Dino Bussati. Yozuvchining siri

055     «Мен адойи тамом бўлган одамман, лекин бахтиёрман. Ҳар қалай, мен қўлимдаги косани таг-тугига қадар сипқориб улгурганимча йўқ. Тўғри, жудаям оз бўлса-да, ҳали ичида нимадир бор. Уни сўнгги томчисига қадар тотиб кўришдан умидворман. Агар яна озгина яшай олсам, албатта: анчагина кексайиб қолганман, бир оёғим тўрда бўлса, бир оёғим гўрда.

Дино Буссати
ЁЗУВЧИНИНГ СИРИ
Рус тилидан Отаули таржимаси
09

05ХХ аср жаҳон ҳикоячилигининг бетакрор намояндаларидан бири италян адиби Дино Буссатидир. У 1906 йилнинг 16 октябрида Италиянинг Беллуно вилоятида туғилиб, 1972 йилда Миланда вафот этган.
Кўп йиллар Миландаги “Коррера делла Сера” газетасида ишлаган. Ёзувчининг “Тоғли Барнаббо” (1933), “Эски ўрмон сири” (1935), “Татар чўли” (1940), “Муҳаббат” (1963) романлари, “Йириклаштирилган қиёфа” (1960), “Айиқларнинг Ситсилияга ғаройиб босқини” (1945) ва бошқа қиссалари, кўпгина ҳикоя ва драмалари машҳур. Чунончи, “Татар чўли” романи билан “Қизиқ воқеа” драмасини француз тилига Албер Камю таржима қилган.“Татар чўли” романи Борхеснинг шахсий кутубхонасидаги энг ардоқли асарлардан бири ҳисобланган. Ёзувчининг 1958 йилда чоп этилган “Олтмиш ҳикоя” тўплами Италиянинг энг обрўли “Стрега” адабий мукофоти билан тақдирланган.“Ла Скала”даги шов-шув” ҳикоясини эса, Андре Моруа иккинчи жаҳон урушидан кейинги бутун Европа адабиётида дунёга келган энг ҳаққоний асар сифатида баҳолаган.
Жаҳон адабиётини пухта биладиган ёзувчиларимиздан бири, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад бир ҳикоясини Дино Буссатининг “Етти қават” ҳикоясига татаббу тарзида ёзгани адабий жамоатчиликка яхши маълум.
Дино Буссатининг севимли ёзувчиларидан бири Эдгар По бўлгани, албатта, бежиз эмасдир. Ёзувчи Мопассан, Тагор, Чехов, О. Генри, Стефан Свейг, Эдгар По, Сабоҳиддин Али, Азиз Несин, Муҳаммад Али Жамолзода каби жаҳоннинг машҳур ҳикоянавислари қаторида ҳақли равишда тура олади.
Адиб қаламига мансуб жами икки юзга яқин ҳикоянинг аксарияти кўпгина тилларга таржима қилинган. Бу ҳикояларнинг энг муҳим фазилатлари ёрқин чизиб кўрсатилган лавҳа – мумтоз тасвирий аниқлиги, қисқалиги, шарқона муболаға, мажоз ва асотирларга бойлигида дейиш мумкин.

09

«Мен адойи тамом бўлган одамман, лекин бахтиёрман. Ҳар қалай, мен қўлимдаги косани таг-тугига қадар сипқориб улгурганимча йўқ. Тўғри, жудаям оз бўлса-да, ҳали ичида нимадир бор. Уни сўнгги томчисига қадар тотиб кўришдан умидворман. Агар яна озгина яшай олсам, албатта: анчагина кексайиб қолганман, бир оёғим тўрда бўлса, бир оёғим гўрда.

Мана, талай йиллардан буён ҳамма менинг ижодий таназзулга юз тутганимни, ёзувчи сифатида узил-кесил ва тамомила «ўлиб бўлганимни» уқтиради. Бу хусусда очиқ-ошкор айтмасалар-да, ўзларича шундай ўйлайдилар. Менинг эълон қилган ҳар бир янги асарим қиялик бўйлаб пастга қараб қўйилган яна бир қадам сифатида баҳоланади. Шундай, тобора пастлаша-пастлаша, охир-оқибат, боши берк кўчага кириб турибман.

Ҳаммасига аввало ўзим сабабчиман. Мен ўттиз йилдан кўпроқ вақт мобайнида онгли равишда, аввалдан пухта ўйланган режа асосида аста-секин, бироқ тўппа-тўғри тубсиз чоҳга қараб йўл юриб келдим.

Бошқачароқ айтганда, деб сўрайсиз сиз мендан, сен ўзинг шу кўргиликни истаб, ўзингга ўзинг чоҳ қазидингми, бундан чиқди?

Ҳа, шундай, хонимлар ва жаноблар, худди шундай. Мен ўз ижодимда аввалига кўз қамаштирар юксакликларга кўтарилдим. Машҳурлик шоҳсупасига чиқдим. Жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотдим.

Омадим юришгандан юришаверди. Шу кетишда янаям юксакроқларга парвоз қилишим мумкин эди. Агар истасам бас, ортиқча зўриқишларсиз тўла ва мутлоқ шуҳратга эришган бўлар эдим.

