Сайтимизнинг доимий муаллифларидан бири Нодира Назарнинг шеър дафтаридан олинган янги шеърларни ва «Ўзбекистон» радиоканалининг истеъдодли шоирага бағишлаган «Ижод завқи» радиодастурини тақдим этмоқдамиз.
Нодира НАЗАР
ШЕЪРЛАР
***
Билмам…қайга йўл солдим бугун,
Қарорларим тўғри ё хато?!
Юзларимга кўчиб олма, Tун,
Қуёш, мен деб бўлмагин адо..
Билмам..қайга йўл солдим бугун,
Ишончимиз комилми, юрак?
Хато бўлса, илтимос, тушун…
Мен умримни яшашим керак!
***
Мўҳмал жавобимдан тутардинг аза,
Яқинроқ боришга мен-чи… — қўрқардим.
Қилолсаk, қанийди, дея муроса
Йиғлаблар чиқардим,
йиғлаб чиқардиммм…
Бадзабон руҳингдан пана ер тилаб,
Соғинчга йўярдим, гар йўқлаб қолсанг.
Энди сен ухларсан расмимни силаб…
Ухлолмай чиқасан, йўқлигим билсанг.
Бас, бадгир ўтмишдан мен кетдим жўнаб,
Сен нега тунларни ўтказяпсан тоқ?
Ҳайронман: қайларда қолгандинг тунаб
Мен сени соғиниб кутаётган чоғ?!
Мен сени соғиниб кутаётган чоғ…
***
Ўзга юртда сарсон кезиб,
Жигарларим бағрин эзиб,
Кўзларимдан ёшлар сизиб
Ватанимни соғиняпман!
Тўрт томоним чўл бўлса ҳам,
Кўнгил зардобга тўлса ҳам,
Ёр-дўст устимдан кулса ҳам,
Ватанимни соғиняпман!
Кимга бойлик бермас Худо,
Кимдир бойлигидан жудо,
Кафтларимни ёрар нидо-
Ватанимни соғиняпман!
Эй оқил дўст, дуо эт, кел,
Жоҳил нафсим, мени қўйгил,
Қандай тилга айландинг, тил?!
Ватанимни соғиняпман!
Онам ёпган кулча нонлар,
Ўчоқларда отган тонглар…
Оо, андуҳлар, пушаймонлар…
Ватанимни соғиняпман!
Бироз чида, эй опажон,
Мен деб азоб чекма, жаҳон,
Мусофирлик ёмон..ёмон
Ватанимни соғиняпман!
Кўкда сузар орзу-кема
Тупроқ кўча…шошар қадам.
Биласанми, соғинч нима?!
— Ер остида ётган Дадам,
Ер остида ётган Дадам-
Ватанимни соғиняпман!
КУТ
Кут мени, кут яна, кутгин интизор
Илҳақлик сабрингга қўймасин тузоқ.
Қуёшнинг нидоси берганда озор,
Кут мени ҳар куни қизарса уфқ.
Кут мени, ёлғизим, ёлғиз мени кут,
Ёмғирлар йиғласа юзларим ювиб.
Ақалли бир лаҳза барини унут,
Қалбим дунёсини шодликка кўмиб.
Кўзларинг тинса ҳам йўлим пойлашдан,
Чекиниш томонга қўймагин қадам.
Кут мени, кут яна, ахир, умримда
Бошқа йўқдир мени кутгувчи одам.
Кут мени, кутавер, кутгин интизор…
ЭПИГРАФ
Ипсиз боғлангандек кўринаман-а,
Тилга талқон солиб ўтиш нимаси?!
Йиғлама — мен чўкиб кетганман сенга
Ва ёрдам беролмас Нуҳнинг кемаси.
Айбдорман,
шунчалар гуноҳкорман мен…
Сен мен деб сарғайган умрингга қара.
Йўғасам, осмонга ойдай осилгин,
Мен яшай заминнинг сочларин тараб.
На улгу, на ҳавас бўламан сенга,
Орзулар армонга бўялгани рост!
Сен казо-казодай қарайсан менга…
Тушун — мен шунчаки
ошиқман, холос!
Ипсиз боғлангандай кўринаман-а…
***
Ногоҳий ўлимни бўйнимга олиб
Кетсам, ортгинамдан йиғлар кимим бор?
Нимага бунчалар яшайсан нолиб?!
Ахир, сен мендайин ёлғизмассан, ёр…
***
Кўрганмисан
қанотсиз қушни(нг)
кўзларининг пирпирашини?
Асли, қушлар қанотсиз бўлмас —
Калтакланган…
ё синган беҳос..
Раҳмим келар полопонига…
***
Мен биламан…кетасан, албат,
Сарсон хаёл сингари жунун.
Тонгларимни босганда ғафлат
Аро кўнглинг ўртаганда тун.
Ёш тўкарсан мен учун маъсум,
Куз устингдан кулар шафқатсиз.
Куч тополмас илиқ табассум
Куч тополмас «кетма…»деган сўз.
***
Инжа ҳисларимнинг сувратларига
ногоҳий ўпичинг бўлгандай банди.
Кетолмай яшайсан мендан наърига —
Мен жуда эркаман,
мен эса танти.
Ёввойи туйғудек қамалиб чунон
Ўзингнинг қалбингга ўзинг сиғмайсан.
Мен сенинг ёнингдан кетолмай ҳеч он… —
Ишонмай йиғлайсан,
йиғлайсан..
Сарғайган суратга қарайсан илҳақ —
Августнинг кўзида сузар коинот…
Азизим, сен менга юзингни кўрсат,
Азизим, сен менга инъом эт ҳаёт.
Ҳеч қандай шамолга тутмайин қулоқ,
Гир-гир айланаман — кўнглингда кўзим.
Тушун… — сен мен томон яқинлашган чоғ
Ўзимга алданиб қоляпман ўзим.
***
Бу виқорли бинолар олдида
менинг хаёлларим нима бўлибди…
Бу нотаниш шаҳар ичра кезсам, кезибман-да девона каби.
Барибир, яшаш керак-ку!
20.08.2017
* * *
Қанийди, туйғулар берганда изн,
Қанийди, кўнглимни очолсам сенга.
Қанийди, ёнингда гул чизса изим,
Ёдинг талпинмаса ҳеч қачон менга.
Қанийди, умримиз бахтиёр бўлса,
Қанийди, ғам биздан олмаса хабар.
Қанийди, кўрганим сийратинг бўлса,
Оллоҳ айбламаса қабрга қадар.
Қанийди, ҳов ўша юлдуз мен бўлсам,
Сен бўлсанг, қанийди, елкамда очун.
Қанийди, бир марта қайта туғилсам,
Жон берсам…
жон берсам фақат сен учун.
Қанийди…
***
Опам айтди…йиғлабсан-а, она, бугун,
Дадамни сен шунчалар ҳам соғиндингми?
Қалби меҳр уммонида қолган юпун —
Дадамни сен шунчалар ҳам соғиндингми?
Қани эди, кўз ёшларинг арта олсам,
Қани, дадам кетганлиги ёлғон бўлса.
Қани, шодлик қучоғида мангу қолсанг
Қани, кулсанг…
Осмондаги митти юлдуз удир, балки,
Барча тонгнинг чеҳрасида фақат у бор….
Балки шамол эмас сени силаётган
У, эҳтимол.
Оғриқларнинг чеки йўқдир…
Сабр — бупушт.
Дадамни сен шунчалар ҳам соғиндингми?
Энди қанот ёйётганда йиқилган қуш —
Дадамни сен шунчалар ҳам соғиндингми?
Опам айтди… йиғлабсан-а, она, бугун,
Ёки бирор фарзандингдан оғриндингми?
Дадамни сен шунчалар ҳам соғиндингми…
АВГУСТДАН ҚЎРҚЯПМАН
Дарахтлар шитирлар талваса босиб,
Хазон хазонрездан кун сайин ўзар.
Муҳаббат йиғлайди ақлдан озиб
Заминни қоп-қора хаёллар бузар.
Қуёшнинг юраги ёрилиб шу он
Уфқ томон сизмоқда алвон кўз ёши.
Олти тарафга ҳам сиғмайин инсон
Орқалаб кетолмас эзилган лошин.
Қисмат оҳорларин тўкади қайта
Суянч йўқ ҳеч қандай яшамоқ учун.
Тун ҳам жовдирайди кундузни ҳайдаб
Сабр — забони йўқ, жони йўқ малъун.
Қимтинар ҳар нега менгзаб руҳини
Севги, шунчалар ҳам кучсиз эдингми?
Етти оламга ҳам ишонмай уни
Биргина одамга ташлаб келдингми?!
Кўнгил — башарият чақнаган кўзгу,
Лекин жудаям тор чин ишқ юраги.
Бордию, тушларда келсак рўбарў
Илтимос, қўлимдан маҳкам ушлагин!
07/08/2016
***
Уйимиздан узоқда тўй бўляпти, ёр-ёр,
Тақдир армон устидан хўб куляпти, ёр-ёр.
Бир қалбни мингга бўлиб урф-одатни қучар қиз
Ёт ошиқ қўлларида ишқ ўляпти, ёр-ёр..
06.08.2016
***
«Нимага севдирдинг уни, Худойим,
севгини билмаган инсонни?»
Зебо Мирзо
Тонг ёришди — атроф зим-зиё
Жавдираб қарайди хаёллар.
Ичи бўм-бўш рўёдай дунё
Бошимда сарсона саволлар.
Ишқ юртидан асраб олганим
юрагимдан айирар жонни.
«Нимага севдирдинг уни, Худойим,
севгини билмаган инсонни?»
Сочларимда ҳасрат ранглари
Шамоллар олсайди дардимни.
«Сенинг билан..» деган ишқ қани
Таниёлмай қолдим мардимни.
Кузак менга жилмаяр маъсум
Кўтаролмай дарду фиғонни
«Нимага севдирдинг уни, Худойим,
Севгини билмаган инсонни?»
Дилим-эзгин, хатоларим осмонча
Аммо ишқни хато, дейиш мумкинми?
Кимнинг елкасига жонимни илай
Кўтаролмас ҳеч зот осмон юкимни.
Мен таъналар қилмаяпман, армоним
соясини кутиб яшаш осонми?
«Нимага севдирдинг уни, Худойим,
севгини билмаган инсонни?»
26.03.2016
***
Ишончдан азизроқ бирор туйғу йўқ,
Осмонга отмагин ўзингни ўзинг.
Сен менга ҳамиша рост сўзлайсан — ўқ,
Лек мени доимо яралар кўзинг..
***
Ёмғирдайин оқиб кет, қайғу,
Кулгуларни соғиндим жуда.
Тасаввурга сиғмас тасаввур,
Мўлтираган бахт илинжида.
Бекинволиб оқ сочларимга
Оо, кимларга кўринасан шод.
Не ёмонлик қилгандим сенга-
Мени кимга ишондинг, ҳаёт?
***
Қаердадир у яшар бахтли,
Қаердадир кулгуси порлар.
У ўзига сиғмаюр, балки,
Изларига сиғмас гулзорлар.
Балки мени эсламас ҳам ҳеч,
Номларимиз кетгандир ўчиб.
Қаердадир у яшайдир тинч,
Менинг бутун умримга кўчиб.
Мен — шунчаки хаёлотдир бир,
Балки оддий рашкнинг гинаси.
У ҳалиям йиғлаётгандир,
Кўз ёшларга тўлиб сийнаси.
Борай десам, йўлларим чалкаш —
Ҳақиқатга қара, қалбим, тик!
Ахир, тушун, «сенинг бағринг — тош»,
Унинг эса юраги нозик!
Қаердадир у яшар бахтли…
08.10.2017
***
Соғиндинг?
