Xurshid Davron. Bibixonim qissasi yohud tugamagan doston (2)

099     Шу пайт музейнинг кичик эшигидан беш-олти милиционер кириб келганини, уларнинг орасида шаҳар милицияси бошлиғи ҳам борлигини кўриб, Юсуповни ваҳима босди. “Наҳотки, музейга ўғри тушган бўлса? Ахир, ўғирланадиган нарсаларни аллақачон ўғирлаб кетишган-ку!” – дея ингради у ичида алам билан.
— Бибихоним қаерда?! – деб сўради шаҳар милициясининг бошлиғи…

ХУРШИД ДАВРОН
БИБИХОНИМ ҚИССАСИ ЁКИ ТУГАМАГАН ДОСТОН
Қиссанинг давоми

011

15

003ВИКТОР ВИТКОВИЧ ҲИКОЯСИНИНГ ДАВОМИ: Юсупов ҳаммолларга бор-йўқ пулини, камига соату-костюмини ҳам бериб муттаҳамларни аранг кўндирди ва минг бир ғавғо билан қўналғага етиб келди. Энди учоққа чипта олиши зарур эди. Бир ҳафталик югур-югурда силласи қуриган Юсуповнинг биринчи марта омади юришди. Қўналға бошлиғи тарихдан унча-бунча хабардор киши экан: Юсуповнинг илтимосини эшитиши билан: “Бу ёғини бизга қўйиб беринг, боплаймиз”, — деди-ю, “боплаш”дан олдин Бибихонимни кўрсатасиз, деб туриб олди. “Йўқ!” – дейишнинг иложи йўқ эди, Юсупов ноилож кўнди. Қош қораймоқда эди. Қоронғи туша бошлаганини кўриб, Юсуповнинг дили баттар хуфтон бўлди. Одамлар тиқилиб кетган қўналға биносининг ичи ғира-шира ёритилган, ҳавоси дим, тамаки тутунига тўлган – бундай дўзахда тунни ўтказиш у ёқда турсин, бир лаҳза туришнинг ўзи азоб эканлигини билиб, Юсупов аэродром бошлиғини Бибихоним жасади ётган омбор томонга бошлаб кетди.

Темурнинг суюкли хотини жасадини кўриш бахтига муяссар бўлганидан мамнун бошлиқ ваъдасининг устидан чиқди: бақириб-чақиришларга қарамай, турли важ-карсон топиб бир неча йўловчини рейсдан қолдирди, Юсупов билан Бибихонимни учоққа жойлади. Ўша йилларнинг энг машҳур учоғи ЛИ-2 самарқандлик тарих жиннисини етти кун югуртирган пойтахтни пастда қолдириб, ярим дунёни зир титратган жаҳонгирнинг машҳури олам пойтахти, сайқали замин аталмиш Самарқандга қараб учди.

Юсупов бахтиёр эди, аммо ҳали олдинда уни қанчалар ташвишу-ғалвалар кутаётганидан бехабар эди.

16

БИБИХОНИМ ҲАҚИДА ИККИНЧИ АФСОНА: Жангу-жадал билан олинган мамлакатлардан бирининг аҳолисини итоат қилдиролмаган Темур ташвишга тушиб қолди. У чора тополмай вазирларга маслаҳат соли. Улар ҳам етти кеча-кундуз ўйлаб илож тополмадилар.

Амир Темур жангу-жадаллар билан яна бир янги мамлакатни забт этди ва давлатни бошқарган юрт устига юриш бошлади. Аммо забт этилган мамлакат халқи жаҳонгир қўшинлари кетиши билан ғавғо бошлади. Улар ўзларининг амалдорларига бўйсунишдан бош тортиб, исён қилишар, қиличлар жаранги тўхтамас эди.

Амир Темур ўйланиб қолди. Етти кеча-кундуз ўйлади, охири Самарқандда қолган оқила хотини номига мактуб битиб, чопари билан Моварауннаҳр сари йўллади.

Чопар ҳар қишлоғу касабада от алмаштириб, уйқую-оромни унутиб туну-кун йўл босди. Самарқандга етай деганда, нафас ростлаш учун бир манзилга қўнди. Чой ичиб туриб бирдан ўйга толди. “Амир Темур Бибихонимни анчадан буён кўрмагани рост. Бу хатда соҳибқирон хотинига бағишлаб ғазал битган бўлса, ажабмас. Ўқиб кўрсам билиб ўтиришибдими?” – дебди-да, хатни очиб кўрибди. Ўқиса, ғазал эмас, бор-йўғи икки жумла: “Олган мамлакатимнинг халқини итоатда тутмоққа кучим етмаяпти. Қандай маслаҳат берасан?” – деган ёзиқ бор экан.

Чопар Самарқандга етиб келиб, Кўксаройга кириб мактубни Бибихонимга топширди. Оқила аёл эмасми, малика хатнинг очилганини дарҳол сезибди. “Агар жавоб ёзсам, бу жонидан тўйган яна очиб ўқиши турган гап. Шундай қилишим керакки, айтадиган гапимни Соҳибқиронга бу ўз оғзи билан етказсин. Лекин нима деганини ўзи англамасин”, — деб ўйлабди малика.

Шундан кейин Бибихоним хизматчиларни чақириб, бориб фалон ердаги чакалакзорнинг битта дарахтини қолдирмай қирқиб ташланглар, деб буюрибди. Чопарниям уларга қўшиб жўнатибди. Хизматчилар бора солиб, чакалакдаги дарахтларни битта қолдирмай қирқиб ташлашибди. Шундан сўнг Маликадан: “Энди ерни текисланглар”, деган буйруқ келибди. Хизматчилар, тўнкаларни қўпориб, чакалак ўрнини теп-текис шудгорга айлантириб қўйибдилар. Учинчи куни Бибихонимдан текисланган ерга ёш ниҳоллар экиш ҳақида фармойиш келибди. Ниҳоллар ўтказилаётганда Бибихоним ўзиям канизакларини бошлаб етиб келибди ва бошқаларга қўшилиб ниҳол экибди. Бу ишлар тугагач, Бибихоним чопарни чақириб:
— Йўлга чиқадиган вақтинг бўлди, отлан, — дебди.

Чопар ҳайрон бўлибди:
— Соҳибқиронга жавоб ёзмайсизми? – дебди.

Бибихоним: — Йўқ, ёзмайман.сен соҳибқиронга бу ерда кўрганларингни бир бошдан ҳикоя қилиб берсанг, кифоя,– деб жавоб берибди.

Чопар яна ҳар қишлоғу касабада от алмаштириб, бир ой деганда манзилга етибди. Отидан сакраб тушиб, уни кўзи тўрт бўлиб кутаётган Амир Темур олдда бош эгибди.

— Хўш, хат келтирдингми? – дебди Амир Темур.
— Йўқ, маликам жавоб ёзмадилар, фақат бу ерда кўрганларингни бир бошдан гапириб берсанг кифоя деб айтдилар, — дебди чопар ҳукмдорнинг кўзига тик қаролмасдан.

Амир Темур шу заҳот чопарнинг қилмишини англабди. Бироқ, ўзини сезмаганга олиб, буюрибди.
— Хўш, нималарни кўрдинг, айт!

Чопар Самарқандда кўрганларини бир бошдан: тўқайдаги дарахтларни қирқиб, тўнкаларини қўпориб, ерни текислаб ёш ниҳоллар ўтқазганларини гапириб берибди. Амир Темур Бибихонимнинг унга нималарни етказмоқчи бўлганни англабди. Англабдию қувониб кетганидан, чопарнинг жазолаш лозимлигини ҳам унутиб юборибди.

Бибихоним жаҳонгир эрига у босиб олган мамлакат аҳолисини итоатда сақлаш учун ўша юртнинг мансабдор оқсоқолларини хизматдан бутунлай четлатиб, уларнинг ўрнига ёшларни тайинлаш ҳақидаги маслаҳатини мана шу тарзда етказган экан.

Амир Темур Бибихоним айтганидек иш тутибди. Тобе қилинган мамлакатнинг олий мансабларида ўтирган ҳамма оқсоқолларни – бирини қувиб, бирини ўлдириб, бирини зиндонга солибди-да, уларнинг ўрнига ёшлардан қўйиб чиқибди. Тез орада мамлакат аҳолиси бошини итоатда тутадиган бўлиб қолибди.

17

Халқ ўртасида Бибихоним номи билан машҳур бўлган маликанинг асли исми Сароймулкхоним эди. Унинг ҳаёт йўли ҳақида тарихий манбалардан бири бўлмиш Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” асарида ёзилишича, Сароймулкхоним чингизийларан бўлмиш Чиғатой авлодига мансуб Қозонхоннинг қизи бўлиб, беш ёшида отасидан етим қолган. Машҳур рус олими В.Бартольд ҳам Қозон исмли хон қизи ҳақида маълумот беради. Шу сабабдан ҳам, яъни Чингизхон авлодидан бўлгани учун ҳам Сароймулкхоним Амир Темур саройида катта иззат-икромда бўлгани шак-шубҳасиз. Шу ерда таъкидлаб ўтиш керакки, бу даврга келиб Мовароуннаҳрда ўрнашиб қолган мўғуллар билан Мзғулистондаги мўғуллар орасидаги тафовут кўпайиб, маҳаллий халқ – туркийлар таркибига сингиб кета бошлаган эдилар. Шу сабабдан ҳам мўғул аслзодалари ўз шажараларини муқаддас тутиб, сақлаб юришларига қарамай улар туркий ҳукмдорларга қарам бўла бошлаган эдилар. Туркий ҳукмдорлар эса Чингизхон авлодлари билан қуда тутиниб, ўзларининг тахтга бўлган даъволарини ўша давр қонунларидан келиб чиқиб мустаҳкамлаганлар. Амир Темур ҳам Бибихонимга уйлангани туфайли “Кўрагон”, яъни “хоннинг куёви” унвонини олган. Баъзи маълумотларга қараганда, Сароймулкхоним амир Ҳусайн ибн амир Мусаллаб ибн амир Қозоғоннинг хотини бўлиб, етти юз етмиш биринчи (1369) йилда Амир Темур Мовароуннаҳр тахтини эгаллаш йўлида рақиби бўлмиш амир Ҳусайнни ўлдиргандан кейин унинг завжасига уйланган.

Агар тарихий маълумотларга асосланиб, Қозонхоннинг 1347 йилда вафот этгандан келиб чиқиб, юқорида келтирилган Абдураззоқ Самарқандийнинг Бибихоним беш ёшида отасидан етим қолгани ҳақидаги маълумотни инобатга олсак, Сароймулкхоним 1342 йилда, яъни 742-743 йилларда туғилган деб қараш мумкин.

Тарихий манбаларда Амир Темурнинг Ироқ ва Озарбайжонга қилган ҳарбий юришида Бибихонимнинг у билан бирга бўлгани ҳақида маълумот берилади. Ҳамда ўша сафар давомида Султонияда Темурнинг ўғли Шоҳруҳ икки фарзанд кўргани – хотини Гавҳаршодбекимдан Улуғбек мирзо (Муҳаммад Тўрағай), исми бизга номаълум бўлган хотинидан эса Иброҳим Султон туғилгани маълум қилиниб, жаҳонгир саройида ўрнатилган анъанага мувофиқ бу шаҳзодалар Сароймулкхоним тарбиясига топширилгани айтилади. Малика Амир Темурнинг Ҳиндистон, турк султони Йилдирим Боязид ва Миср султони Носириддин Фарож устига қилган юришларидаям бирга бўлган.

Фасиҳ Ҳавофий “Мужмали Фосиҳий”да етти юз саксон тўққизинчи (1387) йил воқеалари баёнида Амир Темурнинг Кўкча Тенгизда турганида унинг олдига Шоҳруҳ Султон ва Халил Султонни олиб Сароймулкхоним келгани ҳақида маълумот беради. Бу эса ўз-ўзидан Темурнинг барча фарзандлари ва набиралари мурғаклигидаёқ Сароймулкхоним ихтиёрига – оқила малика тарбиясига берилгани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлайди. Унинг тарбиясини олган Шоҳруҳ Султон, Халил Султоннинг санъат ва адабиётга, Мирзо Улуғбекнинг илму-фан ва адабиёту-мусиқага меҳр қўйишидан яна шундай хулосага келиш мумкинки, Сароймулкхонимнинг ўзи ҳам маърифатли ва фозила аёл бўлган.

Сароймулкхоним фақат чингизий хонлар авлоди бўлгани учунгина эмас, айни пайтда фозила ва оқила аёл бўлганидан ҳам Турон ҳукмдорининг меҳру-муҳаббатини, ҳурмату-эътиборини қозонгани шубҳасиздир. Жаҳонгир бошқа хотинларидан кўра кўпроқ айнан шу катта хотинини ўз ҳарбий юришларида ҳамроҳ қилиши сабабини ҳам Сароймулкхонимнинг мана шу фазилатларидан излаш лозим.
Оқила маликанинг салтнатни бошқарув ишларида, қурултойлару, олий мажлисларда давлат устунлари бўлмиш амирлар билан тенг қатнашиш ҳуқуқига эга бўлганини Амир Темур саройига ташриф буюрган Кастилия элчиси Рюи Гонзалес де Клавихо ҳам тасдиқлайди. Клавихон ўзининг “Самарқанддаги Амир Темур саройига саёҳат кундалиги”да шундай ёзади: “Темурбек Самарқандга юриш қилиб, уни забт этади, ҳокимиятни қўлга олиб шоҳнинг хотинига уйланади. Эндиликда бу аёл Темурбекнинг бош хотини ҳисобланади. Уни Канъо, яъни улуғ малика деб атайдилар. Канъо ёки Канъон – Темурбекнинг катта хотини, хоним, яъни Малика Қозонхоннинг қизи, амир Мусонинг синглиси эди. Темурбек уни Ҳусайн ҳарамхонасида қўлга олди. Унинг ҳақиқий исми Сароймулкхоним бўлиб, уни Меҳрибона деб ҳам атайдилар. Унинг ўғли Шоҳруҳ пировардида Темурбек салтанатининг вориси бўлди”.

Бошқа бир лавҳада испан элчиси бу фикрни яна қайта уқтиради: “Шоҳнинг катта хотини Сароймулкхоним деб аталади. Сароймулкхонимнинг саройидаги номи Бибихонимдир. У Сурия, Эрон подшоҳи Ахинхон (Султон Қозонхон)нинг қизи эди”.

Кастилиялик меҳмон ўз ҳикояси давомида Бибихонимни гоҳ Турон ҳукмдори Оврупо давлатларининг элчиларини қабул қилган маросимда, гоҳ Амир Темур уюштирган тўй-томошада қатнашганлиги ҳақида ёзади. Бу ғаройиб саёҳатнома Бибихонимнинг ягона тасвири келтириб ўтилгани билан ғоят қимматлидир. Рюи Гонзалес де Клавихонинг гўзал малика ҳақидаги ажойиб ҳикоясини ўқийлик:

“…Шоҳнинг катта хотини Канъо чодирлар ёнидаги саропардаларнинг биридан чиқиб келди. Сароймулкхоним қуйидагича кийинган эди: устида зарҳал билан тикилган, учлари ерга судралиб турган узун ва кенг, енгсиз ва ёқасиз қизил шоҳи кўйлак. Кўйлак белидан кесиб торайтирилмаган ҳолда этагигача жуда кенгайиб борган. Малика осон юриши учун кўйлаги этагини ўн беш нафар аёл кўтариб борарди. Маликанинг юзига офтобдан сақланиш учун оқ упа шу қадар кўп суртилган эдики, чеҳраси бамисоли оқ қоғозга ўхшарди. Қишда ёки ёзда сафарга чиққан барча аслзода аёллар юзларига шундай упа суртадилар. Маликанинг юзига ҳарир оқ мато тутилган, худди жангда кийиладиган дубулғага ўхшаш жуда баланд қизил бош кийим. Унинг учлари хонимнинг елкасига тушиб турибди, қуйи қисмига матоҳ тикилган. Уларга кўплаб дурри ноёблар, ёқут, феруза ва бошқа хилма-хил тошлар жуда чиройли қадалган. Бош кийимнинг зарҳал билан тикилган ва хоним елкасига тушиб турган қисмига ҳам қимматбаҳо тошлар дурри ноб билан безатилган чиройли тилда баргак қадалган. Қалпоқ учи бамисоли жажжи айвонга ўхшайди, унга фавқулодда ҳар бири икки бармоқ йўғонлигида ял-ял ёниб турган чиройли, тиниқ уч дона ёқут ўрнатилган.

Шунингдек, унга қадалган, узунлиги икки қарич оқ жиғанинг айрим парлари пастга эгилган, баъзилари юзу-кўзга қадар тушиб турарди. Зар иплари билан боғланган парлар ўрами охиридаги жиғага қимматбаҳо тошлар, марваридлар қадалган бўлиб, юрганда пирпирайди. Маликанинг тимқора сочлари елкасига тушиб турарди. Улар қора сочни юксак қадрлайдилар, ҳатто сочни янада қорайтириш учун бўяйдилар. Хоним бошидаги қизил қалпоқ тушиб кетмаслиги учун бир неча аёл қўллари билан тутиб турардилар. Малика билан уч юзга яқин аёл бирга келди.

Маликанинг юзига офтоб туширмаслик учун бир киши найзасимон таёққа ўрнатилган соябон тутиб келарди. Худди чодирнинг тепа қисмидай дум-думалоқ қилиб оқ шоҳидан ясалган соябон ҳалқасимон ёғоч чизиққа тортилган эди. Ҳарам оғалари аёллардан олдиндан борар эдилар. Шундай қилиб, хоним шоҳ ўтирган кўшкка келиб, Темурбекдан бир оз орқароққа жойлашди. Хоним олдида кўрпачалар тахлами турарди. Хонимни кузатиб келган аёлларнинг ҳаммаси кўшкдан ташқарига жойлашдилар. Хонимнинг ёнида уч аёл унинг бошидаги қизил қалпоқни тушиб кетмаслиги учун тутиб турарди”.

Қадимий битикларда келтирилган ҳикояларнинг барчаси Сароймулкхоним Амир Темурнинг муҳтарама ва нуфузли хотини бўлганига далолатдир.

18

Амир Темур қурдирган жомеъ масжидининг Бибихоним номи билан аталиши сабабига келсак, буни қуйидагича изоҳлаш мумкин.

Амир Темур жомеъ масжиди қурилиши бошланган йили – саккиз юз биринчи (1399) йили Сароймулкхоним масжидга қарама-қарши тарафда онаси ва ўзига атаб мақбара ва мадраса қуришга Соҳибқирон эридан рухсат олди. Ҳар иккала иморат қурилиши Амир Темур томонидан қаттиқ назорат қилиб борилди.

