Xurshid Davron. Amir Temur o‘g‘lining o‘limi haqida rivoyat (1990)

034    Инсоний комиллик ўтмишни англашдан бошланади. Чинакам маърифат эгаси олис мозийдан озуқа олади, истиқобол ва истиқлол неъмати ана шундай зиёли мақомидаги қалб ва шуур соҳибларига кўпроқ баҳра беради – Хуршид Давроннинг тарихий мавзудаги бадиалари мазмун-моҳиятини мазкур ҳақиқатлар ташкил этади. Жумладан, «Массагетлар маликаси ва форслар подшоҳи», «Босқинчилик қаҳрамонлик бўладими?», «Амир Темур ўғлининг ўлими ҳақида ривоят» бадиалари 80-йиллар охиридаги ўзбек тарихий маърифатномасида ҳодисага айланди (Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Тўғрилик тўнини кийгил…» мақоласидан. Уни мана бу саҳифада ўқинг).

Хуршид Даврон
АМИР ТЕМУР ЎҒЛИНИНГ ЎЛИМИ
ҲАҚИДА РИВОЯТ-ҚИССА

04

I

07ИШ билан баҳор жанги – аямажуз авжига чиққан паллада мен сизга Амир Темур ҳақидаги афсоналарнинг бирини ҳикоя қилиб бериш мақсадида қўлимга қалам олдим.

Бу афсонани тўқиганлар унга қандай ном берганларидан бехабарман, мен уни “Амир Темур ўғлининг ўлими” деб атадим. Уни менга бир дўстим гапириб берган эди, дўстимнинг айтишича, бу қадим афсонани у талабалар шаҳарчасида яшаган афғонлардан эшитган экан.

Афсонани ҳикоя қилиб беришдан аввал, икки нарса ҳақида бироз бўлса-да, тўхталиб ўтмоқчиман. Энг аввало, “афсона ўзи нима?”, деган саволга жавоб изламоқчиман. Одатимни канда қилмаган тарзда, ўзининг номукаммаллиги билан машҳур “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га қарайман. Мана, луғатнинг 1 жилд 63-бетидаги “Афсона” сўзига ёзилган изоҳ: “1. Авлоддан авлодга, оғиздан оғизга ўтиб келган фантастик, баъзан диний мазмундаги ҳикоя, ривоят, достон… 2. Кўчма: асоссиз гап, ёлғон-яшиқ уйдирма… 3. Кўчма: ақл бовар қилмайдиган, ақлга сиғмайдиган мислсиз нарса, иш”.
“«Афсонавий” сўзига оид изоҳ: “1. Афсона жанрига мансуб бўлган, фантастик. 2. Фақат афсоналарда мавжуд бўлган, одатда йўқ, хаёлий. 3. Кўчма: Уйдирма, тўқима. 4. Кўчма: Ақл бовар қилмайдиган, ақлга сиғмайдиган, мисли кўрилмаган, мислсиз».

Агар эътибор берган бўлсангиз, барча изоҳларга “уйдирма” сўзи асос қилиб олинган. Аслида, шундаймикан? Бир ўрис шоири “Афсона – бу ҳақиқатнинг синиқ парчаларидир” деб ёзган эди. Агар, “афсона” сўзига изоҳ беринг десалар, мен мана шу сўзни такрорлаган бўлардим. Зеро, ҳар қандай хаёлий ёки тўқима афсона ҳам аслида содир бўлгани аниқ, маълум бир тарихий шахс ҳаёти билан узвий боғлиқ бўлади. Бобил минорасининг қурилиши, Нуҳ тўфони ёки Самарқанддаги Шоҳизинда мозори билан боғлиқ афсона бўлсин, уларнинг ҳар бирининг асосида тарихий далил — ҳақиқат ётган бўлади. Шунинг учун ҳам жуда кўп қадимий битикларимиз қуйидаги жумла билан бошланган: “Бул ҳикоят агарчи афсона тусида эрса-да, ҳақиқатдан йироқ эмасдур”.

Инглиз адиби Честертон битганидек, афсона ҳар қандай далилдан ҳам тарихийроқдир. Далил ёлғиз бир одам ҳақида сўз юритса, ёки у одамлар қатнашган воқеа ҳақида маълумот берса, афсона юзлаб ва миллионлаб одамлар тақдири ҳақида, воқеани юзага чиқарган одамлар ҳақида ҳикоя қилади. Далил баъзан замон алмашиши билан ўз моҳиятини, ўз рангини ўзгартириши мумкин, аммо афсона абадий ўзгармас ҳақиқатдир. Тарих фақат халқ хотираси рамзи бўлмиш асотирлар (афсона ва ривоятлар) ёрдамидагина мозий моҳиятини, демак унинг юрагини кашф эта олади. Хотирасиз инсон юраги ҳам қуруқ ҳужжатлар йиғиндисидан фарқ қилмайди. Тарих вақт ҳақида эмас, вақт мобайнида яшаган инсон ҳақида ҳикоя қилмоғи зарур. Демак, у вақт ҳужжатларига эмас, инсон хотирасига суянгандагина ҳақиқатни очади. Инсон хотираси афсоналарга ҳамнафас бўлгандагина тирикдир. Фақат шундагина тарихий далил тирилади. Афсона билан ҳужжат (далил)нинг ўзаро боғланиши аслида инсон билан вақт боғланишидир. Тарих, деб ёзади Николай Бердяев, том маънодаги афсонадир…

Тўхталмоқчи бўлган иккинчи масала мен сизга сўзлаб бермоқчи бўлган ривоят Амир Темур ҳаётининг қайси тўхтамида бўлиб ўтган воқеалар билан боғлиқ бўлиши мумкин деган саволни ойдинлаштиришдир. Тарихий битикларнинг гувоҳлик беришича, Амир Темурнинг тўрт ўғли бўлиб, уларнинг исмлари: Жаҳонгир мирзо (1356-1376), Умаршайх мирзо (1356-1394), Амироншоҳ (Мироншоҳ) мирзо (1367-1408), Шоҳруҳ мирзо (1377-1447) бўлган. Яна шу нарса маълумки, улуғ Соҳибқирон тириклик пайтида, у олиб борган жангу жадалда унинг ёлғиз бир фарзанди – Умаршайх мирзо 1394 йилнинг қишида Шом уруши пайтида, Хармату қалъаси остонасида – тор бир дарада ўқ тегиб ҳалок бўлгани ҳақида тарихий далил бор. Тўнғич ўғли бўлмиш Жаҳонгир мирзо ўз ажали билан 20 ёшида оламдан ўтган. Амир Темур вафотидан сўнг уч йил ўтгач, 1408 йилнинг кўкламида унинг ўртанча ўғли Мироншоҳ мирзо Қора Юсуф туркман билан бўлган жангларнинг бирида, Табриз яқинида ўлдирилган.

Хўш, Амир Темур ўғлининг ўлими билан боғлиқ афсона қайси воқеалар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Агар уни Умаршайх мирзо ўлими билан боғлайдиган бўлсак, бу афсонани далили бўладиган воқеаларни Шом юриши баёнидан тополмадим. Ўйлашимча, бу афсонани афғонлар орасида мавжуд бўлиши боис, у Амир Темурнинг Ҳиндистонга қилган юриши давомида рўй берган воқеалардан туғилган бўлиши керак. Охир-оқибатда узоқ изланишдан сўнг “Темур тузуклари”да бу афсонага бевосита боғлиқ (бўлиши мумкин) маълумотларни топишга муваффақ бўлдим. Бироқ, уларни сўзлаб беришдан аввал мен Ҳиндистон юриши қандай бошланганини мухтасар бўлса-да, ҳикоя қилмоқчиман.

Ҳижрий саккиз юзинчи, мелодий 1398 йилнинг баҳорида Амир Темур янги боғи – Дилкушода мислсиз тантаналар билан Хизрхўжахоннинг қизи Тўкалхонимни ўз никоҳига қабул қилди. Тўй ўчоқларидаги кул совиб улгурмай, унинг амри билан Самарқанд ва Кеш оралиғида жойлашган Тахти Қорача давони оша ўтадиган йўлни тузатиш ва тоғ этагида яна бир ғаройиб бир боғ бунёд этиш ишлари бошланди. Соҳибқироннинг ўзи бўлса Кешга яқин бир ўлангда қурултой чақирди. Мақсади: Ҳиндистон юриши маслаҳатини ўртага солиш эди.

Салтанатнинг муҳим тадбирлари, бўлажак ҳарбий юришлар режалари муҳокама этиладиган қурултой Амир Темур давлатининг олий кенгаши эди. Шу билан бирга қурултой мамлакатнинг бош тантанаси бўлиб, Соҳибқирон қўли остида бирлашган ўлкаларни бошқариш билан банд амирзодалар ва бошқа давлати арконлар учун худди жанг майдони билан баравар, ҳатто ундан-да юқори турадиган ўзига хос синов майдони эди. Агар жанг майдонида диловарлик синалса, бу кенгашда фаросат ва тадбиркорлик синовдан ўтарди. Бу сабабдан бўлса керак, жанг майдонида қўрқув нималигини билмаган айрим амирлар ва амирзодалар қурултой чақирилганда саросимага тушиб қолишар, унда қайси бир тадбир ўртада муҳокама бўлишини билиш учун бор воситаларни ишга солардилар. Инчунин, жаҳонгир жанг майдонида қилич чопқилашдаги моҳирликни, қурултойда эса ўйлаб айтилган сўзни маъқул кўрар, ким аравани қуруқ олиб қочса, машваратдан қувиб чиқаришдан ҳам қайтмасди. Аммо бу галги қурултой қай мақсадда чақирилаётгани ҳеч кимга сир эмасди.

Ҳар галгидек қурултой кўпчилик учун қурилган улкан чодирда ўтди. Амир Темур одатдаги расм-русмлар адо этилиши билан, гапни чўзиб ўтирмай, Ҳиндистон юриши олдидан ўғиллари ва амирларнинг кўнгли, ўй-фикрларини билиш мақсадида уларни маслаҳатга чақирганини айтди. Туркий сулолаларнинг азалий тартиби ва мукаррам дастури шундай эдиким, катта оғалари ва хешлар ҳаёт экан, ҳеч ким улардан ўтиб салтанат тахтига қадам қўёлмасди. Мана шу боболар одатига биноан қурултойдаям ёши улуғ шаҳзодалар биринчи фикр билдириш ҳуқуқига эга эдилар. Шунинг учун ҳам даврада Соҳибқироннинг кенжа ўғли Шоҳруҳ мирзо ўтирган бўлса ҳам, биринчи сўзлаш ундан ёш жиҳатдан улуғ икки амирзода набира: Муҳаммад Султон билан Пирмуҳаммад Жаҳонгир ихтиёрида эди. Пирмуҳаммад Жаҳонгир бобосига бир қараб олди-да, унинг “Хўш” дегандек синчков тикилиб турганини кўриб гап бошлади:

— Олампаноҳ, Ҳиндистонни олмоқ ер юзида ўтган барча подшоларнинг орзуси бўлмиш. Агар ани забт этсак, анинг олтинлари ила етти иқлимни олажакмиз. Мен юришга тайёрдурмен.

Туғишган биродарининг гапидан кейин амирзода Муҳаммад Султон ҳам ўрнидан турди. У инисидан бир ёш улуғ бўлса-да, қотмадан келганлиги сабабли ундан анча ёш кўринар, буни билган амирзода кўпроқ овозига зўр берар, катталарга хос мулоҳаза истагида ҳар бир сўзга алоҳида урғу бериб гапириш лозим, деб ўйларди. Амир Темур оға-ини ўртасидаги баҳсни мароқ билан кузатар ва бевақт шаҳид бўлган ўғлига кўрсатолмаган меҳр-марҳаматини улардан аямасди.

— Олампаноҳ, — дея улуғворлик ила сўз бошлади Муҳаммад Султон, — иним Пирмуҳаммад Жаҳонгир айтгани ростдур. Ҳинд мулки бағоят бой юрт. Аммо, сиз берган сабоқ ҳамиша ёдимда. Яъниким ҳар бир ишни қилишдан аввал унинг амалини ўйлаш жоиздур. Китоблардан маълумдирким, Ҳиндистон йўли кўп машаққатлидур. Энг аввало, бир неча қор босиб ётган тоғлару кечиб ўтиш мушкул дарёлар, ундан кейин чеки йўқ ўрмону тўқайзорлар бордур. Иккиламчи, мақсадга етгунча бебош афғонлар билан жанг қилиш ҳам зарур бўлғай. Яна китобларда айтилмишким, Ҳиндистонда одамхўр филлар ҳам жуда кўп бўлармиш…

Амир Темур инисиннг мулоҳазаларини эшитган Пирмуҳаммад Жаҳонгир безовталана бошлаганини сезди. Аммо буни билдирмай, набирасининг мулоҳазаси қандай таклиф билан тугашини кутди. Қурултой расм-русми ҳар бир сўзни эътибор билан эшитиш лозимлигини талаб қиларди. Хўш, қани, тўнғич набираси нима демоқчи экан, шуни билсинчи? Аммо Муҳаммад Султон ҳам инисининг аҳволини сезган бўлса керак, одатига хилоф равишда шошиб сўзини якунлади:

— Бу мулоҳазаларим ила Ҳиндистон юришига пухта тайёргарлик кўриш лозим демоқчиман. Мен урушга шаймен. – У сўзини тугатиб, инисининг ёнидан жой оларкан, унинг юзидаги мамнуниятни сезиб, кўнгли жойига тушди.

Шундан сўнг соҳибқиронга қизидан туғилган набира бўлмиш амирзода Султон Ҳусайн навбат олди. Амир Темур қизи Оғабегим ва малика Туман оғонинг биродари амир Муҳаммад ибн Мусо фарзанди бўлмиш бу амирзода бағоят мард, аммо беоқибат бўлиб вояга етганини яхши билса-да, ҳар гал қизининг сўзини қайтаролмай, бу бадбахт йигитнинг гуноҳидан ўтиб келарди. Ўз ўғиллари ва уларнинг фарзандларига бағоят қаттиқ турган Сонибқирон бу ҳовлиқма амирзодани жазосиз қолдириб келаётганини ҳамма билар, аммо сабабидан бехабар эдилар. Наҳотки, қиздан туғилган набира ўғиллардан суюклироқ бўлса? Амир Темурнинг бу набирасига лоқайдлигини унинг қизига кўрсатган карами бўлмай, балки Султон Ҳусайннинг салтанат тахтига ўтиришга лойиқ бўлмаганлар тоифасига киришидан эди.

— Ҳазрат Соҳибқирон, — деди тантанавор оҳангда Султон Ҳусайн. – Агар биз Ҳиндистонни илгимизга кирита олсак, тўрт иқлимга – Туркистону Турон, Эрону Ҳиндга ҳукмрон бўлурмиз. Қолғон уч иқлим: Рум, Шом, Чинни эса олмоқ қийин эмасдур, албат олғаймиз.

Султон Ҳусайн санаб ўтган иқлимларни худди ўзи оладигандек, аллақандай ички кибр билан даврадагиларга кўз ташлаб, ўрнини эгаллади. Бобоси вафотидан сўнг мана шу кибр унинг бошига кўп ғавғолар солишидан у ҳали бехабар эди.

Амир Темур сўз навбатини олган кенжа ўғли Шоҳруҳ мирзога диққат билан тикилди. Бу фарзанди бошқа зурёдларига қараганда, китобга ўч чиқди. Унга китоб бўлса бас, қилич чопқилашни унутади. Аммо китобхонлигиданми, сўзи, мулоҳазалари пишиқ, ўзи ҳам кўпни кўрган қариядек босиқ эди. Айтадиганини пухталаб олмаса, оғиз очмасди.

— Падари бузрук, ҳазрати Соҳибқирон, — дея гап бошлади Шоҳруҳ мирзо шошмасдан. Унинг ҳатто гапираётган пайтидаям нималарнидир ўйлаётганини сезиб Амир Темурнинг ғаши келди. – Мен аждодларимиз бўлмиш туркларнинг қонунлари битилган китобларда ўқиган эдимки, жаҳонда бешта шон-шавкатли подшоҳ бўларкан. Ривоят қилғайларким, бу подшоҳларнинг улуғлигини алоҳида таъкидлаб, уларнинг номларини атамай, лақабларини олиб айтғонлар. Яъниким Ҳинд подшосини – рой, Рум подшосини – қайсар, Чуну Мочин подшосини — фағфур, Туркистон подшосини – ҳоқон, Эрону Турон подшосини – шаҳоншоҳ атайдилар. Биз ҳукм юргизган юрт ҳукмдори, яъниким шаҳоншоҳ ҳукми ҳамиша Ҳиндистон мамлакатларига жорий этилмиш. Токим Эронзамину Туронзамин бизнинг илкимизда экан, Ҳиндистонни ҳам ўзимизга тобе этмоғимиз жоиздур…

Амир Темур кенжа ўғлининг сўзларини тинглар экан, бир зум сўнгги пайтларда юрагини туну кун безовта қилган валиаҳд ташвишига берилди. Тўрт ўғлидан иккиси бевақт кўз юмди. Шоҳруҳ бунақа, Мироншоҳ бўлса, ўйламай иш қиладиганлар тоифасидан. Маст бўлиб, отдан йиқилиб калласи лат егандан буён унинг бетайин қилмишлари яна ошди. Суюкли келини Хонзодабегим яқинда эрининг зулмидан дод уриб, унга бош уриб келди. Мироншоҳнинг валиаҳд бўлиши мамлакатни вайрон бўлиши демакдир. Бунга эса асло йўл қўйиб бўлмайди. Нобакор ўғилни жазолашни кўнглига тугган соҳибқирон бу тадбирни Ҳиндистон юришидан кейинга қолдиришга мажбур эди.

Амир Темур секин Пирмуҳаммад Жаҳонгирга кўз қирини ташлади. Ҳа, бу набираси ҳавас қилгулик баҳодир бўлди. Ўзиям қуйиб қўйгандек бобосининг ўзи: қадди қомати барваста, елкадор, бошиям бобосиникидек, ҳумдек келади. Қоши-чи, қоши? Ариқ четидаги ажриқдек қалин, кўзлари қилич дамидек товланади. Феъл-атвориям, бобосиники, на ёғийдан, на ўлимдан қўрқади. “Ёпирай, — дерди баъзан камдан-кам ҳайратланадиган соҳибқирон. – Мени тириклигимда Аллоҳ таоло яна қайтадан яратдими?! Набирасининг ёлғиз бир хислати унга маъқул келмасди. Кўпчилик бошини қовуштиришни билмайди. Мардлик одамлар дилини мафтун этса, оқибатбардорлик, фаросат юракларни абадий банди этишини ҳали англамайди.

Амир Темур ўғли Шоҳруҳ мирзодан кейин ўз мулоҳазасини айтишга бирон бир амир шошилмаётганини кўриб, ҳушёр тортди. Сукут чўзилганидан тоқатсизланиб:
— Хўш, — деди у баланд овоз билан. Аммо амирлар жим ўтиравердилар. Соҳибқирон жаҳли чиқсаям, ичидагини юзига чиқармади. Индамай кутишни маъқул кўрди. Бу бахти чопгурлар унинг неча йилдан буён Ҳинд мулкини забт этиш ҳақида орзу қилишидан яхши хабардор. Наҳотки, билиб ҳам билмасликка олсалар, жим ўтиришни маъқул кўрсалар? У ўзининг деярли барча юришларида қатнашган, садоқатларини неча марта жангу жадалда намойиш этган амирларга бир-бир тикилар, амирлар эса унга бош кўтариб қарашга мажол тополмасдилар. Охири у амир Шоҳмаликка қаттиқ тикилиб тураверди. Унинг бу боқишини туйган амир секин бошини кўтаришга мажбур бўлди.
— Тақсиримнинг сўзлари йўқми? – деди соҳибқирон бўғиқ овоз билан.

Амир Шоҳмалик ўрнидан туришга мажбур бўлди. Амир Темур унга: “Ўтириб гапиравер” деб ишора қилгач, ўрнини эгаллади. Бироз тараддудланиб, кейин оҳиста арз қилди:
— Аълоҳазрат, сизнинг амрингиз биз учун вожибдур, ундан юз ўгириш тузингизни унутмоқдур. Биз бу тадбир хаёлини дилларимиздан, бамисли жавоҳир туйнукларидан ўтган ипдек шошилмай ўткардик, — у биз деганда амирлар Хожа Юсуф, Сарибуғо, Шайх Нуриддинларга ишора қилди. – Борингки, Ҳиндистонни олдик ҳам дейлик. Бироқ, ул мулкда турғун бўлиб қолсак наслимиз йўқолмагайму, авлодларимиз ўз аслидан айри тушмагайму, бегона юртда тилларини унутмагайму?..

