Odiljon Obidov. Jo’mard shoir haqida o’ylar

098    Атоқли шоир Шавкат Раҳмон таваллуд топган кунга 65 йил тўлди

   Ўш кўп улуғ сиймоларининг бешигини тебратган шаҳар. Бу даргоҳда ўтган асрнинг жўмард шоирларидан бири Шавкат Раҳмон дунёга келди ва камол топди, шеъриятнинг юксак чўққиларига кўтарилди. Беўлчов умр экан, бу дунёни эрта, 46 ёшида тарк этди.

ЖЎМАРД ШОИР ҲАҚИДА ЎЙЛАР
Одилжон ОБИДОВ
Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби
077

044Ўш кўп улуғ сиймоларининг бешигини тебратган шаҳар. Бу даргоҳда ўтган асрнинг жўмард шоирларидан бири Шавкат Раҳмон дунёга келди ва камол топди, шеъриятнинг юксак чўққиларига кўтарилди. Беўлчов умр экан, бу дунёни эрта, 46 ёшида тарк этди.

Шоир ўлмайди деб,бекор айтмайдилар. Ҳар бир ўшликнинг хонадонида китоб токчасида шоирнинг хеч бўлмаса битта китоби турибди ва қайта-қайта ўқилмоқда.

Мен ушбу сатрларда унинг юксак иқтидори, бетакрор ижодий йўли, сўнмас сиймоси ҳақида узоқ сўзлашни ўзимга эп кўрмайман. Сабаби улуғлар мақтовга муҳтож эмаслар, улар шунинг учун ҳам улуғ.

Кейинги ойларда мактабларда, олийгоҳларда, кўпчилик йиғинларда шоир таваллудининг 55 йиллигига бағишланган шеърият кечалари, адабий йиғинлар бўлиб ўтди ва ўтмоқда. Қуръони Каримни ўрганиш илмий маркази, Ўш маорифни ривожлантириш жамияти ташаббуси билан Мирзо Бобур номли театр биносида катта адабий анжуман бўлиб ўтди. Унга ҳамшаҳарларимиз, Ўзбекистоннинг кўзга кўринган адиблари, оила аъзолари ташриф буюрдилар. Бу йиғинларда шоир ҳақида айтилганда асослироқ, салмоқлироқ фикр айтиш қийин. Нима деб ёзсам ҳам юртдошларимнинг аввал айтган фикрларини такрорлаган бўламан.

Мен бошқа мавзу ҳақида сўз юритмоқчиман. Турли йиғинларда “Мен Шавкат Раҳмонни етаклаб юриб шоир қилганман”, “Унга Федерико Гарсиа Лорка ҳақидаги мавзуни мен таклиф қилганман”, “Мен уни Москвадаги адабиёт институтига олиб кириб қўйганман”, мазмунидаги гап сўзлар, турли эсдаликлар пайдо бўла бошлади. Аслида бу табиий ҳол. Бутун инсоният тарихида улуғлар шуҳратининг ҳеч бўлмаса бир парчасини бўлишиб олишга уринган шахслар бўлиб келган, бундан буён ҳам бўлаверади. Лекин биз шоирни, шаҳримиз фарзандини турли бўрттирмалардан, биринчи галда устозликка даъвогарлардан асрашимиз керак. Менинг қўлга қалам олишимга туртки бўлган нарса мана шу.

Мен кўп йиллар давомида қалам тебратганман, лекин икки сатр шеър ёзган эмасман. Фақат уни ўқиганман. Ҳар кимнинг ўз қисмати бор. Мен бир умр сиёсий публицистика билан шуғулландим, бошқаларнинг ёзганини таҳрир қилдим, ёшларни журналистика деган машаққатли касбга етакладим. Дурадгорнинг, жарроҳнинг, меъморнинг, олимнинг устози бўлиши мумкин. Лекин шоирнинг устози бор, деган фикрга қўшилолмайман. Шоирлик Оллоҳ берган улуғ неъмат. Инсон алоҳида иқтидор соҳиби бўлгандагина шеърият оламига дадил кириб келиши ва ўрин олиши мумкинлигини яхши биламан. Шоир айни пайтда ҳаёт фалсафасини тушунган, беандоза фикрлайдиган шахс бўлмоғи лозим.

Шавкат Раҳмон “Ленин йўли” рўзномаси остонасини хатлаб “Менга бирор иш топиладими?” деб кириб келганда мўйлаби чиқмаган йигит эди. Айни вақтда Шавкатнинг исми газета қаламкашларига таниш эди. Унинг дастлабки шеърлари газетада босилганди. Ўзи эса таҳририят ҳузуридаги “ Илҳом” ижодий уюшмасига қатнаб турган. Ҳа, унинг қўлидан етаклаганлар ҳам бўлган, бу ўринда мен Усмон Темурнинг номини тилга олиш лозим деб ҳисоблайман.

