17 июль — атоқли адиб Неъмат Аминов таваллуд топган кун
Неъмат аканинг кулгиси ўта табиий ва жонли эди. У киши даврадан, даврада ўтирган турфа одамлардан, уларнинг гап-сўзлари, хатти-ҳаракатларидан кулги изларди ва излаганини албатта топарди. Шу боис ёзувчи одамлар билан мулоқотда бўлишни яхши кўрарди. Ҳар қандай суҳбат ва суҳбатдошга дарҳол эш бўлиб кетарди.
АБДУЛЛА ҚАҲҲОР БИЛАН КЎРИШОЛМАГАН ЁЗУВЧИ
Ашурали Жўраев
Устоз Неъмат Аминов кириб келган даврада ўз-ўзидан самимий ва беғараз кулги ёки янгроқ қаҳқаҳа пайдо бўларди.
Неъмат аканинг кулгиси ўта табиий ва жонли эди. У киши даврадан, даврада ўтирган турфа одамлардан, уларнинг гап-сўзлари, хатти-ҳаракатларидан кулги изларди ва излаганини албатта топарди. Шу боис ёзувчи одамлар билан мулоқотда бўлишни яхши кўрарди. Ҳар қандай суҳбат ва суҳбатдошга дарҳол эш бўлиб кетарди.
Кулги Неъмат Аминовни излаб юрарди. Ўз вақтида Неъмат ака ҳам яхши кулгини ахтаришдан тўхтамасди. Кулгили гап-сўзларни эшитиб, воқеаларни кўрганида тилло топган одамдай суюниб кетарди. Топилган ҳар бир кулгили ибора ёки манба дарҳол “ён дафтар”га тушар кейин ҳажвия бўлиб қоғозга тўкиларди.
Ҳаётда кулгили воқеа топиш, ҳаммабоп кулги яратиш ҳажвчи ижодкор учун осон эмас.
Бир марта куладиган воқеалар бор. Уларни иккинчи марта ўқиганда ё эшитганда қизиғи қолмайди. Бир хил ҳангомалар борки, умуман кулги уйғотмайди. Бундай ўткинчи кулгини Неъмат ака қаламга олмасди. У киши ёзаётганда кулгининг ҳаётийлиги, ҳозиржавоблиги ва албатта умрбоқийлигини ҳисобга оларди. Шу боис ҳам Неъмат Аминов яратган ҳажвий асарлар ҳамон кулгисеварлар томонидан севиб ўқилаётир.
Устоз Саид Аҳмад шундай хотирлайди: “Олтмиш бешинчи йил бўлса керак, Ўзбекистон радиоси Бухоро вилоятига бағишлаб каттагина эшиттириш берди. Бухоро радиосининг ходими ёш ёзувчи Неъмат Аминов бир ҳажвий ҳикоясини ўзи ўқийди… Бу ҳикояни радиодан Абдулла Қаҳҳор ҳам эшитган экан. Мендан муаллифи ким, қанақа одам, деб сўради. Айтиб бердим. У киши шундай деди:
– Кўп йиллардан бери Бухородан проза ёзадиган чиқмаётган эди. Энди чиқибди. Чиққанда ҳам ярқ этиб, бирдан кўпчиликнинг кўзига тушадиган бўлиб чиқибди. Ҳикояси шунчалик пишиқки, ҳар бир сўзи орасидан Бухоро кўриниб туради. Бутун бир Бухорони буклаб-буклаб битта ҳикоянинг ичига жойлаб қўяқопти. Тилини қаранг, жумлаларининг оҳангига эътибор беринг. Бу боланинг кўзи ҳам, қулоғи ҳам ўткир экан. Ўзбекларнинг Зошченкоси бўлиб кетиши мумкин. Тошкентга келса, бир олиб келинг, ўзини кўрай…
Афсус, Неъмат Аминов ажойиб инсон, бетакрор санъаткор устоз Абдулла Қаҳҳор билан юз кўришолмай армонда қолди…”.
Абдулла Қаҳҳорнинг ғойибона баҳоси бежиз эмасди. У киши ҳар қандай асарни истеъдод билан ёзилган-ёзилмаганлигини илк сатридан биларди.
Абдулла Қаҳҳор ҳақиқий адабиётнинг ёрқин ва бехато кўрадиган кўзгуси эди. Унинг Неъмат Аминовга берган баҳоси ҳам тўғри чиқди.
“Икки пуллик обрў”, деб номланган илк китоби билан ўқувчилар имтиҳонидан муваффақият билан ўтган Неъмат Аминов адабиёт остонасига катта умидлар билан дадил қадам қўйди.
