29 март — атоқли шоир Миразиз Аъзам таваллуд топган куннинг 80 йиллиги. Чин юракдан қутлаймиз!
Мен адабиётнинг халқ манфаатидан бошқа манфаати йўқ деб ҳисобловчилар сирасида тураман. Шоир ўз ичинигина тадқиқ қилиб шеър ёзса, доим муваффақиятли бўлмайди. Шоирнинг ичи жамият ҳаёти билан параллел келгандагина бу ўзини оқлайди. Шеър ҳаётдан орқада қолиши мумкин эмас. Агар шеър орқада қолса, умуман олдинга юриш бўлмаса керак, тахминимча (Миразиз Аъзамнинг «Шеър инсон қувончи ва изтиробларини ўзида акс эттиради» хотира-мақоласидан).
Миразиз АЪЗАМ
ШЕЪРЛАР
ЁШЛИК ДАФТАРИДАН
* * *
Руҳим қайнаб-тошиб бормоқда,
қолмади ҳеч сабру қарорим.
Кел ёнимга қандай бўлмасин,
менинг бахтим, мангу баҳорим.
Кутмоқдадир бизни далалар,
кутмокдадир муаттар оқшом.
Сузмоқдадир еллар тоғларда,
улашмоқда жилғалар ором.
Чинорларнинг сафини ёриб
қочқоқ вақтнинг барин тутайлик.
Ойна каби асфальт йўллардан
ракетадай учиб ўтайлик.
Фахрий сафда оппоқ тераклар
ортда қолсин таманно билан.
Бир премьер-министр каби
мен ўтайин сен барно билан.
Ушалгуси бутун армонлар,
юракларда ухлаган орзу.
Тўлин ой ҳам чиқар осмонга
устимиздан сочгани ёғду.
Барра ўтлар устида ағнаб,
чечак териб, чойўт юлармиз.
Шовваларни томоша қилиб,
сув сепишиб шўх-шан кулармиз.
Юзларингдан реза дурларни
оқ сочиққа артиб қўярман.
Лабларингдан ўпиб, эркалаб
қучоғимга тортиб қўярман.
Руҳим қайнаб-тошиб бормоқда,
қолмади ҳеч сабру қарорим.
Кел, ёшлигим, қандай бўлмасин,
менинг бахтим, мангу баҳорим.
Кимга керак севгисиз ҳаёт,
кимга керак севгисиз дунё.
Олаверсин ким керак қилса,
менга керак эмас мутлақо.
Мени сархуш этар қувончинг,
сенинг севгинг ёндирар мени.
Нима қилиб юрибман ахир
завққа кўмиб ташламай сени.
Керак бўлса кирарман ўтга,
тураверма бошинг қилиб хам.
Нима қилиб юрибман, ахир,
сенга қувонч бера олмасам.
Энг ашаддий оғир йўллардан
сени омон сақлаб ўтарман.
Муродингни гулдаста қилиб
қўлларингга ўзим тутарман.
ШОДИЁНА
Оёғимда еру бошимда осмон
чирпираб-чирпираб айланиб кетди,
бугун лабларимда қолмади армон,
бугун оҳу нолам самога етди,
бугун оҳу нолам барнога етди.
Қани, нима учун турибсиз қараб,
бошланг «Роҳат» куйин, бошланг, машшоқлар,
бошланг «Ушшоқ»ларни, ҳофизлар, яйраб,
бугун оҳу нолам самога етди,
бугун оҳу нолам барнога етди.
Ҳей, боғбон, боғларнинг атрини тарат,
булбуллар, саъвалар — кушларни сайрат,
райҳонлар, гуллардан йўлларни ясат,
бугун оҳу нолам самога етди,
бугун оҳу нолам барнога етди.
Бугун белгилансин байрам ойини,
бугун майпарастлар ичсин майини,
бугун менга берсин шоҳлар жойини,
бугун оҳу нолам самога етди,
бугун оҳу нолам барнога етди.
Пойандоз тўшалсин ойкулчам учун,
сочқилар сочилсин бошидан бугун,
мушаклар отилсин, гулхан ёқилсин,
бугун оҳу нолам самога етди,
бугун оҳу нолам барнога етди.
Бугун лабларимда асал тоти бор,
бугун лабларимда қиз новвоти бор,
бугун лабларимда қолмади армон,
бугун оҳу нолам самога етди,
бугун оҳу нолам барнога етди.
КУЛГИНГ ҲАҚИДА ҚУШИҚ
Мен ҳушимга келдим бирдан ўйга ботган онимда
Пиёланинг жарангидай жаранглаган кулгингдан.
Бир ҳаётбахш нур таралди ором кирди танимга
Пиёланинг жарангидай жаранглаган кулгингдан.
