Mahmud Abulfayz. Hikoyatlar va badialar & Xurshid Davron. Donishmand

002

Маҳмуд Абулфайз айрим ижодкорлардек эшитгани ёки ўқиганини эмас, кўрганини ёзади, зеро у бизга ўхшаб тўрт девор орасида эмас, ҳаётнинг ичида яшайди. У ҳозирги айрим модернпараст адибларга ўхшаб ўзбек ҳаётини ғарбдан келган қолипларга солишга уринмайди, буни хаёлигаям келтирмайди, чунки у ўзбекнинг ҳаёти ҳеч қандай бегона қолипга сиғмаслигини яхши билади.

Хуршид Даврон
ДОНИШМАНД
002

    Ёзувчиларга таъриф бераётганда «атоқли», «таниқли», «маҳоратли», «истеъдодли» ва шунга ўхшаш турли сифатлар айтилади. Сизга тақдим этилаётган бадиалар муаллифини мен «донишманд» деб таърифлаган бўлардим. Маҳмуд Абулфайз 1953 йилда Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган. Тошкент Давлат университетининг журналистика факулътетини тамомлаган. Вилоятдаги турли газеталарда ишлаган. Бир неча китоблари нашр қилинган.

Маҳмуд Абулфайзни узоқдан билиб юрардим, вилоят газеталарида босилган бадиалари-ю у ҳақда ёзилган мақолаларни ўқиганман. Аммо, эрта баҳорда, 6 кун давом этган Сурхондарё сафарида ёзувчи билан танишиб, суҳбату ҳангомалашиб, унинг «Инсонни армон улғайтиради» тўплами билан танишиб, улкан бир ижод оламини кашф этгандай бўлдим.

Маҳмуд Абулфайз камгап, менга ўхшаб кўп гапиришдан, тинглашни кўпроқ маъқул кўрган инсон экан. Унинг шахсиятида ўзбек халқининг, турли вилояту туманларида учратганим, кўрганим, донишманд вакилларига хос фазилатлар намоён эди.

Маҳмуд Абулфайз айрим ижодкорлардек эшитгани ёки ўқиганини эмас, кўрганини ёзади, зеро у бизга ўхшаб тўрт девор орасида эмас, ҳаётнинг ичида яшайди. У ҳозирги айрим модернпараст адибларга ўхшаб ўзбек ҳаётини ғарбдан келган қолипларга солишга уринмайди, буни хаёлигаям келтирмайди, чунки у ўзбекнинг ҳаёти ҳеч қандай бегона қолипга сиғмаслигини яхши билади. Марказдаги журъату инсофни унутган баъзи мунаққидлар, юқорида ёзиб ўтганим, қолипчи ёзувчилар ёки раҳбар адибнинг семиз асарларини ( ўқишга эриниб) варақлаб, «маъно» қидирган пайтда Маҳмуд Абулфайз ярим варақли бадиасида халқимиз ҳаётининг жуда улкан маъносини сиғдира олади.

Ёзувчининг сизга тақдим этилаётган бадиаларида (мен уларни ҳикоятлар  атагим келди) ҳар биримизни қийнаётган ва айни пайтда, ҳаммамиз қам илғайвермайдиган муаммолар, масалалар хусусида сўз юритилади. Бу сўз сурхон бахшиларининг оҳангида, жануб қуёшининг тафтига ўраб, гурунг услубида айтилган. «Инсонни армон улғайтиради» китоби тақдимномасида ёзилганидек, уларни «ўқиб, маъно уқасиз, хониш тинглайсиз. Оқибат, атрофга, ҳаётга ва ниҳоят ўз-ўзингизга янгича назар билан қарай бошлайсиз».

2015

МАҲМУД АБУЛФАЙЗ
ҲИКОЯТЛАР ВА БАДИАЛАР
002

ЧОҲ ҚАЪРИДАГИ ОДАМ

092… Сокин қиш кунларининг бирида узоқ-узоқлардан, аниқроғи, тубсиз чуқурлик қаъридан бир овоз келарди. У шарпамни сезиб мендан гап сўраётган эди:
— Ҳозир қузми ёки қиш фаслими?

— Кузнинг ўтиб кетганига анча маҳаллар бўлди, — жавоб қилдим мен, — ҳозир айни қиш чилласи, биродар!
— Айтдим-а, негадир совуқ қотгандек бўлаяпман деб. Пойафзалимнинг ҳам маъқули йўқроқ-да, шунданми, оёқларимдан совуқ ўтаяпти…

— Қиш келишини билмасмидингиз? Иссиқроқ кийимлар олсангиз бўлармиди…
— Айтганингиз тўғри, бир томовдан фасллар алмашганини ҳам сезмай қолаяпман кейинги пайтларда. Иккинчи тарафдан эса, кийим олайин десам, қўлим сал калталик қилаяпти…

Сўнгра чуқурликдаги одам яна сўрайди:
— Кўкламгача ҳали анча борми, дўстим?
— Ҳа, кўкламгача ҳали анча вақт бор…

Шунда мен чуқурликдаги одамдан сўрайман:
— Синфдошлардан бири ўғлига суннат тўйи қилди, кўринмадингиз? Фалончи дўстимиз қизини чиқарди, сизни сўрашди, йўқ экансиз? Тегирмончи бобони ҳам кўпга қўшдик. Жанозасида қўринмагандек бўлдингиз.
— Қаранг-а, тирикчилик билан бўлиб, бу гаплардан бехабар қолибман.

Чуқурликдаги одам мендан илтимос қилди:
— Биродар, айни баҳор кунларида менга хабар қилинг: «Тўрт-беш тенг-тўшлар жам бўлишиб, бир тоққа саёҳатга чиқайлик, ўсмирлик пайтларимизни эслайлик, кўнгилларимиз бир очилсин!»

Мен чоҳ қаъридаги одамга вақт етиб келгач, хабар қилажагимни айтдим.

… Бу одам менинг тенгдошим, орамизда бир неча ёш фарқ, тафовут бор эди. У бошқа оламда эмасди. Бор-йўғи у йиллар оша тирикчилик деб аталган юҳо — чуқурлик қаърига тушиб қолган эди, холос. Шу кунларда у бироз жунжиккан кўйи олислардаги баҳорни илҳақ бўлиб кутаётган эди…

ХУНХОРИГА СУТ БЕРГАН ОҲУ

045Термизлик Жўра мерган Худойбердиев шундай ҳикоя қилади:

— Йигитлик пайтларимни ов билан кечирдим. Овга чиқиб ўз кўнглимни ўзим хушлаб  юрар эдим. Умид билан қўлимга милтиқ олиб овга чиқсам, уйга ўлжа билан қайтардим ҳам. Тоғлардаги, дашт-қирлардаги турли паррандалар, ёввойи ҳайвонларни ҳам анча-мунча отганман. Биродарлар, ов шундай нарсаки, одамни батамом ўзига тортиб, асир қилиб олади. Агар овга ўрганган бўлсангиз, дунёнинг барча ташвиш-ғамларини унутасиз. Ов, ўлжанинг гашти сизни ўзига банд қилиб олди.

Айтишим керакки, ёмон овчи эмасдим. Лекин… кунларнинг бирида юз берган, аниқроғи, ўзим гувоҳи бўлган бир воқеа сабабидан ов қилишдан буткул воз кечдим. Бир куни шавқ устунлик қилди, хумори тортди: Боботоққа овга чиқиб кетдим. Мақсадим: кийик овлаб, гўштига тўйиш, уйдагиларни ҳам бир сийлаш эди. Кетавердим, кетавердим. Бир жойдан ўрлаб, энди баландликка чиққан эдимки, ғаройиб манзаранинг гувоҳи бўлдим. Вужудидан қон сизиб турган ярадор кийикнинг елкасидан соқоллари оппоқ бир мўйсафид силаб-сийпалаб турибди. Сал ўтмасдан кийик тузалиб, чолга бир қайрилиб қаради. Миннатдорчилик билдирди, шекилли. Сўнгра ўзи яхши кўрган сой-қирларга томон шиддат билан югуриб кетди. Бу воқеадан ҳанг-манг бўлганим шунчаликки, шу орада чолнинг ғойиб бўлганини ҳам сезмай, билмай қолибман. Анча муддатдан сўнг  ўзимга келдим.

