Nodir Jonuzoq: “Kattaroq narsalar yozsam deyman”.

099

“Мен фалон ижодий мактабда тарбия олганман”, деб айтолмайман. Жуда кўп шеърият мактабларида таълим олдим. Символистлар, футуристлар, имажинистлар, модернистлар – ҳамма-ҳаммаси билан танишишга, бир-бирига қиёслашга ҳаракат қилдим. Ҳозир ҳам севиб ўқийдиган шоирларим турлича руҳдаги шоирлар. Уларни фақат битта жиҳат бирлаштириб туради, буям бўлса – истеъдод. Шу ёшга кириб англаб етган ҳақиқатим шуки, қайси услубда ёзилишидан қатъий назар, асарнинг қийматини “…изм”лар эмас, талант кучи белгилайди. Ижодкорнинг характери, эътиқоди пойдевор бўлади.

077

ЎЗИМ ҲАҚИМДА

Мен 1976 йилнинг 14 мартида Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги “Килдон” фуқаролар йиғинига қарашли Сартюзи қишлоғида туғилганман.
Қишлоғимиз кичкина бўлиб, ўша пайтлари табиий газ, тоза ичимлик суви бормаган, 20-25 чоғли хонадон учта ҳовуз сувидан фойдаланар эди. Ўша ҳовузлардан бири бизнинг ҳовлимиз олдида жойлашган. Ҳали ҳам одамларнинг корига яраб турибди. Ёз кечалари ҳовуз четига ўтирволиб, сувдаги ойнинг акси-ю, юлдузларнинг жимир-жимирини томоша қилиш жуда мароқли эди.
Илк машқларимни 12-13 ёшимда, ўша пайтлари шеърлари «Ғунча», «Гулхан» каби журналларда чоп этилган тенгдошларимга ҳавас қилиб қоралаганман. Гарчи у битикларни шеър деб бўлмаса-да, оила а]золаримиз – дадам, аям, ука-сингилларим томонидан фавқулодда ҳодиса сифатида қабул қилингани эсимда. Ахир, яқин аждодларимиз, қавм-қариндошлар орасида қофия тизгувчи одам бўлмаган-да! Хуллас, шу-шу, қофиябозлик касалига чалиндим. Сал кейинроқ — қалбга муҳаббат оралагач, битикларимда тафт пайдо бўла бошлади…

Шоир ким? Шеър нима учун ёзилади? Ҳақиқий шеър қандай бўлиши лозим? Бу саволларга ўтган йиллар мобайнида кўп жавоб излаганман. Ҳар гал жавоб топгандай бўламан-у, бироз ўтиб, фикримдан қониқмайман. Ўйлаб қарасам, шеър ёзаман дея, сўзларни кўп увол қилибман — гуноҳидан қўрқаман энди. Ҳарҳолда, шеър ёзиш шунчаки эрмак ҳам, панд-насиҳат ёки тарғибот қуроли ҳам эмас. Ижод – шоирнинг ўзига ҳам бўйсунмайдиган фавқулодда зиддиятли жараён. Бу ҳолат осмону-фалакка ўрлаётган қуюнга ўхшайди: шоирни бир лаҳза юксакка олиб чиқиб, у бехабар бўлган уфқларни кўрсатади.
Бир гал ёндафтаримга ёзиб қўйгандим: «Шоир худди дарахтга ўхшайди. Дарахт карбонат ангидридни ютиб атрофга кислород тарқатгани каби, шоир ҳам одамларнинг дард-аламларини ҳазм қилиб, теваракка ёруғ туйғуларни, орзу-умид бўйларини сочади». Ҳали ҳам шу фикрдаман.

