Siddiqiy-Ajziy. She’rlar & Vadud Mahmud. Turk shoiri Ajziy.

077
Саҳифа таниқли маърифатпарвар шоир, педагог ва файласуф Сиддиқий—Ажзий таваллудининг 150 йилигига бағишланади

   Шоирнинг асл исми Саидаҳмадхўжа бўлиб, Самарқандда туғилган. Шеърларига «Ажзий», достон ва насрий асарларига «Сиддиқий» деб тахаллус қўяди. Ота-боболари туркистонлик бўлиб, Амир Абусаид замонида, XV асрда Самарқандга кўчиб келиб қолган. Саидаҳмад 5—7 ёшларида отаси Ҳасанхўжа вафот этиб, дастлаб бобоси Алихўжа қўлида, сўнгроқ уста Абдулқаюм эшигида етимликда катта бўлади. Янгаси қўлида савод чиқаради. Илмни мустақил эгаллайди. Замондошлари унинг уқув-қобилиятини алоҳида таъкидлайдилар.

Танқидчи ва адабиётшунос Вадуд Маҳмуд (1897—1976) 1924 йили у ҳақда шундай ёзган эди: «Буюк бир истеъдодга эга бўлғонидан кўп санъатларнинг устосидур. Бошлаб Сиддиқий яхши бир техниқдур. Соат ва моши-наларни тузатмоқ ишига моҳирдур. Яхши тўқувчи ва тикувчидур. Кўп йиллар бу санъат ила яшағондур. Яхши овчидур, мусиқа билан ҳам анча шуғуллангандур. Ўз тилидан бошқа араб, форс, рус тилларини биладур. Форсча шеърлари форс адабиёти билан яхши таниш эканига шоҳиддур. Араб ва рус адабиётлари билан ҳам анча ошинодур».

Неъматулла Муҳтарам уни ўз «Тазкиратуш-шуаро»сига киритган ва шоирнинг икки шеърини келтириб, муаллифни шундай таъриф этган эди: «Ажзий тахаллуси заковатпаноҳ, фатонатогоҳ, таржумон жа-роид хушманди, пурдон мақосид хирадманди Ҳожи Саййидаҳмадхўжа Самарқанди астки, ниҳоли табъашро Самарқанд
мукаррар аст. Асмои аном аз таътир ашъораш муаттар… жузъи хубу хатти марғуб ва табъи баланд услуб дорад…» (Ажзий заковат эгаси, фаҳму идроклилар сараси, хушмандлиғ равишининг ифодачиси, хирадмандлик истакларининг билимдони Ҳожи Саидаҳмадхўжа Самарқандийнинг тахаллусидирким, (ул зот) табъи дарахтининг меваси каби (ҳамиша) қанддек тотлиғ эрур ҳамда одамлар димоғи (анинг) шеърлари атридан (доимо) муаттардир. …Яхши хулқлик, ёқимли хатлик ва табъи баланд бир кишидир…». Неъматулла Муҳтарам келтирган ҳар икки шеър форсча ва ишқий мавзуда.

Сиддиқий 90-йилларнинг охирида ҳажга боради. 1900 йилда Русиянинг Жиддадаги элчихонасида таржимонлик қилади. Тифлисда Жалил Мамадқулизода, Алиакбар Тоирзода (Собир) билан танишади. Шоир 1901 йили она юртига қайтади ва Ҳалвойи қишлоғида усули жадид мактаби очади. Янги мактаб учун дарсликлар ёзади. Айни пайтда, «Айнул-адаб» («Одоб кўзи»), «Ганжинаи ҳикмат» («Ҳикмат хазинаси») каби шеърий тўпламлар, «Анжумани арвоҳ» («Руҳлар йиғини»), «Миръоти ибрат» («Ибрат ойнаси») каби достонлар ёзиб, чоп эттиради. Қизиғи шундаки, бу асарларининг иккитаси дастлаб дўстлари кўмагида Тифлисда 1909 йили форсча нашр Қилинган. Ўзбекча ишқий шеърлари сақланмаган. Замондошларининг гувоҳлик беришларича, ҳаж сафаридан сўнг қарашларида маълум ўзгаришлар юз бериб, эски ишқий-интим шеърларини, шу жумладан, форсчаларини ҳам албатта, куйдириб ташлаган. «Миръоти ибрат»нинг ўзбекчасини Самарқандда 1914 йилдагина босдиришга муваффақ бўлди.

Мирзо Содиқнинг «Даҳмаи шоҳон»ини эсга туширувчи «Анжумани арвоҳ»да осмондан икки киши шоҳлик либосида тушиб келадилар ва ўз тилларидан ўзларини фош этадилар. Улар Бухоронинг марҳум амирлари Музаффархон ва Абдулаҳадхон эдилар.

Исмоилбек Гаспралининг «Дорур-роҳат мусулмонлари» романига ҳамоҳанг, унинг таъсир ва илҳоми яққол сезилиб турадиган «Миръоти ибрат»да шоир хаёлий мамлакатларга сафар қилади. Ўз орзусидаги Самарқандни чизиб беради. У озод, обод, фаровон, илм-фан самараларидан музайян эди. Унда, ҳатто шунчаки телевидение эмас, биз бугун, 70—80 йилдан кейин гувоҳ бўлиб турган видеотелефонлар ҳақида гап кетади.

Асарнинг «Хотима»сида эса шоир асл мақсадини шундай ифода қилган эди:

Дўрт иш бана бундан эрди мақсуд,
Бундан ўла халқ бахти масъуд:
Илми аъло олмоқ ва фунунни,
Давлатни, лисонни, закунни.
Ҳар қавм булардин ўлди маҳрум,
Истиқболи ҳолидин ўлур шум.

Демак, унингча, илм-фан, давлат, тил, қонунсиз ҳеч бир миллатнинг истиқболи йўқ. Бу тўрт нарсани қўлга киритмаган миллат ҳалокатга маҳкумдир.
1914 йилнинг 3 январида у бундай фикрлари учун мутаассиблар томонидан «кофир» деб эълон қилинади.

