«Arba’in»ning nasriy bayoni va taxriji

034     Алишер Навоийнинг асарлари Ислом таълимоти ва фалсафаси билан тўла йўғрилгандир. Агар яхши қаралса, у кишининг деярли барча асарларида оят-ҳадисларнинг, айниқса Ислом тасаввуфининг, исломий ҳикматнинг ифори шундоқ уфуриб туради.

«АРБАЪИН»НИНГ НАСРИЙ БАЁНИ ВА ТАХРИЖИ
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид, Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид
034

Кириш

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловатлар бўлсин!

Буюк шоиримиз Алишер Навоий ҳазратларини тилга олар эканмиз, у кишининг аввало Ислом шоири эканларини таъкидлаш жоиз. Ҳазрат Навоийнинг ижодлари билан танишган, асарларини холис ўрганган ҳар қандай билимли одамнинг ушбу хулосага келиши аниқ. Қўлингиздаги ушбу асарни ўрганиш давомида бу ҳақиқатга сиз ҳам яна бир бор амин бўласиз.

Афсуски, даҳрийлик тузумининг қора булутлари халқимизни ушбу ҳақиқатни кўришдан узоқ йиллар тўсиб келди. Ачинарлиси, олам узра илм қуёши порлаб, унинг нурафшон зиёсида кўпчилик кишилар ҳақиқат қояларини кўриб турган бир пайтда, ҳали-ҳануз ўша қора булутлар сояси кўзидан аримаган айрим кимсалар эски сафсаталарини бозорга солишдан тўхташгани йўқ. Улар ҳали ҳам улуғ сўфий, зоҳид, олим Низомиддин Алишерни шаҳвоний ишқ-муҳаббат ва айшу ишрат куйчиси ўлароқ таърифлашни қўмсаб туришипти, ҳақиқатни тан олгилари келмаяпти. Уларга Навоийнинг аслида қандай инсон бўлгани эмас, балки улар истагандек инсон бўлиши муҳимдек. Шунинг учунми, улар Навоийнинг шахсияти билан ҳам қизиқишмайди, балки Навоийни ўзлари истагандек шаклда чизишни, тасвирлашни хоҳлашади, доимо шунга интилишади.

Бошқа бир тарафда бор ҳақиқатни англаб етган бўлса-да, негадир унинг ошкор бўлишини истамай турган адабиётшунослар ҳам борлиги кишини янада ҳайратга солади. Аммо, қувонарлиси, бу каби дилхираликлар йилдан-йилга камайиб, кўпчилик ҳақиқатни аста-секин англаб етиб бормоқда. Бир қатор адабиётшунос олимларимиз томонидан Навоий ижодини холисона ўрганишга тарғиблар, ҳаракатлар бўлди ва бўлиб турибди. Бу борада Азизхон Қаюмов, Алийбек Рустамий, Иброҳим Ҳаққул, Нажмиддин Комилов, Суйима Ғаниева каби навоийшуносларимизнинг қилган катта ишларини эсга олиш жоиз. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Аҳмад Муҳаммаднинг яқиндагина тақдим этилган «Буюк Ислом шоири» номли мақолалари ҳам шу йўлда ташланган шахдам қадамлардан бўлди.

Тўғри, ҳазрат Навоий ўз ижоди учун танлаган тил ўзбек тили бўлгани эътиборидан ўзбек шоири, ўзбек шеърияти мулкининг султони ҳисобланади. Аммо у кишининг асарларининг асл манбаларига назар соилинса, уларнинг бўлоғини суриштирилса, «Навоий – буюк Ислом шоири» экани аниқ равшан бўлади.

Ҳақиқатан ҳам, халқимиз бошқаларга мустамлака бўлиб, уларнинг изларидан юришга мажбур қилинган давргача Алишер Навоий ҳақида даҳрийча тасаввур умуман бўлмаган, бу каби уйдурма бировнинг хаёлига ҳам келмаган. Тарихга назар солинса, Навоий асарлари бизгача маишатпараст, майпараст, бузуқ одамлар орқали эмас, балки маърифатпарвар адиблар, улуғ тасаввуф машойихлари воситасида етиб келган. Бу асралар асосан мадрасларда исломий илмлар қатори ўқитилган. Шу пайтгача Навоий асарлари билан қизиққан, уларни ўрганадиган ва ўргатадиган қатлам Ислом уламоларидан, зоҳид пиру устозлардан иборат бўлган. Улар ҳазрат Навоийнинг номларини катта ҳурмат билан тилга олишар, байтларини кўзларида ёш билан ўқишар эди. Улуғ воизларимиз ўз ваъзларида Қуръони Карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан айтар эканлар, уларнинг мазмунларини янада ёритиш ва изоҳлаш учун Навоий ва Фузулийларнинг байтларидан иқтибос келтиришар эди. Буларнинг барчаси яқин тарихмизнинг ёрқин саҳифалари эди.

Афсуски, кейинги даврларга келиб, диний маърифатдан, исломий билимлардан узоқлашиш натижасида, ўтган буюк адибларимизнинг асарларидан ҳам узоқлашиб кетилди. Уларнинг руҳий кечинмаларини ҳис қилиш у ёқда турсин, адабий истилоҳларини ҳам тушунамайдиган бўлиб қолинди. Натижада, уларнинг асарларининг мазмун-моҳиятига етиб бормай, сўзларнинг юзаки маъноларидан хулоса чиқаришга ўтилди. Бу ҳақиқатни ўша улуғ адибларнинг ғазалларига боғланган айрим замонавий тахмисларда ҳам кўриш мумкин. Улар тоғдан келса, булар боғдан келаётгандек. Зеро, уларнинг адабий истилоҳларини чуқур англамай, буюк қалбларидаги мусаффо илоҳий шавқ ўтини ҳис этмай туриб, уларнинг асарларини тушуниб бўлмайди, албатта. Бизнинг шак-шубҳага, дунё муҳаббатига тўлган қалбларимиз уларнинг ёлғиз Аллоҳга бўлган иймону муҳаббат билан ёнган дилларини қандай қилиб ҳис қилсин, ахир?! Бир дам Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолишни ўзи учун айб, нуқсон деб билган буюк инсонларнинг гапини бир умр Аллоҳдан ғафлатда юрган кишилар тушуна олармикин?! Охир оқибат шунга етдики, кишиларимиз йиғлаб тинглаш керак бўлган байтларни шўх-шўх куйларга солиб, ўйинга тушадиган бўлиб кетишди. Агар ўша улуғ аждодларимиз ўз авлодларининг бу қадар тубанлашиб кетишларини билганларида, шубҳасиз, бошқачароқ йўл тутган бўлардилар.

Алишер Навоийнинг асарлари Ислом таълимоти ва фалсафаси билан тўла йўғрилгандир. Агар яхши қаралса, у кишининг деярли барча асарларида оят-ҳадисларнинг, айниқса Ислом тасаввуфининг, исломий ҳикматнинг ифори шундоқ уфуриб туради. Фақат уни туйиш, ҳис этиш учун кишининг шуури, зеҳни соғлом ва сезгир бўлиши керак, холос. Ўтган асрда Андижонда кўпчилик мусулмонларга пешво бўлиб ўтган улуғларимиздан бири Фаттоҳхон махдум бундай деган эканлар: «Мен «Хамса»ни тўрт маротаба ўқиб чиқдим. Биринчи ўқиганимда уни шунчаки муҳаббат ҳақидаги ҳикоялар экан, деб ўйладим. Кейингисида уларда оят-ҳадисларнинг маънолари бор эканини пайқадим. Учинчи, тўртинчи бор ўқиганимда улар Исломдан бошқа нарса эмаслигини англадим».

Ҳа, агар чуқур ва жиддий ўрганилса, «Хамса»да асосан тасаввуфона дунёқараш, тасаввуф фалсафаси акс этган. Унда банданинг Аллоҳга муҳаббати ва бу йўлдаги тўсиқлар маълум ҳикоялар ёрдамида тасвирланган, тушунтирилган. Қалб касалликллари ва даражалари ўзига хос услубда баён қилинган.

