O’zbek she’rida Qrim dardi.

00118 май — Қрим татарлари депортация қилинган куннинг 72 йиллиги.

  Бугун қардош қиримтатар халқининг тоталитар совет тузуми томонидан ўз она юртидан сургун қилинганига 72 йил тўлади. Ўзбек шеъриятида қиримтатар сургуни мавзуси нечоғли даражада акс этгани, Олим Олтинбекнинг «Рауф Парфининг «Қирим хаёллари» туркуми мақоласини ҳисобга олмаганда, адабиётшунослар томонидан чуқур ўрганилгани йўқ. Аммо, бу ўрганишга  арзирли ва маълум хулосаларга олиб келиши мумкин бўлган мавзудир. Бугун сизнинг эътиборингизга ушбу мавзунинг кичик бир манзарасини (унинг манзараси кенг эканига ишонган ҳолда)  тақдим этмоқдамиз.


ЎЗБЕК ШЕЪРИДА ҚРИМ ДАРДИ

ШЕЪРЛАР
01

Қувғунга учраган қиримлилар мавзуси ўзбек адабиётида Рауф Парфи ижодидан бошланади. Бунинг ўз сабаблари бор. Биринчидан, шоирнинг ёшлиги юртидан ҳайдалган қиримлилар билан бирга ўтган эди. Р. Парфи бир суҳбатида улардан бири ҳақида шундай хотирлайди: “Дадамнинг дўстлари кўп эди. Бари эски жадидлар. Ўлмай қолган… Ҳаммаси билимдон, саводли одамлар. Дунё миқёсида фикрлайди. Адабиёт билан шуғулланади. Аммо барчасининг бошига кулфат тушган: замон уларнинг қўлини кесиб ташлаган… Абдал ака дегани бўларди. 1944 йил Қиримдан кўчирилган. У тўрт ёшимда менга ўрис ҳарфини ўргатган. Буларнинг бари онгимга кучли таъсир қилган. Энди билсам, кўнглимда ватан туйғусини шакллантирган нарса шуларнинг қисматлари ва ҳикоялари экан”.
Рауф Парфининг юртидан ҳайдалган қиримлилар мавзусидаги сўнгги шеъри 1973 йилда ёзилган. Шундан кейин шоир бу мавзуга бошқа қайтмади. Лекин ўзбек адабиётида унинг томонидан бошлаб берилган ушбу мавзу давом эттирилди, анъана пайдо бўлди. Абдулла Шернинг “Боқчасарой балладаси”, “Қайси аср, қай йилу ойдан…”, “Достондан сўнг”, “Қизил шалонлар”, “Қиримдаги ижод уйида”, “Икки ўқ” шеърлари, Хуршид Давроннинг “Қоратоғ дафтари” туркуми (мана бу саҳифада ўқинг) ва Усмон Қўчқорнинг “Қувғин” достони шеъриятимизнинг мана шу йўналишдаги ёрқин намуналар ҳисобланади. (Олим Олтинбекнинг «Рауф Парфининг «Қирим хаёллари» туркуми» мақоласидан).

08Рауф ПАРФИ
«ҚИРИМ ХАЁЛЛАРИ» ТУРКУМИДАН

БОҒЧАСАРОЙ ФОНТАНИ

Ғамли фонтан, ҳали йиғлайсан,
Ҳасратларда бўлмайсан адо.
Эҳтимол, кимнидир йўқлайсан,
Кимлардандир кутасан садо.

Неча-неча малак қошингда
Тўкиб солган қонли ёшини.
Сен йиғлайсан балки ўшандан
Ғамли фонтан, эгиб бошингни.

Кўнгил учун ахир кулмайсан,
Сен ҳамон йиғлайсан бечора,
Кўрганингни айта билмайсан,
Бир сўз айта олсайдинг зора…

Шу зангори осмон остида
Хаёлотдек бепоён олам,
Нуқта каби олам устида
Қрим деган бир мамлакат ҳам.

Қаҳрли, бешафқат гаройлар…
Ўзинг гувоҳ, кўз ёшинг гувоҳ,
Кечди аср. Йиллар ва ойлар,
Нелар кечди бошингдан, эвоҳ.

Кўкка етди сабр дарахти,
Йиғла, Қрим, йиғла, тангри кўк.
Не бўлмоқда инсонлар, айтинг,
Қрим бору қримликлар йўқ.

Айтинг менга, қайда адолат,
Қайда, айтинг, инсоний ҳуқуқ.
Бу не ҳолдир, қандайин ҳолат,
Қрим бору қримликлар йўқ.

Ғамли фонтан, ҳали йиғлайсан,
Ҳасратларда бўлмайсан адо.
Эҳтимол, кимнидир йўқлайсан,
Кимлардандир бўлгансан жудо.

ҲИЖРАТ

«…Ҳитлер… Ялмоғиз Ҳитлер,
Шошилинг… Шошилинг…»
Жўнат-жўнат,
Вокзал. Ҳижрат.
Вагонларга ортилди халқ-,
Гўё тонна-тонна гўшт,
Эшиклар ёпилди тақа-тақ,
Пўшт.
Поезд чопар,
Кунлар кечди,
Кунлар заҳар ичди,
Қон кечди.
Поезд чопар зулматни ёриб,
Гўдаклар чирқиллайди,
чоллар ўлтирар ғариб,
Кўзлар тўла, вагон тўла қайғулар.
Йўллар,
Пўлат излар устида
ҳасрат ортган, ғазаб ортган
поезд гувиллар.
Қалашиб ётибди
Ўтин янглиғ оломон,
гўё папирос қолдиғи,
тугун янглиғ оломон.
Боласини аллалар жувон,
митти қўллар излайди мамма,
нима қилсин, мунглуғ аёлнинг
кўкрагида сути йўқ, аммо.
Болалар ҳайрон,
Ҳайрон, машъум тақдирга,
ўлаётган гўдакка қарар,
ўлаётган кампирга.
Поезд — кимнингдир бағрига отилган ўқ,
Кунлар кечди.
Кунлар заҳар ичди, қон кечди.
Йўқ..! Йўқ!..
Туширилди тонна-тонна гўшт,
Зимдан дедиларки эҳтиёт бўлинг: Пўшт,
Нега бу ҳақорат! Нима гап!
Нега йиртилмас даҳшатдан кирза этик каби қалб.
Қани, айт, худо, айт, доҳий,
Бутун бир элатнинг недир гуноҳи,
Нима бўлмоқда ахир,
шу гўзал тупроқда ҳам.
Бу темир одамларни ёнингга чақир,
Ҳақиқат номидан гапир,
Қалқ, доҳий, қалқ!
Ўнта ёвуз,
Юзта сотқин бўлмоғи мумкин.
Лекин сотқин бўлмас бутун халқ,
Кунлар кечди,
Кунлар заҳар ичди, қон кечди,
Зимдан дедиларки: Булар ёмон.
Булар сотқин,
Буларни севмангиз, ўйлаб беринг нон,
Бу гапга инондими аммо
Сталинга инонгандай эл.
44 йил.
Кунлар кечди…

