Zulfiya. She’rlar & Shoiraning o’zi o’qigan she’rlar

zulfiya1 март — Утоз шоира Зулфия таваллуд топган кун

 “Мен, — деб ёзади Зулфия, — Ҳамид Олимжонни илк дафъа ўша йилда кўрганман. …Яшириб ўтирмайман. Ҳамид Олимжон илк кўришувларданоқ кўзимдан кўнглимга ўтди. Мен жуда ёш ҳиссиётим билан унинг кенг қалби, улкан иқтидорини туйдим” (Наим Каримовнинг «Зулфия опа ҳақида» мақоласидан).

ЗУЛФИЯ
ШЕЪРЛАР
07

045Ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилова 1915 йили Тошкентда, ҳунарманд оиласида туғилган. У хотин-қизлар билим юртида ўқиган вақтларидаёқ (1931-1934) адабий тўгаракларга қатнашиб, шеърлар машқ қилади. Зулфия 17 ёшида нашр этилган «Ҳаёт варақлари» (1932) номли биринчи шеърлар тўплами билан Ойдин, Музайяна Алавия, Хосият Тиллахоновалар сафига кириб келди. 1935-1938 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди.1938-1948 йилларда нашриётларда муҳаррир, бўлим бошлиғи, 1950-1953 йилларда эса «Ўзбекистон хотин-қизлари» (ҳозирги «Саодат») журналида бўлим бошлиғи, 1953-1980 йилларда эса бош муҳаррир бўлиб ишлади.
Зулфия «Ўйлар», «Шалола» каби шеърий тўпламлари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.Ҳинд мавзуидаги шеърлари учун Жавоҳарлаъл Неру номидаги халқаро мукофотга, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун эса халқаро «Нилуфар» мукофотига сазовор бўлган. Атоқли шоира 81 ёшида, 1996 йил августида вафот этган.

07

СЕНСИЗ

Мана, бир умрни яшадим сенсиз,
Қайтмас шодликларнинг қайтишин кутиб,
Тобутинг бошида чўкканимда тиз,
Фарзандлар кўтарди қўлимдан тутиб.

Шундан бери тикман. Ҳар нега қалқон,
Бахтга, баҳорга ҳам, қишга, қайғуга.
Биров азасида йиғлайман қон-қон,
Тўйида яйрайман ўхшаб оҳуга.

Лекин қолганимда қалбим-ла танҳо,
Туйғулар зорига солганда қулоқ.
ўзни заиф, чанқоқ сезганда гоҳо,
Аламдан бераман жавобсиз сўроқ:

Тирик экан нега ташлаб кетмадинг?
Мендан нафисроқнинг ҳуснига ошиқ,
Мендан ёниқроғи тортмади сани,
Эди нигоҳингга бор жаннат очиқ,

Сени мажнун этиб бир ер гўзали,
Нега мени ташлаб кетавермадинг?
Тирик айрилишнинг доғи оғирмиш,
Хўрлик кемирармиш умрни чайнаб!

Бу мудҳиш эговга берардим туриш,
Кетсанг ҳам менга жон туйғунгдан айнаб.
Билардим, қайдадир оласан нафас,
Мураккаб бу дунё сен-чун ҳам тирик.

Сенга ёт-ношудлик, тунд руҳлик, қафас,
Бугунги қадаминг кечадан йирик.
Нега, нега мени ташлаб кетмадинг?
Биламан, рашк мени этарди ҳалок,

Афзал кўрганингни қарғаб ўтардим,
Изингдан юрмасдим соядай ғамнок,
Ҳаётда мен учун қолардинг тирик,
Қаламинг муждасин кутардим муштоқ.

Маъюс тақдирингга яшаб мен шерик,
Мушкул бўлаётир шодлик яратмоқ.
Нега тирик экан ташлаб кетмадинг,
Ташлаб кетмадинг-да, бошлаб кетмадинг?!

МЕН ЎТГАН УМРГА

Ҳаёт китобимни бехос варақлаб,
Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим.
Табассум ўрнида кулдим чарақлаб.
Суйиш керак бўлса — телбача суйдим.

Кийганим ипакми, читми ё кимхоб,
Юрак бойлигидан қилмабман парво.
Мени оғушлаган ҳаёт нақ офтоб,
Янги қўшиқ талаб унда ҳар сабоқ.

Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим,
Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш:
Суйдим,
Эркаландим,
Айрилдим,
Куйдим,
Иззат нима — билдим.
Шу-да бир яшаш!..

СОҒИНИБ

Шу кунларда баҳорга зорман,
Навжувонлик ўти танда йўқ.
Куз сингари заъфар рухсорман,
Мевалар ҳам шохлардан узуқ.

Шу кунларда баҳорга зорман,
Танхасталик эзади руҳим.
Танҳо эмас, қаторда борман,
Яна нени излайди суқим?

Шу кунларда баҳорга зорман,
Шаффоф, ёрқин куй тилар кўнгул.
Яхшиямки, қаламга ёрман,
Сўзлаб турар бор дилимни ул.

Шу кунларда баҳорга зорман,
Ўз баҳорим каби бемисол.
Баҳор қайтмас, ёнувчи қорман,
Ё нўноқ қўл бутаган ниҳол.

Шу кунларда баҳорга зорман…

БАЛКИ

Кўзингда чақмоққа ўхшаш ўтли нам,
Рангинг синиқиши, лаб титраши сир.
Балки, ҳисни бўғиб, иродангга жим
Ёлворасан, куч бер, бўлмай деб асир?

Кўмиб юбормоқчи сен тул ёшлигинг,
У — фақат яшнашга қодир табиат.
Балки, бахт бекаси атаган кишинг —
Руҳи ҳам истамас хазонинг бевақт?

Билсанг, дарахтни синдирар бўрон,
Ниҳол бўлса, яна ўсар гуркираб.
Балки, йўқ таъналар, андиша, гумон,
Бахтга ҳаққинг ютар, дилинг зирқираб?

Ярим тақдир гўё синиқ кўзгумиш,
Ҳаёт тақозоси бахт бекамликдир.
Балки, тўкқиз гулинг билмасдан сўлиш,
Пок ҳиснинг амрига кирмак керакдир?

ҚАЙДА ЎЗ СЕВИНЧИМ…

Ўқилмаган мактуб,
Тақилмаган зийнат
Нодаркорлар ичра ётар кесакдай,
Узоқроқ,
Хилватроқ кунжакка иргит
Нақ жарроҳ пичоғи — кайфинг кесардай!
Шундай ҳам нобутун кўксинг қўйсин тинч!
Туҳфалардан баланд,
Синчковликка ёт,
Севинч!
Қайда ўша қайтмовчи севинч?
Қўлга тутолмагум бебаҳо бисот!

СЕН ҚАЙДАСАН, ЮРАГИМ

Қалб бўлганда йироқда034
Ирода экан ожиз.
Дўстлар ҳам кўп атрофда,
Аммо мен якка-ёлғиз…

Бирдан қалбим кексариб,
Қон ҳам қочди юзимдан.
Сен, сирдошни ахтариб,
Хаёл кетар изингдан.

Қайга кетдинг, юрагим,
Битди бардош ва тоқат.
Суҳбатингдир тилагим,
Тилда ҳасратим қат-қат.

Кўпдир айтажак сўзим,
ўгитларингга зормен,
Йиғлайсан деб дўстларим
Таъна қилар. Нетай мен?

Совуш бермайди менга
Ёқиб кетганинг олов.
Нетай, етмайман сенга,
Ўртага ташланган ғов.

Ишққа маскан юрагим,
Топиб бер деб қистайди.
Нима қилай, бераҳм —
Руҳим сени истайди.

ШАЛОЛА

НЕ БАЛОГА ЭТДИНГ МУБТАЛО

Ўтди ойлар ғам билан оқиб,
Дил топмади зарра тасалло.
Фироқингда қолдим тутоқиб,
Не балога этдинг мубтало!

Кўз очгани қўймайди алам,
Бошим қўйсам куйдирар болиш.
Юпатолмас китоб ва қалам,
Мисраларим кўтарар нолиш.

Наҳот шунча масъум, шунча пок
Севишмоқда алам бор шунча?
Бардош бермас ирода, идрок,
Тамоман лол ақл, тушунча.

Тоғдай бор деб билган юрагим
Қуш бошича қолмади чоғи?
Ғамни енгарман деганим сарим
Яна ортар алами, доғи.

