Anvar Obidjon. Ajinasi bor yo’llar. 1 kitob. 3 parcha

Ashampoo_Snap_2016.12.20_17h41m17s_001_a.png Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон таваллудининг 70 йиллиги олдидан

    Бу даврда шеър ёзишга янада берилдим, бадиий китобларга жиппа ёпишиб, дарслар, дарсликларга қизиқишим сўниб бораверди. Китобларнинг аксарияти эртаклар, “Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Орзигул”, “Равшан ва Зулхумор”, “Кунтуғмиш” сингари халқ достонлари эди.

Анвар Обиджон
АЖИНАСИ БОР ЙЎЛЛАР
(ТУРМУШ КЕЧИНМАЛАРИ)

094

08Анвар Обиджон Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг Полосон қишлоғида 1947 йилнинг 25 январида хизматчи оиласида туғилган. 1964 йилда ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд молия техникумида, 1969-1971 йилларда жамоа хўжалигида ҳисобчи, клуб мудири, туман газетаси, вилоят радиосида турли вазифаларни бажарди, Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетини сиртдан тамомлади. 1981 йилдан бошлаб у Тошкентга кўчиб келиб, «Ёш гвардия» нашриётида, «Ёш куч», «Муштум» журналларида ишлади. «Чўлпон» нашриётида бош муҳаррир, Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир бўлиб ишлаган.
Анвар Обиджон болалар адабиётига дастлаб «Она Ер», «Баҳромнинг ҳикоялари» тўпламлари орқали шоир сифатида кириб келди ва мавжуд ижодий анъаналардан фойдаланган ҳолда ўзига хос йўл танлади. «Булбулнинг чўпчаклари», «Ғалати мактублар», «Кумуш уй», «Гурунгдаги гаплар», «Ажойибхона», «Ўзимизнинг ансамбл», «Игналарим чиройли», «Менинг коллекциям», «Ширин сўйлар жажживойлар», «Каламушлар кемаси», «Сиз эшитмаган қўшиқлар», «Далалардан болаларга», «Осмондан тушган созанда» туркум шеърлари фикримизга далилдир. Унинг «Она ер» (1974), «Масхарабоз бола» (1980), «Оловжон ва унинг дўстлари» (1983), «Баҳромнинг ҳикоялари» (1984), «Эй, ёруғ дунё» (1983), «Кетмагил» (1985), «Безгакшамол» (1985), «Жуда қизиқ воқеа» (1987), «Олтин юракли автобола» (1988), «Даҳшатли Мешполвон» (1990) каби шеърий, насрий китоблари чоп этилди.
Булардан ташқари, адибнинг «Қўнғироқли ёлғончи», «Паҳлавоннинг ўғирланиши» Анвар Обиджон сўнгги йилларда «Рамазон ва Гулмат ҳангомаси» (1992), «Мешполвоннинг жанглари» (1994), «Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри» (1996), «Тўтиқуш», «Топсанг ҳай-ҳай…» каби қисса, песа ва шеър, достонларини ҳам яратди. У«Ўзбекистон халқ шоири» унвонига сазовор бўлган (1998).

094

БИРИНЧИ КИТОБ
3 парча

ДАДАМНИНГ “ҚОРОВУЛЛИ УЙ”И

Одам бор жойда миршаб ҳам  бўлиши мумкин. .
Ё Гулмат, ё Кулкул

0_13.gifУйимиздан юз саксон қадам нарида қурила бошланган саккиз юз ўринли, биқинида стадионбоп кенггина яланги бор янги 13-мактаб мен олтинчи синфга ўтганимда битди. Бир қаватли бўлса-да, ўша замоннинг кўзи билан қаралса, Олтиариқдаги энг катта, энг кўркам мактаблардан бири эди. Саккизинчи синфни тугатгунимча шу ерда ўқидим.
Мактаб биз томонга кўчганидан сўнг “Б” синфдагиларнинг чуччаси кўтарилиб, “А” даги тенгдошларимизнинг ҳовури пасайди, кўпроқ бизнинг раъйимизга қарайдиган бўлишди. Бундан аҳиллигимиз тобора мустаҳкамланиб, ҳатто битирувчиларга ҳам гапимизни бермайдиган даражада жанговарлашиб бордик. Катталар билан кўпинча стадион талашиб жанжаллашардик; улар дарсдан сўнг футбол ўйнаб чарчашмас, бу адолатсизликка чидамай, бизга ҳам навбат беришларини талаб қилишга тушардик. Зўрликларини кўрсатмоқчи бўлишса, икки синфнинг бор ўғил боласи уларни кесакбўрон қилиб, аёвсиз олишувга киришардик. Яхшигина калтак еб ҳам тавба қилмасдик. Охири улар муроса йўлини танлаб, стадионни эртароқ бўшатиб берадиган ёки бир қисмимизни ўзларига қўшиб олиб ўйнайдиган бўлишди.
Бу даврда шеър ёзишга янада берилдим, бадиий китобларга жиппа ёпишиб, дарслар, дарсликларга қизиқишим сўниб бораверди. Китобларнинг аксарияти эртаклар, “Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Орзигул”, “Равшан ва Зулхумор”, “Кунтуғмиш” сингари халқ достонлари эди. Орада “Ўткан кунлар”, “Сароб”, “Қўшчинор чироқлари” каби асарлар, таржимада “Кўр музикачи”, “Муму”, Мопассан ва Лермонтов ҳикоялари, Шота Руставели достони, Шекспир пиесалари қўлимга тушиб қоларди. Охири, бошланғич синфлардаги аълочилигимдан асар ҳам қолмади, “уч” баҳоларим кўпаяверди, “икки”лар ҳам пайдо бўла бошлади. Бир куни қарасам, “Аълочилар тахтаси”даги суратим ғойиб бўлибди. Сабабини аллақачон англаб етган бўлсам-да, бирорта қиз мени яхши кўриб қолиб, ўғирлаб кетгандир, балки, дея ўзимнинг кўнглимни кўтардим.
Эҳтиётлашга қанча уринмайин, ўқувчилар дафтаридан юлқиб олинган қоғозлардаги шеърларимнинг кўпини йўқотиб қўяверардим. Ниҳоят, шеърлар учун алоҳида қалин умумдафтар тутишни одат қилдим, сақланиб қолган эскиларини эринмай унга кўчирдим, янги ёзганларимни вақтида қайд этиб қўядиган бўлдим.
Шеърларимни ҳали сиёҳи қуримасиданоқ “Ғунча”га пешма-пеш йўллаш одатим ҳануз қолмаганди. Бахтимга журналнинг Миразиз Аъзам деган ходими жуда тоқатли чиқиб қолди, узлуксиз жавоб ёзарди. Ҳатто бир сафар инжиқлигим тутиб, мен ҳар хил шеърлар юбораман, лекин келаётган жавоблар деярли бир хил, камчиликларимни яхшироқ тушунтириб, узунроқ қилиб ёзинглар, десам, шунга ҳам чидади; энди бир ярим, икки бетлаб хат ёзадиган, фалон шеърингиз анча тузук, унинг фалон-фалон жойларини бошқачароқ ифодалаб кўринг, дея эринмай йўриқчилик қиладиган бўлди. Гоҳ, битта шеърни беш-олти хил кўринишга солдириб ҳам, бошқачароқ якун ясашга яна бир урининг-чи, деса, фиғоним фалакка ўрларди.
Ниҳоят, саккизинчи синфга кўчганимда, Миразиз аканинг яхшигина таҳрири билан “Ғунча”да “Шкафчам” деган шеърим босилди (баъзи манбаада илк шеърим 6-синфдалигимда чиққан деб хато кўрсатган эканман). Шу куни “Мен шоирман!” деб ўзимни ўзимга бор овозда таништирдим. Энди мени шоирчиликдан безитиш тугул, ҳаваскорлигимга ишонтириш ҳам амримаҳол эди.

* * *

Кўпчиликнинг кўзини куйдириб келган тўкин оиламиз бу даврда анча қашшоқлашиб қолганди. Орқароққа қайтиб айтсам, тўртинчи синфни битираётган пайтим бўлса керак, тарозидан уриб орттириб қолган пахталарни қўшни туманга қарашли Чимён пахта пунктидаги касбдош божасининг камомадини қоплаш баҳонасида пуллаган деган айб билан дадам қамоққа олинди. Бу иш дадамнинг лавозимига кўз олайтириб юрган яқин шогирди томонидан атайлаб уюштирилгани ҳақида гап-сўзлар кўпайиб, охири суддаги гувоҳликлар чоғида шубҳалар ўз исботини топгандек бўлди. Дадамнинг “эгри пул” олганини бўйнига қўйишолмаган эса-да, асосан, ҳужжатлардаги қандайдир чалкашликларни далил қилиб, бир йилга кесиб юборишди.
Суд жараёни давомида оқловчидан (адвокат) бошқа ҳамма – суд раиси, маслаҳатчилари, айниқса, қораловчи (прокурор), ҳатто дадамни қамоқхонадан суд залига машинада олиб келиб, қоровуллик қилиб турадиган милиционерларгача кўзимга совуқ кўринарди. Суддан кейин аям ва иккита опамга қўшилиб, дадамни кўргани қамоқхонага борганимда, суҳбат маҳали хонада қўққайиб турган милиционер ҳам менга оламдаги энг хунук махлуқ қиёфасида намоён бўлди-ю, унга ўқрайиб тикилганимча, айниброқ сўкиндим. Аям: “Ҳей!” дея мени тергашга чоғланганида, милиционер бирдан кулиб юборди ва: “Хўроз бола экансан, мени жуда бопладинг. Бўпти, дадангни яқинда қўйворамиз”, деди. Бу гапдан кўнглим яшнаб кетди, мана, битта дўқ билан ишни пишириб қўйдим, деган сиёқда дадамга маънодор қараб олиб, милиционерга бу гал жилмайиб юзландим. Ҳозиргина қурбақани эслатиб турган бу одам кўзимга бирдан чиройли кўриниб кетди, уни сўкканимдан пушаймон едим.
Болалигимда шундай туюлганми, ё чинданам шундаймиди, ўша даврнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, жумладан, милиционерлари ҳам кейинги “ғўданглаганроқ авлод” вакиллари бўлмиш етмишинчи, саксонинчи йиллардаги касбдошларига нисбатан анча камтарин, кенгфеъл, оддий кимсаларга эътиборлироқ, меҳрлироқ эди, наздимда. Масалан, суд, прокуратура тизимида ишловчи баъзи маҳалладошларимиз тўй-маъракада ҳаммага қўшилиб ўтирар, ўзини тенг тутиб гурунглашар, элнинг майда-чуйда ташвишларидан тўлиқ хабардор эдилар; муаммоларни ҳал этишда қўлларидан келганича кўмак беришарди. Бутун бошли Полосон қишлоғини бир ўзи назорат қилувчи Аҳмад мелиса кўмир, пишиқ ғишт, тўсин-тахта кабиларни аҳолига ўғринча келтириб сотаётганларни кўриб қолса, тирикчилик билан боғлиқ кичик қинғирликларни кўрмаганга олиб, секингина бошқа ёққа бурилиб кетарди, бу қишлоқда милиционер бемалолроқ юрадиган кўча борми ўзи, дея пўнғиллаб ҳам қўярди. Бозор мелиса деган шопмўйлов, қизиқчи кимса бор эди, биз болалар бозор ёки байрам кунлари ўйнаб келиш мақсадида туман марказига борсак, гоҳо тўсатдан олдимизда пайдо бўлиб, биримиздан шимимизнинг тугмасини қадамаганимиз, биримиздан ботинкамизнинг ипини боғламаганимиз, жа баҳона топилмаса, тирноғимиз ўсиб кетгани ёки қўлимизнинг кирлиги учун бир тийиндан жарима ундира бошларди.
Айниқса, погонида иккита юлдузчаси бўлган бир милиционернинг менга қилган яхшилиги сира эсимдан чиқмайди. Чамаси, ўн бир-ўн икки ёшларда эдим, туман марказидаги кинотеатр кассасида ўтирган аёлга ўн сўм пул берсам, тешикчадан чиптани узатди-ю, саккиз сўм қайтимни чўзмади. Сўрасам, менга икки сўм бергандинг, деб туриб олди. Ташқарига чиқдим-у, йиғлаб юбордим. Шунда, тротуардан ўтиб бораётган ўша милиционер ёнимга келиб, нима гаплигини суриштирди, бўлган воқеани айтиб бердим. У мени кассага орқа томондан бошлаб кириб, нега болаларни талаяпсан, ҳозир нечта билет сотгансан, кассада қанча пул борлигини текшираман, агар фарқ қилса, жавоб берасан, дея кассир аёлни пўписалади. Аёл индамасдан қайтимимни бериб, тўполонда адашсам адашгандирман, деб мунғайганида, тўғрилик қарор топганини кўриб, ичимда қуёш чақнагандек бўлганди…
Уйдагилар кейинчалик ҳам дадамни йўқлашга гоҳ мени эргаштириб, гоҳ менсиз қатнаб юришди. Борганда, мендан сўкиш эшитган ўша милиционерни негадир кўргим келаверарди, лекин уни қайта учратмадим.Турмага боришдан олдин Фарғона шаҳрида яшовчи аммамникида ош дамлаб олишарди. Азалдан ишбилгич бўлган аммам кимларнингдир “қўлига қистиргани”нинг ҳурматидан электрда чой қайнатиш, бемалол овқатланиб ўтириш шароити бўлган алоҳида хонани бериб қўйишарди. Ёнида опа-укаларим ҳам уймаланиб юришига қарамай, дадам мени биқинига олиб, елкамдан қучиб ўтирарди. Бувим алоҳида тайинлаб уқтиргани боис, учрашув чоғида ҳам, хайрлашаётганимизда ҳам ўзимни тетик, қувноқ тутишга уринардим, бироқ турманинг дарвозасидан ташқарига чиқишимиз биланоқ кўзимдан ёш тирқираб, унсиз йиғлашга тушардим.
Дадамни қанчалар ичикиб соғинмайин, баъзан бу ҳолга бошқа томондан назар ташлаб, кўнглим пича таскин топгандай, ҳатто ёришгандай бўларди. Бунга сабаб ўша эски жунунча хаёл – энди бойнинг ўғли эмасман, жабрдийдаман, бундан буёғига болалар ҳам, катталар ҳам менга раҳми келиб қарайдиган бўлса, ажабмас. Янаям эскироқ кийимларни кийсаммикин? Ботинкамни атайлаб чокини сўкиброқ қўйсаммикин? Мактабда болалардан қарзга нон сўраб кўрсам-чи? Ишонишармикин? Ишонишса, аҳволимга ич-ичидан ачинишармикин?
Кўчада ўзимни дам болаларнинг, дам катталарнинг орасига суқиб, намойишкорона мунгланиб ўтирардим. Улар мендан ҳол-аҳвол сўрашларини, дадамсиз тирикчилигимиз қандай ўтаётганини суриштиришларини кутардим. Кимлардир сўраб қолар, деб уларга айтадиган дардларимни ичимда олдиндан тайёрлаб юрардим. Афсуски, менинг бугуним билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Гоҳо: “Яқинда яна дадамни кўргани борарканмиз”, дея мавзуга қармоқ ташлаган бўлардим, барибир парво қилишмасди.
Эшонтўпи маҳалласида кўккўз бир аравакаш бўларди. Бир куни у қўш отли “ҳаптакач”ида кўчамиздан ўтиб бораётиб: “Ҳа, Баҳромовнинг ўғли, даданг ҳалиям пақирга сийиб ётибдими?” – деб чинғиллади менга. Ёнида ўтирган шериги иккови қийқираб кулганича ўтиб кетишди.
Одамлар ўзидан бойроқларни негадир ёқтирмаслигини болаликдаёқ безиллаб-безиллаб сеза бошлаган эдим, аммо бойларнинг бошига тушган кулфат уларни қувонтиргандан қувонтириши мумкинлиги мутлақо хаёлимга келмаган экан. Кўккўз аравакашнинг мазахидан сўнг буни илк бор элас-элас англагандек бўлдим.
Бировнинг кулфатидан, айниқса, сенга ҳеч қачон зиёни тегмаган кишининг кулфатидан қувониш! Бу ҳолатни ҳозир ҳам тасаввуримга сиғдиролмайман. Турмушда кимларнидир хушламаслигимиз, айримларни жуда ёмон кўришимиз – бор гап. Бироқ уларга жабр-ситам тилаш, бошларига қора кун тушганидан астойдил суюниш туйғусини одамзот ўз табиатига қандай сиғдира оларкин? Ахир, биз мақбул кўрмаган кимса чўлда ёлғиз ўсган саксовул эмас, унинг оиласи бор, қўлига қараб турган ота-онаси, меҳрига зор болалари бор. Уларга ҳам дардмандлик исташ, уларнинг уволидан қўрқмаслик йиртқичликдан баттар-ку!
Эй, одам! Бировга ёмонлик тилаш, ёмонлик қилишдан илгари унинг қарамоғидаги болаларининг олдига бор, ўша болаларнинг кўзига ўз фарзандларинг кўзига қарагандек синчиклаб боқиб кўр. Худо сенга инсоний меҳр ҳисини етарлироқ берган-бермаганини ўшанда аниқ билиб оларсан, балки.

* * *

Дадам қамалишидан аввалроқ икки ёшли Зуҳрахон синглим касалхонада вафот этганди. Дўхтирлар бунинг сабаби оғир шамоллаш эканлигини қайд этишса-да, дувонахон Усмон тоғамиз: “Уни Тоҳирларинг ўлдириб қўйди!” – деб таъкидларди нуқул.
Ҳозир неваралик бўлиб ҳам боши “мушт-мушт”дан чиқмайдиган Тоҳир укам болалигидан уришқоқ эди. Кўчада ўртоқларини қийратгани қийратган эди, ўзидан кейинги синглиси Зуҳрахонга кун бермасди. Ҳалиям эмгиси келиб, синглиси билан сут талашади бу, деб қўярди Сарвинисо бувимиз.
Уйдагиларга қўшилиб, темирйўл станцияси касалхонасида ётган Зуҳрахонни кунда, кун ора кўргани борардим. Бир куни у менга жуда зерикиб кетгандек туюлди. Буёққа келишдан бурун, кўча кезиб юрган лўлига арақдан бўшаган шишаларни бериб, ичига сув қуйиб пуфланса булбулнинг чаҳчаҳлашига ўхшаш товуш чиқарадиган сопол ҳуштак олгандим, шу эсимга тушиб: “Ҳей, Зуҳра, сенга булбулли ҳуштакча опқўйдим, эртага олиб келаман”, дедим. Зуҳрахон беҳолгина жилмайди.
Эртасига ҳуштакни олиб борсам, Зуҳрахоннинг аҳволи оғирлашиб қолибди, чуқур-чуқур нафас олган асно, кўзини очмасдан, карахтланиб ётибди. Уни аста туртиб, мана, ҳуштакни опкелдим, дедим ва чуриллатиб чалдим. Бас қил, дейишларига қарамай, яна ва яна чалавердим. Зуҳрахон бирдан кўзини очди, шипга тикилганича тураверди. Барча жимиб қолди. Ҳуштакни Зуҳрахоннинг шалвираб турган кафтига қўйиб, ма, ол, ҳуштак сенга, деган эдим, бармоқлари ҳаракатга келиб, ўйинчоқни сиқимлади, сўнг кўзини тағин юмиб олди.
Кейинги куни унинг ўлигини кўтариб келишди. Жағи боғланган жонсиз синглимни қучиб, пайдарпай ўпишга тутиндим.
Бу ҳали ҳаммаси эмасди. Дадам қамоқда узоқ ётмади, муддатидан олдин қўйиб юборишганини билиб, мендан сўкиш эшитган ўша очиқюз милиционернинг “ваъда”си беихтиёр эсимга тушди.
Дадам уйимиздагиларни бирма-бир бағрига босиб, ўпишиб кўришди. Биргина аям йиғлаган куйи унинг елкасини оҳиста силаб қўйди.
Ачом-ачомлар тугагач, дадам теваракка энтикиб-энтикиб жовдиради:
— Ҳомитжон қани?
Аям тўсатдан додлаб юборди. Бошқаларнинг ҳам кўзи ёшланди. Ҳомитжон бир ойча олдин вафот этганди. Дард устига чипқон бўлмасин деб, дадамга билдиришмаган экан.
Дунёнинг баъзи ишлари ўта синоатли. Ўсмирлигида ҳалок бўлган тўнғич фарзанди Ҳомитжонни дадам ҳеч унутолмай, кейинги ўғиллари туғилганда, ҳар гал “отини Ҳомитжон қўйсакмикан”, деб маслаҳат соларкан, бувимиз кўнмас экан. Охири Зуҳрахондан кичик укамнинг отини Ҳомитжон қўйишади. Иккаласи ҳам дадам қамоқда ётган пайтда оламдан ўтади, униси – биринчи қамалишида, буниси – иккинчи қамалишида.
Ҳомитжон укам узилганида эндигина бир ёшдан ҳатлаган, ҳали гапиришни билмас, оппоққина, дўмбоққина эди. Бор дард қизамиқ тошишидан бошланди, аҳволи оғирлашаверди, дўхтирларларнинг қўлидан ҳеч иш келмади, жуда ёмон шамоллатибсизлар, дейишдан нарига ўтишмади.
Печкаси бир қизиб, бир совиб турадиган полсиз зах уйда шамолламай яшаш, тирик қолиш бола учун осон бўптими!
Бир куни кечки овқат маҳали укамнинг нафаси хириллай бошлади. Маҳалламиздаги Аблаз қорини айтиб чиқишди, у Ҳомитжонни қучоғига ётқизиб , дам солишга киришди. Мен домланинг ёнида чўккалаб, укамдан кўз узмай ўтирардим. Дам солиш тугамасиданоқ, Ҳомитжоннинг хириллоғи йўқола борди, сўнг икки-уч марта чуқурроқ нафас олиб, жимиб қолди. Хайрият, уйқуга кетди, деб турганимда, Аблаз қори укамни секингина бувимга узатди, атрофдагилар йиғлай бошлашди. Укам ўлганлигини тушуниб етдим. Қандай осон ўлим! Лоақал, салгина бўлса-да питирлаб ҳам қўймади.
Ухлайдиган вақтимиз бўлди. Қарасам, чақалоқдек йўргакланган Ҳомитжонни уйнинг бир четига ётқизиб қўйишибди. Аям ўзига анча берироққа жой солибди. Мен опа-укаларим қаторлашиб ётган кўрпага киргим келмай, пича иккиланиб турдим-да, Ҳомитжоннинг ёнида ётсам майлими, деб сўрадим аямдан.
— Йўқ! – деди аям. – Ёмон бўлади!
Шундай деди-ю, менга бир-икки қараб қўйиб, Ҳомитжонни тагидаги тўшаги билан ўзига яқинроқ тортиб олди. Кўнглим хийла тинчиб, жойимга чўзиларканман, укам совқотади-ку, аям уни кўрпанинг ичига олиб ётақолса бўлмасмикан, деб ичимда тихирландим.

Дединг: “Дард ҳам жозиба!”
Ундай бўлса, розиман –
Жозибасиз яшашга.

Уйқум келмай, анчагача ўйланиб ётдим. Қанийди, одам ҳеч қачон ўлмаса. Ҳеч бўлмаганда, ўлганларни кўмишмаса экан. Уни ҳар куни кўриб турсанг, ухлаб ётибди деб ўйласанг.
Худо шу ишни қилса, жуда яхши бўларди-да. Бугундан, ҳозирдан бошлаб шундай бўпқолса-я!

ОЁҚЛАРИМ ҚАЁҚҚА КЕТДИ?!

Касалланиб ётмоқ ялқовга ярашгандан ярашадур.
Гулмат ШОШИЙ

Дадам қамоқдалигида гоҳ унинг айрим ўртоқлари, гоҳ баъзи бир қариндошларимиз уйимизга келиб, Обиджонни қутқариш учун фалончига фалонча сўм бериш лозим бўляпти, дея аямдан бўлар-бўлмасга пул ундириб кетаверишган экан. Бунинг устига, аям кўп йиллардан сўнг менга ўз оғзи билан айтганига кўра, тинтув бўлса, мусодара қилишларидан қўрқиб, сандиқдаги пулларнинг асосий қисмини уч-тўртта қариндошлариникига элтиб берган, асраб туришларини илтимос қилган экан (ҳозир уларнинг исмини тилга олгим келмаяпти, бари аямнинг уруғидан). Аям кейинчалик пулларни олгани борса, бизга санаб бермагансиз, бори шу эди, дейишиб, арзимаган қисмини қайтаришибди. Энг йирик, ҳали тархи бузилмаган пулларни сингилларидан бирига берган экан, олишда қараса, бари майда, эски-туски пуллар эмиш.
Сарвинисо бувимиз гоҳо аям босар-тусарини билмай қолаётганидан жаҳлланиб: “Тагини суриштирмасдан, буни Обиджоннинг ўзи топган-да. Очофат уруғ-аймоғи ўғлимнинг йиққан-терганини чумолидек ташиб кетяпти”, деб куйканганида, кўнгли нималарнидир сезиб юрган экан, чамаси.
Ҳартугур, дадамнинг мол-дунёси таг-туги билан соврилиб кетмаган, катта гулхан сўнган эса-да, қўри қолган экан. Турмушимиз бурунгидек май-чай бўлмаса ҳам, қозонимиз кунига камида икки маҳал қайнаб, оғринмай меҳмон кутиб, бировга зориқмасдан яшашда давом этдик.
Дадам Полосон пахта пунктидаги эски ишига тикланмади. Энди бу ерда унинг ўша бевафо шогирди бош тарозидор бўлиб қолганди, дадам қамоқдан бўшатилганида уйимизга ров бош тиқиб қўйганича, қайтиб қорасини кўрсатмади.
Бекорчиликдан зерикиб кетган дадамга ниҳоят амал беришиб, онамга уйланган пайтида ишлаган Файзиобод қишлоғидаги пунктга яна бош тарозидор қилиб жўнатишди. Бу Файзиобод ва Оқбўйрадаги иккитагина колхоздан (бу ердаги Зилха қишлоғида ҳам дам алоҳида колхозча пайдо бўлиб, дам йўқолиб турарди) пахта қабул қиладиган кичкинагина пункт бўлиб, тарозидорнинг даромади ҳам шунга яраша эди.
Дадам ўсмирларга мўлжалланган пакана велосипед олиб бергач, бешинчи, олтинчи синфларда талай куним шу велосипедда Файзиободга қатнаш билан ўта бошлади. Гоҳида йўл-йўлакай Оқбўйрадаги Хоним энамникига ҳам қўниб ўтардим. Уйимиздан Оқбўйра беш, Файзиобод олти ярим километрли масофада эди.
Шанба куни борсам, эртасига ўқишим йўқлиги учун дадам пунктдаги ётоғида олиб қоларди, таътил чоғида бир неча кунлаб бирга бўлардим. Шу ерда ҳам қоғоз-қалам топиб, шеър тўқишга тушардим. Одатимга кўра, айрим шеърлар остига мавзуга мос расмлар чизардим. Омадинг келиб, шоир бўпкетсанг, чаканаям пул ишламайсан-да сен қизиталоқ, деб қўярди дадам.
Биринчи устози ҳисобланмиш раҳматли Байзақ қорининг ўғли Ҳомит акани дадам ёшлигидаёқ шогирд қилиб олган, дадам қамалганда “сотқинлар” билан ишлашни истамай, бўшаб кетган бу йигит янги жойда яна пайдо бўлганди. Уйга қайтмоқчи бўлсам, дадам бир ўзимни қўйиб юбормай, мени кузатиб қўйишни шу Ҳомит акага топширарди, пакана велосипедимда унинг катта велосипедига эргашиб, йўлга тушардим.
Балки кузатиб қўйишларини ўзим сўрагандирман. Темирйўл ёқалаб кетган ҳилват сўқмоқдан ўтилса, Файзиободга йўл анча қисқарар эди, лекин дадам бу ёққа юрмаслигимни қаттиқ тайинлагани учун, Оқбўйра орқали айланиб борардим. Оқбўйрага кираверишдаги мозор олдида эса бир шумқилиқ бола яшар, мени кўрди дегунча, нечундир, тош отишга тушар, тоши бир гал бошимнинг орқа томонига тегиб, ғурра қилган эди. Шу боладан ёмон чўчирдим.
Бу орада “мерганлик”ка берилиб кетдим. Синфдошим Абдураҳим билан ўртада “воздушка” деган елпуркар милтиқ сотиб олиб, қишлоқдаги қушларни қийрата бошладик. Мошдек келадиган қўрғошин ўқчаларни ҳаво пуркаб отувчи бу милтиқ кўпроқ бизникида турарди, гоҳ танга, гоҳ гугурт чўпини нишонга қўйиб, мўлжалга уришни соатлаб машқ қилардим. “ТИР”даги каби юмалоқ қоғоз мишен ва патли ўқлар сотиб олганимдан сўнг, бора-бора истаган рақамимга бехато теккизадиган бўлдим. Туман марказидаги “ТИР”да “қиморли мишен”га отиб ўйнаб, бешта ўқнинг барини “10” га урардим, пул ишлардим. Охири, “ТИР”да ўтирадиган татар хотин мени ютуқли ўйинга аралаштирмай қўйди, майли, бир-икки марта текинга отгин-у, кейин жўнаб қол, дерди гезариб.
Шунисиям ҳарна-да, унинг пулини ололмасам ҳам, ўзимники ёнга қоляпти-ку.

Дам тешиб елкасин, дам қўлин ямлаб,
Гоҳ юзин тимдалаб, қулоғин тирнаб,
Бой бериб не-неча аниқ имконни,
Қўй, бунча қийнама шўрлик нишонни.

Яхшиси, ҳў сузук барнодан, мерган,
Юракка бехато уришни ўрган.

(1971)

* * *

Еттинчи синфга ўтганимда Алижон ака деган сайёр киночига шогирд тушдим. Полосон қишлоғи маҳаллаларида, пахта пишган мавсумда далада ётиб қолиб ишлайдиган теримчиларга шийпонларда бепул кино кўрсатардик. Баъзан қўшни повулғонлик Ҳошим-кино ҳам мени ёрдамга чақирар, энсиз кинотасмага мосланган “Украина” русумли аппаратни созлаб бергач, унга тўк етказиб турувчи “движок”ка бензинни тўлдириб, энди бу ёғи ўзингга, менинг зарур ишим чиқиб қолди, деганича ғойиб бўларди. Баъзан кино тугаётганда етиб келарди, баъзан бадар кетарди.
У вақтларда аксарият уйлар ичию таши сомонли лойда сувалганича тураверарди, оҳакда оқланган, орти кўчага қараган бирорта замонавий уй топилиб қолса, кинони ўша деворда кўрсатардик; топилмаса, оқ матодан ясалган йиғма экранни осар эдик.
Киночилик менга жуда ёқарди. Бир у маҳаллага, бир бу маҳаллага борасан, ҳамманинг кўзи сенда, энг муҳими, уларнинг орасида қизлар ҳам бор, баъзилари мактабдан таниш, келиб, кино нима тўғрисида эканлигини сўрашади. Бунақа пайтда ўспиринлар менга ҳавасланиб боқарди, ҳатто катта кишилар ёнимда уймаланиб, яқинроқдан танишиб олишга интиларди, папирос сўрасам, шоша-пиша чўнтакларидан чиқариб, ўзлари гугурт чақиб беришарди. Машинасини бир чеккага тўхтатиб қўйган шофёрлар эса, бензин керак бўлса, мана биз текинга берамиз, деб керилишарди.
Ҳафтада бир-икки марта маҳаллалардаги тўйларда ҳам кино қўйиб турардик, одамлар буни катта базимдек қабул қиларди. Еб-ичганимиздан ташқари, тўй эгаси қайтишимизда чўнтагимизга озгина пул солиб, қўлимизга қанд-қурсли тугунча тутқазарди. Бунақада уйга кеканглаб кириб борардим.
Кинопрокатдагилар “Аршин мололан”, “Жиноят ва жазо”, “Тарзан”, “Амирликнинг емирилиши”, “Тинч оқар дон”, “Турналар учмоқда”, “Фарғонадан беш киши”, “Дайди”, Чарли Чаплин (овозсиз ва овозлилари), “Жаноб 420”, “Руслан ва Людмила”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Насриддин Бухорода” сингари филмларнинг гоҳ ўзбекчаси, гоҳ ўрисчасини беришарди. Уларни ўн марталаб кўриб, ҳар икки тилдаги сўзларни бир-бирига чоғиштираверишим натижасида ўрисчани тузуккина ўргана бошладим, мактабдаги рус тили ўқитувчимиз нуқул “тўрт”, “беш” баҳо қўядиган бўлди.

