Xurshid Davron. Sohibqiron nabirasi yoki Mitti yulduz qissasi (5 -yakunlovchi qism).

04422 март — Буюк мутафаккир олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллуд топган кун

     Улуғбек ичкарига қадам қўйди-ю, бобосининг қовоқлари юмилганини кўриб, қўрқиб кетганидан, ялт этиб бибисига қаради. Бибиси “яқинроқ ўт!” дегандек ишора қилгач, бобосига яқинлашди. Ўша заҳот бобосининг қовоқлари сезилар-сезилмас пирпираганини илғади. Бобосининг кўзларида нур йилтиради. Боланинг бўғзига нимадир тиқилиб келди, аммо ўзини тутиб, бобоси олдида тиз чўкди.

Хуршид Даврон
СОҲИБҚИРОН НАБИРАСИ
ЁКИ МИТТИ ЮЛДУЗ ҚИССАСИ (5)

Якунловчи қисм
01

ЭЛЧИЛАР ВА ТЎЙ

033 Амир Темур жомеъ масжиди қурилиши қандай якунланганини кўриш учун Боғи Дилкушодан чиқиб шаҳарга келди. У ҳафтада бир-икки марта қурилиш майдонига келиб турган бўлса-да, ҳар гал бу ерга қадам қўйса, вужудини ҳайрат чулғайди. Масжиди жомеъ шу қадар улуғвор эдики, унинг саҳни жума кунлари бутун доруссалтана аҳлини сиғдира оларди. Унинг ғоятда юксак пештоқи узоқ-узоқлардан кўзга ташланарди. Бобур мирзо ҳам “Бобурнома”да бу иншоот ҳақида шундай ёзган эди: “Темурбек… яна Оҳанин дарвозасига ёвуқ, қалъанинг ичида бир масжиди жомеъ солибтур, сангин, аксар Ҳиндистондан элтган сангтарошлар анда иш қилибтурлар. Масжиднинг пештоқи китобасида бу оятни “Ва из ярфау Иброҳимал қавоида ило охири” андоқ улуғ хат битибтурларким, бир куруҳ ёвуқ ердин ўқуса бўлар. Бу ҳам бисёр олий имораттур…”

Жомеъ масжиди тўрт иморатдан: катта масжид, икки кичик масжид ва ҳайбатли пештоқдан иборат бўлиб, улар тўртбурчакли ҳовлида жойлашган, беш минг квадрат метр саҳнли бу ҳовли 470 тошдан тарошланган устунга ўрнатилган гумбаз билан ёпилган эди. Катта масжиднинг гумбази ҳақида муаррих Шарафиддин Али Яздий: “Агар осмон гумбази унинг такрори бўлмаганда, бу гамбаз дунёда ягона бўларди”, — деб ёзган эди.

Амир Темур набираси Улуғбекни етаклаб, жомеъни бир бошдан айланиб чиқди. Сўнг пештоқнинг ён қаторидаги айланма зинадан, юқорига – кунгура равоқли майдонга чиқди ва юксакда туриб шаҳарга, узоқдаги, куз келиб, ранго-ранг бўёқларга беланган боғларга кўз ташлади. Соҳибқироннинг ҳаяжони ортиб, завқ билан хитоб қилди:
— Замон келиб сиз ҳам бундай хайрли ишларга қўл урурсиз, иншоолоҳ. Аммо унутманг, қуражак биноларингиз беқиёс ва ҳайбатли, салтанатимиз шукуҳидан дарак бергулик даражада улуғвор бўлсун! Илло, обидалар келажак авлодларга кимлигимиздан далолат беражаклар!

Амир Темур жомеъ чиройидан кўнгли нечоғлик яйрамасин, бироз бўлса-да, ташвишли ўйлардан халос бўлолмади. Бўлажак Хитой юриши унинг вужудини бир зум ҳам тарк этмасди.
Эртаси куни Соҳибқирон элчиларни ҳузурига даъват қилди. Қабул маросими Боғи Дилкушодаги саройда тантанали вазиятда ўтди. Ўша куни Турон султони тахтининг пойига Кастилия (Испания) қироли, Миср султони ва Хитой ҳоқони йўллаган элчилар келиб, бирин-кетин юкундилар.

021 Испан қироли Ҳенриҳ Учинчининг элчиси Руи Хонсалес де Клавихо томонидан битилган “Буюк Темур тарихи” китобида бу маросим шундай тасвирланади:
“Саккизинчи сентябр, душанба куни (1404 й.) элчилар қўнган боғларини тарк этиб, Самарқанд шаҳари томон отландилар. Боғдан шаҳаргача бўлган водийда боғлар, ҳовли-жойлар, бозорлар ва бошқа манзиллар бор эди. Уч соатча йўл босиб, шаҳар ташқарисидаги подшоҳ яшаган боғ ва саройга етдилар. Элчилар етиб келишлари билан уларни ичкарига таклиф қилдилар. Сўнг уларни икки жаноб қаршилаб, “Подшоҳ учун олиб келинган буюмлару-тортиқларни бизга топширинг, биз уларни тартибга келтириб, тортиқларни подшоҳ ҳузурига олиб борадиган махсус кишиларга берамиз. Бу подшоҳга яқин амирлар фармойишидур”, — дедилар. Элчилар олиб келган нарсаларини бу икки жанобга бердилар.

Совға-салом топширилгандан сўнг, элчилар ўша икки жанобга эргашдилар… Боғ дарвозаси жуда катта ва баланд бўлиб, у олтин суви билан қопланган, қимматбаҳо тошлар ва кошинлар билан зийнатланган эди. Унинг олдида ойболта ушлаган соқчилар туришарди…

Элчилар боғга киришлари билан ҳар бирининг устида шийпонча ва иккитадан туғ ўрнатилган олтита филни кўрдилар. Фил устидаги шийпончада ўтириб олган масхарабозлар одамларни кўнглини очиш билан машғул эдилар. Яна бироз юргач, элчилар ўзлари топширган совға-саломларни тартиб билан кўтариб турган одамларни кўрдилар. Улар бу ерда ҳам бир зум тўхтагач, яна олдинга юрдилар. Икки жаноб элчиларнинг қўлларидан ушлаб етаклаб боришар, уларнинг сафида Темурбек бир қанча вақт олдин Кастилия қироли ҳузурига йўллаган туронлик элчи ҳам қадам ташлар, унинг кастилияликлар кийим-бошини кийиб олганини кўрган чор-атрофдаги одамлар қаҳ-қаҳлаб кулардилар.

Элчиларни баланд супада ўтирган қари бир жаноб олдига олиб келдилар. Бу жаноб Темурбек ҳамшираларидан бирининг ўғли бўлиб, элчилар унга таъзим қилдилар. Сўнг уларни бошқа баланд супада турган мурғак шаҳзодалар олдига бошлаб бордилар. Улар подшоҳнинг набиралари бўлиб, уларга ҳам таъзим бажо этилди. Шу ерда элчилардан қиролнинг Темурбекка йўллаган мактубини беришини сўрадилар. Мактубни шаҳзодаларнинг бири олди. Айтишларича, бу шаҳзода подшоҳнинг катта меросхўри Мироншоҳ мирзонинг ўғли (Халил Султон) экан. Бу уч шаҳзода ўша заҳоти ўринларидан туриб, мактубни подшоҳга бериш учун олиб кетдилар. Подшоҳ гўзалликда беқиёс уйга олиб кирадиган эшик олдида, ерда турган тахт устида ўтирар, унинг ёнгинасида қип-қизил олмалар ўйнаган фаввора юксак-юксакларга отилиб турарди.

Подшоҳ ипакли мато устига гуллар нақшланган кўрпача устида лўлаболишга ёнбошлаб ўтирарди. Унинг эгнида бирорта ҳам нақш чекилмаган ипак либос, бошида ёқут, дур ва бошқа қимматбаҳо тошлар билан безатилган оқ бўрк бор эди.

Уни кўрганлари заҳоти элчилар ўнг тиззаларини букиб, қўлларини кўкракларига босган куйи таъзим қилдилар. Кейин бир неча қадам босиб, яна таъзим қилдилар, сўнг учинчи маротаба таъзим қилиб, тиз чўкиб туравердилар. Подшоҳ уларга ўрниларидан туришни ва ўзига яқинроқ келишни буюрди. Элчиларни бошлаб келган жаноблар тўхтаб қолдилар, чунки уларга подшоҳга яқинлашишга изн йўқ эди. Подшоҳ ёнида унга энг яқин уч амир туришар: уларнинг бирини Шоҳмалик, иккинчисини Бурундуқ, учинчисини Шайх Нуриддин деб атардилар. Бу уч амир элчиларга яқинлашиб, элчиларни қўлтиғларидан олиб пошоҳга яқинроқ жойга олиб келиб, тиз чўктирдилар. Подшоҳ эса уларни яна яқинроққа келишга чорлаб, элчиларни яхшилаб кўздан ўтказмоқчи бўлди…

Подшоҳ элчиларга ўпишлари учун қўлини узатмади, чунки бу одат уларга хос эмас, улар бошқа улуғларни ҳам қўлини ўпмайдилар, чунки улар жуда мағрур кишилар…
Шундан кейин подшоҳ элчиларга мурожаат қилиб: “Ўғлим бўлмиш қиролнинг турмуши, сиҳат-саломатлиги қалай, аҳволи тузукми?” – деб сўради. Элчилар унга батафсил жавоб бердилар, ўз мақсадларини баён қилдилар, подшоҳ эса уларнинг гапларини диққат билан эшитди.

Сўнг Темурбек атрофини қуршаб ўтирган хонлару-амирларга хитобан ифтихор билан шундай деди: “Қаранглар, мана, ўғлимиз бўлмиш Испания қиролининг менга юборган элчиларини кўрингиз! У дунёнинг энг четида туради ва бутун фаранг подшоҳларининг энг буюгидур. Улар, фаранглар, ҳақиқатдан ҳам улуғ халқлардир. Ва мен ўғлим бўлмиш Испания қиролига ўзимнинг эҳтиромими кўрсатмак истайман. Бизга совға-салом жўнатмай, ёлғиз шу мактубини йўлласа ҳам рози эдим. Мен унинг саломатлигини билиб ғоят мамнун бўлдим, бу эса ҳар қандай тортиқдан ҳам ёқимлидур”.

Қирол юборган мактубни эса подшоҳнинг набираси боши устида кўтариб турарди. Элчилардан бири тилмочга қарата: “Подшоҳга айт, бу мактубни мендан бошқа киши ўқиёлмайди, қачон рухсат берсалар ўқиб беришга мен тайёрман”, — деди. Шунда подшоҳ набираси қўлидан мактубни олиб, унга кўз ташлади ва уни эшитишга ҳамиша тайёрлигини айтди. Элчи мактубни ҳозироқ ўқиб беришга тайёрлигини айтгач, подшоҳ, кейин унга одам юбориб, дам олиши пайтида мактубни тинглаяжагини ва қиролга қандай гапларни етказилишини ҳам ўшанда айтишини маълум қилди.

Шундан кейин элчиларга тик туришга рухсат берилди ва уларни подшоҳнинг ўнг томонига олиб бориб ўтқазишди. Элчиларни олиб борган амирлар уларни Хитой ҳақони Темурбек ҳузурига йўллаган элчилардан қуйига ўтқазишди. Аммо Темур ўша заҳоти амирларининг хатосини тузатди. Элчиларнинг ўрнини алмаштираркан, Соҳибқирон хитойлик элчиларга қарата жиддий оҳангда такрорлади: “Сизлар талончи, номуссиз киши бўлмиш душманимнинг элчиларисиз, шу сабабдан қуйида ўтирингиз. Агар Аллоҳ насиб этса, яқин орада ўлпон тўлашдан бошқа топшириқ билан келадиган бўлсангиз, сизни осиб ўлдираман”.

Қабул зиёфат билан якунланди. Дастурхонда асосан қовурилган от гўшти, турлича пиширилган қўй этидан тайёрланган таомлар қўйилган эди. Олтин ва кумуш идиш-товоқларга от буйраги, қўй калласи, думбаси ва бошқа яхна гўштдан иборат мазали таомлар тортилганди. Таомлар устини обинонлар билан ёпиб қўйгандилар. Овқатдан сўнг турли мева-чевалар тановвул қилиш учун дастурхонга келтирилди.

Амир Темур олис Кастилия қироли элчисига катта эҳтиром кўрсатди. Расм-русумга кўра келтирилган совғалар уч кундан сўнг эътиборга муносиб кўрилса-да, бу гал Соҳибқирон ўша куниёқ қирол юборган тортиқларни кўздан кечирди. Суюкли Сароймулкхонимга уларнинг энг яхшисини танлаб олиш имконини бергач, Соҳибқирон инъомларн ўз яқин кишиларига бўлиб берди. Сўнгра элчилар меҳмоннаввозлик билан кузатилди. Азиз меҳмонлар Боғи Дилкушодан жўнаш олдидан уларнинг қийналмасликлари, ҳол-аҳволларидан мунтазам хабардор бўлиб туриш учун элчиларга саройнинг улуғ ва мартабали кишиларидан мутасаддилар тайинланди.

Шундан кейин икки ойдан зиёд вақт давомида элчилар Трон султони, маликалар ва амирлар уюштирган тўю-зиёфатлардан бўшамадилар. Руи Хонсалес де Кавихо Амир Темур саройи улуғворлигини авжи камолга етган даврида зиёрат қилиб, доруссалтана атрофидаги Конигил ўтлоғида, бир-биридан гўзал боғларда кўрган ажойиботларни тасвирлар экан, ҳайратини яширмайди. Биз бу ўринда, испан элчиси ўз кўзи билан кўрган бир-икки ажойибот ҳақида қисқа сўйлаймиз.

Элчи кўрган ғаройиб нарсаларнинг бири олтин дарахтдир. Эман шаклида ясалган бу дарахт танаси инсон оёғи йўғонлигида, атрофга ёйилган шохлари яшил билан қопланган. Бу дарахт мевалари ўрнида жуда кўп қизил ёқут, забаржад, феруза, сафир ва ажойиб, йирик дурлар шохларга осилган, япроқлари турли рангдаги мино билан ишланган, бутоқларида мевалар каби осилган дурларни чўқиб турган қушлар бўлган.

Испан элчисини ҳайратга солган ажойиботларнинг бири Амир Темур учун тикилган саропарда – чодир эди. “Тўртбурчак шаклда, баландлиги уч найза бўйи келадиган бу кўшкнинг четлари қарийб бир найза бўйи ердан кўтарилиб турарди. Унинг кенглиги юз қадамча келади, тўртбурчак шаклида, шифти гумбаздай думалоқ бўлиб, ҳар бири одам танасидай келадиган ўн иккита устунга ўрнатилган эди. Устунлар ложувард, зарҳал ва бошқа бўёқлар билан безатилган. Кўшкнинг у бурчагидан бу бурчагигача учта устун қўйилган бўлиб, ҳар бир устун бир-бирига маҳкамланган уч бўлакдан иборат. Устунларнинг бўлакларини арава ғилдиракларига ўхшаш мослама орқали, баъзи жойларида чамбарак ёрдамида кўтариб мустаҳкамлаганлар. Уларнинг тепасидан пастга қадар туширилган шоҳи лахтаклар устунларга шундай ўралган эдики, бир учидан иккинчисига пештоқ ҳосил қилган эди. Мазкур кўшкнинг ташқи томонида тепаси унга уланиб кетган тўртбурчак шаклда соябонли пиллапоя қурилган. У бир оз йўғонроқ йигирма тўрт устунга таянган. Ушбу кўшкда жамиъ ўттиз олти устун бор. Кўшк – чодир чамаси беш юз рангдор чизимча билан тортилган. Унинг ичкариси қизил гиламлар билан қопланган. Гиламлар устига ҳар хил рангдаги шоҳи газламалардан турли шаклда чиройли қилиб, баъзи ўринларда зарҳал иплар билан қўшимча лахтаклар тикилган. Шифтнинг ўртаси жуда чиройли безатилган бўлиб, унинг тўрт бурчагида қаноти туширилган тўрт бургут тасвирланган.

Кўшк ташқи томондан нопармон тусли газламага ўхшаш оқ, қора ва сариқ йўл-йўл шоҳи мато билан қопланган. Ҳар бурчагидаги устуннинг тепасига устига ой тасвири қўндирилган мис олма осилган. Кўшкнинг энг баланд жойларида аввалгиларидан ҳам баландроқ яна тўрт устун ўрнатилган. Ушбу устунлар устида ҳам мис олма ва тўлин ой тасвири бор. Тилга олинган устунлар орасида ҳар хил шохи кунгиралари бўлган бурж қад кўтарган. Буржнинг ўз эшиги бор. Қаттиқ шамол туриб устунлар қимирлай бошлаганда, одамлар кўшкнинг тепасига чиқиб, зарур жойларида у ёқдан бу ёққа бемалол юрар эдилар. Кўшк жуда баланд бўлиб, шу қадар кенг ва улуғвор эдики, унга ҳайратланмасдан қараш мумкин эмас. У мен тасвирлагандан кўра хийла гўзал эди.

Кўшкнинг ичкарисида, бир томонда, гиламлар устига уч-тўрт қават кўрпачалар тўшалган, супа шоҳга мўлжалланган: чап томонда, шоҳсупадан бироз четроқда гиламлар тўшалган бошқа супа, унинг ёнида пастроқ яна бир супа бор. Унинг атрофи гулдор шоҳи мато билан бамисоли қаср ёки шаҳар деволари сингари ўраб олинган. Шоҳи тўсиқ устига данданалари юқорига чиқиб турган, ички ва ташқи томондан боғичлари бўлган лахтаклар ҳар хил усулларда тикилган эди. Бу лахтаклар шоҳи тўсиқни бир маросда сақлаб туришга ҳам хизмат қилади. Шоҳи тўсиқларни ичкаридан устунлар тутиб туради. Бир отлиқ бўйи баробар келадиган ҳалқа шаклидаги тўсиқнинг кенглиги уч юз қадам эди. Тўсиқнинг пештоқ шаклида ишланган баланд йўлаги бор. Ичкари ва ташқарига очиладиган эшиклар ҳам шоҳи тўсиқлар сингари безатилган. Эшикнинг тепасида тўртбурчак шаклидаги кунгирадор минора бор… Эшик, пештоқ ва минора ҳаммасидан яхшироқ ва мукаммал ишланган. Шоҳи тўсиқ “Саропарда” деб аталади.

Тарих саккиз юз еттинчи йил рабиул-аввал ойининг биринчи куни — мелодий 1404 йил 7 октябрда Амир Темур набираларига атаб катта тўй бошлади. Бу тўй маросими Конигилда бўлди. “Минг бир кеча” ҳикояларини эслатадиган шоҳона базмлар ва меҳмондорчилик қирқ кун давом этди. Чину-Мочин ва Ҳиндистондан келган кўзбойлоғичлар, қизиқчилар, муқаллидлар, дорбозлар тўй аҳлининг вақтини чоғ этди. Асосий базм ҳозир сиз тасвирини ўқиган саропардада уюштирилган бўлиб, унга элчилар ҳам таклиф этилдилар. Базмда қатнашган Клавихо ёзади: “Зиёфат тугаши билан шоҳнинг энг яқин аъёнларидан бўлган, унинг хонадонини бошқарувчи амир Шохмалик ва амир Шайх Нуриддин шоҳга совға тақдим этдилар. Совға бир неча узун пояли кумуш идишлардан иборат бўлиб, ҳар бирига қанд, майиз, бодом, писта ва бошқа ширинликлар солинган, устига бир парча шоҳи газлама қўйилган эди. Бу идишлар тўққизтадан эди, чунки уларнинг удумига кўра шоҳга тақдим этилаётган совға тўққиз нарсадан иборат бўлиши лозим. Шоҳ совғалардан шу ерда ҳозир бўлган ясовулларга улашди, устига шоҳи парча ёпилган идишлардан иккитасини элчиларга тақдим этди”.

Тўй ниҳоясида Соҳибқироннинг набиралари: Улуғбек, Иброҳим Султон, Ижил, Сайид Аҳмад, Пирмуҳаммад, Бойқаро мирзолар уйлантириб қўйилди. Улуғбек мирзога марҳум Муҳаммад Султоннинг қизига Ўгайбегимни никоҳлаб бердилар. Улуғбек бибиси ёнида жой олган Ўгайбегимга болаларга хос қизиқиш билан қаради. Ипак матоларга ўранган, бошида қизил қалпоқ кийган, қўлларига сон-саноқсиз билакузуклар таққан, оғзини катта-катта очиб, кемтик тишини кўрсатиб ниманидир кавшаётган бу етти яшар қизалоқни кўрган Улуғбекнинг кулгиси қистади. Кейин эса ҳеч кимга билинтирмай ўрнидан турди-да, кўшкдан чиқиб, мулозимга Ойқорни келтиришни буюрди. У отга миниб, Чўпонота томонга йўналди. Бир неча хос соқчилар соядек унга эргашдилар. Бу тепалик юксаклигидан юлдузларни кузатиш кишига сўз билан ифода қилиб бўлмайдиган завқ бахш этишини Улуғбек аллақачонлар сезган эди. “Бу ердаги хоҳлаган тепалик устида расад тиклаш мумкин”, — деган эди бир куни Мавлоно Қозизода Румий.

Шаҳзода тепаларнинг бирига от билан чиқиб бораркан, унинг мақсадини англаган қўриқчи навкарлар тепалик пастида тўхтаб қолдилар.

Куз осмони булутсиз, шу қадар шаффоф, тиниқ эдики, ҳатто оддий кўз билан бир юлдуз туркумини бошқасидан осон фарқлаш ммкин. Юлдузлар шуури фақат фалакка эмас, заминга ҳам сеҳрли ва дилгир манзара инъом этган: бу манзарага тикилган Улуғбек тўй ўтаётган ўтлоқ томон боқаркан, ҳайрати яна ошди. Ой нури ёритиб турган чодирлар узра туғлар ҳилпираб турар, бутун тўй майдони сон-саноғи номаълум машъалалар билан ёритилган, уларнинг ёруғида ҳатто бибиси Сароймулкхоним чодирига ўрнатилган, бир тавақасида Авлиё Пётр, иккинчи тавақасида Авлиё Павел тасвири олтин суви билан зийнатланган улкан эшик ял-ял товланиб, яққол кўриниб турарди. Бу эшик Бурсани забт этишда қўлга киритилган эди. Бир зум тўй манзарасига тепалик устидан туриб қараган Улуғбек, кўзларини осмонга қадаши билан бутун борлиқни унутиб, суюкли юлдузлари билан юзма-юз қолди.

Анчадан кейин тепаликдан тушиб, шовқин-сурони тўрт тарафга ёйилаётган тўйхона томонга қараб от йўрттириб бораётган шаҳзода: бибисининг айтишича, энди унинг жуфти ҳалолига айланган Ўгайбегимнинг оғзини катта-катта очиб, кемтик тишини кўрсатиб кавшанаётган ҳолини кўз ўнгига келтираркан, пиқирлаб кулиб юборди. У манзилга етиб, ўз ўрнига бориб ўтираркан, бобоси билан жиддий тарзда ниманидир суҳбаташаётган амакиси Пирмуҳаммад Жаҳонгирга кўзи тушди. Ўгайбегимнинг отаси шу мирзонинг акаси эди, шу сабабдан валиаҳдлик энди унга ўтганди. Йигирма тўққиз яшар Пирмуҳаммад Жаҳонгир мана неча йилким бобосининг амри билан бир пайтлар Маҳмуд Ғазнавийдек қудратли султонга тегишли улкан мамлакатни идора қилишдек мушкул вазифани уддалаб келаяпти. Улуғбек уларни нима ҳақда суҳбатлашаётганларини билмоқчи бўлгандек, бобоси билан амакисидан кўзини узмасди.

Ниҳоят, тўю-томошалар поёига етгач, Соҳибқирон Конигилдан кўчиб, шаҳарга қайтди ва Бибихоним мадрасисида тўхтаб, Хитойга бўладиган юриш масалалари ҳал қилинган махфий кенгаш ўтказди. Кенгашда Мироншоҳ мирзо, Шоҳруҳ мирзо ҳамда Умаршайх мирзонинг ўғли Искандар мирзодан бошқа барча шаҳзодалар, нўёнлар, доруғалар, Бердибек, Худойдод Ҳусайний, Додмалик, Пирмуҳаммад Тоғойбуқо, Шоҳмалик, Шайх Нуриддин, Саодат Темуртош каби нуфузли амирлар чақирилди. Махфий тўпландида, бу катта юриш икир-чикиригача бир бошдан таҳлил этилди. Мажлис ниҳоясида Амир Темур улуғ амирлари ва бошқа мутасаддиларга бетўхтов эл-юртларига бориб лашкар тўплаш, қурол-аслаҳа, от-улов ва бир ойга етгулик озиқ-овқат заҳирасини тайёрлашни буюрди. Шунингдек, бўлажак юриш хайрли тугаши ҳақига қурбонлик сўйилиб, шаҳзодалар, амирлар ва бошқа ҳукмфармолар мавқеъ ва даражаларига яраша қимматбаҳо саруполар, мурассаъ эгар-жабдуқлар, шамшир ва ханжарлар, тилла ва кумуш камарлар, асл зотли арғумоқлар, нақдиналар билан сийланиб, юртларига қайтишга ижозат олдилар. Тақдирланган фарзандлару-набиралар қаторида Улуғбек мирзо ҳам четда қолмади. Унга Тошкент, Сайрам, Янгикент, Тароз, Ашпара ва Жета вилоятидан Хитойгача бўлган мулк суюрғол бўлди. Улуғбекнинг иниси Иброҳим Султонга эса Андижон, Ахсикат, Кошғардан ва Хўтангача бўлган ҳудуд берилди. Бу икки набирага берилган ерларнинг талай қисми ҳали Амир Темур ҳукуматига тобе бўлмай, бўлажак юришда уларни забт этиш аллақчонлар режалаштирилиб қўйилган эди.

Ҳар икки шаҳзода ҳали ёш бўлганлари учун уларга оталиқлар тайинланди. Туркларнинг билкут қабиладан бўлган амир Шоҳмалик Улуғбек мирзога оталиқ бўлди.
Подшолик сиёсатига бағишланган қадимй китобларда ёзилишича, ҳукмдорларнинг саройида амалдаги русумга биноан мурғак шаҳзодалар тарбияси, уларни муҳофаза қилиш, ҳол-аҳволи, ўқиш-ўрганишини кузатиб, назорат қилиб бориш юқори мартабалик амирларнинг қўлига топширилган. Бу мартабага эришган амирлар оталиқ унвонини олардилар. Оталиқлар ёш шаҳзодалар тарбияси билан шуғулланиш билан бирга, шаҳзодаларга тегишли мулкни ҳам бошқарганлар.

Хитойни забт этиш Амир Темурнинг азалий орзуси эди. У кўп маротаба йўлга чиқаман деб турганида, албатта, бирор кор-ҳол бўлиб, режаси кейинга суриларди. Биринчи марта, набираси Пирмуҳаммад Жаҳонгирнинг Ҳиндистон билан уруши очиши; иккинчи марта беш йиллик юриш пайтида фатҳ этилган, салтанатнинг ғарбий сарҳадларига усмонли турклар султони Йилдирим Боязиднинг хавф солиши, оқибатда етти йиллик сафарга қасд этилгани, Хитой юришини кечиктирган эди. Соҳибқирон қариб қолганини англар, тезроқ орзусини амалга оширишга шошиларди. Шу сабабдан баҳор келиб, яйловларда ўт кўкаргунча сабр қилиш борасидаги маслаҳатларга ҳам қулоқ солмасдан, қиш яқинлашганига қарамай йўлга чиқишга аҳд қилган эди.

Хоним мадрасасида ўтказилган кенгашдан кейин Амир Темур, совуқ тушгани сабабидан боғларига эмас, Самарқанд арки ичида жойлашган Кўксаройга кўчиб ўтди. Кўксарой тўрт қаватли мустаҳкам ва маҳобатли қаср бўлиб, деворлари тўк кўк мармар билан қопланган бу маскан Соҳибқирон замонида ҳам, ундан кейин ҳам салтанатнинг муҳим тадбирлари ўтказиладиган жой сифатида хизмат қиларди. Бу ерда давлатнинг бош хазинаси ва кўрхона (қурол-аслаҳа омбори) жойлашган эди. Кўксаройда зиндон мавжуд бўлиб, унда хавфли давлат жиноятчилари сақланар, ўша ерда қатл этилардилар.

Қасрда, шунингдек, махсус устахоналар жойлашган бўлиб, моҳир усталар кеча-ю кундуз тиним билмай қилич, найза, ўқ, совут, жиба, тура, зиреҳ, ҳафтон, табарзин, баргуствон сингари уруш яроқлари ясардилар. Амир Темур Кўксаройга кўчиб ўтган куниёқ, даставвал қурол-аслаҳа омборларини, устахоналарни бирма-бир кўздан кечириб, қўрбоши билан устабошиларга бўлажак ҳарбий юриш муносабати билан зарур фармойишларни берди.

АЙРИЛИҚ

Осмонни қора булутлар қоплаган, тонг салқини изғиринга айланган кеч кузак кунларининг бирида Амир Темур Самарқанддан чиқиб, Сирдарё томонга қараб йўналди. Теварак атрофда майсалар қовжираган, ердаги хазонлар ўз рангини йўқота бошлаган, куз мавсуми охирлаб, қиш яқинлашиб қолгани табиатнинг ҳар бир аломатида сезиларди.

Бепоён дашт аро улкан қўшин хотиржам йўл босади. Навкарлар бу галги юриш неча йил давом этишини билмайдилар – баъзилари буни ўйлаб, хаёлга ботган, айримлари эса тахмин айтиб, баҳс қилишади. Баъзи бирлар “Ростдан ҳам Хитой устиғами?” – деб гумонсирашади. Уларнинг бундай шубҳаланишига асос бор эди.

Ибн Арабшоҳ ёзади: “Темур Самарқандда боғ-бўстонлар бунёд қилиш ва қасрлар қуриш билан машғул бўлиб турганда, қўшни мамлакатлар (унинг ҳужумидан) осойишта бўлиб, бақамти ўлкалар эса ундан бехавотир эдилар. Темурнинг ишлари ниҳоясига, қасрлари (қурилиб) камолига етгач, у ўз қўшинига Самарқандда жам бўлишини буюрди. Кейин улар учун ўзи ўйлаб топиб, ихтиро қилган таркиб ва тазрибда (махсус) қалпоқлар тайёрлашларини ҳамда жангчилар уларни кийиб, юришга одатланишларини амр қилди. Темур уларнинг қайси томонга боришларини маълум қилмади. Бу қалпоқлар улар учун шартли бир белги эди. Темур ўз ерларининг барча томонларида олдиндан посбонлар тайинлаб қўйганди. Сўнгра у Самарқанддан чиқиб, ўзини Хўжанд, Усмонли ерлари  ва Жандга боряпман деб овоза тарқатди. Шундан кейин у ўз аскари гирдобига шўнғиб кетдики, гўё у денгиз бурилиши ва қайси томонга ғорат ва талаф элтишини ҳеч ким билмасди, у шаҳар кетидан шаҳар босиб ўтиб, кеча-кундуз йўл юрди, у юлдузлардек учар ва чавандозлардек тез чопарди ҳамда қўнган ҳар бир жойда чарчаган зотдор туяларни ташлаб кетар эди. Ниҳоят, у ҳеч ким ўйламаганда, Луристон ерларида пайдо бўлди”.

Яна шу муаррих бу ҳақда ёзади: “Темурнинг қўшин байроқлари машриқда турганда, унинг ноғоралари нағмалари ва удларининг зарблари Ироқ, Исфахон ва Шероз ҳисорида янграганда, бирдан унинг торларининг жаранглашиши ва карнайларининг ғатиллаши Рум кўчаларида, Руҳа манзилларида ва Ҳижоз карвонлари ораларида эшитилиб қоларди…”

Шу сабабдан ҳам Амир Темур юришларида суяги қотган тажрибали навкарлар “Хитойға деб боравериб, тағин Мозандарондан чиқиб қолмайлик!” – деб бир-бирларига гап қотишар, бу гапни эшитган ёш навкарлар Шом ва Рум жанглари ҳақида мафтункор ҳикояларни эшитган ва ўша сеҳрли ўлкаларга ошиқ бўлиб қолганларидан “Кошки, шундай бўлса!” деб ўйлашарди. Ҳар бир навкар жангга шай, жасоратга тайёрлигини намойиш этмоқчидек, шахдам қадам ташлайди, отини ўйнатади.

