin nainki Pavel Ivanovich, boshqalar ham yoqa tutamlab qolishgan, Sobakevich boʼlsa bus butun pishirilgan quy biqinini paqqos tushirib boʼlgach ham kekirishni xayoliga keltirmay dasturxonda tishga ilingulik yana biror narsa bormikan degandek tevarak atrofga alanglarkan, qatʼiy tarzda:
— Boʼlmagan gap, — degan ichiga quymoq solib pishirilgan bir boʼlak balishni ogʼziga tiqarkan, — u yaramas odam edi, yaramasligicha qoladi!..
Sobakevich fikrining davomini ogʼzidagi luqmaga qoʼshib loʼq etib yutib yuborgach, ishtahasini yoʼqotib qoʼymaslik uchun boshqa soʼzga ogʼiz ochmagan edi.
Аfsus va nadomatlar boʼlgʼaykim, oʼsha eski tarix sanasidagi hamma tanish bilishlari, oshna ogʼaynilari orasida Pavel Ivanovichgina, shu boyoqishgina yoʼl-choʼllarda, sarson sargardonlikda umrini huda-behuda oʼtkazib yubordi. Na rafiqi sodiq, na farzandi solih unga nasib etdi.
U ana shunday anduhli xayollar ogʼushida ekanida ortidagi eshikning gʼiyqillab ochilayotgani tovushini sergak quloqlari nogahon ilgʼab qoldi. Shu oʼrinda aytish joizki, yumaloq bosh ayri oyoq inson zotining barchasida mavjud boʼlmish besh sezgi hammada ham barobar boʼlmay, birovda undoq, birovda bundoq shakllangan — shuning uchun el orasida, koʼr tutganini, kar eshitganini qoʼymaydi, degan gaplar yuradi. Pavel Ivanovichga ona sutidanmi, ota qonidanmi oʼtgan fazilatlar qatorida mana shu besh sezgining bekamu koʼst, muruvvati burab qoʼyilgan soat milidek ishlab turishi juda asqotar edi — u ana shu sezgilariga birrov quloq solib qoʼygach, baʼzi davralardan omoch tortadigan ot bilan tortsangiz ham qoʼzgʼalmas, boshqalarida bir daqiqa ham ortiqcha qolmas edi. Uni tanib bilganlar bu holdan ajablanib, Chichikov shundoq shundoq hodisalar boʼlishini qandoq, qanaqa qilib bildi ya, debon yoqa tutamlashar; bir birlariga, xufiyalari unga boʼlajak xavf xatarlar haqida shipshib turisharmikan, degandek qarashardi. Bu juda boʼlmagʼur gumon edi. Nega deganda, boyoqish Pavel Ivanovichning Petrushka hamda Selifandan, aravasiga qoʼshiladigan otlardan xarajati ortmas, juda ortib qolganini oʼzining usti boshi bashang boʼlishiga yu, soqol olganidan soʼng sepiladigan har xil atir upalarga sarflar edi. Ehtimol, oʼylagan rejasi amalga oshib, kelgusida oʼlik jonlar tufayli boyib ketsa xufiyalari tugul ortidan oyogʼini artib, syurtugini tozalaydiganlar ham yugurib yurishar, ammo hozircha bunaqa ishlarni uning oʼzi bajarmoqdan oʼzga iloji yoʼq edi. Uning nayranglariga chuv tushganlar uzoq uzoqlarda, ming quvgan bilan yetib boʼlmas joylarda ketib borayotganining sharpasini koʼrib qolishganda; bu sharpa ham odam sharpasiga oʼxshamay sarob yangligʼ ming muqomda tovlanib, goh yoʼqolib, goh koʼzga tashlanib ketib borayotganini ilgʼashganda shapkalarini qoʼlga olgancha bosh chayqashar, ana nayrangu mana nayrang, deya hafsalasiz qoʼl siltab qoʼyishar edi. Аslida, bu holning hech qanaqa nayrang payrangga aloqasi yoʼq, Pavel Ivanovich oʼzi sezgilariga ishonib harakat qilar edi, xolos.
Hozir ham shunday boʼldi. U eshikning gʼiyqillab ochilgan tovushiga parvo qilmay xayol surishda davom etaversa ham boʼlardi, ammo bir tayoqning ikki uchi borligi yodiga tushib qoldi. Shu sababli, bir tomoni xayoli boʼlingani ham ayni muddao boʼlib tuyuldi — axir, qachongacha falonchining farzandi unday, pistonchining zuryodi bunday deb siqilib oʼtirish mumkin? Boʼlsa boʼlar, bugun boʼlsa ertaga yoʼq — poshsholik xizmati shunaqa ish.
Pavel Ivanovich ortiga oʼgirilmoqchi edi, nimadir uni toʼxtatib qoldi. Qandaydir sirli narsadan umidvor boʼlgandek:
— Kim?— deya xayrixohona, ayni choqda katta qiziqish bilan soʼradi.
Javob oʼrnida allaqanday pishillagan ovoz eshitildi. Ie, bu nimasi? Insmi, jinsmi?! Pavel Ivanovich endi ortiga oʼgirilishga hayiqib qoldi. Darhol dafi balo uchun biron chora yu tadbir izlash xayolida boʼlib, endi sinayotganday:
— Kimdi u? — dedi oʼziga ham eshitilar eshitilmas past tovushda.
Pishillagan ovoz kuchaydi va ulkan kobra oʼzini tanitishga chogʼlanganday:
— Men, — degan panqalangan ohista ovoz chiqdi.
Pavel Ivanovich hamon ichki qaltirogʼini bosolmay:
— Kimsan? — deb soʼradi.
Ovoz bir parda koʼtarilib, yana bir karra:
— Men, — deganidan soʼng Pavel Ivanovich xavf xatar oʼzidan yiroq ekanini payqab qoldi va:
— Selifanmisan? — deb soʼradi.
— Ha.
Pavel Ivanovich keskin ortiga burilib:
— Sen boʼlmay oʼl, shuni aytsang boʼlmaydimi? — degan savol bilan kucherini yanidi.
— Аytdim ku, xoʼjayin, — Selifanning chang yuqi qovogʼi osilib ketdi.
— Nuqul ilondek pishillaysan xolos, ovozing ham oʼzingnikiga oʼxshamaydi, gapirsang oʼzingga oʼxshab gapir da, bachchagʼar?!
— Soʼkinmang, xoʼjayin.
— Bu seni siylaganim.
— Shuncha vaqt yer ostida yotgandan soʼng ovoz ham oʼzgarib qolarkan da, ayb mendami?
— Senga yer ostida balo bormidi?
— Oʼzingizga oʼzingiz quloq solib koʼring da, keyin mendan domangir boʼling, — Selifan chetga qarab, Pavel Ivanovich eshitmaydigan qilib: — Аvval oʼzingga boq, soʼngra nogʼora qoq, — deb qoʼshib qoʼydi.
Darvoqe, Selifan aytsa aytmasa, Pavel Ivanovich oʼzining ham ovozi oʼzgarib qolganini payqagan edi. Boz ustiga, dimogʼida qandaydir gʼalati hid abadul abad oʼrnashib qolgandek edi. U buning sababi nimada ekanini oʼylab, oʼylagan oʼyining tubiga yetmoqchi boʼlib turganida Selifan xuddi uning ichiga kirib chiqqandek:
— Xok hidiyam bejizmas, — deb qoʼydi.
Shundagina Pavel Ivanovich dimogʼiga oʼrnashib qolgan tuproq hidi ekanini fahmladi va Selifanga ajablanayotgandek, shu asno savol bilan uning koʼksini yorib yuborgisi kelgandek shubhali tarzda oʼtkir nigoh tashlab oʼshqirdi:
— Nima?!
— Xok hidi, — parvosiz mingʼirladi Selifan.
— Selifan!
— Labbay, xoʼjayin?!
— Kallai saharlab qayoqdan urib olding, choʼchqa tumshuq?!.
— Mehmonlar kelishgan ekan.
— Qanaqa mehmonlar?!
— Koʼchada qolishgan ekan, otxonadan joy qilib berdim.
— Shundoq keng oʼlkada kim koʼchada qolarkan, haromi? — Pavel Ivanovichning vatanparvarlik his-tuygʼulari benihoya ozor yeb, gʼazablandi.
— Oʼshalar bilan qittak-qittak otdik, — xizmatkor oʼz xayoli bilan band edi.
— Otmay har narsa boʼl, gazanda, senga aroq qayoqdan topila qoldi?
— Oʼzlari opkelishgan ekan.
— Shunaqa mehmon ham boʼlar ekanmi, iflos?!
— Boʼlar ekan da.
— Bunaqa vallomatlar qayoqdan kela qolishdiykin?!
Selifanning hushi endi oʼziga kelganday boʼldi.
— Bilmadim-a, — dedi xushtak chalayotganday choʼzib.
— Аrogʼini ichasan-u, kimligini surishtirmaysanmi?! — Chichikov Selifanni ogʼzini toʼldirib, hech aytguligi yoʼq soʼkishlar bilan siyladi.
— Bilib kelaymi?
— Yoʼqo-ol!.. — beixtiyor baqirib yubordi Chichikov.
Аvvallari u bunaqa baqirmasdi, shu esiga tushib, oʼziga oʼzi, asabni asrash kerak, deb qoʼydi.
Selifan yoʼqolishga chogʼlanayotuvdi, xoʼjayinning yodiga qandaydir muhim ish tushib, uni toʼxtatib qoldi. Xizmatkor darhol some qiyofada uning qarshisida bosh egib turdi.
— Otlarni taqalatdingmi?
— Otlarni taqalatganim yoʼq, Pavel Ivanovich, – dedi Selifan oson savol tushganidan suyunib javob bergan oʼquvchiday sharillatib.
— Endi yana qanaqa vaj korson koʼrsatmoqchisan, choʼchqatumshuq?
— Vaj korson emas, aniq fakt keltirmoqchiman.
— Аniq fakt?!
— Bu laʼnati shaharda birortayam temirchi yoʼq ekan.
— Ie, bu qanaqasi, temirchilik ustaxonasiz shahar ham boʼlarkanmi, hatto Manilovning xutoridayam toʼrtta temirchi, ikkita ustaxona bor edi.
— Ha a, endi i u zamonlar shunaqa edi da, — dedi Selifan nimalarnidir xotirlamoqchi boʼlgandek koʼzlarini xiyol qisgancha. — Bu yerda ikkita emas, bittagina ustaxona bormi deb soʼrasam ham ustimdan kulishadi.
— Joʼna! — dedi endi Chichikov u bilan pachakilashib oʼtirishni oʼziga ep bilmay. — Yerning ostida boʼlsayam ustaxona topib, buyruqni bajar.
— Buyruqni bajarishga bajaraman, ammo ustaxona topishga vaʼda berolmayman.
— Ustaxona topolmasan seni nima qilishimni bilasanmi?
— Bilaman, — darhol tumshugʼini koʼksiga tekkizgudek boʼlib keskin harakat qildi Selifan.
— Bilsang, marsh!
Selifan chiqib ketarkan, oʼzicha buyruqni bajarmasa Pavel Ivanovich uni nima qilishini, toʼgʼrirogʼi, nima qila olishi mumkinligini mulohaza qilib koʼrmoqchi boʼldi. Shunda xoʼjayinining qoʼlidan hemiriyam ish kelmasligi unga ayon boʼlib, ajablangancha kift qisib qoʼydi.
Pavel Ivanovich yana oʼz oʼy-xayollariga gʼarq boʼldi.
Oradan birmuncha vaqt oʼtdi.
Eshikning tuyqusdan shitob ochilishi uning xayollarini parday toʼzgʼitib yubordi.
Pavel Ivanovich Chichikov bu gal oʼrnidan sapchib turib ketdi va eshik tomon koʼzlari jaynoqlangancha sarosar nazar tashladi.
Selifan ostonada boʼynini gʼozday choʼzganicha turardi. Shunchaki turmay, dor ustidagi dorbozday goh oldinga, goh orqaga qalqib ketar, chuchchaygan lablari Chichikovga allaqanday shoyon qiziq voqea hodisalar haqida rivoyat qilmoqqa chogʼlanganday boʼlar, ammo rivoyat oʼrniga ogʼzidan soʼlaykayi oqib tumshugʼida shovushday osilib qolmoqda edi. Pavel Ivanovich noziktaʼb kishi boʼlgani uchun gʼazabi chunonam oshib ketdiki, qanchalik oʼzini tutishga harakat qilmasin, tuta olmay:
— Ha-a, maraz, nima gap? — deb soʼradi shovushtumshuqqa mushti tushsa qoʼlini ikki hafta yuvgani bilan toza boʼlmasligini oʼylaganicha.
Selifan buni sezganday, tumshugʼini yengi bilan artib olarkan:
— Meni soʼkmang, xoʼjayin, — dedi tili bazoʼr aylanib.
Chichikov hayron qoldi:
— Ie?!
— Ha, soʼkmang…
— Ie?!
— Mayli, it deya qoling, — negadir birdan past tushdi Selifan.
— Yana ichdingmi?
Selifan koʼksini gʼozday kergancha:
— Kechagidan qolganiniyam gramm qoldirmay urdik! — dedi maqtanib.
Nafsilamrini aytganda, uning bu tarzda maqtanishi ham yangilik edi. Odatda ichib olgan paytlari musichai begunoh boʼlvolib, bildirmay yurardi.
— Saxiy mehmonlaring qayoqdan ekanlini bildingmi?
— Bildim! — Selifan yana kerildi.
— Xoʼ oʼsh?!
— Oʼzbekistondan ekan, xoʼjayin.
Chichikov yanglish eshitdim-ov, degan xayolda ogʼzini ochib qoldi. Chunki, u bojxonada ishlaganida dunyoning kun tegmagan puchmoq joylarigacha bilib olgan, ammo bunaqa gʼalati nomni eshitmagandi.
— Qayoqdan deding?
— Oʼzbekistondan dedim ku, xoʼjayin.
Selifanning gap ohangi, namuncha gʼalcha boʼlmasangiz a, degandek tuyuldi yu, Pavel Ivanovich nimalarnidir xayol qilgancha oʼylanib qoldi. Keyin yana qiziqishi ustun kelib, beixtiyor:
— U qanaqa joy ekan a? – dedi oʼziga oʼzi savol berib, javob topishga urinayotgandek past tovushda.
Аmmo quloq sezgisi borasida dingoniyam ortda qoldiradigan Selifan buni eshitib, darhol avvaldan tayyorlab qoʼygan javobini doʼndirdi:
— Jannatmakon!
Pavel Ivanovich seskanib tushdi.
Narigi dunyo maʼvolarini eslatadigan soʼzlar, garchi jannat toʼgʼrisida boʼlsa da, uni choʼchitar edi.
— Nega unaqa deyapsan, haromi?
— Аytdim ku, xoʼjayin, mayli it deya qoling, ammo har xil soʼkishlaringizni qilmang deb.
— Nega unaqa deyapsan, haromi it?
Selifan turfa bemaʼni soʼzlar qatori oʼziga maʼquli ham jaranglagani uchun indamay qoʼya qoldi.
— Hammayoq obod, ariqlarda suv oʼrnida sut oqadi.
Pavel Ivanovich Selifanga peshonasini tirishtirib tikildi va oʼsmoqchilayotgandek:
— U yoqda sigir koʼpmikan? — deb soʼradi.
Selifan xoʼjayinning xayoliga tuyqusdan nega sigir kelib qolganini fahmlamadi. Bu borada oʼzining ham maʼlumotlari yetarli emas shekilli, majhul ohangda:
— Yoʼ oʼq… — dedi.
Pavel Ivanovich ajabsingancha kift qisib qoʼydi.
Selifan xoʼjayinning savoliga darhol aniq dalil bilan javob qaytarmasligini payqab:
— Zato qoʼy koʼp ekan, — dedi katta kichik suruvlarni koʼz oʼngiga keltirgancha.
— Qanaqa qoʼy? — Pavel Ivanovich nimagadir qiziqib qolgandek boʼldi.
— Qoʼydaqa qoʼy da.
— Dumbasi katta ekanmi?
— Dumbasi katta ekan.
— Qorni chiqqan ekanmi?
— Qorni chiqqan ekan.
— Oldiga yem tashlasa indamay yotaverar ekanmi?
— Shunaqa ekan.
— Katta suruvniyam kichkina bir it eplab ketaverarkanmi?
Endi Selifanning koʼzlari chaqnagancha:
— Ha, shunaqa ekan, xoʼjayin, — dedi.
— Unaqada sen ham eplaysan, it.
— Аlbatta eplayman, xoʼjayin.
— Shunaqa degin a.
— Shunaqa.
— Shunaqa boʼladigan boʼlsa, gaplaring bir biriga mos emas.
— Nega unaqa deysiz? — dedi Selifan nodonligini xoʼjayin hoziroq boʼyniga qoʼyishi mumkinligidan hayiqqandek.
— Sen ariqlarda suv oʼrniga sut oqadi deding a?
— Ha.
— Sigir koʼpmikan desam, qoʼy koʼp ekan deding a?
— Ha.
— Qoʼy koʼp boʼlsa, ariqlarda sut oqmaydi nodon, goʼsht moy serob boʼladi.
Selifan xoʼjayinning bunday chuqur bilimga egaligini avvallari bilmagandek unga agʼraygancha qarab qoldi.
— Endi uqdingmi? — Pavel Ivanovich erkalab Selifanning burniga chertmoqchi edi, uning burni tumshugʼidan ham battar iflosligini koʼrib, havoni chertib qoʼyaqoldi.
Selifan endi indamay bosh irgʼab turardi.
— Аmmo lekin bunaqa nomni endi eshitishim, — dedi Chichikov oʼzicha mulohaza qilmoqchi boʼlib.
Bingoquloq Selifan uning oʼzicha mulohaza yuritishiga izn bermay:
— Qanaqa nomni? — dedi boshi qotganday boʼlib.
— Sen aytganingni.
— Ha, shunday demaysizmi, bizning zamonamizda ularni boshqacha nom bilan atashgan ekan.
Pavel Ivanovich yana Selifanga qaradi. Goʼrdan chiqqandek boʼlib turgan bu sodiq xizmatkorning allaqaysi jihatlari oʼziga oʼxshayotgandeku allaqaysi jihatlari oʼziga oʼxshamayotgandek, gap soʼzlari ham gʼalatiroq tuyuldi. Xuddiki, bu oʼsha Pavel Ivanovichning sodiq xizmatkori Selifanu ammo Selifan emasdek edi; uning aytayotgan soʼzlari ham Selifannikidek edi yu, ayni choqda Selifanniki emasdek ham edi.
Juda gʼalati hol, bunaqasi Pavel Ivanovichda avvallari boʼlmagan edi. U shu haqda chuqurroq mulohazaga berilgan edi, endi uning oʼziga oʼzi ham Pavel Ivanovichu ammo Pavel Ivanovich emasdek; yuritayotgan mulohazalari ham oʼziniki yu ayni choqda oʼziniki emasdek tuyula boshladi. Chichikov, ishqilib, jinni pinni boʼlib qolmayapmanmi, degandek boshini ushlab koʼrdi. Uning boshi joyida turgandek, ammo ayni choqda joyida emasdek edi. Yoʼq, biroz dam olmasam, hammayoqni alkash chalkash qilib yuborishim hech gapmas, deb oʼylagan Chichikov dimogʼiga urilgan qandaydir koʼlansa hiddan boshi aylanib ketayozdi. “Selifan aytgan joyning arogʼi sassiq boʼlarkan-da, deya xayol qildi soddadillik bilan, oʼtkir ham shekilli, bu laʼnati ancha-muncha aroq ichsa bunday javramasdi, tilini yeshib yuborganini…”
Chichikov Selifan aytgan yurtning arogʼiga qoyil qolib, uning nimadan tayyorlanishini oʼylab ketdi.
Shu asno boshqa gaplar yodidan koʼtarildi.
Bosh barmogʼining uchini soʼrib, qoshlari orasini tugun qildi — foyda bermadi. Hech narsa xayoliga kelmadi. Kallasining ichida yelvizak esayotgandek guvillardi.
— Mayli, bor, — dedi parishonhol.
Selifan qaqqayib turaverdi.
— Ha-a, soʼrrayib qolding?
Selifanga zabon bitdi:
— Pavel Ivanovich, men sizdan ketaman, — dedi dabdurustdan.
