Alisher Muqimov. G’azallar

001     Яқинда  Одил Икром тавсия қилган шоира Шаҳодатбону Имомназарованинг «Осмон эшиги» шеърий тўпламига кирган шеърлари билан танишган эдингиз. Бугун таниқли шоир тавсия қилган яна бир ижодкор  Алишер Муқимов ғазалларини тавсия этмоқдамиз.

АЛИШЕР МУҚИМОВ
ҒАЗАЛЛАР
0332

     Алишер Муқимов 1988 йил 4 ноябрда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилган. 2011йилда Термиз Давлат университетининг тил ва адабиёт факултетини тамомлаган. Бойсун туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаб келмоқда. Шеърлари вилоят ва Республика матбуотларида эълон қилинган. Бугунгача «Орзулар фонуси» (Тошкент, 2015) ва «Ишқ манзили» (Тошкент, 2016) номли шеърий китоблари нашрдан чиққан.

0332

ҚЎРҚУВ
037
Тенги йўқсан, шунча севгим сенга кам, деб қўрқаман,
Айрилиқдан бўлмасин дил кўзи нам, деб қўрқаман.

Ухламайман кечалар. Уйғонсаму сен бўлмасанг
Ухлатар мангу мени ушбу алам, деб қўрқаман.

Мен ҳақимда ҳеч ёзмайсиз ғазал, деб ранжима,
Таъриф айлашга сени ожиз қалам, деб қўрқаман.

Тинмайин ҳар лаҳза қилгум қўнғироқ, бир кун мени
Айлагай девона шу етти рақам, деб қўрқаман.

Қўрқмайман ерга яксон бўлса, чўкса тоғлар,
Бўлмасайди ишқимизнинг қадди хам, деб қўрқаман.

Қўрқмайман гар самода ўчса юлдузлар, бироқ,
Бир куни, жоним, дилингдан ўчмасам, деб қўрқаман.

Сен ва мен балким чидармиз айрилиққа, дардга,
Баридан чеккай азият дилгинам, деб қўрқаман.

НАФС ҚУЛИГА АЙЛАНГАНЛАРГА

Ҳақиқий дўст топмай дилни барбод айлаганлармиз,
Гуноҳ ичра қолиб иблисни шод айлаганлармиз.

Вужуд узра ниҳон ётган қабиҳ, занжирбанд итни
Жиловлаш бўлди мушкул — нафсин озод айлаганлармиз.

Сену мен камчиликлардан сира холи эмасдирмиз,
Насиҳат бобида лек ўзни устод айлаганлармиз.

Садоқатдан, вафодан сўз очармиз — бари ёлғондир,
Ниқоб узра қолишга юзни мўътод айлаганлармиз.

Тириклар қадрига етмай, вафот этганларидан сўнг
Уриб афсус муштин бошга, фарёд айлаганлармиз.

Туну кун қўрқмай оллоҳдан, урган хатога қўл,
Тўшакка михланиб қолгач уни ёд айлаганлармиз.

ИЛТИЖО

Бир коса меҳр бергин, қалбимни босди чанқоқ,
Бир шўъла ишқ бахш эт, умримни қил ёруғроқ.

Ҳижронлар ўтди жондан, айрилдим ошёндан,
Бир фасл васл берсанг, барҳам топарди қийноқ.

Бир шох умид барги яшнатгай умримизни,
Бир боғ мақсад эт бахш, очсин умид япроқ.

Ҳисларни кўммагайман, зулматга кўнмагайман,
Бир кўча орзу бер кўнглимга ўхшаган оқ.

Йўқ ғуссаларга сарҳад, қайда ётибди омад,
Бир дийда бахт бергин, бўлсин ҳамиша уйғоқ.

Кўпдир йўлимда қопқон, шафқатни билмас инсон,
Бир қўл мадад бер, осон бўлсин оёққа турмоқ…

Мен бир томонда, дилбар бошқа томонда ёлғиз,
Бирлаштир икки дилни, қолдирма ҳеч қачон тоқ.

МИЛОД

Қурбон сенга жон, эй малак, кам бўлса кўп ўрнида кўр,
Иқболдан бергум дарак, кам бўлса кўп ўрнида кўр.

Ноз этмагин, келгин, қадам ранжа қил умрим боғига,
Кезгаймиз унда муштарак, кам бўлса кўп ўрнида кўр.

