Xayriddin Saloh. She’rlar

045    Мактабда ўқиб юрган пайтларидаёқ бадиий сўзга бўлган қизиқиш Хайриддинни шоир Ғайратий раҳбарлик қилган адабиёт тўгарагига бошлаб келди. Тўгаракда шоир Эркин Воҳидов, Юсуф Шомансур, Сайёр каби тенгдошлари билан ижод сирларини ўрганади.Ёш шоирнинг илк шеъри 1950- йилда босилиб чиқади ва кўпчиликнинг эътиборини тортади.

Хайриддин Салоҳ
«НАЪМАТАК» ТЎПЛАМИДАН ШЕЪРЛАР
03

Хайриддин Салоҳ (Салоҳиддинов Хайриддин) (1934.15.1 — Тошкент — 1969.5.6) 1934-йилнинг 15-январида Тошкентда туғилган. Мактабда ўқиб юрган пайитларидаёқ бадиий сўзга бўлган қизиқиш Хайриддинни шоир Ғайратий раҳбарлик қилган адабиёт тўгарагига бошлаб келди. Тўгаракда шоир Эркин Воҳидов, Юсуф Шомансур, Сайёр каби тенгдошлари билан ижод сирларини ўрганади.Ёш шоирнинг илк шеъри 1950- йилда босилиб чиқади ва кўпчиликнинг эътиборини тортади. Ўрта мактабдан кейин Низомий номидаги Тошкент педагогика институтининг тарих-филология факултетини тугатган (1957). «Ўзбекистон маданияти» (1963—66) газетаси ва «Гулхан» журналида (1968—69) адабий ходим бўлиб ишлаган.
«Чашма» (1959), «Иккинчи имтиҳон» (1961), «Ишқим ва рашким» (1965), «Туғён», «Наъматак» (1969), «Излар ва ҳислар» (1974), «Шуълалар қўшиғи» (1975), «Лирика» (1985) шеърий китоблари ва «Лайло», шоир Султан Жўра ҳақидаги «Янгроқ ҳаёт» (1969), Тошкент зилзиласига бағишланган «Тошкент билан суҳбат» (1966) каби достонлар муаллифи. Вафотидан сўнг эса, «Излар ва ҳислар» (1974), «Лирика» (1985) каби шеър ва достонлардан таркиб топган китоблари босилган.
У. Г. Гейне, Байрон, М. Лермонтов, Т. Шевченко, Р. Ҳамзатов ва бошқаларнинг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

03

***
08
Мен — учқунман, кичик учқун.
Ел юрса балки йўқман.
Аммо битта юрак учун
Ҳам оташу ҳам чўғман.

Мен— тўлқинман.
Қатраман кенг —
Тубсиз баҳри уммондан.
Аммо… олис бир кимсанинг
Дилидаги армонман.

***

Тоғлар қорин ёз эритса.
Мени эслагин.
Деразангнн шамол чертса,
Мени эслагин.
Ёлғиз уйда чироқ ёқсанг.
Мени эслагин.
Юрагингни фироқ ёқса.
Мени эслагин.
Ҳажрингда зор юрганмни
Эслагин, дилдор.
Ҳаётингга кирганимни
Унутма зинҳор!

1965

ЮРАКЛАРНИ ЗАБТ ЭТМОҚ УЧУН

Юракларни забт этмоқ учун
Икки йўл бор ёруғ дунёда.
Иккисидан танласанг бирин,
Қалбим, ҳеч вақт қолмайсан доғда.

Доим дўсту ёп юрагига
Оқиб киргин бўлиб куй, ғазал.
Ё бўлмаса ёв юрагига
Ханжар бўлиб, тиғ бўлиб қадал!

1964

КИПРИГИМДА ТУТИБ…

Киндик қоним томган она-Ер,
Билмам бурчинг қандай ўтадим.
Озми-кўпми тўкиб манглай тер
Илк шеъримни сенга атадим.

Хаёлингдан олис кетмадим
Куйдирсанг ҳам товоним ёзда.
Жунжитсанг ҳам таним аёзда
Сирим сендан дариғ тутмадим.