Ёзувчининг асосий қаҳрамонлари Бухоронинг беғубор ва самимий одамлари. Уларнинг бири содда, бири муғомбир, бири дўлвор, яна бири хушомадгўй, бири товламачи, ёлғончи, фирибгар… Лекин уларнинг ҳаммаси ҳаётда бор қаҳрамонлар. Улар биз билан сизнинг қўшнимиз, бир ишхонада ишлайдиган ҳамхонамиз, хуллас, таниш одамлар. Юқорида айтганимиздек, Неъмат Аминов қаҳрамонлари уйдирма ёки ўйлаб топилган эмас. Ёки ҳаётдан шундоқ борича кўчирилмаган. Улар ёзувчининг истеъдод қаламидан бунёд бўлган бебаҳо образлардир.
“Қассоб бобонинг ити” ҳажвияси қаҳрамони Қассоб бобо, “Илмий мақола”даги Ҳикмат Назарич, “Сузонғич роман”даги Асад ака, “Қирқ учинчи кеча”даги Чори Ниёз, “Қоровул” ҳикояси қаҳрамони Абдубоқий, “Туғилган куним қани?” даги Хуршид, “Тўтихон”даги Тўтихон, “Бобик”даги Яхшибой ака, “Асабий кишилар”даги Исмат қори ва бошқа ўнлаб ҳикоялар, ҳажвиялар қаҳрамонларини бир кўргазма залига йиғсангиз, ажойиб ва бебаҳо галерея ҳосил бўлади. Уларнинг бирига ачинасиз, биридан мириқиб куласиз, яна биридан қаҳқаҳ отасиз. Хуллас, бу қаҳрамонларнинг барчаси ҳаётда бор одамлар. Сиз уларни кўргансиз ёки уларга дуч келгансиз. Эҳтимол суҳбатдош бўлгандирсиз. Энг муҳими Неъмат Аминов уларнинг характерини, қиёфаларини ва дунёқарашини кулги орқали маҳорат билан тасвирлаб берганига қойил қоласиз. Ва кулгининг қудратли кучидан ҳайратга тушасиз.
Устознинг яқин дўсти, истеъдодли адиб Шукур Холмирзаев Неъмат Аминов 50 ёшга тўлганда шундай деб ёзган эди: “Неъмат Аминов эса, кулги номли сеҳрни тўқсон фоиз асарида характердан, асар қаҳрамонларининг туб табиатидан келтириб чиқаради. Маълумки, бу йўл – қийин ва энг самарали йўлдир; у адабиётга ситуацияларгина эмас, одамларни олиб кирди…
Шу маънода Неъмат Аминов туфайли ҳажвчилигимиз бир қадам олдинга босди!”.
Ёзувчининг “Ёлғончи фаришталар” ҳажвий романи адабиёт ва кулги мухлислари, таниқли адиблар ва адабиётшунос олимлар томонидан самимий кутиб олинди, юқори баҳоланди, қўлма-қўл ўқилди.
“Ёлғончи фаришталар” кулгига чанқоқ халқимизнинг юракларини кулги билан суғорди. Кулги билан юксалтирди. Романни ўқиганлар қалби тўлиб-тўлиб, жўшиб-жўшиб, яйраб-яйраб кулдилар.
Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад: “Ёлғончи фаришталар” қизил империя гуркираб, совет турмуш тарзи дунёга кўз-кўз қилинаётган, “социалистик реализм адабиёти”да мадҳиябозлик, “ура-ура”чилик авж олган бир даврда яратилгани билан ҳам қадрлидир. Зотан, асар қаҳрамонлари ўша давр фарзандлари ҳисобланади… “Ёлғончи фаришталар” давр синовидан муваффақият билан ўтди” деб ёзади.
Яна бир Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов бу асарга катта баҳо бериб, шундай деб ёзади: “Ёлғончи фаришталар”нинг қисмати асар қаҳрамони Баширжон Зайнишевга ўхшаш одамларнинг қайси туманда нечтадан учраши билан белгиланмайди. Китобхон учун ҳам муҳими – қаҳрамон характери орқали ҳаётдаги муайян ходисаларнинг таъсирчан ва моҳирона ифодаланишидир. Асарнинг ҳаётийлигини ҳам худди мана шу нарса таъминлайди”.
Бундай самимий фикр-мулоҳазаларни кўплаб келтириш мумкин. Шу ўринда устознинг яна бир машҳур асари “Бир аср ҳикояти” китоби ҳам китобхонлар, муҳлислар томонидан алоҳида эътироф этилганлигини, меҳр билан ўқилаётганлигини эслатмоқчимиз. Бу китобни донишманд ота ҳақидаги фалсафий достон деб аташ мумкин.
Неъмат Аминов кўплаб фельетонлар ҳам ёзган. Унинг ўткир қаламидан дунёга келган фельетонлар ўз вақтида катта шов-шувларга сабаб бўлган.
