Qaldibek Seydanov. Navoiy va Abay

09    10 август — Атоқли қозоқ шоири Абай Қўнонбоев таваллуд топган кун

Қозоқ халқининг ардоқли фарзанди, машҳур маърифатпарвар шоир Абай Қўнонбоевнинг ижодий мероси барча учун ибрат намунасидир. Эътиборга молик жиҳати шундаки, Абай Қўнонбоевнинг шоир сифатида шаклланишида Шарқ мумтоз адабиёти намояндалари қаторида ҳазрат Алишер Навоий ижодининг ҳам муносиб ўрни бор. Олим Қалдибек Сейданов икки улуғ шоир ижоди ва шахсиятидаги уйғун жиҳатларни таҳлил қилади.

Қалдибек СЕЙДАНОВ
НАВОИЙ ВА АБАЙ
045

01Абай Қўнонбоевнинг Абай даражасига кўтарилиб, қозоқ поэзиясининг машъали, ёруғ юлдузига айланишида, айниқса, Шарқ шоирлари, жумладан, Алишер Навоий ижод дурдоналарининг таъсири беқиёс бўлган. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, ёзувчи Ғабит Мусрепов: “Қозоқнинг инқилобдан аввалги адабиётига Ўрта Осиё классиклари асарларининг таъсири катта бўлган. Ўзбек халқининг донишманд шоири Алишер Навоийнинг асарларини ўқиб, ундан ўрнак олмаган шоир кам. Классик адабиётимизнинг буюк чўққиси – Абай ҳам Навоийни ўзига устоз деб билган, истеъдодига таъзим қилган”, дейди.

077Шарқ шеъриятидан таъсирланган ҳолда шеърлар битиш фақат Абайдагина эмас , балки ХIХ асарда яшаб ижод этган Шангерей, Шуртонбой, Оқон Сери, Шаади тўра Жангиров, Базор жиров, Қорасоқол Эримбет, Қулинчоқ, Мали хўжа, Кенже хўжа каби қозоқ шоирларида ҳам кузатилган. Бироқ Абай Қўнонбоев улардан анча илгари кетади, Низомий, Навоий, Фузулий, Бобур асарларини чуқур ўрганиб, бадиий бақувват асарлар, ажойиб достонлар яратади. Шоирнинг 1858 йили, 14 ёшида ёзган “Фузулий, Шамсий, Сайқалий” номли шеърий асари илҳом ва илмнинг дастлабки ҳосиласи эди.

Алишер Навоий билан Абай Қўнонбоев икки даврда, икки хил тарихий-ижтимоий шароитда – бири Ўрта аср маданиятининг равнақ топган даври (ХV аср)да темурий шаҳзодалар саройида умргузаронлик қилган бўлса, иккинчиси ХIХ асрнинг иккинчи ярмида саҳро халқи орасида – яшаган эса-да, уларнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятларида, аҳлоқий-дидактик қарашларида бир -бирига яқинлик, ўхшашликларни пайқаш қийин эмас. Алишер Навоий муайян маънода ҳукмдор (вазир ва Астробод ҳокими) бўлгани сингари Абай Қўнонбоев ҳам ҳукмдор (овул бўлиси) эди. Шу боис ҳар иккиси ҳам умрининг сўнгги дамларигача халқ манфаатини кўзлаган. Адолат, ҳаққонийлик, инсоний бурч, илм-маърифатни улуғлаб, ўз асарларида мазкур тушунча-туйғуларга кенг ўрин берганлар.

Жумладан, Алишер Навоий давлат арбоби сифатида Астрободни обод қилиш, халқнинг турмуш даражасини яхшилаш борасида қатор адолатли фармонлар чиқарган бўлса , Абай Қўнонбоев 1885 йили Семипалатинск ўлкасида яшовчи қозоқлар учун 60 моддадан иборат қонун лойиҳасини тузиб, халқ орасида жорий қилади. Ҳатто Абай ўз отаси Қўнонбойнинг олиб борган айрим зўравонлик ишларига ҳам ҳақли эътироз билдиради.

