Migel Anxel Asturias. Sen’or Prezident. Roman.Birinchi qism.

088
Полковник Парралес Сонриенте ўлимидан кейин маҳфий полиция муқаддас Арк харобаларини бир дақиқа ҳам назоратдан қочирмади. Таъқиб ашаддий каллакесарларга топширилди. Васкес билан дўсти архиепископ саройи томонидаги пиллапоялардан кўтарилишди, Аркни кесиб ўтиб, Юз Дарвозадан чиқишди. Арк саҳнидаги гадолар ўрнини соялар эгаллаган. Деворга тақалган бир неча зина бўёқчилар таъмирга киришганидан дарак беради. Дарҳақиқат, муниципалитет қарорларида ваҳший қотиллик содир бўлган муқаддас Арк харобаларини таъмирлаш ва оқлашга ижозат берган Сеньор Президентга миннатдорчилик руҳи етакчи ўрин тута бошлади, бунинг устига бутун ҳаражатлар Арк деворлари остига бадбўй дўкончалар қуриб олган турклар зиммасига тушди.

04

066Мигель Анхель Астуриас 1899 йилнинг 19 октябрида Гватемалада туғилган. 1923 йили Сан-Карлос университетининг ҳуқуқ бўлимини тугатгач, сиёсий иқтисод бўйича таълим олиш мақсадида Англияга йўл олади. Аммо, бир неча ойдан кейин Парижга боради. Сарбоннада майя ҳиндулари тарихи бўйича ўтадиган лекцияларда қатнашади,кейинчалик Лотин Америкасининг таниқли газеталари мухбири сифатида Европани кезиб чиқади, Юнонистон, Миср ва бошқа араб мамлакатларига саёҳат қилади.
Мигель Анхель Астуриас Парижда илк ижодий иши «Гватемала афсоналари» асарини ёзади ва у 1930 йили нашр этилади. 1933 йили ватанига файтган ёш адиб уни машҳур қилган «Сеньор (Жаноб) Президент» романини ёзади. Аммо, ватанидаги диктатор Хорхе Убиконинг зўравон тузуми ҳақида ёзилган асар фақатгина 1946 йили, диктаторлик тузуми ағдарилиб,Астуриас Гватемаланинг Мексикадаги элчихонасида ишлай бошлагандагина чоп этилади.
Мигель Анхель Астуриас ҳокимиятга келган Хуан Хосе Аревало ҳукуматида вазир ва Гватемаланинг Франциядаги элчиси бўлиб фаолият юритади.
1949 йили адибнинг «Жўхори йиғувчилар» романи эълон қилинади. Кетма-кет унинг энг машҳур асарлари: «Қасирға», «Яшил Папа»,»Кўзлари очиқ кетганлар», «Бир мулат хотин», «Қайғули жума» романлари ва «Лида Сал кўзгуси» деб номланган афсоналардан иборат китоби нашр этилади.
Адиб 1966 йили Совет Иттифоқи таъсис этган Тинчлик мукофоти, 1967 йили эса адабиёт соҳасидаги халқаро Нобель мукофоти билан тақдирланади.
Мигель Анхель Астуриас 1974 йилнинг 9 июнида Мадридда вафот этади (Адиб таржимаи ҳоли «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайти томонидан тайёрланган).

04

МИГЕЛ АНХЕЛ АСТУРИАС
СЕНЬОР ПРЕЗИДЕНТ
Ортиқ Абдуллаев таржимаси

04054

РОМАННИНГ БИРИНЧИ ҚИСМИ


21, 22, 23 АПРЕЛЬ
КЎҲНА АРК ХАРОБАЛАРИДА

Alumbra, lumbre de alumbre, Luzbel de piedralumbre, sobre la pobredumbre! – ноғоралар ғамгин нидо таратади. – ¡Alumbra, lumbre de alumbre, sobre la pobredumbre, Luzbel de piedralumbre! ¡Alumbra, alumbra, lumbre de alumbre…, alumbre… alumbra, alumbra, lumbre de alumbre…, alumbra alumbre!

Барча арзон ошхоналардан денгиздек қайнаб турган кенг кўчаларга судралиб чиққан ғарибу ғураболар қаққайиб турган зимистон шаҳарни тарк этиб, кўҳна Арк харобаларига қараб имиллаб боришади.
Осмон юлдузларга тўлган паллада ташландиқ Арк соя солган майдонга етиб келиб, эски зинапоялардан қўним топадиган бечора одамларга бошпана бериб, бошини силайдиган меҳрибон қайда дейсиз? Қашшоқлик ва ғарибликдан бошқа мулки йўқ бу бахти қаро кимсалар бир-бирларга баҳиллик билан кўз олайтиришади, тишларини ғижирлатиб сўкинишади, итдек ириллашади. Улар бир-бирларига қўшилмасдан, жулдур кийимларини ечмасдан ёлғиз ўтиришар, тунда уйқуга ётганда ҳам кун бўйи қўлга тушган ўлжалари ¬– эски қоғозларга ўралган сарқит овқатлар, йиртиқ бошмоқлар, шам қолдиқлари, чириган апельсину бананлар солинган тўрваларини ўғриларга ўхшаб бошларига ёстиқ қилиб қўйиб олишади.
Кўпчилиги кенг пиллапояларда чўзилиб ётиб, майда чақаларини санашар, тишлаб кўришар, нималарнидир ғўнғиллаб қайлардандир қўлга туширган матоҳлари (аниқроғи турли тошлару ҳатто туморлари)ни саралашар ва ўзгалар кўриб қолмасин деб тош қотган ушоқларни бутунлай ямлаб ютишарди. Бу зиқна, қуримсоқ кимсаларда бирон луқмани бирга баҳам кўриш одати йўқ – бировга бергандан кўра итга ташлашни афзал кўришади.
Қорни тўйгандан кейин қолган сарқитларни латтага тугиб, белига боғлаб олишар ва ёнбошлаб уйқуга кетишарди. Уларнинг уйқуси ҳам нотинч, алағда-чалағда бўлар, тушларида ориқ чўчқалар, нимжон кампирлар, қўтир итлар, аллақандай ғилдиракларни кўрар, ой ёруғида муз қотган суякларни тепкилаб ўтиб, ибодатхонага кириб кетаётган руҳоний оталарнинг шарпалари орасида изғиб юришарди. Кўринча ярим кечаси алахсираб, адашиб қолдим деб нола чекадиган телба боланинг қичқириғидан уйғониб кетишарди. Сиёсий маҳбусларни кечаси турмага ҳайдаб кетаётган миршаб орқасидан қон ютиб йиғлаб қолган аёл фарёди уйқу бермас эди. Яра-чақа босган маймоқнинг баланд хурраги, қорни қаппайган соқов хотиннинг пишиллаб йиғлаши, тушида ўзини керагага осилган ва пашша талаётган гўшт ўрнида кўрганини айтиб дийдиё қилаётган кўр кампирнинг мунгли ҳасрати уйқуни қочирмасинми? Аммо телба боланинг қичқириғи ҳамманикидан ошиб тушарди. Унинг оҳу-фиғони осмону фалакни тешиб юборгудек бўларди.
Якшанба кечаси бу олақуроқ жамоага бир бадмаст қўшилар ва болалардек уйқусираб онасини йўқлаб йиғларди. Унинг оғзидан чиқаётган ҳам маъюс, ҳам ҳақоратомуз сўзларни эшитган телба ўрнидан сакраб турар, атрофга олазарак қараб, мастга қўшилиб нола кўтарар ва ҳаммани жонидан безор қилиб юборар эди.
Итлар увлашар, қашшоқлар сўкинишарди, кимдир ўрнидан туриб тартиб ўрнатишга уринарди. “Хой, жим бўлинглар, полиция чақираман!” Аммо бу ёққа кечаси полиция ўлиб қолса ҳам йўламасди. Жарима солишдан наф йўқ. Ниҳоят, оқсоқнинг ҳайқириғи телбаникидан ўтиб тушарди: “Яшасин Франция!”
Қашшоқлар бора-бора бу аҳволга кўникиб кетишди: деярли ҳар оқшом ярамас чўлоқ кўринмай қолган бадмастга тақлид қилиб бақирар, ҳар бир қаттиқ товуш телба Пелелени даҳшатга солар эди, жулдур кўрпачаларга ўралган одамлар жунини қўзиб кетган бола бечорани тинимсиз калака қилиб ҳақоратлашарди. У эса бу даҳшатли қиёфаларга қарамас, ҳеч нарсани кўрмас, ҳеч нарсани эшитмас, ҳеч нарсани англамас. Ғиншиб инграб-инграб, тинка-мадори қуриб кўзи илиниб қолар, айни шу дамда чўлоқнинг “Она-а!” деган қичқириғидан яна уйғониб кетарди.
Пелеле қўрқа-писа кўзларини уқаларди, тушида жарликка қулаб кетаётганини кўрган одамлар шунақа безовта ухлашади. У ғужанак бўлиб олар, яра-чақа босган бадани тиришиб-тортишар, кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди. Аста-секин у тинчланар, ёнбошига ағдарилиб ухлашга уринар, аммо жунбушга келган миясидаги ғалаёнлар алла маҳалгача ҳаловатини бузар эди. Ниҳоят, кўзи илинай деганда бошқа бир товушдан уйғониб кетарди:
— Онажон!
Ярим телба мўлат Сўққабош қичқиришга тушган эди. У оғзидан кўпик сочиб, кампирларга ўхшаб бидилларди:
— Онадон, онагинам, азиз авлиёлар, мадад беринглар. – Телба ҳиқилларди. Балки у ҳам ўзинниг забун, оч-юпун аҳволини ўйлаб кўз ёши тўкармикан? Ҳаммаси тинмай хохолашарди: ха-ха-ха… хо-хо-хо… Қорни қаппайган, узун мўйлови осилиб қолган гадо гердайиб юрарди; ғилай ётган жойида сийиб, деворни тепарди, кўрлар ғўнғиллашарди, Искабтопар лақабли бир оёғи йўқсўқир ҳаммадан баланд товушда гапирарди. Бекорчи эрмаклар эркак кишига ярашмайди деб ҳисобларди у.

Кўрларнинг овози ҳеч кимнинг қулоғига кирмас, айниқса Искабтопарни эшитадиган мард йўқ эди. Мақтанчоқлигидан ҳаммани безор қилганди. Нуқул мен, мен деб кўкрагига урарди. Мен казармада катта бўлганман, хачир тепиб мени чўлоқ қилган, мени зобитлар қамчи билан савалаган, қийналиб одам бўлганман, кўчаларда шарманка чалиб юрганман, муштлашувда бир кўзим, ўнг оёғимдан ажралганман, чап оёғимни машина мажақлаб кетган, аммо бу фожиалар қачон бўлгани эсимда қолмаган…
Гадолар орасида “она” десанг Пелеленинг жунини қўзғийди деган гап тарқалди. У шаҳардаги майдонлар, бозорлар, черковлар эшиги-ю, жин кўчаларда дайдиб юрганда бу хитоб шарпага айланиб, уни таъқиб қилар эди. У уйларга қочиб беркинмоқчи бўлар, аммо итлар талар, хизматкорлар уриб ҳайдашарди. Саждагоҳлардан, дўконлардан ¬– ҳамма ердан қувиб чиқаришарди. Ҳеч ким унинг силласи қуриб бораётганини сезмас, шафқат сўраб жавдираб турган кўзларида қанчалик мунг, ҳасрат яширинганини ҳис қилмас эди.
Мадори қолмаган Пелелега шаҳар катта, чексиз-чегарасиз туюларди, Пелеле кезиб чиқиши учун у ниҳоятда улкан эди, ғам-ғуссаларини кўтариш учун ниҳоятда тор эди. Одамлар уни кўрди дегунча бақиришарди: “Хой жинни!.. Телба!.. Онанг келаяпти!.. Онанг!.. Она! Она! Она!” Уни уришарди. Ягона кўйлагини йиртишарди. У болалардан қочиб камбағаллар маҳалласига яширинмоқчи бўлар, аммо аввалгидек беш баттар ҳақоратларга дуч келар эди. Бу ердаги шафқатсиз ғарибу ғураболар ҳимоясиз телбага ўлик каламушларни отар, тош, темир-терсаклар билан урар эдилар.
Бир куни у санғаб-санғиб яна Кўҳна Арк харобаларига келиб қолди. Пешонаси ёрилган, бошида шапкаси йўқ, орқасида эрмак учун ёпиштириб қўйилган қоғоз илон судралиб келарди. У ҳатто биноларнинг сояси, митти кўппаклар, хазон япроқлари, тебраниб кетаётган файтонлар ҳам ваҳимага соларди… қоронғи тушди. Арк пиллапояларидаги қашшоқлар майдонга орқа ўгириб ўлжаларини юзинчи марта санаб ўтирар эдилар. Маймоқ ва Искабтопар жанжал чиқариш илинжида эди. Соқов тобора катталашиб бораётган қорнига ҳайрон тикиларди. Кўр кампир ўзини керагага осилган ва пашша талаб ётган гўштга қиёс қилиб безовта тебранарди.
Телба пиллапояга қулади. У аранг нафас оларди. Анча кундан бери кўзини юммаган эди. Бит ва канага ем бўлган қашшоқлар ғирчиллатиб қашинишар, уйқусизлик азобида тўлғонишарди. Хира ёғду тушиб турган майдонда жандармлар кезарди. Йўл-йўлакай панчо кийган соқчилар – тунги шарпалар деразалар тагида қиличларини шарақлатиб юриб, Республика Президентини қўриқлашади. У қаерда ором олаётганини ҳеч ким билмайди. Бировлар шаҳардан ташқарида деса, бошқалар шу ерда – уйлардан деб гапини маъқуллайди. Қандай ухлаши ҳам номаълум, кимдир телефон ёнида узун қамчи ушлаб ётади деб башорат қилмоқчи бўлади; қай пайтда ухлаши ёки бутунлай ухламаслиги ҳам номаълум.
Арк олдига бир киши келди. Қашшоқлар хашаротлардек ғимирлашди. Чеки йўқ зулмат қўйнида увиллаётган бойқушнинг ёқимсиз товуши этиклар ғижирига қоришиб кетди…
Маймоқ кўзини очди. Осмонга даҳшатли суратлар осиб қўйилгандай эди. У чор-ночор бойўғлига илтижо қилди:
— Бойўғлижон, бойўғли, бу ердан тез кета қол, ғам-хасаратларимизни кўк денгиздан нарига олиб кет…
Искабтопар юзини қашиди. Шарпалар ҳавода сузиб юргандек кўринади. Сўқирлар орасида Сўққабош тентирарди. Фақат Пелеле ўликдек донг қотиб ётарди. Ниҳоят, у ухлаш бахтига эришган эди.
Номаълум киши тўхтади. У телбани кўргач, кулгидан зўрға ўзини тийиб, уни оёғи билан туртиб қичқирди:
— Она!
Тамом. Пелеле чақмоқ ургандек сакраб турди-ю, унга ёпишиб кетди: бармоқларини кўзига санчди, қимирлашига қўймай, юзини тишлади, тиззасини қорнига тираб, номаълум одамнинг нафаси чиқмай қолгунча босиб турди. Гадолар қўрқувдан қотиб қолдилар. Бойўғли ув тортди. Пелеле қорғу кўчалар бўйлаб елдек ғизиллаб чопиб кетди, у ҳали ўзига келмаган, даҳшатли тутқаноқдан халос бўлмаган эди.
Ёвуз куч Чавандоз лақаби билан машҳур полковник Хосе Паралес Сонриентени бошига етди.

