Usmon Azim. Ikki hikoya.

06

     Мен бу ҳикояларни  олис 1991 йилнинг ноябрида ўқиган эдим… Ўша пайтлар Тошкентда автотранспорт хизмати умуман ишдан чиққан, соат кечқурун 8-9 бўлмай Спутникка етиб бориш амримаҳол бўларди. Гоҳ-гоҳ Чорсу бозори биқинидаги Аброр Ҳидоятов театридаги бўладиган улфати чор давралар чўзилиб,уйга етиб боролмаслигим аниқ бўлгач,театр бош режиссёри Баҳодир Йўлдошевнинг хизмат хонасида тунаб қолардим. Баъзан уйқум келмай,хонадаги Баҳодир акага тегишли шкафдаги китоблару журналларни титкилаб,маъқулини мутолаа қилардим. Усмон аканинг уч ҳикоясини ҳам ўша хонада тонггача ўқиб чиққанман. Ўша  пайтгача фақат шеърини ўқиганим учунми, Усмон аканинг ҳикояларини жуда қизиқиш билан ўқиганим,ўқиб бўлиб ҳайратга тушганим ҳали-ҳануз ёдимда..

Хуршид Даврон

09
Усмон Азим
ИККИ ҲИКОЯ
07

ҒОЗ

Алпомиш чоҳга тушганини биласиз. Чоҳга ярадор ғйз қулаганини ҳам биласиз. Ғозни отолмаган шакаман мерган ору номусдан юрак бағри эзилиб йиқилганини ҳам биласиз. Алпомиш ғозни даволаб, қанотига хат бойлаб, юртига элчи қилиб учирганидан ҳам хабарингиз бор. Ғоз яна мерган кулбаси устидаги тоғнинг бошига қўниб, қанғиллаганидан ҳам, касал ётган овчи қўлига ёй олганидан ҳам, шу ғоз ўлса Алпомиш хор, Қўнғирот эли зор бўлишини худо кўнглига солган мерганнинг энаси «ҳай-ҳай»лаб қушни учириб юборганини ҳам эшитгансиз. Алпомиш юртига қайтиб, Барчин ерига тасаллилар айтиб, Ёдгор ўғлини бағрига босиб, Қўнғиротнинг кўнглини ёзиб ўтганини ҳам қулоғингиз илиб қолган.

Аммо ғозни отолмаган шакаман мерганнинг ҳоли не кечди? Билмайсиз.

Ўз боласини балога топшириб, ғозни учирган бечора кампир бемор фарзандининг бошида қандай кун кўрди? Билмайсиз…

Мана энди биз ана шу билмаганингиз ҳақида ёзамиз. Одатимиз шунақа — биров гапирганини қайтариб юрмаймиз. Зерикманг, деймиз-да, гапдан чарчаган дунёнинг гапдон болалари!..

Хуллас, биздан эшитинг.

Кампир «ҳай-ҳай»лади. Ўқ тегмади. Ғоз бир айланиб, ўтакаси ёрилиб, «Бойсун-Қўнғиротга етгунча, қанотимни толдирма», деб тангрига ёлвориб, баландлаб учиб кетди. Мерган куни етганини сезди — «енамки ғозни мендан авло билди, паймонам тўлган экан, гулим очилмай сўлган экан», деб оҳ уриб, олам кўзига қоронғу кўриниб, тўшакка етмай йиқилди. Кампир бечора «воҳ, боламилаб, ўзини фарзандининг устига ташлади, кўзларини ёшлади.
— Болам,— деди кампир,—қаддингни кўтар, ҳали бу тоғнинг бошидан села-села ғозлар ўтар, истаган ғозингни отиб олишга кучинг етар…
— Эна, мен сезиб турибман, бу ғоз қайтмайди. Менга бошқа ғознинг нима кераги бор? Отган ўқим хато кетмаган мерган эдим. Энди ор-номус мени омон қўймайди… Ҳай, эна! Нодон эна! Бир ғозни фарзандингга раво кўрмадинг — мени ўлдирган асли сенсан.

Мерган шундай деб бўзлади, бечора энасининг жигар-бағрини тузлади. Кампир йиғлаб ичкари кириб, ташқари чиқяпти, боласининг бошида ўргиляпти, дили вайрон, тақдирнинг ногаҳон зулмидан ҳайрон, ўғлига, балки ўзига мадад бериб сўзлаяпти:
— Болам! Жоним болам! Мен ҳам худонинг бир куйган бандасиман. Оллоқ кўнг-лимга солди… У ғозсиз кўп ёмон бўларди, Бойсун-Қўнғирот томом бўларди, Алпомиш чоҳда қоларди. Барчинни Ултонтоз, оларди… Бир юрт йўқ бўларди, жон болам! Аммо сенсиз менга бу дунё қоронғу! Оллоҳдан бир умрингни сўраб олмасам, энанг бўлиб нима қилдим,— деб йиғлаяпти.

Мерган кун сайин кучдан кетиб, қоқ суяк бўп қоляпти, сўнгги куни армонда — Азроилнинг шарпасини сезиб боряпти… Ор-номус учун ўладиган замонлар ҳам бўлган-да, биродарлар!

Кампирнинг қилмаган давоси қолмади. Бир қўйи бор эди — чилтонларга бағишлаб, сўйиб, элга хом талаш этди. Париларнинг жодуси кесилсин деб, бир товуғининг қонига пахта булаб, фарзандининг бошидан айлантирди. Қирқ мулла чақириб чилёсин ўқитди. Нафаси ўткир бир парихонни келтириб, бир парча пўстакка дам солдириб, бўсағага кўмди. Беморни қоронғи хонага қамаб, чироқ ёқди. Самандар кўсани топтириб келиб, жар солдирди… Бемор ўзига келмади.

Қирқ дарадан нарида Бўлган кал дегич бир фолчи бор эди. Зўр эди — ўтиргандан қирқ юрим, югургандан қирқ турум топарди. Бировнинг исмини эшитса, умрини маталдай айтиб, худо буюръмаган касалларга умрини қайтиб бераверарди.

Кампир шу кални топиб борди. Қирдан фолчининг уйига тушиб келаверди… Кал капасидан чиқиб кампирга бақираверди:
— Қайт! Кампир, қайт! Мен фол очишни ташлаганман! Қайт келган йўлингга деяпман! Қайт!
— Бўлган иним! Минг афсунга тўлган иним! Боламнинг дардига даво излаб, қошингга биядай бўзлаб қ«ляпман! Қайт демагин! Жонимни олсанг ол! Молимни олсанг ол! Фақат беумид қайтарма…

Шўрлик кампир калнинг капасига яқин келолмайди — бетда туриб зориллаяпти, бечора Бўлганни ҳам бир билгани бордир-да, кампирни яқин келтирмайди.
— Молингни ололмайман — талончи эмасман, жонингни ололмайман — тангри эмасман… Кампир! Қайт! Мениям қийнайверма!.. Фол очишни ташлаганман… Очган фолим тескари чиқяпти. Фақат тангридан умид кут.
— Ҳеч бўлмаса бир сирни айт, Бўлган иним. Мен худога нима ёмонлик қилдимки, ёлғиз боламни, кўзимнинг оқу қорасини бедаво дардга дучор қилди?
— Кўзимни ёшлатма, кампир! Сўраб нима қиласан? Сен фидойилик қилдинг! Бу дунёда фидокорнинг иши оғирдир… Энди қайтавер, кампир! Бошқа бир сўз айтмайман. Ҳаммамиз ҳам бандамиз — худо бошимизга нимаки солса, сабру тоқат билан қабул қилишдан бошқа иложимиз йўқ…

Кампир билдики, бу кал бошқа ҳеч нарса демайди. Кўнгли алағда, бечора, яна боласининг қошига қирқ дара ошиб, ҳаллослаб чопиб келди. Мерганнинг қирқ жонидан йигирмаси узилган, ранги заъфарон — қони бузилган, «армонда кетар бўлдим», деб шифтга қараб ётибди. Энасининг келганини сезиб, бурилиб қаради… Биродарлар! Одам дегани жон чиққунча умид қилаверар экан — мерган энаси бир хушхабар олиб келадигандай тикилди. Кампир ерга қаради: худо шифо берса, отдай ўйноқлаб кетишини айтди.

Кампир сўлаётган ўғлига қараб, чидаб туролмади. Итни сўйиб, гўштидан шўрва қилди. Суварак емаган дашт кирписининг қонини ичирди. Ҳаммасини йиғлаб-йиғлаб, «бечора болам»лаб ўзи сўйди, ўзи пиширди. Тоғ бошига ғозлар қўнганда, «ўша ғоз» келганини айтиб, фарзандини алдаб кўрди — мерган қушларнинг овозига бир дам қулоқ тутиб турди-да, «йўқ» деди, қовжираган лабларини аранг қимирлатиб.

Энди кампир Луқмони Ҳакимни дараклаб жўнади. Қирқ кун йўл юрди, қирқ тоғдан, қирқ чўлдан ўтди, Бир кун қараса, соқоли белига тушган бир мўйсафид ўту ўланлар билан гаплашиб келяпти. .
— Сен, жирғаноқ, шарбат бўласан… Қариқиз, сен касалларни терлатасан… Юлғин, писмиқ, нега яшириняпсан? Ариларга асални кимберади, тентак! Афсонак! Заҳарлиман деб хафамисан? Заҳринг ҳам дори-ку! Ўсавермайсанми?..

Кампир чолга эгилиб салом берди. Чол унга бир разм солиб қаради-да:
— Нега менга эгилдинг, одамларнинг улуғи?—деди оғриниб.— Аксинча, мен сенга таъзим этмоғим даркор эди. Мен ҳаётимда мингта, мақтаниб айтсам, ўн мингта одамни ҳаётини сақлаб қолдим. Сен бўлса… Э-ҳе!..

Чол кампирнинг ҳақиқий улуғворлигини кўрсатмоқчидай, икки қўлини ёйиб бутун дунёни кўрсатди. Бечора кампир чидаб туролмади — Луқмони Ҳакимга умид билан тикилиб, пойига йиқилиб, ёшига ёқаси ҳўл бўлиб, хунобаси мўл бўлиб изиллаверди.
— Мен қайдан улуғ бўлай, Луқмони Ҳаким! Бир боламнинг дардига даво тополмасам…

Луқмони Ҳакимуни ердан кўтарди, ёшини артди, сочларига илашган хасларни отди.
— Бир юртга дориломонлик берган одам улуғ бўлмай, мен улуғ бўлайми, кампир! Кампир яна изиллаб ёлворишга тушди:
— Агар мен улуғ бўлсам, боламнинг дардига даво топиб бер, эй, Луқмони Ҳаким! Илоё бу дунёнинг ёмонидан ёмон яшай! Фақат болам армонда кетмасин!..

Луқмони Ҳаким оғир ўйга толди.
— Сен олам кўрмаган фидойилик кўрсатдинг,— деди у ниҳоят, чуқур хўрсиниб.— Энди чидамоқдин бошқа йўл йўқ. Чида, кампир! Неки бошингга тушса қаноат эт!.. Э, фалак!..

Луқмони Ҳаким бир «оҳ» урдию яна ўт-ўланалар билан гаплашиб, дала-даштни оралаб кетаверди.

Кампир яна боласининг қошига чопқиллаб жўнади. Қирқ кун йўл юриб, қирқ тоғдан, қирқ чўлдан ўтиб етиб келди. Боласи яна умид билани бош кўтариб қаради. Кампир йўлдан териб келган ўтларини фареандига кўрсатиб: «Луқмони Ҳаким бериб юборди», деб хурсанд қилиб, қайнатиб ичирди — мерган ўзига келмади. Танида таранг тортилган ҳаётнинг ришталари чирсиллаб узилиб кетаётганига қулоқ тутиб, тақдирга тан бериб, жимгина ётаверди. Кампир эшикка чиқади— йиғлайди, ичкари киради — кулади, «аҳволинг анча тўзук» деб, тасалли берган бўлади. Аммо ўзининг тинчи йўқ. Ажал эшикни очса — эшикдан, очмаса — тешикдан кирадигандай…

Кампир ўйлаб-ўйлаб, Бойсун-Қўнғиротга — Алпомишнинг ҳузурига жўнади. Боласининг азобида эси ўзида йўқ — неча вақт йўл юрганини билмайди — балки кундир, балки йилдир… Кампир Асқар тоғдан чиқиб, пастга қаради. Қирқ минг уйли Қўнғирот қирқ минг оқ ўтов тикиб, қирқ минг сурув қўйини яйловда яйратиб, ҳар ўтовнинг олдида ўн тулпорни бойлатиб, тўй қилиб — бахшиларни сайратиб, омон-омонликда, хушбахт замонликда умр кечиряпти. Кампир Алпомишнинг қирқ қанот ўтовини чангароғига осилган яшил байдоқдан билди. Тоғдан тушди-да, ясовуллару баковулларнинг ёнидан шамолдай ўтиб, юрт сўраб ўтирган Алпомишнинг қошига борди.

Биродарлар! Алпомиш ҳам тек йигит эмас эди, кампирнинг кимлигини дарров билди — икки қўли кўксида, «хуш кўрдик, эна», деб кулиб, мўйловининг бир четини тишлаб, кўнглини хушлаб пешвоз чиқди.
— Бир хизматга келдим,— деди кампир.
— Минг хизматингиз бўлса ҳам, бажо бўлади, эна!— деди Алпомиш.— Тиланг! Кампир эзилиб, унсизгина йиғлашга тушди. Аркони давлатга аралашиб юрган

Ойбарчин эсли хотин эмасми, чопқиллаб келиб кампирни белидан олиб, устига атлас кўйлак ёпиб, тўрга ўтқизди — ҳол сўради.
— Қўнғирот эли!—деди ўзини босиб олган кампир ўтирганларга қараб.— Менинг кимлигимни биласизларми?
— Сиз элчи ғозни ўлимдан қутқазган халоскоримиз бўласиз! — деди ҳамма бир оғиздан.
— Шу ғозни отолмаган мергангина бир болам ор-номусда куйиб-қоврилиб, бу дунёдан соврилиб кетяпти… Шу боламнинг дардига даво топиб беринглар, деб келдим…

Ҳамма жим қолди. Нима қилишсин? Ўлимдан бошқа ҳамма нарсага даво бор… Аммо ўлим…

Барибир Алпомиш мард эди, биродарлар! Кампирни армонда ёлғиз қўйгиси келмади. Қўнғирот қайтиб Қўнғирот бўлишига сабабчи бу ҳалол кампирни ўлим уқубатига қандай қилиб юзма-юз қўйсин?
— Эна,— деди Алпомиш бир тўлғаниб,— менинг ҳам биргина ўғлим — кўзимнинг оқу қораси, ҳаётимнинг маъноси Ёдгорим бор. Шуни олиб кетинг. Сиз туфайли менинг юртим омон қолди, Ёдгоржоним туфайли сизнинг фарзандингиз ҳам соғайиб кетсин. Шу боламни хайри худо йўлига буюрдим…
— Йўқ… — деди кампир кўздан ёши селоб бўлиб.
— Олинг, эна! Ёдгор ўша ғоз тоғ устига чиқиб, ўзини ўғлингизга атаб қурбон қилади. Иншооллоҳ, болангиз тузалиб кетгай…

Алпомиш аркону давлатнинг қуввати бўлиб ўтирган Ёдгорбекка назар ташлади. Ёдгорбек падари бузурукворига қуллуқ этиб, хизматга тайёр эканлигини билдирди. Барчин келиб, ўғлининг бўйнига осилди.
— Эли учун қурбонлиққа арзийдиган шўрлик болам!— деб айтиб йиғлаб бошлади. Алпомиш кўзларида қалққан ёшларини тийиб, бир кескин ишора қилди. Ўртага сукут чўкди. Ёдгорбекни пешонасидан ўпди.
— Бор, болам,— деди сўнг у — Қўнғирот ҳар кимдан қарзини узиб юрмоғи ло-зим… Бор, ёлғизим! Бор, Ёдгорим! Юртингни қарзини уз!—Кейин кампирга юз-ланди:—Эна, энди жўнанглар! Илоё фарзандингиз шифо топсин!

