Eshqobil Shukur. Chimdim hayrat, chimdim hasrat & Shoir haqida

60  20 июль — Шоир Эшқобил Шукур таваллуд топган куннинг 60 йиллиги

   Ой, булут, шамол, дала, йўл… Улар доим менинг шеърларимга кириб келаверади. Йўқ, булар шунчаки образлар эмас. Улар менинг бу дунёдаги доимий ҳамроҳларимдир. Шаҳарнинг энг гавжум, энг сершовқин жойида ҳам улар менинг ёнимда эканини ҳис этаман…

ЭШҚОБИЛ ШУКУР ҲАҚИДА
07

***

Эшқобилнинг порлоқ ижодий эртасига комил ишончим бор.

Асқад Мухтор
Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1990 йил)

***

..Йўқ, мен шеъриятни ҳурматли олим ва танқидчилар даражасида чуқур идрок этаман деб айта олмайман. Лекин бир-бирига ўхшамаган янги авлод вакилларининг асарлари ҳар қандай китобхонни ҳаяжонга солишига аминман:

Сочлари сумбул-сумбул сочлари…
Келбат кериб келаётган келиной,
Ой билан очиб кўнгил қошлари
Ойнинг камин тўлаётган келиной…

Ёки ушбу мақолага эпиграф қилиб олиш мумкин бўлган қуйидаги сатрларга эътибор қилинг:

Мовий дунёлардан бир насим келур,
Маним бул насимга ҳавасим келур.
Жисмим бунда менинг, руҳим ундадир,
Мовий дунёлардан нафасим келур.

Мен юқорида Эшқобил Шукур билан Усмон Қўчқорнинг шеърларидан парчалар келтирдим. Бири халқ оҳангларига бойлиги билан, яна бири мусиқийлиги, шоир нафасининг нозиклиги билан киши диққатини ўзига жалб этади. Энг муҳими, шубҳасиз булар истеъдод муҳри босилган асарлардир.

Одил Ёқубов,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси
(1988 йил 29 апрел)

***

Эшқобилнинг шеърлари Олтин бешикнинг қўнғироғига ўхшайди. Одамни бирдан ўзига жалб этади. Унинг “Камбағалнинг шодлиги” деган бир шеъри бор. Ниҳоятда ўзбекона шеър. Лекин бошқаларда учрамайдиган шеър. Унинг шеърларида доимо баландлик бор. Мен Эшқобилнинг бир шеърини жуда яхши кўриб ўқиб юраман. Бу шеър шундай:

Бир парча нон бўлмас балки сўзимиз,
Валекин ошиқмиз, ошиқмиз.

Бир қултум сув бўлмас балки кўзимиз,
Валекин ошиқмиз, ошиқмиз.

Хаёл ва ҳижрондир нону тузимиз
Воҳ, бул кун ошиқмиз, ошиқмиз.

Нетонг кўнгил бўлди ризқу рўзимиз
Эртан ҳам ошиқмиз, ошиқмиз,

Йўқ бўлиб кетсак-да, тамом ўзимиз,
Сўнг яна ошиқмиз, ошиқмиз.

Бу эҳтимол Нажмиддин Кубронинг давомидир. Донишманд айтади-ку, биз бошловчи эмас, давомчилармиз деб. Бу тасаввуру тафаккурнинг ва донишмандликнинг давомидир.

Ҳалима Худойбердиева,
Ўзбекистон халқ шоири (2003 йил)

***

Иқтидорли шоиримиз Эшқобил Шукур шеъриятини кўп йиллардан буён ўқиб, кузатиб келаман. Ҳар қандай ясамаликдан, ҳар қандай фикрбозликдан, ҳар қандай сохта оҳанглардан холи бўлган бу шеъриятда дилкашликни, самимиятни, меҳрни, куйинчакликни, теранликни, гўзалликни учратасиз.

Абдулла Орипов,
Ўзбекистон халқ шоири (2013 йил)

***

Эшқобил Шукурдаги интилишнинг софлиги ва мустақиллиги менга ёқди. Бу интилишнинг собитлиги ва давомийлиги кўп жиҳатдан Эшқобил Шукурнинг меҳнатига боғлиқ. Ахир, «Ҳар бир ижодкор интилган нарсасига эришади», демишлар-ку қадимги ҳинд файласуфлари.

Шавкат Раҳмон
1986 йил

***

Эшқобил Шукур ўзбек шеъриятида ўз ўрнига,бошқа ҳеч бир шоир билан адаштириб юбормайдиган овозга эга шоир. У фикр ва ҳаяжон шоири. У тажрибалар қилишни яхши кўради. У қоғоз тўлдириш учун эмас, юракларни тўлдириш учун ёзади.

Хуршид Даврон,
Ўзбекистон халқ шоири (2013 йил)

***

Шеър сўзи бўлмайди. Демоқчиманки, сўзлар орасида шеърга мўлжалланган алоҳида сўзлар бўлмайди. Лекин чин шоирнинг қўлига тушса, ҳамма сўз шеър бўлади. Эшқобил жуда халқчил шоир. У бошқаларга ўхшамайди. Мен қидириб кўрдим, кимга ўхшар экан деб, йўқ, ўхшамайди.