II

ИСКАБТОПАРНИНГ ЎЛИМИ

Қуёш нурлаври полициянинг Иккинчи бўлими томларини (кўчаларда якка-ёлғиз йўловчилар пайдо бўлди), протестантлар ибодатхонаси гумбазини (бирин-кетин дарвозалар очилди) ва ниҳоят қурилиб битмаган ғиштин бинони олтин рангига бўяди. Хўмрайган полиция ҳовлиси ва қоронғи йўлакларда махбусларнинг яланг оёқ хотинлари бир тўда болалари билан (гўдакларни кўтариб олишган, каттароқлари полда юмалаб ётишарди) ғамгин ўтиришарди. Уларнинг кенг кўйлаклари остида, тиззаларини орасида нарсалар солинган саваталр турарди. Аёллар хўрсиниб, кўз ёшларини рўмол учида артиб, бошига тушган мусибатлар ҳақида пичирлашарди. Кўзлари ичига чўкиб, изтироб оташида адо бўлган кампир дунёда она тортаётган ғам-ғуссадан оғир нарса йўқлигини намойиш этаётгандек унсиз йиғлар эди. Бу хосиятсиз жойда, сўлиган дарахтлар, қуриган фонтан, туфуги билан охорли ёқасини бепарво тозалаб ўтирган навбатчи полициячи олдида ҳеч кимга ёрдам бериш ёки бирон нарсага эришиш мумкин эмас. Худодан нажот кутишдан бошқа илож йўқ.
Эпчил жандарм уларнинг олдидан Искабтопарни судраб ўтди. Уни пиёдалар ўқув юрти бурчагида қўлга олишган, ҳозир қўлини бураб, ҳар қадамда туртиб, маймундек эзғилаб бормоқдалар. Аёллар унга бурилиб қарашга улгурмадилар – эшик очилиб, навбатчи анрсаларни қабул қиладиган ва маҳбуслар ҳақида маълумот берадиган вақт бўлиб қолган эди. “Сиз, — дейишади, — акасига ҳамма нарсани айтиб берган деган гапга ишонманг, бу ёлғон гап”, “Сиз, — дейишади, — пулни камроқ шиладиган адвокат топиб келинг”, “Сиз, — дейишади, — рашк қилиб ўтирманг. Биттасини олиб келишган эди, дарров тил топишиб олди”, “Сиз, — дейишади, — икки реалга дори олиб келинг, уни тоби қочиб турибди”, “Сиз, — дейишади, — пулдан қийналсангиз, шкафни сотинг”.
— Хой, сен, — дағдаға қилди Искабтопар, — нега мени туртасан? Камбағал деб хўрламоқчимисан? Камбағалман, аммо виждоним тоза! Сени ўғлинг эмасман, билдингми? Мени қўғирчоқ қилмоқчимисан? Судраса кетаверадиган тентак эмасман! Сенга ўхшаганларга амриқо худойихонасида кўрганман. Уч кун овқат емаганмиз, деразасига оппоқ чойшаб тутилган сариқ уйда ўтирганмиз! Чидаганмиз!
Қамоққа олинган гадоларни “Уч Мария”га – камералари ниҳоятда тор ва қоронғи турма шундай аталади – жўнатишади. Искабтопар шу ёққа тушди. Темир тўсиқлар ғижирлайди, тамаки ҳиди анқийди нам ички кийимлар бадбўй ис таратади, турма қўриқчилари сўкинади, бу тало-тум ичида ютилиб кетган овоз яна жаранглаб қолади:
— Вой-бўй! Шунча полициячи-я! Э-ҳа, буларнинг қанчаси исковуч экан?!
Маҳбус гадолар ўлат теккан итга ўхшаб ғингшийдилар. Улар қоронғиликдан безиб қолишган, ёруғ дунёни кўришдан аллақачон умид узилган; ёмон жойга тушиб қолганини билиб қўрқиб-қалтирашади; бу ерда қанчадан-қанча одам очлик ва ташналикдан ўлиб кетган; уларнинг жасадларидан совун қилишади, айниқса ана шундан қўрқишади. Ёки этини нимталаб жандармларга едиришади. Қоронғуликда бу одамхўрларнинг думалоқ, йўғон юзлари хира кўринади, узун мўйловлари жигарранг сўлак билан ёпиштириб қўйилганга ўхшайди.
Ана шу камерада талаба билан пономар учрашиб қолди.
— Агар янглишмасам, сиз бу ерга мендан олдин келдингиз-а? Аввал сиз, кейин мен, шундай эмасми?
Сукунатдан безиб кетган талаба томоғига қадалиб қолган тугундан қутулиш умидида гап бошлади.
— Ҳа, тахминан ана шундай… – жавоб берди пономар қоронғида суҳбатдошининг юзини яхшилаб кўриш учун тик қараб.
— Кечирасиз… нимагақамашганини… билсам бўладими?
— Сиёсат учун дейишади…
Талаба титраб кетди, қийналиб аранг гапирди:
— Менга ҳам…
Гадолар қоронғиликда тимирскиланиб қимматли матоҳлари – тугунларини излашади. Полиция бошлиғининг хонасида чўнтакларидаги ҳамма нарсани – ҳатто гугуртгача тортиб олишган эди. Энг қаттиқ чоралар белгиланди.
— Қандай иш очишади? ¬ Яна қизиқди талаба.
— Ҳеч қандай иш йўқ. Мен Президентнинг шахсий топшириғи билан қамалдим!
Пономар оқланган деворга суркалди – битлар таламоқда эди.
¬ — Сиз балки…
— Ҳеч қандай! – жаҳл билан гапни бўлди пономар. – Ҳеч қандай гуноҳим йўқ!
Шу дақиқада эшик халқаси ғижирлаб, бир табақаси очилди. Яна бир гадо ичкарига крди.
¬ — Яшасин Франция! – маймоқ қийқириб хонага қадам қўйди.
— Мени қамоққа олишди, — гапни якунлади пономар.
— Яшасин Франция!
— … менга тўнкалган айбга алоқам йўқ. Ҳаммаси хатодан бошланди. Тасаввур қиласизми, кечаги мотам ўрнига мен деворга Сеньор Президентнинг онаси туғилган кун ҳақидаги хабарни осиб қўйибман.
— Буни қаердан билишди? – ҳайратда қолган талаба пичирлади. Пономар бармоғинниг учи билан гўё кўз ёшларини ситиб чиқараётгандек авайлаб артди.
— Ўзим ҳам билмай қолдим… Омад юз ўгирди… Кимдир етказган-да, ғизиллаб келишди. Бошлиққа рўпара қилишди, у юзимга мушт туширди ва бу ёққа жўнатди. Олдин бир кишилик камерага қўйишди, сабаби, мени инқилобий ҳаракатларда айблашмоқда.
Қоронғуликда ғуж бўлиб олган гадолар қўрқув, совуқ, очликдан қийналиб йиғлашди. Баъзан кўз илиниб қолади. Қорни қаппайган Соқов бирон нафи тегадигандек деворга бурнини тираб нафас олади.
Вақт қанча бўлгани худога маълум – ҳар ҳолда тун яримлаганда уларни қаергадир олиб боришади. Улар – сиёсий қотилликнинг гувоҳига айланган эдилар. Қориндор киши шундай деб айтди. Унинг захил юзларини ажин босган, ўрдакбурун, қуюқ мўйлови йўғон лабига ёпишган, кўзлари оғир қовоқлари ичига ботиб турар эди. У ҳаммаларидан аввал бирма-бир, сўнг баравар кеча тунда Кўҳна Арк майдонида юз берган қотилликдан хабарингиз борми деб сўради.
Хонадаги пилиги узун керосин чироқ нури қабариқ линза орасидан ўтаётгандек атрофни хира нур ёритар эди. Стол қани? Девор қани? Йиртқич йўлбарс тишларини эслатадиган герб қани? Полиция камари қани?
Гадоларнинг жавобини тинглаб ҳарбий прокурор ўрнидан сакраб турди. У кўзойнаги устидан бақрайиб қараб, столга мушт тушириб, қаҳрини сочди:
— Қани, гапирмай кўринглар-чи!
Аммо гадолар бир овоздан полковникни Пелеле ўлдирди деб жавлб бердилар ва ўзлари гувоҳ бўлган воқеа тафсилотларини оқизмай-томизмай қайта-қайта такрорладилар.
Эшик олдида турган полициячилар прокурор ишораси билан гадоларни уриб-суриб бўм-бўш хонага киргизишди. Ғира-шира қоронғуликда шифтга осилган арқон аранг кўриниб турар эди.
— Уни Пелеле ўлдирди! – қичқирди соддалик қилиб, тўғрисини айтсам, қийноқлардан қутуламан, деб ўйлаган гадолардан бири. – Пелеле! Пелеле! Исо пайғамбар ҳақи – Пелеле! Телба! Телба! Телба! Пелеле! У! У! У! Ҳаммамиз кўрдик! Пелеле – Телба!
– Шундай жавоб бер деб ўргатишдими? Менга бундай найрангиз кетмайди! Иқрор бўлмасангиз – ўлдираман! Билмайсизми? Билиб олинг! Эшитдингизми? Билиб олинг!
Прокурор овози ва осиб қўйилган бош бармоғидан томчилаётган қон томчилари гадонинг бошида қоришиб кетди. У тўхтамай қичқирарди:
— Пелеле ўлдирди! Пелеле! Ё, Худо! Пелеле! Пелеле! Пелеле! Пелеле!
— Ёлғон! – бўкирди прокурор ва яна такрорлади:
— Ёлғон гапираяпсан, ит! Ўзим айтаман. Рози бўлмай кўринг-чи! Ким ўлдирганини ҳозир айтаман!.. Генерал Эусебио Каналес билан аблаҳ Абель Карвакаль! Кимлигини билдингми?
Совуқ сукунат. Кейин… кейин аянчли инграш, иккинчи, учинчи… ва ниҳоят: “Ҳа…” Арқонни бўшатишади, Сўққабош ерга ағдарилади. Ёш томчилари ва тер босган қорамтир юзи ёмғирда қолган кўмир бўлагидек ялтирайди. Гадолар полициячилар қувиб бораётган дайди итлардек қалтирашади, ҳаммаси бирма-бир прокурор сўзларини такрорлашади. Искабтопардан бошқа ҳаммаси. Уни тирсагидан осишга тўғри келади, сабаби ярим оёғи йўқ, у қийноқларга чидаб, бошқалар қўрққанидан Пелеленинг айбини бировга ағдармоқда деб мардона туриб беради.
— Бекорларни айтибсан! – ўшқирди прокурор. – Ёлғон гапирди дейишга қандай ҳаддинг сиғди, муҳаҳҳам? Ёлғонни ямламай ютишини қаранг! Ёлғон гапиришдими?! Ҳали масъулиятни ҳис қилмайдиган бўлиб қолдингми?
— Ана ўзлари айтсин!
— Ақлини киритиб қўйиш керак! – полициячилардан бири таклиф қилди. Бошқаси қариянинг башарасига қамчи туширди.
— Гапир! – бақирди прокурор. – Бўлмаса кечаси билан очилиб турасан.
— Кўзим кўрмайди-ку!
— Пелеле ўлдирмаган деб айт!
— Айтолмайман. Мен тўғрисини айтдим. Хотин эмасман.
Хўкиз терисидан тўқилган қамчи икки амрта оғзига тарсиллаб тегди.
— Кўр бўлсанг ҳам кар эмассан. Менга тўғрисини айт. Шерикларингга ўхшаб гапир…
— Хўп, майли, айтаман, — бўғиқ хирқиради Искабтопар. – Прокурор ғалабадан яйради. – Қулоқ сол, тўнғиз. Уни Пелеле ўлдирган!
— Аблаҳ!
Ярим жон одам прокурорнинг сўкишларини эшитмасди. Арқон бўшатилганда унинг жасади синган маёқ сингари ерга ағдарилди.
— Қари ёлғончи! Кўрнниг кўрсатмаси ҳисобга ўтмайди, — деди прокурор, — мурда ёнидан ўтар экан.
Президент Ҳазрати Олийларига дастлабки тергов натижаларини маълум қилиш керак. У шоша-пиша кўчага чиқди ва ориқ қирчанғи отлар қўшилган извошга ўтириб фонарлар хира нур сочаётган кўча бўйлаб кетди. Жандармлар Искабтопарнинг мурдасини ахлат аравасига ташлаб қабристонга йўл олишди. Гадолар ҳар тарафга тарқалишди. Соқов қаппайган қорнидаги тебранишларга паришон қулоқ солиб, афтодаҳол инграган кўйи қадам босар эди.

III
ПЕЛЕЛЕНИНГ ҚОЧИШИ

Пелеле шаҳар чеккасидаги тор, эгри-бугри, хароб кўчаларда чопиб борар эди. Унинг ёввойи қичқириқлари на сокин осмонга, на шаҳарликларнинг осойишта уйқусига ҳалақит берди. Ўлим олдида теппа-тенг бўлса-да, ҳаёт тонг отгандан кейинги уқубатли ичида бир-биридан осмону ер қадар узоқ одамлар хотиржам ором олишарди. Бировларда ҳеч вақо йўқ, бир бурда нонини оғир меҳнат қилиб топади. Бошқалар қўлини совуқ сувга урмаса ҳам даромади ошиб-тошиб ётибди. Сеньор Президентнинг дўстлари – ижарахўрлар (қирқ уй, эллик уй…), судхўрлар (ойига тўққиз фоиз, тўққиз ярим, ўн…), катта мансабдорлар (олтита мансаб, еттита, сакизта…) хорижий шартномалар, ломбардлар, унвонлар, қиморхоналар, фоҳишахоналар, хўроз уриштиришлар, ҳиндулар, арақхўрлик, қовоқхоналар ва сотқин газеталардан келадиган даромадлардан бисқиб ётганларнинг ҳисоби йўқ…

Тонгнинг қизил шуълалари тоғларга туташ қияликларга сочилган шаҳарни қонга бўяди. Ер ости йўлига ўхшаш қоронғи кўчаларда ҳар тонгда кўланкадек овоз чиқармай қадам босадиган ҳунармандлар пайдо бўлди. Улардан кейин амалдорлар, мрзалар, ўқувчи болалар кўринади. Соат ўн бирда, қуёш тепага кўтарилганда юқори мартабали савлатдор кишилар иштаҳани очиш ёки нуфузли дўстлари билан бирон муҳим масалани ечиш мақсадида сокин сайр қилиб юрадилар. Хароба кўчаларда каллайи сахардан ишқорланган юпкасини хилпиратиб, оилам мадад берай дебелиб-югурадиган, ичак-чавоқ сотадиган камбағал қизалоқлар одам қаторига қўшиладими? Ҳаво оқиш, пуштиранг гуллар тусига кирган паллада озғин ҳарф терувчи қизлар чопқиллаб қоладилар, ниҳоят ўзларини қуёшга солиб ҳозиргина кўрган тушларини оқсочларга сўзлаб бериш, ўткинчилар устидан кулиб роҳатланиш, мушукчасини силаш, газета ўқиш, ойнага боқиб ўтириш учун семиз ойимтиллалар болохоналарга чиқадилар. Пелеле туши ёки ўнги эканини билмай қочиб борарди, орқасидан итлар қувлар, майда ёмғир томчилари аёвсиз саваларди. Қўрқувдан ўзини йўқотиб, қўлларини қанотдек кенг ёзиб, нафаси тиқилиб, осилган пилидан сўлаклари оқиб, дуч келган томонга қочиб борарди. Атрофидан эшиклар, яна эшиклар, ойна ва эшиклар, эшиклар ва ойналар лип-лип ўтади… Телеграф устуни. У телеграф устунидан ўзини ҳимоя қиламан деб қўлини чўзиб тўхтади, ундан ўзига ҳеч қандай зиён етмаслигини ақли етгач, беихтиёр кулиб юборди ва орқасидан биров қувиб келаётгандек яна ғизиллаб чопиб кетди. Тезлаб чопди, тез чопди, тезлаб чопди, назарида туман босган турма деворларидан жуда узоқлашиб кетгандек бўлди.
Шаҳар далага туташган жойга етганда силласи қуриб, чиқиндилар устига йиқилиб тушди-ю, худди ўзини ўрин-тўшагида ётгандек, маст уйқуга кетди. Чиқиндихона тепасида ўргимчак тўрига ўхшаган новдалар осилиб турарди, бутоқларда калтаклару қора қарғалар тизилишган. Улар юқоридан кўкимтир совуқ кўзларини тикиб пойлаб ўтирдилар, сўнг одам қимирламай қолганига ишонч ҳосил қилгач, ерга учиб тушиб, уни ўраб олдилар ва гоҳ тепасида учиб, гоҳ ёнига қўниб, чўқилаб, ўлим рақсини, қора қушлар рақсини бошлаб юбордилар. Ўлаксахўрлар ҳар бир шарпа, шамол эпкинидан чўчиб, қанотини ёзиб, бир кўтарилиб, яна қўнар, сакраб-сакраб, доирани торайтириб Пелелега яқинлашар эдилар. Тумшуғининг тагигача етиб боришди. Шунда бир қичқириб ҳужумга чорлади. Ана шундагина у ҳушига келди ва ғайришуурий равишда сакраб туриб ҳимояга чоғланди…
Довюрак калхатлардан бири унинг лабига ёпишди, найзадек тумшуғини шахт билан оғзига тиқиб, тишигача етиб борди; бошқалари кўзини, юрагини нишонга олди. Биринчи калхат қурбон ҳали тириклигига қарамай лабини юлиб олишга уринди, аммо ниятига етолмай қолди, Пелеле ҳеч кутилмаганда сирғаниб, ахлатхона чуқурига тушиб кетди ва қоғозлар, латта-путталар орасига кўмилиб қолди, чанг-тўзон кўтарилди.
Ғира-шира. Кўкимтир осмон. Яшил дала. Олис казармаларда трубалар чалинди, бу ўрта аср шаҳар қалъаларида доимий қўрқув, хавф-хатар ичида яшаган аҳолининг қон-қонига сингиб кетган азалий одат… Турмаларда маҳбусларнинг кечқурунги ўлим талвасаси бошланди. Одамлар расмий қабуллардан қайтишмоқда, бировлар хафа, бировлар хурсанд. Ярим қоронғи ишратхоналардан тушган нур ерга ханжардек санчилди.
Телба қузғунларнинг соялари билан олишади. Йиқилганида лат еган оёғи оғрийди, ниҳоятда қаттиқ, жонини олгудек қаттиқ оғрийди. Пелеле тишини-тишига қўйиб, оҳиста инграйди, калтакланган итдек ғиншиб инграйди:
— У-и!.. У-и!.. У-и!..
Атрофда ғовлаб ўсган ёввойи ўтлар ахлатхонага шинам боғча тусини берган, ариқда сув жилдирайди; бу митти оламда унинг боши қақшаб оғриб, бўрон қўзғатади:
У-и… у-и… и-и-и-и…
Ҳарорат темир тирноққа айланиб пешонасига ёпишади. Мияси алағда. Олам қийшиқ ойнада кўрингандек чайқалади. Шакл ғалати алфозда қоришиб кетган. Пелеле чарх уриб гоҳ баландлаб, гоҳ пастлаб қаергадир учиб кетмоқда.
Ло-та-ло-та-лото-ло-та-лотанинг хотини. (У лотереяни ўйлаб топгандир?) конкани судраб бораётган хачирлар Лотанинг хотинига бурилиб қараб тўхтаб қоладилар. Кучерлар сўкинадилар – тошбўрон қиладилар, қамчи билан савалайдилар – жойидан қимирламайди, ёрдам берворинглар деб йўловчилардан илтимос қиладилар. Улар ёрдамлашадилар – хачирларни савалайдилар, хачирлар қўзғалади…
— И-и-и-и-и!
— Уи-и-и-и-и!
Пичоқлар, қайчиларни қайрайман, тишларни қайрайман, кулишни хоҳлайман! Ойи!
Маст қичқирди: “Ойи!”
Илма-тешик булутлар орасидан ой нур сочади. Оппоқ ой хўл барглар устида чиннидай ярақлайди.
О-л-иб ке-тиш-япти!
Авлиёлар уларни кўмиш учун олиб кетишяпти!
Қандай яхши, оҳ, кўмишади, кўмишгани қандай яхши, оҳ!
Қабристонда ўйин-кулги шаҳардан кўра хуррамлик, шаҳардан кўра озодалик. Оҳ, қандай яхши, оҳ кўмишяпти!
Та-ра-ра! Та-ра-ра!
Тит-и-и!
Тарарара! Тарарари!
Бим-бим-бим-бум-бум-бимбимбим!
Ох-ихо-хо-хо-ха-ха-ха-хи-хии-турки-и-уи-у паперти-и-и!
Ти-и-и!
Бим-бим-бим-бум-бум-бимбимбим!
У тушида ва ўнгида вулқондан вулқонга, юлдуздан-юлдузга, осмондан-осмонга сакрайди, чор-атрофи иржайган жағларга тўлиб кетган, катта ва кичкина тишли ва тишсиз, лабли ва лабсиз, тиритиқ, паҳмоқ, икки, уч тилли жағлар, ҳаммаси “ойи” деб қичқиришади.
Пуф-уф! Шаҳар ташқарисига қатнайдиган поезддан кечикмаслик керак, тезроқ шаҳардан чиқиб кетиш керак, тоғда вулқонлар бор, телеграф устунлари, қушхоналар, артиллерия истеҳкомларидан, пирог тушираётган аскарлардан нари кетиш керак.
Афсуски, поезд эндигина жўнаб кетибди, биров арқон билан тортгандек шартта орқасига бурилди, бекатда тарақ-туруқ – сочлари мажнунтол новдасидек тўзғиган манқа сотувчи аёлга дуч келди. “отажон, манави тентаквойга нон берамизми? – қичқирди у. – Тентаквойга сув беринг! Тентаквойга сув беринг!”
Сотувчи аёл қовоқ идишини силкитиб орқасидан қувлаб кетди: “Тентакчага сув беринг!” Ундан қочиб Арк остонасига бориб қолди, у ерда эса… Ойи! Қичқириқ… сакраш… одам… тун… олишув… ўлим… қон… қочиш… телба… “тентаквойга сув беринг! Тентаквойга сув беринг!”
Оёғидаги қаттиқ оғриқдан уйғониб кетди. Оғриқ суякларини қақшатди. Оҳиста тебраниб турган чирмовуқлар салқинда дам олишга чорлайди, кўпикланиб оқаётган ирмоқ шивирлайди, қирқбўғимлар орасида кумушранг олмахон яшириниб олганга ўхшайди.
Ҳеч нарса, ҳеч ким йўқ.
Қоронғи тун яна кўз олдини тўсиб қўйди. Яна оғриқ билан курашмоқ, лат еган оёғига малҳам топмоқ, шалвираб қолган лабини кафти билан беркитмоқ керак. Аммо қайноқ мижжалари юмилган заҳотиёқ кўзига қон қуюлди. Чақмоқлар оралаб учиб юрган чирилдоқлар капалакларга айланди.
У алахсираб ёнбошига ағдарилди, карнайгул жаранглади. Жон бераётганга қор келтиринг. Муз, муз сотаман! Малҳам беринг! Жон бераётганга қор, қор энг яхши малҳам!.. Ўлаётганга қор беринг! Ти-лин, ти-лин! Малҳам сургани келишмоқда! Шляпангни йўқот, тентаквой! Қор, ўлаётганга қор келтиринг!

