Tohir Malik. Ajab saodat

089    Асарга «ўзбеклар турмушидан тарихий рўмон» деб изоҳ берилган. «Севишган қалблар ҳақида» ёки «Муҳаббат фожеалари»… эмас, айнан «ўзбеклар турмушидан», айнан шом азони чақирилган дамдаги турмушидан. Шунинг ўзиёқ бизни айсбергнинг қуйи қисмини ўрганишга даъват этади. Бу вазифани таъбир жоиз бўлса, бир ҳамлада уддалаш мумкин эмасдир. Яъни бир мақола ёзиш билан уддалаб бўлмайди. Ҳамонки, сиз муҳтарам ўқувчининг диққатини жалб этишга киришган эканман, яна айрим қирраларини айтиб ўтишим зарур…

Тоҳир Малик
АЖАБ САОДАТ
Биринчи мақола
07

…Уларнинг жисмлари ҳибсда. Руҳлари эса озодликда. Ҳозир ўқлар узилади. Бедор юраклар уришдан тўхтайди. Жисм ҳаёт чоғида агар юрак фақат қон ҳайдаш билан банд бўлган бўлса, жон чиқиши билан у ҳам ўлар. Агар юрак эл ғамида, инсонлар ғамида яшаган бўлса, бир ўқ тегиши нима экан, қийма-қийма қилиниб зарралари олам аро сочиб юборилса ҳам ўлмайди, яшайверади…

1938 — мелодий, ўктабр ойининг тўртинчиси, куз кунларининг бири, қуёш аллақачон ботган, аммо теваракдан шом азони эшитилмайдир. Шаҳар марказидаги бу донгдор бино атрофида масжид йўқ. Нари маҳаллалардаги омон қолган масжидлардан қўрқибгина, титрабгина чиққан азон чақириғи тўрт-беш хонадон деворидан аранг ошиб ўтишга қурби етади. Донгдор бинода гуноҳлари нима эканини билолмай ҳайрон ётган маҳбуслар шом кирганини кичкина дарчадан тушиб турувчи нурнинг йўқолганидан биладилар. Озодликдан нишона бўлиб туюлувчи бу нурни ҳар тонг умид билан кутиб, тушкин ва эзгин кайфиятда узатадилар. Дарчадаги нур йўқолгач, кечлик овқат киритилади. Улар ўлимга маҳкум эканликларини сезишади. Очликдан ўлиб қолмаслик учун, «қонуний» йўл билан отиб ўлдирилишлари учун овқат ейдилар. Сўнг… бу бинода жонланиш бошланади. Аммо кишиларнинг дадил сўзлашишлари, хаҳолаб кулишлари бу иморатни кўкка кўтаргудек эмас. Бундаги товушлар ўзгача, бундаги ташвишлар бошқадир. Бунда дардли инграшлар ҳукмрон…

Бунда терговни кўпроқ тунда қиладилар. Кундузи одам овлаш билан машғул бўладиларми ёхуд туҳмат ва иғво тошларини тўплашдан бўшамайдиларми — бу ёлғиз Яратганга маълум — ҳар ҳолда терговга асосан кечаси чақиришади.
-Кадыри, на выход!

Айни чоқда бошқа эшиклар ҳам очилади:
-Сулейманов — Чулпан, на выход!
-Фитрат…

Ғофил бандалар… Бу сўнгги чақириқ терговга эмаслигини қайдин билишсин? Улар «терговчи уни сўраса, бундай жавоб қайтараман…» деган хаёл билан қўлларини орқага қилган муте бир ҳолда юриб чиқадилар. Улар билмайдиларки, сўроқлари кеча якунига етган. Бу тун отиладилар. Эртага, тонг отгач эса… ҳукм ёзилади. Уларнинг киндик қонлари турли жойларга, турли вақтда томган. Туғилган кунлари ҳужжат учун аниқ ҳам эмас… Фалон мучал, ўрик гуллаганда ёки ҳандалак пишиғида туғилган… Аммо… ўлим топган кунлари аниқ — 4 ўктабр… Аммо 5 ўктабр деб расмийлаштирилади… Юрак қонлари бир жойга тўкилади…

Буни билмайдилар, нима учун ҳовлига олиб чиқишгани ҳам улар учун номаълум. Дарича тугул бирон тирқиши ҳам бўлмаган усти ёпиқ автомобилга чиқиб, ёнма ён ўтиришади. Қоронғида бир-бирларини танимайдилар. Сўзлашиш мумкин эмас. Чурқ эта олмайдилар.

Автомобил қабиҳ манзилга етмоқни истамагандек ихраб-сихраб секин юради. Текис йўл тугаб, ўнқир-чўнқирлик бошланади. Автомобил ҳар силтанганида, чуқурга тушиб-чиққанида мувозанатни йўқотадилар.

Ниҳоят, автомобил тўхтади. Эшик очилиб, қоронғу ерга туташиб кетган юлдузли осмоннинг бир парчаси кўринади. Уларни жарлик ёқаси сари бошладилар. Шунда улар бир-бирларини танидилар. Шунда бу ерга нима учун келтирилганларини англадилар. Осмондаги кемтик Ой ёруғида кўзлар кўзларга тикилиб сўзлашади:
-Киши агар юз, агар минг яшаса ҳам охири ўлмак керак. Эслайсизми, «Бобурнома»да шоир:

«Агар сад сол мони в-ар яке рўз,
Бибояд рафт аз ин коҳи дилафрўз…»

— деган эди. Яъниким, агар юз йил ва агар биргина кун яшасанг ҳам, кўнгул очувчи бу қасрдан кетиш керак бўлур. Биз учун бу қасрдан кетмоқ вақти етубдур.
-Бу қасрдан кетишимдан мен афсусда эмасман. Армоним шуки, бу ҳаётдан бизни ўз дўстларимиз қувдилар. Аҳил-иноқ яшай олмадик. Биз-ку кетамиз, миллатнинг аҳволи не бўлур? Кун келурмики, миллат иттифоқда яшаса? Кун келурмики, қоронғулик чекинса, офтоб чиқса…

«Тилинган тилларга қон югургуси,
Бўшанган инларга жонлар киргуси.
Тиканли боқчалар чечак кўргуси,
Ҳақ йўли, албатта бир ўтилгуси…»

-Гаплашилмасин!

Ҳар эҳтимолга қарши айтилган буйруқ эди бу. Ҳозир кўз кўзга тушиб, юрак юрак билан сўзлашмоқда эди. Юраклар сўзлашувини ҳеч ким ман этолмас. Уларнинг жисмлари ҳибсда. Руҳлари эса озодликда. Ҳозир ўқлар узилади. Бедор юраклар уришдан тўхтайди. Жисм ҳаёт чоғида агар юрак фақат қон ҳайдаш билан банд бўлган бўлса, жон чиқиши билан у ҳам ўлар. Агар юрак эл ғамида, инсонлар ғамида яшаган бўлса, бир ўқ тегиши нима экан, қийма-қийма қилиниб зарралари олам аро сочиб юборилса ҳам ўлмайди, яшайверади. Милтиқларини ўқлаганлар билишмайди буни. Уларга буйруқ берилса бас — тепки босилади… ўқ ҳавода ўтли из қолдириб бориб бедор юракка санчилади. Улар «маҳкумлар ўлди», деб изларига қайтадилар. Буларнинг қўлларига кишан уриб берган «дўст»лари ҳам «улар ўлди» деб ўйларлар. Уларнинг номларини ўчира бошларлар. Бирга тушган суратларини йиртарлар. Кўпчилик бўлиб тушилган суратларда уларнинг кўзларига игна тиқиб тешарлар… Булар милтиқ тепкисини босувчи, буйруқ бажарувчи аскарлар эмас. Улар ўзларини доно фаҳмлайдилар. «Алвасти кўприк» деб аталувчи жар ёқасида милтиқ тепкиси босилувини кутаётганларнинг юраклари тоабад тирик қолишини ҳам биладилар. Била туриб ўзларини фаҳмламаганга оладилар. Йўқ, улар бу юракларнинг ҳам жисмга қўшилиб тупроқ остида чиришини истайдилар. Шукрки, фақат истайдилар халос. Юракка кишан уриб беролмайдилар. Юракни чирита олмайдилар…

Жар ёқасида турган маҳкумлар нималарни ўйлашди? Кўзларидан дарё-дарё ёш оқизиб қолган оилалариними? Ёки бу дунёдан аллақачон кўз юмиб кетган ота-оналари, биродарлариними? Балки Самарқанд дарвозадаги шийпонда қурган суҳбатларини эслашар?

-Асрнинг ўн еттисида онадан қайта ҳур бўлиб туғилдик, деб адашибми эдик?
-Бизки адашдик, фуқаро не қилар?
-«Ҳалокат бўлишин билмай қулочни катта отдим-ку…»

…Милтиқ тепкиси босилунига қадар бир неча нафас вақт бор…

-Мен «дўст»ларимизга ачинаман. Вақти келиб бизнинг ҳақ эканимиз ойдин бўлганида бу дунёда қандай бош кўтариб юрар эканлар? Балки Худо уларни тирик қолдириб, узоқ умр бериб жазолагандир?
-Қиёматда юзма-юз бўлганимизда нима дейишар экан?

Тилга кўчган сўзлар шуларгина эди.
-Гаплашилмасин!

Буйруққа ҳожат ҳам йўқ эди.

Тепкилар босилди, ўлим ўқлари отилди.
Сўзлашмоқ қиёматга қолди.

Уларга ҳеч ким аза очмади. Жаноза ҳам ўқилмади. Чунки уларнинг ўлимидан бехабар эдилар. Ҳатто «дўст»лар ҳам бехабар эдилар. Шунча қилган хизматлари эвазига қувониш бахтидан бебаҳра қолдилар, бечоралар…

Орадан йиллар ўтиб эса… билдилар. Аммо энди кеч эди. Қувонишга асос йўқ. Улар халқ душмани эмас, чин халқпарвар эканликлари маълум бўлди. «Дўст»ларни биров айбламади. Ўзларидан ўтгани ўзларига-ю, Аллоҳга маълум.