Лекин мен истамадим.

Бунинг устига, мен батамом бошқача йўл танладим. Ўзим эришган юксакликдан (еътиборингиз учун, ижодда, майли, Ҳимолай демай, ҳар қалай, Монторозанинг энг баланд чўққисига менгзагулик анчагина юксак кўрсаткичларга эришганман!) секин-аста пастга тушишни маъқул кўрдим. Юқорига кўтарилаётганимда сакраб-сакраб ўтганим айни ўша йўлни қуйига тушаётганимда бошқачароқ тарзда босиб ўтишга аҳд қилдим.

Аянчли аҳволда паст кетишнинг бутун аччиқ аламини татиб кўришим керак эди. Эътибор беринг, аянчли, бироқ фақат бир қарашдагина шундай. Зотан, мен бу аста-секин тушишдан чинакамига ҳузур-ҳаловат туйдим. Шу бугун кечқурун мен сизга ҳаммасини батафсил тушунтириб бермоқчиман. Дил сандиғимда узоқ сақланган ботиний сиримни очиб кўрсатмоқчиман. Арзи ҳолим саҳифаларини ғилофга жойлаб, устини елимлаб қўяман, токи улар мен бу дунёни ташлаб кетганимдан кейингина очиб ўқилсин.

Қирқ ёшимда ижодий ютуқлар уммонида чаппор урганча қулочкашлаб сузар эканман, камина ўз-ўзимга қаттиқ мафтун-маҳлиё эдим, бироқ, ҳайтовур, ажойиб кунлардан бирида кўзим очилди.

Оламшумул шон-шуҳрат, довруқ, асъаса-дабдаба, халқаро эътироф, машҳури жаҳонлик – айнан шуларга мен бутун жон-жаҳдим билан интилган эдим-а, буни қаранг! – кутилмаганда кўз олдимда ўзининг қип-яланғоч ночор-нотавонлиги билан яққол намоён бўлди-қолди.

Машҳури жаҳонликнинг моддий жиҳатлари мени қизиқтирмас эди. Чунки ўша пайтлардаёқ анчагина бой, ўзимга тўқ эдим. Хўш, яна нима керак?.. Қарсаклар, ғалаба нашидаси, жимжимадор саробми?.. Айни шуларни деб қанча эркак ва аёллар шайтонга ўз жонларини сотмадиларми? Ҳар гал бу осмондан ёғилган чалпакнинг урвоғини татиб кўрганимда оғзимда унинг аччиқдан-аччиқ, кўнгилни айнитувчи таъмини ҳис қиладиган бўлиб қолдим. Машҳури жаҳонликнинг энг олий даражаси нима, деб сўрадим ўзимдан. Жавоб ҳам топдим. Ниҳояти шундан иборатки, кўчада кетаётганингизда одамлар аланглаб қарашади-да, ўзаро шивирлашади: ана, кўряпсанми, ана у!.. Шугина, холос! Бунинг устига, эътибор беринг, ҳатто мана шу асоссиз ҳузур-ҳаловат ҳам фақатгина машҳур сиёсий арбоблар ёхуд шон-шуҳрат гулчамбарига ўралган киноюлдузларнинггина чекига тушар экан, холос. Ҳозирги пайтда оддийгина ёзувчига эътибор беришлари учун – билмадим, қандай мўъжиза юз бериши керак.

Устига устак, медалнинг орқа томони ҳам борлигини айтмайсизми! Таниқли ёзувчининг кундалик ҳаёти қанчалик дўзах азобига айланиб қолишини сиз биласизми ўзи: битмас-туганмас мажбуриятлар, мухлисларнинг хатлари-ю телефон қўнғироқлари, интервюлар, учрашувлар, матбуот анжуманлари, радиода чиқишлар ва бошқа шулар каби беҳисоб-бемаза даҳмазалар. Лекин мени қўрқитган нарса булар эмас! Каминани қаттиқ сергак торттирган ва безовта қилган куч бутунлай бошқа нарса! Мен шуни сезиб қолдимки, шахсан ўзимга қарийб ҳеч қандай ҳузур-ҳаловат бахш этолмайдиган ҳар бир ижодий ютуғим… кўпчиликни қаттиқ азоб-уқубатларга гирифтор қилар экан! О, менинг ижодий ҳаётимдаги энг қувончли лаҳзаларда дўстларим ва қаламкаш биродарларимнинг безовта-беҳаловат авзолари ўзимда қанчалик ачиниш, раҳм-шафқат ҳисларини уйғотганини билсангиз эди! Ўзим билан эски қадрдонлик ва умумий манфаатларнинг мустаҳкам ришталари орқали маҳкам боғланган ажойиб-ажойиб йигит-қизлар, виждони уйғоқ заҳматкашлар – нега энди улар азоб чекишлари керак?!

Ана ўшанда мен ҳаммасини тарозига қўйдим-да, яхшигина тушуниб етдимки, каминанинг ижодий парвоз иштиёқи атрофимдагиларни қанчалар азоб-уқубатларга гирифтор қилмоқда экан… Шу яхшими? Гуноҳкорман – бу хусусда аввалроқ ўйлаб кўрмаган эканман. Энди эса, чуқур мулоҳаза қилиб, ўзимча қаттиқ виждон азобини ҳис қилмоқдаман.

