Chingiz Aytmatov. Baydamtol sohillarida

087

Пишқириб, қутуриб оқаётган дарё ўзини қўйишга жой тополмай, дара бўйлаб шовқин соларди. Қош қорайиб қолган бўлса-да, аҳён-аҳёнда ўркач-ўркач ваҳимали қора тўлқинларнииг жон-жаҳди билан қирғоқ томон ташланишини кўриш мумкин эди. Шиддаткор тўлқинлар куч билан тошларга урилар ва парча-парча бўлиб, яна шовуллаганича қайтиб кетарди.

07
Чингиз Айтматов
БАЙДАМТОЛ СОҲИЛЛАРИДА
Асил Рашидов таржимаси
09

04 Чингиз Айтматов (1928-2008) — таниқли қирғиз ёзувчиси, давлат, жамоат арбоби, дипломат. Қирғизистон халқ ёзувчиси (1968). Қирғизистон Фанлар Академияси академиги (1974). Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган (1953). 1956-58 йиллари Москвадаги ёзувчилар уюшмаси Олий адабиёт курси тингловчиси. Асарларини қирғиз ва рус тилида ёзган.
Илк ҳикоялари 1950 йилларда босилган. «Байдамтол соҳилларида» (1955), «Юзма-юз» (1957) асарлари ўткир сюжет, кучли ички руҳий зиддиятларга бой. «Жамила» (1958), «Сарвқомат дилбарим» (1961), «Бўтакўз», «Биринчи муаллим» (1962), «Момо ер», «Сомон йўли» (1963), «Алвидо, эй Гулсари» (1966), «Тоғ ва чўл қиссалари», «Оқ кема» (1970), «Денгиз ёқалаб чопаётган олапар» (1977) каби қиссаларида инсон қисмати ва муҳаббат мавзуи катта эҳтирос билан тараннум этилган.
«Асрга татигулик кун» (1980), «Қиёмат» (1986), «Кассандра тамғаси» (1990) романларида, «Чўққида қолган овчининг оҳи зори» (М. Шохонов билан ҳамкорликда) ёзилган роман-эсседа замонамизнинг умуминсоний томонлари, она Сайёрамизнинг тақдири, кучли фалсафий, ахлоқий, маънавий ва ижтимоий муаммолар кўтарилган.
Айтматовнинг асарлари жаҳоннинг 154 тилига таржима қилиниб, 20 млн.дан ортиқ нусхада чоп этилган (1999). «Сарвқомат дилбарим» («Довон»), «Бўтакўз» («Жазирама»), «Биринчи муаллим», «Жамила», «Алвидо, эй Гулсари» ва бошқа экранлаштирилган, ўзбек ва чет эл театрларида саҳналаштирилган. «Момо ер» асарига И. Акбаров мусиқа ёзган. Айтматовнинг қарийб ҳамма асарлари ўзбек тилида нашр этилган.
Айтматов ўзбек адабиёти, умуман, ўзбек маданияти тарихини юксак баҳолаб, «Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг Қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин», деб ҳисоблайди. Айтматов Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» (1995), «Буюк хизматлари учун» (1998) орденлари билан мукофотланган. Қирғизистон Республикасида Халқаро Чингиз Айтматов номидаги «Олтин медал» мукофоти таъсис этилган (1999).

085

I

Кутилмаганда ёмғир қуйиб берди. Бир зумда пайдо бўлган лойқа сел чуқур жарликларнн ювиб, кекса арчаларни таг-томири билан қўпориб, йўлидаги тошларни суриб-супуриб, даралар оша шарқираб оқарди. Даҳшатли бу оқим ана шундай шиддат билан бориб, Байдамтолга қўшиларди.
Пишқириб, қутуриб оқаётган дарё ўзини қўйишга жой тополмай, дара бўйлаб шовқин соларди. Қош қорайиб қолган бўлса-да, аҳён-аҳёнда ўркач-ўркач ваҳимали қора тўлқинларнииг жон-жаҳди билан қирғоқ томон ташланишини кўриш мумкин эди. Шиддаткор тўлқинлар куч билан тошларга урилар ва парча-парча бўлиб, яна шовуллаганича қайтиб кетарди.
Яна сал ўтмай сув билан қоя тўқнашиб, дарани гулдурос овозлар қоплаб оларди. Тўлқинлар сиғишмаётгандай бир-бирининг устига мингашарди. Гоҳо-гоҳо айғир каби олишиб, осмонга сапчишарди. Дарё тепасидаги пўлат симга осиб қўйган люлькани ҳозир узиб кетаётгандай туюларди. Тўлқинланиб оқаётган дарё тепасидаги улкан қора қоялар қовоқларини солиб ҳеч нарса билан иши бўлмагандай эътиборсиз туришарди. Унчалик катта бўлмаган ҳовлида ит ғингширди. Қоронғи дераза остига ўтириб олган кучук, елкасини ялаб кетаётган аччиқ совуқ изтиробидан бўлса керак, тобора қаттиқроқ увилларди. Шамол унинг овозини баланд даралар оша узоқ-узоқларга олиб кетарди.
Ася ухлай олмади. Айниқса, чақмоқ чақиб, гўё биров дераза остига келиб гугурт чаққандек, бир зумда ҳамма ёқ ёришиб кетар, ёмғир сели оқиб тушаётган ойна ортидан увадага ўхшаган сур булутлар мўралаганда кўзига алвасти кўрингандай, унинг юраги орқасига тортиб кетарди. Улар, ҳатто Асянинг кўзига ойнани чертаётгандек бўлиб туюларди. Ася қўрққанидан қўлидаги очиқ китобни кўксига босди. Ваҳима ичида кўзини юмди-да, нафас чиқармай ташқарига секин қулоқ солди. Деворнинг шундай орқагинасида гидротехник Бектемирнинг оиласи яшарди. У ёқдан онда-сонда гангир-гунгур гапиришган ва йўталган овоз эшитилиб турарди. Бу Бектемирнинг отаси кекса Асилбойнинг шарпаси эди. У обдон азоб чекар, афтидан бугун чолнинг суяклари яна қақшаб оғриб азоб бераётганга ўхшайди. У кучукни бир неча бор бақириб-чақириб сўкиб олди:
– Кет, йўқол, Бойкурен, йўқол бу ердан! Овозингни ўчир, касофат, ўлгинг келяптими? Ўчир овозингни!
Сўнг Асилбой Ася ётган хона эшигига яқинлаб келди-да, йўталганича жаҳл билан гапира бошлади:
– Ҳали ҳам ётмадингми, Ася? Чироғинг ҳамон ёниб турибди, дам олсанг бўлмайдими, қизим? Китобни ўқишга кейин ҳам вақт топилар. Ё қўрқяпсанми?
– Йўғ-е, отажон! Сиз ташвишланманг, ётиб ўхлайверинг, иссиқроқ ўраниб олинг, – деди Ася.
– Қани энди уйқу келса?! Ёмғир ҳам жонга тегди, ер ютгур кучукнинг овозини айтмайсанми, дард устига чипқон бўлди…
Орқадан хуноб бўлиб гапираётган келинининг овози эшитилди:
– Вой худо-ей, жимгина ёта қолмади бу чол, ахир болани уйғотиб юборасиз-ку?! Ит билан нима ишингиз бор, акиллаб-акиллаб ўзи жимиб қолади!..
Аммо қулоғи оғирлашиб қолган Асилбой бу гаплардан кейин ҳам тинчимади. У тўшакларини қайтадан тузатаётиб яна қаттиқроқ ғўлдираб гапирди:
– Эй худо, ўзинг паноҳингда асра! Наҳотки фалокат юз берса! Байдамтолнинг қутуриб оқаётганини қаранг! Люлькани симдан узиб кетгудай бўлсами, қидириб топиб бўбсан. Худо, мунча қаҳринг келмаса, вой белим, белгинам синиб кетяпти!
Эрталаб қуёш тоғлар орасидан тиғ уриши биланоқ, Бектемир отни эгарлаб, дара томон йўл олди. У тоғдаги йиртқичлар юрадиган сўқмоққа қўйиб келинган қопқонни тунги сув оқими олиб кетмадимикан, деб у ерга эртароқ етиб боришга шошиларди.
Ёмғир ҳам тиниб қолди, аммо сувга ботган кигиздек оғир булутлар ер устида муаллақ осилиб турарди. Бир кечадаёқ чўққиларни ва тизма тоғларни қоплаб олган оппоқ қор кўкиш тортиб эриб ётган эди. Қор уюмлари оралаб дарадан эсаётган аччиқ изғирин киши баданини жунжиктирарди. Ер бағирлаб ётган ўт-ўланлар ва буталар сувга ботган бошларини силкитиб-қоқиб, қаддиларини ростлаётган эдилар.
Сўқмоқ йўл сирпанчиқ бўлгани учун Бектемир отини секин йўрттириб борарди. У от жиловини бўш қўйиб юбориб, ўз ишлари ҳақида хаёл суриб кетди. Кутилмаганда от таққа тўхтаб қолди, «чу-чу»лаб ҳайдаса ҳам ўрнидан қўзғалмади. «Бу нимаси бўлди, бирон нарсани сезяптими?» – ўйлади Бектемир ва чор атрофга назар ташлади… Сўқмоқдан бир неча қадам нарида бир одам ётар эди. Бектемир бу тасодифдан лол бўлиб, турган жойида қотиб қолди. У одам жарлик остида, сувнинг ковлаб кетган ерида ер қучоқлаб ётарди. Бошида ва курткасининг йиртиғидан кўриниб турган қўлида қотиб қолган қон излари бор эди.
«Тирикми ё ўликми?» – Бектемир отдан тушмай эҳтиётлик билан яқинроқ келиб: «Бу ким бўлди экан?» – дея қаради:
Байдамтолда ҳеч ким яшамайди, бу яқин ўртада қишлоқ ҳам йўқ. Тўғри, баъзан овчилар келиб туришади, уларнинг ҳаммаси таниш кишилар бўлиб, ҳар гал келганларида ов ҳақида Бектемир билан маслаҳатлашиш учун, албатта гидрология пунктига тушишади. Бу одам эса овчига ҳам ўхшамайди. Яна сочини ҳам шаҳарликларникига ўхшатиб олдирган, кийимлари ёққа ботган, билагида соати…
Бектемир унга синчиклаб қаради. Бу кишининг бутун тун бўйи ёмғир остида қолиб кетгани кўриниб турарди. Гавдасининг ярмини жарликдан оқиб тушаётган лойқа сув кўмиб юборган. Кўринишидан ёш йигитга ўхшайди. Кийимининг тиззаси ва тирсагидан йиртилганига қараганда у қаттиқ олишган, юқорига эмаклаб чиқишга интилган. У ҳозир ҳам жарлик тубидан худди эмаклаб чиқаётгандек бўлиб ётибди: ўнг қўли олдинга узатилган, бармоқлари тошни тимдалаб – тирмашганича турибди. Қаердан ва қайси томондан келди экан у? Буни аниқлаш мушкул – ёмғир изларни ювиб кетган.
Шу маҳал ётган одам кутилмаганда қўзғалиб, секингина ингради.
«Хайрият тирик экан ҳали!» – севиниб кетди Бектемир ва отдан сакраб тушиб, унинг қўлини ушлади.
– Ҳой ўртоқ, менга қара!
Аммо у жавоб бермасди. Бектемир машаққат билан уни чалқанча ётқизди, ёқаларини ечиб, кўкрагига қўлини қўйди. Юраги ҳали уриб турарди. Бектемир унинг киссаларини ковлаб кўрди, комсомол билетидан бошқа ҳеч нарса топмади. Билетнинг сувга ботган варақлари бир-бирига ёпишиб, сиёҳлари ёйилиб кетган эди. Бектемир қуйидаги уч сўзни ўқий олди, холос: «…Алиев Нурбек… 1930…»
– Қизиқ!– бошини чайқади Бектемир. Сўнг Нурбекни эгарга беозор ўнгариб олиш учун отни қулайроқ жойга етаклаб келди.

II

«Пенициллин «тугаяпти, нима қилиш керак?» – Нурбекнинг бу ерда эшитган биринчи сўзи шу бўлди. Бу сўзлар худди узоқда гапирилгандек қулоғига аранг чалинди. Аммо бу сўзларни ким сўзлади, у кимга тегишли, буни Нурбек англамасди. У ҳар қанча уринса ҳам кўзини очолмади, мажоли қуриб, ўзини аллақандай зулмат ичига қулаб тушгандек ҳис этди.
Кейинроқ Нурбек кимдир оғзига сув қуяётганини сезди. Оғзидан оқиб тушаётган муздек сув унинг қўйнига тушганда у секин кўзини очди. Бу сафар у, кимдир биров бошида энгашиб туриб:
– Қаранг, Асилбой ота, кўзини очди! – деганини аниқ эшитаётган эди.
Нурбек гапираётган киши ё қиз бола ёки ёш жувон эканини овозидан билди. Бироқ шунда ҳам унинг юзини кўрмасди: кўз олдини тумандек қоронғилик қоплаб олган, ҳеч нарса кўринмасди. «Бу эҳтимол тушим бўлса керак»,– ўйлади Нурбек. Шу пайт иккинчи бир киши гапга аралашди, у ҳар ҳолда кексароқ кўринарди.
– Ҳа, қизим, у яна ҳаётга қайтди!– деди-да, енгил тортиб нафас олди.– Сен савоб иш қилдинг, Ася! Мана буни худонинг қудрати-ю, дорининг кўмаги дейдилар!
Улар яна нималар ҳақидадир пичирлашиб гапиришдилар-да, сўнг чиқиб кетишди. Чол эшикни эҳтиётлик билан ёпаркан:
– Дамини олсин, бечора!–деди.
Аста-секин беморнинг кўз олди равшанлаша бошлади. Нурбек унчалик катта бўлмаган, янги оқланган озода хонага ҳайрон бўлиб кўз югуртириб чиқди. У қандай қилиб бу ерга келиб қолганини билмасди, лекин хонада бирон маданиятли киши яшашини дарров сезди. Жавонларда тартиб билан териб қўйилган китоблар, стол устида эса алланималар ёзилган қоғоз тахлоғлиқ турарди. Бурчакдаги шкафда Нурбекка нотаниш бўлган қандайдир приборлар қўйилган. Деворда альпинистларнинг кўзойнаги осиғлиқ турибди. Аста эгилиб дераза томон қараган эди, кўзи тумбочка устидаги ойна ва кўпчилик бўлиб олдирилган суратга тушди. Суратнинг тепасига «География факультети» деган сўзлар ёзилган. Деразадан тоғ чўққилари, мовий осмоннинг бир парчаси кўзга ташланиб турарди. Қаердадир ёнгинасида, гўё уйнинг ёнбошида дарё тўхтовсиз шовуллаб турарди.
– Ҳеч нарсани эслолмайман!– пичирлади Нурбек ва ойнага тикилганича қараб қолди. Ранглари синиқиб, юзлари ичига чўкиб кетган, кўпдан бери соқол-мўйловига устара тегмаган, боши бинт билан ўраб боғлангаг киши каравотда ётган бўйича ойнадан унга тикилиб қараб турарди.
– А-а! – бақирди Нурбек. Унинг юзлари оғриқ ва даҳшатдан ўзгариб кетган эди. Гўё у қандайдир жирканч ва ваҳший бир қиёфани кўргандек бўлди. Нурбек қўли билан юзларини беркитиб, инграганича тескари ўгирилиб ётди. Эшик очилганда эса қўрқувдан чўчиб кетиб, қўлларини юзидан олди. Хонага узун сочларини орқасига тугиб олган, эгнида чанғичилар костюми ва оёғига қалин чармли тоғ ботинкаси кийиб олган бир қиз кириб келди.
– Қалай, дурустмисиз? – оддий бир оҳангда бемордан ҳол-аҳвол сўради ва қўлидаги чойнакни столга қўйди. Нурбек қип-қизариб кетди. Ёнингда қиз бола турса-ю, йигит бўла туриб каравотда ялпайиб ётсанг, қизиқ туюлар экан. У туришга ҳаракат қилиб кўрди.
– Сиз нима қиляпсиз?! Ётинг, туриш мумкин эмас сизга!
Нурбек қизга жавоб бермоқчи эди, лекин улгура олмади, қовурғаси тагида қаттиқ санчиқ туриб, кутилмаганда нафаси бўғилиб, йўтал тутиб қолди. Нурбек икки букилиб кўкрагини чангаллаганча хириллаб ётган эди. Қиз қўрқиб кетганидан нима қилишини билмай, хонада гир айланарди. Охири, келиб Нурбекнинг бошини тутди. Йўтал тўхтагач, енгил нафас олиб, беморнинг манглайини сочиқ билан арта бошлади.
– Ўпкангиз қаттиқ шамоллаган. Сиз ўзингизни эҳтиёт қилишингиз керак. Кечадан бери ҳушсиз ётибсиз. Ҳароратингиз ҳам баланд. Бугун ҳам ўттиз тўққиз.
Ётинг… Бу ерда ўзингизни ўйингиздагидек ҳис этаверинг… Мен бўлсам, радиобудкада бир неча дақиқа айланиб қолибман…
Нурбек йўталдан сўнг ҳам ўзига келмади, қизга нимани айтишни, нима деб жавоб қайтаришни билмай, хижолат тортиб довдираганча қараб турарди, холос. Эркакларга ўхшаш кийиниб олган бу қиз негадир минут сайин унга яқинроқ ва танишроқ бўлиб туюлар, гўё Нурбек уни кўпдан бери кўриб юргандек эди. У қорачадан келган, оддий қирғиз қизи эди. Унинг юмалоқ юзи, чиройли кенг пешонаси тоғ шамоли ва қуёшдан пишган эди. Таранглашган қалин лаблари ҳозир кулиб юбораётгандай, ҳамиша майин табассум билан балқиб турарди. Буларнинг ҳаммаси кишида болаларча соддалик ва эзгулик туғдирарди. Фақат унинг кўзларидан жиддийлик ва ўйчанликни сезиб олиш мумкин эди. У унчалик катта бўлмаган семиз ва бақувват қўллари билан кўрпани тузатиб, Нурбекнинг оёқларини яхшилаб ўраб Қўйди.
– Каравот қисқароқ, ёстиқни баландроқ қўйиб берайми?
– Йўқ, йўқ, ташвишланманг… Кечирасиз, сингилчам, мен ҳозир қаерда ётибман?
Қиз ажабланиб, қошларини чимирди.
– Бу ер гидрология пункти!
– Гидрология пункти дейсизми?
– Ҳа! Сиз Байдамтол дарёси ҳақида эшитгандирсиз? Сизни Бектемир оға топди. Сиз уни танийсизми?
– Йўқ, эслаёлмайман!..
– У бизнинг гидротехнигимиз.
– Бу ерда одам яшайдими?
– Ҳа, яшайди. Лекин жуда озмиз – Бектемир оғанинг оиласи ва мен, холос.
– Сиз бу ерда ишлайсизми?
– Ҳа, гидрологман.
– Менга қилган яхшиликларингиз учун раҳмат, синглим, бироқ… – Нурбек гапиролмай тутилиб қолди. Сўнгра сир бой бермай, сўради: – Сизнинг исмингиз нима?
– Ася. Сизнинг номингиз – Нурбек-а, шундай эмасми? Сиз Байдамтолга бирон-бир муҳим иш билан келган бўлсангиз керак?
Нурбек Асянинг сўзларига жавоб бермади. Тескари қараб бошини кўрпага ўраб олди, лекин шу заҳотиёқ қўрпани ирғитиб ташлаб, қизга ҳўмрайиб қараган ҳолда:
– Мен жиноятчиман! – деди. Ася қўлидаги чойнакни секин ерга қўйди.
– Сиз жиноятчи?! Қандай жиноятчи, қанақасига? Демак, сиз қочиб келиб, тоғда беркиниб ётибсизми?!
– Ҳа, синглим! Сиз одамни қутқардик деб ўйларсиз… Бу тўғри, менинг ўрнимда бошқа ҳар қандай киши бўлганда ҳам умрининг охиригача ўзини сиздан қарздор деб биларди… Аммо, мен дом-дараксиз йўқолиб кетганимда, агар тошқин дарё менинг суякларимни узоқ-узоқларга оқизиб кетганида, мен ўзимнинг мана шу аччиқ тақдиримдан жуда хурсанд бўлардим.
Асяни қўрқув босган эди, лекин у ўзини дарров қўлга олиб, беморни тезроқ тинчитишга ҳаракат қилди.
– Қўйинг, тинчланинг? Сиз ҳаяжонланмаслигингиз керак. Ўрнингиздан қўзғалманг!
– Кетманг, синглим! Сиздан ўтиниб сўрайман, гапларимга қулоқ солинг! – Афтидан у Асяни ўзининг гапларини эшитмай кетиб қолишидан қўрқарди. – Тўхтанг, Ася, мен сизга ҳаммасини айтиб бераман яширмасдан…

III

Илк баҳор кунларидан бирида Нурбек завод дарвозасидан ташқарига чиқди, бўйнидаги жундан тўқилган шарфини олиб чўнтагига солди-да, кенг елкаларини ростлаб, кўкрагини тўлдириб-тўлдириб чуқур нафас ола бошлади. У кўриш мумкин бўлган ҳамма нарсага: кўчаларни, завод корпусларини, ҳаво ва паркларни – жамики нарсага қувонч билан назар ташларди.
Нурбек бўйчан, келишган йигит эди, ҳозир ҳам бошини юқори кўтариб, лабларини қисиб атрофга мағрур боқиб туриши ўткинчиларнинг кўзига, айниқса, яққол ташланиб турарди.
У, айниқса, бугун баҳорнинг яқинлаб келаётганини яхши ҳис қилаётган эди. Ҳаво нам ва ёпишқоқ осмон сарғиш булутлар билан қопланиб, қуёш кўринмаётган бўлса ҳам, асфальтларда қорлар эриб кетаётган эди. Пастқам ўтлоқлардан эса сувлар жилдираб оқиб, ариқларга бориб қуйилаётган эди. Баҳор даракчиси – ўрик, унинг деворлар орқали кўчаларга ёйилиб кетган шохларидаги тўлишган куртаклари нозик ҳид тарқатарди.
Нурбек троллейбусга ўтирди. Унинг баҳор ҳақидаги ўй-хаёллари ҳали тарқамаган. Яқинлашиб келаётган кунлар Нурбек учун қизиқарли ва алоҳида аҳамиятт эга. У қўриқ ерларда ташкил этилган олисдаги баланд тоғли совхозларга механик бўлиб боради. Завод партия ташкилотининг секретари унинг характеристикасига: «Малакали, ақлли механик, шунинг учун ҳам завод партия ташкилоти унга завод ишончини оқлашига тўла ишонч билдиради», деб ёзган эди.
Обкомнинг путёвкаси қўлида, эрта-индин клубда хайрлашиш маросими ўтказилади, унда қанча илиқ сўзлар, яхши истаклар айтилади, музика, танца, кулги, қўл сиқишиб кўришиш, сўнгра… сўнгра… Буларпинг барини, қалбига жо қилиб олган қувончли воқеаларнинг ҳаммасини таърифлаб бериш Нурбекка қийин… Бир сўз билан айтганда – олдинда янги порлоқ ҳаёт, янги иш, янги дўстлар!..
Нурбек қўриқ ерларни забт этувчи шонли ёшларимизнинг бири бўлиб тайинланади. У ерда, асрлар бўйи одамзод қадами етмаган тоғ бағирларида экинлар бошоқлайди, йўллар ётқизилади ва шунда халқ: «Бу бизнинг овулимиз, бизнинг мактабимиз, бизнинг устахонамиз…» деб фахр билан тилга олади. Нурбек бу ҳақда ўйлар экан, унинг қўллари кучга тўлиб, ҳозироқ ишни бошлашга ошиқарди.

