To’ra Sulaymon. She’rlar va suhbat & «Sayhon» to’plami

Ashampoo_Snap_2017.10.14_15h28m27s_004_.png15 феврал — Атоқли ва ардоқли шоир Тўра Сулаймон туғилган куннинг 90 йиллиги

Бу оламда Ой танҳо, муборак Қуёш танҳо.
Бўй қизларнинг ичинда шу бир эгма қош танҳо.
Унингдек ҳеч ким менга бўлмаса сирдош танҳо
Гўрўғли султон бир ён, Тўра Сулаймон бир ён.

«ГЎРЎҒЛИ СУЛТОН БИР ЁН…»
Тўра Сулаймон ижоди ҳақида суҳбат
045

01 (1.jpgХалқимизнинг ардоқли шоири Тўра Сулаймон (1934-2005) асли Жиззахнинг Бахмал тумани, Ёйилма қишлоғидан бўлади. Ўзининг айтишича,1936 йилда Мирзачўлга кўчирма қилингач, сирдарёлик бўлиб олган. «Менинг қайси йили туғилганим аниқмас, — деб ёзади у ўз таржимаи ҳолида. — Энамнинг айтишларига қараганда, ўзимнинг қачон мактабга бориб, қачон рўзғор ишлари билан катталардай жиддий шуғуллана бошлаганимни эсласам, туғилган йилим ўттиз иккинчига тўғри келади.Бундай дейишимнинг сабаби қулоқ қилинганимизда энамнинг қўлида бўлган эканман».

Тўра Сулаймон ўрта мактабни 1952 йилда тугатгач, мактабларда ўқитувчилик қилган. У 1958-1964 йилларда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини сиртдан ўқиб битирган. Аввал «Гулистон» номли туман, сўнг «Сирдарё ҳақиқати» номли вилоят газеталарида масъул котиб бўлиб ишлаган. 1972-1977 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоятининг масъул котиби, 1986 йилдан умрининг охиригача эса адабий маслаҳатчи бўлиб хизмат қилиб келди.

Бўлғуси шоирда адабиётга, ижодга ҳавас анча эрта уйғонган. Бунда халқ ижоди, халқ китобларини яхши билган зукко ота-онасининг хизмати катта бўлган. «Айниқса, — деб эслайди шоир, — отамдан эшитган эртакларим орасида «Болдирбой» деган эртак мени мафтун қилар эди».

Тўра Сулаймон шоир сифатида матбуотда 1958 йилдан кўрина бошлади. 1962 йилда эса унинг «Истар кўнгил» шеърий тўплами чоп этилади.Шундан кейин унинг йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлари нашр этилган. Булар орасида «Қорасоч» достони (1964), «Ҳамқишлоқларим» (1968), «Жаҳонгашта» (1970) достони, «Менинг қора кўзгинам» (1972), «Мен қайта борар бўлсам» (1976), «Алҳазар» (1979), «Интизор» (1980), «Сизни эслайман» (1982) ва «Истар кўнгил» (1982) сайланма тўпламлари китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинган.Мазкур китоблари орасида унинг «Алҳазар» номли ҳажвий шеърлар тўплами 1979 йилда «Муштум» журнали совринига сазовор бўлган. У ҳаётининг сўнгги кунларида «Ал-қасосу мин Ал-ҳақ» номли эпопеяси устида ишлади. Унга Ўзбекистон халқ шоири унвони берилган.

999

Набижон БОҚИЙ: – Иброҳим ака, ўткинчи дунёнинг ишлари тўғрисида «давра суҳбати» қизғин тус олган чоғларда негадир гап айланиб Тўра Сулаймонга тақалиб қолади. Эркин акам мақтайди, Сиз таърифлайсиз. Келинг, суҳбатимизни бевосита Тўра Сулаймондан бошлайлик.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ: – Мен бир қадар «қадимчи»ман – қонида мумтоз туйғулар сақланган, кўнгли ўтмиш аждодларимизга хос хислат ва фазилатлардан ёришган ижодкорларни яхши кўраман. Чунки улар, энг аввало, худпарастлик ва риёкорликдан уялишади. Айниқса, сохталик ва сохтакорликдан ҳазар этишади…

Тўра Сулаймоннинг ҳаётга қарашидаги ростлик, табиийлик доимо менга ёққан. Шеърларидаги соддалик жозибаси юпанчли. Баъзан тасвирда сакталик шундоқ кўзга ташланиб турса-да, ясамалик, сунъийлик йўқ… Набижон, мен Тўра Сулаймон билан сиз қадар яқин бўлмаганман. Эҳтимол, у кишининг шахсини ҳам сизчалик яқиндан билмасман. Лекин шеърлари, китоблари орқали мен Тўра аканинг шахси, табиати, инсоний фазилатлари хусусида етарли даражада тасаввур ҳосил қилганман. Румий бобомиз: «Қандай бўлсанг, шундай кўрин, қандай кўринсанг шундоқ бўл!», деган ҳикматли бир фикрни айтганлар. Назаримда, Тўра Сулаймон худди шу «қоида»га амал қила олган, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам имкон қадар шу талабдан чекинмай яшаб келаётган бахшитабиат бир шоирдир. Унинг бахшилиги – ҳақиқат ва яхшилик ахтаришда; ҳақиқат, адолат излаш тўхтаса, сўзнинг, шеърнинг ҳеч нимага арзимаслигини бехато англашида. Аллоҳ унга оддий одамлар ишқи, дарди, орзую армонлари билан тўлган бир юрак ато этган. Унинг Миртемирдай беназир бир шоирнинг этагини тутиб, ўзини ўтга-чўққа уравермаслигини ҳам тасодиф демаслик керак. Буларнинг бари холислик, содиқлик, донишмандлик белгилари. Тўра Сулаймоннинг шеъриятда ўрин ва мавқе талашганини, адабий танқид ижодига бундоқ қайрилиб қарамаса ҳам, унинг оғринганини ҳеч ким кўрмаган ва сезмаган. Ҳозирги давр учун бу ҳол ноёбдир.

Н.Б.: – Илгари «қишлоқ прозаси» деган гаплар бўларди. Агар «қишлоқ поэзияси» хақида гап кетса, Тўра Сулаймонни «яловбардор» этиб қўйиш мумкинми ?

И.Ҳ.: – Мен Тўра акани камтарлик, хокисорлик ва самимиятда сира «рол» бажармайдиган одам деб биламан. Шеъриятдаги энг яхши хусусият ва фазилатларнинг тамал тоши ҳам эҳтимол мана шундадир. Одатда «режа ва мажбурият» бўйича шеър ёзадиганлар «яловбардорлик»ка интилишади. Тўра Сулаймон эса кайфият кутиб, кўнгилга таслим бўлиб, ғам-ғуссани шаробдай симириб юрадиган бир шоир. Тўғри, у қишлоқ ва қишлоқ одамларининг аҳволи ҳақида ёзади. Аммо «мана бу руҳий ҳолат қишлоққа», «мана бу юрак изтироби шаҳарга тегишли», деб ўйламайди-ку!

Сувлар ҳам тинди сунбула келиб,
Тиниб-тиниқмади бу кўнглим, ҳайҳот.
На баҳор, на ёздан, на тўкин куздан
Ҳечам қониқмади бу кўнглим, ҳайҳот.

«Қисмат» деб аталган шеърдан келтирилган ушбу парчани ўқиганда қишлоқ суврати ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Ҳол ва ҳолат жой танламайди, манзил суриштирмайди. Мавзуларга кўра иш юритиш, ҳаммага маълум гаплардан шеър тўқиш – шеъриятнинг вазифаси эмас. Шу ўринда яна бир гапни айтай. Маълумки, шоирлик, ёзувчилик ҳунари ёзишни ўрганишдан бошланади. Ёзиш аста-секин кўникмага айланади. Ёш бир жойга етиб боргач эса ёзиш энди узоқ давом этган касалликка ўхшаб қолади. Ана шундай бир пайтлар туппа-тузук асарлар яратиб эътибор топган ижодкорлар ҳам ёзмаса туролмайдиган аҳволга тушишади. Бу «босқич»га омон-эсон кўтарилиб олган адиб ёки шоир, асари одамларга керакми-йўқми, бадиий савияси баландми-пастми – булар билан қизиқиб ҳам ўтирмайди, фақат ёзади, холос. Шунинг учун бадиий ижодда ёзишни ўрганишмас, балки уни тўхтатиш қийин, десак хато бўлмайди. Бу ҳаққа Р.Тагорнинг «Сўнгги достон»ида мана бундай фикр билдирилган: «Ижодкор қўл остида яхши нарсалар нечоғлик оз бўлса, шунчалик яхши, чунки улар бисёр бўлса, қадри тушиб, ўртамиёна бўлиб қолади… Узоқ ижод қилувчи шоирларнинг асарлари ҳар қандай фазилатдан маҳрум бўлади. Бундай шоирлар ўтмишига ўғрилик қилиб, ўғрилик молини қабул қилувчилар даражасига тушиб қолишади…» Шоир ўтмишига хиёнат этмаслиги учун ичдан ўзгариб, тинимсиз равишда руҳан илгарилаши, янгиланиб бормоғи лозим. Тўра Сулаймон ижоди мана шу томондан ҳам эътиборга молик. Ўтган йили «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида босилган унинг «Сайҳон» китобидаги ботиний кўтарилиш эса қувонарли.

Н.Б.: – Эркак киши йиғлашдан уялиши керакми? Менимча, Тўра акам «Тополмасман» шеърини йиғлаб ёзган:

Излай-излай ҳориб бўлдим, сенсиз ёлғиз ғариб бўлдим,
Энди босган изларингни тўрт томондан тополмасман…

И.Ҳ.: – Қалби бор, дарди ва армони бор эркак йиғлаши мумкин. Нега йиғламаслик керак? Қолаверса, бу дунё ҳақиқий шоирни қачон йиғлатмаган ва қачон ингратмаган?! Акс ҳолда, Алишер Навоий ҳазратлари:

Демангиз, аҳбобким, қилмасмусен бас йиғламоқ,
Ким, манга Тенгри насиб этмиш туганмас йиғламоқ,

деб ёзмасдилар. Бундан ташқари, юракка ларза соладиган шеър кўпинча улкан йўқотиш, ажралиш ва жудоликлардан туғилади. Ана шунда шоирнинг ички оламида кутилмаган бир эврилиш содир бўлади – Сўз, оҳанг, ҳаттоки, кўзёш ҳам ўз-ўзидан қуйилиб келади. Шеър – дил ва тақдир изҳорига айланади ва бундай шеърларда шоирнинг характери, қиёфаси, таржимаи ҳоли ёрқинроқ, таъсирчанроқ бўёқларда зуҳурланади… Ўз шеърхонини топиш, йиллар давомида уларнинг ишончини оқлаш учун ўзига хос шоир – нафаси, нигоҳи, кайфият ва ҳолатлари бошқага ўхшамайдиган, шахсий фазилатлари билан ўзга қаламкашлардан ажралиб турадиган салоҳият бўлмоғи керак. Шулар бор Тўра акада. Унинг кўнгли гоҳ дарвешвашликни хушласа, гоҳида бахшиёна дардчил оҳангларга йўл очади.

