Chingiz Aytmatov. Kassandra tamg’asi. Romandan ostiga chizilgan satrlar & Rustam Ibragimov. Chingiz Aytmatov ijodida ikki tabiat talqini

00412 декабрь — Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги

    Инсон нима учун яшайди, ҳаёт йўлимиз эзгуликдан иборатми, келгуси авлодлар бизга қандай баҳо беради, инсониятга таҳдид солаётган хатарлардан қандай қутулиш мумкин?  Чингиз Айтматовнинг «Кассандра тамғаси» асарини ўқир экансиз, айни шу саволларга жавоб топгандай бўласиз…

Рустам ИБРАГИМОВ
АЙТМАТОВ ИЖОДИДА ИККИ ТАБИАТ ТАЛҚИНИ
09

Токи бу дунёда мавжуд эканмиз, атрофимизни қуршаган бутун борлиқ – табиат ҳам, жамият ҳам, ундаги одамлар, ҳодисалар, инсоний муносабатлар, ўзгаришлар ва ҳоказолар ҳаётимизга ўзининг маълум таъсирини кўрсатаверади. Қуёшда Ер шаридан ўнлаб марта катта магнит бўронлари кўтарилиб, фарзанд ва ота-она, шахс ҳамда жамият алоқаларида бўронлар вужудга келишига, улуғ бастакор Моцартнинг 40-симфонияси канадалик бемор боланинг нафақат дардига аришига, балки унинг мурғак қалбида юксак туйғулар уйғонишию Аристотель ибораси билан айтганда, “катарсис”нинг воқеланишига сабаб бўлгани, Франс Фердинандга қарата отилган бир неча ўқ ўн миллиондан зиёд кишининг ёстиғини қуритиб, тарих чамбарагини бошқа ўзанга буриб юборгани бежиз эмас.

Оламда барча нарсалар бир-бирига кўринмас иплар воситасида боғланган. Ушбу занжирнинг учларини инсон – инсон, инсон – коинот, инсон – дард, инсон – бахт, инсон – бахтсизлик, инсон – ҳайвонийлик каби жуфтликлар ташкил этиши мумкин. Бу – азалий ва абадий қонуният.

Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, юртига қайтгач, жосусликда айбланиб, ватанида қувғину хўрликларга дучор бўлган муаллим Абутолиб Қуттибоев ҳамда ғайризаминий тараққиётни кашф қилиб, ўзга сайёраликлар билан “ўзбошимчаларча” алоқа боғлаган, ерликларга умумкоинот миқёсидаги ҳамкорлик таклифини етказган, бироқ “ерликларнинг хавфсизлиги ҳамда барқарор геосиёсат структурасини сақлаб қолиш мақсадида” “Ер тараққиётига номатлуб шахслар сифатида” она заминдан бадарға этилган паритет-фазогирларнинг эгиз қисмати… Жўшқин, ўжар, шаддод Жамилаю етимлик азоб-уқубатини тортган, ҳеч кимга қўшилмай юрадиган, бироқ қалбида юксак инсоний муҳаббат туғён урган Дониёр янглиғ ошиқ-маъшуқларнинг турли чирик ақидаларни тан олмайдиган оташин, ҳур муҳаббати… Кўксида оналик соғинчи, армони, умиди ўлмаган, кўзлари ажойиб кўм-кўк, каттакон бўз “ит” Акбара билан Бўстон ва Гулимхоннинг фарзанди, инсониятнинг кенжа авлоди кичкинтой Кенжаш орасида ногаҳон пайдо бўлган она-болалик меҳри… Мазкур тасвирларда улуғ адиб ижодидаги айни ўша қонуниятнинг мазмун-моҳияти акс этган.

Нафақат Айтматовнинг, балки барча етук санъаткорларнинг асарлари ғоялар, характерлар, туйғулар тўқнашуви ва боғлиқлиги тасвиридир. Достоевскийнинг Раскольникови, Пушкиннинг Онегини, Гётенинг Вертери жамият билан, шунинг баробарида ўз ички дунёлари билан зиддиятга боришгани фикримизни тасдиқлайди. Ёки Жан Поль Сартр қаламига мансуб “Девор” ҳикоясининг бош қаҳрамони, маҳбус Пабло Иббиетанинг сиёсий жиноятчи Грис қаерда эканлиги борасидаги “ёлғон” кўрсатмаси унинг ўзи билмаган ва истамаган ҳолда рост чиққани тақдиримиз бошқаларга ҳам боғлиқ эканлигини исбот этмайдими?!

Айтматов ана шу қонуниятларни чуқур англаган ҳолда ўзининг қатор асарларида – “Жамила”да Жамила, “Қиёмат”да Авдий Каллистратов ва Бўстон, “Кассандра тамғаси”да Филофей сингари образларни яратдики, улар муҳит билан чиқишолмаган кишилар эди. Ёзувчининг сўнгги асари – “Қулаётган тоғлар” (“Мангу қайлиқ”)даги тоғ барси Жаабарс ҳамда журналист Арсен Саманчиннинг ўзаро ўхшаш тақдири эса борлиқ ҳақидаги экзенциал дунёқараш маҳсулидир. Савол туғилади: нега шундай улуғ мутафаккирларни алоқадорлик ва зиддият муаммоси ўзга масалалардан кўра кўпроқ ўйлантирган, қийнаган, қўлга қалам олмоққа ундаган? Софокл ва Шекспирни, Раблею Сервантесни, Байрону Пушкинни нега айнан драматизм – кескин конфликт юксак чўққиларнинг абадий соҳибларига айлантирди?! Не учун Гегель, Булгаков, Сартр, Камю ҳамма нарса ўзаро боғлиқдир, демоқдан чарчамайди?!

Жонли ва жонсиз организмлар, хулқ-атворлар, ҳаракату ҳолатларнинг барча кўринишлари, қувончу ташвишлар, эътиқоду дунёқарашлар, умуман, бутун БОРЛИК ЯГОНА МАКОНда маълум қонуниятлар бўйича туғилади, ривожланади, инқирозга юз тутади ҳамда ўз ўрнини босгувчи нимагадир эга бўлади. Албатта, уларнинг ҳеч бири бутунлай йўқолиб кетмайди. Аксинча, макон ва замонда чегара билмай, ҳар нарсага маълум даражада таъсир кўрсатаверади. Буюк Хитой девори қачон қурилганди ёки Фарҳод ва Шириннинг бир-бирига севгиси қачон уйғонганди? Булар қачон ёхуд қайда юз берганлигининг аҳамияти йўқ. Улар ҳамон улуғ ҳиссиёт ҳайратга сабабдирлар. Ҳайрат ва муҳаббатга, ҳасад ё нафратга сабабкорлик эса БУЮК АЛОҚАДОРЛИКнинг аломати. Бу АЛОҚАДОРЛИКнинг боиси ЯГОНА МАКОНдир. Уни оддий қилиб, “ТАБИАТ” деб атайдилар.

Шакар овулида, табиат қўйнида ўсган Чингиз Айтматов умр бўйи биз айтаётган ана шу УМУМИЙ МАКОН тўғрисида тинмай ўйлади, ёзди. Бундан адоқсиз изтироб чекди. Биргина “Оқ кема”нинг ўзида инсон ва тошлар, инсон ва дарахтлар, инсон ва жониворлар, инсон ва дарё аро уйғунликни кўриш, туйиш мумкин. Ёки “Эрта қайтган турналар”да, “Жамила”да, “Бўтакўз”да китобхон беихтиёр қирғиз овулию қишлоқларига сайр этганини билмай ҳам қолади. Улуғ адиб “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар”да чексиз денгизнинг шиддатли тўлқинлари билан қулоқларимизни қоматга келтирди. “Қиёмат”да йиртқич бўриларнинг денгизмонанд қалбини акс эттирди. Айтматов бу жиҳати билан ихтиёрсиз тарзда Исаак Левитанни ёдга солади. Аммо у буюк рус мусаввиридан фарқли ўлароқ тўғридан-тўғри одамларни ҳам тасвирлаб, уларнинг ички дунёсини, мураккаб ТАБИАТини “чизди”. Ижодида икки – Ташқи ва Ички (шахс қалбидаги) ТАБИАТни уйғунлаштирди.