Эркин Аъзам,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси. (2003 йил)

***

Эшқобил Шукурнинг “Ҳамал айвони” китобини варақлаб, бир хулосага келдимки, Эшқобил тақлид қилмаган шоир. Унинг “Насойим ул муҳаббатга сайр” туркуми халқимиз учун юксак маърифий руҳдаги асарлардан деб ҳисоблайман.

Мирзо Кенжабек, шоир
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси (2003 йил)

Эшқобил ШУКУР 
ЧИМДИМ ҲАЙРАТ,ЧИМДИМ ҲАСРАТ
07

93a600ea36bb5fbf22a71931865ffc9d.jpg  Эшқобил Шукур 1962 йил Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини битирган (1984). Узоқ йиллар Ўзбекистон телевидениеси каналларида ишлаган. Бугунги кунда “Маънавий ҳаёт” журнали бош муҳарриридир.

Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор.

Истеъдодсизлар “истеъдоди”

Истеъдодли одамларнинг бирлашиши қийин кечади. Чунки, уларнинг ҳар бири – алоҳида олам. Уларда тортишиш кучи баробарида итариш кучи ҳам пойдор. Истеъдодсизлар эса жуда тез ва осон бирлашадилар. Ҳатто бир тишламгина ғийбат атрофида ҳам ғуж-ғуж қуртлардай тўдалашади.

Иштаҳа

Кўп ғам ейдиган одам кўп овқат ея олмайди.

Чўпоннинг шаҳардаги ўғли

Эрталаб ваннада юз қўлимни юваётиб, ногаҳон қўзичоқнинг маъраганини эшитдим. Овоз телевизордан келаётганди. Бирдан тиш чўткаси қўлимдан ерга тушиб кетди.

Жаннати

Райҳоннинг ҳатто ўлиги ҳам.. чириги ҳам хушбўй.

ВАҚТнинг қошида

Кеча Жиззахда менга даҳшатли бир фожиа ҳақида гапириб беришди. Бетон заводида ишлайдиган бир йигит цемент қориштирадиган машинани юваётганда унинг ичига тушиб кетибди. Катта тезликда айланаётган темир парраклар бечорани бурдалаб ташлаган. Сўнг бурдаланган тана бўлакларини йиғиб олаётганлар йигитнинг бир эн ҳолида узилиб қолган билагига тақилган соатни топишади. Қарангки… соат бир маромда ишлаб турган экан.

Сел ҳаққи

Бу жой – сел йўли… Бир вақтлар шу ерда селга қарши каттагина дамба қурилган эди. Кўп йиллар сел келмади. Селни унутган одамлар дамба тупроғидан ғишт қуйиб сота бошладилар. Тез орада дамбадан асар ҳам қолмади. Бутун бошли дамба шапалоқдай ғиштларга айланиб ғойиб бўлди. Ўша ғиштлардан шу атрофдаги аҳоли уйлар қурди. Яна бир неча йилдан сўнг кучли сел келди. Сел шу даражада катта эдики, пастда ўша ғиштлардан қурилган уйларни вайрон қилиб, оқизиб кетди.

Биринчи пир

Одамга аввало ўз виждони пир бўлмаса, унга ҳатто авлиё ҳам дастгирлик қила олмайди. Одамнинг биринчи пири – унинг виждонидир.

Қўрқувдан қўрқув

Саҳройи Кабирда илонтумшуқ бир калтакесак яшайди. У кундузи ташқарига чиқолмайди, фақат тунда чиқади. Агар кундузи ташқарига чиқиб, озгина юрса, бирдан қўқувдан юраги ёрилиб ўлади. Бу жонзот ўз соясидан қаттиқ қўрқади. Бу қўрқув уни ўлдиради.

Руҳий хотира

Менимча, ақлий хотира бор ва руҳий хотира бор. Ақлий хотира унутилиши, сўниши мумкин. Лекин руҳий хотира ўчмайди. Жуда эрта ўлган синглим билан боғлиқ хотираларим менга ақлий эмас, руҳий хотира бўлиб туюлади.

Кичик бир тафтиш

“Одамнинг бир коса овқатга қорни тўяди!”, “Яшаш учун бир парча нон ва бир пиёла сув кифоя қилади!” Мен ҳам бу каби гапларни яхши биламан ва гал келганда бировларга айтиб насиҳатгўйлик ҳам қиламан. Лекин ўзим шунга қаноат қиламанми? Шундай сабр ва куч менда борми? Йўқ. Йўқ бўлса, нега бировга ақл ўргатасан? Тил югурик-да, тил югурик! Лекин қаноатли одам кучли бўлишини, қаноатсиз одам ожиз бўлишини ич-ичимдан ҳис этаман.