Энди кампир бу марду майдонликнинг олдида лолу ҳайрон, юрак-бағри вайрон бўлиб ўтириб қолди. Узоқ ўтирди. Кейин нимадир эсига тушиб, юзи ёришди.
— Қўнғирот аҳли!— деди у.— Мен бир муштипар кампир эсам-да, сиз айтган йўлга юролмайман. Фарзанд доғи нима эканлигини мен бечора билмасам, ким билсин! Ёдгорбекни ҳам қўйинглар — Барчиннинг бахтига соғ-саломат яшайверсин! Фақат бир илтимосим бор. Ҳозир ҳаммангиз чин кўнгилдан худодан тилангки, менинг ҳеч бўлмаса биргина зорим яратганнинг қулоғига етсин!

Қўнғирот эли гуриллаб, яратганга ёлвориб, дўо қилди. Кампир йўлга тушди. Алпомиш кампирни тўхтатиб, Бойчиборга миндирди. Ёнига қирқ йигитни қўшди. Уйигача элтиб қўйишни тайинлаб, хўшлашди…

Кампир билан қирқ йигит ғоз қўнган тоққа етганда, кампир Бойчибордан тушди, жиловини қирқ ботирдан бирининг қўлига тутқазди. Йигитлар «касал ётган жўрамизни кўриб қайтамиз», деб ҳарчанд уринмасинлар, уларни Бойсунга жўнатди. Ҳайҳотдай тоғнинг бошида бир ўзи мунғайиб қолди.

«Худойим! Менинг ноламга ҳам бир бор қулоқ срл! Ҳеч бўлмаса, Қўнғиротдай бир юртнинг дуосини инобатга ол! Сочим супурги, қўлим косовликда умрим кечди. Бир фарзанд ўстирдим. Бир тақдир қушини ўлимдан сақлаб қолдим. Энди болам ўладиган бўлиб ётибди. Тоғдан пастга тушолмай турибман. Қўрқаманки, мени бенажот қайтганимни сезган болагинамнинг бу дунёда қарори қолмайди… Худойим! Ўзинг қўллагин! Раҳмат нурин бошимдан соч. Мени ғозга айлантир-да, кейин инон-ихтиёримни ўзимга бер!.. Худойим!..»

Кампир тўсатдан ҳавонинг бир бўлакча тўлқини уни туртиб ўтганини сезди. Баданига ажабтовур вижирлаш кирди. У ўзининг ғозга айланганини кўриб, қувончидан, ғақиллаб сайраб юборди.

Ғознинг қичқириғи мерганнинг қулоғига етди. Таниди — ўша ғоз! Қувониб, қайта-қайта ғанқиллаб турибди. Оҳ, келаркансан-ку, армонларда ўлдирган ёлғончининг ажал-берди ғози! Келаркансан-ку!… Мерган ёнида беега ётган ўқ-ёйини олиб, тоққа томон жўнади. Аммо касаллик қуритган танда куч қайда? Уйининг остонасидан чиққанида йиқилди… Энди ғозга етиш гумон. Ҳай, эсиз дунё! Насиб этмаган экан-да… Аммо худо йигитнинг омадини берса, нималар бўлмайди! Ғоз ўйнаб-ўйнаб, сайраб-сайраб учиб, ўқ етар жойга келиб тўхтади. Мерган қўлига ёйни, садоқдан ўқни чиқариб ғозни мўжалга олди. Бироқ касалликдан нури қочган кўзи тиниб, бўшатган ўқи ғоз устидан — икки терак бўйи баланддан ўтиб кетди. Аттанг! Ўладиган қул шундай бўлар экан-да!.. Аммо ғоз яна ўйин кўрсатди. Ҳавога бир баландлаб учди-ю, қанотларини озод ёйганича сузиб келиб, мерганнинг шундоқ қаршисига қўнди!

«Худойим! Менга меҳринг шунчалар мўлми? Жувонмарг кетишимни истамаган тангрим! Ўзинг мадад бер!..»

Мерган бор кучи билан ёйни тортиб, ўқни бўшатди. Ўқ ғозни туйраб ўтиб кетди. Мерган бирдан касалликдан халос бўлиб, ўрнидан сакраб турди. Югуриб ғознинг ёнига борди. Қуш ҳали жон узмаганди.
— Эна!—қувончини ичига сиғдиролмай қичқирди мерган.— Қаердасан! Ғозни отдим! Эна! Соғайиб кетдим! Эна!..

Қуш бу қичқириқдан ногоҳ кўзини очди. Қанотларини толпинтирмоққа уринди. Мерган ғознинг кўзида ажабтовур бир шодликнинг шарпасини кўриб, қичқиришдан тўхтади.
— Эна!— деб қичқирди у энди хавотирланиб.

Қушнинг қанотлари шалвираб тушди. Шодликнинг шарпаси эса аллақандай совуқлик бостириб келаётган қовоқлари остига ботди.
— Эна…

Ҳеч ким жавоб бермади. Ҳикоя тугади.

Фақат, биродарлар, бир илтимосимиз бор: ғоз кўрсаларинг отманглар! Ким билсин, балки, элчи қушдир, қим билсин, балки бировнинг онасидир… Шунақа гаплар.

БИРОВНИНГ УМРИ
Ҳикоя

Чаганада ғаройиб одамлар кўп. Аммо Панжи полвон ғаройибларнинг ҳам ғаройиби. Масалан, байрамларда марказдаги ягона кўчадан қулфу яшил кийиниб, алвон туғлар кўтарганча, жамоа-жамоага бўлиниб, аскарларга хос сафларга тизилган бахтиёр намойишчиларнинг хуррам кайфиятларига мос тушмаган ишлар қилади. Яъни, тахтадан муваққат ясалган минбарда Москвадаги раҳбарларга тақлид қилиб, қаддини ғоз тутганича, долзарб шиорларни сидқидилдан ҳайқириб ўтаётган одамларга шляпасини виқор билан силкитаётган райқўм котибининг нақ қаршисига — кўчанинг нариги бетига туриб олади-да, ўзича ўйлаган хайрли ишини бажаришга киришади.
— Пулини сандиқда чиритаётган Чагананинг бойлари! Топганини кўчага сочадиган марду майдон ҳотамтойлар! Чўнтагидаги пулни хотинидан ҳам яхши кўрадиган азиз қуримсоқлар! Бошимизда соябон бўлиб турган райқўму ижроқўмнинг халқпарвар ходимлари! Билиб қўйинглар, беш бармоқ тенг эмас! Сиз байрамда кайфу сафо этаяпсиз, аммо кимнингдир уйида нони ҳам йўқ. Сиз байроқ кўтариб, ҳайқириб юрибсиз — кимдир қизига калиш ҳам олиб беролмайди. Саховатли бўлинглар! Ҳиммат кўрсатинглар! Ҳамма топганича… Мана, Панжи полвондан икки юз сўм!..

У қўлидаги иккита юз сўмликни боши узра кўз-кўз қиладида, сўнг қўлидаги қизил алвонга ўралган қутичанинг тирқишига тиқади. Намойишчиларнинг мустаҳкам сафида парокандалик пайдо бўлади, кимдир анграйиб тўхтайди, кимдир унга урилади, кимнингдир оёғини кимдир босади, кимнингдир туфлиси тушиб қолади, у туфлисини топгани сафларни ёриб орқага ҳаражат қилади… Қаторлар бузилади, шиорлар бесаранжом қалқийди, қизил байроқ райқўм котибининг юрагига қўрқинч солиб, таҳликали эгилади. Аммо котиб, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини йўқотиб қўймайдиган давлат кишиларига хос бамайлихотирлик билан меҳнаткаш халқни қутлашда давом этади — фақат энди шляпасини инструктор Мингтўраевга тутқазади, шляпасиз қўли бир қанот қушнинг қанотидай ҳавода ажабтовур манзара ясаб силкинади. Полвоннинг чақириқлари эса авжга чиқади. Аралаш-қуралашган намойиш уялинқираб оқишда давом этади.
— Чаганада саховат нима қилсин!—ҳайқиради Панжи полвон. Унинг кенг кўкрагидан завқ билан отилиб чиқаётган забардаст овози микрофонда ўзича нималарнидир сайраётган маданият бўлими бошлиғи Саломатовнинг овозчасини намойишчиларнинг қулоғига етказмасдан, ҳаводаёқ парчалаб ташлайди.
— Ўтаверинглар!.. Ўтаверинглар! Барибир Чаганани хасисларнинг юртига айланти-риб қўёлмайсизлар! Панжи Полвон ўлмаган экан…

Энди одамлар чидаб туролмайди. Биринчи бўлиб Фурқатов домла Полвон тарафга юради. Либослари тоза — худди ҳозир Париждан келгандай. Юришида меъёрдан ошиқроқ виқор бор. Фурқатов аллақандай таъзимга ўхшаш ҳаракат билан Полвоннинг эҳсон қутисига қўл чўзади. Аммо бу чаганашумул воқеанинг ташкилотчиси домланинг хайру садақасини бутун кўчага эълон қилмаса кўнгли тинчимайди.
— Одамлар! Кўриб қўйинглар! Фурқатов домладан йигирма беш сўм!.. Пулдорларни ўлдирдингиз! Яшанг, домла!

Домла таъзимга ўхшаган ҳаракатини яна виқор билан бажо этади-да, шиорлару туғларини кўтарганча сочилиб қолган жамоасига қўшилади. Энди Панжи Полвоннинг ўйиб-ўйиб олаётган масхарали ҳайқириқларига чаганаликлар чидаб туролмайдилар. Одамлар Полвоннинг қутисини тўлдиришга, бу атрофда бирорта ҳам бечора қолдирмасликка қатъий бел боғлашади: бирин-кетин намойишдан узилиб чиқа бошлайдилар…
— Ҳасан сартарошдан беш сўм! Умар газчидан уч сўм! Дўхтирдан ўн беш сўм… Полвон хасислик занжирларидан озод бўлган ҳамшаҳарларининг исму шарифларию, лақабларини илҳом билан жаранглатиб тураверади. Унинг атрофида одамлар борган сари кўпаяётганини кўриб турган райқўм котиби сўнгги чорани қўллашдан бошқа илож қолмаганини доно раҳбарларга хос ҳушёрлик билан пайқайди. У милиса бошлиғини чақириб, Полвонни кўчадан бадарға этмоқни буюради, деб ўйлаган ўқувчилар худди шу ерда катта хатога йўл қўядилар. Чунки, Чагана милисасининг жами жанговар таркиби ҳам Панжи Полвондай давраларни бойлаган номдорга бас келолмаслигини котиб яхши билади. Яна… Котиб бўла туриб эл-юрт олдида хасислик қилиш сал… уятлими-эй! Котиб чўнтагини ковлаштириб, инструктор Мингтўраевга ниманидир чўзганини ҳамма кўради. Аммо чаганаликлар одобли халқ — сезишганини ҳатто кўз қири билан ҳам билдиришмайди. Мингтўраев пленумларда кўрсатадиган енгилу чаққон юришини му-каммал намоён қилиб, бироз букилганича Полвоннинг қаршисида пайдо бўлади. Сирли жилмайиб, полвонга пинҳон гапи борлигини билдиради. Полвон пакана инструкторнинг оғзига қийналиб энгашади. Сўнг тавозе билан қутичани тутади. Мингтўраев қутичага пул ташлайди-да, минбарда қўл силкитишни ҳам унутиб, уларни кузатиб турган котибдан имо кутганича туриб қолади. Котиб инструкторнинг буйруққа иштиёқманд нигоҳини бежавоб қолдириб, қўлини мушт қилганича Полвонга қараб ёлғондакам пўписа қилади. Полвон озроқ эркаланиб, қўлини кўксига қўяди-да, кечирим сўраган бўлади…

Намойишдан кейин Полвон уч киши гувоҳлигида қутини очади. Пулларни санатади. Акт туздиради. Сўнг қўйнидан икки буклоқлик қоғозни олиб, ўзича тузган бечораҳол оилалар рўйхатини уларга кўрсатади. Демократияга амал этиб, бошқаларнинг таклифларини ҳам инобатга олиб, ўзгартиришлар киргизади… Сўнг пулни тарқатишга жўнайдилар…

Полвоннинг бундан ҳам бошқа антиқа одатлари бор. Хўш… Тўйда кураш бўляпти, дейлик. Қорамурутнинг полвонлари давранинг бир четида атайлаб қунишиб ўтиришганини ҳам тасаввур қилинг. Чаганаликларнинг «калиш-палиш» полвончалари ўйин кўрсатяпти. Навбат «улоқ» полвонларга текканда қорамурутликларнинг бири ўйнаб чиқади-да, чаганаликни олгандан ташлайди. Бироқ дунё ҳали чаганаликни беҳимоя этиб қўйгани йўқ! Бўз болалардан бири ҳовлиқмасдан бориб, баковулларнинг олдига тиз чўкади. Дуо олиб, майдон айланади. Уч қафас олмасдан рақибининг елкасини ерга теккизади. Кураш шундай давом этаверади — гоҳ у ғолиб, гоҳ бу… Охири Панжи Полвон қорамурутликларнинг «ҳўкиз кўтарган» паҳлавони билан обрў талашгани Алининг майдонига чиқади… Иккови ҳам даврани босиқ айланадилар. Бир неча бор қўлларини силкитиб, бир-бирларига яқинлашадилар-да, яна ажралиб, жонлари танларига сиғмагандай ўйноқлаб кетадилар. Панжи полвон югуриб келиб, халқнинг қаршисига тиз чўкади. Халқ гувиллаб дуо беради. Паҳлавонлар бир-бирига усул ишлатолмай уч-тўрт бор ёқа ушлашадилар. Бирдан халқ полвонларга қўшилиб, вужудларидаги зўриқаётган ғайратни бўғзиларда ушлаганча тош қотади.
— Ё Али!..

