Ibrohim Haqqul bilan suhbatlardan, hangomalaridan, xatga tushgan fikrlaridan

0228 март — Таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул 70 ёшга тўлди

   Атоқли ва ардоқли олим Иброҳим Ҳаққулни 70 ёши билан кўпмингли «Хуршид Даврон кутубхонаси» аъзолари ва адабиётнинг чинакам мухлислари номидан чин юракдан табриклаймиз. Унга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик ва янги ижодий муваффақиятлар тилаймиз.

ИБРОҲИМ ҲАҚҚУЛ БИЛАН СУҲБАТЛАРДАН

* * *

Ким илмни воситаи жоҳ этар,
Ўзинию халқини гумроҳ этар.

“Ҳайрат ул-аброр”дан.

Жоҳ – бойлик, мол-мулк, мансаб, мартаба, мавқе, зўрлик билан ўзгаларга гапини ўтказиш. Навоийнинг бир мисраси бутун миллат аҳволидаги фожиани, таназзулни акс эттиради.
Навоий, ҳақиқатан ҳам даҳо шоир. Ҳайрон қоласан, баъзан қидираман, йўқ жойдан топаман, мана шоҳ байт.

Авомдан демаким ўзни қутқарай,
Эр эрсанг ўзингдин ўзни қутқармоққа жаҳд қилғил.

Мана шу байтни шарҳласа, ахлоқнинг манифести бўлади.
Навоийга маънан қуллигимизни англаган кунимиз, бошимиз осмонга юксалади. Менинг бунга ҳеч бир шубҳам йўқ.
28.03.2018

* * *

11Мухолиф табиат кимсалар ҳақида гапириб, Навоий: “Алар бирла на урушим бор, на ёрошим”, дейди. Тутуриқсиз, мунофиқ, ипирисқи кимсалар билан муомала-муносабатда бундан яхши ва мақбул йўл йўқ.

* * *

Навоийнинг 17–18 ёшигача ва умрининг кейинги ўн йили – бу икки қанот. Менимча, ҳақиқий Навоийни билишнинг асоси ана шу даврлар. Чунки, Навоий айнан шу даврларда кўп ғам-ғусса чеккан. Айнан шу даврларда дунёга ниҳоятда кескин бир тарзда танқидий қараган. “Назмул жавоҳир”да келган бир тўртлигида “фоҳишадир бу дунё” дейди.

* * *

Биз ҳозир ҳам Абдулла Орифнинг “Қачон халқ бўласан, эй, сен оломон” сатрларини гўё бир шиордай қилиб, деярли ҳамма жойга ёзиб қўйишимиз керак. Чунки биз халқ, миллат деб юрганимиз одамлар ҳали ҳам оломонлик даражасидан баланд кўтарилгани йўқ! Бугун ана шу ҳақиқатни англаш учун қулай фурсат, қулай имконият бор. Лекин бизнинг зиёлиларимиз миллат нима, оломон нима, ҳанузгача фарқига бормагани боис, ушбу ҳақиқатни жиддий ўйлаётгани йўқ. Чунки бутун жамиятда моддият ва қорин эҳтиёжлари биринчи ўринга чиқиб кетди.

Ҳозир норозилик билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Аксинча, рози-ризолик кайфиятида энг жиддий, ҳатто қалтис ҳақиқатларни ҳам мушоҳада қилиш лозим, деб ўйлайман. Мен мустақилликдан кейин зиёлиларимиз тубдан янгиланади ёки янги ва эркин зиёли қатлами пайдо бўлади, деб умид қилган эдим. Афсуски, бундай бўлмади. Ҳатто, истеъдодли ижодкор ва илм аҳли ҳам олдингига нисбатан майдалашиб, қандайдир мушфиқ ҳолга тушиб қолди. Жамиятнинг аксарият қисми ўткинчи, гоҳо кераксиз гапларни сайраётганда, зиёлилар керакли фикрларни айтиш лаёқатини, афсуски, намойиш қила олишмади.

Хайрият, Навоий чиққан. Бир сўз билан кўнглингизни кўтаради. Бир ибора билан қотиб қолганни бузиб ташлайди:

Бил муниким, умр вафосиз дурур,
Давлат ила жоҳ бақосиз дурур.

Тушдек эрур даҳрда нокому ком,
Кўз юмуб очқунча ўтибдур тамом.

Даҳр биносини хароб англағил,
Не кўрунур анда сароб англағил.

Жумла жаҳон фоний мутлақдурур,
Боқийи мутлақ тиласанг ҳақ дурур.

“Ҳайрат ул-аброр”. Алишер Навоий, 7-том, 320-бет.

27.04.2018.

* * *
Абдулла Орипов айтган:

Менсиз ҳам мукаммал экан бу дунё,
Менсиз ҳам бахтиёр экан одамзод.

Навоий айтган фаноликка ҳамоҳанг. Фано концепцияси дейишади-ку, асоси ана шу тушунчада.

Навоий “Ўзингдан ўзингни қутқазсанг, халқ сен билан асло ихтилоф қилолмайди, асл ҳурлик ана шудир”, деган мазмунда кўплаб байтлар битган. Ҳақиқатан, кўп битган-эйй!

27.04.2018.

* * *

Иброҳим ака: “Мен анчадан бери бир тўхтамга келолмай юрибман, сиз ҳам бир қаранг”, деб қоғозга ушбуни ёзиб, узатди.
“Ҳақни фақат Ҳақ севади,
Ҳақни ҳақ талаб қилади,
Ҳақни ҳақ билади”.

Олим: “Сўфийларнинг ичидаги гап”, – деди.
Баҳс бошланди.

Турли талқинларга эга гап экан: “Худо нимани яратди? Борлиқ билан инсонни яратди. Ўзининг ҳусни жамолини кўрсатмоқчи бўлди. Инсон ҳақ истаган махлуқ бўлдими? Яширин сирли мантиқлар келиб чиқа беради. Бу ерда асос – Ҳақ”, дейилди.

Менинг назаримда, икки томонга ҳам маъно кетади. Урғуни қайси ўринга қўйишга қараб маъно ўзгаради. Ҳар ким истаган жавобини олади.

29. 01. 2016

* * *

Сўзнинг ҳужайрасида ўти бор, руҳни нурлантиради. Махтумқулида ана шу бор.

Махтумқули, шубҳасиз, катта шахс. Гёте айтган: “Ёзувчи адабиётни ёзган нарсалари билан эмас, балки шахсияти билан бойитади”. Махтумқули нафақат туркман адабиётини, балки жаҳон адабиётини ҳам бойитди.

Махтумқули ижодида ишқ, маърифат бир бутунликда оддий халқ дилига уйғун янграйди. Шеърини эшитсангиз руҳланасиз. Сиз насиҳат тинглайсиз, гўёки бошқа гап кетаётгандай, лекин дилингизда ватанга, одамга муҳаббат уйғонади. Бу ифодаларда атайинлик йўқ, ҳаммаси табиий кечади. Жуда табиий, унинг насиҳатида ҳикмат шундай уйғунлик касб этганки, киши ҳайрон қолади. Жуманиёз Шарипов чиқарган қизил муқовали тўплам бўларди. Яхши кўрардим. Отам ҳам шу китобни ўқирди. “Эй биродар, шу китоб турсин, тегма”, дерди. Жуманиёз Шариповнинг таржимасида шоир руҳи сақланган, кейингиларда бундай эмас. “Пуф” – десанг ўт чиқмайди. Хоразм тили билан туркман тилининг яқинлигиданми, таржима аслиятга анча яқинлашган. У вақтлар ёшман, билмаганман, кейинчалик солиштириб билдик. Мен туркманча икки жилдликдан ўқийман. Вақт топдим дегунча ўқийман.

У Навоий бобони, Яссавийни яхши ўзлаштирган. Хива, Бухоро, у томони Эрон адабиётидаги маърифатни, ирфонни ишғол қилиб борган. Шеърият об-ҳавосини янгилаган.

Кетиб бораяпсан, кайфиятинг тушкун, бирдан Махтумқули ёдга келади.

“Ҳар нокасга раво кўрма сўзингни”. Ана шеър. Мен Махтумқулидан хаёлан ажралмайман. “Йигитликнинг зўри тизга меҳмондир”. Бундан ортиқ, ҳаммага ёқимли қуйма мисрани топиш қийин, керак бўлса, истаган маънони топиш мумкин.

20.02.14.

* * *
Боқирғон бобо:

Суҳбатлиқ орифларға жоним бериб,
Суҳбатсиз нодонлардан қочғум келур, –

деган. Одамни, умуман, суҳбатлиқ ва суҳбатсизга ажратса, кўп нарса ойдинлашади. Фикр одами ва фикрсизни танийсиз.