Эътибор берилса, ҳазрат Навоий «Хамса» таркибидаги ҳар бир асарни Аллоҳ талога ҳамду сано ва муножот билан бошлаб, кейинги икки-учта бобни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг наъту тавсифларига, мўъжизаларининг баёнига бағишлаган. Уларда муаллиф Аллоҳ таолога ёлвориб илтижолар қилади, Қиёмат даҳшатларини эсга олиб, Аллоҳдан ўша кунда нажот беришини сўрайди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига ноил этишини сўраб дуолар қилади. Ҳатто «Садди Искандарий»да ҳамду сано, муножот ва наътлардан кейинги бешинчи бобнинг сарлавҳасида ушбу беш асарни беш маҳал намозга ўхшатади ва уларнинг ҳар бирини оятлар билан изоҳлайди.

Ўзингиз ўйланг, Навоийдек зукко адиб ва йирик давлат арбоби у ёқда турсин, бирор ақлли инсон шаҳвоний ишқ-муҳаббат ёки шунчаки севги афсоналаридан иборат асарни ана шундай юксак руҳдаги муқаддималар билан бошлаши мумкинми? Қани, дунёда бирор киши ана шундай ўт билан сувни қориштирган бирор асар кўрганми ўзи? Мана шунинг ўзи ҳам Навоий асарларининг асл моҳияти қандай эканини очиқ кўрсатиб турибди. Буни кўрмаслик учун инсон ўз қаршисида турган нарсадан ҳам тамоман кўз юмиши керак. Чунки бу ҳақиқатни ҳазрат Навоийнинг ўзлари «Лайли ва Мажнун»нинг хотимасида очиқ баён қилиб қўйганлар:

Ёзмоқда бу ишқи жовидона,
Мақсудим эмас эди фасона.
Мазмунига бўлди руҳ майли,
Афсона эди анинг туфайли.
Лекин чу рақамга келди мазмун,
Афсона анга либоси мавзун.

Бу барҳаёт ишқ ҳақида ёзишдан мақсадим қандайдир афсона айтиш эмас. Балки руҳ унинг мазмунига, яширин маъноларига майл қилди. Аммо айтилган афсона ушбу маънони англатиш учун бир сабаб, восита эди. Мазмун ушбу битикларнинг ўзида, афсона унга бир хушбичим либос, холос.

Алишер Навоий ўз асарларида тасаввуф таълимотларини, бошқача қилиб айтганда, ички фиқҳни акс эттириш билан бирга, зоҳирий фиқҳ борасида ҳам қалам тебратган. Чунки тасаввуф фалсафасини ҳамма ҳам яхши тушунавермайди, уни асосан ушбу илмда етук билимга ва тажрибага эга бўлган кишиларгина англай биладилар. Шу боис, буюк шоир омма, халқ истифода қилиши учун соф шаръий кўрсатмаларга доир асарлар ҳам ёзган. Бу маънода унинг энг кўзга кўринган асари, шубҳасиз, «Арбаъин» китобидир.

«Арбаъин» «қирқта» дегани бўлиб, истеъмолда қирқта сайланма ҳадисдан иборат ҳадис китобларига айтилади. Ушбу услубда асар яратиш Ислом оламида яхши бир анъанага айланган. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари асос бўлади:
قَالَ رَسولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : «مَنْ حَفِظَ عَلَى أُمَّتِي أَرْبَعِينَ حَدِيثًا فِي أَمْرِ دِينِها، بَعَثَهُ اللهُ فَقِيهًا، وُكُنْتُ لَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ شَافِعًا وَشَهِيدًا».

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким умматимга дин ишлари борасида қирқта ҳадисни муҳофаза қилиб берса, Аллоҳ уни Қиёмат куни фақиҳ қилиб тирилтиради ва Қиёмат куни мен унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан».

Бу ҳадис бироз заифроқ йўллар билан нақл қилинган бўлса-да, у жуда кўп муҳаддислар томонидан ривоят қилинган машҳур ҳадис ҳисобланади. Жумладан, уни имом Байҳақий Абу Дардо ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу розияллоҳу анҳумодан, Дайламий Ибн Масъуд ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан, Абу Нуъайм Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан, Ибн Жавзий Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Мазкур ҳадиси шарифнинг илҳоми билан кўпчилик муҳаддислар ва уламолар тарафидан «Арбаиън» асарлари яратилган. Бу тур ҳадис китобларини катта икки қисмга ажратиш мумкин:
1. Маъулум бир мавзудаги ҳадислардан қирқтасини жамлаган асарлар. Масалан, одоб-ахлоқ, илмнинг фазилати, истиғфорнинг фазилати, Мадинанинг фазли ҳақида, ҳажга ёки табобатга оид ҳадислардан тузилган арбаъинлар каби.
2. Исломнинг умумий асосларини ифода этувчи ҳадислардан тузилган арбаъинлар. Буларда мавзу чекланмайди. Бу тур арбаъинлар ичида энг машҳур ва мўътабари имом Нававийнинг «Арбаъин»лари эканида шубҳа йўқ.

Мазкур ҳадиси шарифда айтилган ваъдадан умид қилиб, мусулмон шоирлар ҳам шеърий «Арбаъин»лар ёзишган. Жумладан, буюк олим Абдурраҳмон Жомий раҳматуллоҳи алайҳ форс тилида «Арбаъин» тузиб, унда фазилатли амалларга доир қирқта ҳадисни шеърий тўртликлар билан таржима қилган. Кейинроқ у кишининг хос шогирди, мумтоз шоир Мир Алишер Навоий ҳам устоз йўлидан бориб, ўзининг «Арбаъин» асарини битган.

Алишер Навоийнинг «Арбаъин»ини ўрганар эканмиз, унда асосан Ислом ахлоқига доир ҳадислар жамланганини кўрамиз. Муаллиф унда устози Абдурраҳмон Жомий «Арбаъин»ида келтирилган ҳадисларнинг айримларини олиб, айримлари ўрнига бошқа ҳадисларни танлаган ва аввал ҳар бир ҳадиснинг арабча матнини келтириб, кетидан унинг мазмунини шеърий тўртлик шаклида ифода этган. Бунда ҳадислар сўзма-сўз таржима қилинмай, уларнинг умумий мазмуни акс эттирилган. Зеро, ҳадисларни назмда сўзма-сўз таржима қилишнинг умуман имкони йўқ. Шу боис, муаллиф аввал ҳадиснинг матнини бериб, кетидан унинг умумий мазмунини бадиий услубда баён қилган. Бу айрим уламоларнинг «етарли билимга эга кишилар ҳадисларнинг маъноларини нақл қилишлари мумкин» деган фикрларига асосланган ишдир.

Асарда танланган ҳадисларнинг аксари саҳиҳ ва машҳур ҳадислар. Уларнинг ичида мавзу – тўқима ҳадис йўқ. Аммо айрим заиф ҳадислар учрайди. Уларга ўз ўрнида ишора қилиб ўтишга ҳам ҳаракат қилинди. Улар асосан Дайламий, Байҳақий ва Суютийларнинг ривоятларида келган. Бироқ, фазилатли амаллар хусусида заиф ҳадисларни нақл қилиш жоизлигига жумҳур уламолар иттифоқ қилишган. Муаллиф мана шу асосда бироз заифлиги бор ҳадисларни ҳам тўпламига киритаверган. Буларнинг барчаси ўз навбатида Алишер Навоийнинг ҳадис илмида етарли билимга эга эканидан дарак беради.

Маълумки, Алишер Навоий аслида ҳадислар устида тадқиқот олиб борадиган муҳаддис бўлмаган, бошқача қилиб айтганда, бу соҳа у кишининг мутахассислиги эмас. Қолаверса, у киши яшаган пайт Ислом оламида ҳадис илмидан узоқлашиш бошланган даврга тўғри келади. Ушбу шароитда мана шунчалик ишончли ҳадисларни жамлашнинг ўзи ҳазрат Навоийнинг ҳадис илми борасида қанчалик юқори даражада эканларини кўрсатади.

