Hoji Muin. Mahmudxo’ja Behbudiy haqida.

077
Жадидчилик ҳаракатининг сардафтари Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 140 йиллигига

Беҳбудий афанди Туркистонда бошлаб қўлиға қалам олиб, халқнинг тараққий ва толеси учун фойдали мақолалар ёзғон буюк раҳбаримиз эди. Беҳбудий афанди Туркистонда янги мактаблар учун бошлаб алифбо ва жуғрофия китоблари ёзғон улуғ устоз ва муршидимиз эди. Беҳбудий афанди Туркистон тараққийпарварлари ичинда энг аввал мутаассиб уламонинг ҳақсиз ҳужум ва такфирлариға учрағон ва шундай такфирлар ила руҳини тушурмай, ўз маслакиндан қилча айрилмай, йигирма йил мутамаддиан Ватан ва халқға хидмат этган бирдан-бир фаол йўлбошчимиз эди.

090
Ҳожи Муин
БУЮК УСТОЗИМИЗ БЕҲБУДИЙ АФАНДИ

Бутун ислом дунёси, бохусус, жаҳолат қоронғулиғинда қолғон Туркистон ўлкаси муршид ва раҳбарларға ниҳоят даражада муҳтож бўлдиғи бир замонда Туркистон халқиға меҳрибон ота ва устоз манзалласинда бўлғон муҳтарам муҳарриримиз муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг табиий ажали билан эмас, балки золим, таассуб ва жаҳолат манбаи бўлғон Бухоро тупроғинда, золимлар қўлинда ваҳшиёна бир суратда ўлдурулганлиги бутун Туркистон ўлкаси ва туркистонликлар учун ғоят зўр бир зиёъдир.

Беҳбудий афанди Туркистонда бошлаб қўлиға қалам олиб, халқнинг тараққий ва толеси учун фойдали мақолалар ёзғон буюк раҳбаримиз эди. Беҳбудий афанди Туркистонда янги мактаблар учун бошлаб алифбо ва жуғрофия китоблари ёзғон улуғ устоз ва муршидимиз эди.
Беҳбудий афанди Туркистон тараққийпарварлари ичинда энг аввал мутаассиб уламонинг ҳақсиз ҳужум ва такфирлариға учрағон ва шундай такфирлар ила руҳини тушурмай, ўз маслакиндан қилча айрилмай, йигирма йил мутамаддиан Ватан ва халқға хидмат этган бирдан-бир фаол йўлбошчимиз эди.

Мен бу ерда, бу кичкина мақолада Беҳбудий ҳазратларининг муфассал таржимаи ҳолини ва халқға қилғон хидматларини ёзмоқчи эмасман. (Ки, бунинг учун неча жилд китоб ёзмоқ керак бўлур) балки анинг баъзи яхши сифат ва хислатлари ила анинг ҳақиндаги хотираларимдан бир нечасини ёзмоқ истайман.
Беҳбудий афанди ила бошлаб танишдиғим 1321нчи санаи ҳижрияда бошлаб домла Сайидаҳмад Васлий афандининг ҳужрасинда ва мазкур йилда бир-икки келиб кетдиги учун Беҳбудий афанди ила кўрушган ва танишғон бўлсам-да, ул чоқда ҳақиқатан Беҳбудий афандининг муфтилигиндан бошқа қандай фазлу камоли борлиғини ва анинг ўзи яхшими, ёмонми — қандай киши эдикини билмаган эдим.

Сўнгра 1324нчи йилда Беҳбудий афанди ўзи ёзғон «Мухтасар жуғрофияи умумий» исмли асарини бостуруб чиқарди ва шунинг ила баробар Самарқандда мутаассиб уламо ва талабалар оғзиндан Беҳбудий ҳақинда такфир ва таҳқир сўзлари эшитила бошлаб, бу сўзлар бутун халқ орасинда тарқалди: «Маҳмудхўжа ер айланадур ва ер тарбуздек юмалоқ дея экан, ул киши кофир бўлғон» каби сўзлар ҳар ерда сўйлана бошлади. Демакки, Беҳбудий афандининг бошлаб мутаассиб уламо ва қора халқдан такфир сўзи эшитганига мазкур жуғрофия рисоласи сабаб бўлди. Мен шул хусусда ўзимнинг Самарқандда биринчи даражада олиму фозил кишилариндан деб топдиғим бир устозим оғзиндан Беҳбудий афанди ҳақинда такфир сўзи эшитганимдан ҳайратда қолиб, мунга чидай олмай дарҳол мазкур китобдан бир донасини сотиб олиб диққат ила мутолаа этдим.

Кўрдимки, Беҳбудий афанди бу китобинда ўз тарафиндан ҳеч бир нарса ёзмай, балки жуғрофия, ҳайъат ва татбиқоти диния хусусинда эски ва янги мўьтабар муаллифларнинг сўзларинигина нақл ва таржима этган. Сўзларинида ақлий ва нақлий далиллар ила исбот этган. Мен шул китобни диққат ила яна иккинчи дафъа ўқиб чиқғоч, мазқур китобда «такфир»га сабаб бўлатурғон хилофи шаръий сўзларнинг йўқлиғиға бутун қаноат ҳосил этдим ва ўшал кундан эътиборан Беҳбудий ҳазратлариға чин кўнглимдан мухлис бўлдим ва анинг ким эканлигини том маъносила билиб олдим.

Шуни ҳам ёзмасдан ўтолмайманки, мазкур тарихдан эътиборан ўзимнинг аввалги «биринчи фозил» деб билган устозимдан бутун ихлосим қайтди. Анинг қошиға бундан сўнг бормайтургон бўлдим. Бошқа эски устозларимдан ҳам юз ўгирдим. Шуни ҳам унутмайманким, мазкур жуғрофия китобининг «Татбиқоти диния» фаслинда: «Баъзи эски хурофот ва исроилият сўзлари бизнинг тафсир китобларимизгача кириб кетган» мазмуниндаги жумлалар ўшал вақтда маним фикримда зўр ўзгаришлар ясади. Яъни, ўшал жумла мени биринчи дафъа фикрий инқилобға учратди. Мен ўшал кундан эътиборан ҳар бир эски ва янги китобларни диққат билан, муҳокама илан ўқуйтурғон бўлдим.