IV
ФАРИШТА

Пелеле ифлос қоғозлар, чарм қийқимлар, латта-путталар, бузуқ зонтиклар, йиртиқ шляпалар, чинни буюмлар, занглаган кастрюлкалар, сочилган суратлар, ийиғи чиққан муқовалар, шиша бўлаклари, тешик бошмоқлар, эски кўйлаклар, тухум пўчоқлари, увида пахталар, сарқит овқатлар орасида алаҳсираб ётар эди. Ҳозир ўзини катта саройда кўрмоқда, ён-атрофида ниқоблар ўтиришибди; уларга синчиклаб тикилди ва бу башаралар хўрозлар жангини томоша қилишаётганини кўрди. Очиғини айтганда бу оддий жанг эмас, росмана гулхан – қоғозлар ёнмоқда. Жангчилардан бири томошабинларнинг жонсиз нигоҳлари остида товуш чиқармай ўлди, қон доғлари қотиб қолган қийшиқ оёқларни кўриш жуда мароқли. Ароқ ҳиди. Тамакининг қора тупуги. Калла-поча. Даҳшатли хордиқ. Ўтмаслашасан. Телбалашасан. Қуёш қовуради. Шиппак кийган кимдир уни уйғотиб юбормаслик учун авайлаб тушига киради.
Бу – онаси. У ароқхўр билан яшайди. Эри хўроз уруштириб тирикчилик қилади. Гитарани яхши чалади. Тирноқлари худди чақмоқтош. Онасини кўп қийнайди, рашк қилади. У билан яшаш оғир, аммо чидайди, ўғли ногирон бўлиб туғилди. Ғийбатчи хотинлар (бошқа ким ҳам билсин) бу ойга боғлиқ дейишади. Қийналиб кўзи ёриди, кўз олдида чақалоқнинг ойга ўхшаган икки ғуррали боши айланиб турибди, ҳолдан тойган аёл, ароқхўр бақиради, тупуради, ҳиқиллайди, йиғлайди, кекиради.
Пелеле онасининг ишқорланган юбкаси шилдирашини, орқасидан йиғлаб чопаётган шамол ва барглар шивирини эшитади.
Онасининг сийнаси юмшагандай бўлди. Унга ҳаёт берган вужуд худди босма қоғоз сингари баданидан жароҳатларни сўриб ола бошлади. Қандай роҳат, жимжитлик, ҳеч ким безовта қилмайди! Ҳеч ким ғашига тегмайди. Оқ гул! Оппоқ гул! Уни силайди. Эркалайди…
Олисдаги жарликда ароқхўр қўшиқ айтади:
Наҳотки йўқ бўлса…
Наҳотки йўқ…
Наҳотки йўқ конфет, конфетжон.
Урушқоқ хўрозман мен, болажон,
Терисини шилиб оламан, болажон!
У бошини кўтарди, товуш чиқармасдан:
— Кечир, онажон, кечир! – деди.
Соя юзларини силади, нолишларини тинглаб майин жавоб қайтарди:
— Кечираман, болам, кечираман!
Ичкилик йўлдан урган ароқхўр отаси олис-олисларда куйлар эди:
Мен яшайман…
Яшайман бугун…
Бабоқ товуқ билан яшайман;
Агар юкка яхши бўлса,
Ҳузур топар юрагим, жисмим!
Пелеле эркаланади:
¬ Ойижон, дилим оғрийди!
Соя юзини оҳиста силаб, нолаларига ҳамдард бўлди:
— Болажоним, дилим оғрийди!
Овозида бахтиёрлик нашидаси сезилмайди.
Шундоқ ёнгинасига қарағайнинг ёқимли, жилғадек майин сряси тушади – тупроқни ўпади. Қарағай шохида қушча сайрайди, қушча эмас – олтин қўнғироқ.
— Мен ҳаёт гулиман, жаннат қушларининг олмасиман, ярмим – ёлғон, ярмим – чин. Мен атиргулман, мен – олмаман, ҳаммага кўзимни бераман, бир кўзим – чинакам, бир кўзим – шиша. Шиша кўз билан қаранглар, ифлос нарсаларни кўрадилар, чинакам кўз билан қараганлар – беғубор нарсаларни кўрадилар. Чунки улар ҳақиқий кўз билан қарайдилар. Мен ҳаёт гулиман, жаннат қушларининг олмасиман, барча ҳақиқатларнинг уйдирмасиман, барча эртакларнинг мағзи – моҳиятиман.
Шунда у онасини қўйиб, дордаги раққосалар ўйинини кўргани югуради. Ялтироқ кўйлакли аёллари ерга тегадиган учқур арғумоқларда елдек учадилар, ёл эмас – йиғлоқи мажнунтол. Гуллар ва хитой фонарлари билан безатилган аравачалар тош йўлда мастлардек чайқалиб боради. Масхарабозлар мунчалар ифлос! Турли-туман барабанчилар, трубачилар, созандалар. Қизиқчилар гулдор дастурномаларни тарқатадилар. Республика Президенти, Ватан Қаҳрамони, Улуғ Либерал Партия Доҳийси, Ёшлар хомийси шарафига юксак Тантана.
… У довдираб баланд устунларга тикилади. Дор раққосалари уни қандайдир бино ичидаги оч-яшил бўшлиққа ташлаб юборадилар. Пардалар қоқилган ўриндиқлар осма кўприк сингари чайқалади. Тавба қабул қилувчилар лифтга ўхшаб юқори-пастга тушиб-чиқиб, руҳларни ташийдилар. Юқорида олтин шар устида фаришта, қуйида етти шохли шайтон. Жавондан Биби Марям чиқиб келади, у деразадан тушган нур каби зални айланади ва нима учун келганини маълум қилади. Пелеле у билан – мана шу уйнинг бекаси, фаришталарнинг асали, худо суйган авлиёларнинг ақл-заковати, камбағал одамларнинг мурувватпаноҳи билан мамнун суҳбат қуради.
Юксак мартабали бу хонимнинг бўйи бир метр ҳам келмайди, аммо у бекорчига митти бўлмаганини ҳамма яхши билади. Пелеле қўли билан имо-ишоралар қилиб, мум шилишини ёқтиришини билдирди, у майин жилмайиб, меҳробдаги шамлардан бирини олишга рухсат берди. Кейин у кумуш плашини тартибга келтириб – бўйи уникидан паст эди – Пелелени қўлтиғидан олди ва ирмоқ ёқасига етаклади. У ерда ранг-баранг балиқлар сузарди. Сўриб ўтир деб камалакни ушатиб қўйди. Қандай роҳат! Тилидан товонигача лаззат оғушида қолди. Умрида бунақаси бўлмаган: мум шимаяпти, хушбўй камалакни сўраяпти, балиқчаларга қарайди, онаси эса лат еган оёғини силаб, мулойим гапиради: “Вақир-вуқир қурбақа, бечора кампирни қўлла, болагинамни тузатиб, олис-олисга йўлла”. Бахтиёр дамлар келди – ахлатхонада ухлаб қолди.
Бахтнинг умри қисқа. Сутранг сўқмоқдан ит етаклаган ўтинчи тушиб келади: елкасида бир қучоқ ўтин, ўтинни курткасига ўраб олган, қўлида ёш боланинг қўғирчоғига ўхшаган узунчоқ пичоқ. Ўра чуқур бўлмаса-да, ғира-ширада жуда катта кўринади; ўра тубини соя босган. Ўтинчи атрофга аланглади. Изидан келишяпти! Кимдир борга ўхшайди. Ит жунини хурпайтириб, худди шайтонга дуч келгандек ғингшиди. Шамол ғижимлаган қизғиш қоғозларни айлантириб ўйнайди. Осмон жуда узоқ, кўм-кўк, гулчамбарлар билан безатилган баланд қўрғонни эслатади; қузғунлар эриниб учиб юради. Ит Пелеле ётган чуқур ёнига чопиб келди. Ўтинчи қўрқувдан қотиб қолди. Ит орқасидан аранг юриб борди – ўликдек чўзилиб ётган ким ўзи? Оёғи билан оҳиста туртди – шунча шиша синиқлари кириб кетмаганини қаранг. Бу бадбўй, сассиқ ўрага қоронғида тушиб кетганмикан?..
Елкасидаги шох-шаббаларни ерга қўймай (қўрқувнинг кучини кўринг!) оёғи билан туртар экан, одам тирик эканини сезди. Юқорида, қарағайзорлар орасида қадам товушлари эшитилди. Ўтинчи ўзини йўқотиб қўяёзди. Э, парвардигор, полициячилар бўлмасин!.. Ҳа… Фақат шу етмай турганди…
¬ — Жим бўл! – қичқирди у. Ит тинчимади, биқинига бир тепди. – мана сенга!.. Қоч!
Қочиш керак!.. Йўқ, тутиб олишади – нега қочдинг деган қийин-қистоқ бошланади. Нима деганда ҳам полициячи-да… У ярадорга юзланди.
— Ўрнингдан тур, ёрдам бераман!.. Вой сен-ей, ўлдиришмаганига шукур қилавер. Мендан қўрқма, додлама, сенга ёмонлик қилмайман… Ўтиб кетаётиб кўриб қолдим, аҳволинг бу…
— Кўриб турибман, сен уни кўтараяпсан, — ногоҳ орқадан овоз эшитилди: ¬ Мен ҳам кўриб қайтиб келдим. Бу таниш одам эмасмикин? Уни бу ёққа чиқар…
Ўтинчи орқасига ўгирилди ва қўрққанидан чайқалиб кетди, нафаси бўғзига тиқилди, ярадорни қўлидан тушириб юбораёзди. У билан фаришта гаплашмоқда эди – бадани мармардек оқ, сочлари тилларанг, оғзи кичкина, юзлари аёлларникидек, нафис, кўзлари эса эркакларникидек қоп-қора. Кулранг кийимлар кийганди. Булутга ўхшайди, қарамасанг кўрмайсан. Жажжи қўллари ингичка, бир қўлида ҳасса, бир қўлидаги шляпаси худди каптарнинг ўзи.
— Фаришта!.. Ўтинчи бақрайиб қолди. – Фаришта… – такрорлади у, — фаришта.
— Кийимларингизга қараганда камбағал одамсиз, — деди фаришта. – Камбағалларга осон эмас!
— Нима десам экан?.. Мисолга олсак, мана мен тўғриси, бой одам эмасман, аммо ишим бор, хотиним ҳам, кулбам ҳам бор, худога шукур, яшаб турибман, — худди уни тахтга ўтказиб қўядигандек тилёғламалик қила бошлади ўтинчи. У олтинга ботиб юради, қизил ридо кияди, олтиндан тишлар қўяди, ҳассаси олмосдан бўлади. чиқиндихона хаёлдан чиқиб кетди.
— Азоб тортяпти, — Пелеленинг алаҳлашлари эшитилмасин деб баланд овозда гапирди фаришта.
— Бу нимаси азоб. Биз камбағал бўлсак ҳам жуда итоаткор халқмиз. Қисматимиз шундай! Ўқимишли одамларнинг йўриғи бошқа. Кампирим ҳеч бўлмаганда якшанба кунлари қанотим бўлса эди деб орзу қилиб қилади.
Тик сўқмоқдан юқорига кўтарилиб чиққунча ярадор икки-уч марта ҳушидан кетди. Дарахтлар хитой раққосаларининг қўллари каби гоҳ юқорига кўтарилар, гоҳ пастга тушар эди. Уни судраб бораётган одамлар ўзаро гаплашишар, сўзлар полда судралаётган маст одамлар каби бир-бирига қоқилиб, айланиб юрар эди. Қандайдир катта қора нарса юзини тирнайди. Куйиб кул бўлган тушларини совуқ шамол сидириб кетди.
— Хотининг якшанба кунлари қаноти бўлишини хоҳлайдими?.. – сўради фаришта. Агар қанот берсак, уни нима қилишини билмай қоларди.
— Буниси тўғри. Дарҳақиқат, у сайрга чиқардим дейди. Ёки бўлмасам, мен билан ғижиллашиб қолганида сендан қочиб, учиб кетардим дейди.
Ўтинчи тўхтаб, курткасининг этаги билан терларини артди.
— Ух, оғир экан!
Фаришта таъкидлади:
— Сайр қилишга оёқни ўзи кифоя қилади. Кетиш учун… қаноти бўлгандаям ҳеч қаёққа учмаган бўларди.
— Рост айтасан, қаерга кетарди. У қисматидан рози деб ўйлайман. Фақат аёл шунақа қушки, қафас бўлмаса, уни тутиб туромайсан. Бошида таёқ синиб туриши керак, ҳа… – Шу чоқ фаришта билан гаплашаётгани эсига тушди ва шоша-пиша хатосини тўғрилашга уринди. – Фақат худонинг хоҳлагани бўлади… шуниси аниқ…
Номаълум киши жавоб бермади.
— Ким буни шу аҳволга солди экан? – деди ўтинчи ғамгин оҳангда, гапни бошқа ёққа буриб.
— Ёмонлар тўлиб ётибди…
— Тўғри айтасан, бунақа ишларга устаси фаранглар ҳар доим топилади… Ҳа… Шунчалик шафқатсизлик қилишганки…
Юзига пичоқ санчиб, ахлатхонага ташлаб кетишипти…
— Шубҳасиз, бошқа яралари ҳам бор.
— …Ўйлайманки, устарадек ўткир пичоқ билан лабини кесишган. Кейин чуқурга ташлашган, сувга ботиб ўлсин деб…
— Ҳа, осмон билан ер ўртасида…
— Шуни айтаман-да…
Жарлик тугади, қузғунлар дарахтларга тизилишган. Қўрқув оғриқдан кучли эди, Пелеледан садо чиқмас, танаси шалпайиб қолганди.
Шаҳардан текисликка қараб ёқимли, майин. Сарин шамол эсади.
Фаришта соатига қаради, ярадорнинг чўнтагига бир неча танга солиб қўйди-да, ўтинчи билан мулойим хайрлашиб, тез жўнаб кетди.
Ҳаво ёришди. Қоронғи театр залида гугурт чақилгандек атрофда электр чироқлари ёнди.
Ғира-ширада илондек буралиб бораётган сўқмоқ сомон ҳиди уфуриб турган гувала деворли омборлар, қишлоқ уйлари, бадбўй отхоналар ва пичан сотиладиган, қоронғи бурчакларида майхўрлик қилинадиган трактирларга бориб тақалди.
Ўтинчи дуч келган биринчи уйга ярадорни олиб кирди ва касалхонага қандай боришни тугунтирди. Пелеле лоақал ким ёрдам берганини кўриш учун киприкларини кўтарди, мадорсиз нигоҳи бўмбўш кўчадаги ёпиқ эшикларга тикандек қадалди. Узоқдан бурғу чалинди; қаердандир қўнғироқнинг итоатга чорловчи ғамгин садоси таралар эди: жим-жим! Жим-жим!..
Қаноти синган қузғун қоронғиликда судралади. Пелелени қўрқув босди. Ярадор қушнинг аччиқ ноласи унга ёмон аломат бўлиб туюлди. У зўр-базўр ўрнидан туриб, деворни, қўзғалмайдиган, лиқиллаб турган деворни ушлаб, инқиллаб-синқиллаб судралиб қадам ташлашга уринди. Тун совуғи билан тўйинга муздек шамол юзига урилди. Инграш ҳам азоб бермоқда эди.
Ўтинчи ҳовлисига кириб, ҳар галгидек ўтинни ерга ташлади. Анча олдин етиб келган ити эркаланиб унга суйкалди. Уни итариб юборди ваа шляпасини ҳам ечмай, курткасини елкасига ташлаган кўйи худди кўршапалакка ўхшаб овоз чиқармай ичкарига кирди, ўчоқ олдида ивирсилаб қатирма пишираётган хотинининг олдига келиб, бугунги саргузаштини сўзлаб берди:
— Ахлатхонада фариштани кўрдим…
Аланга сомон деворда, қамиш шифтда фариштанинг қаноти янглиғ титраб кўринар эди.
Мўридан буралиб-бисқиб оппоқ тутун кўтариларди.

V
“МАНА БУ ҲАЙВОН”

