Yasunari Kavabata. Adib haqida ikki maqola.

kavabata

11 июнь — Буюк япон адиби Ясунари Кавабата таваллуд топган кун.

Америка адабиётига ва шу орқали маҳаллий сиёсат аҳли шуурига «тинчлик» деган бебаҳо сўзни олиб кирган ёзувчи Эрнест Хемингуейнинг машҳур ҳикматлари кўп. Масалан, ўз ҳаётидан хулоса қилиб: «Буюк ёзувчи бўлиш учун ижодкорнинг буюк болалиги бўлиши керак», деганди у. Ясунари Кавабата ҳам, таъбир жоиз бўлса, болалиги ёзувчи қилиб тарбиялаган юксак ижодкорлардан бири ҳисобланади.

011

Мансур Жумаев
УЙҚУДАГИ ГЎЗАЛЛАР МЕҲМОНИ

    Ўлим ҳақида кўп ўйлаш ўлимга элтади, дейдилар. Ажаб, чиндан ҳам шундайми?! Лекин нима бўлганида ҳам бу синоатли дунёда ҳамманинг тақдири ҳар хил интиҳо топади.
…1899 йилнинг 14 июнида япон оилаларидан бирида Ясунари исмли чақалоқ дунёга келди. У ўзининг икки ёшга киришини отасининг ўлими билан қаршилади.
Турфа касалларни даволаб, минглаб инсонларни ҳаётга қайтарган доктор — Ясунарининг отаси ўзини муқаррар ўлим чангалидан қутқара олмади. Ясунари бу вақтда етимлик нималигини, ўлим нима эканлигини англамагани аён. Аммо орадан бир йил ўтиб, у “чин етим”га айланди: 3 ёшли гўдакнинг онаси ҳам оламдан ўтди.
Ясунари она томонидан бобоси ва бувиси тарбиясида улғайди. 12 йил қадимий япон афсоналари, эртакларини тинглаб, унинг мўъжизаларига ишониб яшади. Аммо қисмат … аччиқ эди, тахир эди. Тақдир уни бобосидан ҳам айирди.
Ота, она ва бобосидан айрилган бўлғуси адибнинг тез орада бувиси ҳам мангулик сари юз тутди. Шунча изтироб унинг учун камлик қилган, шекилли, камига тақдир уни синглисидан ҳам айирди. Ўша шафқатсиз, ўша ғаддор ўлим уни яккаю ёлғиз дардманди — синглисидан жудо қилганида ўспирин Ясунарининг кўнглидан нималар кечгани бизга қоронғу.
Болаликдан такрор ва такрор яқинларидан айрилаверган, такрор ва такрор етимликка мубтало бўлаверган, аччиқ қисматнинг таъмини эрта татиган ёш Ясунари шаҳд ва дард билан қўлига қалам олганида 12 ёшда эди. 16 ёшга тўлганида эса автобиографик ҳикоя ёзди. Бу “изтиробнома”си 1925 йилга келиб чоп этилди.
Узоқ қариндошлари билан яшаб юрган Ясунари Токиодаги ўрта мактабга кириб, таҳсил ола бошлади. Тенгдошлари орасида вазминлиги, ўйчанлиги ва ёшига нисбатан фикрининг теранлиги билан ажралиб турадиган ўсмир мактабда Европа маданиятини, санъатини, адабиётини чуқур ўрганишга киришди. Кейинчалик америкалик тадқиқотчилардан бири бу ҳақда “Ню-Ёрк таймс” газетасида эълон қилган мақоласида шундай ёзган эди: “Ғарбнинг таъсири соф японча бир нарсага айланиб қолган!..”
Университетнинг инглиз тили факултетида ўқишини давом эттиришга муваффақ бўлган Ясунари модернизм йўналишидаги журнални ташкил этишда қатнашди. 1925 йилда ёзгани “Идзулик раққоса” қиссаси эса унга мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган муваффақият келтирди: энди уни одамлар оддийгина қилиб Ясу эмас, “ёзувчи Ясунари Кавабата” деб ҳурмат бажо келтирадиган бўлишди. Мазкур асарда, нафақат унда, балки Кавабатанинг бутун ижодида 2 та персонаж — автобиографик қаҳрамон ва ҳур қиз образи гавдалантирилади.
1933 йилда ёзувчи “Қушлар ва йиртқичлар” номли яна бир асарини оммага тақдим қилди. Бунда бир бўйдоқнинг ҳаёти, севиб қолиши, аммо севганига етиша олмаслиги ва унинг ҳасратида одамларга аралашмай, ҳайвонлар орасида умргузаронлик қилиши маҳорат билан тасвирланади.