Халқнинг кўксидаги кувонч гурроси ҳавога минглаб кабутарлардай учади. Панжи ўзини осмонга отади. Ўйноқлаганича давра айланиб қувончини ҳаммага улашади. Мағлуб йиқилган жойидан оҳиста туради. Ғолибнинг қувонч рақсига алам билан қарайди. Шунда Панжи бирдан ҳовридан тушиб, унинг ёнига самимий бир жилмайиш билан келади. Қучоқлайди.

Кечқурун қорамурутлик полвонлар Панжининг уйида меҳмон бўладилар.

Чаганаликлар ғолиб чиқишни яхши кўришади. Баъзан қорамурутликларнинг полвони Ҳазрати Али унга ҳам пир эканлигини кўрсатиб қўяди. Давра сув сепгандай жимиб қолади. Баковуллар ғарибсиниб бир-бирлари билан кўз уриштириб оладилар. Томошабинлардан бири алам билан: «Ҳаром!» деб бақиради. Бирдан ҳамма қорамурутлик полвон ҳалол курашда енгмаганига бир зумда ишонади. Баковуллардан бири Панжининг елкасидаги хас-хашакни билдирмай қоқиб ташлар экан, бошқатдан курашиш ло-зимлигига ишора қилади… Шунда Панжи полвон ноҳақлик бўлаётганидан ўксиниб ўтирган қорамурутликларнинг тўдасига боради-да, рақибининг қўлидан ушлаб давранинг ўртасига бошлаб чиқади.
— Халойиқ!— дейди у овозидаги аламни босолмай.— Мард бўлайлик. Бу йигит мени урди… Ҳақини беринглар!..

Энди рақиби Панжини қучоқлаб даст кўтаради…

Кечқурун қорамурутликлар қўярда қўймай қишлоқларига Панжини олиб кетадилар.

Полвоннинг яна бир қизиқ одати бор. У Чагананинг теварагидаги ёзда жизғанак куйиб ётадиган тепаликларга ниҳол ўтқазишни яхши кўради. Баҳорда ниҳолни эккач, атрофини сим тўр билан ўрайди. Сўнг ёз бўйи сув ташийди. Баъзиларининг ёнига бочка «қўйиб, сувга тўлдиради. Керагида жўмрагини бурайди… Ниҳолларнинг яйраганини кўрсангиз! Биз шундаймиз, ўртоқ офтоб! Куйдираверинг! Оловингизни тўкаверинг! Ҳали осмонга етамиз! Чаганага келганларнинг оғзи очилиб, юмилмасдан қолади!.. Полвон роҳат қилади…

Чойхоналарда одамлар ниҳолларни сўрашади: «Қалай, яхшими?» деб. Худди касал болаларни сўрашгандай. Полвон ниҳолларини мақтай-мақтай сўзлайди. Одамлар қувонадилар…

Бу гаплар Полвон Чаганада қандай умргузаронлик этгани ҳақида…

Полвон бошқа жойларда ҳам бўлган. Масалан, Тошкентда, институтда икки йил ўқиган. Яшай олмаган. Бунинг устига Дилором деган яхши кўрган қизини ота-онаси бошқага узатиб юборишгач, «ҳайт» дегану қишлоққа қайтиб келаверган. Ёш экан-да, чидай олмаган. Асли қизнинг уйидагилари ҳам кўп норози эмас эдилар, фақат Панжибой шаҳарда қолсин, одам бўлсин, дейишди. Ўйлаб кўрилса, бечоралар ёмонлик раво кўришмаган эканлар. Аммо Полвон қандай қилиб шаҳарларда яшасин! Хайр, шаҳар! Алвидо, шаҳарни суйгучи муҳаббат! Хуш қолинглар, жўралар! Минг афсус, дипломни сақлашга сандиқ сотиб олмайдиган бўлдик…

Шундан буён Полвон воҳадан нарига чиққани йўқ. Тўйларга боради. Елкаси, айниқса, кейинги йилларда, ер кўрмади ҳисоб. Панжи полвон деса, даврага қадам босган вилоят одами борки, номини ҳурмат билан тилга олади. Полвонлар ўтиришларда тўрга ўтказишади. Салт қолгани йўқ: тагида машина, табласида от… Яна нима керак?

Ҳамманинг ҳам сўз ўтадиган жўраси бўлади. Чори кассир Полвоннинг яккаю ягона сўзи ўтар дўсти. Аммо, айнан шу дўсти— Чори қурғур Полвонни йўлдан урди. «Юр, Тошкентни бир айланиб келайлик… Дунё кўрмасдан, даврани ҳўкиздай айланавериб, ўлиб кетганингни билмай қоласан… Юр!.. Қаригандан кейин…»

Полвон кўнди.

Чори у ёққа ўтди, бу ёққа ўтди, бирпасда меҳмонхонадан жой ундирди. Уч хонали — иккита алоҳида ётоқхона, меҳмонхона, ерда чўғдай гиламлар, рангли телевизор, музхона; бежирим, шифтларгача туташ шкафлар; юмшоқ диванлару оромижон крес-лолар…
— Хўш,— деди Полвон теваракка разм соларкан,—енди бу ерда нима қиламиз, Хазинабон?
— Кураш тушамиз,— деб ҳиринглади Чори кассир худди ўз уйига келгандай, нарсаларини шкафларнинг сонсиз қутиларига бемалол жойлаштираркан.— Бу шаҳри азимда кураш тушадиган нарса кўп, полвонларнинг ғофили! Ҳозир ваннага тушиб, йўлни ҳордиғини чиқарамиз, кейин тўйиб ухлаймиз, кейин… Кейин гап кўп, нодонларнинг полвони!— У яна кулди. Кайфиятида келажак курашларнинг шавқи, ҳузурбахш ороми, соғинилган лаззат…

Полвон қандай кураш тушса, бошқа ишларни ҳам шундай дўндириб бажаради. Айниқса, оппоқ чойшабларга ўралган юмшоқ ўринда Афсар девдай қотиб ухлаб қолади.

У кўзини очганда, меҳмонхонада чироқлар чарақлаб ёнган, телевизорда қарсу қурс контсерт борар, Чори хазиначи қарсак чалар, кимдир бармоқларини қирсиллатиб ўйнар эди…
— Хазиначи!—деб ётган жойидан бақирди Полвон.— Нима қиляпсан, укағар? Момонгни арвоҳини ўйнатяпсанми?
— Ғафлат уйқусидан бошингни кўтар, полвонларнинг уйқу кўрмагани! Париларнинг подшоҳини ўйнатяпман!

Хазиначининг қарсаги яна авжланди, ётоқхонанинг очиқ эшигидан бир нозанин мусиқа муқомида белларини биланглатиб, ажойиб жилвалар этиб, «лип» этиб ўтди. Полвон туриб кийинди, ойнага қараб қўллари билан юзидан уйқу асоратини сидириб ташлади-да, нариги хонага чиқди. Хазиначи креслода жон бериб қарсак чалар; ҳарир мовий кўйлакли, елкасию қўллари яланғоч бир ҳуру ғилмон ўртада турган столни айланиб, нозу карашмалар билан рақсга тушар эди. Столнинг устида ҳар хил ичимликлар, газак босди овқатлар, тансиқ таомлар, яна аллақандай, полвон номини билмайдиган неъматлар… Қизнинг юзи оппоқ, ёноқлари қирмизи: ҳақиқатан ҳам осмондан тушган париларга менгзар — қишлоқда яшайвериб, чарчаган бу икки дўстга жаннат фароғатидан бир шингил намойиш этгани ерга тушгандай эди. Қиз минг турфа ноз билан Хазиначининг қаршисида унга жонини фидо этмоқчидай, куй мавжида ўртаниб тўхтади. Қўлларининг нафис ҳаракатлари билан ишқ ўтида куйиб кетганини изҳор қилди. Бу ёнишнинг ягона сабабкори Хазиначи эканлигини ҳам яширмади. Чори «дўст» деб кўксига урганича, чўнтагидан уч-тўрт қизил червонни олиб, қизнинг йўқ ёқасидан пастга — кўйлак деб аталган либосни тутиб турган икки баландликнинг ўртасига тиқди. Ҳаяжонланиб: «Вой, дод!» деди-да, столдаги ним ярим коняк шишасидан пиёлаларга тўлғазди.
— Панжи! Бйр ўйнайлик, дўстим! Ўзинг ўзингни овутмасанг, бу дунёйи азобда ҳеч кимнинг сен билан иши йўқ… Ол! Полвонларнинг маишат кўрмагани, ол!..

Полвон бир пиёла ичимликни бир ташлашда ютди. Энди қиз ўзига қараб ишва қилаётганини кўрди. Унинг оппоқ юзи хатарли тарзда Полвонга яқин келган; кумуш елкалари, рақсга монанд сўлқиллаб титраётган билаклари юракнинг тўридан ақлга бўйсунмас бир шиддатни қўзғаб келар эди.
— Полвон! Пулинг йўқми!— қичқирди Хазиначи.

Панжининг қўлида пул кўриниши билан қиз чаққонлик билан уни илиб кетди, сўнг шарақлаб кулди-да, рақс тушишдан тўхтаб, ўзини диванга ташлади.
— Ака,— деди у Полвонга ҳансираганича,— менга ҳам қуйинг… Уф!..

Полвон нозланиб, эркаланиб чарчаган бу гўзал мавжудотдан кўзини узолмасдан пиёлага коняк куйиб узатди. Қиз пиёлани мунтазир этганича, бееътибор ҳаракат билан аввал кўкраклари орасидаги пулни олди, қўлидагиларига қўшиб, диванда ётган бежирим сумкачасига жойлади, сўнг вужудига сингиб кетган навозиш билан Полвон қаршисига келди-да, пиёлага қўл узатди ва айни шу пайтда унга биринчи бор астойдил назар ташлади.Унинг назарини қайноқ иштиёқ билан тутган йигитнинг кўзлари ногаҳон қизда кутилмаган ўзгариш юз берганини пайқади. Қизнинг нигоҳида аввал ҳайрат, кейин қувонч, сўнг сўлиш жилвалари тез-тез алмашиб, беҳоллик ичида қотди, У пиёлани оҳиста столга қўйди-да, нохос боши айлангандай пешонасига қўлини босди, тўсатдан шапалоқ еган каби юзини секин ҳаракат билан силади, кейин шу кўйи гандираклаб диванга чўкди. Бетлари ҳамон кафтлари орасида — қайлардандир учиб келган ғусса кўзларини тўлдирган эди. Полвондан нигоҳини узолмас, гўё Панжибой дунёдаги энг ҳуркак қушу — бир зум назоратдан четда қолса, улкан гавдасини лопиллаб кўтаргани-ча, борса келмас маконлар сари очиқ деразадан учиб кетадигандай… Қизнинг қараши аста-аста ўзгариб, беҳол ғусса ўрнини соғинчу армон, йиллаб кўришмаган ошиқлар орасида бўладиган бегоналигу бетоқатлик эгаллади. У сумкачасини очиб, дастрўмол олди-да, кўзларига босди… Бир фасл жисмини ногаҳон забт этган ғуссаси билан курашганича қолди.
— Асад ака…—деди у бутун вужуди билан хўрсиниб,— учрашган жойимизни қаранг…

Ҳеч нарса тушунмаган Хазиначи Полвонга қаради. Бу ўзгаришдан гарангсираган Полвон лол эди. Қиз эса шахт ила ўрнида турди-да, Чори хазиначининг қаршисига чўк тушди.
— Жон ака!—деди у ёлвориб.— Бола-чақаларингизни яхшилигини кўринг! Мени Асад акам билан холи қолдиринг. Сизга… Топиб бераман…

Қиз жавоб кутмай, телефон дастагини олди-да, ғайрат билан рақам тера кетди.
— Нафис! Бугун уйингда ким бор? Бўшмисан? Яхшилаб қулоқ сол, жоним… Ҳозир бир одам боради. Хавотир олма, синалган акаларимизлар… Айтганинг бўлади… Минг раҳмат, Нафисичка!

Сўнг шу шиддатда бир парчақоғозга нималарнидир ёзди-да, Чори хазиначига тутди.
— Мана шу адресга борасиз… Менинг уйимнинг олдида…

У довдираб қолган Хазиначини қўлтиқлаб олди-да, эшиккача бошлаб борди:
— Ака! Кечирасиз энди…
— Ие! Бизни ҳайдайсизми, париларнинг ғазабкори?—деди ўзини ўнглаб олиш ҳаракатида Чорибой.
— Илтимос қиляпман, акажон! Нафиса кайфингизни чоғ қилади, хавотир олманг!.. Хазиначи дўстига кўз қисди:

-— Худо омадингизни берди, Полвонларнинг бахти чопгани! Полвон ҳазилга ҳазил улай олмади. Негадир:
— Буниям олиб кет!—деди қизариб.

Қиз бирпасда серҳаракатлигини йўқотиб, эшикнинг олдида қотиб қолди.
— Асад ака…— деди овози қалтираб.— Кейин… Сўкарсиз… Майлими?—унинг кўзлари яна ғамгусор илтижо билан боқди.
— Энди муомилани яхшилаб, суҳбати жамшид қураверасиз, полвонларнинг мада-ният кўрмагани!—деди тиржайиб Хазиначи. Унга яна аъло кайфият қайтган эди.— Хайр!— у ҳамон Полвонга мутеларча тикилиб турган қизга, сўнг дўстига кўз қисди-да, чиқиб кетди.

Ўртага сукунат чўкди. Қиз ҳамон мутелик билан йигитга қараб турар, хонанинг ҳавоси титроққа тўлган, чироқ ҳайрон бир қиёфада зиё таратар эди. Полвон деразалардан кўчаларнинг шовқини бемалол бостириб кираётганини кўрди. Баҳайбат гавдаси билан шовқинни ҳуркитиб юриб борди-да, деразани беркитди. Телевизорнинг экрани ўчган… «Ким ўчирди?» ўйлади Полвон. У тушуниб бўлмайдиган бу шаҳарнинг аллақандай ўйинига қўшилиб қолганини, атрофида ҳеч қачон у билан кечмаган қандайдир воқеаларнинг шарпалари пайдо бўлганини билди.
— Асад ака! — деди қиз.— Мени бундай ҳолда учратаман деб ўйламаган бўлсангиз керак?

Нима деяпти? Қанақа Асад? Нимага у бу телба хотинни олдида бузоққа ўхшаб анграйиб турибди?
— Гап бундай… — ғижинди Полвон.— Бу энағар Хазиначи кўздан қолган. Қайси иштони йўқни кўрса, пари деб ёпишиб олади… Хўш… Яна сизга айтсам, бизга раҳматлик энамиз Қайнар момо Панжи деб исм қўйганлар, худога шукур…

Қиз пириллаб юриб Полвоннинг ёнига келди. Икки қўлини кўксига қўйганича, куйиб-пишиб ёлворишга тушди.
— Илтимос, мени худо қарғагани ҳам етар… Сиз ҳам… Жон Асад ака! Хоҳласангиз, оёқларингизга йиқиламан… Мени танимасликка ҳақингиз бор… Аммо бугун уришманг!

