Erkin Vohidov. So’z — zabarjad, so’z — gavhar,oltin.

02128 декабр — Устоз Эркин Воҳидов таваллуд топган кун

Оламни охиригача англаб бўлмагандек, Сўзнинг ҳам тубига етиш имконсиздир. Биз кўзламоқ, кўзикмоқ, кўзгунинг кўздан келиб чиқишини биламиз, лекин кўз нима сабабдан кўз дейилганини, нега уни биров айн, биров чашм, биров глаз, биров ай деб аташини билмаймиз. Нега тошни бизнинг аждод тош деган, бошқалар хажар, санг, камень, стоун, штайн атаганлар, бу юзлаб номлар қаердан келган, билолмаймиз. Биз фақат фаразлар қиламиз, асил ҳақиқат эса сирлар уммони тубида ётибди. Лекин барибир тинчимас идрок эгаси бўлган одамзод ғаввос бўлиб бу уммон остини кезади, кашфиётлар қилади ва кашфиётлари ҳам чексиздир.

Эркин Воҳидов
СЎЗ — ЗАБАРЖАД, СЎЗ — ГАВҲАР, ОЛТИН
045

Дунёнинг энг ажиб, энг сирли ва сеҳрли саёҳатларидан бири Сўз оламига саёҳатдир. Негаки, Сўз яралишдан мўъжиза. Аввал Сўз бўлган, дейилади муқаддас китобларда. Ҳазрат Навоий айтганлар:

Сўз келиб аввалу жаҳон сўнгра,
Не жаҳонки, кавн ила макон сўнгра.
Чунки мавжуд бўлса нуктаи “кун”,
Бўлди мавжуд тоза, йўқса кукун.

Яъни, аввал Сўз келган, Оллоҳнинг “бўл” деган нидоси келган ва майда заррачалар оламидан янги Олам яралган. Агар шу илоҳий Сўз келмаганда олам кукунлигича қолган бўларди.

Холиқи олам одамзодга идрок ва Сўз айтиш неъматини бериб, уни барча хилқатларидан устун яратди, жонли ва жонсиз оламга ҳоким қилди. Оламни идрок қилган инсон Сўзни идрок қилади. Сўзни идрок қилиб оламни янада теранроқ идрок қилади. Сўзнинг илдизига етган киши дунё­нинг тагига етгандек баҳра топади. Инсоният тарихи сўзлар қисматида яшириниб ётар экан.

Оламни охиригача англаб бўлмагандек, Сўзнинг ҳам тубига етиш имконсиздир. Биз кўзламоқ, кўзикмоқ, кўзгунинг кўздан келиб чиқишини биламиз, лекин кўз нима сабабдан кўз дейилганини, нега уни биров айн, биров чашм, биров глаз, биров ай деб аташини билмаймиз. Нега тошни бизнинг аждод тош деган, бошқалар хажар, санг, камень, стоун, штайн атаганлар, бу юзлаб номлар қаердан келган, билолмаймиз. Биз фақат фаразлар қиламиз, асил ҳақиқат эса сирлар уммони тубида ётибди. Лекин барибир тинчимас идрок эгаси бўлган одамзод ғаввос бўлиб бу уммон остини кезади, кашфиётлар қилади ва кашфиётлари ҳам чексиздир.

Лекин, ўйласам, изланишларимиз каби ғофиллигимиз-да поёнсиз экан. Сўзни эшитамиз, сўзлашни қотирамиз, лекин Сўз мағзини чақиш аксар хаёлимизга келмайди. Нега шундай деймиз, дея ўзимизга савол бермаймиз. Бу синоат тўла олам бамисоли олисдаги юлдузлардек ноаён қолаверади. Узум едим, “узум” дедим, билсам, токдан узиб едим, дегандек, ўз қўлим билан ишкомдан узум узатуриб, бу сўзнинг узмоқдан олингани хаёлимга келган эди. Ахир унган нарсани унум, ғуж ўсган мевани ғужум, жамият тузилишини тузум, чўғнинг қўридан қолган кулни қурум, деймиз. Оғизга солиб ютганимиз ютум, томоқдан қулт этиб ўтган сув қултум бўлганидек ишкомдан узиб еганимиз узум бўлади-да, дея ўз содда кашфиётимдан суюнган эдим.

Курайдиган қуролимиз курак, ички аъзо ичак, гул тубида турадиган идиш тубак — биз уни тувак деймиз— эканини билиш қийин эмас, лекин кўксимизда гурсиллаб урган юракни юрак дейиш тўғрими ёки урак? Юрак юрадими, урадими? Кўкрак-чи? Нега кўксимизни шундай атаймиз? Кўксим осмон, дегандек бу ном кўк, яъни осмон билан боғлиқми? Ундоқ десак, эмикдош маъносини англатувчи кўкалдош сўзидаги кўк ўзаги нимани англатади? Кўкракка алоқаси йўқмикан?.. Бундай жумбоқлар юзлаб, минглаб сўзларимиз замирида ётибди. Улар бизни қийнаши, уйқу бермаслиги керак, Маҳмуд Қошғарий бобомизнинг китоби ёстиғимиз остида бўлмоғи керак.

Биз табаррук қадриятларимиз тикланаётган замонда яшамоқдамиз. Истиқлол йилларида она тилимиз ривожи учун сезиларли ишлар қилинди. Лекин кўп асрлик йўқотишни саноқли йилларда тиклаш мушкул экан.

Она тили умуммиллат мулкидир, демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман, деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Унутилган сўзларни тиклаш, борини бойитиб бориш, хорижий атамаларга муносиб истилоҳлар топиш ёлғиз тилшуносларнинг эмас, миллатнинг ишидир. Эски тузум барбод бўлди, Остановка турганда бекат, район турганда туман, вилка турганда санчқи дейишга нима бор, дегувчиларнинг даври ўтди. Тилимиз секин-асталик билан бўлса-да ўзбекчалашиб бормоқда.

Адабий ижод ҳамиша Сўз оламига саёҳатдир. Ижодкор Сўзни тирик жон деб билади ва Сўз билан сўзлашади. Менинг бу ёзганларим ана шундай жонли тил билан жонли суҳбат бўлишини истайман. Умрини яшаб бўлган ва барҳаёт, мен англаган ва англаб етмаган соҳир хилқат билан кўнгил боғларида кезиб, хаёлан Сўз билан сўзлашсам, Тил билан тиллашсам, дейман. Сиз азизларимни ҳам бу сайрда ҳамроҳ бўлишга таклиф этмоқчиман. Сўз мўъжизаси қошидаги ҳайратларимга ошно қилмоқчиман.

Уч дарёдан сув ичган денгиз

Она тилимни муаззам ва улуғ десам, эъзозлаб бошга кўтарсам, бунинг боиси ўзимники бўлгани, жонимга яқинлиги учун эмас. Шунга ишонганим, иймон келтирганим учун, менинг ҳам бир-икки тилдан хабарим бўлиб, қиёслаш имкониятларим борлиги учундир.