Ҳаётда ижобий қаҳрамон йўқ. Чунки ҳаёт ижобий қаҳрамонни ейди. Ёзувчи ундан-бундан олиб, идеал қаҳрамон яратади. Бу, кўпинча, китобий қаҳрамонга айланиб қолгани учун ўқувчига таъсир ўтказа олмайди.

– Абдуллажон яхши, лекин чиққан жойи чатоқ. Бир манбаси – Ғафур Ғуломда, – дерди Рауф ака Ғафур Ғуломнинг сиёсатчилигини назарда тутиб.

Эй, ўз аҳволини билмаган асрорқуллар. Эркиннинг ошида кўп ёзувчиларингиз … билан кўришиш учун навбатга туришди. Кўриб қийналиб кетасиз. Эртага бошқа чиқса, унга шундай навбат кутади булар.

(“Эй, ўз аҳволини билмаган Асрорқул” – Муҳий домланинг асаридан. Абдулла Қаҳҳор “Бек” ҳикоясига эпиграф қилиб олган. Мен шундан асрорқуллар, деб олганман.)

Қаҳҳор матнчи сифатида қадрланади. Уни таҳлил қилиш керак. Таҳлилда адабиётнинг кўп сирлари очилади. Қаҳҳор мақташга муҳтож ёзувчи эмас.

12.03.2016.

* * *

Ёзувчининг ҳар бир асари ҳаёт билан видолашув бўлиши керак. Чингиз Айтматовда шундай, айниқса, қиссаларида шу бор.

Бугун ҳамма чарчаган, бир жасоратли, қатъиятли одамни топиш қийин. Яқинда Усмон интервью бераяпти, эски “Мана, мен мардман”, деган оҳанг йўқ гапларида.

Энг катта фожиа шуки, бугун инсон руҳиятидаги шу синиқликни тўғри баҳолаб берадиган психолог, социолог олим йўқ. Аввал шоирлар бу вазифани бажарарди. Хусусан, Абдуллла Орипов: “Менинг ҳам руҳимда аждодлар оҳи, Менинг ҳам қонимда қилич занги бор…” Дарров билардингиз – нима деяпти.

Мустақиллик одамни толиқтириши, чарчатиши мумкинми? Мана шу саволга жавоб тополмай бошим гаранг. Бир сирли нарса бор. Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Жажман” деган ҳикоясида айтилган емирилиш кетаверади, ҳеч ким билмайди, қаердан бу талафот. Шу сўзниям ёзувчи олиб кирди. Жажман – бу нафс-да!

03.03.14

* * *

“Ўтмишдан эртаклар”ни ўқийман. Бир бет, нари борса бир фаслни. Қаҳҳор тасвирлаган воқелик билан шўро замонидаги воқелик орасида катта бир бўшлиқ ва сунъийлик пайдо бўлган. Бу нарса адабиётда ҳам ифодасини топган. Лекин менга Қаҳҳор тасвирлаган воқеликнинг ниҳоятда нурсиз, аччиқ ҳақиқати ёқади. Мен Қаҳҳорга суяниб ҳатто бугунги кун ҳаётининг қоронғи жиҳатлари ҳақида бемалол бир нарсани айтишим мумкин… Қаҳҳорнинг асари мен учун кўнгил кўтариш эмас, балким кўнгилни чўктириш воситаси. Мен ана шу “чўкиш” ҳолатларидан кўп нарсани жуда аниқ тасаввур қиламан. Ўлим, Ҳаёт ва ҳакозо… Шу маънода Чеховгаям қизиқишим кучли. Ҳаётни шундай кўрсатиш моделини Чехов яратган. Қаҳҳор: “Чехов кўзойнагини берди-ю, халқинг ҳаётига қара, деб айтди”, – деб ҳаққоний эътироф қилган.

Қаҳҳорни идеаллаштириш керак эмас. Қаҳҳор дунёга кўз-кўз қиладиган улкан санъаткор ҳам эмас. Лекин Қаҳҳорнинг ўзига хос ҳақиқатпарастлиги, тўғрилиги адабиётдаги ёлғон ва саёзликларни зириллатади.

Ойбек прозасидаги китобийлик ҳам баъзан одамни зериктиради.

Қаҳҳордан кейин адабиётга кириб келган ёзувчилар – Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, Иброҳим Раҳим ва ҳоказоларни, мана шундай асарларни ўқимасликни менга Қаҳҳор домла ўргатган, ўзининг адабий-танқидий мақолалари билан ана шу ишончни жуда мустаҳкамлаган.

Одамда бир пайтлар бўлади, сиқиласан, қийналасан. Қаҳҳорнинг олти томлик қора китобини сиқилганда ўқиб, кейин олтинчи томдаги баъзи мақолаларни кўчирганман, кейин йиртиб ташлаганман, нимага, ўзим ҳам билмайман.

03.03.14

* * *

Иброҳим ака дейди:
…Талантли одамга қийин, агар талантга хиёнат қилса бундан-да оғир бўлади.

“Руҳим” чиққанида, икки пачка олганман. Одамларга тарқатганман.

Жаббор дейди:
“Йиллар армони” энг яхши тўплами бўлди.

Иброҳим ака давом этади:
-Шеърият хиёнатни кечирмайди. Бир пайт айтган эди ўзи:

Ҳақ сенга мурод ўлсин,
Шавкатинг на зар, тилло.
Ҳақ деганнинг умри ҳам,
Ҳақ каби узун, илло.
Бошин эггай ҳамиша,
Остонангда Абдулло.
Энг олий бахтим менинг,
Онажоним шеърият.
Топган тож-тахтим менинг,
Жонажоним шеърият.

20 .07. 2015.

* * *

Абдуқодир Ҳайитметов, Тўра Мирзаев билан бирга Сўфи Оллоёрга бағишланган Самарқанд йиғинидан қайтаётиб, Чинозда тўхтадик, балиққа… Ўшанда шоирлар қисмати ҳақида гап кетди. Ҳайитметов домла айтдилар:

“Шоирнинг вақтида ўлиши ҳам жуда муҳим нарса. Лермонтов ёш вафот этган бўлсаям, жуда вақтида кетган. Ўз шуҳрати билан қолди тасаввурларда.
Мана шу ўзимизнинг Абдуллажон ҳам, Худо умрини узоқ қилсин, эрта кетганидами, шеъриятнинг сиғинадиган қасрини яратиб кетган бўларди. Кейинчалик талантига нисбатан бўш нарсаларни ёза бошлади.

Одамлар нима деса десин, бизнинг Навоийдан кейинги шоиримиз барибир Абдулла Орипов”.

Зўр шоирларда башорат бўлади. Абдулла Ориповда шундай туйғу бор. Ҳаётдаги кўп нарсаларни олдиндан башорат қиладиган даражада сезгир ва билағон, лекин маишатпарастлик кўп ҳолларда мана шу туйғусига парда тортган. Шунинг учун қилиниши керак бўлган ишни билган, лекин қилмаган. Ва булар ҳаётда кўп муаммоларни пайдо қилган.

Мана, ҳозир ёлғизланиб, нолиб, нарози бир ҳолатда юрибди-ку, олдин кечган баъзи воқеа-ҳодисаларни ўйласангиз, шу кунни олдиндан сезганига ҳайрон қоласиз.

* * *

Набижон Боқий бир нарса ташлаб кетди. “Бу нима? – десам, “Тўра Сулаймон кутубхонаси” деган нарса, – дейди. Тўра Сулаймон Набижон Боқийни кўрсатиб, болаларига айтиб кетган экан: бу катта акангиз, нима деса қилинглар, деб. Набижон Сирдарёга борган. Икки хонали уйда Тўра Сулаймоннинг китоблари бор экан. У уч-тўрт кун шу ерда қолиб ишлайман деган. Тўра Сулаймон ҳам чизиб ўқир, баъзан китобнинг чеккасига ёзиб қўяр экан.

Кечқурун унча хоҳламай варақлаган бўлдим. Мухтор Авезовнинг “Абай” романидан бошланган экан. Ўқисам қизиқ. Шу ўқишда эллик бетини ўқибман. Бу одам жуда фаол китобхон экан. Айтматовнинг “Оқ кема”сига чизганлари менинг чизиб ўқиганларим билан деярли бир хил, ҳайронлар қолдим. Набижонни ҳали кўрмадим. Лекин яхши нарса ёзибди. Кўрсам ўзига ҳам айтаман. Тўра Сулаймоннинг кундаликлари бор экан, улардан ит ҳақидаги ўттиздан ортиқ мақолларни келтирибди, бир хилларини мақоллар тўпламида ҳам кўрмаганман. Ўйлаб қолдим, яна кимларнинг, қайси ижодкорларнинг кутубхонаси ҳақида шундай нарса қилиш мумкин экан.

Бу йўл билан шоирнинг ижод лабораториясига кирилган.

20.07.15.

* * *

Иброҳим аканинг хонасида Жаббор, биргаликда суҳбат қурдик.