Икки улуғ шоирнинг ижодий тамойиллари ҳам ўхшашдир. Алишер Навоий шеърият, санъат ва илм-фанга беписанд муносабатда бўлганларни, баъзи чаламулла ижодкорларни ёқтирмаганидек, Абай ҳам ўз давридаги қозоқ шоирларининг бемаза битикларини танқид остига олади. Ҳазрат Навоий замондоши Осафийга қарата: “Демак, сиз ёзган ҳар юз мисра шеърнинг баҳоси бир пул экан-да”, дея киноя қилган бўлса, А.Қўнонбоев шеърият бўстонини хашакка тўлдирган қозоқ оқинлари Чўртонбой Қаной ўғли, Дулат Бабатоев ва Бухор жировга атаб қуйидаги мисраларни битади:

Чўртонбой, Дулат билан Бухор жиров,
Шеърлари бошдан- оёқ алғов-далғов.
Мағзини чақадиган одам бўлса,
Ҳар мисрада камчилик сезар дарров.

Ҳар икки шоир ҳам халққа ҳалол хизмат қилиш, инсоний фазилатлар, адолат, пок муҳаббатни ҳар қандай мансаб-амалдан юқори қўяди. Навоий:

Мансабдан мансабсизликка бургин юз ,
Ҳар мансабдан мансабсизлик дуруст, –

деган хулосага келса, Абай: “Буюк мансаб баланд қоядир. Унга эринмай ўрмаласа илон ҳам чиқа олур”, – дейди. Ҳатто бири вазирликдан, бири бўлисликдан воз кечишлари ҳам ҳаётдаги маслакларининг бир-бирига монанд эканини кўрсатади.

Одамий эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами –

ҳамда “Отанг фарзанди бўлма , одам фарзанди бўл” – ўзбек ва қозоқ миллатининг шиорига айланиб улгурган ушбу мисраларда комил инсон ғояси икки инсонпарвар ижодкорни ўйлантирган абадий мавзу эканини англаймиз.

Улар ижодидаги яна бир ҳамоҳанглик – меҳнатни улуғлаш, меҳнат аҳлини қадрлаш асарларида яққол кўзга ташланади. Масалан Навоий:

Умрни зое этма, меҳнат қил,
Меҳнатни саодатнинг калити бил, –

деса, Абай шундай ёзади: “Меҳнат қилсанг эринмай, қорнинг тўяр тиланмай”.

Кези келганда айтиш лозимки, иккисининг асарларида бадиий образларни тасвирлашдагина эмас, балки табиат ҳодисаларини ифодалашда ҳам мавжуд ўхшашликлар яққол кўзга ташланади. Масалан, Алишер Навоий қиш фаслини тасвирлар экан, шундай ёзади:

Совурди чуп шажар баргини сарсар,
Су(в) нинг сийобдини дай қилди мармар,

Ҳаво доғи булутдин кийди синжоб,
Булут доғи ҳавога сочди сиймоб,

Дай устоди нечунким заргари Чин,
Залол атфоли лавҳин қилди сиймин,

Булутдин ким томиб ҳар қатраи су(в),
Бурудатдин ёғиб оламга инжу…1

Яъни шоир, “қаттиқ шамол дарахт баргларини совурди, қиш симобдек ҳаракатдаги сувни музлатди, ҳаво булутдан синжоб (ҳайвон терсидан тикилган пўстин) кийди, булут ҳавога қор (симоб) сочди. Қиш устози, Чин заргари кумушдан тахт ясагандек, сув (муз)дан тахт ясади. Булутдан томган ҳар томчи сув, совуқдан инжу бўлиб оламга ёғилди”, – деса, Абай Қўнонбоевнинг машҳур “Қиш” шеъри шундай бошланади:

Оқ либосли, гавдали, оқ соқолли,
Кўзсиз соқов, танимайди тирик жонни.
Ҳамма ёғи оқ қиров, туси совуқ,
Босган изи ғарчиллаб келиб қолди.
Нафаси – изғиринли, аёзли қор,
Қари ошнанг – қиш келиб ташвиш солди 2.

(Таржима бизники – Қ.С).

