Xurshid Davron. Sohibqiron nabirasi yoki Mitti yulduz qissasi (4).

0822 март — Буюк мутафаккир олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллуд топган кун

    Муҳаммад Тарағай баҳодир оламдан кўз юмган чоғида Темурбек энди ўн етти ёшга тўлган эди. Кекса амир ўлими яқинлашганини сезгач, фарзандини қошига чорлади. Фарзанди ёнига чўккалагач, кекса барлос хотиржам сўз бошлади: — Толеингда битилган бўлса, ҳукмфармо бўлурсан, аммо ким бўлмагин, мусулмон бўл!..


Хуршид Даврон
СОҲИБҚИРОН НАБИРАСИ
ЁКИ МИТТИ ЮЛДУЗ ҚИССАСИ (4)

01

СОҲИБҚИРОН ВАТАНИДА

Кеш воҳаси, Мирзо Бобур ёзганидек, “Самарқанднинг жанубидадир, тўқуз йиғоч йўлдур. Самарқанд била Кеш орасида бир тоғ тушубтур. Итмак добони дерлар, сангтарошлик қилур тошларни тамом бу тоғдин элтарлар. Баҳорлар саҳроси ва шаҳри ва боми ва томи хўб сабз бўлур учун Шаҳрсабз ҳам дерлар”.

Шаҳрисабз – қадимий Кеш Турон юртининг кўҳна шаҳарларидан. Юнон ва хитой муаррихлари – Ҳеродот, Ктесей, Вэй Чжэн, Оуян Сю ва бошқаларнинг маълумотига қараганда, Кеш мелоддан аввалги V-асрдаёқ мавжуд бўлган. Қадимий Хитой солномаларида шаҳар номи “Ши” тарзида учрайди.

Шаҳар ва унинг теварагида, шунингдек, ёнма-ён жойлашган Китобда олиб борилган археологик қазишмалар натижасида бу манзилда мелоддан аввалдаёқ катта шаҳар ўрнашгани аниқланган. Мелоддан аввалги II-асрдан то мелодий III-асргача шаҳар Турк ҳоқонлигининг вассали бўлган Сўғд давлати таркибига кирган. Мелоддан аввалги 328 йилда буюк фотиҳ Искандар Мақдуний томонидан забт этилган.

Мелодий V-VIII асрларда Кеш Турк ҳоқонлиги иттифоқига бўйсунса ҳам ўз-ўзини бошқариш ҳуқуқига эга эди. Ўша замонлардаёқ шаҳар атрофи қалин пахса девор билан ўралиб, дарвозалари ва буржлари бўлган, ичкарида шаҳристон билан мустаҳкам арк жойлашган. Мелодий 710 йилда шаҳар араблар томонидан босиб олинди. Араб босқинчилигига қарши бошланган Муқанна бошчилигидаги халқ ҳаракати пайтида Кеш исёнчиларнинг марказига айланди. Бу ҳақда “Бухоро тарихи” муаллифи шундай ёзади: “Муқанна Марв атрофи аҳолисидан, Коза деб аталган қишлоқдан бўлиб, номи Ҳошим ибн Ҳаким эди. У илгари кудунггарлик қилар эди, кейин эса илм ўрганишга машғул бўлди ва ҳар хил илмларни: кўзбўямачилик, сеҳр ва тилсим илмларини ўрганди… Ҳошим ибн Ҳакимни Муқанна дейишларига сабаб шу эдики, у жуда хунук, боши кал ва кўзи кўр бўлганидан ҳамиша боши ва юзига кўк парда тутиб юрарди. Шу Муқанна аббосийлар давлатчиси Абу Муслим замонида Хуросон лашкарбошилардан бири Абдулжаббор Аздийга вазир бўлди ва пайғамбарлик даъвосини қилди ва бир қанча вақт шу даъвода турди. Абу Жаъфар давонақий одам юбориб, уни Марвдан Бағдодга олдириб келди ва бир неча йил давомида зиндонда тутди. Шундан кейин у зиндондан қутулиб, яна Марвга қайтиб келди… Муқанна ҳар бир вилоятга нома ёзиб, ўзининг доий (ташвиқотчи)ларига берди. У ҳали Марвга турган вақтидаёқ ҳар ерга доийларини юборди ва кўп халқни йўлдан оздирди. Марвда араблардан Абдуллоҳ ибн Амр номли бир киши бор эди, у Муқаннага имон келтирди ва қизини унга хотинликка берди. Ана шу Абдуллоҳ Жайхундан ўтиб, Нахшаб ва Кеш шаҳарларига келди ва ҳар ерда халқни лаънати Муқанна динига чақириб, кўп кишини йўлдан оздирди…

Хуросон амири бўлган Хумайд ибн Қаҳтаба уни (Муқаннани) тутишга буюрди. Муқанна эса ўз қишлоғидан қочиб, бекиниб юрар эди. Охири Муқаннага Мовароуннаҳр вилоятига кўп халқ унинг динига киргани ва диннинг тарқалгани маълум бўлди ва у Жайхундан ўтишга қасд қилди… Муқанна ўттиз олти киши билан Жайхун дарёси соҳилига келиб сол тайёрлаб Жайхундан ўтди ва Кеш вилоятига борди. У вилоят Муқаннага бўйсунди ва халқ унга рағбат қилди. Шу вилоятдаги Сом тоғи тепасида ғоятда мустаҳкам бир ҳисор (қалъа) бўлиб, унда оқар сув, дарахтлар ва экин ерлар бор эди. Бу ҳисор ичида ундан ҳам мустаҳкамроқ яна бир ҳисоб бор эди. Муқанна уни тузатишга буюрди ва уни тузатдилар. Муқанна у ерга кўп мол ва беҳисоб озиқ-овқат йиғди, соқчилар тайинлади…”

Пайғамбарлик даъво қилган Муқанна исёни туфайли Кеш яна вайрон бўлди. У фақат IX асрдан бошлаб қаддини тиклай бошлади. Араблар истилоси барҳам топиб, Мовароуннаҳр ўз бағридан чиққан янги сулолалар: салжуқийлар, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар учун улоқ майдонига айланди. Кейинги асрлар давомида ўлка гоҳ у, гоҳ бу давлат тасарруфига ўтар, ғолиб келган тараф мағлублар тиклаган иншоотларни бузар, янгиларини тикларди. Шунга қарамай, Мовароуннаҳр бу асрларда исломиятнинг буюк маданий ўчоғига айланди. Кўҳна Кеш ҳам Мовароуннаҳрнинг нуфузли маданий марказлари даражасига кўтарилди. Абу Али Ҳусайн ибн Хидр ибн Муҳаммад ан-Насафий, Абу Шукур Муҳаммад ибн Абдуссайид ибн Шуайб ал-Кеший, Абулмуин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ан-Насафий, Абу Нафс Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ан-Насафий ас-Самарқандий ал-Мотуридий, Аҳмад ибн Муса ибн Исо ал-Кеший, Абулфадл Бурҳониддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Бурҳонун-Насафий, Абул Баракат Ҳафизиддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд ан-Насафий каби машҳур ислом мутафаккирлари Кеш воҳасининг фарзандлари эдилар. Муаррих Шарафиддин Али Яздий ёзади: “Баъзи бир тарихий китобларда айтилишича, Кеш шаҳри қадим айёмларда исломнинг буюк уламолар йиғиладиган жой бўлган. Таниқли муҳаддислардан уч мўътабар имом: Абу Муҳаммад Абдаъ ибн Ҳамид ибн Наср ал-Кеший, Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ад-Дорамий ас-Самарқандий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий, Аллоҳ улардн рози бўлсин, шу диёрга келиб ватан қилган эдилар. Ўша даврнинг илм аҳли уларнинг билим ва фазилат нурларидан баҳраманд бўлмоқ учун мана шу муборак шаҳарга чор атрофдан, турли ўлкалардан йўл олардилар. Жумладан, Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ал-Қушарий ан-Нишопурий бу ерга ташриф буюриб, Абдаъ ибн Ҳамид ал-Кешийдан билим истифода қилган эди. Имомлар ва фозил кишилардан кўплари шу ерда жамъ бўлган эдилар. Уларнинг барчасига ҳам дарс ва ифода ўтишлари учун жойлар ажратилганди. Шунинг учун ҳам Кеш шаҳрига “Қуббат ал-илм ва-л-адаб” (“Илму адаб қуббаси – маркази) деб лақаб берилган. Бу шаҳар ва диёрнинг боғу-бўстонлари ва майсазорларининг таровати ва гўзаллиги, айниқса, баҳор айёмида тому-деворларигача майсалар билан қопланиши туфайли “Шаҳрисабз” (Яшил шаҳар) номи билан машҳур бўлганди”.

Тобора юксалиб бораётган шаҳарга унинг тарихидаги энг кучли зарбани Чингизхон берди – пакани мўғул хони бошлиқ ўрда 1220 йилда шаҳарни забт этиб, вайрон этди. Йиллар ўтиб, Кеш воҳаси, Чингизхон васиятига кўра, шаҳзода Чиғатой ихтиёрига берилган улус таркибига кирди. Вайрон этилган воҳа кимсасиз бўлиб қолгани учун 1266 йилда Кешнинг унумли ерларига Еттисувдан жалойир ва барлос уруғлари кўчиб келиб, ерлик аҳоли таъсирида ислом динини қабул қилдилар ва қисқа вақт мобайнида воҳа тақдирини белгилайдиган кучга айландилар.

Кеш воҳаси Амир Темурнинг ватани эди. Соҳибқирон туркий ҳисобга кўра, сичқон йилида, ҳижрий 736 йил шаъбон ойининг йигирма бешинчи куни – мелодий 1336 йилнинг 8 апрелида Кеш шаҳри яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келди. Унинг отаси барлос уруғининг нуфузли кишиси – Муҳаммад Тарағай, онаси Тегуна (Такина) Хотун эди. Унинг амакиси Ҳожи барлос ҳам нуфузли амирлардан бўлиб, Чиғатой улуси тахтининг хизматчиси эди.

Амир Темур мансуб бўлган барлос уруғи туркий қабилалардан биридир. “Барлос” калимасининг маъноси ҳақида “Темурнома” да ривоят бор: “(Барлослар) доим қилични яланг қилиб, олиб юрардилар. Барлос маъниси “Қиличини қинга солмаган”ни айтурлар”. Муаррих Рашиддин Фазлуллоҳ Казвиний “Жоме ат-таворих” асарида барлосларнинг туркий уруғ эканини алоҳида таъкидлаб шундай ёзади: “Ҳозирги вақтда кўпгина уруғлар ўзларини насабдор ва улуғ эканликларини кўрсатиш учун Чингиз ва унинг уруғи мўғул бўлганлигига қараб, ўзларини мўғулларга қўшиб кўрсатадилар. Жалойир, татар, уйрат, унгут, кераит, найман, тангут каби уруғлар ҳам қадимги вақтда мўғулларни тан олмаганликларига қарамасдан, энди мақтаниб ўзларини мўғулларга қўшиб кўрсатадилар. Уларнинг ҳозирги авлодлари ўзларини қадимги вақтлардан бери мўғулларга қўшилиб келган деб хаёл қиладилар. Ҳолбуки, қадимги вақтда мўғулларнинг ўзлари ҳам чўлларда яшовчи туркий халқларнинг бир бўлаги бўлган холос”. Рус шарқшуноси А.Хорошхин “Туркистонга оид мақолалар мажмуаси” да XIII-асрда Чингизхон билан Туркистонга келган қабилаларнинг ҳаммасини мўғуллар деб ҳисобловчиларга эътироз билдиради ва агар уларнинг ҳаммаси мўғул бўлганида эди, ҳеч бўлмаганда уларнинг тили сақланиб қолган бўларди, деб ёзади. Сўнгги тадқиқотларга кўра, Мовароуннаҳрга бостириб кирган Чингизхон қўшинининг бор-йўғи беш фоизгина соф мўғул, қолган қисми туркий уруғлардан иборат бўлган.

Амир Темур болалигиданоқ барлос уруғи анъаналари руҳида тарбияланди. У энг аввало бўлажак жангларга тайёрланиб, жисмоний машқлар билан шуғулланиб ўзини чиниқтирди, отда юриш, қилич чопқилаш, найзабозлик, камончилик санъатини пухта эгаллади. Амир Темур ҳақида ёзган кўп муаррихлар унинг отни бағоят севганини алоҳида қайд қилдилар. Соҳибқирон қаламига нисбатан этиладиган “Таржимаи ҳол”да ҳам бу фикрни тасдиқловчи сатрлар мавжуд.

Бўлажак жаҳонгир ўн олти ёшга етгач, амир Муҳаммад Тарағай баҳодир уни масжидга олиб келиб, аждодлар анъанасига биноан, бундан кейин ўзига тобе аскарларга бошчилик қилишни ўғлига топширишини эълон қилган.

Амир Темур, айрим муаррихлар ёзгани ва солномаларда битилганидек, саводсиз киши бўлмай, мадраса таълимини олган билимдон, фозил инсон эди. Француз олими Алфонс де Ламартин ёзади: “Дин, тиббиёт, тарих, ҳуқуқ ва астрономия соҳаларида Амир Темур ўта билувчан эди. Кўп ўқиган, Осиёнинг энг унумли уч (турк, араб, форс) тилини жуда мукаммал билган, зарофат ва қудрат ила ёзғувчи бир ҳукмдор эди… Оврупо на Исканда, на Аттилада ва на Московия зафарини қучган янги фотиҳ (Напалеон)да бундай даражали бир завқ ва идорани кўрган эмас!”

Яна бир қатор муаррихлар, айниқса, рус тарихчилари Амир Темурни эътиқодсиз, исломни билмаган ва Чингизхон ясоғини ундан устун деб билган деб ёзадиларки, бу ҳам ёлғондан ўзга нарса
Эмас. Бундай бўҳтонларни рад этиш учун соҳибқироннинг сўзларини келтирамиз:

“Давлат ва салтанатимга боғлаган менинг биринчи тузугим – тангри таолонинг дини ва Муҳаммад Мустафонинг шариатига дунёда ривож бердим. Ҳар ерда ва ҳар вақт ислом динини қувватладим”.
Амир Темур болалиги кечган Кешни қаттиқ севарди. Шу сабабдан ҳам у Мовароуннаҳр ҳокимиятини қўлга олган дастлабки паллада бу дилбар шаҳарни қуражак давлати маркази қилмоқни ҳам ўйлади. Мирзо Бобур ёзади: “Темурбекнинг зоду буди Кешдин учун, шаҳр ва пойтахт қилуриға кўп саъй ва эҳтимомлар қилди, олий иморатлар Кешта бино қилди. Ўзига девон ўлирур учун бир улуғ пештоқ ва яна ўнг ёнида ва сўл ёнида тавочи беклари била девон беклари ўлтуруб девон сўрар учун икки кичикроқ пештоқ қилибтур. Яна саврун эли ўлтурур учун бу девонхонанинг ҳар зилъида кичик-кичик токчалар қилибтур, мунча олий тоқ оламда кам нишон берурлар. Дерларким, Кисро тоқидин бу бийикрактур. Яна Кешда мадраса ва мақбара қилибтур. Жаҳонгир мирзо ва яна баъзи авлодининг мақобири андадур. Чун Кешнинг қобилияти шаҳр бўлмоққа Самарқандча эмас эди, охир пойтахт учун Темурбек Самарқандни ихтиёр қилди”.

Мирзо Бобур, Кисро тоқидан буюкроқ, деб таърифлаган иншоот Оқсарой эди. Оқсарой 1380 йилда қурила бошланганди. Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, Амир Темур Хоразмни Олтин Ўрда тасарруфидан тортиб олгач, дунёга машҳур хоразмлик усталарни ва ишга яроқли кишиларни Мовароуннаҳрга кўчириб, Кеш шаҳрига жойлаштириш тўғрисида фармон беради. Хоразмлик усталар Оқсаройни тиклайдилар: “Ҳеч ким бундай иморатни ҳеч қачон кўрмаган ва унга ўхшашини бунёд этмаган”, — деб хитоб қилган эди “Зафарнома” муаллифи Низомиддин Шомий. “Зафарномаи Соний” муаллифи Шарафиддин Али Яздий эса бино ҳақида ушмундоқ ёзади: “Сичқон йилига тўғри келган ҳижрий 781 йилнинг охири (мелодий 1380 йил марти), эрта баҳор фасли эди. Ўз қуввати билан табиатни гуллатиб, яшнатувчи меъмор кўкатлар ва майсазорлар шаҳрини обод қилишга киришган, атиргул буталаридан қасрлар яратиб, лаългун шохчалар учини баланд кўтарган ва уларни ферузаранг нақшли барглар билан безаган бир вақтда… олий ҳазрат Соҳибқирон гулларидан мушки анбар таралувчи, сувидан гулоб таъми келувчи Кешнинг хушҳаво ва ром этгувчи заминида шодлик нашъасини суриб, ором олмоқ азми билан бу ерда салтанат тахтини ўрнаттирди. Сўнг Шаҳрисабз қўрғонини қуриш ҳақида фармон берди ва (ишларни) амирлару-лашкар ўртасида тақсим қилди. Қўрғон қурилиши учун муносиб келувчи саодатли соатда унинг пойдеворини қурдилар.