(Соғиндинг…)
Боряпман,
Кутгил…
Етар.. борлиқ узра соя солган ун.
Оғир тўзонларга айланмоқда ел,
Қизариб кетди-ку кўзларимда тун.
Чекка-чеккаларда яшайвериб жим…
Фақат кутиш ҳиссин қучибман тинмай.
Эртароқ, айтмадинг, жоним, не учун?
Шунча вақт ўзимни яширдимми…
Аййй!
15-iyul, 2016
***
Қўлим калта — бўйим етмас,
Хаёлингни бузгандайман,
Неларнидир сезгандайман,
Олмагин қасд,
Олмагин қасд!
Ўтди неча яро кунлар,
сўззиз савдо, кўзсиз тунлар.
кўкрагига босиб увлар,
қўйвормас ҳеч, воз кечмас ҳеч!
Мийиғингда куляпсан-а,
Сендан бироз калтаманми?
Хўб ўжар, хўб шаттаманми?!
(Ўляпсан-а — ўляпсан-а)
Кўзларим -йўл, кўзларим — тил
Бироз сабр эт, бўлма хижил.
Тилим соқов — уялмагил!
Соғиндим, де…
Соғиндим, де!
Озод қушга менгза мени,
Руҳи — осмон, бағри — ер, де!
Нобоп, деса кимса мени,
Пешонаси қаро тер, де,
қаро тер, де.
Киприкларинг рақсга тушсин-
Бармоғимни тишлаяпман.
Қўлим калта — айб этма, дил,
Қўлларингда ишлаяпман.
Сўнгги шиша — тугади иш,
Муросага келади ҳақ.
Сендайин соф бўлса турмуш
Сал нарсага синмаса жағ.
Ўйла узоқ,
Ўйла узоқ —
Юрагига содиқ санми?
Киприк қоқмай кўзимга боқ —
Қарздорманми,
қарздор манми?!
19.07.2017
***
Юрагимга беркитдим бир сўзни
ақлим шошиб,
кейин ийманибгина йўл солдим
соғиниш учун.
На шеърга айтдим, на Сизга
Фақат қалбни айблаб тинмай
Руҳимни чўктирдим яна ва яна
Кеча..кеча кўрганингиз-чи —
Руҳи йўқ тана..
Таъна
Таъна
Таъна.
12.02.2016
***
Ҳаммасини енгиб ўтгандим,
Кучли эди иродам менинг..
Бугун…
Бугун пичирлар лабим:
«..кучли экан ироданг Сенинг».
***
Шом ўрнини эгаллар бу дам,
Яшил баргдан айрилган соя.
Осмонларда хаёл жамулжам,
Кўкни ҳатлаб ўтолмас ғоя.
Чинқириққа ўхшаш недир бор,
Мушт тугилган қўлларга қаранг.
Мусофирда ҳорғин тортар ор,
Куннинг исми кун эмасдир — жанг.
Лоф туйилар ҳаммаси буткул,
Қулоғимдан тортар пулсизлик.
Оёғимга ботиб ётар йўл,
Бироқ йўлдан кўпдир йўлсизлик…
Ким ортади ўзидан, айтинг,
Ош-нонимга шерик ҳам йўқ бир.
Қаттиқ нонни тишлаган пайтинг
Фақат онанг олса ҳавотир.
Кўчаларда изғиб юрган ҳув
Қўли қадоқ етимга боқдим.
Ёр-дўст билан этмас рўбарў
Шу ҳаётга негадир ёқдим.
16.07.2017
***
Соғинчинг бағримга ботар — билмассан,
Дунё саволлари сенингдек ҳорғин.
Чорласам ўзинг-ку..
келмассан…
Яхшиси, орзулар юртига боргин.
У ерда энг дилгир лаҳзалар бисёр,
Бахтиёр умрнинг йўқдир охири.
У ерда биз томон келолмас озор..
У ерда Зуҳронинг Тохири.
Барига қўл силта, дилгир бўл, эркам,
Муҳаббат расмингга бермоқда чирой.
Сени эсламоқдан яралса эртам,
Сени унутмоққа руҳсат бермас Ой.
Кел, сўнгги қайғуни баралла куйла
Табассум ҳадя эт вазмин дардимга.
Соғинчинг шунчалар аччиқки, ўйлаб
Ачиниб кетаман қадримга.
Барибир, энг азиз туйғу ўзингсан,
Майлига, ўзимдан бўлсам-да жудо.
Ахир, бу бизлар-ку кўришмаётган,
Соғинтираётган-чи — Худо!
28.06.2017
***
Денгизларга қара — қандай мусаффо,
Беқарор булутдай сузар дафъатан…
Сен кетгач, ёнига келдим доимо,
Ёнидан қочиблар кетаман баъзан.
Аксига бегона бўлмаса олам,
Саҳро гулласайди изларимдан сўнг.
Сен — денгиз сатҳига ботётган жолам,
Мен — сенинг қаршингда йиғлаёлмас мунг…
Сўнгги ичикиш бор… имкон бер, яна
Ёмғир остонамдан ўтиб қайтар -жим.
Сенинг хонумонинг баридан пана,
Мен-чи — денгизларга ачиниб кетдим.
Денгизларга қара — қандай мусаффо…
28.06.2017
***
Кутасиз,
гарчандки олисда эдик…
Эшикка михланган менинг умидим.
Кутасиз…«бораман», «келасиз» дедик…
Бироқ кутганингиз «мен»манми? — мавҳум.
Тун бугун аламин чекмоқда, тамом…
Хонамда эшикнинг ўрни бўлмаса..
Биз бугун учрашдик — ишона олмам
Бироқ жуда ёмон кўнгил тўлмаса…
Ичимда кўпирар чиқмаган кўз ёш,
Узукнинг ғилофи бўлсами эди…
Ечишга қувват йўқ, асли хоҳиш ҳам.
Мен ношуд энг бахтли бўламиз девдим…
Афсуски, ҳаммаси — кечаги умр,
ҳаммаси рўёга сиғмас тунларим…
Сизнингча, мен бошқа-бошқа инсондир..
Лек ўша-ўшадир табассумларим…
Кутасиз…гарчандки олисда эдик.
23.06.2017
ИЮНЬ
Тўрт девор ичида тендирар умр,
Тўрт девор ичида тонг оттирар ғам.
Олисим орзунинг пешонаси шўр,
Ичиккан хаёлнинг кўзларида нам.
Томоққа тиқилиб аччиқ кўз ёши,
Ойнадан мўралар ҳолсизгина ун.
Руҳингни супурар пушмон фарроши,
Эшикни қулфлаб олган банди тун…
11.06.2017
***
Бошимни тик тутиб яшайман бироқ,
Фақат мен сенчалик эмасман абдол.
Бедорлик сасидан ёнганда чироқ,
Кўзимни олади юзингдаги хол.
Ахир, бу туйғулар мендан-да улкан,
Мендан-да буюкдир, мендан-да бебок.
Сенинг кўзларингда кўринаётган
дунёнинг рангига қарасам гар — оқ.
Бунда фуснкорлик, нафосат боқий,
Жамики сўзларнинг тонглари уйғоқ.
Хаёлга тўймайман сен борсан токи,
Мени нигоҳларинг мавҳ этётган чоқ.
Исмингга суяниб яшагандай жим,
Адилкор йилларга босажакман лаб.
Тушунгин, бир сен деб аламлар чекдим,
Тушунгин… бағримга ботиб кетар шаб.
Ҳаммаси аёндир, бари туйғу чин,
Нетай, ёдинг билан оламан нафас.
Бу бебок ҳаётда туғилмоқ учун
Менинг вужудимга кириб келгин, бас.
Бошқа ҳеч қисматни қилмасман орзу,
Кетган баҳорларга тўкмасман кўз ёш.
Бироқ мен томонлар жуда қоронғу,
Азизим..,
азизим, сен бунга берармисан дош…
9.06.2017
Аксиома
Ҳали дунё ўзгаргани йўқ,
Ҳали баҳор кетмаган қишдан.
Кафтларимда ёна бошлар чўғ…
Эс айрилиб қолгандай ҳушдан..
Бугун бари эски ва янги,
Мовий уфққа қарайман — савол..
Қулоғимга қадаҳ жаранги
Эшитилар ўзингдан аввал..
Хона бир жуфт сурат билан банд,
Узугингни қўйибсан ечиб.
Қарашларинг бериб қўяр панд,
Кўзимдаги денгиздан кечиб!
Мувозанат сақлай олмас тил,
Рақс тушмоқда маст-алас оғу.
Бир четидан синади кўнгил,
Овозимга етмайман, Ёҳу…
Пешонага тушганча асир,
Девонадай кўринар саҳар.
Қулаб кетар кўксимда қаср,
Заҳарланар ичимда заҳар.
Шу зум ногоҳ эслайди кимдир —
Чақмоқ чақар синиқ ёсуман.
Ҳавотирга сиғмас ҳавотир,
Гумонидан ортмайди гумон.
Гуллаётган ёзнинг баҳридан
ўтолмайман — йиллар бермас қўл.
Қутулолмай қисмат қаҳридан
Э-э-энди қалбга солаяпсан йўл..
Бунда бари эски ва янги
Мовий уфққа қарайман -савол..
Яна ўша: қадаҳ жаранги
Эшитилар ўзингдан аввал!
26.05.2017
СЕН
Сен — мендан олислаб кетган баҳорим,
Сен — менинг умримнинг кўкдаги қисми.
Сен — менинг Худога етмаган зорим..
Сен — мендан юз бурган Дилимнинг исми!
Сен — менинг ҳадик-ла боққан кўзимсан,
Сен мени табора севётган озор!
Сен — менга яқинмас, асли, ўзимсан,
Ва ҳеч ҳам меники бўлмайдиган ёр!
Сен..
***
Кечириб бўларми мендай телбани,
Сендай бамаънига борми бирор важ?
Яхшиси, қўлимни қўйворма, қани,
Ва менга тамоман юрагингни оч!
Илтифот кўрсатсанг, тоғдай ўсарман,
Бир бор гуноҳимдан ўтсанг бўлгани.
Тўссам йўлларингни, ИШҚ деб тўсарман,
Ахир,
туғилмадим
ўлгани!
Кечириб бўларми мендай телбани?!
***
Ногоҳ кетиб қолсам, излама мени,
Ортимдан бўзлама «қайлардасан?!» деб!
Менингмас бизлардан қолган туйғуни
Авайлаб-асрагин ва яша севиб.
Биламан ёдингга келаман тинмай,
Соғинииб кетасан айни шу замон.
Ўзингга сиғмайсан девоналардай
Соғиниш ғамидан чиқолмай омон.
Бироқ мен қайтмайман — ишонгинг келмас,
Кутасан кўнглингга сиғмайди сабр.
Сен мени йўқотиб қўйишдан қўрқсанг,
Тушун…
мен Худодан қўрқяпман, ахир!
16.04.2017
***
Кўнгил ғашлигига ном топилмайди,
Топилмас ҳаттоки бир оғиз калом.
Ё ақл ғашликнинг исмин билмайди,
Ё унинг борлиғи айтиб бўлмас ном…
***
Ҳаёт, мен норози эмасман сендан,
Ҳеч қандай кўз ёшга қолмади ўрин.
Фақат, илтимосим, мен кетган кундан
Унинг кўзларига БАХТ бўлиб кўрин.
9.04.2017
***
ЁЛҒОН ЕНГИБ БОРМОҚДА БИЗНИ,
Ҳеч қандай ҳис қолмаяпти, рост.
Сизнинг ойдин йўлларингизни
Ёритётган алдовлар холос.