Иккинчи ТАБИАТ анча-мунча зиддиятли, кескиндир ва у жамият қонунларидан келиб чиқиб шаклланади. Уни пайдо қилгувчи муҳит одамлар томонидан сунъий тарзда яратилган қандайдир МАКОНдир. Бу МАКОН “…кўчаларига одам сиғмай кетган, дўкон-супермаркетлар, емакхонаю қовоқхоналар маскани бўлмиш азим шаҳар” (“Тоғлар қулаётган замон”)лар, Ўрозқулу Сейдаҳмадлар, Обер-Кандалову Гамлет-Галкинлар буғу ва қулонларни қириб юрган ўрмону саҳролар, космодром ҳудудида қолиб кетган мозорлар, шу билан бирга, Болалар интилган кемаю олапарлар орасидадир. Бу МАКОН орасидан оз-моз шуъла тушаётган қоп-қора булутдир. Ўша булут Найман онага қарата отилган найзадан, Бўстоннинг фарзандига теккан ўқдан томган қону болаларидан айрилган Акбара ва Тошчайнарнинг кўз ёшлари, Эдигейнинг адоқсиз изтиробларидан иборат.

У шундай МАКОН, шундай ТАБИАТки, ҳожатхоналарида илоҳий куй янграйди ва “…тубсиз, чексиз юксакликлардан нозил бўлган мусиқа баралла канализацияга тушиб…” (“Тоғлар қулаётган замон”) кетади, унда шунчаки эрмак, ўйин-кулги учун машинани ёқиб юборишади, аждодлар мозорини оёқости қилишади.

Энг даҳшатлиси, табиатнинг боқий қонунларига хилоф равишда ҳали туғилмаган гўдаклар воситасида тирик зомбилар яратишга уринишади! Ҳа, Яратганнинг энг олий хилқати ана шундай ишлари билан тубанликнинг чексиз домига шўнғигани рост. Ўша “энг олий хилқат”лар “бедананинг уйи йўқ, қайга борса, питпилдиқ дегандай, булар ҳам тайини йўқ, қамғоқдек шамол қаерга учирса, шу ерда дайдийдиган кимсалар”дир. Уларнинг баъзилари ҳувиллаб қолган қалбида ҳасад йиғилган, тирноқ тагидан кир излайдиган иғвогар, бошқалари эса ўрмондаги қарағайларни кесиб, пуллайдиган, шунинг эвазига базму жамшидларнинг “азиз меҳмон”и бўлган, гўзаллик қорин тўйдирмайди дея, буғу гўшти билан ўртоғини меҳмон қиладиган ярамаслардир.

Умуман олганда, Айтматов “устахона”сида бундай эътиқодсиз, гумроҳ, вужудини нафс офати емирган кимсаларнинг “портрет”лари кўп учрайди. “Қиёмат”даги бангилар бошлиғи, дунёда ҳамма нарса сотилади ва олинади, жумладан, Худо ҳам, деб ҳисоблайдиган Гришан ёки Мўйинқумдаги кийиклар қирғини иштирокчиси Обер-Кандаловлар адо бўлган, ҳалокатга маҳкум ТАБИАТлари билан бор бўйича кўз олдимизда гавдаланади. Адиб умри адоғида ёзган “Тоғлар қулаётган замон”даги Эртош Қурчалнинг бўлса ҳатто тузукроқ портрети ҳам йўқ. Унинг фақат таърифию фаолиятининг бошқа асосий қаҳрамонлар тақдирида кўрилган излари мавжуд. Чин санъат ва маданиятнинг кушандаси бўлган, ҳаддан ортиқ ваҳшийлашиб кетган, ўзларининг ҳам, бошқаларнинг ҳам бошларини кундага қўйган бу маҳлуқлар ички, хусусий ТАБИАТлари сабаб ҳақиқий ТАБИАТга қарши курашади – ҳали она сути оғзидан кетмаган гўдакларни гиёҳвандликнинг рўёли дунёсига етаклаб, ҳам жисмоний, ҳам руҳий ТАБИАТни заҳарлайди ё бўлмаса, она табиат яратган жонларнинг қонидан миллионлаб фойда ундиради, кишилардаги табиий истеъдодни шуҳрату бойлик сароби-ла сўндиради.

“Асрга татигулик кун” персонажлари Собитжон ва Жўломоннинг ТАБИАТи бундан-да зиддиятли, даҳшатли. Тўғрироғи, уларнинг ТАБИАТида ТАБИАТ йўқ. Гамлет-Галкин, Узоқбой, Петя сингари улар ҳам ТАБИАТларидан маҳрум бўлган (!), фақат буйруқни бажарувчи муртадлардир. Шу онда улуғ Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романи қаҳрамони Раскольников фикри бўйича, бошқалар чизган чизиқдан чиқмайдиган “материал” одамларни, “Ака-ука Карамазовлар”да бир буйруқ билан ҳатто ҳазрат Исони-да бурдалаб ташлашга тайёр, дея таърифланган манфур оломонни ўйлайсан киши. Бироқ Оберу Қурчалдан тортиб, Жўломону Айданаларнинг ТАБИАТлари ўз-ўзидан барбод бўлдими (ёхуд барбод этилдими)?! Сабабсиз оқибат, оқибатсиз сабаб йўқ-ку! Ахир, бу – ТАБИАТнинг муқаррар қонуни! Уларни ким ёки нима шу ҳолга солди?!

Юқорида бунга уларнинг ўз ТАБИАТлари сабаб, дедик. Негаки Айтматов ёзади:
“Одамзоднинг умри нима, деган саволга жавоб топиб бериш қийин. Инсон муносабатлари шунчалар турфа, табиати, феъл-атвори шунчалар ранг-баранг ва мураккабдирки, ҳатто энг мукаммал, энг замонавий компьютер системалари ҳам энг оддий инсон табиатининг умумий чизиғини ажратиб беролмайди” (“Қиёмат”).

Аммо шунинг ўзи билан қаноатланиб бўлармиди? Балки бу ҳол бошқа омилларнинг ҳам оқибатидир?! Замонми?! Ижтимоий тузумми?!

Маълумки, барчамизнинг моҳиятимиз умумий ва шу умумий моҳият бўйича яшаймиз, ҳаракат қиламиз, бахтга интиламиз. Аммо ўша ҳаракат, ўша интилиш ҳар биримизда бошқа-бошқа йўналишга эга. Бу йўналишларнинг олам бўйлаб саноғи йўқ. Чексиз олам уларга торлик қилади. Шунинг учун бир-бири билан тез-тез тўқнашар арслону оҳулар, дарахту чирмовуқлар, саҳрою дарёлар, сайёраю астероидлар, Гамлету Клавдийлар, Вертеру Альбертлар, Бўстону Бозорбойлар, Арсену Тошафғонлар, истеъдоду истеъдодсизлик, эътиқоду маслаксизлик, жасорату қўрқоқлик, садоқату хиёнат, муҳаббату ҳасад… Йўлингда давом этар экансан, олдинга юришга ҳалақит қиладиган нимагадир ёхуд кимгадир дуч келасан. Бу сен учун бир тўсиқдир. Ўша нимагадир ёки кимгадир эса сен тўсиқ бўлишинг мумкин. Мана шу ҳақиқий зиддиятдир.

Унинг сен эмаслиги, сенинг у эмаслигингнинг ўзи турган-битгани конфликтдир. Истасанг-истамасанг, шу ҳол рўй беради. Тақдирнинг бундай йўриғидан қочиб-қутулиб бўлармиди?! Ахир, у – табиатнинг абадий ва барқарор қонуни! Эҳтимол, Тошафғонни Тошафғон, Айданани Айдана, Қурчални Қурчал, Ўрозқулни Ўрозқул, Узоқбойни Узоқбой қилган шахслар аро, маслаклар аро айни шу ғайриихтиёрий ва муқаррар кескин қарама-қаршилик, айнан шу қонундир балки?!