Ёшлар тарбияси, ўғил бола ҳамда қиз болалар ўртасидаги муносабат, бутун мактаб ўқитувчилари аёллардан иборат бўлиши ва бунда ўғил болаларнинг аёл феъл бўлиб қолишига олиб келаётганини сўзлашдик. Ёшлар ўртасида ҳаёнинг кўтарилиб бораётгани ҳақида гап борди.

Иброҳим ака оналарининг гапини эслади.
Бийим айтарди: “Ҳаё кетди – бало етди”.
Чиндан-да, барча балолар ҳаёнинг кетганидан.

03. 02. 2016.

* * *

Бахтсиз кимсаларнинг кўздаги ёши,
Асли Яратганга маломат тоши.
Абдулла Орипов

Ҳаққулов бир ходими аҳволини эслаб, шу мисрани ўқиди. Унинг ҳаёти, операция қилиниши кераклиги-ю, маблағ топиш муаммоси билан боғлиқ айтилди бу мисралар.

28.11.2017

* * *

Сиёсат ва мафкурага қул бўладиган одам борки, уларнинг қуллиги ва “йўл харитаси” бир хил бўлади. Бундай кимсалардан эркинлик ҳам, собитлик ҳам кутиш мумкин эмасдир.

16.04.2018.

* * *

Шу пайтгача инсониятнинг тўғри тарихи ёзилмаган, тўғри ҳаёт ҳам йўқ.

* * *

Шукур Холмирзаев адабиётни ёлғондан тозалашга астойдил хизмат қилди. Шуям ўзининг кимлигини билмасдан, қадрини топмасдан кетди.

02.05.2018.

Эргаш ОЧИЛОВ
ИБРОҲИМ ҲАҚҚУЛ ҲАНГОМАЛАРИ

Устоз Иброҳим Ҳаққул билан салкам ўттиз йилдан буён елкама-елка ишлаб келамиз. Бирга кўп тадбирларда қатнашдик, сафарларда бўлдик, илму ижод хусусида суҳбатлар қурдик. Кўрган, эшитган, бевосита гувоҳи бўлган баъзи ибратли воқеалар ва қизиқарли ҳангомаларни, илмий-адабий фикр ва мунозараларни ёндафтаримга битиб қўйганман. Улардан айримларини олимнинг 70 йиллик юбилейи баҳона ўқувчилар ҳукмига ҳавола этишни лозим топдим. Келгусида уларни мавзуси ва жанрига кўра алоҳида фаслларга бўлиб, бир китоб қилиш ниятим бор.

АДАБИЙ ГУРУНГЛАР

Бадиҳа

Иброҳим Ҳаққул ҳикоя қилади:
– “Тошкент” меҳмонхонасида овқатланиб, Кўкчадаги ижара уйимизга кетиш учун трамвай кутиб ўтирганимизда Жамол Камол бадеҳатан шундай тўртлик тўқиб қолди:
Укагинам Иброҳим,
Табиати мулойим.
Мақтаб юриб акасин
Доктор бўлсин, илоҳим!

Яқин ўтган замонда

Иброҳим Ҳаққул ҳикоя қилади:
– Эркин Аъзам билан уйқудан аввал сайр қилиб юрар экан, Дўрмондаги Ёзувчиларнинг ижод боғи дарвозаси олдида Абдулла Ориповни учратиб қолдик. Уёқ-буёқдан суҳбатлашган бўлдик. Гапдан-гап чиқиб, у қўлидаги тамакининг чўғига қараб туриб деди:

– Осмондаги юлдузни бу юлдуз, тамакининг чўғини бу чўғ дейдиган одам қолмади.

Илм излаб

Ҳурматжон Фикратнинг банкетида Иброҳим Ҳаққул шундай лутф қилди:
– Муҳаммад алайҳиссалом илм излаб, керак бўлса, Хитойгача боринглар деганлар. Ҳурматжон эса илм излаб Хитойдан Ўзбекистонга келибди.

Тинчлик олами

– Ташвишларнинг охири кўринмайди-ей деб нолиб келаётсам, – дейди Иброҳим ака, – Чиғатой қабристони ёнидан ўтаётган таксичи мозорга қараб ишора қилди: “Тинч ҳаёт истасангиз, мана бу ёққа келинг”.

Хотира

Устоз Тўра Мирзаев айтади:

– Хотира ёзишга андиша қиламан-да. Чунки хоҳласа-хоҳламаса, киши хотиранинг қаҳрамонларидан бирига айланади. Хотирланаётган инсонга қўшиб ўзингни ҳам улуғлаётгандай бўлаверасан. У билан ўзингнинг муносабатларинг ҳақида ёзасан-да, ахир!

– Хотира ёзаётганда киши меъёрни сақлаши, баъзилардек машҳур кишилар баҳона ўзини тарғиб қилмаслиги керак, – дейди Иброҳим Ҳаққул ҳам.

Ҳолбуки, Абдуқодир Ҳайитметов, Наим Карим каби олимлар юбилейи муносабати билан ёзган мақолаларида Иброҳим ака ҳам ўзи ҳақида ёзишни унутмаган.

Албатта, бошқалар ҳақида ёзганда ўз шахсини биринчи ўринга қўядиганлар ҳам йўқ эмас. Бу тоифа ҳатто Навоий ҳақида ёзганда ҳам улуғ шоир баҳона аслида ўз шахсини илгари суради, Навоий бир четда қолиб, ўзи ҳақида ёзади.

Ижод аҳлининг ҳаёти

Иброҳим Ҳаққул доимий ҳаракатда, ҳамиша изланишда.

– Биз дам олиш кунлари ҳам, байрамларда ҳам, ишгача ҳам, ишдан кейин ҳам ҳамиша илму ижод дарди билан яшаймиз, – десам, Иброҳим Ҳаққул:
– Мен баъзи мақолаларимнинг тарҳини тушимда шакллантираман ёки ёзиб, кейин қоғозга тушираман, – деди.

Илму ижод билан нафас олган, илму ижод ҳаётининг мазмунига айланган киши бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

Мақолчи

– Мен ўзи мақолчи бўлсам ҳам бўлади, – дейди Иброҳим Ҳаққул. – Чунки бобом билан бибим мақолчи бўлиб, мен шу муҳитда тарбия топганман.
“Ўзбек халқ мақоллари” икки жилдлигига Шофиркондан жуда кўплаб мақолларни ёзиб келиб берганман.

– Ўзингиз тўплаган мақолларни алоҳида китоб қилсангиз бўлар экан. – дедим буни эшитиб.

Чинакам бахт

– Тошпўлат Аҳмедовнинг бу дунё билан ҳисоб-китоби тугади. Энди тинч ётади. Чинакам бахт шу, – деди Иброҳим Ҳаққул олимни тупроққа топшириб қайтаётганда.

– Инглизларда “Бахтнинг нималигини қабрда биласан” мазмунидаги бир мақол ҳам бор, – гапга қўшилди Жамол Камол.

Сассиқалафлар

Иброҳим Ҳаққул истеъдодсиз шоирларни танқид қилиб чиққанида Иброҳим Ғафуров айтган экан:
– Иброҳим адабиёт майдонидаги сассиқалафларни ўриб ташламоқчи. Ҳолбуки, гул бор жойда сассиқалаф ҳам бўлади…

Урфдан қолган одам

– Касалхонада ётиб чиқибсиз. Хабар ололмадик, – деб Тўра Мирзаев узрхоҳлик қилган эди, Иброҳим Ҳаққул кулди:
– Хижолат бўлманг, ҳозир касал кўргани бориш урфдан қолган.

Маҳаллачи

– Илгари-ку миллатчи эдик, энди биратўла маҳаллийчи бўлиб қолдик, – десам, Иброҳим Ҳаққул:
– Маҳаллийчи эмас, маҳаллачи дейверинг! – деди.

Ўқимаса ҳам бўлади

Институтга имтиҳон топшириб, жавобини кутиб юрган опасига Иброҳим аканинг ўғли айтармиш:

– Кўпам ҳаяжонланаверма, опа, ўқимасдан ҳам яшаса бўлади.

– Менинг назаримда, ўқийман деган кишининг қўлидан кеча-кундуз китоб тушмаслиги керак, – дейди Иброҳим ака. – Ҳозирги ёшларнинг қўлида эса китоб кўрмайсиз. Шунинг учун қизимнинг ўқишга киришига ўзим ҳам ишонмайман…

– Э ака, – дедим, – унақа ўқийдиганларнинг охири сизу биз эдик. Энди биздақа китобхўрлар чиқмайди…

“Қоронғи клуб”

Зулукшунослар

Иброҳим Ҳаққул, Раҳматулла Баракаев, Маматқул Жўраев, Шомирза Турдимовларнинг бири қўйиб, бири зулук ҳақида таъриф бераётганини эшитиб ҳазиллашдим:

– Мен сизларни фақат адабиётшунос десам, зулукшунос ҳам экансизлар-ку!

