Xurshid Do’stmuhammad. Bugun ertalab

077

       Ақллилар ақлсизларга ақлини пеш қилиши, ақлсизлар ақллилар олдида ўзини ақлли кўрсатишга уриниши, ақллилар жанжали, ақлсизлар можароси ва бошқа-бошқаларнинг, бандасининг гўзаллигию бузғунчилиги бўлмиш Мувозанат олдида нима деган гап?! «Тўқсон фоиз банда туғма виждонсиз бўлар экан», деб аюҳаннос соладиган билимдонлар «Одамларнинг  бари Илоҳий мувозанат назарида тароқнинг тишидек тенг», деган ҳадиси шарифдан бехабар-да!

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
БУГУН ЭРТАЛАБ

023

045 Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йил 8 январда Тошкент шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1973). Дастлабки китоби — «Ҳовли этагидаги уй» (1989). Шундан кейин ёаувчининг «Паноҳ», «Оромкурси». «Сўроқ». «Соф ўзбекча қотиллик», «Маҳзуна», «Ибн Муғанний», «Ёлғизим — Сиз», «Кўз қорачиғидаги уй», «Жажман» (1997) асарлари, шунингдек, «Ҳижроним мингдир менинг» (2000) қисса ва ҳикоялар тўплами, «Бозор» (2000) романи нашр этилган. «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари» хотира-эссеси ва «Журналист бўлмоқчимисиз?» (2002) рисоласи, «Чаёнгул» (2000) киносценарийси муаллифи.
Рюноскэ Акутагаванинг «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини, Темур Пўлатовнинг «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини ўзбек тилига таржима қилган.

023

Мингта телбанинг ақли бор менда,
Миллионта ақллининг телбаликлари.

Сурайё Зоҳир.

033— Каллани ишлатиш керак!

Айни саҳар уйқудан уйғониб, ҳали туғилиб улгурмаган ҳам эдимки, яъни кўзимни очиб улгурмасимдан таъна, киноя, ҳақорат ва яна аллақандай ёвуз маънолар аралаш шу калима хаёлимга тирғалди-ю, субҳий ҳаловатим тўзғиди. Бомдод ибодатини адо этишга киришдим ҳамки, ўша лутф ёруғ оламнинг энг осуда гўшаси — жойнамоз узра айланишаверди, мен ҳайдадим — у келаверди, ўзимни чалғитишга уннадим —зуғум авж олаверди: «Каллани ишлатиш керак! Каллани ишлатиш керак! Каллани ишлатиш керак! Каллани…»

Кечамиди ё ўтган куними, ё-ки… аллақайси куни қулоғимга чалинган бу жумлаи муборак бугун эрталабдан сурбетларча бетимга тармашганини қаранг! Менинг шаънимни безаш ниятида айтилган эмасди-ку, у! Ёинки, «Ўғлим, сенга айтаман, куёвим сен эшит» қабилида айтилганмиди?! Қуриб кеткур, теша тегмаган жа оҳорли гап ҳам эмас, одамзод яратилибдики, инсон инсон қиёфасини олиб шундан улуғроқ кашфиёт қилган эмас. Одамзод қавми дунёга келиб орттирган дунёси ҳам шу — каллани ишлатиш! Илло, яна бир дафъа тавбалар қилайки, айни шу бугун саҳар мардондан менинг акд-шууримни қийин-қистовга олаётгани ғалат. «Каллани ишлатиш керак!» деган маломатомуз жумланинг бугунги кунга қандай даҳли бор?! Нима, каллалар ишламаяптими? Ахир, инсоннинг калласи ишлаяптики, дунё мавжуд, акс ҳолда нақ қуёшнинг қораси ўчади. Қанақасига ўчишини ҳам айтайми? Офтобнинг ҳарорат манбаи бор-ку, ўша одамларнинг миясига жойлашган, тушундингми, азизим, миялар қанчалик бақувват ва соғлом ишласа қуёшнинг нури шу қадар кучаяди, кучайиш суръати секинлашса борми, қуёш сўнади-қолади!

Тасаввур қилинг, ҳеч бир зотнинг — эркакдир- аёлдир, кексадир-ёшдир, мўминдир-гумрохдир, қўйинг- чи, бани башарнинг каллани ишга солувчи «анжом»лари зудлик билан яроқсизланаверса ва мўйсафид Ер кўз очиб-юмгунча буткул калласизлар сайёрасига айланса…

Муқаррар ҳалокатга олиб борувчи бу хавфни одамлар билади, ялписига каллалар ишламай қолишидан замон адоғига етажагини, замину осмон тўзонга айланажагини сезади — инсоннинг баданида шундай сезим бор-да — билгани-сезгани учун ҳам ҳамма бир-бировини каллани ишлатишга ундайди: «Каллангни ишлат!» дея тарбиялайди, ўқитади, ўргатади, ялинади-ёлборади, ўтинади, калтаклайди, аразлайди, жанжаллашади, гиналашади, ёқалашади, урушади… тўпга тутади. Одам боласи борки, назарида бошқаларнинг калласи ишламайдигандек туюлаверади. «Ҳойнаҳой, ўзимнинг ақлим заифлашиб қолгандир?» деган истиҳолага бориб ҳар куни тонг-ла маҳшарда ўзини-ўзи сўроққа тутиш, ўз нуқсонларини топгани сайин минг бир хижолат алангасида жизғанаги чиқиб… о-о-оҳ, фалак, одамзодни бундай саодат мақомига қачон олиб чиқасан?!

Шундай ўй сурсангки, қалбингнинг авра-астарини ағдар-тўнтар қилиб ташласанг, қандай одамсан, бу ёруғ дунёда нима қилиб юрибсан, бепоён заминнинг қаерида, қай аҳволда яшаяпсан, яна қанча давру даврон сурасану қай фурсатда ра-во-на бўласан?.. Равона бўлгач, у ёқдаги йўлинг сени қай манзилларга етаклайди, ёруғ оламга келишингдан бурунги аҳволга тушасанми, ёинки бу дунёдаги аъмолларинг боис адашиб-улоқиб тентирайсанми?.. Ёхуд, остидан дарёлар оқиб ётган, беҳишт мевалари туганмас боғу роғлардан ошиён топасанми?.. Айқаш-уйқаш қаторлашаётган бу саволларни ўйламоқ, чамаламоқ, тошу тарози палла- сида ўлчамоқ учун озмунча ақл-идрок, озмунча фур- сат, ҳурлик, эркинлик… тантилик зарурми?! Фрейд Мпнинг гйловига каралса ман-ман деган мардлар
ҳам ўзи ҳақидаги бор ҳақиқатни тан олишга ожиздирлар. Қайдам?.. Одамзодни бу қадар қарғиш уриб қўйган эмасдир-ов!.. Ўзингни рўпарангга ўтқазиб қўйиб, дўппини тиззага ташлаб, обдон чордона қуриб олиб, сен биру олам бир — мулоҳаза, ўй, хаёл, мубоҳаса, тафтиш уммонига ғарқ бўлиш наҳот шунчайин машаққат?! Андишани, муросаю мадорани йиғиштириб айтдим-ку, сен биру олам бир! — Ўзингни чеки- чегараси бўлмаган ўн саккиз минг оламнинг жиловини чангалида тутган қодир Эгам билан юзма-юз ҳис этиб — шу мақомга кўтарила олсанг Фрейд боболарнинг эзмаликлари чикора! — жавоблар изласанг, излайверсанг!.. Ўзгага эмас, ўзингга, ўз ичингдаги адоватга адоват-ла яшасанг, нафсинг зулмидан халос бўлаверсанг!.. Бундан ортиқроқ лаззат борми, инсон учун?!

Ў-ў, касофат банда! Йигитман, эркак кишиман деб сумбатингаи кўз-кўз қилиб дунёдан ўтаверсангу, бирон марта мен айтган адоват-ла ўйланиш, изланиш, жавоблар исташ бахтига мубтало бўлмасанг! Эркакдир-аёлдир, ҳар бир эс-ҳушли жондор чекига жила қурса бир дафъа шундайин мақом аршига кўтарилиш имкони битилган, ахир! Ўша дафъани, ўша имконни пайқашда қолган бари!

Иситма олаяпти шекилли? Баданим қизияпти, иситмага бало борми, шу топда?.. Хуллас, одам неча йил умр кўрмасин, Инсонлик мақомини санокли сониялардагина ҳис қилади. Умрга татигулик сония, лаҳза! Ушбу дақиқа бандани ўйлов аршига қадар олиб чиқади. Ўйлаш аршидаги сониялар англаш лаҳзаларига айланади. Умр — ўйлов аршига кўтарилиш учунгина берилган фурсат, муҳлат. Ўнлаб йиллар… юз йил, ундан-да зиёдроқ фурсатлар муттасил беҳаловат ўтади. Умрнинг йўлига беҳаловатлик тўшалган, одам бу сертикан тўшамадан четлаша олмайди, ундан оёғини узолмайди ҳам. Ўйлов аршига кўтарилмоқ учун эса беҳаловатлик кўчасида ҳаловат бекатини топмоқ зарур. Зеро, яшаш — ҳаловат васлига етиш, демакдир. Ана шу висол онларида суратий Одамдан сийратий Инсон мақомига ўтилади. Сурат нима, сийрат нима — буни ўйлагинг, ўйларингта ўйлар боғлагинг келади…

Эҳ-ҳе-е, мен айтаётган ўйлов бўлакча-а! Кундалик ташвишлардан, баҳорий бўтана янглиғ бостириб келаверадиган юмушлар карвонидан халос эта оладиган, ҳеч кимдан ва ҳе-еч нимарсадан дахлдорлик жойи қолмаган одамни тасаввурингга сиғдира оласанми? Ўй- хаёлингни ўз ҳолига қўйгин, дахлдорликни мутлақо улоқтир, улоқтира оласанми?.. Ҳа-а-а, шунда-ай, улоқтира оласа-ан… Сен — сенсан, сен биру олам бир… Бутун олам бирлигини тутиб турган — бошқараётган мувозанат заррасига айланаяпса-ан… Сен, жумлаи жаҳон, жондору мавжудот фақат ушбу мувозанатга дахлдор… Тушуняпсанми?.. Хаёлингга, тасаввурингга эрк бер, уни бошқарма, ўз ҳолига қўй… Мувозанатга дахлдорлик… илоҳий дахлдорлик… да-хил-дорми?.. Да-хил- дордир?.. Жаҳл-дормикан?.. дахлдор-жаҳлдор, дахл- дор-жаҳлдор! Жа-хилдор, жаҳл-дор… жаҳл-дор?! «Дор» бунча ёпишиб олмаса?! Унинг дахл ёхуд жаҳлга қандай дахли бор?.. Демак, «дахл» дейиш ҳам мумкин! У ҳолда «дор» қолиб кетади. «Дор»сиз «жаҳл» дахлдор бўла олмайди. Шундан, шундан… дахлга ҳам, дорга ҳам… дахл билан жаҳл арқоннинг икки учи, «дор» эса сиртмоқ, дор… «сиртмоқ доим бор», дегани. Дор — бор! Дор — одамга зор! Одам дорга зор!.. Оёғинг, қўлинг, белинг, бўғзинг — бари-бари шу сиртмоққа дахлдор… Даҳшат!.. Ёвузлик! Ҳар одиминг, ҳар нафасингда дор — сиртмоққа чап бермоқликка маҳкумсан. Уни бўғзингдан олиб ташлайверасан-ташлайверасан, улоқтира-улоқтира хаёлларни-да дордан озодликка олиб чиқасан… Озодлик?.. Дунёда озмунча жондору жонзот борми! Бироқ умрини бошдан-оёқ муттасил уқубатга, мусибатга айлантириб ва ўзи топган уқубатларни муттасил бартараф этишга совуриш борасида одамга тенг келадигани бўлмаса керак!.. Қайси жондорнинг мусибати одамникидан оғирроқ? Филнингми, шернингми, қўйнингми?.. Танида жони бор қўй қассобнинг қўлига тушишидан бехабар еб-ичиб, ўтлаб юраверади, бас, бўлак ташвиши йўқ. Қўй боқаман, деган одамнинг эса жони ҳалак!