Эриб кетмагандим севгингдан,
Бўлмаслик-чун бахтингдан жудо,
Бирга қолиш учун сен билан
Куяман-у, бўлмайман адо.

БАҲОР КЕЛДИ СЕНИ СЎРОҚЛАБ

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор.

Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак, ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.

Мана қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
Ул ҳам ёш тўкди-ю, чекилди нари.

Сени излар экан, бўлиб шаббода,
Сен юрган боғларни қидириб чиқди.
Ёзиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини,
Яшил қирғоқларни қидириб чиқди.

Топмай сабри тугаб бўрон бўлди-ю,
Жарликларга олиб кетди бошини.
Фарҳод тоғларидан дарагинг излаб,
Сойларга қулатди тоғнинг тошини.

Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,
Ҳулкар ва Омоннинг ўпди юзидан.
Сингиб ёш куйдирган зафар ёноғимга
Секин хабар берди менга ўзидан.

Лекин ётоғимда сени тополмай,
Бир нуқтада қолди узоқ тикилиб.
Яна ел бўлди-ю, кезиб сарсари,
Мендан сўрай кетди қалбимни тилиб:

«Қани мен келганда кулиб қаршилаб,
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан?
«Бахтим борми дея», яккаш сўроқлаб
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан?

Ўрик гулларига тўнмайди нега
Елда ҳилпиратиб жингала сочин?
Нега мен келтирган шўх наъшидага
Пешвоз чиқмайди у ёзиб қулочин?

Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол.
Нечун қора либос, сочларингда оқ,
Нечун бу кўкламда сен паришонхол?»

Қандай жавоб айтай, лолдир тилларим,
Баридан тутдим-у, кетдим қошингга.
У ҳам гаминг билан кезди афтода,
Боқиб туролмайин қабринг тошига.

Аламдан тутоқиб дарахтга кўчди,
Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок.
Сенинг ёдинг билан елиб беқарор,
Гуллар ғунчасини этди чок-чок.

Гул-у райҳонларнинг таралди атри,
Самони қоплади майин бир қўшиқ.
Бу қўшиқ нақадар ошно, яқин,
Нақадар ҳаётбахш, оташга тўлиқ.

Баҳорги бурканган сен севган элда,
Овозинг янгради жўшқин забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

ОЙДИНДА

Жилиб-жилмас тўлин ой,
Булут хаёлдай енгил,
Ой анҳорда қулун той,
Гилосда шиғил-шиғил.

Яхлит ойнадай бўлиб,
Ҳовузга ёйилган у.
Эгилсам-тубдан тўлиб
Ўзим чиқдим рўбарў:

Атрофим тўла саф-саф,
Минг-минг юлдуз ора ман.
Барин сидирға чайқаб,
Ерга судраб бораман.

Ерда: новда, гул, барглар,
Акси кашта сингари.
Сел унутган кўлмаклар
Мисли ойнинг сингани.

Ёнади парча-парча.
Шабнам нақ ел сочган чоғ.
Ҳар нурда шодлик қанча,
Ҳар соя сирга тўлиғ.

Сайхонлар нақ нур майдон,
Уйқуда барча товуш.
Инида ухлар нодон,
Латофатни сезмас қуш.

Ўзимга ташлайман кўз:
Кўксим, қўлимда шуъла.
Осмонга тутаман юз,
Ел силар ёғду қўл-ла.

Эҳ, умр ярмин ютиб,
Ўтган тунлардами айб?
Энди бу кўркни тутиб,
Кундузга бермасам ҳайф?

ТУН

Тоғ ортига ўтиб кетди кун,
Сокин чўкди тоза, салқин тун…

Мен дераза очганим чорбоғ,
Сокин ухлар тун кўрпасида.
Майин қўшиқ ёйилар ҳар ён,
Эсиб ўтган ел шарпасида.

Сув оқади аллалаб тунни,
Ҳамма ухлар, уйда мен уйғоқ,
Парча қоғоз, кичик бир қалам
Бошим узра порлайди чироқ.

Тунда қанча хаёл, қанча куй,
Мен берилиб қулоқ соламан.
Сўз тополмай ифодасига,
Ранг ахтариб шошиб қоламан.

