Қашқадарёлик салкам икки ойлик чақалоқ Муҳаммаджон Рашидов билан боғлиқ ҳодиса баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Ўз навбатида, 7 июль куни давомида «Дарё» интернет-нашри таҳририятига болакайнинг соғайиб кетиши йўлида ёрдам бериш ниятидаги кўплаб фуқаролар қўнғироқ қилиб, чақалоқнинг оиласи билан боғланиш учун алоқа маълумотларини сўради.
Шунингдек, шу куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати вазият юзасидан Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўлқин Расуловнинг ахборотини эълон қилди. Унда таъкидланишича, чақалоқ онаси Шаҳноза Ҳамидова ва бувиси Наргиза Қурбоновага топширилиш вақтида бувиси айтганидек «вафот этган эмасди, у тирик бўлган».
Вазирлик ахборотида таъкидланишича, Муҳаммаджон Рашидовнинг операцияси 17:00 да бошланиб, 18:50 гача давом этган. 19:30 да, «шифокорларнинг рухсат бермаслигига қарамай, тилхат асосида» чақалоқни уйга олиб кетишган. «Бемор шифохонадан олиб кетилган куннинг ўзидаёқ соат 22:30—23:00 оралиғида тиббиёт марказига қайтариб олиб келинган», — дейилади расмий ахборотда.
Невараси майит ювувчининг қўлида «жонлангани»ни билдирган Наргиза Қурбонова вазирлик ахборотига муносабат билдираркан, унга операцияда қатнашган барча шифокорлар невараси вафот этганини ва уни олиб кетиш кераклигини айтганини, шу вақтда ундан тилхат ёзиб беришни сўрашганини маълум қилди. Унинг айтишича, шифокорлар операциядан сўнг унга: «Неварангиз бироз бўлса ҳам нафас олиб турганида эди, уни реанимацияга ўтказардик», деб айтган.
Наргиза Қурбонова, Муҳаммаджон Рашидовнинг бувиси:
Мен ўз неварамга душман эмасман-ку! Тирик деса, қандай қилиб уйга олиб кетардим?! Тирик бўлса, қариндошларни тўплаб, гўр қаздириб, майит ювувчини чақириб ўтираманми? ‘Вафот этди, ҳаракатингизни қилинг’, дегани учун олиб кетдим. Тилхат ёздириб олишди. Операциядан аввал ҳам тилхат ёздириб олишган эди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тиббиёт муассасалари даволаниш жараёнида вафот этган шахснинг жасадини олиб кетувчилардан тилхат олиб қолмайди. Боз устига, касалхонада вафот этган шахсларнинг жасадини топшириш жараёни ҳам оддий эмас — бемор айнан қандай сабаб билан вафот этганини аниқлаш мақсадида жасад ёрилиб, экспертизадан ўтказилади.
Айни вақтда, суд-тиббий экспертиза соҳаси вакилларининг қайд этишича, диний урф-одатлар, маросимлар билан боғлиқ сабаблар туфайли жасад ёрилишининг олдини олиш мақсадида марҳумнинг қариндошлари томонидан тилхат ёзиб бериш ҳолатлари ҳам учраб туради («Оғир аҳволда, қариндошларининг қатъий талабига кўра касалхонадан чиқарилди» мазмунида).
Наргиза Қурбонованинг қўшимча қилишича, интернетда унинг мурожаати эълон қилинганидан сўнг, невараси касалхонанинг кондиционерли палатасига ўтказилган (мурожаатда невараси на кондиционери, на вентилятори бор хонада ётгани, операция қилинган жойлари «қизариб, газак олгани» айтилган эди), шифокорлар ҳам Муҳаммаджонга «аввалги кунларга нисбатан яхши қарашмоқда».
Муҳаммаджон Рашидовнинг оила аъзолари вазиятга бееътибор бўлмаган ва уларни қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик изҳор қилди.
Манба: Daryo
Muhammadjonga Alloh shifo bersin!