***

Сен ухлаб ётибсан,
Ширин тушлар кўриб,
Зарра-зарра тупроқлар — олтин,
Ширин тушлар.
Қирғоққа денгиз қалқир олдин,
Сўнг нафасинг қалқар.
Шу ёруғ дунёга
Жуда ҳам ўхшаш олмалар,
Афсоналар айтар булутлар
Мусаффо.
Аллалар айтмоқда бошингда
Она — тупроқ ҳақида ҳаво.
Сен ухлаб ётибсан
Йигирма бир ёшингда.
Ҳув,
Тош деворли уйингни
Танидингми, эй шоввоз?
У ерда сен уч ой яшадинг,
Уч ой, холос.
Шуни ҳам онангнинг қорнида.
Отанг сени кўрмаган,
«Қора хат» олган онанг,
Отанг жангда ҳалок бўлган,
Виждон билан
Армон билан, асабий.
Нега чўчидинг?
Нега қўрқиб-қўрқиб оласан нафас,
Поезд ғилдираклари вазнидек
Вазмин нафасинг,
Тўлғонасан,
Гўёки визиллаб ўқлар учмоқда.
Юмуқ қўзларингни беркитдинг —
Гўё узоқ йўлда,
Қоронғу вагон ичра
Нафаслар ўчмоқда.
Сен тушунмайсан,
Сен тўрт ойлик фақат,
тўрт ойлик гўдак.
тўрт ойлик одам.
Онанг сени қийнайди,
Эркин-эркин нафас олмоққа
Қўймайди.
Онанг сени унутган,
Ёшинг саккиз ойга етганда,
Оёқлари ичидан юлиб
сени шу тупроққа ирғитган.
Онанг жинни бўлган
ваҳшатдан,
ноҳақлиқдан жинни бўлган
муштипар онанг.
Сен ухлаб ётибсан,
Бошинг узра учмоқда, инон,
муборак тақдир.
Бир ҳайкал.
Орзуларинг сингари гўзал,
Қрим. Танидингми?
Ана, узатмоқда қўл,
Ол, азизим, ол,
Муқаддас Ватанингни!
Сен бўлсанг ухлаб ётибсан,
Уйғон! Тушундингми?!
Бас қил йигирма бир йилга
чўзилган босириқ тушларингни.

ВАТАН
Ҳ. Осмон ўғлига

Бутун инсоният ризқи ва ҳаққи
йўлида жон талашди вужудлар –
бу менинг халқим.
Биз кўрган қайғу,
йўқсиллик,
беном катакларда бенишон ўлдирган –
силлик…
Сиртмоқ сингари бўғзимни бўғар
Йиғлаган йиғи!
Дунё олдидаги шаффофлик,
Офтоб деса, офтоблик бизники,
Тақдирларга
таҳдид солғучи
таҳлика –
кўзи кур бир ният – ёвузлик
бизники эмас,
муқаддас мамлакат.
Ёвузликка тошлар,
харсанглар кўнишсин.
Ҳей, йўқ!..
Киндик қони тўкилган ерга
юрак қони тўкилсин
одамнинг.
Ҳаяжон мисол қисқа,
ҳаяжон мисол узун
Ватан деб номланган
эзгулик бизники,
сеникимиз биз эса
бағрига омухта
Ватаним!


ҲИЖРАТДА ОНА АЛЛАСИ (1944)

Ҳайдар Усмонга

Шакар қўзим, тушларинг бўлсин ширин,
Сен менинг жонимсан, сен менинг таним.
Онангнинг кўксида қасос яширин,
Юрагида ўқ парчаси — Ватаним,
Нидо қилдим, нидолар қилдим, алла,
Сени йўқдан бинолар қилдим, алла.

Она юртни босди ёвуз йилдирим,
Масканатга айлантирмиш доругир.
Гарчи қон ичрадир баргрезон ерим,
Айри тушмак, болам, мушкул, барибир,
Нидо қилдим, нидолар қилдим, алла,
Сени йўқдан бинолар қилдим, алла.

Қонталашган уфқларда нафармон,
Ботишини қуёш билмай турадир.
Одам ортган қатор* борар шарқ томон,
Ғилдираги кўшксим узра юрадир.
Нидо қилдим, нидолар қилдим, алла,
Сени йўқдан бинолар қилдим, алла.

Қирғоқларга чопар, қайтар долғалар,
Музтариб осмон кабидир нолам.
Боғларда қағиллар қора қарғалар,
Боғлар булбулидан айрилди, болам.
Нидо қилдим, нидолар қилдим, алла,
Сени йўқдан бинолар қилдим, алла.

У ерда визиллаб ўқлар учадир,
Ўқлар учиб юрмас бекордан-бекор.
Тирик жонинг, болам, шаминг ўчадир —
Ёв учун қуёшнинг ўчмоғи даркор.
Нидо қилдим, нидолар қилдим, алла,
Сени йўқдан бинолар қилдим, алла.

Балким, афсоналар айтар булутлар,
Туркулар айтадир мусаффо, туйғун.
Йироқ-йироқлардан турналар ўтар,
Ҳижрон қўшиғини айтарлар бугун.
Нидо қилдим, нидолар қилдим, алла,
Сени йўқдан бинолар қилдим, алла.

Отанг жангда. Отанг сени кўрмайди,
Отанг жангда, қорахат олган онанг.
Отанг келиб аҳволингни сўрмайди,
Бу оламда бир ўзи қолган онанг.
Нидо қилдим, нидолар қилдим, алла,
Сени йўқдан бинолар қилдим, алла.

Армон-ла юмгандир кўзларини, бас,
Жон бериб душмандан олгандир ўчин.
Нечун қалқиб-қалқиб оласан нафас,
Нечун қўрқиб кетдинг, тўлғондинг нечун?
Нидо қилдим, нидолар қилдим, алла,
Сени йўқдан бинолар қилдим, алла.

Шакар қўзим, тушларинг бўлсин ширин,
Сен менинг жонимсан, сен менинг таним.
Онангнинг кўксида қасос яширин,
Юрагида ўқ парчаси — Ватаним,
Нидо қилдим, нидолар қилдим, алла,
Сени йўқдан бинолар қилдим, алла.

* қатор — поезд, эшелон

07Абдулла ШЕР
ҚИРИМ ШЕЪРЛАРИДАН

БОҚЧАСАРОЙ БАЛЛАДАСИ

Жомесида Боқчасаройнинг
Ўқилганда хуфтон намози,
Ҳарамидан Менгли Гаройнинг
Тараларди сулувлар рози.

Хатча бегим, ё Гулнор бону,
Ё Гулсумми бу сас эгаси?..
Бугун қани қаҳрли хон-у
Гўзалларнинг  титраган саси?

Бугун қани базми жамшидлар,
Шоирларнинг мадҳу саноси,
Учқун сочган олмос шамширлар,
Зафарларнинг нашьу намоси,

Бугун қани шавкату чирой?..
Юм-юм йиғлар фақат фаввора…
«Боқчасарой, оҳ Боқчасарой!..» —
Менгли Гарой тентир дилпора.