IV

Баҳор тоққа жуда кечикиб келди. Шудгордан ташқари, совхозда ишлар бошдан ошиб ётган эди. Техникага ёқилғи келтириш, ремонт устахонасини жиҳозлаш, уй, ошхона, ҳаммом қуриш ва бошқа қанчадан-қанча ишлар. Ахир янги, кимсасиз ерда ҳаммаси ҳам муҳим, ҳаммаси ҳам керак. Бирини қилдингми, орқасидаи иккинчиси, учинчиси чиқаверади. Бироқ, механизаторлар шудгор қилиб, экин экишни муҳим ва асосийси деб ҳисоблар эдилар.
Маълум бўлишича, бу кимсасиз, ёввойи тоғ оралиқларини инсон измига бўйсундириш шунчаки енгил бир иш эмас экан. Аммо мавжуд қийинчиликлар Нурбекнинг руҳини тушира олмади. У аввалгидай шошиб-пишган, қизғин ва серғайратлигича қолди. Бунга яна серзардалик, нима деса айтганини қилдира оладиган каби янги характер хислатлари ҳам қўшилди. У ҳамма ишни ўз қўли билан бажаришни, ўз дидига ўтирадиган қилиб адо этишни истарди. Агар, мабодо унинг қўл остидаги кишилардан биронтаси белгиланган топшириқни бажара олмаса, у бундайларга бўш келмасди: «Қанақа одамсан! – бақириб берарди у, одатдагидек, – шу оддий ишни ҳам уддалай олмаяпсанми?.. Сенга ўхшаганларни бу ерга ким юбора олиши мумкин… Қани нарироқ тур, ўзим қиламан!»
Нурбек қандай ишга киришмасин, уни албатта, охирига етказмасдан қўймасди. Афтидан Нурбексиз умуман бирон ишни бажариш мумкин эмасдай туюларди. Қачон қарама, белини маҳкам боғлаганича чопиб юради. «Палаткаларни ҳам ўзи бузиб, бульдозерларни ўзи бошқариб боради, тоғлардан кўчиб тушган қор уюмларини кураб, устахонадаги станокларни ҳам ўзи монтаж қилади…
Фақат ёмғир узоққа чўзилиб, ишга чиқмай палаткаларга кириб олинган пайтда унинг бошига бирдан ғамгин ўйлар келарди. Унга шу нарса қоронғи эди: нега у ҳанузга қадар бирон киши билан яқиндан алоқа боғлаёлмади, нега унинг бемалол дардлаша оладиган самимий, дилкаш дўстлари йўқ? Ишда бўлса одамлар унга бўйсунади, ҳеч қачон айтганини икки қилмай, иззат-ҳурмат қилаётгандай бўлиб кўринади, иш куни тамом бўлдими, ҳатто у билан ҳеч ким гапиришмайди ҳам… Шундай пайтларда Нурбек чамадондан фотосуратларни олиб, чироқнинг хира ёруғига тутиб узоқ вақт термилиб қарарди.
Ойнагул суратда ҳам чиройли эди. Фотосуратдан унинг севимли атир ҳиди анқиб турарди.
Ойнагул министрликда секретарь бўлиб ишларди. У юмшоқ йўлкалардан ва тўшаб қўйилган гилам устидан юришга кўникиб қолганиданми ёки туғма гўзалликми, унинг енгил ва оҳиста қадам ташлаб юришлари ғоят латофатли эди.
Нурбек қўриқ ерларга кетишга қарор қилганини айтиб, ёнидаги путёвкасини кўрсатганда, Ойнагул Нурбек кутганидек унинг бўйнига осилмади.
– Сен яхши ўйлаб кўрдингми? – сўради Ойнагул, пешонасини тириштириб.
– Ҳа, нима эди?
– Шундай ўзим… – деди ва секингина қўшиб қўйди:– Демак сен мени фақат сўздагина севар экансан-да… – Ойнагулнинг қалин киприклари ёш билан намланиб, кўзлари яна гўзаллик касб этган эди. Нурбек довдираб қолди, у буни кутмаган эди.
– Нима кераги бор буни, Ойнахон? Совхозга кетса мени эсдан чиқариб юборади, деб ўйламагин сен! Мен у ерларда сен билан бирга ҳаёт кечиришимизни орзу қиламан.
Албатта, Ойнагул қўриқ ерга бориш ҳақида тезда бир қарорга келмаган эди. Буни Нурбек ҳам унга маслаҳат солмаган эди. Аввало жойлашиб, уй олиш, кейин эса турмуш қуриш ҳақида сўз бўлиши мумкин эди.
Нурбекни кузатаётиб, Ойнагул уйга ўзининг фотосуратини тақдим этди:
– Боравер, Нурбек, – деди у зарда билан лабларини чўччайтириб. – Биламан, агар ҳаёлингга бирон нарса келиб қолдими, сира ҳам фикрингдан қайтмайсан. Агар у ер ёқмай қолса, ўзингни қийнаб ўтирма, қайтиб келавер, мен кутаман сени… Яна заводда гап қилишади, деб ўйлама, бунинг унча аҳамияти йўқ… Иш ҳамма вақт топилади… Ҳа, айтгандай, ҳар эҳтимолга қарши, тентираб юрма, районда менинг тоғам ишлайди, мана унинг адреси. Тортиниб ўтирма, унга мурожаат қилавер, ҳаммасига ёрдамлашади у…
Бироқ маълум бўлишича, Ойнагул унга адашиб бошқа адресни берган экан. Унинг тоғаси қўшни районда, жанубдаги довонда ишлар экан. Нурбек буни кейинчалик маҳаллий кишилардан сўраб билиб олди.
Совхоз кундан-кунга кўз ўнгида юксалиб, обод бўлиб бормоқда эди. Нурбек бўлса ҳамон ўша кунни – Ойнагул билан ўз тақдирини бирлаштирувчи порлоқ кунни орзиқиб кутаётган эди.

V

Тоққа баҳор анча кечикиб келади, уни орзиқиб кутиш керак, бироқ, у ўз ҳусн-жамолидан нишона кўрсатдими –дарҳол ер юзини гул ва кўкатлар сепи қоплаб олади.
Пастда, водийда майсалар униб чиқади, ниҳоллар қоматини ростлаб япроқ ёзиб, соя ташлай бошлайди. Ўшанда баҳор навбатни ёзга бериб, ўзи эса ер бетини чўлғаб олган кўк-яшил тусдаги гулдор кўйлак барини кўтариб судраганича тоғ сари йўл олади.
Тоғ зонасининг баҳори ўзгача табиатга, ўзгача гўзалликка эга.
Эрталабдан қор ёғади, тушдан сўнг қуёш чиқиб, қорлар эриб буғланади, бир кунлик гуллар гуллайди, кечга келиб эса ер селгиб, ариқ ва жилғалар тун бўйи музлаб чиқади. Эртасига эрталаб чўққилардан қарасанг, кўз илғамас кенгликдаги нақадар мусаффо тоғ баҳоринн кўриб, қалбинг қувончларга тўлади. Чарақлаб турган осмон денгизида кичкинагина доғ ҳам кўринмасди. Ер эса ёшгина қиз каби ясанган – ям-яшил, шабнам билан ювилиб, гўё уялиб кулиб турарди… Агар қийқирсанг, овозинг узоқ вақт жаранглаб чексиз ва юксак тоғ тизмалари бўйлаб тоза ҳавода йироқ-йироқларга таралиб кетади… Ҳеч қандай қор ҳам, туман ҳам, ёмғир ва шамол ҳам баҳорни тўхтата олмасди, у яшил олов каби алангаланиб тоғдан тоққа, чўққидан чўққига ёниб ўтиб, тобора юксалиб, мангу музликлар сари бормоқда эди.
Одамлар ҳамма ерда баҳорги экишни эртароқ тугаллаш билан банд. Тоғли ерларда эса бу, янада муҳим эди,–муддатдан сал кечикдингми, экинлар пишиб етилмай қоларди ёки тунги совуқ уриб кетарди.
…Нурбек совхознинг узоқ участкаларидан бири – чегарадаги «Катта сойга» кечқурун етиб келди. У мотоциклдан тушмасданоқ, қия тепаликда тўхтаб қолган тракторни кўрди. Нурбек аччиқланиб тупуриб, мотоциклни ўчирди ва трактор томон югуриб кетди. Олисдан жаҳли чиқиб бақирди.
– Эй, сен тракторни нега ётқизиб қўйдинг! Яна синдирдингми?
Ёш тракторчи Жуман қўлидаги папиросни оёқ остига олиб тепкилаб ташлади.
– Тракторнинг ҳамма ери тахт! – ўзини оқламоқчи бўлгандай жавоб берди у. – Бироқ бу ерда ҳайдаш хавфли, оға.
– Нима деяпсан? – Нурбек унга томон ташланди. Сал бўлмаса мушти билан солиб юборгудай бўлиб. – Ақлинг жойидами сени?
– Э-э… Ўртоқ механик, тушунасизми…
– Ҳа, аниқроқ қилиб гапир! Трактор қачондан бери юрмай турибди? Сенга айтяпман!
– Бир соатдан бери…
Нурбек мушти билан ҳавони кесиб:
– Ким рухсат берди сенга? Ким? Қандай аҳмоқ?
– Трактор ағдарилиб кетади деяпман-ку. Ишлаш хавфли!
– Қаёққа ағдарилади? Нега маҳмадоналик қиляпсан?
Бунинг устига бригадир келиб қолди. Нурбек Трофимовнинг бошидан оёғигача ғазаб билан назар ташлаб олди ва афсуслангандай бошини чайқаб:
– Буни сиздан ҳеч қачон кутмаган эдим! Тракторнинг бўш турганлиги учун партбюрода жавоб берасиз!
Катта, кенг гавдали Трофимов, одати бўйича дағал мўйловини вазминлик билан силаб, бош ирғаб ҳаммасини маъқуллагандай:
– Тракторни тўхтатишга мажбур бўлдик, ўртоқ механик,– босиқ овоз билан гапирди у.– Кутдик, сиз ёки агроном келиб қолсаларинг, маслаҳатлашамиз деб ўйладик… Машинани ҳайдашга рельеф имкон бермайди. Нишаблик… Қияликни бир кўринг-а… Трактор сирғалиб тушиб кетиши мумкин, кишиларнинг ҳам бошига етишимиз мумкин! Сезяпсизми, тракторнинг қандай туришини!
Нурбек тракторга ўтириб олиб ён бағир муюшга бир қараб олди-да, шошқалоқлик билан қўл силтаб:
– Ортиқча эҳтиёткорлик! Бу ғилдиракли трактор эмас, занжир ғилдиракли тракторлар бу қияликлардан юраверади ва ҳеч қачон ағдарилмайди!
– Мен, худога шукур, тоғларда йигирма йиллар чамаси ишлаяпман, Нурбек Алиевич. Ҳар хил воқеалар юз берди! Сиз бўлсангиз ҳали бу ерларга янги кишисиз. Ишонинг менга, бу ерда трактор билан ишлаш мумкин эмас, жуда хавфли.
Менсимаслик ҳам эви билан-да! Демак бундан кўринадики, Нурбек ўз ишини эплаёлмаётган экан-да?! Бунинг устига яна Жуман бригадирнинг сўзларини маъқуллаб қўшиб қўйди:
– Бригадир тўғри айтади. Ҳақиқатан ҳам хавфли!
– Агар хавфли бўлса ўтовда, уйда ўтиравериш керак эди!– Тиш орасидан жавоб қилди Нурбек.– Қўриқ ерга қўрқоқларнинг кераги йўқ! Ўзингиз айтинг-чи ўртоқ Трофимов, партия бизни нима учун юборди бу ерга? Агар биз қандайдир кичкина бир тепаликка чиқишдан қўрқсак, топшириқни қандай қилиб бажарамиз!
– Йўқ, ўртоқ механик,– эътироз билдирди Трофимов.– Ўзини балога гирифтор қилиш эмас, балки оқилона иш тутиш керак. Ахир бу жиддий иш-ку.
– Сиз нимани таклиф қиласиз? Қўл қовуштириб ўтиришними?
– Нима кераги бор шунақа сўзларни, ўртоқ механик. Қачон биз қўлимизни қовуштириб ўтирибмиз. Бу ерни ҳайдаш ноқулай экан, бўлмаса бошқа ерга ўтайлик.
– Маслаҳатингиз учун раҳмат! Демак, биз ер ҳайдаш ўрнига, у ердан-бу ерга кўчиб юришимиз керак экан-да? Бир минут вақт ҳозир қанчалик қиммат эканлигини ўйлаб кўрдиларингми? Иккинчи бир ерга кўчиб ўтамиз дегунча ўнлаб гектар ерни ҳайдаб қўйиш мумкин. Қолаверса, сизларга яна шуни эслатиб қўйишим керакки, ҳаммамизда ҳам план, график ва маршрут бор. Ўзбошимчалик қилишга ҳақимиз йўқ.
– Нега бундай экан, ўртоқ механик? Планга тузатиш киритиш мумкин эмасми? Мен сизга яна эслатиб айтяпманки, бу тик тепаликда тракторда юришни ҳеч ким хоҳламаяпти. Истаган кишингиздан сўраб кўринг! – деди Трофимов тўпланиб турган тракторчиларга ишора қилиб. Уларнинг биронтаси ҳам чурқ этмай турарди. Аммо қовоқ осиб туришларидан механикнинг айтган гапларини маъқул кўрмаётганликларини уқиб олиш мумкин эди.
– Ҳар кимнинг жони ўзига азиз,– деди Трофимов тракторчиларнинг фикрини ифодалаб,– бундай ёнбағирликларда ҳазиллашиб бўлмайди, ўртоқ механик!
– Нотўғри айтасиз! Сиз бошқаларни ҳам қўрқоқ қилиб қўйибсиз. Мен – совхознинг механигиман, қайси машинадан қаерда фойдаланишни менинг ихтиёримга қўйиб бераверинглар. Мен аминманки, бу ёнбағирликни ҳеч қандай ҳадиксирамасдан ҳайдайвериш мумкин. Бўлмағур гапларга қулоқ солмаслик керак! Сиз – коммунистсиз, ўртоқ Трофимов, қийинчиликлардан қочиш керак эмас, балки курашмоқ керак.
– Қийинчиликлар сен яшаб турган замонга нисбатан мен босиб ўтган даврда кўп эди, ёш йигит! – бригадир тутақиб кетди у Нурбек томон яқинлаб келаркан, ўзини ғазабдан аранг босиб кескин бурилиб одимлаб кетди. Унинг орқасидан бошқалар ҳам кета бошлади. Нурбек ёлғиз ўзи қолди. Бу унга жуда қаттиқ ботиб, қалби алам ва изтиробдан ачишиб оғриётган эди. Нурбек ўрнидан сакраб туриб, Трофимовга етиб олди ва унинг енгидан ушлади:
– Мен сизга дарҳол тракторни юргизишни буюраман!
Трофимов Нурбекнинг бошидан оёғигача жимгина назар ташлаб олди-да, кейин ундан қўлини тортиб олиб, юришда давом этди.
…Аллақачон ярим кечадан ошиб қолган, тунамоқ учун баланд тоғ қоялари орасига булутлар сузиб келишмоқда, улар тўп-тўп бўлиб, ўзаро учишиб, эндигина уйқуга бош қўйган эдилар. Теварак-атроф сув сепгандай жимжитлик. Узоқ-узоқларда тракторнипг гуриллаган овози аранг эшитиларди. Бригададаги кишиларнинг ҳаммаси уйқуга кетган. Фақат Нурбек ухлагани йўқ. Аччиқ ва чидаб бўлмас алам ўтлари унинг қалбини тирнаб ўртаётган эди. У илондек тўлғаниб, сездирмасдан хўрсиниб, алланималар деб ғўлдирарди. Ҳа, Трофимов уни бугун шарманда қилди, бутун халқ ўртасида шарманда қилди! «Йўқ, бунга жим туриб бўлмайди! Нима бўлса ҳам ўзининг ҳақ эканлигини исботлаши керак, фақат шундагина ўз обрў-эътиборини тиклаб олиши мумкин!»
Нурбек секин ўрнидан туриб овоз чиқармай палаткадан ташқарига чиқди. У ёқ, бу ёққа қаради, ҳеч кимса йўқ. Ўғрилардек энгашиб, у нарига чопиб кетди ва жарлик соясида ғойиб бўлди.
Орадан бир оз ўтгандан сўнг, қия тепаликда, тракторнинг ёнида чўнтак фонари бир-икки ёниб ўчди ва бирдан тун тинчлигини бузиб, пулемёт отилгандай «та-та-та-та!» деган овоз эшитилди. Бу тракторнинг овози эди. Орадан сал ўтмай, трактор бир меъёрда, сўниқ овозда тириллай бошлади. Бирдан чироқ ёниб, шу билан бир вақтда трактор ҳам ўрнидан қўзғалди. Нурбек ричагни босганича ҳаяжонланиб, илгарига тикилиб қарарди. Трактор тепалик бўйлаб юриб кетди.
«Ҳа, техника инсон қўл остида, фақат уни бошқара билиш керак, шунда у инсон қўли қаерни кўрсатса ўша томонга кетаверади. Бунинг учун эса ботирлик, жасурлик ва қатъийлик керак! Мана бунинг яққол мисоли – бошқалар журъат қилолмаган ердан тракторни Нурбек ҳайдаб бормоқда!», – йўқ, трактор қулаб кетмайди! Бу беҳуда гап. Сизлар учун энди қизаришга тўғри келади! – хитоб қиларди Нурбек, ҳаяжонидан титроқ босиб.
Трактор ҳақиқатан ҳали тик тепалик сари юриб бораётган эди. «Улар нимадан қўрқишди? – ўйлади Нурбек. – Тўғри, ҳадеб бир томонга энгашиб ўтиравериш у айтгандай осон гап эмас экан, аммо бу сал нарса, чидаса бўлади!»
Олдинда ясси дўнглик кўринди. Трактор радиатори билан юқорига кўтарилди, у ҳозир ағдарилиб кётаётгандай, бироқ Нурбек тракторнинг юриш тезлигини ошириб, бир зарб билан бу дўнгликни ҳам босиб ўтди. Картанинг охирига етиб тракторни орқага бурди. Энди Нурбек ғалабага қатъий ишонч ҳосил қилган эди:
– Мен сизларга кўрсатиб қўяман, ким эканлигимни!– қичқирди у чираниб, бадхоҳлик билан.– Эрталабгача бу қия тепаликнинг ҳаммасини ҳайдаб қўяман, агар зарур бўлса, бу тоғларнинг ҳаммасини чўққилари билан бирга қўшиб ҳайдаб ташлайман! Эртага кўриб ишонч ҳосил қиласан, Трофимов, қайси биримиз ҳақ эканлигимизга!
Нурбек иккинчи кругни ҳам босиб ўтди. Ўзида мислсиз куч пайдо бўлганини ҳис қилди, кўз ўнгида гўё трактор билан бирга қўшилиб қудратли пўлат гавда тургандай туюлди.
Олдинда яна тепалик кўзга ташланди.
– Ҳечқиси йўқ! – Ўзини тинчлантирарди Нурбек. Трактор зўриқиб-бўкириб юриб бораётган эди, бирдан ёнбошга қараб оға бошлади.
– Ҳечқиси йўқ! – ўзига далда берарди Нурбек… Қўли ричагда, учинчи скорость… Лаънати трактор бўлса, ҳамон инграб-бўкирганича қийшайиб, оғиб бораётган эди. Тракторни эпчиллик билан бирдан юқорига буриб олиш керак эди, акс ҳолда у ағдарилиб кетарди! Нурбек олдинга ташланиб, ўнг томондаги ричагни куч билан ўзига тортди. Трактор занжирли ғилдираклари билан тупроқ ичида кескин бурилди ва бундай тепаликда юришга қодир эмасдай тумшуғини осмонга кўтарганча туриб қолди. Нурбекнинг бошига гуп этиб қон урди: «Нима қилиш керак? Тезроқ моторни ўчир! Қани, тезроқ! Мотор жимиб қолди! Нима қилиш керак?»
Бироқ энди кечикилган эди. Тўхтаб қолган трактор шу заҳотиёқ ғижирлаб овоз чиқариб, секин-аста плугни остига олиб эзиб, орқа томон тисланаётган эди. У энди ағдарила бошлай деган эди, Нурбек кабинадан сакраб тушди. Кейинги воқеалар эса ана-мана дегунча бўлиб ўтди. Трактор пастликка томон тезлашганидан-тезлашиб думалаб бораётган эди. Тоғ этагига етганда кучли зарб билан қояга бориб урилди.
– А-а-а-а! – деб бақириб юборди Нурбек, лекин у ўз овозини эшитмасди. Трактор катта тошга бориб урилиши билан лоп этиб олов чақнади, қоя ва машинадан отилиб чиққан парчалар ҳуштак чалиб атрофга сочилиб кетди. Ер ларзага келиб шу заҳотиёқ ҳамма ёқни бирдан зулмат қоплаб олди.
Нурбек оёқ яланг, кўйлакчанг, қўлларига фонарь кўтариб чопиб келаётган одамларни кўрди. У гўё ер сурилиб чўкиб бораётгандай бир депсиниб олди. Одамлар бўлса яқин келиб қолишган эди, қўрқинчли бақириқ-чақириқ овозлари эшитилмоқда эди.
– Нега сакрадим, мен? – Даҳшат ичида шивирлади Нурбек, – трактор билан бирга мажақланиб кетсам бўлмасмиди?
У қочишга жой тополмай гангиб турди-да, сўнг ҳовлиқиб, ўқдай югуриб кетди.
Нурбек орқасига қарашга ботинолмасди. У бошини елкалари орасига олиб, қўли билан яширар, қоқилиб кетиб, гурсиллаб йиқилиб тушар ва шу заҳотиёқ яна ўрнидан сакраб туриб, қуён каби ғизиллаб чопарди.
«Тезроқ! Тезроқ югур! Етиб қолишди. Эшитяпсанми» «Ушла, ушла!.. Хоинни тут, маҳкамроқ ушла!..» деган овоз эшитилди.
Нурбек бор кучи билан қочарди. Унинг кўзига ҳеч нарса кўринмасди, ўнқир-чўнқир демай чопиб борарди. Аммо оёқ, бу лаънати оёқ худди балчиққа ботиб қолгандек ердан ажралмасдан бир-бирига ўралашиб, нафас олиш ҳам оғирлашиб, аъзойи бадани ёниб ачишарди. Нурбек тоқат қилолмасдан кўйлак ёқаларини йиртиб юборди.