1934 йили адиб “Қорли ўлка” модерн асарини ёзишга киришди. Орадан 3 йил ўтиб унинг дастлабки вариантини нашр эттирди. 10 йилдан сўнг эса асарнинг тўла нашри ўқувчилар орасида оммавийлашиб кетади. Ёзувчи ушбу асарида ўрта ёшларни қоралаб қолган токиолик хотинбоз, суюқоёқ эркак билан катта ёшдаги қишлоқи фоҳишанинг ўзаро пинҳоний муносабатларини акс эттиради…
Хуллас, ёзувчи ёзаверди. Иккинчи жаҳон уруши кечган ўша машъум йилларда ҳам Я.Кавабата мунтазам ижод билан шуғулланди, саёҳат қилди ва яна ёзди.
Қадимий япон миллати даҳосининг акси садоси ўлароқ мангу яшашга “маҳкум бўлган” “Гендзи ҳақида афсона”ни ўрганди, таҳлил қилди ва шу асардан мутаассир бўлиб, 1949 йилда “Мингқанотли турна” номли қиссасини ёзиб тугатди. Бу қисса адибга Ғарб мамлакатларида ажойиб муваффақият ва машҳурлик олиб келди. Айрим мутахассисларнинг таъкидлашича, 1945 йилда “дунёга келган” “Тоғлар нидоси” деб ном олган асари Кавабатанинг энг мукаммал ижод намунаси ва жаҳон адабиёти хазинасининг нодир гавҳаридир.
Унинг 1954 йилда ёзиб тугатилган “Кул” қиссаси ҳақида америкалик ёзувчи Эдмунд Уайт шундай фикр билдирди: “Идеал чой боғи қанчалик табиий ва пухта ўйланган бўлса, бу асар ҳам шунчалик қисқа ва мағзи тўқ!”
Кавабатанинг 1961 йили ёзган ҳикояси — “Уйқудаги гўзаллар уйида”ни ўқиб кўрган танқидчи Артур Кимбалл ёзади: “Адибнинг маҳорати ўлим ҳақидаги фикрлар билан ҳаёт жилваларини биргаликда тасвирлашда намоён бўлади…” Эдгар Аллан По фикрича, бу — идеал ҳикоя. Унда муаллиф кўпмаъноли самарага эришган. Асарнинг қисқача мазмуни эса қуйидагича: руҳий тушкунликка тушиб қолган бир чол турли кўнгилочар жойларга бориб, ҳаётнинг мазмунини англаб етишга ҳаракат қилади, ўлимни ўйлашдан, ёлғизлик дардидан халос бўлишга интилади. Адиб ўлим тўғрисидаги ғаройиб фикрларини асар мағзига сингдириб юборади…
Руҳий ёлғизлик суяк-суягидан ўтиб кетган Я.Кавабата ҳаётида муҳим ҳодиса содир бўлади: у чинакам дўст топади! Воқеа бундай бўлганди: 1960 йили АҚШ давлат департаменти таклифи билан адиб Қўшма Штатларга боради. У ерда бир қанча университетларда талабаларга маърузалар ўқийди ва худди шу ўлкада япониялик ёзувчи, киноактёр, сиёсий арбоб — Мисима билан танишиб қолади. У билан дўст тутинади.
1968 йил — Ясунари Кавабата умрининг зарҳал ҳарфлар ила битилиши жоиз бўлган санаси. Маҳоратли адиб япон шоир ва ёзувчилари орасида биринчи бўлиб Нобель мукофотига лойиқ кўрилди. “Бутун умр гўзалликка интилиб келдим ва ўлгунимча шундай бўлиб қоламан!” — деди ёзувчи мукофот олиш маросимида. Кейин фақат японларгагина хос бўлган содда ва самимий тавозе билан минбарни тарк этаркан, қўшиб қўйди: “Нима учун бу мукофотни менга берганингизни тушунмаяпман, лекин сизларга ташаккур! Миннатдорман!.. Барибир шон-шуҳрат — оғир юк”.
Бир умр яқинлари доғини кўтариб яшаган адиб ана шундай юксак марраларни забт эта олди. Барига дош берди. Чидади, бироқ…
1970 йили Кавабатанинг яқин дўсти Мисима Япония ҳарбий базаларидан бирида қўзғолон кўтаришга уриниб, муваффақиятсизликка учради ва ўз-ўзини “ҳаракири” қилди. Бундан қаттиқ таъсирланган Кавабата 2 йил ўтгач, оғир хасталик билан касалхонага тушди. Касаллик уни енголмади. Адиб оёққа туриб, уйига қайтди. У бардошли эди. У собир эди. Бироқ у дўстидан-да жудо бўлганига чидай олмади.
1972 йилнинг 16 апрел куни. Бутун Японияга ларзага келди. Ўша куни буюк адиб Я.Кавабата оламни тарк этди.
Тадқиқотчи Такаси Оканинг мақоласида шундай жумла бор: “Кавабатанинг асарлари жаҳон адабиёти ўзанида мангу қолади!” Дарҳақиқат, ўлим Кавабатани енга олмади. Адиб “идзулик раққоса” билан “қушлар ва йиртқичлар” орасида “қорли ўлка”даги “уйқудаги гўзаллар уйида” яшамоқда.