Заифлик ва даъво

Ҳаким Термизий айтган эканлар: “Инсон нима? Инсон қисқа бир заифлик, узун бир даъводир”. “Инсон нима?” деган саволни кўп эшитганман-у, лекин бундай мукаммал жавобни учратмаганман. Авлиёнинг бутун бани башар ҳақидаги бу гапини ўқиб, ўзимга назар соламан, ўзимни тафтиш қиламан. Шунда қисқа бир заифлигимни сезмайман-у, узун бир даъво эканимни билиб қоламан. Қисқа заифлигимни сезмаслигимнинг ўзи катта заифлик-ку.

Фаҳм

Фаҳмли одам ақлининг қаергача етишини билади. Фаҳмсиз одам ақлини ҳамма жойга етади деб “билади”. Уларнинг фарқи шу.

Бемаъниликнинг бемаънилиги

Мен сўзлар маъноси устида кўп ишлаганман. Агар чиндан жаҳд қилсам, култепага чиқиб улиётган итнинг улишидан ҳам недир маънони топа олишим мумкин. Ҳатто эшакнинг ҳанграшидан ҳам! Лекин ҳозирги замон эстрадасининг баъзи қўшиқларидан бемаъниликдан бошқа ҳеч нарсани топа олмайман. Бу дунёда бемаъниликдай одамни бездирадиган бемаънилик йўқ.

Тарбиядаги тадбир (Эшагининг феъли эгасига маълум)

Бир одамнинг биттагина эшаги бор экан. У шу эшакка деб қирқ хил хиначўп қилдирибди. Одамлар ҳайрон бўлиб ундан сўрашибди:
— Битта эшакка битта хиначўп етади-ку, қирқтасининг нима кераги бор?
У одам шундай жавоб берибди:
— Тўғри эшагим битта, лекин унинг қилиғи қирқта. Ҳар қилиғига мос биттадан хиначўп керак бўлаяпти.

Чексизликни қизғониш

Худонинг даргоҳи кенг ва чексиз. Ақл бовар қилмайдиган даражада чексиз! Мендан бу даргоҳни қизғонма!

Қалтис ҳазил

Одамзот Худонинг сирлари билан ҳазиллаша бошлади.

Ярим қадам

Янги йил арафасида хизмат сафари билан хориждан қайтдим. Самолётда булутлар устида чой ичдим, ширинликлар едим. Мен дераза ёнида эдим. Борт ортида, мендан чамаси 40 сантиметр нарида -60 даража совуқ эди. Мен ўтирган жойда эса +25 даража иссиқ… Ё тавба! Ажал қаҳратони билан орамиз бор-йўғи икки қарич эди!

Эрк

Эрк ирода билан эркдир. Иродасиз эрк тентакликдан бошқа нарса эмас. Мен Айтматов эркида, Хэмингуэй эркида аввало иродани кўраман.

Худо ва ҳаё

Худога фақат ҳаё билан суяниш мумкин.

Шамол, булут, дарахт ва мен

Йўқ, мен бошқа нарсани излаяпман. Болалигимдан шу кунларгача мен ҳамма нарсада руҳ бор, яъни улар тирик деб ўйлаганман. Ерда ҳам, дарахтда ҳам, бир парча булутда, сувда, шамолда, оловда ҳам ҳаммасида руҳ бор деб ишонганман. Шунинг учун мен улар билан гаплашишни яхши кўрганман. Менинг ҳар нарсадан тириклик излаганим рост.
Оппоқ булутлар устида улкан кемадай сузиб бораётган самолёт деразасидан пастга қараб шулар ҳақида ўйладим. Қанийди, шу дамда ҳаводан ҳам енгил руҳга айлансам-у, оппоқ булут уюмлари устида учиб юрсам. Пастда ястаниб ётган далалар, тоғлар, дарёлар ва қишлоқлар устидан қушлардай учиб ўтсам…
Бироздан сўнг самолёт пастлай бошлади. Бир-икки силкинди. Сийрак оқ булутлар орқада қолди. Энди ҳавони сарғиш ғубор қоплай бошлаган эди. Пастлаб бораётган самолёт деразасидан чанг ва ғуборлар орасида хира тортган Термиз кўринди. Демак, шаҳарда аччиқ афғон шамоли эсмоқда. Бу шамол шаҳар осмонини ғуборлар билан тўлдирган. Амударё қирғоқларидаги малларанг қумларни сарбасар тўзғитиб, осмонга учирарди бу ўжар шамол.
“Салом, Термиз!” дейман беихтиёр. Майли, бир маҳаллар хаёлларимни етаклаган оппоқ булутларда руҳ йўқдир, эҳтимол, шамолда ва ойда ҳам мен истаган бу тириклик нишони йўқдир. Аммо, сенда руҳ бордир, эй кўҳна шаҳар?.. Сен билан гаплашсам бўлар. Мен шаҳарнинг руҳи борлигига ишонгим келади. Йўқса, у шаҳар бўлолмас эди. У мен каби тирик. Қаерда яшириниб ётибди ўша руҳ, ёки қайларда сочилиб ётибди ўша руҳ.
Ассалом, эй авлиёлар шаҳри! Ассалом, Термиз!

***

Яна шамол, ой ва булутлар ҳақида ўйлайман, яна улар билан гаплашгим келади. Шамол, ой ва булут… Улар мутлақ тириклик ичидаги тирик ҳодисалардир. Улар буюк руҳнинг оний манзараларини ҳосил қилувчи тирик ҳаракатлардир.

