Adam Mitskevich. She’rlar

Ashampoo_Snap_2016.12.18_03h28m02s_001_.png24  декабрь —  атоқли поляк шоири Адам Мицкевич таваллуд топган кун

   Адам Мицкевич умрининг энг гуллаган чоғларини саргардонликда ўтказган бўлса ҳам, хаёлан доим эл-юрти билан яшади. Шоир ўз кўксида олиб юрган ватани унинг достонларида айниқса кўзгудек акс этиб туради. Шоирнинг охирги йирик асари – “Пан Тадеуш” (уни шеърий роман, ҳатто эпопея деб ҳам аташади) поляклар ниҳоят бир уя атрофида асаларидай бирлашиб, янги ва янгича ҳаёт бошлаганларига умид ва ишонч билан йўғрилган. Бу асарларни ўқир эканмиз, истеъдодли ижодкор қаламини юксак мақсад йўналтириб турсагина меҳнат меваси ҳеч сўлмас экан, дегимиз келади.

Адам Мицкевич
ШЕЪРЛАР
Ҳусниддин Шарипов таржималари
08

Adam_Mickiewicz_by_Joachim_Lelewel.jpgШоир Адам Мицкевич 1798 йил 24 декабрда Польшанинг Заосе қишлоғида, адвокат оиласида дунёга келди. У давр Польша замини ўз атрофидаги қўшнилари томонидан тақсимлаб олинган пайтлар эди. Албатта бундай шароитда ҳаёт алғов-далғов, илғор фикрли кишилар мамлакат номини тиклаб олиш ҳаракати билан банд эди.

Мицкевич Вилно университетига кирган 1815 йилда унинг ватани қайтадан тақсимланиб, Россияга бўйсунувчи Полша қироллиги ташкил топди. Талаба йигит эса фақат филология фанини ўрганиш билан чегараланмай, ижтимоий ҳаётга ҳам боши билан шўнғиб кетади: у миллий мустақиллик ва сиёсий озодлик учун кураш олиб бораётган дўстларининг жарчиси бўлишга ҳаракат қилиб, янгроқ шеърлари аввал қўлма-қўл, сўнг матбуот орқали тарқала бошлади. Олий маълумот олиб, муаллимлик қилган пайтларида ҳам у ватанпарварлар ҳаракатининг марказида бўлди.

Россия ҳукумати анойи эмас, эди албатта: бу ҳаракатнинг энг фаол иштирокчилари қўлга олиниб, жазога тортилади. Сафдошларининг яхши сир сақлаганликлари сабабли шоир устидан енгилроқ ҳукм чиқарилиб, у Россиянинг овлоқ ўлкаларига бадарға этилади. Унинг бир дарди икки бўлди: сал аввал Адам ўз жонидан ортиқ севгани – Марила Верешчакдан айрилган, бадавлат ота-оналар қизларини граф Путкамерга узатиб юборишган эди.

Мицкевич 1824 йил 25 октябрида йўлга чиқиб, Нева дарёси ўз қирғоқларини бузиб, қутураётган кунларда Петербургга етиб келди. Уни Шимолий жамиятнинг Рилеев, Бестужев каби атоқли аъзолари ўз бағирларига олдилар, ижодлари билан ўртоқлашдилар. Шоир Одесса ва унинг атрофларида бир йилча яшаб, қайтиб келганида эса, унинг дўстлари декабрист сифатида қамоққа олиниб, тергов қилинаётган эди.Шундан сўнг, аста-секин, Мицкевич ва Пушкин ўртасида яқинлик, бора-бора қилин дўстлик туғилади, ижодий ҳамкорлик бошланади.

Адам Мицкевич умрининг энг гуллаган чоғларини саргардонликда ўтказган бўлса ҳам, хаёлан доим эл-юрти билан яшади. Шоир ўз кўксида олиб юрган ватани унинг достонларида айниқса кўзгудек акс этиб туради. Масалан, “Гражина” ХИВ асрга чекиниб, феодалларнинг ноаҳллигини, ҳатто ўз шахсий фойдасини ўйлаб, ёвга ўйинчоқ бўлишларини куйиниб ҳикоя қилади. Фақат она тупроқ хатар остида қолгандагина поляк ва латвияликлар руслар билан бирлашиб, қадларини тиклаб оладилар. Бу мавзуни шоир “Конрад Валленрод” достонида ҳам давом эттиради, кишининг бахти ватан ва халқ бахтиёрлигидан туғилиши ҳақида фикр юритади.

Халқ ўзининг урф-одатлари билан тирик. Мицкевич ўн йилдан ортиқроқ меҳнат қилиб, барибир битиролмай кетган “Дзяди”, яъни “Арвоҳ йўқлов” достонида фақат ўтганлар руҳини обод қилиш билан чегараланмай, ўзи сургунда кезган йўлларнинг аччиқ-чучугини ҳам ўртоқлашади. Шоирнинг охирги йирик асари – “Пан Тадеуш” (уни шеърий роман, ҳатто эпопея деб ҳам аташади) поляклар ниҳоят бир уя атрофида асаларидай бирлашиб, янги ва янгича ҳаёт бошлаганларига умид ва ишонч билан йўғрилган. Бу асарларни ўқир эканмиз, истеъдодли ижодкор қаламини юксак мақсад йўналтириб турсагина меҳнат меваси ҳеч сўлмас экан, дегимиз келади.

Адам Мицкевич 1855 йил 26 ноябр куни Истанбулда вабо касалига чалиниб, ҳаётдан кўз юмади.

02

ФИЛАРЕТЛАР ҚАСИДАСИ

Тинмасин ҳаёт ҳеч, гупирсин!
Дунёга келганмиз бир марта:
Қалбимиз цингари кўпирсин
Биллурий қадаҳлар қўлларда.

