Nabi Jaloliddin. Urush

055     Ошхона шийпонига елка суяклари туртиб чиққан, бўйдор, қоратўри йигит кириб келди. У ярим коса лағмон ва битта нон олиб, нигоҳи билан бўш жой қидирди. Энг чеккадаги жойлардан бири бўш эканлигини кўриб, ўзича хурсанд ҳам бўлди — ҳар тугул тўполондан четроқ…

Наби ЖАЛОЛИДДИН
УРУШ
062

07   Наби Жалолиддин 1962 йил 2 майда Андижон вилояти Избоскан туманининг Жонобод кишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1993). «Ялпизли кеча» (1993), «Ҳур нидо» (1996), «Ўлимнинг ранги» (1998), «Сен билан қолмайман» (2002), «Эркаги бор уй» (2005) каби шеърий ва насрий асарлари, «Хайём» тарихий романи,  буюк ўзбек шоири ва ёзувчиси Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ҳақидаги «Тегирмон» номли романи нашр этилган.
А. Камюнинг «Калигула» асарини ўзбек тилига таржима қилган.

062

06Ошхона шийпонига елка суяклари туртиб чиққан, бўйдор, қоратўри йигит кириб келди. У ярим коса лағмон ва битта нон олиб, нигоҳи билан бўш жой қидирди. Энг чеккадаги жойлардан бири бўш эканлигини кўриб, ўзича хурсанд ҳам бўлди — ҳар тугул тўполондан четроқ…

Ошхона биносининг ичидаю ташидаги ўриндиқларда одам қайнайди. Ҳозир айни тушлик пайти бўлганидан хўрандаларнинг кети узилмайди. Чою овқатнинг тафти қўшилган емакхона ҳавоси димлагандан-димлайди. Шифтга осилган «шамол»лар тинмай айланади, Лекин жағларнинг тинимсиз «меҳнати»дан, ҳам иссиқнинг зўридан юз-кўзлардан тер қуйилади. Ҳалиги йигит бир чойнак чой ҳам олиб келиб ўтирди. Чойни икки-уч бор қайтариб, қошиқ билан овқатни кавлади. Лекин бир ҳўплам ҳам ичмади, гўё умуман қорни очмагандек эди. Ғамгин кўзлари у ёқ-бу ёққа маъносиз термилди. Чой қуйиб, ҳўплади. Кўкимтир доғлари бўлган суякдор юзи тиришди…

Шу пайт йигитнинг кўзи шийпончага кириб, нигоҳи билан жой излаётган чолга тушди. Оқсоқол жой қидириб кираверишда хиёл туриб қолди. Ахийри йигитнинг ёлғиз ўтирганини кўриб, ўша томонга юрди. Чол чап томонга қийшайиброқ қадам ташлаганидан оқсагандай кўринарди. Қора чарм сумкасининг боғини чорсиси билан боғлаб, елкасига осиб олганди. Шунчалик иссиққа қарамай, ок яктаги устидан чакмон кийган, бошидаги хийла уринган дўппи четидан қийиқ танғиган, оёғида оқшайган махси-калиш. Юзи иссиқдан бўғриқиб кетганидан оппоқ соқоли товлангандай туюлади.

Чол йигитнинг олдига етиб келиб:

— Бўшми? — дея сўради.

Йигит бир кўзғалди-да, «бўш, бўш», деди «сўрамасангиз ҳам бўларди» каби оҳангда.