Мана шунинг учун мен айта оламанки, менинг тавсиъи маълумотимга турк-тотор матбуоти сабаб бўлғонидек, мени биринчи мартаба фикрий инқилобға учратғон ҳам Беҳбудий ҳазратларининг мазкур бир-икки жумла сўзидир. Мен мазкур тарихдан эътиборан Беҳбудий афандиға чин кўнгил ила мухлис бўлдиғимдек, ўша вақтдан бошлаб мавқеи келганда, ҳар ерда ани мудофаа этатурғон бўдцим. Ҳатто 1325нчи йилда шул такфирчиларға қарши бир мақола ёзиб, «Туркистон вилоятининг газети»да нашр этдигим ҳануз хотиримда бордир. Ўшандан бери мен ҳар вақт Беҳбудий афандининг ҳузуриға боратурғон ва анинг илмий, ижтимоий ва сиёсий фикрлариндан истифода қилатурғон бўлдим.

БЕҲБУДИЙ АФАНДИНИНГ ЎЗ МУСОҲИБЛАРИ ИЛА МУОМАЛАСИ

Беҳбудий афанди ҳалим, зийрак, ғоят заковатли ва қувваи ҳофизаси зўр бўлдиғидек, сўзга-да ниҳоят даражада уста эди. Ул ҳар сўзиға қаноатлантирмак учун турли мисоллар келтура, мавқеи келганда оят ва ҳадисдан далиллар кўрсата эди. Шунинг учун анинг суҳбати ғоят лаззатли ва истифодали бўлар эди. Беҳбудий афанди ҳар вақт «калам ун-нос ъала қадри ъуқулиҳим»[1] мазмунича мусоҳибларининг ҳолиға ва ақлиға қараб ўшанга муносиб сўйлаша эди. Баъзан мутойиба ила мажлисдошларини кулдура эди. Анинг суҳбатинда бўлғон киши руҳлана, шодлана ва анинг олдиндан асло турғуси келмас эди. Беҳбудий афанди аксар вақт мақолаларин-да ёзиб турдиғидек, суҳбат ва мажлисларда ҳам «Бизга икки турли киши керак. Бири диний илмларни фалсафалари ила комил билатурғон зотлар, иккинчиси дунёвий илм ила ҳунарларни яхши билган зиёлилар» сўзларини сўзлаб тура эди. Бир вақт (1908нчи йилда) «Таржумон» газетасининг муҳаррири Исмоилбек афанди Ғаспиринский (25 йиллик юбелейсиндан сўнг) Самарқандға келганида Беҳбудий афанди йиғлағон ҳодда ул зот ила қучоклашиб кўрушуб, «Бу кун сизнинг ҳузурингизга келиб суҳбатингиздан истифода қилатурғон зиёлиларимиз йўқ», деди. Исмоилбек афанди анга жавобан: «Беҳбудий афанди! Йиғламанг! (Мажлисдаги кишиларни ишора қилиб) мана булар озми? Яна сизлар тиришсангиз, оз бир фурсатда миллатға кераклик кўб одамлар етишдира олурсиз», деди.

ХАСМУ ДУШМАНЛАРИҒА ҚАРШИ МУОМАЛАСИ

Беҳбудий афанди шахсий душманлиқни хоҳламас ва ҳеч кимнинг шахсиға ва шахсий ишлариға тил еткузмас эди. Ўшандоқ ўзини такфир ва таҳқир этатурғон хасмлариға-да қарши ёмон ва ҳақоратомуз сўзлар сўйламас эди. Балки шундай сўзларни эшитганда: «Зотан мундай дин ва дунёдан хабарсиз кишилардан яхши сўзлар-да кутмак абасдур», деб кулар эди. «Мундай такфирларни ёлғуз мен кўрган эмас, балки ўттан уламо ва улуғ кишилар ҳам ўз муосирлариндан шундай ҳужум ва такфирларни кўриб келганлар», деб ўзиға тасалли бера эди. Беҳбудий афандида яна бир хусусият бор эдики, хасм ва душманлари анинг кетиндан ҳар қанча ҳақорат этсаларда, анинг ҳузуриға ўтурғонда ҳеч бир беҳуда сўз айта олмасдан, анга тамлиқ ва мадора этарға мажбур бўлалар эди. Беҳбудий афанди ҳар вақт ўзининг шахсиға тегиб сўйлайтурғон хасмлариға: «Ажабо! Булар на учун манинг шахсимға тил еткузалар? Мен ўзим яхшими-ёмонми ҳар на бўлсада, ўз миллатимға зарар еткузмайман, балки халқға тўла ва фаол фойда еткузмак учун қўлимдан келганча чолишаман», дея эди.

ТААДДУДИ ЗАВЖОТ ҲАҚИНДАГИ ФИКРИ

Мен 1916нчи йилларда «Мазлума хотун» исмли рисоламни ёзиб турдиғим вақтда (бу рисоланинг мавзуи тааддуди завжот бўлдиғиндан) бирдан зиёда хотун олнш тўғрисинда фиқрини билмак учун Беҳбудий афандининг қошиға бордим ва ондан шул ҳақда фикрини сўрадим. Беҳбудий афанди жавобан шу еўзларни сўйлаган эди: «Мен бирдан ортиқ хотун олишға бутун муқобилман. Зотан, иккинчи хотун олиш учун қўйилғон шарт(адолат)ни ҳеч ким риоя қила олмайди. Шунинг учун агар мен мужтаҳид бўлса эдим, бирдан зиёда хотун олишнинг нодурустлиги тўғрисинда фатво берган бўлур эдим».
Беҳбудий ҳазратларининг авсофи олияси ва анинг ҳақиндаги хотираларим кўб эди. Шояд фурсат бўлғонда яна бошқа бир вақтда ёзарман.