Шоирнинг ўзбекча ғазаллари «Айнул-адаб»да тўпланган. Уларда оёқ остида қолган миллатнинг мудҳиш аҳволи, тутқун Ватаннинг фажеъ манзаралари сўнгсиз бир изтироб билан тасвир этилган. У шеърга янги мазмун, янги руҳ олиб кирди. Алвон чечакларда қип-қизил қон кўрди. Унинг қирмиз япроқларини «хуни ноҳақ» рангидан қизарган «хоки ватан» деб атади. «Ватан харобасини ислоҳ» қилишга, бунинг учун «иттиҳод» (бирлашиш)га чақирди.

Сиддиқий Ажзий 20-йилларда ҳам самарали ижод қилди. Ҳажвиялар ёзди. 1927 йили умрининг катта қисмини ўтказган Ҳалвойи қишлоғида вафот этди.

1989 йилда шоир таваллудининг 125 йиллиги нишонланди. 1999 йилда унинг «Танланган асарлар»и чоп этилди («Миллий Уйғониш даври ўзбек адабиёти» дарслигидаги (1994) Бегали Қосимов мақоласидан).

ТУРК ШОИРИ АЖЗИЙ
Вадуд Маҳмуд
011

Бошланғич

Бизда адабий тафтишлар эндигина бошланмоқдадир. Бу майдон қанча кенг бўлса, шунча ҳам ишлар билан тўладир. Бизда адабиёт билан машғул кишилар ҳам оздир. Лекин бу оз ва йўқ билан қаноатланиш мумкин эмасдир. Нима бўлса бўлсун, қўлдан келганча хизмат қилиш керакдир. Ман бу йўлларни ёзишға фақат шунинг учун журъат қила олдим.

Бу ёзғонларим бир танқид эмасдир. Чунки ҳали танқид ишларига киришиш учун керак қадар куч менда йўқдир. Мақсадим, ҳеч бўлмаса, буюк кишиларимиз билан элимизни танишдирмоқдир. Шу мақсадим йўлида озғина муваффақ бўлсам, бахтиёрман. Нуқсонларимнинг кечирилишини, хато ва саҳвларимнинг кўрсатилишини аҳлидан сўрайман.

* * *

Ўзбек адабиётининг анча эски бир тарихи бордир.

Бу тарихда Навоий даври, Умархон даври каби гуллаган тарихий даврлар ҳам бордир. Бу даврлар ва буларнинг орасида ўткан замонлар беш юз йилдан ошуқдир. Бу узоқ фурсат ва замоннинг ҳар вақтида ўзбек-чиғатой шоирлари кўрулгандир. Буларнинг орасида энг буюк санъаткорлар бўлганидек, доҳийлар ҳам мавжуддир.

Чиғатой адабиёти даври ўзбек адабиёт даврининг отасидир. Лутфийлар, Навоийлар, Султон Ҳусайнлар, Бобурлар, Солиҳлар, Яссавийлар, Умархонлар, Фазлийлар, Зебунисолар, Нодиралар ва булар сингари кўб шоирлар бу адабий даврларнинг бизга маълум бўлғон гулларидирлар.

Бир ўртоғимизнинг айтганича, майда-чуйда нозимлар истисно қилинғонда, анчагина муҳим ўрун тутатурғон шоирлар беш юзга яқиндир. Бу шоирларнинг кўбини елғиз отлари билан, бир-икки парча шеърлари билангина таниймиз. Булар текширилсалар, бизнинг анча муҳим хазиналаримиз очилғон бўладирким, бу вазифа бу кунги адабиётчилар бўйнидадир.

Юқоридағи миқдор ҳам менга қолса муболағалик эмасдир. Чунки шу замонамиздаким, бутун тарихимизда кечирган ҳолларимизнинг энг бадбахтида яшаймиз, элликдан ортиқ шоирлар борлиғи кўринмакдадир.
Узун тартибсизликлар орқасида бузулган, биткан ўлкамизнинг окибат ўлдургувчи истибдод идораси остида ижтимоий ва иқтисодий ҳаётимиздаги пастланиш адабиёт тарихимизда очиқ сезиладир. Ҳеч бир даврда шу кунда бўлғони каби адабий пастлик кўринмагандир, десак янглишмаймиз. Чунки тарихимизнинг ҳеч бир даврида иқтисодий ва ижтимоий ҳолимизнинг бу қадар пастланган даври йўқдир.

Бу кун халқимиз шу қадар фақир, шаҳарларимиз, қишлоқларимиз шу қадар харобдирки, бундай ҳоллар сўнгги асрдан бошқа вақтда кўрулган эмасдир.Санъатимиз, тижоратимиз ҳам бу сўнгги асрдан илгариги асрларда жуда юқори турғони маълумдир.

Ўткан, шарафли асрларимизнинг маҳсули бўлғон меъморимиз, тўқимачилиқдағи юксаклигимизнинг сўнгги учқунлари ҳам бугун сўнмакдадир.

Бухоронинг машҳур Қарши олачалари инқилобқача давом этди; бугун эса афсуслар орасида эшитамизким, сўнмишдир. Бир санъаткоримиз қолғон экан, уда битмишдир. Меъморимизда буюк санъаткоримиз бор экан, бу кун бутун Туркистонда ёлғиз қолғон «уста»ларимиз ҳам сўнгги дақиқаларини ўтказмакдалар.

Мусиқийда ҳам ҳолимиз шу эмасмидир? Бухорода сўнгги мусиқий санъаткорлар ортиқ қариб қолғондирлар, Бухородағи «миллий мусиқий мактаби» жуда кўб фидокорлар орқасида ҳеч бўлмаса, шу санъатни тағин бир неча йилга яшатмоқ учун тузулган эмасмидир?