Шаҳар ичида эса қазо-ю қадардек бажарилиши сўзсиз бўлган фармонга биноан бир қаср бунёдига асос солдилар. Унинг кунгирасининг баландлиги шу даражада эдики, ҳасаддан деворлари чунонам оппоқ бўлиб кўринардики, ҳатто муаззинлар тонг отибди, деб гумон қилардилар. Иморат шу қадар баланд ва фавқулодда жозибали эдики, ҳатто кекса муҳандис бўлмиш гардун шунча йиллар жаҳон атрофида айланган бўлишига қарамай, бундай гўзал бинони ҳали кўрмаган эди. Ердан самога бош кўтарган бу саройнинг номи шарифи Оқсарой деб аталади”.

Сарой деворларига, Соҳибқирон амрига биноан, жумладан шундай битик битилди: “Мин шакка фи валоятино ва кароматино фанзур ило иморатино”, яъни “Агар қудратимиз ва кароматимизга шубҳа қилсанг, шак келтирсанг, иморатимизга қара!”.

Амир Темур етти йиллик юришдан қайтган йили Кешга келган Кастилия элчиси Рюи Хонзалес де Клавихо шаҳарни ва қарийиб чорак асрдан буён кўрилаётган саройни қуйидагича таърифлайди: “28 август пайшанба куни чоштгоҳда Кеш деб аталган катта шаҳарга келдик. Кеш сой ва анҳорлар ўтган текисликка жойлашган. Шаҳар атрофи кўплаб боғлар ва ҳовлилар билан ўралган. Аҳоли яшайдиган қишлоқлар, кўм-кўк ўтлоқлардан иборат, сувга сероб бу манзил ёзда жуда гўзал манзара касб этса керак. Далаларга буғдой, пахта, қовун-тарвуз экилган бўлиб, атрофи токзор ва мевали дарахтлар билан ўралган. Шаҳар тупроқ (пахса) девор ва чуқур ҳандақлар билан ўралган бўлиб, ичкарига кўтарма кўприклар орқали киритлган.

Темур ушбу шаҳарда туғилган, унинг отаси ҳам шу ерликдир. Кешда кўплаб катта иморатлар, масжидлар бор. Темурбек томонидан қурилаётган бир масжид алоҳида ажралиб туради. Унда Темурбекнинг отаси дафн этилган мақбара бор. Темурбек топшириғи билан унинг ўзи учун қурилаётган мақбара ҳали битмаган. Айтишларича, бундан бир ой олдин бу ердан ўтган Темурбек мақбаранинг қурилишидан кўнгли тўлмаганини изҳор қилган экан. Мақбаранинг эшиги паст эканини айтиб, уни қайтадан ишлашини буюрибди. Ҳозир усталар шу топшириқни адо этишяпти. Масжидга унинг катта ўғли Жаҳонгир мирзо ҳам дафн этилган.

Масжид ва мақбаралар тилло, ложувард ва кошинлар билан мукаммал ишланган. Масжид олдидаги катта ҳовлида ҳовуз бор, теварагида дарахтлар ўсиб турибди. Шоҳ фармойишига биноан, масжидда ҳар куни йигирмата қўй сўйилиб, отаси ва ўғли (шунингдек, пири) хотираси учун элга ош берилади. Элчиларни энг аввало шу ерга бошлаб келдилар. Кўплаб гўшт, мева-чева келтирилиб, уларни меҳмон қилдилар. Овқатдан кейин элчилар катта саройга йўл олишди. Уларга шу ерда турар жой ажратилган эди.

Эртаси жума куни элчиларга катта саройни кўрсатдилар. Шоҳ буйруғи билан бунёд этилаётган мазкур сарой қурилиши, айтишларича, йигирма йилдан бери ҳар куни тинимсиз давом этаркан. Шу кунларда ҳам кўплаб усталар ишлар эдилар. Саройга жуда узун йўлакдан ғоят баланд дарвоза орқали кирилади. Йўлакнинг икки томонидаги ғиштин равоқ ҳар хил гулдор кошинлар билан қопланган. Одамлар шу жойда шоҳни кутиб оларканлар. Шундан сўнг бошқа эшикдан катта ҳовлига чиқилади, ҳовли саҳнига оппоқ тоштахталар ётқизилган бўлиб, ҳашаматли долон билан ўралган. Ҳовлининг ўртасида катта ҳовуз бор. Ҳовли саҳнининг кенглиги уч юз газ келади. Мазкур ҳовлидан кенг уйга кирилади. Уйнинг жуда баланд ва кенг эшигига зарҳал ва ложувард бўёқлар ҳамда нақшинкор кошинлар билан сайқал берилган. Эшик пештоқининг ўрта қисмида қуёш нури кўламида шер сурати акс эттирилган, унинг четлари ҳам худди шундай суратлар билан безатилибди. Бу рамзий белги Самарқанд подшосининг расмий тамғаси ҳисобланади… Бу эшикдан тўртбурчак шаклидаги қабулхонага кирилади. Қабулхонанинг деворларига олтин ва ложувард ранг берилган ҳамда ялтироқ кошинлар ёпиштирилган, шифти эса сидирғасига заррин бўёқ билан мойланган.

Бу ердан элчиларни иккинчи қаватга бошлаб чиқдилар. Бу ерда бизга шу қадар кўп ҳужра ва ҳашаматли хоналарни кўрсатдиларки, бутун бино зарҳал билан сайқаллангани учун уларнинг ҳаммаси ҳақида батафсил сўзлаш кўп вақтни олади. Бутун ҳужра ва хоналар олтин, зангори ва бошқа ҳар хил бўёқлар билан шу қадар мукаммал ишланганки, ғоят нозик дидли усталарга эга бўлган Париж аҳли ҳам буни кўриб ҳайратланган бўлар эди. Шундан кейин шоҳ ва маликалар яшашига мўлжалланган хона ва ҳарамни кўрсатдилар. Бу хоналарнинг деворлари, шифти ва замини ҳаддан ташқари ҳашаматли безатилган. Сарой томи устида кўпгина усталар ишлар эдилар.

Шундан кейин элчиларни шоҳнинг ўз маликалари билан туриши ва базм ўтказишга мўлжалланган жуда кенг ва ҳашаматли саройга бошладилар. Кўплаб мевали ва манзарали дарахтлар ўсиб турган кўплаб ҳовуз ва дид билан жойлаштирилган ўтлоқлар мавжуд бўлган катта боғ кўз олдимизда намоён бўлди. Боққа кираверишда шу қадар катта майдон мавжуд эдики, одамлар ёз ойлари сув бўйида, дарахтлар соясида ҳузур қилиб ўтиришлари мумкин эди. Сарой шу қадар ҳашаматли ишлагандики, тасвирлашга ожизман.
Мазкур сарой ва масжид шоҳ томонидан ҳозиргача қурдирилган улуғвор бинолар сирасига киради. Буларни шоҳ шу шаҳарда дафн этилган отаси шаънига қурдирган эди”.

Мелодий 1404 йилнинг июлида Кешга кириб келган куннинг эртаси Амир Темур пири Хожа Шамсиддин Кулол, отаси Муҳаммад Тарағай баҳодур хоки ётган мақбарани зиёрат қилди.

Соҳибқирон билан Улуғбек икки қабр устида Қуръон тиловат қилдилар.

Хожа Шамсиддин Кулол XII-аср охири – XIV аср бошида туғилган. Амир Темур илк эътиқод қилган пир шу зот эди. Ривоятга кўра, хожа Темур туғилишини ва жаҳонгир бўлишини олдиндан каромат қилган. Эмишким, амир Тарағай бир туш кўрибди. Тушида унга бир шамшир берибдиларки, ярқирашидан бутун олам мунаввар бўлибди. Ўша ҳолда қўлидан фаввора янглиғ сув чор атрофга отилиб, ер узра қатра-қатра тушибди. Ўз тушидан мутаассир бўлган амир ўша заҳот пири бўлмиш Хожа Шамсиддин ҳузурига бориб, кўрган тушини айтиб берибди. Бир дам ўйга ботган хожа айтибдики: “Эй амир Тарағай, сенинг наслинг хонадони салтанат бўлғай. Ва ул салтанатни сендан мавжуд бўладиган фарзанд тиклағай. Ул фарзанд оламни шамшир бирла забт айлағай ва замона, тобелар ва халойиқ андин мушфиъ бўлғай”.

Улуғбек бу ривоятни кўп марта эшитган, аммо бирор марта бу ҳақда бобосидан сўрашга ботинолмаган. Нима сабабдан – ўзи билмайди. Хожа қабри қошида бош эгган кўйи, кўзларини юмиб ўтирган Соҳибқирон набираси кўнглидан ўтаётган ўйлардан хабар топгандек, кўзини очмай шивирлади:
— Кўзумни юмиб ҳазрати хожамни кўряпман. Назарларидан кўнглум мунаввар бўлмоқда…

Амир Темур жим қолди. Бир дамдан кейин бояги ҳолатда яна оғиз очди:
— Мундин қирқ йилча бурур сарсону-саргардон кезғон ўлкалардан қайтаётғонимда қаршимдан ҳазрати хожам чиқдилар… Узоқдан отдан тушиб, қошларига пиёда чопдим, тиз чўкиб этакларини ўпдим. Шунда хожам умидсиз кўнглимға мадад берғувчи сўзни айтдилар… Айтдиларки: “Яхши соатда қайтдинг, Темурбек! Тез орада бутун Мовароуннаҳр илкингда бўлғусидур!”

Амир Темур кўзларини очиб, набирасига ўгирилди.
— Менинг исмимни ҳам ҳазрати хожам қўймишлар. Раҳматли падарим ақиқа чоғида мени ҳазрати хожам даргоҳларига олиб борган эмишлар. Мени олиб кирганларида, Худо раҳмат қилгур, шайх Қуръони Каримдан ушбу оятни ўқиётган эканлар: “Амантум ман фи-с-сама ан йухифа бикума-л арда фа иза ҳийа тамуру”. Бош кўтариб шунда айтибдиларки: “Эй амир Муҳаммад Тарағай! Ушбу мукаррам оятдаги “тамуру” сўзи шарафиға фарзандингға Темур исмини бердик!”

Шундан кейин Соҳибқирон отаси қабри томонга ўтди, тиз чўкиб, кўзларини юмди. Улуғбек ҳам бобоси ёнидан жой олди.

Муҳаммад Тарағай баҳодир оламдан кўз юмган чоғида Темурбек энди ўн етти ёшга тўлган эди. Кекса амир ўлими яқинлашганини сезгач, фарзандини қошига чорлади. Фарзанди ёнига чўккалагач, кекса барлос хотиржам сўз бошлади:

— Ўғлим, кетар чоғим етди шекилли… Сенга айтар насиҳатларим бор – мен айтай, сен ақлингга жойла. Энг аввало Тангри таолонинг дини ва Муҳаммад Мустафонинг шариатига хизмат этишдан умринг поёнигача тўхтама. Ҳар бир саъй-ҳаракатинг билан исломни қўллаб-қувватла!

Толеингда битилган бўлса, ҳукмфармо бўлурсан, аммо ким бўлмагин, мусулмон бўл! Ҳеч кимсага ҳақсизлик қилма! Ҳеч кимга сабабсиз ранжу-озор етказма! Бировнинг ҳақига ҳийла ёки зўрлик билан хиёнат этма! Тўғрилик тўнини кийгил! Ҳеч бир бандани уч кундан ортиқ ҳибсда сақлама! Фақирлар ва ожизларга ҳар қандай шароитда мурувват кўрсат! Қўл остингдагиларнинг қалби ва кўнглидан фақат яхшилик билан жой топ! Акс ҳолда қувватсиз қолурсан ва унитиларсан…

Яна бир насиҳатим: ҳеч қачон бизнинг аждодимиз Абутурк бўлғонини унутма!..

Пири ва отаси мақбараси жойлашган Дор ут-Тиловатни тарк этган Соҳибқирон Дор ус-Саодат томонга йўл олар экан, шу пайтгача хотиржам қиёфасида маъюслик сезилди. У Дор ус-Саодатдаги мақбарада ётган тўнғич фарзанди Жаҳонгирни эслаб, неча йилдардан буён дамбадам қўзғалиб, уни азобга соладиган қайғу измида қолган эди.

Жаҳонгир мирзо 1356 йили Нурмушк оғодан дунёга келди. Болалигидан отасининг бошига тушган сарсонлик, жангу-жадал машаққатларини баробар тортди. Бир жангда етти яшар Жаҳонгирни от устида ўзига боғлаб қилич чопқилашганини Соҳибқирон ҳанузгача юраги ҳаприқиб эслайди. Ўғли ўн уч-ўн тўрт ёшидан тажрибали амирлар қаторида ҳарбий юришларда қатнашди. У 1373 йили Хоразм ҳукмдори Юсуф Сўфининг Севинбека исмли жиянига (Жаҳонгирнинг ўлимидан сўнг Мироншоҳга узатилган) Конигилда катта тўю-тантаналар билан уйлантирилган эди. Аммо, муаррих ёзганидек, “шаъни улуғ қудратли подшоҳ белгилаган тақдир валиаҳдни ўз хожасидан илгарироқ бақо оламига олиб кетди”. Бунинг шарҳи Рум юриши баёнида айтиб ўтилди.

Жаҳонгир мирзонинг кичик ўғли Пирмуҳаммад мирзо бўлиб, у Балх, Тохаристон, Қийлон, Қандаҳор, Кобул, Ғазна мулклари, Синд соҳили ва Ҳиндистоннинг ҳокими эди.
Амир Темур тўнғич ўғлига ўз орзуси номини қўйган – уни Жаҳонгир деб атаган эди. Соҳбиқирон бу ўғлига ўнлаб йиллар мобайнида мотам тутди, чунки Жаҳонгирнинг номи билан у ўз салтанатининг келажагини боғлаб қўйган эди. Темурнинг бевақт оламдан кўз юмган фарзанди учун чеккан қайғуси шунчалик кучли эдики, у дастлаб ният қилган, сўнг мулоҳаза қилиб қайтган орзусини – салтанат марказини Кешга кўчиришни тез-тез ўйлайдиган бўлиб қолди. Кейинчалик бу орзуси салтанат тақдирига салбий таъсир қилажагини яна бир карра фаҳмлагач, бошқа бир режа тузди. У ўлимидан кейин ўғлининг ёнида ётишни истади ва шу мақсадда Жаҳонгир мирзо мақбараси яқинида ўзига сағана тиклашни буюрди.

Ўша куни Амир Темур сон-саноқсиз мол сўйиб, пири, падари ва ўғли хотирасига элга ош тарқатди.
Ўн ёшли Улуғбек мирзо Соҳибқирон бобоси Кешда бунёд этган улуғвор биноларни томоша қилиб ҳайрати ошар, “Кошки мен ҳам шундай бинолар тикласам!” – дея орзу қиларди. Аммо бола йиллар ўтиб, ўзи ҳам бобоси қурдиргн бу ҳайбатли иморатлар ёнида Гумбази Сайидон, Кўкгумбаз масжидини барпо этишидан ҳали бехабар эди.

Амир Темур яна бир неча кун Кешда туриб, ниҳоят доруссалтана – Самарқандга қараб йўл олди. Йўлга чиқадиган куни асли Кеш яқинидаги қишлоқдан бўлган ва Амир Темур қароргоҳининг бошлиғи вазифасини бажарувчи Муҳаммад Қушчининг қувончи ичига сиғмасди. Унинг хонадонида фарзанд туғилган эди. Соҳибқирон ҳузурига бир неча муддат қишлоғида қолишга рухсат тилаб кирган Муҳаммад Қушчи чиқиб кетаётганда тайинлади:
— Ўғлингнинг исмини Али деб қўй, токим шердек бўлиб ўссин!