Полвон қизнинг илтижолари юрагига тегаётганини, кечаётган воқеанинг ботин бир кучи уни ўз йўлига сола бошлаганини сезди…
— Мен… Асадманми?.. — деди у зўрға жилмайиб.
— Ҳа! Ҳа!.. Асад акамсиз! Менинг Асад акамсиз! Соғинишни билмаган, йўқлашни билмаган Асад акамсиз!

Қиз энди ўзини унутиб, ёниб гапирарди. У гапидан тўхтаб, Полвоннинг кўзига қайғую қувонч, умиду ҳадик билан қаради. Кейин оҳиста юриб келди-да, Полвоннинг кўксига бош қўйди.
— Асад ака… Асад ака…

Полвон бирдан, қиз бу сўзларни такрорларкан, унга ўз ҳаётини, азобларини, соғинчларини, армонларини, ҳеч қачон ушалмайдиган умидларини, ногаҳоний бу учрашувнинг қувончларини сўзлаб бераётганини сезди ва ўзи ҳам Асад эканлигига ишонаётганини пайқади. У қизнинг икки елкасидан тутди-да, кўкрагидан ажратди. Кулди.
— Хўш, — деди у қизнинг кўзига термилиб. — Бу, укағар Хазиначини қувиб юбординг…

Полвон қизни сенлаганидан уялиб, гапини йўқотди. Қиз яна бошини унинг елкасига қўйди.
— Сенлайверинг, Асад ака… Мен ҳаммасининг аввалгидай бўлишини хоҳлайман… Полвон бирдан ўзини эркин ҳис қилди.
— Нима қиламиз энди? — сўради у жиддий, тарзда. — Сиз рақсга тушиб, мен яна қарсак чаламанми?

Қиз қўлчасини «жим» дегандай Полвоннинг оғзигй қўйди.
— Э, укағарди қизи-я! — деди йигит қизни эркалаган б,ўлиб… Қиз хурсанд бўлиб, маъюсгина жилмайди.
— Эски гапларингизни йўқотмапсиз…

Полвон борган сайин ўзининг Асад эканига ишона борарди. У бу қизни қачонлардир кўрганига, ҳамсуҳбат бўлганига, ҳатто… яхши кўрганига иқрор бўла бошлаганди…
— Юр, — деди у кутилмаганда ғайрати қўзғаб, — хонага қамамай, шаҳрингни бизгаям кўрсат. Момағар Чори қочиб кетди. Кейин ресторанга кирамиз…

У танига ғайратини сиғдиролмай, стол устида турган ярим шиша конякни даст кўтарди-да, қултиллатиб юта кетди. Бўш шишани негадир диванга ирғитди. Бошини тебратиб роҳат қилдй. Қиз тутган бир бўлак мандаринни олмасдан:
— Ўзинг е, — деди меҳри ийиб.

Шаҳарни меҳнаткаш халқ тарк этган, тунги кўнгил очиш ишқибозларию ажралишдан қўрқадигандай, бир-бирларини маҳкам ушлаб олган ,ошиқлар; тўп-тўп кезинган кечки таълим талабаларию милисалардан бўлак ҳеч ким йўқ. Улар «Инқилоб» хиёбонига элтадиган кўчага юрдилар. Шиша деворларидан нур оқаётган «Гуллар» дўконининг олдида қиз тўхтади.
— Эсингиздами? — деди у, — Менга мана бу дўкондан гул олиб бермаганингиз?..
— Аҳмоқ бола эдим-да, — «еслашга тушди» Полвон. — Ўзбек йигити қизига гул берса, ўрисча бўлиб кетади деб ўйлардим-да…
— Жинни эдингиз…

Бирдан Полвон бу сўзни кимдан эшитганини, кимга гул олиб бермаганини эслаб, донг қотиб қолди… Товба! Худоё товба! Ахир, бу сўзларни… Дилором айтарди-ку! Ахир Дилоромга гул олиб бермаган эди-ку! Қудратингдан! Бу не сир?
— Асад ака…

Полвон қизнинг хотиралар туманида сузиб юрган овозидан ўзига келди.
— Асад ака, — дерди қиз олис воқеани хотиралар ичидан тортиб чиқараётгандай, — эсингиздами, «Дон Жуан»га кирганимиз?.. Мана бу театрга кирганимизни айтаяпман… Ярмигача ўтириб…
— Укағар Хазиначи «Дон Жуан»ни ярмини кўрган одамни ҳам маданиятсиз дейди-я…

Кулишди. Энди Полвон ўзининг Асад эканлигига аниқ ишонган: бу воқеаларни аслида қачонлардир Дилором билан бошдан кечирганини ҳис қилиб турса ҳам, ўша ҳаётни мана бу елкалари очиқ қиз билан ҳам яшаганига ишонар эди. Улар кечки шаҳарни сайр қилиб. юрарканлар, ҳар муюлишда, ҳар қадамда ўзларини қачонлардир боғлаб турган воқеаларнинг изларини топишар, кулишар, бир-бирларига суйканишар, ихтиёр кетган маҳаллари бир-бирларининг бағирларига ташланишар ва бу кечанинг ортида айрилиқ борлигини сезишиб, йиғлашар эди. Йўқ! Полвоннинг кўзидан ёш келгани йўқ. Биродарлар, дил деган сабил ёшсиз ҳам йиғлайверади…

Улар айланиб яна меҳмонхона остонасига етиб келдилар.
— Энди бу учрашувимизни ювмасак бўлмас, — деди Полвон, — Қани, бошла! Сенинг шаҳринг.

Қиз унга меҳр тўла кўзлари билан қараб турарди.
— Йўқ, — деди у, — энди хайрлашамиз…
— Э… Гаранг қилма-да энди!.. Бўлмаса меҳмонхонага юр…
— Асад ака… Ҳозир… Хайрлашамиз. Хўпми? — деди қиз ва Полвоннинг кайфияти бузилаётганини сезиб, эркалади: — Ўзимнинг Асад акам!..
— Энди… Чой ичмасак, қандай бўларкан…

Қиз Полвонга бутун вужудини бахш этиб термулганича, оппоқ, жажжи қўлчаларини чўзди:
— Хайр… Хайр, Асад ака!

У йигитнинг баҳайбат кафтларида бармоқчаларини бироз ушлаб турди-да, бошини бир томонга хиёл энгаштириб, жилмайди:
— Хайр…

Қиз Марказий дўкон тарафга қараб жўнади. Полвон нима қиларини билмай, ҳасрат билан қараб турарди. Бирдан у қизнинг на телефони, на адресини олмаганини эслади.
— Дилором! — деб бақирди у беихтиёр. Қиз ортига бурилмай, ер ости йўлига тушиб кетди…

Полвон бу воқёанинг моҳиятини ҳам, ўзининг кимлигини ҳам ўйлашга қурби етмай узоқ турди. У ўзида катта ўзгаришлар кечганлигини, қишлоқдаги Панжидан фарқи борлигини англади. Шундан сўнг беихтиёр ресторанга қараб юрди.

Половон шовқинли нотаниш куйдан қулоғи битиб овқат еган бўлди. Офитсиант зўрға топиб келган яримтани икки бўлиб ютди. Бошида ғира-шира хушбахтлик шарпалари айлана бошлагач, рестораннинг созандалар ўтирган тарафига қараб хаёлга толди. Кейин бирдан нимадир эсига тушгандай бурилиб, ёнига қаради. Дераза тагидаги столда икки йигит икки қиз билан вақти чоғлиқ қилиб ўтиришарди. Полвон улардан кўзини олдию яна сачраниб қаради… Ў!.. Ана… Қачонлардир унинг бағрини хун этган Дило-ромхон кайф-сафо қиляптилар-ку! Ёнидаги ким? Эрларимикин ё ўйнашчалари? Полвон босиқлик билан ўрнидан турди. Хотиржамлик билан столларни айланиб ўтди-да, Дилоромларнинг қаршисига бориб, қизнинг кўзига тик қаради. Дилором унга бир разм солди-да, ҳеч нарса кўрмагандай суҳбатни давом эттирмоқчи бўлди. Аммо шу пайт йигитлардан бири Полвонга ўгирилди.
— Бизда ишингиз борми? — деб сўради у, энсаси қотиб.
— Сенда эмас… — Полвоннинг кўзи ҳамон Дилоромда эди.—Мана бу қизчада ишим бор.
— Менда? — ажабсинди Дилором.
— Ҳа, сенда… Танимай қолдингми?
— Нима бало, мастмисиз? Ҳозир милиса чақираман. Дилоромнинг аччиғи чиққанди.

Аёлнинг ёнидаги йигит қўзғалди.
— Жанжал чиқармоқчимисиз? — деди у беписанд оҳангда, заҳарханда тиржайиб.
— Ўтир-э! Преслаб ташлайман!

Полвон уни елкасидан бир босиб, жойига қайта ўтқазиб қўйди. Иккинчи йигит тавозе билан ўрнидан қўзғалди.
— Ака, мен сизни таниб турибман. Чаганаликсиз… Юринг, коридорга чиқиб гаплашайлик… — у шундай деб қўлини кўксига қўйди.

Полвон «Чагана» сўзини эшитгач, яна босиқ қадамлар билан юриб кийимхона олдига келиб тўхтади.
— Гапир!

Йигит одоб қоидаларини заррача ҳам бузмай, хуш жилмайганича, Полвонни қўлтиғидан олди:
— Ака, — деди мулойимлик билан, — бир маишат қилгани келган эдик… Илтимос, энди бузманг… Пулигача тўлаб қўйганмиз;.. Сиз ўзимизни суйган Панжи полвонимизсиз…
— Сенинг исминг нима? — сўради Полвон. Энди у жанговар қиёфасини йўқотган, сулҳ учун тайёр алфозда турарди.
— Асад, — деди йигит ширинсухан ҳозиржавоблик билан.
— Нима?!

Полвон ҳайқириб юборганини ўзи ҳам сезмади. Кийимхона атрофида жимлик чўкди. Ҳамма томоша илинжида улар тарафга ўгирилди.
— Асад… — деди йигит гуноҳи нимада эканлигини тушунмай жовдираганича. Полвон бир дақиқа йигитга оғир қараш қилиб турди-да, бурилиб ресторандан чиқиб кетди.

Полвон уйғонганида Хазиначи ҳали қайтмаган эди. У стол устидаги маъдан сувни шишаси билан олди-да, креслога ястанганича хўплаб, кеча кечган воқеаларни бир-бир хаёлидан ўтказди. Сўнг Чаганани, ниҳолларини, табладаги отини, курашга тушаётган полвонларнинг ўйин кўрсатишларини, халқнинг ишқибозлик гаштида гоҳ тош қотиб, гоҳ гувиллашларини эслади ва ҳозир ўша дунёдан нақадар узоқда эканлигини сезди. Юрагига соғинч тўлқини урилиб, энтикди. Шунда бирдан кечаги воқеаларнинг маъносига етгандай бўлди.

Ё қудратингдан! Нима ўйин кўрсатдинг? Ақлдан озган Панжибойга кўрим қилдинг-ку! Наҳотки, унга кечадан буён бировнинг умрини яшатаётган бўлсанг?..

Полвон шишадаги сувдан яна бир ҳўплади. Аён! Кечадан буён бировнинг умрини яшаётгани аён!

У нарсаларини тез йиғиштириб, жомадонга солди-да, ташқарига чиқди. Такси олиб автобекатга борди. Узоққа кетадиган машиналарнинг шофёрлари уни дарҳол ўраб олишди.
— Қаёққа? Чаганага? Э-ҳе… Ҳеч ким бормайди. Думалоққина бир шофёр ҳазил аралаш гап ташлади:
— Минг берсангиз…

Полвон индамасдан «Волга»нинг ўриндиғига ўзини ташлади…

«Шарқ юлдузи» журнали, 1991 йил, 8-сон

08

Men bu hikoyalarni  olis 1991 yilning noyabrida o’qigan edim… O’sha paytlar Toshkentda avtotransport xizmati umuman ishdan chiqqan, soat kechqurun 8-9 bo’lmay Sputnikka yetib borish amrimahol bo’lardi. Goh-goh Chorsu bozori biqinidagi Abror Hidoyatov teatridagi bo’ladigan ulfati chor davralar cho’zilib,uyga yetib borolmasligim aniq bo’lgach,teatr bosh rejissyori Bahodir Yo’ldoshevning xizmat xonasida tunab qolardim. Ba’zan uyqum kelmay,xonadagi Bahodir akaga tegishli shkafdagi kitoblaru jurnallarni titkilab,ma’qulini mutolaa qilardim. Usmon akaning uch hikoyasini ham o’sha xonada tonggacha o’qib chiqqanman. Shu paytagacha faqat she’rini o’qiganim uchunmi, Usmon akaning hikoyalarini juda qiziqish bilan o’qiganim,o’qib bo’lib hayratga tushganim hali-hanuz yodimda..

Xurshid Davron

09
Usmon Azim
IKKI HIKOYA
07

G’OZ

Alpomish chohga tushganini bilasiz. Chohga yarador gʻyz qulaganini ham bilasiz. G’ozni otolmagan shakaman mergan oru nomusdan yurak bagʻri ezilib yiqilganini ham bilasiz. Alpomish gʻozni davolab, qanotiga xat boylab, yurtiga elchi qilib uchirganidan ham xabaringiz bor. G’oz yana mergan kulbasi ustidagi togʻning boshiga qoʻnib, qangʻillaganidan ham, kasal yotgan ovchi qoʻliga yoy olganidan ham, shu gʻoz oʻlsa Alpomish xor, Qoʻngʻirot eli zor boʻlishini xudo koʻngliga solgan merganning enasi «hay-hay»lab qushni uchirib yuborganini ham eshitgansiz. Alpomish yurtiga qaytib, Barchin yeriga tasallilar aytib, Yodgor oʻgʻlini bagʻriga bosib, Qoʻngʻirotning koʻnglini yozib oʻtganini ham qulogʻingiz ilib qolgan.

Ammo gʻozni otolmagan shakaman merganning holi ne kechdi? Bilmaysiz.

O’z bolasini baloga topshirib, gʻozni uchirgan bechora kampir bemor farzandining boshida qanday kun koʻrdi? Bilmaysiz…

Mana endi biz ana shu bilmaganingiz haqida yozamiz. Odatimiz shunaqa — birov gapirganini qaytarib yurmaymiz. Zerikmang, deymiz-da, gapdan charchagan dunyoning gapdon bolalari!..

Xullas, bizdan eshiting.

Kampir «hay-hay»ladi. O’q tegmadi. G’oz bir aylanib, oʻtakasi yorilib, «Boysun-Qoʻngʻirotga yetguncha, qanotimni toldirma», deb tangriga yolvorib, balandlab uchib ketdi. Mergan kuni yetganini sezdi — «enamki gʻozni mendan avlo bildi, paymonam toʻlgan ekan, gulim ochilmay soʻlgan ekan», deb oh urib, olam koʻziga qorongʻu koʻrinib, toʻshakka yetmay yiqildi. Kampir bechora «voh, bolamilab, oʻzini farzandining ustiga tashladi, koʻzlarini yoshladi.
— Bolam,— dedi kampir,—qaddingni koʻtar, hali bu togʻning boshidan sela-sela gʻozlar oʻtar, istagan gʻozingni otib olishga kuching yetar…
— Ena, men sezib turibman, bu gʻoz qaytmaydi. Menga boshqa gʻozning nima keragi bor? Otgan oʻqim xato ketmagan mergan edim. Endi or-nomus meni omon qoʻymaydi… Hay, ena! Nodon ena! Bir gʻozni farzandingga ravo koʻrmading — meni oʻldirgan asli sensan.