У “Ленин йўли” (ҳозирги “Ўш садоси”) таҳририятида икки йилгина ишлади. Аввал корректорлик қилди. Кейин маданият бўлимида адабий ходим бўлди. Қандайдир шиддат билан адабий мухитга кириб борди. 70 йилнинг майида Москвадаги М.Горкий номли адабиёт институтига республикамиз учун 3 ўрин берилди. (Институтга эркин қабул йўқ эди. Фақат ёзувчилар уюшмаси билан суҳбат асосида талабалар қабул қилинарди). Узоқ тортишувлар,талаш-талашлардан кейин биринчи бор Қирғизистон жанубидан ўшлик ёш журналистлар Михаил Синельников, Шавкат Раҳмон ва анча танилиб қолган ёзувчи Таш Мияшевлар номзоди таклиф қилинади…

Мен Шавкат Раҳмон билан 1971 йилнинг баҳорида Москвада адабиёт институтининг ётоқхонасида учрашиб қолдим. Тошкентлик Гулчеҳра Нуриллаева қозон осди. Тош ака ўт ёқди. Бир зумда паловхонтўра тайёр бўлди. Хона талабаларга тўлди. Уларнинг ҳаммаси кавказлик ёшлар эди. Адабиёт институтини кавказликлар эгаллаб олган, деб бекорга айтишмас экан. Дастурхон бир четда қолди. Ҳамма Фазу Алиеванинг янги ёзилган шеърининг муҳокамасига ўтиб кетди. Меҳмонлар ярим тунда тарқалдилар. Мен Шавкатнинг хонасида тунаб қолдим. Тонггача суҳбатлашиб ўтирдик. У аввалги Шавкат эмас эди. Унда кавказликларга хос шижоат, оврўпаликларга жоиз босиқлик бир бирига мужассамлашиб кетгандек сезилди менга. У ўзи ёзган шеърларини эмас, немис ёзувчиси Гётенинг “ Шарқ девонидаги” “ Зулайхо” шеърини шундай бир мароқ билан ўқиб бердики, бугун ҳам у гўёки қулоғим остида жаранглаётгандек. Ана шунда Шавкатнинг ижоди ғарб шеърияти билан боғланиб қолганини фаҳмладим. Федерико Гарсиа Лорка ижодига ҳавас балки ана шу даврда бошлангандир.

Эрта туриб, Тула шаҳри яқинидаги Ясная Поляна қўриқ музейига Лев Толстой “ҳузурига” жўнадик. Ўшдан кетаётганда албатта бу зиёратгоҳга боришни ният қилиб қўйган эдим. Зиёратни Лев Николаевичнинг уй музейидан бошладик. Улуғ ёзувчининг набираси ўша жойда экан. У бизга бу бетакрор шахснинг ҳаёти ҳақида ҳеч қаерда ўқиш мумкин бўлмаган ажойиб лавҳаларни сўзлаб берди.

Лев Николаевич ўз ижоди гуркираган даврда иккинчи қаватдаги катта залда яшаганлиги, бу ерда тез-тез Репин, Шаляпин каби машҳур шахсларни қабул қилганлиги, узоқ-узоқ суҳбат қурганлиги, буюк асарларини дераза тагида ўтириб ёзганлиги, ёши ўтган сари унинг дунёқараши, ҳаёт фалсафаси ўзгариб борганлиги, кейин биринчи қаватдаги чоғроқ хонага кўчиб олганлиги, ундан сўнг шахсий шифокорининг хонасида, умрининг охирида эса отбоқари билан яшаганлиги ва шу ердан кичкина халтача билан таёғини олиб қиш аёзида кўчага чиқиб кетганлиги, темир йўл вокзалида вафот этганлигини эринмай сўзлаб берди. Бу ҳикоя Шавкат Раҳмон ва менга шундай таъсир қилдики, Л. Толстойнинг ҳаёти ва ижодини яхши билмаганимиздан минг афсусландик…

Москвада қарийб бир ярим ой туриб қолдим. Менга ва эстониялик файласуф олим Ребанэга “Чор Россиясининг чекка ўлкаларида совет даврида миллатчилик ва шовинизмнинг сақланиб қолиши сабаблари” мавзуида илмий иш ёзиш топширилган эди. Бу даврда Шавкат Раҳмон билан дам олиш кунлари Останкинода, Юсуповларнинг саройида, Суздалда бўлдик. Шаҳар қидирдик.

Иккинчи бор Шавкатнинг ётоқхонасига отам Обиджон билан бирга бордик. Отам Курск жанги иштирокчиси сифатида улуғ жангнинг 30 йиллиги муносабати билан Прохоровкага ветеранлар учрашувига таклиф қилинган эди. Шавкат бир ҳафта давомида дадамга Москвани эринмай кўрсатди. Мен эса ўз илмий ишим билан шуғулландим. Шавкат Раҳмон Испания адабиёти ва маданияти, Испаниядаги араб вилояти Андалузия тарихини ўрганишга бутун вужуди билан киришиб кетган эди.