Қилгум дуо, кўрма қувонч анжомини то бор нафас,
Ёрқин, гўзал бўлгай фалак, кам бўлса кўп ўрнида кўр.

Милод оқшоми билан қутлаб, сенга бахш айладим
Янги ғазал, яхши тилак, кам бўлса кўп ўрнида кўр.

Совға эканми шу дея асло ажабланма, қара,
Пойингдадир ошиқ юрак, кам бўлса кўп ўрнида кўр.

НАЗАР СОЛГИН

Сен бунча латиф, эй гул, сен бунчалар озода,
Бетобман ишқингсиз, афтодаман, афтода.

Оҳ, бунча лабинг дилкаш, йўқ ундаги ширинлик
На шаккару ҳалвода, на олмаву хурмода.

Чиқ ташқарига, кутгум кўчангга келиб ҳар тун,
Дийдор ғаниматдир ўткинчи бу дунёда.

Манзурдир овозинг, ухлолмам эшитмасдан,
Ором қани қалби ошуфтаву шайдода?

Келганман узоқлардан, бир бор назар солгин,
Менман ўша сен кутган оқ отдаги шаҳзода.

ФАРЁДРАС

Кўзларинг дарёсида чўкдим, йиғи бу чорамас,
Қутқаришни истасанг, бергин келиб сунъий нафас.

Дорида, ҳамширанинг ширин сўзида йўқ нажот,
Меҳрибоним, лабларингни лабларим қумсайди, бас.

Ишқ не, ҳою ҳавас не, кўп сўрардинг фарқини,
Ишқ эди кўнглимдаги, кўнглингдаги бўлса ҳавас.

Бўлмасин беҳуда бу фарёдлар, уйғот мени,
Бор умидим энди ёлғиз сендан, эй фарёдрас.

Бўлма ҳайрон дилраболар кўпку дунёда, дея,
Дил ҳамиша сен деб урган, бошқасини истамас.

Қўлларингни бер қўлимга, сўнгги бор очгин қучоқ,
Билки, ўзга қўлда берсам жон ўтибди умр абас.

БАХТ ИЗЛАБ

Бунча маҳзун бўлмасанг, фарёд дастингдан юрак,
Не қилай, бахтим билан ноошно бўлса фалак.

Телба шоир йўл тополмай бўлди сарсон, дейдилар,
Наилож, эл оғзига ҳаргиз тутиб бўлмас элак.

Эй худо, илҳом бахш этгин, ёзай янги ғазал,
Ғамзада қалбимга таскин топмадим ундан бўлак.

Ваъда берганди, кутинг қайтиб келарман деб, нетай,
Йиллар ўтган бўлса ҳамки, дилбаримдан йўқ дарак.

Барчага бўлди аён ошиқлигинг, кўнгил, етар,
Тутма пинҳон, барибир ойни ёполмайди этак.

Йўлга чиқдим бахт топмоқ истаги бирла бугун,
Яхшилар, менга фақат сизнинг дуойингиз керак.

Вақти келса, бир куни отганда тонг уйғонмасам
Йиғламанглар, дилбаримни тушда топганман демак.

МУҲАББАТНОМА

Сени топмоқ учун кездим неча дарёю денгизни,
Нетай, қилгай ҳамиша дарду ғам таъқиб ёлғизни.

Ҳамон кўнглим сени излар, ҳамиша бир сени истар,
Яқинлар раҳм этиб гарчи унут дерлар вафосизни.

Етар, шунча сафар қилдинг, изингдан қолмадим мен ҳам,
Ўзимга ёр бўл, ёнимда қол, тарк этма Термизни.

Қалам олдим яна қўлга сени мадҳ айламоқ истаб,
Ғазалга тушган ишқим кўп ўқиб Саъдию Ҳофизни.

Сўроқсиз дилга қўйгандинг қадам, аммо нечун кетдинг,
Тушунтир, эй малак, қандай ўчиргум энди бу изни.

Алишер сингари ошиқларинг кўпдир, бири менман,
Оёғинг остига боққин, кўришни истасанг бизни.

АЗИЗИМ

Дил бермагин, бу дунё ношуд экан, азизим,
Кимдир фиғонда, кимдир хушнуд экан, азизим.

Аввалдан орзулар сарҳадни билмас, аммо
Йўқдир илож, дунё маҳдуд экан, азизим.