Байт:

Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулиға сабот,
Ажаб саодат эрур, чиқса яхшилиқ била от.

(Ҳазрат Навоийдан)

* * *

Уларнинг жисман маҳв этилганларига эллик олти йил бўлибди. Ўшанда ҳазрат Абдулла Қодирий қирқ тўрт ёшда эканлар. «Ўтган кунлар» рўмонининг ёзилганига эса етмиш йил бўлди. Ёзувчи билан бирга асарга ҳам кишан урдилар. Асарни ҳам ўлимга маҳкум этдилар. Ҳақ йўлидаги асарни ҳеч қандай ҳукмдор ҳеч бир замонда маҳв этолган эмас. Абдулла Қодирий ҳам, у зотнинг асарлари ҳам тирик қолаверади.

Камина хизматкорингизнинг мақсади — «Ўтган кунлар» ҳақида уч-тўрт оғиз сўз айтиш эди. Гапни тўғридан тўғри шундан бошласам ҳам бўларди. Аммо Абдулла Қодирий ва унинг сафдошлари отилган кунни, онни эсламоқ зарур эди. Чунки уларнинг ўлимлари тасодифий эмас, улар охир-оқибат шу жар ёқасига келажакларини билганлар ва бу ҳолни асарларига сингдирганлар.

«Ўтган кунлар» ҳақида балки юзлаб мақолалар ёзилгандир. Танқид қилинган, таҳлил этилган, мақталган мақолаларнинг айримлари билан танишман. Мен адабиётшунос олим эмасман. Таҳлилларга нўноқман. Мен фақат Абдулла Қодирийнинг мухлисиман. Шу боис у мўътабар зотнинг асарларидан олган таассуротларимнигина баён қила оламан.

Абдулла Қодирий адабиёт оламида ўз мактабларини яратганлар. Мен шу мактабнинг бошланғич синфидаман. Фикрларим ҳам шу даражада — маъзур тутгайсиз.

Биз ўрта мактабда Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодини ўрганмаганмиз. Университетда ҳам ахборот тарзидаги маърузаларни тинглаганмиз. Ўрта мактабда «Гулнор ( ёки Зайнаб, Фарҳод, Мажнун…) — чин муҳаббат эгаси», деган мавзуларда инщолар ёзганмиз. Фарзандларимиз эса «Отабек (ёки Кумуш, Анвар, Раъно…) — чин муҳаббат эгаси», деган мвзуда иншолар ёздилар. Олимларимиз нашр этган айрим мақолаларда ҳам шу ҳолни учратишимиз мумкин. Бу масалада уларга жиддий эътироз билдирмоқчи эмасмиз. «Ўтган кунлар» рўмон тарзида (жанрида) ёзилган. «Ўтган кунлар»нинг пойдевори — Отабек билан Кумушнинг муҳаббати. Мен бу асарни шимолий уммондаги баҳайбат муз тоғига — айсбергга ўхшатаман. Маълумки, бу тоғнинг фақат чўққилари кўзга ташланади, асосий қисми эса кўринмайди — сув остида бўлади. Ҳар бир улуғ асарнинг улуғворлигини, умрини ана шу кўзга кўринмас қисми таъмин этади, деб ўйлайман. Абдулла Қодирий қўлга қалам олганларида икки ёшнинг оловли муҳаббатинигина баён қилмоқчи бўлганмикинлар? Агар мақсад шугина бўлса асар бу қадар улуғворлик касб эта олармиди? Ахир тарихимизда ишқий қиссалар кам эдими? Эслайлик: Абдулла Қодирий адабиётга муҳаббат куйчиси бўлиб кириб келмаганлар. Фикримизнинг далили учун «Жувонбоз» деб аталган ҳикояларини, «Бахтсиз куяв» деб аталмиш пъесаларини ёдга олиш кифоядир. Шунга кўра айтмоқ мумкинки, ёзувчи адабиёт майдонига халқ ғамида куйиб-ёниб кириб келганлар. Халқнинг тақдирини, келажагини ўйлаб қайғурганлар. «Ўтган кунлар» ёзишга ҳам ана шу миллат қайғуси ундаган бўлса керак.

Байт:

Юз жафо қилса манга бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо юз қатла фарёд айларам.
(Ҳазрат Навоийдан)

«Кумушни ўлдириб қўйдим», деб йиғлаган эканлар. Назаримда ёзувчи Кумуш исмли гўзал жувоннинг ўлимидан эмас, бошқа нарсадан куйиб, йиғлаганлар. Бу ҳақда бир оздан сўнг батафсилроқ мулоҳаза юритмоққа уриниб кўрамиз.

Фикри ожизимча, «Ўтган кунлар»нинг биринчи ва охирги жумласи асарнинг асл моҳиятини белгилайди:
«1269-инчи ҳижрия, далв ойининг 17-инчиси, қишқи кунларнинг бири, қуёш ботқан, теваракдан шом азони эшитиладир…»
«…Ўзбек ойим қора кийиб, таъзия очди.»

Шу жумлаларни кўп ўйлайман. Нима учун қиш куни? (Баҳор ёки ёз эмас?) Нима учун атрофдан шом азони (бомдод эмас!) эшитилади? Айтмоғингиз мумкинким, савдо аҳли кундузи иш билан машғул, карвонсаройга шу пайтда қайтади, Отабекнинг ҳузурига келувчи меҳмонлар шуни назарда тутганлар. Шундай десангиз сизга яна бир саволим бор: улар бомдодда келувлари ҳам мумкин эдими? Ёки, Марғилон катта шаҳар эмас, Отабекни биронта растада кундузи учратмоқлари ҳам эҳтимолдан ҳоли эмасдир.

«…Теваракдан шом азони эшитиладир…» Балки бунинг рамзий маъноси бордир. Балки ёзувчи айнан шом азонини таъкид этганида фақат намозга чақириқни эмас, бошқа нарсани ҳам назарда тутгандир? Ҳар ҳолда менга шундай туюлади. Шом — қоронғулик босиб келишидан бир дарак. Далвда кечалар узун, ёруғлик камроқ бўлади. Шом азони юрт бошига ёпирилиб келаётган қоронғилик, зулматдан огоҳ этувчи дарак эмасмикин? Донишманд адиб «Ҳой мўъминлар, кўзларингизни очингиз, остонангизда ғаним турибди. Иттифоқ бўлмас экансиз, ёруғ кунларингиз узун тун кечаларига айлангусидир», демоқчи бўлмаганмикинлар? Бу азон чақириғига эътибор берилмади. Ёзувчи азон чақириғини тилга олгач, унинг изидан «намоз ўқилди», демаганлар. Фақат чақириқни баён қилганлар. Ҳужрадагилар эса ўз ишлари билан машғуллар. Бу ҳам ноиттифоқликка бир ишорамикин? Асарда азон чақирилиши бир неча маротаба зикр этилади. Аммо бирон марта ҳам намоз тасвири берилмайди. Ажаб ҳол: азон чақирилгану ҳамма дунё ташвиши билан банд. Адиб “қора кунларнинг бостириб киришига диёнатсизлик сабаб”, демоқчи бўлмаганмилар?

Асарда нима учун Отабекнинг онасига «Ўзбек ойим» деб исм қўйилган? Ахир аёлларда «Ўзбек» деган исмни қарийб учратмаймиз-ку? (Шахсан мен ҳеч эшитмаганман.) Назаримда ёзувчи шу сўнгги жумла учун ҳам «Ўзбек ойим», деб қўйганга ўхшайдилар. …Ўзбек ойим қора кийди… Юрт хавфдан огоҳ этувчи чақириққа эътибор бермади, ҳидоятдан чекинди ва оқибатда қора кийди, аза очди. Қоронғи тунларга кириб келди.

Юртнинг қора кийишига сабаб нима? Худоёрхоннинг ҳарбий жиҳатдан қолоқлигими? Йўқ! Халқ орасида тотувлик йўқлиги асосий сабаб бўлди. Ёзувчи тарихни тўғри англаб, тўғри таҳлил қилиб, ўз хулосаларини дам очиқ тарзда, дам рамзлар орқали ифода қилганлар. Асарнинг дамтлабки бобларида ўқиймиз:

«Менимча ўриснинг биздан юқоридалиғи унинг иттифоқида бўлса керак,-деди Отабек,- аммо бизнинг кундан кунга орқаға кетишимизга ўз аро низъоимиз сабаб бўлмоқда, деб ўйлайман… Орамизда бу қўрқунч ҳолатни баҳаққи тушанадирған яхши одамлар йўқ, билъакс, бузғучи ва низъочи унсурлар томир ёйиб, ҳар замон содда халқни ҳалокат чуқуриға қараб тортадирлар…»

Диққат қилайлик: бу гапларни йигирма тўрт ёшли йигит – Отабек айтяпти. Мазкур сатрлар ёзилаётганда адиб ҳам тахминан шу ёшда бўлганлар. (Тахминан, дейишимизга сабаб шуки, асар ёзиш ғояси Абдулла Қодирийда эҳтимол шу ёшларида туғилгандир. Ҳар ҳолда рўмон эълон қилинганида у зот ўттиз ёшларда бўлганлар. Отабек ва Кумушга ёш жиҳатдан яқин бўлганлари учун ҳам уларнинг дарду аламларини баён этишда бирга ёниб, бирга куйгандирлар. Шунинг учун ҳам асарда ёлғон дард йўқдир?)

Отабек (нима учун «Ота» «бек», буни ҳам мулоҳаза қилмоғимиз лозим.) — юртнинг келажаги. Лекин Отабек юртнинг келажагини ёруғликда кўролмайди.

«…Мозористонда «ҳайя ала-фалаҳ» хитобини ким ҳам эшитарди…»
«…Ўз ғарази йўлида истибдод орқали эл устига ҳукмрон бўлғувчилар йўқотилмас эканлар, бизга нажот йўқдир…»

Юрт мозористонга айланаёзган, шундай жойда «нажотга келинглар», деб минг бақиринг, ким ўрнидан туради. Ўликлар қандай нажотга келиши мумкин? Ёзувчи бунда жисман мурдаларни эмас, руҳи, миллий ғурури ўлганларни назарда тутмадилармикин?