Кўз юмяпман ҳаммасига мен,
Сўнгги илинж борлиги рост гап.
Нега энди титрайсан, замин —
Юрагимга беролмайман чап!
02.04.2017
***
Бугун ёмғир ёғди — мангу соғиниш,
Ҳижрон саодатин бўйинга олмоқ.
Ахир, мумкинми, айт, сендан оғриниш
Ахир, мумкинмикан сен билан қолмоқ…
Юрагим жуда ҳам йиғлоқи, кечир.
Ёмғир — юрагимни яширгувчи куй.
Гар мени десанг — бу бахтсизлигингдир…
Бас!
…бахтли чоғларинг мени эслаб қўй…
Бугун ёмғир ёғди — яна соғиниш…
***
…дадажон!
Олам ўз-ўзини тортгандек четга
Эски кўз ёшидан тўлгандек хонам.
Сиз билан барҳаёт орзулар кетган
Шодлик ҳам..
Ишонгим келмайди — ҳануз ҳаётсиз,
Фақат олисларда яшайсиз мендан.
Энг аччиқ соғинчга бергандайсиз сўз
Норозиман, дегандек, сендан…
Бугун мана ўша машъум кун
Ўн тўққизни ёмон кўраман.
Ҳали манзил олис эди-ку
Энди ёришётган эди тун…
Ўн тўққизни ёмон кўраман.
19.03.2017
БЕШИНЧИ ФАСЛ
Милтирайди Осмонда юлдуз,
Ой ёғдуси сийпалар тунни.
Бирам гўзал кечаларда куз,
Ўзгачадир тингламоқ сени..
Болишимга бош қўяр юрак,
Ғамнок ором бегона буткул.
Шам сочларин ўйнаб елвизак
Сиёҳдонга узатганда қўл.
Умрим бўйи бизга ҳамхона-
Қоғозларга тикиламан жим.
Менда бўлиб менга бегона
Меҳринг аро ўрлайди кўнглим.
Дарпардалар тебранар бир-бир,
Шивирлайди гўё баргхазон.
Гулобини тарк этгудек сир
Сенинг расминг чизганим ҳамон.
Кўкка бўйлаб кетар ишқ — васл
Кўзларига ишонмайди ер.
Ширин азоб — бешинчи фасл
Иқрор
иқрор…
иқрорларингдир!
11.11.2015
* * *
Фурсат сиртмоғида чайқалар умрим,
Тўхтамай чопади соат миллари.
Шаффоф кўзгуларга юзимни бурдим,
Кўзга яқинларим – кўнгилдан нари.
Гоҳ атаб чорласам исмин тун ора,
Тонглар бош кўтаргай оғир уйқудан.
Юксаклик юксалиб борар тобора,
Тубанликлар яна кўринар тубан.
Вақт ўтса кўнгилни синдириб чил-чил,
Эзилган лошимни кўтаргум қандай?..
Лаҳзада ўтади кечаги минг йил,
Гўё жон юртидан тан қувилгандай.
Сокин сабрим билан машварат қурдим,
Қаноат тийғидан ҳалок бўлди нафс.
Оҳ, наҳот, мен қаттиқ ишонган қурбим
Хатога етади, жазога етмас!..
13.10.2015
ОЖИЗ РУҲ
Сен кўксимга санчилган фасл,
Оқ йўлларнинг чексиз сарҳади.
Менга етмай яшар муттасил
Яшил куннинг сиғмаган ҳадди.
Мужгонлари – муаллақ илинж
Сизиб чиққан кўз ёшлар эмас.
Лабларидан сирғалган севинч
Таянч топмай йиқилар бесас.
Сўз – музаффар, сўз – аросатда,
Рўёлардан яралганда рост.
Фақат, фақат, дил ибодатда,
Тиним билмай этгувчи парвоз.
Умид зангор даҳр аро бордек,
Етти само юраги тошган.
Мен азалдан сенда эдим, лек,
Сен мен томон шошганинг-шошган…
13.10.2015
***
Менинг кўзларимда тинди-ку соғинч
Сен нега йиғлайсан бундайин маъсум?!
Кўнглингга келдими кечаги ўтинч
Кўнглимни тарк этиб кетган заҳот у?
Наҳот, тушларингга киряпман яна,
Наҳот, йўқлигимни қилаяпсан ҳис?
Э — воҳ, бор-йўғимни сен биласан-а
Ўтиниб сўрайман чўкиб қўйма тиз!
2016 ЙИЛ 22 ДЕКАБРЬ
Юрак ўртаб кетди, соғинч домида
қишнинг юзларига югурди баҳор.
Қуёш салом айтар менинг номимдан,
Сен шундай лазизсан, хаёлдаги ёр…
Ҳажринг дудоғидан олиб бўсалар,
Ўткир нигоҳлардан ўртанар фалак.
Эътибор қилмагин бизга кулсалар,
Ахир, сен энг бахтли бўлмоғинг керак.
Буткул эриб битса кечаги музлик,
Ҳаттоки борлиққа бўлмаса асос.
Соғинчдан кўзингга қарай олмай тик,
Муҳаббат жомидан яралса бир сас.
Мен бугун яшайман кунларни санаб,
Қанийди, бир умр бир дунё бўлсак.
Ғам бизга йўлолмас, қулоқ тутгин-а:
Фақат
дийдорингдан ўламиз, ўлсак…
***
«Мусиқадай оқаётир Вақт»
Ором менинг ғамимдан зада.
Қайда қолдинг, эй ёввойи бахт,
Қаердасан, бегона ваъда?
***
Бунча шовқин бўлмасанг, шаҳар,
Ғам-ташвишдан кетасан ўзиб.
Қани, сокин ором бўлсанг-у
Мен киролсам тушларинг бузиб.
Бунча шовқин бўлмасанг, шаҳар,
Йўл бермайсан қалбимга менинг.
Осмон хуноб, ер-чи дарбадар,
Чидолмасман сабрингга сенинг!
Бунча шовқин бўлмасанг, шаҳар,
Ким ўзарга ўйнаймизми ё?
Лек билмассан мен ютқизсам гар
Сукунатга чўмишин дунё.
Бунча шовқин бўлмасанг, шаҳар…
05.02.2017
***
Ногоҳ..
Хаёлингга бостириб келиб,
Қўлларингни дуога очсам…
Менга инсоф ва виждон сўраб,
Бор заҳрингни сабримга сочсанг..
Ногоҳ йўлинг тўсса ранж, кадар,
Ҳавотирдан йўқласанг масрур.
Замин бўлса ағдар ва тўндар,
Осмон сендан сўраса узр.
Ногоҳ хаёлингга бостириб келиб…
10.02.2016
* * *
Бахтлимисан, нега унда бошинг хам,
Кўзларингда ўйнар сирли ҳавотир?
Нега байрам кунда кийиминг мотам
Юраккинанг шамол ютади базўр.
Бахтлимисан, нега айланмас тилинг,
Жароҳати мангу шердай инграйсан?
Мени қувиш билан машғул хаёлинг
Худди мендан кейин чиндан яйрайсан.
Бахтлимисан, нега бағринг тўла қон,
Шодлигинг-бу менинг якуним гўё.
Нега энди қилмагайман ғалоён,
Тушунолмам сенга, жавобсиз дунё?
2015
* * *
Таъқиб этар сўнгги хотира,
Ўз ҳолимга қўймайди хато.
Кўксин муштлаб йиғлайди юрак,
Бир чеккада бепарво дунё.
Таъқиб этар сўнгги хотира,
Рўмолини ечиб отар куз.
Тошойналар тортади хира
Қисмат кулар устимдан — ёвуз.
Таъқиб этар сўнгги хотира,
Изларимни ўлчаб борар гард.
Ғамлар мендан кетмайин сира
Гўё менга қўл чўзар — ҳамдард.
Таъқиб этар сўнгги хотира,
Дард вароғим ғижимлар бир-бир.
Мен ўзимни қолдим яшириб
Қувончларга бегонадай ер.
Таъқиб этар сўнгги хотира,
Соя бўлиб эргашган- шайтон.
Бироқ нега таъқиблар ичра
Кўринмас ҳеч Ҳазрати инсон?!
***
Ноталар бетугал, қайғулар айро…
Ҳамоҳанг кел, дардни сипқоргил буткул.
Сеники ҳеч нима менинг олдимда!
Сендаги аламлар, аслида, бор йўл.
Сендаги аламлар, аслида, бор йўл
Мендаги қувонч-чи, аслида, йўқ йўл…
Эй, оҳанг…
***
Яна кўнгилга..
мен уни денгизга ўхшатаман.
Шунчалар соф…
Гоҳ сокин..
гоҳ ғазабнок…
Унга шўнғиган кимсанинг ҳаёти эса ўз қўлида, ҳаракатларида…
КЕЧМИШ
Биласизми…мен бу ерларга бегонаман.
Фақат буни опамга айтмангиз.
У бахтли яшамоқда
ва мен уни ниҳоятда яхши кўраман.
МУҲАББАТ
…бу шунчаки ўрганиш эмас,
Бу шунчаки ёнишмас, жоним!
Бу заминга бегона бўлиб
Ўз-ўзингдан тонишмас, жоним.
Бу шунчаки ўрганиш эмас,
Ё севгидан эмасдир устун.
Бу шунчаки тўлғониш эмас
Бу бизларга ўрлаган афсун!
Бу шунчаки ўрганиш эмас,
Бу шунчаки лаҳзамас, билгин..
Бу бизнинг ишқ қўйворгинг келмас
Ишонмасанг қалбимга киргин!
* * *
Мовийранг ҳув чўққилар узра
Нигоҳимни сийпалаб ўтдим.
Гоҳ талпиниб ой ва юлдузга
Зангори уфқ қарорин кутдим.
Гоҳ сирлашиб денгизлар ила
Саҳроларга ўтиндим ҳайҳот.
Гоҳ яшадим одамлар билан
Гоҳ кўнглимга сиғмас одамзод…
***
Дунём, деймиз, дунёларни айлаб макон,
Соф туйғулар кафтимизда эриб битди.
Мен кўнглингиз олаётган ўша замон
Бизнинг кўнгил уйимиздан ишонч кетди.
Аразладик…
ўзимизча, сездирмайин,
Гоҳ кулгуга йўйдик янги бахтимизни.
Уст-бошимдан қуйилади лаҳза сайин
Азобингиз, барбод этиб аҳдимизни.
Мен чексизлик ўзанига тушиб қолдим,
Сиз билмайсиз чин севгининг озорини.
Тунларимнинг тонгги қадар ўйга толдим,
Тақдиримга қурганча ишқ мозорини.
Илтижолар дол қилади алиф қаддим,
Бечораҳол юрагимни айладим чок.
Мен ҳаётнинг қандайлигин ё билмадим
Ё ҳаётни бой бердингиз мен келган чоғ!
Энди эски туйғуларни унутамиз,
Қўл силкиймиз ўша ёвқур арз-у додга.
Кўнглингизни озодликка кузатамиз.
Айланамиз ўттиз кунлик хотиротга.
Мен-чи…мени ўйламасин маҳзун йиллар,
Ҳавотирлар олётгандек кўринманг ҳеч!
Ёниб битди,
Куйиб битди
орзуларим
Юрагимдан садо чиқар: «бир ундан кеч!»
Кўнглим билан хўшлашаман, ўзим учун
Яна янги орзуларга кетар хаёл.
Мени, балки, атагайсиз телба, жунун
Мен, афсуски, меҳр кутган оддий аёл!
19.12.2016
***
Ҳақиқат қанчалар оғир бўлмасин,
Умрнинг асосин ташкил этади.
Кўзларинг аламли ёшга тўлмасин
Менинг азобларим бизга етади!