Чол халтасини стол остига қўйди. Бўш стулга ўтириб, чўнтакларини бир чеккадан кавлай кетди. Кавлай-кавлай, турли қийматдаги анчагина пул йиғди. Санади. Сўнг пулларни бир қўлида ушлаб, бир қўли билан халтасини кавлади. Ундан икки дона қип-қизил помидор олди. Қийналиброқ ўрнидан туриб, лўқиллаганча ичкарига кириб кетди. Бир оздан сўнг бир қўлида ҳалиги помидорлар ювилгаи ҳолда солинган ликобча, бир қўлида эса битта обинон билан қайтиб келди. Уларни стол устига қўйиб, яна ортига қайтди. Чол жуда ҳафсала билан, эринмасдан ҳаракат қиларди. Ҳар бир ҳаракати «шошиб нима қилдим, буёғи омонат», деяётгандек эди. Яхшики, қариянинг омади чопиб, қозон бошида навбатда турганлар ниҳоялаб қолганди. Бир коса лағмону бир чойнак чой билан иккита пиёла олиб, ортига қайтди. Овқатини столга қўяётганди, ичидаги қошиқ ерга тушиб кетди. На овқат емай, на чой ичмай, чолни зимдан кузатиб ўтирган йигит қошиқнинг овозидан бир чўчиб тушди. Шошиб қошиқни ердан олиб, «ювиб келаман», дея ирғиб ўрнидан тураётувди, чол қўли билан «бу ёқка беравер» дегандай ишора қилди. Йигит индамай қошиқни узатди-да, жойига ўтирди. Чол ҳам ўтираркан, қўлтиғидан ғижим дурра олиб, қошиқни артди-да, овқатига солди. Кейин ёнбошидан белбоғига осиб олган пичоғини чиқариб, помидорларни шошилмай, палла-палла қилиб тўғрай бошлади. У гўё фақатгина айни пайтда машғул бўлган нарсасини ўйлаётгандек кўринар, атрофдагиларга ва умуман ҳеч нарсага эътибор бермасди.

Йигит унинг ҳаракатларига завқ билан тикилиб ўтирарди. Бағрининг аллақаери сим-сим эзилар ва киприкларининг ости ачишаётгандек туюларди. Балки чолга меҳри товланармиди. Ҳозир, айниқса, чолнинг оппоқ кумушдай товланган соқолига ҳаваси келар, ўзи ҳам худди шундай соқол қўйишни ич-ичидан истарди…

Чол помидорни парраклаб бўлиб, икки-уч тўғрам нонни тиккасига — чиннининг четига суяб, овқатига солди. Энгашиб халтасидаи эскироқ чорсига ўралган бир нарса чиқариб, тиззасига қўйди. Нигоҳи билан атрофга назар ташлади. Ҳамма ўзи билан ўзи овора, ҳеч кимнинг у билан иши йўқ. Ниҳоят кўзлари рўпарасидаги йигитда тўхтади. Йигит нигоҳини олиб қочди.

— Айб қилмайсиз-да, жияним, — дея чол чорсининг бир томонини очганди, вино шишасининг боши кўринди.

Йигит ҳалиги гап ўзига айтилганини сезиб, бир қимирлаб қўйди-да:

— Бемалол, бемалол, отахон! — деди шошиб ва нима қилишини билмай, ниҳоят хиёл тоби кўтарилган овқатини ичишга тушди.

Чол шишанинг қопқоғини очиб, иккита пиёлага қуйди. Яна йигитга қаради. Кўзлар тўқнашди. Уларнинг кўзлари бир-бирлариникига жуда ўхшарди — иккисининг ҳам қорачиғларида мислсиз ғам чўкиб ётгандек. Уларга қараган киши ҳам ўзини ўша кўзларга кириб кетаётгандек ҳис қилади. Бу нигоҳларда яна қандайдир маънолар ҳам яширингандек.

Чол чап қўли билан шароб қуйилган битта пиёлани йигитнинг олдига сурди. Унинг учта бармоғи йўқ эди. Йигит сесканиб кетди. Беихтиёр пиёлани қўлига олди.

Чол:

— Қани!.. — деди-да, винони сизғилаб-сизғилаб ичди.

Ажабки, йигит ҳам худди қаршисида ўтирган чол каби пиёладагини тишлари орасидан сизиб-сизиб симирди.

Чолнинг кўзлари ёшланиб кетди. Бир тишлам нон билан бир палла помидорни газак қилди-да, қўлидаги дурра билан тер қуйилган юз-кўзини артиб, овқат ейишга киришди. Аввал овқатга солиб қўйган нонларнинг бирини тишлади. Овқатда ивиган юмшоқ нонни еяётган бўлса ҳам, милк­лари билан чайнаётганидан соқоли тез-тез силкина бошлади.

Йигит ҳам ҳамроҳига тақлид қилиб, бир тишлам нон ва бир палла помидорни газак қилди.

— Ичишни урушда ўрганганман, — деди чол оғзидагини ямларкан. — Қайтиб келсам, бувим ҳам ўтиб кетганакан. Отам пронтда ўлган. Шу-шу ичавердим!..

Йигитнинг наздида ҳаммаёқ жимиб қолгандай эди, ҳаттоки, атрофдаги одамларнинг овози ҳам эшитилмаётгандек ҳаммаёқ жимжит. Фақат чолу у бор, холос.