Н.Б.: – Иброҳим ака, Сизнинг назарингизда Тўра Сулаймон қадрини топганми?

И.Ҳ.: – Муҳаммад Фузулий: «Жоҳилнинг ноз-неъматга қўмилиб яшаши ва олимнинг фақиру ҳақирликда кун ўтказиши ғазабдан ҳам, меҳрибонликдан ҳам эмас, балки Оллоҳ ҳикматининг сирлари туфайлидир», дейди. Менимча, Тўра ака шу сирларни жуда яхши фаҳмлайди. Тама ҳирслари тийилган қаламкашда ҳавас қилса арзигулик бир кенглик ва табиийлик бўлади. Унинг учун энг дахлсиз қадр ва эъзоз – қаноат, ўз меҳнатининг завқи, фикрий ҳамда руҳий турғунлик ботқоғига тушиб қолмасликдир.

Гўрўғли Султон бир ён,
Тўра Сулаймон бир ён,

деган байтни эсланг. Бундай шоҳона кайфиятга етишган шоир андак-мундоқ илтифотларни назарга ҳам илмайди. Тўра Сулаймон – Сирдарёнинг истеъдодли ва эркин ўғлони, Ўзбекистон халқ шоири. Қалби қуриб, виждони бужмайиб қолгани йўқ. Энг муҳими – мана шу…

Н.Б.: – Сўнгги пайтларда баъзи ижодкорлар: «Адабиёт бўлмаса ҳам ҳаёт давом этаверади. Шеърсиз ҳам яхши яшаш мумкин», дея бемалол гапирадиган, бошқаларни ҳам шунга ишонтиришга уринадиган бўлишди. Сиз нима дейсиз ?

И.Ҳ.: – Буюк Чўлпон ёки Фитрат домладан ошириб нима ҳам дердим?! Адабиётсиз яшашни кўзлаш – миллат қисмати, маърифат, маънавият, руҳоният борасидаги фикрларнинг бари омонат ва кераксиз деганидир. Адабиётга хиёнат қилган, шахсий манфаатлари учун шеъриятни сотган, ижодий имконият ва қувватини бой бериб бўлган «аллома»гина шеърсиз яшашга кимларнидир ишонтирмоғи ёки шунга даъват этмоғи мумкин. Ҳолбуки, Адабиётга ишонч жуда мустаҳкам, диний-илоҳий ишонч қадар безаволдир. Агар шундай бўлмаганда эди, биз сиз билан бир камтарин, камсуқум шоирнинг ижоди ҳақида сўзлашиб ўтирмасдик. Ва Тўра Сулаймоннинг адабиётдан ажралган, шеъриятдан айро ҳаётни шунчаки тасаввур ҳам этолмаслигига қатъиян инонмасдик.

Манба:http://oriftolib.uz/

ТЎРА СУЛАЙМОН
ШЕЪРЛАР

045

ГУЛ БИР ЁН, ЧАМАН БИР ЁН

Чаман ичннда бир гул, гул бир ён, чаман бир ён.
Сарви, санобармидир? — соч бир ён, суман бир ён.999
Саҳар, субҳи содиқда мушк бир ён, мужгон бир ён.
Тун пардасин тортса гар, он бир ён, осмон бир ён.

Ўсган боғига олқов, ўстирган боғбонига,
Хавфу хатардан сақлай келган соябонига.
Андалиб қўнар, зоғлар қўнолмас бўстонига.
Мақтовига мен бир ён, борлиқ сухандон бир ён.

Ҳаким зоти бор ерда дард бир ён, дармон бир ён.
Ёринг жафокаш бўлса уй бир ён, зиндон бир ён.
Икки жон бир бўлмаса шам бир ён, шамдон бир ён.
Айри бўлса йўллари—туғ бир ён, шамдон бир ён.

Қўриқчиси бўлардим боғимда унар бўлса,
Кузим келмай баҳорим қайта бошланар бўлса,
Солномачиси бўлай магар у Қамар бўлса,
Қасам ичиб айтаман: намак бир ён, нон бир ён.

Қумри, саъва ошиён айлар бир гулафшон бу.
Бир кокили Сир бўлса, у бири Зарафшон бу.
Илоҳий санамлардан бир зурёд, бир нишон бу.
Керак бўлса магар жон, жон бир ён, жаҳон бир ё

Бу оламда Ой танҳо, муборак Қуёш танҳо.
Бўй қизларнинг ичинда шу бир эгма қош танҳо.
Унингдек ҳеч ким менга бўлмаса сирдош танҳо
Гўрўғли султон бир ён, Тўра Сулаймон бир ён.

ИЛТИЖО

Баҳор келса бошланур боғда булбул хониши
Саъва қумри нағмаси, суралай товланиши,
Қирларда лола сайли, қишлоқларда йил боши:
Тўхтагай табиатдан Ҳаққушлар зорланиши
Баҳор, кетма менинг боғимдан.

Қилмиши қинғир зотга давр қайда, даврон қайда?
Ватангадо кимсага беминнат макон қайда?
Ёлғиз отга оламда ном қанда, нишон қайда?
Баҳор, сенсиз саҳрою тоғу тошга жон қанда?
Кетма, Баҳор, менинг боғимдан.

Ўлмасликка ишора — ўланга ошиқлигим.
Саодатга ишора — замонга ошиқлигим
Теранликка ишора — уммонга ошиқлигим.
Гўзалликка ишора — бўстонга ошиқлигим.
Баҳор кетма менинг боғимдан.

Букун қай бир ерда қиш, қайда хазонрезгилик,
Қайларда ёз, қайда куз, қайда жондан безгилик,
Кўкламнинг ҳар нафаси умрга арзигулик,
Боғсиз, боғбонсиз ерда не ҳам қилсин эзгулик…
Кетма, Баҳор, менинг боғимдан.

Гиёҳ билан қопланмиш кўҳна қабр бошлари,
Майсадаги шудринглар—кимларнинг кўз ёшлари?
Бу ерда ётар отам ҳам узангидошлари,
Ҳар баҳор эслар уни қавми-қариндошлари,
Баҳор, кетма менинг боғимдан.

Ёз бўйи қорга зорман, қишда баҳорга зорман,
Чаманда гул бўйига интиқман, интизорман,
Куз келман хазон бўлган севги, гулдан безорман.
Баҳорсиз ҳам диёрсиз эл ичра беназарман,
Баҳор, кетма менинг боғимдан.

АРМОН

Бобомнинг орзулари
амалга ошмас бўлса,
Юрган йўлимда ўлан,
қўшиқ қалашмас бўлса,
Қўшиқларим боғлардан,
тоғлардан ошмас бўлса,
Эл-юрт бахтини куйлаш
менга ярашмас бўлса,
Кўнглимда армон ётар
чўкиб ётган нор мисол.

Хешларимнинг бемаврид
кўзларида ёш кўрсам,
Бир мард билан нопокнинг
тақдирин туташ кўрсам
Қайси бир бегуноҳни
кенг йўлда адаш кўрсам,
Бир бетайин кимсанинг
оёғида бош кўрсам…
Кўнглимда армон ётар
терскайдаги қор мисол.

Аро йўлда қолгудай
бўлса бирор йўлдошим,
Манзилга етмай туриб
қоқилса қайғудошим,
Муҳтож бўлса кимгадир
жон аямас қурдошим,
Бадкор деган ном олса.

УМР ЎТМОҚДАДИР ДАРЁ МИСОЛИ

Эсиз, болаликни қолдириб ортда,
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.
Қолдириб-қолдирмай из бу ҳаётда,
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.

Оппоқ тонгни улаб тийраи шомга,
Бирда шак келтириб сирли оламга,
Гоҳо таъзим қилиб бадкор, бадномга,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Қай кезлар ушалмай орзу-армонлар,
Бирда ғолиб келиб тулкисимонлар,
Бирда бой берилиб бебаҳо онлар,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Денгиздай мавж уриб, қирғоқдан тошиб,
Юрар йўлимиздан бирда адашиб;
Ким биландир зимдан мансаб талашиб
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Яратиб не сирлар, не мўъжизалар,
Қутлуғ кун кетидан кун ўтказилар.
Беҳуда ўтган дам—кўнгил эзилар…
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Ҳар тонгда тўрғайдан олдин уйғониб,
Чаманлар яратиш ишқида ёниб,
Бирда-чи: эътиқод, имондин тониб
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Эрта билан боғлиқ—не дамларимиз,
Билиб-билмай босган қадамларимиз,
Хайрли иш, алам, қарамларимиз
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.

Кексалик мўралаб эшик қоқмоқда,
Болалик қайтадан қайтарилмоқда…
Биздан эрта кунга нелар қолмоқда?
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Ўлмас созни ўйлаб дегинг келмайди,
Ўчмас издан сўйлаб дегинг келмайди,
Мангуликка бўйлаб дегинг келмайди
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли…

ЎХШАР

Куйга-куй уланур базм оқшоми,
Еру кўк хазонсиз фаслга ўхшар.
Базм оқшоми, бу—назм оқшоми,
Тўйхона баҳорий сайлга ўхшар.

Меҳнат, муҳаббатспз ксчган умрнинг,
Ёмғирсиз булутдай кўчган умрнинг,
Шам мисол бир ёниб ўчган умриинг
Мазмуни эскирган нақлга ўхшар.

Ҳаққушга хатарсиз ошён муносиб,
Кўклам қушларига чаман муносиб.
Йигит-қизга аҳду паймон муносиб,
Бусиз кўнгил вилу замбилга ўхшар.

Куёвга вафоли қаллиқ ярашмиш,
Тиллари шакар ҳам болли ярашмиш.
На бахтки, юзлари холлик ярашмиш
Келин гулга, куёв булбулга ўхшар.

Келин қайнонага эш бўлиб юрса,
Бўй қизлар ичинда пеш бўлиб юрса,
Таъби равшан вақти хуш бўлиб юрса,
Юрган ери райҳон, жамбилга ўхшар.

Келинчак бор уйнинг кўрки бўлакча,
Келиннинг куёвга эрки бўлакча.
Бошида укпари, бўрки бўлакча,
Сочлари саҳройи сумбулга ўхшар.

Манзил, муроди бир, аҳди бир бўлмиш,
Орзу-ўйлари бир, бахти бир бўлмиш,
Тақдир, талпиниши, тахти бир бўлмиш
Икки ёшнинг йўли бир хилга ўхшар.

Осмонидан ўлан аримас бу эл,
Юзга кирмай эли қаримас бу эл,
Теграсига қазо даримас бу эл
Олтин дарвозали Чамбилга ўхшар.