022

Зоҳиджон Холов
САКУРАЛАР КЕЧ ГУЛЛАГАН ЙИЛ

Америка адабиётига ва шу орқали маҳаллий сиёсат аҳли шуурига «тинчлик» деган бебаҳо сўзни олиб кирган ёзувчи Эрнест Хемингуейнинг машҳур ҳикматлари кўп. Масалан, ўз ҳаётидан хулоса қилиб: «Буюк ёзувчи бўлиш учун ижодкорнинг буюк болалиги бўлиши керак», деганди у. Ясунари Кавабата ҳам, таъбир жоиз бўлса, болалиги ёзувчи қилиб тарбиялаган юксак ижодкорлардан бири ҳисобланади.

1899 йил. Ёз, аниқроғи 14 июн. Осака шаҳри яқинидаги, баҳор чоғи сўлим сакуралар ифорига ғарқ бўлгувчи Акутагава қишлоғидаги хонадонларнинг бири. Ўзига тўқ, олий маълумотли шифокорлар оиласида ўғил фарзанд дунёга келди. Унга ота-онаси меҳр билан Ясунари дея исм беришди. Аммо тақдирнинг шафқатсизлигини қарангки, гўдак икки яшарлигидаёқ сил касалига чалинган ота ҳаёт билан мангуга видолашди. Орадан бир йил ўтиб, волидаси ҳам сил касали билан оғриб, бевақт кўз юмди. Фарзандлари доғида мункайиб қолишган бобоси ва момосининг қўлида уч яшарлик болакай қолиб кетди.

Энг ачинарлиси, унга онаси ўрнида она бўлиши, ҳар қалай она меҳрини бериши мумкин бўлган бувиси ҳам орадан тўрт йил ўтгач, бандаликни бажо келтирди…

У вақтлар Япониядаги ижтимоий-сиёсий вазият оғир, одамлар руҳий иккиланиш хасталигига чалинган, деярли кунора даҳшатли кўнгилсизликларга дуч келиш мумкин эди. «Кунчиқар юрт»га Ғарбнинг қизиқиши кучайган, бир неча юз йиллар мобайнида ташқи муҳитдан узиб қўйилган японларни ўзининг «демократик» маҳсулотлари билан маҳлиё қилишга киришган давр бўлса-да, императорлик таъсири ҳам фуқароларни кучли тазйиқ остида ушлаб турар, миллат «чегараси»дан чиққанларни аёвсиз жазоларди.