Сўнгги ижодчи ашулачимиз Тўйчидан кейин тағин бир шундайимизни кўришимизга ҳар ҳолда анча замон ўтиши керакдир. Ҳолбуки, тарихимиз бундай санъаткорларни юзларча санайдир. Бу санъатларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётининг юксалиши орқасида бўлиши аниқдир.

* * *

Ўзбекнинг чиғатой адабиётида истар назмнинг шаклида бўлсун, турли жараёнлар бордир.

Турк тилида табиий назм шакли ҳижо вазнларидир. Аруз вазнининг «оҳангдор» ва «сомеънавоз» бўлиши туркларнингда уни қабул қилишлариға бир сабаб бўлғондир. Фақат аруз вазни ила ёзилғон назм ва шеърларда туркчанинг «талаффуз оҳангини» риоя этганлари оз учрайдир. Иккинчи сабаб эса туркларнинг Эрон маданияти таъсири остида бўлишларидир.

Ҳижо вазни аввалдан бери ора-сира тузук шоирлар етишдиргандир ва ҳалигача халқ вазни бўлуб халқ ашулаларида ишлатилиб келинмакдадир.

Аруз вазни эса «юксак адабиёт» учун ишлатилгандир ва шунинг учунда умумий адабий вазн ўлароқ қабул қилинғондир.

Ўзбекнинг чиғатой шоирларининг шева айирмалиқлариға келсак, икки шева ҳукм сурганини кўрамиз.

Бири шарқ турклари ёки чиғатой шевасидирким, бизда асосий шева шудир ва Навоийлар, Бобирлар, Фазлийлар шу шева билан ёзғондирлар. Бошқаси ғарб турклари ёки Туркия шевасидирким, бу машҳур лирик шоир Фузулий орқали бизда тарқалғондир. Кўб шоирлар бунинг орқасидан борғонлар. Бу икки шеванинг биринчиси ўзимизники бўлғони эътибори билан, иккинчиси суйилуб ўқилғонидан бизга ёт эмасдир.

Ғарб шевасининг бизда тарқалишиға иккинчи сабаб унинг баъзи жиҳатлардан енгилрак бўлишидир.

Бу мақоламизда текширмак истаганимиз самарқандлик муосир шоиримиз Ажзийдир. Исми Сайидаҳмадхўжа, унвони Сиддиқийдир. Ўзининг асосий касби бўлиши эътибори ила ҳозир ҳам Самарқанд теграсида Ҳалвойи қишлоғида деҳқончилик билан машғулдир. Буюк бир истеъдодга эга бўлғонидан кўб санъатларнинг устосидир. Бошлаб Сиддиқий яхши бир техникдир. Соат ва турли мошиналарни тузатмоқ ишига моҳирдир. Яхши тўққувчи за тикувчидир, кўб йиллар бу санъат ила яшағондир. Мусиқа билан ҳам анча шуғуллангандир. Ўз тилидан бошқа араб, форс, рус тилларини биладир. Форсча шеърлари форс адабиёти билан яхши таниш эканига шоҳиддир. Араб ва рус адабиётлари билан ҳам анча ошнодир. Сўнгги йилларгача Самарқанд газит ва журналларида босилгон шеър ва мақолалари кўбдир. 1913-нчи йилда Туркистон сензури рухсат бермаган ва Кафказда босдирулғон форсча «Анжумани арвоҳ» ва «Миръоти ибрат» деган хаёлий ҳикояси Самарқанд ва Бухороға катта таъсир қилғондир ва Самарқандда жадидларнинг бошида Беҳбудий, Сиддиқий ва жадид мактабининг муаллимларидан Шакурий ўлароқ расман такфир этилишлариға сабаб бўлғондир. Мактаб ва мадрасалар учун тузулган бир тажвиди, форсий ғазаллар мажмуаси, «Ганжинаи адабиёт»и бордир. Туркча ўлароқ «Айн-ул-адаб» исмида ғазаллар мажмуаси ва манзум ўлароқ «Миръоти ибрат»и бордир.

Мансур бир асарининг ёзилғони ҳам маълумдирким, фақат босилмағондир. Бу шоир сўнгги даврда — таъбир жоиз бўлса, Уйғониш даври шоирлари орасида муҳим ўрун тутадир.

Ажзийнинг ижтимоий фикрлари ҳақиқатан уйғониш даврининг руҳини ташаххус этдирадир. Қўлимиздаги асарлари ижтимоий дардлар билан кўмилган вақгида ёзилгон нарсаларидир, булардан илгари ёзилғон нарсалари босилмағондир. Бир шоирнинг тамом ҳаётини, кучини англамоқ учун, албатта, унинг тараққий даврини билмак зарурдир. Бизда Уйғониш даврига кирган кўб шоирларнинг ишқий асарларининг майдонга қўйилмагони у вақтнинг умумий руҳининг таъсири биландир. Кўб шоирларимиз «жадид» бўлиш ила эски шеърларини йиртиб, ёндируб ташлағондирлар. Ҳолбуки, бу асарларда ҳақиқатан санъат эътибори ила қийматли нарсалар кўб бўлғондир.

Ажзийнинг «ишқ»и

Тасаввуфчи шоирларнинг зоҳирий ишқни тасвир этиб туруб, асосан мутасаввуфона фикрлар тасаввур этишлари маълумдир.

Бизнинг шоир эски шеърнинг шаклий жиҳатларини, ифода тарзини айнан қабул қилиб, ичига эскига тамомила қаршу бўлғон ўз руҳини, янги руҳни киргизгандир. Ажзий шевада Фузулий йўлини туткан шоирлардандир.
Бу шоиримиз ҳам ошиқдир. Фақат бунинг ишқи у на тасаввуф ишқидир, на реалист шоирларнинг зоҳирий ишқидир. Шоиримиз ошиқдир, маъшуқ эса халқдир, миллатдир. Миллати ва халқиға муҳаббати унинг ишқидир. У ишқ эса бизга шуни билдирадир.