Бир томчи шабнамдек мўъжаз ва тиниқ элчи деган соф ўзбекча туркий сўзда қанча хикмат бор!

Эл деб, элат деб халқни айтамиз. Яна ёв ҳеч қачон эл бўлмайди, деймиз, ёмонга элакишма деган ўгитимиз бор. Бу ўринда эл дўстлик, яқинлик маъноларини билдиради. Эл қадимда давлат тушунчасини ҳам ифода қилган. Элчи бир халқдан, бир давлатдан бошқа юртга юборилган вакилгина эмас, балки элни элга эл қиладиган одам, халқлар ўртасида меҳр риштасини боғловчи, дўстлик кўпригини қурувчи ҳамдир.

Сўзнинг ўзида шахс зиммасидаги залворли юк бор. Элчи адолат ва эзгулик йўлида ҳақ сўзни айтишга бурчли инсон.

Унинг жонига эса кафолат ҳужжати қилиб, қонундек мустаҳкам, шоҳлар ҳукмидек қатъий ҳикмат, айтилган: Элчига ўлим йўқ!

Омонат деган ўзбекона сўзга қалб қулоғини тутинг. Қанчалар теран инсоний туйғулар бор бу сўзда. У мулк ҳақида айтилса бировнинг омонати, жон ҳақида айтилса оллоҳнинг омонати. Банда учун дунё омонат, дунё учун банданинг ўзи омонат.

“Ёғилур ҳар дам фалакдан бошингга гарди фироқ,
Ўт равонроқким, омонатдир басе бу эски тоқ.”

Инсон бошига осмондан гард ёғилиб туради. Биз бугун бу гардни космик чанг, деймиз. Фазовий жисмларнинг Ер атмосферасида ёниб кетишидан ҳосил бўлган кул, деймиз. Бундай гардни Ҳазрат Навоий беш аср муқаддам қаёқдан билган, дея ҳайрон бўлманг. Берунийлар, Улуғбеклар яшаган юртда фазо сирлари аён эди. Ҳайратга сабаб бошқа, яъни бу илмий ҳақиқатнинг фалсафий хулосаси, бадиий тимсолидир. Эй одамзод, дейдилар ҳазрат, бошингга ёққан само чанглари айрилиқ гардларидир. Томидан тупроқ ёғилган уйда узоқ туриб бўлмайди. Бундай уй омонат. Чириган том остида яшаш хатарли. Осмонидан гард ёғилган дунёни, бу эски тоқни ҳам равонроқ, тезроқ тарк этган яхшидир. Омонат сўзининг маъно товланишига қаранг. Уй омонат, олам омонат.

Сўз — забаржад,
Сўз — гавҳар, олтин,
Заргарликнинг машаққати кўп.
Сўзни байтга қадашдан олдин
Кафтингга қўй, тўйиб қара, ўп!

Она тилимни севмасам, сўзларига маҳлиё бўлмасам, ҳайратланмасам менга шоирлик қайда эди!

Офтоб чиқди, қуёш чиқди, кун чиқди,
Меҳру шамсу хуршиди гардун чиқди.

Бир замон болалар учун айтилган шу жўнгина ва ғўргина икки сатрнинг ўзида қуёшнинг олтита номини топасиз! Саноқни яна давом эттириш мумкин. Олимлар, топиб беринг, қайси тилда қуёшнинг ўндан ортиқ исми бор! Қайси тилда осмонни камалак рангларидек етти хил ном билан атайдилар? Осмон, фалак, само, чарх, гардун, фазо, кўк… Булар дафъатан хаёлга келганлари холос! Арш, даввор, мину сингари кам ишлатиладиган хос сўзлар ҳам саналса рўйхат янада узаяди.

Маънодош сўзларимизнинг кўплигига сабаб бор. Ўзбек тили уч дарёдан сув ичган. Диний, илмий, ижтимоий атамаларимиз асосан араб тилидан, кўпгина иш қуролларимиз, жомадон, ҳокандоз, дастшу, жомашу, дазмол, қоғоз каби ҳунармандликка оид сўзларимиз, шунингдек юксак шеърий услубга хос суханлар форс тилидан келган. Лекин бу қатъий қоида эмас. Аксар ҳолат десак тўғрироқ бўлади. Араб тилидан ўтган нарса ва буюм номлари ҳам тилимизда кўп: Ароба, мусаллас, истеҳком, қалам сингари. Шунингдек, форс тилидан кирган фалсафий атамалар ҳам талайгина. Жавонмард, сарбадор, чархи кажрафтор, Ойинаи Искандар ва ҳоказо. Ҳаракат номлари асосан туркийча. Алишер Навоий туркий тилдаги юзта ҳаракат номи, яъни феълларни санаб, форс тилида уларнинг муқобили йўқ эканини айтганлар ва туркий тилимизнинг бойлиги, қудратини намойиш этганлар.

Қадимда туркий тил оддий халқ тили ҳисобланган. Аскарликка оддий халқдан олингани учун ва феъл ўзаклари тур, ёт, юр, от, чоп сингари асосан бир бўғинли сўзлардан таркиб топгани ва буйруқ беришга қулайлиги боис ҳарбий тил туркча бўлган.

“Темур тузуклари” ни бизга етиб келган форс тилидаги матндан ўзбекчага таржима қилар экан, Алихон Тўра Соғуний, “мен таржима қилмадим, балки асл тилига қайтардим,” деган эдилар ва мисол тариқасида тингчи, болонғар, жалонғар каби туркий атамаларнинг форсча муқобили топилмай, матнда ўз аслича қолганини кўрсатган эдилар.

Ўзбек тилининг буюк денгизи ана шу уч буюк дарё — туркий, арабий ва форсийдан сув ичиш баробарида эски лотин, хитой, мўғул, рус, Европа тилларидан баҳраманд бўлган.

Шу сабаб тилимиз бой. Ҳеч бир бошқа тилда бўлмаган шаклдош сўзлар санъати туюқ ўзбек тилида бор. Ҳеч бири бошқа халқда йўқ азкия, сўз ўйини бизда мавжуд.

Ҳазрат Навоий тўпори, қора халқ тили ҳисобланган туркий ўзбек тилини шеърият осмонига кўтариб қўйдилар. “Муҳокаматул луғатайн”ни ёзиб она тилимизнинг форс тилидан устун бўлса устунки, кам эмаслигини исбот қилдилар.