Яна бир нарсани тушуниб етдим: агар шу шиддат билан ижодий юксалишда давом этаверсам, янгидан-янги шуҳрат гулчамбарларига сазовор бўлишим муқаррар.

Лекин бу ҳолда яна қанча одамларнинг юраклари торайиб, қон босими ошиб, ўзини қўйгали жой тополмай қолар эканлар? Ахир, шу кўйга солишим уларга нисбатан инсофданми?!. Бу дунёи дун турли хил азоб-уқубатларга тўла. Бироқ ҳасад-бахиллик инсон қалбига энг чуқур, энг қонли, узоқ вақтгача минг бир машаққатлардан кейин ҳам битиши даргумон бўлган жароҳат муҳрини босувчи туйғу эканки, одам боласининг бу ночор-нотавон аҳволига қараб туриб кўнглингда раҳм-шафқат, меҳр-мурувват ҳислари беихтиёр жўш уради.

Энди мен ўз гуноҳимни ювишим керак – бундан бошқа чора йўқ! Шунда мен узил-кесил бир тўхтамга келдим: Худога шукр, анчагина хайрли ишларни қилиб улгурдим. Ҳозирга қадар мен, омади кулиб боққан одам, ўзимга ўхшаганларга кўпдан-кўп озор бериб келдим. Энди эса, уларни хотиржам-хурсанд қилиб, уларга омадимни бош-бутун қайтараман! Азобларга чек қўйиш – ахир, мана шу эмасми – қувонч? Ахир қувонч аввалги кечирилган азоблар ўрнини босса ёмонми?

Иш суръатини сусайтирмаган ҳолда ёзишда давом этаверишим керак, токи ҳеч кимда «ўз ихтиёри билан воз кечди, ташлаб қочди» деган нохуш таассурот уйғонмасин. Бу иш менинг ҳамкасбларим кўнглида етарли таскин-тасалли, кутилган қувончни уйғотиши амримаҳол. Йўқ, яхшиси ҳаммасини аҳмоқ қилиш керак, чалғитиш керак, истеъдодни энг гуллаб-яшнаб турганида сир сақлаб, гўё илҳом булоғи қуриб бораётгандек, тобора ёмонроқ ёзиш керак, тамом-вассалом.

Токи мендан янги ижодий парвозни кутаётган одамларни ўзимнинг ижодий таназзулим – паст кетишим билан алланечук ёқимли таажжубларга солай!

Вазифа бир қарашдагина енгил! Зотан, рангсиз-туссиз, очиқ-ошкор ўртамиёна асар ёзиш осон иш деб ўйловчилар у1179 .аттиқ янглишадилар. Аслида, ҳаммаси анчагина оғир ва бунинг иккита муҳим сабаби бор.

Биринчидан, мунаққидларни қаттиқ бир силкитиб, уларни ошириб мақташ одатларидан воз кечишга мажбур қилишимга тўғри келади. Ўша пайтда нафосат кўргазмасида алоҳида ўринга эга, обрўси баланд, улкан адиблар қаторига мансуб эдим-да. Мени ошириб мақташ қарийб қатъий риоя қилиниши зарур бўлган қоидага айланиб улгурган эди. Мунаққидлар эса, маълумингизким, ҳамма нарсани жой-жойига қўйиб бўлганларидан кейин, қани энди уларни ўз фикрларидан воз кечишга мажбур қилиб кўринг-чи! Улар менинг ёзадиганимни ёзиб бўлганимни сезишарми экан, ёки ўзларининг ошириб мақташлардан иборат баҳоларида қаттиқ оёқ тираб туриб олаверармиканлар?

Иккинчи сабаб. Қон деганлари оддийгина сув эмас-да, азизлар! Сиз ўзимдаги даҳоликнинг асов юлқинишларини бўйсиндириб, уни босиб туриш менга осон бўлди деб ўйлайсизми?! Нечоғли жўн ва ўртамиёна бўлиб кўринишга уринмайин, истеъдод ёлқини ўзининг илоҳий кучи билан сатрлараро сизиб юзага чиқиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмасди-да, ахир.

Чинакам сўз санъаткори учун жўнгина қаламкаш бўлиб кўринишнинг турган-битгани азоб, ҳатто агар ўзингизни аслингиздан ёмонроқ қилиб кўрсатишни астойдил истаганингизда ҳам.

Ҳар қалай, бу ишни бир амаллаб уддалашга муваффақ бўлдим. Йиллар ўтиши билан мен ўзимнинг тутқич бермас табиатимни жиловладим. Истеъдодсизликни шунақанги нозик, қойилмақом қилиб кўрсатишни ўрганиб олдимки, шунинг ўзиёқ улуғ истеъдоднинг аниқ-равшан далили бўла олади. Мен бирин-кетин, бири биридан бўшроқ китоблар ёзавердим. Бадиий ифода ва ҳаёт ҳаққониятидан минг фарсаҳ йироқдаги бу қадар ланж, энса қотирар даражадаги сохта қораламалар менинг қаламим остидан чиққанини ким ҳам ўйлабди дейсиз! Бу ёзувчининг аста-секинлик билан ўз жонига қасд қилишига баробар иш эди.