Сен қаернинг фарзандисан, кайси боғнинг гулисан?
Ахир мунча дилрабосан, очик, дали-ғулисан?
Эҳ, илойим, бўлмагин-да, пешонамнинг шўри сан,
Пиёланинг жарангидай жаранглаган кулгингдан.
Менга қўшиқ ёзинг дединг кула-кула, ойкулча,
Оёқ-қўли оппоққина, бўла-бўла, ойкулча,
Ёзмай нетай, ёзаман-да ўла-ўла, ойкулча,
Пиёланинг жарангидай жаранглаган кулгингдан.
Майли, ҳовли ё майдоннинг ўтирай бир четида,
Сен ўтиб кет парво қилмай бир «амакинг» кетида,
Ёниб кетсин мен кабилар жаҳаннамнинг ўтида,
Пиёланинг жарангидай жаранглаган кулгингдан.
Мен биламан ўрин йўқдир мен учун гул қалбингда
Кимга шодлик, кимга алам қадимлардан заминда.
Сен кетасан, мен қоламан, ҳасрат қолар қалбимда,
Пиёланинг жарангидай жаранглаган кулгингдан.
* * *
Ҳа, биламан, бари муваққат:
гали билан йиқилар бир-бир,
ўтиб кетар дўстлик, муҳаббат,
ўтиб кетар қисқа бу умр.
Илоҳа деб билган одаминг
афсонадай тугаши мумкин,
зое — баъзан эзгу қадаминг,
ҳаммасига ўлимдир якун.
Ушалмай ҳам тугайди армон,
тугаб битар юракда хоҳиш.
Паррак каби айланар замон,
бошланар ва қайта тугар иш.
Вафо деган ривоят билан
ўз-ўзини юпатар одам,
юрагингни заҳарлар илон
ва тоғларда кесилар бодом.
Мангу эмас салтанатлар ҳам,
келар-кетар халқларга бир-бир,
хоҳи қаҳр. хоҳи қил карам,
самар бермас умрлик сабр…
Майли дунё, майли бу чаман
фоний бўлсин, муваққат бўлсин,
сени қучиб яшай бераман
яхшилик ва муҳаббат учун.
НАВОИЙ, МЕНИНГ НАЗАРИМДА
Навоий, менинг иазаримда
жаҳоннинг қоқ ўртасида
шоҳсупада
хонтахта узра ўтирар,
ўнг қўлининг кафти
эгилган манглайини
тирговучдай кўтариб турар.
Ҳазрат
теран
ўйларга ботган,
чунки бутун жаҳоннииг дарди
унинг гарданида.
На қуёш,
на юлдуз,
на бир одам тақдири,
на ҳаво,
на сув,
на бир арпа
чиқа билар унинг ёдидан.
Бутун инсонликни,
бутун борлиқни,
турли тақдирларни ўйлайди.
Дунёни қайта қурмоқ,
халқларни иноқ
ва бегуноҳ
кўрмоқ истайди.
Навоийнинг назаридан
ҳеч нарса қочиб қутулолмас,
«қилт» этган нарсани
бир марта бош кўтариб
бир назар ташлаш билан
дарров кўра билар.
Унинг борлиғи — кўз,
унинг вужуди — қулоқ,
унинг юраги — олам,
унииг олами — юрак ва зеҳн.
Баъзан кичиккина саволим билан
енгидан тортиб,
гапирмак истайман:
«Ҳазрат Алишер!»
«Бизнинг юртимиз…»,
«Менинг халқим», деб
оғиз жуфтламасимдан
фикрларим унга равшан ва ойдин.
«Қўй», дейди,
«Бағрингни кенг қил», дейди.
«Ўзингни Фарҳод бил», дейди.
«Ҳар ерда одам азиз бўлсин»,
«Нифоқлар бўлмасин»,
«Ер юзи Хусравга тўлмасин»,
«Фақат кайф-сафодан иборат эмас дунё,
ҳамма меҳнат қилсин
Она-Еримизда…
Ҳосилни ҳам баравар тақсимланг…»
… Бизнинг Алишеримиз деб айтолмайман,
Ер юзининг Алишери у…
БАЙРОН МОНОЛОГИ
Мен уйдан чиқарман бошимни эгиб,
юрарман вужудим титраб аёздай.
Қаровсиз ҳаётим жонимга тегиб,
ғижимлаб ташлагим келар коғоздай.
Юртимда дардимни англар кишим йўқ,
бундан ҳам оғирроқ борми ҳақорат?
Бағримга қадалган бир қўрғошин ўқ,
нуқул солгим келар оламга ғорат.
Сочиб, исроф қилиб туйғуларимни
кўчада, базмда, ишратхонада,
кўрсатиб қондаги оғуларимни,
яшайман бир нопок, кир замонада.
