Umid Bekmuhammad. Anna German armonlari

85     14 феврл — ХХ асрнинг буюк қўшиқчиларидан бири Анна Германнинг 85 йиллиги

  “Хоразм” нашриёти    яқинда  тарихчи ва публицист     Умид Бекмуҳаммаднинг      “Анна Германнинг    армонлари”  номли    китобини     чоп қилди.Китобга    Россия федерациясидаги “Петрополь  илмий маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор  Татьяна    Михайловна Смирнова сўзбоши ёзган.Қуйида ана шу янги китоб ва    унга ёзилган  сўзбошини Сизнинг  эътиборингизга  ҳавола қиламиз.

АННА ГЕРМАН ҲАМИША ҚАЛБИМИЗДА
( Сўзбоши ўрнида)
04

“Поляки в советском довоенном Ленинграде” (2006), “Сокол польский” в Петербурге” (2008) “Польские обществе в Санкт-Петербурге.Конец 19-начало 20 века»( Издательства “Европейский Дом”-2013) каби поляклар мавзусига оид асарларимга маълумотлар тўплаш, ёзиш жараёнида ҳамиша хаёлимдан Анна Герман кетмасди. Негаки, Анна Герман 20 асрда Польшадан етишиб чиққан энг машҳур кишилардан бири. Айниқса, биз тенги бугунги кекса авлоднинг ёшлик давридаги энг машҳур ва ҳозирдаям ўз шон-шуҳратини йўқотмаган хонандаси Анна Герман эди.Анна собиқ иттифоқда туғилиб ўсгани, қолаверса рус тилидаям қўшиқлар куйлагани учун унинг мухлислари миллионлаб кишиларни ташкил қиларди.Ҳар бир тўйу тадбирларда унинг қўшиқлари давраларга файз киритар, ёшлар учун Анна ибрат тимсоли эди.

Мен юқорида таъкидлаган китобларимни унинг қўшиқларини қайта-қайта тиклаб ёзганман десам ҳам бўлади. Негаки, кўпмиллатли Россия, айниқса Санкт-Петербург шаҳридаям поляклар кўпчиликни ташкил қилиши, уларнинг ўтказадиган тадбирларида ҳам доимий қатнашишимиз боис, Анна Германнинг қўшиқлари ҳозирда ҳам севиб тингланишини , ҳамиша қалбимизда эканлигини таъкидлашни истардим.

Шу ўринда поляклар мавзуси билан шуғулланганим боис, ушбу халқнинг Ўрта Осиёда, хусусан Ўзбекистонда ҳам яшаганликларидан, хусусан Анна Германнинг ҳам қадимий Хоразм вилоятида, Урганч шаҳрида туғилганлигидан хабардор эдим. Бироқ менда доим -наҳотки полякларнинг Хоразмдаги, жумладан Анна Германнинг Урганчда туғилиб вояга етганини ҳеч бир тадқиқотчи ўрганмаяпти деган савол туғиларди.

Шукрки, Анна Герман,умуман Хоразмда яшаган поляклар мавзусига бағишлаб тарихчи Умид Бекмуҳаммад томонидан китоб ёзилибди. Мен Россия матбуотида ҳам ўзининг тарихий мақолалари билан мухлисларига эга бўлган Умид Бекмуҳаммаднинг бу мавзуни давом этдириб, Анна Герман ҳақида янада тўлақонли асарлар ёзишини истардим.

Негаки, Дина Шакенова, Марина Мельник, Анастасия Ташкина, Анна Демидова, Ксения Сомова, М.Маматмўминов, Э.Тоштемиров, Антон Грушин сингари Санкт Петербурглик журналистларнинг фикрича, У.Бекмуҳаммад томонидан Россия матбуотида чоп этилган “Эрмитаждаги Навоийхонлик”, “Франциядаги темуршунослик”, “Ўрта Осиёлик биринчи кинооператор” каби мақолалар ёзилиш услуби, мавзуга янгича ёндошиши билан алоҳида ажралиб туради.

Менежер Ирина Барбаш фикрича эса У.Бекмуҳаммаднинг “Хоразмга талпинган Пушкин” роман-эссеси, Лермонтов, Шевченко, В.Даль, В.Бартольд, А.Кун, П.Иванов, М.Горький, Н.Гумилёв сингари асарлари, ҳаёти билан Ўрта Осиёга боғланган Россиянинг машҳур ижод, илм аҳли тўғрисидаги очерклари халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шундай экан У.Бекмуҳаммаддан шу каби дўстлик мавзусидаги яна кўплаб асарларни кутиб ,унинг ижодий-илмий ишларига ривож тилаб қоламиз.

Татьяна Михайловна Смирнова, тарих фанлари доктори, профессор, “Петрополь” илмий маркази директори, Россия Федерацияси.

Умид Бекмуҳаммад
АННА ГЕРМАННИНГ АРМОНЛАРИ
Китобдан парча*
04

1969 йилнинг ёзида Ошиқ Эркин, Комил Нуржонов ва бошқа бир гуруҳ хоразмлик ёшлар сайёҳ сифатида Польшанинг Варшава, Лодз, Познань, Гданск, Сопот шаҳарларини томоша қилишаркан, Сопот шаҳрида ўтказилаётган жаҳон эстрада қўшиқлари фестивалига ҳам ташриф буюришди.Фестивалнинг Хоразмлик меҳмонлар учун энг ҳайратланарли жиҳати улар Урганчда туғилиб ўсган Анна Германнинг қўшиқларини эшитиш шарафига муяссар бўлишди.

Анна Герман қўшиқларини ижро қилиб бўларкан,саҳнага гул кўтарган кўплаб мухлислар қатори шоир Ошиқ Эркин ҳам чиқиб уни табриклади ва :

-Биз сизнинг ҳамюртларингизмиз-Урганчдан келдик-деди.

Табиийки, рус тилида айтилган бу сўзлар Анна учун энг азиз ва ардоқли бўлиб, олис Хоразмни ва отасининг тақдирини ўйлашга ундади…

…Кечқурун онаси Ирмага урганчлик йигитнинг сўзларини айтаркан, оилада Ўрта Осиё, хусусан у туғилиб ўсган Урганч, Хоразм ҳақида суҳбат бўлиб ўтди.

Анна Герман ҳаёти ва ижодининг россиялик тадқиқотчиси Иван Ильичёвнинг аниқлашича, “Анна Германнинг онаси Ирма Мартенс, турмуш ўртоғи Збигнев Тухольскийлар фикрига кўра, машҳур хонанда ҳаётидаги энг катта армони туғилган юрти Урганчга вояга етгач умуман боролмагани, концерт қўяолмагани экан”.

Чиндан ҳам бу бежиз эмас эди.Негаки, ўз даврининг энг машҳур ва ҳозирдаям ўз довруғини йўқотмаган хонандаси Анна Герман 1936 йилнинг 14 февралида Урганчда туғилган эди.

Хўш, Польшалик Анна Германнинг тақдири қандай қилиб Урганч билан боғланганди? деган савол туғилади.

Маълумки, чор Россияси ҳудудига 1917 йил февралигача Польша, Финландия ҳам қарашли бўлиб, ўша санадаги сиёсий ўзгаришдан сўнг улар сувинеритетини қўлга киритишган, аммо Украина, Беларусия ва Россиянинг турли ҳудудларида кўплаб поляклар яшаб қолиб кетишганди.Бундан ташқари бу ҳудудларда немис миллатига мансуб кўплаб кишилар ҳам истиқомат қилишар, улар император Пётр 1, Екатерина 2 даврларидан Россияга кўчиб келиб ўрнаша бошлашганди. Ушбу немис, поляклар орасида меннонит мазҳабига эътиқод қилувчилар ҳам кўпчиликни ташкил қиларди.Улар орасида Анна Германнинг аждодлари ҳам бўлган.

Тарихдан маълумки, асли келиб чиқиши Нидерландиянинг Витмарсум шаҳрилик бўлган файласуф ва диншунос Менно Симонс (1496-1561) христиан динини ислоҳ қилиб ўз мазҳабини яратганди.Ирма Мартенс ўз хотиралари ( “Анна Герман”, Санкт Петербург-2012, “Амфора” нашриёти,137-бет) да аждодларининг ана шу мазҳабга эътиқод қилишганини айтиб ўтганди.Меннонитлар таълимотига кўра қўлга қурол олиб урушларда қатнашиш, одам ўлдириш, умуман олганда ёмонликка қурол кучи билан қаршилик кўрсатиш ёвузлик, ғайриинсоний, ғайридиний ҳолат ҳисобланарди.Табиийки, Менно Симонс яшаб ўз эътиқодини тарғиб қилган даврда қироллар, ҳарбийлар ва улар итоатидаги руҳонийлар учун урушлар бойиш ва ўз ҳудудини кенгайтириш манбаи эди. Шу боисдан ҳам Нидерландияда меннонитлар оқими қаттик қаршиликка учрагач, улар 16 аср ўрталарида Пруссия, айрим меннонитлар эса 18 аср охири, 19 аср бошларида Украина ,Россия ҳудудларига кўчиб кетишади. Хусусан, 1850-1884 йилларда Пруссиядан Россияга 18 мингдан ортиқ меннонитлар кўчиб келишган. Улар орасида Анна Германнинг аждодлари-Фризенлар хонадони ҳам бор эди.

Маълумки, асли немис миллатига мансуб Екатерина 2 давридан Россияда немис миллатига мансуб оқсуяк амалдорлар кўпая бошлаган, меннонитларнинг 19 асрда Пруссиядан кела бошлаши эса немис, поляк халқларининг чор Россияси ҳудудида янада кўпая бошлашига сабабчи бўлди. Граф Йохан Фризен хонадони ҳам Чор Россияси ҳудудига 1850 йилда муҳожир сифатида келишган бўлиб, Украинанинг Великокняжеск (ҳозирги Ставрополь ўлкасининг Кочубеев қишлоғи) ҳудудига келиб ўрнашишганди.

Ана шу муҳожирларнинг авлодидан бўлган Давид Петрович Мартенс (1863 -1922) ва Анна Мартенс (1886 йил туғилган) оиласида 1909 йилнинг 15 ноябрида қизалоқ туғилади. Унга Ирма дея исм қўйишади.1911 йилда Вильмар,1920 йилда Герта туғилади. Катерина, Давид, Генрих, Ханс исмли қариндошлари ҳам ушбу хонадонда аҳил-иноқ баҳамжиҳатликда яшашарди.Ушбу хонадон она, қисман ота тарафдан келиб чиқиши голланд меннонитларига бориб тақалар, аммо Мартенс ва Фризенлар сулоласининг кўп йиллик ҳаёти Польшада кечгани боис, польяк тилида сўзлашишарди.Шу боисдан улар учун Польша муқаддас ватан эди.Бироқ улар меннонитлар эътиқодига кўра, 19 асрда чор империясига қарашли Украина ҳудудларига келиб қолишганди.

Бу вақтда хонадоннинг каттаси-Абрам Яковлевич Фризен (1857-1929) авлодларига, эътиқодига кўра меннонитлик мазҳабини давом қилдиришни ҳар куни эслатиб турарди.А.Я.Фризен Украинадаги меҳмонхонани бошқариб обрў ва тажриба орттирган, Великокняжеск яқинидаги Богослов станциясида ҳам ишлаганди.Шунингдек ҳунармандлик билан шуғулланиб чиройли мебеллар ҳам ясашни ҳам йўлга қўйганди.Ўша вақтда Велекокняжеск кўп миллатли шаҳарча бўлиб, поляк, немис, голланд ва руслар кўпчиликни ташкил қиларди.

Тинч ва осойишта ҳаёт афсуски 1914 йилда бошланган 1 жаҳон уруши ва 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлар сабаб ағдар тўнтар бўлиб кетди.1919 йилда Давид ва Генрих шўро ҳукумати томонидан ҳибсга олиниб отиб ташланади.1922 йилда Давид Мартенс тиф касаллигидан вафот этади. Натижада оила иқтисодий жиҳатдан қийинчиликга учраб қолади.Ирма ҳам ёш бўлишига қарамай аптекада ишлашга мажбур бўлади. 1929 йили мактабни тугаллаб Одесса педагогика институтининг филология факультетига ўқишга киришга эришади.Шу даврда ўқитувчиларга эҳтиёж кўплигидан 1930 йил июнда муддатидан олдин немис тили ўқитувчиси дипломини олади.Бироқ Одессадан 100 километр узоқликдаги Чебриков шаҳри мактабида иш фаолиятини бошлашга мажбур бўлади.

Аммо шўроларнинг юритган демографик, мафкуравий сиёсати туфайли 1934 йилда кўплаб поляк ва немислар Украина,хусусан Чебриковдан Ўрта Осиёга кўчирилади. Шу тариқа тақдир ёзиғи туфайли Ирма Фарғона водийсига келиб мактабда ишлай бошлайди. Уларнинг бахтига, Ирманинг укаси Вильмар водийда ҳарбий хизмат қилгани сабаб бу ердан кўплаб дўстлар орттирганди.Шу боис, қолаверса меҳмондўст ўзбеклар полякларга ғамхўрлик қилиб туришганидан улар унчалик қийинчиликларга учрашмади.

Ирма водийда ўқитувчилик фаолиятини давом этдираркан, Чимёндаги нефт заводида ишлаётган Евгений Герман (1909 йил 25 мартда туғилган) билан танишади. Унинг асли келиб чиқиши Польшанинг Лодзь шаҳридан бўлиб, бу вақтда Чимёндаги заводнинг мусиқа ансамблида дирижёрлик қиларди.Немис, голланд, рус тилларини мукаммал биладиган Евгений баланд бўйли, мовий кўзли бўлиб, кўплаб китобларга эга кутубхона ташкил қилган, гитара, скрипка чалар, шеър ва қўшиқларни ҳам қойилмақом қилиб ижро қиларди.Евгений ҳурфикрли шахс бўлиб, шўро ҳукуматининг зулмкорлигидан унинг сиёсатига қарши фикрда эди.Шу туфайли ҳам уни таъқиб қилишгани учун Донбассдан қочиб, ўша вақтда чеккароқ туюлган Фарғонага келиб қолганди.

Ирма ва Евгенийларнинг водийдаги осойишта ҳаёти ҳам афсуски узоққа бормади. Кунлардан бирида Фарғоналик ўзбек қадрдонлари Евгенийни чекистлар суриштира бошлашганини айтиб қолади.Бу гал ҳам таъқиблар ва тақдир йўллари уларни янада чеккароқ туюлган Урганчга боришга мажбур қилади.Ёш оила соҳибларининг айнан Хоразмни танлашгани бежиз эмасди.Негаки Ирманинг укаси Вильмар Фарғонадан Урганчга келиб зоотехник бўлиб ишлаётганди. Қолаверса, бу пайтда Хоразмда меннонит ларнинг ўзига хос Европа шаҳарчаси борлиги уларни Урганчга боришга ундади.Хуллас, улар вақтни бекор ўтирмай Чоржўйга, у ердан пароходда Урганчга етиб келишади.Бироқ Вильмар Оқмачитдаги меннонитлар билан яқин алоқа ўрнатган бўлсада, опаси ва куёвининг Урганчда яшашини маъқул кўради.

Эр-хотиннинг ижарадаги уйлари ўша вақтда Урганчнинг Кўнақаъла деб аталган деҳқон бозори ёнида, Қирғизёп бўйига қараган алоқа биноси атрофида бўлган.Ўрта Осиёлик биринчи кинофотоустаси Худойберган Девонов ( 1879-1938)нинг шогирди бўлган жияни Юсуп Ҳасановнинг хотираларига таяниладиган бўлса ( Юсуф Ҳасановдан эшитганлари бўйича ўғли, кекса журналист Абдулла Юсуповнинг айтишича),1935 йиллари поляк,немис, рус миллатига мансуб аҳоли Кўнақаъладаги алоқа биноси ёнидаги уйларда истиқомат қилган.Бу ҳудуд ҳозирги деҳқон бозорининг орқа қисми, Қирғизёпга қараб барпо этилган Анна Герман кафеси , оилавий поликлиника атрофларида бўлган.

Юсуф Ҳасанов ўғли Абдуллага айнан шу ҳудуддаги поляк ва руслар келиб уларнинг суратхонасида расмга тушиб кетгани, мулоқотда бўлиб туришганини айтган экан.( Балки ҳозирда сақланиб қолган Анна Германнинг болалиги, Ирма ва Евгений Германлар тасвирланган суратларни ҳам Худойберган Девонов ва Юсуф Ҳасановлар олишгандир.Зеро, ўша вақтда Урганчда суратхоналар саноқли бўлиб, улар ичида Девонов устахонаси энг машҳури бўлган).Юсуф Ҳасановнинг ўғлига айтиши бўйича, суратхона ёнида “Звезда” дея номланган сартарошхона ҳам бўлган. Суратга тушиш учун келган поляк ва руслар ўзларига жило бериб, соч-соқолларини олдиришгандан сўнггина суратга тушишган.Демакки, сартарошхона мижозлари орасида Евгений Герман, Вильмар Мартенс ва бошқа поляк, немис, руслар ҳам бўлишгани аниқ.

..Ирма Урганчдаги Крупская номли мактабда немис тили ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Евгений эса севган касби мусиқачиликни ташлаб Урганч нон заводида ҳисобчи бўлиб фаолиятини бошлайди.Урганчнинг Кўнақаъла қисмида яшовчи Германлар уйига вилоят театри яқин бўлиб, кечки пайтлари очиқ саҳнада намойиш этиладиган пьеса, концертлардаги овоз улар хонадонига баралла эшитилиб турарди.Шунингдек Ирма ва Евгений дам олиш кунлари ўша вақтда Акмал Икромов номи билан аталган ( ҳозирги Огаҳий номидаги мусиқали драма) театрига боришар, ўзлари учун қизиқарли туюлган ўзбекча спектакл, концертлардан завқ олиб қайтишарди.Шу билан бирга ўзбеклар билан қилинган мулоқотлар боис ўзбекчани ҳам ўргана бошлашганди.

Хоразмликлар ҳамма даврларда бўлгани каби ўз ватанларига сўнгги келган полякларга беписанд қарамай, худди ўзларининг туғишган оға-инисидай мулоқотда бўлишган.

Табиийки, Евгений ва Ирмадек ўз даврининг олд зиёлиларида уларга ватан бўлган Хоразм, Амударё,Урганч сўзлари, уларнинг маъноси ҳам қизиқ туюлган, улар бу борада сўраб суриштирган бўлишлари мумкин.Қолаверса, Евгений Германдек Фарғонада мусиқачилик қилган санъаткорни Хоразмнинг жўшқин, мумтоз қўшиқлари, ўйинлари, мусиқа асбоблари ҳам қизиқтириб қолгандир…

Шу билан бирга улар Хивадек қадимий шаҳарга ҳам бориб, кўкка бўй чўзган миноралар, шарқ меъморчилиги обидалари билан танишиб қайтган пайтлари кўп бўларди.Ирма ва Евгений Хива яқинидаги Оқмачит қишлоғига ҳам боришиб у ерда 51 йилдан бери яшаётган меннонит немислари билан ҳам алоқани йўлга қўйишди.

Хўш, тарихда меннонит немислари номи билан машҳур бўлган бу халқ Вильмар, Ирма ҳамда Евгенийдан ярим аср олдин қандай қилиб Хоразмга келиб қолишганди?

Маълумки, боя айтиб ўтганимиздек меннонитлар мазҳабида қўлига қурол ушлаб урушларда қатнашиш қаътиян таъқиқланганди.Бироқ ўз ҳудудини Ўрта Осиё томон кенгайтириб бораётган 1874 йилда, чор Россияси ҳудудидаги миллати ва диний эътиқодидан қаътий назар барча эркакларнинг армияга олиниши мажбурий қилиб қўйилади.Айнан ана шу ҳолат қонун кучга кирган 1880 йилдан меннонитларнинг Россияни тарк этишларига сабабчи бўлаётганди.Бироқ улар бахтига ўша вақтда Туркистон генерал губернатори фон Кауфман ҳамда Амударё бўлими бошлиғи генерал Гроттенҳелмлар келиб чиқишига кўра немис миллатига мансуб нуфузли шахслар эди. Шу боис улар гарчи мазҳаби бошқа бўлсада меннонит немисларини Ўрта Осиё, хусусан Хива хонлигига таклиф қилишади.Ўша вақтдаги Хива хони Муҳаммад Раҳимхон 2 ( Феруз) ҳам Кауфман фикрини қабул қилади ва Хива яқинидаги бир қишлоқни улар ихтиёрига топширади.

Ана шу тариқа 1880 йилдан бошлаб меннонитларнинг Медемтал, Валдехим, Молотсчна номли гуруҳлари дастлаб Тошкент,кейин Бухоро, ундан сўнг Хива хонлигига келиб ўрнашишади.Меннонитларнинг йўлбошчиларидан Эмил Райсон Ферузхон ( 1844-1910) билан учрашиб ўзлари учун алоҳида қишлоқ ажратиб беришни илтимос қилади. Хива хони меннонитларга фақат чўчқа боқмаслик шарти билангина Хивадан 12 км жанубий-шарқдаги Чиқирчи қишлоғидан ер ажратиб беради.Натижада 1884 йил 16 апрел уни Класс Эпп, Эмил Райсон, Вильгелм Пеннер, Жакоб Жанатзен, Мичел Классен бошчилигидаги оқсоқоллардан иборат 34 оила Чиқирчи қишлоғига келиб ўрнашишади.

Шу тариқа асрлар давомида ислом динига эътиқод қилиб келаётган Хоразм Ферузхоннинг ҳиммати,диний бағрикенглиги сабабли меннонитларга ўз бағридан жой беради.

Тадқиқотчи Жасур Жуманиёзовнинг изланишларига кўра, “ меннонитлар ўз маъмурий бошқарувига эга бўлганлар. Кейинчалик Оқмачитлик немислар дея айтиб келинган халқга Класс Эпп бошчилик қилган. Класс Эп (1838 йил 21 сентябрда Пруссиянинг Фурстервердер шаҳрида туғилган бўлиб, 1913 йил 19 январда Оқмачитда вафот этган) Оқмачитга асос солган.У ўзларининг диний маросимларини ўтказишлари учун қишлоқда черков қурдирган.Черков жуда баланд, оқ рангга бўялган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 25 меннонит оиласига хизмат қилган.Маҳаллий аҳоли черковни Оқмачит дея аташган ва бу атама вақт ўтиб меннонитларнинг қишлоғи номига айланган. Бундан ташқари Класс Эпп бошчилигида Оқмачитда мактаб, касалхона, черков ва бошқа маъмурий, тураржойлар ҳам барпо этилган” (“Хоразм ёшлари” газетаси, 2009 йил 19 июн).

Меннонитлар ҳақида 20 аср бошларидаги Хоразмга оид адабиётларда кўплаб маълумотлар мавжуд. В.Гиршфельд, М.Н.Галкинларнинг ёзишига кўра, “немислар Саратов губерниясида яшаган бўлиб, улар 36 хонадондан иборат 142 кишини ташкил қилишган” (“Военно-статистическое описание Хивинского оазиса”, Т, 1912 г ).Н.С.Ликошин эса “ немислар 24 ҳовлидан иборат, уйчалари тиғиз қурилган бўлиб, кичик тор кўчаларда жойлашган. Бу аҳолининг турмуши ташқаридан қараганда, кўпроқ аллақандай кичкина немис шаҳарчаси чеккасини эслатарди” ( “ О современном состоянии Хорезмского ханства” .ЦГА РУз, ф 2, оп 1,д314, л 48) дея таърифлаган ўз асарида.

В.Гиршфеълд ва М.Галкинларнинг маълумотига кўра, “ немислар дурадгорлик ҳунари билан машғул бўлиб, Хива ва Петро-Александровскни ўз хизмат ва маҳсулотлари билан таъминлаганлар.Уларда темирчилик устахоналари ва мўри тозалаш ишлари ривож топган”.Н.Ликошин бўлса , немис уста ҳунармандларининг ишларини қимматроқ дея ўз фикрини билдириб ўтган.

1889 йилнинг декабрида асос солинган Янги Урганч пахта-ёғ заводи ҳам немислар номи билан боғлиқдир. 1910 йилга келиб уни ака-ука Крафтлар ўз қарамоғига олишган. Оқмачитдаги немислардан ташкил топган ремонтчи-слесарлар, усталар гуруҳи эса Гурлан, Янги Урганч, Хивадаги пахта тозалаш заводларини таъмирлаб турганлар.

Немис аёллари эса хон қариндошлариникида рўзғор юмушларини бажаришга ёрдамлашган. Қизил тусдаги зотдор сигирларни соғиш ва қайта ишлаб, ёғ, қаймоқ, пишлоққа айлантириш ҳам немис аёлларининг зиммасида бўлган. Сутни қаймоқ ва ёғга ажратадиган сепараторни ҳам илк бор Хоразмда немис аёллари ишлатишган. Ўзларини тўлиқ сут маҳсулотлари билан таъминлаган немислар эҳтиёждан ортиғини маҳаллий халққа сотганлар.

