Намоздан сўнг тин олди. Вужуди енгиллашиб, боши ойдин бир ҳолатга тушди. Бу ҳаловатли онларни қизғандими ёхуд бутун борлиғидаги нурли жимирлашдан сархуш бўлдими, ҳадеганда ўрнидан туравермади. Бошини қуйи эгиб, зикрга берилди. Бу ҳолат анча узоққа чўзилди. Ахийри “Ассалому алайкум” дея саждадан турди…
Наби Жалолиддин
ИККИ ҲИКОЯ
Наби Жалолиддин 1962 йил 2 майда Андижон вилояти Избоскан туманининг Жонобод кишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1993). «Ялпизли кеча» (1993), «Ҳур нидо» (1996), «Ўлимнинг ранги» (1998), «Сен билан қолмайман» (2002), «Эркаги бор уй» (2005) каби шеърий ва ва насрий асарлари, «Хайём» тарихий романи, буюк ўзбек шоири ва ёзувчиси Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ҳақидаги «Тегирмон» номли романи нашр этилган.
А. Камюнинг «Калигула» асарини ўзбек тилига таржима қилган.
ТЎРТ ТОМОН ҚИБЛА
Ёзувчи Баҳодир Мурод Алига бағишлайман.
Шом намозини тугатгач, “Ё Оллоҳ!” дея қийналиб ўрнидан турди. Жойнамози — чакмонини ердан олиб, базўр қоқди-да, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб кийди…
Осмоннинг қонталаш чети қимтилаётган лаб каби кичрайиб боради. Осмонга туташиб кетган адоғсиз даштнинг ўт-ўланлари қизғиш тусидан айрилиб, лаҳза сайин ёпирилиб келаётган тун қаролиғига қоришмоқда. Кўкиш осмоннинг иккинчи бир четида юлдузлар милтирай бошлади…
— Оллоҳу акбар! Оллоҳу акбар!..
У ҳорғин одимлайди. Оёқлари яланг бўлгани учун босаётгани тошми-кесакми, фарқсиз, ҳатто қақраган даштнинг садоқатли фуқаролари бўлмишсертикон ўтлар ҳам писанд эмас. Ҳар қадам ташлаганида қуму тупроқни бироз қўзғатади-да, кетаверади. Баъзан оёғи чуқурроқ жойга тушиб, хиёл тебраниб кетади. Бир фурсат тўхтаб, куч тўплайдими ёхуд лабларида тинмай айланаётган буюк сўз қувват берадими, яна йўлида давом этади.
— Оллоҳу акбар! Оллоҳу акбар!..
Ортидан эргашган ит тинмай у ёнидан-бу ёнига ўтади, бесаранжом тимирскиланади. Унинг ҳарсиллаши ҳувиллаган биёбонда акс-садо бераётгандек. У киши очиққанида барча сезгилари кучлироқ ишлай бошлашини аввалдан яхши биларди. Ҳозир унинг қулоқлари чуқурдан-чуқур сувсиз қудуққа ўхшар, ҳарт нечук ожиз ун ҳам жаранглаётгандек шовқинли туюларди. Дунё бус-бутунича қулоқларига кириб кетаётгандек.
Туйқусдан тўхтади. Унинг тўхтаганини кўриб, дарров чўнқайиб, думи билан ерни супураётган, тилини осилтириб ҳарсиллаётган итга қаради. Туси тунга қоришган ҳамроҳининг ялтираган кўзлари ҳам унга тикилди.
— Эй, сак, кўпам бесабр бўлаверма! Оллоҳ ҳам бизнинг ризқимизни бирор жойга сочиб қўйгандир, илло сабр қил!..
Яланг оёқлар яна одимлай бошлайди, лаблар титрай-титрай пичирлашда давом этади. Даштнинг тўқ кўкиш осмон билан туташган четларига ҳар замон-ҳар замонда кўз ташлаб қўяркан, ҳали ҳориб улгурмаган, буюк соҳиби жамолнинг ишқида гирён бўлган шуурида турфа ўйлар чарх уради. Мана шу зим-зиёликдан ҳам ўзи бир умр интилган улуғ Яратгувчининг мислсиз ижодини кашф этгиси келади: “Улуғ Оллоҳнинг қудратини кўргиси келган одам мана шундайин чўлу биёбонларни кезиши керак. Илло атрофда бирорта дов-дарахт йўғу бўғзингга тиқилаётган ҳавонинг тозалигию хўплигидан бўғилгудек бўласан. Субҳоноллоҳ, субҳоноллоҳ!.. Тўрт томонинг қибла, бағрингда Оллоҳ, Оллоҳ бағрига бораверасан. Ё, Ҳақ таоло, қудратинг соясида мен бандангдан маҳфиратингни дариғ тутма!..”
У уч кундан буён туз тотмаганди. Очликка-ку бир нави чидаш мумкин, тағинки очлик унинг суюкли таоми. Аммо чўлнинг офтобидан ҳар сония куч олаётган ташналикни енгиш мушкул. Шу пайтгача қақраган бўғзини Оллоҳнинг номи ила намлаб келаётир. Лаблари борган сари бир-бирига ёпишиб бораётгандек, ҳар нафас олганда жизиллаб ачишаётган томоғи салқин тунни бутунича ютиб юборгиси келади. Эти суягига ёпишиб ҳилвираб турган танаси зирқираб оғрийди, оёқларига худди бир ботмон тош осилгандек ердан узгиси келмайди, минг азобда кўтарса-да, тиззалари араванинг мойланмаган ғилдираги каби ғижирлаб кетади. Лекин барибир қақраган лабларининг ёриқларидан ўша бир калима учаверади:
— Оллоҳу акбар! Оллоҳу акбар!
Ясси тепаликка кўтарила бошлаганида буткул мадори кетганини ҳис этди. Букилган тиззларига ҳорғин танаси оғирлик қилиб, қайтиб тиккаланмай қолди. Базўр икки-уч қадам ташладию ёнбоши билан ерга йиқилди. Ўсиқ сочлари бўйнию елкасини тўлдириб ястанди. Юзини соқол-мўйлов қоплаганидан ҳозир унинг қоронғуликни ёргудек бўлиб чақнаётган кўзларинигина илғаш мумкин эди, холос. У чалқанча ётиб, юлдуз тўла осмонга тикиларкан,ҳарсиллаб-ҳарсиллаб нафас оларди. Туйқус оғир бир ютинди-да, соқол-мўйлови титраб, хириллади:
— Шу бир жон не, ё Ҳаллоқ!..
У аслида ҳайқирмоқчи эди, лекин овози жуда паст чиқди. Унинг саволнамо бу гапида буюк бахшидалик бор эди.
Ҳалитдан буён атрофни тимирскилаётган ит келиб, унинг шалвираб ётган қўлини ялай бошлади. У бошини хиёл буриб, итга қараркан, ҳамроҳининг меҳрибонлигидан ҳийла мутаассир бўлди.
— Шайтоннинг макри бу, эй сак! Дилларимиз шунчалар ноқиски, шу пайт емишдан ўзгани демас. Нафс кўнгилни хиралантиргувчи ғубордир, билсанг. Нафс шайтоннинг содиқ хачири… Алҳамдулиллоҳ! Алҳамдулиллоҳ!..
Орадан бирмунча фурсат ўтиб, у ўзини бироз бардам сезди. Ўрнидан қўзғалиб, ёнбошидаги чуқурчага сурилди. Дўмликка суяниб, ўтирди.
— Ҳамма нарсани билгувчисан ўзинг, ё Раббим!
Чуқурчанинг чеккасида турган ўнг қўлини қимирлатмоқчи бўлувди, панжалари бир нарсага урилди. Бармоқлари беихтиёр ҳалиги нарсани пайпаслади. Қўлига олиб, кўзларига яқинлаштирди.
— Нон?!.
Аввалига ҳайратдан вужуди титраб кетди. Шу бир лаҳзалик ҳайратдан сўнг кўнглида уят ҳисси пайдо бўлди. Бағрининг аллақаерида ҳали ўлмаган шубҳанинг ожиз нафасини сезди-да, энтикиб калима келтирди ва осмонга қараб пичирлади:
— Меҳрибонлигингга ташаккур, эй Тангрим!.. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм…
У нонни тишлади, ғичирлатиб чайнай бошлади. Қоронғилик қаърида типирчилаётган ит думини ликиллатиб чийиллади. Ҳамроҳининг илинжини фаҳмлаган ҳожаси нондан бир бўлак синдириб, унинг олдига ташлади.
— Ол, е…
Ит шошиб нонга ёпишди. Унга оғзини теккизиб, бир-икки ҳидладию яна чийиллаб нари кетди. Чунки унга ташланган нарса бир парча кесак эди.
— Бу неъматингга шунчалар тотли таъм берган Ўзингга тасанно, Тангрим!..
Нонни еб, танасига қувват кирган бўлса-да, ташналик бадтар хуруж қила бошлади. Уни босиў ниятида оғзини тўлдириб-тўлдириб муздек тун ҳавосини ютди.
— Алҳамдулиллоҳ! Алҳамдулиллоҳ!..
Сўнг “ё Оллоҳ!” деди-да, дўнгликка тираниб, ўрнидан турди. Қуйига қараб, бир-икки қадам ташлади. Энди оёқлари аввалгидан дадилроқ ҳаракат қиларди… Чакмонини ечиб, хуфтон намозини ўқишга тараддудлана бошлади.
— Оллоҳу акбар! Оллоҳу акбар!
Намоздан сўнг тин олди. Вужуди енгиллашиб, боши ойдин бир ҳолатга тушди. Бу ҳаловатли онларни қизғандими ёхуд бутун борлиғидаги нурли жимирлашдан сархуш бўлдими, ҳадеганда ўрнидан туравермади. Бошини қуйи эгиб, зикрга берилди. Бу ҳолат анча узоққа чўзилди. Ахийри “Ассалому алайкум” дея саждадан турди. Яна бояги чуқурга бориб ёнбошлаши билан ташналик ўз ҳукмини ўтказа бошлади. Кўзларини юмиб, тамшанди. Оллоҳга шукр келтирди. Лекин кўз олдига бир коса жимирлаб турган сув келаверди. “Оҳ, баттол шайтон, макру ҳийлангга минг лаънат! — деган ўй кечди хаёлидан. — Одам жон таслим қилаётганда шайтон минг бир ҳийлалар билан бошига келар эрмиш. Агар киши ортиқ ташна бўлса, бир коса сув тутиб, Оллоҳдан юз буришни сўрармиш. Ё ҳақ куним келдиму, Оллоҳим?!. Йўқол, шайтони лаъин!..”
У ўз нафси билан узоқ олишди. Анчагача унга уйқу салтанатининг эшиклари очилавермади. Бўғзи куя-куя нигоҳларига одам боласининг бардоши етмас зулумот тўла бошлади. Сўнг бутун вужуди ўша қоронғулик қаърига цингаверди…
Ит эса бу маҳал олди оёқларига жағини қўйганича ухлаб ётарди…
Бирдан ёруғ бир маъвога чиқиб қолди. Қаршисида ям-яшил дов-дарахтларга лаб урган тип-тиниқ кўл жилваланиб турарди. Ҳали қаерда эканини англаб улгурмасидан қаёқдандир бир тўп гўзалдан-гўзал қизлар пайдо бўлишди. Уларнинг чиройли юзларидан кўзни қамаштирар даражада нур таралар, эгниларидаги оппоқ ҳарир кўйлаклари кўлнинг майин шабодасида ёқимли ҳилпирарди. Қизлар унга бирваракай ёпишишди-да, жулдур кийимларини еча бошлашди. У бу соҳибжамолларнинг гўзалликларидан жилмайишларидан ва охир-оқибат унга хуш ёқаётган ҳаракатларидан завқланар, маст бўлардию, аммо кўнглида ортиқ хоҳишга майл сезмасди.
Тим қора узун зулфлари унинг қорамтир юзини мастона сийпалаётган қизлар уни муздек кўл сувига элтишди-да, ювинтира бошлашди. У мислсиз ҳузурдан оҳ урди, қақраган бўғзи, ёрилган лаблари мой ялагандек майин-майин бўлиб бораверди.
Бу пайт чуқурчада ётган тананинг боши у ёқдан-бу ёққа силкинар, оғзи каппа-каппа очилиб, базўр инқилларди. Аллақачон уйғонган ит ҳожасининг атрофида типирчилаб айланар, гавдасини олди оёқларига ташлаб, кўзлари чақнаганча тисланиб-тисланиб, атрофга ҳурарди. Тинимсиз ҳурарди.тўлин ой юлдузлар юзига парда тортганда ҳожаси тинчиб қолди. Дашт бағрига фусункор бир ойдинлик кирди. Ит тойга қараб, чўзиб-чўзиб улиди:
— Оувв-вв!.. Увв-вв-вв!..
Ниҳоят ҳожасининг ёнига чўзилиб, тилло ойни кўзларига қамади…
Ит ухладими-йўқми, номаълум. Баланд, лекин ёқимли овоздан чўчиб тушди.
— Оллоҳу акбар! Оллоҳу акбар!..
У қулоқларини динг қилиб, атрофга тикилди.
— Оллоҳу акбар! Оллоҳу акбар!
Шунда унинг кўзлари юзида ой акси кўринган ҳожасининг кўксига тушди. Кўксининг чап қисми сўз оҳангига мос тарзда титрар кийимининг ўша ери кўтарилиб-кўтарилиб тушарди.
— Ашҳаду алла алаҳа иллаллоҳ!..
Итнинг боши бир томонга қийшайиб, кўзлари ҳожасининг кўксига қадалганча қотиб қолди.
— Ашҳаду алла алаҳа иллаллоҳ!..
Ашҳаду анна Муҳаммадур расулуллоҳ!
Ашҳаду анна Муҳаммадур расулуллоҳ!
Ҳайя алас-солаҳ! Ҳайя алас-солаҳ!
Ҳайя алал фалаҳ! Ҳайя алал фалаҳ!
Ассалоту ҳайрум минаннав! Ассалоту ҳайрум минаннав!
Оллоҳу акбар! Оллоҳу акбар!
Ла илаҳа иллаллоҳ
Шундан сўнг бир неча дақиқа ўтиб, ҳожасининг кўзлари очилди. Хиралашиб бораётган ойга, оқараётган уфққа бирпас тикилиб ётди. Кейин “ё бисмиллоҳ!” дедию ўрнидан турди. Устилан чакмонини ечиб, ерга қўйди. Кўзлари билан даштнинг майинроқ тупроқли жойини излади. Энди унинг ҳеч қаери оғримас, толмас, ҳар қадам ташлаганида учаётгандек туюларди…
У чўнқайиб, енгларини шимарди. “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” дея таяммум қила бошлади… Покланиб бўлгач, белидан белбоғини ечиб, юзу қўлларини ишқалаб-ишқалаб артди. Белбоғини қайтиб боғларкан, катта-катта очилган кўзлари уфққа тикилиб, чор атрофни оҳиста бир айланиб ўтди. Ҳохир унинг учун тўрт томон қибла эди.
Сўнг қулоқ қоқди:
— Оллоҳу Акбар!..
Нарида ётган чакмони ҳавода ҳилпирай-ҳилпирай учиб келиб, пойига тўшалди.
Ит жағини оёқларига қўйиб, ҳожасига тикилганча кўзларини такрор-такрор очиб-юмарди…
ЮРАК
Уйғонди. Шифти пастак (унга шундай туюлди), деворлари оппоқ (аслида ҳозир хира оқиш) хона кўзларига кирди. Қизиқ, ўйлади у, тонг отдими ўзи? Нега тонгни сезмаяпти? Қуёш қани? Осмон қани? Устидаги чойшабни суриб ташлади. Ҳаво ҳам ғалати. Остидаги билқиллама жой энди танасига хуш ёқмаётгандек. Шу пайт кўзи хонанинг бир томонини энлагудек мовий пардага тушди. Дарвоқе, унинг ортида дераза бўлса керак. Ўрнидан турмоқчи бўлганда юраги қаттиқ санчди. Чап кўксини чангаллаб, нажот илинжида яна жойига чўзилди. Кўзларини юмиб, лабларини қимтиди, чап қўли билан юрагининг остини силади. Оғриқ аста-секин чекина бошлаганда миясига шу ўй урилди: яқингинада ҳам юраги мана шундай — икки кафт орасида мижғилагандай бураб оғриганди. Қачон эди-я? Кўксидаги оғриқ анча пасайиб, кўзларидаги парда кўтарилди. Эслади, қишлоқда — катта анҳор бўйидаги тол тагида ўтиришганида юраги бир ушлади.
Уни ёш қаламкашларнинг пойтахтда бўладиган анжуманига, янаки халқаро анжуманига таклиф этишди. Рангли, нақшинкор таклифнома келди. (Шундай бўлиши ҳам мумкин-ку, ахир.) У эса на хурсанд ва на хафа бўлди: ёши қирқни қоралаб қолди, ёш ёзувчи деса бўладими ўзи уни? Шундай пайтда ҳамиша ўттиз, қирқ ёшга кирмай ўлиб кетган, аммо буюк шоир ёки ёзувчи сифатида тарихда қолган ижодкорлар эсга тушади. Бироқ У уларни ўйламади. Эҳтимол, одамзотнинг ёшлиги чўзилиб кетаётгандир ёхуд халқаро анжуманларда қатнашчилар ёши шундай ўлчанса керак-да, деди-қўйди. Кейин, нега энди мени таклиф қилишди, ахир бундай бўлиши мумкин эмас-ку, мен кабилар пойтахтда тиқилиб ётибди-ку, дея ўйлади. Аммо саволларига жавоб кутмади, уларни ташига ҳам чиқармади. Энг аввал ошнаси Ҳабий (Ҳабибилло)ни чақирди. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, пачоқ дарвоза пинжида Ҳабийнинг кийими шалвираб турадиган озғин жуссаси, мижғиланган латтага ўхшаш юзи намоён бўлди. У ўқитувчи — инглиз тилидан дарс беради. Унга бундай шаклу шамойилни ичкилик инъом этганди. Шаробхўрлиги рост, бироқ дарсга ичиб кирганини биров эслолмайди.
У қўлидаги таклифномани Ҳабийга узатди.
— Кўрмайсанми энди… — деб қўйди минғирлаб.
Ҳабий негадир таклифноманинг инглизча қисмини ўқиди, инглизча билишини намойиш қилгиси келдими.
— Зўр-ку, — деди кейин тамшаниб. — Буни ювиш керак, ошна.
— Шунга арзийдими ўзи? — яна минғирлади У. Кимнингдир сигири туққанида ёки Сурма холанинг тул қизи эрга текканида, қўйингки, яна кўплаб ана шундай «тантаналар»да тўйиб-тўйиб ичганлари ҳозир эсига келмасди.
— Нима деяпсан-эй, ахир бу международний анжуман-ку. Ҳозир Дийқондиям (Деҳқонбойни демоқчи) чақирамиз, — деди Ҳабий тараддудланиб. Сўнг ичкари томонга овоз берди: — Хотин, ҳозир келаман.
Хотини норози овозда нимадир деди. Лекин у бунга парво қилмай, дўстининг елкасидан сурди.
— Юр, кетдик.