Ушбу рисолада ёзилишича, Навоий ҳам ёшлик йилларида бошқа шоирлар каби асосан форс тилида шеърлар ёзиб, нафосат аҳлининг олқишини олган эканлар. Хусусан, форсийда битилган “Туҳфатул афкор” қасидасининг матлаи тўғрисида ҳазрат Жомий “Баҳористон” номли асарда ёзмишларки, мазмуни шундоқ: “Бу давлат ёрлиғини осмоннинг пештоқига осилса арзийди ва бу саодат тамғасини Муштарий юлдузининг бўйнига илиб қўйса, унга қувонч, ифтихор бўлгай.”

Навоийнинг сўз бойлиги беқиёс. Сабаби ҳазрат форс тилини қанчалар мукаммал билсалар — ўз эътирофлари бўйича: “форс алфозин киши мендин кўпрак билмайдур”— араб тилини ҳам шу қадар баркамол эгаллаганлар ва уларни тўла истифода этганлар. Туркий тилнинг эса бутун назокатини, сўзга бойлигини “Муҳокаматул луғатайн”дагина эмас, бутун умр, бутун ижод жараёнида намоён қилганлар. Ўзбекнинг содда, тўпори сўзларини ҳам, шеърга солиш мумкин бўлмаган даражада оддий ва жўн гапларни ҳам нозик ғазалга кирита олганларки, бундоқ сеҳрдан лол бўлмай илож йўқ.

Саҳар ҳовар шаҳи чарх узраким ҳайли ҳашам чекди,
Шуои хат била кўҳсор уза олтун алам чекди.

Шундай юксак услубда ёзилган ғазалга “супурги” деган сўзни киритиб бўладими? Мутлақо мумкин эмас, дейсиз. Энди шеърнинг давомини ўқинг:

Қазо фарроши сунди чархнинг сиймин супургусин,
Музайян парлари андоқки, товуси ҳарам чекди.

Ажабо, буюк истеъдод нафаси тегса ўзбекнинг қора ерда ётган супургиси ҳам осмонга кўтарилиб, қуёшнинг тарам-тарам шуъласига айланар экан.

Ёки “тиш қирчиллатиш” иборасини бугунги шоирларимиз арузий байт у ёқда турсин, ҳатто халқона содда бармоқ вазнида айтишни ўзларига эп кўрмайдилар. Навоийга қулоқ тутинг:

Тушда кўрдим ёрни, шодон рақибим ўтруда,
Рашкдин ҳар лаҳза тиш қирчиллатурман уйқуда.

Бундай халқ иборалари, лапарлари, мақолларини “Хазойинул маъоний”да кўплаб учратамиз ва ҳар гал бу хил жўн сўзлар тагида ётган маънолардан, бадииятдан ҳайратга тушамиз.

Бизнинг шундай улуғ шеъриятимиз бор, бойликда беқиёс она тилимиз бор. Тил миллатнинг бош белгиси ҳисобланади. Тил бор — миллат бор. Тил йўқ — миллат йўқ. Истиқлол унут бўлган давлатчилигимизни тиклади, йўқ бўлишга маҳкум қилинган тилимизни, демакки миллатимизни асради ва азиз қилди. Энди унинг биз йўқотиб улгурган бойлигини тиклаш, турлича “изм” тамғаларини қўйиб истеъмолдан чиқарилган сўзларни ўрнига қайтариш, бунинг учун мумтоз адабиётимизни чуқур ўрганиш ҳозирги авлод зиммасидаги шарафли бурчдир.

Гоҳи хаёл қиламан, агар мустақилликка эллик йил аввалроқ етишганимизда балки икки азим дарёдан сув ичган Орол денгизимиз бу аянчли аҳволга тушмас эди ва агар собиқ тузум яна эллик йил яшаб қолганда уч денгиздан сув ичган она тилимизнинг қисмати ҳам Оролнинг қисматидек бўларди.

Тикланаётган сўзларимиз истиқлол чечакларидир. Очилажак гуллар ҳали беҳисоб…

Энг аввалги Сўз

Холиқи оламнинг Бўл деган сўзидан борлиқ яралган, инсон бунёдга келган.

Одамзод тилга кириб у айтган биринчи сўз нима эди? Бу саволга жавоб ҳеч бир китобда йўқ. Олимлар, инсониятнинг илк сўзлари товушга тақлидан пайдо бўлган, дейдилар. Дарҳақиқат, қадимги аждодларимиз тоғдан шовиллаб тушган сувни шовва, шар-шар тўкилганини шаршара деган. Қушларнинг чурқ-чурқ қилгани чумчуқ, лак-лак қилгани лайлак (аслида лаклак) қағиллагани қарға, бул-бул дея ёқимли сайрагани булбул бўлган. Кейинчалик ўзи ясаган буюмларга ҳам шу тарзда ном берган. Тўқиллаб урилгани тўқмоқ, туёқ остида тақиллагани тақа, зангиллаган қўнғироқ занг аталган. Бу аён, лекин биринчи сўз нима эди?

Юртимизда юз минг йил муқаддам яшаган неандертал одамнинг тарих музейимиздаги қиёфасига қараб ўйлайман. Хаёл қиламанки, росмана инсонга айланмаган бу ибтидоий онг эгаси тошни тошга уриб, чақ этган товушни эшитгану чақ дея овоз чиқариб, ўзининг биринчи сўзини айтган. Тошни тошга чаққан, кейинроқ тош билан данак чаққан, ёнғоқ чаққан, боласига ҳам чақ! деб буюрган.

Бора-бора тошдан ўт чиқариб уни ҳам чақ деди. Кўкда чақ этиб ёнган олов ҳам чақ бўлди. Кейинчалик чақмоқ, чақин, чақмоқтош сўзлари пайдо бўлди.

Тош бир-бирига урилганда учган ери чақа. Тошга қоқилганнинг бармоғи чақа. Кўп гапирганнинг тили чақа.

Тош майдалаб чақа деган инсон минг йиллар ўтгач, пул майдалаб чақа деди. Майда болаларини ҳам бола-чақа деди.

Тараққиёт инсонга ақл ва заковат берди. Заковатли инсон тош чақишни қўйиб гап чақишга ўтди. Тошдан ўт чиқарган бўлса, гапдан аланга чиқарди. Гап чақиб ўз қардошининг хонумонига ўт қўйди.

Гап чақувчининг оти ҳам чақдан узоқ кетмади. Уни чақимчи, чақмачақар дедилар. Чақимчининг ниши илоннинг тишидан оғриқли ва хатарли. Ари, илону чаённинг наштар уришини ҳам бесабаб чақиш демаганлар. Демак, чақимчи билан газанданинг ҳунари бир.

Чақмачақарнинг ҳам катта-кичиги бўлар экан. Бировнинг гапини бировга айтса бу чақимчилик, инсоннинг гапини юқорига, подшоликка ёки ҳукуматга етказса чақув бўлади. Чақув олдида чақмачақарлик ҳолва бўлиб қолди. Чақимчиликдан бир инсонга озор етса, чақувдан юзмингларнинг ёстиғи қуриган.