Деҳқончиликка ихлос қўйган бир гуруҳ немислар эса қишлоқдаги қўриқ ерларни ўзлаштириш билан шуғулланган.Картошка, карам, помидор, лавлаги, бақлажон, бодринг каби экинлардан юқори ҳосил олишган. Картошка, помидор ва бақлажон экишни эса хоразмликлар немислардан ўрганишган.

Қишлоқдаги боғлар эса олма, анор, беҳи, ўрик каби мевали, чеккароқда бўлса терак, тол, гужум, эман каби манзарали дарахтлар билан янада чирой очган.Немислар қурилиш ашёлари сифатида ана шу эман, гужум, терак ва толларни ишлатишган.

Улар шунингдек, чорвачилик ва деҳқончилик, ҳунармандчилик, боғдорчилик билан машғул бўлибгина қолмай болаларини ўзлари ташкил этган немис мактабларида ўқитишган.Мактаб тагида ертўла бўлган.Ертўлада эса қишга ўтин, ёқилғи сақлаб қўйилган.Парталар бўлса ёғочдан ишланган бўлиб, ҳар бири 6 нафар ўқувчи учун мўлжалланган.Шунингдек, мактабда кутубхона ҳам мавжуд бўлган.

Кутубхонада илму-фан билан шуғулланишлари учун шарт-шароит етарли бўлган. Ҳатто, Хоразмга илк бор фотографиянинг кириб келиши ҳам оқмачитлик немислар билан боғлиқ.Ўзбек фотографияси ва киносининг отаси ҳисобланмиш Худойберган Девонов (1879-1938) ҳам Оқмачитлик Вильгелм Пеннерга шогирд тушган ҳолда фаолиятини бошлаган.

Ана шу фактларнинг ўзиёқ Оқмачитлик немисларнинг Хоразм тараққиётида сезиларли ва ўзига хос ўринга эга бўлганини кўрсатади. Дастлаб кўчиб келган йили—1883 йилда 40 оиладан иборат меннонит немислари Оқмачит қишлоғини 20 аср бошларида Оврўпача шаҳарчага айлантирадилар.

ЎЗМАРДАВ архивдаги “Хива тобеъининг кулли ахборотининг рўйхати” номли ҳужжатда (125 рақамли) орқали биз 1910 йилда Оқмачитдаги немислар сони қанча эканини билиб оламиз. 1910 йил 16 декабрда тузиб бўлинган ушбу ҳужжатда 137 нафар немис миллатига мансуб фуқаро яшагани қайд этилган.

Орадан йиллар ўтиб, бу рақам 1930 йилларда анча ортди.Унгача эса бутун дунёдаги сингари Чор Русиясининг мустамлакаси бўлган Хива хонлигида ҳам қатор ўзгаришлар рўй берди. Немислар 1916 йилдаги халқ қўзғолони, 1917 йилдаги сиёсий жараёнларда ҳам иштирок этмадилар. Шунингдек, 1920 йилдан 1924 йилгача фаолият кўрсатган ХХР даврида ҳам Оқмачитда сокин ҳаёт кечирдилар.

Меннонит немисларининг Оқмачитдаги 1935 йилгача бўлган ҳаётини биз асосан уларни кўрган кишиларнинг фикрларидан билиб олишимиз мумкин.

1935 йили Хоразмга келган журналист Абул Бозоровнинг сафарномаси орқали Оқмачитдаги немисларнинг 20 аср бошларидан то 1935 йилгача бўлган фаолиятини кузатамиз. Райком вакили кузатувида Оқмачитда бўлган Абул Бозоров немисларнинг ҳаётини шундай тасвирлайди: “ Биноларнинг пештоқларида уларнинг қурилган саналари йирик ҳарф ва рақамлар билан ўйма усулда ёзиб қўйилган.Биноларга бежирим зинапоялардан кўтарилиб кирасиз.Кираверишда 8-10 қадам узунликда кенг йўлак, чап томонида ромлик ойналар, ўнг томонида силлиқ девор ялтираб туради. Бунда уст бош ва оёқ кийимлар қўйиладиган ўринлар бор. Ичкарида кенг зал, унга атрофдаги бўлма деразалардан ҳам, шифтда учбурчак шаклида кўтарилиб ишланган тепа деразадан ҳам ёруғлиқ киради. Уй саҳнига тахта тўшалган бўлиб, унинг остида бир неча бўлмалардан иборат тагхона мавжуд.Бу салқин бўлмалар омбор вазифасини бажараркан.Хоналарда шкаф, гардероб ва диванларнинг ўрни кўриниб турибди, баъзиларида қишлик кийимлар, оила аъзоларининг суратлари ҳам қолган.Кўпчилик уйлардаги девор, поллари ҳар ер-ҳар еридан кўчириб олинган. Айтишларича бу ердан тилла-жавоҳирлар излашган.Шаҳарчада касалхона, мактаб, кутубхона, болалар ўйнайдиган майдончалар, театр саҳнаси, рақс майдони, дўконлар мавжуд.Ҳамма-ҳаммаси режа билан қурилган.Ҳар оила кўпдан-кўп ёзув-чизув қуроллари ва хонаки кутубхонасига эга бўлган.Шаҳар чеккасида эса турли устахоналар, мўъжаз корхоналар, шунингдек вино заводи ҳам бўлган, дейишади.Шаҳар қўрғонлар билан ўралган бўлиб, чекка тарафдаги дарвозаларни соқчилар қўриқлашган.

Қўрғон ташқарисидаги боғларда олма, анор, беҳи, ўрик, ёнғоқ, тут, жийда каби мевали, чекка тарафларда эса терак, қайрағоч, манзарали эман дарахтлари ўсиб турган.Қурилишлар ва мебел ясашга фақат ўзлари ўстирган ёғочларни ишлатишган.Мебеллари ўта сифатли.Ростини айтганда, немислар шаҳарчасидан мусодара қилинган шкаф, стол, стул, диван ва бошқа жиҳозларни округнинг бошқа жойларида ҳам кўриш мумкин.

Шаҳарчада ҳафтада бир кун бозор бўлган.Унга фақат ўша куни четдан саноқли кишилар киритилган.Гўшт, ёғ, ғалла, асал, мева ва бошқа маҳсулотлар, йирик майда моллар жуда арзон нархда сотилган.Кейинчалик маҳаллий амалдорлар ва фуқароларнинг илтимоси билан немислар Хива бозорига ҳам қатнай бошлашган.Улар келтирган сифатли ва зотдор моллар эса бир зумда харид қилинган. Немислар тайёрлаган пиво ва винолар Самарқанд, Тошкент заводларининг маҳсулотлари билан рақобатлашган.Ертўлаларда 30-40 йиллик шароблар сақланган.Немислар чорва наслини яхшилаб, мўл ва арзон маҳсулотлар етиштирганлар, паррандачилик, асаларичилик бобида ҳам уларга рақобатчи топилмаган.

…. Кўл бўйидаги чорбоғдан чиқиб, ферма томон кетаяпмиз.Устига беда, пичан ғарамлари босилган катта айвон рўпарасидан чиқдик.Бу ёзги молхона.Ости кенг ертўлада эса қиш пайтлари мол боқилар экан.Икки табақалик катта эшикдан ертўлага кирамиз. Рўпарамизда узунлиги 120-150 метр келадиган улкан оғилхона пайдо бўлди.Ичида тўрт қаторлик охурлар ўрнатилган.Кираверишдаги чап томонда деразалар ёнида идоралардагидек росмана стол, стул, девор тарафда эса ажойиб диван турибди.Стол устида журнал, ҳужжатлар, ҳисобчўт.Диванда бошларига қора цилиндр, устига фрак ва оёғига лакланган қора туфли кийган икки немис ўтирибди.

Булардан бири Оллаберган Давлатёров бўлиб, ўзбекчани мутлақо билмас, немисча сўзлар, рус тилида камдан кам гапиради.Иккинчиси Райим Раҳмонбоев эса ўзбек, немис, рус тилларида яхши сўзлай оларди.Раҳмонбоевнинг айтишича, уни ёшлигида отаси ночорликдан хизматкор қилиб берган.Оллаберганни эса кимдир чақалоқлигида қўрғон ичида қолдириб кетган.

Болани немислар ўз бошлиқларига тобширганлар.Қўрғон оқсоқоли ҳар иккала болани ўқитиб, ҳунар ўргатиб, катта қилган ва ишлатган, уйлантириб, уйли-жойли қилган”.

Абул Бозоров тасвирлаган немисларнинг шаҳарчасида Вильмар Мартенс, Евгений Герман, Ирма Мартенслар бўлиб, дўстлар орттирган.

Шу тариқа 1934 йили меннонитлар Оқмачитдаги ҳаётларининг 50 йиллигини ўзларининг шаҳарчаларида нишонлашади.Ушбу санага бағишлаб мактаб ўқувчиларининг саҳна кўринишлари, мусиқали композицион чиқишларини намойиш қилишади.Саҳна кўринишларида меннонитларнинг Нидерландияда бошланган ҳаётларидан то 1934 йилгача бўлган тарихий кечмиш жараёни акс этдирилганди.

Оқмачитда ўтган қутлуғ сана шодиёнасида Вильмар Мартенс ҳам қатнашади ва улар биргаликда суратга тушишади.Афсуски, бундай дўстона мулоқотлар кўпга чўзилмади-1935 йили Оқмачитлик немислар жамоа хўжалигига киришдан бош тортишгани учун Тожикистон ва Қозоғистонга кўчириб юборилади…

Меннонитларнинг Оқмачитдан кўчирилиши ҳақида эса Хивалик кекса муаллим Қозоқ Ҳожи ўғли шундай ҳикоя қилади:

-Мен улар яшаган шаҳарчани, қаълани кўриб ҳайрон қолганман.Улар ҳеч кимдан моддий ёрдам сўрамай бу шаҳарни қандай бунёд қилишган эканлар-а?.

… Бир куни шу ерлик кишилардан бири немисларнинг бошлиғи Отабой(Отто) оқсоқол яшаган уйни кўрсатиб: “Бу ер қабулхона бўлган. Отто немисни ҳурмат қилиб, унга ўзбекча Отабой дея исм қўйгандик. Отабой немис ҳамюртлари жўнашининг охирги кунигача туриб, иморатлар, жиҳозлар, мол-мулкларни ҳукумат комиссиясига тобшириб кетган” деди.Кўчирилишига келсак, 1935 йилда Хива туманидаги Пишканик қишлоғида янги очилган шўро мактабининг бешинчи синфида ўқир эдим. Мактабимиз олдидан катта Оқмачит-Хива йўли ўтарди.Шу йили Оқмачит немисларини бошқа жойга кўчиришармиш, деган гап тарқалди.Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди.Бир куни немисларнинг от-араваси, мол-мулкини жамоа хўжалигига тобшириб, ўзларини пиёда, миршаблар қуршовида саф қилиб Хива қаъласи томон олиб ўтишди.Уларни кўриш учун йўл бўйига чиққанимизда миршаблар бизни қувиб юборишди.

Янглишмасам, 1958-60 йиллар бўлса керак.Оқмачитдаги қариндошимиз, ўқитувчи Самандар ака Қаландаровнинг уйида тўй бўлаётганда икки нотаниш эркак ва бир аёл ташриф буюрди.Улар бизга нотаниш тилда гапиришди.Кейин билсак, улар Оқмачитдаги немисларнинг фарзандлари экан.Улар шундай дейишди: “ Ота-онамиз қариб қолишди.Биздан ўзбек биродарлардан, Оқмачитдан хабар олинг” деб юборишди.

Маълум бўлишича, немислар Оқмачитда яшаганида, улардан бири шу ерлик Эгам отадан қарз олган экан. Ҳалиги келганлардан бири, қарз олганлардан бирининг фарзанди бўлиб, қарзни олиб келган экан”.

Ҳа, немислар ҳақида улардан шундай ёрқин хотиралар қолган.Айниқса, немисларнинг Хоразм шевасида бемалол сўзлаша олганликлари, таклиф қилинган барча тўй-маъракаларда қатнашганликлари, ижтимоий муносабатларда қарз бериш-олиш умумқоидаларига қаътий амал қилганликлари, уюшқоқ ва иқтидорли бўлган немисларнинг ҳар нарсани ўз мавриди, муддатида пухта бажаришга одатланишгани, Қорақум этакларида қисқа бир фурсат ичида оврўпача типдаги шаҳарчага асос солганликлари ҳам ҳануз эсланади.Шунингдек, айнан немислар туфайли воҳаликлар картошка, карам, лавлаги, бодринг, помидор, бақлажон каби тансиқ экинлар парваришини ўрганишган.

Меннонит немисларининг Оқмачитдан кўчирилишига сабаб, тузилаётган колхозларга киришни ҳоҳламай, якка деҳқон бўлиб, ёки фермер хўжалигини ташкил қилиш таклифи билан чиқишгани , болаларини шўроларнинг мактабларида ўқитмай, ўзларининг мактабларида таълим беришгани эди.

Хоразмдан мажбурий кўчирилган меннонит немислари Тожикистонда қурилаётган Вахш сув омбори қурилишига юборилади.Кейинчалик улар Россияга, у ердан эса Канада, Германия ва АҚШга кўчиб кетишади…

Евгений ва Ирма, Вильмарлар учун меннонитларнинг бадарға қилиниши афсуски ташвишланарли эди.Бироқ шундай бўлсада улар ўз ишлари билан овуниб бу йўқотишга зўрға чидашди.Ноилож-шўро тузумига қарши боришнинг иложи йўқ эди. Чунки Евгенийнинг ўзи таъқибларга учраб Донбассдан Фарғонага, у ердан Урганчга кўчиб келган, Ирма ҳам шўро сиёсати боис олис Хоразмдан бошпана топишга мажбур бўлганди. Ана шундай ғаму ташвишли кунларнинг бирида тақдир улар хонадонига шоду хуррамлик бахш этди.

…1936 йил 14 февралдаги ёмғирли кун улар хонадонига қувонч олиб келди. Евгений ва Ирма Урганчда туғилган фарзандларига Анна-Виктория дея исм қўйишади.Ирма ишлаётган мактаб жамоаси ва Урганчнинг Кўнақаъла маҳалласи аҳли ҳам давр ғоят қийин бўлсада, ёш оилага ҳар томонлама ёрдам беришга интиларди.

Ирма Мартенснинг “Хотиралари”да ёзилишича, Урганчлик ўқувчилари немис тили ўқитувчисининг қизини овунтириш ниятида улар оиласига бориб туришарди. Ирма ўз ёдномасида ўқувчиларининг ўзбек тилида “Апа,апа, сизнинг қизингиз чиройлик” дея берган самимий сўзларини келтириб ўтган.

“Ҳаётимиз Урганчда сокин кечар,Хоразмдаги ўқитувчилик фаолиятимда тажрибам ортиб борарди. Афсуски, 1937 йилнинг ёзи иссиқ келиб Анна касалланиб қолди. Кўз ўнгимда қизалоғим сўлиб бораётгандек эди. Уни даволатиш учун Тошкентга олиб боришга мажбур бўлдик. Эски шаҳардаги ўзбек хонадонидан ижарага уй олдик. Хонадон эгаси Аннани кўрибоқ “бу паратиф, тезроқ докторга кўрсатиш керак,” деди ва тезда кўчага отланиб керакли дорини топиб келди.Докторга кўринганимиз заҳоти у ҳам юқоридаги ташхисни қўйди ва даволашга киришди”, дейилади.

001 002
003Суратларда: Ирма Мартенс ва Анна. 1937 йил Урганч.

006

007

0099 Ирманинг кундаликларида Тошкент ҳақидаги таассуротлар кўп бўлиб, унда ушбу шаҳарнинг гўзаллиги,таровати, Пушкин номли истироҳат боғининг худди Лондондаги гейд-паркга ўхшаши, нозик дид билан дўппи кийган ўзбекларнинг чинни ликобча ушлаганича қўшиқ куйлашлари, бу оҳангларнинг қалбларни тўлқинлантирувчи жозибаси ҳақида сўз юритилади.

Кўп ўтмай Ирма ва Анна Урганчга қайтиб келишади.Ирма, яна мактабда немис тилидан сабоқ беришда давом этди.Афсуски, бу пайтга келиб жамиятдан “халқ душмани” излаш авжига чиқганди. Ана шундай хатарли даврда кўплаб хоразмликлар ҳам қайғуга чўкиб қолишганди.Негаки, бугун кўрган танишинг эртага қамоқга олингани тўғрисида эшитиб қоладиган пайтлар эди. Негаки, 1937 йил 30 июлдаги “ Собиқ қулоқлар, жиноятчилар ва бошқа антисовет элементларни қатағон қилиш бўйича операция тўғрисидаги” 00447-сонли буйруқга кўра, жамиятда тозалаш авж олдириб юборилади. Ушбу топшириқ бўйича, Ўрта Осиё республикаларида операция 1937 йил 10 августдан бошланадиган бўлган.Жойларда ташкил қилинган “Учлик” ўтказган йиғилиш қарорига кўра, “1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача Ўзбекистонда жами 10700 киши қамоққа олинган” ( Р.Шамсутдинов,Х.Қурбонов, У.Бекмуҳаммад,“Қатағон қурбонлари-5 китоб, Т,-2009,”Шарқ” нашриёти, 5 бет).

Афсуски, ана шу қатағон тўлқини сабаб 1937 йилнинг 25 сентябрида Ирманинг эри Евгений ва укаси Вильмар ҳам “халқ душмани” сифатида қамоққа олинадилар.

Ачинарлиси бу қатағон тўлқини Ўзбекистондаги нафақат маҳаллий халқни, балки бу юртни иккинчи ватани деб билган кўплаб бошқа халқ намоёндаларини ҳам ўз домига тортиб кетди. Улар ичида кўплаб поляк ва немислар ҳам бор эди. Улар орасида қуйидаги кишилар ҳам борлиги архив ҳужжатларида қайд этилган:

1937 йил 4 февралдаги “Учлик” йиғилишида Лапец Арсений Константинович отишга ҳукм қилинган.У 1896 йили Польшанинг Пуликово қишлоғида туғилганди. Ўша йилнинг 10 февралидаги “Учлик” ҳукмига кўра, Басс Иосиф Матвеевич ҳам отишга қарор қилинган.У Польшанинг Тарнов шаҳрида 1919 йилда туғилган бўлган.1891 йили Польшанинг Краков шаҳрида таваллуд топган Карл Крангокович Бучумак эса 10 йилга меҳнат тузатув лагерига сургун қилинганди.Бундан ташқари “учлик”нинг 1938 йил 21 сентябрдаги баённомасига кўра,немис миллатига мансуб, 1896 йили Ростов вилоятида туғилган Виктор Карлович Шуман ,1886 йили Қримнинг Оқтепа қишлоғида туғилган Арон Абрамович Ремпел ( Самарқанд Университетида немис тили ўқитувчиси бўлиб ишлаётганди), 1889 йили Латвиянинг Пернов шаҳрида туғилган немис Эрих Оскарович Мэр , 1894 йили Польшанинг Виленск губерниясида таваллуд топган поляк Степан Адамович Еселевичлар ҳам отишга, 1884 йили Австрияда туғилган немис Альфред Германович Штрум,1890 йили Австриянинг Пяхтольдорф қишлоғида туғилган Карл Францевич Кляйнвехтер,1905 йили Краснокутскнинг Шендорф қишлоғида туғилган немис Егор Егорович Руди,1897 йили Фриденталь қишлоғида туғилган немис Иоганн Фридрихович Цеммер, 1874 йили Фишер қишлоғида туғилган немис Александр Фёдорович Штанг,1905 йили Оренбургнинг Паиник қишлоғида туғилган немис Георгий Касперович Этцель,1873 йили Славгород шаҳрида туғилган немис Пётр Абрамович Брейль, 1884 йили Ленинград шаҳрида туғилган немис Павел Иванович Клаузен, 1891 йили Австриянинг Сагнорден шаҳрида туғилган Рудольф Юзефович Бахингер-Крайцедер,1890 йили туғилган Яков Филиппович Миллерлар 10 йилга, 1901 йили Фишер қишлоғида туғилган немис Иван Готфридович Тирбах 5 йилга сургун қилинади.

Шунингдек, 1938 йилнинг 21 сентябридаги “Учлик” йиғилишида қуйидаги поляк миллатига мансуб кишилар ҳам қатағон қилинади:

ОТУВГА ҲУКМ ҚИЛИНГАНЛАР:

Юзва Владимир Иванович-1894 йили туғилган,Львов шаҳридан, ҳибсга олинган пайтда Самарқанд шаҳридаги “Ҳужум” заводида ишлаган.
Циммерман Цирил Густавович-1899 йили Варшавада туғилган.Қамоққа олинган вақтда Самарқанддаги 1-тери заводида ишлаган.

Стегенек Болеслав Эдмундович 1896 йили Польшанинг Гнезно шаҳрида туғилган.Ҳибсга олинган пайтда Самарқанд йўл станциясида ишлаган.
Корженевский Карл-Эдмунд Янович-1900 йили туғилган.Ҳибсга олинган пайтда Ғаллаорол туманида ишлаган.

Штейн –Розенберг Генрих Юлианович-1904 йили туғилган, польшанинг Лодзь шаҳридан.Ҳибсга олинган пайтда Қўқон шаҳрида ишлаётганди.
Кацав Иван Яковлевич-1897 йили Польшанинг Новое Местечко шаҳрида туғилган.Ҳибсга олинган пайтда Ғаллаорол туманидаги ошхонада ишлаётганди.

10 ЙИЛ МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ ЛАГЕРЛАРИГА СУРГУН ҚИЛИНГАНЛАР:

Фишер Анатолий Иванович-1911 йили Польшанинг Лобч қишлоғида туғилган.Ҳибсга олинган пайтда Жиззах туманида ишлаётганди.
Чаплинский Казимир Иванович-1896 йили Польшада туғилган.Қамоққа олинган вақтда Самарқанд шаҳридаги дон тайёрлов идорасида ишлаётганди.
Домбровский Иосиф Петрович -1889 йили Польшанинг Вильно-Кориц қишлоғида туғилган.Ҳибсга олинган пайтда Самарқанддаги мактабда директор ўринбосари.
Годлесвкий Антон Николаевич-1906 йили Польшанинг Газурово қишлоғида туғилган.Ҳибсга олинган пайтда Самарқанд вилояти Митан туманидаги 1-МТСда бригадир механик бўлиб ишларди.
Кава Абрам Яковлевич-1905 йили Варшава шаҳрида туғилганди.Ҳибсга олинган пайтда Тошкент пойабзал фабрикасида ишлаган.
Юшко Александр Иванович-1896 йили Польшанинг Юшка қишлоғида туғиган.Ҳибсга олинган пайтда Поп туманидаги совхозда ишлаётганди.
Саниюкович Фома Петрович-1899 йили Польшанинг Дуниш шаҳрида туғилган.Ҳибсга олинган вақтда Самарқанд шарбат заводида ишчи бўлиб ишлаётганди.
Харламова Мария Казимировна-1899 йили Вильно шаҳрида туғилганди.Ҳибсга олинган пайтда Самарқанддаги қамоқхонада ҳамширалик қилаётганди.
Крук Мария Викентьевна-1907 йили Варшава шаҳрида туғилган.Ҳибсга олинган пайтда Самарқанддаги ҳамширалар курсида тингловчи.
Козан Вацлав Францевич-1874 йили Польшанинг Вишкого қишлоғида туғилган.Ҳибсга олинган пайтда Самарқанддаги шифокорлар мактабида ўқиётганди.
Кобушко Александр Иосифович-1909 йили Польшанинг Ястрелбе қишлоғида туғилган, Свердлов номидаги театрда ишлаётган ишчи эса 5 йилга меҳнат тузатув лагерига сургун қилинади.
Қатағон авжига чиқган 1938 йил 21 сентябрдаги “Учлик” йиғилишида яна қуйидаги немис ва поляк миллатига мансуб Ўзбекистонда яшаётган кишилар ҳам шўро давлатининг қатағон сиёсатига учрашди.

ОТИШГА ҲУКМ ҚИЛИНГАНЛАР:

Гаас Карл Карлович-1885 йили Гамбург шаҳрида туғилган, миллати немис,
Шпрунг Виталий Оттоевич-1915 йили Урскателскда туғилган.Миллати немис,
Дик Генрих Петрович-1892 йили Днепропетрович вилоятида туғилган, немис миллатига мансуб,
Куриленко Луиза Казимировна-1903 йили Новороссийск шаҳрида туғилган.Миллати поляк,
Клинг Карл Иванович-1909 йили туғилган,миллати немис,
Васеловский Леонид Францевич-1890 йили Винница вилоятида туғилган, миллати поляк,
Тиссен Иван Яковлевич 1892 йили Днепропетровск вилоятида туғилган, миллати немис,
Оттендорф Улрих Германович-1896 йили туғилган, миллати немис,
Бергман Эмил Алоизович-1893 йили туғилган, миллати немис,
Люфт Иван Яковлевич-1903 йили туғилган, миллати немис,
Миллер Карл Вильлельмович-1882 йили Курляндск губерниясида туғилган, миллати немис,
Шмидт Александр Иванович-1883 йили туғилган, миллати немис.

