Ulug’bek Hamdam. Muhabbatning eng go’zal qo’shig’i.

антуан
Бугунги кун ўқувчиси ҳам «Кичкина шаҳзода»ни севиб ўқийди. Асар тиллардан тилларга таржима бўлади, қайта-қайта нашр қилинади. Мана шуларни ўйлаб туриб, ўзимча мушоҳада қиламан: демак, асарнинг қайси «изм»да ёзилгани унча муҳим эмас экан. Энг муҳими, у истеъдод билан ёзилганми йўқми?. Ҳамма гап шунда экан.

033
Улуғбек Ҳамдам
МУҲАББАТНИНГ ЭНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИҒИ
Антуан де Сент – Экзюпери. Кичкина шаҳзода.
Тошкент. 1986. (Х. Султонов таржимаси).

01

Қизиқ, бадиий адабиётда измларнинг кучи, даражаси ва одамларга таъсири қандай ўлчаниши керак экан? Бу соҳанинг тарихига назар ташласак, гўё ҳаммаси беш қўлдек аён: натурализм, романтизм, реализм, модернизм каби оқимлар инсоннинг дунёни бадиий эстетик жиҳатдан қабул қилиш даври ва даражасига қараб, бири бошқасининг ўрнини олиб келаверган. Бир қарашда оқимлар ўтмиши гўё ҳамма сирни ошкор қилаётгандек. Яъни вақтида ижодкор натурализм оқимида ижод қилган, табиийки, ўқувчи ҳам шу хил асарларни тушунган ва севиб мутолаа қилган. Кейин турмуш тарзининг ўзгариши билан, унинг тафаккур тарзида ҳам олдинга силжиш юз берган, натижада бошқа оқимлар пайдо бўлган. Бундан шу нарса келиб чиқадики, ҳар бир даврнинг ўқувчиси фақат ўз даврида расм бўлган оқим адабиётини севиб ўқийди. Шундайми?..

«Кичкина шаҳзода» асари менинг қўлимга жуда кеч тушди. Тахминан, қирқнинг остонасида. Шунга қарамай, мен уни такрор мутолаа қилиш эҳтиёжини туйдим. Ичимда нотаниш бир туйғу айтиб турибдики, Худо умрдан қисмаса, олдинда ҳали яна унга қайтаман. Хўш, нега? Ахир, асар ўз мазмун-моҳияти ва ифода тарзига кўра бугунги кунда мода бўлаётган оқимдан (масалан, модернизмдан) кўра кўпроқ романтизм руҳига мос-ку! Энг камида асардаги фантастик ифода йўсини бизнинг шундай хулоса чиқаришга ундаб туради. Қолаверса, асар замонавий эртакдек мутолаа қилинади. Бироқ… Ҳамма гап ана шу бироқда!..

«Кичкина шаҳзода» аввало, ер юзида яшаб ўтган, яшаётган ва келажакда яшайдиган ҳар бир киши ҳақида, ундаги болалар ва катталар ҳақида, катта бўлиб қолган болалар ҳақида, катта бўлиб болалигини унутган катталар ҳақида. Унда болалар дунёси билан катталар дунёси бор. Уларнинг зиддияти, мангу кураши мавжуд. Ушбу асар ҳаётнинг мағзи, дунёга келиб кетишнинг энг муҳим жиҳатлари тўғрисида ғоят жозиб қарашларни ўзида жо этган. Унда инсон ҳаётидаги муҳим ва номуҳим факторлар жуда таъсирли акс эттирилган. Дўстлик, муҳаббат деган тушунчаларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг моҳияти, дўстни ва кўнгил қўйган киши учун масъуллик ҳақида оригинал ёндошувлар бор. Асарни қайта қайта мутолаа қилар экансан, болаликнинг инсон умридаги жаннат эканлигига шубҳа қилмайсан киши. Улғайгач, ўз ёшлиги, ундан болалигига хаёлан саёҳат қилишни билмайдиган, ўз болалигига элтувчи йўллари кўмилиб кетган кишининг дунёдаги энг бахтсиз инсон эканлиги аён бўлади. Ҳа, «Кичкина шаҳзода» айтадики, чинакам қашшоқ чўнтагида бир мири йўқ киши эмас, йўқ, балки юрагида болалигини олиб юрмаган, уни мангуга йўқотган шўрликдир. Чунки эътибор бериб ўқиган бўлсангиз, асарнинг ҳар ер-ҳар ерида катталарга мурожаат мавжуд. Кичкина шаҳзода турли сайёралар бўйлаб саёҳат қилади ва деярли ҳамма жойда катталарга рўбарў келади. Бири кимсасиз жимитдек оролда ўзини қирол деб ўйлайди, бошқаси эса ҳувиллаган шундай оролда шуҳратпарастлик касалига дучор бўлган чиқади. Учинчиси эса ўзини муҳим иш билан машғул бўлган корчалондек тутади. Чуқурроқ мушоҳада этилса, бу бенаво кишилар барча замонлардаги катталарнинг ўзига хос образи бўлиб кўринади. Фақат катталаргина ўзини мана шундай тутади. Биргина корчалоннинг қилмишини эслайлик. У кечаю кундуз ўтириб олиб ҳисоб-китоб билан шуғулланади. «Нима қилаяпсан?» деб сўраса, «Муҳим иш билан бандман, номуҳимларга эса вақтим йўқ» қабилида жавоб беради. «Хўш, у муҳим иш нимадан иборат?» деса, «юлдузларни ҳисобини олишдан» деб ажабтовур жавоб беради. Энг қизиғи, ҳисоб ҳисоб учун эканлигида. Юлдузларни санаб, унинг қоғ озга ёзиб, банк ғ аладонига солиб қўйишдан нима мантиқ ва наф борлигини Кичкина шаҳзода шу уриниб тушунолмайди. Умуман, биз, ўқувчи-чи? Тушунамизми? Ўша бедаво ишбилармон кеча, бугун ва эрта – ҳамма замонларнинг ўзига хос типларининг ёрқин образи эмасми? Ахир, бутун умрини фақат пул – ҳисобсиз қоғоз топишдан, ниҳоят, бу қоғозларни рақамга айлантириб ўз ҳисобларига ёзиб қўйиб, лекин улардан тузукроқ фойдалана олмай, қандай фойдаланишни ҳам билмай ўлиб кетадиган, кетаётган одамлар хаёлингизга келмаяптими? Шундай одамларга қиёсан Кичкина шаҳзода бола бўлишига қарамай, ҳаётга тўғрироқ муносабатда бўлмаяптими? Ахир, айнан у катталарга қиёсан мангу қадриятларга кўпроқ боғланган-ку! Дўстликни, бошқа бировга кўнгил қўйишни (муҳаббатни), оқибатни, табиатни севишни умрнинг бош мазмуни дея билаяпти-ку!