Аммо Соҳибқирон ҳам қувончини ичига сиғдиролмай от қамчилаётган ота ҳам туғилган бола вақт ўтиб Улуғбек мирзонинг фарзандидек азиз шогирди ва сафдоши – Мавлоно Али Қушчи бўлиб вояга етишидан воқиф эмасдилар.

УЧИНЧИ ҚИСМ
БОҒИ ДИЛКУШО

Конигил ўтлоғининг этагида жойлашган улкан боғ сукунат ичида. Қоронғи кечада улкан дарахтларнинг серяпроқ шохларидан тимқора соялар ерга тўшалган. Бир-бирига ариқлар билан уланган учта ҳовузнинг сокин мавжида юлдузлар акси жилоланади. Ҳовузлар ва ариқлар теварагидаги устунларда ёниб турган машъалалар атрофга хира ва титроқ нур сочади.

Боғнинг тўрт бурчагида муаррихлар ёзганидек, ат-Тоир юлдузига етгудек, баланд миноралар қад кўтарган. Боғ саҳни ҳандаса услубида тўртбурчак шаклидаги ўтиш жойлари ва олтибурчагу учбурчак шаклидаги чаманзорларга бўлинган. Йўлаклар четига оқтераклар, олти ва учбурчакли чаманзорлар атрофида эса турли-туман мевали дарахтлар ва гулбуталар яшнайди. Боғнинг ўртасида уч баланд тоқли, қуббаси кўкка бўй чўзган сарой юксалган. Оқ мармардан тикланган бу қўшқават сарой деворлари ой нурида сутдек товланади. Узоқдан қараган одам ҳам саройнинг кенг, катта, осмон ва юлдузлар акс этган кошинлар билан безатилган пештоқнинг яққол кўра оларди, унинг ялтираб кўриниши кўп одамларни мафтун этарди.

Саройнинг ташқи ҳовлисида боғни қўриқлайдиган навкарлар турадилар, улар мудом қуролланган, мудом буйруққа шай ҳолда турадилар. Саройнинг ички ҳовлисида эса туғлар билан безатилган олтита фил сафи зиёратчиларни ҳайратга соларди. Энг ички, учинчи ҳовлисида эса соҳибқирон Амир Темур Кўрагоннинг олтин нақшли тахти ўрнатилган бўлиб, бу ерда у элчиларни қабул қиларди.

Боғи Дилкушо деб аталган бу чаманзор ва қаср Соҳибқироннинг кенжа хотини малика Тўкалхоним шарафига ҳижрий 799 – мелодий 1396 йилнинг эрта кузида барпо этилган эди.

Шому-Рум юришидан қайтган Амир Темур хотинлари ва набилари билан мана шу боғда яшар эди. Саратон чиққанига қарамай, иссиқ авжида. Аммо Боғи Дилкушодаги ҳовузлар бу яшил гўшага иссиқни йўлатмайди. Бу боғга кирган киши худди жаннатга кириб қолгандай бўлади. Азим оқтераклару-қайрағочлар чор-атрофга қуюқ соя ташлайдилар. Уларнинг зич япроқлари орасидан тушиб турган қуёш нурлари боғнинг пишиқ ғишт ётқизилган ҳовлиси саҳнига сочиб қўйилган тилла тангаларга ўхшайди. Тўрт томонда отилиб турган бир-бирига ўхшамаган фаввораларнинг кумуш зарраларида етти рангли камалак товланади. Уларнинг сувлари узра қизил ва сариқ тилладан ишланган олмалар ўйнаб туради.

Тунги сукунатни ёлғиз боғ ичига оқиб кираётган ариқлару тиним билмай кўкка отилиб турган фаввораларнинг сокин жилдираши, гоҳи-гоҳида қасрдаги сонсиз хоналарда ухлаб ётган канизаклар уйқу аралаш қимирлаганда қўллари-ю, оёқларидаги тақинчоқларнинг жаранг-журунги бузарди. Боғ теварагини гир ўраб, кеча-кундуз ҳушёр турган соқчи навкарлар ҳам фақат шу тинчликни сақлаш учун қўйилгандек эди.

Аслида бу соқчилар қасрнинг ҳовуз томонга қараган айвонидаги нақшинкор сўрида ухлаётган қариянинг оромини қўриқлайдилар. Бу қария етти иқлимни ваҳимада тутган Амир Темур эди. Дунёдаги кўп ўлкаларни забт этган, у ердаги энг гўзал масканларда ҳордиқ чиқарган, лекин ер юзида Самарқанд боғларидек дилхуш ва кўркам гўшаларни учратмаган, ҳеч қаерда бу боғлардагидек хотиржам ухлаган эмас. У ҳозир тушида набираси Улуғбекни кўрарди. Шунинг учун бўлса керак, камдан-кам жилмайиб қараган Соҳибқироннинг чуқур ажин босган юзида билинар-билинмас табассум зоҳир эди.

Амир Темур Шом юришидан Самарқандга шундай дабдаба билан қайтдики, узоқ вақт буюк ҳукмдорни кўрмаган Турон доруссалтанаси аҳолисининг етти яшаридан етмиш яшаригача ўз умрининг охиригача кўрмаган тантаналар гувоҳи бўлдилар.

Буюк фотиҳ энг аввал юриш пайтида чеккан заҳматлари ва қилган қаҳрамонликлари учун жангчиларни муносиб мукофотлашни ихтиёр этди. Бу тантанавор маросим Конигил ўтлоғида бўлди. Маросим бошланиши олдидан баковуллар Соҳибқирон чодири қаршисига Самарқанд, Кеш, Бухоро, Хоразм усталари ясаган турли-туман қурол-аслаҳаларни, бир-биридан зийнатли фахрий либосларни, гўзал эгар-жабдуқларни, уюм-уюм муҳрли узукларни, олтин сирғаларни, фил суягидан ясалган эгарлару-бебаҳо тошлар қадалган кумуш камарларни, беқиёс қилич-ханжарларни келтириб қўйдилар. Чодирдан анча нарида бир-биридан зотдор арғумоқлар ер тепиб, ўйноқлаб турардилар.

Конигилга олиб келинган тортиқлар қанчалик кўп бўлмасин, Шому-Рум юриши пайтида қўлга кирилган ва халқ назари учун ёйиб қўйилган ҳарбий ўлжалар олдида ушоқчалик эди. Уларни юзлаб филлар ва минглаб туя-ю-хачирлар кўтариб келган эдилар. Олтин ва қимматбаҳо тошларга тўлғазилган сандиқларнинг кўплигидан кўзлар қамашарди. Бу шоҳона жавоҳирлар орасида Арманистон ва Гуржистон подшоҳларининг тожлари ҳам Склтон Йилдирим Боязиднинг дастори ҳам бор эди. Бу тожлар тантана ниҳоясигача парёстиқчалар устида Амир Темур тахти пойида турди. Ўша куни қўшин орасида мукофотланмаган киши қолмади. Кўпчиликнинг мартабаси ошди, оддий навкарлар ўнбоши, ўнбошилар юзбоши, юзбошилар мингбоши, мингбошилар туманбоши, туманбошилар амирларга айландилар.

Амир Темур шонли юриш қатнашчиларини сахийлик билан мукофотлагач, унинг йўқлигида пойтахтда салтанат ва адолат равнақига зид ишлар қилган амалдорларни жазолаш билан машғул бўлди. Жазога сабаб бўлган воқеалар хусусида муаррих Фасеҳ Хавофий “Мужмали Фасеҳий”да шундоқ ёзади: “Ҳижрий саккиз юз еттинчи, муҳаррам ойининг ўнинчисида (1404 йилнинг 19 июлида) амир Соҳибқирон Рум ва Шом юришидан Самарқандга қайтдилар… Амир Соҳибқирон жомеъ масжиди қурилишини кўздан кечирдилар ва қурилишга ажратилган маблағни эҳтиёжсиз совурган ва кайфу-сафо билан муттасил машғул бўлган Хўжа Маҳмуд Довуд билан Муҳаммад Жалдга қаҳр қилдилар. Буларнинг айби билан қурилаётган Сароймулкхоним мадрасасининг пештоқи амир соҳибқирон жомеъ масжидининг пештоқидан бироз баландроқ бўлиб қолган эди. Амир Соҳибқирон уларни Конигилда қатлга етказдилар”.

Хавофийнинг бу ахборотини “Ажойиб ал-мақдур фи навоиб Таймур” – “Темур тарихида тақдир ажойиботлари” номи асар муаллифи Ибн Арабшоҳ ҳам тасдиқлайди. Унинг қайд этишича, масжиди жомеъ қурилишига бошчилик қилиш Муҳаммад Жалд деган аъён зиммасига юклатилган. Бироқ, жомеъ масжиди иморатидан кўнгли тўлмаган Соҳибқирон бу аъённи қатл этиб, унинг молу-мулкини мусодара қилган. “Бундай қаттиқ жазога сабаб, Муҳаммад Жалд бошчилигида қурилаётган жомеънинг катта малика (Бибихоним) қурдирган мадрасага нисбатан пастроқ ва омонат бўлганида”, — деб ёзади Ибн Арабшоҳ. Ибн Арабшоҳнинг бу қайдини Шарафиддин Али Яздий ҳам тасдиқлаб ёзади: “Соҳибқирон ўзининг кўрсатмаси билан қурилган биноларнинг бири, аммо у сафарда эканлигида кўтарилган жомеъ масжидини бориб кўрганида, унинг баланд ҳиммати назарида кичик ва паст кўринди. Шунинг учун амри олий содир бўлдиким, масжидни бузсинлар ва қайтадан баландроқ ва кенгроқ қилиб қурсинлар. Шу даргоҳни кенгайтириб ва баланд кўтариб қуриш ишида қусурга йўл қўйганлиги учун Хўжа Маҳмуд Довуд сўроққа тутилиб жазоланди…”

Мана шу воқеалардан кейин Амир Темур хотинлари ва набиралари билан Боғи Дилкушога кўчиб келди. Улуғбек ҳам бобоси билан бирга эди. Боғдаги саройнинг бир неча хонаси Рум юриши пайтида Бурсада қўлга киритилган кутубхона китоблари билан тўла эди. Бир рус тарихчиси тан бериб ёзганидек, шафқатсиз ғазабнинг учқунлари чирсиллаб турган лаҳзаларда олимларга шафқат инъом қилиб, уларни навкарлардан авайлаган Темур солнома ва китобларни севимли кишиларининг ижод маҳсулидек эъзозларди. Бурса кутубхонаси қақшатқич жангу-жадал пайти безарар, омон қолган бўлиб, ўта эҳтиёткорлик билан Самарқандга келтирилган эди. Китоблар сақланадиган хоналарга фақат чуқур билимли кишиларгина кириши рухсат этиларди. Улуғбек эса деярли ҳар куни ўша хоналардан чиқмасди. Амирзодага сабоқ берган уламолар ҳам вақтларини кутубхонада ўтказардилар.

Токлар чирмашиб кетган мармар устунли, чинни безакли айвондан кириладиган хонада ётган Улуғбекнинг кўзидан уйқу қочган. Ундан уч қадамча нарида, Румдан келтирилган тахтиравонга ўхшаш ёғоч сўрида бибиси Сароймулкхоним тинчгина ухлаб ётарди. Улуғбек бугун кутубхонада рўй берган воқеаларни хаёлидан ўтказарди.

Бугун Мавлоно Аҳмад сабоқдан сўнг уни кутубхонага бошлади.
— Мирзом, мен сизнинг риёзиёт ва илми ҳайъатга бўлган рағбатингиздан қувонаман. Бурса китоблари ичида сизнинг илҳомингизни қўзғатувчи шундай китоблар борки, аларни сизга кўрсатсам дегандим. Аллоҳ насиб қилса, биз аларни бирга мутолаа қилурмиз.

Олдиндан тайинланган бўлса керак, улар хонага киришлари билан китобдор сапчиб ўрнидан турди ва бир неча китобни кўтариб мавлоно Аҳмад олдига қўйди.

— Мана бу китоб, — деди мавлоно китоблардан бирини қўлига олиб, — Абдураҳмон Абулҳусайн ибн Умар ас-Сўфийнинг “Китоб ал-кавокиб ас-собита”, яъни “Собит юлдузлар китоби”дур. Бул китобда ас-Сўфий ҳазратлари юлдузли осмон харитасини муфассал тасвир этмишлар ва салафларининг маълумотларига ҳам ойдинлик киритмишлар. Улуғ донишманднинг ёзмишларича, юлдузли осмон одамизотга марказида ўзи турган гумбаз сифатида намоён бўлармиш. Гумбаз мана шу марказ ва икки – Шимолий ва Жанубий қутб орқали ўтувчи фаразий ўқ атрофида айланади, бир кеча-кундуз мобайнида тўлиқ айланиб чиқади. Яна эътироф қиладиларки, осмонда юлдузлар ҳад-ҳудудсиз бўлишига қарамай, катталиги ва жойлашув тиғизлигига кўра ўзаро фарқланишига ҳам эътибор бермоқ жоиздир. Ана шунда энг ёрқин юлдузларни ва бошқа юлдуз туркумларини осонгина ажратиш мумкин бўлур. Бу китобнинг арабча нусхасидур.

Мана бу эса… – Мавлоно Аҳмад бошқа китобни қўлига олди “Собит юлдузлар китоби”нинг форсий нусхасидур. Ани Мароғада расад тиклаган Носириддин Тусий ҳазратлари таржима қилмишлар.
Мана бу китоб эса, — Мавлоно Аҳмад учинчи китобни қўлга олди, — фалакшунослар пири Батлимуснинг “Алмажастий” китобларидур. Бул кўҳна китобда Батлимус ҳазратлари 1022 юлдузни ўзида мужассам этган 48 юлдуз туркумини муфассал тасвир қилмишлар, аларнинг ҳар бирининг осмон гумбазидаги ўрнини, қолаверса, 12 буржнинг жойлашувини аниқ кўрсатмишлар.

Мавлоно Аҳмад бирин-кетин бошқа китобларни ҳам қўлга олиб, ҳар бирининг маъниси ҳақида мухтасар тарзда тушунтира бошлади.
— Мана бу китоб Иккинчи Арасту номи ила машҳури жаҳон бўлган ал-Фарғоний ҳазратлари томонидан битилган “Китоб фи жавомеъ илк ан-нужум ва усул ал-ҳаракат ас-самовия”, яъни “Юлдузлар ҳақидаги илм билан осмон ёритқичлари ҳаракатининг асосини қўшувчи китоб”дир. Мана бу рисола эрса, Абу Маҳмуд Хўжандий ҳазратлари ихтиро қилган Судси Фахрий деб аталган асбоб баёнида битилган асардурким, ҳеч бир расад бу асбобсиз иш юргизолмас.

Улуғбек сўнгги китобни устози қўлидан эҳтиром билан оларкан, кўз ўнгида Мароғада кўрган расадхона гавдаланди. У китобни авайлаб варақларкан, дилидаги ҳаяжон тилига кўчиб гапирди:
— Аллоҳ таоло насиб этса, биз ҳам Самарқандда расад барпо этурмиз.

Мавлоно Аҳмад шогирдига маънодор тикиларкан, ёшгина боланинг бу гапидан ажабланмади. Илло, у аллақачон Улуғбекнинг келажакда иқтидори буюк бир олим бўлиб етишишига имон келтирган эди.

Тўшакда ётган Улуғбек ҳозир ат-Тусий китоби баҳона айтилган сўзларини эсларкан, вужудини аллақандай ҳаяжон чулғаб, ташқарига чиқиб юлдузларга тўйиб-тўйиб қарагиси келаётганини сезди. Бола ухлаб ётган бибисини безовта қилишни истамагандек, секин кўрпадан сирғалиб чиқди ва оҳиста қадам босиб ташқарига чиқди.

Боғи Дилкушо жимжит ва қоронғи эди. Бола ҳовуз юзида акс этган юлдузлар жимжимасини кўриб, ҳайратга тушди. У жимжимадан кўзини узолмай, ҳовузга яқинлашди.

Панада турган соқчи навкар шаҳзодани таниди-ю, нима қилишини билмай, ўйга ботди. “Бундай бевақт маҳалда амирзода нима қилиб юрибди?” – деб ўйларди у. Аммо шаҳзодага яқинлашишдан ҳайиқди, фақат зийраклик билан болани кузата бошлади. Шовқин чиқарса, Соҳибқирон уйқусини бузса, нима бўлиши ёлғиз худога аён.