Фасиҳ Хавофий “Мужмали Фасиҳий”да қуйидагиларни маълум қилади: “Ҳижрий саккиз юз еттинчи муҳаррам ойининг ўнинчисида (1404 йилнинг 19 июли) амир Соҳибқирон Рум ва Шом юришидан Самарқандга қайтди… Амир Соҳиқирон жомеъ масжиди қурилишини кўздан кечирди ва кайфу-сафо билан машғул бўлгани учун Хўжа Маҳмуд Довуд билан Муҳаммад Жалдга қаҳр қилди. Буларнинг айби билан қурилаётган Сароймулкхоним мадрасасининг айвони амир Соҳибқирон жомеъ масжидининг айвонидан бир оз баландроқ бўлиб қолганди. Амир Соҳибқирон уларни Конигилда қатл этди”.

Хавофийнинг бу ахборотини “Ажойиб ал-мақдур фи навоиб Таймур” (“Темур келтирган мусибатларда тақдир ажойиботлари”) номли асар муаллифи, XV асрда яшаган араб муаррихи, қолаверса, Амир Темур юришлари гувоҳи Ибн Арабшоҳ ҳам тасдиқлайди. Унинг қайд этишича, — масжиди жомеъ қурилишига бошчилик қилиш Муҳаммад Жалд деган аъён зиммасига юклатилган. Бироқ, жомеъ масжиди иморатидан кўнгли тўлмаган Соҳибқирон бу аъённи қатл этиб, унинг мол-мулкини мусодара қилган. “Бундай қаттиқ жазога сабаб, Муҳаммад Жалд бошчилигида қурилаётган жомеънинг Катта малика (Бибихоним) қурдирган мадрасага нисбатан пастроқ ва омонат бўлганида эди”, деб ёзади Ибн Арабшоҳ. Ибн Арабшоҳнинг бу қайдини Шарафуддин Али Яздий ҳам тасдиқлаб ёзади: “Соҳибқирон ўзининг кўрсатмаси билан қурилган бинолардан бири, аммо у сафарда эканлигида кўтарилган жомеъ масжидини бориб кўрганида, унинг баланд ҳиммати назарида кичик ва паст кўринди. Шунинг учун амри олий содир бўлдиким, масжидни бузсинлар ва қайтадан баландроқ ва кенгроқ қилиб қурсинлар. Шу даргоҳни кенгайтириб ва баланд кўтариб қуриш ишида қусурга йўл қўйганлиги учун Хўжа Маҳмуд Довуд сўроққа тутилиб жазоланди”.

Мана шу воқеадан маълумки: Бибихоним қурдирган мадраса ҳам ўзининг улуғворлиги билан Амир Темур жомеъ масжиди билан тенг бўлган. Афсуски, бу мадраса биноси бизгача етиб келмаган. Бу ҳашаматли бинолар силсиласидан ҳозир ёлғиз Сароймулкхоним мақбарасигина сақланиб қолган.

Бибихоним мадрасаси тарихини мухтасар тадқиқ этган самарқандлик аллома, устоз Ботир Валихўжаев ҳикоя қилади: “Маълум бўлишича, бу мадраса Амир Темур сафардалиги вақтида тезкорлик билан қурилганга ўхшайди. Унинг ҳашамати ва салобати Амир Темур диққатини ҳам ўзига тортган. Шу туфайли, тарихий манбаларда уқтирилишича, Амир Темур 1404 йили сафардан қайтгач, Самарқандга келиб, Сароймулкхоним мадрасасига қўнган. Масалан, Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”сида бу ҳақда шундай ёзилган: “Амир Темур жомеъ (масжиди) қарама-қаршисидаги Сароймулкхоним мадрасасига келиб тушди”. Бу фикрда Мирхонднинг “Равзат ус-сафо”сида ҳам келтирилган. Клавихо эса бу воқеанинг куни, ойи ва йилини аниқ кўрсатган – 1404 йил, 29 сентябр, душанба куни. Яздий ва Мирхонднинг ёзишларича, Амир Темур ана шу мадрасада туриб, турли давлат ишларини бажарган, чет эллик элчиларни қабул қилган. Бу масалада хусусан “Равзат ус-сафо”да қуйидаги мазмунда баён этилган маълумот қизиқарлидир:

Амир Темур Самарқанд шаҳрига қайтгач, Сароймулкхоним мадрасасида қўнди. Амирзода Пирмуҳаммадни тилаб, Зобулистонга жўнатди… Миср элчисига тўн, каммар туҳфа қилиб, ўз мамлакатига қайтишга рухсат берди. Мавлоно Абдуллоҳ Кеший ва бир неча бошқа кишиларни Миср элчисига қўшиб, улардан Миср ҳокими малик Фаррух (аслида Фараж. – Х.Д.) номига зарҳал билан битилган мактубни ҳам (мактуб мавлоно Шайх Муҳаммад ибн Хожа Бандкор Тирмизий котиб қўли билан эни уч газ, узунлиги етмиш газ қилиб ёзилган эди) жўнатди. Бошқа элчиларни, жумладан, Фаранг, Дашти Қипчоқ, Ҳиндистон элчиларини қабул қилиб, юртларига қайтишларига рухсат берди. Шу вақтда Тошкент, Янги ва Хитой чегарасигача бўлган шаҳарлар ҳокимлигини Мирзо Улуғбекка, Андижон, Тироз, Қашқарни эса мир амирзода Иброҳим Султонга топширди. Сўнг Сароймулкхоним мадрасасида отга миниб, ўзи қурдирган Кўксаройга борди. Қизиғи шундаки, бу маълумот тарихий манбаларда айнан такрорланмайди. Жумладан, Яздий ўзининг асарида Сароймулкхоним мадрасасидаги қабул маросимларини батафсил ёритмайди, балки унда жомеъ қурилиши саркорлари Маҳмуд Довуд ва Муҳаммад Жалднинг гуноҳи текширилгани ва жазога ҳукм этилгани айтилади-ю, шундан сўнг Амир Темурнинг Сароймулкхоним мадрасасидан Боғи Чинор томон йўл олгани ёзилади. Клавихонинг кундалигида Оҳанин дарвозаси яқинида жойлашган ҳашаматли бинога келиб қўнгани ва унинг ниҳоятда гўзаллиги, салобатлилиги бошқа бинолардан фарқланиши ҳақидаги фикрларидан шундай хулосага келиш мумкинки, Амир Темур испан элчиси Клавихони ҳам шу мадрасада қабул қилган (аслида юқорида қайд этилган Фаранг элчиси деганда Клавихо тушунилиши лозим – Х.Д.) ва шу қабул вақтида испан элчиси бу бинонинг гўзаллигидан, ҳашаматидан ҳайратда қолган кўринади. Агар шундай бўлса, унда Мирхонднинг ёзганларида ҳақиқат бордек туюлади.

Яздийнинг маълумотига кўра, Амир Темур Хитойга юриш қилиш олдидан ҳам Сароймулкхоним мадрасасига қўнган. Бу далилларнинг ҳаммаси Сароймулкхоним мадрасаси барпо этилиши билан ҳамманинг диққат-эътиборини тортгани, у муҳим ишларни амалга ошириш марказларидан бирига айланиб қолганидан гувоҳлик беради.

Аммо XV аср манбаларида бу иморатнинг бевосита вазифасига кирадиган фаолияти ҳақида, яъни мадраса сифатида унинг толиби илмлари, дарс ўтган мударрислари, улар сони ва шунга ўхшаган масалалар ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамади. Ваҳоланки, кейинги даврларда, жумладан Улуғбек давридаги мадрасаларнинг фаолияти ҳақида қизқарли маълумотлар бизгача етиб келган.

Энди Сароймулкхоним мадрасасининг кейинги даврлардаги тақдири ҳақида айрим маълумотларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Амир Темур жомеъ масжидидан ҳам ҳашаматли, меъморлик ва санъаткорлик нуқтаи-назаридан ундан устунлик қилувчи Мадрасаи Хонимнинг ўз вақтида тезкорлик билан, шошилинч тарзда бино этилиши унинг кўп ўтмай харобага айланишига олиб келмадимикан? “Бибихоним ва меъмор” афсонаси ҳам ана шу мадрасанинг қурилиши билан алоқадор тарзда яратилмадимикан? Бизнингча, боғлиқ ва алоқадор бўлса керак. Негаки, Амир Темурнинг ўзи қурдираётган ва саркорлари белгиланган Жомеъ масжидининг қурилишига Сароймулкхоним аралаша олмасди. Ўзининг ташаббуси билан бино қилинаётган мадраса қурилиши эса бошқа гап ( Мен ҳам ушбу қиссанинг биринчи нашрида бу асоссиз фикрни қайд этиб, хатога йўл қўйганман. Муаллиф изоҳи.)
.
Сароймулкхоним мадрасасининг кейинги даврдаги тақдири ҳақида кўпчилик олимлар, жумладан Л.Ю.Манковская ҳам “Бибихоним мадрасаси XVI охирларида Бухоро амири Абдуллохон II нинг буйруғига биноан таг-туги билан бузиб ташланди”, деган фикрни билдирадилар. Аммо машҳур олим М.Е. Массон бу масалада XVI аср тарихчиси Ҳофиз Танишнинг “Абдулланома” асарида келтирилган фикрини маъқуллашга мойиллик кўрсатади. Ҳофиз Таниш шундай ёзган эди: “Ҳозир…ҳижрий тўққиз юз тўқсон бешинчи (мелодий 1587) йилда унинг (Самарқанднинг) маъмурлиги ниҳоятда ортди. У вилоятда буюк амир (Темур) ва унинг авлодларидан қолган ҳамда бузилиш ва вайронликка юз қўйган иморатларни (Абдуллохон II) тузатишга буйруқ берди. Жаноб Қулбобо Кўкалтош уни тузатиш ва қуришда тиришқоқлик кўрсатмоқдалар”. Ҳофиз Таниш қайси иморатларнинг бузилиш ва вайронликка юз қўйганини ном-баном аниқ ёзмаган. Шунинг билан бирга уларнинг қайсилари тузатилгани ҳақида ҳам маълумотга эга эмасмиз.

Аммо ўша даврда харобаликка учраган иморатлар қаторида Сароймулкхоним мадрасаси ҳам борлигини айрим манбалар тасдиқлайди. Бу мадрасани Қулбобо Кўкалдош таъмирлашга улгурмаган кўринади. Чунки 1605 йили ёзилган “Тазкират уш-шуаро”нинг муаллифи Мутрибий Самарқандий (у Самарқандда туғилиб, вояга етиб ва шу ерда оламдан кўз юмган) кўпгина шоирлар, жумладан Фигорий Самарқандий ҳақида сўз очиб, унинг турар жойи тўғрисида шундай ёзади: “Фигорий Сароймулкхонимнинг олия мадрасасидаги (ҳозирда мадрасанинг олийлик сифатларига футурлар етган) ҳужрада яшар эли”.

Шуни уқтириш лозимки, Мутрибий Сароймулкхоним мадрасамини айрим кишиларга ўхшаб Амир Темур қурдирган Жомеъ масжиди билан аралаштирмайди. Чунки бошқа бир муносабат билан бу масжид номини “Мажиди Жомеъи бузург” – улуғ жомеъ масжиди сифатида тилга олади.

Демак, 1605 йили Сароймулкхоним мадрасаси ўзининг олдинги ҳашаматини муайян даражада йўқотган бўлса-да, аммо мавжуд ҳужраларида одамлар яшаган. Мутрибий ўз асарида фақат ўша замоннинг анча машҳур бўлган шоири Фигорий номини тилга олади, эҳтимолки, бошқалар ҳам – мударрислар, толиби илмлар ҳам бўлгандир.

Шундан келиб чиққан ҳолда, юқоридаги фикрга, яъни Сароймулкхоним мадрасаси XVI аср охирида Абдуллохон II нинг буйруғига биноан таг-туги билан бузиб ташланди, деган асоссиз фикрга таҳрир киритиш маъқул. Шундан сўнгги даврда Сароймулкхоним мадрасаси тақдирида фожиа юз беради. XVIII аср ва ундан кейинги даврларда ёзилган китобларда бу мадраса тилга олинмайди… Демак, бу вақтда мадраса таг-туги билан бузилган кўринади. XVII асрнинг охири ва XVIII асрнинг бошларида ёзилган: “Тарихи касира”да шундай бир эътироф учрайди: XVII асрнинг ўрталари ва иккинчи ярмида Моварауннаҳр, жумладан Самарқандда катта фатарот (харобалик) юз берган экан. Шу жиҳатдан қараганда XVII асрнинг бошларида анча хароб бўлган Сароймулкхоним мадрасаси ана шу фатарот вақтида қулаган бўлиши мумкин. Шундан сўнг унинг тош ва ғиштлари бошқа мақсадларда ишлатилган кўринади…

Бу мадраса ва унинг қандайлиги ҳақида янги сўз археолог олимларимизнинг ғайрати билан майдонга келар ва фанимизни, тушунчаларимизни янги хулосалар, ашёвий далиллар билан бойитар, тарихчи ва филолог олимларимизнинг иштирокида янги-янги манбаларнинг кашф этилиши билан бу мадрасанинг илмий-маданий ҳаётдаги мавқеи белгиланар, деган умиддамиз. Араб мақолида айтилганидек: “Алвақту сайф ул-қотеъ” – Вақт ўткир қиличдир.

Бу масалага алоҳида эътибор қилинишининг боиси шундаки, ўша вақтларда бино этилган иморатлар кимнинг номи билан аталишидан қатъи-назар, улар ижодкор меъмор, донишманд, муҳандис, моҳир наққош, ҳаттот, тошйўнарларнинг ажойиб меҳнати туфайли майдонга келган. Ана шу ижодкорлар уйғунлик ва мутаносиблик, гўзаллик ва мўъжизалик қонуниятлари асосида ҳалол меҳнат қилиб, ўша иморатлар воситасида ўзларига – яратувчи фикр ва ҳунар аҳлига, меҳнат аҳлига ҳайкаллар ясаб қолдирганлари жиҳатидан уларнинг қадр-қиммати бениҳоя баланд ва улуғдир”.

Амир Темур жомеъ масжиди ва Сароймулкхоним – Бибихоним мадрасасини тиклаган усталар кимлар эдилар? Бу ҳақда Мирзо Бобур эсдаликларида ва бошқа тарихий манбаларда тилга олинган ҳиндистонлик сангтарош – тошйўнар усталар ҳақидаги қисқа қайддан бошқа аниқ, маълумот учратмадим. Бироқ, Ибн Арабшоҳ худди ана шу иморатлар тикланган даврда Самарқандда яшаган машҳур усталар номини тилга олади. Жумладан, у сангтарошларнинг энг моҳири Олтун исмли уста бўлганини (исмидан туркий қавмга мансублиги билиниб турибди) ва у ўз ҳунарида тенги йўқ мўъжизалар устаси бўлганини айтади. Наққошлар орасида эса Абдулҳай ал-Бағдодий билан баҳслашадигани бўлмаган.

Абдулҳай ал-Бағдодий ўша даврнинг машҳур мусаввири Султон Увайсий Жалоирий – уста Шамсуддиннинг тарбиясини олган. Амир Темур 1393 йилда Ироқни забт этгач, уни Самарқандга олиб келиб, саройидаги наққош ва мусаввирларнинг раҳбари қилиб тайинлайди. Абдулҳай қўл остида ишлаган мусаввирлардан айримларининг, жумладан, уста Абдулла ва Заҳириддин Азҳор кабиларнинг номлари ҳам маълум. Бизнинг Амир Темурнинг Боғи дилкушодаги саройи деворларида Ҳиндистон уруши манзаралари тасвирланганидан хабаримиз бор. Агар Абдулҳай ал-Бағдодий Самарқандга 1393 йилда келтирилгани, Ҳиндистон юриши эса 1398-1399 йилларда бўлганини инобатга олсак, ўша манзараларни Абдулҳай раҳбарлигида ишлаган усталар яратгани ҳақида тахмин қилишимиз мумкин. Мусаввир умрининг охирида (у 1420 йилда Самарқандда вафот этган) диний ақидалардан келиб чиқиб, кўп асарларини куйдириб ташлайди. Шунинг учун бўлса керак, бизгача мусаввир қаламига мансуб ва улуғ Саъдийнинг “Гулистон” асари баёнида чизилган, “Ўрдак”, “Жанг манзараси” деб ном олган икки миниатюрагина етиб келган.
Мен саккиз йилча бурун Абдулҳай Бағдодийга бағишлаб бир шеър битган эдим:

АБДУЛҲАЙ СЎЗИ

Йўқ, йўқ, буёқмас бу, йўқ, йўқ буёқмас,
Бу қондир – ярамдан бўзга томган қон.
Бу сориғ – зардобдир, айлайди лоҳас,
Бу яшил – бўғзимда бўғриққан қуш – жон.

Фалак, нима қилдим, ниятинг недир,
Нега юрагимга солдинг ваҳима?
Қайда қолди шараф? Шараф, кўмак бер!
Умр – тинч уммонда адашган кема.

Мана бу тасвирда: Саройда базм.
Маишат кўзларда қаҳқаҳа урар.
Аммо унда йўқдир, қанча солма разм,
Бағдоддан мен билан йўл босган қуллар.

Мана бу тасвирда: Арслон ови,
Қўрқувдан дам-бадам кишнайди отлар.
Ана, қуллар ҳайдаб келган арслонга
Шаҳзода зарб билан найзасин отар.

Нега тасвирда йўқ арслон ғажиган
Қул бола тасвири – ерга томган қон?!
Нега тасвирда йўқ ғамдан ичиккан
Онанинг кўксида тўлғанган гирён.

Наҳот, мен ёлғонга бердим қалбимни
Ва булар барчаси ёлғондир, ёлғон.
Бу сориғ – зардобдир, қийнайди мени,
Бу қизил – гул эмас, оқаётган қон!

…Тағин сен келдингми?! Тағин келдингми,
Арслон ғажиган болкай?!. …Ҳайҳот!
Сенинг таъқибингдан қутуламанми
Кўзларим ортида қолганда ҳаёт.

Тағин сен келдингми?!
Мана, қилич, санч!
Санчгин юрагимга – сенинг ҳаққинг бор.
Бу қўрқоқ вужудни арслондай янч,
Бу қўрқоқ қаламни ёндириб юбор!

Жасорат, Жасорат,
Кириб кел, қоним
Югурасин юракка, тўлиб нафратга.
Поклансин сен ёққан ўтда имоним,
Кўзим гирён бўлсин халқ чеккан дардга.

О, фалак, қувват бер,
Юрагим қонсин –
Кул бўлсин ҳаётнинг ёлғон сурати.
Уларни ёндирай – шу гулхан бўлсин
Бир умр излаган дил жасорати.