Учинчи бор Шавкат исмли ёш дўстим билан 1973 йилнинг кеч кузида учрашдик. Мен газеталар муҳаррирларининг бир ойлик курсига борган эдим. Курс ниҳоясига етгандан сўнг бизни Дубосекова яқинидаги офицерлар олий курсида ҳарбий ўқишга олиб қолишди. Ўшдан кетганимизга қирқ кундан ўтиб кетди. Бу даврда Шавкатнинг сиёҳи қуримаган янги шеърларини ўқиш, у билан янада яқинроқ муносабатда бўлишга тўғри келди. У оиласини Москвага кўчириб олиб борган эди. Катта шаҳарда оила тебратиш муаммолари ҳақида кўп марта отамлашдик.

Шу сафаримиз даврида олий партия мактаби профессори академик Омбросовдан бизнинг кандидатлик ишимиз тўхтатилганлиги, СССР да ҳеч қандай миллатчилик йўқлиги тўғрисидаги хабарни эшитдим.

Москвада охирги учрашув 1975 йилнинг ёзида бўлди. Ҳар галгидек редакторларнинг бир ойлик курсига борганмиз. Шавкат Раҳмон Адабиёт институтини тамомлаб, Ўзбекистонга жўнаб кетиш тараддудида эди. Кунларнинг бирида тор доирадаги ўтириш уюштирдик. Унда Шавкат Раҳмон, Расул Ҳамзатов, Александир Чайковский, Михаил Синельников, Асилхон Борибоев ва мен иштирок этдик. Расул Ҳамзатовнинг ўз талабаси ҳақида айтган умидли сўзлари, уни ёмон кўздан асрашимиз, адабий доирада ҳам ғанимлар оз эмаслиги, уларнинг фитналаридан сақлашимиз зарурлиги тўғрисида айтган гаплари ҳамон қулоғимда.

Эртаси куни якшанба эди. Москвада қиладиган ишимиз йўқ. Тонгда Калугага Циалковский музейига боришга қарор қилдик. Комсомол майдонидаги вокзал олдида учрашмоқчи бўлдик. Учрашдик ҳам. Лекин Калугага эмас, Ясная Полянага жўнадик. Тор сўқмоқдан ўрмон оралаб кетмоқдамиз. Ҳамроҳимиз унча чуқур бўлмаган жарлик ёқасида тўхтади. Қаршимизда бепоён дала. Ёнгинамизда учта баҳайбат дуб дарахти турибди. Дарахтлар орасида пастгина суппача атрофи эгилган ёйсимон дарахт новдаси билан ўралган. “Лев Николаевичнинг қабри” деб қўйди секингина ҳамроҳимиз. Гўёки қаттиқроқ гапирса, буюк ёзувчи уйғониб кетадигандек. Бироз сукутдан кейин “Нақадар буюклик” деб Шавкат Раҳмон сўз бошлади. “Улуғ Толстойга на қабр тоши, на ҳайкал керак!” Шу йилнинг 9 сентябрида Бобур номли театрдаги анжуманда шоир Нурали Қобул Ўшда Шавкат Раҳмонга ҳайкал ўрнатиш керак, деб таклиф киритганда, Шавкатнинг ўша сўзлари хаёлимга келди.

Шавкат Раҳмон Тошкентга ишга кетди. Уч йилча кўришмадик. 1978 йилнинг қишида қучоқ очиб “Ленин йўли” рўзномаси муҳаррири хонасига кириб келди. Кўришдик, бироз хасратлашдик. Шоир ўзининг жуда самимий дастхати ёзилган биринчи “Рангин лаҳзалар” номли шеърлар тўпламини тақдим этди. Ундан сўнг “Гуллаётган тош”, “Хулво” ҳам қўлимга тегди. 1990 йилнинг январида испанчадан Шавкат Раҳмон ўзи таржима қилган “Энг қайғули шодлик” деб номланган шеърий китобни “Менинг янги йил табригим” деб самимият билан менга узатди. Унда “Қадрли Одилжон акага эсдалик учун Ш.Раҳмон. 2.1.90 й.Ўш” деган дастхат битилган эди.

…1990 йилнинг 6 июни, шаҳарда комендантлик соат жорий этилган. Кутилмаганда Шавкат Раҳмон журналист Ёқубжон Хўжамбердиев билан “Ленин йўли” биносига кириб келди. У қандайдир саросимага тушгандай бўлди, ўзини ўнглаб олди-да, бизга тикилди. Бу қарашда “Ўшлик журналистлар нега жим ўтирибсизлар?!” дегандек маъно бор эди.

Эртасига Ёқубжон билан бирга Ўзганга жўнаб кетди. Унинг миллатимиз учун оғир кунларда ёзган ва Ўзбекистон матбуотида чоп этилган мақолалари ўқувчига маълум.

Шакат Раҳмон фаолиятининг янги қирралари 1991 йилдан, Ўзбекистон мустақилликка эришган кунлардан бошланди. У миллатнинг асл курашчан қудратини, бунёдкорлик салоҳиятини акс эттирувчи шеърлар, публицистик мақолалар яратди. Оммавий йиғинларда нутқ сўзлади. Бирликка даъват этди.