ТЕБРАТАР
(Қадимги қимизчи чоллар қўшиғи)

Шамол шамолни тебратар.
Шамол булутни тебратар.
Булут ёмғирни тебратар.
Ёмғир тупроқни тебратар.
Тупроқ майсани тебратар,
Майса бияни тебратар.
Бия қимизни тебратар.
Қимиз йигитни тебратар
Йигит сулувни тебратар.
Сулув бешикни тебратар.
Бешик болани тебратар.
Бола дунёни тебратар.

ҚАЙДАДИР

Тоғларга ёндошиб, кўкка туташиб,
Довонлар ошмасанг маъдан қайдадар.
Ортда қолар бўлсанг кўпдан адашиб
Орзу-истак тугул армон қайдадир.

Зоғ билан булбулни фарқ қилмас зотга,
Наф бўлса, нокасдан айрилмас зотга,
Бошга кун туққанда қайрилмас зотга
Еру дўст қайдадир, ёрон қайдадир.

Меҳру шафоат бор, шафқат бор ерда,
Ҳалоллик бор ерда, ҳаром хор ерда,
Барча бирдай ерда, баробар ерда
Бадномларга ардоқ, омон қайдадир.

Чорасиз кимсага, чоғсиз кимсага,
Кўпдан айрилган — бир боғсиз кимсага,
Суянмоқ истаса тоғсиз кимсага
Бир муддат армонсиз замон қайдадир.

Одамзод билмаса энди аламни,
Урушни, ўлимни, кулфатни-ғамни,
Магар такрорласа даҳшатли дамни
Сизу бизга еру осмон қайдадир.

СЕНИНГСИЗ

Баркамол ёшинг қутлуғ, ажаб қайрилма қош қиз,
Соҳибжамоллигингга ой билан кун талош қиз,
Ўзи кўзи, ой юзи танда жонга туташ қиз,
Жунун савдоси солма бу бошга париваш қиз.

Тилга кирганми ёрсиз созчининг таронаси?
Сенсиз келган кўкламнинг борми экан маъноси?
Васлингга етмоқ мудом шайдойинг таманноси,
Сенмасми мани этган беқарор, бебардош, қиз?!

Мен учун бу дунёнинг кўркамлиги сен билан,
Беармону беафғон, бекамлиги сен билан.
Ўн саккиз минг оламнинг оламлиги сен билан,
Бу жаҳонда кўрмасин шаҳло кўзннг ҳеч ёш, қиз.

Сулув, сенингсиз кўзга кенг жаҳон тор кўринур,
Тоғларда унган, лола ўрнига қор кўринур,
Бу лаб бир қатра сувга ташнаи зор кўринур,
Тобакай бўлгай сани ошиёнинг Шош, қиз?!

ҚИСМАТ

Тоғларга суяндим таянч бўлсин деб
Таянч бўлолмади улкан тоғлар ҳам.
Қуёшга топиндим қувонч бўлсин деб
Болини аяди ўша боғлар ҳам.

Қуёшга топиндим қувонч бўлсин деб
Дариғ тутмиш мендан, нетай, нурини.
Бу бошим тегмаган тош ҳам қолмади
Айтай энди, сизга, қайси бирини?

Бирларда илтижо қилдим фалакка
Қўлим самовотда муаллақ қолди.
Бора-бора ёлғиз-ёртилик дарди
Бўғзимга тиғ-паррон бўлиб қадалди.

Сувлар ҳам тиниди сунбула келиб
Тиниб-тиниқмади бу кўнглим, ҳайҳот.
На баҳор, на ёздан, на тўкин куздан
Ҳечам қониқмади бу кўнглим, ҳайҳот.

Мустажоб бўлмади ёлворишларим
Кўнглим ўксик, хаста, кўзларимда ёш.
Не қора кунларда биронта зот ҳам
Бўла билмадилар менга қайғудош.

Ғариб, сиғиндиман ўзга элларда
Сиғинар қадамжо, мозорим йўқдир.
Менга ўхшамасин дунёда ҳеч ким,
Жон ачир, бағрига тортарим йўқдир.

Ойнинг ўн бешимас бари қоронғу
Кўланкасиз, тиниқ кунларим камдир.
Хун бўлмиш жигарим, қон бўлмиш бағрим
Оғзимда қора қон—олдимда жомдир.

Ўз бешигинг туриб ўзга бешикка
Суқила билмоқлик—қисматмасмидир?
Ўз қўшиғинг туриб ўзга қўшиққа
Жўр бўлмоқлик—номус, уятмасмидир?

Кимни орқа қилсам, олдимга ўтиб —
Тўғон бўла бошлаб, тўсди йўлимни.
Алҳол, бундан яшаб кун кечирмакдан
Минг бора афзалроқ кўрдим ўлимни!

АЙРО

Айро эди асли йўлимиз,
Алҳол қолди айролигича.
Ҳақлигича қолди йўли оқ
Йўли қаро қаролигича.

Айро эди ниятимиз ҳам,
Филҳол, қолдп айролигича.
Ошкор бўлгач ниятларимиз
Эгри кўнгил вайронлигича.

Айро эди боғ-роғларнмиз,
Сарҳовузи, аъмолигача.
Тўти саъва бўла билмади,
Булбул қолди гўёлигича.

Айро эди ҳатто кемамиз,
Борар манзил, маллоҳимиз ҳам,
Дарғамизнинг айтар қўшиғи,
Ўз суянар паноҳимиз ҳам.

Энди тамом айрилар бўлдик,
Кўнгил қолдн сиёлигича.
Ой тутилиб, Қуёш қораймай,
Дунё қолди дунёлигича.

Айро эди кўч-кўронимиз
Тош-торозу, тамалигича.
Нор қўзғалар бўлди ўрнидан
Моя қолди моялигича.

Бари қолди лек ўртампзда
Зулмат қолди, зиё қолмади.
Ё алҳазар! Бирларда эслаб
Юргулик бир ҳаё қолмади.

Айро эди асли йўлимиз,
Алҳол, қолди айролигича.
Ёр ўнилиб осмон қуламай,
Дунё қолди дунёлигича.

МЕН ҲАМ

Мен ҳам умид билан сафарга чиқиб,
Узоқ манзилларга кўз тиккан жонман.
Бирда Сирдан тошиб, бирда тутоқиб
Катта йўлга чиққан
Кичик карвонман.

Бобомнинг армонли замонасида,
Устодимнинг танҳо таронасида,
Отамнинг аламлп пок сиинасида
Ушалиб-ушалмай
Қолган армонман.

Магар кимни кўрсам кўзлари ёшли,
Унга қараб турса бир бағри тошли,
Бир ялтоқнинг бўлса бағри қуёшли
Қингирга куи бермас
Қирғин—баронман.

Бирга мафтун бўлдим, бирга ҳавасда,
Соҳиби суханга бу жон пайваста.
Кўргулик бор ерда—кўнгил шикаста
Давоси топилмас
Дардга дармонман.

Кимларга кўклам—қиш кимга қиш—ёздир,
Кимга кўлмак—теран, уммон саёздир.
Боз туриб қарганинг умри дароздир…
Лочинмас, Қузғунга
Келган қиронман.

Дардсиз яшамоқлик—дардмандлик асли,
Баҳордан беғубор—болалик фасли.
Бу дунёни кўрсам гулга қиёсли:
Боғли, боғчалиман
Кўкси осмонман.

Дунё яратмоқлик дунё демакдир.
Матлабсиз кимсанинг сийнаси чокдир.
Эл-юртга муҳаббат—буюк идрокдир
Бу юрт—бу Ватансиз.
Беҳол, бежонман.

Менга муаббир ҳам таъбир керакмас,
Таънали, таъмали кабир ксракмас,
Алҳол, заволи бор сабр керакмас.
Миннатли мададга
Тоқатсиз жонман.

Шу ёруғ кунларни кўролмай кетган,
На манзил, на мурод-мақсадга етган,
Эл-улус турганда ўзин унутган
Зотлар бағридаги
Бир қатра қонман.

Дариғ тутма меҳринг мендин, табиат,
Жудо қилсангда гар жондин, табиат,
Лек шуни сўрайман сендин, табиат;
Аро йўлда қўйма
Мен ҳам меҳмонмай.

ЯРАЛМИШ

Ой юзлик десам сени ойнинг ҳам доғи бордай,
Кўркамликда жамолинг офтобдан беғубордай.
Табиатинг ҳамиша кўланкасиз баҳордай,
Умрингни кузи, қиши йўқлиги барқарордай.
Кунда ўйласам сени,
Тунда ўйласам сени,
Кўз ўнгимда тиниқ осмон яралмиш.
Сен пайдо бўлган боғда зоғ бўлмас, хазон бўлмас,
Булбуллар навосида дард бўлмас, нолон бўлмас,
Ошиқ ҳоли танг бўлиб кўксида армон бўлмас,
Йўлчивиндек сарғайиб ранг-рўйи сомон бўлмас.
Чилла чоғи—қишда ҳам
Бир ўнг эмас, тушда ҳам.
Босган изларингда бўстон яралмиш.

Ҳар кўрганда бўйингни кўзим қамашса нетай,
Қувончларим қалбимда денгиздай тошса нетай?
Танда жоним жонингга зимдан туташса нетай?
Толейинг, иқболимга бу ҳол ярашса нетай?
Бахтим, баётим учун,
Порлоқ ҳаётим учун
Сен каби кўзлари Чўлпон яралмиш.

Жонимиз бу диёрга кўз-қошдай тутош асли,
Тоғу тошлари билан номимиз уйқош асли.
Дастурхон, хирмон гапми, ўртада қуёш асли,
Бунда бирнинг бахтига барча тилакдош асли.
Суюклигим, элдошим,
Отадош, ватандошим.
Сенинг учун еру осмон яралмиш.

Ошиқлар ўз ҳолини ёзмишлар достон билан,
Ҳар қатор, ҳар бандини кўз ёши, ё қон билан,
Ўтмасин бу оламдан ҳеч киши армон билан,
Ҳамдард бўлмасин доно турганда нодон билан.
Эл ичра номимизни
Аҳду паймонимизни
Улуғловчи улкан достон яралмиш.

Бу элда паймон бўлган гул, гулбоғни кўрмадим
Ҳеч бир кўнгил, юракда армон, доғни кўрмадим.
Ташландиқ ҳолда сўнган шамчироқни кўрмадим
Чаманли боғли элда
Сўнмас чироғли элда
Булбулга муносиб ошён яралмиш.

Одамзод бу оламда тугал, камсиз яралмиш,
Бироқ кимлар қарамсиз, кимлар ғамсиз яралмиш.
Ўз қадрини билмаслар дўст, ҳамдамсиз яралмиш.
Севиб, севилмаганлар, сўзсиз, шамсиз яралмиш.
Неча асрлар оша,
Бахтимизга яраша,
Тимсолсиз бу қутлуғ даврон яралмиш.