Деҳқонбой ҳам икковига синфдош — ғирт бекорчи, «хотинбой акаси»нинг содиқ фуқароси. Унинг уйи уч-тўрт эшик нарида. Ҳали дарвозасини қоқмай у чорпахил гавдасини икки ошнасига ҳадя этди.
— Тол тагига борамизми? — деди ҳали сўрашиб-сўрашмаёқ.
— Аввал қуролланиш керак, — дея «қурол»га яраша пул чиқиш-чиқмаслигини ҳадиксираб чамалади Ҳабий.
Дийқон чўнтагидан пул чиқариб, узатди.
— Хотинимдан ўғирладим.
— Хайрият-эй, сендаям пул бўларкан, — деди Ҳабий ярми ҳазил, ярми чин оҳангида.
— Машна десанг жа хапа бўб кетаман-да, — қовоқ уйди Дийқон.
— Бўпти-бўпти…
Ҳабийнинг гапи оғзида қолди.
— Бугун мен эрийман, — деди У чўнтагидан бир даста пул чиқариб. — Ахир бу ўтириш менинг шарафимга-ку. Ма, — пулни Ҳабийга берди. — Иккита «бомба» ол, колбасаям…
Ҳабий билан Дийқон яйраб кетди.
— Мана бу ҳақиқий шоирнинг иши бўлди, — дейишди тантанавор қилиб. Негадир улар Уни ёзувчи бўлса ҳам шоир деб аташарди. Жарангдорроқ туюлармиди.
Бу орада қишлоқ гузарига етиб қолишганди. Ҳабий пешонасида жимжимадор ёзуви бор ойнаванд дўконга кириб кетди.
— Биз Сурма холадан ҳол-аҳвол сўраб турамиз. — дея У Дийқонни ўнг тарафдаги халқ «бўтка» деб атайдиган ихчам ёғоч дўконга бошлади. — Закискаси шияғда бўлатта, а?
Сурма хола бети қип-қизил (буни ҳар ким ҳар нарсага йўяди), бўлагина, ёши олтмишдан ошган кампир (шундай замонда уни кампир дейиш ҳам гуноҳ) эди. Қош-кўзидан ўсма-сурмаси (бўёқ-сўёғи) аримасди. Ким билади, ўзини яхши кўрармиди ёки яна кимларгадир яхши кўринишни истармиди. Бўткаси эса ҳов ўша замонларда ҳам бўлгувчи эди. Унда бу ерда эри раҳматли ўтирарди. Ўзиям қош-кўзи тутаб (яъни ёниб) турадиган чиройлигина одам эди. Маҳалла-кўйнинг айтишича, уларнинг бир ўғил, бир қизи кўпроқ Сурма холага тортганди. Ўғлини уйлашганидан сўнг қош-кўзи бинойидек эр қирчинида қайрилди. Биров у, биров бу, деди. Эр қаро ерга, ўғил хотинга кетди. Кўп ўтмай, Сурма хола тул боши билан қийралиб-чийралиб қизини чиқарди. Бироқ куёв бўлмиш келинни кўпам суявермади. Онасига қўшилиб ўтирса — ўпоқ, турса-сўпоқ деб юриб, бир йилга етмай юмшоққина ҳайдаб солди…
Хуллас, бу учови Сурма хола қизини иккинчи бор узатганда роса тўйиб ичишганди. Дийқон уни ёқтириб қолганди-да. Хотини бўла туриб ёқтирганди (шу ерига ҳамма ўз шевасидаги сўкишни қўйиши мумкин). Қизини иккинчи бор узатишидан олдинроқ нима бўлганини биров билмайди, лекин бир сафар Дийқон дўконга нон сўраб борганида Сурма хола бермаган. Бермагангина эмас, қалампир-туз қилиб ҳайдаган. Энди эса Сурма хола Дийқонга пинак ҳам қоқмайди.
— Ҳм-м, болларим, келиш (келларинг), -деди кампир нигоҳини аллақаерларга олиб қочиб.
— Невара катта бўляптими, ишқилиб? — Дийқоннинг унга ёқишга уринаётганлиги сезилиб қолди.
Уни бир туртди.
— Иккита нон, бир кило помидор, ярим кило пиёз беринг, хола, — деди кейин чўнтагидан пул чиқариб.
Ҳабий кўринганда булар ҳам савдоларини битиришганди.
— Бўпти, Сурма хола, — деб қўйди беихтиёр Дийқон дўкондан нари кетишаркан. — Қизийзга салом айтинг.
— Хўп, — деди кампир ҳамон кўзларини бир ёқларга яшириб. — Кўп ичишмагин, ҳўй, боллар?
Анҳорнинг эни салкам тўрт метр келади. Ўзиям лим-лим оқади, суви тиниқ. Икки томони тупроқ йўл. Йўл чети ажриқ. Болалар чўмиладиган ердан нарироқда йўлга ёнбошлаган қари тол бор. Шу уларнинг паккаси.
— Арағинг муздекми? — деб қолди толга яқин келганда Дийқон.
— Билмадим, — битта арақни халтадан олиб чангаллади Ҳабий. — Арақдақа арақ.
— Сувга ирғит. Рўпарамизга келгунча хийла совиб қолади. Совумаса яна отамиз.
— Йўғ-э… — ишонқирамай унга қаради Ҳабий. — Оқиб кетса, омма…
Наҳотки арақ оқса, деган фикр урилди Унинг шуурига.
Ҳабий арақни қулочкашлаб анча нарига отди. Шиша «чўлп» этди-ю сувга чўкди. Учовлоннинг кўзи ўша ёқда — ана чиқади, мана чиқади. Йўқ, наздларида арақ сув бетига чиқиши лозим бўлган муддатнинг икки-учтаси ўтди. Аммо мудом шиша кўринмасди.
— Арақни единг, ҳўй! — дея Дийқонга қўлини бигиз қилди Ҳабий.
У мийиғида бир кулиб, тол остидаги ажриққа ўтирди: демак, арақ оқмаскан.
— Бор, обчиқ! — ўдағайлади Ҳабий. — Уч кишига битта арақ нима бўлади?
Дийқон қўлидагиларни ерга қўйиб, ечинди. Анҳор ёқасига келиб, аввал қулоғу бурнини хўллади: сув кирмасин дедими ёхуд танасини сувга мосладими, кейин ўтирган кўйи сувга калла солди ва оқимга қарши суза кетди — арақ тушган жойни мўлжаллади.
Ҳабий кўйлагини ечиб, тол шохига илаётганда У ажриққа ўтирди. Дийқон қўйган нарсаларни пайпаслаб, помидор ва пиёзни олди.
— Пичоқ олмабмизу? — деди шимини ечайми-эчмайми деб турган Ҳабийга.
Ҳабий шимини ечмади. Дийқоннинг ажриқ устидаги шимини кўтариб, у ёқ-бу ёғини чангаллади.
— Унда пичоқ бўлади, — деди сўнг шим чўнтагидан чалбузар чиқариб. — Алкашда ҳамма нарса бўлади.
У тўртта помидорни ювиб, бўлаклаб қўяқолди. Пиёзни парраклаб тўрғади, нонни синдириб (ушатиб) халта устига қўйди.
Дийқон шишани узоқ қидирди, шўнғиб-шўнғиб қидирди. Бир пайт «топдим» дея ҳайқириб юборди. Азот кўтарилган ўнг қўлидаги шиша бўлакча ялтираб кетди.
— Топмасангам ўлардинг-да, -деди таъна қилган бўлиб Ҳабий ажриққа ўтираркан.
Шунда Унинг юраги қаттиқ бир санчди, сўнг ости буради. У кўзларини юмиб, жим қолди, оғриқнинг ўтиб кетишини кутди. Ҳабий ҳам, сувдан чиқиб келган Дийқон ҳам унинг ҳолини сезишмади.
— Ма, арағийни, — деди Дийқон шишани Ҳабийга узатиб.
Унинг юрак ости яна сиқди: бу дўстларининг унга, бир-бирларига бўлган беғубор меҳриданмиди?.. Киприкларининг ости ачишди. Ахир юраги олдин ҳам шунақа оғриганди-ку…
Аввал онаси ўлди — ювошгина, тўпоригина онаси охиратга кетди. Ўшанда У қиёмат, сўроқ-саволу жазони ўйларкан, наҳотки мана шу бир умр ўзи суйган емишини тўйиб емаган, бошқаларда гуноҳ ва айниқса, ўзига нисбатан ёмонлик бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган, ҳозиргиларнинг тош-тарозусида ўлчаганда, на ҳаётни ва на ўлимнинг не эканлигини билмаган, балки буларнинг бари болаларим, эрим, деб тушунган онагинамда ҳам гуноҳ бўлса, наҳотки у ҳам жазога тортилса, дея ўртанганди. Онасини тупроққа топширган куннинг оқшомида ҳам юраги қаттиқ-қаттиқ санчганди.
Ҳа, биргина онаси, ёлғизгина онаси унинг истеъдодига ишонарди. Йўқ, онаси раҳматли на охират ва на дунё илмини биларди. Аммо ўғлига, унинг ҳеч кимга ўхшамаслигига ишонарди.
Кейин У етим бўлди, кап-катта ёшида етим қолди. Аслида эса дунё етим қолди, деб ўйлади. Яхшики, дўстлари — Ҳабий билан Дийқон бор эди. Гоҳо ичиб, гоҳо ёзиб, гоҳо қишлоқни кезиб, гоҳо дўстларига ўхшолмаганлигидан афсусланиб яшайверди. Лекин Худо фарзанд бермади. Ҳар гал хотинини ростмона қучоқлаганида «Нега?!», дея ҳайқирмоқни истарди. «Нега ахир, тани-жоним соғ-ку», дерди-ю юрагини чангалларди.
Бир йил олдин хотини қазо қилганда эса юраги бўм-бўш бўлиб қолди. На йиғлади, на кулди, на сўз деди, тўнни кийиб, белбоғни боғлаб, дўппи остида мунғайиб, жим ўтираверди.
У Ҳабийнинг қўлидан пиёлани оларкан, гўё арақни ичгиси келмаётгандай ўзидан нари сурди, иккинчи қўлининг икки бармоғида бир бўлак помидор.
Раҳматли хотини ҳар йили кузда пахтага чиқарди. Куз кунлари қисқариб боради, ёзнинг узундан-узоқ кунларига кўникиб қолган кишининг кузга кўникиши қийинроқ кечади. Хотини эрталабданоқ пахтага кетар, У эса чой-пойини апил-тапил ичиб, ишига шошарди. Энди билса, ишда ҳам фақат ва фақат пахта ҳақида гапирилган, ўйланган экан. Хотини шом маҳали қайтарди. Сезгир нигоҳ ҳориб-чарчаб, қорайиб, чанг-ғуборга ботиб қайтганини осон пайқарди. Юз-кўзидан, қани энди эрим менга ҳеч нарса — на овқат ва на бошқа нарса, демаса, деган маъно ёғилиб турарди. Унинг хотинига раҳми келарди — на овқат ва на бошқа демасди. Мундоқ ўйлаб қаралса, дегулик ҳам бўлмасди. Хотинининг зўрма-зўраки пиёз тўрғашига қараб туриб, «хотин, дамингни олавер, қорним тўқ», деб юборарди. Ё ростдан ҳам гоҳо қорнини кўча-кўйда тўйғазиб келарди. Хотини ўзининг чарчаб, зўрға турганлигини хаспўшлашга уринармиди, «иккитагина тухум қовуриб берақолай», деб қоларди. У кўнмасди. Шунда хотини енгил нафас оларди-да (эрим сезмаяпти, деб ўйлаб), иккита помидор ёки битта олма билан нон чайнаб қўя қоларди. Ўша ҳаётмиди? Умуман, биз яшаётган мана шу ҳаёт ҳаётми? Яна сўроқ-савол ёдига келади ва ўшал жавобгарлик нимага нисбатан олинишини ўйлайди. Наҳотки хотинида, ҳа-ҳа, ана ўша хокисоргина, камсуқумгина хотинида ҳам гуноҳ бўлса? Унда нима нимага нисбатан гуноҳ дейилади? Ўшанда ҳам юраги қаттиқ санчди.
У арақни сипқориб, помидорни газак қилди.
Эртаси Ҳабий билан Дийқон уни пойтахтга кузатиб қолишди.
Анчагача мовий пардага тикилиб (гўё тикилиб) ётди. Санчиқ чекиниб, юрак уриши меъёрлашди.
Барибир туришим керак, пардани суришим, осмонни қидиришим керак. Парда сурилгач, осмонни қидириш на даркор, эй, Ҳабий айтмоқчи шоир, деди ичида. Ахир мен шоир эмасман-ку, деган нидо келди яна ичидан. Ахир мен шоир эмасман-ку! Барибир пардани икки томонга суриб, осмонни кўрди. Қуёш чарақлаб ётарди. Тўққизинчи қаватда эмасми, осмон шундоққина бўғзига тиқилгандай бўлди. Бет-қўлимни ювай, кейин чой ичаман, деган ўй кечди хаёлидан. Ювиниб чиқиб, нарсалари турган хонага ўтди. Сумкасини полдан олиб, думалоқ стол устига қўйди. Хом чойни топиш илинжида ковлана кетди. Сочиғини, совуну тиш ювгичларини беихтиёр бир-бир пайпаслади, уларни стол устига олди. Хом чой ўз идишида эди, совуннинг ҳиди урмагандир. Чойни қўлига олгани ҳамоно сумкасининг узун оқиш боғичи узра ўрмалаётган қумурсқага кўзи тушди. У узумнинг ёхуд шафтолининг шохида, нари борса, одамнинг танида ўрмалаётгандек секингина ва балки оҳистагина, бир маромда борарди. Ие, бу ерга қумурсқа қаердан келди, ўйлади У. Наҳотки шундайин жойларда ҳам қумурсқа бўлса? Диққат билан қумурсқани кузата бошлади — эҳтимол бирон муддаоси бордир, ўйлади сўнг. Тўхта-тўхта, у шўрлик уйда — қишлоқда сўмкага кириб қолган бўлсачи? Дийдаси юмшади, йиғлагиси келди-да, яна юраги санчди, бироқ бу санчиш хуш ёққандай бўлди. Салом, ватандош, пичирлади лаблари, ёлғиз қолмасин дебсанда-а? Қўлидаги хом чой кўзига илинди-ю, дарвоқе, Хемингуей қаҳвани яхши кўрарди шекилли, деган ўй урилди миясига. Хом чойни столда қолдириб, ошхона томон ўтди. Инглизчасига «Қаҳва» деб ёзилган аппаратнинг мурватини босди. Жўмрак остидаги финжонга қўнғир қаҳва қуйилди. Хўплади. Намунча тахир бўлмаса? Ёнбошда оққанд турарди. Аммо у қаҳвани қайтиб хўпламади-да, финжонни жойига қўйиб, ювиниш хонаси сари юрди: бир чўмилай.
Ювиниб бўлгач, хафсала билан соқолини олди. Кейин чала дазмолланган иккита кўйлагининг бирини танлаш учун роса уринди. (Шимни танлашга эса ҳожат йўқ, чунки у биттагина эди холос) Қай бирини кийсам ҳам манови ҳашаматли меҳмонхонага-ю бу улкан шаҳарга барибир мос келмайман, деб ўйлади беихтиёр. Анжуман эртага бошланаркан. Қатнашчиларнинг ҳар тарафлардан келишларини ҳисобга олишгандир-да. Демак, бугун шаҳар айланса бўлади. Қизиқ, нега энди айнан мана шу айланиш сўзидан шунчалар кенг маъноли қизиқ сўз ясалганикин-а? Шаҳар айланса бўлармиш. Балки ён-веридаги хоналарга ҳам шоиру ёзувчилар жойлашишгандир? Бирортасини танирмикин? Қаёқданам танисин, нарёқларни-ку қўйинг, қўшни давлатларнинг ҳозирги ёзувчиларидан биронтасини танимайди-ку. Тағин дунё адабиёти, деб лоф-қоф уришларига бало борми? Бошқа вилоятлардан ҳам келишганмикин? Халқаро анжуманга вилоятдагиларни ким ҳам айтарди? Уни балки ўша ҳикояси учун… Ўтган йили битта ҳикоясини — «Одам»ни кимдир ўрис тилига таржима қилиб, Русиянинг қайсидир журналида чоп эттирибди. Кейин уни инглизчага ўгириб, чиқаришибди. Ўзи булардан бехабар эди. Яқинда ўзимизнинг аллақайси газетада бу ҳақда ёзишганини эшитиб қолди. Ҳа-ҳа, эшитиб қолди. Чунки ўзи яқин-ўртада газета ёки журнал ўқиганини эслолмайди. Ёзувчининг аҳволини қаранг… Хуллас, ана ўша «Одам» учун уни буёққа таклиф қилишган. Энди уни чет элларда ҳам билишади. У мийиғида кулди: қишлоғингдаги ярим одам танимайди-ю, чет элда ким ҳам танирди сени. Ўзинг Толстой, Достоевский, Булгаковдан бошқасини билмайсану… Демак, шаҳар айланади. Эшикни қулфлаб, коридорда бирпас туриб қолди: эшиклардан бири очилиб, таниш шоирми, ёзувчими чиқишини кутди. Аммо ҳадеганда эшиклар очилмади, коридор жим-житлигича тураверди. Нима бало, ҳеч ким йўқми? Шу пайт қишлоғида Ҳабий, Дийқонни чақиргандек ҳайқиргиси келди. Юраги яна ғалати бўлиб кетди. Оғир ютиниб, чап кўксини силаганча лифт сари юрди. Лифт ўйлаганидан кенг эди. Лекин ҳеч ким чиқмади. «1»ни боссам бўлди, пастга олиб тушади — ўйлади. Ишқилиб шарманда бўлмай-да. Бир нарса бўлса-ю, бирон киши «нега буни босдинг», деб қолса нима дейман. Кеча нотаниш ҳамроҳлар билан чиқиб олган эди. Энди эса… «1»ни босди. Лифт жилганини сезди-ю, бироқ қарийб овози эшитилмади. Қишлоғимда осон юрардим, оёғим остида ер бор эди. Бу ерда эса мавҳумлик, муаллақлик. Агар истасам қишлоғимда уча оламан (бу энди қаҳрамоннинг ўйлари, кулманг), ҳудди оппоқ (фақат оппоқ) капалакка ўхшаб. Лекин бу ерда учолмайман. Йўқ, манови менинг қувваи ҳофизамга сиғмас ҳашамат ёки мендан ҳадсиз даражада машҳур, балки зўрроқ одамлар (борингки, ёзувчилар) борлиги учун эмас. Йўқ, асло. Бунда ер йўқлиги учун ҳам учолмайман. Осмон бор, лекин ер йўқ. Мен қишлоғимда капалак бўлиб уча олардим (ёки оламан). Лифт тўхтади. Ёки сен ростдан ҳам зўр ёзувчисан, ё бор-йўғи хаёлпарастсан, деган фикр урилди миясига.