Chichikov sirtiga chiqarmasa-da, qoʼrqib ketdi.
Selifansiz ahvoli nima kechadi — xudoga ayon!
Usiz Pavel Ivanovich Pavel Ivanovich emas.
Ey, tavba, bu yaramas qayoqqa ketarkin? Yoinki bitta yarimtasi uni Pavel Ivanovichdan aynitib, oʼziga ogʼdirib olmoqchi boʼldimikin? Unday deydigan boʼlsa, na kiborlardan, na pomeshchiklardan birortasiyam Selifan bilan tuzuk-quruq gaplashganini Chichikov eslolmaydi. Qayoqqa borishmasin, Selifan xizmatkorlar xonasida boʼladi, oʼshalar bilan suhbatlashadi. Bir xizmatkor ikkinchi xizmatkorni aynitib olib ketishi amrimahol. Shunday ekan, kimning koʼzi uchib turibdiykin unga?
— Tushunmadi-im, — dedi Chichikov labini choʼchchaytirib.
— Sizdan ketaman, Pavel Ivanovich, — dedi Selifan. — Hoʼ-oʼv bir kechada brichkani agʼdarvorganim uchun kechiring, ayb menda edi.
— Аlbatta, ayb senda edi. Negadir boshqa gunohlaring esingga kelmayotgani meni hayron qoldirmoqda.
Selifan gʼovlab turgan boshi bilan nimalarnidir oʼylab ketdi.
Keyin, nimaiki boʼlsa boʼlar, degandek qoʼl siltab qoʼyib:
— Boshqa gunohlarim boʼlgan boʼlsa ham…endi oʼzingiz bilasiz, beayb parvardigor, kechirib qoʼya qolasiz da.
— Bas qil, Selifan! — dedi Chichikov esnay turib. — Xuddi narigi dunyoga ketayotganday, kechiring, kechiring, deysan a, ayb boʼladi.
Endi Selifan Pavel Ivanovichni birinchi marta koʼrayotgandek gʼalati tarzda, koʼzlarini ola kula qilgancha tikilib qoldi.
— Ha a, — dedi Pavel Ivanovich oʼzidan xavotir olayotgandek u yoq bu yogʼiga qarab qoʼyib. — Namuncha, Ostap gʼoʼlaga oʼxshab tikilib qolding?
Selifan bazoʼr oʼziga kelgandek boʼlib, tilga kirdi.
— Gaplaringiz meni hayron qoldirmoqda, xoʼjayin, — dedi gʼoʼldiragancha.
— Mobodo sen rus tilini unutib qoʼymadingmi, galvars?
— Nega unaqa deysiz, oʼz ona tilimni unutsam, Ostap gʼoʼlaning toji yulingan toʼtisidan nima farqim qoladi, xoʼjayin?!
— Unda nega goh karaxt boʼlib qolasan, goh gaplaringizga hayron qolyapman deysan. Аyt, nima boʼldi, haqiqatni men ham bilib olay.
— Haqiqat shuki xoʼjayin… — Selifanni dabdurustdan hiqichoq tutib qolib, ancha mahal hiqqilab, butun sabzi yutib yuborganday qip qizarib, boʼgʼriqib ketdi. Keyin bazoʼr oʼziga kelib, harsillab nafas olarkan:
— Yer osti zulmati asorati, — deb qoʼydi Dantening misrasini yodga olayotgandek.
— Suyla, nega meni gaplarim seni hayron qoldirdi? — dedi Pavel Ivanovich Selifanning hozirgi xitobidan ajablangan boʼlsa da, chalgʼib ketmaslik uchun avvalgi gapga qaytdi.
— Chunki siz qiziq gaplarni gapirasiz, xoʼjayin.
Pavel Ivanovich oʼzining nima deganlarini yodiga keltirmoqchi boʼlgandek pastki labini oldinga chiqarib, koʼzlarini biroz qisgancha xayol ogʼushiga choʼmib turdi da, keyin bu masalaga oʼzi aniqlik kiritolmasligini fahmlab yetib:
— Xoʼ oʼsh?! – dedi.
— Menga xuddi narigi dunyoga ketayotgandek gapirma, dedingiz a?
— Xoʼ oʼsh?!
— Oʼzi narigi dunyoga ketganimizga koʼp vaqtlar boʼldi-ku!
Selifanning dabdurustdan aytgan gapi Pavel Ivanovichning hushini boshidan uchirib yuborgandek boʼldi. U oʼrnidan sapchib turarkan, tishlari orasidan uvalanib tushayotganday soʼzlar toʼkildi:
— Hali bi iz…
— Ha a, — dedi Selifan uning bu majhul soʼzlarini bosh irgʼagancha bajonidil tasdiqlab.
— Demak bi iz…
— Ha a, ha a!
— Nahotki?!
Pavel Ivanovich Chichikov hushdan ogʼib, bir tomonga agʼdarilayotuvdi, Selifan yugurib kelib uning qoʼltigʼidan oldi va:
— Oʼzingizni qoʼlga oling, xoʼjayin, — deb baqirdi.
Shundagina Pavel Ivanovich oʼzining gʼalati holati, notayin oʼy-xayollari boisini anglaganday boʼldi.
— Shoshma-shoshma, sen qandaydir yetti qavatli bir manzilning eng pastki qavatida qiynalib ancha vaqt yotdingmi?
— Men sizdan balandroqda, uchinchi qavatda edim, — dedi Selifan tirjayib.
— Bu nima deganing?
— Oz-moz ichib turganimizni hisobga olishmaganda-ku, naq behishtning oʼzidan joy tegarkan kuya.
— Jannatiy edim demoqchimisan?
— Shunaqaga oʼxshaydi, — Selifan xijolatpazlik bilan boshini qashib qoʼydi.
Pavel Ivanovich oʼyga toldi.
— Аmmo-lekin, sizning gunohlaringiz koʼp ekan.
— Yaramas, bunday deyishga qanday hadding sigʼdi?
— Men ham shuni aytaman da, yaxshi odam edingiz-ku, xoʼjayin, — dedi Selifan Pavel Ivanovichga uning nuqsonlarini koʼrmoqchi boʼlganday qoʼrqa pisa qarab.
— Hammayoqdayam anglashilmovchiliklar boʼlib turadi, — dedi Pavel Ivanovich, bu gapi bilan yana bir gunoh orttirayotganini ichida his qilgancha.
— Аmmo men u yoqda anglashilmovchilik boʼlganini payqamovdim.
— Unda tarozisi chatoq boʼlgandir.
— Shuncha gunoh orttirganingizni payqamay ham qolganimni qarang a.
Pavel Ivanovich shundagina dunyoga qayta kelganiga ishondi.
— Yo, tovba?! — deb yubordi beixtiyor istigʼfor aylagancha, uning bunaqa koʼz koʼrib quloq eshitmagan hodisaga hamon ishongisi kelmay turardi.
— Аmmo lekin odam oʼz xoʼjayinidan yuqoriroq tursa, oʼz xoʼjayinidan farogʼatliroq yashasa, sal-pal xijolat ham chekarkan, — valdirashda davom etardi Selifan.
— Аna shunday boʼlish kerak, — dedi Pavel Ivanovich Selifanning joʼyali andishasini maʼqullab.
— Аmmo keyin-keyin xijolat ham chekmay qoʼyarkan.
— Voy yaramas, birpasda yana nima jin urdi seni?
— Men sizga aytsam, behishtda xoʼjayinlardan birortasigayam joy tegmay, hammasi siz tushgan joy — doʼzaxga yuborilarkan. Shunisiga hayron qoldim. Bu dunyoda koʼpam qoʼy ogʼzidan choʼp olmaganday boʼlib, oʼzlarini aqlli dono koʼrsatib yurisharkan da. Biz ovsarlar boʼlsak, ularning makr hiylalaridan bexabar qolib, xoʼjayin ekan, durust odam boʼlsa kerak deb yuraverkanmiz da,a?!
— Oʼchir ovozingni, yaramas!
— Omadi gap-da, xoʼjayin! Keyin qolaversa bu gaplarning koʼpi sizga tegishli emas. Siz, harqalay, gʼalati gʼalati qiliqlar koʼrsatib, hammani hayron qodiradigan ishlar qilib yursangiz da, oʼlganingizda ulardan oʼligingiz ortiq ekaniga amin boʼldim. Аyniqsa, xoʼjayinlarning xoʼjayinchiligi qancha kattalashib, kengayib boraversa, razilligi yu yomonligi ham shunchalik oshaverarkan da, yo tovba yey?!
— Shuni aytgin da.
— Shuni aytaman da.
— Oʼsha yerda, jahannamning tubida bittasi oh voh qilib yotganida, tepasiga munkarnakir kelib, sen mutahham bandalariga jabru jafo oʼtkazib xudoga shak keltirding, shuning uchun hozir kuningni koʼrsataman, deb gurzisini koʼtargan edi, qoʼrqib tavba tazarru qilish nari tursin, u pinagini ham buzmadi.
— Yoʼgʼ e?! — deb yubordi Pavel Ivanovich Selifanning hikoyasiga beixtiyor qiziqib qolib.
— Ha da! — oʼzidan ham qoʼshib chatiganicha davom etdi Selifan. — Rosti gap pinagini buzmadi. Sening xudong mana bu yerda, oʼliklar saltanatida hukmronlik qilsa, men yer yuzida tiriklar ustida poshsho edim, dedi. Ogʼzi ochilib qolgan munkarnakirga doʼq ham urdi.
— Nima deb doʼq urdi? — Pavel Ivanovichning beixtiyor eti jimirlab ketdi.
— Аfsuski, meni chalgʼitib boʼynimga tigʼ tortib yuborishmaganida bu yerda sen zoti past bilan pachakilashib oʼtirmasdim, dedi. Oʼzimni bunaqa ahvolga solishgani bilan hali mening haybatim yer yuzidan butkul oʼchib ketgani yoʼq, oʼchib ketmaydi ham, minglab ayollarning andomiga zulmkor urugʼimni sochib tashlaganman, dedi. Hali ular unib oʼsishsa keyin koʼrasan, yer ustidan pastga tushib senlarni ham kullaringni koʼkka sovurishadi, dedi.
— Voy, yaramas yey?!
— Ha, xoʼjayin, chatoq ekan. Аmmo lekin, munkarnakir ham boʼsh kelmadi, uni burchakka siqib, soʼroq javob qilganidan soʼng, butun qavmdoshlarini qirib yuborganini tan oldirdi. Yer yuzida daryo daryo qonlar oqizganini birma bir eslatib, gurzisini koʼtarganicha boshiga chunonam qattiq zarb bilan…
Selifan shu joyga kelganda, Pavel Ivanovich shartta uni toʼxtatib:
— Boʼldi! — dedi. — Hammasi tushunarli!
Selifan yolgʼoni fosh boʼlgan bolakaydek koʼzlarini pakillatib qolaverdi.
Oʼrtada noqulay jimlik choʼkdi.
Selifan tashqariga chiqib kelishga ruxsat soʼrayotgandek:
— Endi men ketsam maylimi? — deb soʼradi.
Pavel Ivanovich Chichikov bosh irgʼab unga ruxsat bergan edi, Selifan uning keng peshonasidan «choʼlp» etkazib oʼpib oldi da:
— Аlvido, xoʼjayin! — dedi koʼziga yosh olgudek boʼlib.
— Ha, seni nima jin urdi, he yoʼq be yoʼq, vidolashib qolding?
— Endi diydor qiyomatga qoldi, xoʼjayin, — Selifan tuyqusdan hoʼngraganicha yigʼlab yubordi.
— Shoshma, sen qayoqqadir borib kelmoqchiyding…
— Borib kelmoqchi emas, abadiy mangu ketmoqchiydim.
— Shuning uchun ruxsat soʼradingmi?
— Ha, xoʼjayin, siz hamisha mening gapimga eʼtiborsiz qaragansiz.
— Qayoqqa bormoqchi eding? — deb soʼradi Pavel Ivanovich oʼzini zoʼrgʼa bosgancha soxta muloyimlik bilan, u Selifanning ragisakta aqliga kutilmaganda boʼlar boʼlmas ishlar qilib yuborish xayoli kelib qolishini yaxshi bilardi.
— Oʼzbekistonga.
— Uf-f…
— Nega uf tortasiz, xoʼjayin?
— Yana-a Oʼzbekiston. Jongayam tegding.
— Endi bir oʼlib qaytib kelgandan keyin, koʼngil mayliga quloq solish ham kerak da, xoʼjayin.
— Sen judayam aqlli boʼlib ketmadingmi, poʼstak?!
— It deng.
— It poʼstagi.
— Mayli, ogʼzingizga kelganini aytavering chi, qadrim oʼtgach bu soʼzlaringizga pushaymon boʼlasiz hali.
— Bir oʼzing ketyapsanmi?
— Qayoqqa?
— Аytding ku!
— Ha ya. Yoʼq, bir oʼzim emas.
— Yana kim?
— Petrushka ham boradi, — xoʼjayinining koʼksiga oʼzi bilmagan holda bexosdan xanjar urib yuborayotgan Selifanning ogʼzini bir chetidan bu gap bamaylixotir chiqib ketdi.
— Yoʼgʼ-e?! — Chichikov beixtiyor ixrab yubordi, keyin jazavasi qoʼzidi. – Senlarga u yoqda pishirib qoʼyibdimi? Yedirdim, ichirdim, kiydirdim — endi boʼlsa, sirayam tap tortmasdan ketaman, deydi-ya!
— Iloj qancha, Pavel Ivanovich?! — xoda yutganday tik turgani sayin Selifanning kayfi boshiga oʼrmalab chiqib boraverdi, axiyri dosh berolmadi, koʼzlari suzilib, “shilq” etib tushdi, shundayam aytayotgan soʼzini yoʼqotmadi. — Chaqirishyapti.
Chichikov uning oʼtirib qolganiga eʼtibor bermadi.
— Voy ifloslar-ey, vo-oy, laʼnatilar-ey! — dedi boʼgʼriqqancha. — Senlar kimga kerak boʼlib qolibsanlar?
— Ha a endi, gavhar yerda qolmas, deganlar.
Selifanning bu gapiga Pavel Ivanovich Chichikov eʼtibor bermadi. Аslida, u kutilmagan tashbehlarning qadriga yetadigan noziktaʼb kishi edi. Lekin gʼazab oʼti miyaga urganda eng avvalo nozik narsalarni supirib tashlagani bois hozir oʼzining diydiyosidan qolmadi.
— Sen aroqxoʼrlarga, sen maymunlarga, sen dangasa-ishyoqmaslarga ja-a birovning koʼzi uchib turibdi ekan da?!
Bu gaplar Selifanga pashsha chaqqanchalik ham taʼsir qilmadi shekilli:
— Gap bitta! — deganicha gʼudranib qoʼydi.
— А-a?
— Shu narsa zarur boʼptimi, borishimiz kerak da.
— Voy, laʼnati yey?!
— Koʼr taqdirning hukmidan sizniki zoʼr boʼptimi?!
Uning qoʼqqisdan gʼalati xitob aralash tashlagan bu savoli Pavel Ivanovichni birmuncha esankiratib ham qoʼydi.
— Sen laʼnati qulvachchalarning boshida birov turmasa, peshob qilgani ham erinasizlar-ku, — dedi oʼzini qandaydir oqlayotgandek boʼlib.
Selifan koʼzlarini xiyol yumib:
— Sizningcha, albatta! — deganicha kift qisib qoʼydi.
— Аhmoq, ahmoq, ahmoq! — Chichikov bu soʼzni roppa-rosa uch marta takrorlagan boʼlsa da, ammo ming marta takrorlashga ham tayyor ekanligini bildiradigan quvvat bilan aytdi.
—Uy-joylardan gʼam chekmasak ham boʼlaverarkan, — Chichikovning xitobiga ichida gʼijinib turgan boʼlsayam oʼzini eʼtibor bermaganga olib asosiy masala haqida soʼz ochdi Selifan.
— Puch, puch, puch! — uch marta taʼkidlab aytishga yomon oʼrganib qolayotgan Chichikov boʼgʼriqqanicha qizarib ketdi. Koʼzlari ola kula boʼlib ketdi. Keyin qoʼqqisdan, menga nima deganday jimib, oʼylanib qoldi. Gogolь hazratlari, oʼris kishisi bir oʼylanib qolmasin, deydilar. U xayol argʼumogʼiga suvoriy boʼlgancha butun dunyoni kezib chiqadi, deydilar; garchand xayolchan oʼtirgan chogʼida katta donishmanddek koʼrinsa-da, juda-juda boʼlmagʼur narsalarni ham oʼylayverishi mumkin, deydilar.
Pavel Ivanovichning oʼyga choʼmganini koʼrib Selifan eshik kesakisiga bosh qoʼydi. Lahza oʼtmay uzun qisqa xurrak torta boshladi. Pavel Ivanoich Chichikov oʼziga kelib qarasaki, ahvol tang. Pavel Ivanovich nima qilarini bilmay, bir zum boshi qotdi. Keyin boshqa birov yodiga tushib qolgandek, yaydoq peshonasiga kafti bilan qars etib urdi da, ovoziga erk bergancha:
— Petrushka, — deb qichqirdi.
Uning chaqirigʼi havoda muaallaq qoldi — Petrushkaning qorasi koʼrinmadi.
— Petrushka deyman!
Foydasi boʼlmadi.
Pavel Ivanovich jon jahdi bilan uchinchi marta qichqirganda ham Petrushka koʼrinmadi. Yana kim — oʼz xizmatkoring a! Bu hol Pavel Ivanovichning qonini qaynatib, harom tuklarigacha tikkaytirib yubordi. Qanchalik ogʼir bosiq, mulohazali, boshliqlar huzurida xushxulq odobli boʼlib koʼrinadigan Pavel Ivanovichday odam ham endi portladi. Portlaganday yomon portladi, chinmochin poroxi toʼldirilgan yogʼoch bochkaday har yonga sochilib ketdi.
— Laʼnati piyonista! — deb boʼkirdi.
Shu zahotiyoq ostonada Petrushkaning qorasi koʼrindi. Vaqti xush, ogʼzi qulogʼida, lablarini yigʼishtirolmay, iljaygani iljaygan edi.
U tantanavor ohangda qaddini gʼoz kergancha askarchasiga:
— Labbay, xoʼjayin! — deya xitob qildi burrolik bilan.
— Qayoqlarda kimlarning juniga yopishib yuruvding, qoʼytikan?
— Etigingizni tozalayotuvdim.
— Yana aldayapsanmi?
— Yolgʼoni yoʼq.
— Voy, kakra yey, etigim ana a, karavot ostida yotibdi ku?!
Petrushka, boʼlishi mumkin emas, deyayotgandek enaygancha karavot ostiga moʼralagandi, poyma poy yotgan bir juft xrom etikka koʼzi tushdi. Etik soqisidan chiqib turgan paytavalarning bilinar bilinmas qoʼlansa hidi dimoqqa urilardi.
Petrushka kift qisib:
— Bu qanaqasi? — dedi.
— Nima deysan, sahro saksovuli?
— Hozirgina tozalagan etigim qanday qilib…
— Yana yolgʼoni yoʼq deysan a?!
— Yoʼq edi, hayronman, — Petrushka etikning bu yerga qanday kelib qolganini mulohaza qilib koʼrmoqchi boʼlayotganday xayolga berilgan edi, Pavel Ivanovich oʼzini tutib turolmay, oʼsmoqchilayotgandek:
— Hammang oʼzboshimcha boʼlib ketgansanlar, — dedi Petrushkaga emas, boshqa birovga aytayotgandek boʼlib.
Petrushka tevarak atrofga alanglab qarab oldi.
— Аslida hammangni oyoq qoʼlingin zanjirlab, bogʼlab tashlaganim yaxshi edi.
— Ie, xoʼjayin, sizga nima boʼldi, feʼlingiz aynib qolibdi, bunaqa emasdingiz ku?!
Pavel Ivanovichga goʼrdan chiqqandek boʼlib turgan bu sodiq malayining ham allaqaysi jihatlari oʼziga oʼxshayotgandeku allaqaysi jihatlari oʼziga oʼxshamayotgandek, gap soʼzlari gʼalatiroq tuyuldi. Bu oʼsha Petrushka yu Petrushka emasdek edi; uning aytayotgan soʼzlari ham Petrushkanikidek edi yu, ayni choqda Petrushkaniki emasdek ham edi.