БЎЛМАСА

Сайёралар нотинч, уммонлар нотинч
Магар ер юзида тинчлик бўлмаса.
Наслу насаб нотинч, замонлар нотинч
Магар ер юзида тинчлик бўлмаса.

Не қилсин давраю дплда шодмонлик
Барча қитъаларда қут, фаровонлик.
Қўшинда собитлик, элда омонлик
Магар ер юзида тинчлик бўлмаса.

Мағриб нотинч бўлса безовта машриқ
Дўст дўстдан имдодин тутгайми дариғ?
Қаер зулмат ичра, қаердир ёруғ
Магар ер юзида типчлик бўлмаса.

Элчилар кўнглида гулгула мудом,
Хавфу хатар кезар қадам-бақадам.
Қай бир бегуноҳнинг кўзларида нам
Магар ер юзида типчлик бўлмаса.

Заҳар бўлмасмидир ичган ошлар ҳам
Ер-кўкка сигмагаи азиз бошлар ҳам.
Элак-элак бўлур тогў тошлар ҳам
Магар ер юзида тинчлик бўлмаса.

Файз не қилсин богу бўстон ичинда
Тўй ўрнига аза достон ичинда.
«Қараб туриш пўқдир!» фармон ичинда
Магар ер юзида тинчлик бўлмаса.

САДАҒА

Хумор кўзлигимдан бу жон садаға,
Бу жон нима эмиш, жаҳон садаға.
Қилмагил бу сўзга гумон; садаға
Сенсиз рўйим бўлар еомон, садаға.

Лола сендан олмиш ўз оллигини,
Барчин, ўз лафзининг ҳалоллигини.
Тан олмас сенингсиз он ойлигини,
Қошингда лол қолур жайрон, садаға.

Баҳордай дуркунсан, бир сарвинозсан,
Хушласанг чиллада кўкламсан, ёзсан.
Қаҳринг келса магар дўлсан, аёзсан.
Бағримни этмагил гирён, садаға.

Сулув, сен сабабли афсунсозлигим,
Замину замонга ишқибозлигим.
Умринг боқий бўлсин, гул оразлигим,
Бу кўнгил сен билан шодон, садаға.

Раҳм анла рамзингга ташна қалб зордир,
Қўзларим йўлингда кўп интизордир.
Масканим Гулистон—бир чаманзордир.
Бир оқшом бўлиб кет меҳмон, садаға.

ГУЛ БИР ЁН, ЧАМАН БИР ЁН

Чаман ичннда бир гул, гул бир ён, чаман бир ён.
Сарви, санобармидир? — соч бир ён, суман бир ён.
Саҳар, субҳи содиқда мушк бир ён, мужгон бир ён.
Тун пардасин тортса гар, он бир ён, осмон бир ён.

Ўсган боғига олқов, ўстирган боғбонига,
Хавфу хатардан сақлай келган соябонига.
Андалиб қўнар, зоғлар қўнолмас бўстонига.
Мақтовига мен бир ён, борлиқ сухандон бир ён.

Ҳаким зоти бор ерда дард бир ён, дармон бир ён.
Ёринг жафокаш бўлса уй бир ён, зиндон бир ён.
Икки жон бир бўлмаса шам бир ён, шамдон бир ён.
Айри бўлса йўллари—туғ бир ён, шамдон бир ён.

Қўриқчиси бўлардим боғимда унар бўлса,
Кузим келмай баҳорим қайта бошланар бўлса,
Солномачиси бўлай магар у Қамар бўлса,
Қасам ичиб айтаман: намак бир ён, нон бир ён.

Қумри, саъва ошиён айлар бир гулафшон бу.
Бир кокили Сир бўлса, у бири Зарафшон бу.
Илоҳий санамлардан бир зурёд, бир нишон бу.
Керак бўлса магар жон, жон бир ён, жаҳон бир ё

Бу оламда Ой танҳо, муборак Қуёш танҳо.
Бўй қизларнинг ичинда шу бир эгма қош танҳо.
Унингдек ҳеч ким менга бўлмаса сирдош танҳо
Гўрўғли султон бир ён, Тўра Сулаймон бир ён.

ТАВАЛЛО

Нелардандир кўнгил бўлиб ғаш,
Ҳам эгилиб бу эгилмас бош,
Кўзларимда қалқиб турса ёш
Бу ҳолимга беролмай бардош.
Муштипар Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Қайтар бўлсам қуруқ қўл овдан,
Қора қозон қолса қайновдан;
Ҳам айрилиб ўлжа, уловдан,
Қарзга ботар бўлсам бировдан
Таскин бериб Онам йиғландир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Бирда ҳақдин, бирда ноҳақдин,
Жабр кўрсам бир бетовфиқдин
Ортда турсам қалби қуроқдин,
Қадрим хароб бўлса тупроқдин.
Оҳлар уриб Онам йиғландир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Оға-ини ўртасида гап…
Алҳол, келиб чиқмиш ихтилоф:
Бири иззат, бири мулк талаб
— Бу оқ сутим, меҳримга хилоф, —
Дея шўрлик Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Синалмоқнинг гали келганда,
Ноҳақ мағлуб бўлсам майдонда,
Номим қолмас бўлса жаҳонда,
Ким дўст—душман билинар онда,
Аҳволимга Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Ғаним бир ён, мен бир ён бўлсам,
У устивор, мен урён бўлсам,
Бу ҳам камдай ногирон бўлсам —
Оғоч отга ёнма-ён бўлсам
Ой тутилиб, Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Бўлсам гумроҳ, бўлса гуноҳим,
Вужудимга солмасдин ваҳм,
Қабул айлаб тавалло — оҳим,
Дариғ тутмай меҳринг, илоҳим,
Йиғлатмагил мушфиқ Онамни,
Волидаи Муҳтарамамни.

ОЛҚОВ

Шу қора тупроқ, шу хоки пок ердан,
Йил бўйи тўкилган пешона тердан,
Истаса бий дала, саҳрою қирдаи
Оқ олтин яратар деҳқон қўллари.

Буюк, кабирлигин қилмай тамалар,
Толалардан уюб туман тонналар,
Вақтида йўлбарсдай тортиб наъралар
Оқ олтин яратар деҳқон қўллари.

Унвон тама қилмай, шаън тама қилмай,
Тинчиб, тинмаслигин ҳам шама қилмай,
Ҳиммат, ҳамиятда тенги топилмай
Оқ олтин яратар деҳқон қўллари.

Эл-юрт ифтихори—унинг бойлиги,
Ўз ишига мудом шердай шайлиги.
Таърифга сиғмагай ҳотамтойлиги
Оқ олтин яратар деҳқон қўллари.

Юзларга суртгулик—босган излари,
Ишда издошлари—ўғил-қизлари.
Бедор ўтиб доим баҳор, кузлари
Оқ олтин яратар деҳқон қўллари.

Довонлар забт этиб, довонлар ошиб,
Шаъни-шавкатига қўшнқ ярашиб
Уйган хирмонлари кўкка туташиб,
Оқ олтин яратар деҳқон қўллари.

БОЛАЖОН

Кўнгилга ёвуқсан кўз билан қошдай,
Ғубори йўқ тонгда чиққан қуёшдай.
Гўзалликка номинг гўё уйқошдан,
Жону жаҳонимиз сенга тутошдай.
Ҳавасим келади сенга, болажон.

Зарра хабаринг йўқ дунё ишидан,
Фалакнинг қай йўсин айланишидан,
Атом ваҳимаси эл ташвишидан,
Кимнинг кулиб, кимнинг қайғуришидан.
Ҳавасим келади сенга, болажон.

Теран, тиниқликда чашмасан, чашма,
Бу олам қаршингда қилар карашма.
Бундан сен қувонма, ҳовлиқма, шошма,
Ҳали манзил йироқ, йўлдан адашма,
Ҳавасим келади сенга, болажон.

Ўйнаб, келмоқликдан ўзга ғаминг йўқ,
Бир нафас ҳасратда ўтган даминг йўқ,
Кимсада ғаразинг, ўч, аламинг йўқ,
Билгимча дунёда сира каминг йўқ,
Ҳавасим келади сенга, болажон.

Ўйлайсан йил бўйи мудом баҳор деб,
Баҳорсиз бу дунё беэътибор деб.
Ҳамманинг бир хилда ташвиши бор деб,
Барчани ўзингдай пок, беғубор деб…
Ҳавасим келади сенга, болажон.

Офтобдай безавол, оҳудай соқсан
Сен элик боласи — ўйинқароқсан,
Кўксимизда мудом ўчмас чироқсан,
Ғурбатдан холисан, ғамдан йироқсан,
Ҳавасим келади сенга, болажон.

Оламда сен билан она шодлиги,
Бахти барҳақлиги, умрбодлиги.
Бегард, ўкинганинг — дил барбодлиги,
Ҳавасим келади сенга, болажон.

Сенинг кўзинг билан кўпни кўролсам,
Сенинг сўзинг билан дилга киролсам,
Босган изинг бўлиб гулга ўролсам,
Сенинг ўзинг бўлиб, қайта яралсам,
Ҳавасим келади сенга, болажон.

zy03peA.jpgBu olamda Oy tanho, muborak Quyosh tanho.
Bo‘y qizlarning ichinda shu bir egma qosh tanho.
Uningdek hech kim menga bo‘lmasa sirdosh tanho
Go‘ro‘g‘li sulton bir yon, To‘ra Sulaymon bir yon.

«GO‘RO‘G‘LI SULTON BIR YON…»
To‘ra Sulaymon ijodi haqida suhbat
045

Xalqimizning ardoqli shoiri To‘ra Sulaymon (1934-2005) asli Jizzaxning Baxmal tumani, Yoyilma qishlog‘idan bo‘ladi. O‘zining aytishicha,1936 yilda Mirzacho‘lga ko‘chirma qilingach, sirdaryolik bo‘lib olgan. «Mening qaysi yili tug‘ilganim aniqmas, — deb yozadi u o‘z tarjimai holida. — Enamning aytishlariga qaraganda, o‘zimning qachon maktabga borib, qachon ro‘zg‘or ishlari bilan kattalarday jiddiy shug‘ullana boshlaganimni eslasam, tug‘ilgan yilim o‘ttiz ikkinchiga to‘g‘ri keladi.Bunday deyishimning sababi quloq qilinganimizda enamning qo‘lida bo‘lgan ekanman».

To‘ra Sulaymon o‘rta maktabni 1952 yilda tugatgach, maktablarda o‘qituvchilik qilgan. U 1958-1964 yillarda Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakultetini sirtdan o‘qib bitirgan. Avval «Guliston» nomli tuman, so‘ng «Sirdaryo haqiqati» nomli viloyat gazetalarida mas’ul kotib bo‘lib ishlagan. 1972-1977 yillarda O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi Sirdaryo viloyatining mas’ul kotibi, 1986 yildan umrining oxirigacha esa adabiy maslahatchi bo‘lib xizmat qilib keldi.