* * *

Эрталабдан икки бургут кўкда парвоз қиларди. Аҳён-аҳёнда эринчоқлик билан қанот қоқиб қўяр ва яна юксакликда айланиб юрарди. Улар чамаси таранг ва эгилмас қанотларини сал-сал тебратиб, ҳавода енгил ва эркин парвоз қилиб юришган эди.
Бу чексиз бўшлиққа фақат бургутларгина ҳукмрон эди. Улар бу ҳокимликка монанд ҳаракат қилгандай вазмин ва осойишта учишарди. Тоғи тошлар ҳам, қорлар ҳам, дарёлар ҳам унинг кенг қаноти остига жо бўлган. Улар ер юзида бўлаётган жамики нарсаларни, ҳатто майда заррачаларга қадар равшан кўриб турадилар.
Мана, тоғ оралиғида аллақандай қўғирчоқ катталигидаги махлуқ пайдо бўлди.
«…Одам! Қара, одам-ку!» – қағиллаб товуш берди бургутлардан бири. «Кўряпман, бу одам!» қисқагина жавоб қилди иккинчиси.
Сойликда одам пайдо бўлди, аммо бургутлар ҳамон вазмин ва осойишта парвоз қилишарди. Одамнинг пайдо бўлиши уларни ҳеч ҳам безовталантирмади. Ахир, у қушларнинг уясини буза олармиди? Йўқ, бу одам ўз соясидан ўзи қўрқади. У қочоқ ёки бўлмаса қандайдир йўлдан адашган бахтсиз бир киши. Бу унинг ишончсизлик билан омонат қадам ташлашидан, дайдиб юришу, қўрқув аралаш кўз қарашларидан аниқ сезилиб турарди. У тез-тез сесканиб тушар, атрофга аланглаб қараб, яна жим қолар эди. Бундай киши чиқиб бўлмайдиган қоялардаги бургут инларига етиб бориб, улар билан яккама-якка кураша олармиди? Бу кишида мақсадга эришиш учун куч ва ирода бормикин, дадил курашишга қодир эканмикин! Йўқ, бургут уясига қўл солмоқ учун у кишининг ўзи ҳам довюрак бургут бўлмоғи керак! Ҳа, ғалаба очиқ курашда ҳал бўлади. Бургутлар юзма-юз олишишни ёқтиришади. Душман уларнинг уясига қўл солмоқчи бўлиб интилганда, улар душманга қарши: «Тўхта! Орқангга қайт!» деб қичқиришади, сўнг дарғазаб бўлиб қур-қурлашиб «Тайёр бўл!» – дегандай бир-бирларига хабар қилишади-да, чексиз баландликдан тош каби қуйига отилади. Улар шувиллаганча ҳаво бўшлиғини ёриб ўтиб, душман кўкрагига чангал уради-да, уни ўлим ҳолатига келтиради. Сўнг бургутлар ўз инлари тепасида узоқ айланишиб, гоҳ қувонч билан, гоҳ ғазаб билан, гоҳида эса ачиниш билан анча вақтгача қур-қурлашиб айланиб учиб юришади…
Бу одам бўлса бундай жангни хаёлига ҳам келтирмасди, у ўз йўлида давом этаётган эди.
Кун ярим бўлганда у киши катта довонга етиб олди. Унинг узоқлашиб, тезда кўздан ғойиб бўлиб бораётганини кўрган бургутлардан бири: «Одам кетди!..» деб қур-қурлаганида, иккинчиси ҳам унга «Кетди», деб қисқагина жавоб қилди.

VI

Нурбек довон тепасига чиқиб олгунча чарчаб ҳолдан кетган эди. У қалин қор кечиб, балки ҳали ҳеч қачон инсон оёғи етмаган ерларда юриб бормоқда эди. Довондан кучли ва муздек шамол эсарди. Мана унинг туз тотмаганига бир сутка бўлай деб қолди. Иложи борича тезроқ тушиш керак, балки водийда чорвадорларнинг ўтовига дуч келиб қолар. Довондан бутун тоғ манзараси кўзга яққол ташланиб турарди. Пастда, катта дарё оқмоқда. Бироқ Нурбек у ерда инсон яшаганлигини кўрсатувчи бирор белгини учратмади. У мадорсизланиб, секин тошга ўтирди-да, қўли билан юзларини беркитди. «Бу ҳувиллаб ётган нотаниш тоғларда одам қаердан бўлсин!–ўйларди Нурбек.– Наҳотки, фақат мен каби аҳмоқлар яшаса!» – у бошини яна ҳам қуйи солиб кўзларини беркитиб олди…
Кучли эсаётган шамолдан олов ё ўчиб қолиши, ёки яна ҳам алангаланиб ёниши мумкин. Аввалги қизишиб ёнган Нурбек ҳозир мойи тамом бўлиб қолган чироқ каби сўниб қолган эди. Энди у – қочоқ, бир бурда нон ҳақида, ўзини ҳимоя қилиш ҳақида хаёл сурувчи, хилват жой топиб, ўт ёқиб жон сақлашни ўйловчи киши.
«…Ойнагулимнинг тоғаси қаерда яшаркин?» «…Районга қачон етиб оламан? – ўйларди Нурбек. – Айтишларига қараганда мана шу довондан кейин яна икки кунлик йўл. У ерга етиб борсам, озроқ бўлса ҳам, ундан пул қарз оламан-да, шаҳарга қайтаман ва Ойнагул олдида, энди қўриқ ер ҳақида, ҳатто оғиз ҳам очмайман!» деб қасам ичаман.
Нурбек ўрнидан турди ва пастга, дарё томонга қараб секин юра бошлади. Довон тепасидан пастга тушиш унчалик қийин эмасдай, ҳаммаси кўзга ташланиб турарди. Лекин у бирмунча вақт ўтгандан кейин, ўзини устма-уст қалашиб ётган қоялар орасида кўрди ва кўзига шу улкан тошлардан бўлак атрофда ҳеч нарса кўринмасди. Нурбекни ваҳима босди. У бу тошли қоялардан тезроқ чиқиб олишга интилиб, деярли югуриб борарди. Ана-мана дегунча қоронғилик тушиб, кеч кириб қолган эди. Нурбек бошини кўтариб қаради, тепасида қовоқ осиб турган паст булутларни кўрди. У юришини яна тезлатди. Момақалдироқ гулдуради, тошларнинг устига йирик-йирик ёмғир томчилари шитирлаб туша бошлади. Кейин изғирин шамол эсиб, унинг орқасидан кучли дўл ёғиб селга айланди. Осмонни қалин булут қоплаб олиб, у намликни сўриб олаётгандай оғирлашиб, пастга томон яқинлаб келганди. Ҳамма ёқни зулмат қоплаб олган. Нурбек ўзини қаерга олиб қочишни билмасди. Қулайроқ жой топиб олиш учун олазарак бўлиб безовталанарди. Яшин эса у қаерда, қай аҳволда дегандай қизиқиб, ёнгинасидаги қоялар ичига ёриб кириб, еру кўкни бир дақиқа ёритарди. Гўё дев қаҳқаҳа уриб кулгандай момақалдироқ гумбурларди.
Нурбек бутунлай ўзини йўқотиб қўйди. У қаерга боришини, нима қилишини билмасди. Чўққидан кўчиб кетган улкан тош гулдураб шовқин солиб Нурбекнинг боши узра юмалаб келаётган эди. Унинг изидан эса яна бир қанча тошлар қўшилиб, йўлда учраган нарсаларни эзиб-янчиб борарди. Нурбек орқасига тисарилди-да, пастга томон учиб кетди…

VII

Орадан бир неча кун ўтгандан сўнг Нурбекнинг биринчи марта ҳовлига чиқиши эди. Бироқ унинг шикастланган оёғи ҳали ҳам оғриб турарди. Нурбек оқсоқланиб юрар, йўтали ҳам ҳали қолганича йўқ.
Тўпланишган ва кириб-чиқиб юрган кишилар Нурбекка ўша машъум воқеани ҳеч қачон эслатмасликка аҳдлашиб олгандек эдилар. Сўз очиш пайти келиб қолганда ҳам, унинг олдида шу вақтга қадар бу хусусда гапиришганларини эшитмади. Тўғри, Ася ўз фикрини тўғридан-тўғри унинг юзига айта қолди:
– Сизнинг ўрнингизда мен бўлганимда, бундай қилмаган бўлардим! Кимки масъулиятдан қўрқар экан…– Ася айтмоқчи бўлган фикрини охиригача гапиролмади ва Нурбекка аянчли ҳолатда қаради-да, чуқур нафас олди,– Сиз ҳаммасини очиқ гапириб бердингиз, мен сизнинг шундай қила олганингизга сира ишонмайман!..
Нурбек ўзини бир оз тетикроқ ҳис қилди. «Ася мени тўғри тушунди, – деб ўйлади у. – Демак, мен у айтгандай ёмон одам эмас эканман-да. У менга ишонади. Бошқаларга ҳам ишонармикан?»
Лекин бир зумдан кейин унда яна бошқача фикр туғилди: «Нега улар хабар қилишиб, мени тутиб беришмади? Ёки улар менинг соғайишимни кутишаётганмикин? Менинг жиноятчи эканлигим нотўғрими, ахир? Ҳа, мен тамом бўлган одамман! Менга раҳм-шафқат қилиб туришга ўрин йўқ, мен жазога тортилишим керак!..»
Ойнагул ҳақида ўйлаганида миясига яна бошқа фикр келди: «Йўқ, мен бу ердан тезроқ кетишим керак. Бундай ҳаёт жонимга тегди. Ойнагулнинг олдига қайтиб бораман, у билан тинч ва бахтли ҳаёт кечирамиз».
Нурбек кечалари кўз юммай, рўй берган воқеани кишиларга қандай тушунтиришни, ўша пайтда моторнинг нега ўчиб қолганини ўйлаб ётарди. Оддий тракторлар баланд тоғли ерларда ишлай олмаслиги аниқ. Унда тоғли районларда ишловчи тракторларни такомиллаштириш борасида қандайдир фикрлар мавжуд… Ҳа, энди бунинг нима кераги бор… У энди ишга яна қайта оладими, кишиларнинг юзига қандай қарайди?
Ҳар куни эрталаб Ася билан гидротехник Бектемир йўғон сим арқонга ўрнатилган люлькага ўтириб лебедканинг иккала томонидаги чиғириқни айлантириб, трос бўйлаб бир зумда дарёнинг нариги томонига ўтиб олишарди. Кейин улар дарё соҳили бўйлаб, юқорига, Байдамтолнинг қорли ҳавзалари томон кетишарди. Ася у ерда ўзининг кузатиш ишларини олиб борарди. Нурбек уларни, то дарёдан ўтадиган ергача кузатиб қўйиб, сўнг ўзи орқага қайтарди. У қарийб бутун кунни Асилбой билан бирга ўтказарди. Чол, ўғли Бектемирга сира ҳам ўхшамасди. У жуда улфат, гурунг қилишни яхши кўрадиган одам эди. Унинг ёши етмишларга бориб қолган бўлса ҳам, эртадан кечгача тиним билмасди, қачон қараманг ғивирлаб, хўжалик ишлари билан банд бўларди. Бу новча, қотма ва бир оз букчайган чолнинг кўзлари худди ёш болаларнинг кўзларини эслатарди. Афтидан улар қандайдир янги, ажойиб нарсалар излаётгандай оламга завқ билан боқарди.
Бугун Асилбой унинг қўлидан ушлаб олди-да, сирли қиёфада: «Юр-чи бу ёққа, сенга бир нарсани кўрсатаман», деди. У Нурбекни унча катта бўлмаган тепаликка олиб чиқди. Тепаликнинг қуёш тушиб турадиган томонига бир қанча ёш олма дарахтлари экилган. Ниҳолларнинг бирида пушти гул очилган эди.
– Бу биринчи очилиши! – деди шивирлаб Асилбой.– Ниҳолларни шаҳардан Асянинг ўзи олиб келган. Ўшанда мен ҳайрон бўлиб, қизим, буларни нега олиб келдинг? Улар бу ернинг совуғига бардош бера олармиди? Бекор овора бўлибсан, қизим, улар бу ерда яшай олмайди! – десам, у – сиз қаердан биласиз, нега ундай деяпсиз? Синаб кўриш керак, ўрганиш керак…– деди. Ўшанда мен роса уялиб қолган эдим… Мана, энди кўряпсанми, орадан икки йил ўтди… Биринчи нишона кўрсатди… Ася, ҳали буни билмайди. Кўрса борми, қувончдан боши осмонга етади… Бўлмасамчи, бу чакана иш эмас-ку… Байдамтолга кишилар кўчиб келганда, уларнинг боғ-роғлари бўлади!..
Эрталаб, қуёш тоғ тизмаларидан эндигина мўралаб, унинг нурлари дарё юзидаги енгил туманга қадалганда, Нурбек, ҳар галгидек, Асяни дарё ёқасига кузатиб қўйишга чиқди. У Асянинг Байдамтолга яқинлашганда ҳар гал ҳам нимадандир ҳаяжонланишини энди аниқ сезиб олди. У бирдан ҳушёр тортиб, бошини секингина юқори кўтариб олиб, Нурбекни ортда қолдирганча соҳил сари чопиб кетарди. У дарёнинг қирғоғида ярми сувга ботиб турган харсанг тошни яхши кўрарди. У тош олдига ғизиллаб чопиб борарди-да, унинг бир чеккасида туриб, қуёшнинг дастлабки нурларини қаршилаганча, дарё сувининг оқишини ҳавас билан тингларди. У одатдагидек Байдамтолнинг тўлқин отиб, елиб-югуриб оқишини кўрсатиб, ниманидир айтиб қичқирарди. Лекин унинг сўзлари эшитилмас, товушини дарёнинг шағиллаган овози босиб кетарди. Баъзан унинг сўзлари узуқ-юлуқ қулоққа чалиниб қоларди: «Эй-й-й! Нурбек!.. Қара… Байдамтол…»
– Нима деяпсан? Эшитилмаяпти, Ася!
Қиз кафтларини бир-бирига уриб, чапак чалиб куларди.
Лекин Ася бугун ўша тош томон югурмади.
– Балки, сен зерикаётгандирсан, Нурбек? – деди ва тўхтаб Нурбекнинг кўзларига диққат билан боқди. – Сен у китобни ўқиб бўлгандирсан? Бутунлай соғайиб кетганингдан кейин, биз билан қояга чиқасан. Мен олиб бораётган тажрибаларимни сенга кўрсатаман. У ерда кўп ажойиб нарсаларни кўриш мумкин. – Ася ўйланиб турди-да, кейин қўшиб қўйди: – Бугун эса сен Герценнинг «Былое и думы» деган китобини топиб ўқи, у менинг севимли китобим. Мен курашчиларни, юксак мақсад сари интилувчи, кучли кишиларни севаман!
– Маъқул, Ася.
Ася яна бир нималар демоқчи эди-ю, лекин улар дарё ёқасига етиб қолишганди. Нурбек унинг люлькага чиқиб олишига ёрдам берди.
– Биз тезда қайтамиз! – қичқирди қиз. Улар дарёнинг нариги соҳилига ўтиб олгач, Ася Нурбекка қараб: «Уйга бор! Бу ерда турма! Шамоллаб қоласан!» дегандек қўл силтади. У узоқлашар экан, йўл-йўлакай яна бир неча бор тўхтаб, унга қўл силкиб қўйди.
Нурбек уларнинг муюлишдан ўтиб, кўздан ғойиб бўлиб кетгунга қадар дарё бўйида кутиб турди. Кейин у орқасига қайтиш ўрнига, тош қия бўйлаб, дарё ёқасига тушди ва сув бўйидаги тошга бориб ўтирди.
Байдамтол одатдагидек шовқин солиб, ҳайқириб оқарди.
Дарёнинг қирғоқ билан туташган саёз еридаги кичик-кичик тўлқинлар Нурбекнинг оёғига қадар ўрмалаб келарди. Гўё улар Нурбекка: «Кет, яқинлашма!» деб айтаётгандек туюларди. Нурбек қўзғалмай ўтираверди. Ғазабланган тўлқинлар унинг этигига лойқа кўпик қолдириб бориб келарди. Нурбек кулимсираб қўйди.
Байдамтол дарёси тизма тоғлардан бошланади. У ерлар мангу қор ва музликлар билан қопланган. Агар инсон мангу музликларни эритишни эплай олганда эди, Байдамтолни ҳам бошқара оларди. Бу ҳали муаммолигича қолиб келмоқда, аммо кимки бу масалани ҳал қилишга бел боғлаган экан, у ҳақиқий жасур ва ботир инсон саналади.
Нурбек ўрнидан туриб, ҳаяжонланган бўйича дарёнинг сув ялаб кетган саёз еридан юриб, Байдамтолнинг шиддатли оқишига назар ташлаб борарди.
Ася бу тўғрида ҳикоя қилганда бутунлай ўзгариб кетарди. Унинг осойишта, ўйчан кўзлари чақнаб, ғайратга тўлиб алланималар ёрқин кўринаётгандай туюларди. «Сен бир кўз олдингга келтириб кўр-а, Нурбек! Шундай бир вақт келадики, деҳқонларимиз қизиб-ёниб ётган ҳаводан раҳм-шафқат сўраб, илтижо қилиб ёмғир кутмайдилар. Дарё оқимини ўз измига бўйсундирган инсон далаларга қанча сув керак бўлса, шунча сувни етказиб беради».
Кекса Асилбой эса Байдамтолнинг келажаги ҳақида гап кетганда, ёқасини ушлаб ҳайратланарди.
– Вой, тавба! – дея бошини чайқарди,– ҳозирги ёшларнинг қилаётган ишининг чегараси йўқ! Сен бир ўйлаб кўр, улар шундай катта ишларга қўл уришяптики! Худо насиб қилса, Асямиз айтганини қилади. Муқаддас кишилар йўқ дейишади, аммо у, менинг назаримда, кишилар учун муқаддас бўлиб қоладиганга ўхшайди… Қор ва сувларнн ўз ҳукмига бўйсундирмоқ ҳазилакам ишми! Кулганлар кулаверсин, лекин мен Асяга ўхшаган ёшларимизнинг ҳар қандай ишларни амалга ошира олишига ишончим комил. Кимки халқ учун, халқ йўлида хизмат қилар экан, у ҳар доим ўз муддаосига эришади… Унга халқ кўмакдош бўлади…
Нурбек осма кўприк олдига келганда тўхтаб қолди ва: «Ася тезроқ қайтса эди! Вақт мунча секин ўтяпти-а»,– деб хаёл суриб қолди. Лекин ўз фикридан ўзи чўчиб кетди. У Ася ҳақида кўпдан бери ўйлаётганини эслаб қолди. «Нега?–ўзидан-ўзи сўради Нурбек. –Наҳотки Асяни севиб қолган бўлсам? Нима, сен ақлдан озиб қолдингми, бундай бўлиши мумкин эмас! Мен унинг тўғрисида шунчаки ўйлаяпман, бу менга шундай туюляпти! Муҳаббат бундай келмаса керак. Мен уни жуда ҳурмат қиламан, ўз туғишган синглим, ўртоғимдек ҳурмат қиламан, лекин бизнинг ўртамизда севгининг бўлиши мумкин эмас… Ҳа, шундай! Жим бўл, эсингдан чиқар, хаёлингга ҳам келтирма буни!»
Аммо улкан тошнинг кўчмоғи учун биргина кичик тош ҳам сабаб бўлаверади. Нурбек неча бор Ася тўғрисида ўйламасликка ҳаракат қилиб кўрди. Лекин бундан ҳеч нарса чиқмади. Аксинча, қиз ҳақидаги хаёллари қайта-қайта такрорланаверди. У нима қилишини билмасди. Нурбек беҳуда чўчиб тушмаган эди. «Асилбойнинг ёнига бориб, у ёқ-бу ёқдан гаплашсам, балки ўтиб кетар», – деган қарорга келди. Лекин чол билан унинг бугунги суҳбати сира ёпишмади.
– Нима бўлди бугун сенга, ёки бирор нарсангии йўқотдингми? – деб сўради ҳайрон бўлиб, Асилбой йўнилган ғўлачаларни бир томонга олиб қўяркан, ҳаяжонланган Нурбекка диққат билан кўз тикиб.
– Йўқ! – Нурбек пўнғиллаганча хонага кириб кетди. У Герценнинг китобини олиб икки саҳифа ўқиди, кейин уни ёпиб қўйиб, деразадан тоққа томон тикилиб қолди. «Шу топда ниманидир йўқотгандайман! – деди овоз чиқариб Нурбек. – Нима эди бу, қизиқ, эслаш керак!» Шу пайт:
– Ася қачон қайтаркин-а?– деган савол унинг оғзидан беихтиёр чиқиб кетди – Бас! – Нурбек столни мушти билан урди.– Унинг ҳаёти ва ишига халақит беришга сенинг ҳақинг йўқ! Бундай қила кўрма, унинг тинчлигини бузма.
Нурбек уйдан отилиб чиқиб, яна дарё томон йўл олди. У сув ялаб турган ўша саёз ердаги тошга ўтирди ва қўллари билан бошини қисди.
«Севаман деб айтишга қандай тилинг борди! – ўйлади Нурбек. – Ася бу кимсасиз тоғларда халқ учун бебаҳо иш қилиш истаги билан яшамоқда… Сен-чи, сен кимсан? Ася мени ҳеч қачон севмайди, албатта! Унинг учун бошқа, ўзига муносиб кишилар бор!..»
Тўлқинлар, Нурбекнинг оёғига келиб урилган тўлқинлар яна «Кет, йўқол бу ердан!» – деяётгандай туюлди.