Неъмат Аминов моҳир таржимон сифатида ҳам жаҳон адабиётининг сара асарларидан она-тилимизга таржима қилган…
Кўриниб турибдики, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Неъмат Аминов ижоди серқирра ва сермаҳсул. У киши бир суҳбатда ҳажвий асарни қандай тушунасиз, деган саволга шундай жавоб берган:
– Ҳажвий асар ёзиш жараёнини ниҳоятда ўтмас устара билан соқол олишга қиёслагим келади. Бу азоб… Кишининг жони оғрийди-ю, лекин соқолни қиртишламасликнинг ҳам сира иложи йўқ…
Давраларни самимий ва беғубор кулги билан тўлдириб юрган дарёдил инсон, истеъдодли ёзувчи Неъмат Аминовнинг орамиздан кетганларига ўн йил бўляпти. Ўн йилки, устознинг жарангдор кулгисини соғиниб яшаяпмиз. Ўн йилки, қалби тоза, иймони бутун, эътиқоди мустаҳкам инсон орамиздан эрта кетганига афсусланамиз. Илоё, устознинг охиратлари обод бўлсин!..
Мақолани устоз Неъмат Аминовнинг ушбу кулгиси билан якунлашни лозим топдик:
Бир гал “Ўзбекнаво”га мажлисга борсам, қурғур йиғилиш одатдагидай узоқ чўзилди. Мен ҳам одатдагидай мажлисдан қаттиқ бошим оғриб қайтдим. Ишхонага келиб зўрға ишлаб ўтирсам, устоз Неъмат ака телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўрадилар. Гап-сўзларимдан машқим бир оз пастлигини сезган устоз дарҳол сўрадилар:
– Тинчликми, Ашурвой?
– “Ўзбекнаво”га мажлисга борувдим. Мажлис роса чўзилди. Шунга бошим қаттиқ оғрияпти, – дедим.
Шунда устоз:
– Бу бош оғриқ ё об-ҳаводан, ё “Ўзбекнаво”дан – дедилар.
* * *
Мақолага нуқта қўйишдан олдин хаёлимга ушбу фикрлар келди; агар Неъмат Аминов Абдулла Қаҳҳор билан учрашиб, суҳбатлашганда қандай адабий мўъжизалар рўй бериши мумкин эди?!
Неъмат АМИНОВ
ҚАССОБ БОБОНИНГ ИТИ
Неъмат Аминов 1937 йил 17 июлда Бухоро вилоятининг Ромитан туманида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1992). «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган (1999). Бухоро педагогига институтининг тарих-филология факултетини тугатган (1959). Биринчи ҳажвий ҳикоялар тўплами — «Икки пуллик обрў» (1966). Сўнг «Қирқ учинчи почча» (1970), «Лабиҳовуз хандалари» (1973), «Чинорлар қўшиғи» (1984), «Елкасиз полвон» (1986), «Ўғри мушукча» (1987), «Қаҳқаҳа» (1987), «Яллама-ёрим» (1988), «Чолболанинг эртаклари» (1990) ва бошқа ҳажвий тўпламлари нашр этилган. 1976—83 йилларда «Елвизак» ва «Суварак» қиссалари асосида «Ёлғончи фаришталар ёхуд елвизакфеъл ва суваракмижоз Баширжон Зайнишев ҳаётидан» ҳажвий романини ёзган. «Бир аср ҳикояти» (1996) асари ҳам бор.
Ёзувчи 2005 йил 18 октябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Ола ғунажинимиз бу йил ҳам қисир қолди. Дадам: «Энди бўлмади. Болаларим, оққа етамиз деб кўзларингиз оқараёзди, бу зормондани сўйиб жойига жой қиламиз», дедилар. Эрта бозор деган куни уйимизга қассоб келди. Мол сўядиган киши жуда салобатли бўлади дердилар, унчалик эмаскан: қора тиринка яктакли, ҳаракатлари чаққонгина чол. Ўсиқ қошлари ва соқол-мўйлови оппоқ. Тўғри, кўзлари бир оз ола, яна шу ола жойига андак қон қуйилган. Мен у киши билан ҳайиқмасдан кўришдим. Ҳа-да, ҳеч қўрқадиган жойлари йўқ. Ўзлари ҳам жуда шўх эканлар, ҳар гапга бир кулдирадилар. Чой-нондан кейин дадам ғунажинни етаклаб келишга буюрдилар. Ўзлари бостирма остида кетмон билан чуқур қазишга киришдилар. Ўтпояга қараб кетдим. Йўл-йўлакай, бир пайтлар кўзимга балодек кўринган ғунажиннинг раҳмини еб борардим. Юрагим ачишиб, кўзларимдан ёш тўкилди. Жониворни етаклаб қайтганимда, қассоб бобо тўрт букланган шод хуржундан кир бир латта олиб, белларига осдилар. Бу халатлари бўлса керак. Кейиникки-учта пичоқ олиб, қўрғошин рангидаги темирга «хиш-хиш этиб» қайрай бошладилар. Титроқ қўлларим билан ғунажиннинг ипини дадамга тутқаздиму, орқага чекиндим. Бостирма ёнидаги оғилда кўзларимни чирт юмиб қулоқ солиб турдим. Бир пайт қассоб бобомнинг «ҳаҳ» деганлари-ю, «гурс» этган овоз, яна бир оздан кейин қаттиқ хириллаш эшитилди. Увв! Этим увишиб кетди.