Шу кўрганларимни ўзимча мулоҳаза қилдим, фикрладим. Мен учун бу бир ҳикмат, сабоқ бўлса керак, деб ўйладим. Шу-шу бўлди, овдан ҳам, овнинг шавқидан ҳам бутунлай воз кечдим. Кейин-кейин эса овдан тамоман кўнглим совиди. Ўзимча шу ишим тўғри бўлди, деб ўйлайман.

* * *

Айтишларича, Шерободнинг тоғли қишлоқларидан бирида Арча мерган деган одам ўтган. У Шеробод ва Бойсун тоғларининг тилга тушган машҳур мерганларидан бири бўлган экан. Ҳикоя қилишларича, Арча мерган Кўҳитанг тоғ тизмаларини, Боғлидара, Кўлват, Каттатоғ, Султонқул, Тангги тоғларини, Аламли қирларини ҳар бир қаричигача яхши билган ва у ерларни такрор-такрор босиб ўтган. Борингки, бу жойларнинг ҳар бир сойи, сўқмоғи, тоғ-тошигача деярли ёд бўлиб кетган эди.

Арча мерганни «учаётган қушни кўзидан урадиган овчи бўлган», дея таърифлашади баъзилар. Исми асли ўзи Арча мерган эканми, деб сўраяпсизми? Йўқ, ўзининг исми эмас, бу бир лақаби унинг. Айтишларича, бир сафар мерган кўзи адашибми ёки ақли шошганиданми, кийик деб ўйлаб арчани отган экан. Шу-шу унинг исми Арча мерган бўлиб кетибди.

Хуллас, мўлжални бехато урадиган ана шу мерган кўнглининг хуморини ов билан бостириб, ташналигини ўлжа билан қаноатлантириб яшаганлардан бири экан. У тоғ-тош кезиб, жуда кўп жониворларни, паррандаларни отган, беҳисоб қирон келтирган. Алқисса, ана шу довруқли мерганнинг отган кийиклари сони охири мингтага етибди. Лекин Арча мерган овга чиқишда ҳамон давом этарди.

Кунларнинг бирида Арча мерган овга чиқади. Бир тепаликка чиққанида рўпарасидан шохли кийик дуч келиб қолади. Чаққон ва абжир овчи дарҳол милтиғини кўксига тираб, ўлжани нишонга олади. Шунда кийикданми ёки ғойибданми, бир овоз келади:

— Отган кийикларинг мингтага етди! Энди отма, отсанг, ўласан!…

Бироқ… мерган ғойибдан келган бу овозга унчалик ҳам парво қилмайди. Ов шавқи, ўлжанинг ширин хаёли уни буткул асир ва ром этиб олган эди. Фурсатни қўлдан бой бермади. Кўзлади. Сўнгра тепкини босди. Гумбурлаган садо тоғ-тошларни, дараларни тутиб кетди. Ўқ кийикнинг жон жойига теккан эди. Шохли кийик қулади. Арча мерган ерда жон талашиб типирчилаётган кийикнинг бўғзига пичоқ тортди.

Ови бароридан келган мерган, кийикни елкасига олиб, қароргоҳига йўл олди. Гулхан ёқди. Тўнкарилган қозонни ўчоққа осди, бўлакланган кийик гўштини қизиб турган мойга ташлади, шошилмасдан қовурди. Шу оқшом мерган кийик гўштига роса тўйди. Устидан аччиқ-аччиқ кўк чойдан ичди. Қолган гўштнинг устини ёпиб қўйди. Сўнгра бирон нарса судраб кетмасин деб, устидан тош бостирди. Кундузги чарчоқлар зўрлик қилаётган эди, уйқу кўзларига бостириб келарди. Мерган тўшакка чўзилди. Ажабтовур тушлар кўрди. Айниқса, бир туш аниқ-тиниқ эсида қолди ва анча маҳал шуни эслаганида, эти жимирлаб кетадиган бўлди. Тушида бир кийикнинг, аниқроғи, кундузи ўзи отган шохли кийикнинг боласи эмиш, чиройли кўзларидан «жим-жим» ёш тўкканча, мергандан сўрармиш: «Менинг онамни нега отдинг? Энди ким менга сут беради? Ким мени суйиб-эркалайди?» Негадир бу саволларга мерган ҳеч бир жўялироқ жавоб тополмасдан, қийналармиш. Хуллас, бу кеча мерган учун жуда безовта, беҳаловат кечади.

Барвақт ўрнидан турган мерган нонушта қилиб олгач, яна дарага эниб кетади. Баландга чиқди, пастга тушди. Ҳадеганда ўлжа учрайвермади. Баногоҳ булоқдан сув ичиб турган бир жуфт кийикка кўзи тушди. Ўлжани кўрган мерган қувончидан қийқириб юбораёзди. Ғайрати жўш урди. Ёввойи бир шавқ бутун вужудини қамраб олди. Шунда ниманидир сезиб ҳурккан кийиклар сувдан бош кўтариб, қочмоққа тушдилар. Арча мерган ҳам уларнинг изидан қувиб қўя берди.

Кийиклар жон ҳолатда қочиб борардилар. Қўш оғиз милтиғи ўқланган мерган ҳам уларни кўздан қочирмасдан таъқиб этарди. Бутун вужуди пайга айланиб кетган овчи бамисоли кийикдек чаққон ҳаракат қиларди. Айни чоғда мерганнинг ташналикдан томоғи қақраб қуриб борарди. Кўнгли бир қултум сувга суст кетди. Шунда қарасаки… кийикларнинг туёқлари чуқур ботган жой сутга тўлиб турибди. Она кийиклар зора золим ва бераҳм овчи бизга шафқат қилиб, ҳоли-жонимизни тинч қўйса деган умидда сийналари тўла сутдан туёқлари ботган чуқурчаларга йўл-йўлакай тўкиб кетишаётган экан. Арча мерган кийик туёқлари ботган чуқурчалардаги сутдан роҳатланиб ичаркан, қайта куч-ғайратга тўлиб, яна кийикларни таъқиб қилишда давом этарди. Кўкраклари лиммо-лим сутга тўлган она кийиклар эса жон ҳолатда болалари томон олға чопардилар.

Арча мерган кийикларнинг сутидан ичар, лекин дилида заррача бўлсин, шафқат-раҳмдиллик туйғуси уйғонмасди. Абжир ва айёр мерган ўлжани зийраклик ва ҳушёрлик билан кузатар, югурар ва қулай фурсат пойларди. Ниҳоят, фурсат ҳам етди. Шунда бир зум тўхтаб, ўлжани нишонга ола бошлади. Шунда… ғойибдан яна бир овоз келди:

— Овчи, отма! Отган кийикларинг минг- тадан ошди! Отма, отсанг ўласан!…

Бу овоздан мерган бир титради. Аммо қўли тепкида эди. Тепкини босиб юборди. Тоғ-тошлар, пасту баландлар гумбурлаб, акс садоси теварак-тарафни тутиб кетди. Болалари қошига умид ва қўрқув аро бор кучи билан чопиб бораётган она кийик, ўқ зарбидан баландга бир сакраб, ерга қулади… Иккинчи кийик эса қутилиб кетди.

Оҳ, шўрлик оҳу, сийналаридан шифобахш сут бериб ҳам мерганнйнг тош қотган қалбини юмшата олмади.

Она кийик мерган узган ўқдан қулади. Айни шу чоғда мерган ҳам негадир бирдан бўшашди. То шунгача мерганнинг овчилик ҳаётида бу каби ғалати ҳодиса ҳеч қачон юз бермаган эди. Қўллари жонсизлангандай бўлди, милтиғи сирғалиб ерга тушди. Сўнгра бутун аъзойи бадани бўшашди, уни беҳоллик, заифлик қамраб олди.