Хиёнат ҳиссидан оча кўрма сўз,
Сўнгги манзилларга нигоҳим толган.
Билсайдинг, ёлғизим, мени чин афсус
Сендан сал аввалроқ никоҳга олган.
***
Сени йўқотдимми? —
Йўқ-йўқ, «ҳа» дема!!!
Илтимос, рост алда,
алда ростакам.
Ишониб ўлайин ёлғонларингга,
Ишониб тирилай ёлғонларингдан.
Чидайман,
ҳаддидан ошиб кетсин ғам,
тул умид жонимга келса ҳам малол.
Нетай, йўқотишдан дахшатлиси йўқ
«Бермайман..» дейиш-чи —
шунчаки хаёл..
Сени йўқотдимми? —
Йўқ-йўқ, «ҳа», дема!
11.03.2016
ЁЛҒОН РОСТ
Кетамиз..қачондир бу ерлардан, рост
Ва яна ким-қачон бўлармиз бирга.
Айрилиқ — аслида, висол деган сўз
Айрилиқ — саробни олмоқлик тилга.
Ширин ёд этармиз бир-биримизни
Ё аччиқ қисматга дўнгайдир хотир.
Бир куни кутарман соғиниб сизни
Балки Сиз кутарсиз олиб хавотир.
Ҳозирча, сиз-у биз — иккита қутб,
Ҳозирча, хаёллар бемакон, дайди.
Мен қанча яшасам Шошни унутиб,
Самарқанд шунчалар талмовсирайди…
12.10.2016
***
«…Айт қайдан топасан қочмоққа имкон,
Мен сени Худодан сўрайвераман…»
Зебо Мирзо
Барибир, кўнглингдан ўчиролмайсан,
Барибир, ёдингга келавераман.
Саҳролар Шамс эмас денгизни кутар,
Мен сенинг ёмғиринг бўлавераман.
Сезаман, Осмондек ёлғизсан ҳануз,
Ҳилолга тенглашиб яшайсан-якка.
Исмимни такрорлаб кеча-ю кундуз
Табора муҳрлаб қўйиб юракка.
Барибир, мен сенда яшайман мангу,
Кўнглингга ботса ҳам тошюрак бағир.
Шунчаки туғилмас энг сўнгги қайғу
Ҳеч кимни шунчаки ютиб кетмас ер.
Барибир, кўнглингдан ўчиролмайсан..
***
Билсанг эди…
тунларимни тонгга улаб
соғинчингни туйишимни.
Билсанг эди қалбнинг оташ ҳароратин
бу оташда куйишимни.
Сени дея туғилган ишқ
сени дея ғам бўлса ҳам.
Билсанг эди, оловранг қалб
такрор сени ,
бир ўзингни
фақат сени
суйишини.
* * *
Мен сени кутяпман,кутяпман яна,
Юрак умид қилса қилибди, кечир.
Ўзингмас сийратинг керакдир менга,
Менга керак ҳатто кўзингдаги сир.
Кутсам кутибман-да,нима қилибди,
Ошиқлар яловин юлган дил менмас.
Ё мени мангуга измига солган
Кутишим сабаби руҳингдир, сенмас!
***
Шундай севсанг..
коинотнинг ранги ўзгариб
Булутларни яксон этса хоҳишларинг…
Шундай севсанг..
ўзга дунёларни кутмай ҳеч
Бир қалб учун яралгандайин..
Кўзгуга боққанинг замон
Унда фақат севгингни-ўзингни кўрсанг.
Атрофингда минг-минг фаришталар бўлса ҳам
Юрагинг туб-тубида ётган
ҳеч кимга айтолмаган
буюк бахтингнинг хаёлин сурсанг…
Шундай севсанг..
Энг баланд қоя оташингдан сел бўлиб кетса,
Дунёдаги жами мавжудот,
табиат
Ҳаттоки ёзилмаган шеър ҳам
сени бир муддатгина тушуниб етса.
Тўлғонаверсанг,
товлансанг ишқингдан
камалакнинг ўғриси бўлсанг.
Инсон бўлиб,
ошиқ бўлиб,
дўст бўлиб қайта
Ишқ билан туғилиб, ишқ билан ўлсанг..
ДИЛ
Вақт ўтди-сабрнинг азроили бор,
Эшик қоқиб турар ҳамроз дил бу он.
Ҳаяллар ойдинда яшар интизор,
Кипригин тагидан ўпганда гумон.
Олислик-кўксимга тиралган тиғдир,
Осмон Қуёшини синдириб олгум.
Ишончлар кўчада қолдилар-есир,
Кутишлар-ҳавога тўлдирилган хум.
Юрагинг-тошойна парда тортилган,
Ҳануз шамол бўлиб очолмаяпман.
Энг митти юлдузни осмонга илган
Сенинг тунларингдан қочолмаяпман.
Елвизак эсади атрингни сочиб,
Мен митти капалак тонг-ла урушган.
Сен ойдин қишдирсан ҳазондан қочиб
Менинг қўлларимга қор бўлиб тушган.
Бир лаҳза-саволлар жавонидек гап,
Кезиниб чиқяпман сирларинг аро.
Қақнуслар оловга бермагандек чап
Кутяпман юзларим бўлса ҳам қаро.
Тун мендан анчайин ўзиб ҳам кетди,
Ой бағри сўзингдан олгайдир бўса.
Оппоқ тонг қачонлар муродга етди
Қани,қалб кечаси шодликка дўнса.
Вақт ўтди-сабрнинг азроили бор,
Умид-шаъм,ўзини юборди ёқиб.
Сен дея яралган асрлик бедор
Қалбингга соврилар Осмонга боқиб..
***
Кўчага чиқасан —
яна ўша Куз..
Ёмғир кула бошлар устингдан ногоҳ.
Қоп-қора дарахтлар қилар тажоввуз
Қоп-қора хаёллар қазий бошлар чоҳ.
Ҳар нега қадалиб серялинч кўзлар
Бир-бирин пинжида муздек қўлларинг.
Ҳеч лаҳза тан олгинг келмайди, афсус,
Чалкашиб кетганин йўлларинг.
Тошшаҳар.
Сен кечган ҳов ўша жойлар.
Чироқлар милтирар олисдан бетин.
Жилмайиб қўёлмас сенга автолар
Одамлар йиғлолмас ҳолингга — эзгин.
Бир ортга қарайсан, бирда олдингга
Шамолни безовта қилар нафасинг.
На кўкка етасан на-да заминга
На-да ўз-ўзингга келоласан тенг.
Ҳаммаси саробдир — бу сендаги ўй,
Ҳаммаси соврилиб кетгандир кўкка.
Ҳеч нарса қолмаган, Тошкентдаги уй
Сен кетган заҳоти..
чўккан.
Энди ёлғизликни енголмайсан, йўқ.
Ҳеч зот инжиқлигинг кўтара олмас.
Осмон эшиклари бир сен-чун ёпиқ
Хазонрез йўлаклар изингдан қолмас.
Зорланиб қарайсан ўша суратга,
Тағин кўзларингда қизаради тун.
Ойнинг шуълалари сиғмай фарёдга
Ичингда ҳарсиллар забонсиз шовқин.
Ким тинглар,
сукутинг англолмас ҳеч кас,
Ошиқ ошиқликдан девона бўлса.
Фақат орзуларда бўлмагай араз
Фақат у яшайдир сен учун хурсанд.
Йўлаклар, сен юрган ўша йўлаклар
Табора кичрайиб борар жуссангдек.
Ойнадан кузатиб турар хаёллар
Сен тағин барига қўйётгандек чек…
Бироқ кетаяпсан манзил номаълум,
Номаълум овозлар этади таъқиб.
Сен йиғлаб кетётган ўша лаҳза, иммм,
Толе ҳандон отар узуклар тақиб!
Кўчага чиқасан — яна ўша Куз…
Ёмғир кула бошлар устингдан ногоҳ..
01.10.2016
***
Ёғ, ёмғир, ёғавер томчи-томчилаб..
Кўз ёшим эргашсин, майлига, сенга.
Сенга пешвоз чиқиб тутган чоғим лаб
Ўчсин юракдаги оташ, аланга.
Менга таскин бергин ҳам ёнимни ол,
Кўзларим бир сени паноҳим, десин.
Сени ҳеч ким кўрмас лабларимда қол,
Кундузга айлансин мен яшаган тун…
Ёғ, ёмғир, ёғавер томчи-томчилаб…
***
Сенга мени қилишар таъна,
Ёқангни чок этарлар беҳос.
Мен эса…Мен сенсиз ростанам
Ҳеч бир ҳисга бўлолмайман дўст.
Сенга тошлар отишар тинмай,
Иккимизни қўймай тиллардан.
Мени дея нима кўрдинг-ай
Жудо бўлиб сокин йиллардан…
Сен мағлубсан энди батамом,
Саволлардан чиқади жонинг.
Лекин нега сен ўлган ҳамон
Мен бўляпман, эй Дил, қурбонинг?
***
Дунё — суратхона, суратда бизлар,
Зулмат — юрагимга сачраган парча.
Ҳислар — ўлчови йўқ мовий зеб-у зар,
Кутиш — умр бўйи ёпилмас дарча.
Орзу — кўзларимда ёнётган учқун,
Умид — меҳрга зор муштоқ ишқимиз.
Йиллар — кўз ёшимга сиғмаган тушкун,
Кадар — армон узра улғайган илдиз.
Тушлар — бизлар учун азиз кошона,
Таъбир — ёлғонларнинг аёвсиз тиғи.
Иқрор — хатоларим аксланар ойна,
Фарёд — кўксимдаги овозсиз йиғи..
* * *
Кутдингиз, атаймас, билмаган эдим,
Хабарим йўқ эди ташрифингиздан.
Қалбимни емирар тилсиз кечирим,
Ғафлат ғолиб келди биз иккимиздан.
Айни дам ичимга сиғмайди алам,
Дардларим шодликдан ололмас улги.
Кутдирдим, ингради қўлимда қалам,
Мени ютар гўё сизсизлик мулки.
Кутдингиз.
Кутдирдим.
Ҳижрон бўлди ёр,
Тағин йироқлашди мендан самолар.
Энди бизни кутар, юраклар аро
Йўлимизни пойлаб турган хатолар…
СЕВАМАН
Хаёлларим учди Сен томон,
Ҳаёт — елкан номсиз кемада.
Орзуларни қучётган осмон
кўнгилдайин оппоқ севаман.
Ифорларинг атридек майин
ой чулғанар — сирли ҳарорат.
Дил ҳажрингда куйгани сайин
Яшамоғим келади ғоят.
Ошиқаман ўзингга қадар,
Сирларимиз сиғмайди кўкка.
Мен сиёҳ-у, сен — иссиқ хабар
Ғам-андуҳни чиқарар йўққа.
Вужудимиз олтита фасл —
Хаёлингга тинмай келаман.
Шундайин соф, шундайин асл
…севаман!
Saytimizning doimiy mualliflaridan biri Nodira Nazarning she’r daftaridan olingan yangi she’rlarni va “O‘zbekiston” radiokanalining iste’dodli shoiraga bag‘ishlagan “Ijod zavqi” radiodasturini taqdim etmoqdamiz.
Nodira NAZAR
SHE’RLAR
***
Bilmam…qayga yo‘l soldim bugun,
Qarorlarim to‘g‘ri yo xato?!
Yuzlarimga ko‘chib olma, Tun,
Quyosh, men deb bo‘lmagin ado..
Bilmam..qayga yo‘l soldim bugun,
Ishonchimiz komilmi, yurak?
Xato bo‘lsa, iltimos, tushun…
Men umrimni yashashim kerak!