Хўш, агар Кичкина шаҳзода ровийнинг ёшлиги бўлса, демак, дунёда ҳар бир инсоннинг ҳаётида «шаҳзодалик» — болалик даври бўлади. Болалик – подшолик, дейди бизнинг халқ. Кейинчи? Кейин нега инсон улғайган сайин қуллик даври бошланади? Нега у ҳисоб-китобга, рақамларга, бойликка, мансабга, ҳукмронликка қул бўлиб боради? Кичкина шаҳзодани эсланг. Ҳар бир оролга бориб, у ердаги катталар билан ҳамсуҳбат бўлгандан кейин «Нега катталар бунақа, нима учун?» деган саволни бераверади.

«Кел, менга бир яхшилик қил, яйраб қолай: мени бир мақтагин!» дейди сайёраларнинг биридаги шуҳратпараст. «Мақташга-ку, мақтайман-а, — дейди Кичкина шаҳзода хиёл елка қисиб, — аммо бундан сенга нима наф?» Дарҳақиқат, ушбу асарни ўқиб чиққан ақли расо катта одам маълум бир вақт (ёки бир умр) ўзига-ўзи савол бериб яшашга одатланади: «Мен нима қилаяпман? Қилаётган ишимнинг салмоғи ва бошқаларга бирон нафи борми?» ва ҳоказо. Гарчи катта одам ўз турмуш йўлида бирон ўзгариш ясамаса-да, барибир, унинг хаёлида ўралашиб қолган ана шундай саволлар қачонлардир дунёдаги рост ва ёлғ он қадриятларнинг сиру асрори сари етаклаб боришига ишонгинг келади.

Назаримда, «Кичкина шаҳзода»даги энг таъсирчан нуқта — Кичкина шаҳзоданинг кафтдеккина сайёрасидаги антиқа гул ва у билан бўлган ўзаро муносабат. Шу муносабатда инсонлар ўртасидаги дўстлик, севги, оқибат, масъулият каби туйғуларнинг моҳияти очиб берилган, деб айтгим келади. Менга қолса, жаҳон адабиётида муҳаббатнинг бундан ортиқ ва бундан гўзал таърифи йўқ!

Феруза гул Кичкина шаҳзода сайёрасида ягона эди. У шу гулга ғамхўрлик кўрсата бошлаганди. Кейин у саёҳатга чиқади. Сафарда экан, феруза гулни тез-тез эслайди, қўмсайди. Бироқ бир куни ер сайёрасига келиб қолганда, тасодифан ана шунақа феруза гуллардан беш мингтасига дуч келади. Улар бутун бошли чаманзор эди. Шунда «У майса узра юзтубан тушганча, йиғлаб юбор(а)ди». Чунки унинг хаёлидан шундай фикрлар ўтади: «ўзимга, дунёда танҳо гулга эгаман, деб юрардим, ҳеч қайда унинг тенгию ўхшаши йўқ деб ўйлардим, ваҳоланки, у оддийгина гул экан…»

Бироқ Кичкина шаҳзода шу тушунчасида қолиб кетмайди. Агар қолиб кетганда эди, дунёда гулдан гулнинг, инсондан эса инсоннинг фарқи бўлмасди. Фарқи бўлмадими, демак, қиммати ҳам, қадри ҳам бўлмайди. Чунки дунёда нима куп, тирик жон куп: Гул кўп, одам кўп. Ҳаётнинг ҳар бир бурилишида яқинларинг томонидан осонгина воз кечиб кетиладиган милионлардан бири ўлароқ ўзингни ҳис этиш оғир – жудаям оғир… Эҳтимол, мана шу оғирликни кўтара олмай Кичкина шаҳзода ерга юзтубан ётиб, олиб йиғлаб юборгандир…

Шу аснода Тулки пайдо бўлади. (Бу ўринда Тулки Шарқда урф бўлган қарашдан фарқ қилиб, донишмандлик рамзи ўлароқ гавдаланади) ва Кичкина шаҳзодага дўстлик, муҳаббат сир-асрорини ўргатади. Унга кўра бу нарса ғоят оддий.