Bo‘lg‘usi shoirda adabiyotga, ijodga havas ancha erta uyg‘ongan. Bunda xalq ijodi, xalq kitoblarini yaxshi bilgan zukko ota-onasining xizmati katta bo‘lgan. «Ayniqsa, — deb eslaydi shoir, — otamdan eshitgan ertaklarim orasida «Boldirboy» degan ertak meni maftun qilar edi».

To‘ra Sulaymon shoir sifatida matbuotda 1958 yildan ko‘rina boshladi. 1962 yilda esa uning «Istar ko‘ngil» she’riy to‘plami chop etiladi.Shundan keyin uning yigirmadan ortiq she’riy to‘plamlari nashr etilgan. Bular orasida «Qorasoch» dostoni (1964), «Hamqishloqlarim» (1968), «Jahongashta» (1970) dostoni, «Mening qora ko‘zginam» (1972), «Men qayta borar bo‘lsam» (1976), «Alhazar» (1979), «Intizor» (1980), «Sizni eslayman» (1982) va «Istar ko‘ngil» (1982) saylanma to‘plamlari kitobxonlar tomonidan iliq kutib olingan.Mazkur kitoblari orasida uning «Alhazar» nomli hajviy she’rlar to‘plami 1979 yilda «Mushtum» jurnali sovriniga sazovor bo‘lgan. U hayotining so‘nggi kunlarida «Al-qasosu min Al-haq» nomli epopeyasi ustida ishladi. Unga O‘zbekiston xalq shoiri unvoni berilgan.

999

Nabijon BOQIY: – Ibrohim aka, o‘tkinchi dunyoning ishlari to‘g‘risida «davra suhbati» qizg‘in tus olgan chog‘larda negadir gap aylanib To‘ra Sulaymonga taqalib qoladi. Erkin akam maqtaydi, Siz ta’riflaysiz. Keling, suhbatimizni bevosita To‘ra Sulaymondan boshlaylik.

Ibrohim HAQQUL: – Men bir qadar «qadimchi»man – qonida mumtoz tuyg‘ular saqlangan, ko‘ngli o‘tmish ajdodlarimizga xos xislat va fazilatlardan yorishgan ijodkorlarni yaxshi ko‘raman. Chunki ular, eng avvalo, xudparastlik va riyokorlikdan uyalishadi. Ayniqsa, soxtalik va soxtakorlikdan hazar etishadi…

To‘ra Sulaymonning hayotga qarashidagi rostlik, tabiiylik doimo menga yoqqan. She’rlaridagi soddalik jozibasi yupanchli. Ba’zan tasvirda saktalik shundoq ko‘zga tashlanib tursa-da, yasamalik, sun’iylik yo‘q… Nabijon, men To‘ra Sulaymon bilan siz qadar yaqin bo‘lmaganman. Ehtimol, u kishining shaxsini ham sizchalik yaqindan bilmasman. Lekin she’rlari, kitoblari orqali men To‘ra akaning shaxsi, tabiati, insoniy fazilatlari xususida yetarli darajada tasavvur hosil qilganman. Rumiy bobomiz: «Qanday bo‘lsang, shunday ko‘rin, qanday ko‘rinsang shundoq bo‘l!», degan hikmatli bir fikrni aytganlar. Nazarimda, To‘ra Sulaymon xuddi shu «qoida»ga amal qila olgan, hayotda ham, ijodda ham imkon qadar shu talabdan chekinmay yashab kelayotgan baxshitabiat bir shoirdir. Uning baxshiligi – haqiqat va yaxshilik axtarishda; haqiqat, adolat izlash to‘xtasa, so‘zning, she’rning hech nimaga arzimasligini bexato anglashida. Alloh unga oddiy odamlar ishqi, dardi, orzuyu armonlari bilan to‘lgan bir yurak ato etgan. Uning Mirtemirday benazir bir shoirning etagini tutib, o‘zini o‘tga-cho‘qqa uravermasligini ham tasodif demaslik kerak. Bularning bari xolislik, sodiqlik, donishmandlik belgilari. To‘ra Sulaymonning she’riyatda o‘rin va mavqe talashganini, adabiy tanqid ijodiga bundoq qayrilib qaramasa ham, uning og‘ringanini hech kim ko‘rmagan va sezmagan. Hozirgi davr uchun bu hol noyobdir.

N.B.: – Ilgari «qishloq prozasi» degan gaplar bo‘lardi. Agar «qishloq poeziyasi» xaqida gap ketsa, To‘ra Sulaymonni «yalovbardor» etib qo‘yish mumkinmi ?

I.H.: – Men To‘ra akani kamtarlik, xokisorlik va samimiyatda sira «rol» bajarmaydigan odam deb bilaman. She’riyatdagi eng yaxshi xususiyat va fazilatlarning tamal toshi ham ehtimol mana shundadir. Odatda «reja va majburiyat» bo‘yicha she’r yozadiganlar «yalovbardorlik»ka intilishadi. To‘ra Sulaymon esa kayfiyat kutib, ko‘ngilga taslim bo‘lib, g‘am-g‘ussani sharobday simirib yuradigan bir shoir. To‘g‘ri, u qishloq va qishloq odamlarining ahvoli haqida yozadi. Ammo «mana bu ruhiy holat qishloqqa», «mana bu yurak iztirobi shaharga tegishli», deb o‘ylamaydi-ku!

Suvlar ham tindi sunbula kelib,
Tinib-tiniqmadi bu ko‘nglim, hayhot.
Na bahor, na yozdan, na to‘kin kuzdan
Hecham qoniqmadi bu ko‘nglim, hayhot.

«Qismat» deb atalgan she’rdan keltirilgan ushbu parchani o‘qiganda qishloq suvrati hech kimning xayoliga kelmaydi. Hol va holat joy tanlamaydi, manzil surishtirmaydi. Mavzularga ko‘ra ish yuritish, hammaga ma’lum gaplardan she’r to‘qish – she’riyatning vazifasi emas. Shu o‘rinda yana bir gapni aytay. Ma’lumki, shoirlik, yozuvchilik hunari yozishni o‘rganishdan boshlanadi. Yozish asta-sekin ko‘nikmaga aylanadi. Yosh bir joyga yetib borgach esa yozish endi uzoq davom etgan kasallikka o‘xshab qoladi. Ana shunday bir paytlar tuppa-tuzuk asarlar yaratib e’tibor topgan ijodkorlar ham yozmasa turolmaydigan ahvolga tushishadi. Bu «bosqich»ga omon-eson ko‘tarilib olgan adib yoki shoir, asari odamlarga kerakmi-yo‘qmi, badiiy saviyasi balandmi-pastmi – bular bilan qiziqib ham o‘tirmaydi, faqat yozadi, xolos. Shuning uchun badiiy ijodda yozishni o‘rganishmas, balki uni to‘xtatish qiyin, desak xato bo‘lmaydi. Bu haqqa R.Tagorning «So‘nggi doston»ida mana bunday fikr bildirilgan: «Ijodkor qo‘l ostida yaxshi narsalar nechog‘lik oz bo‘lsa, shunchalik yaxshi, chunki ular bisyor bo‘lsa, qadri tushib, o‘rtamiyona bo‘lib qoladi… Uzoq ijod qiluvchi shoirlarning asarlari har qanday fazilatdan mahrum bo‘ladi. Bunday shoirlar o‘tmishiga o‘g‘rilik qilib, o‘g‘rilik molini qabul qiluvchilar darajasiga tushib qolishadi…» Shoir o‘tmishiga xiyonat etmasligi uchun ichdan o‘zgarib, tinimsiz ravishda ruhan ilgarilashi, yangilanib bormog‘i lozim. To‘ra Sulaymon ijodi mana shu tomondan ham e’tiborga molik. O‘tgan yili «Sharq» nashriyot-matbaa aksiyadorlik kompaniyasida bosilgan uning «Sayhon» kitobidagi botiniy ko‘tarilish esa quvonarli.

N.B.: – Erkak kishi yig‘lashdan uyalishi kerakmi? Menimcha, To‘ra akam «Topolmasman» she’rini yig‘lab yozgan:

Izlay-izlay horib bo‘ldim, sensiz yolg‘iz g‘arib bo‘ldim,
Endi bosgan izlaringni to‘rt tomondan topolmasman…

I.H.: – Qalbi bor, dardi va armoni bor erkak yig‘lashi mumkin. Nega yig‘lamaslik kerak? Qolaversa, bu dunyo haqiqiy shoirni qachon yig‘latmagan va qachon ingratmagan?! Aks holda, Alisher Navoiy hazratlari:

Demangiz, ahbobkim, qilmasmusen bas yig‘lamoq,
Kim, manga Tengri nasib etmish tuganmas yig‘lamoq,

deb yozmasdilar. Bundan tashqari, yurakka larza soladigan she’r ko‘pincha ulkan yo‘qotish, ajralish va judoliklardan tug‘iladi. Ana shunda shoirning ichki olamida kutilmagan bir evrilish sodir bo‘ladi – So‘z, ohang, hattoki, ko‘zyosh ham o‘z-o‘zidan quyilib keladi. She’r – dil va taqdir izhoriga aylanadi va bunday she’rlarda shoirning xarakteri, qiyofasi, tarjimai holi yorqinroq, ta’sirchanroq bo‘yoqlarda zuhurlanadi… O‘z she’rxonini topish, yillar davomida ularning ishonchini oqlash uchun o‘ziga xos shoir – nafasi, nigohi, kayfiyat va holatlari boshqaga o‘xshamaydigan, shaxsiy fazilatlari bilan o‘zga qalamkashlardan ajralib turadigan salohiyat bo‘lmog‘i kerak. Shular bor To‘ra akada. Uning ko‘ngli goh darveshvashlikni xushlasa, gohida baxshiyona dardchil ohanglarga yo‘l ochadi.

N.B.: – Ibrohim aka, Sizning nazaringizda To‘ra Sulaymon qadrini topganmi?

I.H.: – Muhammad Fuzuliy: «Johilning noz-ne’matga qo‘milib yashashi va olimning faqiru haqirlikda kun o‘tkazishi g‘azabdan ham, mehribonlikdan ham emas, balki Olloh hikmatining sirlari tufaylidir», deydi. Menimcha, To‘ra aka shu sirlarni juda yaxshi fahmlaydi. Tama hirslari tiyilgan qalamkashda havas qilsa arzigulik bir kenglik va tabiiylik bo‘ladi. Uning uchun eng daxlsiz qadr va e’zoz – qanoat, o‘z mehnatining zavqi, fikriy hamda ruhiy turg‘unlik botqog‘iga tushib qolmaslikdir.