Демак, Айтматов ижодидаги иккиламчи ТАБИАТнинг асосини, ядросини ўша зиддиятлилик ҳодисаси ташкил этган. Адиб ҳаёти давомида ҳам, ёзувчилик фаолиятида ҳам мазкур ўзига хос “орбита” бўйлаб “айланди”. Унинг ижобий қаҳрамонлари асрий, анъанавий қарашлар билан келишмади (Жамила, Авдий сингари) ёки аксинча, уларни ҳимоя қилиб, ёқлаб, тарафдор бўлиб майдонга чиқди (Эдигей, Бола, Филофей, Арсен Саманчин каби). Шу жараёнда улар қўлларидан келганча курашдилар. Кўп ҳолларда зоҳиран енгилсалар-да, энг асосий бойликлари – эътиқод софлиги ҳамда асл МАКОНларини – ТАБИАТларини бой бермадилар. Бола ўзини дарёга отиб, “балиққа айланди”, Филофей эса самога бутунлай бош олиб кетди. Фақат шу йўл билан сунъий, жирканч ижтимоий муносабатлардан бино сохта ТАБИАТдан асл ТАБИАТга қочиб кетдилар. Уларнинг айримлари (жумладан, Авдий Каллистратов) соф ТАБИАТни ёлғон ТАБИАТнинг ўзида тиклашга уринди. Каллистратовнинг гумроҳ бангилар, ваҳший овчиларни Хайрга, асл ТАБИАТга қанчалар зорланиб ундаганини бир эсланг. Бу иш аслида чизғич билан Ой сатҳини ўлчашга тенг ҳаракат эди.
Умуман, Авдий қисмати “маскультура”ни, унинг пешволари қўл урган қилмишларни шуурига сиғдиролмаган, янгича тартибларга мослашолмаган Арсен Саманчин тақдирига муштаракдир. Уларнинг иккови ҳам ҳақиқий ҲАҚИҚАТни, асл ТАБИАТни излаб, қурбон бўлишди.

Бола, Кириск, Филофей, Каллистратовлар истаган ташқи, бирламчи ТАБИАТ иккинчи ТАБИАТга ёнма-ён, боғлиқлиги, уйғунлиги кўпроқ иккиламчи ТАБИАТ биринчисининг емирилаётган ҳолатларда намоён бўлган. Обер-Кандалов “хунта”сининг Мўйинқумдаги хунрезликларини, сунъий тарзда ота-онасиз одам яратиш йўлидаги “илмий” изланишларни эслаш кифоя.

Саҳроларда қон дарё бўлиб оқса, бизнес ва кўнгилхушлик деб қор барсларига қирон солинса, онгсиз ҳолатда Жўломон волидасини, ўзининг борлиғини, бутун ўтмишию авлод-аждодини, ўзигача бўлган ТАБИАТни маҳв этса, Бўстон Ўркунчиев билмасдан фарзандини ўлдириб қўйиб, бутун келажагини, хуллас, ундан кейин келгувчи ТАБИАТни тамоман барбод айласа, табиий-биологик қонунларни бузишса, ирсият тубан манфаатларга бўйсундирилса, бу ҳол ички ТАБИАТ ташқи ТАБИАТнинг нафақат олий маҳсули, балки заволи ҳам эканлигини англатмайдими?!

Ҳа, олий маҳсули ва заволи! Ҳа, бани башар билиб-билмай кечаю эртасини, шу билан бирга, бугунини ҳам хазон қилмоқда, ўзи турган дарахтга болта урмоқда! Бироқ табиат ўз инқирозига қараб турмагай. Бунинг учун у ўлиму исноддан ҳам тап тортмайдиган, тоғлар, қоялар, яйловлар ошиғи Арсен Саманчин ва унга ўхшаган кишиларни яратган. Дарҳақиқат, Арсен умрининг аксар қисмини шовқин-сурон, одамлар билан гавжум, табиий борлиқдан узилиб қолган катта шаҳарларда ўтказган эса-да, қалбан ўзи туғилиб, вояга етган тоғлар, ундаги жониворлар, бепоён ўтлоқлар, ўша ерларда қачонлардир юз берган “Абадий қаллиқ” воқеаси хаёли-ла яшади. Югурганда тоғ эчкисию бўри ва барсларни ҳам тутиб оладиган овчи йигит ҳамда гўзал қизнинг аянчли муҳаббати тўғрисидаги бу афсона уни тўлқинлантирди, изтиробга солди. ТАБИАТ қўйнида ТАБИАТ қудрати-ла туғилган бу севгининг аччиқ қисматига бир гуруҳ қора кучларнинг фитнаси сабаб бўлган. Ўша фитна шундай таърифланган экан: “Қуёш ана шу фитнани сезиб қолгудай бўлса, номусдан юзини яшириб, осмонга тескари қараган бўлар эди. Булутлар сезганда эди, бу ердан тўйни узоқроқ пок даштга олиб кетиш учун жала ёғдирган бўлар эди. Ўша фитнани дарё билиб қолганда эди – …ва дарё ҳам тескари оққан бўлар эди”.

Бундан чиқди, ҳасад, ичи қоралик, ғайирлик каби иллатлар бутун ТАБИАТнинг – Қуёш, булутлар, дарёлар, тоғлар, қоялар, дарахтларнинг-да нафратига гирифтор экан. Чунки иккиламчи ТАБИАТдан кириб келган бундай ғаразли нияту интилишлар тоғлик икки севишганни – ТАБИАТнинг энг сўлим гўшаси дарё бўйида аҳду паймон этган ошиқ-маъшуқларни бир-биридан жудо қилди. Худди шунга ўхшаб, жуфти тортиб олинган, кучдан қолган Жаабарсдек Арсен ўз Айданасидан айрилди, орзулари чилпарчин бўлди.

Ҳа, ТОҒлар – самимий инсоний муносабатлар, садоқат, меҳр-оқибат емирила бошланди. Ўша ТОҒлар фақат Арсен ва Жаабарснинг қалбида қолган. Чунки улар гарчи тамоман бошқа-бошқа мавжудот бўлиб дунёга келган эсалар-да, бир хил умр йўлини босиб ўтдилар. Соф, табиий маданиятнинг инқирозга юз тутаётганига, аждодлар хотираси унутилаётганига, она замин бойликларининг йўқолиб кетаётганига куйинган ва шу туфайли жамиятдан итқитиб ташланган эркин журналисту бир вақтлар кўҳна тоғлар ҳукмдори саналган, энди эса ўз тўдаси томонидан ҳайдаб юборилган қоплон “…яккамохов бўлиб қолган бўлса ҳам, тиз чўкиб яшашга маҳкум ва қочқин эканлигига…” тан бермадилар. Уларда “…воқеликка қарши исён пишиб…” етилди. Натижада бир бурж остида туғилган уларнинг иккови ҳам бир пайтнинг ўзида, бир жойда ҳалок бўлишди. Қизиғи, ўзларининг тақдирдош эканликларини ана ўша дамларда англашди:

“– Сен ҳам шу ердамисан? – деди Арсен, худди эски танишлардай”. Шунда “…тоғлар устида гулдираган момоқалдироқ ҳайрон қолгандай акс садо берар экан, “Нима гап ўзи” дегандай савол билан мурожаат қилар эди. Булутлардан чақнаган чақмоқлар ҳам ҳайрон эди…”

Мана, ТАБИАТу унинг ривожланиш йўли бўлмиш тақдир қудрати, мана, ўша буюк АЛОҚАДОРЛИКнинг бир намунаси.

Тоғ барси каби Арсен ҳам ҳалокатга учради. Уни бундан илгарироқ ТАБИАТ даракчилари – қалдирғочлар огоҳ этишганди. У ёввойи табиат бағрида, кимсасизликда жон берди. Бироқ бу қурбонлик бекор кетмайди. Энди Узангилиш тоғлари бўйлаб келгинди овчилар отган ўқлар янграмайди, Арсеннинг ғояларини, идеалларини Элас каби у билан ҳамнафас, ҳамдард, ҳамфикр кишилар асраб, бошқаларга етказишади. Арсен Саманчин фожиасидан кейин бирдан ҳамманинг, ҳатто қалбини аламзадалик ва очкўзлик эгаллаган Тошафғондек кишиларнинг ҳам кўзи ярқ этиб очилди. Демакки, она табиат барча зиддиятларни ўзаро боғлиқ ҳолда зукколик ила ҳал этади. Чингиз Айтматовнинг сўнгги асари, “васият”и ана шундай умидбахш ва ҳаётбахш хулоса билан якунланган.