Менинг янги пайдо бўлган ҳар бир асаримдан кейин дўстларим ва ҳамкасбларимнинг чиройлари очилиб, юзларидаги ажинлари ёзила борди. Мен у бечораларни аста-секинлик билан ҳасаднинг оғир юкидан халос қилавердим. Натижада, уларнинг ўзларига бўлган ишончлари яна орта борди. Яшаш иштиёқлари кучайди.

Энг муҳими – мени қайтатдан астойдил севиб бошладилар. Қисқаси, яйраб-яшнаб бошладилар. Қанчалар узоқ вақт уларнинг нақ бўғизларида суякдек тиқилиб турган эканман-а мен! Энди эса, ўта эҳтиёткорлик ва ғамхўрлик билан уларнинг жароҳатларига малҳам босиб, ўзларини қушдек енгил ҳис қилишларига имконият яратиб бермоқдаман.

Қарсаклар сусайди. Мен ўзимни сояга олдим. Лекин тақдиримдан миннатдор эдим. Атрофимдаги мунофиқларча сохта мақтовларга йўғрилган хитоб-ундовлар исканжасидан халос бўлдим. Энди мени сидқидил муҳаббат ва самимий миннатдорчиликнинг қайноқ тўлқинлари чулғай бошлади. Дўстларимнинг овозларида барчамизнинг ёшлик чоғларимиздаги, ҳали инсоний тубанликларнинг кўчасидан ҳам ўтмаган ва олис-олисларда қолиб кетган яхши кунлардаги каби тоза, беғубор-бегидир, олийҳиммат муносабат оҳангларини қайта илғай бошладим.

Бу қанақаси бўлди, деб сўрайсиз сиз мендан, демак, сен атиги беш-ўнтагина ҳамкасбларинг учунгина ёзган экансан-да, бундан чиқди? Ёзувчилик шарафи нима бўлди? Адабий жамоатчилик-чи? Сен кўнгилларини ёриштиришинг мумкин бўлган, бугунги кунда яшаб турган ва келгусида туғилажак кўпдан-кўп китобхонлар-чи? Демак, сенинг санъатинг, маҳоратинг аслида ҳам ҳаминқадар экан-да, а? Демак, истеъдодинг шу қадар ночор-нотавон экан-да?

Жавоб бераман: ҳа, сиз ҳақсиз, дўстларим ва қаламкаш биродарларим олдидаги қарзим – бутун башарият олдидаги мажбуриятимга таққослаганда ҳеч нарса эмас, албатта. Лекин мен ўз яқинларимни, бутун сайёрамиз бўйлаб сочилган кўзга кўринмас китобхонларимни, учинчи минг йилликда келадиган авлодларни зиғирча ҳам хафа қилмаганман. Бутун ҳаётим давомида Парвардигори Олам зиммамга юклаган шарафли вазифани яширин равишда сидқидил адо этдим. Илоҳий илҳом қанотларида учар эканман, мен ўзимнинг асл моҳиятимни ёрқин акс эттирувчи асарлар ёздим. Улар мени эртадир-кечдир осмони-фалакка кўтариб, шон-шуҳратнинг энг баланд чўққисига олиб чиқа олади. Ҳа, улар аллақачон ёзилиб ётоқхонамдаги катта бир қутига тахлаб қўйилган. Нақд ўн икки жилд! Сиз уларни менинг вафотимдан кейин ўқийсиз. Ўша пайтда дўстларимнинг қайғуришлари учун сабаб бўлмайди. Марҳумнинг ҳамма айбларини осон кечириб юборадилар, ҳатто унинг ўлмас асарлар ёзганини ҳам! Тўғри, ўшанда дўстларим нописандлик билан истеҳзоли кулишади-да, бош чайқаб туриб айтадиларки, «Қанақанги аблаҳ экан-а, у ҳаммамизни доғда қолдириб кетибди-я! Биз бўлсак, у қариган чоғида ёш боладек бўлиб қолди деб ўйлабмиз-а!..»

Нима бўлганда ҳам сизга…»

Ёзув шу ерда узилиб қолган эди. Кекса ёзувчи ўз дилномасини тугатолмабди. Сабаби жон таслим қилибди. Уни ёзув столи олдида ўтирган ҳолда топишибди. Оқ қоғоз устидаги синган қалам билан ёнма-ён унинг сочлари оппоқ оқарган боши ўзининг энг сўнгги ва энг улуғ хотиржамлигида ҳаракатсиз ётар эди.