Ерда жон ҳолатда типирчилаб ётган она кийикни мерган пичоғи билан ҳалоллай олдими ёки йўқми? Буниси бизга қоронғу. Она кийикни ҳалоллаб, уйига олиб келолдими ёки йўқми? Бунисини ҳам биз аниқ билмаймиз.

Билганимиз ва  хабардор бўлганимиз шуки, мазкур ов Арча мерганнинг, неча-неча тоғ-тошларнинг, қир-адирларнинг, поёнсиз даштларнинг паррандалари, ҳайвонларига кўп йилларнинг бадалида қирон келтирган, беаёв овлаган одамнинг энг сўнгги ови бўлиб қолди…

Арча мерган уйига базўр етиб келди. Боши аранг ёстиққа етди. Овда бўлган воқеани, кўрган тушини уйидагиларга айтиб берди. Уйдагилар буларни эшитиб кўп афсус-надомат чекдилар. Овчининг нотўғри қилганини айтиб, ғамга ботдилар. Бироқ… вақт ўтган эди. Овчи тарафидан қалтис қадам ташланган, бўлар иш бўлганди. Арча мерган жон таслим қилади.

ЛОЙ ТЕПАЁТГАН ЎСМИР

Чол ўсмир ўғлини лойга солиб ишлатарди. Ҳовлини ўраб турган эски деворнинг бир қисми серёғин келган баҳорда ярмидан қулаб тушган эди. Ўтган-кетган йўловчининг, яхши-ёмоннинг ҳовли-жойга суқли назар ташлаши, гоҳида эса беор нигоҳлари чолга асло-асло маъқул эмасди. Мақсад шу деворни янгилаб, баландроқ қилиб кўтариш эди.

Ўсмир ўғил истар-истамас лой тепар, ишга сал-пал рўйхушлик бермаётгандек, озгина тайсаллаётгандек эди. Асли ўзи лой иши оғир юмушлардан бири сифатида унча-мунча одамни ҳам тайсаллатади. Ҳатто бу ҳакда ривоятлар ҳам бор. Айтишадики, лой ишидан ҳаттоки девлар ҳам думларини хода қилиб қочишган экан. Девларки лой ишидан қочган бўлсалар, унда одам боласи девдан ҳам анча-мунча зўр, чидамли экан-да…

Майли, лой ишидан қочган девлар ҳам, отасини андаккина хуноб қилаётган ўсмир ўғил ҳам ўз йўлига. Биз бу ерда бошқа бир гапни айтмоқчи эдик.

… Ўсмир лой тепаётган, отаси лойхона бошида туриб ниманидир айтаётганида йўлдан эшак минган бир чол ўтади… Эшак минган чол енгил салом-алик билан ўтиб кетмади. Ўсмирнинг отаси билан худди қирқ йиллик қадрдон биродарлардек қуюқ саломлашди, ҳол-аҳвол сўрашди. Бир маҳал чол кетишга чоғланди. Кетаётиб лой тепаётган ўсмирга бошдан-адоқ синчков назар ташлади ва деди:.

— Қани, бу жигитминан лой қилиб, деворни баланд кўтарайлик дебсизлар-да?

— Шундай, Бўтабой ака, ўзим бошида туриб иш қилдирмасам, бу болалар ўз билувидан бир иш қиладиганга ўхшамайди, — деди отаси бироз гинадорлик билан.

Бир қадар жиззаки, сиркаси сув кўтармас ўсмирга отасининг бу таъналироқ гаплари асло ёқмади. Ҳатто бироз норози қиёфада отасига қараб ҳам қўйди. Шунда… эшак минган Бўтабой бобо ўсмирга мойдек ёқиб тушадиган бир мақтовли гап айтди. Шундай мақтовли гап айтдики, ўша пайтда кўнглига, ҳаттоки бутун вужудига мойдек, балки болдек маъқул тушган бу таъриф кейинчалик анча замонлар унинг ҳаётида тўғаноқ бўлиб турди. Худди кишан оёғидан боғлаб турган каби таъсир қилди.

Эшак минган Бўтабой бобо нима деди денг! Эшак минган чол оғзини тўлдириб шундай деди:

— Ҳай, ҳай, Алиқул оқсоқол, ундай деманг, асти ундай дея кўрманг. Улингиз қўйдай яхши жигит! Воҳ, воҳ, қўйдай жигит, бу жигит!..

— Ай, Бўтабой ака, сизам созлаб туриб гапирасиз-да! — деди лой тепаётган ўсмирнинг отаси шунда хонумонига ўт туташгандек бўлиб.

Алиқул оқсоқол яхши билардики, Бўтабой бобонинг бу «мақтови» дўстликдан ҳам, яхшиликдан ҳам эмас, балки бориб турган душманликдан эди. Энг ёмон томони шунда эди-ки, буни ҳали «кўзи юмуқ» ўғлига асло англата олмасди ҳам. Ўсмир ўғли ҳали паллаки қўйиб мақтаётганларни, коса тагида ним коса қабилидаги гапларни, ишларни, макрни англайдиган, тушунадиган ёшда эмасди. Лой тепаётган ўғил ҳали яхшини ёмондан, дўстни душмандан, фойдани зиёндан ажратадиган, фарқлай оладиган мавсумда эмас эди. Буларни англаб етмоқ учун ўғилнинг олдида ҳали жуда кўп қовун пишиғи бор эди. Алиқул оқсоқол шуларни хаёлидан бир-бир ўтказаркан, чуқур хўрсинди… Бу хўрсиниқни англамоқ учун қанчадан-қанча довонларни ошиб ўтди.

Айтганча, Алиқул оқсоқол билан Бўтабой бобонинг аввал-охир суви тиниган эмас. Алиқул оқсоқол сув бўлса, Бўтабой бобо ўт-олов эди. Бўтабой бобо ҳасаднинг, шумликнинг ичида яшаса, унинг акси бўлган Алиқул оқсоқол эса дарё феълнинг, яхшиликнинг, диёнатнинг ичида яшарди. Оқсоқол далли-ғулли, кечиримли эди.

Эшак миниб кетаётган Бўтабой бобонинг лой тепаётган ўсмир ўғлига айтган мақтови асли дўстликдан ҳам, яхшиликдан эмаслигини Алиқул оқсоқол шунчалар чуқур ва теран билардики… Лекин буни ҳали ҳозирча нодон ва «кўзи юмуқ» ўғлига ҳаргиз ва ҳаргиз англата олмасди. Ўсмирлик, йигитлик асли ўзи мақтовни, паллаки гапларни хуш кўрадиган фавқулодда туманли, мубҳам бир палладир.

Ўсмирнинг отаси «мақтов ширин оғу» эканлигини жуда яхши биларди. Яхши билгани боис ҳам Бўтабой бобонинг мавридини топиб ўғлига ғанимлик қилганидан юрак-бағри ўртанди.

Бир донишманд айтган экан: «Башарти ўзингизга душман, ғаним деб билган қавмни маҳв этмоқчи бўлсангиз, ҳаргиз ва ҳаргиз мушт ўқталманг, сўкманг, милтиқдан ўқ узманг, найза санчманг. Фақат… фақат… эрта-кеч тинмасдан шу қавмнинг ёшларини мақтанг, мақтайверинг. Жағларингиз толгунча, борлиғингиз ҳолдан тойгунча мақтанг, мақтайверинг. Уларни осмони фалакларга чиқариб мақтанг, улардаги йўқ сифатларни, фазилатларни худди бордек қилиб, ишонч билан мақташдан  асло чарчаманг… Уларнинг қўрқоқликларини мисли йўқ жасорат деб айтинг, ландовурликларини эса баҳодирлик деб улуғланг. Бироз кутинг. Алқисса, муродингизга етасиз».

Қитмир ва шум Бўтабой бобонинг юқоридаги ривоятдан хабари бор эди. Қолаверса, узоқ йиллик тажрибасидан ҳам буни яхши биларди. Лекин бу аччиқ ҳақиқатдан Алиқул оқсоқолни-да бехабар деб бўлмасди. Шу бахил ривоятдан хабари борлиги учун ҳам Бўтабой бобо ўғлини мақтаганидан сўнг ўртанди.

