Nodira Nazar. Moviy sevgi.

033    «Мовий севги» ёш шоира Нодира Назарнинг иккинчи шеърий тўплами. «Akademnashr» нашриёти томонидан чоп этилган ушбу тўпламга таниқли шоир Йўлдош Эшбек сўзбоши ёзган. «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайти номидан Нодирани янги китоби билан қутлаймиз ва унга ижодий ютуқлар тилаймиз.

ЙЎЛИ ОҚ ВА ОЙДИН БЎЛСИН
Йўлдош ЭШБЕК
044

Нодиранинг шеърларида Яккабоғ тоғлари,боғлари,ифорлари жаранглаб туради. Аввало,унинг бахтм шундай зиёга,шеърга тўлиқ хонадонда ва ўлкада туғилиб ўсганлиги десак,ташбеҳ кўчасидан савия манзили сари қадам ташлаши унинг истеъдодидир. Йўли оқ ва ойдин бўлсин…

Шеър йўли қанча қийин бўлмасин,шунча умидбахш кашфиётларга бойдир. Олам шеърга муҳтож. Шеър — эҳтиёж,зарурият ва зарур самимиятдир. Самимият эса нодир ночорликдир. Чора топганда, яъни самимий бўлмаганда шоир шоир эмас. Бунда самимият тўғри сўзлашгина эмас, балки росмана гўзалликни куйлашдир. Бу санъатнинг асли ва ўзидир. Бундай сўзларни айтишга маънавий ҳуқуқим бўлмаса-да, эски ҳақиқатларни такрорлаб туриш янги натижаларни пайдо этади. Инсониятга энг кўп ёрдамчи буюк василалардан бири шеърдир. Бу нуқтаи назардан фақат Нодиранинг эмас барча шоирларнинг зўр масъулияти бор, бу йўлда ғайрат ва омад бор. Бу ҳар недан юксак истеъдоддир. Ҳатто меҳнатни ҳам,устодни ҳам,мамлакатни ҳам истеъдод юзага чиқаради. Ота-боболаримиз янгилик излашган ва топишган. Янгиликлардан бири эшитганни кўрмоқ ва кўрганни эшитмоқдир. Диққат-эътибор билан қулоқ солиб қарашга тўғри келади. Олам шеър тилидан гапиради,куйлайди. Шоир акс эттиради,чизади,тасвирлайди,бунёд этади. Маънавият оламининг, умуман, оламнинг кўнгил гўзаллиги эзгуликдир. Гўзал шеър йўлида Нодирага омадлар тилайман ва ундан ҳам ўрганиб боришни истайман.

Гўзаллик яхши маънода оламни ва одамни вайрон айлайди ва комил маънода тиклайди. Ҳар гал шундай. Гўзаллик гўё гўзал бир жангдир. Ҳар мағлубият музаффариятдир. Санъатда таъзод, ҳаётда зиддият, маъно-моҳиятда чуқур маҳзунлик,оқибатда зафар бор…

Кўпдир айтар гапларим ҳали,
Сабр қилмоқ биз-чун муҳимдир.
Мен ўтмишга айланган сари,
Келажагим,мени кутиб тур…

Нодира НАЗАР
«МОВИЙ СЕВГИ» КИТОБИДАН ШЕЪРЛАР
044

067

ДИЛ

Вақт ўтди-сабрнинг азроили бор,
Эшик қоқиб турар ҳамроз дил бу он.
Хаёллар ҳаяллар, йўллар ҳаяллар
Зулумот умримнинг ранги заъфарон.

Олислик-кўксимга тиралган тиғдир,
Осмон Қуёшини синдириб олгум.
Ишончлар кўчада қолдилар-есир,
Кутишлар-ҳавога тўлдирилган хум.

Юрагинг-тошойна, парда тортилган,
Ҳануз шамол бўлиб очолмаяпман.
Энг митти юлдузни осмонга илган
Сенинг тунларингдан қочолмаяпман.

Елвизак эсади атрингни сочиб,
Мен митти капалак -тонг-ла урушган.
Сен ойдин қишдирсан хазондан қочиб
Менинг қўлларимга қор бўлиб тушган.

Бир лаҳза саволлар жавонидек гап,
Кезиниб чиқяпман сирларинг аро.
Қақнуслар оловга бермагандек чап
Кутяпман юзларим бўлса ҳам қаро.

Тун мендан анчайин ўзиб ҳам кетди,
Ой бағри сўзингдан олгайдир бўса.
Оппоқ тонг қачонлар муродга етди
Қани,қалб кечаси шодликка дўнса.

Вақт ўтди-сабрнинг азроили бор,
Умид-шаъм,ўзини юборди ёқиб.
Сен дея яралган асрлик бедор
Қалбингга соврилар Осмонга боқиб..

***

Қанча кунлар ўтди орадан,
Қанча замон бахтни унутди.
Хабар қилиб оқ ва қорадан
Ярим аср бизларни кутди.

Яшайвердик, олмадик илғаб
Лаҳзаларнинг нолишларини.
Юракларни кўк олди чўлғаб
Қучганча ғам болишларини.