Шу вақтда Тошкентга америкалик ишбилармон Абудрауф Мақсудий келди. Шавкат Раҳмон уни демократиянинг элчиси қатори қабул қилди. Мақсудийга эса Шавкат Раҳмон каби ўз халқининг фидойилари керак эди. Мақсудий ташаббуси, Ислом Каримов қўллови билан Тошкентда Бутунжаҳон ўзбекларининг йиғини тўпланди. Унда Ўшдан Олмосбек Худойбердиев, Мирзоҳид Мирзараҳимов ва мен иштирок этдик. Менга сўз бердилар. Ўшлик ўзбекларнинг ҳаёти, орзу-умидлари, мавжуд қийинчиликлари ҳақида маъруза қилдим. Ўзбекистон ҳукумати анжуман қатнашчиларига зиёфат берди. Анжуманда ўзбекларнинг Бутунжаҳон “Эл” жамияти тузилди. Унга Шавкат Раҳмон раис ўринбосари этиб сайланди. Шоир шу тарзда сиёсатга киришиб кетди. Бироз вақт ўтгандан кейин Ўзбекистонда байналминал дўстлик маркази ташкил топди. Шавкат Раҳмонни унга президент қилиб сайладилар. Тошкент марказидан Анҳор бўйидаги катта бинони бу жамиятга бўшатиб беришди. Унинг зиммасига Ўзбекистондаги барча миллат ва элатларнинг бошини ерга, бир мақсадга бирлаштиришдек муҳим вазифа юкланган эди.

Бу бинода Шавкат Раҳмон билан кўп марта учрашганмиз. У сиёсатга аралишб, шеъриятдан узоқлашиб бораётганлиги, амалдорларнинг тили остидаги тили борлиги, айниқса Абдурауф Мақсудийни тушуниш қийинлашиб бораётганини қандайдир ташвиш билан гапирар, бу ишда суғурилиб чиқиб кетишга имкон тополмаётгани ҳақида сўзлар эди. Шавкат билан навбатдаги суҳбатларнинг биридан кейин мени у олий таълим вазири билан учраштириб қўйди. Вазир Ўзбекистон олийгоҳларида ўшликлар учун юз ўрин ажратиб берди. Бу менга – янги сайланган Ўзбек Миллий Марказининг президентига ғоят муҳим эди.

Кейинроқ у “Эл” жамиятидан ҳам, байналминал дўстлик марказидан ҳам кетди. Ўз ибораси билан айтганда, шеъриятга кетди. Мен ҳам Ўш вилояти Ўзбек миллий марказидан кетдим. Учрашувларимиз сийраклашиб қолди. Лекин Тошкентга бориб қолсам,, уни албатта излаб топар эдим.

Тўқсон олтинчи йилнинг қиши охирлаб қолган. Ҳукумат уйининг орқа томонидаги Анҳор бўйидаги курсида ўтирибмиз. Майда қор севалаб турибди. Ҳамсуҳбатим сўлғин, бетоблиги сезилиб турар эди. Ўш ҳақида, ўшликлар ҳақида,”Ленин йўли”даги дўстлари ҳақида узоқ суҳбатлашдик. Совуқ жонимиздан ўтди. Анҳор яқинида укамнинг уйи борлиги, у ерга кириб бир пиёла иссиқ чой устида суҳбатимизни давом эттиришни таклиф этдим. У рози бўлди. Илиққина уйда суҳбатимиз давом этди. Мен ўшлик дўстларни ҳам таклиф қилайлик деб, бир-икки кишининг номини айтдим. У Шавкат Раҳмонга хос кескинлик билан “Йўқ, уларни кўргани кўзим йўқ!” деб чўрт кесиб қўйди. Мен унга синглиси Мамлакатхон ишхона томонидан берилган янги уйга кўчиб кирганлигини, аввалги маслаҳатимиз бўйича Шавкат Раҳмонга Ўшдан, Увам канали бўйидан ҳовли қуришга чек топиб қўйганимни айтдим. У квартира учун раҳмат, лекин Ўшга кўчишга кеч бўлди, деди-да кетишга тараддудлана бошлади.

Меҳмонни Космонавтлар хиёбонигача, метрогача кузатиб қўйдим. Хайрлашиш олдидан “Мамлакатга кўз бўлиб туринг”, деди-да шарт бурилиб метро станциясига кириб кетди… Бу бизнинг охирги учрашувимиз эди.

Мен адабиётшунос олим эмасман. Шоир шеърларини бир карра эмас, кўп карра қайта-қайта ўқиганман. Ушбу сатрларни бошлаганда ҳам шоир ижодини таҳлил қилишни ният қилганим йўқ. Унинг шоиргина эмас, ажойиб инсон, ўз миллатининг посбонларидан бири эканлигини, унинг фаолияти шоирлик анжозасига сиғмаслиги, кўпқирралилигини такидлаб қўйишни мақсад қилган эдим. Уни уддалай олдимми, йўқми баҳолаш газетхонга ҳавола. Мен бир ижодкорнинг Шавкат Раҳмон вафотидан кейин нашр қилинган сайланмани варақлаб кўринг, илк шеърларидан тортиб, сўнгги мисраларигача унинг қалби, табиати, бутун борлиғи вазиятга қараб товланавермайдиган мустаҳкам эътиқоди, содда ва мағрур, курашчан ва жасур сиймоси мана мен деб турибди… деган фикрига қалбан қўшиламан.