Шаҳар нима учун шаҳар? Осмонўпар баланд бинолари, текис йўллари, беадад одамлари борлиги, яна тағин қарийб дарахтлари, тупроғи йўқлиги учун шаҳар. У буларни ўйламади ва ҳатто шаҳарни жуда-жуда кўргиси келди. Ахир яна қачон буёқларга келади-ю? Шаҳарни ё яхши, ё ёмон кўргани учун кўришни истамади, шунчаки, кўргиси келди. Овозютгич эшик остонасидан хатлаши ҳамоно унча кўникмаган, лекин телевизор ёки киноларда кўрибми, хотирасининг аллақаерида мана шу шаҳар овози, дея сақланган шовқин ичра қолди. Гўё қалин дарахтлар каби ўсган бинолар, ранг-баранг ёзувлар, турган ва юрган сон-саноқсиз автолар, текис йўл (йўллар), турли тарафга шошаётган беҳисоб одамлар, ниҳоят, овозлар, қоришиқ овозлар қулоғини батангга келтирди. Барибир шаҳар яхши, ўйлади беихтиёр. Аммо шуурининг бир буржида, «шу сенинг гапингми?», деган ўй ҳам балқиб қўйди. Биров билан бировнинг иши йўқ. Ҳамма қаёққадир боради ва ҳатто шошади. Мана, масалан, йўлнинг нариги бетида турган ҳов анови қизни олайлик: оппоқ тор шиму майкаси (бу матоҳни яна қандай аташ мумкин, билмайди), пошнаси узун туфлиси ўзига бағоят ярашган. Қош-кўзи қора, лекин сочи малларанг. Агар шу қиз, уларнинг қишлоғида, боринг, ана, майли, одам кўпроқ тўпланадиган сурма холанинг «бўтка»си олдида мана шундай аҳволда турса нима бўлади? Бировнинг иши бўлмаслиги мумкинми? Энг аввало Сурма холанинг қип-қизил бети янаям олланиб, қизғиш тўрлайди. Шиппагу футболкада юрган ёш-ялангнинг кўзи чақнаб, «воау-у» деб юборади. Ҳабий билан Дийқон эса… Йўқ, улар бирров қараб-нетади ва балки у ер-бу ерлари сал-пал жимирлаб ҳам қўяди-ю, аммо эътибор бермасликка уринади. Қари-қартанглар эса унинг миллати-ю, кимнинг қизи ёки қариндоши эканлигини суриштиришади. Бу қолоқликми-йўқми?.. Шаҳар — шаҳар, у ерда бунақа гапларнинг қизиғи йўқ. Шунинг учун ҳам эҳтимол кўплар эркинлик истаб — билганини қилса бировнинг иши бўлмаслиги учун ҳам шаҳарга талпинар.
У сўлга бурилиб, йўлак бўйлаб оҳиста юра кетди. Рўпарасидан, ортидан келаётган одамларга қоришиб юрди. Икки ёнидан ўтаётган одамларга беихтиёр эътибор бераркан, аслида улардан фарқ қилмаслигини, бир вақтнинг ўзида, уларга мутлақо ўхшамаслигини англади. Атрофидагилар бағоят пўрим эдилар. Улар буни сезармидилар ва ёки унинг ўзларидан бундайроқ, умуман олганда, фарқ қилишини пайқармидиларки, У билган ҳаддан ўтгулик виқорли эдилар. У бўлса, ўзининг ташқи қиёфасига, борингки, уст-бошига эътибор бермаса-да, айни пайтда, ҳамма. ҳа-ҳа, ҳамма ўзидан юқорида эканлигини фаҳмлай, нари борса, шундай ўйлай бошлаганди. Мен кимман, деган фикр шуурига тобора чуқурроқ ўрнаб борарди. Ҳеч ким эмасман-ку ахир. Бор, ана, Хемингуейга ўхшаган бир ёзувчидирман-да. Камтаринликни қаранг — Хемингуейга ўхшаганмиш. У мийиғида кулди — сен на нафақат Хемингуей, балки ўзбек танқидчилари томонидан умуман тилга олинмаган ёзувчичалик ҳам эмассан, мулла! Шунинг учун ўзимга ўхшаган одамларни топганим маъқул — бу унинг айни пайтдаги ҳукми эди, ҳар ҳолда, ҳеч қурса, ҳозиримни енгишим осон бўлади. Шу ўй хаёлидан ўтиши ҳамоно ўзбекнинг кичикроқ миллий сандиғидай келадиган бир жуфтдан сумкаларини кўтарган (аниқроғи, судраётган) икки аёлга кўзи тушди. Улар ўзи тенги эди, чамаси, бироқ, катта хотинларга ўхшашарди. Тижоратчиликка чалинган бу аёллар қишлоқнинг У билган содда (аслида устомон), бирёғини айтсанг, турмушнинг муштлари танини моматалоқ қилган, бола-чақаси учун жонталош бозорчилар эдилар. Қишлоққа мол олиб кетардилар чоғи, оғир сумкаларини йўлнинг нариги бетига ўтказишга уринардилар. У шаҳд бориб сумкаларнинг бирини тутди:
— Мен олиб ўтишиб қўяман.
Икки аёл туйқус бир-бирларига маъноли қарадилар: «Шунақаси ҳам бўлиши мумкинми?» — деган савол зоҳир эди нигоҳларида.
— Хушёр бўл, кийимидан шаҳарликка ўхшамайди, — дея шипшиди аёлларнинг бири иккинчисига. — Сумкани уриб кетмасин.
Бу гапни У ҳам эшитди. Тутган сумкасини ерга қўйди. Аввал кафтларига, сўнг салкам ғижим кўйлагига боқди. Бироқ шуури аёлларнинг гапи-ю кўйлагининг ҳолатидан уйғунлик топиб, маъно чиқаролмади. Йўлак томон чекинди.
— Ана, айтмадимми, — дея пишиллади яна ҳалиги аёл. — Сезганимизни сезиб қолди.
Қизиқ гап, ўйлади У, «сезганимизни сезиб қолди», дейиш учун одам камида шоир бўлиши керак. Уни ҳатто ўзининг «қишлоқилари» ҳам қабул қилишмади.
У у ёқдан-бу ёққа ўтаётган турфа одамлар аро йўлак ўртасида тек қотди. Ана энди қайси томонгадир албатта юриши керак. Қаёққа юрсин — ўнггами, сўлгами, тепагами, пастгами? Аммо нима бўлганда ҳам юриши шарт. У рўпарасига юрди — ҳар қалай нимадир бўлар. Одамлар бунча кўп-а? Аслида кўплиги яхши. Лекин… Ҳуддики ўрикзор, олмазор, бодомзор дегандек бу дунё одамзорга ўхшайди. Дунё — одамзор. Шундай экан, нега энди одамзорнинг заволи бунчалар мўл? Бас қил, фалсафангни, ўзига танбеҳ берди У, сен одамзор ичра эмас, йўлакда у ёқдан — бу ёққа ўтаётган одамлар орасида бир одам, яъни уларнинг бир бўлаги сифатида бораяпсан. Бор гап шу — уларнинг ҳар бири сени ҳам шунчаки йўлакдан ўтаётган одам, деб билади, вассалом. Лекин нима бўлганда ҳам «сезганимизни сезиб қолди», деган жумла зўр чиқди-да — тап-тайёр ҳикоя, эҳтимол шеърдир.
У сўлга бурилиб, яна оҳиста, ўйчан одимлади. Ўйлари қовушмади. Шаҳар шунчалар шовқин бўлишини авваллари сезмаган экан. Балки манови одамлар, кўзлари ўнгу сўлдан ва умуман ҳаммаёқдан ҳар қаёққа ўтаётган, аксарият шошаётган одамларни бир қур «чўқилаб» ўтди, шовқинни мутлақо эшитишмас, ундаги сезиш қулоқларининг, вужудининг сокинликка кўникканлиги туфайлидир. Тавба, наҳотки мени на шаҳар, на ҳаммани, ҳар нарсани қабул қилиш тугул ютиб юборадиган манови одамлар ва ҳатто, бир жиҳати, ўша онда ўзимники, дея ўйлаган ҳалиги хотинлар ҳам ҳазм қилолмасалар-а? Қизиқ сўз — ҳазм қилолмасалар, ҳазм қилиш учун ейиш керак-ку ахир. Унинг лаблари қайрилди — жилмайди. Ҳа, энди буям бир халқ иборасида, Ҳабий айтмоқчи, эй, шоир.
Бу ерда осмон икки чизиқ орасида бўларкан. Чор тарафингда, айниқса, икки ёнингда баланддан-баланд бинолар. Нигоҳинг билан то осмонга етгунча бир ютиниб оласан — осмон қани, дегинг келади. Бироқ ва ниҳоят етасан, етасану шу туришингда, яъни пастда турганинг ҳолингда осмонни чамалайсан, оқу қора булутларини излайсан, осмон эса билганингдек, тушунганингдек кенг эмаслигини пайқаб қоласан. Осмон шу холосми, дейсан, нигоҳингни қуйи олиб, кўрасанки, у бинонинг илк четидаёқ тугайди…
У ўзини тушкун, мижғов, борингки, қўштирноқ ичида рутубатли одам, деб билмайди. Онаси ўлди, чидади, ҳатто кўз ёшини ҳам биров кўрди-кўрмади. Хотини ўлди, чидади, ҳатто фарзандсизлиги ҳам уни изтиробу қийноқдан ўзгасига рўбарў этолмади. Кейин эса ёлғизлик… ёлғизлик. Ҳатто, ҳа, яна ҳатто адабиёт ҳам (бу энди унинг ўйи, азиз ўқувчи) дардига малҳам бўлолмади. У оёғи остидаги қумурсқадан то коинот қадар бўйчан ва уларнинг ҳамма-ҳаммасига масъул эканлигини англаб қолди. Йўқ, аслида англаганини ўзи англамади. Шу ҳолига уни тушкун, дейиш мумкинми? У тушкун эмас. Аммо инсониятнинг ёзма, ноёзма хотираларидан аёнки, бошиданоқ аксарият жамиятлар шоирларни (бошқача тушунмангу, Ҳабий айтмоқчи, У ҳам шоир-ку) унчалик хушламаган, хушламагангина эмас, улардан сақланишга уринган. Чунки улар ҳар бир нарсанинг ёки воқеликнинг ўзга маъноларини топишга ёки тушунишга уринганлар. Шундай экан, шоирлар эмас, бу дунё, балки бутун коинот тушкун… Ахир сен шоир эмассан-ку…
Барибир бу ерда осмон икки чизиқ орасида.
Рўпарада кучук етаклаб келаётган малласоч кампир кўринди. Кучуги ҳам малла, бунинг устига паҳмоқ эди. Сезгир назар кампирнинг серажин юзидан, ажинлар аро милтираган кўзидан, унинг бутун жону жаҳони, соддароқ айтганда, овунчоғи ёлғиз мана шу кучук эканлигини пайқаш мумкин эди. Кучук завқ қўзғар даражада ёқимтой бўлиб, тимирскиланиб, ўзини у ёқ — бу ёққа урар, тинмай питирларди.
Уни нима жин урди, билмайди: кампирга яқинлашаркан, ер тепиниб, қўлларининг кучукка ҳамла қилаётгандай ҳаракати ортидан ириллагандай овоз чиқариб, у билан тегишмоқчи бўлди. (Одатда қишлоқда болалар, ёшлар кўринган иту мушукка тегажоғлик қилиб ўтади-да, шу ёдига тушиб, ёшлиги қўзидими.). Кучук чўчиб, акиллаганча ўзини нари урди. Кампир силтаниб, йиқилиб тушаёзди. Тезда ўзини ўнглади-да, шошиб кучукни қучоғига олиб, бошини силади:
— Успакойся, милая, — деди овутиб, сўнг Унга қараб ўқрайди. — Дикар!.. Чурбан!..
Бу пайт ўтган-кетганлар уларга қараб туришарди. У нима қилишини билмай серрайиб қолди. Ёшроқ бўлганида тирақайлаб қочармиди. Қизарди, бўзарди. Кампир ғудрана-ғудрана нари кетганчгина, лаблари пичирлади:
— Извините…
Агар ҳозир Унинг халқаро анжуманга келган ёзувчи эканлигини билишса, нима қилишардийкин-а? Халойиққа роса бўп берарди-да ўзиям… Аслида ҳунук иш қилди: ахир бу ер шаҳар, пойтахт бўлса. Бу маконда халқлар, миллатлар қовушади, қоришади. Сенинг ҳозирги қилиғингни бирон қишлоқдан келган одам ёки илдизларини соғиниб, изтиробга тўлган қандайдир шоири девона тушунмаса агар, бошқа биров ҳеч қачон англолмайди. Ҳа, ҳамма қовушган, қоришган жойда ҳам яна ёлғиз қолишинг тайин, акс ҳолда сени ҳеч йўқ кучук тушунарди. Юраги қаттиқ ғижимлаб, юзи тиришди. Қайсидир маъвода манзил топарман, ахир, — деди кўксини силаб. Тушгача санқиди. Ҳар кунги маҳалда қорни очганини сезса-да, яна анча юрди. Ахир таомилдаги тушлик вақти бор-ку, ҳеч йўқ шаҳарда шунга амал қилай, деб ўйлади. Шу истаги етовида ҳатто меҳмонхонадаги текин овқатдан ҳам воз кечди. Ниҳоят ҳорижий русумдаги, пешонасига «Кафе Тарзан» деб ёзилган емакхона қошида тўхтади. Тарзаннинг кимлигини билишармикин ўзи булар? Билишгани учун қўйишганда, бунинг устига, жарангдор ҳам. Нима, Алпомиш ё Гўрўғли, деб қўйсинми? Балки Намозботир қўйишларини истарсан? Унда бу ернинг ходимлари емакхонанинг номини айтолмай ишдан ҳайдалиб кетишар. Ҳай, майли, аввал «тарзанчилар»нинг хизматини бир кўрайликчи?.. Бунақа жойда ҳамма нарса қиммат бўлишини ўйлаб, чўнтагини ковлади, пулини чамалади. Топган пулинг битта жониггга етиб ортади-ю, яна нимани чамалайсан?! Бир ёзилсанг ёзилибсан-да, Ҳабий айтмоқчи, шоир, уёғига Худо пошшо. Ойнаванд эшикдан ичкари кирди. Ичкарида яна битта эшик бор экан, ундан ҳам ўтди. Хона унчалик кенг бўлмаса-да, салқин, жим-жит эди. Майин мусиқа ё эшитилади — ё эшитилмайди — шунақа ишларда жуда меъёрни билишади-да булар. Одам сийрак. Уни новча, гўзал бир қиз қарши олди. Қарши олиши асносида синовчан назар солди. Ёқимли талаффузда гапиришидан англадики, Унинг миллатини, аниқроғи, унга қайси тилда гапирган маъқуллигини билишга уринарди.
— Каерга ўтирасиз? — сўради қиз ним табассум ва хиёл таъзим ила.
У «қаерга буюрасиз», дегандай қаради. Қиз четроқдаги ҳоли жойга етаклади. Ўтириши ҳамоно қўлига таомномани тутиб, дафтарчасини очди. Шоир таомномадаги таниш-нотаниш овқатларнинг номига бир-бир кўз югуртираркан, ўзини қизни узоқ куттириб қўйгандек сезиб, бироз ўнғайсизланди ва таваккалига битта таому салат буюрди.
— Ичишгачи? — сўради қиз.
Дарвоқе, нимадир ичиши ҳам керак-ку.
— Чой,- деди-ю бирдан дадиллашиб, ўмганини (кўкрагини) кўтарди. — Ва юз эллик грамм арақ.
Қизнинг юзи ёришиб кетгандай бўлди. Узун оёқлари шитоб одимлади. Этаги тиззасидан анчагина юқорида тўхтаган тор юпкаси оппоқ сонларига жуда ярашган эди. Патнис билан қайтиб, буюртмаларни столга қўяётганда Унинг кўзи яна қизнинг сонларига тушиб, кўнгли ғилқиб кетди: дастурхон устида бунақа аъзоларнинг ёпиқ тургани маъқул экан. Энди манави савил идишдаги арақни икки бўлиши керак, яна тағин истикон… рюмкада. Рюмкада ичиш жуда қийинда, ичиб бўлгунингча ҳамма қараб турганга ўхшайди, чунки унда ичиш, янаки симириб ичиш учун бошни анча орқага ташлаш керак. Унгача… Чой буюрганди, пиёла билан олиб келса керак. Бироқ ҳадеганда чой ҳам, пиёла ҳам кўринмади. Арақни кўргач, томоғи тақиллаб кетганди. Ичди. Буюрган таоми товуқ оёғи шаклидаги қоришиқ гўшт аралаш бир бало экан. Ундан, салатдан еди. Яна ичди. Юз эллик грамм ҳам роса кўп бўларкан-да, ўйлади ўзича. Овқат ширин экан, жағлари тобора авжланди. Шу пайт хизматчи қиз келди-да,
— Камчиликлар йўқми? — деди.
У чой обкелинг, демоқчи бўлди, лекин тили айланмади, носинашта жой бўлганлиги учун ўзини мастдай ҳис қилди. Лабларини қимтиб, бурни ва оғзи орқали қандайдир овоз чиқарди-да, бошини силкиди. Қиз ортига қайрилганда овқатга энгашган кўйи унинг сонларига суқланди: чиройли экан! Шуниям бирон бахтли одам қучоқлармикин? Қучоқлармикинмиш! Нафақат қучоқлайди… Шунинг учун ҳам Исломда аврат, арақ ичма, деган гаплар бўлса керак-да. Қори бўп кет-э, Ҳабий айтмоқчи, эй шоир! Билмасанг (агар билмасанг-да), энди биласан: барча зўр шоиру ёзувчилар қишлоқда туғилганлар. Ҳеч бўлмаса, қишлоққа ўхшаган шаҳарда. Кейин эса шаҳарга келиб, манавинақа кўргиликлар (шароитлар) ичра аввалига маст-аласт бўлиб, ўрнашиб олгач, болалик ва ёшлик хотираларига таяниб, бир нималарни ёзаверадилар-ёзаверадилар. Кимларнингдир, балки ўзларининг наздида ҳам тузуккина нарсаларни эжод (ижод) этадилар. Қарабсанки, ҳаммалари «классик». Аммо улар на манавинақа емакхонада овқат ейдилар ва на мана бундай сонлар ҳақида ўйлайдилар. Улар ўз уйларида (квартираларида, ҳовлиларида) ўтириб олиб, болалигу ёшликларини ўйлайдилар ва ўзларини ҳамон ўшандай тутишга уринадилар, балки шундайман, деб биладилар. Аслида эса улар… Қайсидир ёзувчи қишлоқни донор деб атаганди, яъни шаҳарни, борингки, пойтахтни турфа истеъдодлар билан таъминловчи донор. Эҳтимол, тақдир деганлари шудир. Тақдир аслида нима ва у қаергача? Инсон ўлгач, тақдири тугайди-ку, шундай экан, ўлган ва мудом буюк, дея эътироф этилаётган шоиру ёзувчиларнинг тақдири мудом давом этаяптими? Бу саволга жавоб йўқ, биламан, бироқ Навоийни ёки Машрабни нега буюк, деймиз? Нега? Кейинги юз йилликда ёзилган дарсликларда турфа ғоялар пинжида мақталгани учунми? Чўлпон ёки Қодирий ўтган асрнинг бошида ёмон эди, энди яхшими? Ким айтди? Балки ҳозирги яхшилар юз йилдан кейин ёмон бўлар? Ким айта олади? Демак, биз эътирофда тормиз, бирёқламамиз. Адабиёт шу бугун билан яшаса — бу хавфли, бугун юлдузларни кашф этади-да, эртага уларни чайнаб, туфлаб ташлайди. Неча Навоий, неча Машраб бор эди? Улар сизу бизнинг дарсликларимизда йўқ холос… Энди дунёга кенгроқ боқмоқ лозим…
Хизматчи қиз чой олиб келди. Пиёла ҳам келаркан-ку, ўйлади У. Йўқ, миллатим ҳали айнимаган — мана бундай жойларда ҳам чойнакда чой ва пиёла бор экан, демак… Бунинг устига, қиз унинг ғижим кўйлагига парво қилмади, ҳатто нигоҳида ҳам сездирмади. Эҳтимол, ҳисоб-китобда ҳаммасини чиқариб олар. Чой хўпларкан, ҳов нарида ўзига термулиб турган қизнинг сонига яна суқланди: аёл кўрмаганига қанча бўлди-ю. Мабодо қўққисдан юр, деб қолсам ҳам ҳозир ўзига ишонмайди. Ахир қанча бўлди-ю… Пўлат ўтда тобланади ахир…
Қизни чорлаб, ҳисоб-китоб сўради. Ўн беш минг. Яхши-ку — мана бундай жойда, мана бундай сулув хизмат қилиб турганда, мана бундай мазали таомлар ва арақ — арзон-да. Ўз тумани марказидаги ошхоналарнинг хизматчилари ҳам агар ичганини сезиб қолишса, уч минг сўмлик емак-ичмак учун ўн минг олишади. Унга қараганда бу арзон. Аммо у айни пайтда пойтахтга кетаяпман, дея анчагина пул олиб келганлигини ва ҳозирги хаёли шунга нисбатан эканлигини ўйламасди.