Хотинкўприкдаги жанжал ҳам қўй боқиш важидан чиққан… Худо шоҳид, қилган гуноҳим ўзимга ноаён — ленинчилик кал Пета кўрсаткич бармоғини қирса ҳам  тозаланмайдиган яғир чаккасига нуқиб, «У-у-ужж!» деганча теппамга дўқ уриб келган. Ўтакам ёрилаёзган, «Нима дивотти, Пета?!» деб бақириб юборганман. Калланг борми, деб сўкяпти дея тилмочлик қилган Тўхтамурод акам. Ўтакам ёрилаёзганидан тилимни тия олмаганман, оғзимдан бепарда сўз чиққан — бўралатиб, болохонадор қилиб сўкканман. Сўкканману, «Петадан ўламан, Пета ўлдиради!» деган хаёлда баттар эсхонам чиққан, қочишга шайланиб не кўз билан кўрайки, кал Пета турган жойида тарракдек қотиб қолибди. Бит кўзларидан тирқираб чиққан ёш гўдак боланииг кафтидек кичкина, офтобда чўяндек қорайган-қизғимтир юзидан думалаб-дувиллаб ажин ариқчаларидан даҳанига келиб тўхтаб қолган. Чурқ этмаган, гапира олмаган. Қандай гапирсин, ахир, соқов бўлса!..

Худо уни соқов қилиб яратмаганида ғўлдираб тепамга ўдағайлаб келмас, ман тушуниб-тушунмай уни бўралатиб сўкмасдим, у эса менинг нега, не боис сўкаётганимни тушунмаслик азобига чидолмай бехосдан йиғлаб юбормас эдими?.. Тушунмаслик, тушунмовчилик, ҳақорат, эзгинлик… У чоқлар буларни ўйлаган эмасман, аксинча, ёмон алам қилган. Тушуняпсизми, одам қуригандай мени кал Пета каллани ишлатишга даъват этган. Гунг-соқовлиги майли-я, буниси Яратганнинг хоҳиши, илло саводсиз, иркит, ор-риқ, йирикроқ ҳандалакдек бошидан титилиб, пилтаси тўзиган, яғир, қизил бахмал дўппи тушмайдиган кал Петанинг калласи ишлаганми, ўзи?! Ақли расо одам миясининг ёнғоқдек келадиган қисмида икки ярим миллион ҳужайра бўлишини инобатга олсак, кал Петанинг миясида қанча ҳужайра бўлгану, унинг қанчаси ишлаган? Тавбангдан кетай, худойим, калласи ишламайдиганлар калласи ишлайдиганларни каллани ишлатишга даъват этиш одати бандаларинг орасида қай давру давронлардан расм бўлган?!

Ўлай агар, ўша кезлар сурувни ёйиб ўтлатиш борасида кал Петанинг калласи меникидан дуруст ишласа ишлагандир, бироқ «Наҳотки, кал Петадан беш баттар ақлсиз туғилган бўлсам?!» деган аламдан ичимга азбаройи чўғ ташлангандек кўксим жазиллаб ачишган. Ҳатто, хаёлимга тирғалган шу савол-шубҳани қувиб солиш ниятида ошкора ғазовотга шайланганман, шунда, ўша кунлар олдига ўтқазиб олиб ҳандаса ўқитаётган олим акам иттифоқо: «Каллами-ошқовоқми?!» деб гарданимга шапалоқ тортиб юборгану уним ўчган — «Бўндан чикди, кал Петадан ўн карра ақлсиз бир бахти қаро эканман-да!» дея тунлари кўрпанинг остида пусиб, дамимни чиқармай йиғлаганман…

Ўзимни қаёққа уришни билолмай қолганман, ёмон алам ўтган, алам қасдга айланиб, жон-жонимга ханжардек ботган, каллани ишлатиш бобида кал Петадан ўзиш қасдида ҳандасани ўзлапггиришга муккадан кетганман. Начора, қўй боқишни эплолмаганим рост, қўйни семиртириш, сўйиш, гўштини мўмай-мўмай пуллаш ёхуд қойилмақом қилиб пишириб, паққос туширишни ҳали-ҳали эплолмайман, чунки, мен уддабурон-учар эмасман, юлдузни бенарвон уролмайман, мен юлдузни бенарвон уриш даъвосида туғилмаганман, балки нарвонга поғонама-поғона кўтарилиб, ойнинг момиқ нурларига бетимни босишни, милтираган юлдузларни кафтимга олиб эркалашни орзу қилганман… Хуллас, денг, Петадан ўзимнинг ақллироқ эканимни намойиш қилиб қўйиш қасдида ҳижжалай-ҳижжалай, алҳол, Фиғорус ҳикматини ўзлаштирганман. «Фиғорус ким?» дейсизми? Ўзимизнинг Пифагор-да, Пифагор!. Мен ҳам «Пифагор» деб ўрганганман, «Фиғорус» десам назаримда бошқа одамнинг исмини айтаётганга ўхшайвераман. Хуллас, Пифагорнинг ҳикматини ўзлаштирганимга севинчимнинг зўридан оламга сиғмаганман. Пифагор илмига оид масала-машқларни писта пўчоғидай чақиб-ечиб ташлаганман. Кимга рўпара келсам гапнинг нишабини Пифагорга бураман, суҳбатдош рўйихуш берадими-йўқми, суриштирмайман-да, Пифагор жаноблари кашф қилган ҳақиқатнинг мағзидан тотиниб кўришга ундайман: яъни «тўғри бурчак шароитида иккиланган икки калта ёнбош йиғиндиси бир узун ёнбошнинг иккиланишига тенг!…» Қани эди, бу ёруғ оламнинг мутлақ ҳақиқати ушбу те-о-ре-мада мужассам топганига одамларни ишонтира олсаму, «Одамлару одамлар, эшитмадим деманглар!» деб кўчама-кўча изғисам-кезсам!

Ажабо, кечагина ҳисоб дарси деса баданига қалтироқ турадиган бола бўлсам…. Пифагор тушмагурнинг шу жўн ҳикматини ўзлаштиролмай Баҳодирхўжа муаллимнинг озмунча даккисини кўтардимми? Муаллим мен туфайли сабокдошларим гувоҳлигида олим акамни изза қилганини айтмайсизми!..

Буларнинг-ку бўлари бўлди, илло мени азобга гирифтор қилган саволга ким жавоб беради? Кал Пета ҳам, ҳандасанинг билимдони бўлмиш олим акам ҳам худди келишиб олгандек «Каллани ишлатиш керак!» дея мени бир хилда койигани алам қилмайдими? Бундан чикди, ҳар икковининг назарида мен нотавон, бемия одам эканман-да! Ахир… мен-ку, астойдил ўйласам қўй боқишни эплаб кетарман, аммо юлдузни бенарвон уришга муносиб одам оймоманинг нурига хаёлларини пайваста эта олармикан?.. Ҳилол ойни, ўн тўрт кунлик ойни, тўлин ойни… Ер ортига яширинган ҳижрон ойини соғинармикан?..

Суриштириб келганда, соғинадими, йўқми — менга нима, мен ўзим ҳам қўй боқишга, ҳам Оймома ёруғидан Пифагор ҳикматининг мағзини чақиб ётишдан ҳузур топадиган одамга айлансам (яна сўзимдан тонаяпман-а, боягина «Эплолмайман», дегандим-ку!) «Барака истасанг, қўй боққил», деган нақлни сув қилиб ичганман, қўй-қўзиларим ўзидан кўпаяверсин, туёқ сероблашгани сайин киссам пулга, қозоним мойга тўлишига ақлим етади, эҳ-ҳе-е, буни қайси ношуд валакисаланг истамайди! Бироқ тушуняпсанми, мен ундай одам э-мас-ман, худо урган бош-қа-ча одамман, калламни чандон ишлатган такдиримда ҳам миямнинг ҳужайраларида қўй-қўзи, ем-хашак, калла-почага жой йўқ, жой! Шундай бўлгач, киссам калламдан ўзиб гўрга борадими, калла билан киссанинг томири бир, бинобарин, шул томирдан бирон нарса ўтиб турса кисса тўлади… менинг мия чаноқларим томирлари қаёққа уланганини ҳали-ҳали тополмайман, ҳар қалай, киссага туташмагани аниқ, аммо-лекин кал Пета икки дунёда Пифагор ҳикматини на эшитади, на тушунади! Мен эса каллани ишлатаверсам, ишлатаверсам ленинчилик кал Пета экану, унча-бунча таниш-нотанишларни доғда қолдиришим ҳеч гап эмас! Бунинг учун яна ўша — каллани ишлатмоғим, каллани ишлатмоқ учун эса бош миянинг ўзи қандайин сир-саноатга тўла матоҳ эканини билиб олмоғим шарт. Фақат, шуниси борки, (кўряпсизми?!) бир ишнинг пайига тушдим дегунча худди бугунгидек аввал иситма олади, сўнг феълимдаги бир кажлик йўлимни тўсиб чиқади: «Ҳа-а, ақлни пешламоққа отландиларми ?» — «Шундай!» «Офарин, нени билмоқ истасалар, йўлни ибтидодан бошламоқ фарз. Уққан бўлсалар, манзиллари ойдин!»