Mergan shunday deb boʻzladi, bechora enasining jigar-bagʻrini tuzladi. Kampir yigʻlab ichkari kirib, tashqari chiqyapti, bolasining boshida oʻrgilyapti, dili vayron, taqdirning nogahon zulmidan hayron, oʻgʻliga, balki oʻziga madad berib soʻzlayapti:
— Bolam! Jonim bolam! Men ham xudoning bir kuygan bandasiman. Olloq koʻng-limga soldi… U gʻozsiz koʻp yomon boʻlardi, Boysun-Qoʻngʻirot tomom boʻlardi, Alpomish chohda qolardi. Barchinni Ultontoz, olardi… Bir yurt yoʻq boʻlardi, jon bolam! Ammo sensiz menga bu dunyo qorongʻu! Ollohdan bir umringni soʻrab olmasam, enang boʻlib nima qildim,— deb yigʻlayapti.

Mergan kun sayin kuchdan ketib, qoq suyak boʻp qolyapti, soʻnggi kuni armonda — Azroilning sharpasini sezib boryapti… Or-nomus uchun oʻladigan zamonlar ham boʻlgan-da, birodarlar!

Kampirning qilmagan davosi qolmadi. Bir qoʻyi bor edi — chiltonlarga bagʻishlab, soʻyib, elga xom talash etdi. Parilarning jodusi kesilsin deb, bir tovugʻining qoniga paxta bulab, farzandining boshidan aylantirdi. Qirq mulla chaqirib chilyosin oʻqitdi. Nafasi oʻtkir bir parixonni keltirib, bir parcha poʻstakka dam soldirib, boʻsagʻaga koʻmdi. Bemorni qorongʻi xonaga qamab, chiroq yoqdi. Samandar koʻsani toptirib kelib, jar soldirdi… Bemor oʻziga kelmadi.

Qirq daradan narida Boʻlgan kal degich bir folchi bor edi. Zoʻr edi — oʻtirgandan qirq yurim, yugurgandan qirq turum topardi. Birovning ismini eshitsa, umrini matalday aytib, xudo buyur’magan kasallarga umrini qaytib beraverardi.

Kampir shu kalni topib bordi. Qirdan folchining uyiga tushib kelaverdi… Kal kapasidan chiqib kampirga baqiraverdi:
— Qayt! Kampir, qayt! Men fol ochishni tashlaganman! Qayt kelgan yoʻlingga deyapman! Qayt!
— Boʻlgan inim! Ming afsunga toʻlgan inim! Bolamning dardiga davo izlab, qoshingga biyaday boʻzlab q«lyapman! Qayt demagin! Jonimni olsang ol! Molimni olsang ol! Faqat beumid qaytarma…

Shoʻrlik kampir kalning kapasiga yaqin kelolmaydi — betda turib zorillayapti, bechora Boʻlganni ham bir bilgani bordir-da, kampirni yaqin keltirmaydi.
— Molingni ololmayman — talonchi emasman, joningni ololmayman — tangri emasman… Kampir! Qayt! Meniyam qiynayverma!.. Fol ochishni tashlaganman… Ochgan folim teskari chiqyapti. Faqat tangridan umid kut.
— Hech boʻlmasa bir sirni ayt, Boʻlgan inim. Men xudoga nima yomonlik qildimki, yolgʻiz bolamni, koʻzimning oqu qorasini bedavo dardga duchor qildi?
— Koʻzimni yoshlatma, kampir! Soʻrab nima qilasan? Sen fidoyilik qilding! Bu dunyoda fidokorning ishi ogʻirdir… Endi qaytaver, kampir! Boshqa bir soʻz aytmayman. Hammamiz ham bandamiz — xudo boshimizga nimaki solsa, sabru toqat bilan qabul qilishdan boshqa ilojimiz yoʻq…

Kampir bildiki, bu kal boshqa hech narsa demaydi. Koʻngli alagʻda, bechora, yana bolasining qoshiga qirq dara oshib, halloslab chopib keldi. Merganning qirq jonidan yigirmasi uzilgan, rangi za’faron — qoni buzilgan, «armonda ketar boʻldim», deb shiftga qarab yotibdi. Enasining kelganini sezib, burilib qaradi… Birodarlar! Odam degani jon chiqquncha umid qilaverar ekan — mergan enasi bir xushxabar olib keladiganday tikildi. Kampir yerga qaradi: xudo shifo bersa, otday oʻynoqlab ketishini aytdi.

Kampir soʻlayotgan oʻgʻliga qarab, chidab turolmadi. Itni soʻyib, goʻshtidan shoʻrva qildi. Suvarak yemagan dasht kirpisining qonini ichirdi. Hammasini yigʻlab-yigʻlab, «bechora bolam»lab oʻzi soʻydi, oʻzi pishirdi. Togʻ boshiga gʻozlar qoʻnganda, «oʻsha gʻoz» kelganini aytib, farzandini aldab koʻrdi — mergan qushlarning ovoziga bir dam quloq tutib turdi-da, «yoʻq» dedi, qovjiragan lablarini arang qimirlatib.

Endi kampir Luqmoni Hakimni daraklab joʻnadi. Qirq kun yoʻl yurdi, qirq togʻdan, qirq choʻldan oʻtdi, Bir kun qarasa, soqoli beliga tushgan bir moʻysafid oʻtu oʻlanlar bilan gaplashib kelyapti. .
— Sen, jirgʻanoq, sharbat boʻlasan… Qariqiz, sen kasallarni terlatasan… Yulgʻin, pismiq, nega yashirinyapsan? Arilarga asalni kimberadi, tentak! Afsonak! Zaharliman deb xafamisan? Zahring ham dori-ku! O’savermaysanmi?..

Kampir cholga egilib salom berdi. Chol unga bir razm solib qaradi-da:
— Nega menga egilding, odamlarning ulugʻi?—dedi ogʻrinib.— Aksincha, men senga ta’zim etmogʻim darkor edi. Men hayotimda mingta, maqtanib aytsam, oʻn mingta odamni hayotini saqlab qoldim. Sen boʻlsa… E-he!..

Chol kampirning haqiqiy ulugʻvorligini koʻrsatmoqchiday, ikki qoʻlini yoyib butun dunyoni koʻrsatdi. Bechora kampir chidab turolmadi — Luqmoni Hakimga umid bilan tikilib, poyiga yiqilib, yoshiga yoqasi hoʻl boʻlib, xunobasi moʻl boʻlib izillaverdi.
— Men qaydan ulugʻ boʻlay, Luqmoni Hakim! Bir bolamning dardiga davo topolmasam…

Luqmoni Hakimuni yerdan koʻtardi, yoshini artdi, sochlariga ilashgan xaslarni otdi.
— Bir yurtga dorilomonlik bergan odam ulugʻ boʻlmay, men ulugʻ boʻlaymi, kampir! Kampir yana izillab yolvorishga tushdi:
— Agar men ulugʻ boʻlsam, bolamning dardiga davo topib ber, ey, Luqmoni Hakim! Iloyo bu dunyoning yomonidan yomon yashay! Faqat bolam armonda ketmasin!..

Luqmoni Hakim ogʻir oʻyga toldi.
— Sen olam koʻrmagan fidoyilik koʻrsatding,— dedi u nihoyat, chuqur xoʻrsinib.— Endi chidamoqdin boshqa yoʻl yoʻq. Chida, kampir! Neki boshingga tushsa qanoat et!.. E, falak!..

Luqmoni Hakim bir «oh» urdiyu yana oʻt-oʻlanalar bilan gaplashib, dala-dashtni oralab ketaverdi.

Kampir yana bolasining qoshiga chopqillab joʻnadi. Qirq kun yoʻl yurib, qirq togʻdan, qirq choʻldan oʻtib yetib keldi. Bolasi yana umid bilani bosh koʻtarib qaradi. Kampir yoʻldan terib kelgan oʻtlarini fareandiga koʻrsatib: «Luqmoni Hakim berib yubordi», deb xursand qilib, qaynatib ichirdi — mergan oʻziga kelmadi. Tanida tarang tortilgan hayotning rishtalari chirsillab uzilib ketayotganiga quloq tutib, taqdirga tan berib, jimgina yotaverdi. Kampir eshikka chiqadi— yigʻlaydi, ichkari kiradi — kuladi, «ahvoling ancha toʻzuk» deb, tasalli bergan boʻladi. Ammo oʻzining tinchi yoʻq. Ajal eshikni ochsa — eshikdan, ochmasa — teshikdan kiradiganday…

Kampir oʻylab-oʻylab, Boysun-Qoʻngʻirotga — Alpomishning huzuriga joʻnadi. Bolasining azobida esi oʻzida yoʻq — necha vaqt yoʻl yurganini bilmaydi — balki kundir, balki yildir… Kampir Asqar togʻdan chiqib, pastga qaradi. Qirq ming uyli Qoʻngʻirot qirq ming oq oʻtov tikib, qirq ming suruv qoʻyini yaylovda yayratib, har oʻtovning oldida oʻn tulporni boylatib, toʻy qilib — baxshilarni sayratib, omon-omonlikda, xushbaxt zamonlikda umr kechiryapti. Kampir Alpomishning qirq qanot oʻtovini changarogʻiga osilgan yashil baydoqdan bildi. Togʻdan tushdi-da, yasovullaru bakovullarning yonidan shamolday oʻtib, yurt soʻrab oʻtirgan Alpomishning qoshiga bordi.

Birodarlar! Alpomish ham tek yigit emas edi, kampirning kimligini darrov bildi — ikki qoʻli koʻksida, «xush koʻrdik, ena», deb kulib, moʻylovining bir chetini tishlab, koʻnglini xushlab peshvoz chiqdi.
— Bir xizmatga keldim,— dedi kampir.
— Ming xizmatingiz boʻlsa ham, bajo boʻladi, ena!— dedi Alpomish.— Tilang! Kampir ezilib, unsizgina yigʻlashga tushdi. Arkoni davlatga aralashib yurgan

Oybarchin esli xotin emasmi, chopqillab kelib kampirni belidan olib, ustiga atlas koʻylak yopib, toʻrga oʻtqizdi — hol soʻradi.
— Qoʻngʻirot eli!—dedi oʻzini bosib olgan kampir oʻtirganlarga qarab.— Mening kimligimni bilasizlarmi?
— Siz elchi gʻozni oʻlimdan qutqazgan xaloskorimiz boʻlasiz! — dedi hamma bir ogʻizdan.
— Shu gʻozni otolmagan mergangina bir bolam or-nomusda kuyib-qovrilib, bu dunyodan sovrilib ketyapti… Shu bolamning dardiga davo topib beringlar, deb keldim…

Hamma jim qoldi. Nima qilishsin? O’limdan boshqa hamma narsaga davo bor… Ammo oʻlim…

Baribir Alpomish mard edi, birodarlar! Kampirni armonda yolgʻiz qoʻygisi kelmadi. Qoʻngʻirot qaytib Qoʻngʻirot boʻlishiga sababchi bu halol kampirni oʻlim uqubatiga qanday qilib yuzma-yuz qoʻysin?
— Ena,— dedi Alpomish bir toʻlgʻanib,— mening ham birgina oʻgʻlim — koʻzimning oqu qorasi, hayotimning ma’nosi Yodgorim bor. Shuni olib keting. Siz tufayli mening yurtim omon qoldi, Yodgorjonim tufayli sizning farzandingiz ham sogʻayib ketsin. Shu bolamni xayri xudo yoʻliga buyurdim…
— Yoʻq… — dedi kampir koʻzdan yoshi selob boʻlib.
— Oling, ena! Yodgor oʻsha gʻoz togʻ ustiga chiqib, oʻzini oʻgʻlingizga atab qurbon qiladi. Inshoolloh, bolangiz tuzalib ketgay…

Alpomish arkonu davlatning quvvati boʻlib oʻtirgan Yodgorbekka nazar tashladi. Yodgorbek padari buzurukvoriga qulluq etib, xizmatga tayyor ekanligini bildirdi. Barchin kelib, oʻgʻlining boʻyniga osildi.
— Eli uchun qurbonliqqa arziydigan shoʻrlik bolam!— deb aytib yigʻlab boshladi. Alpomish koʻzlarida qalqqan yoshlarini tiyib, bir keskin ishora qildi. O’rtaga sukut choʻkdi. Yodgorbekni peshonasidan oʻpdi.
— Bor, bolam,— dedi soʻng u — Qoʻngʻirot har kimdan qarzini uzib yurmogʻi lo-zim… Bor, yolgʻizim! Bor, Yodgorim! Yurtingni qarzini uz!—Keyin kampirga yuz-landi:—Ena, endi joʻnanglar! Iloyo farzandingiz shifo topsin!

Endi kampir bu mardu maydonlikning oldida lolu hayron, yurak-bagʻri vayron boʻlib oʻtirib qoldi. Uzoq oʻtirdi. Keyin nimadir esiga tushib, yuzi yorishdi.
— Qoʻngʻirot ahli!— dedi u.— Men bir mushtipar kampir esam-da, siz aytgan yoʻlga yurolmayman. Farzand dogʻi nima ekanligini men bechora bilmasam, kim bilsin! Yodgorbekni ham qoʻyinglar — Barchinning baxtiga sogʻ-salomat yashayversin! Faqat bir iltimosim bor. Hozir hammangiz chin koʻngildan xudodan tilangki, mening hech boʻlmasa birgina zorim yaratganning qulogʻiga yetsin!

Qoʻngʻirot eli gurillab, yaratganga yolvorib, doʻo qildi. Kampir yoʻlga tushdi. Alpomish kampirni toʻxtatib, Boychiborga mindirdi. Yoniga qirq yigitni qoʻshdi. Uyigacha eltib qoʻyishni tayinlab, xoʻshlashdi…

Kampir bilan qirq yigit gʻoz qoʻngan toqqa yetganda, kampir Boychibordan tushdi, jilovini qirq botirdan birining qoʻliga tutqazdi. Yigitlar «kasal yotgan joʻramizni koʻrib qaytamiz», deb harchand urinmasinlar, ularni Boysunga joʻnatdi. Hayhotday togʻning boshida bir oʻzi mungʻayib qoldi.

«Xudoyim! Mening nolamga ham bir bor quloq srl! Hech boʻlmasa, Qoʻngʻirotday bir yurtning duosini inobatga ol! Sochim supurgi, qoʻlim kosovlikda umrim kechdi. Bir farzand oʻstirdim. Bir taqdir qushini oʻlimdan saqlab qoldim. Endi bolam oʻladigan boʻlib yotibdi. Togʻdan pastga tusholmay turibman. Qoʻrqamanki, meni benajot qaytganimni sezgan bolaginamning bu dunyoda qarori qolmaydi… Xudoyim! O’zing qoʻllagin! Rahmat nurin boshimdan soch. Meni gʻozga aylantir-da, keyin inon-ixtiyorimni oʻzimga ber!.. Xudoyim!..»