* * *

“Украина” аппаратини кино намойиш этишга мустақил тайёрлаш, эски “движок”нинг кичик носозликларини бировнинг кўмагисиз ҳам тузата олиш даражасига етганимда, иш чаппасига кетди. Эрта баҳор бўлса керак, ревматизм, яъни бод касаллигига чалиниб, кўрпага михланиб қолдим. Касалхонага ётқизишмади, дадамнинг дўхтир ўртоғи гоҳ тушлик, гоҳ кечки овқатни бизникида қилиб, уйимизга қатнаб юрди. Ўртоқчилик ўз йўлига, дадам ўзгаларнинг кичик хизматини ҳам азалдан қойиллатиб тақдирларди, айниқса, боласи учун пулни сира аямасди.
Дўхтирдан ташқари, сепкилюз татар ҳамшира жувон кунига икки-уч марта келиб, менга дори ичкизарди, укол қиларди, шишиб кетган оёқларимга шифобахш мойларни суртарди. Бу муолажа шунақаям хуш ёқардики, шу жувон ёнимга ётиб, ўша мойини кўкракларимга ҳам суртсайди, деб орзиқардим. Чамаси, унга бежо қараётганимни ҳамшира ҳам сезиб турар, ишини тугатгач, бир сочимни сийпалаб, бир рўмолчада кўз-қошларимни артиб, анча гаплашиб ўтирарди. Товуши ҳам ниҳоятда ёқимли эди.
Оёқларимни умуман қимирлатолмасдим, тинимсиз лўқиллаб оғрирди. Гўё оёқларим йўқолиб қолган-у, ўрнида бутун вужудимга азоб бериш учун атайлаб ясалган бигизлар ғарами пайдо бўлганди. Сатта жиқиллатиб санчарди.
Сарвинисо бувим ва аям, бири олиб, бири қўйиб, оёқларимни куну тун уқалаб ўтиришарди. Аям беўхшов уқаларди, сен тегма, бувимни чақир, деб бақириб берардим. Уйқуга тўймаган бувим мудгиб-мудгиб ўтириб, уқалашга тушарди, худди ўз оёқларини силаётгандек, нуқталарни топиб-топиб уқаларди. Бувимнинг диди ўткирлиги ҳақида кўп гапиришарди, бундан ташқари, ўта нозик сезгиси бор эди шекилли. Балки бу ҳам палаги тозаликнинг бир белгисидир.
Бир ой ўтди, тузалмадим. Иккинчи ой кетяпти, тузалмайман. Дўхтир менга сувда вишиллаб эрувчи туздори ичкизиш, ана-мана деб, дастурхонимизни яланглатишдан бошқага ярамай юрибди. Ё каттароқ шифокорга кўрсатинглар демайди, ё ўзи бошқача муолажалар қўллашга уринмайди. Яна, бу атрофда мендан зўр дўхтир йўқ, деб қўйишига ўласанми!
Баъзан юрагим пала-партиш ура бошларди. Кўзларим тепага битиб, ҳаво етишмай, ётган жойимда тўлғанишга тушардим, баданимни совуқ тер қопларди. Тамом, ҳозир жоним узилади, деб ўйлаганимда, юрагим қайта изга тушиб, аста ўзимга келардим. Юрак хуружи чоғида сезилмай қолган оёқ оғриғим бошқатдан авжга минарди.
Тепамда ўтирганлар бунақа пайтда қўрқиб кетишар, аям ғала-ғовур билан йиғлашни бошлар, бувим ҳаяжонланиб калима келтиришга, тиловат қилишга тушарди. Ўзимга келганимдан сўнг, нима бўлганини сўрашса, оёғим жуда ёмон санчиди, деб қўяқолардим. Юрагим ҳақида индамасдим.
Ўлиб қолсам-а?! Роса йиғи-сиғи бўлади. Дадам ўзини устимга ташлаб, худди мен Зуҳрахон синглимнинг ўлигини ўпгандек ўпиб йиғлайди. Аям сочларини юлгудек бўлиб додлаши аниқ. Ана, опаларим билан укаларим менга охирги марта тўйиб олиш учун атрофимда изиллаб юришибди. Бувим тасбеҳ ўгириб, пичирлаганича тинимсиз тебраняпти, кўзларида жиққа ёш. Синфдошларим ҳар танаффусда фақат мен ҳақимда гаплашишади. Ўқитувчиларим дарс бериб туриб, партадаги бўш ўрнимга тикилганича тўхтаб қолишади, уни беҳуда хафа қилган эканман, деб афсусланишади.
Усмон тоғам-чи? У ҳар куни қабристонга бориб, гўримнинг атрофида бир айланиб келадиган одат чиқаради. Буни кузатиб юрган Умарали гўрков : “Кўп куюнаверма, ошна, мана шунақа вафоси йўқ дунё бу”, деб унга таскин берган бўлади…
Касалим чўзилгани сайин, қўшнилар, қариндошлар, ўртоқларим, айрим ўқитувчиларим мени тез-тез йўқлайдиган бўлишди. Рус тили ўқитувчимиз Осман Умеров, маҳалламиз кексаларидан бўлган Оймат қўрбоши, уста Орифжон тоға ҳафтасига икки-уч мартадан келишарди. Худо хоҳламаётгани учун биргина у келмаётган эди – Ажал!
Қанчалар қўрқоқ бўлмайин, ўлимни ўйлаганимда, энди негадир қалтирамасдим. Ётавериб, ўйлайвериб, шунақа бўлиб қолгандирман, балки. Зуҳрахон синглим, Ҳомитжон укам тез-тез кўз олдимга келаверарди. Соғингандан соғинардим уларни. Иккаласи ҳам гўдак боши билан у дунёда ёлғиз, қаровсиз қолишганига тоқат қилолмасдим. Бораман, уларни кўраман, Ҳомитжонни кўтариб, Зуҳрахонни етаклаб, жаннатда ўйнатиб юраман.
Ҳа, жаннатга киришим тайин. Аблаз қори бир сафар айтганидек, болалар ва калима келтиришни билган, одам ўлдирмаган ўспиринлар тўғри жаннатга бориб тушади. Мен одам ўлдирмаганман, калима келтиришниям бувим ўргатиб қўйган: “Лав иловҳа иллабло, Муҳаммадди расулибло” (ўшанда тўғри айтолмасдим).
Дадам Полосон пунктида тарозидор бўлган даврда исмига “бақироқ” лақаби қўшиб айтилувчи Обид тоға ишчиларга бригадирлик қилиб юрарди. Маҳалладош бўлганимиз учун унинг оиласидагилар уйимизга тез-тез кириб, хизмат қилиб туришарди, Пўлатвой, Алижон деган ўғиллари билан оға-инилардек қалин эдим. Шу кишининг тўнғичи Собир ака бир куни уйимизга чимёнлик табиб чолни бошлаб келди. Мирза буванинг ўғли Мамат оёғи ишиб ётганда, шу одам даволаган, дўхтирга ишонаверманглар, деди у.
Соқолига оқ оралаган, истараси иссиқ табиб билак томиримни ушлаб кўриб, кейинги кунларда юрагингиз ўйнамай турибди шекилли, а, деб савол берди. Мен тасдиқлаб, бош қимирлатдим. Бувим аямга таажжубланиб қараб олиб, юрагига нима қипти, деб сўради табибдан. Боланинг юраги ора-сира қаттиқ хуруж қилиб турган, нима, билмаганмидинглар, дея ҳайрон бўлди табиб.
Дастурхон ёзилиб, чой-нон, қанд-қурс қўйилгач, бувим билан аям чиқиб кетишди. Кўп ўтмай, меҳмонларга икки коса суюқ овқат ҳам берилди (мен орқамга тахланган баланд ёстиққа суяниб, бошқаларнинг кўмагидагина овқатлана олардим). Табиб менга қизиқ-қизиқ гаплардан гапириб ўтириб, Собир ака билан бирга тамаддиланди. Орада попукли қандни бир пиёланинг тагидан иккинчисига ўтказиб, кўзбойлоғичлик ҳам қилди.
Овқатланиб бўлгач, табиб ярим литрлик шишадан пиёлага қандайдир қўланса дори қуйиб, менга ичдирди. Ҳар куни наҳорда ва кечқурун шундан беш ҳўплам-беш ҳўплам ичиб туришимни тайинлади. Сўнг, бувим ва аямни чақиртириб, узоқ тиловат қилди, ширин дуолар билан юзига фотиҳа тортди.
— Энди бунақа танбалланиб ётаверманг, йигитчам, — деди у менга табассум қилиб. – Эрталаб “Ё пирим!” деб бошингизни азот кўтаринг, шошмасдан эмаклаб бориб, токчани ушлаганча ўрнингиздан туринг. Оғриқдан қўрқмай оз-оздан юришни бошласангиз, оёғингиздаги ишган жойлар тез қайтади.
Аям ва бувим бу гапдан ажаблангандек бир-бирига маънодор қараб қўйганини сезган табиб: “Мана кўрасизлар, бу бола эртага юриб кетади!” – дея ишонч билан таъкидлади.
Табиб кетгандан кейин, аям тиззаларимни уқалаётиб, шу ишиб ётган оёқ билан эртага юриб кетармиш-а, чолнинг гапини қаранг, деган эди, бувим менга кулиб қараб, Анваримга худо шифосини бераман деса, ўзига осон, дея яхши ният қилиб қўяқолди. Менинг кўнглимдан эса, эртага сал бўлсаям юрсайдим, табиб чол ёлғончига чиқмасин-да ишқилиб, деган ўй кечди.
Тун бўйи тиниқиб ухлаб, тонгда эрта уйғондим. Қарасам, хонада мени қоровуллаб ётадиган бувим аллақачон кўрпасини йиғиб, чиқиб кетибди.
Табиб тайинлаган гаплар эсимга тушиб, устимдаги ўранчиқни олиб ташладим, оёқларимни ўзимга аста тортиб кўрдим. Қаттиқ оғриқ қўзғалганига қарамай, нафасимни бир ростлаб олиб, муккамга ағдарилдим; қўлларимга таяниб кўксимни кўрпадан уздим, инқиллаб-синқиллаб эмаклашга тутиндим; судрала бориб, токчага тирмашдим. Томирларим чирс-чирс узилаётгандек бўлиб ўрнимдан туриб олгач, уй девори бўйлаб майда-майда одимлаганимча айвонга чиқиб бордим. Чиқибоқ: “Ая! Ая!” – деб чақиришга тушдим. Нариги дўнгалак уйдан бувим отилиб чиқди, вой, худога шукур-ей, худога шукур-ей, деганича келиб, бўйнимдан қучди. Аям молхонада сигир соғаётган экан, бувим: “Мунисхон! Мунусхон-ув!” – дея сасланиб, ҳалпиллаган асно томорқа сари йўналди.

Ойижоним, йиғламанг,
Ҳали ёшман, ўлмайман.
Аста туриб олсам бас,
Бошқа касал бўлмайман,
Ойижоним, йиғламанг.

Қилмадинг деб нонушта,
Хафа бўлманг унчалик.
Бу кеч едим тушимда
Сутдек о-оппоқ кулчани,
Ойижоним, йиғламанг…
…………………………………..
(1976)

Тушга яқин дўхтирим келди. Аҳволимдан қувониб, яхши бўлиб кетади дегандим-ку, суюнчини чўзинглар, деб гижинглади.
Томирларим ҳануз чирсиллаб, оёқларим зирқирашда давом этаётганига қарамай, қатма-қат қўйилган болишларга ёнбошлаб олиб, дўхтир билан бирга тушлик қилдим. Тамаддиланиб бўлганимиздан сўнг, қани, юришингни яна бир кўрай-чи, деди дўхтир. Унинг кўмагида чираниб ўрнимдан турдим, у ёғига аппон-таппон юриб бориб, айвон охиридаги ўчоқ ёнида бўғма деворга суяниб тўхтадим.
— Қийини орқада қолди, ҳадемай отдек бўпкетади бу ўтбосар, — деди дўхтир, аям билан бувимга илжайиб. – Қўрқиб кетманглар деб, сизларга билдирмасдан, Обиджон акамга айтгандим холос – бу боланинг юраги порокка чалинган. Касаллик варақасига ёзиб қўйдим, энди уни армиягаям олишмайди.
Дадам кечки пайт ишдан қайтгач, лапанглаб юришимни унга яна бир намойишлаб бердим. Дўхтир юрагим ҳақидаги ваҳимани кучайтириб, қаттиқ тайинлаган бўлса керак, дадам менга дона-дона қилиб уқтиришга тушди:
— Бундан кейин оғир ишларни қилмайсан! Вазмин юк кўтармайсан! Толиқтирадиган ўйинларни ўйнамайсан! Қовурилган овқатларни камроқ ейсан! Шўр билан аччиққа яқин йўламайсан! Хўпми?!
Ўз-ўзидан манглайим тиришди. Шўр билан аччиққа яқинлашмасликдан бошқасини уддалаб бўларканми?
Тузалиб кетганимдан кейин ҳам мактабга бормадим. Лекин, барибир саккизинчи синфга кўчириб қўяверишди.

* * *

Куз чоғи оёқда мустаҳкамгина туриб олганимдан сўнг, яна киночиликни қўмсай бошладим. Сайёр киночи билан маҳаллама-маҳалла, далама-дала юришимга энди дадам рухсат бермаслигини билиб, бошқача йўл топдим. Қишлоғимизнинг Мозортаги маҳалласидаги клубда Аҳмед ва Мансур деган қрим йигитлар кино қўйишарди. Бир куни уларга учрашиб, “Украина” аппаратида киночилик қилганман, энди катта аппаратда ишлашни ўрганмоқчиман, десам, кейинроқ бир ўйлаб кўрармиз, деб ишни пайсалга солишди. Шунда, афиша ёзишниям, расм чизишниям билишимни айтган эдим, кино оламига оид журналдаги бир расмни кўрсатиб: “Ана бўёқ, ана чўтка, ана мато, қани, шуни катта қилиб чиз-чи”, дейишди. Бир соатлар уриниб, расмни чиздим, остига кинонинг номини ёздим. Ишим уларга ёқиб,
майли, кундузи афиша чизасан, кечқурун кино қўйишни ўрганасан, дея шогирдликка олишди.
Тасмаси “Украина”никидан икки баравар энли бўлган стационар киноаппаратда ишлашни тез ўзлаштирдим. Кунларимнинг талай қисми клубда, клуб ёнидаги кутубхонада кечаверди. Бу ишимдан чексиз ҳузур олсам-да, кинони клубнинг алоҳида хонасидаги тешикча орқали эмас, сайёр аппаратдагидек шундоққина одамлар орасида ўтириб, ўзимни кўз-кўзлаганча намойишлашни соғинардим барибир. Клубдагисининг кўчма кинодан биргина афзаллиги – прокатдан суратдор қоғоз афишалар келиб турарди, чиройлиларини “шимо”лаб кетиб, уйимизнинг деворларини безатардим.
Вақт шитобланиб ўтаверди, кинолар умримни ямлаб бораверди. Бу орада устозларим билан шу қадар иноқлашиб кетдимки, кейинчалик бошқа жойларда ишлаб юрганимда ҳам кинога бориб қолсам, қучоқлашиб кўришар эдилар, пул берсам олишмасди.
Эндиликда улар Қримдаги қабристонлардан бирида қадрдондан қадрдон тупроғининг пинжига гўдакдек ёпишганча, абадий ухлаб ётишгандир. Бу отбозор оламда Ватан тугул, баъзан ўз ота-онангни топиб олишинг ҳам осон кечмайди.

КОМПАРТИЯНИНГ ХУДО БЎЛГАНИ

Зўрлигингни камбағалчиликка чидаб кўрсатгил.
КУЛКУЛ афанди

Аввалига дадам Файзиобод пахта пунктидаги ишидан айрилиб, гоҳ Хонқиз, гоҳ Қоражийдада пилла қабул қилиб юрди, саккизинчи синфдалигимда эса тугалай юмушсиз қолди. Яхшиямки, Маҳбуба опамни қамалишдан олдин вақтида узатиб олган экан, Шаҳодат ва Холис опамни турмушга чиқаришнинг ўзи рўзғоримизни буткул қоқлаб ташлади. Ўша дамларда қулоғимга чалинишича, ҳатто кимлардандир озгина қарз ҳам олишганди.
Аям гоҳ олтин тақинчоқларини, гоҳ гиламлардан бирини, гоҳ сандиқдаги бахмал, атлас сингари тоза газмолларни сотар, ўртада баъзан ун олишга ҳам илож топилмай қоларди. Кейин қўйларни пуллашга навбат келди. Ҳартугур, сут-қаймоғи жизга яраб турган сигирни сотишмади.
Сарвинисо бувимиз дамодам дадамнинг ҳолига ачиниб: “Ҳа болам-а, пул топдинг-у, ақл топмадинг-а. Ўғилларинг ўсиб боряпти. Давлатинг қўлингдалигида бир-иккита томорқа олиб, уйлар сопташласанг, нима қиларди? Ҳеч бўлмаса, ҳовлимизга анави каталакдан бўлак тузукроқ бир уй қурмадинг. Битта мошина опқўйганингда-ку, ҳозиргидай оғир кунингда сотсанг, ўзингни яна ўнглаволардинг”, дея даккилашга тушар, дадам эса:
“Бойлигини кўз-кўз қилганларнинг қанчаси сургун бўлиб, қанчаси отилиб кетди, олдингизда тирик ўтирганимга шукур қилинг, буви”, деб ўзини оқларди.
Турли улфатчиликларга қўшилиш имкони йўқлиги учунми, “отдан йиқилиб”, қаддини ҳамон тиклаб ололмаётганидан уялибми, дадам ҳатто қўшнилар билан кўчада гаплашиб ўтиришдан тортинадиган бўлиб қолди. Меҳмонга келган аёл қариндошлар билан озгина аҳвол сўрашибоқ, ташқарига чиқиб кетарди. Оиламиздагиларнинг меҳмондорчиликка, тўйларга, сайлларга галалашиб бориши ҳам таққа тўхтаган эди. Дадамда ўзини одамлардан, гурунглардан олиб қочиш одати пайдо бўлганини барчамиз яққол сезиб турардик.
Илгарилари ҳовлимизнинг ички юмушларидан бутунлай йироқ бўлган дадам энди гоҳ кетмонни тутамлаб бодринг суғорар, гоҳ сигирга ем қоришга киришар, гоҳ тоғорада гўнг ташиб келиб жўякларнинг ичига соча бошларди. Бир куни қарасам, ҳожатхонамизни тозалаяпти. Бунисига чидаёлмадим. Бориб, кетмонни қўлидан олмоқчи бўлсам, нари тур, сенга мумкинмас, деди. Оғир ишларни қилиш мумкин бўлмаган ўғилчаси, уларга билдирмай, анчадан бери ҳак-ҳаклаб футбол ўйнаётганидан ота шўрлик мутлақо бехабар эди.
Аввалига, танамни зўриқтирмаслик учун дарвозабонлик қилиб юрган бўлсам, кейинчалик майдонда ўйнашга ўтдим. Дастлабки ойларда ярим соатлар югурмасимданоқ бирдан нафасим тиқилиб, юрагим бежодан бежо тепишни бошлар, аста четга чиқиб, аҳволимни зўрға ўнглаб олардим. Бора-бора, ўзимни ортиқча ўтдан чўққа урмай ўйнасам, икки тайм югургилашга бемалол чидайдиган бўлдим.
Соппа-соғ эмасдим барибир. Ўқтин-ўқтин кўзларим тиниб, бошим айланиб турарди. Баъзан ўзимни жуда дармонсиз сезардим. Уч-тўрт марта ҳатто бирдан ҳушимни йўқотганим эсимда. Чамаси, бу ҳушсизлик 5-6 секунддан ошмасди; бир куни мен ёқтирган қўшиқ янграй бошлаганида, радионинг овозини кўтаришга бораётиб яна ўзимни билмай қолганим; қайта ўнгланганимда, қўшиқнинг кейинги жумласи айтилаётганини илғаб, шундай тахминга келгандим.
Эсимни йиғибоқ, ўзимни қайта тетик ҳис қилардим, лат ейиш тугул, бирон жойим шилинмасди, танамда ҳеч қанақа оғриқ сезмасдим. Яхшиямки, бу ҳолат ҳар сафар уйда ёлғизлигимда, узоқ ўйланиб ётиб ёки кўпроқ ўқибми, ёзибми ўтириб туйқусдан қўзғалганимда юз берар, бошқалар бундан хабарсиз қоларди. Уй ваҳимага тўлмасин деб буни ҳеч кимга билдирмасдим.
Дадам уйда ўтириб қолгач, аям икковининг орасида тез-тез жанжал чиқадиган бўлди. Бунақа пайтда бувимиз ўғлининг ёнини олиб, ҳа, пули йўқнинг ўзиям керак бўлмай қолдими, дея аямни жеркиб берарди. Аям баттардан ловуллаб, товуши етти маҳаллага етадиган даражада саннашга тушарди. Бундан ниҳоятда жаҳлим чиқарди, дадам уйга шартта тортқилаб кириб, овозини ўчириб қўйса бўлмасмикин, деб ўйлардим. Охири: “Бўлди! Бақирманг!” – дея аямга пўписа қилардим.
Аям анча-мунча пўписани писанд қиладиганлардан эмасди, овози пасайгандек бўларди-ю, барибир анчагача ғудраниб юраверарди.
Тутунни олифталаниб пурковчи кашандаларга ҳавас қилиб, қолаверса, энди бола эмаслигимни ётларга кўрсатиб қўйишга уриниб, чекишни анча эрта бошлагандим. Ревматизмга чалиниб ётганимда, уйдагиларнинг кўзи олдида тамаки буруқсатишдан тортиниб, баҳонада бу ўпкачақардан буткул қутулгандек эдим. Кейин эса, уйимиздаги аҳволдан эзилибми, соғлиғим анча мустаҳкамланганидан талтайибми, олдингидан-да кўпроқ чекадиган бўлиб боравердим. Агар, энг арзон ҳисобланган махорка олишга ҳам пул тополмай қолсам, гоҳ газета парчасига ўрик хазонини ўраб, гоҳ ошқовоқ палагининг қуриганини найчалатиб чекардим. Булар ўта аччиқ бўлиб, шунақаям йўталтирардики!

Ўлдиради, тамаки – заҳар,
Чекма, дединг,
Қулоқ солмадим.
Чунки, уни чекмасанг агар –
Ўлмайсан, деб айта олмадинг.
(1973)

Хоним энам чевар эди, қишда пахтали камзул, ёзда кулранг матодан –
пастининг ва кўкрак қисмининг ҳар икки ёғида оғзи очиқ чўнтаги бўлган кител тикиб, Марғилон бозорида сотиб пул ишларди. Аям Оқбўйрага борганда онасига қаралашиб юриб, бу касбни яхшигина ўзлаштириб олган, азалдан бизга қишлик камзулни машинасида ўзи тикиб берарди. Рўзғоримиздан барака кўтарилгач, камзул ва кител тикишни бошлаб, аввалига маҳалладагиларга тортиниб-қисиниб сотиб юрди, кейинчалик бозорга олиб чиқадиган бўлди. Бозордан қайтишда икки сўмка харажат кўтариб келарди. Бу иши яхши эди-ю, рўзғорни ўзи тебратаётганини пеш қилавериши уйдагиларнинг дам жиғига, дам ҳамиятига тегарди.
Лекин, яқин-яқинларда ҳам бойвучча хоним бўлиб, бировга гапини бермай юрган аям энди лампачироқнинг хира ёруғида кўзи қизарганича туни билан кийим тикиб, буларни ким олар экан деб, бозорда мўлтираб ўтиришини ўйлаганимда, вужудим увишиб кетарди. Дадамни кўп ранжитгани учунми, аямни жон-жонимдан яхши кўрардим деёлмасам-да, унга жуда-жуда раҳмим келарди, сал катта бўлай, сизларни ўзим боқаман, кейин бошқа қийналмаймиз, дея кўнглига далда уруғини сочишга уринардим.
Бир куни айвонда нимадир қилиб ўтирсам, томорқа тарафдан аямнинг тинимсиз бидирлаётгани эшитилди, сал ўтмай дадам уни ташқига қувиб чиқди. Аям кела солиб: “Анварим! Дадангни қара!” – деб, панамга яширинди. Уйда тартиб ўрнатишга ярайдиган мақомга етганимдан ҳовлиқиб кетдимми: “Дада! Тўхтанг! Нима кераги бор?” – дея товушимни баландлатиб, кўкрак кердим.
Дадам таққа тўхтади. Менга бир зум ғалати тикилиб турди. Сўнг, бирдан ҳовуридан тушиб, индамай ортга қайтди. Кетидан боқиб туриб, дадамга туйқусдан ичим ачишди; аямга чақчайиб юзланиб, дадамиз билан ҳадеб олишаверманг, ўзи бўғилиб юрибди, дедим-у, кўчага қараб йўл олдим. Юрагим ҳилвираганча борарканман, ичимда Тангрига зорланиб-зорланиб ялинишга тушдим:
— Э, Худо, дадамнинг ишлари тезроқ юришиб кетсин…
Ие! Бу қанақаси? Камбағал бўлишни қачонлардан бери эзгинланиб орзу қилардинг-ку? Мана, Худо охири сен нафасинг қурғурни ниятингга етказди. Энди бу хилдаги турмушни ҳам кўр, роҳатли жойини қидириб тополсанг, яйраб яшайвер.
Ҳа, яйрайсан-а! Ҳа, нолимайсан-а! Худодан дадангни яна бой қилишни сўрашга ҳозир қандай бетинг чидаяпти, билмадим. Қолаверса, Худонинг борлигига ишонасанми ўзинг?!

* * *

Бир қараганда, худосизлар мамлакатининг мафкураси, барча билим масканларида ҳукмрон бўлмиш қизил ғоя, ўқитувчиларнинг, ҳукумат фаолларининг узлуксиз ташвиқотлари Худонинг йўқлигини оммага ҳар томонлама исботлаб бериб, бунга қарийб барчани, жумладан мени ҳам аллақачон ишонтириб улгурган эди. Айрим ўқитувчилар муллаларнинг дин, Худо, нариги дунё ҳақидаги “уйдирма”ларини орада хохолаб-хохолаб, мазахлаб-мазахлаб гапира бошласа, шерикларимга қўшилиб мен ҳам яйраб қиқирлардим. Эсимда – саккизинчида ўқиётганимизда айрим қизлар ироқи дўппини ташлаб, мактабга рўмол ўраб келадиган, дарсда юзларини пешанасидан пастроққача тўсиб ўтирадиган бўлишганда, бир куни директор хонага қўққис бостириб кириб, уларни хаттахта тагига тургизиб қўйгач, бошидаги рўмолларини юлқиб олиб, ҳе, мусулмонлигингдан ўргилдим, дея туртиб-нуқилаганидаям секингина ҳиринглаб қўйгандим.
Яна бир қарасангиз, туйқусдан муллачага айланардим, у дунёнинг борлигига, Зуҳрахон синглим билан Ҳомитжон укам жаннатда ўйнаб юришганига шубҳа қилишни хоҳламасдим, ботинолмасдим, қўрқиб кетардим. Тонтирама, у дунё бор, укаларинг роҳатда юришгани рост, деб ўзимни бийдалагудек бўлардим.
Тайинсиз банда эдим, баъзан худосизлар онггимга қайтадан таъсир ўтказа бошласа, “содда художўйлар”нинг хомтамалигидан ичимда яна кулишга тушардим; баъзан бирон-бир зарурат боис, Яратгучига такрор ялинишга ўтардим. Қувончли онимда Тангрига қуллуқ қилиш хаёлимга келмасди, оғир дамларда мунғайиб ундан кўмак излардим. Садриддин Айнийнинг “Қуллар” деган асарини ўқисам, ўтмишимиздан ҳам, дин уламоларидан ҳам кўнглим совишни бошлар, бор-йўғи солиқни тўламагани учун бир камбағални сўйдириб юбораверадиганлар зулмидан қутқарган болшевикларга ихлосим ортарди. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлари”ни мутолаа қилсам, Отабек, Юсуфбек ҳожи сиймолари қалбимни ром этиб, ўшанга ўхшаш даврда ўшандай кишилар билан яшашни, курашишни истаб қолардим, суюкли қаҳрамонимни жангда ўлдирган ўрислар ҳам, уларнинг тажовузчи юрти ҳам кўзимга ёмон кўриниб кетарди. Машраб ёки Яссавийга берилган чоғим дилим тубида Худога ошиқлик чечаклари ниш ура бошлар, айрим адиблар, айниқса, яйдоқи асарлари мен учун ўта суюкли бўлмиш Ғафур Ғуломнинг атеистик руҳдаги ҳажвиялари уларни бир-бир сўлдиришга тушарди. Замон Худога шайдоланишингга имкон берадиган замон эмас эди. Мавжуд муҳитнинг тақазоси билан ўз эътиқодимни ўзим топтаб ташлаётганимни сезмай қолардим. Бир нарсага сира тушунолмасдим – ё мен вазиятга қараб ўзгариб турардим, ё вазият мени ихтиёримсиз ўзгартириб қўярди.
Бола-чақали бўлганимдан кейин ҳам бу “ғалати аросат” дашти ичра тентирашда давом этавердим. Бу ҳолат ёзган асарларимда ҳам ўз изини қолдириб бораверди.
Дунёдаги қуруқликнинг олтидан бир қисмини ташкил этувчи СССР аталмиш қизил империя ўрамидан Тангри бутунлай ҳайдаб чиқарилиб, бу бўшлиқнинг ўрнини коммунистик партия ялпайганича эгаллаб олган эди. Руслардаги “Слава богу” (Худога ҳамду санолар) сўзи ўрнига пайдо бўлган “Слава КПСС” (ўзбекчага “КПССга шон-шарафлар” деб ўгирилганди) ибораси совет халқи учун сажда ифодасига айланганди. Таг маъноси чуқур бўлса-да, сўзма-сўз таржимада “Оллоҳ номи билан” деган мазмун касб этувчи “бисмилло”нинг ҳам моҳияти ўзгартирилиб, қизиллар вақт тиғизлигида синфий душманларини суд қилиб ўтирмай, “Инқилоб номи билан” дея жойида отиб ташлаши одат тусини олганди. Қишлоғимизда тўқилган бир латифага кўра, компартия сафига қабул қилинган Болта қассоб қўйларни энди “бисмилло” айтиб эмас, “Инқилоб номи билан!” деб сўйишга ўтган экан.
Компартия Худога айлантирилган бўлса, унинг пайғамбарлари ҳам бормиди, дерсиз. Бунингсиз иш битармиди? Бор эди албатта. Улар ишчи-деҳқонлар ҳокимиятининг асосчилари, худосизлар жамиятининг ғоявий етакчилари ҳисобланмиш Маркс, Энгелс, Ленин, Сталин тўртлигидан иборат эди. Йигирманчи асрнинг олтмишинчи йилларида салтанат сарвари Хурушчёв Сталинни қоралаб ташлагач, пайғамбарлар сони учтага тушди, кейинчалик гапни майдалаб ўтирмай, марксизм-ленинизм дейишга ўтилди.
Улғая бориб, қаламим анча пишиб, етмишинчи йилларнинг сўнгроғида битилган “Аламазон ва унинг пиёдалари” номли қиссамда “Эшакнинг парвардигор бўлгани” деган боб бор эди. Унда болалигида эшакни билмай эмиб қўйган Мадумар подшо бўлгач, бу исноддан қутулиш учун эшакни худо деб эълон қилади, ўзи эса пайғамбарга айланади. Бу билан мен Худони эмас, янги худо ясаганларни эрмаклаганим ойдек аниқ кўриниб турса-да, мустақилликдан кейинги қайта нашр чоғида ношир дўстларим: “Эшак худо бўлганини бошқача қилиб ўзгартиринг, руҳонийлар буни барибир нотўғри тушунишади”, дея оёқ тираб олишди. Охири “худо”ни “доҳий” деб ўзгартиришга рози бўлдим. Аслида, тарихий ҳақиқатни ифодаловчи лавҳалар қандай битилган бўлса, ўшандай тургани маъқулдек эди.
Хаёлимдан кечганини қоғозга шундайича туширишга ўрганганман. Буни ўқиган одам қандай ўйга бориши мумкинлиги тўғрисида азалдан ортиқча бош қотирмасдим. Ёшлигимда ёзган шеърларимдан бирида жойнамозда ўтирган кампир эрта вафот этган чоли ва урушда шаҳид бўлган ўғлини қўмсаб, у дунёда дийдор кўришиш умидида, тангридан ўзига ўлим тилаётганини баён этганман. Бир мунаққид бунга муносабат билдириб, кампир ҳаётда моддий қийналиб юрган бўлса, бу бошқа гап, фақат бировни соғингани учун одам ўзига ўлим тилашига ҳеч ким ишонмайди, деганди. Ўткинчи бу дунёнинг асосий лаззати нималигини чуқур идрок этиб улгурган, улардан айрилиб қолса, ўша лаззатга абадий дунёда тезроқ етишиш истагида ёниқиб яшаётган кимсанинг топилишига биз ишонмасак, Худо ишонади, деб жавоб қилгандим унга.
Абдулла Қодирийнинг Калвак махзумини у дунёга элтиб, дўзаҳдаги ҳангомалари ҳақида туркум ҳажвлар яратганман. Айримларга буниси ҳам эриш туюлди. Ваҳоланки, атеизм шундоққина буруқсаб турса-да, бу асаримда замонанинг баъзи иллатларини фош этишга, цензурадагиларнинг кўзини шамғалат қилишга уриниб кўргандим. Кейинроқ, айнан ўша Калвак махзум қиёфасида энди шоирга айланган Гулмат ҳам шу йўлдан бориб, ўз ғазалларида халқимизнинг бугунги дардларини чўқилаб-чўқилаб изҳор қилишга тутинди.
Қирчиллама йигитликдаги яна бир шеъримда жаннатга тушувчи яхшилар қаторида дўзах ҳувиллаб қолмасин дея ёмон одамларни ҳам яратиб қўйгани боис Тангридан “ўпкаланиб”, бу “хато”ни тўғрилаш учун худоликни менга бир кунга бериб туришини сўраганман. Сочим оққа беланган давримда эса, бу борадаги тасаввуримни бошқача ифодалаган эдим:

“Кир” деб кулса “қора”лар “оқ”ни,
Сабрим тугаб бу чалкашликдан,
Бир кунгина Худо бўлмоқни
Орзу қилган эдим ёшликда.

Йиллар ўтиб англадим, ҳар кас –
Синалар бахт ёки жабрда.
Ҳа, Оллоҳга тенг келиб бўлмас
Ҳеч нарсада, ҳатто сабрда!
(2003)

Ёруғ олам деб аталмиш Ер кезғичи ўз меҳваридан чиқиб кетмай, одамзотни бағрида ҳамон эъзозлаб боқаётган экан, бунинг энг асосий сабаби шу – Оллоҳ жуда сабрли, Оллоҳ жуда кечиримли!
Дадамнинг тенгдоши, узоқ йиллар маҳалла сартароши бўлган Орифжон тоға қариган чоғида уйида эскича мактаб очиб, беш-олтита болани ҳеч қанақа ҳақ олмасдан хуфиёна ўқита бошлагани биз қўшниларнинг кўпчилигимизга маълум эди. Ён-атрофда яшовчи айрим “итқулоқ”лар бу ҳақда керакли жойга чақимчилаб, ғалва чиқаришар, пича муддат тўхтагач, дарсхона ўз ишини яна давом эттирарди. Мактабдан ташқари, дала шийпонларида, турли йиғинларда маъруза ўқиб, оммани худосизликка чорловчи атеист ўқитувчилардан уч-тўрттаси бир куни Орифжон тоғани кўчада, маҳалладаги қариялар вакиллари даврасида тергаб турганининг устидан чиқиб қолдим. Ўшанда туман газетасида ишлардим. Даврага қўшилиб, гапнинг тагига етсам, бу ерда таҳсил олаётган болалар мактабга кам қатнайдиган, борса ҳам, “онгги заҳарлангани” сабабли, дунёвий билимларга унча қизиқмайдиган бўлиб қолишаётган экан. Бу одам катта мулла эмаслиги, динни чуқур тарғиб қилишга билими етмаслиги, болаларга шунчаки арабча ҳарфларни ўргатиб юрганини айтиб, хавфсирашга арзимайди, дедим. Таъқиб этувчилар бу гапдан юмшаб, ғирт чаласаводлигини ўзимиз ҳам биламиз, лекин барибир бола ўқитиши нотўғри, деб, “мударрис”ни қаттиқ огоҳлантирганларича тарқаб кетишди.
Менга илгаритдан ширинсўз бўлган, Баҳром эшон бобомизнинг исмини доим ҳурмат билан қайд этадиган Орифжон тоға сал бўлса-да ёнини олганимдан хурсанд бўлдими, ё Худонинг олдида ёруғроқ юз билан яшашимни тиладими, кўзимга илтижоли боқиб, ҳеч йўқ ўтган-кетганлар ҳақига тиловат қилишни ўрганвол, жон болам, деди. Буни биламан, десам, ишонгиси келмай, кўзимга синчиковланиб тикилди. Сўнг, ишонч ҳосил қилди шекилли, бундан гўё чўнтагига нақд даромад тушадигандек : “Э, хайрият! Э, баракалла!” – деб қувониб кетди.
Ислом гуллаган даврларда хилватда катта гуноҳларга қўл уриб, тангрисига хиёнат қиладиганлар топилиб турганидек; дин оёқости бўлган бу замонда, панада юриб бўлса ҳам, Оллоҳга холис ва фидойиларча хизмат қилувчилар оз эмас эди.

