Sayyid Ne’matulloh Ibrohim. Tavhid dostoni

bg 1a.jpg    Тавҳид – бу Аллоҳ таолони жамики инсонларнинг яратилишидан мақсад бўлган ибодатларда яккалигини исботлашдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади: “Мен (яъни Аллоҳ) Инсон ва Жин тоифасини фақат ўзимгагина ибодат қилишлари учунгина яратдим (яъни бошқа бир махлуқларга эмас)” (Зариёт сураси, 56-оят).

Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим
ТАВҲИД ДОСТОНИ
(“Авроди фатҳия” ламъалари)
004

Allah-eser-green.jpg

Ҳакдин ўзга йўқ Илоҳким, бордир У,
Ҳар бир ашёга муҳаққақ ёрдир У.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, ул устувор
Барча иш хосдир анга—минг кору бор.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, ул зиндадир,
Зоҳир ул сувратда ҳам ботиндадир.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, ул устувор,
Подшоҳ ул ҳам сахий, ҳам пурвиқор.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, ул шиквасиз,
Жонимиз ундан омонат, шубҳасиз.

Тан бу хокдир, нафсимиз хокий эрур,
Қолгучи Ул, Роббимиз боқий эрур.

Зинда улдир, барча бул жон ўлгучи,
Ундин ўзга барча нафс йўқ бўлгучи.

Изни бирла алмашур кундуз-тунинг,
Етти қат осмон унингдир, Арш унинг!

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, ул жовидон,
Меҳрибонлар ичра ул энг меҳрибон.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, ул жовидон,
Ўзидан қўрқувчини сақлар омон.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, ул сезгучи,
Тавба аҳлин билгучи ҳам севгучи.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, файзи тўлуғ,
Бор улуғлардин юқори, Ул улуғ!

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, Яздон ўзи,
Ҳар бир ишда ғолиби Ғуфрон ўзи!

Ҳар вужуд ундандиру ҳам жон унинг,
Бул Замин ундандиру Осмон унинг.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, Собир удир,
Энг улуғ шоҳ ўзидир, Қодир удир!

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, ул барҳаёт,
Роббимизни зикр этар бор мавжудот.

Барча бул жон зикрини айтгувчимиз,
Барча бул жон наздига қайтгувчимиз.

Билгай Ул: ботинда не,зоҳирда не?
Билгай Ул: аввалда не, охирда не?
***
Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, унга сужуд!
Жисмимиз Ундан—мутаҳқиқул вужуд.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳким, бегумон
Келтирурмиз унга ҳар дамда имон!

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳким, соиқ ул,
Жовидон, мангу сужудга лойиқ ул!

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, токим ўзи
Ҳукмини еткизгучи, ҳоким ўзи!

***

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳким, бегумон
Асли додхоҳ Улдиру ҳам додситон.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳким, Раббано,
Йўл йўқотганларга сенсан раҳнамо!

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, ҳуббул раҳим,
Соҳиби ҳикмат Удир, хайрул ҳаким!

Тенги йўқ маъбуд ўзи—Аллоҳ ўзи!
Тенги йўқ масъуд ўзи—Аллоҳ ўзи!

Тенги йўқ маҳбуб ўзи—Аллоҳ ўзи,
Тенги йўқ матлуб ўзи—Аллоҳ ўзи!

Зоҳиру ботинни ҳам билгувчидир,
Ҳам эшитгувчи, басир—кўргувчидир.

Унга хос тавҳид ва ё ваҳдоният
Ҳам азаллик ҳам абад—фардоният.

Соҳиби неъмат Удир—фазлу ато,
Барча мақтов Унгадир—ҳамду сано.

Чек ҳудуди йўқ аршу зотининг,
Чеки йўқ хушнудлигу асфотининг.

Зоти бирла куйди минг исботлар,
Унга монанд, унга тенг йўқ зотлар!

Тиргизувчи, ўлдирувчи ул Ўзи
Бўлмаганни бўлдирувчи ул Ўзи!

***

Эй улуғ Шоҳ, хуш кечиргувчи Ўзинг,
Едириб ҳамда ичиргувчи Ўзинг!

Ризқу рўзни бергучи Раззоқ сен,
Яккадирсен ҳокими мутлоқсен!

Ҳеч бир ашё сенга тенгу жуфт эмас,
Ҳеч бир улвий сенга тенг, ҳамкуф эмас,

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, бордир Ўзи,
Ҳар бир ишда ул мададкордир Ўзи.