Шеърларим — безовта юрагимнинг кардиограммаси. Навоий, Машраб каби буюк шоирлари бор халққа ўзингни шоир дея танитиш жуда ҳам ноқулай. Лекин ўзингча бирон нарса қоралагандан кейин уни ўқимасликнинг, чоп этмасликнинг ҳам иложи йўқ. Ҳеч бўлмаганда, биронта шеърим кимгадир маъқул бўлса — бахтиёрман. Нима бўлганда ҳам, н.жонузоқ@маил.ру электрон почтаси фикр-мулоҳазаларингиз учун ҳамиша очиқ. Сизга ёруғ туйғулар тилаб,  Нодир ЖОНУЗОҚ.

011

НОДИР ЖОНУЗОҚ: КАТТАРОҚ НАРСАЛАР ЁЗСАМ ДЕЙМАН.
Суҳбатдош — Ориф Толиб

-Шеърда самимият бўлиши керак деган гап жуда кўп такрорланади. Сизнингча самимият нима?

-Бир пайтлар ёндафтаримга “Шеър кўзёшдай тиниқ ва самимий бўлиши керак” деб ёзиб қўйгандим. Яъни, назаримда, қалб бу – қадаҳ, у бехосдан “чайқалганда” одамнинг руҳий мувозанати бузилади ва ундаги оби ҳаёт тўлқини беихтиёр кўзларимиз қирғоғидан тошиб чиқади. Фақат бунинг учун қалбимизда нимадир бўлиши шарт, йўқса уни минг чайқаганимиз билан бефойда: қароқларимиз қуп-қуруқ бўлиб қолаверади. Гарчи кўзларимизни тупук билан намласак-да, кўзбўямачилик билан ҳеч кимни алдай олмаймиз. Ёки яна бир гап: сунъий гул табиий гулдан кўра чиройлироқ, жимжимадорроқ шаклга эга бўлиши мумкин, бироқ унинг ҳиди, ифори бўлмайди ва ҳеч қачон табиий гул ўрнини босолмайди. “Шеърда самимият бўлиши керак”, деган гапни мен шундай тушунаман.

Шоир худди ибодат қилаётган одамга ўхшайди. У қалбини нафақат одамларга, балки бутун коинотга катта очиши, ўзини бор бўйича намоён қилиши шарт. Сунъий ниқоб, сохта қиёфа билан одамларнинг ишончини, муҳаббатини қозониб бўлмайди. Фақат, самимият билан жўнлик ораси кўз илғамас даражада яқин эканини унутмаслик керак. Баъзан истеъдодли шоир ҳам ўзи сезмаган ҳолда чегарани бузиб ўтиши, натижада, самимий бўламан деб, оёғи сийқалик тўрларига илашиб “йиқилиши” ҳеч гап эмас.

-Адабиётда ечимсиз муаммолар кўтарилади, абадий изтироблар куйланади. Ижтимоий муаммо бир кун келиб ҳал этилса, унинг муаммолиги, тўғрироғи, аҳамияти қолмайди. Лекин одам жамият билан яшайди, жамиятда шаклланади, ижтимоий ҳаёт билан узвий боғланади. Айтинг-чи, шеъриятда ижтимоий муаммоларни қай тарзда ифодалаш керак? Ёки фақат туйғуларни шеърга солиб юраверган яхшими?

-Шоир ҳам, истаймизми-йўқми, ўз даврининг фарзанди. Жамиятдаги муаммоларга у бефарқ қарай олмайди – баҳолиқудрат уларга ечим ахтаради: топса – қувонади, тополмаса – изтироб чекади ва бу ҳиссиётлар беихтиёр қоғозга тушади. Фақат, у мавзуни яланғоч ҳолда, публитсист нигоҳи билан эмас, поетик образга сингдирган ҳолатда талқин қилади. Йўқса, сиз айтгандай, маълум муддатдан сўнг ижтимоий руҳдаги асарнинг қиммати қолмайди. Адабиётимизнинг яқин тарихида бунга истаганча мисол топилади…

Образли фикрлаш – шеъриятнинг, бутун санъатнинг умумий қуролидир: у асарга абадийлик, ҳеч бўлмаганда, узоқроқ умр бағишлайди…

-Ёш шоирлардан кимнинг ижоди сизга маъқул, деб савол берсам унчалик тўғри бўлмайди. Чунки ўзингиз ҳам ХХИ асрда юзага чиққан шоирсиз. Бугунги кун ёш шоирларидан ёки сал каттароқ бўғиндаги ўзингизнинг тенгқурларингиздан кимларни яхши ижод қиляпти, деб ҳисоблайсиз?

