Umarali Normatov. Qalbdagi benazir ziyo & Zulfiya Qurolboy qizi. Qadimiy qo’shiq

616    Худди эртак саргузаштларини эслатадиган реал ҳаётий ҳодиса-воқеалар ўқувчини ларзага солади, чуқур аламли мушоҳадаларга толдиради. Асарнинг энг муҳим, бениҳоя ибратли, ёрқин жиҳати шундаки, ана шу гирдоб зулмати исканжасида ҳам ўзлигини, асл инсоний фазилатларини йўқотмаган, зулматни ёритишга, унинг темир қафасларини ёриб чиқишга, ёниб, тутқунлик азобларига кўниккан ғафлат бандаларини уйғотишга қодир асл инсонлар ҳам бор.

Умарали Норматов
ҚАЛБДАГИ БЕНАЗИР ЗИЁ
035

   Талабчан устоз Абдулла Қаҳҳор бир анжуманда “Адабиёт дарёси қуриб-қақшаб ётгандан кўра, лойқа бўлса ҳам тўлиб оққани маъқул, бўтана сув ҳам, охир-оқибат, тинади-да, ахир”, деган эди.

Ҳозир бизда айни шундай жараён кетяпти: миллий адабиётимиз дарёси тўлиб-тошиб оқяпти, бу оқимда хас-хашаклар, кўпигу қуйқалар беҳисоб. Дидли китобхон ҳафсаласини пир қиладиган хашаки “ижод намуналари” билан баробар, гавҳарга арзигулик бадиий топилмалар ҳам йўқ эмас. “Танқид бу – сараламоқдур” деган эди Беҳбудий. Бугунги адабий жараённи синчиклаб кузатиб, астойдил сараланса, адабиётимизнинг ҳозирги куни ва эртасига умид уйғотадиган ҳаётбахш тамойилларни ўзида мужассам этган ижод намуналари ҳам мавжуд эканига амин бўламиз.

Президентимиз Ислом Каримов “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласида ҳозирги кунда ижодкорлар олдида турган долзарб вазифалар устида тўхталиб, жумладан, шундай дейди:

“Барчамизга аёнки, ХХI аср интеллектуал салоҳият, тафаккур ва маънавият асри сифатида инсоният олдида янги-янги уфқлар очиши билан бирга, биз илгари кўрмаган, дуч келмаган кескин муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ёзувчининг башариятнинг эртанги кунини ўйлаб одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Яъни, ёзувчи «Эй, одамзод, кўзингни оч, сен нима учун яшаяпсан, инсон деган номга муносиб бўлиш учун нима қиляпсан?» деган саволларни китобхон олдида, жамият олдида қатъий қилиб қўя олсагина, ўйлайманки, ўзининг инсоний ва ижодий бурчини бажарган бўлади”.

“Бундай маънавий ҳуқуққа эга бўлиш учун, – дея сўзида давом этади Президентимиз, – ижодкорларимиз, аввало, катта билим ва ҳаётий тажрибага, кенг дунёқараш, юксак ижодий маҳоратга эга бўлиши, энг муҳими, бу ўта оғир, кучли иродани талаб этадиган жабҳада ҳақиқий фидойилик кўрсатиши лозимлигини яхши тушунамиз”.

Чоп этилган сон-саноқсиз асарлар орасида айнан шу “Эй, одамзод, кўзингни оч, сен нима учун яшаяпсан, инсон деган номга муносиб бўлиш учун нима қиляпсан?” деган саволларни қатъий қилиб қўядиган, уларга баҳоли қудрат жавоб излайдиган, одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этадиган ялт этиб кўзга ташланадиган, ўқувчини ларзага соладиган, ўй-мушоҳадаларга ундайдиган ҳикоя, қисса, романларга ҳам дуч келамиз. Узоққа бормайлик, асосан, ўтган 2009 йили дунё юзини кўрган Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Қичқириқ”, Эркин Аъзамнинг “Ступка”, Улуғбек Ҳамдамнинг “Тош”, “Яхши одамлар”, Зулфия Қуролбой қизининг “Ёзсиз йил” ҳикоялари, “Армон асираси”, олдинроқ чиққан “Машаққатлар гирдоби” романлари шу хил асарлар сирасидан.

Бу ҳикоя ва романларнинг барчаси бугунги кунимиз, ҳозирги глобаллашув даври, бозор иқтисодига ўтиш палласида одамлар қисмати ва руҳиятида кечаётган эврилишлар ҳақида баҳс этади. Муаллифлар айни шу эврилишлар чоғи чин инсоний қиёфасини – қалбдаги ноёб хазина – имон-эътиқод, меҳр-мурувват, муҳаббат туйғуларини сақлаб қололган асл инсонлар, айни пайтда, нафс балоси туфайли юз тубан кетган кимсалар, бундан ҳам ёмони, турмуш чигалликлари гирдобида нажот йўлини, ўзлигини тополмай, аросатда сарсари кезиб юрган ношуд-нотавонлар қисмати устида эҳтирос билан қалам тебратадилар. Миллий заминда қатъий турган ҳолда, шахс жумбоғига ҳозирги жаҳон адабий-фалсафий, руҳшунослик тафаккури даражасида туриб, кутилмаган томонлардан ёндашиш тамойиллари шаклланаётганлиги, энг муҳими, асл инсонлар қалбидаги меҳр-мурувват туйғусининг сеҳрли жозиба кучини бадиий кашф этиш йўлида ижодий-бадиий изланишлар олиб борилаётганлиги кишини қувонтиради. Зулфия қизимизнинг роман ва ҳикояларини шу жиҳатдан бир қур кўздан кечирайлик.

Кундай равшан: бир тизимдан иккинчи бир тизимга – бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш осонликча кечаётгани йўқ. Кўз олдимизда қисқа фурсатда бизда ҳам тараққий этган мамлакатлардаги каби асл мулкдор, тадбиркор ва бизнесменлар тоифаси шаклланди, улар ўзлари учун ҳам, эл-юрт фаровонлиги учун ҳам кўп хайрли ишларни амалга оширяпти. Айни пайтда, узоқ йиллар моддий-маъанавий тизгинда, сиқувда кун кечириб келган оломон эндиликда эркинлик шароитида борига қаноат қилмайдиган, фаровон ҳаёт йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган бўлиб бораётир; нафс илинжида ўзини ҳар ёққа урадиганлар, ўз юртини қўйиб ўзга юртлардан жаннат қидирадиганлар кўпайди. Ўзга юртларда эса бу хил соддадил бандаи ожизларни тузоққа илинтириб, қулга айлантириб, улар кучидан, ҳалол меҳнатидан, ҳатто танидан катта даромад топадиган устомон фирибгарлар пайдо бўлди. ХХI асрда “одам савдоси” деб аталган бу хил шармандали иллат қурбонлари ҳақида гапириш, ёзиш осон эмас, бироқ индамай туриш ҳам инсофдан эмас. Чин ижодкор виждони бунга йўл қўймайди. “Машаққатлар гирдоби” романида айни шу гирдобга тушиб қолган юртдошларимизнинг одам ақли бовар қилмайдиган кўргиликлари, одам қиёфасини йўқотган махлуқларнинг мислсиз шафқатсизликлари ҳақида ҳикоя қилинади. Худди эртак саргузаштларини эслатадиган реал ҳаётий ҳодиса-воқеалар ўқувчини ларзага солади, чуқур аламли мушоҳадаларга толдиради. Асарнинг энг муҳим, бениҳоя ибратли, ёрқин жиҳати шундаки, ана шу гирдоб зулмати исканжасида ҳам ўзлигини, асл инсоний фазилатларини йўқотмаган, зулматни ёритишга, унинг темир қафасларини ёриб чиқишга, ёниб, тутқунлик азобларига кўниккан ғафлат бандаларини уйғотишга қодир асл инсонлар ҳам бор. Асардаги Гулруҳ ана шундай кучларнинг олдинги сафида турувчи ёрқин сиймо тарзида гавдаланади.

Ёзувчи бу аёлни персонажлардан бирининг сўзлари билан “эзгулик ва ёруғлик фариштаси” деб атайди. Дарҳақиқат, бу фаришта аёл асарда пайдо бўлиши билан зулм ва зулмат масканида бамисоли зиё чақнайди, кетма-кет давом этган машаққатлар, зўравонликлар силсиласига дарз кетади, воқеалар ижобий ўзгаришлар томон юз ўгиради, қаҳрамоннинг ўз сўзлари билан айтганда, “ўз атрофида бутунлай бошқача атмосфера яратиш”га эришади; унинг янгидан-янги хислатлари намоён бўла боради. Бу ҳамшира аёлнинг нафақат нинаси, балки тили ҳам ўткир, санчган жойидан қон чиқармаса, қўймайди. Зулмат масканидаги шикоят қилиш ва овқатланишдан бошқасини билмайдиган йиғлоқи аёллар қаршисида у бутунлай бошқача, бетакрор гўзал, содда ва ёнига йўлаб бўлмайдиган даражада мағрур. Тутқунлар орасида ўзини руҳан тутқун ҳисобламайдиган, тушкунликка берилмайдиган биргина инсон шу Гулруҳнинг ўзи! Уни йўлдан оздирмоқчи бўлган, жамики эзгу мақсадларига қарши турган ашаддий рақиби ҳам охири унинг олдида руҳан таслим бўлади. Бунинг гувоҳи бўлган ҳикоячи-қаҳрамон беихтиёр “гул япроғидаги шудрингдай покиза, бокира, олий мақсад йўлида ҳеч қандай тўсиқни писанд қилмайдиган бундай оқила аёлни учратмагандим” дея ҳаяжонини яширолмайди.

Бу беназир мардона ҳамшира аёл шижоати туфайли ажал ёқасида инграб ётган беморлар ҳаётга қайтади, ашаддий золимлар, устомон фирибгарлар шаштидан тушади, ғафлат бандалари ҳушёр тортади, ниҳоят, ўзи ҳам, яқинлари ҳам қуллик исканжасидан халос этилади. Асар бахтли хотима билан якунланади. Икки севишган ёш – ҳикоячи қаҳрамон Даврон билан унга тақдирдош Гулруҳ кўп кўргиликлар поёнида она юртига қайтиб, шу табаррук заминда чин бахтини топадилар.

Эҳтимол, айрим ўқувчиларга қаҳрамоннинг шижоати бир оз ошириб юборилгандек, бахтли хотима эса эртаклардагидек силлиқ кечгандек, олдинда ҳали янги тўсиқлар борлигига лоақал имо-ишоралар ҳам йўқдек туюлар… Асарда гоҳо фавқулодда ҳодисаларга маҳлиёлик, воқеанавислик устунлик қилиб кетган ўринлар учрайди. Нима бўлганда ҳам, айни шундай романтик руҳдаги ёшлар учун ҳам ибрат, ҳам сабоқ бўла оладиган қаҳрамонларга эҳтиёж, ташналик ниҳоятда катта эди. Зулфия қизимизнинг шундай ташналикни муайян даражада қондиришга интилишининг ўзиёқ таҳсинга лойиқ.

“Армон асираси” романида ўтиш даври талотумлари палласида тирикчилик важидан нафс илинжида асл касб-кори қолиб, ўзини бозорга урган бир гуруҳ оломон қаламга олинади. Бозор асарда асл маъносидан кўра бамисоли рамзий театр саҳнасини эслатади. Бу саҳнада роман персонажлари синовдан ўтадилар. Бошда улар бир-биридан унчалик фарқ қилмайди. Ўтаётган кунлар ҳам, персонажларнинг юмуш, ташвишлари ҳам деярли бир хил, бир хил, бир хил… Шунчаки тирикчилик, нафс илинжи уларни қиёфасиз оломонга айлантириб қўйган. Бу зерикарли, шунчаки кун ўтказиш мавсумининг охири борми ўзи? Дониш, Насиба, Ҳулкар, Беҳзод, Талгат, Зуҳра каби миллатнинг асл фарзандлари бўлишга лойиқ зотлар шаҳар чеккасидаги ташландиқ, бадбўй, диққинафас маконда нима қилиб юрибди, деган аламли савол ўқувчи қалбини изтиробга солади, Бора-бора бу маскан кўз олдингизда зулматга айланади. Зулфиянинг аввалги романи “Машаққатлар гирдоби”да бўлгани каби бу романида ҳам секин-аста зулматни ёритувчи зиё ёлқинлари бўй кўрсата бошлайди. Асар бошида бир қадар муштипар, содда, ишонувчан-лақма аёл тариқасида намоён бўлган Насибанинг қалби тубида пинҳон ётган табиий эзгу туйғу, фазилатлар юзага қалқиб чиқиб, у ҳақидаги аввалги тасаввурларингизни ўзгартира бошлайди. Асар персонажлари орасида ҳаёт синовларидан, турмуш чорраҳаларидан эсон-омон ўтиб олган зот – айни шу Насибанинг ўзидир. Энг муҳими, ғоят чигал, таҳликали дамларда ҳам у ўзлигига содиқ қолади, аёллик шаъни, ор-номуси, латофатига гард юқтирмайди. Бу аломат аёл жамики қийинчиликларни, рўзғор “юк”ини бўйнига олиб, турмуш чорраҳалари комига тушиб қолган умр йўлдоши Донишни ҳалокатдан халос этишга уринади. Афсус, бу фаришта аёл табиатидаги бебаҳо фазилатларни, қалб тубидаги эзгу туйғуларни бошда кўплар, ҳаттоки умр йўлдоши ҳам пайқамайди, қадрига етмайди.

Роман мутолааси чоғида мана шу ҳол бир армон бўлиб ўқувчи қалбини тирнайди. Ниҳоят, асар охирига бориб, кутилмаганда, яна бир ғаройибтабиат одам – Талгат аёлдаги ана шу пинҳона жозибани ўзича кашф этади. Аслида эса аёлнинг нозик-нафис, сезгир кўнгли сиртдан қараганда тунд, тушуниксиз бу кимсанинг қалби тубида чўкиб ётган, бошқалар сезмаган ноёб инсоний хислатларни биринчи бўлиб илғаган, уни вужудига илашган ғуборлардан поклаб, асл ҳолига қайтаришга аҳд қилган. Бу эзгу ният йўлидаги қатъият, қалбдаги чексиз меҳр-мурувват ўз кучини кўрсатади. Бошда истеъдодли олим, асл инсон, вафодор эр саналган бу кимса суюкли умр йўлдошини хиёнат устида кўриб, чавақлаб ташлаган, бунинг учун муносиб жазо ҳам олган. Шундан кейин инсон, хусусан, аёл зотига ишончини йўқотиб ночор, тунд, тушкун, руҳан хаста қасоскорга айланган. Ана шундай кимса Насибанинг қалб саховати туфайли, аввало, ўлим тўшагидан оёққа туради, секин-аста аёл зотига бўлган қарашида ҳам ўзгариш юз беради. Руҳиятида бутунлай бошқача, аввалгиларига сира ҳам ўхшамайдиган янги, кучли, ҳар қандай ғазабу нафратдан холи бир туйғу ҳукмронлик қила бошлайди. Бу ўзгариш нафақат унинг қиёфасида, балки онги-шуурида, онгининг зим-зиё тубида ҳам юз беарди. Қандайдир кўзга кўринмас куч – гўё қалбида улуғ кимёгар нафратни муҳаббатга, ёвузликни эзгуликка, худбинликни меҳрибонликка айлантираётгандай…

Ана шу жараёнда унинг Насибага муносабати ҳам ўзгача тус олади. Авваллари Насибани хушламаган, ичида унга кек сақлаб юрган одам назарида Насиба “ўз қадрини билмайдиган” ношуд-нотавон эмас, балки “қадри-ю шаънини жуда юқори қўядиган фаҳм-фаросатли”, “ўта ақлли ва сабр-тоқатли” аёлга айланади. Насиба бошлаган ишини “охирги чизиққа довур етиб боришини кутиб яшайдиган” жасур инсон. Тўғри, тирик инсон, аёл сифатида гоҳо “қўрқади, ваҳимадан юраги ёрилгудек бўлади, лекин, барибир, шу қўрқув сари бостириб бораверади. Унинг ҳатто қайғусида ҳам кучли алланима бордай…”

Талгат кашф этган Насиба ана шундай аломат зот!

Насибанинг қалб саховати туфайли фақат Талгат эмас, бозор гирдобига тушиб қолган, турмушда ҳам, ижодда ҳам “бозор одами”га айлана бошлаган ноёб истеъдод соҳибаси Ҳулкар ҳам ўзлигига қайтади, яна бир ёрқин истеъдод Беҳзод васлига эришади. Муҳими, буларнинг барчаси романда қуруқ ҳикоя қилинган эмас, персонажлар руҳиятидаги эврилишлар ҳосиласи тарзида берилган. Шу жиҳатдан “Армон асираси”да адиба илк романига нисбатан анча олдин кетган.

Шу тариқа армон асираси Насибанинг қалб саховати, эзгулик йўлидаги фидойилиги ва бу ноёб хислатларининг ҳаётбахш ёғдулари асарнинг асосий пафосини белгилайди. Шуниси ҳам борки, романда бу умидбахш руҳ ҳеч қанақа дабдабасиз, осойишта, табиий бир йўсинда намоён бўлади. Романни ўқиб тугатар экансиз, беихтиёр, шоирнинг мана бу тўртлиги ёдга тушади:

Инсон билан тирикдир инсон,
Муҳаббатдан ҳаётнинг боши.
Одамларга бахш этади жон,
Одамларнинг меҳр қуёши.

* * *

Адибанинг “Ёзсиз йил”, шунингдек, “Қуёш нега чиқаверади?”, “Бахтсизлик маликаси” ҳикояларида персонажлар тушиб қолган чигал вазият, ўша кезлари улар қисмати, табиати, руҳиятида юз берган эврилишлар, қабоҳат ва эзгу туйғулар маҳорабаси ифодаси “Машаққатлар гирдоби”, “Армон асираси” романларидагидан бутунлай ўзгача. Романларда инсон қисмати, табиати, руҳиятидаги жараёнлар ҳаётдаги ижтимоий силсилалар билан алоқадорликда содир бўлса, ҳикоялардаги бу ҳолат тушуниш ва тушунтириш мушкул бўлган, қисман, “илми ғойиб”га дахлдор қисмат жумбоғи, тақдири азалнинг “шева”лари, қолаверса, шахс тафаккури, “онг оқими” нағмалари, инсон табиатидаги туғма фазилат ва иллат, улуғворлик ва тубанлик, даҳолик ва ожизлик, нафосат ва дағаллик орасидаги азалий зиддиятларнинг ҳосиласи тарзида талқин этилади.

Зулфия олдинроқ яратган айрим асарларидаги каби “Қуёш нега чиқаверади?”, “Бахтсизлик маликаси” ҳикояларида миллий адабиётимизда нисбатан кам ишланган реаллик билан хаёлот-тасаввур оралиғида содир бўлган қисмат ва руҳият жумбоқлари бадиий талқини, ижтимоиётдан холи “кўнгил лирикаси”га яқин турадиган адабий-ижодий тажрибаларни дадил давом эттирган.

“Қуёш нега чиқаверади?” ҳикояси ўқувчини аламли ўйлар гирдобига тортади. Тақдири азалнинг шафқатсизликлари, адолатсизликлари туфайли кўксида яшашга, одамларга меҳр ҳисси сўнган инсоннинг фожиаси, руҳий ҳолатлари алам-изтироб билан қаламга олинади. Ҳикоядаги вазият, жавобсиз саволлар Сизу бизни ҳам ўйга толдиради. Асардаги Турсуной ҳар жиҳатдан бекаму кўст, баркамол қиз. Унда чирой, ақл-заковат, иқтидор – барчаси мужассам. Асар персонажларидан бири айтганидай, у истаса, бахтли бўлиши мумкин, бунинг учун барча имкониятлар муҳайё. Қизиғи, у буни хоҳламайди. Ёзувчи “нега”, “нима учун” деган саволларни ўртага қўяди. Саволга ҳар хил йўллар билан жавоб ахтаради. Бу қиз мавжуд ҳаёт одами эмас, у ўй-хаёллар бандаси. “Мен кўп, жуда кўп ўйлайман, – дейди Турсуной. – Нега шундай? Нега бу дунёда тўкис бахт йўқ? Ҳаммаси Унинг, ёлғиз Унинг ихтиёрида бўлса, нега дунёни бекаму-кўст яратмади? Атиги бир марта, бир мартагина дунёга келадиган инсонни азоб-уқубатларга гирифтор қилмасликнинг иложи йўқмиди?” Шу тарздаги исёнкорона саволларни қўйиш учун унда муайян асослар бор.