Оқмармардан ҳар тун томар сўз:
«Мен асрлар фавворасиман,
Тошдан сизар кўз ёшим ҳануз,
Икки жаҳон овворасиман!

Вақт ўтар-у, соатим милсиз,
Мени бўғар ҳануз аччиқ дуд.
То қиёмат бу Қрим тилсиз,
Боқчасарой фожеий сукут!..»

Тинглайди-ю, ғўлдираб арвоҳ,
Қўл силкийди Онадўлига.
Сўнгра бўлиб узун оппоқ оҳ,
Сингиб кетар Сомон Йўлига.

Чуфутқалъа эса-чи, беун,
Фонус қилиб олисдан ойни,
Қўриқлайди беҳуда ҳар тун
Унут бўлган Боқчасаройни.

Кўктепали, 1983

ДОСТОНДАН СЎНГ
Айдер Османга

Ўн ёшимда Пушкинни таниб,
Мен шоҳона хаёллар сурдим.
От бошини, сўнгра, гувраниб,
Боқчасарой томонга бурдим.

Мен тингладим ҳилол сўзини,
Мафтун этди юлдузлар куйи.
Зареманинг шаҳло кўзини
Унутмадим, сўнг, умр бўйи.

Бир тун Кўзёш фавворасига
Анграйганча тушимда, эвоҳ,
Гаройларнинг ноғорасига
Тегиб кетди қаламим ногоҳ.

Бу зарбимдан уйғонди сарой,
Сўлиқ чайнаб, отлар кишнади.
Пешвоз чиқиб ул Қрим Гарой,
Оғангман деб кўнглим хушлади.

Шоирларки, кўрдим — мастона,
Ул базмда шеърлар айтдилар.
Боқчасарой — сирли остона,
Остонани кўрмай қайтдилар.

Бир мен ҳатлаб ул остонани,
Дилор бикач руҳига етдим.
Йиғлаётган тош достонини
Куйлаб туриб уйғониб кетдим.

Мен уйғоқман ўшандан буён,
Ухламайман ул тушни асраб;
Ухлатмагай мени ҳеч қачон
Тарихим деб аталган Ҳасрат!..

Тошкент, 1988

ҚИЗИЛ ШАЛОНЛАР
Қримтатарларсиз Қримга уят!..
Борис Чичибабин

Қримтатарларсиз Қримда, наҳот,
Наҳот мен дам олиб юрибман бугун?! —
Кўксимда юракмас бир тугун фарёд,
Бир тугун ғам олиб юрибман бугун…

Йигирма тўрт соат — «Ташлаб чиқилсин!»
Йигирма тўрт соат — «Бир умр зиндон!»
Йигирма тўрт соат — «Ушлаб, тиқилсин!»
Йигирма тўрт соат — яна бир қурбон;

Яна бир қурбонлик замонга бугун
Сталин суймаган қримтатардир, —
Жабҳада қон қусган ярадор учун
Бормаган шалонлар бунда қатордир.

Одатда ҳар пойиз дори дармонлар,
Қуролу емагу инсонни ташир
Ва лекин мана бу бадбахт шалонлар
Тоғлару денгизу осмонни ташир;

Шалонга босдилар — бутун халқ  банди!
Йигирма тўрт соат дўзахий комдир;
Шалонга босдилар Тарихни чандиб,
Йигирма тўрт соат — бари тамомдир:

Шалонда боради энди тиқилиб,
Ватансиз оломон қимир этмасдан.
Ҳаво йўқ — достонлар ўлар бўғилиб,
Эртаклар ўлади ҳаво етмасдан.

Ҳафталар тақиллар, ойлар тақиллар, —
Сталин болғаси ҳар бир ғилдирак.
Ҳар зарбдан ёрилар қақроқ  чаккалар,
Ҳар зарбдан синади эрксевар билак.

Шалонлар тўхтайди — бўялмиш қонга.
(Ахир уруш борар — етишмас бўёқ!
Темир из қандай мос темир замонга, —
Бир ёпиқ шалондир бутун Иттифоқ!)

Улардан жим тушар «халқ  душманлари», —
Хароб Америка ҳиндуларидан:
Бўронда қунишар «халқ душманлари»,
Қон томар зўриққан киндикларидан.

На бордир бошпана, на бир бурда нон,
Қизилқум бўрони, қумлар қуюни…
Ҳаммадан чақалоқ — «душман»га ёмон —
Ўлим қучиб олар бир зумда уни.

Тун бўйи мурдани тирик деб юрган
Бу она — «душман»га кафан берар ким?..
Беш ўғли Ватан деб урушга кирган
Бу ота — «душман»га Ватан берар ким?

Эшикни очтирмас қаҳрли замон,
Шам каби қотади бир-бир «душманлар»,
Ўлади гўзал қиз, иккиқат жувон,
Болакай — «душманлар», кампир — «душманлар».

Қолганлар яшагай келгинди бўлиб,
Бир умр қисиқдир елка ҳам, тил ҳам.
Бошини шахт тутиб, ўпкаси тўлиб
Нафас ололмайди ёт юртда сил ҳам.

Қримтатарларсиз Кримда, наҳот,
Наҳот мен дам олиб юрибман бугун?!
Кўксимда юракмас, бир тугун фарёд,
Бир тугун ғам олиб юрибман бугун:

Ҳаммадан даҳшатли сотқин деган ном,
Даҳшатли ёлғондир сиёсий ёлғон:
Неча йил билмасдан яшайсан мудом
Бутун халқбошига ёғдириб бўҳтон.

Бўҳтондан бебахтдир қабрлар ҳатто,
Уларни таталар итлар ириллаб.
Ҳақорат қилинган руҳлар мосуво,
Бузилган мозорни излар чириллаб…

Бугун ҳам даҳшатли қизил шалонлар
Миямни қоқ ёриб ўтади ғиз-ғиз! —
Бу қандай разолат?! Нечун, инсонлар,
Тўхтамас, тўхтамас даҳшатли пойиз?

Тугамас, тугамас неча ўн йиллаб
Ёвуз йил, Жаллод йил — Қирқ тўртинчи йил:
Кўзимнинг олдида ўлади миллат,
Кўзимнинг олдида ўла бошлар тил…

Кўктепали, 1988

01

Хуршид Даврон
«ҚОРАТОҒ ШЕЪРЛАРИ» ДАФТАРИДАН

ОНАЖОНИМ,ҚРИМ!

Мен қувғинман, ватанидан айро тушган,
Қаноти бор, осмонидан жудо қушман,
Олисдаги мунгли диёр сиғган тушман,
Онажоним,Қрим, сени бир бор кўрай!

Олислардан шивирлайсан: «Болагинам,
Айни баҳор чоғи сўлган лолагинам!»
Ай, кўзимдан тинмай оққан жолагинам,
Онажоним,Қрим, сени бир бор кўрай!

Осмон — баланд, замин — қаттиқ, Ватан — узоқ,
Оёғимда баттол ёғий қўйган тузоқ,
Ай, сен, кўзи хира тортган, сочлари оқ,
Онажоним,Қрим, сени бир бор кўрай!

