Xurshid Davron. Olis yulduz nuri (1989)

0_151ab7_8860bed4_orig.pngАгар ҳар бир адиб ёки олим ўз фарзандлик бурчини ҳалол ўтаганида, ҳар қандай оғир пайтдаям ҳақиқатга хиёнат қилмай ишлаганида, бугун ўзбек боласи «Исминг Улуғбек экан, Улуғбек ўзи ким бўлган?» деган сўроққа жавоб беролмай елка қисганини кўрмаган, кўриб юрагимиз зирқираб оғримаган бўларди.

Хуршид Даврон
ОЛИС ЮЛДУЗ НУРИ
09

  Ўзбеклар орасида кенг тарқалган иримлардан бири янги туғилган гўдакка ўтмишдаги буюк шахсларнинг исмини қўйиш билан боғлиқ. Кўпинча «Болангизга жуда оғир ном қўйибсиз, кўтара олармикан?» деган гапни эшитамиз. Бу саволни берган одам аслида «Болангиз исмига яраша одам бўлармикан?» деган шубҳасини одоб русумидан келиб чиққан ҳолда пинҳона таъкидлайди. Қолаверса, у бу саволи билан ота-онанинг фарзанд тарбияси учун маъсулиятли эканини ҳам уқтиради.

6.jpgИнсоният тарихида Мирзо Улуғбек номи билан из қолдирган буюк олим ва мутафаккир Муҳаммад Тарағайнинг фақат исми шарифигина эмас, у қолдирган илмий, тарихий мерос ҳам биз учун муқаддас ва табаррукдир. Муқаддас китобларнинг бирида битилганидек, «Мавтул олими — мавтул олами», яъни олимнинг ўлими оламнинг ўлимидир. Бу ҳикматни айтар эканман, Улуғбекнинг ўлими илму нужум оламининг ўлими бўлди, деган фикрни олға сурмоқчи эмасман. Бу ҳикматни айтишдан мақсад: ҳар бир даҳо умри ўзига хос такрорланмас ва бебаҳо олам эканини, унинг ўлими эса жаҳон тараққиёти учун оғир йўқотиш, деган сўзни таъкидлашдир.

Мирзо Улуғбек темурийлар наслидан. Биз кўпинча Темур ва темурийлар сулоласи ҳақида гапирганда, ёзганда, тарихга синфий нуқтаи назар билан қарашга урғу берган ҳолда, тарихнинг асосий ва бош мезони саналмиш тарихийлик принципини унутамиз, баъзан очиқдан-очиқ ундан кўз юмамиз. Агар бу мезон асосида иш тутадиган бўлсак, бу сулола инсоният маданияти тарихида жуда эътиборли ўрин эгаллашини тан олишимиз керак. Деярли ҳамма темурийзодалар адабиёт, илм-фан билан шуғуллангани тарих битикларидан маълум. Бунинг исботи учун ҳазрат Алишер Навоийнинг «Мажолисун-нафоис» асарининг еттинчи мажлисида шоир сифатида тилга олинган номларни санаб ўтиш кифоя: Шоҳруҳ мирзо, Абобакир мирзо, Султон Искандар, Халил Султон, Улуғбек мирзо, Бойсунғир мирзо, Бобур мирзо (бу Абулқосим Бобур — X. Д.), Абдуллатиф мирзо, Жаҳоншоҳ мирзо, Султон Аҳмад мирзо, Султон Бадиуззамон мирзо, Шоҳ Ғариб мирзо, Фаридун Ҳусайн мирзо, Муҳаммад Ҳусайн мирзо, Султон Масъуд мирзо, Султон Али мирзо, Султон Ҳусайн Бойқаро… Бу сафга Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари номини қўшсак, юқорида зикр этган фикримиз шак-шубҳасиз бўлса керак.