Меҳмонхонага етиб келгунича, овқат ёки ичимлик таъсир қилиб, тани қизидими, терлаб кетди. Салқин хонага кирди-ю, уст-бошини ечиб ташлаб, момиқдек хобжойга ястанди. Кўп ўтмай, донг қотиб, беозор пишиллай бошлади.
Роса ухлабди. Туш кўрибди. Тушида ёнғоқлар ер билан битта бўлиб ётганмиш. Ёнғоқ бўлиб ҳамки, пўсти юпқа, бармоғинг билан шундай боссанг, чақилиб кетармиш. Малларанг сочли кампир ҳовуч-ҳовучлаб ёнғоқ терармиш, «кучугимга тераяпман», дермиш. У бўлса, бир-иккита ёнғоқни чақибди-ю, мағзини ё топибди, ё тополмабди. Бирдан паҳмоқ юнгларига қоришган думини ликиллатиб кучукча ҳам пайдо бўлибди.
Бунчалар ҳикматлисан, ҳаёт, деди ичида ўрнидан тураркан. Ваннада маза қилиб чўмилди. Яланғоч ҳолида сочиққа артина-артина хонада кезинди. Нимадир қилиши керак-ку, ахир. Шуури бағоят тиниқ эди, фақат қайси томонга ёхуд нимага йўналишини билиб олса бас. Оромкурсига ўтириб, каттакон телевизорнинг мурватини бироз қидиргач, босди. Телевизорнинг тиниқлиги, рангларининг ниҳоятда табиий эканлиги эътиборини тортди. Дунё ўзгариб бормоқда — ақл-заковатга, тафаккурга минг-минг тасанно. Ақл деганлари оламни тасвирга кўчирибди. Эртагалик анжуманни ҳам телевизорда кўрсатишса керак: ўзимизнинг аллома ёзувчилар икки ёнларига ҳорижий меҳмонларни олишиб, тўрда ўтиришади. Энг ёмони, балки энг даҳшатлиси, на бизникилар ва на меҳмонлар бир-бирларини танишмайди. Ҳойнаҳой арбоб ёзувчиларимиздан бири (эплаганида) рус тилида нутқ ирод қилса ҳам ажабмас. Турган гапки, барча меҳмонларнинг энсаси қотиб, ўзимизнинг нисбатан ёшроқ ёзувчилар эса меҳмонларнинг нигоҳидан ўзларибоп маънолар қидириб ўтиришади. Кейин бирин-сирин меҳмонлар гапиришади. Аллома мезбонларнинг «палагини босиб қўймасмикинмиз», дея хушёрлик ила, лекин этакда ўтирган ёшларга умидвор боқиб, сўз тизишади. У ҳойнаҳой давранинг қуйисида, эҳтимолки, даврадан ташқаридаги ўринларнинг иккинчи ёки учинчи қаторида ўтирса керак. Шу ўтиришда даврадагиларнинг баридан, миллати, ёши, истеъдодидан қатъий назар, самимият қидиради. Ана тўрдаги аллома устозлар меҳмонлардан кам бўлмаслик учун виқорла (гўё камтарона) боқишади, ҳуддики бир-бирларини аллақачон ўқиб қўйишгандек. Уни алломаларнинг бирови танийди, бирови танимайди, лекин ҳаммалари ўзларини танимайдигандек тутишадики, шу билан меъёрни, аниқроғи, ўз мақомларини сақлашга уринишади. Қуйидаги пойтахтлик тенг-тўшларининг аксарияти эса уни танишни истамаётгандек туюлишади. Танишдими, гўё обрўлари тушиб қоладигандек. Ҳадемай, унга ҳам сўз бериб қолишса ажабмас. Беришармикин? Олиб борувчи ўзбек бўлгач, уни албатта андижонлик (ёки қашқадарёликми, бухороликми) ёзувчи, дея таништиради. Халқаро анжуман экан, «ўзбекистонлик ёзувчи фалончи», де-қўй. Ростдан ҳам сўз бериб қолишса нима дейди? Ҳабий ичганда гоҳо «Эй, шоир, сен одамларни йиқитиб эмас, йиқилганни тиклаб зўр бўл», дегувчи эди. Шу гапни ўрисчалаб айтсинми? Ёки орқа қатордан туриб «рус тилида роман ёздим», дейдими? Бунга ким ишонади? Яхшиси, биронта тузук-қуруқ китоб чиқаролмадим, дегани дуруст эмасми? Шунда тўрдаги ҳорижлик оқсоқол ёзувчилардан бир-иккитаси «ким у?», дея сўраб қолишар. «Андижонлик (ё қашқадарёлик, ё бухоролик) фалончи», дейишади ўзимизнинг оқсоқоллар бироз ўйчан ҳолда хижил тортишиб. Ҳамма унинг рус тилида роман ёзганлигини унутишга уринаётгандек туюлади. Шунда кимдир ўрисчалаб, «Одам»нинг муаллифи шу кишими?», деб қолади. Юраги қаттиқ ғижимлади. Чап кафти билан кўксини босиб, кўзларини юмди, оғриқ ўтиб кетишини кутди. Деразадан ташқарига қаради: аллақачон қоронғи тушибди. Ўрнидан туриб, яна сумкасини ковлади: доимий ҳамроҳи «Чол ва денгиз»ни олди. Салом, ҳазрат, деди ёзувчининг сувратига тикилиб. Сўнг сувратни кафти билан силади, кўзлари ўксик йилтиради. Курсига ўтириб, китобни варақлади. Анчагача қарийб ёд бўлиб кетган ўзига ёқадиган, аммо ҳар қанча ўқиса ҳам зерикмайдиган саҳифаларни ҳижжалаб ўқиб ўтирди. Бир ёқда телевизор ғўнғирашини қўймади.
Туйқус эшик тақиллади. Аввалига ким бўлиши мумкин, дея оғринди ҳам, кейин кўнгил майли эврилиб, бирон янгилик илинжида эшик томон ошиқди. Рўпарасида йигирма беш ёшлардаги паканага мойил, чувак йигит турарди. Йигитнинг ангоридан дадиллик уфурар, эгнидаги қимматбаҳо хонаки кийим, қўлидаги тилла узук ва бўйнидаги олтин занжир дадиллигига куч бераётгандек эди. Уни таниди — телевизорда тез-тез чиқиб турадиган клиппараст, замона тилида айтганда, юлдуз қўшиқчи.
— 907-хонами? Сиззи ёзувчи, дейишди, ока. Ман ўн иккинчи этажданман, — дея бидиллай кетди хеббимчалиш (ҳезалакмижоз) овозда. Бу орада нозик қўлларини узатиб, сўрашди. —
Эртага сёмкам борийди, дам олишим керак. Ҳеч уйқим келмаяпти, шунга… Биронта скушнийроқ китобийз йўқми, ўқисам ухлаб қолармидим…
«Чол ва денгиз» ҳамон Унинг қўлида эди, кўрсаткич бармоғи ўқиётган саҳифасида.
— Мана, — дея китобни шартта қўшиқчига узатди. — Росаям скушний китоб.
Йигит китобнинг бетига қарамади ҳам.
— Раҳмат, ока, эрталаб қайтараман, — деди-ю лифт сари чопди.
У бўлса эшикнинг очилмаган табақасига бўйнини чўзиб қаради: ростданам тўққиз юз етти экан, эсидан чиқибди. Эшикни ёпиб, ортига қайтаркан, «ишқилиб китоб ўқийдикану, деб қўйди ичида, ухлаш учун бўлсаям-да». Беихтиёр мийиғида кулди? Қизиқ, мен мана шу муштдай ашулачини танийман. Лекин у мени — қирқ яшар ёзувчини танимайди. Замонангдан айланай, отингни сот, молингни сот, ашулачи бўл, деган замон келди-да. Менмиш, мендан каттасиниям танимас у. Ҳойнаҳой қўшиқларининг шеъриниям (агар шундай аташ жоиз бўлса) ўзи ёзса керак. Нима қилишини билмай хона ўртасида серрайиб туриб қолди. Чап қўли билан лабу жағини ушлаганча нигоҳини тентиратиб, гоҳ телевизорга, гоҳ курсига, гоҳ унинг олдидаги ойнаванд столга, гоҳ сумкаси қолган хонанинг очиқ эшигига тикилди. Нимадир қилишим керак, дея ўйлади ва шунинг ортидан бағрида қизиш асносидаги ҳувиллашни сезди. Аа-хх, деди бошини орқага ташлаб, ненидир истайман, лекин қилолмайман. Ў-ў, Худойим, не бало — мен бало?! Нигоҳи балкон эшигида тўхтади: ўша ёққа чиқаман. Чиқди. Икки қўллаб панжарани тутиб, атрофга тикилди — ҳаммаёқда чироқлар чарақлайди — мафтункор чироқзор. Тўққизинчи қаватда эмасми, теваракдаги бинолар қуйироқда кўринади. Айниқса, машиналар шовқинининг пастда қолгани яхши бўларкан. Лекин юраги шиғиллаб кетди — ўзини пастга отгиси келди. Ер тортади, деганлари шу бўлса керак-да. Худди балкон ўпирилиб тушаётгандай туюлиб, шошиб ўзини орқага олди. Девор ёнидаги тўқима курсига ўтирди. Бошини ҳам ястаб, яна кўксини ушлади. Баландлик қон босимига таъсир қилади, дейишарди, юракка ҳам билинаркан. Нафаси қисаётгандай бир-икки чуқур-чуқур нафас олди. Чала юмуқ кўзларига балкон панжараси аро рўпарадаги нисбатан пастроқ бино пештоқидаги хиёл хилпираётган, турфа чироқлар ёғдусида ажиб жилваланаётган байроқ илинди. Байроғимиз чиройли, айниқса, ранглари бағоят гўзал, олам билан уйғун… Жонинг оғриб турганда бунақа чиройли ўйларга бало борми? Чап кафти билан кўксини сийпаларкан, бўйнининг орқа томонида нимадир ўрмалаётганлигини ҳис қилди. Ўнг қўлининг тўрт бармоғини жуфтлаб, оҳиста бўйнига босди. Ўрмалагувчи ўрта бармоғининг бир ёнига илинди, У эса қўлини аста бўйнининг ён томонига тортди. Ҳалиги нарсани ўлдиришни истамай, бармоғининг учига олди: қумурсқа. Бу ерга қумурсқа қаёқдан келди? Э, дарвоқе… Нимқоронғуда илғадики, бу ўша қумурсқа ва у бармоқларининг беозор озоридан ўнгланишга уриниб, типирчиларди. Ўлмабди, чинакамига хурсанд бўлди У. Қумурсқа тиклангач, пуфлаб ташлади. Жонивор қаердадир ғойиб бўлди. Ўлмасликка-ку ўлмабсан, аммо бу ерларда яшаб кета олармикинсан, юртдош. Илоҳи, яшаб кет! Мен ҳам ўлиб қолсам-а, деган хаёл туйқус миясига урилди. Урилди-ю, қўлини кўксидан олди. Кейин хаёлини юмшатишга уринди: ўзи юрак нега оғрийди? Қувончданми, ғамданми? Билмайди. Юраги оғриганки одам ўлаверса, дунёда одам қоладими? Аслида қувонч билан ғам ҳамиша йўлдош, ҳуддики, жаннат ва дўзах каби. Дўзах!.. Тавба, чексиз куч-қудрат, имкониятлар соҳиби бўлган Тангри наҳотки ўз бандаларини оловлар билан «сийласа»? Қайси тафсир, қайси талқинларни ўқиманг, инсон фақат ва фақат олов билан қўрқитилади: дўзахда оловда ундоқ куясан, бундоқ қовуриласан. Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Ахир бу ўта ибтидоий фикр: олов куйдиргувчи — буни гўдак ва ҳатто ҳайвон ҳам билади. Наҳотки Тангридай зот?.. Менимча, Тангри дўзахда ўз бандаларини соғинчлар гирдобига солади: энг севикли инсонларини, машғулотларини соғинтиради. Бу дунёда қилолмаган савоб ишларини ва ҳоказо, борингки, энг севимли таомларини соғинтиради. Тангри минбаъд меҳрибон — мангу меҳрибон. Шунингдек, у бемисл ақл соҳибидир, яъни ўз бандаларини оддийгина оловга солмайди, соғинч оловига гирифтор этади — бу даҳшатлироқ. Шунинг учун ҳам шоирлар, борингки, жумла ижодкорлар бу дунёдан соғинч ва изтироб ила ўтадилар — мана шу охиратга ишора. Жаннатда эса буларнинг барига мушаррафлик бўлади. Ҳадемай диннинг янги даври бошланадива у ақлу қалб уйғунлигига эришади. Одамзот Тангрига муносабатини ҳам ислоҳ қилади. Зеро, энди у оловдан, илону чаёнлардан қўрқмайди: улғайди. Энди гуноҳу савоблар нисбати ҳам ўзгаради. Акси бўлса, меҳнатдан бошқани билмай, даладан бери келмаган, бир умр эрим, болам, далам, уйим, деб ўтган онасида ёки хотинида гуноҳ борми? Уларга вақтида тоза ювинмаганлик ва сифатли ҳамда хушхўр таомларни емаганлик «гуноҳи» қўйилиши мумкин, холос… Агар уларда гуноҳ бўлса, дўзах деганлари мавжуд эмас. Мабодо дўзах деганлари бор бўлса-ю, унда жисмоний азоблар бирламчи жазо эса, унда улар жаннатидирлар. Нима бало, дунёга васият қила бошладингми? Ростдан ҳам ўласанми? Юрагини чирмаган оғриқ бўғзи томон сурилаверди ва нафаси қисаверди. Ишлар чатоқ, деди хаёлан, куним битган кўринади. Ўрнидан турмоқчи бўлганди, оёқлари мадорсизланиб, тиз чўкиб қолди. «Тез ёрдам» чақириш керак. Балкондан чиқаверишдаги бурчакда телефон бор, У ўша томон судралди. Одамнинг кўкрагидан келгувчи телефонга ўнг қўлини чўзиб, аранг етди, қулоғига тутди.
— Дежурная вас слушает, — аёл кишининг ёқимли овози эшитилди.
У индамади.
— Рисепшн… — деди инглизчалаб бояги овоз.
У яна жим.
— Гапиринг! — дея салкам дўқ урди ниҳоят аёл ўрисона ўзбекчалаб. — 907-хонами? Гапиринг!..
— Хайрият, таниди, — деди У пичирлаб, хайрият! — Қўли аста қуйилиб, полга тушди. Телефон очиқ кафтида қолди, ундан бояги овоз қайта-қайта эшитилаверди:
— Тўққиз юз етти, гапиринг, тўққиз юз етти…
Кейин кўз ўнгида бир пайтлар хунуккина бўлган аёли қиёссиз гўзал қиёфада кўринди. Сенмисан, деди У хаёлан, сени жуда соғиндим, жоним. Юрагининг томирлари шу қадар қаттиқ тортишдики, жону жаҳони юрагига жо бўлди: ҳозир узилади. Сўнг оппоқ либосдаги кўзлари ёшли, бироқ жилмаяётган онаси кўринди. «Она-а!» деди Унинг таранг тортилган юраги. Ана, Ҳабий ва Дийқон — улар ҳам шу қадар чиройли, ёқимтой, фақат жилмайишади. Ашулачи йигит китобни олиб тушиб бермаса ҳам майли, ўқиса бас, деган фикр урилди туйқус миясига. Малла кампиру кучук эса ўша-ўша, фақат ёнғоқ чақаётган кучук ҳам нуқул унга қараб жилмаяди: хайрият, хафа бўлмабди, хайрият. Анови нур ичидаги нима? Китобми?!..
Шу он чап кўксида нимадир қаттиқ қасирлади ва бўғзида олов ёнди-да, ташқарига чиқиб кетди. Дунё қоронғулаша бошлади. Тавба, юрагим оғримай қолдими? Умр дегани шумикин?!..
— Ҳабий!.. Дийқон!..
25.08.2010 — 13.12.2010
Nabi Jaloliddin
IKKI HIKOYA
Nabi Jaloliddin 1962 yil 2 mayda Andijon viloyati Izboskan tumanining Jonobod kishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1993). «Yalpizli kecha» (1993), «Hur nido» (1996), «O’limning rangi» (1998), «Sen bilan qolmayman» (2002), «Erkagi bor uy» (2005) kabi she’riy va va nasriy asarlari, «Xayyom» tarixiy romani, buyuk o’zbek shoiri va yozuvchisi Abdulhamid Sulaymon o’g’li Cho’lpon haqidagi «Tegirmon» nomli romani nashr etilgan. A. Kamyuning «Kaligula» asarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.
TO’RT TOMON QIBLA
Yozuvchi Bahodir Murod Aliga bag’ishlayman.
Shom namozini tugatgach, “Yo Olloh!” deya qiynalib o‘rnidan turdi. Joynamozi — chakmonini yerdan olib, bazo‘r qoqdi-da, “Bismillahir rohmanir rohiym” deb kiydi…
Osmonning qontalash cheti qimtilayotgan lab kabi kichrayib boradi. Osmonga tutashib ketgan adog‘siz dashtning o‘t-o‘lanlari qizg‘ish tusidan ayrilib, lahza sayin yopirilib kelayotgan tun qarolig‘iga qorishmoqda. Ko‘kish osmonning ikkinchi bir chetida yulduzlar miltiray boshladi…
— Ollohu akbar! Ollohu akbar!..