Улуғ бобомизнинг меросини бугунги кун руҳида қайта жонлантириш мақсадида у кишининг ушбу «Арбаъин» асарини ундаги ҳадисларнинг арабча матни ва ўзбекча таржимаси билан муҳтарам китобхонлар эътиборига ҳавола қилиш ушбу соҳа вакилларининг олдида турган муҳим вазифалардан бири эди. Ушбу шарафли ва масъулиятли ишни қўлдан келганича бажариб, сиз азизларга тақдим этиш бахтига мушарраф бўлиб турганимиздан бағоят мамнунмиз. Бунга муваффақ қилган Роббимизга тавфиқ ва ҳидояти учун ҳамдлар айтамиз.

Бирор адабиётдаги ҳадисларнинг манбаларини аниқлаб, кўрсатишни илмий тилда «тахриж» дейилади. Араб тилида сўзнинг келиб чиқишини, этимологиясини аниқлашни ҳам тахриж дейилади. Ушбу «Арбаъин»даги ҳадисларнинг арабча матнини беришда уларнинг асл манбаларини кўрсатишга алоҳида эътибор берилди ва бунда ҳадис тахриж қилиш қоидаларига риоя қилинди.

Ушбу илмий ишда қуйидагилар амалга оширилди:
1. Бизнинг қўлимиздаги электрон матн «Алишер Навоийнинг тўла асарлари тўплами» китоби таркибидаги «Арбаъин» асари бўлиб, унда айрим хатолар борлиги аниқ бўлгач, бу хатолар бошқа манбалар асосида тўғриланди.
2. Асар тўлалигича насрга ўгирилди, айрим сўзларга изоҳ берилди.
3. Ҳар бир ҳадиснинг арабча матни ўз ўрнида асл манбалар асосида бериб борилди. Қўлимиздаги нусхада айрим ҳадисларнинг матни бироз ўзгариб қолган. Хаттотларнинг нусха кўчиришдаги аниқлиги ва ҳозирги кирил алифбосига ўгиришдаги жараёнлар бизга қоронғи бўлгани боис, бундай пайтларда муаллиф назарда тутган ҳадиснинг асл манбадаги матни келтирилди, нусхадаги ўзгаришлар эътиборга олинмади.
4. Ҳадисларнинг манбаини беришда урфга кўра, шу ҳадисни келтирган энг саҳиҳ ва мўътабар тўпламларни кўрсатиш билан чекланилди.
5. Муҳаддислар имом Бухорий ва имом Муслимлар биргаликда келтирган ҳадисларни бир овоздан энг кучли ҳадислар деб эътироф этишган ва уларни «муттафақун алайҳ» («саҳиҳлигига иттифоқ бўлинган») деб аташган. Асардаги ушбу даражадаги ҳадисларнинг манбаини кўрсатишда ушбу «муттафақун алайҳ» атамасини бериш билан чекланилди, бошқа манбалар ҳақида тўхталинмади.
6. Ҳар бир ҳадис кетидан унинг замонавий ўзбек тилидаги таржимаси берилди ва шундан кейин муаллифнинг назми келтирилди.
7. Ҳар бир тўртлик насрга ўгирилди, баъзан қисқача изоҳлар берилди ва айрим ўринларда асарда назарда тутилган ҳадиснинг бошқа ривоятлардаги шакллари ҳам эслатиб ўтилди.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

МУАЛЛИФ МУҚАДДИМАСИ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман

Ҳамд ангаким, Каломи хайрмаол
Қилди элга Расулидин ирсол.
Ўзининг Расули воситасида яхшиликка олиб борувчи Каломни юборган Зотга ҳамдлар бўлсин!
«Яхшиликка олиб борувчи Калом» деганда Қуръони Карим ёки ҳадислар ёхуд ҳар иккиси назарда тутилган.

Ул Расулеки, ҳам каломи фасиҳ,
Элга тегурди, ҳам ҳадиси саҳиҳ.

У шундай Расулки, унинг гаплари ниҳоятда фасоҳатлидир. У инсониятга энг тўғри ҳадисларни – сўзларни етказди.

То улус жаҳлдин халос бўлуб,
Илм хилватгаҳига хос бўлуб.

Токи халқ жаҳолатдан халос бўлсин, илм хилватгоҳида қарор топсин.

Чун тамуқдин нажот топқайлар,
Учмоқ ичра ҳаёт топқайлар.

Шунда улар дўзахдан нажот топадилар ва жаннат ичра ҳаёт топадилар.

Жалла зикруҳ зиҳи Илоҳи рафиъ,
Азза қадруҳ зиҳи Расули шафиъ.

Қадри юксак Аллоҳнинг зикри олий бўлди. Шафоатчи Расулнинг қадри азиз бўлди.

САБАБИ ТАЪЛИФИ МАНЗУМА
(УШБУ МАНЗУМАНИНГ ЁЗИЛИШ САБАБИ)

Ул сафо аҳли покфар Жомий,
Покфар жому пок фаржоми.

Сафо аҳли – ичу таши мусаффо бўлган кишилардан бўлган Жомий асли тоза, покдомон ва оқибати ҳам покиза бўлган кишидир.

Ул яқин сори дастгир манга,
Қиблаву устоду пир манга

У менинг қўлимдан тутган энг яқин одамимдир, у менинг юзланадиган кишим, устозим ва пиримдир.

Ки тутубдур жаҳонни таснифи,
Назм девони, наср таълифи.

Унинг ёзган асарлари – назмдаги девони бўлсин, насрдаги китоблари бўлсин – бутун жаҳонни эгаллади.

Чунки ҳижратдин эл аросида сўз,
Сексан олти эди-ю секкиз юз.
Ким яна туҳфае аён қилди,
Туҳфа йўқ, турфае баён қилди.

Эл ўртасида саксон саккизинчи ҳижрий сана эрди, у яна бир туҳфа тақдим қилди, туҳфа эмас, ажойибу ғаройиб бир нарсани баён қилди.

Ўқуғонда Бухорийу Муслим,
Қирқ сўз борча шубҳадин солим.

Бухорий ва Муслимни ўқиб, улардан қирқта ҳадисни танлаб олди. Уларнинг барчаси шубҳадан саломатдир, яъни саҳиҳдир.

Наср ила назмни мураккаб этиб,
Форсий лафз ила мураттаб этиб,
«Арбаъин»е чиқардиким, жонлар,
Балки қирқ арбаъин чиқорғонлар.
Топтилар анда нашъаи мақсуд,
«Арбаъин»дин нечукки, аҳли шуҳуд.

У наср билан назмни бирлаштириб, форсий тилда тартиб бериб, шундай бир «Арбаъин» туздики, уйғоқ инсонлар, балки қирқта «Арбаъин» ёзганлар ҳам ундан мақсад шавқини топдилар, бу худди «Арбаъин»дан* иймон аҳллари, Аллоҳга етишган кишилар завқ топганидек бўлди.

Бу ерда чилтанларнинг – тасаввуф аҳли қарашига кўра, ер юзидаги энг буюк авлиёларнинг қирқталиги назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин.

Форсийдонлар айлабон идрок,
Орий эрди бу нафъдин атрок.

Аммо уни форс тилини биладиганлар тушундию, турклар бу фойдадан бебаҳра қолди.

Истадимки, бу халқ ҳам бори
Бўлмағайлар бу нафъдин орий.

Мен эса ушбу турк халқининг ҳаммаси ҳам ушбу фойдадан бебаҳра қолмасликларини истадим.

Мен демакни чу муддао айлаб,
Ул ижозат бериб дуо айлаб.

Мен ушбу асарни ёзишга киришдим, Жомий эса ижозат бериб, дуо қилди.

Муддао чун бори савоб эрди,
Ҳар дуо қилса, мустажоб эрди.