Абай Қўнонбоев ўзининг “ Искандар” достонини яратар экан, у Алишер Навоий қаламига мансуб “Садди Искандарий” ҳамда Низомийнинг “Искандар” достонига, шунингдек, тарихий ва афсонавий “Искандар”га ҳам ижодий, шу билан бирга танқидий ёндашганини кўрамиз. Абай бошқаларникидан фарқли ўлароқ Искандарни эл-юртни талон-тарож этувчи золим шоҳ, босқинчи сифатида гавдалантириб, ўқувчиларни ундан нафратлантиради . Шу орқали адолатсизлик, шафқатсизлик ва зулмни кескин қоралаб, қаттиқ танқид остига олади. Алишер Навоий яратган “Садди Искандарий” достони билан Абай Қўнонбоевнинг “Искандар” асари ўртасида сюжетдаги тафовут, ўзига хос ифода, индивидуал услуб, ўзгача тасвир китобхон назаридан четда қолмайди. Абай Шарқ халқлари афсоналари асосида ўз достонини яратар экан, асарни қозоқ халқининг турмушига мослаштириб, қозоқча вариантини яратади. Ижодкор маҳорати ва истеъдодидан дарак берувчи бу достон қозоқ халқи орасида кенг шуҳрат қозонган.

Таъкидлаш жоизки, Абай Қўнонбоевнинг ижодий камолотида она юртининг халқ оғзаки дурдоналари, рус классикларининг нодир асарлари билан бир қаторда, Шарқ адабиётининг жавоҳиротлари ҳам ижобий роль ўйнаган. Академик Мухтор Авезовнинг қайд этишича, Абай Қўнонбоев ўғли Оқилбойга ҳазрат Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони сюжети асосида “Жарроқ” номли асар ёзишни топширгани, набираларидан бирининг исмини Бобур қўйгани шоирнинг ўзбек халқига ва унинг буюк фарзандларига бўлган меҳр-муҳаббатининг ёрқин далили десак, муболаға бўлмас. Ҳатто Абай Қўнонбоев ўзининг “Қозоқнинг келиб чиқиши ҳақида бирмунча сўз” номли мақоласида Бобур шахсига батаф сил тўхталиб: “Бобур шоҳнинг онаси билан туғишган икки қариндоши бўлган. Каттаси Тошкентда хон бўлса, кичиги қозоқларга ҳукмронлик қилган. Булар Чиғатой наслидан бўлган Юнусхоннинг болалари эди. Ўша қозоқларга ҳукмронлик қилганининг номи Аҳмад эди” 1, – дейди ва унинг қозоқлар орасидан уч юз аскар тўплаб, қалмоқлар билан курашганини қайд этади. Бу курашда Аҳмад хон қалмоқларга қақшатқич зарба берганидан уни қалмоқ хони: “Бу бир ёнолғиш бўлди”, – дейиш ўрнига: “Мана бу бир Алаш бўлди-ку”, – деб юборади. Шундан унинг номи “Алаш” деб номланибди”, – деган фикрни илгари суради ҳамда: “Бобурнома”да ана шундай ёзилган”, – деб, алоҳида уқтириб ўтади.

Буларнинг бари қозоқ шеърияти намояндаси, қозоқ халқининг фахри Абай Қўнонбоевнинг Фирдавсий, Низомий, Навоий, Бобур каби буюк алломалар асарларидан доимо баҳраманд бўлиб , уларни ўзига устоз билиб , алоҳида ҳурмат кўрсатганидан далолат. У ўзининг “Қозоқнинг келиб чиқиши ҳақида бирмунча сўз ” номли мақоласида ўзбек халқи ҳақида алоҳида тўхталиб: “…ўзбеклар экмаган экин, улар олмаган ҳосил, савдогарларининг бормаган жойи йўқ… Хуллас, уларнинг қўлидан келмаган иш йўқ. Руслардан фарқли улар қозоқларнинг тиригига ҳам, ўлигига ҳам ярайди, – дейди. – Ўруслар келгандан кейин ҳам ўзбеклар уларнинг илми, урф-одатларини биздан кўра олдинроқ ўрганиб олишди. Зийраклик, моҳирлик, эпчиллик, уддабуронлик ҳам шуларда, сиполик, одоб ҳам шуларда”, – деб, қардош ва ёндош ўзбек халқига юксак баҳо беради.

Буюк мутафаккир шоир Абай Қўнонбоевнинг ўз ватани ҳамда ўзбек халқига туйган муҳаббати унинг ота ўғли эмас, одам ўғли, чинакам инсонпарвар, бағри кенг ижодкор эканидан далолатдир.