…Чархи гардун тинмасдан айланди, айланаверди. Алиқул оқсоқол ҳам, Бўтабой бобо ҳам бу фоний дунёнинг меҳмонлари экан. Олдин-кейин ўтдилар, кетдилар.

Алиқул оқсоқолнинг ўғли вояга етди. Лекин… Бўтабой бобо қачонлардир келиштириб, кифтини келтириб мақтаган «қўйдай жигит»лиги унга узоқ йиллар ўтиб бўлмас ғов бўлди. Ғов эмас, кишан, балки ўтиш мушкул бўлган тўсиқ сифатида кўп замонлар кўндаланг турди. Анча йиллар шу «кишан» унинг ҳаётида жаранглаб турди.

Бўтабой бобонинг айтган мақтови кўп йиллар ўғилнинг қулоғидан ҳам, юрагидан ҳам кетмади. «Қўйдай жигитлиги»ни қўлдан бергиси келмасди. Негадир шундай эди. Гоҳи-гоҳи ўзи ҳам ҳайрон қоларди. Оқсоқол эса қўйларни ўрдами ёки қирдами, чўлдами ёки тоғдами, оч бўрилар еб кетажагини вақт-фурсат топиб айта олмади. Тирикчилик ташвишлари билан оқсоқол айтишга улгуролмади. Нима қиласизки, айтиш, огоҳлантириб кетиш насиб қилмаган экан-да…

… Ўғилнинг  кўнглига, умрига  қачонлардир солинган мақтов — «кишан» уни кўп йиллар ўз сиқувидан қўйиб юбормади, балки маҳкам тутиб турди. Бу «кишан»ни болға билан уриб синдириб, парчалаб бўлмасди. Чунки бу «кишан» темирдан  эмасди. Бу «кишан» умрга, бир инсонинг қалбига, онгига, ғурурига солинган «кишан» эди. Ундан қутилмоқ учун кўп йиллар яшаш ва ҳақиқатни англаш керак эди. Бу «кишан»ни фақат ҳақиқат нури  билан эритиб юбормоқ ва шу йўл билан қутилмоқ мумкин эди.

Ўғил ана шу ҳақиқат нурини қўлга киритган ва бир амаллаб бу «кишан»дан халос бўлган чоғида эса вақт анча ўтган эди. Умр офтоби ғарбга томон оҳиста-оҳиста оғиб борарди…

ГУЛНИНГ ХАЗОН ВЎЛИШИ

… Унча-мунча нарсага, воқеа-ҳодисага ҳайрон бўлмайдиган бир ёшга етиб келдим. Лекин бу сафар гапнинг тўғриси, ҳайрон бўлдим. Чунки ҳаммаси шундайгина кўз ўнгимда рўй берди.

Худди эрта баҳорда гул ғунчалаб чирой очгани, бўй кўрсатгани каби хушсурат бир ҳолатга келдики, Соҳиби қудратнинг бу мўъжизасига қойил қолмасликнинг, тан бермасликнинг ҳеч бир иложи йўқ эди.

Бироқ бу навниҳол гулга анча тарбия зарур эди. У ақли бутун, диёнатли, собит ва ориятли боғбоннинг тарбиясига жуда-жуда муҳтож эди. Аммо нима қиласизки, боғбон ўта ношуд, дидсиз ва нотавон бўлиб чиқди.

Айтмоқ керакки, боғбон тарбия билан эмас, балки гулни мақташ билан, унинг ҳали такомилига етмаган сийратидан эмас, суратидан ифтихор қилиш билан машғул эди, холос.

Гулга харидор кўп бўлди. Ундан ўтган ҳам, кетган ҳам, яхши ва ёмон ҳам баҳра олмоққа иштиёқманд ҳамда харидор эди. Гул эса ўзига мағрур ва масту ҳайрон бўлиб борарди. У ўзига шу қадар бино қўйган эдики, ҳатто кўзлари теваракни илғамай қолди. Шу тариқа у дунёнинг катта ва хатарнок йўлига чиқди.

Бир маҳал гул ўзини катта ва поёни йўқ оломон ичра кўрди. Кейин эса… адашиб кетди, адашди. Алдоқчи ранглар жилваси уни адаштирди. Дунёнинг катта ва мавҳум, нотаниш йўлларида навниҳол гулни адаштиргувчи иллатлар, номаълум тарафларга тинимсиз чорлагувчи товушлар ниҳоятда кўп эди. Таваккалчилик гулни қаёқларгадир қўлларидан етаклаб кетди. Кейин эса гул… зино йўлига кирди. Худди пул қўлдан тинимсиз ўтиб тургани каби беқарор ва беқадр бўлди. Кўпнинг, яхши-ёмоннинг бахил ва суқли назари оралаган гул сўла бошлади. Бешарм қанчалаб нигоҳлар унинг чиройли юз-кўзларига, қоматига келиб урилаверди, синаверди…

Гул энди ёмон сифатлар ва иллатларни ўзига тўхтовсиз юқтира бошлади. У қанча сув ичса, ёлғонни ҳам шу қадар кўп симира бошлади. Фитна ва фириб бобида кўп устозларни кўрди ва моҳирликка эришди.

Қаранг, ажаб бир ҳолатки, сўлишга келганда гулдан тез сўладигани бўлмас экан. Бирпасда баргихазон бўлди. Унга харидор, ошику беқарор бўлганларнинг бариси тисландилар. Йўқ, тисланмадилар, балки бирданига сесканиб ва ҳаттоки ижирғаниб, ундан юз ўгиришди.

Орадан қанча фасллар, балки йиллар ўтди. Гул билан ҳеч кимнинг иши бўлмай қолди. Одамлар гулни унутишга шу қадар хоҳишманд эдиларки, асти қўяверинг. Уни хотирадан ҳам буткул ўчириб ташлашни истардилар. Инчунун, гул ҳам ўз навбатида теваракка ҳам, ўзига бўлаётган муносабатга ҳам бефарқ ва лоқайд эди. Бир тўйда унинг кўзлари ҳумор сузилиб, ароқ симираётганини, сўнгра вужудини тик тутолмай алмойи- алжойи гапираётганини кўрдилар. Дастлаб ҳайрон бўлдилар, сўнгра эса ҳайрон бўлишдан ҳам тўхтадилар.

Кейин эса одамлар гулни бозорда, пештахта олдида у-бу сотадиган ҳолатда кўрадиган бўлдилар. Янаям аниқроғи, у тирикчилигини бозорда кўрадиган бўлганди. Оломон ичида унинг оғзидан чиқадиган бешарм, беҳаё сўзларни унча-мунча эркакман деган ҳам айтолмасди.

Гул балчиққа тобора ва тобора чуқурроқ ботиб борарди. Бир куни катта ва гавжум бозор пештахтаси олдида унинг мусофир чолни оппоқ соқолидан тутамлаб судраётганини ва тилга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақоратлаётганини кўрдилар. Уни бу хунук ишидан тўхтатиб ҳам, шунингдек, танбеҳ бериб ҳам бўлмасди. Чунки у тизгинни батамом узган эди. Чунки у барча яхши-ёмон босқичларни босиб ўтиб, охири энг баттарин жойдан — чўчқалар, пашшалар ва бошқа иркит нарсалар «роҳатланадиган» балчиқдан аллақачон ўзига муносиб жой ҳозирлаб улгурганди.

… Қачонлардир бир гул очилганди. Аввалида унинг ҳусну малоҳатини таъриф-тавсиф этиш учун тиллар ожиз бўлди, луғатдан мақтов учун муносиб сўз ҳам тополмай қолдилар. Кимдир унга шеърлар битди, кимдир кўнгил изҳорини қўшиқларга солди. Яна биров эса унинг ишқида олис кечаларини уйқу, ором ўрнига беҳаловатликка, бедорликка топширди. Чиройга тўлган гул кўпларнинг оромини ўғирлаган эди.