Чақув давлат сиёсати даражасига етиб, чақувчи тенгсиз қудрат соҳиби бўлган заминларни кўрди жафокаш халқ. Бир имзосиз мактуб инсоннинг эмас, бутун бир авлоднинг, уруғ-аймоқнинг хонумонига ўт қўювчи гугурт бўлди. Инсон гугурт ёндиришни ҳам гугурт чақиш деди .

Башарият тош чақишдан сўз мағзини чақишгача бўлган масофани миллион йиллар ичида босиб ўтди. Биз ҳам сизлар билан чақ сўзининг аччиққина мағзини чақдик, чақ тўғрисида чақчақлашиб олдик. Сиз бу сўзларнинг ҳазил эканини англаб турибсиз. Лекин аёнки, ҳарқандай ҳазил остида бир чимдим ҳақиқат ётади.

Ой фарзанди

Американинг Лос-Анжелес шаҳрида Ўзбекистоннинг садоқатли бир дўсти яшайди. Келиб чиқиши можар бўлган бу турколог олим Лос-Анжелес университетида махсус курс очиб, америкалик талабаларга ўзбек тилини ўргатади. Улар диёримиз нафасини ҳис қилиши учун Ўзбекистондан олим ва ижодкорларни таклиф этиб, суҳбатлар уюштиради. Исми Андраш, насаби Бодроглигетти.

Талаффузи қийин, ёдда сақлаш ундан қийин бўлган бу фамилияни илк бор эшитганимда олимни италиялик деб ўйлагандим. Лос-Анжелесда кўришиб, унга шу саволни бердим.

— Фамилиям аслида Бадроглигетти. Бад сўзи форсча ҳам, инглизча ҳам ёмон деган маънони билдиргани учун бу юртда насабимни бир ҳарф ўзгартириб, Бодроглигетти қилиб олдим. Лекин италиялик эмасман. Фамилиям соф туркча.— Шундай деб Андраш домла қўлига қалам олди ва ўз фамилиясини уч қисмга бўлиб ёзди: Бадр огли гетти. Бадр сўзини биламиз, ой дегани. Қолган сўзлар ҳам таниш. Ўғуз туркчасидан ўзимизнинг шевага ўгирсак, Ой ўғли кетди, деган маъно чиқди.

— Тўйда туғилган Тўйчи, йўлда туғилган Йўлчи, жумада туғилган Жумавой, Одина деб исм олганидек, аллақайси бобокалоним ойдин кечада туғилгани учун Бадр ўғли деб ном қўйишгандир. Ўз юртидан кетиш наслимиз қисматида бор экан шекилли, мен ҳам асл ватанимдан узоқларда Бодроглигетти бўлиб юрибман.

Шарқу ғарбнинг ўнлаб тилларини билган, уларни чоғиштириб таҳлил қилган Андраш домланинг бу сўзларини аввал балки хаёлот меваси, шунчаки ҳазилдир, деб ўйладим. Ахир тилимиз шу қадар бой ва рангинки, ҳар сўзни ўн ёққа буриш мумкин, ўт деган сўзнинг ўттиз хил, юз деган сўзнинг юз хил маъно товланиши бор. Лекин миллат тақдирини ўйласам, можарнинг туркий халқларга тарихан туташлигини хаёлга келтирсам бу гап ҳазилга ўхшамади. Олис ўтмиш манзаралари кўнглимдан кечди. Халқларимизнинг эгиз кечмишини ўрганиш учун жонини хатарга қўйиб, Марказий Осиёга келган Вамбери кўз олдимга келди. Ўз юртида қўним топмаган, қисмат дунёнинг турли бурчакларига тарқатиб юборган қадимги аждодларимизнинг сарсон саргардонлиги фикримни чулғади.

Бадр ўғли кетди… Бу сўзларда бутун бир тарих намоён бўлди. Тўрт юз йил наридан Бухорони тарк этиб олис ва совуқ Сибирда қўним топган ўзбекларнинг ноласи келди, яна икки юз йил ўтиб улардан мингга яқин оиланинг Туркияга кўчгани, сибирликлари ҳам, туркияликлари ҳам то ҳануз ўзларини бухорийлар (русча бухарцы) деб аташларини ўйлаб кетдим. Тақдирни қарангки, икки карра беватан қолган ғарибларга Туркияда Бағри тилик деб аталган тоғ этагидан жой берилибди. Хаёл мени яна минг йил нарида Идил ва Ёйиқ соҳилларида яшаган, ҳозирда Волга ва Урал аталган дарёлардан сув ичиб, бепоён кенгликларда от сурган ўзбеклар юртига олиб учди. Халқимиз татар, булғор, можар, ўрус эллари билан елкадош кун кечирган яйловлар кўз олдимга келди.

Бадр ўғли кетди… Хаёлан мен ўн минг йиллар олисда Сибирдан Аляскага кўчган туркий қабилаларнинг қўшиқларини эшитдим. Америкалик ҳиндуларнинг бахшилар каби бўғиздан чиқариб айтган қўшиқлари қулоғим остида янгради. Бу минг йилар тубидан келган дард садоси эди.

Можар халқи ўз илдизларини қадимги туркий қавмлар билан туташ кўргани учун Можаристонда туркология фани асрлар давомида ривож топган. Бу анъана ҳозир ҳам давом этади. Бу ўлкада икки юз йилча аввал яшаган Герман Вамберидан тортиб замондош дўстларим Иштван Конгор ва Андраш Бодроглигеттигача дунёга танилган неча-неча туркшунос олимлар етишдилар. Улар юртимизга сафар қилганларида Самарқанду Бухорони томоша қилишни кўзлаб эмас, можар халқининг теран томирларини излаб келганлар.

Бадр ўғли кетди… Можарнинг ҳам, ўзбекнинг ҳам Ой ўғли эканига ишончим бор. Бадр ўғли Сибирга кетди, Аляскага кетди. Идил ва Ёйиқ соҳилларидан Ҳазар ва Орол бўйларига кетди. Бу юртда мингйиллар яшаган ерлик аждодларимиз билан дунёнинг энг кўҳна давлатларидан бири бўлган Хоразм давлатини тузди.

Яна минг йиллар ўтиб Босфор бўйларига кетди ва ҳозирги Туркияга асос солди. Ой ўғли кетди. У оламнинг тўрт ёғига кетди.

Жавоҳирлаъл Неҳру Мирзо Бобур тузган давлат тўғрисида ёзаркан, марказий осиёликлар дастлаб Ҳиндистонга тўрт минг йил муқаддам кўчиб кела бошлаганлар, дейди. Улар орасида туркий қавмлар ҳам бўлгани, бу қавмларнинг қадимий ривоятлари, достонлари ҳам Ҳиндистонга боргани шубҳасиз.