Асар ёзилаётган дамларда 1937 йилда бошланган қирғинга ҳали кўп йиллар бор эди. Лекин бўлажак фожиа бўронининг шабадалари эса бошлаганини ёзувчи сезганлар. Чунки Беҳбудий ёки Мунавварқоридек миллат учун қайғурувчи маърифатпарварларнинг қатл этилишлари яхшиликдан нишона эмасди. Яқин келажакда қирғин бўлажагини билибми, «бузғувчи ва низоъчи унсурлар томир ёйиб» бораётганидан хавотирланадилар. «Бузғувчи ва низоъчи унсурлар»нинг томир ёйиши фақат Отабек яшаган давргагина эмас, балки ундан кейинги даврларга ҳам хосдир.

Ёзувчи асар бошланишида биз ҳозир «ижтимоий муаммо» деб айтаётган муҳим масалага эътиборни қаратадилар. Қора тунлар қаердан бошланишини кўрсатадилар. Сўнг бу муаммо гўё унутилгандай туюлиб, ишқий можароларга берилгандай бўладилар. Ишқий можаро ҳал этилгандай туюлгач эса яна ўша ижтимоий муаммога энди Юсуфбек ҳожи иштирокида қайтадилар. Қипчоқ қирғинини, ундан Отабекнинг қандай ларзага тушганини таҳлил этмай турайлик. Асосий эътиборни Юсуфбек ҳожи сўзларига қаратайлик. Ёзувчи энди дардларини Юсуфбек ҳожи тилидан қоғозга тўкадилар:

«…Буродарлар! Ўрус ичимиздан чиқадирған фитна-фасодни кутиб, дарбозамиз тегида қўр тўкиб ётибдир. Шундай маҳшар каби бир кунда биз чин ёвга берадирган кучимизни ўз қўлимиз билан ўлдирсак, сен фалонсан, деб қирилишсақ, ҳолимиз нима бўладир…

…Сиз ўз қипчоғингиз учун қабр қазиган фурсатда, сизга иккинчилар тобут чопадилар. Биз қипчоққа қилич кўтарганда, ўрус бизга тўп ўқлайдур…»

Бунда қипчоққа қабр қазилди, унда эса тобут тайёрланди. Узоқ йиллар чиримайдиган қилиб тайёрланди. Бунда биродарга қарши қилич кўтарилди, унда миллатга қарши тўплардан ўқ узилди… Бу энди тарихий ҳақиқат. Тарихни нима учун ўрганамиз, тарихий воқеаларни нима учун эслаймиз? Бошқа бир халққа нисбатан адоват уйғотиш учун эмас, балки вақтида йўл қўйилган хатоларни англаш учун, бу хатоларни такрорламаслик учун! Дастлабки ноаҳиллик босқин билан тугади. Кейингиси ўттиз еттинчи йил қирғини билан… Ёзувчи ва у зотнинг сафдошлари шу ноаҳилликнинг қурбони бўлдилар…

Ўзбекнинг ҳовлиси қадимда иккига бўлинган эди. Ичкари ва ташқари. «Ўтган кунлар» рўмони ҳам шунга ўхшайди. «Ташқари» томони билан ота-бола сўзлари ёрдамида қисман танишдик. Энди «ичкари»га қарайлик-чи? Ўзбек ойимнинг қора кийишларига сабаб шу ичкаридан чиқар. Рамзларни, ишораларни тушунмоққа уриниб кўрайлик.

Аввало Кумуш… Абдулла Қодирий уни суйиб-суйиб ёзганлар. Кумушни Отабек кўпроқ севар эдими ё Абдулла Қодирий севар эдиларми, деган муаммога мен ҳануз аниқ жавоб топа олмайман. Ҳар ҳолда Абдулла Қодирийнинг севгилари буюкроқ бўлгандир. Йўқса, Отабек Кумушни бу қадар ўтли муҳаббат билан сева олмас эди. Ёзувчи Кумушда фақат гўзал малакни кўрганмилар? Мен ўзимча ёзувчи Кумуш тимсолида гўзал Ватанни кўрганлар, деб ўйлайман. Кумушга бўлган севгилари Ватанга бўлган севгилари эди, деб хаёл қиламан. Кумушни биз дастлаб кўрганимизда у хаста эди. Ажабки ўшал замонда юрт ҳам хаста эди. Отабекнинг муҳаббати Кумушга далда берди, шифо берди. Агар юрт ўғлонлари Ватанга шундай муҳаббатда бўлганларида эди, Ватан хасталикдан бош кўтарармиди…

«…қўл узатиб сувдан олди ва юзини ювди. Унинг юзини ўпиб тушкан сув томчилари билан ариқ ҳаракатга келиб чайқалди, гўёки сув ичида бир фитна юз берган эди… Иккинчи, учинчи қайталаб юз ювишида бу фитна тағи ҳам кучайди…»

Кумушнинг юз ювиши баёнида ҳам яширин маъно бормикин? Балки ёзувчи гўзал Ватан атрофидаги фитналарни айтмоқчи бўлгандирлар? Бу фитна фақат Кумуш замонасига хос эмас, ундан кейин ҳам давом этди. Ватанга эгалик қилиш учун бир неча мамлакат уринди. Ёзувчи шуларни назарда тутмадиларми экан?

Агар Кумуш тимсолида Ватанни назарда тутган бўлсалар, у ҳолда Кумушнинг ўлимидан изтиробга тушганлари, йиғлаганларининг сабаби ойдин бўлар? Ёзувчи бир гўзал малакнинг ўлимидан эмас, Ватан келажагининг захарланганидан қайғуга берилмадиларми экан? Кумуш ўлди. Аммо унинг ўғли тирик. Демак, Ватан келажагига умид бор. Ёзувчининг сўнгги сўзидан маълумки, Ёдгорбекнинг бир ўғли шўролар томонида, иккинчиси ўша дамда «босмачи» дейилганлар томонида экан. Бунда ҳам рамз бордек кўринади. Ўша йиллари юрт ўғлонлари ҳам иккига бўлинган. Бир қисми болшевиклар гапига ишониб, улар томонга ўтишган. Бошқа бир қисми эса қарши бўлган. Замон акани укага ғаним қилиб қўйган. Ёзувчи шуларни ўйлаб йиғламадиларми экан?

Кумушнинг ўлими… Захарланиш… Бу турмушда учрайдиган оддий кундош рашки оқибатими? Юртни бошқарувчи хон аҳли фуқарони бирдек кўрмади. Қипчоқ қирғинига фатво берди. Юсуфбек ҳожининг йиғлаб айтган сўзларини яна эслайлик. Отабек ҳар икки хотинига бир ҳил муносабатда бўлмай, рашк ўтининг аланга олишига шароит яратиб бермадими? Хон фуқаросини уруғга, қабилага ажратмай, иттифоққа даъват этса, ҳатто куч ишлатса-да, тотувликни барқарор сақласа юрт хароб бўлармиди? Отабек Зайнабдан меҳрини дариғ тутмаса, у Кумушга захар берармиди эди?

* * *

Асарга «ўзбеклар турмушидан тарихий рўмон» деб изоҳ берилган. «Севишган қалблар ҳақида» ёки «Муҳаббат фожеалари»… эмас, айнан «ўзбеклар турмушидан», айнан шом азони чақирилган дамдаги турмушидан. Шунинг ўзиёқ бизни айсбергнинг қуйи қисмини ўрганишга даъват этади. Бу вазифани таъбир жоиз бўлса, бир ҳамлада уддалаш мумкин эмасдир. Яъни бир мақола ёзиш билан уддалаб бўлмайди. Ҳамонки, сиз муҳтарам ўқувчининг диққатини жалб этишга киришган эканман, яна айрим қирраларини айтиб ўтишим зарур.

Рўмонда ортиқча тасвир, баён йўқ. Мен ҳар гал уни қўлга олганимда шуни ўйлайман. Асардан тушириб қолдириш мумкин бўлган жойни қидираман. Ёзувчи ёш, бунинг устига биринчи йирик асари, ҳаяжонга берилибми ё тажрибасизлик қилибми кераксиз саҳифаларни ёзгандир деб ўйлайман. Бир сафар уста Алимнинг ҳикояси ғоят чўзилгандек туюлди. Сўнг шу ҳикоя олиб ташланса нима бўларди, деб ўйладим. Кейин фикрлаб кўрсам, ёзувчи буни шунчаки ҳикоя сифатида ишлатмаган эканлар. Саодатнинг ўлими фақатгина уста Алимнинг қайғусини бериш учун олинмаган. Саодат ой-куни яқинлашганида қийналиб ўлди. Ана энди Кумушнинг ой-куни яқинлаган дамларини ва Отабекнинг ҳавотирларини эслайлик. Ёки Ҳомиднинг Сайфига (Саодатнинг укасига) ёмон назар, бузуқ ният билан қараши оқибатида уста Алимнинг янги дўкон қуриши, шу баҳонада Фарфининг келиши баён этилган саҳифаларни варақлайлик. Тугуннинг ечими шу саҳифаларда бошланмайдими? Демак, уста Алимнинг ҳикояси асарнинг икки муҳим нуқтасида иш беради.

Абдулла Қодирий асарларида ҳар бир жумланинг ўз хизмати бор. Асарнинг «Инқилоб» бобидаги бир жумлага эътиборингизни тортай: Азизбек халққа узр айтганда, узри қабул бўлмайди. Унга қарши айтилган гаплар орасида шундай жумла бор: «Ханжарингни хайф кўриб маҳаллаларга чаён солиғи солган, оғаларимизни чаён заҳари билан ўлдирган ким эди?» Мен неча марта ўқисам, шунча марта бу жумлага етарли эътибор бермабман. Аммо биродаримиз Рустам Тожибоев бу жумлага эътиборни қаратиб, кичик илмий тадқиқотни амалга оширибдилар. Тарихий асарларни ўрганиб, Тошкент ҳокими Азизбекнинг чиндан ҳам маҳбуслар устига чаён ташлаб қийнаб ўлдиргани, аҳолига чаён солиғи солгани, одамлар пахса деворларни бузиб чаён қидиришга мажбур бўлганларини аниқлабдилар. Қаранг, биргина жумла фақат Азизбекнинг ярамас қилиқларини баён эта қолмай, балки тарихий бир ҳақиқатни ҳам ўзига сингдирган.