Эрмак

Бир маҳаллар Иброҳим Ҳаққул:

– Мен вақтни ўлдириш учун китоб ўқийман, – деганида у кишининг бу гапини олифталикка йўйган эдим.

Энди ўзим ҳам шу аҳволга тушдим: ёзув-чизув менга эрмак бўлиб қолди.

Мажлислар

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ижтимоий-гуманитар йўналишидаги институтларининг йиллик ҳисобот мажлиси бўлаётган эди.

Чекиш учун ташқарига чиққан Иброҳим Ҳаққулга дедим:
– Сиз вақтингизни йўқотиб бунақа мажлисларга келиб ўтирмасангиз ҳам бўлар эди.
– Кейин гап-сўз бўлмасин дедим-да.

– Кимнинг иши бор? Бир кунингиз кетгани қолади.
– Тўғри, лекин Тўра Мирзаевга ёқади бунақа мажлислар.

– Тўра ака – раҳбар. Мажлислар – раҳбарлар учун ўзини кўрсатиш воситаси. Сиз билан менга ўхшаган илм одамлари учун бунақа мажлислар вақтни йўқотишдан бошқа нарса эмас.

Нозик одам

Бухоро университетидаги ўқитувчилар Иброҳим Ҳаққулдан сўрашибди:

– Раҳим Воҳид билан қандай гаплашасиз?
– Мен у киши билан сира гаплашмайман, – дебди у, – нима деса маъқуллайман, сира тортишмайман.

Гапни бўлиш

Иброҳим Ҳаққулнинг сўзини бўлган эдим:

– Шоирсиз-да – гапни охиригача эшитмайсиз, – деб танбеҳ берди.

Оқимга қарши сузиш беҳуда

Иброҳим Ҳаққул билан бизнинг қарашларимиз, илмий принципларимиз баъзида тўқнаш келиб қолади.
– Мен саёзлик, ўртамиёначилик, истеъдодсизлик, саводсизликка қарши курашаман! – деди у.
– Мен эса индамай ўзимнинг ишимни қиламан, – дедим мен. – Чунки оқимга қарши сузиш беҳуда.

Ўғри

Иброҳим аканинг дала ҳовлисига ўғри тушибди.
Буни эшитиб ҳазиллашдим:
– Олимнинг уйига ҳам ўғри тушар экан-а!
Бу билан фахрлансангиз арзийди.

Қотиб қолганлар

Тил ва адабиёт институтида Эркин Аъзамнинг “Шовқин” романи муҳокамаси бўлди. Маърузалар, чиқишлар унга ёқмаётганини кузатиб турган эдим.
Айтганим бўлди: Эркин Аъзам адабиётшуносларнинг устидан кулиб кетибди:

– Сиз улар билан қандай ишлайсиз-а? – дебди Иброҳим Ҳаққулга қотиб қолганлар билан деган маънода.

Асқад Мухторнинг ўз ижодимизга ўзимиз баҳо берганимиз яхши деган гапида жон борга ўхшайди.

Адабиётшунослар ўлик илм ташувчиларга айланиб қолмоқда – улар жонли адабий жараёндан узилган.

Навоийхонлик кунларида

– Навоийхонлик кунларида биз навоийшунослар ҳам отарчиларга ўхшаб қоламиз – тинимсиз таклиф, илтимос, топшириқ, ҳар турли тадбирлар, – дейди Иброҳим Ҳаққул.

Тўқилган мақоллар

– Икки жилдлик “Ўзбек халқ мақоллари”даги кўп мақолларни Асқар Мусақуловнинг ўзи тўқиган, – дейди Иброҳим Ҳаққул. – Мен уларни китобда қизил билан белгилаб қўйганман.

– Халқ мақолларига нега бундай муносабатда бўляпсан? – десам:
– Ўша мақолларни ҳам сену менга ўхшаган одамлар тўқиган-да, – деган эди.

Тантилик

– Сайфиддин Рафиддин менинг биринчи шогирдим ҳисобланади, – деди Иброҳим Ҳаққул. – Лекин диний ва тасаввуфий илмларни мендан яхши билгани учун уни ўзимга устоз деб биламан.

Яхши адиб

Омон Мухторнинг ёшлигида ёзган “Йиллар шамоли” романиёқ танқидга учраб, эътироф қозонмаган эди. Умрининг охирида мини-роман ёзишга тушиб кетди. Лекин барибир романнавис сифатида тан олинмади.

Юз жилдлик “Ўзбек адабиёти дурдоналари”га унинг бирорта романини киритишнинг иложи бўлмади.

– Лекин яхши ҳикоялари бор, – деди Иброҳим Ҳаққул.
– Яхши шеърлари ҳам, – дедим мен.

Бу фикрларга ҳеч ким эътироз билдирмади.

Таъсир ва ўзига хослик

Иброҳим Ҳаққул Абдулла Орипов шеъриятини Ғафур Ғулом мероси билан қиёслаб, унинг ижодида ўзининг буюк салафидан кўплаб таъсир қирраларини топганида у хафа бўлиб:

– Бунақа чуқур ковлаштириб, мени Ғафур Ғуломнинг соясига ҳам айлантириб қўйманг-да, – деган экан.

Ижод тўлғоғи

Иброҳим ака ҳар бир мақоласини ёзиш учун узоқ тайёргарлик кўради. Тайёргарлик ниҳоясига етиб, ёзишга киришгач, икки-уч кун, баъзида ҳатто бир ҳафта ишга келмайди.

– Мазам бўлмаяпти… – деб баҳона қилади.

Лекин биз ҳамкасблари биламизки. у кишининг мазасини қочирган дард – ижод тўлғоғи. Демак, янги бир мақола дунё юзини кўряпти.
Чиндан ҳам у янги мақола билан хуш-хурсанд, баланд кайфиятда ишга чиқади.

ХАТГА ТУШГАН ФИКРЛАР

– Анча-мунча фикру мулоҳазаларим тўпланиб қолган. Бир қисми газета-журналларда ҳам чиқди. Шуларни йиғиб, бир китоб қилишим керак, – деган эди ўзаро суҳбатларимиздан бирида Иброҳим Ҳаққул.

Қуйида устознинг турли муносабатлар билан айтган, эҳтимолки, ўзи қоғозга туширмаган мулоҳаза-мушоҳадаларидан баъзи намуналарни ҳукмингизга ҳавола қиламиз.

* * *

Илму ижод йўлини танлаган киши фақирлик билан шартнома тузиши керак.

* * *

“Қаро кўзум”ни тўлиқ таҳлил қилиб берган киши Навоийни саксон фоиз билади.

* * *

Яссавий ижодини дунёвий адабиёт мезонлари билан ўлчаб бўлмайди. У – охират адабиёти.

* * *

Жадидларнинг бир қаноти публицистика, бир қаноти сиёсат эди, адабиёт эса восита бўлган.

* * *

Совет давридаги мафкурабоз адабиёт ва унинг фожиаси очиб берилганида мустақиллик даврида у такрорланмас эди.

* * *

Ғафур Ғуломнинг ички ва ташқи қиёфаси бошқа-бошқа.

* * *

Жаҳон адабиётида икки ёзувчига инсоншунос сифатида дахл қилиб бўлмайди деб ҳисоблайман: Достоевский ва Кафка.

* * *

ХХ аср адабиётининг илоҳий манбаи йўқ.

* * *

Совет сиёсати учун Қодирий умрини берди, Ойбек тилини, Қаҳҳор соғлигини.

* * *

Қодирий – руҳиятчи, Ойбек – ҳиссиётчи, Қаҳҳор – моҳиятчи. Матёқуб Қўшжонов эса адабиётшуносликдаги моҳиятчи, адабиётшуносларнинг Қаҳҳори эди.

* * *

Усмон Қўчқор сўзни нозик ҳис қилар эди.

* * *

Мен ўқимасам, ўлиб қоламан.

* * *

Рауф Субҳон – истеъдодли ва маърифатли шоир. Эътиқоди бутун. Ҳар турфа ўйинларга ўйнамади. Инсон сифатида ҳам яхши.

* * *

Сайфиддин Рафиддин ҳам диний, ҳам тасаввуфий, ҳам дунёвий илмларни билади.

* * *

Ҳалима Худойбердиева яхши шоир – фақат сўзнинг устида ишламайди.

* * *

Беҳзод Фазлиддин диссертацияси бу – шоирнинг диссертацияси.

* * *

Самимият эшиги очилса, сунъийлик кетади.