Ибн Арабшоҳ ўзи тилга олган усталарнинг ҳар бири ўз даврининг буюк санъаткорлари, ҳар бири мўъжизакор, деб ҳикоясини: “Бу кишилар мен билиб, зикри-ю исми хотирамда қолганлар, аммо мен билмаганлару ёинки билсам ҳам зикри эсимга келмаганлар эса беҳад даражада кўп бўли, ҳисоб-китобдан хориждир” деган сўзлар билан якунлайди.

Мақбаранинг пештоқи ранг-баранг кошинлар билан безатилган. Саккиз бурчак шаклида қурилган мақбара ички деворларида яшил, қизил, қора бўёқлар билан безаклар ишланган. Изораларга юлдуз нусха кўк нақшлар солиниб, улар кошинли ҳошиялар ичига олинан. Деворнинг баъзи ерларига кенг япроқли қизил мева дарахтлари расми ишланган. Мақбара даҳмасига махсус эшикдан кирилган. Даҳма деворлари ҳам кошинли бўлиб, унда тоштобут сақланган. Тобут ичида антропологлар фикрича, олтмиш-етмиш ёшдаги аёлнинг мўмиёланган жасади бўлган (бўлган дейишимизга сабаб, қуйида бу жасаднинг кейинги қисматидан ҳикоя қилсак, англаб оларсиз), бу эса даҳмада Бибихоним – Сароймулкхоним дафн қилинганини тасдиқлайди. Жасадни мўмиёлаш, уни тоштобутга солиб қўйиш Мовароуннаҳрдаги дафн расм-русумига хид бўлиб, бу тарихимиздаги ягона ҳодисадир.

Даҳмада Сароймулкхонимдан бўлак яна икки аёл қабри бор. Яқинда Самарқандда бўлганимда йиллар давомида ночор аҳволда турган мақбара атрофи тозаланиб, кенг майдон қилинаётгани кўриб қувондим.

05

19

   Тайёра Самарқанд қўналғасига ярим тунда қўнди. Юсупов музейга қўнғироқ қилишни ўйлади-ю, бироқ музей ихтиёридаги ёлғиз машина – юк автомобили ҳайдовчиси шу пайтда уйида – семиз хотини қўйнида мушукдеккина бўлиб, пишиллаб ухлаб ётганини тасаввур қилиб, фикридан қайтди. Ва қўналға биноси олдидаги майдончада йирик-йирик юлдузларга тикилган кўйи Самарқанд Маликаси тобутини қучоқлаб тонг орттирди. Ҳали атроф ёришмай туриб, хира пашша ғинғиллашидек бир товуш эшитилди. Кўп ўтмай шалағи чиққан юк машинаси кўринди. Бу тонгги тайёрада пойтахтга учадиган раис бобони кузатиб чиққан колхоз машинаси эди. Раис бобосининг юкини қўналға биноси ичкарисига киритиб, хайр-хўшлашиб қайтиб чиққан ёшгина ҳайдовчи йигит машинаси олдида бир чимдим нос отиб олиш учун тўхтадию, ўзи томонга югуриб келаётган сочлари тўзғоқ, кўзлари қонталаш кишини кўриб қўрқиб кетди. “Девона!” Кабина эшигига ёпишди. Аммо эшикни очишга улгурмади, “девона” унинг қўлидан шаппа тутди. Кейин қандайдир Бибихоним, қандайдир мўмиёланган жасад ётган қути, шу қутини қаёққадир олиб бориш зарурлиги ҳақида ҳовлиқиб, пойинтар-сойинтар гапира кетди. Аввалига қаттиқ чўчиганидан ҳеч бало тушунмаган йигит жон ҳолатда унинг қўлларидан қутулишга уринди. Бироқ ҳаракатлари зое кетди, чангакдай бармоқлар уни қўйиб юбормади. Охири гап нимадалигини оз-моз англаган йигит бу одамдан фақат у айтган манзилига олиб борсагина қутулиши мумкинлигини тушунди. Икковлашиб инқиллаб-синқиллаб тобутни машинага ортишди. Машина ғинғиллаб, йўталиб, темир суяклари қисирлаб йўлга тушди.

Ўша кеча ой тўлғин эди. Тўлин ойнинг тилларанг шуълалари машина кесиб ўтаётган кимсасиз Афросиёб бутазорларини, дўнг-тепалари-ю, ўр-жарларини сутдек ёритиб турарди. Бу ҳувиллаган, кимсасиз масканда танҳо юк машинасининг лапанглаган қора шарпаси ва зўриқиб, ғинғиллашигина тирикликдан далолат берарди. Кузовда Бибихоним жасади ётган қутини силкиниб кетишидан чўчиб, қучоқлаб ўтирган Юсупов баҳор кечасининг нақадар совуқ бўлишини туйқусдан сезди.

Қадим Афросиёб гарчи кимсасиз ва ҳувиллагандек кўринса-да, уйғоқ эди. Баҳор нафаси аллақачонлар уни уйғотиб, бағридан униб чиққан майсалар томирларида илиқ шарбат югуртира бошлаганди. Шу уйғониш туфайли ҳавони минг турли ўт-ўланларнинг қурама иси тутиб кетган, дараю-ўнгирларда, археологлар қазиб, ташлаб кетган чуқурларда бойчечагу-чучмомалар униб чиққан, баланд-паст тепаликларда, чимзорларда мойчечаклар, лолақизғалдоқлар, жағжағлар, бинафшалар гул оча бошлаган, этакдаги Оби Раҳмат соҳилини ялпизлар, самарқандча калом билан айтганда, пидиналар босган эди. Бу ўт-ўлану гул-чечакларнинг бири юнон найзасидан йиқилган алп йигит, бири араб қиличидан ер тишлаган оқсоқол қария, бири мўғул камонидан узилган ўқ юрагига қадалган мурғак бола, бири чор аскари милтиғининг ўқига учган муштипар кампир эканини Афросиёбдан бошқа ҳеч ким билмасди. Бу қадимий тупроқ вужудида талончилару-археологлар қазиб ташлаган майдонларда сочилиб ётган ранго-ранг сопол синиқларидек мангу битмас армон яширин эди. Шу боис ҳам у анови шалоғи чиққан юк машинаси шовқинини эмас, бир пайтлар шу адирларда от чоптириб, чечаклар терган маликанинг тобутини қучоқлаб ўтирган инсон юрагининг бетоқат тепинишларини эшитар ва бу тепинишларда ўз армонларига эгиз ҳислар борлигини сезиб, нафасини ичига юрган эди.

Афросиёб осмонида юлдузлар ғужғон ўйнарди. Яқинлашиб келаётган тонг нафаси урилиб, қора осмон билан қора замин уланган сарҳадлар бўзариб, ажралаётган жойларда бўзимтир шуъла пайдо бўла бошлаганди. Бу шуъла тепаликлар ортига ўтиб сўниб қолгандек бўлар, машина амаллаб тепага чиққанда яна пириллаб товлана бошларди. Юсуповнинг кўксига салқин шабада уриларди.
Агар Юсупов шу тобутли машинани тўхтатиб, қулоқ солганида, Афросиёб қаъридан чиқиб келаётгандек туюлган оғир сукунат “сас”ини эшитган бўларди. Кимда-ким, бу сасни бир бор эшитса, жуда йироқларга, дунёнинг нариги бошига кетсаям, барибир унинг даҳшатидан қутулолмасди. Бу сас замин қаъридан булоқ сувидек ситилиб чиқиб, Кўҳи Қоф ғорларини қўриқлаб ётган девлардек оғир-оғир, сурина-сурина қадам ташлар, Самарқанд сарҳадигача ёйилиб борар ва қўрғон томонидан кимларнидир тинмай ўз ҳузурига чорларди.

Агар Юсупов машинани тўхтатиб, бир зум атрофга қулоқ солганида кўҳна замин қаъридан келаётган жуда беҳисоб одамларнинг товушларини эшитган бўларди. Аммо тонг сукунатини бузиб бораётган машинанинг бешафқат ёқимсиз шовқини бу овозларни босиб борарди. Афросиёб қаъридаги одамлар тирикларни чақирардилар, тириклар эса уларнинг борлигини билмай, сезмай хотиржам ўтиб-қайтаверар, бемалол яшайверар эдилар.

Машина пастга шўнғиб, навбатдаги баланд адирга кўтарилди. Худди шу ерда йўлнинг чап қирғоғидаги адир тепасида ям-яшил гиёҳлар орасида қип-қизил лолақизғалдоқ шамолда тебраниб турар, шаҳар томон кетиб бораётган юк машинасига ҳайратланиб боқарди. Бу Чингизхоннинг пакана аскарлари шаҳар кутубхонасига ўт қўйганда, олов ичидан бир китобни юлқиб олиб, кўксига босиб қочишга тушганда, отлиқ мўғул аскари камонидан учган ўқдан ҳалок бўлган бола эди. Шунинг учун кимдан-ким шу лаҳзада – у пиёладек бўлиб очилиб турган маҳалида келиб ҳидлаганда эди, ундан темир ва қон ҳиди келаётганини сезарди. Лолақизғалдоқ ҳайрат ичида тикиларди. У бугун очилганда – дунёни илк бор кўриб турарди. У ҳар баҳорда қайта униб чиқсаям, ўтган кўкламларни унутар ва бу ёруғ дунёни илк марта кўриб тургандек ҳайратга тушарди.

Тепага зўриқиб кўтарилаётган машина мотори бўғиқ ғувиллар, бу ғувиллаш баробарида қиличу-қалқонларнинг жарангию, камонлардан учган ўқларнинг визиллаши эшитилиб кетгандай бўлар, шу боисданми, ҳалиги лолақизғалдоқ титраб-қақшаб, майсалар орасига ўзини ураётганга ўхшарди. Унинг вужудида абадул-абад ўлмайдиган бола қўрқуви уйғонган эди. Мотор ичидан чиққан сас, лолақизғалдоқ назарида бутун оламга, еру-осмонга, тоғу-тошга, гулу-чечакка, ою-юлдузга, унинг ўзига “Сени ўлдиришга боряпман!” дея таҳдид қиларди.

Лолақизғалдоқ – бола жомеъ масжиди билан кутубхонанинг ловиллаб ёнаётганига мароқланиб тикилиб ўтирган, сув кўрмаганидан бетларини қасмоқ босган, баджаҳл одамларни эслади. Уларнинг пиширилмаган гўшт қони қолган лаблари орасидан чиқаётган тупукли, бўғиқ қичқириқларини баралла эшитгандай бўлди.

Масжид билан кутубхона атрофида устма-уст қалашиб ётган мурдалар – аниқроғи онаси ва укалари жасадлари остида тирик қолган бола эмаклаб чиқиб, баҳор шамолидан баттар авжланиб ёнаётган китобларнинг бирини қўйнига яширди. Сўнг ирғиб туриб, қоча бошлади. Шу заҳот майдон ўртасида от миниб турган укки кўзли аскар уни кўриб қолиб, қиличини яланғочлади. Кейин болани қувишни ўзига эп кўрмай, елкасидан камонини олиб, мўлжаллаб ўқ узди. Қочиб бораётиб елкаси оша орқага қараган бола визиллаб учиб келаётган ўқни кўриб, ундан қочиб қутулолмаслигини билиб, бор овози билан “Онажон!” – деб қичқирди. Афросиёб томондан эсиб турган шамол унинг бу қичқириғини олиб, осмонга учди.

Лолақизғалдоқ ҳар кўкламда униб чиқар, ҳар кўклам ўртасида олиб тоғлар томондан ғувиллаб эсган шамол олиб келган “Онажон!..” қичқириғини эшитиб ерга эгилиб олар, нимжон вужудини титроқ чулғарди. Ўша шамол келадиган қурсат яқин эди. Аммо чечак бундан бехабар эди – у бу лаҳзада тепага зўриқиб чиқаётган машина моторининг бўғиқ ғувиллаши аралаш эшитилаётган совуқ садолар таҳдидидан қўрққан, ерга қапишиб олган эди. У бу совуқ садоларни тинглар экан, қўрқувдан боши айланиб, бир нарсани зўр бериб эслашга уринарди: бу бешафқат овозларни қаерда ва қачон эшитган эди? Қўрқув унинг хотирасини аямай қийма-қийма қилиб ташлаганди, унинг вужудидаги бола билан кўзларида қаҳр ва совуқ ўт ёнган, тезак ҳиди анқиб турган баджаҳл тўда ўртасида қўрқув турарди. Шу қўрқув туфайли унинг хотираси хиралашиб бир нарсани зўр бериб эслашга уринарди: бу қўрқинчли ва бешафқат овозларни қаерда вақачон эшитган эди?..

Юсупов тепага кўтарилган машина устида туриб, мудроқ кўзларини зўрға очиб, осмонга боқди: қоп-қора самода юлдузлар ғужғон эди. Олис тоғлар томонидан гувиллаб учиб келиб, унинг кўксига урилаётган шамолнинг шиддати кучайгандек бўлди. Шу пайт қандайдир бир маҳзун нарса ёдиган тушгандек юраги қисилди, чуқур оҳ тортди. Бу маҳзун нарса нима эканлигини англай олмади, чунки чарчоқ таъсирида унинг миясида қуюқ зулмат пайдо бўлган, у ялт этган фикрни чулғаб ўчирар эди. Юсупов зўр бериб қанчалик уринмасин, ҳаракати зое кетди. У кўнглини безовта қилган маҳзун нарсани унутиш учун йўл четига кўз ташлади: бўзариб бораётган тонг ёруғида йўл пичоқ каби кесиб ўтган адир тепароғида ям-яшил майсалар ичида пиёладек келадиган лолақизғалдоқ товланиб турганини кўрди. “Кимнинг қисмати бу?” – деб ўйлади у. Ушбу савол қайдан ҳаёлига келганини ҳали англамай, гувиллаб эсган шамол кўксига шиддат билан урилди-ю, қулоғи остида “Онажон!” – деган даҳшатли бир фарёд янграб кетди. Ҳа, ҳа, аниқ янграб кетди. Қўрққанидан Бибихоним жасади ётган қутига қаттиқроқ ёпишди.

Само баттарроқ бўзарди. Шарқ томондаги тоғлар тепасида уюлиб ётган булутлар нимқизил ранг билан чулғана бошлади. Карвон-карвон булутлар туни билан тиниқ тортиб ётган самони аста-секин босиб келаётгани кўринди. Қушлар уйғонадиган пайт эди. Ёруғ ортгани сайин толғин Юсуповнинг кўкси баҳор тантанасига эш бўла бошлади.

Фақат Афросиёб эмас, бутун теваракда: кунчиқардан кунботар сари оқиб бораётган Зарафшон мавжларида, Темурнинг омон қолган боғ-роғларида, жануб томондаги чўққиларини оппоқ қор босиб ётган тоғларда, Конигил атрофидаги қишлоқ ҳовлиларида, Сиёб, Дарғам соҳилларида, Чўпонота этакларида, кўпчиган далаларни қоплаб улгурган сабза майсаларда, ғунчалари ёзила бошлаган атиргулларда, сувлари йўлларга тошиб чиқаётган ариқларда, мозорлардаги янги қабрлар устига эгилиб шовиллаган чилонжийдаларда, Улуғбек расадхонаси жойлашган тепалик устида бирин-кетин сўнаётган дунёдаги энг ёруғ юлдузларда, шарқ тарафдан силжиб келаётган қоп-қора булутларда ва юк машинаси устида ўз маконига қайтиб келаётган Бибихоним жасади ётган қутини ушлаб олган Юсупов кўксидаги ҳасратда ҳам кўклам тантана қиларди.

Юк машинаси қўналғадан йўлга чиққач, бир соат деганда музейга етиб келди. Юсупов тонг салқинида мириқиб ухлаб ётган музей қоровулини базўр уйғотиб, учовлашиб қутини ичкарига олиб киришди. Ҳайдовчи йигитга қуруқ раҳмат айтаётганидан уялиб кетган Юсупов чурқ этмай уни машинасигача кузатиб қўйди. Қайтиб қоровулхонага киргач, қоровул чол узатган илиқ чойни ичар-ичмас ухлаб қолди.

У қанча ухлаганини билмади. Аммо ғўнғир-ғўнғир товушлардан уйғониб кетганида кун ёришиб қолганди. Нима бўлаётганини англашга уринди, қулоғини қанча линг қилмасин, ҳеч нимани тушунмади. Ғўнғир-ғўнғир товушларни эшитди, холос. Қотиб қолган толғин гавдасини ёзиш учун кериша-кериша ташқарига чиқди-ю, оғзи очилиб қолди. Музей дарвозаси олдини одам босиб кетган эди.

Уни кўриб оломон ичидан нималарнидир айтиб бақира бошладилар. У бу бақирган одамларни танигандек бўлар, аммо уларнинг кимлигини эслай олмасди. Миясини чулғаган қуюқ зулмат ҳали тарқамаган эди.

Шу пайт музейнинг кичик эшигидан беш-олти милиционер кириб келганини, уларнинг орасида шаҳар милицияси бошлиғи ҳам борлигини кўриб, Юсуповни ваҳима босди. “Наҳотки, музейга ўғри тушган бўлса? Ахир, ўғирланадиган нарсаларни аллақачон ўғирлаб кетишган-ку!” – дея ингради у ичида алам билан.

— Бибихоним қаерда?! – деб сўради шаҳар милициясининг бошлиғи…

20

Бибихоним ҳақида тўқилган афсоналардан бири Ишратхона мақбараси билан боғлиқ. Аслида эса бу ёдгорликнинг Бибихоним билан сира боғлиқлик жойи бўлмай, у малика вафотидан деярли ярим аср кейин – Темурнинг набираси Абу Саид мирзо даврида – мирзонинг хотини Ҳабиба Султонбека томонидан унинг дунёдан бевақт кўз юмган фарзанди Соҳиб Давлатбека шарафига қурдирилган.

“Самария”дан: “Хожа Абдидарун, мозорининг шимолида бўлиб, халқ томонидан “Ишратхона” деб аталадиган юксак даҳма улуғ ҳарам мастураси Давлатбека даҳмасидир. Унинг онаси Амир Жалолиддин қизи Ҳабиба Султонбегим ушбу гумбазни бино қилдириб, турмоқ учун бир неча ҳужра солдиргандир”.