Соф ел эсар… Парвона учар,
Чироқ атрофида ўргилиб,
Ўзин уриб парт бўлади-ю,
Столимга тушади келиб.

Мен ёзаман, юлдузлар ўтар,
Ҳар бириси сўйлар бир эртак.
Мана, Ҳулкар қаршимда чақнар,
Ёрқин тонгдан келтириб дарак.

Тун ўтади, яна чорбоғдан
Кўтарилар саҳарги туман.
Мен-чи, аста чироқ сўндириб,
Отаётган тонгни кутаман.

Кўзларимда эриб кетди тун,
Ёйилмоқда ёрқин жувон кун…

КЎРГАНМИДИНГ КЎЗЛАРИМДА ЁШ

Соғинганда излаб бир нишон,
Қабринг томон олар эдим йўл.
Келтирардинг менга бир замон,
Энди ҳар чоғ мен элтаман гул.

Келдим. Узоқ қолдим мен сокин,
Сенинг азиз бошингда ёлғиз,
Осмон тиниқ эди ва локин,
Парча булут етиб келди тез.

Кўкда менинг бошимда туриб,
Гўё юрагимда қалқди у.
Козимдаги ёшимни кориб
У ҳам тўкди ёшини дув-дув.

Биз йиғладик тепангда шу кун,
Келдингми деб кўтармадинг бош.
Айт-чи, сенла бахтиёр онлар
Кўрганмидинг кўзларимда ёш?

НЕВАРА

Улуғбекка

Неварам қуюндай отилиб кириб,
Қаламим тагидан қоғозни юлар.
Дамда варрак ясаб кўкка учириб,
Изидан қоп-қора кўзлари юрар,
Варрак тортар шекил, мурғакни куч-ла
Оёқ тираб силтар дакани кибор
Айрилиб қоғоздан, шеърдан ва ҳушдан
Боқаман варракбоз жонга бахтиёр,
Нақ бобоси сиёқ зеҳндай тийрак,
Кўкиш алангада ёнар сочу қош.
Борлиғи эзгу бир ўт бўлса керак,
Томирларда қонмас, кезади қуёш.
Дака варрак тиниқ зангори фазо
Тубига интилар, шўнғир нақ хаёл.
Талпинган кўксингда, болакай не бор,
Сен иқболга, сенга не тутар иқбол?
Невара бўлмаса, одамзод албат,
Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт.

БОҒЛАР ҚИЙҒОС ГУЛДА

Боғлар қийғос гулда — яхлит бир чаман,
Ҳар дарахт анвои бир тароватда.
Бир кафт боғ меҳнату ҳосилга ватан,
Ўзга кўрк, ўзга ранг ҳар бир дарахтда.
Ҳар навда бир гулда, ҳар гулда бир рўй,
Ҳар дарахт барги бир дунё ҳикоя,
Ҳар бирин ҳосили ўзгасига кўрк,
Бири-бири учун қудрат, ҳимоя.
Ватаним кўзимда: қай бурчи азиз,
Билмам, қайда толе серзавқ, сержило?
Ялпи тўлишади бедахл юртимиз,
Нақ ҳар қаричи дил, жон томир гўё,
Бир қардош тинчисиз — ўзга беором
Бирининг нонисиз — ўзга эмас тўқ…
Бу — қадим дунёда янги бир олам,
Бунда орқа тоғсиз бир тирик жон йўқ.
Таянч бўлмасайди одамзод албат,
Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт.

1 mart — Utoz shoira Zulfiya tavallud topgan kun

        “Men, — deb yozadi Zulfiya, — Hamid Olimjonni ilk daf’a o’sha yilda ko’rganman. …Yashirib o’tirmayman. Hamid Olimjon ilk ko’rishuvlardanoq ko’zimdan ko’nglimga o’tdi. Men juda yosh hissiyotim bilan uning keng qalbi, ulkan iqtidorini tuydim” (Naim Karimovning «Zulfiya opa haqida» maqolasidan).