Сени олис юлдузлардан сўрайинми,
Сени фақат рўёларда кўрайинми,
Лаҳатдаям сен томон юз бурайинми,
Онажоним,Қрим, сени бир бор кўрай!

Юрагимни тарк этмади наволаринг,
Ёдинг ила дардларимни даволадинг,
Юрагимни тарс ёрсин ҳаволаринг,
Онажоним,Қрим, сени бир бор кўрай!

Муҳаббатинг токи омон, енгилмасман,
Токи сен бор, душманларга эгилмасман,
Арғувонинг каби тикка, букилмасман,
Онажоним,Қрим, сени бир бор кўрай!

БУ ДАШТЛАРНИ КЎП БОР КЕЗГАНМАН…

Бу даштларни кезганман кўп бор,
Гоҳо ёлғиз, гоҳо дўст ила.091
Ҳар қадамда бўлганман абгор,
Юрак тўлган маҳзун ҳис ила.

Нураб ётган кулбалар аро
Бир соя йўқ, ўчоқлар сўнган,
Бунда ҳар хас ранги қоп-қаро,
Ҳатто тош ҳам тақдирга кўнган.

Кеча соя каби сурилар,
Ва у ҳушим чулғаган замон
Қулоғимга келиб урилар
Қувғин бола кулгуси шодон!

Ҳеч ким мени овутмас бунда,
Овутмасман ҳеч кимни мен ҳам.
Фақат оппоқ қоғозга тунда
Юрагимдан тўкилади ғам.

Гоҳ ҳайратдан кўтараман бош,
Айни субҳи азон палласи,
Ўша қора кулбалар ёқдан
Эшитилар она алласи.

Шеърларимга киради аста:
Чексиз дашту тоғ, денгиз, қуёш,
Қувғин бола исмин кўксида
Сақлаётган ёлғиз бужур тош

ҚРИМ ЭЛЕГИЯСИ

Қачон келдим? Нимага келдим?
Ё шеър излаб келдимми бунга?
Нега келиб бағримни тилдим,
Нега дардим сўйладим тунга?

Мунгли Қирим боғлари аро
Ўтар экан кунларим, нечун
Ўз-ўзидан тундек қоп-қаро
Ўйлар келиб таталар ичим?

Балки қувғин Овидий тунлар
Соғинганда мағрибга қараб.
Ўғилларин исмини такрор
Қилганими дардимга сабаб?

Тоғ устига тоғларни қўйиб
Ишқ ўтида куйдириб сийна,
Ошиқ Умар ғазаллари ё
Ҳасратимга бўлмиш баҳона?

Сабаб бошқа, чангдайин тўзиб
Ётган хира оқшом палласи
Бошим узра оҳиста сузиб
Ўтаётган булут галаси…

Улар сузар олис кунлардан,
Сузиб ўтар карвон ва карвон.
Сузиб борар, йиғламоқ учун –
Даштга эмас, денгизлар томон.

* * *

Шу тупроқда қайдадир пинҳон
Ошиқ Умар қабри бор…Бироқ,
Бу сирни ҳеч очгиси келмас
Душман келиб топтаган тупроқ.

Балки ётар Чатирдоғда у,
Қоратоғда балки у ётар.
Мен биламан,уни ҳар кўклам
Ҳар бир чечак,ҳар гиёҳ ёдлар.

Ёдлар уни кўкдаги ҳилол,
Арча исли шамоллар ёдлар.
Балки ётар Кўзлавида у,
Балки Боғчасаройда ётар.

Қирим,Қирим,эй мунгли маскан,
Қучоғингни кезарканман жим,
Ҳар қадамда Ошиқ Умарнинг
Шивирлашин эшитавердим.

Оч тўлқинлар гувлаган чоғда,
Боғчасарой вайронасида,
Ёнарқуртлар учган ҳар боғда
Ва денгизнинг нотинч сасида —

Қайда бўлмай,қаерда юрмай,
Дил ўксиди бамисли етим —
Ҳар қадамда Ошиқ Умарнинг
Шивирлашин эшитавердим.

Ўқий дея қабрида дуо
Сўроқладим,айтмади ҳеч ким.
«У шу ерда!» — деди далалар,
«У шу ерда!» — деди юрагим.

«У шу ерда!» — деди Кўзлави,
«У шу ерда!» — сўйлади Мисхор.
«У шу ерда!» — деди заминга
Етмай ҳали эриб кетган қор…

* * *

Азиз Қримнинг тоғларида
Ҳаво тоза, яйрадим дилдан
Ва кеч кузакнинг боғларида
Сайр этаман мен ўғлим билан.

Шовиллайди болутлар титраб,
Боғдан ўтган ирмоқча куйлар.
Гўё дилга азиз бу чорбоғ
Маним ила ўғлимни қутлар.

Сайр тугар,
Кулбага қайтган
Ўғлим боқар дарчадан ўйчан,
Қувғин бола исмин шивирлар
Қари дарахт боғнинг ичидан…

МАКСИМИЛИАН ВОЛОШИН

Қўлларидан ушлаб ўғлимни
Тоққа қараб ўрладим пешин,
Қўймоқ учун тонг гулларини
Мозорингга келдим, Волошин.

Юрагимни овутмоқ учун
Келганим йўқ сенинг қошингга,
Ё келмадим бағри тўла хун,
Кўзёш тўкмоқ учун тошингга.

Фақат шоир ҳурматин бажо
Айлай дея келдим мен бу он,
Агар тирик бўлсайдинг, балки,
Биз бўлардик дўсту-қадрдон.

Умр бўйи муҳаббат излаб,
Сен яшадинг қон юта-юта,
Энди тинчиб ухларсан бадбахт
Боболаринг топтаган юртда.

1986

07

Муҳаммад Юсуф
НЕГА ЙИҒЛАР ҚРИМТАТАР ДУНЁДА?

Бу бешафқат,
Бу беозор дунёда,
Бу шундай кенг,
Бу шундай тор дунёда,
Кимлар келиб,
Кимлар кетар дунёда,
Қўнғизнинг ҳам Ватани бор дунёда,
Нега йиғлар қримтатар дунёда?..

Ҳар йил баҳор уч кун яшар бойчечак,
Ариқларнинг бўйидаги мойчечак,
Ялпизнинг ҳам Ватани бор дунёда,
Нега йиғлар қримтатар дунёда?..

Толкосадай макони бор айронни,
Янтоқ асрар сайёдлардан жайронни,
Қамишзорда яйраб юрган қобонни —
Тўнғизни ҳам Ватани бор дунёда,
Нега йиғлар қримтатар дунёда?..

Тулкидайин тутқич бермас туллакни,
Тулки қувиб тутолмаган ўрдакни,
Ўрдак қўнган саҳродаги кўлмакни —
Ҳовузни ҳам Ватани бор дунёда,
Нега йиғлар қримтатар дунёда?..

Ким ёлғиздир?
Маскани йўқ эл ёлғиз.
Ўзга юртда ўсгани йўқ эл ёлғиз.
Эртакдаги ўттиз бошли
Ялмоғиз Ёвузни ҳам ватани бор дунёда,
Нега йиғлар қримтатар дунёда?..