— Фақат қўлга ўргатилган нарсаларнигина билиб олиш мумкин,- дейди Тулки. — Ҳозир одамларнинг бирор нарсани билишга вақти қолмаган. Ҳамма нарсани тайёр магазиндан олишади. Лекин дўст сотадиган магазин йўқ-да, шунинг учун ҳам одамлар энди дўст орттирмайди. Агар дўст орттирмоқчи бўлсанг, мени қўлга ўргатақол!

Кичкина шаҳзода рози бўлади. Улар дўст тутинишади. Бир-бирларини яқиндан билишади. Илк суҳбатлардан бирида Тулки айтганди: «Қара, буғдой ғарқ пишиб ётибди. Мен дон-дун емайман. Ғалла билан ишим йўқ. Буғдойзор далаларининг мен учун ҳеч қандай маъноси йўқ… Сенинг сочларинг ажойиб, тилларанг товланади. Агар мени қўлга ўргатсанг, шундай соз бўладики! Олтин тусли буғдойзор энди менга сени эслата бошлайди. Ва шунда мен бошоқларнинг шамолда чайқалишини яхши кўриб қоламан…»

Биз бир-биримизга ўргансак, бир-биримиз учун дунёда ягона бўлиб қоламиз, дейди у яна бир бошқа ўринда…

Шундай эврилишлардан ўтган Кичкина шаҳзоданинг ўз сайёрасидаги феруза гулига бўлган муносабати ўзгаради. У чаманзорга бориб гулларга тикилиб дейди:

— Сизлар менинг феруза гулимга сираям ўхшамайсизлар… Сизлар ҳали ҳеч нима эмассизлар, чунки сизларни бирон кимса қўлга ўргатган эмас, сизлар ҳам бирон кимсани қўлга ўргатган эмассизлар. Менинг тулким ҳам аввал шундай эди, юз минглаб бошқа тулкилардан асло фарқи йўқ эди. Аммо мен у билан дўст тутиндим, энди у мен учун ёруғ оламдаги ягона тулкига айланди.

— Гулинг сенга шунинг учун ҳам қадрлики, унга кўнглингни бергансан,- дейди, тулки хайрлашиш чоғида, — одамлар бир ҳақиқатни унутдилар. Аммо сен асло ёдингдан чиқарма: кимники қўлга ўргатган бўлсанг, унинг тақдирига ҳамиша жавобгарсан. Унутма, феруза гулинг учун ҳам жавобгарсан…

Ушбу асар фалсафасига кўра дўстлик, муҳаббат деганлари аввало бир-бирларини билиш, бир-бирларига кўникиш… кейин эса ана шундай киши (ёки нарса) учун масъуллик ҳиссининг пайдо бўлиши, демакдир. Назаримда, айни ракурсдан туриб қаралганда, фалончининг бошига мусибат тушганда унга қўшилиб юм-юм йиғлашимизу пистончи учун эса «оҳ!» деб қўймаслигимизнинг туб сабаби юз очгандек бўлади.

«Кичкина шаҳзода» қиссаси бир қарашда эртакдек ўқилади, шундай қабул қилинади. Лекин ушбу замонавий эртакда бугунги реал ҳаётимиз учун, айниқса, катталар ҳаёти учун мушоҳада этиб, мағзини чақиб кўрадиган талай ҳикматлар борки, тушунган одамнинг ақли шошади. Ҳа, қисса бир қарашда адабиёт эмасдек, бошқа бир қарашда эса ундан каттароқ адабиёт йўқдек…

«Кичкина шаҳзода» асари болалик оламига бағишланган ва сўздан бино этилган муаззам ҳайкал!

— Фақат болаларгина нима излаб юрганини билади,- дейди Кичкина шаҳзода, — улар латта қўғирчоққа ҳам юрак бағрини бериб меҳр қўяди… Шу сабабли боладан қўғирчоғ и тортиб олинса, ўксиб-ўксиб йиғлайди…

Ким билади, бойлик, мартаба ва шон-шуҳрат каби адоқсиз ҳаваслар лабиринтида адашиб юрган катталарнинг бутун уринишларию чекаётган заҳматлари ўша боланинг қўғирчоққа берган меҳри қаршисида чинданам жудаям арзимасдир…

Манба: http://ijodkor.com

XDK

(Tashriflar: umumiy 230, bugungi 1)

Izoh qoldiring