Чол одамлардан тортиниб, сумкасига яширгаи шишани яна олиб, икки пиёлага лим-лим қилиб қуйди. Бу сафар иккиси ҳам индамай олишди. Йигит газак қилди-да, ўрнидан туриб, қаёққадир кетди. Бир оздан сўнг бир шиша вино олиб келиб, оғзини очди-да, столнинг остига қўйди.

— Шуни чакки қилдинг, — деди чол энди йигитни «сен»лашга ўтиб.

— Ҳа, энди… — деб қўйди йигит одатга кўра. Яна икки пиёлага тўлатиб қуйишди.

— Энди ёш бир жойга борди, у дунёниям ўйлаш керак — чол шошилмай, дона-дона қилиб, ўктам гапирарди. — Намозниям ўқиш керак… Мачитга-ку чиқаман… — У кўпларга ўхшаб ўзини оқламасди, шунчаки гапирарди, холос. — Аммо баъзан одамларни ёмон кўриб кетаман. Шунақа маҳаллари бугунгига ўхшаб шаҳарга тушаман-да, бир шишани урволаман. Кўнглим хийла юмшайди. Бу савилни қишлоқда ичгани бўлмайди — ўғил-қизлар бор. Ҳам десанг, намозхон биродарлар бор… Қани!…

Ичишди. Чол бирпас жим турди-да, яна гап бошлади:

— Азалдан шунақаман-да, болам… Мени ичимда меҳр билан қаҳр ҳамиша бирга. Гоҳида қаҳр устун келиб, одамларни ёмон кўриб кетаман. Билмийман, нимага бунақаман?.. Шунда маши савилдан ичаман… Йў-ўқ, кўп эмас… Лекин барибир ҳурмат-иззат бизи қонимизда бор. У йўқолмайди, — чол шу гапдан кейин яна қандайдир фикр айтмоқчи эди, лекин жим қолди. Йигитга тикилди. «Сениям бир дардинг бор-ов!» — деди кўзлари.

Йигитнинг кўзлари ҳамиша ёшлангандай йилтираб кўринарди.

— Икки ой бурун бувим (онам)дан айрилдим! … — Йигит ҳам жуда секин, аммо таъсирли овозда гапирарди. — Афғондалигимда давленаси чиқадиган бўп қоганакан. Ёлғиз ўғилидим-да… Ахийри ўша дард обкетди. Ҳали ёшийди!.. — йигитнинг нигоҳи қайларгадир тикилиб, жим қолди.

Яна ичишди.

— Икки ойдан бери тоат-ибодат қилиб, онамга бағишлаяпман. Лекин ҳеч ўзимга келолмаяпман. Аввал ҳам шунақайдим. Миямнинг ичида бир нарса наъра қилаётгандай, юрагимни биров миж­ғилаётгандай!.. Ҳаммани ёмон кўра бошлайман, ҳатто, бола-чақамни ҳам… Барига мен айбдорман!… Агар мен Афғонга бормаганимда, бувим ҳали узоқ яшарди!.. — йигитнинг бармоқлари мушт бўлиб тугилди.

Чол анчагача индамади. Сўнг дурраси билан юзидаги терни артиб:

— Нечага кирдинг? — дея сўради йигитдан.

— Ўттиз бирга, — йигитнинг нигоҳидан тўзғиб кетган хаёлларини йиғишга уринаётганини пайқаш мумкин эди.

— Сен тенги ўғлим бор, — дея гап бошлади чол. — Бир куни шомдан кейин дарвозанинг орқасидаги ғўнғир-ғўнғирни эшитиб қолдим. Уч-тўрт кишини овози келарди, бири ўғлимники. У ҳадеб «қўйворларинг, ўзим кираман, отам сўрида ўтиради», дейди. Чамамда, қаердадир роса ичишгану, маст бўлишган. Ўғлимни ошналари суяб-сургаб обкеган, шекилли-да…

Индамай сўрига бориб ўтирволдим. Бир оздан кейин дарвоза очилиб, ўғлим кирди. Сираям довдирамади. Олдимдан ўтаётиб: «Ассаломалайкум, яхши ўтирибсизми, ота?» деб ҳам қўйди… Ўшандай болларди олдида ичиб бўладими, болам!.. — Чол энди узр оҳангида деди: — Сени олдингда бўлса, ичдим. Икки ойлик ибодатингниям бузибман. Ҳаҳ, бу савил-а!..