Ажзий миллатининг ишқи, дарди билан суғорилғон бир шоирдир. Унинг бу ҳаяжонлари ясалма эмасдир, чиндир, табиийдир. Ул кўзёш тўкса, миллати учун тўкадир, бировдин хафаланса, миллатининг ҳолига боқмағони учун хафаланадир. Бировдин хурсанд бўлса хам миллати, халқи учун бўладир. Қарангиз, шоир ўзининг дардли эканини қандай англатадир:

Ниҳол дардидир бани ҳосилим ашк қаторимдир,
Фано гулзорин обод айламиш жисм низоримдир.

Дўкар қон бағрими гул яфроғитек чоки-чокиндин,
Чаманда ғунча бағрим ҳолидин ойинадоримдир.

Чаман раъноларин сирридин истиғнодаям зеро
Сариғ рухсора оқмиш қон ёшим ранг баҳоримдир.

Диликлар жисми бетобимда тийғи зулм гардунидин
Очилмиш гулшаним тан боғида ё лолазоримдир, —

дейдир ва ўзининг бу дардинингда «мақсуд»ининг «кўз олдида» бўла туруб, «ундан маҳрум» эканини айтадир:

Кўзим оллинда мақсудим эдар жавлон, маҳрумам,
Бу аҳволим гувоҳи кўзларимда интизоримдир,—

деб ўзининг бир «мақсуд»и борлиғини айтадир ва бу «мақсуд»ининг нима эканини мана шунда ишора қилиб кетадир:

«Ҳаёти маънавий» мафтунам, зинҳор айб этманг,
Бу савдо кулфати-ла бешуур ўлмоқ шиоримдир.

Демак, бу шоирнинг бир дарди бордир, яъни шоиримиз «дардли» шоирдир ва дардининг «маънавий ҳаёт» эканида маълумимиздир. Юқорида айтган дардини, изтиробини қандай шарҳ этадир:

Банго қарорсиз ўлмоқда вордир боис,
Қарори вермакда алдан қарордир боис,-

дейдир ва кўрингиз «қарор» сўзи билан қандай ўйнайдир. Бу эса шарқ шоирлиғининг энг мўътабар бир хусусиятидир. Бунинг «маъно» жиҳатидан ҳам қандай тўла экани оз мулоҳаза билан англашиладир. Сўнгра юқорида сўзлаган «кўзларидаги интизор»ининг нимага эканини очиқдан-очиқ майдонга отадир:

Ватан харобасин ислоҳина интизоридаям,
Бу интизорима бир интизордир боис,-

дегандан кейин бу интизор бўлишининг сабабини шундай шарҳ этадир:

На ўлди миллат ўлуб эътибордин маҳрум,
Бу йўлда маслаки беэътибордир боис, —

деб янгилик умумруҳига кириб, миллатининг «эътибордан маҳрум» қилинғонини ва бунинг сабабини эса «маслаки беэътибор» эканини кўрсатадирким, шоир бу фикрини ҳақиқатан исбот эткандир.

Бир миллатнинг, бир қавмнинг ёки бир гуруҳнинг эътибор қозонмоғи, ўзини яшатмоғи учун бирдан-бир восита бўлғон бир мафкурага молик бўлиш кераклиги бадиҳийдир. Ажзий ўз миллатида шу «мафкура»нинг йўқлиғини аччиғ ўлароқ сезгандир, «ватан харобаси»нинг ислоҳи учун бир «маслаки боэътибор» кераклигини халқиға талқин қилмоқчи бўладир.

Шоир ишқини мана шу байтда том маъноси-ла майдонга қўядир:

Бул ҳаваслар хўбравлар кокилин мафтунидир,
Фитнаи даврона сайд ўлмоқ бан мафтуна хос.

Яъни «ҳавас» орқасидан юрганлар чиройликларнинг кокилига ўрулғондирлар, «даврон»нинг фитнасига ўрулмоқ ёлғиз менга махсусдир, деб ўзини боғлаб олғонларнинг у чиройликлар эмас, давроннинг фитнаси эканини айтадир. Руҳи бўлмағон ундай чиройликларнинг деворнинг суратидан бошқа нарса эмас эканлигини билдирмоқчи бўладир.

Сурат девора мафтун жамсли ўлмаким,
Йўхдирур тасвир дардиво, девор ўлмаса, — дея.

Ундай нарсаларнинг аҳамияти йўқлиғин, асосий аҳамиятнинг юзда эмас, ичда — руҳда эканини айтадир ва шу сўзи билан бизнинг шу давримиздаги шоирларнинг ҳали ҳам шу бўш «ишқ», «муҳаббат» сафсаталари билан юрганларига қаттиғ зарба бермакчи бўладир.

Ажзий шу «тарзи тафаккур»и билан адабиётни ижтимоийлаштирмак ва уни жамият учун фойдали бир шаклга сўқмоқ истаганини билдирадир.

Ҳақиқатан ва «янгилик» даврининг таъбирича айтсақ, «миллий шеър» ва «миллий шоирлиқ» тарафида эканини кўрсатадир. Бўш «хол, хат, зулф»лардан фойда чиқмаслиғини ва бу калималарни «ҳаётийлашдирмак» кераклигини чин тушунганидан бу сўзларга бошқа ранг бера бошлайдир.

Модомики, «ишқ» халқ муҳаббатидир, бу сўзларнида нега унинг учун ишлатмак мумкин бўлмасун?!

Мана, «зулф, Лайло, Мажнун, нашот, базм» таъбирини ўз ишқига қандай уйдирадир:

Парирўлар паришон зулфининг хотирпаришонам,
Паришонам недан, хотирпаришонлиқа ҳайронам.

Недан овора дашти ғамда нолон кездигим, билмам,
Магар Мажнуни Лайлойи нашоти базми урфонам.