Темур ўзининг ҳарбий юришларига ниҳоятда пухта тайёрланар, одатда ҳар бир жангчининг қуроли ва озиғини шахсан ўзи кўздан кечирарди. Муаррихларнинг ёзишича, ҳар бир жангчи бир йилга етадиган озиқ-овқат ва бошқа буюмлар захираси, тўрт хил қурол-яроғ – бир камон ва ўттиз ўқ-ёй, совут ва қалқонга эга бўлиши лозим бўлган. Ҳар икки жангчида бир от ва ҳар ўн кишида бир чодир, бир белкурак, бир кетмон, бир ўроқ, бир арра, бир теша, бир бигиз, юзта игна, арқон, бир пишиқ тери ва бир қозон бўлиши талаб этиларди…

Қўшиннинг олдига тушиб, анча узоқлаб кетган бир тўп отлиқлар – Халил Султон, Султон Ҳусайн ва улардан ёшроқ бўлган шаҳзодалар: Улуғбек, Иброҳим Султон, Бойқаро, Ижил, Суюрғатмиш ўзаро суҳбатлашиб кетмоқда. Улардан сал кейинроқда бир гуруҳ хос навкарлар ҳар қандай хавф-хатарни даф этмоққа шай ҳолда от ниқташади.

Эрта саҳар йўлга чиқилганига, ҳавонинг авзойи бузилиб, тунд ва кўнгилсиз бўлиб турганига қарамай (сарой мунажжими янги юриш учун саодатли деб шу кунни белгилаган эди), доруссалтанада зериккан навжувон мирзолар от устида ҳам шеър айтиш билан банд. Деярлик ҳаммаси шеър ёзишдан хабардор. Халил Султоннинг ғазаллари эса ҳатто қўшиқ бўлиб, эл орасида тарқалган.

Ҳозир улар ким ўзарга шеър айтишни якунлаб, янги эрмак бошлашган. Бу шеърий ўйин ўзига хос мусоҳаба бўлиб, биринчи киши ғазал матлабини айтар, иккинчи киши уни давом эттирар, у ёғи ҳам шундай тарзда давом этиб, сўнгги байтга етганда, навбат олган шоир албатта ўз тахаллусини қўшиб, ғазални якунлаши лозим эди. Тажрибали Халил Султон от устида тебранаркан,  тенгдоши Султон Ҳусайнга, кейин мурғак шаҳзодаларга кўз ташлади-да, кўзларида муғомбирона ўт чақнаб, биринчи сатрни бошлади:

Эй кўрклилар хаёли била мубтало кўнгул…

Ҳусайн ялт этиб, Халил Султонга тикилди, унинг совуқ кўзлари ҳам бир лаҳза чўғлангандек бўлди. Улуғбек аллақачон Халил Султоннинг ҳийласини англаган, ғазални давом эттиришга тайёр, аммо ўзидан ёши улуғ Ҳусайн Мирзо айтишини кутарди. Ҳусайн давом этди:

Кўзи билан кетургон ўзини бало кўнгул…

Халил Султон билан Ҳусайн бир-бирларига қараб, роҳатланиб кулдилар, сўнг икковлон Улуғбекка қарадилар. Улуғбек эса Иброҳим Султонга қаради. Иброҳим Султон “Ўзинг айтавер!” дегандек бош силкитди. Улуғбек ўша заҳот жарангли овозини баралла қўйиб:

Не ерда бир қамар киби юз кўрижак равон,
Кўзунг юмуб тушарсан анинг устино, кўнгул…

— деб айтди-ю, ўзига ҳайрон қараб қолган Халил Султон билан Ҳусайнга қараб хохолаб кулиб юборди. Баёв табиатли Иброҳим Султон бир зум ичида айтилган сатрларни ўзича қайтарди-да:

— Ия, бу Сайфи Саройи ғазали-ку?! – деди.

Энди ҳаммалари баравар кулиб юбордилар. Халил Султон ҳийласи амалга ошмаганидан, Ҳусайн унга шерик бўлганидан, Улуғбек ўзини писанд қилмаган акаларини боплаганидан, Иброҳим Султон эса бу муғомбирликни олдиндан сезмаганидан завқланиб куларди. Гўё бепоён дашт қўйни ёшларнинг кулгуси билан тўлгандек туюларди.

Улар ҳозир бирга эдилар, улар бирлигининг боиси Соҳибқирон бобо эди. Аммо қазодек қайтарилмас ҳукмга кўра уч ойдан сўнг ўзаро рақиб бўлиб, бир-бирларига қилич қайрашларини билмас эдилар. Бу даҳшатли ҳукм қўшин ўртасида оппоқ от устида оғир тебраниб келаётган Жаҳонгирнинг ўлимидан сўнг кучга кириши ёлғиз Аллоҳга аён эди.

Самарқанддаёқ қўшиннинг ўнг қаноти Тошкент ва Сайрамда, сўл қаноти эса Яссида қишлаши мўлжалланган эди. Шунга кўра, Халил Султон мирзо бошлиқ амирлар Тошкентда, Ҳусайн мирзо эса Яссида, Соҳибқироннинг ўзи эса қўшиннинг қолган қисми билан Ўтрор ва унинг атрофларида қишлаши ҳам барчага маълум. Темурнинг ҳисоб-китобига кўра, қўшин уч ярим минг чақиримдан зиёд йўл юрмоғи зарур эди. Йўлнинг олислиги, қўшиннинг улканлиги шунга етарли озиқ-овқат, ем-хашак билан таъминламоғи лозим. Шунинг учун ҳам қўшин ортидан ҳар хил юклар ортилган захира карвонлари изма-из йўл босади.

Амир Темур юришларга қўшинини олиб чиқавериб ғоят пишиб кетган қўмондон эди. У фақатгина яқин муддатга мўлжалланган озиқ-овқат ғамлаш билан чекланиб қолмай, тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, навкарлари изидан бир неча минг от-аравага буғдой юклаб юрарди. У эртанги кунини ҳам ўйлаб, қўшин қайтаётганида ҳам озиқ-овқат муаммосини ҳал қилиш учун қулай жойларга буғдой, арпа, сули эктирарди. Шунингдек, қимизи ва қимронини ичиш учун бир неча минг бия ва туя олиб юрарди.

Амир Темур дастлаб Оқсулотда бир ой турди, жумадулохирнинг поёнида эса Ўтрорга қараб йўл олди. Заркент шаҳри яқинида қўшин муз қоплаган Сирдарё устидан эсон-омон ўтиб олди. Қиш қаттиқ келган, дарё устини қоплаган музнинг қалинлиги бир-икки, баъзи жойларда уч тирсакка етган эдики, бу муз кўприк ҳар қаердан пиёда ва отлиқ қўшин ўтса, бемалол бардош берарди. Қўшин дарёдан эсон-омон ўтган бўлса-да, йўлда кўп одам нобуд бўлди. Қалин қор баъзи жойда отнинг кўкрагича ёғган, совуқ кучайиб борарди.

Амир Темур минг бир машаққат билан Ўтрорга етиб, шаҳар ҳокими Бердибек саройига қўнди. У қишни Ўтрорда ўтказиб, баҳорда Хитойга ҳамла қилиш учун тайёргарлик кўра бошлади. Аммо унга баҳорни кўриш насиб этмади. Ўтрорга етган кундан икки ҳафта ўтиб, Соҳибқирон бетоб бўлиб қолди.

Хасталикнинг учинчи куни Соҳибқирон ўлими яқинлашганини сезди-ю, Сароймулкхонимни чақиртирди. Кейин амир Шоҳмалик билан амир Шайх Нуриддин чақиртирилди. Ниҳоят, амирлар чиқиб кетдилару, чодирдан чиққан хос табиб мавлоно Фазлуллоҳ Табризийнинг шогирди бўлган йигит Улуғбекка яқинлашди:
— Амирзодам, — деди у пичирлаб, — сизни сўраяптилар…

Улуғбек ичкарига қадам қўйди-ю, бобосининг қовоқлари юмилганини кўриб, қўрқиб кетганидан, ялт этиб бибисига қаради. Бибиси “яқинроқ ўт!” дегандек ишора қилгач, бобосига яқинлашди. Ўша заҳот бобосининг қовоқлари сезилар-сезилмас пирпираганини илғади. Бобосининг кўзларида нур йилтиради. Боланинг бўғзига нимадир тиқилиб келди, аммо ўзини тутиб, бобоси олдида тиз чўкди. Сўнг кўрпадан чиқиб турган беморнинг кафтини силай бошлади.

— Улуғбек мирзо! – бобосининг товуши ўзгармаган, ўшандай кучли ва қатъий эди. – Келдингизми?
— Келдим, бобожон, келдим! – дея шоша-пиша жавоб берди у.

Улуғбек парқу ёстиққа бош қўйганча хира кўзларини унга тикиб турган бобосига қараб эгилди. Бобосининг юзи ики-уч кун ичида сарғайиб кетганини кўриб, ичидан зил кетди. Ҳатто у ҳам ёшгина боши билан бу ўлим муқаррарлигининг аломати эканини англади.
— Қошимда бўлинг, — деди бобоси пичирлаб, — Гапирмасангиз ҳам, майли…
Улуғбек бибисига қаради. Аммо бибиси Мавлоно Фазлуллоҳ билан пичирлашиб турарди.

— Муҳаммад Тарағай бобонгиз… – Яна бобосининг товуши эшитилди, — Менга қилғон васиятлари ҳақинда… сўйлағоним ёдингиздаму?
— Ёдимда, бобожон, ҳар ўгитингизни зеҳнимға жо этғонмен… – деди Улуғбек яна бобоси устига эгилганча.
— Кўп яқинлашманг, мирзо, — деди тўсатдан бобоси, — Нафасингиз кучлидур, нафасимни қайтармасин…

Табиб йигит Улуғбекнинг енгидан тутди. Аммо бола бобоси унга яна нимадир демоқчилигини сезгач, табиб йигитга эътибор қилмади.
— Ўша сўзлар қулоғингизда бўлсун… Хўпми, болам?

Яна бўғзига нимадир тиқилиб келди-ю, бола жавоб бермоққа иложсиз қолди, фақат “Хўп!” дегандек бош силкитди, холос. Табиб йигит яна шаҳзоданинг енгидан тутди, бу билан суҳбатни бас қилишни сўради. Улуғбек қаддини ростлади. Чиқаётиб, бибиси билан ҳамон пичирлашиб гаплашаётган мавлоно Фазлуллоҳга кўз ташлади. Сўнг индамай, вазмин одимлаб ташқарига чиқди.

Амир Темур қайтиб ўрнидан туролмаслигини англагач, тақдирга тан бериб, энг содиқ амирларини ҳузурига чорлади ва гапни чўзиб ўтирмай, ўзидан кейин набираси Пирмуҳаммад Жаҳонгир салтанат эгаси бўлиши ҳақидаги сўнгги амрини эълон қилди.

Сўнг барча амирлари, сарой одамлари олдида сўнгги васиятини айтиб туриб, котибга ёздирди

— Англаб турибманки, руҳ қуши қалб қафасидан парвоз қилмоқчи, Тангри таолонинг даргоҳига жонимни бахш этаётибман, — деб васиятномасини бошлади буюк жаҳонгир. – Сизларни унинг лутфу марҳаматига топширдим. – Амир Темур шундай деб Сароймулкхонимга, унинг ёнидаги набираларига тикилди, уларнинг йиғлаётганларини кўриб, сўзини давом этди: — Оби дийда қилиб ўтирманглар, оҳу нола чекманглар, чунки бундан фойда йўқ. Руҳимни фотиҳа ва такбир билан шод этинглар.

Алҳамдилиллоҳ, Тангри таолонинг ёрдами-ла маъмурайи оламни шундай забт этдимки, бугун тамом Эрону Туронда бирор кишининг бошқаларнинг ишига аралашиши ёки жабру бепок қўлини бечораларга озор бериш учун кўтаришга мажоли йўқдур. Гуноҳим қанча кўп бўлса ҳам кечиринглар, деб Тангри таолонинг мулкини беқиёс сахийлик билан қўриқладим, золимларнинг тажовузли қўлини мазлумларнинг этагидан юлиб ташладим. Салтанат қуриб ўлтирганимда, эшитмаган ёки менга хабар қилмаган, ёхуд дунё собит бўлмаган пайтлардан бошқа вақтда зўравоннинг заиф устидан зўравонлик қилишига йўл қўймадим…
Шундай бўлса-да, дунё менга вафо қилмади, билингларки, сизга ҳам вафо қилмайди…

Лекин жабру зулмга монеълик қилиш ишини кечиктириш мамлакатни хавфу ғавғо остида қолдиради, жумлаи ҳалойиқнинг ҳузур-ҳаловатини бузади, маслагу тариқатнинг бузилишига олиб келади. Қиёмат куни буни биздан сўрайдилар, суриштирадилар…

Шу кундан эътиборан фарзандимиз Пирмуҳаммад Жаҳонгирни ўзимизга валиаҳд ва тожу-тахт вориси этиб тайинладикким, Самарқанд тахти унинг фармонида бўлғай, тамкинлик ва истиқлол билан мулку миллат, лашкар ва раиятнинг муҳим юмушлари билан машғул бўлсун. Сизлар эса унга тобеълик ва бўйсуниш маросимини ўрнига қўйинглар, уни биргаликда қўллаб-қувватланглар, токи олам бузилмасун, юрт парчаланмасун…

Ўғилларим, Миллатнинг улуғ мартабасини, саодатини сақламоқ учун сизларга қолдираётган васият ва тузукларни яхши ўқинг, асло унутманг ва тадбиқ этинг.

Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздур. Заифаларни қўриқланг, йўқсулларни бойлар зулмига ташламанг. Адолат ва озодлик дастурингиз, раҳбарингиз бўлсун. Мен каби узун салтанат сурмак истасангиз, қиличингизни яхши ўйлаб чекингиз… орангизда нифоқ пайдо бўлмаслиги учун кўп диққат бўлинг. Баъзи надимларингиз ва душманларингиз нифоқ тухуми сочмакка, бундан  фойдаланмакка киришажакдурлар. Фақат тузугим ва васиятим сизға тўғри йўл кўрсатғай. Аларга содиқ қолсанғиз, тош бошингизға тушмас…

Амир Темур жим қолди. Суюкли малика олдидагина хасталигини, хасталик заифликларини борича очиқ кўрсатган қари жаҳонгир амирлари қаршисида ҳамон қатъиятли ҳукмдор эди. У ҳар бир амирга қаттиқ тикилиб, таъкидлади:
— Яна айтаман: мендан сўнг тожу тахт эгаси Пирмуҳаммад Жаҳонгир бўлажакдур. Унга, худди менга итоат қилганингиз каби итоатда бўлингиз.

Бундан бир неча йил аввал Соҳибқирон валиаҳдликка Жаҳонгир Мирзонинг тўнғич фарзанди Муҳаммад Султонни мўлжалланган эди. Аммо набираси Рум юриши поёнида аллақандай дарддан тўсатдан қазо қилди. Валиаҳдлик марҳум амирзоданинг иниси Пирмуҳаммад Жаҳонгирга ўтди. Соҳибқирон Хитой юриши арафаси набирасини Ғазнадан чақириб, унга ўз ниятини маълум қилган ва унинг тож-тахтга даъвосини мустаҳкамлаш учун хонлар наслидан бўлган инисининг бевасини Пирмуҳаммадга никоҳлаб берди. Ҳатто Конигул тўйларидан сўнг Сароймулкхоним мадрасасида ўтказган мажлисда ўзига садоқатли амирларга валиаҳдлик ҳақида келган қарорини айтган, улардан шаҳзодага содиқ бўлиш ваъдасини ҳам олган эди. Аммо ҳозир… Ҳозир у ўлим тўшагида ётибди, Пирмуҳаммад Жаҳонгирни ёнига чорлагани билан, у етиб келгунча Тангри таоло унинг жонини олиши аниқ. Демак, амирларга қасам ичиришдан бошқа йўл йўқ!

Амир Темур яна ҳар бир сафдошига тикилиб, буюрди:
— Ҳар бирингиз бу амримга итоат оминини бажо келтиринғиз! Сўнг Қуръони Карим устида қасам ичинғиз!

Ўша он барча амирлар бараварига “Омин!” деб фотиҳа айтдилар ва бирин-кетин муқаддас китобни ўпиб, қасам ичдилар.

Ҳамманинг кўз ўнгида Амир Темур салтанат муҳрини олиб, васиятномага босди. У шундай қилишга мажбур эди. Чунки ҳозир унинг ёнида мурғак шаҳзодаларни айтмаганда, ёши улуғ на бир фарзанди ва бир набираси бор. Қанийдики, улар шу ерда – ёнида бўлсалару   валиаҳдлик борасидаги гапларни унинг ўз оғзидан эшитсалар…

Аммо амирзодаларни чорлаш ҳақида амир Шоҳмалик оғиз очганда, соҳибқирон “йўқ!” дегандек бош чайқаб, гапирди:
— Вақт ўтди, Шоҳмалик, аммо… аммо Шоҳруҳни бир кўргум бор эрди…

Амир Темур гапини тугатолмади, уни қаттиқ йўтал тутди. Анчадан кейин юзи қип-қизариб кетган Соҳибқирон яна хира кўзларини амир Шоҳмаликка тикиб, дона-дона қилиб айтди:
— Улуғбек мирзони сенга топширғонимни минбаъд унутма… Сен анинг оталиғисан… Ундан бохабар бўл!

Яна бир дамдан кейин Амир Темур икки сафдошига қаттиқ тикилди:
— Биламан, валиаҳдлик Шоҳруҳға бўлсун, дейсиз!.. Аммо, валиаҳдлиғ тўнғич ўғил хонадониға бўлсун, демаганми ота-боболар?!  Шоҳмалик!.. Нуриддин!.. Бохабар бўлинг! Мабодо васиятимға хилоф ишлар рўй берса, йўл қўйманғиз! Қилич бирлан йўл қўйманғиз! Васиятимни бузғон ким бўлмасун, ўғлимми, набирамми, жазоланғиз! Илло, шундай қилмасангиз, барчанғиз нес-нобудлик комиға тортилғайсиз! Бу сўзларим ёдингизда бўлсун!

Соҳибқирон Сароймулкхоним ҳам Шоҳруҳ тарафдори эканини биларди. Шу сабабдан у малика билан ҳам гаплашди.
— Биби, — деди Амир Темур, — сиз салтанат маҳди улёсидурсиз. Шундай эркан, салтанат тақдири сизға ҳам боғлиқдур… бу суҳбат балки сўнггиси бўлғай. Сиздан ёлғиз бир ўтинчим: валиаҳдлиғ расми бузулмасун!

Амир Темур Кўрагон саккиз юз еттинчи йил шаъбон ойининг ўн еттинчисида – мелодий 1405 йилнинг 18 февралида етмиш ёшида оламдан ўтди.

Армений Вамбери ёзади: “Ўлим билан юзларча марта юзма-юз келган Темур ҳаётининг бу сўнгги дақиқаларида ўзининг қаҳрамонлик вазифасига содиқ қолди. Уни ўраб олган болалари, набиралари ҳамда қуролдош дўстлари дунёдан кўз юмаётган олий ҳукмдор учун аччиқ кўз ёши тўккан пайтда, у ҳаммасини ўзаро иттифоқ ва дўстона ҳаёт кечиришларини истаб, ўзига ворис этиб тайинлаган Пирмуҳаммадга итоат этишларини васият қилди. Унинг ҳузурига набираси Мирзо Халил Султонни ва бошқаларни чақириш учун ижозат сўраганларида, у ўзининг ҳаёти жуда оз қолганини айтиб, бунга салбий жавоб берди. Ўзининг суюкли ўғли Шоҳруҳ мирзони бир кўриб қолмаганига афсусланди. Шундан кейин тез ҳолда тойди. Бир ишора билан мулло Ҳайбатуллонинг Қуръондан бирор сура ўқишини илтимос қилди. 807 йил шаъбонининг еттинчи (аслида ўн еттинчи – Х.Д.) – мелодий 1405 йил 18 феврал куни кечқурун жон таслим этди”.

Тарихчи Бўрибой Аҳмедов ёзади: “Бердибек, Шоҳмалик ва Шайх Нуриддин эртаси (1405 йил 19 феврал) куни наҳорликдан кейин Темурнинг хотинлари, ёш шаҳзодалар  Улуғбек, Иброҳим Султон ва Муҳаммад Жаҳонгир билан яширин кенгаш ўтказдилар. Ҳозирча юз берган фожиани ошкор қилмаслик, марҳумнинг тобутини барча маликалар,  Улуғбек ҳамда кичик ёшдаги бошқа шаҳзодалар билан бирга амир Хожа Юсуф қавчин мутасаддийлигида, Али Дарвиш шивоғул бошлиқ қўриқчилар ҳимоясида махфий суратда Самарқандга жўнатиш, Иброҳим Султон ва Халил Султон бошчилигида Хитой устига юришни бошлаб юбориш, тожу тахт масаласини юришдан кейин Самарқандда қурултой чақириб ҳал қилишга қарор қилинди.

Лекин, амалда ҳар ким ўз билганича иш тутди, амирларнинг ичган қасамлари қасамлигича қолди. Биринчи бўлиб қасамдан Темурнинг яқинлари кечишди. Шайх Нуриддин билан Шоҳмалик ҳам, Темурнинг бевалари ҳам васиятга хилоф равишда хокимиятни Шоҳруҳга топшириш пайига тушдилар. Шунинг учун ҳам улар Темур ўлимини Халил Султондан ҳам, Султон Ҳусайндан ҳам сир тутдилар. Тошкент ва Яссига борган чопарлар шаҳзодаларга гапнинг ростини айтишмади. Фақат Соҳибқироннинг оғир бетоб бўлиб қолганини хабар қилдилар, холос. Ҳиротга юборилган Шайх Темур қавчин эса Шоҳруҳга бўлган гапни очиқ-ошкор айтди. Шундан кейин Шоҳруҳ рамазон ойининг бошида (1405 йил 1 март куни) ўз номига хутба ўқиттириб, пул зарб қилдирди.

“Ойни этак билан ёпиб бўлмас”, деганларидек, Темурнинг ўлимини ҳам яшириб бўлмади. Совуқ хабар тез орада Саброн билан Тошкентга ҳам етиб борди. Султон Ҳусайн қўл остидаги қўшинни ташлаб, минг чоғли сара йигити билан Самарқандга қараб от сурди. Халил Султон ҳам фурсатни қўлдан бермади. Ҳаммадан аввал Самарқанд ҳокими амир Арғуншоҳ билан алоқа ўрнатди. Унинг Самарқандга юборган вакили Арғуншоҳ билан гапни бир жойга қўйиб қайтди. Амир Арғуншоҳ Темурнинг жасади солинган тахтиравондан бошқа бирон зотни шаҳарга киритмаслик ва пойтахтни Халил Султон етиб келгунча, эҳтиёт қилиб туришга сўз берди…

Кўп ўтмай Хитойга юришни давом эттириш режаси ҳам чиппакка чиқди. Темур вафотидан бир ҳафта ўтгандан кейин, 1405 йил 24 феврал куни чошгоҳда Иброҳим Султон билан амирлар отланишиб, қўшин билан Ўтрордан чиқдилар, лекин ҳаммаси бўлиб бир тош йўл босдилар, холос. Улар Азуж ариғигача бориб, Қулдурма кўприги олдида чодир тикдилар. Лашкар орасида бузилиш юз бермаслиги учун Амир Темурнинг туғи Иброҳим Султон чодири куббасига тикиб қўйилди. 19 феврал куни Тошкент билан Сабронга юборилган чопарлардан ҳам уччала қўшин – Иброҳим Султон, Халил Султон ҳамда Султон Ҳусайн бошлиқ қўшинлар Чўқлик мавзеъида қўшилиши ва у ёғига юришни биргаликда давом эттиришлари айтиб юборилган эди. Бахтга қарши чопарлар нохуш хабар олиб келдилар: Султон Ҳусайн аллақачон қўшинни ташлаб, Самарқандга отланибди ва ҳаммадан илгари тожу  тахтни қўлга киритиш пайига тушибди. Марҳум Умаршайх мирзонинг ўғли Амирзода Аҳмад билан Худойдод Ҳусайний, амирлардан Ёдгоршоҳ орлот, Шамсиддин Аббос, Бурундуқ барлос ва бошқалар ҳам тил бириктириб, Халил Султонни подшо кўтарибдилар. Бу хабар Иброҳим Султоннинг ёнидаги амирларни довдиратиб қўйди. Охири улар ҳам Иброҳим Султон ҳамроҳлигида орқага қайтишга қарор қилдилар ва Темурнинг Хитой юриши харажатлари учун ўзи билан бирга Ўтрорга олиб келинган хазинасини ҳам олиб, шитоб тарзда Самарқандга қараб юзландилар…

Иброҳим Султон ва унинг амирлари тобут билан бораётган оғалар (маликалар) ва мирзоларга (Улуғбек, Муҳаммад Жаҳонгир, Ийжил, Бойқаро, Суюрғатмиш) Оқсулотда етиб олдилар, уларга қўшилиб, Самарқанд сари юрдилар. Шоҳмаликнинг таклифи билан, ҳар эҳтимолга қарши, жиба ва совутларини кийиб олдилар ва саф тортиб, жанговар тартибда йўлга тушдилар. Қўшиннинг ўнг қанотига Улуғбек билан амир Шоҳмалик, унинг сўл қанотига Иброҳим Султон ва Шайх Нуриддин бошлиқ этиб тайинландилар…

Амир Арғуншоҳ шаҳарга фақат тобут ортилган тахтиравоннигина киритди. Чорраҳа дарвоза олдига келган Шоҳмаликка эса Темурнинг сўнгги иродаси билан Ўтрордан юборилган фармони олийни рўкач қилди ва “Борлиқ шаҳзодалар иттифоқ бўлуб амирзода Пирмуҳаммад Жаҳонгирни подшоҳ кўтармагунларича, бирон зот қалъага дохил этилмайдур”, — деб жавоб қилди…”

Арғуншоҳнинг хиёнат йўлига кирганидан шубҳаланган амир Шоҳмалик Улуғбек билан Иброҳим Султонга маслаҳат солди:
— Баттол Арғуншоҳ қалъаға ёлғиз маликалару мурғак мирзоларни киритамен, деб эмиш. Аммо, миш-мишларга кўра, Халил Султон одами анинг ёнида, аларға ваъдаси бор эмиш… Шул сабабдин бунда турмоқ мушкулдур, Бухороға йўл олмоқ лозим. Тангри таоло иноят этса, Самарқандни яна олғаймиз…

Бу гапни маъқул топган шаҳзодалар Бибихоним ва бошқа маликалар билан хайрлашдилар. Сароймулкхоним  қўнган Алиобод қишлоғидаги ҳовлидан кўзлари намланиб чиққан Улуғбек кекса бибиси билан абадий видолашганини бехабар эди. Ҳеч кимга билинтирмай, кўзлари четидаги намни бибиси совға қилган рўмолча билан артар экан, ўн яшар боланинг юраги бесаранжом дукилларди.

Улар Бухорога ярим йил аввал Хитой юришига чиқилган йўл билан борардилар. Фарқи, куз эмас, баҳор эди, улкан қўшин эмас, бир гуруҳ навкар уларга ҳамроҳ эди. Улуғбек ўша олис кунни эслади. Ўшанда осмон булутли, кўнгил қувончли эди. Бугун осмон чароғон, кўнгил хуфтон. Унинг кўз ўнгида хохолаб кулган шаҳзодаларнинг қувончли ҳолатлари кўринди-ю, Сайфи Саройи ғазалининг давоми тилига қуюлиб кела бошлади:

Бир гул яноқлару  жоду қароқлуға ўғрасанг,
Жонинг фидо қилурсан ўшул анго кўнгул.

Султонлар ўғли зулфина густоҳ қўл сунаи,
Сан-сан алинда бир пули йўқ бенаво кўнгул.

Улким сани жафо била ўлтурмаға тилар,
Минг жон била қилурсан анға хуш дуо, кўнгул.

Тортиб замона хўбларинин жаврини мудом,
Кўрдунгму ҳеч биринда булардан вафо, кўнгул.

Куйдим санинг била неча кез фурсат ўтина,
Йиллар чекиб санинг била жавру жафо, кўнгул.

Қози эви на ерда, ажаб, муфти қайдадур,
Қилғай эдим санинг била хуш можаро, кўнгул.

Сайфи Саройини бу қароқида боғласанг,
Хўблар жафоси бирла бўлурса фано, кўнгул…

 

БУХОРО. ҲИРОТ. САМАРҚАНД УЧУН КУРАШ.

Бухорога қараб йўл олган Улуғбек билан Иброҳим Султонга жаҳонгирнинг икки улуғ сафдоши – амир Шоҳмалик ва амир Шайх Нуриддин ҳамроҳ бўлдилар. Бухорога етмасдан қувғинларни шаҳар доруғаси Ҳамза Султон бошлиқ акобирлар кутиб олдилар.

“Матни Шамсия” тахаллуси билан машҳур бўлган хожа Ота Малик Жувайний ўзининг “Тарихи Жаҳонкушой” деган китобида Бухоронинг фазилати ҳақида шундай ёзган: “Бухоро машриқ шаҳарларидан бўлиб, Қуббат ул-исломдир. У томонла (яъни Мовароуннаҳрда) мадинат ул-ислом ўрнида бўлиб, фуқароси фақиҳлар ва олимлар нури билан безалиб, унинг атрофи маънилар маъшуқалари билан зийнатланган. Бухоро қадимдан ҳар асрда ҳар қандай дин олимлари тўпланадиган жой бўлиб келган. “Бухоро” сўзи “бухор” сўзидан келиб чиққан бўлиб, ўтпарастлар тилида “илм макони” демакдир. Бу талаффуз уйғур (яъни турк) ва хитойлик бутпарастларнинг тилига яқиндир, чунки уларда сиғиниш жойлари бўлган маъбарларни “бухор” деб атайдилар. Бухорнинг номи аслида Лумижкат бўлган”.

Шаҳар тарихини ёзган Наршахий Бухоро номлари баёнида ёзади: “Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср Бухоро кўп исмларга эга дейди ва ўз китобида Нумижкат деган исмни келтиради. Яна бошқа бир жойда мен уни Бумискат деб келтирилганини кўрдим. Бошқа бир жойда араб тилида “Мадинат ус-суфрия”, яъни “Мис шаҳар” ва яна бошқа бир жойда араб тилида “Мадинат ут-тужжор”, яъни “Савдогарлар шаҳри” деб ёзилган. Бухоро деган ном у номларнинг ҳаммасидан машҳурроқдир. Хуросон шаҳарларидан биронтаси ҳам бунчалик кўп номга эга эмас.

Бир ҳадисда Бухоро номи Фахира бўлиб кетган. Хожа имом, Зоҳид, Воиз Муҳаммад ибн Али Нужободий раҳматли Салмони Форсийдан бир ҳадис ривоят қилган: Салмоннинг айтишича, Пайғамбар, Худо унга ўз раҳмат ва саломини йўлласин, шундай деган: “Жаброил, унга Худонинг раҳматлари бўлсин, айтганки, кун чиқиш томонда бир жой бор, уни Хуросон дейдилар (Бу даврда ҳали Мовароуннаҳр калимаси қўлланилмас эди. Х.Д.), унингучта шаҳарини қиёмат куни ёқут ва маржон билан зийнатлаб келтирадилар, улардан нур чиқиб туради. У шаҳарларнинг теварагида фаришталар кўп бўлиб, улар тасбиҳ, ҳамд ва такбир айтадилар, келинни куёв уйига олиб боргандек, у шаҳарларни эъзоз ва икром билан маҳшаргоҳга олиб келадилар. Бу шаҳарларнинг ҳар бирида етмиш мингдан байроқ, ҳар бир байроқ тагида етмиш мингтадан шаҳид ётган бўлади ва ҳар бир шаҳиднинг шафоати билан худони бир деб билувчи етмиш минг киши азобдан қутилади. Қиёмат куни у шаҳарнинг ҳар тарафи: ўнг ва сўли, олди ва орқаси ўн кунлик йўл бўлиб, буларнинг ҳаммасида шаҳидлар туради. Ҳазрати Пайғамбар, Худо унга раҳмат ва саломини йўлласин, “Эй Жаброил! У шаҳарларнинг номларини менга айт!” деб сўради. Жаброил, унга Худонинг саломи бўлсин, “Шаҳарларнинг бирини араб тилида Қосимий, форсчада Яшкард дейдилар, иккинчисини арабчада Самарон, форсчада Самарқанд дейдилар, учинчисини арабчада Фохир, форсчада Бухоро дейдилар”, — деб жавоб берди. Пайғамбар, Худо унга ўз саломи ва раҳматини йўлласин, сўради: “Эй Жаброил! Нега Фохира деб атайдилар?” Жаброил: “Шунинг учунки, қиёмат куни Бухоро шаҳари ўзида шаҳидларнинг кўплиги билан фахр қилади”, — деб жавоб берди. Пайғамбар, Худо унга ўз салом ва раҳматини йўлласин, хитоб қилиб: “Эй Худо! Фохирага баракат бергин, унинг халқлари дилларини тақво билан пок этгин, ишларини покиза қилгин ва уларни менинг умматимга марҳаматли қилгин!” – деди. Ана шу маъни туфайли бухороликларнинг раҳмдилликларига, уларнинг эътиқод ва покликларига кун чиқиш ва кун ботиш гувоҳлик беради”.