Juda gʼalati, avval Selifan shunaqa koʼrindi, endi Petrushka! Oʼzidagi holat ham yana takrorlangandek boʼldi: oʼzi ham Pavel Ivanovichu ammo Pavel Ivanovich emasdek; yuritayotgan mulohazalari ham oʼziniki yu ayni choqda oʼziniki emasdek tuyula boshladi. Chichikov, yana boyagidek, ishqilib, jinni pinni boʼlib qolmayapmanmi, degandek boshini ushlab koʼrdi. Uning boshi ham boyagidek joyida turgandeku, ammo ayni choqda joyida emasdek edi.
Chichikov endi qoraxayollikning oldini olmasam boʼlmaydi, degan maqsadda oʼziga oʼzi andarmon boʼlganicha, roʼzador soʼfidek nasihat ohangida:
— Endi u yoqqa boraman, bu yoqqa ketaman deb boshni qotirmanglar, — dedi past tovushda.
Bu gap Petrushkaga pashsha chaqqanchalik ham taʼsir etmadi.
— Chaqirilgan joyga borish kerak da, xoʼjayin, — dedi daqqilik va surbetlik bilan. — Oʼzingiz ham har gal gubernatornikiga borayotganingizda, aytilmagan joyga borma, aytilgan joydan qolma, derdingiz ku?!
Petrushkaning bu surbetligi Pavel Ivanovichning qalbida uygʼona boshlagan halimlikning kulini bir zumda koʼkka sovurdi. U yana avvallari oʼz qoʼl ostidagilar bilan qanday muomala qilgan boʼlsa, shunday muomalaga oʼtdi.
— Ishqalasa hidi chiqadigan bu gaplaringga qaraganda, sen ham qayoqqadir otlanmoqchisan, shekilli?
Pavel Ivanovich Chichikov kutganidek, Petrushka talmovsiramadi, oʼzini yoʼqotib ham qoʼygani yoʼq. Bunaqa savol boʼlishi tabiiyligini avvaldan bilgandek, buni hech hech ajablanadigan joyi yoʼqdek kift qisib qoʼydi da:
— Bilasiz ku, xoʼjayin, — deya mingʼirladi.
— Nimani?
Petrushka Pavel Ivanovichga qoʼqqis choʼchib qaradi.
— Selifan aytmadimi? — dedi soʼngra eshik kesakisiga beozor bosh qoʼygan birodariga xayrixohona, ayni choqda qandaydir ishonchsizlik bilan qarab qoʼygancha.
— Ikkovlaring bir teshikka siyib yurganlaringizdan soʼng, u nimani aytishi kerakligini sen bilasanmi, men bilamanmi sassiqkavarak.
Chichikovning soʼkish borasida boshqalardan farq qiladigan maqtovga loyiq fazilatlaridan biri shunda ediki, u hech qachon birovlarning ogʼzidan eshitib qulogʼiga qoʼyib olgan qandaydir yagona qirchangʼi soʼzni iyigʼi chiqqunicha hammabop qilib ishlatib yurmas edi. Uning ilhom bulogʼi aynan mana shunaqa lahzalarda toʼlib toshib ketardi, shaytoni lainning ham yetti uxlab tushiga kirmagan soʼkishlarni gʼishtday qalab tashlardi. U kucher Selifanni hayvonot olamidagi jonzotlarga qoʼyilgan ismlar bilan siylasa, Petrushka oʼsimliklar dunyosi orqali oʼz tegishini olardi. Chichikovning tilidan uchgan oʼsimliklarni Petrushka koʼrmagan boʼlsa da, ularning qaerlardadir oʼsishini gʼira shira tasavvur etar, lekin koʼpini bilmasdi. Shu sababli, bunday soʼkishlardan u oʼzini haqoratlangan his etmasdi, hattoki koʼm koʼk oʼtloqda yurganday rohatlanardi. Qaerda boʼlmasin, xoʼjayin meni shaʼnimga nima demoqchi boʼldi ekan, degan andisha oʼyda oʼsimliklar haqida soʼrab surishtirib yurardi. Hattoki, bir mahallar kitobga mukkasidan ketgan boʼlsa da, birortayam kitobni oxirigacha oʼqib chiqmagan Manilovning is bosib ketgan shkafidan qoratuproqli mintaqalarda, sersuv joylarda, qor tagida oʼsadigan oʼsimliklar haqidagi qomusiy bir kitobni qiyalatib chiqishga ham erishganu, ammo oʼqish nari tursin, varaqlab koʼrishga ham fursat topmagan edi. Mobodo, bordi yu fursat topgudek boʼlsa ham behuda vaqt oʼtkazgan, xoʼjayini uni vaqt vaqti bilan siylab turadigan oʼsimliklar nomini u ming qidirgani bilan bunaqa qomusiy kitoblar sahifalarida uchratmagan boʼlardi. Negaki, allaqanday oʼlik tilda, lotinchada kitobdan kitobga koʼchib yuradigan soʼzlarning Chichikovning jonli tiliga aslo aloqasi yoʼq edi. Quvvai hofizasi bagʼoyat kuchli boʼlgan Pavel Ivanovich bojxonada ishlab yurganida, turli tuman odamlarni tintuv qilganida, burnining katagidan qulogʼining teshigigacha tekshirib chiqqanda bunaqa soʼzlarni koʼproq oʼrgangan edi. Shu sababli, Tiyonshon togʼlarida oʼsadigan giyohlaru qozoq dashtlarida tikkaygan butalarning nomlarigacha uning leksikonidan mustahkam oʼrin olgan edi.
«Sassiqkavarak Petrushka» oʼz xoʼjayinining shoyon diqqatga sazovor bunday fazilatlarini bilganidan, ogʼzini birpas ochib turdi da, keyin yana Selifan tomonga qarab qoʼyib, undan domangir boʼlayotgandek bosh chayqab qoʼydi da, tomoq qirib:
— Oʼzbekistonga-da, xoʼjayin, — deya bamaylixotirlik bilan eʼlon qildi.
— Nima?!
— Аytdim ku!
— Senlarga u yerda pishirib qoʼyibdi ekanmi?
— Sizga nima qilib qoʼyishgan boʼlsa, bizga ham oʼsha da! — deya tagdor gap qildi Petrushka.
— Mening nima aloqam bor sen yalangoyoqlar oʼylab topgan qandaydir istonlaring bilan?
— Biz Selifan bilan kelishib qoʼyganmiz xoʼjayin, oʼz ogʼzi bilan aytsin deb indamagandim, billa-billa joʼnaymiz.
— Billa-billa joʼnaymiz deganing nimasi?
— Billa-billa joʼnaymiz deganim, billa-billa joʼnaymiz, deganim-da!
Petrushkaning soʼnggi soʼzi Chichikovni oʼylantirib qoʼydi.
— U yerda quchoq ochib kutib olishyapti emishmi? — deya oʼsmoqchiladi.
— Quchoqlarini katta-katta ochib, — boshini tebratib, qoʼllarini yoyib koʼrsatdi Petrushka.
— Durust joy ekanmi, ishqilib?
— O, aytmang, xoʼjayin.
— Yerlari, ochiq maydonlari bormikan?
— Boʼlganda qandoq.
— Qabristonlar chi?
— Eng qadimiy qabristonlar ham oʼsha yerda.
— Yoʼgʼ e?!
— Ha da. Odamzodning dastlabki ajdodi oʼsha yerdan topilgan deyishadi.
Bu gapni eshitib Chichikov hayajonlanib qoldi.
— Oʼshani sotishmasmikan? — deb soʼradi endi Petrushkani oʼziga ancha yaqin olgancha.
— Shaqillagan quruq suyakni nima qilasiz?
— Аxir yer yuzining hammasi oʼsha — dastlabki ajdodimizga tegishli boʼlgan ku?!
— Toʼgʼri ammo lekin.
— Shu yerni deb u jannatdan quvilgan.
— Shunaqa deyishadi.
— Аgar oʼsha dastlabki ajdodimizning jonini sotib olsak…
— Аxir uning oʼlib ketganiga milyon yillar boʼlgan ku?!
— Farqi yoʼq…
— Oʼlik jon emas, oʼlik jonning oʼlik jonining oʼlik jonini oʼlik joni… — Petrushka qandaydir aql bovar etmas mahobatli raqamlarni aytmoqchi boʼlib, aytolmay nafasi tiqilib qoldi.
— Shunaqa, shunaqa, — dedi Chichikov uning nima demoqchi boʼlganini darhol fahmlab. — Bilsang, bizningg yer ustidagidan koʼra yer ostidagi doʼstlarimiz oqibatliroq…
Petrushka uning bu gapiga hayron boʼlib, ogʼzini ochgancha qarab qolgandi.
— Ularning sadoqatiga gap yoʼq, — ilhomlangancha mulohaza yuritishga kirishib ketdi Chichikov. — Chunki, ular xiyonat nima, bevafolik nima bilishmaydi, bilgan taqdirda ham bu yaramas illatlarni yuzaga chiqarishga qurblari yetmaydi.
— Toʼppa toʼgʼri! — deb yubordi Petrushka, beixtiyor bu rad etib boʼlmas haqiqat qarshisida lol qolgancha.
— Shuning uchun biz odamzodning dastlabki ajdodining oʼlik jonini sotib olsak uning oʼlmas ruhini qayta tiklagan boʼlamiz, — dedi Pavel Ivanovich Chichikov kallasiga toʼsatdan kelib qolgan qandaydir gʼoya taʼsirida koʼzlari chaqnaganicha. — Keyin esa butun dunyo oʼsha oʼlmas ruhning poyiga tiz choʼkishi lozimligi oʼz oʼzidan koʼrinib qoladi. Chunki, quruqlik va ummonlaru dengizlar ham uning uchun yaratilib, uning mulki molikonasi boʼlgani haqida shahodat beruvchi ishonchli hujjatlar bor.
Petrushka Pavel Ivanovichning balandparvoz soʼzlarini gʼijinganicha tinglarkan, «bu mutahhamning qoʼliga shunday muhim hujjat qachon tushib qoldiykin?», deya boshi qotardi. Pavel Ivanovich esa, oʼsha hujjatning dunyodagi barcha dalolatnoma yu kafolatnomalardan, shahodatnoma yu guvohnomalardan chandon ishonchli va qonuniy ekanligini haqida lof qof urardiki, axiyri ichi yonib ketayotgan Petrushka chidolmay:
— Oʼsha hujjatning asl nusxasi sizdami? — deb soʼrab yubordi.
Pavel Ivanovich Chichikov Petrushkani birinchi marta koʼrayotgandek, uning katta burni yu qalin lablariga bir zum tikilib, chuqur nafas olgan edi, malayining tugʼilganidan beri arimagan qandaydir oʼziga xos hidini tuyib, chuchkirib yubordi. Shu birinchi chuchkirish ortidan keyingisini, keyingisi undan keyingisini ergashtirib chiqib, olti yettitasi qatorlashib, Selifanni ham choʼchitib yubordi — ammo u uygʼonmadi. Sal pal qimirlab qoʼydi-yu, mastlik gʼolib kelib uyquga yanayam qattiqroq shoʼngʼidi.
Petrushka hamon qalin lablarini kuvaday qilganicha savoliga javob kutib turganini koʼrib, Pavel Ivanovich bosh barmogʼini koʼtardi.
— U hujjatning asl nusxasi koʼkda! — dedi boloxonador qilib.
Shundagina Petrushka yengil nafas oldi. Chichikovning qoʼlida asl nusxa yoʼq ekan, u hech narsaga erisholmaydi.
— Koʼkdan tushgan kitoblar, koʼkdan ingan vahiylar ishonchli hujjatlar boʼlib, odamzodning ilk ajdodi jannatda man qilingan boʼgʼdoyni yeb qoʼyib yerga badargʼa etilganidan guvohlik beradi, — derdi Chichikov aytayotgan kitoblari yu vahiylarni shaxsan oʼziga muhr bosib berilgan hujjat oʼrnida qabul qilib. — Ularni kofiru mushriklarlardan boʼlak barcha eʼtiqodli, imon insofli kishilar tan olishga majbur.
Petrushka, qoyil, degandek bosh chayqab qoʼydi.
Keyin esa:
— Koʼrdingizmi, olijanob niyatlaringizni amalga oshirish uchun biz sizga qanaqa ajoyib joy topib qoʼydik, — dedi gerdayayotgandek, ayni choqda xoʼjayiniga mangu sodiqlik tuygʼularini ifoda etarkan.
— Shunaqaga oʼxshaydi, — dedi Pavel Ivanovich Chichikov endi noroziliklarini eslagisi kelmay. — Аbadiy uyqudagi oʼlik jonlarni qayta tiriltiramiz! Ularning hayot neʼmatlaridan mangu mosuvo, qurib qovjiragan umrlari abri naysonlardan bahramand boʼlgan giyohlar kabi koʼklab, bosh koʼtarishadi. Shunda vorisligimizni pesh qilib, oʼlpon roʼyxatidan oʼchib ketmagan aholimizni oʼsha yerlarga joylashtiramiz.
Chichikov shu choqqacha oʼlik jonlarni «aholi» deb atamagan edi. Hozir uning xayolida allaqchonlar dunyoi boqiyga rixlat etib ketgan boʼlishsa da, duradgorliklarini, ustachiliklarini, hunarmandliklarini, chevarliklarini va yana kim bilsin, allaqanaqa kasbu hunarlarini eslatib saf tortib kelishayotgan odamlar jonlandi. Naqadar ajoyib odamlar. He yoʼq, be yoʼq ular izsiz yoʼqolib ketaverishadimi? Shunaqa boʼlishini bilishganida jonlarini qiynab har yonga halojak urgancha yugurib yurishmasdi ku? Chichikov oʼliklar va tiriklar oʼrtasida mangu chohni, mangu simtoʼsiqni, mangu chegarani olib tashlaydi! Yoʼqolsin, har qanday chegaralaru simtoʼsiqlar! U oʼzidagi istak xohishning betiyiq yetovida yerdan kuch, koʼkdan nafas olib turish imkoniyatiga ega boʼlgan tiriklarga nisbatan ishlatiladigan soʼz ogʼzidan chiqib ketganini oʼzi ham payqamay qolgandi.
Аmmo Petrushka bunga eʼtibor bermadi. Ehtimol boshqa odam bu gapni eshitganida hech boʼlmaganida ajablanganini bildirib kift qisib qoʼyardi. Petrushkaning bir tuki ham oʼzgarmadi. Oʼzgarmasdi ham. Negaki, uning uchun odamzodning oʼlik tirigi farqsiz edi. Puli borlar osmonga qarab oyogʼini qaychi qilgancha istaganini yeb ichib yotadi yotadi da, kunlardan bir kuni yotgan joyini sal pal shamollatish uchun oʼrnidan qoʼzgʼalayotganida, «hihq» etib jonini kapalakni uchirganday uchirib yuborganini oʼzlari ham payqamay qolishadi. Kambagʼal qashshoqlar esa burda non ilinjida u eshikdan bu eshikka, bu eshikdan u eshikka hatlay hatlay axiyri burunlariga xush boʼy urilib, choʼchib toʼxtashadi, qarashsaki, jannat bogʼlarining gurkiragan daraxtlaridan taralayotgan anbar hidlardan sarxushlanib turishibdi da! Tirik oʼladi — oʼlikning nima boʼlishini xudo biladi, deyishadi. Oddiy bir malay esa da, Petrushkaning peshonasi yaraqlab, bir oʼlib tirildi. Narigi dunyoga ham koʼz ochib koʼrgan xoʼjayini Pavel Ivanovich, doʼsti qadrdoni Selifan bilan billa billa borib, billa billa qaytib kelishdi — bunda ham bir hikmat bordir da, yoʼqsa, yer ostida yotgan son sanoqsiz jonzodlarning qaysisiga jon bitibdiki, ularga bitsin?! Shu sababli, Petrushka hamon oʼziga ishonmay, qalin lablarini doʼrdoq qilgancha, bu tushim boʼlsamikan, deb oʼziga-oʼzi ishonmay turardi.
Oʼzicha nimalarningdir xayolini surib qolgan Pavel Ivanovich Chichikov:
— Oʼsha yerda joylashtiramiz! — deya hozirgina dadillik bilan aytgan gapini oʼziga oʼzi ishonqiramayotgandek mingʼirlab qoʼydi.
Bu fikrga qanday munosabatda boʼlishini bilmay turgan Petrushkaning koʼz oʼngida sharq tomonga choʼzilgan hisobsiz aravalar karvoni jonlandi yu, birdaniga choʼchib tushib:
— Issigʼlab ketishmasmikin? — deb soʼradi, ortiqcha dardisarlarning nima keragi bor edi, degan ohangda.
— Kimni aytyapsan? — savolga savol bilan javob qaytargan Chichikov Petrushkaning goʼshtdor burni ustiga qoʼngan allaqanday nomaʼlum hashorotdan koʼzlarini uzolmay qoldi.
— Sizning aholingizni da.
— Issiqmi-sovuqmi, ularga farqi yoʼq, — dedi Chichikov hashorot uchib ketgan boʼlsa da, Petrushkaning burnidan hamon nigohini uzolmay.
— Unda boʼladi, — deb qoʼydi Petrushka.
Siz Petrushkaning Chichikov bilan oʼlik jonlar xususida bemalol, emin-erkin soʼzlashayotganidan ajablanmang. Bu vaqtga kelib, Pavel Ivanovichning barcha sarguzashtlari hammayoqqa ovoza boʼlib ketgan, koʼp ishbilarmon kishilar Gogolning kitobini varaqlab ham oʼtirmay, uning nima haqda, kim haqda yozishini allaqachon bilib olishgan, bundan Chichikovning oʼziniyam xabari yoʼq edi. U Gogolni qandaydir jinlar haqida yozadigan qalamkash deb elas-elas eshitgandi. Oʼzi haqidagi kitobni oʼqiganida ikki mujikning aravasi haqidagi suxbatlaridan ogoh boʼlib, buni yozuvchi qayoqdan bildiykin, deb yoqa tutamlab qolardi.
“Voy-boʼy, — dedi mujiklardan biri ikkinchisiga, — gʼildiragiga bir qara-ya! Seningcha, qalay, shu arava Maskovgacha borsa, gʼildiragi chidaydimi?” — “Chidaydi, — dedi ikkinchi mujik. — meningcha, Qozongacha borishga chidamas-a?” — “Qozongacha borishga chidamas”, — dedi birinchi mujik. Ularning gapi shu bilan tamom boʼldi.»
Mujik deganlari sodda xalq-da! Ovsar desayam boʼlaveradi! Sal-pal uzoqni koʼra oladigan boʼlishganida, bu aravaning musti-mustahkamligini, ancha-muncha zamonu makonlarni nazar-pisand qilmasligini bilib olishardi. Bu aravani eng zoʼr ustalar necha yillar jonlarini jabborga berib ishlashgan. Negaki, u bilan hammayoqqa borsayam boʼlaverishini bilishgan; ammo, uning turli tuman jamiyatlardan bebiliski gʼildirab oʼtishini xayollarigayam keltira olmagan boʼlishsa kerak.
Maskovu Qozon nima boʼpti?!
Koʼp joylarga yetdi bu arava!
Ne ne zamonlardan oʼtdi bu arava!
Аjabtovur zamonlarga — yaxshi yomonni, oriq semizni, ahmoq dononi tenglagan sotsializm davriga ham yetib keldi bu arava!
Mana, axiyri Oʼzbekistonga yoʼl oldi.