Йўлим ойдин, манзилим ойдин, оқ ойдин, кўк ойдин… Ой ярақлаган тун. Қуюқ ва баланд-баланд олма дарахтлари, амал-тақал жон сақлаган пастак шафтоли барглари сап-сариқ тилло тусини олибди. Кундуз унга кўзим тушди-ю, ич-этим увишди, сочи бевақт оқарибди… Ойдин тунда барваста олмалар пойида эрта қартайган пастак шафтоли… Олма дарахтлари тик, баланд, япроқлари ям-яшил, қадди дол шафтолининг сочларига оймоманинг олтин шуъласи тўкилиб турибди. Тилло ранг нур, тилло ранг япроқлар, тилло сукунат, тилло сокинлик, тилло гўша… Кўримсиз ва абгор шафтоли дарахти ёлғиз… кал Пета ёлғиз, гапирмоқ умидида ҳарчанд оғиз жуфтлаяпти ҳамки, сўлаклар отилаётган оғзидан сўз чиқмаяпти… чиқмайди ҳам! Рўзи маҳшаргача чирансин Пета, талаффуз бўлмайди, талаффуз раво кўрилмаган унга! Раво — даво, раво — даво, раво — даъво… даъвоми, раво?.. давоми?.. да-во-ми?.. Иситма даво, иситма раво, раво-раво-раво, бугун шу даво!.. бугун шу раво: раво-раво-раво!.. раво кўрилгани даво, буюрганини ейман, буюрганини ичаман, буюрганини ейман, буюрганини ичаман… Танам қизияпти, кўзларимнинг ичи бозилламокда, жаҳаннам алангаси янглиғ, жаҳаннам!.. Босинқираяпман, иситма эмас, баданимга саноқсиз зирапчалар қадалганга ўхшайди, шу чароғон тунда ажриққа ағанашга бало борми, оппоқ чойшаблар тўшалган ўринда ором олиш ўрнига тупроқ йўлнинг ўртасига ағанаган ҳанги эшшакдек ағанаверибман-ағанаверибман-ағанай… о-оҳҳ! Юз-кўзим, қўл-оёғим, кўксим, юмшоқ жойларим… миямнинг ичига довур зирапча, зирапча эмас, тикан қадалаверибди, санчилаверибди, Ана энди, ҳушимга келганда зирапча-ю, тиканакларни битталаб териб-термачилаб тириклик ташвишини чекиш ўрнига болаликда аллақайси  каснинг бехос кўнглини оғритиб қўйганимдан ўртаниб-ағанаб ётибман. Ўнғайсизланишга, хижолатпазликка бало борми!.. Бугун ўша хаёллар кимга зарил!.. Ибтидога қайтиш, ҳар нарсани ибтидодан бошлаш… буёкда интиҳо, интиҳо… Йўқ, ибтидо — интиҳо!.. Аввал ибтидо — интиҳо!.. Ибтидо афзал — интиҳо!.. Интиҳоми? Интиқоми?!. Кашфиётнинг ойдин манзили, ойдин манзиллар қайда?.. Билишни исташ, билиш- англаш-ўрганиш-идрок этиш… давом этаверади-эта- веради, о-о-оҳ, тирноқча ҳақиқатни ўзингиз, шахсан ўзингиз кашф этиш бахтига мушарраф бўлганмисиз? Кашф этаётиб бу ёруғ дунёга одам қиёфасида келганингиз учун яратганга шукроналар ёғдирганмисиз?.. Қувончдан ўзингизни қўярга жой тополмай, телба янглиғ ирғишлаб, ҳиринглаб, илжайиб юрганмисиз? Сўнг, тиллоларга топиб бўлмас бу саодатманд масрурлик изидан келадиган ҳафсалангиз ҳуркак жиблажибон сингари «лип» этиб ғойиб бўлишини, тарвузингиз қўлтиғингиздан туши-иб қолишини… Нетайликки, билишга, билишга уринганимиз сайин аёнлашаётган ҳақиқат биқинида жавобталаб мавҳумотлар бодроқ янглиғ болалаб улгуради, шундан, кашфиёт онларида топилган қувончлар ўрнини янгитдан надоматлар эгаллайди, назарингда осмонўпар тоғ чўққисидек қудратли туюлган билағонлигинг бўйнини қисиб, шумшайиб қолади. Ожизлик… алам… афсус… армон… аламзадалик… қизиқиш, ҳа-а, афсус-надоматлар урчитаётган, сени абгор қилаётган сезимларинг олампаноҳ қизиқишга рўпара келади-ю, кимсасиз ва овлоқ жинкўчадан гавжум, серқатнов шоҳ кўчага туйқус чиқиб қолган дайди ит каби ҳуркиб, думини кетига қисиб, келган томонига қараб жуфтакни ростлайди. Ҳисобсиз мавҳумотлар — адоқсиз муз ва қор довонлари бўлса, қизиқиш ва интилиш — поёнсиз Шимолий қутбни забт этишга отланган Уэмура! — Уэмура ортга қайтмайди, зеро, унинг мия томирлари англамоқ, интилмоқ, забт этмоқ манзилларига (ойдин манзилга!) туташиб кетган, инчунин у интилади, интилаверади, қоқилади-суқилади, адашади-улоқади, йўлидан қолмайди — кетаверади, кетаверади, йўл юрса ҳам мўл юради. Йўл юргани сайин бола-чақасидан, эл-юртидангина эмас, ўзидан узоқлашади, дахлдорлик ибтидосидан дахлсизлик интиҳоси сайин узоклаша-узоқлаша Коинот, Замин ва сарҳадсиз Салтанатни туташтирган ўйлов аршига — уйғунликка етади… етдимикан?.. Етади, етдимикан?.. етгач ором, ором, о-о-о-ҳ, ором!.. ором воқе — дарвоқе, Нуомининг калласи, ер ости йўлида кўйлак-иштон сотаётган жигаргўшамнинг калласи… қай бири калла??!

Яна савол, савол, савол — ибтидодан бошланган сафар, сафар, сафар. Начора, на-чора!.. одамнинг калласи ишлаётган-ишламаётганини англамоқ учун авваламбор бош миянинг икки ярим палладан иборатлигини, ҳар ярим палланинг ўзига раво кўрилган бурчи-вазифаси борлигини билиб қўймоқлик зарур. Ҳар қалай, кўпдан кўра икки дона нарсани эплаш осон. Осонликка осон-а, фақат… ўша икки ярим палланинг фаолияти юрак, ўпка, буйрак, ошқозон (ошқозондан гап очадиган кунми?!), бурун, кўз… қулоқ… ҳоказо аъзоларга дахлдорлиги маҳоллик туғдиради. Маҳолдан-маҳол ва чигал ишдан оғиз очсанг тилинг чигаллашади, чигал-чигал-чигал, кунинг ақлга қолади! Ақл- а-қил… одамзод қавми ақлдан қочиб қутилолмаганки, ҳаёти қил устига кеп қолди. Ман-ман деган одамлар ақлдан воз кечаман, ақлнинг измига юрмайман, деган қарорга келган заҳоти билиш, билишга ташналик, боя айтганим — қизиқиш бутун аъзои баданни занжирбанд этади (жаҳаннам иситмаси!), занжирбанд этиб, дунёни кўзингга шу қадар тор ва қоронғи қилиб қўяди- ки, зиммасига ўн саккиз минг олам мувозанатини сақлаш юки ортилган бирдан-бир фикрловчи (каллали!) жонзод — Инсон Олий мувозанат чизган чизиқдан узоқлаша олмайди, балки ўша тақдир чизиғига монанд туғилади, кўпаяди, ўлади, қирилади. Яхши ҳам, ёмон ҳам, шоҳ ҳам, гадо ҳам…

Ақллилар ақлсизларга ақлини пеш қилиши, ақлсизлар ақллилар олдида ўзини ақлли кўрсатишга уриниши, ақллилар жанжали, ақлсизлар можароси ва бошқа-бошқаларнинг, бандасининг гўзаллигию бузғунчилиги бўлмиш Мувозанат олдида нима деган гап?! «Тўқсон фоиз банда туғма виждонсиз бўлар экан», деб аюҳаннос соладиган билимдонлар «Одамларнинг  бари Илоҳий мувозанат назарида тароқнинг тишидек тенг», деган ҳадиси шарифдан бехабар-да!

Кўринадики, одамларнинг гўзаллигию бузғунчилиги у дунёю бу дунё илоҳий уйғунликка путур етказолмайди. Илоҳий мувозанат посангисини бузиш бандасининг яхши-ёмонлигидан эмас, Яратганнинг хоҳиш- иродасида!

Яхши ҳам, ёмон ҳам кечани кеча, кундузни кундуз демай (тунда — уйқу, кундузи — бедор, тун бўйи уйқу, кун бўйи — уйғоқ, яна, яна я-на-а!.. давом этаверади, этаверади) ақлингни ишлатаверасан-ишлатаверасан, бу қадар бир хиллик, бу қадар мижғов такрор-такрор- такрор одамни ҳолдан тойдиради, бир хиллик гирибонингдан олади, дунёнинг бойлигини йиғиб — ҳой, бутун дунё учарларию қўйчивонлари, топган-тутганларингни келтиринглар! Эгамнинг оёғи остига ташлайлик, зора, кеча ва кундуздан бўлак яна нимадир яратса?.. Кеча ва кундуз, кеча ва кундуз, кеча… Одамзод — эрмак, одамзод — мазах, одамзод — қўғирчоқ, гўдак, гўдак… тиришади, тармашади, уринади-суринади — фасллар ўтиб алланималарга эришади. Мувозанат «чурқ» этмайди, «қимир» этмайди — яғринида чумоли ғимирлаган фил талвасага тушармиди! — ҳисоб-китобга кўра фурсати етган лаҳзада Мувозанат истаса «чурқ» этади, истаса «қимир» этади, қарабсизки, ақлининг қудратига алданган Одамзод яна У чизган чизиққа қайтади. Чизиқ, чиз, из… ҳа-а, изга қайтади, тўғрироғи, изга тушади, чунки бу из чизиғини Тортгувчи ҳамма нарсани билгувчидир! Унинг огоҳлигию билгувчилиги олдида одамзоднинг яратувчанлигидан тортиб бузғунчилигига қадар, эзгулигию ёвузлигига қадар — бари эрмак, Унинг ихтиёридаги эрмак. Ихтиёр, ихтиёр эмас, изм, измида. Изм, қисмат, пешана, такдир, такдири азал… болалик… Хотинкўприк жарлари… ям-яшил, бепоён бедазор… сассиз оқаётган зилол сув… сурув- сурув қўй-қўзи… кал Пета, Тўхтамурод акам… ақллилар, беақллар, қўйчивонлар, бошқалар… Кўмилиб кетди, бари… ўз ақли, ақлсизлиги, устаомонлиги, бойлиги, бебойлиги билан тупроққа айланди… Кисмат, такдир, тақдири азал, пешана, Мувозанатнинг изми, чизган чизиғи…

Билишга қизиқиш ҳам, билағонликка алданиш ҳам тақдир.

Билишга ташна бўлсанг калланг ишлайди, калланг ишлагани сайин Қуёшнинг тафти сақланади, шундан Заминда ҳаёт шаъми сўнмайди. «Билгил ва қўрқгил!» дегани ҳам шу, яъни билмасанг, билишга интилмасанг ҳолинг вой! У ҳолда… пиравордида қўрқувга олиб борувчи билишга мубтало экан-да, инсон? «Билганинг сайин қўрқувинг ошиб боражак! «Нега? «Нега?» дейишдан қўрқмаяпсанми, демак, гумроҳсан! Гумроҳман?! Начора, гумроҳ бўлмасам ақлан кал Петадан ўзиб кетдим, деб керилармидим! (Ўзиб, қайга етдим?!) Шундай экан, ҳамон гумроҳ эканман, лоақал сўраб қолай.

Ҳалиги, нима демоқчи эдим… ҳа-я, билиш қўрқувга эмас, муҳаббатга олиб борса-чи?.. Яъни «Билгил ва қўрққил!» эмас, балки «Билгил ва севгил!» Тушуняпсанми, тинимсиз билиш, билишга қизиқиш ўйлов аршидаги муҳаббат кошонасига олиб чиқса нимаси ёмон! Наҳотки, инсоният мақомининг мунгли ва мунис мусиқасини тинглаб ором топмоқ учун муҳаббатдан кўра қўрқув, таҳлика қулайроқ бўлса?! Онадан топмоқ ва қўрқмоқ ниятида эмас, севмак муродида туғилиш афзалроқ-ку! Шундай эмасми? Нега? Муҳаббат, жунбиш хаёлни тўзғитади, қўрқув изга солади. Шу боис, муҳаббату қўрқув — ҳар иккови тенгдан керак. Эътиқод ва гумроҳлик, муҳаббат ва нафрат, эзгулик ва разолат Олий мувозанатнинг бу ёруғ олам аталмиш халтасида аралаш-қуралаш келгани сингари. Ахир, нуқул бир феъллик одам бўлмаган-ку, оламда, фақат яхши, фақат ёмон, фақат меҳнаткаш, фақат товламачи, фақат лодон каби… Бунинг боиси ичкарида, аъзои баданимизда ҳар лаҳза асносида миллион дафъа ҳужайра янгиланишида!..