— Тақсир, — деб амирнинг гапини бўлди Амир Темур хотиржам. – Биз ул мулкда узоқ қолишни ўйлаганимиз йўқ. Қолаверса, шуни ёдда тутингким, дилда эътиқод бутун бўлса, асло наслимиз йўқолмагай, тилимиз унутилмағай… Эътиқод сусайса, тил эмас, имон ҳам унутилғай…

У хотуржам гапирар, аммо қошининг йиғилиб туриши, кўзидаги ўтнинг янада кучлироқ товлана бошлаганини пайқаган амирлар Соҳибқирон ичида қандай кучли тўфон ўйнаётганини сезиб туришарди.
— Кўпчиликда шубҳа бўлса, йўлга чиқмаган маъқул. Шубҳа нафақат ақлни, у дилдаги ўтниям ўчиради. Келингиз, Тангри таолога мурожаат қилайлик. Ҳинд мулкига юриш борасида истихора этайлик – Амир Темур ёнида турган Қуръонни қўлига олди. – Тангри таоло нени буюрса, шунга амал қилғаймиз.

Даврадагилар ўша заҳот унинг таклифини маъқуллаб овоз бердилар. Соҳибқирон Қуръони каримни олдидаги шира устига қўйди, чуқур нафас олиб, бироз сукут сақлади-да, кўзини юмиб китобни очди. У аввал очилган саҳифадаги оятни ичида ўқиди, сўнг баланд овозда такрорлади:
— “Эй, Расулуллоҳ, кофирларга ва мунофиқларга қарши жаҳл қилғил”.

Амир Темур бир четда турган мавлоно Фахриддинга тикилди. Мавлоно дарров Соҳибқирон истагини уқди, оҳиста ўрнидан туриб оят мазмунини изоҳлаб берди. Амирлар мавлононинг изоҳини эшитгач, бошларини эгиб, жимиб қолдилар.
— Хўш, — деди Амир Темур.

Аммо бу гал ҳам амирлар ўз фикрларини айтишга шошилмадилар. Буни кўрган соҳибқирон жаҳлини яширолмади.
— Тақсирларим, нечун жимсиз? Ё Аллоҳ таоло ҳукми сизга ҳуш келмадими?.. Мен сизни салтанатим устунлари деб билдим, ҳамиша иззатингизни унутмадим. Сиз эса унутдингиз… Сабаби недир? Сиз билмасангиз, мен яхши билурман. Турган сув сасийди, юрган одам ёшаради. Агар сиз толиққан бўлсангиз, илгингизда мадор қолмоғон бўлса, лашкарни топширинг. Неча-неча бўз йигитлар бизгаям навбат етадиму, деб кутиб турғайлар. Оллоҳ гувоҳ, Ҳиндистонни сиз эмас, шул ўғлонлар албат забт этғайлар…

Соҳибқироннинг важоҳатини кўриб, айниқса, унинг сўнгги сўзларини эшитган амирлар бирин-кетин ўринларидан туриб авф тиладилар. Амир Темур уларнинг сўзини хотиржам эшитиб деди:
— Сиз ила не-не жангу жадалларда бўлдим. Сиз менга, мен эса сизга суяндим… Ҳар қанча юрагимни қон қилдингиз, авф этдим. Бутун борингғиз, эртагача ўйланғиз…

Эртаси давом этган қурултой аҳли бир овозда бўлажак юриш режасини маъқулладилар. Дили равшан тортган Амир Темур қўл кўтариб, зафару фатҳ фотиҳасини ўқиди.

Қурултойдан ярим ой ўтар-ўтмас, Соҳибқирон бошчилигидаги улкан қўшин Қашқадарё воҳасини тарк этиб, Термизга яқин ерда Жайҳундан кечиб, Хуросон ҳудудига ўтди.

У бутун ёз давомида Андароб деган жойда бўлди. Саккиз юзинчи йил зулҳижжа ойининг бошида – 1398 йилнинг августида Амир Темур Панжшир дарёси ёқалаб Қобулга қараб йўналди. Шу ерда унга бўлажак юришда омад тилаган Олтин Ўрда элчиларини қабул қилди. Элчилар бир неча муддат ўтиб қайтишга рухсат сўрагандан кейин, уларнинг карвонини қўриқлаш учун бир гуруҳ аскар ажратди. У бу ишни элчиларни ўйлаб эмас, шу карвон билан дорилмулкка қайтиш лозим топилган Сароймулкхоним билан Шоҳруҳ мирзонинг ўғли, тўрт яшар набираси Муҳаммад Тарағай хавфсизлигини таъминлаш учун қилган эди.

Бундан ўн етти йил аввал қўлга киритилган Хуросон мулкининг бу қисми ҳамиша нотинч бўлиб келган. Ҳиндистон юришини мақсад қилган Соҳибқирон шу сабабдан ҳам қўшин ортини мустаҳкамлаш ниятида Кобулни тарк этиб, Сулаймон тоғлари яқинида яшаган афғон қабилалари ва исёнкор қора кийимлилар – сиёҳпўшлар номи билан машҳур исёнчиларни тавбасига таянтириш, ўзининг кўнглини тинчлантириш билан машғул бўлди. Қолаверса, бу тадбир Ҳинд султонини чалғитишнинг йўли ҳам эди. Гўё ўзини Ҳиндистонни забт этиш учун эмас, мана шу бебош қабилаларни итоатга келтириш учун келган қилиб кўрсатмоқчи бўлди.

У вақт етиши билан ўттиз минг аскарга раҳбар бўлмиш амирзода Пирмуҳаммад Жаҳонгирга Сулаймон тоғини ошиб, Синд дарёсини тўхтамай кечиб ўтиб Мўлтон вилоятига, амирзода Муҳаммад Султон билан амирзода Рустам бошчилигидаги ўттиз минглик қўшинга эса Синд дарёси ёқалаб Кашмир тоғи этагидаги йўлдан юриб Лоҳур вилоятига юриш қилишга фармон берди. Ўзи бўлса қўшиннинг асосий қисми – ғул билан Бадахшон томонга йўналди ва тоғ ошиб Ҳиндистон сарҳадларига бостириб кирди. Ҳиндистон юриши ҳақида бошқа бир ҳикоямизда батафсил тўхталиш ниятимиз борлиги сабаб, биз асосий мақсадимиз – сизга сўзлаб бермоқчи афсонани келтириб чиқарган воқеаларга ўтишни маъқул кўрдик.

Амир Темур, юқорида айтганимиздек, қўшин ортини мустаҳкамлаш мақсадида афғон қабилалари томонидан вайрон этилган бир қатор қалъаларни қайта тиклатган ва уларда ўз одамларини қолдирган эди. Мана шу қалъаларнинг бири Ироб қалъаси эди. Пирмуҳаммад Жаҳонгир Мўлтонга юриши олдидан ўзига содиқлик сўзини айтган Лашкаршоҳ афғонни мана шу қалъанинг кутволи қилиб тайинлаганди. Амир Темур қўшини Ҳиндистонга қараб йўлга чиқишидан фойдаланган каркас деб аталган афғон қабиласининг бошлиғи Мусо афғон келиб қалъани қўлга киритди ва кутвол Лашкаршоҳ афғонни қатл этди. Ўлдирилган оғасининг қасосини тилаган Малик Муҳаммад Соҳибқирон ҳузурига бош уриб борди. Амир Темур узоқни кўзлаб иш тутди: гўё бечора инининг ўтинчига қулоқ солмаган бўлиб, уни қамаб қўйишни буюрди. Сўнг Мусо афғонга ҳузурига келишни талаб қилиб ёрлиқ юборди. Мусо афғон келган чопардан қон ўчи талаб қилиб борган Малик Муҳаммад қамоққа тушганини эшитиб , хотиржам тортди. Аммо Амир Темур қўшини қалъага қараб келаётганидан воқиф бўлгач, унга пешвоз чиқиб, қалъани пешкаш қилишни маъқул деб топди. Аммо у ўз аскарларидан бирига Амир Темур қалъага кириши билан ўқ узиб, уни ҳалок этишни буюрган эди. Аммо пасткаш ниятига этмади. Узилган ўқ хато кетди. Мусо афғон қилмишига яраша жазоланди, у қатл этилди.

Айнан мана шу воқеа йиллар ўтиб афсонага асос бўлганига шак-шубҳа йўқ. Лашкаршоҳ афғондан аввал қалъада Пирмуҳаммад Жаҳонгир тургани учунми, афсона Амир Темур ўғлининг ўлими ҳақида ҳикоя қилади. Набиранинг ўғилга айланиши эса фақат афсоналарда эмас, ҳатто тарихий китобларда учраб турадиган ҳолдир. Қолаверса, Пирмуҳаммад Жаҳонгир Амир Темурнинг кенжа ўғли Шоҳруҳ билан деярли тенгқур эди. Энди навбат афсонага..

II

09унёнинг тўрт тарафига кўз тиккан Соҳибқирон Амир Темур қўшини жангари афғон қабилалари билан бўлган оғир жангу жадалдан сўнг дарё ёқасида қўққайиб турган улкан қоя устидаги қалъани қўлга киритди. Қалъа жуда кичик, аммо баланд девор билан ўралгани учун ғоятда кучли истеҳком эди. Шунинг учун ҳам қалъанинг қўлга кириши қийин бўлди. Аниқроғи қийин бўлиши мумкин эди. Аммо кутилмаган хиёнат туфайли қалъа унинг қўлига жуда осон ўтди.

Хиёнат қалъа жийбахонаси бошлиғи томонидан бўлди. У дастлаб мактуб қатиб боғланган ёй ўқини Соҳибқирон аскарлари томон учириб, тун яримдан оғганда мағриб томондаги дарвозани очажагини хабар қилди. Мунший хатни унга ўқиб берар экан, Соҳибқирон ҳали афтини кўрмаган жийбахоначидан қаттиқ нафратланди. ”Кўрнамак”, — деб ўйлади у мунший хиргоҳдан чиқиб кетгач. У узоқ ўйлади. Ҳукмдорлари берган туз ҳақини унутиб, вафодорлик ва садоқатни бир чеккага йиғиштириб, унинг олдига не-не одамлар бош уриб келмаган. Лекин у ҳар сафар бу хоинларни лаънатлаган. Туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, хизмат вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб унинг қошига келган ҳар бир юзсизни ўзига ва салтанатига энг ёмон душман деб билган. Улар ўз соҳибига вафодорлик қилмагач, унга қилармиди?

Аммо Соҳибқирон хиёнатдан фойдаланишдан юз ўгирмас, ундан усталик билан фойдаланарди. Ахир, қай бир саркарда ўз жангчиларининг бекордан-бекор қурбон бўлишидан сақлайдиган йўлдан фойдаланишни истамайди. Хиёнат инсон юрагини қурт каби кемирган фасоддан, мамлакатда лоқайдлик туфайли юзага чиққан парокандалигу таназзулдан туғилишини у яхши биларди. Шу сабабдан ҳам муттасил ҳар бир сипоҳий, ҳар бир қўшин бошлиғи, ҳар бир амир боши устида унинг қаҳри айланиб туриши зарурлигини унутмас, уларни умид ва қўрқув ўртасида тутишни лозим кўрарди.

Агар жийбахоначи хиёнатга юз тутган экан, ундан фойдаланмоғи савобдир, инчунин уни бу ҳаром йўлдан қайтаришнинг иложи йўқ. Иложи – ўлим.

Қалъа тонгга яқин ғарбий дарвозанинг кутилмаганда очилиши туфайли унинг қўлига ўтгач, қарорини фармонга айлантириб, қалъа қутволи билан жийбахона бошлиғини ўлимга буюрди.
Бир-икки кун лашкарга дам бериб бўлгач, соҳибқирон қалъада ўғли бошлиқ қўшинни қолдириб, бошқа шаҳру қалъаларни забт этиш қасдида шитоб билан отланиб, йўлга тушди.

Йўлга тушган қўшиндаги аскарларнинг сон-саноғи йўқ эди. Уларнинг отлари минг фарсангдан ортиқ йўл боссаям ҳали толиқмаган ва шамолдек учқур, қиличлари олмосдай ўткир, юракларига қўрқув тушмаган эди. Қўшин шундай шиддат билан борардики, худди саратон маҳали қамишзорга тушган ўтдек тўхтовсиз эди. Бошларидаги симобий дубулғалар кун тиғида ялт-юлт товланар экан, ўша замонда яшаган муаррих таърифлагандек, “қўшин кежим, зирҳ ва жавшанлар кўплигидан бамисоли темир тоғи каби эди, гўё темир тоғи эриб, дарё бўлиб оқуб борар, бу қоим юз минг коинотни ютиб юборадиган улкан наҳангдек жилвагар эди”.

Бу қўшин ўтган йўллар чанги ҳафталар давомида босилмасдек, бу темир оқим тўхтаб ҳордиқ олган ям-яшил ўланглар гўё қайта ўт унмасдек таассурот қолдирарди. Гўё ўт униши учун ёмғир ойлар давомида отлар туёғидан эзилиб ўлган тупроқни юмшатиши, қуёш йиллар мобайнида бу тақир майдонларга ўз меҳрини тинмай сочмоғи керак эди. Олис тоғлар қоялари устида пода ўтлатиб юрган афғон чўпонлари биёбон ўртасида тўсатдан пайдо бўлган симобранг дарёни кўриб, Аллоҳ таолонинг иродасидан ҳайратланиб, тасаннолар айтишарди.

Мана шу улкан қўшин тўхтаб Синд дарёси соҳилида ҳордиқ олаётган пайтда Амир Темурга куни-кеча забт этилган қалъадан чопар келганини айтдилар. “Кирсин!” – деди Соҳибқирон дарёдан урилган салқин шабададан оҳиста тебраниб турган хиргоҳ пардаларига тикилганича. Амир Темур югуриб ичкарига кирган чопарни таниди. У шаҳзода ўғли хизматида юрган уйўғлонларнинг бири эди. Уйўғлон кира солиб, тизза чўкиб ва бошини эгиб, синиқ овоз билан сўзлади:
— Онҳазрат, шум хабар келтирганим учун бошимни олинг.

Унинг бу сўзини эшитган Амир Темурнинг бир мўйи ҳам қимирламади. У ҳузурига кирган сонсиз чопарлардан бу сўзни неча марта эшитган, санаса, саноқдан адашмоғи мумкин. Кўпинча бу сўз билан бошланган хабарлар унинг қулоғига етишга ҳам арзимас бир гап бўлиб чиқар, Соҳибқирон одамларнинг ваҳимага ўчлигидан ҳайрон қоларди. Бирдан ўйига: “Наҳотки, ўғлимга бир гап бўлган бўлса?” деган гап келди-да, сергак тортди.

— Сенинг жонинг Аллоҳники, олдин сўйла, агар Аллоҳ олдида жавобгар бўлсанг, бошинг шаксиз кесилғай. Агар менга нисбатан айбли бўлсанг, ҳукмни машойихлар айтурлар…
— Аввал бир қошиқ қонимдан кечинг, онҳазрат, — деди уйўғлон сапчадек кичик бошини кўтармай.
Амир Темурнинг ғазаби қайнади. “Нима бало, бу сакбачча, менинг иродамни синамоқчими?”

Бирдан дарёдан эсган шабада юзига урилди-ю, Аллоҳнинг бу неъматидан яна кўнглига хотиржамлик чўкди.
— Кечдим, гапир, — деди ҳорғин товуш билан Соҳибқирон.

Чопар ортиқ пайсаласа, айтадиган гапи ўзи билан рихлатга кетишини англади-ю, бошини сал кўтарди. Шунда ҳам ҳукмдорнинг юзига қарашга журъат қилолмай, гап бошлади:
— Улуғ Соҳибқирон, сиз қалъани тарк этгандан сўнг лаънати ёғийлар ногаҳон уни қамал айладилар. Неча кун жанг бўлди. Аммо кучимиз озлик, заҳирамиз носозлик қилиб мағлуб бўлдик. Ёғийлар қалъага биз билмагам яширин ер ости йўлдан кириб олди. Қалъанинг қўлдан кетмоғи аён бўлгач, бемонанд шаҳзода мени сизнинг ҳузурингизга жўнатди. Неча ўлимдан қолиб, минг ғавғо билан қалъадан чиқишга муваффақ бўлдим.

— Ўғлимга нима бўлди, у тирикми? – деб секин сўради Амир Темур. Унинг овозидаги совуқдан чопарнинг этлари жимирлаб кетди. Сўнгра зўрға овоз чиқарди:
— Билмайман, олампаноҳ, билмайман – унинг жағлари титрарди, — Мен қалъадан чиқиш саъй-ҳаракатини қилаётганимда, жанг жийбахона олдида бораётган, шаҳзода жангнинг ўртасида эди.

Амир Темурнинг ичига ўт тушгандек бўлди. Секин атрофида турган ичкарилару номбардорларга разм солди. Бирор бир кўз очиқдан-очиқ унга тикилиб турганини кўрмади. Аммо, ҳамманинг юзида ташвиш аломати зоҳир эди. У бир дам ўйга ботиб турди-да, секин пичирлади:
— Ҳозирнинг ўзидаёқ қўшин йўлга отлансин. Ёғийлар муносиб жазолонсунлар. Ўғлим тирикми, ўликми топилсин.

Назарида фармонини қўшинга етказишга жавобгар товачи суст ҳаракат қилаётгандек туюлди. Бир ҳаракат билан ўрнидан ирғиб турди-ю, ғазаб билан бақирди:
— Бўғозмисан, энағар. Агар яна пайсалласанг қорнингни ёриб, қонингни оқизғаним бўлсин.
Пак-пакана, қориндор товачи хиргоҳдан ўқдай отилиб чиқди. “Худо бир асради, худо бир асради!” деган ўй чопиб бораётган товачининг миясини кемирарди.

Дам ўтмай темир тоғ яна эриб, улкан оқимга айланди ва кечагина ўтилган, ҳали чанг-тўзони босилмаган йўллардан илондек буралиб оқа бошлади. Энди бу қўшиннинг шиддати яна ҳам жадал , навкарлар дилида қасос ўти ёнар, отлар қамчи зарбидан аламзада йўртиб борар эдилар. Темир оқим бир неча кундан сўнг душман қўлига ўтган қалъани уч томондан ўраб олди. Тўртинчи томонда эса юксак қорли тоғлардан тушиб ҳали қўлга ўргатилмаган беасов тойдек ҳаприқиб, гувиллаб улкан дарё оқиб турарди. Агар ўша тоғлар томонда пода ўтлатиб юрган ўша афғон чўпони ҳозир қалъа томонга кўз ташлай олганида эди, улкан биёбон қаърида туғилган номаълум симобранг дарё улкан қояга – қалъага урилиб иккига бўлиниб асрлар давомида оқиб турган ўзларига таниш дарёга қўшилаётганига кўзлари тушарди. Агар улар эртаси ҳам ўша томонга қараганларида эди, кечаги бирдан пайдо бўлган симобранг дарё йўқлигини, улкан қоя атрофида эса улкан қўл пайдо бўлиб қолганини кўрган бўлардилар. Бу кўл кечаси олов комига айланиб, ундан таралган ёғду юксак тоғларнинг қорли чўққиларига урилиб, уларни нимқизил рангга бўялди. Бу қалъадан йироқ-йироқлардаги қишлоқлар олислардан келаётган ер зириллашига ваҳима билан қулоқ солар, аллақандай номаълум, шу сабабдан қўрқинчли ҳалокатлардан дарак берувчи ғаройиб манзарага – юксак тоғ чўққиларининг қори алвон рангга бўялиб товланишини кўриб даҳшатга тушарди.

Энг қўрқинчлиси, номаълумлик эди. Номаълумлик уларни ўзлари асрлар давомида яшаган масканларини, молу мулкларини ташлаб ғарқ пишиб ётган тутлар ҳиди анқиб турган чорбоғлар оралаб ўтган йўллар орқали бу ваҳимадан бехабар ва алдамчи фароғат оғушида ухлаётган ўлкаларга кетишга, бу номаълумликдан ёш келинчакларнинг кўксида сути қуриб, ҳали киндик яраси битмаган чақалоқлар йиғиси оталарни ярим кечалари туриб олисда тобора қизилашиб товланаётган тоғларга нотинчлик билан узоқ боқишга мажбур қиларди. Ер зириллаши тўхтагани билан уларнинг юрагидаги зириллаш баттар авж оларди. Улар ўша туни билан нимқизил рангда товланган тоғлар томондан бирор бир хабар келармикан дея илонизли йўлларга интиқ боқиб кутишар; аммо номоз пайтидаги кентлар кўчасидек бу қадимий йўлларда бирор кишининг қораси кўринмасди. Номаълумлик томонга қараб бориб, у ёқдан бирор гап олиб келишга ҳеч ким журъат қилолмасди. Ундан кўра улар кенг даштда душман лашкари билан юзма-юз туриб жанг қилишга рози эдилар. Аммо душман ўша номаълум томонда эди.