«Меҳнаткашлар товуши» газетаси,
1920 йия, 8 апрель

006

МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ (1874-1919)

Маориф ва маданият жиҳатдан кейинда қолғон ҳар бир миллатнинг бир кун «интибоҳ даври»ға етиши табиийдур. Янгигина уйғона бошлағон миллатларнинг уйғониш даври қизиқ воқеалик бўлғонидек, ул даврнинг йўлбошчилари ҳам ибратлик можароға молик бўладурлар.
Бизнинг Туркистонда уйғониш даври 1901нчи йилдан бошланадур. Биз ҳануз уйғониш давридамиз. Биздаги уйғониш ва янгилик раҳбарларининг бири ва балки биринчиси шубҳасиз Маҳмудхўжа Беҳбудий афандидур. Беҳбудий афанди уйғониш даври ва ўзбек адабиёти тарихида биринчи ўринни олурға мувофиқ бир зотдур. Ул йигирма йиллик хидмати чоғида турлик ёкдан турлик тўсуклиқларға йўлуқуб, кўб қийинчилиқлар кўрди ва охири ўзининг тутқон эзгу маслаги йўлида қурбон бўлди.
Беҳбудий афанди 1901нчи йилдан бошлаб қўлиға қалам олиб халқни уйғотишға киришган ва умрининг охириғача Туркистоннинг янгилик ва юксалишиға ҳормай-тинмай, талашиб-тортишиб хидмат қилғон бирдан-бир фидокор йўлбошчимиз эди.

НАСАБИ, ВАЛОДАТИ, ТАҲСИЛИ

Маҳмудхўжа Беҳбудхўжа ўғлининг биринчи бобоси Солиҳхўжа ва иккинчи бобоси Ниёзхўжадур.
Беҳбудий афандининг юқори боболари туркистонлик машҳур Хўжа Аҳмад Яссавийга мансубдур. Беҳбудийнинг иккинчи бобоси бўлғон Қори Ниёзхўжа Урганчдан бўлуб 12нчи асри ҳижрий ўрталарида амир Шоҳмурод томонидан қорилар етиштуруш учун Самарқандга келтурилган. Ул модарзод кўр (сўқур) бўлуб, умрининг охириғача қорилиқ билан машғул бўлгон. Беҳбудийнинг ота-боболарининг ҳаммаси қори (ҳофизи Қуръон) бўлуб, қорилиқ ва баъзи вақт имоматчилик билан умр ўтказганлар.
1868нчи йилда руслар Самарқандни забт этгач, Маҳмудхўжанинг отаси Беҳбудхўжа ўзининг оиласини олиб Самарқанд уязининг Сиёб бўлусидағи Бахшитепа қишлоғиға кўчуб чиққан ва шунда 7 йил чамаси имом ва хатиб бўлғон. Беҳбудий афанди шул қишлоқда 1291нчи ҳижрий йилда Юнчи зулҳижжа ойида оқшом (1874 йил, март) дунёға келган.
Беҳбудий афанди 6-7 ёшға киргач, ўзининг катта тағоси бўлғон Муҳаммад Сиддиқ ҳузурида ўқуб хат ва савод чиқарғон, сўнгра қори бўлмоқ учун отаси ҳузурида ўқуб, 3-4 йил ичида Қуръонни бутун ёдлаған. Бунинг билан ҳам қаноатланмай, ўзининг кичик тағоси бўлғон муфти мулла Одил ҳузурида дарс ўқурға киришган. Арабча сарф, наҳвдан «Кофия» ва «Шарҳи мулло»ни, мантиқцан «Шамсия»ни, фиқҳцан «Мухтасар ул-виқоя»нинг биринчи дафтарини ва бир оз «Ҳошия»ни мазкур зотнинг ҳалқаи тадрисида ўқуғон, ҳисоб илмини ҳам (масоҳатғача) шул кишидан ўрганган.
Беҳбудий афанди ёшлиқ чоғида ўткур зеҳнлик ва ўқишға жуда ҳаваслик бўлғон. Устозининг бир қатла ўргатиши билан сабоқини ўргана экан. Ўзи ғоят ҳалим, адаблик, оз сўзлик, ўйун-кулгуни севмайтурғон бўлғон.

МИРЗОЛИҚ, МУФТИЛИК ДАВРИ, ҲАЖ САФАРИ ВА ФИКРИНИНГ ОЧИЛИШИ

1311нчи ҳижрий йилида отаси ўлгач, Беҳбудий афанди ўқишни тарк этиб бирон касб-кор қилишға ва ўз маишатини ўзи таъмин этишга мажбур бўлди. Самарқанд уязининг «Чашмаи об» бўлусида янгигина қози бўлғон тоғаси Муҳаммад Сиддиқнинг қошида мирзолик хидматиға кириб ишлади. Бунда қилғон икки йиллиқ хидмати чоғида ул қозихона ишлари билан ошно бўлди.

Масоили фиқҳия, мерос тақсими ва бошқа муфтиликка тегишлик нарсалардан хабардор бўлди. Икки йилдан сўнг тоғаси қозилиқдан бекор бўлгонда Беҳбудий афанди Кобуд бўлусининг қозиси мулла Зубайрнинг қозихонасиға мирзоликка кириб, бунда 1-2 ой ўтмай муфтиликка ўтди. Неча йиллар шунда муфтилик билан кун кечирди.
Беҳбудий афанди 1317 (1899)да ўзининг дўсти бухоролик ҳожи Бақо билан ҳаж сафариға чиқди. Бориш-келишда йўлда Истанбул, Миср каби катта шаҳарларға кириб, улардаги баъзи янги-эски мактабларни, айнуқса, Мисрдағи «Жомеъ ул-Азҳар»ни зиёрат этди. Қайтишда Миср ва Истанбулдан турлук янги китоблар келтурди. Бу муборак сафар Беҳбудий афандиға анчагина ибрат ва интибоҳ берди.

Ҳижоз сафаридан кейин Беҳбудий афанди Боғчасаройда чиқатурғон «Таржумон» газетасини олдуруб ўқуя бошлади. Иккинчи ёқдан, турлик илмий, фанний китобларнинг мутолааси билан маълумотини кенгайтурди. Оз вақтда дунё сиёсатидан ва замон аҳволидан хабардор бўлди.
Беҳбудий афанди бир неча йил (1901-1905 йилларда) фикрий инқилобға учраб, эътиқодсизланиб юрган бўлса-да, лекин сўнгра кўб мутолаа соясида ва ҳар бир диний, фалсафий масалаларни текшириш натижасида эътиқодини тасҳиҳ ва таъдил этди. Тараддуд ва шубҳалардан чиқиб, диндор ва маҳкам эътиқодлиқ бўлди.