Ёлғонлар авжида, сургунда виждон,
авраб ўтказмоқда умрини зулм.
Ишчининг топгани бўлмоқда талон,
бир оғиз гапирса, бошида — ўлим.
Хўш, нима қилишим керак оламда,
бошимни қўяйин кимнинг кўксига?
Бошпана берувчи борми соф одам?
Қай мард қарай олур манфур аксига?
Мен кетдим, қўрқоқлар, сиз юринг тирик,
сизга мувофиқдир занжиру кишан.
Сизга керак эмас озодлик, ҳурлик,
сизни қизиқтирар на шавкат, на шаън.
Мен эса бораман ҳур дснгизларга,
сарфлайман аямай қалбимнинг кучин.
Тик боқиб яшайман мағрур қизларга,
минг жоним садқадир озодлик учун!
НОЗИМ ҲИКМАТ МОНОЛОГИ
Кўзларингдан раҳм нури оқар шу пайт,
Ёндинг ахир дейсан менга, орқага қайт!
Раҳмат, дўстим, лекин менга очиғин айт:
Мен айтмасам ким айтади ҳақиқатни?
Ҳақиқатни сотмоқдалар чорбозорда,
Не-не ҳақгўй қочиб юрар чет-гузарда,
Ёлғончилар ҳукм сурар минбарларда,
Мен айтмасам ким айтади ҳақиқатни?
Ҳақиқатни қутқармоққа дармон керак,
Дармон тугул, балки ҳатто қурбон керак,
Жанглар сари етакловчи фармон керак,
Мен айтмасам ким айтади ҳақиқатни?
Мен қаршиман турмаларга, зўрликларга,
Далаларда заҳарланиш — хўрликларга,
Мадад бўлиб пешонаси шўрликларга
Мен айтмасам ким айтади ҳақиқатни?
Кўлларимни ҳеч ким ҳеч вақт тўса билмас,
Ҳеч ҳаққи йўқ, қуллик энди ўса билмас,
Зулмларнинг бўронлари эса билмас,
Мен айтмасам ким айтади ҳақиқатни?
Туғилдикми, доим озод яшаш мумкин,
Сохталикни улоқтириб ташлаш мумкин,
Ер юзида мангу шодлик ясаш мумкин,
Мен айтмасам ким айтади ҳақиқатни?
БУЮК СОҒИНЧЛАР
Бугун тушимга чучмомалар кирибди.
Йиғиб-йиғиб дасталаб сенга берармишман.
Чучмомаларни кўп бўлдими термаганимга?
Неча йил муқаддам Самарқанд йўли устида,
Сангзор ён бағрида
чўққиларга югуриб
чучмома тергандим.
Чучмома соғинчимиди бу туш?!
Тоғлар,
баҳор,
юксаклик,
тоза ҳаволар соғинчимиди,
нимайди, билмадим…
Бугун тушимда яна
бўтана сувларни кўрибман,
бир ҳавасим келарди,
бир ҳавасим келарди оқишига.
Неча йиллар бўйи
сокин сувлар,
кўллар бўйларида яшаб
тошқин сувларни соғинганимни
билмаган эканман…
Бугун тушимда
яна чақмоқлар,
қалдироқлардан кейин
жалада қолдим.
Ёмғир ювар эмиш бутун бўйимни,
Сочларимдан оқиб тушар эмиш томчилар.
Кўйлагимнинг сўнгги ипигача ивиб,
хохолаб-хохолаб
чопиб юрармишман далаларда,
ҳеч сиғмас эмиш
қалбимга қувончлар
улканлигидан,
чирпирак бўлиб айланиб
тинимсиз рақсга тушармишман..
Аммо уйғонганимда
буларнинг ҳеч қайсиси йўқ эди:
на чучмома,
на тоғ,
на сен,
на баҳор,
на сувлар тошқини,
на қалдироқ,
на жала…
Тушимнинг давомини кўргим келарди.
Кўзларимни чирт юмиб олдим қайтадан.
Эҳ, бугунги тушим,
Эҳ, бугунги тушим…
АГАР СЕН КЕЧ КЕЛСАНГ…
Агар сен кеч келсанг
юрагим мунғая бошлар.
Нега шундай, нега?!
Агар сен кеч келсанг
оёғимни қўядиган жой йўқ,
жарлик ёқасида тургандай
ҳис қиламан ўзимни
Нега шундай, нега?!
Агар сен кеч келсанг
уйимизнинг эшигини очгим келмайди…
Кечалари узоқ-узоқдан қарайман:
чироғи ёниқ тўртта дераза,
ўтмишнинг азиз хотирасидай
кўнглимнинг теран-теранларида
бир оғриқ қўзғайди.