Сўнгги йилларда босилган айрим мақолаларда Ишратхона ҳақида айрим хато мулоҳазалар айтилганига диққатни тортмоқчиман. Бобур мирзонинг “Бобурнома”да: “(Темурбек) Самарқанднинг шарқида икки боғ солибтур, бириким йироқроқтур, Боғи Бўлдурур, ёвуқроғи Боғи Дилкушодир. Андин Феруза дарвозасиғача хиёбон қилиб, икки тарафида терак йиғочлари эктирибтур. Дилкушода ҳам улуғ кўшк солдирибтур” – деб ёзганига асосланиб баъзилар Бобур тилга олган Боғи Дилкушода солинган кўшк бугун Ишратхона номи билан машҳур ёдгорликдир деб кўрсатмоқдалар. Шу жумладан мен ҳам бу нотўғри фикрни бир мақоламда ишлатганимни тан оламан. Ҳолбуки, Боғи Дилкушо Бобур мирзо ёзганидек, шаҳарнинг шарқида бўлса, Ишратхона шаҳарнинг жануби-шарқида, Ферузбоғ яқинида бўлган. “Самария”да Амир Темур солдирган боғлар ҳақида ҳикоя қилиниб шундай гувоҳлик берилади: “Амир Темур Кўрагон солдирган боғларким, Эрам гулистони рашк қилар даражада, еттита экан. Биринчиси Боғи Шамол, Самарқанднинг шимолида, Девори Қиёмат ичида, иккинчиси Боғи Баланд. Бу ҳам шимол томонда. Учинчиси Боғи Биҳишт, тўртинчиси Боғи Чинор. Бу икки боғ шаҳарнинг кунчиқар томонида. Бешинчиси Боғи Дилкушо бўлиб, Конигилнинг жануб томонида, Конигил Кўҳак дарёсининг ёқасида, Самарқанднинг энг гўзал ва чиройлик еридир. Олтинчиси Боғи Зоғон. Шовдор туманининг шимол тарафида воқеъдир. Еттинчи: Боғи Жаҳоннумо, Анҳор туманида бўлиб, тоғ этагига яқин ерда, Самарқанднинг жанубида бино қилингандир”.

Ҳар бир воқеани сирли ва ҳавасли бўлишини истовчи оддий халқ замонлар ўтиши билан Ишратхона ёдгорлигиниям буюк жаҳонгир ва оқила малика номи билан боғлаб, ривоятлар тўқиб ўз хотирасида авайлаб сақлаб келган.

Эмишким, Бибихоним Амир Темурдан рухсат олиб, Боғи Феруза томонда ўзига мақбара тиклабди. Муддат етиб, бино қад тиклаб кўзларни яшнатиб Самарқанднинг энг гўзал иморатлари билан ҳусн талаша бошлаган кунларнинг бирида уни томоша қилиши учун Амир Темур келибди. Бинонинг гўзаллиги ва муҳташамлигини кўриб ҳайратланган жаҳонгир суюкли маҳбубасига: “Бу мақбара эмас, балки шодлик ва ҳуррамлик уйи – Ишратхона бўлмоғи лозим”, — деган экан.

Бундай ривоятларнинг пайдо бўлишига ёдгорликнинг Ашратхона, яъни араб тилида “ўната хона” мазмунини билдирувчи ном билан аталгани сабабчидир. Йиллар ўтиб, оддий халқ маъноси номаълум “Ашратхона”ни изоҳлаш жуда осон “Ишратхона” деган сўзга айлантириб юборган. Инқилобдан кейин эса баъзи ўта “билимдон” ва “чаққон” чарм камзулли олимлар тарихий ҳужжатларни ўрганиш ўрнига ўтмишни қоралашни доимий машғулотга айлантирганларида, уларга Ишратхона номи жуда қўл келган. Улар “Бу бино ишрат билан шуғулланиш учун қурилган” деган ёлғонни ўзларига қурол қилиб олганлар. Оқибатда бундай кўр-кўрона қараш ёдгорлик тақдирига жуда аянчли таъсир кўрсатди ва ҳануз кўрсатмоқда.

21

— Бибихоним қаерда? – деб сўради шаҳар милицияси бошлиғи.

Ҳалигача гап нимадалигини тушунмай гарангсираб турган Юсупов милиционерларни ичкарига бошлаб кириб, тобут жойлаштирилган қутини кўрсатди.

— Очинг! – деди шаҳар милициясининг бошлиғи.

Юсупов қути устига ташлаб қўйилган матони секин-аста йиғиштириб олди. Шаҳар милициясининг бошлиғи бешафқат вақт ўз таъсирини кўрсатган аёл мурдасига кўзи тушиши билан бурнини жийириб, “Ёпинг, ёпинг!” – дегандек ишора қилди. У билаен келган оддий милионерлар бўлса, ўз ҳукмдорлари туфайли бутун шаҳарнинг тинчини ўғирлаган мўъжизани кўриш бахтига муяссар бўлганларини сезмагандай тошҳайкаллар каби қотиб турардилар. “Мана, сен ҳам қамоққа олиндинг, Бибихоним!” – деб ўйлади Юсупов ичида. Милиция бошлиғининг гап-сўзидан кейин ҳамма нарса аёнлашди: музей дарвозаси олдида тўпланган оломон Бибихонимни кўришга тўпланган экан. Бутун кўча одам билан тўлиб кетган эмиш. “Бу одамлар қачон ва кимдан Бибихоним олиб келинганини эшитибди экан?” – дея Юсуповнинг боши қота бошлади. Ҳалитдан шунча одам эшитган бўлса, бу ёғи нима бўлади?

Юсуповни телефонга чақиришаётгани айтишди. Обкомдан экан. “Тезда етиб келинг!” – дея буюришди. Юсупов йўлга отланди-ю, соқоли олинмаганини обком котиби эшигига етгандагина сезиб тўхтаб қолди. Аммо, начора? Кирди.

“Бошимизни қандай ташвишларга қўйдингиз, ўртоқ Юсупов? – деди обком котиби рўпара бўлиши билан. – Кимдан рухсат олиб бу ишни қилдингиз?”
“Сизлардан…” – деди Юсупов ҳайрон қолиб.
“Нима қилиб қўйганингизни биласизми, ўртоқ Юсупов?” – деди котиб, унинг сўзларига бутунлай эътибор бермай, қўлидаги папиросни кулдонга жаҳл билан эзғилар экан.

Юсупов нима дейишни билмай, миқ этмай тураверди. Ҳар замон ёш боладек елка қисиб қўярди.

“Энди ўзингиз пиширган ошни ўзингиз ичинг, ўртоқ Юсупов!” – деди обком котиби. – Ҳозир борасиз-да, одамларга ҳеч қанақа Бибихоним олиб келинмаганини айтасиз!”

Юсупов индамай чиқиб кета бошлади.
“Кейин келиб натижасини менга айтасиз!” – деди обком котиби.
“Бунақа ишлар учун партия олдида жавоб берасиз!” – дея яна қўшиб қўйди таҳдидли кўйда.

Юсупов хонадан чиқаётиб обком котиби ўтирган курси орқасидаги деворда осиғлиқ турган Сталин портретига кўзи тушиб бир дам қотиб қолди. Халқлар отаси мийиғида кулиб турарди.
“Нима қилиб қўйдинг, ўртоқ Юсупов? Партия олдида жавоб берасан энди!” – деди Сталин…

Юсупов музей олдида тўпланган одамларга “Ҳеч қанақа Бибихонимни олиб келмаганман, ҳаммаси ёлғон!” – деб айтсаям, ҳеч ким тарқамади. Бир кампир унинг қўлидан ушлаб, “Худди тирикдай эмиш-а, шу ростми?” – деб сўради.

“Билмайман!” – деди жаҳли чиқиб кетган “ўртоқ” Юсупов. Сўнгра оломонга мурожаат этди:
— Ҳой, одамлар, тарқалинглар, Бибихоним олиб келингани ёлғон!

Бу гапга барибир ҳеч ким ишонмади, тарқамади.

Қуёш ботиб қоронғилик тушгандагина олмон сийраклаша бошлади, хотини Сокина Юсуповни излаб музейга келди. Юсупов у келтирган егуликлардан нари-бери тотинган бўлди-да, обкомга отланди. Хотини: “Бибихонимни олиб келганингиз ростми?” – деган эди. Юсупов бетоқат жеркиб берди: “Ҳой, хотин, уйга қайтсанг-чи, ҳаммаси ёлғон, билдингми, ёлғон!!!”

“Ҳозир сиз билан гаплашишга вақтим йўқ!!!” – деди обком котиби ниманидир ёзар экан қоғоздан бош кўтармай.
“Одамлар тарқалди”, — деди Юсупов.
“Яхши. Сиз билан кейин гаплашамиз!” – деди обком котиби.

Хонадан чиқар экан, Юсупов қўрқа-писа Сталинга кўз ташлади.
“Сени ўзим топиб оламан!” – деди мийиғида кулиб Сталин.

Юсупов яна музейда тунади. Куни билан ёғаман-ёғаман, деб турган қора булутлар тун яримдан ўтганда тўлишиб, бағрида ялт-ялт чақинлар чақнаб, бирдан шиддат-ла қуйиб юборди. Йирик марварид томчилар қақраган ерга тасирлаб урилиб ариқчалардан лим-лим тўлғазиб оқа бошлади, кўп ўтмай секинлашди, аммо тинмади. Тонгга қадар майингина бўлиб шивалаб ёғди. То тонгга қадар қотиб ухлаган Юсуповни аллалаб чиқди. Бироқ тонг азонда у яна бесаранжом ғала-ғовурдан уйғониб кетди. Ҳовлига югуриб чиқди-ю, айнан кечагидай манзарага кўзи тушиб, юраги орқасига тортиб кетди. Гўё туш кўраётгандек, гўё кечаги кунда тургандек – кечаги кун абадий қотиб қолгандек эди.

Яна шаҳар милицияси бошлиғи. Яна обком котиби. Яна Сталин.

“Одамлар бир жойда тўпланмаслиги ҳақида буйруқ борлигини биласизми?” – деди шаҳар милицияси бошлиғи.

“Бундай сиёсий кўрлик учун жавоб берасиз!” – деди обком котиби.

“Жавоб берасан!” – деди  шопмўйлов Иосиф Виссарионович.

Учинчи куниям бу ҳолат такрорлангач, обком махсус комиссия тузди. Ва бу махсус комиссия назорати остида ўша куни кечасиёқ ими-жимида Самарқанд Маликасининг мўмиёланган танаси тоштобут билан бирга бундан олти йилча бурун очилган мақбарасига қайтадан жойлаштирилди.

Бундан бехабар қолган самарқандликлар эса Бибихонимни кўриш истагида ҳар тонгда музей эшиги олдида тўпланаверишарди. Аммо вақт ўтиши билан одамлар тобора камайиб борди, охири ҳеч ким келмай қўйди. Ҳозир бу воқеаларни эслайдиган одамлар борми-йўқми, билмайман.

22

БИБИХОНИМ ҲАҚИДА УЧИНЧИ АФСОНА: Амир Темур довул сингари ўзга мамлакатлар тупроғига кириб бориб, жангу-жадал билан банд бўлган чоғларида Бибихоним Самарқанд салтанатини бошқарар экан. Мана шундай пайтларда Темур пойтахтида осойишталик, адолату-ҳақпарварлик барқарор бўлар, малика янги қурилишлар бошлаб шаҳар ҳусн-жамолини яна гўзал этувчи ҳашаматли бинолар, илму-фан аҳлига ҳомийлик қилиб мадрасалар, дин равнақи учун масжидлар тиклар экан.

Оқила Малика ўз паноҳидаги фуқароларнинг дилида яширин ётган сиру-асрорни билмоқ, одамларнинг қувончу-аламидан воқиф бўлмоқ мақсадида кечалари эркакча либос кийиб шаҳар айланар экан. У аввал бозор майдонига бориб, уйига шошилаётган бозорчилар гап-сўзини, кейин мозорга бориб ўша кун кимлар ерга топширилганини билиб олар экан, азодор оилаларга сарой хазинасидан ул-бул нарса бердириб юборар экан.

Ҳар бири ҳожихона олмадек келадиган юлдузлар фалак саҳнини ёритган савр тунларининг бирида Бибихоним ўзи қурдирган мадраса талаблари юриш-туришидан, аҳволида хабар олиш учун ғарқ пишган марвартак тутининг ҳиди анқиб турган мадраса ҳовлисига кирибди.

Ҳовлини айланиб юриб, ҳужраларнинг бирида суҳбатлашиб ўтирган уч муллавачча суҳбатини эшитиб қолибди. Муллаваччалар китобу-қаламларини бир четга қўйиб, бир-бирларига энг яширин сирларини очаётган экан. Суҳбат Бибихоним диққатини тортибди.

Талабаларнинг бири – узоқ тоғ қишлоқларидан келиб ўқиётган ва фақир оила фарзанди эканлиги билиниб турган, ҳусни қизларни тушига кирадиган даражада кўркам муллавачча йигит ички бир армон ва ҳавас билан:
— Эҳ, қанийди бир марта бўлсаям Бўстонсарой дастурхонида қўйиладиган нозу-неъматлардан тотиб кўрсайдим, ўлсам армоним қолмасди, — дебди.

Иккинчи талаба – келишган қоматли, ўқишдан кўра, кўпроқ ўзига эътибор беришга мойиллиги кўриниб турган, хушсурат муллавачча эса, завқи келганидан кўзларини юмиб айтибди:
— Эҳ, қанийди, Бибихонимдек соҳибжамол малика менинг маъшуқам бўлиб қолсайди, дунёдан беармон ўтардим!

У шу сўзни айтиб, кўзларини очибди-да биринчи шериги билан унинг сиру-асрорини индамай эшитиб ўтирган учинчи муллаваччага тикилиб қолибди. Учинчи талаба – сабоқ олишдан кўра қилич чопишга ҳавасдорлиги кўзларида чақнаётган ўтдан сезилиб турган йигит эса дўстларига “Эҳ, сенларни қара-я!” дегандек бир оз тикилиб турибди-да:

— Шуям орзу бўптими? Мен Амир Темурдек буюк Соҳибқирон бўлишни орзу қиламан! – дебди. Сўнгра, дўстлари оғиз очиб қолишганини кўриб, мийиғида кулибди-да:
— Ана шунда, — дебди биринчи дўстига қараб, — сен орзу қилган нозу-неъматлар ҳам ва сен… – у иккинчи дўстига қарабди, — ҳа, сен орзу қилган Бибихоним ҳам меники бўларди.

У шундай дебди-ю, дўстларини қойил қолдирганини кўриб, завқ ила кулиб юборибди.

Талабалар сўзини эшитган Бибихоним бир дам ўйланиб қолибди-да, индамай мадрасадан чиқиб кетибди.

Тонг отиб, Самарқанд минораларининг зарҳал нақшларида қуёш нурлари жилоланиб турган бир пайтда қовоқларидан қор ёғилиб турган уч навкар мадрасага кириб келиб, кечаси бир-бири билан сирлашган уч муллаваччани Бўстонсаройга олиб кетибди. Гап нимадалигидан бехабар уч йигит юраклари така-пука, бир-бирига “Нима гап?” дегандек ташвиш-ла қараб турганларида, уларни Бибихоним ҳузурига олиб киришибди.

Салтанат тахтида ўтирган Бибихонимни кўрган талабалар таъзим бажо қилишибди. Сўнг “буёғи нима бўларкин?” деган саволо ичларини кемириб, қўлларини қовуштириб туришаверибди.

Бибихоним тахтда ўтирганча:
— Орзуларинг бўлса, менга сўйланглар, қўлимдан келса, бажо айлайман, — дебди.

Тўсатдан берилган бу саволдан бир оз талмовсираб қолган талабалар ҳаёлига баробар бир ўй келибди: тунги суҳбатимизни сарой хуфиялари эшитиб, Маликага етказибди-да! – Муллаваччалар энди тамом бўлдик, деб дағ-дағ титрашга тушишибди.

Улар жонларидан умидларини узиб турганларида, малика тахтдан тушиб келибди. Бўстонсарой дастурхони нозу-неъматларини орзу қилган биринчи талабага қараб:
— Сенинг орзунгга етмоғинг мушкул эмас, бунинг учун сени сарой ошпазининг қизига уйлантириб қўяман. Умринг охиригача сарой таомларидан баҳраманд бўлиш ҳуқуқини ҳам бераман, — дебди.

Малика оҳиста қарсак чалган экан, олдиндан тайёрлаб, рози-ризолиги олинган сарой ошпази ва унинг қизини ҳамда муллани бошлаб киришибди. Ўша заҳоти никоҳ ўқитилибди.

Сўнг малика: “Бибихонимдай соҳибжамол хотиним бўлсайди”, — деб орзу қилган йигитга қараб бундай дебди:
— Мен буюк соҳибқирон Амир Темурнинг жуфти ҳалолиман. Бироқ, гўзал бир канизагим бор, ҳуснда Мовароуннаҳру-Хуросондагина эмас, Шому-Ироқдаям тенги йўқ. Ўша соҳибжамол сенинг ҳалолинг бўлсин.

Бибихоним оҳиста қарсак чалган экан, ҳусни кўр кўзни очишга, очиқ кўзни кўр қилишга қодир бир гўзал қиз кириб келибди. Уни кўрган йигитнинг эси оғиб қолишига оз қолибди. Мулла канизакни талаба йигитга никоҳлаб қўйибди.
— Сизларга Конигилдаги боғимни инъом қиламан, — дебди малика келин билан куёвга. – Бугун оқшом ўша боғда тўй базмини қилғаймиз.

Шундан кейин бахтдан маст бўлиб турган дўстларига такаббурона қараб турган, темурдек буюк Соҳибқирон билишни орзу қилган учинчи йигитга қараб, Бибихоним шундай дебди:
— Сенинг ишинг буларникидан осонроқ… – Малика бу сўзни айтиб бироз сукут қилибди-да, яна сўзлабди. – Балки оғирроқдир.

Бибихоним учинчи бор қарсак урган экан, хос навкаларнинг бири қилич билан совут олиб кирибди. Малика йигитга қараб:
— Амир Темурни соҳиби салтанат қилган мана шу қилич билан совути ҳамда юрагидаги олов. Мен сенга қилич билан совутни инъом қилурман, юрагингда ўт бўлса, у ёғи ўзингга боғлиқ, — дебди.

Тез орада саройда бўлиб ўтган бу ғалати воқеа бутун салтанатга ёйилибди. Етти кун деганда қирқ кунлик масофада турган Амир Темур қулоғига ҳам етиб борибди. Малика ва уч муллавачча ҳақидаги гапларни эшитган жаҳонгир хотинининг оқилалигига яна бир бор таҳсин ўқибди. Қувончини яширолмай табассум қилибди – Самарқанддан чиққандан бери Амир Темур тишининг оқини кўрмаган боёнлар бу сирнинг сабабини билмай бошлари қотибди.