ХИДМАТИ ҚАЛАМИЯСИ

Беҳбудий афандининг халққа қилғон хидмати кўпдур. Биз бундан фақат унинг хидмати қаламияси тўғрисида қисқағина ёзиб ўтмак билан кифояланамиз.
Туркистон ўлкасида миллий газета йўқлиғи ва «Таржумон» газетасининг шеваси оғирлиги ҳам Туркистонда керагинча тарқалмағонлиги учун Беҳбудий афанди 1901нчи йилдан эътиборан Тошкандда чиқмакда бўлғон миссионер Остроумовнинг «Туркистон вилоятининг газети»да мақола ёза бошлади. Бу газетада доим ижтимоий, илмий мақолалар бостуруб, 1905нчи ўктабр манифестигача халққа янги фикрлар бериб турди.
5нчи йил ўзгаришидан кейин Русия ва Туркистонда турлик миллий газета ва журналлар чиқа бошлади. Беҳбудий афанди бу газеталарнинг кўбисида ҳар мавзуда мақолалар ёзиб халққа раҳбарлик этар эди. Дума ва сайлов масаласи кўзғалғонда, шул мавзуға оид керак оғзаки ва керак матбуот орқали халққа фойдалик маълумот ва таълимот бериб турди. 1321 (1903)нчи йилда Самарқандда янги мактаблар осила бошлағоч, Беҳбудий афанди бир ёқдан халқни мактаб ва маорифға ташвиқ этганидек иккинчи ёқдан бу мактабларда она тилимизда китоблар йўқлиғини кўзда тутуб мактаб учун форсча ва ўзбекча турлик китоблар ёзди ва уларни ўз масорифи билан босиб тарқатди.

Биринчи мартаба ўз тилимизда харита ва тиётр рисоласи ёзиб табъ ва нашр этди.

1913нчи йилда Самарқандда биринчи дафъа «Самарқанд» отлиқ бир газета чиқарди. Бу газета моддий жиҳатдан торлиқда қолиб 44нчи сонидан кейин ётишға мажбур бўлди. Бунинг ўрнида «Ойна» исмида ҳафталик бир мажмуа чиқара бошлади. Бу мажмуа керак Туркистонда ва керак дунё мусулмонлари орасида яхшигина шуҳрат ва эътибор қозонди. «Ойна» мажмуаси икки йил чамаси давом этгандан сўнг моддий ёқдан сиқилиб тўқтади. Бу мажмуа тамоман 68 нумер чиқди.

Беҳбудий афанди Кофкоз-Тотористон ва Туркистонда чиққан матбуотда доим адабий, илмий, ижтимоий ва сиёсий мақолалар ёзиб турар эди. Унинг мақолалари («Самарқанд» ва «Ойна»дан бошқа) тубанда отлари ёзилғон газета ва мажмуаларда босилғон эди: «Туркистон вилоятининг газети», «Тараққий», «Тужжор», «Хуршид», «Шуҳрат», «Озиё», «Турон», «Ҳуррият», «Меҳнаткашлар товуши», «Улуғ Туркистон», «Нажот», «Тирик сўз», «Таржумон», «Вақт», «Шўро», «Улфат», «Иршод», «Тоза ҳаёт».

Бу 18 газета ва мажмуаларда Беҳбудийнинг икки юзга яқин мақоласи босилғондурким, улар бир ерга тўпланғонда 5-6 юз бетлик бир китоб бўлур. Беҳбудийнинг мазкур газета ва мажмуаларда босилғон мақолаларининг кўбиси муҳим мавзуларда ёзилғон бўлуб, ҳануз эскирган эмас ва бу кунларда ҳам биз учун дастуруламал бўлатурғон фойдалук сўзлардур.

Беҳбудий афанди феврал ва ўктабр ўзгаришидан сўнгра ҳам қўлдан келатурғон хидматларини халқдан аямади. Ўктабр инқилобидан кейин расмий хидматларга киришни истамаган бўлса ҳам, лекин қўлидан келганча ишлади. Халққа яхши фикр ва маслаҳатлар бериб турди.
Беҳбудий афанди 1919нчи йил 25нчи мартда йўлдошлари Мардонқули ва Муҳаммадқул билан сафарга чиққанда (Бухоро тупроғида) Қарши шаҳрида Бухоро амирининг золим беклари томонидан қўлға олиниб, ваҳшиёна суратда шаҳид қилинди, ёши 45 да эди.

«Зарафшон» газетаси, 1923 йил, 25 март

006

МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ

СЎЗ БОШИ

Ҳар миллатнинг ўзиға махсус маданияти, адабиёт ва матбуоти, миллий тарих ва тарожими аҳвол китоблари, шоир ва адиблари бўлади. Бир миллатнинг тараққиёти маданияси қайси даражада эканлигини билмак учун унинг адабиёт ва матбуотини бир даража кўздан кечирмак лозимдур.

Биз Туркистон турклари бурунғи муҳташам ва маданиятимиз сўнғондан кейин сўнгғи асрларда ҳар бир жиҳатдан жуда кетда қолдиқ. Маданият ва маорифимиз хароб, давлат ва ҳукуматимиз барбод бўлди. Ўзимиз Ёврупо жаҳонгирларининг асоратида қолдиқ. Лекин сўнг бўлса ҳам, гуноҳ ва хатоларимиздан хабардор бўла бошладиқ. Бир оз уйғондиқ. Бизда «интибоҳ даври» 1901нчи йилдан бошланди. Биз уйғониш давридамиз. Бизда янги адабиёт эндигина ўсди. Матбуот яқиндағина туғулди. Шоир ва муҳаррирлар бу кунлардагина етиша бошладилар. Тарих ва тарожим ёзиш ишлари эса, ҳануз гулланиш арафасидадур.