Ой арабча бадр, форсча маҳ дейилади. Туркий тилларда арабча ва форсча сўзлар кўҳна замонлардан бор. Ой ёнида бадр ҳам, маҳ ҳам ишлатилган. Ҳиндлар Деҳлини Дели, Неҳруни Неру деганлари каби Маҳ ўғлини Маугли деган бўлсалар ажаб эмас. Инглиз адиби Радяр Киплинг Ҳиндистон мавзусида ёзган машҳур асар қаҳрамонининг исми Маугли.

Демакки, Радяр Киплингга шуҳрат келтирган Маугли эртагининг мавзуси қадимги туркий халқлар афсонасидан олинган бўлиб чиқади. Яна бизга маълумки, ривоятлар турк наслини бўри зотига боғлайди, она бўри эмизиб катта қилган, дейилади. Мауглига ҳам бўри оналик қилган. Бўрининг эса тунлар ойга қараб улиши бор…

Қадим-қадим замонларда аждодларимиз қуёшга, ойга, юлдуз ва сайёраларга топинганлар. Дашту саҳролар оша олис, машаққатли йўлларда кундузи қуёш, кечаси ой ва юлдузлар уларга машъала, қибланамо бўлган. Ўғлонлари исмини Кунтуғмиш деб, Ойбек деб, қизларини Ойбарчин, Тўлганой, Юлдузхон, Зуҳро, Сурайё, Ситора деб атаганлар.

Икки юз йил аввал Ҳиндистонда яшаб ижод қилган ҳамюртимиз Мирзо Асадуллохон Ғолиб ўз аждодларини эслаб, мен асли cамарқандликман, наслим Ойбеклар зотидан, дея ғурур билан ёзган:

Десам, Ғолиб, ерим — пок хоки Турон,
Асил зотим билан бағрим фараҳманд.
Ўзим туркзодаю наслим-да туркзод,
Буюклар қавми бирла асли пайванд.

Уруғ бўлмиш менга Ойбеклар аслан,
Камолан ойга нисбат, балки ўнчанд.
Отам касбин десам деҳқончиликдир,
Бобом бўлмиш заминдори Самарқанд.

Бадр ўғли, Маҳ ўғли, Ойбек нақадар ўхшаш исмлар! Арабий, форсий, туркий маънодош сўзлар. Юртимизда қадимдан бу уч тилнинг ёндош яшаганига яна бир тимсол.

Америкалик дўстимиз профессор Бодроглигетти насаби хаёлимни шунча олисларга элтди, узоқ замону маъволарда кездирди. Сўз шундай мўъжиза эканки, унинг замирида қатлам-қатлам бўлиб тарих ётар экан.

Молдавияда туркий тилда сўзловчи гагауз халқи яшайди. Илм аҳли бу номни қора ўғизга боғлайдилар. Ўша қариндошларни мен олимона эмас, шоирона сўз билан қоракўзлар дегим келади. Чунки қоракўз деб ўзбек ўзини, ўз биродарини, яқин жигарини айтади.

Андраш Бодроглигетти ҳам ўша қоракўзлардан бўлса, дунёга сочилиб кетган уруғларимиздан бўлса не ажаб! Олимнинг сўзи ҳақ. Бизлар ҳаммамиз Ой фарзандларимиз. Ойдан тушган каби соддамиз. Дилимиз ойдин, ниятимиз ойдин.

Бу тимсоллар ярим тунда тўлин ой ёруғида хаёлимга келди. Бамисоли неъмат тўла лагандек улкан кумуш гардиш кўкдан нуроний чеҳра билан сокин, меҳрли қараб турарди.

Ўзбек бежиз онани ойи деб, Ойни оймомо деб атамаган. Эй, Ой, халқим йўлларини шуъланг билан мунаввар қил, истиқболини ойдин қил, моможон!.

Кўмирга айланган умр

Халқ мақоллари, маталларида бир ҳикмат бўладики, у ҳикматли сўз деб аталади ва асрлар оша оғиздан оғизга кўчади.

Гап кўп, кўмир оз, деган иборада мен чуқур маъно, тагдор фикр кўрмадим. Суҳбат чўзилса сандалнинг чўғи совуб қолгани учун шундай дейдиларми? Бу гапда не бадиият, не ҳикмат бор?

Ўйлашимча, бу ибора аслида гап кўп-ку, умр оз бўлган.

Ку юкламасининг кейинги сўзга қўшилиб кетишидан умр кўмирга айланган. Аслиятни тикласак, дунёнинг дардини айтишга умр етмайди, деган фалсафий хулоса чиқади.

Бу сингари замонлар оша тилдан тилга ўтиб, сўзлар, товушлар ўзгариб кетган, асл маъносини йўқотган мақол ва маталлар кўп.

Халқда Меҳмон отангдан азиз, Устоз отангдан улуғ деган ҳикмат бор. Бирор ақлли зот, отадан улуғ, отадан азиз инсон бўлмайди, деб айтган чоғи, кейинги вақтда Меҳмон отангдек азиз, Устоз отангдек улуғ дейиш урф бўлди.

Отадан улуғ ва азиз кишининг йўқлиги ҳақиқат. Айнан шунинг учун ҳам бу ташбеҳ ишлатилади. Мақол халқ ижоди. Ижод бадииятсиз, бадиият муболағасиз бўлмайди. Инсон боши тошдан қаттиқ, деймиз. Тошдан қаттиқ нарса йўқлиги учун шундай деймиз. Тоғни урса талқон қиладиган йигит, деган гап бор. Тоғни майдалаб бўлмаслиги учун бу мақол қудратли ва боқий. Дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган одам дейиш, ёр юрган кўчаларни супурай сочим билан, чанги чиқса сув сепай кўзлардаги ёшим билан, дея куйлаш завқи йўқ одамнинг ақлига сиғмайди. Бир дўстимиз бўларди. Латифа айтсалар кулмас, “йўғ-ей” деб турарди. Шу дўстимиз адабий танқидчи бўлди, лекин адабиёт нима эканини, гўзаллик нима эканини англамай хўмрайганча дунёдан ўтиб кетди.

Меҳмон отангдан улуғ, деганда биз аввало отани улуғлаймиз. Отадан азиз, отадан улуғ зотнинг йўқлигини муболаға воситаси билан тасдиқлаймиз.

Нега мен бу арзимас хатога ёпишиб олдим? Гап шундаки, одамларда тафаккур кучи ортгани сари тасаввур кучи камайиб бормоқда. Завқ-шавқ ўрнини совуқ ҳисоб-китоб эгалламоқда. Ақл ва юрак баҳсида ҳиссиёт енгилиб, қуруқ мантиқ ғалаба қилмоқда. Бу жамият учун хатарли хол. Ўзбек аскияни унутса, дўстона ҳазилларни эсдан чиқарса, сўзнинг латофатини англамай қолса бу фалокатдир.