Ушбу миллион янгиланишни изма-из идрок эта олган, аъзои-баданидаги жамики янгиланишларни Олий уйғунлик мақомига мослаштира олган одамгина комил инсонлик мартабасига етишади, шундай одамнигина калласи бутун ишлар экан деса арзийди. Аммо-лекин бу мартаба томон эзгулик олиб борадими, меҳнатсеварликми, интизомми, ақл-идрокми, эҳтиросларми?

«Ўлгудай эзма экансан-ей! Алжирашингдан кўнглим беҳузур бўлди». Топдинг, пича эзмалигим ҳам бор, аслида бу қадар эзма эмасдим, бомдод ибодати ниятида кўз очдиму (энг яхши уйғониш — ибодат ниятидаги уйғонишдир!), мана, боя айтганимдек, ажриққа ағанабман — бош-оёғим тиканга тўла, зирапчалар миямга довур қадалган, иситма… босинқираяпман… эзмалик хуруж қилди (ахир, ҳеч ким эзмалик қилиш, вайсаш ниятида ёстиқдан бош кўтармайди-ку!), алжираяпман, алжираяпману бунинг тагига етолмаяпман. Йўтал тутса, нетасан, йўталасан-да! Эзмалик, мижғовлик дарди ҳам тумов ёки йўталдек ёпишса — мижғовланасан-да! Ёнбошимни босиб ётсам ҳам, беҳини қайнатиб ичсам ҳам, босиб-босиб уйқудори ичсам ҳам касални енга олмайман — вайсайвераман, гапиравераман. Қўшнимнинг уч ёшли боласи ҳам шу дардга йўлиққан. «Жим ўтир» деб қулоғини чўзсанг ҳам, «Дапияман! Дапийвеяман!» деб бижирлагани-бижирлаган. Ахир бугуннинг дарди бу, мен ҳам бугуннинг одамиман — беармон вайсаяпман, пойинтор-сойинтор, ўхшатиб-ўхшатмай аламимни гапдан олаяпман. Эртага… эртага эмас, ҳали тушга бориб кулгу касали тарқаса мен ҳам куламан, ҳиринглайман, илжаяман, тиржаяман, ха-холайман, елкаларимни силкитиб, кўзларимдан ёш тирқиратиб куламан… ичакларим узилиб кетгунча кулавераман… пешинга бориб! Ҳозир — эрталабдан вайсақилик, эзмалик раво кўрилган экан, начора, унинг измидаман.

Ким билади, кечга бориб жонимиз омон қолса ҳойнаҳой сукут сақлаш касали юқар. У ҳолда балиқ янглиғ лом-мим демай яшашни биздан кўрасан — чурқ этган номард! Тўхта-чи, дунёда қандай одам бўлиб яшаш афзалроқ? Ҳаётнинг лаззати эзмаликдами? Меҳр-шафқатдами? Эҳтимол, қўй-қўзининг тилига тушунадиганларнинг, яъни ишбилармонларнинг ошиғи олчидир доим?.. Олимлик дурустми? Машшоқликми?.. Ҳаётнинг мағзига раққосалар кўпроқ етадими, раққосларми?.. Майнабозларми?.. Айтсанг-чи, ҳаётнинг лаззати қандай одамларга кўпроқ насиб этади, ўзи?!. Телба- девона бўлишдан кўра афзалроғи йўқдир балки?

Ўқимасанг, уқмасанг, билишга қизиқмасанг, қорнинг тўқ-очлигини фарқламасанг, ҳушингга келган одам билан пачакилашиб, ҳушингга келмаганини бўралатиб сўксанг, сўка-сўка ҳовурдан тушсанг — вақт-соати етиб, оламий мувозанатнинг сакданиши учун ҳожатинг қолмаган дақиқаларда, яъни илоҳий уйғунликни сақламоқ учун ҳожатинг қолмаган сонияларда — раводан мосуво — қўрқмай-нетмай бандаликни бажо келтирсанг… сўнг ювиниб, тараниб, ўраниб, у дунёга ўтсанг. Эътибор қиляпсизми, «Ўлсанг, ўлсангиз» демаяпман, одам ўлмайди, ҳеч нарса ўлмайди, балки у ёкдан бу ёққа ўтади, фурсати етгач эса бу ёкдан у ёққа қайтади… Дод-вой ортиқча, йиғи-сиғи беҳуда. Фарёд, ҳасрату надомат, бетоқатлик, туф-е!.. Узр, кечирим, осудалик, фаҳм-фаросат… нима, кечирим, фаҳм- фаросат нима деганинг?! Шу бугун саҳар мардонда алмисокдан қолган бу сўзлар эсингга келганига ҳайронман, хўжам? Эсларию ҳушлари жойидами, ўзи?.. «Азобга қолдим», «бошим ғалвадан чиқмади-чиқмади»нинг адоғи борми? Умр бўйи ғам-андуҳ чекаверсанг, тилинг ҳасратдан толмаса қандай яшайсан, ахир, қачон?! Нима эмиш, «Чархининг мен тортмаган дарду балоси қолдиму?»

— Маъзур тутгайлар, ёшлари нечада, биродар?
— Нимайди?
— Сир бўлмаса, айтаверсинлар?
— Ўттизни қоралаб…
— Э, яшанг! Э, кўп яшанг, ука! А, бу чархнинг юздан, йўғ-а, мингдан, миллиондан бир дарди астойдил ёпишса-чи, ука, унча-бунча банданинг-чи?.. А, бу, бунча фиғон чекмасалар?! Ҳали нариги томонга ўтайлик, кўрайлик кўрадиганимизни… Бу ерда «дар-ду-бало» деганлари асли роҳатдир, эҳтимол?.. А, лаббай?!
— Нималар деяпсиз, тушунмаяпман ? Очиқроқ гапиринг!
— Очиқроқ?.. Тушунтириб гапирайми?.. Хў-ўп, Фиғоруснинг, яъни Пифагорнинг энг улуғ кашфиётини биладиларми?
— Қайси, Фиғорус?.. Қайси Пифагор?!

— Э, кучингдан, ҳофиз! Нега кўзларини олиб қочяптилар? Бунда-ай ҳамсуҳбатнинг афтига қарайдилар-да! Қанақанги одамлар суҳбатдошига тик қаролмаслигини биладиларми? Нигоҳини яширадиган одамларчи… Нодирбек домла: «Оғзингни очсанг ошқозонингни кўраман», дер эдилар, мен — бўйим ҳаминқадар эмасми — оғизларини очсалар митти тилчаларини, ундан ўтиб мияларигача кўраман. Калла ишлаяптими-мудраяптими ёхуд занг босиб ётибдими — билиш чўт эмас! Ҳисоблаб берайми, ана, пешана уч энлик, қуюқ қош уч энлик, бурун… ҳе-е бурунлар-бурунлар! Катта-кичик, япалоқ- ясси, чўзинчоқ, пучуқ, танқайган, букри, қийшиқ… қандай бўлмасин, бурун — гипотенуза. Мана, гап қаерда, биродар! Донишманд Фиғорусни эслаганимнинг боиси буёкда!.. Буруннинг гипотенуза эканлигини, қош, қовоқ, лаб ўлчами катетлар ўрнини босишини билмай туриб, чарх-кажрафторга нола чекишлари ортиқча-да! Ҳа-а, баракалла!.. Аввал ўзларини билиб олсалар, сўнг ён- атрофдагилар ҳақида ноғора қоқсалар. Ишни ибтидодан бошламоқ учун, яхшиси, метрога тушсинлар, тушсинлар-да, рўпарада ўтирган йўловчиларнинг бетига разм солсинлар. Манглай — болаликдан, қаншардан то юқори лабга қадар — ўрта ёшлик палласидан, остки лаб ва даҳан — кексалик айёмидан ҳикоя қилувчи ҳужжатли ойнаижаҳон! Кўрасану, ўқийверасан, холос! Мана, сизга бир дунё ҳикмат! Бу бурунлар, бу қош-қовоқлар, бу лаблар, яноқлар, пешаналар!.. Бир дунё гипотенуза, бир дунё катетт-т! Азбаройи кузатаётган одамнинг туни билан ухлаганми, уйқудан қолганми, ҳатто, неча бора безовта бўлиб ташқарига чиқиб келганигача ўқиш- уқиш мумкин.

 Худо ҳаққи, Фиғорус авлиё экан! Қаерга қараманг, кўзингиз катетлар ва гипотенуза иккиланишидан пайдо бўлган ҳосилага тушади. Ўлай агар, Фрейднинг ўзи, Пифагор!.. Вой, шарманда-е! Ҳандаса қаерда-ю, психология қаерда! Ақлнинг зўри ҳаётнинг   моҳиятига бориб тақалаверар экан-да, бундан чиқди!.. Билъакс, Пифагор мусиқани рақамларга айлантириб тинглармиди?!

Эшитяптиларми, ҳофиз биродар! Сиз ё бўлмаса ер ости йўлида кўйлак-ипггон сотаётган, авлиё Уэмурани бир чайнам сақичга олмайдиган ўсмир жигаргўшам мусиқани рақамга айлантириш, айлантира олиш нима эканини тасаввур қиласизларми?..

 Ҳу-у, яратган Эгам, рақам — мусиқа — рақам… кал Пета — сурув — Пифагор… Катетлар — гипотенуза… катет, тет… гипокатет, гипо-катет, нуза-катет… ўзбекча эмас-да, инсоният тили, ҳа-ҳа, катетлар ва гипотенуза йиғиндиси ҲАЕТнинг ўзгинаси, зеро, унинг, яъни ҳаётнинг миллати бўлмайди, ҳаёт ё бўлади, ё — йўқ! Тирикликнинг мазмуни эса яна Пифагор ҳикматидан бошланади…

  Бир замонлар насаро динида айрим роҳиблар учун оила қуриш ҳаром саналган. Ё, жаноби Исо алайҳиссаллом, Аллоҳнинг суйгани — никоҳ турур! Наҳот, оила қуришни ман этганлар Пифагор ҳикматини ўқимаган бўлсалар! Ахир, у ўз кашфиётида…

 Дарвоқе, Исо алайҳиссалом бурун яшаганми ёхуд Пифагор донишмандми? Буни аниқламоқ учун яна бир дунё ақл-идрок керак, калла ишламоғи шарт! Калла ишлагани сайин эса… хаёл бетизгин. Тутқич бермайди азбаройи, азбаройи… мен калламни нечоғли ишлатмай, бирни икки қилолмайди, ўнни юзга айлантиролмайди. Нарса-буюм-матоҳлар олдида азбаройи ҳисоб машқини ечолмай беҳуда уринаётган ношуд талаба аҳволига тушавераман… «Каллани ишлатт!» Ишлатаман, дунёни дунё қилиб турган нарса каллани ишлатиш, зеро, дунёни нима сақлайди, биласанми? Айтайми?

  Башарти, айтмасам-да, баногоҳ мен ҳам қўярда- қўймай мени қистовга олаётган саволни Бугун жанобларининг ўзларига қайтарсам қандоқ бўларкин? Ё, қийнамайми? Саволдан чўчийдиларми? «Каллани ишлатиш керак» демайми? «Калланг ишлайдими?» деб сўрамайми? Ёхуд саволларнинг барини маҳшаргоҳга қолдирамизми? Айт, айтадиганингни, бойвачча!..

 «Эзма экансиз, каллангиз ишлайдими?» дединг-а, жигаргўшам. Мен ҳам сени шу хил саволга тутайми, айт, Петажон, жигаргўшамга шу саволни берайми, берсам… берсам берарман, лекин у эзмалик қила оладими?..