Ёзувни ўқигач, яқинлари ётоқхонага кирдиларда, қутини очдилар. У ерда жами ўн икки дона қалин қоғоз тахламини кўрдилар: тахламнинг ҳар бири юз бет!.. Мутлақо ёзилмаган, ҳатто бир белги ҳам қўйилмаган…

09

Dino Bussati
YOZUVCHINING SIRI
Rus tilidan Otauli tarjimasi
09

XX asr jahon hikoyachiligining betakror namoyandalaridan biri italyan adibi Dino Bussatidir. U 1906 yilning 16 oktyabrida Italiyaning Belluno viloyatida tug’ilib, 1972 yilda Milanda vafot etgan.
Ko’p yillar Milandagi “Korrera della Sera” gazetasida ishlagan. Yozuvchining “Tog’li Barnabbo” (1933), “Eski o’rmon siri” (1935), “Tatar cho’li” (1940), “Muhabbat” (1963) romanlari, “Yiriklashtirilgan qiyofa” (1960), “Ayiqlarning Sitsiliyaga g’aroyib bosqini” (1945) va boshqa qissalari, ko’pgina hikoya va dramalari mashhur. Chunonchi, “Tatar cho’li” romani bilan “Qiziq voqea” dramasini frantsuz tiliga Alber Kamyu tarjima qilgan.“Tatar cho’li” romani Borxesning shaxsiy kutubxonasidagi eng ardoqli asarlardan biri hisoblangan. Yozuvchining 1958 yilda chop etilgan “Oltmish hikoya” to’plami Italiyaning eng obro’li “Strega” adabiy mukofoti bilan taqdirlangan.“La Skala”dagi shov-shuv” hikoyasini esa, Andre Morua ikkinchi jahon urushidan keyingi butun Yevropa adabiyotida dunyoga kelgan eng haqqoniy asar sifatida baholagan.
Jahon adabiyotini puxta biladigan yozuvchilarimizdan biri, filologiya fanlari doktori Xurshid Do’stmuhammad bir hikoyasini Dino Bussatining “Etti qavat” hikoyasiga tatabbu tarzida yozgani adabiy jamoatchilikka yaxshi ma’lum.Dino Bussatining sevimli yozuvchilaridan biri Edgar Po bo’lgani, albatta, bejiz emasdir. Yozuvchi Mopassan, Tagor, Chexov, O. Genri, Stefan Sveyg, Edgar Po, Sabohiddin Ali, Aziz Nesin, Muhammad Ali Jamolzoda kabi jahonning mashhur
hikoyanavislari qatorida haqli ravishda tura oladi.Adib qalamiga mansub jami ikki yuzga yaqin hikoyaning aksariyati ko’pgina tillarga tarjima qilingan. Bu hikoyalarning eng muhim fazilatlari yorqin chizib ko’rsatilgan lavha – mumtoz tasviriy aniqligi, qisqaligi, sharqona mubolag’a, majoz va asotirlarga boyligida deyish mumkin.