Даврада чарх урган ол шароб –
Ёшликка эгизак илҳомчи!
Юксалсин, ҳар қадаҳ – бир офтоб,
Қолмасин тубида бир томчи!

Полякнинг шароби – болимиз,
Эмасмиз ёт тиллар ошиғи.
Туташар дилларга дилимиз,
Янграса она-халқ қўшиғи.

Китобий гапларни суймаймиз!
Аждодлар сабоғи бебаҳо:
Қувнасак – юнондай қувнаймиз,
Жанг қилсак – римликлар раҳнамо.

Келди қонунпазлар! Эй, мезбон,
Қўявер қадаҳни ўртага:
Ҳақ эрур бугунча зўравон,
Ҳақиқат зўр келур эртага.

Ҳуррият дардини тортганлар
Бугунча нафасин ютади.
Аҳиллик тузини тотганлар
Дил ёзмоқ дамини кутади!

Пўлатни буколган кишилар
Замонни ҳам охир бўлажак:
– Офарин сизларга, яхшилар, –
Деб Бахус ол шароб тутажак!

Дилбарин табаррук тилидан
Табаррук сўз татиб кимёгар,
Ўшанда миннатдор элидан
Ташаккур тинглагай донолар.

Архимед – юлдуз-ла муттасил
Сирлашиб яшаган зўр одам.
Лекин у ўз таянч нуқтасин
Тополмай кўз юмди дунёдан.

Нютон қўли ҳам қисқарган,
Қисқадир жаҳонни қучмоққа,
У йўриқ сўрасин бизлардан,
Аҳд этса янги йўл очмоққа.

Қалби муз сайёра эмасмиз,
Самовий харита не даркор? –
Кучаниб овора эмасмиз,
Куч эмас, ишончда ҳикмат бор.

Қалбимиз қўрини ўлчаган
Қўлларни босажак қалтироқ:
Бир –
заиф иккига нисбатан,
Икки-чи? Бирликдан заифроқ!

Онлар ҳам, ҳаёт ҳам гупирсин!
Дунёга келганмиз бир марта:
Қалбимиз цингари кўпирсин
Биллурий қадаҳлар қўлларда.

Вужудда қонимиз тўнгмасин
Бўш ўтиб умрнинг бир они
Ва Фели нигоҳи сўнмасин,
Деб куйлар Филарет ўғлони.

КЕМАЧИ

О, ҳаёт уммони, даҳшатсан, даҳшат!
Сўлим сийнанг узра чиққандим йўлга,
Ҳайқира бошладинг таратиб ваҳшат!
Юриб бўлмас экан на орт, на олдга,
Қўлларга итоат этмагач мурват!

Ўзин бахтли сезар кемачи-маллоҳ,
Гўзаллик ва Меҳр кўрсатганда йўл:
Борлиқни зимистон қучганда ногоҳ,
Шу икки фаришта чўзиб унга қўл,
Орзу шароби-ла этаркан огоҳ.

Меҳр қадаҳини кўтарсанг агар,
Шуҳрат чўққисига етмоғинг осон,
Бу бода кайфидан туғилгай зафар;
Маллоҳ-чи, Гўзаллик жилмайган замон,
Эзилиб кетса-да, йўлини топар.

Афсуски, Гўзаллик юз кўрсатиб сал,
Ғойиб бўлиши ҳам мумкиндир тезда.
Умидинг иплари бўлару чигал,
Етимдай сезасан ўзни шу кезда
Ва алам қалбингга солади чангал.

Самовий Гўзаллик тарк айлаган чоғ
Зулматда бўрон-ла олишмоқ азоб:
Қўл излаб, харсангга йўлиқасан гоҳ,
Ё муз қучоғида бўласан хуноб,
Қандай чидар бунга тирик жон, эвоҳ?!

Мен-ку, зулмат қучиб, ўкирса ҳаёт,
Қутулишим мумкин бир имо қилиб…
Лекин ўзгалар-чи? Тўлқинда, ҳайҳот,
На ўлар, на қолар: борар осилиб,
Наҳот шу яшаш деб аталур, наҳот?!

Менга дейдиларки, ҳаёт – ўткинчи,
Мен эса ишончдан оламан мадад.
Чалғитиб турса-да ўлжа илинжи,
Нурин тарайверар абадул-абад, –
Руҳият юлдузин бузилмас тинчи.

Соҳилдан келдими бу бақир-чақир?
Ҳаҳ, дўстлар йўқлабди қояда туриб.
Тавба, қучса ҳамки туман-тошбағир,
Ўпқон-ла олишиб ётганим кўриб,
Оғриб кетмадими кўзингиз, ахир?!

Ҳозир бўла қолсам тўлқинга таслим,
Тушунмасангиз ҳам нелигин бўрон,
Гарчи йўқ ҳеч кимдан ҳеч қандай қарзим,
Тилингиз заҳрига бўлардим нишон
Ва таъна тошидан қутулолмасдим.

Азоблар рўйхати бўлмасди тамом:
Кемамнинг ҳамроҳи – ёмғир, дўл, чақмоқ.
Менга томошабин айтмасин аҳком,
Ҳакам қалбимдадир, ҳакамим – илоҳ.
– Сиз қайтинг, мен йўлда этаман давом.

ГУМОН

Кўп ҳам куйинмайман сени кўрмасам,
Эсим оғиб қолмас кўрганимда ҳам.
Лекин йўлларимиз тушганда йироқ,
Тимдалай бошлайди дилимни фироқ.
Бу сирнинг сабабин излайман гоҳи:
Ишқибозликмикин, ишқмикин ёки?!