Президент котиби доктор Барреньони тингламоқда эди.
— Жаноб котиб, ҳарбий жарроҳ сифатида мен шуни айтишим лозимки, мана ўн йилдан бери ҳар куни казармаларни бориб кўраман. Сизга айтишим лозхимки, мен чидаб бўлмайдиган ҳақоратларга дучор бўлдим… Ҳа, маълум сабабларга кўра қамалиб чиқдим ҳам. Сизга айтишим лозимки, ҳарбий шифохонада номаълум касаллик пайдо бўлди, ҳар куни эрталаб ўн киши, кундузи ўн киши, кечқурун ўн киши ва ўн киши тунда ўлмоқда. Сизга айтишим лозимки, Санитария хизмати бошлиғи ва бошқа ҳамкасблар ҳарбий шифохонага келганда соғлиғи мутлоқо қониқарли аҳволда бўлган аскарларнинг ўлим сабабларини аниқлаш ва зарур чоралар кўриш ҳақида мурожаат қилиш ваколатини менга топширдилар. Сизга айтишим лозимки, бешта мурдани ёриб кўргандан кейин ўлим ошқозон тешилиши натижасига содир бўлган деган хулосага келдим. Сизга айтишим сабаби шифохонада сурги дори сифатида ишлатилаётган сульфат содага боғлиқ. у маъданли сувлар тайёрланадиган фабрикадан олинган бўлиб, ниҳоятда зарарли, уни ишлатиш мумкин эмас. Сизга айтишим лозимки, ҳамкасбларим хулосаларимни рад этдилар ва ўлим сабаби ҳали етарлича ўрганилмаган касалликка боғлиқ деган фикрни илгари сурдилар. Шу туфайли улар қамалмай қолишди. Сизга айтишим лозимки, бир юз қирқ аскар нобуд бўлган, яна ики бочка сульфат бор. сизга айтишим лозимки, Санитария хизмати бошлиғи ўз шахсий бойлигини кўпайтириш мақсадида бир юз қирқ йигитни ўлимга маҳкум этди, яна неча киши ўлади – буёғи ёлғиз худога маълум. Сизга айтишим керакки…
— Доктор Луис Барренбо! – Президент ёрдамчиларидан бири қабулхона эшигидан қичқирди.
— …Жаноб котиб, у нима деганини сизга айтишим керак.
Котиб доктор билан бирга бир неча қадам ташлади. Нафис нутқлар сўзлаб ўрганган бу одам докторнинг бир оҳангда қуруқ гапларидан ҳайратга тушди, бу гаплар оқ сочли, озғин, юзлари қовурилган бифштексга ўхшаб кетадиган олимларга ярашади.
Республика Президенти тик туриб, бошини баланд кўтарди ва кўришишга ўрин қолдирмаслик учун бир қўлини камзули ичига тиқган, иккинчисини пастга туширган ҳолда докторни қабул қилди.
— Эшитиб қўйинг, дон Луис, мен ҳар қандай докторчалар ҳокимият обрўсига путур етказишига йўл қўймайман. Йўл қўй-май-ман! Билиб қўйишсин! Ҳаммасини боши кетади! Йўқол бу ердан! Йўқол!.. Анови ҳайвонни чақиринг!
Мурдадек оқариб кетган доктор Барреньо қўлидаги шляпасини ғижимлаб эшикка қараб тисарилди.
— Мен тамом бўлдим, жаноб котиб, тамом бўлдим!.. “Йўқол бу ердан, анави ҳайвонни чақиринглар…” деб бақирди.
— Мени шундай чақиради.
Бурчакда ўтирган кичик амалдор ўрнидан туриб, Президент қабулхонасига йўрғалади.
— Мени уради деб ўйладим! Уни кўрганингизда эди! – терларини артиб ўғлдиради доктор. – Сиз кўрганингизда эди! Аммо вақтингизни олаяпман. Жаноб котиб, ишларингиз кўп. Мен кетаман, кетаман! Сиздан жуда миннатдорман…
— Майли, майли, арзимайди! Омон бўлинг, табиб!
Котиб бир неча сониядан кейин Президент қўл қўядиган қоғозларни тартибга сола бошлади.
Юлдузлар сийрак осмонда енгил булутлар қизғиш тусга кирган шуълаларни шаҳар томонга судраб боради. Ялтираб турган қўнғироқхоналардан таралаётган кечки ибодатга чорлайди. Барреньо уйига келди. Бу уйнинг умри оз қолди!.. У эшикни ёпар экан, бирон қўл томоғимдан бўғмасмикан деб атрофга аланглади ва ўз хонасига кириб, шкаф орқасига яширинди.
Нафталин сепилган камзуллар дорга осилган одамлардек тебраниб турибди; доктор бундан кўп йиллар олдин тунда, кимсасиз йўлда отасини ўлдириб кетишганини эслади; расмий терговдан натижа чиқмади; тақдирга тан беришга тўғри келди. Аммо ишнинг охири масхарабозлик билан якунланди – имзосиз бир хат келди. Унда тахминан шундай ёзилганди: “Мен куёвим билан Вуэльта Грандедан Ла-Каноага кетаётган эдим. Тунги соат 11да олисдан ўқ овози эшитилди, кейин яна бир неча ўқ узилди, биз бештасини санадик. Нарироқдаги тўқайга яшириндик. Тез орада Вуэльта Грандега қараб от чоптириб кетаётган чавандозлар гуруҳини кўрдик. Атроф тинчигач, йўлда давом этдик. Озгина юрганимиздан кейин отлар орқага тисарилиб, пишқира бошлади. Биз пистолетларимизни қўлга олиб тезлаб юрдик ва йўлда чўзилиб ётган мурдага дуч келдик, сал нарида ярадор хачир жон ҳолатда типирчиларди(уни куёвим отиб тинчитди). Вақт бекор кетмасин, тезроқ хабар берайлик деб Вуэльта Грандега қайтдик. Комендатурада чавандоз лақабли полковник Хос Парралес Сокриента оғайнилари билан катта қадаҳ қўйилган столда ўтирган экан. Уни бир чеккага чақириб кўрганларимизни айтиб бердик, аввал ўқ овозлари ҳақида, кейин… Полковник гапларимизни тинглаб бўлгач, елкаларини қисди ва шам ёруғида қамашган кўзларини олайтириб, дона-дона қилиб: “Уйларингизга боринглар ва ҳеч кимга валдираб юрманглар. Нима демоқчиман – ўзимга маълум!..” – деди.
— Луис, Луис!
Камзуллардан бири ўқ еган қушдек илгакдан тушиб кетди.
— Луис!
Барреньо дарҳол китоб жавони ёнига ўтди ва дуч келган китобни олиб, шоша-пиша варақлашга тушди. Хотини уни шкаф орқасида кўрганда борми!
— Ўзингга раҳминг келмайди! Ўзингни ўлдирасан-ку, ҳа, аниқ ўлдирасан! Ёки ақлдан озасан. Қачон ақлинг киради ўзи: бу илмларингдан ҳеч қандай фойда йўқ! Ҳаётда яхши муомала керак. Ҳа! сен ўқийсан, ўқийсан, ўқиб қаерга бординг? Нимага эришдинг? Ҳеч нар-са-га! Иккита пайпоқ, улар ҳам… Энди-чи… Фақат шу етишмай турувди, фақат шу!..
Чироқ нури ва хотинининг овози уни ўзига келтирди.
— Китоблар! Китоблар! Буларинг нимага керак ўзи, биласанми?! Дафн пайтида катта олим эди дейишлари учунми? Оддий врачлар бор – майли улар ўқишсин! Сени унвонларинг бор! Кимга унвон беришади? Ҳаммага маълум – билимдон одамга. Афтингни буриштирма! Ҳар бир китобинг ўрнига биттадан яхши мижозинг бўлганда ҳаммамиз хотиржам яшар эдик. Бошқаларни қабулхонаси бор, телефони кечаю-кундуз жиринглаб туради, маслаҳат сўрашлар! Лоақал қанийди биронта қўшимча ишинг бўлса!..
— Сенингча бу…
— Биронта фойдали иш!.. Бунинг учун китоблардан ажралиш керак деб ўйлаб ўтирма! Бошқа врачларда сени ярим билиминг ҳам йўқ. Улар аллақачон ном қозонган бўлишарди, ҳа! Сеньор Президентнинг шахсий шифокори! Шахсий шифокор у ёққа! Шахсий шифокор бу ёққа. Мен ана шуни “қўшимча иш” деб айтаяпман.
— Ху-у-у.. – Барреньо ўйлаб олиш учун чўзиб гапирди — … у-у, буни хаёлинггаям келтирма. Мен бугун Президентни кўрдим… ҳа, Президентнинг ўзини.
— Ё, худо! У нима деди? Сени қандай қабул қилди?
— Ёмон. “Йўқол бу ердан!” деб бақирди ва яна шунга ўхшаш ғалати гапларни айтди. Яхши англай олмадим. Қаттиқ қўрқиб кетдим.
— Бақирдими? Унда зарари йўқ. Бошқаларни урар экан. – У жим қолди, сўнг қўшимча қилди: — Доим қўрқиб яшасан, фалокатга йўлиқасан.
— Эҳ, азизам, бунақа ҳайвондан қўрқмай бўладими?
— Буни айтмаяпман. Президентнинг шахсий шифокори бўлолмайсан, лекин жарроҳлик қилишинг мумкин-ку. Қўрқиб ўтирмайсан, дадил бўлсанг бас. Ҳа! Тиғни ушлаганингда дадил ва қатъий ҳаракат қилсанг етади, менга ишонавер. Агар тикувчи шойини бузиб қўйишдан қўрқса, ҳеч қачон кийим тиколмайди. Шойи қиммат туради. Сен ҳиндуларни даволасанг бўлади. президент ҳақида ўйламай қўяқол. Яхшиси тушлик қилайлик. Албатта, у анави даҳшатли қотилликдан кейин жазавага тушади, бақиради…
— Бас қил! Бас қил, бўлмаса шундай қиламанки!.. Бир тарсаки тушираман. Ўлиб қолмайсан! Ҳеч нарса бўлмайди. Уни йўқ қилганлари яхши бўлди. У разил! Жаллод! У отамни ўлдирди! Кекса одамни ўлдирди! Ёлғиз кетаётганда, тунда, ҳеч ким йўқ жойда!..
— Имзосиз хатга ҳалиям ишонасанми? Худо асрасин. Бу эркак одамга ярашмайди! Унга ким ишонади?
— Агар имзосиз хатга ишонганимда…
— Эркак одамга ярашмайди…
— Гапимни бўлма! Агар имзосиз хатга ишонганимда сен бу уйда қолмас эдинг. – Барреньо изтироб ичида чўнтакларини кавлади. – Менинг уйимда қолмас эдинг. Мана. Ўқи.
Аёл оқариб кетди – юзида фақат кимёвий бўёқларнинг изи қолди, холос. Қоғозни олиб, тез кўз югуртирди:
“Доктор, ҳушёр бўлинг, хотинингизни тинчлантиринг, чавандоз боқий дунёга кетгани ёдингизда турсин. Садоқатли дўстларингиз.”
У қоғозни эрига узатди. Асабий кулги бўлаклари текширишга мўлжалланган номаълум заҳар сингари зарралар Барреньонинг кичик лабораториясидаги пробиркалар ва бўғзи қайирилган шишаларни тўлдирди. Остонада оқсоч кўринди:
— Овқат тайёр!
Президент саройда қоғозларга қўл қўймоқда, ёнида доктор Барреньодан кейин ичкарига кирган – “анави ҳайвон” кичкина қария турарди.
“Бу ҳайвон” ғариб кийинган, бадани сичқончаникидек пушти, сийрак сочлари оқарган кўкимтир кўзлари хира, ранги тухум сариғига ўхшаган катта кўзойнак таққан эди.
Президент охирги қоғозга қўл қўйди. Қария шошилиб сиёҳшимгични босаётганда сиёҳ чапланиб кетди.
— Лаҳнати, ҳайвон!
— Сень-ор Пре…зи…
— Ҳайвон!
Қўнғироқ… яна… учинчи марта… Қадам товуши. Ёрдамчи остонада.
— Генерал, бунга икки юз дарра. Тез! – хириллади Президент ва емакхонага йўл олди. Тушлик қилиш керак.
“Анави ҳайвон” эзилиб йғлади. Аммо шафқат сўрамади, фойдаси йўқ. Сеньор президент полковник Парралес Сонриенте ўлимидан қаттиқ дарғазаб бўлган. Кўз ёшлари аро у нола чекаётган оиласини – хасратдан адо бўлган кекса хотини-ю, ҳолдан тойган олтита боласини кўрди. Чангак бўлаёзган бармоқлари камзул чўнтагини титиб, дастрўмол излади. Юзига босиб йиғлаш керак – овоз чиқариш мумкин эмас. Беҳуда жазоланаётгани ҳаёлига ҳам келмайди, ҳатто тўғри деб билади. Иш пайтида сиёҳни тўкиб юбориш даражасида латта бўлиш, овоз чиқариб йиғлаш мумкин эмас. Мумкин бўлганда, анча енгиллашарди!..
У лабларини тишлади, тишлари аррадек ботди, юзлари тортишиб қолди, башарасига қараб бўлмайди, худди ўликнинг ўзи! Тер босган кўйлаги елкасига ёпишиб қолди. Умрида бунчалик терламаган эди. Овоз чиқариб йиғлаш мумкин эмас. Даҳшат, даҳшат, кўнгли айнимоқда, тишлари та-та-та-киллайди…
Ёрдамчи қўлидан ушлаб судради, қария бир зум ўзини йўқотди, букилиб қолди. Кўзлари бақрайди, қулоғи битди, оғир, нақадар оғир, ёмон. Оҳ, нақадар ёмон…
Бир неча минутдан кейин ошхонада:
— Рухсат беринг, сеньор Президент.
— Киринг. Генерал.
— Сеньор Президент, гапиришга рухсат беринг, “анави ҳайвон” икки юз даррани кўтаролмади.
Оқсочнинг қўлидаги тарелка титраб кетди, Президент ундан қовурилган картошка олаётган эди.
— Нега қалтирайсиз? – кескин сўради хўжайин ва генералга ўгирилди (у қўлида фуражка, тўртбурчакдек қотиб турарди). – Яхши. Кетишингиз мумкин.
Оқсоч тарелкани кўтарган ҳолда “ҳайвон” нега икки юз даррани кўтаролмаганини сўраш учун орқасидан югурди.
— Нимага бўларди? Ўлди.
Оқсоч қўлидаги тарелкани қўймай, ошхонага қайтиб кирди.
— Сеньор Президент, — у йиғидан ўзини зўрға тийиб, хотиржам овқатланаётган хўжайинга мурожаат қилди:
— У ўлиб қолди дейишяпти…
— Нима бўпти. Кейинги овқатни беринг!