Чунки унинг бор муддаоси савобни кўпайтириш эди. У нима дуо қилса, ижобат бўлар эди.

Бир-ики кунки эҳтимом эттим,
Кўз тутардин бурун тамом эттим.

Бир-икки кун уриниб, уни уйқуга кетиш олдидан тамомига етказдим.

Бор умидимки, Шоҳи шаръойин
Ким, Набий шаръиға берур тазйин,
Улки авроқ ароки солғай кўз,
Айлагай кўнглига асар бори сўз.

Умидим қиламанки, шариат ҳомийси бўлган подшоҳ (Ҳусайн Бойқарони назарда тутяпти) Набийнинг шариатини зийнатлашга ҳаракат қилар экан, ушбу варақларга ҳам кўз солсин-у, бу ердаги сўзлар – ҳадисларнинг барчаси унинг кўнглига таъсир қилсин.

Насридин доғи баҳравар бўлғай,
Назмдин доғи бохабар бўлғай.
Бу кун ўлса ҳадисларга мутиъ,
Тонгла бўлғай муҳаддис анга шафиъ.

У бунинг ҳам насридан баҳраманд бўлсин, ҳам назмидан бохабар бўлсин ва бугун у ушбу ҳадисларга итоат этиб, эрта Қиёматда ушбу ҳадисларни сўзлаган зот унга шафоатчи бўлсин.

ҚИРҚ ҲАДИС

1-ҲАДИС.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُحِبَّ لِأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ўзига раво кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича мўмин бўла олмайди», дедилар».
Муттафақун алайҳ.

Мўмин эрмастур, улки иймондин
Рўзгорида юз сафо кўргай,
Токи қардошиға раво кўрмас –
Ҳар неким ўзига раво кўргай.

Иймон шарофатидан ўз ҳаётида беҳад яхшиликлар кўрган киши ўзига нимани раво кўрган бўлса, уни қардошига ҳам раво кўрмагунича мўмин эмасдир.
Бу ерда ҳақиқий мўминлик назарда тутилганини барча уламолар бир овоздан таъкидлашган.

2-ҲАДИС.

عَنْ مُعَاذِ بْنِ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَعْطَى لِلَّهِ، وَمَنَعَ لِلَّهِ، وَأَحَبَّ لِلَّهِ، وَأَبْغَضَ لِلَّهِ، فَقَدِ اسْتَكْمَلَ إِيمَانَهُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَأَحْمَدُ.

Муъоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун бериб, Аллоҳ учун бермаса ва Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўрса, дарҳақиқат, унинг иймони баркамол бўлибди», дедилар».
Термизий, Ҳоким ва Аҳмадлар ривоят қилган.

Кимгаким ҳуббу буғзу манъу ато
Ҳақ учун бўлди жазм бил они,
Ким эрур Тенгри лутфидин комил
Аҳли иймон қошида иймони.
Кимнинг муҳаббатда ҳам, ёмон кўришда ҳам, бирор нарса беришида ҳам, бирор нарсани бермай тўсишида ҳам қасди, мақсади Аллоҳ учун бўлса, Аллоҳнинг лутфи билан, унинг иймони аҳли иймон қошида комил саналади.

3-ҲАДИС.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган киши мусулмондир», дедилар».
Муттафақун алайҳ.

Ким мусулмонлиғ айласа даъво,
Чин эмас гар фидо қилур жонлар.
Ул мусулмондурурки, солимдур.
Тилию илгидин мусулмонлар.
Ким мусулмонликни даъво қилса, агар мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан омонда бўлмаса, гарчи жонлар фидо қилса ҳам, даъвоси чин эмас.

4-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «خِصْلَتَانِ لَا يَجْتَمِعَانِ فِي مُؤْمِنٍ؛ الْبُخْلُ وَسُوءُ الْخُلُقِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик», дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можалар ривоят қилган. Уни имом Бухорий «Адабул-муфрад»да келтирган.

Мўмин эрсанг қилиб дурингни нисор,
Эл била равшан ўл нечукким шамъ.
Негаким, Тенгри ҳеч мўминда,
Бухлу бадхўйлиқни қилмади жамъ.

Агар мўмин бўлсанг, дурларингни – бойликларингни сочиб, халқ ўртасида худди шамдек равшан – порлоқ бўл. Чунки Аллоҳ ҳеч бир мўминда бахиллик ва бадхўйликни жам қилмаган.

5-ҲАДИС.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «يَهْرَمُ ابْنُ آدَمَ وَتَبْقَى مِنْهُ اثْنَتَانِ الْحِرْصُ وَطُولُ الْأَمَلِ». رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи қарийди-ю, бироқ унинг икки нарсаси ўз ҳолича қолади: ҳарислик ва узун орзу», дедилар».
Байҳақий ривоят қилган.

Одамиға агарчи воқеъ эрур
Қариған сори барча ишда халал.
Икки феъли вале йигитрак ўлур:
Бириси ҳирсу бири тули амал.

Одамга қариган сари гарчи барча ишда халаллик пайдо бўлса-да, унинг икки феъли яшариб боради. Улардан бири ҳирс, иккинчиси узун орзудир.

Ушбу мазмундаги ҳадислар жуда ҳам кўп. Аммо муаллиф танлаган матн Байҳақийнинг «Сунан»идан олингани учун юқоридаги лафзни келтирдик. Имом Бухорий ва имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоят эса қуйидагича:
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кексанинг қалби икки нарсада йигитлигича қолаверади: дунё муҳаббати ва узун орзуда», деяётганларини эшитганман».

6-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ لَمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳ азза ва жаллага ҳам шукр қилмабди», дедилар».
Термизий, Аҳмад ва Байҳақийлар ривоят қилган.

Улки Холиқға шукр дер, аввал
Шокир ўлмоқ керак халойиқдин.
Кимки, махлуқ шукрини демагай,
Демагай дағи шукр Холиқдин.

Холиққа шукр қиладиган киши аввал халойиққа – одамларга шукр келтириши керак. Ким махлуқотнинг шукрини айтмаса, Холиққа ҳам шукр айтмайди.

7-ҲАДИС.

عَنْ جَرِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَنْ لَمْ يَرْحَمِ النَّاسَ لَمْ يَرْحَمْهُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ.

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким одамларга раҳм қилмаса, Аллоҳ азза ва жалла ҳам унга раҳм қилмайди», деяётганларини эшитдим».
Аҳмад, Табароний ривоят қилган.

Тенгридин раҳм агар тамаъ қилсанг,
Аввал ўлмоқ кераксен элга раҳим.
Хар кишиким улусқа раҳм этмас,
Анга раҳм айламас Раҳиму Карим.

Агар Аллоҳдан раҳм кутсанг, аввало элга раҳмли бўлишинг керак. Кимки элга раҳм қилмаса, унга Раҳиму Карим бўлган Зот ҳам раҳм қилмайди.
Раҳим – ўта раҳмли, шафқатли, доимо ва барчага меҳрибон Зот. Карим – фазлу карамли, саховатли, улуғвор Зот.

8-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «أَلَا إِنَّ الدُّنْيَا مَلْعُونَةٌ مَلْعُونٌ مَا فِيهَا إِلَّا ذِكْرَ اللهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالدَّارَمِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, дунё малъундир, ундаги бор нарса малъундир, фақат Аллоҳнинг зикри мустасно», деяётганларини эшитдим».
Термизий, Ибн Можа, Доримийлар ривоят қилган.

Дунёву ҳар не андадур мавжуд
Бўлди Ҳақ лаънати гирифтори.
Ғайри Ҳақ зикриким, эрур зокир
Тенгрининг раҳмати сазовори.

Дунё ва ундаги борки нарса, Ҳақ таолонинг лаънатига гирифтор бўлди, фақат Ҳақнинг зикри мустасно. Бинобарин, зокир банда Аллоҳнинг раҳматига сазовордир.