Ўша номаълумлик тарафда, кечалари нимқизил рангда товланган тоғлар томондан оқиб тушган дарё ёқасидаги қалъани Амир Темур қўшини исканжага олган эди. Соҳибқирон қалъанинг шарқий дарвозаси рўпарасида саркоб тиклашни буюрди. У қалъага таслим бўлишни талаб қилиб нишон жўнатмади. У саркўб тикланишини ва шарқ томондан оқиб келаётган темир оқимни мана шу саркўб пойида йиғилишини ҳам кутиб ўтирмади. Ўртада беомон жанг бошланди. Амир Темур ҳам Яратганнинг бир бандаси каби, олисдаги қишлоқларда яшаган фуқароларга ўхшаб номаълумликдан қўрқарди. Аммо у номаълумлик қаршисида қўл қовуштириб ўтиришни ёқтирмасди. У ҳар қандай жумбоқ ечилгандан кейингина юрагида фароғат топажагини яхши билар; бу жумбоқ, бу номаълумлик – фарзанднинг қисмати уни қийнаган сайин, у мана шу номаълумликни йўқ этувчи қуроли – қўшинларини жангга солди. Кўзларида ҳам қасос олови, ҳам ўғил ташвиши баравар акс этган Амир Темур тундаям аскарларига дам бермади. Ҳар ер-ҳар ерда ёқиб қўйилган гулханлар ёруғида қалъанинг тўрт дарвозаси ёнида беомон жанг давом этди. Юган-сувлоқларини чайнаб, оғзи кўпикланган безовта отларнинг қўрқинчли кишнаши, курагига ботган ёй ўқи оғриғидан дунёни бузиб бақираётган жангчилар, палахмонлар отган тошлар гурсиллаб деворларга, дарвозаларга урилишидан таралган бўғиқ товушлар, гуруҳ-гуруҳ жангчилар гоҳ олдинга, гоҳ орқага чопганларида зилзила пайтидагидек ернинг силкинишлари орасида аллақачонлар тикланган саркўб устидаги хиргоҳ ёнида турган Соҳибқироннинг: «Босинг! Босинг!» деган ҳайқириғи!..

Жанг авжига чиққан ярим тунда тиним билмай йўл босиб, кела солиб жанг бошлаган ҳукмдор кўзининг бир зумгагина юмилганини билмай қолди. Шу бир зум ичида у туш кўрди.

Осмону фалакдан қуюлган кумуш шуъла оғушида бир аёл беланчак тебретарди. Беланчак иплари қаерга осилгани билинмасди. У аёлни таниди – у Тегина Моҳимбегим, онаси эди. Аммо бешикда ўғли ётарди… “Ота – деди ўғли жилмайиб, — Ота…” Бирдан ўғлининг қичқириғини эшитди: “Онажон!…”

У бирдан уйғониб кетди-ю, саркўб пойида ётган ярадор жангчилардан бирининг бўғзидан чиққан ўлим олди ноласи уни уйғотиб юборганини билмади. “Ўғлим!” – шивирлади бирдан дили ёниб ўзидан-ўзи. Соҳибқирон кўзидан оқиб чиққан бир томчи ёшда гулхан ёруғи акс этгандек бўлди. У ўша заҳоти кўзларини енги билан артиб, ҳеч ким сезмадими, дегандек атрофига назар ташлади. Ҳамманинг хаёли жанг майдонида эди. Фақат унинг ҳамма юришларида қатнашган қари мунажжим осмонга безовта тикиларди. Қария Соҳибқироннинг ўзига тикилганини сезиб, ўгирилди. Амир Темур мунажжимни ёнига чорлаб, безовталиги сабабини суриштирмоқчи бўлди. Аммо хаёли бўлинди. Аскарлари саркўб қаршисидаги дарвозага ўт қўйган эдилар. Қорамой сепилган улкан нақшкор дарвоза ўтга маҳтал тургандек ловиллаб ёна бошлаганди. Олов пастдан тепага жадал ўрлаб, дарвоза устунларига урилиб тобора баланд ловилларди.

Тўсатдан ҳаво бузилиб, кучли шамол қўзғалди, осмондан бир-икки томчи томгандек бўлди. Шуни ўзи кифоя бўлди-ю, гулханлар ўчди, ёнаётган дарвоза ҳам омон қолди. Бироқ, бу жанг шиддатини сусайтирмади, муҳосара кучайгандан кучаяр, ҳар икки томон бир-бирини аяшни хаёлига ҳам келтирмасди.

Жанг авжига чиққан сайин Амир Темурнинг ғазаби кучаяр, атрофида турган номбардорлар соҳиби тахтнинг қаҳрини кўриб, нафасларини ичларига ютган ҳолда сукут сақлашарди. Фақат қалъа тарафдан келаётган сурон бу сукутни эшитишга йўл қўймасди. Темир оқим қалъа деворларига бўрон пайтида қутурган денгиз тўлқинларидек бориб урилар – сада кетидан ҳазора, ҳазора кетидан туман келарди. Манжаниқлару аррадалар қалъа деворларини бузиш учун тинмай ишлар, чўмоқлару харбаларнинг бир-бирига урилгандаги жаранглари тўхтамасди.

Тонг яқинлашиб, атроф ёриша бошлаган ғира-шираликда Амир Темур амри билан ясовулбоши қодирандозларни ишга солди, уларнинг ёйдан бехато ўқ узишлари туфайли шаҳрбанд устидагилар тутдек тўкилди.

Охири сабри тугаган Соҳибқирон хиргоҳ айвонидаги ўрнини тарк этиб, бу ҳолдан ваҳима тушган хос навкарлар ўровида пастга – қалъага яқинроқ боришга, бу билан аскарлари руҳини кўтаришга қарор қилди. У шиддат билан саркўбдан тушиб бораркан, заҳира ортилган аравалардан бирининг ёнида ўчиб қолган, аммо дарё томондан эсаётган салқин шамолдан қип-қизариб товланган гулхан чўғларига қўлларини тоблаб, исиниб турган бир чолга кўзи тушди. У чолни сезмай ўтиши мумкин эди. Аммо шунча шовқин-сурон орасида чолнинг минғирлаб куйлаган қўшиғи нохосдан унинг диққатини тортди:

Вой, ўғлима, вой ўғлим,
Йигитларнинг нобуди.
Кўтарилмай қолди-я,
Ўғилгинам тобути.

Маймананинг йигити,
Оёғида бор-бути.
Қўлдан қўлга ўтмади
Ўғилгинам тобути.

Қора ерда ётарсан,
Кимса билмас аслингни,
Дўстларингни хор этдинг,
Ким олади қасдингни.

Вой, ўғлима, вой, ўғлим,
Йигитларнинг нобуди.
Қўлдан-қўлга ўтмади
Ўғилгинам тобути…

Амир Темур чолни таниди. У қалъани ўша илк маротиба илгига олганда, ўз соҳиби, ўз сафдошларига хиёнат қилганлиги туфайли ўлимга буюрилган қалъа жийбахонаси бошлиғининг отаси эди.

III

093шандаям жанг жуда даҳшатли кечган бўлса-да, бугунгичалик бўлмаганди. Унда мухолифлар ўзаро илк марта тўқнашаётганлари учун ҳали бир-бирларидан қўрқишмас, дилларда фақат: «Кимнинг қўли баланд келаркан?» деган ҳадик бор эди, холос. Аммо қиличлар бир-бирига урилган илк дафъадаёқ бу ҳадик ўртадан йўқолиб, унинг ўрнини ёғийга нисбатан ғазаб ва нафрат эгаллаган эди. Тонгга яқин бошланган жанг кечгача давом этган ва эртаси куни қуёш энди қизариб чиқа бошлаган маҳалда чол ўғли – жийбахона бошлиғи хиёнати туфайли Турон ҳукмдорининг ғалабаси билан тугаган эди. Аммо ғалаба унга татимади. Юборилган нишонидаги талабига бўйсуниш ўрнига қаршилик кўрсатган қалъа кутволи билан унга қалъа дарвозасини очиб берган жийбахона бошлиғини қатл эттирди. Енгилган қўшин аскарларини эса қатл майдонига олиб келиб, ўз бошлиқларининг шармандали ўлимини кўришга мажбур этди. Қатлдан сўнг асирларни қўйиб юборди.

Қатл олдидан асир аскарлар турган томондан дод-фарёд эшитилди. Амир Темур сукунатни бузган бу ёқимсиз бақир-чақирни эшитиб, “Нима гап?” дегандек қурчилар — хос навкарлари бошлиғига ўқрайди. Ҳукмдорнинг норозилигини пайқаган қурчибоши, девдек келбатига ярашмаган чаққонлик билан пастга отилди. Унинг шундай оғир гавдаси билан чаққон ҳаракати ўртасида боғлиқлик тополмаган ҳукмдор шовқин чиққан томонга тикилди. У мағлуб ёғий аскарлари ичидан қурчилар судраб олиб чиққан чолни кўрди. Чол икки қўлини омбирдек қисиб, майдон четига судраган қурчиларга дастлаб қаршилик кўрсатишга уринди-ю, аммо дам ўтмай, нафаси ўчиб, қўл-оёғи мажолсиз шалвираб тушди.

“У ким?” — деб сўради Амир Темур қурчилар бошлиғи қайтиб, ўз ўрнини эгаллагач. “Жийбахона бошлиғининг отаси экан”, — деди қўрчибоши. Соҳибқирон биринчи марта қон шимавериб алвон тус олган кунда олдида қўли боғлиқ турган, қалъани хиёнат туфайли унга олиб берган жийбахона бошлиғига тикилди. У ўғли тенги йигит эди.

Худди ўша лаҳза товачининг ишораси билан қатл бошланганидан хабар бериб ноғораларнинг гумбир-гумбири бошланди. Майдон ўртасидаги кунда қўйилган супада қўққайиб турган жаллод қиблага қараб тиловат қилди. Ботаётган қуёшда унинг юзи қип-қизил тусда товланарди. Тиловатни тугатган жаллод ўрнидан турди ва кундага биринчи бўлиб кутвол бошини қўйди. Аммо кутвол бошини кундадан олиб, яна қад тиклашга уринди. Муштумининг зарби билан буқани ўлдиришга қодир забардаст жаллод бир силташ билан яна унинг гавдасини букиб бошини кундага қўйди, сўнг юксакдаги хиргоҳ пешайвонидаги тахтда ичкилару номбардорлар қуршовида турган ҳукмдорга тикилди. Аниқроғи, тикилгандек бўлди, зеро жаллод бошини кўтарди-ю, ўз соҳибига тик боқишга журъат қилолмади. Унинг қўлидаги ойболта ҳали қонга бўялмаган, аммо ғуруб шуъласи тушиб қип-қизариб товланарди.

Энди буёғи фақат Соҳибқироннинг иродасига, унинг ғазаби ёки раҳм-шафқатига боғлиқ эди. Аммо дунёнинг тўрт тарафининг зир-зир титратган, Ғарбу Шарқ ҳукмдорларига ўзининг марҳаматини аямай, уларни фарзанди қаторига қўйиб, «ўғилларим» деб мурожаат қилишга кўниккан жаҳонгир бу лаҳза нималар ҳақида ўйлаётганини ҳеч ким билмасди.

Қутвол ҳам, жийбахона бошлиғи ҳам ўғли тенги йигитлар эди. Аммо кутвол мардоналик билан қалъани сақлашга уринган бўлса, жийбахона бошлиғи хиёнат билан уни ёғийга очиб бергани улар ўртасида бир улуғ жар ҳосил қилганини ўйлаган Соҳибқирон дунёнинг ғалати ишларини англашга уринарди. Мана, деярли тенгдош йигитлар. Балки улар битта кўчада ўйнаб улғайишган жўралардир, балки қилич чопқилашни бирга машқ қилишган сабоқдошлардир. Аммо улар ҳозир бир-бирига душман. Кутвол ўзини мағрур тутар, ўзини душманга сотган жийбахоначиига қайрилиб ҳам қарамасди. Жийбахоначи бўлса, аллақачонлар тириклик нишонасини билдирмай мункайиб ётарди. Ўз қилмишини англаб, пушаймон бўлганидан, ажални аллақачонлар бўйнига олганиданми ёки ўз хиёнати боис марҳамат кутиб, унинг ўрнида ўлим топаётгани туфайли қўрқувданми унинг девор рангига кирган башараси маъносиз, унда на ғазаб, на илтижо намоён эди.

Ҳукмдор ўлим олдида ҳам ўзини хўрлашларига қаршилик кўрсатаётган кутволга қараб, иккилангандек бўлди. Кейин бирдан сергак тортиб, ўғлига кўз қирини ташлади. У ўғлининг чеҳрасида ҳам иккиланиш аломатини сезди-ю, қарори қатъийлашди. “Иккиланиш, бу бўлажак мағлубиятдир” — деб ўйлади Амир Темур. Агар у ҳозир иккиланганини ўғлига билдириб қўйса, ўғли салтанат ва ҳарбнинг ҳар бир ишида иккиланиши мумкин. Бунга эса йўл қўйиб бўлмасди. Унда салтанатда ором, душманларда қўрқув, дўстларда садоқат, ўғлида собитлик қолмайди. Илло, подшоҳ бир тадбир қилишни олдиндан қасд қилдими, ҳар қандай шароит ва вазиятга қарамай, ўша ишда қаттиқ турмоғи, то битирмагунча ундан қўл тортмагани маъқул. Агар бугун у иккиланса, эртага ўғли ҳам иккиланади, собитлиги синади, оқибатда мамлакат бўлинади. Иккиланган ҳукмдор барибир охир-оқибат адашади, сўнг уларга яқин турганлар ҳам адашади.

У бир пайтлар, энди салтанат изми илгига ўтган кунларда пири йўллаган мактубдаги муборак сўзларни эслади: «Мамлакат куфр билан туриши мумкин, лекин зулм бор ерда туролмайди». Хўш, ундан шафқат тилаш ўрнига ўлимни индамай кутаётган кутволни ўлдириш зулмми, зулм эмасми?! “Зулм!” — деб ўзига жавоб берди Соҳибқирон. Аммо яна шу нарса маълумки, кутвол ёш бўлишига қарамай, зулм йўлига ўтган. Соҳибқирон қон тўкилишига йўл қўймаслик ниятида ўз нишонини юбориб таслим бўлишни таклиф қилганида, бу талабга ризолик билдириш ҳақида маслаҳат солган икки-уч юзбошини машваратнинг ўзидаёқ чопиб ташлаган. Лаънати жийбахоначи, аллақачонлар кўнглида хиёнат фитнасини бошлаган жийбахона бошлиғи ҳам ўша юзбошиларга қилич пешлаган. Нодон кутвол хавф-хатарни унга оқилона маслаҳат берган юзбошилардан эмас, мана шу ёнида туриб қилич пешлаган жийбахоначидан кутиш кераклигини билмаган. Оқибатда ўртада жанг содир бўлди, неча юз аскар бекордан-бекор қурбон бўлди. Бу зулмми, зулм эмасми?! “Зулм!” — деб ҳукм чиқарди буюк жаҳонгир.

Қолаверса, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш мумкинми? У ҳолда яхшиликка нима билан жавоб қайтариш лозим. Йўқ, ёмонликка адолат, яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтармоқ керакдир. Аксинча бўлса, хатодир.

Амир Темур яна ўғлига кўз қирини ташлади. Унинг юзида ҳамон иккиланиш аломати зоҳирлигини сезди ва ўғли унга қайрилиб бир нима дейишга ҳозирланганини пайқаши билан кўзини олиб қочди. Йўқ, ўғли ҳозир нима демоқчилигини у эшитмаслиги керак. Зеро, ҳозирча бу икки иқлимни ичига олган чексиз ҳудудда ва шу ҳудуднинг марказига айланган ерда – у ўтирган маконда ҳар бир нарса, ҳар бир кимсанинг тақдири ёлғиз унинг иродасига, унинг қарорига боғлиқ. Шундай экан, кеча ёлғиз ўзи билган қарор, уни бошқаларнинг қулоғи эшитмаган бўлса-да, бугун амалга ошмоғи шарт.

Соҳибқирон юзида бир дақиқа пайдо бўлиб, ўша лаҳза ўчган маънони уққан товачи жаллодга “Бошла!” дегандек қўл силтади. Ўша лаҳза жаллоднинг қизил дамли ойболтаси кутвол боши устида ялт этди-ю, кесилган бош кундадан супага, супадан пастга думалаб кетди. Навбат жийбахона бошлиғига етди. Яна жаллод ойболтасини ерга тираб, бош эгиб изн кутди. Товачи ҳукмдор юзига тикилди. Аммо Амир Темур юзида ҳукм маъносини кўрмай, вужуди диққатга айланди.

Навбат жийбахона бошлиғига етди-ю, жаҳонгир дастлаб кутволни бошидан жудо этганига ўкинди. Аввал баттол хоинни ўлдириш керак эди. Илло, ўзини ёғийга сотган хиёнаткорнинг ўлимини кутвол кўриши керак эди. Жаҳонгирнинг бирдан ғазаби кўпчиб, товачига ўқрайди. Гап нимадалигини англолмаган бечора товачининг тиззалари бўшашиб, ранг-рўйи кўпикдек оқариб кетди. Ҳа, кутвол бу лаънатининг ўлимини кўриши шарт эди… Шарт эди… Нега аввал шу нарсани ўйламади. Бу лаҳза ўз она юрти ҳифзида турган қалъани унга олиб берган жийбахона бошлиғи унинг назарида лунёдаги энг паст, энг манфур кимса эди.

Бирдан юзтубан ётган жийбахоначининг танасига жон киргандек бўлди. Ҳукмдор ўйга ботган вақтни пайсаллаш, деб, Соҳибқирон уни фақат қўрқитиш учун кунда ёнига олиб келтирганлигига, аслида қилган иши учун албатта марҳамат топажагига ишона бошлаган хоин зўрға кўзларини очиб ҳукмдорга боқди. Мажол топиб, имдод тиламоқчи бўлди, аммо музлаб қолган лабларини қанчалик очишга уринмасин, очолмади, фақат қақраган, қонга тўлган бўғзидан нолага ўзшаш бир товуш чиқди. Кейин ҳукмдорнинг ўзига қаҳр билан нафратомуз қараб турганини аранг илғади-ю, мурда нуқси урган юзини яна ерга босди.

Амир Темур ғазаб билан товачига бақирди:
— Нимани кутяпсан, бошламайсанми?
Товачининг ишораси билан жаллод бир силташ билан жийбахона бошлиғининг мажолсиз гавдасини ердан кўтарди-да, икки букди ва бошини кунда устига қўйди. Ўша заҳоти маҳкумнинг оғзидан кўпик оқиб туша бошлади. Жийбахона бошлиғининг боши ҳам кундадан пастга думалаши билан ҳамманинг қулоғи кўникиб қолган оғир ва қўрқинчли сукунат оғушида майдон четида боғлиқ турган отлар ёнида чалқанча ётган чолнинг юрагидан отилиб чиққан мунгли фарёд янгради. Аммо бу фарёд эгасига ҳеч ким журъат этиб қарай олмади. Ёлғиз Амир Темур ўрнидан туриб, қатл майдонини тарк этаётган асирлар оша чолга узоқ тикилди. «Зулм!» — деб ўйлади яна у. Шу ўй онгида ялт этган заҳотиёқ, шарт орқасига ўгирилди. Ўшандан буён чолни учратмаган эди…

IV

003ўниб бораётган гулхан чўғларини қўлидаги шох билан титаётган чолга кўз ташлаб, бир лаҳзагина тўхтаб қолган соҳибқирон қадамини тезлаштирди. Ортидан чолнинг қўшиғи етиб келарди:

Вой, ўғлима, вой ўғлим,
Йигитларнинг нобуди.
Қўлдан қўлга ўтмади
Ўғилгинам тобути…

“Чол эсдан оғган!” — деб ўйлади Амир Темур, аммо олдида дурбош кўтариб бораётган қурчи “Воҳ” — дея юзтубан йиқилганини кўрди-ю, ўша заҳоти чолни унутди. Қалъа томондан учиб келган тўқмор учи қурчининг кўксини течиб, курагидан чиқиб турарди. Жаҳонгирнинг хавфсизлиги учун жавобгар қурчилару ичкилар тезда уни туралар билан тўсиб олишди.