VI
ГЕНЕРАЛНИНГ БОШИ

Тушлик таом бўлай деганда Президентнинг ишончли одами Кара де Анхель келди.
— Минг бор узр, Сеньор Президент! – деди у ошхона ичига қараб (у чиройли ва шайтондек маккор эди). – Минг бор узр, Сеньор Президент, мен бир оз кеч-и-и-киб қолдим… бир ўтинчига ёрдам беришга тўғри келди, ярадор кишини чуқурдан олиб чиқдик. Зоти номаълум бир одам. Нимадир бўлиб…
Президент одатдагидек оғир мотам кийимида – қора бошмоқ, қора костюм, қора галстук, қора шляпа – уни ҳеч қачон бошидан олмас эди, — оппоқ осилган мўйлови тишсиз милкларини яшириб туради, қизил юзларини тук босган, киприклари тўкилиб кетган эди.
— Керакли жойга элтиб қўйдингизми? – у ажиндор пешонасини силаб туриб сўради.
— Сеньор Прези…
— Нималар деяпсиз? Республика президентининг шахсий дўсти номаълум одамлар жароҳат етказган бахтсиз ярадорни кўчада ташлаб кетмайди!
Ошхона эшигида енгил ҳаракатлар сезилди.
— Киринг, генерал.
— Сеньор Президентнинг рухсати билан…
— Ҳаммаси тайёрми?
— Худди шундай, сеньор Президент.
— Сиз ҳам бирга боринг, генерал. Марҳаматли бевага таъзиямни етказинг ва қадрдон дўстимизни дафн этиш маросимига сарфлаш учун ажратилган уч юз песони Республика Президенти номидан топширинг.
Ўнг қўлида фуражка ушлаган тўртбурчак генерал қимир этмай, деярли нафас олмай эшитди ва таъзим қилди, сўнг товонларини тарақлатиб чиқиб кетди. Бир неча дақиқадан сўнг у “анави ҳайвон”нинг тобути ортилган автомобилда йўлга чиқди.
Кара де Анхель тушунтиришга маҳтал эди:
— Мен уни касалхонага элтиб қўйишим лозим эди, лекин “Сеньор Президентнинг номи айтилса уни зудлик билан қабул қилишади” деб ўйладим. Бундан ташқари мен сизнинг буйруғингизга мувофиқ ярамас қўрқоқлар қўлида ҳалок бўлган марҳум қадрдонимиз Парралес Сонриенто хотирасига таъзия билдириш учун шошилаётган эдим.
— Мен буйруқ бераман.
— Ҳамма бу мамлакатни фақат шу одам бошқариши керак деб ишонч билдираётган кишидан фақат шуни кутган эдим…
Президент илон чаққандек сакраб турди:
— Ким гапиряпти?
— Биринчи бўлиб ўзим. Мен, сеньор Президент, барча фуқаролар сингари самимий ишонч билдираманки, сиздек одам кам деганда Франция ёки озод Швейцария ёки меҳнатсевар Бельгия ёки гўзал Данияни бошқармоғи лозим. Йўқ, фақат Францияни… Франция! Сиз шундай одамсизки, Гумбетти ва Виктор Гюго мансуб бўлган халқ ўз тақдирини сизга ишонч билан топшириши керак!
Перзидентнинг мўйлаби остида билинар-билинмас табассум жилва қилди. У кўзойнагини оқ шоҳи дастрўмол билан артди, хаёлга толиб турди ва маҳрамдан кўзини узмасдан гапни бошқа томонга бурди:
— Мен, ниҳоятда муҳим топшириқ учун сени чақирдим, Мигель. Ҳукумат қари мунофиқ, генерал Эусебо Каналесни қамоққа олишга қарор қилди. Сен уни биласан. Уни кечаси соат бирда ўз уйида қамоққа олишлари керак. Албатта, у Парралес Сонриентени ўлдиришда қатнашган, аммо баъзи сабабларга кўра, ҳозир уни қамоққа олиш мумкин эмас. Мен у қочиб кетишини хоҳлайман. Зудлик билан уни излаб топиб, ҳамма гапни тушунтир ва ўз номингдан бугун кечаси қочиб кетишга кўндир. Унга ёрдам бер. У эски жанжалкаш, аммо ўз қадрини билади. Ўйлайманки, ўлишни хоҳламайди, агар қамоққа олишса, эрталаб қатл этишга мажбурман. Сен билан мендан бошқа ҳеч ким, жумладан у, орамиздаги суҳбатдан хабардор эмас… Эҳтиёт бўл, полициянинг қўлига туша кўрма. Сени тутиб олишмасин. Майли, у – қари тулки қочиб кетақолсин. Кетишинг мумкин.
Маҳрам қора шарф билан юзини беркитиб (у чиройли ва шайтондек маккор эди) ташқарига чиқди. Ошхона олдида турган зобитлар унга честь бердилар. Башорат! Балки ҳаммаси генералнинг қисмати ҳақида огоҳлантириб қўйилгандир?
Арзга келган олтмишдан ортиқ аламзадалар қабулхонада сеньор Президент қачон бўшашини кутиб ўтиришибди. Сарой атрофидаги кўчалар гулларга бурканган. Аскарлар бош қўмондон раҳбарлигида яқиндаги казармаларнинг олд томонини қоғоз гуллар, байроқчалар, оқ ва кўк занжирлар билан безамоқдалар.
Кара де Анхель байрам тадорклариига эътибор бермади. Қочиш режасини тузиш, генералга учрашиш ва ёрдам бериш лозим. Сеньор президентни рақибларидан ажратиб турувчи боғдаги кўппаклар ҳуриши эшитилгунча бу нарсалар жуда осон битадигандек туюлган эди. Бу мўъжизалар кони. Ҳар бир дарахтнинг қулоғи бор. Бу динг қулоқлар бир мил нарида тиқ этган товушни очкўзлик билан ютади. Кўппаклар тиним билмайди. Телеграф симларидан ҳам ингичка кўзга кўринмас иплар ҳар бир барг шивирини сеньор Президентга етказиб беради. У ўзига тобе фуқароларнинг юрак зарбларини тинимсиз эшитиб туради.
Полицияни алдаб қочишни ташкил этиш учун шайтон билан тил топишса бўлмасмикин?.. Аммо шайтон эзгу ишларга аралашмайди. Айниқса генералнинг боши ва яна баъзи ишларга. У худди генералнинг боши ва яна баъзи нарсаларни кўтариб бораётгандек завқланиб кетди.
Мерсед маҳалласига ҳам етиб келди. Генерал Каналес бир бурчакда – юз йил аввал қурилган уйда яшайди. Кўчага қараган саккизта болохонаси бор, тор кўчага туташган кенг йўлкадан кирилади; эски танга каби бу уй ҳам алоҳида фазилатларга эга. Кўчада кузатиб туриш керак, ҳовлида товуш эшитилганда эшикни тақиллатса бўлади.
Аммо тротуарларда жандармлар изғиб юришибди. Мулозим қадамини тезлатиб, ойнага зеҳн солди. Ҳеч ким кўринмайди. Тўхташ мумкин эмас, шубҳа уйғотади. У қаршисидаги хароб қовоқхонага тикилди, у ерга кириб, ўтирса бўлади; бирон нарса – масалан пиво сўраш ҳам мумкин. Бека келтирган пивони хўплаб, хонани кўздан кечирди. Деворга тақалган ўриндиқда ўтирган нотаниш одам кирган заҳотиёқ уни кўрди, аммо эътиборсиз қаради. Соябони кенг, сербар шляпасини кўзигача бостириб олган, юпқа мато билан бўйнини ўраган, ёқаси кўтарилган, почалари кенг, оёғида пошнаси резинали сариқ ботинка, қатор тугмалари қадалмаган. Ҳақиқий ишратпараст! Маҳрам бепарво кўз югуртирди ва электр ёғдусида ялтираб турган қатор шишаларни, испан винолари рекламасини, бочка ёнида – қориндор монахлар ва яланғоч аёллар қуршовидаги Бохус ҳамда Сеньор Президентнинг навқирон пайти тасвирланган портретини кўрди. Погонида рельсга ўхшаган иккита узун чизиқ, фаришта боши узра гулчамбар кўтариб турибди. Ажойиб портрет! Маҳрам гоҳ-гоҳ генерал уйига қараб қўяди. Бека мана бу йигит билан бирон нарсани пайқаб қолса худо урди деяверинг. У пештахтага суялиб оёқларини чалкаштирган ҳолда ўзини ғирт бекорчи қилиб кўрсатишга уринди. Яна пиво сўрасамикин? У бекани чақирди ва вақтни чўзиш мақсадида юз песолик пул узатди. Қайтими бўлмаса тағин яхши. Бека аччиқ қилиб қутини очди, ичини кавлаштириб кўриб, қопқоқни тарақлатиб ёпиб қўйди. Майда пул йўқ. Доим шундай! У пешбанди билан яланғоч қўлларини бекитиб, кўчага югурди. Бояги йигитча мижозни имлаб кўрсатишни унутмади: яна бирон нарсани шилиб кетмасин. Хавфсирашга ҳожат қолмади: айни шу дақиқаларда генералнинг уйидан бир қиз (худо қўллайман деса тараф йўқ) чиқиб қолди; маҳрам фурсатни қўлдан чиқармади.
— Сеньорита, — деди у қизга етиб олиб, — мана шу уй хўжайинига айтиб қўйинг: унга ўта муҳим маълумотни етказишим керак…
— Отамгами?
— Сиз генерал Каналеснинг қизимисиз?
— Ҳа…
— Унда… Йўқ, тўхтаманг, кетаверинг, кетаверинг. Мана менинг карточкам… марҳамат қилиб унга айтинг, мен уни уйимда кутиб ўтираман. Иложи борича тезроқ келсин. Ҳозир мен уйимга бориб, кутиб ўтираман. Унинг ҳаёти хавф остида. Ҳа, ҳа, тез меникига келсин.
Шамол шляпасини учириб кетди, орқасидан югурди. Тутолмади. Ниҳоят, бир амаллаб ушлади. Ҳовлида уй паррандаларини шундай тутадилар.
Кейин у қовоқхонага қайтиб кирди – қайтимни олиш, бирданига чопиб кетганини ҳалиги йигит қандай тушунганини билиш лозим, у нозик бир иш устидан чиқиб қолди: йигит бекани деворга тақаб, ўпишга ҳаракат қилар, аёл эса жони борича қаршилик кўрсатар эди.
— Шайтон малайи, сени бекорга чўчқа дейишмаган экан!.. – деди бека. Қадам товушини эшитган йигит уни қўйиб юборди.
Кара де Анхель ишкал чиқармасдан бу ишга дўстона нуқта қўймоқчи бўлди, буни қойиллатиб уддасидан чиқди ҳам. У беканинг қўлидан сал бўлмаса совуқ қуролга айланиб қолаёзган шишани торитб олиб, йигитга синовчан разм солди.
— Ҳой, ҳой, сеньор! Сизга нима бўлди? Қайтим сизники бўлақолсин, тинч битим тузайлик. Жанжал кимга керак
— полиция келади, агар мана бу дўстимиз…
— Луисо Васкес хизматингизга тайёр.
— Луисо Васкес? Наҳотки! Ифлос чўчқа экан-ку у. Полиция келса… ҳамма ёқда полиция!.. Тумшуғини тиқиб кўрсин-чи! Қани, бу ёққа бир тумшуғини тиқиб кўрсин! Қўрқадиган жойим йўқ. Мен қаердаги ҳинду аёли эмасман, сеньор. Сенинг янги уйингдан ким қўрқар экан?
— Хоҳласам, ана шу уйга тиқиб қўяман! – тўнғиллади Васкес ва полга туфуриб, бурнини қоқди.
— Яна нима дейсан!
— Етар энди, ярашинглар!
Васкеснинг овози табиийликдан йироқ, ёқимсиз, хотинчалиш, чийиллаган эди. Бекага ошиқи беқарор бўлиб қолган Лусико ҳар куни бўса олишга уринар, Бека эса ёнига йўлатмасди. Ялиниш, қўрқитиш, совғалар, ишқий қўшиқлар, ёлғон ёки ростдан тўкилган кўз ёшлар – ҳаммаси кучли қаршиликка учраб, тўзғиб кетарди. У ҳали бирон марта ён бермаганди. “билиб қўйсин, — дер эди у. – мени севиш – ёв билан олишишдай гап”.
— Мана, ярашдинглар, — деди Кара де Анхель, — гўё ўзига гапиргандай. У пештахтага қоқилган никель тангани кўрсаткич бармоғи билан черта бошлади, — энди мен қаршингиздаги уйда яшайдиган қиз ҳақида гапираман.
У бир дўстим ёзган хат қўлига тегдими-йўқми, шуни билмоқчиман бўлгани, аммо ойимқиз гапини эшитишниям хоҳламаганини айтди.
— Омадингиз келади! Кўрдим, кўрдим, ўзингиз кўнглини овламоқчисиз!..
Миясида ажойиб фикр чақнади. Унинг ўзи… оиласи қарши…
Ўғирлаш саҳнаси… Ўғирлаш… Олиб қочиш!
У ҳамон тангани чертар, ҳаракатлари тобора тезлашиб борар эди.
— Топдинглар… – деди у, — фақат отаси кўнмагани чатоқ.
— Қари шайтон! – гап қўшди Васкес. – У меъдамга тегди! Ўзим хоҳлаган эмасман-ку! Боғлаб қўйишди. Мана, кузатиб юрибман.
— Бойларни ҳоли шу, — минғиллади бека.
— Мен қарор қилдим, — тушунтирди Кара де Анхель, — уйидан олиб кетаман. Қиз рози бўлди. Ҳозир шу ҳақда гаплашдик, бугунги тунни белгиладик.
Васкес билан бека кулимсирашди.
— Бир қултум ичинг, — деди Васкес. – Буни биз уддалаймиз. – У сигарета узатди. – Чекасизми?
— Йўқ, ташаккур… Ҳа, майли… шерикчилик учун…
Улар чекишди, бека учта қадаҳ тўлдирди.
Нафас ростлаб олишгач, арақ ўткир экан, Кара де Анхель мақсадга кўчди:
— Демак, мен сизларга суянаман. Тўғрисини айтсам, мен ёрдамга муҳтожман. Фақат – бугун, кейин фойдаси йўқ.
— Соат ўн бирдан кейин бандман, биласиз-ку, хизматчилик… – узрини айтди Васкес. – Аммо мана бу…
— Яна қанақа гап чиқарасан? “Мана бу” ким ўзи у?!
— Ҳа, майли, бизнинг хўжайинчамиз, лақаби Бўғма илон, — у бекага қараб қўйди, — ана шу тўғрилайди. Гавдаси икки кишига тенг келади. Ёрдамчи керак бўлса юбораман. Бир оғайним бор, айнан у билан ҳиндулар маҳалласида учрашувимиз белгиланган.
— Ҳамма нарсага ана шу лимонад шишаси Хенафо Родасингни тиқиштирасан!
— “Лимонад шишаси” деганинг нима? – қизиқди Кара де Анхель.
— Ўлимтик бир тавия, биласизми, иштаҳаси… тьфу, еб тўймас одам!
— Нима бўпти?
— Менимча, уни қоралашга…
— Асослар етарли! Сиз кечирасиз, сеньор, гапингизни бўлдим. Айтмоқчи эмасдиму, лекин индамай турсам бўлмайди. Ана шу Родис хотиндан куйган. Хотини Федина генералнинг қизи менга кума бўлмоқчи деб ҳамма ёққа жар солиб юрибди… Шунинг учун, дўстингни бу ишга аралаштириб бўлмайди.
— Уҳ, сен вайсақи!
— Ўзинг телбасан!
Кара де Анхель ёрдамга тайёрлиги учун Васкесга миннатдорчилик билдирди, аммо бу ишга “лимонад шиша” си қўшилмагани маъқул, у ҳисобда турадиган одамга ўхшайди, деб таъкидлаб қўйди.
— Ўзингиз иштирок этмаганингиздан афсусдаман, дўстим Васкес…
— Мен ҳам афсусдаман, аввалдан билганимда…
— Пул зарур бўлса…
— Йўқ, нима деяпсан! Мен унақалардан эмасман, — Васкес қулоғини қашиб қўйди.
— Нима ҳам деймиз, мумкин бўлмаса, майли…
Демак мен кечаси чоракам икки ёки бир яримда шу ерда бўламан.
Муҳаббат кутиб ўтимайди.
У хайрлашиб, соатини қулоғига тутди. Шафқатсиз зарбалар тиқ-тиқ уриб турибди; қора шарф билан оқарган юзини ўраб тез ғойиб бўлди. Қўлида генералнинг боши ва яна нималардир бор эди.

VII
АРХИЕПИСКОМ ГУНОҲЛАРНИ ОЛАДИ

Хенаро Родас сигарет чекиш учун девор тагида тўхтади. Гугурт чақаётган эди. Луисо Васкес келиб қолди. Эҳром панжараси орқасида ит вовуллар эди.
— Шамолни қара! – минғиллади Родис.
— Ҳей, ишларинг қалай? – саломлашди Васкес. Улар бирга кетишди.
— Ўзинг қалайсан?
— Қаерга кетаяпсан?
— Нега сўраяпсан? Сен билан шартлашган эдик-ку..
— Унутиб кетгансан деб ўйлабман. Ҳозир ишларни бир бошдан гапириб бераман. Қиттак отайлик, кейин гаплашамиз. Ўзим ҳам ҳайронман, озгина ичгим келаяпти. Майдонга қараб борайлик-чи, нима борлигини кўрамиз.
— Нимаям бўларди? Албатта, хоҳласанг – борамиз. Ҳозиргина гадоларни ҳайдаб юборишди, у ерда ит ҳам йўқ.
— Худога шукур. Кетдик, демак Арк ёнидан ўтамиз.
Полковник Парралес Сонриенте ўлимидан кейин маҳфий полиция муқаддас Арк харобаларини бир дақиқа ҳам назоратдан қочирмади. Таъқиб ашаддий каллакесарларга топширилди. Васкес билан дўсти архиепископ саройи томонидаги пиллапоялардан кўтарилишди, Аркни кесиб ўтиб, Юз Дарвозадан чиқишди. Арк саҳнидаги гадолар ўрнини соялар эгаллаган. Деворга тақалган бир неча зина бўёқчилар таъмирга киришганидан дарак беради. Дарҳақиқат, муниципалитет қарорларида ваҳший қотиллик содир бўлган муқаддас Арк харобаларини таъмирлаш ва оқлашга ижозат берган Сеньор Президентга миннатдорчилик руҳи етакчи ўрин тута бошлади, бунинг устига бутун ҳаражатлар Арк деворлари остига бадбўй дўкончалар қуриб олган турклар зиммасига тушди. “Ҳаражатларни турклар қоплайдилар, сабаби улар полковник Парралес Сонриентенинг ўлимида маълум даражада айбдордир, қотиллик улар истиқомат қиладиган жой яқинида рўй берган” деб қайд этилган эди, даҳшатли қарорда. Обрўли дўстлар орасига тушиб, муқаддас Аркни таъмирлаш ва оқлашга кетадиган чиқимларни давлат хазинасидан ярим баҳосига харид қилинган векселлар билан тўлашни ўз зиммасига олмаганда бечора турклар бу ерни маскан қилиб келган гадолардан баттар аҳволга тушиши аниқ эди.
Аммо ҳар куни изғиб юрган маҳфий полиция уларга тинчлик бермай қўйди. Нима учун бунчалик шубҳага боришмоқда деб бир-бирларидан пиширлашиб сўрашди. Сўндирилмаган оҳакка тўланган векселлар куйиб кетмаганми? Авлиёларнинг соқолидек қуюқ бўёқчўткалар сотиб олинмадими? Турклар ҳар эҳтимолга қарши эшикларига янги қулфлар, панжаралар, тумбалар ўрнатиб қўйдилар.
Луисо ва Хенаро Юз Дарвозадан ўтиб (сукунат билан қадам товушлари қоришиб кетди), кўча охиригача боришди ва “Уйғонган арслон” трактирига бурилишди. Васкес хўжайин билан саломлашиб, икки ҳиссадан ароқ буюрди: оғайнилар тўсиқни четлаб, столга ўтиришди.
— Хўш, қани айт-чи. Ишларимиз қандай кераяпти? – сўради родас.
— Соғлиғинг учун! – Васкес қадаҳ кўтарди.
— Сен учун, оқсоқол!
Стол ёнига келган хўжайин беихтиёр тилак билдирди:
— Соғлиқларингиз учун, сеньорлар!
Иккаласи қадаҳни бўшатди.
— Ҳеч бало чиқмади… – Васкес бу сўзларни сўлакларига қўшиб туфуриб ташлади. – Бошлиқ ўринбосари ўзи чўқинтирган одамини тиқиштирди. Мен сени айтдим, унга ваъда бериб қўйган экан. Ростини айтсам, ахлатдан баттар одамни олмоқчи.
— Қоронғида топишди десангчи!
— Бошлиққа ким қарши чиқади? Мен ким бўлибман… Ўзинггга маълум-ку, узоқни кўзлайди у, маҳфий хизматга олмоқчи.
— Аввалги таклиф нима бўлди?
— Банд қилинди, чўқинтирганини олади. Мен сенга айтсам, олдин осон эди. Қўнғироқ қилишарди – сердаромад жой дейишарди, силлиққина битиб кетарди.
Родас елкасини қисиб, нималарнидир ғўлдиради. Умид катта эди-да.
— Қўй қайғуриб ўтирма, ўйлашга арзимайди! Бошқа жой топамиз. Ўзим жойлаб қўяман! Яқинда шундай ишлар бошланадики… Жой тўлиб кетади! Сенга айтдимми, йўқми, эсимда йўқ… – Васкес аланглади. – Йўқ, айтмайман!
— Нима бўпти? Айтмасанг атма, кераги йўқ!
— Бу ерда ғалати гаплар бор.
— Қўй, керак эмас, менга нима? Биров тилингдан суғуриб оляптими? Ўзинг валакладинг…
— Майли, сенга нима бўлди?.. Кайфинг ошдими?
— Яхшиси, жим бўл, кўзим учиб тургани йўқ. Ишонмасанг, ундан нари! Жиғимга тегаверма! Сендан гап сўрадимми?

Васкес ўрнидан турди – бирон жойдан кузатишмаяптими – Родоснинг ёнига келди, у аччиқ қилиб, шгирилиб олди – қулоғига шивирлаб:
— Сенга айтдимми, йўқми, ёдимда йўқ. Арк тагида ётиб юрган гадойваччалар бор-ку, ана ўшалар кўрсатма беришди, полковникни ким саранжомлагани аниқланди… – овозини кўтарди: — Ким, ким дейсанми? – Яна секин, давлат сирларидан хабардор одам сингари: — Генерал Эусебио Каналес билан анави аблаҳ Абель Карвахаль…
— Сенга гапириб юришга ижозат беришдими?
— Бугун улар ҳақида буйруқ чиқди, қамоққа олишади, демак, гапирса бўлаверади.
— Иш бу ёқда дегин! – Родас бир қараб тинчланди. – Шу полковник бутун ёз бўйи пашша қўриб ўтирди дейишарди. Қуруқ қўл билан олишарканда-а? Товуқдек бўйнидан бўғишади! Ҳаётда ҳамиша шундай – муҳими қатъиятли бўлиш. Одамлар олим бўлиб кетишди!
Васкес ароқни ютди ва хўжайинни чақирди:
— Яна икки юз грамм, дон Лучо!
Дон Лучо қора тасмаларини ярқиратиб иккита стакан келтирди.
— Қани, яна биттадан олдик! – Васкес қичқирди ва туфуриб, тишларини қисиб гапирди: — Ўзинг биласан-ку, тўла стаканларни кўришга тоқатим йўқ… Агар билмасанг – билиб қўй… Сенинг соғлиғингга!
Чеҳраси очилган Родас чўқиштиришга шошилди. Бўш стаканни столга қўяр экан, жўшиб кетди:
— Агар қотил ақлдан озган бўлса Аркка қайтиб келади!
— Улар келади деб сенга ким айтди?
— Нима?
— Ҳа, буни қара-я! Ха-ха-ха! Худо ҳақи, кулгили-а?!
— Қўйсангчи! Мен нимани айтмоқчиман, бу ишга бош-қош бўлганларни майдонда кутишдан фойда йўқ. Улар сенга келиб бўпти! Ҳар қалай сен туркларни деб майдонда сандираклаб юрмаандирсан. А?
— Билмасанг – бурнингни тиқма! Ҳадеб лоф ураверма! Аҳмоғингни топибсан!
— Маҳфий полиция фақат қотилни деб Аркда юргани йўқ. Бу ифлос ишни кавлаб нима қиласан?..
— Балки бу ифлос иш менга муносибдир?..
— Овора бўлма! Мен жиддий гапираяпман! Бу ерда қотиллик ҳақида гап йўқ. Худо ҳақи! Кимни излаётганимизни ўлсанг ҳам билолмайсан… Бир кичикина телбани кутаяпмиз.
— Ёлғонни ямламай ютавер!
— Тинимсиз чопиб юрадиган соқов эсингдами, унга “Ойи” деб қичқиришарди. Бўйи новча, ориқ, оёғи маймоқ… Эслайсанми-а? Бўлмаса-чи! Ана шуни кутаяпмиз. Уч кун бўлди қочиб кетганига…
Васкес револьверини ушлаб қўйди.
— Мени мазах қилма!
— Мазахинг нимаси? Рост айтаяпман, худо ҳақи, рост! Қанча одамни тишлаган! Духтирлар ҳар бир бўлак парча қўрғошинни тавсия қилишди!
— Мени чалғитиб нима қиласан! Сени полициянг полковникни гум қилган қотилни излаяпти-ку, бошқани эмас!
— Ё, худо! Роса эздинг! Соқовни кутяпмиз, билдингми? Соқов тентакни, қанча гапириш керак?

Пелеленинг нолалари кўчада чувалчангдек тўлғониб боради. Абжақ гавдасини гоҳ қўлларига, тирсакларига таяниб, гоҳ оёғини тираб, гоҳ қорни билан судралиб, гоҳ тиззалиб эмаклаб аранг судрайди. Ниҳоят майдон кўринди. Боғдаги шамол тебраниб турган дарахтлар шохида қузғунлар шовқин солмоқдами? Пелелени қўрқув босди, анча вақт хушсиз ётди; тоқат қилиб бўлмайдиган ташналикдан тили қақраб, қуриб, ёрилиб, ўлган балиқдек шишиб кетган; хўл сонлари узун яримта қайчини эслатади. У зинама-зина эмаклаб кўтарилади, жон бераётган мушукдек типирчилаб зинама-зина юқорилайди, соя жойларда буралиб қолади. Кўзалари хира тортган, озғи ланг очиқ, кийган жандалари қон ва лойдан қотиб қолган. Сукунат ичида охирги йўловчиларнинг қадами сузиб боради, жандармларнинг қиличлари шарақлайди, суяк излаб изғиган кучукча енгил югуради, шамол Арк қирғоқларига учириб келган қоғоз парчалари ва япроқлар шилдирайди.