VIII

Тун. Дара зулматдай қоп-қоронғи. Тоғларнинг тепасида ғуж-ғуж юлдузлар чақнамоқда, улар гўё атрофини кул босган лахча чўғ сингари эди. Пастда эса тиним билмай Байдамтол ҳайқирарди.
Нурбек эшикдан чиққанда, дара бўйлаб эсаётган шамол унинг қалпоғини учириб кетди. У қалпоғини ердан олиб босиброқ кийиб олди-да, осма кўприк томон шошилиб юриб кетди. У кўприк олдига келиб, жимгина туриб қолди ва ўгирилиб қаради-да:
– Хайр, Ася! Индамасдан кетиб қолганим учун жаҳлинг чиқмасин. Шундай бўлгани маъқул.
Нурбек люлькага чиқди.
Асилбойнинг айтишига қараганда, дарёнинг нариги соҳилига ўтиб олиб, оқим бўйлаб пастга томон юрилса, кейин дарага бурилиб довондан ошиб ўтгач, тош йўлга икки суткадан кейин чиқиб олиш мумкин бўларкан. У ердан эса катта йўл орқали тўғри шаҳарга бориш мумкин.
Нурбек люлькага жойлашиброқ ўтирди ва чиғирни айлантира бошлади. Роликлар ғижирлаб люлька ўрнидан қўзғала бошлади. Люлькани силжитиш унча осон эмас экан: чиғир икки кишига мослаштирилган эди. Нурбек ўзини тезда толиб қолгандай ҳис қилди. У нафасини ростлаб олиб, люлька бортидан пастга қаради, қўрққанидан кўзларини юмиб, чиғирнинг тутқичига яна-да маҳкамроқ ёпишиб олди. Пастда қандайдир ақл бовар қилмайдиган алланарсалар кўзга ташланарди. Жарлик қоронғи, паст-баланд қирғоқларга урилиб, кўпириб, даҳшат билан гувилларди сув. Гўё дара тун зулмати билан курашаётгандек. Улар бир-бирини шапир-шупур сувга босишар, лекин иккаласи ҳам бир-бирига бас келолмаётгандай туюларди. Нурбек пастга бошқа қарамасликка қарор қилди ва чиғирни иложи борича тезроқ айлантирди. Мана, у ярим йўлни босиб ўтди. Дарёнинг нариги соҳили равшанроқ кўрина бошлади. Нурбек жуда чарчаб қолган бўлса ҳам ўзига сира дам бермасди. Яна бир зўр берди ва… нимадир қарсиллаб кетди. Чиғириқ секинлаб, люлька шу жойидаёқ тўхтаб қолди. Нурбек ўрнидан туриб, тросдан чиқиб кетмадимикин деган хаёл билан роликларни пайпаслаб кўрди, аммо ҳаммаси жойида эди. Нурбек қўл фонарни ёқиб чиғирни кўздан кечирди ва ҳолсизланиб ўтирғичга ўтириб қолди.
– Нима қилиш керак? – ғўлдиради у.
Кейин билса, трос ўраладиган барабаннинг ўқи синиб кетган экан. Бу чиғирни бир томонлама айлантириш туфайли юз берган экан. Агар асбоб бўлганда эди, уни тузатиш унча қийин эмасди. Лекин уни қаердан олиш керак? Люлька қутурган дарёнинг қарийб қоқ ўртасида тўхтаб қолган. Нима қилмоқ керак? Бу туришда эрта тонгача ҳавода лақиллаб ўтириш мумкин, аммо эрталаб… эрталаб бу ерга Ася билан Бектемир келади. Бу эса уят, шармандалик-ку! Уларга шу аҳволда кўрингунча ўлган яхшироқ. Нима бўлса ҳам дарёнинг нариги қирғоғига ўтиб олиш ва тезроқ бу ердан йўқолиш керак.
Нурбек люлькани қолдириб, юқориги осиғлиқ тросни ушлаб қирғоққа ўтишга жазм қилди. Ҳа, ҳа, худди шундай қилиш керак, фақат юқори трос билан қуйи трос ораси унинг бўйидан баланд бўлмаса бўлгани, акс ҳолда юқориги тросга осилиб, оёқ ости таянчсиз қолиши мумкин.
Бироқ уят ўлимдан қаттиқ!
Нурбек ўрнидан туриб, тросни икки қўллаб ушлади ва люлька бортидан чиқди.
Унинг қулоғига дарёнинг шағиллаган овози эшитилар, айниқса, юрагининг гупиллаб уриши аниқ сезилиб турарди. Бахтига трослар ораси айни мақсадга мос экан. Фақат қўли толиб чиқиб кетмаса бўлгани, жуда оз – тўрт метрча қолди! Сим тилиб кетган кафтлари қонаб, ловиллаб ачишаётган бўлса ҳам шошма, секин ҳаракат қил!
Мана, қирғоқ. Нурбек сакраб ерга тушди.
– Ўтдим! Ўтиб олдим! – хурсанд бўлганидан қичқириб юборди ва ерни ҳидлаб меҳр билан шивирлади: – Ер, ер! Энди истаган жойга бора оламан.
Нурбек бир сакраб оёққа турди ва катта-катта қадам ташлади. У осма кўприкка қараб олиш учун бир зум тўхтаб, жойида донг қотиб қолди, даҳшатли хаёлдан нафаси ичига тушиб кетди. Кошки ҳеч нарса юз бермаган бўлса, фақат люлька ўз ўрнидан силжиб, ёлғиз чўққайиб дарё устида тебраниб қолган бўлса.
– Бу қандай бўлди? – бўғиқ овоз билан шивирлади Нурбек ва ҳаяжон билан қоронғиликка тикилганча олға ташланди. – Бу нимаси, чиғирни синдириб кетяпманми? Улар мени ўлимдан сақлаб қолди, даволашди, мен бўлсам миннатдорчилик билдириш ўрнига зарар келтириб қочяпман!
Нурбек ерга ўтирди, қўллари билан бошини ушлаб кўзини юмди. У эртага нима бўлишини тасаввур қиларди.
…Эрталаб гидрологлар осма кўприкка келишади ва люльканинг дарё ўртасига бориб қолганлигини кўришади. Демак, кечаси кимдир ундан фойдалангану сўнг шу бўйича ташлаб кетиб қолган. Бироқ бу ким бўлиши мумкин? Ўзимизникиларнинг ҳаммаси шу ерда. Эҳ-ҳа, Нурбек қаерда?.. Тушунарли!.. Бўлмаса-чи, унинг йўли ҳам шу ёқдан… Лекин ҳар қандай шароитда ҳам ишни бир минут кечиктириш мумкин эмас!л Улар қирғоқ чиғири ёрдами билан люлькани тортиб олишга ҳаракат қилиб кўрадилар. Лекин у ўрнидан қимирламайди, чунки силжитувчи трос синиб қолган барабанга маҳкам ўралган. Улар арқон кўприкнинг ишдан чиққанини кўриб қаттиқ хафа бўлишади. Буни ким қилди? Аблаҳ, Нурбек!
– Мен ундан ҳеч қачон буни кутмаган эдим! – паст овоз билан дейди Ася лабини тишлаб.
– Ҳа уйинг куйгур, зоти паст! Нима қилиб қўйдинг-а?–оғир хўрсиниб олади Асилбой.
– Мен ўлдираман бу дайди итни! – отилади Бектемир ердаги тошни олиб.
Хўп, кейин-чи, кейин нима бўлади? Ася ҳеч қачон ўз ишини тўхтатмайди. Бироқ у нима ҳам қила оларди?
Фақат биргина йўл бор. Асбоб топиш керак-да, тросдан яна люлькага қайтиб бориш керак. Лекин бу айтишга осон, шунча масофани трос бўйлаб босиб ўтиб бўлармиди, ахир у қирғоқдан то люлькага қадар ўттиз метрдан кам эмас, агар қўлинг бўшаб кетса борми, ўлиш ҳеч гапмас. Байдамтол шу заҳотиёқ оқизиб тошларга олиб бориб уради, ҳа, уларнинг қайси бири бундай хавфли ишга бориши мумкин? Ася! У ҳеч нарса олдида тўхтамайди, у ишнинг бир минут ҳам тўхтаб қолишига йўл қўймайди!..
– Йўқ, мен уни ҳалокатга итармайман! – Нурбек ўрнидан ирғиб туриб, осма кўприк томон зинғиллаб чопиб кетди. У ҳали чиғирни созлаш учун қандай тадбир кўриб, қандай тузатиш кераклиги ҳақида аниқ бир тасаввурга келолмаган бўлса-да, бироқ бу ердан кетиб қолиш мумкин эмаслигини сезиб турарди.
Нурбек кўприк олдига югуриб борди, оғир нафас олди-да, пешонасини металл устунга босди. Унинг миясида фақат бир фикр ҳукмрон эди: «Нима қилмоқ керак? Чиғирни қандай тузатиш мумкин? Қандай? Бирор кимса на жавоб беради ва на акс-садо! Байдамтол, бағри тош дарё, ҳеч бўлмаса бир оғиз сўз айтсанг-чи? Йўқ, сен эшитмайсан, ёввойи ҳайқириғинг билан қулоқларинг битиб қолган!.. Нима қилай… Ахир мен инсонман-ку, менинг исмим – Инсон!.. Мен буни тузатишим, йўл топмоғим керак!»
– Топдим! – хитоб қилди Нурбек. – Топдим!..
Ҳа, Нурбек тадбир топган эди! У ҳозир трос орқали дарёнинг нариги томонига ўтади. У дарёнинг нариги томонида яшикда асбоблар турганлигини кўрган эди. Ундан керакли асбобларни олиб, белига боғлаши ва яна шу трос бўйлаб, люлькага қайтиб келиши, люлькани таъмирлаб бўлгач, бу қирғоққа қайтиб келиши керак эди. У кўприкнинг ёнига бошқа яқинлашмайди, яхшиси, боши оққан томонга кетади, балки дарёнинг қуйироғидан бирор саёз жой топилар… Эй, бу унча ўйлайдиган нарса ҳам эмас, ҳозир асосий масала у эмас, муҳими ҳозир – ўйланган фикрни амалга оширмоқ, бош масала – Асянинг улкан ишига халал бермаслик!
– Ўз фикримдан қайтмайман! – деди Нурбек қатъий қилиб ва ишончсизлик билан қўшиб қўйди: – Бироқ билолмадим уддасидан чиқа олармикинман, бундай оғир ишни бажариш учун куч-қувватим етармикин?.. Бу ердан люлькагача олти-етти метр, бу йўлни босиб ўтганман, ҳозир яна у ердан ўтаман, бироқ люлькадан у қирғоққача трос бўйлаб ўттиз метр юришим керак! Бу жуда узоқ йўл! Жуда узоқ! Хўш, нима бўпти, ҳаммасига тайёрман, Ася!
Нурбек устунга чиқиб юқориги тросни ушлади. Пастки тросни эса оёғи билан пайпаслаб топди. Ўнг оёғи билан биринчи қадамни ташлади, кураш бошланди.
У биринчи қадамни ташлаганда пастдаги қутуриб оқаётган дарёнинг даҳшатли шовқин-сурони унга бозор жойида дорбозларнинг ўйинида чалинадиган ноғора ва карнай-сурнайларнинг аралаш-қуралаш озозидек бўлиб туюлди.
Нурбек саёқ дорбозларни ёшлик кезларидаёқ кўрган эди. Улар қарийб терак бўйи баландликда арқон устида юришади. Уларга ҳар бир дақиқада ўлим таҳдид солаётгандай бўларди, аммо у довюрак киши эса кўкка сиғиниб: «Ё пирим, ё олло!..» деб илтижо қиларди.
«Опа! – қўрқиб кетган Нурбек ўшанда онасининг кўйлаги барига яшириниб.– Кетамиз, опа, бу ердан кетамиз!» деярди ва у ҳатто юраги дов бермай томоша ҳам қилолмаган эди.
Энди бўлса, Нурбекнинг ўзи дорбоз. Нурбек ҳам дорбозчилар сингари ҳавода ўша дор арқонидан йўғон бўлмаган трос бўйлаб бормоқда.
Люлькага етиб борганда Нурбек мажолсизланиб ўзини бортга отди. Бир қисм йўл босиб ўтилди. Лекин шу кичкина ғалаба ҳам қанчалик қимматга тушди! Троснинг симидан тилиниб, юлқиланган кафтларидан қон оқар, ўпкаси кўкрагига сиғмас, худди пойгада чопавериб ҳансираб, кишнаб кетган отлар сингари қовурғалари бўртиб чиққан эди. Олдинда эса ҳали узоқ, бундан кўра юз баробар оғир ва уқубатли йўлни босиб ўтиш керак.
«Орқангга қайт, бахти қора, ҳали ҳам кеч эмас, ҳалок бўласан!» – деди ички бир овоз унга.
– Йўқ, мен охиригача аҳдимда тураман! – жавоб қайтарди овоз чиқариб Нурбек.
У ўрнидан турди, камзулининг астаринн йиртиб қўлини ўради. Яна кураш бошланди.
У биринчи қадамни босиши биланоқ чилдирманинг бака-банги, карнайнинг уввос тортиб жар солиши эшитилди.
Бироқ бу гал Нурбек аввалгига нисбатан тезроқ ҳолдан тоя бошлади. У қўрққанидан пастга қарай олмаса ҳам, тасодифан оёғининг остига кўз қирини ташлади. Дарёнинг кучли оқими тўхтагандек туюлди, унииг боши айланиб, кўзи тиниб кетди. Гўё ҳамма нарса – тоғлар ҳам, тун ҳам, дарё ҳам, ҳаммаси улкан сув гирдобида гир айланиб, ундан узоқлашар ва доира ҳосил қилиб яна унга яқинлашарди. Ҳар қанча бўлса-да, Нурбек ўзини тутиб олди. У бошини юқори кўтарди, лекин шамол уни юлиб кетаётгандек бўлди. Шамол тўсатдан унинг кўкрагидан олиб, чалқанча ағдариб ташлади. Оёғи тросдан сирғалиб чиқиб кетди. Лекин у юз машаққатлар билан оёғини яна тросга қўйиб олди. Елкасидан иссиқ тер оқиб туша бошлади. Нурбек бош айланиши қолар деган умидда кўзларини чирт юмиб олди, аммо, у яна кўзини очганда ҳеч нарса кўрмагандек, яна аввалгича ҳамма нарса гир айланиб, кўнгли айнай бошлади, ўзини йўқотаёзди. У ўзини ажойиботлар дунёсига келиб қолгандай ҳис қилди. Бу янги дунёда у ўз ҳаётини қайтадан бошлагандек эди.
Ҳаммаси, ўтган ва янги юзага келган нарсаларнинг барчаси унинг кўз олдида сузиб юрар ва турнақатор бўлиб тизилишиб ўтар эди. Аммо унинг ўзи тўхташи мумкин эмас, олға, фақат олға интилиши керак, акс ҳолда ҳалокат юз бериши мумкин, деган ягона фикр ҳукмронлик қиларди. Шунинг учун у одимлай бошлади, секин, имиллаб бўлса ҳам олға силжийверди.
Аччиқ тер унинг юзидан оғзига оқиб тушарди. Қўлига ўраган латталари аллақачон титилиб, кафтлари қавариб кетди, бармоқлари увуша бошлади, гавдаси эса ҳаддан ташқари оғирлашиб пастга торта бошлади. «Агар дарёга ўзимни отсам нима бўларкин? – ўйлади Нурбек. – Бари бир мен ўлган одамман, менга бари бир эмасми». Кўприк-чи? Уни ким тузатади? Демак, эртага Ася Байдамтолнинг бошига боролмайдими? Демак, унинг халқ учун қилган барча меҳнатлари барбод бўладими?»
Нурбек ўзини ўнглаб, яна бир-икки қадам олға босди.
«Ася! – хаёлан мурожаат қилди, у қизга. – Сенинг жаҳлинг чиқмасин, хафа бўлма, мен муносиб киши эмасман, жиноятчиман, иродасиз қочқинман, лекин сени севаман! Менга ишонгин, худо ҳақи, мен сени севаман! Ҳа! Ҳатто ўзимдан яшириб юрганимга ҳам иқрорман!..»
Нурбек дарёнинт ўртасига келгач, бошқа силжишга мажоли келмай қолди. Оёқ-қўлларининг мадори қуриб, ҳушдан озаёзган эди. Яна бунинг устига негадир пастки трос салқи бўлиб қолганди, У пона қоқиб маҳкамлаган эди-ку! Балки бу одамнинг оғирлиги билан бўшаб қолгандир. Нурбек оёғи тагидаги троснинг секин-аста пастга тушиб кетаётганини сезиб сесканиб кетди, кўкрагини тўлдириб нафас олган эди, бирдан йўтал тутиб қолди. Йўтал уни яна оғир аҳволга солиб қўйди. Нурбекнинг кўкраги ачишиб оғриётганидан нафас олиши ҳам оғирлашган эди. Қонга беланган қўлларидан куч кетиб, оёқ остидаги трос борган сари пасайиб кетмоқда эди. Нурбек сим устида тебраниб, у ёқдан-бу ёққа чайқаларди.
– Ажал! Ажал! – деб ғолиб келгандай Байдамтол шовуллаб оқарди, гўё ўз ўлжасини кутаётгандай эди. Нурбекнинг қўллари энди унга итоат қилмай қўйган эди. Тоқатсизланиб турган Байдамтол яна:
– Ажал! Ажал! – деб ғазаб билан ўшқирди.
– Сув! Бир қултум сув! – сўради Нурбек чанқоқдан тутоқиб.
«Бошингни эг, дарёдан олиб ич сувни! Сув кўп, сенинг чанқоғингни қондиришга етади, бош эг!» – кимдир маккорлик билан қулоғига шипшитгандек бўлди.
Нурбек охирги куч билан бармоқларини қисди. Шу пайт у қўлида соатининг чиқиллаб ишлаётганини эшитди. Бу ғайри табиий бўлиб кўринса ҳам, ҳақиқатда эшитилаётган эди. Дарёнинг қулоқни кар қилгудек гулдураган овозлари орасида бир меъёрда аниқ, жаранглаган «тик, тик, тик,» товуши ҳам равшан эшитилиб турарди. Ана шу ҳар бир секунд уриши билан бирга ҳаёт ҳам ўтаётган эди. Ҳаёт! Киши ҳаёти! Шу қисқа бир дақиқа ичида у ҳаётнинг нима эканлигини уқиб олди…
Зўр ирода куч билан у бошини бирдан кўтариб олди ва бутун дарага қараб тантанавор қичқирди:
– Мен яшайман!
…Нурбек қирғоққа чиқиб олганидан сўнг, ўзини ерга ташлади ва қарийб бир соатга яқин жонсиз киши каби қимирламасдан чалқанчасига ётди. У изига қайтишда асбобларни олдими, йўқми, аммо асосий иш битди, Тортилиб қолган трос бўшади. Қирғоқда чиғириқ ёрдамида Нурбек люлькани жойига олиб келди. Тонгда у ишини тугатди.
Нурбек сув бўйига тушиб, этиги билан сув кечди ва фақат эндигина сув ичишга ўзини ҳақли деб билди.
У сувни катта-катта қултумлар билан секингина ичаркан, болаларча кулиб қўйди. Бугун у ҳаётида биринчи марта чинакам кураш ва ғалабанинг лаззатани тушунди. Бу сафар у фақат ўзи учун, ўз шуҳрати ва қаҳрамонлигини қуруқ намойиш қилиш учун эмас, балки катта орзулар учун, юксак мақсад йўлида хизмат қилаётган Ася учун жасорат кўрсатди.
– Ҳа, мен бахтлиман! – деди Нурбек. – Эрталаб Ася Байдамтол ўзанлари сари йўл олади. Йўл очиқ, кўприк тузатилган!..
Нурбек завқланганидан қумлик ҳўл қирғоқдан чопиб кетди. У уйга келиб, қўлига қалам олиб бир варақ қоғозга эгри-бугри қилиб ёзди:
«Ася, мен қаёқдан келган бўлсам, ўша ёққа кетяпман. Балки биз ҳеч қачон учрашмасмиз, лекин мен сени қандай гўзал бўлсанг шундайлигингча умрбод қалбимда сақлайман. Жаҳлинг чиқмасин, мендан кулма, Ася, сен мен учун… Хайр, омон бўл… Ўзингни эҳтиёт қил… Ҳа, сал бўлмаса унутаёзибман, мен Герценнинг китобини ўқиб улгуролмадим, кечир, мен уни ўзим билан бирга олиб кетяпман, ахир бу сенинг севимли китобинг, курашчан инсон ҳақидаги китоб-ку… Менинг тасодифан сен билан бўлган учрашувим ҳаётимдаги энг қийин ва энг бахтли кунлар бўлиб қолади. Раҳмат сенга, Ася, барча яхшиликларинг учун… Сен менга кўп нарсаларни ўргатдинг… Сен мени Байдамтол устидан ғалаба қилишинг учун дунёда ҳаммадан кўпроқ тилак тиловчи дўстинг деб ҳисобла… Мен аминман, Ася, Байдамтол забт этилади!..»

IX

Асилбой эрталаб барвақт туриб, ҳовлини айланиб юрди, отини сувнинг бўйига етаклаб келди ва уни чўмилтирмоқчи бўлиб пақирлаб сув қуя бошлади. Тоғ ортидан қуёш кўтарилди. Асилбой қўлини пешонасига қўйиб қуёш томон астойдил тикилиб қолди. У юзларига сачраган ариқ сувидан сесканиб кетди ва қўлидаги пақирни тушириб юборди. Асилбой Асянинг деразаси ёнига югуриб борди ва кучининг борича уни тақиллатди.
– Ася, тур тезроқ, у кетди!
Ҳеч нарсани англай олмаган Ася ҳовлига югуриб чиқди:
– Нима гап, отажон?
– Қара-чи, қизим, у ёққа! – ғурур билан деди Асилбой узоқлашиб кетаётган кишини қўли билан кўрсатиб. Одам довон томон кетаётган эди. – Бу Нурбек! – тушунтирди Асилбой.
– Нурбек! Нурбек! – Бор кучи билан қичқирди Ася. Афтидан, у югурмоқчи бўлди, лекин шу заҳотиёқ тўхтаб, сезинган, беихтиёр ва ҳаяжонланган тусда, худди ҳар галгидек эрталаб қоя тош олдига югуриб бориб, Байдамтолнинг гўзаллигига маҳлиё бўлиб тургандек, донг қотиб қолди. – Шундай бўлишини билган эдим! – шивирлади Ася.
Нурбек катта қоя орасига яширинди. Ася у билан фахрланар, айни чоқда уни қўмсаб юрак-бағри ўртаниб ёнаётган эди. У кўз ёши қилмаслик учун юзини тескари буриб олди ва сўради:
– Ота, бу ердан совхозгача узоқми?
– Довондан нарида, анчагина йўл, лекин баҳузур борса бўлади.

09

07
Chingiz Aytmatov
BAYDAMTOL SOHILLARIDA
Asil Rashidov tarjimasi
09

 Chingiz Aytmatov (1928-2008) — taniqli qirg’iz yozuvchisi, davlat, jamoat arbobi, diplomat. Qirg’iziston xalq yozuvchisi (1968). Qirg’iziston Fanlar Akademiyasi akademigi (1974). Qirg’iziston Qishloq xo’jaligi institutini tamomlagan (1953). 1956-58 yillari Moskvadagi yozuvchilar uyushmasi Oliy adabiyot kursi tinglovchisi. Asarlarini qirg’iz va rus tilida yozgan.Ilk hikoyalari 1950 yillarda bosilgan. «Baydamtol sohillarida» (1955), «Yuzma-yuz» (1957) asarlari o’tkir syujet, kuchli ichki ruhiy ziddiyatlarga boy. «Jamila»
(1958), «Sarvqomat dilbarim» (1961), «Bo’tako’z», «Birinchi muallim» (1962), «Momo yer», «Somon yo’li» (1963), «Alvido, ey Gulsari» (1966), «Tog’ va cho’l qissalari», «Oq kema» (1970), «Dengiz yoqalab chopayotgan olapar» (1977) kabi qissalarida inson qismati va muhabbat mavzui katta ehtiros bilan tarannum etilgan.»Asrga tatigulik kun» (1980), «Qiyomat» (1986), «Kassandra tamg’asi» (1990) romanlarida, «Cho’qqida qolgan ovchining ohi zori» (M. Shoxonov bilan hamkorlikda) yozilgan roman-esseda zamonamizning umuminsoniy tomonlari, ona Sayyoramizning taqdiri, kuchli falsafiy, axloqiy, ma’naviy va ijtimoiy muammolar ko’tarilgan.
Aytmatovning asarlari jahonning 154 tiliga tarjima qilinib, 20 mln.dan ortiq nusxada chop etilgan (1999). «Sarvqomat dilbarim» («Dovon»), «Bo’tako’z» («Jazirama»), «Birinchi muallim», «Jamila», «Alvido, ey Gulsari» va boshqa ekranlashtirilgan, o’zbek va chet el teatrlarida sahnalashtirilgan. «Momo yer» asariga I. Akbarov musiqa yozgan.
Aytmatovning qariyb hamma asarlari o’zbek tilida nashr etilgan. Aytmatov o’zbek adabiyoti, umuman, o’zbek madaniyati tarixini yuksak baholab, «Qadim-qadim o’zbek madaniyatining O’rta Osiyoga ko’rsatgan ta’sirini ko’hna Vizantiyaning Qadim Rusga ko’rsatgan ta’siri bilan qiyoslash mumkin», deb hisoblaydi. Aytmatov O’zbekiston Respublikasining «Do’stlik» (1995), «Buyuk xizmatlari uchun» (1998) ordenlari bilan mukofotlangan. Qirg’iziston Respublikasida Xalqaro Chingiz Aytmatov nomidagi «Oltin medal» mukofoti ta’sis etilgan (1999).