-“Фалон киши яхши ижод қиляпти”, дейиш – шунчаки умумий гап. Чунки, бундай десангиз, табиий савол пайдо бўлади: хўш, ижодининг қайси жиҳати яхши, дегандай… Очиғини айтганда, янги авлод (агар авлод дейиш мумкин бўлса) шоирлари тарқоқ, бир-биридан бехабар ҳолда ижод қиляптилар. Ким нима ёзяпти, қандай ёзяпти, нима янгилик қилди – билмаймиз. Ҳар ким ўз аравасини баҳолиқудрат тортиб юргандай. Кимнингдир араваси тўлароқ, кимнингдир юки енгил, айримларда эса ҳеч вақо йўқ. Шалдир-шулдур… Бугун ўзаро фикрлашув, яхши маънодаги ижодий рақобат сезилмайди. Бирор тенгқур шоир дўстингизга дуч келган пайтингизда “Янгисидан борми? Эшитайлик…” десангиз, ҳафсаласизлик билан елка қисади. Афсуски, бу борада ўзим ҳам мақтанолмайман. Ҳолбуки, шоир ҳамиша шеър хаёли билан яшаши керак. Шундай бўлса ҳам, тенгдошларимдан Нуриллоҳ, Бектемир Пирнафасов, Ориф Тўхташ, Воҳид Луқмон, Ғайрат Мажид, Гулжамол Асқароваларнинг ижодидан унча-мунча бохабарман. Хўш, улар яхши иж
од қиляптими?! Яхшиси, бу саволга ўзлари жавоб берсинлар…

Лекин охирги пайтларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги ёш ижодкорлар тўгарагининг анча жонлангани мени хурсанд қилмоқда. 17–20 ёшлар атрофидаги навқирон ука-сингилларимизнинг шеърларини эшитиб, кўнглимда умид учқунлари пайдо бўлмоқда. Нима бўлганда ҳам, бир нарса ҳақиқат: ўзбек бу – шеърпараст миллат, шеъриятга муҳаббат халқимизнинг қонида бор, токи шундай экан, ёшларимиз орасидан ҳали кўп истеъдодли шоирлар юзага чиқади…

– “Шамолдай беқарор шоир севгиси”, дейди Муҳаммад Юсуф. Шоир битта севги билан яшаши мумкинми? Умуман, севгини сиз қандай тушунасиз?

– Яшаши мумкин, агар севгиси йиллар синовига дош бера олса… Бироқ, кўпинча севги оиладаги қора қозонга кўмилади – яъни, тамом бўлади. Нима учун? Буни икки оғиз сўз билан тушунтириш қийин, менимча. Чунки севгининг ўзи тушунтириб бўлмайдиган ҳолат. Йўқса, биз шеър ёзиб овора бўлмасдик. Фикри ожизимча, инсон севган пайтида маъшуқасини эмас, балки севгилиси тимсолидаги мукаммал образга шайдо бўлади. Бекорга сўфийлар “Ёр чеҳрасида Ҳақ тажалли этади”, дейишмайди-да. Бутун классик шеъриятимиз шу ақидага қурилган. Ҳазрат Навоий айтганидек, севги бу – пок кўз билан, пок чеҳрага, пок ҳолатда боқмоқдир. Қаранг, қандай содда тушунтириш! Афсуски, севишганлар турмуш қуришганидан сўнг ана шу пок нигоҳ, пок чеҳра, пок ҳолатда қандайдир қусурлар, доғлар пайдо бўлади. Буёғи – ўзингизга маълум. Шоирга келсак… у узоқ вақтлар илк севги изтироби билан яшаши, талай шеърлар ёзиши мумкин, бироқ вақт ўтиб унинг қалби яна жонланади, тирилади (агар унгача ўзи дунёни тарк
этмаса) – қайсидир гўзал унга ҳамширалик қилиши мумкин. Устоз Рауф Парфи бир шеърида ёзганидай: “…йўқ, ҳажрда куйгай у яна – қанот бўлгай қайси бир гўзал…”