Муаллиф ҳақида: Рустам Иброҳимов (Ибрагимов) 1988 йилда Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида таваллуд топган. 2006-2010 йилларда Бухоро давлат университети филология факультетининг ўзбек филологияси бўлими (бакалавриат)да, 2011-2013 йилларда эса ўзбек адабиётшунослиги йўналиши (магистратура)да таҳсил олган.
Итальян тили орқали унинг Франко Саккетти, Леонардо да Винчи, Жованни Капурро, Грациа Деледда, Луижи Пиранделло, Коррадо Альваро, Дино Буццати, Примо Леви, Жованни Папини, рус тили воситасида Иван Крилов, Михаил Лермонтов, Валерий Брюсов, Коста Хетагуров сингари ижодкорлар асарларидан таржималари, Ҳомер, Данте, Жованни Боккаччо, Мигель де Сааведра Сервантес, Генрих Гейне, Антон Чехов, Марк Твен, О’Генри, Артур Конан-Дойл, Михаил Булгаков, Габриэль Гарсиа Маркес каби адиблар ижоди бўйича ёзган қатор илмий мақолалари матбуотда, интернет саҳифаларида, шунингдек, илмий тўпламларда эълон қилинган. 2011 йилда Ёш таржимонларнинг Дўрмонда бўлиб ўтган биринчи республика анжумани иштирокчиси.
2013 йилда ҳаммуаллифликда ёзилган “Чингиз Айтматов ва XXI аср” монографияси “Akademnashr” нашриётида чоп этилган.

004ДУНЁ ИНСОН УЧУН КЕРАК…
«Кассандра тамғаси»романидан
остига чизилган сатрлар
045

    Чингиз Айтматов (1928-2008) — таниқли қирғиз ёзувчиси, давлат, жамоат арбоби, дипломат. Қирғизистон халқ ёзувчиси (1968). Қирғизистон Фанлар Академияси академиги (1974). Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган (1953). 1956-58 йиллари Москвадаги ёзувчилар уюшмаси Олий адабиёт курси тингловчиси. Асарларини қирғиз ва рус тилида ёзган.
Илк ҳикоялари 1950 йилларда босилган. «Байдамтол соҳилларида» (1955), «Юзма-юз» (1957) асарлари ўткир сюжет, кучли ички руҳий зиддиятларга бой. «Жамила» (1958), «Сарвқомат дилбарим» (1961), «Бўтакўз», «Биринчи муаллим» (1962), «Момо ер», «Сомон йўли» (1963), «Алвидо, эй Гулсари» (1966), «Тоғ ва чўл қиссалари», «Оқ кема» (1970), «Денгиз ёқалаб чопаётган олапар» (1977) каби қиссаларида инсон қисмати ва муҳаббат мавзуи катта эҳтирос билан тараннум этилган.
«Асрга татигулик кун» (1980), «Қиёмат» (1986), «Кассандра тамғаси» (1990) романларида, «Чўққида қолган овчининг оҳи зори» (М. Шохонов билан ҳамкорликда) ёзилган роман-эсседа замонамизнинг умуминсоний томонлари, она Сайёрамизнинг тақдири, кучли фалсафий, ахлоқий, маънавий ва ижтимоий муаммолар кўтарилган.
Айтматовнинг асарлари жаҳоннинг 154 тилига таржима қилиниб, 20 млн.дан ортиқ нусхада чоп этилган (1999). «Сарвқомат дилбарим» («Довон»), «Бўтакўз» («Жазирама»), «Биринчи муаллим», «Жамила», «Алвидо, эй Гулсари» ва бошқа экранлаштирилган, ўзбек ва чет эл театрларида саҳналаштирилган. «Момо ер» асарига И. Акбаров мусиқа ёзган. Айтматовнинг қарийб ҳамма асарлари ўзбек тилида нашр этилган.
Айтматов ўзбек адабиёти, умуман, ўзбек маданияти тарихини юксак баҳолаб, «Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг Қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин», деб ҳисоблайди. Айтматов Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» (1995), «Буюк хизматлари учун» (1998) орденлари билан мукофотланган. Қирғизистон Республикасида Халқаро Чингиз Айтматов номидаги «Олтин медал» мукофоти таъсис этилган (1999).

045

Ўзлигинг билан холи қолиш нақадар яхши фурсат…

* * *

09…ниҳоят шуни очиқ тан олиш керак: бирон киши томонидан қилинган ёвузлик шу кишининг жисмонан йўқолиши билан, ҳаёти сўниши билан тугамайди, балки генетик ўрмонда азалий уруғ шаклида сақланиб қолиб, эҳтимол бўлмиш икс соатни кутади ва белгиланган вақтда портлайдиган минага ўхшаб ўзини намоён қилади.

* * *

Азал-азалдан инсониятга нозил қилинган Эзгулик энергиясини ва шу билан бирга эзгуликка қарши Ёвузлик энергиясини ҳеч ким ўзгартира олмайди. Булар бир-бирига тенг миқдорлардир. Лекин инсонга абадийликнинг битмас-туганмас ҳаракатини ўзида мужассамлаштирган ақлий афзалликлар ато қилинган ва инсон омон қолишни истаса, тараққиётнинг чўққилари сари кўтарилишни хоҳласа, у ўзидаги Ёвузлик устидан ғалаба қилмоғи зарур.

* * *

Буни тақдир дейдилар, тақдирдан эса қочиб қутулиб бўлмайди. Шуни тушуниш муҳимки, ана шу тақдир муайян шахс тақдири бўлса ҳам, айни вақтда ҳамманинг, бутун жамиятнинг тақдири ҳамдир, чунки бу фалокатнинг сабаблари дунёвий сабаблардир.

* * *

Абадийлик ўз-ўзича абадийдир, инсон эса фақат бир йўл билан — авлоддан-авлодга ахлоқий жиҳатдан такомиллашиш йўли билангина абадийлик сари қадам ташлаши керак. Тараққиёт ғоянинг техникавий самарасидир, холос.

* * *

Ҳар қайси киши, ҳамма биргаликда, бутун бани башар бир бўлиб, фалокат ва иллатларга барҳам беришса, ҳаётнинг истиқболини янгилашлари мумкин. Бу хомхаёлликми? Яна хаёлпарастликми?! Йўқ, бу навбатдаги хаёлпарастлик эмас. Бу тирик жоннинг омон қолиш йўли, бошқача йўл йўқ…

* * *

Бахт дегани дилларнинг уйғунлашиб кетиши деган сўз.

* * *

Ҳаётда шундай юксак дақиқалар бўлади: йиллар давомида тўпланиб, кун сайин бойиб борган фикрлар бирдан яшин янглиғ ялт этиб юз беради. Бунга, албатта қўшимча шарт-шароит — оиладаги иноқлик, ўзининг илмий доирасида тан олинганлиги, яъни инсоннинг кундалик ҳолатига, иш қобилиятига ҳар куни таъсир этадиган ҳамма нарса ёрдам беради, буни эса жуда оддий қилиб айтганда бахт дейдилар.

* * *

Ўлимга даво йўқ, даво бўлиши мумкин ҳам эмас, ўлим ҳақдир.

* * *

«Инсон қурол ишлаб чиқариш учун ёруғ дунёга келмаслиги керак!»

* * *

Коинот миқёсида инсон умри пашшанинг умридай гап. Бироқ инсонга тафаккур ато қилинган, шу нарса унинг умрини узайтиради. Лекин акси ҳам бўлади — кескин қисқартиради ҳам.

* * *

Дунё инсон учун керак — одам унинг асл моҳиятини тушуниб олиш учун яратилган, шу боис ҳам дунё турибди.

* * *

Ҳозирги кундалик ҳаётда «Бу бизнинг муаммоларимиз эмас», деган сурбетларча ибора тарқалган.