085

I

Kutilmaganda yomg‘ir quyib berdi. Bir zumda paydo bo‘lgan loyqa sel chuqur jarliklarnn yuvib, keksa archalarni tag-tomiri bilan qo‘porib, yo‘lidagi toshlarni surib-supurib, daralar osha sharqirab oqardi. Dahshatli bu oqim ana shunday shiddat bilan borib, Baydamtolga qo‘shilardi.
Pishqirib, quturib oqayotgan daryo o‘zini qo‘yishga joy topolmay, dara bo‘ylab shovqin solardi. Qosh qorayib qolgan bo‘lsa-da, ahyon-ahyonda o‘rkach-o‘rkach vahimali qora to‘lqinlarniig jon-jahdi bilan qirg‘oq tomon tashlanishini ko‘rish mumkin edi. Shiddatkor to‘lqinlar kuch bilan toshlarga urilar va parcha-parcha bo‘lib, yana shovullaganicha qaytib ketardi.
Yana sal o‘tmay suv bilan qoya to‘qnashib, darani gulduros ovozlar qoplab olardi. To‘lqinlar sig‘ishmayotganday bir-birining ustiga mingashardi. Goho-goho ayg‘ir kabi olishib, osmonga sapchishardi. Daryo tepasidagi po‘lat simga osib qo‘ygan lyulkani hozir uzib ketayotganday tuyulardi. To‘lqinlanib oqayotgan daryo tepasidagi ulkan qora qoyalar qovoqlarini solib hech narsa bilan ishi bo‘lmaganday e’tiborsiz turishardi. Unchalik katta bo‘lmagan hovlida it g‘ingshirdi. Qorong‘i deraza ostiga o‘tirib olgan kuchuk, yelkasini yalab ketayotgan achchiq sovuq iztirobidan bo‘lsa kerak, tobora qattiqroq uvillardi. Shamol uning ovozini baland daralar osha uzoq-uzoqlarga olib ketardi.
Asya uxlay olmadi. Ayniqsa, chaqmoq chaqib, go‘yo birov deraza ostiga kelib gugurt chaqqandek, bir zumda hamma yoq yorishib ketar, yomg‘ir seli oqib tushayotgan oyna ortidan uvadaga o‘xshagan sur bulutlar mo‘ralaganda ko‘ziga alvasti ko‘ringanday, uning yuragi orqasiga tortib ketardi. Ular, hatto Asyaning ko‘ziga oynani chertayotgandek bo‘lib tuyulardi. Asya qo‘rqqanidan qo‘lidagi ochiq kitobni ko‘ksiga bosdi. Vahima ichida ko‘zini yumdi-da, nafas chiqarmay tashqariga sekin quloq soldi. Devorning shunday orqaginasida gidrotexnik Bektemirning oilasi yashardi. U yoqdan onda-sonda gangir-gungur gapirishgan va yo‘talgan ovoz eshitilib turardi. Bu Bektemirning otasi keksa Asilboyning sharpasi edi. U obdon azob chekar, aftidan bugun cholning suyaklari yana qaqshab og‘rib azob berayotganga o‘xshaydi. U kuchukni bir necha bor baqirib-chaqirib so‘kib oldi:
– Ket, yo‘qol, Boykuren, yo‘qol bu yerdan! Ovozingni o‘chir, kasofat, o‘lging kelyaptimi? O‘chir ovozingni!
So‘ng Asilboy Asya yotgan xona eshigiga yaqinlab keldi-da, yo‘talganicha jahl bilan gapira boshladi:
– Hali ham yotmadingmi, Asya? Chirog‘ing hamon yonib turibdi, dam olsang bo‘lmaydimi, qizim? Kitobni o‘qishga keyin ham vaqt topilar. YO qo‘rqyapsanmi?
– Yo‘g‘-e, otajon! Siz tashvishlanmang, yotib o‘xlayvering, issiqroq o‘ranib oling, – dedi Asya.
– Qani endi uyqu kelsa?! Yomg‘ir ham jonga tegdi, yer yutgur kuchukning ovozini aytmaysanmi, dard ustiga chipqon bo‘ldi…
Orqadan xunob bo‘lib gapirayotgan kelinining ovozi eshitildi:
– Voy xudo-ey, jimgina yota qolmadi bu chol, axir bolani uyg‘otib yuborasiz-ku?! It bilan nima ishingiz bor, akillab-akillab o‘zi jimib qoladi!..
Ammo qulog‘i og‘irlashib qolgan Asilboy bu gaplardan keyin ham tinchimadi. U to‘shaklarini qaytadan tuzatayotib yana qattiqroq g‘o‘ldirab gapirdi:
– Ey xudo, o‘zing panohingda asra! Nahotki falokat yuz bersa! Baydamtolning quturib oqayotganini qarang! Lyulkani simdan uzib ketguday bo‘lsami, qidirib topib bo‘bsan. Xudo, muncha qahring kelmasa, voy belim, belginam sinib ketyapti!
Ertalab quyosh tog‘lar orasidan tig‘ urishi bilanoq, Bektemir otni egarlab, dara tomon yo‘l oldi. U tog‘dagi yirtqichlar yuradigan so‘qmoqqa qo‘yib kelingan qopqonni tungi suv oqimi olib ketmadimikan, deb u yerga ertaroq yetib borishga shoshilardi.
Yomg‘ir ham tinib qoldi, ammo suvga botgan kigizdek og‘ir bulutlar yer ustida muallaq osilib turardi. Bir kechadayoq cho‘qqilarni va tizma tog‘larni qoplab olgan oppoq qor ko‘kish tortib erib yotgan edi. Qor uyumlari oralab daradan esayotgan achchiq izg‘irin kishi badanini junjiktirardi. Yer bag‘irlab yotgan o‘t-o‘lanlar va butalar suvga botgan boshlarini silkitib-qoqib, qaddilarini rostlayotgan edilar.
So‘qmoq yo‘l sirpanchiq bo‘lgani uchun Bektemir otini sekin yo‘rttirib borardi. U ot jilovini bo‘sh qo‘yib yuborib, o‘z ishlari haqida xayol surib ketdi. Kutilmaganda ot taqqa to‘xtab qoldi, «chu-chu»lab haydasa ham o‘rnidan qo‘zg‘almadi. «Bu nimasi bo‘ldi, biron narsani sezyaptimi?» – o‘yladi Bektemir va chor atrofga nazar tashladi… So‘qmoqdan bir necha qadam narida bir odam yotar edi. Bektemir bu tasodifdan lol bo‘lib, turgan joyida qotib qoldi. U odam jarlik ostida, suvning kovlab ketgan yerida yer quchoqlab yotardi. Boshida va kurtkasining yirtig‘idan ko‘rinib turgan qo‘lida qotib qolgan qon izlari bor edi.
«Tirikmi yo o‘likmi?» – Bektemir otdan tushmay ehtiyotlik bilan yaqinroq kelib: «Bu kim bo‘ldi ekan?» – deya qaradi:
Baydamtolda hech kim yashamaydi, bu yaqin o‘rtada qishloq ham yo‘q. To‘g‘ri, ba’zan ovchilar kelib turishadi, ularning hammasi tanish kishilar bo‘lib, har gal kelganlarida ov haqida Bektemir bilan maslahatlashish uchun, albatta gidrologiya punktiga tushishadi. Bu odam esa ovchiga ham o‘xshamaydi. Yana sochini ham shaharliklarnikiga o‘xshatib oldirgan, kiyimlari yoqqa botgan, bilagida soati…
Bektemir unga sinchiklab qaradi. Bu kishining butun tun bo‘yi yomg‘ir ostida qolib ketgani ko‘rinib turardi. Gavdasining yarmini jarlikdan oqib tushayotgan loyqa suv ko‘mib yuborgan. Ko‘rinishidan yosh yigitga o‘xshaydi. Kiyimining tizzasi va tirsagidan yirtilganiga qaraganda u qattiq olishgan, yuqoriga emaklab chiqishga intilgan. U hozir ham jarlik tubidan xuddi emaklab chiqayotgandek bo‘lib yotibdi: o‘ng qo‘li oldinga uzatilgan, barmoqlari toshni timdalab – tirmashganicha turibdi. Qaerdan va qaysi tomondan keldi ekan u? Buni aniqlash mushkul – yomg‘ir izlarni yuvib ketgan.
Shu mahal yotgan odam kutilmaganda qo‘zg‘alib, sekingina ingradi.
«Xayriyat tirik ekan hali!» – sevinib ketdi Bektemir va otdan sakrab tushib, uning qo‘lini ushladi.
– Hoy o‘rtoq, menga qara!
Ammo u javob bermasdi. Bektemir mashaqqat bilan uni chalqancha yotqizdi, yoqalarini yechib, ko‘kragiga qo‘lini qo‘ydi. Yuragi hali urib turardi. Bektemir uning kissalarini kovlab ko‘rdi, komsomol biletidan boshqa hech narsa topmadi. Biletning suvga botgan varaqlari bir-biriga yopishib, siyohlari yoyilib ketgan edi. Bektemir quyidagi uch so‘zni o‘qiy oldi, xolos: «…Aliev Nurbek… 1930…»
– Qiziq!– boshini chayqadi Bektemir. So‘ng Nurbekni egarga beozor o‘ngarib olish uchun otni qulayroq joyga yetaklab keldi.

II

«Penitsillin «tugayapti, nima qilish kerak?» – Nurbekning bu yerda eshitgan birinchi so‘zi shu bo‘ldi. Bu so‘zlar xuddi uzoqda gapirilgandek qulog‘iga arang chalindi. Ammo bu so‘zlarni kim so‘zladi, u kimga tegishli, buni Nurbek anglamasdi. U har qancha urinsa ham ko‘zini ocholmadi, majoli qurib, o‘zini allaqanday zulmat ichiga qulab tushgandek his etdi.
Keyinroq Nurbek kimdir og‘ziga suv quyayotganini sezdi. Og‘zidan oqib tushayotgan muzdek suv uning qo‘yniga tushganda u sekin ko‘zini ochdi. Bu safar u, kimdir birov boshida engashib turib:
– Qarang, Asilboy ota, ko‘zini ochdi! – deganini aniq eshitayotgan edi.
Nurbek gapirayotgan kishi yo qiz bola yoki yosh juvon ekanini ovozidan bildi. Biroq shunda ham uning yuzini ko‘rmasdi: ko‘z oldini tumandek qorong‘ilik qoplab olgan, hech narsa ko‘rinmasdi. «Bu ehtimol tushim bo‘lsa kerak»,– o‘yladi Nurbek. Shu payt ikkinchi bir kishi gapga aralashdi, u har holda keksaroq ko‘rinardi.
– Ha, qizim, u yana hayotga qaytdi!– dedi-da, yengil tortib nafas oldi.– Sen savob ish qilding, Asya! Mana buni xudoning qudrati-yu, dorining ko‘magi deydilar!
Ular yana nimalar haqidadir pichirlashib gapirishdilar-da, so‘ng chiqib ketishdi. Chol eshikni ehtiyotlik bilan yoparkan:
– Damini olsin, bechora!–dedi.
Asta-sekin bemorning ko‘z oldi ravshanlasha boshladi. Nurbek unchalik katta bo‘lmagan, yangi oqlangan ozoda xonaga hayron bo‘lib ko‘z yugurtirib chiqdi. U qanday qilib bu yerga kelib qolganini bilmasdi, lekin xonada biron madaniyatli kishi yashashini darrov sezdi. Javonlarda tartib bilan terib qo‘yilgan kitoblar, stol ustida esa allanimalar yozilgan qog‘oz taxlog‘liq turardi. Burchakdagi shkafda Nurbekka notanish bo‘lgan qandaydir priborlar qo‘yilgan. Devorda alpinistlarning ko‘zoynagi osig‘liq turibdi. Asta egilib deraza tomon qaragan edi, ko‘zi tumbochka ustidagi oyna va ko‘pchilik bo‘lib oldirilgan suratga tushdi. Suratning tepasiga «Geografiya fakulteti» degan so‘zlar yozilgan. Derazadan tog‘ cho‘qqilari, moviy osmonning bir parchasi ko‘zga tashlanib turardi. Qaerdadir yonginasida, go‘yo uyning yonboshida daryo to‘xtovsiz shovullab turardi.
– Hech narsani eslolmayman!– pichirladi Nurbek va oynaga tikilganicha qarab qoldi. Ranglari siniqib, yuzlari ichiga cho‘kib ketgan, ko‘pdan beri soqol-mo‘yloviga ustara tegmagan, boshi bint bilan o‘rab bog‘langag kishi karavotda yotgan bo‘yicha oynadan unga tikilib qarab turardi.
– A-a! – baqirdi Nurbek. Uning yuzlari og‘riq va dahshatdan o‘zgarib ketgan edi. Go‘yo u qandaydir jirkanch va vahshiy bir qiyofani ko‘rgandek bo‘ldi. Nurbek qo‘li bilan yuzlarini berkitib, ingraganicha teskari o‘girilib yotdi. Eshik ochilganda esa qo‘rquvdan cho‘chib ketib, qo‘llarini yuzidan oldi. Xonaga uzun sochlarini orqasiga tugib olgan, egnida chang‘ichilar kostyumi va oyog‘iga qalin charmli tog‘ botinkasi kiyib olgan bir qiz kirib keldi.
– Qalay, durustmisiz? – oddiy bir ohangda bemordan hol-ahvol so‘radi va qo‘lidagi choynakni stolga qo‘ydi. Nurbek qip-qizarib ketdi. Yoningda qiz bola tursa-yu, yigit bo‘la turib karavotda yalpayib yotsang, qiziq tuyular ekan. U turishga harakat qilib ko‘rdi.
– Siz nima qilyapsiz?! Yoting, turish mumkin emas sizga!
Nurbek qizga javob bermoqchi edi, lekin ulgura olmadi, qovurg‘asi tagida qattiq sanchiq turib, kutilmaganda nafasi bo‘g‘ilib, yo‘tal tutib qoldi. Nurbek ikki bukilib ko‘kragini changallagancha xirillab yotgan edi. Qiz qo‘rqib ketganidan nima qilishini bilmay, xonada gir aylanardi. Oxiri, kelib Nurbekning boshini tutdi. Yo‘tal to‘xtagach, yengil nafas olib, bemorning manglayini sochiq bilan arta boshladi.
– O‘pkangiz qattiq shamollagan. Siz o‘zingizni ehtiyot qilishingiz kerak. Kechadan beri hushsiz yotibsiz. Haroratingiz ham baland. Bugun ham o‘ttiz to‘qqiz.
Yoting… Bu yerda o‘zingizni o‘yingizdagidek his etavering… Men bo‘lsam, radiobudkada bir necha daqiqa aylanib qolibman…
Nurbek yo‘taldan so‘ng ham o‘ziga kelmadi, qizga nimani aytishni, nima deb javob qaytarishni bilmay, xijolat tortib dovdiragancha qarab turardi, xolos. Erkaklarga o‘xshash kiyinib olgan bu qiz negadir minut sayin unga yaqinroq va tanishroq bo‘lib tuyular, go‘yo Nurbek uni ko‘pdan beri ko‘rib yurgandek edi. U qorachadan kelgan, oddiy qirg‘iz qizi edi. Uning yumaloq yuzi, chiroyli keng peshonasi tog‘ shamoli va quyoshdan pishgan edi. Taranglashgan qalin lablari hozir kulib yuborayotganday, hamisha mayin tabassum bilan balqib turardi. Bularning hammasi kishida bolalarcha soddalik va ezgulik tug‘dirardi. Faqat uning ko‘zlaridan jiddiylik va o‘ychanlikni sezib olish mumkin edi. U unchalik katta bo‘lmagan semiz va baquvvat qo‘llari bilan ko‘rpani tuzatib, Nurbekning oyoqlarini yaxshilab o‘rab Qo‘ydi.
– Karavot qisqaroq, yostiqni balandroq qo‘yib beraymi?
– Yo‘q, yo‘q, tashvishlanmang… Kechirasiz, singilcham, men hozir qaerda yotibman?
Qiz ajablanib, qoshlarini chimirdi.
– Bu yer gidrologiya punkti!
– Gidrologiya punkti deysizmi?
– Ha! Siz Baydamtol daryosi haqida eshitgandirsiz? Sizni Bektemir og‘a topdi. Siz uni taniysizmi?
– Yo‘q, eslayolmayman!..
– U bizning gidrotexnigimiz.
– Bu yerda odam yashaydimi?
– Ha, yashaydi. Lekin juda ozmiz – Bektemir og‘aning oilasi va men, xolos.
– Siz bu yerda ishlaysizmi?
– Ha, gidrologman.
– Menga qilgan yaxshiliklaringiz uchun rahmat, singlim, biroq… – Nurbek gapirolmay tutilib qoldi. So‘ngra sir boy bermay, so‘radi: – Sizning ismingiz nima?
– Asya. Sizning nomingiz – Nurbek-a, shunday emasmi? Siz Baydamtolga biron-bir muhim ish bilan kelgan bo‘lsangiz kerak?
Nurbek Asyaning so‘zlariga javob bermadi. Teskari qarab boshini ko‘rpaga o‘rab oldi, lekin shu zahotiyoq qo‘rpani irg‘itib tashlab, qizga ho‘mrayib qaragan holda:
– Men jinoyatchiman! – dedi. Asya qo‘lidagi choynakni sekin yerga qo‘ydi.
– Siz jinoyatchi?! Qanday jinoyatchi, qanaqasiga? Demak, siz qochib kelib, tog‘da berkinib yotibsizmi?!
– Ha, singlim! Siz odamni qutqardik deb o‘ylarsiz… Bu to‘g‘ri, mening o‘rnimda boshqa har qanday kishi bo‘lganda ham umrining oxirigacha o‘zini sizdan qarzdor deb bilardi… Ammo, men dom-daraksiz yo‘qolib ketganimda, agar toshqin daryo mening suyaklarimni uzoq-uzoqlarga oqizib ketganida, men o‘zimning mana shu achchiq taqdirimdan juda xursand bo‘lardim.
Asyani qo‘rquv bosgan edi, lekin u o‘zini darrov qo‘lga olib, bemorni tezroq tinchitishga harakat qildi.
– Qo‘ying, tinchlaning? Siz hayajonlanmasligingiz kerak. O‘rningizdan qo‘zg‘almang!
– Ketmang, singlim! Sizdan o‘tinib so‘rayman, gaplarimga quloq soling! – Aftidan u Asyani o‘zining gaplarini eshitmay ketib qolishidan qo‘rqardi. – To‘xtang, Asya, men sizga hammasini aytib beraman yashirmasdan…

III

Ilk bahor kunlaridan birida Nurbek zavod darvozasidan tashqariga chiqdi, bo‘ynidagi jundan to‘qilgan sharfini olib cho‘ntagiga soldi-da, keng yelkalarini rostlab, ko‘kragini to‘ldirib-to‘ldirib chuqur nafas ola boshladi. U ko‘rish mumkin bo‘lgan hamma narsaga: ko‘chalarni, zavod korpuslarini, havo va parklarni – jamiki narsaga quvonch bilan nazar tashlardi.
Nurbek bo‘ychan, kelishgan yigit edi, hozir ham boshini yuqori ko‘tarib, lablarini qisib atrofga mag‘rur boqib turishi o‘tkinchilarning ko‘ziga, ayniqsa, yaqqol tashlanib turardi.
U, ayniqsa, bugun bahorning yaqinlab kelayotganini yaxshi his qilayotgan edi. Havo nam va yopishqoq osmon sarg‘ish bulutlar bilan qoplanib, quyosh ko‘rinmayotgan bo‘lsa ham, asfaltlarda qorlar erib ketayotgan edi. Pastqam o‘tloqlardan esa suvlar jildirab oqib, ariqlarga borib quyilayotgan edi. Bahor darakchisi – o‘rik, uning devorlar orqali ko‘chalarga yoyilib ketgan shoxlaridagi to‘lishgan kurtaklari nozik hid tarqatardi.
Nurbek trolleybusga o‘tirdi. Uning bahor haqidagi o‘y-xayollari hali tarqamagan. Yaqinlashib kelayotgan kunlar Nurbek uchun qiziqarli va alohida ahamiyatt ega. U qo‘riq yerlarda tashkil etilgan olisdagi baland tog‘li sovxozlarga mexanik bo‘lib boradi. Zavod partiya tashkilotining sekretari uning xarakteristikasiga: «Malakali, aqlli mexanik, shuning uchun ham zavod partiya tashkiloti unga zavod ishonchini oqlashiga to‘la ishonch bildiradi», deb yozgan edi.
Obkomning putyovkasi qo‘lida, erta-indin klubda xayrlashish marosimi o‘tkaziladi, unda qancha iliq so‘zlar, yaxshi istaklar aytiladi, muzika, tantsa, kulgi, qo‘l siqishib ko‘rishish, so‘ngra… so‘ngra… Bularping barini, qalbiga jo qilib olgan quvonchli voqealarning hammasini ta’riflab berish Nurbekka qiyin… Bir so‘z bilan aytganda – oldinda yangi porloq hayot, yangi ish, yangi do‘stlar!..
Nurbek qo‘riq yerlarni zabt etuvchi shonli yoshlarimizning biri bo‘lib tayinlanadi. U yerda, asrlar bo‘yi odamzod qadami yetmagan tog‘ bag‘irlarida ekinlar boshoqlaydi, yo‘llar yotqiziladi va shunda xalq: «Bu bizning ovulimiz, bizning maktabimiz, bizning ustaxonamiz…» deb faxr bilan tilga oladi. Nurbek bu haqda o‘ylar ekan, uning qo‘llari kuchga to‘lib, hoziroq ishni boshlashga oshiqardi.