Узилса ҳам сендан оёғим
Узилмагай юрагим мутлоқ.
Отам,
Онам,
Уруғ – аймоғим
Дафн этилган муқаддас тупроқ,

Ҳар бир сиқим, ҳар бир қатрангни
Алишмасман зар, қаҳрабога.
Кипригимда тутиб меҳрингни,
Оширмоқ – чун яна қадрингни –
Келганман–ку ёруғ дунёга.

ГЎЗАЛЛИК

Тасма-тасма кўкда камалак,
Камалакни севинг, дўстларим.
Чарх уради гулда капалак,
Капалакни қувинг, дўстларим!

Тоғ бошидан сакрар шаршара,
Шаршарага солингиз қулоқ.
Яшилликка чўммиш тоғ, дара,
Даралардан узмангиз нигоҳ.

Уфқларнинг этаги ял-ял,
Уфқларни кўзлангиз фақат.
Неки бўлса ҳаётда гўзал,
Гўзалликдан сўзлангиз фақат!

* * *

Қорлар эриб битди — кўнглимда баҳор,
Апрел ўтиб кетди — кўнглимда баҳор.

Шўх сойлар ҳайқирди — кўнглимда баҳор,
Қирғоққа бош урди — кўнглимда баҳор.

Ерларда оппоқ қор — кўнглимда баҳор,
Музлади сой анҳор — кўнглимда баҳор.

Узоқ кезиб юрдим хиёбонларда,
Саратон пайти ҳам кўнглимда баҳор.

Гўё юргандайман гул очган мартда,
Ерлар майса гилам — кўнглимда баҳор.

Билсам, умрим ўзи бир баҳор экан.

* * *

Бугун туриб ҳаммадан барвақт,
Дала томон йўл лодим хушвақт.

Аммо борсам тамом ўзга ҳол,
Ҳайрат билан туриб қолдим лол.

Мендан барвақт уйғониб шамол,
Ғунча лабин очибди хушҳол.

Мендан барвақт уйғониб шудринг
Майсалар-ла, бошлабди гурунг.

Мендан барвақт уйғониб сўқмоқ,
Чўзилибди узундан – узоқ.

Хоҳ… эртага барин кўраман,
Барчасидан барвақт тураман.

КЎКРАК ОЧДИМ ШАМОЛЛАРГА

Кўкрак очдим шамолларга,
Бисотимни сарф этдим.
Улар ширин хаёлларга
Мени буткул ғарқ этди.

Шамолларга битиб шўх куй
Таклиф этдим боғимга.
Чаманлардан улар хушбўй
Сепишди димоғимга.

Тунда уйқум қочиб кетди
Хушлаб еллар таъбини.
Улар тонгда очиб кетди
Ғунчаларим лабини.

ЙИЛЛАР

Йиллар ўтаркану бир-бирин қувиб,
Сира ҳам тутқизмас экан баридан,
Қишда жилва қилар дарчадан туриб,
Баҳорда қулф урган чаман бағридан.

Сувлар тўлқинида қилиб оқизоқ
Олиб кетар экан ёшлигингни ҳам.
Бироқ сен ўртанма, чекмагин фироқ
Ҳуда-беҳудага азиз дўстгинам.

Гар қолдирган бўлсанг ҳаётда бир из
Шон-шарафли бўлса ўтган йўлларинг
Ҳеч вақт ёшлик сендан ўгирмайди юз,
Ҳеч вақт хазон кўрмас экан гулларинг.

Йўқ! Ўтди дейилмас ундай йилларинг!

УМР

Умрни ўхшатар ким тошқин сойга,
Биров дер, у чопқир бир дарёсимон.
Унинг ҳам, бунинг ҳам тўғрилигига
Сира-сира қолмайди гумон.

Сув тинчиб турмайди, тезоб тўлқинлар
Хас-чўпни ирғитиб чопар манзилга.
Умр ҳам ўтади ўтганча кунлар
Сезилмасдан кўзга, на қўлга.

Сув оқиб ўтади, унинг изидан
Барпо бўлар боғ-бўстон, ҳаёт…
Умр оқиб ўтар, у ҳам ўзидан
Қолдиради эзгу хотирот.