***
Mo‘hmal javobimdan tutarding aza,
Yaqinroq borishga men-chi… — qo‘rqardim.
Qilolsak, qaniydi, deya murosa
Yig‘lablar chiqardim,
yig‘lab chiqardimmm…
Badzabon ruhingdan pana yer tilab,
Sog‘inchga yo‘yardim, gar yo‘qlab qolsang.
Endi sen uxlarsan rasmimni silab…
Uxlolmay chiqasan, yo‘qligim bilsang.
Bas, badgir o‘tmishdan men ketdim jo‘nab,
Sen nega tunlarni o‘tkazyapsan toq?
Hayronman: qaylarda qolganding tunab
Men seni sog‘inib kutayotgan chog‘?!
Men seni sog‘inib kutayotgan chog‘…
***
O‘zga yurtda sarson kezib,
Jigarlarim bag‘rin ezib,
Ko‘zlarimdan yoshlar sizib
Vatanimni sog‘inyapman!
To‘rt tomonim cho‘l bo‘lsa ham,
Ko‘ngil zardobga to‘lsa ham,
Yor-do‘st ustimdan kulsa ham,
Vatanimni sog‘inyapman!
Kimga boylik bermas Xudo,
Kimdir boyligidan judo,
Kaftlarimni yorar nido-
Vatanimni sog‘inyapman!
Ey oqil do‘st, duo et, kel,
Johil nafsim, meni qo‘ygil,
Qanday tilga aylanding, til?!
Vatanimni sog‘inyapman!
Onam yopgan kulcha nonlar,
O‘choqlarda otgan tonglar…
Oo, anduhlar, pushaymonlar…
Vatanimni sog‘inyapman!
Biroz chida, ey opajon,
Men deb azob chekma, jahon,
Musofirlik yomon..yomon
Vatanimni sog‘inyapman!
Ko‘kda suzar orzu-kema
Tuproq ko‘cha…shoshar qadam.
Bilasanmi, sog‘inch nima?!
— Yer ostida yotgan Dadam,
Yer ostida yotgan Dadam-
Vatanimni sog‘inyapman!
KUT
Kut meni, kut yana, kutgin intizor
Ilhaqlik sabringga qo‘ymasin tuzoq.
Quyoshning nidosi berganda ozor,
Kut meni har kuni qizarsa ufq.
Kut meni, yolg‘izim, yolg‘iz meni kut,
Yomg‘irlar yig‘lasa yuzlarim yuvib.
Aqalli bir lahza barini unut,
Qalbim dunyosini shodlikka ko‘mib.
Ko‘zlaring tinsa ham yo‘lim poylashdan,
Chekinish tomonga qo‘ymagin qadam.
Kut meni, kut yana, axir, umrimda
Boshqa yo‘qdir meni kutguvchi odam.
Kut meni, kutaver, kutgin intizor…
EPIGRAF
Ipsiz bog‘langandek ko‘rinaman-a,
Tilga talqon solib o‘tish nimasi?!
Yig‘lama — men cho‘kib ketganman senga
Va yordam berolmas Nuhning kemasi.
Aybdorman,
shunchalar gunohkorman men…
Sen men deb sarg‘aygan umringga qara.
Yo‘g‘asam, osmonga oyday osilgin,
Men yashay zaminning sochlarin tarab.
Na ulgu, na havas bo‘laman senga,
Orzular armonga bo‘yalgani rost!
Sen kazo-kazoday qaraysan menga…
Tushun — men shunchaki
oshiqman, xolos!
Ipsiz bog‘langanday ko‘rinaman-a…
***
Nogohiy o‘limni bo‘ynimga olib
Ketsam, ortginamdan yig‘lar kimim bor?
Nimaga bunchalar yashaysan nolib?!
Axir, sen mendayin yolg‘izmassan, yor…
***
Ko‘rganmisan
qanotsiz qushni(ng)
ko‘zlarining pirpirashini?
Asli, qushlar qanotsiz bo‘lmas —
Kaltaklangan…
yo singan behos..
Rahmim kelar poloponiga…
***
Men bilaman…ketasan, albat,
Sarson xayol singari junun.
Tonglarimni bosganda g‘aflat
Aro ko‘ngling o‘rtaganda tun.
Yosh to‘karsan men uchun ma’sum,
Kuz ustingdan kular shafqatsiz.
Kuch topolmas iliq tabassum
Kuch topolmas “ketma…”degan so‘z.
***
Inja hislarimning suvratlariga
nogohiy o‘piching bo‘lganday bandi.
Ketolmay yashaysan mendan na’riga —
Men juda erkaman,
men esa tanti.
Yovvoyi tuyg‘udek qamalib chunon
O‘zingning qalbingga o‘zing sig‘maysan.
Men sening yoningdan ketolmay hech on… —
Ishonmay yig‘laysan,
yig‘laysan..
Sarg‘aygan suratga qaraysan ilhaq —
Avgustning ko‘zida suzar koinot…
Azizim, sen menga yuzingni ko‘rsat,
Azizim, sen menga in’om et hayot.
Hech qanday shamolga tutmayin quloq,
Gir-gir aylanaman — ko‘nglingda ko‘zim.
Tushun… — sen men tomon yaqinlashgan chog‘
O‘zimga aldanib qolyapman o‘zim.
***
Bu viqorli binolar oldida
mening xayollarim nima bo‘libdi…
Bu notanish shahar ichra kezsam, kezibman-da devona kabi.
Baribir, yashash kerak-ku!
20.08.2017
* * *
Qaniydi, tuyg‘ular berganda izn,
Qaniydi, ko‘nglimni ocholsam senga.
Qaniydi, yoningda gul chizsa izim,
Yoding talpinmasa hech qachon menga.
Qaniydi, umrimiz baxtiyor bo‘lsa,
Qaniydi, g‘am bizdan olmasa xabar.
Qaniydi, ko‘rganim siyrating bo‘lsa,
Olloh ayblamasa qabrga qadar.
Qaniydi, hov o‘sha yulduz men bo‘lsam,
Sen bo‘lsang, qaniydi, yelkamda ochun.
Qaniydi, bir marta qayta tug‘ilsam,
Jon bersam…
jon bersam faqat sen uchun.
Qaniydi…
***
Opam aytdi…yig‘labsan-a, ona, bugun,
Dadamni sen shunchalar ham sog‘indingmi?
Qalbi mehr ummonida qolgan yupun —
Dadamni sen shunchalar ham sog‘indingmi?
Qani edi, ko‘z yoshlaring arta olsam,
Qani, dadam ketganligi yolg‘on bo‘lsa.
Qani, shodlik quchog‘ida mangu qolsang
Qani, kulsang…
Osmondagi mitti yulduz udir, balki,
Barcha tongning chehrasida faqat u bor….
Balki shamol emas seni silayotgan
U, ehtimol.
Og‘riqlarning cheki yo‘qdir…
Sabr — bupusht.
Dadamni sen shunchalar ham sog‘indingmi?
Endi qanot yoyyotganda yiqilgan qush —
Dadamni sen shunchalar ham sog‘indingmi?
Opam aytdi… yig‘labsan-a, ona, bugun,
Yoki biror farzandingdan og‘rindingmi?
Dadamni sen shunchalar ham sog‘indingmi…
AVGUSTDAN QO‘RQYAPMAN
Daraxtlar shitirlar talvasa bosib,
Xazon xazonrezdan kun sayin o‘zar.
Muhabbat yig‘laydi aqldan ozib
Zaminni qop-qora xayollar buzar.
Quyoshning yuragi yorilib shu on
Ufq tomon sizmoqda alvon ko‘z yoshi.
Olti tarafga ham sig‘mayin inson
Orqalab ketolmas ezilgan loshin.
Qismat ohorlarin to‘kadi qayta
Suyanch yo‘q hech qanday yashamoq uchun.
Tun ham jovdiraydi kunduzni haydab
Sabr — zaboni yo‘q, joni yo‘q mal’un.
Qimtinar har nega mengzab ruhini
Sevgi, shunchalar ham kuchsiz edingmi?
Yetti olamga ham ishonmay uni
Birgina odamga tashlab keldingmi?!
Ko‘ngil — bashariyat chaqnagan ko‘zgu,
Lekin judayam tor chin ishq yuragi.
Bordiyu, tushlarda kelsak ro‘baro‘
Iltimos, qo‘limdan mahkam ushlagin!
07/08/2016
***
Uyimizdan uzoqda to‘y bo‘lyapti, yor-yor,
Taqdir armon ustidan xo‘b kulyapti, yor-yor.
Bir qalbni mingga bo‘lib urf-odatni quchar qiz
Yot oshiq qo‘llarida ishq o‘lyapti, yor-yor..
06.08.2016
***
«Nimaga sevdirding uni, Xudoyim,
sevgini bilmagan insonni?»
Zebo Mirzo
Tong yorishdi — atrof zim-ziyo
Javdirab qaraydi xayollar.
Ichi bo‘m-bo‘sh ro‘yoday dunyo
Boshimda sarsona savollar.
Ishq yurtidan asrab olganim
yuragimdan ayirar jonni.
«Nimaga sevdirding uni, Xudoyim,
sevgini bilmagan insonni?»
Sochlarimda hasrat ranglari
Shamollar olsaydi dardimni.
“Sening bilan..” degan ishq qani
Taniyolmay qoldim mardimni.
Kuzak menga jilmayar ma’sum
Ko‘tarolmay dardu fig‘onni
«Nimaga sevdirding uni, Xudoyim,
Sevgini bilmagan insonni?»
Dilim-ezgin, xatolarim osmoncha
Ammo ishqni xato, deyish mumkinmi?
Kimning yelkasiga jonimni ilay
Ko‘tarolmas hech zot osmon yukimni.
Men ta’nalar qilmayapman, armonim
soyasini kutib yashash osonmi?
«Nimaga sevdirding uni, Xudoyim,
sevgini bilmagan insonni?»
26.03.2016
***
Ishonchdan azizroq biror tuyg‘u yo‘q,
Osmonga otmagin o‘zingni o‘zing.
Sen menga hamisha rost so‘zlaysan — o‘q,
Lek meni doimo yaralar ko‘zing..
***
Yomg‘irdayin oqib ket, qayg‘u,
Kulgularni sog‘indim juda.
Tasavvurga sig‘mas tasavvur,
Mo‘ltiragan baxt ilinjida.
Bekinvolib oq sochlarimga
Oo, kimlarga ko‘rinasan shod.
Ne yomonlik qilgandim senga-
Meni kimga ishonding, hayot?
***
Qayerdadir u yashar baxtli,
Qayerdadir kulgusi porlar.
U o‘ziga sig‘mayur, balki,
Izlariga sig‘mas gulzorlar.
Balki meni eslamas ham hech,
Nomlarimiz ketgandir o‘chib.
Qayerdadir u yashaydir tinch,
Mening butun umrimga ko‘chib.
Men — shunchaki xayolotdir bir,
Balki oddiy rashkning ginasi.
U haliyam yig‘layotgandir,
Ko‘z yoshlarga to‘lib siynasi.
Boray desam, yo‘llarim chalkash —
Haqiqatga qara, qalbim, tik!
Axir, tushun, «sening bag‘ring — tosh»,
Uning esa yuragi nozik!
Qayerdadir u yashar baxtli…
08.10.2017
***
Sog‘inding?
(Sog‘inding…)
Boryapman,
Kutgil…
Yetar.. borliq uzra soya solgan un.
Og‘ir to‘zonlarga aylanmoqda yel,
Qizarib ketdi-ku ko‘zlarimda tun.
Chekka-chekkalarda yashayverib jim…
Faqat kutish hissin quchibman tinmay.