Темурийлар даврида адабиёт, илм-фан, санъат гуллаб яшнади. 1989 йилда Америка Қўшма Штатларида «Темур даври санъати» деб номланган ва жаҳоннинг турли музейлари, шахсий мажмуалардан йиғилган санъат буюмлари кўргазмаси ўтказилгани ана шу юксак тараққиётнинг ҳозирги даврдаги акси садосидир. Ушбу кўргазманинг гултожи сифатида баҳоланган ва Истамбулдаги Тўпқопи музейидан олиб келиб кўрсатилган Улуғбекнинг шахсий сандиқчаси буюк бобомиздан мерос, лекин, афсуски, у биз учун ғойибдаги мўъжиза тарзида яшайди. Алоҳида эътибор ва тадқиқот талаб қилгани учун бу кўргазма ҳақида тўхталиб ўтирмайман. У хусусда гапириш билан аждодларимиз санъати ҳамма вақт жаҳон аҳли диққати марказида турганини эслатмоқчиман,холос.

Машҳур тарихчи Давлатшоҳ Самарқандий «Тазкират уш-шуаро» асарида шундай далолат беради: «…Улуғбек Кўрагон юлдузлар илмида қилни қирқ ёрди… ҳандаса илмида чигалларни ечувчи, ҳайъат илмида Мажистийкушо (Мажистий — Юнон олими Пталомейнинг «Альгамест» асарининг арабча номи) эрди. Фозиллару ҳакимларнинг якдил фикрлари шулки, исломият замонидан шу дамгача Улуғбек Кўрагонийдек олим ва подшоҳ салтанат тахтида ўтирмаган. Улуғбек «Зижи Султоний» кашф этиб, уни ўз исми билан зийнатлади».

Улуғбек мирзо яратган «Зижи Кўрагон» инсон тафаккури қудратининг буюк ғалабаси, сирли ва олис коинот сари интилган инсон онгининг бепоёнлиги, бу интилишни уйғотган қалб чексизлиги, машаққатли меҳнат самарасининг тимсолидир. Мирзо Улуғбек ўзидан олдин яшаган ўрта осиёлик буюк алломалар Абу Абдулло Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Аҳмад Муҳаммад Фарғоний, Аҳмад ибн Абдулла Марвозий, Аббос бин Саид Жавҳарий, Абу Маҳмудхон Хўжандий, Абусаҳл Кўҳий, Абулфатҳ Саид бин Ҳафиф Самарқандий, Абу Ҳасан бин Аҳмад Насавий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абул Вафолар елкасида тургани учун ҳам, ҳазрат Алишер Навоий таъбири билан айтганда, «кўзи олдинда бўлди осмон паст». Улуғбек Абул Вафонинг осмон ёритгичлари ҳаракати назарияси ва астраномик жадваллари, Абу Маҳмудхон Хўжандий ихтиро қилган секстант, Умар Хайём раҳбарлигида ислоҳ этилган қуёш йиллиги, Насриддин Тусий тажрибаларидан фойдаланиб оламшумул аҳамиятга эга натижаларга эришди. Буюк мунажжим яшаган даврда Самарқанд маданият ва илму урфон марказларидан бири эди. Салоҳиддин Мусо ибн Маҳмуд Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид ибн Масъуд, Муйиниддин ва Мансур Кошийлар, Али ибн Муҳаммад Биржандий, Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчи, унинг набираси Мирам Чалабий каби етук сиймолар Улуғбекнинг замондошлари ва издошлари эди.

Мирзо Улуғбек ўз даврининг фозил кишилари учун ўзига хос паногоҳ, фикри ҳурматга сазовор шахс эди. Буни бир мисол билан айтиб ўтайлик. Ўша давр шоирларининг маликул каломи Лутфий ўз ғазаллари Улуғбек мирзодек киши томонидан жуда юксак баҳоланганини ғурур билан тилга олади:

…Улуғбекхон билур Лутфий камолин —
Ки, рангин шеъри Салмондан қолишмас.

Шу ўринда Улуғбек фақат илми нужум билангина эмас, муаррихлик, мусиқа басталаш ва ғазалчилик билан ҳам машғул бўлганини айтиб ўтиш жоиз.

Ҳазрат Навоий бу ҳақда шундай далолат берадилар: «…Бовужуди бу камолот гоҳи назмга майл қилур. Бу матлаъ анингдиркум:

Ҳарчанд мулки ҳусн ба зери нигини туст,
Шўхи макун, ки чашми бадон дар камини туст».