ДАВОМИ БОР

05

XURSHID DAVRON
BIBIXONIM QISSASI YOKI TUGAMAGAN DOSTON
Qissaning davomi

011

15

003VIKTOR VITKOVICH HIKOYASINING DAVOMI: Yusupov hammollarga bor-yo’q pulini, kamiga soatu-kostyumini ham berib muttahamlarni arang ko’ndirdi va ming bir g’avg’o bilan qo’nalg’aga yetib keldi. Endi uchoqqa chipta olishi zarur edi. Bir haftalik yugur-yugurda sillasi qurigan Yusupovning birinchi marta omadi yurishdi. Qo’nalg’a boshlig’i tarixdan uncha-buncha xabardor kishi ekan: Yusupovning iltimosini eshitishi bilan: “Bu yog’ini bizga qo’yib bering, boplaymiz”, — dedi-yu, “boplash”dan oldin Bibixonimni ko’rsatasiz, deb turib oldi. “Yo’q!” – deyishning iloji yo’q edi, Yusupov noiloj ko’ndi. Qosh qoraymoqda edi. Qorong’i tusha boshlaganini ko’rib, Yusupovning dili battar xufton bo’ldi. Odamlar tiqilib ketgan qo’nalg’a binosining ichi g’ira-shira yoritilgan, havosi dim, tamaki tutuniga to’lgan – bunday do’zaxda tunni o’tkazish u yoqda tursin, bir lahza turishning o’zi azob ekanligini bilib, Yusupov aerodrom boshlig’ini Bibixonim jasadi yotgan ombor tomonga boshlab ketdi.

Temurning suyukli xotini jasadini ko’rish baxtiga muyassar bo’lganidan mamnun boshliq va’dasining ustidan chiqdi: baqirib-chaqirishlarga qaramay, turli vaj-karson topib bir necha yo’lovchini reysdan qoldirdi, Yusupov bilan Bibixonimni uchoqqa joyladi. O’sha yillarning eng mashhur uchog’i LI-2 samarqandlik tarix jinnisini yetti kun yugurtirgan poytaxtni pastda qoldirib, yarim dunyoni zir titratgan jahongirning mashhuri olam poytaxti, sayqali zamin atalmish Samarqandga qarab uchdi.  Yusupov baxtiyor edi, ammo hali oldinda uni qanchalar tashvishu-g’alvalar kutayotganidan bexabar edi.

16

BIBIXONIM HAQIDA IKKINCHI AFSONA: Jangu-jadal bilan olingan mamlakatlardan birining aholisini itoat qildirolmagan Temur tashvishga tushib qoldi. U chora topolmay vazirlarga maslahat soli. Ular ham yetti kecha-kunduz o’ylab iloj topolmadilar.

Amir Temur jangu-jadallar bilan yana bir yangi mamlakatni zabt etdi va davlatni boshqargan yurt ustiga yurish boshladi. Ammo zabt etilgan mamlakat xalqi jahongir qo’shinlari ketishi bilan g’avg’o boshladi. Ular o’zlarining amaldorlariga bo’ysunishdan bosh tortib, isyon qilishar, qilichlar jarangi to’xtamas edi.

Amir Temur o’ylanib qoldi. Yetti kecha-kunduz o’yladi, oxiri Samarqandda qolgan oqila xotini nomiga maktub bitib, chopari bilan Movaraunnahr sari yo’lladi.

Chopar har qishlog’u kasabada ot almashtirib, uyquyu-oromni unutib tunu-kun yo’l bosdi. Samarqandga yetay deganda, nafas rostlash uchun bir manzilga qo’ndi. Choy ichib turib birdan o’yga toldi. “Amir Temur Bibixonimni anchadan buyon ko’rmagani rost. Bu xatda sohibqiron xotiniga bag’ishlab g’azal bitgan bo’lsa, ajabmas. O’qib ko’rsam bilib o’tirishibdimi?” – debdi-da, xatni ochib ko’ribdi. O’qisa, g’azal emas, bor-yo’g’i ikki jumla: “Olgan mamlakatimning xalqini itoatda tutmoqqa kuchim yetmayapti. Qanday maslahat berasan?” – degan yoziq bor ekan.

Chopar Samarqandga yetib kelib, Ko’ksaroyga kirib maktubni Bibixonimga topshirdi. Oqila ayol emasmi, malika xatning ochilganini darhol sezibdi. “Agar javob yozsam, bu jonidan to’ygan yana ochib o’qishi turgan gap. Shunday qilishim kerakki, aytadigan gapimni Sohibqironga bu o’z og’zi bilan yetkazsin. Lekin nima deganini o’zi anglamasin”, — deb o’ylabdi malika.

Shundan keyin Bibixonim xizmatchilarni chaqirib, borib falon yerdagi chakalakzorning bitta daraxtini qoldirmay qirqib tashlanglar, deb buyuribdi. Choparniyam ularga qo’shib jo’natibdi. Xizmatchilar bora solib, chakalakdagi daraxtlarni bitta qoldirmay qirqib tashlashibdi. Shundan so’ng Malikadan: “Endi yerni tekislanglar”, degan buyruq kelibdi. Xizmatchilar, to’nkalarni qo’porib, chakalak o’rnini tep-tekis shudgorga aylantirib qo’yibdilar. Uchinchi kuni Bibixonimdan tekislangan yerga yosh nihollar ekish haqida farmoyish kelibdi. Nihollar o’tkazilayotganda Bibixonim o’ziyam kanizaklarini boshlab yetib kelibdi va boshqalarga qo’shilib nihol ekibdi. Bu ishlar tugagach, Bibixonim choparni chaqirib:
— Yo’lga chiqadigan vaqting bo’ldi, otlan, — debdi.

Chopar hayron bo’libdi:
— Sohibqironga javob yozmaysizmi? – debdi.
Bibixonim: — Yo’q, yozmayman.sen sohibqironga bu yerda ko’rganlaringni bir boshdan hikoya qilib bersang, kifoya.

Chopar yana har qishlog’u kasabada ot almashtirib, bir oy deganda manzilga yetibdi. Otidan sakrab  tushib, uni ko’zi to’rt bo’lib kutayotgan Amir Temur oldda bosh egibdi.
— Xo’sh, xat keltirdingmi? – debdi Amir Temur.
— Yo’q, malikam javob yozmadilar, faqat bu yerda ko’rganlaringni bir boshdan gapirib bersang kifoya deb aytdilar, — debdi chopar hukmdorning ko’ziga tik qarolmasdan.

Amir Temur shu zahot choparning qilmishini anglabdi. Biroq, o’zini sezmaganga olib, buyuribdi.
— Xo’sh, nimalarni ko’rding, ayt!
Chopar Samarqandda ko’rganlarini bir boshdan: to’qaydagi daraxtlarni qirqib, to’nkalarini qo’porib, yerni tekislab yosh nihollar o’tqazganlarini gapirib beribdi. Amir Temur Bibixonimning unga nimalarni yetkazmoqchi bo’lganni anglabdi. Anglabdiyu quvonib ketganidan, choparning jazolash lozimligini ham unutib yuboribdi.

Bibixonim jahongir eriga u bosib olgan mamlakat aholisini itoatda saqlash uchun o’sha yurtning mansabdor oqsoqollarini xizmatdan butunlay chetlatib, ularning o’rniga yoshlarni tayinlash haqidagi maslahatini mana shu tarzda yetkazgan ekan.
Amir Temur Bibixonim aytganidek ish tutibdi. Tobe qilingan mamlakatning oliy mansablarida o’tirgan hamma oqsoqollarni – birini quvib, birini o’ldirib, birini zindonga solibdi-da, ularning o’rniga yoshlardan qo’yib chiqibdi. Tez orada mamlakat aholisi boshini itoatda tutadigan bo’lib qolibdi.

17

Xalq o’rtasida Bibixonim nomi bilan mashhur bo’lgan malikaning asli ismi Saroymulkxonim edi. Uning hayot yo’li haqida tarixiy manbalardan biri bo’lmish Abdurazzoq Samarqandiyning “Matlai sa’dayn va majmai bahrayn” asarida yozilishicha, Saroymulkxonim chingiziylaran bo’lmish Chig’atoy avlodiga mansub Qozonxonning qizi bo’lib, besh yoshida otasidan yetim qolgan. Mashhur rus olimi V.Bartol`d ham Qozon ismli xon qizi haqida ma’lumot beradi. Shu sababdan ham, ya’ni Chingizxon avlodidan bo’lgani uchun ham Saroymulkxonim Amir Temur saroyida katta izzat-ikromda bo’lgani shak-shubhasiz. Shu yerda ta’kidlab o’tish kerakki, bu davrga kelib Movarounnahrda o’rnashib qolgan mo’g’ullar bilan Mzg’ulistondagi mo’g’ullar orasidagi tafovut ko’payib, mahalliy xalq – turkiylar tarkibiga singib keta boshlagan edilar. Shu sababdan ham mo’g’ul aslzodalari o’z shajaralarini muqaddas tutib, saqlab yurishlariga qaramay ular turkiy hukmdorlarga qaram bo’la boshlagan edilar. Turkiy hukmdorlar esa Chingizxon avlodlari bilan quda tutinib, o’zlarining taxtga bo’lgan da’volarini o’sha davr qonunlaridan kelib chiqib mustahkamlaganlar. Amir Temur ham Bibixonimga uylangani tufayli “Ko’ragon”, ya’ni “xonning kuyovi” unvonini olgan. Ba’zi ma’lumotlarga qaraganda, Saroymulkxonim amir Husayn ibn amir Musallab ibn amir Qozog’onning xotini bo’lib, yetti yuz yetmish birinchi (1369) yilda Amir Temur Movarounnahr taxtini egallash yo’lida raqibi bo’lmish amir Husaynni o’ldirgandan keyin uning zavjasiga uylangan.

Agar tarixiy ma’lumotlarga asoslanib, Qozonxonning 1347 yilda vafot etgandan kelib chiqib, yuqorida keltirilgan Abdurazzoq Samarqandiyning Bibixonim besh yoshida otasidan yetim qolgani haqidagi ma’lumotni inobatga olsak, Saroymulkxonim 1342 yilda, ya’ni 742-743 yillarda tug’ilgan deb qarash mumkin.

Tarixiy manbalarda Amir Temurning Iroq va Ozarbayjonga qilgan harbiy yurishida Bibixonimning u bilan birga bo’lgani haqida ma’lumot beriladi. Hamda o’sha safar davomida Sultoniyada Temurning o’g’li Shohruh ikki farzand ko’rgani – xotini Gavharshodbekimdan Ulug’bek mirzo (Muhammad To’rag’ay), ismi bizga noma’lum bo’lgan xotinidan esa Ibrohim Sulton tug’ilgani ma’lum qilinib, jahongir saroyida o’rnatilgan an’anaga muvofiq bu shahzodalar Saroymulkxonim tarbiyasiga topshirilgani aytiladi. Malika Amir Temurning Hindiston, turk sultoni Yildirim Boyazid va Misr sultoni Nosiriddin Faroj ustiga qilgan yurishlaridayam birga bo’lgan.

Fasih Havofiy “Mujmali Fosihiy”da yetti yuz sakson to’qqizinchi (1387) yil voqealari bayonida Amir Temurning Ko’kcha Tengizda turganida uning oldiga Shohruh Sulton va Xalil Sultonni olib Saroymulkxonim kelgani haqida ma’lumot beradi. Bu esa o’z-o’zidan Temurning barcha farzandlari va nabiralari murg’akligidayoq Saroymulkxonim ixtiyoriga – oqila malika tarbiyasiga berilgani haqidagi ma’lumotlarni tasdiqlaydi. Uning tarbiyasini olgan Shohruh Sulton, Xalil Sultonning san’at va adabiyotga, Mirzo Ulug’bekning ilmu-fan va adabiyotu-musiqaga mehr qo’yishidan yana shunday xulosaga kelish mumkinki, Saroymulkxonimning o’zi ham ma’rifatli va fozila ayol bo’lgan.

Saroymulkxonim faqat chingiziy xonlar avlodi bo’lgani uchungina emas, ayni paytda fozila va oqila ayol bo’lganidan ham Turon hukmdorining mehru-muhabbatini, hurmatu-e’tiborini qozongani shubhasizdir. Jahongir boshqa xotinlaridan ko’ra ko’proq aynan shu katta xotinini o’z harbiy yurishlarida hamroh qilishi sababini ham Saroymulkxonimning mana shu fazilatlaridan izlash lozim.

Oqila malikaning saltnatni boshqaruv ishlarida, qurultoylaru, oliy majlislarda davlat ustunlari bo’lmish amirlar bilan teng qatnashish huquqiga ega bo’lganini Amir Temur saroyiga tashrif buyurgan Kastiliya elchisi Ryui Gonzales de Klavixo ham tasdiqlaydi. Klavixon o’zining “Samarqanddagi Amir Temur saroyiga sayohat kundaligi”da shunday yozadi: “Temurbek Samarqandga yurish qilib, uni zabt etadi, hokimiyatni qo’lga olib shohning xotiniga uylanadi. Endilikda bu ayol Temurbekning bosh xotini hisoblanadi. Uni Kan’o, ya’ni ulug’ malika deb ataydilar. Kan’o yoki Kan’on – Temurbekning katta xotini, xonim, ya’ni Malika Qozonxonning qizi, amir Musoning singlisi edi. Temurbek uni Husayn haramxonasida qo’lga oldi. Uning haqiqiy ismi Saroymulkxonim bo’lib, uni Mehribona deb ham ataydilar. Uning o’g’li Shohruh pirovardida Temurbek saltanatining vorisi bo’ldi”.

Boshqa bir lavhada ispan elchisi bu fikrni yana qayta uqtiradi: “Shohning katta xotini Saroymulkxonim deb ataladi. Saroymulkxonimning saroyidagi nomi Bibixonimdir. U Suriya, Eron podshohi Axinxon (Sulton Qozonxon)ning qizi edi”.
Kastiliyalik mehmon o’z hikoyasi davomida Bibixonimni goh Turon hukmdori Ovrupo davlatlarining elchilarini qabul qilgan marosimda, goh Amir Temur uyushtirgan to’y-tomoshada qatnashganligi haqida yozadi. Bu g’aroyib sayohatnoma Bibixonimning yagona tasviri keltirib o’tilgani bilan g’oyat qimmatlidir. Ryui Gonzales de Klavixoning go’zal malika haqidagi ajoyib hikoyasini o’qiylik:

“…Shohning katta xotini Kan’o chodirlar yonidagi saropardalarning biridan chiqib keldi. Saroymulkxonim quyidagicha kiyingan edi: ustida zarhal bilan tikilgan, uchlari yerga sudralib turgan uzun va keng, yengsiz va yoqasiz qizil shohi ko’ylak. Ko’ylak belidan kesib toraytirilmagan holda etagigacha juda kengayib borgan. Malika oson yurishi uchun ko’ylagi etagini o’n besh nafar ayol ko’tarib borardi. Malikaning yuziga oftobdan saqlanish uchun oq upa shu qadar ko’p surtilgan ediki, chehrasi bamisoli oq qog’ozga o’xshardi. Qishda yoki yozda safarga chiqqan barcha aslzoda ayollar yuzlariga shunday upa surtadilar. Malikaning yuziga harir oq mato tutilgan, xuddi jangda kiyiladigan dubulg’aga o’xshash juda baland qizil bosh kiyim. Uning uchlari xonimning yelkasiga tushib turibdi, quyi qismiga matoh tikilgan. Ularga ko’plab durri noyoblar, yoqut, feruza va boshqa xilma-xil toshlar juda chiroyli qadalgan. Bosh kiyimning zarhal bilan tikilgan va xonim yelkasiga tushib turgan qismiga ham qimmatbaho toshlar durri nob bilan bezatilgan chiroyli tilda bargak qadalgan. Qalpoq uchi bamisoli jajji ayvonga o’xshaydi, unga favqulodda har biri ikki barmoq yo’g’onligida yal-yal yonib turgan chiroyli, tiniq uch dona yoqut o’rnatilgan.

Shuningdek, unga qadalgan, uzunligi ikki qarich oq jig’aning ayrim parlari pastga egilgan, ba’zilari yuzu-ko’zga qadar tushib turardi. Zar iplari bilan bog’langan parlar o’rami oxiridagi jig’aga qimmatbaho toshlar, marvaridlar qadalgan bo’lib, yurganda pirpiraydi. Malikaning timqora sochlari yelkasiga tushib turardi. Ular qora sochni yuksak qadrlaydilar, hatto sochni yanada qoraytirish uchun bo’yaydilar. Xonim boshidagi qizil qalpoq tushib ketmasligi uchun bir necha ayol qo’llari bilan tutib turardilar. Malika bilan uch yuzga yaqin ayol birga keldi.

Malikaning yuziga oftob tushirmaslik uchun bir kishi nayzasimon tayoqqa o’rnatilgan soyabon tutib kelardi. Xuddi chodirning tepa qismiday dum-dumaloq qilib oq shohidan yasalgan soyabon halqasimon yog’och chiziqqa tortilgan edi. Haram og’alari ayollardan oldindan borar edilar. Shunday qilib, xonim shoh o’tirgan ko’shkka kelib, Temurbekdan bir oz orqaroqqa joylashdi. Xonim oldida ko’rpachalar taxlami turardi. Xonimni kuzatib kelgan ayollarning hammasi ko’shkdan tashqariga joylashdilar. Xonimning yonida uch ayol uning boshidagi qizil qalpoqni tushib ketmasligi uchun tutib turardi”.

Qadimiy bitiklarda keltirilgan hikoyalarning barchasi Saroymulkxonim Amir Temurning muhtarama va nufuzli xotini bo’lganiga dalolatdir.

18

Amir Temur qurdirgan jome’ masjidining Bibixonim nomi bilan atalishi sababiga kelsak, buni quyidagicha izohlash mumkin.
Amir Temur jome’ masjidi qurilishi boshlangan yili – sakkiz yuz birinchi (1399) yili Saroymulkxonim masjidga qarama-qarshi tarafda onasi va o’ziga atab maqbara va madrasa qurishga Sohibqiron eridan ruxsat oldi. Har ikkala imorat qurilishi Amir Temur tomonidan qattiq nazorat qilib borildi.

Fasih Xavofiy “Mujmali Fasihiy”da quyidagilarni ma’lum qiladi: “Hijriy sakkiz yuz yettinchi muharram oyining o’ninchisida (1404 yilning 19 iyuli) amir Sohibqiron Rum va Shom yurishidan Samarqandga qaytdi… Amir Sohiqiron jome’ masjidi qurilishini ko’zdan kechirdi va kayfu-safo bilan mashg’ul bo’lgani uchun Xo’ja Mahmud Dovud bilan Muhammad Jaldga qahr qildi. Bularning aybi bilan qurilayotgan Saroymulkxonim madrasasining ayvoni amir Sohibqiron jome’ masjidining ayvonidan bir oz balandroq bo’lib qolgandi. Amir Sohibqiron ularni Konigilda qatl etdi”.