АТЛАС КИЙГАН ҚИЗЛАРГА
Қўшиқ

О, шаҳрим қизлари, о, сулув қизлар,
Тим қора қошлари нақ зулук қизлар.
Қойилман дидингиз, ўйларингизга,
Рост айтсам, беш кетдим кўйлагингизга.
Атлас кўп қадимий нафис матодир,
У сиздек сулувлар учун атодир.
Сизлар кийганингиз шўх қизил атлас
Атласлар ичида нақ асл атлас.
Хосиятхон атлас, кўркам хонатлас,
Таърифи-тавсифи бир жаҳон атлас.
Кўзларни олади унинг яллиғи,
Товусдек товланиб кийинг хиромон.
Фарғона боғларин бор гўзаллиги унда намоён.

Келинлар уйида зар палаги ҳам,
Тошкент фавворасин камалаги ҳам,
Пиллакаш жувоннинг кўк ипаги ҳам,
Йигитлар эгнида йўл-йўл беқасам,
Ҳатто оналарнинг асл сарпоси
Чиройда енголмас атлас либосин.
Уни кийиб чиқинг анҳор бўйига,
Чирчиқ соҳилига, Салор бўйига,
Уни кийиб чиқинг илк учрашувга.
Асло бузилмасин аҳд ила паймон,
Ушалсин дилларнинг орзу-ҳаваси.
Эгнингизда кулсин гўзал Марғилон ял-ял атласи,

Ҳатто юлдузлар ҳам ёқасин тутсин
Тан бериб бу зийнат, бу кўрк, илмга.
Марғилон атласин довруғи кетсин
Етти иқлимга.

ЙЎЛ ҚЎШИҚЛАРИ

I

Мен умримда қанча йўлу
Ошдим қанча бекатлар.
Пойим ўпди қанча гулу
Қанча майса, кўкатлар.

Саҳро,
ўрмон,
кўприк усти,
Ёлғизоёқ тор сўқмоқ.
Кўрганларим ҳаммасини
Мушкулдир санаб ўтмоқ.

Завқ бағишлаб кўнгилларга
Яшил йўллар қоларкан,
Янги-янги манзилларга
Сени йўллаб қоларкан.

II

Ҳа, шу йўллар борки, инсон юради,
Ўзини ҳис этиб ўйноқ оҳудай.
Агар йўл юрмаса, тўхтаб туради
Ва аста қурийди тинч ҳалқоб сувдай.

Шундай экан, қирми, адирми ошиб
Дала кезмоқ керак,
Йўл юрмоқ керак.
Бахтиёр келажак наслларга деб
Лола узмоқ керак,
Гул термоқ керак!

ТАНБУР

Танбур чертилганда эрийдн кўнглим.
Ғарқ бўлиб кетаман хаёл наҳрига.
Ҳатто япроқлар ҳам қулоқ солар жим
Бармоқ ва симларнинг дилкаш сеҳрига.

Тордан-торга сакраб кўчаркан нохун.
Товуш қуюларкан тошқин селсимон;
Кўзларим ўнгида ўтмиш ва бугун
Бор лавҳаси билан бўлар намоён.

Дерларки, бир ошиқ танбурни олиб
Эзиб чалганида «Муножот»ни.
Шаҳарнинг ҳокими мутлақ лол қолиб
Унга ҳадя этмиш бутун Ҳиротни.

Менннг хелу ҳиштим,
Етти авлодим
Сен билан кўнглини овутган, танбур!
Ҳа, яхши биламан, куйингда қадим —
Ота-боболарнннг орзуси жамдир.

УСТОЗ ОЙБЕККА

Елкаси — кенг,
кўзи — тийрак, сочи жингила.
Хўп самимий кўришади дўстларн ила,
Зўр меҳр бор,
эўр сеҳр бор қарашларида,
Даҳо ёнар манглайида ва қошларида.
Салобат-ла юрганида титрагудай ер,
Адибларга сарбондир у, шеъриятда шер.

Қаламга эш тонг оқарса,
оқшом қуйилса,
Ҳамма танир оддийгина «Ойбек» дейилса,
У қадрдон қанча-қанча колхозчи билан.
Ишчи билан, ғиштчи билан ва бўзчи билан.
Тарихлардан савол берсанг тез берар жавоб,
Ўтмишдаги ноҳақликдан дилгир ва хуноб.