Дон Лучо яна “икки қават” қилиб икки юз грамм ароқ чақирди.
— Буниси қандоқ бўлди? – деди Васкес беўхшов чийиллаб, одатдагидек полга туфуриб. – Сенга айтганимдек, бугун соат тўққизда… тўғрироғи, тўққиз яримда, бу ёққа келишга шайландим…
Дилдорим бўғма илон олдида ўтирган эдим, бир нусха кириб пиво сўради. У пивони келтириб қўйди. Яна сўради ва юзталик узатди. Албатта қайтимга пули камлик қилди, майдалаш учун кўчага чопди. Мен бу нусхани кўришим биланоқ иш чатоқ деб ўйладим. Худди фол очгандай. Қаршимизда катта уй бор эди, у ёқдан ойимтилла қиз чиқиб қолди – нусха изидан югурди. Шунда, биласанми, бекамиз қайтиб келди, мен унга ёпишдим, у бўй бермади…
— Юзталик-чи…
— Шошилма, демак, мен унга тегина бошладим, у қаршилик кўрсатди. Яна бояги нусха. Суйканаётганимни кўриб қолди, парво қилмай, ўз дардини айтди, генерал Канаресни қизини севар экан, қочиб кетишга кўндиряпти, айни шу бугун, кечаси. Бояги қиз шу экан, демак, тил бириктиришипти. Хўш, у мендан ёрдам бер, деб илтимос қилди, мен нима қила олардим? Майдонга боришим керак – хизматчилик!..
— Сени қара-ю! Ёлғон тўқимаяпсанми?
Родас туфугина ютди.
— Бу нусхани саройда – Президент ёнида бир неча марта кўрганман…
— Қариндоши эмасми?
— Қанақа қариндош?! Фақат нега шу бугун тунда олиб қочмоқчи – шунга ақлим етмади. Генерал ҳақида эшитганга ўхшайди, демак, аскарлар қарияни қўлга олишаётганда пайтдан фойдаланиб, қизни ўғирлаб кетмоқчи.
— Бу гапга ичмаса бўлмайди.
— Хўп, яна биттадан. Кейин кетамиз.
Дон Лучо қадаҳларни тўлдирди. Дўстлар ичишди. Эски туфдонга арзон сигарет қолдиқни ташлаб, туфуриб, қўзғалишди.
— Қанча бўлади, дон Лучо?
— Ўн олти песо, тўрт…
— Ҳар биримизданми? – ҳайрон бўлди Родас.
— Нега энди? Иккалангиздан, — жавоб берди хўжайин. Васкес санаб, бир неча қоғоз ва тўртта тангани унга тутқазди.
— Соғ бўл, дон Лучо!
— Кўришгунча, дон Лучо!
Уларни эшиккача кузатиб борган хўжайин жўр бўлди.
— Уҳ, шайтон, совуқни қара! – қўлларини шимининг чўнтагига тиқиб хитоб қилди Родас.
Бурчаккача оҳиста юриб боришди, Васкес муқаддас Арк остонасида бир оз тўхтаб қолди, у ҳузурбахш кайфият давом этишини хоҳламоқда эди.
— Нега бурнингни жийирасан, — деди у. – Бугун мен учун байрам! Сенга айтдим-ку, бугун мени байрамим!
У молдек пишқирди ва бамисоли ноғорага олтин халқалар осилган тун ноғорасини муштлаган бўлди, шамолни ғижимлади, Арк зинапояларига жойлашган қўғирчоқ театри қаҳрамонларини майна қилиш учун шеригини судради. У хохолади, хохолаб кулди, қўлини куткаси чўнтагига тиқиб ўйин тушди, кулаётиб инграган овозни эшитди ва бирдан хушёр тортди, икки букилиб шолворини ушлади-да, зўрға ёнбошига ўгирилди. Қотиб қолди. Томоғига гипс бўлаги қадалгандек кулгиси бўғилди. У Пелелени кўриб қолган эди. Дук-дук қадам товушлари. Эски пиллапоя уларни икки, саккиз, йигирмага кўпайтирди. Тентакча яраланган итдек тинимсиз ғиншиб инграмоқда. Шу аснода қичқириқ сукунатни бузди. Пелеле револьверли одамни пайқаб қолди. Васкес синган оёғидан ушлаб, архиеписком саройига қараб судради. Дами ичига тушиб кетган Родас совуқ терга ботиб, карахт туриб қолди. Биринчи ўқдан кейин Пелеле тош зиналардан юмалаб туша бошлади. Турклар ин-инига кириб кетди. Иккинчи ўқ уни ер тишлатди. Ҳеч ким ҳеч нарсани кўрмади; фақат архиеписком саройидаги бир деразадан буни кўриб турган авлиё отанинг кўзлари марҳум қийналмай жон беришини тилади, Пелеленинг жасади зинапоялардан ағдарилиб тушаётган паллада олмос узук таққан қўл гуноҳларини сўраб имон келтирди.

VIII
МУҚАДДАС АРК ПОҒОНАЛАРИДАГИ ҚЎҒИРЧОҚ ТЕАТРИ

Ўқ товушлари, Пелеленинг аянчли ноласи Васкес ва дўстининг шошилинч қадам товушларини эшитган кўчалар нима бўлганини билай деб жулдур ой нури остида жонсарак бошладилар: майдондаги дарахтлар мунгли хурсиниб, бармоқларини қарсиллатдилар – мудҳиш воқеани қуруқ ҳаво орқали кимга етказасан! Кўчалар бурчак-бурчакларга тикилдилар, қаерда бўлди деб сўрадилар, ҳеч нарсани била олмагач, турли тарафга – бири шаҳар марказига, бири атрофдаги қишлоқларга қараб тарқалиб кетдилар. Йўқ, маст қурувчилар қургандек эгри-бугри, тор Яҳудий кўчалари ҳам: ўткир қиличларини мутаҳҳам жандармларга санчиб, мушкетёрлар жасоратини такрорлаган кадетлар жасорати билан шуҳрат топган Эскинтилья тор кўчалари ҳам; бадқовоқ ва нишаб Қирол тор кўчаси ёки Илоҳий Тереза торкўчалари ҳам; Қуёнчалар, Гаван, Беш йўл, Хаёл кўчалари ҳам машъум қотиллик ҳақида гувоҳлик бера олмайди.
Бу воқеа жамоат хожатхоналарининг сувлари ҳар доим шовуллаб турадиган, соқчилар узун қиличларини жаранглатиб юрадиган, совуқ фалак пештоқида осмон ва унга қўшилиб Арк ҳам кеча ва кундуз ҳам сокин айланадиган, шаҳарнинг Бош Майдонида юз берди.
Яраланган шамолнинг заиф иплари аранг қалтирайди, хаёлга ботиб турган дарахт баргларини узиб туширишга мадори етмайди.
Ногоҳ Муқаддас Арк майдони яқинидаги эшиклардан бири қия очилиб, қўғирчоқ театрининг хўжайини сичқондек қўрқа-писа бошини чиқарди. Қизиққон хотин эллик яшар қари қизга ўхшаб уни ташқарига итарди. Нега ўқ отишди? Эр Донья Бенхаминнинг истаги деб ич кўйлакда кўчага чиқишдан истиҳола қилди. Албатта, у турклар отилмаганини билишга қизиқди. Бўйнини чиқариб қараш учун ўнта ўткир тиноғи биқинига санчилди, буни энди ўта одобсизлик!Ё
— Ё, парвардигор, ҳеч нарсани кўрмаяпман. Нимани айтай? Мендан нимани хоҳлайсан?
— Нима, нима? Турклар дейсанми?
— Ҳеч нарсани кўрмаяпман, дедим. нимани хоҳлаяпсан ўзи?
— Худо ҳақи, тўнғиллама!
Эри ясама тишларини суғуриб олган эди, гаплари тушунарсиз бўлиб қолди.
— Тўхта, кўряпман, кўряпман!
— Нима деб минғиллайсан? – хотин озорланган оҳангда дакки берди: — Эшитяпсанми? Мен ту-шун-ма-яп-ман!
— Ана, ана, кўряпман! Оломон бурчакка йиғилди, архиепископ саройи ёнига!
— Яхшиси мени ўтказиб юбор, сендан тайинли гап чиқармиди?
Биттаям сўзингни тушунмадим! Нимани ғўнғиллаганингни ўзинг билмайсан!
Дон Бенхамен хотинига йўл берди, у сочлари ёйилган, бир кўкраги сариқ сатин кўйлагига, иккинчиси тумор боғичига ўралиб қолган ҳолда эшик олдига ўтди.
— Қара, замбил келтиришди! – деди орқада турган Бенхамен.
— Шу ерда деганлари бежиз эмас экан-да!.. Мен турклар деб ўйлагандим! Сен нега индамаган эдинг? Шундай ёнимизда ўқ узилди-ку!
— Замбил келтиришганини ҳозир кўрдим, — такрорлади қўғирчоқбоз; хотининг орқасида тургани учун товуши ер остидан чиққандек бўғиқ эшитилди.
— Нима, нима?
— Айтяпман-ку, ҳозиргина замбил келтиришди.
— Яхшиси, жим бўл, гапингни англаб бўлмаяпти. Тишингни қўйиб ол, овозинг дўриллаб қолди…
— Ҳозир замбил…
— Бекор айтибсан, уни энди тушуришди.
— Йўқ, азизам, ўзим кўрдим-ку!..
— Ҳозир олиб кетишади деяпман! Кўр эмасман-ку!
— Мен-чи, мен ҳам ҳозиргина…
— Ҳа, нима бўпти? Замбилми? Сен тушунсангчи…
Дон Бенхаминнинг бўйи зўрға бир метрга етра, қилтириқ, сержун, кўршапалакка ўхшаган киши эди, хотини доня Бенхамининг кенг елкалари туфайли жандармларни ҳам, йиғилган оломонни ҳам кўролмасди; барваста, бўлиқ хоним эса трамвайга тушса икки кишилик жой эгалларди (ҳар бир думбаси биттадан ўриндиққа сиғади), кўйлак тиктирганда саккиз метр газлама гавдасига камлик қиларди.
— Нега кўчани фақат сен кўришинг керак, — деди Бенхамин юрак ютиб.
Худди қуёш тутилгандек хотини уни бутунлай ажратиб қўйган эди. Айни шу дамда гўё кимдир “Сезам, нарироқ тур!” деб буюрди-ю, доня бенхамин орқасига ўгирилди ва бутун бўйи-басти билан эрини босиб тушди.
— Эй, худойим-ей, Онажоним Биби Марям! – деб қичқирди у ва эрини даст кўтариб эшик олдига тақаб қўйди.
Қўғирчоқбознинг кўзларидан қизил, сариқ, яшил, нафармон рангли саноқсиз учқунлар сачради. У жони борича типирчилаб хотинининг сандиқдек йўғон қорнига тепа бошлаган пайтда тўртта маст Пелеленинг жасади солинган замбилни майдондан олиб ўтди. Доня бенхамин чўқинди. Марҳумга аза тутиб умумий хожатхонада оқаётган сув йиғлади, шамол кулранг дарахтлар устида чарх уриб айланаётган қузғунларнинг қанотида шитирлади.
— Никоҳ кунимизда фотиҳа берган руҳоний: “Сенга қул эмас, энага бераяпмиз”, дейиши керак эди, — қўғирчоқбоз минғирлаб заранг ерга тиз чўкди.
Хотини индамади (булар ғалати жуфт эди, зеро, қўғирчоқбоз кичкина мандарин бўлса, аёл йўғон апельсинни эслатарди) – майли, валдирайверсин, тишини ўрнатмагунча гапига ким тушунарди.
Чорак соатдан кейин доня бенхамин хуррак отар, унинг оғирлигига томоғи билан ўпкалари бамисоли жон талашиб, жанг қилишар, зардаси қайнаган дон Бенхамин тўй кунини лаънатлаб сўкинарди.
Шунга қарамай ҳамма нарса қўғирчоқ театрининг фойдасига хизмат қилмоқда эди. Қўғирчоқлар трагедия соҳасига киришга журъат этдилар. Ҳозир уларнинг картон кўзларидан махсус ҳуқна воситасида жажжи трубачалар орқали юбориладиган сув эмас, чинакам кўз ёшлари оқмоқда эди. Аввал қўғирчоқлар фақат кулишарди, йиғлашга тўғри келганда эса уни беозор қилиқлар билан кўрсатишарди. Энди улар саҳнани кўз ёши билан тўлдириш машқини росмана эгаллаганлар.
Дон Бенхамин болалар бундай томошаларни кўриб йиғлашади деб ўйлар эди; аксинча, йиғлаш ўрнига қотиб-қотиб, юмалаб кулаётганини кўрганда ҳайратдан лол қолди. Болалар бегоналарнинг кўз ёшларидан куладилар… болалар калтаклашлардан куладилар…
— Бу табиий эмас, — эътироз билдиради дон Бенхамен.
— Жуда табиий, — қарши чиқади доня Бенхамен.
— Табиий эмас! Ўта нотабиий!
— Табиий! Табиий! Ўта табиий!
-Кел, баҳслашмаймиз!
— Майли, — рози бўлади хотин.
— Аммо, барибир, табиий эмас…
— Табиий деяпман! Табиий – ўта табиий, ўта-ўта та-би-и-ий!
Доня Бенхамен эри билан айтишганда ёрилиб кетмаслик учун қўшимча бўғинлардан фойдаланади.
— Та-та-та-та-биий! – ғазаби тўлиб-тошган қўғирчоқбоз бошини чангаллаб чийиллайди.
— Табиий! Ўта табиий! Ўта-ўта табиий! Ўта-та-та-та-та-би-и-ий!
Нима бўлганда ҳам муқаддас Арк остонасидаги қўғирчоқ театри қўҳирчоқларни йиғлатиш ва болаларни кулдириш учун анча пайтгача ҳуқнадан фойдаланди.