Кейин эса… гул ўзига шунчалар бино қўйдики, оқибатда дунёнинг хато ва буткул чалкаш йўлларига кириб кетди. Сўнгра уни ёмонламоққа, ёмонламоққа эмас, балки унинг ёмонлигини, баттарин ҳолатга тушганлигини тасвирлаш, ифодалаш ва шу йўл билан хумордан чиқмоқ учун луғатдан сўз ҳам ахтариб топа олмадилар…

011
Xurshid Davron
DONISHMAND
002

Yozuvchilarga ta’rif berayotganda «atoqli», «taniqli», «mahoratli», «iste’dodli» va shunga o’xshash turli sifatlar aytiladi. Sizga taqdim etilayotgan surxondaryolik yozuvchi Mahmud Abulfayzni men «donishmand» deb ta’riflagan bo’lardim. Mahmud akani uzoqdan bilib yurardim, viloyat gazetalarida bosilgan badialari-yu u haqda yozilgan maqolalarni o’qiganman. Ammo, kuni-kecha 6 kun davom etgan Surxondaryo safarida yozuvchi bilan tanishib, suhbatu hangomalashib, uning «Insonni armon ulg’aytiradi» to’plami bilan tanishib, ulkan bir ijod olamini kashf etganday bo’ldim.

Mahmud Abulfayz kamgap, menga o’xshab ko’p gapirishdan, tinglashni ko’proq ma’qul ko’rgan inson ekan. Uning shaxsiyatida o’zbek xalqining, turli viloyatu tumanlarida uchratganim, ko’rganim, donishmand vakillariga xos fazilatlar namoyon edi.

Mahmud Abulfayz ayrim ijodkorlardek eshitgani yoki o’qiganini emas, ko’rganini yozadi, zero u bizga o’xshab to’rt devor orasida emas, hayotning ichida yashaydi. U hozirgi ayrim modernparast adiblarga o’xshab o’zbek hayotini g’arbdan kelgan qoliplarga solishga urinmaydi, buni xayoligayam keltirmaydi, chunki u o’zbekning hayoti hech qanday begona qolipga sig’masligini yaxshi biladi. Markazdagi jur’atu insofni unutgan ba’zi munaqqidlar, yuqorida yozib o’tganim, qolipchi yozuvchilar yoki rahbar adibning semiz asarlarini ( o’qishga erinib) varaqlab, «ma’no» qidirgan paytda Mahmud Abulfayz yarim varaqli badiasida xalqimiz hayotining juda ulkan ma’nosini sig’dira oladi.

Yozuvchining sizga taqdim etilayotgan badialarida (men ularni hikoyatlar atagim keldi) har birimizni qiynayotgan va ayni paytda, hammamiz qam ilg’ayvermaydigan muammolar, masalalar xususida so’z yuritiladi. Bu so’z surxon baxshilarining ohangida, janub quyoshining taftiga o’rab, gurung uslubida aytilgan. «Insonni armon ulg’aytiradi» kitobi taqdimnomasida yozilganidek, ularni «o’qib, ma’no uqasiz, xonish tinglaysiz. Oqibat, atrofga, hayotga va nihoyat o’z-o’zingizga yangicha nazar bilan qaray boshlaysiz».

MAHMUD ABULFAYZ
HIKOYATLAR VA BADIALAR
002

Mahmud Abulfayz 1953 yilda Surxondaryo viloyati Denov tumanida tug’ilgan. Toshkent Davlat universi-tetining jurnalistika fakul`tetini tamomlagan. Viloyatdagi turli gazetalarda ishlagan. Bir necha kitoblari nashr qilingan.

002

CHOH QA’RIDAGI ODAM

… Sokin qish kunlarining birida uzoq-uzoqlardan, aniqrog’i, tubsiz chuqurlik qa’ridan bir ovoz kelardi. U sharpamni sezib mendan gap so’rayotgan edi:
— Hozir quzmi yoki qish faslimi?

— Kuzning o’tib ketganiga ancha mahallar bo’ldi, — javob qildim men, — hozir ayni qish chillasi, birodar!
— Aytdim-a, negadir sovuq qotgandek bo’layapman deb. Poyafzalimning ham ma’quli yo’qroq-da, shundanmi, oyoqlarimdan sovuq o’tayapti…
— Qish kelishini bilmasmidingiz? Issiqroq kiyimlar olsangiz bo’larmidi…
— Aytganingiz to’g’ri, bir tomovdan fasllar almashganini ham sezmay qolayapman keyingi paytlarda. Ikkinchi tarafdan esa, kiyim olayin desam, qo’lim sal kaltalik qilayapti…

So’ngra chuqurlikdagi odam yana so’raydi:
— Ko’klamgacha hali ancha bormi, do’stim?
— Ha, ko’klamgacha hali ancha vaqt bor…

Shunda men chuqurlikdagi odamdan so’rayman:
— Sinfdoshlardan biri o’g’liga sunnat to’yi qildi, ko’rinmadingiz? Falonchi do’stimiz qizini chiqardi, sizni so’rashdi, yo’q ekansiz? Tegirmonchi boboni ham ko’pga qo’shdik. Janozasida qo’rinmagandek bo’ldingiz.
— Qarang-a, tirikchilik bilan bo’lib, bu gaplardan bexabar qolibman.
Chuqurlikdagi odam mendan iltimos qildi:
— Birodar, ayni bahor kunlarida menga xabar qiling: «To’rt-besh teng-to’shlar jam bo’lishib, bir toqqa sayohatga chiqaylik, o’smirlik paytlarimizni eslaylik, ko’ngillarimiz bir ochilsin!»

Men choh qa’ridagi odamga vaqt yetib kelgach, xabar qilajagimni aytdim.

… Bu odam mening tengdoshim, oramizda bir necha yosh farq, tafovut bor edi. U boshqa olamda emasdi.
Bor-yo’g’i u yillar osha tirikchilik deb atalgan yuho — chuqurlik qa’riga tushib qolgan edi, xolos. Shu kunlarda u biroz junjikkan ko’yi olislardagi bahorni ilhaq bo’lib kutayotgan edi…

XUNXORIGA SUT BERGAN OHU

Termizlik Jo’ra mergan Xudoyberdiev shunday hikoya qiladi:

— Yigitlik paytlarimni ov bilan kechirdim. Ovga chiqib o’z ko’nglimni o’zim xushlab yurar edim. Umid bilan qo’limga miltiq olib ovga chiqsam, uyga o’lja bilan qaytardim ham. Tog’lardagi, dasht-qirlardagi turli parrandalar, yovvoyi hayvonlarni ham ancha-muncha otganman. Birodarlar, ov shunday narsaki, odamni batamom o’ziga tortib, asir qilib oladi. Agar ovga o’rgangan bo’lsangiz, dunyoning barcha tashvish-g’amlarini unutasiz. Ov, o’ljaning gashti sizni o’ziga band qilib oldi.

Aytishim kerakki, yomon ovchi emasdim. Lekin… kunlarning birida yuz bergan, aniqrog’i, o’zim guvohi bo’lgan bir voqea sababidan ov qilishdan butkul voz kechdim. Bir kuni shavq ustunlik qildi, xumori tortdi: Bobotoqqa ovga chiqib ketdim. Maqsadim: kiyik ovlab, go’shtiga to’yish, uydagilarni ham bir siylash edi. Ketaverdim, ketaverdim. Bir joydan o’rlab, endi balandlikka chiqqan edimki, g’aroyib manzaraning guvohi bo’ldim. Vujudidan qon sizib turgan yarador kiyikning yelkasidan soqollari oppoq bir mo’ysafid silab-siypalab turibdi. Sal o’tmasdan kiyik tuzalib, cholga bir qayrilib qaradi. Minnatdorchilik bildirdi, shekilli. So’ngra o’zi yaxshi ko’rgan soy-qirlarga tomon shiddat bilan yugurib ketdi. Bu voqeadan hang-mang bo’lganim shunchalikki, shu orada cholning g’oyib bo’lganini ham sezmay, bilmay qolibman. Ancha muddatdan so’ng o’zimga keldim.

Shu ko’rganlarimni o’zimcha mulohaza qildim, fikrladim. Men uchun bu bir hikmat, saboq bo’lsa kerak, deb o’yladim. Shu-shu bo’ldi, ovdan ham, ovning shavqidan ham butunlay voz kechdim. Keyin-keyin esa ovdan tamoman ko’nglim sovidi. O’zimcha shu ishim to’g’ri bo’ldi, deb o’ylayman.