  1. Маллаев Н. Ўзбек адабиёти тарихи. –Тошкент: “Ўқитувчи”, 1976. 455-бет.
    2. Құнанбаев А. Шығармаларының екі томдық толық жинағы. –Алматы, ҚМКƏБ, 1977. 95-бет

045

Qaldibek SEYDANOV
NAVOIY VA ABAY
045

01Abay Qo’nonboevning Abay darajasiga ko’tarilib, qozoq poeziyasining mash’ali, yorug’ yulduziga aylanishida, ayniqsa, Sharq shoirlari, jumladan, Alisher Navoiy ijod durdonalarining ta’siri beqiyos bo’lgan. Bu haqda Qozog’iston Respublikasi Fanlar akademiyasining akademigi, yozuvchi G’abit Musrepov: “Qozoqning inqilobdan avvalgi adabiyotiga O’rta Osiyo klassiklari asarlarining ta’siri katta bo’lgan. O’zbek xalqining donishmand shoiri Alisher Navoiyning asarlarini o’qib, undan o’rnak olmagan shoir kam. Klassik adabiyotimizning buyuk cho’qqisi – Abay ham Navoiyni o’ziga ustoz deb bilgan, iste’dodiga ta’zim qilgan”, deydi.

077Sharq she’riyatidan ta’sirlangan holda she’rlar bitish faqat Abaydagina emas , balki XIX asarda yashab ijod etgan Shangerey, Shurtonboy, Oqon Seri, Shaadi to’ra Jangirov, Bazor jirov, Qorasoqol Erimbet, Qulinchoq, Mali xo’ja, Kenje xo’ja kabi qozoq shoirlarida ham kuzatilgan. Biroq Abay Qo’nonboev ulardan ancha ilgari ketadi, Nizomiy, Navoiy, Fuzuliy, Bobur asarlarini chuqur o’rganib, badiiy baquvvat asarlar, ajoyib dostonlar yaratadi. Shoirning 1858 yili, 14 yoshida yozgan “Fuzuliy, Shamsiy, Sayqaliy” nomli she’riy asari ilhom va ilmning dastlabki hosilasi edi.

Alisher Navoiy bilan Abay Qo’nonboev ikki davrda, ikki xil tarixiy-ijtimoiy sharoitda – biri O’rta asr madaniyatining ravnaq topgan davri (XV asr)da temuriy shahzodalar saroyida umrguzaronlik qilgan bo’lsa, ikkinchisi XIX asrning ikkinchi yarmida sahro xalqi orasida – yashagan esa-da, ularning hayoti va ijodiy faoliyatlarida, ahloqiy-didaktik qarashlarida bir -biriga yaqinlik, o’xshashliklarni payqash qiyin emas. Alisher Navoiy muayyan ma’noda hukmdor (vazir va Astrobod hokimi) bo’lgani singari Abay Qo’nonboev ham hukmdor (ovul bo’lisi) edi. Shu bois har ikkisi ham umrining so’nggi damlarigacha xalq manfaatini ko’zlagan. Adolat, haqqoniylik, insoniy burch, ilm-ma’rifatni ulug’lab, o’z asarlarida mazkur tushuncha-tuyg’ularga keng o’rin berganlar.

Jumladan, Alisher Navoiy davlat arbobi sifatida Astrobodni obod qilish, xalqning turmush darajasini yaxshilash borasida qator adolatli farmonlar chiqargan bo’lsa , Abay Qo’nonboev 1885 yili Semipalatinsk o’lkasida yashovchi qozoqlar uchun 60 moddadan iborat qonun loyihasini tuzib, xalq orasida joriy qiladi. Hatto Abay o’z otasi Qo’nonboyning olib borgan ayrim zo’ravonlik ishlariga ham haqli e’tiroz bildiradi.

Ikki ulug’ shoirning ijodiy tamoyillari ham o’xshashdir. Alisher Na-voiy she’riyat, san’at va ilm-fanga bepisand munosabatda bo’lganlarni, ba’zi chalamulla ijodkorlarni yoqtirmaganidek, Abay ham o’z davridagi qozoq shoirlarining bemaza bitiklarini tanqid ostiga oladi. Hazrat Navoiy zamondoshi Osafiyga qarata: “Demak, siz yozgan har yuz misra she’rning bahosi bir pul ekan-da”, deya kinoya qilgan bo’lsa, A.Qo’nonboev she’riyat bo’stonini xashakka to’ldirgan qozoq oqinlari Cho’rtonboy Qanoy o’g’li, Dulat Babatoev va Buxor jirovga atab quyidagi misralarni bitadi:

Cho’rtonboy, Dulat bilan Buxor jirov,
She’rlari boshdan- oyoq alg’ov-dalg’ov.
Mag’zini chaqadigan odam bo’lsa,
Har misrada kamchilik sezar darrov.