IX
ШИША КЎЗ

Қош қорайганда длўконлар ёпилди; сўнгги харидор билан ҳисоб-китоб қилган бека тушган фойдани санаб, кечки газетани ўқишга тутинди. Болалар бурчакда электр ёруғига учиб кирган май қўнғизларини эрмак қиладилар. Қўлга тушган қўнғиз даҳшатли қийноқларга дучор бўлади; қаҳри қаттиқ болалар раҳм-шафқат қилиб бечора жониворни босиб ўлдириб, азобдан қутқариш ўрнига қийноқни чўзишга уринадилар. Битта ёш жуфт панжарали дарча тагида ошиқ-маъшуқлик қилади, ханжарлар билан қуролланган соқчилар ва резина таёқча кўтарган тунги қўриқчилар етакчилари билан бирга сокин кўчаларда айланиб юради. Баъзан тескариси бўлади. қўнғизларни қийноққа солувчилар ўзаро бирлашиб олиб, снарядлар, яъни тошлар тугаб қолгунча жангга киришиб кетадилар. Дераза остидаги лаззатли учрашувни сезгир она барбод қилади, омадсиз ошиқ шляпасини чангаллаб, шайтонга дуч келгандек жуфтакни ростлайди. Соқчи ҳам бўш турмайди. Қандайдир йўловчини ушлаб, бошидан-оёғигача тинтиб чиқади ва турмага етаклайди, сирасини айтганда, унда қурол йўқ, аммо кечаси сандироқлаб юргани шубҳали, балки фитначидир, бошлиқ айтгандай, таниқли одамга ўхшайди…
Ана шундай бемаҳалда қашшоқ маҳаллалар ниҳоятда ғариб, кимсасиз, диний фанатизм туғдирган шарқона итоаткор бўлиб кўринади. Ой оқава сувга тўла ариқларда паришон сузади, қувурларда оқаётган ичимлик сувлар ўзини қуллик ва зўравонликка маҳкум деб ҳисобловчи ҳалойиқнинг умр дақиқаларини санаб оқишдан чарчамайди.
Шундай маҳаллалардан бирида Лусио Васкес дўсти билан хайрлашди.
— Хўп, хайр Хенаро! – деди валақлаб қўйма дегандек кўзига тик қараб.
— Бориб кўрай-чи. Балки генерал қизининг ошиғи ёрдам сўраб келиб қолар.
Хенаро кўнглидаги гапларини оғайнисига айтганига пушаймон бўлаётгандек жим туриб қолди,ж сўнг уйига жўнади – у дўконда яшар эди. Эшикни тақиллатди.
— Ким, ким бу? – товуш эшитилди эшик орқасидан.
— Мен… – Хенаро паст бўйли одамнинг қулоғига шивирлаётгандек эшикка эгилиб жавоб берди.
— Менинг ким? – сўради хотин эшикдан мўралаб.
Сочлари тўзғиган, ич кўйлакда, шам кўтарган хотини Федина юзига ёруғ тутди.
У ичкарига киргач, аёл шамни пастга туширди, тамбани шарақлатиб ёпиб, каравотга йўналди. Санғи эр қай пайтда келганини кўрсин деб шамни атайлаб соат олдига қўйди. Эр сандиқ олдида туриб қолди, мушукни силади, иккиланибгина хуштак чалиб қувноқ бир куйни хиргойи қилди.
— Нега хуштакбозлик қилаяпсан? – оёғини уқалаб туриб бақирди Федина.
— Шундай, ўзим, — тез жавоб берди Хенаро, у дўкондаги қоронғилик қаърига сингиб кетаётгандек эди. Ўзига қандай балони илаштириб келганини хотини пайқамаса бўлди!
— Яна шу чийилдоқ исковуч билан санғидингми?
— Йўқ! – кескин гапирди Хенаро ва кенг соябонли шляпасини кўзигача бостириб, ўзлари ухлайдиган ички хонага кириб кетди.
— Нега ёлғон гапирасан, ҳозиргина хайрлашдинг-ку! Гапларимга ишонавер, хотинга ўхшаб чийиллайдиганлардан яхшилик чиқмайди. Одамлар сени у билан кўриб, маҳфий хизматчи-я! Қойил! дейишсин деб унга суйкаласан. Бекорчиларга боп иш, уялмайсанми?
— Манави нима? – қути ичидаги янги юбкани кўриб сўради Хенаро гапни чалғитиш ниятида.
Федина оқ байроққа ўхшаган юбкани қўлига олди ва биринчи чақалоғини генерал Каналеснинг қизи чўқинтиришга рози бўлиб, буни совға қилганини ҳаяжонланиб гапира бошлади. Родас юзини беланчак обкасидаги сояга яширмоқчи бўлди; маросимига тайёргарлик кўриш ҳақида хотини айтаётган гапларни эшитмай қўйди, кафти билан кўзига тушаётган шам ёруғини тўсди, шу заҳотиёқ қўлини тортиб олди ва бармоғини силкитиб, ёпишган қон юқини сидириб ташламоқчи бўлди. Ўлим шарпаси гўрдан чиқиб келаётгандек бешикдан турди. Ўликларни ҳам янги чақалоқлардек тебратиш керак. Шарпа тухум оқига ўхшаш, рангсиз сочи, киприклари, тиши йўқ, ликиллаб турган нурсиз кўзлари дафн бюросидаги суратлар сингари жуда кичкина эди. Хотинининг овози жуда узоқдан эшитиларди. У ўғли, генералнинг қизи, чўқинтириш маросими, қўшнилар, бурчакда турадиган бақалоқ қўшнини ҳам, трактирчи, қассоб, булкачини ҳам чақириш лозимлиги ҳақида гапирарди. Роса яйрайдиган бўлдик!
У бирданига гапдан тўхтади.
— Хенаро, сенга нима бўлди?
Эри сапчиб тушди.
— Ҳеч нарса!
Хотинининг қичқириғидан шарпада қора доғлар пайдо бўлди, бу доғлар қоронғи, бурчакда турган скелетнусхасига сингиб кетди. Аёл скелети… Тўғри, фақат шалвираган, қовурғалардан ясалган қафасга тушиб қолган ўлимтик сичқонни эслатадиган қуришган кўкрагигина аёлникига ўхшар эди.
— Хенаро, сенга нима бўлди?
— Ҳеч нарса.
— Қаерларда санқиб юрасан! Дайдиб, дайдиб, жин чалганга ўхшаб қайтасан, балога йўлиққур! Уйда ўтирсанг ўласанми!
Хотинининг овози скелетни ҳайдаб юборди.
— Рост айтаяпман, ҳеч нарса кўринмайди.
Ўнг бармоқлари орасидан электр лампочкаси ёруғига ўхшаб қандайдир кўз сирпаниб чиқди. У жимжилоғидан ўртанчи, ўртанчидан номсиз, номсиздан кўрсатгич, кўрсатгичдан бош бармоғига ўтди. Кўз… Айнан кўз… бармоқларига урилади, урилади. Уни мажақлаб ташлаш учун муштини сиқди – жуда қаттиқ. Тирноқлари кафтига санчилди. Йўқ, бўлмади. Қўлини ёзди, қушнинг юрагидек келадиган кўз ҳамон шу жойда турибди, дўзахдан баддар. Қайноқ мол шўрваси қовоқларига қуйилди. Бармоқлари орасида мотам садолари остида чамбарак шарига ўхшаб айланиб турган кимнинг кўзи?
Хотини уни чақалоқ ухлаб ётган сават олдига олиб келди.
— Хенаро, сенга нима бўлди?
— Ҳеч нарса!
У бир неча марта хўрсинди.
— Ҳеч нарса, қандайдир кўз менга ёпишиб, таъқиб қилмоқда! Мана, кафтимга қараяпман… Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Бу менинг кўзларим…бу кўзлар…
— Яхшиси, ибодат қилсанг-чи! – унинг сўзоарини эшитмай бидиллади хотини.
— Кўз… ҳа, мана бундай думалоқ, қора, киприклари бор, шишага ўхшайди!..
— Ўлгудек ичибсан!..
— Йўқ, бугун сира ичмаган эдим!..
— Ҳм, ичмаган эмиш! Ҳиди бурқираб ётибди-ку!
Тўсиқ орқасидаги кичкина ётоқхонада Родас ўзини баҳайбат ертўлада, ҳар қандай таскир ва умиддан узоқда, кўршапалак, чаёнлар ва илонлар ўртасида ётгандек ҳис қилди.
— Биронта ярамас иш қилганга ўхшайсан, — деди Федина узун эснаб. – Мана, парвардигорнинг ўзи сенга қараб турибди.
Хенаро ўринга қараб интилди ва этигини ҳам, кийим-бошини ҳам ечмасдан чойшабга бурканиб олди. Кўз ёш, чиройли хотинининг баданига ёпишди. Федина чироқни ўчирди; аввалгидан ҳам ёмон бўлди – қоронғида кўз жуда тез катта бўлиб, бутун хонани – полни, шифтни, уйни, ҳаётини, ўғлини эгаллади…
— Йўқ, — жавоб берди Хенаро. – Қўрқиб кетган хотини чироқни ёқиб, совуқ тер босган пешонасини йўргак билан артаётганда яна такрорлади: — Йўқ, бу парвардигорнинг кўзлари эмас, иблиснинг кўзлари…
Федина чўқинди. Хенаро чироқни ўчиришни сўради. Кўз эгилиб-букилиб, қоронғиликка чекинди, у бирон нарса тегиб кетгандек нимадир тарақлади, кўчани гурсиллатиб кетаётганда ёрилиб кетди.
— Арк тагида! Арк тагида, — бақирди Хенаро. – Ҳа! Ҳа! Чироқни ёқинг! Гугурт! Чироқни ёқинг! Худо ҳақи, Худо ҳақи!
Хотини гугурт олиш учун қўлини чўзди. Олисдан ғулдиракларнинг овози келди. Хенаро кафти билан оғзини тўсиб, бармоқларини тишлаб, хотинини чақирди, ваҳима босяпти, хотини ёнида йўқ. У эрини тинчлантириш учун кофе қайнатай деб куйманмоқда эди.
Қути учган Федина эрининг олдига югуриб келди.
— Э, худо, ақлингдан озгунча ичасанми, а? – деди у қалтираб турган аланга тилига қора кўзларини тикиб. Ногоҳ театрда доня Энрикетининг ошқозонидан капалак қуртини чиқаришгани; касалхонада бир ҳиндунинг бошидан мия ўрнига мох толаларини топишгани; ҳиндуларнинг ёвуз руҳи Кадехо қўрқитиш учун кечалари келишини эслади. Худди калхатни кўрган товуқ беихтиёр жўжаларини қанотлари остига бекитгани сингари чақалоғи кўксига авлиё Блас суратини қўйиб, баланд овозда дуо ўқий бошлади: “Парвардигор ва унинг садоқатли ўғли, азиз авлиёлар ҳақи!..”
Дуонинг дастлабки сўзларидан Хенаро калтак егандек сесканди. Кўзларини юмиб беланчак ёнидаги хотини олдига судралиб келди, тиз чўкиб оёғини қучоқлади-да, барча кўрганларини оқизмай-томизмай сўзлаб берди.
— Биринчи ўқ теккандаёқ пиллапоялардан пастга думалаб кетди, қон оқиб ётибди, кўзлари очиқ, оёлари керилган, қорачуғи бир нуқтада қотиб қолган… Шундай совуқ, шилимшиқ кўзлар… Нега бундайлигини худо билади… Худди яшин чарақлагандай… тўғри менга қадалган!.. Мана шу кўзлар… ҳозир ҳам қўлимда. Ё парвардигор, қўлимдан кетмаяпти!
Ногоҳ чақалоқ йиғлаб қолди. Федина йўргакланган болани қўлига олиб, кўкрагина тутди, эри эса (уни нақадар ёмон кўриб қолди!) оёқларини қўйиб юбормай инграр, ҳўнграб йиғлар эди.
— Ҳаммадан ёмони Лусио…
— Шу чийилдоқни Лусио дейишадими?
— Ҳа, Лусио Васкес…
— Лақаби духоба латтами?
— Шундай…
— Уни нега ўлдирди?
— Буюришган экан, ўзиям қаҳри келиб турганди. Буниси ҳеч нарса эмас… Энг ёмони, Лусио менга айтдики, генерал Каналесни қамашга ордер бор эмиш, яна қандайдир бир нусха бугун кечқурун сеньоритани олиб қочмоқчи.
— Сеньорита Камиланими? Мени васийимни?
— Шундай.

Совуқ хабардан кейин Камила дийдаси юмшоқ камбағал одамларга ўзшаб хўнграб юборди. Қайноқ кўз ёшлари кампирлар муқаддас сувни илитиш учун черковга олиб борадиган илиқ сув каби чақалоқнинг бошига томчилай бошлади. Бола ухлар эди. Тун адо бўлиб борар эди, улар тонг нурлари эшик ёриқларидан олтин ипдек сирғалиб ўтгунча лолу карахт бўлиб ўтирдилар. Дўкондаги сукунатни нон тарқатувчиларнинг қийқириғи бузди:
— Ис-сиқ нон! Ис-сиқ нон!

X
АРМИЯ САРДОРЛАРИ

Лақаби Эски Мундир бўлган генеарл Эусебио Каналес шахдам юриб мулозим ҳузуридан чиқди, аммо эшик ҳарбийчасига гўё саф олдидан ўтаётгандек ёпилиб, кўча ўртасида ёлғиз қолганидан кейин бояги кўргазмали ҳатти-ҳаракатлари бозорга товуқ сотгани кетаётган ҳиндунинг майда қадам босишидан бўлиб қолди. Орқасидан жосуслар таъқиб келишаётгандек туюлди. Биқинида қўзғалган оғриқ томоғини қақратди, қўли билан эски чуррасини пайпаслаб, узоқ-юлуқ нидо, шикоят қолдиқлари томоғидан оғир нафас билан зўрға ташқарига интилди, юраги эса ҳалқумига қадалиб, ёқимсиз таъм чиқарар, сакрар, сиқилар, тўхтаб қолар эди; уни қовурғалари орасидан тутиб олиб, тахтакачга солинган синиқ қўл сингари ушлаб, ҳеч нарсани ўйламасдан бир жойда қимирламай туриб қолди, ниҳоят секин-аста ўзига кела бошлади. Енгиллашди. Бурчакка қараб бурилди – бир дақиқа олдин бу бурчак нақадар олис эди! Мана, иккинчи бурчак, аммо олға юришга энди мадор йўқ. Генерал туфурди. Оёқлари бўйсунмайди. Мана, қатқалоқ. Кўча охирида карета судралади. Ҳозир қатқалоққа тушиб кетади. Ҳамма нарса: карета, уйлар, чироқлар сузиб борарди… Қадами тезлашди. Шошилиш зарур! Зарари йўқ. Бир дақиқа олдин қўл етмас нуқта бўлган бурчакка етиб олди. Яна бошқаси – анча олисдагиси ҳам кўринди, фақат етиш қийин… У лабини тишлади, оёқлари қалтирайди. Сўнгги кучларини тўплаб туфурди. Тиззалари букилмайди, белидан пастидаги ва томоғидаги оғриққа чидаб бўлмайди. Тиззалари. Ана, тротуарда ётиб ол, уйгача эмаклаб, тирсакларингга, кафтларингга таяниб, ўлимга бўй бермай курашаётган борлиқ аъзойи-баданинг билан судралиб боравер. У жуда секин юрди. Бўм-бўш бурчаклар ёнидан сузиб ўтарди. Улар иккита бўлди, уйқусиз тун қўйнида доим очиқ турадиган қўш табақали эшиклардек кўпайиб кетди. У ўзини ўзи ва ўзгалар олдида, уни кўрганлар ва кўрмаганлар олдида ноқулай аҳволда қолдирмоқда. Мумкин эмас, ахир у қандайдир бекорчи одам эмас, у – генерал, ҳар доим, ҳатто кечаси, ҳатто ёлғиз қолганда ҳам фуқаролар унга қарашади. “Нима бўлса бўлар, — ғўнғиллади ўзича. Агар бояги дангаса тўғри айтган бўлса – менинг бурчим – омон қолиш”.
Бир неча қадам юргандан кейин:
“Қочиш – айбини тан олишдир, демакдир”. Ҳар қадамидан акс-садо қайтади: “Қочиш – айбини тан олишдир, демак… Аммо қолиш!..” Қадамидан акс-садо қайтади: “Айбини тан олиш!.. Аммо қолиш!..” Қадамидан акс-садо қайтади.
У кўкрагини чангаллайди. Бу ёпишқоқ қўрқув матосини тезроқ шилиб ташлаш керак!.. Ҳозир орденлари йўқлиги ёмон бўлди. “Қочиш – айбини тан олиш демак, аммо қолиш-чи… Мулозим бармоғи билан энг тўғри йўлни кўрсатди. Вақт борида қочиб қолинг, генерал”. У ким эди, баҳоси қанча эди, худди ёш боладек юракдан севган юрти, хонадони, хотиралари, ўртоқлари, севган машғулотлари, Камила – ҳаммаси машъум бармоқ атрофида айланар, уларга қўшилиб бутун эътиқодлари-ю, борлиқ олам кунпоякун бўлиб совурилмоқда эди.
У яна бир неча қадам юрди, тиниқ хаёллари йўқолиб, ўрнига тўкилмаган лойқа кўз ёшлари қолди.
“Генераллар – армия сардорлари. Мен бир нутқимда шундай деган эдим. Тентак. Бу таъриф ўзимга қимматга тушди. Ана шу сардорлар учун президент мени кечирмайди. Мен аллақачон унинг томоғига тиқилиб қолган эдим, мана энди мендан қутулиш учун яхши баҳона топди. Мени қотилликда айблади. Марҳум полковник эса мени ҳар доим ҳурмат қилар эди!”
Оппоқ мўйлаблари остида аянчли табассум пайдо бўлди. Бирданига бошқа генерал Каналесга – қовоқ палагидек оёқлари остида ўралашиб ётадиган, тавба-тазарру қилаётган, юввош, бечора, бахтсиз қари генералга айланиб қолди, энди отилган ракетадек ундан порох ҳиди бурқсиб туради. Эски мундир деганларича бор! Мулозимнинг уйидан намойишкорона қадам ташлаб чиққан ана шу генерал Каналес шавкатли хизматларини Искандар, Цезар, Наполеон, Боливарлар қаторида ҳисоблаб юрган қўшин сардори ҳеч кутилмаганда тилла погон. Зар уқа, олтин жиға, ярқироқ эполет, тилларанг шпорлар бўлмаган генералнинг карикатурасига айланиб қолди. Гадоларнинг дафн маросимига келган қора кийимли номаълум одам!.. Ҳақиқий генерал Каналес асасаю дабдаба билан олий табақага мансуб юлдузлар даврасида ҳаммани ўзига маҳлиё қилиб савлат тўкиб юрар эди. Арслон келбати жангчи мағлуб бўлди, буначасини ҳали тарих кўрмаган – уч бурчак шапкаси қийшайиб кўзигача тушган, қиличи синган, муштлари тугилган, кўкрагида жанговар нишонлари жаранглайди. Каналес қадамини секинлатмади, давроза пештоқидаги портретидан кўзини олиб қочди. У маънавий мағлуб бўлганини ҳис қилди. Хорижда аҳволи нима кечади? Эшик оғалари шилиқ ва узун камзул кийиб юришини ўйлаш қанчалик азоб! Камзул узун ёки қисқа, кенг ёки тор бўладими – барибир ярашмайди. У тош йўлда ўз синиқлари устидан юриб, генерал либосларини топтаб ўтди.
“Аммо айбим йўқ-ку! – У ишонч билан такрорлади: — Айбим йўқ! Нимадан қўрқишим керак?..”
“Ана шуниси ёмон! – мулозимнинг овози эшитилди. – Ана шуниси. Агар айбингиз бўлганда бошқа қўшиқлар куйланарди. Улар жиноятчиларни яхши кўришади – ҳаммаси ҳамтовоқ. Ватан дейсизми? Қочиб қолинг, генерал! Мен билиб гапираяпман. Қайси ватанни айтасиз? Қонунларми? Шайтон малайлари! Қочинг, генерал, сизга ўлим таҳдид қилиб турибди.”
“Аммо айбим йўқ-ку!” – “Айбингиз борми, йўқми, ҳозир буни ўйлаб ўтирманг генерал. Хўжайин сизга шафқат қиладими – йўқми, ана шуни ўйланг. Ғазабга учраган одам айбдордан ёмон!”
У эшитишни хоҳламасди, қасос иштиёқи ёндирарди, юраги нафас олишга қўймасди. Камилани ҳам ўйлади. Кейин чақириб олади. Мерсед минорасидаги соат занг чалди. Осмон тиниқ, ниҳоятда тиниқ эди, юлдузлар ялтироқ михлар билан қоқиб қўйилган. У бурчакдан ўтиб, ойналари чарақлаб турган уйини кўрди. Кўчага ёруғлик тушиб турарди. Ана шу нур ўзига тортар эди!
“Уни укам Хуанникида қолдираман, кейин имкон бўлганда одам юбораман. Кара де Анхель уни бугун кечаси ёки эрталаб олиб бориб қўйишга ваъда берди”.
У калитини чиқарди, аммо ундан фойдаланишга ҳожат қолмади, дарвоза шу заҳотиёқ очилди.
— Дада!
— Жим бўл! Бу ёққа кел… сенга тушунтираман. Вақтдан фойдаланиш керак… Мен сенга ҳаммасини тушунтираман… Хизматкор хачирни тайёрласин… пул… револьвер… кийимлар учун одам юбораман… Ҳозирчабир жомадон энг керакли буюмларни оламан. Худойим, нималар деяётганимни ўзим билмайман… Сен ҳам яхши англамаяпсан… Хачирни эгарлаб юкларимни ортсинлар. Мен бошқа кийимларимни кийиб, укаларимга мактуб ёзаман. Сен шу кунларда Хуанникида турасан.
Генерал Каналеснинг қизи ҳозир шайтонга дуч келса, бунчалик қўрқмаган бўларди. Отаси жуда мулойим одам эди. Ҳозир-чи?.. овози чиқмай қолди. У гоҳ оқарар, гоҳ қизарарди. Уни бундай ҳолатда ҳеч қачон кўрмаган эди. Қўрққанидан шоша-пиша, деярли ҳеч нарсани эшитмай, “Худойим! Худойим!” деб такрорлаганча хизматкорни уйғотишга югурди, қайтиб келиб буюмларни жомадонга жойлаштирди (сочиқ, пайпоқ, ширин булка… ҳа, сарёқни ҳам унутмади… туз эсидан чиқди) ва ошхонага – энагасининг олдига югурди. Кампир одатдагидек ўчоқ ёнида, кўмир яшиги устида тиззасидаги мушук билан мудраб ўтирарди. Олов ўчай деб қолган, мушук қўрқиб, гўё шарпаларни ҳайдаётгандек қулоқларини чимирди.
Генерал шошилиб ёзди. Хизматкор аёл хонадан ўтиб дераза панжараларини бутунлай беркитди.
Уйни сукунат чулғади. Аммо у шойи қоғоздек нафис, гулнинг хаёлидек енгил, сувдек юмшоқ, бахтиёр, осуда оқшомларда тушларнинг шарпалари қоронғи бурчакларда ғивирлайдиган ёқимли сукунатга ўхшамасди. Уйда бошқа сукунат ҳукмрон, бу бошқа сукунатни генералнинг йўталиши, қизининг олазарак югуриши, хизматкорларнинг хўрсиниқлари, картондек ғадир-будир, эшик ва яшикларнинг қўрқа-писа ғижирлаши, латта-путта қийқимларнинг изтироблари, бировнинг кўйлагини кийгандаги ноқулайликларни ўхшаб кетадиган дилсиёҳликлар бузмоқда эди.
Кекса бўлмаса-да юзларини ажин босган, нимжонгина бир киши ўргимчак тўр тўқиётгандек овоз чиқармасдан тўхтамасдан жумла тузар эди:

Республика Президенти
Ҳазрати Олийларига.
Шу ерда.
Ҳазрати Олийлари!
“Берилган топшириққа мувофиқ генерал Эйсебио КАналес мунтазам кузатиб борилмоқда. Эҳтиром билан маълум қиламанки, уни Ҳазрати Олийларининг шахсий дўстларидан бири дон Мигел Кара де Анхел уйида кўришган. Сўнгги шахсни кузатиб келаётган кир ювувчи ҳамда уни ва оқсочни кузатиб борувчи иккинчи оқсоч хабар берадики, хўжайин генеарл Каналес билан ичкарида тахминан чоракам учгача гаплашиб ўтирган, кейин генерал қаттиқ ҳаяжон ичида чиқиб кетган. Кўрсатмага мувофиқ генерал уйи атрофидаги махфийлар сони икки баробар кўпайтирилган ва қочиб кетишига йўл қўймаслик чоралари кўрилган.
Оқсоч маълумотларга аниқлик киритди. Ҳозиргина у кир ювувчининг тушига ҳам кирмайдиган хабарларни етказди. Президент ҳузурида ҳимоя қилгани учун Каналес уни куёв қилишга розилик берибди. Хўжайин бунга очиқдан-очиқ шама қилган эмиш.
Кир ювувчи ҳам оқсоч билмаган маълумотларни етказади. Унинг айтишича, хўжайин генерал кетгандан кейин мамнунлигини яшириб ўтирмаган ва дўконлар очилиши билан оқ ширинликлар, ликёр, печенье харид қилишни буюрган ва тез орада бу ерга аслзода ёш хоним ташриф буюради деб айтган.
Мана шулар ҳақида Республика Президенти Ҳазрати Олийларига хабар беришга шошилмоқдаман.”
У сана қўйди ва ёш бола чизган суратларга ўхшаган ажи-бужи имзо чекар экан, ногоҳ бир нарсани эслаб қолди ва перони қирсиллатиб ёза бошлади (аслида бурнига тиқиши лозим эди):
“Эрталабки маълумотга қўшимча:
Доктор Луис Барреньо кун давомида уч кишини қабул қилди: улардан иккитаси, шуҳасиз, мижозларидан бўлса керак; кечқурун хотини билан боғда сайр қилди. Аблаҳ Абел Карвахал бугун Америка банкига борди, Капуцин черкови рўпарасидаги дорихонага кирди ва ниҳоят, немис клубига ташриф буюриб, мистер Ромст билан (ўз навбатида бу киши ҳам доимий назоратда) узоқ вақт гаплашиб ўтирди, уйига кечқурун соат саккиз яримда қайтди. Кейин ташқарига чиқмади; кўрсатмага мувофиқ унинг уйи ёнидаги махфийлар икки баравар кўпайтирилди.”
Имзо. Сана.