Оғилдан қўрқа-писа чиққанимда қассоб бобо гўштидан терисини айираётган эдилар. Негадир қўрқувларим аста-секин йўқолди.
— Бери кел, болам, — дедилар қассоб бобо, — ма, мана бу оёғини тутиб тур.
Шунда ҳам қўрқмадим. У кишига кўмаклашавердим. Дадам, ойим ҳам бизга ёрдамлашдилар. Қассоб бобо қаттиқ йўталиб, бир четга тупургач:
— Келин, иссиқ сув тайёрланг, — дедилар. Ойим: «хўп, мана… ҳозир», деганларича ошхона томон кетдилар. Шу аснода дадам ҳам топшириқ олдилар.
— Тошвой, қонни сингдиришга бир оз латта, ичак-човоққа тоғора келтирсангиз.
— Хўп, хўп!
Қассоб бобо атрофга бир қараб олдиларда қуймичга пичоқ солдилар. Қўйнинг калласидек гўшт кесиб олиб яқингинадаги хуржунларининг очиқ турган кўзига итқитдилар.
Ҳайрон бўлиб қарадим.
— Ҳайрон бўлманг, болам, чап биқинида ҳаром мағзи бўлади, шуни итимга кесиб олдим.
— Итингиз борми, бобо?
— Ҳа, болам, итим бор. Отими, оти Кўктой!
— Номи яхши экан, зўрдир-а?
Қассоб бобо итларини мақтай-мақтай гардандан, шонадан, яна бир-икки ердан «ҳаром жой»ларини олиб хуржунга ташладилар. Дадам билан ойим иссиқ сув ва латта олиб келишди. Қассоб бобо негадир энди «ҳаром жойни» топа олмай қолдилар. Бирпасда гўшт уч бўлакка ажратилиб, айвон шифтига қоқилган илгакка осилди. Қассоб бобо: «Мана бу, қўшнимиз — Ҳамробойга» деб икки килоча гўштни алоҳида матога ўрадилар. Қон чуқуридан алланималарни пичоқ учи билан олдилар. Кейин ичак-човоқлар билан ўрарканлар: «Мана булар итимизга», дедилар. Ҳаммаси хуржунга жойлаштирилди. Қарасам, менинг шу ерларда ивирсиб юрган Олапаримга ҳеч нарса қолмайдиган.
— Қассоб бобо, «ҳаром жойлардан» менинг итимга ҳам кесиб беринг, ҳай…
— Оббо, болам-эй, болам, — дедилар қассоб бобо, бир дадамга, бир ойимга қараб — сенинг итинг анави чуқурдаги қондан ҳам бемалол тўяди.
Ҳеч нима демадим. Сўнг ўйлаб кетдим. Қассобларнинг итига мазза-да, емиши фақат гўшт. Менинг Олапаримга шунча гўшт бўлса борми? Э-ҳа…
Қассоб бобо икки кўзи тўлган хуржунни дадам ечиб келган эшаги устига ташлаётиб, тайинладилар:
— Гўштни ларёкка топшириб пуллаб олгач, эртага ўғилчани юборинг, қўшнидан гўштнинг пулини олиб бераман.
Икки кундан кейин қассоб бобоникига бордим. Тўғриси, пулдан ҳам кўпроқ Кўктойни кўриш орзусида эдим. Ташқари ҳовлига киришим билан айвон остида тумшуғини олдинги оёқларига тираб ётган, бир қулоғи кесилган итга кўзим тушди. Қизиқ, менинг келганимни ҳам сезмади-э. Ичкаридан атлас кўйлак кийган семизгина бир жувон чиқди. (Қассоб бобонинг қизлари деган эдим, кейин билсам, хотинлари экан). У қўлидаги товоққа солинган суякларни ит олдига келтириб тўкди-ю, менга эътибор ҳам бермасдан ичкарига кириб кетди. Ит суяк ғажишга тушди. Шунда Кўктойни кўрдим. Бу ит эмас… Агар шу ит бўлса менинг Олапаримни шер деса бўлади. Қорни ичига ботиб кетган, жунлари ифлос, қовурғалари билиниб турибди. Шу ҳам ит бўлдими?.. Йўқ, бу ит эмас, анчайин бир кучук… Э, тўхта, кеча қассоб бобо мол сўйганларида «ҳаром жойи» деб олган гўштларида сира суяк йўқ эди-ку… Эссиз гўшт, эссиз гўшт! Агар шунча гўшт менинг Олапаримга бўлса эди… Эҳ-а!..