Сўз очмагин вафодан, ўткинчидир садоқат,
То нафс бор, севги нобуд экан, азизим.

Дил янги ишқ истаб қийнар ҳамиша, нетгум,
Барча қасамлар, афсус, бесуд экан, азизим.

Тарк этди дилни севги, айб иккимизда ҳам йўқ,
Ҳар нарсанинг якуни мавжуд экан, азизим.

СЕН КЎРИНДИНГ

Меҳнатга урдим ўзни, меҳнатда Сен кўрингдинг,
Қилдим ҳар ишда тоқат, тоқатда Сен кўриндинг.

Ҳар лаҳза бул қулоқсиз нафсим билан курашдим,
Қилдим ҳамиша тоат, тоатда Сен кўриндинг.

Ёрқин, фараҳли кунлар бошланди юртимизда,
Хушбахтликда, сулҳу ваҳдатда Сен кўриндинг.

Миръоти дилда зебо сурат бўлибди пайдо,
Бешубҳа бул муқаддас суратда Сен кўриндинг.

Қалбимда Ишқ меҳмон, бу бир ажойиб эҳсон,
Ҳар қандайин саховат, ҳимматда Сен кўриндинг.

Бозору кўча-кўйда, ҳар битта ҳовли, уйда,
Ҳар анжуман аро, ҳар хилватда Сен кўриндинг.

Топгач Сени Алишер ўрганди яхшиликни,
Оламда барча яхши хислатда Сен кўриндинг.

СЕН КАБИ

Энди мен, ай ёри жон, айёр бўлгум сен каби,
Кеч очилди кўзларим, бедор бўлгум сен каби.

Ришта боғлаб янги диллар бирла ҳар тун, эрталаб
Барини узмоқ учун тайёр бўлгум сен каби.

Май ичарман энди мен ҳам ишқ жомидан, вале
Бошқаларни маст этиб, ҳушёр бўлгум сен каби.

Токи дунё бор, дилдан севгимиз ўчмас, дея,
Икки кунда баридан безор бўлгум сен каби.

Барчага дил бергум энди, севгини қилгум ўйин,
Ким йўлимда учраса хуштор бўлгум сен каби.

Менга ҳам душвор эмас лағмон илиш, кўпдир қулоқ,
Кўргин энди, қанча хушгуфтор бўлгум сен каби.

Овчи бўлгум, сенга ўхшаб, ғўр юраклар овчиси,
Соддалар қалбига дард, озор бўлгум сен каби.

Бир шаҳардан бошқасига ҳар кун айлайман сафар,
Барча пинҳон давраларда бор бўлгум сен каби.

Не керак мискин Алишер сингари танҳо яшаш,
Ошиғи кўп, ваъдаси бисёр бўлгум сен каби.

БИЗДА АЙБ ЙЎҚ

Дилни не кўйларга солди ишқ, жонон айбдор,
Моҳдир у, қўлларим етмайди, нарвон айбдор.

Севгимиз паймонаси тўлмоқда, энди наилож,
Биздан айб излашни бас қил, аҳду паймон айбдор.

Ношукурмиз, гарчи қўлда бор умид эшкаклари,
Топмасак соҳил, баҳона бор: тўфон айбдор.

Кўзи бино бўлмаганнинг қалби равшан бўлса бас,
Дил кўзи кўр бўлган инсонга шабистон айбдор.

Чўққига интилгай инсон, мақсади ишғол этиш,
Уддалай олмайдиганга бўлди вулқон айбдор.

Қанча Юсуфларни қутқарсак бўларди чоҳдан,
Минг таассуф, барчасига калта арқон айбдор.

Бир юракда юзта дард, аммо давоси йўқ, дариғ,
Ҳасратим кўп, барига Синою Луқмон айбдор…

Эй Алишер, айбимиз кўп, гарчи тан олмоқ маҳол,
Биз хатолар қилдик, аммо бўлди шайтон айбдор.

ҲАЙРАТ

Сайр айладим бир олам ичра тоза қалб инсонга бой,
Ҳайратга тушдим, воажаб, одамлари имонга бой.

Диллар ҳамиша шод экан, кўнгил уйи обод экан,
Йўллар очиқ, йўллар равон, қўллар очиқ, эҳсонга бой.