Баъзи бир ривоятлар Бухоро шаҳрига Сиёвуш асос солган деса, бошқалари эса улуғ турк ҳоқони Алп Эр Тунга – Афросиёб бино қилган деб маълумот беради. Аммо шу нарса ойдинки, Бухоро худди Самарқанд каби неча минг йиллик тарихга эга.

Бухоро қадимдан суви ширин, ҳавоси латиф, атрофи кенг, нозу-неъматли, моллари кўп бўлиши билан зийнатланиб, уламо тоифасининг тўпланган жойи, фасоҳат, балоғат ва ширин сўзларнинг манбаи бўлиб келган.

Бухоро Соҳибқироннинг азиз волидаси Такина Хотуннинг она юрти. Эсингизда бўлса, Такин Хотун маърифати ва тақвоси туфайли “Садр уш-шариа”, “Тож уш-шариа” деб улуғланган садрлар хонадони фарзанди эканини айтган эдик.

Улуғбекнинг ёдида: Рум сафарига чиққан бобоси шаҳарга яқинлашганда отдан тушган, пою-пиёда бўлиб Бухорога кирган эди. Бу суюкли волидаси ҳурмати, фарзандлик ҳаққи эди. Кўнглини айрилиқ азоби эзган набира ҳам бобомерос ҳақ ва ҳурматни бажо келтирди: Самарқанд дарвозаси кўзга кўриниши билан отдан тушиб, шаҳарга пиёда юриб кириб борди.

Вазият нечоғли таҳликали бўлмасин, Улуғбек эртаси куни Иброҳим Султону кекса амирларни эргаштириб, бобосининг пири Сайид Амир Кулол мозорини тавоф қилди, муршиди комил ҳақига Қуръон тиловатини бағишлади. У бобосининг оғзидан эшитган сўзларни эслади. “Салтанатдан эришган жамийки нарсам ва мустаҳкам маконларни фатҳ қилишим – булар ҳаммаси Шайх Шамсуддин Кулолнинг дуоси, Сайид Амир Кулолнинг мадади-ю, Шайх Зайнуддин Тайбодийнинг ҳиммати туфайли ва барча топган баракатларим эса фақат Сайид Барака ёрдамида бўлган” – деяр эди бобоси. Бобосининг ҳикояти ҳам ёдида: Самарқандни пойтахт қилган Амир Темур чопар жўнатиб, Сайид Амир Кулолни ўз ҳузурига чорлади. Аммо кекса пир шогирдининг бу таклифига: “Биз бу ерда иршоду дуо бирла машғулдирмиз ва бизга бирор жойга бормоққа ижозат йўқдур”, деб жавоб беради. Аммо Соҳибқирон қошига кенжа фарзанди Амир Умарнийўллар экан, унга: “Эй фарзандим, Амир Темурга “Агар Аллоҳ таоло ҳузурида қадр топишни истасангиз, кундалик турмушингизда тақво ва адолатни барқарор қилинг!” деган сўзимизни етказгайсиз”, — деб тайинлайди. Амир Умарни отасининг халифаси Шайх Жамолиддин Деҳистоний тарбиялаган эди. Амир Темур пирининг фарзандини иззат-икром билан кутиб олди ва уни муҳтасиблик мансабига тайинлади. У 803 (1400) йилда оламдан ўтгач, улуғ устози Мир Сайид Барака ёнига қўйдирди. (“Самария”дан: “Гумбаз ичида (Гўри Мирда) супа устида Мир Сайид Умар бин Сайид Кулолнинг ҳам қабри бордир. Унинг мозорида нур зоҳирдир”)

Улуғбек мирзо тажрибали амирлар билан бамаслаҳат иш кўриб, падари Шоҳруҳ мирзо етиб келгунга қадар Бухорода муқим қоишни маъқул топди. Отасини шошилтириш мақсадида амир Шоҳмаликни Ҳиротга отлантирган амирзода Бухоро қалъаси деворлари, буржлари ва дарвозаларини мустаҳкамлашга киришди.

Аммо Самарқанд тахтини эгаллаган Халил Султон бу ҳолдан хабар топгач, хуфияларни ишга солди, охир-оқибат доруға Ҳамза барлос ва унинг биродари Рустам барлосни ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлди. Хиёнаткорлар зуғуми туфайли Улуғбек Бухорони ташлаб чиқиб, Ҳиротга йўл олди. Шаҳарни шошиғич тарк этгани туфайли аҳли ҳарам, уғруқ ва хазина фитначилар қўлига тушди.

Қоракўл йўлидан бесаранжом от чоптирган шаҳзода бир амаллаб, Жайхундан кечиб ўтсам, у ёғи бахайр, деб ўйлаган эди. Аммо йўл осон кечмади, Ҳиротга етгунча минг машаққат ичида бўлди.
Шоҳруҳ мирзо саргардон ўғилларини катта тантана билан кутиб олди, аҳли ҳарам ва хазина Бухорода қолганини эшитиб қайғурди.

Халил Султоннинг Самарқанд тахтини эгаллаб олиши Шоҳруҳ мирзонинг нафсониятини нечоғли азобга солмасин, у ҳали Мовароуннаҳр устига юришга имконсиз эди. Умиди Улуғбек сақлаган хазинада эди, бу ҳам рақиблар қўлида қолди.

Халил Султон ихтиёрида эса Соҳибқироннинг хазинаси – неча йиллик Мовароуннаҳру-Хуросон хирожи, юришлардан олиб келинган тоғ-тоғ бойлик бор. Эшитишича, шоиртабиат Халил Султон бу бойликни тахтга ўтирган кунидан бошлаб, ўзини қўллаб-қувватлаган амиру-беклар устидан Найсон булутлари ёғдирган ёмғирдек сочаётган эмиш. Тожу-тахт ҳаваси йўлида Соҳибқирон падари ўткир қилич воситасида битталаб жамланган уммон каби зару-жавоҳирни бебурд набира қоп-қоплаб совураётган эмиш.

Қолаверса, Соҳибқирон ўлими дараги тарқалгач, Хуросонда ҳам нотинчлик пайдо бўлган, гоҳ Сеистондан, гоҳ Балхдан исён овозаси етади. Боз устига кўп ўтмай, Шоҳруҳ мирзонинг ҳужумидан қўрққан Халил Султон қўшин билан Термизга келиб тўхтади. Хуллас, Самарқанд йўли ҳозирча берк эди.

Мовароуннаҳр ҳам нотинч. Темур давлати тасарруфидаги шарқий ҳудуддаги мулклар Самарқанд билан Ҳирот ўртасида уруш бошланишини интиқ кутишар, мабодо кутганлари рўй берса, бош кўтаришга ҳозирлик кўришарди. Халил Султон буни яхши англар, шу сабабдан амакиси билан жанг бошлашдан қаттиқ ҳайиқарди. Бобосидан қолган хазина туфайли унинг тарафдорлари қанчалик кўп бўлмасин, валиаҳдлик ҳуқуқини бузиб, тожу-тахтни эгаллаганини унутмаслиги керак. Шаръий ҳуқуқ бузилганиданми, назарида бошидаги тож омонат, бир қилич силташдан учиб кетадигандай. Унинг бу ҳолатини сезган атрофидаги амирлар эса кундан-кунга безбет ва очофатли бўлмоқдалар. Мабодо уруш бошланса, бобоси ўлимидан сўнг доруссалтанада йиғилиб, хазина устида ўлаксахўр калхатлардек, тинимсиз айланаётган бу бадниятлар нима қилишини худо билмаса, бандаси билмайди!..

Шу сабабдан ҳар икки тараф сулҳ тузиш мақсадида бир-бирларига элчилик юбора бошладилар. Бу узоққа чўзилмади. Сулҳ тузилди. Унинг шартларига кўра, Хуросон Шоҳруҳ мирзо мулки, Мовароуннаҳр эса Халил Султон мулки саналадиган, шунингдек Халил Султон валиаҳдлик ҳуқуқи поймол этилган бечора Пирмуҳаммад Жаҳонгирнинг ҳарами Хоникани шаръий эри ҳузурига – Балхга юборадиган, Улуғбекнинг Бухорода қўлга киритган хазинасини қайтарадиган бўлди.

Сулҳ тузилган бўлса-да, ҳар икки томон бир-биридан шубҳаланиб, рўй бериши қисмат дафтарига битилгандай туюлган беомон урушга ҳозирлик кўришни тўхтатишмади. Ҳозирлик суръати кунма-кун ошиб борарди. Дастлаб сулҳ тузиш билан тожу-тахтга бўлган даъволарини сақламоқчи бўлган амирзодалар бу даъво ёлғиз қилич зўри билан ажрим бўлишини англаган, ҳар бири “Мен енгаман!” деган умид ичида қолган эди. Ҳар икки томон амирлари ўз ҳукмдорларини жангга чорлашдан бўшамас эди. Соҳибқирон хазинаси қуриб бораётганини пайқаган Самарқанд амирлари янги хазиналар илинжида, хазонайи омирадан чақа ҳам тегмаган хиротлик амирлар ўз ғақларини тезроқ қўлга киритиш ниятида урушга даъват қилардилар.

Бу орада Халил Султон ҳулокулар мулкини бошқарган отаси Мироншоҳ мирзо ва биродарлари Умар мирзо билан Абубакр мирзони кўмакка чорлади. Улар ҳам ҳаялламай Хуросон устига юриш бошладилар. Шоҳруҳ салтанатининг устунлари қирсиллай бошлади. Бу қирсиллаш ҳар икки томонни қаттиқ ҳаяжонга солди, ҳатто шу пайтгача Шоҳруҳ ҳокимиятини тан олган айрим ҳокимларни исён йўлига бошлади. Биринчи бўлиб, Соҳибқирон куёви бўлмиш Сулаймоншоҳ бош кўтарди. Аммо Шоҳруҳ, отаси муллавачча деб таъна қилган Шоҳруҳ тақдирга тан бермади, атрофига кучли қўшин тўплаб, Улуғбекни олиб оғасига қарши йўлга чиқди. Икки ўт орасида қолишдан қўрққан Шоҳруҳ мирзонинг бахтига кутилмаганда, Мироншоҳ юришни тўхтатиб, орқага қайтди. Сулаймоншоҳ эса жанг қилиш ўрнига Самарқандга қараб қочди.

Самарқанд билан Ҳирот ўзаро яна сулҳ туздилар. Аммо муносабатлар “эски ҳаммом, эски тос”лигича қолаверди.

1406 йил қишининг ўртасида Шоҳруҳ биринчи бўлиб ҳаракат бошлади. Унинг амир Шоҳмалик ва Улуғбек мирзо бошчилигидаги қўшини Жайхун ёқасида аламзада валиаҳд Пирмуҳаммад Жаҳонгир лашкари билан бирлашиб, дарёни кечиб ўтди ва Термизни эгаллади. Шу юришда тўхтамай юриб, Ғузор, Шаҳрисабз эгалланди, Ғалабадан маст амир Шоҳмалик Қарши яқинидаги Маймурғ манзилида Халил Султон қўшини билан тўқнашиб, кутилмаганда рақиб зарбасига дош беролмай орқага қочди. Пирмуҳаммад Жаҳонгир Балхга, Улуғбек билан амир Шоҳмалик Андҳудга қочиб бордилар. Халил Султон мағлубларни дарёгача қувди, аммо дарё ортида Шоҳруҳ мирзо қўшини билан келиб турганини билгач, Жайҳундан ўтмади.

Шоҳруҳ мирзо бутун айбни амир Шоҳмалик бўйнига қўйди. Кекса амир аразлаб, Балхга кетди. Шоҳруҳ эса хушомад билан унинг кўнглини овлаган маккор амир Саидхўжани амирул-умароликка тайинлади. Кўп ўтмай, амирул-умаро қуввати ва шавкати ошиб кетганидан боши айланиб, подшоҳга хиёнат қилди: бир қатор ўзига яқин амирларни бошлаб, Жом томонга қочди. Амир Шоҳмалик яна Шоҳруҳ хизматига қайтди.

Шоҳруҳ ўғли билан амирни хиёнаткор Сайидхўжа устига отлантирди. 1406 йил ёзи давомида кечган ўзаро урушлар ниҳоят Астрободнинг Сиёҳбилод қишлоғи яқинида якун топди: Сайидхўжа тор-мор бўлиб, Шерозга қочди. Бу воқеадан сўнг Шоҳруҳ Халил Султоннинг биродари Умар мирзога Самарқанд билан Хирот можаросига аралашмаслиги кафолати эвазига Мозандаронни суюрғол қилди. Улуғбекка эса Тус, Ҳабушон, Калот, Нисо, Абивард, Язир, Сабзавор ва Нишопур мулкининг ҳокимиятини топшириб, амир Шоҳмаликни ўғли ёнида – Астрободда қолдирди.

1407-1409 йиллар давомида Мовароуннаҳр билан Хуросон ўртасида жиддий бир тўқнашув юз бермади. Ҳар икки ҳукмдор ички ғавғо ва исёнларни тинчитиш билан овора бўлдилар. Ҳар икки ҳукмдор ўз мамлакатида содир бўлаётган ғалаёнларда рақиб томоннинг ташаббусини илғаб оларди. Биз бу ғавғолар хусусида тўхталмаймиз, диққатимизни томонларнинг бош мақсади – Амир Темур тожу-тахт учун кечган урушларга қаратамиз.

Бу йиллар айниқса, Шоҳруҳга қийин бўлди. У тўрт йил давомида деярли тинчимади. Улуғбек ҳам жангу-жадалдан бўшамади, неча марта ҳаётини хавф остида қўйиб, қилич чопишди. Унинг умри ўсмирлик фаслига қадам қўйди. Аммо юрагининг нозик томирларига илашиб қолган болалик туйғулари баъзан жунбушга келиб, Соҳибқирон бобоси билан ҳамнафас бўлган чоғларини, Соҳибқирон бобоси билан ҳамнафас бўлган чоғларини, Самарқанднинг дилбар боғларини, Кўҳак тоғларини унинг ёдига солади. Айниқса, суюкли бибиси Сароймулкхоним ҳақида етиб келган даҳшатли хабар уни қаттиқ ҳаяжонга солди. Хабар ҳақиқатан даҳшатли эди. Халил Султон севгили хотини Шодимулк оғанинг қистови билан кекса маликани мажбуран эрга бериб юборганмиш. Бу хабар Шоҳруҳнинг ҳам кўнглини оғритди. Ўзини ва фарзандини суйиб-эркалаб катта қилган, отасининг иззатли хотинининг бундай бадном этилгани, Халил Султон ҳокимиятининг таназзулидан дарак эмасми?! Хазинани бўшатган Халил Султон зару-ақча ўрнига энди маликаларни улашишга ўтибдими, демак тахти омонат бўлиб қолибди!

Шоҳруҳ бирор нобакор бу қалтис вазиятдан фойдаланиши мумкинлигини ўйларкан, шитоб билан ҳаракат қилиши лозимлигини англади.

Худди ўша кунлари унинг ҳузурига замонасининг улуғ шайхи, ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг иккинчи халифаси Хожа Муҳаммад Порсо келиб, Мовароуннаҳрда бўлаётган воқеалардан арз қилди. Биз бу ҳақда ҳикоя қилишни ўша воқеалар гувоҳига топширамиз.

Мавлоно Абдулраҳим Ёнистонийнинг нақл қилишича, Хожа Порсо ҳар замон Мовароуннаҳр мусулмонлари аҳволидан Шоҳруҳ мирзога мактуб ёзиб турар экан. Бу иш Самарқанд подшоҳи Халил Султонга маъқул тушмабди ва у Хожа Порсога одам юбориб, Бухородан чиқиб кетишни талаб қилибди. Хожа шунда: “Аввал мозоротларни тавоф қилайлик, кейин, майли, кетайлик!” – деб мавлоно Ёнистонийдан от олиб келишни сўрабди. Мавлоно отни эгарлаб, Хожани миндирибди. Хожа Порсо дастлаб Қасри Орифонга бориб, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд мозорини, сўнгра Сухорга ўтиб Амир Сайид Кулолнинг марқадини тавоб қилиб, Хуросон томон йўл олмоқчи бўлади.

Мавлоно Ёнистоний ҳикоя қилади: “Ҳазрати Хожа ҳазрат Хожа Баҳоуддиннинг марқадларини тавоф қилдилар ва ул кишининг муборак юзларида шундай ҳайбатли ғазаб пайдо бўлдики, отни қамчилаб шиддат бирла Сухорга йўл олдилар. Анда ҳазрати Сайид Амир Кулол қабрларини тавоф этиб, Хуросон томон йўл олдилар ва йўлда ушбу байтни ўқидилар:

Ҳаммаро зеру забар кун, не забар монад, не зар,
То бинонад, ки имрўз дар ин майдон кист.

(Мазмуни:
Барчасин айлагил ер ила яксон, баландидан ҳам пастидан ҳам қолмасин нишон.
Билиб олсин ул агар билмаса – бу кун ким эрур соҳиби майдон
).

Шоҳруҳ мирзо Хожа Просо ташрифидан беҳад қувонди, хожанинг пойқадами сабаб бу гал албатта ғалабага мушарраф бўлажагини англади. Кўп ўтмай, Хожа Порсо Мовароуннаҳрга қайтди. Унинг ёнида Шоҳруҳ мирзонинг Халио Султондан уруш жойини муқаррар қилиши талаб қилинган подшоҳлик нишони бор эди. Хожа нишонни Бухоро жомеъ масжидида ўқиб эл-улусга маълум қилгач, Самарқандга – Халил Султонга юборди.

Халил Султонга қарши юриш 811 йил зулқаъда ойининг бешинчи куни (1409 йил 22 мартида) – Улуғбек мирзо роппа-роса ўн беш ёшга тўлган куни бошланди. Ҳиротдан чиққан ШЎоҳруҳ қўшини Бодҳизга келди. Тусда ҳукмфармолик қилаётган Улуғбек мирзо ҳам Бодҳизга шошилинч даъват этилди. Ота-бола Бодҳизда экан, Шоҳруҳ тахмини тўғри чиқди: Халил Султон ҳокимияти омонат бўлиб қолганидан дадиллашган амир Худойдод Ҳусайний исён бошлагани хабари келди. Кетма-кет етган хабар олдингисидан дахшатли эди: Халил Султон жангда енгилиб, исёнчи амир қўлига асир тушибди, Соҳибқирон пойтахти Самарқанд амир Худойдод қўлига ўтибди, Шодимулк оға ҳам эри тақдирига шерик эмиш.

Шоҳруҳ мирзо бир ойлик ҳозирликдан сўнг, Самарқанд томонга юриш бошлади. Йўлда экан, амир Худойдоднинг элчиси келиб, подшоҳга юкунди. Элчи олиб келган мактубга кўра, амир Худойдод амирзода Халил Султон билан Шодимулк оғани Шоҳруҳ қўлига топширишга тайёр, аммо бир шарт эвазига, яъни Шоҳруҳ мурғак амирзода Муҳаммад Жаҳонгирни Самарқанд ҳукмдори деб тан олса. Шоҳруҳ амир Худойдод мақсадини тушунди: нобакор тахтга болани ўтқазиб, ўзи унинг номидан мамлакатни бошқармоқчи. Аччиғи чиққан Шоҳруҳ элини ҳушёр кузатишни буюриб, йўлида давом этди. У йўл босгани сайин амир Худойдоднинг ваҳимаси ортарди.

Кейинги воқеалар ривожини билиш мақсадида муаррих Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” (“Икки саодатли юлдузнинг чиқиш ва икки денгизнинг қўшилиш жойи”) асарини варақлаймиз. Муаррих ҳикоя қилади:

“Бу хабарлар ҳазрат ҳоқони саид (Шоҳруҳ)га арзга етказилгач, зулқаъдани йигирма биринчисида (7 апрелда) Ҳумоюн мавкаб Мовароуннаҳрга қараб юрди. Онҳазрат (илгарироқ) амир Черкасни мирзо Халил ҳузурига юборган эди, амир Худойдод ўз навкари ва мирзо Муҳаммад Жаҳонгирнинг навкарини Черкасга қўшиб (Шоҳруҳ) ҳузурига қайтарди ва улар Қутлуғ Темур работида Ҳумоюн ўрдуга етиб келдилар ва амир Худойдоднинг: “Мен онҳазратнинг қулиман, бу хил ишлар хизматкорлик юзасидан содир бўлди, энди қай тарздаки ҳукм бўлса, уни адога етказаман”, — деган сўзларини арз қилдилар. Ҳазрати ҳоқони Саид Худойдоднинг навкарига Чубин қовчинни қўшиб, унинг ҳузурига жўнатди ва “Энди бизда бирор ихтиёр қолмади, биз ўзимиз етиб борамиз, ҳар нимаики тўғри топилса, иншооллоҳи таоло, ўшанга амал қилинади. Амир Худойдод ҳеч тараддудсиз бизнинг ҳузуримизга юзлансин, подшоҳона иноят унинг аҳволига қаратилгандир”, — деган хабарни йўллади. Зулҳижжанинг олтинчисида (22 апрелда) онҳазрат Жайҳун сувининг лабига етди.

Амир Шайх Нуриддин Мовароуннаҳр тарафига боришга ижозат сўраган вақтида: “Қачонки Ҳумоюн мавкаб Мовароуннаҳрга қараб юргудек бўлса, мен ҳам олий ўрдуга келиб қўшиламан”, — деб арз қилган эди. У ана шу булжорга амал қилиб, Бухорога келганида, амир Худойдод амир Шайх Нуриддиннинг Ҳумоюн ўрдуга юзланганлиги хабарини олди ва доруссалтана Самарқанддан илғор тарзида отга миниб, Шайх Нуриддин устига ҳужум қилди ва унинг одамларини тор-мор қилиб Самарқандга қайтиб кетди.

Шоҳруҳ ҳазратларининг мавкаби сувдан ўтди. Амир Худойдод мирзо Аҳмад Мирак ва мирзо Сайид Аҳмадларни Ҳисор вилоятини бўйсундиришга юборган эди, бу шаҳзодалар уларни чақириш ҳақидаги фармон содир бўлишидан илгариёқ олий ўрдуга етиб келиб, лутф марҳаматларига эришдилар. Мирзо Халилнинг хотини бўлмиш Шоҳмулк оғани Абдулхожа ўрдуга етказди.

Хузорда етганда, Худойдоднинг тамаъ тиши ноумидлик танглайида сингач ва замона ошиғи унинг муродича ўгирилмагач, мирзо Халилни банд қилиб тез суръат билан қочишга юз тутганлиги ҳақида хабар келди. Ҳумоюн мавкаб давлату иқбол шаън-шавкат қароргоҳи (Самарқанд)га юзланди. (Ҳоқони саид) ўзидан илгарироқ амир Алоуддин Аликани девон аминлари билан биргаликда шаҳар ва хазиналарни забт қилишга жўнатди. Самарқанднинг улуғлари Работи Ёмгача келишиб кутиб олиш шартлари, улуғлаш ҳам ҳурматлаш расм-русумларини бажо келтирдилар, мирзо Муҳаммад Жаҳонгир ва бошқа амирлар (ҳоқони сайднинг) қўлини ўпиш шарафига етишдилар. Йигирма еттинчи зулҳижжада (1409 йил 13 май куни) доруссалтана Самарқанд Ҳумоюн мавкабнинг қароргоҳи бўлди. Самарқанд акобирлари ва шарифлари дуою-саноларни адога етказишиб, шод-хуррамликлар қилдилар. Онҳазрат ҳаммани подшоҳона инъом ва хусравона иноятлар билан иззатлаб, меҳрибонликлар кўрсатди. Амир Шайх Нуриддин ва амир Мубашширлар мулозимат қилиш шарафи билан саодатга эришиб, улуғ амирлар қаторига тизилдилар…”

Самарқандга кирган куниёқ, Шоҳруҳ мирзо Улуғбек, амир Шоҳмалик ва бошқа акобирлар билан Кўксаройдаги Амир Темур хазинасини кўздан кечирмоққа бордилар.

Хазина бўм-бўш эди. Қопқоқлари ланг очилганча ётган сон-саноқсиз сандиқларни эринмай бир бошдан назардан ўтказган Шоҳруҳ мирзо уларнинг ҳар бири устида узоқ бош чайқаб турди. Орқага қайтар экан, тўсатдан ҳассасининг учи тупроқ билан қоришиб ётган тангага тегиб кетди. Шоҳруҳ эгилиб, бир дирҳамлик тангани қўлига олди, сўнг артиб-тозалаб ҳамёнига солди. Ҳамроҳларининг ажабланиб турганларини сезгач, чуқур нафас олиб, сўзларни дона-дона қилиб айтди:
— Биз ушбу дирҳам ҳақи отамиздан қолғон хазина ва меросдан баҳраманд бўлдук!

Бир неча кундан сўнг Халил Султон билан Шодимулк хизматида бўлган, хазинани бўшатишда ҳисса қўшган амиру-амалдорлар, тафтиш натижасида аниқланган гуноҳлари бўйинларига қўйилиб, ўлимга буюрилдилар.

Соҳибжамол малика Шодимулк Самарқандда, аммо Халил Султон мирзони амир Худойдод Ҳусайний Андижонга олиб қочиб кетган эди. Кўп вақт ўтмай, амир Худойдод Мўғилистон хони Муҳаммадхондан кўмак тилаб боргани, хон уни ўлдиргани, хиёнаткорнинг калласи Самарқандга жўнатилгани, Халил Султон мирзо эса аввал Хўжандда, кейин Ўтрорда куч тўплашга урингани, аммо омад юришмагани ҳақида хабар келди. Шоҳруҳ бўлажак ғавғолар олдини олиш мақсадида қўшин билан Туркистон томонга йўл олди. Эсанкираб қолган Халил Султон, бахт қуши бошидан учганини англади-ю, ўлимини бўйнига олиб, Шоҳруҳ мирзо ҳузурига келиб юкунишга мажбур бўлди. Аммо Шоҳруҳ жиянини ўлдирмади, 1409 йилнинг декабрида Хиротга йўл олар экан, Халил Султонни ўзига ҳамроҳ қилди.

077 Улуғбек мирзо эса отасининг олий фармонига биноан Мовароуннаҳр ҳокими бўлиб қолди. Мамлакатни ўн беш яшар ҳоким номидан унинг оталиғи амир Шоҳмалик бошқара бошлади. Шоҳруҳ жўнаб кетганидан кўп ўтмай, Туркистон ҳокимияти топширилган амир Шайх Нуриддин нонкўрлик йўлига ўтди, топган шон-шавкати, давлати Соҳибқирон марҳамати туфайли бўлганини унутиб, унинг фарзандларига қарши исён бошлади. Ҳижрий 812 зулҳижжа ойининг ўрталарида – мелодий 1410 йил апрелида исёнкор амир Ҳисори Шодмон ҳокими Муҳаммад Жаҳонгир мирзо ва Сайрам билан Янги ҳокими, амир Худойдод Ҳусайнийнинг ўғли амир Абдуҳолиқлар билан тил бириктириб, Самарқандни забт этиш пайига қўшин тортди. Асли қипчоқ бўлган амир Шайх Нуриддин бу юришга кўчманчи ўзбекларни ҳам тортишга уриниб, мақсадига эришди – Чингиз ўғлон бошчилигидаги кўчманчилар исёнчилар сафига қўшилдилар.

Зулҳижжанинг ўн бешинчи куни – 20 апрелда Мовароуннаҳр пойтахтининг ғарбида жойлашган Қизил работ номли мавзеъда икки томоннинг қўшинлари тўқнашдилар. Омад исёнчиларга кулиб оқди, Самарқанд қўшини мағлуб бўлди. Улуғбек мирзо Жайхун тарафга, амир Шоҳмалик эса Қоратепага қочди. Лекин у ерда узоқ туролмай, Самарқанд жанубидаги Олақарағ тоғларига яширинди. Шайх Нуриддин эса амакиваччаси Шайх Хасанни Улуғбекнинг изидан жўнатди. Яна бир қисм қўшинни Тоғай Буғо бошчилигида Бухорога отлантиргач, ўзи Чингиз ўғлон билан бирга Самарқандни қамал қилди. Аммо бу гал омади юришмади. Самарқандликлар уни шаҳарга киритмадилар.

Шайх Нуриддин исёни яна бир йил давом этди. Ниҳоят, амир Шоҳмалик қўллаган ҳийла туфайли музокарага чақирилган амир Шайх Нуриддин Ҳирқадоқ исмли навкар томонидан бўғизланди.
Икки йил давом этган нотинчлик давомида Улуғбек мирзо билан амир Шоҳмаликнинг оралари анча бузилиб қолди. Бунга оталиқнинг давлат ишларини бошқаришда Улуғбек билан ҳисоблашмай қўйгани сабаб бўлди. Ниҳоят, Улуғбекнинг талаби билан амир Шоҳмалик Ҳиротга даъват этилди. Бир неча муддат ўтгач, кекса амир Хоразмга ноиб этиб тайинланди. Хизматлари муносиб баҳоланмагани амир Шоҳмаликни қаттиқ ранжитди. Бу норозилик вақт ўтиб, темурийларни тариҳ саҳнасидан суриб чиқарган Муҳаммад Шайбонийхонга хизмат қилган, “Шайбонийнома” асарини яратган шоир – амир Муҳаммад Солиҳда ҳам зоҳир бўлди. Илло, Муҳаммад Солиҳ амир  Шоҳмаликнинг набираси эди.

Мовароуннаҳрнинг мутлақ ҳокими бўлиб қолган Улуғбек мирзо мана шу санадан эътиборан қирқ йил давомида не-не таҳликали ва шукуҳли кунларни бошидан ўтказади. У Соҳибқирон бобосидан ибрат олиб, улуғ иншоотлар: мадрасалар, боғлар, кўшклар, ҳаммомлар, карвонсаройлар тиклайди. Кўҳак тепаликларининг бирида расадхона барпо этади, у ерда ўз замонасининг улуғ олимларини тўплаб, фалак илми билан машғул бўлади, тарихда “Зийжи жадиди султоний”, “Зийжи жадиди Кўрагоний” номлари билан машҳур юлдузлар жадвалини яратади.

У Самарқандга – болалик манзилига қайтган, аммо болалиги Темур ўлимидан сўнг бошланган ғавғоли кунларда, жангу-жадал майдонларида, нотинч Хуросону-Мовароуннаҳр йўлларида қолган эди. Унинг йигитлик айёми бошланган, бу айём нотинчлик қучоғида кечишини кўнгли сезиб турарди.

ХОТИМА

Ҳижрий 853 йил рамазон ойининг саккизинчи куни – мелодий 1449 йил 25 октябр куни Самарқанддан чиққан кичик карвон жанубдаги тоғлар томон йўл олди. Карвоннинг ўртасида қотма гавдалик, кўркам ва оқ юзли, юз-кўзидан вазмин табиатлиги сезилган, соч-соқоли оқарган бир киши оғир ўйга ботган ҳолда кўк човкар от устида бир маромда тебранади. Аччиқ ҳаёлга ботган бу киши ўғли Абдулатиф мирзо томонидан Мовароуннаҳр тахтидан соқит этилган Мирзо Улуғбек эди.

Карвон доруссалтанадан узоқлашиб, Дарғам ариғи ёқасидаги тепаларнинг бирига яқинлашганда, қувғинди подшоҳ отини тўхтатиб, оёғини узангидан узди. Намоздан кечикмаслик учун бошқалар ҳам шошилишиб отлардан тушдилар. Карвон аҳли тепалик этагида шом намозини адо этгач, Мирзо Улуғбек Дарғам ариғи томон юрди. Бу сув баъзи ерда ўт-ўланлари мавж урган ўтлоқлардан ўтса, бир хил жойда тошлоқ, тақир ерлардан ўтарди. Бир хил жойларда катта-кичик оқиш тепаларни тилиб ўтиб, чуқур ва ҳайбатли жарлар ҳосил қилган. Халқ томонидан Дарду-ғам деб аталган йилинг тўрт фасли қутуриб оқадиган бу улкан ариқ соҳилида тураркан, бирдан кекса подшоҳнинг кўзлари намланиб, бўғзига аччиқ бир нидо тиқилгандек бўлдида, алам билан пичирлади:
— Бу қандоқ ёзуғинг бўлди, Аллоҳи карим?!

Сўнг кескин ортига буриларкан, шошилиб келиб отига минди ва “чуҳ” дея ниқтади, аммо от қўзғалмади. От эгасининг овозига эмас, юрагининг сассиз амрига бўйсунаётгандек эди. Қувғинди ҳукмдор отига аямай қамчи урди. Тулпор Дарғамдан сўнг бошланган дашт ўртасини кесиб ўтган йўл бўйлаб чопиб кетди. Аммо бир фарсаҳдан сўнг эгаси яна оғир хаёлга ботганини сезган жонивор бир маромда йўртиб кета бошлади.