28 MART — TANIQLI ADABIYOTSHUNOS OLIM IBROHIM HAQQUL 70 YOSHGA TOʻLDI

Atoqli va ardoqli olim Ibrohim Haqqulni 70 yoshi bilan koʻpmingli “Xurshid Davron kutubxonasi” aʼzolari va adabiyotning chinakam muxlislari nomidan chin yurakdan tabriklaymiz. Unga sihat-salomatlik, oilaviy xotirjamlik va yangi ijodiy muvaffaqiyatlar tilaymiz.

IBROHIM HAQQUL BILAN SUHBATLARDAN

* * *

Kim ilmni vositai joh etar,
Oʻziniyu xalqini gumroh etar.

“Hayrat ul-abror”dan.

Joh – boylik, mol-mulk, mansab, martaba, mavqe, zoʻrlik bilan oʻzgalarga gapini oʻtkazish. Navoiyning bir misrasi butun millat ahvolidagi fojiani, tanazzulni aks ettiradi.
Navoiy, haqiqatan ham daho shoir. Hayron qolasan, baʼzan qidiraman, yoʻq joydan topaman, mana shoh bayt.

Avomdan demakim oʻzni qutqaray,
Er ersang oʻzingdin oʻzni qutqarmoqqa jahd qilgʻil.

Mana shu baytni sharhlasa, axloqning manifesti boʻladi.
Navoiyga maʼnan qulligimizni anglagan kunimiz, boshimiz osmonga yuksaladi. Mening bunga hech bir shubham yoʻq.
28.03.2018

* * *

22Muxolif tabiat kimsalar haqida gapirib, Navoiy: “Alar birla na urushim bor, na yoroshim”, deydi. Tuturiqsiz, munofiq, ipirisqi kimsalar bilan muomala-munosabatda bundan yaxshi va maqbul yoʻl yoʻq.

* * *

Navoiyning 17–18 yoshigacha va umrining keyingi oʻn yili – bu ikki qanot. Menimcha, haqiqiy Navoiyni bilishning asosi ana shu davrlar. Chunki, Navoiy aynan shu davrlarda koʻp gʻam-gʻussa chekkan. Aynan shu davrlarda dunyoga nihoyatda keskin bir tarzda tanqidiy qaragan. “Nazmul javohir”da kelgan bir toʻrtligida “fohishadir bu dunyo” deydi.

* * *

Biz hozir ham Abdulla Orifning “Qachon xalq boʻlasan, ey, sen olomon” satrlarini goʻyo bir shiorday qilib, deyarli hamma joyga yozib qoʻyishimiz kerak. Chunki biz xalq, millat deb yurganimiz odamlar hali ham olomonlik darajasidan baland koʻtarilgani yoʻq! Bugun ana shu haqiqatni anglash uchun qulay fursat, qulay imkoniyat bor. Lekin bizning ziyolilarimiz millat nima, olomon nima, hanuzgacha farqiga bormagani bois, ushbu haqiqatni jiddiy oʻylayotgani yoʻq. Chunki butun jamiyatda moddiyat va qorin ehtiyojlari birinchi oʻringa chiqib ketdi.

Hozir norozilik bilan hech narsaga erishib boʻlmaydi. Aksincha, rozi-rizolik kayfiyatida eng jiddiy, hatto qaltis haqiqatlarni ham mushohada qilish lozim, deb oʻylayman. Men mustaqillikdan keyin ziyolilarimiz tubdan yangilanadi yoki yangi va erkin ziyoli qatlami paydo boʻladi, deb umid qilgan edim. Afsuski, bunday boʻlmadi. Hatto, isteʼdodli ijodkor va ilm ahli ham oldingiga nisbatan maydalashib, qandaydir mushfiq holga tushib qoldi. Jamiyatning aksariyat qismi oʻtkinchi, goho keraksiz gaplarni sayrayotganda, ziyolilar kerakli fikrlarni aytish layoqatini, afsuski, namoyish qila olishmadi.

Xayriyat, Navoiy chiqqan. Bir soʻz bilan koʻnglingizni koʻtaradi. Bir ibora bilan qotib qolganni buzib tashlaydi:

Bil munikim, umr vafosiz durur,
Davlat ila joh baqosiz durur.

Tushdek erur dahrda nokomu kom,
Koʻz yumub ochquncha oʻtibdur tamom.

Dahr binosini xarob anglagʻil,
Ne koʻrunur anda sarob anglagʻil.

Jumla jahon foniy mutlaqdurur,
Boqiyi mutlaq tilasang haq durur.

“Hayrat ul-abror”. Alisher Navoiy, 7-tom, 320-bet.

27.04.2018.

* * *
Abdulla Oripov aytgan:

Mensiz ham mukammal ekan bu dunyo,
Mensiz ham baxtiyor ekan odamzod.

Navoiy aytgan fanolikka hamohang. Fano konsepsiyasi deyishadi-ku, asosi ana shu tushunchada.

Navoiy “Oʻzingdan oʻzingni qutqazsang, xalq sen bilan aslo ixtilof qilolmaydi, asl hurlik ana shudir”, degan mazmunda koʻplab baytlar bitgan. Haqiqatan, koʻp bitgan-eyy!

27.04.2018.

* * *

Ibrohim aka: “Men anchadan beri bir toʻxtamga kelolmay yuribman, siz ham bir qarang”, deb qogʻozga ushbuni yozib, uzatdi.
“Haqni faqat Haq sevadi,
Haqni haq talab qiladi,
Haqni haq biladi”.

Olim: “Soʻfiylarning ichidagi gap”, – dedi.
Bahs boshlandi.

Turli talqinlarga ega gap ekan: “Xudo nimani yaratdi? Borliq bilan insonni yaratdi. Oʻzining husni jamolini koʻrsatmoqchi boʻldi. Inson haq istagan maxluq boʻldimi? Yashirin sirli mantiqlar kelib chiqa beradi. Bu yerda asos – Haq”, deyildi.

Mening nazarimda, ikki tomonga ham maʼno ketadi. Urgʻuni qaysi oʻringa qoʻyishga qarab maʼno oʻzgaradi. Har kim istagan javobini oladi.

29. 01. 2016

* * *

Soʻzning hujayrasida oʻti bor, ruhni nurlantiradi. Maxtumqulida ana shu bor.

Maxtumquli, shubhasiz, katta shaxs. Gyote aytgan: “Yozuvchi adabiyotni yozgan narsalari bilan emas, balki shaxsiyati bilan boyitadi”. Maxtumquli nafaqat turkman adabiyotini, balki jahon adabiyotini ham boyitdi.

Maxtumquli ijodida ishq, maʼrifat bir butunlikda oddiy xalq diliga uygʻun yangraydi. Sheʼrini eshitsangiz ruhlanasiz. Siz nasihat tinglaysiz, goʻyoki boshqa gap ketayotganday, lekin dilingizda vatanga, odamga muhabbat uygʻonadi. Bu ifodalarda atayinlik yoʻq, hammasi tabiiy kechadi. Juda tabiiy, uning nasihatida hikmat shunday uygʻunlik kasb etganki, kishi hayron qoladi. Jumaniyoz Sharipov chiqargan qizil muqovali toʻplam boʻlardi. Yaxshi koʻrardim. Otam ham shu kitobni oʻqirdi. “Ey birodar, shu kitob tursin, tegma”, derdi. Jumaniyoz Sharipovning tarjimasida shoir ruhi saqlangan, keyingilarda bunday emas. “Puf” – desang oʻt chiqmaydi. Xorazm tili bilan turkman tilining yaqinligidanmi, tarjima asliyatga ancha yaqinlashgan. U vaqtlar yoshman, bilmaganman, keyinchalik solishtirib bildik. Men turkmancha ikki jildlikdan oʻqiyman. Vaqt topdim deguncha oʻqiyman.

U Navoiy boboni, Yassaviyni yaxshi oʻzlashtirgan. Xiva, Buxoro, u tomoni Eron adabiyotidagi maʼrifatni, irfonni ishgʻol qilib borgan. Sheʼriyat ob-havosini yangilagan.

Ketib borayapsan, kayfiyating tushkun, birdan Maxtumquli yodga keladi.

“Har nokasga ravo koʻrma soʻzingni”. Ana sheʼr. Men Maxtumqulidan xayolan ajralmayman. “Yigitlikning zoʻri tizga mehmondir”. Bundan ortiq, hammaga yoqimli quyma misrani topish qiyin, kerak boʻlsa, istagan maʼnoni topish mumkin.

20.02.14.

* * *
Boqirgʻon bobo:

Suhbatliq oriflargʻa jonim berib,
Suhbatsiz nodonlardan qochgʻum kelur, –

degan. Odamni, umuman, suhbatliq va suhbatsizga ajratsa, koʻp narsa oydinlashadi. Fikr odami va fikrsizni taniysiz.

Hayotda ijobiy qahramon yoʻq. Chunki hayot ijobiy qahramonni yeydi. Yozuvchi undan-bundan olib, ideal qahramon yaratadi. Bu, koʻpincha, kitobiy qahramonga aylanib qolgani uchun oʻquvchiga taʼsir oʻtkaza olmaydi.