Ичкари дарвозадан икки қадам юриб овоз бердим:
— Ҳо, қассоб бобо!
Саҳифа қуйисида Неъмат Аминовнинг «Қаҳқаҳа» номли ҳикоялар тўпламини мутолаа қилинг
ABDULLA QAHHOR BILAN KO’RISHOLMAGAN YOZUVCHI
Ashurali Jo’raev
Ustoz Ne’mat Aminov kirib kelgan davrada o’z-o’zidan samimiy va beg’araz kulgi yoki yangroq qahqaha paydo bo’lardi.
Ne’mat akaning kulgisi o’ta tabiiy va jonli edi. U kishi davradan, davrada o’tirgan turfa odamlardan, ularning gap-so’zlari, xatti-harakatlaridan kulgi izlardi va izlaganini albatta topardi. Shu bois yozuvchi odamlar bilan muloqotda bo’lishni yaxshi ko’rardi. Har qanday suhbat va suhbatdoshga darhol esh bo’lib ketardi.
Kulgi Ne’mat Aminovni izlab yurardi. O’z vaqtida Ne’mat aka ham yaxshi kulgini axtarishdan to’xtamasdi. Kulgili gap-so’zlarni eshitib, voqealarni ko’rganida tillo topgan odamday suyunib ketardi. Topilgan har bir kulgili ibora yoki manba darhol “yon daftar”ga tushar keyin hajviya bo’lib qog’ozga to’kilardi.
Hayotda kulgili voqea topish, hammabop kulgi yaratish hajvchi ijodkor uchun oson emas.
Bir marta kuladigan voqealar bor. Ularni ikkinchi marta o’qiganda yo eshitganda qizig’i qolmaydi. Bir xil hangomalar borki, umuman kulgi uyg’otmaydi. Bunday o’tkinchi kulgini Ne’mat aka qalamga olmasdi. U kishi yozayotganda kulgining hayotiyligi, hozirjavobligi va albatta umrboqiyligini hisobga olardi. Shu bois ham Ne’mat Aminov yaratgan hajviy asarlar hamon kulgisevarlar tomonidan sevib o’qilayotir.
Ustoz Said Ahmad shunday xotirlaydi: “Oltmish beshinchi yil bo’lsa kerak, O’zbekiston radiosi Buxoro viloyatiga bag’ishlab kattagina eshittirish berdi. Buxoro radiosining xodimi yosh yozuvchi Ne’mat Aminov bir hajviy hikoyasini o’zi o’qiydi… Bu hikoyani radiodan Abdulla Qahhor ham eshitgan ekan. Mendan muallifi kim, qanaqa odam, deb so’radi. Aytib berdim. U kishi shunday dedi:
– Ko’p yillardan beri Buxorodan proza yozadigan chiqmayotgan edi. Endi chiqibdi. Chiqqanda ham yarq etib, birdan ko’pchilikning ko’ziga tushadigan bo’lib chiqibdi. Hikoyasi shunchalik pishiqki, har bir so’zi orasidan Buxoro ko’rinib turadi. Butun bir Buxoroni buklab-buklab bitta hikoyaning ichiga joylab qo’yaqopti. Tilini qarang, jumlalarining ohangiga e’tibor bering. Bu bolaning ko’zi ham, qulog’i ham o’tkir ekan. O’zbeklarning Zoshchenkosi bo’lib ketishi mumkin. Toshkentga kelsa, bir olib keling, o’zini ko’ray…
Afsus, Ne’mat Aminov ajoyib inson, betakror san’atkor ustoz Abdulla Qahhor bilan yuz ko’risholmay armonda qoldi…”.
Abdulla Qahhorning g’oyibona bahosi bejiz emasdi. U kishi har qanday asarni iste’dod bilan yozilgan-yozilmaganligini ilk satridan bilardi.
Abdulla Qahhor haqiqiy adabiyotning yorqin va bexato ko’radigan ko’zgusi edi. Uning Ne’mat Aminovga bergan bahosi ham to’g’ri chiqdi.
“Ikki pullik obro’”, deb nomlangan ilk kitobi bilan o’quvchilar imtihonidan muvaffaqiyat bilan o’tgan Ne’mat Aminov adabiyot ostonasiga katta umidlar bilan dadil qadam qo’ydi.
Yozuvchining asosiy qahramonlari Buxoroning beg’ubor va samimiy odamlari. Ularning biri sodda, biri mug’ombir, biri do’lvor, yana biri xushomadgo’y, biri tovlamachi, yolg’onchi, firibgar… Lekin ularning hammasi hayotda bor qahramonlar. Ular biz bilan sizning qo’shnimiz, bir ishxonada ishlaydigan hamxonamiz, xullas, tanish odamlar. Yuqorida aytganimizdek, Ne’mat Aminov qahramonlari uydirma yoki o’ylab topilgan emas. Yoki hayotdan shundoq boricha ko’chirilmagan. Ular yozuvchining iste’dod qalamidan bunyod bo’lgan bebaho obrazlardir.