Вақт ситамкор бўлиб туйилди,
Умр эса бой берилган ёр.
Ёшларимиз дилга қуйилди,
Бизлар учун лаҳзалар озор.

Лек сезмадик ё олмадик тан,
Яшайвердик бизлар бепарво.
Вақт ўзликни англамак экан-
Ярим аср -етарли савдо!

* * *

Мен сени сабодек тинглагим келар,
Ёниқ ҳислар аро титрайди хато.
Аччиқ бир ҳақиқат кўксимни тирнар,
Сенинг овозларинг берса акс-садо.

Қўллари бандисан, қалби-чи юпун,
Оний қарорларим чалкашиб кетди.
Уриниб қарайсан ўт қилмоқ учун
Бироқ совушимга бир назар етди.

***

Туғилдим ва шу он гуноҳкор бўлдим,
Яшамай бошладим умримни яшаб.
На йиғлай олдим мен ва мен на кулдим,
Охирсиз ҳайратлар кетдилар бошлаб

Дарёлар қилганча онам кўзларин,
Отам қўлларида қадоқ ундирдим.
Тошларга бостириб ҳаё кўзларим,
Дийдорни видога томон кўндирдим.

Дилим ўкинчлардан чарчади тамом,
Яшаш туғилишмас-бу ўлим йўли.
Чорлайди юрагим рост дунё томон,
Унутмак истайди ёлғон қайғуни…

Туғилдим ва шу он гуноҳкор бўлдим,
Яшамай бошладим умримни яшаб…

* * *

Таъқиб этар сўнгги хотира,
Ўз ҳолимга қўймайди хато.
Кўксин муштлаб йиғлайди юрак,
Бир чеккада кўз қашлар дунё.

Таъқиб этар сўнгги хотира,
Рўмолимни ечиб отар куз.
Тошойналар тортади хира
Қисмат кулар устимдан-ёвуз.

Таъқиб этар сўнгги хотира,
Изларимни ўлчаб борар гард.
Ғамлар мендан кетмайин сира
Гўё менга қўл чўзар- ҳамдард.

Таъқиб этар сўнгги хотира,
Дард вароғим ғижимлар бир-бир.
Мен ўзимни қолдим яшира
Қувончларим қолдилар есир.

Таъқиб этар сўнгги хотира,
Соя бўлиб эргашган- шайтон.
Бироқ нега таъқиблар ичра
Кўринмас ҳеч Ҳазрати инсон?!

* * *

Барибир, кўнглингдан ўчиролмайсан,
Барибир,ёдингга келавераман.
Саҳролар Шамс эмас денгизни кутар,
Мен сенинг ёмғиринг бўлавераман.

Сезаман,Осмондек ёлғизсан ҳануз,
Ҳилолга тенглашиб яшайсан-якка.
Исмимни такрорлаб кеча-ю кундуз
Табора муҳрлаб қўйиб юракка.

Барибир,мен сенда яшайман мангу,
Кўнглингга ботса ҳам тошюрак бағир.
Шунчаки туғилмас энг сўнгги қайғу-
Ҳеч кимни шунчаки,ютиб кетмас ер.

Барибир,кўнглингдан ўчиролмайсан…

* * *

Биласанми,
сени кеча,куни кеча эслагандим,
Воажабки,ўнгда кўрдим-ишонмадим
кўзларимга.
Неча йилки,
мен ўзимни тополмайин яшар эдим,
Сиёҳ тўкиб яшар эдим вароқларнинг юзларига…

Биласанми…
ботинимда ёнар олов-ўткир шафқат.
Неажабки,Зоҳиримда жилмайганча ёд этаман.
Бироқ ҳануз,ҳали ҳамон қароғимда йиғлар журъат,
Сени эслаб ҳар лаҳзада бу дунёни тарк этаман.

Ишонсайдинг,
Куни кеча Худойимга йиғландим зор,
Сенинг учун,кўнгил учун,қадр учун дарё бўлдим.
Қарори йўқ гуноҳкорга,ситамкорга бўлиб абгор
Айт-чи менга,сендан кейин сендан ўтиб яшолар ким?

Биласанми,
Ҳар синовнинг менинг учун қиймати бор,
Ўтган кундан,ўтган тундан жафо қилмай,
хато қилмай келар кечгим.
Фақат битта истиснода,истеҳзода яшар озор-
Сени кеча кутмадим ,деб келар такрор қасам ичгим.
Сени кеча кутмагандим…

* * *

Онажон!
Чарчадим тентираб юришдан,
Совуқда қоляпти ҳисларим.
Икки йўл,икки сўз,иккита умр
Сўраса-да ёздиқлар изн.

Онажон!
Совқотиб кетяпман,музладим,
Вайрона сарсона кўчалар.
Икки шеър оёғим остида,
Тунимдир ҳаттоки тонг саҳар.

Онажон!
Жунжикиб кетяпман совуқдан,
Хазонрез боғларда баҳорим.
Икки нафс оёғим уқалар,
Оҳ,оғир музликлар бунча дим.

Онажон,
чарчадим тентираб юришдан…

* * *

Кутдингиз, атаймас, билмаган эдим,
Хабарим йўқ эди ташрифингиздан.
Қалбимни емирар тилсиз кечирим,
Ғафлат ғолиб келди биз иккимиздан.

