Ҳасанхожа Нисорийнинг 1556 йилда ёзилган «Музаккири аҳбоб» тазкирасида Бобур авлодидан бўлган, бевосита бадиий ижод билан шуғулланган шоирлар ҳам ўрин олган эди. «Музаккири аҳбоб» муаллифи Заҳириддин Муҳаммад Бобурга юксак баҳо бериб, «Чиғатой султонларининг энг сараси ва зўр шижоатлиси эди. Бобур подшоҳнинг фазилатлари бисёр ва камолатлари бешумордир. Аруз бўйича ёзган рисоласи бир денгиздурким, ичи тўла жавоҳиру дурдона», дейди.»Музаккири аҳбоб»да Бобур Мирзо сулоласидан етишган ижодкорлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилади.
Муҳаббат Содиқова
БОБУРИЙ ИЖОДКОРЛАР
Темурий ижодкорларнинг XVI асрдаги иккинчи катта ўзани Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан боғланади. Алишер Навоий ҳазратлари назарига тушган Заҳириддин Муҳаммад Бобур мумтоз адабиётимизнинг йирик сиймоси бўлиб етишади. У ҳассос лирик шоир, машҳур насрнавис, арузшунос, муаррих сифатида ном қозонди. Тақдир тақозоси туфайли Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 1504 йилдан кейинги ҳаёти Афғон ва Ҳинд тупроғида кечди. Бу мамлакатларда буюк салтанатни вужудга келтирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур шоҳ ва шоир бўлиб, умри охиригача ижод қилишда давом этади. Унинг фарзандлари, набира ва эвара-чеваралари орасидан жуда кўп истеъдодли ижодкорлар, олимлар етишади.
Ҳасанхожа Нисорийнинг 1556 йилда ёзилган «Музаккири аҳбоб» тазкирасида Бобур авлодидан бўлган, бевосита бадиий ижод билан шуғулланган шоирлар ҳам ўрин олган эди. «Музаккири аҳбоб» муаллифи Заҳириддин Муҳаммад Бобурга юксак баҳо бериб, «Чиғатой султонларининг энг сараси ва зўр шижоатлиси эди. Бобур подшоҳнинг фазилатлари бисёр ва камолатлари бешумордир. Аруз бўйича ёзган рисоласи бир денгиздурким, ичи тўла жавоҳиру дурдона», дейди. Девон «Бобурнома», «Рисолаи аруз», «Мубаййин» каби асарлар ўзбек мумтоз адабиёти тараққиётида муҳим ўрин тутади.
«Музаккири аҳбоб»да Бобур Мирзо сулоласидан етишган ижодкорлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилади. Ҳумоюн Мирзо (1507-1556) тазкирада ҳурмат билан тилга олинади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўғли Ҳумоюннинг шеъриятга бўлган қизиқишини қувватлаган, унинг тарбиясига, билим олишга катта эътибор қаратган эди. Ҳасанхожа Нисорий шуни кўзда тутиб, Ҳумоюн Мирзонинг «турли хил илмларга муносабати шу даражада эдики, — дейди, — баён қалами унинг таърифида ожизлик қилади. Гоҳо қалб қувончи учун шеър ва шуарога кўнгил бериб, шеър аҳлини ўз олий мажлисининг қатнашчиси бўлишга ундарди. Ва бу дурга тўла матлаъ унинг гавҳар сочувчи гуфторидандир. Абёт (таржимада):
Ғуссадин дилим ғунча сифат таҳ ба таҳ қондур,
Бир қати етмагандай, иккинчиси ҳам шундандур.
Муҳаммад Комрон Мирзо ҳам нозик таъбли ижодкор бўлган. Бобур Мирзонинг бу ижодкор фарзанди ҳақида гапирар экан, тазкиранавис Ҳасанхожа Нисорий самимият билан «Юқори мартабали Комроннинг барча олий ҳиммати мангулик бахтини топмоқликка қаратилган, жаноб подшоҳ ҳар қандай ҳолатда ҳам фозиллар мулоқотидан ҳоли бўлмаганлар. Шоирлару надимларга бажону дил хурсандлик билан илтифот кўрсатганлар. Форсий ва туркий тилларда яхши шеърлари бор», дейди. «Музаккири аҳбоб»да Комрон Мирзонинг ҳар иккала тилдаги рангин ғазалларидан намуналар берилади. «Етуклик топган каломидан» бўлган қуйидаги ғазал тақдим этилади:
Эшитиб ҳуснинг сифатин бўлмишам зоринг сенинг,
Ё раб, ўлғайму муяссар бизга дийдоринг сенинг.