Шаҳзода эса мармар ҳовуз четига ўтириб олди, сўнг енгил кавушини ечиб, оёғини сувга тиқиб, ўйнай бошлади. Ҳовуз юзи мавжланиб, унда акс этган юлдузлар жилоси сув бетида ўйнай бошлади. Соқчи тўсатдан ўзига таниш одам шарпасини сезиб қолди-ю, ранги оқариб қотиб қолди. Шарпанинг ҳайбатдор овози тун сукутини бузди, шаҳзода қўрқиб кетганидан ҳовузга тушиб кетишига сал қолди.
— Ярим кечада нима қилаяпсиз, мирзо?

Бола шошиб ўрнидан турди. Ундан беш-олти қадам нарида Амир Темур турар, унинг кўзлари жиддий боқар эди.
— Юлдузлар… – деди бола жилмайиб.
— Юлдузлар… – Амир Темур ҳовузга қаради. – Ҳа, юлдузларми?..

Соҳибқирон набирасига яқинлашиб, унинг кўзларига тикилди.
— Ҳовуздаги аксига эмас, юлдузларнинг ўзига тикилмоқ завқли эмасму, Улуғбегим?

Бобо билан набира ёнма-ён туриб, кўзларини осмонга тикдилар. Серюлдуз осмон гумбази Боғи Дилкушо устига тўнтариб қўйилгандай эди. Бирдан Соҳибқироннинг хотирасида болалик кунлари жонланиб, завқи келди.

— Юринг, мирзо, гумбаз устига чиқамиз, — деди у набирасига ғалати тикилиб. Кўп ўтмай бобо билан набира сарой пештоқи устида пайдо бўлдилар. Нафаси қисилган Соҳибқирон тепага чиққач, анча вақтдан кейин тинчланди. У бир пайтлар атайлаб ўзи олиб чиққан курсида ўтириб, набирасига мағрибда зумрад нур сочиб турган Зуҳро юлдузини кўрсатиб, гап бошлади:

— Ул қавокиб карвонларга йўл кўрсатгувчидир. Аммо у ҳаётда адашганларга нажоат йўлини кўрсатиб беришга ожиздир. Ҳаётда адашмай десангиз Ақл, Тафаккур юлдузи кўрсатган йўлдан боринг. Ақлу Тафаккур инсон учун Зуҳро юлдузидан ҳам чароғондур…

Соҳибқирон ҳамма катта ва ёруғ юлдузларнинг номларини яхши биларди.
— Ана қаранг, мирзо, ҳув анави юлдуз ал-Воқеъдур; ана униси насри тойир, ҳув ёнма-ён порлаётган икки юлдузни Фурқадон деб атайдилар. Ана бу биров тариқ сепиб қўйгандай кўринган юлдузлар ғужуми Ҳулкардур…

Бобо набирасига муғомбирона тикилди-да, бир четда ёлғиз товланиб турган юлдузни кўрсатаркан:
— Ҳув анави юлдузни Шаъри дерлар, — деди.

Улуғбек ажабланиб бобосига ялт этиб қаради, сўнг:
— Йўқ, бобожон ул Суҳодур, — деб эътироз қилди.

Соҳибқирон набирасини синаш учун атайлаб юлдуз номини чалкаўтирганини сездирмай, жиддий бош силкиди:
— Оре рост, Улуғбек, ул Суҳодур.

Осмонга тикилиб турган Улуғбек тўсатдан:
— Ия! – деб юборди.
— Нима бўлди, мирзо? – деди ажабланган Соҳибқирон.

— Пайқадамингизми, бобожон, ҳув анаву томонда бир юлдуз ёниб турарди. Бугун эса кўринмайди.

Набирасининг зийраклигига яна бир карра таҳсин ўқиган Соҳибқирон кулимсираб жавоб берди:
— Ўша сен йўқотган юлдузни Алғул дейдилар. У ғалататвор юлдуздур: уч кун ёниб, сўнгра сўнади, кейин яна пайдо бўлиб, аввалгидек порлаб тураверади.

— Бунинг сири нимада? – деб сўради таажжубланган Улуғбек.
— Бунинг сири Аллоҳнинг иродасида яшириндур, — деди Амир Темур, — Бандалари бу сирни англашга ожиздурлар.

Улуғбек осмонга тикилганча, ўйга чўмди. Бироздан сўнг оғиз очди:
— Аллоҳ таоло бандаларига сиз Зуҳро юлдузига қиёслаган ақлу-тафаккурни ато қилган экан, иншооллоҳ, бу сир ҳам кун келиб аён бўлғусидур.

Соҳибқирон набирасининг бу сўзларини эшитиб, лол қолди, у ҳатто нима дейишини ҳам билмас эди.

Пастда қорайиб шовиллаб ётган Боғи Дилкушо, олисда кундузги ташвишдан ҳориган Самарқанд уйқу оғушида эди. Аҳён-аҳёнда боғ билан шаҳар ўртасидаги зулматда қилтираган нур кўринарди. Бу ҳаловат нималигини билмаган ва Соҳибқирон тинчини қўриқлаган соқчи навкарларнинг қўлларидаги машъалалар. Улар тўсатдан ҳар жой-ҳар жойда пайдо бўлиб товланишар, аммо улар заминни қуршаб олган зулматни ёритишга ожиз эдилар. Юлдузлар эса чегараси ва ниҳояси номаълум осмонни ёритиб, осмонга зеб бериб, Боғи Дилкушо ўртасида бўй чўзган сарой пештоқида турган чол билан боланинг юрагини чароғон этардилар.

Тўсатдан қаср олдида безовта аланглаган Сароймулкхоним пайдо бўлди. Унинг ортидан бир тўда канизак эргашган эди. Боғ ичи бир пасда шовқин-суронга тўлди. Тепада турган Соҳибқирон овоз бергач, бобо билан набирага кўзи тушган канизакларнинг нафаси ичига тушиб, жимиб қолишди. Фақат панада турган соқчи навкар ҳамон ўзини сездирмай атрофга безовта алангларди.

Сароймулкхоним пастга тушган эри билан набирасини суюниб қарши олди.

— Жуда қўрқиб кетдим, — деди малика Соҳибқиронга яқинлашгач. У набирасини қучоқлаб, пешанасидан ўпаркан, ўпкалади:
— Қўрқитиб юбордингиз-ку, болам!

Соҳибқирон маликага бир оғиз гапирмай, “Хўп, мен кетдим!” дегандек, бош силкиди-ю, айвонга қараб кетди. Улуғбек ҳам бобосига эргашди. Канизаклар ҳам сассиз соялардек кирғалиб, кўздан йўқолдилар.
Соқчи йигит хотиржам бўлди. У қўлидаги найзага пешонасини босаркан, “Ҳадемай тонг отади!” – деб ўйлади.

Боғи Дилкушо яна сукут ичида қолди. Бу сукунатни фақат оқтеракларнинг сокин шовиллаши, боғ ичига оқиб кираётган ариқлар, тиним билмай кўкка отилган фаввораларнинг сокин жилдираши бузарди. Осмонда юлдузлар ғужғон ўйнарди.

ЧУМОЛИ ҲАҚИДА ҲИКОЯ

Улуғбек чўккалаб олганича, ўймакор лавҳга қўйилган китобни варақлаб, мутолаа қилади. Унинг олдидаги китоб фалакиёт илмининг пири саналган юнон донишманди Батлимуснинг “Алмажастий”си эди.

Фалакиётга оид дастлабки асарлар, илмда қабул этилган юлдуз туркумларининг аксарияти ҳам қадимги Юнонистонда тузилган эди. Милоддан анча аввалроқ юнонлар осмонга қадимги дунё худолари ва ғаройиб жасоратлари билан довруғ таратган афсонавий қаҳрамонларни, шунингдек ҳайвонлар ва хилма-хил буюмларни “жойлаштириш”ган. Ушбу юлдуз туркумлари қадимги шоирларнинг шеърий сатрларида, книдлик Евдокс, Эратосфен, Тимохарис, Ҳиппарх, Менелай каби фалакшуносларнинг илмий асарларида тасвирлаб берилган. Аммо Шарқда Батлимус номи билан ном чиқарган Клавдий Птолемейнинг “Алгаместр” асари кўпроқ машҳур эди. Араблар бу китобни “Алмажастий” деб аташарди.

“Алжамастий”да Батлимус 1022 юлдузни ўз ичига олган 48 юлдуз туркумини муфассал тасвирлаган, ҳар бир туркумнинг осмон гумбазилаги ўрнини белгилаган, шунингдек, фалакиёт илмида жуда муҳим ўрин тутган 12 буржнинг жойлашувини аниқ кўрсатган эди. “Алмажастий” араб тилига Бағдоддаги “Байтул Ҳикма”да фаолият юргизган олимлар томонидан ўгирилган. Китоб таржимаси билан ал-Ҳажжож ибн Юсуф ва Ҳунайн ибн Исҳоқ машғул бўлишган. Улуғ ватандошимиз Аҳмад ал-Фарғоний эса “Алмажастий”даги ҳар бир бобга шарҳ ёзганлар, “Алмажастий” ўттиз боб бўлганидан ал-Фарғоний шарҳлари ҳам ўттиз бобдан иборат эди. Ал-Фарғоний бу асарини “Рисолат ул-фусул мадҳал фил-Мажастий ва хуво солсул фаслан” (“Алмажастий”нинг бобларига кириш ва у ўттиз бобдан иборат”) деб атаган эди.

Улуғбек китобни қайта-қайта ўқиб чиқар, аммо сўзлари ёд бўлиб кетгани билан ундаги фикрларни англашга қийналар эди. Жимжитлик қўйнидаги боққа шу яқин ўртадаги, мулозимлар яшаган орқа ҳовли томонидан болаларнинг қий-чуви элас-элас, худди гала-гала бўлиб учаётган қушларнинг чуғуллашига ўхшаб эшитиларди. Бола ўша томонга бир зум тикилиб қолади, сўнг кўзини яна китобга тикади. Яна ёд бўлиб кетган жумлаларни такрорлай бошлайди.

Бу китобни устози Мавлоно Аҳмад назорати остида бошлаган эди. Аммо яқинда мавлоно бобосининг топшириғи билан Ҳиротга жўнаб кетди-ю, Улуғбек боши берк кўчага кириб қолди. Мана, қарийиб бир ҳафтадн бери, олдидаги китобни ҳижжалаб ўқийди. Мавлоно Аҳмаднинг ёнида бўлмаганидан, номаълум тушунчаларни сўраб оладиган кишиси йўқлигидан боланинг аччиғи чиқади.

Мавлоно Аҳмаднинг айтишича, “Алмажастий” қўлёзмасини кўплаб марта кўчириб ёзиш оқибатида Батлимуснинг собит юлдузлар жадвалида талай хатолар ва чалкашликлар пайдо бўлганки, уларга ойдинлик киритиш зарур эди. Бундан бир неча аср аввал бу мушкул вазифани машҳур олим Абдураҳмон ас-Сўфий ўз зиммасига олиб бажарган эди. У ҳар бир юлдуз туркумини изчиллик билан кўриб чиққан ва ўзининг кузатишларига асосланиб, унга кирувчи барча юлдузларнинг ўрни ва катталигини текширган. Ас-Сўфий бу меҳнати натижасида жами 1017 юлдузнинг аниқлаштирилган жадвалини тузган эди.

— Аммо орадан қарийиб беш юз йил ўтди, бу жадвални илму-урфон етишган босқичдан туриб, янгидан аниқлаштириш лозим, — деган эди мавлоно Аҳмад. – Аммо бунинг учун расад тикламоқ зарурдир.
Улуғбек ўшанда “Тезроқ улғайсаму, бир расад тикласам!” – деб ўйлаган эди.

Мавлоно Аҳмад Ҳиротга кетгандан бери Улуғбек саволлари билан бобосининг ҳоли жонига қўймайди. Бобоси ҳам набираси олдида уялиб қолмаслик учун жавоб беришдан аввал узоқ мушоҳада қилади. Бола эса етти ухлаб тушига кирмаган нарсалар билан қизиқади, ҳамма нарсани билгиси келади. Чунончи, нега қуёш ёзда барвақт, кузда кеч чиқади? Иссиқ ва совуқ нимадан пайдо бўлади? Нега булутнинг ранги оқ? Шунга ўхшаш сон-саноқсиз саволларки, буларнинг баъзилари Амир Темурнинг ўзига ҳам маълум эмас. Шунинг учун ҳам Соҳибқирон гапни ҳамиша ўз ҳаёти билан боғлиқ бирор воқеага бураркан, бола диққатини бошқа нарса билан машғул этишга уринарди. Кейин эса саройдаги уламолардан сўраб-суриштириб, ёки китоб титкилаб набираси саволига жавоб изларди.

Улуғбек китобдан бош кўтараркан, қаршисида кулимсираб қараб турган бобосини кўрди.

— Ҳа, Улуғбегим, нега боғ сукунда десам, китоб кўраётган эканлар-да, — деди Амир Темур. – Бу кетишда баҳодурлиғни унутиб, мулло бўлмасангиз, деб қўрқаман.

Бобоси бу гапларни пичинг аралаш айтганини сезган Улуғбекнинг юзи дув қизарди. Сўнг бобоси фикрини чалғитишга уриниб:

— Бобожон, мана бу суратни қаранг, — деди, — Мана бу Қавс юлдузининг шаклидур. Ас-Сўфийнинг ёзишларича, араблар бу юлдузда сувлоққа бораётган туяқушни кўришган эмиш…

— Илло, Сомон йўли дарёга қиёсланган-да, — деди Ас-Сўфийнинг китоби билан яхши таниш Амир Темур. Бобо шундай деди-да, набираси қўлидаги китобни олиб хонтахта четига қўйди.

— Китоб ўқиғанингиз бугунча етар, — деди сўнг жиддийлик билан. – Қолаверса, бу китобни ўқимоққа ҳали ёшлик қилурсиз. Фаҳмимча, уни қайта-қайта ўқиб англамаяпсиз, шундоқму?

Улуғбек маъюс қиёфада “Ҳа!” дегандек бош силкиди.
— Қани, юринг, боғ айланамиз, — деди Амир Темур. Набира бобосига эргашди.

Боғ айланишаркан, Соҳибқирон набирасига озгина навкар билан кўп сонли рақибга қарши қандай жанг қилиш ҳақида сабоқ бера бошлади. Икковлон узоқ вақт ёнма-ён юриб, боғдаги бинафшазор атрофини айланишди. Тўсатдан Темур тўхтаб, диққат билан ерга тикилиб қолди. Улуғбек бобоси нигоҳи қадалган томонга қараб, чумоли уясига кўзи тушди.

— Дунёда чумолидек меҳнаткаш жонзот йўқ, — деди Соҳибқирон, сўнг “ялт” этиб набирасига қараркан, хиёл қийиқ кўзлари кулимсиради.

— Хоҳласангиз, чумолидек митти жонивор менга қандай кўмак бергани ҳақида ҳикоя айтиб берурман, — деди Темур. Кейин набирасининг кўзида қизиқиш сезиб, ҳикоясини бошлади:

— Бу воқеа менинг саросону-саргардонлик кезларим юз берғон эди. Ўшанда йигирма олти ёшда эдим. Аввал сизга ҳикоя қилган эдимки, олтмиш икки кунлик зиндонбандликдан қутилиб, Хуросон мулкида беҳаловат кун кечирардим. Бир куни тўсатдан ҳузуримга Сеистон ҳукмдорининг элчиси кўп совға-салом билан келиб қолди. Сеистон малики мендан иттифоқчи бўлишни ва бир катта бир юмушда унга кўмак беришимни сўраган экан. Суриштириб кўрсам, мени чорлаган малик Маҳмуд мулки ўшанда исён ичида қолган экан. Унинг кўп амирлари, шу жумладан унинг биродари ҳам ёвбошлик йўлига кирган эканлар. Кун сайин малик Маҳмуднинг аҳволи таранглашиб, исёнчиларнинг қўли баланд келаётган эмиш. Малик Маҳмуд ёрдамим эвазига менга Сеистондаги бир неча қалъани ҳадя қилажагини ваъда қилган эди.

Мен ўша кездаги иттифоқдошим амир Ҳусайн билан маслаҳатлашдим: унинг бир ўзи менсиз Сеистонга борадиган ва малик Маҳмудга ёрдам берадиган бўлди. Аммо орадан кўп муддат ўтмай, амир Ҳусайн менга чопар юбориб, агар мен тезда аскарларим билан ёрдамга шошмасам, унинг ўзи исёнчи амирларга бас келиши қийинлигини маълум қилди. Мен дарров қўшиним билан йўлга отландим ва Сеистонга етиб бордим. Малик Маҳмуд Сеистоний катта ҳадялар билан мени қаршилаб кутиб олди ва менга кўп иззат-икромлик кўрсатди. Ҳатто у умрининг охиригача менга сидқидиллик билан хизмат қилиши ҳақида Қуръон устида қасамёд қилди. Мен маликнинг самимийлигига ишониб, унга ёрдам қилишга киришдим.