Айни дам ичимга сиғмайди алам,
Дардларим шодликдан ололмас улги.
Кутдирдим, ингради қўлимда қалам,
Мени ютар гўё сизсизлик мулки.

Кутдингиз.
Кутдирдим.
Ҳижрон бўлди ёр,
Тағин йироқлашди мендан самолар.
Энди бизни кутар, юраклар аро
Йўлимизни пойлаб турган хатолар…

***

Орзулар осмонга бўй чўзиб кетди,
Ерда қололмадим кўк ўзиб кетди,
Осмоний ҳисларга бошни бергандим
Жоним омон,бироқ руҳ тўзиб кетди.

Ҳар ёққа дайдилар осмон қароғлар,
Ҳеч ерда қолмабди юраги соғлар,
Самовий тилакни тилаб қўйибман
Энди олислашган мендан чўнг тоғлар.

Кўкдаман,фазодан жаранглар сўзим,
Лек назар ердадир ,тупроқда кўзим,
Ҳар неда қабрим бор руҳи кўмилган,
Гарчанд Осмонларда яшайман ўзим.

Орзулар осмонга бўй чўзиб кетди,
Ерда қололмадим кўк ўзиб кетди…
Кўшкимдек гўёки осмондаги ер.

БАРДОШ
Шоира опамга

Синов майдонида занжирбанд шердек,
Юзларим захилдир, вужудим- захм.
Оёғим букилган, бошларим эгик
Бугун шер юраги шоқолларга ем.

Тутқунлик кулфатин тортётган шердек,
Ҳайқира бошлайман қафасбанд, асир.
Тилимда титрайди фақат “таборак”
Оловнинг ичида қолгандек бағир.

Кучдан қолаётган овкар туядай,
Жовдираб боқаман, кафтларим турбат.
Худди кўланкадай, худди соядай
Изимдан изиллар савдойи ғурбат…

Қасдимдир дўстимни яна би-и-ир кўриш ,
Гўё бу соғинчдан яралган ифрот.
Бироқ нега унинг… унинг қўли мушт,
Азроил жонимни қайтарган заҳот?!

Синов майдонида йиқилган шердек,
Юзларим захилдир, вужудим- захм…

ҚИЗҒОНАМАН

Сени излаб келдим субҳидам,бугун,
Жамолинг тафтига исингим келди.
Мени қучоғингда маҳкамроқ тутгин,
Фақат қучоғингда қисингим келди.

Телбакор ёмғирлар изларинг ювса,
Ҳар бир томчисидан қизғонсам абад.
Ҳатто сочларингни ўйнаса шамол,
Тағин қизғонаман сени,муҳаббат.

***

Бегонадек қарайсан менга,
Бегонадек тикиласан жим.
Ўртамизда сабаблар тунар,
Ўртамизда ҳайқирар қалбим.

Иккимизни ютар ғурурлар,
Қарши турар бизга коинот.
Кўнглимизни изтироб қувлар,
Таъқибларга қўйиб бўлмас от.

Масофалар сабаб чарчадим,
Ҳорғин вужуд куч тополмас ҳеч,
Ўтинаман,мен бўлмай ғаним
Ўртадаги бўшлиқлардан кеч…

ТАСВИР

Кўз ютиб бормоқда шаҳар кўркини,
Қувончга белайди дилларни гоҳо.
Ёмғирлар савалар барглар юзини,
Хазонлар шитирлар намхуш, мусаффо.

Дарахтлар кийимсиз- уялиб кетдим,
Нав-ниҳол мўралар пинжидан бироқ.
Ўзимдан кетдим гоҳ, ўзимга етдим
Ошнолик топилмас бундан гўзалрок.

***

Борганим хатодир, келганинг-хато,
Асли,учратганим энг маъшум куним.
Ичимни дард тирнар сезмайсан ҳатто
Муҳаббат кўксимда йиғлайди юм-юм.

Ораз ва аразнинг қиморларида
Ютқаздим.тан олай бир сенинг учун.
Адашдим муҳаббат баҳорларида
Дардошдек туюлар сенсиз қолган тун.

Айблаб яшайман сароб йилларни-
Бол бўлиб туйилган заҳарли таъмни.
Кўзларим илк сени таниган они
Бу руҳим тарк этиб кетган танамни.

Демак,мен иқрорман,сен-чи пушаймон,
Бугун мен бормайман,келмайсан сен ҳам.
Бугун иккимизни сийлайди армон-
Ёлғиз қолар хонанг ва менинг хонам.

Лабларим шивирлар қулоғингга жим-
Сени учратганим энг маъшум куним..