Куз осмонини булут қоплаган, ҳаво нам. Қуёш мағриб томонга оғган салқин аччиқ изғиринга айланиб бормоқда. Дашт йўли теварагидан қизғиш қўғайлар қовжираб қолган, шамол одам бўйи ўсган ёвшанлар, оқиш армонларни тебратади, қуриб, бандидан узилган янтоқлар думалаб узоқларга кетади. Тонгда ёғиб ўтган ёмғирдан отлару-хачирларнинг туёқлари ялтирайди, тўпиқларигача ҳўл.

Ҳавонинг авзойи бузилиб, тунд ва кўнгилсиз бўлиб турганига қарамай пешинда Самарқанддан чиққан карвон бепоён дашт бўйлаб сокин йўл босади. Карвон аҳли ичида ҳаммани шошилтириб ғайрат қилаётган, қора қашқа от минган, мошкичири соқолли киши – Мирзо Улуғбекка ҳамроҳ қилиб тайинланган Хожи Муҳаммад Хисрав эди. У куз куни қисқалигидан тезроқ бирор манзилга етиб олишга ҳаракат қилар экан, йироқдаги тоғларнинг қор босиб оқарган чўққиларига қуюқ қора булутлар қўнаётганини безовталаниб кузатарди. Хиёл вақт ўтмай ўша булутлар кўпайиб, силжиб, ёйилиб, кўк саҳнининг бир томонини қоплаб олди. Бир лаҳзада қош қорайгандек, чор атроф хиралашди.

Карвондан анча орқада, кўз қараши етмас масофада беш-олти отлиқ қора бўлиб от йўрттириб боради. Баъзан яқинлашиб, кўзга кўринмаслик учун йўллар теварагида юксалиб турган тепаликлар панасида бекинишар, ортда қолганда отларини аямай қамчилашади. Бу гуруҳ аслида иккига бўлинган, икки отлиқ ҳамиша ёнма-ён, бир-биридан орқада қолмай, бошқалар эса уларни қоралаб боришарди.

Хожи Муҳаммад Хисрав отини қичаб, Мирзо Улуғбек олдига етганда тўхтади.
— Аълоҳазрат, тун қўнмасдан бир манзилга етсак, — деди у.
— Маъқул, — деб билинар-билинмас бош силкиди Мирзо Улуғбек.

Улар ёнма-ён кета бошладилар. Анча вақтдан кейин орадаги сукунатни Мирзо Улуғбек бузди. У ичидаги тўфонни юз-кўзида зоҳир қилмай, хушчақчақлик билан хожидан аввалги ҳаж сафарлари хусусида суриштира бошлади. Хожи ҳикоясини тугатолмади, орқадан подшоҳнинг махсус чопари туғини кўтариб, от қўйиб келаётган отлиқни кўриб, юрагига ғулғула тушди. Отлиқ Абдуллатиф мирзо билан бирга Балхдан келган сулдуз қавмига мансуб навкарлардан бири эди. Елкасига юкланган вазифани бажариш мақсадида отини аямай чоптирган чопар йигит юз-кўзидан қора тер қуйиларди. Хожи навкарга яқинлашиб:
— Хўш, нима гап ўзи? – деб сўради.

Чопар эса айтадиган гапини бошқалар эшитишини истамади, шекилли, хожига яқинлашиб шивирлади:
— Аълоҳазратларини бирон ободон ерга олиб бориб, ўша жойда кутинг, Мирзо Улуғбек подшоҳ эрур, шул сабабдин ул зоти олийларининг сафари ҳам турку тожикни ҳайрон қилатурғон тарзда, зўр дабдаба бирлан кечмоғи лозим, бунга тайёргарлик эрса ҳали поёнига етишмағондур.

Хожи Муҳаммад Хисрав кутилмаган бу ҳодисадан ажабланиб, нима дейишини билмай, бир дам чопар йигит юзига синовчан тикилди. Йигит эса хожининг кўнглига шубҳа солганини сезиб, баланд овоз билан таъкидлади:
— Подшоҳимнинг амру-фармонлари шу!

Табиатан ҳуркак хожи қўлини кўксига қўяркан:
— Фармони олийга бош эгурмиз, — деди.

Чопарга шу гапни эшитиш кифоя эди, чамаси, отининг бошини орқага қайириб, Самарқанд томонга ўқдай учиб кетди. Унинг ортидан кўтарилган чангу-тўзон оқшом ёруғида чиройли кўринди. Хожининг унга яқинлашиб: “Хўш, Хожи, чопарни нечун йўллабдурлар?” – деб сўради. Хожи Ўртада бўлган гапни айтиб бераркан, қувғинди подшоҳ ялт этиб, чопар от чоптириб кетган томонга қаради. Унинг кўзлари ғалати чақнаганини кўрган хожининг кўнглидаги шубҳа баттар кучайди. Бутун вужуди музлагандек бўлди, аммо ҳаяжонни сездирмай, Мирзо Улуғбек нима дейишини кутди. Подшоҳ эса қадди-қомати эгилганча, ҳамон Самарқанд тарафга тикилиб турар, унинг кўнглига ҳам шубҳа оралаган, бу шубҳа совуқ ва қўрқинчли эди.

Бесаранжом хожи ниҳоят оғиз очди:
— Аълоҳазрат нима буюрадилар?

Мирзо Улуғбек ҳамроҳига бир зум “Сен ҳамма гапни биласан! Улар билан тилинг бир!” – дегандек диққат билан тикилди. Хожи баттар бесаранжомланиб, ўзини қаерга қўйишни билмай қолди. Ниҳоят, қувғинди подшоҳ маҳзун пичирлади:
— Билганингизни қилинг, тақсир.

Карвон яна йўлга тушди. Бир соат ўтмай, улар йўл устидаги Оби Сабуҳ деб аталган ариқ ёқасида жойлашган кичик бир қўрғонга етдилар. Шу ерда тўхташ маъқул топилди.
Мирзо Улуғбек отдан тушди ва оёғи увишиб қолганидан сал оқсаб, қўрғонга кирди. Унинг қаршисига ўўн икки яшар бола югуриб чиқди ва юлдуздек чақноқ, ялтироқ кўзларини таажжуб билан келувчиларга тикди.

— Чоп, отангни чақир! – деди буйруқ оҳангида Хожи Муҳаммад Хисрав тун салқинидан жинжикиб тураркан.

Доруссалтана теварагида қурилган подшоҳликка тобе қалъалардан бўлган қўрғоннинг эгаси – кекса мингбоши заррин енгли эски тўнни елкасига ташлаб, ярим тунда уни безовта қилган одамлар ташрифидан бироз ваҳимага тушганича карвон аҳлига пешвоз чиқди. Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон замонида тикланган бу қўрғон вақт ўтиб, хароб бир аҳволга келган бўлса-да, қўрғон эгаси ойма-ой мунтазам маош олиб турарди. Гарчи йиллар ўтгани сайин маош миқдори камайиб борган бўлса ҳам қўрғон эгаси бировга арз қилишга қўрқар, ярим харобага айланган қўрғон учун жавобгарлигини бир зум унутмай кун кечирарди. Ҳозир олдида турган одамлар ярим тунда қолган йўловчилар ёки савдогарлар эмас, подшоҳлик одамлари эканини билгач, бу одамларга бошпана бериш бахтига мушарраф бўлишидан қувониб кетди. Карвон аҳли билан бир бошдан кўриша бошлаган бу одам Мирзо Улуғбек қаршисида қувончини унутиб, дағ-дағ титраб, тўхтаб қолди. У турган жойида қотиб қолган, сўзлашга тили айланмас эди.

— Ҳа, тақсир, сизга нима бўлди? – деди Мирзо Улуғбек унинг даҳшатга тушиши сабабини билса ҳам.

Қўрғон эгаси ўғил билан ота ўртасида бўлиб ўтган машъум можалародан яхши хабардор, кечагина қулоғига сўнгги миш-мишлар ҳам етган: Мирзо Улуғбек тахтдан соқит этилиб, шаҳзода Абдуллатиф подшоҳ бўлиб, оқ кигизга ўтқазилган эмиш… Шу сабабдан қўрғон эгаси қаршисидаги одамга қандай муомалада бўлишни билмай ҳангу-манг эди. Ниҳоят, у титроқ ва ҳаяжонли бир товуш билан:

— Марҳамат, аълоҳазрат, марҳамат! – дея қувғинди подшоҳга таъзим қилди-да, ўзини четга олди. Сўнг қўрғон бурчагидаги оиласи билан яшаган уйга кираркан, эшикни ёпиб, занжирни зулфинга илди. Шу-шу қорасини кўрсатмади.

Қўрғон ҳовлисидаги дарахтларга машъалалар ўрнатилгач, хачирлардан юклар туширилиб, қўрғон ўртасидаги бино айвони бурчагида тахланди. Мирзо Улуғбек билан Хожи Муҳаммад Хисрав айвондан қоп-қоронғи уй ичкарисига кириб, тўрдаги хонага ўрнашдилар.

Хона совуқ эди. Ости зах, тошдек қора ер. Неча ўн йиллардан бери одам нафаси иситмаган, ғурбатга чўккан кулбанинг ҳар бурчагида ғамгин қоронғилик ҳукм суради. Тўрт томон девори сувоғи тўкилган. Қоронғи гўрдек зах уйнинг бир бурчагида хунук ясалган ўчоқ бор, холос. Кўҳна кулбанинг тешик-тешигидан изиллаб шамол уриб, бошпанани кимсасиз саҳрога айлантириб, музлатиб юборган. Йўл бўйи совуқдан қотиб, титраб-қақшаб келган Хожи Муҳаммад тонггача бу ерда исинолмай, дилдираб ўтиришини тасаввур қилиб, йўлга кечикиб чиққанидан пушаймон бўлди.

Мирзо Улуғбек сувсар пўстинини кийди. Сўнг мулозимлар гилам ёзиб тўшаган кўрпачалар устига ёнбошлади. Юрагида сирқираган оғриқ азоби нечоғли кучли бўлмасин, у ўзинихотиржам тутишга уринарди. Кекса подшоҳ кўзини юмди. Ўша лаҳза ўнгида мунгли кўзлари жиққа ёшга тўлган суюкли қизи Робия Султонбегимни кўрди. “Мени ташлаб кетманг, отажон!” деб бақирарди қизи…

Оҳиста-оҳиста қадам босиб мулозимларнинг бири кирди. У қўлида қумғон билан тос кўтарган эди. Мулозим тосни Мирзо Улуғбек олдига қўйди. Ҳамон оғир ўйлар чида қолган қувғинди подшоҳ енгларини шимариб, қўлларини мулозим тутган қумғондан оқиб турган муздек шаффоф сувга тутди. Кетма-кет кирган бошқа мулозим дастурхон ёзиб, таом келтирди. Мирзо Улуғбек билан Хожи Муҳаммад Хисрав таомга яқин силжидилар. Улар таом билан машғул эканлар, пойгакда ўтириб олган бола чақноқ кўзларини Мирзо Улуғбекдан олмай таажжуб билан боқар, гоҳ мирзо, гоҳ хожининг уни овқатга даъват қилганларини эшитмагандек, илжайиб турарди.

Мирзо Улуғбекнинг иштаҳаси йўқ эди. У бир бўлак нон билан уч-тўрт бурда қовурдоқдан еди, кейин  бир қошиқ асал олиб, нонга сурди-да, болага узатди. Бола уялганидан ирғиб туриб хонадан чиқиб кетди.

Ниҳоят қорни тўйган хожи кўзларини юмиб, қўлларини юқорига кўтариб, фотиҳа ўқиди. Мирзо Улуғбек чордона қуриб ўтирган кўйи кўзларини хожига тикди. Хожи, насиб бўлса, эртага тонгда доруссалтанадан навкарлар қўриқлаган ҳашаматли карвон етиб келиши, ана ўшанда йўл ҳам тез униши ҳақида сўзлаётган эди. Мирзо Улуғбек эшик томонга қараб-қараб қўяр, ташқаридан эшитилаётган овозларга қулоқ солиб, хожининг сўзларини паришон ҳолда тингларди. У сувсар пўстин кийганига қарамай, бадани жунжикаётганини сезди. Аммо бу совуқданми, ичида ғимирлаган совуқ шубҳаларданми, билмасди.

Эшик ғийқиллаб очилиб, мулозим дастурхон йиғиштиришга кирганда, Мирзо Улуғбек унга хона ўртасидаги ўчоққа ўт қалашни буюрди. Дам ўтмай икки навкар бу юмушга тутиндилар, ўтни катта қилиб ёқдилар. Подшоҳ ўчоққа яқинлашиб, гуркираб турган гулханга тикилди. Гулхан ёнида тинч-хотиржам бўлиб кўринган бу одам юрагида олага даҳшат солгулик бир тўфон ҳоким эди. “Нима гуноҳим бор эканки, бу жафолар бошимга келди?” – деб ўйларди гулхан ёнида турган одам.

 Унинг беш ўғлидан иккитасигина омон қолди. Қолганлари эрта ўлиб кетдилар. Тирик қолган ўғилларининг тўнғичи Абдуллатиф бибиси Гавҳаршодбегим қўлида тарбияланди. Маликадаги такаббурлик, ҳамма ишда бош-қош бўлишга интилиш, серзардалик бола табиатига кўчди. Йиллар ўтиб, серзардалик дағалликка, қўполликка, такаббурлик манманликка, тожу-тахт ҳаваси ҳирсга айланди. Бобоси Шоҳруҳ мирзо оламдан ўтганда, бибисининг алдовига учди. Гавҳаршодбегимнинг: “Тожу-тахтга отанг эмас, сен муносибсан!” – деб қулоғига қуйган гапларга ишониб, босар-тусарини билмай қолди. Кейин бибиси уни лақиллатиб алдаганини – Ҳиротда қолган бошқа набираси, Абдуллатифдан суюклироқ Алоуддавлани қулай қурсатни бой бермасдан тахтни эгаллашга даъват қилганини билди. Аччиқланган шаҳзоа кекса бибисини тутқун этди. Аммо тез орада Алоуддавлага бас келолмай, ўзи тутқун бўлди. Ихтиёриддин қалъасида зиндонбанд этилди. Шу воқеа туфайли тожу-тахтнинг шаръий вориси бўлмиш Мирзо Улуғбек ҳокимият учун курашишдан воз кечиб, ўғлини қутқаришга уринди. Охири сулҳ тузилди. Алоуддавла Абдуллатифни зиндондан озод қилди.

Ҳибсдан бўшаган ўғини кутиб олгани ёдида: ўшанда ўғли отидан сакраб тушди-да, қучоғини ёзганча бориб, Абдуллатифни бағрига босди. Қаттиқ қучоқлаб туриб, юзидан, кўзларидан ўпди, анчагача бағридан бўшатмади. Ота билан фарзанд ўртасида, мана шу соғинчли қучоқдан бошқа бир оғиз сўз бўлмади. Ўғлини анча вақтгача кўксига босиб туриб бўшатганда, ота-боланинг оппоқ юзлари ҳаяжондан баттар оқарган, ранглари ўчган эди.

Тўнғич ўғлига тикилганича, атрофдаги оламни англай олмай, у бир нафас эсанкираб қолди. Йигирма ёшга тўлай деб турган ўғли – новча бўйлик, қирра бурунлик, қўнғир мўйлови эндигина сабз ури келаётган, лаблари ғоят нафис, яхши кийинишни ёқтирган Абдуллатиф мирзо ота назарида ҳамон ёш бола сингари эди.

Ота фарзандининг эсон-омон қайтганидан беҳад қувонди. Ўғлини ёнига ўтқазиб узоқ суҳбатлашди. Ихтиёриддин қалъасида чеккан азоблари ҳикоясини алам билан эшитди, фарзандининг ҳижил кўнглини тасаллилар билан кўтарди. Суҳбат сўнгида сулҳга кўра, Мовароунаҳр тасарруфига ўтган Балх мулкини Абдуллатифга суюрғол қилганини айтди.

Аммо кўп ўтмай бу ноқобил ўғил ўз отасига қарши исён бошлади, юзсизлик қилиб туққан отаси тирик туриб, тахтни эгаллади. Бу камлик қилгандай, кекса отасини ҳажга юбориш баҳонаси билан юртдан бадарға қилди.

Унинг кўз ўнгида ўғлининг кибрли юзи кўринди. “Падари бузрук, — деди Абдуллатиф сўнгги учрашувда, — жуда толиқибсиз, сал дам олиб Макка-Мадинага бориб, Каъбани зиёрат қилиб келмайсизму? Бу бевафо дунёнинг ташвишини қўйиб, охиратни ўйлайдиган ёшдасиз! Қайтиб келганингиздан сўнг қолган гапларни бамайлихотир гаплашмайсизму, падари бузрук?!” Шаҳзоданинг теварагида ўтирган аркони давлат ўз ҳукмдорларининг шундай дейишини олдиндан кутиб турганларини Улуғбек сезди. Бошидан бахт қуши учиб кетган подшоҳлар тарки дунё қилиб, Маккага – ҳажга кетиши, буни рад этганлар эса ўлим топиши ҳам одат тусига кириб қолган. Мирзо Улуғбек ўғлининг сўзларини эшитиб, ранги бўздай оқариб, узоқ вақт ерга тикилиб қолган эди.

Кенжа ўғли шаҳзода Абдуллазиз мирзо нимжон туғилди. Шу сабабданми, ё туғилишидан бироз муддат аввал ўн икки яшар ўғли Абдураҳмон вафот қилганиданми, бу ўғлига кўпроқ меҳрибон бўлди. Шаҳзода талтайиброқ ўсди. Ота эса ўз меҳрини ортиқ қилаверди. Ҳатто Тарноб жангида Алоуддавла устидан қозонган ғалабасини ҳам бу жангида жонбозлик қилган Абдуллатифнинг эмас, кенжасининг номи билан боғлаб, фатҳномани Абдуллазизнинг номига ёздирди. Бундан норози бўлган тўнғич шаҳзода ёвбошлик йўлига кирди.

Абдуллатиф мирзо отасига ўхшаб илмга иштиёқманд, айниқса юлдуз илмига кўнгил қўйган эди. Кенжа эса илмга бепарво ўсди. Отасидан унга ёлғиз мусиқага бўлган меҳр юқди. У танбурни шундай берилиб чалардики, юзлари ловиллаб қизариб кетарди. Хиёл кўтаринки қирра бурни, юпқа лаблари билан отасининг қошларига ўхшаш ингичка, қаламдек чизилган қоп-қора қошларига қараб, Абдуллазизни Самарқанднинг энг гўзал йигити дейиш мумкин. Ҳар икки шаҳзоданинг бўйи баланд, қадди-басти келишган, қомати расо. Бироқ кенжанинг суяклари нозик бўлгани учунми, жуссаси заиф бўлиб туюларди. Шунга қарамай, кенжа шаҳзода маишатпарастликда акасидан устун эди. Мана шу маишатпарастлиги, отаси хизматидаги амирлар ҳарамига очиқдан-очиқ кўз олайтириши Мирзо Улуғбекинг душманларини кўпайтирди, подшоҳ шаънини қора қилди.

Ҳозир Абдуллатиф ўз инисини ҳам зиндонбанд қилган. Аммо у шу билан тўхтаб қолармикан, отасини бадарға қилган бу юзсиз ўз инисини ундан баттар жазога дучор қилмасмикан?!

Бахтиқаро отанинг ғазаби ўт олиб, ҳамияти жўш уриб қизишди. Қовоғи солинган, ранги ўчинқираб кетган чеҳрасида даҳшатли қаҳру-ғазаб акс этиб турганга ўхшарди. У Самарқандни тарк этиш арафасида кўрган тушини эслади.

Тушида бепоён саҳрода ўзини ёлғиз саҳрода турган ҳолда кўрди. Туман. Қоронғилик босган кун экан. Шомми, тунми номаълум эди. Фақат ғира-шира сароб ичида ёлғиз турар, осмонда на қуёш, на ой, на юлдузлар бор экан…

Тасодифан ўчоқдан учган учқуни Мирзо Улуғбек пўстинининг пешига тушди ва унинг бир четини куйдира бошлапди. Оғир ўйга ботган ҳолда турган аламзада подшоҳ анча вақтгача буни сезмади. Сезди-ю, уни енгим билан уриб ўчирди. Кейин ўчоқдаги оловга тикиларкан:
— Аҳвол не эканини сен ҳам билдингму?! – деб пичирлади.

Шу воқеа сабаб бўлдими, Мирзо Улуғбекнинг кайфияти тамом бузилди, оғир-оғир тин олиб, изтироб аралаш нималарнидир пичирлай бошлади. Анча вақт шу ҳолда хонада у ёқ-бу ёққа юрди. Сўнг бўзрайиб ўтирган хожига яқинлашиб, маҳзун товуш билан сўради:
— Мирзо Абдуллазиз омонму экан? Балки қатлга еткурмадиларму эркан они?

Хожи Муҳаммад Хисрав бахтиқаро отага тасаллилар бериб, юпатишга уринди. У Абдуллатиф мирзо ҳеч қачон ўз туғишган биродари жонига қасд қилмаслигини гапирди. Гапирарди-ю, ичини шубҳа кемирарди. Хонада ўтирган бу икки одам Абдуллатиф мирзо аллақачон қонли ишга қўл ургани, икки кун аввал, ҳали отаси Самарқандни тарк этмаган бир маҳалда, Кўксаройда яширин тарзда ўз инисини қатл эттирганидан бехабар эдилар. Худди шу пайтда доруссалтанадан йўлга чиққан ўлим элчилари улар тўхтаган қўрғонга яқинлашиб қолганидан ҳам воқиф эмасдилар.

Хожи Муҳаммад Хисрав ҳаж сафарига чиқиш олдидан Абдуллатиф мирзо уни ўз даргоҳига чорлагани, унга таҳдидона сўзлагани ҳақида ўйларди. “Менга қара, хожи, агар падаримиз бўлмиш Мирзо Улуғбек йўлда зид бирор ёмонлик ўйласа, ё бизга қарши жанг қилмоқ учун бирор манзилга қочса, сен бу ҳақда билиб туриб, бизга хабар бермасанг, ё олдини олмасанг, мендан қутилишни ўйлама, ер тагидан бўлса ҳам топиб каллангни оламан. Мен Тангри таоло ишини қилиб юрибман, ҳеч ким менга ҳалақит бериши мумкин эмас. Уқдингму, хожи?” – деди шаҳзода уйқусизликдан қизарган кўзларини чақчайтириб.
— Худойимнинг ўзи сақласин, — деб оҳиста шивирлади хожи.

Худди шу палла бола аллақачон ухлаб қолган эди. У туш кўрарди. Тушида қандайдир баджаҳл кимсалар гуллаб турган олмани камондан ўққа тутишди. Ўқлар зарбидан гулбарглар дув-дув ерга тўкиларди. Дам ўтмай олма шохлари яп-яланғоч бўлиб қолди. Энди баджаҳл кимсалар юлдузларга ўқ уза бошладилар. Осмондан қон томчилай бошлади. Боягина ерга тўкилган гулбарглар сап-сариқ хазонга айланган, қон мана шу баргихазон устига томчилаб, уларни алвон рангга бўярди. Кейин бирдан қоп-қора қиёфали отлиқ пайдо бўлди. У қўлидаги дудама қилич зарб билан урди, дарахт “қарс” этиб, ерга ағанади. Бола дарахтнинг ўз устига қулаётганини кўриб, даҳшатга тушиб, бўғилиб бақириб юборди. Бақирди-ю, уйғониб кетди. Ташқаридан қўрғон дарвозасини бесаранжом ураётганлари шовқини келарди…

Уйқуси ўчган Хожи Муҳаммад Хисрав билан гаплашиб ўтирган, Мирзо Улуғбек ҳам бу шовқинни эшитиб, бесаранжонланди. Хожи ўрнидан қўзғалди.
— Яна нима бўлди? – деди у зўрға товушини чиқариб.

У ҳали гапини тугатмасдан, хона эшиги куч билан урилган зарбдан шарақлаб очилиб кетди ва қоп-қора сумбатли бир навкар шериги билан ичкарига отилиб кирдилар. Мирзо Улуғбек биринчи навкарни таниди. У Абдуллатиф мирзонинг Аббос исмли эрони навкари эди. Аббоснинг отаси бир қанча вақт илгари Мирзо Улуғбек амри билан фирибгарликда айбланиб, қатлга етказилган эди.

Аббоснинг кўриниши важоҳатли эди. Хожи Хисрав орқага тисарилиб, хона бурчагига тиқилиб олди. Аббосга кўзи тушиши билан ранги ўчган Мирзо Улуғбек сапчиб ўрнидан турди. Сўнг Аббосга ташланиб, бор кучи билан унинг кўкрагига мушт туширди. Қариб қолган подшоҳдан буни кутмаган Аббос орқага тисарилиб кетди, аммо унинг шериги мушукдай чаққонлик билан орқадан келиб, Мирзо Улуғбекка ёпишди. Қуттириб кетган, Аббос қари подшоҳни муштлай кетди. Сўнг подшоҳнинг ҳолсизланиб қолганини кўргач, икковлашиб қўлларини қайириб, устидаги сувсар пўстинни ечиб олдилар.
— Бадбахтни маҳкам тут! – деб ўшқирди Аббос шеригига. – Мен арқон топиб келғаймен…

У шундай деб ташқарига отилди. Мирзо Улуғбек ортиқ қаршилик кўрсатмас, тизза чўкканича, қўллари қайириқли ҳолда, бош эгиб ўтирарди. У келганлар мақсадини аллақачонлар англаган, дастлаб қаршилик кўрсатган бўлса-да, кексалиги туфайли бу икки зўравонга бас келолмаслигини, қолаверса, бу иши бефойдалигини фаҳмлаган, тақдирга тан берган эди. У бурчакда тикилиб, дағ-дағ титраётган хожига ўгирилди:
— Тақсир, таҳорат олсам…

Хожи гаранг эди, у дастлаб қувғинди подшоҳнинг нима деганини англамагандек бақрайиб турди. Кейин бирдан гап нимадалигини англади, зўрға оёққа турди ва Мирзо Улуғбекнинг қўлларини ушлаб турган навкарга мўлтираб қаради. Навкар эса бирдан ҳеч нима демасдан, Мирзо Улуғбекнинг қўлларини бўшатди. Кейин хожига қарата:
— Тез бўлингиз! Аббосни билмайсиз… – деди.

У шундай деб ташқарига чиқди. Хожи югуриб бориб, эшикни занжирламоқчи бўлди. Аммо занжир узилган эди. У шалағи чиққан эшикни бир амаллаб зичлаб ёпди ва таомдан олдин мулозим келтирган қумғонни келтириб, Мирзо Улуғбек олдига қўйди. Ўчоққа яқин турган қумғондаги сув илиқ эди.

Хожи Муҳаммад Хисрав бундай ишлар одатда пинҳона қилинишини, гувоҳлар қолдирилмаслигини билар, шу сабабдан Аллоҳдан ўзига омонлик тилаб ёлворарди. Таҳорат олган бахтиқаро подшоҳ қиблага юз тутиб, намоз ўқимоққа турди. Аммо эшик худди ўтган сафаргидек, қаттиқ зарбадан шарақлаб очиларкан, бир табақаси узилиб ерга тушди. Арқон ушлаб олган Аббос қаҳрли кўзларини намозда турган подшоҳга тикиб, уни еб қўйгудек ўқрайганича бир муддат остонада тўхтади. Мирзо Улуғбек ўрнидан қўзғалаётганини кўриши билан ўрнидан туришга имкон бермай елкасидан босди ва жаҳлдан бўзариб бақирди:
— Ҳой мочағар, қаердасан, келмайсанму?

Хонага шериги ҳовлиқиб кирди. Икковлашиб мирзонинг қўлларини орқага қайириб, маҳкам боғладилар ва ташқарига судраб олиб чиқдилар.

Кеча ойдин эди. Қўрғон саҳни ойдинда оқариб турарди. Аммо ҳовлида бирор кимса кўринмас, карвон аҳлининг барчаси бўлаётган воқеадан даҳшатга тушиб, қаршилик кўрсатиш ўрнига, пана-панада бекиниб олган эдилар.

Аббос банди подшоҳни машъалалар ўрнатилган чинор остига олиб бориб, хазонлар устида тиз чўктирди. Мирзо Улуғбекнинг яланғоч боши ой ёруғида ярақлаб турарди. Аббоснинг юрагини ўч чўғи қиздирар – олдида бош эгиб турган одамни қийнаб, азоблар иродасини синдирмоқни истар, аммо Абдуллатиф мирзо падарига азоб берганини билса, соғ қўймаслигидан хавфсираб тинмай сўкинарди. У банди учун қийноқли лаҳзаларни чўзиш мақсадида қиличини суғиришга шошилмасди, олдинга энгашганча, Мирзо Улуғбекнинг юзига тиржайиб тикиларди. Энгашиб тураркан, юзида қувонч билан ғазаб акс этиб турар, қоп-қора башараси ёвуз йиртқичга ўхшаб кўринарди. Тўсатдан унинг ҳаёлига бир ўй келди-ю, кўзлари сузилиб кетди. У банди подшоҳ қулоқларига паст овозда нималарнидир шивирлай бошлади. Маҳкум подшоҳ ялт этиб бошини кўтарди, лаблари титради, кўзларининг нури сўнгандек хиралашди. Кейин қаноти синган бургутдай бир интилиб, аламангиз ҳолда ҳирқиради:
— Абдуллазиз!…Болам!..

Унинг кўз ўнги қоронғилашди. Анчадан кейин кўзини очди. Кимсасиз ҳовлини, ойдин кечани ва қаршисида тиржайиб турган қоп-қора башарани кўрди.

Мирзо Улуғбек бир неча дақиқадан кейин ўлишини сезди. Хотиралар чақмоқ ёруғида кўринган тасвирлар каби, ҳаддан ташқари тезлик билан бирма-бир унинг хаёлидан ўта бошладилар. У ҳали ўз қаршисида унинг юзини қақшол кафти билан силаётган Соҳибқирон бобосини кўрар, ҳали бошида мунгли аллалар айтган бибиси Сароймулкхонимни кўрар, ҳали суюкли ўғли Абдуллазизни, эрка қизи Робия Султонбегимни кўрар, ҳали шумшук кўзли Абдуллатифнинг чақчайган башарасини, ҳали масъум шогирди Али Қушчининг ғамгин нигоҳини кўрар эди. Бу хотираларнинг ҳаммаси унда ҳеч қандай туйғу уйғотмасдан, учиб ўтарди. Умрнинг саноқли дақиқалар қолганини сезган онг на ғазабга, на шодликка, на ачинишга, на бирор бошқа ҳис-туйғуга ўрин қолдирмаётгандек эди.

Худди ўша лаҳза у деразадан ўзига қараб турган болага кўзи тушди. Улуғбек: “Болани олинг!” – деб бақирди. Аббос унинг нима деб бақирганини билмай бир зум атрофга аланглади, сўнг “Подшоҳ қўрқувдан эсдан оғди” деб ўйлади. Унинг қилич кўтарганини кўрган Мирзо Улуғбек калима келтирди: “Ла илоҳа иллоллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ!”

Қилич шувиллаб тушди-ю, бандининг бошини танасидан жудо қилди. Бошсиз жасад худди балиққа ўхшаб патирлаб отилиб тушар экан, шаҳиднинг бўғзидан оққан қизил қон тирқираб чиқиб хазонларни, нам ерни бўяй бошлади. Аббос эса қиличини жасад эгнидаги тўнга артди-да, шериги етаклаб келган отга ирғиб минди ва дам ўтмай икки отлиқ қора тун қўйнига сингиб йўқолди.

Ҳовли саҳнида ҳеч ким йўқ эди. Фақат бу қонли воқеаникўриб, даҳшатдан эсанкираган бола дераза олдида қотиб турарди. Унинг кўзларидан бир неча лаҳза аввал Мирзо Улуғбек кўзларида товланган маҳзун алам акс этиб турарди.

Чорак соатдан сўнг пана-панада биқиниб олган Хожи Муҳаммад Хисрав бошлиқ карвон аҳли қўрқув ичида бир-бирларига сиқилишиб, бири бошқасини олдинга итариб, ўзи унинг орқасидан боришга тиришиб, оёқларини секин босишиб шаҳид жасади тепасида тўпландилар. Сўнг қўрққанларини билдирмаслик учун шанғиллаб гапириб, ёв босгандек шошилиб, юкларини яна хачирларга ортиб, жасадни сувсар пўстинга ўраб, хачирларнинг бирининг устига боғлаб, Самарқандга қараб йўлга тушдилар.