Ажзий «урфон базми нашъасининг Лайлоси» учун «паришон»дир, унинг «Мажнуни»дир. Кўрунгиз, «шароб» ни, «базм»ни ўз адабий маслакига қандай уйдурадир:

Бани ғафлат шароби сархуш этмиш жоми макрингдан,
Бошимга лашкари ғам фавж-фавжини раҳо этдинг…
Маризи иттиҳодам, анжуман базми табибимдир,
Банинг шўро шароби боис дафъи хуморимдир,—

байтида «ғафлат шароби», «шўро шароби» таъбирлари ясайдир. «Дардинг нима?» деб сўрағонларга «Иттиҳод!» дейдур, табибнинг эса «анжумани жамият» базми эканини ва давосининг эса «маслаҳат-машварат» бўлиши кераклигини айтадир.

Шунинг билан ўз халқининг ҳеч «иттиҳод, уюшмак, маслаҳатлашмак» деган маданият муассирларига яқинлашмаслиғидан зорланадир. Ҳақиқатанда шоирнинг фикри тўғри эмасми? Ҳар бир иш «қўл бирлиги, уюшмак, кенгаш» билан илгари босмайдирми? Ўз халқининг саодатини Ажзий ҳам «шуларда» кўрадир:

Гирифтори саводи хатту холи сафҳаи дардам,
Асири кулфату ранжу балоу доғи хирмонам.
Давойи захми носурам эмишдир суҳбати «ориф»,
Вале махдуми пайкони балойи «қавми нодонам»,—

байтлари биланда ўзининг дардини шарҳ этадир. Ўзининг «ориф, яъни маърифатли»лар суҳбатидан маҳрум эканини ва «нодон қавм»нинг бало ўклариға «нишон» бўлғонини айтиб, яна ўзига ўзи таскин берадир:

«Рақиб»дан на жафо келса, собир ўл, Ажзий,
Ким ўлмади очи сув ичра беқарор садаф.

«Рақиб» ҳар қанча жафо қилса ҳам сан сабр қил, дейдир.
Ажзий «ҳижрон, бахт, рухсор, сархуш» сўзларинида ўз фикрига маҳкум қилиб оладир. Ўз тилагини шулар билан ҳеч қийналмасдан ифода қиладир:

Субҳ умидим магар этмиш шаби ҳижрона арз,
Ким қаро бахт этди рухсорин бан қайрона арз.
Нашъаи жом таназзули сархуш этмиш даҳр элин,
Ё Раб, этмазми бизи бу нашъа қабристона арз.

Кўрунгиз, Ажзий «сурат асҳоби»ни қандай таҳқир этадир:

Сурат асҳоби дагил маҳрам кўнгул асрорина,
Оқил эрмас кимса мақсудин эдар нодона арз.

Эски «ҳусн, ишқ» шоирларига қарши бундан катта ҳужум қандай бўла олур?! «Сурат асҳоби»нинг «нодон» эканлари маълум бўла туруб, «кўнгул» сирларини айтиш «оқил» иш эмасдир, дейдир.

«Ишқ, ҳусн, хат, хол» шоирларининг ўз маҳбублари орқасидан югуриб, югуриб чарчагач ва ундан бир илтифот кўрмагач, маъюсона қилғон «куфр»лари бордир. Фақат Ажзий бу қабилдан эмасдир, бу тўғридан-тўғри у йўлдаги адабиётни, шеърни ҳаёт учун кераксиз биладир. Шунинг учунда у йўлдан қайтадир, «ишқ»ни бошқа йўлға бурмак истайдир, халқ қайғуси билан қайғурмоқ, эл дарди билан ёнмоқ йўлини тутадир. Бутун борлиғини шунга сарф этадир:

Воқиф ўлким, доша найсон душмадии таъсир йўх,
Сўйламак нодона дош, этмакдир ғалтона арз.

Мояи инсофи йўх пандинг қимашин найласун,
Гавҳари мақсудинг эт бир соҳиби виждона арз.

Сўрма амният тариқин, Ажзи(й), ҳар бемағздин,
Соҳиби урфона арз эт, соҳиби урфона арз.

Бу бандимизни шоирнинг тубандаги самимий, об-дор фарёди билан тугатамиз:

Надур, ё Раб, бу гирён чашми хунборим таманноси,
Бани ғарқи бало тўфони этмишдир бу дарёси.

На гулшандир буким, ҳар гулдадир бинг ханжари хунрез,
Недандир бенгзамиш жаллода ҳар бир сарви раьноси.

Бу гулшан, гулшан эркан, даҳр хористон эмиш якса,
Насил хор ўлди гулшан, гулшан ўлди хор маъноси?

Тамаддун биза эркан чўла гезмиш ваҳший асҳоби,
Недан, ё Раб, бу дам ваҳшата ўртанмиш сарупоси.

Маориф турраи мушкини савдоси-ла мафтунам,
На сеҳр этмиш бани холу хат урфон Лайлоси.

Бу кун ҳибс садолари фанни осор жадид эрмаз,
Бизим чўхдан садомиз ҳибса олмиш жаҳл хулёси.

Матойи маърифат бозори савдосиндаям, Ажзий,
Қаму савдо солиб бошимга бу савдони савдоси?!

Ажзийнинг ижтимоий фикри

Шоиримиз у катта инқилобгача чўзилғон охирги асрнинг етишдирган кишисидир. Шу даврда етишган мутафаккирларимиз каби уда тамомила ўрус истило сиёсатига душман бир руҳга моликдир. Ажзий ижтимоий ҳаётимизнинг ҳар сафҳасига жуда чуқур тушунган ва унинг ислоҳи учун фаол бир суратда чолишканлардандир.

Беҳбудий ўз ишларида Ажзийни биринчи ёрдамчи ўлароқ ҳар вақт кўргандир. Эски даврда, яъни букж Русия инқилобигача бўлғон бизнинг ҳаракатларимизнинг Ҳар соҳасида билфеъл иштирок қилғон кишидир.