Замира Рўзиева тайёрлаган

12 dekabr — Chingiz Aytmatov tavalludining 90 yilligi  

Inson nima uchun yashaydi, hayot yo’limiz ezgulikdan iboratmi, kelgusi avlodlar bizga qanday baho beradi, insoniyatga tahdid solayotgan xatarlardan qanday qutulish mumkin? Chingiz Aytmatovning «Kassandra tamg’asi» asarini o’qir ekansiz, ayni shu savollarga javob topganday bo’lasiz…

 

Rustam IBRAGIMOV
AYTMATOV IJODIDA IKKI TABIAT TALQINI
09

Toki bu dunyoda mavjud ekanmiz, atrofimizni qurshagan butun borliq – tabiat ham, jamiyat ham, undagi odamlar, hodisalar, insoniy munosabatlar, oʻzgarishlar va hokazolar hayotimizga oʻzining maʼlum taʼsirini koʻrsataveradi. Quyoshda Yer sharidan oʻnlab marta katta magnit boʻronlari koʻtarilib, farzand va ota-ona, shaxs hamda jamiyat aloqalarida boʻronlar vujudga kelishiga, ulugʻ bastakor Motsartning 40-simfoniyasi kanadalik bemor bolaning nafaqat dardiga arishiga, balki uning murgʻak qalbida yuksak tuygʻular uygʻonishiyu Aristotel iborasi bilan aytganda, “katarsis”ning voqelanishiga sabab boʻlgani, Frans Ferdinandga qarata otilgan bir necha oʻq oʻn milliondan ziyod kishining yostigʻini quritib, tarix chambaragini boshqa oʻzanga burib yuborgani bejiz emas.

Olamda barcha narsalar bir-biriga koʻrinmas iplar vositasida bogʻlangan. Ushbu zanjirning uchlarini inson – inson, inson – koinot, inson – dard, inson – baxt, inson – baxtsizlik, inson – hayvoniylik kabi juftliklar tashkil etishi mumkin. Bu – azaliy va abadiy qonuniyat.

Ikkinchi jahon urushida qatnashgan, yurtiga qaytgach, josuslikda ayblanib, vatanida quvgʻinu xoʻrliklarga duchor boʻlgan muallim Abutolib Quttiboyev hamda gʻayrizaminiy taraqqiyotni kashf qilib, oʻzga sayyoraliklar bilan “oʻzboshimchalarcha” aloqa bogʻlagan, yerliklarga umumkoinot miqyosidagi hamkorlik taklifini yetkazgan, biroq “yerliklarning xavfsizligi hamda barqaror geosiyosat strukturasini saqlab qolish maqsadida” “Yer taraqqiyotiga nomatlub shaxslar sifatida” ona zamindan badargʻa etilgan paritet-fazogirlarning egiz qismati… Joʻshqin, oʻjar, shaddod Jamilayu yetimlik azob-uqubatini tortgan, hech kimga qoʻshilmay yuradigan, biroq qalbida yuksak insoniy muhabbat tugʻyon urgan Doniyor yangligʻ oshiq-maʼshuqlarning turli chirik aqidalarni tan olmaydigan otashin, hur muhabbati… Koʻksida onalik sogʻinchi, armoni, umidi oʻlmagan, koʻzlari ajoyib koʻm-koʻk, kattakon boʻz “it” Akbara bilan Boʻston va Gulimxonning farzandi, insoniyatning kenja avlodi kichkintoy Kenjash orasida nogahon paydo boʻlgan ona-bolalik mehri… Mazkur tasvirlarda ulugʻ adib ijodidagi ayni oʻsha qonuniyatning mazmun-mohiyati aks etgan.

Nafaqat Aytmatovning, balki barcha yetuk sanʼatkorlarning asarlari gʻoyalar, xarakterlar, tuygʻular toʻqnashuvi va bogʻliqligi tasviridir. Dostoyevskiyning Raskolnikovi, Pushkinning Onegini, Gyotening Verteri jamiyat bilan, shuning barobarida oʻz ichki dunyolari bilan ziddiyatga borishgani fikrimizni tasdiqlaydi. Yoki Jan Pol Sartr qalamiga mansub “Devor” hikoyasining bosh qahramoni, mahbus Pablo Ibbiyetaning siyosiy jinoyatchi Gris qayerda ekanligi borasidagi “yolgʻon” koʻrsatmasi uning oʻzi bilmagan va istamagan holda rost chiqqani taqdirimiz boshqalarga ham bogʻliq ekanligini isbot etmaydimi?!

Aytmatov ana shu qonuniyatlarni chuqur anglagan holda oʻzining qator asarlarida – “Jamila”da Jamila, “Qiyomat”da Avdiy Kallistratov va Boʻston, “Kassandra tamgʻasi”da Filofey singari obrazlarni yaratdiki, ular muhit bilan chiqisholmagan kishilar edi. Yozuvchining soʻnggi asari – “Qulayotgan togʻlar” (“Mangu qayliq”)dagi togʻ barsi Jaabars hamda jurnalist Arsen Samanchinning oʻzaro oʻxshash taqdiri esa borliq haqidagi ekzensial dunyoqarash mahsulidir. Savol tugʻiladi: nega shunday ulugʻ mutafakkirlarni aloqadorlik va ziddiyat muammosi oʻzga masalalardan koʻra koʻproq oʻylantirgan, qiynagan, qoʻlga qalam olmoqqa undagan? Sofokl va Shekspirni, Rableyu Servantesni, Bayronu Pushkinni nega aynan dramatizm – keskin konflikt yuksak choʻqqilarning abadiy sohiblariga aylantirdi?! Ne uchun Gegel, Bulgakov, Sartr, Kamyu hamma narsa oʻzaro bogʻliqdir, demoqdan charchamaydi?!

Jonli va jonsiz organizmlar, xulq-atvorlar, harakatu holatlarning barcha koʻrinishlari, quvonchu tashvishlar, eʼtiqodu dunyoqarashlar, umuman, butun BORLIK YAGONA MAKONda maʼlum qonuniyatlar boʻyicha tugʻiladi, rivojlanadi, inqirozga yuz tutadi hamda oʻz oʻrnini bosguvchi nimagadir ega boʻladi. Albatta, ularning hech biri butunlay yoʻqolib ketmaydi. Aksincha, makon va zamonda chegara bilmay, har narsaga maʼlum darajada taʼsir koʻrsataveradi. Buyuk Xitoy devori qachon qurilgandi yoki Farhod va Shirinning bir-biriga sevgisi qachon uygʻongandi? Bular qachon yoxud qayda yuz berganligining ahamiyati yoʻq. Ular hamon ulugʻ hissiyot hayratga sababdirlar. Hayrat va muhabbatga, hasad yo nafratga sababkorlik esa BUYUK ALOQADORLIKning alomati. Bu ALOQADORLIKning boisi YAGONA MAKONdir. Uni oddiy qilib, “TABIAT” deb ataydilar.

Shakar ovulida, tabiat qoʻynida oʻsgan Chingiz Aytmatov umr boʻyi biz aytayotgan ana shu UMUMIY MAKON toʻgʻrisida tinmay oʻyladi, yozdi. Bundan adoqsiz iztirob chekdi. Birgina “Oq kema”ning oʻzida inson va toshlar, inson va daraxtlar, inson va jonivorlar, inson va daryo aro uygʻunlikni koʻrish, tuyish mumkin. Yoki “Erta qaytgan turnalar”da, “Jamila”da, “Boʻtakoʻz”da kitobxon beixtiyor qirgʻiz ovuliyu qishloqlariga sayr etganini bilmay ham qoladi. Ulugʻ adib “Sohil yoqalab chopayotgan olapar”da cheksiz dengizning shiddatli toʻlqinlari bilan quloqlarimizni qomatga keltirdi. “Qiyomat”da yirtqich boʻrilarning dengizmonand qalbini aks ettirdi. Aytmatov bu jihati bilan ixtiyorsiz tarzda Isaak Levitanni yodga soladi. Ammo u buyuk rus musavviridan farqli oʻlaroq toʻgʻridan-toʻgʻri odamlarni ham tasvirlab, ularning ichki dunyosini, murakkab TABIATini “chizdi”. Ijodida ikki – Tashqi va Ichki (shaxs qalbidagi) TABIATni uygʻunlashtirdi.