IV

Bahor toqqa juda kechikib keldi. Shudgordan tashqari, sovxozda ishlar boshdan oshib yotgan edi. Texnikaga yoqilg‘i keltirish, remont ustaxonasini jihozlash, uy, oshxona, hammom qurish va boshqa qanchadan-qancha ishlar. Axir yangi, kimsasiz yerda hammasi ham muhim, hammasi ham kerak. Birini qildingmi, orqasidai ikkinchisi, uchinchisi chiqaveradi. Biroq, mexanizatorlar shudgor qilib, ekin ekishni muhim va asosiysi deb hisoblar edilar.
Ma’lum bo‘lishicha, bu kimsasiz, yovvoyi tog‘ oraliqlarini inson izmiga bo‘ysundirish shunchaki yengil bir ish emas ekan. Ammo mavjud qiyinchiliklar Nurbekning ruhini tushira olmadi. U avvalgiday shoshib-pishgan, qizg‘in va serg‘ayratligicha qoldi. Bunga yana serzardalik, nima desa aytganini qildira oladigan kabi yangi xarakter xislatlari ham qo‘shildi. U hamma ishni o‘z qo‘li bilan bajarishni, o‘z didiga o‘tiradigan qilib ado etishni istardi. Agar, mabodo uning qo‘l ostidagi kishilardan birontasi belgilangan topshiriqni bajara olmasa, u bundaylarga bo‘sh kelmasdi: «Qanaqa odamsan! – baqirib berardi u, odatdagidek, – shu oddiy ishni ham uddalay olmayapsanmi?.. Senga o‘xshaganlarni bu yerga kim yubora olishi mumkin… Qani nariroq tur, o‘zim qilaman!»
Nurbek qanday ishga kirishmasin, uni albatta, oxiriga yetkazmasdan qo‘ymasdi. Aftidan Nurbeksiz umuman biron ishni bajarish mumkin emasday tuyulardi. Qachon qarama, belini mahkam bog‘laganicha chopib yuradi. «Palatkalarni ham o‘zi buzib, buldozerlarni o‘zi boshqarib boradi, tog‘lardan ko‘chib tushgan qor uyumlarini kurab, ustaxonadagi stanoklarni ham o‘zi montaj qiladi…
Faqat yomg‘ir uzoqqa cho‘zilib, ishga chiqmay palatkalarga kirib olingan paytda uning boshiga birdan g‘amgin o‘ylar kelardi. Unga shu narsa qorong‘i edi: nega u hanuzga qadar biron kishi bilan yaqindan aloqa bog‘layolmadi, nega uning bemalol dardlasha oladigan samimiy, dilkash do‘stlari yo‘q? Ishda bo‘lsa odamlar unga bo‘ysunadi, hech qachon aytganini ikki qilmay, izzat-hurmat qilayotganday bo‘lib ko‘rinadi, ish kuni tamom bo‘ldimi, hatto u bilan hech kim gapirishmaydi ham… Shunday paytlarda Nurbek chamadondan fotosuratlarni olib, chiroqning xira yorug‘iga tutib uzoq vaqt termilib qarardi.
Oynagul suratda ham chiroyli edi. Fotosuratdan uning sevimli atir hidi anqib turardi.
Oynagul ministrlikda sekretar bo‘lib ishlardi. U yumshoq yo‘lkalardan va to‘shab qo‘yilgan gilam ustidan yurishga ko‘nikib qolganidanmi yoki tug‘ma go‘zallikmi, uning yengil va ohista qadam tashlab yurishlari g‘oyat latofatli edi.
Nurbek qo‘riq yerlarga ketishga qaror qilganini aytib, yonidagi putyovkasini ko‘rsatganda, Oynagul Nurbek kutganidek uning bo‘yniga osilmadi.
– Sen yaxshi o‘ylab ko‘rdingmi? – so‘radi Oynagul, peshonasini tirishtirib.
– Ha, nima edi?
– Shunday o‘zim… – dedi va sekingina qo‘shib qo‘ydi:– Demak sen meni faqat so‘zdagina sevar ekansan-da… – Oynagulning qalin kipriklari yosh bilan namlanib, ko‘zlari yana go‘zallik kasb etgan edi. Nurbek dovdirab qoldi, u buni kutmagan edi.
– Nima keragi bor buni, Oynaxon? Sovxozga ketsa meni esdan chiqarib yuboradi, deb o‘ylamagin sen! Men u yerlarda sen bilan birga hayot kechirishimizni orzu qilaman.
Albatta, Oynagul qo‘riq yerga borish haqida tezda bir qarorga kelmagan edi. Buni Nurbek ham unga maslahat solmagan edi. Avvalo joylashib, uy olish, keyin esa turmush qurish haqida so‘z bo‘lishi mumkin edi.
Nurbekni kuzatayotib, Oynagul uyga o‘zining fotosuratini taqdim etdi:
– Boraver, Nurbek, – dedi u zarda bilan lablarini cho‘chchaytirib. – Bilaman, agar hayolingga biron narsa kelib qoldimi, sira ham fikringdan qaytmaysan. Agar u yer yoqmay qolsa, o‘zingni qiynab o‘tirma, qaytib kelaver, men kutaman seni… Yana zavodda gap qilishadi, deb o‘ylama, buning uncha ahamiyati yo‘q… Ish hamma vaqt topiladi… Ha, aytganday, har ehtimolga qarshi, tentirab yurma, rayonda mening tog‘am ishlaydi, mana uning adresi. Tortinib o‘tirma, unga murojaat qilaver, hammasiga yordamlashadi u…
Biroq ma’lum bo‘lishicha, Oynagul unga adashib boshqa adresni bergan ekan. Uning tog‘asi qo‘shni rayonda, janubdagi dovonda ishlar ekan. Nurbek buni keyinchalik mahalliy kishilardan so‘rab bilib oldi.
Sovxoz kundan-kunga ko‘z o‘ngida yuksalib, obod bo‘lib bormoqda edi. Nurbek bo‘lsa hamon o‘sha kunni – Oynagul bilan o‘z taqdirini birlashtiruvchi porloq kunni orziqib kutayotgan edi.

V

Toqqa bahor ancha kechikib keladi, uni orziqib kutish kerak, biroq, u o‘z husn-jamolidan nishona ko‘rsatdimi –darhol yer yuzini gul va ko‘katlar sepi qoplab oladi.
Pastda, vodiyda maysalar unib chiqadi, nihollar qomatini rostlab yaproq yozib, soya tashlay boshlaydi. O‘shanda bahor navbatni yozga berib, o‘zi esa yer betini cho‘lg‘ab olgan ko‘k-yashil tusdagi guldor ko‘ylak barini ko‘tarib sudraganicha tog‘ sari yo‘l oladi.
Tog‘ zonasining bahori o‘zgacha tabiatga, o‘zgacha go‘zallikka ega.
Ertalabdan qor yog‘adi, tushdan so‘ng quyosh chiqib, qorlar erib bug‘lanadi, bir kunlik gullar gullaydi, kechga kelib esa yer selgib, ariq va jilg‘alar tun bo‘yi muzlab chiqadi. Ertasiga ertalab cho‘qqilardan qarasang, ko‘z ilg‘amas kenglikdagi naqadar musaffo tog‘ bahorinn ko‘rib, qalbing quvonchlarga to‘ladi. Charaqlab turgan osmon dengizida kichkinagina dog‘ ham ko‘rinmasdi. Yer esa yoshgina qiz kabi yasangan – yam-yashil, shabnam bilan yuvilib, go‘yo uyalib kulib turardi… Agar qiyqirsang, ovozing uzoq vaqt jaranglab cheksiz va yuksak tog‘ tizmalari bo‘ylab toza havoda yiroq-yiroqlarga taralib ketadi… Hech qanday qor ham, tuman ham, yomg‘ir va shamol ham bahorni to‘xtata olmasdi, u yashil olov kabi alangalanib tog‘dan toqqa, cho‘qqidan cho‘qqiga yonib o‘tib, tobora yuksalib, mangu muzliklar sari bormoqda edi.
Odamlar hamma yerda bahorgi ekishni ertaroq tugallash bilan band. Tog‘li yerlarda esa bu, yanada muhim edi,–muddatdan sal kechikdingmi, ekinlar pishib yetilmay qolardi yoki tungi sovuq urib ketardi.
…Nurbek sovxozning uzoq uchastkalaridan biri – chegaradagi «Katta soyga» kechqurun yetib keldi. U mototsikldan tushmasdanoq, qiya tepalikda to‘xtab qolgan traktorni ko‘rdi. Nurbek achchiqlanib tupurib, mototsiklni o‘chirdi va traktor tomon yugurib ketdi. Olisdan jahli chiqib baqirdi.
– Ey, sen traktorni nega yotqizib qo‘yding! Yana sindirdingmi?
Yosh traktorchi Juman qo‘lidagi papirosni oyoq ostiga olib tepkilab tashladi.
– Traktorning hamma yeri taxt! – o‘zini oqlamoqchi bo‘lganday javob berdi u. – Biroq bu yerda haydash xavfli, og‘a.
– Nima deyapsan? – Nurbek unga tomon tashlandi. Sal bo‘lmasa mushti bilan solib yuborguday bo‘lib. – Aqling joyidami seni?
– E-e… O‘rtoq mexanik, tushunasizmi…
– Ha, aniqroq qilib gapir! Traktor qachondan beri yurmay turibdi? Senga aytyapman!
– Bir soatdan beri…
Nurbek mushti bilan havoni kesib:
– Kim ruxsat berdi senga? Kim? Qanday ahmoq?
– Traktor ag‘darilib ketadi deyapman-ku. Ishlash xavfli!
– Qayoqqa ag‘dariladi? Nega mahmadonalik qilyapsan?
Buning ustiga brigadir kelib qoldi. Nurbek Trofimovning boshidan oyog‘igacha g‘azab bilan nazar tashlab oldi va afsuslanganday boshini chayqab:
– Buni sizdan hech qachon kutmagan edim! Traktorning bo‘sh turganligi uchun partbyuroda javob berasiz!
Katta, keng gavdali Trofimov, odati bo‘yicha dag‘al mo‘ylovini vazminlik bilan silab, bosh irg‘ab hammasini ma’qullaganday:
– Traktorni to‘xtatishga majbur bo‘ldik, o‘rtoq mexanik,– bosiq ovoz bilan gapirdi u.– Kutdik, siz yoki agronom kelib qolsalaring, maslahatlashamiz deb o‘yladik… Mashinani haydashga relef imkon bermaydi. Nishablik… Qiyalikni bir ko‘ring-a… Traktor sirg‘alib tushib ketishi mumkin, kishilarning ham boshiga yetishimiz mumkin! Sezyapsizmi, traktorning qanday turishini!
Nurbek traktorga o‘tirib olib yon bag‘ir muyushga bir qarab oldi-da, shoshqaloqlik bilan qo‘l siltab:
– Ortiqcha ehtiyotkorlik! Bu g‘ildirakli traktor emas, zanjir g‘ildirakli traktorlar bu qiyaliklardan yuraveradi va hech qachon ag‘darilmaydi!
– Men, xudoga shukur, tog‘larda yigirma yillar chamasi ishlayapman, Nurbek Alievich. Har xil voqealar yuz berdi! Siz bo‘lsangiz hali bu yerlarga yangi kishisiz. Ishoning menga, bu yerda traktor bilan ishlash mumkin emas, juda xavfli.
Mensimaslik ham evi bilan-da! Demak bundan ko‘rinadiki, Nurbek o‘z ishini eplayolmayotgan ekan-da?! Buning ustiga yana Juman brigadirning so‘zlarini ma’qullab qo‘shib qo‘ydi:
– Brigadir to‘g‘ri aytadi. Haqiqatan ham xavfli!
– Agar xavfli bo‘lsa o‘tovda, uyda o‘tiraverish kerak edi!– Tish orasidan javob qildi Nurbek.– Qo‘riq yerga qo‘rqoqlarning keragi yo‘q! O‘zingiz ayting-chi o‘rtoq Trofimov, partiya bizni nima uchun yubordi bu yerga? Agar biz qandaydir kichkina bir tepalikka chiqishdan qo‘rqsak, topshiriqni qanday qilib bajaramiz!
– Yo‘q, o‘rtoq mexanik,– e’tiroz bildirdi Trofimov.– O‘zini baloga giriftor qilish emas, balki oqilona ish tutish kerak. Axir bu jiddiy ish-ku.
– Siz nimani taklif qilasiz? Qo‘l qovushtirib o‘tirishnimi?
– Nima keragi bor shunaqa so‘zlarni, o‘rtoq mexanik. Qachon biz qo‘limizni qovushtirib o‘tiribmiz. Bu yerni haydash noqulay ekan, bo‘lmasa boshqa yerga o‘taylik.
– Maslahatingiz uchun rahmat! Demak, biz yer haydash o‘rniga, u yerdan-bu yerga ko‘chib yurishimiz kerak ekan-da? Bir minut vaqt hozir qanchalik qimmat ekanligini o‘ylab ko‘rdilaringmi? Ikkinchi bir yerga ko‘chib o‘tamiz deguncha o‘nlab gektar yerni haydab qo‘yish mumkin. Qolaversa, sizlarga yana shuni eslatib qo‘yishim kerakki, hammamizda ham plan, grafik va marshrut bor. O‘zboshimchalik qilishga haqimiz yo‘q.
– Nega bunday ekan, o‘rtoq mexanik? Planga tuzatish kiritish mumkin emasmi? Men sizga yana eslatib aytyapmanki, bu tik tepalikda traktorda yurishni hech kim xohlamayapti. Istagan kishingizdan so‘rab ko‘ring! – dedi Trofimov to‘planib turgan traktorchilarga ishora qilib. Ularning birontasi ham churq etmay turardi. Ammo qovoq osib turishlaridan mexanikning aytgan gaplarini ma’qul ko‘rmayotganliklarini uqib olish mumkin edi.
– Har kimning joni o‘ziga aziz,– dedi Trofimov traktorchilarning fikrini ifodalab,– bunday yonbag‘irliklarda hazillashib bo‘lmaydi, o‘rtoq mexanik!
– Noto‘g‘ri aytasiz! Siz boshqalarni ham qo‘rqoq qilib qo‘yibsiz. Men – sovxozning mexanigiman, qaysi mashinadan qaerda foydalanishni mening ixtiyorimga qo‘yib beraveringlar. Men aminmanki, bu yonbag‘irlikni hech qanday hadiksiramasdan haydayverish mumkin. Bo‘lmag‘ur gaplarga quloq solmaslik kerak! Siz – kommunistsiz, o‘rtoq Trofimov, qiyinchiliklardan qochish kerak emas, balki kurashmoq kerak.
– Qiyinchiliklar sen yashab turgan zamonga nisbatan men bosib o‘tgan davrda ko‘p edi, yosh yigit! – brigadir tutaqib ketdi u Nurbek tomon yaqinlab kelarkan, o‘zini g‘azabdan arang bosib keskin burilib odimlab ketdi. Uning orqasidan boshqalar ham keta boshladi. Nurbek yolg‘iz o‘zi qoldi. Bu unga juda qattiq botib, qalbi alam va iztirobdan achishib og‘riyotgan edi. Nurbek o‘rnidan sakrab turib, Trofimovga yetib oldi va uning yengidan ushladi:
– Men sizga darhol traktorni yurgizishni buyuraman!
Trofimov Nurbekning boshidan oyog‘igacha jimgina nazar tashlab oldi-da, keyin undan qo‘lini tortib olib, yurishda davom etdi.
…Allaqachon yarim kechadan oshib qolgan, tunamoq uchun baland tog‘ qoyalari orasiga bulutlar suzib kelishmoqda, ular to‘p-to‘p bo‘lib, o‘zaro uchishib, endigina uyquga bosh qo‘ygan edilar. Tevarak-atrof suv sepganday jimjitlik. Uzoq-uzoqlarda traktornipg gurillagan ovozi arang eshitilardi. Brigadadagi kishilarning hammasi uyquga ketgan. Faqat Nurbek uxlagani yo‘q. Achchiq va chidab bo‘lmas alam o‘tlari uning qalbini tirnab o‘rtayotgan edi. U ilondek to‘lg‘anib, sezdirmasdan xo‘rsinib, allanimalar deb g‘o‘ldirardi. Ha, Trofimov uni bugun sharmanda qildi, butun xalq o‘rtasida sharmanda qildi! «Yo‘q, bunga jim turib bo‘lmaydi! Nima bo‘lsa ham o‘zining haq ekanligini isbotlashi kerak, faqat shundagina o‘z obro‘-e’tiborini tiklab olishi mumkin!»
Nurbek sekin o‘rnidan turib ovoz chiqarmay palatkadan tashqariga chiqdi. U yoq, bu yoqqa qaradi, hech kimsa yo‘q. O‘g‘rilardek engashib, u nariga chopib ketdi va jarlik soyasida g‘oyib bo‘ldi.
Oradan bir oz o‘tgandan so‘ng, qiya tepalikda, traktorning yonida cho‘ntak fonari bir-ikki yonib o‘chdi va birdan tun tinchligini buzib, pulemyot otilganday «ta-ta-ta-ta!» degan ovoz eshitildi. Bu traktorning ovozi edi. Oradan sal o‘tmay, traktor bir me’yorda, so‘niq ovozda tirillay boshladi. Birdan chiroq yonib, shu bilan bir vaqtda traktor ham o‘rnidan qo‘zg‘aldi. Nurbek richagni bosganicha hayajonlanib, ilgariga tikilib qarardi. Traktor tepalik bo‘ylab yurib ketdi.
«Ha, texnika inson qo‘l ostida, faqat uni boshqara bilish kerak, shunda u inson qo‘li qaerni ko‘rsatsa o‘sha tomonga ketaveradi. Buning uchun esa botirlik, jasurlik va qat’iylik kerak! Mana buning yaqqol misoli – boshqalar jur’at qilolmagan yerdan traktorni Nurbek haydab bormoqda!», – yo‘q, traktor qulab ketmaydi! Bu behuda gap. Sizlar uchun endi qizarishga to‘g‘ri keladi! – xitob qilardi Nurbek, hayajonidan titroq bosib.
Traktor haqiqatan hali tik tepalik sari yurib borayotgan edi. «Ular nimadan qo‘rqishdi? – o‘yladi Nurbek. – To‘g‘ri, hadeb bir tomonga engashib o‘tiraverish u aytganday oson gap emas ekan, ammo bu sal narsa, chidasa bo‘ladi!»
Oldinda yassi do‘nglik ko‘rindi. Traktor radiatori bilan yuqoriga ko‘tarildi, u hozir ag‘darilib kyotayotganday, biroq Nurbek traktorning yurish tezligini oshirib, bir zarb bilan bu do‘nglikni ham bosib o‘tdi. Kartaning oxiriga yetib traktorni orqaga burdi. Endi Nurbek g‘alabaga qat’iy ishonch hosil qilgan edi:
– Men sizlarga ko‘rsatib qo‘yaman, kim ekanligimni!– qichqirdi u chiranib, badxohlik bilan.– Ertalabgacha bu qiya tepalikning hammasini haydab qo‘yaman, agar zarur bo‘lsa, bu tog‘larning hammasini cho‘qqilari bilan birga qo‘shib haydab tashlayman! Ertaga ko‘rib ishonch hosil qilasan, Trofimov, qaysi birimiz haq ekanligimizga!
Nurbek ikkinchi krugni ham bosib o‘tdi. O‘zida mislsiz kuch paydo bo‘lganini his qildi, ko‘z o‘ngida go‘yo traktor bilan birga qo‘shilib qudratli po‘lat gavda turganday tuyuldi.
Oldinda yana tepalik ko‘zga tashlandi.
– Hechqisi yo‘q! – O‘zini tinchlantirardi Nurbek. Traktor zo‘riqib-bo‘kirib yurib borayotgan edi, birdan yonboshga qarab og‘a boshladi.
– Hechqisi yo‘q! – o‘ziga dalda berardi Nurbek… Qo‘li richagda, uchinchi skorost… La’nati traktor bo‘lsa, hamon ingrab-bo‘kirganicha qiyshayib, og‘ib borayotgan edi. Traktorni epchillik bilan birdan yuqoriga burib olish kerak edi, aks holda u ag‘darilib ketardi! Nurbek oldinga tashlanib, o‘ng tomondagi richagni kuch bilan o‘ziga tortdi. Traktor zanjirli g‘ildiraklari bilan tuproq ichida keskin burildi va bunday tepalikda yurishga qodir emasday tumshug‘ini osmonga ko‘targancha turib qoldi. Nurbekning boshiga gup etib qon urdi: «Nima qilish kerak? Tezroq motorni o‘chir! Qani, tezroq! Motor jimib qoldi! Nima qilish kerak?»
Biroq endi kechikilgan edi. To‘xtab qolgan traktor shu zahotiyoq g‘ijirlab ovoz chiqarib, sekin-asta plugni ostiga olib ezib, orqa tomon tislanayotgan edi. U endi ag‘darila boshlay degan edi, Nurbek kabinadan sakrab tushdi. Keyingi voqealar esa ana-mana deguncha bo‘lib o‘tdi. Traktor pastlikka tomon tezlashganidan-tezlashib dumalab borayotgan edi. Tog‘ etagiga yetganda kuchli zarb bilan qoyaga borib urildi.
– A-a-a-a! – deb baqirib yubordi Nurbek, lekin u o‘z ovozini eshitmasdi. Traktor katta toshga borib urilishi bilan lop etib olov chaqnadi, qoya va mashinadan otilib chiqqan parchalar hushtak chalib atrofga sochilib ketdi. Yer larzaga kelib shu zahotiyoq hamma yoqni birdan zulmat qoplab oldi.
Nurbek oyoq yalang, ko‘ylakchang, qo‘llariga fonar ko‘tarib chopib kelayotgan odamlarni ko‘rdi. U go‘yo yer surilib cho‘kib borayotganday bir depsinib oldi. Odamlar bo‘lsa yaqin kelib qolishgan edi, qo‘rqinchli baqiriq-chaqiriq ovozlari eshitilmoqda edi.
– Nega sakradim, men? – Dahshat ichida shivirladi Nurbek, – traktor bilan birga majaqlanib ketsam bo‘lmasmidi?
U qochishga joy topolmay gangib turdi-da, so‘ng hovliqib, o‘qday yugurib ketdi.
Nurbek orqasiga qarashga botinolmasdi. U boshini yelkalari orasiga olib, qo‘li bilan yashirar, qoqilib ketib, gursillab yiqilib tushar va shu zahotiyoq yana o‘rnidan sakrab turib, quyon kabi g‘izillab chopardi.
«Tezroq! Tezroq yugur! Yetib qolishdi. Eshityapsanmi» «Ushla, ushla!.. Xoinni tut, mahkamroq ushla!..» degan ovoz eshitildi.
Nurbek bor kuchi bilan qochardi. Uning ko‘ziga hech narsa ko‘rinmasdi, o‘nqir-cho‘nqir demay chopib borardi. Ammo oyoq, bu la’nati oyoq xuddi balchiqqa botib qolgandek yerdan ajralmasdan bir-biriga o‘ralashib, nafas olish ham og‘irlashib, a’zoyi badani yonib achishardi. Nurbek toqat qilolmasdan ko‘ylak yoqalarini yirtib yubordi.