Сиёқинг оҳиста бўлганда ғойиб,
Нетай, хотирамни қолсам-да койиб,
Шукрона айтаман, мен билан бугун
Шу ёруғ дунёда борлигинг учун.
Сўнг қийнар сўкилиб уйқумнинг чоки:
Ишқибозликмикин, ишқмикин ёки?!

Сенинг остонангни излаб топгунча
Жафолар чекдимми ахир озмунча?!
Ўша дардларимни ҳали ҳам бир бор
Куйлаб, этолмадим ўзингга изҳор.
Йўлимни ёритган ақл чироғи
Ишқибозликмикин, ишқмикин ёки?!

Дардингни олайин жонга улаб жон,
Сенга соғлиғимни этай армуғон.
Илжайма, сўзларим ҳавойи эмас,
Мен учун бир умр яшнаб юрсанг бас.
Айт-чи, қўрслигингнинг борми изоҳи:
Ишқибозликмикин, ишқмикин ёки?!

Қўлингни оҳиста қўлимга олсам
Ва орзу бағрига чўмиб-йўқолсам,
Уйқу нелигини билмаган гумон
Шўрлик юрагимда уйғотар тўфон,
Ақлимни шоширар унинг сўроғи:
Бу олти мисрали оташин нафас
Илҳом парисининг инъоми эмас,
Билмадим, сатрлар одимлаб вазмин,
Қандай келиб қолди қофия, вазн;
Шоирни шу қадар этган сайроқи
Ишқибозликмикин, ишқмикин ёки?!

ИККИ СЎЗ

Бир сўз айтолмай тилим бўлар лол
Учратиб қолсам авлоқда сени.
Балқимай туриб кўзингда хаёл,
Уққим келади дилингдагини.
“Не сўз айтар?” деб боқаман маҳтал,
Сен лабларингни очмасдан аввал
Уққим келади тилингдагини.
Кўзим интизор, қалбим интизор,
Буни ўзинг ҳам тушунасан, ёр.
Энг ноёб сўзлар жўнгина бўлар:
“Сени севаман, сени севаман!”
Деганларингни эшитгим келар.

Сўниб қачондир ҳаёт деган шам,
Арши-аълони айласак ватан,
Ёрим, ҳаттоки ўша ерда ҳам
Тўймай термулиб хумор кўзингга,
“Сени севаман” деган сўзингга
Бўлардим албат ўзим харидор
Ҳамда тинглардим такрор ва такрор.
Уни энг ноёб қўшиқдай қониб,
Тонгдан кечгача жўшиб ва ёниб:
Ҳа, миллион-миллион жилвалар ила
Таралаверсин гўёки шуъла
“Сени севаман” деган ашула!

“ҚРИМ СОНЕТЛАРИ” ТУРКУМИДАН

КЎЗЛОВ ЧЎЛДАН ТОҚҚА КЎЗ ТАШЛАБ…

Сайёҳ ва Мирзо

С а й ё ҳ

Наҳот бу алп тоғни яратмиш оллоҳ
Фаришталар учун тахт ўрнатай деб?!
Тўсиб турганмикин йўлни ёки дев,
Бевақт ботмасин деб юлдузлар ногоҳ?!
Тоғ уфқи ловуллар гўёки ўчоқ,
Ё ўт тушдимикин Шоҳиншаҳарга?
Ёки йўл кўрсатиб сайёраларга,
Ёқиб қўйганмикин худойим маёқ?

М и р з о

У ерга чиққанман. Унда қишу ёз
Дарё, булоқларни суғорар Аёз,
“Уҳ” десам, қор ёққан оғзимдан ерга.

Булутни поралаб яна юксалсам,
Тегай деб қолганди юлдузга саллам,
Бу – бизнинг Чодиртоғ, билдингми?

С а й ё ҳ

Эҳ-ҳа-а!

ҲАРАМДАГИ ҚАБРИСТОН

М и р з о – с а й ё ҳ г а

Муҳаббат боғини қуритди оллоҳ,
Мева беришини кутмасдан гуллар;
Роҳат денгизида яйрамас улар,
Фақат босиб ётар бағрига тупроқ.

Танлар вақт қаърида бўлса-да ғойиб,
Кимдир дастор қўйиб қабр бошига,
Қай бир кофир эса қабр тошига
Марҳумлар исмини ёзибди ўйиб

Бир умр тўрт девор ичра асраб жон,
Кун кўриб бу шаффоф чашмалар аро,
О жаннат гуллари, бўлдингиз хазон.

Бугун пойингизга, бамисли гадо,
Кўз ёш тўкиб келгач ғайридин меҳмон,
Хобгоҳингиз очдим, кечирсин Худо!

АЙИҚТОҒ

Айиқтоғ, кифтингдан боқаман хушҳол
Сен томон югурган нилий тўлқинга:
Бош ургач, айланиб кумуш ёлқинга,
У бир дам ҳаволаб, тўкилар беҳол.

Сал ўтмай, соҳилда кўтарар ғовур
Навбатдаги тўлқин ундан ҳам баттар.
Сўнг, пода-балиқдай, изига қайтар,
Пойингда қолдириб шағал ёки дур.

Севги ҳам, эй ҳофиз, ажойиб нарса,
Кўзингни тиндирар забтига олса,
Яна борлиқ яшнар бошласанг наво.

Овозинг бўғолмас момақалдироқ,
Шеър-қўшиғинг эса янграр авжлироқ,
Мангу ўлмасликка йўлланманамо.

САРДОР

Тун яримдан ўтганда, бедор,
Уйга қайтди сафардан сардор.
Шубҳа ўртаб уни худди чўғ,
Хизматкорлар дамин ўчириб,
Эшик очиб, пардани суриб
Қарасаки, маликаси йўқ.