— Ошналарим ҳар замонда ичиб тургин, бир оз енгил тортиб, овунасан, дейишади. Мен унамайман…

— Тўғри қиласан. Бу хумпарни оз-оз пинҳон ичиш керак. Мабода ичиш керак бўлса-да, — деди чол гапининг насиҳат тусини олишидан чўчиб, чапаниларча тугатаркан.

Йигит қўлидаги пиёлага тикилганча, гўё ўзига гапираётгандай деди:

— Тунов куни қизиқ иш бўлди. — У бошини кўтариб, ёнбошига қаради, хиёл жилмайдиям шекилли. Кўзларида ёш айлангандай туюлди. — Балки… Нима бўлгандаям шу гапни сизга айтгим келди-да. Айниқса, ҳалиги гапларингиздан ке­йин.

— Айтавер, тортинма! — дея чол юз-кўзларидаги терни артди.

— Хотиним менга хат ёзибди, денг. Бувим ўлиб, анча чўкиб қолувдим, шунгами. «Бувингиз ўтгач, у кишини нақадар яхши кўрганингизни сездим, — дебди. — Энди ўша меҳрингизни менга беринг. Мен бир умр онангизни ўрнини босишга ҳаракат қиламан, дилимда неки эзгулик бўлса, сизга бағишлайман. Мен сизни яхши кўраман!» — деб ёзибди. Тағин қўшиб қўйибди: «Бу гапларни сизга юзма-юз туриб айтгим ҳам келувди, лекин… Лекин сизнинг кўзларингизга одам боласининг тик боқиши қийин. Мен ҳам ботинолмадим…» Ўз хотининг хат ёзса, қизиқ бўларкан. Ўқидиму тўлиб кетдим.

Чол кўзидаги ёшними, терними дурраси билан сидирди.

— Хотиндан Худо берган экан сенга, болам. Эҳтиёт қигин!

Улар бир-бирларига тикилишганича, бир-бирларининг кўзларига чўка бошладилар… Ва ниҳоят, оқсоқол «Ҳм-м…» деб қўйди-да, чўнтакларини кавлаштириб, носқовоғини топди. Бир кафт носни отиб, стулга бемалолроқ ястанди.

— Ишқилиб, мени гапларимдан хафа бўлмадингми, болам? — Унинг оғзида нос борлиги ҳечам сезилмасди.

— Унақа деманг. Сиз менга кўп нарсани англатдингиз…

Кейин йигит ё қуйидаги гапларни гапирди, ёки ўйлади. Чол ҳам шу гапларни ё эшитди, ё хаёлидан ўтказди: «Биз одамлар бир-биримизни… Ҳамма одамлар бир-биримизни аяшимиз керак экан. Ўшанда бизларга кўп нарса керак бўлмайди, шекилли. Сиз хижолат бўлманг, отахон, мен барибир маст бўлмайман!.. Мен ҳам ўғлингизга ўхшаб маст бўлолмайман, ота!..»

Шу пайт уларнинг қаршисида ёш бир милиционер пайдо бўлди. Ўзи улар шунақа ов қилишади — «шишаси» билан келганларни атайлаб тек қўйишиб беради. Ичадиганини ичиб, маст бўлишгач, ушлашиб, ҳушёрхонага йўллашади. Афтидан, бу ҳам чол билан йигитни анчадан бери кузатиб тургану, энди ўз ишини бажармоққа киришганди.

— Бу ерда ичиш мумкин эмас. Қани, бу ёққа…

Чол ва йигит бараварига милиционерга ўгирилишди. Жуда хотиржам, ҳатто, озгина бўлсин наф­ратсиз қарашди.