Ёки… асар бошларидаёқ Ҳомиднинг шакли-шамойили, феъл-атворининг тасвирига алоҳида эътибор берилади. Ҳомид — ўттиз беш ёшлардаги кўримсиз одам. «…унинг шуҳрати нима учундир бойлиги билан бўлмай «Ҳомид хотинбоз» деб шуҳратланган». Ҳолбуки унинг иккита хотини бор. У замонларда кўпхотинлик айб эмас, суннат саналган. Нима учун Ҳомидга «хотинбоз» лақаби тиркалди, Мирзакарим қутидорнинг қизи ҳақида гап кетса нима учун «Ҳомиднинг чеҳраси бузилди… бир турли вазиятда жиянига қаради… Юзидаги бояги ҳолат яна ҳам кучланиб…» тоқатсизланди? Бу ҳолатлар баёни бекорга тилга олинмагани кейинроқ бориб маълум бўлади. «Бу кунгача икки хотин ўртасида туриб жанжалга тўймаган» Ҳомиднинг хотинни учта қилиш ўйи борлиги ҳам бекорга айтилмаган. Чунки учинчи хотин унинг ўйича — Кумуш бўлиши керак эди. Ҳомид мақсадига эришмоқ учун ҳеч нарсадан қайтмайди. Ҳомид ўттиз еттинчи йилдаги «холис хизмат қилувчи» «дўст»ларни эслатмайдими? Асарда Ҳомид енгилган эди, ҳаётда эса…

* * *

Асар нималари билан диққатга лойиқ? Энг аввало лутфи билан, қаҳрамонларининг одоби билан, шундай эмасми? Бир жумлага эътиборни қаратайлик: Раҳмат Отабекка қараб: «вақтсиз келиб сизни тинчсизладик», деганида Отабек: «…тинчсизламадинглар, билакс, қувонтирдингизлар… шаҳрингизга биринчи марта келишим бўлгани учун танишсизлик, ёлғизлик мени зериктирган эди», деб жавоб қилади. Шу ўринда «биринчи марта келишим», деган сўзларга диққат қилайлик. Отабек бу ерда шунчаки эмас, биринчи марта келгани учун зерикди. Агар шунчаки зерикдим, деса мезбонларга малол келар, балки уларга маломат, гина бўларди. «Шаҳрингиз зерикарли экан», деган маъно ҳам чиқарди. Отабек бу ерда ҳам лутф қилди, ҳам унинг Марғилонга биринчи келиши ўқувчига маълум бўлди. Ёки Отабек Ҳасаналига иш буюришдан аввал «тузукмисиз ота?» деб аҳвол сўрайди.

«- Баъзи ишларни буюрсам…
-Буюрингиз, ўғлим.
-Раҳмат ота, бўлмаса бизга чой қайнатиб берсангиз-чи.
-Хўб, бегим…»

Шу қисқа савол-жавобда одобнинг олий чўққиси кўринган. Отабек Ҳасаналига «ота», деб мурожаат қилганида у «ўғлим», деб жавоб берди. Отабек иш буюрганида эса «бегим», деди. Бу ерда фақат Отабекнинг лутфи эмас, Ҳасаналининг одоби, зийраклиги, фаҳми ҳам акс этган. Ёки, «бу киши кимингиз бўлади?» деган саволга Отабек дарров жавоб бермайди. «Ҳасаналини ҳужрадан узоқлатиб, сўнгра жавоб берди: — қулимиз».

Отабек бу ўринда тўғридан тўғри шундай деганида Хасанали ранжимас эди. Чунки у қуллигини унутган эмас. «Хўб, бегим», дейишининг ўзиёқ бунга далил. Отабек исломий одоб эгаси бўлгани учун ҳам Ҳасаналини ҳужрадан узоқлатиб айтди бу гапни.

Сўз ислом ва иймон ҳақида борар экан, айтмоқ жоизки, асарда иймонлилар (Отабек, Юсуфбек ҳожи…) ва иймонсизлар (Ҳомид, унинг шериклари, Азизбек) кураши мавжуд. Ёзувчи фалончи иймонли, фалончининг иймони суст, деган сўзни ишлатмайди. Буни қаҳрамонларнинг сўзлари, ҳаракатлари аён этиб туради. Ҳаётда чин мусулмон бўлиш, мустаҳкам иймон эгаси бўлиш жуда оғир. Намоз ўқигани билан дарров иймонли бўла қолмайди одам. Ҳомидлар, азизбеклар ҳам ўзларини мусулмон санашган, намозларини ўқишган, аммо иймондан узоқ бўлишган. Балки ўттиз еттинчи йилда дўстларининг қўлларига кишан уриб берганлар ҳам ўзларини мусулмон санашгандир. Балки кейинроқ гуноҳларини англаб, тавбалар қилишгандир… Балки…

Байт:

Чанд боши зи маосий мазакаш,
Тавба ҳам бемаза нест би чаш.

(Маъноси: Қачонгача гуноҳ ишлардан завқ оласан, тавба ҳам бемаза эмас, ундан ҳам тотиб кўр. «Бобурнома»дан)

* * *

Ва ниҳоят, қатағоннинг умри тугади. Ёзувчининг номи оқланди, асарлари ҳибсдан озод бўлди. Қарийб йигирма йил Абдулла Қодирийнинг асарларини қўлга олиш ман этилди. Бу асарларни ўқиганлар жазога тортилди. Гуноҳдан қўрқмаганлар китобларни ёқиб юбориб, жон сақлашди. Кўпчилик эса китобларни сандиққа солиб, ерга кўмди. Қўшсинч девор орасига олиб суваб ташлади — ёқиб ташлашга кўнгли бўлмади. Айримлар эса ҳеч нарсадан қўрқишмади. Сақланиб қолган китоблар қўлма-қўл бўлиб ўқилаверди.

Ҳақиқат рўёбга чиқа бошлагач, Абдулла Қодирий ижодига муносабат ҳам ўзгарди. Иззат Султон биринчилардан бўлиб ёзувчи ижоди ҳақида мақола ёздилар. Ва… танқидга учрадилар. Абдулла Қодирий ижодига ҳаддан ташқари юқори баҳо беришда айбландилар. «Ўтган кунлар» Сарвар Азимов таҳрири остида китоб ҳолида нашр этилди. Нашрга жузъий ўзгартиришлар киритилди. Айрим жумлалар қисқартирилди. Ҳозир, орадан қирқ йил ўтиб, бемалол эркин фикрлашимиз, кимнидир, ниманидир айблашимиз осон. Шуни унутмайликки, эллигинчи йилларнинг ўрталарида бир доҳий ўлгани билан тузум яшамоқда, тузум янги доҳийни минбарга кўтармоқда эди. «Социалистик реализм», «миллий масала», «коммунизм»… деган тушунчалар аввалги доҳий даврида қандай бўлса, кейин ҳам ўша ҳолда кун тартибида турар эди. Яъни тузум иморати сақланган, фақат у ер бу ердаги кўчган сувоқ ўринлари қайта сувалаётган эди. Бу — биринчидан. Иккинчидан, Абдулла Қодирий ва унинг дўстлари қўлларига кишан уриб берганлар ҳаёт эдилар. Улар айбларини бўйинларига олиб, осонликча чекина олмасдилар. Шунга кўра асарни асл ҳолича чиқариш имкони у даврда йўқ эди. Бир неча жумла олиб ташланмаса, асар бутунлай чиқмасдан қолиши мумкин эди.

Ҳар нарсанинг вақти, соати бўлганидек, «Ўтган кунлар» ҳам вақти келиб,асл ҳолича, ёзувчи ҳаёт эканликларидаги нашрга асосланган ҳолда китоб қилинди. Бу ишни ёзувчининг набиралари, Ҳабибулло Қодирийнинг ўғиллари Хондамир Қодирий амалга оширди.

Алқисса…

«Ўтган кунлар» етмиш йил умр кўрди. Етмиш йил азобли, уқубатли умр кечирди. Етмиш йил бу асар учун синовли йиллар бўлди. Асар синовдан ўтди. Абадият мартабасини олди…
Маъзур тутинг, сўзим бир оз чўзилди. Мен илмий мақола ёзишга даъвогар эмасман. Асарни ўқиганда кўнглимдан кечган фикрларни баён қилдим. Абдулла Қодирий ижодини ўрганиш бўйича олимларимиз анча иш қилишган. Қилинган барча ишларни «дебоча» десам ранжимаслар. Хорижда суюкли ёзувчилари ижодини ўрганувчи махсус институтлар бор. Бу институтлар ҳар йили ёзувчи ижодига бағишланган китоблар, журналлар чиқаришади. Пушкин вафотидан кейин унинг ижодини ўрганиш билан шуғулланган олимлар сони саналса шоир яратган шеърий сатрлар саноғидан ҳам кўп бўлса эҳтимол. Шоир ижодига бағишланган китоблар тахлаб чиқилса, Кремлдан ҳм баландроқ бўлар…
Шуларни мулоҳаза қилиб ҳам ишларни «дебоча» дедим.

Худога шукр, Абдулла Қодирий музейи барпо этилди. Энди илмий кучлар шу музей атрофида тўпланса, келажакда «Қодирийшунослик институти» ҳам вужудга келар. Яхши ният — ярим мол. Яхши ният қилаверайлик.

1994 йил.

Изоҳ: Мазкур мақола «ХХ аср ўзбек романи» туркумида «Шарқ» нашриёт-матбаа концернининг Бош таҳририяти чоп этган «Ўткан кунлар» китобига сўнгсўз сифатида ёзилган эди. Мақола сўнгида яхши ният қилиб эдик. Бу ният умрини яна узайтирамиз шекилли. Чунки айтганимиз «Абдулла Қодирий музейи» ташкил этилди-ю, бир неча ойга бормай, ҳатто қаддини кўтаришга улгурмай йўқ бўлди. Адабиёт муҳиблари бу аччиқ ҳақиқатни билиб қўйишларини лозим деб топиб, мазкур изоҳни баён қилдик. (2006 йил.)