Жадидлик даврининг энг биринчи фаолият майдони хатқни — миллатни етишдирмакдан иборат эди. Бу давр маорифчилик даври аталса ҳам мувофиқ бўлур. Ўрус миллатчилик заҳарли заҳмлари Ажзийнинг бағриға чуқур излар қолдирғондир. У ҳар вақт элнинг қонли панжалари остида қолишдан зорланадир, ҳар томонға қараса, шуни кўрадир, ҳар воқеадан шуни истихрож этадир, юлдузлар Ажзийча элнинг бағриға отилғон тошлардир:

Кавкабларинг-ла миллати ислома отма дош,
Бағрин жароҳати диламаз шимдидин харош.

Булут унинг кўзига миллатини маърифатдан маҳрум қилғон бир девордир:

Абри жаҳолат ила бизи пардапўш эдуб,
Чўхдан ёшурдинг эл ёнидан шуълаи қуёш.

Мана, кўрингиз «лола» Ажзийнинг кўзига қандай кўринадир ва ундан нималар чиқадир:

Кўранда лола яфроғин гумон этмак чамандир бу,
Лисони ҳол ҳарифи дарси ибрат, анжумандир бу.

Шаҳиди ханжари ишқи ватанлар лахта қонидин,
Кўрунмиш парда номус илан хуни кафандир бу!

Эскидан маҳбуба ва маъшуқаларнинг юз яноғи ва лабларига ўхшатилғон гул ранглари унинг кўзига кўрун-гиз, қандай кўринадир:

Бу гулшан саҳнида гул яфроғи ранги гумон этмонг,
Қизармиш хуни ноҳақ рангидин хоки ватандир бу!

Раста, бозорлар ҳам унга зулм тирноғи билан тилинган тилимлардир:

Диликлардир сўқоқу расталар гардун харошидин,
Тазаллум новакидин йўқса чок ўлмиш бандандир бу!

Ажзий ойна кўрганда унинг тозалигини эмас, унинг юзидаги «лака»ни кўрадир ва ундан миллатини эслайдир:

Юзинг курси қамар рухсор янглиғ чок-чок ўлмиш,
Қаму бахти қаролари, тийра дилар этди жамолинг! —

ноласини чекадир.

Ажзийнинг ватан ва миллатини суйгани ва бундан олғон таассурини ҳар қадамда изҳор этгани, ҳатто таъбир жоиз бўлса, ҳеч бир дам миллат, ватан андишасидан айрилмоғони шеърларидаги нола ва фарёдларидан очиқ кўринадир.

Шоирнинг бу суйгани, элининг дарди билан мутахис бўлғони қуруқ бир севиш ёки бир бўш таассурдан иборат бўлуб қолмайдир. Балки сўз билан қанча куйуб-ёнса, шунча амалий ишга ҳам киришадир. Бошлаб маъшуқининг асир экани кўзига кўринадир ва йиғлай бошлайдир:

Кимса, ё Раб, бу дили зорима этмазми илож,
Дили гам дийдайи афкорима этмачми илож.

Ғам ҳужуми-ла дўкар дийдаларим қон, ҳеч ким
Бани бу дийдайи хунборима этмазми илож.

дегандан кейин ёшлик кўзлари билан сизга зорлана бошлайдир:

Халқдин ёрлиқ истарман ул умид илаким,
Келмиш ағёрдин озорима этмазми илож, —

дегач, бу «ғайр»дан келган «озор»нинг «қавмият шаънининг» қандай «паймол» қилғонини тўлуб-тошиб англата бошлайдир:

Шаън қавмият душворки, кўрсам поймол,
Кимса бу ҳолати душворима этмазми илож.

Ажзий ўз оҳ-воҳидан ва кўб йиғлағснидан кейин қанча йиғласа ҳам, дод деса ҳам ўз мақсадини ўз элига очиқ билдира олмағонидан ўзи мунфаил бўлуб, мукаддар саволга жавоб бера бошлайдир:

Нолау фарёд этарму кимса бемор ўлмаса,
Сийнаси тиғи «таззалум»лар-ла афкор ўлмаса.

Ва:

Ёра арзи муддао тақдим этарман ошкор,
Махфилий дилбарда номаҳрам-ла «ағёр» ўлмаса,—

байти ила дилбарининг мажлисда «номаҳрамлар» билан «ағёр», яъни ўз миллатининг ғайри миллатлар чангалида бўлиш жиҳатидан шоир муддаосини очиқ айта олмаслиқидан зорланадир ва фитначиларниш тузоғидан «ақл ва фаросат» эгаларининг ҳеч вақт «эмин» бўла бўлмағонларини, эҳтиёт қилмаса, қўлға тушуб қолиш эҳтимоли борлиғини айтиб ўзининг орқасидан ўрус хуфияларининг тилга юрганига ишорат қиладир:

Фитнажўлар кедидин эмин дегил аҳли тамиз,
Сайди доми фитна ўлгай кимса ҳушёр ўлмаса.

Ва ўзининг сирларини қандай пардалар орасида ёшурғанини ва муаммодан хабардор бўлмағанларнинг сўзнинг мазмунига тушунмаелигини билдуриб ўтадир:

Шеваи гуфторим асрориға маҳрам ўлмади
Кимсаким, Ажзий, муаммодан хабардор ўлмаса.

Юз йиллар бўйинча узун муддат тартибсизликлар ичида яшағон ва сўнгра эллик йиллаб сиёсий ва иқгисодий бир истибдоднинг оғир юки остида бирдан-бир тебранмакчи бўлғон буюк бир каталанг етишдирган кишисининг шундай ватанчи ва миллатчи бўлиши керак эди.