Образлар ва ҳамроҳлар

Ой, булут, шамол, дала, йўл… Улар доим менинг шеърларимга кириб келаверади. Йўқ, булар шунчаки образлар эмас. Улар менинг бу дунёдаги доимий ҳамроҳларимдир. Шаҳарнинг энг гавжум, энг сершовқин жойида ҳам улар менинг ёнимда эканини ҳис этаман.

Бола ва фаришта

Чақалоқ уйқусида кулса онамиз уни фаришта кулдираяпти дер эди. Гўдаклар балки фаришталарни кўрар. Нима бўлгандаям, болаларда фаришталарга яқинлик бор. Фаришталарни кўришни истаган одам кичик болалар билан гаплашиб кўрсин. Фаришталарга яқин бўлишни истаган одам болаларга яқин бўлсин.

Қон тарихи

Одам бу дунёда ҳаёти давомида ҳеч қачон кўрмаган нарсасини тушида кўриши мумкин. Руҳшуносларнинг айтишича, аслида бу нарсани унинг минг йиллар аввал яшаб ўтган бобоси ўнгида кўрган бўлади. Одам ҳеч қачон, ҳатто ўлдирсалар ҳам қўл урмайдиган гуноҳ ё жиноятни тушида қилиши мумкин. Гап шундаки, бу гуноҳни қачонлардир, унинг қайсидир бир аждоди қилган бўлса ,эҳтимол. Менимча, бу – қон тарихи. Қон адашмайди ҳам, янглишмайди ҳам. Ҳозир қилаётган битта ёмон ишингиз учун икки минг йилдан сўнг авлодларингиздан бири тушларида азоб чекади десам ишонаверинг.

Мангу формула

Англашимча, одамлар излаган ҳақиқат ўйлаганимиздек мураккаб ва англаб бўлмайдиган нарса эмас экан. Унга етишиш учун Анқонинг уруғи дардида Кўҳи Қофни излаб юриш шарт эмасдай. У жуда оддий. Ҳар ҳолда одамдан кўра содда. Сезишимча, ҳаёт ҳақиқати формуласи – яшаш формуласи қўшиш ва айиришдан ҳам содда. Бу шундай: Ҳеч қачон ёмон ният қилма, тўғри ниятнинг ўзи ҳақиқатдир. Назаримда Худо ҳам ҳаётнинг ўзида шундай формулани ҳаракатга келтириб қўйгандай, яъни, нияти бузилганнинг ҳаёти бузилади.

Чаплин

Ҳаёт тилсимлари баъзан бир киши тимсолида ҳам кўриниш беради. Масалан, Чарли Чаплин зулмат ва фожиалар устида ҳаётнинг ёрқин табассумидай намоён бўлган эди.

Менталитет

Мен танийдиган кимдир вафот этган бўлса, уч кун ичида унинг фотиҳасига боришим керак. Бормасам, марҳум ҳар қадамда гўё “Нега келмаяпсиз?” дегандай қаршимдан чиқиб келаверади. Ҳар қадамда!

Қўшиш ва айириш

Ўзингда йўқ нарсани бор қилиб кўрсатиш, ўзингда бор нарсани йўқотиш билан баробар.

Мия эшиклари

Баъзан мия эшикларини ёпиб қўйишга тўғри келади. Аслида бу эшиклар димо очиқ. Ёпиб қўйишнинг иложи бўлмаса, қоровулларни кучайтириш керак. Дуч келган кимса, дуч келган ғийбату миш-мишлар бостириб кириб келавермасин. Эзгу ишлар қолиб кетиб, шулар билан андармон бўлиб қоласиз. Улар жуда кўп нарсадан чалғитади. Миянгизнинг ҳикмат ўтириши мумкин бўлган бурчагида ғийбат ўтирса, Бухорийми, Навоийми ўтириши керак бўлган жойида бир ғаламис ўтириб қолса, бундан ёмони йўқ-ку. Уларни бу уйга киритманг! Чивин ва пашшаларни ҳайдагандай уриб қайтараверинг.

Ўтин ичидаги атиргул

Одамнинг ботинидаги ўтни унинг кўзи чақнаганда кўрса бўлади. Юрагида ўти бор, деган гап бор-ку. Ҳатто қуриган ўтин ҳам ёнаётганда жозибали ва мафтункор бўлади. Айниқса, ўчоқ тўла ўтин қип-қизил чўққа айланиб, оташ сочаётганда энди очилган қирмизи атиргуллардан ҳам чиройли бўлиб кетади.

Ҳар кимнинг ичида шундай ўт бор. Фақат уни кимдир алангалатса, кимдир ўчириб қўяди.