045

Tohir Malik
AJAB SAODAT
Birinchi maqola
07

…Ularning jismlari hibsda. Ruhlari esa ozodlikda. Hozir o’qlar uziladi. Bedor yuraklar urishdan to’xtaydi. Jism hayot chog’ida agar yurak faqat qon haydash bilan band bo’lgan bo’lsa, jon chiqishi bilan u ham o’lar. Agar yurak el g’amida, insonlar g’amida yashagan bo’lsa, bir o’q tegishi nima ekan, qiyma-qiyma qilinib zarralari olam aro sochib yuborilsa ham o’lmaydi, yashayveradi…

1938 – melodiy, o’ktabr oyining to’rtinchisi, kuz kunlarining biri, quyosh allaqachon botgan, ammo tevarakdan shom azoni eshitilmaydir. Shahar markazidagi bu dongdor bino atrofida masjid yo’q. Nari mahallalardagi omon qolgan masjidlardan qo’rqibgina, titrabgina chiqqan azon chaqirig’i to’rt-besh xonadon devoridan arang oshib o’tishga qurbi yetadi. Dongdor binoda gunohlari nima ekanini bilolmay hayron yotgan mahbuslar shom kirganini kichkina darchadan tushib turuvchi nurning yo’qolganidan biladilar. Ozodlikdan nishona bo’lib tuyuluvchi bu nurni har tong umid bilan kutib, tushkin va ezgin kayfiyatda uzatadilar. Darchadagi nur yo’qolgach, kechlik ovqat kiritiladi. Ular o’limga mahkum ekanliklarini sezishadi. Ochlikdan o’lib qolmaslik uchun, «qonuniy» yo’l bilan otib o’ldirilishlari uchun ovqat yeydilar. So’ng… bu binoda jonlanish boshlanadi. Ammo kishilarning dadil so’zlashishlari, xaholab kulishlari bu imoratni ko’kka ko’targudek emas. Bundagi tovushlar o’zgacha, bundagi tashvishlar boshqadir. Bunda dardli ingrashlar hukmron…

Bunda tergovni ko’proq tunda qiladilar. Kunduzi odam ovlash bilan mashg’ul bo’ladilarmi yoxud tuhmat va ig’vo toshlarini to’plashdan bo’shamaydilarmi – bu yolg’iz Yaratganga ma’lum – har holda tergovga asosan kechasi chaqirishadi.

-Kadiri, na vixod!

Ayni choqda boshqa eshiklar ham ochiladi:

-Suleymanov – Chulpan, na vixod!

-Fitrat…

G’ofil bandalar… Bu so’nggi chaqiriq tergovga emasligini qaydin bilishsin? Ular «tergovchi uni so’rasa, bunday javob qaytaraman…» degan xayol bilan qo’llarini orqaga qilgan mute bir holda yurib chiqadilar. Ular bilmaydilarki, so’roqlari kecha yakuniga yetgan. Bu tun otiladilar. Ertaga, tong otgach esa… hukm yoziladi. Ularning kindik qonlari turli joylarga, turli vaqtda tomgan. Tug’ilgan kunlari hujjat uchun aniq ham emas… Falon muchal, o’rik gullaganda yoki handalak pishig’ida tug’ilgan… Ammo… o’lim topgan kunlari aniq – 4 o’ktabr… Ammo 5 o’ktabr deb rasmiylashtiriladi… Yurak qonlari bir joyga to’kiladi…

Buni bilmaydilar, nima uchun hovliga olib chiqishgani ham ular uchun noma’lum. Daricha tugul biron tirqishi ham bo’lmagan usti yopiq avtomobilga chiqib, yonma yon o’tirishadi. Qorong’ida bir-birlarini tanimaydilar. So’zlashish mumkin emas. Churq eta olmaydilar.

Avtomobil qabih manzilga yetmoqni istamagandek ixrab-sixrab sekin yuradi. Tekis yo’l tugab, o’nqir-cho’nqirlik boshlanadi. Avtomobil har siltanganida, chuqurga tushib-chiqqanida muvozanatni yo’qotadilar.

Nihoyat, avtomobil to’xtadi. Eshik ochilib, qorong’u yerga tutashib ketgan yulduzli osmonning bir parchasi ko’rinadi. Ularni jarlik yoqasi sari boshladilar. Shunda ular bir-birlarini tanidilar. Shunda bu yerga nima uchun keltirilganlarini angladilar. Osmondagi kemtik Oy yorug’ida ko’zlar ko’zlarga tikilib so’zlashadi:

-Kishi agar yuz, agar ming yashasa ham oxiri o’lmak kerak. Eslaysizmi, «Boburnoma»da shoir:

«Agar sad sol moni var yake ro’z,

Biboyad raft az in kohi dilafro’z…»

– degan edi. Ya’nikim, agar yuz yil va agar birgina kun yashasang ham, ko’ngul ochuvchi bu qasrdan ketish kerak bo’lur. Biz uchun bu qasrdan ketmoq vaqti yetubdur.

-Bu qasrdan ketishimdan men afsusda emasman. Armonim shuki, bu hayotdan bizni o’z do’stlarimiz quvdilar. Ahil-inoq yashay olmadik. Biz-ku ketamiz, millatning ahvoli ne bo’lur? Kun kelurmiki, millat ittifoqda yashasaq Kun kelurmiki, qorong’ulik chekinsa, oftob chiqsa…

-«Tilingan tillarga qon yugurgusi,

Bo’shangan inlarga jonlar kirgusi.

Tikanli boqchalar chechak ko’rgusi,

Haq yo’li, albatta bir o’tilgusi…»

-Gaplashilmasin!

Har ehtimolga qarshi aytilgan buyruq edi bu. Hozir ko’z ko’zga tushib, yurak yurak bilan so’zlashmoqda edi. Yuraklar so’zlashuvini hech kim man etolmas. Ularning jismlari hibsda. Ruhlari esa ozodlikda. Hozir o’qlar uziladi. Bedor yuraklar urishdan to’xtaydi. Jism hayot chog’ida agar yurak faqat qon haydash bilan band bo’lgan bo’lsa, jon chiqishi bilan u ham o’lar. Agar yurak el g’amida, insonlar g’amida yashagan bo’lsa, bir o’q tegishi nima ekan, qiyma-qiyma qilinib zarralari olam aro sochib yuborilsa ham o’lmaydi, yashayveradi. Miltiqlarini o’qlaganlar bilishmaydi buni. Ularga buyruq berilsa bas – tepki bosiladi… o’q havoda o’tli iz qoldirib borib bedor yurakka sanchiladi. Ular «mahkumlar o’ldi», deb izlariga qaytadilar. Bularning qo’llariga kishan urib bergan «do’st»lari ham «ular o’ldi» deb o’ylarlar. Ularning nomlarini o’chira boshlarlar. Birga tushgan suratlarini yirtarlar. Ko’pchilik bo’lib tushilgan suratlarda ularning ko’zlariga igna tiqib tesharlar… Bular miltiq tepkisini bosuvchi, buyruq bajaruvchi askarlar emas. Ular o’zlarini dono fahmlaydilar. «Alvasti ko’prik» deb ataluvchi jar yoqasida miltiq tepkisi bosiluvini kutayotganlarning yuraklari toabad tirik qolishini ham biladilar. Bila turib o’zlarini fahmlamaganga oladilar. Yo’q, ular bu yuraklarning ham jismga qo’shilib tuproq ostida chirishini istaydilar. Shukrki, faqat istaydilar xalos. Yurakka kishan urib berolmaydilar. Yurakni chirita olmaydilar…

Jar yoqasida turgan mahkumlar nimalarni o’ylashdi? Ko’zlaridan daryo-daryo yosh oqizib qolgan oilalarinimiq Yoki bu dunyodan allaqachon ko’z yumib ketgan ota-onalari, birodarlarinimi? Balki Samarqand darvozadagi shiyponda qurgan suhbatlarini eslashar?

-Asrning o’n yettisida onadan qayta hur bo’lib tug’ildik, deb adashibmi edik?

-Bizki adashdik, fuqaro ne qilar?

-«Halokat bo’lishin bilmay qulochni katta otdim-ku…»

…Miltiq tepkisi bosiluniga qadar bir necha nafas vaqt bor…

-Men «do’st»larimizga achinaman. Vaqti kelib bizning haq ekanimiz oydin bo’lganida bu dunyoda qanday bosh ko’tarib yurar ekanlarq Balki Xudo ularni tirik qoldirib, uzoq umr berib jazolagandir?

-Qiyomatda yuzma-yuz bo’lganimizda nima deyishar ekan?

Tilga ko’chgan so’zlar shulargina edi.

-Gaplashilmasin!

Buyruqqa hojat ham yo’q edi.

Tepkilar bosildi, o’lim o’qlari otildi.

So’zlashmoq qiyomatga qoldi.

Ularga hech kim aza ochmadi. Janoza ham o’qilmadi. Chunki ularning o’limidan bexabar edilar. Hatto «do’st»lar ham bexabar edilar. Shuncha qilgan xizmatlari evaziga quvonish baxtidan bebahra qoldilar, bechoralar…

Oradan yillar o’tib esa… bildilar. Ammo endi kech edi. Quvonishga asos yo’q. Ular xalq dushmani emas, chin xalqparvar ekanliklari ma’lum bo’ldi. «Do’st»larni birov ayblamadi. O’zlaridan o’tgani o’zlariga-yu, Allohga ma’lum.

Bayt:

Bu gulshan ichraki yo’qtur baqo gulig’a sabot,
Ajab saodat erur, chiqsa yaxshiliq bila ot.
(Hazrat Navoiydan)

2

Ularning jisman mahv etilganlariga ellik olti yil bo’libdi. O’shanda hazrat Abdulla Qodiriy qirq to’rt yoshda ekanlar. «O’tgan kunlar» ro’monining yozilganiga esa yetmish yil bo’ldi. Yozuvchi bilan birga asarga ham kishan urdilar. Asarni ham o’limga mahkum etdilar. Haq yo’lidagi asarni hech qanday hukmdor hech bir zamonda mahv etolgan emas. Abdulla Qodiriy ham, u zotning asarlari ham tirik qolaveradi.