10 ЙИЛГА МТЛГА ҚАМОҚ ЖАЗОСИГА ҲУКМ ҚИЛИНГАНЛАР:

Штерл Оскар Рейнгольдивич-1912 йили Қримда туғилган, миллати немис,
Гетто Георгий Иосифович-1900 йили Ротгамель шаҳрида туғилган, миллати немис,
Блок Иван Васильевич-1881 йили туғилган, миллати немис,
Шаф Никодин Яковлевич-1888 йили Одессада туғилган, миллати немис,
Вальман Абрам Абрамович-193 йили Харьков вилоятида туғилган, миллати немис,
Шалитинская Августа Августовна-1886 йили Ревель шаҳрида туғилган, миллати немис,
Гегель Христиан Яковлевич-1883 йили Оддесада туғилган, миллати немис,
Нейман Альфред -1891 йили Германияда туғилган, миллати немис,
Юстус Давид Фёдорович-1888 йили туғилган, миллати немис,
Берьтелс Нина Оскаревна-1893 йили Швейцарияда туғилган, миллати немис,
Гранидер Анатолий Антонович-1892 йили Германияда туғилган, миллати немис,
Горр Яков Филлипович-1882 йили Саратовда туғилган, миллати немис,
Бендингер Генрих Адамович-1890 йили Петровск губерниясида туғилган, миллати немис,
Шмихель Генрих Георгиевич-1898 йили Волинск губерниясида туғилган,
Глеклер Фридрих Давидович-1885 йили Қримда туғилган, миллати немис,
Улрих Отто Густавович-1884 йили Польшанинг Лодьз шаҳрида туғилган, миллати немис,
Берендтс Гидвил Артуровна-1898 йили Ревель шаҳрида туғилган,
Вишневский Николай Петрович-1872 йили туғилган, миллати немис.

8 ЙИЛ ҚАМОҚҚА ҲУКМ ҚИЛИНГАНЛАР:

Бицер Иван Иванович-1897 йили Харьков вилоятида туғилган, миллати немис,
Степанов Герман Петрович-1894 йили Ригада туғилган, миллати немис.

1938 йилнинг 22 сентябрида эса “Учлик” томонидан Яскулский Казимир Петрович (1876 йили Польшада туғилган, поляк миллатига мансуб киши) ҳам отишга ҳукм қилинади.
( Р.Шамсутдинов, Х.Қурбонов, У.Бекмуҳаммадларнинг “Қатағон қурбонлари”-5 китоб ( Т-2012 йил, “Шарқ” нашриётида чоп этилган китобидан олинди).

Айнан қатағон даврига оид бу кишиларнинг номларини келтириб ўтишимиздан мақсад, улар Анна Германнинг дадаси-Евгений Герман билан биргаликда ҳукмгача Тошкент шаҳрида бирга қамоқда ушлаб турилган поляк ва немис миллатига мансуб кишилардир.Табиийки, улар қамоқхона қийноқларига бардош бераётиб, ўз ҳаётлари, нега ва нима сабабдан бу ҳолга тушганликлари тўғрисида фикр-мушоҳада юритишгандир. Балки уларга Евгений Герман қизалоғи Анна тўғрисида гапириб ҳам бергандир…

Бу пайтда Ирма эри ва укасининг қамоқдан озод бўлишини умид билан кутарди. Афсуски, қатағон даврига оид архив ҳужжатларида биз Вильмар Мартенсга оид ҳужжатларни учратмадик…

Ўша қатағон йилларида кўплаб оилалар давр жабрини чекишган бўлиб, улар қаторида Ирма Мартенснинг Урганчлик касбдош ўқитувчилари ҳам бор эди. Ирма уларни Урганчда ўтказилган ўқитувчиларнинг турли йиғилишларида кўрган, дарс мавзулари юзасидан суҳбатдош ҳам бўлганди.Мана ўша Урганчлик Ирма Мартенс касбдошлари:

Валл Мартин Яковлевич-1911 йили Тошҳовуз вилоятининг Андреевка қишлоғида туғилган, миллати немис.Ҳибсга олинган пайтда Урганч шаҳридаги мактабда немис тили ўқитувчиси.1938 йил 21 сентябрда Евгений Герман билан бирга отувга ҳукм қилинган.Табиийки, бир шаҳарда яшашган Мартин ва Евгений бир қамоқхонада зуғумга бардош беришганча,дардлашиб қолишгандир.Балки ўшанда Ирманинг маҳоратли ўқитувчи эканлиги тўғрисида гаплашишгандир…

Пўлатов Искандар-1909 йилда Чоржўй тумани Бойрабод қишлоғида туғилган, 1922-25 йилларда Германияда таҳсил олган. Ҳибсга олинган пайтда Урганч шаҳридаги мактабда немис тили ўқитувчиси бўлиб ишларди. Искандар Пўлатов ҳам ҳукмгача Тошкентдаги қамоқхонада Евгений Герман билан биргаликда ушлаб турилган. Балки улар бир шаҳарда яшаганлари учун ўзаро дардлашиб қолишганида, Ирма Мартенс , қизалоғи Анна ҳақида ҳам гаплашишгандир. Искандар Пўлатов Евгенийдан 4 кун олдинроқ-17 сентябрдаги “Учлик” йиғилишида 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинади.Балки Евгений Герман терговчиларнинг дўқ-пўписа,зуғумларидан ўз тақдирининг аянчли якун топиши-отувга ҳукм қилинишини сезиб, Искандарга озодликка чиқгудек бўлса яқинлари ҳолидан хабар олишни айтгандир…

Тевс Маргарита Оттоевна-1914 йили Хоразмдаги Оқмачит қишлоғида туғилган.Ҳибсга олинган пайтда метерология станциясида кузатувчи бўлиб ишлаётганди.Маргарита Тевс Евгений Герман билан бирга Тошкентдаги қамоқхонада ушлаб турилган ва 1938 йил 21 сентябрда 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.Маргарита Тесс ва Вильмар Мартенс билан бирга Оқмачитдаги 50 йиллик тантанада иштирок қилишганди.

Афсуски, булар тўғрисида биз бугунги истиқлол шарофати туфайли ёзаяпмиз.Олис ва қайғу-ғамдан иборат 1973-38 йиллари бу тўғрида шивирлаб ҳам гаплашишга имкон бўлмаганлиги бугун ҳаммага аён.

Ирма эса булардан бехабар бўлиб, укаси ва эри тақдирини ўйлаб Аннани бағрига босганича оҳу-нола чекиб юрарди. Кейинчалик Ирма ва қизи Аннани энг қийнайдиган ҳолат ва улар учун армон бўлиб қолгани Евгений Герман, Вильмар Мартенсларнинг тақдири эди.

Анна Германи ҳаёти ва ижодининг тадқиқотчиси Иван Ильичев ушбу хонадон тақдирининг солномасини ўрганиб шўро даврида Тошкент ва Москвадаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига мурожаат қилган.Афсуски, ўша даврда ҳужжатларга “мутлақо махфий” тамғаси урилгани учун Евгений Герман ҳаёти сир бўлиб қолаверганди.

Бундай ҳолат Ирма ва Аннага ҳам тегишли бўлиб, улар оила соҳибининг тақдири ҳақида фақат тахминларга суяниб яшашди.

Ирма Мартенснинг Урганчда ёзилган кундалигида маҳзун 1937 йилга оид шундай сатрлар бор:

“Худойим Евгенийни қамаб қўйишди.Қора булутлар устимизга ёғилди.Нафас олиш қийинлашди.Евгений ва Вильмарни суриштириб прокурор ёнига кирдим.

-Сенинг эринг “халқ душмани” , улар 10 йилга қамалади,-деди прокурор.

-Нега, нима учун, унинг қандай айби бор? Мен уни кўрсам бўладими? — сўрадим.
-Йўқ!”

Шу тариқа Ирманинг оҳу-зори ҳеч қандай натижа бермади.Орадан вақт ўтиб, Хоразм ва Ўзбекистоннинг бошқа жойларидаги қамоқ ва меҳнат тузатув лагерлардан қайтган одамлардан суриштирганда ҳам аниқ бир маълумот топишолмади.Фақат қамоқдан қайтган бир ўзбек кишиси Евгений билан бирга қамоқда ушлаб турилгани, унинг ғоят қийналганини айтиб берди.Бу пайтда “қамоққа олинганлар Сибирга юборилганмиш” деган миш-мишлар тарқалганди. Шу боис Ирма эрини излаб унга бўлган садоқати боис,болаларини Тошкентда онасига ташлаганича Новосибирскгача борди. Бир муддат ўша ердаги мактабда ҳам ишлади.Маҳаллий халқдан, сургундагиларнинг меҳнат тузатув лагери, қамоқхоналардан Евгенийни суриштирди.Афсуски изланишлар ҳеч бир самара бермади.Ана шундай қайғу-ғамга берилиб юрган кунлардан бирида Тошкентдан яна ташвишли телеграмма келди: “Фридрих оғир бетоб”.Бу хабар Ирмани шошилинч Тошкентга боришга мажбур қилди.

Афсуски, ўғли Фридрих касалликдан вафот этди.Анна ҳам оғир бетоб. 1940 йилдаги аянчли, фожиали ҳолат Ирмага қаттиқ таъсир қилди.Аммо у ўзини тутиб олди. Уларнинг ижарадаги уйига қўшни ўзбек эшакга қўшилган аравасини олиб келдию,Фридрихни дафн этиш учун қабристонга кетди.Қайғу ва ғам Ирмани янада эзиб қўйди.Бунинг устига Аннани шифохонада ётиришга мажбур бўлишди.Шукрки, ўзбек врачлари тезда маҳоратини ишга солиб қизалоқни оёққа турғазишди.Энди уни соғлом қилиб вояга етказиш учун маоши кўпроқ иш топиш керак эди.Қувонарлиси шундай иш топилди-Ирма Мартенсни Тошкент Давлат Педагогика институти кечки факультетига немис тили ўқитувчиси сифатида таклиф қилишди.Кўп ўтмай Ўрта Осиё Давлат Университети(ҳозирги Миллий Университет)да ҳам немис тилидан талабаларга сабоқ бера бошлади. ” Мен аспирантурага кириш учун тайёрлана бошладим.Инглиз тилини мукаммал ўрганишга киришдим.Шукрки, биз-ойим ва Анна учаламиз ўзимизни хотиржам ҳис қилардик.Чунки биз ижарага олган уй эгалари бўлмиш ўзбеклар жуда меҳмондўст, дўстона муомила қилишар, доимо жилмайиб турувчи кишилар эди”.

Афсуски, кўп ўтмай бундай сокинлик узоққа бормади.2-жаҳон уруши бошланди. Бунинг устига уруш сабаб яна қатағон бошқача тўлқинда давом қилди. Ирманинг талабаларидан Владислав Краузе уни қамоққа олиниш хавфидан огоҳ қилди.Унинг айтгани келиб 1942 йилнинг январ ойи охирида кутилмаганда эшик ногаҳон тақиллади.Бемаҳал келган ИИХК ходимлари “пропискасиз яшаяпсанлар” деган баҳонада уларни темир йўл вокзалига олиб кетишди.Бу ердан уларни Бухоронинг Ромитан туманига олиб боришди.Кўп ўтмай улар Қозоғистоннинг Жамбул шаҳрига юборилди.

Бу орада Анна вояга ета бошлади.У ўзбек ва қозоқчага тушунар, рус тилида бемалол гапирарди.

05

…Урганч-Тошкент-Новосибирск-Красноярск-Тошкент-Бухоро-Жамбул шаҳарлари. Бу Ирма Мартенснинг Евгений ва Вильмар тақдири ҳақида қайғуриб, уларни излаб ўтказган сарсон-саргардончиликлар, машаққатларни бошидан кечирган, аммо садоқати боис ҳамиша олдга интилган бардошли аёлнинг ҳаёт саҳифалари. Афсуски, Ирма эрининг тақдиридан куюниб, у ҳақда қайғуриб юрган 1938 йилнинг 21 сентябрида ўтказилган “Учлик” йиғилишида Евгений ҳаётига нуқта қўйилганди. Ўша кунги “Учлик”нинг 12-баённомасида 56 маҳбус устидан ҳукм чиқарилган.Улар орасида Евгений Герман ҳам бўлиб, ҳужжатларда унинг “халқ душмани” сифатида отиб ўлдиришга ҳукм қилингани ва қўйилган айблар ёзилган: ”Герман Евгений Фридрихович-1909 йилда туғилган, Польшадан, немис,қулоқ ўғли, сектант баптис, партиясиз,ҳибсга олинган пайтда “Урганч” нон заводида ҳисобчи”(Р.Шамсутдинов, Х.Қурбонов, У.Бекмуҳаммад,”Қатағон қурбонлари”-5 китоб, юқоридаги нашр, 368-бет).

Ўша машъум йиллари тақдир Ирма ва қариндошларини олдинига Тошкент, кейин Новосибирск, Красноярск ва яна Тошкент, Ромитан, Жамбул шаҳарларига кўчишга мажбур қилди.Бу орада Анна ҳам мактаб ёшига етиб қолди. Ирма қизининг тақдири ва келажагидан куюниб уни Жамбулдаги мактабга “Мартенс” фамилияси билан беради.Бу орада уруш ҳам бошланиб халқнинг аҳволи ғоят қийин ҳолга тушиб қолган, ўқувчилар оёғига ҳар хил латталар ўраб мактабга боришарди.Қишнинг изғирин кунларида бу ўша давр учун одатий ҳол бўлиб қолган, Анна ҳам бошқалар сингари шу ҳолда ўқишга қатнарди.

Ирма оиладаги бундай аҳволдан, қизи Аннанинг истиқболини ўйлаб ўкиниб юрган 1943 йили Герман Бренер деган поляк муҳожири билан танишиб қолади.Кўп ўтмай унга турмушга чиқади.Ушбу шахс поляк яҳудий муҳожири бўлиб Польшани фашистлар эгаллагандан кейин собиқ шўро иттифоқига қочиб келганди. Шу тариқа Герман Бренернинг Ирмани ўз паноҳига, никоҳига олиши боис оиланинг иқтисодий аҳволи бироз бўлсада яхшиланади.Афсуски кўп ўтмай Герман Бренер ҳалок бўлади.

Тақдирнинг бу зарбаларидан сўнг 1946 йили Ирма оиласи билан Польшага бориб яшашга рухсат олади.Олдинига улар Новая Руда, кейин Вроцлав шаҳарларида ҳаёт кечирадилар.Анна ҳам энди поляк тилида мактабда таҳсил ола бошлайди.Ўқувчилик давридаёқ нафақат мусиқага, балки тасвирий санъатга ихлоси боис турли тадбирларда қатнашиб танловларда фахрли ўринларни олади.

Урушдан кейинги йиллари Польшада ҳам иқтисодий вазият ғоят оғир эди.Шундай вазиятда Ирма, Аннанинг иқидорини юксалтириш учун санъат борасида қўшимча дарс машғулоти ўтиш учун ўқитувчи ёллашни орзу қилар, аммо пули камлигидан бу ҳам армон бўлиб қолаверди.

Бироқ шундай бўлсада Анна ўзининг истеъдодини намоён қилиш мақсадида тинимсиз ишлади.Ҳаттоки мактабни тугатганиданоқ Вроцлавдаги санъат олий мактабининг тасвирий санъат бўлимига ҳужжатларини топширади. Бироқ онаси ва яқинлари унга “ Мусиқа, тасвирий санъат билан бошқа факультетда ҳам ўқиб шуғулланишинг мумкин, сен Польшанинг қудрати, келажаги учун энг керакли касбни танла!”, деб маслаҳат беришди.

Шундан кейин Анна 1955-61 йилларда Болеслав Берута номидаги Вроцлавск университетининг геология факультетида таҳсил олади. Талабалик даврида “Каламбур” театрида фаолият кўрсатиб Польшанинг кўплаб шаҳарларида гастрол сафарларида бўлиб қайтади.

Бироқ санъатга бўлган ихлос Аннани геологлик касби томон эмас, саҳнага бошлади.Вокал, жаз ва эстрада жанрларида қўшиқлар куйлаб обрў-эътибор орттиради.
…Орадан йиллар ўтди.Анна отаси тақдирини ўйлаб унга бағишланган қўшиқ куйлашга қарор қилди.”Гори, гори, моя звезда” номли маҳзун қўшиқ қатағон қурбони бўлган отасига бағишланган бўлиб, бу қўшиқни у собиқ иттифоқнинг кўплаб саҳналарида куйлади.Бироқ у ва онаси бу ноланинг Евгенийга бағишланганини мутлақо сир тутишди.Чунки бу қўшиқ кимга аталганини сезишса, Анна Герман учун собиқ иттифоқ саҳналари ёпилиши мумкин эди.

Анна Герман 1965-82 йиллари дунёнинг энг машҳур санъаткори сифатида танилди.Унинг “Катюша”, “Надежда” сингари 100дан зиёд рус тилидаги қўшиқлари нафақат собиқ иттифоқда, балки бутун дунёда энг оммабоп қўшиқларга айланди. Аннани ҳатто Рим папаси ва дунёдаги кўплаб давлат раҳбарлари концерт дастурлари бериш учун ватанларига таклиф қилишарди.У туғилиб ўсган Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд шаҳарларида ҳам бир неча бор ўз дастурларини намойиш этди.Бироқ Урганчга бориш, туғилиб ўсган,болалиги кечган Хоразмни тавоф қилиш унга армон бўлиб қолди.Чунки, 1967 йилнинг27 августида Италияда бўлган авариядан олган жароҳати унинг олис Урганчга боришига монелик қиларди. Анна Констанчин шаҳридаги клиникада даволаниб чиқгач 1969 йилдан яна саҳнага қайтди.

Дунё бўйлаб унинг концерт дастурлари ғоят шов-шовли тарзда давом қилди.Европа давлатлари, собиқ иттифоқ, Австралия, АҚШ, Канада..Хуллас, ўз давридаги довруқли ҳамма санъат кошонасида унинг олқишларга бурканган қўшиқлари янгради.Шу жумладан отасига бағишланган “Гори, гори, моя звезда” қўшиғи ҳам.

Анна 1972 йили Збигнев-Тухольский билан никоҳдан ўтди.Орадан уч йил ўтиб-1975 йилнинг 27 ноябрида Збышек таваллуд топди.Збышек тобора улғая борган сари Анна уни эркалаб бағрига босаркан, унинг нигоҳларида отаси-Евгений Германни кўргандек бўлар, бу ҳолат эса яна саҳналарда, оила даврасида “Гори..гори”ни куйлашга ундарди…

Саҳналар эса тобора олқишлар садоси остида ўтарди…

…Ана шундай довруғу шодликлар, ҳаёт тантаналарига тўла 1979 йили Анна Тошкентга келди ва Урганч сафарини режалаштириб қўйди.Афсуски, бу сафар ҳам хасталик қайталаниб оғриқлар кучайганидан врачлар уни олис Хоразмга боришига рухсат беришмади.

Бироқ Анна Герман фақат 1969 йилдагина эмас, Москвада ўтказган концертларида Москва Давлат Университети профессори, собиқ иттифоқ телерадиокомпаниясида консультант бўлиб ишлаётган асли Хивалик Худоёр Оллаёров, шунингдек 1980 йили Москвадаги сув хўжалиги институтига борган эколог олим, асли Хонқалик Озод Ҳусайиновлар билан танишиб, улар билан қисқача бўлсада суҳбатлашишга улгурганди.Уларга Урганчга бориш орзусини айтган, концерт қўйишни режалаштираётгани ҳақида сўзлаб берганди.

Афсуски Анна Германнинг бундай орзуси армон бўлиб қолди. Ўз даврининг ва ҳозирдаям шону-шуҳратини йўқотмаган хонандаси 1982 йилнинг 26 августида оғир касалликдан сўнг вафот этди.Бу вақтда у эндигина 46 ёшга тўлганди…

АННА ГЕРМАН БИЛАН УЧРАШГАН ХОРАЗМЛИКЛАР

“…УРГАНЧГА БОРАОЛМАДИМ”

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Худоёр Оллаёров 1931 йилда Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида туғилган бўлиб, Самарқанд давлат тиббиёт институтида таҳсил олган.Бир йилдан кўпроқ Хивадаги тиббиёт шифохонасида ишлаган.1957 йилдан кейин эса Ялтадаги “Ўзбекистон” санаториясида, 1961 йилдан бошлаб Москва тиббиёт институти, Москва Давлат университетида илмий тадқиқотлар олиб борган.Марказий телевиденияда консультант сифатида ишлаб сухандонлар, журналистларнинг овозини текшириб, улар хасталанган тақдирда муолажа қилиб борган.Левитан, Никулин сингари ўз даврининг машҳур кишилари билан дўстлашган ва улар ҳақидаги хотиралари Ўзбекистон ва хориж матбуотида чоп этилган. Профессор Худоёр Оллаёровнинг тиббиётга оид илмий ишлари 29 тилда 137 мамлакатда чоп этилган.

У Марказий телевиденияда ишлаб юрган пайтида Анна Герман билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган хоразмликлардан.
-1978 йили шоир ва журналист Александр Львович Жигарев мен ишлаётган марказий телевиденияга келиб “Мелодия” студиясига ўзи билан боришни илтимос қилди. Ўша куни “Мелодия”да Анна Германнинг қўшиқлари ёзиб олиниши белгилангани,бироқ эрталабдан негадир хонанданинг овози хириллаб қолганини, шу боис унинг овозини текшириб кўришимни илтимос қилди. Табиийки, бу менинг ТВдаги кундалик вазифам эди.

Александр Жигарёвнинг фақат шеърлари ва мақолаларини ўқибгина қолмай, тез-тез телевиденияга ташриф буюриб тургани учун яқиндан танирдим.У ҳам меним ўзбек врачи ,Хоразмдан эканлигимни яхши биларди.Бирга студияга борсак у ерда машҳур хонанда Анна Герман томоғини боғлаган ҳолда ўтирарди.

-Мана врач Оллаёров ҳам келиб келди-у Сизни тезда даволаш иложини топади,-деди эшикдан кирганимизданоқ Жигарёв.

Ўшанда томоғига ўралган рўмолни пайпаслаётган Анна негадир менга ҳайратланиб қолдида:

-Салом, Сиз ўзбекмисиз? Ўзбекистоннинг қаеридансиз?,-дея сўради.

Унинг қисқагина бу сўзларидан овози хириллаётганини сезиш мумкин эди.

-Ҳа, ўзбекман, Хоразмдан дедим.

Бу сўзни эшитиши билан у ўтирган жойидан туриб менга қўлини узатганича қайтадан саломлашди.

-Ўзбекистон, Хоразм меним иккинчи ватаним.Негаки мен Урганчда туғилганман,-деди.

Тўғриси мен Аннанинг қўшиқларини эшитган бўлсамда, унинг таржимаи ҳолига етарлича эътибор бермагандим.

-Бу мен учун кутилмаган янгилик.Хоразм сўзини Сизнинг оғзингиздан эшитиш мен учун қувончли,-дедим.

Жигарёв бизнинг суҳбатимиздан қувониб турган бўлсада, бироз хавотирланиб тургандек эди.Табиийки у дарҳол Аннанинг овозини текшириб кўришимни, муолажа қилишимни истарди.Мен дарҳол ўз вазифамни бажаришга киришдим.

Эртасига Анна Герман Жигарёв билан Марказий телевиденияга ташриф буюришди.Менга миннатдорчилик билдириб кўрсатувни тавсирга олиш хонасига кириб кетишди.ТВда қисқача суҳбат бўлди ва “Ждите весну”, “Останься”, “Идет ребёнок по земле” номли қўшиқларини ёзиб олишди.Анна ТВдан чиқаркан мен режиссёримиз билан уни кузатиб қўйдик.Анна бизга концертига тушиш учун таклифнома қолдирди.Мен оилам билан концертга келиб унга гул ва “Хива” буклетини тақдим қилдик.У саҳнада бизнинг совғамизни қабул қилиб оларкан “Бу мен туғилган Хоразмлик врач Оллаёров бўлади.Ундан миннатдорман!”,деганида қарсаклар янгради.

Адашмасам 1979-80 йиллари ҳам Москва ва бошқа шаҳарларга яна Анна Германнинг гастрол концертлари уюштирилди.Бу сафар мен хорижга кетгандим. Шу боис концертларга бораолмадим. Бироқ Аннанинг энг яқин одамларидан бўлган Жигарёв билан ТВга келганида, ёки бирор бир тадбирларда кўришиб турар, ўшанда суҳбатимиз мавзуси Аннага келиб тақаларди.Шундай учрашувлардан бирида Александр Жигарёв Анна Герман, унинг Хоразмда туғилиб вояга етгани, умуман олганда ижоди бўйича китоб ёзаётганини айтиб қолди.Хоразм билан боғлиқ баъзи маълумотларни суриштирди .Мен билганимча унга Хоразм, Урганч, Хива ҳақида сўзлаб бериб, иложини топган ҳолда Анна туғилган ўлкага боришни таклиф қилдим.

1982 йил 23 август. Анна Герман вафот этган кун. Мен бу машъум хабарни эшитганимданоқ Жигарёвнинг уйига таъзия билдириш учун телефон қилдим.Бироқ уни топаолмадим.Орадан вақт ўтиб уни Останкинодаги тадбирда учратдим ва таъзия билдирдим.Жигарёв афсус билан ёзаётган китобини Анна тириклигида нашр қилдиришга улгуролмаганидан, Урганчга бораолмаётганидан ўкинди.