Ғазабидан олайиб кўзи,
Томоғига тиқилди сўзи.
Сўнг мошгуруч мўйловин бураб,
Енг шимариб, муштин тугди-ю,
Малайларга заҳрин сочди у:
“Ярамаслар, ўзи нима гап –

Қайда қолди қулф-калитлар,
Қайга кетди қўриқчи итлар?
Мен ҳаммангни… Йўқ, йўқ, биринг тур,
Қанорқоп ва арғамчини ол,
Ўқлаб узат милтиқни дарҳол,
Бир боплайки,.. Қани, энди юр!”

Кетди девор паналаб сардор,
Писиб борар ёнида дастёр.
Боққа кириб, боқсаларки жим,
Ҳамон обод фавора бўйи,
Бир йигитни тинглаган кўйи
Ўлтирарди оқ кийган хоним.

Йигит куяр: “Ҳаётим битди,
Орзум уйи нуради-кетди,
Мен давлатим деган неки бор, –
Оппоқ сийнанг хилқатларин ҳам,
Оташ кафтинг лаззатларин ҳам
Сотиб олди тиллага сардор.

Сени излаб гадо бўлдим мен,
Дардинг чекиб адо бўлдим мен!
Нетай, бурдинг мендан юзингни.
Куймади у изингдан юриб.
Ҳамёнининг ваҳмини кўриб,
Қучоғига отдинг ўзингни.

Учиб келдим зулматда бугун
Кўзларингга бир боқиш учун.
Келдим дардим изҳор этгани,
Янги уйда янги бахт тилаб,
Ўша момиқ қўлларинг силаб,
Сўнг бошимни олиб кетгани”.

Тўхтатолмас қиз ёш булоғин,
Йигит ўпар бошу оёғин.
Барглар аро сардор ва дастёр
Икки ўқни милтиққа жойлаб,
Бамисоли ўлжани пойлаб,
Яқинлашар, отишга тайёр.

Шу пайт, ногоҳ бўлгандай касал,
Дастёр бола тайсаллади сал:
“Ярамайман, хўжам, бу ишга,
Кўзим хира, қўлим қалтироқ,
Ўқлолмадим ҳатто яхшироқ
Ҳам ожизман тепки босишга!”

“Малайвачча, ўчир унингни,
Кўрсатаман ҳали кунингни, –
Дер хўжайин, — мўлжаллаш лозим:
Бекачангни сен ол нишонга –
Бироз кўтар, энди – сал ёнга…
Тинчитаман йигитни ўзим!”

Унинг сўзи бўлмасдан адо,
Янграб кетди “қарс” этган садо, –
Наҳот дастёр қолди шошилиб,
“Адашдими” мўлжалдан айёр:
“Оҳ” деди-ю, қулади сардор,
Манглайидан дарча очилиб.

ГУЛГА ЧЎМДИ ДАРАХТЛАР ЯНА

Гулга чўмди дарахтлар яна,
Хуш бўй тарар борлиқ тун бўйи.
Эманзорда қилар тантана
Булбул, ҳатто чигиртка куйи.

Лекин чулғаб бошимни хаёл,
Дард эзади менинг елкамни.
Юрагимда кезар бир савол:
– Ким мен билан кутгай кўкламни?

Ой нурида чайқалиб шу пайт,
Куйлай бошлар қандайдир машшоқ.
Деразамни очсам, оҳ, нетай,
Кўз ёшларим бўлади булоқ.

Бу – ёр васфи, севги достони,
Ишқ деб ҳофиз яратган инжу.
Лекин сўнмас қалбим афғони:
Дардин ахир кимга айтсин у?

Не кунларни бошдан ўтказдим,
Она юртга этолмай сафар.
Ўзгаларга айтмаган дардим
Ўзим билан қабрга кетар.

Шам олдида бир кун букиб тиз,
Муштни қисиб, сен билан бирга,
Қалбим, барин куйга солармиз,
Туширармиз ёки сатрга.

Ўйларим – қуш, ўйларим – болам,
Ўйларимдан таралар оҳ-зор;
Шу фарзандлар ташвиши билан
Бева қалбим бир умр абгор.

Баҳор ўтар, ўтар саратон,
Ўтар-кетар қору ёмғир ҳам.
Эримагай аммо ҳеч қачон
Юрагимда чўкиб ётган ғам.

МОВИЙ МУҲИТ УЗРА

Мовий муҳит узра, само бағрида
Терилиб турарди қоялар қатор.
Акси муҳрланиб денгиз қаърида,
Гўёки кўзгудан боқар беғубор.

Мовий муҳит узра, само бағрида
Пойга қилар эди булутлар саф-саф.
Акси ўрмаларди денгиз қаърида,
Қора дуд таратган жинларга ўхшаб.

Мовий муҳит узра, само бағрида
Булутлар кўксини тилади яшин.
Акси лип этади денгиз қаърида
Ва узоққа бормай, сўнади тағин.

Мовий муҳит узра қўниб ҳаловат,
Гўёки мудрарди кўрфаз ниҳоят.

Мен-чи, бўлсам ҳамки юраги доғлиқ,
Дилимнинг тубида яшайди поклик …
Қора қоялардан юраман йироқ,
Нурни акс эттириш менга маъқулроқ …

Қоялар бу ерда туражак мангу,
Булутлар суғориб юражак мангу …
Шу ерда липиллар чақмоқ ҳам мамнун …
Фақат менинг кемам йўлдадир ҳар кун.