“Qassob boboning iti” hajviyasi qahramoni Qassob bobo, “Ilmiy maqola”dagi Hikmat Nazarich, “Suzong’ich roman”dagi Asad aka, “Qirq uchinchi kecha”dagi Chori Niyoz, “Qorovul” hikoyasi qahramoni Abduboqiy, “Tug’ilgan kunim qani?” dagi Xurshid, “To’tixon”dagi To’tixon, “Bobik”dagi Yaxshiboy aka, “Asabiy kishilar”dagi Ismat qori va boshqa o’nlab hikoyalar, hajviyalar qahramonlarini bir ko’rgazma zaliga yig’sangiz, ajoyib va bebaho galereya hosil bo’ladi. Ularning biriga achinasiz, biridan miriqib kulasiz, yana biridan qahqah otasiz. Xullas, bu qahramonlarning barchasi hayotda bor odamlar. Siz ularni ko’rgansiz yoki ularga duch kelgansiz. Ehtimol suhbatdosh bo’lgandirsiz. Eng muhimi Ne’mat Aminov ularning xarakterini, qiyofalarini va dunyoqarashini kulgi orqali mahorat bilan tasvirlab berganiga qoyil qolasiz. Va kulgining qudratli kuchidan hayratga tushasiz.
Ustozning yaqin do’sti, iste’dodli adib Shukur Xolmirzaev Ne’mat Aminov 50 yoshga to’lganda shunday deb yozgan edi: “Ne’mat Aminov esa, kulgi nomli sehrni to’qson foiz asarida xarakterdan, asar qahramonlarining tub tabiatidan keltirib chiqaradi. Ma’lumki, bu yo’l – qiyin va eng samarali yo’ldir; u adabiyotga situatsiyalargina emas, odamlarni olib kirdi…
Shu ma’noda Ne’mat Aminov tufayli hajvchiligimiz bir qadam oldinga bosdi!”.
Yozuvchining “Yolg’onchi farishtalar” hajviy romani adabiyot va kulgi muxlislari, taniqli adiblar va adabiyotshunos olimlar tomonidan samimiy kutib olindi, yuqori baholandi, qo’lma-qo’l o’qildi.
“Yolg’onchi farishtalar” kulgiga chanqoq xalqimizning yuraklarini kulgi bilan sug’ordi. Kulgi bilan yuksaltirdi. Romanni o’qiganlar qalbi to’lib-to’lib, jo’shib-jo’shib, yayrab-yayrab kuldilar.
O’zbekiston Qahramoni Said Ahmad: “Yolg’onchi farishtalar” qizil imperiya gurkirab, sovet turmush tarzi dunyoga ko’z-ko’z qilinayotgan, “sotsialistik realizm adabiyoti”da madhiyabozlik, “ura-
ura”chilik avj olgan bir davrda yaratilgani bilan ham qadrlidir. Zotan, asar qahramonlari o’sha davr farzandlari hisoblanadi… “Yolg’onchi farishtalar” davr sinovidan muvaffaqiyat bilan o’tdi” deb yozadi.
Yana bir O’zbekiston Qahramoni Ozod Sharafiddinov bu asarga katta baho berib, shunday deb yozadi: “Yolg’onchi farishtalar”ning qismati asar qahramoni Bashirjon Zaynishevga o’xshash odamlarning qaysi tumanda nechtadan uchrashi bilan belgilanmaydi. Kitobxon uchun ham muhimi – qahramon xarakteri orqali hayotdagi muayyan xodisalarning ta’sirchan va mohirona ifodalanishidir. Asarning hayotiyligini ham xuddi mana shu narsa ta’minlaydi”.
Bunday samimiy fikr-mulohazalarni ko’plab keltirish mumkin. Shu o’rinda ustozning yana bir mashhur asari “Bir asr hikoyati” kitobi ham kitobxonlar, muhlislar tomonidan alohida e’tirof etilganligini, mehr bilan o’qilayotganligini eslatmoqchimiz. Bu kitobni donishmand ota haqidagi falsafiy doston deb atash mumkin.
Ne’mat Aminov ko’plab fel`etonlar ham yozgan. Uning o’tkir qalamidan dunyoga kelgan fel`etonlar o’z vaqtida katta shov-shuvlarga sabab bo’lgan.