* * *

Aytishlaricha, Sherobodning tog’li qishloqlaridan birida Archa mergan degan odam o’tgan. U Sherobod va Boysun tog’larining tilga tushgan mashhur merganlaridan biri bo’lgan ekan. Hikoya qilishlaricha, Archa mergan Ko’hitang tog’ tizmalarini, Bog’lidara, Ko’lvat, Kattatog’, Sultonqul, Tanggi tog’larini, Alamli qirlarini har bir qarichigacha yaxshi bilgan va u yerlarni takror-takror bosib o’tgan. Boringki, bu joylarning har bir soyi, so’qmog’i, tog’-toshigacha deyarli yod bo’lib ketgan edi.

Archa merganni «uchayotgan qushni ko’zidan uradigan ovchi bo’lgan», deya ta’riflashadi ba’zilar. Ismi asli o’zi Archa mergan ekanmi, deb so’rayapsizmi? Yo’q, o’zining ismi emas, bu bir laqabi uning. Aytishlaricha, bir safar mergan ko’zi adashibmi yoki aqli shoshganidanmi, kiyik deb o’ylab archani otgan ekan. Shu-shu uning ismi Archa mergan bo’lib ketibdi.

Xullas, mo’ljalni bexato uradigan ana shu mergan ko’nglining xumorini ov bilan bostirib, tashnaligini o’lja bilan qanoatlantirib yashaganlardan biri ekan. U tog’-tosh kezib, juda ko’p jonivorlarni, parrandalarni otgan, behisob qiron keltirgan. Alqissa, ana shu dovruqli merganning otgan kiyiklari soni oxiri mingtaga yetibdi. Lekin Archa mergan ovga chiqishda hamon davom etardi.

Kunlarning birida Archa mergan ovga chiqadi. Bir tepalikka chiqqanida ro’parasidan shoxli kiyik duch kelib qoladi. Chaqqon va abjir ovchi darhol miltig’ini ko’ksiga tirab, o’ljani nishonga oladi. Shunda kiyikdanmi yoki g’oyibdanmi, bir ovoz keladi:

— Otgan kiyiklaring mingtaga yetdi! Endi otma, otsang, o’lasan!…

Biroq… mergan g’oyibdan kelgan bu ovozga unchalik ham parvo qilmaydi. Ov shavqi, o’ljaning shirin xayoli uni butkul asir va rom etib olgan edi. Fursatni qo’ldan boy bermadi. Ko’zladi. So’ngra tepkini bosdi. Gumburlagan sado tog’-toshlarni, daralarni tutib ketdi. O’q kiyikning jon joyiga tekkan edi. Shoxli kiyik quladi. Archa mergan yerda jon talashib tipirchilayotgan kiyikning bo’g’ziga pichoq tortdi.

Ovi baroridan kelgan mergan, kiyikni yelkasiga olib, qarorgohiga yo’l oldi. Gulxan yoqdi. To’nkarilgan qozonni o’choqqa osdi, bo’laklangan kiyik go’shtini qizib turgan moyga tashladi, shoshilmasdan qovurdi. Shu oqshom mergan kiyik go’shtiga rosa to’ydi. Ustidan achchiq-achchiq ko’k choydan ichdi. Qolgan go’shtning ustini yopib qo’ydi. So’ngra biron narsa sudrab ketmasin deb, ustidan tosh bostirdi. Kunduzgi charchoqlar zo’rlik qilayotgan edi, uyqu ko’zlariga bostirib kelardi. Mergan to’shakka cho’zildi. Ajabtovur tushlar ko’rdi. Ayniqsa, bir tush aniq-tiniq esida qoldi va ancha mahal shuni eslaganida, eti jimirlab ketadigan bo’ldi. Tushida bir kiyikning, aniqrog’i, kunduzi o’zi otgan shoxli kiyikning bolasi emish, chiroyli ko’zlaridan «jim-jim» yosh to’kkancha, mergandan so’rarmish: «Mening onamni nega otding? Endi kim menga sut beradi? Kim meni suyib-erkalaydi?» Negadir bu savollarga mergan hech bir jo’yaliroq javob topolmasdan, qiynalarmish. Xullas, bu kecha mergan uchun juda bezovta, behalovat kechadi.

Barvaqt o’rnidan turgan mergan nonushta qilib olgach, yana daraga enib ketadi. Balandga chiqdi, pastga tushdi. Hadeganda o’lja uchrayvermadi. Banogoh buloqdan suv ichib turgan bir juft kiyikka ko’zi tushdi. O’ljani ko’rgan mergan quvonchidan qiyqirib yuborayozdi. G’ayrati jo’sh urdi. Yovvoyi bir shavq butun vujudini qamrab oldi. Shunda nimanidir sezib hurkkan kiyiklar suvdan bosh ko’tarib, qochmoqqa tushdilar. Archa mergan ham ularning izidan quvib qo’ya berdi.

Kiyiklar jon holatda qochib borardilar. Qo’sh og’iz miltig’i o’qlangan mergan ham ularni ko’zdan qochirmasdan ta’qib etardi. Butun vujudi payga aylanib ketgan ovchi bamisoli kiyikdek chaqqon harakat qilardi. Ayni chog’da merganning tashnalikdan tomog’i qaqrab qurib borardi. Ko’ngli bir qultum suvga sust ketdi. Shunda qarasaki… kiyiklarning tuyoqlari chuqur botgan joy sutga to’lib turibdi. Ona kiyiklar zora zolim va berahm ovchi bizga shafqat qilib, holi-jonimizni tinch qo’ysa degan umidda siynalari to’la sutdan tuyoqlari botgan chuqurchalarga yo’l-yo’lakay to’kib ketishayotgan ekan. Archa mergan kiyik tuyoqlari botgan chuqurchalardagi sutdan rohatlanib icharkan, qayta kuch-g’ayratga to’lib, yana kiyiklarni ta’qib qilishda davom etardi. Ko’kraklari limmo-lim sutga to’lgan ona kiyiklar esa jon holatda bolalari tomon olg’a chopardilar.

Archa mergan kiyiklarning sutidan ichar, lekin dilida zarracha bo’lsin, shafqat-rahmdillik tuyg’usi uyg’onmasdi. Abjir va ayyor mergan o’ljani ziyraklik va hushyorlik bilan kuzatar, yugurar va qulay fursat poylardi. Nihoyat, fursat ham yetdi. Shunda bir zum to’xtab, o’ljani nishonga ola boshladi. Shunda… g’oyibdan yana bir ovoz keldi:

— Ovchi, otma! Otgan kiyiklaring ming- tadan oshdi! Otma, otsang o’lasan!…

Bu ovozdan mergan bir titradi. Ammo qo’li tepkida edi. Tepkini bosib yubordi. Tog’-toshlar, pastu balandlar gumburlab, aks sadosi tevarak-tarafni tutib ketdi. Bolalari qoshiga umid va qo’rquv aro bor kuchi bilan chopib borayotgan ona kiyik, o’q zarbidan balandga bir sakrab, yerga quladi… Ikkinchi kiyik esa qutilib ketdi.

Oh, sho’rlik ohu, siynalaridan shifobaxsh sut berib ham mergannyng tosh qotgan qalbini yumshata olmadi.

Ona kiyik mergan uzgan o’qdan quladi. Ayni shu chog’da mergan ham negadir birdan bo’shashdi. To shungacha merganning ovchilik hayotida bu kabi g’alati hodisa hech qachon yuz bermagan edi. Qo’llari jonsizlanganday bo’ldi, miltig’i sirg’alib yerga tushdi. So’ngra butun a’zoyi badani bo’shashdi, uni behollik, zaiflik qamrab oldi.

Yerda jon holatda tipirchilab yotgan ona kiyikni mergan pichog’i bilan halollay oldimi yoki yo’qmi? Bunisi bizga qorong’u. Ona kiyikni halollab, uyiga olib keloldimi yoki yo’qmi? Bunisini ham biz aniq bilmaymiz.