-Энди унинг хотираси учун ҳам китобни мукаммал қилиб чоп этдираман ва биринчилардан бўлиб Сизга совға қиламан,-деди Александр.

1988 йили Москвадаги “Искусство” нашриёти Александр Жигарёвнинг “Анна Герман” номли китобини чоп қилди.Афсус китоб нашр этилиш арафасида Жигарёв ҳам вафот этди.Китобни унинг қўлидан эмас, китоб дўконидан сотиб олдим. Бу китоб ҳозирда менинг шахсий кутубхонамда сақланмоқда.Ҳар гал китобни қўлга олганимда, ёки ОАВда машҳур хонанда ҳақида бирон нарса ўқисам, Анна Герман билан “Мелодия” студиясида ва Марказий телевиденияда учрашиб суҳбатлашганларим, Жигарёвнинг “Урганчга бораолмадим”,деган сўзлари ёдимга тушади.

Анна Герман ҳам, у ҳақда китоб ёзган Александр Жигарёв хотираси ҳам доимо меним қалбимда.

АННА ЎЗБЕКЧАЛАБ “РАҲМАТ” ДЕГАНДИ…

Озод Ҳусайинов 1938 йилда Хонқа туманида туғилган. Новосибирск савдо институтида таҳсил олган.Кўп йиллар давомида Хонқа тумани,Хоразм вилоятидаги савдо ташкилотларида масъул вазифаларда ишлаган.Шу билан бирга экология, Орол ва Оролбўйи ҳудудидаги вазият ,Оролга Каспийдан сув олиб келишнинг илмий лойиҳасини, бундан ташқари Қозоғистон, Мўғулистон, Хитой, Араб давлатлари, Россиядаги ўзлаштирилмаган ҳудудларга сув олиб бориш бўйича таклиф-лойиҳаларни ишлаб чиққан.

Озод Ҳусайинов Анна Герман билан учрашиш шарафига эришган Хоразмлик саноқли кишилардан бири.

-Болаликдан тарих ва табиат оламига, мусиқага қизиқардим. Новосибирскдаги ўқиш жараёнида ҳам шу боис Сибирдаги халқлар ҳаётига, тарихига қизиқиб, мутахассислигимдан ташқари кўплаб маълумотлар тўплаб юрдим.Маълумки, Сибирда 1930-53 йилларда кўплаб қамоқхоналар барпо этилган. Мен Новосибирскда таҳсил олган 1960 йилларда ушбу қамоқхоналардаги қатағон қурбонларининг кўпчилиги озод этилган ва оқланганди.Гуруҳдаги йигит-қизларнинг аксарияти Сибирлик бўлиб, уларнинг уйларига борганимизда ота-оналари гапдан-гап чиқиб қатағон даврдан ҳам сўз очиб қоларди. Бир куни гуруҳдошим Василий Матвеевнинг уйида радио эшитиб ўтирганимизда Анна Германнинг қўшиқлари ва у ҳақдаги маълумот эфирга берилди. Ўшанда Аннанинг Урганчда туғилганига оид сўзларни эшитиб ҳайратда қолдим.Урганч сўзи меним учун Хоразмни эсимга туширди ва юрт соғинчи юзага келди.

Хуллас, талабаликдек олтин давр шу зайлда ўтиб кетди. 1972 йили мен гуруҳдош ўртоқларим ва қадрдон бўлиб қолган Новосибирскга бордим.Гуруҳдошлар билан дийдорлашгач концертга тушмоқчи бўлдик.Суриштирсак ўша пайтда Анна Германнинг концерти бўлаётган экан.Анна Герман номи, унинг Хоразмда туғилгани бу пайтга келиб матбуот, ТВ орқали кенг оммага маълум бўлиб қолганди.Шу сабаб мен машҳур хонандага туҳфа қилиш учун гул олдим ва 14 киши бўлиб концертга тушдик. Концерт ўта завқли ҳолатда ўтди. Мен ҳам гулни туҳфа қилиш учун саҳнага чиқдим .Аннага яқинлашганимда ҳаяжонланганимдан дастрўмолим саҳнага тушиб кетди. Эгилиб дастрўмолимни оларканман “чатоқ иш бўлди-да” дея ўзбекча сўзлаганимни билмай қолибман.Хуллас, Аннага гулни берарканман у негадир менга ҳайратланиб қарадида микрофонни узоқроқ тутиб “Сиз ўзбекмисиз?”,-дея сўради астагина. Мен “ҳа, ўзбекман, Новосибирскда ўқиганман, Сиз туғилган Хоразмданман”, дедим баралла. Шунда Аннанинг юзларида қувонч аломатлари пайдо бўлди ва микрофонни қўлига олиб, “Бу киши (у аста меним исми шарифимни сўрадида)..бу киши ўртоқ Азад Ҳусаинов бўлади. У мен туғилиб ўсган Ўзбекистондан келибди концертимга, мен бундан ғоят хурсандман,”, дея миннатдорчилик билдирди.

Мен қувонганимдан унга “раҳмат” дедим русчалаб, Анна эса ўзбек тилида “раҳмат” деди.Залда эса олқишлар янгради.
Ўша куни гуруҳдошларим билан Анна Германнинг ўзбекча “раҳмат” сўзини айтгани учун ресторанда зиёфат бердим.

КИТОБГА ХОТИМА ЎРНИДА…ТАКЛИФЛАР

“Анна Герман Хоразмга келмаган, сиз айтгандек фақат Урганчда туғилиб 2 йилдан кўпроқ яшаган, ўша вақтларда тушган оилавий суратлари сақланиб қолган экан.Ёки Анна Тошкент ёки Самарқанддаги концертларидан кейин Урганчга келганда, хўш нима ўзгарган бўларди?” дея савол бериб қолди ўзини зиёли сановчи дўстимиз.

Шунга ўхшашроқ саволни бундан анча илгарироқ, яъни 1990 йилларда шоир ва тарихнавис Хуршид Давронга ҳам беришган экан: “ Бибихоним ҳақида ёзиш шартми? Темур билан бир тўшакда ётган бўлса, ётгандирда, шунинг учун ҳам у ҳақда ёзиш керакми?”

-Бу дўстим чўрткесарлиги ва мақсади учун курашдан қўрқмаслиги, шунинг учун ҳам бир оз худбинлиги билан ажралиб турарди.Мен унга ҳеч нима демадим.Дўстимнинг қаътият ва кибр тўла кўзларига қараб туриб, ҳар қандай даъвом барибир унинг ишончидан қайтаролмаслигини англаганим учун унга ҳеч нима демадим.

Бибихоним ҳақида-Амир Темур билан бир тўшакда ётган гўзал аёл ҳақида, унинг мўмиёланган жасадининг қисмати ҳақида ёзиш шартми? Бу кимга керак? Бу нимага хизмат қилади?

Халқимизнинг ўтмиши, у қанчалар фожиали ва даҳшатли бўлмасин, барибир биз учун азиз ва муқаддас бўлиб қолаверади.Қолаверса, бу ўтмиш фақат фожиалар ва қора кунлардан иборат эмас.Кечмиш, фақат буюк ихтиролар ва оламшумул кашфиётлар, қонли савашлар ва улуғ қўзғолонлардангина иборат эмас.У шунинг билан бирга, ҳеч нима рўй бермагандек туюлган бўлса-да, тарих қатламларига сингиб, суғуриб олинса бутун иморат тўкилиб тушадиган оддий ғиштларга ўхшаш оддий кунлардан ҳам иборатдир.Амир Темур билан бир тўшакда ётган Сароймулкхоним, “паст зот”дан бўлган Жалолиддин Мангуберди қошида иззат-икром билан яшашдан кўра Чингизхон қозонининг ювиндисини афзал кўрган Турконхотун, беш кунлик дунё ҳой-ҳаваси деб отасининг ўлимига ризолик берган Абдулатиф, душманга қарши исён кўтарган Бобон ботирни Чор ҳукумати аскарларига тутиб берган Саидхон Каримхоновлардан ҳам иборатдир.Тарих фақат буюк шахсларнинг донишмандлиги ва жасорати эмас, ожиз кимсаларнинг қўрқоқлиги, нодонларнинг сурбетлиги, айёрларнинг фирибгарлиги, соддаларнинг алданишлари ҳамдир.

“ Клеопатранинг бурни бир оз бўлса-да қийшиқ бўлганда инсоният тарихи бутунлай бошқа йўлдан кетиши мумкин эди” деган эди Паскаль.Шундай экан, темурий подшоҳзодалар тарбияси ишониб топширилгани Бибихонимнинг Темур тузган буюк салтанатда тутган ўрни ҳақидаги далолат эмасми? Шу далолат туфайли биз маликанинг салтанат измига, демак, тарихимиз измига кўрсатган таъсири ҳақида ёзмасак адолатдан бўладими?

Тўғри, Клеопатра бурнининг тарихга таъсири ҳақида Паскаль фикрига ғайрича мулоҳаза ҳам бор.Буюк япон адиби Рюноскэ Акутагава бу ҳақда шундай ёзади: “Клеопатранинг бурни сал қийшиқ бўлган тақдирда ҳам, Антоний буни сезмаслиги истисно эмас.Кўрган-билган тақдирда ҳам бу иллат ўрнини боса оладиган фазилат топган бўларди.Бутун жаҳонни остин-устин қилиб ҳам севгилимиздан фазилатлироқ аёлни топа олмаймиз.Биз ўз севгилимизни кўриб маҳлиё бўлганимиздек Антоний ҳам Клеопатранинг кўзлари ёки дудоқларидан иллатни бутунлай ёпиб юбора оладиган фазилат топган бўларди.Бунинг устига “Қалб-чи, қалб!” дейишимиз ҳам мумкин.Аслида маҳбубамиз барча даврларда энг юксак қалб эгаси бўлиши табиий.Либоси, бойлиги ва жамиятда тутган ўрни ҳам унинг фазилатлари ҳисобига ўтади.Ҳатто шундай ҳодисалар бўлганки, уни қачондир қайсидир машҳур киши севгани ҳақидаги миш-мишлар ҳам фазилат саналган.

Клеопатра дабдабаю сир-асрорга ўрганган сўнгги Миср маликаси эди. У бошида қимматбаҳо тож, қўлида нилуфар ёхуд бошқа бирон гул тутиб, дунёни муаттар ифорларга тўлдириб мағорурона ўтирганда, наҳотки бирон бир кимса, айниқса Антоний унинг бурнининг хиёлгина қийшиқлигини сезса?
Бундай ўз-ўзини алдаш фақат муҳаббатгагина хос эмас.Биз айрим ҳоллардагина дунёни ўзимиз суйган рангин бўёқларга бўяймиз.Масалан, тиш дўхтирининг эшигидаги лавҳани олайлик.Тишимиз оғриғини бир лаҳза бўлса-да унитиш учун бу лавҳани кўз олдимизга келтиришга қанча уринмайлик, қанча истамайлик, бари бир кўролмаслигимиз тайин.Албатта тиш оғриғининг дунё тарихига ҳеч қандай алоқаси йўқ..Аммо бундай ўз-ўзини алдашга халқ кайфиятини билмоқни истайдиган сиёсатдонлар ҳам, ғанимлар вазиятини билишни суйган ҳарбийлар ҳам, молиявий аҳволни билишни ҳоҳлаган корчалонлар ҳам мойил.Ақл ва фаросат эса бу ҳолга тузатиш киритиб боришини рад этолмайман.Шу билан бирга барча инсоний ишларни бошқариб тургувчи “тасодиф” борлигини ҳам тан оламан.Балки ҳақиқатан ўз-ўзини алдаш тарихни бошқариб борадиган абадий кучдир.

Қисқаси, икки минг йиллик инсоният тарихи ўз қаърида “йилт” этиб ўтган Клеопатранинг бурни қандайлигига боғлиқ бўлмаган.У кўпроқ бизнинг тайёр ахмоқлигимизга боғлиқ.Кулгули, бироқ буюк аҳмоқлигимизга боғлиқ”.

Клеопатра бурнининг тарихга таъсири ҳақидаги ғайри бу мулоҳазадан ҳам “Бибихоним ҳақида ёзиш шартми?” деган саволга жавоб топиш мумкин деб ўйлайман.

Бугун бу ёруғ дунёда бор-йўғи икки кунгина яшаган гўдакни тупроққа топшириб қайтдик…

Унинг онаси боласи дунёдан кўз юмганидан бехабар ўлим билан олишиб ётарди.Гўдакнинг отаси-ҳали турмушнинг аччиқ-чучгини тотмаган, бошига илк марта тушган бу ноаён ва нотаниш, бешафқат ва қаттол зарбадан гарангсираб қолган ёшгина йигит болани кўмишга борган мендан ва шеригимдан бу фалокат сири ва сабабини изоҳлаб беришимизни сўрагандек мўлтириб боқарди.Шеригим-кўпни кўрган одам:”Ҳечқиси йўқ, дўстим, ҳали умр олдингизда, болаларингиз белингизда.Бир ярим килолик этни деб ўзингизни қийнайверманг”,-деб тасалли -таскин берар, аммо бу таскин, бола отасининг билмадим, менинг юрак-бағримни ўйиб борарди.

Фоний дунё азобу уқубатини, қувончу шодлигини кўрмай кўз юмган гўдак ўлими—аросат давримизнинг ҳайбатли ва чигал жумбоқлари, даҳшатли фожиалари олдида ҳеч нима эмасдек туюларди.Аммо дунёда яшаш, имон ва виждон олдидаги маъсулият ҳамиша энг оддий жумбоқлар ва воқеалар олдида ожиз қолмаганми? Бу ожизлик инсон қисматининг асосий мезони эмасми?

Боболаримиз “Ўлим ҳақ!” деганлар.Бунга шак келтирмайман.Бироқ ҳар қандай ўлим ҳам ҳақ бўлмаслигини ҳам биламан…Бир неча йиллар ўтади, бугун биз тупроққа топширган гўдак ҳам ўтмишнинг бир бўлагига айланади.Шундай бўлмайди, деганлар, хато қиладилар.Шундай экан, энг оддий нарса, масалан, Клеопатра бурни, Бибихоним жасадининг бир жимжилоғи йўқлигиям, тарихга бўлган муносабатимизни белгилаши мумкин.Ўтмиш билан бугун бир-бирига тугиб боғланган ип эмас, улар узлуксиздир.Ўтмишда қилинган ҳар қандай гуноҳ нафақат ўша олис гуноҳкорларнинг, шу билан бирга бизнинг ҳам бўйнимизда.Ўтмишда қилинган ҳар бир эзгу иш учун келажак кишиларнинг ҳам юзи ёруғ бўлажак.Ўтмиш билан бугунни боғлаб турган нарса ёлғиз келажакдир.

Бу дунёда энг саодатманд лаҳзалардан бири ниҳол ўтқазмоқдир.Ичи қора одам дарахт ўтқазмайди.Дарахт эккан одам уни фақат ўзи учун эмас, туғилган ва туғилажак фарзандлари, неваралари учун ўтқазади.Тарих эса боболар боғидир.Йиллар, асрлар ўтиб бу боғда бир дарахт етишмаслиги билиниб қолади.Бу бугун биз тупроққа берган бола ўтқазолмаган дарахт бўлиши мумкин-дейди юқоридаги саволдан изтироб чекиб, чуқур мулоҳаза юритаркан Хуршид Даврон.

Энди Аннанинг Хоразмга талпинишига келсак, Хоразмдек мўъжизакор ва сеҳрли диёрга тарих мобайнида Искандар Зулқарнайн-у Қутайбадан тортиб Чингизхон аскарларию, Пётр 1 йўллаган Бекович Черкасский каби кўплаб истилочилар отланишган.

Баъзида бўлса, вазият сабаб Венгриялик Вамбери каби олимлар асл исми, ниятини яшириб Хоразмга ташриф буюришган ҳам.

Хуллас, Хоразмга талпиниб Ибн Батута сингари сайёҳ, Иван Грозний йўллаган Женкинсон ва яна неча турли хил соҳа вакиллари воҳада бўлганича, кўрган кечирганларини қоғозга туширишган.Буларнинг бари эса Хоразм тарихини бошқа манбаларга таққослаб ўрганувчи нодир қўлёзмалар сирасига киради.

Ажабланарлиси шундаки, ана шу мафтункор ўлкага қурол ўқталиб не бир босқинчилар, ҳайрат излаб сайёҳ, мўмай даромадни кўзлаб савдогар, асл нияту исмини яшириб жосуслар келган эканлару, жаҳон санъати ривожига, инсоният тафаккури юксалишига ўз ҳиссасини қўшаётган ,Урганчда туғилиб ўсган Аннанинг қадамлари ушбу муқаддас масканга етмаган экан.Афсус..

Ҳа, Анна Герман ҳаёти давомида Хоразмга талпинган.Афсус деганимизнинг сабаби шундаки, агар у Хоразмга келганида, албатта кўрган-кечирганлари асосида худди болаларга атаб ёзган эртакларидек,ажойиб хотиралар битиларди.Балки шунда ул юксак ақл соҳибининг ёзган асарлари туфайли Хоразм ҳақида ноёб дурдона асарлар яратилган бўларди.Балки Урганч, Хоразм тўғрисида қўшиқлар яратилармиди…

Бироқ шундаям,Хоразм воҳасининг Анна Герман эътиборини тортгани, Урганчда туғилганининг ўзи катта бир мавзу.Анна Герман тириклигида ва вафотидан сўнг у ҳақда кўплаб ҳужжатли ва бадиий фильмлар, сериаллар ишланмоқда, китоблар, мақолалар ёзилмоқда.Буларнинг барида эса Анна Германнинг Урганчда туғилгани, отаси Евгений Германнинг Хоразмда қатағонга учрагани ёзилмоқда, киноларда акс этмоқда.Демак, ана шу фактларнинг ўзиёқ, ёзилган китоблар, ишланган, суратга олинаётган кинофильмлар орқали Урганч номи дунёга айнан Анна Герман тимсолида танилоқда.Демак, Анна Герман Урганчнинг тимсоли бўлиб жаҳонга шуҳрат ёймоқда.

Бундан ташқари Анна Герман номида Урганч шаҳрида, айнан 1935-37 йилларда бир гуруҳ поляклар, немис ва руслар яшаган ҳудудда икки қаватли ресторан фаолият кўрсатмоқда.Бунинг ўзиёқ ҳар иккала халқ дўстлигининг рамзи бўлиб хизмат қилмоқда.

Менимча ана шу дўстликни янада кучайтириш мақсадида, шарқ гавҳари, очиқ осмон остидаги музей дея дунёга танилган Хивадаги меҳмонхоналардан бирини , Хоразмдаги янгидан барпо этилаётган кинотеатр, ёки амфитеатрлардан бирини ҳам Анна Герман номи билан атамоқ лозим.Зеро, айнан Хивада Ўрта Осиёлик биринчи фото ва киноустаси Худойберган Девонов Оқмачитлик меннонит немисларидан фотография, кино санъатини ўрганганди.Анна Германнинг она томонидан аждодлари эса меннонитликга эътиқод қўйганди.Шунингдек, Аннанинг отасига оид тарихий ҳужжатда Евгений Германнинг миллати немис дея қайд қилинган.

Шунингдек Анна Герман туғилиб ўсган Урганч шаҳрида унинг номи билан аталадиган кўча ва хиёбон ташкил этиш, ҳайкалини ҳам ўрнатмоқ лозим. Табиийки, шундай экан вилоятимизда Анна Герман номи билан боғлиқ меҳмонхона, кинотеатр, музей,хиёбон ташкил қилинса, бу Польша,Германия, Россия билан бўладиган маданий алоқаларнинг янада юксалишига хизмат қиларди.Ўзбек киноижодкорларига Анна Герман тўғрисида фильм ишлашни ҳам тавсия қилган бўлардик.Чунки Анна Герман ҳаёти ва фаолияти, умуман бу мавзу ажойиб телесериал учун тайёр сценарийдир.

Шунингдек Анна Герман таваллуд топган 14 феврал санасида Урганчда буюк санъаткор ҳаёти, фаолиятига бағишлаб илмий-амалий анжуман,ёшларнинг санъат фестивалини ҳам ташкил қилмоқ керак.Энг асосийси, Анна Германнинг Польшадаги қабрига у таваллуд топган Урганчдан тупроқ олиб бориб қўймоқ ҳам лозим менимча. Анна Германнинг болаларга атаб ёзган эртаклари, Урганч ,Ўзбекистон ҳақида, умуман ҳаётлигида берган интерьвюлари, у ҳақда ёзилган китоблар, мақолаларни ўзбек тилига таржима қилиб нашр этмоқ ҳам керак. Машҳур санъаткор тўғрисида ишланган ҳужжатли ва бадиий фильмларни ҳам таржима қилдириб ватанимиз ТВларида намойиш этилса айни мудаао ҳам бўларди.

Буларнинг барини амалга оширадиган Анна Герман номидаги ўзбек-поляк маданий алоқалари жамияти ташкил этилса, халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари янада юксакликларга кўтариларди менимча.

Бу фикрлар меним шахсий мулоҳазаларим албатта.

Бу менинг бояги дўстимизнинг саволига берган жавобларим.Бошқасини эса Хуршид Даврон менимча ажойиб қилиб таърифлаб бердилар. Хоразм ва Анна Герман ёки Анна Герман ва Урганч мавзусини қанчалик тадқиқ қилганимизга эса ўзингиз баҳо берарсиз.

Муаллиф ҳақида: Умид Бекмуҳаммад (Бекимметов) 1975 йилда Гурлан туманидаги Сахтиён қишлоғида туғилган.1997 йилда УрДУнинг тарих факультетини тугатган. Меҳнат фаолиятини 1997 да “Олтин Мерос” жамғармаси вилоят бўлимида референтликдан бошлаган. Шу кунларда “Олтин Мерос” жамғармаси вилоят бўлимида ишламоқда.

Умид Бекмуҳаммаднинг Ўзбекистон ва хориждаги 60 дан ортиқ газета-журналларда 700 дан кўп тарихий-публицистик мақолалари, “Гурлан”, Гурлан тарихи”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Академикнинг гурунглари”, “Мозийдаги сирли ўлимлар”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Қатағон қурбонлари.5-китоб”, “Навоийнинг армонлари”, “Хоразмга ошуфта кўнгиллар” каби 30 та китоби, “Хоразмга талпинган Пушкин” роман-эссеси нашр этилган.

* Китобни тўлиқ ҳолда саҳифа охирида мутолаа қилишингиз мумкин.

“Xorazm” nashriyoti    yaqinda  tarixchi va publitsist     Umid Bekmuhammadning      “Anna Germanning    armonlari”  nomli    kitobini     chop qildi.Kitobga    Rossiya federatsiyasidagi “Petropol  ilmiy markazi direktori, tarix fanlari doktori, professor  Tatyana    Mixaylovna Smirnova soʻzboshi yozgan.Quyida ana shu yangi kitob va    unga yozilgan  soʻzboshini Sizning  eʼtiboringizga  havola qilamiz.

 

ANNA GЕRMAN HAMISHA QALBIMIZDA
( Soʻzboshi oʻrnida)
04

“Polyaki v sovetskom dovoyennom Leningrade” (2006), “Sokol polskiy” v Peterburge” (2008) “Polskiye obщyestve v Sankt-Peterburge.Kones 19-nachalo 20 veka»( Izdatelstva “Yevropeyskiy Dom”-2013) kabi polyaklar mavzusiga oid asarlarimga maʼlumotlar toʻplash, yozish jarayonida hamisha xayolimdan Anna German ketmasdi. Negaki, Anna German 20 asrda Polshadan yetishib chiqqan eng mashhur kishilardan biri. Ayniqsa, biz tengi bugungi keksa avlodning yoshlik davridagi eng mashhur va hozirdayam oʻz shon-shuhratini yoʻqotmagan xonandasi Anna German edi.Anna sobiq ittifoqda tugʻilib oʻsgani, qolaversa rus tilidayam qoʻshiqlar kuylagani uchun uning muxlislari millionlab kishilarni tashkil qilardi.Har bir toʻyu tadbirlarda uning qoʻshiqlari davralarga fayz kiritar, yoshlar uchun Anna ibrat timsoli edi.

Men yuqorida taʼkidlagan kitoblarimni uning qoʻshiqlarini qayta-qayta tiklab yozganman desam ham boʻladi. Negaki, koʻpmillatli Rossiya, ayniqsa Sankt-Peterburg shahridayam polyaklar koʻpchilikni tashkil qilishi, ularning oʻtkazadigan tadbirlarida ham doimiy qatnashishimiz bois, Anna Germanning qoʻshiqlari hozirda ham sevib tinglanishini , hamisha qalbimizda ekanligini taʼkidlashni istardim.

Shu oʻrinda polyaklar mavzusi bilan shugʻullanganim bois, ushbu xalqning Oʻrta Osiyoda, xususan Oʻzbekistonda ham yashaganliklaridan, xususan Anna Germanning ham qadimiy Xorazm viloyatida, Urganch shahrida tugʻilganligidan xabardor edim. Biroq menda doim -nahotki polyaklarning Xorazmdagi, jumladan Anna Germanning Urganchda tugʻilib voyaga yetganini hech bir tadqiqotchi oʻrganmayapti degan savol tugʻilardi.