ЎЗГА ИШҚ

Биз учрашдик анчадан кейин..
Ичимда сўз ёниб бормоқда,
Ичимда сўз ёниб бормоқда,
Хатоларга қайрилган сайин..
Сен негадир титраб кетяпсан,
Қалдироқлар танангни туртар.
Балки кўпдан кўришмаган-чун
Ҳаяжоним ўртар…
Сездирмайман ичимни зинҳор,
Аммо сўзлар ёниб бормоқда
Аммо сўзлар ёниб бормоқда
Аммо хоҳишлар-итоаткор!
Хато-сени тутгим келар бот.
Яна қайта туғилмоқ учун,
Бизнинг армон-аҳдларимизнинг
Иккимизнинг олганча ўчин.
Сен кутасан бир сўз дейишим,
Аммо жами сўзимни айтдим.
Ичимда айтдим-
Мени унутгандек эс-ҳушим…
Бироқ соғинч қаршилик қилди,
Сир тутганим- ички сасимга.
Сени тағин азобим ичра
Ёр қилгудек бермай ҳеч кимга.
Кўзларингга ёш олиб дединг:
«Кутганмидинг,кутганмидинг-а?»
Мен ўзимни тутолмай сенинг
Сингиб борар эдим бағрингга..
Гоҳ ишонмай, гоҳо ишониб
Изларимга ташлайдирсан кўз.
Мен-чи энди ўзи уйғониб
Ишқни ҳалок этётган ёвуз..
Жилмаясан…жилмаюрсан ва
Хўрсиниқлар урилар менга.
Мен анчайин совиб бўлдим
ҳа…
Бевафолик қилиб заминга…
Чўчиб тушдинг-вақт тарсак қўйди.
Ҳайрон қараб турибсан менга,
Вайрон қараб турибсан менга-
Нигоҳларинг жонидан тўйди…
Жилолмайман бироқ сен томон,
Сен-шохлари кесилган чинор,
Афсус, дея савобга ингган
Чимилдиққа садоқатли ёр.
Бироқ…
Бироқ ўтган кунлар…
Эҳ!
Сен- менда-ю менда бўлолмас..
Умр-ишқни айлаган золим
Асли,ўзгасига кўнолмас…
Ичимда сўз ёниб борар бот!
Ичимда сўз ёнади такрор!!
Ҳайқириқлар-чиқмаган қуёш
Юзларингга тушолмаган ёш.
Сен-чи руҳи музликка дўнган,
Мен- кўзларинг тутолмаган ҳур.
Сен –ахийри, тақдирга кўнган
Мен ўзимдан кетётган “масрур”.
Ва ниҳоят йўқотиб қўйдим
Бардошимни сени топмоқ-чун.
Хато бўлса ҳам,
Адо бўлса ҳам,
Айтиб юбордим: « Мен сизни…
мен сизни чиндан-да суйдим».

* * *

Менинг руҳим ҳаволарга соврилди,
Тарқайвердим…
Тарқайвердим ашк мисол.
Толе ногоҳ кутганидан айрилди
Бошгинангга тушавердим ғаш мисол.
Менинг руҳим ҳазонларга соврилди,
Ёнолмайин елавердим тегрангда.
Сен томондан тағин кўкка қайрилдим
Ҳасратларни қуволмайин чеҳрангдан.
Менинг руҳим сояларга соврилди,
Бахти қаро…
Бахти қаро мисраларда бўлдим ёд.
Жоним армон ўчоғида қоврилди
Қўлларингда тутолмадинг умрбод.
Менинг руҳим музликларга соврилди,
Музлайвердим,
музлайвердим тобора.
Ўй-хаёлинг жисми жоним ор билди
Елкангга қор бўлиб тушдим-бечора..
Синамадим
синамадим омадим!
Фақат сени олислардан кузатдим.
Гоҳ сур бўлиб, гоҳи рангпар кийимда
Сен кўрмадинг
қўлларимни узатдим!
Менинг руҳим мозорларга соврилди,
Энди-энди ўлимимни олдим тан.
Қалдироқлар бўлиб бошингда елдим
Кечир…
Кечир,кетолмадим кўрмасдан…

* * *

Дунё- суратхона,суратда бизлар,
Зулмат- юрагимга сачраган парча.
Ҳислар-ўлчови йўқ мовий зеб-у зар,
Кутиш-умр бўйи ёпилмас дарча.
Орзу-кўзларимда ёнётган учқун,
Умид-меҳрга зор муштоқ ишқимиз.
Йиллар-кўз ёшимга сиғмаган тушкун,
Кадар-армон узра улғайган илдиз.
Тушлар-бизлар учун азиз кошона,
Таъбир-ёлғонларнинг аёвсиз тиғи.
Иқрор-хатоларим аксланар ойна,
Фарёд-кўксимдаги овозсиз йиғи…

* * *

У сени рад этди,
Ғурурингни суяйсан ногоҳ.
Алам ютиб…
Алам ютиб
Юрагингга ковлаяпсан чоҳ.
У ўзини рад этди,
Симириб ташлайсан оташни.
Имкон қани,
Имкон қани?!
Симириб юборгунг кўз ёшни..
У ишқни рад этди,
Ишққа ортиқ деёлмайсан сўз.
Пичоқ урар,
Тунда тунар
Қуёшини йўқотган кундуз.
У оламни рад этди,
Ёш тўкмайин йиғига чўкдинг.
Узр сўраб, узр сўраб
Узилдинг.

У сени рад этди..