Болалигининг каттагина қисмини рассом бўлиш орзуси билан ўтказган Ясунари бундай чигал вазиятни кузатиб турар, болалик нигоҳи билан унга ўзича чизгилар берарди. Бироқ ўсмирлик чоғида унинг мақсадлари, қарашлари ўзгарди. Кўзларига сингиб кетган жудоликлар ёши билан қалбидаги ёшлик ғайрат-шижоати зимдан курашаётган йигитчанинг айтмоқчи бўлган гаплари шу қадар кўп ва кенг қамровли эдики, уларни тилсиз тасвирлар орқали ифодалаб улгуришнинг имкони йўқ эди. Бунинг учун, албатта, гапириш, фикрни ёзма тарзда етказиш керак эди. Фикрларга ранг киритиш, жонлантиришда эса Ясунарига рассомчиликка бўлган муҳаббати, чексиз ҳурмати катта ёрдам берди.

1925 йили Кавабатанинг дастлабки асарлари — «Ўн олти ёшлик кундалиги» ва «Етимлик ҳисси» деб номланган икки ҳикояси чоп этилди. Автобиографик ҳикоя сифатида адабиёт солномасига кирган биринчи ҳикояни Ясунари 1914 йили ёзганди. Бироз вақт ўтиб эса унга ёшлигида тунлари турли ривоятлар, эртагу маталлар айтиб берган устози — бобоси ҳам дунёга «сиғмай» қолди. Бўлажак машҳур адиб Ибаракаидан кетиб, осакалик қариндошлариникида бир муддат яшаб турди. Аммо энди яшашнинг мазмуни қолмаган Кавабата учун Осаканинг гавжум ва қайноқ кўчалари бегона бўлиб туюлар, эзилган қалбини эзғиларди. Маълум сабабларга кўра, мактабдаги таҳсилни давом эттириш баҳонасида яна Ибаракига қайтиб келди ва мактабнинг ётоқхонасига жойлашди. Аччиқ хотиралар оғушида эрта улғайди.

Тинимсиз равишда ёзаётган асарлари, ижод билан овунишга ўрганиб қолди. 1917 йили ўрта мактабни тугаллади ҳамда Токио университети қошидаги юқори мактабда ўқишни бошлади. Шу йиллар ичида у Европа «шабадалари» келтирган адабиёт билан танишди, қайноқ ижодий муҳит туфайли китобхонларни оҳанрабодек ўзига жалб қилган чет эл муаллифлари қаламига мансуб асарларни мутолаа қилди. Уни биринчи бўлиб ўзига ром этган скандинавия халқлари адабиёти бўлди. Хусусан, Стриндберг ижоди уни мафтун қилиб қўйганди. Ясунари 1918 йили умрида биринчи марта Идзу яриморолларига саёҳатга чиқди. Бу ҳодиса кейинчалик унга бадиий таҳайюл жараёнида асқотди.

Ўз иқтидори ва қолаверса, ижтимоий жиҳатидан кўпчилик эътиборига тушиб қолган йигит 1920 йили Токио университетининг филология факултети (инглиз тили бўлими)га ўқишга қабул қилинди. Биринчи курсни битириб, япон тили филологиясига ўтди ва катта ижодга тайёргарлик кўришни жиддий тарзда бошлаб юборди. Шу йили Ясунарининг анча сайқал топган «Уруш қурбонлари хотираси чизгилари» ҳикояси университет битирувчилари томонидан чоп этилган «Янги йўналиш» номли талабалар адабий-бадиий журналида босилди.