Яъни:

Ҳарчанд ҳусн мулкин изми сандадур,
Шўхлик қилмагинки, ёмонлар кўзи сандадур.

Бугун биз она юртимиз тарихи, халқимиз меросига бўлган муносабатимизни қайта кўриб чиқмоқдамиз. Бу соҳадаги «оқ доғ»ларни йўқотиш, чалкашликларни ҳақиқат қўли билан тузатиш, ёлғонларни фош этиш шу ислоҳ мақсадидир. Зеро, агар ҳар бир адиб ёки олим ўз фарзандлик бурчини ҳалол ўтаганида, ҳар қандай оғир пайтдаям ҳақиқатга хиёнат қилмай ишлаганида, бугун ўзбек боласи «Исминг Улуғбек экан, Улуғбек ўзи ким бўлган?» деган сўроққа жавоб беролмай елка қисганини кўрмаган, кўриб юрагимиз зирқираб оғримаган бўларди.

Яқин-орада бутун мутараққий инсоният ўзбек халқииинг даҳо фарзанди Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллигини кенг нишонлайди. Ўзбеклар туйга тўёна билан борадиган халқ. Шу маънода бобомиз ҳаёти, шахсияти ва қолдирган мероси ҳақида ёзилган, ёзилажак ҳар бир адабий, ҳар бир илмий ишимиз қутлуғ шодиёнага муносиб туҳфа, охир-оқибат тикланажак Ғурур ва Фахр, Умид ва Орзу биноси деворига қўйиладиган ғиштлар бўлиши шак-шубҳасиздир.

1989

Insoniyat tarixida Mirzo Ulug’bek nomi bilan iz qoldirgan buyuk olim va mutafakkir Muhammad Tarag’ayning faqat ismi sharifigina emas, u qoldirgan ilmiy, tarixiy meros ham biz uchun muqaddas va tabarrukdir.

021 Xurshid Davron
OLIS YULDUZ NURI
09

O’zbeklar orasida keng tarqalgan irimlardan biri yangi tug’ilgan go’dakka o’tmishdagi buyuk shaxslarning ismini qo’yish bilan bog’liq. Ko’pincha «Bolangizga juda og’ir nom qo’yibsiz, ko’tara olarmikan?» degan gapni eshitamiz. Bu savolni bergan odam aslida «Bolangiz ismiga yarasha odam bo’larmikan?» degan shubhasini odob rusumidan kelib chiqqan holda pinhona ta’kidlaydi. Qolaversa, u bu savoli bilan ota-onaning farzand tarbiyasi uchun ma’suliyatli ekanini ham uqtiradi.

6 (2).jpgInsoniyat tarixida Mirzo Ulug’bek nomi bilan iz qoldirgan buyuk olim va mutafakkir Muhammad Tarag’ayning faqat ismi sharifigina emas, u qoldirgan ilmiy, tarixiy meros ham biz uchun muqaddas va tabarrukdir. Muqaddas kitoblarning birida bitilganidek, «Mavtul olimi — mavtul olami», ya’ni olimning o’limi olamning o’limidir. Bu hikmatni aytar ekanman, Ulug’bekning o’limi ilmu nujum olamining o’limi bo’ldi, degan fikrni olg’a surmoqchi emasman. Bu hikmatni aytishdan maqsad: har bir daho umri o’ziga xos takrorlanmas va bebaho olam ekanini, uning o’limi esa jahon taraqqiyoti uchun og’ir yo’qotish, degan so’zni ta’kidlashdir.