Милиционер қарийб бир хил бўлган бу икки жуфт кўзга боқдию, тебраниб кетди. У ҳеч нарсани ўйлолмади ҳам. Қўлидаги резина таёғи ерга тушиб кетгач, ўзига келди-да, шошиб таёғини олиб, жўнаб қолди…

Бу нигоҳлар бир-бирларига дош бера оларди, холос…

   Манба: «Диёнат» газетаси веб-саҳифаси

044

Nabi JALOLIDDIN
URUSH
062

 Nabi Jaloliddin 1962 yil 2 mayda Andijon viloyati Izboskan tumanining Jonobod kishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1993). «Yalpizli kecha» (1993), «Hur nido» (1996), «O’limning rangi» (1998), «Sen bilan qolmayman» (2002), «Erkagi bor uy» (2005) kabi she’riy va nasriy asarlari, «Xayyom» tarixiy romani, buyuk o’zbek shoiri va yozuvchisi Abdulhamid Sulaymon o’g’li Cho’lpon haqidagi «Tegirmon» nomli romani nashr etilgan.
A. Kamyuning «Kaligula» asarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

062

06Oshxona shiyponiga yelka suyaklari turtib chiqqan, bo’ydor, qorato’ri yigit kirib keldi. U yarim kosa lag’mon va bitta non olib, nigohi bilan bo’sh joy qidirdi. Eng chekkadagi joylardan biri bo’sh ekanligini ko’rib, o’zicha xursand ham bo’ldi — har tugul to’polondan chetroq…

Oshxona binosining ichidayu tashidagi o’rindiqlarda odam qaynaydi. Hozir ayni tushlik payti bo’lganidan xo’randalarning keti uzilmaydi. Choyu ovqatning tafti qo’shilgan yemakxona havosi dimlagandan-dimlaydi. Shiftga osilgan «shamol»lar tinmay aylanadi, Lekin jag’larning tinimsiz «mehnati»dan, ham issiqning zo’ridan yuz-ko’zlardan ter quyiladi. Haligi yigit bir choynak choy ham olib kelib o’tirdi. Choyni ikki-uch bor qaytarib, qoshiq bilan ovqatni kavladi. Lekin bir ho’plam ham ichmadi, go’yo umuman qorni ochmagandek edi. G’amgin ko’zlari u yoq-bu yoqqa ma’nosiz termildi. Choy quyib, ho’pladi. Ko’kimtir dog’lari bo’lgan suyakdor yuzi tirishdi…

Shu payt yigitning ko’zi shiyponchaga kirib, nigohi bilan joy izlayotgan cholga tushdi. Oqsoqol joy qidirib kiraverishda xiyol turib qoldi. Axiyri yigitning yolg’iz o’tirganini ko’rib, o’sha tomonga yurdi. Chol chap tomonga qiyshayibroq qadam tashlaganidan oqsaganday ko’rinardi. Qora charm sumkasining bog’ini chorsisi bilan bog’lab, yelkasiga osib olgandi. Shunchalik issiqqa qaramay, ok yaktagi ustidan chakmon kiygan, boshidagi xiyla uringan do’ppi chetidan qiyiq tang’igan, oyog’ida oqshaygan maxsi-kalish. Yuzi issiqdan bo’g’riqib ketganidan oppoq soqoli tovlanganday tuyuladi.

Chol yigitning oldiga yetib kelib:

— Bo’shmi? — deya so’radi.

Yigit bir ko’zg’aldi-da, «bo’sh, bo’sh», dedi «so’ramasangiz ham bo’lardi» kabi ohangda.

Chol xaltasini stol ostiga qo’ydi. Bo’sh stulga o’tirib, cho’ntaklarini bir chekkadan kavlay ketdi. Kavlay-kavlay, turli qiymatdagi anchagina pul yig’di. Sanadi. So’ng pullarni bir qo’lida ushlab, bir qo’li bilan xaltasini kavladi. Undan ikki dona qip-qizil pomidor oldi. Qiynalibroq o’rnidan turib, lo’qillagancha ichkariga kirib ketdi. Bir ozdan so’ng bir qo’lida haligi pomidorlar yuvilgai holda solingan likobcha, bir qo’lida esa bitta obinon bilan qaytib keldi. Ularni stol ustiga qo’yib, yana ortiga qaytdi. Chol juda hafsala bilan, erinmasdan harakat qilardi. Har bir harakati «shoshib nima qildim, buyog’i omonat», deyayotgandek edi. Yaxshiki, qariyaning omadi chopib, qozon boshida navbatda turganlar nihoyalab qolgandi. Bir kosa lag’monu bir choynak choy bilan ikkita piyola olib, ortiga qaytdi. Ovqatini stolga qo’yayotgandi, ichidagi qoshiq yerga tushib ketdi. Na ovqat yemay, na choy ichmay, cholni zimdan kuzatib o’tirgan yigit qoshiqning ovozidan bir cho’chib tushdi. Shoshib qoshiqni yerdan olib, «yuvib kelaman», deya irg’ib o’rnidan turayotuvdi, chol qo’li bilan «bu yoqka beraver» deganday ishora qildi. Yigit indamay qoshiqni uzatdi-da, joyiga o’tirdi. Chol ham o’tirarkan, qo’ltig’idan g’ijim durra olib, qoshiqni artdi-da, ovqatiga soldi. Keyin yonboshidan belbog’iga osib olgan pichog’ini chiqarib, pomidorlarni shoshilmay, palla-palla qilib to’g’ray boshladi. U go’yo faqatgina ayni paytda mashg’ul bo’lgan narsasini o’ylayotgandek ko’rinar, atrofdagilarga va umuman hech narsaga e’tibor bermasdi.