ZULFIYA
SHE’RLAR
07

045  O’zbek xalqining sevimli shoirasi, taniqli jamoat arbobi, O’zbekiston xalq shoiri Zulfiya Isroilova 1915 yili Toshkentda, hunarmand oilasida tug’ilgan. U xotin-qizlar bilim yurtida o’qigan vaqtlaridayoq (1931-1934) adabiy to’garaklarga qatnashib, she’rlar mashq qiladi. Zulfiya 17 yoshida nashr etilgan «Hayot varaqlari» (1932) nomli birinchi she’rlar to’plami bilan Oydin, Muzayyana Alaviya, Xosiyat Tillaxonovalar safiga kirib keldi.  1935-1938 yillarda O’zbekiston Fanlar akademiyasining Til va adabiyot instituti aspiranturasida tahsil oldi.1938-1948 yillarda nashriyotlarda muharrir, bo’lim boshlig’i, 1950-1953 yillarda esa «O’zbekiston xotin-qizlari» (hozirgi «Saodat») jurnalida bo’lim boshlig’i, 1953-1980 yillarda esa bosh muharrir bo’lib ishladi.
Zulfiya «O’ylar», «Shalola» kabi she’riy to’plamlari uchun Hamza nomidagi Respublika Davlat mukofotiga sazovor bo’lgan.Hind mavzuidagi she’rlari uchun Javoharla’l Neru nomidagi xalqaro mukofotga, tinchlik va do’stlikni tarannum etuvchi asarlari hamda taraqqiyparvar Osiyo va Afrika yozuvchilari harakatidagi faol ishtiroki uchun esa xalqaro «Nilufar» mukofotiga sazovor bo’lgan. Atoqli shoira 81 yoshida, 1996 yil avgustida vafot etgan.
07

SENSIZ

Mana, bir umrni yashadim sensiz,
Qaytmas shodliklarning qaytishin kutib,
Tobuting boshida cho’kkanimda tiz,
Farzandlar ko’tardi qo’limdan tutib.

Shundan beri tikman. Har nega qalqon,
Baxtga, bahorga ham, qishga, qayg’uga.
Birov azasida yig’layman qon-qon,
To’yida yayrayman o’xshab ohuga.

Lekin qolganimda qalbim-la tanho,
Tuyg’ular zoriga solganda quloq.
o’zni zaif, chanqoq sezganda goho,
Alamdan beraman javobsiz so’roq:

Tirik ekan nega tashlab ketmading?
Mendan nafisroqning husniga oshiq,
Mendan yoniqrog’i tortmadi sani,
Edi nigohingga bor jannat ochiq,

Seni majnun etib bir yer go’zali,
Nega meni tashlab ketavermading?
Tirik ayrilishning dog’i og’irmish,
Xo’rlik kemirarmish umrni chaynab!

Bu mudhish egovga berardim turish,
Ketsang ham menga jon tuyg’ungdan aynab.
Bilardim, qaydadir olasan nafas,
Murakkab bu dunyo sen-chun ham tirik.

Senga yot-noshudlik, tund ruhlik, qafas,
Bugungi qadaming kechadan yirik.
Nega, nega meni tashlab ketmading?
Bilaman, rashk meni etardi halok,

Afzal ko’rganingni qarg’ab o’tardim,
Izingdan yurmasdim soyaday g’amnok,
Hayotda men uchun qolarding tirik,
Qalaming mujdasin kutardim mushtoq.

Ma’yus taqdiringga yashab men sherik,
Mushkul bo’layotir shodlik yaratmoq.
Nega tirik ekan tashlab ketmading,
Tashlab ketmading-da, boshlab ketmading?!

MEN O’TGAN UMRGA

Hayot kitobimni bexos varaqlab,
Men o’tgan umrga achinmay qo’ydim.
Tabassum o’rnida kuldim charaqlab.
Suyish kerak bo’lsa — telbacha suydim.

Kiyganim ipakmi, chitmi yo kimxob,
Yurak boyligidan qilmabman parvo.
Meni og’ushlagan hayot naq oftob,
Yangi qo’shiq talab unda har saboq.

Men o’tgan umrga achinmay qo’ydim,
Hech kimda ko’rmayin umrimga o’xshash:
Suydim,
Erkalandim,
Ayrildim,
Kuydim,
Izzat nima — bildim.
Shu-da bir yashash!..

SOG’INIB

Shu kunlarda bahorga zorman,
Navjuvonlik o’ti tanda yo’q.
Kuz singari za’far ruxsorman,
Mevalar ham shoxlardan uzuq.