Сеистон ҳукмдорининг душманлари мен етиб боргунга қадар еттита қалъани қўлга киритган эканлар. Шу қалъаларнинг бирига тунда, кутилмаган бир паллада ҳужум бошлаб, тўрт тарафдан ўровга олдим. Жанг бир кеча-кундузга чўзилиб, менинг фойдамга ҳал бўлди ва мен қалъани қўлга киритдим. У ерда жуда кўп буғдой ғазираси бор экан, ҳаммаси бизга ўлжа бўлди. Аммо амир Ҳусайн мендан сўраб ўтирмасдан бутун ўлжани ўз навкарларига улашиб берди. Мен қалъани олишда ҳеч иштирок этмагандек, бунга аҳамият бермаган кишидек бўлиб турдим.

Бу қалъага амирни тайинлаб, бошқа қалъа томон юрдим. Қалъадаги қўшин ва аҳоли деворларга чиқиб, бизга қаттиқ қаршилик кўрсатдилар: мен қалъанинг ичига кириш учун кўп куч ишлатдим. Аскарларимнинг кўпчилиги минг бир машаққат билан қалъа тепаси устига чиқиб олди, шунда қалъа ичидагилар ночор аҳволда қолганларини англаб, биз келишимиз билан “Ал-омон, ал-омон!” деб бизга таслим бўлишдан бошқа чора тополмадилар. Бу қалъадаги ўлжани ҳам амир Ҳусайн мендан сўрамай-нетмай ўз қўшинига бўлишиб берди. Мени бу гал ҳам амир Ҳусайннинг бу гуноҳини кечдим.

Кейин мен учинчи қалъа устига юрдим. Бу гал амир Ҳусайнни ўзимга шерик қилмадим. Бу сафар энди биз ёнига яқинлашиб бўлмас мустаҳкам бир қалъага истеҳкомларига дуч келдик. Мен баҳодирларимга, қалъага чиқиш учун каманд нарвонларини тайёрлашни буюрдим. Тонгга яқин карнайлар чалишни буюрдим ва “Аллоҳу акбар!” дея сурон солиб навкарларим билан қалхага ҳамла қилдим. Навкарларим шиддат билан олға юриб, қисқа фурсатда ичкарига кириб олди ва қалъа бизга таслим бўлди.

Эрталабки бомдод намозини ўқиб бўлганимдан сўнг менинг олдимга асир олинган қалъа одамларини қўлларини боғлиқ ҳолда келтирдилар. Бу қалъада мен ҳам жуда катта ўлжани қўлга киритдим, Амир Ҳусайннинг ўзи келиб, мени бундай мустаҳкам қалъани фатҳ этганим билан табриклаган бўлди. Зафарли жангларим тўғрисидаги хабар чор-атрофга тарқалди.

Менинг бу ғалабамдан душманлар ҳам қўрқиб, талвасага тушдилар. Малик Маҳмуд Сеистоний қолган тўрт қалъадан ёрлиқлар олди, уларга эгалик қилиб турган амирлар ўз қалъаларини қаршилик кўрсатмай, малик Маҳмуд Сеистонийга топширишларини ва уни олий ҳукмдор деб тан олишларини билдирдилар. Шу билан баробар бу талвасакор амирлар малик Маҳмуд кўнглига ғулғула солиб: “Агар Амир Темур Сеистондаги барча қалъаларни бир бошдан қўлга киритса, сени мамлакатингдан маҳрум қилади, бизни эса соғ қўймайди. Кел, яхшиси унга қарши бирлашиб курашайлик!” – деган мазмунда кетма-кет мактуб ёзган эдилар.

Малик Маҳмуд Сеистоний уларнинг бу сўзларига учиб, тунда менга билдирмай мактуб йўллаб, уни авраган амирлари томонга қочиб ўтиб кетди. Кўп ўтмай улар бирлашиб менга ҳужум қилмоқчи бўлишгани хабари менга етиб келди.

Мен ҳам пайсалламай ўз қўл остимдаги навкарларни уч гуруҳга бўлиб чиқдим. Буронғоримга бир қисм навкарларим билан амир Ҳусайн қўшинини қўйдим, бошқа бир қисм қўшинимни жувонғорга белгиладим, ўзим бўлсам энг сара баҳодирларим билан қалбда – марказда турадиган бўлдим. Биринчи қаторда камончиларни, иккинчи қаторда найзадор жангчиларни жойлаштирдим.

Жанг ашаддий бўлди, ҳар икки тараф беомон жанг қилди. Мен ўзим жангнинг энг қизиган маҳалида ўн икки баҳодирим билан уришаётганларнинг ўртасига – ўровга тушиб қолдим. Сеистонлик бир амир бошига энди қилич ураман деган ҳам эдимки, қаршидан отилган икки ўқ вужудимга “шарт” этиб санчилди: бири – оёғимга, бири – қилич тутган ўнг тирсагимга. Илк дафъа оғриқни сезмадим, сеистонлик амир бошини сапчадек узиб ташладим. Аммо кўп ўтмай, кўп қон йўқотганим туфайли кўз ўнгим хиралаша бошлади. Қачон ҳушимни йўқотганимни билмайман, ўзимга келсам, бир яйдоқ даштда ётибман. Мени жанг майдонидан олиб чиққан амир Жоку бошлиқ баҳодирлар ёнимда давра қуриб ўтиришарди. Уларнинг суҳбатини индамай эшитарканман, сеистонликлар мағлуб бўлиб қочганларини билиб олдим. Мен душман орқага юз ўгириб, чекинган маҳалда ҳушдан кетган эканман. Яна шуни билдимки, бир қанча баҳодирларким, шу жумладан амир Ҳусайн ҳам жангдан кейин аҳволимни кўриб, мени ўладига чиқариб, ташлаб кетибдилар.

Амир Жоку мени Ҳурмуз тарафига олиб кетди. Денгизга яқин бир овлоқ жойда манзил қурдик. Аҳволим борган сайин баттарлашиб, ҳаётдан умидим қолмади. Бирга келган айрим амирлару-навкарлар ҳам мени ташлаб кета бошладилар. Дунё унутган бир бечора одамга айландим. Ярам узоқ битмай азоб берди. Инсон боласи пешонасига қандай азоб-уқубат битилган бўлса, шуларнинг ҳаммасини тортдим. Дунё мени унутганига ишониб, мен ҳам уни унутишга қарор қилдим. Бу аҳволим билан на жанггу-жадалга, на бошқа бир жиддий амалга ярайман, деб ўйлаб кеча-кундуз ўртанар эдим. Мана шундай умидсизлик чоғидан мени бир чумоли олиб чиқди.

Ҳурмуз тарафларга баҳор келган кезлар эди. Миноб дарёси оқиб тушадиган олисдаги тоғларнинг ён-бағирлари қалин қор тўшаклари билан ёпиғлик бўлса-да, совуқ чекинган, водийдаги юпқа қорлар эриб, ер ҳам офтоб қўрида секин-аста илий бошлаган эди. Сокин ойдин тунларда далаларда уна бошлаган уруғларнинг тирсиллашини эшитса бўлар – гўё олам назаридан пинҳон сон-саноғи номаълум, кўринмас мавжудотлар ўзаро шивирлашаётгандек…

Дарахт таналари бўйлаб, томирлардан шохларга қараб оби ҳаёт шарбати югура бошлади. Ҳавони тотли, нордон ислар тутиб кетди, далаларда ихрож униб чиқди, майсалар кўкарди, чимзорларда мойчечаклар, қизғалдоқлар, нафис сариқ наргислар гул оча бошлади.

Ҳар нарсада ва ҳар ёқда кўклам тантана қиларди: бир-бирини оҳулардек қувиб юрган денгизнинг оппоқ кўпикли мавжларида, кўпчиган далаларни қоплаб улгурган яшил сабзаларда, ғунчаларини ёза бошлаган атиргулларда, жўшиб оқаётган асов Миноб тўлқинларида ва кун сайин тўлиб оқиб, тошиб чиқаётган лойқа ариқларда, мозорлардаги сарвларда, анорзор боғларда, кунботарда алвон тусга кирадиган уфқда, ғира-шира осмонда чақнаб турган порлоқ шом юлдузларида ва биз манзил қурган адир теграсидаги сувларда – ҳар нарсада, ҳар ёқда кўклам тантана қиларди. Аммо мен буларни сезмасдим, ҳис қилмас эдим. Вужудимда кундан-кунга кучайган умидсизлик оғриғи мени енгиб, мен тобора ўлим ҳақида ўйлайдиган бўлиб борардим.

Денгиз тарафлардан кўчманчи қушлар Мовароуннаҳр томонларга қараб учиб ўта бошладилар, шунда юрагимда шундай кучли бир аламли соғинч уйғондики, ўзимни қўйишга жой, беомон ҳаёллардан қутулишга имкон тополмай қолдим. “Энди буёғи нима бўлади? Қандай қилиб от минаману, қандай қилиб қиличбозлик қиламан? Она юртимни кўраманми, уни топтаб ётган ёғийлар билан жанг қила оламанму? Ёки ватандан узоқ бир чеккада хору-зор яшайманму?” – деб ўйлардим, учиб ўтаётган қушлар ортидан изтироб билан термилиб.

Оёғимни зўрға босиб, далалар томонга кетдим. Юриб-юриб бир ёлғиз дарахт остида бориб тўхтадим. Уни яшин урган, танаси куйиб қорайиб кетган эди. Аммо ўлик дарахт танаси остида янги насл кўкариб чиққанини кўрдиму, ҳаяжонланиб кетдим. “Мана ҳаётга муҳаббат! Мана умид ва орзунинг тимсоли! Мана кимдан ўрганишинг керак, Темурбек!” – деб ўйладим. Кейин дарахт ёнидаги харсангтошга ўтирдим.

Офтоб шууридан ва азобли уйқусизликдан кўзларим ачишаркан, қўйнимдан, бир пайтлар зангори тусда бўлгану, қўлма-қўл юравериб, ранги ўчган, кўкимтир тус олган чарм билан муқоваланган мўъжазгина китобчани олдим. Бу Хожа Аҳмад Яссавий ҳикматлари жамланган китоб эди. Уни Самарқанддаги китоб расталаридан бирида сотиб олган эдим. Бирдан кўнглимда тақдиримни билмоқ учун китоб орқали фол очиш истаги туғилди-ю, китобнинг тўғри келган жойини очдим. Очдиму, назарим тушган ҳикматни ўқиб, йиғлаб юбордим. Қайта-қайта ўзимни ҳаяжонга солган сатрларни ўқирдим:

Кўзум намлик, дилим ғамлик, жон аламлик,
Нечук илож этаримни билмам, дўстлар.
Бу ҳасратда, надоматда ёшум оқиб,
Қаю тараф кетаримни билмам, дўстлар.

Китобдан бошимни кўтариб, ярамдан кўра кўпроқ зирқираб азоб бераётган юрагимдан дардни аритмоқчи бўлган каби кўксимни силаб, дамба-дам хўрсинардим, гоҳ кўзларимни азоб билан осмонга қаратиб, тип-тиниқ осмонда чарх ураётган ёлғиз бургутни кузатиб, гоҳ умидсиз нигоҳимни ерга тикиб, қаршимдаги харсангтош ёриғидан чиқиб, тепага ўрмалаётган чумолилар карвонига тикилиб ўтирардим. Шу қадар изтиробда эдимки, гоҳ ўзумни унитиб, кўксимдаги ханжарни ушлаб-ушлаб қўярдим – жонимга қасд қилгудек аҳволда эдим.

Тўсатдан чумоли карвонининг бир четида ғимирсиланаётган майиб чумолига кўзум тушди. Мен босиб олдимми, ёки бошқа бир сабабданми, чумолининг бир оёғи мажақланган эди. У тизилиб тепага ўрмалаётган бошқа чумолилар ортидан тош устига чиқишга уринарди. Аммо ярим қаричча кўтарилгач, ерга учиб тушди. У яна тошга келиб ёпишди. Бу гал ҳам бир қаричча кўтарилиб-кўтарилмай яна ерга қулади. Мен кўз узмай, унинг ҳаракатларини кузатардим. Майиб чумои тақдирига тан бермади, яна ҳарсангтошга ёпишди, яна ярим йўлга етмай, ерга учиб тушди. Бу ҳолат қайта-қайта такрорланди.

Ниҳоят чумоли минг бир машаққат билан тош устига ўрмалаб чиқди ва у ердаги нон ушоқларининг бирини орқалаб, изига қайтди.

Мен ичимда майиб чумоли матонатига қойил қолдим. Шунда тўсатдан ичимда ўйладим: “Шу ожиз чумоличалик эмасмусан, Темурбек? У қисматига кўнмай, ўз ҳаёти, ўз вазифасини бажариш учун машаққатлардан қўрқмай шунчалик курашади-ю, сен Аллоҳ таоло тилу-забон берган, онгу-тафаккур берган инсон бўлатуриб, умидсиз бўласанму?!”

Ўрнимдан туриб, орқага қайтар эканман, бутун атрофим ўзгарганини сездим; энди ёзилган барра япроқларда шудринглар йиғилган, ғуж-ғуж товланган бу симобранг томчиларда сарҳадсиз яшил осмон акс этиб турарди. Олис-олисда мавжланиб ётган денгиз устида эса паға булутларни эслатиб, гала-гала бўлиб чағалайлар учиб юришарди.
Ҳа, Улуғбегим, мени ҳаётга қайтарган чумоли бўлади, — деб ҳикоясини якунлади Амир Темур.

Улар кечгача Боғи Дилкушони кезиб юришди. Қуёш лоларанг уфққа қараб оғгандан кейингина кўшкка қараб йўл олишди. Йўлда келишаркан, боғ ўртасидаги ариқ устида қурилган кўприкда бир зум тўхтаган бобо қақшол қўлини елкасига қўяркан, яна оғиз очди:

— Агар тақдиримда баҳодирлиғ ҳаваси бўлмағонида эди, балки мен ҳам юлдузлар илми ила машғул бўлардим. – Амир темур бир нафас тўхтаб сукут қилгач, давом этди, — Ҳозир ҳам юлдузлар тилини мукаммал биламан. Аммо юлдузларсиз ҳам суюкли абирам тақдирини олдиндан кўриб турибман. Мана, Самарқандга келгандан берин сизни кузатаман, табиатингиз шаклланишига разм соламан. Ҳозирдаёқ сизнинг қайси йўлдан боришингизни айтиб берса бўлади. Бунинг учун гўё юлдузлардан маслаҳат сўрагандай бўли кўринишнинг асло ҳожати йўқдур. – Бобо муғомбирона кулимсираб набирасига зимдан тикилди.

Улуғбек яна бир нарсани кутгандек, бобосига қараб қўйди. Темур андак хомушликдан сўнг давом этди:

— Мен сизнинг қандай ташналик билан илм олишингизни кўриб, билиб турибман. Агар юлдузларнинг тили бўлганда, эҳтимол менинг айтганларимни тасдиқлар эдилар! – Бобо бирдан ҳаяжонланиб кетди. Ҳаяжонланганда эса у баъзан набирасини сенлаб гапирарди. – Сенинг йўлинг машаққатли бўлур! Ниҳоятда қаттиқ меҳнату-заҳматдан иборат бўлар! Сен гоҳ сарсон, гоҳ султон, гоҳ қочоқ, гоҳ қувғинди бўлурсан! Аммо аминманки, юрагингда ёниб турган нарсадан – илму-урфон йўлида жон ишлашдан асло тоймаяжаксан!

Темурнинг овози тобора кўтарилиб, панжаралари Улуғбекнинг елкасига ботиб борарди. – Сен ҳамиша майиб чумоли ҳақидаги ривоятимни ёдда тут. Қийинчиликлар олдида тайсалланиб ўтирма, уларни енгишни ўрган! Чумолидан ўрган!

Улуғбек бобосининг сўзларидан ҳаяжонланиб кетди. Бир оғиз сўз айтмай, бобоси қўлини олиб кўзларга суртди. Бобо ҳам суюкли набираси бошини силар экан, меҳри ийиб кетди, ой ёруғида киприклари йилтиллаб кетди. У болани бағрига босаркан, қулоғига шивирлади:
— Аммо қилич чопқилаш машқини ўзум кузатаман. Шуни унутмангким, қиличниям ақл яратган, яъни ўзини ҳимоя қилиш учун кашф этгандур…

Эртаси куни Амир Темур Ҳиротга чопар жўнатди. Соҳибқирон ўғли Шоҳруҳ даргоҳида хизмат қилаётган фалакшунос Қозизода Румийни Улуғбекка сабоқ бериш учун Самарқандга олиб келишни буюрган эди.