Қўйинг! Видоларни куйламанг ортиқ,
Ортиқ суратини чизманг ҳижроннинг.
Қайдан ҳам биларсиз, энг кучли соғинч
Умрин тул қилишин
ошиқ инсоннинг…

005

YO’LI OQ VA OYDIN BO’LSIN
Yo’ldosh ESHBEK
044

Nodiraning she’rlarida Yakkabog’ tog’lari,bog’lari,iforlari jaranglab turadi. Avvalo,uning baxtm shunday ziyoga,she’rga to’liq xonadonda va o’lkada tug’ilib o’sganligi desak,tashbeh ko’chasidan saviya manzili sari qadam tashlashi uning iste’dodidir. Yo’li oq va oydin bo’lsin…

She’r yo’li qancha qiyin bo’lmasin,shuncha umidbaxsh kashfiyotlarga boydir. Olam she’rga muhtoj. She’r — ehtiyoj,zaruriyat va zarur samimiyatdir. Samimiyat esa nodir nochorlikdir. Chora topganda, ya’ni samimiy bo’lmaganda shoir shoir emas. Bunda samimiyat to’g’ri so’zlashgina emas, balki rosmana go’zallikni kuylashdir. Bu san’atning asli va o’zidir. Bunday so’zlarni aytishga ma’naviy huquqim bo’lmasa-da, eski haqiqatlarni takrorlab turish yangi natijalarni paydo etadi. Insoniyatga eng ko’p yordamchi buyuk vasilalardan biri she’rdir. Bu nuqtai nazardan faqat Nodiraning emas barcha shoirlarning zo’r mas’uliyati bor, bu yo’lda g’ayrat va omad bor. Bu har nedan yuksak iste’doddir. Hatto mehnatni ham,ustodni ham,mamlakatni ham iste’dod yuzaga chiqaradi. Ota-bobolarimiz yangilik izlashgan va topishgan. Yangiliklardan biri eshitganni ko’rmoq va ko’rganni eshitmoqdir. Diqqat-e’tibor bilan quloq solib qarashga to’g’ri keladi. Olam she’r tilidan gapiradi,kuylaydi. Shoir aks ettiradi,chizadi,tasvirlaydi,bunyod etadi. Ma’naviyat olamining, umuman, olamning ko’ngil go’zalligi ezgulikdir. Go’zal she’r yo’lida Nodiraga omadlar tilayman va undan ham o’rganib borishni istayman.

Go’zallik yaxshi ma’noda olamni va odamni vayron aylaydi va komil ma’noda tiklaydi. Har gal shunday. Go’zallik go’yo go’zal bir jangdir. Har mag’lubiyat muzaffariyatdir. San’atda ta’zod, hayotda ziddiyat, ma’no-mohiyatda chuqur mahzunlik,oqibatda zafar bor…

Ko’pdir aytar gaplarim hali,
Sabr qilmoq biz-chun muhimdir.
Men o’tmishga aylangan sari,
Kelajagim,meni kutib tur…

Nodira NAZAR
«MOVIY SEVGI» KITOBIDAN SHE’RLAR
044

067

DIL

Vaqt o’tdi-sabrning azroili bor,
Eshik qoqib turar hamroz dil bu on.
Xayollar hayallar, yo’llar hayallar
Zulumot umrimning rangi za’faron.

Olislik-ko’ksimga tiralgan tig’dir,
Osmon Quyoshini sindirib olgum.
Ishonchlar ko’chada qoldilar-yesir,
Kutishlar-havoga to’ldirilgan xum.

Yuraging-toshoyna, parda tortilgan,
Hanuz shamol bo’lib ocholmayapman.
Eng mitti yulduzni osmonga ilgan
Sening tunlaringdan qocholmayapman.

Yelvizak esadi atringni sochib,
Men mitti kapalak -tong-la urushgan.
Sen oydin qishdirsan xazondan qochib
Mening qo’llarimga qor bo’lib tushgan.

Bir lahza savollar javonidek gap,
Kezinib chiqyapman sirlaring aro.
Qaqnuslar olovga bermagandek chap
Kutyapman yuzlarim bo’lsa ham qaro.

Tun mendan anchayin o’zib ham ketdi,
Oy bag’ri so’zingdan olgaydir bo’sa.
Oppoq tong qachonlar murodga yetdi
Qani,qalb kechasi shodlikka do’nsa.

Vaqt o’tdi-sabrning azroili bor,
Umid-sha’m,o’zini yubordi yoqib.
Sen deya yaralgan asrlik bedor
Qalbingga sovrilar Osmonga boqib..

***

Qancha kunlar o’tdi oradan,
Qancha zamon baxtni unutdi.
Xabar qilib oq va qoradan
Yarim asr bizlarni kutdi.

Yashayverdik, olmadik ilg’ab
Lahzalarning nolishlarini.
Yuraklarni ko’k oldi cho’lg’ab
Quchgancha g’am bolishlarini.

Vaqt sitamkor bo’lib tuyildi,
Umr esa boy berilgan yor.
Yoshlarimiz dilga quyildi,
Bizlar uchun lahzalar ozor.

Lek sezmadik yo olmadik tan,
Yashayverdik bizlar beparvo.
Vaqt o’zlikni anglamak ekan-
Yarim asr -yetarli savdo!