Bilganimiz va xabardor bo’lganimiz shuki, mazkur ov Archa merganning, necha-necha tog’-toshlarning, qir-adirlarning, poyonsiz dashtlarning parrandalari, hayvonlariga ko’p yillarning badalida qiron keltirgan, beayov ovlagan odamning eng so’nggi ovi bo’lib qoldi…

Archa mergan uyiga bazo’r yetib keldi. Boshi arang yostiqqa yetdi. Ovda bo’lgan voqeani, ko’rgan tushini uyidagilarga aytib berdi. Uydagilar bularni eshitib ko’p afsus-nadomat chekdilar. Ovchining noto’g’ri qilganini aytib, g’amga botdilar. Biroq… vaqt o’tgan edi. Ovchi tarafidan qaltis qadam tashlangan, bo’lar ish bo’lgandi. Archa mergan jon taslim qiladi.

LOY TEPAYOTGAN O’SMIR

Chol o’smir o’g’lini loyga solib ishlatardi. Hovlini o’rab turgan eski devorning bir qismi seryog’in kelgan bahorda yarmidan qulab tushgan edi. O’tgan-ketgan yo’lovchining, yaxshi-yomonning hovli-joyga suqli nazar tashlashi, gohida esa beor nigohlari cholga aslo-aslo ma’qul emasdi. Maqsad shu devorni yangilab, balandroq qilib ko’tarish edi.

O’smir o’g’il istar-istamas loy tepar, ishga sal-pal ro’yxushlik bermayotgandek, ozgina taysallayotgandek edi. Asli o’zi loy ishi og’ir yumushlardan biri sifatida uncha-muncha odamni ham taysallatadi. Hatto bu hakda rivoyatlar ham bor. Aytishadiki, loy ishidan hattoki devlar ham dumlarini xoda qilib qochishgan ekan. Devlarki loy ishidan qochgan bo’lsalar, unda odam bolasi devdan ham ancha-muncha zo’r, chidamli ekan-da…

Mayli, loy ishidan qochgan devlar ham, otasini andakkina xunob qilayotgan o’smir o’g’il ham o’z yo’liga. Biz bu yerda boshqa bir gapni aytmoqchi edik.

… O’smir loy tepayotgan, otasi loyxona boshida turib nimanidir aytayotganida yo’ldan eshak mingan bir chol o’tadi… Eshak mingan chol yengil salom-alik bilan o’tib ketmadi. O’smirning otasi bilan xuddi qirq yillik qadrdon birodarlardek quyuq salomlashdi, hol-ahvol so’rashdi. Bir mahal chol ketishga chog’landi. Ketayotib loy tepayotgan o’smirga boshdan-adoq sinchkov nazar tashladi va dedi:.

— Qani, bu jigitminan loy qilib, devorni baland ko’taraylik debsizlar-da?

— Shunday, Bo’taboy aka, o’zim boshida turib ish qildirmasam, bu bolalar o’z biluvidan bir ish qiladiganga o’xshamaydi, — dedi otasi biroz ginadorlik bilan.

Bir qadar jizzaki, sirkasi suv ko’tarmas o’smirga otasining bu ta’naliroq gaplari aslo yoqmadi. Hatto biroz norozi qiyofada otasiga qarab ham qo’ydi. Shunda… eshak mingan Bo’taboy bobo o’smirga moydek yoqib tushadigan bir maqtovli gap aytdi. Shunday maqtovli gap aytdiki, o’sha paytda ko’ngliga, hattoki butun vujudiga moydek, balki boldek ma’qul tushgan bu ta’rif keyinchalik ancha zamonlar uning hayotida to’g’anoq bo’lib turdi. Xuddi kishan oyog’idan bog’lab turgan kabi ta’sir qildi.

Eshak mingan Bo’taboy bobo nima dedi deng! Eshak mingan chol og’zini to’ldirib shunday dedi:

— Hay, hay, Aliqul oqsoqol, unday demang, asti unday deya ko’rmang. Ulingiz qo’yday yaxshi jigit! Voh, voh, qo’yday jigit, bu jigit!..

— Ay, Bo’taboy aka, sizam sozlab turib gapirasiz-da! — dedi loy tepayotgan o’smirning otasi shunda xonumoniga o’t tutashgandek bo’lib.

Aliqul oqsoqol yaxshi bilardiki, Bo’taboy boboning bu «maqtovi» do’stlikdan ham, yaxshilikdan ham emas, balki borib turgan dushmanlikdan edi. Eng yomon tomoni shunda edi-ki, buni hali «ko’zi yumuq» o’g’liga aslo anglata olmasdi ham. O’smir o’g’li hali pallaki qo’yib maqtayotganlarni, kosa tagida nim kosa qabilidagi gaplarni, ishlarni, makrni anglaydigan, tushunadigan yoshda emasdi. Loy tepayotgan o’g’il hali yaxshini yomondan, do’stni dushmandan, foydani ziyondan ajratadigan, farqlay oladigan mavsumda emas edi. Bularni anglab yetmoq uchun o’g’ilning oldida hali juda ko’p qovun pishig’i bor edi. Aliqul oqsoqol shularni xayolidan bir-bir o’tkazarkan, chuqur xo’rsindi… Bu xo’rsiniqni anglamoq uchun qanchadan-qancha dovonlarni oshib o’tdi.

Aytgancha, Aliqul oqsoqol bilan Bo’taboy boboning avval-oxir suvi tinigan emas. Aliqul oqsoqol suv bo’lsa, Bo’taboy bobo o’t-olov edi. Bo’taboy bobo hasadning, shumlikning ichida yashasa, uning aksi bo’lgan Aliqul oqsoqol esa daryo fe’lning, yaxshilikning, diyonatning ichida yashardi. Oqsoqol dalli-g’ulli, kechirimli edi.

Eshak minib ketayotgan Bo’taboy boboning loy tepayotgan o’smir o’g’liga aytgan maqtovi asli do’stlikdan ham, yaxshilikdan emasligini Aliqul oqsoqol shunchalar chuqur va teran bilardiki… Lekin buni hali hozircha nodon va «ko’zi yumuq» o’g’liga hargiz va hargiz anglata olmasdi. O’smirlik, yigitlik asli o’zi maqtovni, pallaki gaplarni xush ko’radigan favqulodda tumanli, mubham bir palladir.

O’smirning otasi «maqtov shirin og’u» ekanligini juda yaxshi bilardi. Yaxshi bilgani bois ham Bo’taboy boboning mavridini topib o’g’liga g’animlik qilganidan yurak-bag’ri o’rtandi.

Bir donishmand aytgan ekan: «Basharti o’zingizga dushman, g’anim deb bilgan qavmni mahv etmoqchi bo’lsangiz, hargiz va hargiz musht o’qtalmang, so’kmang, miltiqdan o’q uzmang, nayzasanchmang. Faqat… faqat… erta-kech tinmasdan shu qavmning yoshlarini maqtang, maqtayvering. Jag’laringiz tolguncha, borlig’ingiz holdan toyguncha maqtang, maqtayvering. Ularni osmoni falaklarga chiqarib maqtang, ulardagi yo’q sifatlarni, fazilatlarni
xuddi bordek qilib, ishonch bilan maqtashdan aslo charchamang… Ularning qo’rqoqliklarini misli yo’q jasorat deb ayting, landovurliklarini esa bahodirlik deb ulug’lang. Biroz kuting. Alqissa, murodingizga yetasiz».

Qitmir va shum Bo’taboy boboning yuqoridagi rivoyatdan xabari bor edi. Qolaversa, uzoq yillik tajribasidan ham buni yaxshi bilardi. Lekin bu achchiq haqiqatdan Aliqul oqsoqolni-da bexabar deb bo’lmasdi. Shu baxil rivoyatdan xabari borligi uchun ham Bo’taboy bobo o’g’lini maqtaganidan so’ng o’rtandi.

…Charxi gardun tinmasdan aylandi, aylanaverdi. Aliqul oqsoqol ham, Bo’taboy bobo ham bu foniy dunyoning mehmonlari ekan. Oldin-keyin o’tdilar, ketdilar.