Shu kunlarda bahorga zorman,
Tanxastalik ezadi ruhim.
Tanho emas, qatorda borman,
Yana neni izlaydi suqim?

Shu kunlarda bahorga zorman,
Shaffof, yorqin kuy tilar ko’ngul.
Yaxshiyamki, qalamga yorman,
So’zlab turar bor dilimni ul.

Shu kunlarda bahorga zorman,
O’z bahorim kabi bemisol.
Bahor qaytmas, yonuvchi qorman,
YO no’noq qo’l butagan nihol.

Shu kunlarda bahorga zorman…

BALKI

Ko’zingda chaqmoqqa o’xshash o’tli nam,
Ranging siniqishi, lab titrashi sir.
Balki, hisni bo’g’ib, irodangga jim
Yolvorasan, kuch ber, bo’lmay deb asir?

Ko’mib yubormoqchi sen tul yoshliging,
U — faqat yashnashga qodir tabiat.
Balki, baxt bekasi atagan kishing —
Ruhi ham istamas xazoning bevaqt?

Bilsang, daraxtni sindirar bo’ron,
Nihol bo’lsa, yana o’sar gurkirab.
Balki, yo’q ta’nalar, andisha, gumon,
Baxtga haqqing yutar, diling zirqirab?

Yarim taqdir go’yo siniq ko’zgumish,
Hayot taqozosi baxt bekamlikdir.
Balki, to’kqiz guling bilmasdan so’lish,
Pok hisning amriga kirmak kerakdir?

QAYDA O’Z SEVINCHIM…

O’qilmagan maktub,
Taqilmagan ziynat
Nodarkorlar ichra yotar kesakday,
Uzoqroq,
Xilvatroq kunjakka irgit
Naq jarroh pichog’i — kayfing kesarday!
Shunday ham nobutun ko’ksing qo’ysin tinch!
Tuhfalardan baland,
Sinchkovlikka yot,
Sevinch!
Qayda o’sha qaytmovchi sevinch?
Qo’lga tutolmagum bebaho bisot!

SEN QAYDASAN YURAGIM

Qalb bo’lganda yiroqda
Iroda ekan ojiz.
Do’stlar ham ko’p atrofda,
Ammo men yakka-yolg’iz…

Birdan qalbim keksarib,
Qon ham qochdi yuzimdan.
Sen, sirdoshni axtarib,
Xayol ketar izingdan.

Qayga ketding, yuragim,
Bitdi bardosh va toqat.
Suhbatingdir tilagim,
Tilda hasratim qat-qat.

Ko’pdir aytajak so’zim,
o’gitlaringga zormen,
Yig’laysan deb do’stlarim
Ta’na qilar. Netay men?

Sovush bermaydi menga
Yoqib ketganing olov.
Netay, yetmayman senga,
O’rtaga tashlangan g’ov.

Ishqqa maskan yuragim,
Topib ber deb qistaydi.
Nima qilay, berahm —
Ruhim seni istaydi.

SHALOLA

NE BALOGA ETDING MUBTALO

O’tdi oylar g’am bilan oqib,
Dil topmadi zarra tasallo.
Firoqingda qoldim tutoqib,
Ne baloga etding mubtalo!

Ko’z ochgani qo’ymaydi alam,
Boshim qo’ysam kuydirar bolish.
Yupatolmas kitob va qalam,
Misralarim ko’tarar nolish.

Nahot shuncha mas’um, shuncha pok
Sevishmoqda alam bor shuncha?
Bardosh bermas iroda, idrok,
Tamoman lol aql, tushuncha.

Tog’day bor deb bilgan yuragim
Qush boshicha qolmadi chog’i?
G’amni yengarman deganim sarim
Yana ortar alami, dog’i.

Erib ketmagandim sevgingdan,
Bo’lmaslik-chun baxtingdan judo,
Birga qolish uchun sen bilan
Kuyaman-u, bo’lmayman ado.

BAHOR KELDI SENI SO’ROQLAB

Salqin saharlarda, bodom gulida,
Binafsha labida, yerlarda bahor.
Qushlarning parvozi, yellarning nozi,
Baxmal vodiylarda, qirlarda bahor.