Йўқ муттаҳамликдан асар, ҳам таъмагирликдан хабар,
Барча баробар-чўнтаги омад деган ҳамёнга бой.

Армони йўқ, қурбони йўқ, сарсону саргардони йўқ,
Бахту саодат номли ёқут ила маржонга бой.

Куздан, хазондан йўқ хатар, бир фасл сокиндир-баҳор,
Бойчечаку садбарг, атиргул, лолаю райҳонга бой.

Ҳайрон жаноб Армстронг, ойга етар қўл бегумон,
Бу қандайин дунё экан, мўъжизага, имконга бой.

Тонг отмаса бўлмасмиди, афсус уйғондим шу он,
Кўрдимки, дунё қурмағур аввалгидек ёлғонга бой…

ҚАЙТАР

Бас, бўлма бунча қайсар, қайтар дилимни, дилбар,
Бор, бошқа бир дил ахтар, қайтар дилимни, дилбар.

Ғам солди ишқ бошга, севмайман энди бошқа,
Топсин якун хатолар, қайтар дилимни, дилбар.

Устингдан арз қилгум, айлаб жазога маҳкум,
Эй ўғриликда сарвар, қайтар дилимни, дилбар.

Маҳв айлади жудолик, кўр, найлади жудолик,
Тақдир экан ситамгар, қайтар дилимни, дилбар.

Ғафлатда қолдим, афсус, зулматда қолдим, афсус,
Бўлсин фалак мунаввар, қайтар дилимни, дилбар.

Сенга ишонган эрдим, ишқингда ёнган эрдим,
Бўлди жафо музаффар, қайтар дилимни, дилбар.

Оворадир Алишер, ғам қайрамоқда шамшир,
Тузмоқда дард лашкар, қайтар дилимни, дилбар.

ЯҚИНЛАШМОҚ УЧУН СЕНГА

Узоқлашдим яқинлардан, яқинлашмоқ учун сенга,
Дил уздим барча дилбардан, яқинлашмоқ учун сенга.

Фақат ёнсин, фақат куйсин, менинг ошиқларим дердинг,
Сабоқ олдим самандардан, яқинлашмоқ учун сенга.

Гўзалларнинг хаёлини ғазал бирла олиш мушкул,
Жудоман хома, дафтардан, яқинлашмоқ учун сенга.

Ёритгин йўлларимни, ҳар кеча қошига боргум деб
Сўрайман моҳи анвардан, яқинлашмоқ учун сенга.

Сени барча малак дейди, валекин мен башар, майли,
Қутулгум ер деган шардан, яқинлашмоқ учун сенга.

Алишерни хаёлинг бирла сармаст айладинг, энди
Кечармиш май ва соғардан, яқинлашмоқ учун сенга.

ЎҒИРЛАЙМАН

Қараб тургин, ҳали бир кун хаёлингни ўғирлайман,
Ўзингдек ҳийлагар бўлгум. Висолингни ўғирлайман.

Қизил гулли рўмолинг бирла олгандинг хаёлимни,
Қувонма, энди қасд олгум, рўмолингни ўғирлайман.

Етар кутганларим шунча, қўярман барига нуқта,
Шу боис ҳам юзингдан дона холингни ўғирлайман.

Дилимдан жой топиш амри маҳол, огоҳ бўл дейсан,
Лабингдан оқибат «амри маҳол»ингни ўғирлайман.

Билиб қўйгин, бориб Бойсунга дарс олгум Алишердан,
Ғазал бирла ҳали бир кун хаёлингни ўғирлайман.

004     Yaqinda shoir Odil Ikrom tavsiya qilgan shoira Shahodatbonu Imomnazarovaning «Osmon eshigi» she’riy to’plamiga kirgan she’rlari bilan tanishgan edingiz. Bugun taniqli shoir tavsiya qilgan  shoir Alisher Muqimov g’azallarini tavsiya etmoqdamiz.

ALISHER MUQIMOV
G’AZALLAR
0332

Alisher Muqimov 1988 yil 4 noyabrda Surxondaryo viloyatining Boysun tumanida tug’ilgan. 2011yilda Termiz Davlat universitetining til va adabiyot fakultetini tamomlagan. Boysun tumanidagi 5-umumiy o’rta ta’lim maktabda o’qituvchi bo’lib ishlab kelmoqda. She’rlari viloyat va Respublika matbuotlarida e’lon qilingan. Bugungacha «Orzular fonusi» (Toshkent, 2015) va «Ishq manzili» (Toshkent, 2016) nomli she’riy kitoblari nashrdan chiqqan.