Ёш адибнинг кенг жамоатчиликка танилишида, оёққа туриб олишида, ўз йўлини топишида ўша даврнинг машҳур драматург ёзувчиси Кикути Каннинг хизматлари беқиёс эди. У навқирон қаламкашдаги ноёб қобилиятни кўра олди ва тарбиялади, қўллаб-қувватлади. Эҳтимол, японлар бугунги кунда Кикути Каннинг энг яхши асари сифатида Ясунари Кавабатани кўрсатар?!

1924 йили университетни тугаллаган Ясунари Кавабата ғоявий ҳамроҳлари бўлмиш 14 нафар ёзувчини бир жойга тўплади. Уларнинг орасида йиллар ўтиб шуҳрат қозонганлардан Ёкомитсу Рёити, Катаока Теппей, Накагава Ёити, Фудзисава Такео цингарилар бор эди. Улар неосенсуализм деб номланган адабий-модерн гуруҳини ташкил этишди. Лекин бу гуруҳ атиги тўрт йил фаолият кўрсатди.

Икки йилдан кейин унинг номини кенг миқёсда танитган, шу вақтга қадар ёзганлари ичида энг яхши асари — «Идзулик раққоса» қиссаси чоп этилди. 1929 йили эса «Асакусалик қувноқ қизлар» қиссаси Япониянинг энг йирик нашри — «Асахи шимбун»да давомли тарзда эълон қилинди. Унда Токио шаҳрининг Асакуса туманидаги ёшларнинг ҳаёт тарзи, маҳаллий аҳолининг кўнгилочар ўйин-кулгуларга муккасидан кетгани ёритилганди.

Шундан кейин Ясунари Кавабата европача услубни қайтадан синчиклаб ўрганишга киришиб кетди ва 1930-йилларда Гертруд Стайн асарлари, Жеймс Жойснинг «Улисс»идан таъсирланиб бир қатор асарлар ёзди. Жумладан, якунига етмай қолган «Биллур шарда ҳиссиёт» повестини айнан оврўпача руҳда ёзишга киришганди. Ундан кейин онг оқими ва фрейдистизм йўналишларида, сюрреализмга яқинроқ оқим намоёндалари услубларидан фойдаланиб «Игна, шиша ва туман» қиссаси ҳам яратилди.

1931 йили Ясунари ҳаётида ўчмас из қолдирган воқелик содир бўлди: у Хидеко исмли токиолик қизга уйланди. Улар биргаликда (асраб олган) қизалоғини тарбиялаб, вояга етказишди. Ёз ойларини тоғли Каруйдзавадаги дала ҳовлисида ўтказиб, қишда яна Дзусидаги соф японча услубда қурилган иссиқ уйига қайтишарди… Аввалига руҳий азоблар исканжасига ташлаган қисмат умр поёнида Ясунарининг иродасига ва интилишига муносиб мукофот ҳозирлаб қўйганини у билмасди. У тинмай қалам тебратарди…

Қисқа вақтлар оралиғида сюрреализм йўналишида «Элегия» деб номланган қиссаси босилди. Уни аксарият танқидчилар буддизм кайфияти билан суғорилганликда айблади. Кейин тугалланмаган «Қушлар ва йиртқич ҳайвонлар» ҳикоясини чоп эттирди. 1934 йили Ички ишлар вазирлигининг Жамоатчилик хавфсизлиги департаменти қошида очилган Адабиёт бўйича маслаҳатчилик кенгаши аъзоси бўлди. Шу йили «Ота-онага мактуб» автобиографик қиссасини якунлади. Икки маротаба Юдзавага бориб, қайноқ манбаларни ўрганди ва «Қорли ўлка» романи устида иш бошлади. Мазкур романнинг биринчи қисми бир йилдан сўнг «Нихон хёрон» журналида босилди. Шундан кейин 1937 йилнинг май ойига қадар қолган қисмлари ҳам турли нашрларда омма эътиборига ҳавола этилди.