Ҳақ таъоло соҳиби афлокдир,
Покдир ул, ҳар гуноҳдин покдир.

Ҳақ таъоло соҳиби афлокдир,
Айбу нуқсондин муназзаҳ, покдир.

Ҳақ таъоло соҳиби афлокдир,
Соғ билан—соғ, дардлига дарднокдир.

Ҳақ таъоло соҳиби афлокдир,
Соҳиби тенгсиз ақл- идрокдир.

Эй Худойим! Сен ўзинг ҳақ подшоҳ,
Ҳам эшитгувчи дуъони—додхоҳ.

Эй Худойим! Сен ўзинг ҳақ подшоҳ,
Бор улуғлик Сендадир, бор иззу жоҳ!

Эй Худойим! Сен ўзинг ҳақ подшоҳ,
Тенги йўқ қодир эгам, якка Илоҳ!

***

Ёлғиз Аллоҳ соҳиби афлокдир,
Покдир ул, бор гуноҳдин покдир!

Ёлғиз Аллоҳ соҳиби афлокдир,
Уйланиш, фарзанд кўришдан покдир.

Ёлғиз Аллоҳ соҳиби афлокдир,
Мавлуду тавлид ишидин покдир!

Ёлғиз Аллоҳ соҳиби афлокдир,
Емагу ичмак ғамидин покдир.

Тўйдирар, лекин емасдир ҳеч қачон,
Сўйлатар, бир сўз демасдир ҳеч қачон.

Чун шарик — ҳамроҳи йўқдир, тоқдир,
Жовидон У, холиқи мутлоқдир!

Хуш яратди ҳар бир ашёни суйиб,
Ул Каримдир ҳамда Сатторул уюб!

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳким, дилда У,
Ёд қилингай кунда минг хил тилда У.

Тўхтатолмас ҳеч киши, қилса ато,
Бандага етгай иноят бехато!

Измида бор коинот, хулду жаҳим,
Энг раҳмли меҳрибон Ҳақдир Раҳийм!

Аввал Улдир, оқибат ҳам охир Ул,
Ботин Улдир билгучи ҳам зоҳир Ул.

Барча ишнинг бошида тургувчи У,
Хуш эшитгувчи, билиб, кўргувчи У.

Барча вақт бизга кифоят айлагай,
Қайси гумроҳким, шикоят айлагай!?

***

Сен шариф зотсан, Ўзинг мангу шариф,
Сенга бас келгувчи йўқдир, бир ҳариф.

Эйки Сен қамрови кенг, билгувчи хуб,
Қалбга боққан, мангу маҳбубул қулуб.

Истаган жонни залил, хор қилгучи,
Йўқни бунёд қилгучи, бор қилгучи.

Эй дуоларни ижобат айлаган,
Ҳилм ила Ўзни ҳижобат айлаган.

Эй ҳаёт ҳамда мамотни бергучи,
Шул Ҳаёт ичра саботни бергучи.

Эйки Сен ошиқ юрак маҳбубисен,
Покиза, ориф кўнгил матлубисен!

Соҳиби иззат Ўзинг, соҳиби жоҳ,
Халққа жабр қилгувчи ё суйгувчи Шоҳ.

Барча махлуқотга суврат бергучи,
Барча бул жон қалбга сийрат бергучи.

Эйки ризқ бергувчи хуш Раззоқ ўзинг,
Икки олам ичра мангу тоқ Ўзинг.

Эйки хор этгувчи ё бор этгучи,
Эйки зор этгувчи ё ёр этгучи.

Ул гунаҳкор халққа сочган қаҳрини,
Ё аритгувчи ҳамоқат заҳрини.

Эй ҳукм қилган адолат соҳиби,
Анбиёву авлиёнинг ҳотифи.

***

Эй қоим тургувчи, муҳтож бўлмаган,
Мангу зинда, барҳаётсен ўлмаган.

Аввалин сен, зот ила охир Ўзинг,
Ҳар бир айбдин мосуво, тоҳир Ўзинг!

Санъати, илми ила эй ошкор,
Ҳикмати, ҳилми ила ҳимматли Ёр!

Барчадин юксак, яна аъмоли хуш,
Зоти хуш, асфоти хуш, аҳволи хуш.

Тавбани мақбул кўрувчи меҳрибон,
Қавлида маҳкам турувчи меҳрибон

Кўрса куфрий бир амал, топса асос,
Турфа идбор йўллаган—олган қасос.

Эй, имон берган адолатпарварим,
Барча афлок ичра ҳақ Шоҳ—сарварим!