0332

QO’RQUV
037
Tengi yo’qsan, shuncha sevgim senga kam, deb qo’rqaman,
Ayriliqdan bo’lmasin dil ko’zi nam, deb qo’rqaman.

Uxlamayman kechalar. Uyg’onsamu sen bo’lmasang
Uxlatar mangu meni ushbu alam, deb qo’rqaman.

Men haqimda hech yozmaysiz g’azal, deb ranjima,
Ta’rif aylashga seni ojiz qalam, deb qo’rqaman.

Tinmayin har lahza qilgum qo’ng’iroq, bir kun meni
Aylagay devona shu yetti raqam, deb qo’rqaman.

Qo’rqmayman yerga yakson bo’lsa, cho’ksa tog’lar,
Bo’lmasaydi ishqimizning qaddi xam, deb qo’rqaman.

Qo’rqmayman gar samoda o’chsa yulduzlar, biroq,
Bir kuni, jonim, dilingdan o’chmasam, deb qo’rqaman.

Sen va men balkim chidarmiz ayriliqqa, dardga,
Baridan chekkay aziyat dilginam, deb qo’rqaman.

NAFS QULIGA AYLANGANLARGA

Haqiqiy do’st topmay dilni barbod aylaganlarmiz,
Gunoh ichra qolib iblisni shod aylaganlarmiz.

Vujud uzra nihon yotgan qabih, zanjirband itni
Jilovlash bo’ldi mushkul — nafsin ozod aylaganlarmiz.

Senu men kamchiliklardan sira xoli emasdirmiz,
Nasihat bobida lek o’zni ustod aylaganlarmiz.

Sadoqatdan, vafodan so’z ocharmiz — bari yolg’ondir,
Niqob uzra qolishga yuzni mo»tod aylaganlarmiz.

Tiriklar qadriga yetmay, vafot etganlaridan so’ng
Urib afsus mushtin boshga, faryod aylaganlarmiz.

Tunu kun qo’rqmay ollohdan, urgan xatoga qo’l,
To’shakka mixlanib qolgach uni yod aylaganlarmiz.

ILTIJO

Bir kosa mehr bergin, qalbimni bosdi chanqoq,
Bir sho»la ishq baxsh et, umrimni qil yorug’roq.

Hijronlar o’tdi jondan, ayrildim oshyondan,
Bir fasl vasl bersang, barham topardi qiynoq.

Bir shox umid bargi yashnatgay umrimizni,
Bir bog’ maqsad et baxsh, ochsin umid yaproq.

Hislarni ko’mmagayman, zulmatga ko’nmagayman,
Bir ko’cha orzu ber ko’nglimga o’xshagan oq.

Yo’q g’ussalarga sarhad, qayda yotibdi omad,
Bir diyda baxt bergin, bo’lsin hamisha uyg’oq.

Ko’pdir yo’limda qopqon, shafqatni bilmas inson,
Bir qo’l madad ber, oson bo’lsin oyoqqa turmoq…

Men bir tomonda, dilbar boshqa tomonda yolg’iz,
Birlashtir ikki dilni, qoldirma hech qachon toq.

MILOD

Qurbon senga jon, ey malak, kam bo’lsa ko’p o’rnida ko’r,
Iqboldan bergum darak, kam bo’lsa ko’p o’rnida ko’r.

Noz etmagin, kelgin, qadam ranja qil umrim bog’iga,
Kezgaymiz unda mushtarak, kam bo’lsa ko’p o’rnida ko’r.

Qilgum duo, ko’rma quvonch anjomini to bor nafas,
Yorqin, go’zal bo’lgay falak, kam bo’lsa ko’p o’rnida ko’r.

Milod oqshomi bilan qutlab, senga baxsh ayladim
Yangi g’azal, yaxshi tilak, kam bo’lsa ko’p o’rnida ko’r.

Sovg’a ekanmi shu deya aslo ajablanma, qara,
Poyingdadir oshiq yurak, kam bo’lsa ko’p o’rnida ko’r.