Ikkinchi TABIAT ancha-muncha ziddiyatli, keskindir va u jamiyat qonunlaridan kelib chiqib shakllanadi. Uni paydo qilguvchi muhit odamlar tomonidan sunʼiy tarzda yaratilgan qandaydir MAKONdir. Bu MAKON “…koʻchalariga odam sigʻmay ketgan, doʻkon-supermarketlar, yemakxonayu qovoqxonalar maskani boʻlmish azim shahar” (“Togʻlar qulayotgan zamon”)lar, Oʻrozqulu Seydahmadlar, Ober-Kandalovu Gamlet-Galkinlar bugʻu va qulonlarni qirib yurgan oʻrmonu sahrolar, kosmodrom hududida qolib ketgan mozorlar, shu bilan birga, Bolalar intilgan kemayu olaparlar orasidadir. Bu MAKON orasidan oz-moz shuʼla tushayotgan qop-qora bulutdir. Oʻsha bulut Nayman onaga qarata otilgan nayzadan, Boʻstonning farzandiga tekkan oʻqdan tomgan qonu bolalaridan ayrilgan Akbara va Toshchaynarning koʻz yoshlari, Edigeyning adoqsiz iztiroblaridan iborat.

U shunday MAKON, shunday TABIATki, hojatxonalarida ilohiy kuy yangraydi va “…tubsiz, cheksiz yuksakliklardan nozil boʻlgan musiqa baralla kanalizatsiyaga tushib…” (“Togʻlar qulayotgan zamon”) ketadi, unda shunchaki ermak, oʻyin-kulgi uchun mashinani yoqib yuborishadi, ajdodlar mozorini oyoqosti qilishadi.

Eng dahshatlisi, tabiatning boqiy qonunlariga xilof ravishda hali tugʻilmagan goʻdaklar vositasida tirik zombilar yaratishga urinishadi! Ha, Yaratganning eng oliy xilqati ana shunday ishlari bilan tubanlikning cheksiz domiga shoʻngʻigani rost. Oʻsha “eng oliy xilqat”lar “bedananing uyi yoʻq, qayga borsa, pitpildiq deganday, bular ham tayini yoʻq, qamgʻoqdek shamol qayerga uchirsa, shu yerda daydiydigan kimsalar”dir. Ularning baʼzilari huvillab qolgan qalbida hasad yigʻilgan, tirnoq tagidan kir izlaydigan igʻvogar, boshqalari esa oʻrmondagi qaragʻaylarni kesib, pullaydigan, shuning evaziga bazmu jamshidlarning “aziz mehmon”i boʻlgan, goʻzallik qorin toʻydirmaydi deya, bugʻu goʻshti bilan oʻrtogʻini mehmon qiladigan yaramaslardir.

Umuman olganda, Aytmatov “ustaxona”sida bunday eʼtiqodsiz, gumroh, vujudini nafs ofati yemirgan kimsalarning “portret”lari koʻp uchraydi. “Qiyomat”dagi bangilar boshligʻi, dunyoda hamma narsa sotiladi va olinadi, jumladan, Xudo ham, deb hisoblaydigan Grishan yoki Moʻyinqumdagi kiyiklar qirgʻini ishtirokchisi Ober-Kandalovlar ado boʻlgan, halokatga mahkum TABIATlari bilan bor boʻyicha koʻz oldimizda gavdalanadi. Adib umri adogʻida yozgan “Togʻlar qulayotgan zamon”dagi Ertosh Qurchalning boʻlsa hatto tuzukroq portreti ham yoʻq. Uning faqat taʼrifiyu faoliyatining boshqa asosiy qahramonlar taqdirida koʻrilgan izlari mavjud. Chin sanʼat va madaniyatning kushandasi boʻlgan, haddan ortiq vahshiylashib ketgan, oʻzlarining ham, boshqalarning ham boshlarini kundaga qoʻygan bu mahluqlar ichki, xususiy TABIATlari sabab haqiqiy TABIATga qarshi kurashadi – hali ona suti ogʻzidan ketmagan goʻdaklarni giyohvandlikning roʻyoli dunyosiga yetaklab, ham jismoniy, ham ruhiy TABIATni zaharlaydi yo boʻlmasa, ona tabiat yaratgan jonlarning qonidan millionlab foyda undiradi, kishilardagi tabiiy isteʼdodni shuhratu boylik sarobi-la soʻndiradi.

“Asrga tatigulik kun” personajlari Sobitjon va Joʻlomonning TABIATi bundan-da ziddiyatli, dahshatli. Toʻgʻrirogʻi, ularning TABIATida TABIAT yoʻq. Gamlet-Galkin, Uzoqboy, Petya singari ular ham TABIATlaridan mahrum boʻlgan (!), faqat buyruqni bajaruvchi murtadlardir. Shu onda ulugʻ Dostoyevskiyning “Jinoyat va jazo” romani qahramoni Raskolnikov fikri boʻyicha, boshqalar chizgan chiziqdan chiqmaydigan “material” odamlarni, “Aka-uka Karamazovlar”da bir buyruq bilan hatto hazrat Isoni-da burdalab tashlashga tayyor, deya taʼriflangan manfur olomonni oʻylaysan kishi. Biroq Oberu Qurchaldan tortib, Joʻlomonu Aydanalarning TABIATlari oʻz-oʻzidan barbod boʻldimi (yoxud barbod etildimi)?! Sababsiz oqibat, oqibatsiz sabab yoʻq-ku! Axir, bu – TABIATning muqarrar qonuni! Ularni kim yoki nima shu holga soldi?!

Yuqorida bunga ularning oʻz TABIATlari sabab, dedik. Negaki Aytmatov yozadi:
“Odamzodning umri nima, degan savolga javob topib berish qiyin. Inson munosabatlari shunchalar turfa, tabiati, feʼl-atvori shunchalar rang-barang va murakkabdirki, hatto eng mukammal, eng zamonaviy kompyuter sistemalari ham eng oddiy inson tabiatining umumiy chizigʻini ajratib berolmaydi” (“Qiyomat”).

Ammo shuning oʻzi bilan qanoatlanib boʻlarmidi? Balki bu hol boshqa omillarning ham oqibatidir?! Zamonmi?! Ijtimoiy tuzummi?!

Maʼlumki, barchamizning mohiyatimiz umumiy va shu umumiy mohiyat boʻyicha yashaymiz, harakat qilamiz, baxtga intilamiz. Ammo oʻsha harakat, oʻsha intilish har birimizda boshqa-boshqa yoʻnalishga ega. Bu yoʻnalishlarning olam boʻylab sanogʻi yoʻq. Cheksiz olam ularga torlik qiladi. Shuning uchun bir-biri bilan tez-tez toʻqnashar arslonu ohular, daraxtu chirmovuqlar, sahroyu daryolar, sayyorayu asteroidlar, Gamletu Klavdiylar, Verteru Albertlar, Boʻstonu Bozorboylar, Arsenu Toshafgʻonlar, isteʼdodu isteʼdodsizlik, eʼtiqodu maslaksizlik, jasoratu qoʻrqoqlik, sadoqatu xiyonat, muhabbatu hasad… Yoʻlingda davom etar ekansan, oldinga yurishga halaqit qiladigan nimagadir yoxud kimgadir duch kelasan. Bu sen uchun bir toʻsiqdir. Oʻsha nimagadir yoki kimgadir esa sen toʻsiq boʻlishing mumkin. Mana shu haqiqiy ziddiyatdir.

Uning sen emasligi, sening u emasligingning oʻzi turgan-bitgani konfliktdir. Istasang-istamasang, shu hol roʻy beradi. Taqdirning bunday yoʻrigʻidan qochib-qutulib boʻlarmidi?! Axir, u – tabiatning abadiy va barqaror qonuni! Ehtimol, Toshafgʻonni Toshafgʻon, Aydanani Aydana, Qurchalni Qurchal, Oʻrozqulni Oʻrozqul, Uzoqboyni Uzoqboy qilgan shaxslar aro, maslaklar aro ayni shu gʻayriixtiyoriy va muqarrar keskin qarama-qarshilik, aynan shu qonundir balki?!