Янгигина уйғона бошлағон миллатларнинг «даври интибоҳи» жуда қизиқ бўлғонидек, ул даврнинг каҳрамон йўлбошчилари ҳам ниҳоятда ибратлик можаро (саргузашт)га молик бўладилар. Шунга кўра, бизда ҳам уйғониш даврининг ўзига яраша йўлбошчилари бордур. Биздаги янгилик раҳбарларининг бири ва балки биринчиси, шубҳасиз, Маҳмудхўжа Беҳбудийдир. Беҳбудий афанди уйғониш даври ва ўзбек адабиёти тарихида биринчи ўрунни олурға лойиқ бир зотдур. Ул йигирма йиллиқ хидмати чоғида турлик ёқдан турлик тўсуқлиқларға йўлуқуб, кўб қийинлиқларни кўрди ва охири ўзининг тутқон мақсад, маслаги йўлида қурбон бўлди.
Беҳбудий афанди 1901нчи йиддан бошлаб қўлиға қалам олиб, халқни оқартуришқа киришган ва умрининг охириғача Туркистоннинг янгилик ва юксалишиға ҳормай-толмай, талашиб-тортишиб хидмат қилғон бирдан-бир муҳаррир ва фидокор йўлбошчимиз эди.

Беҳбудий афандининг шаҳид бўлғониға тўрт йил тўлуб келаётган бўлса ҳам, бу кунгача унинг тўла таржимаи ҳоли ёзилмади. Унинг таржимаи ҳолини ёзмоқ учун кучлик ва тажрибалик қалам керак эди. Лекин эсизким, муқтадир муҳаррирларимиз бу кунгача бу вазифани ўтамадилар. Оқибат, мен ўзим иқтидорсизлиғимға қарамай, бу хидматни бўйнумға олурға жасорат этдим. Устозимиз Беҳбудий афандининг кучим етганча тўлароқ таржимаи ҳолини ёзарға киришдим. Менинг бу ёзғонларим Беҳбудийнинг «мукаммал таржимаи ҳоли» саналмаса ҳам, мундан сўнг мукаммал таржимаи ҳол ёзатурғонлар учун биринчи манба ва ишончлик маълумот бўла олур, деб умид этаман.

Мен Беҳбудийнинг 1903нчи йилдан бошлаб сўнгғи кунлариғача қилғон хидматларини билсам-да, лекин бундан бурунғи ҳолларини билмас эдим. Мазкур тарихдан илгариги аҳволини ўзининг устозлари, қариндошлари ва билиш-танишларидан суруштуруб ёздим. Мунинг учун кўб кишиларга мурожаат этишга ва кўб ҳолларни такрор текшириб, тузатиб ёзишқа тўғри келди. Беҳбудий ҳақида ёзғон нарсаларимни энг охирида Самарканд маорифпарварларининг мажлисида ўқуб, мумкин кадар тасҳиҳ ва такмилига тиришдим.

БЕҲБУДИЙНИНГ ОТА-БОБОЛАРИ ВА ЎЗИНИНГ ВАЛОДАТИ

Маҳмудхўжа бин Беҳбудхўжа бин Солиҳхўжа бин Ни-ёзхўжа, Беҳбудийнинг юқори боболари. Насаб жиҳатидан туркистонлик Хўжа Аҳмад Яссавийга бориб етади (?)
Беҳбудийнинг 2нчи бобоси Ниёзхўжа ўзи модарзод кўр (сўқур) бўлуб, ёшлиғидан Қуръонни ёдлаб қори (ҳофизи Қуръон) бўлди. Бу зот Урганждан бўлуб, тақрибан бир аср илгари Самарқандға келиб, шунда ўрунлашиб қолди. Шунинг учун бу киши Самарқандда халқ орасида Қори Ниёзхўжа Урганжий исми билан шуҳрат чиқарди. Бу кишининг Самарқандға қайси равишда келганлиги тўғрисида бу кунги болалари орасида ушбу йўсунда ривоят бор:
12нчи асри ҳижрий ўрталарида Туркистон ўлкасидаги амир ва хонларнинг ўзаро қилишғон урушлари натижасила Самарқанд шаҳри хароб бўлуб, халқи ҳар томонға тарқалишиб кетган. Амир Шоҳмурод Самарқандни қайтадан обод этарга киришган. Самарқанд музофотидан ва Туркистоннинг баъзи шаҳарларидан анча одамларни ва бир неча муллоларни (оилалари билан) келтуруб шаҳарда ўрунлаштурғон. Булардан шаҳарда айрим гузар (маҳалла)лар ташкил этдурган. Шул чоғларда Урганжнинг машҳур қориларидан саналғон Ниёзхўжани Самарқандға келтуруб янгидан қорилар етиштуриш ҳаракатида бўлғон.

Ниёзхўжадан Солиҳхўжа отли бир ўғул қолди. Бу киши ҳам қори бўлуб, улуми арабия ва диниядан хабардор эди. Ўзи қорилиқ ва имоматчилик билан тирикчилик этиб, руслар Самарқандни олмасдан бурун ўлди. Бу зотдан Беҳбудхўжа отли бир ўғул, Ҳуринисо ва Нажиманисо исмларида икки қиз қолди. Солиҳхўжа ўзининг тириклик чоғида ўғли билан қизи Ҳуринисони ўзи ўқутди. Хат ва савод чиқаргонларидан сўнг аларға Қуръон ёдлатиб қори қилдурди. Ҳатто қизи Ҳуринисоға бир миқдор арабий ва диний илмлар ўргатди, Қуръони каримни бутун ёдлағондан кейин Ҳуринисоға «қорибегим» лақаби берилиб, ўзининг қариндошлари ичида ҳам халқ орасида шул лақаб билан шуҳрат чиқарди. Отаси ўлгандан сўнг Ҳуринисо унинг бир неча шогирдларини Қуръонни тамом ёдлағонлариғача ўқутуб юрди. Унинг учун ўшал замондағи амир ҳукумати томонидан ўн йидда 96 пуд ғалла вазифа берилиб турди. Беҳбудхўжа ҳам ушбу синглиси ҳузурида қорилиқни такмил этди. Бу хотун 1921нчи йидда 98 ёшида вафот этди.