U horg‘in odimlaydi. Oyoqlari yalang bo‘lgani uchun bosayotgani toshmi-kesakmi, farqsiz, hatto qaqragan dashtning sadoqatli fuqarolari bo‘lmishsertikon o‘tlar ham pisand emas. Har qadam tashlaganida qumu tuproqni biroz qo‘zg‘atadi-da, ketaveradi. Ba’zan oyog‘i chuqurroq joyga tushib, xiyol tebranib ketadi. Bir fursat to‘xtab, kuch to‘playdimi yoxud lablarida tinmay aylanayotgan buyuk so‘z quvvat beradimi, yana yo‘lida davom etadi.
— Ollohu akbar! Ollohu akbar!..
Ortidan ergashgan it tinmay u yonidan-bu yoniga o‘tadi, besaranjom timirskilanadi. Uning harsillashi huvillagan biyobonda aks-sado berayotgandek. U kishi ochiqqanida barcha sezgilari kuchliroq ishlay boshlashini avvaldan yaxshi bilardi. Hozir uning quloqlari chuqurdan-chuqur suvsiz quduqqa o‘xshar, hart nechuk ojiz un ham jaranglayotgandek shovqinli tuyulardi. Dunyo bus-butunicha quloqlariga kirib ketayotgandek.
Tuyqusdan to‘xtadi. Uning to‘xtaganini ko‘rib, darrov cho‘nqayib, dumi bilan yerni supurayotgan, tilini osiltirib harsillayotgan itga qaradi. Tusi tunga qorishgan hamrohining yaltiragan ko‘zlari ham unga tikildi.
— Ey, sak, ko‘pam besabr bo‘laverma! Olloh ham bizning rizqimizni biror joyga sochib qo‘ygandir, illo sabr qil!..
Yalang oyoqlar yana odimlay boshlaydi, lablar titray-titray pichirlashda davom etadi. Dashtning to‘q ko‘kish osmon bilan tutashgan chetlariga har zamon-har zamonda ko‘z tashlab qo‘yarkan, hali horib ulgurmagan, buyuk sohibi jamolning ishqida giryon bo‘lgan shuurida turfa o‘ylar charx uradi. Mana shu zim-ziyolikdan ham o‘zi bir umr intilgan ulug‘ Yaratguvchining mislsiz ijodini kashf etgisi keladi: “Ulug‘ Ollohning qudratini ko‘rgisi kelgan odam mana shundayin cho‘lu biyobonlarni kezishi kerak. Illo atrofda birorta dov-daraxt yo‘g‘u bo‘g‘zingga tiqilayotgan havoning tozaligiyu xo‘pligidan bo‘g‘ilgudek bo‘lasan. Subhonolloh, subhonolloh!.. To‘rt tomoning qibla, bag‘ringda Olloh, Olloh bag‘riga boraverasan. Yo, Haq taolo, qudrating soyasida men bandangdan mahfiratingni darig‘ tutma!..”
U uch kundan buyon tuz totmagandi. Ochlikka-ku bir navi chidash mumkin, tag‘inki ochlik uning suyukli taomi. Ammo cho‘lning oftobidan har soniya kuch olayotgan tashnalikni yengish mushkul. Shu paytgacha qaqragan bo‘g‘zini Ollohning nomi ila namlab kelayotir. Lablari borgan sari bir-biriga yopishib borayotgandek, har nafas olganda jizillab achishayotgan tomog‘i salqin tunni butunicha yutib yuborgisi keladi. Eti suyagiga yopishib hilvirab turgan tanasi zirqirab og‘riydi, oyoqlariga xuddi bir botmon tosh osilgandek yerdan uzgisi kelmaydi, ming azobda ko‘tarsa-da, tizzalari aravaning moylanmagan g‘ildiragi kabi g‘ijirlab ketadi. Lekin baribir qaqragan lablarining yoriqlaridan o‘sha bir kalima uchaveradi:
— Ollohu akbar! Ollohu akbar!
Yassi tepalikka ko‘tarila boshlaganida butkul madori ketganini his etdi. Bukilgan tizzlariga horg‘in tanasi og‘irlik qilib, qaytib tikkalanmay qoldi. Bazo‘r ikki-uch qadam tashladiyu yonboshi bilan yerga yiqildi. O‘siq sochlari bo‘yniyu yelkasini to‘ldirib yastandi. Yuzini soqol-mo‘ylov qoplaganidan hozir uning qorong‘ulikni yorgudek bo‘lib chaqnayotgan ko‘zlarinigina ilg‘ash mumkin edi, xolos. U chalqancha yotib, yulduz to‘la osmonga tikilarkan,harsillab-harsillab nafas olardi. Tuyqus og‘ir bir yutindi-da, soqol-mo‘ylovi titrab, xirilladi:
— Shu bir jon ne, yo Halloq!..
U aslida hayqirmoqchi edi, lekin ovozi juda past chiqdi. Uning savolnamo bu gapida buyuk baxshidalik bor edi.
Halitdan buyon atrofni timirskilayotgan it kelib, uning shalvirab yotgan qo‘lini yalay boshladi. U boshini xiyol burib, itga qararkan, hamrohining mehribonligidan hiyla mutaassir bo‘ldi.
— Shaytonning makri bu, ey sak! Dillarimiz shunchalar noqiski, shu payt yemishdan o‘zgani demas. Nafs ko‘ngilni xiralantirguvchi g‘ubordir, bilsang. Nafs shaytonning sodiq xachiri… Alhamdulilloh! Alhamdulilloh!..
Oradan birmuncha fursat o‘tib, u o‘zini biroz bardam sezdi. O‘rnidan qo‘zg‘alib, yonboshidagi chuqurchaga surildi. Do‘mlikka suyanib, o‘tirdi.
— Hamma narsani bilguvchisan o‘zing, yo Rabbim!
Chuqurchaning chekkasida turgan o‘ng qo‘lini qimirlatmoqchi bo‘luvdi, panjalari bir narsaga urildi. Barmoqlari beixtiyor haligi narsani paypasladi. Qo‘liga olib, ko‘zlariga yaqinlashtirdi.
— Non?!.
Avvaliga hayratdan vujudi titrab ketdi. Shu bir lahzalik hayratdan so‘ng ko‘nglida uyat hissi paydo bo‘ldi. Bag‘rining allaqaerida hali o‘lmagan shubhaning ojiz nafasini sezdi-da, entikib kalima keltirdi va osmonga qarab pichirladi:
— Mehribonligingga tashakkur, ey Tangrim!.. Bismillahir rohmanir rohiym…
U nonni tishladi, g‘ichirlatib chaynay boshladi. Qorong‘ilik qa’rida tipirchilayotgan it dumini likillatib chiyilladi. Hamrohining ilinjini fahmlagan hojasi nondan bir bo‘lak sindirib, uning oldiga tashladi.
— Ol, ye…
It shoshib nonga yopishdi. Unga og‘zini tekkizib, bir-ikki hidladiyu yana chiyillab nari ketdi. Chunki unga tashlangan narsa bir parcha kesak edi.
— Bu ne’matingga shunchalar totli ta’m bergan O‘zingga tasanno, Tangrim!..
Nonni yeb, tanasiga quvvat kirgan bo‘lsa-da, tashnalik badtar xuruj qila boshladi. Uni bosio‘ niyatida og‘zini to‘ldirib-to‘ldirib muzdek tun havosini yutdi.
— Alhamdulilloh! Alhamdulilloh!..
So‘ng “yo Olloh!” dedi-da, do‘nglikka tiranib, o‘rnidan turdi. Quyiga qarab, bir-ikki qadam tashladi. Endi oyoqlari avvalgidan dadilroq harakat qilardi… Chakmonini yechib, xufton namozini o‘qishga taraddudlana boshladi.
— Ollohu akbar! Ollohu akbar!
Namozdan so‘ng tin oldi. Vujudi yengillashib, boshi oydin bir holatga tushdi. Bu halovatli onlarni qizg‘andimi yoxud butun borlig‘idagi nurli jimirlashdan sarxush bo‘ldimi, hadeganda o‘rnidan turavermadi. Boshini quyi egib, zikrga berildi. Bu holat ancha uzoqqa cho‘zildi. Axiyri “Assalomu alaykum” deya sajdadan turdi. Yana boyagi chuqurga borib yonboshlashi bilan tashnalik o‘z hukmini o‘tkaza boshladi. Ko‘zlarini yumib, tamshandi. Ollohga shukr keltirdi. Lekin ko‘z oldiga bir kosa jimirlab turgan suv kelaverdi. “Oh, battol shayton, makru hiylangga ming la’nat! — degan o‘y kechdi xayolidan. — Odam jon taslim qilayotganda shayton ming bir hiylalar bilan boshiga kelar ermish. Agar kishi ortiq tashna bo‘lsa, bir kosa suv tutib, Ollohdan yuz burishni so‘rarmish. Yo haq kunim keldimu, Ollohim?!. Yo‘qol, shaytoni la’in!..”
U o‘z nafsi bilan uzoq olishdi. Anchagacha unga uyqu saltanatining eshiklari ochilavermadi. Bo‘g‘zi kuya-kuya nigohlariga odam bolasining bardoshi yetmas zulumot to‘la boshladi. So‘ng butun vujudi o‘sha qorong‘ulik qa’riga singaverdi…
It esa bu mahal oldi oyoqlariga jag‘ini qo‘yganicha uxlab yotardi…
Birdan yorug‘ bir ma’voga chiqib qoldi. Qarshisida yam-yashil dov-daraxtlarga lab urgan tip-tiniq ko‘l jilvalanib turardi. Hali qaerda ekanini anglab ulgurmasidan qayoqdandir bir to‘p go‘zaldan-go‘zal qizlar paydo bo‘lishdi. Ularning chiroyli yuzlaridan ko‘zni qamashtirar darajada nur taralar, egnilaridagi oppoq harir ko‘ylaklari ko‘lning mayin shabodasida yoqimli hilpirardi. Qizlar unga birvarakay yopishishdi-da, juldur kiyimlarini yecha boshlashdi. U bu sohibjamollarning go‘zalliklaridan jilmayishlaridan va oxir-oqibat unga xush yoqayotgan harakatlaridan zavqlanar, mast bo‘lardiyu, ammo ko‘nglida ortiq xohishga mayl sezmasdi.
Tim qora uzun zulflari uning qoramtir yuzini mastona siypalayotgan qizlar uni muzdek ko‘l suviga eltishdi-da, yuvintira boshlashdi. U mislsiz huzurdan oh urdi, qaqragan bo‘g‘zi, yorilgan lablari moy yalagandek mayin-mayin bo‘lib boraverdi.
Bu payt chuqurchada yotgan tananing boshi u yoqdan-bu yoqqa silkinar, og‘zi kappa-kappa ochilib, bazo‘r inqillardi. Allaqachon uyg‘ongan it hojasining atrofida tipirchilab aylanar, gavdasini oldi oyoqlariga tashlab, ko‘zlari chaqnagancha tislanib-tislanib, atrofga hurardi. Tinimsiz hurardi.to‘lin oy yulduzlar yuziga parda tortganda hojasi tinchib qoldi. Dasht bag‘riga fusunkor bir oydinlik kirdi. It toyga qarab, cho‘zib-cho‘zib ulidi:
— Ouvv-vv!.. Uvv-vv-vv!..
Nihoyat hojasining yoniga cho‘zilib, tillo oyni ko‘zlariga qamadi…
It uxladimi-yo‘qmi, noma’lum. Baland, lekin yoqimli ovozdan cho‘chib tushdi.
— Ollohu akbar! Ollohu akbar!..
U quloqlarini ding qilib, atrofga tikildi.
— Ollohu akbar! Ollohu akbar!
Shunda uning ko‘zlari yuzida oy aksi ko‘ringan hojasining ko‘ksiga tushdi. Ko‘ksining chap qismi so‘z ohangiga mos tarzda titrar kiyimining o‘sha yeri ko‘tarilib-ko‘tarilib tushardi.
— Ashhadu alla alaha illalloh!..
Itning boshi bir tomonga qiyshayib, ko‘zlari hojasining ko‘ksiga qadalgancha qotib qoldi.
— Ashhadu alla alaha illalloh!..
Ashhadu anna Muhammadur rasululloh!
Ashhadu anna Muhammadur rasululloh!
Hayya alas-solah! Hayya alas-solah!
Hayya alal falah! Hayya alal falah!
Assalotu hayrum minannav! Assalotu hayrum minannav!
Ollohu akbar! Ollohu akbar!
La ilaha illalloh
Shundan so‘ng bir necha daqiqa o‘tib, hojasining ko‘zlari ochildi. Xiralashib borayotgan oyga, oqarayotgan ufqqa birpas tikilib yotdi. Keyin “yo bismilloh!” dediyu o‘rnidan turdi. Ustilan chakmonini yechib, yerga qo‘ydi. Ko‘zlari bilan dashtning mayinroq tuproqli joyini izladi. Endi uning hech qaeri og‘rimas, tolmas, har qadam tashlaganida uchayotgandek tuyulardi…
U cho‘nqayib, yenglarini shimardi. “Bismillahir rohmanir rohiym” deya tayammum qila boshladi… Poklanib bo‘lgach, belidan belbog‘ini yechib, yuzu qo‘llarini ishqalab-ishqalab artdi. Belbog‘ini qaytib bog‘larkan, katta-katta ochilgan ko‘zlari ufqqa tikilib, chor atrofni ohista bir aylanib o‘tdi. Hoxir uning uchun to‘rt tomon qibla edi.
So‘ng quloq qoqdi:
— Ollohu Akbar!..
Narida yotgan chakmoni havoda hilpiray-hilpiray uchib kelib, poyiga to‘shaldi.
It jag‘ini oyoqlariga qo‘yib, hojasiga tikilgancha ko‘zlarini takror-takror ochib-yumardi..
YURAK
Uyg‘ondi. Shifti pastak (unga shunday tuyuldi), devorlari oppoq (aslida hozir xira oqish) xona ko‘zlariga kirdi. Qiziq, o‘yladi u, tong otdimi o‘zi? Nega tongni sezmayapti? Quyosh qani? Osmon qani? Ustidagi choyshabni surib tashladi. Havo ham g‘alati. Ostidagi bilqillama joy endi tanasiga xush yoqmayotgandek. Shu payt ko‘zi xonaning bir tomonini enlagudek moviy pardaga tushdi. Darvoqe, uning ortida deraza bo‘lsa kerak. O’rnidan turmoqchi bo‘lganda yuragi qattiq sanchdi. Chap ko‘ksini changallab, najot ilinjida yana joyiga cho‘zildi. Ko‘zlarini yumib, lablarini qimtidi, chap qo‘li bilan yuragining ostini siladi. Og‘riq asta-sekin chekina boshlaganda miyasiga shu o‘y urildi: yaqinginada ham yuragi mana shunday — ikki kaft orasida mijg‘ilaganday burab og‘rigandi. Qachon edi-ya? Ko‘ksidagi og‘riq ancha pasayib, ko‘zlaridagi parda ko‘tarildi. Esladi, qishloqda — katta anhor bo‘yidagi tol tagida o‘tirishganida yuragi bir ushladi.
Uni yosh qalamkashlarning poytaxtda bo‘ladigan anjumaniga, yanaki xalqaro anjumaniga taklif etishdi. Rangli, naqshinkor taklifnoma keldi. (Shunday bo‘lishi ham mumkin-ku, axir.) U esa na xursand va na xafa bo‘ldi: yoshi qirqni qoralab qoldi, yosh yozuvchi desa bo‘ladimi o‘zi uni? Shunday paytda hamisha o‘ttiz, qirq yoshga kirmay o‘lib ketgan, ammo buyuk shoir yoki yozuvchi sifatida tarixda qolgan ijodkorlar esga tushadi. Biroq U ularni o‘ylamadi. Ehtimol, odamzotning yoshligi cho‘zilib ketayotgandir yoxud xalqaro anjumanlarda qatnashchilar yoshi shunday o‘lchansa kerak-da, dedi-qo‘ydi. Keyin, nega endi meni taklif qilishdi, axir bunday bo‘lishi mumkin emas-ku, men kabilar poytaxtda tiqilib yotibdi-ku, deya o‘yladi. Ammo savollariga javob kutmadi, ularni tashiga ham chiqarmadi. Eng avval oshnasi Habiy (Habibillo)ni chaqirdi. Oradan hech qancha fursat o‘tmay, pachoq darvoza pinjida Habiyning kiyimi shalvirab turadigan ozg‘in jussasi, mijg‘ilangan lattaga o‘xshash yuzi namoyon bo‘ldi. U o‘qituvchi — ingliz tilidan dars beradi. Unga bunday shaklu shamoyilni ichkilik in’om etgandi. Sharobxo‘rligi rost, biroq darsga ichib kirganini birov eslolmaydi.
U qo‘lidagi taklifnomani Habiyga uzatdi.
— Ko‘rmaysanmi endi… — deb qo‘ydi ming‘irlab.
Habiy negadir taklifnomaning inglizcha qismini o‘qidi, inglizcha bilishini namoyish qilgisi keldimi.
— Zo‘r-ku, — dedi keyin tamshanib. — Buni yuvish kerak, oshna.
— Shunga arziydimi o‘zi? — yana ming‘irladi U. Kimningdir sigiri tuqqanida yoki Surma xolaning tul qizi erga tekkanida, qo‘yingki, yana ko‘plab ana shunday «tantanalar»da to‘yib-to‘yib ichganlari hozir esiga kelmasdi.
— Nima deyapsan-ey, axir bu mejdunarodniy anjuman-ku. Hozir Diyqondiyam (Dehqonboyni demoqchi) chaqiramiz, — dedi Habiy taraddudlanib. So‘ng ichkari tomonga ovoz berdi: — Xotin, hozir kelaman.
Xotini norozi ovozda nimadir dedi. Lekin u bunga parvo qilmay, do‘stining yelkasidan surdi.
— Yur, ketdik.
Dehqonboy ham ikkoviga sinfdosh — g‘irt bekorchi, «xotinboy akasi»ning sodiq fuqarosi. Uning uyi uch-to‘rt eshik narida. Hali darvozasini qoqmay u chorpaxil gavdasini ikki oshnasiga hadya etdi.
— Tol tagiga boramizmi? — dedi hali so‘rashib-so‘rashmayoq.
— Avval qurollanish kerak, — deya «qurol»ga yarasha pul chiqish-chiqmasligini hadiksirab chamaladi Habiy.
Diyqon cho‘ntagidan pul chiqarib, uzatdi.
— Xotinimdan o‘g‘irladim.
— Xayriyat-ey, sendayam pul bo‘larkan, — dedi Habiy yarmi hazil, yarmi chin ohangida.
— Mashna desang ja xapa bo‘b ketaman-da, — qovoq uydi Diyqon.
— Bo‘pti-bo‘pti…
Habiyning gapi og‘zida qoldi.
— Bugun men eriyman, — dedi U cho‘ntagidan bir dasta pul chiqarib. — Axir bu o‘tirish mening sharafimga-ku. Ma, — pulni Habiyga berdi. — Ikkita «bomba» ol, kolbasayam…
Habiy bilan Diyqon yayrab ketdi.