Агар сен кеч келсанг
ёруғлик кўзларимни,
қўшиқлар қулоқларимни,
қирқ ёшим ҳаётимни
ҳақорат қила бошлайди.
Агар сен кеч келсанг…
Билмадим: келмасанг, нима бўларкин,
агарда келмасанг…
ЯШАГИМ КЕЛАДИ
Мен биринчи ёмғир бўлиб ёғгим келади
Ўзбекистон ерларига.
Мен кекса чинорларнинг салобати бўлиб,
қайрағочнинг метинлиги бўлиб
яшагим келади Ўзбекистонда.
Мен тоғларимиз тепасида сойларимизнинг гувуллашин
юрак ҳовучлаб эшитганман.
Сойларимизнинг овози бўлиб қолгим келади
Ўзбекистон дараларида.
Мен азим ёнғоқлардан ёнғоқ бўлиб сочилгим келади,
тутлардан тут бўлиб,
ноклардан нок бўлиб,
олмалардан олма бўлиб,
тарс ёрилиб,
шарбат бўлиб
тўкилгим келади Ўзбекистон ерларига.
Болаларнинг кўзларида қувонч бўлиб
чопиб юргим келади яна
Ўзбекистон ерларида.
Ўзбекистон пахтасининг оқлигида, юмшоқлигида,
Салоҳиятида, саховатида
яшагим келади.
* * *
Аллаким «Ушшоқ»ни куйлайди нафис,
Ким «Чўли ироқ»ни чалади найда.
Аллаким чилдирма чертади текис,
Сўнг биров куйлайди: «…қайдасан, қайда…»
Олиб кетмоқдалар кўзи оҳуни,
Менинг севгилимни узатмоқдалар.
Юрагим исёнда ва лекин уни
Мен севган қўшиқлар кузатмоқдалар.
* * *
Ёшлик бир асрдай туюлар ёшликда:
ёшлик осмонининг туби йўкдай,
ёшлик уфқи уфқсиздай,
гўзаллик абадийдай
ва оламнинг тақдири
қўлдан ҳеч қачон кетмайдигандай…
Одам қадрига етмайди вақтнинг ёшликда…
Сўнг шошилиш, сўнг афсус
ва қулаш ҳолбуки…
* * *
Мен қоя эканман, сен эса дарё,
Менга бир урилдинг, кетдинг илгари.
Сени деб балки мен қилганман хато,
Балки илк севганлар адашса бари.
Ҳар ҳолда, муҳаббат мўйқалам экан:
Қалбимга сиймонгни нақашбанд этди.
Ширин бир орзумни мағлуб этса ҳам,
Ҳақиқий ҳаётдан дарс бериб кетди.
* * *
Тунларим узун-узун,
Тунларим мунча узун?
Узунлиги дастидан
Толиқиб кетди кўзим.
Тунларим узун-узун,
Тунларим мунча узун?
Шунда ҳам қанча дўстим
Таниб олмади ўзин.
Тунларим узун-узун,
Тунларим мунча узун?
Муроса қилолмадим
Юрагим билан ўзим.
ЭГИЛГАН БЎЙИНЛАР
«Эгилган бўйинни кесмайди қилич…»
Эгилган бўйинни кесмаса қилич,
қиличлик номини ўчирмоқ керак,
Эгилган бўйинни кесмаса қилич.
Эгилган бўйинлар эгилиб яшар,
эгилган бўйинлар қилар ҳар ишни.
Яшаса бўлгани эгик бўйинлар,
юз йиллар орқага суриб турмушни…
Эгилган бўйинни қилич кесмас,
деб яшамоқ керакми бўйинни эгиб?
Дўстларим, дўстларим, қўшилмангиз ҳеч,
бўйинлар тик бўлсин, кесса ҳам қилич…
БОР
Ҳали рўй бермаган жасоратлар бор.
В. Затуливитер
Ҳали юз очмаган минг хил чечак бор,
ҳали бор олдинда гул фасли — баҳор.
Олдинда серқуёш кун бор улуғвор,
ҳали юз очмаган минг хил чечак бор.
Ҳали туғилмаган тойлар бор қатор,
ҳали кўз очмаган шерлар бор ёлдор.
Ҳали уйғонмаган қалдирғочлар бор,
ҳали туғилмаган тойлар бор қатор.
Ҳали болалар бор, ҳали қизлар бор,
Барчиной бўлажак ширмон юзлар бор.
Белин боғламаган шер йигитлар бор,
ҳали болалар бор, ҳали қизлар бор.
Навбат кутар кунлар қаттиқ сўроқли,
ҳали саволлар бор оғир, салмоқли,
жавобин тополмас кимдир яроқли,
навбат кутар кунлар қаттиқ сўроқли.