Манба: “Ўш садоси” рўзномаси, 26 октябр, 2005 йил

034

JO’MARD SHOIR HAQIDA O’YLAR
Odiljon OBIDOV
Qirg’izistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat arbobi
077

O’sh ko’p ulug’ siymolarining beshigini tebratgan shahar. Bu dargohda o’tgan asrning jo’mard shoirlaridan biri Shavkat Rahmon dunyoga keldi va kamol topdi, she’riyatning yuksak cho’qqilariga ko’tarildi. Beo’lchov umr ekan, bu dunyoni erta, 46 yoshida tark etdi.

Shoir o’lmaydi deb,bekor aytmaydilar. Har bir o’shlikning xonadonida kitob tokchasida shoirning xech bo’lmasa bitta kitobi turibdi va qayta-qayta o’qilmoqda.

Men ushbu satrlarda uning yuksak iqtidori, betakror ijodiy yo’li, so’nmas siymosi haqida uzoq so’zlashni o’zimga ep ko’rmayman. Sababi ulug’lar maqtovga muhtoj emaslar, ular shuning uchun ham ulug’.

Keyingi oylarda maktablarda, oliygohlarda, ko’pchilik yig’inlarda shoir tavalludining 55 yilligiga bag’ishlangan she’riyat kechalari, adabiy yig’inlar bo’lib o’tdi va o’tmoqda. Qur’oni Karimni o’rganish ilmiy markazi, O’sh maorifni rivojlantirish jamiyati tashabbusi bilan Mirzo Bobur nomli teatr binosida katta adabiy anjuman bo’lib o’tdi. Unga hamshaharlarimiz, O’zbekistonning ko’zga ko’ringan adiblari, oila a’zolari tashrif buyurdilar. Bu yig’inlarda shoir haqida aytilganda asosliroq, salmoqliroq fikr aytish qiyin. Nima deb yozsam ham yurtdoshlarimning avval aytgan fikrlarini takrorlagan bo’laman.

Men boshqa mavzu haqida so’z yuritmoqchiman. Turli yig’inlarda “Men Shavkat Rahmonni yetaklab yurib shoir qilganman”, “Unga Federiko Garsia Lorka haqidagi mavzuni men taklif qilganman”, “Men uni Moskvadagi adabiyot institutiga olib kirib qo’yganman”, mazmunidagi gap so’zlar, turli esdaliklar paydo bo’la boshladi. Aslida bu tabiiy hol. Butun insoniyat tarixida ulug’lar shuhratining hech bo’lmasa bir parchasini bo’lishib olishga uringan shaxslar bo’lib kelgan, bundan buyon ham bo’laveradi. Lekin biz shoirni, shahrimiz farzandini turli bo’rttirmalardan, birinchi galda ustozlikka da’vogarlardan asrashimiz kerak. Mening qo’lga qalam olishimga turtki bo’lgan narsa mana shu.

Men ko’p yillar davomida qalam tebratganman, lekin ikki satr she’r yozgan emasman. Faqat uni o’qiganman. Har kimning o’z qismati bor. Men bir umr siyosiy publitsistika bilan shug’ullandim, boshqalarning yozganini tahrir qildim, yoshlarni jurnalistika degan mashaqqatli kasbga yetakladim. Duradgorning, jarrohning, me’morning, olimning ustozi bo’lishi mumkin. Lekin shoirning ustozi bor, degan fikrga qo’shilolmayman. Shoirlik Olloh bergan ulug’ ne’mat. Inson alohida iqtidor sohibi bo’lgandagina she’riyat olamiga dadil kirib kelishi va o’rin olishi mumkinligini yaxshi bilaman. Shoir ayni paytda hayot falsafasini tushungan, beandoza fikrlaydigan shaxs bo’lmog’i lozim.

Shavkat Rahmon “Lenin yo’li” ro’znomasi ostonasini xatlab “Menga biror ish topiladimi?” deb kirib kelganda mo’ylabi chiqmagan yigit edi. Ayni vaqtda Shavkatning ismi gazeta qalamkashlariga tanish edi. Uning dastlabki she’rlari gazetada bosilgandi. O’zi esa tahririyat huzuridagi “ Ilhom” ijodiy uyushmasiga qatnab turgan. Ha, uning qo’lidan yetaklaganlar ham bo’lgan, bu o’rinda men Usmon Temurning nomini tilga olish lozim deb hisoblayman.