МАКТАБДАН ҚУВИЛИШ АРАФАСИДА

Одам бўлойин десанг, ўғрилиқ
қилғил – китоб ўғирла!
Гулмат ШОШИЙ

Бугун кечагидан анча улғайиб қолгандекман-у, аммо туйғуларимнинг мўлтироқлиги ҳалиям ўша-ўша эди: камбағаллашгандан камбағаллашиб бораётганимизга қарамай, бегоналар менга раҳми қўзиган сиёқда муомала қилишга негадир шошилмаётганидан қаттиқ таажжубга тушардим. Ҳеч вақомиз қолмаганига булар ҳалиям ишонмаяпти шекилли, деб ўйлардим.
Йўқсиллар қаторига тушиб қолганимизга гоҳо ўзимнинг ҳам инонгим келмасди. Баъзилар безрайиб боқиб: “Даданг кўмиб қўйган тиллоларини қачон ишлатади?” – деб писандаласа, дадамнинг чиндан ҳам кўмилган олтинлари бўлса-я, балки бу қама-қама замонда уларни пуллашдан қўрқиб юргандир, деган умид учқунлар эди кўнглимда.
Ўртоқларим билан санғиб юриб, гоҳо туман марказига бориб қолардик. Роҳатдан тарвақайлаганича музқаймоқ ялаб юрганларни кўрсам, аямай дўппослаб, қўлидагини юлиб олгим келаверарди. Ҳар гал албатта китоб дўконига кирардим, кўзимга иссиқ кўринган ёки бировлардан таърифини эшитган китобни сотиб олишга пулим етмаса, бу ҳол “шайдосига бевафо” музқаймоқнинг куйдиргисидан ҳам ошиб тушарди.
Бир куни Холис опамнинг синфдоши, Ҳадича отиннинг фарзанди бўлгани учунми, ниҳоятда адабиётсевар, зеҳни ўткир, ёшига нисбатан ўта кенг фикрловчи ошнам Абдусалом билан китоб дўконига бирга кирдим. Қандайдир китоб икковимизга ҳам ёқиб қолди.
— Шуни қарзга олиб беринг, қўлимга пул тушса узилишиб кетармиз, — дедим ёши улуғроқ ошнамга ялиниб.
Абдусалом китобни сотиб олди. Ташқарига чиққанимизда уни менга тутқазди-ю, кўйлагининг пастга осилиб турган этагини кўтариб, чўзмали шалварининг қатидан яна битта худди шунақа китобни суғурди.
— Бунисини ўғирладим, — деди у, ҳозиргина пошшонинг хазинасини ўмариб чиққан Бағдод ўғрисидек тамтамланиб. – Униси сенга текин бўлақолсин.
Ий-йе, йўли боракан-ку! Шу нарса олдинроқ калламга келмаганига доғман! Ахир, қутичанинг зулфини биров билмайдиган тарзда суғуриб қанд ўғирлаш, дадам ухлаётганда чўнтагини енгиллатиш, боғларнинг деворидан ошиб тушиб, эгасига сездирмай мева ўзлаштириш бўйим тўрт қаричлигидан буёнги эски касбим-ку. Олғирликнинг нимаси қийин экан? Қулай фурсат пойлашни, талвасаланмай ҳаракат қилишни, иш битгандан сўнг ҳеч нарса бўлмагандек ғирмайиб тураверишни уддалай олсанг – олам гулистон.
Ўшандан бошлаб, дўкондан китоб ўғирлаш бобида малакам ошиб бораверди. Бир киришда тўрттагача китобни устидан кўйлагим этаги солинчоқланиб турувчи шалваримнинг чўзмасига қистириб чиққан кунларим ҳам бўлди. Дўкончини чалғитиш, хавфни камайтириш учун битта арзонроғини қўлимда варақлаб келиб, одоб билан сузилганимча ҳақини тўлардим. Доимий мижозлардан бирига айланганим туфайлими, охиратинг обод бўлгур дўкончи ўз талончисини ҳар сафар дўстона жилмайиб қарши оларди.
Параллел синфда беҳад бебошлиги билан довруғ қозонган Аъзам ва Асқар исмли болалар бўларди. Аъзамнинг тракторчи отаси барвақт вафот этиб кетган, Асқар эса ногирон отасининг йўриғига киравермасди. Уларни бир-биридан яққол фарқлаб турадиган томони шу эдики, Аъзам тезоб, шошқалоқ, Асқар босиқ ва камгап эди.
Иккови ҳам ўз синфида бировдан паст келмаса-да, мен билан олишмас, ҳаддида туриб, ҳурмат билан муомала қилишарди. Улар билан анча яқинлигимни билиб, баъзи ўқитувчилар, булардан узоқроқ юр, иккови ҳам қинғирқўл, деб шипшитишарди менга. Аслида, бу икки шумтака гоҳ синфдошларининг қалам-дафтарини, гоҳ мактабга тегишли у-бу буюмларни ўғирлаб, кўп дакки еб юргани, доим шубҳа остида эканликлари кўпчилигимизга илгаритдан аён эди. Айниқса, Аъзам Макаренконинг вожатийлар хонасида турадиган кичик бронза бюстини, яп-янги радиони эплаштиришда гумон қилинаётган кунларда алоҳида тилга тушганди. Дарслар тугагач, ҳаммадан орқада қолиб, мактабни қўйни дўмпайганича тарк этганини қоровул Мамазокир бува қанча куюниб такрорламасин, бу айбни ҳеч ким Аъзамнинг бўйнига қўёлмаганди ўшанда. Кейинроқ, кимнингдир йўқолган велосипедини ҳам анчагача шу иккаласидан кўриб юришди.
Қиморбозлик, маишатбозлик, ишқбозлик, итбозликка ўхшаб ўғриликнинг ҳам ўзига хос гашти, кайфи бор. Бу жараёндаги кечинмалардан кейин ўз учарлигинг, чечанлигинг, дангаллигингдан қониқиб ғурурланмоқлик ва қилмишларингни эшитганларнинг ҳайратига сазовор бўлмоқлик лаззати, худди шароб ёки тамаки сингари, ўзига хумор қилаверади. Қинғир ишларинг жазосиз қолгани сайин, бурнинг кўтарилиб бораверади, ҳатто зарурат туғилмаган чоғда ҳам, шунчаки гашт олмоқ истагида, чаккибосарлик қилгинг келаверади.
Лекин, киши астойдил изланса, ҳар қандай бемаъни ишга ҳам бирон-бир заруратча ўйлаб топиши мумкин. Менда ҳам шундай ҳолат зоҳир бўлиб турарди. Масалан, бир куни кўнглимда йирик зарурат кўпчиланиб, ишни майдалаб ўтирмай, тўп-тўп яхши китобларга бир йўла эга бўла қолсам-чи, деб ўйладим-да, ҳарқалай бу соҳада тажрибалари бор дея, Аъзам билан Асқарни кўпдан буён фаолият юритмай келаётган колхоз кутубхонаси сари етакладим. Иккови бинонинг атрофида қоровуллик қилиб туришди, мен деразанинг очиқ қолган елтуйнугидан ичкарига кириб, ёқтирган китобларимни, шахмат тахтасини ташқарига бир-бир узатавердим. Уччаламиз бир қўлтиқ-бир қўлтиқ китоб билан қоронғи тушаётганда бизнинг уйимиз томонга қайтдик. Уйдагиларнинг терговидан ҳуркиб, томорқа тарафдаги девордан ошиб ўтдим, китобларни ва шахматни молхона ёнидаги поялар ғарами орасига яширдим; эртасига икки-учтадан ташиб чиқиб, кийим шкафининг таг қисмидаги сандиқчага жойладим.
“Зарурат” баҳона бўлган иккинчи мисолни айтсам, бир куни Авазбек укам қўшни бола билан ташқимизда ўйнаётиб, унинг ўйинчоғини талаша бошлади. Қўшни бола аразлаб чиқиб кетгач, Авазбек: “Менгаям автобусча олиб беринг! Автобусча олиб беринг!” – деб йиғлаганича дадамга тирмашди. Дадамнинг: “Бўпти, магазинга борсам, опкеламан”, деган сўзи, менимча, етарли эди, бироқ нарида турган аям ҳам гапга суқулиб: “Вағиллама! Даданг қайси пулига олиб бераркан?” – дегани ўринсиз бўлди. Укам баттардан йиғлай бошлаганини, дадам нима дейишни билмай, жовдираб қолганини кўриб, кўксим жизиллади. Кечки пайт энди Аъзам билан Асқарни колхозга қарашли болалар боғчасига бошлаб бордим, улар яна пойлоқчилик қилиб туришди, мен қулфсиз эшикдан ичкарига кириб, ўйинчоқларни ўмаришга тушдим. Бахтимга десангиз, укам ўртоғи билан талашган автобусчадан ҳам бор экан, биринчи навбатда ўшани қўйнимга тиқдим. Эшикдан сал наридаги дарахт остига қўйилган кроватда пишиллаб ухлаётган қоровулнинг ёнидан оёқ учида ўтиб, шерикларимнинг олдига келдим, ўзимга фақат автобусчани олиб қолиб, булар – укаларингга, дея бошқа ўйинчоқларни иккаласига тақсимлаб бердим.
Қайтгач, укамни қувонтиришга шошилмай, автобусчани четга яширдим, эртаси куни нонуштадан сўнг уни секин кўчага олиб чиқиб, сувга пишдим-да, яна ортга қайтдим. Ҳў Авазбек, мана, сенга автобусча, деб ўйинчоқни кўзлари қувончдан ёниб кетган укамга узатарканман, очиқ деразадан мўралаган аямга қараб, буни ариқдан тутиб олдим, шилдираб оқиб келди, дея изоҳ бериб қўйдим.
Қанийди, ариқда пуллар оқиб келса, деб ўйлагандир аям ўшанда.
Энди битта галанинг аъзоларимиз деган хулосага боришганми, гоҳида Аъзам билан Асқар ўзларининг турли майда қилғиликларига мени ҳам жалб эта бошлашди. Бир куни Аъзам, қўшним қовунини қўриқлаб, бола-чақаси билан даладаги капада яшаяпти, уйини бир титкиласак-чи, деб қолди. Бордик. Уйга кирдик. Уй ичидаги тартибсизлик, қўлга илинадиган тузукроқ нарса йўқлиги Аъзам биздан олдин ҳам бу хонани яхшилаб пайпаслаб чиққанидан далолат бериб турарди. Титкиланиб-титкиланиб, ниҳоят, буюм деса дегудек кўринган қўнғироқли соатни олдик, пиёда темирйўл станциясига бориб, бозорчага кирдик. Сен ботирроқсан, соатни ҳў анави атторга ўзинг пуллайқол, деб мени муғамбирона аврашди шерикларим. Бориб арзонгинага пуллаб келдим, топганимиз учта музқаймоққа зўрға етди.
Буларни эслаганда, баъзан ўйланиб қоламан – бу ўғриликмиди, шўхликмиди? Хоҳ ўғрилик бўлсин, хоҳ шўхлик бўлсин, шундай давом этаверса, йўлим охири қаерга бориб тақалган бўлардийкин?

* * *

Ҳануз шеърлар битиб турардим. Тўпоригина машқларимда ишқ мавзуси тобора кенгроқ жой эгаллаб борар, буларни ёзаётганимда дафтаримнинг варағидан тутун кўтарилаётгандек, сал ўтмай лов этиб ёниб кетадигандек туюларди баъзан. Бунинг сабаби бор эди – қизларга илиқишга қаттиқ ружу қўйган даврим эди бу. Қоғозда чин севгини, вафони, садоқатни шарафлардим-у, амалда эса, қизлар бири биридан чиройли кўриниб, ўзимни у гулдан бу гулга урардим, қай бирида қўним топишни билмасдим. Гўё энг яхшиларининг бари фақат меники бўлиши шартдек.
Хонларимиз бекорга ҳарам қурдирмаган экан-да. Шўрликларни ўпичбозликда айблайверишдан олдин, тотли-тотли хаёл суриб, ўзимизни лоақал бирор марта уларнинг ўрнига қўйиб кўришимиз керакка ўхшайди-ёв.
Тунлари Қ. хонни эзилиб-эзилиб ўйлардим, унинг ҳамма кўриниши, ҳатто кўзларининг қандай қиялаши-ю, лабларининг қандай жимирилишигача хотирамда қайта-қайта жонланарди; Ж. хонни шартта қопга тиқиб, кимсасиз тоғларга олиб қочгим келарди; гоҳо эринмасдан икки маҳаллани босиб ўтиб, қўшни мактабда сулувлиги билан донг таратган А. хоннинг хонадони ёнида оч кучукчадек ғингшиб юрардим.

Афсус,
Ҳозир ёнимда
Битта танноз ойим йўқ.
Майда-чуйда гуноҳдан
Қўрқадиган жойим йўқ.

Тун қўйнида
Ҳисларим
Сочар ишқий шуълалар…
Ухлар қучиб энасин
Нодон ойимтиллалар.
(1980)

Баъзан мактабда жуда озчиликни ташкил этувчи аёл ўқитувчиларга ҳам тагдор гаплар отар эдим, енгил-елпи тажовузлар қилишгача бориб етардим. Дам ручкамни атайлаб полга ташлаб, партанинг остига бош суқардим ва кимё-биологиядан дарс берувчи Кидрачёванинг оппоқ оёқларини берилиб томоша қилардим; дам мактабдаги қизларга қўллаб турадиган роҳатбахш қилиғимни ишга солиб, рўмолчамдан ип суғурардим-да, чет тилини ўргатувчи олтин сочли муаллимамиз Гудилинанинг ортидан бориб, биқинини сийпалардим, ўқрайганича чўчиб ўгирилса, кийимингизга ёпишиб қолибди, дея қўлимдаги ипни кўрсатардим. Пионервожатиймиз Умерованинг кетига шапатилаб қочганимдан сўнг катта ғалва чиқиб, бу ҳол шахсан директорнинг фахрий тарсакисини ейишдан ташқари, комсомолга қабул қилинмаслигимга ҳам асосий сабабчи бўлганди.
Хулқим кун сайин бузилаверди, эркак ўқитувчилардан ҳам тап тортмайдиган бўлиб бораётгандим. Пахта теришга чиққанимизда, физкултура ўқитувчиси Ўктам ака билан олишиб қолдим. У полвонлигини намойишлаб, бўғзимдан ушлаганича ерга ағдарганида, кўзига тупроқ сочиб, то ўзини ўнглагунча, уни кучукпийпалаш қилишга тушдим. Агар бригадир Имар қирғиз мени аёвсиз шапалоқлаб ажратиб олмаганида, ёқалашув нима билан тугаши номаълум эди.
Ўзи шундайин ҳам мактабдаги “қора рўйхат”нинг тепа қисмидан жой эгаллаб келаётгандим, ўқитувчига қўл кўтаришга бориб етганим, ниҳоят, барчанинг сабрини тўлдирди, синфимизда директор ва уч-тўртта ўқитувчи иштирокида бўлган йиғилишда мени мактабдан ҳайдашга қарор қилинди.
— Сизга битта илтимосим бор эди, — деб директорга мунғайиб боқдим. – Саккизинчини шу ерда битирволай, кейин ўзим яхшиликча бошқа мактабга кетаман.
Директор савол назари билан қарагач, муаллимлар пича ўйланиб қолишди, паст товушда ўзаро маслаҳатлашишди, сўнг менга қараб, эсингда турсин, ўғил боланинг гапи битта бўлади-я, деган сўзни алоҳида таъкидлаган тарзда илтимосимни қондиришди.
Ким нима деса десин-у, келишса бўладиган яхши одамлар бу оламда барибир кўп.

САЛОМ БЕРДИК, ШАҲАРВОЙ!

Мажбуран ҳарф танитмоқ – маданий ҳол, шундан кейин ҳам болани ўз билганига қўймаслик йиртқичликдир.
КУЛКУЛ афанди

Фарғона шаҳридаги Тўқимачилар шаҳарчасида яшовчи Шафоат аммамнинг тўнғич ўғли Машраб билан деярли тенгдош эдик, сенсираб сўзлашардик. Болаликда баъзан аммам уни бизникига ташлаб кетса, баъзан мен ҳам уларникида беш-ўн кун туриб қолардим. Шаҳарда “неужели”, “вот эта да”, “давай”, “ну пасматри”га ўхшаш ўрисча ибораларни, бири “пашўл” билан бошланиб, бири “мат” билан тугайдиган сўкишларни алоҳида ютоқиланиб ўрганардим, қишлоққа қайтгач, ўрни келса-келмаса, пала-партиш қўллашга тушардим.
Менга ўхшаб саккизинчи синфни битирган Машраб ёзги таътилда бизникига келиб, узоқ туриб қолди. Бир куни гапдан гап чиқиб, мактабдан ҳайдалганимни айтдим. Буни эшитибоқ, унақа бўлса, Фарғонага бориб, мен билан бирга ўқийқол, деб қистай бошлади. Нима дейишни билмадим. Аммам уни олиб кетишга келганида, Машраб яна шу тўғрида гап очди.
— Шунақа қилақолайлик, ака, — деди аммам, дадамга юзланиб. –
Машрабнинг ўқишлари жуда ёмон. Анварга қўшилса, бирга дарс тайёрлаб юриб, сал одам бўлармиди…
Ўша йилнинг кузидан эътиборан Фарғона шаҳридаги 11-мактабнинг кечки бўлимида тўққизинчи синфда ўқий бошладим. Менга шерик бўлиб Машраб ҳам кундузгидан кечки бўлимга ўтди. Кечкида ўқий бошлашимизнинг сабаби – тўқимачилик комбинатида кўп йиллар мастерлик (ускуна созловчиси) қилган, яқингинада пенсияга чиққан Қосимжон опоғдадамиз иккаламизни ҳам шу жойга ишга киритиб қўйишни кўзлаганди, лекин корхонадагилар ҳозирча бўш ўрин йўқ, деган баҳона билан гапни чўзиб юраверишди. Орқаваротдан эшитишимча, биринчидан, маҳаллий миллат вакилларини бу серпул жойга яқинлаштирмай, асосан ўрисларни қабул қилишаркан; иккинчидан, биз ҳали ўн саккизга кирмаганимиз учун, қонунга кўра, саккиз соат ўрнига олти соат ишлашимиз кераклиги раҳбариятга ёқмас экан.
Барибир бекор қолмадик. Кундузи Ғайбулла қассобнинг дўконига бориб, гўшт майдалашда, сотишда унга кўмаклашардик. Қайтишимизда қассоб қўлимизга озгинадан гўшт тутқазарди ёки пул берарди. Бу дўконда кўп муддат музлатқичли омборларда сақланган, одамлар “давлатнинг гўшти” деб атайдиган этидан суяги кўп гўшт сотилар, баҳоси бозордагидан қарийб икки баравар арзонлиги боис, харидорларнинг кети узилмас, бир кунда лоти-еттита қўй ёки икки-учта молнинг танасидан урвоқ ҳам қолмасди. Шаҳарликларга солиштирганда, жуда камбағалчиликда яшовчи қишлоқиларга нега шунақа арзон гўштларни элтиб сотишмайди, деб ҳайрон бўлаверардим. Бошқа ёқдан қаралса, “бисмилло” билан сўйилмаган деб, ўзбекларнинг бир тоифаси “давлатнинг гўшти”ни емас эди.
Машрабнинг азалдан ўқишда қолоқлигини, синфдан синфга зўрға кўчиб юришини уйидагилар яхши биларди, мактабдан қайтсак, унга гапни исрофлаб ўтирмай, аммам нуқул менинг қандай баҳолар олганимни суриштирарди. Баъзан кўзимга синовчан боқиб, бу дувонахон ростданам ўқишга боряптими, дея Машраб томонга ишора қилиб қўярди.
Аммамнинг хавотирида жон бор экан, дастлаб дарсларга мунтазам қатнашиб юрган Машраб, бирор ойлардан сўнг ора-сира келадиган бўлди, қишга бориб, мактабни бутунлай йиғиштириб қўйди. Китоб-дафтарни кўтариб, уйдан бирга чиқсак-да, сал наридаёқ йўлимиз айри бўларди, у кечалари Ғайбулла қассобникига боришни одат қилиб олган, қартада қимор ўйнашга тобора берилиб кетаётганди. Мактабдан қайтишда йўл-йўлакай уни қартахонадан чақириб олардим, ўйин тугамаган бўлса, бирпас томошабинлик қилардим. Ғайбулла қассоб мени ишқовлаб, қарз бериб тураман, ке, ўйна, деса, кўнмасдим. Уйда, бир-икки тийиндан тикиб, Машраб билан ўйнасам, кўпроқ менинг қўлим келарди.
Ғайбулла қассобникида қимордан ташқари, ичкиликбозлик ҳам бўлар, “тарози таги”дан текинга қолган гўштларнинг бир қисми қозонда доим қайнаб турарди. Машрабнинг ҳадеб маст қайтавериши уйидагиларни ташвишга солиб, мендан сабабини сўрашса, мактабда бир-иккита арақхўр бор, шулар ичкизиб қўяди шекилли, деб тағин ёлғон гапирардим. Кечки мактабда ёши ўттизнинг атрофида бўлган “эски сирқиндилар” ҳам ўқишлигини билишгани учун, бу сўзимдан ҳайратланишмас, пиёнисталардан четроқда юр, деб Машрабни жеркишдан нарига ўтишмасди. Ёлғиз қолганимизда, бу қилиқларингни тўхтатмасанг, охири опоғдадамга айтиб бераман, деб огоҳлантирардим Машрабни.
Унга ортиқча қаттиқ тегишолмаганининг сабаби – Машраб бу даврда салкам юз кило тош босар, танимаганларга йигирма беш ёшлардагидек кўринувчи “қўтосботир”га айланган, ота-онасига ҳам қўрслик қилишдан тоймайдиган кепатада эди. Бу барзангининг ёнида юрсам, ўртанча укасига ўхшаб қолардим.
Машраб жуда муштлашқоқ эди. Маст келаётганини кўрса, кўчадагилар ўзини панага уришга ошиқарди. Агар, ким биландир ёқалашишни бошласа, бу ҳудудчадаги эски кузурлар аста-секин бўрибосарга айланаётган тўлпоқ кучукчанинг олишувини четдан жим кузатиб туришар, охирида яхшилик билан ажратиб қўйишар, ҳар эҳтимолга қарши илиқ муносабатда бўлиб юришарди. Бегоналар тугул, ўртоқлари, улфатлари ҳам ундан безиллаб туришига қарамай, ёшликдан тепалашиб ўсганимиз учунми, унга ҳануз писандсиз муомала қилардим, жиғига тегишдан чўчиш хаёлимгаям келмасди.
Шу асно, Машраббой ҳаддидан ошиб бораверди. Салтанатнинг “оқсуяк”ларига айланиб қолган ўрисларга алоҳида ҳурмат билан қараш ҳамма жойда одат тусига кирган, ҳатто кўчада тентираклаб юрган пиёнистасининг мушугини пишт дейишга ҳам ҳар кимнинг ҳадди сиғавермасди. Машрабга эса миллатнинг фарқи йўқ эди, оддийроқлари у ёқда турсин, бу ўрамнинг “каттаоғиз”ларидан саналган ўрис пивофурушни ҳам тап тортмай дўппослайверарди. Маҳаллий миршаблар бу тўполонларни кўрмаганга олар, мабодо кимдир арз қилса, Машрабни секин четга етаклаб ўтиб, панд-насиҳатлар билан қўйиб юборишарди ёки уйига ташлаб кетишарди.
Миршаблар ундан қўрқишарди деёлмайман. Бир гал уни майда безорилик учун ўн-ўн беш кункеча (сутка)гача қамаб қўйиш мумкин бўлган “ҳушёрхона” деб аталувчи вақтинчалик изоляторга ҳам судраб боришган экан, лекин Фарғона қамоқхонасининг довруғи баланд бошлиғи, аммамларга девор қўшни бўлган Мелник (уни дед Лёня дердик) шахсан ўзи келиб қутқариб олгач, уларнинг ҳовури пасайиб, калтақўлликни ҳис қила бошлаганди, чамаси.
Шаҳарда янаям эркин, янаям бехавотир яшаётгандек эдим. Зўрнинг қадрдони бўлсанг, сенинг ҳам зўрлигинг шу, унга теголмаганлар сенга ҳам теголмайди.
Одамлар орасидагина эмас, дунё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда ҳам айнан шу манзара учраб тураркан. Буни кейин билдим.

* * *

Тўқимачилик комбинати бошлиқлари шу жойда ўттиз йилдан кўпроқ ишлаб пенсияга чиқаётган Қосимжон опоғдадамизга ҳиммат кўрсатиб, корхона ходимлари учун қурилган янги уйлардан бирини унга тортиқ қилишганди. Тожихон ва Матлубахон деган қизларини куёвга узатиб олганлари боис, оилада улғайиб келаётган Машраб, Маҳмуджон, Муҳаббатхонлар билан яшаш учун саккиз сўтих ҳовлидаги тўрт хонали шу уй етарли деб ўйлаб, икки маҳалла наридаги ўн тўрт сўтихли эски ҳовлини сотиб юборишган эди. Натижада, умр бўйи ойликка таяниб кун кечирган хонадоннинг сандиғига илк бор улгуржи пул тушиб, тирикчилик анча яхшиланиб қолганди.
Асли полосонлик бўлган опоғдадамиз ниҳоятда бағри кенг, одамижон киши эди. Айниқса, чойхонапаловга чиқиб сал ширакайф келганида, гоҳо Машраб икковимизни уйнинг катта хонасига олиб кириб, кураш туширарди. Айиқполвоннинг панжасига илиниб қолсам бас, мени ерга кўттариб урарди. Ошнам кучли эди-ю, битта камчилиги бор эди – бир зумда ҳансираб қоларди. Чарчаганидан фойдаланиб, бирор марта йиқитиб қўйсам, опоғдадам ўғлига қараб: “Ҳеҳ-ҳеҳ-ҳе, барибир ҳалиям сал пўклигинг бор”, деб куларди.
Опоғдадам билан суҳбатлашган сайин, тобора унга маҳлиёланиб, оғзидан кўз узолмай қолардим. Қадимда бўлиб ўтган турли воқеаларни – Муллатўйчи ҳофиз янги танилганида, қўшиғи ёзилган лаппак бозорда бўрдоқи қўйнинг баҳосига чиққани; хонқизлик Қўчқор “ўғри”га ўхшаб, полосонлик Қоравой қўрбоши ҳам “босмачилик” тугатилганига қарамай, кейинчалик дам коммунистларни, дам тузум фаолларини чекка-чеккада бўғизлаб, узоқ вақт якка курашиб юргани, район марказидан келган бир милиция ходими Мозортагида йиғилиш ўтказиб, бу қароқчига ёрдам берганлар қаттиқ жазоланишини эълон қилиб турганида, у Кўктил ота мақбарасининг эшикчасидан чиқиб келиб, маърузачини отиб ташлагани; лашкарбоши Мадаминбек душманларни қаерларда қандай қийратгани, бир гала қизил аскарлар Шоҳимардондаги қабристонда ёқиб юборилгани; ўзининг отаси Исмоил читфуруш Марғилондан отда қайтаётганда, Оқбўйрадаги темирйўл ёнида кимлардир уни талаб, ўлдириб кетгани кабиларни маржонга тизиб-тизиб сўзларди.
Полвонлар ҳақида ҳам кўп нарса биларди. Бир куни андижонлик полвон йигит Олтиариққа келиб, ўзига тараф бўлганларнинг барини бир-бир йиқитибди. Уни меҳмон қилгач, кузатиб қўймоқчи бўлишса, Олтиариқдек жойда зўр полвон топилмаслигига ишонмайман, биров мени йиқитмагунча бу ердан кетмайман, дея чойхонада ёнбошлаб ётаверибди. Ошхўрликда Олтиариқ қишлоғининг мингбошиси ҳам ўтирган экан, кимдир унинг қулоғига пичирлаб, бу йигит Ўтан полвоннинг таърифини эшитиб, атайлаб куч синашгани келганга ўхшайди, менга фалончини топиб беринглар дейишга ройиш қиляпти шекилли, дебди. Суриштиришса, Ўтан полвон ўтин ёраётганида тараша учиндиси оёғининг ошиғига санчилиб, тўрт-беш кундан бери уйидан чиқолмай ётган экан. Мингбоши: “Дарди оғирми, енгилми, эркак киши икки кундан ортиқ кўрпада ётса, уят бўлади”, дегач, йигитлар бориб, Ўтанни отда олиб келишибди. Мингбоши уни нарироқда кутиб олиб, ҳў анави полвонни йиқита оласанми, деб сўраса, агар ярим қадамгина етагимга юрса, тоғниям ағдариб ураман, дебди Ўтан.
Олишув бошланибди. Ўтаннинг оёғига боғланган чорси қип-қизил тус олиб, газаклаган ярасидан теваракка қон сачрармиш. Охири рақиби эҳтиётсизлик қилиб, салгина етагига юрган экан, “Ё пирлар!” дея уни даст кўтарибди-да, ерга чирпиратиб урибди. Олтиариқ боғи қийқириққа тўлиб, Ўтаннинг бошидан пуллар ёмғирдек ёғилибди, курашни паранжида томоша қилиб турган аёллар ҳатто олтин-кумуш тақинчоқларини ҳам полвоннинг оёқлари остига итқита бошлашибди. Оддий одамлардаги ғурурни кўринг!
Опоғдадам, умрининг катта қисми ўрислар орасида, қорақўл ишчиликда ўтган эса-да, мумтоз куй ва қўшиқларнинг ашаддий шайдоси эди. Ўзи ҳам йигитлигида дуторни жуда ўхшатиб чаларкан. Радиода мумтоз қўшиқ янграб қолса, ўтирганларга жим деган ишорани қилиб, ўнг қўли бармоғини чап қўлининг муштумига “чирс-чирс” чертмаклаганича, ҳузурланиб тебранишга тушарди. Агарда Турғун Алиматов танбур черта бошласа, радионинг остига буткул суқулиб оларди, орада: “Худога нола қиляпти!” – дея хўрсинар, оғир куйнинг якуни бироз шўхланса, “бу – совутмаси”, деб қўярди. Бундан менинг мусиқага бўлган ҳавасим янада жўшар эди, охири тўқимачилар клубидаги Ўктам кўккўзнинг тўгарагига аъзо бўлиб, рубоб чалишдан дарс ола бошладим. Тўгарак раҳбаримиз гоҳида “Меҳнатда шуҳратинг, Ўзбекистон” деган байрамона қўшиқни кўпчилик жўрлигида куйлашни ҳам ўргатарди.
Баъзи шанбада, Ўктам акага ялиниб ётиб, рубобни уйга опкелардим, Машраб иккаламиз якшанба ичи шунга андармон бўлиб, кунни кечкиртирардик. Эски дуторчилигини қўмсабми, гоҳ опоғдадамиз ҳам бизга қўшилиб кетар, аммамизнинг “диринг-диқир”дан ғаши қўзиб, қўлингиздан келган ишни қилсангиз-чи, чол, деб жақиллаб берарди.

Қандай созлаб олсангиз,
Мен ўшандай куйлайман.
Шу туфайли, ҳурматим –
Жойида деб ўйлайман.
Тингир-тинг,
Тингир-тинг.

Мени чангдан авайлаб,
Бахмалларга ўрайсиз…
Гапингизга кирмасам,
Қулоғимни бурайсиз.
Тингир-тинг,
Тингир-тинг.
(“Рубоб қўшиғи”)

Шаҳарда ахлоқим сал эпақага келиб қолганди. Ўқишларим ҳам анча яхшилангандек эди. Ўрисчада туппа-тузук гаплаша оладиган бўлиб бораётгандим.
Мени бу хонадонда кимдир малол олаётганини ҳеч сезмасдим. Опоғдадам билан аммам мени ўз фарзандларидан афзал кўрадигандек туюларди, Машраб ҳар қадамда кўнглимни авайларди, Маҳмуджон пинжимга суқулволиб, қизиқ гапларимдан ҳиринглагани ҳиринглаган эди, Муҳаббатхон дарс тайёрлашга кўмаклашганим учун жавондан ўзлаштирган конфетларни секингина каптимга қистирарди. Шунга қарамай, буларга ортиқча оғирим тушмаяптимикан, деган ўй дамодам кўнглимдан кечиб турарди. Баъзан ўнғайсизланаётганимни сезармиди, аммам ичимдаги андишани қувиб, ҳеч нарсадан тортинма, акамнинг бизга кўп фойдаси теккан, сенга озгина яхшилик қилсак қипмиз-да, деб елкамни силарди.
Қанчаси рост, қанчаси ёлғонлигини билмадим-у, аямнинг “ахборот агентлиги” тарқатган хабарга кўра, дадам бой бўлган вақтида, эмишки, аммам унинг чўнтагини тамоман ўзиники қилиб олган экан. Еб-ичишга, кийиб-нетишга чўқилаб олиб турадиганлари етмаганидек, фарзандларига қилинган тўйларни тўласича дадангнинг ҳисобидан ўтказишган, деб ўртанарди баъзида.
Сарвинисо бувимиз аямнинг таги паст уруғлари дадамни зулукдек сўришаётганидан куйинарди-ю, агар юқоридаги гапларда жон бўлса, палаги тозалар ҳам ўшанда унчалик анқайиб турмаган кўринади.
Лекин, бу одамгарчиликлар замирида турмушда кимнинг кимга қанчалик фойдаси теккани эмас, қариндошлар орасида азалдан чуқур томир отган, анъанавий удумга айланган меҳр-оқибат туйғуси, болаликдан қонга ўтган улкан ахлоқий тарбия ётар эди. Буни анча улғайганимда тушундим.