Go‘ro‘g‘li Sulton bir yon,
To‘ra Sulaymon bir yon,

degan baytni eslang. Bunday shohona kayfiyatga yetishgan shoir andak-mundoq iltifotlarni nazarga ham ilmaydi. To‘ra Sulaymon – Sirdaryoning iste’dodli va erkin o‘g‘loni, O‘zbekiston xalq shoiri. Qalbi qurib, vijdoni bujmayib qolgani yo‘q. Eng muhimi – mana shu…

N.B.: – So‘nggi paytlarda ba’zi ijodkorlar: «Adabiyot bo‘lmasa ham hayot davom etaveradi. She’rsiz ham yaxshi yashash mumkin», deya bemalol gapiradigan, boshqalarni ham shunga ishontirishga urinadigan bo‘lishdi. Siz nima deysiz ?

I.H.: – Buyuk Cho‘lpon yoki Fitrat domladan oshirib nima ham derdim?! Adabiyotsiz yashashni ko‘zlash – millat qismati, ma’rifat, ma’naviyat, ruhoniyat borasidagi fikrlarning bari omonat va keraksiz deganidir. Adabiyotga xiyonat qilgan, shaxsiy manfaatlari uchun she’riyatni sotgan, ijodiy imkoniyat va quvvatini boy berib bo‘lgan «alloma»gina she’rsiz yashashga kimlarnidir ishontirmog‘i yoki shunga da’vat etmog‘i mumkin. Holbuki, Adabiyotga ishonch juda mustahkam, diniy-ilohiy ishonch qadar bezavoldir. Agar shunday bo‘lmaganda edi, biz siz bilan bir kamtarin, kamsuqum shoirning ijodi haqida so‘zlashib o‘tirmasdik. Va To‘ra Sulaymonning adabiyotdan ajralgan, she’riyatdan ayro hayotni shunchaki tasavvur ham etolmasligiga qat’iyan inonmasdik.

Manba:http://oriftolib.uz/

TO‘RA SULAYMON
SHE’RLAR

045

GUL BIR YON, CHAMAN BIR YON

Chaman ichnnda bir gul, gul bir yon, chaman bir yon.
Sarvi, sanobarmidir? — soch bir yon, suman bir yon
Sahar, subhi sodiqda mushk bir yon, mujgon bir yon.
Tun pardasin tortsa gar, on bir yon, osmon bir yon.

O‘sgan bog‘iga olqov, o‘stirgan bog‘boniga,
Xavfu xatardan saqlay kelgan soyaboniga.
Andalib qo‘nar, zog‘lar qo‘nolmas bo‘stoniga.
Maqtoviga men bir yon, borliq suxandon bir yon.

Hakim zoti bor yerda dard bir yon, darmon bir yon.
Yoring jafokash bo‘lsa uy bir yon, zindon bir yon.
Ikki jon bir bo‘lmasa sham bir yon, shamdon bir yon.
Ayri bo‘lsa yo‘llari—tug‘ bir yon, shamdon bir yon.

Qo‘riqchisi bo‘lardim bog‘imda unar bo‘lsa,
Kuzim kelmay bahorim qayta boshlanar bo‘lsa,
Solnomachisi bo‘lay magar u Qamar bo‘lsa,
Qasam ichib aytaman: namak bir yon, non bir yon.

Qumri, sa’va oshiyon aylar bir gulafshon bu.
Bir kokili Sir bo‘lsa, u biri Zarafshon bu.
Ilohiy sanamlardan bir zuryod, bir nishon bu.
Kerak bo‘lsa magar jon, jon bir yon, jahon bir yo

Bu olamda Oy tanho, muborak Quyosh tanho.
Bo‘y qizlarning ichinda shu bir egma qosh tanho.
Uningdek hech kim menga bo‘lmasa sirdosh tanho
Go‘ro‘g‘li sulton bir yon, To‘ra Sulaymon bir yon.

ILTIJO

Bahor kelsa boshlanur bog‘da bulbul xonishi
Sa’va qumri nag‘masi, suralay tovlanishi,
Qirlarda lola sayli, qishloqlarda yil boshi:
To‘xtagay tabiatdan Haqqushlar zorlanishi
Bahor, ketma mening bog‘imdan.

Qilmishi qing‘ir zotga davr qayda, davron qayda?
Vatangado kimsaga beminnat makon qayda?
Yolg‘iz otga olamda nom qanda, nishon qayda?
Bahor, sensiz sahroyu tog‘u toshga jon qanda?
Ketma, Bahor, mening bog‘imdan.

O‘lmaslikka ishora — o‘langa oshiqligim.
Saodatga ishora — zamonga oshiqligim
Teranlikka ishora — ummonga oshiqligim.
Go‘zallikka ishora — bo‘stonga oshiqligim.
Bahor ketma mening bog‘imdan.

Bukun qay bir yerda qish, qayda xazonrezgilik,
Qaylarda yoz, qayda kuz, qayda jondan bezgilik,
Ko‘klamning har nafasi umrga arzigulik,
Bog‘siz, bog‘bonsiz yerda ne ham qilsin ezgulik…
Ketma, Bahor, mening bog‘imdan.

Giyoh bilan qoplanmish ko‘hna qabr boshlari,
Maysadagi shudringlar—kimlarning ko‘z yoshlari?
Bu yerda yotar otam ham uzangidoshlari,
Har bahor eslar uni qavmi-qarindoshlari,
Bahor, ketma mening bog‘imdan.

Yoz bo‘yi qorga zorman, qishda bahorga zorman,
Chamanda gul bo‘yiga intiqman, intizorman,
Kuz kelman xazon bo‘lgan sevgi, guldan bezorman.
Bahorsiz ham diyorsiz el ichra benazarman,
Bahor, ketma mening bog‘imdan.

ARMON

Bobomning orzulari
amalga oshmas bo‘lsa,
Yurgan yo‘limda o‘lan,
qo‘shiq qalashmas bo‘lsa,
Qo‘shiqlarim bog‘lardan,
tog‘lardan oshmas bo‘lsa,
El-yurt baxtini kuylash
menga yarashmas bo‘lsa,
Ko‘nglimda armon yotar
cho‘kib yotgan nor misol.

Xeshlarimning bemavrid
ko‘zlarida yosh ko‘rsam,
Bir mard bilan nopokning
taqdirin tutash ko‘rsam
Qaysi bir begunohni
keng yo‘lda adash ko‘rsam,
Bir betayin kimsaning
oyog‘ida bosh ko‘rsam…
Ko‘nglimda armon yotar
terskaydagi qor misol.

Aro yo‘lda qolguday
bo‘lsa biror yo‘ldoshim,
Manzilga yetmay turib
qoqilsa qayg‘udoshim,
Muhtoj bo‘lsa kimgadir
jon ayamas qurdoshim,
Badkor degan nom olsa.

UMR O‘TMOQDADIR DARYO MISOLI

Esiz, bolalikni qoldirib ortda,
Umr o‘tmoqdadir daryo misoli.
Qoldirib-qoldirmay iz bu hayotda,
Umr o‘tmoqdadir daryo misoli.

Oppoq tongni ulab tiyrai shomga,
Birda shak keltirib sirli olamga,
Goho ta’zim qilib badkor, badnomga,
Umr o‘tmoqdadir, umr o‘tmoqda.

Qay kezlar ushalmay orzu-armonlar,
Birda g‘olib kelib tulkisimonlar,
Birda boy berilib bebaho onlar,
Umr o‘tmoqdadir, umr o‘tmoqda.

Dengizday mavj urib, qirg‘oqdan toshib,
Yurar yo‘limizdan birda adashib;
Kim bilandir zimdan mansab talashib
Umr o‘tmoqdadir, umr o‘tmoqda.

Yaratib ne sirlar, ne mo‘’jizalar,
Qutlug‘ kun ketidan kun o‘tkazilar.
Behuda o‘tgan dam—ko‘ngil ezilar…
Umr o‘tmoqdadir, umr o‘tmoqda.

Har tongda to‘rg‘aydan oldin uyg‘onib,
Chamanlar yaratish ishqida yonib,
Birda-chi: e’tiqod, imondin tonib
Umr o‘tmoqdadir, umr o‘tmoqda.

Erta bilan bog‘liq—ne damlarimiz,
Bilib-bilmay bosgan qadamlarimiz,
Xayrli ish, alam, qaramlarimiz
Umr o‘tmoqdadir daryo misoli.

Keksalik mo‘ralab eshik qoqmoqda,
Bolalik qaytadan qaytarilmoqda…
Bizdan erta kunga nelar qolmoqda?
Umr o‘tmoqdadir, umr o‘tmoqda.

O‘lmas sozni o‘ylab deging kelmaydi,
O‘chmas izdan so‘ylab deging kelmaydi,
Mangulikka bo‘ylab deging kelmaydi
Umr o‘tmoqdadir daryo misoli…

O‘XSHAR

Kuyga-kuy ulanur bazm oqshomi,
Yeru ko‘k xazonsiz faslga o‘xshar.
Bazm oqshomi, bu—nazm oqshomi,
To‘yxona bahoriy saylga o‘xshar.

Mehnat, muhabbatspz kschgan umrning,
Yomg‘irsiz bulutday ko‘chgan umrning,
Sham misol bir yonib o‘chgan umriing
Mazmuni eskirgan naqlga o‘xshar.

Haqqushga xatarsiz oshyon munosib,
Ko‘klam qushlariga chaman munosib.
Yigit-qizga ahdu paymon munosib,
Busiz ko‘ngil vilu zambilga o‘xshar.

Kuyovga vafoli qalliq yarashmish,
Tillari shakar ham bolli yarashmish.
Na baxtki, yuzlari xollik yarashmish
Kelin gulga, kuyov bulbulga o‘xshar.

Kelin qaynonaga esh bo‘lib yursa,
Bo‘y qizlar ichinda pesh bo‘lib yursa,
Ta’bi ravshan vaqti xush bo‘lib yursa,
Yurgan yeri rayhon, jambilga o‘xshar.

Kelinchak bor uyning ko‘rki bo‘lakcha,
Kelinning kuyovga erki bo‘lakcha.
Boshida ukpari, bo‘rki bo‘lakcha,
Sochlari sahroyi sumbulga o‘xshar.

Manzil, murodi bir, ahdi bir bo‘lmish,
Orzu-o‘ylari bir, baxti bir bo‘lmish,
Taqdir, talpinishi, taxti bir bo‘lmish
Ikki yoshning yo‘li bir xilga o‘xshar.

Osmonidan o‘lan arimas bu el,
Yuzga kirmay eli qarimas bu el,
Tegrasiga qazo darimas bu el
Oltin darvozali Chambilga o‘xshar.

TЕBRATAR
(Qadimgi qimizchi chollar qo‘shig‘i)

Shamol shamolni tebratar.
Shamol bulutni tebratar.
Bulut yomg‘irni tebratar.
Yomg‘ir tuproqni tebratar.
Tuproq maysani tebratar,
Maysa biyani tebratar.
Biya qimizni tebratar.
Qimiz yigitni tebratar
Yigit suluvni tebratar.
Suluv beshikni tebratar.
Beshik bolani tebratar.
Bola dunyoni tebratar.