U “Lenin yo’li” (hozirgi “O’sh sadosi”) tahririyatida ikki yilgina ishladi. Avval korrektorlik qildi. Keyin madaniyat bo’limida adabiy xodim bo’ldi. Qandaydir shiddat bilan adabiy muxitga kirib bordi. 70 yilning mayida Moskvadagi M.Gorkiy nomli adabiyot institutiga respublikamiz uchun 3 o’rin berildi. (Institutga erkin qabul yo’q edi. Faqat yozuvchilar uyushmasi bilan suhbat asosida talabalar qabul qilinardi). Uzoq tortishuvlar,talash-talashlardan keyin birinchi bor Qirg’iziston janubidan o’shlik yosh jurnalistlar Mixail Sinel`nikov, Shavkat Rahmon va ancha tanilib qolgan yozuvchi Tash Miyashevlar nomzodi taklif qilinadi…

Men Shavkat Rahmon bilan 1971 yilning bahorida Moskvada adabiyot institutining yotoqxonasida uchrashib qoldim. Toshkentlik Gulchehra Nurillaeva qozon osdi. Tosh aka o’t yoqdi. Bir zumda palovxonto’ra tayyor bo’ldi. Xona talabalarga to’ldi. Ularning hammasi kavkazlik yoshlar edi. Adabiyot institutini kavkazliklar egallab olgan, deb bekorga aytishmas ekan. Dasturxon bir chetda qoldi. Hamma Fazu Alievaning yangi yozilgan she’rining muhokamasiga o’tib ketdi. Mehmonlar yarim tunda tarqaldilar. Men Shavkatning xonasida tunab qoldim. Tonggacha suhbatlashib o’tirdik. U avvalgi Shavkat emas edi. Unda kavkazliklarga xos shijoat, ovro’paliklarga joiz bosiqlik bir biriga mujassamlashib ketgandek sezildi menga. U o’zi yozgan she’rlarini emas, nemis yozuvchisi Gyotening “ Sharq devonidagi” “ Zulayxo” she’rini shunday bir maroq bilan o’qib berdiki, bugun ham u go’yoki qulog’im ostida jaranglayotgandek. Ana shunda Shavkatning ijodi g’arb she’riyati bilan bog’lanib qolganini fahmladim. Federiko Garsia Lorka ijodiga havas balki ana shu davrda boshlangandir.

Erta turib, Tula shahri yaqinidagi Yasnaya Polyana qo’riq muzeyiga Lev Tolstoy “huzuriga” jo’nadik. O’shdan ketayotganda albatta bu ziyoratgohga borishni niyat qilib qo’ygan edim. Ziyoratni Lev Nikolaevichning uy muzeyidan boshladik. Ulug’ yozuvchining nabirasi o’sha joyda ekan. U bizga bu betakror shaxsning hayoti haqida hech qaerda o’qish mumkin bo’lmagan ajoyib lavhalarni so’zlab berdi.

Lev Nikolaevich o’z ijodi gurkiragan davrda ikkinchi qavatdagi katta zalda yashaganligi, bu yerda tez-tez Repin, Shalyapin kabi mashhur shaxslarni qabul qilganligi, uzoq-uzoq suhbat qurganligi, buyuk asarlarini deraza tagida o’tirib yozganligi, yoshi o’tgan sari uning dunyoqarashi, hayot falsafasi o’zgarib borganligi, keyin birinchi qavatdagi chog’roq xonaga ko’chib olganligi, undan so’ng shaxsiy shifokorining xonasida, umrining oxirida esa otboqari bilan yashaganligi va shu yerdan kichkina xaltacha bilan tayog’ini olib qish ayozida ko’chaga chiqib ketganligi, temir yo’l vokzalida vafot etganligini erinmay so’zlab berdi. Bu hikoya Shavkat Rahmon va menga shunday ta’sir qildiki, L. Tolstoyning hayoti va ijodini yaxshi bilmaganimizdan ming afsuslandik…

Moskvada qariyb bir yarim oy turib qoldim. Menga va estoniyalik faylasuf olim Rebanega “Chor Rossiyasining chekka o’lkalarida sovet davrida millatchilik va shovinizmning saqlanib qolishi sabablari” mavzuida ilmiy ish yozish topshirilgan edi. Bu davrda Shavkat Rahmon bilan dam olish kunlari Ostankinoda, Yusupovlarning saroyida, Suzdalda bo’ldik. Shahar qidirdik.

Ikkinchi bor Shavkatning yotoqxonasiga otam Obidjon bilan birga bordik. Otam Kursk jangi ishtirokchisi sifatida ulug’ jangning 30 yilligi munosabati bilan Proxorovkaga veteranlar uchrashuviga taklif qilingan edi. Shavkat bir hafta davomida dadamga Moskvani erinmay ko’rsatdi. Men esa o’z ilmiy ishim bilan shug’ullandim. Shavkat Rahmon Ispaniya adabiyoti va madaniyati, Ispaniyadagi arab viloyati Andaluziya tarixini o’rganishga butun vujudi bilan kirishib ketgan edi.

Uchinchi bor Shavkat ismli yosh do’stim bilan 1973 yilning kech kuzida uchrashdik. Men gazetalar muharrirlarining bir oylik kursiga borgan edim. Kurs nihoyasiga yetgandan so’ng bizni Dubosekova yaqinidagi ofitserlar oliy kursida harbiy o’qishga olib qolishdi. O’shdan ketganimizga qirq kundan o’tib ketdi. Bu davrda Shavkatning siyohi qurimagan yangi she’rlarini o’qish, u bilan yanada yaqinroq munosabatda bo’lishga to’g’ri keldi. U oilasini Moskvaga ko’chirib olib borgan edi. Katta shaharda oila tebratish muammolari haqida ko’p marta otamlashdik.