Комрон, Хусрав каби шеъринг топар ҳусни қабул,
Чунки бордур ҳусн аҳли васфи ашъоринг сенинг.
Комрон Мирзонинг ўғли Мирзо Абулқосим (1528-1559) ҳам ўз даврининг пешқадам шоирларидан ҳисобланади. Ҳасанхожа Нисорийнинг эътирофича, Мирзо Абулқосимнинг «шеърга илтифоти бўлиб, дилни мафтун этувчи» ашъори кўп экан.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўғилларидан Мирзо Аскарий ҳам шоир эди. Нисорий қайд этганидек, Мирзо Аскарий «Хаштаъб подшоҳзода эди. Илму фазлга катта майли бор эди. Фозилларни риоятсиз қолдирмас эди».
Мирзо Аскарий тақдирнинг кўп синовларини бошдан кечиради. У «аламларини шеър водийсига келтириб тўкиб, кўнгилга қуйилиб келган фикрларни назм либосида ҳавола қилган». «Музаккири аҳбоб»да шу руҳдаги ғазаллардан бири намуна сифатида берилади (таржимада):
Насибамни ғам водийсида қилибди Парвардигор,
Майли, чун ишқ йўлида араб ҳам, ажам ҳам баравар.
Бобур Мирзо фарзандларидан Ҳиндол шижоатли, саховатли ҳукмдор сифатида танилган. Ҳасанхожа Нисорий унинг шу сифатларини зикр этар экан, Ҳиндол Мирзонинг «фозиллар мураббийси ва солиҳларга қувват-руҳ бағишловчи» бўлганлигини ҳам алоҳида уқдиради. Тазкира муаллифи Ҳиндол Мирзонинг «яхши таъби борлигини» ҳам қайд этиб ўтади. Айниқса, рубоий жанрида маҳорат касб этганлиги назарда тутилади. Ундан тубандаги рубоий келтирилади (таржимада):
Тонг насими юз хийла бирла абрдин олган реза,
Гул юзига қўнгувчи шабнам қатраси покиза.
Сен чиройда париларнинг рашкига лойиқдурсан,
Худо ҳақи, ёрим, сен баридан тиниқсан, тоза.
Гулбадан Бегим Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қизи, таниқли қалам соҳибасидир. У 1523 йилда Қобулда дунёга келган, онаси Дилдор Бегим бўлган. Бобур Мирзо вафотидан кейин акаси Ҳумоюн Мирзо саройида яшайди. Гулбадан Бегим орифа ва оқила аёл бўлган. У отаси ва акаси салтанати ҳақида «Ҳумоюннома» деган асарини яратади. Асарни «Бобурнома»нинг давоми дейиш мумкин. Унинг сўнгги саҳифалари сақланиб қолмаган. «Ҳумоюннома» бадиий насрнинг мумтоз намунаси бўлиши билан бирга, қомусий хусусияти билан ҳам эътиборга лойиқ. Бобур ва Бобурийлар ҳаёти, давлат идораси, тожу тахт талашлари, сарой ҳаёти асарда қизиқарли ва ҳаққоний тасвир этилади.
Гулбадан Бегим 1603 йилда 80 ёшида вафот этади.
Бобурийлар сулоласидан кўпгина олимлар, ижодкорлар етишиб чиқади. Улуғ бобокалони Заҳириддин Муҳаммад Бобур йўлидан бориб, илм ва ижод билан шуғулланган набира, эвара-чеваралар талайгина эди. Акбаршоҳнинг ўғли, 1569 йил 30 августда Агра шаҳрида туғилган Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгиршоҳ (Шоҳзода Салим) Бобур Мирзо ва Гулбадан Бегим анъаналарини давом этдириб, «Тузуки Жаҳонгирий» асарини ёзади. Жаҳонгиршоҳ ўз замонасининг таниқли қалам соҳибларидан саналар эди. У тарих, мумтоз адабиёт, тасвирий санъат билан қизиққан. Шу сабабли, унинг саройи ҳамиша олимлар, шоирлар, мусаввирлар, муғаннийлар билан гавжум бўлган. Мушоираларда Жаҳонгиршоҳнинг ўзи ҳам шеър баҳсини ёзган ғазаллари билан қизитган. Муҳими, Жаҳонгиршоҳ ота-боболари тили — туркий тилни мукаммал билган ва бундан доимо фахрланган.