Я.Кавабатанинг «Туғилган жой», «Таназзул», «Ота номи» ва «Токайдо йўли» цингари бир неча асарлари кетма-кет китобхонларга тортиқ қилинди. Бу асарларда Кавабата миллий маданият ва анаъаналарга хос муаммоларни дадил кўтариб чиқолди.

1949 йили Ясунари Кавабатанинг бутун фаолияти учун ягона «калит» бўлувчи мавсум бўлди, десак янглишмаймиз. Чунки шу йилда унинг икки машҳур қиссаси — «Тоғлар фарёди» ҳамда «Мингқанотли турна» нашр этилиб, миллионлаб ўқувчиларни ром айлади. Гарчи ёзувчининг ўзи «Мейдзин» романини ҳаётида катта бурилиш ясаган асар, деб ҳисобласа-да, кейинроқ яратилган «Мингқанотли турна» қиссаси уни бутун дунёга машҳур қилиб юборди.

Шундан сўнг у «Янги япон адабиёти хрестоматияси» дарслигини тузди. Бадиий ижодини муваффақиятли давом эттириб, «Кўл», «Токиоликлар», «Аёл бўлиш», «Уйқудаги гўзаллар», «Кўҳна пойтахт», «Қўллар» ва «Момоқаймоқлар» номли қиссаларини ёзди. Мухлислари унинг китобларини интиқлик билан кутиб олишар, маҳаллий ва хорижий китобхонлар билан адабиётшунослар бир овоздан Кавабатанинг асардан-асарга ўсиб бораётганини эътироф этишарди.

Ясунари мазкур қиссаларида жамиятни парокандаликка, тубанликка ва қашшоқликка бошлайдиган иллатларни фош қилиб ташлади. Гоҳ «жинсий инқилоб»нинг даҳшатли оқибатини воқеликлар силсиласида асосласа, гоҳ гиёҳвандлик балоси нақадар аянчли эканини ишончли образлар орқали ёритиб берди.

Японча ҳиссиётни, Шарқона ақлу шуурни, куч-шижоатни, жозибани асарларига сингдирар экан, гўзал табиат тавсифи, лирика уйғунлигида воқеалар орасига бутун япон миллатининг узоқ йиллардан буён яшаб келаётган қадриятларини усталик билан жойлаштирди.

Ва ниҳоят! 1968 йили. Тақдирнинг барча ситамлари, кўргиликларига мардонавор дош берган, оғир дамларда кўз ёшларини ичига ютишни ўрганиб, кулишни касб қилган Ясунари Кавабатага аталган «сюрприз» — халқаро Нобел мукофоти Японияга олиб келинди. Бу япон миллатига, япон адабиётига жаҳон миқёсида қўйилган жуда катта ҳайкал бўлди. Сайёрамизнинг энг йирик мукофотларидан бири унга адабиёт йўналишида «японча тафаккур моҳиятини очиб беришдаги ёзувчилик маҳорати учун» берилгани эътиборлидир.

Бунгача Я.Кавабата «Адабиётни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун» мукофоти (1937), Санъат академиясининг адабиёт соҳасидаги мукофоти (1952), Гёте номидаги Франкфурт медали (1959), Франциянинг «Санъат ва адабиёт намояндаси учун» таъсис этилган ордени ва «Хорижий энг яхши асар» учун аталган мукофоти (1960), Япон ҳукумати махсус ордени (1961) билан тақдирланганди.

Улуғ япон ёзувчиси 1972 йилнинг 16 апрелида Дзусидаги иш кабинетида газдан заҳарланиб, фожеали тарзда вафот этди.
У бир умр самурайларча яшади, энг сўнгги дамгача…
Айтишларича, шу йили сакуралар кечикиб гуллаганмиш…

Мақола «Маърифат» газетасидан олинди.

(Tashriflar: umumiy 490, bugungi 1)

1 izoh

  1. salom men talabaman menga Yasuke Kavabateni hikoyalari yoqadi iltimos adibning qolgan asarlarini ham joylashtuiring iltimos

Izoh qoldiring