* * *

Ertalabdan ikki burgut ko‘kda parvoz qilardi. Ahyon-ahyonda erinchoqlik bilan qanot qoqib qo‘yar va yana yuksaklikda aylanib yurardi. Ular chamasi tarang va egilmas qanotlarini sal-sal tebratib, havoda yengil va erkin parvoz qilib yurishgan edi.
Bu cheksiz bo‘shliqqa faqat burgutlargina hukmron edi. Ular bu hokimlikka monand harakat qilganday vazmin va osoyishta uchishardi. Tog‘i toshlar ham, qorlar ham, daryolar ham uning keng qanoti ostiga jo bo‘lgan. Ular yer yuzida bo‘layotgan jamiki narsalarni, hatto mayda zarrachalarga qadar ravshan ko‘rib turadilar.
Mana, tog‘ oralig‘ida allaqanday qo‘g‘irchoq kattaligidagi maxluq paydo bo‘ldi.
«…Odam! Qara, odam-ku!» – qag‘illab tovush berdi burgutlardan biri. «Ko‘ryapman, bu odam!» qisqagina javob qildi ikkinchisi.
Soylikda odam paydo bo‘ldi, ammo burgutlar hamon vazmin va osoyishta parvoz qilishardi. Odamning paydo bo‘lishi ularni hech ham bezovtalantirmadi. Axir, u qushlarning uyasini buza olarmidi? Yo‘q, bu odam o‘z soyasidan o‘zi qo‘rqadi. U qochoq yoki bo‘lmasa qandaydir yo‘ldan adashgan baxtsiz bir kishi. Bu uning ishonchsizlik bilan omonat qadam tashlashidan, daydib yurishu, qo‘rquv aralash ko‘z qarashlaridan aniq sezilib turardi. U tez-tez seskanib tushar, atrofga alanglab qarab, yana jim qolar edi. Bunday kishi chiqib bo‘lmaydigan qoyalardagi burgut inlariga yetib borib, ular bilan yakkama-yakka kurasha olarmidi? Bu kishida maqsadga erishish uchun kuch va iroda bormikin, dadil kurashishga qodir ekanmikin! Yo‘q, burgut uyasiga qo‘l solmoq uchun u kishining o‘zi ham dovyurak burgut bo‘lmog‘i kerak! Ha, g‘alaba ochiq kurashda hal bo‘ladi. Burgutlar yuzma-yuz olishishni yoqtirishadi. Dushman ularning uyasiga qo‘l solmoqchi bo‘lib intilganda, ular dushmanga qarshi: «To‘xta! Orqangga qayt!» deb qichqirishadi, so‘ng darg‘azab bo‘lib qur-qurlashib «Tayyor bo‘l!» – deganday bir-birlariga xabar qilishadi-da, cheksiz balandlikdan tosh kabi quyiga otiladi. Ular shuvillagancha havo bo‘shlig‘ini yorib o‘tib, dushman ko‘kragiga changal uradi-da, uni o‘lim holatiga keltiradi. So‘ng burgutlar o‘z inlari tepasida uzoq aylanishib, goh quvonch bilan, goh g‘azab bilan, gohida esa achinish bilan ancha vaqtgacha qur-qurlashib aylanib uchib yurishadi…
Bu odam bo‘lsa bunday jangni xayoliga ham keltirmasdi, u o‘z yo‘lida davom etayotgan edi.
Kun yarim bo‘lganda u kishi katta dovonga yetib oldi. Uning uzoqlashib, tezda ko‘zdan g‘oyib bo‘lib borayotganini ko‘rgan burgutlardan biri: «Odam ketdi!..» deb qur-qurlaganida, ikkinchisi ham unga «Ketdi», deb qisqagina javob qildi.

VI

Nurbek dovon tepasiga chiqib olguncha charchab holdan ketgan edi. U qalin qor kechib, balki hali hech qachon inson oyog‘i yetmagan yerlarda yurib bormoqda edi. Dovondan kuchli va muzdek shamol esardi. Mana uning tuz totmaganiga bir sutka bo‘lay deb qoldi. Iloji boricha tezroq tushish kerak, balki vodiyda chorvadorlarning o‘toviga duch kelib qolar. Dovondan butun tog‘ manzarasi ko‘zga yaqqol tashlanib turardi. Pastda, katta daryo oqmoqda. Biroq Nurbek u yerda inson yashaganligini ko‘rsatuvchi biror belgini uchratmadi. U madorsizlanib, sekin toshga o‘tirdi-da, qo‘li bilan yuzlarini berkitdi. «Bu huvillab yotgan notanish tog‘larda odam qaerdan bo‘lsin!–o‘ylardi Nurbek.– Nahotki, faqat men kabi ahmoqlar yashasa!» – u boshini yana ham quyi solib ko‘zlarini berkitib oldi…
Kuchli esayotgan shamoldan olov yo o‘chib qolishi, yoki yana ham alangalanib yonishi mumkin. Avvalgi qizishib yongan Nurbek hozir moyi tamom bo‘lib qolgan chiroq kabi so‘nib qolgan edi. Endi u – qochoq, bir burda non haqida, o‘zini himoya qilish haqida xayol suruvchi, xilvat joy topib, o‘t yoqib jon saqlashni o‘ylovchi kishi.
«…Oynagulimning tog‘asi qaerda yasharkin?» «…Rayonga qachon yetib olaman? – o‘ylardi Nurbek. – Aytishlariga qaraganda mana shu dovondan keyin yana ikki kunlik yo‘l. U yerga yetib borsam, ozroq bo‘lsa ham, undan pul qarz olaman-da, shaharga qaytaman va Oynagul oldida, endi qo‘riq yer haqida, hatto og‘iz ham ochmayman!» deb qasam ichaman.
Nurbek o‘rnidan turdi va pastga, daryo tomonga qarab sekin yura boshladi. Dovon tepasidan pastga tushish unchalik qiyin emasday, hammasi ko‘zga tashlanib turardi. Lekin u birmuncha vaqt o‘tgandan keyin, o‘zini ustma-ust qalashib yotgan qoyalar orasida ko‘rdi va ko‘ziga shu ulkan toshlardan bo‘lak atrofda hech narsa ko‘rinmasdi. Nurbekni vahima bosdi. U bu toshli qoyalardan tezroq chiqib olishga intilib, deyarli yugurib borardi. Ana-mana deguncha qorong‘ilik tushib, kech kirib qolgan edi. Nurbek boshini ko‘tarib qaradi, tepasida qovoq osib turgan past bulutlarni ko‘rdi. U yurishini yana tezlatdi. Momaqaldiroq gulduradi, toshlarning ustiga yirik-yirik yomg‘ir tomchilari shitirlab tusha boshladi. Keyin izg‘irin shamol esib, uning orqasidan kuchli do‘l yog‘ib selga aylandi. Osmonni qalin bulut qoplab olib, u namlikni so‘rib olayotganday og‘irlashib, pastga tomon yaqinlab kelgandi. Hamma yoqni zulmat qoplab olgan. Nurbek o‘zini qaerga olib qochishni bilmasdi. Qulayroq joy topib olish uchun olazarak bo‘lib bezovtalanardi. Yashin esa u qaerda, qay ahvolda deganday qiziqib, yonginasidagi qoyalar ichiga yorib kirib, yeru ko‘kni bir daqiqa yoritardi. Go‘yo dev qahqaha urib kulganday momaqaldiroq gumburlardi.
Nurbek butunlay o‘zini yo‘qotib qo‘ydi. U qaerga borishini, nima qilishini bilmasdi. Cho‘qqidan ko‘chib ketgan ulkan tosh guldurab shovqin solib Nurbekning boshi uzra yumalab kelayotgan edi. Uning izidan esa yana bir qancha toshlar qo‘shilib, yo‘lda uchragan narsalarni ezib-yanchib borardi. Nurbek orqasiga tisarildi-da, pastga tomon uchib ketdi…

VII

Oradan bir necha kun o‘tgandan so‘ng Nurbekning birinchi marta hovliga chiqishi edi. Biroq uning shikastlangan oyog‘i hali ham og‘rib turardi. Nurbek oqsoqlanib yurar, yo‘tali ham hali qolganicha yo‘q.
To‘planishgan va kirib-chiqib yurgan kishilar Nurbekka o‘sha mash’um voqeani hech qachon eslatmaslikka ahdlashib olgandek edilar. So‘z ochish payti kelib qolganda ham, uning oldida shu vaqtga qadar bu xususda gapirishganlarini eshitmadi. To‘g‘ri, Asya o‘z fikrini to‘g‘ridan-to‘g‘ri uning yuziga ayta qoldi:
– Sizning o‘rningizda men bo‘lganimda, bunday qilmagan bo‘lardim! Kimki mas’uliyatdan qo‘rqar ekan…– Asya aytmoqchi bo‘lgan fikrini oxirigacha gapirolmadi va Nurbekka ayanchli holatda qaradi-da, chuqur nafas oldi,– Siz hammasini ochiq gapirib berdingiz, men sizning shunday qila olganingizga sira ishonmayman!..
Nurbek o‘zini bir oz tetikroq his qildi. «Asya meni to‘g‘ri tushundi, – deb o‘yladi u. – Demak, men u aytganday yomon odam emas ekanman-da. U menga ishonadi. Boshqalarga ham ishonarmikan?»
Lekin bir zumdan keyin unda yana boshqacha fikr tug‘ildi: «Nega ular xabar qilishib, meni tutib berishmadi? Yoki ular mening sog‘ayishimni kutishayotganmikin? Mening jinoyatchi ekanligim noto‘g‘rimi, axir? Ha, men tamom bo‘lgan odamman! Menga rahm-shafqat qilib turishga o‘rin yo‘q, men jazoga tortilishim kerak!..»
Oynagul haqida o‘ylaganida miyasiga yana boshqa fikr keldi: «Yo‘q, men bu yerdan tezroq ketishim kerak. Bunday hayot jonimga tegdi. Oynagulning oldiga qaytib boraman, u bilan tinch va baxtli hayot kechiramiz».
Nurbek kechalari ko‘z yummay, ro‘y bergan voqeani kishilarga qanday tushuntirishni, o‘sha paytda motorning nega o‘chib qolganini o‘ylab yotardi. Oddiy traktorlar baland tog‘li yerlarda ishlay olmasligi aniq. Unda tog‘li rayonlarda ishlovchi traktorlarni takomillashtirish borasida qandaydir fikrlar mavjud… Ha, endi buning nima keragi bor… U endi ishga yana qayta oladimi, kishilarning yuziga qanday qaraydi?
Har kuni ertalab Asya bilan gidrotexnik Bektemir yo‘g‘on sim arqonga o‘rnatilgan lyulkaga o‘tirib lebedkaning ikkala tomonidagi chig‘iriqni aylantirib, tros bo‘ylab bir zumda daryoning narigi tomoniga o‘tib olishardi. Keyin ular daryo sohili bo‘ylab, yuqoriga, Baydamtolning qorli havzalari tomon ketishardi. Asya u yerda o‘zining kuzatish ishlarini olib borardi. Nurbek ularni, to daryodan o‘tadigan yergacha kuzatib qo‘yib, so‘ng o‘zi orqaga qaytardi. U qariyb butun kunni Asilboy bilan birga o‘tkazardi. Chol, o‘g‘li Bektemirga sira ham o‘xshamasdi. U juda ulfat, gurung qilishni yaxshi ko‘radigan odam edi. Uning yoshi yetmishlarga borib qolgan bo‘lsa ham, ertadan kechgacha tinim bilmasdi, qachon qaramang g‘ivirlab, xo‘jalik ishlari bilan band bo‘lardi. Bu novcha, qotma va bir oz bukchaygan cholning ko‘zlari xuddi yosh bolalarning ko‘zlarini eslatardi. Aftidan ular qandaydir yangi, ajoyib narsalar izlayotganday olamga zavq bilan boqardi.
Bugun Asilboy uning qo‘lidan ushlab oldi-da, sirli qiyofada: «Yur-chi bu yoqqa, senga bir narsani ko‘rsataman», dedi. U Nurbekni uncha katta bo‘lmagan tepalikka olib chiqdi. Tepalikning quyosh tushib turadigan tomoniga bir qancha yosh olma daraxtlari ekilgan. Nihollarning birida pushti gul ochilgan edi.
– Bu birinchi ochilishi! – dedi shivirlab Asilboy.– Nihollarni shahardan Asyaning o‘zi olib kelgan. O‘shanda men hayron bo‘lib, qizim, bularni nega olib kelding? Ular bu yerning sovug‘iga bardosh bera olarmidi? Bekor ovora bo‘libsan, qizim, ular bu yerda yashay olmaydi! – desam, u – siz qaerdan bilasiz, nega unday deyapsiz? Sinab ko‘rish kerak, o‘rganish kerak…– dedi. O‘shanda men rosa uyalib qolgan edim… Mana, endi ko‘ryapsanmi, oradan ikki yil o‘tdi… Birinchi nishona ko‘rsatdi… Asya, hali buni bilmaydi. Ko‘rsa bormi, quvonchdan boshi osmonga yetadi… Bo‘lmasamchi, bu chakana ish emas-ku… Baydamtolga kishilar ko‘chib kelganda, ularning bog‘-rog‘lari bo‘ladi!..
Ertalab, quyosh tog‘ tizmalaridan endigina mo‘ralab, uning nurlari daryo yuzidagi yengil tumanga qadalganda, Nurbek, har galgidek, Asyani daryo yoqasiga kuzatib qo‘yishga chiqdi. U Asyaning Baydamtolga yaqinlashganda har gal ham nimadandir hayajonlanishini endi aniq sezib oldi. U birdan hushyor tortib, boshini sekingina yuqori ko‘tarib olib, Nurbekni ortda qoldirgancha sohil sari chopib ketardi. U daryoning qirg‘og‘ida yarmi suvga botib turgan xarsang toshni yaxshi ko‘rardi. U tosh oldiga g‘izillab chopib borardi-da, uning bir chekkasida turib, quyoshning dastlabki nurlarini qarshilagancha, daryo suvining oqishini havas bilan tinglardi. U odatdagidek Baydamtolning to‘lqin otib, yelib-yugurib oqishini ko‘rsatib, nimanidir aytib qichqirardi. Lekin uning so‘zlari eshitilmas, tovushini daryoning shag‘illagan ovozi bosib ketardi. Ba’zan uning so‘zlari uzuq-yuluq quloqqa chalinib qolardi: «Ey-y-y! Nurbek!.. Qara… Baydamtol…»
– Nima deyapsan? Eshitilmayapti, Asya!
Qiz kaftlarini bir-biriga urib, chapak chalib kulardi.
Lekin Asya bugun o‘sha tosh tomon yugurmadi.
– Balki, sen zerikayotgandirsan, Nurbek? – dedi va to‘xtab Nurbekning ko‘zlariga diqqat bilan boqdi. – Sen u kitobni o‘qib bo‘lgandirsan? Butunlay sog‘ayib ketganingdan keyin, biz bilan qoyaga chiqasan. Men olib borayotgan tajribalarimni senga ko‘rsataman. U yerda ko‘p ajoyib narsalarni ko‘rish mumkin. – Asya o‘ylanib turdi-da, keyin qo‘shib qo‘ydi: – Bugun esa sen Gertsenning «B?loe i dum?» degan kitobini topib o‘qi, u mening sevimli kitobim. Men kurashchilarni, yuksak maqsad sari intiluvchi, kuchli kishilarni sevaman!
– Ma’qul, Asya.
Asya yana bir nimalar demoqchi edi-yu, lekin ular daryo yoqasiga yetib qolishgandi. Nurbek uning lyulkaga chiqib olishiga yordam berdi.
– Biz tezda qaytamiz! – qichqirdi qiz. Ular daryoning narigi sohiliga o‘tib olgach, Asya Nurbekka qarab: «Uyga bor! Bu yerda turma! Shamollab qolasan!» degandek qo‘l siltadi. U uzoqlashar ekan, yo‘l-yo‘lakay yana bir necha bor to‘xtab, unga qo‘l silkib qo‘ydi.
Nurbek ularning muyulishdan o‘tib, ko‘zdan g‘oyib bo‘lib ketgunga qadar daryo bo‘yida kutib turdi. Keyin u orqasiga qaytish o‘rniga, tosh qiya bo‘ylab, daryo yoqasiga tushdi va suv bo‘yidagi toshga borib o‘tirdi.
Baydamtol odatdagidek shovqin solib, hayqirib oqardi.
Daryoning qirg‘oq bilan tutashgan sayoz yeridagi kichik-kichik to‘lqinlar Nurbekning oyog‘iga qadar o‘rmalab kelardi. Go‘yo ular Nurbekka: «Ket, yaqinlashma!» deb aytayotgandek tuyulardi. Nurbek qo‘zg‘almay o‘tiraverdi. G‘azablangan to‘lqinlar uning etigiga loyqa ko‘pik qoldirib borib kelardi. Nurbek kulimsirab qo‘ydi.
Baydamtol daryosi tizma tog‘lardan boshlanadi. U yerlar mangu qor va muzliklar bilan qoplangan. Agar inson mangu muzliklarni eritishni eplay olganda edi, Baydamtolni ham boshqara olardi. Bu hali muammoligicha qolib kelmoqda, ammo kimki bu masalani hal qilishga bel bog‘lagan ekan, u haqiqiy jasur va botir inson sanaladi.
Nurbek o‘rnidan turib, hayajonlangan bo‘yicha daryoning suv yalab ketgan sayoz yeridan yurib, Baydamtolning shiddatli oqishiga nazar tashlab borardi.
Asya bu to‘g‘rida hikoya qilganda butunlay o‘zgarib ketardi. Uning osoyishta, o‘ychan ko‘zlari chaqnab, g‘ayratga to‘lib allanimalar yorqin ko‘rinayotganday tuyulardi. «Sen bir ko‘z oldingga keltirib ko‘r-a, Nurbek! Shunday bir vaqt keladiki, dehqonlarimiz qizib-yonib yotgan havodan rahm-shafqat so‘rab, iltijo qilib yomg‘ir kutmaydilar. Daryo oqimini o‘z izmiga bo‘ysundirgan inson dalalarga qancha suv kerak bo‘lsa, shuncha suvni yetkazib beradi».
Keksa Asilboy esa Baydamtolning kelajagi haqida gap ketganda, yoqasini ushlab hayratlanardi.
– Voy, tavba! – deya boshini chayqardi,– hozirgi yoshlarning qilayotgan ishining chegarasi yo‘q! Sen bir o‘ylab ko‘r, ular shunday katta ishlarga qo‘l urishyaptiki! Xudo nasib qilsa, Asyamiz aytganini qiladi. Muqaddas kishilar yo‘q deyishadi, ammo u, mening nazarimda, kishilar uchun muqaddas bo‘lib qoladiganga o‘xshaydi… Qor va suvlarnn o‘z hukmiga bo‘ysundirmoq hazilakam ishmi! Kulganlar kulaversin, lekin men Asyaga o‘xshagan yoshlarimizning har qanday ishlarni amalga oshira olishiga ishonchim komil. Kimki xalq uchun, xalq yo‘lida xizmat qilar ekan, u har doim o‘z muddaosiga erishadi… Unga xalq ko‘makdosh bo‘ladi…
Nurbek osma ko‘prik oldiga kelganda to‘xtab qoldi va: «Asya tezroq qaytsa edi! Vaqt muncha sekin o‘tyapti-a»,– deb xayol surib qoldi. Lekin o‘z fikridan o‘zi cho‘chib ketdi. U Asya haqida ko‘pdan beri o‘ylayotganini eslab qoldi. «Nega?–o‘zidan-o‘zi so‘radi Nurbek. –Nahotki Asyani sevib qolgan bo‘lsam? Nima, sen aqldan ozib qoldingmi, bunday bo‘lishi mumkin emas! Men uning to‘g‘risida shunchaki o‘ylayapman, bu menga shunday tuyulyapti! Muhabbat bunday kelmasa kerak. Men uni juda hurmat qilaman, o‘z tug‘ishgan singlim, o‘rtog‘imdek hurmat qilaman, lekin bizning o‘rtamizda sevgining bo‘lishi mumkin emas… Ha, shunday! Jim bo‘l, esingdan chiqar, xayolingga ham keltirma buni!»
Ammo ulkan toshning ko‘chmog‘i uchun birgina kichik tosh ham sabab bo‘laveradi. Nurbek necha bor Asya to‘g‘risida o‘ylamaslikka harakat qilib ko‘rdi. Lekin bundan hech narsa chiqmadi. Aksincha, qiz haqidagi xayollari qayta-qayta takrorlanaverdi. U nima qilishini bilmasdi. Nurbek behuda cho‘chib tushmagan edi. «Asilboyning yoniga borib, u yoq-bu yoqdan gaplashsam, balki o‘tib ketar», – degan qarorga keldi. Lekin chol bilan uning bugungi suhbati sira yopishmadi.
– Nima bo‘ldi bugun senga, yoki biror narsangii yo‘qotdingmi? – deb so‘radi hayron bo‘lib, Asilboy yo‘nilgan g‘o‘lachalarni bir tomonga olib qo‘yarkan, hayajonlangan Nurbekka diqqat bilan ko‘z tikib.
– Yo‘q! – Nurbek po‘ng‘illagancha xonaga kirib ketdi. U Gertsenning kitobini olib ikki sahifa o‘qidi, keyin uni yopib qo‘yib, derazadan toqqa tomon tikilib qoldi. «Shu topda nimanidir yo‘qotgandayman! – dedi ovoz chiqarib Nurbek. – Nima edi bu, qiziq, eslash kerak!» Shu payt:
– Asya qachon qaytarkin-a?– degan savol uning og‘zidan beixtiyor chiqib ketdi – Bas! – Nurbek stolni mushti bilan urdi.– Uning hayoti va ishiga xalaqit berishga sening haqing yo‘q! Bunday qila ko‘rma, uning tinchligini buzma.
Nurbek uydan otilib chiqib, yana daryo tomon yo‘l oldi. U suv yalab turgan o‘sha sayoz yerdagi toshga o‘tirdi va qo‘llari bilan boshini qisdi.
«Sevaman deb aytishga qanday tiling bordi! – o‘yladi Nurbek. – Asya bu kimsasiz tog‘larda xalq uchun bebaho ish qilish istagi bilan yashamoqda… Sen-chi, sen kimsan? Asya meni hech qachon sevmaydi, albatta! Uning uchun boshqa, o‘ziga munosib kishilar bor!..»
To‘lqinlar, Nurbekning oyog‘iga kelib urilgan to‘lqinlar yana «Ket, yo‘qol bu yerdan!» – deyayotganday tuyuldi.