1868нчи йидда рус аскарлари Самарқандға киргач, Беҳбудхўжа ўзининг оиласини олиб Самарқанд уезининг Сияҳи об бўлусидаги Бахшитепа қишлоғиға кўчуб чиқци ва шунда етти йил чамаси имом ва хатиб бўлди. Маҳмудхўжа шул қишлоқда 1291нчи ҳижрий йилида Юнчи зулҳижжа ойида оқшом (1874 йил мартда) дунёға кедди.
Беҳбудхўжа 1875нчи йидда яна шаҳарға кўчуб кириб Фоний маҳалласида тура бошлади. Бу зот умрининг охириғача қорилиқ ва шаҳарнинг баъзи масжиди жомеъларида имоматчилик ва хатиблик қилиб турди.
Беҳбудхўжанинг асл оти Султонхўжа бўлуб, «Беҳбудхўжа» унинг лақаби эди. Бора-бора исмға айланиб, асл оти унутилуб кетди. Беҳбудхўжа ўзининг тирик чоғида беш хотун олди. Унинг иккинчи хотуни муфти мулла Одил Мансур ўғлининг синглиси бўлуб, шундан Маҳмудхўжа дунёға кедди.

БЕҲБУДИЙНИНГ ИБТИДОИЙ ТАҲСИЛИ, ҚОРИЛИҚ ВА ДАРСХОНЛИҚ ЧОҚЛАРИ

Беҳбудий афанди 6-7 ёшға киргач, ўзининг катта тоғаси Муҳаммад Сиддиқ ҳузурида ўқуб хат ва савод чиқарди. Сўнгра ўзининг отаси Беҳбудхўжа қори қилдурмоқ мақсади билан унга оз-оз Қуръон ўргатиб ёдлата бошлади. 3-4 йил ичида Беҳбудий афанди Қуръонни бутун ёдлади ва рамазон кечаларида хатмларға ўтуб юрди. Беҳбудий афанди уч кечалик бир хатмда ёлғуз биргина хато қилғон, дерлар. Бу эса унинг қувваи ҳофизаси на даражада эканлигини кўрсатади.

Беҳбудий афанди ёлғуз қорилиқ билан қаноатланмай, 15 ёшларида ўзининг тоғаси муфти мулла Одил ҳузурида дарс ўқурға киришди. Арабий сарф, наҳвдан «Кофия» ва «Шарҳи мулло»ни, мантиқдан «Шамсия»ни, фиқҳдан «Мухтасар ул-виқоя»нинг биринчи дафтарини ва бир оз «Ҳошия»ни мазкур зотнинг ҳалқаи тадрисида ўқуди. Ҳисоб илмини ҳам (масоҳатғача) шул кишидан ўрганди.

Ўшал чоғда Беҳбудийнинг дарс шериклари мулла Салим мулла Назир ўғли, мулла Аҳмад қори Ёрмуҳаммад ўғли[1], мирзо Зайниддин Назриддин ўғли ва бошқалар эди.
Беҳбудий афанди дарс жамоасининг қориси эди. Тоғаси ҳам устози муфти мулла Одилнинг сўзига кўра, Беҳбудий афанди ёшлиқ чоғида ўткур зеҳнлик ва ўқушға жуда ҳаваслик бўлғон. Устозининг бир қатла ўргатиши билан сабоқини ўргана экан. Ўзи ғоят ҳалим, адаблик, оз сўзлик ва ўйун-кулгуни севмайтурғон бўлғон.
Беҳбудхўжа Маҳмудхўжани уйлантуруб орадан кўб вақт ўтмай ўзи 1311нчи йил 19нчи зулҳижжа ойида 54 ёшида ўлди (қабри хўжа Абди Дарун қабристонидадур)[2].


БЕҲБУДИЙНИНГ МИРЗОЛИҚ ҲАМ МУФТИЛИК ДАВРИ

Маҳмудхўжа Беҳбудий отаси ўлгандан кейин ўқушни тарк этиб бирон касб-кор қилишға ва ўз маишатини ўзи таъмин этишга мажбур бўлди. Самарқанд музофоти Чашмаи об бўлусида янгигина қози бўлғон тоғаси Муҳаммад Сиддиқнинг қошида мирзолиқ хидматиға кириб ишлади. Бунда қилғон икки йиллиқ хидмати чоғида ул қозихона ишлари билан ошно бўлди. Масоили фиқҳия, мерос тақсими ва бошқа муфтиликка тегишлик нарсалардан хабардор бўлди. Икки йилдан сўнг тоғаси Муҳаммад Сиддиқ қозилиқдан бекор бўлғонда, Беҳбудий афанди Кобуд бўлусининг қозиси мулла Забирнинг қозихонасиға мирзолиққа кириб, бир-икки ой ўтмай, муфтиликка ўтди. 1916нчи йилгача шул ерда фатво ишлари билан машғул бўлди.
Ўзи оиласи билан шаҳарда турса ҳам, ҳафтада бир неча қун мазкур бўлус қозихонасиға бориб кела эди. Шул чоғларда даладан бир неча таноб ер олиб деҳқончилиқ қилиб юрди.

ҲАЖ САФАРИ ВА ФИКРИНИНГ ОЧИЛИШИ

Беҳбудий афанди 3-4 ёшдағи биринчи (тўнғич) ўғли ўлгани учун жуда хафаланиб, бир ёқдан, қайғусини таскин этмак, иккинчи ёқдан, адои ҳаж қилмоқ мақсади билан 1317(1899)нчи йилда ўзининг дўсти бухоролик ҳожи Бақо билан сафарға чиқци. Бориш-келишда йўлда Истанбул, Миср каби катта шаҳарларға кириб, ундаги баъзи эски-янги мактабларни, айнуқса, Мисрдағи «Жомеъ ул-Азҳар»ни зиёрат этди. Қайтишда Миср ва Истанбулдан турлик газета ва янги китоблар олиб келди. Бу муборак сафар Беҳбудийға анчагина ибрат ва интибоҳ берди. Сафар рафиқи ҳожи Бақо янги фикрлик бир зот бўлғони учун Беҳбудий унинг йўлдошлиғидан хейли истифода қилғон, дерлар.