Абу Зафар Муҳийиддин Муҳаммад Аврангзеб Оламгир Бобур Мирзо авлодининг таниқли сиймоларидан бўлиб, Шоҳ Жаҳоннинг учинчи ўғли. У 1619 йилнинг 24 сентябрида туғилган. Онаси Мумтоз Маҳал бегимдир. Аврангзеб ўқимишли ва билимдон шоҳзода эди, ёшлигидан Қуръонни ёд билган. Унинг ҳафизасида мумтоз ғазаллар кўплаб сақланар, назмий асарларни чиройли ўқиган. Ўзи ҳам ғазаллар ижод қилар эди.
Аврангзеб Ҳиндистонда 1658-1707 йиллар давомида ҳукмронлик қилади. Бу давр Бобурийлар салтанатининг гуллаб-яшнаган йиллари бўлиб тарихда қолган. У 49 йил мамлакатни идора қилиб, 89 ёшида Аҳмадобод шаҳрида оламдан ўтади.
Зебуннисо Бегим — Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг чевара бўғинига мансуб авлод намояндаси бўлиб, улуғ бобокалони Бобур Мирзодан 109 йил кейин, 1639 йилнинг февраль ойида Деҳли шаҳрида таваллуд топган. Зебуннисо Бегим Аврангзеб Оламгирнинг қизидир. Онаси Дилрасбону Шоҳнавозхоннинг қизи бўлиб, Бобур Мирзонинг қизи Гулбадан Бегим тармоғига уланади.
Шоира, олима сифатида танилган Зебуннисо Бегим шеърлар девонини тузган, тасаввуф илмига оид «Мунис ул-арвоҳ», тафсирга оид, ниҳоятда салмоқли «Заб ат-тафсир» («Гўзал тафсирлар»), илоҳият мавзуида «Зеб ан-нашаот» каби асарлар яратади. Зебуннисо қалами билан орасталанган «Фатавои Оламгирий» (шариат қонунлари мажмуаси) Ҳиндистон мусулмонлари орасида катта шуҳрат тутиб, дастуриламал асар бўлиб қолади.
Зебуннисо Бегим дилбар ғазаллари билан шуҳрат тутган. Унинг «Инжост» радифли ғазали юртимизда машҳур ҳофизлар томонидан куйланиб келади. Бадиий маҳоратнинг, мумтозликнинг юксак намунаси бўлган ғазал шундай бошланади:
Биёки зулфи каж-у чашми сурмасо инжост,
Нигоҳи гарму адоҳойи дилрабо инжост.
Шоира ижод ва илмга бутун умрини бағишлаган, айтилишича, у Қуръони Каримни етти марта кўчирган экан. Бу заҳматкашлик, тинимсиз ижодий меҳнат фавқулодда истеъдод билан уйғунлашиб, Зебуннисога мангу шуҳратни таъмин этган омил бўлади. Шоира асрлар ўтишига қарамай, ота-боболарининг асл ватанида ҳам суюклидир.
Зебуннисо Бегим шоирлар ва аҳли илм ҳомийси сифатида катта ҳурмат қозонади, илм-фан, бадиий адабиёт ривожига бебаҳо ҳисса қўшади. «Олами ислом» тазкирасида «Отаси Аврангзеб ҳукмдорлик билан қозона олмаган шуҳратни Зебуннисо Бегим илм ва одоб билан қўлга киритди», деб бежизга айтилмаган. Зебуннисо Бегим дилбар ғазаллари билан шуҳрат тутган.
Жаҳонга довруқ ёйган шоира ва олима Зебуннисо Бегим 1702 йилда 63 ёшида Деҳлида вафот этади. Шоирани юртимизда яхши билишади. Унинг ғазаллари кириб бормаган хонадон кам. Қўшиқларга айланган ғазаллари олис Ҳиндистонда қолган Бобур авлоди қалбининг ҳазин нолалари бўлиб, юраклардан жой олади.
Темурий ижодкорлар ўрта асрлар халқимиз илм-фани, сўз санъати, маданияти тараққиётига бемисл улкан ҳисса қўшдилар. Сулоланинг аллома, шоир, адиб, муаррих, хотиранавис намояндалари салтанат даражасида, билим ва истеъдод имкониятида Ватанни оламга танитиш йўлини тутдилар. Улар ўлмас асарлари билан ўзларига мангу ҳайкал тиклаб кетдилар.
Хуршид Даврондан: Бобурий ижодкорлар сафига бу сулоланинг сўнгги ҳукмдори бўлган Баҳодиршоҳ II (1837-1858) ни ҳам қўшсак,маълумот тўлиқ бўлади. Баҳодиршоҳ «Зафар» тахаллуси билан ажойиб ғазаллар яратган.