Мақолни таҳрир қилувчи ошиноларга маслаҳатим бор: Агар “дан” ўрнига “дек” қўшишни жуда хоҳласангиз, халқнинг бошқа бир ибораси борки, уни шундай таҳрир қилса савобли иш бўлади.

“Тўйлар қилинг, қамишдан бел боғлаб хизмат қилай,” дейдилар.. Аслида қамишдан бел боғлаш эмас, қамишдек бел боғлаб хизмат қилиш тўғрироқ бўлади. Қамиш неча бўғинли бўлса шунча карра бели боғлиқ. Ичининг бўм-бўшлиги емай-ичмай хизмат қилишга, шамолда тебраниши тинч турмасликка, иш учун эгилишга, елиб-югуришга тимсол. Хипчалиги, ингичкалиги эса меҳнатга шай турган ёш йигитчадек. Мана буни ҳикмат деса бўлади.

Шу ўринда озроқ “лирик чекиниш”. Қамиш мумтоз адабиётимизда садоқат рамзи ҳисобланади. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг машҳур байти ўзбекчада шундай:

Тингла найдин, не ҳикоятлар қилур,
Айрилиқлардан шикоятлар қилур.

Яъни, най аслида қамиш эди. Ботқоқ тўқайда ўсган эди. Уни кесиб най қилдилар, саройга келтирдилар, бахмалларга ўраб олтин нақшли ғилофларга солдилар. Эъзозлаб, суйиб лабга босдилар. У эса нола қилди, фарёд кўтарди. Ўзи ўсиб унган тўқайзорини соғинди. Ҳашаматли саройларни, топган иззат-икромини асл макони бўлган ташландиқ қамишзорга алмаштиролмади. Шу боис найдан ҳамиша нола оҳанги чиқади.

Ватанга садоқат, юрт соғинчи ҳақида айтилган абадиятга дахлдор байт! Ҳазрат Навоий айтганларидек, ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш.

Биргина қамишдан шунча фалсафий хулосалар чиқарган, бир байтга дунё-дунё мазмун сиғдиролган мавлонодек буюк аждодларимизни ўрганиш ўрнига ёшлигимизнинг олтин дамларида “Шумел камиш” ни айтиб юрдик. Мана буни ёниб кетган фурсат, кўмирга айланган умр деса бўлади …

Сўз мулкининг султонларини англаш учун аввало ўзимизнинг жўнгина хатоларимизни англамоғимиз лозим. Чуқур фикр қилмай пойма-пой гаплар айтиш, ўзимизга осон қилиш учун сўзнинг ярмини ютиш, исмлар, жой номларини таниб бўлмас даражада қисқартириш тилга беҳурматликдан бошқа нарса эмас.

Кўзингни оч, оёқ остингга қара, деган гапни қисқача қилиб, кўзингга қара, деймиз ва қизиқчиларимизга кулгу бўламиз. Сўзни қисқартиришга жуда устамиз. Муҳаммад Раҳим деган исмни Мамараим, бу ҳам узун туюлиб Мараим деймиз. Хоразмлик эса Мирим дейди қўяди. Анжан, Ангрен, Бувайда, Риштон, Хўжаландарбува… рўйхатни узоқ давом этдириш мумкин. Бу номлар ўз асл маъносини йўқотиб бўлган.

Душманни яксон қиламиз, дейиш ҳам қисқартиш натижасидаги мантиқсизликдир. Яксон дегани баробар, тенг демакдир. Душманни ер билан, тупроқ билан яксон қилинади.

Тўйга чорлаганда таклиф қиламиз, ёки лутфан ташриф буюришингизни сўраймиз, дейилади. Бизга биринчи жумла ўта қисқа, иккинчиси ўта узун туюлиб, ўртачасини танлаймиз: Лутфан таклиф қиламиз! Ўзимиз билмаган ҳолда меҳмонни камситиб, ўз шахсимизни улуғлаймиз. Бу ҳақда ёзмаган тилчи, гапирмаган адабиётчи қолмади. Бизнинг хато одатимиз ҳам йўқолмади.

Бу гаплар тилшунос олимнинг ҳукми эмас, бир қаламкашнинг ўйлари холос. Сизнинг ҳам кўнглингизда шундай оғриқли гаплар кўп. Лекин, менга гапиришни ким қўйибди, дея индамайсиз, баҳсга кирмайсиз. Ваҳоланки, тил ҳаммамизники. Фақат тилшуносларга боғлаб берилган томорқа эмас.

Илм ҳам, ижод ҳам баҳс билан тирик. Маърифат излаган инсон хато қилишдан чўчимайди. Маърифатли инсон бировнинг хатосидан кулмайди. Билмасанг гапирма, жим ўтир, демайди. Хатони тузатади, ўз фикрини айтади. Хато айтган ҳам қизариб-бўзармайди. Баҳс қилади, ё “фикрингиз маъқул,” дейди.

Оғзингни юм, овозингни ўчир, деган сўзни туғилгандан ўлгунча эшитамиз. Жим бўлиш бизга асрлар давомида сингдирилган. Ҳужайраларимизга жо бўлган. Яшаган юртимиз ўчган овозлар мамлакати бўлди. ўунча то оғзини очди, бўлди вайрон оқибат деган шеърлар бизни тарбиялади. Озод ва мустақил бўлиб ҳам ички ҳадикдан тўла фориғ бўлмадик. Дарҳақиқат, шаҳар қуриш осону онгни ўзгартиш қийин экан.

Бу сўзлардан мурод она тилимиз жонкуярларини баҳсга чорлаш, дадил фикрлар билдиришга чақирмоқдир. Танқиддан, эътироздан чўчиманг. Фақат айтганларингиз сукунат дарёсига чўкиб кетишидан, ҳеч ким муносабат билдирмаслигидан, лом-мим демаслигидан қўрқинг.

Фикрат — дарё, ғафлат кўлмакдир,
Дарё—ҳаёт, кўлмак ўлмакдир.

Дамашқда машқ

“Девони луғати турк”да эдгу деб битилган, яхшиликни англатувчи бу асл туркий сўз бугунги адабий тилимизда эзгу шаклида қўлланилади. Бамисоли арабча дарбни зарб, даифни заиф деб айтганимиз каби. Тил тараққий этгани сари қаттиқ товушлар юмшоқлари билан алмашиб боради, чоғи, қадимги одоқ сўзи оёқ, адиқ сўзи айиқ бўлди. Усмонли турк тилида қаттиқ қ товуши йўқолиб бўлган.

Эзгуга айланган эдгу сўзидан бора-бора жўн халқ тилида з ҳам тушиб қолди. Эгиликнинг кечи йўқ, дейдиган бўлдик. Дарҳақиқат, яхшиликнинг кечи йўқ.

Турк қардошларимиз талаффузни енгиллаштиришда биздан ҳам ўзиб кетдилар. Улар эдгу ҳам, эзгу ҳам,эги ҳам деб ўтирмай ийи дедилар қўйдилар. Яхши сўзи турк тилида ийи бўлди.