Манба: “Тафаккур” журнали 2-сон 2019 йил

 

20 iyul — Shoir Eshqobil Shukur tavallud topgan kunning 60 yilligi

   Oy, bulut, shamol, dala, yo’l… Ular doim mening she’rlarimga kirib kelaveradi. Yo’q, bular  shunchaki obrazlar emas. Ular mening bu dunyodagi doimiy hamrohlarimdir. Shaharning eng  gavjum, eng sershovqin joyida ham ular mening yonimda ekanini his etaman…

ESHQOBIL SHUKUR  HAQIDA
12

***

Eshqobilning porloq ijodiy ertasiga komil ishonchim bor.

Asqad Muxtor
O’zbekiston xalq yozuvchisi (1990 yil)

***

..Yo’q, men she’riyatni hurmatli olim va tanqidchilar darajasida chuqur idrok etaman deb ayta olmayman. Lekin bir-biriga o’xshamagan yangi avlod vakillarining asarlari har qanday kitobxonni hayajonga solishiga aminman:

Sochlari sumbul-sumbul sochlari…
Kelbat kerib kelayotgan kelinoy,
Oy bilan ochib ko’ngil qoshlari
Oyning kamin to’layotgan kelinoy…

Yoki ushbu maqolaga epigraf qilib olish mumkin bo’lgan quyidagi satrlarga e’tibor qiling:

Moviy dunyolardan bir nasim kelur,
Manim bul nasimga havasim kelur.
Jismim bunda mening, ruhim undadir,
Moviy dunyolardan nafasim kelur.

Men yuqorida Eshqobil Shukur bilan Usmon Qo’chqorning she’rlaridan parchalar keltirdim. Biri xalq ohanglariga boyligi bilan, yana biri musiqiyligi, shoir nafasining nozikligi bilan kishi diqqatini o’ziga jalb etadi. Eng muhimi, shubhasiz bular iste’dod muhri bosilgan asarlardir.

Odil Yoqubov,
O’zbekiston xalq yozuvchisi

“O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi
(1988 yil 29 aprel)

***

Eshqobilning she’rlari Oltin beshikning qo’ng’irog’iga o’xshaydi. Odamni birdan o’ziga jalb etadi. Uning “Kambag’alning shodligi” degan bir she’ri bor. Nihoyatda o’zbekona she’r. Lekin boshqalarda uchramaydigan she’r. Uning she’rlarida doimo balandlik bor. Men Eshqobilning bir she’rini juda yaxshi ko’rib o’qib yuraman. Bu she’r shunday:

Bir parcha non bo’lmas balki so’zimiz,
Valekin oshiqmiz, oshiqmiz.

Bir qultum suv bo’lmas balki ko’zimiz,
Valekin oshiqmiz, oshiqmiz.

Xayol va hijrondir nonu tuzimiz
Voh, bul kun oshiqmiz, oshiqmiz.

Netong ko’ngil bo’ldi rizqu ro’zimiz
Ertan ham oshiqmiz, oshiqmiz,

Yo’q bo’lib ketsak-da, tamom o’zimiz,
So’ng yana oshiqmiz, oshiqmiz.

Bu ehtimol Najmiddin Kubroning davomidir. Donishmand aytadi-ku, biz boshlovchi emas, davomchilarmiz deb. Bu tasavvuru tafakkurning va donishmandlikning davomidir.

Halima Xudoyberdiyeva,
O’zbekiston xalq shoiri (2003 yil)

***

Iqtidorli shoirimiz Eshqobil Shukur she’riyatini ko’p yillardan buyon o’qib, kuzatib kelaman. Har qanday yasamalikdan, har qanday fikrbozlikdan, har qanday soxta ohanglardan xoli bo’lgan bu she’riyatda dilkashlikni, samimiyatni, mehrni, kuyinchaklikni, teranlikni, go’zallikni uchratasiz.

Abdulla Oripov,
O’zbekiston xalq shoiri (2013 yil)

***

Eshqobil Shukurdagi intilishning sofligi va mustaqilligi menga yoqdi. Bu intilishning sobitligi va davomiyligi ko’p jihatdan Eshqobil Shukurning mehnatiga bog’liq. Axir, «Har bir ijodkor intilgan narsasiga erishadi», demishlar-ku qadimgi hind faylasuflari.

Shavkat Rahmon

1986 yil

***

Eshqobil Shukur o’zbek she’riyatida o’z o’rniga,boshqa hech bir shoir bilan adashtirib yubormaydigan ovozga ega shoir. U fikr va hayajon shoiri. U tajribalar qilishni yaxshi ko’radi. U qog’oz to’ldirish uchun emas, yuraklarni to’ldirish uchun yozadi.

Xurshid Davron,
O’zbekiston xalq shoiri (2013 yil)

***

She’r so’zi bo’lmaydi. Demoqchimanki, so’zlar orasida she’rga mo’ljallangan alohida so’zlar bo’lmaydi. Lekin chin shoirning qo’liga tushsa, hamma so’z she’r bo’ladi. Eshqobil juda xalqchil shoir. U boshqalarga o’xshamaydi. Men qidirib ko’rdim, kimga o’xshar ekan deb, yo’q, o’xshamaydi.