QAYDADIR

Tog‘larga yondoshib, ko‘kka tutashib,
Dovonlar oshmasang ma’dan qaydadar.
Ortda qolar bo‘lsang ko‘pdan adashib
Orzu-istak tugul armon qaydadir.

Zog‘ bilan bulbulni farq qilmas zotga,
Naf bo‘lsa, nokasdan ayrilmas zotga,
Boshga kun tuqqanda qayrilmas zotga
Yeru do‘st qaydadir, yoron qaydadir.

Mehru shafoat bor, shafqat bor yerda,
Halollik bor yerda, harom xor yerda,
Barcha birday yerda, barobar yerda
Badnomlarga ardoq, omon qaydadir.

Chorasiz kimsaga, chog‘siz kimsaga,
Ko‘pdan ayrilgan — bir bog‘siz kimsaga,
Suyanmoq istasa tog‘siz kimsaga
Bir muddat armonsiz zamon qaydadir.

Odamzod bilmasa endi alamni,
Urushni, o‘limni, kulfatni-g‘amni,
Magar takrorlasa dahshatli damni
Sizu bizga yeru osmon qaydadir.

SЕNINGSIZ

Barkamol yoshing qutlug‘, ajab qayrilma qosh qiz,
Sohibjamolligingga oy bilan kun talosh qiz,
O‘zi ko‘zi, oy yuzi tanda jonga tutash qiz,
Junun savdosi solma bu boshga parivash qiz.

Tilga kirganmi yorsiz sozchining taronasi?
Sensiz kelgan ko‘klamning bormi ekan ma’nosi?
Vaslingga yetmoq mudom shaydoying tamannosi,
Senmasmi mani etgan beqaror, bebardosh, qiz?!

Men uchun bu dunyoning ko‘rkamligi sen bilan,
Bearmonu beafg‘on, bekamligi sen bilan.
O‘n sakkiz ming olamning olamligi sen bilan,
Bu jahonda ko‘rmasin shahlo ko‘znng hech yosh, qiz.

Suluv, seningsiz ko‘zga keng jahon tor ko‘rinur,
Tog‘larda ungan, lola o‘rniga qor ko‘rinur,
Bu lab bir qatra suvga tashnai zor ko‘rinur,
Tobakay bo‘lgay sani oshiyoning Shosh, qiz?!

QISMAT

Tog‘larga suyandim tayanch bo‘lsin deb
Tayanch bo‘lolmadi ulkan tog‘lar ham.
Quyoshga topindim quvonch bo‘lsin deb
Bolini ayadi o‘sha bog‘lar ham.

Quyoshga topindim quvonch bo‘lsin deb
Darig‘ tutmish mendan, netay, nurini.
Bu boshim tegmagan tosh ham qolmadi
Aytay endi, sizga, qaysi birini?

Birlarda iltijo qildim falakka
Qo‘lim samovotda muallaq qoldi.
Bora-bora yolg‘iz-yortilik dardi
Bo‘g‘zimga tig‘-parron bo‘lib qadaldi.

Suvlar ham tinidi sunbula kelib
Tinib-tiniqmadi bu ko‘nglim, hayhot.
Na bahor, na yozdan, na to‘kin kuzdan
Hecham qoniqmadi bu ko‘nglim, hayhot.

Mustajob bo‘lmadi yolvorishlarim
Ko‘nglim o‘ksik, xasta, ko‘zlarimda yosh.
Ne qora kunlarda bironta zot ham
Bo‘la bilmadilar menga qayg‘udosh.

G‘arib, sig‘indiman o‘zga ellarda
Sig‘inar qadamjo, mozorim yo‘qdir.
Menga o‘xshamasin dunyoda hech kim,
Jon achir, bag‘riga tortarim yo‘qdir.

Oyning o‘n beshimas bari qorong‘u
Ko‘lankasiz, tiniq kunlarim kamdir.
Xun bo‘lmish jigarim, qon bo‘lmish bag‘rim
Og‘zimda qora qon—oldimda jomdir.

O‘z beshiging turib o‘zga beshikka
Suqila bilmoqlik—qismatmasmidir?
O‘z qo‘shig‘ing turib o‘zga qo‘shiqqa
Jo‘r bo‘lmoqlik—nomus, uyatmasmidir?

Kimni orqa qilsam, oldimga o‘tib —
To‘g‘on bo‘la boshlab, to‘sdi yo‘limni.
Alhol, bundan yashab kun kechirmakdan
Ming bora afzalroq ko‘rdim o‘limni!

AYRO

Ayro edi asli yo‘limiz,
Alhol qoldi ayroligicha.
Haqligicha qoldi yo‘li oq
Yo‘li qaro qaroligicha.

Ayro edi niyatimiz ham,
Filhol, qoldp ayroligicha.
Oshkor bo‘lgach niyatlarimiz
Egri ko‘ngil vayronligicha.

Ayro edi bog‘-rog‘larnmiz,
Sarhovuzi, a’moligacha.
To‘ti sa’va bo‘la bilmadi,
Bulbul qoldi go‘yoligicha.

Ayro edi hatto kemamiz,
Borar manzil, mallohimiz ham,
Darg‘amizning aytar qo‘shig‘i,
O‘z suyanar panohimiz ham.

Endi tamom ayrilar bo‘ldik,
Ko‘ngil qoldn siyoligicha.
Oy tutilib, Quyosh qoraymay,
Dunyo qoldi dunyoligicha.

Ayro edi ko‘ch-ko‘ronimiz
Tosh-torozu, tamaligicha.
Nor qo‘zg‘alar bo‘ldi o‘rnidan
Moya qoldi moyaligicha.

Bari qoldi lek o‘rtampzda
Zulmat qoldi, ziyo qolmadi.
Yo alhazar! Birlarda eslab
Yurgulik bir hayo qolmadi.

Ayro edi asli yo‘limiz,
Alhol, qoldi ayroligicha.
Yor o‘nilib osmon qulamay,
Dunyo qoldi dunyoligicha.

MЕN HAM

Men ham umid bilan safarga chiqib,
Uzoq manzillarga ko‘z tikkan jonman.
Birda Sirdan toshib, birda tutoqib
Katta yo‘lga chiqqan
Kichik karvonman.

Bobomning armonli zamonasida,
Ustodimning tanho taronasida,
Otamning alamlp pok siinasida
Ushalib-ushalmay
Qolgan armonman.

Magar kimni ko‘rsam ko‘zlari yoshli,
Unga qarab tursa bir bag‘ri toshli,
Bir yaltoqning bo‘lsa bag‘ri quyoshli
Qingirga kui bermas
Qirg‘in—baronman.

Birga maftun bo‘ldim, birga havasda,
Sohibi suxanga bu jon payvasta.
Ko‘rgulik bor yerda—ko‘ngil shikasta
Davosi topilmas
Dardga darmonman.

Kimlarga ko‘klam—qish kimga qish—yozdir,
Kimga ko‘lmak—teran, ummon sayozdir.
Boz turib qarganing umri darozdir…
Lochinmas, Quzg‘unga
Kelgan qironman.

Dardsiz yashamoqlik—dardmandlik asli,
Bahordan beg‘ubor—bolalik fasli.
Bu dunyoni ko‘rsam gulga qiyosli:
Bog‘li, bog‘chaliman
Ko‘ksi osmonman.

Dunyo yaratmoqlik dunyo demakdir.
Matlabsiz kimsaning siynasi chokdir.
El-yurtga muhabbat—buyuk idrokdir
Bu yurt—bu Vatansiz.
Behol, bejonman.

Menga muabbir ham ta’bir kerakmas,
Ta’nali, ta’mali kabir ksrakmas,
Alhol, zavoli bor sabr kerakmas.
Minnatli madadga
Toqatsiz jonman.

Shu yorug‘ kunlarni ko‘rolmay ketgan,
Na manzil, na murod-maqsadga yetgan,
El-ulus turganda o‘zin unutgan
Zotlar bag‘ridagi
Bir qatra qonman.

Darig‘ tutma mehring mendin, tabiat,
Judo qilsangda gar jondin, tabiat,
Lek shuni so‘rayman sendin, tabiat;
Aro yo‘lda qo‘yma
Men ham mehmonmay.

YARALMISH

Oy yuzlik desam seni oyning ham dog‘i borday,
Ko‘rkamlikda jamoling oftobdan beg‘uborday.
Tabiating hamisha ko‘lankasiz bahorday,
Umringni kuzi, qishi yo‘qligi barqarorday.
Kunda o‘ylasam seni,
Tunda o‘ylasam seni,
Ko‘z o‘ngimda tiniq osmon yaralmish.
Sen paydo bo‘lgan bog‘da zog‘ bo‘lmas, xazon bo‘lmas,
Bulbullar navosida dard bo‘lmas, nolon bo‘lmas,
Oshiq holi tang bo‘lib ko‘ksida armon bo‘lmas,
Yo‘lchivindek sarg‘ayib rang-ro‘yi somon bo‘lmas.
Chilla chog‘i—qishda ham
Bir o‘ng emas, tushda ham.
Bosgan izlaringda bo‘ston yaralmish.

Har ko‘rganda bo‘yingni ko‘zim qamashsa netay,
Quvonchlarim qalbimda dengizday toshsa netay?
Tanda jonim joningga zimdan tutashsa netay?
Toleying, iqbolimga bu hol yarashsa netay?
Baxtim, bayotim uchun,
Porloq hayotim uchun
Sen kabi ko‘zlari Cho‘lpon yaralmish.

Jonimiz bu diyorga ko‘z-qoshday tutosh asli,
Tog‘u toshlari bilan nomimiz uyqosh asli.
Dasturxon, xirmon gapmi, o‘rtada quyosh asli,
Bunda birning baxtiga barcha tilakdosh asli.
Suyukligim, eldoshim,
Otadosh, vatandoshim.
Sening uchun yeru osmon yaralmish.

Oshiqlar o‘z holini yozmishlar doston bilan,
Har qator, har bandini ko‘z yoshi, yo qon bilan,
O‘tmasin bu olamdan hech kishi armon bilan,
Hamdard bo‘lmasin dono turganda nodon bilan.
El ichra nomimizni
Ahdu paymonimizni
Ulug‘lovchi ulkan doston yaralmish.

Bu elda paymon bo‘lgan gul, gulbog‘ni ko‘rmadim
Hech bir ko‘ngil, yurakda armon, dog‘ni ko‘rmadim.
Tashlandiq holda so‘ngan shamchiroqni ko‘rmadim
Chamanli bog‘li elda
So‘nmas chirog‘li elda
Bulbulga munosib oshyon yaralmish.