Бу шундай кенг,
Бу шундай тор дунёда,
Бу бешафқат,
Бу беозор дунёда,
Дарвозаси йўк бир бозор дунёда,
Кимлар келиб, кимлар кетар дунёда,
Нега йиғлар кримтатар дунёда?!

surgun

     Bugun qardosh qirimtatar xalqining totalitar sovet tuzumi tomonidan o’z ona yurtidan surgun  qilinganiga 70 yil to’ladi. O’zbek she’riyatida qirimtatar surguni mavzusi nechog’li darajada aks etganini hali biron tadqiqotchi o’rgangani yo’q. Ammo, bu o’rganishga arzirli va ma’lum xulosalarga olib kelishi mumkin bo’lgan mavzudir. Bugun sizning e’tiboringizga ushbu mavzuning kichik bir manzarasini (uning manzarasi keng ekaniga ishongan holda)  taqdim etmoqdamiz.

O’ZBEK SHE’RIDA QRIM DARDI
SHE’RLAR
01

Quvg’unga uchragan qirimlilar mavzusi o’zbek adabiyotida Rauf Parfi ijodidan boshlanadi. Buning o’z sabablari bor. Birinchidan, shoirning yoshligi yurtidan haydalgan qirimlilar bilan birga o’tgan edi. R. Parfi bir suhbatida ulardan biri haqida shunday xotirlaydi: “Dadamning do’stlari ko’p edi. Bari eski jadidlar. O’lmay qolgan… Hammasi bilimdon, savodli odamlar. Dunyo miqyosida fikrlaydi. Adabiyot bilan shug’ullanadi. Ammo barchasining boshiga kulfat tushgan: zamon ularning qo’lini kesib tashlagan… Abdal aka degani bo’lardi. 1944 yil Qirimdan ko’chirilgan. U to’rt yoshimda menga o’ris harfini o’rgatgan. Bularning bari ongimga kuchli ta’sir qilgan. Endi bilsam, ko’nglimda vatan tuyg’usini shakllantirgan narsa shularning qismatlari va hikoyalari ekan”.
Rauf Parfining yurtidan haydalgan qirimlilar mavzusidagi so’nggi she’ri 1973 yilda yozilgan. Shundan keyin shoir bu mavzuga boshqa qaytmadi. Lekin o’zbek adabiyotida uning tomonidan boshlab berilgan ushbu mavzu davom ettirildi, an’ana paydo bo’ldi. Abdulla Sherning “Boqchasaroy balladasi”, “Qaysi asr, qay yilu oydan…”, “Dostondan so’ng”, “Qizil shalonlar”, “Qirimdagi ijod uyida”, “Ikki o’q” she’rlari, Xurshid Davronning “Qoratog’ daftari” turkumi (mana bu sahifada o’qing) va Usmon Qo’chqorning “Quvg’in” dostoni she’riyatimizning mana shu yo’nalishdagi yorqin namunalar hisoblanadi. (Olim Oltinbekning «Rauf Parfining «Qirim xayollari» turkumi» maqolasidan).

01

Rauf PARFI
«QIRIM XAYOLLARI» TURKUMIDAN

BOG’CHASAROY FONTANI

G’amli fontan, hali yig’laysan,
Hasratlarda bo’lmaysan ado.
Ehtimol, kimnidir yo’qlaysan,
Kimlardandir kutasan sado.

Necha-necha malak qoshingda
To’kib solgan qonli yoshini.
Sen yig’laysan balki o’shandan
G’amli fontan, egib boshingni.

Ko’ngil uchun axir kulmaysan,
Sen hamon yig’laysan bechora,
Ko’rganingni ayta bilmaysan,
Bir so’z ayta olsayding zora…

Shu zangori osmon ostida
Xayolotdek bepoyon olam,
Nuqta kabi olam ustida
Qrim degan bir mamlakat ham.

Qahrli, beshafqat garoylar…
O’zing guvoh, ko’z yoshing guvoh,
Kechdi asr. Yillar va oylar,
Nelar kechdi boshingdan, evoh.

Ko’kka yetdi sabr daraxti,
Yig’la, Qrim, yig’la, tangri ko’k.
Ne bo’lmoqda insonlar, ayting,
Qrim boru qrimliklar yo’q.

Ayting menga, qayda adolat,
Qayda, ayting, insoniy huquq.
Bu ne holdir, qandayin holat,
Qrim boru qrimliklar yo’q.

G’amli fontan, hali yig’laysan,
Hasratlarda bo’lmaysan ado.
Ehtimol, kimnidir yo’qlaysan,
Kimlardandir bo’lgansan judo.

HIJRAT

«…Hitler… Yalmog’iz Hitler,
Shoshiling… Shoshiling…»
Jo’nat-jo’nat,
Vokzal. Hijrat.
Vagonlarga ortildi xalq-,
Go’yo tonna-tonna go’sht,
Eshiklar yopildi taqa-taq,
Po’sht.
Poezd chopar,
Kunlar kechdi,
Kunlar zahar ichdi,
Qon kechdi.
Poezd chopar zulmatni yorib,
Go’daklar chirqillaydi,
chollar o’ltirar g’arib,
Ko’zlar to’la, vagon to’la qayg’ular.
Yo’llar,
Po’lat izlar ustida
hasrat ortgan, g’azab ortgan
poezd guvillar.
Qalashib yotibdi
O’tin yanglig’ olomon,
go’yo papiros qoldig’i,
tugun yanglig’ olomon.
Bolasini allalar juvon,
mitti qo’llar izlaydi mamma,
nima qilsin, munglug’ ayolning
ko’kragida suti yo’q, ammo.
Bolalar hayron,
Hayron, mash’um taqdirga,
o’layotgan go’dakka qarar,
o’layotgan kampirga.
Poezd — kimningdir bag’riga otilgan o’q,
Kunlar kechdi.
Kunlar zahar ichdi, qon kechdi.
Yo’q..! Yo’q!..
Tushirildi tonna-tonna go’sht,
Zimdan dedilarki ehtiyot bo’ling: Po’sht,
Nega bu haqorat! Nima gap!
Nega yirtilmas dahshatdan kirza etik kabi qalb.
Qani, ayt, xudo, ayt, dohiy,
Butun bir elatning nedir gunohi,
Nima bo’lmoqda axir,
shu go’zal tuproqda ham.
Bu temir odamlarni yoningga chaqir,
Haqiqat nomidan gapir,
Qalq, dohiy, qalq!
O’nta yovuz,
Yuzta sotqin bo’lmog’i mumkin.
Lekin sotqin bo’lmas butun xalq,
Kunlar kechdi,
Kunlar zahar ichdi, qon kechdi,
Zimdan dedilarki: Bular yomon.
Bular sotqin,
Bularni sevmangiz, o’ylab bering non,
Bu gapga inondimi ammo
Stalinga inonganday el.
44 yil.
Kunlar kechdi…