Тонгда шаҳид подшоҳ қони оққан ерни кетмон билан тарашлай бошлаган қўрғон эгаси ўзига қараб ўтирган ўғлининг кўзларидаги мусибатни сезмагандек ёқимсиз овозда минғирлаб қўшиқ айтарди…

Атрофни қалин туман босган, ҳаво рутубатли, осмонда қуёш йўқ эди…

ҚИССА ТУГАДИ

1993-94 йиллар

04422 mart — Buyuk mutafakkir olim va davlat arbobi Mirzo Ulug’bek tavallud topgan kun

Xurshid Davron
SOHIBQIRON NABIRASI
YOKI MITTI YULDUZ QISSASI (5)

Yakunlovchi qism
01

ELCHILAR VA TO’Y

033 Amir Temur jome’ masjidi qurilishi qanday yakunlanganini ko’rish uchun Bog’i Dilkushodan chiqib shaharga keldi. U haftada bir-ikki marta qurilish maydoniga kelib turgan bo’lsa-da, har gal bu yerga qadam qo’ysa, vujudini hayrat chulg’aydi. Masjidi jome’ shu qadar ulug’vor ediki, uning sahni juma kunlari butun dorussaltana ahlini sig’dira olardi. Uning g’oyatda yuksak peshtoqi uzoq-uzoqlardan ko’zga tashlanardi. Bobur mirzo ham “Boburnoma”da bu inshoot haqida shunday yozgan edi: “Temurbek… yana Ohanin darvozasiga yovuq, qal’aning ichida bir masjidi jome’ solibtur, sangin, aksar Hindistondan eltgan sangtaroshlar anda ish qilibturlar. Masjidning peshtoqi kitobasida bu oyatni “Va iz yarfau Ibrohimal qavoida ilo oxiri” andoq ulug’ xat bitibturlarkim, bir kuruh yovuq yerdin o’qusa bo’lar. Bu ham bisyor oliy imorattur…”

Jome’ masjidi to’rt imoratdan: katta masjid, ikki kichik masjid va haybatli peshtoqdan iborat bo’lib, ular to’rtburchakli hovlida joylashgan, besh ming kvadrat metr sahnli bu hovli 470 toshdan taroshlangan ustunga o’rnatilgan gumbaz bilan yopilgan edi. Katta masjidning gumbazi haqida muarrix Sharafiddin Ali Yazdiy: “Agar osmon gumbazi uning takrori bo’lmaganda, bu gambaz dunyoda yagona bo’lardi”, — deb yozgan edi.

Amir Temur nabirasi Ulug’bekni yetaklab, jome’ni bir boshdan aylanib chiqdi. So’ng peshtoqning yon qatoridagi aylanma zinadan, yuqoriga – kungura ravoqli maydonga chiqdi va yuksakda
turib shaharga, uzoqdagi, kuz kelib, rango-rang bo’yoqlarga belangan bog’larga ko’z tashladi. Sohibqironning hayajoni ortib, zavq bilan xitob qildi:

— Zamon kelib siz ham bunday xayrli ishlarga qo’l urursiz, inshooloh. Ammo unutmang, qurajak binolaringiz beqiyos va haybatli, saltanatimiz shukuhidan darak bergulik darajada ulug’vor bo’lsun! Illo, obidalar kelajak avlodlarga kimligimizdan dalolat berajaklar!

Amir Temur jome’ chiroyidan ko’ngli nechog’lik yayramasin, biroz bo’lsa-da, tashvishli o’ylardan xalos bo’lolmadi. Bo’lajak Xitoy yurishi uning vujudini bir zum ham tark etmasdi.
Ertasi kuni Sohibqiron elchilarni huzuriga da’vat qildi. Qabul marosimi Bog’i Dilkushodagi saroyda tantanali vaziyatda o’tdi. O’sha kuni Turon sultoni taxtining poyiga Kastiliya (Ispaniya) qiroli, Misr sultoni va Xitoy hoqoni yo’llagan elchilar kelib, birin-ketin yukundilar.

 Ispan qiroli Henrih Uchinchining elchisi Rui Xonsales de Klavixo tomonidan bitilgan “Buyuk Temur tarixi” kitobida bu marosim shunday tasvirlanadi:
“Sakkizinchi sentyabr, dushanba kuni (1404 y.) elchilar qo’ngan bog’larini tark etib, Samarqand shahari tomon otlandilar. Bog’dan shahargacha bo’lgan vodiyda bog’lar, hovli-joylar, bozorlar va boshqa manzillar bor edi. Uch soatcha yo’l bosib, shahar tashqarisidagi podshoh yashagan bog’ va saroyga yetdilar. Elchilar yetib kelishlari bilan ularni ichkariga taklif qildilar. So’ng ularni ikki janob qarshilab, “Podshoh uchun olib kelingan buyumlaru-tortiqlarni bizga topshiring, biz ularni tartibga keltirib, tortiqlarni podshoh huzuriga olib boradigan maxsus kishilarga beramiz. Bu podshohga yaqin amirlar farmoyishidur”, — dedilar. Elchilar olib kelgan narsalarini bu ikki janobga berdilar.

Sovg’a-salom topshirilgandan so’ng, elchilar o’sha ikki janobga ergashdilar… Bog’ darvozasi juda katta va baland bo’lib, u oltin suvi bilan qoplangan, qimmatbaho toshlar va koshinlar bilan ziynatlangan edi. Uning oldida oybolta ushlagan soqchilar turishardi…

Elchilar bog’ga kirishlari bilan har birining ustida shiyponcha va ikkitadan tug’ o’rnatilgan oltita filni ko’rdilar. Fil ustidagi shiyponchada o’tirib olgan masxarabozlar odamlarni ko’nglini ochish bilan mashg’ul edilar. Yana biroz yurgach, elchilar o’zlari topshirgan sovg’a-salomlarni tartib bilan ko’tarib turgan odamlarni ko’rdilar. Ular bu yerda ham bir zum to’xtagach, yana oldinga yurdilar. Ikki janob elchilarning qo’llaridan ushlab yetaklab borishar, ularning safida Temurbek bir qancha vaqt oldin Kastiliya qiroli huzuriga yo’llagan turonlik elchi ham qadam tashlar, uning kastiliyaliklar kiyim-boshini kiyib olganini ko’rgan chor-atrofdagi odamlar qah-qahlab kulardilar.

Elchilarni baland supada o’tirgan qari bir janob oldiga olib keldilar. Bu janob Temurbek hamshiralaridan birining o’g’li bo’lib, elchilar unga ta’zim qildilar. So’ng ularni boshqa baland supada turgan murg’ak shahzodalar oldiga boshlab bordilar. Ular podshohning nabiralari bo’lib, ularga ham ta’zim bajo etildi. Shu yerda elchilardan qirolning Temurbekka yo’llagan maktubini berishini so’radilar. Maktubni shahzodalarning biri oldi. Aytishlaricha, bu shahzoda podshohning katta merosxo’ri Mironshoh mirzoning o’g’li (Xalil Sulton) ekan. Bu uch shahzoda o’sha zahoti o’rinlaridan turib, maktubni podshohga berish uchun olib ketdilar. Podshoh go’zallikda beqiyos uyga olib kiradigan eshik oldida, yerda turgan taxt ustida o’tirar, uning yonginasida qip-qizil olmalar o’ynagan favvora yuksak-yuksaklarga otilib turardi.

Podshoh ipakli mato ustiga gullar naqshlangan ko’rpacha ustida lo’labolishga yonboshlab o’tirardi. Uning egnida birorta ham naqsh chekilmagan ipak libos, boshida yoqut, dur va boshqa qimmatbaho toshlar bilan bezatilgan oq bo’rk bor edi.

Uni ko’rganlari zahoti elchilar o’ng tizzalarini bukib, qo’llarini ko’kraklariga bosgan kuyi ta’zim qildilar. Keyin bir necha qadam bosib, yana ta’zim qildilar, so’ng uchinchi marotaba ta’zim qilib, tiz cho’kib turaverdilar. Podshoh ularga o’rnilaridan turishni va o’ziga yaqinroq kelishni buyurdi. Elchilarni boshlab kelgan janoblar to’xtab qoldilar, chunki ularga podshohga yaqinlashishga izn yo’q edi. Podshoh yonida unga eng yaqin uch amir turishar: ularning birini Shohmalik, ikkinchisini Burunduq, uchinchisini Shayx Nuriddin deb atardilar. Bu uch amir elchilarga yaqinlashib, elchilarni qo’ltig’laridan olib poshohga yaqinroq joyga olib kelib, tiz cho’ktirdilar. Podshoh esa ularni yana yaqinroqqa kelishga chorlab, elchilarni yaxshilab ko’zdan o’tkazmoqchi bo’ldi…

Podshoh elchilarga o’pishlari uchun qo’lini uzatmadi, chunki bu odat ularga xos emas, ular boshqa ulug’larni ham qo’lini o’pmaydilar, chunki ular juda mag’rur kishilar…
Shundan keyin podshoh elchilarga murojaat qilib: “O’g’lim bo’lmish qirolning turmushi, sihat-salomatligi qalay, ahvoli tuzukmi?” – deb so’radi. Elchilar unga batafsil javob berdilar, o’z maqsadlarini bayon qildilar, podshoh esa ularning gaplarini diqqat bilan eshitdi.

So’ng Temurbek atrofini qurshab o’tirgan xonlaru-amirlarga xitoban iftixor bilan shunday dedi: “Qaranglar, mana, o’g’limiz bo’lmish Ispaniya qirolining menga yuborgan elchilarini ko’ringiz! U dunyoning eng chetida turadi va butun farang podshohlarining eng buyugidur. Ular, faranglar, haqiqatdan ham ulug’ xalqlardir. Va men o’g’lim bo’lmish Ispaniya qiroliga o’zimning ehtiromimi ko’rsatmak istayman. Bizga sovg’a-salom jo’natmay, yolg’iz shu maktubini yo’llasa ham rozi edim. Men uning salomatligini bilib g’oyat mamnun bo’ldim, bu esa har qanday tortiqdan ham yoqimlidur”.

Qirol yuborgan maktubni esa podshohning nabirasi boshi ustida ko’tarib turardi. Elchilardan biri tilmochga qarata: “Podshohga ayt, bu maktubni mendan boshqa kishi o’qiyolmaydi, qachon ruxsat bersalar o’qib berishga men tayyorman”, — dedi. Shunda podshoh nabirasi qo’lidan maktubni olib, unga ko’z tashladi va uni eshitishga hamisha tayyorligini aytdi. Elchi maktubni hoziroq o’qib berishga tayyorligini aytgach, podshoh, keyin unga odam yuborib, dam olishi paytida maktubni tinglayajagini va qirolga qanday gaplarni yetkazilishini ham o’shanda aytishini ma’lum qildi.

Shundan keyin elchilarga tik turishga ruxsat berildi va ularni podshohning o’ng tomoniga olib borib o’tqazishdi. Elchilarni olib borgan amirlar ularni Xitoy haqoni Temurbek huzuriga yo’llagan elchilardan quyiga o’tqazishdi. Ammo Temur o’sha zahoti amirlarining xatosini tuzatdi. Elchilarning o’rnini almashtirarkan, Sohibqiron xitoylik elchilarga qarata jiddiy ohangda takrorladi: “Sizlar talonchi, nomussiz kishi bo’lmish dushmanimning elchilarisiz, shu sababdan quyida o’tiringiz. Agar Alloh nasib etsa, yaqin orada o’lpon to’lashdan boshqa topshiriq bilan keladigan bo’lsangiz, sizni osib o’ldiraman”.

Qabul ziyofat bilan yakunlandi. Dasturxonda asosan qovurilgan ot go’shti, turlicha pishirilgan qo’y etidan tayyorlangan taomlar qo’yilgan edi. Oltin va kumush idish-tovoqlarga ot buyragi, qo’y kallasi, dumbasi va boshqa yaxna go’shtdan iborat mazali taomlar tortilgandi. Taomlar ustini obinonlar bilan yopib qo’ygandilar. Ovqatdan so’ng turli meva-chevalar tanovvul qilish uchun dasturxonga keltirildi.

Amir Temur olis Kastiliya qiroli elchisiga katta ehtirom ko’rsatdi. Rasm-rusumga ko’ra keltirilgan sovg’alar uch kundan so’ng e’tiborga munosib ko’rilsa-da, bu gal Sohibqiron o’sha kuniyoq qirol yuborgan tortiqlarni ko’zdan kechirdi. Suyukli Saroymulkxonimga ularning eng yaxshisini tanlab olish imkonini bergach, Sohibqiron in’omlarn o’z yaqin kishilariga bo’lib berdi. So’ngra elchilar mehmonnavvozlik bilan kuzatildi. Aziz mehmonlar Bog’i Dilkushodan jo’nash oldidan ularning qiynalmasliklari, hol-ahvollaridan muntazam xabardor bo’lib turish uchun elchilarga saroyning ulug’ va martabali kishilaridan mutasaddilar tayinlandi.

Shundan keyin ikki oydan ziyod vaqt davomida elchilar Tron sultoni, malikalar va amirlar uyushtirgan to’yu-ziyofatlardan bo’shamadilar. Rui Xonsales de Kavixo Amir Temur saroyi ulug’vorligini avji kamolga yetgan davrida ziyorat qilib, dorussaltana atrofidagi Konigil o’tlog’ida, bir-biridan go’zal bog’larda ko’rgan ajoyibotlarni tasvirlar ekan, hayratini yashirmaydi. Biz bu o’rinda, ispan elchisi o’z ko’zi bilan ko’rgan bir-ikki ajoyibot haqida qisqa so’ylaymiz.

Elchi ko’rgan g’aroyib narsalarning biri oltin daraxtdir. Eman shaklida yasalgan bu daraxt tanasi inson oyog’i yo’g’onligida, atrofga yoyilgan shoxlari yashil bilan qoplangan. Bu daraxt mevalari o’rnida juda ko’p qizil yoqut, zabarjad, feruza, safir va ajoyib, yirik durlar shoxlarga osilgan, yaproqlari turli rangdagi mino bilan ishlangan, butoqlarida mevalar kabi osilgan durlarni cho’qib turgan qushlar bo’lgan.

Ispan elchisini hayratga solgan ajoyibotlarning biri Amir Temur uchun tikilgan saroparda – chodir edi. “To’rtburchak shaklda, balandligi uch nayza bo’yi keladigan bu ko’shkning chetlari qariyb bir nayza bo’yi yerdan ko’tarilib turardi. Uning kengligi yuz qadamcha keladi, to’rtburchak shaklida, shifti gumbazday dumaloq bo’lib, har biri odam tanasiday keladigan o’n ikkita ustunga o’rnatilgan edi. Ustunlar lojuvard, zarhal va boshqa bo’yoqlar bilan bezatilgan. Ko’shkning u burchagidan bu burchagigacha uchta ustun qo’yilgan bo’lib, har bir ustun bir-biriga mahkamlangan uch bo’lakdan iborat. Ustunlarning bo’laklarini arava g’ildiraklariga o’xshash moslama orqali, ba’zi joylarida chambarak yordamida ko’tarib mustahkamlaganlar. Ularning tepasidan pastga qadar tushirilgan shohi laxtaklar ustunlarga shunday o’ralgan ediki, bir uchidan ikkinchisiga peshtoq hosil qilgan edi. Mazkur ko’shkning tashqi tomonida tepasi unga ulanib ketgan to’rtburchak shaklda soyabonli pillapoya qurilgan. U bir oz yo’g’onroq yigirma to’rt ustunga tayangan. Ushbu ko’shkda jami’ o’ttiz olti ustun bor. Ko’shk – chodir chamasi besh yuz rangdor chizimcha bilan tortilgan. Uning ichkarisi qizil gilamlar bilan qoplangan. Gilamlar ustiga har xil rangdagi shohi gazlamalardan turli shaklda chiroyli qilib, ba’zi o’rinlarda zarhal iplar bilan qo’shimcha laxtaklar tikilgan. Shiftning o’rtasi juda chiroyli bezatilgan bo’lib, uning to’rt burchagida qanoti tushirilgan to’rt burgut tasvirlangan.

Ko’shk tashqi tomondan noparmon tusli gazlamaga o’xshash oq, qora va sariq yo’l-yo’l shohi mato bilan qoplangan. Har burchagidagi ustunning tepasiga ustiga oy tasviri qo’ndirilgan mis olma osilgan. Ko’shkning eng baland joylarida avvalgilaridan ham balandroq yana to’rt ustun o’rnatilgan. Ushbu ustunlar ustida ham mis olma va to’lin oy tasviri bor. Tilga olingan ustunlar orasida har xil shoxi kungiralari bo’lgan burj qad ko’targan. Burjning o’z eshigi bor. Qattiq shamol turib ustunlar qimirlay boshlaganda, odamlar ko’shkning tepasiga chiqib, zarur joylarida u yoqdan bu yoqqa bemalol yurar edilar. Ko’shk juda baland bo’lib, shu qadar keng va ulug’vor ediki, unga hayratlanmasdan qarash mumkin emas. U men tasvirlagandan ko’ra xiyla go’zal edi.

Ko’shkning ichkarisida, bir tomonda, gilamlar ustiga uch-to’rt qavat ko’rpachalar to’shalgan, supa shohga mo’ljallangan: chap tomonda, shohsupadan biroz chetroqda gilamlar to’shalgan boshqa supa, uning yonida pastroq yana bir supa bor. Uning atrofi guldor shohi mato bilan bamisoli qasr yoki shahar devolari singari o’rab olingan. Shohi to’siq ustiga dandanalari yuqoriga chiqib turgan, ichki va tashqi tomondan bog’ichlari bo’lgan laxtaklar har xil usullarda tikilgan edi. Bu laxtaklar shohi to’siqni bir marosda saqlab turishga ham xizmat qiladi. Shohi to’siqlarni ichkaridan ustunlar tutib turadi. Bir otliq bo’yi barobar keladigan halqa shaklidagi to’siqning kengligi uch yuz qadam edi. To’siqning peshtoq shaklida ishlangan baland yo’lagi bor. Ichkari va tashqariga ochiladigan eshiklar ham shohi to’siqlar singari bezatilgan. Eshikning tepasida to’rtburchak shaklidagi kungirador minora bor… Eshik, peshtoq va minora hammasidan yaxshiroq va mukammal ishlangan. Shohi to’siq “Saroparda” deb ataladi.

Tarix sakkiz yuz yettinchi yil rabiul-avval oyining birinchi kuni — melodiy 1404 yil 7 oktyabrda Amir Temur nabiralariga atab katta to’y boshladi. Bu to’y marosimi Konigilda bo’ldi. “Ming bir kecha” hikoyalarini eslatadigan shohona bazmlar va mehmondorchilik qirq kun davom etdi. Chinu-Mochin va Hindistondan kelgan ko’zboylog’ichlar, qiziqchilar, muqallidlar, dorbozlar to’y ahlining vaqtini chog’ etdi. Asosiy bazm hozir siz tasvirini o’qigan saropardada uyushtirilgan bo’lib, unga elchilar ham taklif etildilar. Bazmda qatnashgan Klavixo yozadi: “Ziyofat tugashi bilan shohning eng yaqin a’yonlaridan bo’lgan, uning xonadonini boshqaruvchi amir Shoxmalik va amir Shayx Nuriddin shohga sovg’a taqdim etdilar. Sovg’a bir necha uzun poyali kumush idishlardan iborat bo’lib, har biriga qand, mayiz, bodom, pista va boshqa shirinliklar solingan, ustiga bir parcha shohi gazlama qo’yilgan edi. Bu idishlar to’qqiztadan edi, chunki ularning udumiga ko’ra shohga taqdim etilayotgan sovg’a to’qqiz narsadan iborat bo’lishi lozim. Shoh sovg’alardan shu yerda hozir bo’lgan yasovullarga ulashdi, ustiga shohi parcha yopilgan idishlardan ikkitasini elchilarga taqdim etdi”.

To’y nihoyasida Sohibqironning nabiralari: Ulug’bek, Ibrohim Sulton, Ijil, Sayid Ahmad, Pirmuhammad, Boyqaro mirzolar uylantirib qo’yildi. Ulug’bek mirzoga marhum Muhammad Sultonning qiziga O’gaybegimni nikohlab berdilar. Ulug’bek bibisi yonida joy olgan O’gaybegimga bolalarga xos qiziqish bilan qaradi. Ipak matolarga o’rangan, boshida qizil qalpoq kiygan, qo’llariga son-sanoqsiz bilakuzuklar taqqan, og’zini katta-katta ochib, kemtik tishini ko’rsatib nimanidir kavshayotgan bu yetti yashar qizaloqni ko’rgan Ulug’bekning kulgisi qistadi. Keyin esa hech kimga bilintirmay o’rnidan turdi-da, ko’shkdan chiqib, mulozimga Oyqorni keltirishni buyurdi. U otga minib, Cho’ponota tomonga yo’naldi. Bir necha xos soqchilar soyadek unga ergashdilar. Bu tepalik yuksakligidan yulduzlarni kuzatish kishiga so’z bilan ifoda qilib bo’lmaydigan zavq baxsh etishini Ulug’bek allaqachonlar sezgan edi. “Bu yerdagi xohlagan tepalik ustida rasad tiklash mumkin”, — degan edi bir kuni Mavlono Qozizoda Rumiy.

Shahzoda tepalarning biriga ot bilan chiqib borarkan, uning maqsadini anglagan qo’riqchi navkarlar tepalik pastida to’xtab qoldilar.

Kuz osmoni bulutsiz, shu qadar shaffof, tiniq ediki, hatto oddiy ko’z bilan bir yulduz turkumini boshqasidan oson farqlash mmkin. Yulduzlar shuuri faqat falakka emas, zaminga ham sehrli va dilgir manzara in’om etgan: bu manzaraga tikilgan Ulug’bek to’y o’tayotgan o’tloq tomon boqarkan, hayrati yana oshdi. Oy nuri yoritib turgan chodirlar uzra tug’lar hilpirab turar, butun to’y maydoni son-sanog’i noma’lum mash’alalar bilan yoritilgan, ularning yorug’ida hatto bibisi Saroymulkxonim chodiriga o’rnatilgan, bir tavaqasida Avliyo Pyotr, ikkinchi tavaqasida Avliyo Pavel tasviri oltin suvi bilan ziynatlangan ulkan eshik yal-yal tovlanib, yaqqol ko’rinib turardi. Bu eshik Bursani zabt etishda qo’lga kiritilgan edi. Bir zum to’y manzarasiga tepalik ustidan turib qaragan Ulug’bek, ko’zlarini osmonga qadashi bilan butun borliqni unutib, suyukli yulduzlari bilan yuzma-yuz qoldi.

Anchadan keyin tepalikdan tushib, shovqin-suroni to’rt tarafga yoyilayotgan to’yxona tomonga qarab ot yo’rttirib borayotgan shahzoda: bibisining aytishicha, endi uning jufti haloliga aylangan O’gaybegimning og’zini katta-katta ochib, kemtik tishini ko’rsatib kavshanayotgan holini ko’z o’ngiga keltirarkan, piqirlab kulib yubordi. U manzilga yetib, o’z o’rniga borib o’tirarkan, bobosi bilan jiddiy tarzda nimanidir suhbatashayotgan amakisi Pirmuhammad Jahongirga ko’zi tushdi. O’gaybegimning otasi shu mirzoning akasi edi, shu sababdan valiahdlik endi unga o’tgandi. Yigirma to’qqiz yashar Pirmuhammad Jahongir mana necha yilkim bobosining amri bilan bir paytlar Mahmud G’aznaviydek qudratli sultonga tegishli ulkan mamlakatni idora qilishdek mushkul vazifani uddalab kelayapti. Ulug’bek ularni nima haqda suhbatlashayotganlarini bilmoqchi bo’lgandek, bobosi bilan amakisidan ko’zini uzmasdi.

Nihoyat, to’yu-tomoshalar poyoiga yetgach, Sohibqiron Konigildan ko’chib, shaharga qaytdi va Bibixonim madrasisida to’xtab, Xitoyga bo’ladigan yurish masalalari hal qilingan maxfiy kengash o’tkazdi. Kengashda Mironshoh mirzo, Shohruh mirzo hamda Umarshayx mirzoning o’g’li Iskandar mirzodan boshqa barcha shahzodalar, no’yonlar, dorug’alar, Berdibek, Xudoydod Husayniy, Dodmalik, Pirmuhammad Tog’oybuqo, Shohmalik, Shayx Nuriddin, Saodat Temurtosh kabi nufuzli amirlar chaqirildi. Maxfiy to’plandida, bu katta yurish ikir-chikirigacha bir boshdan tahlil etildi. Majlis nihoyasida Amir Temur ulug’ amirlari va boshqa mutasaddilarga beto’xtov el-yurtlariga borib lashkar to’plash, qurol-aslaha, ot-ulov va bir oyga yetgulik oziq-ovqat zahirasini tayyorlashni buyurdi. Shuningdek, bo’lajak yurish xayrli tugashi haqiga qurbonlik so’yilib, shahzodalar, amirlar va boshqa hukmfarmolar mavqe’ va darajalariga yarasha qimmatbaho sarupolar, murassa’ egar-jabduqlar, shamshir va xanjarlar, tilla va kumush kamarlar, asl zotli arg’umoqlar, naqdinalar bilan siylanib, yurtlariga qaytishga ijozat oldilar. Taqdirlangan farzandlaru-nabiralar qatorida Ulug’bek mirzo ham chetda qolmadi. Unga Toshkent, Sayram, Yangikent, Taroz, Ashpara va Jeta viloyatidan Xitoygacha bo’lgan mulk suyurg’ol bo’ldi. Ulug’bekning inisi Ibrohim Sultonga esa Andijon, Axsikat, Koshg’ardan va Xo’tangacha bo’lgan hudud berildi. Bu ikki nabiraga berilgan yerlarning talay qismi hali Amir Temur hukumatiga tobe bo’lmay, bo’lajak yurishda ularni zabt etish allaqchonlar rejalashtirilib qo’yilgan edi.

Har ikki shahzoda hali yosh bo’lganlari uchun ularga otaliqlar tayinlandi. Turklarning bilkut qabiladan bo’lgan amir Shohmalik Ulug’bek mirzoga otaliq bo’ldi.
Podsholik siyosatiga bag’ishlangan qadimy kitoblarda yozilishicha, hukmdorlarning saroyida amaldagi rusumga binoan murg’ak shahzodalar tarbiyasi, ularni muhofaza qilish, hol-ahvoli, o’qish-o’rganishini kuzatib, nazorat qilib borish yuqori martabalik amirlarning qo’liga topshirilgan. Bu martabaga erishgan amirlar otaliq unvonini olardilar. Otaliqlar yosh shahzodalar tarbiyasi bilan shug’ullanish bilan birga, shahzodalarga tegishli mulkni ham boshqarganlar.

Xitoyni zabt etish Amir Temurning azaliy orzusi edi. U ko’p marotaba yo’lga chiqaman deb turganida, albatta, biror kor-hol bo’lib, rejasi keyinga surilardi. Birinchi marta, nabirasi Pirmuhammad Jahongirning Hindiston bilan urushi ochishi; ikkinchi marta besh yillik yurish paytida fath etilgan, saltanatning g’arbiy sarhadlariga usmonli turklar sultoni Yildirim Boyazidning xavf solishi, oqibatda yetti yillik safarga qasd etilgani, Xitoy yurishini kechiktirgan edi. Sohibqiron qarib qolganini anglar, tezroq orzusini amalga oshirishga shoshilardi. Shu sababdan bahor kelib, yaylovlarda o’t ko’karguncha sabr qilish borasidagi maslahatlarga ham quloq solmasdan, qish yaqinlashganiga qaramay yo’lga chiqishga ahd qilgan edi.

Xonim madrasasida o’tkazilgan kengashdan keyin Amir Temur, sovuq tushgani sababidan bog’lariga emas, Samarqand arki ichida joylashgan Ko’ksaroyga ko’chib o’tdi. Ko’ksaroy to’rt qavatli mustahkam va mahobatli qasr bo’lib, devorlari to’k ko’k marmar bilan qoplangan bu maskan Sohibqiron zamonida ham, undan keyin ham saltanatning muhim tadbirlari o’tkaziladigan joy sifatida xizmat qilardi. Bu yerda davlatning bosh xazinasi va ko’rxona (qurol-aslaha ombori) joylashgan edi. Ko’ksaroyda zindon mavjud bo’lib, unda xavfli davlat jinoyatchilari saqlanar, o’sha yerda qatl etilardilar.

Qasrda, shuningdek, maxsus ustaxonalar joylashgan bo’lib, mohir ustalar kecha-yu kunduz tinim bilmay qilich, nayza, o’q, sovut, jiba, tura, zireh, hafton, tabarzin, bargustvon singari urush yaroqlari yasardilar. Amir Temur Ko’ksaroyga ko’chib o’tgan kuniyoq, dastavval qurol-aslaha omborlarini, ustaxonalarni birma-bir ko’zdan kechirib, qo’rboshi bilan ustaboshilarga bo’lajak harbiy yurish munosabati bilan zarur farmoyishlarni berdi.

AYRILIQ

Osmonni qora bulutlar qoplagan, tong salqini izg’iringa aylangan kech kuzak kunlarining birida Amir Temur Samarqanddan chiqib, Sirdaryo tomonga qarab yo’naldi. Tevarak atrofda maysalar qovjiragan, yerdagi xazonlar o’z rangini yo’qota boshlagan, kuz mavsumi oxirlab, qish yaqinlashib qolgani tabiatning har bir alomatida sezilardi.

Bepoyon dasht aro ulkan qo’shin xotirjam yo’l bosadi. Navkarlar bu galgi yurish necha yil davom etishini bilmaydilar – ba’zilari buni o’ylab, xayolga botgan, ayrimlari esa taxmin aytib, bahs qilishadi. Ba’zi birlar “Rostdan ham Xitoy ustig’ami?” – deb gumonsirashadi. Ularning bunday shubhalanishiga asos bor edi.

Ibn Arabshoh yozadi: “Temur Samarqandda bog’-bo’stonlar bunyod qilish va qasrlar qurish bilan mashg’ul bo’lib turganda, qo’shni mamlakatlar (uning hujumidan) osoyishta bo’lib, baqamti o’lkalar esa undan bexavotir edilar. Temurning ishlari nihoyasiga, qasrlari (qurilib) kamoliga yetgach, u o’z qo’shiniga Samarqandda jam bo’lishini buyurdi. Keyin ular uchun o’zi o’ylab topib, ixtiro qilgan tarkib va tazribda (maxsus) qalpoqlar tayyorlashlarini hamda jangchilar ularni kiyib, yurishga odatlanishlarini amr qildi. Temur ularning qaysi tomonga borishlarini ma’lum qilmadi. Bu qalpoqlar ular uchun shartli bir belgi edi. Temur o’z yerlarining barcha tomonlarida oldindan posbonlar tayinlab qo’ygandi. So’ngra u Samarqanddan chiqib, o’zini Xo’jand, Usmonli yerlari va Jandga boryapman deb ovoza tarqatdi. Shundan keyin u o’z askari girdobiga sho’ng’ib ketdiki, go’yo u dengiz burilishi va qaysi tomonga g’orat va talaf eltishini hech kim bilmasdi, u shahar ketidan shahar bosib o’tib, kecha-kunduz yo’l yurdi, u yulduzlardek uchar va chavandozlardek tez chopardi hamda qo’ngan har bir joyda charchagan zotdor tuyalarni tashlab ketar edi. Nihoyat, u hech kim o’ylamaganda, Luriston yerlarida paydo bo’ldi”.

Yana shu muarrix bu haqda yozadi: “Temurning qo’shin bayroqlari mashriqda turganda, uning nog’oralari nag’malari va udlarining zarblari Iroq, Isfaxon va Sheroz hisorida yangraganda, birdan uning torlarining jaranglashishi va karnaylarining g’atillashi Rum ko’chalarida, Ruha manzillarida va Hijoz karvonlari oralarida eshitilib qolardi…”

Shu sababdan ham Amir Temur yurishlarida suyagi qotgan tajribali navkarlar “Xitoyg’a deb boraverib, tag’in Mozandarondan chiqib qolmaylik!” – deb bir-birlariga gap qotishar, bu gapni eshitgan yosh navkarlar Shom va Rum janglari haqida maftunkor hikoyalarni eshitgan va o’sha sehrli o’lkalarga oshiq bo’lib qolganlaridan “Koshki, shunday bo’lsa!” deb o’ylashardi. Har bir navkar jangga shay, jasoratga tayyorligini namoyish etmoqchidek, shaxdam qadam tashlaydi, otini o’ynatadi.

Temur o’zining harbiy yurishlariga nihoyatda puxta tayyorlanar, odatda har bir jangchining quroli va ozig’ini shaxsan o’zi ko’zdan kechirardi. Muarrixlarning yozishicha, har bir jangchi bir yilga yetadigan oziq-ovqat va boshqa buyumlar zaxirasi, to’rt xil qurol-yarog’ – bir kamon va o’ttiz o’q-yoy, sovut va qalqonga ega bo’lishi lozim bo’lgan. Har ikki jangchida bir ot va har o’n kishida bir chodir, bir belkurak, bir ketmon, bir o’roq, bir arra, bir tesha, bir bigiz, yuzta igna, arqon, bir pishiq teri va bir qozon bo’lishi talab etilardi…

Qo’shinning oldiga tushib, ancha uzoqlab ketgan bir to’p otliqlar – Xalil Sulton, Sulton Husayn va ulardan yoshroq bo’lgan shahzodalar: Ulug’bek, Ibrohim Sulton, Boyqaro, Ijil, Suyurg’atmish o’zaro suhbatlashib ketmoqda. Ulardan sal keyinroqda bir guruh xos navkarlar har qanday xavf-xatarni daf etmoqqa shay holda ot niqtashadi.