Demak, Aytmatov ijodidagi ikkilamchi TABIATning asosini, yadrosini oʻsha ziddiyatlilik hodisasi tashkil etgan. Adib hayoti davomida ham, yozuvchilik faoliyatida ham mazkur oʻziga xos “orbita” boʻylab “aylandi”. Uning ijobiy qahramonlari asriy, anʼanaviy qarashlar bilan kelishmadi (Jamila, Avdiy singari) yoki aksincha, ularni himoya qilib, yoqlab, tarafdor boʻlib maydonga chiqdi (Edigey, Bola, Filofey, Arsen Samanchin kabi). Shu jarayonda ular qoʻllaridan kelgancha kurashdilar. Koʻp hollarda zohiran yengilsalar-da, eng asosiy boyliklari – eʼtiqod sofligi hamda asl MAKONlarini – TABIATlarini boy bermadilar. Bola oʻzini daryoga otib, “baliqqa aylandi”, Filofey esa samoga butunlay bosh olib ketdi. Faqat shu yoʻl bilan sunʼiy, jirkanch ijtimoiy munosabatlardan bino soxta TABIATdan asl TABIATga qochib ketdilar. Ularning ayrimlari (jumladan, Avdiy Kallistratov) sof TABIATni yolgʻon TABIATning oʻzida tiklashga urindi. Kallistratovning gumroh bangilar, vahshiy ovchilarni Xayrga, asl TABIATga qanchalar zorlanib undaganini bir eslang. Bu ish aslida chizgʻich bilan Oy sathini oʻlchashga teng harakat edi.
Umuman, Avdiy qismati “maskultura”ni, uning peshvolari qoʻl urgan qilmishlarni shuuriga sigʻdirolmagan, yangicha tartiblarga moslasholmagan Arsen Samanchin taqdiriga mushtarakdir. Ularning ikkovi ham haqiqiy HAQIQATni, asl TABIATni izlab, qurbon boʻlishdi.

Bola, Kirisk, Filofey, Kallistratovlar istagan tashqi, birlamchi TABIAT ikkinchi TABIATga yonma-yon, bogʻliqligi, uygʻunligi koʻproq ikkilamchi TABIAT birinchisining yemirilayotgan holatlarda namoyon boʻlgan. Ober-Kandalov “xunta”sining Moʻyinqumdagi xunrezliklarini, sunʼiy tarzda ota-onasiz odam yaratish yoʻlidagi “ilmiy” izlanishlarni eslash kifoya.

Sahrolarda qon daryo boʻlib oqsa, biznes va koʻngilxushlik deb qor barslariga qiron solinsa, ongsiz holatda Joʻlomon volidasini, oʻzining borligʻini, butun oʻtmishiyu avlod-ajdodini, oʻzigacha boʻlgan TABIATni mahv etsa, Boʻston Oʻrkunchiyev bilmasdan farzandini oʻldirib qoʻyib, butun kelajagini, xullas, undan keyin kelguvchi TABIATni tamoman barbod aylasa, tabiiy-biologik qonunlarni buzishsa, irsiyat tuban manfaatlarga boʻysundirilsa, bu hol ichki TABIAT tashqi TABIATning nafaqat oliy mahsuli, balki zavoli ham ekanligini anglatmaydimi?!

Ha, oliy mahsuli va zavoli! Ha, bani bashar bilib-bilmay kechayu ertasini, shu bilan birga, bugunini ham xazon qilmoqda, oʻzi turgan daraxtga bolta urmoqda! Biroq tabiat oʻz inqiroziga qarab turmagay. Buning uchun u oʻlimu isnoddan ham tap tortmaydigan, togʻlar, qoyalar, yaylovlar oshigʻi Arsen Samanchin va unga oʻxshagan kishilarni yaratgan. Darhaqiqat, Arsen umrining aksar qismini shovqin-suron, odamlar bilan gavjum, tabiiy borliqdan uzilib qolgan katta shaharlarda oʻtkazgan esa-da, qalban oʻzi tugʻilib, voyaga yetgan togʻlar, undagi jonivorlar, bepoyon oʻtloqlar, oʻsha yerlarda qachonlardir yuz bergan “Abadiy qalliq” voqeasi xayoli-la yashadi. Yugurganda togʻ echkisiyu boʻri va barslarni ham tutib oladigan ovchi yigit hamda goʻzal qizning ayanchli muhabbati toʻgʻrisidagi bu afsona uni toʻlqinlantirdi, iztirobga soldi. TABIAT qoʻynida TABIAT qudrati-la tugʻilgan bu sevgining achchiq qismatiga bir guruh qora kuchlarning fitnasi sabab boʻlgan. Oʻsha fitna shunday taʼriflangan ekan: “Quyosh ana shu fitnani sezib qolguday boʻlsa, nomusdan yuzini yashirib, osmonga teskari qaragan boʻlar edi. Bulutlar sezganda edi, bu yerdan toʻyni uzoqroq pok dashtga olib ketish uchun jala yogʻdirgan boʻlar edi. Oʻsha fitnani daryo bilib qolganda edi – …va daryo ham teskari oqqan boʻlar edi”.

Bundan chiqdi, hasad, ichi qoralik, gʻayirlik kabi illatlar butun TABIATning – Quyosh, bulutlar, daryolar, togʻlar, qoyalar, daraxtlarning-da nafratiga giriftor ekan. Chunki ikkilamchi TABIATdan kirib kelgan bunday gʻarazli niyatu intilishlar togʻlik ikki sevishganni – TABIATning eng soʻlim goʻshasi daryo boʻyida ahdu paymon etgan oshiq-maʼshuqlarni bir-biridan judo qildi. Xuddi shunga oʻxshab, jufti tortib olingan, kuchdan qolgan Jaabarsdek Arsen oʻz Aydanasidan ayrildi, orzulari chilparchin boʻldi.

Ha, TOGʻlar – samimiy insoniy munosabatlar, sadoqat, mehr-oqibat yemirila boshlandi. Oʻsha TOGʻlar faqat Arsen va Jaabarsning qalbida qolgan. Chunki ular garchi tamoman boshqa-boshqa mavjudot boʻlib dunyoga kelgan esalar-da, bir xil umr yoʻlini bosib oʻtdilar. Sof, tabiiy madaniyatning inqirozga yuz tutayotganiga, ajdodlar xotirasi unutilayotganiga, ona zamin boyliklarining yoʻqolib ketayotganiga kuyingan va shu tufayli jamiyatdan itqitib tashlangan erkin jurnalistu bir vaqtlar koʻhna togʻlar hukmdori sanalgan, endi esa oʻz toʻdasi tomonidan haydab yuborilgan qoplon “…yakkamoxov boʻlib qolgan boʻlsa ham, tiz choʻkib yashashga mahkum va qochqin ekanligiga…” tan bermadilar. Ularda “…voqelikka qarshi isyon pishib…” yetildi. Natijada bir burj ostida tugʻilgan ularning ikkovi ham bir paytning oʻzida, bir joyda halok boʻlishdi. Qizigʻi, oʻzlarining taqdirdosh ekanliklarini ana oʻsha damlarda anglashdi:

“– Sen ham shu yerdamisan? – dedi Arsen, xuddi eski tanishlarday”. Shunda “…togʻlar ustida guldiragan momoqaldiroq hayron qolganday aks sado berar ekan, “Nima gap oʻzi” deganday savol bilan murojaat qilar edi. Bulutlardan chaqnagan chaqmoqlar ham hayron edi…”

Mana, TABIATu uning rivojlanish yoʻli boʻlmish taqdir qudrati, mana, oʻsha buyuk ALOQADORLIKning bir namunasi.

Togʻ barsi kabi Arsen ham halokatga uchradi. Uni bundan ilgariroq TABIAT darakchilari – qaldirgʻochlar ogoh etishgandi. U yovvoyi tabiat bagʻrida, kimsasizlikda jon berdi. Biroq bu qurbonlik bekor ketmaydi. Endi Uzangilish togʻlari boʻylab kelgindi ovchilar otgan oʻqlar yangramaydi, Arsenning gʻoyalarini, ideallarini Elas kabi u bilan hamnafas, hamdard, hamfikr kishilar asrab, boshqalarga yetkazishadi. Arsen Samanchin fojiasidan keyin birdan hammaning, hatto qalbini alamzadalik va ochkoʻzlik egallagan Toshafgʻondek kishilarning ham koʻzi yarq etib ochildi. Demakki, ona tabiat barcha ziddiyatlarni oʻzaro bogʻliq holda zukkolik ila hal etadi. Chingiz Aytmatovning soʻnggi asari, “vasiyat”i ana shunday umidbaxsh va hayotbaxsh xulosa bilan yakunlangan.