КЎЗ ЁШИМ ШАШҚАТОР …

Кўз ёшим шашқатор, ёғар беғубор
Олис ҳамда холис болалигимга,
Сўнгра ювар қуюн йигитлик уйин,
Сўнг – етуклик фасли, ғам-алам васли:
Кўз ёшим шашқатор – ёғар беғубор …

 

008 Adam Mitskevich
SHE’RLARIDAN NAMUNALAR
Husniddin Sharipov tarjimalari
08

098   Shoir Adam Mitskevich 1798 yil 24 dekabrda Polshaning Zaose qishlog‘ida, advokat oilasida dunyoga keldi. U davr Polsha zamini o‘z atrofidagi qo‘shnilari tomonidan taqsimlab olingan paytlar edi. Albatta bunday sharoitda hayot alg‘ov-dalg‘ov, ilg‘or fikrli kishilar mamlakat nomini tiklab olish harakati bilan band edi.

Mitskevich Vilno universitetiga kirgan 1815 yilda uning vatani qaytadan taqsimlanib, Rossiyaga bo‘ysunuvchi Polsha qirolligi tashkil topdi. Talaba yigit esa faqat filologiya fanini o‘rganish bilan chegaralanmay, ijtimoiy hayotga ham boshi bilan sho‘ng‘ib ketadi: u milliy mustaqillik va siyosiy ozodlik uchun kurash olib borayotgan do‘stlarining jarchisi bo‘lishga harakat qilib, yangroq she’rlari avval qo‘lma-qo‘l, so‘ng matbuot orqali tarqala boshladi. Oliy ma’lumot olib, muallimlik qilgan paytlarida ham u vatanparvarlar harakatining markazida bo‘ldi.

Rossiya hukumati anoyi emas, edi albatta: bu harakatning eng faol ishtirokchilari qo‘lga olinib, jazoga tortiladi. Safdoshlarining yaxshi sir saqlaganliklari sababli shoir ustidan yengilroq hukm chiqarilib, u Rossiyaning ovloq o‘lkalariga badarg‘a etiladi. Uning bir dardi ikki bo‘ldi: sal avval Adam o‘z jonidan ortiq sevgani – Marila Vereshchakdan ayrilgan, badavlat ota-onalar qizlarini graf Putkamerga uzatib yuborishgan edi.

Mitskevich 1824 yil 25 oktyabrida yo‘lga chiqib, Neva daryosi o‘z qirg‘oqlarini buzib, quturayotgan kunlarda Peterburgga yetib keldi. Uni Shimoliy jamiyatning Rileyev, Bestujev kabi atoqli a’zolari o‘z bag‘irlariga oldilar, ijodlari bilan o‘rtoqlashdilar. Shoir Odessa va uning atroflarida bir yilcha yashab, qaytib kelganida esa, uning do‘stlari dekabrist sifatida qamoqqa olinib, tergov qilinayotgan edi.Shundan so‘ng, asta-sekin, Mitskevich va Pushkin o‘rtasida yaqinlik, bora-bora qilin do‘stlik tug‘iladi, ijodiy hamkorlik boshlanadi.

Adam Mitskevich umrining eng gullagan chog‘larini sargardonlikda o‘tkazgan bo‘lsa ham, xayolan doim el-yurti bilan yashadi. Shoir o‘z ko‘ksida olib yurgan vatani uning dostonlarida ayniqsa ko‘zgudek aks etib turadi. Masalan, “Grajina” XIV asrga chekinib, feodallarning noahlligini, hatto o‘z shaxsiy foydasini o‘ylab, yovga o‘yinchoq bo‘lishlarini kuyinib hikoya qiladi. Faqat ona tuproq xatar ostida qolgandagina polyak va latviyaliklar ruslar bilan birlashib, qadlarini tiklab oladilar. Bu mavzuni shoir “Konrad Vallenrod” dostonida ham davom ettiradi, kishining baxti vatan va xalq baxtiyorligidan tug‘ilishi haqida fikr yuritadi.

Xalq o‘zining urf-odatlari bilan tirik. Mitskevich o‘n yildan ortiqroq mehnat qilib, baribir bitirolmay ketgan “Dzyadi”, ya’ni “Arvoh yo‘qlov” dostonida faqat o‘tganlar ruhini obod qilish bilan chegaralanmay, o‘zi surgunda kezgan yo‘llarning achchiq-chuchugini ham o‘rtoqlashadi. Shoirning oxirgi yirik asari – “Pan Tadeush” (uni she’riy roman, hatto epopeya deb ham atashadi) polyaklar nihoyat bir uya atrofida asalariday birlashib, yangi va yangicha hayot boshlaganlariga umid va ishonch bilan yo‘g‘rilgan. Bu asarlarni o‘qir ekanmiz, iste’dodli ijodkor qalamini yuksak maqsad yo‘naltirib tursagina mehnat mevasi hech so‘lmas ekan, degimiz keladi.

A.Mitskevich 1855 yil 26 noyabr kuni Istanbulda vabo kasaliga chalinib, hayotdan ko‘z yumadi.

066

FILARETLAR QASIDASI

Tinmasin hayot hech, gupirsin!
Dunyoga kelganmiz bir marta:
Qalbimiz singari ko‘pirsin
Billuriy qadahlar qo‘llarda.

Davrada charx urgan ol sharob –
Yoshlikka egizak ilhomchi!
Yuksalsin, har qadah – bir oftob,
Qolmasin tubida bir tomchi!

Polyakning sharobi – bolimiz,
Emasmiz yot tillar oshig‘i.
Tutashar dillarga dilimiz,
Yangrasa ona-xalq qo‘shig‘i.

Kitobiy gaplarni suymaymiz!
Ajdodlar sabog‘i bebaho:
Quvnasak – yunonday quvnaymiz,
Jang qilsak – rimliklar rahnamo.