Ота-онасининг дунёга келган тўртта фарзанди турмаган, Турсуной туғилгач, кетма-кет юз берган ўлимлар тўхтайди, аммо ундан кейин яна йўқотиш… Турсуной бунга тоқат қилолмайди. Ахир тўқсон олти ёшга кирган амма ҳамманинг жонига тегиб ҳаётнинг этагига ёпишиб олиб яшаб юрибди-ю, муштдай укагинаси оламга сиғмади…” Нега?… Нима учун?… У ҳам яшаб юраверса бўларди-ку!… Анави ғўнғиллаётган асаларига қара. Шунинг ҳам ҳаётда ўз ўрни бор. Шугина жонзотнинг-а. Менинг укагинам… ахир у инсон эди-ку! Яшашга ҳаққи бор эди-ку!…” – дея ўртанади қиз.

Персонаж ана шундай мушкул тиғиз руҳий изтироблар оғушида қолган кезлари яқин тенгдоши уни англашга, дардига малҳам бўлишга чоғланади. Дугонасининг бундай ҳолатга тушувида “жин”ларнинг хуружидан, аллақандай телбалик аломатидан холи бошқа бир нарса мавжудлигини сезади, Турсунойнинг онги ва шуурида юз бераётган “чақин”лар ўз-ўзини ҳамда дунёни англашнинг фавқулодда кучайган ҳолати, деган хулосага келади. “Нега? Нима учун?”- жонига ёпирилиб ҳужум қилаётган ушбу саволларга жавоб излашдан безор бўлиб кетганидан, у ҳаётдан аламли, аччиқ бир лаззат ичида ўч олаётир, деган тахминларга боради. Турсуной аламли савол ва ўйларининг авж пардага кўтарилган чоғлари неча бор ўз жонига қасд қилади. Қизиқ, ҳар гал ажал сиртмоғидан омон қолади. Бу ҳол тақдиру азалнинг бир каромати! Афсус, у буни ҳозирча англаш даражасига етгани йўқ. Атрофдагилар, ҳатто яқин дугонаси буни англашга қобил эмас. Турсуной ўша мушкул дамларда бир донишманд, нажоткор раҳнамога муҳтож. Ҳикояда шу тарзда мушкул жумбоқ очиқлигича қолади.

Бу чигал жумбоққа жавобни ўқувчи галдаги ҳикоя – “Бахтсизлик маликаси”дан топгандай бўлади. Бу ҳикояда ҳам персонажлар қисмати, руҳиятидаги эврилиш, драмалар ижтимоий омилларга алоқадор бўлмаган ҳаёт тасодифлари, тақдири азалнинг ғаройиботларидан иборат. Маликанинг отаси, онаси, туғишган иниси, опаси бирин-кетин тасодифлар чангалида оламдан ўтадилар, биргина Маликага эса жин ҳам урмайди. Мудҳиш кўргиликни қарангки, вақти соати келиб, унаштирилган йигити ҳам тўй куни автоҳалокатга учраб, дунёдан кўз юмади. Сўққабош аламдийда қиз бу кўргиликлар оловида қанчалар қоврилиб ёнмасин, ота-она хонадони чироғини ёқиб, опаларидан қолган тўрт фарзандга “она” бўлиб, рўзғор тебратишда давом этади. Эл орасида бундай аёл зотини “шумқадам” дея камситишдек ғайриинсоний удум бор. “Дард устига чипқон” деганларидай бу ҳол ҳам қизни аламли ўйларга толдиради… Тақдири азал каромати, ҳимматини қарангки, танидаги мислсиз ирода – бардош учун Малика яратганнинг чексиз марҳаматига – Аброр исмли аломат йигитнинг севгисига мушарраф бўлади. Кеча кетидан кундуз, ёвузлик ортидан эзгулик келганидай, айни ўша яратганнинг беназир туҳфаси, эзгулик фариштаси Аброр туфайли Малика учун бахтсизликлар вақт шамолининг қанотида узоқларга ғойиб бўлади…

Аммо “Машаққатлар гирдоби”даги Гулруҳ каби ҳикоядаги Аброр сиймоси ифодасида афсона, эртак қаҳарамонларига хос жўмардлик, ҳодисалар талқини ва ечимида эса эртакларга хос бахтли хотимани кўриб, талабчан китобхон бурун жийириши мумкин. Ахир инсон қалбидаги ҳар қандай жўмардлик ҳам осонликча рўёбга чиқмаслиги аён. Кўп ҳолларда замонавий бадиий ифода даражасида туриб қалам тебратаётган адибамиздан сирли-сеҳрли ҳодисалар тасвири, ибратли қаҳрамон талқинида, шахс жумбоғи ечими борасида ҳам янги, салмоқдор бадиий ихтиролар кутишга ҳақлимиз.

Юқорида тилга олинган икки асардан кўнглимиз тўлмаган жиҳатларни “Ёзсиз йил” ҳикоясидан топамиз. Бу асарда муаллиф ўта чигал вазиятга тушиб қолган одамлар қисмати ифодасида руҳий-психологик таҳлил йўлидан бориб ўзининг замонавий-бадиий тасвир ва талқин маҳоратини намоён эта олган.

Жаҳон адабиётида ҳамиша она-Ватан каби бош ҳарф билан ёзилишга лойиқ табаррук Она зотининг мушкул дамларда туққан фарзандига беқиёс меҳр-муруввати хусусида кўп ва хўб ёзилган. Миллий насримизда ҳам ўшалар қаторида туришга лойиқ асарлар бор. Устоз Саид Аҳмад қаламига мансуб “Уфқ” романидаги Онахоннинг гуноҳкор – қочоқ ўғлига нисбатан армон, алам-ўкинч билан йўғрилган парвоналиги ифодаси адабиётимизда жиддий ҳодиса бўлган эди. Зулфия эса шу йўналишда бутунлай ўзгача Она тимсолини яратишга эришган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳикоянинг сюжет қурилиши пухта ишланган, воқеалар тадрижи персонажлар руҳий эврилишлари таҳлили билан уйғунликда моҳирона ифодаланган. Гоҳ қувонч-таскин, тенгсиз умид, гоҳ дард хуружи, азоб-уқубат, таҳқиру надомат, гоҳ йилт этган сурур, хаёлдаги алдамчи фароғат, аслида эса адоғи йўқ мусибатлар билан ўтган икки бандайи ожиз – она ва ўғлон кўргиликлари – бутун бошли бир романга татигулик беором дақиқалар, кунлар, ойлар, йиллар силсиласи биргина ҳикоя бағридан муносиб жой олган. Ҳикояда тиғиз вазиятлар бот-бот такрорланади ва ҳар гал муаллиф беназир зот – Она танида мужассам беқиёс меҳригиёнинг янги-янги қирраларини кашф этишга эришади.

Асар билан таниш ўқувчи билади: Собир автоҳалокат туфайли ногирон бўлиб қолган, энг ёмони, у эркаклигидан маҳрум бўлган. Бу мудҳиш фалокатнинг азоб, изтироби ўғлидан кўра ҳам онахон – Бувгул хола тани жонини қовуради. Ҳикоя давомида хола вужудини ёндирган оташ, хаста ўғил кўнгли, ороми деб чеккан заҳматлари алангаси тафтини ўқувчи ҳар доим сезиб, ҳис этиб туради. Ҳаётнинг турфа нағмасини қарангки, Собир шу ҳолда қишлоқнинг тенги йўқ сулув қизи Марваридга кўнгил берган, қиз ҳам, ўз навбатида, йигитга ошиқу шайдо. Уларнинг Лайлию Мажнун севги достонини эслатадиган ишқий мулоқотлари ҳар қандай тама, ҳирс ва нафс майлларидан холи, икки фаришта ошиғу маъшуқанинг соф қалб талпинишларидан иборат. Айни шу жиҳати билан асар бугунги замонавий адабиётда урф бўлган ишқий кечинмалар талқинидан бутунлай фарқ қилади. Икки ёш орасида яширадиган ҳеч қанақа сир йўқ. Ҳар икки томон ҳам орадаги мудҳиш кўргиликдан воқиф. Аммо бу ҳол уларнинг кўнгил майлларига асло тўсиқ бўлолмайди. Улар бир умрга бирга бўлишга қатъий аҳд қилганлар. Висол дамларида Собир дардини бутунлай унутади, яйраб-яшнаб кетади. Қиз раъйи, истагига кўра, Онасини қизникига совчиликка боришга ундайди…

Ҳалокат, хасталик, ногиронлик асоратларидан ҳам кўра мушкулроқ драмалар ана шу дақиқалардан бошланади. Йигит томонда жоҳил, қалбан сўқир ака, қиз томонда эса бағритош ота икки ошиқ – ёшлар майлига тиш-тирноғи билан қарши турадилар. Фақат Онаизоргина ўғлон билан қиз қалбининг, қиёси йўқ чин муҳаббатининг ягона ҳимоячисига айланади. Биласиз, қишлоқ муҳитида гап ётмайди. Шахсий-оилавий интим сир дарҳол ошкор бўлади, ҳар хил ғийбат, паст-баланд гап-сўзлар ўрмалайди. Бу ҳол катта ўғил билан қиз отаси хуружини аланга олдиради. Ана шундай тиғиз дамларда катта ўғил дағдағаларига, қиз отаси ёғдирган маломат тошлари, одамларнинг таъна-дашномларига, таҳқиру надоматларига, қўйингки, жамики бало-қазоларга шу муштипар Онахонгина мардона қарши туриб беради. Хаста, аммо чин ошиқ ўғлон кўнгил майли учун ҳар дақиқа жонини, жаҳонини беришга тайёр.

Начора, жоҳиллар қўли баланд келади, Марваридни яқин қариндоши ўғлига зўрлаб узатадилар, у қайтиб келади, сўнг уни оёқ етмас тоғ қишлоғи одамига унаштирадилар. Ошиқ йигит жим туролмайди, хасталигига қарамай қиш чилласида унинг изидан боради, маъшуқасининг албатта қайтиб келиш ваъдасини олиб, бир дунё қувонч, ёрқин умид билан қайтади… Энди ҳам ўғлон, ҳам Она кўксида умидсизлик бир дам чекиниб, яшаш иштиёқи жўш уради.

Афсус, бу қувончли дақиқалар узоққа бормайди, ваъда ушалмай қолади.

Биз юқорида ўқувчини таништириш учун келтирган воқеалар тафсилоти шунчаки қуруқ ҳикоя қилинмайди, балки руҳий-психологик ҳолатлар таҳлили жўрлигида китобхонни ларзага соладиган тарзда берилади. Ҳикояни ўқий туриб, руҳий изтироблар оғушида хаёлга толасан киши: ҳаётда мўъжизалар ҳам рўй бериши мумкин-ку! Эҳтимол, бедаво дарддан ҳам хавфлироқ одамлар – жоҳил, қаҳри қаттиқ кимсалар қаршилик қилмаганида, бу икки ёш қовушганида Собир бутунлай соғайиб, тўкис турмушга қайтиши ҳам мумкин эди-ку! Ахир ҳаётда шу ҳолда ҳам тотув яшаб ўтган жуфтликлар бўлган. Бундан кейинги ҳижрон ифодаси, кундан-кун танни емириб бораётган хасталик азобларини ўғил ва Она баб-баравар тортади, икки вужуд бир жон –бир тан бўлиб ёнади. Ҳижрон аламлари худди мумтоз ғазалиётимиздаги поёнсиз фиғонлар каби авж пардаларда акс-садо беради.

Галдаги лавҳа бундан-да ҳаяжонли. Марварид янги йил арафасида келишга ваъда қилган эди. Хаста Собир маъшуқасини интизорлик билан кутаётир, аммо ундан дарак йўқ. Ўша топдаги Она билан боланинг моҳир рассом гавдалантиргандек унсиз драматик ҳолатлари тасвири кўнгилларни зир титратади. Аниқ кўриб, ҳис этиб турасиз: деразадан кўчага интизор тикилиб турган Собирнинг бир маҳал елкалари силкина бошлайди, Бувгул хола, кўнгли вайрон ҳолда, ўғлига томон талпинади. Шу пайт бирдан Собир Она томон ўгирилади. Дунёнинг бутун дард-алами кўзларида жам… Унинг қонсиз юзида йирик-йирик томчилар думалайди. Энди Собирга ҳаммаси аён, ўзининг узоқ яшамаслигини ҳам, Марвариднинг келмаслигини, келтирмасликларини ҳам билади, билади-ю, онасидан яширади, худди онаси ундан яширгандай… Машҳур “Асрор бобо”даги чол билан кампирнинг мудҳиш сирдан воқиф ҳолда, бир-бирини асраш ниятида бир-биридан сир сақлаш ҳолатини – кўнгилларни зир титратадиган вазиятни эслатадиган, аммо тақлиддан бутунлай холи ноёб бадиий лавҳа!

Ўша мудҳиш дамларда Она вужудини кемираётган изтиробни билдирмасликка ҳарчанд уринмасин, ўзини тутолмайди, бари бир оналигига бориб, ўғли бошини кўксига босади. “Қайноқ кўз ёшлар энди унинг кўксини куйдириб, юрагига томчилар ва ундан қон бўлиб, томирларига сизиб оқарди” деб ёзади ҳикоянавис. Бу жумлаларни қаламга тушириш чоғи муаллифнинг қўли титраб турганлигини баралла ҳис этасиз.

Бундай тиғиз санъаткорона чизилган лавҳаларни шарҳлаш қийин, ҳар қандай шарҳ унинг асл жозибасини, сеҳрли руҳини тушириб юбориши мумкин. Энг муҳими, ҳикоянавис персонажларни ана шундай мушкул вазиятлардан эсон-омон олиб ўта билади. Бу энди чин санъат мўъжизаси.

Қарангки, ошиқ йигитнинг ҳаёт шами ўчай деб турганида ҳам, ҳаётга иштиёқи, висолга умиди бутунлай сўнмайди. Ажаб, энди мавжуд ҳаётда амалга ошмаган висол ҳаёт-мамот юзма-юз келган дамларда, кечинмалар жазаваси авжида хаёлда, тасаввурда содир бўлади. Машраб қисматини ёдга туширувчи ошиқ йигит тақдирида мўъжиза рўй беради, гўё Машраб янглиғ аршнинг кунгурасида ёр висолига эришади. Ўша висол чоғи Марварид Собирга қарата асл муддаосини ошкор этади; фақат унинг юрагинигина севишини, бошқаси асло қизиқтирмаслигини дангал айтади. “Бошқа ҳеч бир аёл бундай демаган бўларди. Шунинг учун ҳам уни телбаларча севиб қолдим-да” дея онажонига сўнгги дил розини изҳор этади. Висол базми чоғи Онаизор “Бахтли бўлинглар, илойим… Қўша қариб юринглар… илойим”… дея дуо қилади. Шу сўзларни айтаётганида “Бувгул хола ўкириб юборишдан базўр ўзини тийди” деб ёзади муаллиф. Шу лавҳани ўқиётиб, ўқувчи ҳам айни Она ҳолига тушади.

Тасвир яна заминга, мавжуд ҳаётга қайтади. Катта ўғил, ҳиссиз нодон кимсалар гўё Онаизорни авайлаш мақсадида уни куни битган ўғилдан ажратишга уринадилар, бу ният ўтмагач, ўжар кампирни “иймонсиз”га чиқарадилар. Шунда у “Менинг иймоним – болам!” дея ҳайқиради. Ниҳоят, ўғил жон таслим қилади, онаизорнинг устунга суянганича “Мен ёмон қолдим, сен яхши бор, болам” деган сўзларни дуодай ожизона такрорлаб турганини кўриб, юрак-бағрингиз эзилиб кетади. Сўнг бундан-да залворлироқ ҳолатга дуч келамиз. Пировардида, онаизор бирдан осмонга тикилиб: “Одамни эрмак учун яратиб, уни эплай олмай қолганингдан кейин ўлимни ўйлаб топдингми?” дея савдойиларча шивирлайди.

Бундай исёнкорона шивирлаш асло тақдири азал ҳукмига нисбатан шаккоклик эмас, балки Она қалбидаги фарзандига бўлган илоҳий меҳрнинг сўнгги – якуний тасдиғи каби янграйди.

Миллий адабиётимизда пайдо бўлган бу ноёб янгилик – муаззам, мунгли меҳр-муҳаббат қўшиғи шу тарзда интиҳосига етади, охир-оқибат ҳикоя Она шаънига битилган қасида каби янграйди.

Маълум бўляптики, Зулфиянинг бир вақтлар танқидчиликда менсимай қараладиган, унча хуш кўрилмайдиган ижтимоийликдан холи соф “кўнгил майллари нағмалари” талқини адабий тажрибалари йўлидан бориб яратган қатор ҳикоялари, айниқса, “Ёзсиз йил” ўзининг бадиий-маънавий таъсир кучи жиҳатидан соф ижтимоий йўналишдаги етук асарлардан асло қолишмайди.

Адибанинг инсон шаънини ҳимоя қилиш ва улуғлашдек мўътабар мавзуни янада теранроқ ва кўламдорроқ ёритиш, муаммоларнинг бетакрор ечимини топиш йўлидаги изланишларида омад тилаб қоламиз.

2010

Манба: Умарали Норматов веб-саҳифаси

Зулфия Қуролбой қизи
ҚАДИМИЙ ҚЎШИҚ
088

055    Зулфия Қуролбой қизи (Зулфия Йўлдошева) – 1966 йили Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган. 1989 йили Жиззах педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини битирган. “Турмуш”, “Ёвузлик фариштаси”, “Ўлим ҳеч нарса эмас” ҳикоялар тўпламлари ҳамда “Армон асираси”, “Машаққатлар гирдоби” романлари муаллифи. Айни кунларда “Ўзбекфильм” киностудиясида ишлайди. Ҳикояси асосида “Чақмоқ чаққан тунда” бадиий фильми суратга олинган. “Ёзсиз йил” бадиий фильмининг, “Фидойилар” сериалининг сценарий муаллифи. Ҳикоялари асосида Ўзбек давлат драма театрида “Аёл” спектакли саҳналаштирилган.

088

Ана у! Келяпти! Ана, анави ёқдан келяпти. Кара, қарагин. Нимага тўхтаб қолдинг? Бормайсанми олдига?
— Вой шарманда! Вой юзсиз… Анави юзсизни қара!
— Тангрига ибодат қилиш ўрнига…
— Ктсзим, жон қизим, иймон келтир, тавба қил. Энди у ёқнинг кераги йўқ сенга. У ёқнинг ери ҳам бошқа, осмони ҳам! Оллоҳ иймон келтирган бандаларининг гуноҳларидан кечгувчидир. Иймон келтир, болам, иймон келтир, иймон нурига чулғангайсан!..
— Қиёмат куни бир тарозу қурилурки, ани беадад сутунлар била барпо қилишур, Ҳар бир сутуннинг узунлиги мағриб бирла машриқнинг миёнасига баробардур. Анинг ҳар бир палласи ер юзига баробардур. Бир палласи Аршнинг ўнг тарафида турурки, анга савоб солинур. Бир палласи Аршнинг чап тарафида турурки, анга гуноҳ солинур.

…кимнинг тарозуси енгил келса, бас, андоғ кишининг онаси Ҳовиядур.
— …
Шивир-шивирларга тўлган олам қалбини тилиб юборган ўтли хўрсиниқни илиқ шамол олис-олисларга олиб кетди…»

Султонмурод яна ўша таниш уй — қишлоқ чеккасидага хароба олдига келиб қолганини майда ёмғир томчилари юзига урила бошлаганидан кейин фаҳмлади: «Нега келдим бу ерга? Ахир энди у йўқ…»
Томчилаётган ёмғир бирдан жалага айланди. Момақалдироқ гумбурлади. Қорайган осмон бағрини чақмоқ тилиб ўтди.
Олам шовқин-суронга, тасир-тусур товушларга тўлиб кетди.
Йигит паришонлик билан кимсасиз кўчада қаққайганча туриб қолди, жиққа ҳўл бўлган кийимлари оғирлашиб вужудини эзаётгандек, совқотиб қалтираётгандек елкасини қисиб қунишди, шусиз ҳам анчадан буён пароканда ўй-хаёллари чил-чил бўлган биллур синиқларидек ҳар томонга сочилиб кетди.
Момақалдироқ ҳамон гулдурар, тинимсиз чақмоқ чақар, олам олов ичида қолгандек эди.
Султонмурод аста ортига қайтди. Беш-олти одим юргач, қаршисидан муюлиш чиқди. Муюлиш четида улкан тош қорайиб турарди. Йигит шу тош устига чўқди. Ҳорғинлик билан нам тошни силаркан: «Қара-я, бир бечора ўтиб кетди-ю, лекин сен билан мен ҳамон бормиз, яшаяпмиз…» деб қўйди секин.