Kampir toʻsatdan havoning bir boʻlakcha toʻlqini uni turtib oʻtganini sezdi. Badaniga ajabtovur vijirlash kirdi. U oʻzining gʻozga aylanganini koʻrib, quvonchidan, gʻaqillab sayrab yubordi.

G’ozning qichqirigʻi merganning qulogʻiga yetdi. Tanidi — oʻsha gʻoz! Quvonib, qayta-qayta gʻanqillab turibdi. Oh, kelarkansan-ku, armonlarda oʻldirgan yolgʻonchining ajal-berdi gʻozi! Kelarkansan-ku!… Mergan yonida beega yotgan oʻq-yoyini olib, toqqa tomon joʻnadi. Ammo kasallik quritgan tanda kuch qayda? Uyining ostonasidan chiqqanida yiqildi… Endi gʻozga yetish gumon. Hay, esiz dunyo! Nasib etmagan ekan-da… Ammo xudo yigitning omadini bersa, nimalar boʻlmaydi! G’oz oʻynab-oʻynab, sayrab-sayrab uchib, oʻq yetar joyga kelib toʻxtadi. Mergan qoʻliga yoyni, sadoqdan oʻqni chiqarib gʻozni moʻjalga oldi. Biroq kasallikdan nuri qochgan koʻzi tinib, boʻshatgan oʻqi gʻoz ustidan — ikki terak boʻyi balanddan oʻtib ketdi. Attang! O’ladigan qul shunday boʻlar ekan-da!.. Ammo gʻoz yana oʻyin koʻrsatdi. Havoga bir balandlab uchdi-yu, qanotlarini ozod yoyganicha suzib kelib, merganning shundoq qarshisiga qoʻndi!

«Xudoyim! Menga mehring shunchalar moʻlmi? Juvonmarg ketishimni istamagan tangrim! O’zing madad ber!..»

Mergan bor kuchi bilan yoyni tortib, oʻqni boʻshatdi. O’q gʻozni tuyrab oʻtib ketdi. Mergan birdan kasallikdan xalos boʻlib, oʻrnidan sakrab turdi. Yugurib gʻozning yoniga bordi. Qush hali jon uzmagandi.
— Ena!—quvonchini ichiga sigʻdirolmay qichqirdi mergan.— Qaerdasan! G’ozni otdim! Ena! Sogʻayib ketdim! Ena!..

Qush bu qichqiriqdan nogoh koʻzini ochdi. Qanotlarini tolpintirmoqqa urindi. Mergan gʻozning koʻzida ajabtovur bir shodlikning sharpasini koʻrib, qichqirishdan toʻxtadi.
— Ena!— deb qichqirdi u endi xavotirlanib.

Qushning qanotlari shalvirab tushdi. Shodlikning sharpasi esa allaqanday sovuqlik bostirib kelayotgan qovoqlari ostiga botdi.
— Ena…

Hech kim javob bermadi. Hikoya tugadi.

Faqat, birodarlar, bir iltimosimiz bor: gʻoz koʻrsalaring otmanglar! Kim bilsin, balki, elchi qushdir, qim bilsin, balki birovning onasidir… Shunaqa gaplar.

BIROVNING UMRI

Chaganada gʻaroyib odamlar koʻp. Ammo Panji polvon gʻaroyiblarning ham gʻaroyibi. Masalan, bayramlarda markazdagi yagona koʻchadan qulfu yashil kiyinib, alvon tugʻlar koʻtargancha, jamoa-jamoaga boʻlinib, askarlarga xos saflarga tizilgan baxtiyor namoyishchilarning xurram kayfiyatlariga mos tushmagan ishlar qiladi. Ya’ni, taxtadan muvaqqat yasalgan minbarda Moskvadagi rahbarlarga taqlid qilib, qaddini gʻoz tutganicha, dolzarb shiorlarni sidqidildan hayqirib oʻtayotgan odamlarga shlyapasini viqor bilan silkitayotgan rayqoʻm kotibining naq qarshisiga — koʻchaning narigi betiga turib oladi-da, oʻzicha oʻylagan xayrli ishini bajarishga kirishadi.
— Pulini sandiqda chiritayotgan Chagananing boylari! Topganini koʻchaga sochadigan mardu maydon hotamtoylar! Choʻntagidagi pulni xotinidan ham yaxshi koʻradigan aziz qurimsoqlar! Boshimizda soyabon boʻlib turgan rayqoʻmu ijroqoʻmning xalqparvar xodimlari! Bilib qoʻyinglar, besh barmoq teng emas! Siz bayramda kayfu safo etayapsiz, ammo kimningdir uyida noni ham yoʻq. Siz bayroq koʻtarib, hayqirib yuribsiz — kimdir qiziga kalish ham olib berolmaydi. Saxovatli boʻlinglar! Himmat koʻrsatinglar! Hamma topganicha… Mana, Panji polvondan ikki yuz soʻm!..

U qoʻlidagi ikkita yuz soʻmlikni boshi uzra koʻz-koʻz qiladida, soʻng qoʻlidagi qizil alvonga oʻralgan qutichaning tirqishiga tiqadi. Namoyishchilarning mustahkam safida parokandalik paydo boʻladi, kimdir angrayib toʻxtaydi, kimdir unga uriladi, kimningdir oyogʻini kimdir bosadi, kimningdir tuflisi tushib qoladi, u tuflisini topgani saflarni yorib orqaga harajat qiladi… Qatorlar buziladi, shiorlar besaranjom qalqiydi, qizil bayroq rayqoʻm kotibining yuragiga qoʻrqinch solib, tahlikali egiladi. Ammo kotib, har qanday vaziyatda ham oʻzini yoʻqotib qoʻymaydigan davlat kishilariga xos bamaylixotirlik bilan mehnatkash xalqni qutlashda davom etadi — faqat endi shlyapasini instruktor Mingtoʻraevga tutqazadi, shlyapasiz qoʻli bir qanot qushning qanotiday havoda ajabtovur manzara yasab silkinadi. Polvonning chaqiriqlari esa avjga chiqadi. Aralash-quralashgan namoyish uyalinqirab oqishda davom etadi.
— Chaganada saxovat nima qilsin!—hayqiradi Panji polvon. Uning keng koʻkragidan zavq bilan otilib chiqayotgan zabardast ovozi mikrofonda oʻzicha nimalarnidir sayrayotgan madaniyat boʻlimi boshligʻi Salomatovning ovozchasini namoyishchilarning qulogʻiga yetkazmasdan, havodayoq parchalab tashlaydi.
— O’taveringlar!.. O’taveringlar! Baribir Chaganani xasislarning yurtiga aylanti-rib qoʻyolmaysizlar! Panji Polvon oʻlmagan ekan…

Endi odamlar chidab turolmaydi. Birinchi boʻlib Furqatov domla Polvon tarafga yuradi. Liboslari toza — xuddi hozir Parijdan kelganday. Yurishida me’yordan oshiqroq viqor bor. Furqatov allaqanday ta’zimga oʻxshash harakat bilan Polvonning ehson qutisiga qoʻl choʻzadi. Ammo bu chaganashumul voqeaning tashkilotchisi domlaning xayru sadaqasini butun koʻchaga e’lon qilmasa koʻngli tinchimaydi.
— Odamlar! Koʻrib qoʻyinglar! Furqatov domladan yigirma besh soʻm!.. Puldorlarni oʻldirdingiz! Yashang, domla!

Domla ta’zimga oʻxshagan harakatini yana viqor bilan bajo etadi-da, shiorlaru tugʻlarini koʻtargancha sochilib qolgan jamoasiga qoʻshiladi. Endi Panji Polvonning oʻyib-oʻyib olayotgan masxarali hayqiriqlariga chaganaliklar chidab turolmaydilar. Odamlar Polvonning qutisini toʻldirishga, bu atrofda birorta ham bechora qoldirmaslikka qat’iy bel bogʻlashadi: birin-ketin namoyishdan uzilib chiqa boshlaydilar…
— Hasan sartaroshdan besh soʻm! Umar gazchidan uch soʻm! Doʻxtirdan oʻn besh soʻm… Polvon xasislik zanjirlaridan ozod boʻlgan hamshaharlarining ismu shariflariyu, laqablarini ilhom bilan jaranglatib turaveradi. Uning atrofida odamlar borgan sari koʻpayayotganini koʻrib turgan rayqoʻm kotibi soʻnggi chorani qoʻllashdan boshqa iloj qolmaganini dono rahbarlarga xos hushyorlik bilan payqaydi. U milisa boshligʻini chaqirib, Polvonni koʻchadan badargʻa etmoqni buyuradi, deb oʻylagan oʻquvchilar xuddi shu yerda katta xatoga yoʻl qoʻyadilar. Chunki, Chagana milisasining jami jangovar tarkibi ham Panji Polvonday davralarni boylagan nomdorga bas kelolmasligini kotib yaxshi biladi. Yana… Kotib boʻla turib el-yurt oldida xasislik qilish sal… uyatlimi-ey! Kotib choʻntagini kovlashtirib, instruktor Mingtoʻraevga nimanidir choʻzganini hamma koʻradi. Ammo chaganaliklar odobli xalq — sezishganini hatto koʻz qiri bilan ham bildirishmaydi. Mingtoʻraev plenumlarda koʻrsatadigan yengilu chaqqon yurishini mu-kammal namoyon qilib, biroz bukilganicha Polvonning qarshisida paydo boʻladi. Sirli jilmayib, polvonga pinhon gapi borligini bildiradi. Polvon pakana instruktorning ogʻziga qiynalib engashadi. Soʻng tavoze bilan qutichani tutadi. Mingtoʻraev qutichaga pul tashlaydi-da, minbarda qoʻl silkitishni ham unutib, ularni kuzatib turgan kotibdan imo kutganicha turib qoladi. Kotib instruktorning buyruqqa ishtiyoqmand nigohini bejavob qoldirib, qoʻlini musht qilganicha Polvonga qarab yolgʻondakam poʻpisa qiladi. Polvon ozroq erkalanib, qoʻlini koʻksiga qoʻyadi-da, kechirim soʻragan boʻladi…

Namoyishdan keyin Polvon uch kishi guvohligida qutini ochadi. Pullarni sanatadi. Akt tuzdiradi. Soʻng qoʻynidan ikki bukloqlik qogʻozni olib, oʻzicha tuzgan bechorahol oilalar roʻyxatini ularga koʻrsatadi. Demokratiyaga amal etib, boshqalarning takliflarini ham inobatga olib, oʻzgartirishlar kirgizadi… Soʻng pulni tarqatishga joʻnaydilar…

Polvonning bundan ham boshqa antiqa odatlari bor. Xoʻsh… Toʻyda kurash boʻlyapti, deylik. Qoramurutning polvonlari davraning bir chetida ataylab qunishib oʻtirishganini ham tasavvur qiling. Chaganaliklarning «kalish-palish» polvonchalari oʻyin koʻrsatyapti. Navbat «uloq» polvonlarga tekkanda qoramurutliklarning biri oʻynab chiqadi-da, chaganalikni olgandan tashlaydi. Biroq dunyo hali chaganalikni behimoya etib qoʻygani yoʻq! Boʻz bolalardan biri hovliqmasdan borib, bakovullarning oldiga tiz choʻkadi. Duo olib, maydon aylanadi. Uch qafas olmasdan raqibining yelkasini yerga tekkizadi. Kurash shunday davom etaveradi — goh u gʻolib, goh bu… Oxiri Panji Polvon qoramurutliklarning «hoʻkiz koʻtargan» pahlavoni bilan obroʻ talashgani Alining maydoniga chiqadi… Ikkovi ham davrani bosiq aylanadilar. Bir necha bor qoʻllarini silkitib, bir-birlariga yaqinlashadilar-da, yana ajralib, jonlari tanlariga sigʻmaganday oʻynoqlab ketadilar. Panji polvon yugurib kelib, xalqning qarshisiga tiz choʻkadi. Xalq guvillab duo beradi. Pahlavonlar bir-biriga usul ishlatolmay uch-toʻrt bor yoqa ushlashadilar. Birdan xalq polvonlarga qoʻshilib, vujudlaridagi zoʻriqayotgan gʻayratni boʻgʻzilarda ushlagancha tosh qotadi.
— YO Ali!..

Xalqning koʻksidagi kuvonch gurrosi havoga minglab kabutarlarday uchadi. Panji oʻzini osmonga otadi. O’ynoqlaganicha davra aylanib quvonchini hammaga ulashadi. Magʻlub yiqilgan joyidan ohista turadi. G’olibning quvonch raqsiga alam bilan qaraydi. Shunda Panji birdan hovridan tushib, uning yoniga samimiy bir jilmayish bilan keladi. Quchoqlaydi.

Kechqurun qoramurutlik polvonlar Panjining uyida mehmon boʻladilar.

Chaganaliklar gʻolib chiqishni yaxshi koʻrishadi. Ba’zan qoramurutliklarning polvoni Hazrati Ali unga ham pir ekanligini koʻrsatib qoʻyadi. Davra suv sepganday jimib qoladi. Bakovullar gʻaribsinib bir-birlari bilan koʻz urishtirib oladilar. Tomoshabinlardan biri alam bilan: «Harom!» deb baqiradi. Birdan hamma qoramurutlik polvon halol kurashda yengmaganiga bir zumda ishonadi. Bakovullardan biri Panjining yelkasidagi xas-xashakni bildirmay qoqib tashlar ekan, boshqatdan kurashish lo-zimligiga ishora qiladi… Shunda Panji polvon nohaqlik boʻlayotganidan oʻksinib oʻtirgan qoramurutliklarning toʻdasiga boradi-da, raqibining qoʻlidan ushlab davraning oʻrtasiga boshlab chiqadi.
— Xaloyiq!— deydi u ovozidagi alamni bosolmay.— Mard boʻlaylik. Bu yigit meni urdi… Haqini beringlar!..

Endi raqibi Panjini quchoqlab dast koʻtaradi…

Kechqurun qoramurutliklar qoʻyarda qoʻymay qishloqlariga Panjini olib ketadilar.