Muallif haqida: Rustam Ibrohimov (Ibragimov) 1988 yilda Buxoro viloyatining Gʻijduvon tumanida tavallud topgan. 2006-2010 yillarda Buxoro davlat universiteti filologiya fakultetining oʻzbek filologiyasi boʻlimi (bakalavriat)da, 2011-2013 yillarda esa oʻzbek adabiyotshunosligi yoʻnalishi (magistratura)da tahsil olgan.
Italyan tili orqali uning Franko Sakketti, Leonardo da Vinchi, Jovanni Kapurro, Gratsia Deledda, Luiji Pirandello, Korrado Alvaro, Dino Bussati, Primo Levi, Jovanni Papini, rus tili vositasida Ivan Krilov, Mixail Lermontov, Valeriy Bryusov, Kosta Xetagurov singari ijodkorlar asarlaridan tarjimalari, Homer, Dante, Jovanni Bokkachcho, Migel de Saavedra Servantes, Genrix Geyne, Anton Chexov, Mark Tven, OʼGenri, Artur Konan-Doyl, Mixail Bulgakov, Gabriel Garsia Markes kabi adiblar ijodi boʻyicha yozgan qator ilmiy maqolalari matbuotda, internet sahifalarida, shuningdek, ilmiy toʻplamlarda eʼlon qilingan. 2011 yilda Yosh tarjimonlarning Doʻrmonda boʻlib oʻtgan birinchi respublika anjumani ishtirokchisi.
2013 yilda hammualliflikda yozilgan “Chingiz Aytmatov va XXI asr” monografiyasi “Akademnashr” nashriyotida chop etilgan.

DUNYO INSON UCHUN KERAK…
«Kassandra tamg’asi»romanidan
ostiga chizilgan satrlar
045

 Chingiz Aytmatov (1928-2008) — taniqli qirg’iz yozuvchisi, davlat, jamoat arbobi, diplomat. Qirg’iziston xalq yozuvchisi (1968). Qirg’iziston Fanlar Akademiyasi akademigi (1974). Qirg’iziston Qishloq xo’jaligi institutini tamomlagan (1953). 1956-58 yillari Moskvadagi yozuvchilar uyushmasi Oliy adabiyot kursi tinglovchisi. Asarlarini qirg’iz va rus tilida yozgan.
Ilk hikoyalari 1950 yillarda bosilgan. «Baydamtol sohillarida» (1955), «Yuzma-yuz» (1957) asarlari o’tkir syujet, kuchli ichki ruhiy ziddiyatlarga boy. «Jamila» (1958), «Sarvqomat dilbarim» (1961), «Bo’tako’z», «Birinchi muallim» (1962), «Momo yer», «Somon yo’li» (1963), «Alvido, ey Gulsari» (1966), «Tog’ va cho’l qissalari», «Oq kema» (1970), «Dengiz yoqalab chopayotgan olapar» (1977) kabi qissalarida inson qismati va muhabbat mavzui katta ehtiros bilan tarannum etilgan.
«Asrga tatigulik kun» (1980), «Qiyomat» (1986), «Kassandra tamg’asi» (1990) romanlarida, «Cho’qqida qolgan ovchining ohi zori» (M. Shoxonov bilan hamkorlikda) yozilgan roman-esseda zamonamizning umuminsoniy tomonlari, ona Sayyoramizning taqdiri, kuchli falsafiy, axloqiy, ma’naviy va ijtimoiy muammolar ko’tarilgan.
Aytmatovning asarlari jahonning 154 tiliga tarjima qilinib, 20 mln.dan ortiq nusxada chop etilgan (1999). «Sarvqomat dilbarim» («Dovon»), «Bo’tako’z» («Jazirama»), «Birinchi muallim», «Jamila», «Alvido, ey Gulsari» va boshqa ekranlashtirilgan, o’zbek va chet el teatrlarida sahnalashtirilgan. «Momo yer» asariga I. Akbarov musiqa yozgan. Aytmatovning qariyb hamma asarlari o’zbek tilida nashr etilgan.
Aytmatov o’zbek adabiyoti, umuman, o’zbek madaniyati tarixini yuksak baholab, «Qadim-qadim o’zbek madaniyatining O’rta Osiyoga ko’rsatgan ta’sirini ko’hna Vizantiyaning Qadim Rusga ko’rsatgan ta’siri bilan qiyoslash mumkin», deb hisoblaydi. Aytmatov O’zbekiston Respublikasining «Do’stlik» (1995), «Buyuk xizmatlari uchun» (1998) ordenlari bilan mukofotlangan. Qirg’iziston Respublikasida Xalqaro Chingiz Aytmatov nomidagi «Oltin medal» mukofoti ta’sis etilgan (1999).

045

091O’zliging bilan xoli qolish naqadar yaxshi fursat…

* * *

…nihoyat shuni ochiq tan olish kerak: biron kishi tomonidan qilingan yovuzlik shu kishining jismonan yo’qolishi bilan, hayoti so’nishi bilan tugamaydi, balki genetik o’rmonda azaliy urug’ shaklida saqlanib qolib, ehtimol bo’lmish iks soatni kutadi va belgilangan vaqtda portlaydigan minaga o’xshab o’zini namoyon qiladi.

* * *

Azal-azaldan insoniyatga nozil qilingan Ezgulik energiyasini va shu bilan birga ezgulikka qarshi Yovuzlik energiyasini hech kim o’zgartira olmaydi. Bular bir-biriga teng miqdorlardir. Lekin insonga abadiylikning bitmas-tuganmas harakatini o’zida mujassamlashtirgan aqliy afzalliklar ato qilingan va inson omon qolishni istasa, taraqqiyotning cho’qqilari sari ko’tarilishni xohlasa, u o’zidagi Yovuzlik ustidan g’alaba qilmog’i zarur.

* * *

Buni taqdir deydilar, taqdirdan esa qochib qutulib bo’lmaydi. Shuni tushunish muhimki, ana shu taqdir muayyan shaxs taqdiri bo’lsa ham, ayni vaqtda hammaning, butun jamiyatning taqdiri hamdir, chunki bu falokatning sabablari dunyoviy sabablardir.

* * *

Abadiylik o’z-o’zicha abadiydir, inson esa faqat bir yo’l bilan — avloddan-avlodga axloqiy jihatdan takomillashish yo’li bilangina abadiylik sari qadam tashlashi kerak. Taraqqiyot g’oyaning texnikaviy samarasidir, xolos.

* * *

Har qaysi kishi, hamma birgalikda, butun bani bashar bir bo’lib, falokat va illatlarga barham berishsa, hayotning istiqbolini yangilashlari mumkin. Bu xomxayollikmi? Yana xayolparastlikmi?! Yo’q, bu navbatdagi xayolparastlik emas. Bu tirik jonning omon qolish yo’li, boshqacha yo’l yo’q…

* * *

Baxt degani dillarning uyg’unlashib ketishi degan so’z.

* * *

Hayotda shunday yuksak daqiqalar bo’ladi: yillar davomida to’planib, kun sayin boyib borgan fikrlar birdan yashin yanglig’ yalt etib yuz beradi. Bunga, albatta qo’shimcha shart-sharoit — oiladagi inoqlik, o’zining ilmiy doirasida tan olinganligi, ya’ni insonning kundalik holatiga, ish qobiliyatiga har kuni ta’sir etadigan hamma narsa yordam beradi, buni esa juda oddiy qilib aytganda baxt deydilar.

* * *

O’limga davo yo’q, davo bo’lishi mumkin ham emas, o’lim haqdir.

* * *

«Inson qurol ishlab chiqarish uchun yorug’ dunyoga kelmasligi kerak!»

* * *

Koinot miqyosida inson umri pashshaning umriday gap. Biroq insonga tafakkur ato qilingan, shu narsa uning umrini uzaytiradi. Lekin aksi ham bo’ladi — keskin qisqartiradi ham.

* * *

Dunyo inson uchun kerak — odam uning asl mohiyatini tushunib olish uchun yaratilgan, shu bois ham dunyo turibdi.

* * *

Hozirgi kundalik hayotda «Bu bizning muammolarimiz emas», degan surbetlarcha ibora tarqalgan.

Zamira Ro’zieva tayyorlagan

09

(Tashriflar: umumiy 3 532, bugungi 1)

Izoh qoldiring