Shukrki, Anna German,umuman Xorazmda yashagan polyaklar mavzusiga bagʻishlab tarixchi Umid Bekmuhammad tomonidan kitob yozilibdi. Men Rossiya matbuotida ham oʻzining tarixiy maqolalari bilan muxlislariga ega boʻlgan Umid Bekmuhammadning bu mavzuni davom etdirib, Anna German haqida yanada toʻlaqonli asarlar yozishini istardim.

Negaki, Dina Shakenova, Marina Melnik, Anastasiya Tashkina, Anna Demidova, Kseniya Somova, M.Mamatmoʻminov, E.Toshtemirov, Anton Grushin singari Sankt Peterburglik jurnalistlarning fikricha, U.Bekmuhammad tomonidan Rossiya matbuotida chop etilgan “Ermitajdagi Navoiyxonlik”, “Fransiyadagi temurshunoslik”, “Oʻrta Osiyolik birinchi kinooperator” kabi maqolalar yozilish uslubi, mavzuga yangicha yondoshishi bilan alohida ajralib turadi.

Menejer Irina Barbash fikricha esa U.Bekmuhammadning “Xorazmga talpingan Pushkin” roman-essesi, Lermontov, Shevchenko, V.Dal, V.Bartold, A.Kun, P.Ivanov, M.Gorkiy, N.Gumilyov singari asarlari, hayoti bilan Oʻrta Osiyoga bogʻlangan Rossiyaning mashhur ijod, ilm ahli toʻgʻrisidagi ocherklari xalqlar oʻrtasidagi doʻstlikni mustahkamlashga xizmat qiladi.

Shunday ekan U.Bekmuhammaddan shu kabi doʻstlik mavzusidagi yana koʻplab asarlarni kutib ,uning ijodiy-ilmiy ishlariga rivoj tilab qolamiz.

Tatyana Mixaylovna Smirnova, tarix fanlari doktori, professor, “Petropol” ilmiy markazi direktori, Rossiya Federatsiyasi.

Umid Bekmuhammad
ANNA GЕRMANNING ARMONLARI
04

1969 yilning yozida Oshiq Erkin, Komil Nurjonov va boshqa bir guruh xorazmlik yoshlar sayyoh sifatida Polshaning Varshava, Lodz, Poznan, Gdansk, Sopot shaharlarini tomosha qilisharkan, Sopot shahrida oʻtkazilayotgan jahon estrada qoʻshiqlari festivaliga ham tashrif buyurishdi.Festivalning Xorazmlik mehmonlar uchun eng hayratlanarli jihati ular Urganchda tugʻilib oʻsgan Anna Germanning qoʻshiqlarini eshitish sharafiga muyassar boʻlishdi.

Anna German qoʻshiqlarini ijro qilib boʻlarkan,sahnaga gul koʻtargan koʻplab muxlislar qatori shoir Oshiq Erkin ham chiqib uni tabrikladi va :

-Biz sizning hamyurtlaringizmiz-Urganchdan keldik-dedi.

Tabiiyki, rus tilida aytilgan bu soʻzlar Anna uchun eng aziz va ardoqli boʻlib, olis Xorazmni va otasining taqdirini oʻylashga undadi…

…Kechqurun onasi Irmaga urganchlik yigitning soʻzlarini aytarkan, oilada Oʻrta Osiyo, xususan u tugʻilib oʻsgan Urganch, Xorazm haqida suhbat boʻlib oʻtdi.

Anna German hayoti va ijodining rossiyalik tadqiqotchisi Ivan Ilichyovning aniqlashicha, “Anna Germanning onasi Irma Martens, turmush oʻrtogʻi Zbignev Tuxolskiylar fikriga koʻra, mashhur xonanda hayotidagi eng katta armoni tugʻilgan yurti Urganchga voyaga yetgach umuman borolmagani, konsert qoʻyaolmagani ekan”.

Chindan ham bu bejiz emas edi.Negaki, oʻz davrining eng mashhur va hozirdayam oʻz dovrugʻini yoʻqotmagan xonandasi Anna German 1936 yilning 14 fevralida Urganchda tugʻilgan edi.

Xoʻsh, Polshalik Anna Germanning taqdiri qanday qilib Urganch bilan bogʻlangandi? degan savol tugʻiladi.

Maʼlumki, chor Rossiyasi hududiga 1917 yil fevraligacha Polsha, Finlandiya ham qarashli boʻlib, oʻsha sanadagi siyosiy oʻzgarishdan soʻng ular suvineritetini qoʻlga kiritishgan, ammo Ukraina, Belarusiya va Rossiyaning turli hududlarida koʻplab polyaklar yashab qolib ketishgandi.Bundan tashqari bu hududlarda nemis millatiga mansub koʻplab kishilar ham istiqomat qilishar, ular imperator Pyotr 1, Yekaterina 2 davrlaridan Rossiyaga koʻchib kelib oʻrnasha boshlashgandi. Ushbu nemis, polyaklar orasida mennonit mazhabiga eʼtiqod qiluvchilar ham koʻpchilikni tashkil qilardi.Ular orasida Anna Germanning ajdodlari ham boʻlgan.

Tarixdan maʼlumki, asli kelib chiqishi Niderlandiyaning Vitmarsum shahrilik boʻlgan faylasuf va dinshunos Menno Simons (1496-1561) xristian dinini isloh qilib oʻz mazhabini yaratgandi.Irma Martens oʻz xotiralari ( “Anna German”, Sankt Peterburg-2012, “Amfora” nashriyoti,137-bet) da ajdodlarining ana shu mazhabga eʼtiqod qilishganini aytib oʻtgandi.Mennonitlar taʼlimotiga koʻra qoʻlga qurol olib urushlarda qatnashish, odam oʻldirish, umuman olganda yomonlikka qurol kuchi bilan qarshilik koʻrsatish yovuzlik, gʻayriinsoniy, gʻayridiniy holat hisoblanardi.Tabiiyki, Menno Simons yashab oʻz eʼtiqodini targʻib qilgan davrda qirollar, harbiylar va ular itoatidagi ruhoniylar uchun urushlar boyish va oʻz hududini kengaytirish manbai edi. Shu boisdan ham Niderlandiyada mennonitlar oqimi qattik qarshilikka uchragach, ular 16 asr oʻrtalarida Prussiya, ayrim mennonitlar esa 18 asr oxiri, 19 asr boshlarida Ukraina ,Rossiya hududlariga koʻchib ketishadi. Xususan, 1850-1884 yillarda Prussiyadan Rossiyaga 18 mingdan ortiq mennonitlar koʻchib kelishgan. Ular orasida Anna Germanning ajdodlari-Frizenlar xonadoni ham bor edi.

Maʼlumki, asli nemis millatiga mansub Yekaterina 2 davridan Rossiyada nemis millatiga mansub oqsuyak amaldorlar koʻpaya boshlagan, mennonitlarning 19 asrda Prussiyadan kela boshlashi esa nemis, polyak xalqlarining chor Rossiyasi hududida yanada koʻpaya boshlashiga sababchi boʻldi. Graf Yoxan Frizen xonadoni ham Chor Rossiyasi hududiga 1850 yilda muhojir sifatida kelishgan boʻlib, Ukrainaning Velikoknyajesk (hozirgi Stavropol oʻlkasining Kochubeyev qishlogʻi) hududiga kelib oʻrnashishgandi.

Ana shu muhojirlarning avlodidan boʻlgan David Petrovich Martens (1863 -1922) va Anna Martens (1886 yil tugʻilgan) oilasida 1909 yilning 15 noyabrida qizaloq tugʻiladi. Unga Irma deya ism qoʻyishadi.1911 yilda Vilmar,1920 yilda Gerta tugʻiladi. Katerina, David, Genrix, Xans ismli qarindoshlari ham ushbu xonadonda ahil-inoq bahamjihatlikda yashashardi.Ushbu xonadon ona, qisman ota tarafdan kelib chiqishi golland mennonitlariga borib taqalar, ammo Martens va Frizenlar sulolasining koʻp yillik hayoti Polshada kechgani bois, polyak tilida soʻzlashishardi.Shu boisdan ular uchun Polsha muqaddas vatan edi.Biroq ular mennonitlar eʼtiqodiga koʻra, 19 asrda chor imperiyasiga qarashli Ukraina hududlariga kelib qolishgandi.

Bu vaqtda xonadonning kattasi-Abram Yakovlevich Frizen (1857-1929) avlodlariga, eʼtiqodiga koʻra mennonitlik mazhabini davom qildirishni har kuni eslatib turardi.A.Ya.Frizen Ukrainadagi mehmonxonani boshqarib obroʻ va tajriba orttirgan, Velikoknyajesk yaqinidagi Bogoslov stansiyasida ham ishlagandi.Shuningdek hunarmandlik bilan shugʻullanib chiroyli mebellar ham yasashni ham yoʻlga qoʻygandi.Oʻsha vaqtda Velekoknyajesk koʻp millatli shaharcha boʻlib, polyak, nemis, golland va ruslar koʻpchilikni tashkil qilardi.

Tinch va osoyishta hayot afsuski 1914 yilda boshlangan 1 jahon urushi va 1917 yildagi siyosiy oʻzgarishlar sabab agʻdar toʻntar boʻlib ketdi.1919 yilda David va Genrix shoʻro hukumati tomonidan hibsga olinib otib tashlanadi.1922 yilda David Martens tif kasalligidan vafot etadi. Natijada oila iqtisodiy jihatdan qiyinchilikga uchrab qoladi.Irma ham yosh boʻlishiga qaramay aptekada ishlashga majbur boʻladi. 1929 yili maktabni tugallab Odessa pedagogika institutining filologiya fakultetiga oʻqishga kirishga erishadi.Shu davrda oʻqituvchilarga ehtiyoj koʻpligidan 1930 yil iyunda muddatidan oldin nemis tili oʻqituvchisi diplomini oladi.Biroq Odessadan 100 kilometr uzoqlikdagi Chebrikov shahri maktabida ish faoliyatini boshlashga majbur boʻladi.

Ammo shoʻrolarning yuritgan demografik, mafkuraviy siyosati tufayli 1934 yilda koʻplab polyak va nemislar Ukraina,xususan Chebrikovdan Oʻrta Osiyoga koʻchiriladi. Shu tariqa taqdir yozigʻi tufayli Irma Fargʻona vodiysiga kelib maktabda ishlay boshlaydi. Ularning baxtiga, Irmaning ukasi Vilmar vodiyda harbiy xizmat qilgani sabab bu yerdan koʻplab doʻstlar orttirgandi.Shu bois, qolaversa mehmondoʻst oʻzbeklar polyaklarga gʻamxoʻrlik qilib turishganidan ular unchalik qiyinchiliklarga uchrashmadi.

Irma vodiyda oʻqituvchilik faoliyatini davom etdirarkan, Chimyondagi neft zavodida ishlayotgan Yevgeniy German (1909 yil 25 martda tugʻilgan) bilan tanishadi. Uning asli kelib chiqishi Polshaning Lodz shahridan boʻlib, bu vaqtda Chimyondagi zavodning musiqa ansamblida dirijyorlik qilardi.Nemis, golland, rus tillarini mukammal biladigan Yevgeniy baland boʻyli, moviy koʻzli boʻlib, koʻplab kitoblarga ega kutubxona tashkil qilgan, gitara, skripka chalar, sheʼr va qoʻshiqlarni ham qoyilmaqom qilib ijro qilardi.Yevgeniy hurfikrli shaxs boʻlib, shoʻro hukumatining zulmkorligidan uning siyosatiga qarshi fikrda edi.Shu tufayli ham uni taʼqib qilishgani uchun Donbassdan qochib, oʻsha vaqtda chekkaroq tuyulgan Fargʻonaga kelib qolgandi.

Irma va Yevgeniylarning vodiydagi osoyishta hayoti ham afsuski uzoqqa bormadi. Kunlardan birida Fargʻonalik oʻzbek qadrdonlari Yevgeniyni chekistlar surishtira boshlashganini aytib qoladi.Bu gal ham taʼqiblar va taqdir yoʻllari ularni yanada chekkaroq tuyulgan Urganchga borishga majbur qiladi.Yosh oila sohiblarining aynan Xorazmni tanlashgani bejiz emasdi.Negaki Irmaning ukasi Vilmar Fargʻonadan Urganchga kelib zootexnik boʻlib ishlayotgandi. Qolaversa, bu paytda Xorazmda mennonit larning oʻziga xos Yevropa shaharchasi borligi ularni Urganchga borishga undadi.Xullas, ular vaqtni bekor oʻtirmay Chorjoʻyga, u yerdan paroxodda Urganchga yetib kelishadi.Biroq Vilmar Oqmachitdagi mennonitlar bilan yaqin aloqa oʻrnatgan boʻlsada, opasi va kuyovining Urganchda yashashini maʼqul koʻradi.

Er-xotinning ijaradagi uylari oʻsha vaqtda Urganchning Koʻnaqaʼla deb atalgan dehqon bozori yonida, Qirgʻizyop boʻyiga qaragan aloqa binosi atrofida boʻlgan.Oʻrta Osiyolik birinchi kinofotoustasi Xudoybergan Devonov ( 1879-1938)ning shogirdi boʻlgan jiyani Yusup Hasanovning xotiralariga tayaniladigan boʻlsa ( Yusuf Hasanovdan eshitganlari boʻyicha oʻgʻli, keksa jurnalist Abdulla Yusupovning aytishicha),1935 yillari polyak,nemis, rus millatiga mansub aholi Koʻnaqaʼladagi aloqa binosi yonidagi uylarda istiqomat qilgan.Bu hudud hozirgi dehqon bozorining orqa qismi, Qirgʻizyopga qarab barpo etilgan Anna German kafesi , oilaviy poliklinika atroflarida boʻlgan.

Yusuf Hasanov oʻgʻli Abdullaga aynan shu hududdagi polyak va ruslar kelib ularning suratxonasida rasmga tushib ketgani, muloqotda boʻlib turishganini aytgan ekan.( Balki hozirda saqlanib qolgan Anna Germanning bolaligi, Irma va Yevgeniy Germanlar tasvirlangan suratlarni ham Xudoybergan Devonov va Yusuf Hasanovlar olishgandir.Zero, oʻsha vaqtda Urganchda suratxonalar sanoqli boʻlib, ular ichida Devonov ustaxonasi eng mashhuri boʻlgan).Yusuf Hasanovning oʻgʻliga aytishi boʻyicha, suratxona yonida “Zvezda” deya nomlangan sartaroshxona ham boʻlgan. Suratga tushish uchun kelgan polyak va ruslar oʻzlariga jilo berib, soch-soqollarini oldirishgandan soʻnggina suratga tushishgan.Demakki, sartaroshxona mijozlari orasida Yevgeniy German, Vilmar Martens va boshqa polyak, nemis, ruslar ham boʻlishgani aniq.

..Irma Urganchdagi Krupskaya nomli maktabda nemis tili oʻqituvchisi boʻlib ishlaydi. Yevgeniy esa sevgan kasbi musiqachilikni tashlab Urganch non zavodida hisobchi boʻlib faoliyatini boshlaydi.Urganchning Koʻnaqaʼla qismida yashovchi Germanlar uyiga viloyat teatri yaqin boʻlib, kechki paytlari ochiq sahnada namoyish etiladigan pyesa, konsertlardagi ovoz ular xonadoniga baralla eshitilib turardi.Shuningdek Irma va Yevgeniy dam olish kunlari oʻsha vaqtda Akmal Ikromov nomi bilan atalgan ( hozirgi Ogahiy nomidagi musiqali drama) teatriga borishar, oʻzlari uchun qiziqarli tuyulgan oʻzbekcha spektakl, konsertlardan zavq olib qaytishardi.Shu bilan birga oʻzbeklar bilan qilingan muloqotlar bois oʻzbekchani ham oʻrgana boshlashgandi.

Xorazmliklar hamma davrlarda boʻlgani kabi oʻz vatanlariga soʻnggi kelgan polyaklarga bepisand qaramay, xuddi oʻzlarining tugʻishgan ogʻa-inisiday muloqotda boʻlishgan.

Tabiiyki, Yevgeniy va Irmadek oʻz davrining old ziyolilarida ularga vatan boʻlgan Xorazm, Amudaryo,Urganch soʻzlari, ularning maʼnosi ham qiziq tuyulgan, ular bu borada soʻrab surishtirgan boʻlishlari mumkin.Qolaversa, Yevgeniy Germandek Fargʻonada musiqachilik qilgan sanʼatkorni Xorazmning joʻshqin, mumtoz qoʻshiqlari, oʻyinlari, musiqa asboblari ham qiziqtirib qolgandir…

Shu bilan birga ular Xivadek qadimiy shaharga ham borib, koʻkka boʻy choʻzgan minoralar, sharq meʼmorchiligi obidalari bilan tanishib qaytgan paytlari koʻp boʻlardi.Irma va Yevgeniy Xiva yaqinidagi Oqmachit qishlogʻiga ham borishib u yerda 51 yildan beri yashayotgan mennonit nemislari bilan ham aloqani yoʻlga qoʻyishdi.

Xoʻsh, tarixda mennonit nemislari nomi bilan mashhur boʻlgan bu xalq Vilmar, Irma hamda Yevgeniydan yarim asr oldin qanday qilib Xorazmga kelib qolishgandi?

Maʼlumki, boya aytib oʻtganimizdek mennonitlar mazhabida qoʻliga qurol ushlab urushlarda qatnashish qaʼtiyan taʼqiqlangandi.Biroq oʻz hududini Oʻrta Osiyo tomon kengaytirib borayotgan 1874 yilda, chor Rossiyasi hududidagi millati va diniy eʼtiqodidan qaʼtiy nazar barcha erkaklarning armiyaga olinishi majburiy qilib qoʻyiladi.Aynan ana shu holat qonun kuchga kirgan 1880 yildan mennonitlarning Rossiyani tark etishlariga sababchi boʻlayotgandi.Biroq ular baxtiga oʻsha vaqtda Turkiston general gubernatori fon Kaufman hamda Amudaryo boʻlimi boshligʻi general Grottenhelmlar kelib chiqishiga koʻra nemis millatiga mansub nufuzli shaxslar edi. Shu bois ular garchi mazhabi boshqa boʻlsada mennonit nemislarini Oʻrta Osiyo, xususan Xiva xonligiga taklif qilishadi.Oʻsha vaqtdagi Xiva xoni Muhammad Rahimxon 2 ( Feruz) ham Kaufman fikrini qabul qiladi va Xiva yaqinidagi bir qishloqni ular ixtiyoriga topshiradi.

Ana shu tariqa 1880 yildan boshlab mennonitlarning Medemtal, Valdexim, Molotschna nomli guruhlari dastlab Toshkent,keyin Buxoro, undan soʻng Xiva xonligiga kelib oʻrnashishadi.Mennonitlarning yoʻlboshchilaridan Emil Rayson Feruzxon ( 1844-1910) bilan uchrashib oʻzlari uchun alohida qishloq ajratib berishni iltimos qiladi. Xiva xoni mennonitlarga faqat choʻchqa boqmaslik sharti bilangina Xivadan 12 km janubiy-sharqdagi Chiqirchi qishlogʻidan yer ajratib beradi.Natijada 1884 yil 16 aprel uni Klass Epp, Emil Rayson, Vilgelm Penner, Jakob Janatzen, Michel Klassen boshchiligidagi oqsoqollardan iborat 34 oila Chiqirchi qishlogʻiga kelib oʻrnashishadi.

Shu tariqa asrlar davomida islom diniga eʼtiqod qilib kelayotgan Xorazm Feruzxonning himmati,diniy bagʻrikengligi sababli mennonitlarga oʻz bagʻridan joy beradi.

Tadqiqotchi Jasur Jumaniyozovning izlanishlariga koʻra, “ mennonitlar oʻz maʼmuriy boshqaruviga ega boʻlganlar. Keyinchalik Oqmachitlik nemislar deya aytib kelingan xalqga Klass Epp boshchilik qilgan. Klass Ep (1838 yil 21 sentyabrda Prussiyaning Fursterverder shahrida tugʻilgan boʻlib, 1913 yil 19 yanvarda Oqmachitda vafot etgan) Oqmachitga asos solgan.U oʻzlarining diniy marosimlarini oʻtkazishlari uchun qishloqda cherkov qurdirgan.Cherkov juda baland, oq rangga boʻyalgan boʻlib, bir vaqtning oʻzida 25 mennonit oilasiga xizmat qilgan.Mahalliy aholi cherkovni Oqmachit deya atashgan va bu atama vaqt oʻtib mennonitlarning qishlogʻi nomiga aylangan. Bundan tashqari Klass Epp boshchiligida Oqmachitda maktab, kasalxona, cherkov va boshqa maʼmuriy, turarjoylar ham barpo etilgan” (“Xorazm yoshlari” gazetasi, 2009 yil 19 iyun).

Mennonitlar haqida 20 asr boshlaridagi Xorazmga oid adabiyotlarda koʻplab maʼlumotlar mavjud. V.Girshfeld, M.N.Galkinlarning yozishiga koʻra, “nemislar Saratov guberniyasida yashagan boʻlib, ular 36 xonadondan iborat 142 kishini tashkil qilishgan” (“Voyenno-statisticheskoye opisaniye Xivinskogo oazisa”, T, 1912 g ).N.S.Likoshin esa “ nemislar 24 hovlidan iborat, uychalari tigʻiz qurilgan boʻlib, kichik tor koʻchalarda joylashgan. Bu aholining turmushi tashqaridan qaraganda, koʻproq allaqanday kichkina nemis shaharchasi chekkasini eslatardi” ( “ O sovremennom sostoyanii Xorezmskogo xanstva” .SGA RUz, f 2, op 1,d314, l 48) deya taʼriflagan oʻz asarida.

V.Girshfeʼld va M.Galkinlarning maʼlumotiga koʻra, “ nemislar duradgorlik hunari bilan mashgʻul boʻlib, Xiva va Petro-Aleksandrovskni oʻz xizmat va mahsulotlari bilan taʼminlaganlar.Ularda temirchilik ustaxonalari va moʻri tozalash ishlari rivoj topgan”.N.Likoshin boʻlsa , nemis usta hunarmandlarining ishlarini qimmatroq deya oʻz fikrini bildirib oʻtgan.

1889 yilning dekabrida asos solingan Yangi Urganch paxta-yogʻ zavodi ham nemislar nomi bilan bogʻliqdir. 1910 yilga kelib uni aka-uka Kraftlar oʻz qaramogʻiga olishgan. Oqmachitdagi nemislardan tashkil topgan remontchi-slesarlar, ustalar guruhi esa Gurlan, Yangi Urganch, Xivadagi paxta tozalash zavodlarini taʼmirlab turganlar.

Nemis ayollari esa xon qarindoshlarinikida roʻzgʻor yumushlarini bajarishga yordamlashgan. Qizil tusdagi zotdor sigirlarni sogʻish va qayta ishlab, yogʻ, qaymoq, pishloqqa aylantirish ham nemis ayollarining zimmasida boʻlgan. Sutni qaymoq va yogʻga ajratadigan separatorni ham ilk bor Xorazmda nemis ayollari ishlatishgan. Oʻzlarini toʻliq sut mahsulotlari bilan taʼminlagan nemislar ehtiyojdan ortigʻini mahalliy xalqqa sotganlar.

Dehqonchilikka ixlos qoʻygan bir guruh nemislar esa qishloqdagi qoʻriq yerlarni oʻzlashtirish bilan shugʻullangan.Kartoshka, karam, pomidor, lavlagi, baqlajon, bodring kabi ekinlardan yuqori hosil olishgan. Kartoshka, pomidor va baqlajon ekishni esa xorazmliklar nemislardan oʻrganishgan.

Qishloqdagi bogʻlar esa olma, anor, behi, oʻrik kabi mevali, chekkaroqda boʻlsa terak, tol, gujum, eman kabi manzarali daraxtlar bilan yanada chiroy ochgan.Nemislar qurilish ashyolari sifatida ana shu eman, gujum, terak va tollarni ishlatishgan.

Ular shuningdek, chorvachilik va dehqonchilik, hunarmandchilik, bogʻdorchilik bilan mashgʻul boʻlibgina qolmay bolalarini oʻzlari tashkil etgan nemis maktablarida oʻqitishgan.Maktab tagida yertoʻla boʻlgan.Yertoʻlada esa qishga oʻtin, yoqilgʻi saqlab qoʻyilgan.Partalar boʻlsa yogʻochdan ishlangan boʻlib, har biri 6 nafar oʻquvchi uchun moʻljallangan.Shuningdek, maktabda kutubxona ham mavjud boʻlgan.

Kutubxonada ilmu-fan bilan shugʻullanishlari uchun shart-sharoit yetarli boʻlgan. Hatto, Xorazmga ilk bor fotografiyaning kirib kelishi ham oqmachitlik nemislar bilan bogʻliq.Oʻzbek fotografiyasi va kinosining otasi hisoblanmish Xudoybergan Devonov (1879-1938) ham Oqmachitlik Vilgelm Pennerga shogird tushgan holda faoliyatini boshlagan.