Har ikki shoir ham xalqqa halol xizmat qilish, insoniy fazilatlar, adolat, pok muhabbatni har qanday mansab-amaldan yuqori qo’yadi. Navoiy:

Mansabdan mansabsizlikka burgin yuz ,
Har mansabdan mansabsizlik durust, –

degan xulosaga kelsa, Abay: “Buyuk mansab baland qoyadir. Unga erinmay o’rmalasa ilon ham chiqa olur”, – deydi. Hatto biri vazirlikdan, biri bo’lislikdan voz kechishlari ham hayotdagi maslaklarining bir-biriga monand ekanini ko’rsatadi.

Odamiy ersang demagil odami,
Onikim yo’q xalq g’amidin g’ami –

hamda “Otang farzandi bo’lma , odam farzandi bo’l” – o’zbek va qozoq millatining shioriga aylanib ulgurgan ushbu misralarda komil inson g’oyasi ikki insonparvar ijodkorni o’ylantirgan abadiy mavzu ekanini anglaymiz.

Ular ijodidagi yana bir hamohanglik – mehnatni ulug’lash, mehnat ahlini qadrlash asarlarida yaqqol ko’zga tashlanadi. Masalan Navoiy:

Umrni zoe etma, mehnat qil,
Mehnatni saodatning kaliti bil, –

desa, Abay shunday yozadi: “Mehnat qilsang erinmay, qorning to’yar tilanmay”.

Kezi kelganda aytish lozimki, ikkisining asarlarida badiiy obrazlarni tasvirlashdagina emas, balki tabiat hodisalarini ifodalashda ham mavjud o’xshashliklar yaqqol ko’zga tashlanadi. Masalan, Alisher Navoiy qish faslini tasvirlar ekan, shunday yozadi:

Sovurdi chup shajar bargini sarsar,
Su(v) ning siyobdini day qildi marmar,

Havo dog’i bulutdin kiydi sinjob,
Bulut dog’i havoga sochdi siymob,

Day ustodi nechunkim zargari Chin,
Zalol atfoli lavhin qildi siymin,

Bulutdin kim tomib har qatrai su(v),
Burudatdin yog’ib olamga inju…1

Ya’ni shoir, “qattiq shamol daraxt barglarini sovurdi, qish simobdek harakatdagi suvni muzlatdi, havo bulutdan sinjob (hayvon tersidan tikilgan po’stin) kiydi, bulut havoga qor (simob) sochdi. Qish ustozi, Chin zargari kumushdan taxt yasagandek, suv (muz)dan taxt yasadi. Bulutdan tomgan har tomchi suv, sovuqdan inju bo’lib olamga yog’ildi”, – desa, Abay Qo’nonboevning mashhur “Qish” she’ri shunday boshlanadi:

Oq libosli, gavdali, oq soqolli,
Ko’zsiz soqov, tanimaydi tirik jonni.
Hamma yog’i oq qirov, tusi sovuq,
Bosgan izi g’archillab kelib qoldi.
Nafasi – izg’irinli, ayozli qor,
Qari oshnang – qish kelib tashvish soldi 2.

(Tarjima bizniki – Q.S).

Abay Qo’nonboev o’zining “ Iskandar” dostonini yaratar ekan, u Alisher Navoiy qalamiga mansub “Saddi Iskandariy” hamda Nizomiyning “Iskandar” dostoniga, shuningdek, tarixiy va afsonaviy “Iskandar”ga ham ijodiy, shu bilan birga tanqidiy yondashganini ko’ramiz. Abay boshqalarnikidan farqli o’laroq Iskandarni el-yurtni talon-taroj etuvchi zolim shoh, bosqinchi sifatida gavdalantirib, o’quvchilarni undan nafratlantiradi . Shu orqali adolatsizlik, shafqatsizlik va zulmni keskin qoralab, qattiq tanqid ostiga oladi. Alisher Navoiy yaratgan “Saddi Iskandariy” dostoni bilan Abay Qo’nonboevning “Iskandar” asari o’rtasida syujetdagi tafovut, o’ziga xos ifoda, individual uslub, o’zgacha tasvir kitobxon nazaridan chetda qolmaydi. Abay Sharq xalqlari afsonalari asosida o’z dostonini yaratar ekan, asarni qozoq xalqining turmushiga moslashtirib, qozoqcha variantini yaratadi. Ijodkor mahorati va iste’dodidan darak beruvchi bu doston qozoq xalqi orasida keng shuhrat qozongan.

