«Temir sandiq»larda saqlangan misralar.

09
Ғаразгўй танқидчи шоирнинг мустамлакачилик сиёсатига қарши ёзилган “Дунёларча маъюк кунларим! Сафолатли тунларим” мисраларини таъкидлаб, жимжимадор қилиб икки марта, бири сиёҳда, бири қаламда қўл қўйган. Санасини ҳам эсдан чиқармаган: 20 март 1935 йил. Ёлланган танқидчи тўпламдаги шеърларни ўқир экан, салбий тақриз учун материаллар тўплаш мақсадида айрим бетларга «» шаклдаги белги, айримларига салбий фикрлар ёзиб қўйган.

033
“ТЕМИР САНДИҚ”ЛАРДА САҚЛАНГАН МИСРАЛАР
Эргаш Умаров
011

Ўйланган ўйлар-ла кўнгил юпанмас,
Кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас.
Айтарлар бу тунда ёруқ шам ёнмас,
Чақмаса гугуртни асл ўғуллар…

Ўзбекистон миллий кутубхонасининг “Нодир нашр ва қўлёзмалар” бўлимида Чўлпоннинг 1922 йил Туркистон жумҳуриятининг давлат нашриёти томонидан чоп этилган “Уйғониш” шеърий тўпламининг нодир бир нусхаси сақланмоқда. Ушбу нусха узоқ йиллар махсус идораларнинг темир сандиғида сақланган. Кейинчалик у кутубхонанинг махсус фондига ўтказилган бўлиб, назорат қилувчи идораларнинг рухсати билан ўқишга берилган.

Ушбу нусханинг нодирлиги шундаки, унинг саҳифаларида шўро мафкурачилари томонидан ёлланган танқидчининг дастхат ёзуви бор. Ана шу ёзув ва бошқа туҳмат-айблар 1937 йил 14 июлда шоирни миллатчиликда айблаб, ҳибсга олишга асос бўлган.

Тўпламнинг биринчи саҳифасига ғаразгўй танқидчи шоирнинг мустамлакачилик сиёсатига қарши ёзилган “Дунёларча маъюк кунларим! Сафолатли тунларим” мисраларини таъкидлаб, жимжимадор қилиб икки марта, бири сиёҳда, бири қаламда қўл қўйган. Санасини ҳам эсдан чиқармаган: 20 март 1935 йил. Ёлланган танқидчи тўпламдаги шеърларни ўқир экан, салбий тақриз учун материаллар тўплаш мақсадида айрим бетларга «» шаклдаги белги, айримларига салбий фикрлар ёзиб қўйган. Чунончи, шоирнинг 1922 йил 18 феврал Бухорода ёзилган “Оғриғонда” шеъридаги:

Меним ўйимми қора? Ёки юрт кўкида булут
мисралари ёнига белги қўйган.
Бундай белги:
Буғиқ, қисиқ, бу кўнгил кучли ўт билан ёнадир
мисралари қаршисига ҳам қўйилган.
“Халқ” шеъридаги ушбу сатрлар:
Халқ истаса озод бўлсун бу ўлка,
Кетсун унинг бошидаги кўланка.
қаршисида ҳам белги бор.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, танқидчи бу белгиларни шоирнинг миллатни уйғотиш, юрт қайғуси ҳақида ёзган шеърлари ёнига қўйган. Ичи қора танқидчи Чўлпоннинг “Куз” шеъридаги қуйидаги мисраларини:

Бутун борлиқ-чоғлиқ ўчиш олдида
Совуқ қора қишға кўчиш олдида

ўқир экан, ўзини тута олмай “Бу қадар тескаричилик!” сўзларини ёзиб қўйган.

1922 йил 9 июн “Жумабозор истансиясида” ёзилган “Юпанмоқ истаги” шеъридаги қуйидаги тўртликни:

Ўйланган ўйлар-ла кўнгил юпанмас,
Кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас.
Айтарлар бу тунда ёруқ шам ёнмас,
Чақмаса гугуртни асл ўғуллар…

ўқигач, “Шўрони кўрмайди асло кўзи!” деб ғазабланади.

Танқидчи шўро мафкурачиларининг кўнглига ёқиш учун ушбу жумлаларни ёзар экан, бир кун келиб Ўзбекистон мустақил бўлиб, унинг юзи қора, ўзи шарманда бўлишини ҳеч ўйламаган бўлса керак. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ. Мана энди 73 йил илгари Чўлпонга қазиган чуқурга ўзи тушиб турипти. Тўпламдаги ғараз ният билан ёзилган ёзувларни ўқир эканман, шундай хулосага келдим: тарихнинг сабоғи шу — ким кимга чоҳ қазиса, эртадир-кечдир барибир ўзи тушади.

хдк

(Tashriflar: umumiy 67, bugungi 1)

Izoh qoldiring