***

Sen uxlab yotibsan,
Shirin tushlar ko’rib,
Zarra-zarra tuproqlar — oltin,
Shirin tushlar.
Qirg’oqqa dengiz qalqir oldin,
So’ng nafasing qalqar.
Shu yorug’ dunyoga
Juda ham o’xshash olmalar,
Afsonalar aytar bulutlar
Musaffo.
Allalar aytmoqda boshingda
Ona — tuproq haqida havo.
Sen uxlab yotibsan
Yigirma bir yoshingda.
Huv,
Tosh devorli uyingni
Tanidingmi, ey shovvoz?
U yerda sen uch oy yashading,
Uch oy, xolos.
Shuni ham onangning qornida.
Otang seni ko’rmagan,
«Qora xat» olgan onang,
Otang jangda halok bo’lgan,
Vijdon bilan
Armon bilan, asabiy.
Nega cho’chiding?
Nega qo’rqib-qo’rqib olasan nafas,
Poezd g’ildiraklari vaznidek
Vazmin nafasing,
To’lg’onasan,
Go’yoki vizillab o’qlar uchmoqda.
Yumuq qo’zlaringni berkitding —
Go’yo uzoq yo’lda,
Qorong’u vagon ichra
Nafaslar o’chmoqda.
Sen tushunmaysan,
Sen to’rt oylik faqat,
to’rt oylik go’dak.
to’rt oylik odam.
Onang seni qiynaydi,
Erkin-erkin nafas olmoqqa
Qo’ymaydi.
Onang seni unutgan,
Yoshing sakkiz oyga yetganda,
Oyoqlari ichidan yulib
seni shu tuproqqa irg’itgan.
Onang jinni bo’lgan
vahshatdan,
nohaqliqdan jinni bo’lgan
mushtipar onang.
Sen uxlab yotibsan,
Boshing uzra uchmoqda, inon,
muborak taqdir.
Bir haykal.
Orzularing singari go’zal,
Qrim. Tanidingmi?
Ana, uzatmoqda qo’l,
Ol, azizim, ol,
Muqaddas Vataningni!
Sen bo’lsang uxlab yotibsan,
Uyg’on! Tushundingmi?!
Bas qil yigirma bir yilga
cho’zilgan bosiriq tushlaringni.

VATAN
H. Osmon o’g’liga

Butun insoniyat rizqi va haqqi
yo’lida jon talashdi vujudlar –
bu mening xalqim.
Biz ko’rgan qayg’u,
yo’qsillik,
benom kataklarda benishon o’ldirgan –
sillik…
Sirtmoq singari bo’g’zimni bo’g’ar
Yig’lagan yig’i!
Dunyo oldidagi shaffoflik,
Oftob desa, oftoblik bizniki,
Taqdirlarga
tahdid solg’uchi
tahlika –
ko’zi kur bir niyat – yovuzlik
bizniki emas,
muqaddas mamlakat.
Yovuzlikka toshlar,
xarsanglar ko’nishsin.
Hey, yo’q!..
Kindik qoni to’kilgan yerga
yurak qoni to’kilsin
odamning.
Hayajon misol qisqa,
hayajon misol uzun
Vatan deb nomlangan
ezgulik bizniki,
senikimiz biz esa
bag’riga omuxta
Vatanim!

HIJRATDA ONA ALLASI (1944)

Haydar Usmonga

Shakar qo’zim, tushlaring bo’lsin shirin,
Sen mening jonimsan, sen mening tanim.
Onangning ko’ksida qasos yashirin,
Yuragida o’q parchasi — Vatanim,
Nido qildim, nidolar qildim, alla,
Seni yo’qdan binolar qildim, alla.

Ona yurtni bosdi yovuz yildirim,
Maskanatga aylantirmish dorugir.
Garchi qon ichradir bargrezon yerim,
Ayri tushmak, bolam, mushkul, baribir,
Nido qildim, nidolar qildim, alla,
Seni yo’qdan binolar qildim, alla.

Qontalashgan ufqlarda nafarmon,
Botishini quyosh bilmay turadir.
Odam ortgan qator* borar sharq tomon,
G’ildiragi ko’shksim uzra yuradir.
Nido qildim, nidolar qildim, alla,
Seni yo’qdan binolar qildim, alla.

Qirg’oqlarga chopar, qaytar dolg’alar,
Muztarib osmon kabidir nolam.
Bog’larda qag’illar qora qarg’alar,
Bog’lar bulbulidan ayrildi, bolam.
Nido qildim, nidolar qildim, alla,
Seni yo’qdan binolar qildim, alla.

U yerda vizillab o’qlar uchadir,
O’qlar uchib yurmas bekordan-bekor.
Tirik joning, bolam, shaming o’chadir —
Yov uchun quyoshning o’chmog’i darkor.
Nido qildim, nidolar qildim, alla,
Seni yo’qdan binolar qildim, alla.

Balkim, afsonalar aytar bulutlar,
Turkular aytadir musaffo, tuyg’un.
Yiroq-yiroqlardan turnalar o’tar,
Hijron qo’shig’ini aytarlar bugun.
Nido qildim, nidolar qildim, alla,
Seni yo’qdan binolar qildim, alla.

Otang jangda. Otang seni ko’rmaydi,
Otang jangda, qoraxat olgan onang.
Otang kelib ahvolingni so’rmaydi,
Bu olamda bir o’zi qolgan onang.
Nido qildim, nidolar qildim, alla,
Seni yo’qdan binolar qildim, alla.

Armon-la yumgandir ko’zlarini, bas,
Jon berib dushmandan olgandir o’chin.
Nechun qalqib-qalqib olasan nafas,
Nechun qo’rqib ketding, to’lg’onding nechun?
Nido qildim, nidolar qildim, alla,
Seni yo’qdan binolar qildim, alla.

Shakar qo’zim, tushlaring bo’lsin shirin,
Sen mening jonimsan, sen mening tanim.
Onangning ko’ksida qasos yashirin,
Yuragida o’q parchasi — Vatanim,
Nido qildim, nidolar qildim, alla,
Seni yo’qdan binolar qildim, alla.

* qator — poezd, eshelon

099

Abdulla SHER
QIRIM SHE’RLARIDAN

BOQCHASAROY BALLADASI

Jomesida Boqchasaroyning
O’qilganda xufton namozi,
Haramidan Mengli Garoyning
Taralardi suluvlar rozi.

Xatcha begim, yo Gulnor bonu,
YO Gulsummi bu sas egasi?..
Bugun qani qahrli xon-u
Go’zallarning titragan sasi?

Bugun qani bazmi jamshidlar,
Shoirlarning madhu sanosi,
Uchqun sochgan olmos shamshirlar,
Zafarlarning nash`u namosi,

Bugun qani shavkatu chiroy?..
Yum-yum yig’lar faqat favvora…
«Boqchasaroy, oh Boqchasaroy!..» —
Mengli Garoy tentir dilpora.

Oqmarmardan har tun tomar so’z:
«Men asrlar favvorasiman,
Toshdan sizar ko’z yoshim hanuz,
Ikki jahon ovvorasiman!

Vaqt o’tar-u, soatim milsiz,
Meni bo’g’ar hanuz achchiq dud.
To qiyomat bu Qrim tilsiz,
Boqchasaroy fojeiy sukut!..»