Туни билан давом этган жанг тонг ёришгач, баттар авж олди. Кечаси қўзғалган шамол ва бир-икки томчилаб ўтган ёмғир тиниб, осмон шундаям ярқирар эдики, бамисоли артилган шишадек беғубор эди. Осмонда бир ҳовуч булут ҳам кўринмасди. Ёз қуёши одамларга, чечакларга, дала-ю даштларга, юксак тоғларга ўз нурини шундай меҳр билан сочардики, бўлаётган воқеалар ўнгда эмас, тушда кўринаётгандек туюларди. Аммо ҳар икки тарафнинг жангчилари буни сезишмас, уларнинг кўзи бир-бирларидан узилмас, қўлларидаги қиличу зулинлар товуши, кўзларидаги ғазаб, дилларидаги қаҳр ғубори ҳам осмонни, ҳам қуёшни тўсиб олган эди. Толиққан отларнинг ҳам, одамларнинг ҳам ўнги тушга айланган. Улар бутун дунёни унутган, гўё ёлғиз ўлимгина уларга ҳордиқ олиш учун имкон берадигандек. Туни билан совутлар ва дубулғалар акс этган ой нури сўниб, қуёшдан тушган шуур қип-қизариб оқаётган дарёда товлана бошлади. Унинг сувига қон қўшилди. У қалъа турган қоядан оқиб тушиб, олис тоғлар тарафдан далаларни яшнатиш, одамлар, гуллар, булбуллар чанқоғини қондириш учун оқиб тушаётган дарёга бориб қуйилар, кўм-кўк дарё бир-икки фарсанг давомида бу қонни ҳазм этолмай қийналар… ва охири қон рангини ичига ютиб, яна ўзининг азалий йўлидан олға талпинарди.

Ўлим топган жангчилар қийналмай жон беришар, ўлим уларга фароғатли уйқу бўлиб туюлар, улар «ўлаяпман»деб эмас, «уйқу босяпти», — деган хаёлда кўз юмишарди. Очиқ қолган кўзларда тип-тиниқ осмон билан баб-баравар кўпик сочаётган отлар, қилич пешлаган суворийлар, ҳар икки томондан учиб келаётган новаклару найзалар акс этарди. Бу уруш чизган сурат эди.

Тонгдан ўтиб қалъадагиларнинг заифлашгани сезилди. Зеро, улар ўзлари учун ўлимдан бошқа йўл йўқлигини англаб, матонат билан жанг қилишар, бироқ, эриган темур тоғи оқими шиддат билан тўхташни билмай, қалъа деворларига урилар, ҳар урилганда яна ҳам баландлашарди. Охири бу оқим деворлардан ошиб, қалъа ичини тўлдирди.

Амир Темурга қалъадагилар бутунлай тор-мор қилинганини айтишди. Соҳибқирон бу хабарни эшитар экан, бошқа нарсани ўйларди. У бетоқат эди. У ўзи кутган гапни эшитишни интиқ кутар, аммо ўзи очиқдан-очиқ сўрашга юраги бетламасди. “Демак, ўғлим…” Амир Темур кўкси зирқираб оғриди. У қурчилар бошлиғига тикилиб: “Ўғлимни топинг!” деб буюрди. Аммо қидиришлар бекор кетди. Ўғлининг на тириги, на ўлиги топилди. Амир Темур бу ҳақда хабар берган яқинларига дарғазаб тикилар, уларни қайта-қайта қидиришга мажбур қиларди.

Жаҳонгир ўғлини жасур ва ўктам қилиб тарбиялаган эди. Қилич тутган қўли бақувват бўлсин деб кеча-кундуз машқ қилдирди, юраги қўрқувни билмасин деб шер юрагини едирди, фаросатли бўлсин деб китобга ошна қилди. Йигирмага чиққан ўғли ўн йиллаб соҳибқирон юришларида қатнашган, қилич чопқилашда чиниққан тажрибали жангчилар – баҳодирлар билан бир сафда туриш ҳуқуқига эга бўлди.

Амир Темур ичида фарзандини қанчалик суймасин, ҳалигача бирор марта унинг бошини силаб эркаламаган. Эркалаш дилни бузади деб ҳисобларди. Ўғли ҳам шу пайтгача отасига бирор марта кулиб боқмаган, ҳамиша кўзларида олов чақнаб турарди. Бу олов ўша жанг кўрган баҳодирлар кўзларидаги оловдек совуқ порламасди. Бу олов ўтли ва ёш эди. Наҳотки шундай ўғли душман қўлида хор бўлган бўлса? Наҳотки?! Йўқ, у ўзини хор қилишларига йўл қўймайди. У ёғий қўлида хор бўлишдан ўлимни афзал кўрадиган йигит. Зеро у ўғлини қалъада қолдириб кетар экан, хайрлашиш олдидан, шундай деганди: “Салтанатга даъвогарчилик қилган ҳар бир киши салтанат шаъни ва мартабасига лойиқ иш тутиши зарур. Мудом ёдингда бўлсинким, бу йўлда жангга кириб, ё зафар қучиб ғолиб бўлғайсан, ё ўлдирилғайсан. Ўлимини бўйнига олган кишигина бу йўлдан юрмоғи мумкин”.

Амир Темур раҳматли отаси, барлосларнинг улуғ амирларидан бири бўлмиш Муҳаммад Тарағай уни қандай тарбиялаган бўлса ўғлини ўша руҳда: бешафқатлик, мардлик ва фаросатлик, фақат шундан кейингина оқибатлик руҳида вояга етказди. Оқибат, отасининг назарида, ёлғиз меҳр-шафқатдан, шу билан бирга диловарлигу қаттиққўлликдан туғилмоғи даркор. У оқибатнинг инкори бўлмиш хиёнатни ёмон кўрарди. Қўрқоқликни кечирса кечирар. Аммо хиёнатчига раҳмдиллик қилишни ўйламас, ҳатто бундай қилишни гуноҳ деб биларди. Агар Амир Темур дунёнинг тўрт томонидаги энг бой ўлкаларни забт этиб, уларнинг подшоҳларини ўзига тобе этган бўлса, бу шарафга шу диловарлиги ва оқибатдорлиги, хиёнатга йўл қўймагани сабабли эришди.

Амир Темур ўғлида уч хислат мужассам бўлишини истарди. Энг аввало, инсонпарварлик, сўнг тежамкорлик ва ниҳоят босиқлик. Инсонпарвар одамгина довюрак бўлмоғи мумкин. Тежамкор бўлган одамгина сахий бўлиши мумкин. Босиқ одамгина ҳукмдор бўлиши мумкин. Кимки жасур бўлса-ю, инсонпарвар бўлмаса, тежамкор бўлмаса-ю, сахийлик қилса, доно бўлса-ю босиқлик қилмаса, ундай одам ўзи бош-қош ишниям, ўзиниям ҳалок этади. Кимки, душмани билан олишгандаям инсонпарварликни унутмаса, у, албатта, енгади. Аллоҳ таоло ҳамиша унга мадад беради, инсонпарварлик унга паноҳ бўлади.

У ўғлига мамлакат адолат, уруш эса диловарлик ва айёрлик билан бошқарилишини, мамлакатда таъқиқ қанча кўп бўлса, авом шунча қашшоқланиши мумкинлиги, илло, эркинлик ва адолат бўлса, улус, демак, мамлакат бой бўлишини, қонун ва буйруқлар қанчалик кўпайса, адолатсизлик, ўғрилик ва бебошлик шунчалар кўпайиши мумкинлигини уқтирди. “Ўғлим, — деб айтарди раҳматлик отаси, — узоқни кўролмаган ҳукмдор яқинидаги балоларга гирифтор бўлади. Аммо, яқинни кўриб иш тутган ҳукмдор ҳам хато йўлдадир”. Амир Темур отасининг бу гапини ўғлига айтар экан, ўзидан қўшиб ушбуни уқтирган эди: Подшоҳлар ҳулқи бамисоли шамол, авомники майсадир. Шамол қай тарафга эсса, майса ҳам ўша томонга эгилади. Шу сабабдан подшоҳ ҳеч қачон ўз қудратининг асоси мана шу улус эканини унутмаслиги керак.

e25c2ba1992c588f24896f1f35803a50.jpg Амир Темур тутаб ёнаётган, вайрона қалъага кирмай дарёга яқин ялангликда чодир тиктирди. Соҳибқирон ўзининг оддий жангчилари либосидан деярли фарқ қилмайдиган жанговар либосида, Дамашқни олганда қўлга киритган олтин чироқдон осилган шоҳчодирда қундуз бўркли бошини эгган кўйи ўғлидан дарак кутарди. У камдан-кам ёлғиз қолар, шу боисдан ҳар гал шу аҳволга тушганда дилини аллақандай англаб бўлмас оғриқ қиса бошларди. Ҳозир ҳам шу оғриқ уйғонди-ю, соҳибқирон чуқур оҳ тортди. У оғриқ сабабинии билмас, бу эса оғриқни йўқотиш чорасини топишга имкон бермасди. Туни билан кечган жанг туфайли уйқудан, ҳордиқдан қолган жаҳонгир онгида қуюқ ва ҳорғин бир зулмат пайдо бўлган, оғриқ эса мана шу зулумот ичида ёниб турган чироқдек гоҳ пирпираб, гоҳ товланиб турарди. Тўсатдан ташқарида шовқин-сурон кўтарилди-ю, сергак тортди. Аммо ўзини тутиб, бу шовқин-суронлардан хаёлан узоқлашиш учун кўзини юмди. Ўша заҳоти кечаги туши ўнгида ялт этиб намоён бўлди. Кумуш шуъла оғушида беланчак чайқаларди. Бу сафар онаси йўқ эди. Беланчак ҳам бўм-бўш эди. “Ўғлим, ўғлоним…” – дея пичирлади Амир Темур. Аммо ташқаридаги шовқин тобора унга яқинлашиб келар, ортиқ ундан қочиб бўлмасди…

Шу пайт шошилиб ичкарига номбардорлардан бири кирди. Унинг юзида қўрқув бор эди. У гапни қандай бошлашни билмай Соҳибқирон қаршисига келиб тиз букди. Амир Темур нега номбардорлару амирлар ҳар галгидек расм-русмга биноан ўз муносабатларидан келиб чиққан тартибда кириб келмаганлари ҳақида ўйлади-ю, ҳузуридаги номбардор кўпчилик айтишга қўрққан гапни унга етказишни бўйнига олиб кирганини англади.

— Сўйла, — деди соҳибқирон.
— Онҳазрат, — деди номбардор, — бир қошиқ қонимдан кечсангиз…
— Кечдим,, сўйла, — деди Амир Темур.
— Онҳазрат, ўғлингизнинг на тириги, на ўлиги топилди. Қалъани элакдан ўтказдик, аммо… — номбардор жим қилди.

Ўртада жимлик чўкди. Бу жимлик чўзилган сайин номбардорнинг қўрқуви ошиб борар, бу қўрқув юрагидан қон томирлари орқали вужудига тарқалиб, аъзои-баданини шол этгандай бўларди.
— Шовқин-суроннинг сабаби недир? – деди бошини кўтармай Амир Темур.

Қўрқув дарёсига чўкиб бораётган номбардор бирдан ҳушёр тортиб, бор иродасини йиғиб, тақдир инъом қилган хасга ёпишди:
— Қатл этилган жийбахона бошлиғининг отаси сизнинг ҳузурингизга кираман деб шовқин кўтарди. Қурчилар уни қўл-оёғини боғлаб, дарёга ташламоқчи бўлдилару бу ишни ихтиёрингизсиз қилишга журъат тополмай тўхтадилар.

“Мана ким ўғлимга нима бўганини менга айтиб беради?”- деган ногаҳоний ўйдан ўрнидан туриб кетган Амир Темурнинг важоҳатини кўриб номбардор ҳаёт билан видолашиш муддати етганини тушунди. Аммо Соҳибқирон унга яқинлашиб, ёқасидан ушлаб даст кўтарди-ю, қаҳрли кўзларини тикиб, бақирди:
— Чолни ҳузуримга олиб киринг!

Боягина қўрқувдан қўл-оёғи бўшашган номбардор ҳукмдор ёқасини бўшатиши билан шоҳчодирдан ўқдай отилиб чиқди. Зум ўтмай, қурчилар чолни олиб кирдилар. Чол ҳозиргина арқон сиқувидан бўшаган қўлларини уқалаб, қаршисида ўтирган Соҳибқиронга, кўзларини яширмай, очиқдан-очиқ разм солди. Улар бир-бирига узоқ тикилдилар. Аллақачон ўз ўринларини эгаллаган номбардорлару амирлар “бу ёғи нима бўларкин?” дегандай воқеалар давомини кутардилар.

— Сўйла, кимсан? – деб биринчи оғиз очди ниҳоят Амир Темур.
— Бандаман, — деди чол унга тик боққанча.
— Кимнинг бандаси? – деб сўради яна Амир Темур.
— Ҳукмдоримнинг, — деди чол.
— Ҳукмдоринг ким?
— Аллоҳ таоло! – деди чол.

Амир Темур чолнинг жавобига ичида таҳсин ўқиди. Бир лаҳзалик бу савол-жавоб уни анча тинчлантирган эди.
— Эй Аллоҳ бандаси, — дея гап бошлади яна Амир Темур, — менинг кимлигимни биласанми?
— Биламан. Сен ҳам Аллоҳ бандасисан! – деди чол.
— Иншоолло, худонинг бандаси Амир Темурман, — деди Соҳибқирон.
— Амир Темурлигингни яхши биламан.

Атрофдагиларнинг бутун вужуди қулоққа айланиб, ҳукмдор билан чол мусоҳабасини тинглашарди.
— Аллоҳниинг мўжизаси, Худованди каримнинг марҳаматига эришган Амир Темурман, — деди соҳибқирон ҳар бир сўзига алоҳида урғу бериб.
— Ҳар бир банданинг дунёга келишининг ўзи Аллоҳ мўжизаси, Худованди каримнинг марҳаматидир, — деди чол.

Амир Темур «рост айтдинг» дегандек бош силкиб, чолнинг сўзини маъқуллади. Аммо ўша заҳоти ёдига ўғли тушди-ю, лаблари маҳкам қисилди.
— Ўғлимга нима бўлганини биласанми? – деб секин сўради Соҳибқирон. Аммо унинг овозини сукунат қучган шоҳчодирда ўтирган ҳамма эшитди.
— Кеча қалъада бир йигитни қатл этдилар. Унинг кўз-қоши сеникига ўхшарди. Ўша йигит ўғлингми? – деди чол саволга савол билан.
— Сен айтган йигит ўғлимми, ўғлим эмасми, мен ҳали билмайман. У тирикми, ўликми, бундан ҳам бехабарман, — деди Амир Темур.
— Йигит тахминан йигирма ёшда эди, — деди чол.
— Ҳа, ўғлим йигирмага чиққан эди, — деди Соҳибқирон.
— Уни сенинг келишинг арафасида тонгда қатл этишди, — деди чол.
— Ўша йигитни қандай ўлдиришди, сўйлаб бер, — деди Амир Темур.
— Уни қалъа ўртасидаги майдонда қатл этишди. Ўша сен менинг ўғлимни қатл этган супада…

Чол бу гапни айтиб тўхтади. Амир Темур бирдан ёлғизликда қийнаб, кўпчилик орасида уни тарк этадиган оғриқ яна дилида уйғонганини сезди. Бу сафар оғриқ ҳар сафаргидан кучлиоқ эди. У бор иродасини тўплаб, дилидаги азоб юзида зоҳир бўлмаслик йўлини тутди. Чолдан бошқа бирор киши жаҳонни қўрқувда тутган инсон дилида қандай азоб уйғонганлигини сезмади.

-Тонг маҳали эди, — деб ниҳоят гапини давом этди чол. – Машриқдан чиққан қуёш чарақлаб турса-да, мағриб томондаги ой ҳали ботиб улгурмаган эди.
— Уни қандай ўлдирдилар? – дея тоқатсизланди Амир Темур.
— Аввал ўнг қўлини елкаси оша чопдилар…
— Инградими? – деб сўради Амир Темур.
— Йўқ, оҳ деган товуш ҳам чиқармади.
— Менинг ўғлим экан! — деди ҳаяжонланган Амир Темур.

— Кейин…кейин чап қўлини чопдилар, — деди чол.
— Инградими?
— Йўқ, миқ этмай чидади.
— Менинг ўғлим экан! – деди Амир Темур.

— Сўнг йигитнинг ўнг оёғини чопдилар, — деди чол, ўша даҳшатли қатл манзарасини кўз ўнгига келтириш ниятида кўзини юмганча.
— Инградими?
— Йўқ. Чидади, кўзидан бир томчи ёш, бўғзидан бир ун чиқмади.
— Менинг ўғлим экан у! – деди Амир Темур.

— Кейин бечоранинг чап оёғини чопдилар, — деб ҳикоясини давом этди чол ҳамон кўзини очмай.
— Инградими? – деб сўради соҳибқирон.
— Йўқ, инграмади.
— Менинг ўғлим экан ўша йигит! Менинг ўғлим! – деди Амир Темур кўзидаги алам ўрнини ғурур эгаллаб. – Кейинчи, кейин?..

— Кейинми?.. – деди чол маҳзун кўзларини очиб, соҳибқиронга тикилар экан, — кейин йигитнинг кўксини тарс ёрдилар-да, юрагини узиб олдилар!
— Инградими? – деди Амир Темур.
— Йўқ, инграмади. Фақат… — Чолнинг товуши ҳаяжондан бўғилгандек бўлди, у кўзларидан оққан ёшларни гулхан қорайтирган енги билан артар экан давом этди. – Фақат юрагини узиб олганлари билан, «Оҳ!» деб юборди.
— Йўқ, у менинг ўғлим эмас экан! – деб юборди чолнинг сўнгги сўзини эшитиб ўрнидан сапчиб кетган Амир Темур.

Даврадагилар Соҳибқирон сўзини эшитиб, бараварига қалқиб кетдилар. Амир Темур уларнинг ҳар бирининг кўзига тикилмоқчи бўлгандек, даврадагиларга бир бошдан тикилди ва ўзига боқиб турган чолга навбат етганда яна такроркади:
— Йўқ, у йигит менинг ўғлим эмас! — Шу гапни айтиши билан соҳибқироннинг кўз ўнгини бир зум кумуш ёғду тўсди. Кумуш ёғду аро чайқалган беланчакни кўрди. Беланчак бўм-бўш эди.

“Ўғлим!” – дея товушсиз ўртанди жаҳонгир…

Соҳибқирон қалъани бузиб ташлашни , чолга бўлса, нима тиласа ўшани бериб, ўзи хоҳлаган манзилига етказиб қўйишни буюрди. Ўша заҳоти унинг амри бажо келтирилди. Темир тоғи эриб, яна қалъа томонга оқди ва бир пасда қалъадан ном-нишон қолмади. Эртаси куни бу симобий оқим дарё ёқалаб мағриб томонга оқди. Нимаълумликдан саросимада қолиб оромни унутган олисдаги шаҳару қишлоқлар темир оқим қай томонга бурилишини билмай, ваҳима ичида қолди. Номаълумлик сарҳади камайган сайин темир оқим уларга шунчалик яқинроқ келарди. Темир оқим четлаб ўтган манзилларда бир пасда талваса ўрнини фароғат, қўрқув ўрнини хотиржамлик эгаллар, ҳаёт яна эски оқимига қайтарди. Келинчаклар йиғиштирилган беланчакларини яна дарахтга иларди, яна алла айтиб болаларини ухлатиб, далага ҳосил йиғиш билан овора эрлари учун овқат тайёрлашга уринишар, айрим уддабуронлари ўсма эзиб, қошларига суриш учун ҳам вақт топарди.

Чол Соҳибқирондан ҳеч нима сўрамади. У деворлари бузилиб, ер билан текисланган қалъа атрофини тарк этмади. Бир неча кундан сўнг Амир Темур тўсатдан чолни эслаб, суриштирди. Унга чолнинг қалъа ёнида қолганини айтдилар. Соҳибқирон қўшиндан бир гуруҳ ажратиб, чолни ўз ҳузурига олиб келишларини буюрди. Гуруҳ бир неча кун йўл босиб, манзилга етиб келди, аммо чор-атрофни қидириб чолни топа олмади. Жангчилар чол дарё соҳилида бир кун олдин пайдо бўлган қабрда кўмилганидан бехабар эдилар. Уни дафн этган подачилар эса шарқдаги тоғ қояларидан ҳайдаб тушган подалари билан аллақачонлар олислаб кетган, улар чолнинг Амир Темур ва унинг ўғли ҳақидаги маҳзун ҳикоясини аллақачонлар афсона қилиб айтиб борардилар…

Афсона мана шу ерда якунланади.

Вассалом

1990

Insoniy komillik o’tmishni anglashdan boshlanadi. Chinakam ma’rifat egasi olis moziydan ozuqa oladi, istiqobol va istiqlol ne’mati ana shunday ziyoli maqomidagi qalb va shuur sohiblariga ko’proq bahra beradi – Xurshid Davronning tarixiy mavzudagi badialari mazmun-mohiyatini mazkur haqiqatlar tashkil etadi. Jumladan, “Massagetlar malikasi va forslar podshohi”, “Bosqinchilik qahramonlik bo’ladimi?”, “Amir Temur o’g’lining o’limi haqida rivoyat” badialari 80-yillar oxiridagi o’zbek tarixiy ma’rifatnomasida hodisaga aylandi (Xurshid Do’stmuhammadning «To’g’rilik to’nini kiygil…» maqolasidan. Uni mana bu sahifada o’qing).