Mirzo Ulug’bek temuriylar naslidan. Biz ko’pincha Temur va temuriylar sulolasi haqida gapirganda, yozganda, tarixga sinfiy nuqtai nazar bilan qarashga urg’u bergan holda, tarixning asosiy va bosh mezoni sanalmish tarixiylik printsipini unutamiz, ba’zan ochiqdan-ochiq undan ko’z yumamiz. Agar bu mezon asosida ish tutadigan bo’lsak, bu sulola insoniyat madaniyati tarixida juda e’tiborli o’rin egallashini tan olishimiz kerak. Deyarli hamma temuriyzodalar adabiyot, ilm-fan bilan shug’ullangani tarix bitiklaridan ma’lum. Buning isboti uchun hazrat Alisher Navoiyning «Majolisun-nafois» asarining yettinchi majlisida shoir sifatida tilga olingan nomlarni sanab o’tish kifoya: Shohruh mirzo, Abobakir mirzo, Sulton Iskandar, Xalil Sulton, Ulug’bek mirzo, Boysung’ir mirzo, Bobur mirzo (bu Abulqosim Bobur — X. D.), Abdullatif mirzo, Jahonshoh mirzo, Sulton Ahmad mirzo, Sulton Badiuzzamon mirzo, Shoh G’arib mirzo, Faridun Husayn mirzo, Muhammad Husayn mirzo, Sulton Mas’ud mirzo, Sulton Ali mirzo, Sulton Husayn Boyqaro… Bu safga Zahiriddin Muhammad Bobur va uning avlodlari nomini qo’shsak, yuqorida zikr etgan fikrimiz shak-shubhasiz bo’lsa kerak.

Temuriylar davrida adabiyot, ilm-fan, san’at gullab yashnadi. 1989 yilda Amerika Qo’shma Shtatlarida  «Temur davri san’ati» deb nomlangan va jahonning turli muzeylari, shaxsiy majmualardan yig’ilgan san’at buyumlari ko’rgazmasi o’tkazilgani ana shu yuksak taraqqiyotning hozirgi davrdagi aksi sadosidir. Ushbu ko’rgazmaning gultoji sifatida baholangan va Istambuldagi To’pqopi muzeyidan olib kelib ko’rsatilgan Ulug’bekning shaxsiy sandiqchasi buyuk bobomizdan meros, lekin, afsuski, u biz uchun g’oyibdagi mo»jiza tarzida yashaydi. Alohida e’tibor va tadqiqot talab qilgani uchun bu ko’rgazma haqida to’xtalib o’tirmayman. U xususda gapirish bilan ajdodlarimiz san’ati hamma vaqt jahon ahli diqqati markazida turganini eslatmoqchiman,xolos.

Mashhur tarixchi Davlatshoh Samarqandiy «Tazkirat ush-shuaro» asarida shunday dalolat beradi:  «…Ulug’bek Ko’ragon yulduzlar ilmida qilni qirq yordi… handasa ilmida chigallarni yechuvchi, hay’at ilmida Majistiykusho (Majistiy — Yunon olimi Ptalomeyning «Al`gamest» asarining arabcha nomi) erdi. Fozillaru hakimlarning yakdil fikrlari shulki, islomiyat zamonidan shu damgacha Ulug’bek Ko’ragoniydek olim va podshoh saltanat taxtida o’tirmagan. Ulug’bek «Ziji Sultoniy» kashf etib, uni o’z ismi bilan ziynatladi».

Ulug’bek mirzo yaratgan «Ziji Ko’ragon» inson tafakkuri qudratining buyuk g’alabasi, sirli va olis koinot sari intilgan inson ongining bepoyonligi, bu intilishni uyg’otgan qalb cheksizligi, mashaqqatli mehnat samarasining timsolidir. Mirzo Ulug’bek o’zidan oldin yashagan o’rta osiyolik buyuk allomalar Abu Abdullo Muhammad ibn Muso Xorazmiy, Ahmad Muhammad Farg’oniy, Ahmad ibn Abdulla Marvoziy, Abbos bin Said Javhariy, Abu Mahmudxon Xo’jandiy, Abusahl Ko’hiy, Abulfath Said bin Hafif Samarqandiy, Abu Hasan bin Ahmad Nasaviy, Abu Ali ibn Sino, Abu Rayhon Beruniy, Abul Vafolar yelkasida turgani uchun ham, hazrat Alisher Navoiy ta’biri bilan aytganda, «ko’zi oldinda bo’ldi osmon past». Ulug’bek Abul Vafoning osmon yoritgichlari harakati nazariyasi va astranomik jadvallari, Abu Mahmudxon Xo’jandiy ixtiro qilgan sekstant, Umar Xayyom rahbarligida isloh etilgan quyosh yilligi, Nasriddin Tusiy tajribalaridan foydalanib olamshumul ahamiyatga ega natijalarga erishdi. Buyuk munajjim yashagan davrda Samarqand madaniyat va ilmu urfon markazlaridan biri edi. Salohiddin Muso ibn Mahmud Qozizoda Rumiy, G’iyosiddin Jamshid ibn Mas’ud, Muyiniddin va Mansur Koshiylar, Ali ibn Muhammad Birjandiy, Alouddin Ali ibn Muhammad Qushchi, uning nabirasi Miram Chalabiy kabi yetuk siymolar Ulug’bekning zamondoshlari va izdoshlari edi.