Ne’mat Aminov mohir tarjimon sifatida ham jahon adabiyotining sara asarlaridan ona-tilimizga tarjima qilgan…
Ko’rinib turibdiki, O’zbekiston Xalq yozuvchisi Ne’mat Aminov ijodi serqirra va sermahsul. U kishi bir suhbatda hajviy asarni qanday tushunasiz, degan savolga shunday javob bergan:
– Hajviy asar yozish jarayonini nihoyatda o’tmas ustara bilan soqol olishga qiyoslagim keladi. Bu azob… Kishining joni og’riydi-yu, lekin soqolni qirtishlamaslikning ham sira iloji yo’q…
Davralarni samimiy va beg’ubor kulgi bilan to’ldirib yurgan daryodil inson, iste’dodli yozuvchi Ne’mat Aminovning oramizdan ketganlariga o’n yil bo’lyapti. O’n yilki, ustozning jarangdor kulgisini sog’inib yashayapmiz. O’n yilki, qalbi toza, iymoni butun, e’tiqodi mustahkam inson oramizdan erta ketganiga afsuslanamiz. Iloyo, ustozning oxiratlari obod bo’lsin!..
Maqolani ustoz Ne’mat Aminovning ushbu kulgisi bilan yakunlashni lozim topdik:
Bir gal “O’zbeknavo”ga majlisga borsam, qurg’ur yig’ilish odatdagiday uzoq cho’zildi. Men ham odatdagiday majlisdan qattiq boshim og’rib qaytdim. Ishxonaga kelib zo’rg’a ishlab o’tirsam, ustoz Ne’mat aka telefon qilib, hol-ahvol so’radilar. Gap-so’zlarimdan mashqim bir oz pastligini sezgan ustoz darhol so’radilar:
– Tinchlikmi, Ashurvoy?
– “O’zbeknavo”ga majlisga boruvdim. Majlis rosa cho’zildi. Shunga boshim qattiq og’riyapti, – dedim.
Shunda ustoz:
– Bu bosh og’riq yo ob-havodan, yo “O’zbeknavo”dan – dedilar.
* * *
Maqolaga nuqta qo’yishdan oldin xayolimga ushbu fikrlar keldi; agar Ne’mat Aminov Abdulla Qahhor bilan uchrashib, suhbatlashganda qanday adabiy mo»jizalar ro’y berishi mumkin edi?!
Ne’mat AMINOV
QASSOB BOBONING ITI
Ne’mat Aminov 1937 yil 17 iyulda Buxoro viloyatining Romitan tumanida tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi (1992). «Mehnat shuhrati» ordeni bilan mukofotlangan (1999). Buxoro pedagogiga institutining tarix-filologiya fakultetini tugatgan (1959). Birinchi hajviy hikoyalar to’plami — «Ikki pullik obro’» (1966). So’ng «Qirq uchinchi pochcha» (1970), «Labihovuz xandalari» (1973), «Chinorlar qo’shig’i» (1984), «Yelkasiz polvon» (1986), «O’g’ri mushukcha» (1987), «Qahqaha» (1987), «Yallama-yorim» (1988), «Cholbolaning ertaklari» (1990) va boshqa hajviy to’plamlari nashr etilgan. 1976—83 yillarda «Yelvizak» va «Suvarak» qissalari asosida «Yolg’onchi farishtalar yoxud yelvizakfe’l va suvarakmijoz Bashirjon Zaynishev hayotidan» hajviy romanini yozgan. «Bir asr hikoyati» (1996) asari ham bor.
Yozuvchi 2005 yil 18 oktyabrda Toshkent shahrida vafot etgan.
Ola g’unajinimiz bu yil ham qisir qoldi. Dadam: «Endi bo’lmadi. Bolalarim, oqqa yetamiz deb ko’zlaringiz oqarayozdi, bu zormondani so’yib joyiga joy qilamiz», dedilar. Erta bozor degan kuni uyimizga qassob keldi. Mol so’yadigan kishi juda salobatli bo’ladi derdilar, unchalik emaskan: qora tirinka yaktakli, harakatlari chaqqongina chol. O’siq qoshlari va soqol-mo’ylovi oppoq. To’g’ri, ko’zlari bir oz ola, yana shu ola joyiga andak qon quyilgan. Men u kishi bilan hayiqmasdan ko’rishdim. Ha-da, hech qo’rqadigan joylari yo’q. O’zlari ham juda sho’x ekanlar, har gapga bir kuldiradilar. Choy-nondan keyin dadam g’unajinni yetaklab kelishga buyurdilar. O’zlari bostirma ostida ketmon bilan chuqur qazishga kirishdilar. O’tpoyaga qarab ketdim. Yo’l-yo’lakay, bir paytlar ko’zimga balodek ko’ringan g’unajinning rahmini yeb borardim. Yuragim achishib, ko’zlarimdan yosh to’kildi. Jonivorni yetaklab qaytganimda, qassob bobo to’rt buklangan shod xurjundan kir bir latta olib, bellariga osdilar. Bu xalatlari bo’lsa kerak. Keyinikki-uchta pichoq olib, qo’rg’oshin rangidagi temirga «xish-xish etib» qayray boshladilar. Titroq qo’llarim bilan g’unajinning ipini dadamga tutqazdimu, orqaga chekindim. Bostirma yonidagi og’ilda ko’zlarimni chirt yumib quloq solib turdim. Bir payt qassob bobomning «hah» deganlari-yu, «gurs» etgan ovoz, yana bir ozdan keyin qattiq xirillash eshitildi. Uvv! Etim uvishib ketdi.