— Mana bu haqiqiy shoirning ishi bo‘ldi, — deyishdi tantanavor qilib. Negadir ular Uni yozuvchi bo‘lsa ham shoir deb atashardi. Jarangdorroq tuyularmidi.
Bu orada qishloq guzariga yetib qolishgandi. Habiy peshonasida jimjimador yozuvi bor oynavand do‘konga kirib ketdi.
— Biz Surma xoladan hol-ahvol so‘rab turamiz. — deya U Diyqonni o‘ng tarafdagi xalq «bo‘tka» deb ataydigan ixcham yog‘och do‘konga boshladi. — Zakiskasi shiyag‘da bo‘latta, a?
Surma xola beti qip-qizil (buni har kim har narsaga yo‘yadi), bo‘lagina, yoshi oltmishdan oshgan kampir (shunday zamonda uni kampir deyish ham gunoh) edi. Qosh-ko‘zidan o‘sma-surmasi (bo‘yoq-so‘yog‘i) arimasdi. Kim biladi, o‘zini yaxshi ko‘rarmidi yoki yana kimlargadir yaxshi ko‘rinishni istarmidi. Bo‘tkasi esa hov o‘sha zamonlarda ham bo‘lguvchi edi. Unda bu yerda eri rahmatli o‘tirardi. O’ziyam qosh-ko‘zi tutab (ya’ni yonib) turadigan chiroyligina odam edi. Mahalla-ko‘yning aytishicha, ularning bir o‘g‘il, bir qizi ko‘proq Surma xolaga tortgandi. O’g‘lini uylashganidan so‘ng qosh-ko‘zi binoyidek er qirchinida qayrildi. Birov u, birov bu, dedi. Er qaro yerga, o‘g‘il xotinga ketdi. Ko‘p o‘tmay, Surma xola tul boshi bilan qiyralib-chiyralib qizini chiqardi. Biroq kuyov bo‘lmish kelinni ko‘pam suyavermadi. Onasiga qo‘shilib o‘tirsa — o‘poq, tursa-so‘poq deb yurib, bir yilga yetmay yumshoqqina haydab soldi…
Xullas, bu uchovi Surma xola qizini ikkinchi bor uzatganda rosa to‘yib ichishgandi. Diyqon uni yoqtirib qolgandi-da. Xotini bo‘la turib yoqtirgandi (shu yeriga hamma o‘z shevasidagi so‘kishni qo‘yishi mumkin). Qizini ikkinchi bor uzatishidan oldinroq nima bo‘lganini birov bilmaydi, lekin bir safar Diyqon do‘konga non so‘rab borganida Surma xola bermagan. Bermagangina emas, qalampir-tuz qilib haydagan. Endi esa Surma xola Diyqonga pinak ham qoqmaydi.
— Hm-m, bollarim, kelish (kellaring), -dedi kampir nigohini allaqaerlarga olib qochib.
— Nevara katta bo‘lyaptimi, ishqilib? — Diyqonning unga yoqishga urinayotganligi sezilib qoldi.
Uni bir turtdi.
— Ikkita non, bir kilo pomidor, yarim kilo piyoz bering, xola, — dedi keyin cho‘ntagidan pul chiqarib.
Habiy ko‘ringanda bular ham savdolarini bitirishgandi.
— Bo‘pti, Surma xola, — deb qo‘ydi beixtiyor Diyqon do‘kondan nari ketisharkan. — Qiziyzga salom ayting.
— Xo‘p, — dedi kampir hamon ko‘zlarini bir yoqlarga yashirib. — Ko‘p ichishmagin, ho‘y, bollar?
Anhorning eni salkam to‘rt metr keladi. O’ziyam lim-lim oqadi, suvi tiniq. Ikki tomoni tuproq yo‘l. Yo‘l cheti ajriq. Bolalar cho‘miladigan yerdan nariroqda yo‘lga yonboshlagan qari tol bor. Shu ularning pakkasi.
— Arag‘ing muzdekmi? — deb qoldi tolga yaqin kelganda Diyqon.
— Bilmadim, — bitta araqni xaltadan olib changalladi Habiy. — Araqdaqa araq.
— Suvga irg‘it. Ro‘paramizga kelguncha xiyla sovib qoladi. Sovumasa yana otamiz.
— Yo‘g‘-e… — ishonqiramay unga qaradi Habiy. — Oqib ketsa, omma…
Nahotki araq oqsa, degan fikr urildi Uning shuuriga.
Habiy araqni qulochkashlab ancha nariga otdi. Shisha «cho‘lp» etdi-yu suvga cho‘kdi. Uchovlonning ko‘zi o‘sha yoqda — ana chiqadi, mana chiqadi. Yo‘q, nazdlarida araq suv betiga chiqishi lozim bo‘lgan muddatning ikki-uchtasi o‘tdi. Ammo mudom shisha ko‘rinmasdi.
— Araqni yeding, ho‘y! — deya Diyqonga qo‘lini bigiz qildi Habiy.
U miyig‘ida bir kulib, tol ostidagi ajriqqa o‘tirdi: demak, araq oqmaskan.
— Bor, obchiq! — o‘dag‘ayladi Habiy. — Uch kishiga bitta araq nima bo‘ladi?
Diyqon qo‘lidagilarni yerga qo‘yib, yechindi. Anhor yoqasiga kelib, avval qulog‘u burnini xo‘lladi: suv kirmasin dedimi yoxud tanasini suvga mosladimi, keyin o‘tirgan ko‘yi suvga kalla soldi va oqimga qarshi suza ketdi — araq tushgan joyni mo‘ljalladi.
Habiy ko‘ylagini yechib, tol shoxiga ilayotganda U ajriqqa o‘tirdi. Diyqon qo‘ygan narsalarni paypaslab, pomidor va piyozni oldi.
— Pichoq olmabmizu? — dedi shimini yechaymi-echmaymi deb turgan Habiyga.
Habiy shimini yechmadi. Diyqonning ajriq ustidagi shimini ko‘tarib, u yoq-bu yog‘ini changalladi.
— Unda pichoq bo‘ladi, — dedi so‘ng shim cho‘ntagidan chalbuzar chiqarib. — Alkashda hamma narsa bo‘ladi.
U to‘rtta pomidorni yuvib, bo‘laklab qo‘yaqoldi. Piyozni parraklab to‘rg‘adi, nonni sindirib (ushatib) xalta ustiga qo‘ydi.
Diyqon shishani uzoq qidirdi, sho‘ng‘ib-sho‘ng‘ib qidirdi. Bir payt «topdim» deya hayqirib yubordi. Azot ko‘tarilgan o‘ng qo‘lidagi shisha bo‘lakcha yaltirab ketdi.
— Topmasangam o‘larding-da, -dedi ta’na qilgan bo‘lib Habiy ajriqqa o‘tirarkan.
Shunda Uning yuragi qattiq bir sanchdi, so‘ng osti buradi. U ko‘zlarini yumib, jim qoldi, og‘riqning o‘tib ketishini kutdi. Habiy ham, suvdan chiqib kelgan Diyqon ham uning holini sezishmadi.
— Ma, arag‘iyni, — dedi Diyqon shishani Habiyga uzatib.
Uning yurak osti yana siqdi: bu do‘stlarining unga, bir-birlariga bo‘lgan beg‘ubor mehridanmidi?.. Kipriklarining osti achishdi. Axir yuragi oldin ham shunaqa og‘rigandi-ku…
Avval onasi o‘ldi — yuvoshgina, to‘porigina onasi oxiratga ketdi. O’shanda U qiyomat, so‘roq-savolu jazoni o‘ylarkan, nahotki mana shu bir umr o‘zi suygan yemishini to‘yib yemagan, boshqalarda gunoh va ayniqsa, o‘ziga nisbatan yomonlik bo‘lishini xayoliga ham keltirmagan, hozirgilarning tosh-tarozusida o‘lchaganda, na hayotni va na o‘limning ne ekanligini bilmagan, balki bularning bari bolalarim, erim, deb tushungan onaginamda ham gunoh bo‘lsa, nahotki u ham jazoga tortilsa, deya o‘rtangandi. Onasini tuproqqa topshirgan kunning oqshomida ham yuragi qattiq-qattiq sanchgandi.
Ha, birgina onasi, yolg‘izgina onasi uning iste’dodiga ishonardi. Yo‘q, onasi rahmatli na oxirat va na dunyo ilmini bilardi. Ammo o‘g‘liga, uning hech kimga o‘xshamasligiga ishonardi.
Keyin U yetim bo‘ldi, kap-katta yoshida yetim qoldi. Aslida esa dunyo yetim qoldi, deb o‘yladi. Yaxshiki, do‘stlari — Habiy bilan Diyqon bor edi. Goho ichib, goho yozib, goho qishloqni kezib, goho do‘stlariga o‘xsholmaganligidan afsuslanib yashayverdi. Lekin Xudo farzand bermadi. Har gal xotinini rostmona quchoqlaganida «Nega?!», deya hayqirmoqni istardi. «Nega axir, tani-jonim sog‘-ku», derdi-yu yuragini changallardi.
Bir yil oldin xotini qazo qilganda esa yuragi bo‘m-bo‘sh bo‘lib qoldi. Na yig‘ladi, na kuldi, na so‘z dedi, to‘nni kiyib, belbog‘ni bog‘lab, do‘ppi ostida mung‘ayib, jim o‘tiraverdi.
U Habiyning qo‘lidan piyolani olarkan, go‘yo araqni ichgisi kelmayotganday o‘zidan nari surdi, ikkinchi qo‘lining ikki barmog‘ida bir bo‘lak pomidor.
Rahmatli xotini har yili kuzda paxtaga chiqardi. Kuz kunlari qisqarib boradi, yozning uzundan-uzoq kunlariga ko‘nikib qolgan kishining kuzga ko‘nikishi qiyinroq kechadi. Xotini ertalabdanoq paxtaga ketar, U esa choy-poyini apil-tapil ichib, ishiga shoshardi. Endi bilsa, ishda ham faqat va faqat paxta haqida gapirilgan, o‘ylangan ekan. Xotini shom mahali qaytardi. Sezgir nigoh horib-charchab, qorayib, chang-g‘uborga botib qaytganini oson payqardi. Yuz-ko‘zidan, qani endi erim menga hech narsa — na ovqat va na boshqa narsa, demasa, degan ma’no yog‘ilib turardi. Uning xotiniga rahmi kelardi — na ovqat va na boshqa demasdi. Mundoq o‘ylab qaralsa, degulik ham bo‘lmasdi. Xotinining zo‘rma-zo‘raki piyoz to‘rg‘ashiga qarab turib, «xotin, damingni olaver, qornim to‘q», deb yuborardi. Yo rostdan ham goho qornini ko‘cha-ko‘yda to‘yg‘azib kelardi. Xotini o‘zining charchab, zo‘rg‘a turganligini xaspo‘shlashga urinarmidi, «ikkitagina tuxum qovurib beraqolay», deb qolardi. U ko‘nmasdi. Shunda xotini yengil nafas olardi-da (erim sezmayapti, deb o‘ylab), ikkita pomidor yoki bitta olma bilan non chaynab qo‘ya qolardi. O’sha hayotmidi? Umuman, biz yashayotgan mana shu hayot hayotmi? Yana so‘roq-savol yodiga keladi va o‘shal javobgarlik nimaga nisbatan olinishini o‘ylaydi. Nahotki xotinida, ha-ha, ana o‘sha xokisorgina, kamsuqumgina xotinida ham gunoh bo‘lsa? Unda nima nimaga nisbatan gunoh deyiladi? O’shanda ham yuragi qattiq sanchdi.
U araqni sipqorib, pomidorni gazak qildi.
Ertasi Habiy bilan Diyqon uni poytaxtga kuzatib qolishdi.
Anchagacha moviy pardaga tikilib (go‘yo tikilib) yotdi. Sanchiq chekinib, yurak urishi me’yorlashdi.
Baribir turishim kerak, pardani surishim, osmonni qidirishim kerak. Parda surilgach, osmonni qidirish na darkor, ey, Habiy aytmoqchi shoir, dedi ichida. Axir men shoir emasman-ku, degan nido keldi yana ichidan. Axir men shoir emasman-ku! Baribir pardani ikki tomonga surib, osmonni ko‘rdi. Quyosh charaqlab yotardi. To‘qqizinchi qavatda emasmi, osmon shundoqqina bo‘g‘ziga tiqilganday bo‘ldi. Bet-qo‘limni yuvay, keyin choy ichaman, degan o‘y kechdi xayolidan. Yuvinib chiqib, narsalari turgan xonaga o‘tdi. Sumkasini poldan olib, dumaloq stol ustiga qo‘ydi. Xom choyni topish ilinjida kovlana ketdi. Sochig‘ini, sovunu tish yuvgichlarini beixtiyor bir-bir paypasladi, ularni stol ustiga oldi. Xom choy o‘z idishida edi, sovunning hidi urmagandir. Choyni qo‘liga olgani hamono sumkasining uzun oqish bog‘ichi uzra o‘rmalayotgan qumursqaga ko‘zi tushdi. U uzumning yoxud shaftolining shoxida, nari borsa, odamning tanida o‘rmalayotgandek sekingina va balki ohistagina, bir maromda borardi. Ie, bu yerga qumursqa qaerdan keldi, o‘yladi U. Nahotki shundayin joylarda ham qumursqa bo‘lsa? Diqqat bilan qumursqani kuzata boshladi — ehtimol biron muddaosi bordir, o‘yladi so‘ng. To‘xta-to‘xta, u sho‘rlik uyda — qishloqda so‘mkaga kirib qolgan bo‘lsachi? Diydasi yumshadi, yig‘lagisi keldi-da, yana yuragi sanchdi, biroq bu sanchish xush yoqqanday bo‘ldi. Salom, vatandosh, pichirladi lablari, yolg‘iz qolmasin debsanda-a? Qo‘lidagi xom choy ko‘ziga ilindi-yu, darvoqe, Xeminguey qahvani yaxshi ko‘rardi shekilli, degan o‘y urildi miyasiga. Xom choyni stolda qoldirib, oshxona tomon o‘tdi. Inglizchasiga «Qahva» deb yozilgan apparatning murvatini bosdi. Jo‘mrak ostidagi finjonga qo‘ng‘ir qahva quyildi. Xo‘pladi. Namuncha taxir bo‘lmasa? Yonboshda oqqand turardi. Ammo u qahvani qaytib xo‘plamadi-da, finjonni joyiga qo‘yib, yuvinish xonasi sari yurdi: bir cho‘milay.
Yuvinib bo‘lgach, xafsala bilan soqolini oldi. Keyin chala dazmollangan ikkita ko‘ylagining birini tanlash uchun rosa urindi. (Shimni tanlashga esa hojat yo‘q, chunki u bittagina edi xolos) Qay birini kiysam ham manovi hashamatli mehmonxonaga-yu bu ulkan shaharga baribir mos kelmayman, deb o‘yladi beixtiyor. Anjuman ertaga boshlanarkan. Qatnashchilarning har taraflardan kelishlarini hisobga olishgandir-da. Demak, bugun shahar aylansa bo‘ladi. Qiziq, nega endi aynan mana shu aylanish so‘zidan shunchalar keng ma’noli qiziq so‘z yasalganikin-a? Shahar aylansa bo‘larmish. Balki yon-veridagi xonalarga ham shoiru yozuvchilar joylashishgandir? Birortasini tanirmikin? Qayoqdanam tanisin, naryoqlarni-ku qo‘ying, qo‘shni davlatlarning hozirgi yozuvchilaridan birontasini tanimaydi-ku. Tag‘in dunyo adabiyoti, deb lof-qof urishlariga balo bormi? Boshqa viloyatlardan ham kelishganmikin? Xalqaro anjumanga viloyatdagilarni kim ham aytardi? Uni balki o‘sha hikoyasi uchun… O’tgan yili bitta hikoyasini — «Odam»ni kimdir o‘ris tiliga tarjima qilib, Rusiyaning qaysidir jurnalida chop ettiribdi. Keyin uni inglizchaga o‘girib, chiqarishibdi. O’zi bulardan bexabar edi. Yaqinda o‘zimizning allaqaysi gazetada bu haqda yozishganini eshitib qoldi. Ha-ha, eshitib qoldi. Chunki o‘zi yaqin-o‘rtada gazeta yoki jurnal o‘qiganini eslolmaydi. Yozuvchining ahvolini qarang… Xullas, ana o‘sha «Odam» uchun uni buyoqqa taklif qilishgan. Endi uni chet ellarda ham bilishadi. U miyig‘ida kuldi: qishlog‘ingdagi yarim odam tanimaydi-yu, chet elda kim ham tanirdi seni. O’zing Tolstoy, Dostoevskiy, Bulgakovdan boshqasini bilmaysanu… Demak, shahar aylanadi. Eshikni qulflab, koridorda birpas turib qoldi: eshiklardan biri ochilib, tanish shoirmi, yozuvchimi chiqishini kutdi. Ammo hadeganda eshiklar ochilmadi, koridor jim-jitligicha turaverdi. Nima balo, hech kim yo‘qmi? Shu payt qishlog‘ida Habiy, Diyqonni chaqirgandek hayqirgisi keldi. Yuragi yana g‘alati bo‘lib ketdi. Og‘ir yutinib, chap ko‘ksini silagancha lift sari yurdi. Lift o‘ylaganidan keng edi. Lekin hech kim chiqmadi. «1»ni bossam bo‘ldi, pastga olib tushadi — o‘yladi. Ishqilib sharmanda bo‘lmay-da. Bir narsa bo‘lsa-yu, biron kishi «nega buni bosding», deb qolsa nima deyman. Kecha notanish hamrohlar bilan chiqib olgan edi. Endi esa… «1»ni bosdi. Lift jilganini sezdi-yu, biroq qariyb ovozi eshitilmadi. Qishlog‘imda oson yurardim, oyog‘im ostida yer bor edi. Bu yerda esa mavhumlik, muallaqlik. Agar istasam qishlog‘imda ucha olaman (bu endi qahramonning o‘ylari, kulmang), huddi oppoq (faqat oppoq) kapalakka o‘xshab. Lekin bu yerda ucholmayman. Yo‘q, manovi mening quvvai hofizamga sig‘mas hashamat yoki mendan hadsiz darajada mashhur, balki zo‘rroq odamlar (boringki, yozuvchilar) borligi uchun emas. Yo‘q, aslo. Bunda yer yo‘qligi uchun ham ucholmayman. Osmon bor, lekin yer yo‘q. Men qishlog‘imda kapalak bo‘lib ucha olardim (yoki olaman). Lift to‘xtadi. Yoki sen rostdan ham zo‘r yozuvchisan, yo bor-yo‘g‘i xayolparastsan, degan fikr urildi miyasiga.