Гоҳ суҳбатдош Навоийга, Отойиларга,
Машраб каби тўғри сўзу савдойиларга.
Гоҳ сайр этар соя-салқин олтин водийни,
Андижонни, Фарғонани, Чустни, Водилни…
«Бахтигул ва Соғиндиқ»и, «Қизлар»и билан,
Ўқувчига топган ширин сўзлари билан.
Синфларда, студентлар ётоғида у,
Илм-фаннинг, маърифатнинг гулбоғида у.
Айтган сўзин қилмагунча тинчимайди ҳеч.
Кези билан душманлардан ола олар «Ўч!>.

«Тошмуҳаммад ўғли» ёзиқ расмий ҳужжатда,
«Мусавой» деб аташади уни улфатда.
«Ойбегимиз!»,
«Бизнинг Ойбек!» дейди халқимиз,
Ҳа, у билаи ғурурлансак тўла ҳақлимиз.

Олтмиш ёшин қутлаб деймиз: — Соғ бўлсин Ойбек,
Шеъриятнинг осмонида порласин ойдек!

22 июль 1965 йил.

ҲАЁТ МАЗМУНИ

Ҳаётингда очиб янги манзиллар,
Йиллар ўтаверар, тўхтамас йиллар.
Ўтганни ҳам эсда тутгину бироқ —
Келажак йилларга боққин яхшироқ.

Йиллар ҳам йўллардек пасти-баланддир,
Йил мазмуни инсон дасти биландир.
Йилларнинг тўлқини, гирдоблари бор,
Лаззати, қувончи, азоблари бор.

Майли, йиллар билан юргин сарбасар,
Майли, ёшинг бўлсин саксонми, тўқсон…
Аммо уни умр демагин, агар —
Ўтган бўлсанг кутиб йиллардан эҳсон.

Йиллар ялқов учун бешафқат. Зеро —
Йиллардан асрлар яратиш пайти.
Заррадан қуёшу томчидан дарё,
Энг олий қасрлар яратиш пайти!

054

Xayriddin Saloh
«NA’MATAK» TO’PLAMIDAN SHE’RLAR
03

Xayriddin Saloh (Salohiddinov Xayriddin) (1934.15.1 — Toshkent — 1969.5.6) 1934-yilning 15-yanvarida Toshkentda tug’ilgan. Maktabda o’qib yurgan paytlaridayoq badiiy so’zga bo’lgan qiziqish Xayriddinni shoir G’ayratiy rahbarlik qilgan adabiyot to’garagiga boshlab keldi. To’garakda shoir Erkin Vohidov, Yusuf Shomansur, Sayyor kabi tengdoshlari bilan ijod sirlarini o’rganadi.Yosh shoirning ilk she’ri 1950- yilda bosilib chiqadi va ko’pchilikning e’tiborini tortadi. O’rta maktabdan keyin Nizomiy nomidagi Toshkent pedagogika institutining tarix-filologiya fakultetini tugatgan (1957). «O’zbekiston madaniyati» (1963—66) gazetasi va «Gulxan» jurnalida (1968—69) adabiy xodim bo’lib ishlagan.
«Chashma» (1959), «Ikkinchi imtihon» (1961), «Ishqim va rashkim» (1965), «Tug’yon», «Na’matak» (1969), «Izlar va hislar» (1974), «Shu’lalar qo’shig’i» (1975), «Lirika» (1985) she’riy kitoblari va «Laylo», shoir Sultan Jo’ra haqidagi «Yangroq hayot» (1969), Toshkent zilzilasiga bag’ishlangan «Toshkent bilan suhbat» (1966) kabi dostonlar muallifi. Vafotidan so’ng esa, «Izlar va hislar» (1974), «Lirika» (1985) kabi she’r va dostonlardan tarkib topgan kitoblari bosilgan.
U. G. Geyne, Bayron, M. Lermontov, T. Shevchenko, R. Hamzatov va boshqalarning ayrim asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

03

***
08
Men — uchqunman, kichik uchqun.
Yel yursa balki yo’qman.
Ammo bitta yurak uchun
Ham otashu ham cho’g’man.

Men— to’lqinman.
Qatraman keng —
Tubsiz bahri ummondan.
Ammo… olis bir kimsaning
Dilidagi armonman.