Муаллиф бу ерда ҳадиснинг қисқароқ шаклини танлаган. Аслида ҳадиснинг тўлиқ шакли қуйидагича: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, дунё малъундир, ундаги бор нарса малъундир, фақат Аллоҳнинг зикри ва унга яқин бўлган нарсалар ҳамда олим ва толиби илм мустасно».

Байҳақийнинг ривоятида «Аллоҳнинг зикри ва унга олиб борадиган нарсалар мустасно», дейилган бўлса, Абу Шайбанинг ривоятида «Яхшиликни ўрганувчи ва ўргатувчи мустасно», дейилган. Баззорнинг ривоятида эса, «Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш мустасно», деган жумла қўшимча қилинган.
Малъун – Аллоҳ ёқтирмайдиган, ёмон кўрадиган, У Зотдан узоқ бўлган, раҳматидан қувилган, хайру баракаси йўқ кимса ёки нарса.

9-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لُعِنَ عَبْدُ الدِّينَارِ لُعِنَ عَبْدُ الدِّرْهَمِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Динорнинг қулига лаънат бўлсин! Дирҳамнинг қулига лаънат бўлсин!» дедилар».
Термизий ривоят қилган.

Раҳмат озодағаки ул олмас,
Даҳр динору дирҳамин ғамға.
Лек лаънат ангаки қул бўлғай:
Хоҳ динору хоҳ дирҳамға.

Дунёнинг динору дирҳамларини ўзига ғам қилиб ортиб олмаган озода кишига раҳмат бўлсин! Лекин динор ёки дирҳамга қул бўлган кишига лаънат бўлсин!

10-ҲАДИС.

عَنْ خَالِدِ بْنِ الْوَلِيدِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: أُحِبُّ أَنْ يُوَسَّعَ عَلَيَّ فِي الرِّزْقِ، قَالَ: «دُمْ عَلَى الطَّهَارَةِ يُوَسَّعْ عَلَيْكَ فِي الرِّزْقِ». أَخْرَجَهُ السُّيُوطِيُّ.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Мен ризқим кенг бўлишини истайман», деди. У зот: «Доим таҳоратли юр, ризқинг кенг қилинади», дедилар».
Бу ҳадис мўътабар ҳадис китобларида учрамайди. Уни Жалолиддин Суютий ўзининг «Жомиъул-аҳадис» номли асарида келтирган. Айрим уламолар уни салафларнинг сўзларидан деб нақл қилишган.

Гар ҳамиша таҳоратинг бўлса,
Ориғай фоқа чирки ул сувдин.
Тоҳир ўл, истасанг фузун рўзий,
Хосир улким йитурди бул сувдин.

Агар ҳамиша таҳоратинг бўлса, камбағаллик кири унинг суви сабабли сендан аригай. Агар ризқ-рўзинг ортиқ бўлишини истасанг, таҳоратли бўл. Чунки бу сувдан узоқ бўлган киши зиён кўрадир.

11-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: «لَا يُلْدَغُ الْمُؤْمِنُ مِنْ جُحْرٍ وَاحِدٍ مَرَّتَيْنِ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин бир тешикдан икки марта чақилмайди», дедилар».
Муттафақун алайҳ.

Эйки, бир неш етти музийдин
Кўнглунга, гарчи ўз эса, ётла.
Чунки мўминни тишламас ҳаргиз,
Бир тўшукдин йилон ики қатла.

Эй инсон! Агар сенга бирор озор етказувчидан кўнглингга бир тикон санчилса, гарчи у ўзингники бўлса ҳам, уни ўзингдан узоқ қил. Чунки мўминни ҳаргиз бир тешикдан илон икки марта чақмайди.

12-ҲАДИС.

عَنْ عَلِيٍّ وَعَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْعِدَةُ دَيْنٌ». رَوَاهُ الدَّيْلَمِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَابْنُ عَسَاكِرَ.

Алий ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ваъда қарздир», дедилар».
Дайламий, Табароний ва Ибн Асокирлар ривоят қилган.

Кимки ҳар кимга ваъдае қилди,
Шарт эрур ваъдаға вафо қилмоқ.
Ваъдаким қилдинг ўйладурким дайн,
Фарздур қарзни адо қилмоқ.

Ким бировга бирор ваъда қилса, ваъдага вафо қилиши шарт. Қилган ваъдангни қарз деб бил. Қарзни адо этиш эса фарздир.

Муаллиф бу ерда ҳадиснинг бир бўлагини келтириш билан чекланган. Ҳадиснинг тўлиқ шакли эса қуйидагича: «Ваъда қарздир. Ваъда қилиб, кейин хилоф қилган кишига вой бўлсин! Ваъда қилиб, кейин хилоф қилган кишига вой бўлсин! Ваъда қилиб, кейин хилоф қилган кишига вой бўлсин!»

13-ҲАДИС.

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْمَجَالِسُ بِالْأَمَانَةِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мажлислар омонатдорликдир», дедилар».
Абу Довуд, Аҳмад ва Байҳақийлар ривоят қилган.

Қайси мажлисдаким эшитсанг сўз,
Билгил ул сўз санга амонатдур.
Гар ани ўзга ерда нақл этсанг,
Ул амонатға бу хиёнатдур.

Қайси бир мажлисда бирор сўз эшитсанг, билгилки, бу сўз сенга омонатдир. Агар уни бошқа бировга етказадиган бўлсанг, бу – омонатга хиёнатдир.
Ҳазрат Навоий бу ерда ҳам ўз одатига кўра узун бир ҳадиснинг маълум қисмини келтирган. Ҳадиснинг тўлиқ шакли қуйидагича: «Мажлислар омонатдорликдир. Фақат учта масжлис мустасно: ҳаром қон тўкиш ёки ҳаром фарж ёхуд ноҳақ мол ўзлаштириш».
Демак, ноҳақ қон тўкиш, зино ва ўғирлик каби жиноятларга гувоҳ бўлган киши кўрганини омонат деб билиб яшириб юрмаслиги керак, балки уни керакли кишиларга етказиши лозим.

14-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْمُسْتَشَارُ مُؤْتَمَنٌ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَالْحَاكِمُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маслаҳат сўралган киши ишонилган одамдир», дедилар». ғализ, тушунарсиз. таклиф: “Маслаҳат сўралган киши ишончга сазовордир”
Термизий, Насоий, Ҳокимлар ривоят қилган.

Ҳар кишиким бировни маҳрам этиб,
Машваратда аминироз этти
Гар яшурди билиб салоҳ сўзин,
Ўзини қалбу ҳийласоз этти.

Ким бировни ўзига маҳрам тутиб, маслаҳат қилишга муносиб рост сўзлайдиган ишончли одам деб қабул қилса-ю, у бундан тўғри сўзни яширадиган бўлса, у ўзини қаллобу ҳийлагар этган бўлади.

Имом Бухорий «Адабул-муфрад»да ушбу ҳадиснинг номига бир боб очиб, унда қуйидаги ривоятни келтирган:
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимдан бир мусулмон биродари маслаҳат сўраганда унга нотўғри йўл кўрсатса, унга хиёнат қилибди», дедилар».

15-ҲАДИС.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «السَّمَاحُ رَبَاحٌ وَالْعُسْرُ شُؤْمٌ». رَوَاهُ الْقُضَاعِيُّ بِهَذَا وَالدَّيْلَمِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўли очиқлик фойдадир, қизғончиқлик эса шумликдир», дедилар».
Қузоъий ривоят қилган. Дайламий эса уни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Мол базл ила суд агар тиласанг,
Оқибат чун ўлум эрур мавжуд.
Асрағон қолур, улки базл эттинг
Санга ҳамроҳ борурдин эттинг суд.

Мол-пул сарфлаб фойда топишни истасанг, шуни бил: модомики ўлим ҳақ экан, асраганинг қолиб, сарфлаганинг сенга ҳамроҳ фойда бўлади.

Имом Аҳмад Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўли очиқ бўл, сенга ҳам қўли очиқлик қилинади», деганлар.

16-ҲАДИС.