Агар тилни муайян халқнинг жамоавий интеллектуал мулки десак, сўзларни бузиш, қисқартириш, ҳар қандай ўзгартириш қатъий тақиқланиши керак эди. Лекин тил тўғрисида халқаро битим йўқ. Халқлар бир-биридан сўз ва атамаларни ҳеч бир ижозатсиз оладилар, ўзларига мослаб истаган шаклга соладилар, хоҳлаган маънони юклайдилар, таниб бўлмас ҳолга келтирадилар.

Ривоят қиладиларки, Мирзо Бедил кўчада кетатуриб ўз байтларини бузиб хиргойи қилаётган деворзан ёнида тўхтабди ва индамай унинг терган ғиштларини йиқитаверибди. Ҳай-ҳайлаб дод солган деворзанга қараб шоир шундай дебди: Мен фақат деворингни буздим, сен шеъримни бузиб, менинг хонумонимни вайрон қилдинг. Ким кўпроқ фарёд кўтариши керак, сенми ё менми?

Деворзан тавба қилиб, узр сўраган экан.

Ажабо, шеърнинг эгаси бор, лекин сўзнинг эгаси йўқ. У бамисоли чарақлаган юлдуз, оқиб ётган дарё, эсиб турган шамол каби хамманики.

Ҳеч ким ҳеч кимга, ҳеч бир халқ бошқа ҳеч бир халққа, менинг сўзимни олдинг, ўзгартирдинг, буздинг, дея даъво қилмайди.

Руслар фиръавнни фараон, Бобилни Вавилон, Сурияни Сирия деб айтсалар, бизнинг исмларимизни Кадыр, Таджи, Гулям деб талаффуз қилсалар биров, ҳай, нима қиляпсан, демайди. Чунки бу ҳол кўпга келган тўй. Ўзимиз ҳам талай хорижий сўзларнинг додини берганмиз.

Дамашқда бир араб шоирига Алишер Навоий девонларидан бирининг номи “Бадоиул васат” деб тушунтиролмадим. Араб тилида бунақа сўз йўқ, деб туриб олди. Ҳарқанча уринмай, уқтириб бўлмади. Жаҳлим чиқиб ичимда, эҳ, ўзининг тилини билмаган араб, дедим.

Бу баҳсни узоқдан эшитиб турган бошқа араб ёнимизга келди-да, мендан сўради: — Балки “Бадоиул” эмас, “Бадоъиул васатдир?

У сўз ўртасидаги айн товушини чуқур бўғиздан чиқариб шундай ғайритабиий овоз билан айтдики, мен ҳеч қачон бунақа талаффузни ўхшата олмасман.

— Худди шундай, — дедим қувониб, — фақат бундай талаффуз қилиш учун араб бўлиб туғилиш керак экан.

Ўша куни, ўзининг тилини билмаган араб, деб ичимда айтган гапимни яна ичимда қайтиб олдим.

Биз меҳмон бўлган Сурия арабларининг катта қисми христиан динида. Халафдан қайтишда йўл четидаги насронийлар мозорида тўхтаб ўтдик. Мармар лавҳаларга арабча хат ўйилган, устида хоч — крест ўрнатилган эди.

Араб ёзуви бизнинг онгимизга Қуръони Карим хати, ислом белгиси бўлиб жойлашгани учун бу манзара менга ажабтовур бўлиб кўринди.

Мени ажаблантирган яна бир нарса шу бўлдики, араб адиблари грамматика, яъни сарфу наҳв устида тортишиб қолсалар Замахшарийни “қози” қилар эканлар. Замахшарий бундоқ ёзган, дейилса, тамом, баҳс тугар, эътирозга ўрин қолмас экан.Менинг бу икки ҳайратимдан Дамашқда бир тўртлик қоғозга тушган эди. Ён дафтарда қолган ўша машқ будир:

Замахшарий бобом сарфу наҳв битиб,
Араб ўз тилини ўрганиб олмиш.
Дунёнинг ярмини мусулмон этиб,
Бу эл ўзи ярми насроний қолмиш.

Маош ва ош

Маош деганда биз бугун ойлик иш ҳақини тушунамиз. Маош олдингми, маошинг қанча, деб сўраймиз бир-биримиздан. Аслида бу сўзнинг маъноси тириклик, ҳаёт кечириш, яшамоқдир. Ҳазрат Навоий ҳам “Маош айламак аждаҳо комида”, дея бу сўзни худди шундай маънода айтганлар. Яъни шоҳ ҳузурида унинг истак-иродаси билан яшамоқ аждаҳо оғзида тириклик қилмоқ билан баробар.

Биз англаган маош асли шу маъно ҳосиласи. Қадимдан давлат хизматидаги кишиларга маош тайинланган, яъни тириклиги таъминланган.

Бу сўзга ўзакдош бўлган маишатнинг қисмати ажойиб. Яшамоқ маъносидаги бу сўз бугун ўзбеклар орасида айш-ишратни билдирса, урду тилида сўзлашувчи ҳиндлар уни иқтисод маъносида ишлатар эканлар.

Биламизки, ҳинд, урду тилларида бизга таниш сўзлар кўп. Бу сеҳрли юрт хонандаларининг қўшиқларида муҳаббат, инсон, олам, осмон сўзларини эшитсак яйраймиз. Халқларимиз ўртасидаги асрий дўстлик ришталарини эслатиб туради бу жаҳонгашта сўзлар.

Яна унутмаслигимиз керакки, бизга таниш ҳамма сўзлар ҳам биз тушунган маънони англатмайди.

Агар Ҳиндистонга журналист сифатида борган бўлсангиз зинҳор ба зинҳор камина мухбирман, дея кўрманг. Мен ярамас жосусман, деган бўласиз.Чунки камина тубан, пасткаш маъносини англатади. Мухбир эса айғоқчи демакдир.

Яна бир маслаҳат, ҳиндистонлик дўстингизни ватанга таклиф қилмоқчи бўлсангиз, асло сенга таклиф олиб келдим, ёки таклиф юбораман, деб айтманг. Негаки, таклиф сўзи кулфат келтиришни англатади.

У юртларда биров сизга хор-зор одамларни кўрсатиб, уларни ифлос деса, ёки ифлосдан қутулиш ҳақида гапирса хаёлингиз бузилмасинки, гап қашшоқлар тўғрисида, қашшоқликни йўқотиш устида бораётган бўлади.

Ифлос ва муфлис сўзларини мумтоз адабиётимизда ҳам фақир, йўқсил маъносида кўплаб учратамиз.

Келинг, ёмон сўзларни четга суриб, ўзимизнинг ҳар жиҳатдан ёқимли маош сўзимизга қайтайлик.