Ana shu faktlarning oʻziyoq Oqmachitlik nemislarning Xorazm taraqqiyotida sezilarli va oʻziga xos oʻringa ega boʻlganini koʻrsatadi. Dastlab koʻchib kelgan yili—1883 yilda 40 oiladan iborat mennonit nemislari Oqmachit qishlogʻini 20 asr boshlarida Ovroʻpacha shaharchaga aylantiradilar.

OʻZMARDAV arxivdagi “Xiva tobeʼining kulli axborotining roʻyxati” nomli hujjatda (125 raqamli) orqali biz 1910 yilda Oqmachitdagi nemislar soni qancha ekanini bilib olamiz. 1910 yil 16 dekabrda tuzib boʻlingan ushbu hujjatda 137 nafar nemis millatiga mansub fuqaro yashagani qayd etilgan.

Oradan yillar oʻtib, bu raqam 1930 yillarda ancha ortdi.Ungacha esa butun dunyodagi singari Chor Rusiyasining mustamlakasi boʻlgan Xiva xonligida ham qator oʻzgarishlar roʻy berdi. Nemislar 1916 yildagi xalq qoʻzgʻoloni, 1917 yildagi siyosiy jarayonlarda ham ishtirok etmadilar. Shuningdek, 1920 yildan 1924 yilgacha faoliyat koʻrsatgan XXR davrida ham Oqmachitda sokin hayot kechirdilar.

Mennonit nemislarining Oqmachitdagi 1935 yilgacha boʻlgan hayotini biz asosan ularni koʻrgan kishilarning fikrlaridan bilib olishimiz mumkin.

1935 yili Xorazmga kelgan jurnalist Abul Bozorovning safarnomasi orqali Oqmachitdagi nemislarning 20 asr boshlaridan to 1935 yilgacha boʻlgan faoliyatini kuzatamiz. Raykom vakili kuzatuvida Oqmachitda boʻlgan Abul Bozorov nemislarning hayotini shunday tasvirlaydi: “ Binolarning peshtoqlarida ularning qurilgan sanalari yirik harf va raqamlar bilan oʻyma usulda yozib qoʻyilgan.Binolarga bejirim zinapoyalardan koʻtarilib kirasiz.Kiraverishda 8-10 qadam uzunlikda keng yoʻlak, chap tomonida romlik oynalar, oʻng tomonida silliq devor yaltirab turadi. Bunda ust bosh va oyoq kiyimlar qoʻyiladigan oʻrinlar bor. Ichkarida keng zal, unga atrofdagi boʻlma derazalardan ham, shiftda uchburchak shaklida koʻtarilib ishlangan tepa derazadan ham yorugʻliq kiradi. Uy sahniga taxta toʻshalgan boʻlib, uning ostida bir necha boʻlmalardan iborat tagxona mavjud.Bu salqin boʻlmalar ombor vazifasini bajararkan.Xonalarda shkaf, garderob va divanlarning oʻrni koʻrinib turibdi, baʼzilarida qishlik kiyimlar, oila aʼzolarining suratlari ham qolgan.Koʻpchilik uylardagi devor, pollari har yer-har yeridan koʻchirib olingan. Aytishlaricha bu yerdan tilla-javohirlar izlashgan.Shaharchada kasalxona, maktab, kutubxona, bolalar oʻynaydigan maydonchalar, teatr sahnasi, raqs maydoni, doʻkonlar mavjud.Hamma-hammasi reja bilan qurilgan.Har oila koʻpdan-koʻp yozuv-chizuv qurollari va xonaki kutubxonasiga ega boʻlgan.Shahar chekkasida esa turli ustaxonalar, moʻjaz korxonalar, shuningdek vino zavodi ham boʻlgan, deyishadi.Shahar qoʻrgʻonlar bilan oʻralgan boʻlib, chekka tarafdagi darvozalarni soqchilar qoʻriqlashgan.

Qoʻrgʻon tashqarisidagi bogʻlarda olma, anor, behi, oʻrik, yongʻoq, tut, jiyda kabi mevali, chekka taraflarda esa terak, qayragʻoch, manzarali eman daraxtlari oʻsib turgan.Qurilishlar va mebel yasashga faqat oʻzlari oʻstirgan yogʻochlarni ishlatishgan.Mebellari oʻta sifatli.Rostini aytganda, nemislar shaharchasidan musodara qilingan shkaf, stol, stul, divan va boshqa jihozlarni okrugning boshqa joylarida ham koʻrish mumkin.

Shaharchada haftada bir kun bozor boʻlgan.Unga faqat oʻsha kuni chetdan sanoqli kishilar kiritilgan.Goʻsht, yogʻ, gʻalla, asal, meva va boshqa mahsulotlar, yirik mayda mollar juda arzon narxda sotilgan.Keyinchalik mahalliy amaldorlar va fuqarolarning iltimosi bilan nemislar Xiva bozoriga ham qatnay boshlashgan.Ular keltirgan sifatli va zotdor mollar esa bir zumda xarid qilingan. Nemislar tayyorlagan pivo va vinolar Samarqand, Toshkent zavodlarining mahsulotlari bilan raqobatlashgan.Yertoʻlalarda 30-40 yillik sharoblar saqlangan.Nemislar chorva naslini yaxshilab, moʻl va arzon mahsulotlar yetishtirganlar, parrandachilik, asalarichilik bobida ham ularga raqobatchi topilmagan.

…. Koʻl boʻyidagi chorbogʻdan chiqib, ferma tomon ketayapmiz.Ustiga beda, pichan gʻaramlari bosilgan katta ayvon roʻparasidan chiqdik.Bu yozgi molxona.Osti keng yertoʻlada esa qish paytlari mol boqilar ekan.Ikki tabaqalik katta eshikdan yertoʻlaga kiramiz. Roʻparamizda uzunligi 120-150 metr keladigan ulkan ogʻilxona paydo boʻldi.Ichida toʻrt qatorlik oxurlar oʻrnatilgan.Kiraverishdagi chap tomonda derazalar yonida idoralardagidek rosmana stol, stul, devor tarafda esa ajoyib divan turibdi.Stol ustida jurnal, hujjatlar, hisobchoʻt.Divanda boshlariga qora silindr, ustiga frak va oyogʻiga laklangan qora tufli kiygan ikki nemis oʻtiribdi.

Bulardan biri Ollabergan Davlatyorov boʻlib, oʻzbekchani mutlaqo bilmas, nemischa soʻzlar, rus tilida kamdan kam gapiradi.Ikkinchisi Rayim Rahmonboyev esa oʻzbek, nemis, rus tillarida yaxshi soʻzlay olardi.Rahmonboyevning aytishicha, uni yoshligida otasi nochorlikdan xizmatkor qilib bergan.Ollaberganni esa kimdir chaqaloqligida qoʻrgʻon ichida qoldirib ketgan.

Bolani nemislar oʻz boshliqlariga tobshirganlar.Qoʻrgʻon oqsoqoli har ikkala bolani oʻqitib, hunar oʻrgatib, katta qilgan va ishlatgan, uylantirib, uyli-joyli qilgan”.

Abul Bozorov tasvirlagan nemislarning shaharchasida Vilmar Martens, Yevgeniy German, Irma Martenslar boʻlib, doʻstlar orttirgan.

Shu tariqa 1934 yili mennonitlar Oqmachitdagi hayotlarining 50 yilligini oʻzlarining shaharchalarida nishonlashadi.Ushbu sanaga bagʻishlab maktab oʻquvchilarining sahna koʻrinishlari, musiqali kompozitsion chiqishlarini namoyish qilishadi.Sahna koʻrinishlarida mennonitlarning Niderlandiyada boshlangan hayotlaridan to 1934 yilgacha boʻlgan tarixiy kechmish jarayoni aks etdirilgandi.

Oqmachitda oʻtgan qutlugʻ sana shodiyonasida Vilmar Martens ham qatnashadi va ular birgalikda suratga tushishadi.Afsuski, bunday doʻstona muloqotlar koʻpga choʻzilmadi-1935 yili Oqmachitlik nemislar jamoa xoʻjaligiga kirishdan bosh tortishgani uchun Tojikiston va Qozogʻistonga koʻchirib yuboriladi…

Mennonitlarning Oqmachitdan koʻchirilishi haqida esa Xivalik keksa muallim Qozoq Hoji oʻgʻli shunday hikoya qiladi:

-Men ular yashagan shaharchani, qaʼlani koʻrib hayron qolganman.Ular hech kimdan moddiy yordam soʻramay bu shaharni qanday bunyod qilishgan ekanlar-a?.

… Bir kuni shu yerlik kishilardan biri nemislarning boshligʻi Otaboy(Otto) oqsoqol yashagan uyni koʻrsatib: “Bu yer qabulxona boʻlgan. Otto nemisni hurmat qilib, unga oʻzbekcha Otaboy deya ism qoʻygandik. Otaboy nemis hamyurtlari joʻnashining oxirgi kunigacha turib, imoratlar, jihozlar, mol-mulklarni hukumat komissiyasiga tobshirib ketgan” dedi.Koʻchirilishiga kelsak, 1935 yilda Xiva tumanidagi Pishkanik qishlogʻida yangi ochilgan shoʻro maktabining beshinchi sinfida oʻqir edim. Maktabimiz oldidan katta Oqmachit-Xiva yoʻli oʻtardi.Shu yili Oqmachit nemislarini boshqa joyga koʻchirisharmish, degan gap tarqaldi.Haqiqatan ham shunday boʻldi.Bir kuni nemislarning ot-aravasi, mol-mulkini jamoa xoʻjaligiga tobshirib, oʻzlarini piyoda, mirshablar qurshovida saf qilib Xiva qaʼlasi tomon olib oʻtishdi.Ularni koʻrish uchun yoʻl boʻyiga chiqqanimizda mirshablar bizni quvib yuborishdi.

Yanglishmasam, 1958-60 yillar boʻlsa kerak.Oqmachitdagi qarindoshimiz, oʻqituvchi Samandar aka Qalandarovning uyida toʻy boʻlayotganda ikki notanish erkak va bir ayol tashrif buyurdi.Ular bizga notanish tilda gapirishdi.Keyin bilsak, ular Oqmachitdagi nemislarning farzandlari ekan.Ular shunday deyishdi: “ Ota-onamiz qarib qolishdi.Bizdan oʻzbek birodarlardan, Oqmachitdan xabar oling” deb yuborishdi.

Maʼlum boʻlishicha, nemislar Oqmachitda yashaganida, ulardan biri shu yerlik Egam otadan qarz olgan ekan. Haligi kelganlardan biri, qarz olganlardan birining farzandi boʻlib, qarzni olib kelgan ekan”.

Ha, nemislar haqida ulardan shunday yorqin xotiralar qolgan.Ayniqsa, nemislarning Xorazm shevasida bemalol soʻzlasha olganliklari, taklif qilingan barcha toʻy-maʼrakalarda qatnashganliklari, ijtimoiy munosabatlarda qarz berish-olish umumqoidalariga qaʼtiy amal qilganliklari, uyushqoq va iqtidorli boʻlgan nemislarning har narsani oʻz mavridi, muddatida puxta bajarishga odatlanishgani, Qoraqum etaklarida qisqa bir fursat ichida ovroʻpacha tipdagi shaharchaga asos solganliklari ham hanuz eslanadi.Shuningdek, aynan nemislar tufayli vohaliklar kartoshka, karam, lavlagi, bodring, pomidor, baqlajon kabi tansiq ekinlar parvarishini oʻrganishgan.

Mennonit nemislarining Oqmachitdan koʻchirilishiga sabab, tuzilayotgan kolxozlarga kirishni hohlamay, yakka dehqon boʻlib, yoki fermer xoʻjaligini tashkil qilish taklifi bilan chiqishgani , bolalarini shoʻrolarning maktablarida oʻqitmay, oʻzlarining maktablarida taʼlim berishgani edi.

Xorazmdan majburiy koʻchirilgan mennonit nemislari Tojikistonda qurilayotgan Vaxsh suv ombori qurilishiga yuboriladi.Keyinchalik ular Rossiyaga, u yerdan esa Kanada, Germaniya va AQSHga koʻchib ketishadi…

Yevgeniy va Irma, Vilmarlar uchun mennonitlarning badargʻa qilinishi afsuski tashvishlanarli edi.Biroq shunday boʻlsada ular oʻz ishlari bilan ovunib bu yoʻqotishga zoʻrgʻa chidashdi.Noiloj-shoʻro tuzumiga qarshi borishning iloji yoʻq edi. Chunki Yevgeniyning oʻzi taʼqiblarga uchrab Donbassdan Fargʻonaga, u yerdan Urganchga koʻchib kelgan, Irma ham shoʻro siyosati bois olis Xorazmdan boshpana topishga majbur boʻlgandi. Ana shunday gʻamu tashvishli kunlarning birida taqdir ular xonadoniga shodu xurramlik baxsh etdi.

…1936 yil 14 fevraldagi yomgʻirli kun ular xonadoniga quvonch olib keldi. Yevgeniy va Irma Urganchda tugʻilgan farzandlariga Anna-Viktoriya deya ism qoʻyishadi.Irma ishlayotgan maktab jamoasi va Urganchning Koʻnaqaʼla mahallasi ahli ham davr gʻoyat qiyin boʻlsada, yosh oilaga har tomonlama yordam berishga intilardi.

Irma Martensning “Xotiralari”da yozilishicha, Urganchlik oʻquvchilari nemis tili oʻqituvchisining qizini ovuntirish niyatida ular oilasiga borib turishardi. Irma oʻz yodnomasida oʻquvchilarining oʻzbek tilida “Apa,apa, sizning qizingiz chiroylik” deya bergan samimiy soʻzlarini keltirib oʻtgan.

“Hayotimiz Urganchda sokin kechar,Xorazmdagi oʻqituvchilik faoliyatimda tajribam ortib borardi. Afsuski, 1937 yilning yozi issiq kelib Anna kasallanib qoldi. Koʻz oʻngimda qizalogʻim soʻlib borayotgandek edi. Uni davolatish uchun Toshkentga olib borishga majbur boʻldik. Eski shahardagi oʻzbek xonadonidan ijaraga uy oldik. Xonadon egasi Annani koʻriboq “bu paratif, tezroq doktorga koʻrsatish kerak,” dedi va tezda koʻchaga otlanib kerakli dorini topib keldi.Doktorga koʻringanimiz zahoti u ham yuqoridagi tashxisni qoʻydi va davolashga kirishdi”, deyiladi.

Irmaning kundaliklarida Toshkent haqidagi taassurotlar koʻp boʻlib, unda ushbu shaharning goʻzalligi,tarovati, Pushkin nomli istirohat bogʻining xuddi Londondagi geyd-parkga oʻxshashi, nozik did bilan doʻppi kiygan oʻzbeklarning chinni likobcha ushlaganicha qoʻshiq kuylashlari, bu ohanglarning qalblarni toʻlqinlantiruvchi jozibasi haqida soʻz yuritiladi.

Koʻp oʻtmay Irma va Anna Urganchga qaytib kelishadi.Irma, yana maktabda nemis tilidan saboq berishda davom etdi.Afsuski, bu paytga kelib jamiyatdan “xalq dushmani” izlash avjiga chiqgandi. Ana shunday xatarli davrda koʻplab xorazmliklar ham qaygʻuga choʻkib qolishgandi.Negaki, bugun koʻrgan tanishing ertaga qamoqga olingani toʻgʻrisida eshitib qoladigan paytlar edi. Negaki, 1937 yil 30 iyuldagi “ Sobiq quloqlar, jinoyatchilar va boshqa antisovet elementlarni qatagʻon qilish boʻyicha operatsiya toʻgʻrisidagi” 00447-sonli buyruqga koʻra, jamiyatda tozalash avj oldirib yuboriladi. Ushbu topshiriq boʻyicha, Oʻrta Osiyo respublikalarida operatsiya 1937 yil 10 avgustdan boshlanadigan boʻlgan.Joylarda tashkil qilingan “Uchlik” oʻtkazgan yigʻilish qaroriga koʻra, “1937 yil 10 avgustdan 1938 yil 1 yanvargacha Oʻzbekistonda jami 10700 kishi qamoqqa olingan” ( R.Shamsutdinov,X.Qurbonov, U.Bekmuhammad,“Qatagʻon qurbonlari-5 kitob, T,-2009,”Sharq” nashriyoti, 5 bet).

Afsuski, ana shu qatagʻon toʻlqini sabab 1937 yilning 25 sentyabrida Irmaning eri Yevgeniy va ukasi Vilmar ham “xalq dushmani” sifatida qamoqqa olinadilar.

Achinarlisi bu qatagʻon toʻlqini Oʻzbekistondagi nafaqat mahalliy xalqni, balki bu yurtni ikkinchi vatani deb bilgan koʻplab boshqa xalq namoyondalarini ham oʻz domiga tortib ketdi. Ular ichida koʻplab polyak va nemislar ham bor edi. Ular orasida quyidagi kishilar ham borligi arxiv hujjatlarida qayd etilgan:

1937 yil 4 fevraldagi “Uchlik” yigʻilishida Lapes Arseniy Konstantinovich otishga hukm qilingan.U 1896 yili Polshaning Pulikovo qishlogʻida tugʻilgandi. Oʻsha yilning 10 fevralidagi “Uchlik” hukmiga koʻra, Bass Iosif Matveyevich ham otishga qaror qilingan.U Polshaning Tarnov shahrida 1919 yilda tugʻilgan boʻlgan.1891 yili Polshaning Krakov shahrida tavallud topgan Karl Krangokovich Buchumak esa 10 yilga mehnat tuzatuv lageriga surgun qilingandi.Bundan tashqari “uchlik”ning 1938 yil 21 sentyabrdagi bayonnomasiga koʻra,nemis millatiga mansub, 1896 yili Rostov viloyatida tugʻilgan Viktor Karlovich Shuman ,1886 yili Qrimning Oqtepa qishlogʻida tugʻilgan Aron Abramovich Rempel ( Samarqand Universitetida nemis tili oʻqituvchisi boʻlib ishlayotgandi), 1889 yili Latviyaning Pernov shahrida tugʻilgan nemis Erix Oskarovich Mer , 1894 yili Polshaning Vilensk guberniyasida tavallud topgan polyak Stepan Adamovich Yeselevichlar ham otishga, 1884 yili Avstriyada tugʻilgan nemis Alfred Germanovich Shtrum,1890 yili Avstriyaning Pyaxtoldorf qishlogʻida tugʻilgan Karl Fransevich Klyaynvexter,1905 yili Krasnokutskning Shendorf qishlogʻida tugʻilgan nemis Yegor Yegorovich Rudi,1897 yili Fridental qishlogʻida tugʻilgan nemis Iogann Fridrixovich Semmer, 1874 yili Fisher qishlogʻida tugʻilgan nemis Aleksandr Fyodorovich Shtang,1905 yili Orenburgning Painik qishlogʻida tugʻilgan nemis Georgiy Kasperovich Etsel,1873 yili Slavgorod shahrida tugʻilgan nemis Pyotr Abramovich Breyl, 1884 yili Leningrad shahrida tugʻilgan nemis Pavel Ivanovich Klauzen, 1891 yili Avstriyaning Sagnorden shahrida tugʻilgan Rudolf Yuzefovich Baxinger-Krayseder,1890 yili tugʻilgan Yakov Filippovich Millerlar 10 yilga, 1901 yili Fisher qishlogʻida tugʻilgan nemis Ivan Gotfridovich Tirbax 5 yilga surgun qilinadi.

Shuningdek, 1938 yilning 21 sentyabridagi “Uchlik” yigʻilishida quyidagi polyak millatiga mansub kishilar ham qatagʻon qilinadi:

OTUVGA HUKM QILINGANLAR:

Yuzva Vladimir Ivanovich-1894 yili tugʻilgan,Lvov shahridan, hibsga olingan paytda Samarqand shahridagi “Hujum” zavodida ishlagan.
Simmerman Siril Gustavovich-1899 yili Varshavada tugʻilgan.Qamoqqa olingan vaqtda Samarqanddagi 1-teri zavodida ishlagan.

Stegenek Boleslav Edmundovich 1896 yili Polshaning Gnezno shahrida tugʻilgan.Hibsga olingan paytda Samarqand yoʻl stansiyasida ishlagan.
Korjenevskiy Karl-Edmund Yanovich-1900 yili tugʻilgan.Hibsga olingan paytda Gʻallaorol tumanida ishlagan.

Shteyn –Rozenberg Genrix Yulianovich-1904 yili tugʻilgan, polshaning Lodz shahridan.Hibsga olingan paytda Qoʻqon shahrida ishlayotgandi.
Katsav Ivan Yakovlevich-1897 yili Polshaning Novoye Mestechko shahrida tugʻilgan.Hibsga olingan paytda Gʻallaorol tumanidagi oshxonada ishlayotgandi.

10 YIL MAJBURIY MЕHNAT LAGЕRLARIGA SURGUN QILINGANLAR:

Fisher Anatoliy Ivanovich-1911 yili Polshaning Lobch qishlogʻida tugʻilgan.Hibsga olingan paytda Jizzax tumanida ishlayotgandi.
Chaplinskiy Kazimir Ivanovich-1896 yili Polshada tugʻilgan.Qamoqqa olingan vaqtda Samarqand shahridagi don tayyorlov idorasida ishlayotgandi.
Dombrovskiy Iosif Petrovich -1889 yili Polshaning Vilno-Koris qishlogʻida tugʻilgan.Hibsga olingan paytda Samarqanddagi maktabda direktor oʻrinbosari.
Godlesvkiy Anton Nikolayevich-1906 yili Polshaning Gazurovo qishlogʻida tugʻilgan.Hibsga olingan paytda Samarqand viloyati Mitan tumanidagi 1-MTSda brigadir mexanik boʻlib ishlardi.
Kava Abram Yakovlevich-1905 yili Varshava shahrida tugʻilgandi.Hibsga olingan paytda Toshkent poyabzal fabrikasida ishlagan.
Yushko Aleksandr Ivanovich-1896 yili Polshaning Yushka qishlogʻida tugʻigan.Hibsga olingan paytda Pop tumanidagi sovxozda ishlayotgandi.
Saniyukovich Foma Petrovich-1899 yili Polshaning Dunish shahrida tugʻilgan.Hibsga olingan vaqtda Samarqand sharbat zavodida ishchi boʻlib ishlayotgandi.
Xarlamova Mariya Kazimirovna-1899 yili Vilno shahrida tugʻilgandi.Hibsga olingan paytda Samarqanddagi qamoqxonada hamshiralik qilayotgandi.
Kruk Mariya Vikentyevna-1907 yili Varshava shahrida tugʻilgan.Hibsga olingan paytda Samarqanddagi hamshiralar kursida tinglovchi.
Kozan Vaslav Fransevich-1874 yili Polshaning Vishkogo qishlogʻida tugʻilgan.Hibsga olingan paytda Samarqanddagi shifokorlar maktabida oʻqiyotgandi.
Kobushko Aleksandr Iosifovich-1909 yili Polshaning Yastrelbe qishlogʻida tugʻilgan, Sverdlov nomidagi teatrda ishlayotgan ishchi esa 5 yilga mehnat tuzatuv lageriga surgun qilinadi.
Qatagʻon avjiga chiqgan 1938 yil 21 sentyabrdagi “Uchlik” yigʻilishida yana quyidagi nemis va polyak millatiga mansub Oʻzbekistonda yashayotgan kishilar ham shoʻro davlatining qatagʻon siyosatiga uchrashdi.

OTISHGA HUKM QILINGANLAR:

Gaas Karl Karlovich-1885 yili Gamburg shahrida tugʻilgan, millati nemis,
Shprung Vitaliy Ottoyevich-1915 yili Urskatelskda tugʻilgan.Millati nemis,
Dik Genrix Petrovich-1892 yili Dnepropetrovich viloyatida tugʻilgan, nemis millatiga mansub,
Kurilenko Luiza Kazimirovna-1903 yili Novorossiysk shahrida tugʻilgan.Millati polyak,
Kling Karl Ivanovich-1909 yili tugʻilgan,millati nemis,
Vaselovskiy Leonid Fransevich-1890 yili Vinnitsa viloyatida tugʻilgan, millati polyak,
Tissen Ivan Yakovlevich 1892 yili Dnepropetrovsk viloyatida tugʻilgan, millati nemis,
Ottendorf Ulrix Germanovich-1896 yili tugʻilgan, millati nemis,
Bergman Emil Aloizovich-1893 yili tugʻilgan, millati nemis,
Lyuft Ivan Yakovlevich-1903 yili tugʻilgan, millati nemis,
Miller Karl Villelmovich-1882 yili Kurlyandsk guberniyasida tugʻilgan, millati nemis,
Shmidt Aleksandr Ivanovich-1883 yili tugʻilgan, millati nemis.