عَنْ مَالِكِ بْنِ يُخَامِرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الدَّيْنُ شَيْنُ الدِّينِ». رَوَاهُ السُّيُوطِيُّ فِي «الْجَامِعِ الصَّغِيرِ». وَأَبُو النُّعَيمِ عَنْ مَالِكِ بْنِ يُخَامِرَ وَالْقُضَاعِيُّ عَنْ مُعَاذٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ.

Молик ибн Юхомир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қарз диннинг доғидир», дедилар».
Бу ҳадисни Жалолиддин Суютий ўзининг «Ал-Жомиъ ас-сағир» асарида келтирган. Уни Абу Нуъайм Молик ибн Юхомирдан, Қузоъий эса Муоз розияллоҳу анҳудан риовят қилган.

Аҳли дин ул дурурки қилғай адо
Бот, агар зиммасинда дайн ўлғай.
Дайн адоси чу дин аломатидур,
Беадолиқ динға шайн ўлғай.

Диндор одам агар зиммасида қарзи бўлса, уни тез адо этади. Чунки қарзни адо этиш диннинг белгисидир, уни адо этмаслик эса кишининг дининига доғдир.

17-ҲАДИС.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْقَنَاعَةُ مَالٌ لَا يَنْفَدُ». رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالسُّيُوطِيُّ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қаноат битмас-туганмас молдир», дедилар».
Табароний ва Суютийлар ривоят қилган.

Ҳирсдин кечгил, ул ғамедурким,
Ҳадду ғоят эмас анга пайдо.
Тут қаноатки, ул эрур моле
Ки, ниҳоят эмас анга пайдо.

Ҳирсу ҳавасдан кеч, чунки у беҳад ва охири йўқ ғамдир. Қаноатни маҳкум тутки, у ниҳояси йўқ молдир.

18-ҲАДИС.

عَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الصُّبْحَةُ تَمْنَعُ الرِّزْقَ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тонгги уйқу ризқни тўсади», дедилар».
Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилган.

Субҳ уйқусин улки айлар тарк
Ризқу рўзин ўзига тўш кўргай.
Улки ғафлатдин этти навми сабуҳ,
Бу шарафни магарки туш кўргай.

Кимки тонгдаги уйқуни ташласа, ризқ-рўзининг мўл бўлиб келаётганини кўради. Аммо тонг маҳал ғафлат босиб ухлаган киши бу шарафни фақат тушида кўради.

19-ҲАДИС.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «وَآفَةُ السَّمَاحَةِ الْمَنُّ». رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالدَّيْلَمِيُّ.

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўли очиқликнинг офати миннатдир», дедилар».
Табароний ва Дайламий ривоят қилган.

Ҳар кишига риояте қилсанг,
Миннат ўткармагил гумонингға.
Негаким ул кишига офат эрур,
Юкла миннат ва лек жонингға.

Агар бировга бирор яхшилик қиладиган бўлсанг, миннатни хаёлингга ҳам келтирма, чунки у кишига офатдир. Бироқ, миннатни ўз жонингга юкла, яъни Аллоҳ сенга шу неъматларини бериб, уни сарфлашга муваффақ қилганини ўзингга эслат.

20-ҲАДИС.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «السَّعِيدُ مَنْ وُعِظَ بِغَيْرِهِ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالْقُضَاعِيُّ مَرْفُوعًا. وَأَمَّا مُسْلِمٌ وَابْنُ حِبَّانَ رَوَيَاهُ مَوْقُوفًا.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақиқий саодатманд одам, бу ўзидан бошқадан ибрат олган кишидир», дедилар».
Бу ҳадис узун бир ҳадисдан иқтибосдир. Уни Ибн Можа ва Қузоъийлар марфуъ шаклда, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериб ривоят қилишган. Аммо имом Муслим, Ибн Ҳиббон ва бошқалар уни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан мавқуф шаклда, яъни у кишининг сўзи сифатида ривоят қилишган.

Элга не келса айламас панде,
Улки кўнглини қилди ғафлат банд.
Кимки панд олди элга тушгандин,
Они билким, эрур саодатманд.

Элга нима келса ҳам, кўнглини ғафлат банд қилган кишига панд-ибрат бўлмайди. Ким одамларнинг бошига тушган нарсадан панд-насиҳат олса, ана ўшани саодатманд деб бил.

21-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ حِبَّانَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишига ҳар бир эшитган нарсасини гапиришининг ўзи гуноҳ ўлароқ етарлидир», дедилар».
Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

Бу ёзуқ бас кишигаким, элдин
Ҳар на сўзким эшитти, фош этти.
Тоғ эшитганни дер, гуноҳидин
Гўйиё Тенгри они тош этти.

Одамлардан эшитганки гапини ёядиган кишига шунинг ўзи етарли гуноҳдир. Тоғ эшитганини айтади, яъни у ҳар бир овозни акс-садо қилиб қайтаради. Гўё Аллоҳ уни гуноҳи сабабли тош қилиб қўйгандек.

Имом Бухорий «Адабул-муфрад»да, имом Муслим ўз «Саҳиҳ»ида ривоят қилган ҳадисда «Кишига ҳар бир эшитган нарсасини гапиришининг ўзи унга ёлғон ўлароқ етарлидир», дейилган.

22-ҲАДИС.

عَنْ عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: « كَفَى بِالْمَوْتِ وَاعِظًا». رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Воизликка ўлимнинг ўзи етарлидир», дер эдилар».
Байҳақий ва Табароний ривоят қилган.

Воизинг бас ато-ано ўлуми,
Ким аларча эрур санга носиҳ?!
Воизе ул ким айтуру қилмас,
Эрур ул воизинг мунга рожиҳ.

Ота-она ўлимининг ўзи сенга етарли ваъз-насиҳатдир. Зеро, ким ҳам сенга уларчалик насиҳатгўй бўла оларди?! Ўзи айтиб, айтганини қилмайдиган воизинг ҳам ушбу ваъзга муҳтождир.

23-ҲАДИС.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «… وَخَيْرُ النَّاسِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ». رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ وَالدَّارَقُطْنِيُّ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг яхшиси одамларга манфаати кўпроғидир», дедилар».
Байҳақий ва Дорақутний ривоят қилган.

Халқ аро яхшироқ, дединг, кимдур?
Эшитиб, айла шубҳа рафъ андин,
Яхшироқ бил ани улус ароким,
Етса кўпрак улусқа нафъ андин.

«Халқ ичида яхшироғи ким?» десанг, ушбуни эшит ва шубҳа қилма: халққа кўпроқ фойдаси теккан кишини одамлар ичида энг яхшиси деб бил.

Имом Табароний қилган ривоятларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг Аллоҳга суюклиси одамларга манфаати кўпроғидир», деганлар.

24-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ اللهَ يُحِبُّ السَّهْلَ الطَّلِيقَ». رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ وَالدَّيْلَمِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ муомаласи осон, очиқ юзли кишини севади», дедилар».
Байҳақий ва Дайламий ривоят қилган.

Ҳақ сени севгай эл била бўлсанг,
Тилингу кўнглунги қилиб якрўй,
Нукта сурсанг шукуфтау хандон,
Зист қилсанг кушодау хушрўй.

Агар халқ билан бирга бўлсанг, тилинг ва дилингни бир хил қилсанг, очиқлик ва табассум билан гапириб, очиқ ва кўркам юзли бўлиб яшасанг, Ҳақ тало сени севади.

25-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «تَهَادَوْا تَحَابُّوا». رَوَاهُ الْحَاكِمُ فِي الْمُسْتَدْرَكِ وَالْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзаро ҳадя беришинглар, ўзаро муҳаббатли бўласиз», дедилар».
Ҳоким «Мустардрак»да, имом Бухорий «Адабул-муфрад»да келтирган.

Дўстлашинглар ҳадийялар беришиб,
Баҳра топқон хирад атийясидин.
Худ жаҳонда атияе борму,
Яхшироқ дўстлиқ ҳадийясидин.