NAZAR SOLGIN

Sen buncha latif, ey gul, sen bunchalar ozoda,
Betobman ishqingsiz, aftodaman, aftoda.

Oh, buncha labing dilkash, yo’q undagi shirinlik
Na shakkaru halvoda, na olmavu xurmoda.

Chiq tashqariga, kutgum ko’changga kelib har tun,
Diydor g’animatdir o’tkinchi bu dunyoda.

Manzurdir ovozing, uxlolmam eshitmasdan,
Orom qani qalbi oshuftavu shaydoda?

Kelganman uzoqlardan, bir bor nazar solgin,
Menman o’sha sen kutgan oq otdagi shahzoda.

FARYODRAS

Ko’zlaring daryosida cho’kdim, yig’i bu choramas,
Qutqarishni istasang, bergin kelib sun’iy nafas.

Dorida, hamshiraning shirin so’zida yo’q najot,
Mehribonim, lablaringni lablarim qumsaydi, bas.

Ishq ne, hoyu havas ne, ko’p so’rarding farqini,
Ishq edi ko’nglimdagi, ko’nglingdagi bo’lsa havas.

Bo’lmasin behuda bu faryodlar, uyg’ot meni,
Bor umidim endi yolg’iz sendan, ey faryodras.

Bo’lma hayron dilrabolar ko’pku dunyoda, deya,
Dil hamisha sen deb urgan, boshqasini istamas.

Qo’llaringni ber qo’limga, so’nggi bor ochgin quchoq,
Bilki, o’zga qo’lda bersam jon o’tibdi umr abas.

BAXT IZLAB

Buncha mahzun bo’lmasang, faryod dastingdan yurak,
Ne qilay, baxtim bilan nooshno bo’lsa falak.

Telba shoir yo’l topolmay bo’ldi sarson, deydilar,
Nailoj, el og’ziga hargiz tutib bo’lmas elak.

Ey xudo, ilhom baxsh etgin, yozay yangi g’azal,
G’amzada qalbimga taskin topmadim undan bo’lak.

Va’da bergandi, kuting qaytib kelarman deb, netay,
Yillar o’tgan bo’lsa hamki, dilbarimdan yo’q darak.

Barchaga bo’ldi ayon oshiqliging, ko’ngil, yetar,
Tutma pinhon, baribir oyni yopolmaydi etak.

Yo’lga chiqdim baxt topmoq istagi birla bugun,
Yaxshilar, menga faqat sizning duoyingiz kerak.

Vaqti kelsa, bir kuni otganda tong uyg’onmasam
Yig’lamanglar, dilbarimni tushda topganman demak.

MUHABBATNOMA

Seni topmoq uchun kezdim necha daryoyu dengizni,
Netay, qilgay hamisha dardu g’am ta’qib yolg’izni.

Hamon ko’nglim seni izlar, hamisha bir seni istar,
Yaqinlar rahm etib garchi unut derlar vafosizni.

Yetar, shuncha safar qilding, izingdan qolmadim men ham,
O’zimga yor bo’l, yonimda qol, tark etma Termizni.

Qalam oldim yana qo’lga seni madh aylamoq istab,
G’azalga tushgan ishqim ko’p o’qib Sa’diyu Hofizni.

So’roqsiz dilga qo’yganding qadam, ammo nechun ketding,
Tushuntir, ey malak, qanday o’chirgum endi bu izni.

Alisher singari oshiqlaring ko’pdir, biri menman,
Oyog’ing ostiga boqqin, ko’rishni istasang bizni.

AZIZIM

Dil bermagin, bu dunyo noshud ekan, azizim,
Kimdir fig’onda, kimdir xushnud ekan, azizim.

Avvaldan orzular sarhadni bilmas, ammo
Yo’qdir iloj, dunyo mahdud ekan, azizim.

So’z ochmagin vafodan, o’tkinchidir sadoqat,
To nafs bor, sevgi nobud ekan, azizim.

Dil yangi ishq istab qiynar hamisha, netgum,
Barcha qasamlar, afsus, besud ekan, azizim.

Tark etdi dilni sevgi, ayb ikkimizda ham yo’q,
Har narsaning yakuni mavjud ekan, azizim.

SEN KO’RINDING

Mehnatga urdim o’zni, mehnatda Sen ko’ringding,
Qildim har ishda toqat, toqatda Sen ko’rinding.