Xavofiyning bu axborotini “Ajoyib al-maqdur fi navoib Taymur” (“Temur keltirgan musibatlarda taqdir ajoyibotlari”) nomli asar muallifi, XV asrda yashagan arab muarrixi, qolaversa, Amir Temur yurishlari guvohi Ibn Arabshoh ham tasdiqlaydi. Uning qayd etishicha, — masjidi jome’ qurilishiga boshchilik qilish Muhammad Jald degan a’yon zimmasiga yuklatilgan. Biroq, jome’ masjidi imoratidan ko’ngli to’lmagan Sohibqiron bu a’yonni qatl etib, uning mol-mulkini musodara qilgan. “Bunday qattiq jazoga sabab, Muhammad Jald boshchiligida qurilayotgan jome’ning Katta malika (Bibixonim) qurdirgan madrasaga nisbatan pastroq va omonat bo’lganida edi”, deb yozadi Ibn Arabshoh. Ibn Arabshohning bu qaydini Sharafuddin Ali Yazdiy ham tasdiqlab yozadi: “Sohibqiron o’zining ko’rsatmasi bilan qurilgan binolardan biri, ammo u safarda ekanligida ko’tarilgan jome’ masjidini borib ko’rganida, uning baland himmati nazarida kichik va past ko’rindi. Shuning uchun amri oliy sodir bo’ldikim, masjidni buzsinlar va qaytadan balandroq va kengroq qilib qursinlar. Shu dargohni kengaytirib va baland ko’tarib qurish ishida qusurga yo’l qo’yganligi uchun Xo’ja Mahmud Dovud so’roqqa tutilib jazolandi”.

Mana shu voqeadan ma’lumki: Bibixonim qurdirgan madrasa ham o’zining ulug’vorligi bilan Amir Temur jome’ masjidi bilan teng bo’lgan. Afsuski, bu madrasa binosi bizgacha yetib kelmagan. Bu hashamatli binolar silsilasidan hozir yolg’iz Saroymulkxonim maqbarasigina saqlanib qolgan.

Bibixonim madrasasi tarixini muxtasar tadqiq etgan samarqandlik alloma, ustoz Botir Valixo’jaev hikoya qiladi: “Ma’lum bo’lishicha, bu madrasa Amir Temur safardaligi vaqtida tezkorlik bilan qurilganga o’xshaydi. Uning hashamati va salobati Amir Temur diqqatini ham o’ziga tortgan. Shu tufayli, tarixiy manbalarda uqtirilishicha, Amir Temur 1404 yili safardan qaytgach, Samarqandga kelib, Saroymulkxonim madrasasiga qo’ngan. Masalan, Sharafiddin Ali Yazdiy “Zafarnoma”sida bu haqda shunday yozilgan: “Amir Temur jome’ (masjidi) qarama-qarshisidagi Saroymulkxonim madrasasiga kelib tushdi”. Bu fikrda Mirxondning “Ravzat us-safo”sida ham keltirilgan. Klavixo esa bu voqeaning kuni, oyi va yilini aniq ko’rsatgan – 1404 yil, 29 sentyabr, dushanba kuni. Yazdiy va Mirxondning yozishlaricha, Amir Temur ana shu madrasada turib, turli davlat ishlarini bajargan, chet ellik elchilarni qabul qilgan. Bu masalada xususan “Ravzat us-safo”da quyidagi mazmunda bayon etilgan ma’lumot qiziqarlidir:
Amir Temur Samarqand shahriga qaytgach, Saroymulkxonim madrasasida qo’ndi. Amirzoda Pirmuhammadni tilab, Zobulistonga jo’natdi… Misr elchisiga to’n, kammar tuhfa qilib, o’z mamlakatiga qaytishga ruxsat berdi. Mavlono Abdulloh Keshiy va bir necha boshqa kishilarni Misr elchisiga qo’shib, ulardan Misr hokimi malik Farrux (aslida Faraj. – X.D.) nomiga zarhal bilan bitilgan maktubni ham (maktub mavlono Shayx Muhammad ibn Xoja Bandkor Tirmiziy kotib qo’li bilan eni uch gaz, uzunligi yetmish gaz qilib yozilgan edi) jo’natdi. Boshqa elchilarni, jumladan, Farang, Dashti Qipchoq, Hindiston elchilarini qabul qilib, yurtlariga qaytishlariga ruxsat berdi. Shu vaqtda Toshkent, Yangi va Xitoy chegarasigacha bo’lgan shaharlar hokimligini Mirzo Ulug’bekka, Andijon, Tiroz, Qashqarni esa mir amirzoda Ibrohim Sultonga topshirdi. So’ng Saroymulkxonim madrasasida otga minib, o’zi qurdirgan Ko’ksaroyga bordi. Qizig’i shundaki, bu ma’lumot tarixiy manbalarda aynan takrorlanmaydi. Jumladan, Yazdiy o’zining asarida Saroymulkxonim madrasasidagi qabul marosimlarini batafsil yoritmaydi, balki unda jome’ qurilishi sarkorlari Mahmud Dovud va Muhammad Jaldning gunohi tekshirilgani va jazoga hukm etilgani aytiladi-yu, shundan so’ng Amir Temurning Saroymulkxonim madrasasidan Bog’i Chinor tomon yo’l olgani yoziladi. Klavixoning kundaligida Ohanin darvozasi yaqinida joylashgan hashamatli binoga kelib qo’ngani va uning nihoyatda go’zalligi, salobatliligi boshqa binolardan farqlanishi haqidagi fikrlaridan shunday xulosaga kelish mumkinki, Amir Temur ispan elchisi Klavixoni ham shu madrasada qabul qilgan (aslida yuqorida qayd etilgan Farang elchisi deganda Klavixo tushunilishi lozim – X.D.) va shu qabul vaqtida ispan elchisi bu binoning go’zalligidan, hashamatidan hayratda qolgan ko’rinadi. Agar shunday bo’lsa, unda Mirxondning yozganlarida haqiqat bordek tuyuladi.

Yazdiyning ma’lumotiga ko’ra, Amir Temur Xitoyga yurish qilish oldidan ham Saroymulkxonim madrasasiga qo’ngan. Bu dalillarning hammasi Saroymulkxonim madrasasi barpo etilishi bilan hammaning diqqat-e’tiborini tortgani, u muhim ishlarni amalga oshirish markazlaridan biriga aylanib qolganidan guvohlik beradi.

Ammo XV asr manbalarida bu imoratning bevosita vazifasiga kiradigan faoliyati haqida, ya’ni madrasa sifatida uning tolibi ilmlari, dars o’tgan mudarrislari, ular soni va shunga o’xshagan masalalar haqida hech qanday ma’lumot uchramadi. Vaholanki, keyingi davrlarda, jumladan Ulug’bek davridagi madrasalarning faoliyati haqida qizqarli ma’lumotlar bizgacha yetib kelgan.

Endi Saroymulkxonim madrasasining keyingi davrlardagi taqdiri haqida ayrim ma’lumotlarni ko’rib chiqish maqsadga muvofiqdir. Amir Temur jome’ masjididan ham hashamatli, me’morlik va san’atkorlik nuqtai-nazaridan undan ustunlik qiluvchi Madrasai Xonimning o’z vaqtida tezkorlik bilan, shoshilinch tarzda bino etilishi uning ko’p o’tmay xarobaga aylanishiga olib kelmadimikan? “Bibixonim va me’mor” afsonasi ham ana shu madrasaning qurilishi bilan aloqador tarzda yaratilmadimikan? Bizningcha, bog’liq va aloqador bo’lsa kerak. Negaki, Amir Temurning o’zi qurdirayotgan va sarkorlari belgilangan Jome’ masjidining qurilishiga Saroymulkxonim aralasha olmasdi. O’zining tashabbusi bilan bino qilinayotgan madrasa qurilishi esa boshqa gap ( Men ham ushbu qissaning birinchi nashrida bu asossiz fikrni qayd etib, xatoga yo’l qo’yganman. Muallif izohi.)
.
Saroymulkxonim madrasasining keyingi davrdagi taqdiri haqida ko’pchilik olimlar, jumladan L.YU.Mankovskaya ham “Bibixonim madrasasi XVI oxirlarida Buxoro amiri Abdulloxon II ning buyrug’iga binoan tag-tugi bilan buzib tashlandi”, degan fikrni bildiradilar. Ammo mashhur olim M.YE. Masson bu masalada XVI asr tarixchisi Hofiz Tanishning “Abdullanoma” asarida keltirilgan fikrini ma’qullashga moyillik ko’rsatadi. Hofiz Tanish shunday yozgan edi: “Hozir…hijriy to’qqiz yuz to’qson beshinchi (melodiy 1587) yilda uning (Samarqandning) ma’murligi nihoyatda ortdi. U viloyatda buyuk amir (Temur) va uning avlodlaridan qolgan hamda buzilish va vayronlikka yuz qo’ygan imoratlarni (Abdulloxon II) tuzatishga buyruq berdi. Janob Qulbobo Ko’kaltosh uni tuzatish va qurishda tirishqoqlik ko’rsatmoqdalar”. Hofiz Tanish qaysi imoratlarning buzilish va vayronlikka yuz qo’yganini nom-banom aniq yozmagan. Shuning bilan birga ularning qaysilari tuzatilgani haqida ham ma’lumotga ega emasmiz.

Ammo o’sha davrda xarobalikka uchragan imoratlar qatorida Saroymulkxonim madrasasi ham borligini ayrim manbalar tasdiqlaydi. Bu madrasani Qulbobo Ko’kaldosh ta’mirlashga ulgurmagan ko’rinadi. Chunki 1605 yili yozilgan “Tazkirat ush-shuaro”ning muallifi Mutribiy Samarqandiy (u Samarqandda tug’ilib, voyaga yetib va shu yerda olamdan ko’z yumgan) ko’pgina shoirlar, jumladan Figoriy Samarqandiy haqida so’z ochib, uning turar joyi to’g’risida shunday yozadi: “Figoriy Saroymulkxonimning oliya madrasasidagi (hozirda madrasaning oliylik sifatlariga futurlar yetgan) hujrada yashar eli”.

Shuni uqtirish lozimki, Mutribiy Saroymulkxonim madrasamini ayrim kishilarga o’xshab Amir Temur qurdirgan Jome’ masjidi bilan aralashtirmaydi. Chunki boshqa bir munosabat bilan bu masjid nomini “Majidi Jome’i buzurg” – ulug’ jome’ masjidi sifatida tilga oladi.

Demak, 1605 yili Saroymulkxonim madrasasi o’zining oldingi hashamatini muayyan darajada yo’qotgan bo’lsa-da, ammo mavjud hujralarida odamlar yashagan. Mutribiy o’z asarida faqat o’sha zamonning ancha mashhur bo’lgan shoiri Figoriy nomini tilga oladi, ehtimolki, boshqalar ham – mudarrislar, tolibi ilmlar ham bo’lgandir.

Shundan kelib chiqqan holda, yuqoridagi fikrga, ya’ni Saroymulkxonim madrasasi XVI asr oxirida Abdulloxon II ning buyrug’iga binoan tag-tugi bilan buzib tashlandi, degan asossiz fikrga tahrir kiritish ma’qul. Shundan so’nggi davrda Saroymulkxonim madrasasi taqdirida fojia yuz beradi. XVIII asr va undan keyingi davrlarda yozilgan kitoblarda bu madrasa tilga olinmaydi… Demak, bu vaqtda madrasa tag-tugi bilan buzilgan ko’rinadi. XVII asrning oxiri va XVIII asrning boshlarida yozilgan: “Tarixi kasira”da shunday bir e’tirof uchraydi: XVII asrning o’rtalari va ikkinchi yarmida Movaraunnahr, jumladan Samarqandda katta fatarot (xarobalik) yuz bergan ekan. Shu jihatdan qaraganda XVII asrning boshlarida ancha xarob bo’lgan Saroymulkxonim madrasasi ana shu fatarot vaqtida qulagan bo’lishi mumkin. Shundan so’ng uning tosh va g’ishtlari boshqa maqsadlarda ishlatilgan ko’rinadi…

Bu madrasa va uning qandayligi haqida yangi so’z arxeolog olimlarimizning g’ayrati bilan maydonga kelar va fanimizni, tushunchalarimizni yangi xulosalar, ashyoviy dalillar bilan boyitar, tarixchi va filolog olimlarimizning ishtirokida yangi-yangi manbalarning kashf etilishi bilan bu madrasaning ilmiy-madaniy hayotdagi mavqei belgilanar, degan umiddamiz. Arab maqolida aytilganidek: “Alvaqtu sayf ul-qote’” – Vaqt o’tkir qilichdir.

Bu masalaga alohida e’tibor qilinishining boisi shundaki, o’sha vaqtlarda bino etilgan imoratlar kimning nomi bilan atalishidan qat’i-nazar, ular ijodkor me’mor, donishmand, muhandis, mohir naqqosh, hattot, toshyo’narlarning ajoyib mehnati tufayli maydonga kelgan. Ana shu ijodkorlar uyg’unlik va mutanosiblik, go’zallik va mo»jizalik qonuniyatlari asosida halol mehnat qilib, o’sha imoratlar vositasida o’zlariga – yaratuvchi fikr va hunar ahliga, mehnat ahliga haykallar yasab qoldirganlari jihatidan ularning qadr-qimmati benihoya baland va ulug’dir”.

Amir Temur jome’ masjidi va Saroymulkxonim – Bibixonim madrasasini tiklagan ustalar kimlar edilar? Bu haqda Mirzo Bobur esdaliklarida va boshqa tarixiy manbalarda tilga olingan hindistonlik sangtarosh – toshyo’nar ustalar haqidagi qisqa qayddan boshqa aniq, ma’lumot uchratmadim. Biroq, Ibn Arabshoh xuddi ana shu imoratlar tiklangan davrda Samarqandda yashagan mashhur ustalar nomini tilga oladi. Jumladan, u sangtaroshlarning eng mohiri Oltun ismli usta bo’lganini (ismidan turkiy qavmga mansubligi bilinib turibdi) va u o’z hunarida tengi yo’q mo»jizalar ustasi bo’lganini aytadi. Naqqoshlar orasida esa Abdulhay al-Bag’dodiy bilan bahslashadigani bo’lmagan.

Abdulhay al-Bag’dodiy o’sha davrning mashhur musavviri Sulton Uvaysiy Jaloiriy – usta Shamsuddinning tarbiyasini olgan. Amir Temur 1393 yilda Iroqni zabt etgach, uni Samarqandga olib kelib, saroyidagi naqqosh va musavvirlarning rahbari qilib tayinlaydi. Abdulhay qo’l ostida ishlagan musavvirlardan ayrimlarining, jumladan, usta Abdulla va Zahiriddin Azhor kabilarning nomlari ham ma’lum. Bizning Amir Temurning Bog’i dilkushodagi saroyi devorlarida Hindiston urushi manzaralari tasvirlanganidan xabarimiz bor. Agar Abdulhay al-Bag’dodiy Samarqandga 1393 yilda keltirilgani, Hindiston yurishi esa 1398-1399 yillarda bo’lganini inobatga olsak, o’sha manzaralarni Abdulhay rahbarligida ishlagan ustalar yaratgani haqida taxmin qilishimiz mumkin. Musavvir umrining oxirida (u 1420 yilda Samarqandda vafot etgan) diniy aqidalardan kelib chiqib, ko’p asarlarini kuydirib tashlaydi. Shuning uchun bo’lsa kerak, bizgacha musavvir qalamiga mansub va ulug’ Sa’diyning “Guliston” asari bayonida chizilgan, “O’rdak”, “Jang manzarasi” deb nom olgan ikki miniatyuragina yetib kelgan.

Men sakkiz yilcha burun Abdulhay Bag’dodiyga bag’ishlab bir she’r bitgan edim:

ABDULHAY SO’ZI

Yo’q, yo’q, buyoqmas bu, yo’q, yo’q buyoqmas,
Bu qondir – yaramdan bo’zga tomgan qon.
Bu sorig’ – zardobdir, aylaydi lohas,
Bu yashil – bo’g’zimda bo’g’riqqan qush – jon.

Falak, nima qildim, niyating nedir,
Nega yuragimga solding vahima?
Qayda qoldi sharaf? Sharaf, ko’mak ber!
Umr – tinch ummonda adashgan kema.

Mana bu tasvirda: Saroyda bazm.
Maishat ko’zlarda qahqaha urar.
Ammo unda yo’qdir, qancha solma razm,
Bag’doddan men bilan yo’l bosgan qullar.

Mana bu tasvirda: Arslon ovi,
Qo’rquvdan dam-badam kishnaydi otlar.
Ana, qullar haydab kelgan arslonga
Shahzoda zarb bilan nayzasin otar.

Nega tasvirda yo’q arslon g’ajigan
Qul bola tasviri – yerga tomgan qon?!
Nega tasvirda yo’q g’amdan ichikkan
Onaning ko’ksida to’lg’angan giryon.

Nahot, men yolg’onga berdim qalbimni
Va bular barchasi yolg’ondir, yolg’on.
Bu sorig’ – zardobdir, qiynaydi meni,
Bu qizil – gul emas, oqayotgan qon!

…Tag’in sen keldingmi?! Tag’in keldingmi,
Arslon g’ajigan bolkay?!. …Hayhot!
Sening ta’qibingdan qutulamanmi
Ko’zlarim ortida qolganda hayot.

Tag’in sen keldingmi?!
Mana, qilich, sanch!
Sanchgin yuragimga – sening haqqing bor.
Bu qo’rqoq vujudni arslonday yanch,
Bu qo’rqoq qalamni yondirib yubor!

Jasorat, Jasorat,
Kirib kel, qonim
Yugurasin yurakka, to’lib nafratga.
Poklansin sen yoqqan o’tda imonim,
Ko’zim giryon bo’lsin xalq chekkan dardga.

O, falak, quvvat ber,
Yuragim qonsin –
Kul bo’lsin hayotning yolg’on surati.
Ularni yondiray – shu gulxan bo’lsin
Bir umr izlagan dil jasorati.

Ibn Arabshoh o’zi tilga olgan ustalarning har biri o’z davrining buyuk san’atkorlari, har biri mo»jizakor, deb hikoyasini: “Bu kishilar men bilib, zikri-yu ismi xotiramda qolganlar, ammo men bilmaganlaru yoinki bilsam ham zikri esimga kelmaganlar esa behad darajada ko’p bo’li, hisob-kitobdan xorijdir” degan so’zlar bilan yakunlaydi.