***

Tog’lar qorin yoz eritsa.
Meni eslagin.
Derazangnn shamol chertsa,
Meni eslagin.
Yolg’iz uyda chiroq yoqsang.
Meni eslagin.
Yuragingni firoq yoqsa.
Meni eslagin.
Hajringda zor yurganmni
Eslagin, dildor.
Hayotingga kirganimni
Unutma zinhor!

1965

YURAKLARNI ZABT ETMOQ UCHUN

Yuraklarni zabt etmoq uchun
Ikki yo’l bor yorug’ dunyoda.
Ikkisidan tanlasang birin,
Qalbim, hech vaqt qolmaysan dog’da.

Doim do’stu yop yuragiga
Oqib kirgin bo’lib kuy, g’azal.
YO bo’lmasa yov yuragiga
Xanjar bo’lib, tig’ bo’lib qadal!

1964

KIPRIGIMDA TUTIB…

Kindik qonim tomgan ona-Yer,
Bilmam burching qanday o’tadim.
Ozmi-ko’pmi to’kib manglay ter
Ilk she’rimni senga atadim.

Xayolingdan olis ketmadim
Kuydirsang ham tovonim yozda.
Junjitsang ham tanim ayozda
Sirim sendan darig’ tutmadim.

Uzilsa ham sendan oyog’im
Uzilmagay yuragim mutloq.
Otam,
Onam,
Urug’ – aymog’im
Dafn etilgan muqaddas tuproq,

Har bir siqim, har bir qatrangni
Alishmasman zar, qahraboga.
Kiprigimda tutib mehringni,
Oshirmoq – chun yana qadringni –
Kelganman–ku yorug’ dunyoga.

GO’ZALLIK

Tasma-tasma ko’kda kamalak,
Kamalakni seving, do’stlarim.
Charx uradi gulda kapalak,
Kapalakni quving, do’stlarim!

Tog’ boshidan sakrar sharshara,
Sharsharaga solingiz quloq.
Yashillikka cho’mmish tog’, dara,
Daralardan uzmangiz nigoh.

Ufqlarning etagi yal-yal,
Ufqlarni ko’zlangiz faqat.
Neki bo’lsa hayotda go’zal,
Go’zallikdan so’zlangiz faqat!

* * *

Qorlar erib bitdi — ko’nglimda bahor,
Aprel o’tib ketdi — ko’nglimda bahor.

Sho’x soylar hayqirdi — ko’nglimda bahor,
Qirg’oqqa bosh urdi — ko’nglimda bahor.

Yerlarda oppoq qor — ko’nglimda bahor,
Muzladi soy anhor — ko’nglimda bahor.

Uzoq kezib yurdim xiyobonlarda,
Saraton payti ham ko’nglimda bahor.

Go’yo yurgandayman gul ochgan martda,
Yerlar maysa gilam — ko’nglimda bahor.

Bilsam, umrim o’zi bir bahor ekan.

* * *

Bugun turib hammadan barvaqt,
Dala tomon yo’l lodim xushvaqt.

Ammo borsam tamom o’zga hol,
Hayrat bilan turib qoldim lol.

Mendan barvaqt uyg’onib shamol,
G’uncha labin ochibdi xushhol.

Mendan barvaqt uyg’onib shudring
Maysalar-la, boshlabdi gurung.

Mendan barvaqt uyg’onib so’qmoq,
Cho’zilibdi uzundan – uzoq.

Xoh… ertaga barin ko’raman,
Barchasidan barvaqt turaman.

KO’KRAK OCHDIM SHAMOLLARGA

Ko’krak ochdim shamollarga,
Bisotimni sarf etdim.
Ular shirin xayollarga
Meni butkul g’arq etdi.

Shamollarga bitib sho’x kuy
Taklif etdim bog’imga.
Chamanlardan ular xushbo’y
Sepishdi dimog’imga.

Tunda uyqum qochib ketdi
Xushlab yellar ta’bini.
Ular tongda ochib ketdi
G’unchalarim labini.