Odamzod bu olamda tugal, kamsiz yaralmish,
Biroq kimlar qaramsiz, kimlar g‘amsiz yaralmish.
O‘z qadrini bilmaslar do‘st, hamdamsiz yaralmish.
Sevib, sevilmaganlar, so‘zsiz, shamsiz yaralmish.
Necha asrlar osha,
Baxtimizga yarasha,
Timsolsiz bu qutlug‘ davron yaralmish.

BO‘LMASA

Sayyoralar notinch, ummonlar notinch
Magar yer yuzida tinchlik bo‘lmasa.
Naslu nasab notinch, zamonlar notinch
Magar yer yuzida tinchlik bo‘lmasa.

Ne qilsin davrayu dplda shodmonlik
Barcha qit’alarda qut, farovonlik.
Qo‘shinda sobitlik, elda omonlik
Magar yer yuzida tinchlik bo‘lmasa.

Mag‘rib notinch bo‘lsa bezovta mashriq
Do‘st do‘stdan imdodin tutgaymi darig‘?
Qayer zulmat ichra, qayerdir yorug‘
Magar yer yuzida tipchlik bo‘lmasa.

Elchilar ko‘nglida gulgula mudom,
Xavfu xatar kezar qadam-baqadam.
Qay bir begunohning ko‘zlarida nam
Magar yer yuzida tipchlik bo‘lmasa.

Zahar bo‘lmasmidir ichgan oshlar ham
Yer-ko‘kka sigmagai aziz boshlar ham.
Elak-elak bo‘lur togo‘ toshlar ham
Magar yer yuzida tinchlik bo‘lmasa.

Fayz ne qilsin bogu bo‘ston ichinda
To‘y o‘rniga aza doston ichinda.
«Qarab turish po‘qdir!» farmon ichinda
Magar yer yuzida tinchlik bo‘lmasa.

SADAG‘A

Xumor ko‘zligimdan bu jon sadag‘a,
Bu jon nima emish, jahon sadag‘a.
Qilmagil bu so‘zga gumon; sadag‘a
Sensiz ro‘yim bo‘lar yeomon, sadag‘a.

Lola sendan olmish o‘z olligini,
Barchin, o‘z lafzining halolligini.
Tan olmas seningsiz on oyligini,
Qoshingda lol qolur jayron, sadag‘a.

Bahorday durkunsan, bir sarvinozsan,
Xushlasang chillada ko‘klamsan, yozsan.
Qahring kelsa magar do‘lsan, ayozsan.
Bag‘rimni etmagil giryon, sadag‘a.

Suluv, sen sababli afsunsozligim,
Zaminu zamonga ishqibozligim.
Umring boqiy bo‘lsin, gul orazligim,
Bu ko‘ngil sen bilan shodon, sadag‘a.

Rahm anla ramzingga tashna qalb zordir,
Qo‘zlarim yo‘lingda ko‘p intizordir.
Maskanim Guliston—bir chamanzordir.
Bir oqshom bo‘lib ket mehmon, sadag‘a.

GUL BIR YON, CHAMAN BIR YON

Chaman ichnnda bir gul, gul bir yon, chaman bir yon.
Sarvi, sanobarmidir? — soch bir yon, suman bir yon.
Sahar, subhi sodiqda mushk bir yon, mujgon bir yon.
Tun pardasin tortsa gar, on bir yon, osmon bir yon.

O‘sgan bog‘iga olqov, o‘stirgan bog‘boniga,
Xavfu xatardan saqlay kelgan soyaboniga.
Andalib qo‘nar, zog‘lar qo‘nolmas bo‘stoniga.
Maqtoviga men bir yon, borliq suxandon bir yon.

Hakim zoti bor yerda dard bir yon, darmon bir yon.
Yoring jafokash bo‘lsa uy bir yon, zindon bir yon.
Ikki jon bir bo‘lmasa sham bir yon, shamdon bir yon.
Ayri bo‘lsa yo‘llari—tug‘ bir yon, shamdon bir yon.

Qo‘riqchisi bo‘lardim bog‘imda unar bo‘lsa,
Kuzim kelmay bahorim qayta boshlanar bo‘lsa,
Solnomachisi bo‘lay magar u Qamar bo‘lsa,
Qasam ichib aytaman: namak bir yon, non bir yon.

Qumri, sa’va oshiyon aylar bir gulafshon bu.
Bir kokili Sir bo‘lsa, u biri Zarafshon bu.
Ilohiy sanamlardan bir zuryod, bir nishon bu.
Kerak bo‘lsa magar jon, jon bir yon, jahon bir yo

Bu olamda Oy tanho, muborak Quyosh tanho.
Bo‘y qizlarning ichinda shu bir egma qosh tanho.
Uningdek hech kim menga bo‘lmasa sirdosh tanho
Go‘ro‘g‘li sulton bir yon, To‘ra Sulaymon bir yon.

TAVALLO

Nelardandir ko‘ngil bo‘lib g‘ash,
Ham egilib bu egilmas bosh,
Ko‘zlarimda qalqib tursa yosh
Bu holimga berolmay bardosh.
Mushtipar Onam yig‘laydir,
Qolganlari yolg‘on yig‘laydir.

Qaytar bo‘lsam quruq qo‘l ovdan,
Qora qozon qolsa qaynovdan;
Ham ayrilib o‘lja, ulovdan,
Qarzga botar bo‘lsam birovdan
Taskin berib Onam yig‘landir,
Qolganlari yolg‘on yig‘laydir.

Birda haqdin, birda nohaqdin,
Jabr ko‘rsam bir betovfiqdin
Ortda tursam qalbi quroqdin,
Qadrim xarob bo‘lsa tuproqdin.
Ohlar urib Onam yig‘landir,
Qolganlari yolg‘on yig‘laydir.

Og‘a-ini o‘rtasida gap…
Alhol, kelib chiqmish ixtilof:
Biri izzat, biri mulk talab
— Bu oq sutim, mehrimga xilof, —
Deya sho‘rlik Onam yig‘laydir,
Qolganlari yolg‘on yig‘laydir.

Sinalmoqning gali kelganda,
Nohaq mag‘lub bo‘lsam maydonda,
Nomim qolmas bo‘lsa jahonda,
Kim do‘st—dushman bilinar onda,
Ahvolimga Onam yig‘laydir,
Qolganlari yolg‘on yig‘laydir.

G‘anim bir yon, men bir yon bo‘lsam,
U ustivor, men uryon bo‘lsam,
Bu ham kamday nogiron bo‘lsam —
Og‘och otga yonma-yon bo‘lsam
Oy tutilib, Onam yig‘laydir,
Qolganlari yolg‘on yig‘laydir.

Bo‘lsam gumroh, bo‘lsa gunohim,
Vujudimga solmasdin vahm,
Qabul aylab tavallo — ohim,
Darig‘ tutmay mehring, ilohim,
Yig‘latmagil mushfiq Onamni,
Volidai Muhtaramamni.

OLQOV

Shu qora tuproq, shu xoki pok yerdan,
Yil bo‘yi to‘kilgan peshona terdan,
Istasa biy dala, sahroyu qirdai
Oq oltin yaratar dehqon qo‘llari.

Buyuk, kabirligin qilmay tamalar,
Tolalardan uyub tuman tonnalar,
Vaqtida yo‘lbarsday tortib na’ralar
Oq oltin yaratar dehqon qo‘llari.

Unvon tama qilmay, sha’n tama qilmay,
Tinchib, tinmasligin ham shama qilmay,
Himmat, hamiyatda tengi topilmay
Oq oltin yaratar dehqon qo‘llari.

El-yurt iftixori—uning boyligi,
O‘z ishiga mudom sherday shayligi.
Ta’rifga sig‘magay hotamtoyligi
Oq oltin yaratar dehqon qo‘llari.

Yuzlarga surtgulik—bosgan izlari,
Ishda izdoshlari—o‘g‘il-qizlari.
Bedor o‘tib doim bahor, kuzlari
Oq oltin yaratar dehqon qo‘llari.

Dovonlar zabt etib, dovonlar oshib,
Sha’ni-shavkatiga qo‘shnq yarashib
Uygan xirmonlari ko‘kka tutashib,
Oq oltin yaratar dehqon qo‘llari.

BOLAJON

Ko‘ngilga yovuqsan ko‘z bilan qoshday,
G‘ubori yo‘q tongda chiqqan quyoshday.
Go‘zallikka noming go‘yo uyqoshdan,
Jonu jahonimiz senga tutoshday.
Havasim keladi senga, bolajon.

Zarra xabaring yo‘q dunyo ishidan,
Falakning qay yo‘sin aylanishidan,
Atom vahimasi el tashvishidan,
Kimning kulib, kimning qayg‘urishidan.
Havasim keladi senga, bolajon.

Teran, tiniqlikda chashmasan, chashma,
Bu olam qarshingda qilar karashma.
Bundan sen quvonma, hovliqma, shoshma,
Hali manzil yiroq, yo‘ldan adashma,
Havasim keladi senga, bolajon.

O‘ynab, kelmoqlikdan o‘zga g‘aming yo‘q,
Bir nafas hasratda o‘tgan daming yo‘q,
Kimsada g‘arazing, o‘ch, alaming yo‘q,
Bilgimcha dunyoda sira kaming yo‘q,
Havasim keladi senga, bolajon.

O‘ylaysan yil bo‘yi mudom bahor deb,
Bahorsiz bu dunyo bee’tibor deb.
Hammaning bir xilda tashvishi bor deb,
Barchani o‘zingday pok, beg‘ubor deb…
Havasim keladi senga, bolajon.

Oftobday bezavol, ohuday soqsan
Sen elik bolasi — o‘yinqaroqsan,
Ko‘ksimizda mudom o‘chmas chiroqsan,
G‘urbatdan xolisan, g‘amdan yiroqsan,
Havasim keladi senga, bolajon.

Olamda sen bilan ona shodligi,
Baxti barhaqligi, umrbodligi.
Begard, o‘kinganing — dil barbodligi,
Havasim keladi senga, bolajon.

Sening ko‘zing bilan ko‘pni ko‘rolsam,
Sening so‘zing bilan dilga kirolsam,
Bosgan izing bo‘lib gulga o‘rolsam,
Sening o‘zing bo‘lib, qayta yaralsam,
Havasim keladi senga, bolajon.

067

(Tashriflar: umumiy 7 150, bugungi 2)

1 izoh

  1. Ассалому алайкум! Аллоҳ Тўра Сулаймонни Ўз раҳматига олсин. Сизлардан илтимосим бор эди. Ўша машҳур шеър — Гул бир ён чаман бир ён нинг шарҳини ҳеч қаердан топа олмадим. Иложи бўлса сайтга жойласангизлар жуда яхши бўларди. Ўйлайманки биргина мен эмас балки кўпчилик ҳоҳлаган бўлса. Олдиндан ташаккур!

Izoh qoldiring