Maqbaraning peshtoqi rang-barang koshinlar bilan bezatilgan. Sakkiz burchak shaklida qurilgan maqbara ichki devorlarida yashil, qizil, qora bo’yoqlar bilan bezaklar ishlangan. Izoralarga yulduz nusxa ko’k naqshlar solinib, ular koshinli hoshiyalar ichiga olinan. Devorning ba’zi yerlariga keng yaproqli qizil meva daraxtlari rasmi ishlangan. Maqbara dahmasiga maxsus eshikdan kirilgan. Dahma devorlari ham koshinli bo’lib, unda toshtobut saqlangan. Tobut ichida antropologlar fikricha, oltmish-yetmish yoshdagi ayolning mo’miyolangan jasadi bo’lgan (bo’lgan deyishimizga sabab, quyida bu jasadning keyingi qismatidan hikoya qilsak, anglab olarsiz), bu esa dahmada Bibixonim – Saroymulkxonim dafn qilinganini tasdiqlaydi. Jasadni mo’miyolash, uni toshtobutga solib qo’yish Movarounnahrdagi dafn rasm-rusumiga xid bo’lib, bu tariximizdagi yagona hodisadir.

Dahmada Saroymulkxonimdan bo’lak yana ikki ayol qabri bor. Yaqinda Samarqandda bo’lganimda yillar davomida nochor ahvolda turgan maqbara atrofi tozalanib, keng maydon qilinayotgani ko’rib quvondim.

19

   Tayyora Samarqand qo’nalg’asiga yarim tunda qo’ndi. Yusupov muzeyga qo’ng’iroq qilishni o’yladi-yu, biroq muzey ixtiyoridagi yolg’iz mashina – yuk avtomobili haydovchisi shu paytda uyida – semiz xotini qo’ynida mushukdekkina bo’lib, pishillab uxlab yotganini tasavvur qilib, fikridan qaytdi. Va qo’nalg’a binosi oldidagi maydonchada yirik-yirik yulduzlarga tikilgan ko’yi Samarqand Malikasi tobutini quchoqlab tong orttirdi. Hali atrof yorishmay turib, xira pashsha g’ing’illashidek bir tovush eshitildi. Ko’p o’tmay shalag’i chiqqan yuk mashinasi ko’rindi. Bu tonggi tayyorada poytaxtga uchadigan rais boboni kuzatib chiqqan kolxoz mashinasi edi. Rais bobosining yukini qo’nalg’a binosi ichkarisiga kiritib, xayr-xo’shlashib qaytib chiqqan yoshgina haydovchi yigit mashinasi oldida bir chimdim nos otib olish uchun to’xtadiyu, o’zi tomonga yugurib kelayotgan sochlari to’zg’oq, ko’zlari qontalash kishini ko’rib qo’rqib ketdi. “Devona!” Kabina eshigiga yopishdi. Ammo eshikni ochishga ulgurmadi, “devona” uning qo’lidan shappa tutdi. Keyin qandaydir Bibixonim, qandaydir mo’miyolangan jasad yotgan quti, shu qutini qayoqqadir olib borish zarurligi haqida hovliqib, poyintar-soyintar gapira ketdi. Avvaliga qattiq cho’chiganidan hech balo tushunmagan yigit jon holatda uning qo’llaridan qutulishga urindi. Biroq harakatlari zoe ketdi, changakday barmoqlar uni qo’yib yubormadi. Oxiri gap nimadaligini oz-moz anglagan yigit bu odamdan faqat u aytgan manziliga olib borsagina qutulishi mumkinligini tushundi. Ikkovlashib inqillab-sinqillab tobutni mashinaga ortishdi. Mashina g’ing’illab, yo’talib, temir suyaklari qisirlab yo’lga tushdi.

O’sha kecha oy to’lg’in edi. To’lin oyning tillarang shu’lalari mashina kesib o’tayotgan kimsasiz Afrosiyob butazorlarini, do’ng-tepalari-yu, o’r-jarlarini sutdek yoritib turardi. Bu huvillagan, kimsasiz maskanda tanho yuk mashinasining lapanglagan qora sharpasi va zo’riqib, g’ing’illashigina tiriklikdan dalolat berardi. Kuzovda Bibixonim jasadi yotgan qutini silkinib ketishidan cho’chib, quchoqlab o’tirgan Yusupov bahor kechasining naqadar sovuq bo’lishini tuyqusdan sezdi.

Qadim Afrosiyob garchi kimsasiz va huvillagandek ko’rinsa-da, uyg’oq edi. Bahor nafasi allaqachonlar uni uyg’otib, bag’ridan unib chiqqan maysalar tomirlarida iliq sharbat yugurtira boshlagandi. Shu uyg’onish tufayli havoni ming turli o’t-o’lanlarning qurama isi tutib ketgan, darayu-o’ngirlarda, arxeologlar qazib, tashlab ketgan chuqurlarda boychechagu-chuchmomalar unib chiqqan, baland-past tepaliklarda, chimzorlarda moychechaklar, lolaqizg’aldoqlar, jag’jag’lar, binafshalar gul ocha boshlagan, etakdagi Obi Rahmat sohilini yalpizlar, samarqandcha kalom bilan aytganda, pidinalar bosgan edi. Bu o’t-o’lanu gul-chechaklarning biri yunon nayzasidan yiqilgan alp yigit, biri arab qilichidan yer tishlagan oqsoqol qariya, biri mo’g’ul kamonidan uzilgan o’q yuragiga qadalgan murg’ak bola, biri chor askari miltig’ining o’qiga uchgan mushtipar kampir ekanini Afrosiyobdan boshqa hech kim bilmasdi. Bu qadimiy tuproq vujudida talonchilaru-arxeologlar qazib tashlagan maydonlarda sochilib yotgan rango-rang sopol siniqlaridek mangu bitmas armon yashirin edi. Shu bois ham u anovi shalog’i chiqqan yuk mashinasi shovqinini emas, bir paytlar shu adirlarda ot choptirib, chechaklar tergan malikaning tobutini quchoqlab o’tirgan inson yuragining betoqat tepinishlarini eshitar va bu tepinishlarda o’z armonlariga egiz hislar borligini sezib, nafasini ichiga yurgan edi.

Afrosiyob osmonida yulduzlar g’ujg’on o’ynardi. Yaqinlashib kelayotgan tong nafasi urilib, qora osmon bilan qora zamin ulangan sarhadlar bo’zarib, ajralayotgan joylarda bo’zimtir shu’la paydo bo’la boshlagandi. Bu shu’la tepaliklar ortiga o’tib so’nib qolgandek bo’lar, mashina amallab tepaga chiqqanda yana pirillab tovlana boshlardi. Yusupovning ko’ksiga salqin shabada urilardi.
Agar Yusupov shu tobutli mashinani to’xtatib, quloq solganida, Afrosiyob qa’ridan chiqib kelayotgandek tuyulgan og’ir sukunat “sas”ini eshitgan bo’lardi. Kimda-kim, bu sasni bir bor eshitsa, juda yiroqlarga, dunyoning narigi boshiga ketsayam, baribir uning dahshatidan qutulolmasdi. Bu sas zamin qa’ridan buloq suvidek sitilib chiqib, Ko’hi Qof g’orlarini qo’riqlab yotgan devlardek og’ir-og’ir, surina-surina qadam tashlar, Samarqand sarhadigacha yoyilib borar va qo’rg’on tomonidan kimlarnidir tinmay o’z huzuriga chorlardi.

Agar Yusupov mashinani to’xtatib, bir zum atrofga quloq solganida ko’hna zamin qa’ridan kelayotgan juda behisob odamlarning tovushlarini eshitgan bo’lardi. Ammo tong sukunatini buzib borayotgan mashinaning beshafqat yoqimsiz shovqini bu ovozlarni bosib borardi. Afrosiyob qa’ridagi odamlar tiriklarni chaqirardilar, tiriklar esa ularning borligini bilmay, sezmay xotirjam o’tib-qaytaverar, bemalol yashayverar edilar.

Mashina pastga sho’ng’ib, navbatdagi baland adirga ko’tarildi. Xuddi shu yerda yo’lning chap qirg’og’idagi adir tepasida yam-yashil giyohlar orasida qip-qizil lolaqizg’aldoq shamolda tebranib turar, shahar tomon ketib borayotgan yuk mashinasiga hayratlanib boqardi. Bu Chingizxonning pakana askarlari shahar kutubxonasiga o’t qo’yganda, olov ichidan bir kitobni yulqib olib, ko’ksiga bosib qochishga tushganda, otliq mo’g’ul askari kamonidan uchgan o’qdan halok bo’lgan bola edi. Shuning uchun kimdan-kim shu lahzada – u piyoladek bo’lib ochilib turgan mahalida kelib hidlaganda edi, undan temir va qon hidi kelayotganini sezardi. Lolaqizg’aldoq hayrat ichida tikilardi. U bugun ochilganda – dunyoni ilk bor ko’rib turardi. U har bahorda qayta unib chiqsayam, o’tgan ko’klamlarni unutar va bu yorug’ dunyoni ilk marta ko’rib turgandek hayratga tushardi.

Tepaga zo’riqib ko’tarilayotgan mashina motori bo’g’iq g’uvillar, bu g’uvillash barobarida qilichu-qalqonlarning jarangiyu, kamonlardan uchgan o’qlarning vizillashi eshitilib ketganday bo’lar, shu boisdanmi, haligi lolaqizg’aldoq titrab-qaqshab, maysalar orasiga o’zini urayotganga o’xshardi. Uning vujudida abadul-abad o’lmaydigan bola qo’rquvi uyg’ongan edi. Motor ichidan chiqqan sas, lolaqizg’aldoq nazarida butun olamga, yeru-osmonga, tog’u-toshga, gulu-chechakka, oyu-yulduzga, uning o’ziga “Seni o’ldirishga boryapman!” deya tahdid qilardi.

Lolaqizg’aldoq – bola jome’ masjidi bilan kutubxonaning lovillab yonayotganiga maroqlanib tikilib o’tirgan, suv ko’rmaganidan betlarini qasmoq bosgan, badjahl odamlarni esladi. Ularning pishirilmagan go’sht qoni qolgan lablari orasidan chiqayotgan tupukli, bo’g’iq qichqiriqlarini baralla eshitganday bo’ldi.

Masjid bilan kutubxona atrofida ustma-ust qalashib yotgan murdalar – aniqrog’i onasi va ukalari jasadlari ostida tirik qolgan bola emaklab chiqib, bahor shamolidan battar avjlanib yonayotgan kitoblarning birini qo’yniga yashirdi. So’ng irg’ib turib, qocha boshladi. Shu zahot maydon o’rtasida ot minib turgan ukki ko’zli askar uni ko’rib qolib, qilichini yalang’ochladi. Keyin bolani quvishni o’ziga ep ko’rmay, yelkasidan kamonini olib, mo’ljallab o’q uzdi. Qochib borayotib yelkasi osha orqaga qaragan bola vizillab uchib kelayotgan o’qni ko’rib, undan qochib qutulolmasligini bilib, bor ovozi bilan “Onajon!” – deb qichqirdi. Afrosiyob tomondan esib turgan shamol uning bu qichqirig’ini olib, osmonga uchdi.

Lolaqizg’aldoq har ko’klamda unib chiqar, har ko’klam o’rtasida olib tog’lar tomondan g’uvillab esgan shamol olib kelgan “Onajon!..” qichqirig’ini eshitib yerga egilib olar, nimjon vujudini titroq chulg’ardi. O’sha shamol keladigan qursat yaqin edi. Ammo chechak bundan bexabar edi – u bu lahzada tepaga zo’riqib chiqayotgan mashina motorining bo’g’iq g’uvillashi aralash eshitilayotgan sovuq sadolar tahdididan qo’rqqan, yerga qapishib olgan edi. U bu sovuq sadolarni tinglar ekan, qo’rquvdan boshi aylanib, bir narsani zo’r berib eslashga urinardi: bu beshafqat ovozlarni qaerda va qachon eshitgan edi? Qo’rquv uning xotirasini ayamay qiyma-qiyma qilib tashlagandi, uning vujudidagi bola bilan ko’zlarida qahr va sovuq o’t yongan, tezak hidi anqib turgan badjahl to’da o’rtasida qo’rquv turardi. Shu qo’rquv tufayli uning xotirasi xiralashib bir narsani zo’r berib eslashga urinardi: bu qo’rqinchli va beshafqat ovozlarni qaerda vaqachon eshitgan edi?..

Yusupov tepaga ko’tarilgan mashina ustida turib, mudroq ko’zlarini zo’rg’a ochib, osmonga boqdi: qop-qora samoda yulduzlar g’ujg’on edi. Olis tog’lar tomonidan guvillab uchib kelib, uning ko’ksiga urilayotgan shamolning shiddati kuchaygandek bo’ldi. Shu payt qandaydir bir mahzun narsa yodigan tushgandek yuragi qisildi, chuqur oh tortdi. Bu mahzun narsa nima ekanligini anglay olmadi, chunki charchoq ta’sirida uning miyasida quyuq zulmat paydo bo’lgan, u yalt etgan fikrni chulg’ab o’chirar edi. Yusupov zo’r berib qanchalik urinmasin, harakati zoe ketdi. U ko’nglini bezovta qilgan mahzun narsani unutish uchun yo’l chetiga ko’z tashladi: bo’zarib borayotgan tong yorug’ida yo’l pichoq kabi kesib o’tgan adir teparog’ida yam-yashil maysalar ichida piyoladek keladigan lolaqizg’aldoq tovlanib turganini ko’rdi. “Kimning qismati bu?” – deb o’yladi u. Ushbu savol qaydan hayoliga kelganini hali anglamay, guvillab esgan shamol ko’ksiga shiddat bilan urildi-yu, qulog’i ostida “Onajon!” – degan dahshatli bir faryod yangrab ketdi. Ha, ha, aniq yangrab ketdi. Qo’rqqanidan Bibixonim jasadi yotgan qutiga qattiqroq yopishdi.

Samo battarroq bo’zardi. Sharq tomondagi tog’lar tepasida uyulib yotgan bulutlar nimqizil rang bilan chulg’ana boshladi. Karvon-karvon bulutlar tuni bilan tiniq tortib yotgan samoni asta-sekin bosib kelayotgani ko’rindi. Qushlar uyg’onadigan payt edi. Yorug’ ortgani sayin tolg’in Yusupovning ko’ksi bahor tantanasiga esh bo’la boshladi.

Faqat Afrosiyob emas, butun tevarakda: kunchiqardan kunbotar sari oqib borayotgan Zarafshon  mavjlarida, Temurning omon qolgan bog’-rog’larida, janub tomondagi cho’qqilarini oppoq qor bosib yotgan tog’larda, Konigil atrofidagi qishloq hovlilarida, Siyob, Darg’am sohillarida, Cho’ponota etaklarida, ko’pchigan dalalarni qoplab ulgurgan sabza maysalarda, g’unchalari yozila boshlagan atirgullarda, suvlari yo’llarga toshib chiqayotgan ariqlarda, mozorlardagi yangi qabrlar ustiga egilib shovillagan chilonjiydalarda, Ulug’bek rasadxonasi joylashgan tepalik ustida birin-ketin so’nayotgan dunyodagi eng yorug’ yulduzlarda, sharq tarafdan siljib kelayotgan qop-qora bulutlarda va yuk mashinasi ustida o’z makoniga qaytib kelayotgan Bibixonim jasadi yotgan qutini ushlab olgan Yusupov ko’ksidagi hasratda ham ko’klam tantana qilardi.

Yuk mashinasi qo’nalg’adan yo’lga chiqqach, bir soat deganda muzeyga yetib keldi. Yusupov tong salqinida miriqib uxlab yotgan muzey qorovulini bazo’r uyg’otib, uchovlashib qutini ichkariga olib kirishdi. Haydovchi yigitga quruq rahmat aytayotganidan uyalib ketgan Yusupov churq etmay uni mashinasigacha kuzatib qo’ydi. Qaytib qorovulxonaga kirgach, qorovul chol uzatgan iliq choyni ichar-ichmas uxlab qoldi.

U qancha uxlaganini bilmadi. Ammo g’o’ng’ir-g’o’ng’ir tovushlardan uyg’onib ketganida kun yorishib qolgandi. Nima bo’layotganini anglashga urindi, qulog’ini qancha ling qilmasin, hech nimani tushunmadi. G’o’ng’ir-g’o’ng’ir tovushlarni eshitdi, xolos. Qotib qolgan tolg’in gavdasini yozish uchun kerisha-kerisha tashqariga chiqdi-yu, og’zi ochilib qoldi. Muzey darvozasi oldini odam bosib ketgan edi.

Uni ko’rib olomon ichidan nimalarnidir aytib baqira boshladilar. U bu baqirgan odamlarni tanigandek bo’lar, ammo ularning kimligini eslay olmasdi. Miyasini chulg’agan quyuq zulmat hali tarqamagan edi.
Shu payt muzeyning kichik eshigidan besh-olti militsioner kirib kelganini, ularning orasida shahar militsiyasi boshlig’i ham borligini ko’rib, Yusupovni vahima bosdi. “Nahotki, muzeyga o’g’ri tushgan bo’lsa? Axir, o’g’irlanadigan narsalarni allaqachon o’g’irlab ketishgan-ku!” – deya ingradi u ichida alam bilan.
— Bibixonim qaerda?! – deb so’radi shahar militsiyasining boshlig’i…

20

Bibixonim haqida to’qilgan afsonalardan biri Ishratxona maqbarasi bilan bog’liq. Aslida esa bu yodgorlikning Bibixonim bilan sira bog’liqlik joyi bo’lmay, u malika vafotidan deyarli yarim asr keyin – Temurning nabirasi Abu Said mirzo davrida – mirzoning xotini Habiba Sultonbeka tomonidan uning dunyodan bevaqt ko’z yumgan farzandi Sohib Davlatbeka sharafiga qurdirilgan.

“Samariya”dan: “Xoja Abdidarun, mozorining shimolida bo’lib, xalq tomonidan “Ishratxona” deb ataladigan yuksak dahma ulug’ haram masturasi Davlatbeka dahmasidir. Uning onasi Amir Jaloliddin qizi Habiba Sultonbegim ushbu gumbazni bino qildirib, turmoq uchun bir necha hujra soldirgandir”.