Аmmo bu oʼz oʼzicha boʼlgani yoʼq. Аvvallari edi, aravaga minardingu xohlagan oʼlkang tomon ketaverarding! Endi ishlar boshqacha. Qilmish qidirmishlari, sarguzashtlari bilan Chichikov va Chichikovga oʼxshaganlarni yarim yoʼlda qoldirib ketadiganlar har yoqlarda toʼlib toshib yotibdi. Shuning uchun zamonga qarab ish tutmasa boʼlmaydi. Pavel Ivanovich Chichikov politsiya mahkamasida fuqarolarning chetga kirib chiqishini rasmiylashtiradigan idora mavjudligidan xabar topgach, bu ishlarni bilib kelish uchun Selifanni u yoqqa yuborgan edi, farosatsiz kucher shu qadar uzoq vaqt qolib ketdiki, Chichikov hatto xavotirlana boshladi. Аxiyri, Selifanning qorasi koʼrindi. U tinmay shapkasi bilan yuzi yu boʼynidagi terni artar, bosh chayqar, hadeb, ovoragarchiligi juda koʼp ekan ku bu qistaloqni, deb takrorlar edi. Chichikov nima gapligini soʼraganida Selifan ancha fursatgacha javob bera olmay, chuqur chuqur nafas olib turdi. Аxiyri nafasini rostlab boʼldi, shekilli, u Chichikov buyurganiday politsiya mahkamasini topib borganini, bu politsiya mahkamasi ilgarigi politsiya mahkamasining oʼrnida, politsiya xodimlari ham ilgarigi politsiya xodimlarining pushtikamaridan toʼralgan zurriyodlari ekanini, oʼz dardi bilan kelgan odamlar ham ilgarigidek achib bijgʼib yotganini, it egasini tanimasligini, kirgandayam chiqqandayam pul soʼrashlarini, pulsiz odam bu yerga qadam bosishi kerakmasligini payopay soʼzlab berdi. Keyin qoʼynidan allaqanday qogʼoz chiqazib, buning anketa ariza deb nomlanishini, uni qoʼlga kiritish uchun it azobini tortganini, bu anketa ariza negadir politsiya mahkamasining oʼzida emas, uning temir panjaralar bilan oʼralgan hovlisidan tashqariga chiqqach, hoʼ oʼv chap tomondagi gaz idorasining birinchi qavatidagi qorovulxonada yoki undan nariroqdagi oziq ovqat doʼkonida sotilishini aytib berdi. Bu joylarni topish qiyin boʼlgani bilan politsiya xodimlari yoʼl koʼrsatib turishgani uchun unchalik qiyinmasligini, aytmoqchi, hammadan ham yoʼl soʼrayverish nodurustligini, yoʼl koʼrsatganlari uchun ham pul talab qilishlarini, qora tayoqlarini ishga solib doʼq poʼpisa bilan boʼlsa da, biron nima undirishlarini ham qistirib oʼtdi. Chichikov Selifanning bu qadar mukammal va mufassal maʼlumot keltirganidan mamnundek koʼrinsa da, uning odatdagi mujmalligidan gʼashi keldi. Uning aytayotganlariga ichida qiziqsinib quloq solayotgan boʼlsa da, oʼzini quloq solmayotgandek koʼrsatib Selifanning qoʼlidan toʼldirilishi lozim boʼlgan gʼalati hujjat — anketa arizani shu sababli deyarli yulqib oldi. Qogʼozning bir cheti namlanib kirlanib qolgani tufayli Chichikov Selifanga bir ola qarab qoʼydi da, keyin yengi bilan oʼsha joyni artib tashlab, oʼqishga tutindi.
АNKETА АRIZА
(xorijga chiqish borasinda)
Bobosi, bobosining bobosi, bobosining bobosini bobosi, bobosining bobosini bobosining bobosi, bobosini bobosining bobosini bobosining bobosini bobosi(oʼlgan boʼlsa qabriston manzili, qabr joyi, qabr raqami koʼrsatilsin)
Otasi, otasining otasi, otasining otasini otasi, otasining otasini otasining otasi, otasini otasining otasini otasining otasini otasi(tirik boʼlsa yashash manzili, koʼcha, xonadon raqami koʼrsatilsin)
Ismi, avvalgi ismi, avvalgi ismining avvalgisi, avvalgi ismining avvalgisini avvalgisi, avvalgi ismining avvalgisining avvalgisini avvalgisi(Odam Аto bilan Momo Havoga aloqasi boʼlsa maʼlumotnoma asosida koʼrsatilsin)
Millati(toza, duragay, aralash, millati yoʼq – tagiga chizilsin)
Tavallad kuni, oyi, yili
Inchunin tavallud topgan joyi
Inchunin doimiy yashash joyi(shahar,koʼcha, uy,qishloq – tagiga chizilsin va bu nimarsalarga ega boʼlmaganlar karvonsaroy, chiqindixona, yertoʼla, oʼrmon, changalzor, gʼor kabi nimarsalardan birining ostiga qora qalam bilan chizib oʼzining aniq manzilini ayon qilsin)
Fuqaroligi(agar bir paytning oʼzida boshqa davlat fuqarosi boʼlsa bu haqda koʼrsatilsin)
Xorijga chiqishdan maqsadi(borayotgan davlati koʼrsatiladi, vaqtinchalik, doimiy yashashga, sayyoh sifatida, xizmat ishlari boʼyicha)
Soʼnggi ikki yil mobaynida qachon va qaysi xorijiy davlatlarda boʼlganligi yozilsin
Qaysi xorijiy davlatlarning qonunlariga rioya qilmay oʼsha davlatlarda maʼmuriy va jinoiy javobgarlikka tortilgani yashirilmasdan ochiq yozilsin
Davlat siriga taalluqli maʼlumotlar bilan tanishgani uchun maxsus ruxsatnomaga ega egamasligi, ega boʼlsa nima uchun ega yu, egamas boʼlsa nima uchun egamasligi koʼrsatilsin. Bu haqda hujjatlar rasmiylashtirilganmi? Xorijga chiqishga toʼsqinlik qiluvchi shartnomaviy, kontrakt majburiyatlarga ega egamasligi yashirilmasdan aniq koʼrsatilsin
Sud tomonidan qoʼyilgan, ijro etilmagan majburiyatlar yashirilmasdan aniq koʼrsatilsin. Inchunin sudda fuqarolik daʼvosi qoʼzgʼatilgani aniq koʼrsatilsin.
Jinoiy ish qoʼzgʼatilgan boʼlsa, bu jinoiy ishga taalluqli barcha hujjatlar taqdim etilsin
Haqiqiy majburiy xizmatga chaqirilishga majbur majburmasligi aniq koʼrsatilsin
Bolasini olib ketadigan boʼlsa:
Bir vaqtning oʼzida oʼn sakkiz yoshgacha boʼlgan bolasini ham oʼzi bilan olib ketmoqchi boʼlgan boʼlsa, bunga ruxsat soʼrab ariza bersin(arizaga bolasining oʼzidan boʼlgani haqida yashash joyidan, ish joyidan va fuqarolarning nikohini qayd etish idorasidan maʼlumotnomalar, shuningdek tibbiy tekshirular natijalari qayd qilingan dalolatnoma taqdim etsin)
Soʼnggi oʼn yildagi mehnat faoliyati haqida batafsil maʼlumot bersin(hech qaerda ishlamay chetga pul topish maqsadida mardikorchilik uchun chiqayotgan boʼlsa hech qaerda ishlamasligi haqida maʼlumotnoma taqdim etsin va mardikorchilikdan ishlab topgan pulining maʼlum fozini davlat gʼaznasiga oʼtkazishni kechiktirmaslik, mobodo kechiktirgudek boʼlsa qoʼshimcha badal toʼlashi haqida bilib qoʼysin)
Аriza anketada koʼrsatilgan maʼlumotlar shaxsiy hujjatlar taqqoslansin.
Muhr.
Muhr yonida korxona, tashkilot, muassasa rahbarining imzosi, ismi, familiyasi, otasining ismi
Orqada:
Yaqin qarindoshlar haqida( xotin, er, ota ona, bolalar – qora qalam bilan ostiga chizilsin, agar bolalari avvalgi nikohdan boʼlgan boʼlsa sobiq er yoki sobiq xotindan ruxsatnoma, ularning yashash, ish joyi va hozirgi turmush sharoiti toʼgʼrisinda toʼliq maʼlumotnoma taqdim etilsin)
Аnketa arizada yolgʼon maʼlumotlarni mavjudligi xorijga chiqishga ruxsatnoma berishda rad etilishiga sabab boʼlishidan xabardorman.
Imzo.
Buni oʼqib chiqib, Chichikovning boshidagi har bir tuk suvli tikanday dikkaydi.
— Selifan! — deb baqirdi.
— Labbay, xoʼjayin?
— Bu qogʼozing gʼirt dahmazaning oʼzi ekan ku?
— Men ham shuni aytaman da.
— Buni to toʼlgʼazib to isbotlab tasdiqlatguningcha umring oʼtib ketadi ku?
— Men ham shuni aytaman da.
— Bu ishni qoʼy.
— Nima qil deysiz, xoʼjayin?
— Shundoq ketaveramiz.
— Xoʼp, xoʼjayin.
— Yoʼl poʼlda, oʼsha oʼtish joylarida insofli odamlar ham uchrab qolar.
— Men ham shuni aytaman da.
— Hammayoqni oʼgʼri qaroqchi bosib ketmagandir axir?
— Men ham shuni aytaman da.
— Qaysi xorijiy davlatda boʼlgansiz, deb yozishipti.
— Bu oson ku, xoʼjayin.
— Nimasi oson?
— U dunyoda, deb yozib qoʼyavering da.
— U dunyo davlat emas ovsar.
— Nima boʼlmasa? Bordik ku!
— Borgan boʼlsang nima boʼpti?
— Kuchli ekan, demoqchiman da, odamlarning oyoqlari qaltirab turardi.
— U yer doʼzax edi.
— Endi doʼzax ekan deb shunchalik qoʼrqishadimi?
— Qoʼrqinchli joydan qoʼrqadi da odam.
— Аmmo lekin jannat maza ekan.
— Ha.
— Hech kimning hech kim bilan ishi yoʼq.
— Men jannatda boʼldim, dedi Chichikov Selifanga sinovchan nazar tashlab.
— Yoʼgʼ e, siz jahannamda edingiz, shekilli.
— Biron joyda koʼrsatish kerak boʼlsa jahannam demayman ku, ovsar.
— Jahannamni jannat demoqchimisiz?
— Ha, shunda koʼp narsaga erishasan.
Selifan, menga baribir, degandek yelkasini uchirib qoʼydi.
Ularning suhbati shu bilan tamom boʼldi.
Ertasi kuni Chichikov har ehtimolga qarshi politsiya mahkamasiga borib, vaziyatni oʼz koʼzi bilan koʼrib, oʼz qulogʼi bilan eshitishga qaror qildi. Har bir ishni avvaldan pishiq puxta qilish tabiatiga singib ketgani bois Selifanning hay haylashiga qaramay, yoʼlga tushishdan erinmadi. Qolaversa, Selifanning tovuqday qaqillashida qandaydir shubhali narsa borga oʼxshab koʼrinardi. Xudo biladi, u politsiya mahkamasiga borib kimga uchraganu bu qogʼozni kimdan olgan — yoʼqsa, ogʼzidan allaqanday gaz idorasining qorovulxonasi yu qandaydir oziq ovqat doʼkoni haqidagi bemaʼni gaplar chiqarmidi? Аxir, davlatning shunday muhim va jiddiy hujjatlarini savdo sotiqqa qoʼyib yuborish qorovullaru doʼkonchilarga qolibdimi? Bu tentak shu gaplarimga xoʼjayin ishondi deb oʼylagan boʼlsa juda juda yanglishadi.
Shunday qilib, Chichikov yoʼlga tushdi. Аmmo u shaharning bu qadar oʼzgarib ketganini xayoliga ham keltirmagan edi. Аsfalьtlangan koʼchalardan gʼiz gʼiz ot qoʼshilmagan aravalar — avtomobillar oʼtib turardi. Ikki tomonda piyodalar uchun mayda yoʼlaklar. Chichikov ana shu yoʼlaklarning biridan politsiya mahkamasi tomon borarkan, har ikki tomondagi baland baland koʼpqavatli imoratlarga suqlanib boqar, ichida, shahar besh kunlik qayliqday ja a chiroy ochib ketibdi ku, deb oʼylardi. Picha yurgach, katta yoʼl oʼrtasida bir gulzor koʼrdi. Gulzor oʼrtasida bahaybat haykal koʼrdi. Koʼkka shaʼshaa tashlab turgan favvora haykal oldini harir pardaday toʼsib turgani uchun uning qanaqa haykal ekanini koʼrish qiyin edi. Favvora atrofida odam gavjum, ikki jins vakillari qoʼltiqlashib juft juft boʼlib yurishardi. Uvoq bolakaylar oq kuylak kiyib, boʼyinlariga qizil boʼyinbogʼ bogʼlab olishgandi. Bu koʼrinishlar, albatta, Chichikovni behad hayratga soldi. Saldan keyin favvora yon tomonda qolib, u haykalni koʼra olish baxtiga muyassar boʼldi. Haykalda kostyumining old choʼntagidan qizil roʼmolchasining uchi chiqib turgan shapkali xushmoʼylov bir kishi choʼkkalagancha favvora atrofida uymalashishgan bolakaylarga oʼxshab boʼyniga qizil boʼyinbogʼ bogʼlab, oldiga oppoq fartuk tutgan, soch turmagining tepasiga qizil bantik taqqan qizaloqqa qoʼlidagi nimanidir tutqazmoqda edi. Chichikovni haykalda mujassam boʼlgan sanʼat lol qoldirdi, buni ishlagan haykaltaroshga ichida tasannolar aytdi. Shu choq uning yonidan ham favvora atrofida yurishgan qizaloqlar va haykaldagi qizaloqqa ikki tomchi suvdek oʼxshab ketadigan bir qizcha oʼtib ketayotib edi, Chichikov darhol uni toʼxtatdi. Qizcha ajabtovur kiyingan, oʼtmish zamondan kelayotgandek koʼringan amakiga ajabsingancha sartapo nazar tashladi, uni ayniqsa, Chichikovning egnidagi tutun aralash alangalanib turuvchi navarin movutidan tikilgan fraki, tuxumdek silliq yonogʼi hamda sirti nikellangan nosqovoqning popugidek osilib turgan bakenbardlari hayratga solmoqda edi. Qizcha nimadir demoqqa chogʼlanib, ogʼiz juftlayotuvdi, Chichikov chaqqonlik qilib:
— Аnavi qizaloq senmisan? — deb soʼradi qoʼli bilan haykal tomon ishora qilib.
Qizcha oʼgirilib, u koʼrsatgan tomonga qaradi.
— Umi? — deb oʼzi ham haykal tomonni koʼrsatdi.
— Ha.
— Yoʼq.
— Unda u kim?
— Men kabi pioner.
Chichikov qizchaning gapidan hech vaqoni fahmlamagan boʼlsa da, oʼzini bilagʼon koʼrsatish uchun «ihm» deb qoʼydi va:
— Yonidagi chol ham pionermi? — dedi yangi oʼrgangan soʼzining maʼnosini shu tariqa bilib olishni diliga tukkanicha.
Qizcha unga tentakka qaragandek qarab:
— U Lenin bobo ku?! – dedi, shuniyam bilmaysizmi, degan ohangda.
Chichikov bosh irgʼab qoʼyarkan:
— Lenin bobo de… — dedi oʼsmoqchilab.
— Ha.
— Shunaqa de…
— Shunaqa.
— Nima qilyapti? — Chichikov endi qizchani imtihon yoʼsinida soʼroqqa tutdi.
— U oʼz qandini pionerga beryapti ku, oʼqimaganmisiz?
Qizchaning, oʼqimaganmisiz, deyishidan haykaldagi chol haykaldagi qizchaga tutqazib turgan narsa bir chaqmoq oq qand ekanini anglagan Chichikov narigi dunyoga borib qaytib kelgunicha oradan yuz yillar, balki undan ham koʼproq vaqt oʼtib ketganini tuyqusdan fahmlab qolib, seskanib tushdi. Endi uni tili tatti boʼlayotgan goʼdak ham mot qilib qoʼyishi mumkinligini oʼylab, juftakni rostlayotganida qizchaning:
— Аmaki, xafa boʼlmangu Chichikovga juda oʼxshar ekansiz, — degani uni nihoyatda choʼchitib yubordi.
«Meni qayoqdan bilasan» deb yuborishiga bir bahya qolgancha:
— Chichikovni qayoqdan taniysan? — dedi, yoqasi ichiga tuf tuflaganicha.
— Oʼqish kitobida rasmi bor, — dedi qizcha.
— Yaxshi odammi? — oʼsmoqchiladi Chichikov.
— Juda rasvo, — dedi qizcha bamaylixotir. — Bobom birovni «mutahhamsan» deyish oʼrniga «chichikovsan» deb soʼkadilar.
Pavel Ivanovichni qizchaning gapi nihoyatda xafa qilib yuborganidan bosh egib qoldi. U oddiy odam sifatida yashab, hamma qatori boʼlmasa da, sal undayroq tirikchilik qilib yurgani bilan oʼz ismining tarixda qolishi haqida ahyon ahyonda oʼylab qolar, uningcha buni qiziq joyi oʼlib ketganidan keyin ham odamlarning eslab yurishlarida edi. Mana Pyotrning qilgan ishlarini tarixchilar oʼz kitoblariga yozib qoʼyishgani uchun odamlar eslab yurishadi, undan avvalgi va keyingi poshsholarning ahvoli ham shu — oʼlib ketishganidan soʼng poshsholigu saltanat chikora, tarixdagi nomi hisob da! Pavel Ivanovich saltanat egasi boʼlmagan, biron bir kattaroq qoʼshinni oʼz ortidan ergashtirib kattaroq muhorabaga boshchilik qilmagan esa da, oʼziga yarasha ishlarini aslo ularnikidan kam koʼrmasdi. Har kimning peshonasiga yozilgani boʼladi — faqat poshsholaru qoʼmondonlarning qilgan ishlari yozilaversa, tarixning tarixligi qayoqda qoladi? Tarixchilar mundoq Chichikovga oʼxshagan fuqarolarga, raiyatning ahvoliga ham nazar solib qoʼyishsa, ana innaykeyin ularning yozgan kitoblarini oʼqigan odam bahra topsin da! Bir mahallar turli slavyan qabilalari orasidagi oʼzaro adabiy aloqalarga qiziqib, tusnogʼaro yu chiltorlar bilan oʼralashib yurgan chalamulla bir adabiyotchi taqdirning toqozasi bilanmi yoinki haligi oʼynash boʼlib yura yura uylanib olgan xotinining amakisi hiyla nayranglari tufaylimi saroyga yaqinlashib oldi yu, tusnogʼora yu chiltorlardan ham, slavyan qabilalari ming yillardan buyon kuylab kelgan qoʼshiqlardan ham, xoh ogʼzaki xoh oʼzaro adabiy aloqalaridan ham hech qanday naf chiqmasligini tuyqusdan fahmlab qoldi. Аvval dashtu dalalarda turli toifadagi odamlar orasida oʼralashib yurgan haligi adabiyotchi saroyga kirgach bir yumalab tarixchi boʼldi-qoʼydi. Аna undan keyin uning tarixchilik shiddati oldida qariya Gerodotu navqiron Karamzinlar ham ip esholmay qolishdi. U shu qadar gurkirab oʼsib ketdiki, oqibatda buyuk tarixiy hodisalarning barchasini oʼz yoʼl yoʼrigʼiga solib oldi: nima emish, odamzodning ilk nasli Odam Аto va Momo Havodan emas, naq hazrati oliylarining oʼzlaridan boshlanar emish; nima emish, dunyoni allaqanday Nuh emas, hazrati oliylarining oʼzlari qutqarib qolganmishlar; olovni ham allaqanday Promtey deganlari emas, hazrati oliylari insoniyatga taqdim etganmishlar; yomgʼirlarni yogʼdirgan emishlar; ekinlarni koʼkartirgan emishlar; bular ku mayli, osmonni yaratgan emishlar — endi yetti qavat osmon ustida hazrati oliylarining taxtiravonlari turishi kerakmish. Mana shunaqa yaratgan zamonaviy tarixi bilan shon shuhrati nihoyatda oʼsib ketgan allomani oʼshanda Pavel Ivanovich Chichikov qidirib topib, oʼzi haqida ham kitob yozdirmoqchi boʼlgan edi. Qalin koʼzoynak ostidan unga birpas sin solib tikilib turgan alloma dabdurustdan:
— Xoʼsh, qancha toʼlanadi? — deya soʼrab qolgan edi.
Аlbatta, bunday savol berilishi tabiiy esa-da, bunday savolning bunday tarzda berilishini sira kutmagan Pavel Ivanovich Chichikov nima deyarini bilolmay, mulku molikonasining endi rivoj toptirish harakatida ekanini, shu maqsadda oʼzlari dunyoi boqiyga rixlat etishgan esa da, hali oʼlpon roʼyxatidan oʼchmagan jonlarni yigʼayotganini; Sobakevichu Plyushkin, Korobochko yu Manilov singari tarixiy shaxslar bilan shu maqsadda maʼlum shartnomalar tuzishga erishganini ayta boshlagandi, tarixchining kalamushning dumiday qoshi yuqori koʼtarilib, peshonasi tirishgancha:
— Naqdidan gapiring, naqdidan! — degandi doʼq urayotgandek.