Shahar nima uchun shahar? Osmono‘par baland binolari, tekis yo‘llari, beadad odamlari borligi, yana tag‘in qariyb daraxtlari, tuprog‘i yo‘qligi uchun shahar. U bularni o‘ylamadi va hatto shaharni juda-juda ko‘rgisi keldi. Axir yana qachon buyoqlarga keladi-yu? Shaharni yo yaxshi, yo yomon ko‘rgani uchun ko‘rishni istamadi, shunchaki, ko‘rgisi keldi. Ovozyutgich eshik ostonasidan xatlashi hamono uncha ko‘nikmagan, lekin televizor yoki kinolarda ko‘ribmi, xotirasining allaqaerida mana shu shahar ovozi, deya saqlangan shovqin ichra qoldi. Go‘yo qalin daraxtlar kabi o‘sgan binolar, rang-barang yozuvlar, turgan va yurgan son-sanoqsiz avtolar, tekis yo‘l (yo‘llar), turli tarafga shoshayotgan behisob odamlar, nihoyat, ovozlar, qorishiq ovozlar qulog‘ini batangga keltirdi. Baribir shahar yaxshi, o‘yladi beixtiyor. Ammo shuurining bir burjida, «shu sening gapingmi?», degan o‘y ham balqib qo‘ydi. Birov bilan birovning ishi yo‘q. Hamma qayoqqadir boradi va hatto shoshadi. Mana, masalan, yo‘lning narigi betida turgan hov anovi qizni olaylik: oppoq tor shimu maykasi (bu matohni yana qanday atash mumkin, bilmaydi), poshnasi uzun tuflisi o‘ziga bag‘oyat yarashgan. Qosh-ko‘zi qora, lekin sochi mallarang. Agar shu qiz, ularning qishlog‘ida, boring, ana, mayli, odam ko‘proq to‘planadigan surma xolaning «bo‘tka»si oldida mana shunday ahvolda tursa nima bo‘ladi? Birovning ishi bo‘lmasligi mumkinmi? Eng avvalo Surma xolaning qip-qizil beti yanayam ollanib, qizg‘ish to‘rlaydi. Shippagu futbolkada yurgan yosh-yalangning ko‘zi chaqnab, «voau-u» deb yuboradi. Habiy bilan Diyqon esa… Yo‘q, ular birrov qarab-netadi va balki u yer-bu yerlari sal-pal jimirlab ham qo‘yadi-yu, ammo e’tibor bermaslikka urinadi. Qari-qartanglar esa uning millati-yu, kimning qizi yoki qarindoshi ekanligini surishtirishadi. Bu qoloqlikmi-yo‘qmi?.. Shahar — shahar, u yerda bunaqa gaplarning qizig‘i yo‘q. Shuning uchun ham ehtimol ko‘plar erkinlik istab — bilganini qilsa birovning ishi bo‘lmasligi uchun ham shaharga talpinar.
U so‘lga burilib, yo‘lak bo‘ylab ohista yura ketdi. Ro‘parasidan, ortidan kelayotgan odamlarga qorishib yurdi. Ikki yonidan o‘tayotgan odamlarga beixtiyor e’tibor berarkan, aslida ulardan farq qilmasligini, bir vaqtning o‘zida, ularga mutlaqo o‘xshamasligini angladi. Atrofidagilar bag‘oyat po‘rim edilar. Ular buni sezarmidilar va yoki uning o‘zlaridan bundayroq, umuman olganda, farq qilishini payqarmidilarki, U bilgan haddan o‘tgulik viqorli edilar. U bo‘lsa, o‘zining tashqi qiyofasiga, boringki, ust-boshiga e’tibor bermasa-da, ayni paytda, hamma. ha-ha, hamma o‘zidan yuqorida ekanligini fahmlay, nari borsa, shunday o‘ylay boshlagandi. Men kimman, degan fikr shuuriga tobora chuqurroq o‘rnab borardi. Hech kim emasman-ku axir. Bor, ana, Xemingueyga o‘xshagan bir yozuvchidirman-da. Kamtarinlikni qarang — Xemingueyga o‘xshaganmish. U miyig‘ida kuldi — sen na nafaqat Xeminguey, balki o‘zbek tanqidchilari tomonidan umuman tilga olinmagan yozuvchichalik ham emassan, mulla! Shuning uchun o‘zimga o‘xshagan odamlarni topganim ma’qul — bu uning ayni paytdagi hukmi edi, har holda, hech qursa, hozirimni yengishim oson bo‘ladi. Shu o‘y xayolidan o‘tishi hamono o‘zbekning kichikroq milliy sandig‘iday keladigan bir juftdan sumkalarini ko‘targan (aniqrog‘i, sudrayotgan) ikki ayolga ko‘zi tushdi. Ular o‘zi tengi edi, chamasi, biroq, katta xotinlarga o‘xshashardi. Tijoratchilikka chalingan bu ayollar qishloqning U bilgan sodda (aslida ustomon), biryog‘ini aytsang, turmushning mushtlari tanini momataloq qilgan, bola-chaqasi uchun jontalosh bozorchilar edilar. Qishloqqa mol olib ketardilar chog‘i, og‘ir sumkalarini yo‘lning narigi betiga o‘tkazishga urinardilar. U shahd borib sumkalarning birini tutdi:
— Men olib o‘tishib qo‘yaman.
Ikki ayol tuyqus bir-birlariga ma’noli qaradilar: «Shunaqasi ham bo‘lishi mumkinmi?» — degan savol zohir edi nigohlarida.
— Xushyor bo‘l, kiyimidan shaharlikka o‘xshamaydi, — deya shipshidi ayollarning biri ikkinchisiga. — Sumkani urib ketmasin.
Bu gapni U ham eshitdi. Tutgan sumkasini yerga qo‘ydi. Avval kaftlariga, so‘ng salkam g‘ijim ko‘ylagiga boqdi. Biroq shuuri ayollarning gapi-yu ko‘ylagining holatidan uyg‘unlik topib, ma’no chiqarolmadi. Yo‘lak tomon chekindi.
— Ana, aytmadimmi, — deya pishilladi yana haligi ayol. — Sezganimizni sezib qoldi.
Qiziq gap, o‘yladi U, «sezganimizni sezib qoldi», deyish uchun odam kamida shoir bo‘lishi kerak. Uni hatto o‘zining «qishloqilari» ham qabul qilishmadi.
U u yoqdan-bu yoqqa o‘tayotgan turfa odamlar aro yo‘lak o‘rtasida tek qotdi. Ana endi qaysi tomongadir albatta yurishi kerak. Qayoqqa yursin — o‘nggami, so‘lgami, tepagami, pastgami? Ammo nima bo‘lganda ham yurishi shart. U ro‘parasiga yurdi — har qalay nimadir bo‘lar. Odamlar buncha ko‘p-a? Aslida ko‘pligi yaxshi. Lekin… Huddiki o‘rikzor, olmazor, bodomzor degandek bu dunyo odamzorga o‘xshaydi. Dunyo — odamzor. Shunday ekan, nega endi odamzorning zavoli bunchalar mo‘l? Bas qil, falsafangni, o‘ziga tanbeh berdi U, sen odamzor ichra emas, yo‘lakda u yoqdan — bu yoqqa o‘tayotgan odamlar orasida bir odam, ya’ni ularning bir bo‘lagi sifatida borayapsan. Bor gap shu — ularning har biri seni ham shunchaki yo‘lakdan o‘tayotgan odam, deb biladi, vassalom. Lekin nima bo‘lganda ham «sezganimizni sezib qoldi», degan jumla zo‘r chiqdi-da — tap-tayyor hikoya, ehtimol she’rdir.
U so‘lga burilib, yana ohista, o‘ychan odimladi. O’ylari qovushmadi. Shahar shunchalar shovqin bo‘lishini avvallari sezmagan ekan. Balki manovi odamlar, ko‘zlari o‘ngu so‘ldan va umuman hammayoqdan har qayoqqa o‘tayotgan, aksariyat shoshayotgan odamlarni bir qur «cho‘qilab» o‘tdi, shovqinni mutlaqo eshitishmas, undagi sezish quloqlarining, vujudining sokinlikka ko‘nikkanligi tufaylidir. Tavba, nahotki meni na shahar, na hammani, har narsani qabul qilish tugul yutib yuboradigan manovi odamlar va hatto, bir jihati, o‘sha onda o‘zimniki, deya o‘ylagan haligi xotinlar ham hazm qilolmasalar-a? Qiziq so‘z — hazm qilolmasalar, hazm qilish uchun yeyish kerak-ku axir. Uning lablari qayrildi — jilmaydi. Ha, endi buyam bir xalq iborasida, Habiy aytmoqchi, ey, shoir.
Bu yerda osmon ikki chiziq orasida bo‘larkan. Chor tarafingda, ayniqsa, ikki yoningda balanddan-baland binolar. Nigohing bilan to osmonga yetguncha bir yutinib olasan — osmon qani, deging keladi. Biroq va nihoyat yetasan, yetasanu shu turishingda, ya’ni pastda turganing holingda osmonni chamalaysan, oqu qora bulutlarini izlaysan, osmon esa bilganingdek, tushunganingdek keng emasligini payqab qolasan. Osmon shu xolosmi, deysan, nigohingni quyi olib, ko‘rasanki, u binoning ilk chetidayoq tugaydi…
U o‘zini tushkun, mijg‘ov, boringki, qo‘shtirnoq ichida rutubatli odam, deb bilmaydi. Onasi o‘ldi, chidadi, hatto ko‘z yoshini ham birov ko‘rdi-ko‘rmadi. Xotini o‘ldi, chidadi, hatto farzandsizligi ham uni iztirobu qiynoqdan o‘zgasiga ro‘baro‘ etolmadi. Keyin esa yolg‘izlik… yolg‘izlik. Hatto, ha, yana hatto adabiyot ham (bu endi uning o‘yi, aziz o‘quvchi) dardiga malham bo‘lolmadi. U oyog‘i ostidagi qumursqadan to koinot qadar bo‘ychan va ularning hamma-hammasiga mas’ul ekanligini anglab qoldi. Yo‘q, aslida anglaganini o‘zi anglamadi. Shu holiga uni tushkun, deyish mumkinmi? U tushkun emas. Ammo insoniyatning yozma, noyozma xotiralaridan ayonki, boshidanoq aksariyat jamiyatlar shoirlarni (boshqacha tushunmangu, Habiy aytmoqchi, U ham shoir-ku) unchalik xushlamagan, xushlamagangina emas, ulardan saqlanishga uringan. Chunki ular har bir narsaning yoki voqelikning o‘zga ma’nolarini topishga yoki tushunishga uringanlar. Shunday ekan, shoirlar emas, bu dunyo, balki butun koinot tushkun… Axir sen shoir emassan-ku…
Baribir bu yerda osmon ikki chiziq orasida.
Ro‘parada kuchuk yetaklab kelayotgan mallasoch kampir ko‘rindi. Kuchugi ham malla, buning ustiga pahmoq edi. Sezgir nazar kampirning serajin yuzidan, ajinlar aro miltiragan ko‘zidan, uning butun jonu jahoni, soddaroq aytganda, ovunchog‘i yolg‘iz mana shu kuchuk ekanligini payqash mumkin edi. Kuchuk zavq qo‘zg‘ar darajada yoqimtoy bo‘lib, timirskilanib, o‘zini u yoq — bu yoqqa urar, tinmay pitirlardi.
Uni nima jin urdi, bilmaydi: kampirga yaqinlasharkan, yer tepinib, qo‘llarining kuchukka hamla qilayotganday harakati ortidan irillaganday ovoz chiqarib, u bilan tegishmoqchi bo‘ldi. (Odatda qishloqda bolalar, yoshlar ko‘ringan itu mushukka tegajog‘lik qilib o‘tadi-da, shu yodiga tushib, yoshligi qo‘zidimi.). Kuchuk cho‘chib, akillagancha o‘zini nari urdi. Kampir siltanib, yiqilib tushayozdi. Tezda o‘zini o‘ngladi-da, shoshib kuchukni quchog‘iga olib, boshini siladi:
— Uspakoysya, milaya, — dedi ovutib, so‘ng Unga qarab o‘qraydi. — Dikar!.. Churban!..
Bu payt o‘tgan-ketganlar ularga qarab turishardi. U nima qilishini bilmay serrayib qoldi. Yoshroq bo‘lganida tiraqaylab qocharmidi. Qizardi, bo‘zardi. Kampir g‘udrana-g‘udrana nari ketganchgina, lablari pichirladi:
— Izvinite…
Agar hozir Uning xalqaro anjumanga kelgan yozuvchi ekanligini bilishsa, nima qilishardiykin-a? Xaloyiqqa rosa bo‘p berardi-da o‘ziyam… Aslida hunuk ish qildi: axir bu yer shahar, poytaxt bo‘lsa. Bu makonda xalqlar, millatlar qovushadi, qorishadi. Sening hozirgi qilig‘ingni biron qishloqdan kelgan odam yoki ildizlarini sog‘inib, iztirobga to‘lgan qandaydir shoiri devona tushunmasa agar, boshqa birov hech qachon anglolmaydi. Ha, hamma qovushgan, qorishgan joyda ham yana yolg‘iz qolishing tayin, aks holda seni hech yo‘q kuchuk tushunardi. Yuragi qattiq g‘ijimlab, yuzi tirishdi. Qaysidir ma’voda manzil toparman, axir, — dedi ko‘ksini silab. Tushgacha sanqidi. Har kungi mahalda qorni ochganini sezsa-da, yana ancha yurdi. Axir taomildagi tushlik vaqti bor-ku, hech yo‘q shaharda shunga amal qilay, deb o‘yladi. Shu istagi yetovida hatto mehmonxonadagi tekin ovqatdan ham voz kechdi. Nihoyat horijiy rusumdagi, peshonasiga «Kafe Tarzan» deb yozilgan yemakxona qoshida to‘xtadi. Tarzanning kimligini bilisharmikin o‘zi bular? Bilishgani uchun qo‘yishganda, buning ustiga, jarangdor ham. Nima, Alpomish yo Go‘ro‘g‘li, deb qo‘ysinmi? Balki Namozbotir qo‘yishlarini istarsan? Unda bu yerning xodimlari yemakxonaning nomini aytolmay ishdan haydalib ketishar. Hay, mayli, avval «tarzanchilar»ning xizmatini bir ko‘raylikchi?.. Bunaqa joyda hamma narsa qimmat bo‘lishini o‘ylab, cho‘ntagini kovladi, pulini chamaladi. Topgan puling bitta joniggga yetib ortadi-yu, yana nimani chamalaysan?! Bir yozilsang yozilibsan-da, Habiy aytmoqchi, shoir, uyog‘iga Xudo poshsho. Oynavand eshikdan ichkari kirdi. Ichkarida yana bitta eshik bor ekan, undan ham o‘tdi. Xona unchalik keng bo‘lmasa-da, salqin, jim-jit edi. Mayin musiqa yo eshitiladi — yo eshitilmaydi — shunaqa ishlarda juda me’yorni bilishadi-da bular. Odam siyrak. Uni novcha, go‘zal bir qiz qarshi oldi. Qarshi olishi asnosida sinovchan nazar soldi. Yoqimli talaffuzda gapirishidan angladiki, Uning millatini, aniqrog‘i, unga qaysi tilda gapirgan ma’qulligini bilishga urinardi.
— Kaerga o‘tirasiz? — so‘radi qiz nim tabassum va xiyol ta’zim ila.
U «qaerga buyurasiz», deganday qaradi. Qiz chetroqdagi holi joyga yetakladi. O’tirishi hamono qo‘liga taomnomani tutib, daftarchasini ochdi. Shoir taomnomadagi tanish-notanish ovqatlarning nomiga bir-bir ko‘z yugurtirarkan, o‘zini qizni uzoq kuttirib qo‘ygandek sezib, biroz o‘ng‘aysizlandi va tavakkaliga bitta taomu salat buyurdi.
— Ichishgachi? — so‘radi qiz.
Darvoqe, nimadir ichishi ham kerak-ku.
— Choy,- dedi-yu birdan dadillashib, o‘mganini (ko‘kragini) ko‘tardi. — Va yuz ellik gramm araq.
Qizning yuzi yorishib ketganday bo‘ldi. Uzun oyoqlari shitob odimladi. Etagi tizzasidan anchagina yuqorida to‘xtagan tor yupkasi oppoq sonlariga juda yarashgan edi. Patnis bilan qaytib, buyurtmalarni stolga qo‘yayotganda Uning ko‘zi yana qizning sonlariga tushib, ko‘ngli g‘ilqib ketdi: dasturxon ustida bunaqa a’zolarning yopiq turgani ma’qul ekan. Endi manavi savil idishdagi araqni ikki bo‘lishi kerak, yana tag‘in istikon… ryumkada. Ryumkada ichish juda qiyinda, ichib bo‘lguningcha hamma qarab turganga o‘xshaydi, chunki unda ichish, yanaki simirib ichish uchun boshni ancha orqaga tashlash kerak. Ungacha… Choy buyurgandi, piyola bilan olib kelsa kerak. Biroq hadeganda choy ham, piyola ham ko‘rinmadi. Araqni ko‘rgach, tomog‘i taqillab ketgandi. Ichdi. Buyurgan taomi tovuq oyog‘i shaklidagi qorishiq go‘sht aralash bir balo ekan. Undan, salatdan yedi. Yana ichdi. Yuz ellik gramm ham rosa ko‘p bo‘larkan-da, o‘yladi o‘zicha. Ovqat shirin ekan, jag‘lari tobora avjlandi. Shu payt xizmatchi qiz keldi-da,
— Kamchiliklar yo‘qmi? — dedi.