Истаса, жамъ ё пароканд этгучи,
Йўлни очгувчи ва ё банд этгучи.

Истаса, нафъ ё зарар еткизгучи,
Истаса, бор маъсият кеткизгучи.

Ҳар гуноҳкор айбини бир ён қўйиб,
Тез яширгувчи у—Саторул- уюб!

***

Бор фазилат бирла ул мавсуфдир,
Бекаму кўст, барҳаёт, мавжуддир.

Яхшилик асфотидин машҳур У,
Мабдаъи нур, нур каби маҳрур У!

Охири йўқ зотининг, чун беканор,
Тавҳиди бир, барҳаёт ул Биру Бор!

Барчадин олдин—муқаддам, Бордир ул,
Жонимизга жон қадар хуш Ёрдир ул.

Ул рубубият ила Парвардигор,
Тарбиятда мангудир ул—Барқарор!

***

Бул қалам тавсиф этолмай синди,бас,
Тамсилу ташбеҳ Сенга мумкин эмас!

Эй, ҳамиша бефано қолгувчи Ҳақ,
Эй, кўнгилларга назар солгувчи Ҳақ!

Ҳокими мутлақ Ўзингсан, беназир,
Шоҳи якто, бемулозим, бевазир!

Барча олам кошифи, Яздони сен,
Бор ҳаёти, нури сен—имкони Сен!

***

Покдир Аллоҳ, етти кўк, Арш соҳиби,
Сунъи бирла тўлган ул фарш соҳиби.

Хуш табарро айлангиз аcфотини,
Лек тафаккур айламангиз зотини

Чунки инсон ақли ноқис, англамас,
Заррача зотин, сифотин қамрамас.

Ақли кулл ҳам билмагай тамҳидини,
Бас, тафаккур айлангиз тавҳидини..

***

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ,чексиз буюк,
Ҳақни севган ҳар юрак қутлуғ—куюк.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, маъбуд Ўзи,
Ҳеч завол билмас, абад мавжуд Ўзи.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, юксак, улуғ,
Раҳмати чексиз унинг—эҳсон тўлуғ.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, пок ва қадим,
Барча афришта қарийб—унга надим.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, ул нурбахш,
Мўъжизот—лутфи унинг ҳар дилга нақш.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, ул меҳрибон,
Наздига қайтгай унинг ҳар битта жон!

***

Вақти дийдор У кифоят айлагай,
Кунда минг бор У кифоят айлагай.

У кифоят айлагай андуҳ дами,
Кофий ўлса, тарқагай кўнгил ғами.

У юракнинг азмида кофий эрур,
У тарози наздида кофий эрур.

Кундузу тунда кифоят айлагай,
Ҳам Улуғ Кунда кифоят айлагай.

Ўлганинг кунда қабрда кофий Ул,
Ҳар амал, ҳар бир ажрда кофий Ул!

Ҳар савол чоғи кифоят айлагай,
Сўнгги ҳол чоғи кифоят айлагай.

Хор ўлмассан ёдингда турса бул:
Кофий улдир, Кофий улдир, Кофий ул!

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳким, сўнгги он
Наздига қайтгай унинг ҳар битта жон.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, маъбуд Ўзи,
Чунки ботамкин, сабур, маҳмуд Ўзи.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳким, яккадир,
Ҳар қадам, ҳар қалбни дарк этмакдадир.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳким, покдир,
Соҳиби дил, соҳиби афлокдир!

***

Еру осмон Ҳақники, Аллоҳники,
Барча бул жон Ҳақники, Аллоҳники.

Дийну иймон Ҳақники, Аллоҳники,
Бор бу имкон Ҳақники, Аллоҳники.

Бор халойиқ Ҳақники, Аллоҳники,
Бор алойиқ Ҳақники, Аллоҳники.

Бор зафарлар Ҳақники, Аллоҳники,
Бор хабарлар Ҳақники, Аллоҳники.

Бор футувват Ҳақники, Аллоҳники,
Бор мурувват Ҳақники, Аллоҳники.

Подшолик Ҳақники, Аллоҳники,
Бор бу жоҳлик Ҳақники, Аллоҳники.

Зоҳирий илм Ҳақники, Аллоҳники,
Ботиний илм Ҳақники, Аллоҳники.

Бор бу асфот Ҳақники, Аллоҳники,
Бор бу исбот Ҳақники, Аллоҳники.

Ҳақдин ўзга йўқ Илоҳ, Аллоҳ ўзи,
Кошифи ҳар мавжудот, Халлоқ Ўзи!