Erkin A’zam,
O’zbekiston xalq yozuvchisi. (2003 yil)

***

Eshqobil Shukurning “Hamal ayvoni” kitobini varaqlab, bir xulosaga keldimki, Eshqobil taqlid qilmagan shoir. Uning “Nasoyim ul muhabbatga sayr” turkumi xalqimiz uchun yuksak ma’rifiy ruhdagi asarlardan deb hisoblayman.

Mirzo Kenjabek, shoir
O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan yoshlar murabbiysi (2003 yil)

Eshqobil SHUKUR
CHIMDIM HAYRAT, CHIMDIM HASRAT
12

08Eshqobil Shukur 1962 yil Surxondaryo viloyatining Qumqo’rg’on tumanidagi Boymoqli qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning filologiya fakulьtetini bitirgan (1984). Uzoq yillar O’zbekiston televideniyesi kanallarida ishlagan. Bugungi kunda “Ma’naviy hayot” jurnali bosh muharriridir.
Ilk she’rlar to’plami — «Yurakni o’rganish» (1984). Shundan so’ng uning «Sochlari sumbul-sumbul» (1988), «Tungi gullar» (1989), «Yashil qushlar» (1995), «Hamal ayvoni» (2003) she’riy kitoblari va 2005 yilda «Ko’hna bog’ rivoyatlari» nasriy kitobi nashr etilgan. «Naqshband», «Ibtido xatosi» kabi dostonlari, «Nasoyim ul-muhabbatga sayr» turkumi, shuningdek, «Oqibat oqshomi», «Dunyoning ko’chishi» kabi qissalari ham bor.

Iste’dodsizlar “iste’dodi”

Iste’dodli odamlarning birlashishi qiyin kechadi. Chunki, ularning har biri – alohida olam. Ularda tortishish kuchi barobarida itarish kuchi ham poydor. Iste’dodsizlar esa juda tez va oson birlashadilar. Hatto bir tishlamgina g’iybat atrofida ham g’uj-g’uj qurtlarday to’dalashadi.

Ishtaha

Ko’p g’am yeydigan odam ko’p ovqat yeya olmaydi.

Cho’ponning shahardagi o’g’li

Ertalab vannada yuz qo’limni yuvayotib, nogahon qo’zichoqning ma’raganini eshitdim. Ovoz televizordan kelayotgandi. Birdan tish cho’tkasi qo’limdan yerga tushib ketdi.

Jannati

Rayhonning hatto o’ligi ham.. chirigi ham xushbo’y.

VAQTning qoshida

Kecha Jizzaxda menga dahshatli bir fojia haqida gapirib berishdi. Beton zavodida ishlaydigan bir yigit sement qorishtiradigan mashinani yuvayotganda uning ichiga tushib ketibdi. Katta tezlikda aylanayotgan temir parraklar bechorani burdalab tashlagan. So’ng burdalangan tana bo’laklarini yig’ib olayotganlar yigitning bir en holida uzilib qolgan bilagiga taqilgan soatni topishadi. Qarangki… soat bir maromda ishlab turgan ekan.

Sel haqqi

Bu joy – sel yo’li… Bir vaqtlar shu yerda selga qarshi kattagina damba qurilgan edi. Ko’p yillar sel kelmadi. Selni unutgan odamlar damba tuprog’idan g’isht quyib sota boshladilar. Tez orada dambadan asar ham qolmadi. Butun boshli damba shapaloqday g’ishtlarga aylanib g’oyib bo’ldi. O’sha g’ishtlardan shu atrofdagi aholi uylar qurdi. Yana bir necha yildan so’ng kuchli sel keldi. Sel shu darajada katta ediki, pastda o’sha g’ishtlardan qurilgan uylarni vayron qilib, oqizib ketdi.

Birinchi pir

Odamga avvalo o’z vijdoni pir bo’lmasa, unga hatto avliyo ham dastgirlik qila olmaydi. Odamning birinchi piri – uning vijdonidir.

Qo’rquvdan qo’rquv

Sahroyi Kabirda ilontumshuq bir kaltakesak yashaydi. U kunduzi tashqariga chiqolmaydi, faqat tunda chiqadi. Agar kunduzi tashqariga chiqib, ozgina yursa, birdan qo’quvdan yuragi yorilib o’ladi. Bu jonzot o’z soyasidan qattiq qo’rqadi. Bu qo’rquv uni o’ldiradi.

Ruhiy xotira

Menimcha, aqliy xotira bor va ruhiy xotira bor. Aqliy xotira unutilishi, so’nishi mumkin. Lekin ruhiy xotira o’chmaydi. Juda erta o’lgan singlim bilan bog’liq xotiralarim menga aqliy emas, ruhiy xotira bo’lib tuyuladi.

Kichik bir taftish

“Odamning bir kosa ovqatga qorni to’yadi!”, “Yashash uchun bir parcha non va bir piyola suv kifoya qiladi!” Men ham bu kabi gaplarni yaxshi bilaman va gal kelganda birovlarga aytib nasihatgo’ylik ham qilaman. Lekin o’zim shunga qanoat qilamanmi? Shunday sabr va kuch menda bormi? Yo’q. Yo’q bo’lsa, nega birovga aql o’rgatasan? Til yugurik-da, til yugurik! Lekin qanoatli odam kuchli bo’lishini, qanoatsiz odam ojiz bo’lishini ich-ichimdan his etaman.