МАЛИНАХОН, МАЛИНА…

Ҳаёт он қадар хатарлики, қаён юрма, йўлингда қиз учрайверадур.
Гулмат ШОШИЙ

Бу мактабнинг ҳам ўз кузурлари бор экан. Машрабнинг қариндоши эканимни билганлари учун, улар менга ортиқча тегишқоқлик қилишмасди. Мен ҳам “мусофир итнинг думи қисиқ” ақидасига имкон қадар риоя этардим. Қарангки, Малина деган бир қизни деб, яна эски шапалоқбазмлар гирдобига шўнғиб кетишимга сал қолди.
Малина уйида европача урф-одат таъсирида тарбияланган, ғирт ўрисмижоз эканига қарамай, мендек бир қишлоқи билан ўқишнинг дастлабки ҳафталариданоқ жуда иноқлашиб кетганди. У бошланғич синфларда ўрис мактабида ўқиган, бувиси бунақа ғалчатил қизни қайси ўзбек хотин қилади, дея ўғил-келинини тергаб, кейинчалик уни миллий мактабга бердирган экан.
— Метрикадаги отим – Мадина, — дер эди у. – Болалигимда кўп касал бўлсам, бу қиз исмини кўтаролмаяпти, бошқача қўйинглар, дебди бабушкам. Мамашкам осонгина қилиб, Малинага айлантирибди.
Шеър ёзиб туришимдан хабар топгач, Малина уйидан менга шеърий китоблар олиб келадиган бўлди. Ўрисчаларининг айрим ерини ўқитиб кўриб, нималарни уққанимни сўрай бошларди, мазмунини тўлиқ англаёлмаган жойларимни, ўзбекча жумла тузишга қийналган тарзда тили тутилиб-тутилиб, эринмай тушунтира кетарди.
“Ғунча”да босилган шеърларимни алоҳида дафтарга елимлаб юрардим. Бир куни ўша дафтарни Малинага кўрсатсам, ў-ў, қаранг, настоящий шоир экансиз-ку, деб ҳайратга тушди. Нариги ҳафтаси эса, ёзишимни ҳеч кимга билдирмаганман, сиз барибир профессионал, буларни кўриб маслаҳат айтинг, дея менга ўзи тўқиган шеърларни берди. Ўшанда шеърларимизнинг даражаси бир-биридан кўп фарқ қилмаган бўлса керакки, ҳаммаси зўр, қойил қолдим, деб қизга чинакамига тан берганим эсимда.
Тўқимачилик комбинатида ишловчи, мендан уч ёшча катта бўлган Омонча отли масхарабозроқ синфдошимиз бор эди. Малина иккаламиз шеърбозлик баҳонасида беҳад жипслашиб бораётганимизни ўзича эрмаклаб: “Малинахон, Малина, Анваржонга келин-а”, дея бахшиланиб илжаярди. Икковимиз ҳам негадир уни тергамасдик. Менга келсак, бу эрмаклаш кўнглимга ёғдек ёқарди.
Синфдошимиз Зуҳра Малина билан мактабга доим бирга келиб, бирга кетарди. Кунлардан бир куни у қишлоқдаги оиламиз ҳақида у-бу гапларни суриштириб ўтириб, устингиздагидан бошқа шимингиз йўқми, деб сўраб қолди.
— Ҳозирча бори шу, — дедим, кутилмаган саволдан довдираб. – Нимайди?
— Бир сўрадим-да, — деди Зуҳра андак ўнғайсизланиб.
Вужудим зириллаб кетди. Бир зум энсам қотганича туриб қолдим.
Ҳа, биттагина шимим бўлиб, у ҳам дадамники эди. Бу ерга дастлаб кийиб келганим у ер-бу еридан сизилаётганини кўрган аям, бир гал қишлоққа борганимда семизгина дадамнинг йўл-йўл қорамтир чизиқли оч кулранг шимини менга берганди. Ўшанда у, машинасини ғалдиратиб, шимни бўйимга мослаб сал калталатган эса-да, белини, чотини торайтиришга уқуви етмаганди. Кийсам, почалари ҳолпиллаб турувчи бу каттакон шимнинг бел қисмида бир ҳандалак қистиргулик жой ортиб қолар, шу ортиқчасини орқа тарафга ғижимлаб тўплаб, тепасидан камар боғлаб олардим. Орқадаги ғижимни яшириш учун ё костюм киярдим, ё кўйлагимнинг этагини тушириб юрардим.
Малина билан апоқ-чапоқ бўлиб бораётганимни мақтаниб айтсам, Машраб хомтамалигимдан кулиб, у ўзига жа бино қўйган қиз, сендақаларга сочини силатиш тугул, билагиниям ушлатмайди, дер эди. Ошнамни қандай ишонтиришни билмай юрганимда, манавинга шеър ёзиб юрарсиз, дея Малина менга бинафшаранг муқовали умумдафтар совға қилиб қолди. Муқованинг ортига эсдалик ёзиб, ўзининг кичик суратини ҳам елимлаб қўйганди. Буни кўрсатганимдан сўнг, Машраб: “Ваҳ! Ишни анча пишириб қўйибсан-ку, жиян. Менимча, энди уни ўпсанг ҳам, индамаса керак”, деб “олғир”лигимни ниҳоят тан олди.
Ўт билан кулча фақат тандирда юз кўришганидек, Малина икковимиз мактабдагина учрашар эдик. Кино-пинога таклиф қилсам, сира кўнмасди. Бунга, балки, ҳалпил-ҳалпил кийимларим, тўпори кўринишим сабабчи бўлгандир. Балки, ҳар бир ишда зарурий оралиқ сақлай олишни, қадрини ортиқча туширмасликни биладиган қиздир.
Бизга ёндош хонада ўнинчи синфдагилар ўқирди. Ҳарбий хизматдан қайтгач, комбинатга ишга кириб, шу синфда ўқиётган новча, малла бир йигит танаффус вақтида Малинанинг ёнида ўралашадиган, суҳбатлашиб турсак, мени ундан нари суришга уринадиган бўлиб қолди. Малинага яқинлашиб, гап ташлай бошласа, нари кетишни хаёлимгаям келтирмасдим, менга тегишли узумга тумшуқ чўзиб нима қиласан, дегандек, кулимсираб тураверардим.
Бир куни у мени четга имлаб: “Қиз билан тинчроқ гаплашгани қўясанми, йўқми? Раз мен ёнига бордимми, бундан кейин сал нарироққа жил”, деб қорнида нуқилади.
— Зарур ишим бор, бугун сен билан уришмайман, — дедим пинак бузмай. – Зўр бўлсанг, эртага аскар тўплаб кел.
Малла тиржайиб чақчайди:
— Нима? Келиб-келиб, сенга қарши аскар тўплайманми, деревняк?
— Олдиндан айтдим-қўйдим, у ёғини ўзинг биласан, — деган гапимнинг тагида қандай маъно ётганини англолмади галварс.
Эртаси куни Машраб икки-учта “лайча”ларини бошлаб келди, табаррук қилиб, олдидан ўзи бир мушт уриб берди, қолганини шериклари қиёмига етказиб, “ошиқ маллавой”нинг кийимларини яхшилаб тупроққа булашди. Мен қўлимни кўкракка чоғиштириб, бу ёввойи армиянинг қўмондони ўзимман, дегандек, четда ғўдайиб туравердим.
Бирор жойи қаттиқроқ лат еганми, Маллавой бир-икки кун мактабга келмади. Келишни бошлагач, дастлабки кунларда танаффусга ҳам чиқмай юрди. Бирор ҳафталардан сўнг, ўзим ташаббус кўрсатиб, у билан ярашиб олдим.
— Атрофимда қиз тиқилиб ётибди, — деди малла, менга суяк итқитаётган кепатада. – Ол, Малина – сенга!
Малина паққос ўзимга қолди. Аммо, бундан нима фойда? Ҳатто елкасига шунчаки елка ишқашгаям ҳаддим сиғмаса…

Менинг учун орзудир бари:
қошларингнинг сирли имоси,
оғушингнинг нашъу намоси,
лабларингнинг шаҳду шаккари.

Менинг учун бир умр армон:
кўзларингда ёнмаган меҳринг,
дил истагин уқмаган зеҳнинг,
юрагингдан сўнмаган гумон.

Енгиб бўлмас дарддир мен учун:
сен сўзимдан ранжиган дафъа,
сен ёнимда бўлмаган ҳафта,
сен тушимда ҳазин боққан кун.

Менинг учун хаёлдир фақат:
эркаланиб айтган дил розинг,
ёлғиз менга аталган нозинг
ва қалбингда туғилган шафқат.
(1975)

Биламан, ҳар гал қиз-жувонлардан гап очсам, бир нарсани сабрсизлик билан кутяпсиз – эсдаликнинг дастлабки бобларида тилга олинган ўша Ғалати ойсанам шу бўлиб чиқса-я, деб тошиқяпсиз.
Пайти етди, чамаси. Ғалати ойсанамнинг кимлигини айтсам айтақолай. Олдин бир нарсани қиттай чикитиб ўтишим керак – ўша Ғалати ойсанамдан қонуний хотиним туғиб берганидан ҳам кўпроқ фарзандлар кўрганман. Яратгучим манглайимга шуни ёзиб қўйган бўлса керакки, мени асосан Ғалати ойсанамдан бўлган зурриётларим боқиб келяпти.
Очиғини сўзласам, турмушда менга ота-онамдан, опа-укаларимдан, барча жигарбандларимдан ҳам кўпроқ ёндош бўлган эса-да, ҳали унинг жамолини аниқ-тиниқ кўрмаганман, илгари айтганимдек, доимо тумансимон ниқоб ортида туради. Исми ҳаммага таниш – қалам аҳли уни суюмли нағмага солиб, “Илҳом париси”, дейди. Ифорига сеҳрланганингча беихтиёр унинг оғушига кириб бордингми, Ер кезғичида ўзингни тамоман йўқотиб қўясан, энди ҳаётинг ўзга бир фазовий ўлчамда кеча бошлайди.
Шу Ғалати ойсанам билан бир тўшакка кўкрак босиб, умримнинг не-не қисмини хаёлот оламида ўтказдим, қанчадан-қанча қоғозтан фарзандлар кўрдим. Наздимда, барчаси жуда-жуда ёқимтой. Лекин, Сизни билмадим, балки бу боёқишларимни унчалар хушламассиз. Шу боис, бир илтимосим бор – нима бўлгандаям, уларни менинг олдимда ёмонламанг, беўхшовроқ эканини фарзандларимнинг ўзига ҳам сездириб қўйманг, ўксинишмасин…

* * *

Қишнинг охирларида эгним ниҳоят янги кийим кўрди.
Дадам бойлик пайтида сотиб олган, коверкот деган қиммабаҳо матодан тикилган оч новвотранг плаш бир-икки марта кийилганича сандиқда ётган экан. Аям уни менга бергач, этаги узунроқ, елкалари анча кенг бўлгани учун кийгим келмай, аммамнинг шкафига илиб қўйгандим. Бир куни Машраб уни кийиб кўрди, эгнига қуйиб қўйгандек ўтирди.
— Шу плашни Машрабга бериб қўяқолсанг бўларкан, — деди аммам. – Сенга янги костюм-шим тикдириб берардим.
Жон деб рози бўлдим. Аммам эртасигаёқ мени артелга бошлаб борди, бирга мато танладик, чеварлар бўй-белимни ўлчашди. Бир ҳафта ўтмай, ишни битириб беришди.
Тим қора тусли костюм-шимни кийиб кўряпман-у, теримга сиғмай, энтикиб-энтикиб кетяпман. Болаликда нуқул эски кийим кийгим келарди-я, ғирт аҳмоқ эканман, деб ўйлаётгандим шу топда.
Чамаси, янги либос ўша куни умримда биринчи марта кўзимга ловуллаб кўринди. Ўзимни тошойнакка солиб, таъбим чарақлагандан чарақлаб кетди.
Бу оламда ҳатто юпунликнинг ҳам ниҳояси бўлиши мумкин экан.
Қўшнимиз – Фарғона қамоқхонаси бошлиғи Мелник мени башанг кийимда учратиб: “Ў-ў! Саники – настояший барин”, дея одатдагидек чала-чулпа ўзбекчалади. Кейин бирдан ўгит беришга тутинди:
— Саники башкача адам, Машрабга укшама. Мактабда, армияда отличник булиб юр. Потом олдимга келасан, вот такой кадр киламан сани.
Мелник ҳақида аммамдан бир гап эшитгандим. Бу гапни Мелник билан урушда бирга хизмат қилган, айни чоғда шу шаҳарчада яшовчи эски полкдоши айтган экан. Эмишки, уруш тугаб бораётган кунлари, қизил аскарлар кўчаларда дайдиб юрган немис болаларини бир жойга тўплаб турганида, Мелник келиб: “Фашистлар рус болаларини аяб ўтиришмаган”, дебди-ю, кичкинтойларга қарата ўқ уза бошлабди. Шериклари уни уриб йиқитиб, зўрға тўхтатишибди.
— Бу занғар болаларни отган, у билан кўп яқинлик қилаверманглар, — деган экан ўшанда собиқ жангчи. – Мана, кўрасизлар, охири жинни бўлиб ўлади бу. Болаларнинг арвоҳи тушида тинч қўйиб бўпти!
Орадан кўп йиллар ўтиб, Мелник пенсияга чиққач, бирдан мияси айниб, соқоли ўсган, кийимлари тўзган ҳолда кўчаларда чангга беланиб юрадиган бўлибди. Шу таҳлидда ўлиб кетибди. Эшитиб, ниҳоятда ачиндим…
Посон кийиниб борган биринчи кунимда синфга тортинибгина кирдим. Шумқилиқ Омонча: “Ваваҳ-ҳ!” – деб юборганини ҳисобга олмаганда, бошқалар ортиқча аҳамият бермаганини кўриб, енгил тортдим. Малина молдан молнинг фарқини ажратиб, бу магазинники эмас, уни қайси артелда тиктирдингиз, дея суриштириб қўйди танаффусда.
Мендек “мўдний кавалер” билан юришга энди уялмаса керак деган ўйда қизни яна кинога таклиф қилдим. Барибир кўнмади. Туфлим маймоқроқ экани ишни буздимикан, деб ҳадиксирадим бу гал.
Бу қанақа инжиқ қиз ўзи? Туфлимнинг товонлари ейилиб кетган холос, бетини ярқиратиб ёғлаб олганман. Янги костюм-шимни топган одам оҳорли бошмоқниям топарман. Ҳозирча “хўп” деб турса, ўладими?
Малина! Шаҳарда кечган умримдаги энг тотли хотира бўлиб қолди бу қиз.
Орадан йигирма йилча вақт ўтади, Фарғона радиосида ишлаб юрганимда Малина шаҳардаги мактаблардан бирида рус тили ўқитувчиси эканидан хабар топаман, телефонини аниқлайман, қўнғироқ қиламан. Шу зайл сим орқали ҳол-аҳвол сўрашиб турадиган бўламиз. Бирон жойда ўтириб суҳбатлашиш борасидаги таклифларимни ҳар хил баҳоналар билан рад этаверади. Охири бир кўришайлик деб қаттиқ туриб оламан, у ҳам ниҳоят очиқ ва қатъий жавоб қилади:
— Кечирасиз, мен буни котегорический хоҳламайман. Энди сиз билган Малина эмасман, ҳозирги туришимни кўрмаганингиз яхши.
Яна кўп йиллар ўтиб, мундоқ ўйлаб қарасам, кўнглимда ёлқин қолдирган қизлар орасида энг доноси шу Малина экан. Ўта нозик бир нарсага фақат унинг ақли етди – шоирнинг дилига ўзгача қиёфадаги иккинчи Малина суқулиб киришини истамади. Тўғри қилган экан, хаёлимнинг тўрида ҳали-ҳамон ўн олти ёшдалигича порпираб турибди.
Эндиликда тағин бир нарсани тушуниб етдимки, мабодо тақдир бошимизни қовуштирганида, ўзим билганлар орасида фақат шу қизгина тартибсиз ҳаёт тарзимга ортиқча ғалваларсиз чидашга, мени аввало шоир сифатида асрашга имкон қадар уриниб яшаган бўларди. Аммо мен уни ўзи лойиқ бўлган бахтга ҳеч қачон сазовор қилолмасдим.

ҚЎЛЛАРИМ РУЛДА, РУЛДА-А…

Юрак – гупиллайди. Агар тарилласа, билгинки, бу – трактир!
КУЛКУЛ афанди

Бу ёшга етгунимча дунёда, юртда кўп воқеалар кечди. Аввалига Ернинг сунъий йўлдоши, кейинроқ Белка ва Стрелка лақабли лайчалар космосга учирилди, охири одамзотнинг Гагарин деган боласи инсоният тарихида биринчи марта фазога кўтарилиб, куррамиз атрофини бир марта айланиб чиқди; водород бомбаси синалди; қишлоғимиздаги хонадонларнинг уч-тўртттасида телевизор деган нарса пайдо бўлиб, бир кўриб қўйишга келувчиларнинг кўплигидан бу ҳовлилар зиёратгоҳ тусини олди; сиёҳли довотларнинг куни битиб, шарикли ручкалар русумга кирди; параходлару паравозлар ўз ўрнини теплоходу тепловозларга, сўнг электровозларга бўшатиб бера бошлади; атом билан ишлайдиган кемаларни, электр станцияларини қуришга киришилди; шахси қоралангач, мўмиёланган жасади мавзолейдан улоқтириб ташланган Сталиннинг пули қиймати ўн бараварга ошган тарзда алмашиб, Хрушчёв оғаникида олди-бердига ўтилди; Араб, Африка, Осиё минтақаларидаги қарам давлатларнинг қанча-қанчаси озодликка эришди; Куба аталмиш синчалоқдек оролчани деб, СССР билан Америка бир-бирига ядровий бомбаларни дўлдек ёғдиришига, бутун бошли Ер юзи биргина сувараклардан иборат масканга айланишига сал қолди…
Хайрият, замин ҳануз юмалоқлигича, унинг хилма-хил мавжудоти тириклигича турарди. Шу қаторда Полосон ҳам бус-бутун эди. Фарғона шаҳрида бир йил санғиб яна Полосонга қайтганимда, қулоғимга чалинган энг катта янгилик Аъзам билан Асқар каттароқ ўғрилик қилиб, қўлга тушгани бўлди. Ҳозир қамоқда ётишган экан.
— Қамоқ эмас, болалар колонияси, — деб кейинроқ аниқлик киритди Абдусалом ошнам. – У ердаям ўқитишади, касб-ҳунар ўргатишади. Ташқарига чиқишолмайди холос.
Вой, Худо қаноат бергурлар-ей, жуда-а чатоқ вазиятда қолишибди-ку. Шаҳарга кетвормаганимда, балки, улар мен билан юриб, бу даражага боришмасмиди? Ё, улар билан юриб, ўзим шу ҳолга тушармидим?
Сербола ва серчиқим оиламиздаги аҳвол кун сайин оғирлашаётгандек, етишмовчилик қаланиб бораётгандек эди. Дадам ҳануз ишсиз эканлигидан юрагим хижилланарди. Абдураззоқ қорининг эркак зотига кўчанинг иши керак, дегани тўғри. Қанчалар кенг бўлмасин, йўлбарс қафасга, эркак уйга сиғмайди. Қафасдан қутулиш учун бўлса керак, дадам анча уриниб юриб, Марғилондан ҳам наридаги Тошлоқ пахта пунктидан иш топди. Маоши борди-келдисига, еяр-ичарига зўрға етиб турса-да, ҳарқалай яна кўчанинг эркаги бўлиб олди-ку.
Мен ҳам эркакчиликка интилиб, пахта пунктига ишга кирдим. Файзибой отамизнинг ўғли Ўринбой ака бу даврда пахта қуритиш шохобчасига бошлиқ бўлиб қолганди, унинг қўл остида майда-чуйда ишларни қилиб юрдим: гоҳ таъмирдан чиққан ускуналарни бўяйман, гоҳ пахта қуритиш барабанининг ғилдираклари тишига чувалашиб кетган тивитларни юлқилаб тозалайман, гоҳ ёши катталарга дўкондан арақ-вино ёки сигарет ташийман. Бир гуруҳ ўрис ва татар қизлар озгина пул ишлаб олиш учун вақтинчалик ишларга ёлланиб, бирлари ариқ тозалар, бирлари йўл-у майдонларни супуриб юришарди. Сал бўш қолсам, уларни товуқ қувгандек тизғитишга тушардим, қучиб-қитиқлаб хуморёзди қилардим.
Бир куни пахта қуритиш цехига иккита яп-янги трактор беришди,
бири – уч ғилдиракли “Т – 28”, иккинчиси – тўрт ғалдиракли, лекин паканагина “ДТ – 20”. Пакана қизил трактор ич-ичимда ҳавас ўтини алангалатди, шуни мен минақолай, деб Ўринбой акага ялина кетдим. Тракторчиликка ҳужжатинг йўқ, бунинг устига ҳали мактаб ўқувчиси бўлсанг, қандай қилиб сенга бераман, деб ўжарланди Ўринбой ака. Ўзим ҳол-жонига қўймай туриб олганим, бу масалага дадам ҳам аралашгани охири унинг кўнглини юмшатиб, майли, пунктдан ташқарига чиқмаганингдан кейин, ҳужжатсиз минсанг ҳам бўлаверар, дея розилик берди. Шунақанги қувондимки!
Пакана тракторни бошқаришни икки кундаёқ тузуккина ўрганиб олдим. Катта “Т- 28”ни Олим мўйлов исмли эски тракторчига бериб, менга бошлиқ қилиб тайинлашди. Бошлиқлиги шуки, меникидан беш сўм кўп ойлик олади, лекин тракторимнинг бирор жойи бузилса, тузатиш унинг зиммасида.
Ўша маҳалда шофёр тилидан айтилувчи бир қўшиқ бўларди:

Қўлларим рулда, рулда-а,
Кўзларим йўлда, йўлда-а…

Тракторим ўрнидан қўзғалиши биланоқ шу ашулани минғирлаб айта бошлаганимни ўзим ҳам сезмай қолардим.
Аввалига Олим мўйлов иккимиз пункт ичкарисида ишлаб юрдик – бу ғарамдаги ҳўл пахтани пунктнинг нариги чеккасидаги қуритиш цехига ташиб борамиз, қуритилган пахтани яна тиркамага ортиб, энди бошқа ғарам ёнига келтириб тўкамиз. Ҳар бир тракторга учтадан тиркама ажратилганди, биринчи бўш тиркамани ҳўл пахта ғарами ёнида қолдириб, тўлдирилганини улаганча қуритиш цехи сари еламиз. Бу пайтда қуритиш цехидаги учинчи тиркама иссиққина пахтага тўлиб турган бўлади, иккинчи тиркамадаги хўл пахтани барабанлар ёнига ағдариб, учинчисини улаймиз, уни қуруқ пахталар ғарами ёнига тўкиб, ҳўл ғарам олдида аллақачон тўлатиб қўйилган биринчи тиркамага алмаштирамиз. Яна иккита эски тиркама ҳам бор, орада вақт топиб, уларнинг бирига юклаб қўйилган турли чиқинди ва ахлатни пункт четидаги чуқурга элтиб тўкамиз, ичига кўмир тўлатилган бошқа тиркамани ёқилғи омборидан иситиш ўтхонаси томонга судраймиз. Андак нафас ростлашга имкон йўқ, ҳудудда чекиш қатъиян тақиқланганига қарамай, сигаретни тракторда бораётиб йўл-йўлакай апил-тапил чекиб оламан. Шу қадар чарчардимки, тушлик эълон қилинса, овқатланиш ўрнига пича ухлаб олгим келаверарди.
Олтиариққа қайтганимдан кейин ҳам ўша “ўғилболача гап”да туриб, 13-мактабга эгилиб бормадим, туман марказидаги 1-ўрта мактабнинг кечки ўнинчи синфига жойландим. Пункт ичида ишлаб юрган пайтимда дарсларга имкон қадар мунтазам қатнашиб турдим. Кейинчалик транспорт етишмовчилиги боис пунктдан вақтида олиб кетилмай дусамбаланиб ётган пахталарнинг бир қисмини Фарғона шаҳридаги пахтани қайта ишлаш заводига қиш ичи ўз тракторларимизда ташиб беришимизга тўғри келди. Ҳайдовчилик гувоҳномам бўлмаса-да, тракторни шаҳарга ҳам ўзим миниб боравердим. Ҳар бир тракторга учтадан тиркама уланарди, йўлга тушсак, худди поезд вагонларни тортиб кетаётгандек кўринарди. Мен олдинда, бирор муаммо туғилса тракторимни созлаб бериши лозим бўлган Олим мўйлов ортда борарди. Шаҳардан қайтишда гоҳо бировларнинг ҳар хил юкларини Олтиариққа келтириб бериб, чойчақа ҳам ишлаб олардик. Буни бировларга гуллаб қўйма, мен тугул ўзингниям ризқингни қиясан-а, деб тайинларди Олим мўйлов.
Шу зайл қиш бўйи шаҳарга пахта ташидим, баъзан кеч қайтишим, баъзан оёқ қимирлатишгаям мажолим қолмаслиги туфайли мактабга кам қатнайдиган бўлдим. Танам шу қадар зўриққандики, тўрт километр чиқиб-чиқмайдиган жойдаги мактабга етгунча ҳатто велосипеднинг педалини тепишга қурбим етмай қоларди. Шу аҳволда дамодам шеър ёзишгаям фурсат топганимни эсласам, ҳозирда ҳайратга тушаман.
Қор ёққан кун эди. Мактабдан велосипедда қайтаётсам, Мозортагидаги клубда қўйилаётган икки серияли кино ҳали тугамаган экан. Томоша охирлаб қолгани учун пул тўламай кирсам, бир гала қўшнилар орасида Ўринбой ака ҳам ўтирибди. Уйқуга ташна кўзим экрандаги ёруғликдан ачиша бошлади-ю, тезда ташқарига чиқиб, велосипедни миндим. Жуда пишиқиб кетган эканман, уйга яқин қолган эсам-да, уста Абдуқаҳҳор аканинг ҳовлиси муюлишида тўхтаб, бир оёғимни бурчакдаги каттакон тошга тираганча, велосипеддан тушмай чоптирдим. Синиқдил Баҳром эшон ўзидаги асаб толиқувчанлиги дардини битта менга мерос қолдирганми, чарчоқдан яна кўзим тиниб, бошим айланиб кетди. Шу паллада нариги муюлишда нимадир лип этиб кўзга чалингандек туюлди.
Нима бу? Итмикан? Йўқ, каттагина эди шекилли. Худди Жўрали чўлоққа ўхшаб оқсаб келаётгандек кўринди-ёв.
Бу ҳовлининг ортидаги қарағай тагида ажиналар бор, деган гаплар беихтиёр хаёлимдан кечиб, жин-пин йўлиқдимикан, деб ўйладим. Яхшиям, индамасдан келиб, қўққис оғзимга тортвормади. Ана, Урайим акани ажина уриб, жағини қийшайтириброқ қўйган дейишади-ку.
Шимимни тартибга солиб, қўлимни девордаги қорда ишқалаб ювгач, велосипедни олдинга салгина ҳайдадим-у, бошим қаттиқ санчиб, яна тўхтадим. Ерга ётиб, лоақал бир дақиқагина дам олгим келди. Биламан, ётсамоқ ухлаб қоламан.
Муюлиш ортида кинодан қайтаётганларнинг ғудур-ғудури эшитилди. Тўсатдан миямга ғалати ўй келди: ўзингни ерга ташла, жойингдан турғизмоқчи бўлганларга ажина ҳақида валдира, касаллик баҳонасида бирон ҳафта ҳордиғингни чиқарарсан бола.
Ўзимни ерга ташладим. Қўшнилар келиб, бетимга қор сочиб шапатилашди, ўрнимдан турғизишди, ажинадан гап очишим биланоқ “бари тушунарли” дея уйимга суяб келтиришди, Аблаз қорини чақириб, дам солдиришди. Аям билан бувим ваҳимага тушган, дадам индамас, кўзларимга безовталаниб тикиларди. Режам бўйича лоақал уч-тўрт кун ўзимни зўрға қимирлаётганга солиб ётишим керак эди, лекин уйдагиларни, аввало, дадам шўрликни қўрқувдан қутқариш, қолаверса дами ўткирлиги билан ном қозонган Аблазқорининг ҳам юзини ёруғ қилиш истаги устун келиб, ўзимни бирдан тетик тутдим.
— Ҳаммаси ўтиб кетди, — деб кўрпамдан дангал бош кўтардим. – Энди бир ухлаб олай, эртага ишга боришим керак.
Хайрият, Ўринбой ака мен кутган гапни айтди:
— Иш қочиб кетмайди. Ҳеч бўлмаса, икки-уч кун ётиб, ўзингга келвол.
Мириқиб дам ола бошладим. Жисмим қаттиқ толиққанининг оқибати бўлса керак, биринчи куни кундузи ҳам мизғидим. Кейин, кўзим қотиб, туни билан ухлаёлмай чиқдим. Балки, тандирқизитар хаёллар ухлатмагандир. Бўйдоқ йигитча бедорликда қизлардан бошқа ниманиям ўйларди?

Булутсимон парқувга
Ойдек маъюс ботаман.
Ўхшаб етим оҳуга
Битта ўзим ётаман,
Раҳминг келсин, сулувжон.

Имо қилар юлдузлар
Нур киприги пирпираб.
Ҳароратсиз ўй-ҳислар
Юрагимда дилдирар,
Раҳминг келсин, сулувжон.

Қунишганча ухлайман
Дардларимга биқиниб.
Тушларимда йиғлайман
Сенга қулдек сиғиниб,
Раҳминг келсин, сулувжон.

Кўтараман тонгда бош
Иситмадан ловуллаб.
Кипригимда қайнар ёш,
Юрагимда – довуллар…
Раҳминг келсин, сулувжон.
(1979)

Бошлиғим айтган “икки-уч”нинг “уч”ини танлаб, тўртинчи куни чархланган қиличдай бўлиб ишга чиқдим. Олим мўйлов хўмрайиброқ боқиб, ажинаси йўқ йўлдан юрсанг ўлармидинг, дея пўнғиллаб қўйган эса-да, шаҳарга ёлғиз қатнаб зериккани, шериги қайтганидан хурсандлиги чақноқ кўзидан сезилиб турарди.
Яна ўша шаҳарга қатнашлар, яна ўша тинкақуритар ишлар давом этаверди. Неча бор огоҳлантиришларига қарамай, шароитга кўра, мактабга ҳануз ора-сира борардим. Бир куни синф раҳбаримиз Маърупов мени ўқитувчилар хонасига чақириб, мактабдан ҳайдалганимни пишқириқли товушда эълон қилди. Зарда билан ташқарига юрдим, эшикдан чиқдим-у, яна бошим айланиб, дуволга суяниб қолдим.
Нима қилсам экан? Ҳужжатларимни кўтариб кетаверай десам, яқин атрофда бошқа кечки мактаб йўқ. Кундузгида ўқий десам, ишдан айриламан, уйимизда тирикчилик баттар издан чиқади. Яна бир томони ҳам борки, фақат кечки мактабдагина ўнинчи синф битирувчи ҳисобланади, кундузгилар шу йилдан эътиборан ўн бир йиллик таълимга ўтказилган.
Чора излай-излай, охири бир тўхтамга келдим-да, танаффус бўлишини кутдим. Танаффусга қўнғироқ чалингач, муштумзўрлиги билан кўзга ташланиб қолган Одил ошпазнинг укаси Ҳомитжон, жангарифеъл Мақситали, босиқ, аммо ўткиртил Юрсинали каби синфдошларимни четга тортиб: “Ҳаммангиз марказнинг йигитларисиз, битта мен четдан қатнайман. Мени мактабдан ҳайдашяпти, агар ўртага тушиш қўлларингдан келмаса, майли, унда кетаверай”, деб ҳамиятларини қитиқладим.
Синфдошларим Маъруповнинг олдига ёпирилиб кириб кетишди. Роса тортишув бўлибди. Йигитлар тугал терсланиб, агар Анварни ҳайдасангиз, биз ҳам мактабга келмаймиз, дейишгач, домла ён бериб, бўпти арзларингни қондираман, лекин энди бирортаям дарсни қолдирмасин, дебди.
Бир-икки ҳафта интизомни ушлаброқ юрдим, кейин яна “эски Аҳмад пари”га айландим. Мени ҳайдаш юзасидан мактаб директорининг қарорини чиқартириб, яна ўзи бекор қилдиришга мажбур бўлган Маърупов иккинчи марта ғалва қўзишга ботинолмаслигини яхши билардим.
Ёзга чиқиб, ҳаётимнинг энг катта босқичларидан бирига якун ясалди – ўн йиллик мактабма-мактаб сакрашлар поёнига етиб, ўрта маълумотли шахс эканимни тасдиқловчи аттестатни ниҳоят қўлга киритдим.
Ўша кунларнинг бирида: “Ҳов, устоз! Ўзимиз келмасак, кўрганиям бормайсиз”, деб хохолаганича уйимизга Асқар кириб келди. Қўлида қанд-қурсли тугунча ҳам бор. У билан бирга Аъзамниям қамоқдан бўшатишганини эшитиб, хурсанд бўлдим.
Аммо, колония болани баттардан бузади, деган гаплар тўғри экан. Кейинчалик бу иккала ошнам одамнинг жонига қасд қилишдан ҳам қайтмайдиган йириккина қонунбузарларга айланди, бир неча бор узоқ-узоқ муддатларга қамалиб кетишди.
Аъзам охирги қамалишдан сўнг менинг кўмагимда колхоз тракторчилигига жойланиб, фермага ем-хашак ташиб юрди. Уй қурди, уйланди, фарзанд кўрди. Умри қисқа экан, мотоциклда аварияга учраб, ҳалок бўлди. Асқар эса, чўлқуварлар учун қурилган уйлардан бирига ўрнашиб, деҳқончиликка ружу қўйди, фарзандлар кўриб, рўзғорни бинойидек бошқара бошлади.
Бир маҳаллар иккаласи ҳам менга эргашиб юрарди. Дунёнинг чапаки ишларини қарангки, таниқли тартиббузар бўлиш менга эмас, уларга насиб этди.

9a.jpgAnvar Obidjon
AJINASI BOR YO‘LLAR
(TURMUSH KЕCHINMALARI)
094

076Anvar Obidjon Farg‘ona viloyati Oltiariq tumanining Poloson qishlog‘ida 1947 yilning 25 yanvarida xizmatchi oilasida tug‘ilgan. 1964 yilda o‘rta maktabni tugatgach, Samarqand moliya texnikumida, 1969-1971 yillarda jamoa xo‘jaligida hisobchi, klub mudiri, tuman gazetasi, viloyat radiosida turli vazifalarni bajardi, Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakultetini sirtdan tamomladi. 1981 yildan boshlab u Toshkentga ko‘chib kelib, «Yosh gvardiya» nashriyotida, «Yosh kuch», «Mushtum» jurnallarida ishladi. «Cho‘lpon» nashriyotida bosh muharrir, O‘zbekiston televideniyesida muharrir bo‘lib ishlagan.

Anvar Obidjon bolalar adabiyotiga dastlab «Ona Yer», «Bahromning hikoyalari» to‘plamlari orqali shoir sifatida kirib keldi va mavjud ijodiy an’analardan foydalangan holda o‘ziga xos yo‘l tanladi. «Bulbulning cho‘pchaklari», «G‘alati maktublar», «Kumush uy», «Gurungdagi gaplar», «Ajoyibxona», «O‘zimizning ansambl», «Ignalarim chiroyli», «Mening kolleksiyam», «Shirin so‘ylar jajjivoylar», «Kalamushlar kemasi», «Siz eshitmagan qo‘shiqlar», «Dalalardan bolalarga», «Osmondan tushgan sozanda» turkum she’rlari fikrimizga dalildir. Uning «Ona yer» (1974), «Masxaraboz bola» (1980), «Olovjon va uning do‘stlari» (1983), «Bahromning hikoyalari» (1984), «Ey, yorug‘ dunyo» (1983), «Ketmagil» (1985), «Bezgakshamol» (1985), «Juda qiziq voqea» (1987), «Oltin yurakli avtobola» (1988), «Dahshatli Meshpolvon» (1990) kabi she’riy, nasriy kitoblari chop etildi.
Bulardan tashqari, adibning «Qo‘ng‘iroqli yolg‘onchi», «Pahlavonning o‘g‘irlanishi» Anvar Obidjon so‘nggi yillarda «Ramazon va Gulmat hangomasi» (1992), «Meshpolvonning janglari» (1994), «Alisher ila Husayn yoki uch dono va o‘g‘ri» (1996), «To‘tiqush», «Topsang hay-hay…» kabi qissa, pesa va she’r, dostonlarini ham yaratdi. U«O‘zbekiston xalq shoiri» unvoniga sazovor bo‘lgan (1998).