Tinglaydi-yu, g’o’ldirab arvoh,
Qo’l silkiydi Onado’liga.
So’ngra bo’lib uzun oppoq oh,
Singib ketar Somon Yo’liga.

Chufutqal’a esa-chi, beun,
Fonus qilib olisdan oyni,
Qo’riqlaydi behuda har tun
Unut bo’lgan Boqchasaroyni.

Ko’ktepali, 1983

DOSTONDAN SO’NG
Ayder Osmanga

O’n yoshimda Pushkinni tanib,
Men shohona xayollar surdim.
Ot boshini, so’ngra, guvranib,
Boqchasaroy tomonga burdim.

Men tingladim hilol so’zini,
Maftun etdi yulduzlar kuyi.
Zaremaning shahlo ko’zini
Unutmadim, so’ng, umr bo’yi.

Bir tun Ko’zyosh favvorasiga
Angraygancha tushimda, evoh,
Garoylarning nog’orasiga
Tegib ketdi qalamim nogoh.

Bu zarbimdan uyg’ondi saroy,
So’liq chaynab, otlar kishnadi.
Peshvoz chiqib ul Qrim Garoy,
Og’angman deb ko’nglim xushladi.

Shoirlarki, ko’rdim — mastona,
Ul bazmda she’rlar aytdilar.
Boqchasaroy — sirli ostona,
Ostonani ko’rmay qaytdilar.

Bir men hatlab ul ostonani,
Dilor bikach ruhiga yetdim.
Yig’layotgan tosh dostonini
Kuylab turib uyg’onib ketdim.

Men uyg’oqman o’shandan buyon,
Uxlamayman ul tushni asrab;
Uxlatmagay meni hech qachon
Tarixim deb atalgan Hasrat!..

Toshkent, 1988

QIZIL SHALONLAR
Qrimtatarlarsiz Qrimga uyat!..
Boris Chichibabin

Qrimtatarlarsiz Qrimda, nahot,
Nahot men dam olib yuribman bugun?! —
Ko’ksimda yurakmas bir tugun faryod,
Bir tugun g’am olib yuribman bugun…

Yigirma to’rt soat — «Tashlab chiqilsin!»
Yigirma to’rt soat — «Bir umr zindon!»
Yigirma to’rt soat — «Ushlab, tiqilsin!»
Yigirma to’rt soat — yana bir qurbon;

Yana bir qurbonlik zamonga bugun
Stalin suymagan qrimtatardir, —
Jabhada qon qusgan yarador uchun
Bormagan shalonlar bunda qatordir.

Odatda har poyiz dori darmonlar,
Qurolu yemagu insonni tashir
Va lekin mana bu badbaxt shalonlar
Tog’laru dengizu osmonni tashir;

Shalonga bosdilar — butun xalq bandi!
Yigirma to’rt soat do’zaxiy komdir;
Shalonga bosdilar Tarixni chandib,
Yigirma to’rt soat — bari tamomdir:

Shalonda boradi endi tiqilib,
Vatansiz olomon qimir etmasdan.
Havo yo’q — dostonlar o’lar bo’g’ilib,
Ertaklar o’ladi havo yetmasdan.

Haftalar taqillar, oylar taqillar, —
Stalin bolg’asi har bir g’ildirak.
Har zarbdan yorilar qaqroq chakkalar,
Har zarbdan sinadi erksevar bilak.

Shalonlar to’xtaydi — bo’yalmish qonga.
(Axir urush borar — yetishmas bo’yoq!
Temir iz qanday mos temir zamonga, —
Bir yopiq shalondir butun Ittifoq!)

Ulardan jim tushar «xalq dushmanlari», —
Xarob Amerika hindularidan:
Bo’ronda qunishar «xalq dushmanlari»,
Qon tomar zo’riqqan kindiklaridan.

Na bordir boshpana, na bir burda non,
Qizilqum bo’roni, qumlar quyuni…
Hammadan chaqaloq — «dushman»ga yomon —
O’lim quchib olar bir zumda uni.

Tun bo’yi murdani tirik deb yurgan
Bu ona — «dushman»ga kafan berar kim?..
Besh o’g’li Vatan deb urushga kirgan
Bu ota — «dushman»ga Vatan berar kim?

Eshikni ochtirmas qahrli zamon,
Sham kabi qotadi bir-bir «dushmanlar»,
O’ladi go’zal qiz, ikkiqat juvon,
Bolakay — «dushmanlar», kampir — «dushmanlar».

Qolganlar yashagay kelgindi bo’lib,
Bir umr qisiqdir yelka ham, til ham.
Boshini shaxt tutib, o’pkasi to’lib
Nafas ololmaydi yot yurtda sil ham.

Qrimtatarlarsiz Krimda, nahot,
Nahot men dam olib yuribman bugun?!
Ko’ksimda yurakmas, bir tugun faryod,
Bir tugun g’am olib yuribman bugun:

Hammadan dahshatli sotqin degan nom,
Dahshatli yolg’ondir siyosiy yolg’on:
Necha yil bilmasdan yashaysan mudom
Butun xalqboshiga yog’dirib bo’hton.

Bo’htondan bebaxtdir qabrlar hatto,
Ularni tatalar itlar irillab.
Haqorat qilingan ruhlar mosuvo,
Buzilgan mozorni izlar chirillab…

Bugun ham dahshatli qizil shalonlar
Miyamni qoq yorib o’tadi g’iz-g’iz! —
Bu qanday razolat?! Nechun, insonlar,
To’xtamas, to’xtamas dahshatli poyiz?

Tugamas, tugamas necha o’n yillab
Yovuz yil, Jallod yil — Qirq to’rtinchi yil:
Ko’zimning oldida o’ladi millat,
Ko’zimning oldida o’la boshlar til…

Ko’ktepali, 1988

01

Xurshid Davron
«QORATOG’ SHE’RLARI» DAFTARIDAN

ONAJONIM,QRIM!

Men quvg’inman, vatanidan ayro tushgan,
Qanoti bor, osmonidan judo qushman,
Olisdagi mungli diyor sig’gan tushman,
Onajonim,Qrim, seni bir bor ko’ray!

Olislardan shivirlaysan: «Bolaginam,
Ayni bahor chog’i so’lgan lolaginam!»
Ay, ko’zimdan tinmay oqqan jolaginam,
Onajonim,Qrim, seni bir bor ko’ray!

Osmon — baland, zamin — qattiq, Vatan — uzoq,
Oyog’imda battol yog’iy qo’ygan tuzoq,
Ay, sen, ko’zi xira tortgan, sochlari oq,
Onajonim,Qrim, seni bir bor ko’ray!

Seni olis yulduzlardan so’rayinmi,
Seni faqat ro’yolarda ko’rayinmi,
Lahatdayam sen tomon yuz burayinmi,
Onajonim,Qrim, seni bir bor ko’ray!

Yuragimni tark etmadi navolaring,
Yoding ila dardlarimni davolading,
Yuragimni tars yorsin havolaring,
Onajonim,Qrim, seni bir bor ko’ray!

Muhabbating toki omon, yengilmasman,
Toki sen bor, dushmanlarga egilmasman,
Arg’uvoning kabi tikka, bukilmasman,
Onajonim,Qrim, seni bir bor ko’ray!