* * *

Men seni sabodek tinglagim kelar,
Yoniq hislar aro titraydi xato.
Achchiq bir haqiqat ko’ksimni tirnar,
Sening ovozlaring bersa aks-sado.

Qo’llari bandisan, qalbi-chi yupun,
Oniy qarorlarim chalkashib ketdi.
Urinib qaraysan o’t qilmoq uchun
Biroq sovushimga bir nazar yetdi.

***

Tug’ildim va shu on gunohkor bo’ldim,
Yashamay boshladim umrimni yashab.
Na yig’lay oldim men va men na kuldim,
Oxirsiz hayratlar ketdilar boshlab

Daryolar qilgancha onam ko’zlarin,
Otam qo’llarida qadoq undirdim.
Toshlarga bostirib hayo ko’zlarim,
Diydorni vidoga tomon ko’ndirdim.

Dilim o’kinchlardan charchadi tamom,
Yashash tug’ilishmas-bu o’lim yo’li.
Chorlaydi yuragim rost dunyo tomon,
Unutmak istaydi yolg’on qayg’uni…

Tug’ildim va shu on gunohkor bo’ldim,
Yashamay boshladim umrimni yashab…

* * *

Ta’qib etar so’nggi xotira,
O’z holimga qo’ymaydi xato.
Ko’ksin mushtlab yig’laydi yurak,
Bir chekkada ko’z qashlar dunyo.

Ta’qib etar so’nggi xotira,
Ro’molimni yechib otar kuz.
Toshoynalar tortadi xira
Qismat kular ustimdan-yovuz.

Ta’qib etar so’nggi xotira,
Izlarimni o’lchab borar gard.
G’amlar mendan ketmayin sira
Go’yo menga qo’l cho’zar- hamdard.

Ta’qib etar so’nggi xotira,
Dard varog’im g’ijimlar bir-bir.
Men o’zimni qoldim yashira
Quvonchlarim qoldilar yesir.

Ta’qib etar so’nggi xotira,
Soya bo’lib ergashgan- shayton.
Biroq nega ta’qiblar ichra
Ko’rinmas hech Hazrati inson?!

* * *

Baribir, ko’nglingdan o’chirolmaysan,
Baribir,yodingga kelaveraman.
Sahrolar Shams emas dengizni kutar,
Men sening yomg’iring bo’laveraman.

Sezaman,Osmondek yolg’izsan hanuz,
Hilolga tenglashib yashaysan-yakka.
Ismimni takrorlab kecha-yu kunduz
Tabora muhrlab qo’yib yurakka.

Baribir,men senda yashayman mangu,
Ko’nglingga botsa ham toshyurak bag’ir.
Shunchaki tug’ilmas eng so’nggi qayg’u-
Hech kimni shunchaki,yutib ketmas yer.

Baribir,ko’nglingdan o’chirolmaysan…

* * *

Bilasanmi,
seni kecha,kuni kecha eslagandim,
Voajabki,o’ngda ko’rdim-ishonmadim
ko’zlarimga.
Necha yilki,
men o’zimni topolmayin yashar edim,
Siyoh to’kib yashar edim varoqlarning yuzlariga…

Bilasanmi…
botinimda yonar olov-o’tkir shafqat.
Neajabki,Zohirimda jilmaygancha yod etaman.
Biroq hanuz,hali hamon qarog’imda yig’lar jur’at,
Seni eslab har lahzada bu dunyoni tark etaman.

Ishonsayding,
Kuni kecha Xudoyimga yig’landim zor,
Sening uchun,ko’ngil uchun,qadr uchun daryo bo’ldim.
Qarori yo’q gunohkorga,sitamkorga bo’lib abgor
Ayt-chi menga,sendan keyin sendan o’tib yasholar kim?

Bilasanmi,
Har sinovning mening uchun qiymati bor,
O’tgan kundan,o’tgan tundan jafo qilmay,
xato qilmay kelar kechgim.
Faqat bitta istisnoda,istehzoda yashar ozor-
Seni kecha kutmadim ,deb kelar takror qasam ichgim.
Seni kecha kutmagandim…

* * *

Onajon!
Charchadim tentirab yurishdan,
Sovuqda qolyapti hislarim.
Ikki yo’l,ikki so’z,ikkita umr
So’rasa-da yozdiqlar izn.

Onajon!
Sovqotib ketyapman,muzladim,
Vayrona sarsona ko’chalar.
Ikki she’r oyog’im ostida,
Tunimdir hattoki tong sahar.

Onajon!
Junjikib ketyapman sovuqdan,
Xazonrez bog’larda bahorim.
Ikki nafs oyog’im uqalar,
Oh,og’ir muzliklar buncha dim.

Onajon,
charchadim tentirab yurishdan…

* * *

Kutdingiz, ataymas, bilmagan edim,
Xabarim yo’q edi tashrifingizdan.
Qalbimni yemirar tilsiz kechirim,
G’aflat g’olib keldi biz ikkimizdan.

Ayni dam ichimga sig’maydi alam,
Dardlarim shodlikdan ololmas ulgi.
Kutdirdim, ingradi qo’limda qalam,
Meni yutar go’yo sizsizlik mulki.