Mirzo Ulug’bek o’z davrining fozil kishilari uchun o’ziga xos panogoh, fikri hurmatga sazovor shaxs edi. Buni bir misol bilan aytib o’taylik. O’sha davr shoirlarining malikul kalomi Lutfiy o’z g’azallari Ulug’bek mirzodek kishi tomonidan juda yuksak baholanganini g’urur bilan tilga oladi:

…Ulug’bekxon bilur Lutfiy kamolin —
Ki, rangin she’ri Salmondan qolishmas.

Shu o’rinda Ulug’bek faqat ilmi nujum bilangina emas, muarrixlik, musiqa bastalash va g’azalchilik bilan ham mashg’ul bo’lganini aytib o’tish joiz.

Hazrat Navoiy bu haqda shunday dalolat beradilar: «…Bovujudi bu kamolot gohi nazmga mayl qilur. Bu matla’ aningdirkum:

Harchand mulki husn ba zeri nigini tust,
Sho’xi makun, ki chashmi badon dar kamini tust».

Ya’ni:

Harchand husn mulkin izmi sandadur,
Sho’xlik qilmaginki, yomonlar ko’zi sandadur.

Bugun biz ona yurtimiz tarixi, xalqimiz merosiga bo’lgan munosabatimizni qayta ko’rib chiqmoqdamiz. Bu sohadagi «oq dog’»larni yo’qotish, chalkashliklarni haqiqat qo’li bilan tuzatish, yolg’onlarni fosh etish shu isloh maqsadidir. Zero, agar har bir adib yoki olim o’z farzandlik burchini halol o’taganida, har qanday og’ir paytdayam haqiqatga xiyonat qilmay ishlaganida, bugun o’zbek bolasi «Isming Ulug’bek ekan, Ulug’bek o’zi kim bo’lgan?» degan so’roqqa javob berolmay yelka qisganini ko’rmagan, ko’rib yuragimiz zirqirab og’rimagan bo’lardi.

Yaqin-orada butun mutaraqqiy insoniyat o’zbek xalqiiing daho farzandi Mirzo Ulug’bek tavalludining 600 yilligini keng nishonlaydi. O’zbeklar tuyga to’yona bilan boradigan xalq. Shu ma’noda bobomiz hayoti, shaxsiyati va qoldirgan merosi haqida yozilgan, yozilajak har bir adabiy, har bir ilmiy ishimiz qutlug’ shodiyonaga munosib tuhfa, oxir-oqibat tiklanajak G’urur va Faxr, Umid va Orzu binosi devoriga qo’yiladigan g’ishtlar bo’lishi shak-shubhasizdir.

1989

021

(Tashriflar: umumiy 469, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalomu alaykum ustoz! Bayramingiz muborak bo’lsin. Men Sergey Yesenin she’riyati shaydosiman. Ustoz shoir Erkin Vohidov Yesenin she’rlarini zo’r mahorat bilan tarjima qilganlarki, ularni o’qib o’zbek tilida yozilgan deysiz. Ammo men sizdan Yesenin she’riyati muxlisi bo’lganim uchun bir iltimosim bilan yozayapman. Shoir hayoti aks etgan Sergey Bezrukov katta mahorat bilan o’ynagan serial bor. Shu 11 qismlik rus tilidagi serialni o’zbek tiliga tarjima qildirib saytingizga qo’ysangiz bag’oyat minnatdor bo’lardik. Cheksiz hurmat bilan, Islom Mirzo.

Izoh qoldiring