Keldi qonunpazlar! Ey, mezbon,
Qo‘yaver qadahni o‘rtaga:
Haq erur buguncha zo‘ravon,
Haqiqat zo‘r kelur ertaga.

Hurriyat dardini tortganlar
Buguncha nafasin yutadi.
Ahillik tuzini totganlar
Dil yozmoq damini kutadi!

Po‘latni bukolgan kishilar
Zamonni ham oxir bo‘lajak:
– Ofarin sizlarga, yaxshilar, –
Deb Baxus ol sharob tutajak!

Dilbarin tabarruk tilidan
Tabarruk so‘z tatib kimyogar,
O‘shanda minnatdor elidan
Tashakkur tinglagay donolar.

Arximed – yulduz-la muttasil
Sirlashib yashagan zo‘r odam.
Lekin u o‘z tayanch nuqtasin
Topolmay ko‘z yumdi dunyodan.

Nyuton qo‘li ham qisqargan,
Qisqadir jahonni quchmoqqa,
U yo‘riq so‘rasin bizlardan,
Ahd etsa yangi yo‘l ochmoqqa.

Qalbi muz sayyora emasmiz,
Samoviy xarita ne darkor? –
Kuchanib ovora emasmiz,
Kuch emas, ishonchda hikmat bor.

Qalbimiz qo‘rini o‘lchagan
Qo‘llarni bosajak qaltiroq:
Bir –
zaif ikkiga nisbatan,
Ikki-chi? Birlikdan zaifroq!

Onlar ham, hayot ham gupirsin!
Dunyoga kelganmiz bir marta:
Qalbimiz singari ko‘pirsin
Billuriy qadahlar qo‘llarda.

Vujudda qonimiz to‘ngmasin
Bo‘sh o‘tib umrning bir oni
Va Feli nigohi so‘nmasin,
Deb kuylar Filaret o‘g‘loni.

KEMACHI

O, hayot ummoni, dahshatsan, dahshat!
So‘lim siynang uzra chiqqandim yo‘lga,
Hayqira boshlading taratib vahshat!
Yurib bo‘lmas ekan na ort, na oldga,
Qo‘llarga itoat etmagach murvat!

O‘zin baxtli sezar kemachi-malloh,
Go‘zallik va Mehr ko‘rsatganda yo‘l:
Borliqni zimiston quchganda nogoh,
Shu ikki farishta cho‘zib unga qo‘l,
Orzu sharobi-la etarkan ogoh.

Mehr qadahini ko‘tarsang agar,
Shuhrat cho‘qqisiga yetmog‘ing oson,
Bu boda kayfidan tug‘ilgay zafar;
Malloh-chi, Go‘zallik jilmaygan zamon,
Ezilib ketsa-da, yo‘lini topar.

Afsuski, Go‘zallik yuz ko‘rsatib sal,
G‘oyib bo‘lishi ham mumkindir tezda.
Umiding iplari bo‘laru chigal,
Yetimday sezasan o‘zni shu kezda
Va alam qalbingga soladi changal.

Samoviy Go‘zallik tark aylagan chog‘
Zulmatda bo‘ron-la olishmoq azob:
Qo‘l izlab, xarsangga yo‘liqasan goh,
Yo muz quchog‘ida bo‘lasan xunob,
Qanday chidar bunga tirik jon, evoh?!

Men-ku, zulmat quchib, o‘kirsa hayot,
Qutulishim mumkin bir imo qilib…
Lekin o‘zgalar-chi? To‘lqinda, hayhot,
Na o‘lar, na qolar: borar osilib,
Nahot shu yashash deb atalur, nahot?!

Menga deydilarki, hayot – o‘tkinchi,
Men esa ishonchdan olaman madad.
Chalg‘itib tursa-da o‘lja ilinji,
Nurin tarayverar abadul-abad, –
Ruhiyat yulduzin buzilmas tinchi.

Sohildan keldimi bu baqir-chaqir?
Hah, do‘stlar yo‘qlabdi qoyada turib.
Tavba, quchsa hamki tuman-toshbag‘ir,
O‘pqon-la olishib yotganim ko‘rib,
Og‘rib ketmadimi ko‘zingiz, axir?!

Hozir bo‘la qolsam to‘lqinga taslim,
Tushunmasangiz ham neligin bo‘ron,
Garchi yo‘q hech kimdan hech qanday qarzim,
Tilingiz zahriga bo‘lardim nishon
Va ta’na toshidan qutulolmasdim.

Azoblar ro‘yxati bo‘lmasdi tamom:
Kemamning hamrohi – yomg‘ir, do‘l, chaqmoq.
Menga tomoshabin aytmasin ahkom,
Hakam qalbimdadir, hakamim – iloh.
– Siz qayting, men yo‘lda etaman davom.

GUMON

Ko‘p ham kuyinmayman seni ko‘rmasam,
Esim og‘ib qolmas ko‘rganimda ham.
Lekin yo‘llarimiz tushganda yiroq,
Timdalay boshlaydi dilimni firoq.
Bu sirning sababin izlayman gohi:
Ishqibozlikmikin, ishqmikin yoki?!

Siyoqing ohista bo‘lganda g‘oyib,
Netay, xotiramni qolsam-da koyib,
Shukrona aytaman, men bilan bugun
Shu yorug‘ dunyoda borliging uchun.
So‘ng qiynar so‘kilib uyqumning choki:
Ishqibozlikmikin, ishqmikin yoki?!

Sening ostonangni izlab topguncha
Jafolar chekdimmi axir ozmuncha?!
O‘sha dardlarimni hali ham bir bor
Kuylab, etolmadim o‘zingga izhor.
Yo‘limni yoritgan aql chirog‘i
Ishqibozlikmikin, ishqmikin yoki?!