Kamina xizmatkoringizning maqsadi – «O’tgan kunlar» haqida uch-to’rt og’iz so’z aytish edi. Gapni to’g’ridan to’g’ri shundan boshlasam ham bo’lardi. Ammo Abdulla Qodiriy va uning safdoshlari otilgan kunni, onni eslamoq zarur edi. Chunki ularning o’limlari tasodifiy emas, ular oxir-oqibat shu jar yoqasiga kelajaklarini bilganlar va bu holni asarlariga singdirganlar.

«O’tgan kunlar» haqida balki yuzlab maqolalar yozilgandir. Tanqid qilingan, tahlil etilgan, maqtalgan maqolalarning ayrimlari bilan tanishman. Men adabiyotshunos olim emasman. Tahlillarga no’noqman. Men faqat Abdulla Qodiriyning muxlisiman. Shu bois u mo’tabar zotning asarlaridan olgan taassurotlarimnigina bayon qila olaman.

Abdulla Qodiriy adabiyot olamida o’z maktablarini yaratganlar. Men shu maktabning boshlang’ich sinfidaman. Fikrlarim ham shu darajada – ma’zur tutgaysiz.

Biz o’rta maktabda Abdulla Qodiriy hayoti va ijodini o’rganmaganmiz. Universitetda ham axborot tarzidagi ma’ruzalarni tinglaganmiz. O’rta maktabda «Gulnor ( yoki Zaynab, Farhod, Majnun…) – chin muhabbat egasi», degan mavzularda insholar yozganmiz. Farzandlarimiz esa «Otabek (yoki Kumush, Anvar, Ra’no…) – chin muhabbat egasi», degan mavzuda insholar yozdilar. Olimlarimiz nashr etgan ayrim maqolalarda ham shu holni uchratishimiz mumkin. Bu masalada ularga jiddiy e’tiroz bildirmoqchi emasmiz. «O’tgan kunlar» ro’mon tarzida (janrida) yozilgan. «O’tgan kunlar»ning poydevori – Otabek bilan Kumushning muhabbati. Men bu asarni shimoliy ummondagi bahaybat muz tog’iga – aysbergga o’xshataman. Ma’lumki, bu tog’ning faqat cho’qqilari ko’zga tashlanadi, asosiy qismi esa ko’rinmaydi – suv ostida bo’ladi. Har bir ulug’ asarning ulug’vorligini, umrini ana shu ko’zga ko’rinmas qismi ta’min etadi, deb o’ylayman. Abdulla Qodiriy qo’lga qalam olganlarida ikki yoshning olovli muhabbatinigina bayon qilmoqchi bo’lganmikinlar? Agar maqsad shugina bo’lsa asar bu qadar ulug’vorlik kasb eta olarmidiq Axir tariximizda ishqiy qissalar kam edimi? Eslaylik: Abdulla Qodiriy adabiyotga muhabbat kuychisi bo’lib kirib kelmaganlar. Fikrimizning dalili uchun «Juvonboz» deb atalgan hikoyalarini, «Baxtsiz kuyav» deb atalmish pyesalarini yodga olish kifoyadir. Shunga ko’ra aytmoq mumkinki, yozuvchi adabiyot maydoniga xalq g’amida kuyib-yonib kirib kelganlar. Xalqning taqdirini, kelajagini o’ylab qayg’urganlar. «O’tgan kunlar» yozishga ham ana shu millat qayg’usi undagan bo’lsa kerak.

Bayt:

Yuz jafo qilsa manga bir qatla faryod aylamon,
Elga qilsa bir jafo yuz qatla faryod aylaram.

(Hazrat Navoiydan)

«Kumushni o’ldirib qo’ydim», deb yig’lagan ekanlar. Nazarimda yozuvchi Kumush ismli go’zal juvonning o’limidan emas, boshqa narsadan kuyib, yig’laganlar. Bu haqda bir ozdan so’ng batafsilroq mulohaza yuritmoqqa urinib ko’ramiz.

Fikri ojizimcha, «O’tgan kunlar»ning birinchi va oxirgi jumlasi asarning asl mohiyatini belgilaydi:

«1269-inchi hijriya, dalv oyining 17-inchisi, qishqi kunlarning biri, quyosh botqan, tevarakdan shom azoni eshitiladir…»

«…O’zbek oyim qora kiyib, ta’ziya ochdi.»

Shu jumlalarni ko’p o’ylayman. Nima uchun qish kuni? (Bahor yoki yoz emas?) Nima uchun atrofdan shom azoni (bomdod emas!) eshitiladi? Aytmog’ingiz mumkinkim, savdo ahli kunduzi ish bilan mashg’ul, karvonsaroyga shu paytda qaytadi, Otabekning huzuriga keluvchi mehmonlar shuni nazarda tutganlar. Shunday desangiz sizga yana bir savolim bor: ular bomdodda keluvlari ham mumkin edimi? Yoki, Marg’ilon katta shahar emas, Otabekni bironta rastada kunduzi uchratmoqlari ham ehtimoldan holi emasdir.

«…Tevarakdan shom azoni eshitiladir…» Balki buning ramziy ma’nosi bordir. Balki yozuvchi aynan shom azonini ta’kid etganida faqat namozga chaqiriqni emas, boshqa narsani ham nazarda tutgandir? Har holda menga shunday tuyuladi. Shom – qorong’ulik bosib kelishidan bir darak. Dalvda kechalar uzun, yorug’lik kamroq bo’ladi. Shom azoni yurt boshiga yopirilib kelayotgan qorong’ilik, zulmatdan ogoh etuvchi darak emasmikin? Donishmand adib «Hoy mo’minlar, ko’zlaringizni ochingiz, ostonangizda g’anim turibdi. Ittifoq bo’lmas ekansiz, yorug’ kunlaringiz uzun tun kechalariga aylangusidir», demoqchi bo’lmaganmikinlar? Bu azon chaqirig’iga e’tibor berilmadi. Yozuvchi azon chaqirig’ini tilga olgach, uning izidan «namoz o’qildi», demaganlar. Faqat chaqiriqni bayon qilganlar. Hujradagilar esa o’z ishlari bilan mashg’ullar. Bu ham noittifoqlikka bir ishoramikin? Asarda azon chaqirilishi bir necha marotaba zikr etiladi. Ammo biron marta ham namoz tasviri berilmaydi. Ajab hol: azon chaqirilganu hamma dunyo tashvishi bilan band. Adib “qora kunlarning bostirib kirishiga diyonatsizlik sabab”, demoqchi bo’lmaganmilar?

Asarda nima uchun Otabekning onasiga «O’zbek oyim» deb ism qo’yilgan? Axir ayollarda «O’zbek» degan ismni qariyb uchratmaymiz-ku? (Shaxsan men hech eshitmaganman.) Nazarimda yozuvchi shu so’nggi jumla uchun ham «O’zbek oyim», deb qo’yganga o’xshaydilar. …O’zbek oyim qora kiydi… Yurt xavfdan ogoh etuvchi chaqiriqqa e’tibor bermadi, hidoyatdan chekindi va oqibatda qora kiydi, aza ochdi. Qorong’i tunlarga kirib keldi.

Yurtning qora kiyishiga sabab nima? Xudoyorxonning harbiy jihatdan qoloqligimi? Yo’q! Xalq orasida totuvlik yo’qligi asosiy sabab bo’ldi. Yozuvchi tarixni to’g’ri anglab, to’g’ri tahlil qilib, o’z xulosalarini dam ochiq tarzda, dam ramzlar orqali ifoda qilganlar. Asarning dastlabki boblarida o’qiymiz:

«Menimcha o’risning bizdan yuqoridalig’i uning ittifoqida bo’lsa kerak,-dedi Otabek,- ammo bizning kundan kunga orqag’a ketishimizga o’z aro niz’oimiz sabab bo’lmoqda, deb o’ylayman… Oramizda bu qo’rqunch holatni bahaqqi tushanadirg’an yaxshi odamlar yo’q, bil’aks, buzg’uchi va niz’ochi unsurlar tomir yoyib, har zamon sodda xalqni halokat chuqurig’a qarab tortadirlar…»

Diqqat qilaylik: bu gaplarni yigirma to’rt yoshli yigit – Otabek aytyapti. Mazkur satrlar yozilayotganda adib ham taxminan shu yoshda bo’lganlar. (Taxminan, deyishimizga sabab shuki, asar yozish g’oyasi Abdulla Qodiriyda ehtimol shu yoshlarida tug’ilgandir. Har holda ro’mon e’lon qilinganida u zot o’ttiz yoshlarda bo’lganlar. Otabek va Kumushga yosh jihatdan yaqin bo’lganlari uchun ham ularning dardu alamlarini bayon etishda birga yonib, birga kuygandirlar. Shuning uchun ham asarda yolg’on dard yo’qdir?)

Otabek (nima uchun «Ota» «bek», buni ham mulohaza qilmog’imiz lozim.) – yurtning kelajagi. Lekin Otabek yurtning kelajagini yorug’likda ko’rolmaydi.

«…Mozoristonda «hayya ala-falah» xitobini kim ham eshitardi…»

«…O’z Harazi yo’lida istibdod orqali el ustiga hukmron bo’lg’uvchilar yo’qotilmas ekanlar, bizga najot yo’qdir…»

Yurt mozoristonga aylanayozgan, shunday joyda «najotga kelinglar», deb ming baqiring, kim o’rnidan turadi. O’liklar qanday najotga kelishi mumkin? Yozuvchi bunda jisman murdalarni emas, ruhi, milliy g’ururi o’lganlarni nazarda tutmadilarmikin?