Ҳа-а-а, ҳо-ой, жаҳаннам иситмаси, етиб келди-ик, етиб келди-ик: бутун эрталабдан менга ёпишган хасталик сенга юққудек бўлса. (Ҳатто, юқумли касалликлар ҳам ҳазар қиладиган одамлар бўлади-да!) Юқди ҳам дейлик, бугуннинг касали юқса-да, ҳали кун ботишига эҳ-ҳе-е қанча бор! — кун узуккун шу бугуннинг дарди билан оғриб юрсанг-да, тикану зирапчалар бозиллатиб ачиштираётган оғриқларингни бир бошдан ҳикоя қила оласанми?..

1994

0444

Xurshid DO’STMUHAMMAD
BUGUN ERTALAB

023

 Xurshid Do’stmuhammad 1951 yil 8   yanvarda Toshkent shahrida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tugatgan (1973). Dastlabki kitobi — «Hovli etagidagi uy» (1989). Shundan keyin yoauvchining «Panoh», «Oromkursi». «So’roq». «Sof o’zbekcha qotillik», «Mahzuna», «Ibn Mug’anniy», «Yolg’izim — Siz», «Ko’z qorachig’idagi uy», «Jajman» (1997) asarlari, shuningdek, «Hijronim mingdir mening» (2000) qissa va hikoyalar to’plami, «Bozor» (2000) romani nashr etilgan. «Hamid A’lamovning aytolmagan gaplari» xotira-essesi va «Jurnalist bo’lmoqchimisiz?» (2002) risolasi, «Chayongul» (2000) kinostsenariysi muallifi.
Ryunoske Akutagavaning «Rasyomon darvozasi» hikoyasini, Temur Po’latovning «Yetti huzur-halovat va qirq qayg’u-alam» romanini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

023

Mingta telbaning aqli bor menda,
Millionta aqllining telbaliklari.

Surayyo Zohir.

88— Kallani ishlatish kerak!

Ayni sahar uyqudan uyg’onib, hali tug’ilib ulgurmagan ham edimki, ya’ni ko’zimni ochib ulgurmasimdan ta’na, kinoya, haqorat va yana allaqanday yovuz ma’nolar aralash shu kalima xayolimga tirg’aldi-yu, subhiy halovatim to’zg’idi. Bomdod ibodatini ado etishga kirishdim hamki, o’sha lutf yorug’ olamning eng osuda go’shasi — joynamoz uzra aylanishaverdi, men haydadim — u kelaverdi, o’zimni chalg’itishga unnadim —zug’um avj olaverdi: «Kallani ishlatish kerak! Kallani ishlatish kerak! Kallani ishlatish kerak! Kallani…»

Kechamidi yo o’tgan kunimi, yo-ki… allaqaysi kuni qulog’imga chalingan bu jumlai muborak bugun ertalabdan surbetlarcha betimga tarmashganini qarang! Mening sha’nimni bezash niyatida aytilgan emasdi-ku, u! Yoinki, «O’g’lim, senga aytaman, kuyovim sen eshit» qabilida aytilganmidi?! Qurib ketkur, tesha tegmagan ja ohorli gap ham emas, odamzod yaratilibdiki, inson inson qiyofasini olib shundan ulug’roq kashfiyot qilgan emas. Odamzod qavmi dunyoga kelib orttirgan dunyosi ham shu — kallani ishlatish! Illo, yana bir daf’a tavbalar qilayki, ayni shu bugun sahar mardondan mening akd-shuurimni qiyin-qistovga olayotgani g’alat. «Kallani ishlatish kerak!» degan malomatomuz jumlaning bugungi kunga qanday dahli bor?! Nima, kallalar ishlamayaptimi? Axir, insonning kallasi ishlayaptiki, dunyo mavjud, aks holda naq quyoshning qorasi o’chadi. Qanaqasiga o’chishini ham aytaymi? Oftobning harorat manbai bor-ku, o’sha odamlarning miyasiga joylashgan, tushundingmi, azizim, miyalar qanchalik baquvvat va sog’lom ishlasa quyoshning nuri shu qadar kuchayadi, kuchayish sur’ati sekinlashsa bormi, quyosh so’nadi-qoladi!

Tasavvur qiling, hech bir zotning — erkakdir- ayoldir, keksadir-yoshdir, mo’mindir-gumroxdir, qo’ying- chi, bani basharning kallani ishga soluvchi «anjom»lari zudlik bilan yaroqsizlanaversa va mo’ysafid Yer ko’z ochib-yumguncha butkul kallasizlar sayyorasiga aylansa…

Muqarrar halokatga olib boruvchi bu xavfni odamlar biladi, yalpisiga kallalar ishlamay qolishidan zamon adog’iga yetajagini, zaminu osmon to’zonga aylanajagini sezadi — insonning badanida shunday sezim bor-da — bilgani-sezgani uchun ham hamma bir-birovini kallani ishlatishga undaydi: «Kallangni ishlat!» deya tarbiyalaydi, o’qitadi, o’rgatadi, yalinadi-yolboradi, o’tinadi, kaltaklaydi, arazlaydi, janjallashadi, ginalashadi, yoqalashadi, urushadi… to’pga tutadi. Odam bolasi borki, nazarida boshqalarning kallasi ishlamaydigandek tuyulaveradi. «Hoynahoy, o’zimning aqlim zaiflashib qolgandir?» degan istiholaga borib har kuni tong-la mahsharda o’zini-o’zi so’roqqa tutish, o’z nuqsonlarini topgani sayin ming bir xijolat alangasida jizg’anagi chiqib… o-o-oh, falak, odamzodni bunday saodat maqomiga qachon olib chiqasan?!

Shunday o’y sursangki, qalbingning avra-astarini ag’dar-to’ntar qilib tashlasang, qanday odamsan, bu yorug’ dunyoda nima qilib yuribsan, bepoyon zaminning qaerida, qay ahvolda yashayapsan, yana qancha davru davron surasanu qay fursatda ra-vo-na bo’lasan?.. Ravona bo’lgach, u yoqdagi yo’ling seni qay manzillarga yetaklaydi, yorug’ olamga kelishingdan burungi ahvolga tushasanmi, yoinki bu dunyodagi a’mollaring bois adashib-uloqib tentiraysanmi?.. Yoxud, ostidan daryolar oqib yotgan, behisht mevalari tuganmas bog’u rog’lardan oshiyon topasanmi?.. Ayqash-uyqash qatorlashayotgan bu savollarni o’ylamoq, chamalamoq, toshu tarozi palla- sida o’lchamoq uchun ozmuncha aql-idrok, ozmuncha fursat, hurlik, erkinlik… tantilik zarurmi?! Freyd Mpning gyloviga karalsa man-man degan mardlar  ham o’zi haqidagi bor haqiqatni tan olishga ojizdirlar. Qaydam?.. Odamzodni bu qadar qarg’ish urib qo’ygan emasdir-ov!.. O’zingni ro’parangga o’tqazib qo’yib, do’ppini tizzaga tashlab, obdon chordona qurib olib, sen biru olam bir — mulohaza, o’y, xayol, mubohasa, taftish ummoniga g’arq bo’lish nahot shunchayin mashaqqat?! Andishani, murosayu madorani yig’ishtirib aytdim-ku, sen biru olam bir! — O’zingni cheki- chegarasi bo’lmagan o’n sakkiz ming olamning jilovini changalida tutgan qodir Egam bilan yuzma-yuz his etib — shu maqomga ko’tarila olsang Freyd bobolarning ezmaliklari chikora! — javoblar izlasang, izlayversang!.. O’zgaga emas, o’zingga, o’z ichingdagi adovatga adovat-la yashasang, nafsing zulmidan xalos bo’laversang!.. Bundan ortiqroq lazzat bormi, inson uchun?!

O’-o’, kasofat banda! Yigitman, erkak kishiman deb sumbatingai ko’z-ko’z qilib dunyodan o’taversangu, biron marta men aytgan adovat-la o’ylanish, izlanish, javoblar istash baxtiga mubtalo bo’lmasang! Erkakdir-ayoldir, har bir es-hushli jondor chekiga jila qursa bir daf’a shundayin maqom arshiga ko’tarilish imkoni bitilgan, axir! O’sha daf’ani, o’sha imkonni payqashda qolgan bari!

Isitma olayapti shekilli? Badanim qiziyapti, isitmaga balo bormi, shu topda?.. Xullas, odam necha yil umr ko’rmasin, Insonlik maqomini sanokli soniyalardagina his qiladi. Umrga tatigulik soniya, lahza! Ushbu daqiqa bandani o’ylov arshiga qadar olib chiqadi. O’ylash arshidagi soniyalar anglash lahzalariga aylanadi. Umr — o’ylov arshiga ko’tarilish uchungina berilgan fursat, muhlat. O’nlab yillar… yuz yil, undan-da ziyodroq fursatlar muttasil behalovat o’tadi. Umrning yo’liga behalovatlik to’shalgan, odam bu sertikan to’shamadan chetlasha olmaydi, undan oyog’ini uzolmaydi ham. O’ylov arshiga ko’tarilmoq uchun esa behalovatlik ko’chasida halovat bekatini topmoq zarur. Zero, yashash — halovat vasliga yetish, demakdir. Ana shu visol onlarida suratiy Odamdan siyratiy Inson maqomiga o’tiladi. Surat nima, siyrat nima — buni o’ylaging, o’ylaringta o’ylar bog’laging keladi…

Eh-he-ye, men aytayotgan o’ylov bo’lakcha-a! Kundalik tashvishlardan, bahoriy bo’tana yanglig’ bostirib kelaveradigan yumushlar karvonidan xalos eta oladigan, hech kimdan va he-yech nimarsadan  daxldorlik joyi qolmagan odamni tasavvuringga sig’dira olasanmi? O’y- xayolingni o’z holiga qo’ygin, daxldorlikni mutlaqo uloqtir, uloqtira olasanmi?.. Ha-a-a, shunda-ay, uloqtira olasa-an… Sen — sensan, sen biru olam bir… Butun olam birligini tutib turgan — boshqarayotgan muvozanat zarrasiga aylanayapsa-an… Sen, jumlai jahon, jondoru mavjudot faqat ushbu muvozanatga daxldor… Tushunyapsanmi?.. Xayolingga, tasavvuringga erk ber, uni boshqarma, o’z holiga qo’y… Muvozanatga daxldorlik… ilohiy daxldorlik… da-xil-dormi?.. Da-xil- dordir?.. Jahl-dormikan?.. daxldor-jahldor, daxl- dor-jahldor! Ja-xildor, jahl-dor… jahl-dor?! «Dor» buncha yopishib olmasa?! Uning daxl yoxud jahlga qanday daxli bor?.. Demak, «daxl» deyish ham mumkin! U holda «dor» qolib ketadi. «Dor»siz «jahl» daxldor bo’la olmaydi. Shundan, shundan… daxlga ham, dorga ham… daxl bilan jahl arqonning ikki uchi, «dor» esa sirtmoq, dor… «sirtmoq doim bor», degani. Dor — bor! Dor — odamga zor! Odam dorga zor!.. Oyog’ing, qo’ling, beling, bo’g’zing — bari-bari shu sirtmoqqa daxldor… Dahshat!.. Yovuzlik! Har odiming, har nafasingda dor — sirtmoqqa chap bermoqlikka mahkumsan. Uni bo’g’zingdan olib tashlayverasan-tashlayverasan, uloqtira-uloqtira xayollarni-da dordan ozodlikka olib chiqasan… Ozodlik?.. Dunyoda ozmuncha jondoru jonzot bormi! Biroq umrini boshdan-oyoq muttasil uqubatga, musibatga aylantirib va o’zi topgan uqubatlarni muttasil bartaraf etishga sovurish borasida odamga teng keladigani bo’lmasa kerak!.. Qaysi jondorning musibati odamnikidan og’irroq? Filningmi, sherningmi, qo’yningmi?.. Tanida joni bor qo’y qassobning qo’liga tushishidan bexabar yeb-ichib, o’tlab yuraveradi, bas, bo’lak tashvishi yo’q. Qo’y boqaman, degan odamning esa joni halak!