Shu safarimiz davrida oliy partiya maktabi professori akademik Ombrosovdan bizning kandidatlik ishimiz to’xtatilganligi, SSSR da hech qanday millatchilik yo’qligi to’g’risidagi xabarni eshitdim.

Moskvada oxirgi uchrashuv 1975 yilning yozida bo’ldi. Har galgidek redaktorlarning bir oylik kursiga borganmiz. Shavkat Rahmon Adabiyot institutini tamomlab, O’zbekistonga jo’nab ketish taraddudida edi. Kunlarning birida tor doiradagi o’tirish uyushtirdik. Unda Shavkat Rahmon, Rasul Hamzatov, Aleksandir Chaykovskiy, Mixail Sinel`nikov, Asilxon Boriboev va men ishtirok etdik. Rasul Hamzatovning o’z talabasi haqida aytgan umidli so’zlari, uni yomon ko’zdan asrashimiz, adabiy doirada ham g’animlar oz emasligi, ularning fitnalaridan saqlashimiz zarurligi to’g’risida aytgan gaplari hamon qulog’imda.

Ertasi kuni yakshanba edi. Moskvada qiladigan ishimiz yo’q. Tongda Kalugaga Sialkovskiy muzeyiga borishga qaror qildik. Komsomol maydonidagi vokzal oldida uchrashmoqchi bo’ldik. Uchrashdik ham. Lekin Kalugaga emas, Yasnaya Polyanaga jo’nadik. Tor so’qmoqdan o’rmon oralab ketmoqdamiz. Hamrohimiz uncha chuqur bo’lmagan jarlik yoqasida to’xtadi. Qarshimizda bepoyon dala. Yonginamizda uchta bahaybat dub daraxti turibdi. Daraxtlar orasida pastgina suppacha atrofi egilgan yoysimon daraxt novdasi bilan o’ralgan. “Lev Nikolaevichning qabri” deb qo’ydi sekingina hamrohimiz. Go’yoki qattiqroq gapirsa, buyuk yozuvchi uyg’onib ketadigandek. Biroz sukutdan keyin “Naqadar buyuklik” deb Shavkat Rahmon so’z boshladi. “Ulug’ Tolstoyga na qabr toshi, na haykal kerak!” Shu yilning 9 sentyabrida Bobur nomli teatrdagi anjumanda shoir Nurali Qobul O’shda Shavkat Rahmonga haykal o’rnatish kerak, deb taklif kiritganda, Shavkatning o’sha so’zlari xayolimga keldi.

Shavkat Rahmon Toshkentga ishga ketdi. Uch yilcha ko’rishmadik. 1978 yilning qishida quchoq ochib “Lenin yo’li” ro’znomasi muharriri xonasiga kirib keldi. Ko’rishdik, biroz xasratlashdik. Shoir o’zining juda samimiy dastxati yozilgan birinchi “Rangin lahzalar” nomli she’rlar to’plamini taqdim etdi. Undan so’ng “Gullayotgan tosh”, “Xulvo” ham qo’limga tegdi. 1990 yilning yanvarida ispanchadan Shavkat Rahmon o’zi tarjima qilgan “Eng qayg’uli shodlik” deb nomlangan she’riy kitobni “Mening yangi yil tabrigim” deb samimiyat bilan menga uzatdi. Unda “Qadrli Odiljon akaga esdalik uchun SH.Rahmon. 2.1.90 y.O’sh” degan dastxat bitilgan edi.

…1990 yilning 6 iyuni, shaharda komendantlik soat joriy etilgan. Kutilmaganda Shavkat Rahmon jurnalist Yoqubjon Xo’jamberdiev bilan “Lenin yo’li” binosiga kirib keldi. U qandaydir sarosimaga tushganday bo’ldi, o’zini o’nglab oldi-da, bizga tikildi. Bu qarashda “O’shlik jurnalistlar nega jim o’tiribsizlar?!” degandek ma’no bor edi.

Ertasiga Yoqubjon bilan birga O’zganga jo’nab ketdi. Uning millatimiz uchun og’ir kunlarda yozgan va O’zbekiston matbuotida chop etilgan maqolalari o’quvchiga ma’lum.

Shakat Rahmon faoliyatining yangi qirralari 1991 yildan, O’zbekiston mustaqillikka erishgan kunlardan boshlandi. U millatning asl kurashchan qudratini, bunyodkorlik salohiyatini aks
ettiruvchi she’rlar, publitsistik maqolalar yaratdi. Ommaviy yig’inlarda nutq so’zladi. Birlikka da’vat etdi.