Ҳақсизлик муқаррар топгуси завол,
Чинакам ҳамдўстлик бўлур барқарор,
Озодлик ер узра топажак камол,
ҳали рўй бермаган жасоратлар бор.
29 mart — atoqli shoir Miraziz A’zam tavallud topgan kunning 80 yilligi. Chin yurakdan qutlaymiz!
Men adabiyotning xalq manfaatidan boshqa manfaati yo’q deb hisoblovchilar sirasida turaman. Shoir o’z ichinigina tadqiq qilib she’r yozsa, doim muvaffaqiyatli bo’lmaydi. Shoirning ichi jamiyat hayoti bilan parallel kelgandagina bu o’zini oqlaydi. She’r hayotdan orqada qolishi mumkin emas. Agar she’r orqada qolsa, umuman oldinga yurish bo’lmasa kerak, taxminimcha (Miraziz A’zamning «She’r inson quvonchi va iztiroblarini o’zida aks ettiradi» xotira-maqolasidan).
Miraziz A’ZAM
SHE’RLAR
YOSHLIK DAFTARIDAN
* * *
Ruhim qaynab-toshib bormoqda,
qolmadi hech sabru qarorim.
Kel yonimga qanday bo’lmasin,
mening baxtim, mangu bahorim.
Kutmoqdadir bizni dalalar,
kutmokdadir muattar oqshom.
Suzmoqdadir yellar tog’larda,
ulashmoqda jilg’alar orom.
Chinorlarning safini yorib
qochqoq vaqtning barin tutaylik.
Oyna kabi asfal`t yo’llardan
raketaday uchib o’taylik.
Faxriy safda oppoq teraklar
ortda qolsin tamanno bilan.
Bir prem`er-ministr kabi
men o’tayin sen barno bilan.
Ushalgusi butun armonlar,
yuraklarda uxlagan orzu.
To’lin oy ham chiqar osmonga
ustimizdan sochgani yog’du.
Barra o’tlar ustida ag’nab,
chechak terib, choyo’t yularmiz.
Shovvalarni tomosha qilib,
suv sepishib sho’x-shan kularmiz.
Yuzlaringdan reza durlarni
oq sochiqqa artib qo’yarman.
Lablaringdan o’pib, erkalab
quchog’imga tortib qo’yarman.
Ruhim qaynab-toshib bormoqda,
qolmadi hech sabru qarorim.
Kel, yoshligim, qanday bo’lmasin,
mening baxtim, mangu bahorim.
Kimga kerak sevgisiz hayot,
kimga kerak sevgisiz dunyo.
Olaversin kim kerak qilsa,
menga kerak emas mutlaqo.
Meni sarxush etar quvonching,
sening sevging yondirar meni.
Nima qilib yuribman axir
zavqqa ko’mib tashlamay seni.
Kerak bo’lsa kirarman o’tga,
turaverma boshing qilib xam.
Nima qilib yuribman, axir,
senga quvonch bera olmasam.
Eng ashaddiy og’ir yo’llardan
seni omon saqlab o’tarman.
Murodingni guldasta qilib
qo’llaringga o’zim tutarman.
SHODIYONA
Oyog’imda yeru boshimda osmon
chirpirab-chirpirab aylanib ketdi,
bugun lablarimda qolmadi armon,
bugun ohu nolam samoga yetdi,
bugun ohu nolam barnoga yetdi.
Qani, nima uchun turibsiz qarab,
boshlang «Rohat» kuyin, boshlang, mashshoqlar,
boshlang «Ushshoq»larni, hofizlar, yayrab,
bugun ohu nolam samoga yetdi,
bugun ohu nolam barnoga yetdi.
Hey, bog’bon, bog’larning atrini tarat,
bulbullar, sa’valar — kushlarni sayrat,
rayhonlar, gullardan yo’llarni yasat,
bugun ohu nolam samoga yetdi,
bugun ohu nolam barnoga yetdi.
Bugun belgilansin bayram oyini,
bugun mayparastlar ichsin mayini,
bugun menga bersin shohlar joyini,
bugun ohu nolam samoga yetdi,
bugun ohu nolam barnoga yetdi.
Poyandoz to’shalsin oykulcham uchun,
sochqilar sochilsin boshidan bugun,
mushaklar otilsin, gulxan yoqilsin,
bugun ohu nolam samoga yetdi,
bugun ohu nolam barnoga yetdi.
Bugun lablarimda asal toti bor,
bugun lablarimda qiz novvoti bor,
bugun lablarimda qolmadi armon,
bugun ohu nolam samoga yetdi,
bugun ohu nolam barnoga yetdi.
KULGING HAQIDA QUSHIQ
Men hushimga keldim birdan o’yga botgan onimda
Piyolaning jarangiday jaranglagan kulgingdan.