Улуғбек эса ҳар гал китоб мутолааси пайтида қийин жумбоқларга дуч келганда, уларни четга сурмас, сабр билан ечишга уринарди. Энг қийналган чоғлари қулоғи остида бобосининг овозини эшитарди:
— Чумолини унутма! Чумолидан ўрган!

ЯНГИ САБОҚЛАР. ОВДАГИ ҲОДИСА. САНДИҚ.

Амир Темур набирасининг қулоғига шивирлаб айтган сўзларини унутмади – Улуғбекнинг камонбозлик ва қиличбозлик машқини шахсан ўзи назоратга олди.

У бир пайтлар, йигитлик кезларида ўз навкарларига қандай қаттиққўллик қилган бўлса, ўн ёшлар Улуғбекка ҳам ўта талабчанлик билан сабоқ берди. Аввалги устозлари амирзодани аяб, қаттиқ гапиролмаган бўлсалар, бобо набирасини сира аямади, қунт билан сабоқ берди.

Набирасининг камон ипини қанча куч билан тортмасин, нишонга уролмасликдан чўчиб, ҳаяжонланаётганини сезган Соҳибқирон кескин оҳангда таъкидлади:
— Нишонга урин учун фақат куч ила кўз эмас, ишонч ҳам лозимдур, мирзо. Ёлғиз машқда эмас, жангда ҳам ишончни кучли жангчиларгина ғолибдур. Қўрқмасанг – енгасан!

Камонбозликдан сўнг отда туриб жанг қилиш машқи бошланарди. Ойқорга минган Улуғбек қилич, қалқон ва найзани қўлга оларди. Биринчи куни “Машқда қалқон нимага керак?” дегандек бобосига ҳайрон бўлиб қараган эди, жаҳонгир:
— Ҳужум қилишни эмас, ўзини пухта ҳимоя қилишни билган доно жангчидур. Қалқон машқда чикора деб ўйлама, уни ишлатишни машқда ўрганмасанг, қачон ўрганасан? – дея уқтирди.

Улуғбек чап қўлини қалқон илгагидан ўткариб, найзани ушлади, ўнг қўлига эса қилич тутиб ҳужумга шайланди. Соҳибқирон машқ учун атайлаб ясалган, усти кигиз билан ёпилган одамсимон тулубга қараб от чоптирган набирасининг ҳар бир ҳаракатини зийраклик билан кузатар экан, унинг камчиликларини кўрсатиб турарди.

— Найзани маҳкамроқ ушлангиз! Отни тезлатингиз! Тезроқ! Яна тезроқ! Қилични суғурингиз! Урингиз! Баракалло! Қайтингиз! Энди найза ила ҳужум қилингиз!

Улуғбек қанча тиришмасин, дастлабки кунлар от чоптириб ҳужум қилишни ўргангунча она сути оғзига келди. Аммо бобоси унга раҳм қилишни ўйламасди. Сокин боғ четидаги ялангликда Соҳибқироннинг ҳайбатли овози тўхтамай янграрди:

— Ўнг қўлингиз толиқса, чап қўлингиз ила савашинг! Қани, ҳа, қилични чапга, найзани ўнгга олингиз!
— Сўл қўл ила чопқилашмоқ шартму? – деб минғирларди Улуғбек бобосига эшиттирмай. Аммо Соҳибқирон худди унинг кўнглидаги гапларни эшитиб-билиб тургандек, хитоб қиларди:
— Сўл қўл ила савашинг, сўл қўл ила…

Набираси ҳаракатларидан кўнгли тўлмаса, уни тўхтатиб, қайта-қайта уқтирарди:
— Жанг пайти душманга ўнг қўлдан келсангчи, демайсиз, мирзо. Ёғий тўрт томонингиздан ёприлғай… Қани, бўлингиз… Отни… отни тезлатингиз! Қилични кўтарингиз, урингиз! Яна!.. Яна! Яна урингиз!

Аммо ҳафталик машқдан кейин салтанатнинг шарқий сарҳадларига жўнатилган амирзода Халил Султон билан амир Шоҳмалик қайтиб келдилару, Соҳибқирон бўлажак Хитой устига юриш режасини пухталашга киришди. Шу сабабдан Улуғбек яна устозларидан сабоқ олиш билан машғул бўлди, яна китоблари билан ёлғиз қолди.

У боғ четидаги шийпонда ўрнашиб, кун бўйи мутолаа билан машғул бўларди. Кечалари ҳам алламаҳалгача бола яшаган хона деразасидан таралган заиф шам нури тунги боғ қўйнига сочиларди. Бибисининг ташвиш билан айтган гапларини эшитганда, бола жилмайиб, китобдан бош кўтарар, аммо ҳаёли китобдан узилмасди.

— Улуғбек, болагинам, — деб ёлворарди Сароймулкхоним, — бундай қилаверсангиз, бобогизға айтаман. Қаранг, юзингиз заъфарондек сарғайиб кетибмиш. Иброҳимга ўхшаб тенгқурларингиз билан ўйнаб-кулиб юрсангиз дейман! Ҳеч бўлмаса, бориб амакиларингизни кўриб келсангиз дейман!

Улуғбек бибисининг жой куйдириб айтган сўзларини эҳтиром билан тинглар, аммо ўйин-кулгу ҳақидаги гапларни қулоғи ёнидан ўтказиб юборарди.

Шундан кейин Сароймулкхоним пайт топиб, Амир Темурга набирасидан арз қилди. Соҳибқирон Малика гапини индамай тинглади, сўнг суриштириб, набираси сабоқхонада эканини билди. Илло, Сароймулкхоним арз қиламан деб пайт пойлагунча, Ҳиротдан чақирилган Мавлоно Қозизода Румий доруссалтанага етиб келган, мана, икки кундирки, Улуғбек янги устози сабоқларини олаётган эди. Шунга қарамай, Амир Темур малика сўзини ерда қолдиришни истамади, набирасини кўрмоқчи бўлди.

Соҳибқирон амрзода сабоқ олаётган хонага яқинлашаркан, ичкаридан Мавлоно Қозизода Румийнинг овозини эшитди. Мавлоно мударрисларга хос баланд ва равон товушда уқтирарди:
— Қамар миёни замин ва офтоб ҳомил шавад ва рўйи офтобро бипушад…

Амир Темур тамоқ қириб, ўзига ҳос тарзда ташрифидан огоҳ қилгач, хонага қадам қўйди. Аллақачон қад ростлаган мавлоно билан набираси таъзим бажо этдилар. Соҳибқирон қошини чимириб, икки қўлини кўксига қўйиб, бош эгиб турган устозу-шогирдга синовчан тикилди. Улуғбек кўз остидан бобосига назар ташларкан, унинг нимадандир аччиқланганини фаҳмлади. “Бибим арз қилганмикан!” – деб ўйлади бола.
— Мавлоно, — деди Амир Темур ниҳоят, — нечун иккингиз ҳам турк бўлатуриб, форсийда сўйлашасиз?

Овознинг ва саволнинг залворидан мавлоно Румий елкаси қисилиб, қадди баттар эгилди. Бобосининг саволи Улуғбекни ҳам гангитиб қўйди.

— Бу қандай ҳолки, фарзандлар оналарини хор этсалар?!.. Ё тилингиз онангиздек азиз эмасму, мавлоно?! – Темурнинг босиқ овози хонанинг ичини тўлдириб, бутун ҳавони сиқиб чиқаргандек мавлоно Қозизода Румийнинг юзи бўғриқди. – Ахир, тоқайғача турк ҳукамолари ўз тилларини писанд қилмайдилар?! Ахир, ҳазрат Ибн Сино турк фарзанди эмасмидилар? Ё Арастуи Соний бўлмиш ҳазрат Фаробийни турк онаси туғмаганмидики, турк тилини қўйуб, арабу-форсийда китобларини битдилар? Кўзларини тўрт очиб, турк тилининг кўрки-ю, фазилатини кўра биладиган фарзандлар қачон туғилгайлар?! Қачон?! Айтинг, мавлоно, қачон?!… Қачон бир вафодор фарзанд туғилғаю, турк тилига ўгайлик қилмас, фарзандлиғ қилғай?!

Амир Темур жавоб кутмай, ортига қайрилди. Сўнг остонада тўхтаб, мавлонога қарата гапирди:

— Мен турклик қаддини тиклайман деб дунёга келганман, мавлоно! Яна билурманки, унинг қаддини ёлғиз қиличим зўри эмас, сиздек ҳаким зотларнинг тафаккури кўтарғай… Истайманким, набирамнинг онгига фақат илму-ҳикматни эмас, ҳозир мен айтғон гапларни ҳам сингдирсангиз! Илло, шунда оддий устоз эмас, отдек яқин устоз бўлурсиз!

Амир Темур мавлонодан кўзини узиб, набирасига қаради. Орада жимлик чўкди.
— Улуғбек, — деди ниҳоят у, — Ҳозир бўлинг, эрта шиқорға кетамиз. Зомин тарафларға!

Бобоси сўзини эшитган набира олдидаги китобларни тахлай бошлади, сўнг токчада хуржунни олиб, унга китобларни солишга шайланди. Боланинг бу қилиғини кўриб, Темурнинг ранги ўзгарди:
— Болалик қилманг, мирзо, бунақада китобларни хор қиласиз-ку! Китоб муқаддас нарса, уни авайлаш керак. туз-намакни, ота-онани, устозни қандай қадр этиш лозим бўлса, китобни ҳам шундай эъзозлаш жоиз… Сиз китобларни хуржундан олинг-да, токчаға тахланг. Овни китоб ила эмас, ўқ-ёй ила қилғайлар. Бўлинг, мирзо…

Темур сўзини якунлаб, қотиб турган, Мавлоно Қозизодаги кўз қирини ташлаган бўлди-ю, хонадон шитоб билан чиқиб кетди. Мулзам бўлиб қолган, Улуғбек китобларни тахлар экан, яшил чарм билан муқоваланган дафтарни токчадан олиб қўйнига яширди. Сўнг ов учун махсус тикилган либосларини ҳозирлаш учун ташқарига отилди.

Ёз охири эди. Эрта саҳарда Боғи Дилкушодан чиққан бир тўда суворилар Кўҳак дарёси устидаги кўприкдан ўтиб, Зомин тоғлари томонга йўл олдилар. Олдинда Амир Темур билан унинг эски сафдоши амир Шоҳмалик, уларга изма-из Улуғбек мирзо билан Иброҳим Султон борардилар. Ҳаммалари чопон остидан енгил совут кийиб олганлар. Орқада от йўрттириб келаётган мулозимлар қўлида лочинлар, елкаларида овбоп ёй-камалак. Лочинларнинг бошларига чарм қалпоқчалар кийдирилган. Яна орқароқда озиқ-овқат ва чодиру-палослар ортилган хачирлар борарди.

Улуғбек остида Соҳибқирон бобоси Ойқор деб ном берган қорабайир бир маромда йўртиб боради. Бобоси бу отни набирасига Рум юришига чиқиши арафасида тақдим қилган эди. Темур бу отни Норин соҳилларидан келган бир навкар остида кўриб қолган, эски синчи эмасми, тулпорнинг кўркамлиги-ю, зотдорлигидан ҳайрат қолган эди. Кейинчалик у норинлик навкарни рози қилиб, отни ўзига олган ва набирасига тортиқ этган эди.

Биз арабий, туркманий отлар таърифини кўп эшитганмиз. Аммо ўрни келгани учун айтиб ўтиш жоиз, бизнинг она юрртимиз, хусусан Фарғона отлари қадимги замонлароҳда жуда машҳур бўлган.

Тарихдан маълумки, ўтмишда Довон деб аталган Фарғона водийсида етиштирилган қорабайирлар бир неча марта Хитой билан Довон ўртасида уруш очилишига сабаб бўлган. Хитойликлар Довон отлари довруғини эшитиб, уларни қўлга киритмоқ мақсадида неча карра бостириб келганлар. Мана шундай урушларнинг бири мелоддан аввалги 102-йилда бўлган. Хитой саркардаси Ли Гуанли бошчилигидаги 60 минглик қўшин Довон пойтахти бўлган Косонни келиб қамал қилган. Довонликлар мардона жанг қилганлар. Хитойликлар эса қамал узоқ чўзилганини кўриб, “Агар Довон арғумоқлари бизга берилса, қайтиб кетамиз!” дейишган. Аммо хитойликларнинг омади юришмай, катта талофатлар кўриб чекинадилар. 60 минг кишилик қўшиндан 10 минг киши, қўлга олинган 30 минг отдан бор-йўғи мингтаси Хитойгача етиб борган.

Фарғона отларининг таърифи Қадимги Хитой шеъриятида ҳам акс этган. Ўтмишда яшаган машҳур Хитой шоири Ду Фу “Жаноб Фаннинг Фарғонадан келтирилган арғумоғи” шеърида шундай ёзади:

Мана, машҳур арғумоқ,
Фарғона унга Ватан!
Қулоғи нақ бамбукнинг
Япроғидек тиккайган.

Қара, қандай кўркам у,
Қандай узун оёғи!
Бўронларни уйғотар
Кўтарилса туёғи!

Сенга йўлдош бўлса у,
Қўрқмай йўлга кетарсан.
Қанча узоқ бўлмасин,
Манзилингга етарсан.

Шундай отинг бор бўлса,
Ҳамиша кўнглинг тўқдир:
Сен учун бу дунёда
Узоқ-яқин йўл йўқдир!

Улуғбек минган Ойқор ана шу Ду Фу таърифлаган Фарғона отларининг наслидан эди.

Овчилик карвони кечга яқин бир манзилга етди. Бу тоғ билан дашт оралиғида жойлашган, атрофи ов қилишга боп чакалакзорлар билан қуршалган хушманзара водий эди. Бу яшил гўшага жон киргизиб турган мўъжиза – водийнинг турли жойларидан отилиб чиққан мусаффо булоқ сувлари-ю, тоғлардан оқиб тушаётган ирмоқлар эди. Бу сувлар атрофида бўй чўзган муаззам қайрағочлару-ёнғоқлар, ўриклару-бодомларнинг сарғая бошланган, аммо ҳали қуюқ япроқлари ерга тангача офтоб туширмасди. Овчилар босиб ўтган дашт қўйнида ўт-ўланлар аллақачонлар қовжираб кетганига қарамай, бу масканда ажриқ ҳамон кўм-кўк яшнаб турарди.

Эртаси куни узоққа кетмай, теваракда ов қилдилар. Тоғ ичидада илвасинлар, тустовуқлар, каклигу-беданалар шу қадар кўп эдики, ҳатто уларни қўл билан ҳам тутса бўларди. Улуғбек бошлиқ гуруҳ манзилга эрта қайтиб келди. Овланган қушларнинг сон-саноғи кўп эди. Мулозимлар дарров ишга киришдилар, улар чодирлар олдида гулханлар ёқиб, семиз жониворларни тилимлаб сихга тортиб пишира бошладилар. Чўғга ёғ томиб жизиллаб аланга оларди. Ҳамма ёқни кабоб ва тоғ кўкатларининг хушбўй ҳиди тутиб кетган эди.

Улуғбек қайрағоч соясидаги гиламга чўзилиб, қўйнидаги дафтарни олди. Одатда Улуғбек ҳар сафарги ов қаерда ва қандай ўтганлиги, қанақа жониворлар овлангани, уларнинг умумий сонини мана шу махсус дафтарга қайд эттириб қўярди.

Вақт ўтиб, бу дафтар ҳақида муаррих Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкират уш-шуаро” асарида ғаройиб бир воқеани ёзиб қолдиради. Муаррих шундай ҳикоя қилади:

“Мирзо Улуғбек фаросати ҳам хотирасининг қуввати шу даражада эдиким, ҳар жойда бирон жониворга ўқ отиб, ов қилса, бу тарихни эслаб қолар, воқеа қайси куни, қаерда содир бўлганлигини жониворлардан қайсилари овланганлигини дафтарга битиб қўяр эди.