Ta’kidlash joizki, Abay Qo’nonboevning ijodiy kamolotida ona yurtining xalq og’zaki durdonalari, rus klassiklarining nodir asarlari bilan bir qatorda, Sharq adabiyotining javohirotlari ham ijobiy rol` o’ynagan. Akademik Muxtor Avezovning qayd etishicha, Abay Qo’nonboev o’g’li Oqilboyga hazrat Alisher Navoiyning “Sab’ai sayyor” dostoni syujeti asosida “Jarroq” nomli asar yozishni topshirgani, nabiralaridan birining ismini Bobur qo’ygani shoirning o’zbek xalqiga va uning buyuk farzandlariga bo’lgan mehr-muhabbatining yorqin dalili desak, mubolag’a bo’lmas. Hatto Abay Qo’nonboev o’zining “Qozoqning kelib chiqishi haqida birmuncha so’z” nomli maqolasida Bobur shaxsiga bataf sil to’xtalib: “Bobur shohning onasi bilan tug’ishgan ikki qarindoshi bo’lgan. Kattasi Toshkentda xon bo’lsa, kichigi qozoqlarga hukmronlik qilgan. Bular Chig’atoy naslidan bo’lgan Yunusxonning bolalari edi. O’sha qozoqlarga hukmronlik qilganining nomi Ahmad edi” 1, – deydi va uning qozoqlar orasidan uch yuz askar to’plab, qalmoqlar bilan kurashganini qayd etadi. Bu kurashda Ahmad xon qalmoqlarga qaqshatqich zarba berganidan uni qalmoq xoni: “Bu bir yonolg’ish bo’ldi”, – deyish o’rniga: “Mana bu bir Alash bo’ldi-ku”, – deb yuboradi. Shundan uning nomi “Alash” deb nomlanibdi”, – degan fikrni ilgari suradi hamda: “Boburnoma”da ana shunday yozilgan”, – deb, alohida uqtirib o’tadi.

Bularning bari qozoq she’riyati namoyandasi, qozoq xalqining faxri Abay Qo’nonboevning Firdavsiy, Nizomiy, Navoiy, Bobur kabi buyuk allomalar asarlaridan doimo bahramand bo’lib , ularni o’ziga ustoz bilib , alohida hurmat ko’rsatganidan dalolat. U o’zining “Qozoqning kelib chiqishi haqida birmuncha so’z ” nomli maqolasida o’zbek xalqi haqida alohida to’xtalib: “…o’zbeklar ekmagan ekin, ular olmagan hosil, savdogarlarining bormagan joyi yo’q… Xullas, ularning qo’lidan kelmagan ish yo’q. Ruslardan farqli ular qozoqlarning tirigiga ham, o’ligiga ham yaraydi, – deydi. – O’ruslar kelgandan keyin ham o’zbeklar ularning ilmi, urf-odatlarini bizdan ko’ra oldinroq o’rganib olishdi. Ziyraklik, mohirlik, epchillik, uddaburonlik ham shularda, sipolik, odob ham shularda”, – deb, qardosh va yondosh o’zbek xalqiga yuksak baho beradi.

Buyuk mutafakkir shoir Abay Qo’nonboevning o’z vatani hamda o’zbek xalqiga tuygan muhabbati uning ota o’g’li emas, odam o’g’li, chinakam insonparvar, bag’ri keng ijodkor ekanidan dalolatdir.

  1. Mallaev N. O’zbek adabiyoti tarixi. –Toshkent: “O’qituvchi”, 1976. 455-bet.
    2. Q?nanbaev A. Shig’armalarini? yekі tomdiq toliq jinag’i. –Almati, QMK?B, 1977. 95-bet

045

(Tashriflar: umumiy 1 854, bugungi 1)

Izoh qoldiring