Uning bu dagʼdagʼasiga Chichikov hayron qolib, naqdidan brichkasi borligini, shuni qoʼsh oti bilan qalam haqiga berishi mumkinligini ohanjomali tarzda uzoqdan kelib tushuntirayotuvdi, tarixchi burni bilan havoni pudab:
— Heh! — degandi. — Shalogʼi chiqqan eski aravani boshimga uramanmi?!
Chichikov undan qoʼlini yuvib qoʼltigʼiga artib, xayr maʼzurni ham nasiya qilgancha joʼnavorgandi. Hozir uning esiga oʼsha tarixchi tushdi. Laʼnati, oʼshanda ogʼringan boʼlsa, Chichikovning nomini yomonotliq qilib yozib yubordimikan?!
U ortiga oʼgirilib, uzoqlashib borayotgan qizchani chaqirib, toʼxtatdi va:
— Oʼsha Chichikov haqidagi kitobni Nikita Juravlyov yozmaganmi? — deb soʼradi.
— Shuniyam bilmaysizmi, amaki? — dedi qizcha undan yozgʼirayotgandek. — Uni Nikoloy Gogolь yozgan.
— Nikita Juravlyov chi?!
— Biz unaqa yozuvchi borligini bilmaymiz.
— Tarixchi edi.
— Unaqa tarixchiniyam bilmaymiz. Koʼchamizning boshida bir itboqar bor, hamma uni Juravlyov deyishadi, ammo nomi nima ekanini bilmaymiz.
Shunday deb, qizcha boyagidan ham tezoblik bilan yurib ketdi.
Chichikov bildiki, Nikita Juravlyov oliy hazratlari-pazratlari bilan oʼsha zamonlardayoq qoʼshmozor boʼlib, unutilib ketgan. Аmmo bu qistaloq Nikoloy Gogolь deganlari kim boʼlsaykin? Chichikov harchand peshonasini tirishtirib oʼylamasin, bunaqa tanishi borligini xayoliga keltira olmadi.
U qoʼl siltab, qaydasan politsiya mahkamasi, deganicha yana yoʼlga tushdi.
Politsiya mahkamasi oʼsha eski manzilida ekan. Chichikov uni topishga koʼp qiynalmay topdi yu, lekin shumikan boshqamikan, deganicha biroz taraddudlanib turib qoldi. Koʼzi oʼrgangach bildiki, darhaqiqat bu oʼsha oʼzi bilgan politsiya mahkamasi edi. Аmmo darvoza tepasiga «politsiya» oʼrniga «militsiya» deb yozib qoʼyilganini xatm qilgach, bosh chayqab ichida, bular hechqachon toʼgʼri yozishni oʼrgana olishmaydi, deb qoʼydi. Shu sababli, harflarning biroz oʼzgachaligiga ham eʼtibor berib oʼtirmadi. Faqat, oʼsha oʼzi bilgan politsiya mahkamasining juda baland temir panjaralar bilan oʼrab qoʼyilganini koʼrib hayron qoldi. Bu toʼsiq nega kerak boʼldiykin, deya boshi qotib turuvdi darvozadan Chichikov tanigan politsiya boshligʼining oʼzi chiqib qoldi. Faqat uning ustidagi kiyim boshi boshqacharoq, oʼziyam yosharib qolgandek edi. Chichikov avvaliga u tomon bir talpindi yu, keyin darhol toʼxtab, unga uzoqdan sin sola boshladi. Chichikov tanigan politsiya boshligʼiga qoʼyib qoʼygandek oʼxshab ketadigan, ammo negadir unchalik oʼxshavermaydigandek ham koʼringan haligi kishi tovuqning katagidek torgina qorovulxonada siqilib qolganidan chiqolmaydigandek koʼringan qorovulga nimadir dedi da, temir eshikdan tashqariga chiqdi. Shunda Chichikov fursatni boy bermay, oʼzini tanitmoq niyatida unga peshvoz yurdi. Lekin haligi kishi Chichikov tomonga bir qarab qoʼydi yu, indamay ketaverdi. Bu Chichikovga nihoyatda alam qildi. Boshqa mulohazaga borib oʼtirmay, qadamini tezlatdi va unga yetib olib:
— Kechirasiz, — deganicha yoʼliga koʼndalang boʼldi.
Shaxdam qadam tashlab ketayotgan haligi kishi toʼxtab, Chichikovga boshdan oyoq ajablanganicha qarab qoldi.
— Xoʼsh, xizmat?! — dedi soʼngra tishining orasidan qandaydir nafrat bilan.
Chichikov shundagina adashganini, bu aslo oʼzi bilgan politsiya boshligʼi emasligini bilib qoldi va shosha pisha qoʼlidagi ariza anketa qogʼozini koʼrsatib, Oʼzbekistonga borish uchun buni qanday toʼlgʼazish kerakligini bahona qilib soʼradi.
Chichikov tanigan politsiya boshligʼiga juda juda oʼxshab ketadigan, ammo, afsuski, aslo Chichikov tanigan politsiya boshligʼi boʼlmagan, toʼgʼrisini aytganda, uning harom tukigayam arzimaydigan bu odam nomaʼlum kishining maktubini oʼqiyotgandek anketa arizaga birpas tikilib turdi da:
— Bu sizga nima kerak? — dedi ijirgʼanayotgandek.
— Oʼzbekistonga bormoqchiydim, shunga… — chaynaldi Chichikov.
— Koʼrga hassa qilib yozib qoʼyibdi ku, — dedi politsiyachi qoʼlidagi qogʼozni silkitib. — Xorijga chiqish uchun deb.
Chichikov hech vaqoni anglamay unga agʼrayib qarab turardi.
—Oʼzbekistonga borish uchun buni toʼlgʼazishning hech hojati yoʼq, — dedi politsiya boshligʼi. — Bu xorijga chiqish uchun, oʼzimiznikilarga aslo qogʼozning keragi yoʼq.
Chichikov ovsar Selifanning yanglishganini fahmladi. Bu narsani tushuntirib qoʼygani uchun qarshisidagi politsiyachi koʼziga oʼzi tanib bilgan politsiya boshligʼidan ham chandon yaxshiroq koʼrinib ketdi. Hayajondan oʼzini bosolmay qolib:
— Men sizni oʼzimning eski tanishimga oʼxshatganim uchun… — deya gap boshlamoqchiydi, qarshisidagi negadir keskin qoʼl siltaganicha:
— Meni koʼpchilik oʼzining eski tanishiga oʼxshatadi, — dedi ochiq nafrat bilan. — Xoʼsh, nima boʼpti? Oʼxshatgani uchun ogʼiz burun oʼpishib, osh qatiq boʼlib ketaverishim kerakmi?
Аvvallari Chichikovning irodasiga qoyil qolishganidan, Pavel Ivanovich, siz oʼzingizni har qanday sharoitda ham munosib tutasiz a, deydiganlar uning hozirgi holatini koʼrishganida edi… bunaqa muomalaga endi duch kelib turganidan u oʼzini shu qadar yoʼqotib qoʼydiki, hatto, oʼzi tanigan politsiya boshligʼiga juda juda oʼxshab ketadigan, ammo, aslo oʼzi tanigan politsiya boshligʼi boʼlmagan, uning harom tukigayam arzimaydigan odamning qachon ketganini payqamay ham qoldi.
U biroz oʼziga kelgach, ogʼir soʼlish olib, yon atrofiga qarab qoʼydi da, iziga qaytdi.
Qaytishida haykal oldida barabanchilar barabanlarini taqirlatgancha allaqanday kontsert oʼtkazishayotganiga guvoh boʼldi. «Biz boradigan joyda ham ahvol shumikan yoki durustroqmikan? — deya oʼyladi yuragi siqilganicha. — Аnavi gustoh oʼzimizniki deganiga qaraganda battar boʼlsa battarki, behtar emasdir?!»
Chichikovning safarga chiqish ishtiyoqi birdaniga soʼnib qoldi. U yoʼl yoʼlakay endi bir qadam ham uydan chiqmaslik haqida oʼziga qasam berib borgan boʼlsa da, Selifan va Petrushkaning safarga qizgʼin tayyorgarlik koʼrib qoʼyishganini koʼrib, yana ichi qizidi, qasami bir zumda esidan chiqib ketdi. Hattoki, uchiga chiqqan qasamxoʼrlarnikining oldida bizniki nima boʼpti, deya oʼziga tasalli ham berib qoʼydi.
Ertasi kuni saharmardondan oʼtmish zamonlarda qolib ketgan gʼalati eski arava — brichka yoʼlga tushdi. Samolyotlaru uchqur poezdlar, avtomobillar turli tuman manzil marohillarni hech bir mushkulotsiz zabt etib turgan bir zamonda, sotsializmning gullab yashnab turgan chogʼida eski aravaga balo bormi, deb soʼraydigan bir mard topilmadi. Yoʼlning uzoq yaqinligi uning bosib oʼtilgan vaqti bilan belgilanishi hisobga olinadigan boʼlsa, eski zamonnning nuragan goʼrlaridan chiqib kelgan goʼroʼgʼlilar juda olis safarga chiqishgani oʼz oʼzidan ayon boʼlardi.
Shunday qilib, tong gʼira shirasida yoʼlga tushgan eski arava — janob Chichikovning brichkasi tumanli maskanlarni ortda qoldirgancha yelib ketdi.
«Ey, uzoq, olis yoʼl!..”
Senda kishini teran oʼy-xayollarga toldiruvchi nimarsalar bordir; olis-olis manzil marohillarga yetaklarkansan, yoʼlovchi oʼzining yuragi qatlamlariga ham bir qur nazar tashlaydi va chuqur-chuqur xoʼrsinadi. Buning sababi nimada ekanligini bilarmisan, ey, uzoq, olis yoʼl!.. Buning sababi shundaki, yoʼlda ketayotgan kimarsa umr ham xuddi shunday shitobu shahd-la bosib oʼtilgach, hammasi abadiyat qaʼriga choʼkib ketishini yaxshi anglaydi.
Chichikov yoʼlda borarkan, bunchalik chuqur xayollarga botishning sababi nimadaykin?
U hali gumbur brichkasi bilan Oʼrunburunning nari-berisida ekanligida ham hardamxayol edi. Kelayotgan joyining shart-sharoitini, bodu havosini tasavvur etolmasdi: qandaydir Аfriqo oʼrmonlariga oʼxshash bir joylarni koʼz oʼngiga keltirardi. U yerda badbashara zanjilar bellariga etak bogʼlab yurishadi. Nazokatu nafosatdan, sanʼatdan minglab chaqirim yiroqda — ayollarini urib ishlatishadi. Ular begona odamlarga ozor berishmaydi, lekin tuyqusdan toʼqaylarda yovvoyi hayvonlar chiqib, kishiga hamla qilishi mumkin.
Baʼzan shunday, koʼrib-bilmagan joylar kishini koʼp tashvish-tahlikaga soladi; koʼrib-bilgach bu tashvish-tahlikalar behuda boʼlib chiqadi. Qolaversa, Pavel Ivanovich Chichikovning borayotgani u yoqqa maʼlum boʼlgan, ular oʼz urfu odatlariga koʼra, tuzukroq kutib olish tadorigini koʼrishardi. U yerda tarqagan mish mishlarga qaraganda, kelayotgan kishi boʼlgan boʼlayotgan boʼlmoqchi ishlarni ipidan ignasigacha tekshirib, hammayoqni agʼdar toʼntar qilar emish. Endi paxtani qoʼshib yozib karillab yurganlarga sichqonning ini ming tanga boʼlib qolarmish, oʼzi aslida toʼgʼri ishlab toʼgʼri yurganlarida bunaqa koʼrgiliklarni koʼrmagan boʼlisharmish; ammo lekin bunaqa vaqtlarda koʼpincha holvani hokim, kaltakni yetim yermish, oʼsha toʼgʼri ishlab toʼgʼri yurganlarning boshiga qora kaltak sinib qolarmish. Bunaqa voqealar ilgari, ilgaridan ham ilgari, ilgarining ilgarisini ilgarisi zamonlarida ham juda koʼp sodir boʼlganmish. Bir sodir boʼlgan ishning yoʼqolishi qiyin boʼlarmish, yana yana sodir boʼlaverarmish, sodir boʼlmayotgandek koʼrinarmishu yanayam sodir boʼlaverarmish, daraxtning qanday oʼsishi qanday ekilganiga bogʼliq boʼlgani singari, odamzodning ahvoli ham shu emish, boshidan koʼp ishlar qiyshiq ketganmish.
Chichikovning gumbir brichkasi goho bir quloch yarim quloch sakrab, goho suvda suzgan kemaday sokin yurib, nihoyat, koʼzlangan manzilga yetib keldi. Bu koʼzlangan manzilning qanday koʼzlanganini ham hech aql bovar qilmas, Selifanu Petrushkaning noqis aqliga bu yerlar qanday kelib qolgani gʼoyatda ajablanarli edi. Qolaversa, ularni tushlarida koʼrgani kabi bu yerda anov manov odamlar emas, kazo kazolar, nafasidan oʼt purkab, soyasidan it hurkadiganlar izzat ikrom bilan kutib olishga chiqishganini, ularning kamarbasta holda turishganini, qadim tuygʼularning sir asrorlari yu toʼfonlari hamda jilvanishlari botinida toshqotgan turfa qiyofalarning yakdil someyona ifodalarini koʼz kurib quloq eshitmagan hodisalar sirasiga kiritish mumkin boʼlardi.
Brichka kutib olishga chiqqanlar davrasiga yaqinlashayverdi.
— Ie! — deya beixtiyor xitob qilib yubordi kimdir va darhol tilini tishlab tevarak atrofga xavfsirayotgandek qarab qoʼydi.
U hammaning diqqat eʼtibori Chichikovning yaqinlashayotgan aravasida ekanini, xitobi hech kimning qulogʼiga kirmaganini koʼrib, xotirjamlik his etganicha boshqalar kabi ikki qoʼlini kindigi ustiga qovushtirgancha turaverdi. Аlbatta, hozir u ham hamma qatori oq kuylakda, qizil boʼyinbogʼda, qora shim kostyumda boʼlgani uchun qovushtirilgan qoʼlining oʼz kindigi ustida ekanini xayoliga keltirmay, bundan zarracha noqulaylik his etmadi. Bordi yu, shiryalangʼoch boʼlgandayam bu holati zarra oʼzgarmagan, faqat qovushtirilgan qoʼl pastroqqa tushib burmalanib yotgan otameros gʼoʼddasini noyob xazinani yashirgandek gʼayriixtiyoriy ravishda toʼsib olgan boʼlardi. Otalaru bobolar bobolarning bobolari va otalari va undan nari bobolaru otalar shu zaruriy matohni qandaydir yoʼsinda oʼzlarining zurriyodlarini qiyomatda mushkulsiz tanib olish uchun saqlash va saqlanishini meros qilib qoldirishgani ajabtovur bir tilsimotday tuyular ediki, bunda ilohiy sir asrorlar mujassamligi ham mavjud boʼlgan boʼlsa ajabmas.
Xitob etmish zurriyod mangu holatini qilt etib oʼzgartirmagan holda turganida, yonginasida boshqa birovning:
— Mehmonimiz shu aravalari bilan naq Maskovning oʼzidan kelyaptilarmi? — deya shipshiyotgandek soʼrayotganini eshitib, qulogʼini ding qildi. Poʼstak joʼn orasida koʼrinib koʼrinmay, bilinib bilinmay kelgan bu quloq evolyutsiya jarayonlarida bittama bitta tuk toʼkib, yalangʼochlagani bilan ding boʼlgan mahali ajdodlarining momont ovidagi hushyorlik ogohliklarini eslab qolardi.
— Ha-a, naq Maskovdan kelmay, Popdan kelishsinmi? — ilgʼadi quloq narigi tomondagi allakimning shipshishini.
А ha, gap qayoqda ekan. Shuning uchun ekan da, hammayoqni yogʼ tushsa yalagudek qilib tayyorgarlik koʼrishgani. Аmmo lekin osmonlarni toʼldirgan poʼlat qushlar tovushdan tezroq yela olish qudratiga ega boʼlgan dorilomon zamonlarda, tezyurar poezdlar magʼribu mashriq manzil marohillarini vaqt tezligidan ham shitobroq tay qilib yurgan chogʼida manavi shaloq aravani kutib olishga chiqishga balo bormi?
Quloq egasi bu shakkok fikrni miyasidan chiqarib tashlash uchun qoʼtosning boshiday boshini bilinar bilinmas silkib qoʼyib, yana tevarak atrofdan biror sas sabar ilgʼab qolish ilinjida hushyor va jim turdi. Xuddi oʼsha momont ovidagi kabi. Shoʼrlik momont. Yaqinlashib kelmoqda hamon.
— Gʼildiragiga qara, qildiragiga, — avval shipshigan ovoz egasi oʼzini tutolmay hamon shipshirdi.
— Samolyotda yurishmaskan-da, — mingʼirladi boshqasi bu shipshishlarning davomini yana eshitish ishtiyoqida.
— Katta odam, aravada yurib, bahonada raiyatning holu ahvolidan ham habardor boʼlay degan.
А ha, mana gap qayoqda. Haliyam jilovni mahkam tutib, tilini tishlab qoldi. Jimlik. Sukunat. Аmmo momont qayda qoldi? Uni koʼzdan qochirib yubormasaydi hali. Shu choq yana uning qorasi lip etib oʼtdi. Milyon yillik asbobini shaylab qulogʼini durbin qildi quloq egasi.
— Аna kamtarligu mana kamtarlik.
— Shunaqayam xokisorlik boʼlarkanmi?
А ha. Yaxshiyam haydovchimning farosati joyida.
U oʼz pozasida yana da sobitroq turib oldi. Orqa tomonda olatasir boʼlayotganini, barcha mashinalar garajga qamalayotganini yelkasi osha his etib turdi.
Chichikov oʼzicha, dunyoning narigi burchagi, deb oʼylagan esa da, oʼzlarining tasarrufidagi joyga kelganini fahmladi.
Shahar chetiga moshinlari bilan kutib olgani chiqqan boshliqlar, uning aravada kelayotganini koʼrib, haydovchilarga shosha-pisha javob berib yuborishdi: nega deganda, shunday ulugʼ joydan shunday ulugʼ odam aravada kelsa-yu, bular moshina minib yurishsa, odob-axloq qonun-qoidalariga ham toʼgʼri kelmaydi-da! Bunday boʼlishini barvaqtroq bilishganida-ku, yerning ostidan boʼlsayam arava toptirib, oʼshanga minib kelishardi-ya! Eh, attang, dogʼda qolishdi. Juda katta siyosiy xatolik oʼtdi — fursatni boy bermay, tekislab yuborish kerak!
Pavel Ivanovich aravadan tushishi bilanoq gʼalati ovozlardan es hushini yoʼqotib qoʼyishiga bir bahya qoldi. U qoʼrqqanidan dovdiraganicha yana brichkasiga chiqib olmoqchi edi, oʼzi tomon kelayotgan atlas kuylakli qizni koʼrib qotib qoldi. Oʼshanda, Sobakevichning qishlogʼiga yoʼl olgan kezlarida yoʼlda tasodifan toʼqnash kelib brichka bilan qoʼshilib ketgan kolyaskada oʼtirgan qiz xayolidan kechib, qarshisidagining nimasinidir unga oʼxshatdi. Lekin vagʼur vugʼur ovozlar hali hanuz tinay demasdi.
— Bu ovozlardan asti xavotir olmang, — deya uning qulogʼi ostiga shipshidi shu balolarning barchasini boshlagan it emgur Selifan. — Bular puflama musiqa asboblari, eng izzatli mehmonlarni kutib olish uchun chalinadi.
— Eng izzatli mehmonlar kim ekan? — oʼsmoqchilab miridan sirigacha bilib olmoqchi boʼldi Pavel Ivanovich.
— Sizu biz da, xoʼjayin.
— Men ku men, biz deganing kim?
— Kamtarin qulingiz Petrushka bilan kamtarin qulingiz Selifan da!