“МУБОРАК НАЪТ”
туркумидан

***

Икки олам ичра номин сақлаган,
Ҳақ саломи бирла худ ардоқлаган,

Ул Расулуллоҳ — Худонинг элчиси,
Рўзи Маҳшардин хабар бергувчиси.

Бир нубувват келди унга хуш сафо,
Анбиёга бўлди раҳбар Мустафо!

Ҳақ насиб этди анга меърожини,
Бошига қўйди нубувват тожини.

Бўлди фарз беш вақт намоз ҳам муттасил,
То қиёмат бўлди бу фарз мунфасил.

Неча йил сўнг қибла бўлди Каъбамиз,
Комил ўлди ҳажжимиз ҳам тавбамиз.

Синди куфру синди буғзу кинимиз,
Чунки исломдир муборак динимиз.

Рози бўлдик биз букун иймон билан,
Ҳақ расулин тан олурмиз жон билан.

Соҳиби дин, Каъбага имом эди,
Ҳар саҳобийга тирик Қуръон эди.

Ҳар ибодат, кори эрди аҳмадий,
Унга бўлсин Ҳақ саломи, раҳмати!

Ҳар кўнгилнинг табъу тоби — ҳақ набий,
Икки олам офтоби — ҳақ набий.

Икки дунё сирларин кўп билгучи,
Ҳар гуноҳкорни шафоъат қилгучи.

Бор саловат ва салом бўлсин анга,
Раҳмати Ҳақ бардавом бўлсин анга!

***

Ҳақ саломи, раҳмати бўлсин сиза,
Эй набийлар меҳтари бўлган набий!

Ҳақ саломи, раҳмати бўлсин сиза,
Одамийзот беҳтари бўлган набий!

Ҳақ саломи, раҳмати бўлсин сиза,
Ё Муҳаммад(с.а.в.), эй набийлар хотами!

Ҳақ саломи, раҳмати бўлсин сиза,
Бор гунаҳкорга шафоъат ҳотами!

Сизга бўлсин Ҳақ саломи, раҳмати,
Икки олам офтоби, аҳмади!

Ҳақ саломи сизга бўлсин бардавом,
Бор саловат сизгадир, юз минг салом!
***
Рози бўлсин аҳли байт—аҳбобидан,
Рози бўлсин Ҳақ унинг асҳобидан.

Барчамизни Ҳақ ҳимоят айласин,
Барча муслимни ҳидоят айласин!

Душанбе. 2010 йил. Рамазон.

Муаллиф ҳақида:
Неъматуллоҳ Иброҳим (тахаллуси Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим) 1954 йил 5 октябрда Тожикистоннинг Хуросон ноҳиясига қарашли Курдаксой қишлоғида таваллуд топган. Хўжанд Давлат Университетининг филология факултасида таҳсил олган. 1975- 1982 йиллар мобайнида ўрта мактабда она тили ва адабиёт муаллими, 1982- 1987 йиллар “Совет Тожикистони” республика газетаси мухбири, 1987-1999 йиллар давомида эса Рўдакий ноҳиясидаги педагогика билим юртида ўзбек тили ва араб графикаси (ёзуви) ўқитувчиси бўлиб ишлади. Шундан кейинги йиллар мобайнида эса эркин ижодий иш билан машғул бўлди . Ўттиз беш йиллик ижодий иш фаолияти давомида Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг 24 китоби Тошкент ва Душанбенинг давлат ва хусусий нашриётлари томонидан нашр этилди.  2015 йил Душанбенинг “Ирфон” нашриётида “Ассалом, Нур!” номли биринчи девони нашр этилди ва шоирнинг бу китобдаги орифона ғазаллари “Фейсбук” ижтимоий тармоғида кенг китобхонлар эътирофини қозонди. Шу кунларда ижодкорнинг “Таҳайюр-4” (тўртликлар) ва “Румиёна” (маснавийлар) китоби нашрга тайёрланмоқда.
Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим форс тожик мумтоз адабиётининг Фирдавсий, Ҳаким Саноий, Амир Хусрав Деҳлавий, Мавлоно Жалолиддин Румий, Камол Хўжандий, Урфий Шерозий, Мирзо Абдулқодир Бедил ва Муҳаммад Иқбол каби даҳолари асарларидан намуналарни ўзбек тилига ўгирган. Шу кунларда ижодкор ўзининг иккинчи Девони ва “Абулмаъоний — Бедил” илмий- маърифий асари устида иш олиб бормоқда.

photo.jpgTavhid – bu Alloh taoloni jamiki insonlarning yaratilishidan maqsad bo‘lgan ibodatlarda yakkaligini isbotlashdir. Alloh taolo Qur’oni Karimda aytadi: “Men (ya’ni Alloh) Inson va Jin toifasini faqat o‘zimgagina ibodat qilishlari uchungina yaratdim (ya’ni boshqa bir maxluqlarga emas)” (Zariyot  surasi, 56-oyat).