Yigit uning harakatlariga zavq bilan tikilib o’tirardi. Bag’rining allaqaeri sim-sim ezilar va kipriklarining osti achishayotgandek tuyulardi. Balki cholga mehri tovlanarmidi. Hozir, ayniqsa, cholning oppoq kumushday tovlangan soqoliga havasi kelar, o’zi ham xuddi shunday soqol qo’yishni ich-ichidan istardi…

Chol pomidorni parraklab bo’lib, ikki-uch to’g’ram nonni tikkasiga — chinnining chetiga suyab, ovqatiga soldi. Engashib xaltasidai eskiroq chorsiga o’ralgan bir narsa chiqarib, tizzasiga qo’ydi. Nigohi bilan atrofga nazar tashladi. Hamma o’zi bilan o’zi ovora, hech kimning u bilan ishi yo’q. Nihoyat ko’zlari ro’parasidagi yigitda to’xtadi. Yigit nigohini olib qochdi.

— Ayb qilmaysiz-da, jiyanim, — deya chol chorsining bir tomonini ochgandi, vino shishasining boshi ko’rindi.

Yigit haligi gap o’ziga aytilganini sezib, bir qimirlab qo’ydi-da:

— Bemalol, bemalol, otaxon! — dedi shoshib va nima qilishini bilmay, nihoyat xiyol tobi ko’tarilgan ovqatini ichishga tushdi.

Chol shishaning qopqog’ini ochib, ikkita piyolaga quydi. Yana yigitga qaradi. Ko’zlar to’qnashdi. Ularning ko’zlari bir-birlarinikiga juda o’xshardi — ikkisining ham qorachig’larida mislsiz g’am cho’kib yotgandek. Ularga qaragan kishi ham o’zini o’sha ko’zlarga kirib ketayotgandek his qiladi. Bu nigohlarda yana qandaydir ma’nolar ham yashiringandek.

Chol chap qo’li bilan sharob quyilgan bitta piyolani yigitning oldiga surdi. Uning uchta barmog’i yo’q edi. Yigit seskanib ketdi. Beixtiyor piyolani qo’liga oldi.

Chol:

— Qani!.. — dedi-da, vinoni sizg’ilab-sizg’ilab ichdi.

Ajabki, yigit ham xuddi qarshisida o’tirgan chol kabi piyoladagini tishlari orasidan sizib-sizib simirdi.

Cholning ko’zlari yoshlanib ketdi. Bir tishlam non bilan bir palla pomidorni gazak qildi-da, qo’lidagi durra bilan ter quyilgan yuz-ko’zini artib, ovqat yeyishga kirishdi. Avval ovqatga solib qo’ygan nonlarning birini tishladi. Ovqatda ivigan yumshoq nonni yeyayotgan bo’lsa ham, milk­lari bilan chaynayotganidan soqoli tez-tez silkina boshladi.

Yigit ham hamrohiga taqlid qilib, bir tishlam non va bir palla pomidorni gazak qildi.

— Ichishni urushda o’rganganman, — dedi chol og’zidagini yamlarkan. — Qaytib kelsam, buvim ham o’tib ketganakan. Otam prontda o’lgan. Shu-shu ichaverdim!..

Yigitning nazdida hammayoq jimib qolganday edi, hattoki, atrofdagi odamlarning ovozi ham eshitilmayotgandek hammayoq jimjit. Faqat cholu u bor, xolos.