Ertaroq, aytmading, jonim, ne uchun?
Shuncha vaqt o‘zimni yashirdimmi…
Ayyy!
15-iyul, 2016
***
Qo‘lim kalta — bo‘yim yetmas,
Xayolingni buzgandayman,
Nelarnidir sezgandayman,
Olmagin qasd,
Olmagin qasd!
O‘tdi necha yaro kunlar,
so‘zziz savdo, ko‘zsiz tunlar.
ko‘kragiga bosib uvlar,
qo‘yvormas hech, voz kechmas hech!
Miyig‘ingda kulyapsan-a,
Sendan biroz kaltamanmi?
Xo‘b o‘jar, xo‘b shattamanmi?!
(O‘lyapsan-a — o‘lyapsan-a)
Ko‘zlarim -yo‘l, ko‘zlarim — til
Biroz sabr et, bo‘lma xijil.
Tilim soqov — uyalmagil!
Sog‘indim, de…
Sog‘indim, de!
Ozod qushga mengza meni,
Ruhi — osmon, bag‘ri — yer, de!
Nobop, desa kimsa meni,
Peshonasi qaro ter, de,
qaro ter, de.
Kipriklaring raqsga tushsin-
Barmog‘imni tishlayapman.
Qo‘lim kalta — ayb etma, dil,
Qo‘llaringda ishlayapman.
So‘nggi shisha — tugadi ish,
Murosaga keladi haq.
Sendayin sof bo‘lsa turmush
Sal narsaga sinmasa jag‘.
O‘yla uzoq,
O‘yla uzoq —
Yuragiga sodiq sanmi?
Kiprik qoqmay ko‘zimga boq —
Qarzdormanmi,
qarzdor manmi?!
19.07.2017
***
Yuragimga berkitdim bir so‘zni
aqlim shoshib,
keyin iymanibgina yo‘l soldim
sog‘inish uchun.
Na she’rga aytdim, na Sizga
Faqat qalbni ayblab tinmay
Ruhimni cho‘ktirdim yana va yana
Kecha..kecha ko‘rganingiz-chi —
Ruhi yo‘q tana..
Ta’na
Ta’na
Ta’na.
12.02.2016
***
Hammasini yengib o‘tgandim,
Kuchli edi irodam mening..
Bugun…
Bugun pichirlar labim:
«..kuchli ekan irodang Sening».
***
Shom o‘rnini egallar bu dam,
Yashil bargdan ayrilgan soya.
Osmonlarda xayol jamuljam,
Ko‘kni hatlab o‘tolmas g‘oya.
Chinqiriqqa o‘xshash nedir bor,
Musht tugilgan qo‘llarga qarang.
Musofirda horg‘in tortar or,
Kunning ismi kun emasdir — jang.
Lof tuyilar hammasi butkul,
Qulog‘imdan tortar pulsizlik.
Oyog‘imga botib yotar yo‘l,
Biroq yo‘ldan ko‘pdir yo‘lsizlik…
Kim ortadi o‘zidan, ayting,
Osh-nonimga sherik ham yo‘q bir.
Qattiq nonni tishlagan payting
Faqat onang olsa havotir.
Ko‘chalarda izg‘ib yurgan huv
Qo‘li qadoq yetimga boqdim.
Yor-do‘st bilan etmas ro‘baro‘
Shu hayotga negadir yoqdim.
16.07.2017
***
Sog‘inching bag‘rimga botar — bilmassan,
Dunyo savollari seningdek horg‘in.
Chorlasam o‘zing-ku..
kelmassan…
Yaxshisi, orzular yurtiga borgin.
U yerda eng dilgir lahzalar bisyor,
Baxtiyor umrning yo‘qdir oxiri.
U yerda biz tomon kelolmas ozor..
U yerda Zuhroning Toxiri.
Bariga qo‘l silta, dilgir bo‘l, erkam,
Muhabbat rasmingga bermoqda chiroy.
Seni eslamoqdan yaralsa ertam,
Seni unutmoqqa ruhsat bermas Oy.
Kel, so‘nggi qayg‘uni baralla kuyla
Tabassum hadya et vazmin dardimga.
Sog‘inching shunchalar achchiqki, o‘ylab
Achinib ketaman qadrimga.
Baribir, eng aziz tuyg‘u o‘zingsan,
Mayliga, o‘zimdan bo‘lsam-da judo.
Axir, bu bizlar-ku ko‘rishmayotgan,
Sog‘intirayotgan-chi — Xudo!
28.06.2017
***
Dengizlarga qara — qanday musaffo,
Beqaror bulutday suzar daf’atan…
Sen ketgach, yoniga keldim doimo,
Yonidan qochiblar ketaman ba’zan.
Aksiga begona bo‘lmasa olam,
Sahro gullasaydi izlarimdan so‘ng.
Sen — dengiz sathiga botyotgan jolam,
Men — sening qarshingda yig‘layolmas mung…
So‘nggi ichikish bor… imkon ber, yana
Yomg‘ir ostonamdan o‘tib qaytar -jim.
Sening xonumoning baridan pana,
Men-chi — dengizlarga achinib ketdim.
Dengizlarga qara — qanday musaffo…
28.06.2017
***
Kutasiz,
garchandki olisda edik…
Eshikka mixlangan mening umidim.
Kutasiz…«boraman», «kelasiz» dedik…
Biroq kutganingiz «men»manmi? — mavhum.
Tun bugun alamin chekmoqda, tamom…
Xonamda eshikning o‘rni bo‘lmasa..
Biz bugun uchrashdik — ishona olmam
Biroq juda yomon ko‘ngil to‘lmasa…
Ichimda ko‘pirar chiqmagan ko‘z yosh,
Uzukning g‘ilofi bo‘lsami edi…
Yechishga quvvat yo‘q, asli xohish ham.
Men noshud eng baxtli bo‘lamiz devdim…
Afsuski, hammasi — kechagi umr,
hammasi ro‘yoga sig‘mas tunlarim…
Sizningcha, men boshqa-boshqa insondir..
Lek o‘sha-o‘shadir tabassumlarim…
Kutasiz…garchandki olisda edik.
23.06.2017
IYUN
To‘rt devor ichida tendirar umr,
To‘rt devor ichida tong ottirar g‘am.
Olisim orzuning peshonasi sho‘r,
Ichikkan xayolning ko‘zlarida nam.
Tomoqqa tiqilib achchiq ko‘z yoshi,
Oynadan mo‘ralar holsizgina un.
Ruhingni supurar pushmon farroshi,
Eshikni qulflab olgan bandi tun…
11.06.2017
***
Boshimni tik tutib yashayman biroq,
Faqat men senchalik emasman abdol.
Bedorlik sasidan yonganda chiroq,
Ko‘zimni oladi yuzingdagi xol.
Axir, bu tuyg‘ular mendan-da ulkan,
Mendan-da buyukdir, mendan-da bebok.
Sening ko‘zlaringda ko‘rinayotgan
dunyoning rangiga qarasam gar — oq.
Bunda fusnkorlik, nafosat boqiy,
Jamiki so‘zlarning tonglari uyg‘oq.
Xayolga to‘ymayman sen borsan toki,
Meni nigohlaring mavh etyotgan choq.
Ismingga suyanib yashaganday jim,
Adilkor yillarga bosajakman lab.
Tushungin, bir sen deb alamlar chekdim,
Tushungin… bag‘rimga botib ketar shab.
Hammasi ayondir, bari tuyg‘u chin,
Netay, yoding bilan olaman nafas.
Bu bebok hayotda tug‘ilmoq uchun
Mening vujudimga kirib kelgin, bas.
Boshqa hech qismatni qilmasman orzu,
Ketgan bahorlarga to‘kmasman ko‘z yosh.
Biroq men tomonlar juda qorong‘u,
Azizim..,
azizim, sen bunga berarmisan dosh…
9.06.2017
Aksioma
Hali dunyo o‘zgargani yo‘q,
Hali bahor ketmagan qishdan.
Kaftlarimda yona boshlar cho‘g‘…
Es ayrilib qolganday hushdan..
Bugun bari eski va yangi,
Moviy ufqqa qarayman — savol..
Qulog‘imga qadah jarangi
Eshitilar o‘zingdan avval..
Xona bir juft surat bilan band,
Uzugingni qo‘yibsan yechib.
Qarashlaring berib qo‘yar pand,
Ko‘zimdagi dengizdan kechib!
Muvozanat saqlay olmas til,
Raqs tushmoqda mast-alas og‘u.
Bir chetidan sinadi ko‘ngil,
Ovozimga yetmayman, Yohu…
Peshonaga tushgancha asir,
Devonaday ko‘rinar sahar.
Qulab ketar ko‘ksimda qasr,
Zaharlanar ichimda zahar.
Shu zum nogoh eslaydi kimdir —
Chaqmoq chaqar siniq yosuman.
Havotirga sig‘mas havotir,
Gumonidan ortmaydi gumon.
Gullayotgan yozning bahridan
o‘tolmayman — yillar bermas qo‘l.
Qutulolmay qismat qahridan
E-e-endi qalbga solayapsan yo‘l..
Bunda bari eski va yangi
Moviy ufqqa qarayman -savol..
Yana o‘sha: qadah jarangi
Eshitilar o‘zingdan avval!
26.05.2017
SЕN
Sen — mendan olislab ketgan bahorim,
Sen — mening umrimning ko‘kdagi qismi.
Sen — mening Xudoga yetmagan zorim..
Sen — mendan yuz burgan Dilimning ismi!
Sen — mening hadik-la boqqan ko‘zimsan,
Sen meni tabora sevyotgan ozor!
Sen — menga yaqinmas, asli, o‘zimsan,
Va hech ham meniki bo‘lmaydigan yor!
Sen..
***
Kechirib bo‘larmi menday telbani,
Senday bama’niga bormi biror vaj?
Yaxshisi, qo‘limni qo‘yvorma, qani,
Va menga tamoman yuragingni och!
Iltifot ko‘rsatsang, tog‘day o‘sarman,
Bir bor gunohimdan o‘tsang bo‘lgani.
To‘ssam yo‘llaringni, ISHQ deb to‘sarman,
Axir,
tug‘ilmadim
o‘lgani!
Kechirib bo‘larmi menday telbani?!
***
Nogoh ketib qolsam, izlama meni,
Ortimdan bo‘zlama «qaylardasan?!» deb!
Meningmas bizlardan qolgan tuyg‘uni
Avaylab-asragin va yasha sevib.
Bilaman yodingga kelaman tinmay,
Sog‘iniib ketasan ayni shu zamon.
O‘zingga sig‘maysan devonalarday
Sog‘inish g‘amidan chiqolmay omon.
Biroq men qaytmayman — ishonging kelmas,
Kutasan ko‘nglingga sig‘maydi sabr.
Sen meni yo‘qotib qo‘yishdan qo‘rqsang,
Tushun…
men Xudodan qo‘rqyapman, axir!
16.04.2017
***
Ko‘ngil g‘ashligiga nom topilmaydi,
Topilmas hattoki bir og‘iz kalom.
Yo aql g‘ashlikning ismin bilmaydi,
Yo uning borlig‘i aytib bo‘lmas nom…
***
Hayot, men norozi emasman sendan,
Hech qanday ko‘z yoshga qolmadi o‘rin.
Faqat, iltimosim, men ketgan kundan
Uning ko‘zlariga BAXT bo‘lib ko‘rin.
9.04.2017
***
YOLG‘ON YENGIB BORMOQDA BIZNI,
Hech qanday his qolmayapti, rost.
Sizning oydin yo‘llaringizni
Yorityotgan aldovlar xolos.
Ko‘z yumyapman hammasiga men,
So‘nggi ilinj borligi rost gap.