Asar yozilayotgan damlarda 1937 yilda boshlangan qirg’inga hali ko’p yillar bor edi. Lekin bo’lajak fojia bo’ronining shabadalari esa boshlaganini yozuvchi sezganlar. Chunki Behbudiy yoki Munavvarqoridek millat uchun qayg’uruvchi ma’rifatparvarlarning qatl etilishlari yaxshilikdan nishona emasdi. Yaqin kelajakda qirg’in bo’lajagini bilibmi, «buzg’uvchi va nizo’chi unsurlar tomir yoyib» borayotganidan xavotirlanadilar. «Buzg’uvchi va nizo’chi unsurlar»ning tomir yoyishi faqat Otabek yashagan davrgagina emas, balki undan keyingi davrlarga ham xosdir.

Yozuvchi asar boshlanishida biz hozir «ijtimoiy muammo» deb aytayotgan muhim masalaga e’tiborni qaratadilar. Qora tunlar qayerdan boshlanishini ko’rsatadilar. So’ng bu muammo go’yo unutilganday tuyulib, ishqiy mojarolarga berilganday bo’ladilar. Ishqiy mojaro hal etilganday tuyulgach esa yana o’sha ijtimoiy muammoga endi Yusufbek hoji ishtirokida qaytadilar. Qipchoq qirg’inini, undan Otabekning qanday larzaga tushganini tahlil etmay turaylik. Asosiy e’tiborni Yusufbek hoji so’zlariga qarataylik. Yozuvchi endi dardlarini Yusufbek hoji tilidan qog’ozga to’kadilar:

«…Burodarlar! O’rus ichimizdan chiqadirg’an fitna-fasodni kutib, darbozamiz tegida qo’r to’kib yotibdir. Shunday mahshar kabi bir kunda biz chin yovga beradirgan kuchimizni o’z qo’limiz bilan o’ldirsak, sen falonsan, deb qirilishsaq, holimiz nima bo’ladir…

…Siz o’z qipchog’ingiz uchun qabr qazigan fursatda, sizga ikkinchilar tobut chopadilar. Biz qipchoqqa qilich ko’targanda, o’rus bizga to’p o’qlaydur…»

Bunda qipchoqqa qabr qazildi, unda esa tobut tayyorlandi. Uzoq yillar chirimaydigan qilib tayyorlandi. Bunda birodarga qarshi qilich ko’tarildi, unda millatga qarshi to’plardan o’q uzildi… Bu endi tarixiy haqiqat. Tarixni nima uchun o’rganamiz, tarixiy voqealarni nima uchun eslaymiz? Boshqa bir xalqqa nisbatan adovat uyg’otish uchun emas, balki vaqtida yo’l qo’yilgan xatolarni anglash uchun, bu xatolarni takrorlamaslik uchun! Dastlabki noahillik bosqin bilan tugadi. Keyingisi o’ttiz yettinchi yil qirg’ini bilan… Yozuvchi va u zotning safdoshlari shu noahillikning qurboni bo’ldilar…

O’zbekning hovlisi qadimda ikkiga bo’lingan edi. Ichkari va tashqari. «O’tgan kunlar» ro’moni ham shunga o’xshaydi. «Tashqari» tomoni bilan ota-bola so’zlari yordamida qisman tanishdik. Endi «ichkari»ga qaraylik-chi? O’zbek oyimning qora kiyishlariga sabab shu ichkaridan chiqar. Ramzlarni, ishoralarni tushunmoqqa urinib ko’raylik.

Avvalo Kumush… Abdulla Qodiriy uni suyib-suyib yozganlar. Kumushni Otabek ko’proq sevar edimi yo Abdulla Qodiriy sevar edilarmi, degan muammoga men hanuz aniq javob topa olmayman. Har holda Abdulla Qodiriyning sevgilari buyukroq bo’lgandir. Yo’qsa, Otabek Kumushni bu qadar o’tli muhabbat bilan seva olmas edi. Yozuvchi Kumushda faqat go’zal malakni ko’rganmilar? Men o’zimcha yozuvchi Kumush timsolida go’zal Vatanni ko’rganlar, deb o’ylayman. Kumushga bo’lgan sevgilari Vatanga bo’lgan sevgilari edi, deb xayol qilaman. Kumushni biz dastlab ko’rganimizda u xasta edi. Ajabki o’shal zamonda yurt ham xasta edi. Otabekning muhabbati Kumushga dalda berdi, shifo berdi. Agar yurt o’g’lonlari Vatanga shunday muhabbatda bo’lganlarida edi, Vatan xastalikdan bosh ko’tararmidi…

«…qo’l uzatib suvdan oldi va yuzini yuvdi. Uning yuzini o’pib tushkan suv tomchilari bilan ariq harakatga kelib chayqaldi, go’yoki suv ichida bir fitna yuz bergan edi… Ikkinchi, uchinchi qaytalab yuz yuvishida bu fitna tag’i ham kuchaydi…»

Kumushning yuz yuvishi bayonida ham yashirin ma’no bormikin? Balki yozuvchi go’zal Vatan atrofidagi fitnalarni aytmoqchi bo’lgandirlar? Bu fitna faqat Kumush zamonasiga xos emas, undan keyin ham davom etdi. Vatanga egalik qilish uchun bir necha mamlakat urindi. Yozuvchi shularni nazarda tutmadilarmi ekan?

Agar Kumush timsolida Vatanni nazarda tutgan bo’lsalar, u holda Kumushning o’limidan iztirobga tushganlari, yig’laganlarining sababi oydin bo’lar? Yozuvchi bir go’zal malakning o’limidan emas, Vatan kelajagining zaxarlanganidan qayg’uga berilmadilarmi ekan? Kumush o’ldi. Ammo uning o’g’li tirik. Demak, Vatan kelajagiga umid bor. Yozuvchining so’nggi so’zidan ma’lumki, Yodgorbekning bir o’g’li sho’rolar tomonida, ikkinchisi o’sha damda «bosmachi» deyilganlar tomonida ekan. Bunda ham ramz bordek ko’rinadi. O’sha yillari yurt o’g’lonlari ham ikkiga bo’lingan. Bir qismi bolsheviklar gapiga ishonib, ular tomonga o’tishgan. Boshqa bir qismi esa qarshi bo’lgan. Zamon akani ukaga g’anim qilib qo’ygan. Yozuvchi shularni o’ylab yig’lamadilarmi ekan?

Kumushning o’limi… Zaxarlanish… Bu turmushda uchraydigan oddiy kundosh rashki oqibatimi? Yurtni boshqaruvchi xon ahli fuqaroni birdek ko’rmadi. Qipchoq qirg’iniga fatvo berdi. Yusufbek hojining yig’lab aytgan so’zlarini yana eslaylik. Otabek har ikki xotiniga bir hil munosabatda bo’lmay, rashk o’tining alanga olishiga sharoit yaratib bermadimi? Xon fuqarosini urug’ga, qabilaga ajratmay, ittifoqqa da’vat etsa, hatto kuch ishlatsa-da, totuvlikni barqaror saqlasa yurt xarob bo’larmidi? Otabek Zaynabdan mehrini darig’ tutmasa, u Kumushga zaxar berarmidi edi?

3

Asarga «o’zbeklar turmushidan tarixiy ro’mon» deb izoh berilgan. «Sevishgan qalblar haqida» yoki «Muhabbat fojealari»… emas, aynan «o’zbeklar turmushidan», aynan shom azoni chaqirilgan damdagi turmushidan. Shuning o’ziyoq bizni aysbergning quyi qismini o’rganishga da’vat etadi. Bu vazifani ta’bir joiz bo’lsa, bir hamlada uddalash mumkin emasdir. Ya’ni bir maqola yozish bilan uddalab bo’lmaydi.

Hamonki, siz muhtaram o’quvchining diqqatini jalb etishga kirishgan ekanman, yana ayrim qirralarini aytib o’tishim zarur.

Ro’monda ortiqcha tasvir, bayon yo’q. Men har gal uni qo’lga olganimda shuni o’ylayman. Asardan tushirib qoldirish mumkin bo’lgan joyni qidiraman. Yozuvchi yosh, buning ustiga birinchi yirik asari, hayajonga berilibmi yo tajribasizlik qilibmi keraksiz sahifalarni yozgandir deb o’ylayman. Bir safar usta Alimning hikoyasi g’oyat cho’zilgandek tuyuldi. So’ng shu hikoya olib tashlansa nima bo’lardi, deb o’yladim. Keyin fikrlab ko’rsam, yozuvchi buni shunchaki hikoya sifatida ishlatmagan ekanlar. Saodatning o’limi faqatgina usta Alimning qayg’usini berish uchun olinmagan. Saodat oy-kuni yaqinlashganida qiynalib o’ldi. Ana endi Kumushning oy-kuni yaqinlagan damlarini va Otabekning havotirlarini eslaylik. Yoki Homidning Sayfiga (Saodatning ukasiga) yomon nazar, buzuq niyat bilan qarashi oqibatida usta Alimning yangi do’kon qurishi, shu bahonada Farfining kelishi bayon etilgan sahifalarni varaqlaylik. Tugunning yechimi shu sahifalarda boshlanmaydimi? Demak, usta Alimning hikoyasi asarning ikki muhim nuqtasida ish beradi.

Abdulla Qodiriy asarlarida har bir jumlaning o’z xizmati bor. Asarning «Inqilob» bobidagi bir jumlaga e’tiboringizni tortay: Azizbek xalqqa uzr aytganda, uzri qabul bo’lmaydi. Unga qarshi aytilgan gaplar orasida shunday jumla bor: «Xanjaringni xayf ko’rib mahallalarga chayon solig’i solgan, og’alarimizni chayon zahari bilan o’ldirgan kim edi?» Men necha marta o’qisam, shuncha marta bu jumlaga yetarli e’tibor bermabman. Ammo birodarimiz Rustam Tojiboyev bu jumlaga e’tiborni qaratib, kichik ilmiy tadqiqotni amalga oshiribdilar. Tarixiy asarlarni o’rganib, Toshkent hokimi Azizbekning chindan ham mahbuslar ustiga chayon tashlab qiynab o’ldirgani, aholiga chayon solig’i solgani, odamlar paxsa devorlarni buzib chayon qidirishga majbur bo’lganlarini aniqlabdilar. Qarang, birgina jumla faqat Azizbekning yaramas qiliqlarini bayon eta qolmay, balki tarixiy bir haqiqatni ham o’ziga singdirgan.