Ҳижоз сафаридан кейин Беҳбудий афанди Боғчасаройда чиқатурғон «Таржумон»[3] газетасини олдуриб ўқуй бошлади. Иккинчи томондан, турлик илмий, фанний китобларнинг мутолааси билан маълумотини кенгайтура берди.
Беҳбудий афанди ҳаж сафаридан бурун бир неча йил қозихона ва ҳукумат идоралариға келмакда бўлғон миссионер Остроумовнинг «Туркистон вилоятининг газети»ни ўқуб юрган бўлсада, бу газета унинг фикрини очмайди. Балки «Таржумон»ни ўқуй бошлағондан сўнг фикри очилиб, «Туркистон» газетасининг мусулмонларни ағфол этиш мақсади билан ёзатурғон сўзларини тушуна бошлайди ва ўзиға учрағон ёру дўстларини мустабид ҳукуматнинг бузуқ мақсадидан огоҳлантуради. Ҳар вақт ҳар ерда йўлуққан ва мусоҳиб бўлғон ошноларини саёҳатға тарғиб ва газета ўқушға ташвиқ этиб юрди. Шу билан баробар аларға ўзи ўқуб чиққан газеталарини тарқатди.

Беҳбудий афанди ҳаж сафаридан келгандан сўнг Хўқандбой Абдухолиқ ўғли деган самарқандлик бир зиёли билан танишиб унинг илм ва фикридан истифода этди. Фанний ва фалсафий масалаларда у билан муколама қилишиб маълумотини кўпайтурди. Бошқа ёқдан, ўшал вақтдағи газета ўқуғувчилардан соатчи Бадриддин билан танишиб, бунинг билан ҳар кун деярлик кўрушди ва фикр олишди.

Мана ушбу йўл билан Беҳбудий афанди дунёдан, сиёсатдан ва замона аҳволидан хабардор бўлуб, сўнгра ўзи халқни уйғотиш фикрига тушди ва қалам хидматиға киришмакни ўзиға лозим билди.

Беҳбудий афанди бир неча йил фикрий инқилобға учраб эътиқодсизланиб юрган бўлса ҳам, сўнгра кўб мутолаа соясида ва ҳар бир диний, фалсафий масалаларни текшириш натижасида эътиқодини тасҳиҳ ва табдил этди. Тараддуд ва шубҳалардан чиқиб, диндор ва маҳкам эътиқодлик бўлди.

1906нчи йилда Зокиржон Алихонуф деган бир татар муаллими Самарқандға келиб, Беҳбудий ҳовлисида бир неча ой ётиб-тургонида, бу зот билан Беҳбудий афанди хейли вақт мусоҳиб бўлуб диний, ижтимоий ва фалсафий кўб масалалар хусусида мубоҳаса ва мунозара этишди. Бу муҳим мубоҳасалар натижасида Беҳбудий гоҳ ғолиб ва гоҳ мағлуб бўлар эди. Беҳбудийнинг кенграк суратда фикрий очилишиға ва баъзи шубҳалардан чиқишиға шул мунозаралар зўр ёрдам берган дерлар.
(Битмади).

«Учқун» журнали, 1923 й., 1-сон

________________________________________
[1] Мулла Салим билан домла Аҳмад афандилар бу кунда Самарқанднинг очиқ фикрлик мударрисларидан саналадилар.
[2] Беҳбудийнинг онаси 1310нчи йилда 5нчи зулҳижжада вафот этди.
[3] Самарқандда ерлик мусулмонлардан бошлаб 1892нчи йилда «Таржумон» газетасини олдируб ўқуғон киши ҳожи Абдулқодир (меъмор) бўлуб, ундан кейин Хўқандбой Абдухолиқ ўғли, ундан сўнг татарлардан соатчи Бадриддин афанди эди, дерлар. Демак, Беҳбудийдан илгари Самарқандда ёлғуз 3 нафаргина газета ўқуғувчи бор эмиш.

006

МУФТИ МАҲМУДХЎЖА ҲАЗРАТЛАРИНИНГ ҚАНДАЙ ШАҲИД БЎЛҒОНЛИҒИ

Асримиз бошларида Туркистонда Биринчи рус инқилобининг таъсирида маърифатпарварлик ҳаракати кучайиб кетди. Мураббий, адиб, драматург, журналист, қонуншунос Маҳмудхўжа Беҳудий бу илғор ижтимоий-сиёсий ҳаракатнинг бошида турган улуғ инсонлардан бири эди. У бутун куч-ғайратини, билимини, азиз умрини онгли равишда Ватанининг, халқининг бахти учун курашга сафарбар этди.

Беҳубудий иккинчи рус инқилобидан кейинги даврда «Марказий Россия билан бирлик, ҳокимият бошига келган ишчи ва деҳқонлар етаклаган йўлдан боришни лозим, деб топади» (И. Султон, С. Мамажонов). Масалан, у «Иттифоқ керак» сарлавҳали мақоласида шундай деб ёзади: «Энди бугунги ҳурриятпарвар рус ҳамватанлар ила қўл-бақўл ушлашиб, тараққий учун ишламоқ керак».

Бироқ, таассуфки, устод Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг боши амир кундасига, шогирдларининг қони рус шовинизми шоввасига қурбон кетди!..

МУФТИ МАҲМУДХЎЖА ҲАЗРАТЛАРИНИНГ ҚАНДАЙ ШАҲИД БЎЛҒОНЛИҒИ ВА УНИНГ ТОМОНИДАН ЁЗИЛГАН ВАСИЯТНОМА

Беҳбудий афанди 1919 йил 25 мартда, йўлдошлари Мардонқул Шомаҳмуд ўғли ва Маҳаммадқул Ўринбой ўғиллари билан Самарқанддан Бухоро тупроғига ўткан, шундан қаэрга борғанлиғи билинмай, бу тўғрида турли сўзлар сўйланған ва гумонлар қилинғон эди. Охири, халқ орасида шайх бўлғон сўзлардан гумон ғолиб ила англашилған эдики, Беҳбудий афанди мазкур икки йўлдошлари ила золим амир Олимхоннинг ғаддор беклари қўлида шаҳид бўлғонлар. Бултур (1921 йил) март ойида Бухоро тупроғидан келган ўртоқ Ҳожимурод Худойберди ўғли, Беҳбудий ҳазратлари билан йўлдошлари Муҳаммадқул ва Мардонқул афандиларни Қарши шаҳрида, Қаршининг беги Тоғайбек қандай шаҳид этганлиги ҳақида дуруст маълумот кетурди.

Ўртоқ Ҳожимурод Бухоро инқилоби бошланған кунда, Самарқанддан ҳукумат томонидан бир маъмурият ила Шаҳрисабз ва Китоб тарафлариға бориб, андин бир иш ила Қарши шаҳриға ўтқан ва ўшал ерларда 6-7 ой хизмат қилиб юрған, бу вақтда хила ишлар қилған ва кўл воқеаларни кўрған.