U choy obkeling, demoqchi bo‘ldi, lekin tili aylanmadi, nosinashta joy bo‘lganligi uchun o‘zini mastday his qildi. Lablarini qimtib, burni va og‘zi orqali qandaydir ovoz chiqardi-da, boshini silkidi. Qiz ortiga qayrilganda ovqatga engashgan ko‘yi uning sonlariga suqlandi: chiroyli ekan! Shuniyam biron baxtli odam quchoqlarmikin? Quchoqlarmikinmish! Nafaqat quchoqlaydi… Shuning uchun ham Islomda avrat, araq ichma, degan gaplar bo‘lsa kerak-da. Qori bo‘p ket-e, Habiy aytmoqchi, ey shoir! Bilmasang (agar bilmasang-da), endi bilasan: barcha zo‘r shoiru yozuvchilar qishloqda tug‘ilganlar. Hech bo‘lmasa, qishloqqa o‘xshagan shaharda. Keyin esa shaharga kelib, manavinaqa ko‘rgiliklar (sharoitlar) ichra avvaliga mast-alast bo‘lib, o‘rnashib olgach, bolalik va yoshlik xotiralariga tayanib, bir nimalarni yozaveradilar-yozaveradilar. Kimlarningdir, balki o‘zlarining nazdida ham tuzukkina narsalarni ejod (ijod) etadilar. Qarabsanki, hammalari «klassik». Ammo ular na manavinaqa yemakxonada ovqat yeydilar va na mana bunday sonlar haqida o‘ylaydilar. Ular o‘z uylarida (kvartiralarida, hovlilarida) o‘tirib olib, bolaligu yoshliklarini o‘ylaydilar va o‘zlarini hamon o‘shanday tutishga urinadilar, balki shundayman, deb biladilar. Aslida esa ular… Qaysidir yozuvchi qishloqni donor deb atagandi, ya’ni shaharni, boringki, poytaxtni turfa iste’dodlar bilan ta’minlovchi donor. Ehtimol, taqdir deganlari shudir. Taqdir aslida nima va u qaergacha? Inson o‘lgach, taqdiri tugaydi-ku, shunday ekan, o‘lgan va mudom buyuk, deya e’tirof etilayotgan shoiru yozuvchilarning taqdiri mudom davom etayaptimi? Bu savolga javob yo‘q, bilaman, biroq Navoiyni yoki Mashrabni nega buyuk, deymiz? Nega? Keyingi yuz yillikda yozilgan darsliklarda turfa g‘oyalar pinjida maqtalgani uchunmi? Cho‘lpon yoki Qodiriy o‘tgan asrning boshida yomon edi, endi yaxshimi? Kim aytdi? Balki hozirgi yaxshilar yuz yildan keyin yomon bo‘lar? Kim ayta oladi? Demak, biz e’tirofda tormiz, biryoqlamamiz. Adabiyot shu bugun bilan yashasa — bu xavfli, bugun yulduzlarni kashf etadi-da, ertaga ularni chaynab, tuflab tashlaydi. Necha Navoiy, necha Mashrab bor edi? Ular sizu bizning darsliklarimizda yo‘q xolos… Endi dunyoga kengroq boqmoq lozim…
Xizmatchi qiz choy olib keldi. Piyola ham kelarkan-ku, o‘yladi U. Yo‘q, millatim hali aynimagan — mana bunday joylarda ham choynakda choy va piyola bor ekan, demak… Buning ustiga, qiz uning g‘ijim ko‘ylagiga parvo qilmadi, hatto nigohida ham sezdirmadi. Ehtimol, hisob-kitobda hammasini chiqarib olar. Choy xo‘plarkan, hov narida o‘ziga termulib turgan qizning soniga yana suqlandi: ayol ko‘rmaganiga qancha bo‘ldi-yu. Mabodo qo‘qqisdan yur, deb qolsam ham hozir o‘ziga ishonmaydi. Axir qancha bo‘ldi-yu… Po‘lat o‘tda toblanadi axir…
Qizni chorlab, hisob-kitob so‘radi. O’n besh ming. Yaxshi-ku — mana bunday joyda, mana bunday suluv xizmat qilib turganda, mana bunday mazali taomlar va araq — arzon-da. O’z tumani markazidagi oshxonalarning xizmatchilari ham agar ichganini sezib qolishsa, uch ming so‘mlik yemak-ichmak uchun o‘n ming olishadi. Unga qaraganda bu arzon. Ammo u ayni paytda poytaxtga ketayapman, deya anchagina pul olib kelganligini va hozirgi xayoli shunga nisbatan ekanligini o‘ylamasdi.
Mehmonxonaga yetib kelgunicha, ovqat yoki ichimlik ta’sir qilib, tani qizidimi, terlab ketdi. Salqin xonaga kirdi-yu, ust-boshini yechib tashlab, momiqdek xobjoyga yastandi. Ko‘p o‘tmay, dong qotib, beozor pishillay boshladi.
Rosa uxlabdi. Tush ko‘ribdi. Tushida yong‘oqlar yer bilan bitta bo‘lib yotganmish. Yong‘oq bo‘lib hamki, po‘sti yupqa, barmog‘ing bilan shunday bossang, chaqilib ketarmish. Mallarang sochli kampir hovuch-hovuchlab yong‘oq terarmish, «kuchugimga terayapman», dermish. U bo‘lsa, bir-ikkita yong‘oqni chaqibdi-yu, mag‘zini yo topibdi, yo topolmabdi. Birdan pahmoq yunglariga qorishgan dumini likillatib kuchukcha ham paydo bo‘libdi.
Bunchalar hikmatlisan, hayot, dedi ichida o‘rnidan turarkan. Vannada maza qilib cho‘mildi. Yalang‘och holida sochiqqa artina-artina xonada kezindi. Nimadir qilishi kerak-ku, axir. Shuuri bag‘oyat tiniq edi, faqat qaysi tomonga yoxud nimaga yo‘nalishini bilib olsa bas. Oromkursiga o‘tirib, kattakon televizorning murvatini biroz qidirgach, bosdi. Televizorning tiniqligi, ranglarining nihoyatda tabiiy ekanligi e’tiborini tortdi. Dunyo o‘zgarib bormoqda — aql-zakovatga, tafakkurga ming-ming tasanno. Aql deganlari olamni tasvirga ko‘chiribdi. Ertagalik anjumanni ham televizorda ko‘rsatishsa kerak: o‘zimizning alloma yozuvchilar ikki yonlariga horijiy mehmonlarni olishib, to‘rda o‘tirishadi. Eng yomoni, balki eng dahshatlisi, na biznikilar va na mehmonlar bir-birlarini tanishmaydi. Hoynahoy arbob yozuvchilarimizdan biri (eplaganida) rus tilida nutq irod qilsa ham ajabmas. Turgan gapki, barcha mehmonlarning ensasi qotib, o‘zimizning nisbatan yoshroq yozuvchilar esa mehmonlarning nigohidan o‘zlaribop ma’nolar qidirib o‘tirishadi. Keyin birin-sirin mehmonlar gapirishadi. Alloma mezbonlarning «palagini bosib qo‘ymasmikinmiz», deya xushyorlik ila, lekin etakda o‘tirgan yoshlarga umidvor boqib, so‘z tizishadi. U hoynahoy davraning quyisida, ehtimolki, davradan tashqaridagi o‘rinlarning ikkinchi yoki uchinchi qatorida o‘tirsa kerak. Shu o‘tirishda davradagilarning baridan, millati, yoshi, iste’dodidan qat’iy nazar, samimiyat qidiradi. Ana to‘rdagi alloma ustozlar mehmonlardan kam bo‘lmaslik uchun viqorla (go‘yo kamtarona) boqishadi, huddiki bir-birlarini allaqachon o‘qib qo‘yishgandek. Uni allomalarning birovi taniydi, birovi tanimaydi, lekin hammalari o‘zlarini tanimaydigandek tutishadiki, shu bilan me’yorni, aniqrog‘i, o‘z maqomlarini saqlashga urinishadi. Quyidagi poytaxtlik teng-to‘shlarining aksariyati esa uni tanishni istamayotgandek tuyulishadi. Tanishdimi, go‘yo obro‘lari tushib qoladigandek. Hademay, unga ham so‘z berib qolishsa ajabmas. Berisharmikin? Olib boruvchi o‘zbek bo‘lgach, uni albatta andijonlik (yoki qashqadaryolikmi, buxorolikmi) yozuvchi, deya tanishtiradi. Xalqaro anjuman ekan, «o‘zbekistonlik yozuvchi falonchi», de-qo‘y. Rostdan ham so‘z berib qolishsa nima deydi? Habiy ichganda goho «Ey, shoir, sen odamlarni yiqitib emas, yiqilganni tiklab zo‘r bo‘l», deguvchi edi. Shu gapni o‘rischalab aytsinmi? Yoki orqa qatordan turib «rus tilida roman yozdim», deydimi? Bunga kim ishonadi? Yaxshisi, bironta tuzuk-quruq kitob chiqarolmadim, degani durust emasmi? Shunda to‘rdagi horijlik oqsoqol yozuvchilardan bir-ikkitasi «kim u?», deya so‘rab qolishar. «Andijonlik (yo qashqadaryolik, yo buxorolik) falonchi», deyishadi o‘zimizning oqsoqollar biroz o‘ychan holda xijil tortishib. Hamma uning rus tilida roman yozganligini unutishga urinayotgandek tuyuladi. Shunda kimdir o‘rischalab, «Odam»ning muallifi shu kishimi?», deb qoladi. Yuragi qattiq g‘ijimladi. Chap kafti bilan ko‘ksini bosib, ko‘zlarini yumdi, og‘riq o‘tib ketishini kutdi. Derazadan tashqariga qaradi: allaqachon qorong‘i tushibdi. O’rnidan turib, yana sumkasini kovladi: doimiy hamrohi «Chol va dengiz»ni oldi. Salom, hazrat, dedi yozuvchining suvratiga tikilib. So‘ng suvratni kafti bilan siladi, ko‘zlari o‘ksik yiltiradi. Kursiga o‘tirib, kitobni varaqladi. Anchagacha qariyb yod bo‘lib ketgan o‘ziga yoqadigan, ammo har qancha o‘qisa ham zerikmaydigan sahifalarni hijjalab o‘qib o‘tirdi. Bir yoqda televizor g‘o‘ng‘irashini qo‘ymadi.
Tuyqus eshik taqilladi. Avvaliga kim bo‘lishi mumkin, deya og‘rindi ham, keyin ko‘ngil mayli evrilib, biron yangilik ilinjida eshik tomon oshiqdi. Ro‘parasida yigirma besh yoshlardagi pakanaga moyil, chuvak yigit turardi. Yigitning angoridan dadillik ufurar, egnidagi qimmatbaho xonaki kiyim, qo‘lidagi tilla uzuk va bo‘ynidagi oltin zanjir dadilligiga kuch berayotgandek edi. Uni tanidi — televizorda tez-tez chiqib turadigan klipparast, zamona tilida aytganda, yulduz qo‘shiqchi.
— 907-xonami? Sizzi yozuvchi, deyishdi, oka. Man o‘n ikkinchi etajdanman, — deya bidillay ketdi xebbimchalish (hezalakmijoz) ovozda. Bu orada nozik qo‘llarini uzatib, so‘rashdi. — Ertaga syomkam boriydi, dam olishim kerak. Hech uyqim kelmayapti, shunga… Bironta skushniyroq kitobiyz yo‘qmi, o‘qisam uxlab qolarmidim…
«Chol va dengiz» hamon Uning qo‘lida edi, ko‘rsatkich barmog‘i o‘qiyotgan sahifasida.
— Mana, — deya kitobni shartta qo‘shiqchiga uzatdi. — Rosayam skushniy kitob.
Yigit kitobning betiga qaramadi ham.
— Rahmat, oka, ertalab qaytaraman, — dedi-yu lift sari chopdi.
U bo‘lsa eshikning ochilmagan tabaqasiga bo‘ynini cho‘zib qaradi: rostdanam to‘qqiz yuz yetti ekan, esidan chiqibdi. Eshikni yopib, ortiga qaytarkan, «ishqilib kitob o‘qiydikanu, deb qo‘ydi ichida, uxlash uchun bo‘lsayam-da». Beixtiyor miyig‘ida kuldi? Qiziq, men mana shu mushtday ashulachini taniyman. Lekin u meni — qirq yashar yozuvchini tanimaydi. Zamonangdan aylanay, otingni sot, molingni sot, ashulachi bo‘l, degan zamon keldi-da. Menmish, mendan kattasiniyam tanimas u. Hoynahoy qo‘shiqlarining she’riniyam (agar shunday atash joiz bo‘lsa) o‘zi yozsa kerak. Nima qilishini bilmay xona o‘rtasida serrayib turib qoldi. Chap qo‘li bilan labu jag‘ini ushlagancha nigohini tentiratib, goh televizorga, goh kursiga, goh uning oldidagi oynavand stolga, goh sumkasi qolgan xonaning ochiq eshigiga tikildi. Nimadir qilishim kerak, deya o‘yladi va shuning ortidan bag‘rida qizish asnosidagi huvillashni sezdi. Aa-xx, dedi boshini orqaga tashlab, nenidir istayman, lekin qilolmayman. O’-o‘, Xudoyim, ne balo — men balo?! Nigohi balkon eshigida to‘xtadi: o‘sha yoqqa chiqaman. Chiqdi. Ikki qo‘llab panjarani tutib, atrofga tikildi — hammayoqda chiroqlar charaqlaydi — maftunkor chiroqzor. To‘qqizinchi qavatda emasmi, tevarakdagi binolar quyiroqda ko‘rinadi. Ayniqsa, mashinalar shovqinining pastda qolgani yaxshi bo‘larkan. Lekin yuragi shig‘illab ketdi — o‘zini pastga otgisi keldi. Yer tortadi, deganlari shu bo‘lsa kerak-da. Xuddi balkon o‘pirilib tushayotganday tuyulib, shoshib o‘zini orqaga oldi. Devor yonidagi to‘qima kursiga o‘tirdi. Boshini ham yastab, yana ko‘ksini ushladi. Balandlik qon bosimiga ta’sir qiladi, deyishardi, yurakka ham bilinarkan. Nafasi qisayotganday bir-ikki chuqur-chuqur nafas oldi. Chala yumuq ko‘zlariga balkon panjarasi aro ro‘paradagi nisbatan pastroq bino peshtoqidagi xiyol xilpirayotgan, turfa chiroqlar yog‘dusida ajib jilvalanayotgan bayroq ilindi. Bayrog‘imiz chiroyli, ayniqsa, ranglari bag‘oyat go‘zal, olam bilan uyg‘un… Joning og‘rib turganda bunaqa chiroyli o‘ylarga balo bormi? Chap kafti bilan ko‘ksini siypalarkan, bo‘ynining orqa tomonida nimadir o‘rmalayotganligini his qildi. O’ng qo‘lining to‘rt barmog‘ini juftlab, ohista bo‘yniga bosdi. O’rmalaguvchi o‘rta barmog‘ining bir yoniga ilindi, U esa qo‘lini asta bo‘ynining yon tomoniga tortdi. Haligi narsani o‘ldirishni istamay, barmog‘ining uchiga oldi: qumursqa. Bu yerga qumursqa qayoqdan keldi? E, darvoqe… Nimqorong‘uda ilg‘adiki, bu o‘sha qumursqa va u barmoqlarining beozor ozoridan o‘nglanishga urinib, tipirchilardi. O’lmabdi, chinakamiga xursand bo‘ldi U. Qumursqa tiklangach, puflab tashladi. Jonivor qaerdadir g‘oyib bo‘ldi. O’lmaslikka-ku o‘lmabsan, ammo bu yerlarda yashab keta olarmikinsan, yurtdosh. Ilohi, yashab ket! Men ham o‘lib qolsam-a, degan xayol tuyqus miyasiga urildi. Urildi-yu, qo‘lini ko‘ksidan oldi. Keyin xayolini yumshatishga urindi: o‘zi yurak nega og‘riydi? Quvonchdanmi, g‘amdanmi? Bilmaydi. Yuragi og‘riganki odam o‘laversa, dunyoda odam qoladimi? Aslida quvonch bilan g‘am hamisha yo‘ldosh, huddiki, jannat va do‘zax kabi. Do‘zax!.. Tavba, cheksiz kuch-qudrat, imkoniyatlar sohibi bo‘lgan Tangri nahotki o‘z bandalarini olovlar bilan «siylasa»? Qaysi tafsir, qaysi talqinlarni o‘qimang, inson faqat va faqat olov bilan qo‘rqitiladi: do‘zaxda olovda undoq kuyasan, bundoq qovurilasan. Yo‘q, bunday bo‘lishi mumkin emas! Axir bu o‘ta ibtidoiy fikr: olov kuydirguvchi — buni go‘dak va hatto hayvon ham biladi. Nahotki Tangriday zot?.. Menimcha, Tangri do‘zaxda o‘z bandalarini sog‘inchlar girdobiga soladi: eng sevikli insonlarini, mashg‘ulotlarini sog‘intiradi. Bu dunyoda qilolmagan savob ishlarini va hokazo, boringki, eng sevimli taomlarini sog‘intiradi. Tangri minba’d mehribon — mangu mehribon. Shuningdek, u bemisl aql sohibidir, ya’ni o‘z bandalarini oddiygina olovga solmaydi, sog‘inch oloviga giriftor etadi — bu dahshatliroq. Shuning uchun ham shoirlar, boringki, jumla ijodkorlar bu dunyodan sog‘inch va iztirob ila o‘tadilar — mana shu oxiratga ishora. Jannatda esa bularning bariga musharraflik bo‘ladi. Hademay dinning yangi davri boshlanadi va u aqlu qalb uyg‘unligiga erishadi. Odamzot Tangriga munosabatini ham isloh qiladi. Zero, endi u olovdan, ilonu chayonlardan qo‘rqmaydi: ulg‘aydi. Endi gunohu savoblar nisbati ham o‘zgaradi. Aksi bo‘lsa, mehnatdan boshqani bilmay, daladan beri kelmagan, bir umr erim, bolam, dalam, uyim, deb o‘tgan onasida yoki xotinida gunoh bormi? Ularga vaqtida toza yuvinmaganlik va sifatli hamda xushxo‘r taomlarni yemaganlik «gunohi» qo‘yilishi mumkin, xolos… Agar ularda gunoh bo‘lsa, do‘zax deganlari mavjud emas. Mabodo do‘zax deganlari bor bo‘lsa-yu, unda jismoniy azoblar birlamchi jazo esa, unda ular jannatidirlar. Nima balo, dunyoga vasiyat qila boshladingmi? Rostdan ham o‘lasanmi? Yuragini chirmagan og‘riq bo‘g‘zi tomon surilaverdi va nafasi qisaverdi. Ishlar chatoq, dedi xayolan, kunim bitgan ko‘rinadi. O’rnidan turmoqchi bo‘lgandi, oyoqlari madorsizlanib, tiz cho‘kib qoldi. «Tez yordam» chaqirish kerak. Balkondan chiqaverishdagi burchakda telefon bor, U o‘sha tomon sudraldi. Odamning ko‘kragidan kelguvchi telefonga o‘ng qo‘lini cho‘zib, arang yetdi, qulog‘iga tutdi.
— Dejurnaya vas slushaet, — ayol kishining yoqimli ovozi eshitildi.
U indamadi.
— Risepshn… — dedi inglizchalab boyagi ovoz.
U yana jim.
— Gapiring! — deya salkam do‘q urdi nihoyat ayol o‘risona o‘zbekchalab. — 907-xonami? Gapiring!..
— Xayriyat, tanidi, — dedi U pichirlab, xayriyat! — Qo‘li asta quyilib, polga tushdi. Telefon ochiq kaftida qoldi, undan boyagi ovoz qayta-qayta eshitilaverdi:
— To‘qqiz yuz yetti, gapiring, to‘qqiz yuz yetti…
Keyin ko‘z o‘ngida bir paytlar xunukkina bo‘lgan ayoli qiyossiz go‘zal qiyofada ko‘rindi. Senmisan, dedi U xayolan, seni juda sog‘indim, jonim. Yuragining tomirlari shu qadar qattiq tortishdiki, jonu jahoni yuragiga jo bo‘ldi: hozir uziladi. So‘ng oppoq libosdagi ko‘zlari yoshli, biroq jilmayayotgan onasi ko‘rindi. «Ona-a!» dedi Uning tarang tortilgan yuragi. Ana, Habiy va Diyqon — ular ham shu qadar chiroyli, yoqimtoy, faqat jilmayishadi. Ashulachi yigit kitobni olib tushib bermasa ham mayli, o‘qisa bas, degan fikr urildi tuyqus miyasiga. Malla kampiru kuchuk esa o‘sha-o‘sha, faqat yong‘oq chaqayotgan kuchuk ham nuqul unga qarab jilmayadi: xayriyat, xafa bo‘lmabdi, xayriyat. Anovi nur ichidagi nima? Kitobmi?!.. Shu on chap ko‘ksida nimadir qattiq qasirladi va bo‘g‘zida olov yondi-da, tashqariga chiqib ketdi. Dunyo qorong‘ulasha boshladi. Tavba, yuragim og‘rimay qoldimi? Umr degani shumikin?!..
— Habiy!.. Diyqon!..
25.08.2010 — 13.12.2010