– Abdullajon yaxshi, lekin chiqqan joyi chatoq. Bir manbasi – Gʻafur Gʻulomda, – derdi Rauf aka Gʻafur Gʻulomning siyosatchiligini nazarda tutib.

Ey, oʻz ahvolini bilmagan asrorqullar. Erkinning oshida koʻp yozuvchilaringiz … bilan koʻrishish uchun navbatga turishdi. Koʻrib qiynalib ketasiz. Ertaga boshqa chiqsa, unga shunday navbat kutadi bular.

(“Ey, oʻz ahvolini bilmagan Asrorqul” – Muhiy domlaning asaridan. Abdulla Qahhor “Bek” hikoyasiga epigraf qilib olgan. Men shundan asrorqullar, deb olganman.)

Qahhor matnchi sifatida qadrlanadi. Uni tahlil qilish kerak. Tahlilda adabiyotning koʻp sirlari ochiladi. Qahhor maqtashga muhtoj yozuvchi emas.

12.03.2016.

* * *

Yozuvchining har bir asari hayot bilan vidolashuv boʻlishi kerak. Chingiz Aytmatovda shunday, ayniqsa, qissalarida shu bor.

Bugun hamma charchagan, bir jasoratli, qatʼiyatli odamni topish qiyin. Yaqinda Usmon intervyu berayapti, eski “Mana, men mardman”, degan ohang yoʻq gaplarida.

Eng katta fojia shuki, bugun inson ruhiyatidagi shu siniqlikni toʻgʻri baholab beradigan psixolog, sotsiolog olim yoʻq. Avval shoirlar bu vazifani bajarardi. Xususan, Abdullla Oripov: “Mening ham ruhimda ajdodlar ohi, Mening ham qonimda qilich zangi bor…” Darrov bilardingiz – nima deyapti.

Mustaqillik odamni toliqtirishi, charchatishi mumkinmi? Mana shu savolga javob topolmay boshim garang. Bir sirli narsa bor. Xurshid Doʻstmuhammadning “Jajman” degan hikoyasida aytilgan yemirilish ketaveradi, hech kim bilmaydi, qayerdan bu talafot. Shu soʻzniyam yozuvchi olib kirdi. Jajman – bu nafs-da!

03.03.14

* * *

“Oʻtmishdan ertaklar”ni oʻqiyman. Bir bet, nari borsa bir faslni. Qahhor tasvirlagan voqelik bilan shoʻro zamonidagi voqelik orasida katta bir boʻshliq va sunʼiylik paydo boʻlgan. Bu narsa adabiyotda ham ifodasini topgan. Lekin menga Qahhor tasvirlagan voqelikning nihoyatda nursiz, achchiq haqiqati yoqadi. Men Qahhorga suyanib hatto bugungi kun hayotining qorongʻi jihatlari haqida bemalol bir narsani aytishim mumkin… Qahhorning asari men uchun koʻngil koʻtarish emas, balkim koʻngilni choʻktirish vositasi. Men ana shu “choʻkish” holatlaridan koʻp narsani juda aniq tasavvur qilaman. Oʻlim, Hayot va hakozo… Shu maʼnoda Chexovgayam qiziqishim kuchli. Hayotni shunday koʻrsatish modelini Chexov yaratgan. Qahhor: “Chexov koʻzoynagini berdi-yu, xalqing hayotiga qara, deb aytdi”, – deb haqqoniy eʼtirof qilgan.

Qahhorni ideallashtirish kerak emas. Qahhor dunyoga koʻz-koʻz qiladigan ulkan sanʼatkor ham emas. Lekin Qahhorning oʻziga xos haqiqatparastligi, toʻgʻriligi adabiyotdagi yolgʻon va sayozliklarni zirillatadi.

Oybek prozasidagi kitobiylik ham baʼzan odamni zeriktiradi.

Qahhordan keyin adabiyotga kirib kelgan yozuvchilar – Hamid Gʻulom, Mirmuhsin, Ibrohim Rahim va hokazolarni, mana shunday asarlarni oʻqimaslikni menga Qahhor domla oʻrgatgan, oʻzining adabiy-tanqidiy maqolalari bilan ana shu ishonchni juda mustahkamlagan.

Odamda bir paytlar boʻladi, siqilasan, qiynalasan. Qahhorning olti tomlik qora kitobini siqilganda oʻqib, keyin oltinchi tomdagi baʼzi maqolalarni koʻchirganman, keyin yirtib tashlaganman, nimaga, oʻzim ham bilmayman.

03.03.14

* * *

Ibrohim aka deydi:
…Talantli odamga qiyin, agar talantga xiyonat qilsa bundan-da ogʻir boʻladi.

“Ruhim” chiqqanida, ikki pachka olganman. Odamlarga tarqatganman.

Jabbor deydi:
“Yillar armoni” eng yaxshi toʻplami boʻldi.

Ibrohim aka davom etadi:
-Sheʼriyat xiyonatni kechirmaydi. Bir payt aytgan edi oʻzi:

Haq senga murod oʻlsin,
Shavkating na zar, tillo.
Haq deganning umri ham,
Haq kabi uzun, illo.
Boshin eggay hamisha,
Ostonangda Abdullo.
Eng oliy baxtim mening,
Onajonim sheʼriyat.
Topgan toj-taxtim mening,
Jonajonim sheʼriyat.

20 .07. 2015.

* * *

Abduqodir Hayitmetov, Toʻra Mirzayev bilan birga Soʻfi Olloyorga bagʻishlangan Samarqand yigʻinidan qaytayotib, Chinozda toʻxtadik, baliqqa… Oʻshanda shoirlar qismati haqida gap ketdi. Hayitmetov domla aytdilar:

“Shoirning vaqtida oʻlishi ham juda muhim narsa. Lermontov yosh vafot etgan boʻlsayam, juda vaqtida ketgan. Oʻz shuhrati bilan qoldi tasavvurlarda.
Mana shu oʻzimizning Abdullajon ham, Xudo umrini uzoq qilsin, erta ketganidami, sheʼriyatning sigʻinadigan qasrini yaratib ketgan boʻlardi. Keyinchalik talantiga nisbatan boʻsh narsalarni yoza boshladi.

Odamlar nima desa desin, bizning Navoiydan keyingi shoirimiz baribir Abdulla Oripov”.

Zoʻr shoirlarda bashorat boʻladi. Abdulla Oripovda shunday tuygʻu bor. Hayotdagi koʻp narsalarni oldindan bashorat qiladigan darajada sezgir va bilagʻon, lekin maishatparastlik koʻp hollarda mana shu tuygʻusiga parda tortgan. Shuning uchun qilinishi kerak boʻlgan ishni bilgan, lekin qilmagan. Va bular hayotda koʻp muammolarni paydo qilgan.

Mana, hozir yolgʻizlanib, nolib, narozi bir holatda yuribdi-ku, oldin kechgan baʼzi voqea-hodisalarni oʻylasangiz, shu kunni oldindan sezganiga hayron qolasiz.

* * *

Nabijon Boqiy bir narsa tashlab ketdi. “Bu nima? – desam, “Toʻra Sulaymon kutubxonasi” degan narsa, – deydi. Toʻra Sulaymon Nabijon Boqiyni koʻrsatib, bolalariga aytib ketgan ekan: bu katta akangiz, nima desa qilinglar, deb. Nabijon Sirdaryoga borgan. Ikki xonali uyda Toʻra Sulaymonning kitoblari bor ekan. U uch-toʻrt kun shu yerda qolib ishlayman degan. Toʻra Sulaymon ham chizib oʻqir, baʼzan kitobning chekkasiga yozib qoʻyar ekan.

Kechqurun uncha xohlamay varaqlagan boʻldim. Muxtor Avezovning “Abay” romanidan boshlangan ekan. Oʻqisam qiziq. Shu oʻqishda ellik betini oʻqibman. Bu odam juda faol kitobxon ekan. Aytmatovning “Oq kema”siga chizganlari mening chizib oʻqiganlarim bilan deyarli bir xil, hayronlar qoldim. Nabijonni hali koʻrmadim. Lekin yaxshi narsa yozibdi. Koʻrsam oʻziga ham aytaman. Toʻra Sulaymonning kundaliklari bor ekan, ulardan it haqidagi oʻttizdan ortiq maqollarni keltiribdi, bir xillarini maqollar toʻplamida ham koʻrmaganman. Oʻylab qoldim, yana kimlarning, qaysi ijodkorlarning kutubxonasi haqida shunday narsa qilish mumkin ekan.

Bu yoʻl bilan shoirning ijod laboratoriyasiga kirilgan.

20.07.15.

* * *

Ibrohim akaning xonasida Jabbor, birgalikda suhbat qurdik.