Баҳра топган ақлли кишиларнинг совғаларидан ҳадялар бериб, дўстлашинглар. Зотан, дунёда дўстлик ҳадясидан яхшироқ бирор ҳадя борми?!

26-ҲАДИС.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «اطْلُبُوا الْخَيْرَ عِنْدَ حِسَانِ الْوُجُوهِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي التَّارِيخِ الْكَبِيرِ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшиликни юзи чиройли кишилардан истанглар», дедилар».
Байҳақий, Табаронийлар ривоят қилган. Бу ҳадисни имом Бухорий «Ат-Тарих ал-кабир»да келтирган.

Эйки, бир ишда ҳожатинг бўлса,
Яхши юзлуқдин иста бахшойиш.
Токи бахшойишидин аввалроқ
Кўрмагидин етушгай осойиш.

Эй инсон! Агар бирор ишда ҳожатинг бўлса, юзи чиройли кишидан марҳамат иста. Токи ундан бир марҳамат бўлишидан олдин уни кўришдан сенга осойишталик етсин.

27-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «زُرْ غِبًّا تَزْدَدْ حُبًّا». رَوَاهُ الْحَاكِمُ وَالطَّبَرَانِيُّ وَالْبَزَّارُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Оралатиб зиёрат қил, муҳаббат ортади», дедилар».
Ҳоким, Табароний, Баззор ривоят қилган.

Бир-бирин дўстлар агар гаҳ-гаҳ,
Кўрсалар, дўстлуқ ўлур ғолиб.
Шавқдин ихтилот ўлур матлуб,
Васл учун орзу бўлур толиб.

Дўстлар агар бир-бирларини гоҳ-гоҳида кўрсалар, дўстликлари ортиб боради, шавқдан бир-бирлари билан бирга бўлишга истак пайдо бўлади, учрашишни орзу қилиб қолишади.

28-ҲАДИС.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «طُوبَى لِمَنْ شَغَلَهُ عَيْبَهُ عَنْ عُيُوبِ النَّاسِ». رَوَاهُ الدَّيْلَمِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзининг айблари бошқаларнинг айбларидан машғул қилиб қўйган кишига тубо бўлсин!» дедилар».
Дайламий ва Байҳақийлар ривоят қилган.
*Тубо – хушнудлик, яхшилик; жаннат ёки жаннатдаги маълум дарахт.

Эй хушо улки, айб кўрмамак ила
Юз ҳунарвар маротибин топқай.
Яъни ўз айби пардаси кўзига
Ўзга эл айби чеҳрасин ёпқай.

Айб кўрмаслик билан юзта обиднинг мартабасини топган кишига нақадар яхши! Яъни, унинг ўз айб пардаси кўзидан бошқаларнинг айб чеҳрасини тўсади.

29-ҲАДИС.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْغِنَى الْيَأْسُ مِمَّا في أَيْدِي النَّاسِ». رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَابْنُ عَسَاكَرَ.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бойлик – одамларнинг қўлидаги нарсалардан умидсизликдир», дедилар».
Табароний ва Ибн Асокир ривоят қилган.

Бойлиғ истар эсанг эл илгидин
Ҳар на кўрсанг, боридин ўл навмид,
Бул ғино баски, халқдин кечибон
Тутсанг уммид Ҳақдин, ўқ жовид.

Агар бойлик истасанг, одамларнинг қўлида нимани кўрсанг ҳам ундан ноумид бўл. Зотан, халқдан кечиб, Ҳақдан умид қилсанг, мана шу бойликдир, зеро Унинг Ўзигина мангудир.

30-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مِنْ حُسْنِ إِسْلَامِ الْمَرْءِ تَرْكُهُ مَا لَا يَعْنِيهِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши мусулмончилигининг гўзалликларидан бири – беҳуда нарсаларни тарк этишидир», дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган.

Кимки Ислом кўзгусида тилар
Ҳар замон ўзга бир сафо мавжуд,
Кечсун ул навъ борча ишдинким,
Тенгри рози эмас, улус хушнуд.

Ким ҳар пайт мусулмончилиги кўзгусида бир софлик бўлишини истаса, Аллоҳ рози бўлмайдиган ва халқ хушнуд бўлмайдиган ҳар тур ишдан кечсин.

31-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَيْسَ الشَّدِيدُ بِالصُّرَعَةِ، إِنَّمَا الشَّدِيدُ الَّذِي يَمْلِكُ نَفْسَهُ عِنْدَ الْغَضَبِ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Курашчи паҳлавон эмас, балки ўз нафсини ғазаб чоғида қўлга ола билган киши паҳлавондир», дедилар».
Муттафақун алайҳ.

Эмас ул паҳлавонки ўз қадрин
Бош уза элтибон нигун қилғай.
Паҳлавон они билки, етса ғазаб,
Нафси амморани забун қилғай.

Ўз қадрини боши узра кўтариб, кейин уни ерга урган киши паҳлавон эмас. Балки, ёмонликка буюрувчи нафсини енгган кишини паҳлавон деб бил.

32-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَيْسَ الْغِنَى عَنْ كَثْرَةِ الْعَرَضِ، وَلَكِنَّ الْغِنَى غِنَى النَّفْسِ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бойлик матонинг кўплигида эмас, балки бойлик нафснинг тўқлигидадир», дедилар».
Муттафақун алайҳ.

Бой эмас улки, мол касратидин
Кўрмагай фоқау талаб ранжин.
Они билким, Худой бермиш анга
Нафси аммора таркини ганжин.

Мол-дунёси кўплиги сабабли камбағаллик ва тиланиш ранжини кўрмаган киши бой эмас. Балки сен нафси аммора – ёмонликка буюрувчи нафсни тарк этиш хазинасини Худо берган кишини ҳақиқий бой деб бил.

33-ҲАДИС.

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَائِذٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْحَزْمُ سُوءُ الظَّنِّ». رَوَاهُ الْقُضَاعِيُّ بِهَذَا، وَالسُّيُوطِيُّ عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ.

Абдурраҳмон ибн Оиз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Пухталик – ёмон гумондир», дедилар».
Қузоъий ривоят қилган. Уни Суютий Алий розияллоҳу анҳудан нақл қилган.

Ҳазм боис дурур ангаки, мудом
Иши эл сори бадгумон ўлғай.
Доимо эҳтиёт этар ангаким,
Кайдлардин ҳама амон ўлған.

Одамлардан ҳамиша бадгумон бўлган кишида пухталик пайдо бўлади. Ҳамма макр-ҳийлалардан омон бўламан деган киши доимо эҳтиёткор бўлади.

34-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْعِلْمُ لَا يَحِلُّ مَنْعُهُ». رَوَاهُ الدَّيْلَمِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илмни ман қилиш ҳалол эмас», дедилар».
Дайламий ривоят қилган.

Эй хирадманд олимеки, санга
Илмдин рўзий айлади Сонеъ.
Киши ўрганса қилмағил маҳрум,
Ёки нафъ олса бўлмағил монеъ.

Эй ақлли олим! Сониъ таоло сенга илм насиб этибди, энди бирор киши уни ўрганаман деса, уни маҳрум қилма ёки ундан фойда оламан деган кишини ман қилма.
Сониъ – ажойиб шакл ва суратда, санъат билан яратувчи Зот, яъни Аллоҳ.

35-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «وَالْكَلِمَةُ الطَّيِّبَةُ صَدَقَةٌ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ширин сўз ҳам садақадир», дедилар».
Муттафақун алайҳ.

Яхши сўз бирла ҳожат аҳлин сўр,
Бермасанг яхши тўъмадин нафақа.
Не учунким Расул қавли билан
Яхши сўз бордур ўйлаким садақа.

Агар муҳтож кишиларга яхши таомдан нафақа қилмасанг ҳам, ҳеч бўлмаса, яхши сўз билан улардан ҳол сўра. Чунки Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига кўра, яхши сўз ҳам савобда садақачалик бор.