Бу сўзнинг емак ва иш ҳақи маънолари бизга юнон тилидан кириб келган диета сўзининг икки маъносини эслатади. Диетани биз парҳез ўрнида ишлатамиз. Лекин аслида диета таом демакдир. Емакнинг ҳамма хили, қази-қарта ҳам, ёвғон шўрва ҳам диета ҳисобланади. Арслоннинг диетаси кийик, кийикнинг диетаси гиёҳ.

Қадимги Юнонистонда энг юқори давлат органи бўлган халқ мажлиси аъзоларига бериладиган иш ҳақи ҳам диета деб аталган.

Юнонча бу сўзнинг ҳаёт кечириш маъноси ҳам, тановул маъноси ҳам, маблағ маъноси ҳам арабча маошга мувофиқ келди. Энди бир савол қолди. Ўзимизнинг ош маош дан келиб чиққан эмасмикин ва ё аксинча, ош сўзимиз плов сингари жаҳонгашта бўлиб, араб юртига саёҳат қилмадимикан?

Бу масала ечимини билимдон тилшуносларимизга қолдириб, сўзимни нуқта билан эмас, каттакон савол белгиси билан тугатаман.

Исмияминнинг исми Яминми?

Исломнинг бағри кенг дин экани оламга аён. Қуръони Каримнинг “Оманту” ояти билан ҳар бир мусулмон учун Оллоҳга, унинг фаришталари, расуллари, муқаддас китобларига имон келтирмоқ фарз этилган. Ёлғиз Муҳаммад алайҳиссалом эмас, балки насаро, яҳудий динларининг-да барча пайғамбарларини азиз тутмоқ, танҳо Қуръони Карим эмас, Таврот, Забур, Инжилни ҳам табаррук билмоқ буюрилган. Буни англаб етган Европа, Россиянинг буюк шоир ва ёзувчилари, олимлари Ислом динига юксак эҳтиром кўрсатганлар, чуқур ўрганиш, тарғиб қилишга жазм этганлар. Иоганн Ҳёте ва Лев Толстой бундай улуғларнинг энг улуғларидир.

Диний бағрикенгликка халқимиз табиатидаги очиқкўнгиллик, меҳмоннавозлик қўшилиб, букунда ғарб учун табаррук фазилат ва юксак орзу бўлган толерантлик ғояси бизнинг азалий эътиқодимизга айланиб бўлган. Ота-боболаримиз толерантлик деган истилоҳни билмаган бўлсалар ҳам унга амал қилиб яшаганлар. Амал қилибгина қолмай, яҳудий ва насаро динининг набилари, азиз авлиёлари исмини фарзандларига қўйганлар. Исломдан кўп асрлар муқаддам яшаб ўтган Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Айюб, Мусо, Довуд, Сулаймон, Илъёс, Юнус, Зикриё, Яҳё, Исо каби пайғамбарлар, Луқмон, Узайр, Искандар каби азиз авлиёларнинг исми билан аталган мусулмонлар дунёнинг ҳар ерида бор. Ҳеч ким бу исмларнинг асл эгалари қандай динга эътиқод қилганлари ва қандай миллат вакиллари бўлганларини суруштирмайди. Уларнинг аслида Абраам, Исаак,Иаков, Иосиф, Соломон, Моисей, Иусус бўлганлари билан бировнинг иши йўқ. Шуни биламизки, бу расуллар ҳам Оллоҳнинг элчилари бўлганлар, бу азиз авлиёлар ҳам бизникилар.

Диний мутаассиблик хатарли тус олган бизнинг кунларда Ислом маърифатини англаш ва англатиш, қонимизга сингиб кетган бағрикенгликни оламга тушунтириш бениҳоя олижаноб ишдир. Токи Қуръони Каримни ўтга ёқиб савоб топмоқчи бўлган ғарблик жаҳолат бандалари билсинлар: Улар Қуръонга қўшиб ўз худолари ва пайғамбарларини ёқаётирлар.

Истанбулда Аё Суфия жоме масжиди бор. У бир замон насронийлар ибодатхонаси бўлган. Ҳозирда қадамжога айланган масжид гумбази ва деворларидаги Исо алай­ҳиссалом, Биби Маръям ва бошка насаро азиз авлиёларининг музайян сувратларига боқиб, Исломнинг буюк ва олижаноб қадриятини ўйлайман. Хаёлимда Аё Суфия жомеси бамисоли ўзи жойлашган шаҳарда Босфор кўрфази устига қурилган маҳобатли кўприк каби Шарқ билан ўарбни, икки буюк эътиқод қитъаларини туташтириб турибди. У мисли диний бағрикенглик, эътиқодлар биродарлигига тимсол обида бўлиб, Истанбул ва Константинопол дея икки эгиз ном билан аталган шаҳарда қад кўтарган.

Энди навбат сарлавҳадаги саволга келди. Ҳазрат Ёқуб алайҳиссалом Роҳила исмли хотинидан кўрган фарзандининг исмини Бенямин деб қўйган экан. Бу исмнинг маъноси иброний тилда “ўнг қўл” бўлиб, ҳазрат Ёқуб, ўғлоним менинг ўнг қўлим бўлади, деган ният билан шундай ном қўйган экан. Бу ном Қуръони Каримда Ибн Ямин тарзида келади. Бенямин, ёки Бенжамин ўарбда кенг тарқалган исм. Ўн саккизинчи асрда яшаган, АҚШнинг мустақиллиги учун курашган маърифатпарвар олим, мутафаккир, давлат арбоби Бенжамин Франклин уларнинг улуғидир. Букунда Американинг юз долларлик пулида шу буюк инсоннинг суврати бор.

Дунёда машҳур бўлган Беняминлардан бири Исроил Бош вазири Нетаньяху бўлса, яна бири Ўзбекистонда таниқли бўлган ҳофиз Сосон Беняминовдир. Унинг “Тошкент осмони” деган қўшиғи қулоғимизда ҳамон янграб туради.

Бу исм ўзбекчада Ибниямин, Эмниямин, Исмиямин шаклида айтилади. Бугун халқимизнинг гўзал хонанда қизи Дилноза Исмияминова боис бу исм яна шуҳрат топди.

Демак, Исмиямин исмининг ўзаги, дарҳақиқат, Яминдир. Ямин эса ўнг томонни билдиради. Бағри кенг ўзбекнинг овози дунё бўйлаб таралсин, иши ҳамиша ўнгидан келсин.

«Китоб дунёси» газетасидан олинди.

07

(Tashriflar: umumiy 2 380, bugungi 2)

1 izoh

  1. Муҳаммадали Аҳмадий:
    Мақолани бир бадиий асардек мириқиб ўқидим.Сўзга муносабат Эркин аканинг шеъриятида ҳам, мақолаларида ҳам баланд мақомда. Қаламингиз толмасин, УСТОЗ! Адабиётимиз бахтига соғ-омон бўлинг!

Izoh qoldiring