Aliqul oqsoqolning o’g’li voyaga yetdi. Lekin… Bo’taboy bobo qachonlardir kelishtirib, kiftini keltirib maqtagan «qo’yday jigit»ligi unga uzoq yillar o’tib bo’lmas g’ov bo’ldi. G’ov emas, kishan, balki o’tish mushkul bo’lgan to’siq sifatida ko’p zamonlar ko’ndalang turdi. Ancha yillar shu «kishan» uning hayotida jaranglab turdi.

Bo’taboy boboning aytgan maqtovi ko’p yillar o’g’ilning qulog’idan ham, yuragidan ham ketmadi. «Qo’yday jigitligi»ni qo’ldan bergisi kelmasdi. Negadir shunday edi. Gohi-gohi o’zi ham hayron qolardi. Oqsoqol esa qo’ylarni o’rdami yoki qirdami, cho’ldami yoki tog’dami, och bo’rilar yeb ketajagini vaqt-fursat topib ayta olmadi. Tirikchilik tashvishlari bilan oqsoqol aytishga ulgurolmadi. Nima qilasizki, aytish, ogohlantirib ketish nasib qilmagan ekan-da…

… O’g’ilning ko’ngliga, umriga qachonlardir solingan maqtov — «kishan» uni ko’p yillar o’z siquvidan qo’yib yubormadi, balki mahkam tutib turdi. Bu «kishan»ni bolg’a bilan urib sindirib, parchalab bo’lmasdi. Chunki bu «kishan» temirdan emasdi. Bu «kishan» umrga, bir insoning qalbiga, ongiga, g’ururiga solingan «kishan» edi. Undan qutilmoq uchun ko’p yillar yashash va haqiqatni anglash kerak edi. Bu «kishan»ni faqat haqiqat nuri bilan eritib yubormoq va shu yo’l bilan qutilmoq mumkin edi.

O’g’il ana shu haqiqat nurini qo’lga kiritgan va bir amallab bu «kishan»dan xalos bo’lgan chog’ida esa vaqt ancha o’tgan edi. Umr oftobi g’arbga tomon ohista-ohista og’ib borardi…

GULNING XAZON VO’LISHI

… Uncha-muncha narsaga, voqea-hodisaga hayron bo’lmaydigan bir yoshga yetib keldim. Lekin bu safar gapning to’g’risi, hayron bo’ldim. Chunki hammasi shundaygina ko’z o’ngimda ro’y berdi.

Xuddi erta bahorda gul g’unchalab chiroy ochgani, bo’y ko’rsatgani kabi xushsurat bir holatga keldiki, Sohibi qudratning bu mo»jizasiga qoyil qolmaslikning, tan bermaslikning hech bir iloji yo’q edi.

Biroq bu navnihol gulga ancha tarbiya zarur edi. U aqli butun, diyonatli, sobit va oriyatli bog’bonning tarbiyasiga juda-juda muhtoj edi. Ammo nima qilasizki, bog’bon o’ta noshud, didsiz va notavon bo’lib chiqdi.

Aytmoq kerakki, bog’bon tarbiya bilan emas, balki gulni maqtash bilan, uning hali takomiliga yetmagan siyratidan emas, suratidan iftixor qilish bilan mashg’ul edi, xolos.

Gulga xaridor ko’p bo’ldi. Undan o’tgan ham, ketgan ham, yaxshi va yomon ham bahra olmoqqa ishtiyoqmand hamda xaridor edi. Gul esa o’ziga mag’rur va mastu hayron bo’lib borardi. U o’ziga shu qadar bino qo’ygan ediki, hatto ko’zlari tevarakni ilg’amay qoldi. Shu tariqa u dunyoning katta va xatarnok yo’liga chiqdi.

Bir mahal gul o’zini katta va poyoni yo’q olomon ichra ko’rdi. Keyin esa… adashib ketdi, adashdi. Aldoqchi ranglar jilvasi uni adashtirdi. Dunyoning katta va mavhum, notanish yo’llarida navnihol gulni adashtirguvchi illatlar, noma’lum taraflarga tinimsiz chorlaguvchi tovushlar nihoyatda ko’p edi. Tavakkalchilik gulni qayoqlargadir qo’llaridan yetaklab ketdi. Keyin esa gul… zino yo’liga kirdi. Xuddi pul qo’ldan tinimsiz o’tib turgani kabi beqaror va beqadr bo’ldi. Ko’pning, yaxshi-yomonning baxil va suqli nazari oralagan gul so’la boshladi. Besharm qanchalab nigohlar uning chiroyli yuz-ko’zlariga, qomatiga kelib urilaverdi, sinaverdi…

Gul endi yomon sifatlar va illatlarni o’ziga to’xtovsiz yuqtira boshladi. U qancha suv ichsa, yolg’onni ham shu qadar ko’p simira boshladi. Fitna va firib bobida ko’p ustozlarni ko’rdi va mohirlikka erishdi.

Qarang, ajab bir holatki, so’lishga kelganda guldan tez so’ladigani bo’lmas ekan. Birpasda bargixazon bo’ldi. Unga xaridor, oshiku beqaror bo’lganlarning barisi tislandilar. Yo’q, tislanmadilar, balki birdaniga seskanib va hattoki ijirg’anib, undan yuz o’girishdi.

Oradan qancha fasllar, balki yillar o’tdi. Gul bilan hech kimning ishi bo’lmay qoldi. Odamlar gulni unutishga shu qadar xohishmand edilarki, asti qo’yavering. Uni xotiradan ham butkul o’chirib tashlashni istardilar. Inchunun, gul ham o’z navbatida tevarakka ham, o’ziga bo’layotgan munosabatga ham befarq va loqayd edi. Bir to’yda uning ko’zlari humor suzilib, aroq simirayotganini, so’ngra vujudini tik tutolmay almoyi- aljoyi gapirayotganini ko’rdilar. Dastlab hayron bo’ldilar, so’ngra esa hayron bo’lishdan ham to’xtadilar.

Keyin esa odamlar gulni bozorda, peshtaxta oldida u-bu sotadigan holatda ko’radigan bo’ldilar. Yanayam aniqrog’i, u tirikchiligini bozorda ko’radigan bo’lgandi. Olomon ichida uning og’zidan chiqadigan besharm, behayo so’zlarni uncha-muncha erkakman degan ham aytolmasdi.

Gul balchiqqa tobora va tobora chuqurroq botib borardi. Bir kuni katta va gavjum bozor peshtaxtasi oldida uning musofir cholni oppoq soqolidan tutamlab sudrayotganini va tilga olib bo’lmas so’zlar bilan haqoratlayotganini ko’rdilar. Uni bu xunuk ishidan to’xtatib ham, shuningdek, tanbeh berib ham bo’lmasdi. Chunki u tizginni batamom uzgan edi. Chunki u barcha yaxshi-yomon bosqichlarni bosib o’tib, oxiri eng battarin joydan — cho’chqalar, pashshalar va boshqa irkit narsalar «rohatlanadigan» balchiqdan allaqachon o’ziga munosib joy hozirlab ulgurgandi.

… Qachonlardir bir gul ochilgandi. Avvalida uning husnu malohatini ta’rif-tavsif etish uchun tillar ojiz bo’ldi, lug’atdan maqtov uchun munosib so’z ham topolmay qoldilar. Kimdir unga she’rlar bitdi, kimdir ko’ngil izhorini qo’shiqlarga soldi. Yana birov esa uning ishqida olis kechalarini uyqu, orom o’rniga behalovatlikka, bedorlikka topshirdi. Chiroyga to’lgan gul ko’plarning oromini o’g’irlagan edi.

Keyin esa… gul o’ziga shunchalar bino qo’ydiki, oqibatda dunyoning xato va butkul chalkash yo’llariga kirib ketdi. So’ngra uni yomonlamoqqa, yomonlamoqqa emas, balki uning yomonligini, battarin holatga tushganligini tasvirlash, ifodalash va shu yo’l bilan xumordan chiqmoq uchun lug’atdan so’z ham axtarib topa olmadilar…

055

(Tashriflar: umumiy 387, bugungi 1)

Izoh qoldiring