Bir hayotbaxsh nur taraldi orom kirdi tanimga
Piyolaning jarangiday jaranglagan kulgingdan.
Sen qaerning farzandisan, kaysi bog’ning gulisan?
Axir muncha dilrabosan, ochik, dali-g’ulisan?
Eh, iloyim, bo’lmagin-da, peshonamning sho’ri san,
Piyolaning jarangiday jaranglagan kulgingdan.
Menga qo’shiq yozing deding kula-kula, oykulcha,
Oyoq-qo’li oppoqqina, bo’la-bo’la, oykulcha,
Yozmay netay, yozaman-da o’la-o’la, oykulcha,
Piyolaning jarangiday jaranglagan kulgingdan.
Mayli, hovli yo maydonning o’tiray bir chetida,
Sen o’tib ket parvo qilmay bir «amaking» ketida,
Yonib ketsin men kabilar jahannamning o’tida,
Piyolaning jarangiday jaranglagan kulgingdan.
Men bilaman o’rin yo’qdir men uchun gul qalbingda
Kimga shodlik, kimga alam qadimlardan zaminda.
Sen ketasan, men qolaman, hasrat qolar qalbimda,
Piyolaning jarangiday jaranglagan kulgingdan.
* * *
Ha, bilaman, bari muvaqqat:
gali bilan yiqilar bir-bir,
o’tib ketar do’stlik, muhabbat,
o’tib ketar qisqa bu umr.
Iloha deb bilgan odaming
afsonaday tugashi mumkin,
zoe — ba’zan ezgu qadaming,
hammasiga o’limdir yakun.
Ushalmay ham tugaydi armon,
tugab bitar yurakda xohish.
Parrak kabi aylanar zamon,
boshlanar va qayta tugar ish.
Vafo degan rivoyat bilan
o’z-o’zini yupatar odam,
yuragingni zaharlar ilon
va tog’larda kesilar bodom.
Mangu emas saltanatlar ham,
kelar-ketar xalqlarga bir-bir,
xohi qahr. xohi qil karam,
samar bermas umrlik sabr…
Mayli dunyo, mayli bu chaman
foniy bo’lsin, muvaqqat bo’lsin,
seni quchib yashay beraman
yaxshilik va muhabbat uchun.
NAVOIY, MENING NAZARIMDA
Navoiy, mening iazarimda
jahonning qoq o’rtasida
shohsupada
xontaxta uzra o’tirar,
o’ng qo’lining kafti
egilgan manglayini
tirgovuchday ko’tarib turar.
Hazrat
teran
o’ylarga botgan,
chunki butun jahonniig dardi
uning gardanida.
Na quyosh,
na yulduz,
na bir odam taqdiri,
na havo,
na suv,
na bir arpa
chiqa bilar uning yodidan.
Butun insonlikni,
butun borliqni,
turli taqdirlarni o’ylaydi.
Dunyoni qayta qurmoq,
xalqlarni inoq
va begunoh
ko’rmoq istaydi.
Navoiyning nazaridan
hech narsa qochib qutulolmas,
«qilt» etgan narsani
bir marta bosh ko’tarib
bir nazar tashlash bilan
darrov ko’ra bilar.
Uning borlig’i — ko’z,
uning vujudi — quloq,
uning yuragi — olam,
uniig olami — yurak va zehn.
Ba’zan kichikkina savolim bilan
yengidan tortib,
gapirmak istayman:
«Hazrat Alisher!»
«Bizning yurtimiz…»,
«Mening xalqim», deb
og’iz juftlamasimdan
fikrlarim unga ravshan va oydin.
«Qo’y», deydi,
«Bag’ringni keng qil», deydi.
«O’zingni Farhod bil», deydi.
«Har yerda odam aziz bo’lsin»,
«Nifoqlar bo’lmasin»,
«Yer yuzi Xusravga to’lmasin»,
«Faqat kayf-safodan iborat emas dunyo,
hamma mehnat qilsin
Ona-Yerimizda…
Hosilni ham baravar taqsimlang…»
… Bizning Alisherimiz deb aytolmayman,
Yer yuzining Alisheri u…
BAYRON MONOLOGI
Men uydan chiqarman boshimni egib,
yurarman vujudim titrab ayozday.
Qarovsiz hayotim jonimga tegib,
g’ijimlab tashlagim kelar kog’ozday.
Yurtimda dardimni anglar kishim yo’q,
bundan ham og’irroq bormi haqorat?
Bag’rimga qadalgan bir qo’rg’oshin o’q,
nuqul solgim kelar olamga g’orat.
Sochib, isrof qilib tuyg’ularimni
ko’chada, bazmda, ishratxonada,
ko’rsatib qondagi og’ularimni,
yashayman bir nopok, kir zamonada.