Шу ерда ўтириб у нималарнидир ўйлаб олмоқчи бўлди. Ўйлаб олиш учун бундан ортиқ қулай ва холи ер йўқдай эди. Аммо… Йигит уч-тўрт қадам нарида шу томонга қараб келаётган Холиқ амаки билан тегирмончи чолни кўриб асаби бузилди. «Шу ердаям тинчлик йўғ-а. Алламаҳалда кўчада нима бор экан бу чолларга?!»

* * *

Бу уй Абдураҳмон эшонга тегишли эди. Эшон бир неча йил муқаддам қариб-чуриб оламдан ўтди. Ҳайҳотдек ҳовлида ундан ёдгор бўлиб иккинчи хотини Шоҳсанам қолди. Эшон бобонинг катта аёлидан фарзандлари бор, лекин улар бошқа-бошқа яшашарди. Эшон бобо диннинг барча талабларига риоя этган ҳолда, тўнғич аёлини ҳар томонлама таъминлаб қўйганди. Ёлғиз Шоҳсанам…

Дарвоқе…
Эшон бува уни — тунда кўққисдан гумбурлаган момақалдирокдан қўрқиб, юраги бесаранжом уриб қолган навниҳол қизни — аввал даволаган, етти кун етти маҳал дуо ўқиб соғайтириб юборган, кейин эса яна дуо ўқиб, уни ўзига оғдириб олган…
Ҳар қалай, одамларнинг оғзидаги гап шундай.
Бу ғаройиб никоҳ ҳақида эл ичида яна бир гап оғиздан-оғизга ўтиб юрадики, буниси аввалгисидан-да жумбоқли. Эмишки, эшон буванинг дуосидан шифо топган кизнинг ўзи уни йўқлаб борганмиш…
Иложсиз қолган ота-она нима қилсин?..
Бу гап-сўзларга фақат бир йигит ишонмасди, ишона олмасди. Шу ҳақда ўйлади дегунча ўзини қўйгани жой тополмай, кенг оламга сиғмай қоларди:
«Бундай бўлиши мумкин эмас! Мумкин эмас! Тўғри, унинг тобсиз бўлгани рост, лекин ҳеч қачон… Ҳеч қачон! Уни мажбурлаган бўлишлари мумкин. Чорасиз қолиб, ноилож рози бўлгандир. Аммо ҳеч қачон… ҳеч қачон! Чунки… чунки… У мени севади, мени!»
Бу рост эди. Бу ҳақда бутун қишлоқ аҳли хабардор бўлмаса-да, ҳар қалай, тенг-тўшлари ивир-шивир қилиб юришарди.

Дарвоқе, бир кеч — ҳали шом тушиб улгурмаган маҳал эди — мактаб ёнидаги якка тут остида уларнинг гаплашиб туришганига Абдураҳмон эшоннинг ҳам кўзи тушганди.
— Худо хохласа, никоҳимизни мана шу кишига ўқитамиз, — деганди ўшанда Султонмурод ёшига нисбатан анча қорувли, кимхоб камзули ўзига ярашган эшоннинг ортидан қараб қоларкан.
Қиз эса уялиб кулимсираган… Кейин тақдир чархпалаги тескарисига айланиб кетди. Султонмурод юрагини чангаллаб қолаверди.

Тўйдан кейин Султонмурод уни бир марта узоқроқдан кўрди. Жувон ҳам уни кўрдими-кўрмадими, билмайди, эҳтимол, кўзи тушгандир-у, ўзини кўрмаганликка олгандир.
Султонмурод эса бу кунни эслаб қолди. Унута олмади. Янглишмаса, ўша куни чоршанба эди, санаси ҳам эсида — 12 май, пешин чоғи эди… Бироқ — буни қанчалик истаётган бўлмасин — жувоннинг олдига бориш тугул, унга тикилиброқ қарашга-да ботина олмади. Нима бўлган тақдирда ҳам энди у қишлоқ аҳлининг эътиқодига сазовор бўлган тақводор одамнинг завжаси!..
Ҳамма-ҳаммасини унутмоқ истади. Бунинг йўли топилди — уйланди. Тақдир ҳазили — келин Шоҳсанамга қариндош эди.
Аммо бари бир ҳувиллаб ётган кўнгил мулкига файз кирмади. Юрагини бир алам эзиб ётардики, бунга чидаб яшагандан кўра, дўзах оловида куйиб кул бўлган афзал эди. Кунларнинг бирида у барча-барчасига — уят-андиша, иймон-эътиқод — ҳамма-ҳаммасига қўл силтади. Ва…

Султонмурод ўзини эшоннинг ҳашаматли дарвозаси олдида кўрди: «Ундан сўрарим бор… Нега… Нима учун бундай қилди?»
Бироқ…
Эшикни тақиллатишга ҳам улгурмади.
Ҳашаматли эшик шиддат билан очилди.
Остонада Абдураҳмон эшон пайдо бўлди. Улар бир неча дақиқа бир-бирларига сўзсиз тикилиб қолишди. Эшоннинг нигоҳлари ғазаб ва нафратга тўла… Оқиш, лекин айни дамда гезарган, бўзарган чеҳрасида шафқатсиз ифода қотиб қолган…
Султонмурод бўшашди. Аллақандай ғайритабиий куч қаршилигига дуч келгандай ўзини жуда-жуда ожиз ҳис этди. Бояги шаштидан асар ҳам қолмади.
Аста бурилиб ортига қайтаркан, алам ва изтиробдан инграб юборди…
Шу-шу бўлди-ю, йигит йўли тушган тақдирда ҳам эшоннинг кўчасини айланиб ўтадиган бўлди.
«Мана энди ундан абадул-абад айрилдим, — деб ўйлади Султонмурод. — Энди уни ҳеч қачон олисдан бўлсаям кўра олмасам керак!»
Дарҳақиқат, шундан кейин у Шоҳсанамни узоқдан бўлса-да кўришдан маҳрум бўлди. Чунки…
— Тавба қилдим, кариганда ёш хотинга уйланган эркак эсдан оғиб қоладими дейман-да, — деб қолди бир куни Султонмуроднинг хотини. — Эшонбувани айтаман-да. Остона ҳатлаб кўчага чиқсанг оёғингни уриб синдираман, дебди Шоҳсанам опамизга. Тунов куни бечора деразадан қараб турган экан, Эшонбува тоза таъзирини берибди.
Султонмурод чурқ этмади. Ичидан зил кетди. Айрилиққа, азоб-уқубатларга тўла дунё қад ростлади қаршисида. Бироқ йигит тишини тишига босди, чидади, чунки барбод бўлган дунё вайроналари устида шундай улуғвор кошона бунёд этгандики, бу кошонага истаган ерда, истаган вақтида киради-чиқади; бу ерда изтироблардан зада қалби ором топади, қийғос гуллаган шафтолининг ёқимли ҳиди димоғига урилгандек бўлади, қайноқ, бетакрор бўсалар таъмини туяди лаблари…

Иттифоқо…

Ўша куни у ишга кечикиброқ борди. Эрталабданоқ бошлиқдан эшитадиганини эшитди. Бунинг устига ҳисобот дафтарчаси уйда қолиб кетибди. Бошликдан яна насибасини олди. Бу камлик қилгандай, бошлиқ уйига бориб, ўша жин ургур ҳисоботни олиб келишни талаб қилди. Ишхонадан уйгача саккиз чақирим, кун иссиқ; бекатда ярим соат туриб улов пойлади, аммо ҳадеганда уловдан дарак бўлавермади, асаблари ўйнаган, чарчаган, бўғилган бир алфозда пойи пиёда йўлга тушди. Чамаси бирор соатлардан кейин у ўзи яшайдиган кўча бошига етиб келди. Шу ерда тўхтаб бироз нафас ростламоқчи бўлди. Аммо… Оҳ, меҳрибон Парвардигор! — шунча ҳаракат, шунча заҳмат ва кўргуликлар ёлғиз Унинг учун, Уни кўриш учун эканлигини ўша дақиқада, ҳатто ундан олдинроқ ҳам қайдан билибди? Билганида эди эҳтимол… Ё, Қодир эгам, тағин денг шундоқ рўпарасидан чиқиб қолди! Албатта У ёлғиз эмасди. Ёнида қандайдир бола кўтарган аёл… Ва атиги бир дақиқа, йўқ, ярим дақиқа, эҳтимол сониянинг аллақайси бир улушида — бехосдан уларнинг нигоҳлари тўқнашди! Ҳамроҳ бўлмиш аёл нимадир деди, лекин Шоҳсанам эшитмади. Олам сув қуйгандек жимжит бўлиб қолганди. Кейин яна ҳаммаси аввалги ҳолига қайтди: шовқин-сурон, вағир-вуғир…

Шоҳсанам ерга қараганча ёнидан, шундоққина ёнгинасидан ўтиб кетди. Султонмурод уни анчадан буён бунчалик яқиндан кўрмаган, кўзларига термулмаган эди. Йигитнинг ҳаётидаги энг порлоқ кун бўлди ўша кун.

Орадан кўп вақт ўтмади.
Абдураҳмон эшон тўсатдан бандаликни бажо келтирди.
Шоҳсанам бева қолди.
«Энди у ё бу ҳовлидан бош олиб кетади, ё кимгадир эрга тегади, — деган гап топиб келди Султонмуроднинг хотини уйига бориб. — Албатта, эрга тегади-да. Тегсаям тегади, тегмасаям тегади. Ахир ёш бўлса, овунадиган фарзанди бўлмаса. Тегади-да, тегмай қаёққа борарди? Айтмоқчи, шаҳардаги амакимизнинг бултур хотини ўлганди. Ўртага тушсаммикин?»

Султонмуроднинг юраги зирқ этди.
Ёмғир фасли ўтди.
Жазирама ўтди.

Сокин ва осуда сунбула кириб келди ҳамки, Шоҳсанам на эрга тегди, на қишлоқдан бош олиб кетди. Эшон бувадан қолган ҳовлида ёлғиз ўзи яшайверди. Жувоннинг харидорлари кўп эди. Лекин нима учундир бирор кимса эшоннинг остонасини ҳатлаб ўтишга журъат этолмасди. Шоҳсанамнинг ўзи ҳам кўпчиликка қўшилмас, тўй-маърака тугул, ақалли, кўча-кўйга-да чиқмай қўйганди.
Тириклай кўмилгандек эди гўё.

Эшон бувадан қолган ҳовли-жойдан путур кета бошлади.
— Қаров бўлмагандан кейин шу-да! Ҳамма нарса ўлда-жўлда ташлаб қўйилгандан кейин шунақа бўлади! — дея жаврарди Султонмуроднинг хотини ҳар кеч. Бева бўлиб қолганидан кейин Шоҳсанам нима учундир унга ёқинқирамай қолганди. — Эсиз… эсизгина шундай уй! Раҳматли эшон бува бўлганда… Тавба, қош-кўзини бўяшдан бошқасига ярамайдиган бу ипирисқи хотиннинг нимасига учди эшон бува?.. Хатто пиёваниям эплаб пишира олмайдиган қўли синиқ-ку бу!

Султонмурод эса…
Шу «қўли синиқ» жувонни бир кўришга муштоқ, раҳматли эшон буванинг кўчасидан ўтишдан ўзини зўрға тийиб юрарди. Ахир, эҳтимол, чиндан ҳам у уқувсиздир… Лекин… рангпар хушбичим чехра, нозик даҳан, тик қомат, кўзлар… худди бу оламда ўзидан бошқа ҳурлиқо яшамайдигандек чақнаб боқувчи нигоҳлар…
Буларни унутиб бўладими?
Йигит фақат бир нарсадан хавотирда эди, ҳатто қўрқарди. Бу қўрқув туйғуси шу қадар улкан эдики, унинг ҳайбатига бир қур назар ташлашга-да қурби етмасди: «У мени унутган бўлса-чи?!.»

Йил сўнгида эшон буванинг руҳи-покига атаб йил оши берилди. Шундан кейин бир ҳафта ҳам ўтмади, бирдан совчилар ёмғири ёғила бошлади.
— Эшон буванинг ҳурматини сақлаб шунча кутдик. Энди бир нарса де. Укам ёмон йигит эмас.
— Хўп, деяқолинг энди, илтимос. Акамнинг шашти баланд, кўнмаса опқочиб кетаман, деяпти!..
— Бу дунёдан ҳеч ким тоқ ўтмаган, қизим. Сенам ахир бир кун уй қиласан-да, ёш умрингни хазон қилмасанг-чи.
— Ёлғизлик азоби ёмон. Мана, менинг амаким ўн беш йилдан буён ёлғиз яшайди. Ўн беш йил-а! Бечора хотини жон бераётганда бошқага уйланмайман, деб ваъда бериб қўйганди. Энди билсам… босиб юрган эканман, дейди шўрлик амаким.
— Хўп деса, кафтимда кўтариб юраман, деяпти акам. Илтимос… ҳеч бўлмаса бир оғиз гаплашиб кўринг ўзи билан.

Дунё сўққабош эркакларга тўлиб кетгандек эди. Бироқ!
— Йўқ, дедимми, йўқ! — битта сўзда туриб олди Шоҳсанам. Сабабини сўраганларга тишини ёрмади.
— Бешёғочлик киши ёмон одамга ўхшамайди, — дея Султонмуродни янгиликлардан хабардор қиларди хотини билибми-билмайми. — Шу кишига тегса бўларди. Иккита боласи бўлса нима қипти? Тайёр дастёр-ку улар. Бошқаларни-ку писанд қилмади.

Султонмурод чурқ этмасди. Фақат юзи аввал оқаринқираб, кейин қоғозга айланиб борарди…
Назарида хотини «ҳамма гап»дан хабардор-у атай Шоҳсанам ҳақида «хушхабарлар» топиб келаётгандай… Бу даҳшат! Ахир ёнингдаги одам кўнглингдан нелар кечаётганини сезиб турса… азоб бундан ортиқ бўладими…
Орадан анча вақт ўтди. Кунларнинг бирида ишдан қайтаётган Султонмуродни машина туртиб юбориб енгил жароҳат олиб, касалхонага тушиб қолди.
Шу куни эрталаб ҳаво булут эди. «Ёмғир ёғса эҳтимол», — дея ўйлади Султонмурод зирқираётган жароҳатига кафтини босиб. У ёстиқдан бошини кўтарди дегунча дераза оша ташқарига термуларди. Ўша куни ҳам у бир муддат дераза рахига пешонасини тираб турганди. Қаттиқ ўйга толганидан вақт чошгоҳга яқинлашганини, булут кўрпаси йиғилиб, осмоннинг бир чети очилаётганини ҳам пайқамади.

Бир маҳал…
Ё Раббий!
«Йўқ, туш кўряпман, бу туш!..»

Султонмурод кўзларини юмиб-очди, очиб-юмди ҳамки, қаршисидаги сароб тонгги шудрингдай йўқ бўлиб кетмади. Маъюс, маҳзун жилмайган чеҳра…
— Худога шукр…
— Сен?!.
— Ҳа… Эрталаб… боя… эшитдим… эшитиб қолдим…

Султонмурод энди эътибор берди. Жувоннинг юзи докадек оппоқ, нигоҳлари хавотирга тўла эди. У ҳатто тузук-қуруқ ҳол-аҳвол ҳам сўраша олмади. Қаттиқ қўрқиб кетганида одам шу кўйга тушади.
— Қўрқма, — деди, дея олди Султонмурод. — Қўрқма…
Жувон бош ирғади.
Бори шу.
Кейин у узалиб, қўлидаги тўрхалтани дераза токчасига қўйди-ю кетди.

Султонмурод шу куни кечгача дераза олдидан нари кетмади. У энтикарди, хўрсинарди. Касалхона дарвозаси томон кетган йўлакка унсиз тикиларди…
Шу куни у яна бир нарсага иқрор бўлди: қалбида яшаётган туйғу абадиятда ҳам руҳини тарк этмайди!
— Нимага ўзбошимчалик қилиб юрибсиз? — дея сўроққа тутди хотини Султонмуроднинг жабрланувчи сифатида даъвосидан воз кечганини эшитиб, тутақиб кетганидан сира ҳам ўзини боса олмай. — Хаёлингизга нима келса қилаверасизми? Хўп, даъво қилишдан воз кечиш ниятингиз бор экан, аввал шартингизни айтмайсизми? Жилла қурса касалхона харажатини кўтарсаям ҳарна эди-да!

Султонмурод хотиржам тутди ўзини. Хотини гапирганда энсаси қотмади бу гал. Ҳатто унга кулиб қаради. Хотини унинг юзи табассумдан бу қадар ёришиб кетганини яқин-ўртада кўрмаганди.
«Қанотим бўлса-ю қошингга учиб борсам!»
Аммо энди у бўз йигит эмас.
Тангри ёрлақаб унда қанот пайдо бўлганда ҳам энди унинг ёнига бора олмасди. Бунга иқрор бўлгани сайин ич-ичидан нимадир кўтарилиб томоғига тиқиларди-қоларди: «Тангрим…» Шоҳсанам эса яна уйига қамалиб олган, ташқи дунё билан алоқасини узганди гўё.

Бир куни…
Хотини кечки овқатни дастурхонга қўйиб, ўзи ошхона томонга кетди. Ва зум ўтиб қўлида тугунча билан қайтди.
— Санам опамизнинг тоби йўқ эмиш, — деди у Султонмуроднинг саволчан нигоҳига жавобан. — Бора солиб кўриб келай. Ҳар қалай, бир илдизнинг томиримиз…
Султонмурод тахта бўлиб қолди. Оғзидаги луқмани юта олмади. Гапирмоқчи, нимадир демоқчи бўлди, лекин томоғига қилтаноқ тиқилиб қийналаётгандай бўғзидан хирқироқ товуш чиқди, холос.
Хотини унга ғалати қараб қўйди-да, индамай чиқиб кетди.
Султонмурод сўри четини тутди. Кучи борича маҳкам ушлади. Ҳозир кимдир оёқ-қўлини чандиб боғлаб ташлашига-да рози эди: Йўқ! Йўқ! Бу мумкин эмас!..

Ярим соатлардан кейин хотини келди. Ранги оқаринқираган…
— Санам опамизнинг анча мазаси йўққа ўхшайди, — деди у сўри четига ўтираркан. — Вой Худойим-эй… Дард бераман деса осон экан-да. Бечора… Адойи тамом бўпти!
Аёлнинг аёлга раҳми келдими, аҳвол жиддий!

Султонмуроднинг ичида нимадир чирт узилди. Қулоқлари шанғиллади. Хотинининг жаврашлари узоқ-узоқлардан келаётган товушдек элас-элас эшитиларди:
— Ўзидан кўрсин! Ҳаммасига ўзи, фақат ўзи айбдор. Вақтида эр қилганида бу азоблар йўқ эди. Ҳали бу кунлар ҳолва. Бу ҳали азоб эмас. Ҳақиқий азоб ҳали олдинда! Бир кунлар турибди ҳали. Қон йиғлайди, қон!..
Хотини башорат қилган ҳалокат яқинлашиб қолгандек Султонмуродни даҳшат босди. Кўзларини чирт юмди. Аллазамонлардан буён қадам ташлашга изн бермаётган, темир тўсикдек йўлига ғов бўлган куч исканжасида тўлғанди.
— Мен ўшанда айтгандим, билгандай, кўнглим сезгандай айтгандим, — ҳамон лаби-лабига тегмасди хотинининг. — Амакимга кўнмасангиз, ана Тўйчи муаллимни ушланг дегандим. Ёлғиз яшаш осон эмас. Иссиқ жон… Ўзи мени норози қилган одам ўнгланмайди!
— Бас қил-л!.. — тишларини ғичирлатди Султонмурод. — Бас қил-л!..
— Ха, намунча…

Хотинининг гапи чала қолди. Султонмурод кутилмаганда ирғиб ўрнидан турди-ю, сўридан сакраб тушди ва кўча эшик томон отилди.
Тўлин ой тераклар устида осилиб турарди. Аллақандай шовқин-суронсиз, маҳзун кеча эди. Султонмурод шу оқшом муюлиш четида қорайиб турган тошни кўрди. Ва анча вақтгача тош устида хаёл суриб ўтирди. Кейин бор кучи-ю иродасини тўплаб, эшон буванинг нураётган уйи томон юрди.
— Бу ҳаммаси… сиқилганимдан… Қўрқманг, ўтиб кетади, — деди Шоҳсанам синиқлик билан. Унинг юзи заъфарон, кўзлари киртайган, озғин вужуди ниҳоятда беҳол эканлиги шундоқ сезилиб турарди.