Xurshid Davron
AMIR TEMUR O’G’LINING O’LIMI
HAQIDA RIVOYAT-QISSA

022

I

Qish bilan bahor jangi – ayamajuz avjiga chiqqan pallada men sizga Amir Temur haqidagi afsonalarning birini hikoya qilib berish maqsadida qo’limga qalam oldim.

Bu afsonani to’qiganlar unga qanday nom berganlaridan bexabarman, men uni “Amir Temur o’g’lining o’limi” deb atadim. Uni menga bir do’stim gapirib bergan edi, do’stimning aytishicha, bu qadim afsonani u talabalar shaharchasida yashagan afg’onlardan eshitgan ekan.

Afsonani hikoya qilib berishdan avval, ikki narsa haqida biroz bo’lsa-da, to’xtalib o’tmoqchiman. Eng avvalo, “afsona o’zi nima?”, degan savolga javob izlamoqchiman. Odatimni kanda qilmagan tarzda, o’zining nomukammalligi bilan mashhur “O’zbek tilining izohli lug’ati”ga qarayman. Mana, lug’atning 1 jild 63-betidagi “Afsona” so’ziga yozilgan izoh: “1. Avloddan avlodga, og’izdan og’izga o’tib kelgan fantastik, ba’zan diniy mazmundagi hikoya, rivoyat, doston… 2. Ko’chma: asossiz gap, yolg’on-yashiq uydirma… 3. Ko’chma: aql bovar qilmaydigan, aqlga sig’maydigan mislsiz narsa, ish”.
“«Afsonaviy” so’ziga oid izoh: “1. Afsona janriga mansub bo’lgan, fantastik. 2. Faqat afsonalarda mavjud bo’lgan, odatda yo’q, xayoliy. 3. Ko’chma: Uydirma, to’qima. 4. Ko’chma: Aql bovar qilmaydigan, aqlga sig’maydigan, misli ko’rilmagan, mislsiz».

Agar e’tibor bergan bo’lsangiz, barcha izohlarga “uydirma” so’zi asos qilib olingan. Aslida, shundaymikan? Bir o’ris shoiri “Afsona – bu haqiqatning siniq parchalaridir” deb yozgan edi. Agar, “afsona” so’ziga izoh bering desalar, men mana shu so’zni takrorlagan bo’lardim. Zero, har qanday xayoliy yoki to’qima afsona ham aslida sodir bo’lgani aniq, ma’lum bir tarixiy shaxs hayoti bilan uzviy bog’liq bo’ladi. Bobil minorasining qurilishi, Nuh to’foni yoki Samarqanddagi Shohizinda mozori bilan bog’liq afsona bo’lsin, ularning har birining asosida tarixiy dalil — haqiqat yotgan bo’ladi. Shuning uchun ham juda ko’p qadimiy bitiklarimiz quyidagi jumla bilan boshlangan: “Bul hikoyat agarchi afsona tusida ersa-da, haqiqatdan yiroq emasdur”.

Ingliz adibi Chesterton bitganidek, afsona har qanday dalildan ham tarixiyroqdir. Dalil yolg’iz bir odam haqida so’z yuritsa, yoki u odamlar qatnashgan voqea haqida ma’lumot bersa, afsona yuzlab va millionlab odamlar taqdiri haqida, voqeani yuzaga chiqargan odamlar haqida hikoya qiladi. Dalil ba’zan zamon almashishi bilan o’z mohiyatini, o’z rangini o’zgartirishi mumkin, ammo afsona abadiy o’zgarmas haqiqatdir. Tarix faqat xalq xotirasi ramzi bo’lmish asotirlar (afsona va rivoyatlar) yordamidagina moziy mohiyatini, demak uning yuragini kashf eta oladi. Xotirasiz inson yuragi ham quruq hujjatlar yig’indisidan farq qilmaydi. Tarix vaqt haqida emas, vaqt mobaynida yashagan inson haqida hikoya qilmog’i zarur. Demak, u vaqt hujjatlariga emas, inson xotirasiga suyangandagina haqiqatni ochadi. Inson xotirasi afsonalarga hamnafas bo’lgandagina tirikdir. Faqat shundagina tarixiy dalil tiriladi. Afsona bilan hujjat (dalil)ning o’zaro bog’lanishi aslida inson bilan vaqt bog’lanishidir. Tarix, deb yozadi Nikolay Berdyaev, tom ma’nodagi afsonadir…

To’xtalmoqchi bo’lgan ikkinchi masala men sizga so’zlab bermoqchi bo’lgan rivoyat Amir Temur hayotining qaysi to’xtamida bo’lib o’tgan voqealar bilan bog’liq bo’lishi mumkin degan savolni oydinlashtirishdir. Tarixiy bitiklarning guvohlik berishicha, Amir Temurning to’rt o’g’li bo’lib, ularning ismlari: Jahongir mirzo (1356-1376), Umarshayx mirzo (1356-1394), Amironshoh (Mironshoh) mirzo (1367-1408), Shohruh mirzo (1377-1447) bo’lgan. Yana shu narsa ma’lumki, ulug’ Sohibqiron tiriklik paytida, u olib borgan jangu jadalda uning yolg’iz bir farzandi – Umarshayx mirzo 1394 yilning qishida Shom urushi paytida, Xarmatu qal’asi ostonasida – tor bir darada o’q tegib halok bo’lgani haqida tarixiy dalil bor. To’ng’ich o’g’li bo’lmish Jahongir mirzo o’z ajali bilan 20 yoshida olamdan o’tgan. Amir Temur vafotidan so’ng uch yil o’tgach, 1408 yilning ko’klamida uning o’rtancha o’g’li Mironshoh mirzo Qora Yusuf turkman bilan bo’lgan janglarning birida, Tabriz yaqinida o’ldirilgan.

Xo’sh, Amir Temur o’g’lining o’limi bilan bog’liq afsona qaysi voqealar bilan bog’liq bo’lishi mumkin. Agar uni Umarshayx mirzo o’limi bilan bog’laydigan bo’lsak, bu afsonani dalili bo’ladigan voqealarni Shom yurishi bayonidan topolmadim. O’ylashimcha, bu afsonani afg’onlar orasida mavjud bo’lishi bois, u Amir Temurning Hindistonga qilgan yurishi davomida ro’y bergan voqealardan tug’ilgan bo’lishi kerak. Oxir-oqibatda uzoq izlanishdan so’ng “Temur tuzuklari”da bu afsonaga bevosita bog’liq (bo’lishi mumkin) ma’lumotlarni topishga muvaffaq bo’ldim. Biroq, ularni so’zlab berishdan avval men Hindiston yurishi qanday boshlanganini muxtasar bo’lsa-da, hikoya qilmoqchiman.

Hijriy sakkiz yuzinchi, melodiy 1398 yilning bahorida Amir Temur yangi bog’i – Dilkushoda mislsiz tantanalar bilan Xizrxo’jaxonning qizi To’kalxonimni o’z nikohiga qabul qildi. To’y o’choqlaridagi kul sovib ulgurmay, uning amri bilan Samarqand va Kesh oralig’ida joylashgan Taxti Qoracha davoni osha o’tadigan yo’lni tuzatish va tog’ etagida yana bir g’aroyib bir bog’ bunyod etish ishlari boshlandi. Sohibqironning o’zi bo’lsa Keshga yaqin bir o’langda qurultoy chaqirdi. Maqsadi: Hindiston yurishi maslahatini o’rtaga solish edi.

Saltanatning muhim tadbirlari, bo’lajak harbiy yurishlar rejalari muhokama etiladigan qurultoy Amir Temur davlatining oliy kengashi edi. Shu bilan birga qurultoy mamlakatning bosh tantanasi bo’lib, Sohibqiron qo’li ostida birlashgan o’lkalarni boshqarish bilan band amirzodalar va boshqa davlati arkonlar uchun xuddi jang maydoni bilan baravar, hatto undan-da yuqori turadigan o’ziga xos sinov maydoni edi. Agar jang maydonida dilovarlik sinalsa, bu kengashda farosat va tadbirkorlik sinovdan o’tardi. Bu sababdan bo’lsa kerak, jang maydonida qo’rquv nimaligini bilmagan ayrim amirlar va amirzodalar qurultoy chaqirilganda sarosimaga tushib qolishar, unda qaysi bir tadbir o’rtada muhokama bo’lishini bilish uchun bor vositalarni ishga solardilar. Inchunin, jahongir jang maydonida qilich chopqilashdagi mohirlikni, qurultoyda esa o’ylab aytilgan so’zni ma’qul ko’rar, kim aravani quruq olib qochsa, mashvaratdan quvib chiqarishdan ham qaytmasdi. Ammo bu galgi qurultoy qay maqsadda chaqirilayotgani hech kimga sir emasdi.

Har galgidek qurultoy ko’pchilik uchun qurilgan ulkan chodirda o’tdi. Amir Temur odatdagi rasm-rusmlar ado etilishi bilan, gapni cho’zib o’tirmay, Hindiston yurishi oldidan o’g’illari va amirlarning ko’ngli, o’y-fikrlarini bilish maqsadida ularni maslahatga chaqirganini aytdi. Turkiy sulolalarning azaliy tartibi va mukarram dasturi shunday edikim, katta og’alari va xeshlar hayot ekan, hech kim ulardan o’tib saltanat taxtiga qadam qo’yolmasdi. Mana shu bobolar odatiga binoan qurultoydayam yoshi ulug’ shahzodalar birinchi fikr bildirish huquqiga ega edilar. Shuning uchun ham davrada Sohibqironning kenja o’g’li Shohruh mirzo o’tirgan bo’lsa ham, birinchi so’zlash undan yosh jihatdan ulug’ ikki amirzoda nabira: Muhammad Sulton bilan Pirmuhammad Jahongir ixtiyorida edi. Pirmuhammad Jahongir bobosiga bir qarab oldi-da, uning “Xo’sh” degandek sinchkov tikilib turganini ko’rib gap boshladi:

— Olampanoh, Hindistonni olmoq yer yuzida o’tgan barcha podsholarning orzusi bo’lmish. Agar ani zabt etsak, aning oltinlari ila yetti iqlimni olajakmiz. Men yurishga tayyordurmen.

Tug’ishgan birodarining gapidan keyin amirzoda Muhammad Sulton ham o’rnidan turdi. U inisidan bir yosh ulug’ bo’lsa-da, qotmadan kelganligi sababli undan ancha yosh ko’rinar, buni bilgan amirzoda ko’proq ovoziga zo’r berar, kattalarga xos mulohaza istagida har bir so’zga alohida urg’u berib gapirish lozim, deb o’ylardi. Amir Temur og’a-ini o’rtasidagi bahsni maroq bilan kuzatar va bevaqt shahid bo’lgan o’g’liga ko’rsatolmagan mehr-marhamatini ulardan ayamasdi.

— Olampanoh, — deya ulug’vorlik ila so’z boshladi Muhammad Sulton, — inim Pirmuhammad Jahongir aytgani rostdur. Hind mulki bag’oyat boy yurt. Ammo, siz bergan saboq hamisha yodimda. Ya’nikim har bir ishni qilishdan avval uning amalini o’ylash joizdur. Kitoblardan ma’lumdirkim, Hindiston yo’li ko’p mashaqqatlidur. Eng avvalo, bir necha qor bosib yotgan tog’laru kechib o’tish mushkul daryolar, undan keyin cheki yo’q o’rmonu to’qayzorlar bordur. Ikkilamchi, maqsadga yetguncha bebosh afg’onlar bilan jang qilish ham zarur bo’lg’ay. Yana kitoblarda aytilmishkim, Hindistonda odamxo’r fillar ham juda ko’p bo’larmish…

Amir Temur inisinng mulohazalarini eshitgan Pirmuhammad Jahongir bezovtalana boshlaganini sezdi. Ammo buni bildirmay, nabirasining mulohazasi qanday taklif bilan tugashini kutdi. Qurultoy rasm-rusmi har bir so’zni e’tibor bilan eshitish lozimligini talab qilardi. Xo’sh, qani, to’ng’ich nabirasi nima demoqchi ekan, shuni bilsinchi? Ammo Muhammad Sulton ham inisining ahvolini sezgan bo’lsa kerak, odatiga xilof ravishda shoshib so’zini yakunladi:

— Bu mulohazalarim ila Hindiston yurishiga puxta tayyorgarlik ko’rish lozim demoqchiman. Men urushga shaymen. – U so’zini tugatib, inisining yonidan joy olarkan, uning yuzidagi mamnuniyatni sezib, ko’ngli joyiga tushdi.

Shundan so’ng sohibqironga qizidan tug’ilgan nabira bo’lmish amirzoda Sulton Husayn navbat oldi. Amir Temur qizi Og’abegim va malika Tuman og’oning birodari amir Muhammad ibn Muso farzandi bo’lmish bu amirzoda bag’oyat mard, ammo beoqibat bo’lib voyaga yetganini yaxshi bilsa-da, har gal qizining so’zini qaytarolmay, bu badbaxt yigitning gunohidan o’tib kelardi. O’z o’g’illari va ularning farzandlariga bag’oyat qattiq turgan Sonibqiron bu hovliqma amirzodani jazosiz qoldirib kelayotganini hamma bilar, ammo sababidan bexabar edilar. Nahotki, qizdan tug’ilgan nabira o’g’illardan suyukliroq bo’lsa? Amir Temurning bu nabirasiga loqaydligini uning qiziga ko’rsatgan karami bo’lmay, balki Sulton Husaynning saltanat taxtiga o’tirishga loyiq bo’lmaganlar toifasiga kirishidan edi.

— Hazrat Sohibqiron, — dedi tantanavor ohangda Sulton Husayn. – Agar biz Hindistonni ilgimizga kirita olsak, to’rt iqlimga – Turkistonu Turon, Eronu Hindga hukmron bo’lurmiz. Qolg’on uch iqlim: Rum, Shom, Chinni esa olmoq qiyin emasdur, albat olg’aymiz.

Sulton Husayn sanab o’tgan iqlimlarni xuddi o’zi oladigandek, allaqanday ichki kibr bilan davradagilarga ko’z tashlab, o’rnini egalladi. Bobosi vafotidan so’ng mana shu kibr uning boshiga ko’p g’avg’olar solishidan u hali bexabar edi.

Amir Temur so’z navbatini olgan kenja o’g’li Shohruh mirzoga diqqat bilan tikildi. Bu farzandi boshqa zuryodlariga qaraganda, kitobga o’ch chiqdi. Unga kitob bo’lsa bas, qilich chopqilashni unutadi. Ammo kitobxonligidanmi, so’zi, mulohazalari pishiq, o’zi ham ko’pni ko’rgan qariyadek bosiq edi. Aytadiganini puxtalab olmasa, og’iz ochmasdi.

— Padari buzruk, hazrati Sohibqiron, — deya gap boshladi Shohruh mirzo shoshmasdan. Uning hatto gapirayotgan paytidayam nimalarnidir o’ylayotganini sezib Amir Temurning g’ashi keldi. – Men ajdodlarimiz bo’lmish turklarning qonunlari bitilgan kitoblarda o’qigan edimki, jahonda beshta shon-shavkatli podshoh bo’larkan. Rivoyat qilg’aylarkim, bu podshohlarning ulug’ligini alohida ta’kidlab, ularning nomlarini atamay, laqablarini olib aytg’onlar. Ya’nikim Hind podshosini – roy, Rum podshosini – qaysar, Chunu Mochin podshosini — fag’fur, Turkiston podshosini – hoqon, Eronu Turon podshosini – shahonshoh ataydilar. Biz hukm yurgizgan yurt hukmdori, ya’nikim shahonshoh hukmi hamisha Hindiston mamlakatlariga joriy etilmish. Tokim Eronzaminu Turonzamin bizning ilkimizda ekan, Hindistonni ham o’zimizga tobe etmog’imiz joizdur…

Amir Temur kenja o’g’lining so’zlarini tinglar ekan, bir zum so’nggi paytlarda yuragini tunu kun bezovta qilgan valiahd tashvishiga berildi. To’rt o’g’lidan ikkisi bevaqt ko’z yumdi. Shohruh bunaqa, Mironshoh bo’lsa, o’ylamay ish qiladiganlar toifasidan. Mast bo’lib, otdan yiqilib kallasi lat yegandan buyon uning betayin qilmishlari yana oshdi. Suyukli kelini Xonzodabegim yaqinda erining zulmidan dod urib, unga bosh urib keldi. Mironshohning valiahd bo’lishi mamlakatni vayron bo’lishi demakdir. Bunga esa aslo yo’l qo’yib bo’lmaydi. Nobakor o’g’ilni jazolashni ko’ngliga tuggan sohibqiron bu tadbirni Hindiston yurishidan keyinga qoldirishga majbur edi.

Amir Temur sekin Pirmuhammad Jahongirga ko’z qirini tashladi. Ha, bu nabirasi havas qilgulik bahodir bo’ldi. O’ziyam quyib qo’ygandek bobosining o’zi: qaddi qomati barvasta, yelkador, boshiyam bobosinikidek, humdek keladi. Qoshi-chi, qoshi? Ariq chetidagi ajriqdek qalin, ko’zlari qilich damidek tovlanadi. Fe’l-atvoriyam, bobosiniki, na yog’iydan, na o’limdan qo’rqadi. “Yopiray, — derdi ba’zan kamdan-kam hayratlanadigan sohibqiron. – Meni tirikligimda Alloh taolo yana qaytadan yaratdimi?! Nabirasining yolg’iz bir xislati unga ma’qul kelmasdi. Ko’pchilik boshini qovushtirishni bilmaydi. Mardlik odamlar dilini maftun etsa, oqibatbardorlik, farosat yuraklarni abadiy bandi etishini hali anglamaydi.

Amir Temur o’g’li Shohruh mirzodan keyin o’z mulohazasini aytishga biron bir amir shoshilmayotganini ko’rib, hushyor tortdi. Sukut cho’zilganidan toqatsizlanib:
— Xo’sh, — dedi u baland ovoz bilan. Ammo amirlar jim o’tiraverdilar. Sohibqiron jahli chiqsayam, ichidagini yuziga chiqarmadi. Indamay kutishni ma’qul ko’rdi. Bu baxti chopgurlar uning necha yildan buyon Hind mulkini zabt etish haqida orzu qilishidan yaxshi xabardor. Nahotki, bilib ham bilmaslikka olsalar, jim o’tirishni ma’qul ko’rsalar? U o’zining deyarli barcha yurishlarida qatnashgan, sadoqatlarini necha marta jangu jadalda namoyish etgan amirlarga bir-bir tikilar, amirlar esa unga bosh ko’tarib qarashga majol topolmasdilar. Oxiri u amir Shohmalikka qattiq tikilib turaverdi. Uning bu boqishini tuygan amir sekin boshini ko’tarishga majbur bo’ldi.
— Taqsirimning so’zlari yo’qmi? – dedi sohibqiron bo’g’iq ovoz bilan.

Amir Shohmalik o’rnidan turishga majbur bo’ldi. Amir Temur unga: “O’tirib gapiraver” deb ishora qilgach, o’rnini egalladi. Biroz taraddudlanib, keyin ohista arz qildi:
— A’lohazrat, sizning amringiz biz uchun vojibdur, undan yuz o’girish tuzingizni unutmoqdur. Biz bu tadbir xayolini dillarimizdan, bamisli javohir tuynuklaridan o’tgan ipdek shoshilmay o’tkardik, — u biz deganda amirlar Xoja Yusuf, Saribug’o, Shayx Nuriddinlarga ishora qildi. – Boringki, Hindistonni oldik ham deylik. Biroq, ul mulkda turg’un bo’lib qolsak naslimiz yo’qolmagaymu, avlodlarimiz o’z aslidan ayri tushmagaymu, begona yurtda tillarini unutmagaymu?..

— Taqsir, — deb amirning gapini bo’ldi Amir Temur xotirjam. – Biz ul mulkda uzoq qolishni o’ylaganimiz yo’q. Qolaversa, shuni yodda tutingkim, dilda e’tiqod butun bo’lsa, aslo naslimiz yo’qolmagay, tilimiz unutilmag’ay… E’tiqod susaysa, til emas, imon ham unutilg’ay…

U xoturjam gapirar, ammo qoshining yig’ilib turishi, ko’zidagi o’tning yanada kuchliroq tovlana boshlaganini payqagan amirlar Sohibqiron ichida qanday kuchli to’fon o’ynayotganini sezib turishardi.
— Ko’pchilikda shubha bo’lsa, yo’lga chiqmagan ma’qul. Shubha nafaqat aqlni, u dildagi o’tniyam o’chiradi. Kelingiz, Tangri taologa murojaat qilaylik. Hind mulkiga yurish borasida istixora etaylik – Amir Temur yonida turgan Qur’onni qo’liga oldi. – Tangri taolo neni buyursa, shunga amal qilg’aymiz.