Xotinko’prikdagi janjal ham qo’y boqish vajidan chiqqan… Xudo shohid, qilgan gunohim o’zimga noayon — leninchilik kal Peta ko’rsatkich barmog’ini qirsa ham tozalanmaydigan yag’ir chakkasiga nuqib, «U-u-ujj!» degancha teppamga do’q urib kelgan. O’takam yorilayozgan, «Nima divotti, Peta?!» deb baqirib yuborganman. Kallang bormi, deb so’kyapti deya tilmochlik qilgan To’xtamurod akam. O’takam yorilayozganidan tilimni tiya olmaganman, og’zimdan beparda so’z chiqqan — bo’ralatib, boloxonador qilib so’kkanman. So’kkanmanu, «Petadan o’laman, Peta o’ldiradi!» degan xayolda battar esxonam chiqqan, qochishga shaylanib ne ko’z bilan ko’rayki, kal Peta turgan joyida tarrakdek qotib qolibdi. Bit ko’zlaridan tirqirab chiqqan yosh go’dak bolaniig kaftidek kichkina, oftobda cho’yandek qoraygan-qizg’imtir yuzidan dumalab-duvillab ajin ariqchalaridan dahaniga kelib to’xtab qolgan. Churq etmagan, gapira olmagan. Qanday gapirsin, axir, soqov bo’lsa!..

Xudo uni soqov qilib yaratmaganida g’o’ldirab tepamga o’dag’aylab kelmas, man tushunib-tushunmay uni bo’ralatib so’kmasdim, u esa mening nega, ne bois so’kayotganimni tushunmaslik azobiga chidolmay bexosdan yig’lab yubormas edimi?.. Tushunmaslik, tushunmovchilik, haqorat, ezginlik… U choqlar bularni o’ylagan emasman, aksincha, yomon alam qilgan. Tushunyapsizmi, odam quriganday meni kal Peta kallani ishlatishga da’vat etgan. Gung-soqovligi mayli-ya, bunisi Yaratganning xohishi, illo savodsiz, irkit, or-riq, yirikroq handalakdek boshidan titilib, piltasi to’zigan, yag’ir, qizil baxmal do’ppi tushmaydigan kal Petaning kallasi ishlaganmi, o’zi?! Aqli raso odam miyasining yong’oqdek keladigan qismida ikki yarim million hujayra bo’lishini inobatga olsak, kal Petaning miyasida qancha hujayra bo’lganu, uning qanchasi ishlagan? Tavbangdan ketay, xudoyim, kallasi ishlamaydiganlar kallasi ishlaydiganlarni kallani ishlatishga da’vat etish odati bandalaring orasida qay davru davronlardan rasm bo’lgan?!

O’lay agar, o’sha kezlar suruvni yoyib o’tlatish borasida kal Petaning kallasi menikidan durust ishlasa ishlagandir, biroq «Nahotki, kal Petadan besh battar aqlsiz tug’ilgan bo’lsam?!» degan alamdan ichimga azbaroyi cho’g’ tashlangandek ko’ksim jazillab achishgan. Hatto, xayolimga tirg’algan shu savol-shubhani quvib solish niyatida oshkora g’azovotga shaylanganman, shunda, o’sha kunlar oldiga o’tqazib olib handasa o’qitayotgan olim akam ittifoqo: «Kallami-oshqovoqmi?!» deb gardanimga shapaloq tortib yuborganu unim o’chgan — «Bo’ndan chikdi, kal Petadan o’n karra aqlsiz bir baxti qaro ekanman-da!» deya tunlari ko’rpaning ostida pusib, damimni chiqarmay yig’laganman…

O’zimni qayoqqa urishni bilolmay qolganman, yomon alam o’tgan, alam qasdga aylanib, jon-jonimga xanjardek botgan, kallani ishlatish bobida kal Petadan o’zish qasdida handasani o’zlapggirishga mukkadan ketganman. Nachora, qo’y boqishni eplolmaganim rost, qo’yni semirtirish, so’yish, go’shtini mo’may-mo’may pullash yoxud qoyilmaqom qilib pishirib, paqqos tushirishni hali-hali eplolmayman, chunki, men uddaburon-uchar emasman, yulduzni benarvon urolmayman, men yulduzni benarvon urish da’vosida tug’ilmaganman, balki narvonga pog’onama-pog’ona ko’tarilib, oyning momiq nurlariga betimni bosishni, miltiragan yulduzlarni kaftimga olib erkalashni orzu qilganman… Xullas, deng, Petadan o’zimning aqlliroq ekanimni namoyish qilib qo’yish qasdida hijjalay-hijjalay, alhol, Fig’orus hikmatini o’zlashtirganman. «Fig’orus kim?» deysizmi? O’zimizning Pifagor-da, Pifagor!. Men ham «Pifagor» deb o’rganganman, «Fig’orus» desam nazarimda boshqa odamning ismini aytayotganga o’xshayveraman. Xullas, Pifagorning hikmatini o’zlashtirganimga sevinchimning zo’ridan olamga sig’maganman. Pifagor ilmiga oid masala-mashqlarni pista po’chog’iday chaqib-yechib tashlaganman. Kimga ro’para kelsam gapning nishabini Pifagorga buraman, suhbatdosh ro’yixush beradimi-yo’qmi, surishtirmayman-da, Pifagor janoblari kashf qilgan haqiqatning mag’zidan totinib ko’rishga undayman: ya’ni «to’g’ri burchak sharoitida ikkilangan ikki kalta yonbosh yig’indisi bir uzun yonboshning ikkilanishiga teng!…» Qani edi, bu yorug’ olamning mutlaq haqiqati ushbu te-o-re-mada mujassam topganiga odamlarni ishontira olsamu, «Odamlaru odamlar, eshitmadim demanglar!» deb ko’chama-ko’cha izg’isam-kezsam!

Ajabo, kechagina hisob darsi desa badaniga qaltiroq turadigan bola bo’lsam…. Pifagor tushmagurning shu jo’n hikmatini o’zlashtirolmay Bahodirxo’ja muallimning ozmuncha dakkisini ko’tardimmi? Muallim men tufayli sabokdoshlarim guvohligida olim akamni izza qilganini aytmaysizmi!..

Bularning-ku bo’lari bo’ldi, illo meni azobga giriftor qilgan savolga kim javob beradi? Kal Peta ham, handasaning bilimdoni bo’lmish olim akam ham xuddi kelishib olgandek «Kallani ishlatish kerak!» deya meni bir xilda koyigani alam qilmaydimi? Bundan chikdi, har ikkovining nazarida men notavon, bemiya odam ekanman-da! Axir… men-ku, astoydil o’ylasam qo’y boqishni eplab ketarman, ammo yulduzni benarvon urishga munosib odam oymomaning nuriga xayollarini payvasta eta olarmikan?.. Hilol oyni, o’n to’rt kunlik oyni, to’lin oyni… Yer ortiga yashiringan hijron oyini sog’inarmikan?..

Surishtirib kelganda, sog’inadimi, yo’qmi — menga nima, men o’zim ham qo’y boqishga, ham Oymoma yorug’idan Pifagor hikmatining mag’zini chaqib yotishdan huzur topadigan odamga aylansam (yana so’zimdan tonayapman-a, boyagina «Eplolmayman», degandim-ku!) «Baraka istasang, qo’y boqqil», degan naqlni suv qilib ichganman, qo’y-qo’zilarim o’zidan ko’payaversin, tuyoq seroblashgani sayin kissam pulga, qozonim moyga to’lishiga aqlim yetadi, eh-he-ye, buni qaysi noshud valakisalang istamaydi! Biroq tushunyapsanmi, men unday odam e-mas-man, xudo urgan bosh-qa-cha odamman, kallamni chandon ishlatgan takdirimda ham miyamning hujayralarida qo’y-qo’zi, yem-xashak, kalla-pochaga joy yo’q, joy! Shunday bo’lgach, kissam kallamdan o’zib go’rga boradimi, kalla bilan kissaning tomiri bir, binobarin, shul tomirdan biron narsa o’tib tursa kissa to’ladi… mening miya chanoqlarim tomirlari qayoqqa ulanganini hali-hali topolmayman, har qalay, kissaga tutashmagani aniq, ammo-lekin kal Peta ikki dunyoda Pifagor hikmatini na eshitadi, na tushunadi! Men esa kallani ishlataversam, ishlataversam leninchilik kal Peta ekanu, uncha-buncha tanish-notanishlarni dog’da qoldirishim hech gap emas! Buning uchun yana o’sha — kallani ishlatmog’im, kallani ishlatmoq uchun esa bosh miyaning o’zi qandayin sir-sanoatga to’la matoh ekanini bilib olmog’im shart. Faqat, shunisi borki, (ko’ryapsizmi?!) bir ishning payiga tushdim deguncha xuddi bugungidek avval isitma oladi, so’ng fe’limdagi bir kajlik yo’limni to’sib chiqadi: «Ha-a, aqlni peshlamoqqa otlandilarmi ?» — «Shunday!» «Ofarin, neni bilmoq istasalar, yo’lni ibtidodan boshlamoq farz. Uqqan bo’lsalar, manzillari oydin!»