Nega endi titraysan, zamin —
Yuragimga berolmayman chap!
02.04.2017
***
Bugun yomg‘ir yog‘di — mangu sog‘inish,
Hijron saodatin bo‘yinga olmoq.
Axir, mumkinmi, ayt, sendan og‘rinish
Axir, mumkinmikan sen bilan qolmoq…
Yuragim juda ham yig‘loqi, kechir.
Yomg‘ir — yuragimni yashirguvchi kuy.
Gar meni desang — bu baxtsizligingdir…
Bas!
…baxtli chog‘laring meni eslab qo‘y…
Bugun yomg‘ir yog‘di — yana sog‘inish…
***
…dadajon!
Olam o‘z-o‘zini tortgandek chetga
Eski ko‘z yoshidan to‘lgandek xonam.
Siz bilan barhayot orzular ketgan
Shodlik ham..
Ishongim kelmaydi — hanuz hayotsiz,
Faqat olislarda yashaysiz mendan.
Eng achchiq sog‘inchga bergandaysiz so‘z
Noroziman, degandek, sendan…
Bugun mana o‘sha mash’um kun
O‘n to‘qqizni yomon ko‘raman.
Hali manzil olis edi-ku
Endi yorishyotgan edi tun…
O‘n to‘qqizni yomon ko‘raman.
19.03.2017
BЕSHINCHI FASL
Miltiraydi Osmonda yulduz,
Oy yog‘dusi siypalar tunni.
Biram go‘zal kechalarda kuz,
O‘zgachadir tinglamoq seni..
Bolishimga bosh qo‘yar yurak,
G‘amnok orom begona butkul.
Sham sochlarin o‘ynab yelvizak
Siyohdonga uzatganda qo‘l.
Umrim bo‘yi bizga hamxona-
Qog‘ozlarga tikilaman jim.
Menda bo‘lib menga begona
Mehring aro o‘rlaydi ko‘nglim.
Darpardalar tebranar bir-bir,
Shivirlaydi go‘yo bargxazon.
Gulobini tark etgudek sir
Sening rasming chizganim hamon.
Ko‘kka bo‘ylab ketar ishq — vasl
Ko‘zlariga ishonmaydi yer.
Shirin azob — beshinchi fasl
Iqror
iqror…
iqrorlaringdir!
11.11.2015
* * *
Fursat sirtmog‘ida chayqalar umrim,
To‘xtamay chopadi soat millari.
Shaffof ko‘zgularga yuzimni burdim,
Ko‘zga yaqinlarim – ko‘ngildan nari.
Goh atab chorlasam ismin tun ora,
Tonglar bosh ko‘targay og‘ir uyqudan.
Yuksaklik yuksalib borar tobora,
Tubanliklar yana ko‘rinar tuban.
Vaqt o‘tsa ko‘ngilni sindirib chil-chil,
Ezilgan loshimni ko‘targum qanday?..
Lahzada o‘tadi kechagi ming yil,
Go‘yo jon yurtidan tan quvilganday.
Sokin sabrim bilan mashvarat qurdim,
Qanoat tiyg‘idan halok bo‘ldi nafs.
Oh, nahot, men qattiq ishongan qurbim
Xatoga yetadi, jazoga yetmas!..
13.10.2015
OJIZ RUH
Sen ko‘ksimga sanchilgan fasl,
Oq yo‘llarning cheksiz sarhadi.
Menga yetmay yashar muttasil
Yashil kunning sig‘magan haddi.
Mujgonlari – muallaq ilinj
Sizib chiqqan ko‘z yoshlar emas.
Lablaridan sirg‘algan sevinch
Tayanch topmay yiqilar besas.
So‘z – muzaffar, so‘z – arosatda,
Ro‘yolardan yaralganda rost.
Faqat, faqat, dil ibodatda,
Tinim bilmay etguvchi parvoz.
Umid zangor dahr aro bordek,
Yetti samo yuragi toshgan.
Men azaldan senda edim, lek,
Sen men tomon shoshganing-shoshgan…
13.10.2015
***
Mening ko‘zlarimda tindi-ku sog‘inch
Sen nega yig‘laysan bundayin ma’sum?!
Ko‘nglingga keldimi kechagi o‘tinch
Ko‘nglimni tark etib ketgan zahot u?
Nahot, tushlaringga kiryapman yana,
Nahot, yo‘qligimni qilayapsan his?
E — voh, bor-yo‘g‘imni sen bilasan-a
O‘tinib so‘rayman cho‘kib qo‘yma tiz!
2016 YIL 22 DЕKABR
Yurak o‘rtab ketdi, sog‘inch domida
qishning yuzlariga yugurdi bahor.
Quyosh salom aytar mening nomimdan,
Sen shunday lazizsan, xayoldagi yor…
Hajring dudog‘idan olib bo‘salar,
O‘tkir nigohlardan o‘rtanar falak.
E’tibor qilmagin bizga kulsalar,
Axir, sen eng baxtli bo‘lmog‘ing kerak.
Butkul erib bitsa kechagi muzlik,
Hattoki borliqqa bo‘lmasa asos.
Sog‘inchdan ko‘zingga qaray olmay tik,
Muhabbat jomidan yaralsa bir sas.
Men bugun yashayman kunlarni sanab,
Qaniydi, bir umr bir dunyo bo‘lsak.
G‘am bizga yo‘lolmas, quloq tutgin-a:
Faqat
diydoringdan o‘lamiz, o‘lsak…
***
“Musiqaday oqayotir Vaqt”
Orom mening g‘amimdan zada.
Qayda qolding, ey yovvoyi baxt,
Qayerdasan, begona va’da?
***
Buncha shovqin bo‘lmasang, shahar,
G‘am-tashvishdan ketasan o‘zib.
Qani, sokin orom bo‘lsang-u
Men kirolsam tushlaring buzib.
Buncha shovqin bo‘lmasang, shahar,
Yo‘l bermaysan qalbimga mening.
Osmon xunob, yer-chi darbadar,
Chidolmasman sabringga sening!
Buncha shovqin bo‘lmasang, shahar,
Kim o‘zarga o‘ynaymizmi yo?
Lek bilmassan men yutqizsam gar
Sukunatga cho‘mishin dunyo.
Buncha shovqin bo‘lmasang, shahar…
05.02.2017
***
Nogoh..
Xayolingga bostirib kelib,
Qo‘llaringni duoga ochsam…
Menga insof va vijdon so‘rab,
Bor zahringni sabrimga sochsang..
Nogoh yo‘ling to‘ssa ranj, kadar,
Havotirdan yo‘qlasang masrur.
Zamin bo‘lsa ag‘dar va to‘ndar,
Osmon sendan so‘rasa uzr.
Nogoh xayolingga bostirib kelib…
10.02.2016
* * *
Baxtlimisan, nega unda boshing xam,
Ko‘zlaringda o‘ynar sirli havotir?
Nega bayram kunda kiyiming motam
Yurakkinang shamol yutadi bazo‘r.
Baxtlimisan, nega aylanmas tiling,
Jarohati mangu sherday ingraysan?
Meni quvish bilan mashg‘ul xayoling
Xuddi mendan keyin chindan yayraysan.
Baxtlimisan, nega bag‘ring to‘la qon,
Shodliging-bu mening yakunim go‘yo.
Nega endi qilmagayman g‘aloyon,
Tushunolmam senga, javobsiz dunyo?
2015
* * *
Ta’qib etar so‘nggi xotira,
O‘z holimga qo‘ymaydi xato.
Ko‘ksin mushtlab yig‘laydi yurak,
Bir chekkada beparvo dunyo.
Ta’qib etar so‘nggi xotira,
Ro‘molini yechib otar kuz.
Toshoynalar tortadi xira
Qismat kular ustimdan — yovuz.
Ta’qib etar so‘nggi xotira,
Izlarimni o‘lchab borar gard.
G‘amlar mendan ketmayin sira
Go‘yo menga qo‘l cho‘zar — hamdard.
Ta’qib etar so‘nggi xotira,
Dard varog‘im g‘ijimlar bir-bir.
Men o‘zimni qoldim yashirib
Quvonchlarga begonaday yer.
Ta’qib etar so‘nggi xotira,
Soya bo‘lib ergashgan- shayton.
Biroq nega ta’qiblar ichra
Ko‘rinmas hech Hazrati inson?!
***
Notalar betugal, qayg‘ular ayro…
Hamohang kel, dardni sipqorgil butkul.
Seniki hech nima mening oldimda!
Sendagi alamlar, aslida, bor yo‘l.
Sendagi alamlar, aslida, bor yo‘l
Mendagi quvonch-chi, aslida, yo‘q yo‘l…
Ey, ohang…
***
Yana ko‘ngilga..
men uni dengizga o‘xshataman.
Shunchalar sof…
Goh sokin..
goh g‘azabnok…
Unga sho‘ng‘igan kimsaning hayoti esa o‘z qo‘lida, harakatlarida…
KЕCHMISH
Bilasizmi…men bu yerlarga begonaman.
Faqat buni opamga aytmangiz.
U baxtli yashamoqda
va men uni nihoyatda yaxshi ko‘raman.
MUHABBAT
…bu shunchaki o‘rganish emas,
Bu shunchaki yonishmas, jonim!
Bu zaminga begona bo‘lib
O‘z-o‘zingdan tonishmas, jonim.
Bu shunchaki o‘rganish emas,
Yo sevgidan emasdir ustun.
Bu shunchaki to‘lg‘onish emas
Bu bizlarga o‘rlagan afsun!
Bu shunchaki o‘rganish emas,
Bu shunchaki lahzamas, bilgin..
Bu bizning ishq qo‘yvorging kelmas
Ishonmasang qalbimga kirgin!
* * *
Moviyrang huv cho‘qqilar uzra
Nigohimni siypalab o‘tdim.
Goh talpinib oy va yulduzga
Zangori ufq qarorin kutdim.
Goh sirlashib dengizlar ila
Sahrolarga o‘tindim hayhot.
Goh yashadim odamlar bilan
Goh ko‘nglimga sig‘mas odamzod…
***
Dunyom, deymiz, dunyolarni aylab makon,
Sof tuyg‘ular kaftimizda erib bitdi.
Men ko‘nglingiz olayotgan o‘sha zamon
Bizning ko‘ngil uyimizdan ishonch ketdi.
Arazladik…
o‘zimizcha, sezdirmayin,
Goh kulguga yo‘ydik yangi baxtimizni.
Ust-boshimdan quyiladi lahza sayin
Azobingiz, barbod etib ahdimizni.
Men cheksizlik o‘zaniga tushib qoldim,
Siz bilmaysiz chin sevgining ozorini.
Tunlarimning tonggi qadar o‘yga toldim,
Taqdirimga qurgancha ishq mozorini.
Iltijolar dol qiladi alif qaddim,
Bechorahol yuragimni ayladim chok.
Men hayotning qandayligin yo bilmadim
Yo hayotni boy berdingiz men kelgan chog‘!
Endi eski tuyg‘ularni unutamiz,
Qo‘l silkiymiz o‘sha yovqur arz-u dodga.
Ko‘nglingizni ozodlikka kuzatamiz.
Aylanamiz o‘ttiz kunlik xotirotga.
Men-chi…meni o‘ylamasin mahzun yillar,
Havotirlar olyotgandek ko‘rinmang hech!
Yonib bitdi,
Kuyib bitdi
orzularim
Yuragimdan sado chiqar: “bir undan kech!”
Ko‘nglim bilan xo‘shlashaman, o‘zim uchun
Yana yangi orzularga ketar xayol.
Meni, balki, atagaysiz telba, junun
Men, afsuski, mehr kutgan oddiy ayol!