Polvonning yana bir qiziq odati bor. U Chagananing tevaragidagi yozda jizgʻanak kuyib yotadigan tepaliklarga nihol oʻtqazishni yaxshi koʻradi. Bahorda niholni ekkach, atrofini sim toʻr bilan oʻraydi. Soʻng yoz boʻyi suv tashiydi. Ba’zilarining yoniga bochka «qoʻyib, suvga toʻldiradi. Keragida joʻmragini buraydi… Nihollarning yayraganini koʻrsangiz! Biz shundaymiz, oʻrtoq oftob! Kuydiravering! Olovingizni toʻkavering! Hali osmonga yetamiz! Chaganaga kelganlarning ogʻzi ochilib, yumilmasdan qoladi!.. Polvon rohat qiladi…

Choyxonalarda odamlar nihollarni soʻrashadi: «Qalay, yaxshimi?» deb. Xuddi kasal bolalarni soʻrashganday. Polvon nihollarini maqtay-maqtay soʻzlaydi. Odamlar quvonadilar…

Bu gaplar Polvon Chaganada qanday umrguzaronlik etgani haqida…

Polvon boshqa joylarda ham boʻlgan. Masalan, Toshkentda, institutda ikki yil oʻqigan. Yashay olmagan. Buning ustiga Dilorom degan yaxshi koʻrgan qizini ota-onasi boshqaga uzatib yuborishgach, «hayt» deganu qishloqqa qaytib kelavergan. Yosh ekan-da, chiday olmagan. Asli qizning uyidagilari ham koʻp norozi emas edilar, faqat Panjiboy shaharda qolsin, odam boʻlsin, deyishdi. O’ylab koʻrilsa, bechoralar yomonlik ravo koʻrishmagan ekanlar. Ammo Polvon qanday qilib shaharlarda yashasin! Xayr, shahar! Alvido, shaharni suyguchi muhabbat! Xush qolinglar, joʻralar! Ming afsus, diplomni saqlashga sandiq sotib olmaydigan boʻldik…

Shundan buyon Polvon vohadan nariga chiqqani yoʻq. Toʻylarga boradi. Yelkasi, ayniqsa, keyingi yillarda, yer koʻrmadi hisob. Panji polvon desa, davraga qadam bosgan viloyat odami borki, nomini hurmat bilan tilga oladi. Polvonlar oʻtirishlarda toʻrga oʻtkazishadi. Salt qolgani yoʻq: tagida mashina, tablasida ot… Yana nima kerak?

Hammaning ham soʻz oʻtadigan joʻrasi boʻladi. Chori kassir Polvonning yakkayu yagona soʻzi oʻtar doʻsti. Ammo, aynan shu doʻsti— Chori qurgʻur Polvonni yoʻldan urdi. «Yur, Toshkentni bir aylanib kelaylik… Dunyo koʻrmasdan, davrani hoʻkizday aylanaverib, oʻlib ketganingni bilmay qolasan… Yur!.. Qarigandan keyin…»

Polvon koʻndi.

Chori u yoqqa oʻtdi, bu yoqqa oʻtdi, birpasda mehmonxonadan joy undirdi. Uch xonali — ikkita alohida yotoqxona, mehmonxona, yerda choʻgʻday gilamlar, rangli televizor, muzxona; bejirim, shiftlargacha tutash shkaflar; yumshoq divanlaru oromijon kres-lolar…
— Xoʻsh,— dedi Polvon tevarakka razm solarkan,—endi bu yerda nima qilamiz, Xazinabon?
— Kurash tushamiz,— deb hiringladi Chori kassir xuddi oʻz uyiga kelganday, narsalarini shkaflarning sonsiz qutilariga bemalol joylashtirarkan.— Bu shahri azimda kurash tushadigan narsa koʻp, polvonlarning gʻofili! Hozir vannaga tushib, yoʻlni hordigʻini chiqaramiz, keyin toʻyib uxlaymiz, keyin… Keyin gap koʻp, nodonlarning polvoni!— U yana kuldi. Kayfiyatida kelajak kurashlarning shavqi, huzurbaxsh oromi, sogʻinilgan lazzat…

Polvon qanday kurash tushsa, boshqa ishlarni ham shunday doʻndirib bajaradi. Ayniqsa, oppoq choyshablarga oʻralgan yumshoq oʻrinda Afsar devday qotib uxlab qoladi.

U koʻzini ochganda, mehmonxonada chiroqlar charaqlab yongan, televizorda qarsu qurs kontsert borar, Chori xazinachi qarsak chalar, kimdir barmoqlarini qirsillatib oʻynar edi…
— Xazinachi!—deb yotgan joyidan baqirdi Polvon.— Nima qilyapsan, ukagʻar? Momongni arvohini oʻynatyapsanmi?
— G’aflat uyqusidan boshingni koʻtar, polvonlarning uyqu koʻrmagani! Parilarning podshohini oʻynatyapman!

Xazinachining qarsagi yana avjlandi, yotoqxonaning ochiq eshigidan bir nozanin musiqa muqomida bellarini bilanglatib, ajoyib jilvalar etib, «lip» etib oʻtdi. Polvon turib kiyindi, oynaga qarab qoʻllari bilan yuzidan uyqu asoratini sidirib tashladi-da, narigi xonaga chiqdi. Xazinachi kresloda jon berib qarsak chalar; harir moviy koʻylakli, yelkasiyu qoʻllari yalangʻoch bir huru gʻilmon oʻrtada turgan stolni aylanib, nozu karashmalar bilan raqsga tushar edi. Stolning ustida har xil ichimliklar, gazak bosdi ovqatlar, tansiq taomlar, yana allaqanday, polvon nomini bilmaydigan ne’matlar… Qizning yuzi oppoq, yonoqlari qirmizi: haqiqatan ham osmondan tushgan parilarga mengzar — qishloqda yashayverib, charchagan bu ikki doʻstga jannat farogʻatidan bir shingil namoyish etgani yerga tushganday edi. Qiz ming turfa noz bilan Xazinachining qarshisida unga jonini fido etmoqchiday, kuy mavjida oʻrtanib toʻxtadi. Qoʻllarining nafis harakatlari bilan ishq oʻtida kuyib ketganini izhor qildi. Bu yonishning yagona sababkori Xazinachi ekanligini ham yashirmadi. Chori «doʻst» deb koʻksiga urganicha, choʻntagidan uch-toʻrt qizil chervonni olib, qizning yoʻq yoqasidan pastga — koʻylak deb atalgan libosni tutib turgan ikki balandlikning oʻrtasiga tiqdi. Hayajonlanib: «Voy, dod!» dedi-da, stoldagi nim yarim konyak shishasidan piyolalarga toʻlgʻazdi.
— Panji! Byr oʻynaylik, doʻstim! O’zing oʻzingni ovutmasang, bu dunyoyi azobda hech kimning sen bilan ishi yoʻq… Ol! Polvonlarning maishat koʻrmagani, ol!..

Polvon bir piyola ichimlikni bir tashlashda yutdi. Endi qiz oʻziga qarab ishva qilayotganini koʻrdi. Uning oppoq yuzi xatarli tarzda Polvonga yaqin kelgan; kumush yelkalari, raqsga monand soʻlqillab titrayotgan bilaklari yurakning toʻridan aqlga boʻysunmas bir shiddatni qoʻzgʻab kelar edi.
— Polvon! Puling yoʻqmi!— qichqirdi Xazinachi.

Panjining qoʻlida pul koʻrinishi bilan qiz chaqqonlik bilan uni ilib ketdi, soʻng sharaqlab kuldi-da, raqs tushishdan toʻxtab, oʻzini divanga tashladi.
— Aka,— dedi u Polvonga hansiraganicha,— menga ham quying… Uf!..

Polvon nozlanib, erkalanib charchagan bu goʻzal mavjudotdan koʻzini uzolmasdan piyolaga konyak kuyib uzatdi. Qiz piyolani muntazir etganicha, bee’tibor harakat bilan avval koʻkraklari orasidagi pulni oldi, qoʻlidagilariga qoʻshib, divanda yotgan bejirim sumkachasiga joyladi, soʻng vujudiga singib ketgan navozish bilan Polvon qarshisiga keldi-da, piyolaga qoʻl uzatdi va ayni shu paytda unga birinchi bor astoydil nazar tashladi.Uning nazarini qaynoq ishtiyoq bilan tutgan yigitning koʻzlari nogahon qizda kutilmagan oʻzgarish yuz berganini payqadi. Qizning nigohida avval hayrat, keyin quvonch, soʻng soʻlish jilvalari tez-tez almashib, behollik ichida qotdi, U piyolani ohista stolga qoʻydi-da, noxos boshi aylanganday peshonasiga qoʻlini bosdi, toʻsatdan shapaloq yegan kabi yuzini sekin harakat bilan siladi, keyin shu koʻyi gandiraklab divanga choʻkdi. Betlari hamon kaftlari orasida — qaylardandir uchib kelgan gʻussa koʻzlarini toʻldirgan edi. Polvondan nigohini uzolmas, goʻyo Panjiboy dunyodagi eng hurkak qushu — bir zum nazoratdan chetda qolsa, ulkan gavdasini lopillab koʻtargani-cha, borsa kelmas makonlar sari ochiq derazadan uchib ketadiganday… Qizning qarashi asta-asta oʻzgarib, behol gʻussa oʻrnini sogʻinchu armon, yillab koʻrishmagan oshiqlar orasida boʻladigan begonaligu betoqatlik egalladi. U sumkachasini ochib, dastroʻmol oldi-da, koʻzlariga bosdi… Bir fasl jismini nogahon zabt etgan gʻussasi bilan kurashganicha qoldi.
— Asad aka…—dedi u butun vujudi bilan xoʻrsinib,— uchrashgan joyimizni qarang…

Hech narsa tushunmagan Xazinachi Polvonga qaradi. Bu oʻzgarishdan garangsiragan Polvon lol edi. Qiz esa shaxt ila oʻrnida turdi-da, Chori xazinachining qarshisiga choʻk tushdi.
— Jon aka!—dedi u yolvorib.— Bola-chaqalaringizni yaxshiligini koʻring! Meni Asad akam bilan xoli qoldiring. Sizga… Topib beraman…

Qiz javob kutmay, telefon dastagini oldi-da, gʻayrat bilan raqam tera ketdi.
— Nafis! Bugun uyingda kim bor? Boʻshmisan? Yaxshilab quloq sol, jonim… Hozir bir odam boradi. Xavotir olma, sinalgan akalarimizlar… Aytganing boʻladi… Ming rahmat, Nafisichka!

Soʻng shu shiddatda bir parchaqogʻozga nimalarnidir yozdi-da, Chori xazinachiga tutdi.
— Mana shu adresga borasiz… Mening uyimning oldida…

U dovdirab qolgan Xazinachini qoʻltiqlab oldi-da, eshikkacha boshlab bordi:
— Aka! Kechirasiz endi…
— Ie! Bizni haydaysizmi, parilarning gʻazabkori?—dedi oʻzini oʻnglab olish harakatida Choriboy.
— Iltimos qilyapman, akajon! Nafisa kayfingizni chogʻ qiladi, xavotir olmang!.. Xazinachi doʻstiga koʻz qisdi:

-— Xudo omadingizni berdi, Polvonlarning baxti chopgani! Polvon hazilga hazil ulay olmadi. Negadir:
— Buniyam olib ket!—dedi qizarib.

Qiz birpasda serharakatligini yoʻqotib, eshikning oldida qotib qoldi.
— Asad aka…— dedi ovozi qaltirab.— Keyin… Soʻkarsiz… Maylimi?—uning koʻzlari yana gʻamgusor iltijo bilan boqdi.
— Endi muomilani yaxshilab, suhbati jamshid quraverasiz, polvonlarning mada-niyat koʻrmagani!—dedi tirjayib Xazinachi. Unga yana a’lo kayfiyat qaytgan edi.— Xayr!— u hamon Polvonga mutelarcha tikilib turgan qizga, soʻng doʻstiga koʻz qisdi-da, chiqib ketdi.

O’rtaga sukunat choʻkdi. Qiz hamon mutelik bilan yigitga qarab turar, xonaning havosi titroqqa toʻlgan, chiroq hayron bir qiyofada ziyo taratar edi. Polvon derazalardan koʻchalarning shovqini bemalol bostirib kirayotganini koʻrdi. Bahaybat gavdasi bilan shovqinni hurkitib yurib bordi-da, derazani berkitdi. Televizorning ekrani oʻchgan… «Kim oʻchirdi?» oʻyladi Polvon. U tushunib boʻlmaydigan bu shaharning allaqanday oʻyiniga qoʻshilib qolganini, atrofida hech qachon u bilan kechmagan qandaydir voqealarning sharpalari paydo boʻlganini bildi.
— Asad aka! — dedi qiz.— Meni bunday holda uchrataman deb oʻylamagan boʻlsangiz kerak?

Nima deyapti? Qanaqa Asad? Nimaga u bu telba xotinni oldida buzoqqa oʻxshab angrayib turibdi?
— Gap bunday… — gʻijindi Polvon.— Bu enagʻar Xazinachi koʻzdan qolgan. Qaysi ishtoni yoʻqni koʻrsa, pari deb yopishib oladi… Xoʻsh… Yana sizga aytsam, bizga rahmatlik enamiz Qaynar momo Panji deb ism qoʻyganlar, xudoga shukur…

Qiz pirillab yurib Polvonning yoniga keldi. Ikki qoʻlini koʻksiga qoʻyganicha, kuyib-pishib yolvorishga tushdi.
— Iltimos, meni xudo qargʻagani ham yetar… Siz ham… Jon Asad aka! Xohlasangiz, oyoqlaringizga yiqilaman… Meni tanimaslikka haqingiz bor… Ammo bugun urishmang!

Polvon qizning iltijolari yuragiga tegayotganini, kechayotgan voqeaning botin bir kuchi uni oʻz yoʻliga sola boshlaganini sezdi…
— Men… Asadmanmi?.. — dedi u zoʻrgʻa jilmayib.
— Ha! Ha!.. Asad akamsiz! Mening Asad akamsiz! Sogʻinishni bilmagan, yoʻqlashni bilmagan Asad akamsiz!

Qiz endi oʻzini unutib, yonib gapirardi. U gapidan toʻxtab, Polvonning koʻziga qaygʻuyu quvonch, umidu hadik bilan qaradi. Keyin ohista yurib keldi-da, Polvonning koʻksiga bosh qoʻydi.
— Asad aka… Asad aka…

Polvon birdan, qiz bu soʻzlarni takrorlarkan, unga oʻz hayotini, azoblarini, sogʻinchlarini, armonlarini, hech qachon ushalmaydigan umidlarini, nogahoniy bu uchrashuvning quvonchlarini soʻzlab berayotganini sezdi va oʻzi ham Asad ekanligiga ishonayotganini payqadi. U qizning ikki yelkasidan tutdi-da, koʻkragidan ajratdi. Kuldi.
— Xoʻsh, — dedi u qizning koʻziga termilib. — Bu, ukagʻar Xazinachini quvib yubording…

Polvon qizni senlaganidan uyalib, gapini yoʻqotdi. Qiz yana boshini uning yelkasiga qoʻydi.
— Senlayvering, Asad aka… Men hammasining avvalgiday boʻlishini xohlayman… Polvon birdan oʻzini erkin his qildi.
— Nima qilamiz endi? — soʻradi u jiddiy, tarzda. — Siz raqsga tushib, men yana qarsak chalamanmi?