Sayyid Ne’matulloh Ibrohim
TAVHID DOSTONI
(“Avrodi fathiya” lam’alari)
004

b-402300-Islamic_Art.jpg

Hakdin o‘zga yo‘q Ilohkim, bordir U,
Har bir ashyoga muhaqqaq yordir U.

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, ul ustuvor
Barcha ish xosdir anga—ming koru bor.

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, ul zindadir,
Zohir ul suvratda ham botindadir.

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, ul ustuvor,
Podshoh ul ham saxiy, ham purviqor.

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, ul shikvasiz,
Jonimiz undan omonat, shubhasiz.

Tan bu xokdir, nafsimiz xokiy erur,
Qolguchi Ul, Robbimiz boqiy erur.

Zinda uldir, barcha bul jon o‘lguchi,
Undin o‘zga barcha nafs yo‘q bo‘lguchi.

Izni birla almashur kunduz-tuning,
Yetti qat osmon uningdir, Arsh uning!

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, ul jovidon,
Mehribonlar ichra ul eng mehribon.

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, ul jovidon,
O‘zidan qo‘rquvchini saqlar omon.

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, ul sezguchi,
Tavba ahlin bilguchi ham sevguchi.

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, fayzi to‘lug‘,
Bor ulug‘lardin yuqori, Ul ulug‘!

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, Yazdon o‘zi,
Har bir ishda g‘olibi G‘ufron o‘zi!

Har vujud undandiru ham jon uning,
Bul Zamin undandiru Osmon uning.

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, Sobir udir,
Eng ulug‘ shoh o‘zidir, Qodir udir!

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, ul barhayot,
Robbimizni zikr etar bor mavjudot.

Barcha bul jon zikrini aytguvchimiz,
Barcha bul jon nazdiga qaytguvchimiz.

Bilgay Ul: botinda ne,zohirda ne?
Bilgay Ul: avvalda ne, oxirda ne?
***
Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, unga sujud!
Jismimiz Undan—mutahqiqul vujud.

Haqdin o‘zga yo‘q Ilohkim, begumon
Keltirurmiz unga har damda imon!

Haqdin o‘zga yo‘q Ilohkim, soiq ul,
Jovidon, mangu sujudga loyiq ul!

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, tokim o‘zi
Hukmini yetkizguchi, hokim o‘zi!

***

Haqdin o‘zga yo‘q Ilohkim, begumon
Asli dodxoh Uldiru ham dodsiton.

Haqdin o‘zga yo‘q Ilohkim, Rabbano,
Yo‘l yo‘qotganlarga sensan rahnamo!

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, hubbul rahim,
Sohibi hikmat Udir, xayrul hakim!

Tengi yo‘q ma’bud o‘zi—Alloh o‘zi!
Tengi yo‘q mas’ud o‘zi—Alloh o‘zi!

Tengi yo‘q mahbub o‘zi—Alloh o‘zi,
Tengi yo‘q matlub o‘zi—Alloh o‘zi!

Zohiru botinni ham bilguvchidir,
Ham eshitguvchi, basir—ko‘rguvchidir.

Unga xos tavhid va yo vahdoniyat
Ham azallik ham abad—fardoniyat.

Sohibi ne’mat Udir—fazlu ato,
Barcha maqtov Ungadir—hamdu sano.

Chek hududi yo‘q arshu zotining,
Cheki yo‘q xushnudligu asfotining.

Zoti birla kuydi ming isbotlar,
Unga monand, unga teng yo‘q zotlar!

Tirgizuvchi, o‘ldiruvchi ul O‘zi
Bo‘lmaganni bo‘ldiruvchi ul O‘zi!

***

Ey ulug‘ Shoh, xush kechirguvchi O‘zing,
Yedirib hamda ichirguvchi O‘zing!

Rizqu ro‘zni berguchi Razzoq sen,
Yakkadirsen hokimi mutloqsen!

Hech bir ashyo senga tengu juft emas,
Hech bir ulviy senga teng, hamkuf emas,

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, bordir O‘zi,
Har bir ishda ul madadkordir O‘zi.

Haq ta’olo sohibi aflokdir,
Pokdir ul, har gunohdin pokdir.