– Айрим шеърларингизда Есенинча ифода сезилиб қолади. Бу бетакрор шоир ижодига бўлган меҳрингиз, ихлосингиз сабабли бўлса керак. Шоир бошқалардан қандай ёзишни ёки қандай ёзмасликни ўрганади. Сиз қандай ижодий мактабда тарбия кўргансиз? Ижодий йўналишингизни ёки тасаввурингизни кескин ўзгартириб юборган ҳолатлар бўлганми?

-Тўғрисини айтсам, мен ўзимни жуда катта истеъдод эгаси, деб ҳисобламайман. Лекин, яхши, одамлар ўқийдиган шоир бўлишга ҳаракат қиламан. Чунки бир умр қоғоз қораласанг-у, бирор шеърингни ҳеч ким ўқимаса, ёд олмаса – бундан ортиқ бахтсизлик йўқ.

Дунёдаги барча яхши шоирларни ўз устозларим деб биламан. Гарчи уларнинг аксариятини кўрмаган бўлсам-да, шеърларини ўқиб, ижоднинг моҳиятини тушундим – яхши шеър билан ёмон шеър орасидаги фарқни ўргандим.

“Мен фалон ижодий мактабда тарбия олганман”, деб айтолмайман. Жуда кўп шеърият мактабларида таълим олдим. Символистлар, футуристлар, имажинистлар, модернистлар – ҳамма-ҳаммаси билан танишишга, бир-бирига қиёслашга ҳаракат қилдим. Ҳозир ҳам севиб ўқийдиган шоирларим турлича руҳдаги шоирлар. Уларни фақат битта жиҳат бирлаштириб туради, буям бўлса – истеъдод. Шу ёшга кириб англаб етган ҳақиқатим шуки, қайси услубда ёзилишидан қатъий назар, асарнинг қийматини “…изм”лар эмас, талант кучи белгилайди. Ижодкорнинг характери, эътиқоди пойдевор бўлади.

Есенин шеъриятига келсак, унинг мени ҳайратга солгани, оҳанрабо каби ўзига тортгани – рост. Эсимда йўқ, 9- ё 10-синфда ўқиётган пайтимда “Рус адабиёти” дарслигида унинг “Онамга мактуб” шеърини ўқиб қолдим. Шеър гарчи дарсдан ташқари машғулот рукни остида берилган бўлса-да, бир уринишда ёд олдим. Йўқ, атайлаб ёд олмадим – ўзи ёд бўлди. Шундагина ҳақиқий шеърнинг жозибасини ҳис қилдим. Демак, чин шеър ҳеч қандай зўриқишсиз, мажбуриятсиз ўз-ўзидан инсон онг-шуурига кириб келар экан-да. Демак, у шоир қалбида ҳам худди шундай тиниқ, шалоладай табиий ҳолда яралиши лозим.. Кейин, бу рус шоирининг барча шеърларини, адабий мақолаларини, хатларини ўқиб чиқдим. Бу, тан оламан, мен учун катта мактаб бўлди. Бироқ, шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш лозим: улкан шоирнинг таъсир доирасида қолиб кетиш ҳам хавфли – ўз қиёфангни, услубингни топа олмай, бировнинг соясига айланиб қолишинг ҳеч гап эмас. Есениндан мен ўрганган асосий нарса бу – иложи борича шеърхон ол
дида самимий, табиий бўлиш; уни ўз дилдошингдай билиб қалбингни бор бўйича очиш; бир сўз билан айтганда, ўқувчи билан туғишган ака-укадай бўлиб, унга арзиҳол қилиш. Бироқ, яна айтаман, бундай ака-укачилик ҳам шеъриятнинг мангу ва гўзал қонун-қоидалари асосида бўлиши шарт…