10 YILGA MTLGA QAMOQ JAZOSIGA HUKM QILINGANLAR:

Shterl Oskar Reyngoldivich-1912 yili Qrimda tugʻilgan, millati nemis,
Getto Georgiy Iosifovich-1900 yili Rotgamel shahrida tugʻilgan, millati nemis,
Blok Ivan Vasilyevich-1881 yili tugʻilgan, millati nemis,
Shaf Nikodin Yakovlevich-1888 yili Odessada tugʻilgan, millati nemis,
Valman Abram Abramovich-193 yili Xarkov viloyatida tugʻilgan, millati nemis,
Shalitinskaya Avgusta Avgustovna-1886 yili Revel shahrida tugʻilgan, millati nemis,
Gegel Xristian Yakovlevich-1883 yili Oddesada tugʻilgan, millati nemis,
Neyman Alfred -1891 yili Germaniyada tugʻilgan, millati nemis,
Yustus David Fyodorovich-1888 yili tugʻilgan, millati nemis,
Bertels Nina Oskarevna-1893 yili Shveysariyada tugʻilgan, millati nemis,
Granider Anatoliy Antonovich-1892 yili Germaniyada tugʻilgan, millati nemis,
Gorr Yakov Fillipovich-1882 yili Saratovda tugʻilgan, millati nemis,
Bendinger Genrix Adamovich-1890 yili Petrovsk guberniyasida tugʻilgan, millati nemis,
Shmixel Genrix Georgiyevich-1898 yili Volinsk guberniyasida tugʻilgan,
Glekler Fridrix Davidovich-1885 yili Qrimda tugʻilgan, millati nemis,
Ulrix Otto Gustavovich-1884 yili Polshaning Lodz shahrida tugʻilgan, millati nemis,
Berendts Gidvil Arturovna-1898 yili Revel shahrida tugʻilgan,
Vishnevskiy Nikolay Petrovich-1872 yili tugʻilgan, millati nemis.

8 YIL QAMOQQA HUKM QILINGANLAR:

Bitser Ivan Ivanovich-1897 yili Xarkov viloyatida tugʻilgan, millati nemis,
Stepanov German Petrovich-1894 yili Rigada tugʻilgan, millati nemis.

1938 yilning 22 sentyabrida esa “Uchlik” tomonidan Yaskulskiy Kazimir Petrovich (1876 yili Polshada tugʻilgan, polyak millatiga mansub kishi) ham otishga hukm qilinadi.
( R.Shamsutdinov, X.Qurbonov, U.Bekmuhammadlarning “Qatagʻon qurbonlari”-5 kitob ( T-2012 yil, “Sharq” nashriyotida chop etilgan kitobidan olindi).

Aynan qatagʻon davriga oid bu kishilarning nomlarini keltirib oʻtishimizdan maqsad, ular Anna Germanning dadasi-Yevgeniy German bilan birgalikda hukmgacha Toshkent shahrida birga qamoqda ushlab turilgan polyak va nemis millatiga mansub kishilardir.Tabiiyki, ular qamoqxona qiynoqlariga bardosh berayotib, oʻz hayotlari, nega va nima sababdan bu holga tushganliklari toʻgʻrisida fikr-mushohada yuritishgandir. Balki ularga Yevgeniy German qizalogʻi Anna toʻgʻrisida gapirib ham bergandir…

Bu paytda Irma eri va ukasining qamoqdan ozod boʻlishini umid bilan kutardi. Afsuski, qatagʻon davriga oid arxiv hujjatlarida biz Vilmar Martensga oid hujjatlarni uchratmadik…

Oʻsha qatagʻon yillarida koʻplab oilalar davr jabrini chekishgan boʻlib, ular qatorida Irma Martensning Urganchlik kasbdosh oʻqituvchilari ham bor edi. Irma ularni Urganchda oʻtkazilgan oʻqituvchilarning turli yigʻilishlarida koʻrgan, dars mavzulari yuzasidan suhbatdosh ham boʻlgandi.Mana oʻsha Urganchlik Irma Martens kasbdoshlari:

Vall Martin Yakovlevich-1911 yili Toshhovuz viloyatining Andreyevka qishlogʻida tugʻilgan, millati nemis.Hibsga olingan paytda Urganch shahridagi maktabda nemis tili oʻqituvchisi.1938 yil 21 sentyabrda Yevgeniy German bilan birga otuvga hukm qilingan.Tabiiyki, bir shaharda yashashgan Martin va Yevgeniy bir qamoqxonada zugʻumga bardosh berishgancha,dardlashib qolishgandir.Balki oʻshanda Irmaning mahoratli oʻqituvchi ekanligi toʻgʻrisida gaplashishgandir…

Poʻlatov Iskandar-1909 yilda Chorjoʻy tumani Boyrabod qishlogʻida tugʻilgan, 1922-25 yillarda Germaniyada tahsil olgan. Hibsga olingan paytda Urganch shahridagi maktabda nemis tili oʻqituvchisi boʻlib ishlardi. Iskandar Poʻlatov ham hukmgacha Toshkentdagi qamoqxonada Yevgeniy German bilan birgalikda ushlab turilgan. Balki ular bir shaharda yashaganlari uchun oʻzaro dardlashib qolishganida, Irma Martens , qizalogʻi Anna haqida ham gaplashishgandir. Iskandar Poʻlatov Yevgeniydan 4 kun oldinroq-17 sentyabrdagi “Uchlik” yigʻilishida 10 yilga qamoq jazosiga hukm qilinadi.Balki Yevgeniy German tergovchilarning doʻq-poʻpisa,zugʻumlaridan oʻz taqdirining ayanchli yakun topishi-otuvga hukm qilinishini sezib, Iskandarga ozodlikka chiqgudek boʻlsa yaqinlari holidan xabar olishni aytgandir…

Tevs Margarita Ottoyevna-1914 yili Xorazmdagi Oqmachit qishlogʻida tugʻilgan.Hibsga olingan paytda meterologiya stansiyasida kuzatuvchi boʻlib ishlayotgandi.Margarita Tevs Yevgeniy German bilan birga Toshkentdagi qamoqxonada ushlab turilgan va 1938 yil 21 sentyabrda 10 yilga qamoq jazosiga hukm qilingan.Margarita Tess va Vilmar Martens bilan birga Oqmachitdagi 50 yillik tantanada ishtirok qilishgandi.

Afsuski, bular toʻgʻrisida biz bugungi istiqlol sharofati tufayli yozayapmiz.Olis va qaygʻu-gʻamdan iborat 1973-38 yillari bu toʻgʻrida shivirlab ham gaplashishga imkon boʻlmaganligi bugun hammaga ayon.

Irma esa bulardan bexabar boʻlib, ukasi va eri taqdirini oʻylab Annani bagʻriga bosganicha ohu-nola chekib yurardi. Keyinchalik Irma va qizi Annani eng qiynaydigan holat va ular uchun armon boʻlib qolgani Yevgeniy German, Vilmar Martenslarning taqdiri edi.

Anna Germani hayoti va ijodining tadqiqotchisi Ivan Ilichev ushbu xonadon taqdirining solnomasini oʻrganib shoʻro davrida Toshkent va Moskvadagi huquqni himoya qilish tashkilotlariga murojaat qilgan.Afsuski, oʻsha davrda hujjatlarga “mutlaqo maxfiy” tamgʻasi urilgani uchun Yevgeniy German hayoti sir boʻlib qolavergandi.

Bunday holat Irma va Annaga ham tegishli boʻlib, ular oila sohibining taqdiri haqida faqat taxminlarga suyanib yashashdi.

Irma Martensning Urganchda yozilgan kundaligida mahzun 1937 yilga oid shunday satrlar bor:

“Xudoyim Yevgeniyni qamab qoʻyishdi.Qora bulutlar ustimizga yogʻildi.Nafas olish qiyinlashdi.Yevgeniy va Vilmarni surishtirib prokuror yoniga kirdim.

-Sening ering “xalq dushmani” , ular 10 yilga qamaladi,-dedi prokuror.

-Nega, nima uchun, uning qanday aybi bor? Men uni koʻrsam boʻladimi? — soʻradim.
-Yoʻq!”

Shu tariqa Irmaning ohu-zori hech qanday natija bermadi.Oradan vaqt oʻtib, Xorazm va Oʻzbekistonning boshqa joylaridagi qamoq va mehnat tuzatuv lagerlardan qaytgan odamlardan surishtirganda ham aniq bir maʼlumot topisholmadi.Faqat qamoqdan qaytgan bir oʻzbek kishisi Yevgeniy bilan birga qamoqda ushlab turilgani, uning gʻoyat qiynalganini aytib berdi.Bu paytda “qamoqqa olinganlar Sibirga yuborilganmish” degan mish-mishlar tarqalgandi. Shu bois Irma erini izlab unga boʻlgan sadoqati bois,bolalarini Toshkentda onasiga tashlaganicha Novosibirskgacha bordi. Bir muddat oʻsha yerdagi maktabda ham ishladi.Mahalliy xalqdan, surgundagilarning mehnat tuzatuv lageri, qamoqxonalardan Yevgeniyni surishtirdi.Afsuski izlanishlar hech bir samara bermadi.Ana shunday qaygʻu-gʻamga berilib yurgan kunlardan birida Toshkentdan yana tashvishli telegramma keldi: “Fridrix ogʻir betob”.Bu xabar Irmani shoshilinch Toshkentga borishga majbur qildi.

Afsuski, oʻgʻli Fridrix kasallikdan vafot etdi.Anna ham ogʻir betob. 1940 yildagi ayanchli, fojiali holat Irmaga qattiq taʼsir qildi.Ammo u oʻzini tutib oldi. Ularning ijaradagi uyiga qoʻshni oʻzbek eshakga qoʻshilgan aravasini olib keldiyu,Fridrixni dafn etish uchun qabristonga ketdi.Qaygʻu va gʻam Irmani yanada ezib qoʻydi.Buning ustiga Annani shifoxonada yotirishga majbur boʻlishdi.Shukrki, oʻzbek vrachlari tezda mahoratini ishga solib qizaloqni oyoqqa turgʻazishdi.Endi uni sogʻlom qilib voyaga yetkazish uchun maoshi koʻproq ish topish kerak edi.Quvonarlisi shunday ish topildi-Irma Martensni Toshkent Davlat Pedagogika instituti kechki fakultetiga nemis tili oʻqituvchisi sifatida taklif qilishdi.Koʻp oʻtmay Oʻrta Osiyo Davlat Universiteti(hozirgi Milliy Universitet)da ham nemis tilidan talabalarga saboq bera boshladi. ” Men aspiranturaga kirish uchun tayyorlana boshladim.Ingliz tilini mukammal oʻrganishga kirishdim.Shukrki, biz-oyim va Anna uchalamiz oʻzimizni xotirjam his qilardik.Chunki biz ijaraga olgan uy egalari boʻlmish oʻzbeklar juda mehmondoʻst, doʻstona muomila qilishar, doimo jilmayib turuvchi kishilar edi”.

Afsuski, koʻp oʻtmay bunday sokinlik uzoqqa bormadi.2-jahon urushi boshlandi. Buning ustiga urush sabab yana qatagʻon boshqacha toʻlqinda davom qildi. Irmaning talabalaridan Vladislav Krauze uni qamoqqa olinish xavfidan ogoh qildi.Uning aytgani kelib 1942 yilning yanvar oyi oxirida kutilmaganda eshik nogahon taqilladi.Bemahal kelgan IIXK xodimlari “propiskasiz yashayapsanlar” degan bahonada ularni temir yoʻl vokzaliga olib ketishdi.Bu yerdan ularni Buxoroning Romitan tumaniga olib borishdi.Koʻp oʻtmay ular Qozogʻistonning Jambul shahriga yuborildi.

Bu orada Anna voyaga yeta boshladi.U oʻzbek va qozoqchaga tushunar, rus tilida bemalol gapirardi.

…Urganch-Toshkent-Novosibirsk-Krasnoyarsk-Toshkent-Buxoro-Jambul shaharlari. Bu Irma Martensning Yevgeniy va Vilmar taqdiri haqida qaygʻurib, ularni izlab oʻtkazgan sarson-sargardonchiliklar, mashaqqatlarni boshidan kechirgan, ammo sadoqati bois hamisha oldga intilgan bardoshli ayolning hayot sahifalari. Afsuski, Irma erining taqdiridan kuyunib, u haqda qaygʻurib yurgan 1938 yilning 21 sentyabrida oʻtkazilgan “Uchlik” yigʻilishida Yevgeniy hayotiga nuqta qoʻyilgandi. Oʻsha kungi “Uchlik”ning 12-bayonnomasida 56 mahbus ustidan hukm chiqarilgan.Ular orasida Yevgeniy German ham boʻlib, hujjatlarda uning “xalq dushmani” sifatida otib oʻldirishga hukm qilingani va qoʻyilgan ayblar yozilgan: ”German Yevgeniy Fridrixovich-1909 yilda tugʻilgan, Polshadan, nemis,quloq oʻgʻli, sektant baptis, partiyasiz,hibsga olingan paytda “Urganch” non zavodida hisobchi”(R.Shamsutdinov, X.Qurbonov, U.Bekmuhammad,”Qatagʻon qurbonlari”-5 kitob, yuqoridagi nashr, 368-bet).

Oʻsha mashʼum yillari taqdir Irma va qarindoshlarini oldiniga Toshkent, keyin Novosibirsk, Krasnoyarsk va yana Toshkent, Romitan, Jambul shaharlariga koʻchishga majbur qildi.Bu orada Anna ham maktab yoshiga yetib qoldi. Irma qizining taqdiri va kelajagidan kuyunib uni Jambuldagi maktabga “Martens” familiyasi bilan beradi.Bu orada urush ham boshlanib xalqning ahvoli gʻoyat qiyin holga tushib qolgan, oʻquvchilar oyogʻiga har xil lattalar oʻrab maktabga borishardi.Qishning izgʻirin kunlarida bu oʻsha davr uchun odatiy hol boʻlib qolgan, Anna ham boshqalar singari shu holda oʻqishga qatnardi.

Irma oiladagi bunday ahvoldan, qizi Annaning istiqbolini oʻylab oʻkinib yurgan 1943 yili German Brener degan polyak muhojiri bilan tanishib qoladi.Koʻp oʻtmay unga turmushga chiqadi.Ushbu shaxs polyak yahudiy muhojiri boʻlib Polshani fashistlar egallagandan keyin sobiq shoʻro ittifoqiga qochib kelgandi. Shu tariqa German Brenerning Irmani oʻz panohiga, nikohiga olishi bois oilaning iqtisodiy ahvoli biroz boʻlsada yaxshilanadi.Afsuski koʻp oʻtmay German Brener halok boʻladi.

Taqdirning bu zarbalaridan soʻng 1946 yili Irma oilasi bilan Polshaga borib yashashga ruxsat oladi.Oldiniga ular Novaya Ruda, keyin Vroslav shaharlarida hayot kechiradilar.Anna ham endi polyak tilida maktabda tahsil ola boshlaydi.Oʻquvchilik davridayoq nafaqat musiqaga, balki tasviriy sanʼatga ixlosi bois turli tadbirlarda qatnashib tanlovlarda faxrli oʻrinlarni oladi.

Urushdan keyingi yillari Polshada ham iqtisodiy vaziyat gʻoyat ogʻir edi.Shunday vaziyatda Irma, Annaning iqidorini yuksaltirish uchun sanʼat borasida qoʻshimcha dars mashgʻuloti oʻtish uchun oʻqituvchi yollashni orzu qilar, ammo puli kamligidan bu ham armon boʻlib qolaverdi.

Biroq shunday boʻlsada Anna oʻzining isteʼdodini namoyon qilish maqsadida tinimsiz ishladi.Hattoki maktabni tugatganidanoq Vroslavdagi sanʼat oliy maktabining tasviriy sanʼat boʻlimiga hujjatlarini topshiradi. Biroq onasi va yaqinlari unga “ Musiqa, tasviriy sanʼat bilan boshqa fakultetda ham oʻqib shugʻullanishing mumkin, sen Polshaning qudrati, kelajagi uchun eng kerakli kasbni tanla!”, deb maslahat berishdi.

Shundan keyin Anna 1955-61 yillarda Boleslav Beruta nomidagi Vroslavsk universitetining geologiya fakultetida tahsil oladi. Talabalik davrida “Kalambur” teatrida faoliyat koʻrsatib Polshaning koʻplab shaharlarida gastrol safarlarida boʻlib qaytadi.

Biroq sanʼatga boʻlgan ixlos Annani geologlik kasbi tomon emas, sahnaga boshladi.Vokal, jaz va estrada janrlarida qoʻshiqlar kuylab obroʻ-eʼtibor orttiradi.
…Oradan yillar oʻtdi.Anna otasi taqdirini oʻylab unga bagʻishlangan qoʻshiq kuylashga qaror qildi.”Gori, gori, moya zvezda” nomli mahzun qoʻshiq qatagʻon qurboni boʻlgan otasiga bagʻishlangan boʻlib, bu qoʻshiqni u sobiq ittifoqning koʻplab sahnalarida kuyladi.Biroq u va onasi bu nolaning Yevgeniyga bagʻishlanganini mutlaqo sir tutishdi.Chunki bu qoʻshiq kimga atalganini sezishsa, Anna German uchun sobiq ittifoq sahnalari yopilishi mumkin edi.

Anna German 1965-82 yillari dunyoning eng mashhur sanʼatkori sifatida tanildi.Uning “Katyusha”, “Nadejda” singari 100dan ziyod rus tilidagi qoʻshiqlari nafaqat sobiq ittifoqda, balki butun dunyoda eng ommabop qoʻshiqlarga aylandi. Annani hatto Rim papasi va dunyodagi koʻplab davlat rahbarlari konsert dasturlari berish uchun vatanlariga taklif qilishardi.U tugʻilib oʻsgan Oʻzbekistonning Toshkent, Samarqand shaharlarida ham bir necha bor oʻz dasturlarini namoyish etdi.Biroq Urganchga borish, tugʻilib oʻsgan,bolaligi kechgan Xorazmni tavof qilish unga armon boʻlib qoldi.Chunki, 1967 yilning27 avgustida Italiyada boʻlgan avariyadan olgan jarohati uning olis Urganchga borishiga monelik qilardi. Anna Konstanchin shahridagi klinikada davolanib chiqgach 1969 yildan yana sahnaga qaytdi.

Dunyo boʻylab uning konsert dasturlari gʻoyat shov-shovli tarzda davom qildi.Yevropa davlatlari, sobiq ittifoq, Avstraliya, AQSH, Kanada..Xullas, oʻz davridagi dovruqli hamma sanʼat koshonasida uning olqishlarga burkangan qoʻshiqlari yangradi.Shu jumladan otasiga bagʻishlangan “Gori, gori, moya zvezda” qoʻshigʻi ham.

Anna 1972 yili Zbignev-Tuxolskiy bilan nikohdan oʻtdi.Oradan uch yil oʻtib-1975 yilning 27 noyabrida Zbыshek tavallud topdi.Zbыshek tobora ulgʻaya borgan sari Anna uni erkalab bagʻriga bosarkan, uning nigohlarida otasi-Yevgeniy Germanni koʻrgandek boʻlar, bu holat esa yana sahnalarda, oila davrasida “Gori..gori”ni kuylashga undardi…

Sahnalar esa tobora olqishlar sadosi ostida oʻtardi…

…Ana shunday dovrugʻu shodliklar, hayot tantanalariga toʻla 1979 yili Anna Toshkentga keldi va Urganch safarini rejalashtirib qoʻydi.Afsuski, bu safar ham xastalik qaytalanib ogʻriqlar kuchayganidan vrachlar uni olis Xorazmga borishiga ruxsat berishmadi.

Biroq Anna German faqat 1969 yildagina emas, Moskvada oʻtkazgan konsertlarida Moskva Davlat Universiteti professori, sobiq ittifoq teleradiokompaniyasida konsultant boʻlib ishlayotgan asli Xivalik Xudoyor Ollayorov, shuningdek 1980 yili Moskvadagi suv xoʻjaligi institutiga borgan ekolog olim, asli Xonqalik Ozod Husayinovlar bilan tanishib, ular bilan qisqacha boʻlsada suhbatlashishga ulgurgandi.Ularga Urganchga borish orzusini aytgan, konsert qoʻyishni rejalashtirayotgani haqida soʻzlab bergandi.

Afsuski Anna Germanning bunday orzusi armon boʻlib qoldi. Oʻz davrining va hozirdayam shonu-shuhratini yoʻqotmagan xonandasi 1982 yilning 26 avgustida ogʻir kasallikdan soʻng vafot etdi.Bu vaqtda u endigina 46 yoshga toʻlgandi…

ANNA GЕRMAN BILAN UCHRASHGAN XORAZMLIKLAR

“…URGANCHGA BORAOLMADIM”

Tibbiyot fanlari doktori, professor Xudoyor Ollayorov 1931 yilda Xorazm viloyatining Xiva shahrida tugʻilgan boʻlib, Samarqand davlat tibbiyot institutida tahsil olgan.Bir yildan koʻproq Xivadagi tibbiyot shifoxonasida ishlagan.1957 yildan keyin esa Yaltadagi “Oʻzbekiston” sanatoriyasida, 1961 yildan boshlab Moskva tibbiyot instituti, Moskva Davlat universitetida ilmiy tadqiqotlar olib borgan.Markaziy televideniyada konsultant sifatida ishlab suxandonlar, jurnalistlarning ovozini tekshirib, ular xastalangan taqdirda muolaja qilib borgan.Levitan, Nikulin singari oʻz davrining mashhur kishilari bilan doʻstlashgan va ular haqidagi xotiralari Oʻzbekiston va xorij matbuotida chop etilgan. Professor Xudoyor Ollayorovning tibbiyotga oid ilmiy ishlari 29 tilda 137 mamlakatda chop etilgan.

U Markaziy televideniyada ishlab yurgan paytida Anna German bilan suhbatlashish sharafiga muyassar boʻlgan xorazmliklardan.
-1978 yili shoir va jurnalist Aleksandr Lvovich Jigarev men ishlayotgan markaziy televideniyaga kelib “Melodiya” studiyasiga oʻzi bilan borishni iltimos qildi. Oʻsha kuni “Melodiya”da Anna Germanning qoʻshiqlari yozib olinishi belgilangani,biroq ertalabdan negadir xonandaning ovozi xirillab qolganini, shu bois uning ovozini tekshirib koʻrishimni iltimos qildi. Tabiiyki, bu mening TVdagi kundalik vazifam edi.

Aleksandr Jigaryovning faqat sheʼrlari va maqolalarini oʻqibgina qolmay, tez-tez televideniyaga tashrif buyurib turgani uchun yaqindan tanirdim.U ham menim oʻzbek vrachi ,Xorazmdan ekanligimni yaxshi bilardi.Birga studiyaga borsak u yerda mashhur xonanda Anna German tomogʻini bogʻlagan holda oʻtirardi.

-Mana vrach Ollayorov ham kelib keldi-u Sizni tezda davolash ilojini topadi,-dedi eshikdan kirganimizdanoq Jigaryov.

Oʻshanda tomogʻiga oʻralgan roʻmolni paypaslayotgan Anna negadir menga hayratlanib qoldida:

-Salom, Siz oʻzbekmisiz? Oʻzbekistonning qayeridansiz?,-deya soʻradi.

Uning qisqagina bu soʻzlaridan ovozi xirillayotganini sezish mumkin edi.

-Ha, oʻzbekman, Xorazmdan dedim.

Bu soʻzni eshitishi bilan u oʻtirgan joyidan turib menga qoʻlini uzatganicha qaytadan salomlashdi.

-Oʻzbekiston, Xorazm menim ikkinchi vatanim.Negaki men Urganchda tugʻilganman,-dedi.

Toʻgʻrisi men Annaning qoʻshiqlarini eshitgan boʻlsamda, uning tarjimai holiga yetarlicha eʼtibor bermagandim.

-Bu men uchun kutilmagan yangilik.Xorazm soʻzini Sizning ogʻzingizdan eshitish men uchun quvonchli,-dedim.

Jigaryov bizning suhbatimizdan quvonib turgan boʻlsada, biroz xavotirlanib turgandek edi.Tabiiyki u darhol Annaning ovozini tekshirib koʻrishimni, muolaja qilishimni istardi.Men darhol oʻz vazifamni bajarishga kirishdim.

Ertasiga Anna German Jigaryov bilan Markaziy televideniyaga tashrif buyurishdi.Menga minnatdorchilik bildirib koʻrsatuvni tavsirga olish xonasiga kirib ketishdi.TVda qisqacha suhbat boʻldi va “Jdite vesnu”, “Ostansya”, “Idet rebyonok po zemle” nomli qoʻshiqlarini yozib olishdi.Anna TVdan chiqarkan men rejissyorimiz bilan uni kuzatib qoʻydik.Anna bizga konsertiga tushish uchun taklifnoma qoldirdi.Men oilam bilan konsertga kelib unga gul va “Xiva” bukletini taqdim qildik.U sahnada bizning sovgʻamizni qabul qilib olarkan “Bu men tugʻilgan Xorazmlik vrach Ollayorov boʻladi.Undan minnatdorman!”,deganida qarsaklar yangradi.

Adashmasam 1979-80 yillari ham Moskva va boshqa shaharlarga yana Anna Germanning gastrol konsertlari uyushtirildi.Bu safar men xorijga ketgandim. Shu bois konsertlarga boraolmadim. Biroq Annaning eng yaqin odamlaridan boʻlgan Jigaryov bilan TVga kelganida, yoki biror bir tadbirlarda koʻrishib turar, oʻshanda suhbatimiz mavzusi Annaga kelib taqalardi.Shunday uchrashuvlardan birida Aleksandr Jigaryov Anna German, uning Xorazmda tugʻilib voyaga yetgani, umuman olganda ijodi boʻyicha kitob yozayotganini aytib qoldi.Xorazm bilan bogʻliq baʼzi maʼlumotlarni surishtirdi .Men bilganimcha unga Xorazm, Urganch, Xiva haqida soʻzlab berib, ilojini topgan holda Anna tugʻilgan oʻlkaga borishni taklif qildim.