Аёл ниманидир яшираётгандек ва буни кулги билан пардалаётгандек, ҳадеб жилмайишга уринарди. Султонмурод уй ичига зимдан разм солди: ҳаммаёқ шипшийдам, тахмонда тўрт-бешта кўрпа-ёстикдан бошқа қўлга илинадиган нарса йўқ эди.

Жувон буни сезди.
— Дори-дармонга деб… Ўлсин, қанча дорини ичиб юбордим. Бари бир фойдаси бўлмади.
Ўртага зилдай сукунат чўқди.

Султонмуроднинг нимадир дегиси, аёлнинг кўнглини кўтаргиси, шу билан ўртадаги ноқулайликни кўтариб ташлагиси келарди. Лекин ҳали уйидан чиқмасдан олдин ич-ичидан турган қалтироқ ҳамон босилмагани сабабли, сира ҳам гапира олмаётган эди.
— Биламан, мендан хафасиз, — деб қолди жувон бир маҳал. Султонмурод шунча уринса-да, эплолмади — бўғзидан оғир хўрсиниқ отилди.

Аёл кўз учида унга қараб турарди. Нимадир дейиш лозим…
— Нималар деяпсан… деяпсиз… Нега хафа бўларканман?..
— Билмайман, ҳатто тушуна олмайман ўзимга-ўзим… Менга нима бўлган? Худди ҳушим ўзимда эмасдай… Мана ҳозир ҳам… — деди аёл ўзига-ўзи гапиргандай паст овозда. Бирпас жим турди-да, сўнг яна деди: — Баъзида нимадандир жуда безовта бўламан. Хаёлимга нималар келмайди? Мана ҳозир яна… Мендан нафратлансангиз ҳам арзийди… Мен шунга лойиқман… О, йўқ, йўқ!..

Жувон юзини кафтлари билан тўсиб, ҳўнграб йиғлаб юборди. Юзи бир бурда… Бармоқлари қонсиз ва нимжон… Қоқсуяк елкаларида аянчли титроқ… Сўнгги бардош ҳам тугади:
— Ўзингдан-ўзинг нималар деб ётибсан боядан бери, — дея гап бошлади йигит, гўё жуда ҳам оддий нарса ҳақида сўзлаётгандек. — Ҳали… ҳали шунақа бўлмағур ўйларни ўйлаб, ўзингни ўзинг касал қилиб ётган экансан-да. Мен хафа эмишман… тўғри, бир пайтлар бўлган… шундай… Лекин кейин… билсам, сендан нафратланиш тугул, хафа ҳам бўлолмас эканман…

Бирор соатлардан кейин Султонмурод ўрнидан қўзғалди.
«Бунинг ҳаммаси ёлғизлик оқибати… Уни ташлаб қўймаслик керак!» деган қарорга келди у жувон билан хайрлашаётиб.
Шундан кейин у тез-тез Шоҳсанамнинг аҳволидан хабар олиб турадиган бўлди. Аёл жуда секинлик билан бўлса-да, ўзига кела бошлади. Унинг аҳвол-руҳиясидаги ҳар бир ўзгариш йигитнинг назаридан четда қолмасди: «Бугун у ярим соатдан кўпроқ гапирди, ҳарсилламасдан, хотиржам сўзлади. Ҳатто кулгиси ҳам жаранглай бошлади…»
— Менга турмушга чиқ, — дея таклиф қилди у кунларнинг бирида.
— Иложим йўқ… — дея пичирлади жувон.

Йигит ҳайратдан донг қотди. У аёлдан бундай жавобни кутмаганди.
— Нега? Нима учун? Мени ўйлаётган бўлсанг кўп қайғурма, ҳаммасини яхшиликча ҳал қиламан.
— Мен у ёғини ўйлаётганим йўқ.
— Нимани ўйлаяпсан бўлмаса? Сени бу ҳоачида нима ушлаб турибди? На фар… Кечирасан!
— Мен бандиман…
— Тушунмадим…
— Яхшиси, шундай юраверайлик.
— Сени ҳеч кимга ишонмайман. Ҳатто манави соқов деворларга ҳам…
— Бу деворлар соқов эмас. Хар оқшом улар тилга киради.
— Ўлай агар, сўзларингга тушунган бўлсам.
— Э, қўяверинг бу ёғини. Бояги гапим гап. Шундай юраверайлик. Бизни ҳеч ким, ҳеч нарса ажрата олмайди!

Йигит эътироз билдирмади.
«Балки у ҳақдир? — деб ўйлади ичида. — Эҳтимол, шуниси маъқулдир…»

Биз режа тузамиз, аммо тасодиф уни барбод қилади. Кутилмаганда фожиа юз берди. Ҳа, бу — тасодиф, машъум тасодиф эди. Ҳатто ғайритабиий сир-синоат эди. Кутилмаганда содир бўлди у. Шоҳсанам ярим тунда қўққисдан гумбурлаган момақалдироқдан чўчиб уйғонди-да, чидаб бўлмас даражада санчаётган юрак хуружидан йигирма дақиқа азоб чеқди-ю… омонатини топширди-қўйди. Султонмурод довдираб қолди. У ҳеч нарсани идрок қилолмасди. Йўқ, идрок қиларди, аммо ҳеч нарсага тушунмасди. Ахир шу кеча ҳарорат қирқ даража иссиқ, ҳаво қуриб қолгандек нафас олиш амримаҳол, барқут осмонда юлдузлар чарақлаб турар, қилт этган эпкин йўқ, лекин бутун борлиқни, курраи заминни ларзага солиб, момақалдироқ гумбурлади!..

Ё алҳазар!
Ер ёрилиб кетгудек бўлди-я!
Дафн маросимидан қайтиб, очиққанларидан шоша-пиша овқатланаётган эркагу аёл, одатдагидек, яъни бошқа ҳамма жойда бўлганидек, марҳума ҳақида гапиришди.
— Тавба, минг марта тавба, шундай қилиб ҳам одам ўладими? Жон бериш ҳам осон экан-да. Биргина момогулдирак!..
— Йўқ, бу ерда бошқа бир гап бор.
— Шўрликнинг юраги хаста экан-да.
— Э, у бўлди-бу бўлди, нима қилиб бўлсаям эшон бува завжасини ўзининг олдига чақириб олди-да!
— Ие, уни қаранглар, парда қимирлаяпти!

Султонмурод ортиқ дош бера олмади… Азахонадан чиқиб кетди. Тўшакда ажриққа ағанагандек ухлолмаган йигит алламаҳалда аста ўрнидан турди.
— Қаёққа? — сўради хотин.
— Ўзим, шундай…
— Эрталаб вақтли туришингиз керак, ухласангиз бўлмайдими?
— Уйқум келмаяпти.

Эшик хиёл ғийқиллаб очилиб-ёпилди.
Хотин кўрпани юзига тортди: «Тавба!»

Кеча ойдин эди.
Чарақлаган юлдузлардан ерга кумушранг ёғду тўкиларди.
Дераза ёнидан ўтган йигит бирдан таққа тўхтади.
— Сен?!
— Ҳа, мен…
— Ахир, сен…
— Кета олмадим!

* * *

«Дунё шунчалар гўзал!
Яйраб нафас олиб яшаганга не етсин… Ой нурида товланаётган япроқларнинг шовуллаши қандай ажойиб… Аммо…
Бу дунёни сиз борлигингиз туфайли яхши кўраман.
Сиз туфайли!..»

— Қаерларда юрибсиз? — сўроққа тутди хотин.
— Бирпасда йўқ бўласиз-қоласиз!
— Ёмғир ёғаётган экан. Йўл четидаги тош устида бирпас ўтирдим.
— Бирпас?! Қайси йўлнинг четидаги тош?
— Муюлишдаги…
— Муюлишда ҳеч қанақанги тош йўқ! Ёмғир ҳам ёғмаяпти! Қачонлардан бери осмондан бир томчи тушгани йўғ-у… Нега ёлғон гапирасиз? А, нега? Нима учун? Ҳеч бўлмаса ариқдаги сувга бўкиб, кейин уйга келсангиз бўларди!
— Мен ахир у ерда Холиқ амакини кўрдим. Кейин анави чол бор-ку, оти нимайди, ҳаҳ, тегирмончи…
— Шўрим курсин, ахир улар аллақачон ўлиб кетишган-ку!
— Сизга бир бало бўлгани рост.
— Бас қилсанг-чи!
— Бас қилмайман! Нега энди бас қиларканман? Мен ерда яшаяпман, сизга ўхшаб осмонда учиб юрганим йўқ!
— Инсоф қилгин, чарчадим, бирпас мизғиб олишга кўясанми-йўкми?!
— Боринг, дўкондан бир қоп ун опкелинг. Уйда бир ҳовуч ун йўғ-у, бу кишим!.. Қачон болам-чақам дейсиз?
— Э, бор-э!

«Эсингиздами, бир кеча тонг отгунча ухламасдан гаплашиб ўтирганимиз? Эсингизда, а? Билардим… Осмон бир бошқа бўлиб ёришиб кетганди ўшанда! Ой нақ тепамизда туриб олганди. Худди биздан узоқлашгиси келмагандек. Илиқ шамол райҳон ҳидини димоғимизга урарди… Назаримда, кеча-кундуз ҳам, ой-қуёш ҳам, ҳамма-ҳаммасининг бизга ҳаваси келарди».
— Чик-чак… Чик-чак…

Султонмурод чўчиб кўзини очди.
Аллаким дераза ойнасини оҳиста чертгандек туйилди. Ёстиқдан бошини кўтарди.
Хира ёғду тушаётган ойна ортида кимдир унга тикилиб турарди.
Йигит ихтиёрсиз суратда ўрнидан турди.
Хотини қора терга ботиб ухлаб ётарди.
Султонмурод ҳовлига чиқди. Сўнг кўчага…

Ўн дақиқадан кейин у ўзини хароба олдида кўрди.
Чироқ ёниқ турарди.
— Кеч киришини минг азоб билан кутдим… — дея шивирлади жувон унинг кўксига бош қўяркан.
— Мен ҳам адойи тамом бўлдим. Нега бунча шошилдинг?
— Ихтиёрим ўзимда эмасди.
Тўсатдан жавондаги идишлар жаранглаб кетди. Қандайдир кўринмас қўл идишларни бир-бирига уриб, чил-чил қилаётгандек эди. Жувон хижолатли кулимсиради.
— Эътибор берманг. Мен ўрганиб кетганман…
У сўзини тугата олмади. Хонанинг аллақайси бурчагидан эшитилган овоз жувоннинг овозини босиб кетди:
— Бадбахт! Ярамас! Тавқи лаънатимга учрадинг! Қиёмат куни ҳам сени кечирмайман!.. Эй, бадбахт! Азоб фаришталарига топширдим сени! Алар дўзах ўтидин тож кийдирурлар бошингга, қиздирилғон мисдан либос киюрсан!

Жувон иккала кафти билан йигитнинг қулоқларини тўсди.
— Эшитманг!..

* * *

Султонмурод кимсасиз кўча ўртасида турар, аллақачон қоронғи тушиб, ён-беридан одам оёғи тийилганини, уйига бориши лозим эканлигини фаҳмларди, ҳис этарди, аммо оёкларига тош боғлагандек уларни ердан узолмасди. Бир маҳал аллаким қўлидан тутгандек бўлди. Қаттиқ сесканди. Уй томон юрмоқчи бўлди. Шу он оқшом ҳукмига ўтган борлиқ бағридан сирғалиб ўтган бир нидо қулоқларига урилди: «Султон…»
Йигит иккиланди: бу одатдаги овозга, одатдаги чорловга ўхшамасди.

Тағин ўша овоз: «Султон…»
Йигит гарангсиган кўйи овоз келган томонга юрди: яна ўша хароба!
У таниш йўлак бўйлаб ичкарилади.
Хона зим-зиё.
Қулоқни қоматга келтиргудек сукунат.
Вақт тўхтаган, олам нафас олмай қўйганди гўё.
— Бу ёққа ўт! — деган дағал овоз гулдуради. Қоронғиликка кўника бошлаган йигит зулмат қаъридан ўзига қадалиб турган бир жуфт ғазабнок нигоҳларни ҳис этди.
Сўнг эса… шифтда осилиб турган оқиш сиртмоққа кўзи тушди. Қалтираб кетди.
— Ўзингни ос!
Тош қотган сукунатга бирдан жон энди: хона шовқин-суронга, шивир-шивирларга, саросимали, қироатли, йиғламсираган овозларга тўлиб кетди.

«— Э Худойим!
— Ё Раббий!
— Бояқиш ҳали ёш жан.
— Хайрият, у биздан эмаскан. Мен укам Мирзапўлатми деб ўйлаб қўрқиб кетганимдан югуриб келгандим. Хайрият!.. Анчадан буён бетоб эди-да…
— Нега менга тиргаласиз ҳадеб?! Қаерга борсам кўзингизни лўк қилиб турганингиз-турган!
— Ие, бу Искандар аканинг ўғли-ку! Вой шўрлик… Искандар акага хабар бериш керак. Тезроқ! Тезроқ!
— Вой-бўй, намунча… Мен билан кўришмаслик учун атай поябзалингизни қўлингизга олволдингизми? Пасткашлигингиз қолмади-қолмади-да!
— Ўғлим!
— Болам… Болажоним… Ёш жонингга жавр қилма! Отаси, унга айтинг, бундай қилмасин… Болам!.. Дарвоқе, эшон бува… Эшон буванинг олдига боришим керак! Ё Тангрим…»
— Бўлсанг-чи! Нега иккиланяпсан? Бўлақолсанг-чи!

Султонмурод тошдай оғир нигоҳларини сиртмоққа қадади, бир неча сония ундан кўз узмади.
— Бу жуда осон…
Султонмурод беихтиёр сиртмоқ томон бир қадам ташлади.
« — Оҳ!
— Вой бечора…
— Э, нега дод-вой қиласанлар? Қилгиликни қилгандан кейин жазосини олсин-да! Бундайларнинг жойи дўзахда!
— Дўзах шундай жойки!.. Дўзахнинг ўтидин заррадек олиб, уни тоғ устига қўйдилар. Бас, тоғ анинг иссиқлигидин симобдек эриб кетди…
— Ё тавба!
— Тангрим, уни ўзинг ёрлақа!»

Султонмурод сиртмоққа қўл узатди. Қўли етмади, етар-этмас бўлиб, ҳавода муаллақ қолди. Яна бир қадам… Бехосдан поябзалининг учи қаттиқ нарсага тегди. Мункиб кетди.
— Йўқ, йўқ, — деганча ортга тисланди у ўзига келиб.
— Қўрқма, — дея далда берди гулдураган овоз энди бир оз юмшоқ оҳангда…
— Йўқ!
— Бу жуда осон…

Шу он бўшлиқ қаъридан сузиб чиққан шарпа тап тортмасдан дорга қўлини узатди ва… худди шундай ҳеч иккиланмасдан — оддий юмушни бажараётгандек — сиртмоқни бўйнига солди. Шундоқ Султонмуроднинг кўз олдида шарпа ўзини осди. Боши кўксига осилган… оёқлари шалвираган… Юзи эса… Хайратланарлиси шунда эдики, у шарпанинг юзини аниқ-таниқ кўрди. Дарвоқе, юз… юзини қандай эди деса бўлади? Юзи… юзи улуғ саодатга эришгандек мамнун ва сокин эди!
— Нега бундай қилдингиз? — дея қичқириб юборди Султонмурод беихтиёр.
— Нима қипман?
— У ўлиб қолди.
— У ўлгани йўқ. Яхшилаб қара. Мана у ёнингда турибди. Султонмурод кўзларини юмиб-очди: ё алҳазар! Шарпа бояги жойида ҳеч нарса бўлмагандек қаққайиб турарди! Йигит ақлдан озаёзди.
— Ҳозир… Ҳозиргина у… — дея пичирлади қуруқшаган лаблари.
— У ўлгани йўқ, сираям ўлгани йўқ.
— Ақлим бовар қилмаяпти…
— Тасаввур кил, вужуд — улкан чиғаноқ, руҳ шу чиғаноқ ичида димиқиб ётган жонивор. Мана энди у озод!

Султонмурод яна сиртмоққа кўз югуртирди.
— Бу жуда осон…
— Бу жуда ажойиб…
— Бу жуда осон…
— Бу жуда ажойиб…

Таранг тортилган асаблар бўшашди.
Йигит ўзи истамаган ҳолда, лекин шунга мажбурдек сиртмоққа кўл юборди. Шу вақт…

Бирдан еру кўкни ларзага солиб, момақалдироқ гумбурлади. Чақмоқ чақди. Шамол қоп-қора булутларни ҳайдаб келди. Дераза шарақлаб очилиб-ёпилди.
— Йўқ! Йўқ! — деган фарёд эшитилди аввал. Кейин… Ё Раббий!

Чақмоқ ёруғида у кўзга ташланди. Мана у! Бор бўй-басти билан. Бу ўша!
— Йўқ! — дея такрорлади у. — Йўқ! Бундай қилманг! Бу тузоқ… Бу фитна… — жувон йигит пойига тиз чўқди. — У мени ўзи билан олиб кетмоқчи эди. У билан кетсам гуноҳлардан фориғ бўлармишман. Жаннат менинг пойимда бўлармиш! Мағфират нурига йўғрилар эмишман. Шунда буюк азоб куни ёруғ юз билан чиқар эмишман. Акс ҳолда руҳим ёруг дунёда сарсон-саргардон изғиб юраркан… Мен шунисини танладим. Дунёни сиз борлигингиз туфайли яхши кўраман! Қаранг, шафтоли қийғос гуллабди…
Кутилмаганда хона ичи ёришиб кетди. Султонмурод ҳайрат оғушида жувонга боқди. Сиртмоққа узалган қўллари бўшашди…

Эрталаб уни харобадан ҳушсиз ҳолда топишди. Тушгача у қишлоқ касалхонасида ётиб, ниҳоят ҳушига келди. Аммо… йигит тамомила ақлдан озган, телба эди.
«— Ё тавба, мен илгари ҳам бундай воқеага гувоҳ бўлгандим.
— Қачон?
— Миллион йил аввал…»

Манба: “Ёшлик” журналининг 2010-йил 9-сонидан олинди.

034

Umarali Normatov
QALBDAGI BENAZIR ZIYO
035

Talabchan ustoz Abdulla Qahhor bir anjumanda “Adabiyot daryosi qurib-qaqshab yotgandan ko’ra, loyqa bo’lsa ham to’lib oqqani ma’qul, bo’tana suv ham, oxir-oqibat, tinadi-da, axir”, degan edi.

Hozir bizda ayni shunday jarayon ketyapti: milliy adabiyotimiz daryosi to’lib-toshib oqyapti, bu oqimda xas-xashaklar, ko’pigu quyqalar behisob. Didli kitobxon hafsalasini pir qiladigan xashaki “ijod namunalari” bilan barobar, gavharga arzigulik badiiy topilmalar ham yo’q emas. “Tanqid bu – saralamoqdur” degan edi Behbudiy. Bugungi adabiy jarayonni sinchiklab kuzatib, astoydil saralansa, adabiyotimizning hozirgi kuni va ertasiga umid uyg’otadigan hayotbaxsh tamoyillarni o’zida mujassam etgan ijod namunalari ham mavjud ekaniga amin bo’lamiz.