Kutdingiz.
Kutdirdim.
Hijron bo’ldi yor,
Tag’in yiroqlashdi mendan samolar.
Endi bizni kutar, yuraklar aro
Yo’limizni poylab turgan xatolar…

***

Orzular osmonga bo’y cho’zib ketdi,
Yerda qololmadim ko’k o’zib ketdi,
Osmoniy hislarga boshni bergandim
Jonim omon,biroq ruh to’zib ketdi.

Har yoqqa daydilar osmon qarog’lar,
Hech yerda qolmabdi yuragi sog’lar,
Samoviy tilakni tilab qo’yibman
Endi olislashgan mendan cho’ng tog’lar.

Ko’kdaman,fazodan jaranglar so’zim,
Lek nazar yerdadir ,tuproqda ko’zim,
Har neda qabrim bor ruhi ko’milgan,
Garchand Osmonlarda yashayman o’zim.

Orzular osmonga bo’y cho’zib ketdi,
Yerda qololmadim ko’k o’zib ketdi…
Ko’shkimdek go’yoki osmondagi yer.

BARDOSH
Shoira opamga

Sinov maydonida zanjirband sherdek,
Yuzlarim zaxildir, vujudim- zaxm.
Oyog’im bukilgan, boshlarim egik
Bugun sher yuragi shoqollarga yem.

Tutqunlik kulfatin tortyotgan sherdek,
Hayqira boshlayman qafasband, asir.
Tilimda titraydi faqat “taborak”
Olovning ichida qolgandek bag’ir.

Kuchdan qolayotgan ovkar tuyaday,
Jovdirab boqaman, kaftlarim turbat.
Xuddi ko’lankaday, xuddi soyaday
Izimdan izillar savdoyi g’urbat…

Qasdimdir do’stimni yana bi-i-ir ko’rish ,
Go’yo bu sog’inchdan yaralgan ifrot.
Biroq nega uning… uning qo’li musht,
Azroil jonimni qaytargan zahot?!

Sinov maydonida yiqilgan sherdek,
Yuzlarim zaxildir, vujudim- zaxm…

QIZG’ONAMAN

Seni izlab keldim subhidam,bugun,
Jamoling taftiga isingim keldi.
Meni quchog’ingda mahkamroq tutgin,
Faqat quchog’ingda qisingim keldi.

Telbakor yomg’irlar izlaring yuvsa,
Har bir tomchisidan qizg’onsam abad.
Hatto sochlaringni o’ynasa shamol,
Tag’in qizg’onaman seni,muhabbat.

***

Begonadek qaraysan menga,
Begonadek tikilasan jim.
O’rtamizda sabablar tunar,
O’rtamizda hayqirar qalbim.

Ikkimizni yutar g’ururlar,
Qarshi turar bizga koinot.
Ko’nglimizni iztirob quvlar,
Ta’qiblarga qo’yib bo’lmas ot.

Masofalar sabab charchadim,
Horg’in vujud kuch topolmas hech,
O’tinaman,men bo’lmay g’anim
O’rtadagi bo’shliqlardan kech…

TASVIR

Ko’z yutib bormoqda shahar ko’rkini,
Quvonchga belaydi dillarni goho.
Yomg’irlar savalar barglar yuzini,
Xazonlar shitirlar namxush, musaffo.

Daraxtlar kiyimsiz- uyalib ketdim,
Nav-nihol mo’ralar pinjidan biroq.
O’zimdan ketdim goh, o’zimga yetdim
Oshnolik topilmas bundan go’zalrok.

***

Borganim xatodir, kelganing-xato,
Asli,uchratganim eng ma’shum kunim.
Ichimni dard tirnar sezmaysan hatto
Muhabbat ko’ksimda yig’laydi yum-yum.

Oraz va arazning qimorlarida
Yutqazdim.tan olay bir sening uchun.
Adashdim muhabbat bahorlarida
Dardoshdek tuyular sensiz qolgan tun.

Ayblab yashayman sarob yillarni-
Bol bo’lib tuyilgan zaharli ta’mni.
Ko’zlarim ilk seni tanigan oni
Bu ruhim tark etib ketgan tanamni.

Demak,men iqrorman,sen-chi pushaymon,
Bugun men bormayman,kelmaysan sen ham.
Bugun ikkimizni siylaydi armon-
Yolg’iz qolar xonang va mening xonam.

Lablarim shivirlar qulog’ingga jim-
Seni uchratganim eng ma’shum kunim..