09

«Men adoyi tamom bo‘lgan odamman, lekin baxtiyorman. Har qalay, men qo‘limdagi kosani tag-tugiga qadar sipqorib ulgurganimcha yo‘q. To‘g‘ri, judayam oz bo‘lsa-da, hali ichida nimadir bor. Uni so‘nggi tomchisiga qadar totib ko‘rishdan umidvorman. Agar yana ozgina yashay olsam, albatta: anchagina keksayib qolganman, bir oyog‘im to‘rda bo‘lsa, bir oyog‘im go‘rda.
Mana, talay yillardan buyon hamma mening ijodiy tanazzulga yuz tutganimni, yozuvchi sifatida uzil-kesil va tamomila “o‘lib bo‘lganimni” uqtiradi. Bu xususda ochiq-oshkor aytmasalar-da, o‘zlaricha shunday o‘ylaydilar. Mening e’lon qilgan har bir yangi asarim qiyalik bo‘ylab pastga qarab qo‘yilgan yana bir qadam sifatida baholanadi. Shunday, tobora pastlasha-pastlasha, oxir-oqibat, boshi berk ko‘chaga kirib turibman.
Hammasiga avvalo o‘zim sababchiman. Men o‘ttiz yildan ko‘proq vaqt mobaynida ongli ravishda, avvaldan puxta o‘ylangan reja asosida asta-sekin, biroq to‘ppa-to‘g‘ri tubsiz chohga qarab yo‘l yurib keldim.
Boshqacharoq aytganda, deb so‘raysiz siz mendan, sen o‘zing shu ko‘rgilikni istab, o‘zingga o‘zing choh qazidingmi, bundan chiqdi?
Ha, shunday, xonimlar va janoblar, xuddi shunday. Men o‘z ijodimda avvaliga ko‘z qamashtirar yuksakliklarga ko‘tarildim. Mashhurlik shohsupasiga chiqdim. Jamoatchilikda katta qiziqish uyg‘otdim.
Omadim yurishgandan yurishaverdi. Shu ketishda yanayam yuksakroqlarga parvoz qilishim mumkin edi. Agar istasam bas, ortiqcha zo‘riqishlarsiz to‘la va mutloq shuhratga erishgan bo‘lar edim.
Lekin men istamadim.
Buning ustiga, men batamom boshqacha yo‘l tanladim. O’zim erishgan yuksaklikdan (e’tiboringiz uchun, ijodda, mayli, Himolay demay, har qalay, Montorozaning eng baland cho‘qqisiga mengzagulik anchagina yuksak ko‘rsatkichlarga erishganman!) sekin-asta pastga tushishni ma’qul ko‘rdim. Yuqoriga ko‘tarilayotganimda sakrab-sakrab o‘tganim ayni o‘sha yo‘lni quyiga tushayotganimda boshqacharoq tarzda bosib o‘tishga ahd qildim.
Ayanchli ahvolda past ketishning butun achchiq alamini tatib ko‘rishim kerak edi. E’tibor bering, ayanchli, biroq faqat bir qarashdagina shunday. Zotan, men bu asta-sekin tushishdan chinakamiga huzur-halovat tuydim. Shu bugun kechqurun men sizga hammasini batafsil tushuntirib bermoqchiman. Dil sandig‘imda uzoq saqlangan botiniy sirimni ochib ko‘rsatmoqchiman. Arzi holim sahifalarini g‘ilofga joylab, ustini yelimlab qo‘yaman, toki ular men bu dunyoni tashlab ketganimdan keyingina ochib o‘qilsin.
Qirq yoshimda ijodiy yutuqlar ummonida chappor urgancha qulochkashlab suzar ekanman, kamina o‘z-o‘zimga qattiq maftun-mahliyo edim, biroq, haytovur, ajoyib kunlardan birida ko‘zim ochildi.
Olamshumul shon-shuhrat, dovruq, as’asa-dabdaba, xalqaro e’tirof, mashhuri jahonlik – aynan shularga men butun jon-jahdim bilan intilgan edim-a, buni qarang! – kutilmaganda ko‘z oldimda o‘zining qip-yalang‘och nochor-notavonligi bilan yaqqol namoyon bo‘ldi-qoldi.
Mashhuri jahonlikning moddiy jihatlari meni qiziqtirmas edi. Chunki o‘sha paytlardayoq anchagina boy, o‘zimga to‘q edim. Xo‘sh, yana nima kerak?.. Qarsaklar, g‘alaba nashidasi, jimjimador sarobmi?.. Ayni shularni deb qancha erkak va ayollar shaytonga o‘z jonlarini sotmadilarmi? Har gal bu osmondan yog‘ilgan chalpakning urvog‘ini tatib ko‘rganimda og‘zimda uning achchiqdan-achchiq, ko‘ngilni aynituvchi ta’mini his qiladigan bo‘lib qoldim. Mashhuri jahonlikning eng oliy darajasi nima, deb so‘radim o‘zimdan. Javob ham topdim. Nihoyati shundan iboratki, ko‘chada ketayotganingizda odamlar alanglab qarashadi-da, o‘zaro shivirlashadi: ana, ko‘ryapsanmi, ana u!.. Shugina, xolos! Buning ustiga, e’tibor bering, hatto mana shu asossiz huzur-halovat ham faqatgina mashhur siyosiy arboblar yoxud shon-shuhrat gulchambariga o‘ralgan kinoyulduzlarninggina chekiga tushar ekan, xolos. Hozirgi paytda oddiygina yozuvchiga e’tibor berishlari uchun – bilmadim, qanday mo‘‘jiza yuz berishi kerak.