Chol odamlardan tortinib, sumkasiga yashirgai shishani yana olib, ikki piyolaga lim-lim qilib quydi. Bu safar ikkisi ham indamay olishdi. Yigit gazak qildi-da, o’rnidan turib, qayoqqadir ketdi. Bir ozdan so’ng bir shisha vino olib kelib, og’zini ochdi-da, stolning ostiga qo’ydi.

— Shuni chakki qilding, — dedi chol endi yigitni «sen»lashga o’tib.

— Ha, endi… — deb qo’ydi yigit odatga ko’ra. Yana ikki piyolaga to’latib quyishdi.

— Endi yosh bir joyga bordi, u dunyoniyam o’ylash kerak — chol shoshilmay, dona-dona qilib, o’ktam gapirardi. — Namozniyam o’qish kerak… Machitga-ku chiqaman… — U ko’plarga o’xshab o’zini oqlamasdi, shunchaki gapirardi, xolos. — Ammo ba’zan odamlarni yomon ko’rib ketaman. Shunaqa mahallari bugungiga o’xshab shaharga tushaman-da, bir shishani urvolaman. Ko’nglim xiyla yumshaydi. Bu savilni qishloqda ichgani bo’lmaydi — o’g’il-qizlar bor. Ham desang, namozxon birodarlar bor… Qani!…

Ichishdi. Chol birpas jim turdi-da, yana gap boshladi:

— Azaldan shunaqaman-da, bolam… Meni ichimda mehr bilan qahr hamisha birga. Gohida qahr ustun kelib, odamlarni yomon ko’rib ketaman. Bilmiyman, nimaga bunaqaman?.. Shunda mashi savildan ichaman… Yo’-o’q, ko’p emas… Lekin baribir hurmat-izzat bizi qonimizda bor. U yo’qolmaydi, — chol shu gapdan keyin yana qandaydir fikr aytmoqchi edi, lekin jim qoldi. Yigitga tikildi. «Seniyam bir darding bor-ov!» — dedi ko’zlari.

Yigitning ko’zlari hamisha yoshlanganday yiltirab ko’rinardi.

— Ikki oy burun buvim (onam)dan ayrildim! … — Yigit ham juda sekin, ammo ta’sirli ovozda gapirardi. — Afg’ondaligimda davlenasi chiqadigan bo’p qoganakan. Yolg’iz o’g’ilidim-da… Axiyri o’sha dard obketdi. Hali yoshiydi!.. — yigitning nigohi qaylargadir tikilib, jim qoldi.

Yana ichishdi.

— Ikki oydan beri toat-ibodat qilib, onamga bag’ishlayapman. Lekin hech o’zimga kelolmayapman. Avval ham shunaqaydim. Miyamning ichida bir narsa na’ra qilayotganday, yuragimni birov mij­g’ilayotganday!.. Hammani yomon ko’ra boshlayman, hatto, bola-chaqamni ham… Bariga men aybdorman!… Agar men Afg’onga bormaganimda, buvim hali uzoq yashardi!.. — yigitning barmoqlari musht bo’lib tugildi.

Chol anchagacha indamadi. So’ng durrasi bilan yuzidagi terni artib:

— Nechaga kirding? — deya so’radi yigitdan.

— O’ttiz birga, — yigitning nigohidan to’zg’ib ketgan xayollarini yig’ishga urinayotganini payqash mumkin edi.

— Sen tengi o’g’lim bor, — deya gap boshladi chol. — Bir kuni shomdan keyin darvozaning orqasidagi g’o’ng’ir-g’o’ng’irni eshitib qoldim. Uch-to’rt kishini ovozi kelardi, biri o’g’limniki. U hadeb «qo’yvorlaring, o’zim kiraman, otam so’rida o’tiradi», deydi. Chamamda, qaerdadir rosa ichishganu, mast bo’lishgan. O’g’limni oshnalari suyab-surgab obkegan, shekilli-da…

Indamay so’riga borib o’tirvoldim. Bir ozdan keyin darvoza ochilib, o’g’lim kirdi. Sirayam dovdiramadi. Oldimdan o’tayotib: «Assalomalaykum, yaxshi o’tiribsizmi, ota?» deb ham qo’ydi… O’shanday bollardi oldida ichib bo’ladimi, bolam!.. — Chol endi uzr ohangida dedi: — Seni oldingda bo’lsa, ichdim. Ikki oylik ibodatingniyam buzibman. Hah, bu savil-a!..