Yoshlar tarbiyasi, oʻgʻil bola hamda qiz bolalar oʻrtasidagi munosabat, butun maktab oʻqituvchilari ayollardan iborat boʻlishi va bunda oʻgʻil bolalarning ayol feʼl boʻlib qolishiga olib kelayotganini soʻzlashdik. Yoshlar oʻrtasida hayoning koʻtarilib borayotgani haqida gap bordi.

Ibrohim aka onalarining gapini esladi.
Biyim aytardi: “Hayo ketdi – balo yetdi”.
Chindan-da, barcha balolar hayoning ketganidan.

03. 02. 2016.

* * *

Baxtsiz kimsalarning koʻzdagi yoshi,
Asli Yaratganga malomat toshi.
Abdulla Oripov

Haqqulov bir xodimi ahvolini eslab, shu misrani oʻqidi. Uning hayoti, operatsiya qilinishi kerakligi-yu, mablagʻ topish muammosi bilan bogʻliq aytildi bu misralar.

28.11.2017

* * *

Siyosat va mafkuraga qul boʻladigan odam borki, ularning qulligi va “yoʻl xaritasi” bir xil boʻladi. Bunday kimsalardan erkinlik ham, sobitlik ham kutish mumkin emasdir.

16.04.2018.

* * *

Shu paytgacha insoniyatning toʻgʻri tarixi yozilmagan, toʻgʻri hayot ham yoʻq.

* * *

Shukur Xolmirzayev adabiyotni yolgʻondan tozalashga astoydil xizmat qildi. Shuyam oʻzining kimligini bilmasdan, qadrini topmasdan ketdi.

02.05.2018.

Ergash OCHILOV
IBROHIM HAQQUL HANGOMALARI

Ustoz Ibrohim Haqqul bilan salkam oʻttiz yildan buyon yelkama-yelka ishlab kelamiz. Birga koʻp tadbirlarda qatnashdik, safarlarda boʻldik, ilmu ijod xususida suhbatlar qurdik. Koʻrgan, eshitgan, bevosita guvohi boʻlgan baʼzi ibratli voqealar va qiziqarli hangomalarni, ilmiy-adabiy fikr va munozaralarni yondaftarimga bitib qoʻyganman. Ulardan ayrimlarini olimning 70 yillik yubileyi bahona oʻquvchilar hukmiga havola etishni lozim topdim. Kelgusida ularni mavzusi va janriga koʻra alohida fasllarga boʻlib, bir kitob qilish niyatim bor.

ADABIY GURUNGLAR

Badiha

Ibrohim Haqqul hikoya qiladi:
– “Toshkent” mehmonxonasida ovqatlanib, Koʻkchadagi ijara uyimizga ketish uchun tramvay kutib oʻtirganimizda Jamol Kamol badehatan shunday toʻrtlik toʻqib qoldi:
Ukaginam Ibrohim,
Tabiati muloyim.
Maqtab yurib akasin
Doktor boʻlsin, ilohim!

Yaqin oʻtgan zamonda

Ibrohim Haqqul hikoya qiladi:
– Erkin Aʼzam bilan uyqudan avval sayr qilib yurar ekan, Doʻrmondagi Yozuvchilarning ijod bogʻi darvozasi oldida Abdulla Oripovni uchratib qoldik. Uyoq-buyoqdan suhbatlashgan boʻldik. Gapdan-gap chiqib, u qoʻlidagi tamakining choʻgʻiga qarab turib dedi:

– Osmondagi yulduzni bu yulduz, tamakining choʻgʻini bu choʻgʻ deydigan odam qolmadi.

Ilm izlab

Hurmatjon Fikratning banketida Ibrohim Haqqul shunday lutf qildi:
– Muhammad alayhissalom ilm izlab, kerak boʻlsa, Xitoygacha boringlar deganlar. Hurmatjon esa ilm izlab Xitoydan Oʻzbekistonga kelibdi.

Tinchlik olami

– Tashvishlarning oxiri koʻrinmaydi-yey deb nolib kelayotsam, – deydi Ibrohim aka, – Chigʻatoy qabristoni yonidan oʻtayotgan taksichi mozorga qarab ishora qildi: “Tinch hayot istasangiz, mana bu yoqqa keling”.

Xotira

Ustoz Toʻra Mirzayev aytadi:

– Xotira yozishga andisha qilaman-da. Chunki xohlasa-xohlamasa, kishi xotiraning qahramonlaridan biriga aylanadi. Xotirlanayotgan insonga qoʻshib oʻzingni ham ulugʻlayotganday boʻlaverasan. U bilan oʻzingning munosabatlaring haqida yozasan-da, axir!

– Xotira yozayotganda kishi meʼyorni saqlashi, baʼzilardek mashhur kishilar bahona oʻzini targʻib qilmasligi kerak, – deydi Ibrohim Haqqul ham.

Holbuki, Abduqodir Hayitmetov, Naim Karim kabi olimlar yubileyi munosabati bilan yozgan maqolalarida Ibrohim aka ham oʻzi haqida yozishni unutmagan.

Albatta, boshqalar haqida yozganda oʻz shaxsini birinchi oʻringa qoʻyadiganlar ham yoʻq emas. Bu toifa hatto Navoiy haqida yozganda ham ulugʻ shoir bahona aslida oʻz shaxsini ilgari suradi, Navoiy bir chetda qolib, oʻzi haqida yozadi.

Ijod ahlining hayoti

Ibrohim Haqqul doimiy harakatda, hamisha izlanishda.

– Biz dam olish kunlari ham, bayramlarda ham, ishgacha ham, ishdan keyin ham hamisha ilmu ijod dardi bilan yashaymiz, – desam, Ibrohim Haqqul:
– Men baʼzi maqolalarimning tarhini tushimda shakllantiraman yoki yozib, keyin qogʻozga tushiraman, – dedi.

Ilmu ijod bilan nafas olgan, ilmu ijod hayotining mazmuniga aylangan kishi boshqacha boʻlishi ham mumkin emas.

Maqolchi

– Men oʻzi maqolchi boʻlsam ham boʻladi, – deydi Ibrohim Haqqul. – Chunki bobom bilan bibim maqolchi boʻlib, men shu muhitda tarbiya topganman.
“Oʻzbek xalq maqollari” ikki jildligiga Shofirkondan juda koʻplab maqollarni yozib kelib berganman.

– Oʻzingiz toʻplagan maqollarni alohida kitob qilsangiz boʻlar ekan. – dedim buni eshitib.

Chinakam baxt

– Toshpoʻlat Ahmedovning bu dunyo bilan hisob-kitobi tugadi. Endi tinch yotadi. Chinakam baxt shu, – dedi Ibrohim Haqqul olimni tuproqqa topshirib qaytayotganda.

– Inglizlarda “Baxtning nimaligini qabrda bilasan” mazmunidagi bir maqol ham bor, – gapga qoʻshildi Jamol Kamol.

Sassiqalaflar

Ibrohim Haqqul isteʼdodsiz shoirlarni tanqid qilib chiqqanida Ibrohim Gʻafurov aytgan ekan:
– Ibrohim adabiyot maydonidagi sassiqalaflarni oʻrib tashlamoqchi. Holbuki, gul bor joyda sassiqalaf ham boʻladi…

Urfdan qolgan odam

– Kasalxonada yotib chiqibsiz. Xabar ololmadik, – deb Toʻra Mirzayev uzrxohlik qilgan edi, Ibrohim Haqqul kuldi:
– Xijolat boʻlmang, hozir kasal koʻrgani borish urfdan qolgan.

Mahallachi

– Ilgari-ku millatchi edik, endi biratoʻla mahalliychi boʻlib qoldik, – desam, Ibrohim Haqqul:
– Mahalliychi emas, mahallachi deyvering! – dedi.

Oʻqimasa ham boʻladi

Institutga imtihon topshirib, javobini kutib yurgan opasiga Ibrohim akaning oʻgʻli aytarmish:

– Koʻpam hayajonlanaverma, opa, oʻqimasdan ham yashasa boʻladi.

– Mening nazarimda, oʻqiyman degan kishining qoʻlidan kecha-kunduz kitob tushmasligi kerak, – deydi Ibrohim aka. – Hozirgi yoshlarning qoʻlida esa kitob koʻrmaysiz. Shuning uchun qizimning oʻqishga kirishiga oʻzim ham ishonmayman…

– E aka, – dedim, – unaqa oʻqiydiganlarning oxiri sizu biz edik. Endi bizdaqa kitobxoʻrlar chiqmaydi…

“Qorongʻi klub”

Zulukshunoslar

Ibrohim Haqqul, Rahmatulla Barakayev, Mamatqul Joʻrayev, Shomirza Turdimovlarning biri qoʻyib, biri zuluk haqida taʼrif berayotganini eshitib hazillashdim:

– Men sizlarni faqat adabiyotshunos desam, zulukshunos ham ekansizlar-ku!