Yolg’onlar avjida, surgunda vijdon,
avrab o’tkazmoqda umrini zulm.
Ishchining topgani bo’lmoqda talon,
bir og’iz gapirsa, boshida — o’lim.
Xo’sh, nima qilishim kerak olamda,
boshimni qo’yayin kimning ko’ksiga?
Boshpana beruvchi bormi sof odam?
Qay mard qaray olur manfur aksiga?
Men ketdim, qo’rqoqlar, siz yuring tirik,
sizga muvofiqdir zanjiru kishan.
Sizga kerak emas ozodlik, hurlik,
sizni qiziqtirar na shavkat, na sha’n.
Men esa boraman hur dsngizlarga,
sarflayman ayamay qalbimning kuchin.
Tik boqib yashayman mag’rur qizlarga,
ming jonim sadqadir ozodlik uchun!
NOZIM HIKMAT MONOLOGI
Ko’zlaringdan rahm nuri oqar shu payt,
Yonding axir deysan menga, orqaga qayt!
Rahmat, do’stim, lekin menga ochig’in ayt:
Men aytmasam kim aytadi haqiqatni?
Haqiqatni sotmoqdalar chorbozorda,
Ne-ne haqgo’y qochib yurar chet-guzarda,
Yolg’onchilar hukm surar minbarlarda,
Men aytmasam kim aytadi haqiqatni?
Haqiqatni qutqarmoqqa darmon kerak,
Darmon tugul, balki hatto qurbon kerak,
Janglar sari yetaklovchi farmon kerak,
Men aytmasam kim aytadi haqiqatni?
Men qarshiman turmalarga, zo’rliklarga,
Dalalarda zaharlanish — xo’rliklarga,
Madad bo’lib peshonasi sho’rliklarga
Men aytmasam kim aytadi haqiqatni?
Ko’llarimni hech kim hech vaqt to’sa bilmas,
Hech haqqi yo’q, qullik endi o’sa bilmas,
Zulmlarning bo’ronlari esa bilmas,
Men aytmasam kim aytadi haqiqatni?
Tug’ildikmi, doim ozod yashash mumkin,
Soxtalikni uloqtirib tashlash mumkin,
Yer yuzida mangu shodlik yasash mumkin,
Men aytmasam kim aytadi haqiqatni?
BUYUK SOG’INCHLAR
Bugun tushimga chuchmomalar kiribdi.
Yig’ib-yig’ib dastalab senga berarmishman.
Chuchmomalarni ko’p bo’ldimi termaganimga?
Necha yil muqaddam Samarqand yo’li ustida,
Sangzor yon bag’rida
cho’qqilarga yugurib
chuchmoma tergandim.
Chuchmoma sog’inchimidi bu tush?!
Tog’lar,
bahor,
yuksaklik,
toza havolar sog’inchimidi,
nimaydi, bilmadim…
Bugun tushimda yana
bo’tana suvlarni ko’ribman,
bir havasim kelardi,
bir havasim kelardi oqishiga.
Necha yillar bo’yi
sokin suvlar,
ko’llar bo’ylarida yashab
toshqin suvlarni sog’inganimni
bilmagan ekanman…
Bugun tushimda
yana chaqmoqlar,
qaldiroqlardan keyin
jalada qoldim.
Yomg’ir yuvar emish butun bo’yimni,
Sochlarimdan oqib tushar emish tomchilar.
Ko’ylagimning so’nggi ipigacha ivib,
xoxolab-xoxolab
chopib yurarmishman dalalarda,
hech sig’mas emish
qalbimga quvonchlar
ulkanligidan,
chirpirak bo’lib aylanib
tinimsiz raqsga tusharmishman..
Ammo uyg’onganimda
bularning hech qaysisi yo’q edi:
na chuchmoma,
na tog’,
na sen,
na bahor,
na suvlar toshqini,
na qaldiroq,
na jala…
Tushimning davomini ko’rgim kelardi.
Ko’zlarimni chirt yumib oldim qaytadan.
Eh, bugungi tushim,
Eh, bugungi tushim…
AGAR SEN KECH KELSANG…
Agar sen kech kelsang
yuragim mung’aya boshlar.
Nega shunday, nega?!
Agar sen kech kelsang
oyog’imni qo’yadigan joy yo’q,
jarlik yoqasida turganday
his qilaman o’zimni
Nega shunday, nega?!
Agar sen kech kelsang
uyimizning eshigini ochgim kelmaydi…
Kechalari uzoq-uzoqdan qarayman:
chirog’i yoniq to’rtta deraza,
o’tmishning aziz xotirasiday
ko’nglimning teran-teranlarida
bir og’riq qo’zg’aydi.