1982 yil 23 avgust. Anna German vafot etgan kun. Men bu mashʼum xabarni eshitganimdanoq Jigaryovning uyiga taʼziya bildirish uchun telefon qildim.Biroq uni topaolmadim.Oradan vaqt oʻtib uni Ostankinodagi tadbirda uchratdim va taʼziya bildirdim.Jigaryov afsus bilan yozayotgan kitobini Anna tirikligida nashr qildirishga ulgurolmaganidan, Urganchga boraolmayotganidan oʻkindi.

-Endi uning xotirasi uchun ham kitobni mukammal qilib chop etdiraman va birinchilardan boʻlib Sizga sovgʻa qilaman,-dedi Aleksandr.

1988 yili Moskvadagi “Iskusstvo” nashriyoti Aleksandr Jigaryovning “Anna German” nomli kitobini chop qildi.Afsus kitob nashr etilish arafasida Jigaryov ham vafot etdi.Kitobni uning qoʻlidan emas, kitob doʻkonidan sotib oldim. Bu kitob hozirda mening shaxsiy kutubxonamda saqlanmoqda.Har gal kitobni qoʻlga olganimda, yoki OAVda mashhur xonanda haqida biron narsa oʻqisam, Anna German bilan “Melodiya” studiyasida va Markaziy televideniyada uchrashib suhbatlashganlarim, Jigaryovning “Urganchga boraolmadim”,degan soʻzlari yodimga tushadi.

Anna German ham, u haqda kitob yozgan Aleksandr Jigaryov xotirasi ham doimo menim qalbimda.

ANNA OʻZBЕKCHALAB “RAHMAT” DЕGANDI…

Ozod Husayinov 1938 yilda Xonqa tumanida tugʻilgan. Novosibirsk savdo institutida tahsil olgan.Koʻp yillar davomida Xonqa tumani,Xorazm viloyatidagi savdo tashkilotlarida masʼul vazifalarda ishlagan.Shu bilan birga ekologiya, Orol va Orolboʻyi hududidagi vaziyat ,Orolga Kaspiydan suv olib kelishning ilmiy loyihasini, bundan tashqari Qozogʻiston, Moʻgʻuliston, Xitoy, Arab davlatlari, Rossiyadagi oʻzlashtirilmagan hududlarga suv olib borish boʻyicha taklif-loyihalarni ishlab chiqqan.

Ozod Husayinov Anna German bilan uchrashish sharafiga erishgan Xorazmlik sanoqli kishilardan biri.

-Bolalikdan tarix va tabiat olamiga, musiqaga qiziqardim. Novosibirskdagi oʻqish jarayonida ham shu bois Sibirdagi xalqlar hayotiga, tarixiga qiziqib, mutaxassisligimdan tashqari koʻplab maʼlumotlar toʻplab yurdim.Maʼlumki, Sibirda 1930-53 yillarda koʻplab qamoqxonalar barpo etilgan. Men Novosibirskda tahsil olgan 1960 yillarda ushbu qamoqxonalardagi qatagʻon qurbonlarining koʻpchiligi ozod etilgan va oqlangandi.Guruhdagi yigit-qizlarning aksariyati Sibirlik boʻlib, ularning uylariga borganimizda ota-onalari gapdan-gap chiqib qatagʻon davrdan ham soʻz ochib qolardi. Bir kuni guruhdoshim Vasiliy Matveyevning uyida radio eshitib oʻtirganimizda Anna Germanning qoʻshiqlari va u haqdagi maʼlumot efirga berildi. Oʻshanda Annaning Urganchda tugʻilganiga oid soʻzlarni eshitib hayratda qoldim.Urganch soʻzi menim uchun Xorazmni esimga tushirdi va yurt sogʻinchi yuzaga keldi.

Xullas, talabalikdek oltin davr shu zaylda oʻtib ketdi. 1972 yili men guruhdosh oʻrtoqlarim va qadrdon boʻlib qolgan Novosibirskga bordim.Guruhdoshlar bilan diydorlashgach konsertga tushmoqchi boʻldik.Surishtirsak oʻsha paytda Anna Germanning konserti boʻlayotgan ekan.Anna German nomi, uning Xorazmda tugʻilgani bu paytga kelib matbuot, TV orqali keng ommaga maʼlum boʻlib qolgandi.Shu sabab men mashhur xonandaga tuhfa qilish uchun gul oldim va 14 kishi boʻlib konsertga tushdik. Konsert oʻta zavqli holatda oʻtdi. Men ham gulni tuhfa qilish uchun sahnaga chiqdim .Annaga yaqinlashganimda hayajonlanganimdan dastroʻmolim sahnaga tushib ketdi. Egilib dastroʻmolimni olarkanman “chatoq ish boʻldi-da” deya oʻzbekcha soʻzlaganimni bilmay qolibman.Xullas, Annaga gulni berarkanman u negadir menga hayratlanib qaradida mikrofonni uzoqroq tutib “Siz oʻzbekmisiz?”,-deya soʻradi astagina. Men “ha, oʻzbekman, Novosibirskda oʻqiganman, Siz tugʻilgan Xorazmdanman”, dedim baralla. Shunda Annaning yuzlarida quvonch alomatlari paydo boʻldi va mikrofonni qoʻliga olib, “Bu kishi (u asta menim ismi sharifimni soʻradida)..bu kishi oʻrtoq Azad Husainov boʻladi. U men tugʻilib oʻsgan Oʻzbekistondan kelibdi konsertimga, men bundan gʻoyat xursandman,”, deya minnatdorchilik bildirdi.

Men quvonganimdan unga “rahmat” dedim ruschalab, Anna esa oʻzbek tilida “rahmat” dedi.Zalda esa olqishlar yangradi.
Oʻsha kuni guruhdoshlarim bilan Anna Germanning oʻzbekcha “rahmat” soʻzini aytgani uchun restoranda ziyofat berdim.

KITOBGA XOTIMA OʻRNIDA…TAKLIFLAR

“Anna German Xorazmga kelmagan, siz aytgandek faqat Urganchda tugʻilib 2 yildan koʻproq yashagan, oʻsha vaqtlarda tushgan oilaviy suratlari saqlanib qolgan ekan.Yoki Anna Toshkent yoki Samarqanddagi konsertlaridan keyin Urganchga kelganda, xoʻsh nima oʻzgargan boʻlardi?” deya savol berib qoldi oʻzini ziyoli sanovchi doʻstimiz.

Shunga oʻxshashroq savolni bundan ancha ilgariroq, yaʼni 1990 yillarda shoir va tarixnavis Xurshid Davronga ham berishgan ekan: “ Bibixonim haqida yozish shartmi? Temur bilan bir toʻshakda yotgan boʻlsa, yotgandirda, shuning uchun ham u haqda yozish kerakmi?”

-Bu doʻstim choʻrtkesarligi va maqsadi uchun kurashdan qoʻrqmasligi, shuning uchun ham bir oz xudbinligi bilan ajralib turardi.Men unga hech nima demadim.Doʻstimning qaʼtiyat va kibr toʻla koʻzlariga qarab turib, har qanday daʼvom baribir uning ishonchidan qaytarolmasligini anglaganim uchun unga hech nima demadim.

Bibixonim haqida-Amir Temur bilan bir toʻshakda yotgan goʻzal ayol haqida, uning moʻmiyolangan jasadining qismati haqida yozish shartmi? Bu kimga kerak? Bu nimaga xizmat qiladi?

Xalqimizning oʻtmishi, u qanchalar fojiali va dahshatli boʻlmasin, baribir biz uchun aziz va muqaddas boʻlib qolaveradi.Qolaversa, bu oʻtmish faqat fojialar va qora kunlardan iborat emas.Kechmish, faqat buyuk ixtirolar va olamshumul kashfiyotlar, qonli savashlar va ulugʻ qoʻzgʻolonlardangina iborat emas.U shuning bilan birga, hech nima roʻy bermagandek tuyulgan boʻlsa-da, tarix qatlamlariga singib, sugʻurib olinsa butun imorat toʻkilib tushadigan oddiy gʻishtlarga oʻxshash oddiy kunlardan ham iboratdir.Amir Temur bilan bir toʻshakda yotgan Saroymulkxonim, “past zot”dan boʻlgan Jaloliddin Manguberdi qoshida izzat-ikrom bilan yashashdan koʻra Chingizxon qozonining yuvindisini afzal koʻrgan Turkonxotun, besh kunlik dunyo hoy-havasi deb otasining oʻlimiga rizolik bergan Abdulatif, dushmanga qarshi isyon koʻtargan Bobon botirni Chor hukumati askarlariga tutib bergan Saidxon Karimxonovlardan ham iboratdir.Tarix faqat buyuk shaxslarning donishmandligi va jasorati emas, ojiz kimsalarning qoʻrqoqligi, nodonlarning surbetligi, ayyorlarning firibgarligi, soddalarning aldanishlari hamdir.

“ Kleopatraning burni bir oz boʻlsa-da qiyshiq boʻlganda insoniyat tarixi butunlay boshqa yoʻldan ketishi mumkin edi” degan edi Paskal.Shunday ekan, temuriy podshohzodalar tarbiyasi ishonib topshirilgani Bibixonimning Temur tuzgan buyuk saltanatda tutgan oʻrni haqidagi dalolat emasmi? Shu dalolat tufayli biz malikaning saltanat izmiga, demak, tariximiz izmiga koʻrsatgan taʼsiri haqida yozmasak adolatdan boʻladimi?

Toʻgʻri, Kleopatra burnining tarixga taʼsiri haqida Paskal fikriga gʻayricha mulohaza ham bor.Buyuk yapon adibi Ryunoske Akutagava bu haqda shunday yozadi: “Kleopatraning burni sal qiyshiq boʻlgan taqdirda ham, Antoniy buni sezmasligi istisno emas.Koʻrgan-bilgan taqdirda ham bu illat oʻrnini bosa oladigan fazilat topgan boʻlardi.Butun jahonni ostin-ustin qilib ham sevgilimizdan fazilatliroq ayolni topa olmaymiz.Biz oʻz sevgilimizni koʻrib mahliyo boʻlganimizdek Antoniy ham Kleopatraning koʻzlari yoki dudoqlaridan illatni butunlay yopib yubora oladigan fazilat topgan boʻlardi.Buning ustiga “Qalb-chi, qalb!” deyishimiz ham mumkin.Aslida mahbubamiz barcha davrlarda eng yuksak qalb egasi boʻlishi tabiiy.Libosi, boyligi va jamiyatda tutgan oʻrni ham uning fazilatlari hisobiga oʻtadi.Hatto shunday hodisalar boʻlganki, uni qachondir qaysidir mashhur kishi sevgani haqidagi mish-mishlar ham fazilat sanalgan.

Kleopatra dabdabayu sir-asrorga oʻrgangan soʻnggi Misr malikasi edi. U boshida qimmatbaho toj, qoʻlida nilufar yoxud boshqa biron gul tutib, dunyoni muattar iforlarga toʻldirib magʻorurona oʻtirganda, nahotki biron bir kimsa, ayniqsa Antoniy uning burnining xiyolgina qiyshiqligini sezsa?
Bunday oʻz-oʻzini aldash faqat muhabbatgagina xos emas.Biz ayrim hollardagina dunyoni oʻzimiz suygan rangin boʻyoqlarga boʻyaymiz.Masalan, tish doʻxtirining eshigidagi lavhani olaylik.Tishimiz ogʻrigʻini bir lahza boʻlsa-da unitish uchun bu lavhani koʻz oldimizga keltirishga qancha urinmaylik, qancha istamaylik, bari bir koʻrolmasligimiz tayin.Albatta tish ogʻrigʻining dunyo tarixiga hech qanday aloqasi yoʻq..Ammo bunday oʻz-oʻzini aldashga xalq kayfiyatini bilmoqni istaydigan siyosatdonlar ham, gʻanimlar vaziyatini bilishni suygan harbiylar ham, moliyaviy ahvolni bilishni hohlagan korchalonlar ham moyil.Aql va farosat esa bu holga tuzatish kiritib borishini rad etolmayman.Shu bilan birga barcha insoniy ishlarni boshqarib turguvchi “tasodif” borligini ham tan olaman.Balki haqiqatan oʻz-oʻzini aldash tarixni boshqarib boradigan abadiy kuchdir.

Qisqasi, ikki ming yillik insoniyat tarixi oʻz qaʼrida “yilt” etib oʻtgan Kleopatraning burni qandayligiga bogʻliq boʻlmagan.U koʻproq bizning tayyor axmoqligimizga bogʻliq.Kulguli, biroq buyuk ahmoqligimizga bogʻliq”.

Kleopatra burnining tarixga taʼsiri haqidagi gʻayri bu mulohazadan ham “Bibixonim haqida yozish shartmi?” degan savolga javob topish mumkin deb oʻylayman.

Bugun bu yorugʻ dunyoda bor-yoʻgʻi ikki kungina yashagan goʻdakni tuproqqa topshirib qaytdik…

Uning onasi bolasi dunyodan koʻz yumganidan bexabar oʻlim bilan olishib yotardi.Goʻdakning otasi-hali turmushning achchiq-chuchgini totmagan, boshiga ilk marta tushgan bu noayon va notanish, beshafqat va qattol zarbadan garangsirab qolgan yoshgina yigit bolani koʻmishga borgan mendan va sherigimdan bu falokat siri va sababini izohlab berishimizni soʻragandek moʻltirib boqardi.Sherigim-koʻpni koʻrgan odam:”Hechqisi yoʻq, doʻstim, hali umr oldingizda, bolalaringiz belingizda.Bir yarim kilolik etni deb oʻzingizni qiynayvermang”,-deb tasalli -taskin berar, ammo bu taskin, bola otasining bilmadim, mening yurak-bagʻrimni oʻyib borardi.

Foniy dunyo azobu uqubatini, quvonchu shodligini koʻrmay koʻz yumgan goʻdak oʻlimi—arosat davrimizning haybatli va chigal jumboqlari, dahshatli fojialari oldida hech nima emasdek tuyulardi.Ammo dunyoda yashash, imon va vijdon oldidagi maʼsuliyat hamisha eng oddiy jumboqlar va voqealar oldida ojiz qolmaganmi? Bu ojizlik inson qismatining asosiy mezoni emasmi?

Bobolarimiz “Oʻlim haq!” deganlar.Bunga shak keltirmayman.Biroq har qanday oʻlim ham haq boʻlmasligini ham bilaman…Bir necha yillar oʻtadi, bugun biz tuproqqa topshirgan goʻdak ham oʻtmishning bir boʻlagiga aylanadi.Shunday boʻlmaydi, deganlar, xato qiladilar.Shunday ekan, eng oddiy narsa, masalan, Kleopatra burni, Bibixonim jasadining bir jimjilogʻi yoʻqligiyam, tarixga boʻlgan munosabatimizni belgilashi mumkin.Oʻtmish bilan bugun bir-biriga tugib bogʻlangan ip emas, ular uzluksizdir.Oʻtmishda qilingan har qanday gunoh nafaqat oʻsha olis gunohkorlarning, shu bilan birga bizning ham boʻynimizda.Oʻtmishda qilingan har bir ezgu ish uchun kelajak kishilarning ham yuzi yorugʻ boʻlajak.Oʻtmish bilan bugunni bogʻlab turgan narsa yolgʻiz kelajakdir.

Bu dunyoda eng saodatmand lahzalardan biri nihol oʻtqazmoqdir.Ichi qora odam daraxt oʻtqazmaydi.Daraxt ekkan odam uni faqat oʻzi uchun emas, tugʻilgan va tugʻilajak farzandlari, nevaralari uchun oʻtqazadi.Tarix esa bobolar bogʻidir.Yillar, asrlar oʻtib bu bogʻda bir daraxt yetishmasligi bilinib qoladi.Bu bugun biz tuproqqa bergan bola oʻtqazolmagan daraxt boʻlishi mumkin-deydi yuqoridagi savoldan iztirob chekib, chuqur mulohaza yuritarkan Xurshid Davron.

Endi Annaning Xorazmga talpinishiga kelsak, Xorazmdek moʻjizakor va sehrli diyorga tarix mobaynida Iskandar Zulqarnayn-u Qutaybadan tortib Chingizxon askarlariyu, Pyotr 1 yoʻllagan Bekovich Cherkasskiy kabi koʻplab istilochilar otlanishgan.

Baʼzida boʻlsa, vaziyat sabab Vengriyalik Vamberi kabi olimlar asl ismi, niyatini yashirib Xorazmga tashrif buyurishgan ham.

Xullas, Xorazmga talpinib Ibn Batuta singari sayyoh, Ivan Grozniy yoʻllagan Jenkinson va yana necha turli xil soha vakillari vohada boʻlganicha, koʻrgan kechirganlarini qogʻozga tushirishgan.Bularning bari esa Xorazm tarixini boshqa manbalarga taqqoslab oʻrganuvchi nodir qoʻlyozmalar sirasiga kiradi.

Ajablanarlisi shundaki, ana shu maftunkor oʻlkaga qurol oʻqtalib ne bir bosqinchilar, hayrat izlab sayyoh, moʻmay daromadni koʻzlab savdogar, asl niyatu ismini yashirib josuslar kelgan ekanlaru, jahon sanʼati rivojiga, insoniyat tafakkuri yuksalishiga oʻz hissasini qoʻshayotgan ,Urganchda tugʻilib oʻsgan Annaning qadamlari ushbu muqaddas maskanga yetmagan ekan.Afsus..

Ha, Anna German hayoti davomida Xorazmga talpingan.Afsus deganimizning sababi shundaki, agar u Xorazmga kelganida, albatta koʻrgan-kechirganlari asosida xuddi bolalarga atab yozgan ertaklaridek,ajoyib xotiralar bitilardi.Balki shunda ul yuksak aql sohibining yozgan asarlari tufayli Xorazm haqida noyob durdona asarlar yaratilgan boʻlardi.Balki Urganch, Xorazm toʻgʻrisida qoʻshiqlar yaratilarmidi…

Biroq shundayam,Xorazm vohasining Anna German eʼtiborini tortgani, Urganchda tugʻilganining oʻzi katta bir mavzu.Anna German tirikligida va vafotidan soʻng u haqda koʻplab hujjatli va badiiy filmlar, seriallar ishlanmoqda, kitoblar, maqolalar yozilmoqda.Bularning barida esa Anna Germanning Urganchda tugʻilgani, otasi Yevgeniy Germanning Xorazmda qatagʻonga uchragani yozilmoqda, kinolarda aks etmoqda.Demak, ana shu faktlarning oʻziyoq, yozilgan kitoblar, ishlangan, suratga olinayotgan kinofilmlar orqali Urganch nomi dunyoga aynan Anna German timsolida taniloqda.Demak, Anna German Urganchning timsoli boʻlib jahonga shuhrat yoymoqda.

Bundan tashqari Anna German nomida Urganch shahrida, aynan 1935-37 yillarda bir guruh polyaklar, nemis va ruslar yashagan hududda ikki qavatli restoran faoliyat koʻrsatmoqda.Buning oʻziyoq har ikkala xalq doʻstligining ramzi boʻlib xizmat qilmoqda.

Menimcha ana shu doʻstlikni yanada kuchaytirish maqsadida, sharq gavhari, ochiq osmon ostidagi muzey deya dunyoga tanilgan Xivadagi mehmonxonalardan birini , Xorazmdagi yangidan barpo etilayotgan kinoteatr, yoki amfiteatrlardan birini ham Anna German nomi bilan atamoq lozim.Zero, aynan Xivada Oʻrta Osiyolik birinchi foto va kinoustasi Xudoybergan Devonov Oqmachitlik mennonit nemislaridan fotografiya, kino sanʼatini oʻrgangandi.Anna Germanning ona tomonidan ajdodlari esa mennonitlikga eʼtiqod qoʻygandi.Shuningdek, Annaning otasiga oid tarixiy hujjatda Yevgeniy Germanning millati nemis deya qayd qilingan.

Shuningdek Anna German tugʻilib oʻsgan Urganch shahrida uning nomi bilan ataladigan koʻcha va xiyobon tashkil etish, haykalini ham oʻrnatmoq lozim. Tabiiyki, shunday ekan viloyatimizda Anna German nomi bilan bogʻliq mehmonxona, kinoteatr, muzey,xiyobon tashkil qilinsa, bu Polsha,Germaniya, Rossiya bilan boʻladigan madaniy aloqalarning yanada yuksalishiga xizmat qilardi.Oʻzbek kinoijodkorlariga Anna German toʻgʻrisida film ishlashni ham tavsiya qilgan boʻlardik.Chunki Anna German hayoti va faoliyati, umuman bu mavzu ajoyib teleserial uchun tayyor ssenariydir.

Shuningdek Anna German tavallud topgan 14 fevral sanasida Urganchda buyuk sanʼatkor hayoti, faoliyatiga bagʻishlab ilmiy-amaliy anjuman,yoshlarning sanʼat festivalini ham tashkil qilmoq kerak.Eng asosiysi, Anna Germanning Polshadagi qabriga u tavallud topgan Urganchdan tuproq olib borib qoʻymoq ham lozim menimcha. Anna Germanning bolalarga atab yozgan ertaklari, Urganch ,Oʻzbekiston haqida, umuman hayotligida bergan intervyulari, u haqda yozilgan kitoblar, maqolalarni oʻzbek tiliga tarjima qilib nashr etmoq ham kerak. Mashhur sanʼatkor toʻgʻrisida ishlangan hujjatli va badiiy filmlarni ham tarjima qildirib vatanimiz TVlarida namoyish etilsa ayni mudaao ham boʻlardi.

Bularning barini amalga oshiradigan Anna German nomidagi oʻzbek-polyak madaniy aloqalari jamiyati tashkil etilsa, xalqlarimiz oʻrtasidagi doʻstlik aloqalari yanada yuksakliklarga koʻtarilardi menimcha.

Bu fikrlar menim shaxsiy mulohazalarim albatta.

Bu mening boyagi doʻstimizning savoliga bergan javoblarim.Boshqasini esa Xurshid Davron menimcha ajoyib qilib taʼriflab berdilar. Xorazm va Anna German yoki Anna German va Urganch mavzusini qanchalik tadqiq qilganimizga esa oʻzingiz baho berarsiz.

Muallif haqida: Umid Bekmuhammad (Bekimmetov) 1975 yilda Gurlan tumanidagi Saxtiyon qishlogʻida tugʻilgan.1997 yilda UrDUning tarix fakultetini tugatgan. Mehnat faoliyatini 1997 da “Oltin Meros” jamgʻarmasi viloyat boʻlimida referentlikdan boshlagan. Shu kunlarda “Oltin Meros” jamgʻarmasi viloyat boʻlimida ishlamoqda.

Umid Bekmuhammadning Oʻzbekiston va xorijdagi 60 dan ortiq gazeta-jurnallarda 700 dan koʻp tarixiy-publitsistik maqolalari, “Gurlan”, Gurlan tarixi”, “Tariximizning teran tadqiqotchilari”, “Moziyning qora kunlari”, “Akademikning gurunglari”, “Moziydagi sirli oʻlimlar”, “Harbiy hiylalar”, “Qatagʻon qurbonlari.Xotira.Xorazm viloyati”, “Qatagʻon qurbonlari.5-kitob”, “Navoiyning armonlari”, “Xorazmga oshufta koʻngillar” kabi 30 ta kitobi, “Xorazmga talpingan Pushkin” roman-essesi nashr etilgan.

08

(Tashriflar: umumiy 1 847, bugungi 1)

2 izoh

  1. Умид Бекмуҳаммад Хоразм тарихи, маданиятини тадқиқ этаётган беназир ижодкор, тарихнавис.Муаллиф бераётган таклиф кенг жамоатчиликни бефарқ қолдирмайди, деган умидданман. Зеро, Хоразм замини азал-азалдан санъат, куй-қўшиқ ватани бўлиб бўлган. Ўз овози, санъати билан дунёни мафтун эта олган Анна Германга ҳам бу диёр бешик бўлгани ҳазилакам гап эмас. Муаллиф айтганидек,юртимизда Анна Герман ва Хоразм мавзусига бағишланган кино асарлар олиниши,унинг номи билан аталувчи маданий-маърифий масканлар бўлиши керак.

  2. Умид Бемуҳаммад истеъдодли адиб, публицист, тарихчи олим. Унинг ёзганларида аниқлик, илмийлик, мантиқийликни кўрамиз. Машҳур қўшиқчи, немис миллатига мансуб Анна Герман ҳақидаги хотира-китоби ҳам узоқ тайёргарлик кўриб, манбаларга асосланиб, пишиқ ёзилган. Мен Умид Бекмуҳаммадга буюк Хоразмнинг ҳали битилмаган янги қирраларини асарларида тасвирлаши билан бирга, шундай муаллифларни топиб, ажойиб чиқишларни уюштирган ушбу сайт асосчиси, ҳассос шоир ва адиб Хуршид Давронга миннатдорчилик билдираман.

Izoh qoldiring