Haq ta’olo sohibi aflokdir,
Aybu nuqsondin munazzah, pokdir.

Haq ta’olo sohibi aflokdir,
Sog‘ bilan—sog‘, dardliga dardnokdir.

Haq ta’olo sohibi aflokdir,
Sohibi tengsiz aql- idrokdir.

Ey Xudoyim! Sen o‘zing haq podshoh,
Ham eshitguvchi du’oni—dodxoh.

Ey Xudoyim! Sen o‘zing haq podshoh,
Bor ulug‘lik Sendadir, bor izzu joh!

Ey Xudoyim! Sen o‘zing haq podshoh,
Tengi yo‘q qodir egam, yakka Iloh!

***

Yolg‘iz Alloh sohibi aflokdir,
Pokdir ul, bor gunohdin pokdir!

Yolg‘iz Alloh sohibi aflokdir,
Uylanish, farzand ko‘rishdan pokdir.

Yolg‘iz Alloh sohibi aflokdir,
Mavludu tavlid ishidin pokdir!

Yolg‘iz Alloh sohibi aflokdir,
Yemagu ichmak g‘amidin pokdir.

To‘ydirar, lekin yemasdir hech qachon,
So‘ylatar, bir so‘z demasdir hech qachon.

Chun sharik — hamrohi yo‘qdir, toqdir,
Jovidon U, xoliqi mutloqdir!

Xush yaratdi har bir ashyoni suyib,
Ul Karimdir hamda Sattorul uyub!

Haqdin o‘zga yo‘q Ilohkim, dilda U,
Yod qilingay kunda ming xil tilda U.

To‘xtatolmas hech kishi, qilsa ato,
Bandaga yetgay inoyat bexato!

Izmida bor koinot, xuldu jahim,
Eng rahmli mehribon Haqdir Rahiym!

Avval Uldir, oqibat ham oxir Ul,
Botin Uldir bilguchi ham zohir Ul.

Barcha ishning boshida turguvchi U,
Xush eshitguvchi, bilib, ko‘rguvchi U.

Barcha vaqt bizga kifoyat aylagay,
Qaysi gumrohkim, shikoyat aylagay!?

***

Sen sharif zotsan, O‘zing mangu sharif,
Senga bas kelguvchi yo‘qdir, bir harif.

Eyki Sen qamrovi keng, bilguvchi xub,
Qalbga boqqan, mangu mahbubul qulub.

Istagan jonni zalil, xor qilguchi,
Yo‘qni bunyod qilguchi, bor qilguchi.

Ey duolarni ijobat aylagan,
Hilm ila O‘zni hijobat aylagan.

Ey hayot hamda mamotni berguchi,
Shul Hayot ichra sabotni berguchi.

Eyki Sen oshiq yurak mahbubisen,
Pokiza, orif ko‘ngil matlubisen!

Sohibi izzat O‘zing, sohibi joh,
Xalqqa jabr qilguvchi yo suyguvchi Shoh.

Barcha maxluqotga suvrat berguchi,
Barcha bul jon qalbga siyrat berguchi.

Eyki rizq berguvchi xush Razzoq o‘zing,
Ikki olam ichra mangu toq O‘zing.

Eyki xor etguvchi yo bor etguchi,
Eyki zor etguvchi yo yor etguchi.

Ul gunahkor xalqqa sochgan qahrini,
Yo aritguvchi hamoqat zahrini.

Ey hukm qilgan adolat sohibi,
Anbiyovu avliyoning hotifi.

***

Ey qoim turguvchi, muhtoj bo‘lmagan,
Mangu zinda, barhayotsen o‘lmagan.

Avvalin sen, zot ila oxir O‘zing,
Har bir aybdin mosuvo, tohir O‘zing!

San’ati, ilmi ila ey oshkor,
Hikmati, hilmi ila himmatli Yor!

Barchadin yuksak, yana a’moli xush,
Zoti xush, asfoti xush, ahvoli xush.

Tavbani maqbul ko‘ruvchi mehribon,
Qavlida mahkam turuvchi mehribon

Ko‘rsa kufriy bir amal, topsa asos,
Turfa idbor yo‘llagan—olgan qasos.

Ey, imon bergan adolatparvarim,
Barcha aflok ichra haq Shoh—sarvarim!

Istasa, jam’ yo parokand etguchi,
Yo‘lni ochguvchi va yo band etguchi.

Istasa, naf’ yo zarar yetkizguchi,
Istasa, bor ma’siyat ketkizguchi.