Zaiflik va da’vo

Hakim Termiziy aytgan ekanlar: “Inson nima? Inson qisqa bir zaiflik, uzun bir da’vodir”. “Inson nima?” degan savolni ko’p eshitganman-u, lekin bunday mukammal javobni uchratmaganman. Avliyoning butun bani bashar haqidagi bu gapini o’qib, o’zimga nazar solaman, o’zimni taftish qilaman. Shunda qisqa bir zaifligimni sezmayman-u, uzun bir da’vo ekanimni bilib qolaman. Qisqa zaifligimni sezmasligimning o’zi katta zaiflik-ku.

Fahm

Fahmli odam aqlining qayergacha yetishini biladi. Fahmsiz odam aqlini hamma joyga yetadi deb “biladi”. Ularning farqi shu.

Bema’nilikning bema’niligi

Men so’zlar ma’nosi ustida ko’p ishlaganman. Agar chindan jahd qilsam, kultepaga chiqib uliyotgan itning ulishidan ham nedir ma’noni topa olishim mumkin. Hatto eshakning hangrashidan ham! Lekin hozirgi zamon estradasining ba’zi qo’shiqlaridan bema’nilikdan boshqa hech narsani topa olmayman. Bu dunyoda bema’nilikday odamni bezdiradigan bema’nilik yo’q.

Tarbiyadagi tadbir (Eshagining fe’li egasiga ma’lum)

Bir odamning bittagina eshagi bor ekan. U shu eshakka deb qirq xil xinacho’p qildiribdi. Odamlar hayron bo’lib undan so’rashibdi:
— Bitta eshakka bitta xinacho’p yetadi-ku, qirqtasining nima keragi bor?
U odam shunday javob beribdi:
— To’g’ri eshagim bitta, lekin uning qilig’i qirqta. Har qilig’iga mos bittadan xinacho’p kerak bo’layapti.

Cheksizlikni qizg’onish

Xudoning dargohi keng va cheksiz. Aql bovar qilmaydigan darajada cheksiz! Mendan bu dargohni qizg’onma!

Qaltis hazil

Odamzot Xudoning sirlari bilan hazillasha boshladi.

Yarim qadam

Yangi yil arafasida xizmat safari bilan xorijdan qaytdim. Samolyotda bulutlar ustida choy ichdim, shirinliklar yedim. Men deraza yonida edim. Bort ortida, mendan chamasi 40 santimetr narida -60 daraja sovuq edi. Men o’tirgan joyda esa +25 daraja issiq… Yo tavba! Ajal qahratoni bilan oramiz bor-yo’g’i ikki qarich edi!

Erk

Erk iroda bilan erkdir. Irodasiz erk tentaklikdan boshqa narsa emas. Men Aytmatov erkida, Xeminguey erkida avvalo irodani ko’raman.

Xudo va hayo

Xudoga faqat hayo bilan suyanish mumkin.

Shamol, bulut, daraxt va men

Yo’q, men boshqa narsani izlayapman. Bolaligimdan shu kunlargacha men hamma narsada ruh bor, ya’ni ular tirik deb o’ylaganman. Yerda ham, daraxtda ham, bir parcha bulutda, suvda, shamolda, olovda ham hammasida ruh bor deb ishonganman. Shuning uchun men ular bilan gaplashishni yaxshi ko’rganman. Mening har narsadan tiriklik izlaganim rost.
Oppoq bulutlar ustida ulkan kemaday suzib borayotgan samolyot derazasidan pastga qarab shular haqida o’yladim. Qaniydi, shu damda havodan ham yengil ruhga aylansam-u, oppoq bulut uyumlari ustida uchib yursam. Pastda yastanib yotgan dalalar, tog’lar, daryolar va qishloqlar ustidan qushlarday uchib o’tsam…
Birozdan so’ng samolyot pastlay boshladi. Bir-ikki silkindi. Siyrak oq bulutlar orqada qoldi. Endi havoni sarg’ish g’ubor qoplay boshlagan edi. Pastlab borayotgan samolyot derazasidan chang va g’uborlar orasida xira tortgan Termiz ko’rindi. Demak, shaharda achchiq afg’on shamoli esmoqda. Bu shamol shahar osmonini g’uborlar bilan to’ldirgan. Amudaryo qirg’oqlaridagi mallarang qumlarni sarbasar to’zg’itib, osmonga uchirardi bu o’jar shamol.
“Salom, Termiz!” deyman beixtiyor. Mayli, bir mahallar xayollarimni yetaklagan oppoq bulutlarda ruh yo’qdir, ehtimol, shamolda va oyda ham men istagan bu tiriklik nishoni yo’qdir. Ammo, senda ruh bordir, ey ko’hna shahar?.. Sen bilan gaplashsam bo’lar. Men shaharning ruhi borligiga ishongim keladi. Yo’qsa, u shahar bo’lolmas edi. U men kabi tirik. Qayerda yashirinib yotibdi o’sha ruh, yoki qaylarda sochilib yotibdi o’sha ruh.
Assalom, ey avliyolar shahri! Assalom, Termiz!