Муаллиф ҳақида: Муҳаббат Содиқова Қарши шаҳридаги 7-умумий ўрта таълим мактабида ўзбек тили ва адабиёти фанларидан беради.
Muhabbat Sodiqova
BOBURIY IJODKORLAR
Temuriy ijodkorlarning XVI asrdagi ikkinchi katta o’zani Zahiriddin Muhammad Bobur nomi bilan bog’lanadi. Alisher Navoiy hazratlari nazariga tushgan Zahiriddin Muhammad Bobur mumtoz adabiyotimizning yirik siymosi bo’lib yetishadi. U hassos lirik shoir, mashhur nasrnavis, aruzshunos, muarrix sifatida nom qozondi. Taqdir taqozosi tufayli Zahiriddin Muhammad Boburning 1504 yildan keyingi hayoti Afg’on va Hind tuprog’ida kechdi. Bu mamlakatlarda buyuk saltanatni vujudga keltirgan Zahiriddin Muhammad Bobur shoh va shoir bo’lib, umri oxirigacha ijod qilishda davom etadi. Uning farzandlari, nabira va evara-chevaralari orasidan juda ko’p iste’dodli ijodkorlar, olimlar yetishadi.
Hasanxoja Nisoriyning 1556 yilda yozilgan «Muzakkiri ahbob» tazkirasida Bobur avlodidan bo’lgan, bevosita badiiy ijod bilan shug’ullangan shoirlar ham o’rin olgan edi. «Muzakkiri ahbob» muallifi Zahiriddin Muhammad Boburga yuksak baho berib, «Chig’atoy sultonlarining eng sarasi va zo’r shijoatlisi edi. Bobur podshohning fazilatlari bisyor va kamolatlari beshumordir. Aruz bo’yicha yozgan risolasi bir dengizdurkim, ichi to’la javohiru durdona», deydi. Devon «Boburnoma», «Risolai aruz», «Mubayyin» kabi asarlar o’zbek mumtoz adabiyoti taraqqiyotida muhim o’rin tutadi.
«Muzakkiri ahbob»da Bobur Mirzo sulolasidan yetishgan ijodkorlar haqida ham ma’lumotlar keltiriladi. Humoyun Mirzo (1507-1556) tazkirada hurmat bilan tilga olinadi. Zahiriddin Muhammad Bobur o’g’li Humoyunning she’riyatga bo’lgan qiziqishini quvvatlagan, uning tarbiyasiga, bilim olishga katta e’tibor qaratgan edi. Hasanxoja Nisoriy shuni ko’zda tutib, Humoyun Mirzoning «turli xil ilmlarga munosabati shu darajada ediki, — deydi, — bayon qalami uning ta’rifida
ojizlik qiladi. Goho qalb quvonchi uchun she’r va shuaroga ko’ngil berib, she’r ahlini o’z oliy majlisining qatnashchisi bo’lishga undardi. Va bu durga to’la matla’ uning gavhar sochuvchi guftoridandir. Abyot (tarjimada):
G’ussadin dilim g’uncha sifat tah ba tah qondur,
Bir qati yetmaganday, ikkinchisi ham shundandur.
Muhammad Komron Mirzo ham nozik ta’bli ijodkor bo’lgan. Bobur Mirzoning bu ijodkor farzandi haqida gapirar ekan, tazkiranavis Hasanxoja Nisoriy samimiyat bilan «Yuqori martabali Komronning barcha oliy himmati mangulik baxtini topmoqlikka qaratilgan, janob podshoh har qanday holatda ham fozillar muloqotidan holi bo’lmaganlar. Shoirlaru nadimlarga bajonu dil xursandlik bilan iltifot ko’rsatganlar. Forsiy va turkiy tillarda yaxshi she’rlari bor», deydi. «Muzakkiri ahbob»da Komron Mirzoning har ikkala tildagi rangin g’azallaridan namunalar beriladi. «Yetuklik topgan kalomidan» bo’lgan quyidagi g’azal taqdim etiladi:
Eshitib husning sifatin bo’lmisham zoring sening,
YO rab, o’lg’aymu muyassar bizga diydoring sening.
Komron, Xusrav kabi she’ring topar husni qabul,
Chunki bordur husn ahli vasfi ash’oring sening.