O’ZGA ISHQ

Biz uchrashdik anchadan keyin..
Ichimda so’z yonib bormoqda,
Ichimda so’z yonib bormoqda,
Xatolarga qayrilgan sayin..
Sen negadir titrab ketyapsan,
Qaldiroqlar tanangni turtar.
Balki ko’pdan ko’rishmagan-chun
Hayajonim o’rtar…
Sezdirmayman ichimni zinhor,
Ammo so’zlar yonib bormoqda
Ammo so’zlar yonib bormoqda
Ammo xohishlar-itoatkor!
Xato-seni tutgim kelar bot.
Yana qayta tug’ilmoq uchun,
Bizning armon-ahdlarimizning
Ikkimizning olgancha o’chin.
Sen kutasan bir so’z deyishim,
Ammo jami so’zimni aytdim.
Ichimda aytdim-
Meni unutgandek es-hushim…
Biroq sog’inch qarshilik qildi,
Sir tutganim- ichki sasimga.
Seni tag’in azobim ichra
Yor qilgudek bermay hech kimga.
Ko’zlaringga yosh olib deding:
«Kutganmiding,kutganmiding-a?»
Men o’zimni tutolmay sening
Singib borar edim bag’ringga..
Goh ishonmay, goho ishonib
Izlarimga tashlaydirsan ko’z.
Men-chi endi o’zi uyg’onib
Ishqni halok etyotgan yovuz..
Jilmayasan…jilmayursan va
Xo’rsiniqlar urilar menga.
Men anchayin sovib bo’ldim
ha…
Bevafolik qilib zaminga…
Cho’chib tushding-vaqt tarsak qo’ydi.
Hayron qarab turibsan menga,
Vayron qarab turibsan menga-
Nigohlaring jonidan to’ydi…
Jilolmayman biroq sen tomon,
Sen-shoxlari kesilgan chinor,
Afsus, deya savobga inggan
Chimildiqqa sadoqatli yor.
Biroq…
Biroq o’tgan kunlar…
Eh!
Sen- menda-yu menda bo’lolmas..
Umr-ishqni aylagan zolim
Asli,o’zgasiga ko’nolmas…
Ichimda so’z yonib borar bot!
Ichimda so’z yonadi takror!!
Hayqiriqlar-chiqmagan quyosh
Yuzlaringga tusholmagan yosh.
Sen-chi ruhi muzlikka do’ngan,
Men- ko’zlaring tutolmagan hur.
Sen –axiyri, taqdirga ko’ngan
Men o’zimdan ketyotgan “masrur”.
Va nihoyat yo’qotib qo’ydim
Bardoshimni seni topmoq-chun.
Xato bo’lsa ham,
Ado bo’lsa ham,
Aytib yubordim: « Men sizni…
men sizni chindan-da suydim».

* * *

Mening ruhim havolarga sovrildi,
Tarqayverdim…
Tarqayverdim ashk misol.
Tole nogoh kutganidan ayrildi
Boshginangga tushaverdim g’ash misol.
Mening ruhim hazonlarga sovrildi,
Yonolmayin yelaverdim tegrangda.
Sen tomondan tag’in ko’kka qayrildim
Hasratlarni quvolmayin chehrangdan.
Mening ruhim soyalarga sovrildi,
Baxti qaro…
Baxti qaro misralarda bo’ldim yod.
Jonim armon o’chog’ida qovrildi
Qo’llaringda tutolmading umrbod.
Mening ruhim muzliklarga sovrildi,
Muzlayverdim,
muzlayverdim tobora.
O’y-xayoling jismi jonim or bildi
Yelkangga qor bo’lib tushdim-bechora..
Sinamadim
sinamadim omadim!
Faqat seni olislardan kuzatdim.
Goh sur bo’lib, gohi rangpar kiyimda
Sen ko’rmading
qo’llarimni uzatdim!
Mening ruhim mozorlarga sovrildi,
Endi-endi o’limimni oldim tan.
Qaldiroqlar bo’lib boshingda yeldim
Kechir…
Kechir,ketolmadim ko’rmasdan…

* * *

Dunyo- suratxona,suratda bizlar,
Zulmat- yuragimga sachragan parcha.
Hislar-o’lchovi yo’q moviy zeb-u zar,
Kutish-umr bo’yi yopilmas darcha.
Orzu-ko’zlarimda yonyotgan uchqun,
Umid-mehrga zor mushtoq ishqimiz.
Yillar-ko’z yoshimga sig’magan tushkun,
Kadar-armon uzra ulg’aygan ildiz.
Tushlar-bizlar uchun aziz koshona,
Ta’bir-yolg’onlarning ayovsiz tig’i.
Iqror-xatolarim akslanar oyna,
Faryod-ko’ksimdagi ovozsiz yig’i…

* * *

U seni rad etdi,
G’ururingni suyaysan nogoh.
Alam yutib…
Alam yutib
Yuragingga kovlayapsan choh.
U o’zini rad etdi,
Simirib tashlaysan otashni.
Imkon qani,
Imkon qani?!
Simirib yuborgung ko’z yoshni..
U ishqni rad etdi,
Ishqqa ortiq deyolmaysan so’z.
Pichoq urar,
Tunda tunar
Quyoshini yo’qotgan kunduz.
U olamni rad etdi,
Yosh to’kmayin yig’iga cho’kding.
Uzr so’rab, uzr so’rab
Uzilding.

U seni rad etdi..

Qo’ying! Vidolarni kuylamang ortiq,
Ortiq suratini chizmang hijronning.
Qaydan ham bilarsiz, eng kuchli sog’inch
Umrin tul qilishin
oshiq insonning…

005

(Tashriflar: umumiy 674, bugungi 1)

1 izoh

  1. Нодиранинг шеърлари ажойиб: шакл ва мазмун, тасвир ва ифода, суврат ва сийрат уйғунлиги бор уларда… Нодирага ижодий ишларида ҳамиша омад ёр бўлсин!

Izoh qoldiring