Dardingni olayin jonga ulab jon,
Senga sog‘lig‘imni etay armug‘on.
Iljayma, so‘zlarim havoyi emas,
Men uchun bir umr yashnab yursang bas.
Ayt-chi, qo‘rsligingning bormi izohi:
Ishqibozlikmikin, ishqmikin yoki?!

Qo‘lingni ohista qo‘limga olsam
Va orzu bag‘riga cho‘mib-yo‘qolsam,
Uyqu neligini bilmagan gumon
Sho‘rlik yuragimda uyg‘otar to‘fon,
Aqlimni shoshirar uning so‘rog‘i:
Bu olti misrali otashin nafas
Ilhom parisining in’omi emas,
Bilmadim, satrlar odimlab vazmin,
Qanday kelib qoldi qofiya, vazn;
Shoirni shu qadar etgan sayroqi
Ishqibozlikmikin, ishqmikin yoki?!

IKKI SO‘Z

Bir so‘z aytolmay tilim bo‘lar lol
Uchratib qolsam avloqda seni.
Balqimay turib ko‘zingda xayol,
Uqqim keladi dilingdagini.
“Ne so‘z aytar?” deb boqaman mahtal,
Sen lablaringni ochmasdan avval
Uqqim keladi tilingdagini.
Ko‘zim intizor, qalbim intizor,
Buni o‘zing ham tushunasan, yor.
Eng noyob so‘zlar jo‘ngina bo‘lar:
“Seni sevaman, seni sevaman!”
Deganlaringni eshitgim kelar.

So‘nib qachondir hayot degan sham,
Arshi-a’loni aylasak vatan,
Yorim, hattoki o‘sha yerda ham
To‘ymay termulib xumor ko‘zingga,
“Seni sevaman” degan so‘zingga
Bo‘lardim albat o‘zim xaridor
Hamda tinglardim takror va takror.
Uni eng noyob qo‘shiqday qonib,
Tongdan kechgacha jo‘shib va yonib:
Ha, million-million jilvalar ila
Taralaversin go‘yoki shu’la
“Seni sevaman” degan ashula!

“QRIM SONETLARI”DAN

KO‘ZLOV CHO‘LDAN TOQQA KO‘Z TASHLAB…

Sayyoh va Mirzo

S a y yo h

Nahot bu alp tog‘ni yaratmish olloh
Farishtalar uchun taxt o‘rnatay deb?!
To‘sib turganmikin yo‘lni yoki dev,
Bevaqt botmasin deb yulduzlar nogoh?!
Tog‘ ufqi lovullar go‘yoki o‘choq,
Yo o‘t tushdimikin Shohinshaharga?
Yoki yo‘l ko‘rsatib sayyoralarga,
Yoqib qo‘yganmikin xudoyim mayoq?

M i r z o

U yerga chiqqanman. Unda qishu yoz
Daryo, buloqlarni sug‘orar Ayoz,
“Uh” desam, qor yoqqan og‘zimdan yerga.

Bulutni poralab yana yuksalsam,
Tegay deb qolgandi yulduzga sallam,
Bu – bizning Chodirtog‘, bildingmi?

S a y yo h

Eh-ha-a!

HARAMDAGI QABRISTON

M i r z o – s a y yo h g a

Muhabbat bog‘ini quritdi olloh,
Meva berishini kutmasdan gullar;
Rohat dengizida yayramas ular,
Faqat bosib yotar bag‘riga tuproq.

Tanlar vaqt qa’rida bo‘lsa-da g‘oyib,
Kimdir dastor qo‘yib qabr boshiga,
Qay bir kofir esa qabr toshiga
Marhumlar ismini yozibdi o‘yib

Bir umr to‘rt devor ichra asrab jon,
Kun ko‘rib bu shaffof chashmalar aro,
O jannat gullari, bo‘ldingiz xazon.

Bugun poyingizga, bamisli gado,
Ko‘z yosh to‘kib kelgach g‘ayridin mehmon,
Xobgohingiz ochdim, kechirsin Xudo!

AYIQTOG‘

Ayiqtog‘, kiftingdan boqaman xushhol
Sen tomon yugurgan niliy to‘lqinga:
Bosh urgach, aylanib kumush yolqinga,
U bir dam havolab, to‘kilar behol.

Sal o‘tmay, sohilda ko‘tarar g‘ovur
Navbatdagi to‘lqin undan ham battar.
So‘ng, poda-baliqday, iziga qaytar,
Poyingda qoldirib shag‘al yoki dur.

Sevgi ham, ey hofiz, ajoyib narsa,
Ko‘zingni tindirar zabtiga olsa,
Yana borliq yashnar boshlasang navo.

Ovozing bo‘g‘olmas momaqaldiroq,
She’r-qo‘shig‘ing esa yangrar avjliroq,
Mangu o‘lmaslikka yo‘llanmanamo.

SARDOR

Tun yarimdan o‘tganda, bedor,
Uyga qaytdi safardan sardor.
Shubha o‘rtab uni xuddi cho‘g‘,
Xizmatkorlar damin o‘chirib,
Eshik ochib, pardani surib
Qarasaki, malikasi yo‘q.

G‘azabidan olayib ko‘zi,
Tomog‘iga tiqildi so‘zi.
So‘ng moshguruch mo‘ylovin burab,
Yeng shimarib, mushtin tugdi-yu,
Malaylarga zahrin sochdi u:
“Yaramaslar, o‘zi nima gap –

Qayda qoldi qulf-kalitlar,
Qayga ketdi qo‘riqchi itlar?
Men hammangni… Yo‘q, yo‘q, biring tur,
Qanorqop va arg‘amchini ol,
O‘qlab uzat miltiqni darhol,
Bir boplayki,.. Qani, endi yur!”