Ustiga ustak, medalning orqa tomoni ham borligini aytmaysizmi! Taniqli yozuvchining kundalik hayoti qanchalik do‘zax azobiga aylanib qolishini siz bilasizmi o‘zi: bitmas-tuganmas majburiyatlar, muxlislarning xatlari-yu telefon qo‘ng‘iroqlari, intervyular, uchrashuvlar, matbuot anjumanlari, radioda chiqishlar va boshqa shular kabi behisob-bemaza dahmazalar. Lekin meni qo‘rqitgan narsa bular emas! Kaminani qattiq sergak torttirgan va bezovta qilgan kuch butunlay boshqa narsa! Men shuni sezib qoldimki, shaxsan o‘zimga qariyb hech qanday huzur-halovat baxsh etolmaydigan har bir ijodiy yutug‘im… ko‘pchilikni qattiq azob-uqubatlarga giriftor qilar ekan! O, mening ijodiy hayotimdagi eng quvonchli lahzalarda do‘stlarim va qalamkash birodarlarimning bezovta-behalovat avzolari o‘zimda qanchalik achinish, rahm-shafqat hislarini uyg‘otganini bilsangiz edi! O’zim bilan eski qadrdonlik va umumiy manfaatlarning mustahkam rishtalari orqali mahkam bog‘langan ajoyib-ajoyib yigit-qizlar, vijdoni uyg‘oq zahmatkashlar – nega endi ular azob chekishlari kerak?!
Ana o‘shanda men hammasini taroziga qo‘ydim-da, yaxshigina tushunib yetdimki, kaminaning ijodiy parvoz ishtiyoqi atrofimdagilarni qanchalar azob-uqubatlarga giriftor qilmoqda ekan… Shu yaxshimi? Gunohkorman – bu xususda avvalroq o‘ylab ko‘rmagan ekanman. Endi esa, chuqur mulohaza qilib, o‘zimcha qattiq vijdon azobini his qilmoqdaman.
Yana bir narsani tushunib yetdim: agar shu shiddat bilan ijodiy yuksalishda davom etaversam, yangidan-yangi shuhrat gulchambarlariga sazovor bo‘lishim muqarrar.
Lekin bu holda yana qancha odamlarning yuraklari torayib, qon bosimi oshib, o‘zini qo‘ygali joy topolmay qolar ekanlar? Axir, shu ko‘yga solishim ularga nisbatan insofdanmi?!. Bu dunyoi dun turli xil azob-uqubatlarga to‘la. Biroq hasad-baxillik inson qalbiga eng chuqur, eng qonli, uzoq vaqtgacha ming bir mashaqqatlardan keyin ham bitishi dargumon bo‘lgan jarohat muhrini bosuvchi tuyg‘u ekanki, odam bolasining bu nochor-notavon ahvoliga qarab turib ko‘nglingda rahm-shafqat, mehr-muruvvat hislari beixtiyor jo‘sh uradi.
Endi men o‘z gunohimni yuvishim kerak – bundan boshqa chora yo‘q! Shunda men uzil-kesil bir to‘xtamga keldim: Xudoga shukr, anchagina xayrli ishlarni qilib ulgurdim. Hozirga qadar men, omadi kulib boqqan odam, o‘zimga o‘xshaganlarga ko‘pdan-ko‘p ozor berib keldim. Endi esa, ularni xotirjam-xursand qilib, ularga omadimni bosh-butun qaytaraman! Azoblarga chek qo‘yish – axir, mana shu emasmi – quvonch? Axir quvonch avvalgi kechirilgan azoblar o‘rnini bossa yomonmi?
Ish sur’atini susaytirmagan holda yozishda davom etaverishim kerak, toki hech kimda “o‘z ixtiyori bilan voz kechdi, tashlab qochdi” degan noxush taassurot uyg‘onmasin. Bu ish mening hamkasblarim ko‘nglida yetarli taskin-tasalli, kutilgan quvonchni uyg‘otishi amrimahol. Yo‘q, yaxshisi hammasini ahmoq qilish kerak, chalg‘itish kerak, iste’dodni eng gullab-yashnab turganida sir saqlab, go‘yo ilhom bulog‘i qurib borayotgandek, tobora yomonroq yozish kerak, tamom-vassalom.
Toki mendan yangi ijodiy parvozni kutayotgan odamlarni o‘zimning ijodiy tanazzulim – past ketishim bilan allanechuk yoqimli taajjublarga solay!
Vazifa bir qarashdagina yengil! Zotan, rangsiz-tussiz, ochiq-oshkor o‘rtamiyona asar yozish oson ish deb o‘ylovchilar u1179 .attiq yanglishadilar. Aslida, hammasi anchagina og‘ir va buning ikkita muhim sababi bor.
Birinchidan, munaqqidlarni qattiq bir silkitib, ularni oshirib maqtash odatlaridan voz kechishga majbur qilishimga to‘g‘ri keladi. O’sha paytda nafosat ko‘rgazmasida alohida o‘ringa ega, obro‘si baland, ulkan adiblar qatoriga mansub edim-da. Meni oshirib maqtash qariyb qat’iy rioya qilinishi zarur bo‘lgan qoidaga aylanib ulgurgan edi. Munaqqidlar esa, ma’lumingizkim, hamma narsani joy-joyiga qo‘yib bo‘lganlaridan keyin, qani endi ularni o‘z fikrlaridan voz kechishga majbur qilib ko‘ring-chi! Ular mening yozadiganimni yozib bo‘lganimni sezisharmi ekan, yoki o‘zlarining oshirib maqtashlardan iborat baholarida qattiq oyoq tirab turib olaverarmikanlar?
Ikkinchi sabab. Qon deganlari oddiygina suv emas-da, azizlar! Siz o‘zimdagi daholikning asov yulqinishlarini bo‘ysindirib, uni bosib turish menga oson bo‘ldi deb o‘ylaysizmi?! Nechog‘li jo‘n va o‘rtamiyona bo‘lib ko‘rinishga urinmayin, iste’dod yolqini o‘zining ilohiy kuchi bilan satrlararo sizib yuzaga chiqib qolishi ehtimoldan holi emasdi-da, axir.
Chinakam so‘z san’atkori uchun jo‘ngina qalamkash bo‘lib ko‘rinishning turgan-bitgani azob, hatto agar o‘zingizni aslingizdan yomonroq qilib ko‘rsatishni astoydil istaganingizda ham.