36-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «كَثْرَةُ الضَّحِكِ تُمِيتُ الْقَلْبَ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўп кулиш қалбни ўлдиради», дедилар».
Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ибн Ҳанбаллар ривоят қилган. Уни имом Бухорий «Адабул-муфрад»да келтирган.

Асру кўп кулмаким, ўлар эрмиш,
Зинда дил кўнгли кулгу касратидин.
Муни ҳар кимки билди кўнгли била,
Кулмагай ўлса кўнгли ҳасратидин.

Ҳаргиз кўп кулмаки, кулгунинг кўпликидан тирик дил ўлади. Ким буни қалби билан англаб етса, кўнгли ҳасратдан ўлаётган бўлса ҳам кулмайди.

37-ҲАДИС.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْجَنَّةُ تَحْتَ أَقْدَامِ الْأُمَّهَاتِ». رَوَاهُ السُّيُوطِيُّ وَالْقُضَاعِيُّ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир», дедилар».
Суютий ва Қузоъий ривоят қилган.

Оналарнинг оёғи остидадур
Равзаи жаннату жинон боғи.
Равза боғи висолин истар эсанг,
Бўл онангнинг оёғи туфроғи.

Жаннат боғлари оналарнинг оёқлари остидадир. Агар жаннат боғини истайдиган бўлсанг, онангнинг оёғидаги тупроғи бўл.

Ибн Можа ва Табаронийлар қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жиҳодга чиқиш учун рухсат сўраб келган бир кишига: «Онанг тирикми?» дейдилар. У: «Ҳа», дейди. Шунда у зот: «Онангнинг оёғини маҳкам тут, жаннат ўша ерда», дейдилар.

38-ҲАДИС.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْبَلَاءُ مُوَكَّلٌ بِالْقَوْلِ». رَوَاهُ الصَّنْعَانِيُّ وَالْقُضَاعِيُّ وَالسُّيُوطِيُّ. وَرَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ فِي مُصَنَّفِهِ عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ مَوْقُوفًا.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бало сўзга топшириб қўйилгандир», дедилар».
Санъоний, Қузоъий ва Суютийлар ривоят қилган. Шу маънодаги гапни Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да, имом Бухорий «Адабул-муфрад»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан нақл қилган.

Деди кўп сўзлаган хато кўп этар,
Улки дерлар ани валиюллоҳ.
Ҳар балоким етар – эрур сўздин,
Буйла ҳукм айлади Набиюллоҳ.

Кишилар валийюллоҳ – Аллоҳнинг дўсти деб билган киши: «Ким кўп сўзласа, хатоси кўпаяди», деган.* Нима бало етса, у сўз сабабидандир. Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай ҳукм айладилар.

*Бу гапни Ибн Ҳиббон, Табароний ва Байҳақийлар Умар ибн Хаттобга нисбат беришган. Аммо имом Табароний «Муъжам»да уни Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари сифатида нақл қилган. Асбаҳоний эса уни Абу Абдуллоҳ Закариёга нисбат берган.

39-ҲАДИС.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بن مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ النَّظْرَةَ سَهْمٌ مِنْ سِهَامِ إِبْلِيسَ مَسْمُومٌ». رَوَاهُ الْحَاكِمُ وَأَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Назар иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир», дедилар».
Ҳоким, Аҳмад ва Табаронийлар ривоят қилган.

Солма кўз кимса бўлса номаҳрам,
Гарчи нафсинг топар назорада суд,
Ки назарким ҳаром, шайтоннинг
Новакидур ва лек заҳролуд.

Номаҳрамга назар солма, гарчи назардан нафсинг фойда – роҳат топса ҳам. Чунки ҳаром назар шайтоннинг ўқидир, бўлганда ҳам, заҳарланган ўқидир.

Ушбу ҳадиснинг тўлиқ шакли қуйидагича: «Назар иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Аллоҳдан қўрққанидан уни ташласа, У Зот жалла ва азза уни шундай бир иймон билан мукофотлайдики, унинг ҳаловатини қалбида топади».
Имом Суютий қилган ривоятда мазкур ҳадисда «назар» деганда нима кўзда тутилгани аниқ айтилади: «Аёл кишининг гўзалликларига боқиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким ундан кўзини бурса, Аллоҳ уни шундай бир ибодат билан ризқлантирадики, унинг ҳаловатини топади».

40-ҲАДИС.

عَنْ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَشْبَعُ الْمُؤْمِنُ دُونَ جَارِهِ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши қўшниси оч бўла туриб тўймайди», дедилар».
Аҳмад ва Ҳокимлар ривоят қилган.

Кимки мўминдурур қачон чидағай,
Ким ўзи тўқу қўшни бўлғай оч.
Анга доғи керак етурса насиб,
Хонида гар кулочу хоҳи умоч.

Киши мўмин бўлса, қандай қилиб ўзи тўқ, қўшниси оч бўлишига чидайди? Балки дастурхонида кулоч – кичик кулча бўлсин, ё умоч – хамир овқат бўлсин, қўшнисига ундан насиба чиқариши керак.

ХОТИМА

Эйки, шахсингни Холиқи Фаттоҳ
Деди: «Хаммарту арбаъина сабоҳ».

Фаттоҳ – махлуқот узра узил-кесил ҳукм қиладиган Холиқ – Буюк Яратувчи шахсингни: «Қирқ тонг хамр қилиб қориштирдим», деган эй инсон!
Доримий ва Ибн Мурдавайҳлар: «Аллоҳ Одамни қирқ тонг ва унинг кечаларида яратди», деган ҳадисни ривоят қилган. «Мирқот»да Мулла Алий Қорий уни «яратдим» деган лафз билан ҳадиси қудсий шаклида келтирган. Навоий бу ерда ўша ҳадисга ишора қилиб, ўқувчига унинг асл яратилишини эслатган ҳолда хитоб қилмоқда ва ўша қирқ тонгни қирқ ҳадис билан узвий боғламоқда.

Эрур ул арбаъининг аввали ҳол,
Айла бу «Арбаъин» била аъмол,

У арбаъининг – қирқ тонгинг биринчи ҳолинг эди. Энди бу «Арбаъин» – қирқ ҳадисга амал қилгин.

Ки бу навъ икки «Арбаъин» мавжуд
Бўлса, шоядки топқасен мақсуд.

Токи бу тур икки «арбаъин» мавжуд бўлиб, шояд мақсадга етишсанг.

Етса мақсуд муддао бирла,
Мени ёд этгасен дуо бирла.
Ки, Навоийға ул дуо етгай,
Булбули руҳиға наво етгай.

Агар мақсаду муддаоинг ҳосил бўлса, мени дуо билан ёд этгинки, бу дуо Навоийга етиб, унинг руҳига наво – баҳра етказсин.

Вал-ҳамду лиллаҳи ала тавфиқи ҳаза «Ал-Арбаъин», вас-солату вас-саламу ала набиййина Муҳаммадин ва ала алиҳи ат-таййибин ат-тоҳирина ва сал-лама таслиман касийран.
Ушбу «Арбаъин»га муваффақ қилгани учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Набийимиз Муҳаммадга ва у зотнинг покиза оилаларига саловату саломлар бўлсин! Уларга кўпдан кўп саломлар йўлласин!

Асар тугади.

Аллоҳ таоло буюк бобомиз Алишер Навоийни ўз раҳматига олиб, илм-маърифатни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ёйиш йўлида қилган хизматларининг мукофотини мўл-кўл қилиб берсин! Ётган жойларини ўзлари кўп бора тавсифлаган жаннат боғларидан қилиб, руҳларини Ўз раҳмати билан сарафроз айласин! У кишининг меросларидан авлодларини баҳраманд этиш мақсадида қилинган ушбу камтарона уринишни ҳам Ўз даргоҳида қабул айлаб, ундан халқимизни манфаатлантирсин! Омин!

Manba: islom.uz/

077

(Tashriflar: umumiy 114, bugungi 1)

Izoh qoldiring