Ҳожимурод афанди Қарши бегида бир неча вақт «маҳрамлик» хизматида бўлғон фарғоналик 17 яшар Содиқжондан Беҳбудий ва анинг йўлдошлари ҳақида кўп маълумот олғон: Беҳбудий афанди ва йўлдошлари, бошлаб Шаҳрисабзда қўлға тушиб, тахминан, икки ойдан сўнг, Қарши шаҳрига юборилиб, онда (зиндонда) бир неча кун ётқондан кейин, мазкур Тоғайбек томонидан шаҳид қилинған.

Бек Беҳбудий ва йўлдошларини ҳузуриға чақириб: «Сизлар на учун қўлға тушдингиз?», деб сўраған. Беҳбудий афандилар: «Бизлар Байтуллони зиёрат қилмак учун Самарқанддан чиққан эдик. Йўлда амир маъмурлари: «Сизлар жадид, кофир ва «тилчи», деб бизни қўлға олдилар». Бундан бир неча кун .ўтгандан сўнг, Содиқжон амирдан бекка қатл буйруғи келганлигини афанди, ўзининг ҳаётидан умидини узиб, йиғлай-йиғлай Беҳбудий афандиларға билдирған, сўпгра Беҳбудий тубандаги «Васиятнома»ни «ёзиб, Содиқжонға топширмоқ учун Аҳмадға берган ва ҳар қандай йўл ила бўлса-да, шул васиятномани Самарқандға юборишни ўтинған. Васиятноманинг остида бошлаб, Беҳбудий афандининг ўзи, сўнгра Мардонқул ва Муҳаммадқул афандилар қўл кўйғанлар.

ВАСИЯТНОМА ушбудур:

«Эй, Туркистон Маориф ишларида бўлғон ўртоқ ва ўғлонларим! Манни ўзим гарчанд банди бўлсам-да, сизларни зсимдан чиқармайман ва сизларга бир оз васият қилиб ўтаман. Мен севар ўртоқларим! Маним сўзларимни қулоқларинғизға олингизлар! Биз икки ойдан бери Бухоро шаҳарларида банди бўлиб юриб, ахир ўн кундан бери бир ерда (Қарши шаҳрида) бу золимларнинг қўлиға тушиб банд бўлдик. Жадид — кофирлик отини кўтардик. Сиполар ичида тилчилик отини кўтардик. Бу ердан қутулмоғимиз гумон бўлди. Ўртоқларим Сиддиқий, Айний, Фитрат, Қори ва Акобир Маҳдум ва ўғлонларим Вадуд Махдум, Абдулқодир Шакурий!

Сизларға васият қиламан: Маориф йўлида ишлайтурғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Маорифға ёрдам этингиз! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар! Ҳар иш қилсангиз жамият ила қилингизлар! Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатингизлар! Биздек маориф қурбонларини йўқлангизлар! Бухоро тупроғига тезлик ила йўл бошлангизлар! Озодликни тезлик ила юзага чиқарингизлар! Бизнинг қоннмнзни золим беклардан талаб қнлингизлар! Маорифки Бухуро тупроғига жорий қилингизлар!

Бизнинг отимизға мактаблар очингизлар! Бизлар ул чоқда қабримизда тинч ётурмиз. Маним ўғлонларимға салом еткурингизлар! Бу ҳамроҳларнинг авлодларидан хабардор бўлинглар! Ушбу васиятларимни ёзиб Аҳмадға бердим».

Бу васиятномадан 3-4 кун ўтар-ўтмас, бек Беҳбудий афанда ва йўлдошларини ҳам Аҳмадий ўлдирурға Оуюрғон ва алар зиндоннинғ ёнидағи подшоҳлик бу чорбоққа юборилғанлар. Шунда аларнинг қатллари ўзларига билдирилган ва ўзлари учун шу боғда тўрт қабр қаздирилған. Сўнгра Беҳбудий афанди ва йўлдошлари таҳорат олиб, намоз ўқимоқчи бўлғонлар. Лекин шул чоғда, раҳмсиз жаллод маҳовийлари ила етишуб келиб, аларни намоз ўқирға қўймаган ва энг аввал Беҳбудий ҳазратларини жойнамоз устида бошини кесган. Бу ҳолни кўриб, Мардонқули, Махаммадқули ва Аҳмад афандилар тавҳид ва шаҳодат калималарини ўқиб, ўлимни кутиб турғонлар. Андан кейин жаллод аларнинг бошини бир-бир кесган, сўнгра бекнинг хизматкорлари мазкур шаҳидларнинг нишларини чиқариб, ўзлари қазғон қабрларға кўмганлар ва қабрларннн (билинмасун деб) ер ила тегиз этганлар.

Бекнинг маҳрами Содиқжон, бу воқеани бошидан охиригача кўрган ва билгани учун ҳам, Беҳбудий афандиларға мухлис бўлғонидан шу воқеани бир дафтарчада айнан ёзиб қўйғон ва ондан ўртоқ Ҳожимурод кўчириб олиб, бу фожиани театр шаклида тартиб этуб, «Маориф қурбонлари»ни қўйғон.

Уч пардадан иборат бўлғои мазкур рисолани биз кўрдик. Рисола керак ибрат, керак саҳнага қўйиш жиҳатдан хили нуқсонлидир. Агар бу рисола театр оламидан хабардор бўлғон бирор кишининг қалами ила тузатилса, биринчи театру рисоласи қаториға кириши шубҳасиздир.

Ўртоқ Ҳожимуроднинг сўзига кўра, мазкур Содиқжон 1920 йил 21 декабрда амир томонидан Шаҳрисабз, Китоб ва Ғузор тарафларида қўзғатилғон аксил ҳаракатчилик вақтида, исёнчилар тарафидан Шаҳрисабзда ўлдирилған. Шунинг ила Содиқжон ёзған воқеа ила васиятноманинг асл нусхасида ўшал чоғда йўқолиб кетган.

Ҳожи Муин Шукрулло ўғли,
Самарқанд,1922 йил, 7 январ

ХДК

(Tashriflar: umumiy 258, bugungi 1)

Izoh qoldiring