Yo’lim oydin, manzilim oydin, oq oydin, ko’k oydin… Oy yaraqlagan tun. Quyuq va baland-baland olma daraxtlari, amal-taqal jon saqlagan pastak shaftoli barglari sap-sariq tillo tusini olibdi. Kunduz unga ko’zim tushdi-yu, ich-etim uvishdi, sochi bevaqt oqaribdi… Oydin tunda barvasta olmalar poyida erta qartaygan pastak shaftoli… Olma daraxtlari tik, baland, yaproqlari yam-yashil, qaddi dol shaftolining sochlariga oymomaning oltin shu’lasi to’kilib turibdi. Tillo rang nur, tillo rang yaproqlar, tillo sukunat, tillo sokinlik, tillo go’sha… Ko’rimsiz va abgor shaftoli daraxti yolg’iz… kal Peta yolg’iz, gapirmoq umidida harchand og’iz juftlayapti hamki, so’laklar otilayotgan og’zidan so’z chiqmayapti… chiqmaydi ham! Ro’zi mahshargacha chiransin Peta, talaffuz bo’lmaydi, talaffuz ravo ko’rilmagan unga! Ravo — davo, ravo — davo, ravo — da’vo… da’vomi, ravo?.. davomi?.. da-vo-mi?.. Isitma davo, isitma ravo, ravo-ravo-ravo, bugun shu davo!.. bugun shu ravo: ravo-ravo-ravo!.. ravo ko’rilgani davo, buyurganini yeyman, buyurganini ichaman, buyurganini yeyman, buyurganini ichaman… Tanam qiziyapti, ko’zlarimning ichi bozillamokda, jahannam alangasi yanglig’, jahannam!.. Bosinqirayapman, isitma emas, badanimga sanoqsiz zirapchalar qadalganga o’xshaydi, shu charog’on tunda ajriqqa ag’anashga balo bormi, oppoq choyshablar to’shalgan o’rinda orom olish o’rniga tuproq yo’lning o’rtasiga ag’anagan hangi eshshakdek ag’anaveribman-ag’anaveribman-ag’anay… o-ohh! Yuz-ko’zim, qo’l-oyog’im, ko’ksim, yumshoq joylarim… miyamning ichiga dovur zirapcha, zirapcha emas, tikan qadalaveribdi, sanchilaveribdi, Ana endi, hushimga kelganda zirapcha-yu, tikanaklarni bittalab terib-termachilab tiriklik tashvishini chekish o’rniga bolalikda allaqaysi kasning bexos ko’nglini og’ritib qo’yganimdan o’rtanib-ag’anab yotibman. O’ng’aysizlanishga, xijolatpazlikka balo bormi!.. Bugun o’sha xayollar kimga zaril!.. Ibtidoga qaytish, har narsani ibtidodan boshlash… buyokda intiho, intiho… Yo’q, ibtido — intiho!.. Avval ibtido — intiho!.. Ibtido afzal — intiho!.. Intihomi? Intiqomi?!. Kashfiyotning oydin manzili, oydin manzillar qayda?.. Bilishni istash, bilish- anglash-o’rganish-idrok etish… davom etaveradi-eta- veradi, o-o-oh, tirnoqcha haqiqatni o’zingiz, shaxsan o’zingiz kashf etish baxtiga musharraf bo’lganmisiz? Kashf etayotib bu yorug’ dunyoga odam qiyofasida kelganingiz uchun yaratganga shukronalar yog’dirganmisiz?.. Quvonchdan o’zingizni qo’yarga joy topolmay, telba yanglig’ irg’ishlab, hiringlab, iljayib yurganmisiz? So’ng, tillolarga topib bo’lmas bu saodatmand masrurlik izidan keladigan hafsalangiz hurkak jiblajibon singari «lip» etib g’oyib bo’lishini, tarvuzingiz qo’ltig’ingizdan tushi-ib qolishini… Netaylikki, bilishga, bilishga uringanimiz sayin ayonlashayotgan haqiqat biqinida javobtalab mavhumotlar bodroq yanglig’ bolalab ulguradi, shundan, kashfiyot onlarida topilgan quvonchlar o’rnini yangitdan nadomatlar egallaydi, nazaringda osmono’par tog’ cho’qqisidek qudratli tuyulgan bilag’onliging bo’ynini qisib, shumshayib qoladi. Ojizlik… alam… afsus… armon… alamzadalik… qiziqish, ha-a, afsus-nadomatlar urchitayotgan, seni abgor qilayotgan sezimlaring olampanoh qiziqishga ro’para keladi-yu, kimsasiz va ovloq jinko’chadan gavjum, serqatnov shoh ko’chaga tuyqus chiqib qolgan daydi it kabi hurkib, dumini ketiga qisib, kelgan tomoniga qarab juftakni rostlaydi. Hisobsiz mavhumotlar — adoqsiz muz va qor dovonlari bo’lsa, qiziqish va intilish — poyonsiz Shimoliy qutbni zabt etishga otlangan Uemura! — Uemura ortga qaytmaydi, zero, uning  miya tomirlari anglamoq, intilmoq, zabt etmoq manzillariga (oydin manzilga!) tutashib ketgan, inchunin u intiladi, intilaveradi, qoqiladi-suqiladi, adashadi-uloqadi, yo’lidan qolmaydi — ketaveradi, ketaveradi, yo’l yursa ham mo’l yuradi. Yo’l yurgani sayin bolachaqasidan, el-yurtidangina emas, o’zidan uzoqlashadi, daxldorlik ibtidosidan daxlsizlik intihosi sayin uzoklasha-uzoqlasha Koinot, Zamin va sarhadsiz Saltanatni tutashtirgan o’ylov arshiga — uyg’unlikka yetadi… yetdimikan?.. Yetadi, yetdimikan?.. yetgach orom, orom, o-o-o-h, orom!.. orom voqe — darvoqe, Nuomining kallasi, yer osti yo’lida ko’ylak-ishton sotayotgan jigargo’shamning kallasi… qay biri kalla??!

Yana savol, savol, savol — ibtidodan boshlangan safar, safar, safar. Nachora, na-chora!.. odamning kallasi ishlayotgan-ishlamayotganini anglamoq uchun avvalambor bosh miyaning ikki yarim palladan iboratligini, har yarim pallaning o’ziga ravo ko’rilgan burchi-vazifasi borligini bilib qo’ymoqlik zarur. Har qalay, ko’pdan ko’ra ikki dona narsani eplash oson. Osonlikka oson-a, faqat… o’sha ikki yarim pallaning faoliyati yurak, o’pka, buyrak, oshqozon (oshqozondan gap ochadigan kunmi?!), burun, ko’z… quloq… hokazo a’zolarga daxldorligi mahollik tug’diradi. Maholdan-mahol va chigal ishdan og’iz ochsang tiling chigallashadi, chigal-chigal-chigal, kuning aqlga qoladi! Aql- a-qil… odamzod qavmi aqldan qochib qutilolmaganki, hayoti qil ustiga kep qoldi. Man-man degan odamlar aqldan voz kechaman, aqlning izmiga yurmayman, degan qarorga kelgan zahoti bilish, bilishga tashnalik, boya aytganim — qiziqish butun a’zoi badanni zanjirband etadi (jahannam isitmasi!), zanjirband etib, dunyoni ko’zingga shu qadar tor va qorong’i qilib qo’yadi- ki, zimmasiga o’n sakkiz ming olam muvozanatini saqlash yuki ortilgan birdan-bir fikrlovchi (kallali!) jonzod — Inson Oliy muvozanat chizgan chiziqdan uzoqlasha olmaydi, balki o’sha taqdir chizig’iga monand tug’iladi, ko’payadi, o’ladi, qiriladi. Yaxshi ham, yomon ham, shoh ham, gado ham…

Aqllilar aqlsizlarga aqlini pesh qilishi, aqlsizlar aqllilar oldida o’zini aqlli ko’rsatishga urinishi, aqllilar janjali, aqlsizlar mojarosi va boshqa-boshqalarning, bandasining go’zalligiyu buzg’unchiligi bo’lmish Muvozanat oldida nima degan gap?! «To’qson foiz banda tug’ma vijdonsiz bo’lar ekan», deb ayuhannos soladigan bilimdonlar «Odamlarning bari Ilohiy muvozanat nazarida taroqning tishidek teng», degan hadisi sharifdan bexabar-da!

Ko’rinadiki, odamlarning go’zalligiyu buzg’unchiligi u dunyoyu bu dunyo ilohiy uyg’unlikka putur yetkazolmaydi. Ilohiy muvozanat posangisini buzish bandasining yaxshi-yomonligidan emas, Yaratganning xohish- irodasida!

Yaxshi ham, yomon ham kechani kecha, kunduzni kunduz demay (tunda — uyqu, kunduzi — bedor, tun bo’yi uyqu, kun bo’yi — uyg’oq, yana, yana ya-na-a!.. davom etaveradi, etaveradi) aqlingni ishlataverasan-ishlataverasan, bu qadar bir xillik, bu qadar mijg’ov takror-takror- takror odamni holdan toydiradi, bir xillik giriboningdan oladi, dunyoning boyligini yig’ib — hoy, butun dunyo ucharlariyu qo’ychivonlari, topgan-tutganlaringni keltiringlar! Egamning oyog’i ostiga tashlaylik, zora, kecha va kunduzdan bo’lak yana nimadir yaratsa?.. Kecha va kunduz, kecha va kunduz, kecha… Odamzod — ermak, odamzod — mazax, odamzod — qo’g’irchoq, go’dak, go’dak… tirishadi, tarmashadi, urinadi-surinadi — fasllar o’tib allanimalarga erishadi. Muvozanat «churq» etmaydi, «qimir» etmaydi — yag’rinida chumoli g’imirlagan fil talvasaga tusharmidi! — hisob-kitobga ko’ra fursati yetgan lahzada Muvozanat istasa «churq» etadi, istasa «qimir» etadi, qarabsizki, aqlining qudratiga aldangan Odamzod yana U chizgan chiziqqa qaytadi. Chiziq, chiz, iz… ha-a, izga qaytadi, to’g’rirog’i, izga tushadi, chunki bu iz chizig’ini Tortguvchi hamma narsani bilguvchidir! Uning ogohligiyu bilguvchiligi oldida odamzodning yaratuvchanligidan tortib buzg’unchiligiga qadar, ezguligiyu yovuzligiga qadar — bari ermak, Uning ixtiyoridagi ermak. Ixtiyor, ixtiyor emas, izm, izmida. Izm, qismat, peshana, takdir, takdiri azal… bolalik… Xotinko’prik jarlari… yam-yashil, bepoyon bedazor… sassiz oqayotgan zilol suv… suruv- suruv qo’y-qo’zi… kal Peta, To’xtamurod akam… aqllilar, beaqllar, qo’ychivonlar, boshqalar… Ko’milib ketdi, bari… o’z aqli, aqlsizligi, ustaomonligi, boyligi, beboyligi bilan tuproqqa aylandi… Kismat, takdir, taqdiri azal, peshana, Muvozanatning izmi, chizgan chizig’i…

Bilishga qiziqish ham, bilag’onlikka aldanish ham taqdir.

Bilishga tashna bo’lsang kallang ishlaydi, kallang ishlagani sayin Quyoshning tafti saqlanadi, shundan Zaminda hayot sha’mi so’nmaydi. «Bilgil va qo’rqgil!» degani ham shu, ya’ni bilmasang, bilishga intilmasang holing voy! U holda… piravordida qo’rquvga olib boruvchi bilishga mubtalo ekan-da, inson? «Bilganing sayin qo’rquving oshib borajak! «Nega? «Nega?» deyishdan qo’rqmayapsanmi, demak, gumrohsan! Gumrohman?! Nachora, gumroh bo’lmasam aqlan kal Petadan o’zib ketdim, deb kerilarmidim! (O’zib, qayga yetdim?!) Shunday ekan, hamon gumroh ekanman, loaqal so’rab qolay.

Haligi, nima demoqchi edim… ha-ya, bilish qo’rquvga emas, muhabbatga olib borsa-chi?.. Ya’ni «Bilgil va qo’rqqil!» emas, balki «Bilgil va sevgil!» Tushunyapsanmi, tinimsiz bilish, bilishga qiziqish o’ylov arshidagi muhabbat koshonasiga olib chiqsa nimasi yomon! Nahotki, insoniyat maqomining mungli va munis musiqasini tinglab orom topmoq uchun muhabbatdan ko’ra qo’rquv, tahlika qulayroq bo’lsa?! Onadan topmoq va qo’rqmoq niyatida emas, sevmak murodida tug’ilish afzalroq-ku! Shunday emasmi? Nega? Muhabbat, junbish xayolni to’zg’itadi, qo’rquv izga soladi. Shu bois, muhabbatu qo’rquv — har ikkovi tengdan kerak. E’tiqod va gumrohlik, muhabbat va nafrat, ezgulik va razolat Oliy muvozanatning bu yorug’ olam atalmish xaltasida aralash-quralash kelgani singari. Axir, nuqul bir fe’llik odam bo’lmagan-ku, olamda, faqat yaxshi, faqat yomon, faqat mehnatkash, faqat tovlamachi, faqat lodon kabi… Buning boisi ichkarida, a’zoi badanimizda har lahza asnosida million daf’a hujayra yangilanishida!..

Ushbu million yangilanishni izma-iz idrok eta olgan, a’zoi-badanidagi jamiki yangilanishlarni Oliy uyg’unlik maqomiga moslashtira olgan odamgina komil insonlik martabasiga yetishadi, shunday odamnigina kallasi butun ishlar ekan desa arziydi. Ammo-lekin bu martaba tomon ezgulik olib boradimi, mehnatsevarlikmi, intizommi, aql-idrokmi, ehtiroslarmi?