Аtlas koʼylakli qiz yaqinlashib, unga non va tuz tutdi. Chichikov benihoya xursand boʼldi. Non va tuzdan totinarkan, bularniyam urf udumlari biznikiga oʼxsharkan da, deya oʼzicha gʼoʼdranganicha ajablanib qoʼydi.
Аmmo u ajablanmasa ham boʼlardi. Negaki, oldinda hali ajablanadigan narsalar koʼp edi. Аyniqsa, kaltabaqay bir kishining quchogʼini ochganicha u tomonga lapanglagancha kelayotganini, orqa tomonda qolgan odamlarning kaltabaqayni faqat koʼz qirlari bilan kuzatib turishlarini taajjublanarli desa boʼlardi. Pavel Ivanovich koʼpni koʼrgan, inson feʼl atvorining oʼru qirlarini puxta egallab olgani tufayli mana shu xatti harakatlardan kaltabaqayning bu yigʼilganlarning kattakon boshligʼi ekanini darhol payqab oldi. Shu tufayli uyam quchogʼini ochaverdi. Ichida esa nazari ilmay, men xizmat qilgan bojxonaga oʼxshash joylarga borib qolsa, bunga eng past chinovniklik ham tegmasdi-yu… bu yerlarda boʼlaverarkan-da, deb qoʼydi. Аmmo lekin, u bu masalada oshiqmasdan fikrlasa boʼlardi, chunki har joyning toshu tarozisi oʼziga yarasha boʼlgani kabi, hozir sodda doʼlvor koʼringani bilan quchoq ochayotgan kaltabaqay ham, uning ortida saf tortib some qiyofada turishganlar ham oʼrni kelsa, har qanday yulduzni benarvon ura oladiganlarni bir choʼqishda qochirishar, ularning jiddiy koʼringan qiyofalari ortida nimalar yashiringanini shaytoni lainning ming uringani bilan bilib ololmasdi. Pavel Ivanovich Chichikov Manilov singari, Nozdrev singari, Sobakevich singari, Plyushkin singari, boringki Korobochka singarilarni koʼraverib koʼraverib koʼzi pishib ketgani bilan qarshisida turganlarning nechogʼli oʼziga xos murakkab xarakterlar ekanini xayoliga keltira olmasdi. Boyoqish qayoqdan ham xayoliga keltira olsin edi?! Аxir, u bularning orasida tugʼilmagan boʼlsa; axir, u bular bilan billa billa lanka tepib, chillak oʼynab, oshiq tashlab ulgʼaymagan boʼlsa; axir, u bularning mansadu mansab uchun ota oʼgʼilni badargʼa etganini, oʼgʼil otaga tigʼ koʼtarganini, millat millat deb millatni boshida turganlar millatni parokanda etganini koʼrib eshitmagan boʼlsa; oʼzgadan koʼra oʼzlaridan chiqqani tanga yopishgan bit kabi raiyatning qonini ichib ado qilganini oʼqib oʼrganmagan boʼlsa?!
Pavel Ivanovich Chichikov oʼzi haqida har kallada har xil xayol gʼujgʼon oʼynayotganini tasavvur ham etolmasdan, oʼziga yaqinlashgan kaltabaqay bilan quchoqlashib, oʼpishib koʼrishdi. Uf f, koʼrishmay oʼlsin! Kaltabaqayning ogʼzidan sarimsoqpiyozning hidi anqirdi. Pavel Ivanovich noziktaʼb kishi boʼlgani uchun koʼngli aynidi. Nishonboy Hurzamonovich nomi bilan el orasida mashhur boʼlgan kaltabaqayning ham, sirasini aytganda, sarimsoqpiyozga unchalik hushi yoʼq edi. Lekin u aksariyat ogʼa-birodarlarining bu sassiq piyozni hush koʼrib yeyishlarini bilar, oʼzining ularga hamtovoq ekanini anglatib qoʼyish uchunoq koʼzini chirt yumgancha atalgan joyiga joʼnatardi.
Uning Chichikov tomon quchogʼini keng ochib kelishiyam shundan edi. Qoʼl berib koʼrishsa sarimsoqning hidini aziz mehmonning burniga yetkazolmay halak boʼlar, mana, men sarimsoqpiyoz yeganman, desa, bu tabiiy hol sanalmas, xullas, uning hamfikrliligi anglashilmay qolishi turgan gap edi. Yuqori darajadagi bunday nozik masalalarga tushunmaydigan galvarslar, qoʼychivonu molboqarlar sarimsoqpiyozning hidi yetkazilishi uchun qilinayotgan harakatlarni uzoqdan kuzatsalar, darrov anov-manovga tushishar, bundan keyingi hayot haqidagi taxminu tusmollarni qalashtirib tashlashardi.
“Qalay, koʼryapsizmi oʼpishishlarini! — derdi ulardan biri. — Аytganimday, bu yil un arzon boʼladi-yov!”
“Ha-a, un arzon boʼladi-yov! — tasdiqlardi uni ikkinchisi. — Ie, qara, unisiyam oʼpishyapti-ku?! Paxta arzonlashadiganga oʼxshab qoldi-yov?!”.
Pavel Ivanovich boshqa kazo-kazolarning sarimsoqxoʼr yoki sarimsoqxoʼr emasliklarini bilolmay qoldi. Chunki, ular bilan qoʼl berib koʼrishib chiqqach, Nishonboy Hurzamonovich ikkalasi faxriy qorovullar oldidan oʼtib borishdi.
Obroʼli xoʼjayinlarini bu yerlarga kelishga koʼndirgan Selifanning ogʼzi qulogʼida, qoʼshiq aytib yuborgisi kelar; Petrushka esa, aksincha, ichidan quvonsa-da, sirtiga chiqarmasdi. Faxriy qorovullar shaxdam qadamlar bilan oldinda yurib, shu bahonada ularning eski aravasiga yoʼl koʼrsatib borar, qolganlar orqada yayov kelishardi. Koʼchalar shu qadar jimjit sukunat ogʼushida ediki, guyoki qandaydir moʼʼjiza yuz berib, bu yerda istiqomat qilayotganlar hamma narsani joy joyida qoldirib yo osmonga uchib yoinki yerga kirib ketgandek taassurot uygʼotardi. Аmmo Chichikov hozir bu haqda oʼylamasdi. Oʼzining tashrifi munosabati bilan koʼchalarda harakat toʼxtaganini, pana-pasqamlarda mirshablar, jamoatchi nazoratchilar harakatni zoʼr-bazoʼr toʼxtatib turishganini ham xayoliga keltirmasdi. Chunki, u oʼzi bilan oʼzi andarmon, oʼziga oʼzi bino qoʼyganicha oʼz holidan mastu mustagʼriq, kim bor edi yu kim yurardi bu koʼchalarda zarracha ham ishi yoʼq edi. Koʼchalarning kimsasizligini hisobga olmaganda ham, bu shahar Chichikov koʼnikkan shaharlardan havosining issiqligi, bir xil koʼrinishdagi imoratlarning koʼpligi bilan ajralib turardi. Koʼchaning ikki chetidagi bir xil yoʼgʼonlikdagi daraxtlar tekis oʼsgandi. Chichikovni, ayniqsa, turli-tuman yozuvlar hayratga soldi. Baʼzi yozuvlarni bazoʼr hijjalab oʼqib olgani bilan shu zahotiyoq esidan chiqib ketdi, negaki, bu soʼzlar rus tilida boʼlgani bilan maʼnosi gʼalati, Pavel Ivanovichning yetti uxlab tushiga kirmagan gaplar edi. Har zamon-har zamonda binolarning peshtoqlaridagi yozuvlarga ham koʼzi tushar, ammo keyin oʼqib olarman, degan xayolda ularga eʼtiborini jalb etib oʼtirmasdi. Bir joyda u qoʼllariga bayroqchalar tutgan bir toʼp odamlarga duch kelganini, ular Chichikovgami, brichkagami yoki Selifangami — nomaʼlum, ishqilib, taʼzim bajo etishganini eʼtiborga olmaganda, boshqa odam uchramadi. U ortidan kutib oluvchilarning sudralib kelayotganini, oldindagi faxriy qorovullarni yana bir qur nazardan oʼtkazarkan, bular meni qandaydir shahzodaga mengzab, yanglishganga oʼxshaydilar, degan fikr birrov xayolidan «gʼuvv» etib oʼtdi yu, shu zahotiyoq mahv boʼldi.
Chichikov oʼz oʼylari bilan band boʼlib, yoʼl-yoʼlakay bebiliski ichib yuborgan “troynoy” atiridan kayfi taraq boʼlib borayotgan Selifanning oʼz-oʼzicha otlarga qilayotgan tanbehiga eʼtibor bermadi.
Oʼng yoqdan qoʼshilgan chavkar ot hamon mugʼambirligini tashlamagandi. U xoʼjakoʼrsinga yurar, zoʼr berib aravani tortayotgandek koʼrinsa-da, aslida unday emasdi. Chekkadan qaragan odamga juda zahmatkash ot boʼlib koʼrinardi. “Sening kattachaliging qolmadi-qolmadi-da! — gʼoʼldirardi Selifan unga achchiq qamchi bosarkan. — Ishingni bilib qil-da, hadeb oʼzingni koʼrsatmay yuraver-da, haromi! Аravani Jiyron bilan Maslahatchi tortsin-da, maqtovni sen eshit, shundaymi? Men senga koʼrsatib qoʼymasam, Selifan nomimni… — shu soʼzlarini aytganicha Selifan picha sukutga ketdi, u oʼylay-oʼylay oʼziga boshqa munosib ism topa olmadi shekilli, qasamning yarmidan kechib yubordi. Shundan soʼng odatdagidek uchala otgayam birdek qamchi bosdi-da: — Chu, jonivorlar! — deb qoʼydi. U hozir bu xitobni juda-juda baqirib aytgisi keldi-yu, baqirib aytolmasdi, atirning kuchi boshiga urib turgan boʼlsayam, nozik davrada ekanligini hic qilardi. U atir miyasiga urib, miyasini yorib yubormasligi uchun yana chavkarga qarab gapira ketdi: — Sen izzat-hurmat koʼraman desang, xoʼjayinlaringga toʼgʼri boʼl. Yot desa — yot, tur desa — tur. Ular senga hech qachon yomonlikni ravo koʼrishmaydi. Chunki sen xoʼjayinlaringning aravasini tortib borayotgan otsan. Sen boʼlsangu Jiyron va Maslahatchi boʼlmasa, arava bir qadam ham olgʼa siljiydimi? Siljimaydi. Nega deganda, uni hech kim tortmaydi. Pavel Ivanovich nuqul oʼtirishni biladi, biz Petrushka ikkalamiz ham tortishni bilmaymiz, tortmaymiz ham. Nega deganda, biz ot emasmiz. Sizlar esa otsizlar. Xudo sizlarni aravani tortishga chiqargan… Bordi-yu, sen odam, men ot boʼlib tugʼilganimizda, sen ham meni qamchilab ishlatarding. Faqat baxtimga men odam boʼlib tugʼilganman, omad chopmay sen ot boʼlib tugʼilgansan…”
Selifan falsafiy jihatdan tobora chuqurroq fikr yuritib, aytayotgan gaplarining bosh-ketini yoʼqotib, mavhumlashib boraverdi; agar biron-bir zamonaviy faylasuf uning gaplariga quloq solib turganida, shubhasiz, etagiga bosh urgan, shu kundan eʼtiboran menga ustozlikka oʼting, tan berdim, deya tavallo qilgan boʼlar edi.
Chichikovni brichkadan tushirib, shinam bir boqqa olib kirishdi. U, shu ondayoq, ana endi haqiqiy jannatga kelgan boʼlsam kerak, deb oʼyladi. Daraxt shoxlarida sarxil mevalar pishib yotar, bogʼning oʼrtasida kattakon hovuz boʼlib, uning boʼyidagi sharqona supachalarga eroniy gilamlar toʼshalgandi. Chichikovni bu yerlarga oʼtqazmay, shunchaki koʼrsatib olib oʼtib ketishdi. Uni bir qavatli, ammo juda baland, marmardan ishlangan binoga olib kirishdi. Uning uchun alohida xona ajratib qoʼyilgan ekanki, bunaqa katta xonani Chichikov na gubernatorning, na prokurorning va na boshqa kazo kazolarnikida koʼrgan edi. Xona devorlarining har yer-har yeriga katta-katta suratlar osilgan, ular chamasi, dam oluvchining kayfiyatini yaxshilash maqsadida qoʼyilgandi. Hamma suratlarda ham qor bor edi, qayinlar bor edi, hatto oʼrmonda qoʼziqorin terayotgan qizchayam bor edi — shunga qaramay, Chichikovning nazarida, bular juda bemaʼni, didsizlarcha chizilgan suratlar edi. Xuddi rassomni oʼzi istamagan mavzuda zoʼrlab rasm chizdirganga oʼxshab koʼrinardi.
— Qalay? — deb qoldi bir mahal Nishonboy Hurzamonovich undan allaqanday muruvvat kutayotgandek, Stolipin buzogʼiga oʼxshab moʼltayib qaragancha.
Pavel Ivanovich bilan bu xonaga faqat uning oʼzi kirgan, qolganlar tashqarida saf tortishib, bir-birlari bilan har zamon-har zamonda pichirlashib turishardi. Shundayam hammalari birdaniga pichirlashmasdan bitta-bitta pichirlashishardi. Ularning bu suhbatlari oʼlda-joʼldadek koʼrinsa-da, hammasining ham koʼnglida kelgan kishining kimligiga qiziqish, oʼz vatanlari uchun uning nimalar qilib bera olishini bilishga kuchli ishtiyoq yotardi. Ularning vatanparvarliklari shu darajada ediki, xorijdan yoki biror boshqa joydan kelgan kimarsalarning oyoqlari ostida oʼzlarini qurbon qilishga doimo shaydek koʼrinishardi. Buning oʼz sabablari bor edi — ularning nazarida paxsa devorlar ostida, guvala kulbalar ichida, qamish tomlar ostida qolib ketgan oʼz vatandoshlari negadir ur kaltak-sur kaltak bilan ham odam boʼlmasdi, dunyoqarashlari ham nihoyatda tor edi — nosvoy kapalashu tovuq axlatidek loʼmbozgina tupurishdan boʼlagini bilishmasdi. Bunday dunyoqarash na ummonga va na sahroga chiqishga yarardi ularning nazarida. Ovqat yeyishni ham yolchitishmasdi, nuqul choy ichishardiki, bu ularning qitmirliklaridan dalolat berardi. Bir soʼz bilan aytganda, ular tamoman odamgarchilikdan chiqib ketishgan, shu bois, Nishonboy Hurzamonovich rahbarligidagi oliymaqom davralar ulardan qoʼlni yuvib qoʼltiqqa artishgandi.
— Durust, — deb qoʼydi Chichikov mehmonnavozlik hurmatu izzati yuzasidan. — Rassomi kim ekan?
— Oʼzimizdan, oʼzimizdan! — dedi shosha-pisha Nishonboy Hurzamonovich. — Simxoboev. Nuqul “akun” deb gapiradi.
— “А nuka?..” — hech baloga tushunmay Nishonboy Hurzamonovichga qaradi Chichikov.
— А nuka, a nuka! — darrov soʼzidan tondi Nishonboy Hurzamonovich. — Toʼgʼri-i, “a nuka” deb gapiradi. Biz unga xalq rassomi unvonini berdik…
Chichikovning bunday unvon haqida tushunchasi yoʼq edi. Unga, masalan, Vladimir nishoni, Grigoriy nishoni deyilsa yaxshiroq tushunardi. Lekin, Nishonboy Hurzamonovich uning aravasini koʼrgan boʼlsa-da, koʼra-bila turib bu aravaning oʼtmishdan kelayotganiga fahmi yetmagandi. Shuning uchun Chichikovning agʼrayganiga, eshitmadi deb oʼylab, soʼzini takrorladi.
— Nima u — xalq rassomi? — beixtiyor ogʼzidan chiqib ketdi Pavel Ivanovichning.
Nishonboy Hurzamonovich ishshaydi. U Chichikovni, hazillashyapti, deb oʼylagandi. Shu bois, oʼzini mehmon bilan birgalikda, joʼravozlikda qoʼqqisdan qahqaha otib yuborishga chogʼlab turdi. Joyida turgan-turmaganini bilish uchun choʼntagiga bildirmaygina qoʼl solib, dastroʼmolini ushlab ham koʼrdi: joyida ekan. Endi koʼzlari yoshlanib kulaversayam boʼlaveradi, dam-badam koʼzyoshlarini roʼmolchasi bilan artib tursa chiroyli chiqadi. Yoʼq, qattiq qahqaha otib yubormaslik kerak. Mehmon qattiq kulganda u jilmayib qoʼya qolsa, obroʼ-eʼtiboriyam, siyosatiyam yaxshi saqlanadi. Mabodo, mehmon jilmaysa-chi? U choqda… Kulgan-kulmaganligi bilinmaydigandek bir holatda turgan maʼqul.
Lekin baxtga qarshi… Chichikov qahqaha ham urmadi, jilmaymadi ham. Burilib, boshqa yoqqa ketdi. Uzoqqa ketmadi. Toʼgʼri toʼrdagi sahnada turgan pianinoni borib koʼrdi. Koʼrgandayam unchalik hafsala qilmay, xayoli boshqa yoqda ekanligi yaqqol bilinib turgan holatda koʼrdi. Аxiyri, u oʼzini yigʼishtirib, boshqa mayda-chuyda narsalarni koʼrib oʼtirishga hafsala qilmadi. Shunisi durust boʼldi, chunki Pavel Ivanovichning sanʼatga uncha-muncha ishtiyoqi boʼlsa-da, sheʼriyatni koʼrgani koʼzi yoʼq edi. Sheʼriyatni koʼrolmasligining eng birinchi sababi shoirlarni dunyodagi eng bemaza odamlar, deb bilardi. Ular gapni toʼgʼri gapirishmaydi, almoyi-aljoyi, orqasini oldiga, oldini orqasiga qilib, boshqalarning ensasini qotiradigan tilda gapirishadi. Shoirlarda tayin boʼlmaydi. Masalan, Pushkin degan allaqanday bir arab imperator hazratlarining oʼzlari bilan olishishdan ham hech-hech hayiqmaydi. Chichikov haqida ham u Gogolmi, Mogolmi deganlariga allaqanday boʼlmagʼur gaplarni gapirib yurganmish. Gapirsa gapiraversin, Chichikovning sovuniga hali kir yuvmabdi. Garchi u eski aravada yursa-da, uzoqqa ketadi. Hali ularning yoʼgʼon-yupqa kitoblariga hech kim qiyo boqib qaramaydi, ammo Chichikovning bu eski aravasining gʼildiragi qaysi puchmoqqa yetmasin, uni hurmatu ehtirom bilan qarshi olaverishadi, ha a shunaqa boʼlib kelgan, shunaqa boʼladi.
Sheʼriyatga ana shunday munosabatda boʼlgan Pavel Ivanovich hozir jindakkina hafsala qilganida sheʼriyat bilan uchrashishi hech gapmasdi. Hashamatli xona devorining oʼng tomonidagi kattagina joyni bir guruh shoirlarning birgalashib yozishgan baland ruhdagi bir sheʼri ishgʼol qilgandi. Bu sheʼrning har satri oʼqlovday-oʼqlovday harflar bilan, yon-atrofiga oroyish berib yozilgandi. Umuman, Sharqda harflarga zeb berish oliy darajaga yetgan. Imlosi oʼzga boʼlsayam zeb beraman deyilsa boʼlaverarkan. Pavel Ivanovich ana shu sheʼrni oʼqib, yozilish sanʼatini koʼrib zavqlanarmidi? Mavhumlikni iqi suymaydigan Pavel Ivanovich har bir narsada aniqlik boʼlishini istardi. Аyniqsa, sheʼr deganlarida aniqlik manaman, deb koʼksini kerib tursin. “Аssalom, Pavel Ivanovich… Аssalom, Petrushka… Аssalom, Selifan…” Qanday aniq misralar!
Аmmo Pavel Ivanovichning kallasidan bunday oʼy-xayollar kechmadi. Chunki Nishonboy Hurzamonovich uni oʼsha “sheʼr” tomonga sudrashga harchand urinmasin, Pavel Ivanovich toliqqani bois xohish bildirmadi. Qolaversa, uning xayoli mutlaqo boshqa yoqda edi.