Erta sahar yo’lga chiqilganiga, havoning avzoyi buzilib, tund va ko’ngilsiz bo’lib turganiga qaramay (saroy munajjimi yangi yurish uchun saodatli deb shu kunni belgilagan edi), dorussaltanada zerikkan navjuvon mirzolar ot ustida ham she’r aytish bilan band. Deyarlik hammasi she’r yozishdan xabardor. Xalil Sultonning g’azallari esa hatto qo’shiq bo’lib, el orasida tarqalgan.

Hozir ular kim o’zarga she’r aytishni yakunlab, yangi ermak boshlashgan. Bu she’riy o’yin o’ziga xos musohaba bo’lib, birinchi kishi g’azal matlabini aytar, ikkinchi kishi uni davom ettirar, u yog’i ham shunday tarzda davom etib, so’nggi baytga yetganda, navbat olgan shoir albatta o’z taxallusini qo’shib, g’azalni yakunlashi lozim edi. Tajribali Xalil Sulton ot ustida tebranarkan, tengdoshi Sulton Husaynga, keyin murg’ak shahzodalarga ko’z tashladi-da, ko’zlarida mug’ombirona o’t chaqnab, birinchi satrni boshladi:

Ey ko’rklilar xayoli bila mubtalo ko’ngul…

Husayn yalt etib, Xalil Sultonga tikildi, uning sovuq ko’zlari ham bir lahza cho’g’langandek bo’ldi. Ulug’bek allaqachon Xalil Sultonning hiylasini anglagan, g’azalni davom ettirishga tayyor, ammo o’zidan yoshi ulug’ Husayn Mirzo aytishini kutardi. Husayn davom etdi:

Ko’zi bilan keturgon o’zini balo ko’ngul…

Xalil Sulton bilan Husayn bir-birlariga qarab, rohatlanib kuldilar, so’ng ikkovlon Ulug’bekka qaradilar. Ulug’bek esa Ibrohim Sultonga qaradi. Ibrohim Sulton “O’zing aytaver!” degandek bosh silkitdi. Ulug’bek o’sha zahot jarangli ovozini baralla qo’yib:

Ne yerda bir qamar kibi yuz ko’rijak ravon,
Ko’zung yumub tusharsan aning ustino, ko’ngul…

— deb aytdi-yu, o’ziga hayron qarab qolgan Xalil Sulton bilan Husaynga qarab xoxolab kulib yubordi. Bayov tabiatli Ibrohim Sulton bir zum ichida aytilgan satrlarni o’zicha qaytardi-da:

— Iya, bu Sayfi Saroyi g’azali-ku?! – dedi.

Endi hammalari baravar kulib yubordilar. Xalil Sulton hiylasi amalga oshmaganidan, Husayn unga sherik bo’lganidan, Ulug’bek o’zini pisand qilmagan akalarini boplaganidan, Ibrohim Sulton esa bu mug’ombirlikni oldindan sezmaganidan zavqlanib kulardi. Go’yo bepoyon dasht qo’yni yoshlarning kulgusi bilan to’lgandek tuyulardi.

Ular hozir birga edilar, ular birligining boisi Sohibqiron bobo edi. Ammo qazodek qaytarilmas hukmga ko’ra uch oydan so’ng o’zaro raqib bo’lib, bir-birlariga qilich qayrashlarini bilmas edilar. Bu dahshatli hukm qo’shin o’rtasida oppoq ot ustida og’ir tebranib kelayotgan Jahongirning o’limidan so’ng kuchga kirishi yolg’iz Allohga ayon edi.

Samarqanddayoq qo’shinning o’ng qanoti Toshkent va Sayramda, so’l qanoti esa Yassida qishlashi mo’ljallangan edi. Shunga ko’ra, Xalil Sulton mirzo boshliq amirlar Toshkentda, Husayn mirzo esa Yassida, Sohibqironning o’zi esa qo’shinning qolgan qismi bilan O’tror va uning atroflarida qishlashi ham barchaga ma’lum. Temurning hisob-kitobiga ko’ra, qo’shin uch yarim ming chaqirimdan ziyod yo’l yurmog’i zarur edi. Yo’lning olisligi, qo’shinning ulkanligi shunga yetarli oziq-ovqat, yem-xashak bilan ta’minlamog’i lozim. Shuning uchun ham qo’shin ortidan har xil yuklar ortilgan zaxira karvonlari izma-iz yo’l bosadi.

Amir Temur yurishlarga qo’shinini olib chiqaverib g’oyat pishib ketgan qo’mondon edi. U faqatgina yaqin muddatga mo’ljallangan oziq-ovqat g’amlash bilan cheklanib qolmay, tarixchilarning guvohlik berishicha, navkarlari izidan bir necha ming ot-aravaga bug’doy yuklab yurardi. U ertangi kunini ham o’ylab, qo’shin qaytayotganida ham oziq-ovqat muammosini hal qilish uchun qulay joylarga bug’doy, arpa, suli ektirardi. Shuningdek, qimizi va qimronini ichish uchun bir necha ming biya va tuya olib yurardi.

Amir Temur dastlab Oqsulotda bir oy turdi, jumaduloxirning poyonida esa O’trorga qarab yo’l oldi. Zarkent shahri yaqinida qo’shin muz qoplagan Sirdaryo ustidan eson-omon o’tib oldi. Qish qattiq kelgan, daryo ustini qoplagan muzning qalinligi bir-ikki, ba’zi joylarda uch tirsakka yetgan ediki, bu muz ko’prik har qaerdan piyoda va otliq qo’shin o’tsa, bemalol bardosh berardi. Qo’shin daryodan eson-omon o’tgan bo’lsa-da, yo’lda ko’p odam nobud bo’ldi. Qalin qor ba’zi joyda otning ko’kragicha yog’gan, sovuq kuchayib borardi.

Amir Temur ming bir mashaqqat bilan O’trorga yetib, shahar hokimi Berdibek saroyiga qo’ndi. U qishni O’trorda o’tkazib, bahorda Xitoyga hamla qilish uchun tayyorgarlik ko’ra boshladi. Ammo unga bahorni ko’rish nasib etmadi. O’trorga yetgan kundan ikki hafta o’tib, Sohibqiron betob bo’lib qoldi.

Xastalikning uchinchi kuni Sohibqiron o’limi yaqinlashganini sezdi-yu, Saroymulkxonimni chaqirtirdi. Keyin amir Shohmalik bilan amir Shayx Nuriddin chaqirtirildi. Nihoyat, amirlar chiqib ketdilaru, chodirdan chiqqan xos tabib mavlono Fazlulloh Tabriziyning shogirdi bo’lgan yigit Ulug’bekka yaqinlashdi:
— Amirzodam, — dedi u pichirlab, — sizni so’rayaptilar…

Ulug’bek ichkariga qadam qo’ydi-yu, bobosining qovoqlari yumilganini ko’rib, qo’rqib ketganidan, yalt etib bibisiga qaradi. Bibisi “yaqinroq o’t!” degandek ishora qilgach, bobosiga yaqinlashdi. O’sha zahot bobosining qovoqlari sezilar-sezilmas pirpiraganini ilg’adi. Bobosining ko’zlarida nur yiltiradi. Bolaning bo’g’ziga nimadir tiqilib keldi, ammo o’zini tutib, bobosi oldida tiz cho’kdi. So’ng ko’rpadan chiqib turgan bemorning kaftini silay boshladi.

— Ulug’bek mirzo! – bobosining tovushi o’zgarmagan, o’shanday kuchli va qat’iy edi. – Keldingizmi?
— Keldim, bobojon, keldim! – deya shosha-pisha javob berdi u.

Ulug’bek parqu yostiqqa bosh qo’ygancha xira ko’zlarini unga tikib turgan bobosiga qarab egildi. Bobosining yuzi iki-uch kun ichida sarg’ayib ketganini ko’rib, ichidan zil ketdi. Hatto u ham yoshgina boshi bilan bu o’lim muqarrarligining alomati ekanini angladi.
— Qoshimda bo’ling, — dedi bobosi pichirlab, — Gapirmasangiz ham, mayli…
Ulug’bek bibisiga qaradi. Ammo bibisi Mavlono Fazlulloh bilan pichirlashib turardi.

— Muhammad Tarag’ay bobongiz… – Yana bobosining tovushi eshitildi, — Menga qilg’on vasiyatlari haqinda… so’ylag’onim yodingizdamu?
— Yodimda, bobojon, har o’gitingizni zehnimg’a jo etg’onmen… – dedi Ulug’bek yana bobosi ustiga egilgancha.
— Ko’p yaqinlashmang, mirzo, — dedi to’satdan bobosi, — Nafasingiz kuchlidur, nafasimni qaytarmasin…

Tabib yigit Ulug’bekning yengidan tutdi. Ammo bola bobosi unga yana nimadir demoqchiligini sezgach, tabib yigitga e’tibor qilmadi.
— O’sha so’zlar qulog’ingizda bo’lsun… Xo’pmi, bolam?

Yana bo’g’ziga nimadir tiqilib keldi-yu, bola javob bermoqqa ilojsiz qoldi, faqat “Xo’p!” degandek bosh silkitdi, xolos. Tabib yigit yana shahzodaning yengidan tutdi, bu bilan suhbatni bas qilishni so’radi. Ulug’bek qaddini rostladi. Chiqayotib, bibisi bilan hamon pichirlashib gaplashayotgan mavlono Fazlullohga ko’z tashladi. So’ng indamay, vazmin odimlab tashqariga chiqdi.

Amir Temur qaytib o’rnidan turolmasligini anglagach, taqdirga tan berib, eng sodiq amirlarini huzuriga chorladi va gapni cho’zib o’tirmay, o’zidan keyin nabirasi Pirmuhammad Jahongir saltanat egasi bo’lishi haqidagi so’nggi amrini e’lon qildi.

So’ng barcha amirlari, saroy odamlari oldida so’nggi vasiyatini aytib turib, kotibga yozdirdi

— Anglab turibmanki, ruh qushi qalb qafasidan parvoz qilmoqchi, Tangri taoloning dargohiga jonimni baxsh etayotibman, — deb vasiyatnomasini boshladi buyuk jahongir. – Sizlarni uning lutfu marhamatiga topshirdim. – Amir Temur shunday deb Saroymulkxonimga, uning yonidagi nabiralariga tikildi, ularning yig’layotganlarini ko’rib, so’zini davom etdi: — Obi diyda qilib o’tirmanglar, ohu nola chekmanglar, chunki bundan foyda yo’q. Ruhimni fotiha va takbir bilan shod etinglar.

Alhamdililloh, Tangri taoloning yordami-la ma’murayi olamni shunday zabt etdimki, bugun tamom Eronu Turonda biror kishining boshqalarning ishiga aralashishi yoki jabru bepok qo’lini bechoralarga ozor berish uchun ko’tarishga majoli yo’qdur. Gunohim qancha ko’p bo’lsa ham kechiringlar, deb Tangri taoloning mulkini beqiyos saxiylik bilan qo’riqladim, zolimlarning tajovuzli qo’lini mazlumlarning etagidan yulib tashladim. Saltanat qurib o’ltirganimda, eshitmagan yoki menga xabar qilmagan, yoxud dunyo sobit bo’lmagan paytlardan boshqa vaqtda zo’ravonning zaif ustidan zo’ravonlik qilishiga yo’l qo’ymadim…
Shunday bo’lsa-da, dunyo menga vafo qilmadi, bilinglarki, sizga ham vafo qilmaydi…

Lekin jabru zulmga mone’lik qilish ishini kechiktirish mamlakatni xavfu g’avg’o ostida qoldiradi, jumlai haloyiqning huzur-halovatini buzadi, maslagu tariqatning buzilishiga olib keladi. Qiyomat kuni buni bizdan so’raydilar, surishtiradilar…

Shu kundan e’tiboran farzandimiz Pirmuhammad Jahongirni o’zimizga valiahd va toju-taxt vorisi etib tayinladikkim, Samarqand taxti uning farmonida bo’lg’ay, tamkinlik va istiqlol bilan mulku millat, lashkar va raiyatning muhim yumushlari bilan mashg’ul bo’lsun. Sizlar esa unga tobe’lik va bo’ysunish marosimini o’rniga qo’yinglar, uni birgalikda qo’llab-quvvatlanglar, toki olam buzilmasun, yurt parchalanmasun…

O’g’illarim, Millatning ulug’ martabasini, saodatini saqlamoq uchun sizlarga qoldirayotgan vasiyat va tuzuklarni yaxshi o’qing, aslo unutmang va tadbiq eting.

Millatning dardlariga darmon bo’lmoq vazifangizdur. Zaifalarni qo’riqlang, yo’qsullarni boylar zulmiga tashlamang. Adolat va ozodlik dasturingiz, rahbaringiz bo’lsun. Men kabi uzun saltanat surmak istasangiz, qilichingizni yaxshi o’ylab chekingiz… orangizda nifoq paydo bo’lmasligi uchun ko’p diqqat bo’ling. Ba’zi nadimlaringiz va dushmanlaringiz nifoq tuxumi sochmakka, bundan foydalanmakka kirishajakdurlar. Faqat tuzugim va vasiyatim sizg’a to’g’ri yo’l ko’rsatg’ay. Alarga sodiq qolsang’iz, tosh boshingizg’a tushmas…

Amir Temur jim qoldi. Suyukli malika oldidagina xastaligini, xastalik zaifliklarini boricha ochiq ko’rsatgan qari jahongir amirlari qarshisida hamon qat’iyatli hukmdor edi. U har bir amirga qattiq tikilib, ta’kidladi:
— Yana aytaman: mendan so’ng toju taxt egasi Pirmuhammad Jahongir bo’lajakdur. Unga, xuddi menga itoat qilganingiz kabi itoatda bo’lingiz.

Bundan bir necha yil avval Sohibqiron valiahdlikka Jahongir Mirzoning to’ng’ich farzandi Muhammad Sultonni mo’ljallangan edi. Ammo nabirasi Rum yurishi poyonida allaqanday darddan to’satdan qazo qildi. Valiahdlik marhum amirzodaning inisi Pirmuhammad Jahongirga o’tdi. Sohibqiron Xitoy yurishi arafasi nabirasini G’aznadan chaqirib, unga o’z niyatini ma’lum qilgan va uning toj-taxtga da’vosini mustahkamlash uchun xonlar naslidan bo’lgan inisining bevasini Pirmuhammadga nikohlab berdi. Hatto Konigul to’ylaridan so’ng Saroymulkxonim madrasasida o’tkazgan majlisda o’ziga sadoqatli amirlarga valiahdlik haqida kelgan qarorini aytgan, ulardan shahzodaga sodiq bo’lish va’dasini ham olgan edi. Ammo hozir… Hozir u o’lim to’shagida yotibdi, Pirmuhammad Jahongirni yoniga chorlagani bilan, u yetib kelguncha Tangri taolo uning jonini olishi aniq. Demak, amirlarga qasam ichirishdan boshqa yo’l yo’q!

Amir Temur yana har bir safdoshiga tikilib, buyurdi:
— Har biringiz bu amrimga itoat ominini bajo keltiring’iz! So’ng Qur’oni Karim ustida qasam iching’iz!

O’sha on barcha amirlar baravariga “Omin!” deb fotiha aytdilar va birin-ketin muqaddas kitobni o’pib, qasam ichdilar.

Hammaning ko’z o’ngida Amir Temur saltanat muhrini olib, vasiyatnomaga bosdi. U shunday qilishga majbur edi. Chunki hozir uning yonida murg’ak shahzodalarni aytmaganda, yoshi ulug’ na bir farzandi va bir nabirasi bor. Qaniydiki, ular shu yerda – yonida bo’lsalaru valiahdlik borasidagi gaplarni uning o’z og’zidan eshitsalar…

Ammo amirzodalarni chorlash haqida amir Shohmalik og’iz ochganda, sohibqiron “yo’q!” degandek bosh chayqab, gapirdi:
— Vaqt o’tdi, Shohmalik, ammo… ammo Shohruhni bir ko’rgum bor erdi…

Amir Temur gapini tugatolmadi, uni qattiq yo’tal tutdi. Anchadan keyin yuzi qip-qizarib ketgan Sohibqiron yana xira ko’zlarini amir Shohmalikka tikib, dona-dona qilib aytdi:
— Ulug’bek mirzoni senga topshirg’onimni minba’d unutma… Sen aning otalig’isan… Undan boxabar bo’l!

Yana bir damdan keyin Amir Temur ikki safdoshiga qattiq tikildi:
— Bilaman, valiahdlik Shohruhg’a bo’lsun, deysiz!.. Ammo, valiahdlig’ to’ng’ich o’g’il xonadonig’a bo’lsun, demaganmi ota-bobolar?! Shohmalik!.. Nuriddin!.. Boxabar bo’ling! Mabodo vasiyatimg’a xilof ishlar ro’y bersa, yo’l qo’ymang’iz! Qilich birlan yo’l qo’ymang’iz! Vasiyatimni buzg’on kim bo’lmasun, o’g’limmi, nabirammi, jazolang’iz! Illo, shunday qilmasangiz, barchang’iz nes-nobudlik komig’a tortilg’aysiz! Bu so’zlarim yodingizda bo’lsun!

Sohibqiron Saroymulkxonim ham Shohruh tarafdori ekanini bilardi. Shu sababdan u malika bilan ham gaplashdi.
— Bibi, — dedi Amir Temur, — siz saltanat mahdi ulyosidursiz. Shunday erkan, saltanat taqdiri sizg’a ham bog’liqdur… bu suhbat balki so’nggisi bo’lg’ay. Sizdan yolg’iz bir o’tinchim: valiahdlig’ rasmi buzulmasun!

Amir Temur Ko’ragon sakkiz yuz yettinchi yil sha’bon oyining o’n yettinchisida – melodiy 1405 yilning 18 fevralida yetmish yoshida olamdan o’tdi.

Armeniy Vamberi yozadi: “O’lim bilan yuzlarcha marta yuzma-yuz kelgan Temur hayotining bu so’nggi daqiqalarida o’zining qahramonlik vazifasiga sodiq qoldi. Uni o’rab olgan bolalari, nabiralari hamda quroldosh do’stlari dunyodan ko’z yumayotgan oliy hukmdor uchun achchiq ko’z yoshi to’kkan paytda, u hammasini o’zaro ittifoq va do’stona hayot kechirishlarini istab, o’ziga voris etib tayinlagan Pirmuhammadga itoat etishlarini vasiyat qildi. Uning huzuriga nabirasi Mirzo Xalil Sultonni va boshqalarni chaqirish uchun ijozat so’raganlarida, u o’zining hayoti juda oz qolganini aytib, bunga salbiy javob berdi. O’zining suyukli o’g’li Shohruh mirzoni bir ko’rib qolmaganiga afsuslandi. Shundan keyin tez holda toydi. Bir ishora bilan mullo Haybatulloning Qur’ondan biror sura o’qishini iltimos qildi. 807 yil sha’bonining yettinchi (aslida o’n yettinchi – X.D.) – melodiy 1405 yil 18 fevral kuni kechqurun jon taslim etdi”.

Tarixchi Bo’riboy Ahmedov yozadi: “Berdibek, Shohmalik va Shayx Nuriddin ertasi (1405 yil 19 fevral) kuni nahorlikdan keyin Temurning xotinlari, yosh shahzodalar Ulug’bek, Ibrohim Sulton va Muhammad Jahongir bilan yashirin kengash o’tkazdilar. Hozircha yuz bergan fojiani oshkor qilmaslik, marhumning tobutini barcha malikalar, Ulug’bek hamda kichik yoshdagi boshqa shahzodalar bilan birga amir Xoja Yusuf qavchin mutasaddiyligida, Ali Darvish shivog’ul boshliq qo’riqchilar himoyasida maxfiy suratda Samarqandga jo’natish, Ibrohim Sulton va Xalil Sulton boshchiligida Xitoy ustiga yurishni boshlab yuborish, toju taxt masalasini yurishdan keyin Samarqandda qurultoy chaqirib hal qilishga qaror qilindi.

Lekin, amalda har kim o’z bilganicha ish tutdi, amirlarning ichgan qasamlari qasamligicha qoldi. Birinchi bo’lib qasamdan Temurning yaqinlari kechishdi. Shayx Nuriddin bilan Shohmalik ham, Temurning bevalari ham vasiyatga xilof ravishda xokimiyatni Shohruhga topshirish payiga tushdilar. Shuning uchun ham ular Temur o’limini Xalil Sultondan ham, Sulton Husayndan ham sir tutdilar. Toshkent va Yassiga borgan choparlar shahzodalarga gapning rostini aytishmadi. Faqat Sohibqironning og’ir betob bo’lib qolganini xabar qildilar, xolos. Hirotga yuborilgan Shayx Temur qavchin esa Shohruhga bo’lgan gapni ochiq-oshkor aytdi. Shundan keyin Shohruh ramazon oyining boshida (1405 yil 1 mart kuni) o’z nomiga xutba o’qittirib, pul zarb qildirdi.

“Oyni etak bilan yopib bo’lmas”, deganlaridek, Temurning o’limini ham yashirib bo’lmadi. Sovuq xabar tez orada Sabron bilan Toshkentga ham yetib bordi. Sulton Husayn qo’l ostidagi qo’shinni tashlab, ming chog’li sara yigiti bilan Samarqandga qarab ot surdi. Xalil Sulton ham fursatni qo’ldan bermadi. Hammadan avval Samarqand hokimi amir Arg’unshoh bilan aloqa o’rnatdi. Uning Samarqandga yuborgan vakili Arg’unshoh bilan gapni bir joyga qo’yib qaytdi. Amir Arg’unshoh Temurning jasadi solingan taxtiravondan boshqa biron zotni shaharga kiritmaslik va poytaxtni Xalil Sulton yetib kelguncha, ehtiyot qilib turishga so’z berdi…

Ko’p o’tmay Xitoyga yurishni davom ettirish rejasi ham chippakka chiqdi. Temur vafotidan bir hafta o’tgandan keyin, 1405 yil 24 fevral kuni choshgohda Ibrohim Sulton bilan amirlar otlanishib, qo’shin bilan O’trordan chiqdilar, lekin hammasi bo’lib bir tosh yo’l bosdilar, xolos. Ular Azuj arig’igacha borib, Quldurma ko’prigi oldida chodir tikdilar. Lashkar orasida buzilish yuz bermasligi uchun Amir Temurning tug’i Ibrohim Sulton chodiri kubbasiga tikib qo’yildi. 19 fevral kuni Toshkent bilan Sabronga yuborilgan choparlardan ham uchchala qo’shin – Ibrohim Sulton, Xalil Sulton hamda Sulton Husayn boshliq qo’shinlar Cho’qlik mavze’ida qo’shilishi va u yog’iga yurishni birgalikda davom ettirishlari aytib yuborilgan edi. Baxtga qarshi choparlar noxush xabar olib keldilar: Sulton Husayn allaqachon qo’shinni tashlab, Samarqandga otlanibdi va hammadan ilgari toju taxtni qo’lga kiritish payiga tushibdi. Marhum Umarshayx mirzoning o’g’li Amirzoda Ahmad bilan Xudoydod Husayniy, amirlardan Yodgorshoh orlot, Shamsiddin Abbos, Burunduq barlos va boshqalar ham til biriktirib, Xalil Sultonni podsho ko’taribdilar. Bu xabar Ibrohim Sultonning yonidagi amirlarni dovdiratib qo’ydi. Oxiri ular ham Ibrohim Sulton hamrohligida orqaga qaytishga qaror qildilar va Temurning Xitoy yurishi xarajatlari uchun o’zi bilan birga O’trorga olib kelingan xazinasini ham olib, shitob tarzda Samarqandga qarab yuzlandilar…

Ibrohim Sulton va uning amirlari tobut bilan borayotgan og’alar (malikalar) va mirzolarga (Ulug’bek, Muhammad Jahongir, Iyjil, Boyqaro, Suyurg’atmish) Oqsulotda yetib oldilar, ularga qo’shilib, Samarqand sari yurdilar. Shohmalikning taklifi bilan, har ehtimolga qarshi, jiba va sovutlarini kiyib oldilar va saf tortib, jangovar tartibda yo’lga tushdilar. Qo’shinning o’ng qanotiga Ulug’bek bilan amir Shohmalik, uning so’l qanotiga Ibrohim Sulton va Shayx Nuriddin boshliq etib tayinlandilar…

Amir Arg’unshoh shaharga faqat tobut ortilgan taxtiravonnigina kiritdi. Chorraha darvoza oldiga kelgan Shohmalikka esa Temurning so’nggi irodasi bilan O’trordan yuborilgan farmoni oliyni ro’kach qildi va “Borliq shahzodalar ittifoq bo’lub amirzoda Pirmuhammad Jahongirni podshoh ko’tarmagunlaricha, biron zot qal’aga doxil etilmaydur”, — deb javob qildi…”

Arg’unshohning xiyonat yo’liga kirganidan shubhalangan amir Shohmalik Ulug’bek bilan Ibrohim Sultonga maslahat soldi:
— Battol Arg’unshoh qal’ag’a yolg’iz malikalaru murg’ak mirzolarni kiritamen, deb emish. Ammo, mish-mishlarga ko’ra, Xalil Sulton odami aning yonida, alarg’a va’dasi bor emish… Shul sababdin bunda turmoq mushkuldur, Buxorog’a yo’l olmoq lozim. Tangri taolo inoyat etsa, Samarqandni yana olg’aymiz…

Bu gapni ma’qul topgan shahzodalar Bibixonim va boshqa malikalar bilan xayrlashdilar. Saroymulkxonim qo’ngan Aliobod qishlog’idagi hovlidan ko’zlari namlanib chiqqan Ulug’bek keksa bibisi bilan abadiy vidolashganini bexabar edi. Hech kimga bilintirmay, ko’zlari chetidagi namni bibisi sovg’a qilgan ro’molcha bilan artar ekan, o’n yashar bolaning yuragi besaranjom dukillardi.

Ular Buxoroga yarim yil avval Xitoy yurishiga chiqilgan yo’l bilan borardilar. Farqi, kuz emas, bahor edi, ulkan qo’shin emas, bir guruh navkar ularga hamroh edi. Ulug’bek o’sha olis kunni esladi. O’shanda osmon bulutli, ko’ngil quvonchli edi. Bugun osmon charog’on, ko’ngil xufton. Uning ko’z o’ngida xoxolab kulgan shahzodalarning quvonchli holatlari ko’rindi-yu, Sayfi Saroyi g’azalining davomi tiliga quyulib kela boshladi:

Bir gul yanoqlaru jodu qaroqlug’a o’g’rasang,
Joning fido qilursan o’shul ango ko’ngul.

Sultonlar o’g’li zulfina gustoh qo’l sunai,
San-san alinda bir puli yo’q benavo ko’ngul.

Ulkim sani jafo bila o’lturmag’a tilar,
Ming jon bila qilursan ang’a xush duo, ko’ngul.

Tortib zamona xo’blarinin javrini mudom,
Ko’rdungmu hech birinda bulardan vafo, ko’ngul.

Kuydim saning bila necha kez fursat o’tina,
Yillar chekib saning bila javru jafo, ko’ngul.

Qozi evi na yerda, ajab, mufti qaydadur,
Qilg’ay edim saning bila xush mojaro, ko’ngul.

Sayfi Saroyini bu qaroqida bog’lasang,
Xo’blar jafosi birla bo’lursa fano, ko’ngul…

 

BUXORO. HIROT. SAMARQAND UCHUN KURASH.

Buxoroga qarab yo’l olgan Ulug’bek bilan Ibrohim Sultonga jahongirning ikki ulug’ safdoshi – amir Shohmalik va amir Shayx Nuriddin hamroh bo’ldilar. Buxoroga yetmasdan quvg’inlarni shahar dorug’asi Hamza Sulton boshliq akobirlar kutib oldilar.

“Matni Shamsiya” taxallusi bilan mashhur bo’lgan xoja Ota Malik Juvayniy o’zining “Tarixi Jahonkushoy” degan kitobida Buxoroning fazilati haqida shunday yozgan: “Buxoro mashriq shaharlaridan bo’lib, Qubbat ul-islomdir. U tomonla (ya’ni Movarounnahrda) madinat ul-islom o’rnida bo’lib, fuqarosi faqihlar va olimlar nuri bilan bezalib, uning atrofi ma’nilar ma’shuqalari bilan ziynatlangan. Buxoro qadimdan har asrda har qanday din olimlari to’planadigan joy bo’lib kelgan. “Buxoro” so’zi “buxor” so’zidan kelib chiqqan bo’lib, o’tparastlar tilida “ilm makoni” demakdir. Bu talaffuz uyg’ur (ya’ni turk) va xitoylik butparastlarning tiliga yaqindir, chunki ularda sig’inish joylari bo’lgan ma’barlarni “buxor” deb ataydilar. Buxorning nomi aslida Lumijkat bo’lgan”.

Shahar tarixini yozgan Narshaxiy Buxoro nomlari bayonida yozadi: “Ahmad ibn Muhammad ibn Nasr Buxoro ko’p ismlarga ega deydi va o’z kitobida Numijkat degan ismni keltiradi. Yana boshqa bir joyda men uni Bumiskat deb keltirilganini ko’rdim. Boshqa bir joyda arab tilida “Madinat us-sufriya”, ya’ni “Mis shahar” va yana boshqa bir joyda arab tilida “Madinat ut-tujjor”, ya’ni “Savdogarlar shahri” deb yozilgan. Buxoro degan nom u nomlarning hammasidan mashhurroqdir. Xuroson shaharlaridan birontasi ham bunchalik ko’p nomga ega emas.

Bir hadisda Buxoro nomi Faxira bo’lib ketgan. Xoja imom, Zohid, Voiz Muhammad ibn Ali Nujobodiy rahmatli Salmoni Forsiydan bir hadis rivoyat qilgan: Salmonning aytishicha, Payg’ambar, Xudo unga o’z rahmat va salomini yo’llasin, shunday degan: “Jabroil, unga Xudoning rahmatlari bo’lsin, aytganki, kun chiqish tomonda bir joy bor, uni Xuroson deydilar (Bu davrda hali Movarounnahr kalimasi qo’llanilmas edi. X.D.), uninguchta shaharini qiyomat kuni yoqut va marjon bilan ziynatlab keltiradilar, ulardan nur chiqib turadi. U shaharlarning tevaragida farishtalar ko’p bo’lib, ular tasbih, hamd va takbir aytadilar, kelinni kuyov uyiga olib borgandek, u shaharlarni e’zoz va ikrom bilan mahshargohga olib keladilar. Bu shaharlarning har birida yetmish mingdan bayroq, har bir bayroq tagida yetmish mingtadan shahid yotgan bo’ladi va har bir shahidning shafoati bilan xudoni bir deb biluvchi yetmish ming kishi azobdan qutiladi. Qiyomat kuni u shaharning har tarafi: o’ng va so’li, oldi va orqasi o’n kunlik yo’l bo’lib, bularning hammasida shahidlar turadi. Hazrati Payg’ambar, Xudo unga rahmat va salomini yo’llasin, “Ey Jabroil! U shaharlarning nomlarini menga ayt!” deb so’radi. Jabroil, unga Xudoning salomi bo’lsin, “Shaharlarning birini arab tilida Qosimiy, forschada Yashkard deydilar, ikkinchisini arabchada Samaron, forschada Samarqand deydilar, uchinchisini arabchada Foxir, forschada Buxoro deydilar”, — deb javob berdi. Payg’ambar, Xudo unga o’z salomi va rahmatini yo’llasin, so’radi: “Ey Jabroil! Nega Foxira deb ataydilar?” Jabroil: “Shuning uchunki, qiyomat kuni Buxoro shahari o’zida shahidlarning ko’pligi bilan faxr qiladi”, — deb javob berdi. Payg’ambar, Xudo unga o’z salom va rahmatini yo’llasin, xitob qilib: “Ey Xudo! Foxiraga barakat bergin, uning xalqlari dillarini taqvo bilan pok etgin, ishlarini pokiza qilgin va ularni mening ummatimga marhamatli qilgin!” – dedi. Ana shu ma’ni tufayli buxoroliklarning rahmdilliklariga, ularning e’tiqod va pokliklariga kun chiqish va kun botish guvohlik beradi”.