Har gunohkor aybini bir yon qo‘yib,
Tez yashirguvchi u—Satorul- uyub!

***

Bor fazilat birla ul mavsufdir,
Bekamu ko‘st, barhayot, mavjuddir.

Yaxshilik asfotidin mashhur U,
Mabda’i nur, nur kabi mahrur U!

Oxiri yo‘q zotining, chun bekanor,
Tavhidi bir, barhayot ul Biru Bor!

Barchadin oldin—muqaddam, Bordir ul,
Jonimizga jon qadar xush Yordir ul.

Ul rububiyat ila Parvardigor,
Tarbiyatda mangudir ul—Barqaror!

***

Bul qalam tavsif etolmay sindi,bas,
Tamsilu tashbeh Senga mumkin emas!

Ey, hamisha befano qolguvchi Haq,
Ey, ko‘ngillarga nazar solguvchi Haq!

Hokimi mutlaq O‘zingsan, benazir,
Shohi yakto, bemulozim, bevazir!

Barcha olam koshifi, Yazdoni sen,
Bor hayoti, nuri sen—imkoni Sen!

***

Pokdir Alloh, yetti ko‘k, Arsh sohibi,
Sun’i birla to‘lgan ul farsh sohibi.

Xush tabarro aylangiz acfotini,
Lek tafakkur aylamangiz zotini

Chunki inson aqli noqis, anglamas,
Zarracha zotin, sifotin qamramas.

Aqli kull ham bilmagay tamhidini,
Bas, tafakkur aylangiz tavhidini..

***

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh,cheksiz buyuk,
Haqni sevgan har yurak qutlug‘—kuyuk.

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, ma’bud O‘zi,
Hech zavol bilmas, abad mavjud O‘zi.

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, yuksak, ulug‘,
Rahmati cheksiz uning—ehson to‘lug‘.

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, pok va qadim,
Barcha afrishta qariyb—unga nadim.

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, ul nurbaxsh,
Mo‘’jizot—lutfi uning har dilga naqsh.

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, ul mehribon,
Nazdiga qaytgay uning har bitta jon!

***

Vaqti diydor U kifoyat aylagay,
Kunda ming bor U kifoyat aylagay.

U kifoyat aylagay anduh dami,
Kofiy o‘lsa, tarqagay ko‘ngil g‘ami.

U yurakning azmida kofiy erur,
U tarozi nazdida kofiy erur.

Kunduzu tunda kifoyat aylagay,
Ham Ulug‘ Kunda kifoyat aylagay.

O‘lganing kunda qabrda kofiy Ul,
Har amal, har bir ajrda kofiy Ul!

Har savol chog‘i kifoyat aylagay,
So‘nggi hol chog‘i kifoyat aylagay.

Xor o‘lmassan yodingda tursa bul:
Kofiy uldir, Kofiy uldir, Kofiy ul!

Haqdin o‘zga yo‘q Ilohkim, so‘nggi on
Nazdiga qaytgay uning har bitta jon.

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, ma’bud O‘zi,
Chunki botamkin, sabur, mahmud O‘zi.

Haqdin o‘zga yo‘q Ilohkim, yakkadir,
Har qadam, har qalbni dark etmakdadir.

Haqdin o‘zga yo‘q Ilohkim, pokdir,
Sohibi dil, sohibi aflokdir!

***

Yeru osmon Haqniki, Allohniki,
Barcha bul jon Haqniki, Allohniki.

Diynu iymon Haqniki, Allohniki,
Bor bu imkon Haqniki, Allohniki.

Bor xaloyiq Haqniki, Allohniki,
Bor aloyiq Haqniki, Allohniki.

Bor zafarlar Haqniki, Allohniki,
Bor xabarlar Haqniki, Allohniki.

Bor futuvvat Haqniki, Allohniki,
Bor muruvvat Haqniki, Allohniki.

Podsholik Haqniki, Allohniki,
Bor bu johlik Haqniki, Allohniki.

Zohiriy ilm Haqniki, Allohniki,
Botiniy ilm Haqniki, Allohniki.

Bor bu asfot Haqniki, Allohniki,
Bor bu isbot Haqniki, Allohniki.

Haqdin o‘zga yo‘q Iloh, Alloh o‘zi,
Koshifi har mavjudot, Xalloq O‘zi!

“MUBORAK NA’T”
turkumidan

***

Ikki olam ichra nomin saqlagan,
Haq salomi birla xud ardoqlagan,

Ul Rasululloh — Xudoning elchisi,
Ro‘zi Mahshardin xabar berguvchisi.