Биз Ажзийнинг «миллат» деган тарзи талаққийсидан англаймизки, бу кундаги тарзи истеъмолидан бошқа бир маъно берадур, унингча «ислом» бир миллатдир, ҳар «мусулмон» ўз миллатининг бир аъзосидир. Бу тарзи талаққий ёлғуз Ажзийда эмас, бу даврда яшаган кўб кишилардан кўриладир. Булар ислом динининг миллат сажиясини бир миллатга керак бўлгон қадар, биргаликда даъво қиладир. Инсонларнинг ҳеч бирининг бошқасидан (қон — узв) жиҳатидан айирмасй йўқлиғини, бўлса — сажия, тил, анъана, ғоя эътибори ила бўлиши мумкин эканини илгари сурадилар. Шунда минг уч юз йилдан бери ислом миллатларининг бир-бирови билан яқин муносабатлари орқасида (ахлоқ — одат) эътибор ила ҳар ерда бир турлук эканини ва ҳар бир мусулмоннинг «ислом байнамилал тили» арабча орқали бир-бировни англай олишини ва бир минг йил илгари анъананинг давр анъанаси остида секин йўқ бўлуб кетганини баён қиладирлар.

Бундан бошқа мусулмон миллатларининг ғоя эътибори билан ҳам бир шаклда, бир йўлда эканларини айтадирларким, уда бутун мусулмонларнинг Оврупо зулми остида бўлишлари ва бундан қутилиш кераклигидир.
Бизнинг Ажзий ҳам шу замирдандир. Унинг учун турк, форс, араб, ҳинд миллати йўқдир. Буларнинг мусулмон бўлғон қисми ҳаммаси бир миллатдир. Бу фикр мусулмонлар орасида асосан эскидир. Ислом дини ҳақиқатан шу қадар таъсир эткандирки, уруғ, насл эътибори ила келган айирмалардин айирмаси остида сўнуб, эътибордин тушгандир. Араб қонининг бошқа «ислом» миллатлари қониға кўб қўшилиши ҳам бунга кўб ёрдам қилғондир. Ҳозир ҳам халқдан «кимсан» деб сўралса, «мусулмон» деган жавоб олинади.
Бир миллатнинг бу тарзи тараққийси Ажзийнинг ўз даврининг кишиси эканини кўрсатадир.

1924

__________
«Турк шоири Ажзий» мақоласи «Инқилоб» журналининг 1924 йил 11-12-сонларида эълон қилинган. Бу манбани адабиётшунос Б. Қосимов кичик сўзбоши билан «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1989 йил 10 ноябрь сонида қисқартириб қайта нашр этган. Мазкур манбани ҳозирлашда профессор Б. Қосимов нашрга тайёрлаган ўша нусхадан аслига қиёслаб фойдаландик.

———

  АЖЗИЙ (тахаллуси; асл исми Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий) (1864 — Самарқанд — 1927) — маърифатпарвар шоир, таржимон. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи (1926).

Ажзий 1864 йил Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани Ҳалвойи қишлоғида ҳунарманд оиласида таваллуд топди. 1880 йилларда анъанавий усулдаги шеърлар машқ қила бошлади. 1901 йил ҳаж сафарига отланиб, бир қатор Шарқ мамлакатларида бўлиб, ислом дунёсидаги янгиликлар билан танишади, бир неча муддат Жиддада Русия элчихонасида тилмочлик қилади. Сўнг Москва, Петербург шаҳарларини айланиб, Тифлисга ўтади. Ниҳоят Самарқандга қайтиб, 1903 йил Ҳалвойи қишлоғида янги мактаб очади. Ўзи очган мактабда табиий фанлар, араб ҳамда рус тилларидан сабоқ берди, дарсликлар тузди. Лев Толстой ҳикояларини, Крилов масалларини, Гоголнинг «Шинель» повестини ўзбек ва тожик тилларига таржима қилган (1908—10).

«Айн ул-адаб» («Одоб чашмаси», 1916), «Ганжинаи ҳикмат» («Ҳикмат хазинаси», 1914) каби шеърий тўпламлари, «Миръоти ибрат» («Ибрат ойнаси», 1914), «Анжумани арвоҳ» («Арвоҳлар йиғини», 1912) достонлари нашр қилинган. «Миръоти ибрат»да Туркистоннинг ўша даврдаги фожиали аҳволи ва ундан қутулиш чоралари ҳақида баҳс юритган. Илм-фан, давлат, тил, қонун — буларсиз ҳеч бир миллатнинг истиқболи йўқ, бу тўрт нарсани қўлга киритмаган миллат ҳалокатга маҳкумдир, дейди. «Анжумани арвоҳ»да эса хонликдаги турғунлик танқид қилинган. Шеърлари чуқур фалсафий мазмуни, ижтимоий-сиёсий мушоҳадалари, Фузулий ва Бедилона услуби билан ажралиб туради. У миллий уйғониш даврининг барча шоирлари сингари кенг оммани маърифатга бошлаш, ҳақ-ҳуқуқини англатишни адабиётнинг бош мавзуи деб билди.

Ажзий вақтли матбуот нашрларида ҳам фаол иштирок этди. Ватан, илм-маърифатга бағишланган мақолалари билан Қозон, Оренбург ва Кавказдаги нашрларда ҳам қатнашди.

Ажзий 1917 й. февраль инқилобидан кейин ижтимоий ҳаракатда бевосита иштирок этди. 1918—21 й.да Вилоят Адлия комиссари лавозимида ишлади. 1922 й.дан яна ўқитувчиликка қайтган. Самарқандда ўзбек ва тожик тилларидаги «Машраб», «Мулла Мушфиқий» каби ҳажвий журналларни, «Зарафшон» газетасини чиқаришда фаол иштирок этган. «Майна», «Гинагина», «Шашпар», «Тир», «Гумном», «Олмос» имзолари билан ҳажвий асарлар ёзган. Уларда шўро тузумида юз бераётган ўзгаришларни хушламаслик, келажакдан хавотирланиш кайфиятлари сезилади. 1994 йилда Бегали Қосимовнинг шоир ҳаётига бағишланган «Маслакдошлар» китоби, 1999 йилда Ажзийнинг «Танланган асарлар»и нашр этилган.

————————-

Сиддиқий-Ажзий
ШЕЪРЛАР
011

* * *

Сан этма сарвати дунёдан эътибор тамаъ,
Хазондан этмамали нашъаи баҳор тамаъ.