Ba’zi bir rivoyatlar Buxoro shahriga Siyovush asos solgan desa, boshqalari esa ulug’ turk hoqoni Alp Er Tunga – Afrosiyob bino qilgan deb ma’lumot beradi. Ammo shu narsa oydinki, Buxoro xuddi Samarqand kabi necha ming yillik tarixga ega.

Buxoro qadimdan suvi shirin, havosi latif, atrofi keng, nozu-ne’matli, mollari ko’p bo’lishi bilan ziynatlanib, ulamo toifasining to’plangan joyi, fasohat, balog’at va shirin so’zlarning manbai bo’lib kelgan.

Buxoro Sohibqironning aziz volidasi Takina Xotunning ona yurti. Esingizda bo’lsa, Takin Xotun ma’rifati va taqvosi tufayli “Sadr ush-sharia”, “Toj ush-sharia” deb ulug’langan sadrlar xonadoni farzandi ekanini aytgan edik.

Ulug’bekning yodida: Rum safariga chiqqan bobosi shaharga yaqinlashganda otdan tushgan, poyu-piyoda bo’lib Buxoroga kirgan edi. Bu suyukli volidasi hurmati, farzandlik haqqi edi. Ko’nglini ayriliq azobi ezgan nabira ham bobomeros haq va hurmatni bajo keltirdi: Samarqand darvozasi ko’zga ko’rinishi bilan otdan tushib, shaharga piyoda yurib kirib bordi.

Vaziyat nechog’li tahlikali bo’lmasin, Ulug’bek ertasi kuni Ibrohim Sultonu keksa amirlarni ergashtirib, bobosining piri Sayid Amir Kulol mozorini tavof qildi, murshidi komil haqiga Qur’on tilovatini bag’ishladi. U bobosining og’zidan eshitgan so’zlarni esladi. “Saltanatdan erishgan jamiyki narsam va mustahkam makonlarni fath qilishim – bular hammasi Shayx Shamsuddin Kulolning duosi, Sayid Amir Kulolning madadi-yu, Shayx Zaynuddin Taybodiyning himmati tufayli va barcha topgan barakatlarim esa faqat Sayid Baraka yordamida bo’lgan” – deyar edi bobosi. Bobosining hikoyati ham yodida: Samarqandni poytaxt qilgan Amir Temur chopar jo’natib, Sayid Amir Kulolni o’z huzuriga chorladi. Ammo keksa pir shogirdining bu taklifiga: “Biz bu yerda irshodu duo birla mashg’uldirmiz va bizga biror joyga bormoqqa ijozat yo’qdur”, deb javob beradi. Ammo Sohibqiron qoshiga kenja farzandi Amir Umarniyo’llar ekan, unga: “Ey farzandim, Amir Temurga “Agar Alloh taolo huzurida qadr topishni istasangiz, kundalik turmushingizda taqvo va adolatni barqaror qiling!” degan so’zimizni yetkazgaysiz”, — deb tayinlaydi. Amir Umarni otasining xalifasi Shayx Jamoliddin Dehistoniy tarbiyalagan edi. Amir Temur pirining farzandini izzat-ikrom bilan kutib oldi va uni muhtasiblik mansabiga tayinladi. U 803 (1400) yilda olamdan o’tgach, ulug’ ustozi Mir Sayid Baraka yoniga qo’ydirdi. (“Samariya”dan: “Gumbaz ichida (Go’ri Mirda) supa ustida Mir Sayid Umar bin Sayid Kulolning ham qabri bordir. Uning mozorida nur zohirdir”)

Ulug’bek mirzo tajribali amirlar bilan bamaslahat ish ko’rib, padari Shohruh mirzo yetib kelgunga qadar Buxoroda muqim qoishni ma’qul topdi. Otasini shoshiltirish maqsadida amir Shohmalikni Hirotga otlantirgan amirzoda Buxoro qal’asi devorlari, burjlari va darvozalarini mustahkamlashga kirishdi.

Ammo Samarqand taxtini egallagan Xalil Sulton bu holdan xabar topgach, xufiyalarni ishga soldi, oxir-oqibat dorug’a Hamza barlos va uning birodari Rustam barlosni o’z tomoniga og’dirishga muvaffaq bo’ldi. Xiyonatkorlar zug’umi tufayli Ulug’bek Buxoroni tashlab chiqib, Hirotga yo’l oldi. Shaharni shoshig’ich tark etgani tufayli ahli haram, ug’ruq va xazina fitnachilar qo’liga tushdi.

Qorako’l yo’lidan besaranjom ot choptirgan shahzoda bir amallab, Jayxundan kechib o’tsam, u yog’i baxayr, deb o’ylagan edi. Ammo yo’l oson kechmadi, Hirotga yetguncha ming mashaqqat ichida bo’ldi.
Shohruh mirzo sargardon o’g’illarini katta tantana bilan kutib oldi, ahli haram va xazina Buxoroda qolganini eshitib qayg’urdi.

Xalil Sultonning Samarqand taxtini egallab olishi Shohruh mirzoning nafsoniyatini nechog’li azobga solmasin, u hali Movarounnahr ustiga yurishga imkonsiz edi. Umidi Ulug’bek saqlagan xazinada edi, bu ham raqiblar qo’lida qoldi.

Xalil Sulton ixtiyorida esa Sohibqironning xazinasi – necha yillik Movarounnahru-Xuroson xiroji, yurishlardan olib kelingan tog’-tog’ boylik bor. Eshitishicha, shoirtabiat Xalil Sulton bu boylikni taxtga o’tirgan kunidan boshlab, o’zini qo’llab-quvvatlagan amiru-beklar ustidan Nayson bulutlari yog’dirgan yomg’irdek sochayotgan emish. Toju-taxt havasi yo’lida Sohibqiron padari o’tkir qilich vositasida bittalab jamlangan ummon kabi zaru-javohirni beburd nabira qop-qoplab sovurayotgan emish.

Qolaversa, Sohibqiron o’limi daragi tarqalgach, Xurosonda ham notinchlik paydo bo’lgan, goh Seistondan, goh Balxdan isyon ovozasi yetadi. Boz ustiga ko’p o’tmay, Shohruh mirzoning hujumidan qo’rqqan Xalil Sulton qo’shin bilan Termizga kelib to’xtadi. Xullas, Samarqand yo’li hozircha berk edi.

Movarounnahr ham notinch. Temur davlati tasarrufidagi sharqiy hududdagi mulklar Samarqand bilan Hirot o’rtasida urush boshlanishini intiq kutishar, mabodo kutganlari ro’y bersa, bosh ko’tarishga hozirlik ko’rishardi. Xalil Sulton buni yaxshi anglar, shu sababdan amakisi bilan jang boshlashdan qattiq hayiqardi. Bobosidan qolgan xazina tufayli uning tarafdorlari qanchalik ko’p bo’lmasin, valiahdlik huquqini buzib, toju-taxtni egallaganini unutmasligi kerak. Shar’iy huquq buzilganidanmi, nazarida boshidagi toj omonat, bir qilich siltashdan uchib ketadiganday. Uning bu holatini sezgan atrofidagi amirlar esa kundan-kunga bezbet va ochofatli bo’lmoqdalar. Mabodo urush boshlansa, bobosi o’limidan so’ng dorussaltanada yig’ilib, xazina ustida o’laksaxo’r kalxatlardek, tinimsiz aylanayotgan bu badniyatlar nima qilishini xudo bilmasa, bandasi bilmaydi!..

Shu sababdan har ikki taraf sulh tuzish maqsadida bir-birlariga elchilik yubora boshladilar. Bu uzoqqa cho’zilmadi. Sulh tuzildi. Uning shartlariga ko’ra, Xuroson Shohruh mirzo mulki, Movarounnahr esa Xalil Sulton mulki sanaladigan, shuningdek Xalil Sulton valiahdlik huquqi poymol etilgan bechora Pirmuhammad Jahongirning harami Xonikani shar’iy eri huzuriga – Balxga yuboradigan, Ulug’bekning Buxoroda qo’lga kiritgan xazinasini qaytaradigan bo’ldi.

Sulh tuzilgan bo’lsa-da, har ikki tomon bir-biridan shubhalanib, ro’y berishi qismat daftariga bitilganday tuyulgan beomon urushga hozirlik ko’rishni to’xtatishmadi. Hozirlik sur’ati kunma-kun oshib borardi. Dastlab sulh tuzish bilan toju-taxtga bo’lgan da’volarini saqlamoqchi bo’lgan amirzodalar bu da’vo yolg’iz qilich zo’ri bilan ajrim bo’lishini anglagan, har biri “Men yengaman!” degan umid ichida qolgan edi. Har ikki tomon amirlari o’z hukmdorlarini jangga chorlashdan bo’shamas edi. Sohibqiron xazinasi qurib borayotganini payqagan Samarqand amirlari yangi xazinalar ilinjida, xazonayi omiradan chaqa ham tegmagan xirotlik amirlar o’z g’aqlarini tezroq qo’lga kiritish niyatida urushga da’vat qilardilar.

Bu orada Xalil Sulton hulokular mulkini boshqargan otasi Mironshoh mirzo va birodarlari Umar mirzo bilan Abubakr mirzoni ko’makka chorladi. Ular ham hayallamay Xuroson ustiga
yurish boshladilar. Shohruh saltanatining ustunlari qirsillay boshladi. Bu qirsillash har ikki tomonni qattiq hayajonga soldi, hatto shu paytgacha Shohruh hokimiyatini tan olgan ayrim hokimlarni isyon yo’liga boshladi. Birinchi bo’lib, Sohibqiron kuyovi bo’lmish Sulaymonshoh bosh ko’tardi. Ammo Shohruh, otasi mullavachcha deb ta’na qilgan Shohruh taqdirga tan bermadi, atrofiga kuchli qo’shin to’plab, Ulug’bekni olib og’asiga qarshi yo’lga chiqdi. Ikki o’t orasida qolishdan qo’rqqan Shohruh mirzoning baxtiga kutilmaganda, Mironshoh yurishni to’xtatib, orqaga qaytdi. Sulaymonshoh esa jang qilish o’rniga Samarqandga qarab qochdi.

Samarqand bilan Hirot o’zaro yana sulh tuzdilar. Ammo munosabatlar “eski hammom, eski tos”ligicha qolaverdi.

1406 yil qishining o’rtasida Shohruh birinchi bo’lib harakat boshladi. Uning amir Shohmalik va Ulug’bek mirzo boshchiligidagi qo’shini Jayxun yoqasida alamzada valiahd Pirmuhammad Jahongir lashkari bilan birlashib, daryoni kechib o’tdi va Termizni egalladi. Shu yurishda to’xtamay yurib, G’uzor, Shahrisabz egallandi, G’alabadan mast amir Shohmalik Qarshi yaqinidagi Maymurg’ manzilida Xalil Sulton qo’shini bilan to’qnashib, kutilmaganda raqib zarbasiga dosh berolmay orqaga qochdi. Pirmuhammad Jahongir Balxga, Ulug’bek bilan amir Shohmalik Andhudga qochib bordilar. Xalil Sulton mag’lublarni daryogacha quvdi, ammo daryo ortida Shohruh mirzo qo’shini bilan kelib turganini bilgach, Jayhundan o’tmadi.

Shohruh mirzo butun aybni amir Shohmalik bo’yniga qo’ydi. Keksa amir arazlab, Balxga ketdi. Shohruh esa xushomad bilan uning ko’nglini ovlagan makkor amir Saidxo’jani amirul-umarolikka tayinladi. Ko’p o’tmay, amirul-umaro quvvati va shavkati oshib ketganidan boshi aylanib, podshohga xiyonat qildi: bir qator o’ziga yaqin amirlarni boshlab, Jom tomonga qochdi. Amir Shohmalik yana Shohruh xizmatiga qaytdi.

Shohruh o’g’li bilan amirni xiyonatkor Sayidxo’ja ustiga otlantirdi. 1406 yil yozi davomida kechgan o’zaro urushlar nihoyat Astrobodning Siyohbilod qishlog’i yaqinida yakun topdi: Sayidxo’ja tor-mor bo’lib, Sherozga qochdi. Bu voqeadan so’ng Shohruh Xalil Sultonning birodari Umar mirzoga Samarqand bilan Xirot mojarosiga aralashmasligi kafolati evaziga Mozandaronni suyurg’ol qildi. Ulug’bekka esa Tus, Habushon, Kalot, Niso, Abivard, Yazir, Sabzavor va Nishopur mulkining hokimiyatini topshirib, amir Shohmalikni o’g’li yonida – Astrobodda qoldirdi.

1407-1409 yillar davomida Movarounnahr bilan Xuroson o’rtasida jiddiy bir to’qnashuv yuz bermadi. Har ikki hukmdor ichki g’avg’o va isyonlarni tinchitish bilan ovora bo’ldilar. Har ikki hukmdor o’z mamlakatida sodir bo’layotgan g’alayonlarda raqib tomonning tashabbusini ilg’ab olardi. Biz bu g’avg’olar xususida to’xtalmaymiz, diqqatimizni tomonlarning bosh maqsadi – Amir Temur toju-taxt uchun kechgan urushlarga qaratamiz.

Bu yillar ayniqsa, Shohruhga qiyin bo’ldi. U to’rt yil davomida deyarli tinchimadi. Ulug’bek ham jangu-jadaldan bo’shamadi, necha marta hayotini xavf ostida qo’yib, qilich chopishdi. Uning umri o’smirlik fasliga qadam qo’ydi. Ammo yuragining nozik tomirlariga ilashib qolgan bolalik tuyg’ulari ba’zan junbushga kelib, Sohibqiron bobosi bilan hamnafas bo’lgan chog’larini, Sohibqiron bobosi bilan hamnafas bo’lgan chog’larini, Samarqandning dilbar bog’larini, Ko’hak tog’larini uning yodiga soladi. Ayniqsa, suyukli bibisi Saroymulkxonim haqida yetib kelgan dahshatli xabar uni qattiq hayajonga soldi. Xabar haqiqatan dahshatli edi. Xalil Sulton sevgili xotini Shodimulk og’aning qistovi bilan keksa malikani majburan erga berib yuborganmish. Bu xabar Shohruhning ham ko’nglini og’ritdi. O’zini va farzandini suyib-erkalab katta qilgan, otasining izzatli xotinining bunday badnom etilgani, Xalil Sulton hokimiyatining tanazzulidan darak emasmi?! Xazinani bo’shatgan Xalil Sulton zaru-aqcha o’rniga endi malikalarni ulashishga o’tibdimi, demak taxti omonat bo’lib qolibdi!

Shohruh biror nobakor bu qaltis vaziyatdan foydalanishi mumkinligini o’ylarkan, shitob bilan harakat qilishi lozimligini angladi.

Xuddi o’sha kunlari uning huzuriga zamonasining ulug’ shayxi, hazrat Xoja Bahouddin Naqshbandning ikkinchi xalifasi Xoja Muhammad Porso kelib, Movarounnahrda bo’layotgan voqealardan arz qildi. Biz bu haqda hikoya qilishni o’sha voqealar guvohiga topshiramiz.

Mavlono Abdulrahim Yonistoniyning naql qilishicha, Xoja Porso har zamon Movarounnahr musulmonlari ahvolidan Shohruh mirzoga maktub yozib turar ekan. Bu ish Samarqand podshohi Xalil Sultonga ma’qul tushmabdi va u Xoja Porsoga odam yuborib, Buxorodan chiqib ketishni talab qilibdi. Xoja shunda: “Avval mozorotlarni tavof qilaylik, keyin, mayli, ketaylik!” – deb mavlono Yonistoniydan ot olib kelishni so’rabdi. Mavlono otni egarlab, Xojani mindiribdi. Xoja Porso dastlab Qasri Orifonga borib, Xoja Bahouddin Naqshband mozorini, so’ngra Suxorga o’tib Amir Sayid Kulolning marqadini tavob qilib, Xuroson tomon yo’l olmoqchi bo’ladi.

Mavlono Yonistoniy hikoya qiladi: “Hazrati Xoja hazrat Xoja Bahouddinning marqadlarini tavof qildilar va ul kishining muborak yuzlarida shunday haybatli g’azab paydo bo’ldiki, otni qamchilab shiddat birla Suxorga yo’l oldilar. Anda hazrati Sayid Amir Kulol qabrlarini tavof etib, Xuroson tomon yo’l oldilar va yo’lda ushbu baytni o’qidilar:

Hammaro zeru zabar kun, ne zabar monad, ne zar,To binonad, ki imro’z dar in maydon kist.

(Mazmuni:
Barchasin aylagil yer ila yakson, balandidan ham pastidan ham qolmasin nishon.
Bilib olsin ul agar bilmasa – bu kun kim erur sohibi maydon
).

Shohruh mirzo Xoja Proso tashrifidan behad quvondi, xojaning poyqadami sabab bu gal albatta g’alabaga musharraf bo’lajagini angladi. Ko’p o’tmay, Xoja Porso Movarounnahrga qaytdi. Uning yonida Shohruh mirzoning Xalio Sultondan urush joyini muqarrar qilishi talab qilingan podshohlik nishoni bor edi. Xoja nishonni Buxoro jome’ masjidida o’qib el-ulusga ma’lum qilgach, Samarqandga – Xalil Sultonga yubordi.

Xalil Sultonga qarshi yurish 811 yil zulqa’da oyining beshinchi kuni (1409 yil 22 martida) – Ulug’bek mirzo roppa-rosa o’n besh yoshga to’lgan kuni boshlandi. Hirotdan chiqqan SHO’ohruh qo’shini Bodhizga keldi. Tusda hukmfarmolik qilayotgan Ulug’bek mirzo ham Bodhizga shoshilinch da’vat etildi. Ota-bola Bodhizda ekan, Shohruh taxmini to’g’ri chiqdi: Xalil Sulton hokimiyati omonat bo’lib qolganidan dadillashgan amir Xudoydod Husayniy isyon boshlagani xabari keldi. Ketma-ket yetgan xabar oldingisidan daxshatli edi: Xalil Sulton jangda yengilib, isyonchi amir qo’liga asir tushibdi, Sohibqiron poytaxti Samarqand amir Xudoydod qo’liga o’tibdi, Shodimulk og’a ham eri taqdiriga sherik emish.

Shohruh mirzo bir oylik hozirlikdan so’ng, Samarqand tomonga yurish boshladi. Yo’lda ekan, amir Xudoydodning elchisi kelib, podshohga yukundi. Elchi olib kelgan maktubga ko’ra, amir Xudoydod amirzoda Xalil Sulton bilan Shodimulk og’ani Shohruh qo’liga topshirishga tayyor, ammo bir shart evaziga, ya’ni Shohruh murg’ak amirzoda Muhammad Jahongirni Samarqand hukmdori deb tan olsa. Shohruh amir Xudoydod maqsadini tushundi: nobakor taxtga bolani o’tqazib, o’zi uning nomidan mamlakatni boshqarmoqchi. Achchig’i chiqqan Shohruh elini hushyor kuzatishni buyurib, yo’lida davom etdi. U yo’l bosgani sayin amir Xudoydodning vahimasi ortardi.

Keyingi voqealar rivojini bilish maqsadida muarrix Abdurazzoq Samarqandiyning “Matlai sa’dayn va majmai bahrayn” (“Ikki saodatli yulduzning chiqish va ikki dengizning qo’shilish joyi”) asarini varaqlaymiz. Muarrix hikoya qiladi:

“Bu xabarlar hazrat hoqoni said (Shohruh)ga arzga yetkazilgach, zulqa’dani yigirma birinchisida (7 aprelda) Humoyun mavkab Movarounnahrga qarab yurdi. Onhazrat (ilgariroq) amir Cherkasni mirzo Xalil huzuriga yuborgan edi, amir Xudoydod o’z navkari va mirzo Muhammad Jahongirning navkarini Cherkasga qo’shib (Shohruh) huzuriga qaytardi va ular Qutlug’ Temur rabotida Humoyun o’rduga yetib keldilar va amir Xudoydodning: “Men onhazratning quliman, bu xil ishlar xizmatkorlik yuzasidan sodir bo’ldi, endi qay tarzdaki hukm bo’lsa, uni adoga yetkazaman”, — degan so’zlarini arz qildilar. Hazrati hoqoni Said Xudoydodning navkariga Chubin qovchinni qo’shib, uning huzuriga jo’natdi va “Endi bizda biror ixtiyor qolmadi, biz o’zimiz yetib boramiz, har nimaiki to’g’ri topilsa, inshoollohi taolo, o’shanga amal qilinadi. Amir Xudoydod hech taraddudsiz bizning huzurimizga yuzlansin, podshohona inoyat uning ahvoliga qaratilgandir”, — degan xabarni yo’lladi. Zulhijjaning oltinchisida (22 aprelda) onhazrat Jayhun suvining labiga yetdi.

Amir Shayx Nuriddin Movarounnahr tarafiga borishga ijozat so’ragan vaqtida: “Qachonki Humoyun mavkab Movarounnahrga qarab yurgudek bo’lsa, men ham oliy o’rduga kelib qo’shilaman”, — deb arz qilgan edi. U ana shu buljorga amal qilib, Buxoroga kelganida, amir Xudoydod amir Shayx Nuriddinning Humoyun o’rduga yuzlanganligi xabarini oldi va dorussaltana Samarqanddan ilg’or tarzida otga minib, Shayx Nuriddin ustiga hujum qildi va uning odamlarini tor-mor qilib Samarqandga qaytib ketdi.

Shohruh hazratlarining mavkabi suvdan o’tdi. Amir Xudoydod mirzo Ahmad Mirak va mirzo Sayid Ahmadlarni Hisor viloyatini bo’ysundirishga yuborgan edi, bu shahzodalar ularni chaqirish haqidagi farmon sodir bo’lishidan ilgariyoq oliy o’rduga yetib kelib, lutf marhamatlariga erishdilar. Mirzo Xalilning xotini bo’lmish Shohmulk og’ani Abdulxoja o’rduga yetkazdi.

Xuzorda yetganda, Xudoydodning tama’ tishi noumidlik tanglayida singach va zamona oshig’i uning murodicha o’girilmagach, mirzo Xalilni band qilib tez sur’at bilan qochishga yuz tutganligi haqida xabar keldi. Humoyun mavkab davlatu iqbol sha’n-shavkat qarorgohi (Samarqand)ga yuzlandi. (Hoqoni said) o’zidan ilgariroq amir Alouddin Alikani devon aminlari bilan birgalikda shahar va xazinalarni zabt qilishga jo’natdi. Samarqandning ulug’lari Raboti Yomgacha kelishib kutib olish shartlari, ulug’lash ham hurmatlash rasm-rusumlarini bajo keltirdilar, mirzo Muhammad Jahongir va boshqa amirlar (hoqoni saydning) qo’lini o’pish sharafiga yetishdilar. Yigirma yettinchi zulhijjada (1409 yil 13 may kuni) dorussaltana Samarqand Humoyun mavkabning qarorgohi bo’ldi. Samarqand akobirlari va shariflari duoyu-sanolarni adoga yetkazishib, shod-xurramliklar qildilar. Onhazrat hammani podshohona in’om va xusravona inoyatlar bilan izzatlab, mehribonliklar ko’rsatdi. Amir Shayx Nuriddin va amir Mubashshirlar mulozimat qilish sharafi bilan saodatga erishib, ulug’ amirlar qatoriga tizildilar…”

Samarqandga kirgan kuniyoq, Shohruh mirzo Ulug’bek, amir Shohmalik va boshqa akobirlar bilan Ko’ksaroydagi Amir Temur xazinasini ko’zdan kechirmoqqa bordilar.

Xazina bo’m-bo’sh edi. Qopqoqlari lang ochilgancha yotgan son-sanoqsiz sandiqlarni erinmay bir boshdan nazardan o’tkazgan Shohruh mirzo ularning har biri ustida uzoq bosh chayqab turdi. Orqaga qaytar ekan, to’satdan hassasining uchi tuproq bilan qorishib yotgan tangaga tegib ketdi. Shohruh egilib, bir dirhamlik tangani qo’liga oldi, so’ng artib-tozalab hamyoniga soldi. Hamrohlarining ajablanib turganlarini sezgach, chuqur nafas olib, so’zlarni dona-dona qilib aytdi:
— Biz ushbu dirham haqi otamizdan qolg’on xazina va merosdan bahramand bo’lduk!

Bir necha kundan so’ng Xalil Sulton bilan Shodimulk xizmatida bo’lgan, xazinani bo’shatishda hissa qo’shgan amiru-amaldorlar, taftish natijasida aniqlangan gunohlari bo’yinlariga qo’yilib, o’limga buyurildilar.

Sohibjamol malika Shodimulk Samarqandda, ammo Xalil Sulton mirzoni amir Xudoydod Husayniy Andijonga olib qochib ketgan edi. Ko’p vaqt o’tmay, amir Xudoydod Mo’g’iliston xoni Muhammadxondan ko’mak tilab borgani, xon uni o’ldirgani, xiyonatkorning kallasi Samarqandga jo’natilgani, Xalil Sulton mirzo esa avval Xo’jandda, keyin O’trorda kuch to’plashga uringani, ammo omad yurishmagani haqida xabar keldi. Shohruh bo’lajak g’avg’olar oldini olish maqsadida qo’shin bilan Turkiston tomonga yo’l oldi. Esankirab qolgan Xalil Sulton, baxt qushi boshidan uchganini angladi-yu, o’limini bo’yniga olib, Shohruh mirzo huzuriga kelib yukunishga majbur bo’ldi. Ammo Shohruh jiyanini o’ldirmadi, 1409 yilning dekabrida Xirotga yo’l olar ekan, Xalil Sultonni o’ziga hamroh qildi.

 Ulug’bek mirzo esa otasining oliy farmoniga binoan Movarounnahr hokimi bo’lib qoldi. Mamlakatni o’n besh yashar hokim nomidan uning otalig’i amir Shohmalik boshqara boshladi. Shohruh jo’nab ketganidan ko’p o’tmay, Turkiston hokimiyati topshirilgan amir Shayx Nuriddin nonko’rlik yo’liga o’tdi, topgan shon-shavkati, davlati Sohibqiron marhamati tufayli bo’lganini unutib, uning farzandlariga qarshi isyon boshladi. Hijriy 812 zulhijja oyining o’rtalarida – melodiy 1410 yil aprelida isyonkor amir Hisori Shodmon hokimi Muhammad Jahongir mirzo va Sayram bilan Yangi hokimi, amir Xudoydod Husayniyning o’g’li amir Abduholiqlar bilan til biriktirib, Samarqandni zabt etish payiga qo’shin tortdi. Asli qipchoq bo’lgan amir Shayx Nuriddin bu yurishga ko’chmanchi o’zbeklarni ham tortishga urinib, maqsadiga erishdi – Chingiz o’g’lon boshchiligidagi ko’chmanchilar isyonchilar safiga qo’shildilar.

Zulhijjaning o’n beshinchi kuni – 20 aprelda Movarounnahr poytaxtining g’arbida joylashgan Qizil rabot nomli mavze’da ikki tomonning qo’shinlari to’qnashdilar. Omad isyonchilarga kulib oqdi, Samarqand qo’shini mag’lub bo’ldi. Ulug’bek mirzo Jayxun tarafga, amir Shohmalik esa Qoratepaga qochdi. Lekin u yerda uzoq turolmay, Samarqand janubidagi Olaqarag’ tog’lariga yashirindi. Shayx Nuriddin esa amakivachchasi Shayx Xasanni Ulug’bekning izidan jo’natdi. Yana bir qism qo’shinni Tog’ay Bug’o boshchiligida Buxoroga otlantirgach, o’zi Chingiz o’g’lon bilan birga Samarqandni qamal qildi. Ammo bu gal omadi yurishmadi. Samarqandliklar uni shaharga kiritmadilar.

Shayx Nuriddin isyoni yana bir yil davom etdi. Nihoyat, amir Shohmalik qo’llagan hiyla tufayli muzokaraga chaqirilgan amir Shayx Nuriddin Hirqadoq ismli navkar tomonidan bo’g’izlandi.
Ikki yil davom etgan notinchlik davomida Ulug’bek mirzo bilan amir Shohmalikning oralari ancha buzilib qoldi. Bunga otaliqning davlat ishlarini boshqarishda Ulug’bek bilan hisoblashmay qo’ygani sabab bo’ldi. Nihoyat, Ulug’bekning talabi bilan amir Shohmalik Hirotga da’vat etildi. Bir necha muddat o’tgach, keksa amir Xorazmga noib etib tayinlandi. Xizmatlari munosib baholanmagani amir Shohmalikni qattiq ranjitdi. Bu norozilik vaqt o’tib, temuriylarni tarih sahnasidan surib chiqargan Muhammad Shayboniyxonga xizmat qilgan, “Shayboniynoma” asarini yaratgan shoir – amir Muhammad Solihda ham zohir bo’ldi. Illo, Muhammad Solih amir Shohmalikning nabirasi edi.

Movarounnahrning mutlaq hokimi bo’lib qolgan Ulug’bek mirzo mana shu sanadan e’tiboran qirq yil davomida ne-ne tahlikali va shukuhli kunlarni boshidan o’tkazadi. U Sohibqiron bobosidan ibrat olib, ulug’ inshootlar: madrasalar, bog’lar, ko’shklar, hammomlar, karvonsaroylar tiklaydi. Ko’hak tepaliklarining birida rasadxona barpo etadi, u yerda o’z zamonasining ulug’ olimlarini to’plab, falak ilmi bilan mashg’ul bo’ladi,
tarixda “Ziyji jadidi sultoniy”, “Ziyji jadidi Ko’ragoniy” nomlari bilan mashhur yulduzlar jadvalini yaratadi.

U Samarqandga – bolalik manziliga qaytgan, ammo bolaligi Temur o’limidan so’ng boshlangan g’avg’oli kunlarda, jangu-jadal maydonlarida, notinch Xurosonu-Movarounnahr yo’llarida qolgan edi. Uning yigitlik ayyomi boshlangan, bu ayyom notinchlik quchog’ida kechishini ko’ngli sezib turardi.

XOTIMA

Hijriy 853 yil ramazon oyining sakkizinchi kuni – melodiy 1449 yil 25 oktyabr kuni Samarqanddan chiqqan kichik karvon janubdagi tog’lar tomon yo’l oldi. Karvonning o’rtasida qotma gavdalik, ko’rkam va oq yuzli, yuz-ko’zidan vazmin tabiatligi sezilgan, soch-soqoli oqargan bir kishi og’ir o’yga botgan holda ko’k chovkar ot ustida bir maromda tebranadi. Achchiq hayolga botgan bu kishi o’g’li Abdulatif mirzo tomonidan Movarounnahr taxtidan soqit etilgan Mirzo Ulug’bek edi.

Karvon dorussaltanadan uzoqlashib, Darg’am arig’i yoqasidagi tepalarning biriga yaqinlashganda, quvg’indi podshoh otini to’xtatib, oyog’ini uzangidan uzdi. Namozdan kechikmaslik uchun boshqalar ham shoshilishib otlardan tushdilar. Karvon ahli tepalik etagida shom namozini ado etgach, Mirzo Ulug’bek Darg’am arig’i tomon yurdi. Bu suv ba’zi yerda o’t-o’lanlari mavj urgan o’tloqlardan o’tsa, bir xil joyda toshloq, taqir yerlardan o’tardi. Bir xil joylarda katta-kichik oqish tepalarni tilib o’tib, chuqur va haybatli jarlar hosil qilgan. Xalq tomonidan Dardu-g’am deb atalgan yiling to’rt fasli quturib oqadigan bu ulkan ariq sohilida turarkan, birdan keksa podshohning ko’zlari namlanib, bo’g’ziga achchiq bir nido tiqilgandek bo’ldida, alam bilan pichirladi:
— Bu qandoq yozug’ing bo’ldi, Allohi karim?!

So’ng keskin ortiga burilarkan, shoshilib kelib otiga mindi va “chuh” deya niqtadi, ammo ot qo’zg’almadi. Ot egasining ovoziga emas, yuragining sassiz amriga bo’ysunayotgandek edi. Quvg’indi hukmdor otiga ayamay qamchi urdi. Tulpor Darg’amdan so’ng boshlangan dasht o’rtasini kesib o’tgan yo’l bo’ylab chopib ketdi. Ammo bir farsahdan so’ng egasi yana og’ir xayolga botganini sezgan jonivor bir maromda yo’rtib keta boshladi.

Kuz osmonini bulut qoplagan, havo nam. Quyosh mag’rib tomonga og’gan salqin achchiq izg’iringa aylanib bormoqda. Dasht yo’li tevaragidan qizg’ish qo’g’aylar qovjirab qolgan, shamol odam bo’yi o’sgan yovshanlar, oqish armonlarni tebratadi, qurib, bandidan uzilgan yantoqlar dumalab uzoqlarga ketadi. Tongda yog’ib o’tgan yomg’irdan otlaru-xachirlarning tuyoqlari yaltiraydi, to’piqlarigacha ho’l.