Тасодифан ўша дафтар ғойиб бўлди ва қанча қидирсалар ҳам уни тополмадилар. Дафтарни сақловчилар саросимага тушдилар. Подшоҳ деди: “Ташвиш тортманглар, мен дафтарга ёзилган гапларни бошдан-оёқ ёд биламан”. Шундан кейин подшоҳ котибларни чақиртириб айтиб турди, улар ёзиб олдилар. Янги дафтар тўлган ҳам эдики, аввалги йўқолган дафтар топилди. Ҳар иккала дафтарни солиштириб, тўрт-беш ихтилофдан бўлак фарқ топмадилар. Онҳазрат истеъдоди, ўткир зеҳни борасидаги бундай нақллар кўпдир”…

Эртаси куни катта ов бошланди. Таърифга сиғмайдиган ғаройиб бу ҳодиса ҳар сафар Улуғбекни лол қилади. Овчилар дастлаб лочинларни ишга соладилар. Овчи қушлар мовий кўкка ўрлаб, бирин-кетин ерга шиддат билан ташланиб, ўткир чангалларини ўлжаларига ботиришга киришадилар. Тустовуқу-қуёнларнинг жон аччиғида фиғон солишлари дамба-дам эшитиларди. Улуғбек гоҳ осмонда, гоҳ заминдаги ур-йиқитларни ҳаяжон билан томоша қиларди. Лочинлар унинг теграсида қуюндек учиб ўтишарди-да, кўкка ўрлаб, сузиб юришарди ва қамишлару-буталар орасида жонини сақлашга уринган жониворларга дадил ҳужум қилишарди.

Кейин йирик ҳайвонларни ов қилишга ўтдилар. Тонг отмасданоқ, водий теварагини қуршаб олган мулозимлар белгиланган товушни эшитишлари билан чакалакзорлардаги ёввойи эчкилару-кийикларни овчилар турган жойга ҳайдадилар.

Улуғбек бобоси билан отдан тушмай буталар панасига бекиниб туришарди. Тўсатдан улар қаршисидаги очиқ жойда улкан кийик югуриб чиқди. Уни кўрган Соҳибқирон:
— Қани бўлинг, Улуғбек! – деб шивирлади.

Улуғбек шошилди, отидан бир сакраб, шудрингдан ҳўл ўт устига тушди-да, ерга эгилганча, шамол эсаётган томонга юзланиб, кийик тўхтаган жойга қараб пусиб бора бошлади. Бола юраги гурс-гурс ўраётганини эшитарди. Соҳибқирон нафасини ичига ютиб набираси ҳатти-ҳаракатини кузатарди. Бирдан унинг ранги қордай оқарди. У кийик турган жойдан ўн беш-йигирма қадамча нарида ҳужумга шайланиб турган йўлбарсни кўриб қолган эди. Соҳибқирон остидаги от хавф-хатарни олдиндан сезган, қимир этмас, у таёқдек қотиб қолган эди.

Амир Темурнинг тоқати-тоқ бўлди. У орқасида шитирлашни сезиб ўгириларкан, амир .шоҳмаликнинг докадек оқ башарасини кўрди. Амир ҳам сакрашга чоғланган куйи шайланиб турган йиртқични кўрган эди.

Кийик ҳам бир нарсадан ҳадиксирагандек, бошини азот кўтариб, қулоғининг динг тутди. Узоқ югургани ва қшрқувдан унинг икки биқини тушиб-чиқар, авзойи бадани қалтирарди. Йўлбарс эса йўл-йўл бели ўт-ўлан орасидан илондек тўлғаниб, чилвирдек эшилиб, тобора унга яқинлашиб борарди. Кийик йиртқич ҳидини туйган, хавф-хатар яқинлашиб келаётганини сезган эди – у тўсатдан ўзини чакалак ичига урди, аммо у ёқдан кучайиб келаётган оломон шовқин суронидан ҳайиқиб, яна очиқ жойга чиқди. У икки ўт орасида қолганини пайқаган, саросимада олазарак боқарди.

Темур набирасига қараб: “Эҳтиёт бўл!” – деб қичқиришга оғиз жуфтлади-ю, лекин бу аралашуви қандай тугашини билмагани учун жим қолди. У отидан тушди ва набираси турган томонга сассиз қадам ташлади.

Худди шу пайт ўлжасига яқинлашиб қолган йўлбарс бир сакради-да, ўт-ўлан устидан учиб, оҳиста чўкди ва яна бор кучи билан сакраб, кийик томонга отилди. Кийик шаталоқ отиб қочди. Аммо йиртқич унга етиб олиб, олдинги панжалари билан бир уриб кийикни йиқитди. Ўша лаҳза Улуғбек узган ўқ шувилоаб учди. Ўқ йўлбарс вужудига ботиб, у ерга шалпайиб тушди. Кийик эса даҳшатдан кўзлари чақчайиб кетганича, ўрнидан туришга уринарди. Ярадор йиртқичнинг жони оғриб, ўкириб юборган бўлса-да, яна чайқалиб ўрнидан турди. Ўлжасининг қочаётганини кўргач, у яна кийик томонга ташланди, аммо сакраш асносида, қаттиқ хириллади-ю, гурсиллаб ерга қулади, дам ўтмай нафаси ўчди. Бола узган ўқ йиртқичнинг юрагига ботган эди.

Амир Темур набираси олдига чопиб борди. Унинг ортидан бошқалар ҳам жонсарак бўлиб, зир югуриб келардилар – ерда уларнинг соялари лип-лип ўйнарди. Гаранг бўлиб, қаёққа қочишини билмай қолган кийикка ҳеч ким қиё боқмас эди. Жонивор тўсатдан олдинга ташланиб, ўт-ўланлар устидан дик-дик сакраб кўздан ғойиб бўлди.

— Қўрқдингизму? – деб сўради Соҳибқирон набирасидан.
— Қўрқдим… – деди қизарганча Улуғбек – Аммо кейин бир сўзингизни эсладим.

— Хўш… – Соҳибқирон набирасига синовчан тикилди.

— Бир машваратда “Қўрқмасанг – енгасан” деганингиз ёдимга тушди.

— Ҳақиқатни айтмоқдан уялманг, мирзо, — деди Амир Темур набираси кўзларига боқиб. – Бошга қилич келса-да, рост сўзлангиз. Бу жангдаги баҳодирлиғдан кам эмас, устундир…

Улар манзилга қайтишганда, овда бўлиб ўтган воқеани аллақачон ҳамма эшитган эди. Овга чиққан амирлар бирин-кетин келиб, Улуғбекни ажойиб ўлжа билан табрикладилар, мулозимлар эса ёшгина амирзоданинг жасоратини тилдан қўймай, унга афсонавор тус бериб, қиссагўйликда бир-бирлари билан баҳс қилардилар. Соҳибқирон набирасининг ҳаёти бир лаҳза бўлса-да, хавф-хатар остида қолганини ботинан англаса-да, набирасининг баҳодирлигидан қувонарди.

Кечқурун Самарқанддан чопар келди. У анчадан буён келиши кутилган Миср мамлуклари султони Фараж, Кастилия қироли Ҳенрих Учинчи ва Хитой фағфури йўллаган элчилар кетма-кет доруссалтанага етиб келганлари хабарини етказди. Амир Темур элчиларни қандай кутиб олингани ва қаерга жойлаштирилгани хусусида суриштиргач, доруссалтанани тарк этишидан аввал берган кўрсатмалари тўла бажарилганини фаҳмлаб, хотиржам бўлди.

033

Гарчи элчи йўллаган уч ҳукмдор билан ўртада юзага чиққан муносабатлар турлича бўлса-да, Соҳибқирон ҳар уччала элчиликни ҳам тантанали кутиб олиб, шаҳар атрофидаги энг гўзал боғларида жойлаштиришга фармон берган эди. Соҳибқирон ҳар уччала элчилик қай мақсад билан келганидан ҳам яхши хабардор эди. Агар Кастилия қироли Ҳенрих Учинчи уни турк султони Боязид устидан қозонган ғалабаси билан табриклашни мақсад этган бўлса, Хитой фағфури Амир Темурнинг навбатдаги юриши бу гал албатта Хитойга қарши бўлишидан ташвишланиб, Соҳибқирон билан алоқани яхшиламоқ ниятида эди. Миср султони Фараж бўлса, Турон султонининг вассали сифатида унга яна бир карра ўз итоатини билдиришни кўзлаб элчиларни юборган.

Амир Темур чопарни Самарқандга қайтаркан, тайинлади:
— Бориб айтгинким, мен эрта-индин йўлга чиқаман ва худо хоҳласа, доруссалтанага етиб,Боғи Дилкушода қўнғайман… Аммо элчиларга Амир Темур хаста деб айтсинлар… Шошил!

Яна икки-уч кун тоғ билан дашт орасидаги водийда кўнгил ёзган Соҳибқирон тонг саҳарлаб, Самарқандга қараб йўлга тушди.

Йўлда кетишаркан, Улуғбек бобосидан ўзини қачондан бери қийнаб келган муаммони сўраб, билмоқчи бўлди. У Соҳибқирон билан ёнма-ён от йўрттириб бораркан:
— Нега муҳрингизда айнан “Рости-русти” деган ҳикматни нақшлагансиз? – деб сўради.

Қиссахонликни беҳад суйган Амир Темурнинг ўзи ҳам ҳикояту-нақл айтишни ёқтирарди. Ўрни келса, ўз далилларини албатта бирор ривоят билан асослашни маъқул кўрарди. Набирасининг саволиини эшитгач, у бир зум ўйга ботиб қолди-да, оғиз очди:
— Бул саволингизга жавоб беришдан аввал бир ҳикоят айтсам…

Бир подшоҳ бор экан. Кўп одил подшоҳ экан. Бир кун у вазир айтдиким: “Мен ҳаж тавоф қилмоққа борурман, сен борурмусан?”. Вазир айтдиким: “Эй подшоҳи олам, тахтни бўш қўйуб Каъба тавофига борсангиз, эл-халойиқ боштоқ бўлмасму?”. Нима қилишини билмаган подшоҳ айтдиким: “Унда нима қилай? Ҳаж тавоф қилмасам, мусулмонлигим қолдиму? Маслаҳат бер!”. Шунда вазир шундай деди: “Бунинг йўли бордур, подшоҳим. Сиз ҳаж қилғон ҳожининг ҳаж савобини сотиб олсангиз бўлғай!”. Подшоҳ ҳам: “Майли, боргин, менга ҳаж қилғон ҳожи савобини сотиб олиб бергин! Токим қиёматда ҳажилар билан тургайман”, — деди. Вазир: “Подшоҳ учун ҳаж савобини сотадиган борму?” деб мамлакат айланаркан, бир манзилда бир кимарсаға йўлуқди. Ул киши айтдиким: “Фалон ерда бир зоҳид бортурур. Йигирма қатла Каъбага яёв борибтурур ва тағин ҳаж қилибтурур ва ҳеч кимнинг ошини емас, анга боринг. Ул бир ҳаж сотса, подшоҳ учун олинг”.

Бориб ул зоҳидни подшоҳ ҳузурига олиб келдилар.
Подшоҳ айтдики: “Эй зоҳид, бир йўли қилғон ҳажингнинг савобини бизга сотурмисан?”

Зоҳид айтдики: “Эвазига нима берурсан?”
Подшоҳ айтдики: “Минг қизил танга берайин!”

Зоҳид айтдики: “Минг қизил танга оз турур”.
Подшоҳ айтди: “Эй зоҳид, оз бўлса, ўн минг қизил танга берайин!”

Зоҳид айтдики: “Бу ҳам оз турур”.
Подшоҳ айтдики: “Оз бўлса, ўзинг не тиласан тилагил, ўшани берайин”.

Шунда зоҳид айтди: “Эй подшоҳим, бир ҳаж не бўлғай, йгирма ҳажимнинг савобини сенга берайин, сен бир соат адолат қилғонинг савобини менга берсанг!”
Подшоҳ ҳайрон қолиб сўради: “Эй зоҳид, бир соат адолат қилғоннинг савоби на бўлур?”
Зоҳид айтдиким: “Бир соат адолат қилғоннинг савоби одамларнинг ва фаришталарнинг ва ҳурларнинг ибодатидан ортиқтурур!”

Энди англадингизму, Улуғбек, нечун мен муҳримга “Рости-русти” сўзини нақшлаган эканман? – деб ҳикоясини савол билан якунлади Амир Темур.

Улуғбек “Ҳа!” дегандек бош силкиди. Дам ўтмай Амир Темур яна гапирди:
— “Рости-русти” дегани “Адолат – кучда” деганигина эмас, унинг маъниси бениҳоядир. “Рост бўлсанг, ҳақ бўлсанг, ҳақгўй бўлсанг, ўсгувчисан, кучлисан”, ёким “Ҳақиқатпарварлик, ростлик кучингга куч қўшгувчидир!” маънолари ҳам бор эрур!

Улуғбек Самарқандгача Ойқор устида тебраниб, бобоси сўзларини ўйлади. Ўйларкан, улғайса, бобосининг бу улуғ шиорига содиқ бир ҳукмдор бўлажагини ният қилди.

Боғи Дилкушога етиб келган чоғиёқ, Улуғбекнинг сабри чидамай китоблари турган хонага ошиқди. Аммо овга жўнаш олдидан токчада тахланган китоблар ўрнида йўқлигини кўриб, хонага кирганича қотиб қолди. Тўсатдан унинг кўзи бурчакда турган мўъжазгина сандиққа тушди. Бундай гўзал, гулдор нақшлар билан зийнатланган сандиқни у ҳалигача кўрмаган эди. Улуғбек бир нарсани фаҳмлагандек, югуриб бориб, сандиқ қопқоғини очди. Очди-ю, қувончини яширолмай қийқириб юборди. Сандиқ ичида унинг китоблари тартиб билан тахлаб солинган эди.

Бола ортида кимдир турганини сезиб, қайрилиб қаради. Ортида бибиси кулиб турарди.

— Бу сизга, — деди бибиси. – Бобонгиз уни атайин сизга атаб сандиқсоз усталарга буюриб, ясаттилар!
— Илоҳим, бобомиз дунё тургунча турсинлар! – деди Улуғбек эҳтиром билан қўлини кўксига босганча.

Амир Темур совға қилган китоб сандиғи Улуғбек мирзога умрининг охиригача ҳамроҳ бўлди. Унинг ўлимидан сўнг эса Мовароуннаҳрни тарк этишга мажбур бўлган Али Қушчи устозининг китоблари солинган бу сандиқни Рум тарафга олиб кетди.

Ҳозир бу сандиқ Туркияда, Истамбул шаҳридаги Тўпқопи музейида сақланади. Мабодо, ўша томонларга йўлингиз тушса, унга бир кўз ташлаб, улуғ аждодлар санъатига ҳурмат бажо келтириб, бобо билан набира хотирасини ёд этмоқни унутманг.

РИВОЯТЛАР

Мен ўтган бобларнинг бирида Амир Темур ва Мирзо Улуғбекка бағишлаган кўп нақлу-ривоятлар борлигини айтиб, қиссани ўқиш давомида бу нақлу-ривоятлар билан сизни таништиришга ваъда берган эдим.

БИРИНЧИ РИВОЯТ

Самарқанд шаҳрининг жанубий сарҳадида қадимий бир ёдгорлик бор. Соҳибқирон ва унинг набираси ҳақида тўқилган афсоналарнинг бири мана шу кўҳна обиданинг вайрон бўлиши билан боғлиқ ҳолда яратилган. Аслида бу ёдгорликнинг на Темурга, на Улуғбекка боғлиқ жойи бор, у Соҳибқирон вафотидан қарийб ярим аср, Улуғбек ҳалокатидан бир неча йил кейин – темурий ҳукмдорлардан бўлмиш Султон Абусайид замонида, унинг хотини Ҳабибабегим томонидан бевақт кўз юмган фарзанди Соҳиб Давлатбека шарафига қурдирилган.

Бу ёдгорлик ҳақида муаррих Абу Тоҳирхўжа Самарқандийнинг “Самария” асарида қуйидаги маълумотларни ўқиймиз:
“Хожа Абдидарун мозорининг шимолида бўлиб, халқ томонидан “Ишратхона” деб аталадиган юксак дахма улуғ ҳарам мастураси Давлатбека дахмасидур. Унинг онаси амир Жалолиддин қизи Ҳабиба Султонбегим ушбу гумбазни бино қилдируб, турмоқ учун бир неча ҳужра солдиргандир”.

“Ишратхона” номи аслида “Ашратхона”дир, яъни бу ном ўнта хона деган маънони билдирган. Йиллар ўтиб, оддий халқ маъноси ўзига номаълум “Ашратхона”ни изоҳлаш жуда осон. “Ишратхона” деган сўзга айлантириб юборган. Биз “Бибихоним қиссаси” китобимизда мана шу муносабат билан яратилган афсонани ҳам айтиб ўтган эдик.