Har qalay, bu ishni bir amallab uddalashga muvaffaq bo‘ldim. Yillar o‘tishi bilan men o‘zimning tutqich bermas tabiatimni jilovladim. Iste’dodsizlikni shunaqangi nozik, qoyilmaqom qilib ko‘rsatishni o‘rganib oldimki, shuning o‘ziyoq ulug‘ iste’dodning aniq-ravshan dalili bo‘la oladi. Men birin-ketin, biri biridan bo‘shroq kitoblar yozaverdim. Badiiy ifoda va hayot haqqoniyatidan ming farsah yiroqdagi bu qadar lanj, ensa qotirar darajadagi soxta qoralamalar mening qalamim ostidan chiqqanini kim ham o‘ylabdi deysiz! Bu yozuvchining asta-sekinlik bilan o‘z joniga qasd qilishiga barobar ish edi.
Mening yangi paydo bo‘lgan har bir asarimdan keyin do‘stlarim va hamkasblarimning chiroylari ochilib, yuzlaridagi ajinlari yozila bordi. Men u bechoralarni asta-sekinlik bilan hasadning og‘ir yukidan xalos qilaverdim. Natijada, ularning o‘zlariga bo‘lgan ishonchlari yana orta bordi. Yashash ishtiyoqlari kuchaydi.
Eng muhimi – meni qaytatdan astoydil sevib boshladilar. Qisqasi, yayrab-yashnab boshladilar. Qanchalar uzoq vaqt ularning naq bo‘g‘izlarida suyakdek tiqilib turgan ekanman-a men! Endi esa, o‘ta ehtiyotkorlik va g‘amxo‘rlik bilan ularning jarohatlariga malham bosib, o‘zlarini qushdek yengil his qilishlariga imkoniyat yaratib bermoqdaman.
Qarsaklar susaydi. Men o‘zimni soyaga oldim. Lekin taqdirimdan minnatdor edim. Atrofimdagi munofiqlarcha soxta maqtovlarga yo‘g‘rilgan xitob-undovlar iskanjasidan xalos bo‘ldim. Endi meni sidqidil muhabbat va samimiy minnatdorchilikning qaynoq to‘lqinlari chulg‘ay boshladi. Do‘stlarimning ovozlarida barchamizning yoshlik chog‘larimizdagi, hali insoniy tubanliklarning ko‘chasidan ham o‘tmagan va olis-olislarda qolib ketgan yaxshi kunlardagi kabi toza, beg‘ubor-begidir, oliyhimmat munosabat ohanglarini qayta ilg‘ay boshladim.
Bu qanaqasi bo‘ldi, deb so‘raysiz siz mendan, demak, sen atigi besh-o‘ntagina hamkasblaring uchungina yozgan ekansan-da, bundan chiqdi? Yozuvchilik sharafi nima bo‘ldi? Adabiy jamoatchilik-chi? Sen ko‘ngillarini yorishtirishing mumkin bo‘lgan, bugungi kunda yashab turgan va kelgusida tug‘ilajak ko‘pdan-ko‘p kitobxonlar-chi? Demak, sening san’ating, mahorating aslida ham haminqadar ekan-da, a? Demak, iste’doding shu qadar nochor-notavon ekan-da?
Javob beraman: ha, siz haqsiz, do‘stlarim va qalamkash birodarlarim oldidagi qarzim – butun bashariyat oldidagi majburiyatimga taqqoslaganda hech narsa emas, albatta. Lekin men o‘z yaqinlarimni, butun sayyoramiz bo‘ylab sochilgan ko‘zga ko‘rinmas kitobxonlarimni, uchinchi ming yillikda keladigan avlodlarni zig‘ircha ham xafa qilmaganman. Butun hayotim davomida Parvardigori Olam zimmamga yuklagan sharafli vazifani yashirin ravishda sidqidil ado etdim. Ilohiy ilhom qanotlarida uchar ekanman, men o‘zimning asl mohiyatimni yorqin aks ettiruvchi asarlar yozdim. Ular meni ertadir-kechdir osmoni-falakka ko‘tarib, shon-shuhratning eng baland cho‘qqisiga olib chiqa oladi. Ha, ular allaqachon yozilib yotoqxonamdagi katta bir qutiga taxlab qo‘yilgan. Naqd o‘n ikki jild! Siz ularni mening vafotimdan keyin o‘qiysiz. O’sha paytda do‘stlarimning qayg‘urishlari uchun sabab bo‘lmaydi. Marhumning hamma ayblarini oson kechirib yuboradilar, hatto uning o‘lmas asarlar yozganini ham! To‘g‘ri, o‘shanda do‘stlarim nopisandlik bilan istehzoli kulishadi-da, bosh chayqab turib aytadilarki, “Qanaqangi ablah ekan-a, u hammamizni dog‘da qoldirib ketibdi-ya! Biz bo‘lsak, u qarigan chog‘ida yosh boladek bo‘lib qoldi deb o‘ylabmiz-a!..”
Nima bo‘lganda ham sizga…»
Yozuv shu yerda uzilib qolgan edi. Keksa yozuvchi o‘z dilnomasini tugatolmabdi. Sababi jon taslim qilibdi. Uni yozuv stoli oldida o‘tirgan holda topishibdi. Oq qog‘oz ustidagi singan qalam bilan yonma-yon uning sochlari oppoq oqargan boshi o‘zining eng so‘nggi va eng ulug‘ xotirjamligida harakatsiz yotar edi.
Yozuvni o‘qigach, yaqinlari yotoqxonaga kirdilarda, qutini ochdilar. U yerda jami o‘n ikki dona qalin qog‘oz taxlamini ko‘rdilar: taxlamning har biri yuz bet!.. Mutlaqo yozilmagan, hatto bir belgi ham qo‘yilmagan…

Manba: “Yoshlik” jurnalining 2010-yil 4-soni.

099

(Tashriflar: umumiy 209, bugungi 1)

Izoh qoldiring