Og’ildan qo’rqa-pisa chiqqanimda qassob bobo go’shtidan terisini ayirayotgan edilar. Negadir qo’rquvlarim asta-sekin yo’qoldi.
— Beri kel, bolam, — dedilar qassob bobo, — ma, mana bu oyog’ini tutib tur.
Shunda ham qo’rqmadim. U kishiga ko’maklashaverdim. Dadam, oyim ham bizga yordamlashdilar. Qassob bobo qattiq yo’talib, bir chetga tupurgach:
— Kelin, issiq suv tayyorlang, — dedilar. Oyim: «xo’p, mana… hozir», deganlaricha oshxona tomon ketdilar. Shu asnoda dadam ham topshiriq oldilar.
— Toshvoy, qonni singdirishga bir oz latta, ichak-chovoqqa tog’ora keltirsangiz.
— Xo’p, xo’p!
Qassob bobo atrofga bir qarab oldilarda quymichga pichoq soldilar. Qo’yning kallasidek go’sht kesib olib yaqinginadagi xurjunlarining ochiq turgan ko’ziga itqitdilar.
Hayron bo’lib qaradim.
— Hayron bo’lmang, bolam, chap biqinida harom mag’zi bo’ladi, shuni itimga kesib oldim.
— Itingiz bormi, bobo?
— Ha, bolam, itim bor. Otimi, oti Ko’ktoy!
— Nomi yaxshi ekan, zo’rdir-a?
Qassob bobo itlarini maqtay-maqtay gardandan, shonadan, yana bir-ikki yerdan «harom joy»larini olib xurjunga tashladilar. Dadam bilan oyim issiq suv va latta olib kelishdi. Qassob bobo negadir endi «harom joyni» topa olmay qoldilar. Birpasda go’sht uch bo’lakka ajratilib, ayvon shiftiga qoqilgan ilgakka osildi. Qassob bobo: «Mana bu, qo’shnimiz — Hamroboyga» deb ikki kilocha go’shtni alohida matoga o’radilar. Qon chuquridan allanimalarni pichoq uchi bilan oldilar. Keyin ichak-chovoqlar bilan o’rarkanlar: «Mana bular itimizga», dedilar. Hammasi xurjunga joylashtirildi. Qarasam, mening shu yerlarda ivirsib yurgan Olaparimga hech narsa qolmaydigan.
— Qassob bobo, «harom joylardan» mening itimga ham kesib bering, hay…
— Obbo, bolam-ey, bolam, — dedilar qassob bobo, bir dadamga, bir oyimga qarab — sening iting anavi chuqurdagi qondan ham bemalol to’yadi.
Hech nima demadim. So’ng o’ylab ketdim. Qassoblarning itiga mazza-da, yemishi faqat go’sht. Mening Olaparimga shuncha go’sht bo’lsa bormi? E-ha…
Qassob bobo ikki ko’zi to’lgan xurjunni dadam yechib kelgan eshagi ustiga tashlayotib, tayinladilar:
— Go’shtni laryokka topshirib pullab olgach, ertaga o’g’ilchani yuboring, qo’shnidan go’shtning pulini olib beraman.
Ikki kundan keyin qassob bobonikiga bordim. To’g’risi, puldan ham ko’proq Ko’ktoyni ko’rish orzusida edim. Tashqari hovliga kirishim bilan ayvon ostida tumshug’ini oldingi oyoqlariga tirab yotgan, bir qulog’i kesilgan itga ko’zim tushdi. Qiziq, mening kelganimni ham sezmadi-e. Ichkaridan atlas ko’ylak kiygan semizgina bir juvon chiqdi. (Qassob boboning qizlari degan edim, keyin bilsam, xotinlari ekan). U qo’lidagi tovoqqa solingan suyaklarni it oldiga keltirib to’kdi-yu, menga e’tibor ham bermasdan ichkariga kirib ketdi. It suyak g’ajishga tushdi. Shunda Ko’ktoyni ko’rdim. Bu it emas… Agar shu it bo’lsa mening Olaparimni sher desa bo’ladi. Qorni ichiga botib ketgan, junlari iflos, qovurg’alari bilinib turibdi. Shu ham it bo’ldimi?.. Yo’q, bu it emas, anchayin bir kuchuk… E, to’xta, kecha qassob bobo mol so’yganlarida «harom joyi» deb olgan go’shtlarida sira suyak yo’q edi-ku… Essiz go’sht, essiz go’sht! Agar shuncha go’sht mening Olaparimga bo’lsa edi… Eh-a!..
Ichkari darvozadan ikki qadam yurib ovoz berdim:
— Ho, qassob bobo!
Ne’mat Aminov. Qahqaha. Hikoyalar