YILLAR

Yillar o’tarkanu bir-birin quvib,
Sira ham tutqizmas ekan baridan,
Qishda jilva qilar darchadan turib,
Bahorda qulf urgan chaman bag’ridan.

Suvlar to’lqinida qilib oqizoq
Olib ketar ekan yoshligingni ham.
Biroq sen o’rtanma, chekmagin firoq
Huda-behudaga aziz do’stginam.

Gar qoldirgan bo’lsang hayotda bir iz
Shon-sharafli bo’lsa o’tgan yo’llaring
Hech vaqt yoshlik sendan o’girmaydi yuz,
Hech vaqt xazon ko’rmas ekan gullaring.

Yo’q! O’tdi deyilmas unday yillaring!

UMR

Umrni o’xshatar kim toshqin soyga,
Birov der, u chopqir bir daryosimon.
Uning ham, buning ham to’g’riligiga
Sira-sira qolmaydi gumon.

Suv tinchib turmaydi, tezob to’lqinlar
Xas-cho’pni irg’itib chopar manzilga.
Umr ham o’tadi o’tgancha kunlar
Sezilmasdan ko’zga, na qo’lga.

Suv oqib o’tadi, uning izidan
Barpo bo’lar bog’-bo’ston, hayot…
Umr oqib o’tar, u ham o’zidan
Qoldiradi ezgu xotirot.

ATLAS KIYGAN QIZLARGA
Qo’shiq

O, shahrim qizlari, o, suluv qizlar,
Tim qora qoshlari naq zuluk qizlar.
Qoyilman didingiz, o’ylaringizga,
Rost aytsam, besh ketdim ko’ylagingizga.
Atlas ko’p qadimiy nafis matodir,
U sizdek suluvlar uchun atodir.
Sizlar kiyganingiz sho’x qizil atlas
Atlaslar ichida naq asl atlas.
Xosiyatxon atlas, ko’rkam xonatlas,
Ta’rifi-tavsifi bir jahon atlas.
Ko’zlarni oladi uning yallig’i,
Tovusdek tovlanib kiying xiromon.
Farg’ona bog’larin bor go’zalligi unda namoyon.

Kelinlar uyida zar palagi ham,
Toshkent favvorasin kamalagi ham,
Pillakash juvonning ko’k ipagi ham,
Yigitlar egnida yo’l-yo’l beqasam,
Hatto onalarning asl sarposi
Chiroyda yengolmas atlas libosin.
Uni kiyib chiqing anhor bo’yiga,
Chirchiq sohiliga, Salor bo’yiga,
Uni kiyib chiqing ilk uchrashuvga.
Aslo buzilmasin ahd ila paymon,
Ushalsin dillarning orzu-havasi.
Egningizda kulsin go’zal Marg’ilon yal-yal atlasi,

Hatto yulduzlar ham yoqasin tutsin
Tan berib bu ziynat, bu ko’rk, ilmga.
Marg’ilon atlasin dovrug’i ketsin
Yetti iqlimga.

YO’L QO’SHIQLARI

I

Men umrimda qancha yo’lu
Oshdim qancha bekatlar.
Poyim o’pdi qancha gulu
Qancha maysa, ko’katlar.

Sahro,
o’rmon,
ko’prik usti,
Yolg’izoyoq tor so’qmoq.
Ko’rganlarim hammasini
Mushkuldir sanab o’tmoq.

Zavq bag’ishlab ko’ngillarga
Yashil yo’llar qolarkan,
Yangi-yangi manzillarga
Seni yo’llab qolarkan.

II

Ha, shu yo’llar borki, inson yuradi,
O’zini his etib o’ynoq ohuday.
Agar yo’l yurmasa, to’xtab turadi
Va asta quriydi tinch halqob suvday.

Shunday ekan, qirmi, adirmi oshib
Dala kezmoq kerak,
Yo’l yurmoq kerak.
Baxtiyor kelajak nasllarga deb
Lola uzmoq kerak,
Gul termoq kerak!

TANBUR

Tanbur chertilganda eriydn ko’nglim.
G’arq bo’lib ketaman xayol nahriga.
Hatto yaproqlar ham quloq solar jim
Barmoq va simlarning dilkash sehriga.