***

Yana shamol, oy va bulutlar haqida o’ylayman, yana ular bilan gaplashgim keladi. Shamol, oy va bulut… Ular mutlaq tiriklik ichidagi tirik hodisalardir. Ular buyuk ruhning oniy manzaralarini hosil qiluvchi tirik harakatlardir.

Obrazlar va hamrohlar

Oy, bulut, shamol, dala, yo’l… Ular doim mening she’rlarimga kirib kelaveradi. Yo’q, bular shunchaki obrazlar emas. Ular mening bu dunyodagi doimiy hamrohlarimdir. Shaharning eng gavjum, eng sershovqin joyida ham ular mening yonimda ekanini his etaman.

Bola va farishta

Chaqaloq uyqusida kulsa onamiz uni farishta kuldirayapti der edi. Go’daklar balki farishtalarni ko’rar. Nima bo’lgandayam, bolalarda farishtalarga yaqinlik bor. Farishtalarni ko’rishni istagan odam kichik bolalar bilan gaplashib ko’rsin. Farishtalarga yaqin bo’lishni istagan odam bolalarga yaqin bo’lsin.

Qon tarixi

Odam bu dunyoda hayoti davomida hech qachon ko’rmagan narsasini tushida ko’rishi mumkin. Ruhshunoslarning aytishicha, aslida bu narsani uning ming yillar avval yashab o’tgan bobosi o’ngida ko’rgan bo’ladi. Odam hech qachon, hatto o’ldirsalar ham qo’l urmaydigan gunoh yo jinoyatni tushida qilishi mumkin. Gap shundaki, bu gunohni qachonlardir, uning qaysidir bir ajdodi qilgan bo’lsa ,ehtimol. Menimcha, bu – qon tarixi. Qon adashmaydi ham, yanglishmaydi ham. Hozir qilayotgan bitta yomon ishingiz uchun ikki ming yildan so’ng avlodlaringizdan biri tushlarida azob chekadi desam ishonavering.

Mangu formula

Anglashimcha, odamlar izlagan haqiqat o’ylaganimizdek murakkab va anglab bo’lmaydigan narsa emas ekan. Unga yetishish uchun Anqoning urug’i dardida Ko’hi Qofni izlab yurish shart emasday. U juda oddiy. Har holda odamdan ko’ra sodda. Sezishimcha, hayot haqiqati formulasi – yashash formulasi qo’shish va ayirishdan ham sodda. Bu shunday: Hech qachon yomon niyat qilma, to’g’ri niyatning o’zi haqiqatdir. Nazarimda Xudo ham hayotning o’zida shunday formulani harakatga keltirib qo’yganday, ya’ni, niyati buzilganning hayoti buziladi.

Chaplin

Hayot tilsimlari ba’zan bir kishi timsolida ham ko’rinish beradi. Masalan, Charli Chaplin zulmat va fojialar ustida hayotning yorqin tabassumiday namoyon bo’lgan edi.

Mentalitet

Men taniydigan kimdir vafot etgan bo’lsa, uch kun ichida uning fotihasiga borishim kerak. Bormasam, marhum har qadamda go’yo “Nega kelmayapsiz?” deganday qarshimdan chiqib kelaveradi. Har qadamda!

Qo’shish va ayirish

O’zingda yo’q narsani bor qilib ko’rsatish, o’zingda bor narsani yo’qotish bilan barobar.

Miya eshiklari

Ba’zan miya eshiklarini yopib qo’yishga to’g’ri keladi. Aslida bu eshiklar dimo ochiq. Yopib qo’yishning iloji bo’lmasa, qorovullarni kuchaytirish kerak. Duch kelgan kimsa, duch kelgan g’iybatu mish-mishlar bostirib kirib kelavermasin. Ezgu ishlar qolib ketib, shular bilan andarmon bo’lib qolasiz. Ular juda ko’p narsadan chalg’itadi. Miyangizning hikmat o’tirishi mumkin bo’lgan burchagida g’iybat o’tirsa, Buxoriymi, Navoiymi o’tirishi kerak bo’lgan joyida bir g’alamis o’tirib qolsa, bundan yomoni yo’q-ku. Ularni bu uyga kiritmang! Chivin va pashshalarni haydaganday urib qaytaravering.

O’tin ichidagi atirgul

Odamning botinidagi o’tni uning ko’zi chaqnaganda ko’rsa bo’ladi. Yuragida o’ti bor, degan gap bor-ku. Hatto qurigan o’tin ham yonayotganda jozibali va maftunkor bo’ladi. Ayniqsa, o’choq to’la o’tin qip-qizil cho’qqa aylanib, otash sochayotganda endi ochilgan qirmizi atirgullardan ham chiroyli bo’lib ketadi.

Har kimning ichida shunday o’t bor. Faqat uni kimdir alangalatsa, kimdir o’chirib qo’yadi.

Manba: “Tafakkur” jurnali 2-son 2019 yil

03

(Tashriflar: umumiy 808, bugungi 1)

Izoh qoldiring