Prezidentimiz Islom Karimov “Adabiyotga e’tibor – ma’naviyatga, kelajakka e’tibor” risolasida hozirgi kunda ijodkorlar oldida turgan dolzarb vazifalar ustida to’xtalib, jumladan, shunday deydi:

“Barchamizga ayonki, XXI asr intellektual salohiyat, tafakkur va ma’naviyat asri sifatida insoniyat oldida yangi-yangi ufqlar ochishi bilan birga, biz ilgari ko’rmagan, duch kelmagan keskin muammolarni ham keltirib chiqarmoqda. Bugungi murakkab va tahlikali zamonda yozuvchining bashariyatning ertangi kunini o’ylab odamlarni ezgulikka, insof-diyonat, mehr-oqibat va bag’rikenglikka da’vat etishga qaratilgan haroratli so’zi har qachongidan ham muhim ahamiyat kasb etmoqda.

Ya’ni, yozuvchi «Ey, odamzod, ko’zingni och, sen nima uchun yashayapsan, inson degan nomga munosib bo’lish uchun nima qilyapsan?» degan savollarni kitobxon oldida, jamiyat oldida qat’iy qilib qo’ya olsagina, o’ylaymanki, o’zining insoniy va ijodiy burchini bajargan bo’ladi”.

“Bunday ma’naviy huquqqa ega bo’lish uchun, – deya so’zida davom etadi Prezidentimiz, – ijodkorlarimiz, avvalo, katta bilim va hayotiy tajribaga, keng dunyoqarash, yuksak ijodiy mahoratga ega bo’lishi, eng muhimi, bu o’ta og’ir, kuchli irodani talab etadigan jabhada haqiqiy fidoyilik ko’rsatishi lozimligini yaxshi tushunamiz”.

Chop etilgan son-sanoqsiz asarlar orasida aynan shu “Ey, odamzod, ko’zingni och, sen nima uchun yashayapsan, inson degan nomga munosib bo’lish uchun nima qilyapsan?” degan savollarni qat’iy qilib qo’yadigan, ularga baholi qudrat javob izlaydigan, odamlarni ezgulikka, insof-diyonat, mehr-oqibat va bag’rikenglikka da’vat etadigan yalt etib ko’zga tashlanadigan, o’quvchini larzaga soladigan, o’y-mushohadalarga undaydigan hikoya, qissa, romanlarga ham duch kelamiz. Uzoqqa bormaylik, asosan, o’tgan 2009 yili dunyo yuzini ko’rgan Xurshid Do’stmuhammadning “Qichqiriq”, Erkin A’zamning “Stupka”, Ulug’bek Hamdamning “Tosh”, “Yaxshi odamlar”, Zulfiya Qurolboy qizining “Yozsiz yil” hikoyalari, “Armon asirasi”, oldinroq chiqqan “Mashaqqatlar girdobi” romanlari shu xil asarlar sirasidan.

Bu hikoya va romanlarning barchasi bugungi kunimiz, hozirgi globallashuv davri, bozor iqtisodiga o’tish pallasida odamlar qismati va ruhiyatida kechayotgan evrilishlar haqida bahs etadi. Mualliflar ayni shu evrilishlar chog’i chin insoniy qiyofasini – qalbdagi noyob xazina – imon-e’tiqod, mehr-muruvvat, muhabbat tuyg’ularini saqlab qololgan asl insonlar, ayni paytda, nafs balosi tufayli yuz tuban ketgan kimsalar, bundan ham yomoni, turmush chigalliklari girdobida najot yo’lini, o’zligini topolmay, arosatda sarsari kezib yurgan noshud-notavonlar qismati ustida ehtiros bilan qalam tebratadilar. Milliy zaminda qat’iy turgan holda, shaxs jumbog’iga hozirgi jahon
adabiy-falsafiy, ruhshunoslik tafakkuri darajasida turib, kutilmagan tomonlardan yondashish tamoyillari shakllanayotganligi, eng muhimi, asl insonlar qalbidagi mehr-muruvvat tuyg’usining sehrli joziba kuchini badiiy kashf etish yo’lida ijodiy-badiiy izlanishlar olib borilayotganligi kishini quvontiradi. Zulfiya qizimizning roman va hikoyalarini shu jihatdan bir qur ko’zdan kechiraylik.

Kunday ravshan: bir tizimdan ikkinchi bir tizimga – bozor iqtisodiyoti munosabatlariga o’tish osonlikcha kechayotgani yo’q. Ko’z oldimizda qisqa fursatda bizda ham taraqqiy etgan mamlakatlardagi kabi asl mulkdor, tadbirkor va biznesmenlar toifasi shakllandi, ular o’zlari uchun ham, el-yurt farovonligi uchun ham ko’p xayrli ishlarni amalga oshiryapti. Ayni paytda, uzoq yillar moddiy-ma’anaviy tizginda, siquvda kun kechirib kelgan olomon endilikda erkinlik sharoitida boriga qanoat qilmaydigan, farovon hayot yo’lida hech narsadan tap tortmaydigan bo’lib borayotir; nafs ilinjida o’zini har yoqqa uradiganlar, o’z yurtini qo’yib o’zga yurtlardan jannat qidiradiganlar ko’paydi. O’zga yurtlarda esa bu xil soddadil bandai ojizlarni tuzoqqa ilintirib, qulga aylantirib, ular kuchidan, halol mehnatidan, hatto tanidan katta daromad topadigan ustomon firibgarlar paydo bo’ldi. XXI asrda “odam savdosi” deb atalgan bu xil sharmandali illat qurbonlari haqida gapirish, yozish oson emas, biroq indamay turish ham insofdan emas. Chin ijodkor vijdoni bunga yo’l qo’ymaydi. “Mashaqqatlar girdobi” romanida ayni shu girdobga tushib qolgan yurtdoshlarimizning odam aqli bovar qilmaydigan ko’rgiliklari, odam qiyofasini yo’qotgan maxluqlarning mislsiz shafqatsizliklari haqida hikoya qilinadi. Xuddi ertak sarguzashtlarini eslatadigan real hayotiy hodisa-voqealar o’quvchini larzaga soladi, chuqur alamli mushohadalarga toldiradi. Asarning eng muhim, benihoya ibratli, yorqin jihati shundaki, ana shu girdob zulmati iskanjasida ham o’zligini, asl insoniy fazilatlarini yo’qotmagan, zulmatni yoritishga, uning temir qafaslarini yorib chiqishga, yonib, tutqunlik azoblariga ko’nikkan g’aflat bandalarini uyg’otishga qodir asl insonlar ham bor. Asardagi Gulruh ana shunday kuchlarning oldingi safida turuvchi yorqin siymo tarzida gavdalanadi.

Yozuvchi bu ayolni personajlardan birining so’zlari bilan “ezgulik va yorug’lik farishtasi” deb ataydi. Darhaqiqat, bu farishta ayol asarda paydo bo’lishi bilan zulm va zulmat maskanida bamisoli ziyo chaqnaydi, ketma-ket davom etgan mashaqqatlar, zo’ravonliklar silsilasiga darz ketadi, voqealar ijobiy o’zgarishlar tomon yuz o’giradi, qahramonning o’z so’zlari bilan aytganda, “o’z atrofida butunlay boshqacha atmosfera yaratish”ga erishadi; uning yangidan-yangi xislatlari namoyon bo’la boradi. Bu hamshira ayolning nafaqat ninasi, balki tili ham o’tkir, sanchgan joyidan qon chiqarmasa, qo’ymaydi. Zulmat maskanidagi shikoyat qilish va ovqatlanishdan boshqasini bilmaydigan yig’loqi ayollar qarshisida u butunlay boshqacha, betakror go’zal, sodda va yoniga yo’lab bo’lmaydigan darajada mag’rur. Tutqunlar orasida o’zini ruhan tutqun hisoblamaydigan, tushkunlikka berilmaydigan birgina inson shu Gulruhning o’zi! Uni yo’ldan ozdirmoqchi bo’lgan, jamiki ezgu maqsadlariga qarshi turgan ashaddiy raqibi ham oxiri uning oldida ruhan taslim bo’ladi. Buning guvohi bo’lgan hikoyachi-qahramon beixtiyor “gul yaprog’idagi shudringday pokiza, bokira, oliy maqsad yo’lida hech qanday to’siqni pisand qilmaydigan bunday oqila ayolni uchratmagandim” deya hayajonini yashirolmaydi.

Bu benazir mardona hamshira ayol shijoati tufayli ajal yoqasida ingrab yotgan bemorlar hayotga qaytadi, ashaddiy zolimlar, ustomon firibgarlar shashtidan tushadi, g’aflat bandalari hushyor tortadi, nihoyat, o’zi ham, yaqinlari ham qullik iskanjasidan xalos etiladi. Asar baxtli xotima bilan yakunlanadi. Ikki sevishgan yosh – hikoyachi qahramon Davron bilan unga taqdirdosh Gulruh ko’p ko’rgiliklar poyonida ona yurtiga qaytib, shu tabarruk zaminda chin baxtini topadilar.

Ehtimol, ayrim o’quvchilarga qahramonning shijoati bir oz oshirib yuborilgandek, baxtli xotima esa ertaklardagidek silliq kechgandek, oldinda hali yangi to’siqlar borligiga loaqal imo-ishoralar ham yo’qdek tuyular… Asarda goho favqulodda hodisalarga mahliyolik, voqeanavislik ustunlik qilib ketgan o’rinlar uchraydi. Nima bo’lganda ham, ayni shunday romantik ruhdagi yoshlar uchun ham ibrat, ham saboq bo’la oladigan qahramonlarga ehtiyoj, tashnalik nihoyatda katta edi. Zulfiya qizimizning shunday tashnalikni muayyan darajada qondirishga intilishining o’ziyoq tahsinga loyiq.

“Armon asirasi” romanida o’tish davri talotumlari pallasida tirikchilik vajidan nafs ilinjida asl kasb-kori qolib, o’zini bozorga urgan bir guruh olomon qalamga olinadi. Bozor asarda asl ma’nosidan ko’ra bamisoli ramziy teatr sahnasini eslatadi. Bu sahnada roman personajlari sinovdan o’tadilar. Boshda ular bir-biridan unchalik farq qilmaydi. O’tayotgan kunlar ham, personajlarning yumush, tashvishlari ham deyarli bir xil, bir xil, bir xil… Shunchaki tirikchilik, nafs ilinji ularni qiyofasiz olomonga aylantirib qo’ygan. Bu zerikarli, shunchaki kun o’tkazish mavsumining oxiri bormi o’zi? Donish, Nasiba, Hulkar, Behzod, Talgat, Zuhra kabi millatning asl farzandlari bo’lishga loyiq zotlar shahar chekkasidagi tashlandiq, badbo’y, diqqinafas makonda nima qilib yuribdi, degan alamli savol o’quvchi qalbini iztirobga soladi, Bora-bora bu maskan ko’z oldingizda zulmatga aylanadi. Zulfiyaning avvalgi romani “Mashaqqatlar girdobi”da bo’lgani kabi bu romanida ham sekin-asta zulmatni yorituvchi ziyo yolqinlari bo’y ko’rsata boshlaydi. Asar boshida bir qadar mushtipar, sodda, ishonuvchan-laqma ayol tariqasida namoyon bo’lgan Nasibaning qalbi tubida pinhon yotgan tabiiy ezgu tuyg’u, fazilatlar yuzaga qalqib chiqib, u haqidagi avvalgi tasavvurlaringizni o’zgartira boshlaydi. Asar personajlari orasida hayot sinovlaridan, turmush chorrahalaridan eson-omon o’tib olgan zot – ayni shu Nasibaning o’zidir. Eng muhimi, g’oyat chigal, tahlikali damlarda ham u o’zligiga sodiq qoladi, ayollik sha’ni, or-nomusi, latofatiga gard yuqtirmaydi. Bu alomat ayol jamiki qiyinchiliklarni, ro’zg’or “yuk”ini bo’yniga olib, turmush chorrahalari komiga tushib qolgan umr yo’ldoshi Donishni halokatdan xalos etishga urinadi. Afsus, bu farishta ayol tabiatidagi bebaho fazilatlarni, qalb tubidagi ezgu tuyg’ularni boshda ko’plar, hattoki umr yo’ldoshi ham payqamaydi, qadriga yetmaydi.

Roman mutolaasi chog’ida mana shu hol bir armon bo’lib o’quvchi qalbini tirnaydi. Nihoyat, asar oxiriga borib, kutilmaganda, yana bir g’aroyibtabiat odam – Talgat ayoldagi ana shu pinhona jozibani o’zicha kashf etadi. Aslida esa ayolning nozik-nafis, sezgir ko’ngli sirtdan qaraganda tund, tushuniksiz bu kimsaning qalbi tubida cho’kib yotgan, boshqalar sezmagan noyob insoniy xislatlarni birinchi bo’lib ilg’agan, uni vujudiga ilashgan g’uborlardan poklab, asl holiga qaytarishga ahd qilgan. Bu ezgu niyat yo’lidagi qat’iyat, qalbdagi cheksiz mehr-muruvvat o’z kuchini ko’rsatadi. Boshda iste’dodli olim, asl inson, vafodor er sanalgan bu kimsa suyukli umr yo’ldoshini xiyonat ustida ko’rib, chavaqlab tashlagan, buning uchun munosib jazo ham olgan. Shundan keyin inson, xususan, ayol zotiga ishonchini yo’qotib nochor, tund, tushkun, ruhan xasta qasoskorga aylangan. Ana shunday kimsa Nasibaning qalb saxovati tufayli, avvalo, o’lim to’shagidan oyoqqa turadi, sekin-asta ayol zotiga bo’lgan qarashida ham o’zgarish yuz beradi. Ruhiyatida butunlay boshqacha, avvalgilariga sira ham o’xshamaydigan yangi, kuchli, har qanday g’azabu nafratdan xoli bir tuyg’u hukmronlik qila boshlaydi. Bu o’zgarish nafaqat uning qiyofasida, balki ongi-shuurida, ongining zim-ziyo tubida ham yuz beardi. Qandaydir ko’zga ko’rinmas kuch – go’yo qalbida ulug’ kimyogar nafratni muhabbatga, yovuzlikni ezgulikka, xudbinlikni mehribonlikka aylantirayotganday…

Ana shu jarayonda uning Nasibaga munosabati ham o’zgacha tus oladi. Avvallari Nasibani xushlamagan, ichida unga kek saqlab yurgan odam nazarida Nasiba “o’z qadrini bilmaydigan” noshud-notavon emas, balki “qadri-yu sha’nini juda yuqori qo’yadigan fahm-farosatli”, “o’ta aqlli va sabr-toqatli” ayolga aylanadi. Nasiba boshlagan ishini “oxirgi chiziqqa dovur yetib borishini kutib yashaydigan” jasur inson. To’g’ri, tirik inson, ayol sifatida goho “qo’rqadi, vahimadan yuragi yorilgudek bo’ladi, lekin, baribir, shu qo’rquv sari bostirib boraveradi. Uning hatto qayg’usida ham kuchli allanima borday…”

Talgat kashf etgan Nasiba ana shunday alomat zot!

Nasibaning qalb saxovati tufayli faqat Talgat emas, bozor girdobiga tushib qolgan, turmushda ham, ijodda ham “bozor odami”ga aylana boshlagan noyob iste’dod sohibasi Hulkar ham o’zligiga qaytadi, yana bir yorqin iste’dod Behzod vasliga erishadi. Muhimi, bularning barchasi romanda quruq hikoya qilingan emas, personajlar ruhiyatidagi evrilishlar hosilasi tarzida berilgan. Shu jihatdan “Armon asirasi”da adiba ilk romaniga nisbatan ancha oldin ketgan.

Shu tariqa armon asirasi Nasibaning qalb saxovati, ezgulik yo’lidagi fidoyiligi va bu noyob xislatlarining hayotbaxsh yog’dulari asarning asosiy pafosini belgilaydi. Shunisi ham borki, romanda bu umidbaxsh ruh hech qanaqa dabdabasiz, osoyishta, tabiiy bir yo’sinda namoyon bo’ladi. Romanni o’qib tugatar ekansiz, beixtiyor, shoirning mana bu to’rtligi yodga tushadi:

Inson bilan tirikdir inson,
Muhabbatdan hayotning boshi.
Odamlarga baxsh etadi jon,
Odamlarning mehr quyoshi.

* * *

Adibaning “Yozsiz yil”, shuningdek, “Quyosh nega chiqaveradi?”, “Baxtsizlik malikasi” hikoyalarida personajlar tushib qolgan chigal vaziyat, o’sha kezlari ular qismati, tabiati, ruhiyatida yuz bergan evrilishlar, qabohat va ezgu tuyg’ular mahorabasi ifodasi “Mashaqqatlar girdobi”, “Armon asirasi” romanlaridagidan butunlay o’zgacha. Romanlarda inson qismati, tabiati, ruhiyatidagi jarayonlar hayotdagi ijtimoiy silsilalar bilan aloqadorlikda sodir bo’lsa, hikoyalardagi bu holat tushunish va tushuntirish mushkul bo’lgan, qisman, “ilmi g’oyib”ga daxldor qismat jumbog’i, taqdiri azalning “sheva”lari, qolaversa, shaxs tafakkuri, “ong oqimi” nag’malari, inson tabiatidagi tug’ma fazilat va illat, ulug’vorlik va tubanlik, daholik va ojizlik, nafosat va dag’allik orasidagi azaliy ziddiyatlarning hosilasi tarzida talqin etiladi.

Zulfiya oldinroq yaratgan ayrim asarlaridagi kabi “Quyosh nega chiqaveradi?”, “Baxtsizlik malikasi” hikoyalarida milliy adabiyotimizda nisbatan kam ishlangan reallik bilan xayolot-tasavvur oralig’ida sodir bo’lgan qismat va ruhiyat jumboqlari badiiy talqini, ijtimoiyotdan xoli “ko’ngil lirikasi”ga yaqin turadigan adabiy-ijodiy tajribalarni dadil davom ettirgan.

“Quyosh nega chiqaveradi?” hikoyasi o’quvchini alamli o’ylar girdobiga tortadi. Taqdiri azalning shafqatsizliklari, adolatsizliklari tufayli ko’ksida yashashga, odamlarga mehr hissi so’ngan insonning fojiasi, ruhiy holatlari alam-iztirob bilan qalamga olinadi. Hikoyadagi vaziyat, javobsiz savollar Sizu bizni ham o’yga toldiradi. Asardagi Tursunoy har jihatdan bekamu ko’st, barkamol qiz. Unda chiroy, aql-zakovat, iqtidor – barchasi mujassam. Asar personajlaridan biri aytganiday, u istasa, baxtli bo’lishi mumkin, buning uchun barcha imkoniyatlar muhayyo. Qizig’i, u buni xohlamaydi. Yozuvchi “nega”, “nima uchun” degan savollarni o’rtaga qo’yadi. Savolga har xil yo’llar bilan javob axtaradi. Bu qiz mavjud hayot odami emas, u o’y-xayollar bandasi. “Men ko’p, juda ko’p o’ylayman, – deydi Tursunoy. – Nega shunday? Nega bu dunyoda to’kis baxt yo’q? Hammasi Uning, yolg’iz Uning ixtiyorida bo’lsa, nega dunyoni bekamu-ko’st yaratmadi? Atigi bir marta, bir martagina dunyoga keladigan insonni azob-uqubatlarga giriftor qilmaslikning iloji yo’qmidi?” Shu tarzdagi isyonkorona savollarni qo’yish uchun unda muayyan asoslar bor.

Ota-onasining dunyoga kelgan to’rtta farzandi turmagan, Tursunoy tug’ilgach, ketma-ket yuz bergan o’limlar to’xtaydi, ammo undan keyin yana yo’qotish… Tursunoy bunga toqat qilolmaydi. Axir to’qson olti yoshga kirgan amma hammaning joniga tegib hayotning etagiga yopishib olib yashab yuribdi-yu, mushtday ukaginasi olamga sig’madi…” Nega?… Nima uchun?… U ham yashab yuraversa bo’lardi-ku!… Anavi g’o’ng’illayotgan asalariga qara. Shuning ham hayotda o’z o’rni bor. Shugina jonzotning-a. Mening ukaginam… axir u inson edi-ku! Yashashga haqqi bor edi-ku!…” – deya o’rtanadi qiz.