094

BIRINCHI KITOB
3 parcha

DADAMNING “QOROVULLI UY”I

Odam bor joyda mirshab ham bo‘lishi mumkin. .
Yo Gulmat, yo Kulkul

03.gifUyimizdan yuz sakson qadam narida qurila boshlangan sakkiz yuz o‘rinli, biqinida stadionbop kenggina yalangi bor yangi 13-maktab men oltinchi sinfga o‘tganimda bitdi. Bir qavatli bo‘lsa-da, o‘sha zamonning ko‘zi bilan qaralsa, Oltiariqdagi eng katta, eng ko‘rkam maktablardan biri edi. Sakkizinchi sinfni tugatgunimcha shu yerda o‘qidim.
Maktab biz tomonga ko‘chganidan so‘ng “B” sinfdagilarning chuchchasi ko‘tarilib, “A” dagi tengdoshlarimizning hovuri pasaydi, ko‘proq bizning ra’yimizga qaraydigan bo‘lishdi. Bundan ahilligimiz tobora mustahkamlanib, hatto bitiruvchilarga ham gapimizni bermaydigan darajada jangovarlashib bordik. Kattalar bilan ko‘pincha stadion talashib janjallashardik; ular darsdan so‘ng futbol o‘ynab charchashmas, bu adolatsizlikka chidamay, bizga ham navbat berishlarini talab qilishga tushardik. Zo‘rliklarini ko‘rsatmoqchi bo‘lishsa, ikki sinfning bor o‘g‘il bolasi ularni kesakbo‘ron qilib, ayovsiz olishuvga kirishardik. Yaxshigina kaltak yeb ham tavba qilmasdik. Oxiri ular murosa yo‘lini tanlab, stadionni ertaroq bo‘shatib beradigan yoki bir qismimizni o‘zlariga qo‘shib olib o‘ynaydigan bo‘lishdi.
Bu davrda she’r yozishga yanada berildim, badiiy kitoblarga jippa yopishib, darslar, darsliklarga qiziqishim so‘nib boraverdi. Kitoblarning aksariyati ertaklar, “Go‘ro‘g‘li”, “Alpomish”, “Orzigul”, “Ravshan va Zulxumor”, “Kuntug‘mish” singari xalq dostonlari edi. Orada “O‘tkan kunlar”, “Sarob”, “Qo‘shchinor chiroqlari” kabi asarlar, tarjimada “Ko‘r muzikachi”, “Mumu”, Mopassan va Lermontov hikoyalari, Shota Rustaveli dostoni, Shekspir piyesalari qo‘limga tushib qolardi. Oxiri, boshlang‘ich sinflardagi a’lochiligimdan asar ham qolmadi, “uch” baholarim ko‘payaverdi, “ikki”lar ham paydo bo‘la boshladi. Bir kuni qarasam, “A’lochilar taxtasi”dagi suratim g‘oyib bo‘libdi. Sababini allaqachon anglab yetgan bo‘lsam-da, birorta qiz meni yaxshi ko‘rib qolib, o‘g‘irlab ketgandir, balki, deya o‘zimning ko‘nglimni ko‘tardim.
Ehtiyotlashga qancha urinmayin, o‘quvchilar daftaridan yulqib olingan qog‘ozlardagi she’rlarimning ko‘pini yo‘qotib qo‘yaverardim. Nihoyat, she’rlar uchun alohida qalin umumdaftar tutishni odat qildim, saqlanib qolgan eskilarini erinmay unga ko‘chirdim, yangi yozganlarimni vaqtida qayd etib qo‘yadigan bo‘ldim.
She’rlarimni hali siyohi qurimasidanoq “G‘uncha”ga peshma-pesh yo‘llash odatim hanuz qolmagandi. Baxtimga jurnalning Miraziz A’zam degan xodimi juda toqatli chiqib qoldi, uzluksiz javob yozardi. Hatto bir safar injiqligim tutib, men har xil she’rlar yuboraman, lekin kelayotgan javoblar deyarli bir xil, kamchiliklarimni yaxshiroq tushuntirib, uzunroq qilib yozinglar, desam, shunga ham chidadi; endi bir yarim, ikki betlab xat yozadigan, falon she’ringiz ancha tuzuk, uning falon-falon joylarini boshqacharoq ifodalab ko‘ring, deya erinmay yo‘riqchilik qiladigan bo‘ldi. Goh, bitta she’rni besh-olti xil ko‘rinishga soldirib ham, boshqacharoq yakun yasashga yana bir urining-chi, desa, fig‘onim falakka o‘rlardi.
Nihoyat, sakkizinchi sinfga ko‘chganimda, Miraziz akaning yaxshigina tahriri bilan “G‘uncha”da “Shkafcham” degan she’rim bosildi (ba’zi manbaada ilk she’rim 6-sinfdaligimda chiqqan deb xato ko‘rsatgan ekanman). Shu kuni “Men shoirman!” deb o‘zimni o‘zimga bor ovozda tanishtirdim. Endi meni shoirchilikdan bezitish tugul, havaskorligimga ishontirish ham amrimahol edi.

* * *

Ko‘pchilikning ko‘zini kuydirib kelgan to‘kin oilamiz bu davrda ancha qashshoqlashib qolgandi. Orqaroqqa qaytib aytsam, to‘rtinchi sinfni bitirayotgan paytim bo‘lsa kerak, tarozidan urib orttirib qolgan paxtalarni qo‘shni tumanga qarashli Chimyon paxta punktidagi kasbdosh bojasining kamomadini qoplash bahonasida pullagan degan ayb bilan dadam qamoqqa olindi. Bu ish dadamning lavozimiga ko‘z olaytirib yurgan yaqin shogirdi tomonidan ataylab uyushtirilgani haqida gap-so‘zlar ko‘payib, oxiri suddagi guvohliklar chog‘ida shubhalar o‘z isbotini topgandek bo‘ldi. Dadamning “egri pul” olganini bo‘yniga qo‘yisholmagan esa-da, asosan, hujjatlardagi qandaydir chalkashliklarni dalil qilib, bir yilga kesib yuborishdi.
Sud jarayoni davomida oqlovchidan (advokat) boshqa hamma – sud raisi, maslahatchilari, ayniqsa, qoralovchi (prokuror), hatto dadamni qamoqxonadan sud zaliga mashinada olib kelib, qorovullik qilib turadigan militsionerlargacha ko‘zimga sovuq ko‘rinardi. Suddan keyin ayam va ikkita opamga qo‘shilib, dadamni ko‘rgani qamoqxonaga borganimda, suhbat mahali xonada qo‘qqayib turgan militsioner ham menga olamdagi eng xunuk maxluq qiyofasida namoyon bo‘ldi-yu, unga o‘qrayib tikilganimcha, aynibroq so‘kindim. Ayam: “Hey!” deya meni tergashga chog‘langanida, militsioner birdan kulib yubordi va: “Xo‘roz bola ekansan, meni juda boplading. Bo‘pti, dadangni yaqinda qo‘yvoramiz”, dedi. Bu gapdan ko‘nglim yashnab ketdi, mana, bitta do‘q bilan ishni pishirib qo‘ydim, degan siyoqda dadamga ma’nodor qarab olib, militsionerga bu gal jilmayib yuzlandim. Hozirgina qurbaqani eslatib turgan bu odam ko‘zimga birdan chiroyli ko‘rinib ketdi, uni so‘kkanimdan pushaymon yedim.
Bolaligimda shunday tuyulganmi, yo chindanam shundaymidi, o‘sha davrning huquq-tartibot idoralari xodimlari, jumladan, militsionerlari ham keyingi “g‘o‘danglaganroq avlod” vakillari bo‘lmish yetmishinchi, saksoninchi yillardagi kasbdoshlariga nisbatan ancha kamtarin, kengfe’l, oddiy kimsalarga e’tiborliroq, mehrliroq edi, nazdimda. Masalan, sud, prokuratura tizimida ishlovchi ba’zi mahalladoshlarimiz to‘y-ma’rakada hammaga qo‘shilib o‘tirar, o‘zini teng tutib gurunglashar, elning mayda-chuyda tashvishlaridan to‘liq xabardor edilar; muammolarni hal etishda qo‘llaridan kelganicha ko‘mak berishardi. Butun boshli Poloson qishlog‘ini bir o‘zi nazorat qiluvchi Ahmad melisa ko‘mir, pishiq g‘isht, to‘sin-taxta kabilarni aholiga o‘g‘rincha keltirib sotayotganlarni ko‘rib qolsa, tirikchilik bilan bog‘liq kichik qing‘irliklarni ko‘rmaganga olib, sekingina boshqa yoqqa burilib ketardi, bu qishloqda militsioner bemalolroq yuradigan ko‘cha bormi o‘zi, deya po‘ng‘illab ham qo‘yardi. Bozor melisa degan shopmo‘ylov, qiziqchi kimsa bor edi, biz bolalar bozor yoki bayram kunlari o‘ynab kelish maqsadida tuman markaziga borsak, goho to‘satdan oldimizda paydo bo‘lib, birimizdan shimimizning tugmasini qadamaganimiz, birimizdan botinkamizning ipini bog‘lamaganimiz, ja bahona topilmasa, tirnog‘imiz o‘sib ketgani yoki qo‘limizning kirligi uchun bir tiyindan jarima undira boshlardi.
Ayniqsa, pogonida ikkita yulduzchasi bo‘lgan bir militsionerning menga qilgan yaxshiligi sira esimdan chiqmaydi. Chamasi, o‘n bir-o‘n ikki yoshlarda edim, tuman markazidagi kinoteatr kassasida o‘tirgan ayolga o‘n so‘m pul bersam, teshikchadan chiptani uzatdi-yu, sakkiz so‘m qaytimni cho‘zmadi. So‘rasam, menga ikki so‘m berganding, deb turib oldi. Tashqariga chiqdim-u, yig‘lab yubordim. Shunda, trotuardan o‘tib borayotgan o‘sha militsioner yonimga kelib, nima gapligini surishtirdi, bo‘lgan voqeani aytib berdim. U meni kassaga orqa tomondan boshlab kirib, nega bolalarni talayapsan, hozir nechta bilet sotgansan, kassada qancha pul borligini tekshiraman, agar farq qilsa, javob berasan, deya kassir ayolni po‘pisaladi. Ayol indamasdan qaytimimni berib, to‘polonda adashsam adashgandirman, deb mung‘ayganida, to‘g‘rilik qaror topganini ko‘rib, ichimda quyosh chaqnagandek bo‘lgandi…
Uydagilar keyinchalik ham dadamni yo‘qlashga goh meni ergashtirib, goh mensiz qatnab yurishdi. Borganda, mendan so‘kish eshitgan o‘sha militsionerni negadir ko‘rgim kelaverardi, lekin uni qayta uchratmadim.Turmaga borishdan oldin Farg‘ona shahrida yashovchi ammamnikida osh damlab olishardi. Azaldan ishbilgich bo‘lgan ammam kimlarningdir “qo‘liga qistirgani”ning hurmatidan elektrda choy qaynatish, bemalol ovqatlanib o‘tirish sharoiti bo‘lgan alohida xonani berib qo‘yishardi. Yonida opa-ukalarim ham uymalanib yurishiga qaramay, dadam meni biqiniga olib, yelkamdan quchib o‘tirardi. Buvim alohida tayinlab uqtirgani bois, uchrashuv chog‘ida ham, xayrlashayotganimizda ham o‘zimni tetik, quvnoq tutishga urinardim, biroq turmaning darvozasidan tashqariga chiqishimiz bilanoq ko‘zimdan yosh tirqirab, unsiz yig‘lashga tushardim.
Dadamni qanchalar ichikib sog‘inmayin, ba’zan bu holga boshqa tomondan nazar tashlab, ko‘nglim picha taskin topganday, hatto yorishganday bo‘lardi. Bunga sabab o‘sha eski jununcha xayol – endi boyning o‘g‘li emasman, jabrdiydaman, bundan buyog‘iga bolalar ham, kattalar ham menga rahmi kelib qaraydigan bo‘lsa, ajabmas. Yanayam eskiroq kiyimlarni kiysammikin? Botinkamni ataylab chokini so‘kibroq qo‘ysammikin? Maktabda bolalardan qarzga non so‘rab ko‘rsam-chi? Ishonisharmikin? Ishonishsa, ahvolimga ich-ichidan achinisharmikin?
Ko‘chada o‘zimni dam bolalarning, dam kattalarning orasiga suqib, namoyishkorona munglanib o‘tirardim. Ular mendan hol-ahvol so‘rashlarini, dadamsiz tirikchiligimiz qanday o‘tayotganini surishtirishlarini kutardim. Kimlardir so‘rab qolar, deb ularga aytadigan dardlarimni ichimda oldindan tayyorlab yurardim. Afsuski, mening bugunim bilan hech kimning ishi yo‘q edi. Goho: “Yaqinda yana dadamni ko‘rgani borarkanmiz”, deya mavzuga qarmoq tashlagan bo‘lardim, baribir parvo qilishmasdi.
Eshonto‘pi mahallasida ko‘kko‘z bir aravakash bo‘lardi. Bir kuni u qo‘sh otli “haptakach”ida ko‘chamizdan o‘tib borayotib: “Ha, Bahromovning o‘g‘li, dadang haliyam paqirga siyib yotibdimi?” – deb ching‘illadi menga. Yonida o‘tirgan sherigi ikkovi qiyqirab kulganicha o‘tib ketishdi.
Odamlar o‘zidan boyroqlarni negadir yoqtirmasligini bolalikdayoq bezillab-bezillab seza boshlagan edim, ammo boylarning boshiga tushgan kulfat ularni quvontirgandan quvontirishi mumkinligi mutlaqo xayolimga kelmagan ekan. Ko‘kko‘z aravakashning mazaxidan so‘ng buni ilk bor elas-elas anglagandek bo‘ldim.
Birovning kulfatidan, ayniqsa, senga hech qachon ziyoni tegmagan kishining kulfatidan quvonish! Bu holatni hozir ham tasavvurimga sig‘dirolmayman. Turmushda kimlarnidir xushlamasligimiz, ayrimlarni juda yomon ko‘rishimiz – bor gap. Biroq ularga jabr-sitam tilash, boshlariga qora kun tushganidan astoydil suyunish tuyg‘usini odamzot o‘z tabiatiga qanday sig‘dira olarkin? Axir, biz maqbul ko‘rmagan kimsa cho‘lda yolg‘iz o‘sgan saksovul emas, uning oilasi bor, qo‘liga qarab turgan ota-onasi, mehriga zor bolalari bor. Ularga ham dardmandlik istash, ularning uvolidan qo‘rqmaslik yirtqichlikdan battar-ku!
Ey, odam! Birovga yomonlik tilash, yomonlik qilishdan ilgari uning qaramog‘idagi bolalarining oldiga bor, o‘sha bolalarning ko‘ziga o‘z farzandlaring ko‘ziga qaragandek sinchiklab boqib ko‘r. Xudo senga insoniy mehr hisini yetarliroq bergan-bermaganini o‘shanda aniq bilib olarsan, balki.

* * *

Dadam qamalishidan avvalroq ikki yoshli Zuhraxon singlim kasalxonada vafot etgandi. Do‘xtirlar buning sababi og‘ir shamollash ekanligini qayd etishsa-da, duvonaxon Usmon tog‘amiz: “Uni Tohirlaring o‘ldirib qo‘ydi!” – deb ta’kidlardi nuqul.
Hozir nevaralik bo‘lib ham boshi “musht-musht”dan chiqmaydigan Tohir ukam bolaligidan urishqoq edi. Ko‘chada o‘rtoqlarini qiyratgani qiyratgan edi, o‘zidan keyingi singlisi Zuhraxonga kun bermasdi. Haliyam emgisi kelib, singlisi bilan sut talashadi bu, deb qo‘yardi Sarviniso buvimiz.
Uydagilarga qo‘shilib, temiryo‘l stansiyasi kasalxonasida yotgan Zuhraxonni kunda, kun ora ko‘rgani borardim. Bir kuni u menga juda zerikib ketgandek tuyuldi. Buyoqqa kelishdan burun, ko‘cha kezib yurgan lo‘liga araqdan bo‘shagan shishalarni berib, ichiga suv quyib puflansa bulbulning chahchahlashiga o‘xshash tovush chiqaradigan sopol hushtak olgandim, shu esimga tushib: “Hey, Zuhra, senga bulbulli hushtakcha opqo‘ydim, ertaga olib kelaman”, dedim. Zuhraxon beholgina jilmaydi.
Ertasiga hushtakni olib borsam, Zuhraxonning ahvoli og‘irlashib qolibdi, chuqur-chuqur nafas olgan asno, ko‘zini ochmasdan, karaxtlanib yotibdi. Uni asta turtib, mana, hushtakni opkeldim, dedim va churillatib chaldim. Bas qil, deyishlariga qaramay, yana va yana chalaverdim. Zuhraxon birdan ko‘zini ochdi, shipga tikilganicha turaverdi. Barcha jimib qoldi. Hushtakni Zuhraxonning shalvirab turgan kaftiga qo‘yib, ma, ol, hushtak senga, degan edim, barmoqlari harakatga kelib, o‘yinchoqni siqimladi, so‘ng ko‘zini tag‘in yumib oldi.
Keyingi kuni uning o‘ligini ko‘tarib kelishdi. Jag‘i bog‘langan jonsiz singlimni quchib, paydarpay o‘pishga tutindim.
Bu hali hammasi emasdi. Dadam qamoqda uzoq yotmadi, muddatidan oldin qo‘yib yuborishganini bilib, mendan so‘kish eshitgan o‘sha ochiqyuz militsionerning “va’da”si beixtiyor esimga tushdi.
Dadam uyimizdagilarni birma-bir bag‘riga bosib, o‘pishib ko‘rishdi. Birgina ayam yig‘lagan kuyi uning yelkasini ohista silab qo‘ydi.
Achom-achomlar tugagach, dadam tevarakka entikib-entikib jovdiradi:
— Homitjon qani?
Ayam to‘satdan dodlab yubordi. Boshqalarning ham ko‘zi yoshlandi. Homitjon bir oycha oldin vafot etgandi. Dard ustiga chipqon bo‘lmasin deb, dadamga bildirishmagan ekan.
Dunyoning ba’zi ishlari o‘ta sinoatli. O‘smirligida halok bo‘lgan to‘ng‘ich farzandi Homitjonni dadam hech unutolmay, keyingi o‘g‘illari tug‘ilganda, har gal “otini Homitjon qo‘ysakmikan”, deb maslahat solarkan, buvimiz ko‘nmas ekan. Oxiri Zuhraxondan kichik ukamning otini Homitjon qo‘yishadi. Ikkalasi ham dadam qamoqda yotgan paytda olamdan o‘tadi, unisi – birinchi qamalishida, bunisi – ikkinchi qamalishida.
Homitjon ukam uzilganida endigina bir yoshdan hatlagan, hali gapirishni bilmas, oppoqqina, do‘mboqqina edi. Bor dard qizamiq toshishidan boshlandi, ahvoli og‘irlashaverdi, do‘xtirlarlarning qo‘lidan hech ish kelmadi, juda yomon shamollatibsizlar, deyishdan nariga o‘tishmadi.
Pechkasi bir qizib, bir sovib turadigan polsiz zax uyda shamollamay yashash, tirik qolish bola uchun oson bo‘ptimi!
Bir kuni kechki ovqat mahali ukamning nafasi xirillay boshladi. Mahallamizdagi Ablaz qorini aytib chiqishdi, u Homitjonni quchog‘iga yotqizib , dam solishga kirishdi. Men domlaning yonida cho‘kkalab, ukamdan ko‘z uzmay o‘tirardim. Dam solish tugamasidanoq, Homitjonning xirillog‘i yo‘qola bordi, so‘ng ikki-uch marta chuqurroq nafas olib, jimib qoldi. Xayriyat, uyquga ketdi, deb turganimda, Ablaz qori ukamni sekingina buvimga uzatdi, atrofdagilar yig‘lay boshlashdi. Ukam o‘lganligini tushunib yetdim. Qanday oson o‘lim! Loaqal, salgina bo‘lsa-da pitirlab ham qo‘ymadi.
Uxlaydigan vaqtimiz bo‘ldi. Qarasam, chaqaloqdek yo‘rgaklangan Homitjonni uyning bir chetiga yotqizib qo‘yishibdi. Ayam o‘ziga ancha beriroqqa joy solibdi. Men opa-ukalarim qatorlashib yotgan ko‘rpaga kirgim kelmay, picha ikkilanib turdim-da, Homitjonning yonida yotsam maylimi, deb so‘radim ayamdan.
— Yo‘q! – dedi ayam. – Yomon bo‘ladi!
Shunday dedi-yu, menga bir-ikki qarab qo‘yib, Homitjonni tagidagi to‘shagi bilan o‘ziga yaqinroq tortib oldi. Ko‘nglim xiyla tinchib, joyimga cho‘zilarkanman, ukam sovqotadi-ku, ayam uni ko‘rpaning ichiga olib yotaqolsa bo‘lmasmikan, deb ichimda tixirlandim.

Deding: “Dard ham joziba!”
Unday bo‘lsa, roziman –
Jozibasiz yashashga.

Uyqum kelmay, anchagacha o‘ylanib yotdim. Qaniydi, odam hech qachon o‘lmasa. Hech bo‘lmaganda, o‘lganlarni ko‘mishmasa ekan. Uni har kuni ko‘rib tursang, uxlab yotibdi deb o‘ylasang.
Xudo shu ishni qilsa, juda yaxshi bo‘lardi-da. Bugundan, hozirdan boshlab shunday bo‘pqolsa-ya!

OYOQLARIM QAYOQQA KЕTDI?!

Kasallanib yotmoq yalqovga yarashgandan yarashadur.
Gulmat SHOSHIY

Dadam qamoqdaligida goh uning ayrim o‘rtoqlari, goh ba’zi bir qarindoshlarimiz uyimizga kelib, Obidjonni qutqarish uchun falonchiga faloncha so‘m berish lozim bo‘lyapti, deya ayamdan bo‘lar-bo‘lmasga pul undirib ketaverishgan ekan. Buning ustiga, ayam ko‘p yillardan so‘ng menga o‘z og‘zi bilan aytganiga ko‘ra, tintuv bo‘lsa, musodara qilishlaridan qo‘rqib, sandiqdagi pullarning asosiy qismini uch-to‘rtta qarindoshlarinikiga eltib bergan, asrab turishlarini iltimos qilgan ekan (hozir ularning ismini tilga olgim kelmayapti, bari ayamning urug‘idan). Ayam keyinchalik pullarni olgani borsa, bizga sanab bermagansiz, bori shu edi, deyishib, arzimagan qismini qaytarishibdi. Eng yirik, hali tarxi buzilmagan pullarni singillaridan biriga bergan ekan, olishda qarasa, bari mayda, eski-tuski pullar emish.
Sarviniso buvimiz goho ayam bosar-tusarini bilmay qolayotganidan jahllanib: “Tagini surishtirmasdan, buni Obidjonning o‘zi topgan-da. Ochofat urug‘-aymog‘i o‘g‘limning yiqqan-terganini chumolidek tashib ketyapti”, deb kuykanganida, ko‘ngli nimalarnidir sezib yurgan ekan, chamasi.
Hartugur, dadamning mol-dunyosi tag-tugi bilan sovrilib ketmagan, katta gulxan so‘ngan esa-da, qo‘ri qolgan ekan. Turmushimiz burungidek may-chay bo‘lmasa ham, qozonimiz kuniga kamida ikki mahal qaynab, og‘rinmay mehmon kutib, birovga zoriqmasdan yashashda davom etdik.
Dadam Poloson paxta punktidagi eski ishiga tiklanmadi. Endi bu yerda uning o‘sha bevafo shogirdi bosh tarozidor bo‘lib qolgandi, dadam qamoqdan bo‘shatilganida uyimizga rov bosh tiqib qo‘yganicha, qaytib qorasini ko‘rsatmadi.
Bekorchilikdan zerikib ketgan dadamga nihoyat amal berishib, onamga uylangan paytida ishlagan Fayziobod qishlog‘idagi punktga yana bosh tarozidor qilib jo‘natishdi. Bu Fayziobod va Oqbo‘yradagi ikkitagina kolxozdan (bu yerdagi Zilxa qishlog‘ida ham dam alohida kolxozcha paydo bo‘lib, dam yo‘qolib turardi) paxta qabul qiladigan kichkinagina punkt bo‘lib, tarozidorning daromadi ham shunga yarasha edi.
Dadam o‘smirlarga mo‘ljallangan pakana velosiped olib bergach, beshinchi, oltinchi sinflarda talay kunim shu velosipedda Fayziobodga qatnash bilan o‘ta boshladi. Gohida yo‘l-yo‘lakay Oqbo‘yradagi Xonim enamnikiga ham qo‘nib o‘tardim. Uyimizdan Oqbo‘yra besh, Fayziobod olti yarim kilometrli masofada edi.
Shanba kuni borsam, ertasiga o‘qishim yo‘qligi uchun dadam punktdagi yotog‘ida olib qolardi, ta’til chog‘ida bir necha kunlab birga bo‘lardim. Shu yerda ham qog‘oz-qalam topib, she’r to‘qishga tushardim. Odatimga ko‘ra, ayrim she’rlar ostiga mavzuga mos rasmlar chizardim. Omading kelib, shoir bo‘pketsang, chakanayam pul ishlamaysan-da sen qizitaloq, deb qo‘yardi dadam.
Birinchi ustozi hisoblanmish rahmatli Bayzaq qorining o‘g‘li Homit akani dadam yoshligidayoq shogird qilib olgan, dadam qamalganda “sotqinlar” bilan ishlashni istamay, bo‘shab ketgan bu yigit yangi joyda yana paydo bo‘lgandi. Uyga qaytmoqchi bo‘lsam, dadam bir o‘zimni qo‘yib yubormay, meni kuzatib qo‘yishni shu Homit akaga topshirardi, pakana velosipedimda uning katta velosipediga ergashib, yo‘lga tushardim.
Balki kuzatib qo‘yishlarini o‘zim so‘ragandirman. Temiryo‘l yoqalab ketgan hilvat so‘qmoqdan o‘tilsa, Fayziobodga yo‘l ancha qisqarar edi, lekin dadam bu yoqqa yurmasligimni qattiq tayinlagani uchun, Oqbo‘yra orqali aylanib borardim. Oqbo‘yraga kiraverishdagi mozor oldida esa bir shumqiliq bola yashar, meni ko‘rdi deguncha, nechundir, tosh otishga tushar, toshi bir gal boshimning orqa tomoniga tegib, g‘urra qilgan edi. Shu boladan yomon cho‘chirdim.
Bu orada “merganlik”ka berilib ketdim. Sinfdoshim Abdurahim bilan o‘rtada “vozdushka” degan yelpurkar miltiq sotib olib, qishloqdagi qushlarni qiyrata boshladik. Moshdek keladigan qo‘rg‘oshin o‘qchalarni havo purkab otuvchi bu miltiq ko‘proq biznikida turardi, goh tanga, goh gugurt cho‘pini nishonga qo‘yib, mo‘ljalga urishni soatlab mashq qilardim. “TIR”dagi kabi yumaloq qog‘oz mishen va patli o‘qlar sotib olganimdan so‘ng, bora-bora istagan raqamimga bexato tekkizadigan bo‘ldim. Tuman markazidagi “TIR”da “qimorli mishen”ga otib o‘ynab, beshta o‘qning barini “10” ga urardim, pul ishlardim. Oxiri, “TIR”da o‘tiradigan tatar xotin meni yutuqli o‘yinga aralashtirmay qo‘ydi, mayli, bir-ikki marta tekinga otgin-u, keyin jo‘nab qol, derdi gezarib.
Shunisiyam harna-da, uning pulini ololmasam ham, o‘zimniki yonga qolyapti-ku.

Dam teshib yelkasin, dam qo‘lin yamlab,
Goh yuzin timdalab, qulog‘in tirnab,
Boy berib ne-necha aniq imkonni,
Qo‘y, buncha qiynama sho‘rlik nishonni.

Yaxshisi, ho‘ suzuk barnodan, mergan,
Yurakka bexato urishni o‘rgan.

(1971)

* * *

Yettinchi sinfga o‘tganimda Alijon aka degan sayyor kinochiga shogird tushdim. Poloson qishlog‘i mahallalarida, paxta pishgan mavsumda dalada yotib qolib ishlaydigan terimchilarga shiyponlarda bepul kino ko‘rsatardik. Ba’zan qo‘shni povulg‘onlik Hoshim-kino ham meni yordamga chaqirar, ensiz kinotasmaga moslangan “Ukraina” rusumli apparatni sozlab bergach, unga to‘k yetkazib turuvchi “dvijok”ka benzinni to‘ldirib, endi bu yog‘i o‘zingga, mening zarur ishim chiqib qoldi, deganicha g‘oyib bo‘lardi. Ba’zan kino tugayotganda yetib kelardi, ba’zan badar ketardi.
U vaqtlarda aksariyat uylar ichiyu tashi somonli loyda suvalganicha turaverardi, ohakda oqlangan, orti ko‘chaga qaragan birorta zamonaviy uy topilib qolsa, kinoni o‘sha devorda ko‘rsatardik; topilmasa, oq matodan yasalgan yig‘ma ekranni osar edik.
Kinochilik menga juda yoqardi. Bir u mahallaga, bir bu mahallaga borasan, hammaning ko‘zi senda, eng muhimi, ularning orasida qizlar ham bor, ba’zilari maktabdan tanish, kelib, kino nima to‘g‘risida ekanligini so‘rashadi. Bunaqa paytda o‘spirinlar menga havaslanib boqardi, hatto katta kishilar yonimda uymalanib, yaqinroqdan tanishib olishga intilardi, papiros so‘rasam, shosha-pisha cho‘ntaklaridan chiqarib, o‘zlari gugurt chaqib berishardi. Mashinasini bir chekkaga to‘xtatib qo‘ygan shofyorlar esa, benzin kerak bo‘lsa, mana biz tekinga beramiz, deb kerilishardi.
Haftada bir-ikki marta mahallalardagi to‘ylarda ham kino qo‘yib turardik, odamlar buni katta bazimdek qabul qilardi. Yeb-ichganimizdan tashqari, to‘y egasi qaytishimizda cho‘ntagimizga ozgina pul solib, qo‘limizga qand-qursli tuguncha tutqazardi. Bunaqada uyga kekanglab kirib borardim.
Kinoprokatdagilar “Arshin mololan”, “Jinoyat va jazo”, “Tarzan”, “Amirlikning yemirilishi”, “Tinch oqar don”, “Turnalar uchmoqda”, “Farg‘onadan besh kishi”, “Daydi”, Charli Chaplin (ovozsiz va ovozlilari), “Janob 420”, “Ruslan va Lyudmila”, “Tohir va Zuhra”, “Nasriddin Buxoroda” singari filmlarning goh o‘zbekchasi, goh o‘rischasini berishardi. Ularni o‘n martalab ko‘rib, har ikki tildagi so‘zlarni bir-biriga chog‘ishtiraverishim natijasida o‘rischani tuzukkina o‘rgana boshladim, maktabdagi rus tili o‘qituvchimiz nuqul “to‘rt”, “besh” baho qo‘yadigan bo‘ldi.