Har lahza bul quloqsiz nafsim bilan kurashdim,
Qildim hamisha toat, toatda Sen ko’rinding.

Yorqin, farahli kunlar boshlandi yurtimizda,
Xushbaxtlikda, sulhu vahdatda Sen ko’rinding.

Mir’oti dilda zebo surat bo’libdi paydo,
Beshubha bul muqaddas suratda Sen ko’rinding.

Qalbimda Ishq mehmon, bu bir ajoyib ehson,
Har qandayin saxovat, himmatda Sen ko’rinding.

Bozoru ko’cha-ko’yda, har bitta hovli, uyda,
Har anjuman aro, har xilvatda Sen ko’rinding.

Topgach Seni Alisher o’rgandi yaxshilikni,
Olamda barcha yaxshi xislatda Sen ko’rinding.

SEN KABI

Endi men, ay yori jon, ayyor bo’lgum sen kabi,
Kech ochildi ko’zlarim, bedor bo’lgum sen kabi.

Rishta bog’lab yangi dillar birla har tun, ertalab
Barini uzmoq uchun tayyor bo’lgum sen kabi.

May icharman endi men ham ishq jomidan, vale
Boshqalarni mast etib, hushyor bo’lgum sen kabi.

Toki dunyo bor, dildan sevgimiz o’chmas, deya,
Ikki kunda baridan bezor bo’lgum sen kabi.

Barchaga dil bergum endi, sevgini qilgum o’yin,
Kim yo’limda uchrasa xushtor bo’lgum sen kabi.

Menga ham dushvor emas lag’mon ilish, ko’pdir quloq,
Ko’rgin endi, qancha xushguftor bo’lgum sen kabi.

Ovchi bo’lgum, senga o’xshab, g’o’r yuraklar ovchisi,
Soddalar qalbiga dard, ozor bo’lgum sen kabi.

Bir shahardan boshqasiga har kun aylayman safar,
Barcha pinhon davralarda bor bo’lgum sen kabi.

Ne kerak miskin Alisher singari tanho yashash,
Oshig’i ko’p, va’dasi bisyor bo’lgum sen kabi.

BIZDA AYB YO’Q

Dilni ne ko’ylarga soldi ishq, jonon aybdor,
Mohdir u, qo’llarim yetmaydi, narvon aybdor.

Sevgimiz paymonasi to’lmoqda, endi nailoj,
Bizdan ayb izlashni bas qil, ahdu paymon aybdor.

Noshukurmiz, garchi qo’lda bor umid eshkaklari,
Topmasak sohil, bahona bor: to’fon aybdor.

Ko’zi bino bo’lmaganning qalbi ravshan bo’lsa bas,
Dil ko’zi ko’r bo’lgan insonga shabiston aybdor.

Cho’qqiga intilgay inson, maqsadi ishg’ol etish,
Uddalay olmaydiganga bo’ldi vulqon aybdor.

Qancha Yusuflarni qutqarsak bo’lardi chohdan,
Ming taassuf, barchasiga kalta arqon aybdor.

Bir yurakda yuzta dard, ammo davosi yo’q, darig’,
Hasratim ko’p, bariga Sinoyu Luqmon aybdor…

Ey Alisher, aybimiz ko’p, garchi tan olmoq mahol,
Biz xatolar qildik, ammo bo’ldi shayton aybdor.

HAYRAT

Sayr ayladim bir olam ichra toza qalb insonga boy,
Hayratga tushdim, voajab, odamlari imonga boy.

Dillar hamisha shod ekan, ko’ngil uyi obod ekan,
Yo’llar ochiq, yo’llar ravon, qo’llar ochiq, ehsonga boy.

Yo’q muttahamlikdan asar, ham ta’magirlikdan xabar,
Barcha barobar-cho’ntagi omad degan hamyonga boy.

Armoni yo’q, qurboni yo’q, sarsonu sargardoni yo’q,
Baxtu saodat nomli yoqut ila marjonga boy.

Kuzdan, xazondan yo’q xatar, bir fasl sokindir-bahor,
Boychechaku sadbarg, atirgul, lolayu rayhonga boy.

Hayron janob Armstrong, oyga yetar qo’l begumon,
Bu qandayin dunyo ekan, mo»jizaga, imkonga boy.