Yoki… asar boshlaridayoq Homidning shakli-shamoyili, fe’l-atvorining tasviriga alohida e’tibor beriladi. Homid – o’ttiz besh yoshlardagi ko’rimsiz odam. «…uning shuhrati nima uchundir boyligi bilan bo’lmay «Homid xotinboz» deb shuhratlangan». Holbuki uning ikkita xotini bor. U zamonlarda ko’pxotinlik ayb emas, sunnat sanalgan. Nima uchun Homidga «xotinboz» laqabi tirkaldi, Mirzakarim qutidorning qizi haqida gap ketsa nima uchun «Homidning chehrasi buzildi… bir turli vaziyatda jiyaniga qaradi… Yuzidagi boyagi holat yana ham kuchlanib…» toqatsizlandi? Bu holatlar bayoni bekorga tilga olinmagani keyinroq borib ma’lum bo’ladi. «Bu kungacha ikki xotin o’rtasida turib janjalga to’ymagan» Homidning xotinni uchta qilish o’yi borligi ham bekorga aytilmagan. Chunki uchinchi xotin uning o’yicha – Kumush bo’lishi kerak edi. Homid maqsadiga erishmoq uchun hech narsadan qaytmaydi. Homid o’ttiz yettinchi yildagi «xolis xizmat qiluvchi» «do’st»larni eslatmaydimi? Asarda Homid yengilgan edi, hayotda esa…

4

Asar nimalari bilan diqqatga loyiq? Eng avvalo lutfi bilan, qahramonlarining odobi bilan, shunday emasmi? Bir jumlaga e’tiborni qarataylik: Rahmat Otabekka qarab: «vaqtsiz kelib sizni tinchsizladik», deganida Otabek: «…tinchsizlamadinglar, bilaks, quvontirdingizlar… shahringizga birinchi marta kelishim bo’lgani uchun tanishsizlik, yolg’izlik meni zeriktirgan edi», deb javob qiladi. Shu o’rinda «birinchi marta kelishim», degan so’zlarga diqqat qilaylik. Otabek bu yerda shunchaki emas, birinchi marta kelgani uchun zerikdi. Agar shunchaki zerikdim, desa mezbonlarga malol kelar, balki ularga malomat, gina bo’lardi. «Shahringiz zerikarli ekan», degan ma’no ham chiqardi. Otabek bu yerda ham lutf qildi, ham uning Marg’ilonga birinchi kelishi o’quvchiga ma’lum bo’ldi. Yoki Otabek Hasanaliga ish buyurishdan avval «tuzukmisiz ota?» deb ahvol so’raydi.

«- Ba’zi ishlarni buyursam…

-Buyuringiz, o’g’lim.

-Rahmat ota, bo’lmasa bizga choy qaynatib bersangiz-chi.

-Xo’b, begim…»

Shu qisqa savol-javobda odobning oliy cho’qqisi ko’ringan. Otabek Hasanaliga «ota», deb murojaat qilganida u «o’g’lim», deb javob berdi. Otabek ish buyurganida esa «begim», dedi. Bu yerda faqat Otabekning lutfi emas, Hasanalining odobi, ziyrakligi, fahmi ham aks etgan. Yoki, «bu kishi kimingiz bo’ladi?» degan savolga Otabek darrov javob bermaydi. «Hasanalini hujradan uzoqlatib, so’ngra javob berdi: – qulimiz».

Otabek bu o’rinda to’g’ridan to’g’ri shunday deganida Xasanali ranjimas edi. Chunki u qulligini unutgan emas. «Xo’b, begim», deyishining o’ziyoq bunga dalil. Otabek islomiy odob egasi bo’lgani uchun ham Hasanalini hujradan uzoqlatib aytdi bu gapni.

So’z islom va iymon haqida borar ekan, aytmoq joizki, asarda iymonlilar (Otabek, Yusufbek hoji…) va iymonsizlar (Homid, uning sheriklari, Azizbek) kurashi mavjud. Yozuvchi falonchi iymonli, falonchining iymoni sust, degan so’zni ishlatmaydi. Buni qahramonlarning so’zlari, harakatlari ayon etib turadi. Hayotda chin musulmon bo’lish, mustahkam iymon egasi bo’lish juda og’ir. Namoz o’qigani bilan darrov iymonli bo’la qolmaydi odam. Homidlar, azizbeklar ham o’zlarini musulmon sanashgan, namozlarini o’qishgan, ammo iymondan uzoq bo’lishgan. Balki o’ttiz yettinchi yilda do’stlarining qo’llariga kishan urib berganlar ham o’zlarini musulmon sanashgandir. Balki keyinroq gunohlarini anglab, tavbalar qilishgandir… Balki…

Bayt: Chand boshi zi maosiy mazakash,

Tavba ham bemaza nest bi chash.

(Ma’nosi: Qachongacha gunoh ishlardan zavq olasan, tavba ham bemaza emas, undan ham totib ko’r. «Boburnoma»dan)

5

Va nihoyat, qatag’onning umri tugadi. Yozuvchining nomi oqlandi, asarlari hibsdan ozod bo’ldi. Qariyb yigirma yil Abdulla Qodiriyning asarlarini qo’lga olish man etildi. Bu asarlarni o’qiganlar jazoga tortildi. Gunohdan qo’rqmaganlar kitoblarni yoqib yuborib, jon saqlashdi. Ko’pchilik esa kitoblarni sandiqqa solib, yerga ko’mdi. Qo’shsinch devor orasiga olib suvab tashladi – yoqib tashlashga ko’ngli bo’lmadi. Ayrimlar esa hech narsadan qo’rqishmadi. Saqlanib qolgan kitoblar qo’lma-qo’l bo’lib o’qilaverdi.

Haqiqat ro’yobga chiqa boshlagach, Abdulla Qodiriy ijodiga munosabat ham o’zgardi. Izzat Sulton birinchilardan bo’lib yozuvchi ijodi haqida maqola yozdilar. Va… tanqidga uchradilar. Abdulla Qodiriy ijodiga haddan tashqari yuqori baho berishda ayblandilar. «O’tgan kunlar» Sarvar Azimov tahriri ostida kitob holida nashr etildi. Nashrga juz’iy o’zgartirishlar kiritildi. Ayrim jumlalar qisqartirildi. Hozir, oradan qirq yil o’tib, bemalol erkin fikrlashimiz, kimnidir, nimanidir ayblashimiz oson. Shuni unutmaylikki, elliginchi yillarning o’rtalarida bir dohiy o’lgani bilan tuzum yashamoqda, tuzum yangi dohiyni minbarga ko’tarmoqda edi. «Sotsialistik realizm», «milliy masala», «kommunizm»… degan tushunchalar avvalgi dohiy davrida qanday bo’lsa, keyin ham o’sha holda kun tartibida turar edi. Ya’ni tuzum imorati saqlangan, faqat u yer bu yerdagi ko’chgan suvoq o’rinlari qayta suvalayotgan edi. Bu – birinchidan. Ikkinchidan, Abdulla Qodiriy va uning do’stlari qo’llariga kishan urib berganlar hayot edilar. Ular ayblarini bo’yinlariga olib, osonlikcha chekina olmasdilar. Shunga ko’ra asarni asl holicha chiqarish imkoni u davrda yo’q edi. Bir necha jumla olib tashlanmasa, asar butunlay chiqmasdan qolishi mumkin edi.

Har narsaning vaqti, soati bo’lganidek, «O’tgan kunlar» ham vaqti kelib,asl holicha, yozuvchi hayot ekanliklaridagi nashrga asoslangan holda kitob qilindi. Bu ishni yozuvchining nabiralari, Habibullo Qodiriyning o’g’illari Xondamir Qodiriy amalga oshirdi.

Alqissa…

«O’tgan kunlar» yetmish yil umr ko’rdi. Yetmish yil azobli, uqubatli umr kechirdi. Yetmish yil bu asar uchun sinovli yillar bo’ldi. Asar sinovdan o’tdi. Abadiyat martabasini oldi…

Ma’zur tuting, so’zim bir oz cho’zildi. Men ilmiy maqola yozishga da’vogar emasman. Asarni o’qiganda ko’nglimdan kechgan fikrlarni bayon qildim. Abdulla Qodiriy ijodini o’rganish bo’yicha olimlarimiz ancha ish qilishgan. Qilingan barcha ishlarni «debocha» desam ranjimaslar. Xorijda suyukli yozuvchilari ijodini o’rganuvchi maxsus institutlar bor. Bu institutlar har yili yozuvchi ijodiga bag’ishlangan kitoblar, jurnallar chiqarishadi. Pushkin vafotidan keyin uning ijodini o’rganish bilan shug’ullangan olimlar soni sanalsa shoir yaratgan she’riy satrlar sanog’idan ham ko’p bo’lsa ehtimol. Shoir ijodiga bag’ishlangan kitoblar taxlab chiqilsa, Kremldan ham balandroq bo’lar… Shularni mulohaza qilib ham ishlarni «debocha» dedim.

Xudoga shukr, Abdulla Qodiriy muzeyi barpo etildi. Endi ilmiy kuchlar shu muzey atrofida to’plansa, kelajakda «Qodiriyshunoslik instituti» ham vujudga kelar. Yaxshi niyat – yarim mol. Yaxshi niyat qilaveraylik.

1994 yil.

Izoh: Mazkur maqola «XX asr o’zbek romani» turkumida «Sharq» nashriyot-matbaa konsernining Bosh tahririyati chop etgan «O’tkan kunlar» kitobiga so’ngso’z sifatida yozilgan edi. Maqola so’ngida yaxshi niyat qilib edik. Bu niyat umrini yana uzaytiramiz shekilli. Chunki aytganimiz «Abdulla Qodiriy muzeyi» tashkil etildi-yu, bir necha oyga bormay, hatto qaddini ko’tarishga ulgurmay yo’q bo’ldi. Adabiyot muhiblari bu achchiq haqiqatni bilib qo’yishlarini lozim deb topib, mazkur izohni bayon qildik. (2006 yil.)

045

(Tashriflar: umumiy 1 452, bugungi 1)

Izoh qoldiring