Davradagilar o’sha zahot uning taklifini ma’qullab ovoz berdilar. Sohibqiron Qur’oni karimni oldidagi shira ustiga qo’ydi, chuqur nafas olib, biroz sukut saqladi-da, ko’zini yumib kitobni ochdi. U avval ochilgan sahifadagi oyatni ichida o’qidi, so’ng baland ovozda takrorladi:
— “Ey, Rasululloh, kofirlarga va munofiqlarga qarshi jahl qilg’il”.

Amir Temur bir chetda turgan mavlono Faxriddinga tikildi. Mavlono darrov Sohibqiron istagini uqdi, ohista o’rnidan turib oyat mazmunini izohlab berdi. Amirlar mavlononing izohini eshitgach, boshlarini egib, jimib qoldilar.
— Xo’sh, — dedi Amir Temur.

Ammo bu gal ham amirlar o’z fikrlarini aytishga shoshilmadilar. Buni ko’rgan sohibqiron jahlini yashirolmadi.
— Taqsirlarim, nechun jimsiz? YO Alloh taolo hukmi sizga hush kelmadimi?.. Men sizni saltanatim ustunlari deb bildim, hamisha izzatingizni unutmadim. Siz esa unutdingiz… Sababi nedir? Siz bilmasangiz, men yaxshi bilurman. Turgan suv sasiydi, yurgan odam yosharadi. Agar siz toliqqan bo’lsangiz, ilgingizda mador qolmog’on bo’lsa, lashkarni topshiring. Necha-necha bo’z yigitlar bizgayam navbat yetadimu, deb kutib turg’aylar. Olloh guvoh, Hindistonni siz emas, shul o’g’lonlar albat zabt etg’aylar…

Sohibqironning vajohatini ko’rib, ayniqsa, uning so’nggi so’zlarini eshitgan amirlar birin-ketin o’rinlaridan turib avf tiladilar. Amir Temur ularning so’zini xotirjam eshitib dedi:
— Siz ila ne-ne jangu jadallarda bo’ldim. Siz menga, men esa sizga suyandim… Har qancha yuragimni qon qildingiz, avf etdim. Butun boringg’iz, ertagacha o’ylang’iz…

Ertasi davom etgan qurultoy ahli bir ovozda bo’lajak yurish rejasini ma’qulladilar. Dili ravshan tortgan Amir Temur qo’l ko’tarib, zafaru fath fotihasini o’qidi.

Qurultoydan yarim oy o’tar-o’tmas, Sohibqiron boshchiligidagi ulkan qo’shin Qashqadaryo vohasini tark etib, Termizga yaqin yerda Jayhundan kechib, Xuroson hududiga o’tdi.

U butun yoz davomida Andarob degan joyda bo’ldi. Sakkiz yuzinchi yil zulhijja oyining boshida – 1398 yilning avgustida Amir Temur Panjshir daryosi yoqalab Qobulga qarab yo’naldi. Shu yerda unga bo’lajak yurishda omad tilagan Oltin O’rda elchilarini qabul qildi. Elchilar bir necha muddat o’tib qaytishga ruxsat so’ragandan keyin, ularning karvonini qo’riqlash uchun bir guruh askar ajratdi. U bu ishni elchilarni o’ylab emas, shu karvon bilan dorilmulkka qaytish lozim topilgan Saroymulkxonim bilan Shohruh mirzoning o’g’li, to’rt yashar nabirasi Muhammad Tarag’ay xavfsizligini ta’minlash uchun qilgan edi.

Bundan o’n yetti yil avval qo’lga kiritilgan Xuroson mulkining bu qismi hamisha notinch bo’lib kelgan. Hindiston yurishini maqsad qilgan Sohibqiron shu sababdan ham qo’shin ortini mustahkamlash niyatida Kobulni tark etib, Sulaymon tog’lari yaqinida yashagan afg’on qabilalari va isyonkor qora kiyimlilar – siyohpo’shlar nomi bilan mashhur isyonchilarni tavbasiga tayantirish, o’zining ko’nglini tinchlantirish bilan mashg’ul bo’ldi. Qolaversa, bu tadbir Hind sultonini chalg’itishning yo’li ham edi. Go’yo o’zini Hindistonni zabt etish uchun emas, mana shu bebosh qabilalarni itoatga keltirish uchun kelgan qilib ko’rsatmoqchi bo’ldi.

U vaqt yetishi bilan o’ttiz ming askarga rahbar bo’lmish amirzoda Pirmuhammad Jahongirga Sulaymon tog’ini oshib, Sind daryosini to’xtamay kechib o’tib Mo’lton viloyatiga, amirzoda Muhammad Sulton bilan amirzoda Rustam boshchiligidagi o’ttiz minglik qo’shinga esa Sind daryosi yoqalab Kashmir tog’i etagidagi yo’ldan yurib Lohur viloyatiga yurish qilishga farmon berdi. O’zi bo’lsa qo’shinning asosiy qismi – g’ul bilan Badaxshon tomonga yo’naldi va tog’ oshib Hindiston sarhadlariga bostirib kirdi. Hindiston yurishi haqida boshqa bir hikoyamizda batafsil to’xtalish niyatimiz borligi sabab, biz asosiy maqsadimiz – sizga so’zlab bermoqchi afsonani keltirib chiqargan voqealarga o’tishni ma’qul ko’rdik.

Amir Temur, yuqorida aytganimizdek, qo’shin ortini mustahkamlash maqsadida afg’on qabilalari tomonidan vayron etilgan bir qator qal’alarni qayta tiklatgan va ularda o’z odamlarini qoldirgan edi. Mana shu qal’alarning biri Irob qal’asi edi. Pirmuhammad Jahongir Mo’ltonga yurishi oldidan o’ziga sodiqlik so’zini aytgan Lashkarshoh afg’onni mana shu qal’aning kutvoli qilib tayinlagandi. Amir Temur qo’shini Hindistonga qarab yo’lga chiqishidan foydalangan karkas deb atalgan afg’on qabilasining boshlig’i Muso afg’on kelib qal’ani qo’lga kiritdi va kutvol Lashkarshoh afg’onni qatl etdi. O’ldirilgan og’asining qasosini tilagan Malik Muhammad Sohibqiron huzuriga bosh urib bordi. Amir Temur uzoqni ko’zlab ish tutdi: go’yo bechora inining o’tinchiga quloq solmagan bo’lib, uni qamab qo’yishni buyurdi. So’ng Muso afg’onga huzuriga kelishni talab qilib yorliq yubordi. Muso afg’on kelgan chopardan qon o’chi talab qilib borgan Malik Muhammad qamoqqa tushganini eshitib , xotirjam tortdi. Ammo Amir Temur qo’shini qal’aga qarab kelayotganidan voqif bo’lgach, unga peshvoz chiqib, qal’ani peshkash qilishni ma’qul deb topdi. Ammo u o’z askarlaridan biriga Amir Temur qal’aga kirishi bilan o’q uzib, uni halok etishni buyurgan edi. Ammo pastkash niyatiga etmadi. Uzilgan o’q xato ketdi. Muso afg’on qilmishiga yarasha jazolandi, u qatl etildi.

Aynan mana shu voqea yillar o’tib afsonaga asos bo’lganiga shak-shubha yo’q. Lashkarshoh afg’ondan avval qal’ada Pirmuhammad Jahongir turgani uchunmi, afsona Amir Temur o’g’lining o’limi haqida hikoya qiladi. Nabiraning o’g’ilga aylanishi esa faqat afsonalarda emas, hatto tarixiy kitoblarda uchrab turadigan holdir. Qolaversa, Pirmuhammad Jahongir Amir Temurning kenja o’g’li Shohruh bilan deyarli tengqur edi. Endi navbat afsonaga..

II

Dunyoning to’rt tarafiga ko’z tikkan Sohibqiron Amir Temur qo’shini jangari afg’on qabilalari bilan bo’lgan og’ir jangu jadaldan so’ng daryo yoqasida qo’qqayib turgan ulkan qoya ustidagi qal’ani qo’lga kiritdi. Qal’a juda kichik, ammo baland devor bilan o’ralgani uchun g’oyatda kuchli istehkom edi. Shuning uchun ham qal’aning qo’lga kirishi qiyin bo’ldi. Aniqrog’i qiyin bo’lishi mumkin edi. Ammo kutilmagan xiyonat tufayli qal’a uning qo’liga juda oson o’tdi.

Xiyonat qal’a jiybaxonasi boshlig’i tomonidan bo’ldi. U dastlab maktub qatib bog’langan yoy o’qini Sohibqiron askarlari tomon uchirib, tun yarimdan og’ganda mag’rib tomondagi darvozani ochajagini xabar qildi. Munshiy xatni unga o’qib berar ekan, Sohibqiron hali aftini ko’rmagan jiybaxonachidan qattiq nafratlandi. ”Ko’rnamak”, — deb o’yladi u munshiy xirgohdan chiqib ketgach. U uzoq o’yladi. Hukmdorlari bergan tuz haqini unutib, vafodorlik va sadoqatni bir chekkaga yig’ishtirib, uning oldiga ne-ne odamlar bosh urib kelmagan. Lekin u har safar bu xoinlarni la’natlagan. Tuz haqi va vafodorlikni unutib, xizmat vaqtida o’z sohibidan yuz o’girib uning qoshiga kelgan har bir yuzsizni o’ziga va saltanatiga eng yomon dushman deb bilgan. Ular o’z sohibiga vafodorlik qilmagach, unga qilarmidi?

Ammo Sohibqiron xiyonatdan foydalanishdan yuz o’girmas, undan ustalik bilan foydalanardi. Axir, qay bir sarkarda o’z jangchilarining bekordan-bekor qurbon bo’lishidan saqlaydigan yo’ldan foydalanishni istamaydi. Xiyonat inson yuragini qurt kabi kemirgan fasoddan, mamlakatda loqaydlik tufayli yuzaga chiqqan parokandaligu tanazzuldan tug’ilishini u yaxshi bilardi. Shu sababdan ham muttasil har bir sipohiy, har bir qo’shin boshlig’i, har bir amir boshi ustida uning qahri aylanib turishi zarurligini unutmas, ularni umid va qo’rquv o’rtasida tutishni lozim ko’rardi.

Agar jiybaxonachi xiyonatga yuz tutgan ekan, undan foydalanmog’i savobdir, inchunin uni bu harom yo’ldan qaytarishning iloji yo’q. Iloji – o’lim.

Qal’a tongga yaqin g’arbiy darvozaning kutilmaganda ochilishi tufayli uning qo’liga o’tgach, qarorini farmonga aylantirib, qal’a qutvoli bilan jiybaxona boshlig’ini o’limga buyurdi.
Bir-ikki kun lashkarga dam berib bo’lgach, sohibqiron qal’ada o’g’li boshliq qo’shinni qoldirib, boshqa shahru qal’alarni zabt etish qasdida shitob bilan otlanib, yo’lga tushdi.

Yo’lga tushgan qo’shindagi askarlarning son-sanog’i yo’q edi. Ularning otlari ming farsangdan ortiq yo’l bossayam hali toliqmagan va shamoldek uchqur, qilichlari olmosday o’tkir, yuraklariga qo’rquv tushmagan edi. Qo’shin shunday shiddat bilan borardiki, xuddi saraton mahali qamishzorga tushgan o’tdek to’xtovsiz edi. Boshlaridagi simobiy dubulg’alar kun tig’ida yalt-yult tovlanar ekan, o’sha zamonda yashagan muarrix ta’riflagandek, “qo’shin kejim, zirh va javshanlar ko’pligidan bamisoli temir tog’i kabi edi, go’yo temir tog’i erib, daryo bo’lib oqub borar, bu qoim yuz ming koinotni yutib yuboradigan ulkan nahangdek jilvagar edi”.

Bu qo’shin o’tgan yo’llar changi haftalar davomida bosilmasdek, bu temir oqim to’xtab hordiq olgan yam-yashil o’langlar go’yo qayta o’t unmasdek taassurot qoldirardi. Go’yo o’t unishi uchun yomg’ir oylar davomida otlar tuyog’idan ezilib o’lgan tuproqni yumshatishi, quyosh yillar mobaynida bu taqir maydonlarga o’z mehrini tinmay sochmog’i kerak edi. Olis tog’lar qoyalari ustida poda o’tlatib yurgan afg’on cho’ponlari biyobon o’rtasida to’satdan paydo bo’lgan simobrang daryoni ko’rib, Alloh taoloning irodasidan hayratlanib, tasannolar aytishardi.

Mana shu ulkan qo’shin to’xtab Sind daryosi sohilida hordiq olayotgan paytda Amir Temurga kuni-kecha zabt etilgan qal’adan chopar kelganini aytdilar. “Kirsin!” – dedi Sohibqiron daryodan urilgan salqin shabadadan ohista tebranib turgan xirgoh pardalariga tikilganicha. Amir Temur yugurib ichkariga kirgan choparni tanidi. U shahzoda o’g’li xizmatida yurgan uyo’g’lonlarning biri edi. Uyo’g’lon kira solib, tizza cho’kib va boshini egib, siniq ovoz bilan so’zladi:
— Onhazrat, shum xabar keltirganim uchun boshimni oling.

Uning bu so’zini eshitgan Amir Temurning bir mo’yi ham qimirlamadi. U huzuriga kirgan sonsiz choparlardan bu so’zni necha marta eshitgan, sanasa, sanoqdan adashmog’i mumkin. Ko’pincha bu so’z bilan boshlangan xabarlar uning qulog’iga yetishga ham arzimas bir gap bo’lib chiqar, Sohibqiron odamlarning vahimaga o’chligidan hayron qolardi. Birdan o’yiga: “Nahotki, o’g’limga bir gap bo’lgan bo’lsa?” degan gap keldi-da, sergak tortdi.

— Sening joning Allohniki, oldin so’yla, agar Alloh oldida javobgar bo’lsang, boshing shaksiz kesilg’ay. Agar menga nisbatan aybli bo’lsang, hukmni mashoyixlar ayturlar…
— Avval bir qoshiq qonimdan keching, onhazrat, — dedi uyo’g’lon sapchadek kichik boshini ko’tarmay.
Amir Temurning g’azabi qaynadi. “Nima balo, bu sakbachcha, mening irodamni sinamoqchimi?”

Birdan daryodan esgan shabada yuziga urildi-yu, Allohning bu ne’matidan yana ko’ngliga xotirjamlik cho’kdi.
— Kechdim, gapir, — dedi horg’in tovush bilan Sohibqiron.

Chopar ortiq paysalasa, aytadigan gapi o’zi bilan rixlatga ketishini angladi-yu, boshini sal ko’tardi. Shunda ham hukmdorning yuziga qarashga jur’at qilolmay, gap boshladi:
— Ulug’ Sohibqiron, siz qal’ani tark etgandan so’ng la’nati yog’iylar nogahon uni qamal ayladilar. Necha kun jang bo’ldi. Ammo kuchimiz ozlik, zahiramiz nosozlik qilib mag’lub bo’ldik. Yog’iylar qal’aga biz bilmagam yashirin yer osti yo’ldan kirib oldi. Qal’aning qo’ldan ketmog’i ayon bo’lgach, bemonand shahzoda meni sizning huzuringizga jo’natdi. Necha o’limdan qolib, ming g’avg’o bilan qal’adan chiqishga muvaffaq bo’ldim.

— O’g’limga nima bo’ldi, u tirikmi? – deb sekin so’radi Amir Temur. Uning ovozidagi sovuqdan choparning etlari jimirlab ketdi. So’ngra zo’rg’a ovoz chiqardi:
— Bilmayman, olampanoh, bilmayman – uning jag’lari titrardi, — Men qal’adan chiqish sa’y-harakatini qilayotganimda, jang jiybaxona oldida borayotgan, shahzoda jangning o’rtasida edi.

Amir Temurning ichiga o’t tushgandek bo’ldi. Sekin atrofida turgan ichkarilaru nombardorlarga razm soldi. Biror bir ko’z ochiqdan-ochiq unga tikilib turganini ko’rmadi. Ammo, hammaning yuzida tashvish alomati zohir edi. U bir dam o’yga botib turdi-da, sekin pichirladi:
— Hozirning o’zidayoq qo’shin yo’lga otlansin. Yog’iylar munosib jazolonsunlar. O’g’lim tirikmi, o’likmi topilsin.

Nazarida farmonini qo’shinga yetkazishga javobgar tovachi sust harakat qilayotgandek tuyuldi. Bir harakat bilan o’rnidan irg’ib turdi-yu, g’azab bilan baqirdi:
— Bo’g’ozmisan, enag’ar. Agar yana paysallasang qorningni yorib, qoningni oqizg’anim bo’lsin.
Pak-pakana, qorindor tovachi xirgohdan o’qday otilib chiqdi. “Xudo bir asradi, xudo bir asradi!” degan o’y chopib borayotgan tovachining miyasini kemirardi.

Dam o’tmay temir tog’ yana erib, ulkan oqimga aylandi va kechagina o’tilgan, hali chang-to’zoni bosilmagan
yo’llardan ilondek buralib oqa boshladi. Endi bu qo’shinning shiddati yana ham jadal , navkarlar dilida qasos o’ti yonar, otlar qamchi zarbidan alamzada yo’rtib borar edilar. Temir oqim bir necha kundan so’ng dushman qo’liga o’tgan qal’ani uch tomondan o’rab oldi. To’rtinchi tomonda esa yuksak qorli tog’lardan tushib hali qo’lga o’rgatilmagan beasov toydek hapriqib, guvillab ulkan daryo oqib turardi. Agar o’sha tog’lar tomonda poda o’tlatib yurgan o’sha afg’on cho’poni hozir qal’a tomonga ko’z tashlay olganida edi, ulkan biyobon qa’rida tug’ilgan noma’lum simobrang daryo ulkan qoyaga – qal’aga urilib ikkiga bo’linib asrlar davomida oqib turgan o’zlariga tanish daryoga qo’shilayotganiga ko’zlari tushardi. Agar ular ertasi ham o’sha tomonga qaraganlarida edi, kechagi birdan paydo bo’lgan simobrang daryo yo’qligini, ulkan qoya atrofida esa ulkan qo’l paydo bo’lib qolganini ko’rgan bo’lardilar. Bu ko’l kechasi olov komiga aylanib, undan taralgan yog’du yuksak tog’larning qorli cho’qqilariga urilib, ularni nimqizil rangga bo’yaldi. Bu qal’adan yiroq-yiroqlardagi qishloqlar olislardan kelayotgan yer zirillashiga vahima bilan quloq solar, allaqanday noma’lum, shu sababdan qo’rqinchli halokatlardan darak beruvchi g’aroyib manzaraga – yuksak tog’ cho’qqilarining qori alvon rangga bo’yalib tovlanishini ko’rib dahshatga tushardi.

Eng qo’rqinchlisi, noma’lumlik edi. Noma’lumlik ularni o’zlari asrlar davomida yashagan maskanlarini, molu mulklarini tashlab g’arq pishib yotgan tutlar hidi anqib turgan chorbog’lar oralab o’tgan yo’llar orqali bu vahimadan bexabar va aldamchi farog’at og’ushida uxlayotgan o’lkalarga ketishga, bu noma’lumlikdan yosh kelinchaklarning ko’ksida suti qurib, hali kindik yarasi bitmagan chaqaloqlar yig’isi otalarni yarim kechalari turib olisda tobora qizilashib tovlanayotgan tog’larga notinchlik bilan uzoq boqishga majbur qilardi. Yer zirillashi to’xtagani bilan ularning yuragidagi zirillash battar avj olardi. Ular o’sha tuni bilan nimqizil rangda tovlangan tog’lar tomondan biror bir xabar kelarmikan deya ilonizli yo’llarga intiq boqib kutishar; ammo nomoz paytidagi kentlar ko’chasidek bu qadimiy yo’llarda biror kishining qorasi ko’rinmasdi. Noma’lumlik tomonga qarab borib, u yoqdan biror gap olib kelishga hech kim jur’at qilolmasdi. Undan ko’ra ular keng dashtda dushman lashkari bilan yuzma-yuz turib jang qilishga rozi edilar. Ammo dushman o’sha noma’lum tomonda edi.