«O’lguday ezma ekansan-yey! Aljirashingdan ko’nglim behuzur bo’ldi». Topding, picha ezmaligim ham bor, aslida bu qadar ezma emasdim, bomdod ibodati niyatida ko’z ochdimu (eng yaxshi uyg’onish — ibodat niyatidagi uyg’onishdir!), mana, boya aytganimdek, ajriqqa ag’anabman — bosh-oyog’im tikanga to’la, zirapchalar miyamga dovur qadalgan, isitma… bosinqirayapman… ezmalik xuruj qildi (axir, hech kim ezmalik qilish, vaysash niyatida yostiqdan bosh ko’tarmaydi-ku!), aljirayapman, aljirayapmanu buning tagiga yetolmayapman. Yo’tal tutsa, netasan, yo’talasan-da! Ezmalik, mijg’ovlik dardi ham tumov yoki yo’taldek yopishsa — mijg’ovlanasan-da! Yonboshimni bosib yotsam ham, behini qaynatib ichsam ham, bosib-bosib uyqudori ichsam ham kasalni yenga olmayman — vaysayveraman, gapiraveraman. Qo’shnimning uch yoshli bolasi ham shu dardga yo’liqqan. «Jim o’tir» deb qulog’ini cho’zsang ham, «Dapiyaman! Dapiyveyaman!» deb bijirlagani-bijirlagan. Axir bugunning dardi bu, men ham bugunning odamiman — bearmon vaysayapman, poyintor-soyintor, o’xshatib-o’xshatmay alamimni gapdan olayapman. Ertaga… ertaga emas, hali tushga borib kulgu kasali tarqasa men ham kulaman, hiringlayman, iljayaman, tirjayaman, xa-xolayman, yelkalarimni silkitib, ko’zlarimdan yosh tirqiratib kulaman… ichaklarim uzilib ketguncha kulaveraman… peshinga borib! Hozir — ertalabdan vaysaqilik, ezmalik ravo ko’rilgan ekan, nachora, uning izmidaman.

Kim biladi, kechga borib jonimiz omon qolsa hoynahoy sukut saqlash kasali yuqar. U holda baliq yanglig’ lom-mim demay yashashni bizdan ko’rasan — churq etgan nomard! To’xta-chi, dunyoda qanday odam bo’lib yashash afzalroq? Hayotning lazzati ezmalikdami? Mehr-shafqatdami? Ehtimol, qo’y-qo’zining tiliga tushunadiganlarning, ya’ni ishbilarmonlarning oshig’i olchidir doim?.. Olimlik durustmi? Mashshoqlikmi?.. Hayotning mag’ziga raqqosalar ko’proq yetadimi, raqqoslarmi?.. Maynabozlarmi?.. Aytsang-chi, hayotning lazzati qanday odamlarga ko’proq nasib etadi, o’zi?!. Telba- devona bo’lishdan ko’ra afzalrog’i yo’qdir balki?

O’qimasang, uqmasang, bilishga qiziqmasang, qorning to’q-ochligini farqlamasang, hushingga kelgan odam bilan pachakilashib, hushingga kelmaganini bo’ralatib so’ksang, so’ka-so’ka hovurdan tushsang — vaqt-soati yetib, olamiy muvozanatning sakdanishi uchun hojating qolmagan daqiqalarda, ya’ni ilohiy uyg’unlikni saqlamoq uchun hojating qolmagan soniyalarda — ravodan mosuvo — qo’rqmay-netmay bandalikni bajo keltirsang… so’ng yuvinib, taranib, o’ranib, u dunyoga o’tsang. E’tibor qilyapsizmi, «O’lsang, o’lsangiz» demayapman, odam o’lmaydi, hech narsa o’lmaydi, balki u yokdan bu yoqqa o’tadi, fursati yetgach esa bu yokdan u yoqqa qaytadi… Dod-voy ortiqcha, yig’i-sig’i behuda. Faryod, hasratu nadomat, betoqatlik, tuf-ye!.. Uzr, kechirim, osudalik, fahm-farosat… nima, kechirim, fahm- farosat nima deganing?! Shu bugun sahar mardonda almisokdan qolgan bu so’zlar esingga kelganiga hayronman, xo’jam? Eslariyu hushlari joyidami, o’zi?.. «Azobga qoldim», «boshim g’alvadan chiqmadi-chiqmadi»ning adog’i bormi? Umr bo’yi g’am-anduh chekaversang, tiling hasratdan tolmasa qanday yashaysan, axir, qachon?! Nima emish, «Charxining men tortmagan dardu balosi qoldimu?»

— Ma’zur tutgaylar, yoshlari nechada, birodar?
— Nimaydi?
— Sir bo’lmasa, aytaversinlar?
— O’ttizni qoralab…
— E, yashang! E, ko’p yashang, uka! A, bu charxning yuzdan, yo’g’-a, mingdan, milliondan bir dardi astoydil yopishsa-chi, uka, uncha-buncha bandaning-chi?.. A, bu, buncha fig’on chekmasalar?! Hali narigi tomonga o’taylik, ko’raylik ko’radiganimizni… Bu yerda «dar-du-balo» deganlari asli rohatdir, ehtimol?.. A, labbay?!
— Nimalar deyapsiz, tushunmayapman ? Ochiqroq gapiring!
— Ochiqroq?.. Tushuntirib gapiraymi?.. Xo’-o’p, Fig’orusning, ya’ni Pifagorning eng ulug’ kashfiyotini biladilarmi?
— Qaysi, Fig’orus?.. Qaysi Pifagor?!

— E, kuchingdan, hofiz! Nega ko’zlarini olib qochyaptilar? Bunda-ay hamsuhbatning aftiga qaraydilar-da! Qanaqangi odamlar suhbatdoshiga tik qarolmasligini biladilarmi? Nigohini yashiradigan odamlarchi… Nodirbek domla: «Og’zingni ochsang oshqozoningni ko’raman», der edilar, men — bo’yim haminqadar emasmi — og’izlarini ochsalar mitti tilchalarini, undan o’tib miyalarigacha ko’raman. Kalla ishlayaptimi-mudrayaptimi yoxud zang bosib yotibdimi — bilish cho’t emas! Hisoblab beraymi, ana, peshana uch enlik, quyuq qosh uch enlik, burun… he-ye burunlar-burunlar! Katta-kichik, yapaloq- yassi, cho’zinchoq, puchuq, tanqaygan, bukri, qiyshiq… qanday bo’lmasin, burun — gipotenuza. Mana, gap qaerda, birodar! Donishmand Fig’orusni eslaganimning boisi buyokda!.. Burunning gipotenuza ekanligini, qosh, qovoq, lab o’lchami katetlar o’rnini bosishini bilmay turib, charx-kajraftorga nola chekishlari ortiqcha-da! Ha-a, barakalla!.. Avval o’zlarini bilib olsalar, so’ng yon- atrofdagilar haqida nog’ora qoqsalar. Ishni ibtidodan boshlamoq uchun, yaxshisi, metroga tushsinlar, tushsinlar-da, ro’parada o’tirgan yo’lovchilarning betiga razm solsinlar. Manglay — bolalikdan, qanshardan to yuqori labga qadar — o’rta yoshlik pallasidan, ostki lab va dahan — keksalik ayyomidan hikoya qiluvchi hujjatli oynaijahon! Ko’rasanu, o’qiyverasan, xolos! Mana, sizga bir dunyo hikmat! Bu burunlar, bu qosh-qovoqlar, bu lablar, yanoqlar, peshanalar!.. Bir dunyo gipotenuza, bir dunyo katett-t! Azbaroyi kuzatayotgan odamning tuni bilan uxlaganmi, uyqudan qolganmi, hatto, necha bora bezovta bo’lib tashqariga chiqib kelganigacha o’qish- uqish mumkin.

Xudo haqqi, Fig’orus avliyo ekan! Qaerga qaramang, ko’zingiz katetlar va gipotenuza ikkilanishidan paydo bo’lgan hosilaga tushadi. O’lay agar, Freydning o’zi, Pifagor!.. Voy, sharmanda-ye! Handasa qaerda-yu, psixologiya qaerda! Aqlning zo’ri hayotning mohiyatiga borib taqalaverar ekan-da, bundan chiqdi!.. Bil’aks, Pifagor musiqani raqamlarga aylantirib tinglarmidi?!

Eshityaptilarmi, hofiz birodar! Siz yo bo’lmasa yer osti yo’lida ko’ylak-ipggon sotayotgan, avliyo Uemurani bir chaynam saqichga olmaydigan o’smir jigargo’sham musiqani raqamga aylantirish, aylantira olish nima ekanini tasavvur qilasizlarmi?..

Hu-u, yaratgan Egam, raqam — musiqa — raqam… kal Peta — suruv — Pifagor… Katetlar — gipotenuza… katet, tet… gipokatet, gipo-katet, nuza-katet… o’zbekcha emas-da, insoniyat tili, ha-ha, katetlar va gipotenuza yig’indisi HAETning o’zginasi, zero, uning, ya’ni hayotning millati bo’lmaydi, hayot yo bo’ladi, yo — yo’q! Tiriklikning mazmuni esa yana Pifagor hikmatidan boshlanadi…

Bir zamonlar nasaro dinida ayrim rohiblar uchun oila qurish harom sanalgan. YO, janobi Iso alayhissallom, Allohning suygani — nikoh turur! Nahot, oila qurishni man etganlar Pifagor hikmatini o’qimagan bo’lsalar! Axir, u o’z kashfiyotida…

Darvoqe, Iso alayhissalom burun yashaganmi yoxud Pifagor donishmandmi? Buni aniqlamoq uchun yana bir dunyo aql-idrok kerak, kalla ishlamog’i shart! Kalla ishlagani sayin esa… xayol betizgin. Tutqich bermaydi azbaroyi, azbaroyi… men kallamni nechog’li ishlatmay, birni ikki qilolmaydi, o’nni yuzga aylantirolmaydi. Narsa-buyum-matohlar oldida azbaroyi hisob mashqini yecholmay behuda urinayotgan noshud talaba ahvoliga tushaveraman… «Kallani ishlatt!» Ishlataman, dunyoni dunyo qilib turgan narsa kallani ishlatish, zero, dunyoni nima saqlaydi, bilasanmi? Aytaymi?

Basharti, aytmasam-da, banogoh men ham qo’yarda- qo’ymay meni qistovga olayotgan savolni Bugun janoblarining o’zlariga qaytarsam qandoq bo’larkin? YO, qiynamaymi? Savoldan cho’chiydilarmi? «Kallani ishlatish kerak» demaymi? «Kallang ishlaydimi?» deb so’ramaymi? Yoxud savollarning barini mahshargohga qoldiramizmi? Ayt, aytadiganingni, boyvachcha!..

«Ezma ekansiz, kallangiz ishlaydimi?» deding-a, jigargo’sham. Men ham seni shu xil savolga tutaymi, ayt, Petajon, jigargo’shamga shu savolni beraymi, bersam… bersam berarman, lekin u ezmalik qila oladimi?..

Ha-a-a, ho-oy, jahannam isitmasi, yetib keldi-ik, yetib keldi-ik: butun ertalabdan menga yopishgan xastalik senga yuqqudek bo’lsa. (Hatto, yuqumli kasalliklar ham hazar qiladigan odamlar bo’ladi-da!) Yuqdi ham deylik, bugunning kasali yuqsa-da, hali kun botishiga eh-he-ye qancha bor! — kun uzukkun shu bugunning dardi bilan og’rib yursang-da, tikanu zirapchalar bozillatib achishtirayotgan og’riqlaringni bir boshdan hikoya qila olasanmi?..

1994

067

(Tashriflar: umumiy 441, bugungi 1)

Izoh qoldiring