Ermak

Bir mahallar Ibrohim Haqqul:

– Men vaqtni oʻldirish uchun kitob oʻqiyman, – deganida u kishining bu gapini oliftalikka yoʻygan edim.

Endi oʻzim ham shu ahvolga tushdim: yozuv-chizuv menga ermak boʻlib qoldi.

Majlislar

Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi ijtimoiy-gumanitar yoʻnalishidagi institutlarining yillik hisobot majlisi boʻlayotgan edi.

Chekish uchun tashqariga chiqqan Ibrohim Haqqulga dedim:
– Siz vaqtingizni yoʻqotib bunaqa majlislarga kelib oʻtirmasangiz ham boʻlar edi.
– Keyin gap-soʻz boʻlmasin dedim-da.

– Kimning ishi bor? Bir kuningiz ketgani qoladi.
– Toʻgʻri, lekin Toʻra Mirzayevga yoqadi bunaqa majlislar.

– Toʻra aka – rahbar. Majlislar – rahbarlar uchun oʻzini koʻrsatish vositasi. Siz bilan menga oʻxshagan ilm odamlari uchun bunaqa majlislar vaqtni yoʻqotishdan boshqa narsa emas.

Nozik odam

Buxoro universitetidagi oʻqituvchilar Ibrohim Haqquldan soʻrashibdi:

– Rahim Vohid bilan qanday gaplashasiz?
– Men u kishi bilan sira gaplashmayman, – debdi u, – nima desa maʼqullayman, sira tortishmayman.

Gapni boʻlish

Ibrohim Haqqulning soʻzini boʻlgan edim:

– Shoirsiz-da – gapni oxirigacha eshitmaysiz, – deb tanbeh berdi.

Oqimga qarshi suzish behuda

Ibrohim Haqqul bilan bizning qarashlarimiz, ilmiy prinsiplarimiz baʼzida toʻqnash kelib qoladi.
– Men sayozlik, oʻrtamiyonachilik, isteʼdodsizlik, savodsizlikka qarshi kurashaman! – dedi u.
– Men esa indamay oʻzimning ishimni qilaman, – dedim men. – Chunki oqimga qarshi suzish behuda.

Oʻgʻri

Ibrohim akaning dala hovlisiga oʻgʻri tushibdi.
Buni eshitib hazillashdim:
– Olimning uyiga ham oʻgʻri tushar ekan-a!
Bu bilan faxrlansangiz arziydi.

Qotib qolganlar

Til va adabiyot institutida Erkin Aʼzamning “Shovqin” romani muhokamasi boʻldi. Maʼruzalar, chiqishlar unga yoqmayotganini kuzatib turgan edim.
Aytganim boʻldi: Erkin Aʼzam adabiyotshunoslarning ustidan kulib ketibdi:

– Siz ular bilan qanday ishlaysiz-a? – debdi Ibrohim Haqqulga qotib qolganlar bilan degan maʼnoda.

Asqad Muxtorning oʻz ijodimizga oʻzimiz baho berganimiz yaxshi degan gapida jon borga oʻxshaydi.

Adabiyotshunoslar oʻlik ilm tashuvchilarga aylanib qolmoqda – ular jonli adabiy jarayondan uzilgan.

Navoiyxonlik kunlarida

– Navoiyxonlik kunlarida biz navoiyshunoslar ham otarchilarga oʻxshab qolamiz – tinimsiz taklif, iltimos, topshiriq, har turli tadbirlar, – deydi Ibrohim Haqqul.

Toʻqilgan maqollar

– Ikki jildlik “Oʻzbek xalq maqollari”dagi koʻp maqollarni Asqar Musaqulovning oʻzi toʻqigan, – deydi Ibrohim Haqqul. – Men ularni kitobda qizil bilan belgilab qoʻyganman.

– Xalq maqollariga nega bunday munosabatda boʻlyapsan? – desam:
– Oʻsha maqollarni ham senu menga oʻxshagan odamlar toʻqigan-da, – degan edi.

Tantilik

– Sayfiddin Rafiddin mening birinchi shogirdim hisoblanadi, – dedi Ibrohim Haqqul. – Lekin diniy va tasavvufiy ilmlarni mendan yaxshi bilgani uchun uni oʻzimga ustoz deb bilaman.

Yaxshi adib

Omon Muxtorning yoshligida yozgan “Yillar shamoli” romaniyoq tanqidga uchrab, eʼtirof qozonmagan edi. Umrining oxirida mini-roman yozishga tushib ketdi. Lekin baribir romannavis sifatida tan olinmadi.

Yuz jildlik “Oʻzbek adabiyoti durdonalari”ga uning birorta romanini kiritishning iloji boʻlmadi.

– Lekin yaxshi hikoyalari bor, – dedi Ibrohim Haqqul.
– Yaxshi sheʼrlari ham, – dedim men.

Bu fikrlarga hech kim eʼtiroz bildirmadi.

Taʼsir va oʻziga xoslik

Ibrohim Haqqul Abdulla Oripov sheʼriyatini Gʻafur Gʻulom merosi bilan qiyoslab, uning ijodida oʻzining buyuk salafidan koʻplab taʼsir qirralarini topganida u xafa boʻlib:

– Bunaqa chuqur kovlashtirib, meni Gʻafur Gʻulomning soyasiga ham aylantirib qoʻymang-da, – degan ekan.

Ijod toʻlgʻogʻi

Ibrohim aka har bir maqolasini yozish uchun uzoq tayyorgarlik koʻradi. Tayyorgarlik nihoyasiga yetib, yozishga kirishgach, ikki-uch kun, baʼzida hatto bir hafta ishga kelmaydi.

– Mazam boʻlmayapti… – deb bahona qiladi.

Lekin biz hamkasblari bilamizki. u kishining mazasini qochirgan dard – ijod toʻlgʻogʻi. Demak, yangi bir maqola dunyo yuzini koʻryapti.
Chindan ham u yangi maqola bilan xush-xursand, baland kayfiyatda ishga chiqadi.

XATGA TUSHGAN FIKRLAR

– Ancha-muncha fikru mulohazalarim toʻplanib qolgan. Bir qismi gazeta-jurnallarda ham chiqdi. Shularni yigʻib, bir kitob qilishim kerak, – degan edi oʻzaro suhbatlarimizdan birida Ibrohim Haqqul.

Quyida ustozning turli munosabatlar bilan aytgan, ehtimolki, oʻzi qogʻozga tushirmagan mulohaza-mushohadalaridan baʼzi namunalarni hukmingizga havola qilamiz.

* * *

Ilmu ijod yoʻlini tanlagan kishi faqirlik bilan shartnoma tuzishi kerak.

* * *

“Qaro koʻzum”ni toʻliq tahlil qilib bergan kishi Navoiyni sakson foiz biladi.

* * *

Yassaviy ijodini dunyoviy adabiyot mezonlari bilan oʻlchab boʻlmaydi. U – oxirat adabiyoti.

* * *

Jadidlarning bir qanoti publitsistika, bir qanoti siyosat edi, adabiyot esa vosita boʻlgan.

* * *

Sovet davridagi mafkuraboz adabiyot va uning fojiasi ochib berilganida mustaqillik davrida u takrorlanmas edi.

* * *

Gʻafur Gʻulomning ichki va tashqi qiyofasi boshqa-boshqa.

* * *

Jahon adabiyotida ikki yozuvchiga insonshunos sifatida daxl qilib boʻlmaydi deb hisoblayman: Dostoyevskiy va Kafka.

* * *

XX asr adabiyotining ilohiy manbai yoʻq.

* * *

Sovet siyosati uchun Qodiriy umrini berdi, Oybek tilini, Qahhor sogʻligini.

* * *

Qodiriy – ruhiyatchi, Oybek – hissiyotchi, Qahhor – mohiyatchi. Matyoqub Qoʻshjonov esa adabiyotshunoslikdagi mohiyatchi, adabiyotshunoslarning Qahhori edi.

* * *

Usmon Qoʻchqor soʻzni nozik his qilar edi.

* * *

Men oʻqimasam, oʻlib qolaman.

* * *

Rauf Subhon – isteʼdodli va maʼrifatli shoir. Eʼtiqodi butun. Har turfa oʻyinlarga oʻynamadi. Inson sifatida ham yaxshi.

* * *

Sayfiddin Rafiddin ham diniy, ham tasavvufiy, ham dunyoviy ilmlarni biladi.

* * *

Halima Xudoyberdiyeva yaxshi shoir – faqat soʻzning ustida ishlamaydi.

* * *

Behzod Fazliddin dissertatsiyasi bu – shoirning dissertatsiyasi.

* * *

Samimiyat eshigi ochilsa, sunʼiylik ketadi.

03

(Tashriflar: umumiy 396, bugungi 1)

Izoh qoldiring