* * *

“Ukraina” apparatini kino namoyish etishga mustaqil tayyorlash, eski “dvijok”ning kichik nosozliklarini birovning ko‘magisiz ham tuzata olish darajasiga yetganimda, ish chappasiga ketdi. Erta bahor bo‘lsa kerak, revmatizm, ya’ni bod kasalligiga chalinib, ko‘rpaga mixlanib qoldim. Kasalxonaga yotqizishmadi, dadamning do‘xtir o‘rtog‘i goh tushlik, goh kechki ovqatni biznikida qilib, uyimizga qatnab yurdi. O‘rtoqchilik o‘z yo‘liga, dadam o‘zgalarning kichik xizmatini ham azaldan qoyillatib taqdirlardi, ayniqsa, bolasi uchun pulni sira ayamasdi.
Do‘xtirdan tashqari, sepkilyuz tatar hamshira juvon kuniga ikki-uch marta kelib, menga dori ichkizardi, ukol qilardi, shishib ketgan oyoqlarimga shifobaxsh moylarni surtardi. Bu muolaja shunaqayam xush yoqardiki, shu juvon yonimga yotib, o‘sha moyini ko‘kraklarimga ham surtsaydi, deb orziqardim. Chamasi, unga bejo qarayotganimni hamshira ham sezib turar, ishini tugatgach, bir sochimni siypalab, bir ro‘molchada ko‘z-qoshlarimni artib, ancha gaplashib o‘tirardi. Tovushi ham nihoyatda yoqimli edi.
Oyoqlarimni umuman qimirlatolmasdim, tinimsiz lo‘qillab og‘rirdi. Go‘yo oyoqlarim yo‘qolib qolgan-u, o‘rnida butun vujudimga azob berish uchun ataylab yasalgan bigizlar g‘arami paydo bo‘lgandi. Satta jiqillatib sanchardi.
Sarviniso buvim va ayam, biri olib, biri qo‘yib, oyoqlarimni kunu tun uqalab o‘tirishardi. Ayam beo‘xshov uqalardi, sen tegma, buvimni chaqir, deb baqirib berardim. Uyquga to‘ymagan buvim mudgib-mudgib o‘tirib, uqalashga tushardi, xuddi o‘z oyoqlarini silayotgandek, nuqtalarni topib-topib uqalardi. Buvimning didi o‘tkirligi haqida ko‘p gapirishardi, bundan tashqari, o‘ta nozik sezgisi bor edi shekilli. Balki bu ham palagi tozalikning bir belgisidir.
Bir oy o‘tdi, tuzalmadim. Ikkinchi oy ketyapti, tuzalmayman. Do‘xtir menga suvda vishillab eruvchi tuzdori ichkizish, ana-mana deb, dasturxonimizni yalanglatishdan boshqaga yaramay yuribdi. Yo kattaroq shifokorga ko‘rsatinglar demaydi, yo o‘zi boshqacha muolajalar qo‘llashga urinmaydi. Yana, bu atrofda mendan zo‘r do‘xtir yo‘q, deb qo‘yishiga o‘lasanmi!
Ba’zan yuragim pala-partish ura boshlardi. Ko‘zlarim tepaga bitib, havo yetishmay, yotgan joyimda to‘lg‘anishga tushardim, badanimni sovuq ter qoplardi. Tamom, hozir jonim uziladi, deb o‘ylaganimda, yuragim qayta izga tushib, asta o‘zimga kelardim. Yurak xuruji chog‘ida sezilmay qolgan oyoq og‘rig‘im boshqatdan avjga minardi.
Tepamda o‘tirganlar bunaqa paytda qo‘rqib ketishar, ayam g‘ala-g‘ovur bilan yig‘lashni boshlar, buvim hayajonlanib kalima keltirishga, tilovat qilishga tushardi. O‘zimga kelganimdan so‘ng, nima bo‘lganini so‘rashsa, oyog‘im juda yomon sanchidi, deb qo‘yaqolardim. Yuragim haqida indamasdim.
O‘lib qolsam-a?! Rosa yig‘i-sig‘i bo‘ladi. Dadam o‘zini ustimga tashlab, xuddi men Zuhraxon singlimning o‘ligini o‘pgandek o‘pib yig‘laydi. Ayam sochlarini yulgudek bo‘lib dodlashi aniq. Ana, opalarim bilan ukalarim menga oxirgi marta to‘yib olish uchun atrofimda izillab yurishibdi. Buvim tasbeh o‘girib, pichirlaganicha tinimsiz tebranyapti, ko‘zlarida jiqqa yosh. Sinfdoshlarim har tanaffusda faqat men haqimda gaplashishadi. O‘qituvchilarim dars berib turib, partadagi bo‘sh o‘rnimga tikilganicha to‘xtab qolishadi, uni behuda xafa qilgan ekanman, deb afsuslanishadi.
Usmon tog‘am-chi? U har kuni qabristonga borib, go‘rimning atrofida bir aylanib keladigan odat chiqaradi. Buni kuzatib yurgan Umarali go‘rkov : “Ko‘p kuyunaverma, oshna, mana shunaqa vafosi yo‘q dunyo bu”, deb unga taskin bergan bo‘ladi…
Kasalim cho‘zilgani sayin, qo‘shnilar, qarindoshlar, o‘rtoqlarim, ayrim o‘qituvchilarim meni tez-tez yo‘qlaydigan bo‘lishdi. Rus tili o‘qituvchimiz Osman Umerov, mahallamiz keksalaridan bo‘lgan Oymat qo‘rboshi, usta Orifjon tog‘a haftasiga ikki-uch martadan kelishardi. Xudo xohlamayotgani uchun birgina u kelmayotgan edi – Ajal!
Qanchalar qo‘rqoq bo‘lmayin, o‘limni o‘ylaganimda, endi negadir qaltiramasdim. Yotaverib, o‘ylayverib, shunaqa bo‘lib qolgandirman, balki. Zuhraxon singlim, Homitjon ukam tez-tez ko‘z oldimga kelaverardi. Sog‘ingandan sog‘inardim ularni. Ikkalasi ham go‘dak boshi bilan u dunyoda yolg‘iz, qarovsiz qolishganiga toqat qilolmasdim. Boraman, ularni ko‘raman, Homitjonni ko‘tarib, Zuhraxonni yetaklab, jannatda o‘ynatib yuraman.
Ha, jannatga kirishim tayin. Ablaz qori bir safar aytganidek, bolalar va kalima keltirishni bilgan, odam o‘ldirmagan o‘spirinlar to‘g‘ri jannatga borib tushadi. Men odam o‘ldirmaganman, kalima keltirishniyam buvim o‘rgatib qo‘ygan: “Lav ilovha illablo, Muhammaddi rasuliblo” (o‘shanda to‘g‘ri aytolmasdim).
Dadam Poloson punktida tarozidor bo‘lgan davrda ismiga “baqiroq” laqabi qo‘shib aytiluvchi Obid tog‘a ishchilarga brigadirlik qilib yurardi. Mahalladosh bo‘lganimiz uchun uning oilasidagilar uyimizga tez-tez kirib, xizmat qilib turishardi, Po‘latvoy, Alijon degan o‘g‘illari bilan og‘a-inilardek qalin edim. Shu kishining to‘ng‘ichi Sobir aka bir kuni uyimizga chimyonlik tabib cholni boshlab keldi. Mirza buvaning o‘g‘li Mamat oyog‘i ishib yotganda, shu odam davolagan, do‘xtirga ishonavermanglar, dedi u.
Soqoliga oq oralagan, istarasi issiq tabib bilak tomirimni ushlab ko‘rib, keyingi kunlarda yuragingiz o‘ynamay turibdi shekilli, a, deb savol berdi. Men tasdiqlab, bosh qimirlatdim. Buvim ayamga taajjublanib qarab olib, yuragiga nima qipti, deb so‘radi tabibdan. Bolaning yuragi ora-sira qattiq xuruj qilib turgan, nima, bilmaganmidinglar, deya hayron bo‘ldi tabib.
Dasturxon yozilib, choy-non, qand-qurs qo‘yilgach, buvim bilan ayam chiqib ketishdi. Ko‘p o‘tmay, mehmonlarga ikki kosa suyuq ovqat ham berildi (men orqamga taxlangan baland yostiqqa suyanib, boshqalarning ko‘magidagina ovqatlana olardim). Tabib menga qiziq-qiziq gaplardan gapirib o‘tirib, Sobir aka bilan birga tamaddilandi. Orada popukli qandni bir piyolaning tagidan ikkinchisiga o‘tkazib, ko‘zboylog‘ichlik ham qildi.
Ovqatlanib bo‘lgach, tabib yarim litrlik shishadan piyolaga qandaydir qo‘lansa dori quyib, menga ichdirdi. Har kuni nahorda va kechqurun shundan besh ho‘plam-besh ho‘plam ichib turishimni tayinladi. So‘ng, buvim va ayamni chaqirtirib, uzoq tilovat qildi, shirin duolar bilan yuziga fotiha tortdi.
— Endi bunaqa tanballanib yotavermang, yigitcham, — dedi u menga tabassum qilib. – Ertalab “Yo pirim!” deb boshingizni azot ko‘taring, shoshmasdan emaklab borib, tokchani ushlagancha o‘rningizdan turing. Og‘riqdan qo‘rqmay oz-ozdan yurishni boshlasangiz, oyog‘ingizdagi ishgan joylar tez qaytadi.
Ayam va buvim bu gapdan ajablangandek bir-biriga ma’nodor qarab qo‘yganini sezgan tabib: “Mana ko‘rasizlar, bu bola ertaga yurib ketadi!” – deya ishonch bilan ta’kidladi.
Tabib ketgandan keyin, ayam tizzalarimni uqalayotib, shu ishib yotgan oyoq bilan ertaga yurib ketarmish-a, cholning gapini qarang, degan edi, buvim menga kulib qarab, Anvarimga xudo shifosini beraman desa, o‘ziga oson, deya yaxshi niyat qilib qo‘yaqoldi. Mening ko‘nglimdan esa, ertaga sal bo‘lsayam yursaydim, tabib chol yolg‘onchiga chiqmasin-da ishqilib, degan o‘y kechdi.
Tun bo‘yi tiniqib uxlab, tongda erta uyg‘ondim. Qarasam, xonada meni qorovullab yotadigan buvim allaqachon ko‘rpasini yig‘ib, chiqib ketibdi.
Tabib tayinlagan gaplar esimga tushib, ustimdagi o‘ranchiqni olib tashladim, oyoqlarimni o‘zimga asta tortib ko‘rdim. Qattiq og‘riq qo‘zg‘alganiga qaramay, nafasimni bir rostlab olib, mukkamga ag‘darildim; qo‘llarimga tayanib ko‘ksimni ko‘rpadan uzdim, inqillab-sinqillab emaklashga tutindim; sudrala borib, tokchaga tirmashdim. Tomirlarim chirs-chirs uzilayotgandek bo‘lib o‘rnimdan turib olgach, uy devori bo‘ylab mayda-mayda odimlaganimcha ayvonga chiqib bordim. Chiqiboq: “Aya! Aya!” – deb chaqirishga tushdim. Narigi do‘ngalak uydan buvim otilib chiqdi, voy, xudoga shukur-yey, xudoga shukur-yey, deganicha kelib, bo‘ynimdan quchdi. Ayam molxonada sigir sog‘ayotgan ekan, buvim: “Munisxon! Munusxon-uv!” – deya saslanib, halpillagan asno tomorqa sari yo‘naldi.

Oyijonim, yig‘lamang,
Hali yoshman, o‘lmayman.
Asta turib olsam bas,
Boshqa kasal bo‘lmayman,
Oyijonim, yig‘lamang.

Qilmading deb nonushta,
Xafa bo‘lmang unchalik.
Bu kech yedim tushimda
Sutdek o-oppoq kulchani,
Oyijonim, yig‘lamang…
…………………………………..
(1976)

Tushga yaqin do‘xtirim keldi. Ahvolimdan quvonib, yaxshi bo‘lib ketadi degandim-ku, suyunchini cho‘zinglar, deb gijingladi.
Tomirlarim hanuz chirsillab, oyoqlarim zirqirashda davom etayotganiga qaramay, qatma-qat qo‘yilgan bolishlarga yonboshlab olib, do‘xtir bilan birga tushlik qildim. Tamaddilanib bo‘lganimizdan so‘ng, qani, yurishingni yana bir ko‘ray-chi, dedi do‘xtir. Uning ko‘magida chiranib o‘rnimdan turdim, u yog‘iga appon-tappon yurib borib, ayvon oxiridagi o‘choq yonida bo‘g‘ma devorga suyanib to‘xtadim.
— Qiyini orqada qoldi, hademay otdek bo‘pketadi bu o‘tbosar, — dedi do‘xtir, ayam bilan buvimga iljayib. – Qo‘rqib ketmanglar deb, sizlarga bildirmasdan, Obidjon akamga aytgandim xolos – bu bolaning yuragi porokka chalingan. Kasallik varaqasiga yozib qo‘ydim, endi uni armiyagayam olishmaydi.
Dadam kechki payt ishdan qaytgach, lapanglab yurishimni unga yana bir namoyishlab berdim. Do‘xtir yuragim haqidagi vahimani kuchaytirib, qattiq tayinlagan bo‘lsa kerak, dadam menga dona-dona qilib uqtirishga tushdi:
— Bundan keyin og‘ir ishlarni qilmaysan! Vazmin yuk ko‘tarmaysan! Toliqtiradigan o‘yinlarni o‘ynamaysan! Qovurilgan ovqatlarni kamroq yeysan! Sho‘r bilan achchiqqa yaqin yo‘lamaysan! Xo‘pmi?!
O‘z-o‘zidan manglayim tirishdi. Sho‘r bilan achchiqqa yaqinlashmaslikdan boshqasini uddalab bo‘larkanmi?
Tuzalib ketganimdan keyin ham maktabga bormadim. Lekin, baribir sakkizinchi sinfga ko‘chirib qo‘yaverishdi.

* * *

Kuz chog‘i oyoqda mustahkamgina turib olganimdan so‘ng, yana kinochilikni qo‘msay boshladim. Sayyor kinochi bilan mahallama-mahalla, dalama-dala yurishimga endi dadam ruxsat bermasligini bilib, boshqacha yo‘l topdim. Qishlog‘imizning Mozortagi mahallasidagi klubda Ahmed va Mansur degan qrim yigitlar kino qo‘yishardi. Bir kuni ularga uchrashib, “Ukraina” apparatida kinochilik qilganman, endi katta apparatda ishlashni o‘rganmoqchiman, desam, keyinroq bir o‘ylab ko‘rarmiz, deb ishni paysalga solishdi. Shunda, afisha yozishniyam, rasm chizishniyam bilishimni aytgan edim, kino olamiga oid jurnaldagi bir rasmni ko‘rsatib: “Ana bo‘yoq, ana cho‘tka, ana mato, qani, shuni katta qilib chiz-chi”, deyishdi. Bir soatlar urinib, rasmni chizdim, ostiga kinoning nomini yozdim. Ishim ularga yoqib,
mayli, kunduzi afisha chizasan, kechqurun kino qo‘yishni o‘rganasan, deya shogirdlikka olishdi.
Tasmasi “Ukraina”nikidan ikki baravar enli bo‘lgan statsionar kinoapparatda ishlashni tez o‘zlashtirdim. Kunlarimning talay qismi klubda, klub yonidagi kutubxonada kechaverdi. Bu ishimdan cheksiz huzur olsam-da, kinoni klubning alohida xonasidagi teshikcha orqali emas, sayyor apparatdagidek shundoqqina odamlar orasida o‘tirib, o‘zimni ko‘z-ko‘zlagancha namoyishlashni sog‘inardim baribir. Klubdagisining ko‘chma kinodan birgina afzalligi – prokatdan suratdor qog‘oz afishalar kelib turardi, chiroylilarini “shimo”lab ketib, uyimizning devorlarini bezatardim.
Vaqt shitoblanib o‘taverdi, kinolar umrimni yamlab boraverdi. Bu orada ustozlarim bilan shu qadar inoqlashib ketdimki, keyinchalik boshqa joylarda ishlab yurganimda ham kinoga borib qolsam, quchoqlashib ko‘rishar edilar, pul bersam olishmasdi.
Endilikda ular Qrimdagi qabristonlardan birida qadrdondan qadrdon tuprog‘ining pinjiga go‘dakdek yopishgancha, abadiy uxlab yotishgandir. Bu otbozor olamda Vatan tugul, ba’zan o‘z ota-onangni topib olishing ham oson kechmaydi.

KOMPARTIYANING XUDO BO‘LGANI

Zo‘rligingni kambag‘alchilikka chidab ko‘rsatgil.
KULKUL afandi

Avvaliga dadam Fayziobod paxta punktidagi ishidan ayrilib, goh Xonqiz, goh Qorajiydada pilla qabul qilib yurdi, sakkizinchi sinfdaligimda esa tugalay yumushsiz qoldi. Yaxshiyamki, Mahbuba opamni qamalishdan oldin vaqtida uzatib olgan ekan, Shahodat va Xolis opamni turmushga chiqarishning o‘zi ro‘zg‘orimizni butkul qoqlab tashladi. O‘sha damlarda qulog‘imga chalinishicha, hatto kimlardandir ozgina qarz ham olishgandi.
Ayam goh oltin taqinchoqlarini, goh gilamlardan birini, goh sandiqdagi baxmal, atlas singari toza gazmollarni sotar, o‘rtada ba’zan un olishga ham iloj topilmay qolardi. Keyin qo‘ylarni pullashga navbat keldi. Hartugur, sut-qaymog‘i jizga yarab turgan sigirni sotishmadi.
Sarviniso buvimiz damodam dadamning holiga achinib: “Ha bolam-a, pul topding-u, aql topmading-a. O‘g‘illaring o‘sib boryapti. Davlating qo‘lingdaligida bir-ikkita tomorqa olib, uylar soptashlasang, nima qilardi? Hech bo‘lmasa, hovlimizga anavi katalakdan bo‘lak tuzukroq bir uy qurmading. Bitta moshina opqo‘yganingda-ku, hozirgiday og‘ir kuningda sotsang, o‘zingni yana o‘nglavolarding”, deya dakkilashga tushar, dadam esa:
“Boyligini ko‘z-ko‘z qilganlarning qanchasi surgun bo‘lib, qanchasi otilib ketdi, oldingizda tirik o‘tirganimga shukur qiling, buvi”, deb o‘zini oqlardi.
Turli ulfatchiliklarga qo‘shilish imkoni yo‘qligi uchunmi, “otdan yiqilib”, qaddini hamon tiklab ololmayotganidan uyalibmi, dadam hatto qo‘shnilar bilan ko‘chada gaplashib o‘tirishdan tortinadigan bo‘lib qoldi. Mehmonga kelgan ayol qarindoshlar bilan ozgina ahvol so‘rashiboq, tashqariga chiqib ketardi. Oilamizdagilarning mehmondorchilikka, to‘ylarga, sayllarga galalashib borishi ham taqqa to‘xtagan edi. Dadamda o‘zini odamlardan, gurunglardan olib qochish odati paydo bo‘lganini barchamiz yaqqol sezib turardik.
Ilgarilari hovlimizning ichki yumushlaridan butunlay yiroq bo‘lgan dadam endi goh ketmonni tutamlab bodring sug‘orar, goh sigirga yem qorishga kirishar, goh tog‘orada go‘ng tashib kelib jo‘yaklarning ichiga socha boshlardi. Bir kuni qarasam, hojatxonamizni tozalayapti. Bunisiga chidayolmadim. Borib, ketmonni qo‘lidan olmoqchi bo‘lsam, nari tur, senga mumkinmas, dedi. Og‘ir ishlarni qilish mumkin bo‘lmagan o‘g‘ilchasi, ularga bildirmay, anchadan beri hak-haklab futbol o‘ynayotganidan ota sho‘rlik mutlaqo bexabar edi.
Avvaliga, tanamni zo‘riqtirmaslik uchun darvozabonlik qilib yurgan bo‘lsam, keyinchalik maydonda o‘ynashga o‘tdim. Dastlabki oylarda yarim soatlar yugurmasimdanoq birdan nafasim tiqilib, yuragim bejodan bejo tepishni boshlar, asta chetga chiqib, ahvolimni zo‘rg‘a o‘nglab olardim. Bora-bora, o‘zimni ortiqcha o‘tdan cho‘qqa urmay o‘ynasam, ikki taym yugurgilashga bemalol chidaydigan bo‘ldim.
Soppa-sog‘ emasdim baribir. O‘qtin-o‘qtin ko‘zlarim tinib, boshim aylanib turardi. Ba’zan o‘zimni juda darmonsiz sezardim. Uch-to‘rt marta hatto birdan hushimni yo‘qotganim esimda. Chamasi, bu hushsizlik 5-6 sekunddan oshmasdi; bir kuni men yoqtirgan qo‘shiq yangray boshlaganida, radioning ovozini ko‘tarishga borayotib yana o‘zimni bilmay qolganim; qayta o‘nglanganimda, qo‘shiqning keyingi jumlasi aytilayotganini ilg‘ab, shunday taxminga kelgandim.
Esimni yig‘iboq, o‘zimni qayta tetik his qilardim, lat yeyish tugul, biron joyim shilinmasdi, tanamda hech qanaqa og‘riq sezmasdim. Yaxshiyamki, bu holat har safar uyda yolg‘izligimda, uzoq o‘ylanib yotib yoki ko‘proq o‘qibmi, yozibmi o‘tirib tuyqusdan qo‘zg‘alganimda yuz berar, boshqalar bundan xabarsiz qolardi. Uy vahimaga to‘lmasin deb buni hech kimga bildirmasdim.
Dadam uyda o‘tirib qolgach, ayam ikkovining orasida tez-tez janjal chiqadigan bo‘ldi. Bunaqa paytda buvimiz o‘g‘lining yonini olib, ha, puli yo‘qning o‘ziyam kerak bo‘lmay qoldimi, deya ayamni jerkib berardi. Ayam battardan lovullab, tovushi yetti mahallaga yetadigan darajada sannashga tushardi. Bundan nihoyatda jahlim chiqardi, dadam uyga shartta tortqilab kirib, ovozini o‘chirib qo‘ysa bo‘lmasmikin, deb o‘ylardim. Oxiri: “Bo‘ldi! Baqirmang!” – deya ayamga po‘pisa qilardim.
Ayam ancha-muncha po‘pisani pisand qiladiganlardan emasdi, ovozi pasaygandek bo‘lardi-yu, baribir anchagacha g‘udranib yuraverardi.
Tutunni oliftalanib purkovchi kashandalarga havas qilib, qolaversa, endi bola emasligimni yotlarga ko‘rsatib qo‘yishga urinib, chekishni ancha erta boshlagandim. Revmatizmga chalinib yotganimda, uydagilarning ko‘zi oldida tamaki buruqsatishdan tortinib, bahonada bu o‘pkachaqardan butkul qutulgandek edim. Keyin esa, uyimizdagi ahvoldan ezilibmi, sog‘lig‘im ancha mustahkamlanganidan taltayibmi, oldingidan-da ko‘proq chekadigan bo‘lib boraverdim. Agar, eng arzon hisoblangan maxorka olishga ham pul topolmay qolsam, goh gazeta parchasiga o‘rik xazonini o‘rab, goh oshqovoq palagining quriganini naychalatib chekardim. Bular o‘ta achchiq bo‘lib, shunaqayam yo‘taltirardiki!

O‘ldiradi, tamaki – zahar,
Chekma, deding,
Quloq solmadim.
Chunki, uni chekmasang agar –
O‘lmaysan, deb ayta olmading.
(1973)

Xonim enam chevar edi, qishda paxtali kamzul, yozda kulrang matodan –
pastining va ko‘krak qismining har ikki yog‘ida og‘zi ochiq cho‘ntagi bo‘lgan kitel tikib, Marg‘ilon bozorida sotib pul ishlardi. Ayam Oqbo‘yraga borganda onasiga qaralashib yurib, bu kasbni yaxshigina o‘zlashtirib olgan, azaldan bizga qishlik kamzulni mashinasida o‘zi tikib berardi. Ro‘zg‘orimizdan baraka ko‘tarilgach, kamzul va kitel tikishni boshlab, avvaliga mahalladagilarga tortinib-qisinib sotib yurdi, keyinchalik bozorga olib chiqadigan bo‘ldi. Bozordan qaytishda ikki so‘mka xarajat ko‘tarib kelardi. Bu ishi yaxshi edi-yu, ro‘zg‘orni o‘zi tebratayotganini pesh qilaverishi uydagilarning dam jig‘iga, dam hamiyatiga tegardi.
Lekin, yaqin-yaqinlarda ham boyvuchcha xonim bo‘lib, birovga gapini bermay yurgan ayam endi lampachiroqning xira yorug‘ida ko‘zi qizarganicha tuni bilan kiyim tikib, bularni kim olar ekan deb, bozorda mo‘ltirab o‘tirishini o‘ylaganimda, vujudim uvishib ketardi. Dadamni ko‘p ranjitgani uchunmi, ayamni jon-jonimdan yaxshi ko‘rardim deyolmasam-da, unga juda-juda rahmim kelardi, sal katta bo‘lay, sizlarni o‘zim boqaman, keyin boshqa qiynalmaymiz, deya ko‘ngliga dalda urug‘ini sochishga urinardim.
Bir kuni ayvonda nimadir qilib o‘tirsam, tomorqa tarafdan ayamning tinimsiz bidirlayotgani eshitildi, sal o‘tmay dadam uni tashqiga quvib chiqdi. Ayam kela solib: “Anvarim! Dadangni qara!” – deb, panamga yashirindi. Uyda tartib o‘rnatishga yaraydigan maqomga yetganimdan hovliqib ketdimmi: “Dada! To‘xtang! Nima keragi bor?” – deya tovushimni balandlatib, ko‘krak kerdim.
Dadam taqqa to‘xtadi. Menga bir zum g‘alati tikilib turdi. So‘ng, birdan hovuridan tushib, indamay ortga qaytdi. Ketidan boqib turib, dadamga tuyqusdan ichim achishdi; ayamga chaqchayib yuzlanib, dadamiz bilan hadeb olishavermang, o‘zi bo‘g‘ilib yuribdi, dedim-u, ko‘chaga qarab yo‘l oldim. Yuragim hilviragancha borarkanman, ichimda Tangriga zorlanib-zorlanib yalinishga tushdim:
— E, Xudo, dadamning ishlari tezroq yurishib ketsin…
Ie! Bu qanaqasi? Kambag‘al bo‘lishni qachonlardan beri ezginlanib orzu qilarding-ku? Mana, Xudo oxiri sen nafasing qurg‘urni niyatingga yetkazdi. Endi bu xildagi turmushni ham ko‘r, rohatli joyini qidirib topolsang, yayrab yashayver.
Ha, yayraysan-a! Ha, nolimaysan-a! Xudodan dadangni yana boy qilishni so‘rashga hozir qanday beting chidayapti, bilmadim. Qolaversa, Xudoning borligiga ishonasanmi o‘zing?!

* * *

Bir qaraganda, xudosizlar mamlakatining mafkurasi, barcha bilim maskanlarida hukmron bo‘lmish qizil g‘oya, o‘qituvchilarning, hukumat faollarining uzluksiz tashviqotlari Xudoning yo‘qligini ommaga har tomonlama isbotlab berib, bunga qariyb barchani, jumladan meni ham allaqachon ishontirib ulgurgan edi. Ayrim o‘qituvchilar mullalarning din, Xudo, narigi dunyo haqidagi “uydirma”larini orada xoxolab-xoxolab, mazaxlab-mazaxlab gapira boshlasa, sheriklarimga qo‘shilib men ham yayrab qiqirlardim. Esimda – sakkizinchida o‘qiyotganimizda ayrim qizlar iroqi do‘ppini tashlab, maktabga ro‘mol o‘rab keladigan, darsda yuzlarini peshanasidan pastroqqacha to‘sib o‘tiradigan bo‘lishganda, bir kuni direktor xonaga qo‘qqis bostirib kirib, ularni xattaxta tagiga turgizib qo‘ygach, boshidagi ro‘mollarini yulqib olib, he, musulmonligingdan o‘rgildim, deya turtib-nuqilaganidayam sekingina hiringlab qo‘ygandim.
Yana bir qarasangiz, tuyqusdan mullachaga aylanardim, u dunyoning borligiga, Zuhraxon singlim bilan Homitjon ukam jannatda o‘ynab yurishganiga shubha qilishni xohlamasdim, botinolmasdim, qo‘rqib ketardim. Tontirama, u dunyo bor, ukalaring rohatda yurishgani rost, deb o‘zimni biydalagudek bo‘lardim.
Tayinsiz banda edim, ba’zan xudosizlar onggimga qaytadan ta’sir o‘tkaza boshlasa, “sodda xudojo‘ylar”ning xomtamaligidan ichimda yana kulishga tushardim; ba’zan biron-bir zarurat bois, Yaratguchiga takror yalinishga o‘tardim. Quvonchli onimda Tangriga qulluq qilish xayolimga kelmasdi, og‘ir damlarda mung‘ayib undan ko‘mak izlardim. Sadriddin Ayniyning “Qullar” degan asarini o‘qisam, o‘tmishimizdan ham, din ulamolaridan ham ko‘nglim sovishni boshlar, bor-yo‘g‘i soliqni to‘lamagani uchun bir kambag‘alni so‘ydirib yuboraveradiganlar zulmidan qutqargan bolsheviklarga ixlosim ortardi. Abdulla Qodiriyning “O‘tkan kunlari”ni mutolaa qilsam, Otabek, Yusufbek hoji siymolari qalbimni rom etib, o‘shanga o‘xshash davrda o‘shanday kishilar bilan yashashni, kurashishni istab qolardim, suyukli qahramonimni jangda o‘ldirgan o‘rislar ham, ularning tajovuzchi yurti ham ko‘zimga yomon ko‘rinib ketardi. Mashrab yoki Yassaviyga berilgan chog‘im dilim tubida Xudoga oshiqlik chechaklari nish ura boshlar, ayrim adiblar, ayniqsa, yaydoqi asarlari men uchun o‘ta suyukli bo‘lmish G‘afur G‘ulomning ateistik ruhdagi hajviyalari ularni bir-bir so‘ldirishga tushardi. Zamon Xudoga shaydolanishingga imkon beradigan zamon emas edi. Mavjud muhitning taqazosi bilan o‘z e’tiqodimni o‘zim toptab tashlayotganimni sezmay qolardim. Bir narsaga sira tushunolmasdim – yo men vaziyatga qarab o‘zgarib turardim, yo vaziyat meni ixtiyorimsiz o‘zgartirib qo‘yardi.
Bola-chaqali bo‘lganimdan keyin ham bu “g‘alati arosat” dashti ichra tentirashda davom etaverdim. Bu holat yozgan asarlarimda ham o‘z izini qoldirib boraverdi.
Dunyodagi quruqlikning oltidan bir qismini tashkil etuvchi SSSR atalmish qizil imperiya o‘ramidan Tangri butunlay haydab chiqarilib, bu bo‘shliqning o‘rnini kommunistik partiya yalpayganicha egallab olgan edi. Ruslardagi “Slava bogu” (Xudoga hamdu sanolar) so‘zi o‘rniga paydo bo‘lgan “Slava KPSS” (o‘zbekchaga “KPSSga shon-sharaflar” deb o‘girilgandi) iborasi sovet xalqi uchun sajda ifodasiga aylangandi. Tag ma’nosi chuqur bo‘lsa-da, so‘zma-so‘z tarjimada “Olloh nomi bilan” degan mazmun kasb etuvchi “bismillo”ning ham mohiyati o‘zgartirilib, qizillar vaqt tig‘izligida sinfiy dushmanlarini sud qilib o‘tirmay, “Inqilob nomi bilan” deya joyida otib tashlashi odat tusini olgandi. Qishlog‘imizda to‘qilgan bir latifaga ko‘ra, kompartiya safiga qabul qilingan Bolta qassob qo‘ylarni endi “bismillo” aytib emas, “Inqilob nomi bilan!” deb so‘yishga o‘tgan ekan.
Kompartiya Xudoga aylantirilgan bo‘lsa, uning payg‘ambarlari ham bormidi, dersiz. Buningsiz ish bitarmidi? Bor edi albatta. Ular ishchi-dehqonlar hokimiyatining asoschilari, xudosizlar jamiyatining g‘oyaviy yetakchilari hisoblanmish Marks, Engels, Lenin, Stalin to‘rtligidan iborat edi. Yigirmanchi asrning oltmishinchi yillarida saltanat sarvari Xurushchyov Stalinni qoralab tashlagach, payg‘ambarlar soni uchtaga tushdi, keyinchalik gapni maydalab o‘tirmay, marksizm-leninizm deyishga o‘tildi.
Ulg‘aya borib, qalamim ancha pishib, yetmishinchi yillarning so‘ngrog‘ida bitilgan “Alamazon va uning piyodalari” nomli qissamda “Eshakning parvardigor bo‘lgani” degan bob bor edi. Unda bolaligida eshakni bilmay emib qo‘ygan Madumar podsho bo‘lgach, bu isnoddan qutulish uchun eshakni xudo deb e’lon qiladi, o‘zi esa payg‘ambarga aylanadi. Bu bilan men Xudoni emas, yangi xudo yasaganlarni ermaklaganim oydek aniq ko‘rinib tursa-da, mustaqillikdan keyingi qayta nashr chog‘ida noshir do‘stlarim: “Eshak xudo bo‘lganini boshqacha qilib o‘zgartiring, ruhoniylar buni baribir noto‘g‘ri tushunishadi”, deya oyoq tirab olishdi. Oxiri “xudo”ni “dohiy” deb o‘zgartirishga rozi bo‘ldim. Aslida, tarixiy haqiqatni ifodalovchi lavhalar qanday bitilgan bo‘lsa, o‘shanday turgani ma’quldek edi.
Xayolimdan kechganini qog‘ozga shundayicha tushirishga o‘rganganman. Buni o‘qigan odam qanday o‘yga borishi mumkinligi to‘g‘risida azaldan ortiqcha bosh qotirmasdim. Yoshligimda yozgan she’rlarimdan birida joynamozda o‘tirgan kampir erta vafot etgan choli va urushda shahid bo‘lgan o‘g‘lini qo‘msab, u dunyoda diydor ko‘rishish umidida, tangridan o‘ziga o‘lim tilayotganini bayon etganman. Bir munaqqid bunga munosabat bildirib, kampir hayotda moddiy qiynalib yurgan bo‘lsa, bu boshqa gap, faqat birovni sog‘ingani uchun odam o‘ziga o‘lim tilashiga hech kim ishonmaydi, degandi. O‘tkinchi bu dunyoning asosiy lazzati nimaligini chuqur idrok etib ulgurgan, ulardan ayrilib qolsa, o‘sha lazzatga abadiy dunyoda tezroq yetishish istagida yoniqib yashayotgan kimsaning topilishiga biz ishonmasak, Xudo ishonadi, deb javob qilgandim unga.
Abdulla Qodiriyning Kalvak maxzumini u dunyoga eltib, do‘zahdagi hangomalari haqida turkum hajvlar yaratganman. Ayrimlarga bunisi ham erish tuyuldi. Vaholanki, ateizm shundoqqina buruqsab tursa-da, bu asarimda zamonaning ba’zi illatlarini fosh etishga, senzuradagilarning ko‘zini shamg‘alat qilishga urinib ko‘rgandim. Keyinroq, aynan o‘sha Kalvak maxzum qiyofasida endi shoirga aylangan Gulmat ham shu yo‘ldan borib, o‘z g‘azallarida xalqimizning bugungi dardlarini cho‘qilab-cho‘qilab izhor qilishga tutindi.
Qirchillama yigitlikdagi yana bir she’rimda jannatga tushuvchi yaxshilar qatorida do‘zax huvillab qolmasin deya yomon odamlarni ham yaratib qo‘ygani bois Tangridan “o‘pkalanib”, bu “xato”ni to‘g‘rilash uchun xudolikni menga bir kunga berib turishini so‘raganman. Sochim oqqa belangan davrimda esa, bu boradagi tasavvurimni boshqacha ifodalagan edim:

“Kir” deb kulsa “qora”lar “oq”ni,
Sabrim tugab bu chalkashlikdan,
Bir kungina Xudo bo‘lmoqni
Orzu qilgan edim yoshlikda.

Yillar o‘tib angladim, har kas –
Sinalar baxt yoki jabrda.
Ha, Ollohga teng kelib bo‘lmas
Hech narsada, hatto sabrda!
(2003)

Yorug‘ olam deb atalmish Yer kezg‘ichi o‘z mehvaridan chiqib ketmay, odamzotni bag‘rida hamon e’zozlab boqayotgan ekan, buning eng asosiy sababi shu – Olloh juda sabrli, Olloh juda kechirimli!
Dadamning tengdoshi, uzoq yillar mahalla sartaroshi bo‘lgan Orifjon tog‘a qarigan chog‘ida uyida eskicha maktab ochib, besh-oltita bolani hech qanaqa haq olmasdan xufiyona o‘qita boshlagani biz qo‘shnilarning ko‘pchiligimizga ma’lum edi. Yon-atrofda yashovchi ayrim “itquloq”lar bu haqda kerakli joyga chaqimchilab, g‘alva chiqarishar, picha muddat to‘xtagach, darsxona o‘z ishini yana davom ettirardi. Maktabdan tashqari, dala shiyponlarida, turli yig‘inlarda ma’ruza o‘qib, ommani xudosizlikka chorlovchi ateist o‘qituvchilardan uch-to‘rttasi bir kuni Orifjon tog‘ani ko‘chada, mahalladagi qariyalar vakillari davrasida tergab turganining ustidan chiqib qoldim. O‘shanda tuman gazetasida ishlardim. Davraga qo‘shilib, gapning tagiga yetsam, bu yerda tahsil olayotgan bolalar maktabga kam qatnaydigan, borsa ham, “onggi zaharlangani” sababli, dunyoviy bilimlarga uncha qiziqmaydigan bo‘lib qolishayotgan ekan. Bu odam katta mulla emasligi, dinni chuqur targ‘ib qilishga bilimi yetmasligi, bolalarga shunchaki arabcha harflarni o‘rgatib yurganini aytib, xavfsirashga arzimaydi, dedim. Ta’qib etuvchilar bu gapdan yumshab, g‘irt chalasavodligini o‘zimiz ham bilamiz, lekin baribir bola o‘qitishi noto‘g‘ri, deb, “mudarris”ni qattiq ogohlantirganlaricha tarqab ketishdi.
Menga ilgaritdan shirinso‘z bo‘lgan, Bahrom eshon bobomizning ismini doim hurmat bilan qayd etadigan Orifjon tog‘a sal bo‘lsa-da yonini olganimdan xursand bo‘ldimi, yo Xudoning oldida yorug‘roq yuz bilan yashashimni tiladimi, ko‘zimga iltijoli boqib, hech yo‘q o‘tgan-ketganlar haqiga tilovat qilishni o‘rganvol, jon bolam, dedi. Buni bilaman, desam, ishongisi kelmay, ko‘zimga sinchikovlanib tikildi. So‘ng, ishonch hosil qildi shekilli, bundan go‘yo cho‘ntagiga naqd daromad tushadigandek : “E, xayriyat! E, barakalla!” – deb quvonib ketdi.
Islom gullagan davrlarda xilvatda katta gunohlarga qo‘l urib, tangrisiga xiyonat qiladiganlar topilib turganidek; din oyoqosti bo‘lgan bu zamonda, panada yurib bo‘lsa ham, Ollohga xolis va fidoyilarcha xizmat qiluvchilar oz emas edi.