Personaj ana shunday mushkul tig’iz ruhiy iztiroblar og’ushida qolgan kezlari yaqin tengdoshi uni anglashga, dardiga malham bo’lishga chog’lanadi. Dugonasining bunday holatga tushuvida “jin”larning xurujidan, allaqanday telbalik alomatidan xoli boshqa bir narsa mavjudligini sezadi, Tursunoyning ongi va shuurida yuz berayotgan “chaqin”lar o’z-o’zini hamda dunyoni anglashning favqulodda kuchaygan holati, degan xulosaga keladi. “Nega? Nima uchun?”- joniga yopirilib hujum qilayotgan ushbu savollarga javob izlashdan bezor bo’lib ketganidan, u hayotdan alamli, achchiq bir lazzat ichida o’ch olayotir, degan taxminlarga boradi. Tursunoy alamli savol va o’ylarining avj pardaga ko’tarilgan chog’lari necha bor o’z joniga qasd qiladi. Qiziq, har gal ajal sirtmog’idan omon qoladi. Bu hol taqdiru azalning bir karomati! Afsus, u buni hozircha anglash darajasiga yetgani yo’q. Atrofdagilar, hatto yaqin dugonasi buni anglashga qobil emas. Tursunoy o’sha mushkul damlarda bir donishmand, najotkor rahnamoga muhtoj. Hikoyada shu tarzda mushkul jumboq ochiqligicha qoladi.

Bu chigal jumboqqa javobni o’quvchi galdagi hikoya – “Baxtsizlik malikasi”dan topganday bo’ladi. Bu hikoyada ham personajlar qismati, ruhiyatidagi evrilish, dramalar ijtimoiy omillarga aloqador bo’lmagan hayot tasodiflari, taqdiri azalning g’aroyibotlaridan iborat. Malikaning otasi, onasi, tug’ishgan inisi, opasi birin-ketin tasodiflar changalida olamdan o’tadilar, birgina Malikaga esa jin ham urmaydi. Mudhish ko’rgilikni qarangki, vaqti soati kelib, unashtirilgan yigiti ham to’y kuni avtohalokatga uchrab, dunyodan ko’z yumadi. So’qqabosh alamdiyda qiz bu ko’rgiliklar olovida qanchalar qovrilib yonmasin, ota-ona xonadoni chirog’ini yoqib, opalaridan qolgan to’rt farzandga “ona” bo’lib, ro’zg’or tebratishda davom etadi. El orasida bunday ayol zotini “shumqadam” deya kamsitishdek g’ayriinsoniy udum bor. “Dard ustiga chipqon” deganlariday bu hol ham qizni alamli o’ylarga toldiradi… Taqdiri azal karomati, himmatini qarangki, tanidagi mislsiz iroda – bardosh uchun Malika yaratganning cheksiz marhamatiga – Abror ismli alomat yigitning sevgisiga musharraf bo’ladi. Kecha ketidan kunduz, yovuzlik ortidan ezgulik kelganiday, ayni o’sha yaratganning benazir tuhfasi, ezgulik farishtasi Abror tufayli Malika uchun baxtsizliklar vaqt shamolining qanotida uzoqlarga g’oyib bo’ladi…

Ammo “Mashaqqatlar girdobi”dagi Gulruh kabi hikoyadagi Abror siymosi ifodasida afsona, ertak qaharamonlariga xos jo’mardlik, hodisalar talqini va yechimida esa ertaklarga xos baxtli xotimani ko’rib, talabchan kitobxon burun jiyirishi mumkin. Axir inson qalbidagi har qanday jo’mardlik ham osonlikcha ro’yobga chiqmasligi ayon. Ko’p hollarda zamonaviy badiiy ifoda darajasida turib qalam tebratayotgan adibamizdan sirli-sehrli hodisalar tasviri, ibratli qahramon talqinida, shaxs jumbog’i yechimi borasida ham yangi, salmoqdor badiiy ixtirolar kutishga haqlimiz.

Yuqorida tilga olingan ikki asardan ko’nglimiz to’lmagan jihatlarni “Yozsiz yil” hikoyasidan topamiz. Bu asarda muallif o’ta chigal vaziyatga tushib qolgan odamlar qismati ifodasida ruhiy-psixologik tahlil yo’lidan borib o’zining zamonaviy-badiiy tasvir va talqin mahoratini namoyon eta olgan.

Jahon adabiyotida hamisha ona-Vatan kabi bosh harf bilan yozilishga loyiq tabarruk Ona zotining mushkul damlarda tuqqan farzandiga beqiyos mehr-muruvvati xususida ko’p va xo’b yozilgan. Milliy nasrimizda ham o’shalar qatorida turishga loyiq asarlar bor. Ustoz Said Ahmad qalamiga mansub “Ufq” romanidagi Onaxonning gunohkor – qochoq o’g’liga nisbatan armon, alam-o’kinch bilan yo’g’rilgan parvonaligi ifodasi adabiyotimizda jiddiy hodisa bo’lgan edi. Zulfiya esa shu yo’nalishda butunlay o’zgacha Ona timsolini yaratishga erishgan.

Shuni alohida ta’kidlash joizki, hikoyaning syujet qurilishi puxta ishlangan, voqealar tadriji personajlar ruhiy evrilishlari tahlili bilan uyg’unlikda mohirona ifodalangan. Goh quvonch-taskin, tengsiz umid, goh dard xuruji, azob-uqubat, tahqiru nadomat, goh yilt etgan surur, xayoldagi aldamchi farog’at, aslida esa adog’i yo’q musibatlar bilan o’tgan ikki bandayi ojiz – ona va o’g’lon ko’rgiliklari – butun boshli bir romanga tatigulik beorom daqiqalar, kunlar, oylar, yillar silsilasi birgina hikoya bag’ridan munosib joy olgan. Hikoyada tig’iz vaziyatlar bot-bot takrorlanadi va har gal muallif benazir zot – Ona tanida mujassam beqiyos mehrigiyoning yangi-yangi qirralarini kashf etishga erishadi.

Asar bilan tanish o’quvchi biladi: Sobir avtohalokat tufayli nogiron bo’lib qolgan, eng yomoni, u erkakligidan mahrum bo’lgan. Bu mudhish falokatning azob, iztirobi o’g’lidan ko’ra ham onaxon – Buvgul xola tani jonini qovuradi. Hikoya davomida xola vujudini yondirgan otash, xasta o’g’il ko’ngli, oromi deb chekkan zahmatlari alangasi taftini o’quvchi har doim sezib, his etib turadi. Hayotning turfa nag’masini qarangki, Sobir shu holda qishloqning tengi yo’q suluv qizi Marvaridga ko’ngil bergan, qiz ham, o’z navbatida, yigitga oshiqu shaydo. Ularning Layliyu Majnun sevgi dostonini eslatadigan ishqiy muloqotlari har qanday tama, hirs va nafs mayllaridan xoli, ikki farishta oshig’u ma’shuqaning sof qalb talpinishlaridan iborat. Ayni shu jihati bilan asar bugungi zamonaviy adabiyotda urf bo’lgan ishqiy kechinmalar talqinidan butunlay farq qiladi. Ikki yosh orasida yashiradigan hech qanaqa sir yo’q. Har ikki tomon ham oradagi mudhish ko’rgilikdan voqif. Ammo bu hol ularning ko’ngil mayllariga aslo to’siq bo’lolmaydi. Ular bir umrga birga bo’lishga qat’iy ahd qilganlar. Visol damlarida Sobir dardini butunlay unutadi, yayrab-yashnab ketadi. Qiz ra’yi, istagiga ko’ra, Onasini qiznikiga sovchilikka borishga undaydi…

Halokat, xastalik, nogironlik asoratlaridan ham ko’ra mushkulroq dramalar ana shu daqiqalardan boshlanadi. Yigit tomonda johil, qalban so’qir aka, qiz tomonda esa bag’ritosh ota ikki oshiq – yoshlar mayliga tish-tirnog’i bilan qarshi turadilar. Faqat Onaizorgina o’g’lon bilan qiz qalbining, qiyosi yo’q chin muhabbatining yagona himoyachisiga aylanadi. Bilasiz, qishloq muhitida gap yotmaydi. Shaxsiy-oilaviy intim sir darhol oshkor bo’ladi, har xil g’iybat, past-baland gap-so’zlar o’rmalaydi. Bu hol katta o’g’il bilan qiz otasi xurujini alanga oldiradi. Ana shunday tig’iz damlarda katta o’g’il dag’dag’alariga, qiz otasi yog’dirgan malomat toshlari, odamlarning ta’na-dashnomlariga, tahqiru nadomatlariga, qo’yingki, jamiki balo-qazolarga shu mushtipar Onaxongina mardona qarshi turib beradi. Xasta, ammo chin oshiq o’g’lon ko’ngil mayli uchun har daqiqa jonini, jahonini berishga tayyor.

Nachora, johillar qo’li baland keladi, Marvaridni yaqin qarindoshi o’g’liga zo’rlab uzatadilar, u qaytib keladi, so’ng uni oyoq yetmas tog’ qishlog’i odamiga unashtiradilar. Oshiq yigit jim turolmaydi, xastaligiga qaramay qish chillasida uning izidan boradi, ma’shuqasining albatta qaytib kelish va’dasini olib, bir dunyo quvonch, yorqin umid bilan qaytadi… Endi ham o’g’lon, ham Ona ko’ksida umidsizlik bir dam chekinib, yashash ishtiyoqi jo’sh uradi.

Afsus, bu quvonchli daqiqalar uzoqqa bormaydi, va’da ushalmay qoladi.

Biz yuqorida o’quvchini tanishtirish uchun keltirgan voqealar tafsiloti shunchaki quruq hikoya qilinmaydi, balki ruhiy-psixologik holatlar tahlili jo’rligida kitobxonni larzaga soladigan tarzda beriladi. Hikoyani o’qiy turib, ruhiy iztiroblar og’ushida xayolga tolasan kishi: hayotda mo»jizalar ham ro’y berishi mumkin-ku! Ehtimol, bedavo darddan ham xavfliroq odamlar – johil, qahri qattiq kimsalar qarshilik qilmaganida, bu ikki yosh qovushganida Sobir butunlay sog’ayib, to’kis turmushga qaytishi ham mumkin edi-ku! Axir hayotda shu holda ham totuv yashab o’tgan juftliklar bo’lgan. Bundan keyingi hijron ifodasi, kundan-kun tanni yemirib borayotgan xastalik azoblarini o’g’il va Ona bab-baravar tortadi, ikki vujud bir jon –bir tan bo’lib yonadi. Hijron alamlari xuddi mumtoz g’azaliyotimizdagi poyonsiz fig’onlar kabi avj pardalarda aks-sado beradi.

Galdagi lavha bundan-da hayajonli. Marvarid yangi yil arafasida kelishga va’da qilgan edi. Xasta Sobir ma’shuqasini intizorlik bilan kutayotir, ammo undan darak yo’q. O’sha topdagi Ona bilan bolaning mohir rassom gavdalantirgandek unsiz dramatik holatlari tasviri ko’ngillarni zir titratadi. Aniq ko’rib, his etib turasiz: derazadan ko’chaga intizor tikilib turgan Sobirning bir mahal yelkalari silkina boshlaydi, Buvgul xola, ko’ngli vayron holda, o’g’liga tomon talpinadi. Shu payt birdan Sobir Ona tomon o’giriladi. Dunyoning butun dard-alami ko’zlarida jam… Uning qonsiz yuzida yirik-yirik tomchilar dumalaydi. Endi Sobirga hammasi ayon, o’zining uzoq yashamasligini ham, Marvaridning kelmasligini, keltirmasliklarini ham biladi, biladi-yu, onasidan yashiradi, xuddi onasi undan yashirganday… Mashhur “Asror bobo”dagi chol bilan kampirning mudhish sirdan voqif holda, bir-birini asrash niyatida bir-biridan sir saqlash holatini – ko’ngillarni zir titratadigan vaziyatni eslatadigan, ammo taqliddan butunlay xoli noyob badiiy lavha!

O’sha mudhish damlarda Ona vujudini kemirayotgan iztirobni bildirmaslikka harchand urinmasin, o’zini tutolmaydi, bari bir onaligiga borib, o’g’li boshini ko’ksiga bosadi. “Qaynoq ko’z yoshlar endi uning ko’ksini kuydirib, yuragiga tomchilar va undan qon bo’lib, tomirlariga sizib oqardi” deb yozadi hikoyanavis. Bu jumlalarni qalamga tushirish chog’i muallifning qo’li titrab turganligini baralla his etasiz.

Bunday tig’iz san’atkorona chizilgan lavhalarni sharhlash qiyin, har qanday sharh uning asl jozibasini, sehrli ruhini tushirib yuborishi mumkin. Eng muhimi, hikoyanavis personajlarni ana shunday mushkul vaziyatlardan eson-omon olib o’ta biladi. Bu endi chin san’at mo»jizasi.

Qarangki, oshiq yigitning hayot shami o’chay deb turganida ham, hayotga ishtiyoqi, visolga umidi butunlay so’nmaydi. Ajab, endi mavjud hayotda amalga oshmagan visol hayot-mamot yuzma-yuz kelgan damlarda, kechinmalar jazavasi avjida xayolda, tasavvurda sodir bo’ladi. Mashrab qismatini yodga tushiruvchi oshiq yigit taqdirida mo»jiza ro’y beradi, go’yo Mashrab yanglig’ arshning kungurasida yor visoliga erishadi. O’sha visol chog’i Marvarid Sobirga qarata asl muddaosini oshkor etadi; faqat uning yuraginigina sevishini, boshqasi aslo qiziqtirmasligini dangal aytadi. “Boshqa hech bir ayol bunday demagan bo’lardi. Shuning uchun ham uni telbalarcha sevib qoldim-da” deya
onajoniga so’nggi dil rozini izhor etadi. Visol bazmi chog’i Onaizor “Baxtli bo’linglar, iloyim… Qo’sha qarib yuringlar… iloyim”… deya duo qiladi. Shu so’zlarni aytayotganida “Buvgul xola o’kirib yuborishdan bazo’r o’zini tiydi” deb yozadi muallif. Shu lavhani o’qiyotib, o’quvchi ham ayni Ona holiga tushadi.

Tasvir yana zaminga, mavjud hayotga qaytadi. Katta o’g’il, hissiz nodon kimsalar go’yo Onaizorni avaylash maqsadida uni kuni bitgan o’g’ildan ajratishga urinadilar, bu niyat o’tmagach, o’jar kampirni “iymonsiz”ga chiqaradilar. Shunda u “Mening iymonim – bolam!” deya hayqiradi. Nihoyat, o’g’il jon taslim qiladi, onaizorning ustunga suyanganicha “Men yomon qoldim, sen yaxshi bor, bolam” degan so’zlarni duoday ojizona takrorlab turganini ko’rib, yurak-bag’ringiz ezilib ketadi. So’ng bundan-da zalvorliroq holatga duch kelamiz. Pirovardida, onaizor birdan osmonga tikilib: “Odamni ermak uchun yaratib, uni eplay olmay qolganingdan keyin o’limni o’ylab topdingmi?” deya savdoyilarcha shivirlaydi.

Bunday isyonkorona shivirlash aslo taqdiri azal hukmiga nisbatan shakkoklik emas, balki Ona qalbidagi farzandiga bo’lgan ilohiy mehrning so’nggi – yakuniy tasdig’i kabi yangraydi.

Milliy adabiyotimizda paydo bo’lgan bu noyob yangilik – muazzam, mungli mehr-muhabbat qo’shig’i shu tarzda intihosiga yetadi, oxir-oqibat hikoya Ona sha’niga bitilgan qasida kabi yangraydi.

Ma’lum bo’lyaptiki, Zulfiyaning bir vaqtlar tanqidchilikda mensimay qaraladigan, uncha xush ko’rilmaydigan ijtimoiylikdan xoli sof “ko’ngil mayllari nag’malari” talqini adabiy tajribalari yo’lidan borib yaratgan qator hikoyalari, ayniqsa, “Yozsiz yil” o’zining badiiy-ma’naviy ta’sir kuchi jihatidan sof ijtimoiy yo’nalishdagi yetuk asarlardan aslo qolishmaydi.

Adibaning inson sha’nini himoya qilish va ulug’lashdek mo»tabar mavzuni yanada teranroq va ko’lamdorroq yoritish, muammolarning betakror yechimini topish yo’lidagi izlanishlarida omad tilab qolamiz.

2010 yil yanvar`.

Manba: Umarali Normatov veb-sahifasi

Zulfiya Qurolboy qizi
QADIMIY QO’SHIQ
088

055 Zulfiya Qurolboy qizi (Zulfiya Yo’ldosheva) – 1966 yili Jizzax viloyatining Jizzax tumanida tug’ilgan. 1989 yili Jizzax pedagogika institutining o’zbek filologiyasi fakul`tetini bitirgan. “Turmush”, “Yovuzlik farishtasi”, “O’lim hech narsa emas” hikoyalar to’plamlari hamda “Armon asirasi”, “Mashaqqatlar girdobi” romanlari muallifi. Ayni kunlarda “O’zbekfil`m” kinostudiyasida ishlaydi. Hikoyasi asosida “Chaqmoq chaqqan tunda” badiiy fil`mi suratga olingan. “Yozsiz yil” badiiy fil`mining, “Fidoyilar” serialining stsenariy muallifi. Hikoyalari asosida O’zbek davlat drama teatrida “Ayol” spektakli sahnalashtirilgan.

088

«Ana u! Kelyapti! Ana, anavi yoqdan kelyapti. Kara, qaragin. Nimaga to‘xtab qolding? Bormaysanmi oldiga?
— Voy sharmanda! Voy yuzsiz… Anavi yuzsizni qara!
— Tangriga ibodat qilish o‘rniga…
— Ktszim, jon qizim, iymon keltir, tavba qil. Endi u yoqning keragi yo‘q senga. U yoqning yeri ham boshqa, osmoni ham! Olloh iymon keltirgan bandalarining gunohlaridan kechguvchidir. Iymon keltir, bolam, iymon keltir, iymon nuriga chulg‘angaysan!..
— Qiyomat kuni bir tarozu qurilurki, ani beadad sutunlar bila barpo qilishur, Har bir sutunning uzunligi mag‘rib birla mashriqning miyonasiga barobardur. Aning har bir pallasi yer yuziga barobardur. Bir pallasi Arshning o‘ng tarafida tururki, anga savob solinur. Bir pallasi Arshning chap tarafida tururki, anga gunoh solinur.
…kimning tarozusi yengil kelsa, bas, andog‘ kishining onasi Hoviyadur.
— …
Shivir-shivirlarga to‘lgan olam qalbini tilib yuborgan o‘tli xo‘rsiniqni iliq shamol olis-olislarga olib ketdi…»

Sultonmurod yana o‘sha tanish uy — qishloq chekkasidaga xaroba oldiga kelib qolganini mayda yomg‘ir tomchilari yuziga urila boshlaganidan keyin fahmladi: «Nega keldim bu yerga? Axir endi u yo‘q…»
Tomchilayotgan yomg‘ir birdan jalaga aylandi. Momaqaldiroq gumburladi. Qoraygan osmon bag‘rini chaqmoq tilib o‘tdi.
Olam shovqin-suronga, tasir-tusur tovushlarga to‘lib ketdi.
Yigit parishonlik bilan kimsasiz ko‘chada qaqqaygancha turib qoldi, jiqqa ho‘l bo‘lgan kiyimlari og‘irlashib vujudini ezayotgandek, sovqotib qaltirayotgandek yelkasini qisib qunishdi, shusiz ham anchadan buyon parokanda o‘y-xayollari chil-chil bo‘lgan billur siniqlaridek har tomonga sochilib ketdi.
Momaqaldiroq hamon guldurar, tinimsiz chaqmoq chaqar, olam olov ichida qolgandek edi.
Sultonmurod asta ortiga qaytdi. Besh-olti odim yurgach, qarshisidan muyulish chiqdi. Muyulish chetida ulkan tosh qorayib turardi. Yigit shu tosh ustiga cho‘qdi. Horg‘inlik bilan nam toshni silarkan: «Qara-ya, bir bechora o‘tib ketdi-yu, lekin sen bilan men hamon bormiz, yashayapmiz…» deb qo‘ydi sekin.
Shu yerda o‘tirib u nimalarnidir o‘ylab olmoqchi bo‘ldi. O’ylab olish uchun bundan ortiq qulay va xoli yer yo‘qday edi. Ammo… Yigit uch-to‘rt qadam narida shu tomonga qarab kelayotgan Xoliq amaki bilan tegirmonchi cholni ko‘rib asabi buzildi. «Shu yerdayam tinchlik yo‘g‘-a. Allamahalda ko‘chada nima bor ekan bu chollarga?!»