Komron Mirzoning o’g’li Mirzo Abulqosim (1528-1559) ham o’z davrining peshqadam shoirlaridan hisoblanadi. Hasanxoja Nisoriyning e’tiroficha, Mirzo Abulqosimning «she’rga iltifoti bo’lib, dilni maftun etuvchi» ash’ori ko’p ekan.
Zahiriddin Muhammad Boburning o’g’illaridan Mirzo Askariy ham shoir edi. Nisoriy qayd etganidek, Mirzo Askariy «Xashta’b podshohzoda edi. Ilmu fazlga katta mayli bor edi. Fozillarni rioyatsiz qoldirmas edi».
Mirzo Askariy taqdirning ko’p sinovlarini boshdan kechiradi. U «alamlarini she’r vodiysiga keltirib to’kib, ko’ngilga quyilib kelgan fikrlarni nazm libosida havola qilgan». «Muzakkiri ahbob»da shu ruhdagi g’azallardan biri namuna sifatida beriladi (tarjimada):
Nasibamni g’am vodiysida qilibdi Parvardigor,
Mayli, chun ishq yo’lida arab ham, ajam ham baravar.
Bobur Mirzo farzandlaridan Hindol shijoatli, saxovatli hukmdor sifatida tanilgan. Hasanxoja Nisoriy uning shu sifatlarini zikr etar ekan, Hindol Mirzoning «fozillar murabbiysi va solihlarga quvvat-ruh bag’ishlovchi» bo’lganligini ham alohida uqdiradi. Tazkira muallifi Hindol Mirzoning «yaxshi ta’bi borligini» ham qayd etib o’tadi. Ayniqsa, ruboiy janrida mahorat kasb etganligi nazarda tutiladi. Undan tubandagi ruboiy keltiriladi (tarjimada):
Tong nasimi yuz xiyla birla abrdin olgan reza,
Gul yuziga qo’nguvchi shabnam qatrasi pokiza.
Sen chiroyda parilarning rashkiga loyiqdursan,
Xudo haqi, yorim, sen baridan tiniqsan, toza.
Gulbadan Begim Zahiriddin Muhammad Boburning qizi, taniqli qalam sohibasidir. U 1523 yilda Qobulda dunyoga kelgan, onasi Dildor Begim bo’lgan. Bobur Mirzo vafotidan keyin akasi Humoyun Mirzo saroyida yashaydi. Gulbadan Begim orifa va oqila ayol bo’lgan. U otasi va akasi saltanati haqida «Humoyunnoma» degan asarini yaratadi. Asarni «Boburnoma»ning davomi deyish mumkin. Uning so’nggi sahifalari saqlanib qolmagan. «Humoyunnoma» badiiy nasrning mumtoz namunasi bo’lishi
bilan birga, qomusiy xususiyati bilan ham e’tiborga loyiq. Bobur va Boburiylar hayoti, davlat idorasi, toju taxt talashlari, saroy hayoti asarda qiziqarli va haqqoniy tasvir etiladi.
Gulbadan Begim 1603 yilda 80 yoshida vafot etadi.
Boburiylar sulolasidan ko’pgina olimlar, ijodkorlar yetishib chiqadi. Ulug’ bobokaloni Zahiriddin Muhammad Bobur yo’lidan borib, ilm va ijod bilan shug’ullangan nabira, evara-chevaralar talaygina edi. Akbarshohning o’g’li, 1569 yil 30 avgustda Agra shahrida tug’ilgan Nuriddin Muhammad Jahongirshoh (Shohzoda Salim) Bobur Mirzo va Gulbadan Begim an’analarini davom etdirib, «Tuzuki Jahongiriy» asarini yozadi. Jahongirshoh o’z zamonasining taniqli qalam sohiblaridan sanalar edi. U tarix, mumtoz adabiyot, tasviriy san’at bilan qiziqqan. Shu sababli, uning saroyi hamisha olimlar, shoirlar, musavvirlar,
mug’anniylar bilan gavjum bo’lgan. Mushoiralarda Jahongirshohning o’zi ham she’r bahsini yozgan g’azallari bilan qizitgan. Muhimi, Jahongirshoh ota-bobolari tili — turkiy tilni mukammal bilgan va bundan doimo faxrlangan.
Abu Zafar Muhiyiddin Muhammad Avrangzeb Olamgir Bobur Mirzo avlodining taniqli siymolaridan bo’lib, Shoh Jahonning uchinchi o’g’li. U 1619 yilning 24 sentyabrida tug’ilgan. Onasi Mumtoz Mahal begimdir. Avrangzeb o’qimishli va bilimdon shohzoda edi, yoshligidan Qur’onni yod bilgan. Uning hafizasida mumtoz g’azallar ko’plab saqlanar, nazmiy asarlarni chiroyli o’qigan. O’zi ham g’azallar ijod qilar edi.