Bir nubuvvat keldi unga xush safo,
Anbiyoga bo‘ldi rahbar Mustafo!

Haq nasib etdi anga me’rojini,
Boshiga qo‘ydi nubuvvat tojini.

Bo‘ldi farz besh vaqt namoz ham muttasil,
To qiyomat bo‘ldi bu farz munfasil.

Necha yil so‘ng qibla bo‘ldi Ka’bamiz,
Komil o‘ldi hajjimiz ham tavbamiz.

Sindi kufru sindi bug‘zu kinimiz,
Chunki islomdir muborak dinimiz.

Rozi bo‘ldik biz bukun iymon bilan,
Haq rasulin tan olurmiz jon bilan.

Sohibi din, Ka’baga imom edi,
Har sahobiyga tirik Qur’on edi.

Har ibodat, kori erdi ahmadiy,
Unga bo‘lsin Haq salomi, rahmati!

Har ko‘ngilning tab’u tobi — haq nabiy,
Ikki olam oftobi — haq nabiy.

Ikki dunyo sirlarin ko‘p bilguchi,
Har gunohkorni shafo’at qilguchi.

Bor salovat va salom bo‘lsin anga,
Rahmati Haq bardavom bo‘lsin anga!

***

Haq salomi, rahmati bo‘lsin siza,
Ey nabiylar mehtari bo‘lgan nabiy!

Haq salomi, rahmati bo‘lsin siza,
Odamiyzot behtari bo‘lgan nabiy!

Haq salomi, rahmati bo‘lsin siza,
Yo Muhammad(s.a.v.), ey nabiylar xotami!

Haq salomi, rahmati bo‘lsin siza,
Bor gunahkorga shafo’at hotami!

Sizga bo‘lsin Haq salomi, rahmati,
Ikki olam oftobi, ahmadi!

Haq salomi sizga bo‘lsin bardavom,
Bor salovat sizgadir, yuz ming salom!
***
Rozi bo‘lsin ahli bayt—ahbobidan,
Rozi bo‘lsin Haq uning as’hobidan.

Barchamizni Haq himoyat aylasin,
Barcha muslimni hidoyat aylasin!

Dushanbe. 2010 yil. Ramazon.

Muallif haqida:
005Ne’matulloh Ibrohim (taxallusi Sayyid Ne’matulloh Ibrohim) 1954 yil 5 oktyabrda Tojikistonning Xuroson nohiyasiga qarashli Kurdaksoy qishlog‘ida tavallud topgan.  Xo‘jand Davlat Universitetining filologiya fakultasida tahsil olgan. 1975- 1982 yillar mobaynida o‘rta maktabda ona tili va adabiyot muallimi, 1982- 1987 yillar “Sovet Tojikistoni” respublika gazetasi muxbiri, 1987-1999 yillar davomida esa Ro‘dakiy nohiyasidagi pedagogika bilim yurtida o‘zbek tili va arab grafikasi (yozuvi) o‘qituvchisi bo‘lib ishladi. Shundan keyingi yillar mobaynida esa erkin ijodiy ish bilan mashg‘ulbщldi . O‘ttiz besh yillik ijodiy ish faoliyati davomida Sayyid Ne’matulloh Ibrohimning 24 kitobi Toshkent va Dushanbening davlat va xususiy nashriyotlari tomonidan nashr etildi.  2015 yil Dushanbening “Irfon” nashriyotida “Assalom, Nur!” nomli birinchi devoni nashr etildi va shoirning bu kitobdagi orifona g‘azallari “Feysbuk” ijtimoiy tarmog‘ida keng kitobxonlar e’tirofini qozondi. Shu kunlarda ijodkorning “Tahayyur-4” (to‘rtliklar) va “Rumiyona” (masnaviylar) kitobi nashrga tayyorlanmoqda.

Sayyid Ne’matulloh Ibrohim fors tojik mumtoz adabiyotining Firdavsiy, Hakim Sanoiy, Amir Xusrav Dehlaviy, Mavlono Jaloliddin Rumiy, Kamol Xo‘jandiy, Urfiy Sheroziy, Mirzo Abdulqodir Bedil va Muhammad Iqbol kabi daholari asarlaridan namunalarni o‘zbek tiliga o‘girgan. Shu kunlarda ijodkor o‘zining ikkinchi Devoni va “Abulma’oniy — Bedil” ilmiy- ma’rifiy asari ustida ish olib bormoqda.

05

(Tashriflar: umumiy 283, bugungi 1)

Izoh qoldiring