XI
ҚОЧИШ

Лусио Васкес оғайниси билан хайрлашгандан кейин оёғини қўлига олиб ўз Бўғма илони олдига чопиб кетди; қизни олиб қочиш тадбирига илиниб қолиш керак. У Мерсед майдони ва ҳар доим сувга чиққан хотинлар гап сотиб ўтирадиган Фавворалар ёнидан метеордек ғизиллаб ўтиб кетди.
Бахтсиз Пелеленинг қотили: “Уҳ, жуда зўр бўлди-да!” – деган хаёл билан югуриб борарди. Мана буни иш деса арзийди! Худога шукур, силлиққина битирди, энди хурсандчилик қилиш ҳам керак-да, нимани хоҳласанг – ўз ихтиёринг, бунинг устига – қизни ўғирлаш! Зўр иш бўлади-да!
Мана трактир. Ибодатхона олдидан чопиб ўтаётиб, Васкес соатга қаради ва қичқириб юбораёзди. Салкам икки… Балки, нотўғри кўргандир? Каналеснинг уйини қўриқлаётган жандармлар билан сўрашди ва оёқ остидан қуёндек бир сакраб остонада пайдо бўлди.
Бўғма илон соат иккигача мизғиб олай деб ёнбошлаган эди. Аммо, қаттиқ ҳаяжонланганидан уйқуси қочиб кетди, гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ағдарилди, оёқларини типирлатди, тер босди, чойшабга бурканди, тепиб очиб ташлади, қўлларини чўзди – фойдаси йўқ, уйқу келмади.
Эшик тақиллагач, каравотдан туриб, пишиллаб остонага йўналди.
— Ким у?
— Бу менман, Васкес. Эшикни оч!
— Сира кутмагандим.
— Соат неча бўлди? – кириши билан сўради йигит.
— Бирдан ўн бешта ўтди, — соатга қарамасдан тез жавоб берди у. Дақиқаларни беш минут, ўн минут, ўн беш, йигирма… интизор санаб кутган одамлар шундай жавоб берадилар. – Ҳозиргина минорадаги соат ўн бешта кам икки эди, ўзим кўрдим-ку…
— Қўй, гапирма! Бу попларнинг соати шошилгани-шошилган!
— Бояги йигит келмадими?
— Йўқ.
Васкес, яна дакки ейман деб ҳадиксираб турганига қарамай бекани қучоқлади. Омадни қаранг! Бўғма илон қўлга ўрганган каптардек қаршилик кўрсатмади, бир-бирига ёпишган лаблар севги аҳдини мустаҳкамлади – бўладиган иш шу тунда битади. Хона қоронғи, мадонна сурати олдида, қоғоз гуллар ёнида турган шам илиқ нур таратади. Васкес шамни пуфлаб полга ётқазди. Мадонна қоронғуликка сингиб кетди, бир-бирига чирмашган икки вужуд полга юмалай бошлади.

Кичкина тўдани бошлаб келаётган Кара де Анхел мўлжалдаги манзилга шошилмоқда эди.
— Қизни олиб чиқишим билан, — тушунтирди у, — уйни остин-устун қиласизлар. Ҳеч ким қуруқ қолмайди. Фақат эслатиб қўяй – кейин валдираб юрманглар! Бефаросат айиқнинг ишига ўхшамасин!
Кўча бошида соқчилар дуч келди. Бошлиқ мулозим билан гаплашаётганда аскарлар қолганларни ўраб турди.
— Ишқ қўшиғини куйлашга кетяпмиз, лейтенант.
— Сўрашга рухсат берсангиз. Бу қаерда бўлади? – Бошлиқ қиличини ерга уриб қўйди.
— Узоқда эмас, Исо торкўчасида.
— Қўлингизда на гитара, на маримба кўринмайди?
Кара де Анхел юз песолик қоғоз узатган эди, соқчилар бир зумда ғойиб бўлди.
Улкан тошбақага ўхшаган Мерсед ибодатхонаси кўчага туртиб чиққан жойда мулозим трактирга навбатма-навбат киришни буюрди.
— Ёдингизда бўлсин, “Тустеп” трактири, — деди у. – “Тустеп”. Эслаб қолинг, йигитлар, яна чалкаштириб қўйманглар! “Тустеп!” – тўшак устахонаси ёнида.
Каллакесарлар турли томонга тарқалиб кетишди. Қадам товушалри тинди. Қочиш режаси шундай тузилганди: Мерсед ибодатхонасидаги соат иккига занг урганда бир неча қароқчи томга кўтарилиши, тарақ-туруқни эшитган генералнинг қизи деразани очиб шовқин кўтариб, жосуслар ва жандармларни чалғитиши, тўс-тўпалондан фойдаланган Каналес катта дарвозадан чиқиб кетиши керак эди.
Ақлини еган телба-ку ўз йўлига, ҳатто ёш бола ҳам бундай режа ҳақида эшитса, кулиши аниқ. Генералу мулозим ҳам амалга ошмайдиган хомхаёл эканини сезиб туришибди. Шунга қарамай, бу ишга қўл урмоқдалар, сабаби, муваффақият уларга боғлиқ эмас. Каналес мулозимга суянади, мулозим эса Президентга – у телефон қилиб, қочиш тафсилотлари-ю, вақтигача аниқ белгилаб берган.
Тропик иқлимдаги ғамгин, йиғлоқи, совуққа чидамсиз апрель оқшомлари илиқ март кунлардан қолган бевалардир. Кара де Анхел чорраҳагача бориб, атрофни кузатди, полициячиларнинг сояларини санади, бурчак орқасига оҳиста бурилиб, трактир эшигига суяниб турди. У оғир қайғуга ботган эди – ҳар бир йўлакни жандарм кузатмоқда, жосуслар эса кўчада қайнаб-тошиб ётибди. Бирдан умид-ишончини йўқотди. “Жиноятга иштирок этмоқдаман, — ўйлади у, — уйдан чиқиши билан уни ўлдирадилар”. Ўйлаган сари ўлимга маҳкум одамнинг қизини олиб қочиш қабиҳлик эканини ҳис қила бошлади. Салгина олдин, мкваффақият қозонишга қатъий ишончи мустаҳкам пайтида қиз ўғирлаш мардлик, тантилик, олижаноблик бўлиб туюлган эди! У тошюрак эди, ҳимоясиз, ҳамма нарсага кўнадиган, Президентнинг шахсий дўстига тақдирини ишониб топширган одам бирданига ўзига нисбатан шафқатсиз ҳазил қилишганини, ўз жиноятларини ниқоблаш учун ҳаётининг энг сўнгги дақиқаларини ҳам заҳарлашаётганини сезиб қолган киши учун шаҳарнинг қоқ марказида қўйилган қопқонга ўзи тушиб қолишдан қўрқиб қалтираётгани йўқ. Ўзи лабларини тишлаб турган мулозим фақат шуларни ўйлаётгани, шафқатсиз, ифлос фитна-пасод устидан фақат шуларни деб нафратланаётгани йўқ. У ҳомий сифатида қўл узатар экан, генерал олдида ҳам, қизи олдида ҳам оғир масъулият, қарздорлик бурчини бўйнига олганини англаб етган эди. Мана энди, қарздорлик ҳақи-ҳуқуқи топталган, ўзи эса ҳар доимгидек оддий қуролга, жаллод, ёлланган қотилга айланган эди. Номаълум шамол дилидаги симсиёҳ сукунатни саҳро кенгликларига олиб кетди. Чидаб бўлмайдиган ташналикдан силласи қуриган какнуслар, сувсизлик қақшатган дарахтлар тортган барча азоблар бошига тушган нотаниш ёввойи гиёҳ киприклари остидаги намлик сари интилмоқда. Бу ташналикни қондиришга самовий намликлар ҳам қодир эмас. У дучор бўлган ташналик, нақадар кучли! Нега кучли жала остида ҳам дарахтлар қуриб-қақшайдилар?
Орқага қайтиш, генерал ҳузурига кириб огоҳлантириш фикри миясида чақнади… (Миннатдор бўлиб жилмайиб турган қизини кўрди). Аммо у остонадан ўтди – мана трактир, мана Васкес, мана унинг одамлари. Яхшиямки, улар шу ерда; яхшиямки, васкес гапириб қолди:
— Мана, мен шу ердаман. Айни вақтида етиб келдим! Ҳа, менга тўла ишонаверинг. Жони қаттиқ одамман, қўрқоқлардан эмасман, бир билак йигитман!
Васкес чийиллаб чиқмасин деб паст овоз билан гапирар эди. – Сиз менга омад келтирдингиз, — вишиллади у. – Шунинг учун сизга ёрдам бераман. Бўлмаса бу ишга бош вўшврмидим? Сираям бош қўшмас эдим! Сиз кўринганингиздан кейин бека билан ишларимиз юришиб кетди. Энди ҳаммага ўхшаб бахтиёрмиз.
— Етиб келганингиз ва кураш тайёрлигингиздан хурсандман. Шунақаларни яхши кўраман! – хитоб қилди Кара де Анхел бахтиқаро Пелеле қотилининг қўлини қаттиқ қисиб. – Сизнинг сўзларингиз, дўстим васкес, менга журъатимни қайтариб берди, жуда умидимни узиб тургандим – жандармлар кўплигини қаранг!
— Қиттак-қиттак олайлик, ҳаммаси ўтиб кетади.
— Ўзимдан хавотирланаётганим йўқ – шундай ўйламанг! Биринчи марта эмас. Қизни ўйлаб қўрқаяпман. Дарвоза олдидаёқ тутиб олиб, турмага жўнатишса, яхши иш бўлади дейсизми? У ёғи ўзингизга маълум.
— Буни ўйламанг, ўғрининг исини олишса бас, ҳаммаси уйга ёпирилади. Сиз менга ишонаверинг! Ўлжани сезганда югургилаб қолишади.
— Бир гаплашиб кўрсангиз бўлмасмикан? Шу ерда турибсиз – ҳаммаси сизни танишади…
— Ниманиям гаплашардим улар билан?! Очиқ дарвозани кўришса бўлди – биронтасиям кўчада қолмайди! Мени кўришсами?.. Бир оғайним ниначи Антонио билан – балки уни танирсиз? – попникига кирганимиздан бери мени ҳамма танийдиган бўлди. Юқори қаватдан осилиб тушиб, чироқни ёққанимиздаёқ юмшаб қолди: пулларини яширган шкаф калитини олдимизга ташлади, рўмолга тугиб қўйган экан, жарангламасин деган-да! Ўзи эса худди ухлаётгандек хуррак отади денг! Ҳа… йигитларим жуда садоқатли, — бармоғи билан тўсиққа суяниб, устма-уст қадаҳ кўтараётган қовоғи солиқ вазмин ўсмирларни кўрсатди. Улар ҳар бир қадаҳдан кейин полга туфуришарди. – Уялтириб қўйишмайди!
Кара де Анхел муҳаббат учун қадаҳ кўтарди. Бека ҳам ўзига ширин ликёр қуйди. Уччаласи ичишди.
Ҳар эҳтимолга чироқ ёқишмади, фақат мадонна ҳайкалчаси олдидаги шам илиқ нур таратарди, ярим яланғоч қароқчиларнинг гавдасидан хира, қуриган пичанга ўхшаган хона деворларига узунчоқ ғалати соялар тушади, шишалар гулдор шуълалар сочиб ярақлайди. Ҳамма соатга тикилади. Туфуклар нишонга теккан ўқдек полга санчилади. Кара де Анхел бир чеккага ўтиб, деворга суянади. Унинг паришон йирик қора кўзлари хонада тентирайди, миясида шундай оғир дақиқаларда пайдо бўладиган хилма-хил хаёллар ғужғон ўйнайди: у хотини ва болалари бўлишини хоҳлаб қолди. Ўлимга ҳукм қилинган давлат жиноятчиси ҳақидаги латифани эслаб ўзича жилмайиб қўйди. Қатлга ўн икки соат қолганда Президентнинг топшириғига мувофиқ унинг олдига прокурор кириб, ўзига хос қувноқ усулда баён қилинган, хоҳлаган истаги, ҳатто ҳаётини сақлаб қолиш бажо келтирилиши мумкинлигини маълум қилади. “Мен орқамдан ўғил қолдиришни истар эдим”, — жавоб беради жиноятчи. “Яхши”, — дейди ҳакам ва маълум муддатдан кейин унинг олдига кўча қизларидан бирини юборади. Маҳкум унга қайрилиб қарамайди ҳам. Ҳакам қайтиб келиб сабабини сўраганда “Итдан бўлган болалар бусиз ҳам тўлиб-тошиб ётибди”, – дейди.
У яна мийиғида кулиб қўйди. “Мен газетада муҳаррир, дипломат, депутат, алькальд ҳам бўлдим, аммо ҳеч нарса ўзгармади, кейин қароқчиларга етакчилик қилдим. Ҳа, ҳаёт – шайтоннинг ҳазили. That is the life in the tropic”.
Ибодатхонанинг тош устунларидан қаттиқ садо чиқди. Кейин иккинчиси…
— Ҳамма кўчага! – қичқирди Кара де Анхел револьверини қўлига олиб. – Ҳозир қимматбаҳо хазинамни олиб келаман! – чопиб кетар экан бекага гап уқдирди.
— Қани. Кетдик! – буйруқ берди Васкес ва калтакесак сингари генерал уйининг деворига тармашди. Икки-уч қароқчи унга эргашди.
Генералнинг уйидаги соат ҳам жирингламаган эди.
— Кетаяпсанми, Камила?
— Кетаяпман, дада!
Каналес махсус шим ва кўк куртка кийган эди. Кумуш боши ағдарма қорамтир кийимларидан ажралиб турибди. Камила кўз ёши тўкмай, бир оғиз сўз айтмай отасига ўзини отди. Шу пайтгача қалби бахт нима-ю, қайғу нималигини фарқига бормаган эди. Ҳозир кўз ёшидан шўр бўлган рўмолчасини тишлаши, йиртиб, тишлари билан парча-парча қилиб ташлаши керак! Буларнинг ҳаммаси Камила учун ҳамон ўйин ёки қўрқинчли тушга ўхшаб кўринар, булар чинакамига ҳақиқат эканлигига ишонгиси келмасди. Отаси бундай аҳволга тушиши асло мумкин эмас. Генерал уни қучоқлаб хайрлашди. – Ватан учун урушга кетаётганимда онанг билан шундай хайрлашган эдим. У тирик қолишимга ишонмаган эди – қайтиб келганимда у йўқ эди.
Томда тарақлаган овоз эшитилди. Қари жангчи Камилани чеккага суриб, ҳовлига чиқди. Яшил буталар ва улкан гултуваклар орасидан дарвозага қараб юрди. Ҳар бир азалия, ҳар бир ёронгул, ҳар бир атиргул унга бош эгиб хайрлашди, хоналардаги иссиқ ёғдулару салгина олдин видолашган эди. Бошқа бинолардан ажралгандек бўлиб турган уйи бир зумда сўнди. Қочиш – аскарга номуносиб иш! Ҳали ўз юртига ғолиб халоскорлар бошлиғи сифатида қайтади…
Режага мувофиқ Камила деразани ланг очди.
— Ўғрилар! Ёрдам беринглар! Ўғрилар!
Овози тун бағрига сингиб улгурмасдан туриб жандармлар — уйни қўриқлаб турган жандармлар хоналарга ёпирилиб киришди. Улар узун панжаларини оғзига суқиб хуштак чалишарди. Метал ва ёғочларнинг ёқимсиз, дириллаган овозлари. Ташқари эшик ланғиллаб очилди. Шляпасини бостириб, ёқасини кўтариб олган оддий кийимдаги махфийлар револьверларини қўлда тутиб, бурчак-бурчакдан чиқиб келишди. Катта очилган дарвоза турли-туман одамларни биттама-битта юта бошлади. Лойқа сув… Томга зўр-базўр чиқиб олган Васкес симни қирқиб ташлади; йўлаклар ва хоналарни зулмат қоплади. Одамлар гугурт чақишар, шкафлар, жавонлар, буфетларга қоқилиб кеташирди; бир зарб билан қулфларни бузишар, қимматбаҳо мебелларни чилпарчин қилишар – бўкиришар, бўкиришар, бўкиришар эди. Баъзилар катта меҳмонхонада тентирашарди: кимдир оромкурсиларни, кимдир столларни, фотосуратлар ўрнатилган кичкина столчаларни полга аҳдаришар – бу ноёб буюмлар қоронғилик чўккан хоналарда тўзғиб, сочилиб ётарди. Кимдир кабинетда очиқ қолган роялга мушт туширди, у бўғизланаётган жонивордек қаттиқ фарёд кўтарди.
Олисроқ хонада сочилиб кетган қошиқ ва санчқиларнинг кулгиси жаранглади. Сўнг бўғиқ нола эшитилди. Энага Камилани ошхонадаги буфетлардан бирига бекитмоқда эди. Мулозим кампирни итариб юборди. Сочи буфет тутқичига ўралиб қолди, санчқилар полга сочилиб кетди. Энага фарёд солди, Васкес бошига бир урди. Кампир худди қопга ўхшаб полга йиқилди. У ҳаракатсиз танани яна бир урди.

ДАВОМИ БОР

065

(Tashriflar: umumiy 299, bugungi 1)

Izoh qoldiring