O’sha noma’lumlik tarafda, kechalari nimqizil rangda tovlangan tog’lar tomondan oqib tushgan daryo yoqasidagi qal’ani Amir Temur qo’shini iskanjaga olgan edi. Sohibqiron qal’aning sharqiy darvozasi ro’parasida sarkob tiklashni buyurdi. U qal’aga taslim bo’lishni talab qilib nishon jo’natmadi. U sarko’b tiklanishini va sharq tomondan oqib kelayotgan temir oqimni mana shu sarko’b poyida yig’ilishini ham kutib o’tirmadi. O’rtada beomon jang boshlandi. Amir Temur ham Yaratganning bir bandasi kabi, olisdagi qishloqlarda yashagan fuqarolarga o’xshab noma’lumlikdan qo’rqardi. Ammo u noma’lumlik qarshisida qo’l qovushtirib o’tirishni yoqtirmasdi. U har qanday jumboq yechilgandan keyingina yuragida farog’at topajagini yaxshi bilar; bu jumboq, bu noma’lumlik – farzandning qismati uni qiynagan sayin, u mana shu noma’lumlikni yo’q etuvchi quroli – qo’shinlarini jangga soldi. Ko’zlarida ham qasos olovi, ham o’g’il tashvishi baravar aks etgan Amir Temur tundayam askarlariga dam bermadi. Har yer-har yerda yoqib qo’yilgan gulxanlar yorug’ida qal’aning to’rt darvozasi yonida beomon jang davom etdi. Yugan-suvloqlarini chaynab, og’zi ko’piklangan bezovta otlarning qo’rqinchli kishnashi, kuragiga botgan yoy o’qi og’rig’idan dunyoni buzib baqirayotgan jangchilar, palaxmonlar otgan toshlar gursillab devorlarga, darvozalarga urilishidan taralgan bo’g’iq tovushlar, guruh-guruh jangchilar goh oldinga, goh orqaga chopganlarida zilzila paytidagidek yerning silkinishlari orasida allaqachonlar tiklangan sarko’b ustidagi xirgoh yonida turgan Sohibqironning: «Bosing! Bosing!» degan hayqirig’i!..

Jang avjiga chiqqan yarim tunda tinim bilmay yo’l bosib, kela solib jang boshlagan hukmdor ko’zining bir zumgagina yumilganini bilmay qoldi. Shu bir zum ichida u tush ko’rdi.

Osmonu falakdan quyulgan kumush shu’la og’ushida bir ayol belanchak tebretardi. Belanchak iplari qaerga osilgani bilinmasdi. U ayolni tanidi – u Tegina Mohimbegim, onasi edi. Ammo beshikda o’g’li yotardi… “Ota – dedi o’g’li jilmayib, — Ota…” Birdan o’g’lining qichqirig’ini eshitdi: “Onajon!…”

U birdan uyg’onib ketdi-yu, sarko’b poyida yotgan yarador jangchilardan birining bo’g’zidan chiqqan o’lim oldi nolasi uni uyg’otib yuborganini bilmadi. “O’g’lim!” – shivirladi birdan dili yonib o’zidan-o’zi. Sohibqiron ko’zidan oqib chiqqan bir tomchi yoshda gulxan yorug’i aks etgandek bo’ldi. U o’sha zahoti ko’zlarini yengi bilan artib, hech kim sezmadimi, degandek atrofiga nazar tashladi. Hammaning xayoli jang maydonida edi. Faqat uning hamma yurishlarida qatnashgan qari munajjim osmonga bezovta tikilardi. Qariya Sohibqironning o’ziga tikilganini sezib, o’girildi. Amir Temur munajjimni yoniga chorlab, bezovtaligi sababini surishtirmoqchi bo’ldi. Ammo xayoli bo’lindi. Askarlari sarko’b qarshisidagi darvozaga o’t qo’ygan edilar. Qoramoy sepilgan ulkan naqshkor darvoza o’tga mahtal turgandek lovillab yona boshlagandi. Olov pastdan tepaga jadal o’rlab, darvoza ustunlariga urilib tobora baland lovillardi.

To’satdan havo buzilib, kuchli shamol qo’zg’aldi, osmondan bir-ikki tomchi tomgandek bo’ldi. Shuni o’zi kifoya bo’ldi-yu, gulxanlar o’chdi, yonayotgan darvoza ham omon qoldi. Biroq, bu jang shiddatini susaytirmadi, muhosara kuchaygandan kuchayar, har ikki tomon bir-birini ayashni xayoliga ham keltirmasdi.

Jang avjiga chiqqan sayin Amir Temurning g’azabi kuchayar, atrofida turgan nombardorlar sohibi taxtning qahrini ko’rib, nafaslarini ichlariga yutgan holda sukut saqlashardi. Faqat qal’a tarafdan kelayotgan suron bu sukutni eshitishga yo’l qo’ymasdi. Temir oqim qal’a devorlariga bo’ron paytida quturgan dengiz to’lqinlaridek borib urilar – sada ketidan hazora, hazora ketidan tuman kelardi. Manjaniqlaru arradalar qal’a devorlarini buzish uchun tinmay ishlar, cho’moqlaru xarbalarning bir-biriga urilgandagi jaranglari to’xtamasdi.

Tong yaqinlashib, atrof yorisha boshlagan g’ira-shiralikda Amir Temur amri bilan yasovulboshi qodirandozlarni ishga soldi, ularning yoydan bexato o’q uzishlari tufayli shahrband ustidagilar tutdek to’kildi.

Oxiri sabri tugagan Sohibqiron xirgoh ayvonidagi o’rnini tark etib, bu holdan vahima tushgan xos navkarlar o’rovida pastga – qal’aga yaqinroq borishga, bu bilan askarlari ruhini ko’tarishga qaror qildi. U shiddat bilan sarko’bdan tushib borarkan, zahira ortilgan aravalardan birining yonida o’chib qolgan, ammo daryo tomondan esayotgan salqin shamoldan qip-qizarib tovlangan gulxan cho’g’lariga qo’llarini toblab, isinib turgan bir cholga ko’zi tushdi. U cholni sezmay o’tishi mumkin edi. Ammo shuncha shovqin-suron orasida cholning ming’irlab kuylagan qo’shig’i noxosdan uning diqqatini tortdi:

Voy, o’g’lima, voy o’g’lim,
Yigitlarning nobudi.
Ko’tarilmay qoldi-ya,
O’g’ilginam tobuti.

Maymananing yigiti,
Oyog’ida bor-buti.
Qo’ldan qo’lga o’tmadi
O’g’ilginam tobuti.

Qora yerda yotarsan,
Kimsa bilmas aslingni,
Do’stlaringni xor etding,
Kim oladi qasdingni.

Voy, o’g’lima, voy, o’g’lim,
Yigitlarning nobudi.
Qo’ldan-qo’lga o’tmadi
O’g’ilginam tobuti…

Amir Temur cholni tanidi. U qal’ani o’sha ilk marotiba ilgiga olganda, o’z sohibi, o’z safdoshlariga xiyonat qilganligi tufayli o’limga buyurilgan qal’a jiybaxonasi boshlig’ining otasi edi.

III

O’shandayam jang juda dahshatli kechgan bo’lsa-da, bugungichalik bo’lmagandi. Unda muxoliflar o’zaro ilk marta to’qnashayotganlari uchun hali bir-birlaridan qo’rqishmas, dillarda faqat: «Kimning qo’li baland kelarkan?» degan hadik bor edi, xolos. Ammo qilichlar bir-biriga urilgan ilk daf’adayoq bu hadik o’rtadan yo’qolib, uning o’rnini yog’iyga nisbatan g’azab va nafrat egallagan edi. Tongga yaqin boshlangan jang kechgacha davom etgan va ertasi kuni quyosh endi qizarib chiqa boshlagan mahalda chol o’g’li – jiybaxona boshlig’i xiyonati tufayli Turon hukmdorining g’alabasi bilan tugagan edi. Ammo g’alaba unga tatimadi. Yuborilgan nishonidagi talabiga bo’ysunish o’rniga qarshilik ko’rsatgan qal’a kutvoli bilan unga qal’a darvozasini ochib bergan jiybaxona boshlig’ini qatl ettirdi. Yengilgan qo’shin askarlarini esa qatl maydoniga olib kelib, o’z boshliqlarining sharmandali o’limini ko’rishga majbur etdi. Qatldan so’ng asirlarni qo’yib yubordi.

Qatl oldidan asir askarlar turgan tomondan dod-faryod eshitildi. Amir Temur sukunatni buzgan bu yoqimsiz baqir-chaqirni eshitib, “Nima gap?” degandek qurchilar — xos navkarlari boshlig’iga o’qraydi. Hukmdorning noroziligini payqagan qurchiboshi, devdek kelbatiga yarashmagan chaqqonlik bilan pastga otildi. Uning shunday og’ir gavdasi bilan chaqqon harakati o’rtasida bog’liqlik topolmagan hukmdor shovqin chiqqan tomonga tikildi. U mag’lub yog’iy askarlari ichidan qurchilar sudrab olib chiqqan cholni ko’rdi. Chol ikki qo’lini ombirdek qisib, maydon chetiga sudragan qurchilarga dastlab qarshilik ko’rsatishga urindi-yu, ammo dam o’tmay, nafasi o’chib, qo’l-oyog’i majolsiz shalvirab tushdi.

“U kim?” — deb so’radi Amir Temur qurchilar boshlig’i qaytib, o’z o’rnini egallagach. “Jiybaxona boshlig’ining otasi ekan”, — dedi qo’rchiboshi. Sohibqiron birinchi marta qon shimaverib alvon tus olgan kunda oldida qo’li bog’liq turgan, qal’ani xiyonat tufayli unga olib bergan jiybaxona boshlig’iga tikildi. U o’g’li tengi yigit edi.

Xuddi o’sha lahza tovachining ishorasi bilan qatl boshlanganidan xabar berib nog’oralarning gumbir-gumbiri boshlandi. Maydon o’rtasidagi kunda qo’yilgan supada qo’qqayib turgan jallod qiblaga qarab tilovat qildi. Botayotgan quyoshda uning yuzi qip-qizil tusda tovlanardi. Tilovatni tugatgan jallod o’rnidan turdi va kundaga birinchi bo’lib kutvol boshini qo’ydi. Ammo kutvol boshini kundadan olib, yana qad tiklashga urindi. Mushtumining zarbi bilan buqani o’ldirishga qodir zabardast jallod bir siltash bilan yana uning gavdasini bukib boshini kundaga qo’ydi, so’ng yuksakdagi xirgoh peshayvonidagi taxtda ichkilaru nombardorlar qurshovida turgan hukmdorga tikildi. Aniqrog’i, tikilgandek bo’ldi, zero jallod boshini ko’tardi-yu, o’z sohibiga tik boqishga jur’at qilolmadi. Uning qo’lidagi oybolta hali qonga bo’yalmagan, ammo g’urub shu’lasi tushib qip-qizarib tovlanardi.

Endi buyog’i faqat Sohibqironning irodasiga, uning g’azabi yoki rahm-shafqatiga bog’liq edi. Ammo dunyoning to’rt tarafining zir-zir titratgan, G’arbu Sharq hukmdorlariga o’zining marhamatini ayamay, ularni farzandi qatoriga qo’yib, «o’g’illarim» deb murojaat qilishga ko’nikkan jahongir bu lahza nimalar haqida o’ylayotganini hech kim bilmasdi.

Qutvol ham, jiybaxona boshlig’i ham o’g’li tengi yigitlar edi. Ammo kutvol mardonalik bilan qal’ani saqlashga uringan bo’lsa, jiybaxona boshlig’i xiyonat bilan uni yog’iyga ochib bergani ular o’rtasida bir ulug’ jar hosil qilganini o’ylagan Sohibqiron dunyoning g’alati ishlarini anglashga urinardi. Mana, deyarli tengdosh yigitlar. Balki ular bitta ko’chada o’ynab ulg’ayishgan jo’ralardir, balki qilich chopqilashni birga mashq qilishgan saboqdoshlardir. Ammo ular hozir bir-biriga dushman. Kutvol o’zini mag’rur tutar, o’zini dushmanga sotgan jiybaxonachiiga qayrilib ham qaramasdi. Jiybaxonachi bo’lsa, allaqachonlar tiriklik nishonasini bildirmay munkayib yotardi. O’z qilmishini anglab, pushaymon bo’lganidan, ajalni allaqachonlar bo’yniga olganidanmi yoki o’z xiyonati bois marhamat kutib, uning o’rnida o’lim topayotgani tufayli qo’rquvdanmi uning devor rangiga kirgan basharasi ma’nosiz, unda na g’azab, na iltijo namoyon edi.

Hukmdor o’lim oldida ham o’zini xo’rlashlariga qarshilik ko’rsatayotgan kutvolga qarab, ikkilangandek bo’ldi. Keyin birdan sergak tortib, o’g’liga ko’z qirini tashladi. U o’g’lining chehrasida ham ikkilanish alomatini sezdi-yu, qarori qat’iylashdi. “Ikkilanish, bu bo’lajak mag’lubiyatdir” — deb o’yladi Amir Temur. Agar u hozir ikkilanganini o’g’liga bildirib qo’ysa, o’g’li saltanat va harbning har bir ishida ikkilanishi mumkin. Bunga esa yo’l qo’yib bo’lmasdi. Unda saltanatda orom, dushmanlarda qo’rquv, do’stlarda sadoqat, o’g’lida sobitlik qolmaydi. Illo, podshoh bir tadbir qilishni oldindan qasd qildimi, har qanday sharoit va vaziyatga qaramay, o’sha ishda qattiq turmog’i, to bitirmaguncha undan qo’l tortmagani ma’qul. Agar bugun u ikkilansa, ertaga o’g’li ham ikkilanadi, sobitligi sinadi, oqibatda mamlakat bo’linadi. Ikkilangan hukmdor baribir oxir-oqibat adashadi, so’ng ularga yaqin turganlar ham adashadi.

U bir paytlar, endi saltanat izmi ilgiga o’tgan kunlarda piri yo’llagan maktubdagi muborak so’zlarni esladi: «Mamlakat kufr bilan turishi mumkin, lekin zulm bor yerda turolmaydi». Xo’sh, undan shafqat tilash o’rniga o’limni indamay kutayotgan kutvolni o’ldirish zulmmi, zulm emasmi?! “Zulm!” — deb o’ziga javob berdi Sohibqiron. Ammo yana shu narsa ma’lumki, kutvol yosh bo’lishiga qaramay, zulm yo’liga o’tgan. Sohibqiron qon to’kilishiga yo’l qo’ymaslik niyatida o’z nishonini yuborib taslim bo’lishni taklif qilganida, bu talabga rizolik bildirish haqida maslahat solgan ikki-uch yuzboshini mashvaratning o’zidayoq chopib tashlagan. La’nati jiybaxonachi, allaqachonlar ko’nglida xiyonat fitnasini boshlagan jiybaxona boshlig’i ham o’sha yuzboshilarga qilich peshlagan. Nodon kutvol xavf-xatarni unga oqilona maslahat bergan yuzboshilardan emas, mana shu yonida turib qilich peshlagan jiybaxonachidan kutish kerakligini bilmagan. Oqibatda o’rtada jang sodir bo’ldi, necha yuz askar bekordan-bekor qurbon bo’ldi. Bu zulmmi, zulm emasmi?! “Zulm!” — deb hukm chiqardi buyuk jahongir.

Qolaversa, yomonlikka yaxshilik bilan javob qaytarish mumkinmi? U holda yaxshilikka nima bilan javob qaytarish lozim. Yo’q, yomonlikka adolat, yaxshilikka yaxshilik bilan javob qaytarmoq kerakdir. Aksincha bo’lsa, xatodir.

Amir Temur yana o’g’liga ko’z qirini tashladi. Uning yuzida hamon ikkilanish alomati zohirligini sezdi va o’g’li unga qayrilib bir nima deyishga hozirlanganini payqashi bilan ko’zini olib qochdi. Yo’q, o’g’li hozir nima demoqchiligini u eshitmasligi kerak. Zero, hozircha bu ikki iqlimni ichiga olgan cheksiz hududda va shu hududning markaziga aylangan yerda – u o’tirgan makonda har bir narsa, har bir kimsaning taqdiri yolg’iz uning irodasiga, uning qaroriga bog’liq. Shunday ekan, kecha yolg’iz o’zi bilgan qaror, uni boshqalarning qulog’i eshitmagan bo’lsa-da, bugun amalga oshmog’i shart.

Sohibqiron yuzida bir daqiqa paydo bo’lib, o’sha lahza o’chgan ma’noni uqqan tovachi jallodga “Boshla!” degandek qo’l siltadi. O’sha lahza jallodning qizil damli oyboltasi kutvol boshi ustida yalt etdi-yu, kesilgan bosh kundadan supaga, supadan pastga dumalab ketdi. Navbat jiybaxona boshlig’iga yetdi. Yana jallod oyboltasini yerga tirab, bosh egib izn kutdi. Tovachi hukmdor yuziga tikildi. Ammo Amir Temur yuzida hukm ma’nosini ko’rmay, vujudi diqqatga aylandi.

Navbat jiybaxona boshlig’iga yetdi-yu, jahongir dastlab kutvolni boshidan judo etganiga o’kindi. Avval battol xoinni o’ldirish kerak edi. Illo, o’zini yog’iyga sotgan xiyonatkorning o’limini kutvol ko’rishi kerak edi. Jahongirning birdan g’azabi ko’pchib, tovachiga o’qraydi. Gap nimadaligini anglolmagan bechora tovachining tizzalari bo’shashib, rang-ro’yi ko’pikdek oqarib ketdi. Ha, kutvol bu la’natining o’limini ko’rishi shart edi… Shart edi… Nega avval shu narsani o’ylamadi. Bu lahza o’z ona yurti hifzida turgan qal’ani unga olib bergan jiybaxona boshlig’i uning nazarida lunyodagi eng past, eng manfur kimsa edi.

Birdan yuztuban yotgan jiybaxonachining tanasiga jon kirgandek bo’ldi. Hukmdor o’yga botgan vaqtni paysallash, deb, Sohibqiron uni faqat qo’rqitish uchun kunda yoniga olib keltirganligiga, aslida qilgan ishi uchun albatta marhamat topajagiga ishona boshlagan xoin zo’rg’a ko’zlarini ochib hukmdorga boqdi. Majol topib, imdod tilamoqchi bo’ldi, ammo muzlab qolgan lablarini qanchalik ochishga urinmasin, ocholmadi, faqat qaqragan, qonga to’lgan bo’g’zidan nolaga o’zshash bir tovush chiqdi. Keyin hukmdorning o’ziga qahr bilan nafratomuz qarab turganini arang ilg’adi-yu, murda nuqsi urgan yuzini yana yerga bosdi.

Amir Temur g’azab bilan tovachiga baqirdi:
— Nimani kutyapsan, boshlamaysanmi?
Tovachining ishorasi bilan jallod bir siltash bilan jiybaxona boshlig’ining majolsiz gavdasini yerdan ko’tardi-da, ikki bukdi va boshini kunda ustiga qo’ydi. O’sha zahoti mahkumning og’zidan ko’pik oqib tusha boshladi. Jiybaxona boshlig’ining boshi ham kundadan pastga dumalashi bilan hammaning qulog’i ko’nikib qolgan og’ir va qo’rqinchli sukunat og’ushida maydon chetida bog’liq turgan otlar yonida chalqancha yotgan cholning yuragidan otilib chiqqan mungli faryod yangradi. Ammo bu faryod egasiga hech kim jur’at etib qaray olmadi. Yolg’iz Amir Temur o’rnidan turib, qatl maydonini tark etayotgan asirlar osha cholga uzoq tikildi. «Zulm!» — deb o’yladi yana u. Shu o’y ongida yalt etgan zahotiyoq, shart orqasiga o’girildi. O’shandan buyon cholni uchratmagan edi…

IV

So’nib borayotgan gulxan cho’g’larini qo’lidagi shox bilan titayotgan cholga ko’z tashlab, bir lahzagina to’xtab qolgan sohibqiron qadamini tezlashtirdi. Ortidan cholning qo’shig’i yetib kelardi:

Voy, o’g’lima, voy o’g’lim,
Yigitlarning nobudi.
Qo’ldan qo’lga o’tmadi
O’g’ilginam tobuti…

“Chol esdan og’gan!” — deb o’yladi Amir Temur, ammo oldida durbosh ko’tarib borayotgan qurchi “Voh” — deya
yuztuban yiqilganini ko’rdi-yu, o’sha zahoti cholni unutdi. Qal’a tomondan uchib kelgan to’qmor uchi qurchining ko’ksini techib, kuragidan chiqib turardi. Jahongirning xavfsizligi uchun javobgar qurchilaru ichkilar tezda uni turalar bilan to’sib olishdi.