Мен ёқтирган ўзбек шоирлари – Чўлпон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф, Абдували Қутбиддин, Сирожиддин Саййид, Салим Ашур, Зебо Мирзаева, Иқбол Мирзо…

– Буюк ёзувчи Габриел Гарсиа Маркес интервюларидан бирида журналистика уни тарбиялаганини, ёзиш кўникмасини шакллантирганини айтганди. Журналистика сизнинг ижодингизга қандай таъсир кўрсатяпти?

– Журналистика… фойда беряпти, десам – алдаган бўламан. Салбий таъсир кўрсатяпти десам – буям тўғримас. Очиғи, кўп вақтим, фикру-хаёлим ТВ ташвишлари билан банд бўлаётганига баъзан ачинаман. Бунинг ўрнига китоб ўқисам, таржималар қилсам, ижод билан жиддийроқ шуғуллансам эди, деб ўйлайман. Иккинчи томондан қарасак, айнан журналист сифатида бугун жамиятга кўпроқ нафим тегмоқда, ҳаётни, одамларни яқиндан ўрганяпман. Қолаверса, эркак, ота сифатида ўз оиламни моддий жиҳатдан таъминлаш – бурчим. Бундан тонолмайман. Ахир, хаёл суриб шеър ёзганимга пул тўлашмайди-ку. Хуллас, ўзбек шоирига осон эмас: у яхши ўғил, меҳрибон ота, намунали ходим ва зўр шоир бўлиши керак! Кўряпсизми, юкнинг, масъулиятнинг оғирлигини! Ҳолбуки, ғарб шоири зўр шоир бўлишдан бошқа мажбуриятларга тупурган бўларди. Бизда – бошқача, ментелитетимиз, эътиқодимиз йўл бермайди…

Яна бир қизиқ ҳолат шуки, мен кўпинча айнан ишхонада ташвишим кўпайган пайтида шеър ёзгим келиб қолади. Билмайман, ичимдаги шоир мени рашк қиладими, ё журналистик ҳаракатларим ижодга туртки берадими, ҳарқалай, гоҳо иш қайнаб ётган паллада бир қўлим билан телестсенарий, иккинчиси билан эса тўхтовсиз шеър ёзаман. Ҳолбуки, баъзан ишим ойлаб санжоб бўлади, бекор ўтираман – бирор мисра ҳам келмайди. Ғалати…

– Бугун нималар ёзяпсиз?

– Тўғрисини айтайми? Ҳеч нарса… Илкбаҳор чоғи бир туркум шеърлар ёздим. Кўклам ҳақида… Кейин “Атиргул барглари” деган туркумим пайдо бўлди ва “Ёшлик” журналида чоп этилди. “Шарқ юлдузи” журналининг охирги сонида Шавкат Раҳмонга бағишланган эссем чиқди. Айни пайтда… каттароқ бир нарса ёзсам, дейман. Бунинг учун куч, илҳом заҳираси керак. Чин шеър худди вулқондай кутилмаганда отилиб чиқади – ҳатто шоирнинг ўзи ҳам сезмай қолади. Бизнинг вазифамиз эса ҳамиша бунга тайёр туришимиз, қалб ва руҳимизни тарбиялашимиз, онг-шууримизни чархлашимиз керак. Қолгани – ўз-ўзидан рўй беради…

2009

(“Овоза” газетасида чоп этилган.)
Манба: Ориф Толиб блоги

(Tashriflar: umumiy 127, bugungi 1)

Izoh qoldiring