Qancha sevar eding, bag’rim, bahorni,
O’rik gullarining eding maftuni.
Har uyg’ongan kurtak, hayot bergan kabi
Ko’zlaringga surtib o’parding uni.

Mana qimmatligim, yana bahor kelib,
Seni izlab yurdi, kezdi sarsari.
Qishning yoqasidan tutib so’radi seni,
Ul ham yosh to’kdi-yu, chekildi nari.

Seni izlar ekan, bo’lib shabboda,
Sen yurgan bog’larni qidirib chiqdi.
Yozib ko’rsatay deb husn-ko’rkini,
Yashil qirg’oqlarni qidirib chiqdi.

Topmay sabri tugab bo’ron bo’ldi-yu,
Jarliklarga olib ketdi boshini.
Farhod tog’laridan daraging izlab,
Soylarga qulatdi tog’ning toshini.

So’ngra jilo bo’lib kirdi yotog’imga,
Hulkar va Omonning o’pdi yuzidan.
Singib yosh kuydirgan zafar yonog’imga
Sekin xabar berdi menga o’zidan.

Lekin yotog’imda seni topolmay,
Bir nuqtada qoldi uzoq tikilib.
Yana yel bo’ldi-yu, kezib sarsari,
Mendan so’ray ketdi qalbimni tilib:

«Qani men kelganda kulib qarshilab,
Qo’shig’i mavjlanib bir daryo oqqan?
«Baxtim bormi deya», yakkash so’roqlab
Meni she’rga o’rab suqlanib boqqan?

O’rik gullariga to’nmaydi nega
Yelda hilpiratib jingala sochin?
Nega men keltirgan sho’x na’shidaga
Peshvoz chiqmaydi u yozib qulochin?

Qani o’sha kuychi, xayolchan yigit?
Nechun ko’zingda yosh, turib qolding lol.
Nechun qora libos, sochlaringda oq,
Nechun bu ko’klamda sen parishonxol?»

Qanday javob aytay, loldir tillarim,
Baridan tutdim-u, ketdim qoshingga.
U ham gaming bilan kezdi aftoda,
Boqib turolmayin qabring toshiga.

Alamdan tutoqib daraxtga ko’chdi,
Kurtakni uyg’otib so’yladi g’amnok.
Sening yoding bilan yelib beqaror,
Gullar g’unchasini etdi chok-chok.

Gul-u rayhonlarning taraldi atri,
Samoni qopladi mayin bir qo’shiq.
Bu qo’shiq naqadar oshno, yaqin,
Naqadar hayotbaxsh, otashga to’liq.

Bahorgi burkangan sen sevgan elda,
Ovozing yangradi jo’shqin zabardast.
O’lmagan ekansan, jonim, sen hayot,
Men ham hali sensiz olmadim nafas.

Hijroning qalbimda, sozing qo’limda,
Hayotni kuylayman, chekinar alam.
Tunlar tushimdasan, kunduz yodimda,
Men hayot ekanman, hayotsan sen ham!

OYDINDA

Jilib-jilmas to’lin oy,044
Bulut xayolday yengil,
Oy anhorda qulun toy,
Gilosda shig’il-shig’il.

Yaxlit oynaday bo’lib,
Hovuzga yoyilgan u.
Egilsam-tubdan to’lib
O’zim chiqdim ro’baro’:

Atrofim to’la saf-saf,
Ming-ming yulduz ora man.
Barin sidirg’a chayqab,
Yerga sudrab boraman.

Yerda: novda, gul, barglar,
Aksi kashta singari.
Sel unutgan ko’lmaklar
Misli oyning singani.

Yonadi parcha-parcha.
Shabnam naq yel sochgan chog’.
Har nurda shodlik qancha,
Har soya sirga to’lig’.

Sayxonlar naq nur maydon,
Uyquda barcha tovush.
Inida uxlar nodon,
Latofatni sezmas qush.

O’zimga tashlayman ko’z:
Ko’ksim, qo’limda shu’la.
Osmonga tutaman yuz,
Yel silar yog’du qo’l-la.

Eh, umr yarmin yutib,
O’tgan tunlardami ayb?
Endi bu ko’rkni tutib,
Kunduzga bermasam hayf?