Tuni bilan davom etgan jang tong yorishgach, battar avj oldi. Kechasi qo’zg’algan shamol va bir-ikki tomchilab o’tgan yomg’ir tinib, osmon shundayam yarqirar ediki, bamisoli artilgan shishadek beg’ubor edi. Osmonda bir hovuch bulut ham ko’rinmasdi. Yoz quyoshi odamlarga, chechaklarga, dala-yu dashtlarga, yuksak tog’larga o’z nurini shunday mehr bilan sochardiki, bo’layotgan voqealar o’ngda emas, tushda ko’rinayotgandek tuyulardi. Ammo har ikki tarafning jangchilari buni sezishmas, ularning ko’zi bir-birlaridan uzilmas, qo’llaridagi qilichu zulinlar tovushi, ko’zlaridagi g’azab, dillaridagi qahr g’ubori ham osmonni, ham quyoshni to’sib olgan edi. Toliqqan otlarning ham, odamlarning ham o’ngi tushga aylangan. Ular butun dunyoni unutgan, go’yo yolg’iz o’limgina ularga hordiq olish uchun imkon beradigandek. Tuni bilan sovutlar va dubulg’alar aks etgan oy nuri so’nib, quyoshdan tushgan shuur qip-qizarib oqayotgan daryoda tovlana boshladi. Uning suviga qon qo’shildi. U qal’a turgan qoyadan oqib tushib, olis tog’lar tarafdan dalalarni yashnatish, odamlar, gullar, bulbullar chanqog’ini qondirish uchun oqib tushayotgan daryoga borib quyilar, ko’m-ko’k daryo bir-ikki farsang davomida bu qonni hazm etolmay qiynalar… va oxiri qon rangini ichiga yutib, yana o’zining azaliy yo’lidan olg’a talpinardi.

O’lim topgan jangchilar qiynalmay jon berishar, o’lim ularga farog’atli uyqu bo’lib tuyular, ular «o’layapman»deb emas, «uyqu bosyapti», — degan xayolda ko’z yumishardi. Ochiq qolgan ko’zlarda tip-tiniq osmon bilan bab-baravar ko’pik sochayotgan otlar, qilich peshlagan suvoriylar, har ikki tomondan uchib kelayotgan novaklaru nayzalar aks etardi. Bu urush chizgan surat edi.

Tongdan o’tib qal’adagilarning zaiflashgani sezildi. Zero, ular o’zlari uchun o’limdan boshqa yo’l yo’qligini anglab, matonat bilan jang qilishar, biroq, erigan temur tog’i oqimi shiddat bilan to’xtashni bilmay, qal’a devorlariga urilar, har urilganda yana ham balandlashardi. Oxiri bu oqim devorlardan oshib, qal’a ichini to’ldirdi.

Amir Temurga qal’adagilar butunlay tor-mor qilinganini aytishdi. Sohibqiron bu xabarni eshitar ekan, boshqa narsani o’ylardi. U betoqat edi. U o’zi kutgan gapni eshitishni intiq kutar, ammo o’zi ochiqdan-ochiq so’rashga yuragi betlamasdi. “Demak, o’g’lim…” Amir Temur ko’ksi zirqirab og’ridi. U qurchilar boshlig’iga tikilib: “O’g’limni toping!” deb buyurdi. Ammo qidirishlar bekor ketdi. O’g’lining na tirigi, na o’ligi
topildi. Amir Temur bu haqda xabar bergan yaqinlariga darg’azab tikilar, ularni qayta-qayta qidirishga majbur qilardi.

Jahongir o’g’lini jasur va o’ktam qilib tarbiyalagan edi. Qilich tutgan qo’li baquvvat bo’lsin deb kecha-kunduz mashq qildirdi, yuragi qo’rquvni bilmasin deb sher yuragini yedirdi, farosatli bo’lsin deb kitobga oshna qildi. Yigirmaga chiqqan o’g’li o’n yillab sohibqiron yurishlarida qatnashgan, qilich chopqilashda chiniqqan tajribali jangchilar – bahodirlar bilan bir safda turish huquqiga ega bo’ldi.

Amir Temur ichida farzandini qanchalik suymasin, haligacha biror marta uning boshini silab erkalamagan. Erkalash dilni buzadi deb hisoblardi. O’g’li ham shu paytgacha otasiga biror marta kulib boqmagan, hamisha ko’zlarida olov chaqnab turardi. Bu olov o’sha jang ko’rgan bahodirlar ko’zlaridagi olovdek sovuq porlamasdi. Bu olov o’tli va yosh edi. Nahotki shunday o’g’li dushman qo’lida xor bo’lgan bo’lsa? Nahotki?! Yo’q, u o’zini xor qilishlariga yo’l qo’ymaydi. U yog’iy qo’lida xor bo’lishdan o’limni afzal ko’radigan yigit. Zero u o’g’lini qal’ada qoldirib ketar ekan, xayrlashish oldidan, shunday degandi: “Saltanatga da’vogarchilik qilgan har bir kishi saltanat sha’ni va martabasiga loyiq ish tutishi zarur. Mudom yodingda bo’lsinkim, bu yo’lda jangga kirib, yo zafar quchib g’olib bo’lg’aysan, yo o’ldirilg’aysan. O’limini bo’yniga olgan kishigina bu yo’ldan yurmog’i mumkin”.

Amir Temur rahmatli otasi, barloslarning ulug’ amirlaridan biri bo’lmish Muhammad Tarag’ay uni qanday tarbiyalagan bo’lsa o’g’lini o’sha ruhda: beshafqatlik, mardlik va farosatlik, faqat shundan keyingina oqibatlik ruhida voyaga yetkazdi. Oqibat, otasining nazarida, yolg’iz mehr-shafqatdan, shu bilan birga dilovarligu qattiqqo’llikdan tug’ilmog’i darkor. U oqibatning inkori bo’lmish xiyonatni yomon ko’rardi. Qo’rqoqlikni kechirsa kechirar. Ammo xiyonatchiga rahmdillik qilishni o’ylamas, hatto bunday qilishni gunoh deb bilardi. Agar Amir Temur dunyoning to’rt tomonidagi eng boy o’lkalarni zabt etib, ularning podshohlarini o’ziga tobe etgan bo’lsa, bu sharafga shu dilovarligi va oqibatdorligi, xiyonatga yo’l qo’ymagani sababli erishdi.

Amir Temur o’g’lida uch xislat mujassam bo’lishini istardi. Eng avvalo, insonparvarlik, so’ng tejamkorlik va nihoyat bosiqlik. Insonparvar odamgina dovyurak bo’lmog’i mumkin. Tejamkor bo’lgan odamgina saxiy bo’lishi mumkin. Bosiq odamgina hukmdor bo’lishi mumkin. Kimki jasur bo’lsa-yu, insonparvar bo’lmasa, tejamkor bo’lmasa-yu, saxiylik qilsa, dono bo’lsa-yu bosiqlik qilmasa, unday odam o’zi bosh-qosh ishniyam, o’ziniyam halok etadi. Kimki, dushmani bilan olishgandayam insonparvarlikni unutmasa, u, albatta, yengadi. Alloh taolo hamisha unga madad beradi, insonparvarlik unga panoh bo’ladi.

U o’g’liga mamlakat adolat, urush esa dilovarlik va ayyorlik bilan boshqarilishini, mamlakatda ta’qiq qancha ko’p bo’lsa, avom shuncha qashshoqlanishi mumkinligi, illo, erkinlik va adolat bo’lsa, ulus, demak, mamlakat boy bo’lishini, qonun va buyruqlar qanchalik ko’paysa, adolatsizlik, o’g’rilik va beboshlik shunchalar ko’payishi mumkinligini uqtirdi. “O’g’lim, — deb aytardi rahmatlik otasi, — uzoqni ko’rolmagan hukmdor yaqinidagi balolarga giriftor bo’ladi. Ammo, yaqinni ko’rib ish tutgan hukmdor ham xato yo’ldadir”. Amir Temur otasining bu gapini o’g’liga aytar ekan, o’zidan qo’shib ushbuni uqtirgan edi: Podshohlar hulqi bamisoli shamol, avomniki maysadir. Shamol qay tarafga essa, maysa ham o’sha tomonga egiladi. Shu sababdan podshoh hech qachon o’z qudratining asosi mana shu ulus ekanini unutmasligi kerak.

078 Amir Temur tutab yonayotgan, vayrona qal’aga kirmay daryoga yaqin yalanglikda chodir tiktirdi. Sohibqiron o’zining oddiy jangchilari libosidan deyarli farq qilmaydigan jangovar libosida, Damashqni olganda qo’lga kiritgan oltin chiroqdon osilgan shohchodirda qunduz bo’rkli boshini eggan ko’yi o’g’lidan darak kutardi. U kamdan-kam yolg’iz qolar, shu boisdan har gal shu ahvolga tushganda dilini allaqanday anglab bo’lmas og’riq qisa boshlardi. Hozir ham shu og’riq uyg’ondi-yu, sohibqiron chuqur oh tortdi. U og’riq sababinii bilmas, bu esa og’riqni yo’qotish chorasini topishga imkon bermasdi. Tuni bilan kechgan jang tufayli uyqudan, hordiqdan qolgan jahongir ongida quyuq va horg’in bir zulmat paydo bo’lgan, og’riq esa mana shu zulumot ichida yonib turgan chiroqdek goh pirpirab, goh tovlanib turardi. To’satdan tashqarida shovqin-suron ko’tarildi-yu, sergak tortdi. Ammo o’zini tutib, bu shovqin-suronlardan xayolan uzoqlashish uchun ko’zini yumdi. O’sha zahoti kechagi tushi o’ngida yalt etib namoyon bo’ldi. Kumush shu’la og’ushida belanchak chayqalardi. Bu safar onasi yo’q edi. Belanchak ham bo’m-bo’sh edi. “O’g’lim, o’g’lonim…” – deya pichirladi Amir Temur. Ammo tashqaridagi shovqin tobora unga yaqinlashib kelar, ortiq undan qochib bo’lmasdi…

Shu payt shoshilib ichkariga nombardorlardan biri kirdi. Uning yuzida qo’rquv bor edi. U gapni qanday boshlashni bilmay Sohibqiron qarshisiga kelib tiz bukdi. Amir Temur nega nombardorlaru amirlar har galgidek rasm-rusmga binoan o’z munosabatlaridan kelib chiqqan tartibda kirib kelmaganlari haqida o’yladi-yu, huzuridagi nombardor ko’pchilik aytishga qo’rqqan gapni unga yetkazishni bo’yniga olib kirganini angladi.

— So’yla, — dedi sohibqiron.
— Onhazrat, — dedi nombardor, — bir qoshiq qonimdan kechsangiz…
— Kechdim,, so’yla, — dedi Amir Temur.
— Onhazrat, o’g’lingizning na tirigi, na o’ligi topildi. Qal’ani elakdan o’tkazdik, ammo… — nombardor jim qildi.

O’rtada jimlik cho’kdi. Bu jimlik cho’zilgan sayin nombardorning qo’rquvi oshib borar, bu qo’rquv yuragidan qon tomirlari orqali vujudiga tarqalib, a’zoi-badanini shol etganday bo’lardi.
— Shovqin-suronning sababi nedir? – dedi boshini ko’tarmay Amir Temur.

Qo’rquv daryosiga cho’kib borayotgan nombardor birdan hushyor tortib, bor irodasini yig’ib, taqdir in’om qilgan xasga yopishdi:
— Qatl etilgan jiybaxona boshlig’ining otasi sizning huzuringizga kiraman deb shovqin ko’tardi. Qurchilar uni qo’l-oyog’ini bog’lab, daryoga tashlamoqchi bo’ldilaru bu ishni ixtiyoringizsiz qilishga jur’at topolmay to’xtadilar.

“Mana kim o’g’limga nima bo’ganini menga aytib beradi?”- degan nogahoniy o’ydan o’rnidan turib ketgan Amir Temurning vajohatini ko’rib nombardor hayot bilan vidolashish muddati yetganini tushundi. Ammo Sohibqiron unga yaqinlashib, yoqasidan ushlab dast ko’tardi-yu, qahrli ko’zlarini tikib, baqirdi:
— Cholni huzurimga olib kiring!

Boyagina qo’rquvdan qo’l-oyog’i bo’shashgan nombardor hukmdor yoqasini bo’shatishi bilan shohchodirdan o’qday otilib chiqdi. Zum o’tmay, qurchilar cholni olib kirdilar. Chol hozirgina arqon siquvidan bo’shagan qo’llarini uqalab, qarshisida o’tirgan Sohibqironga, ko’zlarini yashirmay, ochiqdan-ochiq razm soldi. Ular bir-biriga uzoq tikildilar. Allaqachon o’z o’rinlarini egallagan nombardorlaru amirlar “bu yog’i nima bo’larkin?” deganday voqealar davomini kutardilar.

— So’yla, kimsan? – deb birinchi og’iz ochdi nihoyat Amir Temur.
— Bandaman, — dedi chol unga tik boqqancha.
— Kimning bandasi? – deb so’radi yana Amir Temur.
— Hukmdorimning, — dedi chol.
— Hukmdoring kim?
— Alloh taolo! – dedi chol.

Amir Temur cholning javobiga ichida tahsin o’qidi. Bir lahzalik bu savol-javob uni ancha tinchlantirgan edi.
— Ey Alloh bandasi, — deya gap boshladi yana Amir Temur, — mening kimligimni bilasanmi?
— Bilaman. Sen ham Alloh bandasisan! – dedi chol.
— Inshoollo, xudoning bandasi Amir Temurman, — dedi Sohibqiron.
— Amir Temurligingni yaxshi bilaman.

Atrofdagilarning butun vujudi quloqqa aylanib, hukmdor bilan chol musohabasini tinglashardi.
— Allohniing mo’jizasi, Xudovandi karimning marhamatiga erishgan Amir Temurman, — dedi sohibqiron har bir so’ziga alohida urg’u berib.
— Har bir bandaning dunyoga kelishining o’zi Alloh mo’jizasi, Xudovandi karimning marhamatidir, — dedi chol.

Amir Temur «rost aytding» degandek bosh silkib, cholning so’zini ma’qulladi. Ammo o’sha zahoti yodiga
o’g’li tushdi-yu, lablari mahkam qisildi.

— O’g’limga nima bo’lganini bilasanmi? – deb sekin so’radi Sohibqiron. Ammo uning ovozini sukunat quchgan shohchodirda o’tirgan hamma eshitdi.
— Kecha qal’ada bir yigitni qatl etdilar. Uning ko’z-qoshi senikiga o’xshardi. O’sha yigit o’g’lingmi? – dedi chol savolga savol bilan.
— Sen aytgan yigit o’g’limmi, o’g’lim emasmi, men hali bilmayman. U tirikmi, o’likmi, bundan ham bexabarman, — dedi Amir Temur.
— Yigit taxminan yigirma yoshda edi, — dedi chol.
— Ha, o’g’lim yigirmaga chiqqan edi, — dedi Sohibqiron.
— Uni sening kelishing arafasida tongda qatl etishdi, — dedi chol.
— O’sha yigitni qanday o’ldirishdi, so’ylab ber, — dedi Amir Temur.
— Uni qal’a o’rtasidagi maydonda qatl etishdi. O’sha sen mening o’g’limni qatl etgan supada…

Chol bu gapni aytib to’xtadi. Amir Temur birdan yolg’izlikda qiynab, ko’pchilik orasida uni tark etadigan og’riq yana dilida uyg’onganini sezdi. Bu safar og’riq har safargidan kuchlioq edi. U bor irodasini to’plab, dilidagi azob yuzida zohir bo’lmaslik yo’lini tutdi. Choldan boshqa biror kishi jahonni qo’rquvda tutgan inson dilida qanday azob uyg’onganligini sezmadi.

-Tong mahali edi, — deb nihoyat gapini davom etdi chol. – Mashriqdan chiqqan quyosh charaqlab tursa-da,
mag’rib tomondagi oy hali botib ulgurmagan edi.

— Uni qanday o’ldirdilar? – deya toqatsizlandi Amir Temur.
— Avval o’ng qo’lini yelkasi osha chopdilar…
— Ingradimi? – deb so’radi Amir Temur.
— Yo’q, oh degan tovush ham chiqarmadi.
— Mening o’g’lim ekan! — dedi hayajonlangan Amir Temur.

— Keyin…keyin chap qo’lini chopdilar, — dedi chol.
— Ingradimi?
— Yo’q, miq etmay chidadi.
— Mening o’g’lim ekan! – dedi Amir Temur.

— So’ng yigitning o’ng oyog’ini chopdilar, — dedi chol, o’sha dahshatli qatl manzarasini ko’z o’ngiga keltirish niyatida ko’zini yumgancha.
— Ingradimi?
— Yo’q. Chidadi, ko’zidan bir tomchi yosh, bo’g’zidan bir un chiqmadi.
— Mening o’g’lim ekan u! – dedi Amir Temur.

— Keyin bechoraning chap oyog’ini chopdilar, — deb hikoyasini davom etdi chol hamon ko’zini ochmay.
— Ingradimi? – deb so’radi sohibqiron.
— Yo’q, ingramadi.
— Mening o’g’lim ekan o’sha yigit! Mening o’g’lim! – dedi Amir Temur ko’zidagi alam o’rnini g’urur egallab. – Keyinchi, keyin?..

— Keyinmi?.. – dedi chol mahzun ko’zlarini ochib, sohibqironga tikilar ekan, — keyin yigitning ko’ksini tars yordilar-da, yuragini uzib oldilar!
— Ingradimi? – dedi Amir Temur.
— Yo’q, ingramadi. Faqat… — Cholning tovushi hayajondan bo’g’ilgandek bo’ldi, u ko’zlaridan oqqan yoshlarni gulxan qoraytirgan yengi bilan artar ekan davom etdi. – Faqat yuragini uzib olganlari bilan, «Oh!» deb yubordi.
— Yo’q, u mening o’g’lim emas ekan! – deb yubordi cholning so’nggi so’zini eshitib o’rnidan sapchib ketgan Amir Temur.

Davradagilar Sohibqiron so’zini eshitib, baravariga qalqib ketdilar. Amir Temur ularning har birining ko’ziga tikilmoqchi bo’lgandek, davradagilarga bir boshdan tikildi va o’ziga boqib turgan cholga navbat yetganda yana takrorkadi:
— Yo’q, u yigit mening o’g’lim emas! — Shu gapni aytishi bilan sohibqironning ko’z o’ngini bir zum kumush yog’du to’sdi. Kumush yog’du aro chayqalgan belanchakni ko’rdi. Belanchak bo’m-bo’sh edi.

“O’g’lim!” – deya tovushsiz o’rtandi jahongir…

Sohibqiron qal’ani buzib tashlashni , cholga bo’lsa, nima tilasa o’shani berib, o’zi xohlagan manziliga yetkazib qo’yishni buyurdi. O’sha zahoti uning amri bajo keltirildi. Temir tog’i erib, yana qal’a tomonga oqdi va bir pasda qal’adan nom-nishon qolmadi. Ertasi kuni bu simobiy oqim daryo yoqalab mag’rib tomonga oqdi. Nima’lumlikdan sarosimada qolib oromni unutgan olisdagi shaharu qishloqlar temir oqim qay tomonga burilishini bilmay, vahima ichida qoldi. Noma’lumlik sarhadi kamaygan sayin temir oqim ularga shunchalik yaqinroq kelardi. Temir oqim chetlab o’tgan manzillarda bir pasda talvasa o’rnini farog’at, qo’rquv o’rnini xotirjamlik egallar, hayot yana eski oqimiga qaytardi. Kelinchaklar yig’ishtirilgan belanchaklarini yana daraxtga ilardi, yana alla aytib bolalarini uxlatib, dalaga hosil yig’ish bilan ovora erlari uchun ovqat tayyorlashga urinishar, ayrim uddaburonlari o’sma ezib, qoshlariga surish uchun ham vaqt topardi.

Chol Sohibqirondan hech nima so’ramadi. U devorlari buzilib, yer bilan tekislangan qal’a atrofini tark etmadi. Bir necha kundan so’ng Amir Temur to’satdan cholni eslab, surishtirdi. Unga cholning qal’a yonida qolganini aytdilar. Sohibqiron qo’shindan bir guruh ajratib, cholni o’z huzuriga olib kelishlarini buyurdi. Guruh bir necha kun yo’l bosib, manzilga yetib keldi, ammo chor-atrofni qidirib cholni topa olmadi. Jangchilar chol daryo sohilida bir kun oldin paydo bo’lgan qabrda ko’milganidan bexabar edilar. Uni dafn etgan podachilar esa sharqdagi tog’ qoyalaridan haydab tushgan podalari bilan allaqachonlar olislab ketgan, ular cholning Amir Temur va uning o’g’li haqidagi mahzun hikoyasini allaqachonlar afsona qilib aytib borardilar…

Afsona mana shu yerda yakunlanadi.

Vassalom.

1990

05

(Tashriflar: umumiy 46 023, bugungi 1)

2 izoh

  1. sayt juda yaxshi ekan unda ham kirill ham lotin alifbosida ma’lumot berilgan men saytda yana ingliz tili bo’lishini ham xohlar edim oldindan rahmat

  2. Жуда маъноли ва таъсирли ёзилган. Худди вокеалар ичида узим булгандек туюлди менга.Хар бир булаётган вокеанинг мукаммал тасвирлаб берилиши одам кунглига хаяжон солади. Рахмат сизга

Izoh qoldiring