Tong otmasa bo’lmasmidi, afsus uyg’ondim shu on,
Ko’rdimki, dunyo qurmag’ur avvalgidek yolg’onga boy…

QAYTAR

Bas, bo’lma buncha qaysar, qaytar dilimni, dilbar,
Bor, boshqa bir dil axtar, qaytar dilimni, dilbar.

G’am soldi ishq boshga, sevmayman endi boshqa,
Topsin yakun xatolar, qaytar dilimni, dilbar.

Ustingdan arz qilgum, aylab jazoga mahkum,
Ey o’g’rilikda sarvar, qaytar dilimni, dilbar.

Mahv ayladi judolik, ko’r, nayladi judolik,
Taqdir ekan sitamgar, qaytar dilimni, dilbar.

G’aflatda qoldim, afsus, zulmatda qoldim, afsus,
Bo’lsin falak munavvar, qaytar dilimni, dilbar.

Senga ishongan erdim, ishqingda yongan erdim,
Bo’ldi jafo muzaffar, qaytar dilimni, dilbar.

Ovoradir Alisher, g’am qayramoqda shamshir,
Tuzmoqda dard lashkar, qaytar dilimni, dilbar.

YAQINLASHMOQ UCHUN SENGA

Uzoqlashdim yaqinlardan, yaqinlashmoq uchun senga,
Dil uzdim barcha dilbardan, yaqinlashmoq uchun senga.

Faqat yonsin, faqat kuysin, mening oshiqlarim derding,
Saboq oldim samandardan, yaqinlashmoq uchun senga.

Go’zallarning xayolini g’azal birla olish mushkul,
Judoman xoma, daftardan, yaqinlashmoq uchun senga.

Yoritgin yo’llarimni, har kecha qoshiga borgum deb
So’rayman mohi anvardan, yaqinlashmoq uchun senga.

Seni barcha malak deydi, valekin men bashar, mayli,
Qutulgum yer degan shardan, yaqinlashmoq uchun senga.

Alisherni xayoling birla sarmast aylading, endi
Kecharmish may va sog’ardan, yaqinlashmoq uchun senga.

O’G’IRLAYMAN

Qarab turgin, hali bir kun xayolingni o’g’irlayman,
O’zingdek hiylagar bo’lgum. Visolingni o’g’irlayman.

Qizil gulli ro’moling birla olganding xayolimni,
Quvonma, endi qasd olgum, ro’molingni o’g’irlayman.

Yetar kutganlarim shuncha, qo’yarman bariga nuqta,
Shu bois ham yuzingdan dona xolingni o’g’irlayman.

Dilimdan joy topish amri mahol, ogoh bo’l deysan,
Labingdan oqibat «amri mahol»ingni o’g’irlayman.

Bilib qo’ygin, borib Boysunga dars olgum Alisherdan,
G’azal birla hali bir kun xayolingni o’g’irlayman.

065

(Tashriflar: umumiy 732, bugungi 1)

3 izoh

  1. Шубҳасиз муаллиф мендан кўра анча билим ва салоҳиятли ижодкордир. Аммо… Бунинг нимаси ғазал? Бу сўзларни бармоқ вазнида изҳор қилсаям бўларди-ку?
    Умуман охирги пайтларда бошқа айрим ёш шоир ва шоираларимиз арзуда ўзини синаб кўраётгани ва шунчаки тақлид, қайтариқ сўзлардан иборат бўлган бу шеърни адабий жамоатчилик «Ғазал» деб қабул қилаётгани менда истиҳола ўйғотади…
    Замонавий адабиётимизда ёзилган қуйидаги ғазални юқоридаги, қолаверса бошқа ёшлар ёзаётган ғазаллар билан таққослаб кўринг:
    Эркин Воҳидов:
    Яхшиқол э дилбарим дилда кадар кетмоқдаман,
    Ишқ аро энди холим зеру-забар кетмоқдаман…
    (Э. Воҳидов)
    Хулоса???

  2. Алишер Муқимов ғазалларида ўзига хос янгича талқин бор.Гўёки замонавий адабиётда ғазалнинг янгича йўналиши очилаётгандек. Асосийси мумтоз адабиётимизга ёшларнинг эътибори катта. Нуқсонлар меҳнатлар ва изланишлар орқали тузатилади. Бунга умид қилиш керак, холос.

  3. Дилкаш, оҳангги чиройли ғазаллар.

Izoh qoldiring