Садаф саховатининг ҳар даввоби баҳр эдамаз,
Хасисдан ким эдар дури шоҳвор тамаъ.

Бу саҳна манзарасиндан қарор этма умид,
Ким этди киштии даробдан қарор тамаъ.

Кўнгул сижанжали занги тамаъ мукаддар эдар,
Соқий бу кўзгу сафосинадур ғубор тамаъ.

Қаноат аҳлининг аҳволи халқдан мастур,
Эдар разолати ҳолингни ошкор тамаъ.

Асири чангали базми меҳнат ўлмишсан,
Насил бу ҳол ила сан айлагунг шикор тамаъ?

Тамаъ қопусини зинҳор очма, эй Ажзий,
Жаҳонда этқуси таммоъи шармсор тамаъ.

* * *

Надан жаҳона аён этди эътибор садаф?
Ким этди жон гуҳарин халқ учун нисор садаф.

Сан ўйла толиби борони илму маърифат ўл,
Чунонки толиби найсондурур баҳор садаф.

Хизонаи гуҳар ул, жумла халқа ул матлуб
Ки, баҳра чекмади ғаввоси интизор садаф.

Ҳамиша софдил ўлмоқ-ла иштиҳор эдакўр,
Кўтарди ўйлаки оламда иштиҳор садаф.

Дурри маорифа ганжина айла мағзи саринг,
Гуҳар-ла мағзсиз ўлмакдин энди ор садаф.

Тазаллум аҳли тавозуъ нуқуди-лан хижил эт,
Ҳалок эданлара лўълўъ эдар шумор садаф.

Рақибдан на жафо келса собир ўл, Ажзий
Ким, ўлмади аччи сув ичра беқарор садаф.

* * *

Парирўлар паришон зулфитак хотир парешонам,
Паришонам надан, хотир парешонлиқ-ла ҳайронам.

Надан овора дашти ғамда нолон кездугим билмам,
Магар Мажнуни Лайлои нашоти базми ирфонам.

Гирифтори саводи хатту холи сафҳаи дардам,
Асири кулфати ранжу балою доғи ҳирмонам.

Фақиди эътиборам сарват асҳобин қапусида,
Садафтак баҳри бесомони олам ичра урёнам.

Ҳаводис сарсари ҳар ёна кездурмақ-ла ҳар соат
Парешонам, парешонам, парешонам, парешонам.

Ғиноу сарвати мардумдан истиғнодаям, аммо—
Фақирам, гарчи тахти фақр майдонинда султонам.

Дагул ҳар зарра кам ўз оламинда қурси ховардан,
Бу янглиғ гўшаи узлатда гўё бир Сулаймонам.

Давои захми носурим эмишдур суҳбати ориф,
Вале маҳдуфи пайкони балои қавми нодонам.

Эшит, ё раб, бу Ажзий эътиборинким, деюр ҳар дам:
—Умиди афвинг этмак нўла гар мумтози нуқсонам.

* * *

Сийнам, аҳбобларим, оташи ғамдандур доғ,
Танда руҳим неча осори аламдандур доғ.

Фазл сармоясидан дасти муродимдур танг,
Оҳким, хаста дилим мояи камдандур доғ,

Ўлмади маҳрами асрори ҳарими самадий,
Зоҳидинг сийнаси савдои санамдандур доғ.

Булбули хокнишин этди гулистон шавқи,
Қафаси ҳажрда раънои эрамдандур доғ.

Бодаи ҳирс ила арбоби карамдур сархуш,
Ажзий бу борада арбоби карамдандур доғ.

* * *

Кўнглум асрорини шарҳ этмага бир маҳрам йўқ,
Ҳамдами дард манам — дардима бир ҳамдам йўқ.

Бахт ёр ўлмадигин англадим андинким, бан —
Жисми мажруҳима марҳам тиларам—марҳам йўқ.

Хуррам ўлмақда жаҳон боғина шарт эрди баҳор,
Даҳр боғинда баҳор ўлди — дили хуррам йўқ.

Жаннат обод эди Одам ила Ҳавводан,
Жаннат аҳволи надур, шимди анга одам йўқ.

Ўлди тан қалъаси ғам лашкарин истеҳкоми,
Ғам учун ғайр танин қалъаси мустаҳкам йўқ.

Ўлма озурда мани зордан, эй кўнглумким,
Ман у соатдаки, маъдум ўларам — сан ҳам йўқ.

Сонмишам ўйлаки, Ажзий, мана махсусми ғам?
Дедилар:—Ғам емаким, даҳрда бир беғам йўқ.

* * *

Ҳилолинг суратитак, эй фалак, қаддим дуто этдинг,
Вужудум оташи ҳасрат-ла ёндурдунг, фано этдинг.

Алим озод экан, занжири истибдода банд этгач,
Танимни хаста кўргач, раҳм умид эттим-жафо этдинг.

Қаноат этмадинг жисмимни зери поя этмак-лан,
Тазаллум тиғи-лан бошим кесуб, тандан жудо этдинг!

Мани ғафлат шароби сархуш этмиш жоми макрингдан,
Бошимга лашкари ғам фавж-фавжи-лан раҳо этдинг.

Балолар ўқларин ёғдурдунг, ижро ўлди бу бешак,
Бу мақсад-лан мани маҳдуфи пайкони бало этдинг.

Ҳаётим, шавкатим, шаъним йиқуб, туфроға паст эткач.
Сару коримни. вайрон айладинг, бахтим қаро этдинг!

Бузулсин чодаринг, анжумларинг назмидан айрилсун»
Хароб ўл ман кабиким, обрўйим зери по этдинг!

Тани мажруҳими қон қатраси қатъ ўлмаюб ҳоло,
Бошимга ханжари бедод чекмак муддао этдинг!

Фалак ҳам сан каби оворау саргаштадур, Ажзий,
Вале билмасмиким, раҳм этмади, чандон наво этдинг.

011

(Tashriflar: umumiy 1 685, bugungi 1)

Izoh qoldiring