— Oshnalarim har zamonda ichib turgin, bir oz yengil tortib, ovunasan, deyishadi. Men unamayman…

— To’g’ri qilasan. Bu xumparni oz-oz pinhon ichish kerak. Maboda ichish kerak bo’lsa-da, — dedi chol gapining nasihat tusini olishidan cho’chib, chapanilarcha tugatarkan.

Yigit qo’lidagi piyolaga tikilgancha, go’yo o’ziga gapirayotganday dedi:

— Tunov kuni qiziq ish bo’ldi. — U boshini ko’tarib, yonboshiga qaradi, xiyol jilmaydiyam shekilli. Ko’zlarida yosh aylanganday tuyuldi. — Balki… Nima bo’lgandayam shu gapni sizga aytgim keldi-da. Ayniqsa, haligi gaplaringizdan ke­yin.

— Aytaver, tortinma! — deya chol yuz-ko’zlaridagi terni artdi.

— Xotinim menga xat yozibdi, deng. Buvim o’lib, ancha cho’kib qoluvdim, shungami. «Buvingiz o’tgach, u kishini naqadar yaxshi ko’rganingizni sezdim, — debdi. — Endi o’sha mehringizni menga bering. Men bir umr onangizni o’rnini bosishga harakat qilaman, dilimda neki ezgulik bo’lsa, sizga bag’ishlayman. Men sizni yaxshi ko’raman!» — deb yozibdi. Tag’in qo’shib qo’yibdi: «Bu gaplarni sizga yuzma-yuz turib aytgim ham keluvdi, lekin… Lekin sizning ko’zlaringizga odam bolasining tik boqishi qiyin. Men ham botinolmadim…» O’z xotining xat yozsa, qiziq bo’larkan. O’qidimu to’lib ketdim.

Chol ko’zidagi yoshnimi, ternimi durrasi bilan sidirdi.

— Xotindan Xudo bergan ekan senga, bolam. Ehtiyot qigin!

Ular bir-birlariga tikilishganicha, bir-birlarining ko’zlariga cho’ka boshladilar… Va nihoyat, oqsoqol «Hm-m…» deb qo’ydi-da, cho’ntaklarini kavlashtirib, nosqovog’ini topdi. Bir kaft nosni otib, stulga bemalolroq yastandi.

— Ishqilib, meni gaplarimdan xafa bo’lmadingmi, bolam? — Uning og’zida nos borligi hecham sezilmasdi.

— Unaqa demang. Siz menga ko’p narsani anglatdingiz…

Keyin yigit yo quyidagi gaplarni gapirdi, yoki o’yladi. Chol ham shu gaplarni yo eshitdi, yo xayolidan o’tkazdi: «Biz odamlar bir-birimizni… Hamma odamlar bir-birimizni ayashimiz kerak ekan. O’shanda bizlarga ko’p narsa kerak bo’lmaydi, shekilli. Siz xijolat bo’lmang, otaxon, men baribir mast bo’lmayman!.. Men ham o’g’lingizga o’xshab mast bo’lolmayman, ota!..»

Shu payt ularning qarshisida yosh bir militsioner paydo bo’ldi. O’zi ular shunaqa ov qilishadi — «shishasi» bilan kelganlarni ataylab tek qo’yishib beradi. Ichadiganini ichib, mast bo’lishgach, ushlashib, hushyorxonaga yo’llashadi. Aftidan, bu ham chol bilan yigitni anchadan beri kuzatib turganu, endi o’z ishini bajarmoqqa kirishgandi.

— Bu yerda ichish mumkin emas. Qani, bu yoqqa…

Chol va yigit baravariga militsionerga o’girilishdi. Juda xotirjam, hatto, ozgina bo’lsin naf­ratsiz qarashdi.

Militsioner qariyb bir xil bo’lgan bu ikki juft ko’zga boqdiyu, tebranib ketdi. U hech narsani o’ylolmadi ham. Qo’lidagi rezina tayog’i yerga tushib ketgach, o’ziga keldi-da, shoshib tayog’ini olib, jo’nab qoldi…

Bu nigohlar bir-birlariga dosh bera olardi, xolos…

Manba: «Diyonat» gazetasi veb-sahifasi

044

(Tashriflar: umumiy 567, bugungi 1)

Izoh qoldiring