Ketdi devor panalab sardor,
Pisib borar yonida dastyor.
Boqqa kirib, boqsalarki jim,
Hamon obod favora bo‘yi,
Bir yigitni tinglagan ko‘yi
O‘ltirardi oq kiygan xonim.

Yigit kuyar: “Hayotim bitdi,
Orzum uyi nuradi-ketdi,
Men davlatim degan neki bor, –
Oppoq siynang xilqatlarin ham,
Otash kafting lazzatlarin ham
Sotib oldi tillaga sardor.

Seni izlab gado bo‘ldim men,
Darding chekib ado bo‘ldim men!
Netay, burding mendan yuzingni.
Kuymadi u izingdan yurib.
Hamyonining vahmini ko‘rib,
Quchog‘iga otding o‘zingni.

Uchib keldim zulmatda bugun
Ko‘zlaringga bir boqish uchun.
Keldim dardim izhor etgani,
Yangi uyda yangi baxt tilab,
O‘sha momiq qo‘llaring silab,
So‘ng boshimni olib ketgani”.

To‘xtatolmas qiz yosh bulog‘in,
Yigit o‘par boshu oyog‘in.
Barglar aro sardor va dastyor
Ikki o‘qni miltiqqa joylab,
Bamisoli o‘ljani poylab,
Yaqinlashar, otishga tayyor.

Shu payt, nogoh bo‘lganday kasal,
Dastyor bola taysalladi sal:
“Yaramayman, xo‘jam, bu ishga,
Ko‘zim xira, qo‘lim qaltiroq,
O‘qlolmadim hatto yaxshiroq
Ham ojizman tepki bosishga!”

“Malayvachcha, o‘chir uningni,
Ko‘rsataman hali kuningni, –
Der xo‘jayin, — mo‘ljallash lozim:
Bekachangni sen ol nishonga –
Biroz ko‘tar, endi – sal yonga…
Tinchitaman yigitni o‘zim!”

Uning so‘zi bo‘lmasdan ado,
Yangrab ketdi “qars” etgan sado, –
Nahot dastyor qoldi shoshilib,
“Adashdimi” mo‘ljaldan ayyor:
“Oh” dedi-yu, quladi sardor,
Manglayidan darcha ochilib.

GULGA CHO‘MDI DARAXTLAR YANA

Gulga cho‘mdi daraxtlar yana,
Xush bo‘y tarar borliq tun bo‘yi.
Emanzorda qilar tantana
Bulbul, hatto chigirtka kuyi.

Lekin chulg‘ab boshimni xayol,
Dard ezadi mening yelkamni.
Yuragimda kezar bir savol:
– Kim men bilan kutgay ko‘klamni?

Oy nurida chayqalib shu payt,
Kuylay boshlar qandaydir mashshoq.
Derazamni ochsam, oh, netay,
Ko‘z yoshlarim bo‘ladi buloq.

Bu – yor vasfi, sevgi dostoni,
Ishq deb hofiz yaratgan inju.
Lekin so‘nmas qalbim afg‘oni:
Dardin axir kimga aytsin u?

Ne kunlarni boshdan o‘tkazdim,
Ona yurtga etolmay safar.
O‘zgalarga aytmagan dardim
O‘zim bilan qabrga ketar.

Sham oldida bir kun bukib tiz,
Mushtni qisib, sen bilan birga,
Qalbim, barin kuyga solarmiz,
Tushirarmiz yoki satrga.

O‘ylarim – qush, o‘ylarim – bolam,
O‘ylarimdan taralar oh-zor;
Shu farzandlar tashvishi bilan
Beva qalbim bir umr abgor.

Bahor o‘tar, o‘tar saraton,
O‘tar-ketar qoru yomg‘ir ham.
Erimagay ammo hech qachon
Yuragimda cho‘kib yotgan g‘am.

MOVIY MUHIT UZRA

Moviy muhit uzra, samo bag‘rida
Terilib turardi qoyalar qator.
Aksi muhrlanib dengiz qa’rida,
Go‘yoki ko‘zgudan boqar beg‘ubor.

Moviy muhit uzra, samo bag‘rida
Poyga qilar edi bulutlar saf-saf.
Aksi o‘rmalardi dengiz qa’rida,
Qora dud taratgan jinlarga o‘xshab.

Moviy muhit uzra, samo bag‘rida
Bulutlar ko‘ksini tiladi yashin.
Aksi lip etadi dengiz qa’rida
Va uzoqqa bormay, so‘nadi tag‘in.

Moviy muhit uzra qo‘nib halovat,
Go‘yoki mudrardi ko‘rfaz nihoyat.

Men-chi, bo‘lsam hamki yuragi dog‘liq,
Dilimning tubida yashaydi poklik …
Qora qoyalardan yuraman yiroq,
Nurni aks ettirish menga ma’qulroq …

Qoyalar bu yerda turajak mangu,
Bulutlar sug‘orib yurajak mangu …
Shu yerda lipillar chaqmoq ham mamnun …
Faqat mening kemam yo‘ldadir har kun.

KO‘Z YOSHIM SHASHQATOR …

Ko‘z yoshim shashqator, yog‘ar beg‘ubor
Olis hamda xolis bolaligimga,
So‘ngra yuvar quyun yigitlik uyin,
So‘ng – yetuklik fasli, g‘am-alam vasli:
Ko‘z yoshim shashqator – yog‘ar beg‘ubor …

033

(Tashriflar: umumiy 592, bugungi 1)

Izoh qoldiring