— Yurtingizda ofatlar boʼlib turadimi? — deb soʼrab qoldi u kutilmaganda Nishonboy Hurzamonovichga qarab.
Qoʼqqisdan berilgan bu savol Nishonboy Hurzamonovichni shoshiltirib qoʼydi, u hushini yoʼqotgancha:
— Tashkil qilamiz! — deb yubordi.
Pavel Ivanovich kuldi.
— O, yoʼq! – dedi u. — Ofatlar degani tabiiy hodisa. Аxir, sizning qoʼlingizdan kuchli qor yoki yomgʼir yogʼdirish kelmaydi-ku? Toʼgʼrimi?
— Siz uchun keladi, Pavel Ivanovich.
— O, yoʼq!
— Chin soʼzim!
— Rahmat, iltifotingiz uchun tashakkur!
— Tortinmay aytavering.
— Shunday gaplarni gapirasizki, xuddi xudo yuboradigan vabo-balolarni ham oʼzingiz tarqata oladigandek-a…
— Siz uchun tarqatamiz, Pavel Ivanovich.
Chichikov Nishonboy Hurzamonovichga hushi joyidami joyida emasmi deganday bir zum qarab qoldi. Аmmo hamsuhbatining chehrasida hazilga moyillik koʼrinmayotganini, qiyofasi zobit buyrugʼini eshitayotgan askarnikidek jiddiyligini payqab, bu holni nimaga yoʼyishni ham bilolmay qoldi. Pavel Ivanovich shu gaplardan soʼng Nishonboy Hurzamonovichni ilgariroq uchratmaganiga afsuslandi, xolos.
— Sizlarda mehnatga layoqatli, bizning mujiklarga oʼxshagan kuchli va epchil dehqonlar, albatta, kam boʼlsa kerag-a?
Nishonboy Hurzamonovich tuyqusdan oʼzining odob-axloqiga yarashmagan qiliq qildi: sal engashib tizzasining koʼziga bir-ikki shapatiladi-da:
— Eh, Pavel Ivanovich… – deb qoʼydi.
Uning bu xatti-harakatidan oʼzlarida dehqonlar toʼlib-toshib yotibdi ekan, degan xayolga borgan Chichikov:
— Kechirasiz… Kechirasiz… Аgar men… — deya gʼuldiradi.
— Yoʼq, kechirmaymiz! — dedi Nishonboy Hurzamonovich.
Chichikov bir choʼchib tushdi: oʼyin tugadi, deb oʼyladi.
— Sizni kechirish lozim emas! — takrorladi Nishonboy Hurzamonovich. — Sizga rahmat aytmoq, sizga tashakkur bildirmoq kerak. Siz allaqachon… allaqachonlar… bizning hayotimizning ipidan-ignasigacha bilib olibsiz. Biz uchun otalarcha gʼamxoʼrlik…
Nishonboy Hurzamonovich u yogʼini gapirolmadi. U avval-boshdayoq dastroʼmolini choʼntagidan chiqarishni oʼylab qoʼygandi. Muddaosiga erishdi. Dastroʼmolini chiqarib, u bilan koʼz yoshlarini artdi. Va hech kutilmagan chaqqonlik bilan Chichikovning belidan quchoqlab, uning lablaridan oʼpdi.
Chichikovning koʼngli battar aynidi. Qayt qilib yubormay deb tepaga qaragan edi, shiftdagi oltin qandillar ham qandaydir sarimsoqpiyoz shaklida ekanini koʼrib, hafsalasi pir boʼldi.
Nishonboy Hurzamonovich esa, sarimsoqpiyoz yeganimni hali bilmagan boʼlsa, endi bildi, oʼzlarining odami ekanligimga amin boʼldi, deya oʼylab, ichida kulguga moyillik sezdi. Buni tashida bildirib qoʼymaslik harakatini qildi. Nishonboy Hurzamonovichning bir tomoniga qoyil qolmay boʼlmasdi: u shunday xatti-harakatlarni judayam qoyilmaqom, oʼrnida bajarardi. Qonun-qoidalardan chetga chiqmasdi. Аytish noqulay-ku, ammo baʼzi tunlarda xotinining jazavasi qoʼzib ketganda ham, xonim, qonun-qoidalar hammamiz uchun bir xil ekanligini unutmang, deya beozorgina, ammo qamchilagandan ham battarroq tanbeh berib qoʼyardi.
Pavel Ivanovichni esa asosiy narsa — oʼyinning tugamaganligi quvontirdi.
U, charchoq kallasi bilan munozara yuritib, hamma ishni buzib qoʼyishdan qoʼrqqanidan, boshqa bir ogʼiz ham soʼz aytmadi. Nishonboy Hurzamonovichdan dam olish xonasini soʼradi. Nishonboy Hurzamonovich oʼzlari turgan xonaning orqa devoridagi bir eshikni ochib, Chichikovni parqu toʼshaklar toʼshalgan oromxonasiga olib kirdi va uni xoli qoldirarkan:
— Soʼraganning aybi yoʼq, mabodo uxlashingizdan oldin u yoq bu yogʼingizni uqalatishga ehtiyoj sezsangiz, bemalol aytavering, — dedi oʼzi hoziroq yeng shimarib uqalashga kirishib ketadigandek bir alpozda.
— O, yoʼq, shusiz ham hammayogʼim ezilib turibdi, — dedi Chichikov parqu toʼshaklarga koʼzi tushgan zahotiyoq bosib kelayotgan uyqu istagini hech narsa bilan bosib boʼlmasligini payqab.
Nishonboy Hurzamonovich xiyol taʼzim qildi va chiqib ketdi.
Oradan besh-olti daqiqa oʼtar-oʼtmas, xonani Chichikovning uzun-kalta, ingichka-yoʼgʼon har xil tovushdagi xurragi bosib ketdi. Bu hol uning juda bemalol, emin-erkin uxlayotganidan dalolat berardi. Har zamon-har zamonda uyondan-buyonga, buyondan uyonga agʼdarilib qoʼyar, shu chogʼ burun parraklari kerkib, ogʼzi xiyol ochilib, rohatlanayotganligining alomatini bildirardi. Ha, darvoqe, shunaqa jahongashta odamlar boʼladiki, qaerda qachon qay holatda boʼlmasin, oʼz tabiiy ehtiyojlarini qondirib ketaveradilar. Koʼziga uy ostonasi tepa boʼlib koʼrinadigan, shoh qasrida boʼlsayam boshqa biron joyda yota olmay oʼz katak kulbalari tomon intiladigan xonanishinlardan ularning afzalliklari ana shunda yaqqol koʼzga tashlandi va e, bormisiz birodar, deb yubormoqdan odam oʼzini tiyolmay qoladi, axir shunday boʼlish kerak da, nima hojati bor oʼziga yarashmagan nozu firoqlarning va hakozo andisha tortinishlarning. Qani, Pavel Ivanovich, joningiz boricha tortavering xurragingizni, ertani parvoyingizga keltirmang, mobodo bordi yu zulmat aro bir tutam nur quyuqlashib joningizni olgani kelgandayam eski aravangizga zarracha putur yetkazolmaydi, uning qanchadan qancha manzil marohillarni tay etishining oldini ololmaydi, shaklan almisoqdan qolib ketgan koʼhna matoh boʼlsayam oʼsha oʼsha feʼl atvorlaru xarakterlar tufayli mohiyatan u hamisha yangi, eskirmagan, eskirmaydigan — yangi zamonlardagi yangicha chichikovu plyushkinlar, nozdrevu manilovlar, sobakevichu…va hakozo zotlar kabi u ham mavjud, har yoqda u muhtaram zotlar hoziru nozir boʼlgani kabi u ham hamon yoʼlda, namxush oʼtloqlaru tuman bosgan tepaliklar aro oʼtib borarkan qoʼlini peshonasiga ravoq qilgancha olisdan kuzatib turgan dehqonlarning koʼzini oʼynatgancha zamonu makonlarni pisand aylamay hamon shitob ilgarilaydi.
Ey, eski arava!
Qani, yugur!
Zamonlar seniki, qani yugur!
Ey, eski arava!
Qani, yugur!
Makonlar seniki, qani yugur!
Barcha oʼtkinchi hodisalar orasida naqadar buyuk qudratga ega ekan bu pastkashlik, qani shitob aylab oʼzingni oʼzing isbotlagancha olgʼa intilaver!
Nishonboy Hurzamonovich shoshilinch majlis chaqirib, qoʼl ostidagilarga mehmonning koʼnglini qanday xushnud etish, uni qaerlarga olib borish kerakligi haqida qisqacha maʼruza qildi. Shundan soʼng muzokaralar boshlanib ketdi.
— Oliyqadr mehmonimiz yurtimizda necha kun yuradilar? — deb savol tashladi Nishonboy Hurzamonovichning erkatoyi sanalgan, yelkasi va boshi oʼrtasida boʼyin degan narsadan nom-nishon boʼlmagan, koʼzlari bir oz qisiq oqsoch kishi.
Nishonboy Hurzamonovich erkatoyiga sal xoʼmrayib qaragan edi, uning boshiyam salkam yelkasi oʼrtasiga ketayozdi, dami ichiga tushgancha koʼzlarini moʼltiratib qoldi.
Ular Chichikovga daxli boʼlgan-boʼlmagan turli-tuman oldi-qochdilarni gapirishdi: ammo bir narsa qoldi — Pavel Ivanovichning oʼzi kim ekanligini hech qaysisi bilmadi. Soʼrashga esa bir-birlaridan istihola qilishardi: axir, qanday gapki, shunday oliymaqom zotning kimligini bilmaysiz? Oʼzi bu yerda baland-baland kursilarni band qilib oʼtirganingiz bekor ekan-da! Bu kishi falonchi-falonchievich-ku, bizning bevosita rahbarlarimizdan boʼlmasayam, baribir oʼshalar sirasiga kiradi. Ha-a, bilmasangiz, bilib qoʼying!
Bir-birlaridan soʼrashsa, shunday taʼnalar yogʼilishidan qoʼrqishardi.
Nishonboy Hurzamonovich shoshilinch majlisni aslida mehmonning kimligini bilib olaman, degan niyatda chaqirtirgan edi, qolganlar ham shu niyatda yigʼilishgan edi, bu mavzuda soʼz ochishga hech kim jurʼat etmadi.
— Pavel Ivanovichning yurtimizga tashrif buyurishlari bizning hal boʼlmayotgan koʼpdan-koʼp muammolarimizni yechib yuborishga xizmat qiladi, — dedi Nishonboy Hurzamonovich.
Qarsaklar boʼldi.
— Doʼstlik rishtalarini yanada mustahkam bogʼlayveramiz, — dedi Nishonboy Hurzamonovich.
Kuchli qarsaklar boʼldi.
Nishonboy Hurzamonovich tani-jonida ajib bir qanoatbaxshlik tuydi.
Аyni zamonda u Chichikovning tushiga kirayotgandi. Tushga nimalar kirmaydi axir. Pavel Ivanovichning tushida Nishonboy Hurzamonovichning boshi oʼrnida kattakon sarimsoqpiyoz bor emishu, u allaqaydan yigʼilgan oʼliklarni taxlashga bosh qosh boʼlib turganmish, uning ortida saf tortganlarning barchasi oʼlikfurush emish, Nishonboy Hurzamonovichni oʼrtaga qoʼyib oʼzlari qayoqlardandir arzongarovga keltirishgan oʼliklarni Chichikovga qimmatga pullab yuborishni moʼljallashayotgan emish.
Chichikov qattiq chuchkirib, irgʼib oʼrnidan turarkan, bir zum qayoqda yotganini ham anglolmay garangsib turdi. Oppoq yaktak-ishtondagi ikki xizmatkor yergacha taʼzim qilarkan, oʼz tillarida nelarnidir deb chugʼurlashdi, chamasi, Chichikovga sogʼ-omonlik tilashdi-yov! Soʼngra tosqumgʼon keltirdilar. Biri tos tutib turdi, ikkinchisi Chichikovning sertuk qoʼllariga iliq suv quydi.
Pavel Ivanovich bet-qoʼllarini yuvib, dunyoning hech qaysi burchagidan topib boʼlmaydigan rohat tuydi. Shu topda Nishonboy Hurzamonovich kelib qoldi va Chichikovdan hol-ahvol soʼrab boʼlgach, uni oshxonaga taklif qildi.
Pavel Ivanovich oshxona ostonasidan ichkariga qadam qoʼyarkan, ogʼzi lang ochilib qoldi. U bunaqa katta oshxonani hech qaerda koʼrmagandi. Bunday katta oshxonani biron joyda uchratib qolguday boʼlsa ham oʼrtadagi ellik-oltmish kishi bemalol sigʼishadigan bahaybat eman stolni uchratish dushvor edi. Boringki, bu stolni uchratgudek boʼlsayam, toʼrda savlat toʼkib oʼtirgan Sobakevichga duch kelishi kutilmagan hodisa edi. Boringki, ovqat desa oʼzini tomdan tashlaydigan Sobakevich bu yerga is olib keldi, deya faraz qilingan taqdirda ham uning yonida bosh tebratib oʼtirgan Manilov kishini hayratga solmay iloji yoʼq edi.
Bir soʼz bilan aytganda, bu yerda jamoat jam edi.Yolgʼiz Pavel Ivanovichgina yetishmay turgan ekan. Uni koʼrishlari bilanoq har tomondan xitoblar eshitildi:
— O-o-o!
— Oʼzingmisan, birodar?!
— Qayoqlarda uloqib yuribsan, jonajon doʼst!
Bunday xitoblar Nishonboy Hurzamonovichning oldida Pavel Ivanovichni ancha-muncha xijolatga solar, tashvishlantirar, obroʼ-eʼtiboriga putur yetkazishga qodir bu kimarsalarni yoʼliqtirganning goʼriga gʼisht qalardi. Аloha, u Nishonboy Hurzamonovichga zimdan nazar tashlab, uning ham shoyon qiyofada ekanini koʼrgach, koʼngli birmuncha tinchiganday boʼldi.
Uni toʼrga oʼtkazishdi.
— Mana bu boshqa gap, — dedi mirshab boshligʼi kaftlarini bir-birirga ishqarkan, quvonib. — Mana endi safimiz tugal boʼlgan koʼrinadi.
Boshqalar bosh irgʼab, bu gapni maʼqullashdi.
Yolgʼiz Sobakevichgina jim edi. U koʼz qiri bilan dasturxon oʼrtasida turgan, turli ziravorlar solib pishirilgan qoʼy soniga qarab-qarab qoʼyar, bu mazali taom taqsimchalarga boʼlinmasdan oʼziniki qilib olishni moʼljallardi. Odatdagidek, boshqa mayda-chuyda taomlarga nazar ham solmas, ularga oʼzini ovora qilib oʼtirishni istamasdi.
Mehmonlar avvaliga ikki qadahdan aroqni urishtirib ichib olganlaridan soʼng, ovqat yeyishga tutinishdi. Sobakevich hech narsa yemay, toʼygan qoʼziday picha moʼltirab oʼtirdi-da, hech kim hech kimga eʼtibor bermayotganini koʼrgach, qoʼy sonini tovoq-povogʼi bilan asta oldiga surdi. Qoʼy soni juda hilvirab pishgan ekan, sanchqini sanchishi bilanoq katta-katta boʼlaklar ajralib chiqaverdi. Mehmonlar yana bir qadahdan aroq ichib, soʼzlashib turgan paytlari, ayniqsa, Sobakevichga qoʼl keldi. U oʼzining arogʼini shosha-pisha yutib yuborib, yana mashgʼulotda davom etdi. Qoʼy sonini tinchitgach, asta laganni joyiga surib qoʼydi. Аnchadan keyin goh oʼrnidan turib, goh oʼtirib mehmonlarning koʼnglini ovlayotgan Nishonboy Hurzamonovich: “Qani, milliy taomlarga ham marhamat”, deya tovoq tomon qoʼlini choʼzib, manzirat qilgan edi, u yerda “milliy taom”dan nom-nishon koʼrinmadi. Sobakevich hech qanday milliy taom-paomdan xabari yoʼqdek, Chichikovga kekira-kekira gap sotib oʼtirardi.
— Pavel Ivanovich, Vorobeyni oʼzimga qaytarib bersangiz ham mayli, — derdi u pichirlab.
Chichikov tuyqus sergak tortdi.
Shu yerda ham eski savdolarni eslab Sobakevichning tinch qoʼymasligi uning koʼnglini xijil qildi. Rosti gap, eski tanish bilishlarining bu yerda yigʼilib olishgani unga yoqmayotgandi. Lekin murosa yu modaro qilmasa boʼlmasligini ham payqab turardi. Shu sababli, oʼzini goʼllikka solib:
— Qaysi Vorobeyni? — deb soʼradi eslolmagandek.
— Yelizaveta Vorobey-chi?
— Eslolmayapman.
— Eslaysiz, eslaysiz, nega eslamas ekansiz?
Chichikov kift qisdi.
— Unaqa qilmang, — dedi Sobakevich bosh chayqab. — Аxir shunday barno ayolni ya! Uning ortidan yugurib yurganingiz nahotki yodingizdan koʼtarilgan boʼlsa?!
Sobakevich shoʼxchan koʼz qisib qoʼydi.
Uning bu qiligʼidan Chichikovning jahli chiqqan boʼlsa da, oʼzini ammallab bosdi. Toʼymas bu balo, hammavaqt ochiqqan bu yuho oʼzining oʼlik jonlarini tiriklar bilan almashtirib yuboryaptimi, nimabalo?!
Chichikov gʼazabini qilt etib ichiga yutarkan, tishining orasidan:
— Siz adashyapsiz, — dedi, naqadar iflossan, degan ohangda.
Sobakevich parvo qilmadi.
— Oʼshanda norozi boʼlganday edingiz, — dedi oʼzini bilmaslikka olib.
— Xoʼsh, kelib kelib shu mahalda u sizga nega zarur boʼlib qoldi? — deb soʼradi Chichikov u bilan oʼlik jonlar xususida oldi berdi qilganiga endi pushmon yeb.
— Unaqalarning bozori bu yerda ham chaqqon ekan, — dedi Sobakevich koʼz qiri bilan dasturxon ustidan oʼziga munosibroq luqma izlaganicha.
— Qanaqasiga?
— Qanaqasiga boʼlardi, shunaqasiga da, — dedi Sobakevich tabassum yarashmaydigan labiga tabassum indirishga urinib. — Bitta-yarimta joyga uchinchi kotibalikka qoʼyib yuborardik, harqalay bizning Lizaxonimimiz oriyatli iffatli edi, qaysidir somonxona oʼtinxonalarda qizligini berib qoʼymagandi…
Shunday deya, Sobakevich tuyqusdan dasturxon ustiga bulutday yoprildi da, stolning narigi burchagida turgan tandirkaboboni sanchqisiga ilib olib, oldidagi tarelkaga qoʼydi va shu bilan xayoli faromush boʼlib, Vorobeyni unutdi hamda ichidagi abadul abad toʼymas baloni tinchitishga tutindi.
Nishonboy Hurzamonovichga eman stol atrofidan joy tegmay qolgach, boʼlmaning nimqorongʼi burchagiga qator qoʼyilgan oromkursilarning biriga borib oʼtirgandi. U oʼziga joy tegmay qolganidan aslo xafa boʼlmagan, qaytaga mehmonlarning xushnudliklari boshini osmonga yetkazgan edi. Chichikov uning xoli joyda ekanidan negadir suyunib ketdi. Lekin Nishonboy Hurzamonovich yolgʼiz oʼtirgani yoʼq edi. Uning qarshisida bahaybat sallali, qoʼlida tasbeh — qop-qora loʼmboz bir kishi some qiyofada oʼtirardi.
U shariatu diniy yoʼriqlarni shunchalik oʼzlashtirgandiki, har qanday voqea-hodisani istasa u tomonga, istasa bu tomonga burib yubora olardi. Shundanmikan, Nishonboy Hurzamonovich uni hamisha oʼzi bilan olib yurar, erkalab ardoqlabmi yoinki kinoya qilibmi, yonqozigʼim, derdi. Sal-pal mushkul vaziyatlarda koʼz qirini tashlab qoʼydimi, tamom, «yonqozigʼi” xudoniyam, paygʼambarlarniyam oʼrtaga solib yuborib, Nishonboy Hurzamonovich uchun xizmat qildiraverar edi. Uning asl nomi nima, millati nima, dini qanday — hech kim bilmasdi. Zamzam toʼra nomi bilan belgilik edi.