* * *

Bu uy Abdurahmon eshonga tegishli edi. Eshon bir necha yil muqaddam qarib-churib olamdan o‘tdi. Hayhotdek hovlida undan yodgor bo‘lib ikkinchi xotini Shohsanam qoldi. Eshon boboning katta ayolidan farzandlari bor, lekin ular boshqa-boshqa yashashardi. Eshon bobo dinning barcha talablariga rioya etgan holda, to‘ng‘ich ayolini har tomonlama ta’minlab qo‘ygandi. Yolg‘iz Shohsanam…
Darvoqe…
Eshon buva uni — tunda ko‘qqisdan gumburlagan momaqaldirokdan qo‘rqib, yuragi besaranjom urib qolgan navnihol qizni — avval davolagan, yetti kun yetti mahal duo o‘qib sog‘aytirib yuborgan, keyin esa yana duo o‘qib, uni o‘ziga og‘dirib olgan…
Har qalay, odamlarning og‘zidagi gap shunday.
Bu g‘aroyib nikoh haqida el ichida yana bir gap og‘izdan-og‘izga o‘tib yuradiki, bunisi avvalgisidan-da jumboqli. Emishki, eshon buvaning duosidan shifo topgan kizning o‘zi uni yo‘qlab borganmish…
Ilojsiz qolgan ota-ona nima qilsin?..
Bu gap-so‘zlarga faqat bir yigit ishonmasdi, ishona olmasdi. Shu haqda o‘yladi deguncha o‘zini qo‘ygani joy topolmay, keng olamga sig‘may qolardi:
«Bunday bo‘lishi mumkin emas! Mumkin emas! To‘g‘ri, uning tobsiz bo‘lgani rost, lekin hech qachon… Hech qachon! Uni majburlagan bo‘lishlari mumkin. Chorasiz qolib, noiloj rozi bo‘lgandir. Ammo hech qachon… hech qachon! Chunki… chunki… U meni sevadi, meni!»
Bu rost edi. Bu haqda butun qishloq ahli xabardor bo‘lmasa-da, har qalay, teng-to‘shlari ivir-shivir qilib yurishardi.
Darvoqe, bir kech — hali shom tushib ulgurmagan mahal edi — maktab yonidagi yakka tut ostida ularning gaplashib turishganiga Abdurahmon eshonning ham ko‘zi tushgandi.
— Xudo xoxlasa, nikohimizni mana shu kishiga o‘qitamiz, — degandi o‘shanda Sultonmurod yoshiga nisbatan ancha qoruvli, kimxob kamzuli o‘ziga yarashgan eshonning ortidan qarab qolarkan.
Qiz esa uyalib kulimsiragan… Keyin taqdir charxpalagi teskarisiga aylanib ketdi. Sultonmurod yuragini changallab qolaverdi.
To‘ydan keyin Sultonmurod uni bir marta uzoqroqdan ko‘rdi. Juvon ham uni ko‘rdimi-ko‘rmadimi, bilmaydi, ehtimol, ko‘zi tushgandir-u, o‘zini ko‘rmaganlikka olgandir.
Sultonmurod esa bu kunni eslab qoldi. Unuta olmadi. Yanglishmasa, o‘sha kuni chorshanba edi, sanasi ham esida — 12 may, peshin chog‘i edi… Biroq — buni qanchalik istayotgan bo‘lmasin — juvonning oldiga borish tugul, unga tikilibroq qarashga-da botina olmadi. Nima bo‘lgan taqdirda ham endi u qishloq ahlining e’tiqodiga sazovor bo‘lgan taqvodor odamning zavjasi!..
Hamma-hammasini unutmoq istadi. Buning yo‘li topildi — uylandi. Taqdir hazili — kelin Shohsanamga qarindosh edi.
Ammo bari bir huvillab yotgan ko‘ngil mulkiga fayz kirmadi. Yuragini bir alam ezib yotardiki, bunga chidab yashagandan ko‘ra, do‘zax olovida kuyib kul bo‘lgan afzal edi. Kunlarning birida u barcha-barchasiga — uyat-andisha, iymon-e’tiqod — hamma-hammasiga qo‘l siltadi. Va…
Sultonmurod o‘zini eshonning hashamatli darvozasi oldida ko‘rdi: «Undan so‘rarim bor… Nega… Nima uchun bunday qildi?»
Biroq…
Eshikni taqillatishga ham ulgurmadi.
Hashamatli eshik shiddat bilan ochildi.
Ostonada Abdurahmon eshon paydo bo‘ldi. Ular bir necha daqiqa bir-birlariga so‘zsiz tikilib qolishdi. Eshonning nigohlari g‘azab va nafratga to‘la… Oqish, lekin ayni damda gezargan, bo‘zargan chehrasida shafqatsiz ifoda qotib qolgan…
Sultonmurod bo‘shashdi. Allaqanday g‘ayritabiiy kuch qarshiligiga duch kelganday o‘zini juda-juda ojiz his etdi. Boyagi shashtidan asar ham qolmadi.
Asta burilib ortiga qaytarkan, alam va iztirobdan ingrab yubordi…
Shu-shu bo‘ldi-yu, yigit yo‘li tushgan taqdirda ham eshonning ko‘chasini aylanib o‘tadigan bo‘ldi.
«Mana endi undan abadul-abad ayrildim, — deb o‘yladi Sultonmurod. — Endi uni hech qachon olisdan bo‘lsayam ko‘ra olmasam kerak!»
Darhaqiqat, shundan keyin u Shohsanamni uzoqdan bo‘lsa-da ko‘rishdan mahrum bo‘ldi. Chunki…
— Tavba qildim, kariganda yosh xotinga uylangan erkak esdan og‘ib qoladimi deyman-da, — deb qoldi bir kuni Sultonmurodning xotini. — Eshonbuvani aytaman-da. Ostona hatlab ko‘chaga chiqsang oyog‘ingni urib sindiraman, debdi Shohsanam opamizga. Tunov kuni bechora derazadan qarab turgan ekan, Eshonbuva toza ta’zirini beribdi.
Sultonmurod churq etmadi. Ichidan zil ketdi. Ayriliqqa, azob-uqubatlarga to‘la dunyo qad rostladi qarshisida. Biroq yigit tishini tishiga bosdi, chidadi, chunki barbod bo‘lgan dunyo vayronalari ustida shunday ulug‘vor koshona bunyod etgandiki, bu koshonaga istagan yerda, istagan vaqtida kiradi-chiqadi; bu yerda iztiroblardan zada qalbi orom topadi, qiyg‘os gullagan shaftolining yoqimli hidi dimog‘iga urilgandek bo‘ladi, qaynoq, betakror bo‘salar ta’mini tuyadi lablari…
Ittifoqo…
O’sha kuni u ishga kechikibroq bordi. Ertalabdanoq boshliqdan eshitadiganini eshitdi. Buning ustiga hisobot daftarchasi uyda qolib ketibdi. Boshlikdan yana nasibasini oldi. Bu kamlik qilganday, boshliq uyiga borib, o‘sha jin urgur hisobotni olib kelishni talab qildi. Ishxonadan uygacha sakkiz chaqirim, kun issiq; bekatda yarim soat turib ulov poyladi, ammo hadeganda ulovdan darak bo‘lavermadi, asablari o‘ynagan, charchagan, bo‘g‘ilgan bir alfozda poyi piyoda yo‘lga tushdi. Chamasi biror soatlardan keyin u o‘zi yashaydigan ko‘cha boshiga yetib keldi. Shu yerda to‘xtab biroz nafas rostlamoqchi bo‘ldi. Ammo… Oh, mehribon Parvardigor! — shuncha harakat, shuncha zahmat va ko‘rguliklar yolg‘iz Uning uchun, Uni ko‘rish uchun ekanligini o‘sha daqiqada, hatto undan oldinroq ham qaydan bilibdi? Bilganida edi ehtimol… Yo, Qodir egam, tag‘in deng shundoq ro‘parasidan chiqib qoldi! Albatta U yolg‘iz emasdi. Yonida qandaydir bola ko‘targan ayol… Va atigi bir daqiqa, yo‘q, yarim daqiqa, ehtimol soniyaning allaqaysi bir ulushida — bexosdan ularning nigohlari to‘qnashdi! Hamroh bo‘lmish ayol nimadir dedi, lekin Shohsanam eshitmadi. Olam suv quygandek jimjit bo‘lib qolgandi. Keyin yana hammasi avvalgi holiga qaytdi: shovqin-suron, vag‘ir-vug‘ir…
Shohsanam yerga qaragancha yonidan, shundoqqina yonginasidan o‘tib ketdi. Sultonmurod uni anchadan buyon bunchalik yaqindan ko‘rmagan, ko‘zlariga termulmagan edi. Yigitning hayotidagi eng porloq kun bo‘ldi o‘sha kun.
Oradan ko‘p vaqt o‘tmadi.
Abdurahmon eshon to‘satdan bandalikni bajo keltirdi.
Shohsanam beva qoldi.
«Endi u yo bu hovlidan bosh olib ketadi, yo kimgadir erga tegadi, — degan gap topib keldi Sultonmurodning xotini uyiga borib. — Albatta, erga tegadi-da. Tegsayam tegadi, tegmasayam tegadi. Axir yosh bo‘lsa, ovunadigan farzandi bo‘lmasa. Tegadi-da, tegmay qayoqqa borardi? Aytmoqchi, shahardagi amakimizning bultur xotini o‘lgandi. O’rtaga tushsammikin?»
Sultonmurodning yuragi zirq etdi.
Yomg‘ir fasli o‘tdi.
Jazirama o‘tdi.
Sokin va osuda sunbula kirib keldi hamki, Shohsanam na erga tegdi, na qishloqdan bosh olib ketdi. Eshon buvadan qolgan hovlida yolg‘iz o‘zi yashayverdi. Juvonning xaridorlari ko‘p edi. Lekin nima uchundir biror kimsa eshonning ostonasini hatlab o‘tishga jur’at etolmasdi. Shohsanamning o‘zi ham ko‘pchilikka qo‘shilmas, to‘y-ma’raka tugul, aqalli, ko‘cha-ko‘yga-da chiqmay qo‘ygandi.
Tiriklay ko‘milgandek edi go‘yo.
Eshon buvadan qolgan hovli-joydan putur keta boshladi.
— Qarov bo‘lmagandan keyin shu-da! Hamma narsa o‘lda-jo‘lda tashlab qo‘yilgandan keyin shunaqa bo‘ladi! — deya javrardi Sultonmurodning xotini har kech. Beva bo‘lib qolganidan keyin Shohsanam nima uchundir unga yoqinqiramay qolgandi. — Esiz… esizgina shunday uy! Rahmatli eshon buva bo‘lganda… Tavba, qosh-ko‘zini bo‘yashdan boshqasiga yaramaydigan bu ipirisqi xotinning nimasiga uchdi eshon buva?.. Xatto piyovaniyam eplab pishira olmaydigan qo‘li siniq-ku bu!
Sultonmurod esa…
Shu «qo‘li siniq» juvonni bir ko‘rishga mushtoq, rahmatli eshon buvaning ko‘chasidan o‘tishdan o‘zini zo‘rg‘a tiyib yurardi. Axir, ehtimol, chindan ham u uquvsizdir… Lekin… rangpar xushbichim chexra, nozik dahan, tik qomat, ko‘zlar… xuddi bu olamda o‘zidan boshqa hurliqo yashamaydigandek chaqnab boquvchi nigohlar…
Bularni unutib bo‘ladimi?
Yigit faqat bir narsadan xavotirda edi, hatto qo‘rqardi. Bu qo‘rquv tuyg‘usi shu qadar ulkan ediki, uning haybatiga bir qur nazar tashlashga-da qurbi yetmasdi: «U meni unutgan bo‘lsa-chi?!.»
Yil so‘ngida eshon buvaning ruhi-pokiga atab yil oshi berildi. Shundan keyin bir hafta ham o‘tmadi, birdan sovchilar yomg‘iri yog‘ila boshladi.
— Eshon buvaning hurmatini saqlab shuncha kutdik. Endi bir narsa de. Ukam yomon yigit emas.
— Xo‘p, deyaqoling endi, iltimos. Akamning shashti baland, ko‘nmasa opqochib ketaman, deyapti!..
— Bu dunyodan hech kim toq o‘tmagan, qizim. Senam axir bir kun uy qilasan-da, yosh umringni xazon qilmasang-chi.
— Yolg‘izlik azobi yomon. Mana, mening amakim o‘n besh yildan buyon yolg‘iz yashaydi. O’n besh yil-a! Bechora xotini jon berayotganda boshqaga uylanmayman, deb va’da berib qo‘ygandi. Endi bilsam… bosib yurgan ekanman, deydi sho‘rlik amakim.
— Xo‘p desa, kaftimda ko‘tarib yuraman, deyapti akam. Iltimos… hech bo‘lmasa bir og‘iz gaplashib ko‘ring o‘zi bilan.
Dunyo so‘qqabosh erkaklarga to‘lib ketgandek edi. Biroq!
— Yo‘q, dedimmi, yo‘q! — bitta so‘zda turib oldi Shohsanam. Sababini so‘raganlarga tishini yormadi.
— Beshyog‘ochlik kishi yomon odamga o‘xshamaydi, — deya Sultonmurodni yangiliklardan xabardor qilardi xotini bilibmi-bilmaymi. — Shu kishiga tegsa bo‘lardi. Ikkita bolasi bo‘lsa nima qipti? Tayyor dastyor-ku ular. Boshqalarni-ku pisand qilmadi.
Sultonmurod churq etmasdi. Faqat yuzi avval oqarinqirab, keyin qog‘ozga aylanib borardi…
Nazarida xotini «hamma gap»dan xabardor-u atay Shohsanam haqida «xushxabarlar» topib kelayotganday… Bu dahshat! Axir yoningdagi odam ko‘nglingdan nelar kechayotganini sezib tursa… azob bundan ortiq bo‘ladimi…
Oradan ancha vaqt o‘tdi. Kunlarning birida ishdan qaytayotgan Sultonmurodni mashina turtib yuborib yengil jarohat olib, kasalxonaga tushib qoldi.
Shu kuni ertalab havo bulut edi. «Yomg‘ir yog‘sa ehtimol», — deya o‘yladi Sultonmurod zirqirayotgan jarohatiga kaftini bosib. U yostiqdan boshini ko‘tardi deguncha deraza osha tashqariga termulardi. O’sha kuni ham u bir muddat deraza raxiga peshonasini tirab turgandi. Qattiq o‘yga tolganidan vaqt choshgohga yaqinlashganini, bulut ko‘rpasi yig‘ilib, osmonning bir cheti ochilayotganini ham payqamadi.
Bir mahal…
Yo Rabbiy!
«Yo‘q, tush ko‘ryapman, bu tush!..»
Sultonmurod ko‘zlarini yumib-ochdi, ochib-yumdi hamki, qarshisidagi sarob tonggi shudringday yo‘q bo‘lib ketmadi. Ma’yus, mahzun jilmaygan chehra…
— Xudoga shukr…
— Sen?!.
— Ha… Ertalab… boya… eshitdim… eshitib qoldim…
Sultonmurod endi e’tibor berdi. Juvonning yuzi dokadek oppoq, nigohlari xavotirga to‘la edi. U hatto tuzuk-quruq hol-ahvol ham so‘rasha olmadi. Qattiq qo‘rqib ketganida odam shu ko‘yga tushadi.
— Qo‘rqma, — dedi, deya oldi Sultonmurod. — Qo‘rqma…
Juvon bosh irg‘adi.
Bori shu.
Keyin u uzalib, qo‘lidagi to‘rxaltani deraza tokchasiga qo‘ydi-yu ketdi.
Sultonmurod shu kuni kechgacha deraza oldidan nari ketmadi. U entikardi, xo‘rsinardi. Kasalxona darvozasi tomon ketgan yo‘lakka unsiz tikilardi…
Shu kuni u yana bir narsaga iqror bo‘ldi: qalbida yashayotgan tuyg‘u abadiyatda ham ruhini tark etmaydi!
— Nimaga o‘zboshimchalik qilib yuribsiz? — deya so‘roqqa tutdi xotini Sultonmurodning jabrlanuvchi sifatida da’vosidan voz kechganini eshitib, tutaqib ketganidan sira ham o‘zini bosa olmay. — Xayolingizga nima kelsa qilaverasizmi? Xo‘p, da’vo qilishdan voz kechish niyatingiz bor ekan, avval shartingizni aytmaysizmi? Jilla qursa kasalxona xarajatini ko‘tarsayam harna edi-da!
Sultonmurod xotirjam tutdi o‘zini. Xotini gapirganda ensasi qotmadi bu gal. Hatto unga kulib qaradi. Xotini uning yuzi tabassumdan bu qadar yorishib ketganini yaqin-o‘rtada ko‘rmagandi.
«Qanotim bo‘lsa-yu qoshingga uchib borsam!»
Ammo endi u bo‘z yigit emas.
Tangri yorlaqab unda qanot paydo bo‘lganda ham endi uning yoniga bora olmasdi. Bunga iqror bo‘lgani sayin ich-ichidan nimadir ko‘tarilib tomog‘iga tiqilardi-qolardi: «Tangrim…» Shohsanam esa yana uyiga qamalib olgan, tashqi dunyo bilan aloqasini uzgandi go‘yo.
Bir kuni…
Xotini kechki ovqatni dasturxonga qo‘yib, o‘zi oshxona tomonga ketdi. Va zum o‘tib qo‘lida tuguncha bilan qaytdi.
— Sanam opamizning tobi yo‘q emish, — dedi u Sultonmurodning savolchan nigohiga javoban. — Bora solib ko‘rib kelay. Har qalay, bir ildizning tomirimiz…
Sultonmurod taxta bo‘lib qoldi. Og‘zidagi luqmani yuta olmadi. Gapirmoqchi, nimadir demoqchi bo‘ldi, lekin tomog‘iga qiltanoq tiqilib qiynalayotganday bo‘g‘zidan xirqiroq tovush chiqdi, xolos.
Xotini unga g‘alati qarab qo‘ydi-da, indamay chiqib ketdi.
Sultonmurod so‘ri chetini tutdi. Kuchi boricha mahkam ushladi. Hozir kimdir oyoq-qo‘lini chandib bog‘lab tashlashiga-da rozi edi: Yo‘q! Yo‘q! Bu mumkin emas!..
Yarim soatlardan keyin xotini keldi. Rangi oqarinqiragan…
— Sanam opamizning ancha mazasi yo‘qqa o‘xshaydi, — dedi u so‘ri chetiga o‘tirarkan. — Voy Xudoyim-ey… Dard beraman desa oson ekan-da. Bechora… Adoyi tamom bo‘pti!
Ayolning ayolga rahmi keldimi, ahvol jiddiy!
Sultonmurodning ichida nimadir chirt uzildi. Quloqlari shang‘illadi. Xotinining javrashlari uzoq-uzoqlardan kelayotgan tovushdek elas-elas eshitilardi:
— O’zidan ko‘rsin! Hammasiga o‘zi, faqat o‘zi aybdor. Vaqtida er qilganida bu azoblar yo‘q edi. Hali bu kunlar holva. Bu hali azob emas. Haqiqiy azob hali oldinda! Bir kunlar turibdi hali. Qon yig‘laydi, qon!..
Xotini bashorat qilgan halokat yaqinlashib qolgandek Sultonmurodni dahshat bosdi. Ko‘zlarini chirt yumdi. Allazamonlardan buyon qadam tashlashga izn bermayotgan, temir to‘sikdek yo‘liga g‘ov bo‘lgan kuch iskanjasida to‘lg‘andi.
— Men o‘shanda aytgandim, bilganday, ko‘nglim sezganday aytgandim, — hamon labi-labiga tegmasdi xotinining. — Amakimga ko‘nmasangiz, ana To‘ychi muallimni ushlang degandim. Yolg‘iz yashash oson emas. Issiq jon… O’zi meni norozi qilgan odam o‘nglanmaydi!
— Bas qil-l!.. — tishlarini g‘ichirlatdi Sultonmurod. — Bas qil-l!..
— Xa, namuncha…
Xotinining gapi chala qoldi. Sultonmurod kutilmaganda irg‘ib o‘rnidan turdi-yu, so‘ridan sakrab tushdi va ko‘cha eshik tomon otildi.
To‘lin oy teraklar ustida osilib turardi. Allaqanday shovqin-suronsiz, mahzun kecha edi. Sultonmurod shu oqshom muyulish chetida qorayib turgan toshni ko‘rdi. Va ancha vaqtgacha tosh ustida xayol surib o‘tirdi. Keyin bor kuchi-yu irodasini to‘plab, eshon buvaning nurayotgan uyi tomon yurdi.
— Bu hammasi… siqilganimdan… Qo‘rqmang, o‘tib ketadi, — dedi Shohsanam siniqlik bilan. Uning yuzi za’faron, ko‘zlari kirtaygan, ozg‘in vujudi nihoyatda behol ekanligi shundoq sezilib turardi.
Ayol nimanidir yashirayotgandek va buni kulgi bilan pardalayotgandek, hadeb jilmayishga urinardi. Sultonmurod uy ichiga zimdan razm soldi: hammayoq shipshiydam, taxmonda to‘rt-beshta ko‘rpa-yostikdan boshqa qo‘lga ilinadigan narsa yo‘q edi.
Juvon buni sezdi.
— Dori-darmonga deb… O’lsin, qancha dorini ichib yubordim. Bari bir foydasi bo‘lmadi.
O’rtaga zilday sukunat cho‘qdi.
Sultonmurodning nimadir degisi, ayolning ko‘nglini ko‘targisi, shu bilan o‘rtadagi noqulaylikni ko‘tarib tashlagisi kelardi. Lekin hali uyidan chiqmasdan oldin ich-ichidan turgan qaltiroq hamon bosilmagani sababli, sira ham gapira olmayotgan edi.
— Bilaman, mendan xafasiz, — deb qoldi juvon bir mahal. Sultonmurod shuncha urinsa-da, eplolmadi — bo‘g‘zidan og‘ir xo‘rsiniq otildi.
Ayol ko‘z uchida unga qarab turardi. Nimadir deyish lozim…
— Nimalar deyapsan… deyapsiz… Nega xafa bo‘larkanman?..
— Bilmayman, hatto tushuna olmayman o‘zimga-o‘zim… Menga nima bo‘lgan? Xuddi hushim o‘zimda emasday… Mana hozir ham… — dedi ayol o‘ziga-o‘zi gapirganday past ovozda. Birpas jim turdi-da, so‘ng yana dedi: — Ba’zida nimadandir juda bezovta bo‘laman. Xayolimga nimalar kelmaydi? Mana hozir yana… Mendan nafratlansangiz ham arziydi… Men shunga loyiqman… O, yo‘q, yo‘q!..
Juvon yuzini kaftlari bilan to‘sib, ho‘ngrab yig‘lab yubordi. Yuzi bir burda… Barmoqlari qonsiz va nimjon… Qoqsuyak yelkalarida ayanchli titroq… So‘nggi bardosh ham tugadi:
— O’zingdan-o‘zing nimalar deb yotibsan boyadan beri, — deya gap boshladi yigit, go‘yo juda ham oddiy narsa haqida so‘zlayotgandek. — Hali… hali shunaqa bo‘lmag‘ur o‘ylarni o‘ylab, o‘zingni o‘zing kasal qilib yotgan ekansan-da. Men xafa emishman… to‘g‘ri, bir paytlar bo‘lgan… shunday… Lekin keyin… bilsam, sendan nafratlanish tugul, xafa ham bo‘lolmas ekanman…
Biror soatlardan keyin Sultonmurod o‘rnidan qo‘zg‘aldi.
«Buning hammasi yolg‘izlik oqibati… Uni tashlab qo‘ymaslik kerak!» degan qarorga keldi u juvon bilan xayrlashayotib.
Shundan keyin u tez-tez Shohsanamning ahvolidan xabar olib turadigan bo‘ldi. Ayol juda sekinlik bilan bo‘lsa-da, o‘ziga kela boshladi. Uning ahvol-ruhiyasidagi har bir o‘zgarish yigitning nazaridan chetda qolmasdi: «Bugun u yarim soatdan ko‘proq gapirdi, harsillamasdan, xotirjam so‘zladi. Hatto kulgisi ham jaranglay boshladi…»
— Menga turmushga chiq, — deya taklif qildi u kunlarning birida.
— Ilojim yo‘q… — deya pichirladi juvon.
Yigit hayratdan dong qotdi. U ayoldan bunday javobni kutmagandi.
— Nega? Nima uchun? Meni o‘ylayotgan bo‘lsang ko‘p qayg‘urma, hammasini yaxshilikcha hal qilaman.
— Men u yog‘ini o‘ylayotganim yo‘q.
— Nimani o‘ylayapsan bo‘lmasa? Seni bu hoachida nima ushlab turibdi? Na far… Kechirasan!
— Men bandiman…
— Tushunmadim…
— Yaxshisi, shunday yuraveraylik.
— Seni hech kimga ishonmayman. Hatto manavi soqov devorlarga ham…
— Bu devorlar soqov emas. Xar oqshom ular tilga kiradi.
— O’lay agar, so‘zlaringga tushungan bo‘lsam.
— E, qo‘yavering bu yog‘ini. Boyagi gapim gap. Shunday yuraveraylik. Bizni hech kim, hech narsa ajrata olmaydi!
Yigit e’tiroz bildirmadi.
«Balki u haqdir? — deb o‘yladi ichida. — Ehtimol, shunisi ma’quldir…»
Biz reja tuzamiz, ammo tasodif uni barbod qiladi. Kutilmaganda fojia yuz berdi. Ha, bu — tasodif, mash’um tasodif edi. Hatto g‘ayritabiiy sir-sinoat edi. Kutilmaganda sodir bo‘ldi u. Shohsanam yarim tunda qo‘qqisdan gumburlagan momaqaldiroqdan cho‘chib uyg‘ondi-da, chidab bo‘lmas darajada sanchayotgan yurak xurujidan yigirma daqiqa azob cheqdi-yu… omonatini topshirdi-qo‘ydi. Sultonmurod dovdirab qoldi. U hech narsani idrok qilolmasdi. Yo‘q, idrok qilardi, ammo hech narsaga tushunmasdi. Axir shu kecha harorat qirq daraja issiq, havo qurib qolgandek nafas olish amrimahol, barqut osmonda yulduzlar charaqlab turar, qilt etgan epkin yo‘q, lekin butun borliqni, kurrai zaminni larzaga solib, momaqaldiroq gumburladi!..
Yo alhazar!
Yer yorilib ketgudek bo‘ldi-ya!
Dafn marosimidan qaytib, ochiqqanlaridan shosha-pisha ovqatlanayotgan erkagu ayol, odatdagidek, ya’ni boshqa hamma joyda bo‘lganidek, marhuma haqida gapirishdi.
— Tavba, ming marta tavba, shunday qilib ham odam o‘ladimi? Jon berish ham oson ekan-da. Birgina momoguldirak!..
— Yo‘q, bu yerda boshqa bir gap bor.
— Sho‘rlikning yuragi xasta ekan-da.
— E, u bo‘ldi-bu bo‘ldi, nima qilib bo‘lsayam eshon buva zavjasini o‘zining oldiga chaqirib oldi-da!
— Ie, uni qaranglar, parda qimirlayapti!
Sultonmurod ortiq dosh bera olmadi… Azaxonadan chiqib ketdi. To‘shakda ajriqqa ag‘anagandek uxlolmagan yigit allamahalda asta o‘rnidan turdi.
— Qayoqqa? — so‘radi xotin.
— O’zim, shunday…
— Ertalab vaqtli turishingiz kerak, uxlasangiz bo‘lmaydimi?
— Uyqum kelmayapti.
Eshik xiyol g‘iyqillab ochilib-yopildi.
Xotin ko‘rpani yuziga tortdi: «Tavba!»
Kecha oydin edi.
Charaqlagan yulduzlardan yerga kumushrang yog‘du to‘kilardi.
Deraza yonidan o‘tgan yigit birdan taqqa to‘xtadi.
— Sen?!
— Ha, men…
— Axir, sen…
— Keta olmadim!