QRIM ELEGIYASI

Qachon keldim? Nimaga keldim?
YO she’r izlab keldimmi bunga?
Nega kelib bag’rimni tildim,
Nega dardim so’yladim tunga?

Mungli Qirim bog’lari aro
O’tar ekan kunlarim, nechun
O’z-o’zidan tundek qop-qaro
O’ylar kelib tatalar ichim?

Balki quvg’in Ovidiy tunlar
Sog’inganda mag’ribga qarab.
O’g’illarin ismini takror
Qilganimi dardimga sabab?

Tog’ ustiga tog’larni qo’yib
Ishq o’tida kuydirib siyna,
Oshiq Umar g’azallari yo
Hasratimga bo’lmish bahona?

Sabab boshqa, changdayin to’zib
Yotgan xira oqshom pallasi
Boshim uzra ohista suzib
O’tayotgan bulut galasi…

Ular suzar olis kunlardan,
Suzib o’tar karvon va karvon.
Suzib borar, yig’lamoq uchun –
Dashtga emas, dengizlar tomon.

* * *

Shu tuproqda qaydadir pinhon
Oshiq Umar qabri bor…Biroq,
Bu sirni hech ochgisi kelmas
Dushman kelib toptagan tuproq.

Balki yotar Chatirdog’da u,
Qoratog’da balki u yotar.
Men bilaman,uni har ko’klam
Har bir chechak,har giyoh yodlar.

Yodlar uni ko’kdagi hilol,
Archa isli shamollar yodlar.
Balki yotar Ko’zlavida u,
Balki Bog’chasaroyda yotar.

Qirim,Qirim,ey mungli maskan,
Quchog’ingni kezarkanman jim,
Har qadamda Oshiq Umarning
Shivirlashin eshitaverdim.

Och to’lqinlar guvlagan chog’da,
Bog’chasaroy vayronasida,
Yonarqurtlar uchgan har bog’da
Va dengizning notinch sasida —

Qayda bo’lmay,qaerda yurmay,
Dil o’ksidi bamisli yetim —
Har qadamda Oshiq Umarning
Shivirlashin eshitaverdim.

O’qiy deya qabrida duo
So’roqladim,aytmadi hech kim.
«U shu yerda!» — dedi dalalar,
«U shu yerda!» — dedi yuragim.

«U shu yerda!» — dedi Ko’zlavi,
«U shu yerda!» — so’yladi Misxor.
«U shu yerda!» — dedi zaminga
Yetmay hali erib ketgan qor…

BU DASHTLARNI KO’P BOR KEZGANMAN…

Bu dashtlarni kezganman ko’p bor,
Goho yolg’iz, goho do’st ila.
Har qadamda bo’lganman abgor,
Yurak to’lgan mahzun his ila.

Nurab yotgan kulbalar aro
Bir soya yo’q, o’choqlar so’ngan,
Bunda har xas rangi qop-qaro,
Hatto tosh ham taqdirga ko’ngan.

Kecha soya kabi surilar,
Va u hushim chulg’agan zamon
Qulog’imga kelib urilar
Quvg’in bola kulgusi shodon!

Hech kim meni ovutmas bunda,
Ovutmasman hech kimni men ham.
Faqat oppoq qog’ozga tunda
Yuragimdan to’kiladi g’am.

Goh hayratdan ko’taraman bosh,
Ayni subhi azon pallasi,
O’sha qora kulbalar yoqdan
Eshitilar ona allasi.

She’rlarimga kiradi asta:
Cheksiz dashtu tog’, dengiz, quyosh,
Quvg’in bola ismin ko’ksida
Saqlayotgan yolg’iz bujur tosh

* * *

Aziz Qrimning tog’larida
Havo toza, yayradim dildan
Va kech kuzakning bog’larida
Sayr etaman men o’g’lim bilan.

Shovillaydi bolutlar titrab,
Bog’dan o’tgan irmoqcha kuylar.
Go’yo dilga aziz bu chorbog’
Manim ila o’g’limni qutlar.

Sayr tugar,
Kulbaga qaytgan
O’g’lim boqar darchadan o’ychan,
Quvg’in bola ismin shivirlar
Qari daraxt bog’ning ichidan…

MAKSIMILIAN VOLOSHIN

Qo’llaridan ushlab o’g’limni
Toqqa qarab o’rladim peshin,
Qo’ymoq uchun tong gullarini
Mozoringga keldim, Voloshin.

Yuragimni ovutmoq uchun
Kelganim yo’q sening qoshingga,
YO kelmadim bag’ri to’la xun,
Ko’zyosh to’kmoq uchun toshingga.

Faqat shoir hurmatin bajo
Aylay deya keldim men bu on,
Agar tirik bo’lsayding, balki,
Biz bo’lardik do’stu-qadrdon.

Umr bo’yi muhabbat izlab,
Sen yashading qon yuta-yuta,
Endi tinchib uxlarsan badbaxt
Bobolaring toptagan yurtda.

1986

07

Muhammad Yusuf
NEGA YIG’LAR QRIMTATAR DUNYODA?

Bu beshafqat,
Bu beozor dunyoda,
Bu shunday keng,
Bu shunday tor dunyoda,
Kimlar kelib,
Kimlar ketar dunyoda,
Qo’ng’izning ham Vatani bor dunyoda,
Nega yig’lar qrimtatar dunyoda?..

Har yil bahor uch kun yashar boychechak,
Ariqlarning bo’yidagi moychechak,
Yalpizning ham Vatani bor dunyoda,
Nega yig’lar qrimtatar dunyoda?..

Tolkosaday makoni bor ayronni,
Yantoq asrar sayyodlardan jayronni,
Qamishzorda yayrab yurgan qobonni —
To’ng’izni ham Vatani bor dunyoda,
Nega yig’lar qrimtatar dunyoda?..

Tulkidayin tutqich bermas tullakni,
Tulki quvib tutolmagan o’rdakni,
O’rdak qo’ngan sahrodagi ko’lmakni —
Hovuzni ham Vatani bor dunyoda,
Nega yig’lar qrimtatar dunyoda?..

Kim yolg’izdir?
Maskani yo’q el yolg’iz.
O’zga yurtda o’sgani yo’q el yolg’iz.
Ertakdagi o’ttiz boshli
Yalmog’iz Yovuzni ham vatani bor dunyoda,
Nega yig’lar qrimtatar dunyoda?..

Bu shunday keng,
Bu shunday tor dunyoda,
Bu beshafqat,
Bu beozor dunyoda,
Darvozasi yo’k bir bozor dunyoda,
Kimlar kelib, kimlar ketar dunyoda,
Nega yig’lar krimtatar dunyoda?!

09

(Tashriflar: umumiy 800, bugungi 1)

3 izoh

  1. Biz, qirimtatarlar, bag`rikeng o`zbek halqidan benihoya minnatdor o`laroq, sizdan ko`rgan yahshiliklarni umrbod eslaymiz.

  2. Mustaqilligimiz va qardoshlik rishtalarimiz abadiy bo’lsin! Rahmat ustoz

Izoh qoldiring