19.12.2016
***
Haqiqat qanchalar og‘ir bo‘lmasin,
Umrning asosin tashkil etadi.
Ko‘zlaring alamli yoshga to‘lmasin
Mening azoblarim bizga yetadi!
Xiyonat hissidan ocha ko‘rma so‘z,
So‘nggi manzillarga nigohim tolgan.
Bilsayding, yolg‘izim, meni chin afsus
Sendan sal avvalroq nikohga olgan.
***
Seni yo‘qotdimmi? —
Yo‘q-yo‘q, «ha» dema!!!
Iltimos, rost alda,
alda rostakam.
Ishonib o‘layin yolg‘onlaringga,
Ishonib tirilay yolg‘onlaringdan.
Chidayman,
haddidan oshib ketsin g‘am,
tul umid jonimga kelsa ham malol.
Netay, yo‘qotishdan daxshatlisi yo‘q
«Bermayman..» deyish-chi —
shunchaki xayol..
Seni yo‘qotdimmi? —
Yo‘q-yo‘q, «ha», dema!
11.03.2016
YOLG‘ON ROST
Ketamiz..qachondir bu yerlardan, rost
Va yana kim-qachon bo‘larmiz birga.
Ayriliq — aslida, visol degan so‘z
Ayriliq — sarobni olmoqlik tilga.
Shirin yod etarmiz bir-birimizni
Yo achchiq qismatga do‘ngaydir xotir.
Bir kuni kutarman sog‘inib sizni
Balki Siz kutarsiz olib xavotir.
Hozircha, siz-u biz — ikkita qutb,
Hozircha, xayollar bemakon, daydi.
Men qancha yashasam Shoshni unutib,
Samarqand shunchalar talmovsiraydi…
12.10.2016
***
«…Ayt qaydan topasan qochmoqqa imkon,
Men seni Xudodan so‘rayveraman…»
Zebo Mirzo
Baribir, ko‘nglingdan o‘chirolmaysan,
Baribir, yodingga kelaveraman.
Sahrolar Shams emas dengizni kutar,
Men sening yomg‘iring bo‘laveraman.
Sezaman, Osmondek yolg‘izsan hanuz,
Hilolga tenglashib yashaysan-yakka.
Ismimni takrorlab kecha-yu kunduz
Tabora muhrlab qo‘yib yurakka.
Baribir, men senda yashayman mangu,
Ko‘nglingga botsa ham toshyurak bag‘ir.
Shunchaki tug‘ilmas eng so‘nggi qayg‘u
Hech kimni shunchaki yutib ketmas yer.
Baribir, ko‘nglingdan o‘chirolmaysan..
***
Bilsang edi…
tunlarimni tongga ulab
sog‘inchingni tuyishimni.
Bilsang edi qalbning otash haroratin
bu otashda kuyishimni.
Seni deya tug‘ilgan ishq
seni deya g‘am bo‘lsa ham.
Bilsang edi, olovrang qalb
takror seni ,
bir o‘zingni
faqat seni
suyishini.
* * *
Men seni kutyapman,kutyapman yana,
Yurak umid qilsa qilibdi, kechir.
O‘zingmas siyrating kerakdir menga,
Menga kerak hatto ko‘zingdagi sir.
Kutsam kutibman-da,nima qilibdi,
Oshiqlar yalovin yulgan dil menmas.
Yo meni manguga izmiga solgan
Kutishim sababi ruhingdir, senmas!
***
Shunday sevsang..
koinotning rangi o‘zgarib
Bulutlarni yakson etsa xohishlaring…
Shunday sevsang..
o‘zga dunyolarni kutmay hech
Bir qalb uchun yaralgandayin..
Ko‘zguga boqqaning zamon
Unda faqat sevgingni-o‘zingni ko‘rsang.
Atrofingda ming-ming farishtalar bo‘lsa ham
Yuraging tub-tubida yotgan
hech kimga aytolmagan
buyuk baxtingning xayolin sursang…
Shunday sevsang..
Eng baland qoya otashingdan sel bo‘lib ketsa,
Dunyodagi jami mavjudot,
tabiat
Hattoki yozilmagan she’r ham
seni bir muddatgina tushunib yetsa.
To‘lg‘onaversang,
tovlansang ishqingdan
kamalakning o‘g‘risi bo‘lsang.
Inson bo‘lib,
oshiq bo‘lib,
do‘st bo‘lib qayta
Ishq bilan tug‘ilib, ishq bilan o‘lsang..
DIL
Vaqt o‘tdi-sabrning azroili bor,
Eshik qoqib turar hamroz dil bu on.
Hayallar oydinda yashar intizor,
Kiprigin tagidan o‘pganda gumon.
Olislik-ko‘ksimga tiralgan tig‘dir,
Osmon Quyoshini sindirib olgum.
Ishonchlar ko‘chada qoldilar-yesir,
Kutishlar-havoga to‘ldirilgan xum.
Yuraging-toshoyna parda tortilgan,
Hanuz shamol bo‘lib ocholmayapman.
Eng mitti yulduzni osmonga ilgan
Sening tunlaringdan qocholmayapman.
Yelvizak esadi atringni sochib,
Men mitti kapalak tong-la urushgan.
Sen oydin qishdirsan hazondan qochib
Mening qo‘llarimga qor bo‘lib tushgan.
Bir lahza-savollar javonidek gap,
Kezinib chiqyapman sirlaring aro.
Qaqnuslar olovga bermagandek chap
Kutyapman yuzlarim bo‘lsa ham qaro.
Tun mendan anchayin o‘zib ham ketdi,
Oy bag‘ri so‘zingdan olgaydir bo‘sa.
Oppoq tong qachonlar murodga yetdi
Qani,qalb kechasi shodlikka do‘nsa.
Vaqt o‘tdi-sabrning azroili bor,
Umid-sha’m,o‘zini yubordi yoqib.
Sen deya yaralgan asrlik bedor
Qalbingga sovrilar Osmonga boqib..
***
Ko‘chaga chiqasan —
yana o‘sha Kuz..
Yomg‘ir kula boshlar ustingdan nogoh.
Qop-qora daraxtlar qilar tajovvuz
Qop-qora xayollar qaziy boshlar choh.
Har nega qadalib seryalinch ko‘zlar
Bir-birin pinjida muzdek qo‘llaring.
Hech lahza tan olging kelmaydi, afsus,
Chalkashib ketganin yo‘llaring.
Toshshahar.
Sen kechgan hov o‘sha joylar.
Chiroqlar miltirar olisdan betin.
Jilmayib qo‘yolmas senga avtolar
Odamlar yig‘lolmas holingga — ezgin.
Bir ortga qaraysan, birda oldingga
Shamolni bezovta qilar nafasing.
Na ko‘kka yetasan na-da zaminga
Na-da o‘z-o‘zingga kelolasan teng.
Hammasi sarobdir — bu sendagi o‘y,
Hammasi sovrilib ketgandir ko‘kka.
Hech narsa qolmagan, Toshkentdagi uy
Sen ketgan zahoti..
cho‘kkan.
Endi yolg‘izlikni yengolmaysan, yo‘q.
Hech zot injiqliging ko‘tara olmas.
Osmon eshiklari bir sen-chun yopiq
Xazonrez yo‘laklar izingdan qolmas.
Zorlanib qaraysan o‘sha suratga,
Tag‘in ko‘zlaringda qizaradi tun.
Oyning shu’lalari sig‘may faryodga
Ichingda harsillar zabonsiz shovqin.
Kim tinglar,
sukuting anglolmas hech kas,
Oshiq oshiqlikdan devona bo‘lsa.
Faqat orzularda bo‘lmagay araz
Faqat u yashaydir sen uchun xursand.
Yo‘laklar, sen yurgan o‘sha yo‘laklar
Tabora kichrayib borar jussangdek.
Oynadan kuzatib turar xayollar
Sen tag‘in bariga qo‘yyotgandek chek…
Biroq ketayapsan manzil noma’lum,
Noma’lum ovozlar etadi ta’qib.
Sen yig‘lab ketyotgan o‘sha lahza, immm,
Tole handon otar uzuklar taqib!
Ko‘chaga chiqasan — yana o‘sha Kuz…
Yomg‘ir kula boshlar ustingdan nogoh..
01.10.2016
***
Yog‘, yomg‘ir, yog‘aver tomchi-tomchilab..
Ko‘z yoshim ergashsin, mayliga, senga.
Senga peshvoz chiqib tutgan chog‘im lab
O‘chsin yurakdagi otash, alanga.
Menga taskin bergin ham yonimni ol,
Ko‘zlarim bir seni panohim, desin.
Seni hech kim ko‘rmas lablarimda qol,
Kunduzga aylansin men yashagan tun…
Yog‘, yomg‘ir, yog‘aver tomchi-tomchilab…
***
Senga meni qilishar ta’na,
Yoqangni chok etarlar behos.
Men esa…Men sensiz rostanam
Hech bir hisga bo‘lolmayman do‘st.
Senga toshlar otishar tinmay,
Ikkimizni qo‘ymay tillardan.
Meni deya nima ko‘rding-ay
Judo bo‘lib sokin yillardan…
Sen mag‘lubsan endi batamom,
Savollardan chiqadi joning.
Lekin nega sen o‘lgan hamon
Men bo‘lyapman, ey Dil, qurboning?
***
Dunyo — suratxona, suratda bizlar,
Zulmat — yuragimga sachragan parcha.
Hislar — o‘lchovi yo‘q moviy zeb-u zar,
Kutish — umr bo‘yi yopilmas darcha.
Orzu — ko‘zlarimda yonyotgan uchqun,
Umid — mehrga zor mushtoq ishqimiz.
Yillar — ko‘z yoshimga sig‘magan tushkun,
Kadar — armon uzra ulg‘aygan ildiz.
Tushlar — bizlar uchun aziz koshona,
Ta’bir — yolg‘onlarning ayovsiz tig‘i.
Iqror — xatolarim akslanar oyna,
Faryod — ko‘ksimdagi ovozsiz yig‘i..
* * *
Kutdingiz, ataymas, bilmagan edim,
Xabarim yo‘q edi tashrifingizdan.
Qalbimni yemirar tilsiz kechirim,
G‘aflat g‘olib keldi biz ikkimizdan.
Ayni dam ichimga sig‘maydi alam,
Dardlarim shodlikdan ololmas ulgi.
Kutdirdim, ingradi qo‘limda qalam,
Meni yutar go‘yo sizsizlik mulki.
Kutdingiz.
Kutdirdim.
Hijron bo‘ldi yor,
Tag‘in yiroqlashdi mendan samolar.
Endi bizni kutar, yuraklar aro
Yo‘limizni poylab turgan xatolar…
SЕVAMAN
Xayollarim uchdi Sen tomon,
Hayot — yelkan nomsiz kemada.
Orzularni quchyotgan osmon
ko‘ngildayin oppoq sevaman.
Iforlaring atridek mayin
oy chulg‘anar — sirli harorat.
Dil hajringda kuygani sayin
Yashamog‘im keladi g‘oyat.
Oshiqaman o‘zingga qadar,
Sirlarimiz sig‘maydi ko‘kka.
Men siyoh-u, sen — issiq xabar
G‘am-anduhni chiqarar yo‘qqa.
Vujudimiz oltita fasl —
Xayolingga tinmay kelaman.
Shundayin sof, shundayin asl
…sevaman!
Ustozlarimizning yuksak e’tiborlari biz yosh qalam ahlini faqat va faqat olg’a qadam bosishga chorlaydi!.. Yutuqlarga erishsak ham bunga siz ziyolilarning duolari sabab desam hech yanglishmam!
Rahmat, sevimli kutubxonam, rahmat ustoz!