MAKTABDAN QUVILISH ARAFASIDA

Odam bo‘loyin desang, o‘g‘riliq
qilg‘il – kitob o‘g‘irla!
Gulmat SHOSHIY

Bugun kechagidan ancha ulg‘ayib qolgandekman-u, ammo tuyg‘ularimning mo‘ltiroqligi haliyam o‘sha-o‘sha edi: kambag‘allashgandan kambag‘allashib borayotganimizga qaramay, begonalar menga rahmi qo‘zigan siyoqda muomala qilishga negadir shoshilmayotganidan qattiq taajjubga tushardim. Hech vaqomiz qolmaganiga bular haliyam ishonmayapti shekilli, deb o‘ylardim.
Yo‘qsillar qatoriga tushib qolganimizga goho o‘zimning ham inongim kelmasdi. Ba’zilar bezrayib boqib: “Dadang ko‘mib qo‘ygan tillolarini qachon ishlatadi?” – deb pisandalasa, dadamning chindan ham ko‘milgan oltinlari bo‘lsa-ya, balki bu qama-qama zamonda ularni pullashdan qo‘rqib yurgandir, degan umid uchqunlar edi ko‘nglimda.
O‘rtoqlarim bilan sang‘ib yurib, goho tuman markaziga borib qolardik. Rohatdan tarvaqaylaganicha muzqaymoq yalab yurganlarni ko‘rsam, ayamay do‘pposlab, qo‘lidagini yulib olgim kelaverardi. Har gal albatta kitob do‘koniga kirardim, ko‘zimga issiq ko‘ringan yoki birovlardan ta’rifini eshitgan kitobni sotib olishga pulim yetmasa, bu hol “shaydosiga bevafo” muzqaymoqning kuydirgisidan ham oshib tushardi.
Bir kuni Xolis opamning sinfdoshi, Hadicha otinning farzandi bo‘lgani uchunmi, nihoyatda adabiyotsevar, zehni o‘tkir, yoshiga nisbatan o‘ta keng fikrlovchi oshnam Abdusalom bilan kitob do‘koniga birga kirdim. Qandaydir kitob ikkovimizga ham yoqib qoldi.
— Shuni qarzga olib bering, qo‘limga pul tushsa uzilishib ketarmiz, — dedim yoshi ulug‘roq oshnamga yalinib.
Abdusalom kitobni sotib oldi. Tashqariga chiqqanimizda uni menga tutqazdi-yu, ko‘ylagining pastga osilib turgan etagini ko‘tarib, cho‘zmali shalvarining qatidan yana bitta xuddi shunaqa kitobni sug‘urdi.
— Bunisini o‘g‘irladim, — dedi u, hozirgina poshshoning xazinasini o‘marib chiqqan Bag‘dod o‘g‘risidek tamtamlanib. – Unisi senga tekin bo‘laqolsin.
Iy-ye, yo‘li borakan-ku! Shu narsa oldinroq kallamga kelmaganiga dog‘man! Axir, qutichaning zulfini birov bilmaydigan tarzda sug‘urib qand o‘g‘irlash, dadam uxlayotganda cho‘ntagini yengillatish, bog‘larning devoridan oshib tushib, egasiga sezdirmay meva o‘zlashtirish bo‘yim to‘rt qarichligidan buyongi eski kasbim-ku. Olg‘irlikning nimasi qiyin ekan? Qulay fursat poylashni, talvasalanmay harakat qilishni, ish bitgandan so‘ng hech narsa bo‘lmagandek g‘irmayib turaverishni uddalay olsang – olam guliston.
O‘shandan boshlab, do‘kondan kitob o‘g‘irlash bobida malakam oshib boraverdi. Bir kirishda to‘rttagacha kitobni ustidan ko‘ylagim etagi solinchoqlanib turuvchi shalvarimning cho‘zmasiga qistirib chiqqan kunlarim ham bo‘ldi. Do‘konchini chalg‘itish, xavfni kamaytirish uchun bitta arzonrog‘ini qo‘limda varaqlab kelib, odob bilan suzilganimcha haqini to‘lardim. Doimiy mijozlardan biriga aylanganim tufaylimi, oxirating obod bo‘lgur do‘konchi o‘z talonchisini har safar do‘stona jilmayib qarshi olardi.
Parallel sinfda behad beboshligi bilan dovrug‘ qozongan A’zam va Asqar ismli bolalar bo‘lardi. A’zamning traktorchi otasi barvaqt vafot etib ketgan, Asqar esa nogiron otasining yo‘rig‘iga kiravermasdi. Ularni bir-biridan yaqqol farqlab turadigan tomoni shu ediki, A’zam tezob, shoshqaloq, Asqar bosiq va kamgap edi.
Ikkovi ham o‘z sinfida birovdan past kelmasa-da, men bilan olishmas, haddida turib, hurmat bilan muomala qilishardi. Ular bilan ancha yaqinligimni bilib, ba’zi o‘qituvchilar, bulardan uzoqroq yur, ikkovi ham qing‘irqo‘l, deb shipshitishardi menga. Aslida, bu ikki shumtaka goh sinfdoshlarining qalam-daftarini, goh maktabga tegishli u-bu buyumlarni o‘g‘irlab, ko‘p dakki yeb yurgani, doim shubha ostida ekanliklari ko‘pchiligimizga ilgaritdan ayon edi. Ayniqsa, A’zam Makarenkoning vojatiylar xonasida turadigan kichik bronza byustini, yap-yangi radioni eplashtirishda gumon qilinayotgan kunlarda alohida tilga tushgandi. Darslar tugagach, hammadan orqada qolib, maktabni qo‘yni do‘mpayganicha tark etganini qorovul Mamazokir buva qancha kuyunib takrorlamasin, bu aybni hech kim A’zamning bo‘yniga qo‘yolmagandi o‘shanda. Keyinroq, kimningdir yo‘qolgan velosipedini ham anchagacha shu ikkalasidan ko‘rib yurishdi.
Qimorbozlik, maishatbozlik, ishqbozlik, itbozlikka o‘xshab o‘g‘rilikning ham o‘ziga xos gashti, kayfi bor. Bu jarayondagi kechinmalardan keyin o‘z ucharliging, chechanliging, dangalligingdan qoniqib g‘ururlanmoqlik va qilmishlaringni eshitganlarning hayratiga sazovor bo‘lmoqlik lazzati, xuddi sharob yoki tamaki singari, o‘ziga xumor qilaveradi. Qing‘ir ishlaring jazosiz qolgani sayin, burning ko‘tarilib boraveradi, hatto zarurat tug‘ilmagan chog‘da ham, shunchaki gasht olmoq istagida, chakkibosarlik qilging kelaveradi.
Lekin, kishi astoydil izlansa, har qanday bema’ni ishga ham biron-bir zaruratcha o‘ylab topishi mumkin. Menda ham shunday holat zohir bo‘lib turardi. Masalan, bir kuni ko‘nglimda yirik zarurat ko‘pchilanib, ishni maydalab o‘tirmay, to‘p-to‘p yaxshi kitoblarga bir yo‘la ega bo‘la qolsam-chi, deb o‘yladim-da, harqalay bu sohada tajribalari bor deya, A’zam bilan Asqarni ko‘pdan buyon faoliyat yuritmay kelayotgan kolxoz kutubxonasi sari yetakladim. Ikkovi binoning atrofida qorovullik qilib turishdi, men derazaning ochiq qolgan yeltuynugidan ichkariga kirib, yoqtirgan kitoblarimni, shaxmat taxtasini tashqariga bir-bir uzataverdim. Uchchalamiz bir qo‘ltiq-bir qo‘ltiq kitob bilan qorong‘i tushayotganda bizning uyimiz tomonga qaytdik. Uydagilarning tergovidan hurkib, tomorqa tarafdagi devordan oshib o‘tdim, kitoblarni va shaxmatni molxona yonidagi poyalar g‘arami orasiga yashirdim; ertasiga ikki-uchtadan tashib chiqib, kiyim shkafining tag qismidagi sandiqchaga joyladim.
“Zarurat” bahona bo‘lgan ikkinchi misolni aytsam, bir kuni Avazbek ukam qo‘shni bola bilan tashqimizda o‘ynayotib, uning o‘yinchog‘ini talasha boshladi. Qo‘shni bola arazlab chiqib ketgach, Avazbek: “Mengayam avtobuscha olib bering! Avtobuscha olib bering!” – deb yig‘laganicha dadamga tirmashdi. Dadamning: “Bo‘pti, magazinga borsam, opkelaman”, degan so‘zi, menimcha, yetarli edi, biroq narida turgan ayam ham gapga suqulib: “Vag‘illama! Dadang qaysi puliga olib berarkan?” – degani o‘rinsiz bo‘ldi. Ukam battardan yig‘lay boshlaganini, dadam nima deyishni bilmay, jovdirab qolganini ko‘rib, ko‘ksim jizilladi. Kechki payt endi A’zam bilan Asqarni kolxozga qarashli bolalar bog‘chasiga boshlab bordim, ular yana poyloqchilik qilib turishdi, men qulfsiz eshikdan ichkariga kirib, o‘yinchoqlarni o‘marishga tushdim. Baxtimga desangiz, ukam o‘rtog‘i bilan talashgan avtobuschadan ham bor ekan, birinchi navbatda o‘shani qo‘ynimga tiqdim. Eshikdan sal naridagi daraxt ostiga qo‘yilgan krovatda pishillab uxlayotgan qorovulning yonidan oyoq uchida o‘tib, sheriklarimning oldiga keldim, o‘zimga faqat avtobuschani olib qolib, bular – ukalaringga, deya boshqa o‘yinchoqlarni ikkalasiga taqsimlab berdim.
Qaytgach, ukamni quvontirishga shoshilmay, avtobuschani chetga yashirdim, ertasi kuni nonushtadan so‘ng uni sekin ko‘chaga olib chiqib, suvga pishdim-da, yana ortga qaytdim. Ho‘ Avazbek, mana, senga avtobuscha, deb o‘yinchoqni ko‘zlari quvonchdan yonib ketgan ukamga uzatarkanman, ochiq derazadan mo‘ralagan ayamga qarab, buni ariqdan tutib oldim, shildirab oqib keldi, deya izoh berib qo‘ydim.
Qaniydi, ariqda pullar oqib kelsa, deb o‘ylagandir ayam o‘shanda.
Endi bitta galaning a’zolarimiz degan xulosaga borishganmi, gohida A’zam bilan Asqar o‘zlarining turli mayda qilg‘iliklariga meni ham jalb eta boshlashdi. Bir kuni A’zam, qo‘shnim qovunini qo‘riqlab, bola-chaqasi bilan daladagi kapada yashayapti, uyini bir titkilasak-chi, deb qoldi. Bordik. Uyga kirdik. Uy ichidagi tartibsizlik, qo‘lga ilinadigan tuzukroq narsa yo‘qligi A’zam bizdan oldin ham bu xonani yaxshilab paypaslab chiqqanidan dalolat berib turardi. Titkilanib-titkilanib, nihoyat, buyum desa degudek ko‘ringan qo‘ng‘iroqli soatni oldik, piyoda temiryo‘l stansiyasiga borib, bozorchaga kirdik. Sen botirroqsan, soatni ho‘ anavi attorga o‘zing pullayqol, deb meni mug‘ambirona avrashdi sheriklarim. Borib arzonginaga pullab keldim, topganimiz uchta muzqaymoqqa zo‘rg‘a yetdi.
Bularni eslaganda, ba’zan o‘ylanib qolaman – bu o‘g‘rilikmidi, sho‘xlikmidi? Xoh o‘g‘rilik bo‘lsin, xoh sho‘xlik bo‘lsin, shunday davom etaversa, yo‘lim oxiri qayerga borib taqalgan bo‘lardiykin?

* * *

Hanuz she’rlar bitib turardim. To‘porigina mashqlarimda ishq mavzusi tobora kengroq joy egallab borar, bularni yozayotganimda daftarimning varag‘idan tutun ko‘tarilayotgandek, sal o‘tmay lov etib yonib ketadigandek tuyulardi ba’zan. Buning sababi bor edi – qizlarga iliqishga qattiq ruju qo‘ygan davrim edi bu. Qog‘ozda chin sevgini, vafoni, sadoqatni sharaflardim-u, amalda esa, qizlar biri biridan chiroyli ko‘rinib, o‘zimni u guldan bu gulga urardim, qay birida qo‘nim topishni bilmasdim. Go‘yo eng yaxshilarining bari faqat meniki bo‘lishi shartdek.
Xonlarimiz bekorga haram qurdirmagan ekan-da. Sho‘rliklarni o‘pichbozlikda ayblayverishdan oldin, totli-totli xayol surib, o‘zimizni loaqal biror marta ularning o‘rniga qo‘yib ko‘rishimiz kerakka o‘xshaydi-yov.
Tunlari Q. xonni ezilib-ezilib o‘ylardim, uning hamma ko‘rinishi, hatto ko‘zlarining qanday qiyalashi-yu, lablarining qanday jimirilishigacha xotiramda qayta-qayta jonlanardi; J. xonni shartta qopga tiqib, kimsasiz tog‘larga olib qochgim kelardi; goho erinmasdan ikki mahallani bosib o‘tib, qo‘shni maktabda suluvligi bilan dong taratgan A. xonning xonadoni yonida och kuchukchadek g‘ingshib yurardim.

Afsus,
Hozir yonimda
Bitta tannoz oyim yo‘q.
Mayda-chuyda gunohdan
Qo‘rqadigan joyim yo‘q.

Tun qo‘ynida
Hislarim
Sochar ishqiy shu’lalar…
Uxlar quchib enasin
Nodon oyimtillalar.
(1980)

Ba’zan maktabda juda ozchilikni tashkil etuvchi ayol o‘qituvchilarga ham tagdor gaplar otar edim, yengil-yelpi tajovuzlar qilishgacha borib yetardim. Dam ruchkamni ataylab polga tashlab, partaning ostiga bosh suqardim va kimyo-biologiyadan dars beruvchi Kidrachyovaning oppoq oyoqlarini berilib tomosha qilardim; dam maktabdagi qizlarga qo‘llab turadigan rohatbaxsh qilig‘imni ishga solib, ro‘molchamdan ip sug‘urardim-da, chet tilini o‘rgatuvchi oltin sochli muallimamiz Gudilinaning ortidan borib, biqinini siypalardim, o‘qrayganicha cho‘chib o‘girilsa, kiyimingizga yopishib qolibdi, deya qo‘limdagi ipni ko‘rsatardim. Pionervojatiymiz Umerovaning ketiga shapatilab qochganimdan so‘ng katta g‘alva chiqib, bu hol shaxsan direktorning faxriy tarsakisini yeyishdan tashqari, komsomolga qabul qilinmasligimga ham asosiy sababchi bo‘lgandi.
Xulqim kun sayin buzilaverdi, erkak o‘qituvchilardan ham tap tortmaydigan bo‘lib borayotgandim. Paxta terishga chiqqanimizda, fizkultura o‘qituvchisi O‘ktam aka bilan olishib qoldim. U polvonligini namoyishlab, bo‘g‘zimdan ushlaganicha yerga ag‘darganida, ko‘ziga tuproq sochib, to o‘zini o‘nglaguncha, uni kuchukpiypalash qilishga tushdim. Agar brigadir Imar qirg‘iz meni ayovsiz shapaloqlab ajratib olmaganida, yoqalashuv nima bilan tugashi noma’lum edi.
O‘zi shundayin ham maktabdagi “qora ro‘yxat”ning tepa qismidan joy egallab kelayotgandim, o‘qituvchiga qo‘l ko‘tarishga borib yetganim, nihoyat, barchaning sabrini to‘ldirdi, sinfimizda direktor va uch-to‘rtta o‘qituvchi ishtirokida bo‘lgan yig‘ilishda meni maktabdan haydashga qaror qilindi.
— Sizga bitta iltimosim bor edi, — deb direktorga mung‘ayib boqdim. – Sakkizinchini shu yerda bitirvolay, keyin o‘zim yaxshilikcha boshqa maktabga ketaman.
Direktor savol nazari bilan qaragach, muallimlar picha o‘ylanib qolishdi, past tovushda o‘zaro maslahatlashishdi, so‘ng menga qarab, esingda tursin, o‘g‘il bolaning gapi bitta bo‘ladi-ya, degan so‘zni alohida ta’kidlagan tarzda iltimosimni qondirishdi.
Kim nima desa desin-u, kelishsa bo‘ladigan yaxshi odamlar bu olamda baribir ko‘p.

SALOM BЕRDIK, SHAHARVOY!

Majburan harf tanitmoq – madaniy hol, shundan keyin ham bolani o‘z bilganiga qo‘ymaslik yirtqichlikdir.
KULKUL afandi

Farg‘ona shahridagi To‘qimachilar shaharchasida yashovchi Shafoat ammamning to‘ng‘ich o‘g‘li Mashrab bilan deyarli tengdosh edik, sensirab so‘zlashardik. Bolalikda ba’zan ammam uni biznikiga tashlab ketsa, ba’zan men ham ularnikida besh-o‘n kun turib qolardim. Shaharda “neujeli”, “vot eta da”, “davay”, “nu pasmatri”ga o‘xshash o‘rischa iboralarni, biri “pasho‘l” bilan boshlanib, biri “mat” bilan tugaydigan so‘kishlarni alohida yutoqilanib o‘rganardim, qishloqqa qaytgach, o‘rni kelsa-kelmasa, pala-partish qo‘llashga tushardim.
Menga o‘xshab sakkizinchi sinfni bitirgan Mashrab yozgi ta’tilda biznikiga kelib, uzoq turib qoldi. Bir kuni gapdan gap chiqib, maktabdan haydalganimni aytdim. Buni eshitiboq, unaqa bo‘lsa, Farg‘onaga borib, men bilan birga o‘qiyqol, deb qistay boshladi. Nima deyishni bilmadim. Ammam uni olib ketishga kelganida, Mashrab yana shu to‘g‘rida gap ochdi.
— Shunaqa qilaqolaylik, aka, — dedi ammam, dadamga yuzlanib. –
Mashrabning o‘qishlari juda yomon. Anvarga qo‘shilsa, birga dars tayyorlab yurib, sal odam bo‘larmidi…
O‘sha yilning kuzidan e’tiboran Farg‘ona shahridagi 11-maktabning kechki bo‘limida to‘qqizinchi sinfda o‘qiy boshladim. Menga sherik bo‘lib Mashrab ham kunduzgidan kechki bo‘limga o‘tdi. Kechkida o‘qiy boshlashimizning sababi – to‘qimachilik kombinatida ko‘p yillar masterlik (uskuna sozlovchisi) qilgan, yaqinginada pensiyaga chiqqan Qosimjon opog‘dadamiz ikkalamizni ham shu joyga ishga kiritib qo‘yishni ko‘zlagandi, lekin korxonadagilar hozircha bo‘sh o‘rin yo‘q, degan bahona bilan gapni cho‘zib yuraverishdi. Orqavarotdan eshitishimcha, birinchidan, mahalliy millat vakillarini bu serpul joyga yaqinlashtirmay, asosan o‘rislarni qabul qilisharkan; ikkinchidan, biz hali o‘n sakkizga kirmaganimiz uchun, qonunga ko‘ra, sakkiz soat o‘rniga olti soat ishlashimiz kerakligi rahbariyatga yoqmas ekan.
Baribir bekor qolmadik. Kunduzi G‘aybulla qassobning do‘koniga borib, go‘sht maydalashda, sotishda unga ko‘maklashardik. Qaytishimizda qassob qo‘limizga ozginadan go‘sht tutqazardi yoki pul berardi. Bu do‘konda ko‘p muddat muzlatqichli omborlarda saqlangan, odamlar “davlatning go‘shti” deb ataydigan etidan suyagi ko‘p go‘sht sotilar, bahosi bozordagidan qariyb ikki baravar arzonligi bois, xaridorlarning keti uzilmas, bir kunda loti-yettita qo‘y yoki ikki-uchta molning tanasidan urvoq ham qolmasdi. Shaharliklarga solishtirganda, juda kambag‘alchilikda yashovchi qishloqilarga nega shunaqa arzon go‘shtlarni eltib sotishmaydi, deb hayron bo‘laverardim. Boshqa yoqdan qaralsa, “bismillo” bilan so‘yilmagan deb, o‘zbeklarning bir toifasi “davlatning go‘shti”ni yemas edi.
Mashrabning azaldan o‘qishda qoloqligini, sinfdan sinfga zo‘rg‘a ko‘chib yurishini uyidagilar yaxshi bilardi, maktabdan qaytsak, unga gapni isroflab o‘tirmay, ammam nuqul mening qanday baholar olganimni surishtirardi. Ba’zan ko‘zimga sinovchan boqib, bu duvonaxon rostdanam o‘qishga boryaptimi, deya Mashrab tomonga ishora qilib qo‘yardi.
Ammamning xavotirida jon bor ekan, dastlab darslarga muntazam qatnashib yurgan Mashrab, biror oylardan so‘ng ora-sira keladigan bo‘ldi, qishga borib, maktabni butunlay yig‘ishtirib qo‘ydi. Kitob-daftarni ko‘tarib, uydan birga chiqsak-da, sal naridayoq yo‘limiz ayri bo‘lardi, u kechalari G‘aybulla qassobnikiga borishni odat qilib olgan, qartada qimor o‘ynashga tobora berilib ketayotgandi. Maktabdan qaytishda yo‘l-yo‘lakay uni qartaxonadan chaqirib olardim, o‘yin tugamagan bo‘lsa, birpas tomoshabinlik qilardim. G‘aybulla qassob meni ishqovlab, qarz berib turaman, ke, o‘yna, desa, ko‘nmasdim. Uyda, bir-ikki tiyindan tikib, Mashrab bilan o‘ynasam, ko‘proq mening qo‘lim kelardi.
G‘aybulla qassobnikida qimordan tashqari, ichkilikbozlik ham bo‘lar, “tarozi tagi”dan tekinga qolgan go‘shtlarning bir qismi qozonda doim qaynab turardi. Mashrabning hadeb mast qaytaverishi uyidagilarni tashvishga solib, mendan sababini so‘rashsa, maktabda bir-ikkita araqxo‘r bor, shular ichkizib qo‘yadi shekilli, deb tag‘in yolg‘on gapirardim. Kechki maktabda yoshi o‘ttizning atrofida bo‘lgan “eski sirqindilar” ham o‘qishligini bilishgani uchun, bu so‘zimdan hayratlanishmas, piyonistalardan chetroqda yur, deb Mashrabni jerkishdan nariga o‘tishmasdi. Yolg‘iz qolganimizda, bu qiliqlaringni to‘xtatmasang, oxiri opog‘dadamga aytib beraman, deb ogohlantirardim Mashrabni.
Unga ortiqcha qattiq tegisholmaganining sababi – Mashrab bu davrda salkam yuz kilo tosh bosar, tanimaganlarga yigirma besh yoshlardagidek ko‘rinuvchi “qo‘tosbotir”ga aylangan, ota-onasiga ham qo‘rslik qilishdan toymaydigan kepatada edi. Bu barzangining yonida yursam, o‘rtancha ukasiga o‘xshab qolardim.
Mashrab juda mushtlashqoq edi. Mast kelayotganini ko‘rsa, ko‘chadagilar o‘zini panaga urishga oshiqardi. Agar, kim bilandir yoqalashishni boshlasa, bu hududchadagi eski kuzurlar asta-sekin bo‘ribosarga aylanayotgan to‘lpoq kuchukchaning olishuvini chetdan jim kuzatib turishar, oxirida yaxshilik bilan ajratib qo‘yishar, har ehtimolga qarshi iliq munosabatda bo‘lib yurishardi. Begonalar tugul, o‘rtoqlari, ulfatlari ham undan bezillab turishiga qaramay, yoshlikdan tepalashib o‘sganimiz uchunmi, unga hanuz pisandsiz muomala qilardim, jig‘iga tegishdan cho‘chish xayolimgayam kelmasdi.
Shu asno, Mashrabboy haddidan oshib boraverdi. Saltanatning “oqsuyak”lariga aylanib qolgan o‘rislarga alohida hurmat bilan qarash hamma joyda odat tusiga kirgan, hatto ko‘chada tentiraklab yurgan piyonistasining mushugini pisht deyishga ham har kimning haddi sig‘avermasdi. Mashrabga esa millatning farqi yo‘q edi, oddiyroqlari u yoqda tursin, bu o‘ramning “kattaog‘iz”laridan sanalgan o‘ris pivofurushni ham tap tortmay do‘pposlayverardi. Mahalliy mirshablar bu to‘polonlarni ko‘rmaganga olar, mabodo kimdir arz qilsa, Mashrabni sekin chetga yetaklab o‘tib, pand-nasihatlar bilan qo‘yib yuborishardi yoki uyiga tashlab ketishardi.
Mirshablar undan qo‘rqishardi deyolmayman. Bir gal uni mayda bezorilik uchun o‘n-o‘n besh kunkecha (sutka)gacha qamab qo‘yish mumkin bo‘lgan “hushyorxona” deb ataluvchi vaqtinchalik izolyatorga ham sudrab borishgan ekan, lekin Farg‘ona qamoqxonasining dovrug‘i baland boshlig‘i, ammamlarga devor qo‘shni bo‘lgan Melnik (uni ded Lyonya derdik) shaxsan o‘zi kelib qutqarib olgach, ularning hovuri pasayib, kaltaqo‘llikni his qila boshlagandi, chamasi.
Shaharda yanayam erkin, yanayam bexavotir yashayotgandek edim. Zo‘rning qadrdoni bo‘lsang, sening ham zo‘rliging shu, unga tegolmaganlar senga ham tegolmaydi.
Odamlar orasidagina emas, dunyo mamlakatlari o‘rtasidagi munosabatlarda ham aynan shu manzara uchrab turarkan. Buni keyin bildim.

* * *

To‘qimachilik kombinati boshliqlari shu joyda o‘ttiz yildan ko‘proq ishlab pensiyaga chiqayotgan Qosimjon opog‘dadamizga himmat ko‘rsatib, korxona xodimlari uchun qurilgan yangi uylardan birini unga tortiq qilishgandi. Tojixon va Matlubaxon degan qizlarini kuyovga uzatib olganlari bois, oilada ulg‘ayib kelayotgan Mashrab, Mahmudjon, Muhabbatxonlar bilan yashash uchun sakkiz so‘tix hovlidagi to‘rt xonali shu uy yetarli deb o‘ylab, ikki mahalla naridagi o‘n to‘rt so‘tixli eski hovlini sotib yuborishgan edi. Natijada, umr bo‘yi oylikka tayanib kun kechirgan xonadonning sandig‘iga ilk bor ulgurji pul tushib, tirikchilik ancha yaxshilanib qolgandi.
Asli polosonlik bo‘lgan opog‘dadamiz nihoyatda bag‘ri keng, odamijon kishi edi. Ayniqsa, choyxonapalovga chiqib sal shirakayf kelganida, goho Mashrab ikkovimizni uyning katta xonasiga olib kirib, kurash tushirardi. Ayiqpolvonning panjasiga ilinib qolsam bas, meni yerga ko‘ttarib urardi. Oshnam kuchli edi-yu, bitta kamchiligi bor edi – bir zumda hansirab qolardi. Charchaganidan foydalanib, biror marta yiqitib qo‘ysam, opog‘dadam o‘g‘liga qarab: “Heh-heh-he, baribir haliyam sal po‘kliging bor”, deb kulardi.
Opog‘dadam bilan suhbatlashgan sayin, tobora unga mahliyolanib, og‘zidan ko‘z uzolmay qolardim. Qadimda bo‘lib o‘tgan turli voqealarni – Mullato‘ychi hofiz yangi tanilganida, qo‘shig‘i yozilgan lappak bozorda bo‘rdoqi qo‘yning bahosiga chiqqani; xonqizlik Qo‘chqor “o‘g‘ri”ga o‘xshab, polosonlik Qoravoy qo‘rboshi ham “bosmachilik” tugatilganiga qaramay, keyinchalik dam kommunistlarni, dam tuzum faollarini chekka-chekkada bo‘g‘izlab, uzoq vaqt yakka kurashib yurgani, rayon markazidan kelgan bir militsiya xodimi Mozortagida yig‘ilish o‘tkazib, bu qaroqchiga yordam berganlar qattiq jazolanishini e’lon qilib turganida, u Ko‘ktil ota maqbarasining eshikchasidan chiqib kelib, ma’ruzachini otib tashlagani; lashkarboshi Madaminbek dushmanlarni qayerlarda qanday qiyratgani, bir gala qizil askarlar Shohimardondagi qabristonda yoqib yuborilgani; o‘zining otasi Ismoil chitfurush Marg‘ilondan otda qaytayotganda, Oqbo‘yradagi temiryo‘l yonida kimlardir uni talab, o‘ldirib ketgani kabilarni marjonga tizib-tizib so‘zlardi.
Polvonlar haqida ham ko‘p narsa bilardi. Bir kuni andijonlik polvon yigit Oltiariqqa kelib, o‘ziga taraf bo‘lganlarning barini bir-bir yiqitibdi. Uni mehmon qilgach, kuzatib qo‘ymoqchi bo‘lishsa, Oltiariqdek joyda zo‘r polvon topilmasligiga ishonmayman, birov meni yiqitmaguncha bu yerdan ketmayman, deya choyxonada yonboshlab yotaveribdi. Oshxo‘rlikda Oltiariq qishlog‘ining mingboshisi ham o‘tirgan ekan, kimdir uning qulog‘iga pichirlab, bu yigit O‘tan polvonning ta’rifini eshitib, ataylab kuch sinashgani kelganga o‘xshaydi, menga falonchini topib beringlar deyishga royish qilyapti shekilli, debdi. Surishtirishsa, O‘tan polvon o‘tin yorayotganida tarasha uchindisi oyog‘ining oshig‘iga sanchilib, to‘rt-besh kundan beri uyidan chiqolmay yotgan ekan. Mingboshi: “Dardi og‘irmi, yengilmi, erkak kishi ikki kundan ortiq ko‘rpada yotsa, uyat bo‘ladi”, degach, yigitlar borib, O‘tanni otda olib kelishibdi. Mingboshi uni nariroqda kutib olib, ho‘ anavi polvonni yiqita olasanmi, deb so‘rasa, agar yarim qadamgina yetagimga yursa, tog‘niyam ag‘darib uraman, debdi O‘tan.
Olishuv boshlanibdi. O‘tanning oyog‘iga bog‘langan chorsi qip-qizil tus olib, gazaklagan yarasidan tevarakka qon sachrarmish. Oxiri raqibi ehtiyotsizlik qilib, salgina yetagiga yurgan ekan, “Yo pirlar!” deya uni dast ko‘taribdi-da, yerga chirpiratib uribdi. Oltiariq bog‘i qiyqiriqqa to‘lib, O‘tanning boshidan pullar yomg‘irdek yog‘ilibdi, kurashni paranjida tomosha qilib turgan ayollar hatto oltin-kumush taqinchoqlarini ham polvonning oyoqlari ostiga itqita boshlashibdi. Oddiy odamlardagi g‘ururni ko‘ring!
Opog‘dadam, umrining katta qismi o‘rislar orasida, qoraqo‘l ishchilikda o‘tgan esa-da, mumtoz kuy va qo‘shiqlarning ashaddiy shaydosi edi. O‘zi ham yigitligida dutorni juda o‘xshatib chalarkan. Radioda mumtoz qo‘shiq yangrab qolsa, o‘tirganlarga jim degan ishorani qilib, o‘ng qo‘li barmog‘ini chap qo‘lining mushtumiga “chirs-chirs” chertmaklaganicha, huzurlanib tebranishga tushardi. Agarda Turg‘un Alimatov tanbur cherta boshlasa, radioning ostiga butkul suqulib olardi, orada: “Xudoga nola qilyapti!” – deya xo‘rsinar, og‘ir kuyning yakuni biroz sho‘xlansa, “bu – sovutmasi”, deb qo‘yardi. Bundan mening musiqaga bo‘lgan havasim yanada jo‘shar edi, oxiri to‘qimachilar klubidagi O‘ktam ko‘kko‘zning to‘garagiga a’zo bo‘lib, rubob chalishdan dars ola boshladim. To‘garak rahbarimiz gohida “Mehnatda shuhrating, O‘zbekiston” degan bayramona qo‘shiqni ko‘pchilik jo‘rligida kuylashni ham o‘rgatardi.
Ba’zi shanbada, O‘ktam akaga yalinib yotib, rubobni uyga opkelardim, Mashrab ikkalamiz yakshanba ichi shunga andarmon bo‘lib, kunni kechkirtirardik. Eski dutorchiligini qo‘msabmi, goh opog‘dadamiz ham bizga qo‘shilib ketar, ammamizning “diring-diqir”dan g‘ashi qo‘zib, qo‘lingizdan kelgan ishni qilsangiz-chi, chol, deb jaqillab berardi.

Qanday sozlab olsangiz,
Men o‘shanday kuylayman.
Shu tufayli, hurmatim –
Joyida deb o‘ylayman.
Tingir-ting,
Tingir-ting.

Meni changdan avaylab,
Baxmallarga o‘raysiz…
Gapingizga kirmasam,
Qulog‘imni buraysiz.
Tingir-ting,
Tingir-ting.
(“Rubob qo‘shig‘i”)

Shaharda axloqim sal epaqaga kelib qolgandi. O‘qishlarim ham ancha yaxshilangandek edi. O‘rischada tuppa-tuzuk gaplasha oladigan bo‘lib borayotgandim.
Meni bu xonadonda kimdir malol olayotganini hech sezmasdim. Opog‘dadam bilan ammam meni o‘z farzandlaridan afzal ko‘radigandek tuyulardi, Mashrab har qadamda ko‘nglimni avaylardi, Mahmudjon pinjimga suqulvolib, qiziq gaplarimdan hiringlagani hiringlagan edi, Muhabbatxon dars tayyorlashga ko‘maklashganim uchun javondan o‘zlashtirgan konfetlarni sekingina kaptimga qistirardi. Shunga qaramay, bularga ortiqcha og‘irim tushmayaptimikan, degan o‘y damodam ko‘nglimdan kechib turardi. Ba’zan o‘ng‘aysizlanayotganimni sezarmidi, ammam ichimdagi andishani quvib, hech narsadan tortinma, akamning bizga ko‘p foydasi tekkan, senga ozgina yaxshilik qilsak qipmiz-da, deb yelkamni silardi.
Qanchasi rost, qanchasi yolg‘onligini bilmadim-u, ayamning “axborot agentligi” tarqatgan xabarga ko‘ra, dadam boy bo‘lgan vaqtida, emishki, ammam uning cho‘ntagini tamoman o‘ziniki qilib olgan ekan. Yeb-ichishga, kiyib-netishga cho‘qilab olib turadiganlari yetmaganidek, farzandlariga qilingan to‘ylarni to‘lasicha dadangning hisobidan o‘tkazishgan, deb o‘rtanardi ba’zida.
Sarviniso buvimiz ayamning tagi past urug‘lari dadamni zulukdek so‘rishayotganidan kuyinardi-yu, agar yuqoridagi gaplarda jon bo‘lsa, palagi tozalar ham o‘shanda unchalik anqayib turmagan ko‘rinadi.
Lekin, bu odamgarchiliklar zamirida turmushda kimning kimga qanchalik foydasi tekkani emas, qarindoshlar orasida azaldan chuqur tomir otgan, an’anaviy udumga aylangan mehr-oqibat tuyg‘usi, bolalikdan qonga o‘tgan ulkan axloqiy tarbiya yotar edi. Buni ancha ulg‘ayganimda tushundim.