Shu vaqtda Toshkentga amerikalik ishbilarmon Abudrauf Maqsudiy keldi. Shavkat Rahmon uni demokratiyaning elchisi qatori qabul qildi. Maqsudiyga esa Shavkat Rahmon kabi o’z xalqining fidoyilari kerak edi. Maqsudiy tashabbusi, Islom Karimov qo’llovi bilan Toshkentda Butunjahon o’zbeklarining yig’ini to’plandi. Unda O’shdan Olmosbek Xudoyberdiev, Mirzohid Mirzarahimov va men ishtirok etdik. Menga so’z berdilar. O’shlik o’zbeklarning hayoti, orzu-umidlari, mavjud qiyinchiliklari haqida ma’ruza qildim. O’zbekiston hukumati anjuman qatnashchilariga ziyofat berdi. Anjumanda o’zbeklarning Butunjahon “El” jamiyati tuzildi. Unga Shavkat Rahmon rais o’rinbosari etib saylandi. Shoir shu tarzda siyosatga kirishib ketdi. Biroz vaqt o’tgandan keyin O’zbekistonda baynalminal do’stlik markazi tashkil topdi. Shavkat Rahmonni unga prezident qilib sayladilar. Toshkent markazidan Anhor bo’yidagi katta binoni bu jamiyatga bo’shatib berishdi. Uning zimmasiga O’zbekistondagi barcha millat va elatlarning boshini yerga, bir maqsadga birlashtirishdek muhim vazifa yuklangan edi.

Bu binoda Shavkat Rahmon bilan ko’p marta uchrashganmiz. U siyosatga aralishb, she’riyatdan uzoqlashib borayotganligi, amaldorlarning tili ostidagi tili borligi, ayniqsa Abdurauf Maqsudiyni tushunish qiyinlashib borayotganini qandaydir tashvish bilan gapirar, bu ishda sug’urilib chiqib ketishga imkon topolmayotgani haqida so’zlar edi. Shavkat bilan navbatdagi suhbatlarning biridan keyin meni u oliy ta’lim vaziri bilan uchrashtirib qo’ydi. Vazir O’zbekiston oliygohlarida o’shliklar uchun yuz o’rin ajratib berdi. Bu menga – yangi saylangan O’zbek Milliy Markazining prezidentiga g’oyat muhim edi.

Keyinroq u “El” jamiyatidan ham, baynalminal do’stlik markazidan ham ketdi. O’z iborasi bilan aytganda, she’riyatga ketdi. Men ham O’sh viloyati O’zbek milliy markazidan ketdim. Uchrashuvlarimiz siyraklashib qoldi. Lekin Toshkentga borib qolsam,, uni albatta izlab topar edim.

To’qson oltinchi yilning qishi oxirlab qolgan. Hukumat uyining orqa tomonidagi Anhor bo’yidagi kursida o’tiribmiz. Mayda qor sevalab turibdi. Hamsuhbatim so’lg’in, betobligi sezilib turar edi. O’sh haqida, o’shliklar haqida,”Lenin yo’li”dagi do’stlari haqida uzoq suhbatlashdik. Sovuq jonimizdan o’tdi. Anhor yaqinida ukamning uyi borligi, u yerga kirib bir piyola issiq choy ustida suhbatimizni davom ettirishni taklif etdim. U rozi bo’ldi. Iliqqina uyda suhbatimiz davom etdi. Men o’shlik do’stlarni ham taklif qilaylik deb, bir-ikki kishining nomini aytdim. U Shavkat Rahmonga xos keskinlik bilan “Yo’q, ularni ko’rgani ko’zim yo’q!” deb cho’rt kesib qo’ydi. Men unga singlisi Mamlakatxon ishxona tomonidan berilgan yangi uyga ko’chib kirganligini, avvalgi maslahatimiz bo’yicha Shavkat Rahmonga O’shdan, Uvam kanali bo’yidan hovli qurishga chek topib qo’yganimni aytdim. U kvartira uchun rahmat, lekin O’shga ko’chishga kech bo’ldi, dedi-da ketishga taraddudlana boshladi.

Mehmonni Kosmonavtlar xiyobonigacha, metrogacha kuzatib qo’ydim. Xayrlashish oldidan “Mamlakatga ko’z bo’lib turing”, dedi-da shart burilib metro stantsiyasiga kirib ketdi… Bu bizning oxirgi uchrashuvimiz edi.

Men adabiyotshunos olim emasman. Shoir she’rlarini bir karra emas, ko’p karra qayta-qayta o’qiganman. Ushbu satrlarni boshlaganda ham shoir ijodini tahlil qilishni niyat qilganim yo’q. Uning shoirgina emas, ajoyib inson, o’z millatining posbonlaridan biri ekanligini, uning faoliyati shoirlik anjozasiga sig’masligi, ko’pqirraliligini takidlab qo’yishni maqsad qilgan edim. Uni uddalay oldimmi, yo’qmi baholash gazetxonga havola. Men bir ijodkorning Shavkat Rahmon vafotidan keyin nashr qilingan saylanmani varaqlab ko’ring, ilk she’rlaridan tortib, so’nggi misralarigacha uning qalbi, tabiati, butun borlig’i vaziyatga qarab tovlanavermaydigan mustahkam e’tiqodi, sodda va mag’rur, kurashchan va jasur siymosi mana men deb turibdi… degan fikriga qalban qo’shilaman.

Manba: “O’sh sadosi” ro’znomasi, 26 oktyabr, 2005 yil

034

(Tashriflar: umumiy 321, bugungi 1)

Izoh qoldiring