Avrangzeb Hindistonda 1658-1707 yillar davomida hukmronlik qiladi. Bu davr Boburiylar saltanatining gullab-yashnagan yillari bo’lib tarixda qolgan. U 49 yil mamlakatni idora qilib, 89 yoshida Ahmadobod shahrida olamdan o’tadi.
Zebunniso Begim — Zahiriddin Muhammad Boburning chevara bo’g’iniga mansub avlod namoyandasi bo’lib, ulug’ bobokaloni Bobur Mirzodan 109 yil keyin, 1639 yilning fevral` oyida Dehli shahrida tavallud topgan. Zebunniso Begim Avrangzeb Olamgirning qizidir. Onasi Dilrasbonu Shohnavozxonning qizi bo’lib, Bobur Mirzoning qizi Gulbadan Begim tarmog’iga ulanadi.
Shoira, olima sifatida tanilgan Zebunniso Begim she’rlar devonini tuzgan, tasavvuf ilmiga oid «Munis ul-arvoh», tafsirga oid, nihoyatda salmoqli «Zab at-tafsir» («Go’zal tafsirlar»), ilohiyat mavzuida «Zeb an-nashaot» kabi asarlar yaratadi. Zebunniso qalami bilan orastalangan «Fatavoi Olamgiriy» (shariat qonunlari majmuasi) Hindiston musulmonlari orasida katta shuhrat tutib, dasturilamal asar bo’lib qoladi.
Zebunniso Begim dilbar g’azallari bilan shuhrat tutgan. Uning «Injost» radifli g’azali yurtimizda mashhur hofizlar tomonidan kuylanib keladi. Badiiy mahoratning, mumtozlikning yuksak namunasi bo’lgan g’azal shunday boshlanadi:
Biyoki zulfi kaj-u chashmi surmaso injost,
Nigohi garmu adohoyi dilrabo injost.
Shoira ijod va ilmga butun umrini bag’ishlagan, aytilishicha, u Qur’oni Karimni yetti marta ko’chirgan ekan. Bu zahmatkashlik, tinimsiz ijodiy mehnat favqulodda iste’dod bilan uyg’unlashib, Zebunnisoga mangu shuhratni ta’min etgan omil bo’ladi. Shoira asrlar o’tishiga qaramay, ota-bobolarining asl vatanida ham suyuklidir.
Zebunniso Begim shoirlar va ahli ilm homiysi sifatida katta hurmat qozonadi, ilm-fan, badiiy adabiyot rivojiga bebaho hissa qo’shadi. «Olami islom» tazkirasida «Otasi Avrangzeb hukmdorlik bilan qozona olmagan shuhratni Zebunniso Begim ilm va odob bilan qo’lga kiritdi», deb bejizga aytilmagan. Zebunniso Begim dilbar g’azallari bilan shuhrat tutgan.
Jahonga dovruq yoygan shoira va olima Zebunniso Begim 1702 yilda 63 yoshida Dehlida vafot etadi. Shoirani yurtimizda yaxshi bilishadi. Uning g’azallari kirib bormagan xonadon kam. Qo’shiqlarga aylangan g’azallari olis Hindistonda qolgan Bobur avlodi qalbining hazin nolalari bo’lib, yuraklardan joy oladi.
Temuriy ijodkorlar o’rta asrlar xalqimiz ilm-fani, so’z san’ati, madaniyati taraqqiyotiga bemisl ulkan hissa qo’shdilar. Sulolaning alloma, shoir, adib, muarrix, xotiranavis namoyandalari saltanat darajasida, bilim va iste’dod imkoniyatida Vatanni olamga tanitish yo’lini tutdilar. Ular o’lmas asarlari bilan o’zlariga mangu haykal tiklab ketdilar.
Xurshid Davrondan: Boburiy ijodkorlar safiga bu sulolaning so’nggi hukmdori bo’lgan Bahodirshoh II (1837-1858) ni ham qo’shsak,ma’lumot to’liq bo’ladi.
Bahodirshoh «Zafar» taxallusi bilan ajoyib g’azallar yaratgan.
Muallif haqida: Muhabbat Sodiqova Qarshi shahridagi 7-umumiy o’rta ta’lim maktabida o’zbek tili va adabiyoti fanlaridan beradi.