MALINAXON, MALINA…

Hayot on qadar xatarliki, qayon yurma, yo‘lingda qiz uchrayveradur.
Gulmat SHOSHIY

Bu maktabning ham o‘z kuzurlari bor ekan. Mashrabning qarindoshi ekanimni bilganlari uchun, ular menga ortiqcha tegishqoqlik qilishmasdi. Men ham “musofir itning dumi qisiq” aqidasiga imkon qadar rioya etardim. Qarangki, Malina degan bir qizni deb, yana eski shapaloqbazmlar girdobiga sho‘ng‘ib ketishimga sal qoldi.
Malina uyida yevropacha urf-odat ta’sirida tarbiyalangan, g‘irt o‘rismijoz ekaniga qaramay, mendek bir qishloqi bilan o‘qishning dastlabki haftalaridanoq juda inoqlashib ketgandi. U boshlang‘ich sinflarda o‘ris maktabida o‘qigan, buvisi bunaqa g‘alchatil qizni qaysi o‘zbek xotin qiladi, deya o‘g‘il-kelinini tergab, keyinchalik uni milliy maktabga berdirgan ekan.
— Metrikadagi otim – Madina, — der edi u. – Bolaligimda ko‘p kasal bo‘lsam, bu qiz ismini ko‘tarolmayapti, boshqacha qo‘yinglar, debdi babushkam. Mamashkam osongina qilib, Malinaga aylantiribdi.
She’r yozib turishimdan xabar topgach, Malina uyidan menga she’riy kitoblar olib keladigan bo‘ldi. O‘rischalarining ayrim yerini o‘qitib ko‘rib, nimalarni uqqanimni so‘ray boshlardi, mazmunini to‘liq anglayolmagan joylarimni, o‘zbekcha jumla tuzishga qiynalgan tarzda tili tutilib-tutilib, erinmay tushuntira ketardi.
“G‘uncha”da bosilgan she’rlarimni alohida daftarga yelimlab yurardim. Bir kuni o‘sha daftarni Malinaga ko‘rsatsam, o‘-o‘, qarang, nastoyaщiy shoir ekansiz-ku, deb hayratga tushdi. Narigi haftasi esa, yozishimni hech kimga bildirmaganman, siz baribir professional, bularni ko‘rib maslahat ayting, deya menga o‘zi to‘qigan she’rlarni berdi. O‘shanda she’rlarimizning darajasi bir-biridan ko‘p farq qilmagan bo‘lsa kerakki, hammasi zo‘r, qoyil qoldim, deb qizga chinakamiga tan berganim esimda.
To‘qimachilik kombinatida ishlovchi, mendan uch yoshcha katta bo‘lgan Omoncha otli masxarabozroq sinfdoshimiz bor edi. Malina ikkalamiz she’rbozlik bahonasida behad jipslashib borayotganimizni o‘zicha ermaklab: “Malinaxon, Malina, Anvarjonga kelin-a”, deya baxshilanib iljayardi. Ikkovimiz ham negadir uni tergamasdik. Menga kelsak, bu ermaklash ko‘nglimga yog‘dek yoqardi.
Sinfdoshimiz Zuhra Malina bilan maktabga doim birga kelib, birga ketardi. Kunlardan bir kuni u qishloqdagi oilamiz haqida u-bu gaplarni surishtirib o‘tirib, ustingizdagidan boshqa shimingiz yo‘qmi, deb so‘rab qoldi.
— Hozircha bori shu, — dedim, kutilmagan savoldan dovdirab. – Nimaydi?
— Bir so‘radim-da, — dedi Zuhra andak o‘ng‘aysizlanib.
Vujudim zirillab ketdi. Bir zum ensam qotganicha turib qoldim.
Ha, bittagina shimim bo‘lib, u ham dadamniki edi. Bu yerga dastlab kiyib kelganim u yer-bu yeridan sizilayotganini ko‘rgan ayam, bir gal qishloqqa borganimda semizgina dadamning yo‘l-yo‘l qoramtir chiziqli och kulrang shimini menga bergandi. O‘shanda u, mashinasini g‘aldiratib, shimni bo‘yimga moslab sal kaltalatgan esa-da, belini, chotini toraytirishga uquvi yetmagandi. Kiysam, pochalari holpillab turuvchi bu kattakon shimning bel qismida bir handalak qistirgulik joy ortib qolar, shu ortiqchasini orqa tarafga g‘ijimlab to‘plab, tepasidan kamar bog‘lab olardim. Orqadagi g‘ijimni yashirish uchun yo kostyum kiyardim, yo ko‘ylagimning etagini tushirib yurardim.
Malina bilan apoq-chapoq bo‘lib borayotganimni maqtanib aytsam, Mashrab xomtamaligimdan kulib, u o‘ziga ja bino qo‘ygan qiz, sendaqalarga sochini silatish tugul, bilaginiyam ushlatmaydi, der edi. Oshnamni qanday ishontirishni bilmay yurganimda, manavinga she’r yozib yurarsiz, deya Malina menga binafsharang muqovali umumdaftar sovg‘a qilib qoldi. Muqovaning ortiga esdalik yozib, o‘zining kichik suratini ham yelimlab qo‘ygandi. Buni ko‘rsatganimdan so‘ng, Mashrab: “Vah! Ishni ancha pishirib qo‘yibsan-ku, jiyan. Menimcha, endi uni o‘psang ham, indamasa kerak”, deb “olg‘ir”ligimni nihoyat tan oldi.
O‘t bilan kulcha faqat tandirda yuz ko‘rishganidek, Malina ikkovimiz maktabdagina uchrashar edik. Kino-pinoga taklif qilsam, sira ko‘nmasdi. Bunga, balki, halpil-halpil kiyimlarim, to‘pori ko‘rinishim sababchi bo‘lgandir. Balki, har bir ishda zaruriy oraliq saqlay olishni, qadrini ortiqcha tushirmaslikni biladigan qizdir.
Bizga yondosh xonada o‘ninchi sinfdagilar o‘qirdi. Harbiy xizmatdan qaytgach, kombinatga ishga kirib, shu sinfda o‘qiyotgan novcha, malla bir yigit tanaffus vaqtida Malinaning yonida o‘ralashadigan, suhbatlashib tursak, meni undan nari surishga urinadigan bo‘lib qoldi. Malinaga yaqinlashib, gap tashlay boshlasa, nari ketishni xayolimgayam keltirmasdim, menga tegishli uzumga tumshuq cho‘zib nima qilasan, degandek, kulimsirab turaverardim.
Bir kuni u meni chetga imlab: “Qiz bilan tinchroq gaplashgani qo‘yasanmi, yo‘qmi? Raz men yoniga bordimmi, bundan keyin sal nariroqqa jil”, deb qornida nuqiladi.
— Zarur ishim bor, bugun sen bilan urishmayman, — dedim pinak buzmay. – Zo‘r bo‘lsang, ertaga askar to‘plab kel.
Malla tirjayib chaqchaydi:
— Nima? Kelib-kelib, senga qarshi askar to‘playmanmi, derevnyak?
— Oldindan aytdim-qo‘ydim, u yog‘ini o‘zing bilasan, — degan gapimning tagida qanday ma’no yotganini anglolmadi galvars.
Ertasi kuni Mashrab ikki-uchta “laycha”larini boshlab keldi, tabarruk qilib, oldidan o‘zi bir musht urib berdi, qolganini sheriklari qiyomiga yetkazib, “oshiq mallavoy”ning kiyimlarini yaxshilab tuproqqa bulashdi. Men qo‘limni ko‘krakka chog‘ishtirib, bu yovvoyi armiyaning qo‘mondoni o‘zimman, degandek, chetda g‘o‘dayib turaverdim.
Biror joyi qattiqroq lat yeganmi, Mallavoy bir-ikki kun maktabga kelmadi. Kelishni boshlagach, dastlabki kunlarda tanaffusga ham chiqmay yurdi. Biror haftalardan so‘ng, o‘zim tashabbus ko‘rsatib, u bilan yarashib oldim.
— Atrofimda qiz tiqilib yotibdi, — dedi malla, menga suyak itqitayotgan kepatada. – Ol, Malina – senga!
Malina paqqos o‘zimga qoldi. Ammo, bundan nima foyda? Hatto yelkasiga shunchaki yelka ishqashgayam haddim sig‘masa…

Mening uchun orzudir bari:
qoshlaringning sirli imosi,
og‘ushingning nash’u namosi,
lablaringning shahdu shakkari.

Mening uchun bir umr armon:
ko‘zlaringda yonmagan mehring,
dil istagin uqmagan zehning,
yuragingdan so‘nmagan gumon.

Yengib bo‘lmas darddir men uchun:
sen so‘zimdan ranjigan daf’a,
sen yonimda bo‘lmagan hafta,
sen tushimda hazin boqqan kun.

Mening uchun xayoldir faqat:
erkalanib aytgan dil rozing,
yolg‘iz menga atalgan nozing
va qalbingda tug‘ilgan shafqat.
(1975)

Bilaman, har gal qiz-juvonlardan gap ochsam, bir narsani sabrsizlik bilan kutyapsiz – esdalikning dastlabki boblarida tilga olingan o‘sha G‘alati oysanam shu bo‘lib chiqsa-ya, deb toshiqyapsiz.
Payti yetdi, chamasi. G‘alati oysanamning kimligini aytsam aytaqolay. Oldin bir narsani qittay chikitib o‘tishim kerak – o‘sha G‘alati oysanamdan qonuniy xotinim tug‘ib berganidan ham ko‘proq farzandlar ko‘rganman. Yaratguchim manglayimga shuni yozib qo‘ygan bo‘lsa kerakki, meni asosan G‘alati oysanamdan bo‘lgan zurriyotlarim boqib kelyapti.
Ochig‘ini so‘zlasam, turmushda menga ota-onamdan, opa-ukalarimdan, barcha jigarbandlarimdan ham ko‘proq yondosh bo‘lgan esa-da, hali uning jamolini aniq-tiniq ko‘rmaganman, ilgari aytganimdek, doimo tumansimon niqob ortida turadi. Ismi hammaga tanish – qalam ahli uni suyumli nag‘maga solib, “Ilhom parisi”, deydi. Iforiga sehrlanganingcha beixtiyor uning og‘ushiga kirib bordingmi, Yer kezg‘ichida o‘zingni tamoman yo‘qotib qo‘yasan, endi hayoting o‘zga bir fazoviy o‘lchamda kecha boshlaydi.
Shu G‘alati oysanam bilan bir to‘shakka ko‘krak bosib, umrimning ne-ne qismini xayolot olamida o‘tkazdim, qanchadan-qancha qog‘oztan farzandlar ko‘rdim. Nazdimda, barchasi juda-juda yoqimtoy. Lekin, Sizni bilmadim, balki bu boyoqishlarimni unchalar xushlamassiz. Shu bois, bir iltimosim bor – nima bo‘lgandayam, ularni mening oldimda yomonlamang, beo‘xshovroq ekanini farzandlarimning o‘ziga ham sezdirib qo‘ymang, o‘ksinishmasin…

* * *

Qishning oxirlarida egnim nihoyat yangi kiyim ko‘rdi.
Dadam boylik paytida sotib olgan, koverkot degan qimmabaho matodan tikilgan och novvotrang plash bir-ikki marta kiyilganicha sandiqda yotgan ekan. Ayam uni menga bergach, etagi uzunroq, yelkalari ancha keng bo‘lgani uchun kiygim kelmay, ammamning shkafiga ilib qo‘ygandim. Bir kuni Mashrab uni kiyib ko‘rdi, egniga quyib qo‘ygandek o‘tirdi.
— Shu plashni Mashrabga berib qo‘yaqolsang bo‘larkan, — dedi ammam. – Senga yangi kostyum-shim tikdirib berardim.
Jon deb rozi bo‘ldim. Ammam ertasigayoq meni artelga boshlab bordi, birga mato tanladik, chevarlar bo‘y-belimni o‘lchashdi. Bir hafta o‘tmay, ishni bitirib berishdi.
Tim qora tusli kostyum-shimni kiyib ko‘ryapman-u, terimga sig‘may, entikib-entikib ketyapman. Bolalikda nuqul eski kiyim kiygim kelardi-ya, g‘irt ahmoq ekanman, deb o‘ylayotgandim shu topda.
Chamasi, yangi libos o‘sha kuni umrimda birinchi marta ko‘zimga lovullab ko‘rindi. O‘zimni toshoynakka solib, ta’bim charaqlagandan charaqlab ketdi.
Bu olamda hatto yupunlikning ham nihoyasi bo‘lishi mumkin ekan.
Qo‘shnimiz – Farg‘ona qamoqxonasi boshlig‘i Melnik meni bashang kiyimda uchratib: “O‘-o‘! Saniki – nastoyashiy barin”, deya odatdagidek chala-chulpa o‘zbekchaladi. Keyin birdan o‘git berishga tutindi:
— Saniki bashkacha adam, Mashrabga ukshama. Maktabda, armiyada otlichnik bulib yur. Potom oldimga kelasan, vot takoy kadr kilaman sani.
Melnik haqida ammamdan bir gap eshitgandim. Bu gapni Melnik bilan urushda birga xizmat qilgan, ayni chog‘da shu shaharchada yashovchi eski polkdoshi aytgan ekan. Emishki, urush tugab borayotgan kunlari, qizil askarlar ko‘chalarda daydib yurgan nemis bolalarini bir joyga to‘plab turganida, Melnik kelib: “Fashistlar rus bolalarini ayab o‘tirishmagan”, debdi-yu, kichkintoylarga qarata o‘q uza boshlabdi. Sheriklari uni urib yiqitib, zo‘rg‘a to‘xtatishibdi.
— Bu zang‘ar bolalarni otgan, u bilan ko‘p yaqinlik qilavermanglar, — degan ekan o‘shanda sobiq jangchi. – Mana, ko‘rasizlar, oxiri jinni bo‘lib o‘ladi bu. Bolalarning arvohi tushida tinch qo‘yib bo‘pti!
Oradan ko‘p yillar o‘tib, Melnik pensiyaga chiqqach, birdan miyasi aynib, soqoli o‘sgan, kiyimlari to‘zgan holda ko‘chalarda changga belanib yuradigan bo‘libdi. Shu tahlidda o‘lib ketibdi. Eshitib, nihoyatda achindim…
Poson kiyinib borgan birinchi kunimda sinfga tortinibgina kirdim. Shumqiliq Omoncha: “Vavah-h!” – deb yuborganini hisobga olmaganda, boshqalar ortiqcha ahamiyat bermaganini ko‘rib, yengil tortdim. Malina moldan molning farqini ajratib, bu magazinniki emas, uni qaysi artelda tiktirdingiz, deya surishtirib qo‘ydi tanaffusda.
Mendek “mo‘dniy kavaler” bilan yurishga endi uyalmasa kerak degan o‘yda qizni yana kinoga taklif qildim. Baribir ko‘nmadi. Tuflim maymoqroq ekani ishni buzdimikan, deb hadiksiradim bu gal.
Bu qanaqa injiq qiz o‘zi? Tuflimning tovonlari yeyilib ketgan xolos, betini yarqiratib yog‘lab olganman. Yangi kostyum-shimni topgan odam ohorli boshmoqniyam toparman. Hozircha “xo‘p” deb tursa, o‘ladimi?
Malina! Shaharda kechgan umrimdagi eng totli xotira bo‘lib qoldi bu qiz.
Oradan yigirma yilcha vaqt o‘tadi, Farg‘ona radiosida ishlab yurganimda Malina shahardagi maktablardan birida rus tili o‘qituvchisi ekanidan xabar topaman, telefonini aniqlayman, qo‘ng‘iroq qilaman. Shu zayl sim orqali hol-ahvol so‘rashib turadigan bo‘lamiz. Biron joyda o‘tirib suhbatlashish borasidagi takliflarimni har xil bahonalar bilan rad etaveradi. Oxiri bir ko‘rishaylik deb qattiq turib olaman, u ham nihoyat ochiq va qat’iy javob qiladi:
— Kechirasiz, men buni kotegoricheskiy xohlamayman. Endi siz bilgan Malina emasman, hozirgi turishimni ko‘rmaganingiz yaxshi.
Yana ko‘p yillar o‘tib, mundoq o‘ylab qarasam, ko‘nglimda yolqin qoldirgan qizlar orasida eng donosi shu Malina ekan. O‘ta nozik bir narsaga faqat uning aqli yetdi – shoirning diliga o‘zgacha qiyofadagi ikkinchi Malina suqulib kirishini istamadi. To‘g‘ri qilgan ekan, xayolimning to‘rida hali-hamon o‘n olti yoshdaligicha porpirab turibdi.
Endilikda tag‘in bir narsani tushunib yetdimki, mabodo taqdir boshimizni qovushtirganida, o‘zim bilganlar orasida faqat shu qizgina tartibsiz hayot tarzimga ortiqcha g‘alvalarsiz chidashga, meni avvalo shoir sifatida asrashga imkon qadar urinib yashagan bo‘lardi. Ammo men uni o‘zi loyiq bo‘lgan baxtga hech qachon sazovor qilolmasdim.

QO‘LLARIM RULDA, RULDA-A…

Yurak – gupillaydi. Agar tarillasa, bilginki, bu – traktir!
KULKUL afandi

Bu yoshga yetgunimcha dunyoda, yurtda ko‘p voqealar kechdi. Avvaliga Yerning sun’iy yo‘ldoshi, keyinroq Belka va Strelka laqabli laychalar kosmosga uchirildi, oxiri odamzotning Gagarin degan bolasi insoniyat tarixida birinchi marta fazoga ko‘tarilib, kurramiz atrofini bir marta aylanib chiqdi; vodorod bombasi sinaldi; qishlog‘imizdagi xonadonlarning uch-to‘rtttasida televizor degan narsa paydo bo‘lib, bir ko‘rib qo‘yishga keluvchilarning ko‘pligidan bu hovlilar ziyoratgoh tusini oldi; siyohli dovotlarning kuni bitib, sharikli ruchkalar rusumga kirdi; paraxodlaru paravozlar o‘z o‘rnini teploxodu teplovozlarga, so‘ng elektrovozlarga bo‘shatib bera boshladi; atom bilan ishlaydigan kemalarni, elektr stansiyalarini qurishga kirishildi; shaxsi qoralangach, mo‘miyolangan jasadi mavzoleydan uloqtirib tashlangan Stalinning puli qiymati o‘n baravarga oshgan tarzda almashib, Xrushchyov og‘anikida oldi-berdiga o‘tildi; Arab, Afrika, Osiyo mintaqalaridagi qaram davlatlarning qancha-qanchasi ozodlikka erishdi; Kuba atalmish sinchaloqdek orolchani deb, SSSR bilan Amerika bir-biriga yadroviy bombalarni do‘ldek yog‘dirishiga, butun boshli Yer yuzi birgina suvaraklardan iborat maskanga aylanishiga sal qoldi…
Xayriyat, zamin hanuz yumaloqligicha, uning xilma-xil mavjudoti tirikligicha turardi. Shu qatorda Poloson ham bus-butun edi. Farg‘ona shahrida bir yil sang‘ib yana Polosonga qaytganimda, qulog‘imga chalingan eng katta yangilik A’zam bilan Asqar kattaroq o‘g‘rilik qilib, qo‘lga tushgani bo‘ldi. Hozir qamoqda yotishgan ekan.
— Qamoq emas, bolalar koloniyasi, — deb keyinroq aniqlik kiritdi Abdusalom oshnam. – U yerdayam o‘qitishadi, kasb-hunar o‘rgatishadi. Tashqariga chiqisholmaydi xolos.
Voy, Xudo qanoat bergurlar-yey, juda-a chatoq vaziyatda qolishibdi-ku. Shaharga ketvormaganimda, balki, ular men bilan yurib, bu darajaga borishmasmidi? Yo, ular bilan yurib, o‘zim shu holga tusharmidim?
Serbola va serchiqim oilamizdagi ahvol kun sayin og‘irlashayotgandek, yetishmovchilik qalanib borayotgandek edi. Dadam hanuz ishsiz ekanligidan yuragim xijillanardi. Abdurazzoq qorining erkak zotiga ko‘chaning ishi kerak, degani to‘g‘ri. Qanchalar keng bo‘lmasin, yo‘lbars qafasga, erkak uyga sig‘maydi. Qafasdan qutulish uchun bo‘lsa kerak, dadam ancha urinib yurib, Marg‘ilondan ham naridagi Toshloq paxta punktidan ish topdi. Maoshi bordi-keldisiga, yeyar-ichariga zo‘rg‘a yetib tursa-da, harqalay yana ko‘chaning erkagi bo‘lib oldi-ku.
Men ham erkakchilikka intilib, paxta punktiga ishga kirdim. Fayziboy otamizning o‘g‘li O‘rinboy aka bu davrda paxta quritish shoxobchasiga boshliq bo‘lib qolgandi, uning qo‘l ostida mayda-chuyda ishlarni qilib yurdim: goh ta’mirdan chiqqan uskunalarni bo‘yayman, goh paxta quritish barabanining g‘ildiraklari tishiga chuvalashib ketgan tivitlarni yulqilab tozalayman, goh yoshi kattalarga do‘kondan araq-vino yoki sigaret tashiyman. Bir guruh o‘ris va tatar qizlar ozgina pul ishlab olish uchun vaqtinchalik ishlarga yollanib, birlari ariq tozalar, birlari yo‘l-u maydonlarni supurib yurishardi. Sal bo‘sh qolsam, ularni tovuq quvgandek tizg‘itishga tushardim, quchib-qitiqlab xumoryozdi qilardim.
Bir kuni paxta quritish sexiga ikkita yap-yangi traktor berishdi,
biri – uch g‘ildirakli “T – 28”, ikkinchisi – to‘rt g‘aldirakli, lekin pakanagina “DT – 20”. Pakana qizil traktor ich-ichimda havas o‘tini alangalatdi, shuni men minaqolay, deb O‘rinboy akaga yalina ketdim. Traktorchilikka hujjating yo‘q, buning ustiga hali maktab o‘quvchisi bo‘lsang, qanday qilib senga beraman, deb o‘jarlandi O‘rinboy aka. O‘zim hol-joniga qo‘ymay turib olganim, bu masalaga dadam ham aralashgani oxiri uning ko‘nglini yumshatib, mayli, punktdan tashqariga chiqmaganingdan keyin, hujjatsiz minsang ham bo‘laverar, deya rozilik berdi. Shunaqangi quvondimki!
Pakana traktorni boshqarishni ikki kundayoq tuzukkina o‘rganib oldim. Katta “T- 28”ni Olim mo‘ylov ismli eski traktorchiga berib, menga boshliq qilib tayinlashdi. Boshliqligi shuki, menikidan besh so‘m ko‘p oylik oladi, lekin traktorimning biror joyi buzilsa, tuzatish uning zimmasida.
O‘sha mahalda shofyor tilidan aytiluvchi bir qo‘shiq bo‘lardi:

Qo‘llarim rulda, rulda-a,
Ko‘zlarim yo‘lda, yo‘lda-a…

Traktorim o‘rnidan qo‘zg‘alishi bilanoq shu ashulani ming‘irlab ayta boshlaganimni o‘zim ham sezmay qolardim.
Avvaliga Olim mo‘ylov ikkimiz punkt ichkarisida ishlab yurdik – bu g‘aramdagi ho‘l paxtani punktning narigi chekkasidagi quritish sexiga tashib boramiz, quritilgan paxtani yana tirkamaga ortib, endi boshqa g‘aram yoniga keltirib to‘kamiz. Har bir traktorga uchtadan tirkama ajratilgandi, birinchi bo‘sh tirkamani ho‘l paxta g‘arami yonida qoldirib, to‘ldirilganini ulagancha quritish sexi sari yelamiz. Bu paytda quritish sexidagi uchinchi tirkama issiqqina paxtaga to‘lib turgan bo‘ladi, ikkinchi tirkamadagi xo‘l paxtani barabanlar yoniga ag‘darib, uchinchisini ulaymiz, uni quruq paxtalar g‘arami yoniga to‘kib, ho‘l g‘aram oldida allaqachon to‘latib qo‘yilgan birinchi tirkamaga almashtiramiz. Yana ikkita eski tirkama ham bor, orada vaqt topib, ularning biriga yuklab qo‘yilgan turli chiqindi va axlatni punkt chetidagi chuqurga eltib to‘kamiz, ichiga ko‘mir to‘latilgan boshqa tirkamani yoqilg‘i omboridan isitish o‘txonasi tomonga sudraymiz. Andak nafas rostlashga imkon yo‘q, hududda chekish qat’iyan taqiqlanganiga qaramay, sigaretni traktorda borayotib yo‘l-yo‘lakay apil-tapil chekib olaman. Shu qadar charchardimki, tushlik e’lon qilinsa, ovqatlanish o‘rniga picha uxlab olgim kelaverardi.
Oltiariqqa qaytganimdan keyin ham o‘sha “o‘g‘ilbolacha gap”da turib, 13-maktabga egilib bormadim, tuman markazidagi 1-o‘rta maktabning kechki o‘ninchi sinfiga joylandim. Punkt ichida ishlab yurgan paytimda darslarga imkon qadar muntazam qatnashib turdim. Keyinchalik transport yetishmovchiligi bois punktdan vaqtida olib ketilmay dusambalanib yotgan paxtalarning bir qismini Farg‘ona shahridagi paxtani qayta ishlash zavodiga qish ichi o‘z traktorlarimizda tashib berishimizga to‘g‘ri keldi. Haydovchilik guvohnomam bo‘lmasa-da, traktorni shaharga ham o‘zim minib boraverdim. Har bir traktorga uchtadan tirkama ulanardi, yo‘lga tushsak, xuddi poyezd vagonlarni tortib ketayotgandek ko‘rinardi. Men oldinda, biror muammo tug‘ilsa traktorimni sozlab berishi lozim bo‘lgan Olim mo‘ylov ortda borardi. Shahardan qaytishda goho birovlarning har xil yuklarini Oltiariqqa keltirib berib, choychaqa ham ishlab olardik. Buni birovlarga gullab qo‘yma, men tugul o‘zingniyam rizqingni qiyasan-a, deb tayinlardi Olim mo‘ylov.
Shu zayl qish bo‘yi shaharga paxta tashidim, ba’zan kech qaytishim, ba’zan oyoq qimirlatishgayam majolim qolmasligi tufayli maktabga kam qatnaydigan bo‘ldim. Tanam shu qadar zo‘riqqandiki, to‘rt kilometr chiqib-chiqmaydigan joydagi maktabga yetguncha hatto velosipedning pedalini tepishga qurbim yetmay qolardi. Shu ahvolda damodam she’r yozishgayam fursat topganimni eslasam, hozirda hayratga tushaman.
Qor yoqqan kun edi. Maktabdan velosipedda qaytayotsam, Mozortagidagi klubda qo‘yilayotgan ikki seriyali kino hali tugamagan ekan. Tomosha oxirlab qolgani uchun pul to‘lamay kirsam, bir gala qo‘shnilar orasida O‘rinboy aka ham o‘tiribdi. Uyquga tashna ko‘zim ekrandagi yorug‘likdan achisha boshladi-yu, tezda tashqariga chiqib, velosipedni mindim. Juda pishiqib ketgan ekanman, uyga yaqin qolgan esam-da, usta Abduqahhor akaning hovlisi muyulishida to‘xtab, bir oyog‘imni burchakdagi kattakon toshga tiragancha, velosipeddan tushmay choptirdim. Siniqdil Bahrom eshon o‘zidagi asab toliquvchanligi dardini bitta menga meros qoldirganmi, charchoqdan yana ko‘zim tinib, boshim aylanib ketdi. Shu pallada narigi muyulishda nimadir lip etib ko‘zga chalingandek tuyuldi.
Nima bu? Itmikan? Yo‘q, kattagina edi shekilli. Xuddi Jo‘rali cho‘loqqa o‘xshab oqsab kelayotgandek ko‘rindi-yov.
Bu hovlining ortidagi qarag‘ay tagida ajinalar bor, degan gaplar beixtiyor xayolimdan kechib, jin-pin yo‘liqdimikan, deb o‘yladim. Yaxshiyam, indamasdan kelib, qo‘qqis og‘zimga tortvormadi. Ana, Urayim akani ajina urib, jag‘ini qiyshaytiribroq qo‘ygan deyishadi-ku.
Shimimni tartibga solib, qo‘limni devordagi qorda ishqalab yuvgach, velosipedni oldinga salgina haydadim-u, boshim qattiq sanchib, yana to‘xtadim. Yerga yotib, loaqal bir daqiqagina dam olgim keldi. Bilaman, yotsamoq uxlab qolaman.
Muyulish ortida kinodan qaytayotganlarning g‘udur-g‘uduri eshitildi. To‘satdan miyamga g‘alati o‘y keldi: o‘zingni yerga tashla, joyingdan turg‘izmoqchi bo‘lganlarga ajina haqida valdira, kasallik bahonasida biron hafta hordig‘ingni chiqararsan bola.
O‘zimni yerga tashladim. Qo‘shnilar kelib, betimga qor sochib shapatilashdi, o‘rnimdan turg‘izishdi, ajinadan gap ochishim bilanoq “bari tushunarli” deya uyimga suyab keltirishdi, Ablaz qorini chaqirib, dam soldirishdi. Ayam bilan buvim vahimaga tushgan, dadam indamas, ko‘zlarimga bezovtalanib tikilardi. Rejam bo‘yicha loaqal uch-to‘rt kun o‘zimni zo‘rg‘a qimirlayotganga solib yotishim kerak edi, lekin uydagilarni, avvalo, dadam sho‘rlikni qo‘rquvdan qutqarish, qolaversa dami o‘tkirligi bilan nom qozongan Ablazqorining ham yuzini yorug‘ qilish istagi ustun kelib, o‘zimni birdan tetik tutdim.
— Hammasi o‘tib ketdi, — deb ko‘rpamdan dangal bosh ko‘tardim. – Endi bir uxlab olay, ertaga ishga borishim kerak.
Xayriyat, O‘rinboy aka men kutgan gapni aytdi:
— Ish qochib ketmaydi. Hech bo‘lmasa, ikki-uch kun yotib, o‘zingga kelvol.
Miriqib dam ola boshladim. Jismim qattiq toliqqanining oqibati bo‘lsa kerak, birinchi kuni kunduzi ham mizg‘idim. Keyin, ko‘zim qotib, tuni bilan uxlayolmay chiqdim. Balki, tandirqizitar xayollar uxlatmagandir. Bo‘ydoq yigitcha bedorlikda qizlardan boshqa nimaniyam o‘ylardi?

Bulutsimon parquvga
Oydek ma’yus botaman.
O‘xshab yetim ohuga
Bitta o‘zim yotaman,
Rahming kelsin, suluvjon.

Imo qilar yulduzlar
Nur kiprigi pirpirab.
Haroratsiz o‘y-hislar
Yuragimda dildirar,
Rahming kelsin, suluvjon.

Qunishgancha uxlayman
Dardlarimga biqinib.
Tushlarimda yig‘layman
Senga quldek sig‘inib,
Rahming kelsin, suluvjon.

Ko‘taraman tongda bosh
Isitmadan lovullab.
Kiprigimda qaynar yosh,
Yuragimda – dovullar…
Rahming kelsin, suluvjon.
(1979)

Boshlig‘im aytgan “ikki-uch”ning “uch”ini tanlab, to‘rtinchi kuni charxlangan qilichday bo‘lib ishga chiqdim. Olim mo‘ylov xo‘mrayibroq boqib, ajinasi yo‘q yo‘ldan yursang o‘larmiding, deya po‘ng‘illab qo‘ygan esa-da, shaharga yolg‘iz qatnab zerikkani, sherigi qaytganidan xursandligi chaqnoq ko‘zidan sezilib turardi.
Yana o‘sha shaharga qatnashlar, yana o‘sha tinkaquritar ishlar davom etaverdi. Necha bor ogohlantirishlariga qaramay, sharoitga ko‘ra, maktabga hanuz ora-sira borardim. Bir kuni sinf rahbarimiz Ma’rupov meni o‘qituvchilar xonasiga chaqirib, maktabdan haydalganimni pishqiriqli tovushda e’lon qildi. Zarda bilan tashqariga yurdim, eshikdan chiqdim-u, yana boshim aylanib, duvolga suyanib qoldim.
Nima qilsam ekan? Hujjatlarimni ko‘tarib ketaveray desam, yaqin atrofda boshqa kechki maktab yo‘q. Kunduzgida o‘qiy desam, ishdan ayrilaman, uyimizda tirikchilik battar izdan chiqadi. Yana bir tomoni ham borki, faqat kechki maktabdagina o‘ninchi sinf bitiruvchi hisoblanadi, kunduzgilar shu yildan e’tiboran o‘n bir yillik ta’limga o‘tkazilgan.
Chora izlay-izlay, oxiri bir to‘xtamga keldim-da, tanaffus bo‘lishini kutdim. Tanaffusga qo‘ng‘iroq chalingach, mushtumzo‘rligi bilan ko‘zga tashlanib qolgan Odil oshpazning ukasi Homitjon, jangarife’l Maqsitali, bosiq, ammo o‘tkirtil Yursinali kabi sinfdoshlarimni chetga tortib: “Hammangiz markazning yigitlarisiz, bitta men chetdan qatnayman. Meni maktabdan haydashyapti, agar o‘rtaga tushish qo‘llaringdan kelmasa, mayli, unda ketaveray”, deb hamiyatlarini qitiqladim.
Sinfdoshlarim Ma’rupovning oldiga yopirilib kirib ketishdi. Rosa tortishuv bo‘libdi. Yigitlar tugal terslanib, agar Anvarni haydasangiz, biz ham maktabga kelmaymiz, deyishgach, domla yon berib, bo‘pti arzlaringni qondiraman, lekin endi birortayam darsni qoldirmasin, debdi.
Bir-ikki hafta intizomni ushlabroq yurdim, keyin yana “eski Ahmad pari”ga aylandim. Meni haydash yuzasidan maktab direktorining qarorini chiqartirib, yana o‘zi bekor qildirishga majbur bo‘lgan Ma’rupov ikkinchi marta g‘alva qo‘zishga botinolmasligini yaxshi bilardim.
Yozga chiqib, hayotimning eng katta bosqichlaridan biriga yakun yasaldi – o‘n yillik maktabma-maktab sakrashlar poyoniga yetib, o‘rta ma’lumotli shaxs ekanimni tasdiqlovchi attestatni nihoyat qo‘lga kiritdim.
O‘sha kunlarning birida: “Hov, ustoz! O‘zimiz kelmasak, ko‘rganiyam bormaysiz”, deb xoxolaganicha uyimizga Asqar kirib keldi. Qo‘lida qand-qursli tuguncha ham bor. U bilan birga A’zamniyam qamoqdan bo‘shatishganini eshitib, xursand bo‘ldim.
Ammo, koloniya bolani battardan buzadi, degan gaplar to‘g‘ri ekan. Keyinchalik bu ikkala oshnam odamning joniga qasd qilishdan ham qaytmaydigan yirikkina qonunbuzarlarga aylandi, bir necha bor uzoq-uzoq muddatlarga qamalib ketishdi.
A’zam oxirgi qamalishdan so‘ng mening ko‘magimda kolxoz traktorchiligiga joylanib, fermaga yem-xashak tashib yurdi. Uy qurdi, uylandi, farzand ko‘rdi. Umri qisqa ekan, mototsiklda avariyaga uchrab, halok bo‘ldi. Asqar esa, cho‘lquvarlar uchun qurilgan uylardan biriga o‘rnashib, dehqonchilikka ruju qo‘ydi, farzandlar ko‘rib, ro‘zg‘orni binoyidek boshqara boshladi.
Bir mahallar ikkalasi ham menga ergashib yurardi. Dunyoning chapaki ishlarini qarangki, taniqli tartibbuzar bo‘lish menga emas, ularga nasib etdi.

Davomi bor

002

(Tashriflar: umumiy 1 269, bugungi 1)

Izoh qoldiring