* * *

«Dunyo shunchalar go‘zal!
Yayrab nafas olib yashaganga ne yetsin… Oy nurida tovlanayotgan yaproqlarning shovullashi qanday ajoyib… Ammo…
Bu dunyoni siz borligingiz tufayli yaxshi ko‘raman.
Siz tufayli!..»

— Qaerlarda yuribsiz? — so‘roqqa tutdi xotin.
— Birpasda yo‘q bo‘lasiz-qolasiz!
— Yomg‘ir yog‘ayotgan ekan. Yo‘l chetidagi tosh ustida birpas o‘tirdim.
— Birpas?! Qaysi yo‘lning chetidagi tosh?
— Muyulishdagi…
— Muyulishda hech qanaqangi tosh yo‘q! Yomg‘ir ham yog‘mayapti! Qachonlardan beri osmondan bir tomchi tushgani yo‘g‘-u… Nega yolg‘on gapirasiz? A, nega? Nima uchun? Hech bo‘lmasa ariqdagi suvga bo‘kib, keyin uyga kelsangiz bo‘lardi!
— Men axir u yerda Xoliq amakini ko‘rdim. Keyin anavi chol bor-ku, oti nimaydi, hah, tegirmonchi…
— Sho‘rim kursin, axir ular allaqachon o‘lib ketishgan-ku!
— Sizga bir balo bo‘lgani rost.
— Bas qilsang-chi!
— Bas qilmayman! Nega endi bas qilarkanman? Men yerda yashayapman, sizga o‘xshab osmonda uchib yurganim yo‘q!
— Insof qilgin, charchadim, birpas mizg‘ib olishga ko‘yasanmi-yo‘kmi?!
— Boring, do‘kondan bir qop un opkeling. Uyda bir hovuch un yo‘g‘-u, bu kishim!.. Qachon bolam-chaqam deysiz?
— E, bor-e!
«Esingizdami, bir kecha tong otguncha uxlamasdan gaplashib o‘tirganimiz? Esingizda, a? Bilardim… Osmon bir boshqa bo‘lib yorishib ketgandi o‘shanda! Oy naq tepamizda turib olgandi. Xuddi bizdan uzoqlashgisi kelmagandek. Iliq shamol rayhon hidini dimog‘imizga urardi… Nazarimda, kecha-kunduz ham, oy-quyosh ham, hamma-hammasining bizga havasi kelardi».
— Chik-chak… Chik-chak…
Sultonmurod cho‘chib ko‘zini ochdi.
Allakim deraza oynasini ohista chertgandek tuyildi. Yostiqdan boshini ko‘tardi.
Xira yog‘du tushayotgan oyna ortida kimdir unga tikilib turardi.
Yigit ixtiyorsiz suratda o‘rnidan turdi.
Xotini qora terga botib uxlab yotardi.
Sultonmurod hovliga chiqdi. So‘ng ko‘chaga…
O’n daqiqadan keyin u o‘zini xaroba oldida ko‘rdi.
Chiroq yoniq turardi.
— Kech kirishini ming azob bilan kutdim… — deya shivirladi juvon uning ko‘ksiga bosh qo‘yarkan.
— Men ham adoyi tamom bo‘ldim. Nega buncha shoshilding?
— Ixtiyorim o‘zimda emasdi.
To‘satdan javondagi idishlar jaranglab ketdi. Qandaydir ko‘rinmas qo‘l idishlarni bir-biriga urib, chil-chil qilayotgandek edi. Juvon xijolatli kulimsiradi.
— E’tibor bermang. Men o‘rganib ketganman…
U so‘zini tugata olmadi. Xonaning allaqaysi burchagidan eshitilgan ovoz juvonning ovozini bosib ketdi:
— Badbaxt! Yaramas! Tavqi la’natimga uchrading! Qiyomat kuni ham seni kechirmayman!.. Ey, badbaxt! Azob farishtalariga topshirdim seni! Alar do‘zax o‘tidin toj kiydirurlar boshingga, qizdirilg‘on misdan libos kiyursan!
Juvon ikkala kafti bilan yigitning quloqlarini to‘sdi.
— Eshitmang!..

* * *

Sultonmurod kimsasiz ko‘cha o‘rtasida turar, allaqachon qorong‘i tushib, yon-beridan odam oyog‘i tiyilganini, uyiga borishi lozim ekanligini fahmlardi, his etardi, ammo oyoklariga tosh bog‘lagandek ularni yerdan uzolmasdi. Bir mahal allakim qo‘lidan tutgandek bo‘ldi. Qattiq seskandi. Uy tomon yurmoqchi bo‘ldi. Shu on oqshom hukmiga o‘tgan borliq bag‘ridan sirg‘alib o‘tgan bir nido quloqlariga urildi: «Sulton…»
Yigit ikkilandi: bu odatdagi ovozga, odatdagi chorlovga o‘xshamasdi.
Tag‘in o‘sha ovoz: «Sulton…»
Yigit garangsigan ko‘yi ovoz kelgan tomonga yurdi: yana o‘sha xaroba!
U tanish yo‘lak bo‘ylab ichkariladi.
Xona zim-ziyo.
Quloqni qomatga keltirgudek sukunat.
Vaqt to‘xtagan, olam nafas olmay qo‘ygandi go‘yo.
— Bu yoqqa o‘t! — degan dag‘al ovoz gulduradi. Qorong‘ilikka ko‘nika boshlagan yigit zulmat qa’ridan o‘ziga qadalib turgan bir juft g‘azabnok nigohlarni his etdi.
So‘ng esa… shiftda osilib turgan oqish sirtmoqqa ko‘zi tushdi. Qaltirab ketdi.
— O’zingni os!
Tosh qotgan sukunatga birdan jon endi: xona shovqin-suronga, shivir-shivirlarga, sarosimali, qiroatli, yig‘lamsiragan ovozlarga to‘lib ketdi.
«— E Xudoyim!
— Yo Rabbiy!
— Boyaqish hali yosh jan.
— Xayriyat, u bizdan emaskan. Men ukam Mirzapo‘latmi deb o‘ylab qo‘rqib ketganimdan yugurib kelgandim. Xayriyat!.. Anchadan buyon betob edi-da…
— Nega menga tirgalasiz hadeb?! Qaerga borsam ko‘zingizni lo‘k qilib turganingiz-turgan!
— Ie, bu Iskandar akaning o‘g‘li-ku! Voy sho‘rlik… Iskandar akaga xabar berish kerak. Tezroq! Tezroq!
— Voy-bo‘y, namuncha… Men bilan ko‘rishmaslik uchun atay poyabzalingizni qo‘lingizga olvoldingizmi? Pastkashligingiz qolmadi-qolmadi-da!
— O’g‘lim!
— Bolam… Bolajonim… Yosh joningga javr qilma! Otasi, unga ayting, bunday qilmasin… Bolam!.. Darvoqe, eshon buva… Eshon buvaning oldiga borishim kerak! Yo Tangrim…»
— Bo‘lsang-chi! Nega ikkilanyapsan? Bo‘laqolsang-chi!
Sultonmurod toshday og‘ir nigohlarini sirtmoqqa qadadi, bir necha soniya undan ko‘z uzmadi.
— Bu juda oson…
Sultonmurod beixtiyor sirtmoq tomon bir qadam tashladi.
« — Oh!
— Voy bechora…
— E, nega dod-voy qilasanlar? Qilgilikni qilgandan keyin jazosini olsin-da! Bundaylarning joyi do‘zaxda!
— Do‘zax shunday joyki!.. Do‘zaxning o‘tidin zarradek olib, uni tog‘ ustiga qo‘ydilar. Bas, tog‘ aning issiqligidin simobdek erib ketdi…
— Yo tavba!
— Tangrim, uni o‘zing yorlaqa!»
Sultonmurod sirtmoqqa qo‘l uzatdi. Qo‘li yetmadi, yetar-etmas bo‘lib, havoda muallaq qoldi. Yana bir qadam… Bexosdan poyabzalining uchi qattiq narsaga tegdi. Munkib ketdi.
— Yo‘q, yo‘q, — degancha ortga tislandi u o‘ziga kelib.
— Qo‘rqma, — deya dalda berdi gulduragan ovoz endi bir oz yumshoq ohangda…
— Yo‘q!
— Bu juda oson…
Shu on bo‘shliq qa’ridan suzib chiqqan sharpa tap tortmasdan dorga qo‘lini uzatdi va… xuddi shunday hech ikkilanmasdan — oddiy yumushni bajarayotgandek — sirtmoqni bo‘yniga soldi. Shundoq Sultonmurodning ko‘z oldida sharpa o‘zini osdi. Boshi ko‘ksiga osilgan… oyoqlari shalviragan… Yuzi esa… Xayratlanarlisi shunda ediki, u sharpaning yuzini aniq-taniq ko‘rdi. Darvoqe, yuz… yuzini qanday edi desa bo‘ladi? Yuzi… yuzi ulug‘ saodatga erishgandek mamnun va sokin edi!
— Nega bunday qildingiz? — deya qichqirib yubordi Sultonmurod beixtiyor.
— Nima qipman?
— U o‘lib qoldi.
— U o‘lgani yo‘q. Yaxshilab qara. Mana u yoningda turibdi. Sultonmurod ko‘zlarini yumib-ochdi: yo alhazar! Sharpa boyagi joyida hech narsa bo‘lmagandek qaqqayib turardi! Yigit aqldan ozayozdi.
— Hozir… Hozirgina u… — deya pichirladi quruqshagan lablari.
— U o‘lgani yo‘q, sirayam o‘lgani yo‘q.
— Aqlim bovar qilmayapti…
— Tasavvur kil, vujud — ulkan chig‘anoq, ruh shu chig‘anoq ichida dimiqib yotgan jonivor. Mana endi u ozod!
Sultonmurod yana sirtmoqqa ko‘z yugurtirdi.
— Bu juda oson…
— Bu juda ajoyib…
— Bu juda oson…
— Bu juda ajoyib…
Tarang tortilgan asablar bo‘shashdi.
Yigit o‘zi istamagan holda, lekin shunga majburdek sirtmoqqa ko‘l yubordi. Shu vaqt…
Birdan yeru ko‘kni larzaga solib, momaqaldiroq gumburladi. Chaqmoq chaqdi. Shamol qop-qora bulutlarni haydab keldi. Deraza sharaqlab ochilib-yopildi.
— Yo‘q! Yo‘q! — degan faryod eshitildi avval. Keyin… Yo Rabbiy!
Chaqmoq yorug‘ida u ko‘zga tashlandi. Mana u! Bor bo‘y-basti bilan. Bu o‘sha!
— Yo‘q! — deya takrorladi u. — Yo‘q! Bunday qilmang! Bu tuzoq… Bu fitna… — juvon yigit poyiga tiz cho‘qdi. — U meni o‘zi bilan olib ketmoqchi edi. U bilan ketsam gunohlardan forig‘ bo‘larmishman. Jannat mening poyimda bo‘larmish! Mag‘firat nuriga yo‘g‘rilar emishman. Shunda buyuk azob kuni yorug‘ yuz bilan chiqar emishman. Aks holda ruhim yorug dunyoda sarson-sargardon izg‘ib yurarkan… Men shunisini tanladim. Dunyoni siz borligingiz tufayli yaxshi ko‘raman! Qarang, shaftoli qiyg‘os gullabdi…
Kutilmaganda xona ichi yorishib ketdi. Sultonmurod hayrat og‘ushida juvonga boqdi. Sirtmoqqa uzalgan qo‘llari bo‘shashdi…
Ertalab uni xarobadan hushsiz holda topishdi. Tushgacha u qishloq kasalxonasida yotib, nihoyat hushiga keldi. Ammo… yigit tamomila aqldan ozgan, telba edi.
«— Yo tavba, men ilgari ham bunday voqeaga guvoh bo‘lgandim.
— Qachon?
— Million yil avval…»

Manba: “Yoshlik” jurnalining 2010-yil 9-sonidan olindi.

034

(Tashriflar: umumiy 1 569, bugungi 2)

Izoh qoldiring