So’nggi yillarda bosilgan ayrim maqolalarda Ishratxona haqida ayrim xato mulohazalar aytilganiga diqqatni tortmoqchiman. Bobur mirzoning “Boburnoma”da: “(Temurbek) Samarqandning sharqida ikki bog’ solibtur, birikim yiroqroqtur, Bog’i Bo’ldurur, yovuqrog’i Bog’i Dilkushodir. Andin Feruza darvozasig’acha xiyobon qilib, ikki tarafida terak yig’ochlari ektiribtur. Dilkushoda ham ulug’ ko’shk soldiribtur” – deb yozganiga asoslanib ba’zilar Bobur tilga olgan Bog’i Dilkushoda solingan ko’shk bugun Ishratxona nomi bilan mashhur yodgorlikdir deb ko’rsatmoqdalar. Shu jumladan men ham bu noto’g’ri fikrni bir maqolamda ishlatganimni tan olaman. Holbuki, Bog’i Dilkusho Bobur mirzo yozganidek, shaharning sharqida bo’lsa, Ishratxona shaharning janubi-sharqida, Feruzbog’ yaqinida bo’lgan. “Samariya”da Amir Temur soldirgan bog’lar haqida hikoya qilinib shunday guvohlik beriladi: “Amir Temur Ko’ragon soldirgan bog’larkim, Eram gulistoni rashk qilar darajada, yettita ekan. Birinchisi Bog’i Shamol, Samarqandning shimolida, Devori Qiyomat ichida, ikkinchisi Bog’i Baland. Bu ham shimol tomonda. Uchinchisi Bog’i Bihisht, to’rtinchisi Bog’i Chinor. Bu ikki bog’ shaharning kunchiqar tomonida. Beshinchisi Bog’i Dilkusho bo’lib, Konigilning janub tomonida, Konigil Ko’hak daryosining yoqasida, Samarqandning eng go’zal va chiroylik yeridir. Oltinchisi Bog’i Zog’on. Shovdor tumanining shimol tarafida voqe’dir. Yettinchi: Bog’i Jahonnumo, Anhor tumanida bo’lib, tog’ etagiga yaqin yerda, Samarqandning janubida bino qilingandir”.

Har bir voqeani sirli va havasli bo’lishini istovchi oddiy xalq zamonlar o’tishi bilan Ishratxona yodgorliginiyam buyuk jahongir va oqila malika nomi bilan bog’lab, rivoyatlar to’qib o’z xotirasida avaylab saqlab kelgan.

Emishkim, Bibixonim Amir Temurdan ruxsat olib, Bog’i Feruza tomonda o’ziga maqbara tiklabdi. Muddat yetib, bino qad tiklab ko’zlarni yashnatib Samarqandning eng go’zal imoratlari bilan husn talasha boshlagan kunlarning birida uni tomosha qilishi uchun Amir Temur kelibdi. Binoning go’zalligi va muhtashamligini ko’rib hayratlangan jahongir suyukli mahbubasiga: “Bu maqbara emas, balki shodlik va hurramlik uyi – Ishratxona bo’lmog’i lozim”, — degan ekan.

Bunday rivoyatlarning paydo bo’lishiga yodgorlikning Ashratxona, ya’ni arab tilida “o’nata xona” mazmunini bildiruvchi nom bilan atalgani sababchidir. Yillar o’tib, oddiy xalq ma’nosi noma’lum “Ashratxona”ni izohlash juda oson “Ishratxona” degan so’zga aylantirib yuborgan. Inqilobdan keyin esa ba’zi o’ta “bilimdon” va “chaqqon” charm kamzulli olimlar tarixiy hujjatlarni o’rganish o’rniga o’tmishni qoralashni doimiy mashg’ulotga aylantirganlarida, ularga Ishratxona nomi juda qo’l kelgan. Ular “Bu bino ishrat bilan shug’ullanish uchun qurilgan” degan yolg’onni o’zlariga qurol qilib olganlar. Oqibatda bunday ko’r-ko’rona qarash yodgorlik taqdiriga juda ayanchli ta’sir ko’rsatdi va hanuz ko’rsatmoqda.

21

— Bibixonim qaerda? – deb so’radi shahar militsiyasi boshlig’i.
Haligacha gap nimadaligini tushunmay garangsirab turgan Yusupov militsionerlarni ichkariga boshlab kirib, tobut joylashtirilgan qutini ko’rsatdi.
— Oching! – dedi shahar militsiyasining boshlig’i.

Yusupov quti ustiga tashlab qo’yilgan matoni sekin-asta yig’ishtirib oldi. Shahar militsiyasining boshlig’i beshafqat vaqt o’z ta’sirini ko’rsatgan ayol murdasiga ko’zi tushishi bilan burnini jiyirib, “Yoping, yoping!” – degandek ishora qildi. U bilaen kelgan oddiy milionerlar bo’lsa, o’z hukmdorlari tufayli butun shaharning tinchini o’g’irlagan mo»jizani ko’rish baxtiga muyassar bo’lganlarini sezmaganday toshhaykallar kabi qotib turardilar. “Mana, sen ham qamoqqa olinding, Bibixonim!” – deb o’yladi Yusupov ichida. Militsiya boshlig’ining gap-so’zidan keyin hamma narsa ayonlashdi: muzey darvozasi oldida to’plangan olomon Bibixonimni ko’rishga to’plangan ekan. Butun ko’cha odam bilan to’lib ketgan emish. “Bu odamlar qachon va kimdan Bibixonim olib kelinganini eshitibdi ekan?” – deya Yusupovning boshi qota boshladi. Halitdan shuncha odam eshitgan bo’lsa, bu yog’i nima bo’ladi?
Yusupovni telefonga chaqirishayotgani aytishdi. Obkomdan ekan. “Tezda yetib keling!” – deya buyurishdi. Yusupov yo’lga otlandi-yu, soqoli olinmaganini obkom kotibi eshigiga yetgandagina sezib to’xtab qoldi. Ammo, nachora? Kirdi.

“Boshimizni qanday tashvishlarga qo’ydingiz, o’rtoq Yusupov? – dedi obkom kotibi ro’para bo’lishi bilan. – Kimdan ruxsat olib bu ishni qildingiz?”
“Sizlardan…” – dedi Yusupov hayron qolib.
“Nima qilib qo’yganingizni bilasizmi, o’rtoq Yusupov?” – dedi kotib, uning so’zlariga butunlay e’tibor bermay, qo’lidagi papirosni kuldonga jahl bilan ezg’ilar ekan.

Yusupov nima deyishni bilmay, miq etmay turaverdi. Har zamon yosh boladek yelka qisib qo’yardi.
“Endi o’zingiz pishirgan oshni o’zingiz iching, o’rtoq Yusupov!” – dedi obkom kotibi. – Hozir borasiz-da, odamlarga hech qanaqa Bibixonim olib kelinmaganini aytasiz!”
Yusupov indamay chiqib keta boshladi.
“Keyin kelib natijasini menga aytasiz!” – dedi obkom kotibi.
“Bunaqa ishlar uchun partiya oldida javob berasiz!” – deya yana qo’shib qo’ydi tahdidli ko’yda.

Yusupov xonadan chiqayotib obkom kotibi o’tirgan kursi orqasidagi devorda osig’liq turgan Stalin portretiga ko’zi tushib bir dam qotib qoldi. Xalqlar otasi miyig’ida kulib turardi.
“Nima qilib qo’yding, o’rtoq Yusupov? Partiya oldida javob berasan endi!” – dedi Stalin…

Yusupov muzey oldida to’plangan odamlarga “Hech qanaqa Bibixonimni olib kelmaganman, hammasi yolg’on!” – deb aytsayam, hech kim tarqamadi. Bir kampir uning qo’lidan ushlab, “Xuddi tirikday emish-a, shu rostmi?” – deb so’radi.
“Bilmayman!” – dedi jahli chiqib ketgan “o’rtoq” Yusupov. So’ngra olomonga murojaat etdi:
— Hoy, odamlar, tarqalinglar, Bibixonim olib kelingani yolg’on!

Bu gapga baribir hech kim ishonmadi, tarqamadi.
Quyosh botib qorong’ilik tushgandagina olmon siyraklasha boshladi, xotini Sokina Yusupovni izlab muzeyga keldi. Yusupov u keltirgan yeguliklardan nari-beri totingan bo’ldi-da, obkomga otlandi. Xotini: “Bibixonimni olib kelganingiz rostmi?” – degan edi. Yusupov betoqat jerkib berdi: “Hoy, xotin, uyga qaytsang-chi, hammasi yolg’on, bildingmi, yolg’on!!!”
“Hozir siz bilan gaplashishga vaqtim yo’q!!!” – dedi obkom kotibi nimanidir yozar ekan qog’ozdan bosh ko’tarmay.
“Odamlar tarqaldi”, — dedi Yusupov.
“Yaxshi. Siz bilan keyin gaplashamiz!” – dedi obkom kotibi.

Xonadan chiqar ekan, Yusupov qo’rqa-pisa Stalinga ko’z tashladi.
“Seni o’zim topib olaman!” – dedi miyig’ida kulib Stalin.

Yusupov yana muzeyda tunadi. Kuni bilan yog’aman-yog’aman, deb turgan qora bulutlar tun yarimdan o’tganda to’lishib, bag’rida yalt-yalt chaqinlar chaqnab, birdan shiddat-la quyib yubordi. Yirik marvarid tomchilar qaqragan yerga tasirlab urilib ariqchalardan lim-lim
to’lg’azib oqa boshladi, ko’p o’tmay sekinlashdi, ammo tinmadi. Tongga qadar mayingina bo’lib shivalab yog’di. To tongga qadar qotib uxlagan Yusupovni allalab chiqdi. Biroq tong azonda u yana besaranjom g’ala-g’ovurdan uyg’onib ketdi. Hovliga yugurib chiqdi-yu, aynan kechagiday manzaraga ko’zi tushib, yuragi orqasiga tortib ketdi. Go’yo tush ko’rayotgandek, go’yo kechagi kunda turgandek – kechagi kun abadiy qotib qolgandek edi.

Yana shahar militsiyasi boshlig’i. Yana obkom kotibi. Yana Stalin.
“Odamlar bir joyda to’planmasligi haqida buyruq borligini bilasizmi?” – dedi shahar militsiyasi boshlig’i.
“Bunday siyosiy ko’rlik uchun javob berasiz!” – dedi obkom kotibi.
“Javob berasan!” – dedi Iosif Vissarionovich.

Uchinchi kuniyam bu holat takrorlangach, obkom maxsus komissiya tuzdi. Va bu maxsus komissiya nazorati ostida o’sha kuni kechasiyoq imi-jimida Samarqand Malikasining mo’miyolangan tanasi toshtobut bilan birga bundan olti yilcha burun ochilgan maqbarasiga qaytadan joylashtirildi.

Bundan bexabar qolgan samarqandliklar esa Bibixonimni ko’rish istagida har tongda muzey eshigi oldida to’planaverishardi. Ammo vaqt o’tishi bilan odamlar tobora kamayib bordi, oxiri hech kim kelmay qo’ydi. Hozir bu voqealarni eslaydigan odamlar bormi-yo’qmi, bilmayman.

22

BIBIXONIM HAQIDA UCHINCHI AFSONA: Amir Temur dovul singari o’zga mamlakatlar tuprog’iga kirib borib, jangu-jadal bilan band bo’lgan chog’larida Bibixonim Samarqand saltanatini boshqarar ekan. Mana shunday paytlarda Temur poytaxtida osoyishtalik, adolatu-haqparvarlik barqaror bo’lar, malika yangi qurilishlar boshlab shahar husn-jamolini yana go’zal etuvchi hashamatli binolar, ilmu-fan ahliga homiylik qilib madrasalar, din ravnaqi uchun masjidlar tiklar ekan.

Oqila Malika o’z panohidagi fuqarolarning dilida yashirin yotgan siru-asrorni bilmoq, odamlarning quvonchu-alamidan voqif bo’lmoq maqsadida kechalari erkakcha libos kiyib shahar aylanar ekan. U avval bozor maydoniga borib, uyiga shoshilayotgan bozorchilar gap-so’zini, keyin mozorga borib o’sha kun kimlar yerga topshirilganini bilib olar ekan, azodor oilalarga saroy xazinasidan ul-bul narsa berdirib yuborar ekan.

Har biri hojixona olmadek keladigan yulduzlar falak sahnini yoritgan savr tunlarining birida Bibixonim o’zi qurdirgan madrasa talablari yurish-turishidan, ahvolida xabar olish uchun g’arq pishgan marvartak tutining hidi anqib turgan madrasa hovlisiga kiribdi.

Hovlini aylanib yurib, hujralarning birida suhbatlashib o’tirgan uch mullavachcha suhbatini eshitib qolibdi. Mullavachchalar kitobu-qalamlarini bir chetga qo’yib, bir-birlariga eng yashirin sirlarini ochayotgan ekan. Suhbat Bibixonim diqqatini tortibdi.
Talabalarning biri – uzoq tog’ qishloqlaridan kelib o’qiyotgan va faqir oila farzandi ekanligi bilinib turgan, husni qizlarni tushiga kiradigan darajada ko’rkam mullavachcha yigit ichki bir armon va havas bilan:
— Eh, qaniydi bir marta bo’lsayam Bo’stonsaroy dasturxonida qo’yiladigan nozu-ne’matlardan totib ko’rsaydim, o’lsam armonim qolmasdi, — debdi.

Ikkinchi talaba – kelishgan qomatli, o’qishdan ko’ra, ko’proq o’ziga e’tibor berishga moyilligi ko’rinib turgan, xushsurat mullavachcha esa, zavqi kelganidan ko’zlarini yumib aytibdi:
— Eh, qaniydi, Bibixonimdek sohibjamol malika mening ma’shuqam bo’lib qolsaydi, dunyodan bearmon o’tardim!

U shu so’zni aytib, ko’zlarini ochibdi-da birinchi sherigi bilan uning siru-asrorini indamay eshitib o’tirgan uchinchi mullavachchaga tikilib qolibdi. Uchinchi talaba – saboq olishdan ko’ra qilich chopishga havasdorligi ko’zlarida chaqnayotgan o’tdan sezilib turgan yigit esa do’stlariga “Eh, senlarni qara-ya!” degandek bir oz tikilib turibdi-da:
— Shuyam orzu bo’ptimi? Men Amir Temurdek buyuk Sohibqiron bo’lishni orzu qilaman! – debdi. So’ngra, do’stlari og’iz ochib qolishganini ko’rib, miyig’ida kulibdi-da:
— Ana shunda, — debdi birinchi do’stiga qarab, — sen orzu qilgan nozu-ne’matlar ham va sen… – u ikkinchi do’stiga qarabdi, — ha, sen orzu qilgan Bibixonim ham meniki bo’lardi.
U shunday debdi-yu, do’stlarini qoyil qoldirganini ko’rib, zavq ila kulib yuboribdi.

Talabalar so’zini eshitgan Bibixonim bir dam o’ylanib qolibdi-da, indamay madrasadan chiqib ketibdi.
Tong otib, Samarqand minoralarining zarhal naqshlarida quyosh nurlari jilolanib turgan bir paytda qovoqlaridan qor yog’ilib turgan uch navkar madrasaga kirib kelib, kechasi bir-biri bilan sirlashgan uch mullavachchani Bo’stonsaroyga olib ketibdi. Gap nimadaligidan bexabar uch yigit yuraklari taka-puka, bir-biriga “Nima gap?” degandek tashvish-la qarab turganlarida, ularni Bibixonim huzuriga olib kirishibdi.
Saltanat taxtida o’tirgan Bibixonimni ko’rgan talabalar ta’zim bajo qilishibdi. So’ng “buyog’i nima bo’larkin?” degan savolo ichlarini kemirib, qo’llarini qovushtirib turishaveribdi.

Bibixonim taxtda o’tirgancha:
— Orzularing bo’lsa, menga so’ylanglar, qo’limdan kelsa, bajo aylayman, — debdi.
To’satdan berilgan bu savoldan bir oz talmovsirab qolgan talabalar hayoliga barobar bir o’y kelibdi: tungi suhbatimizni saroy xufiyalari eshitib, Malikaga yetkazibdi-da! – Mullavachchalar endi tamom bo’ldik, deb dag’-dag’ titrashga tushishibdi.
Ular jonlaridan umidlarini uzib turganlarida, malika taxtdan tushib kelibdi. Bo’stonsaroy dasturxoni nozu-ne’matlarini orzu qilgan birinchi talabaga qarab:
— Sening orzungga yetmog’ing mushkul emas, buning uchun seni saroy oshpazining qiziga uylantirib qo’yaman. Umring oxirigacha saroy
taomlaridan bahramand bo’lish huquqini ham beraman, — debdi.

Malika ohista qarsak chalgan ekan, oldindan tayyorlab, rozi-rizoligi olingan saroy oshpazi va uning qizini hamda mullani boshlab kirishibdi. O’sha zahoti nikoh o’qitilibdi.

So’ng malika: “Bibixonimday sohibjamol xotinim bo’lsaydi”, — deb orzu qilgan yigitga qarab bunday debdi:
— Men buyuk sohibqiron Amir Temurning jufti haloliman. Biroq, go’zal bir kanizagim bor, husnda Movarounnahru-Xurosondagina
emas, Shomu-Iroqdayam tengi yo’q. O’sha sohibjamol sening haloling bo’lsin.

Bibixonim ohista qarsak chalgan ekan, husni ko’r ko’zni ochishga, ochiq ko’zni ko’r qilishga qodir bir go’zal qiz kirib kelibdi. Uni ko’rgan yigitning esi og’ib qolishiga oz qolibdi. Mulla kanizakni talaba yigitga nikohlab qo’yibdi.
— Sizlarga Konigildagi bog’imni in’om qilaman, — debdi malika kelin bilan kuyovga. – Bugun oqshom o’sha bog’da to’y bazmini qilg’aymiz.

Shundan keyin baxtdan mast bo’lib turgan do’stlariga takabburona qarab turgan, temurdek buyuk Sohibqiron bilishni orzu qilgan uchinchi yigitga qarab, Bibixonim shunday debdi:
— Sening ishing bularnikidan osonroq… – Malika bu so’zni aytib biroz sukut qilibdi-da, yana so’zlabdi. – Balki og’irroqdir.
Bibixonim uchinchi bor qarsak urgan ekan, xos navkalarning biri qilich bilan sovut olib kiribdi. Malika yigitga qarab:
— Amir Temurni sohibi saltanat qilgan mana shu qilich bilan sovuti hamda yuragidagi olov. Men senga qilich bilan sovutni in’om qilurman, yuragingda o’t bo’lsa, u yog’i o’zingga bog’liq, — debdi.

Tez orada saroyda bo’lib o’tgan bu g’alati voqea butun saltanatga yoyilibdi. Yetti kun deganda qirq kunlik masofada turgan Amir Temur qulog’iga ham yetib boribdi. Malika va uch mullavachcha haqidagi gaplarni eshitgan jahongir xotinining oqilaligiga yana bir bor tahsin o’qibdi. Quvonchini yashirolmay tabassum qilibdi – Samarqanddan chiqqandan beri Amir Temur tishining oqini ko’rmagan boyonlar bu sirning sababini bilmay boshlari qotibdi.

DAVOMI BOR

05

(Tashriflar: umumiy 2 109, bugungi 1)

Izoh qoldiring