Фаранг олими Алфонс де Ла Мартин таърифлаганидек, “афсоналар орасида юксалган Самарқанд”да яшаган халқ ҳар бир тарихий воқеани сирли ва ҳавасли бўлишини истаган ва шу жиҳатдан Самарқанддаги ҳар бир улуғ ёдгорлик яратилишини, унинг қисматини бу тупроқда яшаган улуғ, донишманд фарзандлар, биринчи навбатда Амир Темур ва Мирзо Улуғбек номи билан боғлаган, шукуҳли ва ибратли нақлу-ривоятлар тўқиб, асрлар давомида ўз хотирасида авайлаб-асраб келган. Мен сизга ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган биринчи ривоят мана шу Ишратхона ёдгорлиги билан, аниқроғи унинг вайрон бўлиши билан боғлиқдир.

Эмишким, Шому-Румдан зафар қучиб қайтган Улуғ Фотиҳ-Амир Темур Кўрагон энди бўлажак Хитой юришига ҳозирлик бошлаб, кўзланган ҳарбу-жанг режасини тузишга киришди. Шу сабабдан у Фирузбоғдаги Ишратхонада ўзининг жанговар амирлари, ёшу улуғ ботир фарзандлари-ю, набираларини йиғиб, махфий мажлис қурди. Мажлис бир неча кун давом этса-да, ҳеч якун топмас эмиш. Боғни уч ҳалқа қилиб ўраган соқчи навкарлар кеча-кундуз ҳушёр тортиб, Соҳибқирон ва мажлис аҳли тинчлигини сақлашар экан. Амир Темурнинг фармони олийсига биноан, боғга бирор киши киргизилмас ва бирор кишининг ташқарига чиқишига йўл қўйилмас экан.

Худди ўша пайтда Соҳибқироннинг набираси Улуғбек мирзо Кўксаройда экан. У эрталабдан сарой бўйлаб бетоқат юрар, аммо ўзини нима безовта қилаётганини билмас экан. Ҳаёлига ҳадеб бобоси келаверар экан. Охир-оқибат Улуғбек мирзо қоғоз-қалам олиб, саройдаги энг баланд минора устига чиқиб, кечаси билан ухламай, тўлин ой ёруғида ҳисоб-китоб билан машғул бўлибди. Унинг мақсади бобосига бирор хатар ҳавф солиш-солмаслигини билиш учун Амир Темурнинг толеъномасини тузиш, бобосини эрта-индинги ҳаётига юлдузлар ҳукми қандай эканлигини билиш эди.

Ёш мунажжим аввал баландликни аниқлаб, олдидаги қоғоз устига юлдузлар ҳолатини билдирувчи толеънома жадвалини чизди. Сўнг юлдузларнинг йиллик жойлашишини аниқлади, уларни 12 бурж бўйича жойлаштирди ва ниҳоят тонгга яқин натижага эришди. Аммо натижага қараб, Улуғбекнинг ранги оқариб кетибди. Саҳм ус-саодат ва саҳм ул-ғайбнинг ҳар иккиси жуда қисқа – бир неча соат ичида Амир Темур ҳаёти хавф-хатар остида қолишини кўрсатиб турарди.

Улуғбек мирзо нима қилишини билмай, гангиб қолибди. Ниҳоят у тезлик билан Фирузбоғга бориб, бобосини Ишратхонадан олиб чиқишини англаб етибди ва минорадан тушиб, отини қамчилаб, бобоси турган манзил томонга қараб ўқдай учибди. От чоптириб бораркан, бобосини қандай қилиб Ишратхона кўшкидан олиб чиқишни ўйлабди. Чунки у Амир Темурнинг Фирузбоғга ҳеч кимни, ҳатто амирзодалару-маликаларни ҳам буйруқ бўлмагунча киритмасликка фармон берганидан хабардор эди-да. Бўлиб ўтган воқеани то қўриқчи навкарлар бошлиғига тушунтиргунча, у кириб Соҳибқирондан рухсат олиб чиққунча анча вақт ўтиши маълум эди. Ниҳоят, Улуғбек бир қарорга келиб, отини қичаб бораберибди.

У Фирузбоғни ўраб турган биринчи ҳалқа қўриқчиларини кўриши билан қиличини яланғочлабди ва бор кучи билан қийқириб от чоптирибди. Унинг важоҳатини кўрган қўриқчи навкарлар нима қилишларини билмай қолибдилар. Қўриқчиларнинг талвасага тушишидан фойдаланиб, Улуғбек мирзо шиддат билан уч ҳалқани ҳам бузиб, ўтиб кетибди. Ва тўхтамай от билан Соҳибқирон бобоси мажлис қуриб ўтирган кўшк ичкарисига бостириб кирибди. У худди ҳужумга шайланиб, қиличини кўтариб олганча, уни гоҳ бу амир, гоҳ у мирзо боши устида ўйнатар ва тўхтамай ҳайбатли овоз билан бақирар экан. Бу даҳшатомуз ҳолдан қўрқиб кетган амирлару-мрзолар кўшкдан ташқарига қочиб чиқа бошладилар. Бир гуруҳ хос навкарлар ҳангу-манг қолган Амир Темурни олиб чиқибдилар. Кўшк ичида одам қолмаганини кўрган Улуғбек ҳам ҳовлига отилиб чиқибди.

У кўшкдан чиқиши билан Амир Темур буйруғи билан навкарлар тўрт томондан ёпирилиб, Улуғбекни отдан тушириб, қўлидан қиличини тортиб олибдилар. Сўнг уни оёғини ерга тегиздирмай, Соҳибқирон олдига олиб борибдилар. Суюкли набирасининг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қилмишидан бениҳоят қаттиқ ғазабланган Амир Темурнинг ранг-рўйи оқариб кетган экан. У ҳали эс-ҳушини ўнглаб ололмай турган Улуғбекка яқинлашиб, қаҳр билан сўрабди:
— Бу нима қилганинг, падарқусур?!

Аммо Улуғбек мирзо бобосига жавоб беришга улгурмабди. Худди ўша лаҳза гулдураган бир овоз келиб, осмону-атроф қоронғулашгандек бўлиб, ер қаттиқ силкиниб, у ёқдан-бу ёққа бориб кела бошлабди. Бу зуғумга дош беролмаган кўшк деворлари тарс-тарс ёрилиб, бирин-кетин гурсиллаб қулай бошлабдилар. Рўйи жаҳонни чангу-тўзон қоплабди.

Ниҳоят, ер силкиниши тўхтаб, чангу-тўзон тарқалиб, Соҳибқирон ҳануз қаршисида бош эгиб турган набирасини кўрибди. Улуғбек бошини кўтариб:
— Мана шу сабабдан бетамизлик қилдим, бобожон! – дебди.
Амир Темур Кўрагон бор гапни англабди-ю, ҳаяжонланиб суюкли набирасини қучоқлаб, пешонасидан ўпибди. Сўнг набирасига:
— Бу ҳолни нимага асосланиб билдинг? – деб сўрабди.

Улуғбек икки қўлини кўксига қўйиб, бобосига жавоб берибди:
— Мен сизнинг ҳаётингиз хавф остида қолгани башоратига энди етган эдим, яъни, бобожон, толеъномангизни аниқлаган эдим, аммо бу қандай хавф-хатар эканини билолмай, нима қилишимни билолмай турганимда, тўсатдан мен турган минора кошини кўчиб, бу даҳшатли ҳолни билдирган толеънома даражаси ҳарфи устига тушиб, уни эзиб ташлади. Шу сабабдан кўнглимда “Бобом ҳаётига бўлган хатар зилзиладандур ва бу ҳавф бир соат ичида бўлажак” деган фикр туғилди. Ҳа, бобожон, бу саҳм ул-ғайбнинг иши бўлди.
Бу сўзларни эшитиб Соҳибқироннинг юзи ёришди ва набирасига мамнун тикилди.
Мана шундай қилиб, юлдузлар илмини билган донишманд набира ўз илми ва фаросатининг кучи билан жаҳонгир бобосини ўлимдан қутқариб қолган экан.

ИККИНЧИ РИВОЯТ

Кунлардан бир кун Амир Темур Кўрагон ҳузурига бир одам келиб, арзу-дод қилибди.
— Эй султони Турон, мен умр бўйи меҳнатим ортидан ҳалол нон еб келдим. Бола-чақамни ҳам меҳнат орқали боқдим. Бундан бир ойча аввал мана шу ҳалол меҳнатим ортидан орттирган арзимас бойлигимни бир кўзачанинг ичига жойлаб, “Бир кун эҳтиёжимга ярайди”, — деб умид билан ўзимга тегишли даланинг бир четида ўсиб турган чилонжийда дарахтининг остига кўмган эдим.

Куни кеча муҳтож бўлиб қолгач, кўзачага жойлашган пулимни олиш учун чилонжийда ёнига келдим. Аммо дарахт остини қазиб, кўзачани тополмадим. Кимдир дарахт тагини қазиб, кўзачани олиб кетган экан. Нима қилишимни билмай, охири сиздек адолатпеша султонга арзу-дод қилишга аҳд қилиб, ҳузурингизга келдим.

Амир Темур Кўрагон арзчининг сўзларини эшитиб, ўйлай-ўйлай ҳеч бир натижа чиқара олмабди. Соҳибқироннинг ёнида ёшгина Улуғбек мирзо арзга келган одам гапини эшитиб турган экан. Бобосининг нима дейишини билмай, тарадудда қолганини кўргач, Соҳибқирондан гапиришга рухсат тилабди.
— Сўйланг, мирзо! – дебди Амир Темур Кўрагон.

Улуғбек зийрак кўзлари билан бобосига тикилиб, оғиз очиб айтибди:
— Менга сабоқ берган устозларим таъбирича, чилонжийданинг илдизи касалликка дори эмиш. Шу илдиз шифосига муҳтож бўлган бирор киши дарахт остини қазиган, кўзачани ҳам топиб олиб келган. Аммо кўзачани топиш осон.

Зукко набираси сўзларини диққат билан эшитиб турган Амир Темур Улуғбекка синовчан тикиларкан:
— Демак… – дея уни мақсадга кўчишга ундаган бўлди.

— Демак, энди шаҳардаги бор табибларни суриштириб, қайси бирлари шу яқин кунларда чилонжийда илдизини топиб келишга буюрганини аниқлаш лозимдур. Ўша табиб топилса, кўзача ҳам топилғусидур, — деб сўзини якунлади Улуғбек.

Амир Темур фармойиши билан шаҳардаги барча табибларни суриштира бошладилар. Ниҳоят, бир табиб: “Мен фалончи касалга бундан бир неча кун илгари чилонжийда илдизини келтиришни буюрган эдим, олиб келди, мен доривор тайёрлаб бердим”, — деди ва у касалнинг қаерда туришини айтди.

Ўша одамни топиб, Кўксаройга олиб келдилар. Соҳибқирон бўлиб ўтган воқеани унга баён қилди.

У одам:
— Табиб буюргандан кейин бир жойдан чилонжийда дарахтини топдим. Илдизидан бироз олиш мақсадида тагини ковлаган эдим, пул солинган кўзачани топдим, уни ўзим билан бирга келтирдим. Агар эгаси чиқса топшираман деган эдим, — деди.

Соҳибқирон арзу-дод қилиб келган одамни кўрсатиб:
— Ўша чилонжийда ўсган ер мана шу одамнинг ери, у ўзи бир фақир одам, агар кўзачани эгаси бўлмиш шу одамга топширсангиз, савоб иш қилган бўлур эдингиз, — деди.

Фақир одам кўзачанинг рангини, ичида қанча пул борлигини айтгач, киши кўзачани топширди.

Мана шундай қилиб, Соҳибқирон бобоси ҳали қила олмаган муаммони унинг зукко набираси Улуғбек мирзо ҳал қилиб берган экан.

УЧИНЧИ РИВОЯТ

Соҳибқирон Амир Темур Кўрагонннг набираси Мирзо Улуғбек ёш болаликдан бошлаб, заковат ва фаросат соҳиби бўлиб, кўп билимларни эгаллаб, устозларини бениҳоя ҳурмат қилувчи, устозлари ҳам уни севгувчи эдилар.

Мирзо Улуғбек ёш бола пайтида Амир Темур Рум мулкидан оиб келган бир донишманд унга сабоқ берган экан. Румлик донишманднинг бир одати бор экан: сабоқ бериш давомида бошини энгаштириб ерга қараб ўтирар экан. Агар шогирди бирор жумлани янгилиш ўқиса, ё бошқа бир хатога йўл қўйса, бошини кўтариб, унга қараб қўяр экан.

Бир куни Мирзо Улуғбек устози олдида бир китоб ўқир эди. Китобда бўлган: “Уддасидан чиқмаган нарсангизни нега ваъда қиласиз?” деган жумлани ўқиди. Улуғбек мирзо: “Эҳтимол янглиш ўқиган бўлсам керак”, — деб жумлани диққат билан қайтадан унга ўқибди. Аммо устози бу гал ҳам бошини кўтариб, унга қараб қўйибди.

Мирзо Улуғбек сабоқдан кейин бобоси ёнига келиб:
— Бобожон, устозимга бирор нарса ваъда қилган бўлсангиз, дарҳол ваъдангизга вафо қилинг, — деб бўлган воқеани Амир Темурга айтиб берибди. Амир Темур набирасининг ҳикоясини эшитиб:

— Устозинг мендан Румда қолиб кетган кутубхонасини олиб келишга одам юборишимни сўраб, бу китоблар менга эмас, набирангизга керакдур, деб илтимосини баён қилган эди, мен одам юборишга ваъда қилган эдим, аммо эсимдан чиқиб кетибди, — дебди набирасининг зукколигидан мамнун бўлиб. Сўнг румлик донишмандга берган ваъдасини дарҳол бажо келтиришга киришган экан…

Энди навбат ибратли нақлларга:

Амир Темур суюкли набираси Муҳаммад Тарағай – Улуғбек мирзога айтар эканким:
— Салтанатни адолат билан мустаҳкамла, илло ёлғиз адолатгина уни енгилмас қалъага айлантиражак!

Соҳибқирон набирасига насиҳат қилган экан:
— Бирор кишига нисбатан қанча қаҳрланма, юрагингда уни авф этиш истаги бўлмаса, сен подшоҳ эмас, оддий жаллодсан, холос. Ўлдириш ё жазолаш эма, подшоҳларнинг иши авф этмоқдур.

Улуғбек мирзо жаҳонгир бобосидан сўрабдиким:
— Энг кучли одам деб кимни айтиш мумкин?

Амир Темур жавоб берибди:
— Ўз нафсини тия олган киши энг кучлидур.

— Ҳокимият, — деб айтар экан Амир Темур набирасига, — бамисли ўткир шамширдур. Уни тезроқ қўлга олиб, ишга солгинг келади. Аммо қўлга олишинг билан ни ақлу-фаросат билан ишлатишни ўйлай бошлайсан.

Амир Темур Улуғбек мирзога айтар экан:
— Ҳеч қачон ихтиёрингни тилёғламага берма, атрофингга лаганбардорларни тўплама. Улар сенинг эмас, ўз манфаатларини кўзлаб сени мақтайдилар. Ўз ихтиёрини шундай кимсаларга бериб қўйган ҳукмдорга садоқатли инсонлар яқинлашмайдилар, улар тилёғламачилар билан бир даврада ўтиришдан ор қиладилар.

Соҳибқирон Улуғбек мирзога яна айтган экан:
— Мақтовларга маҳлиё бўлма, илло мақтов подшоҳлар соясидур. Яна унутмангинким, бугунги мақтовлар эртага абадий лаънатларга айланмоғи мумкин.  Яна унутмангилким, сендан олдин ҳам улуғ подшоҳлар ўтган ва сендан кейин ҳам буюк ҳукмдорлар келажак. Шу асосда иш тут. Токим ўтганлар хатосини такрорлама, келгусиларга ибрат бўл!

Улуғбек мирзо бобосидан сўради:
— Дунёда инсон учун энг яхши нарса нима-ю, энг ёмон нарса нима?

Амир Темур жавоб берибдики:
— Дунёда инсон учун энг яхши нарса ҳам ботир, саъй-ғайратли, ҳам гўзал аҳлоқли бўлиб ном чиқариш. Ўлимдан ҳам баттар ёмон нарса аҳлоқсизлик ва хоинлик билан ном чиқаришдир.

ДАВОМИ БОР

Qissaning lotin alifbosidagi matnini yuklab oling

09

(Tashriflar: umumiy 381, bugungi 1)

Izoh qoldiring