Qiz qoʻlchasini «jim» deganday Polvonning ogʻzigy qoʻydi.
— E, ukagʻardi qizi-ya! — dedi yigit qizni erkalagan b,oʻlib… Qiz xursand boʻlib, ma’yusgina jilmaydi.
— Eski gaplaringizni yoʻqotmapsiz…

Polvon borgan sayin oʻzining Asad ekaniga ishona borardi. U bu qizni qachonlardir koʻrganiga, hamsuhbat boʻlganiga, hatto… yaxshi koʻrganiga iqror boʻla boshlagandi…
— Yur, — dedi u kutilmaganda gʻayrati qoʻzgʻab, — xonaga qamamay, shahringni bizgayam koʻrsat. Momagʻar Chori qochib ketdi. Keyin restoranga kiramiz…

U taniga gʻayratini sigʻdirolmay, stol ustida turgan yarim shisha konyakni dast koʻtardi-da, qultillatib yuta ketdi. Boʻsh shishani negadir divanga irgʻitdi. Boshini tebratib rohat qildy. Qiz tutgan bir boʻlak mandarinni olmasdan:
— O’zing ye, — dedi mehri iyib.

Shaharni mehnatkash xalq tark etgan, tungi koʻngil ochish ishqibozlariyu ajralishdan qoʻrqadiganday, bir-birlarini mahkam ushlab olgan ,oshiqlar; toʻp-toʻp kezingan kechki ta’lim talabalariyu milisalardan boʻlak hech kim yoʻq. Ular «Inqilob» xiyoboniga eltadigan koʻchaga yurdilar. Shisha devorlaridan nur oqayotgan «Gullar» doʻkonining oldida qiz toʻxtadi.
— Esingizdami? — dedi u, — Menga mana bu doʻkondan gul olib bermaganingiz?..
— Ahmoq bola edim-da, — «eslashga tushdi» Polvon. — O’zbek yigiti qiziga gul bersa, oʻrischa boʻlib ketadi deb oʻylardim-da…
— Jinni edingiz…

Birdan Polvon bu soʻzni kimdan eshitganini, kimga gul olib bermaganini eslab, dong qotib qoldi… Tovba! Xudoyo tovba! Axir, bu soʻzlarni… Dilorom aytardi-ku! Axir Diloromga gul olib bermagan edi-ku! Qudratingdan! Bu ne sir?
— Asad aka…

Polvon qizning xotiralar tumanida suzib yurgan ovozidan oʻziga keldi.
— Asad aka, — derdi qiz olis voqeani xotiralar ichidan tortib chiqarayotganday, — esingizdami, «Don Juan»ga kirganimiz?.. Mana bu teatrga kirganimizni aytayapman… Yarmigacha oʻtirib…
— Ukagʻar Xazinachi «Don Juan»ni yarmini koʻrgan odamni ham madaniyatsiz deydi-ya…

Kulishdi. Endi Polvon oʻzining Asad ekanligiga aniq ishongan: bu voqealarni aslida qachonlardir Dilorom bilan boshdan kechirganini his qilib tursa ham, oʻsha hayotni mana bu yelkalari ochiq qiz bilan ham yashaganiga ishonar edi. Ular kechki shaharni sayr qilib. yurarkanlar, har muyulishda, har qadamda oʻzlarini qachonlardir bogʻlab turgan voqealarning izlarini topishar, kulishar, bir-birlariga suykanishar, ixtiyor ketgan mahallari bir-birlarining bagʻirlariga tashlanishar va bu kechaning ortida ayriliq borligini sezishib, yigʻlashar edi. Yoʻq! Polvonning koʻzidan yosh kelgani yoʻq. Birodarlar, dil degan sabil yoshsiz ham yigʻlayveradi…

Ular aylanib yana mehmonxona ostonasiga yetib keldilar.
— Endi bu uchrashuvimizni yuvmasak boʻlmas, — dedi Polvon, — Qani, boshla! Sening shahring.

Qiz unga mehr toʻla koʻzlari bilan qarab turardi.
— Yoʻq, — dedi u, — endi xayrlashamiz…
— E… Garang qilma-da endi!.. Boʻlmasa mehmonxonaga yur…
— Asad aka… Hozir… Xayrlashamiz. Xoʻpmi? — dedi qiz va Polvonning kayfiyati buzilayotganini sezib, erkaladi: — O’zimning Asad akam!..
— Endi… Choy ichmasak, qanday boʻlarkan…

Qiz Polvonga butun vujudini baxsh etib termulganicha, oppoq, jajji qoʻlchalarini choʻzdi:
— Xayr… Xayr, Asad aka!

U yigitning bahaybat kaftlarida barmoqchalarini biroz ushlab turdi-da, boshini bir tomonga xiyol engashtirib, jilmaydi:
— Xayr…

Qiz Markaziy doʻkon tarafga qarab joʻnadi. Polvon nima qilarini bilmay, hasrat bilan qarab turardi. Birdan u qizning na telefoni, na adresini olmaganini esladi.
— Dilorom! — deb baqirdi u beixtiyor. Qiz ortiga burilmay, yer osti yoʻliga tushib ketdi…

Polvon bu voqyoaning mohiyatini ham, oʻzining kimligini ham oʻylashga qurbi yetmay uzoq turdi. U oʻzida katta oʻzgarishlar kechganligini, qishloqdagi Panjidan farqi borligini angladi. Shundan soʻng beixtiyor restoranga qarab yurdi.

Polovon shovqinli notanish kuydan qulogʻi bitib ovqat yegan boʻldi. Ofitsiant zoʻrgʻa topib kelgan yarimtani ikki boʻlib yutdi. Boshida gʻira-shira xushbaxtlik sharpalari aylana boshlagach, restoranning sozandalar oʻtirgan tarafiga qarab xayolga toldi. Keyin birdan nimadir esiga tushganday burilib, yoniga qaradi. Deraza tagidagi stolda ikki yigit ikki qiz bilan vaqti chogʻliq qilib oʻtirishardi. Polvon ulardan koʻzini oldiyu yana sachranib qaradi… O’!.. Ana… Qachonlardir uning bagʻrini xun etgan Dilo-romxon kayf-safo qilyaptilar-ku! Yonidagi kim? Erlarimikin yo oʻynashchalari? Polvon bosiqlik bilan oʻrnidan turdi. Xotirjamlik bilan stollarni aylanib oʻtdi-da, Diloromlarning qarshisiga borib, qizning koʻziga tik qaradi. Dilorom unga bir razm soldi-da, hech narsa koʻrmaganday suhbatni davom ettirmoqchi boʻldi. Ammo shu payt yigitlardan biri Polvonga oʻgirildi.
— Bizda ishingiz bormi? — deb soʻradi u, ensasi qotib.
— Senda emas… — Polvonning koʻzi hamon Diloromda edi.—Mana bu qizchada ishim bor.
— Menda? — ajabsindi Dilorom.
— Ha, senda… Tanimay qoldingmi?
— Nima balo, mastmisiz? Hozir milisa chaqiraman. Diloromning achchigʻi chiqqandi.

Ayolning yonidagi yigit qoʻzgʻaldi.
— Janjal chiqarmoqchimisiz? — dedi u bepisand ohangda, zaharxanda tirjayib.
— O’tir-e! Preslab tashlayman!

Polvon uni yelkasidan bir bosib, joyiga qayta oʻtqazib qoʻydi. Ikkinchi yigit tavoze bilan oʻrnidan qoʻzgʻaldi.
— Aka, men sizni tanib turibman. Chaganaliksiz… Yuring, koridorga chiqib gaplashaylik… — u shunday deb qoʻlini koʻksiga qoʻydi.

Polvon «Chagana» soʻzini eshitgach, yana bosiq qadamlar bilan yurib kiyimxona oldiga kelib toʻxtadi.
— Gapir!

Yigit odob qoidalarini zarracha ham buzmay, xush jilmayganicha, Polvonni qoʻltigʻidan oldi:
— Aka, — dedi muloyimlik bilan, — bir maishat qilgani kelgan edik… Iltimos, endi buzmang… Puligacha toʻlab qoʻyganmiz;.. Siz oʻzimizni suygan Panji polvonimizsiz…
— Sening isming nima? — soʻradi Polvon. Endi u jangovar qiyofasini yoʻqotgan, sulh uchun tayyor alfozda turardi.
— Asad, — dedi yigit shirinsuxan hozirjavoblik bilan.
— Nima?!

Polvon hayqirib yuborganini oʻzi ham sezmadi. Kiyimxona atrofida jimlik choʻkdi. Hamma tomosha ilinjida ular tarafga oʻgirildi.
— Asad… — dedi yigit gunohi nimada ekanligini tushunmay jovdiraganicha. Polvon bir daqiqa yigitga ogʻir qarash qilib turdi-da, burilib restorandan chiqib ketdi.

Polvon uygʻonganida Xazinachi hali qaytmagan edi. U stol ustidagi ma’dan suvni shishasi bilan oldi-da, kresloga yastanganicha xoʻplab, kecha kechgan voqealarni bir-bir xayolidan oʻtkazdi. Soʻng Chaganani, nihollarini, tabladagi otini, kurashga tushayotgan polvonlarning oʻyin koʻrsatishlarini, xalqning ishqibozlik gashtida goh tosh qotib, goh guvillashlarini esladi va hozir oʻsha dunyodan naqadar uzoqda ekanligini sezdi. Yuragiga sogʻinch toʻlqini urilib, entikdi. Shunda birdan kechagi voqealarning ma’nosiga yetganday boʻldi.

YO qudratingdan! Nima oʻyin koʻrsatding? Aqldan ozgan Panjiboyga koʻrim qilding-ku! Nahotki, unga kechadan buyon birovning umrini yashatayotgan boʻlsang?..

Polvon shishadagi suvdan yana bir hoʻpladi. Ayon! Kechadan buyon birovning umrini yashayotgani ayon!

U narsalarini tez yigʻishtirib, jomadonga soldi-da, tashqariga chiqdi. Taksi olib avtobekatga bordi. Uzoqqa ketadigan mashinalarning shofyorlari uni darhol oʻrab olishdi.
— Qayoqqa? Chaganaga? E-he… Hech kim bormaydi. Dumaloqqina bir shofyor hazil aralash gap tashladi:
— Ming bersangiz…

Polvon indamasdan «Volga»ning oʻrindigʻiga oʻzini tashladi…

«Sharq yulduzi» jurnali, 1991 yil, 8-son

045

(Tashriflar: umumiy 784, bugungi 1)

1 izoh

  1. Булар − шоирнинг насри, аниқроғи, Усмон Азим отлиқ (машҳур) жўшқин, самимий, фидойи (“Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини”); “Бахшиёна” туркуми билан ўзбек шеъриятида бутун бошли бир йўл – халқона-бахшиёна ёзишни бошлаб берган (бахшиларнинг аксари эшитганлари-ёдлаганларини такрорлайдилар, замонни зуҳр этмайдилар!), боз-тағин классик рус драматургиясининг тўйинтирувчи бўйи келиб турадиган бир неча пьесалар ёзган (уларнинг аксари саҳнага қўйилди), Ғарбу Шарқ насрини тинимсиз ўқиб мушоҳада қиладиган, сиртдан ёвқурлигига қарамай – кўнгил ўта нозик бир шоирнинг, яъни Усмон Азимнинг наср бобидаги илк…
    …асарларидир.
    Бу уч бадиани бир ўтиришда ўқиб чиққанингиздан кейин (хусусан, менда шундай ҳол юз берди) уларни бит-та адиб ёзганига ишониш қийин.
    “Ғоз” – мутлақо “бахши”лар йўлида битилган. Ва шундай самимий битилганки, куни кеча дўмбира чертиб достон айтган бахшининг дўстлари даврасида оғзидан чиққандек: бирон-бир жумласида бугунги – ХХ аср насридан нишона тополмайсиз.
    Ҳа, мутлақ бошқа одам ёзган бу асарни!
    “Бировнинг умри”, айниқса, “Севги”ни ўқиб чиққач, бундаги нозик руҳий таҳлиллар, шоирона тасвирлар, ўта жонли-жўн диалогларни кўриб: “Ажаб, бу – ХХ асар прозаси…” дейсиз-да (Мен шундай ҳолга тушдим.), “Ғоз” ҳикояси билан (Узр, менимча, “Ғоз” ҳикоя эмас, ривоят) “Севги”нинг орасида тирноқча яқинликни кўрмайсиз.
    “Бўлар экан-да шунақаси, яъни шунақа адиб-шоирлар ҳам…” – шу калима Сизнинг ҳайратингизга жавоб бўлади. Ва сўнгра адибга тикилиб қарасангиз… Усмон Азимни кўрасиз-да: “Э, бу-ку! Ахир, Усмон, Усмон…
    …шундай ёзиши мумкин”, − дейсиз.
    Ҳа, фақат угина (бошқа шоирлар бошқача ёзишади!) шундай ёза-олиши мумкин: “Бахшиёна”, драматургия, Ғарбу Шарқ насри… Ҳа-ҳа, буларни битта одам…
    Усмон ёзган!
    Энди бу асарларга санъат асари талаблари: мукаммаллик, тугаллик, руҳ бирлиги…
    …ва характер нуқтаи назаридан қарасак (мен бу йўриқдаям ўз қаноатларимга суянаман!), ҳар бир ҳикояда ҳам талай номукаммалликлар, ортиқча ўринлар-тасвирлар, руҳий бирликнинг сақланмаслигини аниқ кўрасиз.
    Мисол учун, “Ғоз”даги сўнгги хулосанинг нима кераги бор? “Бахши” ўзини тўхтатолмапти-да… Ёки “Бировнинг умри”да Панжи полвоннинг ресторанда биров қиёфасида “яшаши”га унинг юқоридаги бир қулоч таржимайи ҳолининг нима дахли бор? Уни ғоят қисқартириб, полвоннинг жўнлиги-ю жўмардлигига кўпроқ (беш-ўн қатор) урғу бериш мумкин эди-ку?
    “Севги” бобида: содда, фқир, етим Абдураҳмоннинг пиёниста шаҳарда йигирма йилча яшаши, табиий, унинг туйғуларини ўтмаслаштириб ташлайди. Ва у…
    …ўз қишлоғига қайтганида табиатни бошқачароқ – (турган гап – соғинч билан!), яъни, ўзига хос жўнлик билан – ҳайрат аралаш ғам билан кўради.
    Ҳикояда Абдураҳмон деярли шун-дай кўринади. Аммо… кўп ўринларда шундай хаёлга борасизки (мен шундай хаёлга бордим!), “Йўқ, бу одам…
    …ишчилар шаҳарчасидан келмаяпти. Бу – шоир-ов…”
    Тағин бир жиддий хулосам шу: Усмоннинг илк ҳикояларида Яхши одам билан Ёмон одам бор, холос. Ҳолбуки, бу ҳол… “Характер яратиш керак!” деган…
    “…адабиётнинг жони-қони − шу”, дейилган талабга тўғри келмайди!
    Лекин, во ажаб, бу нарсани ҳикояларни ўқиётганимда… сезмадим. Мана ҳозир (машинкани чиқиллатаётиб)…
    …сездим!
    Хулоса шу: Усмон – шоир Усмон Азим наср-прозада…
    …ёза-ола-ди!
    Усмонжон, агар бу ишларингиз – вақтинчалик ҳавас бўлмаса, Сизни табриклаб, Сизга – ҳақиқий адибга хос МАСЪУЛИЯТ тилайман!
    Эсдан чиқарманг: бу – умр савдоси.
    Акангиз –
    Шукур ХОЛМИРЗАЕВ.
    1991.

Izoh qoldiring