TUN

Tog’ ortiga o’tib ketdi kun,
Sokin cho’kdi toza, salqin tun…

Men deraza ochganim chorbog’,
Sokin uxlar tun ko’rpasida.
Mayin qo’shiq yoyilar har yon,
Esib o’tgan yel sharpasida.

Suv oqadi allalab tunni,
Hamma uxlar, uyda men uyg’oq,
Parcha qog’oz, kichik bir qalam
Boshim uzra porlaydi chiroq.

Tunda qancha xayol, qancha kuy,
Men berilib quloq solaman.
So’z topolmay ifodasiga,
Rang axtarib shoshib qolaman.

Sof yel esar… Parvona uchar,
Chiroq atrofida o’rgilib,
O’zin urib part bo’ladi-yu,
Stolimga tushadi kelib.

Men yozaman, yulduzlar o’tar,
Har birisi so’ylar bir ertak.
Mana, Hulkar qarshimda chaqnar,
Yorqin tongdan keltirib darak.

Tun o’tadi, yana chorbog’dan
Ko’tarilar sahargi tuman.
Men-chi, asta chiroq so’ndirib,
Otayotgan tongni kutaman.

Ko’zlarimda erib ketdi tun,
Yoyilmoqda yorqin juvon kun…

KO’RGANMIDING KO’ZLARIMDA YOSH

Sog’inganda izlab bir nishon,
Qabring tomon olar edim yo’l.
Keltirarding menga bir zamon,
Endi har chog’ men eltaman gul.

Keldim. Uzoq qoldim men sokin,
Sening aziz boshingda yolg’iz,
Osmon tiniq edi va lokin,
Parcha bulut yetib keldi tez.

Ko’kda mening boshimda turib,
Go’yo yuragimda qalqdi u.
Kozimdagi yoshimni korib
U ham to’kdi yoshini duv-duv.

Biz yig’ladik tepangda shu kun,
Keldingmi deb ko’tarmading bosh.
Ayt-chi, senla baxtiyor onlar
Ko’rganmiding ko’zlarimda yosh?

NEVARA

Ulug’bekka

Nevaram quyunday otilib kirib,
Qalamim tagidan qog’ozni yular.
Damda varrak yasab ko’kka uchirib,
Izidan qop-qora ko’zlari yurar,
Varrak tortar shekil, murg’akni kuch-la
Oyoq tirab siltar dakani kibor
Ayrilib qog’ozdan, she’rdan va hushdan
Boqaman varrakboz jonga baxtiyor,
Naq bobosi siyoq zehnday tiyrak,
Ko’kish alangada yonar sochu qosh.
Borlig’i ezgu bir o’t bo’lsa kerak,
Tomirlarda qonmas, kezadi quyosh.
Daka varrak tiniq zangori fazo
Tubiga intilar, sho’ng’ir naq xayol.
Talpingan ko’ksingda, bolakay ne bor,
Sen iqbolga, senga ne tutar iqbol?
Nevara bo’lmasa, odamzod albat,
O’zi kashf etardi, kashf etganday baxt.

BOG’LAR QIYG’OS GULDA

Bog’lar qiyg’os gulda — yaxlit bir chaman,
Har daraxt anvoi bir tarovatda.
Bir kaft bog’ mehnatu hosilga vatan,
O’zga ko’rk, o’zga rang har bir daraxtda.
Har navda bir gulda, har gulda bir ro’y,
Har daraxt bargi bir dunyo hikoya,
Har birin hosili o’zgasiga ko’rk,
Biri-biri uchun qudrat, himoya.
Vatanim ko’zimda: qay burchi aziz,
Bilmam, qayda tole serzavq, serjilo?
Yalpi to’lishadi bedaxl yurtimiz,
Naq har qarichi dil, jon tomir go’yo,
Bir qardosh tinchisiz — o’zga beorom
Birining nonisiz — o’zga emas to’q…
Bu — qadim dunyoda yangi bir olam,
Bunda orqa tog’siz bir tirik jon yo’q.
Tayanch bo’lmasaydi odamzod albat,
O’zi kashf etardi, kashf etganday baxt.

08

(Tashriflar: umumiy 39 257, bugungi 2)

12 izoh

Izoh qoldiring