Tordan-torga sakrab ko’charkan noxun.
Tovush quyularkan toshqin selsimon;
Ko’zlarim o’ngida o’tmish va bugun
Bor lavhasi bilan bo’lar namoyon.

Derlarki, bir oshiq tanburni olib
Ezib chalganida «Munojot»ni.
Shaharning hokimi mutlaq lol qolib
Unga hadya etmish butun Hirotni.

Mennng xelu hishtim,
Yetti avlodim
Sen bilan ko’nglini ovutgan, tanbur!
Ha, yaxshi bilaman, kuyingda qadim —
Ota-bobolarnnng orzusi jamdir.

USTOZ OYBEKKA

Yelkasi — keng,
ko’zi — tiyrak, sochi jingila.
Xo’p samimiy ko’rishadi do’stlarn ila,
Zo’r mehr bor,
eo’r sehr bor qarashlarida,
Daho yonar manglayida va qoshlarida.
Salobat-la yurganida titraguday yer,
Adiblarga sarbondir u, she’riyatda sher.

Qalamga esh tong oqarsa,
oqshom quyilsa,
Hamma tanir oddiygina «Oybek» deyilsa,
U qadrdon qancha-qancha kolxozchi bilan.
Ishchi bilan, g’ishtchi bilan va bo’zchi bilan.
Tarixlardan savol bersang tez berar javob,
O’tmishdagi nohaqlikdan dilgir va xunob.

Goh suhbatdosh Navoiyga, Otoyilarga,
Mashrab kabi to’g’ri so’zu savdoyilarga.
Goh sayr etar soya-salqin oltin vodiyni,
Andijonni, Farg’onani, Chustni, Vodilni…
«Baxtigul va Sog’indiq»i, «Qizlar»i bilan,
O’quvchiga topgan shirin so’zlari bilan.
Sinflarda, studentlar yotog’ida u,
Ilm-fanning, ma’rifatning gulbog’ida u.
Aytgan so’zin qilmaguncha tinchimaydi hech.
Kezi bilan dushmanlardan ola olar «O’ch!>.

«Toshmuhammad o’g’li» yoziq rasmiy hujjatda,
«Musavoy» deb atashadi uni ulfatda.
«Oybegimiz!»,
«Bizning Oybek!» deydi xalqimiz,
Ha, u bilai g’ururlansak to’la haqlimiz.

Oltmish yoshin qutlab deymiz: — Sog’ bo’lsin Oybek,
She’riyatning osmonida porlasin oydek!

22 iyul` 1965 yil.

HAYOT MAZMUNI

Hayotingda ochib yangi manzillar,
Yillar o’taverar, to’xtamas yillar.
O’tganni ham esda tutginu biroq —
Kelajak yillarga boqqin yaxshiroq.

Yillar ham yo’llardek pasti-balanddir,
Yil mazmuni inson dasti bilandir.
Yillarning to’lqini, girdoblari bor,
Lazzati, quvonchi, azoblari bor.

Mayli, yillar bilan yurgin sarbasar,
Mayli, yoshing bo’lsin saksonmi, to’qson…
Ammo uni umr demagin, agar —
O’tgan bo’lsang kutib yillardan ehson.

Yillar yalqov uchun beshafqat. Zero —
Yillardan asrlar yaratish payti.
Zarradan quyoshu tomchidan daryo,
Eng oliy qasrlar yaratish payti!

054

(Tashriflar: umumiy 13 212, bugungi 1)

4 izoh

  1. Hayriddin Salloh ,haqida avallari ko’p eshitgandim .Q’limda biror to’plamlari yo’q edi.Bugun shunday dilbar kunda shoirning she’rlariga yetishganimdan quvondim .O’zbek she’riyati o’zining nafisligi bilan ajralib turadi .

  2. Х.Салохнинг Наъматак номли шеъри булган. Ох наъматак сулув наматак, сен бор дилга хеч ким солмас гулув наъматак ….. Ушбу шеърни тулик матни керак, илтимос кимни ёдида булса ёзиб юборинглар.

Izoh qoldiring