Agar sen kech kelsang
yorug’lik ko’zlarimni,
qo’shiqlar quloqlarimni,
qirq yoshim hayotimni
haqorat qila boshlaydi.
Agar sen kech kelsang…
Bilmadim: kelmasang, nima bo’larkin,
agarda kelmasang…
YASHAGIM KELADI
Men birinchi yomg’ir bo’lib yog’gim keladi
O’zbekiston yerlariga.
Men keksa chinorlarning salobati bo’lib,
qayrag’ochning metinligi bo’lib
yashagim keladi O’zbekistonda.
Men tog’larimiz tepasida soylarimizning guvullashin
yurak hovuchlab eshitganman.
Soylarimizning ovozi bo’lib qolgim keladi
O’zbekiston daralarida.
Men azim yong’oqlardan yong’oq bo’lib sochilgim keladi,
tutlardan tut bo’lib,
noklardan nok bo’lib,
olmalardan olma bo’lib,
tars yorilib,
sharbat bo’lib
to’kilgim keladi O’zbekiston yerlariga.
Bolalarning ko’zlarida quvonch bo’lib
chopib yurgim keladi yana
O’zbekiston yerlarida.
O’zbekiston paxtasining oqligida, yumshoqligida,
Salohiyatida, saxovatida
yashagim keladi.
* * *
Allakim «Ushshoq»ni kuylaydi nafis,
Kim «Cho’li iroq»ni chaladi nayda.
Allakim childirma chertadi tekis,
So’ng birov kuylaydi: «…qaydasan, qayda…»
Olib ketmoqdalar ko’zi ohuni,
Mening sevgilimni uzatmoqdalar.
Yuragim isyonda va lekin uni
Men sevgan qo’shiqlar kuzatmoqdalar.
* * *
Yoshlik bir asrday tuyular yoshlikda:
yoshlik osmonining tubi yo’kday,
yoshlik ufqi ufqsizday,
go’zallik abadiyday
va olamning taqdiri
qo’ldan hech qachon ketmaydiganday…
Odam qadriga yetmaydi vaqtning yoshlikda…
So’ng shoshilish, so’ng afsus
va qulash holbuki…
* * *
Men qoya ekanman, sen esa daryo,
Menga bir urilding, ketding ilgari.
Seni deb balki men qilganman xato,
Balki ilk sevganlar adashsa bari.
Har holda, muhabbat mo’yqalam ekan:
Qalbimga siymongni naqashband etdi.
Shirin bir orzumni mag’lub etsa ham,
Haqiqiy hayotdan dars berib ketdi.
* * *
Tunlarim uzun-uzun,
Tunlarim muncha uzun?
Uzunligi dastidan
Toliqib ketdi ko’zim.
Tunlarim uzun-uzun,
Tunlarim muncha uzun?
Shunda ham qancha do’stim
Tanib olmadi o’zin.
Tunlarim uzun-uzun,
Tunlarim muncha uzun?
Murosa qilolmadim
Yuragim bilan o’zim.
EGILGAN BO’YINLAR
«Egilgan bo’yinni kesmaydi qilich…»
Egilgan bo’yinni kesmasa qilich,
qilichlik nomini o’chirmoq kerak,
Egilgan bo’yinni kesmasa qilich.
Egilgan bo’yinlar egilib yashar,
egilgan bo’yinlar qilar har ishni.
Yashasa bo’lgani egik bo’yinlar,
yuz yillar orqaga surib turmushni…
Egilgan bo’yinni qilich kesmas,
deb yashamoq kerakmi bo’yinni egib?
Do’stlarim, do’stlarim, qo’shilmangiz hech,
bo’yinlar tik bo’lsin, kessa ham qilich…
BOR
Hali ro’y bermagan jasoratlar bor.
V. Zatuliviter
Hali yuz ochmagan ming xil chechak bor,
hali bor oldinda gul fasli — bahor.
Oldinda serquyosh kun bor ulug’vor,
hali yuz ochmagan ming xil chechak bor.
Hali tug’ilmagan toylar bor qator,
hali ko’z ochmagan sherlar bor yoldor.
Hali uyg’onmagan qaldirg’ochlar bor,
hali tug’ilmagan toylar bor qator.
Hali bolalar bor, hali qizlar bor,
Barchinoy bo’lajak shirmon yuzlar bor.
Belin bog’lamagan sher yigitlar bor,
hali bolalar bor, hali qizlar bor.
Navbat kutar kunlar qattiq so’roqli,
hali savollar bor og’ir, salmoqli,
javobin topolmas kimdir yaroqli,
navbat kutar kunlar qattiq so’roqli.
Haqsizlik muqarrar topgusi zavol,
Chinakam hamdo’stlik bo’lur barqaror,
Ozodlik yer uzra topajak kamol,
hali ro’y bermagan jasoratlar bor.