Havoning avzoyi buzilib, tund va ko’ngilsiz bo’lib turganiga qaramay peshinda Samarqanddan chiqqan karvon bepoyon dasht bo’ylab sokin yo’l bosadi. Karvon ahli ichida hammani shoshiltirib g’ayrat qilayotgan, qora qashqa ot mingan, moshkichiri soqolli kishi – Mirzo Ulug’bekka hamroh qilib tayinlangan Xoji Muhammad Xisrav edi. U kuz kuni qisqaligidan tezroq biror manzilga yetib olishga harakat qilar ekan, yiroqdagi tog’larning qor bosib oqargan cho’qqilariga quyuq qora bulutlar qo’nayotganini bezovtalanib kuzatardi. Xiyol vaqt o’tmay o’sha bulutlar ko’payib, siljib, yoyilib, ko’k sahnining bir tomonini qoplab oldi. Bir lahzada qosh qoraygandek, chor atrof xiralashdi.

Karvondan ancha orqada, ko’z qarashi yetmas masofada besh-olti otliq qora bo’lib ot yo’rttirib boradi. Ba’zan yaqinlashib, ko’zga ko’rinmaslik uchun yo’llar tevaragida yuksalib turgan tepaliklar panasida bekinishar, ortda qolganda otlarini ayamay qamchilashadi. Bu guruh aslida ikkiga bo’lingan, ikki otliq hamisha yonma-yon, bir-biridan orqada qolmay, boshqalar esa ularni qoralab borishardi.

Xoji Muhammad Xisrav otini qichab, Mirzo Ulug’bek oldiga yetganda to’xtadi.
— A’lohazrat, tun qo’nmasdan bir manzilga yetsak, — dedi u.
— Ma’qul, — deb bilinar-bilinmas bosh silkidi Mirzo Ulug’bek.

Ular yonma-yon keta boshladilar. Ancha vaqtdan keyin oradagi sukunatni Mirzo Ulug’bek buzdi. U ichidagi to’fonni yuz-ko’zida zohir qilmay, xushchaqchaqlik bilan xojidan avvalgi haj safarlari xususida surishtira boshladi. Xoji hikoyasini tugatolmadi, orqadan podshohning maxsus chopari tug’ini ko’tarib, ot qo’yib kelayotgan otliqni ko’rib, yuragiga g’ulg’ula tushdi. Otliq Abdullatif mirzo bilan birga Balxdan kelgan sulduz qavmiga mansub navkarlardan biri edi. Yelkasiga yuklangan vazifani bajarish maqsadida otini ayamay choptirgan chopar yigit yuz-ko’zidan qora ter quyilardi. Xoji navkarga yaqinlashib:
— Xo’sh, nima gap o’zi? – deb so’radi.

Chopar esa aytadigan gapini boshqalar eshitishini istamadi, shekilli, xojiga yaqinlashib shivirladi:
— A’lohazratlarini biron obodon yerga olib borib, o’sha joyda kuting, Mirzo Ulug’bek podshoh erur, shul sababdin ul zoti oliylarining safari ham turku tojikni hayron qilaturg’on tarzda, zo’r dabdaba birlan kechmog’i lozim, bunga tayyorgarlik ersa hali poyoniga yetishmag’ondur.

Xoji Muhammad Xisrav kutilmagan bu hodisadan ajablanib, nima deyishini bilmay, bir dam chopar yigit yuziga sinovchan tikildi. Yigit esa xojining ko’ngliga shubha solganini sezib, baland ovoz bilan ta’kidladi:
— Podshohimning amru-farmonlari shu!

Tabiatan hurkak xoji qo’lini ko’ksiga qo’yarkan:
— Farmoni oliyga bosh egurmiz, — dedi.

Choparga shu gapni eshitish kifoya edi, chamasi, otining boshini orqaga qayirib, Samarqand tomonga o’qday uchib ketdi. Uning ortidan ko’tarilgan changu-to’zon oqshom yorug’ida chiroyli ko’rindi. Xojining unga yaqinlashib: “Xo’sh, Xoji, choparni nechun yo’llabdurlar?” – deb so’radi. Xoji O’rtada bo’lgan gapni aytib berarkan, quvg’indi podshoh yalt etib, chopar ot choptirib ketgan tomonga qaradi. Uning ko’zlari g’alati chaqnaganini ko’rgan xojining ko’nglidagi shubha battar kuchaydi. Butun vujudi muzlagandek bo’ldi, ammo hayajonni sezdirmay, Mirzo Ulug’bek nima deyishini kutdi. Podshoh esa qaddi-qomati egilgancha, hamon Samarqand tarafga tikilib turar, uning ko’ngliga ham shubha oralagan, bu shubha sovuq va qo’rqinchli edi.

Besaranjom xoji nihoyat og’iz ochdi:
— A’lohazrat nima buyuradilar?

Mirzo Ulug’bek hamrohiga bir zum “Sen hamma gapni bilasan! Ular bilan tiling bir!” – degandek diqqat bilan tikildi. Xoji battar besaranjomlanib, o’zini qaerga qo’yishni bilmay qoldi. Nihoyat, quvg’indi podshoh mahzun pichirladi:
— Bilganingizni qiling, taqsir.

Karvon yana yo’lga tushdi. Bir soat o’tmay, ular yo’l ustidagi Obi Sabuh deb atalgan ariq yoqasida joylashgan kichik bir qo’rg’onga yetdilar. Shu yerda to’xtash ma’qul topildi.
Mirzo Ulug’bek otdan tushdi va oyog’i uvishib qolganidan sal oqsab, qo’rg’onga kirdi. Uning qarshisiga o’o’n ikki yashar bola yugurib chiqdi va yulduzdek chaqnoq, yaltiroq ko’zlarini taajjub bilan keluvchilarga tikdi.

— Chop, otangni chaqir! – dedi buyruq ohangida Xoji Muhammad Xisrav tun salqinidan jinjikib turarkan.

Dorussaltana tevaragida qurilgan podshohlikka tobe qal’alardan bo’lgan qo’rg’onning egasi – keksa mingboshi zarrin yengli eski to’nni yelkasiga tashlab, yarim tunda uni bezovta qilgan odamlar tashrifidan biroz vahimaga tushganicha karvon ahliga peshvoz chiqdi. Sohibqiron Amir Temur Ko’ragon zamonida tiklangan bu qo’rg’on vaqt o’tib, xarob bir ahvolga kelgan bo’lsa-da, qo’rg’on egasi oyma-oy muntazam maosh olib turardi. Garchi yillar o’tgani sayin maosh miqdori kamayib borgan bo’lsa ham qo’rg’on egasi birovga arz qilishga qo’rqar, yarim xarobaga aylangan qo’rg’on uchun javobgarligini bir zum unutmay kun kechirardi. Hozir oldida turgan odamlar yarim tunda qolgan yo’lovchilar yoki savdogarlar emas, podshohlik odamlari ekanini bilgach, bu odamlarga boshpana berish baxtiga musharraf bo’lishidan quvonib ketdi. Karvon ahli bilan bir boshdan ko’risha boshlagan bu odam Mirzo Ulug’bek qarshisida quvonchini unutib, dag’-dag’ titrab, to’xtab qoldi. U turgan joyida qotib qolgan, so’zlashga tili aylanmas edi.

— Ha, taqsir, sizga nima bo’ldi? – dedi Mirzo Ulug’bek uning dahshatga tushishi sababini bilsa ham.

Qo’rg’on egasi o’g’il bilan ota o’rtasida bo’lib o’tgan mash’um mojalarodan yaxshi xabardor, kechagina qulog’iga so’nggi mish-mishlar ham yetgan: Mirzo Ulug’bek taxtdan soqit etilib, shahzoda Abdullatif podshoh bo’lib, oq kigizga o’tqazilgan emish… Shu sababdan qo’rg’on egasi qarshisidagi odamga qanday muomalada bo’lishni bilmay hangu-mang edi. Nihoyat, u titroq va hayajonli bir tovush bilan:

— Marhamat, a’lohazrat, marhamat! – deya quvg’indi podshohga ta’zim qildi-da, o’zini chetga oldi. So’ng qo’rg’on burchagidagi oilasi bilan yashagan uyga kirarkan, eshikni yopib, zanjirni zulfinga ildi. Shu-shu qorasini ko’rsatmadi.

Qo’rg’on hovlisidagi daraxtlarga mash’alalar o’rnatilgach, xachirlardan yuklar tushirilib, qo’rg’on o’rtasidagi bino ayvoni burchagida taxlandi. Mirzo Ulug’bek bilan Xoji Muhammad Xisrav ayvondan qop-qorong’i uy ichkarisiga kirib, to’rdagi xonaga o’rnashdilar.

Xona sovuq edi. Osti zax, toshdek qora yer. Necha o’n yillardan beri odam nafasi isitmagan, g’urbatga cho’kkan kulbaning har burchagida g’amgin qorong’ilik hukm suradi. To’rt tomon devori suvog’i to’kilgan. Qorong’i go’rdek zax uyning bir burchagida xunuk yasalgan o’choq bor, xolos. Ko’hna kulbaning teshik-teshigidan izillab shamol urib, boshpanani kimsasiz sahroga aylantirib, muzlatib yuborgan. Yo’l bo’yi sovuqdan qotib, titrab-qaqshab kelgan Xoji Muhammad tonggacha bu yerda isinolmay, dildirab o’tirishini tasavvur qilib, yo’lga kechikib chiqqanidan pushaymon bo’ldi.

Mirzo Ulug’bek suvsar po’stinini kiydi. So’ng mulozimlar gilam yozib to’shagan ko’rpachalar ustiga yonboshladi. Yuragida sirqiragan og’riq azobi nechog’li kuchli bo’lmasin, u o’zinixotirjam tutishga urinardi. Keksa podshoh ko’zini yumdi. O’sha lahza o’ngida mungli ko’zlari jiqqa yoshga to’lgan suyukli qizi Robiya Sultonbegimni ko’rdi. “Meni tashlab ketmang, otajon!” deb baqirardi qizi…

Ohista-ohista qadam bosib mulozimlarning biri kirdi. U qo’lida qumg’on bilan tos ko’targan edi. Mulozim tosni Mirzo Ulug’bek oldiga qo’ydi. Hamon og’ir o’ylar chida qolgan quvg’indi podshoh yenglarini shimarib, qo’llarini mulozim tutgan qumg’ondan oqib turgan muzdek shaffof suvga tutdi. Ketma-ket kirgan boshqa mulozim dasturxon yozib, taom keltirdi. Mirzo Ulug’bek bilan Xoji Muhammad Xisrav taomga yaqin siljidilar. Ular taom bilan mashg’ul ekanlar, poygakda o’tirib olgan bola chaqnoq ko’zlarini Mirzo Ulug’bekdan olmay taajjub bilan boqar, goh mirzo, goh xojining uni ovqatga da’vat qilganlarini eshitmagandek, iljayib turardi.

Mirzo Ulug’bekning ishtahasi yo’q edi. U bir bo’lak non bilan uch-to’rt burda qovurdoqdan yedi, keyin  bir qoshiq asal olib, nonga surdi-da, bolaga uzatdi. Bola uyalganidan irg’ib turib xonadan chiqib ketdi.

Nihoyat qorni to’ygan xoji ko’zlarini yumib, qo’llarini yuqoriga ko’tarib, fotiha o’qidi. Mirzo Ulug’bek chordona qurib o’tirgan ko’yi ko’zlarini xojiga tikdi. Xoji, nasib bo’lsa, ertaga tongda dorussaltanadan navkarlar qo’riqlagan hashamatli karvon yetib kelishi, ana o’shanda yo’l ham tez unishi haqida so’zlayotgan edi. Mirzo Ulug’bek eshik tomonga qarab-qarab qo’yar, tashqaridan eshitilayotgan ovozlarga quloq solib, xojining so’zlarini parishon holda tinglardi. U suvsar po’stin kiyganiga qaramay, badani junjikayotganini sezdi. Ammo bu sovuqdanmi, ichida g’imirlagan sovuq shubhalardanmi, bilmasdi.

Eshik g’iyqillab ochilib, mulozim dasturxon yig’ishtirishga kirganda, Mirzo Ulug’bek unga xona o’rtasidagi o’choqqa o’t qalashni buyurdi. Dam o’tmay ikki navkar bu yumushga tutindilar, o’tni katta qilib yoqdilar. Podshoh o’choqqa yaqinlashib, gurkirab turgan gulxanga tikildi. Gulxan yonida tinch-xotirjam bo’lib ko’ringan bu odam yuragida olaga dahshat solgulik bir to’fon hokim edi. “Nima gunohim bor ekanki, bu jafolar boshimga keldi?” – deb o’ylardi gulxan yonida turgan odam.

077 Uning besh o’g’lidan ikkitasigina omon qoldi. Qolganlari erta o’lib ketdilar. Tirik qolgan o’g’illarining to’ng’ichi Abdullatif bibisi Gavharshodbegim qo’lida tarbiyalandi. Malikadagi takabburlik, hamma ishda bosh-qosh bo’lishga intilish, serzardalik bola tabiatiga ko’chdi. Yillar o’tib, serzardalik dag’allikka, qo’pollikka, takabburlik manmanlikka, toju-taxt havasi hirsga aylandi. Bobosi Shohruh mirzo olamdan o’tganda, bibisining aldoviga uchdi. Gavharshodbegimning: “Toju-taxtga otang emas, sen munosibsan!” – deb qulog’iga quygan gaplarga ishonib, bosar-tusarini bilmay qoldi. Keyin bibisi uni laqillatib aldaganini – Hirotda qolgan boshqa nabirasi, Abdullatifdan suyukliroq Alouddavlani qulay qursatni boy bermasdan taxtni egallashga da’vat qilganini bildi. Achchiqlangan shahzoa keksa bibisini tutqun etdi. Ammo tez orada Alouddavlaga bas kelolmay, o’zi tutqun bo’ldi. Ixtiyoriddin qal’asida zindonband etildi. Shu voqea tufayli toju-taxtning shar’iy vorisi bo’lmish Mirzo Ulug’bek hokimiyat uchun kurashishdan voz kechib, o’g’lini qutqarishga urindi. Oxiri sulh tuzildi. Alouddavla Abdullatifni zindondan ozod qildi.

Hibsdan bo’shagan o’g’ini kutib olgani yodida: o’shanda o’g’li otidan sakrab tushdi-da, quchog’ini yozgancha borib, Abdullatifni bag’riga bosdi. Qattiq quchoqlab turib, yuzidan, ko’zlaridan o’pdi, anchagacha bag’ridan bo’shatmadi. Ota bilan farzand o’rtasida, mana shu sog’inchli quchoqdan boshqa bir og’iz so’z bo’lmadi. O’g’lini ancha vaqtgacha ko’ksiga bosib turib bo’shatganda, ota-bolaning oppoq yuzlari hayajondan battar oqargan, ranglari o’chgan edi.

To’ng’ich o’g’liga tikilganicha, atrofdagi olamni anglay olmay, u bir nafas esankirab qoldi. Yigirma yoshga to’lay deb turgan o’g’li – novcha bo’ylik, qirra burunlik, qo’ng’ir mo’ylovi endigina sabz uri kelayotgan, lablari g’oyat nafis, yaxshi kiyinishni yoqtirgan Abdullatif mirzo ota nazarida hamon yosh bola singari edi.

Ota farzandining eson-omon qaytganidan behad quvondi. O’g’lini yoniga o’tqazib uzoq suhbatlashdi. Ixtiyoriddin qal’asida chekkan azoblari hikoyasini alam bilan eshitdi, farzandining hijil ko’nglini tasallilar bilan ko’tardi. Suhbat so’ngida sulhga ko’ra, Movarounahr tasarrufiga o’tgan Balx mulkini Abdullatifga suyurg’ol qilganini aytdi.

Ammo ko’p o’tmay bu noqobil o’g’il o’z otasiga qarshi isyon boshladi, yuzsizlik qilib tuqqan otasi tirik turib, taxtni egalladi. Bu kamlik qilganday, keksa otasini hajga yuborish bahonasi bilan yurtdan badarg’a qildi.

Uning ko’z o’ngida o’g’lining kibrli yuzi ko’rindi. “Padari buzruk, — dedi Abdullatif so’nggi uchrashuvda, — juda toliqibsiz, sal dam olib Makka-Madinaga borib, Ka’bani ziyorat qilib kelmaysizmu? Bu bevafo dunyoning tashvishini qo’yib, oxiratni o’ylaydigan yoshdasiz! Qaytib kelganingizdan so’ng qolgan gaplarni bamaylixotir gaplashmaysizmu, padari buzruk?!” Shahzodaning tevaragida o’tirgan arkoni davlat o’z hukmdorlarining shunday deyishini oldindan kutib turganlarini Ulug’bek sezdi. Boshidan baxt qushi uchib ketgan podshohlar tarki dunyo qilib, Makkaga – hajga ketishi, buni rad etganlar esa o’lim topishi ham odat tusiga kirib qolgan. Mirzo Ulug’bek o’g’lining so’zlarini eshitib, rangi bo’zday oqarib, uzoq vaqt yerga tikilib qolgan edi.

Kenja o’g’li shahzoda Abdullaziz mirzo nimjon tug’ildi. Shu sababdanmi, yo tug’ilishidan biroz muddat avval o’n ikki yashar o’g’li Abdurahmon vafot qilganidanmi, bu o’g’liga ko’proq mehribon bo’ldi. Shahzoda taltayibroq o’sdi. Ota esa o’z mehrini ortiq qilaverdi. Hatto Tarnob jangida Alouddavla ustidan qozongan g’alabasini ham bu jangida jonbozlik qilgan Abdullatifning emas, kenjasining nomi bilan bog’lab, fathnomani Abdullazizning nomiga yozdirdi. Bundan norozi bo’lgan to’ng’ich shahzoda yovboshlik yo’liga kirdi.

Abdullatif mirzo otasiga o’xshab ilmga ishtiyoqmand, ayniqsa yulduz ilmiga ko’ngil qo’ygan edi. Kenja esa ilmga beparvo o’sdi. Otasidan unga yolg’iz musiqaga bo’lgan mehr yuqdi. U tanburni shunday berilib chalardiki, yuzlari lovillab qizarib ketardi. Xiyol ko’tarinki qirra burni, yupqa lablari bilan otasining qoshlariga o’xshash ingichka, qalamdek chizilgan qop-qora qoshlariga qarab, Abdullazizni Samarqandning eng go’zal yigiti deyish mumkin. Har ikki shahzodaning bo’yi baland, qaddi-basti kelishgan, qomati raso. Biroq kenjaning suyaklari nozik bo’lgani uchunmi, jussasi zaif bo’lib tuyulardi. Shunga qaramay, kenja shahzoda maishatparastlikda akasidan ustun edi. Mana shu maishatparastligi, otasi xizmatidagi amirlar haramiga ochiqdan-ochiq ko’z olaytirishi Mirzo Ulug’beking dushmanlarini ko’paytirdi, podshoh sha’nini qora qildi.

Hozir Abdullatif o’z inisini ham zindonband qilgan. Ammo u shu bilan to’xtab qolarmikan, otasini badarg’a qilgan bu yuzsiz o’z inisini undan battar jazoga duchor qilmasmikan?!

Baxtiqaro otaning g’azabi o’t olib, hamiyati jo’sh urib qizishdi. Qovog’i solingan, rangi o’chinqirab ketgan chehrasida dahshatli qahru-g’azab aks etib turganga o’xshardi. U Samarqandni tark etish arafasida ko’rgan tushini esladi.

Tushida bepoyon sahroda o’zini yolg’iz sahroda turgan holda ko’rdi. Tuman. Qorong’ilik bosgan kun ekan. Shommi, tunmi noma’lum edi. Faqat g’ira-shira sarob ichida yolg’iz turar, osmonda na quyosh, na oy, na yulduzlar bor ekan…

Tasodifan o’choqdan uchgan uchquni Mirzo Ulug’bek po’stinining peshiga tushdi va uning bir chetini kuydira boshlapdi. Og’ir o’yga botgan holda turgan alamzada podshoh ancha vaqtgacha buni sezmadi. Sezdi-yu, uni yengim bilan urib o’chirdi. Keyin o’choqdagi olovga tikilarkan:
— Ahvol ne ekanini sen ham bildingmu?! – deb pichirladi.

Shu voqea sabab bo’ldimi, Mirzo Ulug’bekning kayfiyati tamom buzildi, og’ir-og’ir tin olib, iztirob aralash nimalarnidir pichirlay boshladi. Ancha vaqt shu holda xonada u yoq-bu yoqqa yurdi. So’ng bo’zrayib o’tirgan xojiga yaqinlashib, mahzun tovush bilan so’radi:
— Mirzo Abdullaziz omonmu ekan? Balki qatlga yetkurmadilarmu erkan oni?

Xoji Muhammad Xisrav baxtiqaro otaga tasallilar berib, yupatishga urindi. U Abdullatif mirzo hech qachon o’z tug’ishgan birodari joniga qasd qilmasligini gapirdi. Gapirardi-yu, ichini shubha kemirardi. Xonada o’tirgan bu ikki odam Abdullatif mirzo allaqachon qonli ishga qo’l urgani, ikki kun avval, hali otasi Samarqandni tark etmagan bir mahalda, Ko’ksaroyda yashirin tarzda o’z inisini qatl ettirganidan bexabar edilar. Xuddi shu paytda dorussaltanadan yo’lga chiqqan o’lim elchilari ular to’xtagan qo’rg’onga yaqinlashib qolganidan ham voqif emasdilar.

Xoji Muhammad Xisrav haj safariga chiqish oldidan Abdullatif mirzo uni o’z dargohiga chorlagani, unga tahdidona so’zlagani haqida o’ylardi. “Menga qara, xoji, agar padarimiz bo’lmish Mirzo Ulug’bek yo’lda zid biror yomonlik o’ylasa, yo bizga qarshi jang qilmoq uchun biror manzilga qochsa, sen bu haqda bilib turib, bizga xabar bermasang, yo oldini olmasang, mendan qutilishni o’ylama, yer tagidan bo’lsa ham topib kallangni olaman. Men Tangri taolo ishini qilib yuribman, hech kim menga halaqit berishi mumkin emas. Uqdingmu, xoji?” – dedi shahzoda uyqusizlikdan qizargan ko’zlarini chaqchaytirib.
— Xudoyimning o’zi saqlasin, — deb ohista shivirladi xoji.

Xuddi shu palla bola allaqachon uxlab qolgan edi. U tush ko’rardi. Tushida qandaydir badjahl kimsalar gullab turgan olmani kamondan o’qqa tutishdi. O’qlar zarbidan gulbarglar duv-duv yerga to’kilardi. Dam o’tmay olma shoxlari yap-yalang’och bo’lib qoldi. Endi badjahl kimsalar yulduzlarga o’q uza boshladilar. Osmondan qon tomchilay boshladi. Boyagina yerga to’kilgan gulbarglar sap-sariq xazonga aylangan, qon mana shu bargixazon ustiga tomchilab, ularni alvon rangga bo’yardi. Keyin birdan qop-qora qiyofali otliq paydo bo’ldi. U qo’lidagi dudama qilich zarb bilan urdi, daraxt “qars” etib, yerga ag’anadi. Bola daraxtning o’z ustiga qulayotganini ko’rib, dahshatga tushib, bo’g’ilib baqirib yubordi. Baqirdi-yu, uyg’onib ketdi. Tashqaridan qo’rg’on darvozasini besaranjom urayotganlari shovqini kelardi…

Uyqusi o’chgan Xoji Muhammad Xisrav bilan gaplashib o’tirgan, Mirzo Ulug’bek ham bu shovqinni eshitib, besaranjonlandi. Xoji o’rnidan qo’zg’aldi.
— Yana nima bo’ldi? – dedi u zo’rg’a tovushini chiqarib.

U hali gapini tugatmasdan, xona eshigi kuch bilan urilgan zarbdan sharaqlab ochilib ketdi va qop-qora sumbatli bir navkar sherigi bilan ichkariga otilib kirdilar. Mirzo Ulug’bek birinchi navkarni tanidi. U Abdullatif mirzoning Abbos ismli eroni navkari edi. Abbosning otasi bir qancha vaqt ilgari Mirzo Ulug’bek amri bilan firibgarlikda ayblanib, qatlga yetkazilgan edi.

Abbosning ko’rinishi vajohatli edi. Xoji Xisrav orqaga tisarilib, xona burchagiga tiqilib oldi. Abbosga ko’zi tushishi bilan rangi o’chgan Mirzo Ulug’bek sapchib o’rnidan turdi. So’ng Abbosga tashlanib, bor kuchi bilan uning ko’kragiga musht tushirdi. Qarib qolgan podshohdan buni kutmagan Abbos orqaga tisarilib ketdi, ammo uning sherigi mushukday chaqqonlik bilan orqadan kelib, Mirzo Ulug’bekka yopishdi. Quttirib ketgan, Abbos qari podshohni mushtlay ketdi. So’ng podshohning holsizlanib qolganini ko’rgach, ikkovlashib qo’llarini qayirib, ustidagi suvsar po’stinni yechib oldilar.
— Badbaxtni mahkam tut! – deb o’shqirdi Abbos sherigiga. – Men arqon topib kelg’aymen…

U shunday deb tashqariga otildi. Mirzo Ulug’bek ortiq qarshilik ko’rsatmas, tizza cho’kkanicha, qo’llari qayiriqli holda, bosh egib o’tirardi. U kelganlar maqsadini allaqachonlar anglagan, dastlab qarshilik ko’rsatgan bo’lsa-da, keksaligi tufayli bu ikki zo’ravonga bas kelolmasligini, qolaversa, bu ishi befoydaligini fahmlagan, taqdirga tan bergan edi. U burchakda tikilib, dag’-dag’ titrayotgan xojiga o’girildi:
— Taqsir, tahorat olsam…

Xoji garang edi, u dastlab quvg’indi podshohning nima deganini anglamagandek baqrayib turdi. Keyin birdan gap nimadaligini angladi, zo’rg’a oyoqqa turdi va Mirzo Ulug’bekning qo’llarini ushlab turgan navkarga mo’ltirab qaradi. Navkar esa birdan hech nima demasdan, Mirzo Ulug’bekning qo’llarini bo’shatdi. Keyin xojiga qarata:
— Tez bo’lingiz! Abbosni bilmaysiz… – dedi.

U shunday deb tashqariga chiqdi. Xoji yugurib borib, eshikni zanjirlamoqchi bo’ldi. Ammo zanjir uzilgan edi. U shalag’i chiqqan eshikni bir amallab zichlab yopdi va taomdan oldin mulozim keltirgan qumg’onni keltirib, Mirzo Ulug’bek oldiga qo’ydi. O’choqqa yaqin turgan qumg’ondagi suv iliq edi.

Xoji Muhammad Xisrav bunday ishlar odatda pinhona qilinishini, guvohlar qoldirilmasligini bilar, shu sababdan Allohdan o’ziga omonlik tilab yolvorardi. Tahorat olgan baxtiqaro podshoh qiblaga yuz tutib, namoz o’qimoqqa turdi. Ammo eshik xuddi o’tgan safargidek, qattiq zarbadan sharaqlab ochilarkan, bir tabaqasi uzilib yerga tushdi. Arqon ushlab olgan Abbos qahrli ko’zlarini namozda turgan podshohga tikib, uni yeb qo’ygudek o’qrayganicha bir muddat ostonada to’xtadi. Mirzo Ulug’bek o’rnidan qo’zg’alayotganini ko’rishi bilan o’rnidan turishga imkon bermay yelkasidan bosdi va jahldan bo’zarib baqirdi:
— Hoy mochag’ar, qaerdasan, kelmaysanmu?

Xonaga sherigi hovliqib kirdi. Ikkovlashib mirzoning qo’llarini orqaga qayirib, mahkam bog’ladilar va tashqariga sudrab olib chiqdilar.

Kecha oydin edi. Qo’rg’on sahni oydinda oqarib turardi. Ammo hovlida biror kimsa ko’rinmas, karvon ahlining barchasi bo’layotgan voqeadan dahshatga tushib, qarshilik ko’rsatish o’rniga, pana-panada bekinib olgan edilar.

Abbos bandi podshohni mash’alalar o’rnatilgan chinor ostiga olib borib, xazonlar ustida tiz cho’ktirdi. Mirzo Ulug’bekning yalang’och boshi oy yorug’ida yaraqlab turardi. Abbosning yuragini o’ch cho’g’i qizdirar – oldida bosh egib turgan odamni qiynab, azoblar irodasini sindirmoqni istar, ammo Abdullatif mirzo padariga azob berganini bilsa, sog’ qo’ymasligidan xavfsirab tinmay so’kinardi. U bandi uchun qiynoqli lahzalarni cho’zish maqsadida qilichini sug’irishga shoshilmasdi, oldinga engashgancha, Mirzo Ulug’bekning yuziga tirjayib tikilardi. Engashib turarkan, yuzida quvonch bilan g’azab aks etib turar, qop-qora basharasi yovuz yirtqichga o’xshab ko’rinardi. To’satdan uning hayoliga bir o’y keldi-yu, ko’zlari suzilib ketdi. U bandi podshoh quloqlariga past ovozda nimalarnidir shivirlay boshladi. Mahkum podshoh yalt etib boshini ko’tardi, lablari titradi, ko’zlarining nuri so’ngandek xiralashdi. Keyin qanoti singan burgutday bir intilib, alamangiz holda hirqiradi:
— Abdullaziz!…Bolam!..

Uning ko’z o’ngi qorong’ilashdi. Anchadan keyin ko’zini ochdi. Kimsasiz hovlini, oydin kechani va qarshisida tirjayib turgan qop-qora basharani ko’rdi.

Mirzo Ulug’bek bir necha daqiqadan keyin o’lishini sezdi. Xotiralar chaqmoq yorug’ida ko’ringan tasvirlar kabi, haddan tashqari tezlik bilan birma-bir uning xayolidan o’ta boshladilar. U hali o’z qarshisida uning yuzini qaqshol kafti bilan silayotgan Sohibqiron bobosini ko’rar, hali boshida mungli allalar aytgan bibisi Saroymulkxonimni ko’rar, hali suyukli o’g’li Abdullazizni, erka qizi Robiya Sultonbegimni ko’rar, hali shumshuk ko’zli Abdullatifning chaqchaygan basharasini, hali mas’um shogirdi Ali Qushchining g’amgin nigohini ko’rar edi. Bu xotiralarning hammasi unda hech qanday tuyg’u uyg’otmasdan, uchib o’tardi. Umrning sanoqli daqiqalar qolganini sezgan ong na g’azabga, na shodlikka, na achinishga, na biror boshqa his-tuyg’uga o’rin qoldirmayotgandek edi.

Xuddi o’sha lahza u derazadan o’ziga qarab turgan bolaga ko’zi tushdi. Ulug’bek: “Bolani oling!” – deb baqirdi. Abbos uning nima deb baqirganini bilmay bir zum atrofga alangladi, so’ng “Podshoh qo’rquvdan esdan og’di” deb o’yladi. Uning qilich ko’targanini ko’rgan Mirzo Ulug’bek kalima keltirdi: “La iloha illolloh, Muhammadur rasululloh!”

Qilich shuvillab tushdi-yu, bandining boshini tanasidan judo qildi. Boshsiz jasad xuddi baliqqa o’xshab patirlab otilib tushar ekan, shahidning bo’g’zidan oqqan qizil qon tirqirab chiqib xazonlarni, nam yerni bo’yay boshladi. Abbos esa qilichini jasad egnidagi to’nga artdi-da, sherigi yetaklab kelgan otga irg’ib mindi va dam o’tmay ikki otliq qora tun qo’yniga singib yo’qoldi.

Hovli sahnida hech kim yo’q edi. Faqat bu qonli voqeaniko’rib, dahshatdan esankiragan bola deraza oldida qotib turardi. Uning ko’zlaridan bir necha lahza avval Mirzo Ulug’bek ko’zlarida
tovlangan mahzun alam aks etib turardi.

Chorak soatdan so’ng pana-panada biqinib olgan Xoji Muhammad Xisrav boshliq karvon ahli qo’rquv ichida bir-birlariga siqilishib, biri boshqasini oldinga itarib, o’zi uning orqasidan borishga tirishib, oyoqlarini sekin bosishib shahid jasadi tepasida to’plandilar. So’ng qo’rqqanlarini bildirmaslik uchun shang’illab gapirib, yov bosgandek shoshilib, yuklarini yana xachirlarga ortib, jasadni suvsar po’stinga o’rab, xachirlarning birining ustiga bog’lab, Samarqandga qarab yo’lga tushdilar.

Tongda shahid podshoh qoni oqqan yerni ketmon bilan tarashlay boshlagan qo’rg’on egasi o’ziga qarab o’tirgan o’g’lining ko’zlaridagi musibatni sezmagandek yoqimsiz ovozda ming’irlab qo’shiq aytardi…

Atrofni qalin tuman bosgan, havo rutubatli, osmonda quyosh yo’q edi…

QISSA TUGADI

1993-94 yillar

09

(Tashriflar: umumiy 1 609, bugungi 1)

Izoh qoldiring