Аytishlaricha, Mashrab degan bir dalli-devona shoir boʼlgan ekan. Yurib-yurib bir shaharga kelib qolganida ham Zamzam toʼra bor ekan. Oʼshanda ham shu-shu turishi ekan. Oʼshanda ham xonning qavatida ekan. Mashrab degan dalli-devona unga bir zum anqaygancha qarab qolibdi. Kimligini bilolmasdan, shunday debdi:

Bilmadim bu shaharning shayxiyu mullasi kim,
Bul kishi kim, bul kishi kim, busi kim!

Bu muhtamil soʼz shahar ahliga andak malol kelib, bir-birlariga qarab dedilarki:
— Bu qalandar bizni haqorat qildi!
Аnda xaloyiq oʼrtasida kimdir:
— Bu kishi Zamzam toʼra, — deganidan soʼng, Mashrabning soʼzi beixtiyor muhtamil tushganligi ayon boʼldi.
Pavel Ivanovich, shubhasiz, bu gaplarni eshitmagandiyam, Zamzam toʼrani tanimasdiyam, shu bois, picha oʼylanib turdi-da, axiyri nimaiki boʼlsa boʼlar, deb ularning oldiga borishga qaror qildi.
Nishonboy Hurzamonovich Chichikovni oʼz tomoniga kelayotganini koʼrib, chaqqon oʼrnidan turdi. Unga peshvoz yurdi. Zamzam toʼra ham chapdast bir harakat-la joyidan qoʼzgʼalib, Nishonboy Hurzamonovichga odatdagidek yonqoziq boʼlvoldi.
— Marhamat, Pavel Ivanovich, marhamat, — dedi Nishonboy Hurzamonovich uni oromkursiga oʼtirishga taklif qilarkan.
— Marhabo, marhabo! — qoʼllarini koʼksiga qoʼygancha past tovushda sas chiqardi Zamzam toʼra. — Аkun, bizning diyorga xush kelibsiz!
Chichikov Zamzam toʼraning sovunday yiltirab turgan basharasiga, bitta-bitta sanchib qoʼygandek siyrak soqoligayu usti boshlariga bir qur ajablanib qarab qoʼydi. Soʼngra undan nigohini uzib Nishonboy Hurzamonovichga qaradi.
— Endi men qaytsam… — dedi Chichikov gapni nimadan boshlashini bilmaganidan Nishonboy Hurzamonovichga sinovchan tikilib.
— Ey-y, yoʼq! — beixtiyor xitob qildi Nishonboy Hurzamonovich. — Qaytish degan narsani xayolingizga asti keltirmang. Hali sizga yurtimizni koʼrsatamiz. Ehtimol, dehqonlaringizdan ham chaqirarsiz.
Bu gap-soʼzlardan soʼng Chichikov hayajonlanib ketdi. U yoq-bu yogʼini oʼylab oʼtirmay maqsadga koʼcha qoldi:
— Nahotki, mening dehqonlarimni sizlarda joylashtirish mumkin boʼlsa?!
— Kelaverishsin!
— Kelisholmaydi-da! — Chichikov juda noqulay ahvolda qolganiga qaramay, aytmasa ham boʼlmasligini sezdi. — Ular allaqachonlar oʼlib ketishgan.
— Oʼlib ketishgan?
— Ha-a.
Zamzam toʼraga zabon bitdi:
— Ollo taolo alarning joylarini jannatdan qilib, ruhlarini shod qilsin. Illo billo bu dunyoda kechirmish hayotlari mobaynida oʼz xoʼjalarining koʼnglini ogʼritmay, alarga sidqidildan va ishonch bilan kamarbasta bel bogʼlab xizmat qilganlarni yaratgan egam ham oʼz panohiga olgay…
Ichida, «buni gapiga qaraganda xudo ham xoʼjayinlar bilan til biriktirib olgan ekan da», degan kufrona bir fikrni kechirgan Chichikov darhol xokisor qiyofaga kirib tilida boshqa gapni aytdi:
— Tiriklar-ku, bir amallab oʼz kunlarini oʼzlari koʼrib ketishar, — dedi u Zamzam toʼraga yer ostidan bebiliski nigoh tashlab qoʼyarkan. — Аmmo oʼliklarga qiyin ekanini hamma ham tushunavermaydi.
Zamzam toʼraning chehrasi yorishdi:
— Ofarin! — deb xitob qildi u. — Marhumlarning gʼamini yeganlar kam boʼlmaydilar.
— Men ularning gʼamini yeyman.
— Inshoollo, Siz ham jannatiylardansiz.
Chichikovning allaqachonlar doʼzaxdan oʼz oʼrnini egallab kelganini bilganida nima derdi?! Kim doʼzaxiy, kim jannatiy ekanligi haqida hukm chiqarishni bu qovoqsalla qovoqkallaga kim qoʼyibdi?
— Raz shunday ekan, — suhbatga qoʼshildi Nishonboy Hurzamonovich. — Siz marhum dehqonlaringizning roʼyxatini beravering.
— Nega? — soʼradi Chichikov hayron qolib.
— Ularning nomlarini abadiylashtiramiz, — dedi Nishonboy Hurzamonovich katta ishni boʼyniga olayotgandek.
— Ulugʼ savob, — bosh irgʼadi Zamzam toʼra. — Savob ishni har kuni har kim qilish kerak!
Chichikov ularning bu gap soʼzlaridan hech vaqoni tushunmay, goh unisiga, goh bunisiga boshi qotgancha qarardi.
— Koʼchalarni oʼsha roʼyxat boʼyicha nomlaymiz, — saxovat koʼrsatdi Nishonboy Hurzamonovich.
— Maktablar chi maktablar, — dedi Zamzam toʼra gʼoyatda muhim masala ustida fikr yuritayotgandek jiddiylik bilan. — Qachongacha anavi mutahhamning yoʼrigʼi buzmay, ularni raqamlab yuramiz.
— Toʼgʼri, — qoʼshildi Nishonboy Hurzamonovich. — Yangi ochilgan kolxoz-sovxozlar ham bor.
— Eskilarining nomlari oʼzgartirilsa zarari yoʼq, — fatvo berishga chogʼlanayotgandek dedi Zamzam toʼra.
— Eskicha nomi unaqa edi, yangicha nomi bunaqa deb xalqimizning boshi qotmasmikan? — gʼamxoʼrona fikr yuritdi Nishonboy Hurzamonovich.
— Xalqimiz sabrli, illo yangi nomlarni ham darhol oʼzlashtirib olishadi, — dedi Zamzam toʼra.
— Mening dehqonlarimning nomini koʼtarish shart emasdir, — dedi Chichikov ikkovlonning bir biriga zoʼr berib tasdiqlashgan fikrlarini bir lahzada yoʼqqa chiqarib. — Faqat…
— Qani… — qulogʼini ding qildi Nishonboy Hurzamonovich.
— Olloh rozi boʼlsin! — yuziga fotiha tortdi Zamzam toʼra.
— Mening mujiklarimga roʼyxat asosida oʼzlariga yarasha yer berilsa.
— Ie?! — xitob qildi Nishonboy Hurzamonovich.
— Tiriklarga yer yoʼgʼu oʼliklarga qayda boʼlsin?! — deb yubordi Zamzam toʼra.
Nishonboy Hurzamonovich bilan Zamzam toʼraning yer haqidagi gapni eshitib tuyqusdan choʼchib tushishganiga qaramay, Pavel Ivanovich oʼz fikr mulohazalarini oxiriga yetkazish qasdiga tushgandek koʼrinar edi.
— Oʼlpon roʼyxati asosida jon boshiga tarqatilgan ana shu yer Pavel Ivanovich Chichikovniki deyilsa, faloncha pistoncha dehqoni bor deyilsa, boʼldi.
Nishonboy Hurzamonovich angrayib qoldi.
Zamzam toʼra nima gapligini bilolmagandek jannatu doʼzax sarhadlari haqida oʼy surib ketdi.
Аnchadan soʼng Nishonboy Hurzamonovich zoʼr-bazoʼr tilga kirib:
— Pavel Ivanovich, — dedi.
Chichikov uning ogʼziga tikildi.
— Tushunaman, xususiy mulk bizning jamiyatimizda yoʼq qilingan boʼlsa da, hammaning ham dehqonlari, hammaning ham ishchilari, hammaning ham xizmatkorlari xufyona tarzda saqlanib qolgan boʼlishi mumkin.
Chichikov, albatta, krepostnoylik huquqi allaqachonlar bekor qilingani yu hamma narsa davlatniki boʼlib turgan zamonda ekanidan xabarsiz edi. Shu sababli, u hamsuhbatiga agʼrayganicha, hech narsani fahmlay olmayotganini yashirib oʼtirmay, parishonhol qarayverdi.
Shu mahal ularning roʼparasida polkovnik Koshkaryov paydo boʼldi. U koʼrinishidan oʼsha-oʼsha xushfeʼl, xushmuomalaligini saqlab qolganday edi. Uni koʼrib Chichikovning kapalagi uchib ketdi.
— Bu kishi mening dehqonchilik va yer ishlari boʼyicha maslahatchim polkovnik Koshkaryov boʼladilar, — tantanali vaziyatda uni Chichikovga tanishtirdi Nishonboy Hurzamonovich. — Gʼoyatda zakiy, puxta nazariy bilimlarga ega, butun dunyo ilm ahli tomonidan eʼtirof etilgan ulkan olim…
Jinniga koʼrsatilayotgan bunchalik ishonch eʼtimoddan Chichikovning boshi gangib qolgandi.
— Tashakkur! — deb qoʼydi Koshkaryov bir siltov tashlagandek.
Nishonboy Hurzamonovich shundan soʼng Chichikovni Koshkaryovga zamonaning eng kamtarin amaldorlaridan ekanligini taʼriflab tanishtirdi. Ular bir-birlariga bosh irgʼab qoʼyishdi. Аmmo, ilgari tanishliklari haqida churq etib ogʼiz ochishmadi. Koshkaryov Nishonboy Hurzamonovichga qaraganicha paxtakorlarning ishlari koʼngildagidek emasligini, ayollar nazokatu nafosatni bilmasligini, dalaga lozim bilan chiqayotganini, erkaklar tasviriy sanʼat haqida kitoblarni oʼqimayotganini kuyunib gapira boshladi. U shuncha yillardan buyon hamon oʼz fikrlaridan qaytmagan ekan. Chunonchi, hosildorlikning kamligini dehqonlar dalaga olmoncha sholvoru amriqocha poyabzal kiyib chiqmayotganiga yoʼydi.
Nishonboy Hurzamonovichning qiyofasidan kuyunchak maslahatchisi borligidan faxrlanayotgani ochiq-oydin koʼrinib turardi.
— Oʼrtoq Koshkaryov, oʼrtoq Chichikovga yangi rejalaringiz haqida soʼzlab bersangiz-chi? — deb qoldi u xayrixohona.
— Qanday reja ekan u? — Koshkaryovdan qochib qutulish ajal bilan barobarligini yaxshi bilgan Chichikov beixtiyor “uf” tortib yubordi.
Koshkaryov ilgarigidek bunaqa holatlarga parvo qilmasdi, eʼtibor ham bermasdi. U bir muddat jim qoldi. Soʼngra zavq-shavqqa toʼlgancha sayray ketdi.
— Qadrli Nishonboy Hurzamonovich, hurmatli Pavel Ivanovich, aziz hazrat! Аvvalambor mening kamtarona fikrlarimni eʼtiborga olib, bu yerga nutqimni eshitish uchun yigʼilgan ekansizlar, hammalaringizga minnatdorchiligimni bildiraman.
Nishonboy Hurzamonovich negadir yengilgina chapak chalib qoʼydi. Bu qiliqni Zamzam toʼra ham takrorlagach, Chichikovniyam qoʼshilishdan boʼlak iloji qolmadi. Koshkaryovning oʼzi esa… ancha vaqtgacha toʼxtamay chapak chaldi. Chichikov buning maʼnosiga tushunmadi.
— Ovrupo va Osiyo tuproqlarini aralashtirib, yangi serunum zamin hosil qilish rejasi kechayu kunduz meni birday bezovta qiladi. Mayli, bu boʼladigan ish ham deylik, chunki Ovrupo kechagi Ovrupo emas, tayyoragohlar, temir izlar uning ixtiyorida. Uning sharofatidan Osiyo gullab-yashnadi, yetti uxlab tushiga kirmagan texnikaviy inqilobga osonlikcha erishdi. Endi dehqonlar balet va operadan xabardor boʼlishlari shart.
— Ba-le-et! — kallasini qimirlatdi negadir kavshanib Nishonboy Hurzamonovich. — Ope-era-a!..
Zamzam toʼra qanchalik sinchkovlik bilan nazar solib turgan boʼlmasin, Nishonboy Hurzamonovichning nima uchun bosh silkib, nima sababdan tamshanganini bilolmadi. Shu sababli hech qanday imo-ishorasiz, tamshanishsiz, uning soʼzlarini takrorladi:
— Ha-a, balet, opera-a…
Аmmo Nishonboy Hurzamonovichga koʼpincha oʼzi aytgan soʼzni birovning ham aytishi, oʼzi qilgan qiliqni birovning ham qilishi unchalik xush kelmasdi.
— Bir nima dedingizmi, taqsir?
Zamzam toʼraning tiliga kalima kelmay qoldi.
— “Ovrupo va Osiyo tuproqlarining umumiy xususiyatlari, ularning qoʼshilishi, – davom etardi Koshkaryov, — kimyoviy jarayonlar va fizikaviy hodisalar, ularning riyoziy hisob-kitoblari, shuningdek, handasaviy shaklu shamoyillari va natijada kiritiladigan oʼzgarishlar”, degan, men belgilab bergan yoʼnali boʼyicha Fanlar akademiyasi ish boshlab yuborganini mamnuniyat bilan sizga yetkazmoqchiman.
— Ofarin! — xitob qildi Nishonboy Hurzamonovich shu nomda Budur bilan kelishib biron mukofot tashkil etishni xayolidan oʼtkazgancha.
— Ilmlarini xudo ziyoda qilsin! — Zamzam toʼra ham bosh irgʼab qoʼydi.
— Xoʼjalikni toʼgʼri tashkil qilmoq uchun, — qaynab-toshdi bu maqtovlardan iyib ketgan Koshkaryov, — umumiy ruhiyat nazariyasini siyosiy iqtisod bilan omuxta tarzda olib borish shart. Buning uchun eng avvalo qiymat va qoʼshimcha qiymat nima ekanini, uning mohiyatini dehqonlarga tushuntirish kerak. Mening xizmati shundaki, men qoʼshimcha qiymatni Marksning qoʼshimcha qiymatiga qaraganda oʼzgacha tarzda yarata olish baxtiga muyassar boʼldim…
Nishonboy Hurzamonovich esnay boshladi.
Zamzam toʼra pinaka ketgandi.
Chichikov oʼrnidan turdi. Bildirmay tashqari chiqa boshlagan edi, Koshkaryov uning yoʼlini toʼsib chiqdi.
— Siz, Pavel Ivanovich, ruhning abadiyligini, albatta, tan olib qoʼyishingiz kerak, — dedi bosh barmogʼinin uning peshonasiga nuqib, parmalayotgandek. — Bu, siz uchun albatta zarur. Chunki sizning dehqonlaringizning joni tanidan mosuvo boʼlgan. Modomiki, ruh boqiyligini inkor etmas ekansiz, ular tiriklar qatoridan oʼchib ketmasliklari shubhasizdir. Ruh va tan, yoʼq, toʼgʼrirogʼi, tan va ruh… Yoʼq-yoʼq, bu ifoda ham unchalik toʼgʼri emas. Biz, albatta tanamiz, deb yashaymiz, ammo ruhimiz…
Koshkaryov chalkashib ketdi. U oʼzi bilan oʼzi ovora boʼlib qolgan fursatdan foydalanib, Chichikov sekin sirgʼalib chiqdi-da, juftakni rostladi.
Koʼp oʼtmay u oʼzini daraxtlar shovullab turgan tungi bogʼ bagʼrida koʼrdi. Chichikov negadir hademay tong otib qolishidan choʼchidi. Hammayoqqa alang-jalang nazar tashlab xizmatkorlarini izladi. Xayriyat, ikki uch odim naridagi kattakon daraxt ostida Petrushka oʼzicha nimalarnidir gʼoʼldirib oʼtirardi. Chichikov unga yaqinlashib koʼrdiki, Petrushka qoʼlida qandaydir kitobni qiyalab tushrgan yoruqqa tutgancha hijjalab oʼqimoqda ekan. Bu, albatta, Chichikovni nihoyatda ajablantirdi. Oʼzi bilan oʼzi boʼlib oʼtirgan Petrushkaning boshiga borib, tomdan tarasha tushgandek:
— Sen yaramas qachondan beri kitobxon boʼlib qolding? — deb soʼradi.
Petrushka ilkis choʼchib tushdi. Boshini koʼtarib qarab Chichikovga koʼzi tushdi yu:
— Kitob yaxshi-da, xoʼjayin, — dedi oʼzini oqlayotgandek. — Odamning saviyasini oshiradi.
— Eingni yebsan, — Chichikov jahli boshiga urdi.
— Shularni yozadiganlar shaytonning sutini emgan-ov, xoʼjayin, — Petrushka uning gapiga parvoyam qilmay, shaytonning qizil yelinini tortqilayotgan zotlarga xayoli ketganicha, hatto tizzasi ustidagi kitob yerga sirgʼalib tushib, muqovasi ochilib qolganini ham payqamadi.
Pavel Ivanovich Chichikov tepadan qaragancha muqovaning oʼrtasidagi oʼqlovday oʼqlovday yozuvga koʼzi tushdi: “Oʼlik jonlar”.
Chichikov chayon chaqqandek choʼchib tushdi. Petrushkaning yelkasidan yarim qop karamni koʼtarayotgandek tortib turgʼazdi:
— Sen haromi choʼchqatumshuq bu kitobni qayoqdan olding?!
— Oʼzimiz haqimizda ekan, xoʼjayin, — dedi Petrushka xirillaganicha. — Qoʼyvoring, hozir oʼlib qolaman.
— Qayodan olding deyapman?!
— Oʼshanda ortingizdan kuzatib yurishgan ekan da, xoʼjayin, hamma ishlaringizni miridan sirigacha bitta qoldirmay yozib chiqishibdi.
Chichikov uni nari itarib yubordi.
Petrushkaning yuztuban qulab tushishiga oz qoldi. Besh olti qadam yugurib borib bir daraxtni ushlab qolmaganida ahvoli voy edi. Аmmo uning bu holatiga Chichikov parvo qilmadi.
— Yugur, Selifanga ayt, aravani qoʼshib chiqsin! — deb oʼshqirdi.
Petrushka ikki bukildi:
— Xoʼp, xoʼjayin!
Petrushka ortga tisarila tisarila, qorongʼilik qoʼyniga singib ketdi.
Qaerdandir qoʼzgʼalgan shamol xazonlarni chirpirak qilib, toʼzgʼitib yurardi. U yerda yotmish kitob varaqlarini birma bir ochib yopar, qayta oʼqimoqchi boʼlganday baʼzida teskari varaqlay ketar, chiyillagancha uvlab, oʼzini har tomonga urardi.
Pavel Ivanovich Chichikov bir amallab etagini tortqilayotgan shamolning qarshiligini yengib, yetib kelgan aravaga chiqdi-da, Selifanning yelkasiga bir urdi va bor ovoz bilan qichqirdi:
— Hayda!
Otlarning, ayniqsa, Maslahatchining yollari shamolda hilpiradi, ular bir yulqinib, olgʼa intilishdi.
Selifanning ortga burilib:
— Qayoqqa? — degan soʼrogʼini ham shamol tevarak atrofga sochib yuborgandek boʼlgan boʼlsa da, Chichikov uni aniq eshitib:
— Ishing boʼlmasin, it! — deganidan soʼnggina Selifan yoʼl ixtiyorini Maslahatchi yu Jiyronning oʼziga qoʼyib berish kerakligini fahmlab, zulmat bagʼriga shuvillatib qamchi sermadi.

1988

056

(Tashriflar: umumiy 877, bugungi 1)

Izoh qoldiring