VIII

Tun. Dara zulmatday qop-qorong‘i. Tog‘larning tepasida g‘uj-g‘uj yulduzlar chaqnamoqda, ular go‘yo atrofini kul bosgan laxcha cho‘g‘ singari edi. Pastda esa tinim bilmay Baydamtol hayqirardi.
Nurbek eshikdan chiqqanda, dara bo‘ylab esayotgan shamol uning qalpog‘ini uchirib ketdi. U qalpog‘ini yerdan olib bosibroq kiyib oldi-da, osma ko‘prik tomon shoshilib yurib ketdi. U ko‘prik oldiga kelib, jimgina turib qoldi va o‘girilib qaradi-da:
– Xayr, Asya! Indamasdan ketib qolganim uchun jahling chiqmasin. Shunday bo‘lgani ma’qul.
Nurbek lyulkaga chiqdi.
Asilboyning aytishiga qaraganda, daryoning narigi sohiliga o‘tib olib, oqim bo‘ylab pastga tomon yurilsa, keyin daraga burilib dovondan oshib o‘tgach, tosh yo‘lga ikki sutkadan keyin chiqib olish mumkin bo‘larkan. U yerdan esa katta yo‘l orqali to‘g‘ri shaharga borish mumkin.
Nurbek lyulkaga joylashibroq o‘tirdi va chig‘irni aylantira boshladi. Roliklar g‘ijirlab lyulka o‘rnidan qo‘zg‘ala boshladi. Lyulkani siljitish uncha oson emas ekan: chig‘ir ikki kishiga moslashtirilgan edi. Nurbek o‘zini tezda tolib qolganday his qildi. U nafasini rostlab olib, lyulka bortidan pastga qaradi, qo‘rqqanidan ko‘zlarini yumib, chig‘irning tutqichiga yana-da mahkamroq yopishib oldi. Pastda qandaydir aql bovar qilmaydigan allanarsalar ko‘zga tashlanardi. Jarlik qorong‘i, past-baland qirg‘oqlarga urilib, ko‘pirib, dahshat bilan guvillardi suv. Go‘yo dara tun zulmati bilan kurashayotgandek. Ular bir-birini shapir-shupur suvga bosishar, lekin ikkalasi ham bir-biriga bas kelolmayotganday tuyulardi. Nurbek pastga boshqa qaramaslikka qaror qildi va chig‘irni iloji boricha tezroq aylantirdi. Mana, u yarim yo‘lni bosib o‘tdi. Daryoning narigi sohili ravshanroq ko‘rina boshladi. Nurbek juda charchab qolgan bo‘lsa ham o‘ziga sira dam bermasdi. Yana bir zo‘r berdi va… nimadir qarsillab ketdi. Chig‘iriq sekinlab, lyulka shu joyidayoq to‘xtab qoldi. Nurbek o‘rnidan turib, trosdan chiqib ketmadimikin degan xayol bilan roliklarni paypaslab ko‘rdi, ammo hammasi joyida edi. Nurbek qo‘l fonarni yoqib chig‘irni ko‘zdan kechirdi va holsizlanib o‘tirg‘ichga o‘tirib qoldi.
– Nima qilish kerak? – g‘o‘ldiradi u.
Keyin bilsa, tros o‘raladigan barabanning o‘qi sinib ketgan ekan. Bu chig‘irni bir tomonlama aylantirish tufayli yuz bergan ekan. Agar asbob bo‘lganda edi, uni tuzatish uncha qiyin emasdi. Lekin uni qaerdan olish kerak? Lyulka quturgan daryoning qariyb qoq o‘rtasida to‘xtab qolgan. Nima qilmoq kerak? Bu turishda erta tongacha havoda laqillab o‘tirish mumkin, ammo ertalab… ertalab bu yerga Asya bilan Bektemir keladi. Bu esa uyat, sharmandalik-ku! Ularga shu ahvolda ko‘ringuncha o‘lgan yaxshiroq. Nima bo‘lsa ham daryoning narigi qirg‘og‘iga o‘tib olish va tezroq bu yerdan yo‘qolish kerak.
Nurbek lyulkani qoldirib, yuqorigi osig‘liq trosni ushlab qirg‘oqqa o‘tishga jazm qildi. Ha, ha, xuddi shunday qilish kerak, faqat yuqori tros bilan quyi tros orasi uning bo‘yidan baland bo‘lmasa bo‘lgani, aks holda yuqorigi trosga osilib, oyoq osti tayanchsiz qolishi mumkin.
Biroq uyat o‘limdan qattiq!
Nurbek o‘rnidan turib, trosni ikki qo‘llab ushladi va lyulka bortidan chiqdi.
Uning qulog‘iga daryoning shag‘illagan ovozi eshitilar, ayniqsa, yuragining gupillab urishi aniq sezilib turardi. Baxtiga troslar orasi ayni maqsadga mos ekan. Faqat qo‘li tolib chiqib ketmasa bo‘lgani, juda oz – to‘rt metrcha qoldi! Sim tilib ketgan kaftlari qonab, lovillab achishayotgan bo‘lsa ham shoshma, sekin harakat qil!
Mana, qirg‘oq. Nurbek sakrab yerga tushdi.
– O‘tdim! O‘tib oldim! – xursand bo‘lganidan qichqirib yubordi va yerni hidlab mehr bilan shivirladi: – Yer, yer! Endi istagan joyga bora olaman.
Nurbek bir sakrab oyoqqa turdi va katta-katta qadam tashladi. U osma ko‘prikka qarab olish uchun bir zum to‘xtab, joyida dong qotib qoldi, dahshatli xayoldan nafasi ichiga tushib ketdi. Koshki hech narsa yuz bermagan bo‘lsa, faqat lyulka o‘z o‘rnidan siljib, yolg‘iz cho‘qqayib daryo ustida tebranib qolgan bo‘lsa.
– Bu qanday bo‘ldi? – bo‘g‘iq ovoz bilan shivirladi Nurbek va hayajon bilan qorong‘ilikka tikilgancha olg‘a tashlandi. – Bu nimasi, chig‘irni sindirib ketyapmanmi? Ular meni o‘limdan saqlab qoldi, davolashdi, men bo‘lsam minnatdorchilik bildirish o‘rniga zarar keltirib qochyapman!
Nurbek yerga o‘tirdi, qo‘llari bilan boshini ushlab ko‘zini yumdi. U ertaga nima bo‘lishini tasavvur qilardi.
…Ertalab gidrologlar osma ko‘prikka kelishadi va lyulkaning daryo o‘rtasiga borib qolganligini ko‘rishadi. Demak, kechasi kimdir undan foydalanganu so‘ng shu bo‘yicha tashlab ketib qolgan. Biroq bu kim bo‘lishi mumkin? O‘zimiznikilarning hammasi shu yerda. Eh-ha, Nurbek qaerda?.. Tushunarli!.. Bo‘lmasa-chi, uning yo‘li ham shu yoqdan… Lekin har qanday sharoitda ham ishni bir minut kechiktirish mumkin emas!l Ular qirg‘oq chig‘iri yordami bilan lyulkani tortib olishga harakat qilib ko‘radilar. Lekin u o‘rnidan qimirlamaydi, chunki siljituvchi tros sinib qolgan barabanga mahkam o‘ralgan. Ular arqon ko‘prikning ishdan chiqqanini ko‘rib qattiq xafa bo‘lishadi. Buni kim qildi? Ablah, Nurbek!
– Men undan hech qachon buni kutmagan edim! – past ovoz bilan deydi Asya labini tishlab.
– Ha uying kuygur, zoti past! Nima qilib qo‘yding-a?–og‘ir xo‘rsinib oladi Asilboy.
– Men o‘ldiraman bu daydi itni! – otiladi Bektemir yerdagi toshni olib.
Xo‘p, keyin-chi, keyin nima bo‘ladi? Asya hech qachon o‘z ishini to‘xtatmaydi. Biroq u nima ham qila olardi?
Faqat birgina yo‘l bor. Asbob topish kerak-da, trosdan yana lyulkaga qaytib borish kerak. Lekin bu aytishga oson, shuncha masofani tros bo‘ylab bosib o‘tib bo‘larmidi, axir u qirg‘oqdan to lyulkaga qadar o‘ttiz metrdan kam emas, agar qo‘ling bo‘shab ketsa bormi, o‘lish hech gapmas. Baydamtol shu zahotiyoq oqizib toshlarga olib borib uradi, ha, ularning qaysi biri bunday xavfli ishga borishi mumkin? Asya! U hech narsa oldida to‘xtamaydi, u ishning bir minut ham to‘xtab qolishiga yo‘l qo‘ymaydi!..
– Yo‘q, men uni halokatga itarmayman! – Nurbek o‘rnidan irg‘ib turib, osma ko‘prik tomon zing‘illab chopib ketdi. U hali chig‘irni sozlash uchun qanday tadbir ko‘rib, qanday tuzatish kerakligi haqida aniq bir tasavvurga kelolmagan bo‘lsa-da, biroq bu yerdan ketib qolish mumkin emasligini sezib turardi.
Nurbek ko‘prik oldiga yugurib bordi, og‘ir nafas oldi-da, peshonasini metall ustunga bosdi. Uning miyasida faqat bir fikr hukmron edi: «Nima qilmoq kerak? Chig‘irni qanday tuzatish mumkin? Qanday? Biror kimsa na javob beradi va na aks-sado! Baydamtol, bag‘ri tosh daryo, hech bo‘lmasa bir og‘iz so‘z aytsang-chi? Yo‘q, sen eshitmaysan, yovvoyi hayqirig‘ing bilan quloqlaring bitib qolgan!.. Nima qilay… Axir men insonman-ku, mening ismim – Inson!.. Men buni tuzatishim, yo‘l topmog‘im kerak!»
– Topdim! – xitob qildi Nurbek. – Topdim!..
Ha, Nurbek tadbir topgan edi! U hozir tros orqali daryoning narigi tomoniga o‘tadi. U daryoning narigi tomonida yashikda asboblar turganligini ko‘rgan edi. Undan kerakli asboblarni olib, beliga bog‘lashi va yana shu tros bo‘ylab, lyulkaga qaytib kelishi, lyulkani ta’mirlab bo‘lgach, bu qirg‘oqqa qaytib kelishi kerak edi. U ko‘prikning yoniga boshqa yaqinlashmaydi, yaxshisi, boshi oqqan tomonga ketadi, balki daryoning quyirog‘idan biror sayoz joy topilar… Ey, bu uncha o‘ylaydigan narsa ham emas, hozir asosiy masala u emas, muhimi hozir – o‘ylangan fikrni amalga oshirmoq, bosh masala – Asyaning ulkan ishiga xalal bermaslik!
– O‘z fikrimdan qaytmayman! – dedi Nurbek qat’iy qilib va ishonchsizlik bilan qo‘shib qo‘ydi: – Biroq bilolmadim uddasidan chiqa olarmikinman, bunday og‘ir ishni bajarish uchun kuch-quvvatim yetarmikin?.. Bu yerdan lyulkagacha olti-etti metr, bu yo‘lni bosib o‘tganman, hozir yana u yerdan o‘taman, biroq lyulkadan u qirg‘oqqacha tros bo‘ylab o‘ttiz metr yurishim kerak! Bu juda uzoq yo‘l! Juda uzoq! Xo‘sh, nima bo‘pti, hammasiga tayyorman, Asya!
Nurbek ustunga chiqib yuqorigi trosni ushladi. Pastki trosni esa oyog‘i bilan paypaslab topdi. O‘ng oyog‘i bilan birinchi qadamni tashladi, kurash boshlandi.
U birinchi qadamni tashlaganda pastdagi quturib oqayotgan daryoning dahshatli shovqin-suroni unga bozor joyida dorbozlarning o‘yinida chalinadigan nog‘ora va karnay-surnaylarning aralash-quralash ozozidek bo‘lib tuyuldi.
Nurbek sayoq dorbozlarni yoshlik kezlaridayoq ko‘rgan edi. Ular qariyb terak bo‘yi balandlikda arqon ustida yurishadi. Ularga har bir daqiqada o‘lim tahdid solayotganday bo‘lardi, ammo u dovyurak kishi esa ko‘kka sig‘inib: «YO pirim, yo ollo!..» deb iltijo qilardi.
«Opa! – qo‘rqib ketgan Nurbek o‘shanda onasining ko‘ylagi bariga yashirinib.– Ketamiz, opa, bu yerdan ketamiz!» deyardi va u hatto yuragi dov bermay tomosha ham qilolmagan edi.
Endi bo‘lsa, Nurbekning o‘zi dorboz. Nurbek ham dorbozchilar singari havoda o‘sha dor arqonidan yo‘g‘on bo‘lmagan tros bo‘ylab bormoqda.
Lyulkaga yetib borganda Nurbek majolsizlanib o‘zini bortga otdi. Bir qism yo‘l bosib o‘tildi. Lekin shu kichkina g‘alaba ham qanchalik qimmatga tushdi! Trosning simidan tilinib, yulqilangan kaftlaridan qon oqar, o‘pkasi ko‘kragiga sig‘mas, xuddi poygada chopaverib hansirab, kishnab ketgan otlar singari qovurg‘alari bo‘rtib chiqqan edi. Oldinda esa hali uzoq, bundan ko‘ra yuz barobar og‘ir va uqubatli yo‘lni bosib o‘tish kerak.
«Orqangga qayt, baxti qora, hali ham kech emas, halok bo‘lasan!» – dedi ichki bir ovoz unga.
– Yo‘q, men oxirigacha ahdimda turaman! – javob qaytardi ovoz chiqarib Nurbek.
U o‘rnidan turdi, kamzulining astarinn yirtib qo‘lini o‘radi. Yana kurash boshlandi.
U birinchi qadamni bosishi bilanoq childirmaning baka-bangi, karnayning uvvos tortib jar solishi eshitildi.
Biroq bu gal Nurbek avvalgiga nisbatan tezroq holdan toya boshladi. U qo‘rqqanidan pastga qaray olmasa ham, tasodifan oyog‘ining ostiga ko‘z qirini tashladi. Daryoning kuchli oqimi to‘xtagandek tuyuldi, uniig boshi aylanib, ko‘zi tinib ketdi. Go‘yo hamma narsa – tog‘lar ham, tun ham, daryo ham, hammasi ulkan suv girdobida gir aylanib, undan uzoqlashar va doira hosil qilib yana unga yaqinlashardi. Har qancha bo‘lsa-da, Nurbek o‘zini tutib oldi. U boshini yuqori ko‘tardi, lekin shamol uni yulib ketayotgandek bo‘ldi. Shamol to‘satdan uning ko‘kragidan olib, chalqancha ag‘darib tashladi. Oyog‘i trosdan sirg‘alib chiqib ketdi. Lekin u yuz mashaqqatlar bilan oyog‘ini yana trosga qo‘yib oldi. Yelkasidan issiq ter oqib tusha boshladi. Nurbek bosh aylanishi qolar degan umidda ko‘zlarini chirt yumib oldi, ammo, u yana ko‘zini ochganda hech narsa ko‘rmagandek, yana avvalgicha hamma narsa gir aylanib, ko‘ngli aynay boshladi, o‘zini yo‘qotayozdi. U o‘zini ajoyibotlar dunyosiga kelib qolganday his qildi. Bu yangi dunyoda u o‘z hayotini qaytadan boshlagandek edi.
Hammasi, o‘tgan va yangi yuzaga kelgan narsalarning barchasi uning ko‘z oldida suzib yurar va turnaqator bo‘lib tizilishib o‘tar edi. Ammo uning o‘zi to‘xtashi mumkin emas, olg‘a, faqat olg‘a intilishi kerak, aks holda halokat yuz berishi mumkin, degan yagona fikr hukmronlik qilardi. Shuning uchun u odimlay boshladi, sekin, imillab bo‘lsa ham olg‘a siljiyverdi.
Achchiq ter uning yuzidan og‘ziga oqib tushardi. Qo‘liga o‘ragan lattalari allaqachon titilib, kaftlari qavarib ketdi, barmoqlari uvusha boshladi, gavdasi esa haddan tashqari og‘irlashib pastga torta boshladi. «Agar daryoga o‘zimni otsam nima bo‘larkin? – o‘yladi Nurbek. – Bari bir men o‘lgan odamman, menga bari bir emasmi». Ko‘prik-chi? Uni kim tuzatadi? Demak, ertaga Asya Baydamtolning boshiga borolmaydimi? Demak, uning xalq uchun qilgan barcha mehnatlari barbod bo‘ladimi?»
Nurbek o‘zini o‘nglab, yana bir-ikki qadam olg‘a bosdi.
«Asya! – xayolan murojaat qildi, u qizga. – Sening jahling chiqmasin, xafa bo‘lma, men munosib kishi emasman, jinoyatchiman, irodasiz qochqinman, lekin seni sevaman! Menga ishongin, xudo haqi, men seni sevaman! Ha! Hatto o‘zimdan yashirib yurganimga ham iqrorman!..»
Nurbek daryonint o‘rtasiga kelgach, boshqa siljishga majoli kelmay qoldi. Oyoq-qo‘llarining madori qurib, hushdan ozayozgan edi. Yana buning ustiga negadir pastki tros salqi bo‘lib qolgandi, U pona qoqib mahkamlagan edi-ku! Balki bu odamning og‘irligi bilan bo‘shab qolgandir. Nurbek oyog‘i tagidagi trosning sekin-asta pastga tushib ketayotganini sezib seskanib ketdi, ko‘kragini to‘ldirib nafas olgan edi, birdan yo‘tal tutib qoldi. Yo‘tal uni yana og‘ir ahvolga solib qo‘ydi. Nurbekning ko‘kragi achishib og‘riyotganidan nafas olishi ham og‘irlashgan edi. Qonga belangan qo‘llaridan kuch ketib, oyoq ostidagi tros borgan sari pasayib ketmoqda edi. Nurbek sim ustida tebranib, u yoqdan-bu yoqqa chayqalardi.
– Ajal! Ajal! – deb g‘olib kelganday Baydamtol shovullab oqardi, go‘yo o‘z o‘ljasini kutayotganday edi. Nurbekning qo‘llari endi unga itoat qilmay qo‘ygan edi. Toqatsizlanib turgan Baydamtol yana:
– Ajal! Ajal! – deb g‘azab bilan o‘shqirdi.
– Suv! Bir qultum suv! – so‘radi Nurbek chanqoqdan tutoqib.
«Boshingni eg, daryodan olib ich suvni! Suv ko‘p, sening chanqog‘ingni qondirishga yetadi, bosh eg!» – kimdir makkorlik bilan qulog‘iga shipshitgandek bo‘ldi.
Nurbek oxirgi kuch bilan barmoqlarini qisdi. Shu payt u qo‘lida soatining chiqillab ishlayotganini eshitdi. Bu g‘ayri tabiiy bo‘lib ko‘rinsa ham, haqiqatda eshitilayotgan edi. Daryoning quloqni kar qilgudek gulduragan ovozlari orasida bir me’yorda aniq, jaranglagan «tik, tik, tik,» tovushi ham ravshan eshitilib turardi. Ana shu har bir sekund urishi bilan birga hayot ham o‘tayotgan edi. Hayot! Kishi hayoti! Shu qisqa bir daqiqa ichida u hayotning nima ekanligini uqib oldi…
Zo‘r iroda kuch bilan u boshini birdan ko‘tarib oldi va butun daraga qarab tantanavor qichqirdi:
– Men yashayman!
…Nurbek qirg‘oqqa chiqib olganidan so‘ng, o‘zini yerga tashladi va qariyb bir soatga yaqin jonsiz kishi kabi qimirlamasdan chalqanchasiga yotdi. U iziga qaytishda asboblarni oldimi, yo‘qmi, ammo asosiy ish bitdi, Tortilib qolgan tros bo‘shadi. Qirg‘oqda chig‘iriq yordamida Nurbek lyulkani joyiga olib keldi. Tongda u ishini tugatdi.
Nurbek suv bo‘yiga tushib, etigi bilan suv kechdi va faqat endigina suv ichishga o‘zini haqli deb bildi.
U suvni katta-katta qultumlar bilan sekingina icharkan, bolalarcha kulib qo‘ydi. Bugun u hayotida birinchi marta chinakam kurash va g‘alabaning lazzatani tushundi. Bu safar u faqat o‘zi uchun, o‘z shuhrati va qahramonligini quruq namoyish qilish uchun emas, balki katta orzular uchun, yuksak maqsad yo‘lida xizmat qilayotgan Asya uchun jasorat ko‘rsatdi.
– Ha, men baxtliman! – dedi Nurbek. – Ertalab Asya Baydamtol o‘zanlari sari yo‘l oladi. Yo‘l ochiq, ko‘prik tuzatilgan!..
Nurbek zavqlanganidan qumlik ho‘l qirg‘oqdan chopib ketdi. U uyga kelib, qo‘liga qalam olib bir varaq qog‘ozga egri-bugri qilib yozdi:
«Asya, men qayoqdan kelgan bo‘lsam, o‘sha yoqqa ketyapman. Balki biz hech qachon uchrashmasmiz, lekin men seni qanday go‘zal bo‘lsang shundayligingcha umrbod qalbimda saqlayman. Jahling chiqmasin, mendan kulma, Asya, sen men uchun… Xayr, omon bo‘l… O‘zingni ehtiyot qil… Ha, sal bo‘lmasa unutayozibman, men Gertsenning kitobini o‘qib ulgurolmadim, kechir, men uni o‘zim bilan birga olib ketyapman, axir bu sening sevimli kitobing, kurashchan inson haqidagi kitob-ku… Mening tasodifan sen bilan bo‘lgan uchrashuvim hayotimdagi eng qiyin va eng baxtli kunlar bo‘lib qoladi. Rahmat senga, Asya, barcha yaxshiliklaring uchun… Sen menga ko‘p narsalarni o‘rgatding… Sen meni Baydamtol ustidan g‘alaba qilishing uchun dunyoda hammadan ko‘proq tilak tilovchi do‘sting deb hisobla… Men aminman, Asya, Baydamtol zabt etiladi!..»

IX

Asilboy ertalab barvaqt turib, hovlini aylanib yurdi, otini suvning bo‘yiga yetaklab keldi va uni cho‘miltirmoqchi bo‘lib paqirlab suv quya boshladi. Tog‘ ortidan quyosh ko‘tarildi. Asilboy qo‘lini peshonasiga qo‘yib quyosh tomon astoydil tikilib qoldi. U yuzlariga sachragan ariq suvidan seskanib ketdi va qo‘lidagi paqirni tushirib yubordi. Asilboy Asyaning derazasi yoniga yugurib bordi va kuchining boricha uni taqillatdi.
– Asya, tur tezroq, u ketdi!
Hech narsani anglay olmagan Asya hovliga yugurib chiqdi:
– Nima gap, otajon?
– Qara-chi, qizim, u yoqqa! – g‘urur bilan dedi Asilboy uzoqlashib ketayotgan kishini qo‘li bilan ko‘rsatib. Odam dovon tomon ketayotgan edi. – Bu Nurbek! – tushuntirdi Asilboy.
– Nurbek! Nurbek! – Bor kuchi bilan qichqirdi Asya. Aftidan, u yugurmoqchi bo‘ldi, lekin shu zahotiyoq to‘xtab, sezingan, beixtiyor va hayajonlangan tusda, xuddi har galgidek ertalab qoya tosh oldiga yugurib borib, Baydamtolning go‘zalligiga mahliyo bo‘lib turgandek, dong qotib qoldi. – Shunday bo‘lishini bilgan edim! – shivirladi Asya.
Nurbek katta qoya orasiga yashirindi. Asya u bilan faxrlanar, ayni choqda uni qo‘msab yurak-bag‘ri o‘rtanib yonayotgan edi. U ko‘z yoshi qilmaslik uchun yuzini teskari burib oldi va so‘radi:
– Ota, bu yerdan sovxozgacha uzoqmi?
– Dovondan narida, anchagina yo‘l, lekin bahuzur borsa bo‘ladi.
012

(Tashriflar: umumiy 3 918, bugungi 1)

Izoh qoldiring